Bayram Aytmurod. Maxluq

07 Ай, нима бўлса бўлар, деб, кўзимни чирт юмиб туравердим. Бир пайт келиннинг ниши нақд кўзимга санчилди-я! Ниши миямгача кирди, деб ўйладим. Ўзимга келиб улгурмасдан иккинчи кўзимниям палағда қилди. «Вой-дод! Қутқаринглар!» дейман, қани биров ёрдамга келса! Ўғлимнинг қилмиши ҳаммасидан ўтиб тушди. Юрагимга тишини ботириб, ярмини юлиб олди-ю! Ҳушимдан кетиб, ерга қуладим. «Худойим-а! Кўрсатган роҳатинг шуми», деб нола қилдим.

Байрам Айтмурод
МАХЛУҚ
091

095 Байрам Айтмурод (Айтмуродов) 1986 йили Қорақалпоғистон Республикаси Бўзотов туманида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган. Ҳикоялари «Ёшлик» журнали ва бошқа вақтли нашрларда эълон қилинган.

091

Ёзги таътилда қишлоққа боргандим. Амакиваччам Орзубой билан эчки боқиб, ариқ бўйидаги толнинг соясида салқинлаб ўтирардик. Пешин маҳал бир чўпон подани суғоришга ҳайдаб келди. Моллар шатолоқ отиб ўзини ариққа урди.
— Ана, Қулмурод тентак келяпти, — деди Орзубой. Мен ўрнимдан ирғиб турдим. Чўпоннинг оти ҳам олди туёғини ариқнинг лабига тираб, пишиллаб сув ичди.

— Ич, жонивор, ҳа! — деди чўпон. У қорачадан келган, юзини ажин босган, кўзлари катта-катта киши эди. Оппоқ қошлари, чўққи-соқоли, бурама мўйлови уни важоҳатли кўрсатарди. Эгнида эски тўн, бошида ола дўппи, оёғида кирза этик.

Мен ундан чўчиброқ қараб турардим.
— Нега тентак деяпсан? — шивирладим Орзубойга.

— Ҳамма шундай дейди, — Орзубой, афтидан, чўпонни яхши танигани учун хотиржам эди. Мени эса, унинг пакана бўйига ярашмаган дўлвор овозини эшитибоқ, ваҳима босганди. Айни пайтда «тентак» деган сўзнинг маъноси менда ваҳима уйғотар, қўрқинчли кинолардаги махлуқлар кўз олдимда намоён бўлаётганди. Худди бошсиз чавандозни кўргандек жойимда тек қотиб турардим. У подани яйдоқ жойдаги катта қўрасига қамади.

Орзубой айтди: Қулмурод чўпон овулнинг подасини боқиб, кун кечирар экан. Кечки овқатини навбати билан овулдошларникида ер, эрталабларигина уйида чой ичар экан.

— Мол эгасига ўхшамаса, ҳаром ўлади, — деди чўпон отини қамишзорга арқонлаб, биздан ўн қадамча наридаги тўртта хода тепасига қизилмия боғламидан тўшаб қўйилган бостирмасига кираётиб. У қўлидаги астари чиқиб, увадаланиб кетган ёпинчиқни тўшади. Қора қумғонини ариқдан тўлдирди. Ўтин ёқди.

— Зарифбойнинг ҳўкизини айтаман-да, — дея минғирлади. — Ўзига ўхшаб, дуч келган молга шохини тирайверади. Бу ҳаром қотгурни боғлаб боқ, подани булғаяпти, дедим. Аҳмоқ «Пулини олгандан кейин, қаранг-да», деб мен билан ғижиллашади-да! Отасининг ҳурмати, индамадим. Яхши одам эди, раҳматли. Бўлмаса, ҳўкиз-пўкизи билан қўшиб терисини шилиб оламан-а!

— Юр, ёнига борамиз, — деди Орзубой.
— Йўғ-э, шу ерда ўтирай¬-лик, — дедим.
— Унда ўзинг ўтиравер, —¬ деди у ва чўпоннинг ёнига кетди.

Мен қўлимдаги таёғим билан ер чизиб ўтиравердим.
— Анов кимнинг боласи? —¬ сўради чўпон менга ишора қилиб.
— Собит амакимнинг ўғли, меҳмон, — деди Орзубой менга иршайиб қараб.
— Шаҳарданми?

Чўпоннинг саволига Орзубой бош ирғаб тасдиқлади. Чўпон менга қамчисини силкиди.
— Ҳой бола, берман кел!

Ноилож бордим. Бир хаёлим уйга қараб қочмоқчи ҳам бўлдим. Лекин, қўрқоқ деб ўйламасин, дедим. Қолаверса, Орзубойнинг бир ўзини ташлаб кетиб бўладими? Тентак уни бир нима қилиб қўйса-чи?
— Собит артиснинг боласиман, де? — чўпон менга бошдан-оёқ разм солди. — Ота-энанг яхшими? — сўнг у Орзубойга юзланди. — Кўрдингми? Шаҳарнинг болалари оппоқ бўлади. Сени қара, бетинг қоп-қора, ёриқ-ёриқ.

Орзубой ҳиринглаб кулди:
— Далага чиқиб ўт юлмаса, пахта термаса, ўтин ёрмаса, мол боқмаса, оппоқ бўлади-да, бобо.
— Дуруст айтасан, — деди чўпон.

Подада манглайи қашқа ҳўкиз пишиллаб олиб, қизил буқачани тирқиратиб қувиб кетди. Бошқа моллар ҳам ғимирлаб қолди.
— Ҳов, ҳайт-ҳайт! Ҳа, эгангга ўхшамай ўл! — ўтирган жойида бақирди чўпон.

— Ана, қара, яна Зарифбойнинг қора мохови! Унинг бир ғунажини бор, Қуролнинг қизил танасини искаб юрибди. Манов қора қўймаяпти, қизғанади чоғи. Бас келса, сенларнинг ола буқанг бас келарди унга. Сотиб юбордингларми?

— Ҳа, — деди Орзубой бошини қуйи солиб.
— Ҳайбати бор эди, — чўпон чой дамлади. Нондан синдириб, бизга узатди. Ўзи косага чой қуйиб, ичига нон тўғради. Жазирамада куйиб, ариқнинг лойқа сувидан ичишга юрагим бетламай турганди. Онам тайинлаган: «Ариққа чўмилма, сувидан ичма», деган. Ичим кетармиш. Чойдан ачимсиқ шўр таъми келар, шундай эса-да, хом сувдан дуруст деб ўйладим.

Чўпон подага қўшилмай, бир четда ётган сигирга ишора қилди.
— Ҳўв анави кўк сигирнинг эрталабдан бери мазаси йўқ. Ўринбойники. Бугун-эрта туғади. Жонивор қийналяпти.
— Ай, — қўл силтади. — Минг азобда туғиб, ялаб-юлқаб катта қилади, елин тутиб, сут беради. Охири нима бўлади, э, онасини!..

Қулмуродни тентак деганича бор экан. Ёнида бола ўтирибдими, аёлми, фарқи йўқ: сўкиниб гапиради. Оғзидан боди кириб, шоди чиқади. Кейин у бизга ўхшаган ғўр болаларга қўрқинчли воқеаларни гапириб берар экан.
— Ҳой, артиснинг боласи, эшитганмисан, шаҳарда одам ейдиган махлуқлар бор экан, а? — деди чўпон. Мен чўчиб тушдим. Очиғи, бундай гап қулоғимга чалинмаган, аксинча, жин, ажина, мен номини билмайдиган яна алламбало махлуқлар қишлоқларда бўлади, деб эшитганман.

— Йўғ-эй, унақалар йўқ бизда! — дедим мен. — Шаҳарда баланд бинолар бор, машиналар бор…
— Бор! Ўз кўзим билан кўрганман! — деди чўпон гапимни бўлиб, тўнининг астарини буклаб, ёстиқ қилди-да, бемалол ёнбошлаб ҳикоясини бошлади.

— Бир куни пенсиямни олиб, ўғлимни, невараларимни кўриб келай, деб шаҳарга бордим. Шаҳарда боламнинг саройдай уйи бор. Раҳматли кампирим билан «ёлғиз, ёлғиз» деб ялмоғиз ўстирибмиз-да! Билмай юрган эканман.

Дарвозадан кириб бордим. Мени кўриб келинимнинг кўзлари совуқ чақнади. Невараларим ҳурпайиб, менга бегонадай қараб турди. Шунда сезгандим ўзи, бир бало борлигини. Ўғлим йўқ экан. Бироз ўтирдим, чой ичдим, томоқ едим. Йўлда чарчабман, шекилли, кўзим илинибди. Ярим тунда уйғониб кетдим. Чироқ ўчган. Хона ичи қоп-қоронғи, тепамда кимдир совуқ нафас олаётганини сездим. Этим увишиб кетди.

Мени қўрқув босар, Орзубой эса бу воқеани минг марта эшитган чоғи, пинагини бузмай ўтирарди. Чўпон давом этди:
— Бир пайт қарасам, ўғлим — юзини тук қоплаган, бўриникидай тишларини ғичирлатиб турибди! Астағфирулло, астағфирулло, дедим. Калима қайтардим. Кўзларимга ишонмадим!
— Ҳа, болам! — дедим юрагим ҳапқириб.

— Ота! Нега келдингиз? — дейди. Ўрнимдан учиб турдим. Занғарнинг боласи, отагаям шундай дейдими? Қулоқ чаккасига тортиб юбормоқчи бўлдим-у, қўрқдим. Тушимми ё ўнгимми? Қаршимдаги ёлдор ўғлимми ё жинми? Билолмай, карахт бўлиб қолдим. Ўғлим дейин десам, бир бадбашара махлуқ, демайин десам, овозидан таниб турибман. Тилим зўрға айланди.
— Сизларни соғиндим, бир кўрай, невараларимни ҳидлаб кетай, деб келдим. Омонликми? — дедим.

— Омонликмас, ёмонлик, ота! Бизга ўлат теккан, бу ердан тезроқ кетмасангиз бўлмайди! — деб хириллаяпти.
— Шошма, бола! Тушунтириб гапир! Қандай ўлат?! — дедим капалагим учиб. Ошхонада турган келин вишиллаб келиб қолди. Боши илоннинг бошидай, кўзлари қип-қизил. Тили бир қарич. Қўли билан думи оти йўқники! Нишиям бор.

Уйни айланиб қочдим, у хонадан бу хонага — бу хонадан у хонага. Изимдан келаверади, ташланишга ботинолмаяпти, лекин таъқиб қилаверади. Саройдай ҳовлининг ҳеч бир бурчагига сиғмадим. Келин аждарҳодай олов пуркаб, ҳайқириб турибди. Ўғлим ўртага тушди. Менга қараб ириллайди, хотинига қараб увиллайди. Нима деётганига тушунмайман. Яна амаллаб даҳлизга чиқдим. Чопонимни, таёғимни пайпаслаб қидириб, топдим. Иккови рўпарамга келиб қолди. «Кетинг, деганда кетмадингиз, энди сизни еймиз» дейди ит эмган! Таёғимни сермайвердим, улар чап бераверди. Мен сермайвердим, улар чап бераверди. Охири чарчадим.

Чўпон томоғи қуриб, совиб қолган чойини қўлтиллатиб ичди. Оғзига нон солиб чайнади.
— Ай, нима бўлса бўлар, деб, кўзимни чирт юмиб туравердим. Бир пайт келиннинг ниши нақд кўзимга санчилди-я! Ниши миямгача кирди, деб ўйладим. Ўзимга келиб улгурмасдан иккинчи кўзимниям палағда қилди. «Вой-дод! Қутқаринглар!» дейман, қани биров ёрдамга келса! Ўғлимнинг қилмиши ҳаммасидан ўтиб тушди. Юрагимга тишини ботириб, ярмини юлиб олди-ю! Ҳушимдан кетиб, ерга қуладим. «Худойим-а! Кўрсатган роҳатинг шуми», деб нола қилдим.

Чўпоннинг кўзлари ялтиради. Юмса, ёш думалайди. У кипригини пирпиратмай, уфқ томонга анча тикилиб турди. Сўнг нос туфлаган киши бўлиб, орқасига қаради-да, оғзига қўшиб, юз-кўзини ҳам артган бўлди.

Мен воқеани қўрқув аралаш диққат билан тинглаб ўтирардим.
— Оғзингни ёп, қурвақа кириб кетади, — деб ночоргина кулди чўпон.

Мен уялиб кетдим:
— Э, бобо! Ёлғонниям ямламай ютаркансиз-ку, — дедим норози оҳангда.
— Нега? — ажабланди чўпон.

— Кўзларингиз жойида-ку!
— Ие, бу менинг кўзиммас, бузоқнинг кўзи-ку, кўрмаяпсанми: катта-катта.

Мен анграйиб қарадим. Чиндан, унинг кўзлари қинидан чиққудек катта эди.
— Менинг отам ҳеч қачон махлуққа айланмаган. Онам ҳам. Менам айланмаганман.
— Сен айланмайсан-да, болам, — у меҳр билан менга қаради. — Сен овулингга келиб турасан. Ота-энанг ҳам келади. Қишлоқнинг ҳавоси шифобахш-да, сенларни ўлатдан асрайди.

Атрофга қарадим. Ўпкамни тўлдириб, ҳаво сипқордим. Орзубой дик ўрнидан турди.
— Ўлдик! — деди кўзлари олайиб. — Эчки пахтага тушибди! Тур, югур!

У таёғини олиб, «ҳайт-ҳуйт»лаб югуриб кетди. Мен ҳам изидан чопдим. Эчкиларни қайтариб, ариқнинг бу томонига — янтоқзорга ҳайдадик. Кўприкнинг устида қоровулладик. Пахта томонга бўйнини чўзса, қайтариб турдик. Бу пайтда Қулмурод чўпон бизга тикилиб ётар, кўзлари бизда-ю, хаёли бошқа жойда эди. Мен қуёш тиғида ўтиравериб, зерикдим. Энди чўпондан чўчимаётган эдим, ёнига бориб, бир пиёла чой ичиб, томоғимни ҳўлладим.

Чўпон: «Одам ули одам қадрин билмаса, ундан кўра, ўтлаб юрган мол яхши…», деб қўшиқ хиргойи қилиб ётарди.

…Таътил тугаб шаҳарга қайтдим. Уйдагиларга овулда кўрган-билганларимни айтиб бердим.
— Ота, шаҳарда одам ейдиган махлуқлар борми? — деб сўрадим.

— Ие, болам, ким айтди буни сенга? — ажабланиб кулди отам.
— Қулмурод бобо.

— Э, у бир тентак-ку! — отам бепарво қўл силтади…

011

Bayram Aytmurod
MAXLUQ
091

Bayram Aytmurod (Aytmurodov) 1986 yili Qoraqalpog’iston Respublikasi Bo’zotov tumanida tug’ilgan. O’zbekiston davlat san’at va madaniyat institutida tahsil olgan. Hikoyalari «Yoshlik» jurnali va boshqa vaqtli nashrlarda e’lon qilingan.

091

Yozgi ta’tilda qishloqqa borgandim. Amakivachcham Orzuboy bilan echki boqib, ariq bo’yidagi tolning soyasida salqinlab o’tirardik. Peshin mahal bir cho’pon podani sug’orishga haydab keldi. Mollar shatoloq otib o’zini ariqqa urdi.
— Ana, Qulmurod tentak kelyapti, — dedi Orzuboy. Men o’rnimdan irg’ib turdim. Cho’ponning oti ham oldi tuyog’ini ariqning labiga tirab, pishillab suv ichdi.

— Ich, jonivor, ha! — dedi cho’pon. U qorachadan kelgan, yuzini ajin bosgan, ko’zlari katta-katta kishi edi. Oppoq qoshlari, cho’qqi-soqoli, burama mo’ylovi uni vajohatli ko’rsatardi. Egnida eski to’n, boshida ola do’ppi, oyog’ida kirza etik.

Men undan cho’chibroq qarab turardim.
— Nega tentak deyapsan? — shivirladim Orzuboyga.

— Hamma shunday deydi, — Orzuboy, aftidan, cho’ponni yaxshi tanigani uchun xotirjam edi. Meni esa, uning pakana bo’yiga yarashmagan do’lvor ovozini eshitiboq, vahima bosgandi. Ayni paytda «tentak» degan so’zning ma’nosi menda vahima uyg’otar, qo’rqinchli kinolardagi maxluqlar ko’z oldimda namoyon bo’layotgandi. Xuddi boshsiz chavandozni ko’rgandek joyimda tek qotib turardim. U podani yaydoq joydagi katta qo’rasiga qamadi.

Orzuboy aytdi: Qulmurod cho’pon ovulning podasini boqib, kun kechirar ekan. Kechki ovqatini navbati bilan ovuldoshlarnikida yer, ertalablarigina uyida choy ichar ekan.

— Mol egasiga o’xshamasa, harom o’ladi, — dedi cho’pon otini qamishzorga arqonlab, bizdan o’n qadamcha naridagi to’rtta xoda tepasiga qizilmiya bog’lamidan to’shab qo’yilgan bostirmasiga kirayotib. U qo’lidagi astari chiqib, uvadalanib ketgan yopinchiqni to’shadi. Qora qumg’onini ariqdan to’ldirdi. O’tin yoqdi.

— Zarifboyning ho’kizini aytaman-da, — deya ming’irladi. — O’ziga o’xshab, duch kelgan molga shoxini tirayveradi. Bu harom qotgurni bog’lab boq, podani bulg’ayapti, dedim. Ahmoq «Pulini olgandan keyin, qarang-da», deb men bilan g’ijillashadi-da! Otasining hurmati, indamadim. Yaxshi odam edi, rahmatli. Bo’lmasa, ho’kiz-po’kizi bilan qo’shib terisini shilib olaman-a!

— Yur, yoniga boramiz, — dedi Orzuboy.
— Yo’g’-e, shu yerda o’tiray¬-lik, — dedim.
— Unda o’zing o’tiraver, —¬ dedi u va cho’ponning yoniga ketdi.

Men qo’limdagi tayog’im bilan yer chizib o’tiraverdim.
— Anov kimning bolasi? —¬ so’radi cho’pon menga ishora qilib.
— Sobit amakimning o’g’li, mehmon, — dedi Orzuboy menga irshayib qarab.
— Shahardanmi?

Cho’ponning savoliga Orzuboy bosh irg’ab tasdiqladi. Cho’pon menga qamchisini silkidi.
— Hoy bola, berman kel!

Noiloj bordim. Bir xayolim uyga qarab qochmoqchi ham bo’ldim. Lekin, qo’rqoq deb o’ylamasin, dedim. Qolaversa, Orzuboyning bir o’zini tashlab ketib bo’ladimi? Tentak uni bir nima qilib qo’ysa-chi?
— Sobit artisning bolasiman, de? — cho’pon menga boshdan-oyoq razm soldi. — Ota-enang yaxshimi? — so’ng u Orzuboyga yuzlandi. — Ko’rdingmi? Shaharning bolalari oppoq bo’ladi. Seni qara, beting qop-qora, yoriq-yoriq.

Orzuboy hiringlab kuldi:
— Dalaga chiqib o’t yulmasa, paxta termasa, o’tin yormasa, mol boqmasa, oppoq bo’ladi-da, bobo.
— Durust aytasan, — dedi cho’pon.

Podada manglayi qashqa ho’kiz pishillab olib, qizil buqachani tirqiratib quvib ketdi. Boshqa mollar ham g’imirlab qoldi.
— Hov, hayt-hayt! Ha, egangga o’xshamay o’l! — o’tirgan joyida baqirdi cho’pon.

— Ana, qara, yana Zarifboyning qora moxovi! Uning bir g’unajini bor, Qurolning qizil tanasini iskab yuribdi. Manov qora qo’ymayapti, qizg’anadi chog’i. Bas kelsa, senlarning ola buqang bas kelardi unga. Sotib yubordinglarmi?

— Ha, — dedi Orzuboy boshini quyi solib.
— Haybati bor edi, — cho’pon choy damladi. Nondan sindirib, bizga uzatdi. O’zi kosaga choy quyib, ichiga non to’g’radi. Jaziramada kuyib, ariqning loyqa suvidan ichishga yuragim betlamay turgandi. Onam tayinlagan: «Ariqqa cho’milma, suvidan ichma», degan. Ichim ketarmish. Choydan achimsiq sho’r ta’mi kelar, shunday esa-da, xom suvdan durust deb o’yladim.

Cho’pon podaga qo’shilmay, bir chetda yotgan sigirga ishora qildi.
— Ho’v anavi ko’k sigirning ertalabdan beri mazasi yo’q. O’rinboyniki. Bugun-erta tug’adi. Jonivor qiynalyapti.
— Ay, — qo’l siltadi. — Ming azobda tug’ib, yalab-yulqab katta qiladi, yelin tutib, sut beradi. Oxiri nima bo’ladi, e, onasini!..

Qulmurodni tentak deganicha bor ekan. Yonida bola o’tiribdimi, ayolmi, farqi yo’q: so’kinib gapiradi. Og’zidan bodi kirib, shodi chiqadi. Keyin u bizga o’xshagan g’o’r bolalarga qo’rqinchli voqealarni gapirib berar ekan.
— Hoy, artisning bolasi, eshitganmisan, shaharda odam yeydigan maxluqlar bor ekan, a? — dedi cho’pon. Men cho’chib tushdim. Ochig’i, bunday gap qulog’imga chalinmagan, aksincha, jin, ajina, men nomini bilmaydigan yana
allambalo maxluqlar qishloqlarda bo’ladi, deb eshitganman.

— Yo’g’-ey, unaqalar yo’q bizda! — dedim men. — Shaharda baland binolar bor, mashinalar bor…
— Bor! O’z ko’zim bilan ko’rganman! — dedi cho’pon gapimni bo’lib, to’nining astarini buklab, yostiq qildi-da, bemalol yonboshlab hikoyasini boshladi.

— Bir kuni pensiyamni olib, o’g’limni, nevaralarimni ko’rib kelay, deb shaharga bordim. Shaharda bolamning saroyday uyi bor. Rahmatli kampirim bilan «yolg’iz, yolg’iz» deb yalmog’iz o’stiribmiz-da! Bilmay yurgan ekanman.

Darvozadan kirib bordim. Meni ko’rib kelinimning ko’zlari sovuq chaqnadi. Nevaralarim hurpayib, menga begonaday qarab turdi. Shunda sezgandim o’zi, bir balo borligini. O’g’lim yo’q ekan. Biroz o’tirdim, choy ichdim, tomoq yedim. Yo’lda charchabman, shekilli, ko’zim ilinibdi. Yarim tunda uyg’onib ketdim. Chiroq o’chgan. Xona ichi qop-qorong’i, tepamda kimdir sovuq nafas olayotganini sezdim. Etim uvishib ketdi.

Meni qo’rquv bosar, Orzuboy esa bu voqeani ming marta eshitgan chog’i, pinagini buzmay o’tirardi. Cho’pon davom etdi:
— Bir payt qarasam, o’g’lim — yuzini tuk qoplagan, bo’rinikiday tishlarini g’ichirlatib turibdi! Astag’firullo, astag’firullo, dedim. Kalima qaytardim. Ko’zlarimga ishonmadim!
— Ha, bolam! — dedim yuragim hapqirib.

— Ota! Nega keldingiz? — deydi. O’rnimdan uchib turdim. Zang’arning bolasi, otagayam shunday deydimi? Quloq chakkasiga tortib yubormoqchi bo’ldim-u, qo’rqdim. Tushimmi yo o’ngimmi? Qarshimdagi yoldor o’g’limmi yo jinmi? Bilolmay, karaxt bo’lib qoldim. O’g’lim deyin desam, bir badbashara maxluq, demayin desam, ovozidan tanib turibman. Tilim zo’rg’a aylandi.
— Sizlarni sog’indim, bir ko’ray, nevaralarimni hidlab ketay, deb keldim. Omonlikmi? — dedim.

— Omonlikmas, yomonlik, ota! Bizga o’lat tekkan, bu yerdan tezroq ketmasangiz bo’lmaydi! — deb xirillayapti.
— Shoshma, bola! Tushuntirib gapir! Qanday o’lat?! — dedim kapalagim uchib. Oshxonada turgan kelin vishillab kelib qoldi. Boshi ilonning boshiday, ko’zlari qip-qizil. Tili bir qarich. Qo’li bilan dumi oti yo’qniki! Nishiyam bor.

Uyni aylanib qochdim, u xonadan bu xonaga — bu xonadan u xonaga. Izimdan kelaveradi, tashlanishga botinolmayapti, lekin ta’qib qilaveradi. Saroyday hovlining hech bir burchagiga sig’madim. Kelin ajdarhoday olov purkab, hayqirib turibdi. O’g’lim o’rtaga tushdi. Menga qarab irillaydi, xotiniga qarab uvillaydi. Nima deyotganiga tushunmayman. Yana amallab dahlizga chiqdim. Choponimni, tayog’imni paypaslab qidirib, topdim. Ikkovi ro’paramga kelib qoldi. «Keting, deganda ketmadingiz, endi sizni yeymiz» deydi it emgan! Tayog’imni sermayverdim, ular chap beraverdi. Men sermayverdim, ular chap beraverdi. Oxiri charchadim.

Cho’pon tomog’i qurib, sovib qolgan choyini qo’ltillatib ichdi. Og’ziga non solib chaynadi.
— Ay, nima bo’lsa bo’lar, deb, ko’zimni chirt yumib turaverdim. Bir payt kelinning nishi naqd ko’zimga sanchildi-ya! Nishi miyamgacha kirdi, deb o’yladim. O’zimga kelib ulgurmasdan ikkinchi ko’zimniyam palag’da qildi. «Voy-dod! Qutqaringlar!» deyman, qani birov yordamga kelsa! O’g’limning qilmishi hammasidan o’tib tushdi. Yuragimga tishini botirib, yarmini yulib oldi-yu! Hushimdan ketib, yerga quladim. «Xudoyim-a! Ko’rsatgan rohating shumi», deb nola qildim.

Cho’ponning ko’zlari yaltiradi. Yumsa, yosh dumalaydi. U kiprigini pirpiratmay, ufq tomonga ancha tikilib turdi. So’ng nos tuflagan kishi bo’lib, orqasiga qaradi-da, og’ziga qo’shib, yuz-ko’zini ham artgan bo’ldi.

Men voqeani qo’rquv aralash diqqat bilan tinglab o’tirardim.
— Og’zingni yop, qurvaqa kirib ketadi, — deb nochorgina kuldi cho’pon.

Men uyalib ketdim:
— E, bobo! Yolg’onniyam yamlamay yutarkansiz-ku, — dedim norozi ohangda.
— Nega? — ajablandi cho’pon.

— Ko’zlaringiz joyida-ku!
— Ie, bu mening ko’zimmas, buzoqning ko’zi-ku, ko’rmayapsanmi: katta-katta.

Men angrayib qaradim. Chindan, uning ko’zlari qinidan chiqqudek katta edi.
— Mening otam hech qachon maxluqqa aylanmagan. Onam ham. Menam aylanmaganman.
— Sen aylanmaysan-da, bolam, — u mehr bilan menga qaradi. — Sen ovulingga kelib turasan. Ota-enang ham keladi. Qishloqning havosi shifobaxsh-da, senlarni o’latdan asraydi.

Atrofga qaradim. O’pkamni to’ldirib, havo sipqordim. Orzuboy dik o’rnidan turdi.
— O’ldik! — dedi ko’zlari olayib. — Echki paxtaga tushibdi! Tur, yugur!

U tayog’ini olib, «hayt-huyt»lab yugurib ketdi. Men ham izidan chopdim. Echkilarni qaytarib, ariqning bu tomoniga — yantoqzorga haydadik. Ko’prikning ustida qorovulladik. Paxta tomonga bo’ynini cho’zsa, qaytarib turdik. Bu paytda Qulmurod cho’pon bizga tikilib yotar, ko’zlari bizda-yu, xayoli boshqa joyda edi. Men quyosh tig’ida o’tiraverib, zerikdim. Endi cho’pondan cho’chimayotgan edim, yoniga borib, bir piyola choy ichib, tomog’imni ho’lladim.

Cho’pon: «Odam uli odam qadrin bilmasa, undan ko’ra, o’tlab yurgan mol yaxshi…», deb qo’shiq xirgoyi qilib yotardi.

…Ta’til tugab shaharga qaytdim. Uydagilarga ovulda ko’rgan-bilganlarimni aytib berdim.
— Ota, shaharda odam yeydigan maxluqlar bormi? — deb so’radim.

— Ie, bolam, kim aytdi buni senga? — ajablanib kuldi otam.
— Qulmurod bobo.

— E, u bir tentak-ku! — otam beparvo qo’l siltadi…

011

(Tashriflar: umumiy 217, bugungi 1)

Izoh qoldiring