Bayram Aytmurod. Bolakay

Ashampoo_Snap_2016.07.13_19h19m14s_002_.png     Мақсад канадай ёпишиб олган бу болакайдан қандай қутилишни билмай боши қотди. Мана ярим соатдан бери изидан қолмайди. Шу ярим соат унинг учун ярим асрдай туюлди. Болакай эса парвойи фалак, пешонасига тушиб кетаверадиган катта шапкасини кўтариб, елкасида оғир сумкасини лўкиллатганча Мақсаднинг ёнида пилдираб юрибди.

Байрам АЙТМУРОД
БОЛАКАЙ
008

a319614eb8085adc29f2b4c358f4e75c.png Байрам Айтмурод 1986 йили Қорақалпоғистон Республикаси Бўзотов туманида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган.Ҳикоялари «Ёшлик» журнали ва бошқа вақтли нашрларда босилиб чиққан. Шунингдек, ёш ёзувчининг бир неча асарлари: жумладан, «Қўноқ», «Оға», «Махлуқ« ҳикоялари «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайти саҳифаларида эълон қилинган.

008

Мақсад канадай ёпишиб олган бу болакайдан қандай қутилишни билмай боши қотди. Мана ярим соатдан бери изидан қолмайди. Шу ярим соат унинг учун ярим асрдай туюлди. Болакай эса парвойи фалак, пешонасига тушиб кетаверадиган катта шапкасини кўтариб, елкасида оғир сумкасини лўкиллатганча Мақсаднинг ёнида пилдираб юрибди. Нуқул “Нега ишонмаяпсан?” деб такрорлайверади. Ақли бутун одам унинг гапига ишонмаслиги аниқ! Унинг ҳали эси оққани йўқ.

Эрталаб Мақсад уйидан хуноби ошиб чиқди. «Хотин киши у ёқ, бу ёғига қараб гапирса-да! Мен нима, маошимни кўчага сочиб юрибманми? Аввалгидай еб-ичишлар йўқ энди! Чидайсан, чидамасанг, ана – катта кўча! Яна қулупнай сўраганига ўлайми! Қишда қаердан топаман қулупнайни?! Хотин дегани сал ўйланиброқ бошқоронғи бўлса-да!». Кўча бошидаги пистафуруш холадан тамаки олиб, биттасини тутатди. Ўпкаси тўлгунча тутун сипқориб, сал енгил тортгандай бўлди.

Автобуснинг орқа эшигидан чиқиб, ойна тарафдаги бўш жойга ўтирди. Ёнидан ёши саксонларнинг этагидан тутган бир қария, қарши ўриндиқдан жувон ва мана шу етти-саккиз ёшлардаги тирмизак жой олди. Ҳаво совуқ, қуёш фақат кун билан туннинг фарқини англатиш учунгина осмонга илиб қўйилгандай эди. Одамлар бекатда оғзидан буғ пуркаб, жунжикканча, бетоқатлик билан кутаётган автобуслари келган заҳоти ўзларини унинг ичига урарди. Биров билан бировнинг иши йўқ. Ҳамма қаёққадир шошган. Ҳамма кимдир еб, ўзлари қуруқ қолаётгандай беҳаловат, бесар. Ҳорғин-у, лекин олазарак, шошган-у, лекин ҳардамхаёл.

Мақсад автобуснинг бошланғич бекатидан чиқиб, охиригача боради. Йўл-йўлакай ташвишу муаммолардан қабарган кўнглини бироз юмшатиш, икир-чикирларни бироз унутиш учун ана шу қаёққадир муттасил шошаётган одамларни кузатади ё ойнага бошини тираганча пинакка кетади. Боя ҳам кўзи илинибди, тиззасига қўққисдан теккан енгил зарбадан кўзини очди. Қаршисида болакай худди масхара қилгандай тиржайиб ўтирарди. У гоҳ болага, гоҳ унинг ёнидаги аёлга норози қараб қўйди. Аёл болакайнинг онаси бўлса керак ва ўғлининг қилиғи учун узр сўраб, унга дакки беради деб ўйлади. Ахир, у кийим-бошини тоза тутишга одатланган, ҳар қандай ғубор ҳам унинг таъбини тирриқ қилади-да. Йўқ, кўзлари бир нуқтада қотган бу аёл унга ҳам, болакайга ҳам парво қилмаяпти, демак, у манави болага бутунлай бегона! Болага бир буқақараш қилди-да, тиззасидаги оёқ изини қоқиб, қўлларини кўксига чатиштириб, яна кўзини юмди. Болакай бу гал қаттиқроқ тепди. Мақсад унга бақириб юбормаслик учун тишини тишига босди. Унга еб қўйгудай тикилиб ўтирди. Болакай эса ўз қилиғидан мамнун, оёқларини янаям биланглатиб, уни калака қилгандай иршайиб ўтирарди. Мақсаднинг сабр косаси тўлди:

– Ҳа, куйдирилган калладай тиржаясан? Биров очиб ўтирибдими?

Болакай ҳам бўш келмади:

– Ўзинг-чи? Дунёнинг юкини елкангга ортиб олгандай тиришасан?

– Ие, сен бола ғалати экансан-ку, а? – деди кўзи мошдай очилиб. У жулдур кийимдаги лўлисифат қора болакайнинг бетгачопарлигига ҳам ҳайратланиб, ҳам қизиқиб қолди. – Отанг тенги одамни сенсираганинг нимаси? Жинни-пиннимасмисан?

– Соппа-соғман, – деди болакай дона-дона қилиб. – Иккинчидан, отамга тил теккизма. У сендан анча катта.

Мақсад болакайнинг қулоқ-чаккасига тортиб юборгиси келди. Лекин одамлардан уялиб, индамади. Индамаган сари, ичидан тошган ғазабни босиши оғирлашди.

– Бефойда, – деди болакай унинг фикрини уққандай. – Мени урмоқ тугул, қўлингнинг учини ҳам теккизолмайсан.

Мақсад “Бу бетарбияни қаранглар? Шундай Худобезори болалар қаердан туғилар экан, а?” демоқчидай атрофга аланглади. Ҳеч ким эътибор қилмаётганини, ҳеч кимнинг унга хайриҳохлик билдириш нияти йўқлигини пайқаб, ҳафсаласи пир бўлди.

– Ҳўв бола, кимсан ўзи?! – ноилож ўзи бу бетамизнинг ақлини киритмоқчидай унга секин, аммо, таҳдидли гапирди.

– Мен одамман! Ўзинг кимсан? – бола масхоромуз, лекин, худди ўзиникидай таҳдидли жавоб қайтарди.

– Мен билан ўйнашма! Ҳозир қулоғингни кесиб оламан! – асаби баттар таранглашди.

Бола бунга жавобан шарақлаб кулди. Мақсад ўзини шу муштдай бола билан тенг қилиб ўтирганидан бир уялса, боланинг бу муносабатидан жини қўзиди.

– Танимадинг, а? – бола кулишдан тўхтаб, кўзлари сирли жилмайди.

Мақсад унга тикилиб қаради. Қаердадир кўрган. Лекин қаерда? Эслай олмади. Э-ҳа! Қўшниси Шамшод аканинг боласимикан? Ёғли жойга чўмичи ботиб юрган бу акаям кеккайган биров. Болалари ҳам отасидай саломига нарх бичадиган. Шулардан биридир-да? Йўғ-а! Унинг болалари юзидан қони қочган оппоқ-оппоқ-ку. Бунинг турқини қара? Унда ким бўлди экан? Миясининг қат-қатида қолиб кетган хотира ёзувларига бир-бир кўз югуртириб чиқди, йўқ, барибир тирмизакни таний олмади. Унга “шаҳар берди”.

– Йўқ, танишим керакмиди? – қўрс гапирди.

– Билгандим, – бола ранжиди. – Аллақачон эсингдан чиқариб юборибсан-да? Дийданг қотиб кетибди. Мен бўлсам, мени кўриб хурсанд бўласан, деб ўйлаб юрибман.

– Сен тоғамнинг эрка ўғлимидингки, кўрганда қувонсам?

Болакай энди астойдил хафа бўлиб, тумтайиб олди. Мақсадга унинг қилиғи бир ғалати туюлса, бир кулгисини келтирди. Тўғрисиям шу-да! Ким бу бола унга? Ҳеч ким! Шундай экан, нега қувониши керак? Лекин боланинг кўнглини синдириб яхши қилмади? Бола-да ҳали – дарров аразлади. “Нима қилардинг бунча ғўддайиб? Танимасанг ҳам “Кўзимга иссиқ кўринаяпсан-ку, шу эслолмайроқ турибман” десанг, тилинг танглайингга ёпишиб қолармиди? Ахир, ғирт бегоналарга ҳам шундай дейилади-ку!”

“Лекин, бу болакай…”
“Хўш?!”

“Нима, қарзим борми ундан? Биринчидан, жа бемаза бола экан. Иккинчидан, уни таниш-танимаслигимнинг менга бирор нафи тегармиди?”

“Қўйсанг-чи… Бола-ку! Ҳа, сўра энди? Бир сўра исмини? Балки адашиб-нетиб қолгандир? Ота-онаси излаб, қон-қақшаб юргандир?”

“Нима кераги бор-э? Соғ бошимга савдо орттириб юраманми?”

“Сўра энди, кўнгли ўксимасин! Сендан нима кетди?”
“Ҳа бўпти, сўрадим ана!”

– Исминг нима, болакай? Қаерда турасан?

Бола кўз остидан бир қаради-ю, қовоғини солиб, бошини ойна томонга буриб олди. Мақсад бетоқатланди. “Исмингни пишириб е, менга деса!” демоқчидай қўл силтади.

– Мақсад, – боланинг пўнғиллаган овози эшитилди.

Мақсад беихтиёр “Ҳов!” деб юборди ва миясига “Мени танир экан-да!” деган ўй яшиндай урилди.

– Исмим Мақсад, – деди бола энди Мақсадга кўз қирини ташлаб.
– Ие, адаш эканмиз-ку! – беихтиёр чеҳраси ёришиб кетди.

Бола унинг анқовлигидан ғижиниб, бошини катта одамлардай салмоқли чайқаб қўйди ва:

– Мен сенман! – деди беҳафсала, аммо, шу тобда ҳақиқатни айтиш зарурлигини ҳис қилганча қатъий гапирди.

– Нима?! – Мақсад бироз анграйиб турди. Сўнг “Энди буниси ошиб тушди” дегандай оғзининг бир чети билан ғижиниб жилмайди. – Э, …! Ҳазиллашишга бошқа одам топмадиларингми?

Бола номаъқул сўзни эшитиб, Мақсадга ялт этиб қаради. Афти буришиб, унинг ёқасини чангаллаганча ташланди: Онамга тил теккизма! Ўлдираман!

Мақсад саросимада кўзлари катта-катта очилиб, ён-атрофга аланглади: яна ўша бепарволик, яна ўша жимлик. Гўё автобусда иккисидан бўлак тирик жон йўқдай. Дарров ўзини ўнглаб, кучи бор эмасми, болани жойига итариб юборди ва унинг қўлларини маҳкам қисқанча силталади.

– Ҳўв, бола! Жиннимисан, тентакмисан?! Нималар деб валдираяпсан?! – ҳириллаб гапирди. – Кимсан?! Кимсан?!

– Мен сенман! Сен менсан! – болакай ҳам овози борича шанғиллади.

– Мен билан ўйнашма! Соғ қўймайман! – яна бақирди. – Ким ҳазил қиляпти бундай, а? Ким ўргатди сенга бу гапларни? Ким юборди сени олдимга? Айт!

– Ҳеч ким ўргатгани йўқ! Ўзим сени кўргим келди!

Мақсад боланинг тим қора кўзларига, тим қора сочларига, қалин қошларига термулди, иягида нуқтадай холга кўзи тушдию оёқ-қўли бўшашиб кетди. Ахир, ўзининг ҳам иягида хол бор-ку! Боланинг қўлини қўйиб юборди ва жойига шилқ этиб ўтирди. Қаршисида кичкиналигида тушган суратларидаги ўзига ўхшаб кетадиган болакайга яна синчиклаб тикилди. Бир ишонгиси келди, бир… Миясида ғужғон ураётган бир-бирига қарама-қарши фикрлардан, кўнглига ўргимчакдай ўрмалаётган шубҳаю гумонлардан, илондай судралиб келаётган адоқсиз саволлардан гангиб қолди. “Наҳотки, бу менман? Йўғ-э, ҳаётда бундай бўлиши мумкинми? Ақлдан оздим, шекилли! Йўқ, йўқ, эс-ҳушим жойида! Кимдир мен билан қалтис ҳазил қиляпти! Шунақами ҳали?! Мен сенларга кўрсатиб қўяман ҳазил қилиш қандай бўлишини!”

Мақсад ойнадан ташқарига бир қаради-да, автобус бекатга яқинлашаётганини сезиб, илкис ўрнидан турди ва ўзини эшик томонга урди. Болакай ҳам шошганча, унга эргашмоқчи бўлиб тараддудланди. Мақсаднинг оёғи чолнинг ҳассасига тегиб кетди, чол бир мункидию, ғиқ этмади.

– Узр, отахон!

Мақсад шоша-пиша автобусдан тушиб дуч келган томонга югурди. Орқасига ўгирилиб, болакай ҳам чопиб келаётганини кўриб, янада тезлашди.

– Тўхта, тўхтасанг-чи! – деди бола ҳаллослаб, қадамини секинлатиб.

Анча жойгача югуриб ўзининг ҳам ўпкаси ўчди. Бироз секинлашиб, орқасига ўғринча қаради. Хайрият, етолмади. Юришдан ҳам тўхтади. Тамакининг касри – ҳа деганда ҳаво етмай, ўпкаси сиқилди, томоғи ачишди. Сал энгашиб, қўлларини тиззаларига тираб, чуқур-чуқур нафас олди. Бирдан пиқирлаб кулди. “Ёши ўттиздан ошган кап-катта одам муштдай боланинг гапига ишониб, азройилдан қочгандай қочишингни қара? Уят-е! Одамлар кўрса, нима дейди?” Дарров қаддини тиклаб, атрофга қаради. Афтобусу машиналар имиллаб юрар, кўчада одам сийрак эди. Борлари ҳам жуда аста, худди тасмада бирон-бир фильмни секинлаштириб қўйгандай қимирларди. Мақсад аввалига ҳайрон бўлди. Бадани совуқданми, қўрқувданми, музлаб кетди.

– Нега қочяпсан? – ортидан келган таниш овоздан худди пичоқ санчилгандай эти увишиб, юраги тўхтаб қолгандай, кўзи қинидан, суяги этидан, эти терисидан сидирилиб тушгандай бўлди.
Журъатсизгина ўгирилиб, хушидан кетаёзди. Қочишга чоғланди-ю, оёғи базўр кўтарилаётганини, ўзи ҳам ўша секинлаштирилган фильм ичига тушиб қолганини сезди. Қанчалик бўғриқиб, кучанмасин, танаси ўзига бўйсинмади. Тошбақадай имиллаб, оёқлари худди тош бойлангандай оғир кўтарилди. Бола унинг аҳволидан бехабар, ташвишли нигоҳ билан одамларни кузатарди.

– Одамлар яшамай қўйишган, – деди бола ташвишли оҳангда ва кўрсаткич бармоғини йўлнинг нариги томонидан ўтаётган «Каптива»га чўзди. – Қара, анави қора машинанинг ичидаги одамни. Бадавлат. Тўртта-бешта дўкони бор, лекин ҳаловат йўқ. Чунки, нафсининг жилови йўқ. Қўли чамбаракда, хаёлида эса бошқа нарса: бор дунёсини хом-чўт қилиб, яна кўпайтириш пайида.

Болакай бекатда устида оҳори тўкилган пальто, бошида эски рўмолини танғиб олган олтмиш ёшлардаги аёлга қаради.

– Ҳўв анави аёл эса касалманд. Лекин унинг фикру дарди икки боласи билан уйга келиб ўтирган катта қизини куёви билан яраштириш. Хуллас, одамлар кун ўтказиш билан овора. Ўзлари учун яшамай қўйишган. Улар майда-чуйда ташвишлар, рўзғор, пул, иш, лавозим, уй, дала ҳовли, машина… э айтишгаям арзимайдиган нарсаларни деб елкаларига юк ортиб олган. Биронтасининг яшашдан мақсади, ҳаётдан туядиган завқи йўқ. Шунинг учун ўзлари айни дамда турган жойида эмас, бошқа жойларда булутдай сузиб юрибди.

– Мммееенннггга ннимаааа қиззззиғғиии бооооррр, – Мақсаднинг овози жуда секин ва чўзилиб чиқди. Худди уни кимдир бўғаётгандай гапирди. У кучана-кучана чарчади. Барибир оёғини аранг кўтарганча ярим қадамгина узоқлашибди, болакай бир ҳатлаб унга етиб олди-да:

– Вой-бўй, қийналиб кетибсан-ку, а? – деб тиржайди. – Қара, қизариб кетганингни. Майли, сенга бир сирни айтаман. Агар саволимга жавоб берсанг, вақт аввалги ҳолига қайтади. Болалигингда қайси овқатни яхши кўрардинг?

– Ооооонам қиллллган бееешбббармоқнииии, – бирдан ўзини тутолмай етти-саккиз қадам югургилаб, ўмбалоқ ошиб, йиқилди. Автобусу машиналар зувиллади, одамлар ҳам, ўзи ҳам аввалгидай қимирлайдиган бўлди. У ўрнидан шаҳд билан турди, болага ҳайратланиб қаради-да, ўгирилиб кета бошлади.

Болакай изидан юрди:
– Ҳалиям ишонмаяпсанми?

Мақсад индамай йўлида давом этди. У танасида оғир тушкунлик ва чарчоқни сезди. Айни дамда ич-ичидан қочиш бефойдалигини англаб боши қотганди. Ишхонасига яқинлашаверишда қайта-қайта бир саволни беравериб, қулоқ-миясини еб юборган болага ўқрайиб қаради-да:

– Э, бошни қотирма! Бор, йўлингдан қолма! Қаердан пайдо бўлдинг ўзи, палакат!? – деб ўдағайлади.

Бола илкис тўхтаб, Мақсадга илтижоли қаради. Бу қараш унга жуда таниш, айни дамда жуда сирли бўлиб кўринди.

– Онам… онамиз юбордилар, – деди бола кўзлари мўлтираб.

“Оҳ! Шу жойида мисинг чиқди, ука!” Мақсад болага тешиб юборгудек қараб, истеҳзоли кулимсиради:

– Менинг онам ўлган! – деди совуқ оҳангда.

– Нима?! – боланинг жуссаси шалвираб, елкасидан сумкаси сирғалиб тушди. Овози титраб, кўзига ёш қуйилди. – Қачон?

– Ўн беш ёшимда, – Мақсаднинг ҳам кўнгли бузилди, айтган гапига ўзини койиди. Айни дамда у болакайга эмас, ўзига ачинаётганини, онасини эслаб, уни қумсаётганини ҳис қилди.
Болакай изиллаб йиғлай бошлади. Мақсад довдираб қолди.

– Ие, нега йиғлайсан? – атрофга аланглади. – Бир еринг оғрияпдими?
– Онам ўладими? – ҳўнграб юборди.

– Ҳой, болакай! Нега онанг ўларкан?! Ахир, онанг тирик-ку, тўғрими? – бўшашиб, боланинг олдига чўккалаб, уни қучоқлаб олди. Мақсаднинг димоғига эритилган сарёғнинг иси урилди, боши айланди. Болалигида онаси ҳар тонг кубида пишган сарёғни эритиб, нон ботириб беришини эслади, кўнгли алланечук энтикди. Ўзининг ҳам кўзи ёшланди. Онаси содда аёл эди. “Катта олим бўлиб кетсанг, сарёғни дўкондан олиб ейсан!” деб эркаларди.

Онаси олим бўлганини кўролмади, ўзи ҳам энди ҳеч қачон кўролмаса керак. Дипломни олди-ю, домлаларининг қистовига қарамай, институтнинг эшигини қайтиб очмасдай, қарсиллатиб ёпиб, жўнаворди. Аввал банкка оддий ишчи бўлиб кириб, “эсли-ҳушлигина йигит” эканини кўрсатди, кредит бўлимига мудир қилишди. Бу орада қўли анча-мунча пул искаб, кичикроқ бўлса-да бошпана, тагига янги гижинглаган “Нексия” олди. Қишлоқдан янгасининг узоқроқ қариндоши, «ўзи сулув, ўзи содда, рўзғордан бошқасига ақли етавермайдиган” бир қизга уйланди. Шаҳарда катта қилиб тўй берди, отаси, акаси қанча уннамасин, харажатини ўзи кўтарди. Шаҳарда бармоқларини шақиллатиб турган шогирдчалари “Лаббай ака! Буюринг!” деб турибди ахир.

Энди эса, баъзан туриб-туриб алам қилади. Пул топиб, ақл топмаганига куйинади. Эҳ-ҳе, дунёнинг ишлари кўз очиб юмгунча экан. Қўли тийғониб, имзоси сал нотўғри жойга қўйилди-ю, ҳаммаси чаппасига кетди. Ола-тасир, текшир-текшир! Сал қолди – бор будини сотиб, камоматни қоплади-ю, панжарадан омон қолди. Ёш бошига шунча ғалва! Шунисига ҳам қувонди ўша кезлари.

«Ҳалиям, иш судга ошмаганига шукр қил! Ҳа энди, йигит кишининг бошида бундай савдолар бўлиб туради. Бир кун қуюғи, бир кун суюғи. Сен хавотир олма, ишлар босди-босди бўлгач, ўзим сени яна қайтариб оламан. Бемалол ишлайверасан.» деганди бошлиғи. Азбаройи юпатиш учун ё ўзига гард юқтирмаслик учун айтган. Унинг гуллаб қўйишидан қўрқиб гапирган. Ҳатто, соясига салом берадиган шогирдлари ҳам ўша куни асл башарасини кўрсатди. У давру даврон худди мана шу қиш қуёшидай бир кўринди-ю, кўзни қамаштира-қамаштира, ҳали тафтини туйиб улгурмасдан, булутлар орасига сингиб кетди.

Мана ўтирибди, каталакдай идоранинг бир бурчагида тийин санаб. Кассир деган оти бўлмаса, домангир бўладиган ҳеч вақоси йўқ. Яна ҳисобчи опасининг зимдан-зимдан кузатиб ўтиришларига кулсинми ё куйсинми?

– Ҳа бойвучча, сал кеч қобсизми? – деди опа бошини орқага ташлаброқ. Бу кеккайганими ё кўзойнаги тушиб кетмасин учун қилдими – Мақсадга номаълум.

– Ҳа энди, бир эркалик қилсак, ҳеч ким уришмас, – совқотган қўлларини ишқалади-да, стол устидаги чойнакка босди. – Воҳ, иссиққина! Шу одатингизга беш кетаман. Қачон қарама, чойнагингизда иссиқ чой туради. Агар, шу одатингиз бўлмаса, аллақачон сизни нафақага жўнатган бўлардим.

Мақсад хохолаб кулиб, чойдан иссиқ-иссиқ хўплади. Ҳисобчи опа уни жеркиди.

– Ўлинг сиз, яхшиям бошлиқ эмассиз!
– Гап-да буям.

– Айтгандай, бошлиқ сизни сўраганди.
– Тинчликмикан? – Мақсаднинг чеҳраси тундлашди.

– Билмасам. Авзойи бузуқ эди.
– Кириб чиқай-чи.

– Ҳа, тезроқ борақолинг. Жаҳлдан куйиб-нетиб қолган бўлмасин.

Минг хил хаёл билан бошлиқнинг хонасига борди. Пакана бўйли, ўзиям озғингина, сочлари доим силлиқ, қоп-қора тусли бошлиқ телефонда ингичка овозда ким биландир гаплашаётган эди.

Мақсадга бир ўқрайиб, унга жой кўрсатди. Сўнг телефонни қўди. Мақсад «Сўраган экансиз» деб энди оғиз жуфтламоқчи бўлди-ю, гапи чала қолди. Бошлиқ оч бўридай бирдан ҳамлага ўтди.

– Хўш, Мақсад иним! А бу, иш неччидан бошланишини биласизми?

– Тўққиздан, – Мақсад бошини эгди.
– Ҳа яшанг! Ҳозир соат неччи?

Мақсад девордаги соатга қаради, у ўнта кам ўнни кўрсатиб турарди. У чуқур хўрсинди.

– Йўлда сал ушланиб қолдим. Бошқа қайтарилмайди. Узр, ўртоқ бошлиқ.

– Бу баҳонангизни бориб ҳўв катта холангизга қиласиз, хўпми? – бошлиқ тутақиб кетди. – Узр эмиш! Кошки шу узр билан ҳаммаси ўз жойига тушса, кошки шу мингинчи узрингиздан кейин бошқа узр сўрамасангиз, кошки шу узрингиз асабларимни қайтариб берса!

– Энди…, – каловланди Мақсад. Айни пайтда, бошлиқнинг ҳақ эканини ич-ичидан сезиб турар, лекин, ўзининг яримича келадиган шугина одам ҳам унга овозини баландлатаётганидан асабийлашар эди.

– Ёқмаса, ана катта кўча! Аризангизни ёзинг-у, жўнанг! Сиздақа ишёқмасларга ойлик тўлайман деб кўзим учиб тургани йўқ. – бошлиқ қизишиб кетди. – Бу ер отангнинг уйими, хоҳлаган пайтинг келиб-кетадиган!

Мақсад унга ялт этиб қаради. Ўрнидан шартта туриб, унинг ёқасидан олди.

– Ҳўв, осмонни тутиб турган бўлсанг ҳам, отамга тил теккизма! Ўлдираман!

Бундай ҳужумни кутмаган бошлиқ саросималаниб қолди, оёқ-қўли қалтираб, ортиқча гапириб юборганини сезиб, тилини тишлади: Ие Мақсад иним! Мақсад иним! Хўп, хўп. Ўзингизни босинг! Ўзингизни босинг!

Мақсад унга ҳезланиб, тишининг орасида гапирди:

– Олсанг ишингни оласан! Сен кўп керилаверма! Сен ўтган кўчалардан биз аллақачон қўл ювиб, қўлтиққа урганмиз.
– Тушундим, ука, тушундим, – бошлиқнинг ранги оқариб, овози қалтираб чиқди.

Мақсад бошлиқнинг ёқасини қўйиб юборди ва ҳеч нарса бўлмагандай жойига бориб ўтирди:

– Менда гапингиз борми, ўртоқ бошлиқ?
– Йўқ, майли, ишингизни қилаверинг.
– Раҳмат.

Мақсад неча ойдан бери ололмай юрган аламини бугун олганидан мамнун бўлиб, хонасига қайтди. Ҳисобчи опа унинг хурсандлигидан ҳайратланди, ичи қизиди.

– Ҳа, оғзингиз қулоғингизда? Мукофот олдингизми?
– Йўқ.

– Тилла топган тентакдай намунча хурсандсиз.
– Лавозимимни кўтаришди, – Мақсад ҳисобчи опа билан ҳазиллашгиси келди.

– Йўғ-е, росданми? Табриклайман! Кимнинг ўрнига?
– Сизнинг, – пинагини бузмай гапирди.

Ҳисобчи опа чўчиб тушди, гангиб қолди:
– Ие, нега менинг ўрнимга бўларкан. Нималар деяпсиз? Ҳозир, мен ўзим бир гаплашиб келай-чи.

Ҳисобчи опа шарт ўрнидан турди, сал гандираклаб, эшикка йўналди. Мақсад унинг йўлини тўсди.

– Ҳазиллашдим, опа, ҳазиллашдим.

– Э, ҳазилингиз қурсин! – йиғлаб юборгудай чийиллади. – Кап-катта хотин билан шунақа ҳазиллашадими? Бошқа одам қуриб қоптими? Э, ўргилдим! Ўзи юрагим ўйноқи бўлса! Пақ этиб ёрилса, нима қилардингиз? Эримга, болаларимга жавоб берармидингиз?

Пешингача бир-икки ҳужжатларни кўздан кечирган бўлди. Юраги сиқилди, болакайни ўйлади. Унинг гапларига ишонмоқчи бўлди. Лекин бу ғирт аҳмоқлик бўларди. Ишонмай деса, ўзига ўхшайди. Ҳа, ўхшайди! Ие, болакай қаерда?! Мақсад жон ҳолатда хонадан отилиб чиқди. Ҳисобчи опанинг ҳай-ҳайлашига қарамай, ташқарига югурди. Болакай кўчада уни кутиб турарди. Мақсад «Ҳайрият-е!» деб юборди.

– Қорнинг очдими?
– Ҳа.

– Юр, сенга пирожки обераман.
– Картошкалисиданми? – болакай қувониб кетди.

– Ҳа, яхши кўрасанми картошкалисини?
– Жудаям.

– Мен ҳам болалигимда яхши кўрардим, – Мақсад болалик хотираларини эслаб, энтикди.

– Биламан, – болакай жилмайиб қўйди. Мақсад унга қараб «Барибир айтганингдан қолмайсан, шекилли» дегандай кулимсиради.

– Нега ишхонамга киравермадинг?
– Қўрқаман.

– Нимадан? – ҳайрон бўлди Мақсад.

– Дадам, ишхонасига борай десам, у ерда укол қилади, дейди. Кейин, анави бошлиқ билан ҳисобчи опангдан ҳам қўрқаман.

Мақсад ҳайрон бўлди:
– Нега? Бошлиқ-ку майли, лекин ҳисобчи опадан нега қўрқасан, у яхши аёл.

Болакай катта бир сирни фош қилмоқчидай ён-атрофга бир кўз югуртириб, унга шивирлади. – Унинг тишлари протез экан.

Мақсад қаҳ-қаҳ отиб кулди:

– Йўғ-е? Росданми?
– Ҳа, олиниб-солинаркан, – болакайнинг кўзлари катта-катта очилди.

– Сен буни қаердан биласан, ахир уни умрингда кўрмагансан-ку?

– Болалиги айтиб берган. Бир куни кўргани борса, у тишини олиб, сувга солаётган экан. Болагиги қўрқиб, қочиб кетибди. Сен буни билмасмидинг?

– Йўқ, эътибор бермабман.
– Бошлиғингнинг боши кал эканини ҳам билмайсанми? – болакай унга ҳайратланиб қаради.
– Нима? – Мақсад кулгудан ўзини тия олмади. – Ахир унинг қоп-қора сочлари бор-ку!

Болакай қиқирлаб кулди:
– У ясама соч. Кечқурун телпак ечгандай, ечиб ётади.

– Буниям болалиги айтиб бердими?
– Ҳа, «бир куни катта бўлсам кал бўп қолар эканман», деб йиғлаб келди.

Улар арзонроқ ошхонага киришди. У ерда шаҳардаги энг ширин картошкали бўрак сотиларди. Бир лаган бўрак олиб, иккаласи еб ўтиришди.

– Шунақа қилиб, болалигингман дегин, қаердан келдинг?

– Болалик дунёсидан. У ёқда ҳар куни ўйин-кулгу, ҳеч ҳам зерикмайман. Ўртоқларим кўп. Дадам, ойим, акам ёнимда. Мазза қилиб яшаймиз.

– Унда нега ёнимга келдинг?
– Ие, мен келмасам, оёғинг ердан узилади-ку.

– Ростданми?
– Ҳа! Кейин, ҳаётга қизиқишинг қолмайди!

– Вой-во! Жа унчаликмасдир? Катталарнинг ҳам ўзига яраша қувончли кунлари, ширин ташвишлари, бахтли дамлари бор.

– Биламан. Лекин улар бизникидай оддий ва кўпмас-да! Масалан, сен охирги марта қачон қувондинг?

Мақсад ўйланиб қолди.

– Ана кўрдингми? Эсингда йўқ. Мен эса, беш олганимда, футболдан синфимиз ютганида, ойим мактабдан олиб кетгани келганларида, ўқитувчимиз мақтаганларида, катта йўлдан ўзим ўтишни ўрганганимда, ҳамма яхши нарсадан хурсанд бўламан. Дадам билан ойим мендан хурсанд бўлганларида ҳам қувониб кетаман.

– Ҳа! Сенга маза.

Улар кечгача шаҳар айланишди. Кинотеатрда бодроқ еб, мультфильм кўришди, дўконларга киришди, гавжум кўчада маккажўхори еб, сайр қилишди. Турли аттракционлари бор савдо марказига кириб, арғамчилар учишди, ўйин-кулгу қилишди. Мақсад болакай билан завқланаётганини, барча ташвишларни унутаётганини, бу кун ҳеч тугамаслигини истаётганини ҳис қилди.

– Синфдаги Ғуломни ҳалиям ёмон кўрасанми?
– Ҳа, у ёмон бола.

Улар бекатгача гаплашиб келди:

– Ҳечқиси йўқ, ўнинчи синфда энг яқин ўртоқ бўлиб кетасизлар.
– Нима? Ўша биланми?

Мақсад кулди.
– Ҳа-да. Агар дадам велосипед оберсалар-чи…

Болакайнинг кўзлари қувончдан порлаб кетди.

– Дадам велосипед оберадиларми?
– Ҳа, учинчи синфда, – деди Мақсад мамнун ҳолда сал гердайиброқ.

– Ур-ре! – болакай сакраб-сакраб олдингга чопди. – Дадам велосипед оберадилар!
– Фақат уни Жўравойга минишга бермагин, хўпми?

– Нимага? – ҳайрон бўлди болакай.
– Ариққа улоқтириб юборади.
– Ростданми? Унда бермайман.

Иккаласи катта йўл ёқасига чиқишди.
– Менинг кетадиган вақтим бўлди, – деди болакай мунғайиб.

Мақсаднинг ичидан бир нарса узилгандай бўлди.
– Ие, дарров, а?
– Ҳа. Дадам билан ойим ҳам хавотир олиб ўтиргандир. Лекин сен хафа бўлма. Қачон соғинсанг, эсласанг, яна келаман.

Мақсад болакайни қучоқлаб олди.
– Сени ҳозирданоқ соғиняпман. Қани эди яна сендаги пайтимга қайтсам.

Болакай синиқ жилмайди.

– Бунинг иложи йўқ. Ахир иккита бўлиб қоламиз-ку!
– Иложи йўқлигини биламан, – чуқур «уҳ» тортди. – Мени кечир, вақтида қадрингга етмадим.

– Мен эса хурсандман, – деди болакай вазиятдан чиқиш учун. – Катта бўлсам кал ҳам бўлмас эканман, тишим ҳам тўкилмас экан. Келишган йигит бўлар эканман. Энди, болалик дунёсидаги ҳамма ўртоқларимга мақтанаман!

Мақсад жилмайди. Унинг кўзлари ёшланди:
– Болалик дунёси қаерда?
Болакай осмонни кўрсатди:

– Ҳўв анави юлдузни кўряпсанми? Ўша ерда.

Мақсад осмонга тикилиб турди. Шу топда қанот бойлаб, ўша юлдузга учиб кетгиси, ҳамма нарсани унутгиси келди. Болакай ғойиб бўлди.

– Ҳазиллашдим, у сенинг қалбингда, – деган овоз акс-садо бериб янгради.

Мақсад худди уйқудан тургандай, ўзига келиб, атрофга аланглади, болакайни излай кетди. У ёқдан, бу ёққа юриб, уни чақирди:
– Мақсад! Мақсад!

Унинг телефони жиринглади. Мақсад экранга қарамай жавоб берди.

– Алло.
– Мақсад, яхшимисан? – акасининг хушчақчақ овози келди. Мақсад энтикиб кетди. Анчадан бери у билан гаплашмаганидан ўзини койиди.

– Ассалому алайкум, ака. Тинчмисиз?
– Раҳмат. Шу десанг, эски ертўламизни боя очгандим. Дадам сенга оберган велосипед эсингдами?

– Эсимда, яшил.
– Ҳа-а, худди ўзи. Ўшани топиб олдим. Жиянларинг хурсанд бўлиб қолди. Талашиб ётишибди.

Мақсаднинг юзига табассум югурди.

– Ака…, – деди овози қалтираб. – Янги йилни ҳаммамиз бизникида кутсак, нима дейсиз? Болалик пайтлардагидай… Ҳаммамиз йиғилиб, бир дастурхон атрофида…

– Ие, зўр фикр. Бўлди, ўттиз биринчи декабр куни борамиз!
– Хўп, ака. Кутамиз.

– Келинни сўраб қўй.
– Сиз ҳам уйдагиларни сўранг.

Мақсад телефонни чўнтагига солди. Кайфияти бироз кўтарилди, мовқи босилди. Қишнинг тоза ҳавосидан тўйиб нафас олди. Автобусга чиқиб, ўзининг севимли жойига ўтириб, ойнага бошини тираб, кўзини юмди. Болалиги, қишлоқдаги уйи, ҳаммасини бир-бир хаёлидан ўтказди. Тўсатдан унинг оёғига кимдир тепгандай бўлди. Кўзини очиб, қараса, автобуснинг ичи ёп-ёруғ, ташқарида ҳам қуёш чарақлаган. Қаршисида бояги бола оёқларини қимирлатиб, Мақсаднинг тиззаларини чанг қилиб, тиржайиб ўтирибди. Аёл ўғлига танбеҳ берди:

– Ие ўғлим, жим ўтир, уят бўлади, – сўнг Мақсадга айбдорона қаради. – Узр, кечирасиз.

– Ҳечқиси йўқ, хижолат бўлманг, – дея жилмайганча Мақсад тиззаларини қоқиб ташлади.

2017 йил, февраль

0000tqxw.jpgBayram AYTMUROD
BOLAKAY
008

Bayram Aytmurod 1986 yili Qoraqalpog‘iston Respublikasi Bo‘zotov tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat institutida tahsil olgan.Hikoyalari «Yoshlik» jurnali va boshqa vaqtli nashrlarda bosilib chiqqan. Shuningdek, yosh yozuvchining bir necha asarlari: jumladan, “Qo‘noq”, “Og‘a”, “Maxluq” hikoyalari “Xurshid Davron kutubxonasi” sayti sahifalarida e’lon qilingan.

008

Maqsad kanaday yopishib olgan bu bolakaydan qanday qutilishni bilmay boshi qotdi. Mana yarim soatdan beri izidan qolmaydi. Shu yarim soat uning uchun yarim asrday tuyuldi. Bolakay esa parvoyi falak, peshonasiga tushib ketaveradigan katta shapkasini ko‘tarib, yelkasida og‘ir sumkasini lo‘killatgancha Maqsadning yonida pildirab yuribdi. Nuqul “Nega ishonmayapsan?” deb takrorlayveradi. Aqli butun odam uning gapiga ishonmasligi aniq! Uning hali esi oqqani yo‘q.

Ertalab Maqsad uyidan xunobi oshib chiqdi. “Xotin kishi u yoq, bu yog‘iga qarab gapirsa-da! Men nima, maoshimni ko‘chaga sochib yuribmanmi? Avvalgiday yeb-ichishlar yo‘q endi! Chidaysan, chidamasang, ana – katta ko‘cha! Yana qulupnay so‘raganiga o‘laymi! Qishda qayerdan topaman qulupnayni?! Xotin degani sal o‘ylanibroq boshqorong‘i bo‘lsa-da!”. Ko‘cha boshidagi pistafurush xoladan tamaki olib, bittasini tutatdi. O‘pkasi to‘lguncha tutun sipqorib, sal yengil tortganday bo‘ldi.

Avtobusning orqa eshigidan chiqib, oyna tarafdagi bo‘sh joyga o‘tirdi. Yonidan yoshi saksonlarning etagidan tutgan bir qariya, qarshi o‘rindiqdan juvon va mana shu yetti-sakkiz yoshlardagi tirmizak joy oldi. Havo sovuq, quyosh faqat kun bilan tunning farqini anglatish uchungina osmonga ilib qo‘yilganday edi. Odamlar bekatda og‘zidan bug‘ purkab, junjikkancha, betoqatlik bilan kutayotgan avtobuslari kelgan zahoti o‘zlarini uning ichiga urardi. Birov bilan birovning ishi yo‘q. Hamma qayoqqadir shoshgan. Hamma kimdir yeb, o‘zlari quruq qolayotganday behalovat, besar. Horg‘in-u, lekin olazarak, shoshgan-u, lekin hardamxayol.

Maqsad avtobusning boshlang‘ich bekatidan chiqib, oxirigacha boradi. Yo‘l-yo‘lakay tashvishu muammolardan qabargan ko‘nglini biroz yumshatish, ikir-chikirlarni biroz unutish uchun ana shu qayoqqadir muttasil shoshayotgan odamlarni kuzatadi yo oynaga boshini tiragancha pinakka ketadi. Boya ham ko‘zi ilinibdi, tizzasiga qo‘qqisdan tekkan yengil zarbadan ko‘zini ochdi. Qarshisida bolakay xuddi masxara qilganday tirjayib o‘tirardi. U goh bolaga, goh uning yonidagi ayolga norozi qarab qo‘ydi. Ayol bolakayning onasi bo‘lsa kerak va o‘g‘lining qilig‘i uchun uzr so‘rab, unga dakki beradi deb o‘yladi. Axir, u kiyim-boshini toza tutishga odatlangan, har qanday g‘ubor ham uning ta’bini tirriq qiladi-da. Yo‘q, ko‘zlari bir nuqtada qotgan bu ayol unga ham, bolakayga ham parvo qilmayapti, demak, u manavi bolaga butunlay begona! Bolaga bir buqaqarash qildi-da, tizzasidagi oyoq izini qoqib, qo‘llarini ko‘ksiga chatishtirib, yana ko‘zini yumdi. Bolakay bu gal qattiqroq tepdi. Maqsad unga baqirib yubormaslik uchun tishini tishiga bosdi. Unga yeb qo‘yguday tikilib o‘tirdi. Bolakay esa o‘z qilig‘idan mamnun, oyoqlarini yanayam bilanglatib, uni kalaka qilganday irshayib o‘tirardi. Maqsadning sabr kosasi to‘ldi:

– Ha, kuydirilgan kalladay tirjayasan? Birov ochib o‘tiribdimi?

Bolakay ham bo‘sh kelmadi:

– O‘zing-chi? Dunyoning yukini yelkangga ortib olganday tirishasan?

– Ie, sen bola g‘alati ekansan-ku, a? – dedi ko‘zi moshday ochilib. U juldur kiyimdagi lo‘lisifat qora bolakayning betgachoparligiga ham hayratlanib, ham qiziqib qoldi. – Otang tengi odamni sensiraganing nimasi? Jinni-pinnimasmisan?

– Soppa-sog‘man, – dedi bolakay dona-dona qilib. – Ikkinchidan, otamga til tekkizma. U sendan ancha katta.

Maqsad bolakayning quloq-chakkasiga tortib yuborgisi keldi. Lekin odamlardan uyalib, indamadi. Indamagan sari, ichidan toshgan g‘azabni bosishi og‘irlashdi.

– Befoyda, – dedi bolakay uning fikrini uqqanday. – Meni urmoq tugul, qo‘lingning uchini ham tekkizolmaysan.

Maqsad “Bu betarbiyani qaranglar? Shunday Xudobezori bolalar qayerdan tug‘ilar ekan, a?” demoqchiday atrofga alangladi. Hech kim e’tibor qilmayotganini, hech kimning unga xayrihoxlik bildirish niyati yo‘qligini payqab, hafsalasi pir bo‘ldi.

– Ho‘v bola, kimsan o‘zi?! – noiloj o‘zi bu betamizning aqlini kiritmoqchiday unga sekin, ammo, tahdidli gapirdi.

– Men odamman! O‘zing kimsan? – bola masxoromuz, lekin, xuddi o‘zinikiday tahdidli javob qaytardi.

– Men bilan o‘ynashma! Hozir qulog‘ingni kesib olaman! – asabi battar taranglashdi.

Bola bunga javoban sharaqlab kuldi. Maqsad o‘zini shu mushtday bola bilan teng qilib o‘tirganidan bir uyalsa, bolaning bu munosabatidan jini qo‘zidi.

– Tanimading, a? – bola kulishdan to‘xtab, ko‘zlari sirli jilmaydi.

Maqsad unga tikilib qaradi. Qayerdadir ko‘rgan. Lekin qayerda? Eslay olmadi. E-ha! Qo‘shnisi Shamshod akaning bolasimikan? Yog‘li joyga cho‘michi botib yurgan bu akayam kekkaygan birov. Bolalari ham otasiday salomiga narx bichadigan. Shulardan biridir-da? Yo‘g‘-a! Uning bolalari yuzidan qoni qochgan oppoq-oppoq-ku. Buning turqini qara? Unda kim bo‘ldi ekan? Miyasining qat-qatida qolib ketgan xotira yozuvlariga bir-bir ko‘z yugurtirib chiqdi, yo‘q, baribir tirmizakni taniy olmadi. Unga “shahar berdi”.

– Yo‘q, tanishim kerakmidi? – qo‘rs gapirdi.

– Bilgandim, – bola ranjidi. – Allaqachon esingdan chiqarib yuboribsan-da? Diydang qotib ketibdi. Men bo‘lsam, meni ko‘rib xursand bo‘lasan, deb o‘ylab yuribman.

– Sen tog‘amning erka o‘g‘limidingki, ko‘rganda quvonsam?

Bolakay endi astoydil xafa bo‘lib, tumtayib oldi. Maqsadga uning qilig‘i bir g‘alati tuyulsa, bir kulgisini keltirdi. To‘g‘risiyam shu-da! Kim bu bola unga? Hech kim! Shunday ekan, nega quvonishi kerak? Lekin bolaning ko‘nglini sindirib yaxshi qilmadi? Bola-da hali – darrov arazladi. “Nima qilarding buncha g‘o‘ddayib? Tanimasang ham “Ko‘zimga issiq ko‘rinayapsan-ku, shu eslolmayroq turibman” desang, tiling tanglayingga yopishib qolarmidi? Axir, g‘irt begonalarga ham shunday deyiladi-ku!”

“Lekin, bu bolakay…”
“Xo‘sh?!”

“Nima, qarzim bormi undan? Birinchidan, ja bemaza bola ekan. Ikkinchidan, uni tanish-tanimasligimning menga biror nafi tegarmidi?”

“Qo‘ysang-chi… Bola-ku! Ha, so‘ra endi? Bir so‘ra ismini? Balki adashib-netib qolgandir? Ota-onasi izlab, qon-qaqshab yurgandir?”

“Nima keragi bor-e? Sog‘ boshimga savdo orttirib yuramanmi?”

“So‘ra endi, ko‘ngli o‘ksimasin! Sendan nima ketdi?”
“Ha bo‘pti, so‘radim ana!”

– Isming nima, bolakay? Qayerda turasan?

Bola ko‘z ostidan bir qaradi-yu, qovog‘ini solib, boshini oyna tomonga burib oldi. Maqsad betoqatlandi. “Ismingni pishirib ye, menga desa!” demoqchiday qo‘l siltadi.

– Maqsad, – bolaning po‘ng‘illagan ovozi eshitildi.

Maqsad beixtiyor “Hov!” deb yubordi va miyasiga “Meni tanir ekan-da!” degan o‘y yashinday urildi.

– Ismim Maqsad, – dedi bola endi Maqsadga ko‘z qirini tashlab.
– Ie, adash ekanmiz-ku! – beixtiyor chehrasi yorishib ketdi.

Bola uning anqovligidan g‘ijinib, boshini katta odamlarday salmoqli chayqab qo‘ydi va:

– Men senman! – dedi behafsala, ammo, shu tobda haqiqatni aytish zarurligini his qilgancha qat’iy gapirdi.

– Nima?! – Maqsad biroz angrayib turdi. So‘ng “Endi bunisi oshib tushdi” deganday og‘zining bir cheti bilan g‘ijinib jilmaydi. – E, …! Hazillashishga boshqa odam topmadilaringmi?

Bola noma’qul so‘zni eshitib, Maqsadga yalt etib qaradi. Afti burishib, uning yoqasini changallagancha tashlandi: Onamga til tekkizma! O‘ldiraman!

Maqsad sarosimada ko‘zlari katta-katta ochilib, yon-atrofga alangladi: yana o‘sha beparvolik, yana o‘sha jimlik. Go‘yo avtobusda ikkisidan bo‘lak tirik jon yo‘qday. Darrov o‘zini o‘nglab, kuchi bor emasmi, bolani joyiga itarib yubordi va uning qo‘llarini mahkam qisqancha siltaladi.

– Ho‘v, bola! Jinnimisan, tentakmisan?! Nimalar deb valdirayapsan?! – hirillab gapirdi. – Kimsan?! Kimsan?!

– Men senman! Sen mensan! – bolakay ham ovozi boricha shang‘illadi.

– Men bilan o‘ynashma! Sog‘ qo‘ymayman! – yana baqirdi. – Kim hazil qilyapti bunday, a? Kim o‘rgatdi senga bu gaplarni? Kim yubordi seni oldimga? Ayt!

– Hech kim o‘rgatgani yo‘q! O‘zim seni ko‘rgim keldi!

Maqsad bolaning tim qora ko‘zlariga, tim qora sochlariga, qalin qoshlariga termuldi, iyagida nuqtaday xolga ko‘zi tushdiyu oyoq-qo‘li bo‘shashib ketdi. Axir, o‘zining ham iyagida xol bor-ku! Bolaning qo‘lini qo‘yib yubordi va joyiga shilq etib o‘tirdi. Qarshisida kichkinaligida tushgan suratlaridagi o‘ziga o‘xshab ketadigan bolakayga yana sinchiklab tikildi. Bir ishongisi keldi, bir… Miyasida g‘ujg‘on urayotgan bir-biriga qarama-qarshi fikrlardan, ko‘ngliga o‘rgimchakday o‘rmalayotgan shubhayu gumonlardan, ilonday sudralib kelayotgan adoqsiz savollardan gangib qoldi. “Nahotki, bu menman? Yo‘g‘-e, hayotda bunday bo‘lishi mumkinmi? Aqldan ozdim, shekilli! Yo‘q, yo‘q, es-hushim joyida! Kimdir men bilan qaltis hazil qilyapti! Shunaqami hali?! Men senlarga ko‘rsatib qo‘yaman hazil qilish qanday bo‘lishini!”

Maqsad oynadan tashqariga bir qaradi-da, avtobus bekatga yaqinlashayotganini sezib, ilkis o‘rnidan turdi va o‘zini eshik tomonga urdi. Bolakay ham shoshgancha, unga ergashmoqchi bo‘lib taraddudlandi. Maqsadning oyog‘i cholning hassasiga tegib ketdi, chol bir munkidiyu, g‘iq etmadi.

– Uzr, otaxon!

Maqsad shosha-pisha avtobusdan tushib duch kelgan tomonga yugurdi. Orqasiga o‘girilib, bolakay ham chopib kelayotganini ko‘rib, yanada tezlashdi.

– To‘xta, to‘xtasang-chi! – dedi bola halloslab, qadamini sekinlatib.

Ancha joygacha yugurib o‘zining ham o‘pkasi o‘chdi. Biroz sekinlashib, orqasiga o‘g‘rincha qaradi. Xayriyat, yetolmadi. Yurishdan ham to‘xtadi. Tamakining kasri – ha deganda havo yetmay, o‘pkasi siqildi, tomog‘i achishdi. Sal engashib, qo‘llarini tizzalariga tirab, chuqur-chuqur nafas oldi. Birdan piqirlab kuldi. “Yoshi o‘ttizdan oshgan kap-katta odam mushtday bolaning gapiga ishonib, azroyildan qochganday qochishingni qara? Uyat-ye! Odamlar ko‘rsa, nima deydi?” Darrov qaddini tiklab, atrofga qaradi. Aftobusu mashinalar imillab yurar, ko‘chada odam siyrak edi. Borlari ham juda asta, xuddi tasmada biron-bir filmni sekinlashtirib qo‘yganday qimirlardi. Maqsad avvaliga hayron bo‘ldi. Badani sovuqdanmi, qo‘rquvdanmi, muzlab ketdi.

– Nega qochyapsan? – ortidan kelgan tanish ovozdan xuddi pichoq sanchilganday eti uvishib, yuragi to‘xtab qolganday, ko‘zi qinidan, suyagi etidan, eti terisidan sidirilib tushganday bo‘ldi.
Jur’atsizgina o‘girilib, xushidan ketayozdi. Qochishga chog‘landi-yu, oyog‘i bazo‘r ko‘tarilayotganini, o‘zi ham o‘sha sekinlashtirilgan film ichiga tushib qolganini sezdi. Qanchalik bo‘g‘riqib, kuchanmasin, tanasi o‘ziga bo‘ysinmadi. Toshbaqaday imillab, oyoqlari xuddi tosh boylanganday og‘ir ko‘tarildi. Bola uning ahvolidan bexabar, tashvishli nigoh bilan odamlarni kuzatardi.

– Odamlar yashamay qo‘yishgan, – dedi bola tashvishli ohangda va ko‘rsatkich barmog‘ini yo‘lning narigi tomonidan o‘tayotgan “Kaptiva”ga cho‘zdi. – Qara, anavi qora mashinaning ichidagi odamni. Badavlat. To‘rtta-beshta do‘koni bor, lekin halovat yo‘q. Chunki, nafsining jilovi yo‘q. Qo‘li chambarakda, xayolida esa boshqa narsa: bor dunyosini xom-cho‘t qilib, yana ko‘paytirish payida.

Bolakay bekatda ustida ohori to‘kilgan palto, boshida eski ro‘molini tang‘ib olgan oltmish yoshlardagi ayolga qaradi.

– Ho‘v anavi ayol esa kasalmand. Lekin uning fikru dardi ikki bolasi bilan uyga kelib o‘tirgan katta qizini kuyovi bilan yarashtirish. Xullas, odamlar kun o‘tkazish bilan ovora. O‘zlari uchun yashamay qo‘yishgan. Ular mayda-chuyda tashvishlar, ro‘zg‘or, pul, ish, lavozim, uy, dala hovli, mashina… e aytishgayam arzimaydigan narsalarni deb yelkalariga yuk ortib olgan. Birontasining yashashdan maqsadi, hayotdan tuyadigan zavqi yo‘q. Shuning uchun o‘zlari ayni damda turgan joyida emas, boshqa joylarda bulutday suzib yuribdi.

– Mmmeyeennnggga nnimaaaa qizzzzig‘g‘iii boooorrr, – Maqsadning ovozi juda sekin va cho‘zilib chiqdi. Xuddi uni kimdir bo‘g‘ayotganday gapirdi. U kuchana-kuchana charchadi. Baribir oyog‘ini arang ko‘targancha yarim qadamgina uzoqlashibdi, bolakay bir hatlab unga yetib oldi-da:

– Voy-bo‘y, qiynalib ketibsan-ku, a? – deb tirjaydi. – Qara, qizarib ketganingni. Mayli, senga bir sirni aytaman. Agar savolimga javob bersang, vaqt avvalgi holiga qaytadi. Bolaligingda qaysi ovqatni yaxshi ko‘rarding?

– Ooooonam qillllgan beyeeshbbbarmoqniiii, – birdan o‘zini tutolmay yetti-sakkiz qadam yugurgilab, o‘mbaloq oshib, yiqildi. Avtobusu mashinalar zuvilladi, odamlar ham, o‘zi ham avvalgiday qimirlaydigan bo‘ldi. U o‘rnidan shahd bilan turdi, bolaga hayratlanib qaradi-da, o‘girilib keta boshladi.

Bolakay izidan yurdi:
– Haliyam ishonmayapsanmi?

Maqsad indamay yo‘lida davom etdi. U tanasida og‘ir tushkunlik va charchoqni sezdi. Ayni damda ich-ichidan qochish befoydaligini anglab boshi qotgandi. Ishxonasiga yaqinlashaverishda qayta-qayta bir savolni beraverib, quloq-miyasini yeb yuborgan bolaga o‘qrayib qaradi-da:

– E, boshni qotirma! Bor, yo‘lingdan qolma! Qayerdan paydo bo‘lding o‘zi, palakat!? – deb o‘dag‘ayladi.

Bola ilkis to‘xtab, Maqsadga iltijoli qaradi. Bu qarash unga juda tanish, ayni damda juda sirli bo‘lib ko‘rindi.

– Onam… onamiz yubordilar, – dedi bola ko‘zlari mo‘ltirab.

“Oh! Shu joyida mising chiqdi, uka!” Maqsad bolaga teshib yuborgudek qarab, istehzoli kulimsiradi:

– Mening onam o‘lgan! – dedi sovuq ohangda.

– Nima?! – bolaning jussasi shalvirab, yelkasidan sumkasi sirg‘alib tushdi. Ovozi titrab, ko‘ziga yosh quyildi. – Qachon?

– O‘n besh yoshimda, – Maqsadning ham ko‘ngli buzildi, aytgan gapiga o‘zini koyidi. Ayni damda u bolakayga emas, o‘ziga achinayotganini, onasini eslab, uni qumsayotganini his qildi.
Bolakay izillab yig‘lay boshladi. Maqsad dovdirab qoldi.

– Ie, nega yig‘laysan? – atrofga alangladi. – Bir yering og‘riyapdimi?
– Onam o‘ladimi? – ho‘ngrab yubordi.

– Hoy, bolakay! Nega onang o‘larkan?! Axir, onang tirik-ku, to‘g‘rimi? – bo‘shashib, bolaning oldiga cho‘kkalab, uni quchoqlab oldi. Maqsadning dimog‘iga eritilgan saryog‘ning isi urildi, boshi aylandi. Bolaligida onasi har tong kubida pishgan saryog‘ni eritib, non botirib berishini esladi, ko‘ngli allanechuk entikdi. O‘zining ham ko‘zi yoshlandi. Onasi sodda ayol edi. “Katta olim bo‘lib ketsang, saryog‘ni do‘kondan olib yeysan!” deb erkalardi.

Onasi olim bo‘lganini ko‘rolmadi, o‘zi ham endi hech qachon ko‘rolmasa kerak. Diplomni oldi-yu, domlalarining qistoviga qaramay, institutning eshigini qaytib ochmasday, qarsillatib yopib, jo‘navordi. Avval bankka oddiy ishchi bo‘lib kirib, “esli-hushligina yigit” ekanini ko‘rsatdi, kredit bo‘limiga mudir qilishdi. Bu orada qo‘li ancha-muncha pul iskab, kichikroq bo‘lsa-da boshpana, tagiga yangi gijinglagan “Neksiya” oldi. Qishloqdan yangasining uzoqroq qarindoshi, «o‘zi suluv, o‘zi sodda, ro‘zg‘ordan boshqasiga aqli yetavermaydigan” bir qizga uylandi. Shaharda katta qilib to‘y berdi, otasi, akasi qancha unnamasin, xarajatini o‘zi ko‘tardi. Shaharda barmoqlarini shaqillatib turgan shogirdchalari “Labbay aka! Buyuring!” deb turibdi axir.

Endi esa, ba’zan turib-turib alam qiladi. Pul topib, aql topmaganiga kuyinadi. Eh-he, dunyoning ishlari ko‘z ochib yumguncha ekan. Qo‘li tiyg‘onib, imzosi sal noto‘g‘ri joyga qo‘yildi-yu, hammasi chappasiga ketdi. Ola-tasir, tekshir-tekshir! Sal qoldi – bor budini sotib, kamomatni qopladi-yu, panjaradan omon qoldi. Yosh boshiga shuncha g‘alva! Shunisiga ham quvondi o‘sha kezlari.

“Haliyam, ish sudga oshmaganiga shukr qil! Ha endi, yigit kishining boshida bunday savdolar bo‘lib turadi. Bir kun quyug‘i, bir kun suyug‘i. Sen xavotir olma, ishlar bosdi-bosdi bo‘lgach, o‘zim seni yana qaytarib olaman. Bemalol ishlayverasan.” degandi boshlig‘i. Azbaroyi yupatish uchun yo o‘ziga gard yuqtirmaslik uchun aytgan. Uning gullab qo‘yishidan qo‘rqib gapirgan. Hatto, soyasiga salom beradigan shogirdlari ham o‘sha kuni asl basharasini ko‘rsatdi. U davru davron xuddi mana shu qish quyoshiday bir ko‘rindi-yu, ko‘zni qamashtira-qamashtira, hali taftini tuyib ulgurmasdan, bulutlar orasiga singib ketdi.

Mana o‘tiribdi, katalakday idoraning bir burchagida tiyin sanab. Kassir degan oti bo‘lmasa, domangir bo‘ladigan hech vaqosi yo‘q. Yana hisobchi opasining zimdan-zimdan kuzatib o‘tirishlariga kulsinmi yo kuysinmi?

– Ha boyvuchcha, sal kech qobsizmi? – dedi opa boshini orqaga tashlabroq. Bu kekkayganimi yo ko‘zoynagi tushib ketmasin uchun qildimi – Maqsadga noma’lum.

– Ha endi, bir erkalik qilsak, hech kim urishmas, – sovqotgan qo‘llarini ishqaladi-da, stol ustidagi choynakka bosdi. – Voh, issiqqina! Shu odatingizga besh ketaman. Qachon qarama, choynagingizda issiq choy turadi. Agar, shu odatingiz bo‘lmasa, allaqachon sizni nafaqaga jo‘natgan bo‘lardim.

Maqsad xoxolab kulib, choydan issiq-issiq xo‘pladi. Hisobchi opa uni jerkidi.

– O‘ling siz, yaxshiyam boshliq emassiz!
– Gap-da buyam.

– Aytganday, boshliq sizni so‘ragandi.
– Tinchlikmikan? – Maqsadning chehrasi tundlashdi.

– Bilmasam. Avzoyi buzuq edi.
– Kirib chiqay-chi.

– Ha, tezroq boraqoling. Jahldan kuyib-netib qolgan bo‘lmasin.

Ming xil xayol bilan boshliqning xonasiga bordi. Pakana bo‘yli, o‘ziyam ozg‘ingina, sochlari doim silliq, qop-qora tusli boshliq telefonda ingichka ovozda kim bilandir gaplashayotgan edi.

Maqsadga bir o‘qrayib, unga joy ko‘rsatdi. So‘ng telefonni qo‘di. Maqsad “So‘ragan ekansiz” deb endi og‘iz juftlamoqchi bo‘ldi-yu, gapi chala qoldi. Boshliq och bo‘riday birdan hamlaga o‘tdi.

– Xo‘sh, Maqsad inim! A bu, ish nechchidan boshlanishini bilasizmi?

– To‘qqizdan, – Maqsad boshini egdi.
– Ha yashang! Hozir soat nechchi?

Maqsad devordagi soatga qaradi, u o‘nta kam o‘nni ko‘rsatib turardi. U chuqur xo‘rsindi.

– Yo‘lda sal ushlanib qoldim. Boshqa qaytarilmaydi. Uzr, o‘rtoq boshliq.

– Bu bahonangizni borib ho‘v katta xolangizga qilasiz, xo‘pmi? – boshliq tutaqib ketdi. – Uzr emish! Koshki shu uzr bilan hammasi o‘z joyiga tushsa, koshki shu minginchi uzringizdan keyin boshqa uzr so‘ramasangiz, koshki shu uzringiz asablarimni qaytarib bersa!

– Endi…, – kalovlandi Maqsad. Ayni paytda, boshliqning haq ekanini ich-ichidan sezib turar, lekin, o‘zining yarimicha keladigan shugina odam ham unga ovozini balandlatayotganidan asabiylashar edi.

– Yoqmasa, ana katta ko‘cha! Arizangizni yozing-u, jo‘nang! Sizdaqa ishyoqmaslarga oylik to‘layman deb ko‘zim uchib turgani yo‘q. – boshliq qizishib ketdi. – Bu yer otangning uyimi, xohlagan payting kelib-ketadigan!

Maqsad unga yalt etib qaradi. O‘rnidan shartta turib, uning yoqasidan oldi.

– Ho‘v, osmonni tutib turgan bo‘lsang ham, otamga til tekkizma! O‘ldiraman!

Bunday hujumni kutmagan boshliq sarosimalanib qoldi, oyoq-qo‘li qaltirab, ortiqcha gapirib yuborganini sezib, tilini tishladi: Ie Maqsad inim! Maqsad inim! Xo‘p, xo‘p. O‘zingizni bosing! O‘zingizni bosing!

Maqsad unga hezlanib, tishining orasida gapirdi:

– Olsang ishingni olasan! Sen ko‘p kerilaverma! Sen o‘tgan ko‘chalardan biz allaqachon qo‘l yuvib, qo‘ltiqqa urganmiz.
– Tushundim, uka, tushundim, – boshliqning rangi oqarib, ovozi qaltirab chiqdi.

Maqsad boshliqning yoqasini qo‘yib yubordi va hech narsa bo‘lmaganday joyiga borib o‘tirdi:

– Menda gapingiz bormi, o‘rtoq boshliq?
– Yo‘q, mayli, ishingizni qilavering.
– Rahmat.

Maqsad necha oydan beri ololmay yurgan alamini bugun olganidan mamnun bo‘lib, xonasiga qaytdi. Hisobchi opa uning xursandligidan hayratlandi, ichi qizidi.

– Ha, og‘zingiz qulog‘ingizda? Mukofot oldingizmi?
– Yo‘q.

– Tilla topgan tentakday namuncha xursandsiz.
– Lavozimimni ko‘tarishdi, – Maqsad hisobchi opa bilan hazillashgisi keldi.

– Yo‘g‘-ye, rosdanmi? Tabriklayman! Kimning o‘rniga?
– Sizning, – pinagini buzmay gapirdi.

Hisobchi opa cho‘chib tushdi, gangib qoldi:
– Ie, nega mening o‘rnimga bo‘larkan. Nimalar deyapsiz? Hozir, men o‘zim bir gaplashib kelay-chi.

Hisobchi opa shart o‘rnidan turdi, sal gandiraklab, eshikka yo‘naldi. Maqsad uning yo‘lini to‘sdi.

– Hazillashdim, opa, hazillashdim.

– E, hazilingiz qursin! – yig‘lab yuborguday chiyilladi. – Kap-katta xotin bilan shunaqa hazillashadimi? Boshqa odam qurib qoptimi? E, o‘rgildim! O‘zi yuragim o‘ynoqi bo‘lsa! Paq etib yorilsa, nima qilardingiz? Erimga, bolalarimga javob berarmidingiz?

Peshingacha bir-ikki hujjatlarni ko‘zdan kechirgan bo‘ldi. Yuragi siqildi, bolakayni o‘yladi. Uning gaplariga ishonmoqchi bo‘ldi. Lekin bu g‘irt ahmoqlik bo‘lardi. Ishonmay desa, o‘ziga o‘xshaydi. Ha, o‘xshaydi! Ie, bolakay qayerda?! Maqsad jon holatda xonadan otilib chiqdi. Hisobchi opaning hay-haylashiga qaramay, tashqariga yugurdi. Bolakay ko‘chada uni kutib turardi. Maqsad “Hayriyat-ye!” deb yubordi.

– Qorning ochdimi?
– Ha.

– Yur, senga pirojki oberaman.
– Kartoshkalisidanmi? – bolakay quvonib ketdi.

– Ha, yaxshi ko‘rasanmi kartoshkalisini?
– Judayam.

– Men ham bolaligimda yaxshi ko‘rardim, – Maqsad bolalik xotiralarini eslab, entikdi.

– Bilaman, – bolakay jilmayib qo‘ydi. Maqsad unga qarab “Baribir aytganingdan qolmaysan, shekilli” deganday kulimsiradi.

– Nega ishxonamga kiravermading?
– Qo‘rqaman.

– Nimadan? – hayron bo‘ldi Maqsad.

– Dadam, ishxonasiga boray desam, u yerda ukol qiladi, deydi. Keyin, anavi boshliq bilan hisobchi opangdan ham qo‘rqaman.

Maqsad hayron bo‘ldi:
– Nega? Boshliq-ku mayli, lekin hisobchi opadan nega qo‘rqasan, u yaxshi ayol.

Bolakay katta bir sirni fosh qilmoqchiday yon-atrofga bir ko‘z yugurtirib, unga shivirladi. – Uning tishlari protez ekan.

Maqsad qah-qah otib kuldi:

– Yo‘g‘-ye? Rosdanmi?
– Ha, olinib-solinarkan, – bolakayning ko‘zlari katta-katta ochildi.

– Sen buni qayerdan bilasan, axir uni umringda ko‘rmagansan-ku?

– Bolaligi aytib bergan. Bir kuni ko‘rgani borsa, u tishini olib, suvga solayotgan ekan. Bolagigi qo‘rqib, qochib ketibdi. Sen buni bilmasmiding?

– Yo‘q, e’tibor bermabman.
– Boshlig‘ingning boshi kal ekanini ham bilmaysanmi? – bolakay unga hayratlanib qaradi.
– Nima? – Maqsad kulgudan o‘zini tiya olmadi. – Axir uning qop-qora sochlari bor-ku!

Bolakay qiqirlab kuldi:
– U yasama soch. Kechqurun telpak yechganday, yechib yotadi.

– Buniyam bolaligi aytib berdimi?
– Ha, “bir kuni katta bo‘lsam kal bo‘p qolar ekanman”, deb yig‘lab keldi.

Ular arzonroq oshxonaga kirishdi. U yerda shahardagi eng shirin kartoshkali bo‘rak sotilardi. Bir lagan bo‘rak olib, ikkalasi yeb o‘tirishdi.

– Shunaqa qilib, bolaligingman degin, qayerdan kelding?

– Bolalik dunyosidan. U yoqda har kuni o‘yin-kulgu, hech ham zerikmayman. O‘rtoqlarim ko‘p. Dadam, oyim, akam yonimda. Mazza qilib yashaymiz.

– Unda nega yonimga kelding?
– Ie, men kelmasam, oyog‘ing yerdan uziladi-ku.

– Rostdanmi?
– Ha! Keyin, hayotga qiziqishing qolmaydi!

– Voy-vo! Ja unchalikmasdir? Kattalarning ham o‘ziga yarasha quvonchli kunlari, shirin tashvishlari, baxtli damlari bor.

– Bilaman. Lekin ular biznikiday oddiy va ko‘pmas-da! Masalan, sen oxirgi marta qachon quvonding?

Maqsad o‘ylanib qoldi.

– Ana ko‘rdingmi? Esingda yo‘q. Men esa, besh olganimda, futboldan sinfimiz yutganida, oyim maktabdan olib ketgani kelganlarida, o‘qituvchimiz maqtaganlarida, katta yo‘ldan o‘zim o‘tishni o‘rganganimda, hamma yaxshi narsadan xursand bo‘laman. Dadam bilan oyim mendan xursand bo‘lganlarida ham quvonib ketaman.

– Ha! Senga maza.

Ular kechgacha shahar aylanishdi. Kinoteatrda bodroq yeb, multfilm ko‘rishdi, do‘konlarga kirishdi, gavjum ko‘chada makkajo‘xori yeb, sayr qilishdi. Turli attraksionlari bor savdo markaziga kirib, arg‘amchilar uchishdi, o‘yin-kulgu qilishdi. Maqsad bolakay bilan zavqlanayotganini, barcha tashvishlarni unutayotganini, bu kun hech tugamasligini istayotganini his qildi.

– Sinfdagi G‘ulomni haliyam yomon ko‘rasanmi?
– Ha, u yomon bola.

Ular bekatgacha gaplashib keldi:

– Hechqisi yo‘q, o‘ninchi sinfda eng yaqin o‘rtoq bo‘lib ketasizlar.
– Nima? O‘sha bilanmi?

Maqsad kuldi.
– Ha-da. Agar dadam velosiped obersalar-chi…

Bolakayning ko‘zlari quvonchdan porlab ketdi.

– Dadam velosiped oberadilarmi?
– Ha, uchinchi sinfda, – dedi Maqsad mamnun holda sal gerdayibroq.

– Ur-re! – bolakay sakrab-sakrab oldingga chopdi. – Dadam velosiped oberadilar!
– Faqat uni Jo‘ravoyga minishga bermagin, xo‘pmi?

– Nimaga? – hayron bo‘ldi bolakay.
– Ariqqa uloqtirib yuboradi.
– Rostdanmi? Unda bermayman.

Ikkalasi katta yo‘l yoqasiga chiqishdi.
– Mening ketadigan vaqtim bo‘ldi, – dedi bolakay mung‘ayib.

Maqsadning ichidan bir narsa uzilganday bo‘ldi.
– Ie, darrov, a?
– Ha. Dadam bilan oyim ham xavotir olib o‘tirgandir. Lekin sen xafa bo‘lma. Qachon sog‘insang, eslasang, yana kelaman.

Maqsad bolakayni quchoqlab oldi.
– Seni hozirdanoq sog‘inyapman. Qani edi yana sendagi paytimga qaytsam.

Bolakay siniq jilmaydi.

– Buning iloji yo‘q. Axir ikkita bo‘lib qolamiz-ku!
– Iloji yo‘qligini bilaman, – chuqur “uh” tortdi. – Meni kechir, vaqtida qadringga yetmadim.

– Men esa xursandman, – dedi bolakay vaziyatdan chiqish uchun. – Katta bo‘lsam kal ham bo‘lmas ekanman, tishim ham to‘kilmas ekan. Kelishgan yigit bo‘lar ekanman. Endi, bolalik dunyosidagi hamma o‘rtoqlarimga maqtanaman!

Maqsad jilmaydi. Uning ko‘zlari yoshlandi:
– Bolalik dunyosi qayerda?
Bolakay osmonni ko‘rsatdi:

– Ho‘v anavi yulduzni ko‘ryapsanmi? O‘sha yerda.

Maqsad osmonga tikilib turdi. Shu topda qanot boylab, o‘sha yulduzga uchib ketgisi, hamma narsani unutgisi keldi. Bolakay g‘oyib bo‘ldi.

– Hazillashdim, u sening qalbingda, – degan ovoz aks-sado berib yangradi.

Maqsad xuddi uyqudan turganday, o‘ziga kelib, atrofga alangladi, bolakayni izlay ketdi. U yoqdan, bu yoqqa yurib, uni chaqirdi:
– Maqsad! Maqsad!

Uning telefoni jiringladi. Maqsad ekranga qaramay javob berdi.

– Allo.
– Maqsad, yaxshimisan? – akasining xushchaqchaq ovozi keldi. Maqsad entikib ketdi. Anchadan beri u bilan gaplashmaganidan o‘zini koyidi.

– Assalomu alaykum, aka. Tinchmisiz?
– Rahmat. Shu desang, eski yerto‘lamizni boya ochgandim. Dadam senga obergan velosiped esingdami?

– Esimda, yashil.
– Ha-a, xuddi o‘zi. O‘shani topib oldim. Jiyanlaring xursand bo‘lib qoldi. Talashib yotishibdi.

Maqsadning yuziga tabassum yugurdi.

– Aka…, – dedi ovozi qaltirab. – Yangi yilni hammamiz biznikida kutsak, nima deysiz? Bolalik paytlardagiday… Hammamiz yig‘ilib, bir dasturxon atrofida…

– Ie, zo‘r fikr. Bo‘ldi, o‘ttiz birinchi dekabr kuni boramiz!
– Xo‘p, aka. Kutamiz.

– Kelinni so‘rab qo‘y.
– Siz ham uydagilarni so‘rang.

Maqsad telefonni cho‘ntagiga soldi. Kayfiyati biroz ko‘tarildi, movqi bosildi. Qishning toza havosidan to‘yib nafas oldi. Avtobusga chiqib, o‘zining sevimli joyiga o‘tirib, oynaga boshini tirab, ko‘zini yumdi. Bolaligi, qishloqdagi uyi, hammasini bir-bir xayolidan o‘tkazdi. To‘satdan uning oyog‘iga kimdir tepganday bo‘ldi. Ko‘zini ochib, qarasa, avtobusning ichi yop-yorug‘, tashqarida ham quyosh charaqlagan. Qarshisida boyagi bola oyoqlarini qimirlatib, Maqsadning tizzalarini chang qilib, tirjayib o‘tiribdi. Ayol o‘g‘liga tanbeh berdi:

– Ie o‘g‘lim, jim o‘tir, uyat bo‘ladi, – so‘ng Maqsadga aybdorona qaradi. – Uzr, kechirasiz.

– Hechqisi yo‘q, xijolat bo‘lmang, – deya jilmaygancha Maqsad tizzalarini qoqib tashladi.

2017 yil, fevral

005

(Tashriflar: umumiy 232, bugungi 1)

1 izoh

  1. Bayram Aytmurodovning ijod qanoti juda keng ekanini angladim. Hamma ijodkorlargrlarga.

Izoh qoldiring