Yendirboy Rajabov. Hikoya va she’rlar

087   Ендирбой Ражабов ўтган давр мобайнида ўз ижоди намуналарини республиканинг бир қатор нашрларида чоп этдирди.Қуйида эътиборингизга ижодкорнинг наср ва назмда яратган айрим ижод намуналарини ҳавола қиламиз.

ЕНДИРБОЙ РАЖАБОВ
ҲИКОЯ ВА ШЕЪРЛАР
056

    1962 йилда Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида туғилган Ендирбой Ражабов болалигидан адабиёту санъат ихлосманди. 1986 йилда республика рус тили ва адабиёти (Ҳозирги Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетини) институтини битиргач, Гурлан туманидаги мактабларда ўқувчиларга сабоқ берди. Бир неча йил тумандаги Гулистон маиший хизмат касб ҳунар коллежига раҳбарлик қилди.Айни пайтда вилоят ўрта махсус касб ҳунар таълими бошқармасида хизмат қилади.

056

ФОТИҲА

077«Одамзот куни етиб қазо қилар бўлса, тобути кетидан йиғлаб югурадиганлари қолсин экан”, -хўрсинди бувам чой устида серажин юзини босган маржон-маржон терларини оппоқ сочиқ билан артар экан. Суриштириб билсам, бувам қишлоғимиз қариялари билан биргаликда уч қишлоқ ҳатлаб, Худоёр қайиқчи деган кишини охирги йўлга кузатиб қўйгани бориб келган эканлар.

Орадан йиллар ўтиб кетгани сабабли олдинига бу кишининг номи менга танишдай туюлгани билан, ўзини сира эслай олмадим. Худоёр қайиқчи, қайиқчи Худоёр…

Бир неча кун миямдан чиқмаган бу ном мени хаёл оғушида ўрпонг йўллар тўзғитиб ўтган беғубор болалик йиллар сари элтди ва…

Ёзги таътил кунларининг бирида онам бизга катта акам Ҳайдарни қўшиб, Маткарим тоғамизникига бир-икки кунга меҳмонга бориб келишимизни тайинлади. Бундай қувончли таклифдан ўзимизга сиғмай, апил-тапил кийина солиб тўртовлон йўлга чиқдик.

Орқамиздан онамнинг қўлида ниманидир кўрсатиб, қичқириб қолганига ҳам унчалик эътибор қилмай, ўрпонг йўлни чангитиб олдинда Ҳайдар акам — ким ўзарга югурганимизча уйдан узоқлашдик. Қувонганимдан оёқ кийимимни кийишгаям улгурмапман, ёз тупроғи товонларимни чўғдай қиздиргани-қиздирган.

«Майли дейман ўзимча, -Асов каналигача етиб олсак бас, у ёғи дадамларнинг таъбири билан айтганда «қўлни узатсанг етгулик”. У пайтлари автобус қайда, қуёш ҳовуридан тушиб қолган чоғда «командир”имиз Ҳайдар акам бошчилигида бир югуриб, бир юриб Асов каналига бир амаллаб етиб келдик. Акамнинг қирғоқдаги қайиққа томон «олға” деган буйруғидан шоша-пиша қайиққа чиқиб улгурмасимизданоқ, нотаниш кишининг йўғон овозидан турган жойимизда тарашадай қотиб қолдик.

Югуриб пастликка тушганимиз учунми, қирғоқда турган қайиқдан ўнқадамлар чапда, қўлида қармоқ ушлаб ўтирган, қорадан келган, кўкрагини қоп-қора тук босган, дадамлар қатори келадиган ярим-яланғоч кишини пайқамаган ҳам эканмиз.

— Қайиқ сизларга ўйинчоқ эмас, тушинглар дарров! — ўшқирди у ўтирган жойидан.

Қайиққа чиқиб улгурган Ҳайдар ва Шуҳрат акамлар дарров ундан сакраб тушишди.

Бир-биримизга қўрқув аралаш аланглаб, кейин бир келган йўлимизга, бир ҳалиги нотаниш кишига қараганимизча қайиқдан нарироққа тисарилдик. Бироз давом этган жимликдан сўнг «командир”имиз ўзини қўлга олди чоғи, қўлига онам бериб юборган тугунни олиб, нотаниш киши томон юрди.

— Сиз қайиқчимисиз? Илтимос бизни нариги қирғоққа ўтказиб қўйинг… -деди дудуқланиб у.

— Тўғри топдинг, қайиқчи Худоёр мен бўламан… Қанча пулларинг бор?-сўради бизга боқмасдан у.

Акам бизга, биз акамга термулдик. Шундагина орқамиздан қичқириб қолган онамнинг қўлидагини англагандай бўлдим.

— Бизда пул йўқ. Илтимос, биз… -Ҳайдар акамнинг гапи ичида қолди.

— Бекорга ўтказиш йўқ. Ҳар биттангиз бир сўмдан, тўрт сўм бермаганингизча қайиққа яқинлашманглар! — дея ўрнидан турди қайиқчи. У хўрагини балиқ еб кетган қармоғига хамир илдираркан, яна жойига ўтирди.

Энди навбат унга келганини пайқаб, Шуҳрат акам қайиқчига яқинлашди.

-Қайиқчи ака, биз пул олиб чиқмапмиз, ўтказиб юборинг. Қайтишимизда ҳаммасини бир қилиб ташлаб кетамиз, -ялина бошлади у. — Мана кўрасиз, Маткарим тоғамдан сиккиз сўм пул олиб, ташлаб кетамиз сизга…

— Гап битта, қулоқ иккита, -бармоғини кўрсатди давомини айтмасдан қайиқчи.

Орага энди узоқ жимлик чўкди. Мен билан синглимдан ҳеч қандай наф чиқмаслигини сезган Ҳайдар акам совуқ нафас олганича ерга қаради. Турнақатор бўлиб қирғоқда қан-ча турганимизни билмайман.

Қуёш нурлари зарғалдоқ ранг олиб, бизни келган йўлимизга бошлади. Қирғоқдан юқорига энди чиқиб ҳам эдик-ки, орқамиздан ўша танишовоз эшитилди.

— Майли, тугунни чўз, ўтказиб қўйганим бўлсин. Ўтиринглар қайиққа, -деди у мийиғида кулиб.

Қулоқларимга ишонмай, ҳаммадан сўнг қайиқдан жой олдим.

Каналнинг у қирғоғидан бу қирғоғига тортилган сим йўл бўйлаб қайиқ суза бошлади.

Баланд бўйли қайиқчи қайиғини тик туриб ҳайдаб келаркан, қуёшнинг оч қизил нурлари остида у менга қўрқинчли бўлиб кўринди. Шу пайт қайиқ сузишдан тўхтади.

— Мана, каналнинг ўртасига келдик. Истасанглар, айтган қирғоғингизга ўтказиб қўяман. Фақат битта шартим бор. Шуни бажарсаларинг бас!- деди қайиқчи баланд овозда.

— Майли, бажарамиз! -дедик ҳаммамиз бирваракайига.

— Унда эшитинглар, ҳозир: «Эй худо, мана шу турган Худоёр акамизга кўп-кўп, биздан ҳам чиройли, ақлли, ширин-ширин фарзандлар бер, омин, — деб фотиҳа ўқийсизлар…”, — деди негадир гаплари бир-бирига қовушмай.

Соддадил болаликда, биз шартнинг бу қадар осонлигидан қувониб, кула бошладик.

— Кулманглар, -бақирди у, -қани бошладик.

— Эй худо, мана шу турган Худоёр қайиқчи акамизга…

— Тўхтат! Худоёр қайиқчи эмас, Худоёр акамизга, -ўшқирди у, -қани кафтларингизни очиб, айтинглар.

Биз буни ҳам уддалай олмадик. Шундан сўнг биз кафтларимизни очганимизча юзимизга яқин олиб Худоёр қайиқчи айтиб турган гапларнитакрорлаб, фотиҳа ўқий бошладик: «Эй худо, мана шу олдимизда тик турган Худоёр акамизга кўп-кўп, биздан ҳам чиройли, биздан ҳам ақлли, биздан ҳам ширин-ширин фарзандлар ато эт. Буфарзандларининг унга хизматлари буюрсин, омин, фотиҳамизни ўзинг қабул эт”.

У тик турганича юзига қип-қизил кафтларини суртди. Ўз истагига эришган бу одамнинг юзида мен негадир барибир қувонч сезмадим. Худоёр қайиқчининг шу алпозда туриши менга ёқмади.

Биз эса қирғоққа тушишимиз билан, ўқиган фотиҳамизни ҳам унутиб, югурганимизча, қўл узатса етгулик Маткарим тоғамизникига чопқиллаб кетавердик…

«Одамзот куни етиб қазо қилар бўлса, тобути кетидан йиғлаб югурадиганлари қолсин экан…”-хўрсинди бувам чой устида серажин юзини босган маржон-маржон терларини оппоқ сочиқ биланартар экан. Суриштириб билсам, бувам қишлоғимиз қариялари билан биргаликда уч қишлоқ ҳатлаб, шу-шу тақдир мени қайта ҳеч учраштирмаган, бир умр бефарзанд ўтган Худоёр қайиқчини охирги йўлга кузатиб қўйгани бориб келган эканлар…

ШЕЪРЛАР

***

Қўй,
Эгмасангчи бошгинангни сан,
Кунгабоқар,
кунгабоқар,
кунгабоқар,
Яна кулиб,
Бу қоп-қора тун кетидан,
Тонгинг отар,
тонгинг отар,
тонгинг отар.

****

Юрсам, юраверсам, етсам…

Шабада эсса кипригимни бир ҳол ўйнатиб,
Бўлғуси шамолдан сассиз дарак берган бўлиб.
Ҳузур ила атрофга қарасам маҳлиё бўлиб,
Секин юрсам,
катта йўлнинг бир бўлаги бўлиб…

Шабада шамолга айлана борса бора-бора,
Бир соз қилса шукуҳли нола-ношарқона.
Кўйлагим ёқасини ҳилпиратса огоҳ бўл дея,
Шамол-да дея кетсам,
сочларимни силаган бўлиб…

Шамол кучайиб айланса шовқинли довулга,
Мен ҳам борман, танимайсизми мени дегандай,
Ноласи ҳам ёқимсиз, ўхшамас ҳеч бир куйга.
Кетсам-кетаверсам,
довул ўз, мен ўз дардим ила .

Шамол ўтиб, гулдуросла, момоқалдироқ чақса,
Оламни қўрқитиб, эгаси борлиқнинг мен дея.
Яшин уриб, буткул кул бўлғувси дарахт эрсамда
Юрсам, юраверсам,
секин елкаларим бир сиққан бўлиб.

Бирданига шовуллаб қуйиб берса гуррос ёмғир,
Она табиатни уйғотиб, ўзлигини англатмоқ каби.
Шабада, шамол, довул, қўрқинчли чақмоқ ҳам тинса,
Кетаверсам,
ёмғирла ювиб юзларим,
кенглик узра.

Олам тинч, кетсам, кетаверсам, қадам босиб бир-бир,
Шабадага маҳлиё, шамолдан ҳоли, чақмоқдан йироқ,
Ёмғирдай тоза етиб борсам ястаниб ётган манзилга бир.
Мовий осмона маҳлиё бўлиб, юрсам,
юраверсам,
етсам…

***

Нигоҳингиздан билдим, олам ташвиши елкангизда,
Бир кун ўғлим, бир кун қизим, бир кун нимадир яна.
Юзингиздаги ажин-умр дафтарига ёзилган қасида,
Сочингиздаги ҳар бир оқ биз учун сабоқ-ақида.

***

Бир қадар муғомбирсиз, куласиз, кўзларингиз қисиб,
Гўё оқилсиз, маъқуллайсиз, қўшиласиз, ишонтирасиз.
Во ажаб, “дўст”ингиз кетган сўнг, ишларидан топиб айб,
Билмадим нега, ерга урасиз, қилиб уни аҳмоқ, уқубсиз.

***

Бирам беғубор,
булоқ сувидек тоза,
осмонданда тиниқ,
Ҳар кимни ҳам
қилгудек маҳлиё,
чиққудек сизга пешвоз,
Интилгувчи,
чорлагувчи,
айлагувчи муштоқ,
Бориб ёнингизга,
кулгим келар,
менинг ҳам сўзсиз.
Бир кулгингиз бор сизнинг,
сизнинг
бир кулгингиз бор…

***

Билиб бўлмас борлиғингиз,
билинмас йўқлигингиз.
Эшитиб бўлмас, қўшилмайсиз,
ҳам қилмайсиз инкор,
Ўз овозингизга ўзингиз шод,
дод, ўрдаксимон юришингиз,
Битар ишни битмас,
кимнидир қилиб туҳмату- ғийбат…
Фолбинликка даъвом йўқ,
лекин
сиз
муғомбирсиз.

***

Секин ҳайдар аравасин, қилиб бир нафис ҳиргойи,
Эшаги билан ҳамдард, қўлидаги қамчига эрк бермайин.
Эшак тортар араванинг чоли ортган оғир юкин,
Аравакаш тортар бу дунёнинг елкасидан тушмас юкин.

***

Қадрдон масканда…

Тамакини хўб тортиб, қарайман олазарак бўлиб атрофга,
Хаёлимда бир жўшқинлик, узук-юлуқ хотирот, сиймолар.
Шу-шу мен ўқиган даргоҳ, ғиштлари, деразалар, йўлакча,
Қарайман ўриндиқларга, беҳузур юрагимни олиб қўлга.
Югургим келар қайгадир, демоқ бўлгим келар нимадир,
Тилим айланмас, чиқмас овозим, оёқларим бўйсинмас сира…
Вақт ҳакам, дастрўмол ила ажин босган пешонам силаб,
Чиқаман ёшлигимни ташлаб кетмоқ учун қадрдон кўчага,
Кузатиб қолар мени
ёши ўтган маъюс
эгик дарахтлар.

***

Ёмғир тинмайди, савалар дарахтни майда-майдалаб,
Шамолга дош бермоқ бўлиб тебранар у ўхтин-ўхтин.
Тинмайди ёмғир, тинмайди сабрин синаган бўлиб,
Мағрур турар дарахт, қурбон бериб, олтин япроқларин…

07

(Tashriflar: umumiy 142, bugungi 1)

Izoh qoldiring