Vohid Luqmon. She’rlar

021
Воҳид Луқмоннинг илк шеърлари 1992 йили «Маърифат» газетасида чоп этилган. Шундан буён марказий газета ва журналларда шеърлари босилиб келади. «Мужда» номли тўплами нашр этилган. Қуйидаги шеърларнинг аксарияти ана шу тўпламдан ва «Тафаккур» журналидан олинган.

044
Воҳид Луқмон
ШЕЪРЛАР
087

КУЗ

Йўлакларга тўкилар шивир,
Новдаларда синада кулгу.
Кўча кезиб юрибди ёмғир,
Чўмилади япроқлар — сулув.

Хиёбонда тентирайди дил,
Йўл — турналар ташлаган арқон.
Дарахтларнинг оёғин ўпар
Хиёнатдан сарғайган хазон.

Ўриндиқда жунжикар соғинч,
Елка қисиб ўтади хаёл.
Бу дунёда бормисан соғ, тинч,
Кўнгли кўклам тусаган аёл?

Ойнайўлда автолар акси,
Бекат гўё йиғлаётган кўз.
Сен томонга термулар ўксиб
Чорраҳада туриб қолган куз.

ҚИШЛОҚ

Қишлоқ деганлари мана шу, жўра,
Бизнинг тор кўнгилга кенглик қилади.
Шаҳарда ўзингдан ўзга — бегона,
Бунда эл бир ёқа-енглик қилади.

Орзиқиб кетар дил осудаликдан,
Тонг ели қар саҳар жунжитар этни.
Кўзингни очмасдан очилар кўнглинг,
Куёшқиз нурчўп-ла қитиқлар бетни.

Иссиқ оғуш борми, ўзинг айт, ахир,
Гулпахта солинган кўрпадан кўра?
Бадбин хаёллар йўқ, ўйлар йўқ тахир,
Қишшлоқ деганлари мана шу, жўра!

Бунда ҳаловат кам, кўпроқдир ташвиш,
Бунда тўрт фаслнинг номи биттадир.
Бунда орзулар қам, армонлар ҳам — иш,
Бунда кун ботганда ишинг битадир.

“Қайга” деб сўрасанг, “далага” дерлар,
‘Қайдан” деб сўрасанг, дерлар “даладан”.
Уларнинг бори — ер, ори — ер, жўра,
Ризқ терар аёлу эрлар даладан.

“Шукр” дер, қайнаса қора қозони,
Қора нонига ҳам шукр қилади.
Меҳмон келиб қолса, борини бериб,
“Камига узр” деб синиқ кулади.

Бақорда майсаю лолақизгалдоқ
Ҳатто томларгача ўрмалаб чиқар.
Мисоли жаннатга айланар қишлоқ,
Кўксида бир дунё гўзаллик, виқор…

БАХТ

Бахт бу — сенсан, бахтсизлик бу — мен,
Кетмоқдаман, қочоққа йўйма.
Мен ўзимни топиб келгунча
Сен ўзингни йўқотиб қўйма.

НАРХ-НАВО

Гердаямиз, пул — қўл кири, “хазон” деймиз,
Одам учун одамийлик — мезон деймиз.
Имкон бўлди дегунча лек сотиламиз,
Қанча қиммат сўрасалар, “арзон” деймиз.

ҚАНИЙДИ БИЛСАНГИЗ…

Қаердасиз ҳозир, билмам, шу тобда
Фаришталар қўрир оромингизни.
Гўзал қимтангандир лабингиз хобда,
Бир хуррак бузганда маромингизни.

Қаердасиз ҳозир, билмам, шу асно
Менинг ўйларимдек олиссиз жуда.
О, билсангиз эди, қандай бемаъно
Ўтиб бораётир ҳаёт беҳуда!

Қанийди билсангиз — билмайсиз, афсус,
Соғинчнинг беҳижоб — очиқлигини.
Билмайсиз, лаб солиб кўрмадингиз сиз,
Ишқ майин қуйқаси аччиқлигини.

Бойқушдек бўғилиб поездлар ўтар,
Уйқу бекатида чироқлар уйғоқ.
Кўксимни соч ҳиди аёвсиз ўртар,
Бўлиниб кетади иккига уй қоқ.

Биламан, сўзларим телба-тескари,
Билмайсиз осмонга қараб турганим.
Илинж — ёниб тугаётган сигарет,
Тутунга кўмилиб тирик юрганим.

Қанийди билсангиз — билмайсиз, афсус…

СИЗ

Сиз мендан ҳеч нарса қилмайсиз талаб,
Мен сиздан ҳеч нарса сўрай олмайман.
Сиз кетма, демайсиз, мен эса… ё Раб,
Қолгим келса ҳамки…аммо, қолмайман.

Зотан, сиз севгига, ишққа ташнасиз,
Зотан, мен меҳрга муҳтожман, зорман.
Билмам: кимга дўстсиз, кимга ошнасиз,
Билмам: кимга ёрман, кимга даркорман.

Кунора кўраман, салом берасиз,
Ҳатто жилмаясиз — қиласиз карам.
Мен сизни соғина бошлаган кундан
Буён сизникиман, сизгаман қарам.

Бир шуъла кўраман кўзларингизда,
“Ким ёққан олов бу?” — хатарли сўроқ.
Бегона исм йўқ сўзларингизда,
Менинг исмимни ҳам айтмайсиз бироқ.

СЕНСИЗ БАҲОР

Қуёш қувди сўнгги қорайган қорни,
Еллар келтирдилар унут ифорни.
Лек кўнглим илимас, гулламас кўнглим,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни?

Боғда бинафшалар таратади бўй,
Қушлар чуғурида илоҳий бир куй.
Аммо юрагимда муздай совуқ ўй,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни?

Осмон ой пиширар юлдузга қориб,
Куртаклар қиқирлар новдани ёриб.
Айтгин, кимга борай, кимга ёлвориб,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни?

Бир оқшомда бўйга етар бодомлар,
Оппоқ бўлиб тўйга етар бодомлар,
Минг ошиқни сархуш этар бодомлар,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни?

Ариқ лабларида уйғонар ялпиз,
Бойчечак қитиқлар шаффоф наҳорни.
Нега индамайсан, гапиргин, ҳой қиз,
Мен нима қиламан сенсиз баҳорни?

ВАТАН

Шундай яшаб, шундай ўлмас бас,
Чўнг хаёллар чулғамас хушни.
Шундадир эрк, шундадир қафас —
Макони бир қишламас қушнинг.
Фаслларга эмасман қарам,
Ой-юлдузлар олмас хаёлим.
Тангрим, ўзинг карам қил, карам,
Ишқдан ўзга эмас аъмолим.
Қадаҳларни синдирдим чил-чил,
Одамликнинг остонасида.
Руҳим, энди узлатга чекил,
Ватан дегич хилхонасига.
Энди қизлар кокилин эмас,
Сила қадим деворларини.
Қучоғингга олу бўл сармаст,
Самарқанднинг минорларини.
Бўза ҳидли ашъорлардан кеч,
Ўйинқароқ ўйларингни кўм.
Элнинг тахир кўзёшларин ич,
Ота юртнинг ўтмишига чўм.
Тангри солган жойнамоз — тупроқ
Лаб бос оёқ босмасдан аввал.
Аждодингдир ҳар битта гиёҳ,
Тупроқ — одам азалдан-азал.
Кафтингни оч, шукур қил, руҳим —
Эл иймонда, миллат иймонда.
Туғилмоқ бахт, ўлмоқ бахт, илло
Фақатгина ЎЗБЕКИСТОНДА!

ОТА

Мен кимман, қўнимсиз бир қушман, ота,
Баъзан тунд, баъзида сархушман, ота.
Не даъволар билан учиб қўнмадим,
Пастдаман, аммо ҳеч паст тушмам, ота.
Чўққига тирмашдим, то шудроқ чиқдим,
Чиқдим, лек забонсиз, бот мудроқ чиқдим.
Учта ўғлингиз бор эртакдагидек —
Тўнғичи мен эсам — ношудроқ чиқдим.
Бекорман, бекорчи рўз тополмайман,
Бўзчиману, бироқ бўз тополмайман.
Ойда олдингизга бир келаману
Саломдан бошқа бир сўз тополмайман.
Сиз мудом тўғрисиз, гўё сўл йўқдай,
Офтобсиз гўё қор, ёмғир, дўл йўқдай.
Элликка эликиб нима кўрдингиз —
Мактабу даладан ўзга йўл йўқдай.
Ой тинар, кун тинар, бу қишлоқ йўқдай,
Эли эгилади, букилар, синмас.
Мен не шоир бўлдим, рост деёлмайман,
Ота, шеър деганим бир пулга қиммат.
Менинг на қарорим, қоидам бўлмади,
Орзу — олахўржин, қайдам, бўлмади.
Экинига тушган товуқни қувган —
Болачалик сизга фойдам бўлмади.
Ота, ўйга ботдим, бошим хам бўлди,
Не дам яшаганим хато дам бўлди.
Девдингиз олиммас, одам бўл, ўғлим,
Ота, мен на олим, на одам бўлдим.

* * *

Кутдим, кириб келдингиз кутилмаганда,
Қумрол сочларингга тақиб баҳорни.
Юлқинди хотирам (тутилмагандек),
Унутдим аёзни, қировни, қорни.
Мен қишни севардим, қорбола эдим,
Чилла йўргагида чиллам чиққанди.
Баҳорда ҳам қишга зор бола эдим,
Ахир онам мени қишда туққанди.
Муҳаббат нелигин билмасдим — тайин,
Кўксимда бир парча музни асрардим.
Ва яна, ва яна ўзим билмайин,
Қандайдир илоҳий сўзни асрардим.
Хос эдим, сен бехосдан келдинг,
Бошим айлантирди сочинг ифори.
Лабларимга босдим (қиқирлаб кулдинг),
Юзингда очилган ғунча — баҳорни.
Исмимни унутдим, унутдим тамом,
Менинг мавжудлигим дўнди рўёга.
Жадий лавҳларидан ўчди битта ном,
Ҳуту ҳамал бўлиб келдим дунёга.

* * *

Сиз мендан ҳеч нарса қилмайсиз талаб,
Мен сиздан ҳеч нарса сўрай олмайман.
Сиз «Кетма», демайсиз,мен эса… ё Раб,
Қолгим келса ҳамки, қолмайман.
Зотан сиз севгига, ишққа ташнасиз,
Зотан мен меҳрга муҳтожман, зорман.
Билмам, кимга дўстсиз, кимга ошнасиз,
Билмам, кимга ёрман, кимга даркорман.
Кун ора кўраман, салом берасиз,
Ҳатто жилмаясиз — қиласиз карам.
Мен сизни соғина бошлаган кундан
Буён сизникиман, сизгаман қарам.
Бир шуъла кўраман кўзларингизда,
«Ким ёққан олов бу!?» — хатарли сўроқ.
Бегона исм йўқ сўзларингизда,
Менинг исмимни ҳам айтмайсиз бироқ.

012

065Воҳид Луқмон 1974 йили Самарқанд вилоятининг Пойариқ туманида туғилган. Илк шеърлари 1992 йили «Маърифат» газетасида чоп этилган. Шундан буён марказий газета ва журналларда шеърлари босилиб келади. «Мужда» номли тўплами нашр этилган. Қуйидаги шеърларнинг аксарияти ана шу тўпламдан олинган.
Воҳид Луқмон 1998 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг журналистика бўлимини битирган. Айни пайтда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида хизмат қилади.

Vohid Luqmon 1974 yili Samarqand viloyatining Pоyariq tumanida tug’ilgan. Ilk she’rlari 1992 yili «Ma’rifat» gazetasida chop etilgan. Shundan buyon markaziy gazeta va jurnallarda she’rlari bosilib keladi. «Mujda» nomli to’plami nashr etilgan. Quyidagi she’rlarning aksariyati ana shu to’plamdan olingan.Vohid Luqmon 1998 yili Alisher Navoiy nomidagi Samarqand Davlat universitetining jurnalistika bo’limini bitirgan. Ayni paytda O’zbekiston Milliy axborot agentligida xizmat qiladi.

065
Vohid Luqmon
SHE’RLAR
012

KUZ

Yo’laklarga to’kilar shivir,
Novdalarda sinada kulgu.
Ko’cha kezib yuribdi yomg’ir,
Cho’miladi yaproqlar — suluv.

Xiyobonda tentiraydi dil,
Yo’l — turnalar tashlagan arqon.
Daraxtlarning oyog’in o’par
Xiyonatdan sarg’aygan xazon.

O’rindiqda junjikar sog’inch,
Yelka qisib o’tadi xayol.
Bu dunyoda bormisan sog’, tinch,
Ko’ngli ko’klam tusagan ayol?

Oynayo’lda avtolar aksi,
Bekat go’yo yig’layotgan ko’z.
Sen tomonga termular o’ksib
Chorrahada turib qolgan kuz.

QISHLOQ

Qishloq deganlari mana shu, jo’ra,
Bizning tor ko’ngilga kenglik qiladi.
Shaharda o’zingdan o’zga — begona,
Bunda el bir yoqa-yenglik qiladi.

Orziqib ketar dil osudalikdan,
Tong yeli qar sahar junjitar etni.
Ko’zingni ochmasdan ochilar ko’ngling,
Kuyoshqiz nurcho’p-la qitiqlar betni.

Issiq og’ush bormi, o’zing ayt, axir,
Gulpaxta solingan ko’rpadan ko’ra?
Badbin xayollar yo’q, o’ylar yo’q taxir,
Qishshloq deganlari mana shu, jo’ra!

Bunda halovat kam, ko’proqdir tashvish,
Bunda to’rt faslning nomi bittadir.
Bunda orzular qam, armonlar ham — ish,
Bunda kun botganda ishing bitadir.

“Qayga” deb so’rasang, “dalaga” derlar,
‘Qaydan” deb so’rasang, derlar “daladan”.
Ularning bori — yer, ori — yer, jo’ra,
Rizq terar ayolu erlar daladan.

“Shukr” der, qaynasa qora qozoni,
Qora noniga ham shukr qiladi.
Mehmon kelib qolsa, borini berib,
“Kamiga uzr” deb siniq kuladi.

Baqorda maysayu lolaqizgaldoq
Hatto tomlargacha o’rmalab chiqar.
Misoli jannatga aylanar qishloq,
Ko’ksida bir dunyo go’zallik, viqor…

BAXT

Baxt bu — sensan, baxtsizlik bu — men,
Ketmoqdaman, qochoqqa yo’yma.
Men o’zimni topib kelguncha
Sen o’zingni yo’qotib qo’yma.

NARX-NAVO

Gerdayamiz, pul — qo’l kiri, “xazon” deymiz,
Odam uchun odamiylik — mezon deymiz.
Imkon bo’ldi deguncha lek sotilamiz,
Qancha qimmat so’rasalar, “arzon” deymiz.

QANIYDI BILSANGIZ…

Qaerdasiz hozir, bilmam, shu tobda
Farishtalar qo’rir oromingizni.
Go’zal qimtangandir labingiz xobda,
Bir xurrak buzganda maromingizni.

Qaerdasiz hozir, bilmam, shu asno
Mening o’ylarimdek olissiz juda.
O, bilsangiz edi, qanday bema’no
O’tib borayotir hayot behuda!

Qaniydi bilsangiz — bilmaysiz, afsus,
Sog’inchning behijob — ochiqligini.
Bilmaysiz, lab solib ko’rmadingiz siz,
Ishq mayin quyqasi achchiqligini.

Boyqushdek bo’g’ilib poezdlar o’tar,
Uyqu bekatida chiroqlar uyg’oq.
Ko’ksimni soch hidi ayovsiz o’rtar,
Bo’linib ketadi ikkiga uy qoq.

Bilaman, so’zlarim telba-teskari,
Bilmaysiz osmonga qarab turganim.
Ilinj — yonib tugayotgan sigaret,
Tutunga ko’milib tirik yurganim.

Qaniydi bilsangiz — bilmaysiz, afsus…

SIZ

Siz mendan hech narsa qilmaysiz talab,
Men sizdan hech narsa so’ray olmayman.
Siz ketma, demaysiz, men esa… yo Rab,
Qolgim kelsa hamki…ammo, qolmayman.

Zotan, siz sevgiga, ishqqa tashnasiz,
Zotan, men mehrga muhtojman, zorman.
Bilmam: kimga do’stsiz, kimga oshnasiz,
Bilmam: kimga yorman, kimga darkorman.

Kunora ko’raman, salom berasiz,
Hatto jilmayasiz — qilasiz karam.
Men sizni sog’ina boshlagan kundan
Buyon siznikiman, sizgaman qaram.

Bir shu’la ko’raman ko’zlaringizda,
“Kim yoqqan olov bu?” — xatarli so’roq.
Begona ism yo’q so’zlaringizda,
Mening ismimni ham aytmaysiz biroq.

SENSIZ BAHOR

Quyosh quvdi so’nggi qoraygan qorni,
Yellar keltirdilar unut iforni.
Lek ko’nglim ilimas, gullamas ko’nglim,
Men nima qilaman sensiz bahorni?

Bog’da binafshalar taratadi bo’y,
Qushlar chug’urida ilohiy bir kuy.
Ammo yuragimda muzday sovuq o’y,
Men nima qilaman sensiz bahorni?

Osmon oy pishirar yulduzga qorib,
Kurtaklar qiqirlar novdani yorib.
Aytgin, kimga boray, kimga yolvorib,
Men nima qilaman sensiz bahorni?

Bir oqshomda bo’yga yetar bodomlar,
Oppoq bo’lib to’yga yetar bodomlar,
Ming oshiqni sarxush etar bodomlar,
Men nima qilaman sensiz bahorni?

Ariq lablarida uyg’onar yalpiz,
Boychechak qitiqlar shaffof nahorni.
Nega indamaysan, gapirgin, hoy qiz,
Men nima qilaman sensiz bahorni?

VATAN

Shunday yashab, shunday o’lmas bas,
Cho’ng xayollar chulg’amas xushni.
Shundadir erk, shundadir qafas —
Makoni bir qishlamas qushning.
Fasllarga emasman qaram,
Oy-yulduzlar olmas xayolim.
Tangrim, o’zing karam qil, karam,
Ishqdan o’zga emas a’molim.
Qadahlarni sindirdim chil-chil,
Odamlikning ostonasida.
Ruhim, endi uzlatga chekil,
Vatan degich xilxonasiga.
Endi qizlar kokilin emas,
Sila qadim devorlarini.
Quchog’ingga olu bo’l sarmast,
Samarqandning minorlarini.
Bo’za hidli ash’orlardan kech,
O’yinqaroq o’ylaringni ko’m.
Elning taxir ko’zyoshlarin ich,
Ota yurtning o’tmishiga cho’m.
Tangri solgan joynamoz — tuproq
Lab bos oyoq bosmasdan avval.
Ajdodingdir har bitta giyoh,
Tuproq — odam azaldan-azal.
Kaftingni och, shukur qil, ruhim —
El iymonda, millat iymonda.
Tug’ilmoq baxt, o’lmoq baxt, illo
Faqatgina O’ZBEKISTONDA!

OTA

Men kimman, qo’nimsiz bir qushman, ota,
Ba’zan tund, ba’zida sarxushman, ota.
Ne da’volar bilan uchib qo’nmadim,
Pastdaman, ammo hech past tushmam, ota.
Cho’qqiga tirmashdim, to shudroq chiqdim,
Chiqdim, lek zabonsiz, bot mudroq chiqdim.
Uchta o’g’lingiz bor ertakdagidek —
To’ng’ichi men esam — noshudroq chiqdim.
Bekorman, bekorchi ro’z topolmayman,
Bo’zchimanu, biroq bo’z topolmayman.
Oyda oldingizga bir kelamanu
Salomdan boshqa bir so’z topolmayman.
Siz mudom to’g’risiz, go’yo so’l yo’qday,
Oftobsiz go’yo qor, yomg’ir, do’l yo’qday.
Ellikka elikib nima ko’rdingiz —
Maktabu daladan o’zga yo’l yo’qday.
Oy tinar, kun tinar, bu qishloq yo’qday,
Eli egiladi, bukilar, sinmas.
Men ne shoir bo’ldim, rost deyolmayman,
Ota, she’r deganim bir pulga qimmat.
Mening na qarorim, qoidam bo’lmadi,
Orzu — olaxo’rjin, qaydam, bo’lmadi.
Ekiniga tushgan tovuqni quvgan —
Bolachalik sizga foydam bo’lmadi.
Ota, o’yga botdim, boshim xam bo’ldi,
Ne dam yashaganim xato dam bo’ldi.
Devdingiz olimmas, odam bo’l, o’g’lim,
Ota, men na olim, na odam bo’ldim.

* * *

Kutdim, kirib keldingiz kutilmaganda,
Qumrol sochlaringga taqib bahorni.
Yulqindi xotiram (tutilmagandek),
Unutdim ayozni, qirovni, qorni.
Men qishni sevardim, qorbola edim,
Chilla yo’rgagida chillam chiqqandi.
Bahorda ham qishga zor bola edim,
Axir onam meni qishda tuqqandi.
Muhabbat neligin bilmasdim — tayin,
Ko’ksimda bir parcha muzni asrardim.
Va yana, va yana o’zim bilmayin,
Qandaydir ilohiy so’zni asrardim.
Xos edim, sen bexosdan kelding,
Boshim aylantirdi soching ifori.
Lablarimga bosdim (qiqirlab kulding),
Yuzingda ochilgan g’uncha — bahorni.
Ismimni unutdim, unutdim tamom,
Mening mavjudligim do’ndi ro’yoga.
Jadiy lavhlaridan o’chdi bitta nom,
Hutu hamal bo’lib keldim dunyoga.

* * *

Siz mendan hech narsa qilmaysiz talab,
Men sizdan hech narsa so’ray olmayman.
Siz «Ketma», demaysiz,men esa… yo Rab,
Qolgim kelsa hamki, qolmayman.
Zotan siz sevgiga, ishqqa tashnasiz,
Zotan men mehrga muhtojman, zorman.
Bilmam, kimga do’stsiz, kimga oshnasiz,
Bilmam, kimga yorman, kimga darkorman.
Kun ora ko’raman, salom berasiz,
Hatto jilmayasiz — qilasiz karam.
Men sizni sog’ina boshlagan kundan
Buyon siznikiman, sizgaman qaram.
Bir shu’la ko’raman ko’zlaringizda,
«Kim yoqqan olov bu!?» — xatarli so’roq.
Begona ism yo’q so’zlaringizda,
Mening ismimni ham aytmaysiz biroq.

08
Vohid Luqmonning «Mujda» to’plamini mutolaa qiling
08

098

(Tashriflar: umumiy 795, bugungi 1)

Izoh qoldiring