Bayram Aytmurod. Ikki hikoya & Bayram Aytmurod hikoyalarini o’qib…

090  Шойим Бўтаев:  Байрам Айтмуроднинг ҳикояларида “жон” бор. Ўзи туғилиб-ўсган масканни, ўз яқинларини севиб-ардоқлаган ижодкор, албатта, эсда қоладиган характерлар ярата олишига ишонмоқ керак… Марҳабо Қўчқорова:  Муаллифнинг “Қўноқ” ва “Оға” ҳикоялари мутолааси юрагимда ажиб соғинч ҳисларини уйғотди… Сафарали Қурбонов: Муаллиф ҳар иккала ҳикояда ҳам жонли образларини яратишга эришган…

Байрам АЙТМУРОД
ИККИ ҲИКОЯ
07

Байрам АЙТМУРОД 1986 йили Қорақалпоғистон Республикаси Бўзотов туманида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган.

07

ҚЎНОҚ

Азамат алламаҳалда келди, унинг устига, ўзини беҳаловат ҳис қилаверди. Бир нарсани унутгандай, йўқотгандай бўлаверди. Томоғидан овқат ўтмади. Ижарадош жўралари – Нишон билан Сардор бир-бирига қарамай, пишиллаб овқатланишарди.
– Ҳа жўра, мазанг йўқ? – деди Сардор нафсини сал қондириб олгач. – Нима бало, жиғилдонинг шишганми? Ё битта-яримтаси қорнингни тўйдириб юбордими?

Азамат чуқур уҳ тортди.
– Намунча уфламасанг? Дунёни сув босаяптими?
– Севган қизи ташлаб кетган кўринади, – гапга қўшилди Нишон косасини нон билан сидирар экан. – Топдимми? Топди-им. Шу, сенинг севишинггаям қойил қоламан-да, жўра. Бор будинг билан мубтало бўлавермасдан, сал ўзингни аяброқ яхши кўрсанг бўлмайдими, менга ўхшаб? Ҳе, Мажнун! Ай, ўйлама, жўра! Нима кўп, қиз кўп.

– Нималар деяпсан-ей? Қанақа севги, қанақа қиз? – Азаматнинг энсаси қотди. – Мен нима хаёлдаман-у, сен нима дардда!
– Айт-да бўмасам, одамнинг ичини куйдирмай.
– Ўйлаяпман.
– Нимани? – деди Сардор.
– Боя маҳаллага бурилаверишда бир жувон турган экан. Ёнида ёш боласи. Совуқда дийдирабгина, кўзлари жавдираб, ҳар кимдан нажот истаб қараб турибди. Мендан ёрдам сўради. “Ука, шаҳарга меҳмонга келувдик. Аксига олиб, қариндошимиз чет элга кетган экан. Автобуслар ҳам тўхтаган. Эрталабгача тунашга жой топиб беролмайсизми?” деди.

– Сен-чи, сен нима дединг?
– Иложи йўқ, деб келаверибман-да, – елка қисди Азамат.
– Бекор қилибсан, жўра, – Сардор ҳам ўша аёлни кўз олдига келтириб, ичидан бир нарса узилгандай бўлди. – Боласи билан шу совуқда ташлаб келганинг яхши бўмабди.
– Менам шуни ўйлаб ўтирибман. Ҳа энди, ким билсин, ўғрими, тўғрими, дебман-да. Дабдурустдан олдингдан нотаниш биров чиқиб, тунашга жой сўраса, худди киссангдагини чиқар деётгандай довдираб қоларкансан киши. Гапиям сал шубҳали кўринди. Саросимада жуфтакни ростлайверибман.

– Э, олиб келавермабсан-да. Ҳа, танишардик. Тонггача суҳбатлашардик. Биз бўйдоқ, у жувон бўлса? А, лаббай! – беўхшов ҳазил қилди Нишон ва дўстларининг ялт этган қарашларидан буни сезиб, тилини тишлади.
– Мана шу сенинг ифлос ўйга боришингни билиб, олиб келмадим! – жазавага тушди Азамат.
– Вой-вў, ҳазиллашдим-ку!
– Ҳозир ҳазилнинг ўрними? – баттар тутади. – Йўқ, айт, ҳазил қилишнинг мавридими ҳозир?
– Ўзингни бос, жўра! Меники бир омади гап-да!
– Азамат, қўй шуни, нима биринчи марта кўриб турибсанми? – деди Сардор. – Нишон, сенам тилингни тий. Оғзим бор, деб ҳар балони лақиллайверма. Хуллас, нима қиламиз?– Кетиб қолмаганмикан? – тараддудланди Азамат.

– Қайдам, балки ҳалиям тургандир.
– Анча вақт ўтди-ку. Яна билмадим. Қараб келамизми, ё?
– Менга қаранглар, сизлар ростдан олиб келмоқчимисизлар? – деди Нишон. – У сен айтгандай ўғрими, тўғрими, биз билмаймиз-ку. Шантажчидир балки? Олиб келганингдан кейин, беш минутга қолмай дод-войни солиб, ҳаммани оёққа турғазса-чи? Бутун маҳаллага шарманда бўламиз-ку. Ўзи ижарада аранг суд¬ралиб юрибмиз. Бу ердан ҳам бадарға қилишмасин, тағин.
– Ваҳима қилаверма! – жеркиб берди Азамат. – Туринглар, кетдик қидириб келамиз. Бу ерга бўлмаса, уйида аёли бор бирорта қўшниникига жойлармиз.
– Мен бормайман, – деди Нишон.
– Сен қолавер, Сардор иккимиз қараб келамиз.
– Эртага бир нарса бўлса, мен сизларни танимайман, айтиб қўяй!

Сардор ҳам иккиланиб қолди, кўнглига ғулғула тушди.
– Балки, кетиб бўлгандир, а? – деди у ишончсиз оҳангда.
Азамат жўраларига бироз ҳайрон бўлиб қараб қолди, сўнг қўлини бир силтаб, кўчага чиқиб кетди.

* * *

Аёл боласи билан шаҳарга – ота уйига, инисининг тўйига борди. Қайнонаси тўшак тортиб ётибди, эри ўрим-йиғимда. Она-бола тўйни тарқатиб, иккинчи куни пешиндан сўнг йўлга тушди. Эридан уч-тўрт кунга рухсат олиб келган бўлса-да, жувон уйда қолган қайнонасини, рўзғорни ўйлаб, ота-онаси, қариндош-¬уруғининг гапини писанд қилмай, “Кетмасам бўлмайди”, деб туриб олди. Ўзи, шаҳар билан туманнинг ораси яқин, автобусда бирпаслик йўл. Аксига олиб, йўлда автобус бузилди ва улар туманнинг ўзига кун ботганда зўрға кириб борди. Бу ёғи қишлоққача яна пою пиёда анча юриш керак. Туманда қолай деса, на таниши, на қариндоши бор…

Она-бола тўлин ойнинг ёруғида икки томони юлғун босган ёлғизоёқ сўқмоқ бўйлаб бораяпти. Кузнинг салқин ҳавоси этларини жунжиктирар, шамол юзларини тимдалар, она енгларини ғижимлаб, дир-дир қалтираб, бола эса бошини чопонига тортиб, ғужинибгина борарди. Узоқ-узоқлардан сойнинг шовуллаши, итларнинг ҳургани, эшакларнинг ҳанграгани эшитилади. Юлғунзордан ўтгандан кейин пахтазор чиқди. Ҳайдов бўлган ғўзапоялари навкарлардек саф тортганча ваҳима солади. Даланинг бу боши билан у боши камида икки чақирим йўл. Чап томонда эса жийдаю тўранғил шохлари бир-бирига чирмашиб кетган тўқайзор. Питир-питир, шитир-шитир, “ғийқ-ғийқ”, “пир-пи-и-ир” этади. “Жийданинг тагида ухлаб қолса, жин чалиб кетади”, деган гапни кўп эшитгани учунми, болани қалтироқ тутар, қанча тез юрмасин, йўл тугамайдигандек эди. Нуқул “Отам тракторида келиб, бизни олиб кетсайди”, деб айтади.

Даланинг ярмига ҳам етмасдан яқин атроф¬да шоқол улиди. Она чўчиб тушди, ўғлининг қўлидан маҳкам тутди. Бола пиқиллаб йиғлай бошлади. Тўқайзор томондаги саслар ҳам кучайиб, худди буталар орасидан баҳайбат ҳайвон чиқа солиб, ҳамла қиладигандек иккиси ҳам жойида серрайиб қолди. Она дарров ўзига келиб, қўлига узун таёқ олди. “Қўрқма болам, мен борман, секин юравер” – унинг овози қалтирарди.

Бир овулга кириб бордилар. Зим-зимистон. Милт этган чироқ йўқ. Ой ёғдусида пастқам уйлар янада ерга қапишиб кетгандек туюларди. Она-боланинг тинка-мадори қуриган, қадам ташлашга мажоли қолмаган эди, биринчи кўринган уйни қора тортиб боравердилар.

Жувон илдириб қўйилган ёғоч ирганакни очди. Кенг ҳовлининг ўнг томонидаги қўрадан эчкиларнинг бир-бирини сузиб, хунук йўталгани эшитилди. Аёл ит-пити ташланиб қолса-я, дея қўлидаги таёғини маҳкам ушлаб олган, боласи эса унинг этагини қўйвормасди.

“Ким бор, ҳу-у-в”, деб чақирди. Бекорга хавотирланмаган экан, супа ёнида ётган эшакдай ит вовуллади. Она орқага тисарилиб, қаттиқроқ бақирди. Болани қалтироқ тутди. Ит ҳуриб, улар томон яқинлаша бошлади. Энди қочишга чоғланиб туришганида, уй эшиги очилиб, бир кампирнинг шарпаси кўринди.
– Ҳа? – деди кампир кафтини манглайига тираб. – Ким у?
– Худойи қўноқмиз, эна.
– Киринглар, кираверинглар, нега ийманасан, болам? – деди кампир остонадан ичкарига бош-ларкан. – Келинглар-чи, қани. Вой, қулуним-ов, музлаб қолибсан-ку.

Кампир болага энгашиб, қўлларини силади, юзини юзига босди. Кампирнинг бети илиқ эди, ажин босган манглайи, чаккаларидан кўриниб турган оппоқ сочи момосини эслатарди. Фақат момоси сал тўлароқ, бу кампир эса жимитдеккина эди.

Момо меҳмонларни кичик бир хонага бошлади. Печ ёқилган, иссиққина тафти дарров қизарган юзларини эрита бошлади. Момо чироқни ёқди. Хона ўртасида чоғроқ хонтахта, бурчакда устига тўрт-беш кўрпача йиғилган сандиқдан бўлак жиҳоз йўқ. Тўрда қорачадан келган бола ухлаб ётибди. Момо уни турткилаб уйғотди.
– Ғайрат, тур, болам! Меҳмон келди.

Бола ғудраниб, кўзини очди. Бироз аланглаб турди-да, нотаниш одамларни кўриб, момосига норози қараб, бир нарсалар деб, чиқиб кетди.
– Эна, қўйинг, ётаверсин эди, – деди жувон паст овозда. – Сизларни ҳам овора қилдик…
– Овораси бор эканми, болам? Худойи қўноқ – худонинг қўноғи. Киринглар-чи, устингиздагини ечиб, юқорига ўтинглар-чи…

Момо печга шох-шабба ташлади, қора қумғонни тўлдириб, чой қўйди. Жувон эгнидаги пальтосини, ўғлининг чопонини ечиб, девордаги михга осди. Момо хонтахта атрофига икки қават қилиб кўрпача тўшади. Дастурхон ёзиб, жўхори унидан қилинган тўртта зоғора, пиёлаларда толқон, жийда, иккита ликопчада парварда олиб келди, иссиққина чой дамлади. Жувон ҳам тугунини ечиб, тўйнинг нон-бўғирсоғидан дастурхонга қўйди.
– Олинглар, уялманглар, йўл юриб чарчагандирсизлар, – деди момо зоғорадан синдириб болага узатаркан.

Бола йўл-йўлакай тугундаги нарсалардан чўқилаб келган бўлса-да, жуда очиққан эди. Зоғорани олиб, апил-тапил чайнай бошлади. Қовоқ қўшиб ёпилгани учунми, жуда мазали туюлиб кетди. Момо меҳрибонлик билан олдига толқонниям суриб қўйди. Нонни ютиб бўлмасдан, оғзига бир қошиқ толқон солганди, томоғига югуриб, йўтал тутди. Жувон уятдан қизариб кетди, момога билдирмасдан боласини чимчилаб олди.

– Шошмасдан еявер, қулуним, ҳаммаси сенга, – деди момо жилмайиб. Сўнг чой қуйиб бераётиб, юрт суриштирди:
– Қизим, қай овулдансан? Кимнинг элисан?
– Қумлитовданмиз. Жумабой тракторчининг аёлиман.

– Жумабой тракторчиси ким бўлди экан? Қайнота-қайнонанг борми?
– Қайнонам бор.
– Ҳа, шундан гапир-да, бўлмасам…
– Энамизни ҳамма табиб дейди.
– Табиб? – кампир бир нарсани эслашга уринди, чоғи, унга тикилиб қолди. – Қумлитовда ким табиб эди-я?

Жувон ўғлини туртиб, “Момонгнинг исмини айт”, деб шивирлади. Мезбон буни сезиб, болага юзланди:
– Ҳа, айт-чи қани, кимнинг наварасисан?
– Шарифа момомнинг, – эркаланди бола.
– Шарифа? Э, ҳа, боядан бери шундай демайсанми? Тўй-маъракаларда кўп кўраман уни. Жуда кайвони аёл. Ҳамма мақтайди қўли енгил, деб, – деди мезбон.
– Ҳа, қишлоғимизда ким касал бўлса, энам¬нинг олдига чопиб келаверади.
– Тузук, тузук. Ўзи яхшими, ўйнаб-кулиб юрибдими? Ҳов, лақиллаб ўтиришимни қара, – дея момо жувонга чойнакни узатиб, ўзи қўзғалди. – Ҳозир сизлар чой ичиб туринглар-чи, мен қозонни отлантириб юборай.

– Эна, қўйинг. Чой етади, раҳмат.
– Ҳов, ундай дема. Чой томоқ бўлармиди?! Иссиқ овқатга нима етсин.
– Йўқ, эна, илтимос, овора бўлманг. Ўзи, шундоқ ҳам тинчингизни бузганимизга хижолат бўлиб ўтирибмиз. Ҳадемай тонг ҳам отади…

Момо сал каловланиб турди-да, боланинг кўзлари юмилиб кетаётганини кўриб, шаштидан қайтди. Момо ўзига, меҳмонларга қатор жой солиб, чироқни ўчирди. Жувон билан узоқ гаплашиб ётишди. Аёл қаердан келаётгани, нега кеч қолганини оқизмай-томизмай айтиб берди. Момо ҳам ўғли билан келини шаҳарда яшаши, уларнинг қаерда ишлаши-ю, ўзи қишлоқда невараси билан бирга туриши ҳақида тўлиб-тошиб гапирди. Бола уларнинг гангур-гунгур гапларига қулоқ тутиб ётиб ухлаб қолди…

Тонгда аёл боласининг бошидан силаб уйғотди. Бола қараса, ёнида кечаги қора бола чой ичиб ўтирибди.

Кўзини ишқалаб, даҳлизга юз-қўлини ювишга чиқди. Момо бир нарса деди, шекилли, изидан мезбон бола келди, обдастани олиб, сув қуя бошлади.
– Исминг нима? – сўради у.
– Азамат.
– Меники Ғайрат. Адашиб қолдингларми?
– Йўқ, кечқурун қўрқдик.
– Ҳе, қўрқасанми қоронғидан? – истеҳзоли кулди у.

– Ҳа, сен-чи?
– Йўқ. Ҳечам қўрқмайман.
– Кучли экансан-да, а?
– Ҳа, қўрқсам, ёнимга итимни олволаман. Кеча кўрдингми итимни?
– Кўрдим. Итинг катта экан.

– Мактабга борасанми?
– Йўқ, ҳали кичкинаман. Кейинги йил бораман.
– Мен учинчи синфда ўқийман.
– Учинчи синфда? Фақат уч баҳо оласанми шунда?
– Йўқ, бешга ўқийман мен.

– Алдама. Бешинчи синфлар бешга ўқийди. Сен учга ўқийсан, – унинг устидан завқланиб кулди.
– Ҳозир қумғон билан бошингга бир ураман! – Ғайрат обдаста ушлаган қўлини Азаматнинг тепасида сермади.
– Эна, қаранг! Ғайрат мени урмоқчи!

– Ғайрат! Безори! Тегма қўноқ болага! – момонинг таҳдидли овози эшитилди.
– Ўзи-ку, учга ўқийсан, деб устимдан кул¬япти, – деди Ғайрат попуги пасайиб.
– Азамат! Ҳозир кўрасан мендан, – жувон дўқ урди.

Меҳмон бола онасининг олдига югурди. Ғайрат изидан кириб, унга еб қўйгудек қаради. Азамат онасига биқиниб ўтириб, чой ичди, қайноққина шўрвани паққос туширди.
Момо она-болани овулдан чиқаверишдаги катта ариқ бўйигача кузатиб қўйди. Ариқни ёқалаб юрса, катта йўлга тушишини айтиб, қўлларига майда-чуйда солинган тугунни тутқазиб, узоқлаб кетгунича қўл силтаб қолди.

– Йўлни билиб олдинглар, энди келиб-келиб туринглар…
Шундан кейин у уйга қайтиб боришмади, момо ҳам буларникига меҳмон бўлиб келмади.

***

Азамат маҳалла бошидан то бекатгача бўлган оралиқни бир неча марта айланди, жувоннинг изиниям тополмай, дами чиққан пуфакдай шалвираб ортига қайтди. Жўралари аллақачон ухлаб қолган, хонада оғир сукунат ва зулмат кезиб юрарди. У жойига ётди, кўзи илинди дегунча ўша кечадаги жимитдеккина момо билан қорачадан келган невараси совуқда қалтираб тургандай кўринаверди.

ОҒА

Уфқ қонталаш бўлиб келаверди. Қумлитовнинг тўридаги бир чети ҳовузга, бир томони шолизорга туташ Қурбон қассобнинг ҳовлисида уй эгалари ғимирлаб, кириб-чиқиб юрибди.

Ўрол гўштни жиклаб, паловга деганни бўлак, уйда осиладиган бош қозонга деганни алоҳида, қўноқ уйларга тарқатиладиганни бўлак ажратди, ундан кўз узмай турган Бўйноқнинг насибасини четроққа отди. Ит луқма ташланган тарафга ирғиб бориб, кўп ўтмай яна думини ликкилатганча қайтиб келди. Қассоб терига туз сепиб, қўранинг устига ёйиб қўйди. Келинларга калла-пойча куйдиришни топширди. Ичак-қоринни эскироқ тоғорага солди.

– Кенжабой, – деди. – болаларга айт, манавини Элмурод жувонмаргнинг уйига элтиб берсин. Бечоранинг беваси жўжабирдай болалари билан қолган, қўли калта-да…
– Эрта-индин ўзимиз паловга босмаймизми? – деди Кенжабой ясама хушчақчақлик билан.
– Қўйсанг-чи, ука, ўлиб турган жойингми? Сенларга бу ёғиям етиб-ортади.
– Ҳеч бўлмаса, чарвисини шилиб олайлик.
– Олганман, – жаҳли чиқди Ўролнинг. – Бир айтганда “хўп” деса-да!

У отасидан қолган қассобпичоқ, тошқайроқ, тарози солинган халтасини эшик ёнига қўйиб, ичкарилаганда уй тўла одам – эртанги бўладиган маъраканинг тадоригига йиғилганлар ўрнидан турди. Тўрда ўтирган Раҳима момо ўғлининг бўйнидан қучоқлаб йиғлаб берди. Ўрол кампирни юпатди. Қолганлар ўнғайсизланиб, қимирлаб қолишди. Келинлар, қизлар кўзига ёш олди. Кенжабой тишларини ғичирлатиб, онасига гапирмоқчи эди, Ўрол “индама” дегандай бош чайқади. Йиғилганлар силжиб, катта акага тўрдан жой беришди. Кампирнинг “Энди бу оиланинг боши сенсан, болам”, деб қайта-қайта айтгани ўтирганларга эриш туюлди. Орага жимлик чўкди.

– Семиз қўчқор экан. Эллик килога яқин тош босди. Мойининг қалинлигидан пичоғим юрмай қолди-я. Қуйруғининг ўзи бир тоғора бўлдими, а, Кенжабой? – деди Ўрол чой хўплаб. У доим шундай қилади, отасидан ўрганган одат. Кимнингдир жонлиғини чалиб берадиган бўлса, уй эгаларидан бирортасининг ёнида туришини тайинлайди. Сўнг эринмай ҳисобот беради. “Ўзига уриб қолибди”, дейишларини истамайди. Боя ҳам Кенжабойни атайлаб олдидан жилдирмади.

– Ҳм, – деди Кенжабой хушламайгина. У ҳали ҳам қўчқоридан айрилганига кўниколмай ўтирганди.
– Яхши-ку! – ёнбошлади Тиловбой. – Энди овқатга гўштни мўл-кўл босса бўлади.
– Кенжабой, сен ўпкалама. Битта қўзини яхшилаб семиртирсанг, ўғлингнинг суннат тў¬й¬игача ҳўкиздай қўчқор бўп кетади. Маъракага тумонат одам келади-да, серка гўшти урвоқ ҳам бўлмайди: бебарака-да, барибир. Кимсан Қурбон қассобнинг болалари отасининг йилида эчки сўйибди-я, деган гап тарқалса, уят бўлади.
– Дуруст, шавла кетса кетсин, обрў кетмасин, иним, – дея катта аканинг гапини маъқуллади Тиловбой.

Бундан икки кун олдин Кенжабой туманга борганда акасининг уйига кириб ўтганди. Отасининг маъракасига серка сўймоқчилигини айтганда, Ўролбой “Нега энди, ўтган сафар қўчқорни атагандинг-ку”, деб тутақиб кетганди. Кенжабой “Қўчқорни неварангизнинг суннат тўйига олиб қўйсаммикан деб ўйлаб қолдим. Мен ҳам эл қаторига қўшилиб, қилаётган биринчи тўйим. Яна бозорга тушиб, қўй қидириб юраманми?” Акаси ўшанда ё туш¬унмади, ё тушунишни истамади. Оёқ тираб олди: “Агар серка деяётган бўлсанг, бошқа қассоб топақол”, деди. Ука иложсиз кўнишга мажбур бўлди. “Энди айбини ювиб-чайишга бало борми, – ўйлади Кенжабой. – Бунисиям маъқуллаб ўтирибди. Ўзидан кетмади-да, жони ачирмиди…”
– Эл оғзига элак тутиб бўлармиди, Ўрол ака? Биттадан қўчқор етаклатиб юборсангиз ҳам яхши от олмайсиз. Арқонини бермабди бу қурумсоқ, деб кулиб кетади, – деб узиб олди Кенжабой.

Инисининг отини айтиб чақиргани Ўролга оғир ботди.
– Мен ҳам мановиларга айтдим! – Раҳима момо бир нарса эсига тушгандай, тўсатдан ўғли билан келинига ишора қилди. – Мени тинглармиди булар? Мияси айниган кампир айтаверади, дейди-да!
Раҳима момонинг арз қилиши ўтирганларга ёқмади, Тиловбой томоқ қирди. Катта келини лабини тишлаб, бош чайқади. Қизлар қош чимирди. Кенжабой билан хотини онасига еб қўйгудек қаради.

Момо эса бепарво, яна бир нарсаларни пичирлаб, бирда жилмайиб, бирда қовоғини солиб ўтираверди.
– Ундай деманг. Қилади айтганингизни, қилмай қаергаям борарди? – деди Ўрол мийиғида кулиб, ука-сингилларни зимдан кузатди. Уларнинг бепарволигидан ранжиди. Бир пайтлар бир оғиз сўзини қайтара олмайдиган ўғил-қизларнинг, босган изларига пою патак бўлишга тайёр келинларнинг бугун унинг гўё бор-йўқлигини сезмагандай ўтиришидан ғазаби келди. Кўзларингни мой босганми, деб бир буровга олмоқчи бўлди. Шайтонга ҳай берди.

* * *

– Сен кўп эзилма, болам, – деди Қурбон қассоб киртайган кўзларини боладан узмай. – Дунё¬нинг ишлари ўзи шундай. Биров Яратганнинг неъматидан умидвор ўтади, кимдир эса берганнинг қадрига етмайди.

Қуёшнинг тиғидан тақир бошини базўр паналаб бораётган ўн ёшлардаги бола қассобнинг гапини тушунмади. Қўлидаги яримта нонни тиш¬лаб, кавшанди. Қассоб тўриқ биянинг жиловини онда-сонда сермаб қўяр, бия илкис юришини тезлатганда бола қалқиб тушар ва қўли билан эгарни маҳкам ушлаб қоларди. Улар кун пешиндан оққанда қишлоққа кириб борди.
– Таниш, – деди Қурбон дастурхонга ўтирмай туриб. – Энди бу аёл сенинг онанг бўлади. Кўришинглар!

Эшик олдида ҳайрат тўла нигоҳларини бир эрига, бир болага қадаб турган Раҳима истамайгина кўришди. Ўзи, дардини кимга айтишни билмай юрганда бу нима қилиқ? Ким бўлди бу? Нега ундай қилади? Раҳима ичидан қайнаб келаётган адоқсиз саволларга жавоб топгиси келди. Лекин тиш ёриб, бирор нима деёлмади.

Бор дардини ичига ютиб, Ўролни “болам”, дея бағрига босди. Баъзи-баъзида эри уйда йўқ пайт-лари ота-онасини суриштирди, тайинли жавоб ололмагач, баттар эзилди. Қурбон буни сезди.
– Бекор ич-этингни тирнаяпсан, хотин, – деди бир куни ётиш олдидан. – Гуноҳ етаклаб келмадим, хотин.

Раҳима изиллаб йиғлади. Қассоб эл уни “шарманда”га чиқариб қўйганини орқаворатдан эшитган. Эл, деб бўлмас, бир-икки тилига кучи етмаганлар шундай деяпти. Бу гап аёлининг ҳам қулоғига чалинган. Минг қилсаям ожиза-да, кўз очиб кўрганига ишонмай, кўчанинг гапига эргашиб юрибди. Ўшалар келиб қассобнинг юзига айтса-ку, нима қилишни ўзи билади. Қурбон чуқур уҳ тортди.
Кўклага бошида кичикроқ жонлиқ сўйиб, бутун овулни чақирди. Ёшуллиларни тўрга ўтқазиб, олдига калла қўйди, илик қўйди.

– Энди, ёшуллилар, менинг тиригим ҳам, ўлигим ҳам, очлигим ҳам, тўқлигим ҳам шу эл билан, –¬ ¬чайналди қассоб ҳаяжонини босишга уриниб. – Ўн бир йилдан бери тирноққа зормиз. Буям бир Худонинг синовими, иноятими – билмадим, мулла бува. Аммо энди Ўролбой менинг болам. Унинг увол-савоби менинг бўйнимда. Лекин уни уйимга обкеганим ҳақида ножоиз гаплар тарқабди. Айтиб қўяй, Худойнинг олдида юзим ёруғ.
– Биз қаердан биламиз? – гапини кесди Асқар писмиқ. – Эл олдида қасам ич.

Қурбон Асқарга ғижиниб қаради. Агар атроф¬да ҳеч ким бўлмаганда кекирдагини юлиб оларди. Аммо ўзини босди.
– Мен қасам ичмайман! Қурбон қассобнинг қасам ичганини ё бирор гапидан тонганини кўрганмисан? – деди зарда билан. – Лекин агар кўнглинг тўлмаётган бўлса, майли сен учун…
– Шарт эмас, – деди Эсон мулла. – Асқаржон, сен қачондан бери эл номидан гапирадиган бўлдинг? Ҳали отанг тирик, отангни кўрганлар тирик, – сўнг яна қассобга юзланди: – Давом этавер, иним.
– Агар кимда-ким боламга етим ё… хуллас, бармоғини бигиз қиладиган бўлса, ўзидан ўпкаласин!

– Жуда маъқул иш бўлибди, Қурбонбой! Етим-есирнинг бошини силамоқ катта савоб! Шундай эмасми, Эсон оға, – деди мулланинг ёнида ўтирган Тўлибой гапини тасдиқлатмоқчидай атрофга олазарак қараб. Мулла “ҳа” дегандай бош ирғади. – Ўғил муборак!

Ҳамма уни табриклади. Қурбон ўғлини чақириб, ёшуллилар билан кўриштирди. Эл дуога қўл очди.

Элнинг дуосида хосият кўп, куч бор. Ўролбойни олиб келганининг кейинги йилида Қурбон қассоб ўғилли бўлди. Унга Тиловбой деб исм қўйишди. Кейин Насиба, Азиза, Кенжабой туғилди. Уйи бола кулгусига тўлди. Ўролбой ука-сингилларини опичлаб, от бўлиб елкасига миндириб катта қилди. Болалар уни “ака” деб чақирди. Ака бўлмиш бундан қувонди, Қурбон билан Раҳиманинг эса севинчи ортди.

Ўролбой мактаб саводи билан қолди. Отасининг ёнида юриб, қассобчиликни ўрганди. Ука-сингиллари кими шаҳарда, кими туманда катта-кичик ўқишларда ўқиди. Отаси умрининг сўнгги кунларида шуни кўп такрорлади: “Сени ҳам ўқитишим керакмиди, болам. Сен ҳам ҳозир укаларингга ўхшаб юрармидинг. Билмасам, шароит бўлмадими, ё ўзингда иштиёқ бўлмадими. Лекин ҳеч қачон сени улардан кам кўрмаганман”. Қассоб бу гапларни Ўролбойдан кўра кўпроқ ўзига тасалли бериш учун айтарди.

* * *

…Ўрол ўтиравериб, бўғинларида оғриқ сезди, оёғининг чигалини ёзиш учун ташқарилади. Уйнинг ўнг томонидаги девор ортида ғўнғир-ғўнғир овоз келди. Инилари билан бироз гурунг қилиш ниятда улар томонга юра бошлади. Кенжабойнинг алам билан чийиллашидан тўхтаб қолди.
– Нега у ўзини катта тутади? Ким у бизга?
– Акамиз-да…

– Ака?! Менинг битта акам бор, у ҳам бўлса сиз! Бир қориндан тушмагандан кейин, қони қўшилмайди-ку!
– Ҳа энди, отамизнинг истаги шу бўлган.
– Отамизнинг ўтиб кетганига анча бўлди. Боқди, ўстирди, уйлантирди, уйли-жойли қилди. Энди унинг олдида қарзимиз йўқ! Нега ҳадеб у билан кенгашиб, иш қилишимиз керак? Нима, сиз билан менда калла йўқми?

Ўрол охиригача эшитолмади, ўпкаси тўлиб, танасини қалтироқ босди. Ортига ўгирилди-ю, зилдай оғир қадам ташлаб нари кетди.

* * *

Саҳармардондан Қурбон қассобнинг уйига узоқ-яқиндан келганлар йиғила бошлади. Эшик олдидаги қўлбола ўриндиққа кўрпача ташлаб, овул мулласи, яна беш-олти чол, ака-укалар қатор ўтиришди. Келганлар юзига фотиҳа тортиб, қўноқ уйларига кетишди. Пешинга бориб қассобнинг уйи ҳам, қўноқ уйлар ҳам меҳмонга тўлди. Ўчоқбошида овулнинг ёш йигитлари қозон тагига ўтин ташлаб, булкиллаб турган шўрвадан косаларга қуйиб, нон ботириб еб ўтиришди. Ялангоёқ болалар меҳмонларнинг от-эшагини суғориб, олдига бир сиқимдан ҳашак ташлаб қўйиб ё бўшаган идишларни сувга тўлдириб юрди. Келинлар қўли-қўлига тегмай, чой қайнатиб, идиш-товоқларни ювди.

Ўрол дамба-дам кўчага чиқиб, йўлга кўз тикди. Ўғли ҳаяллаброқ қолди. Ярим тунда отасининг қўнғироқ қилиб, жавондаги пулдан олиб келишини айтганда ҳайрон қолган, лекин сабабини сўрашга ботинолмаган эди. Ўрол пулни олиб, қассоблик анжомлари турган халтага солиб қўйди.

Уй эгалари маъракани тарқатиб, меҳмонларни бир-бир кузатди. Ўрол ўғлининг уловида уйига кетди. Тўрдаги хонани йиғиштираётган Кенжабойнинг хотини қайноғаси ташлаб кетган халтани кўтариб, омборга олиб чиқиб қўйди. “Унутиб қолдирибди, – ўйлади у. – Шу ерда туратурсин, ит тегармиди. Бир келганларида олиб кетар…”

БАЙРАМ АЙТМУРОДНИНГ ҲИКОЯЛАРИНИ ЎҚИБ…
09

011Шойим БЎТАЕВ,
ёзувчи:

– “Қўноқ”, “Оға” ҳикоясида гуёки ташқи жиҳатдан бир-бирига таллуқли бўлмаган воқеа¬-ҳодисалар қаламга олингандек туюлса-да, муаллиф тасвирлаётган жой, одамлар уларни бир-бирига боғлаб яхлитлик касб этади. Қорақалпоғистон кенгликларида бундай одамлар билан учрашганингиз, уларнинг танти характерлари бир-бир кўз ўнгингиздан ўта бошлайди. Ёзувчи бошловчи бўладими ёхуд ном қозонган профессионалми, – ўз одамлари-қаҳрамонларини яхши билиши, уларга меҳр-муҳаббати, ачиниши, ҳамнафаслиги юксак фазилатдир. Турмушда ҳар куни, ҳар лаҳзада юз бериб турадиган шундай ҳодисалар борки, уларни илғаш синчков ижодкорга битмас-туганмас илҳом манбаидир. “Қўноқ” ҳикояси ҳам шундай, халқ ҳаётидаги оддий воқеага қур¬илган. Устоз шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Эй йўловчи бўла қол қўноқ, Уйда борин кўрурмиз баҳам” сатрлари билан бошланадиган шеърида ҳам қўноқ баҳонасида халқимизнинг нечоғлик тантилиги, бағрикенглиги ифода этилади.

Байрам Айтмуроднинг ҳикоясидаги Азамат “алламаҳалда келди, унинг устига, ўзини беҳаловат ҳис қилаверди”. У алламаҳалда келган бўлсаям, ижарадош жўралари “бир-бирига қарамай, пишиллаб овқатланишади”. Хуллас, Азамат кўчада боласи билан қолган бир жувонга “бўла қол қўноқ” демоқчи. Иккала ижарадоши билан шуни муҳокама қилишади. Ҳикоя учун мана шу воқеанинг ўзи етарли эди. Унинг остига “ўт ёқиш” (У.Фолкнер) мумкинми-йўқлигини чуқурроқ бадиий мушоҳада қилишга имкон бор эди. Энди мавжуд матн ҳақида гапирадиган бўлсак, муаллиф гуё Азамат болалигида онаси билан бир момонинг уйидан жой сўраб турганини эслаганига ишора қилиб, ўша воқеани ҳам тасвирлайди. Ҳикоя ичида ҳикоя. Айни дамда уч нуқтадан тепа қисми – яъни, Азаматнинг ижарадошлари билан ҳангомаси ва уч нуқтадан пастки қисм – яъни Азаматнинг қайтиб бориб жой сўраган жувонни тополмагани олиб ташланса, эҳтимол, ҳикоябоп воқеа бўртиб қолар – унинг остига “ўт ёқиш” имкони ҳамиша муаллиф билан бирга, уни ҳеч қачон тарк этмайди.

“Оға” ҳикоясига келадиган бўлсак, Кенжабой тўй қиламан деб боқиб юрган қўчқорни отасининг маъракасига катта акаси Ўрол сўйиб юборади. Бу Кенжабойга ёқмайди. Ўртага кампир аралашади. Шунда Ўролнинг ота-онаси бошқа бўлгани эслаб қолинади. Муаллиф бу воқеа¬ни ҳам тасвирлар экан, ўртадаги тарангликни шу муносабат билан бўшаштириб юборади. Агар жуда лозим бўлса, Ўролнинг бегона экан¬ини бир-икки оғиз ишора билан эслатиб кетса ҳам, ўқувчининг ўзи бу ёғини англаб олган бўларди. Ёхуд ҳикоя қурилма-ускунасини бошқача тарзда ўйлаб кўриш лозим эди. Муҳим-номуҳим вазиятларнинг барчасини тарозида тортиб, керагини танлаб олиш ижодкор дидидан ташқари, ўқувчига ишончдан ҳам дарак беради. Ҳикояда ўрнида ишлатилган биргина детал ёхуд имо-¬ишора анча-мунча батафсилликнинг жойини босиб кетиши мумкин – айнан шуниси билан у ютади, пешқадам жанр сифатида бўй бергиси келмайди. Отадан қолган кафтдеккина ҳовлини талашиб жиққамушт бўлаётган ака-укалар, ўтказган маърака-тўй ёхуд қурган уйи билан гердайиб, бунақа ишларга қурби етмаганини назар-писанд қилмаганидан ўртага тушадиган совуқчиликлар, хотин, бола-чақа деб юзкўрмас бўлиб кетаётганлар – бунақа муаммолар айрим оилаларда бот-бот учраб туради. Уларнинг ижтимоий илдизи, маънавий муҳити ҳақида ўйлаш ёзувчининг виждон садосидир. Шу маънода, Байрам Айтмуроднинг танлаган мавзуси ҳар қандай кишини ўйлашга мажбур қилади. Ифода йўсинида ҳам мавзунинг ўзи каби таранглик талаб этилади. Муаллифнинг ҳикоя бошидаёқ Ўрол тарафига ўтиб олиши ҳам унчалик тўғри эмасга ўхшайди. Қишлоқ муҳити, одамларини тасвирлашдаги топқирликлари, айрим ўзига хос деталларини инкор этмаган ҳолда, Байрам Айтмурод ҳали ҳикоя тили, стилистикаси устида ишлаши кераклиги кўриниб қолган. “Оға”нинг ечим қисмида аччиқланган Ўрол бир халта пул ташлаб кетади, аммо буни ҳеч ким пайқамай қолади. “Тўрдаги хонани йиғиштираётган Кенжабойнинг хотини қайноғаси ташлаб кетган халтани кўтариб, омборга олиб чиқиб қўйди. “Унутиб қолдирибди, – ўйлади у. – Шу ерда туратурсин, ит тегармиди. Бир келганларида олиб кетар…”

Майли, қишлоқ аёлларининг, айниқса, Кенжабойлар хотинларининг беҳад синчковлигини бир четга қўя турайлик, Ўролнинг бу қилиғи мавҳумлиги билан барибир кўзланган натижани бермайди.
Мана, кўрдингиз, анча-мунча мулоҳаза юритишга изн бердими, демак, Байрам Айтмуроднинг ҳикояларида “жон” бор. Ўзи туғилиб-ўсган масканни, ўз яқинларини севиб-ардоқлаган ижодкор, албатта, эсда қоладиган характерлар ярата олишига ишонмоқ керак. Демак, унинг изланишлари ҳали давом этади…

033Марҳабо ҚЎЧҚОРОВА,
адабиётшунос:

– Муаллифнинг “Қўноқ” ва “Оға” ҳикоялари мутолааси юрагимда ажиб соғинч ҳисларини уйғотди. Чунки ҳар икки ҳикояда менинг юрагимга яқин кишилар, қишлоқ одамлари, қишлоқ ҳаёти, энг муҳими, миллий урф-одатларимиз (меҳмоннинг иззатини жойига қўйиш, тасодифан келиб қолган кишининг уйга қўниб кетиши, қон-қариндошлик муносабатлари) ёқимли ритм билан тасвирланган. “Қўноқ”даги шаҳар кўчасида адашиб қолган Она ва бола, талабалар, бегоналарга уйидан жой бериб меҳр кўрсатган Момо, “Оға”даги қассоб ва ўгай укалар, укаларнинг бемеҳр, ўйсиз гап-сўзлари каби ҳолат-воқеаларда одамлар орасида меҳр-оқибатни сақлаш, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий фазилатларни асраш ҳақида бонг урилгандай гўё. Ҳикоя учун танланган мавзулар бағоят муҳим, глобал. Ҳикояларда миллий колорит (қаҳрамонлар нутқида, макон тасвирида)ни беришга интилиш бор. Бу жуда яхши хусусият. Аммо чин маънодаги бадиий асар яратиш учун булар етарли эмас. Тажрибасизлик сезилади.

Бу “Қўноқ”да ҳикоя бошланиши ва тугалланишидаги талабаларнинг гап-сўзлари ортиқчалигида кўринади. Ишонмасангиз, ҳикоянинг боши ва охирига сунъий тарзда киритилган бошланма ва тугалланмани ташлаб ўқиб кўринг. Ҳикоя ҳеч нарса йўқотмайди. Ундан кўра, йўлида адашиб, қоронғида қолиб кетган Она-боланинг Момонинг уйига етиб боргунча бўлган руҳий драмасини бериш ҳикояга чуқур психологик тасвир олиб кирган бўларди. Тун қоронғиси, тўқайзор, шоқолларнинг увиллаши, боланинг дилдираб қўрқувга тушиши, Она ва боланинг ички қўрқув туйғусини бериш керак эмасди?! Лекин Момо идеали яхши киритилган.

“Оға”даги тасвирлар анча сокин ва бир маромда кечади. Аммо ҳикоянинг ечими тушунарсиз чиқибди. Ҳикоя моҳир драматург қўли билан ёзилиши керак. Бу менинг гапим эмас. Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари ҳақида мақола ёзган бир рус ёзувчиси “Абдулла Қаҳҳор моҳир дараматург қўли билан ҳикоя ёзади”, деган эди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳикояда кутилмаган драма, коллизия, фожиа, изтироб, қувонч шафқатсизларча ёзилиши керак. Ўролбой укаларининг муносабатидан сўнг бу дилоғриқдан, қон-қариндошлик ришталарига ўгайлик аралашганидан қаттиқ сиқилиши ва бунинг оқибатида ҳатто ҳаётдан кўз юмиши керак эди. Ҳикоянинг бошланма ва тугалланмаси Қурбон қассобнинг, маъракаси билан, Ўролнинг унутиб қолдирган халтаси билан якун топган. Ҳарҳолда, ечимни ўйлаб кўриш керак…

Булар – қисқа мулоҳазалар. Умуман олганда, ёш ёзувчининг катта мавзуларни бадиий талқин этишга урингани таҳсинга сазовор…

044Сафарали ҚУРБОНОВ,
тадқиқотчи:

– Азаматнинг хотира даштини кезаркансан, тўрт девор ичида ўтиравериб феълинг ҳам торайиб кетаётганидан хижолат тортиб, Қумлитов томонларга кетворгинг, ўгай отанинг ори учун куйиб-пишаётган Оғага далда бўлгинг келади. Бироқ… ҳар келган меҳмонни Яратганнинг инъоми деб билгувчи меҳмондўст Кампирнинг кўзига кўзинг тушишидан хижолат чекасан. Лекин мана шу хижолатпазлик-да дилга яқин: кўнгилнинг туб-тубида мудраб ётган туйғуларни сергаклантиради.

Байрам Айтмурод ҳикоялари мана шундай жиҳатлари билан ўзига хос. Уларда туркий халқларга хос бағрикенглик, жўмардлик каби хислатлар билгичлик билан қаламга олинган. “Оға” ҳикоясида тан олинмаган Оғанинг Кенжабойдан дастлаб хафа бўлишига сабаб бўлган воқеа ҳам бир қарашда арзимасдек кўринади. Аслида эса халқимизга хос бўлган ажойиб тутумларимиздан бири ўзига хос тарзда тасвирланган:

“– Эл оғзига элак тутиб бўлармиди, Ўрол ака? Биттадан қўчқор етаклатиб юборсангиз ҳам, яхши от олмайсиз. Арқонини бермабди бу қурумсоқ, деб кулиб кетади, – деб узиб олди Кенжабой.
Инисининг отини айтиб чақиргани Ўролга оғир ботди”.

Замонавий психологияда инсонга исмини айтиб мурожаат қилиш ҳурматни англатиши таъкидланмоқда. Шарқда эса бунинг акси: ёши улуғ инсоннинг исмини тилга олиш – кўзига тик боқиш билан баробар. Шу боис ҳам ҳурматга лойиқ кишининг исми айтилмасдан ўрнига изоҳловчиси қўлланилади. Бу ҳолат “Қўноқ” ҳикоясида янада маромига етказилган:
“– Қайнота-қайнонанг борми?
– Қайнонам бор.
– Ҳа, шундан гапир-да, бўлмасам…
– Энамизни ҳамма табиб дейди.
– Табиб? – кампир бир нарсани эслашга уринди, чоғи, унга тикилиб қолди. – Қумлитовда ким табиб эди-я?
Жувон ўғлини туртиб, “Момонгнинг исмини айт”, деб шивирлади…”.

Умуман олганда, муаллиф ҳар иккала ҳикояда ҳам жонли образларини яратишга эришган. Бетакрор халқона иборалардан ўринли фойдаланган. Миллий урфлар, удумлар, тутумлар бир воқеа атрофида жамланиб, элнинг бирлигини тутиб турувчи асосий восита экани имкон қадар таъкидланган. Бироқ бадиий битик учун бунинг ўзи кам. Гўзал одату қадриятларимизни кўрсатиб ўтиш гўзал бадиий асар яратиш дегани эмас. Асарда гўзал поэтик тил, сюжет ва композицион бутунлик, улкан Фикрдан озиқланган тугал фикр бўлиши зарур. Байрам Айтмурод ҳикояларининг мана шу жиҳатларида бироз оқсаш кузатилади, назаримда.

Жумладан, “Қўноқ” ҳикоясининг воқеалари муаллифнинг ўзи томонидан ҳам тўлиқ идрок этилмагандай таассурот уйғотади. Чунки ҳикоянинг айрим ўринларида бир фикр иккинчи фикрни инкор қилиш ёхуд мантиқий номутаносибликлар мавжуд. Масалан, мезбон кампирга бола томонидан берилган таъриф айнан шу ўринда ўзини оқламаган. Боланинг зим-зимис¬тонда кампирнинг ажин босган юзи, рўмоли остидан кўриниб турган оппоқ сочи, умумий қиёфасини аниқ кўриши, момоси билан қиёслашига ўқувчи ишониши қийин.

Бундан ташқари, эга билан кесим ўртасидаги мантиқий номутаносибликлар (Узоқ-¬узоқлардан сойнинг шовуллаши, итларнинг ҳургани, эшакларнинг ҳанграгани қулоққа чалинди), ғализ жумлалар макроматннинг бадиий қийматига салбий таъсир қилган ва муаллифнинг матн устида жиддий ишламаганини кўрсатиб қўйган.

Умуман олганда, муаллифнинг воқеликни бадиий кўра олиш, мавзуни танлай билиш қобилиятига эга экани кишини умидлантиради. Келгусида яхши асарлар кутишига ишонч беради.

Манба: »Ёшлик» журналининг 2015/9-сони

095

 Shoyim Bo’taev: Bayram Aytmurodning  hikoyalarida “jon” bor. O’zi tug’ilib-o’sgan maskanni, o’z yaqinlarini sevib-ardoqlagan ijodkor, albatta, esda qoladigan xarakterlar yarata olishiga ishonmoq kerak… Marhabo Qo’chqorova: Muallifning “Qo’noq” va “Og’a” hikoyalari mutolaasi yuragimda ajib sog’inch hislarini uyg’otdi… Safarali Qurbonov: Muallif har ikkala hikoyada ham jonli obrazlarini yaratishga erishgan…

Bayram AYTMUROD
IKKI HIKOYA
07

Bayram AYTMUROD 1986 yili Qoraqalpog’iston Respublikasi Bo’zotov tumanida tug’ilgan. O’zbekiston davlat san’at va madaniyat institutida tahsil olgan.

07

QO’NOQ

Azamat allamahalda keldi, uning ustiga, o’zini behalovat his qilaverdi. Bir narsani unutganday, yo’qotganday bo’laverdi. Tomog’idan ovqat o’tmadi. Ijaradosh jo’ralari – Nishon bilan Sardor bir-biriga qaramay, pishillab ovqatlanishardi.
– Ha jo’ra, mazang yo’q? – dedi Sardor nafsini sal qondirib olgach. – Nima balo, jig’ildoning shishganmi? YO bitta-yarimtasi qorningni to’ydirib yubordimi?

Azamat chuqur uh tortdi.
– Namuncha uflamasang? Dunyoni suv bosayaptimi?
– Sevgan qizi tashlab ketgan ko’rinadi, – gapga qo’shildi Nishon kosasini non bilan sidirar ekan. – Topdimmi? Topdi-im. Shu, sening sevishinggayam qoyil qolaman-da, jo’ra. Bor buding bilan mubtalo bo’lavermasdan, sal o’zingni ayabroq yaxshi ko’rsang bo’lmaydimi, menga o’xshab? He, Majnun! Ay, o’ylama, jo’ra! Nima ko’p, qiz ko’p.

– Nimalar deyapsan-yey? Qanaqa sevgi, qanaqa qiz? – Azamatning ensasi qotdi. – Men nima xayoldaman-u, sen nima dardda!
– Ayt-da bo’masam, odamning ichini kuydirmay.
– O’ylayapman.
– Nimani? – dedi Sardor.
– Boya mahallaga burilaverishda bir juvon turgan ekan. Yonida yosh bolasi. Sovuqda diydirabgina, ko’zlari javdirab, har kimdan najot istab qarab turibdi. Mendan yordam so’radi. “Uka, shaharga mehmonga keluvdik. Aksiga olib, qarindoshimiz chet elga ketgan ekan. Avtobuslar ham to’xtagan. Ertalabgacha tunashga joy topib berolmaysizmi?” dedi.

– Sen-chi, sen nima deding?
– Iloji yo’q, deb kelaveribman-da, – yelka qisdi Azamat.
– Bekor qilibsan, jo’ra, – Sardor ham o’sha ayolni ko’z oldiga keltirib, ichidan bir narsa uzilganday bo’ldi. – Bolasi bilan shu sovuqda tashlab kelganing yaxshi bo’mabdi.
– Menam shuni o’ylab o’tiribman. Ha endi, kim bilsin, o’g’rimi, to’g’rimi, debman-da. Dabdurustdan oldingdan notanish birov chiqib, tunashga joy so’rasa, xuddi kissangdagini chiqar deyotganday dovdirab qolarkansan kishi. Gapiyam sal shubhali ko’rindi. Sarosimada juftakni rostlayveribman.

– E, olib kelavermabsan-da. Ha, tanishardik. Tonggacha suhbatlashardik. Biz bo’ydoq, u juvon bo’lsa? A, labbay! – beo’xshov hazil qildi Nishon va do’stlarining yalt etgan qarashlaridan buni sezib, tilini tishladi.
– Mana shu sening iflos o’yga borishingni bilib, olib kelmadim! – jazavaga tushdi Azamat.
– Voy-vo’, hazillashdim-ku!
– Hozir hazilning o’rnimi? – battar tutadi. – Yo’q, ayt, hazil qilishning mavridimi hozir?
– O’zingni bos, jo’ra! Meniki bir omadi gap-da!
– Azamat, qo’y shuni, nima birinchi marta ko’rib turibsanmi? – dedi Sardor. – Nishon, senam tilingni tiy. Og’zim bor, deb har baloni laqillayverma. Xullas, nima qilamiz?
Ketib qolmaganmikan? – taraddudlandi Azamat.

– Qaydam, balki haliyam turgandir.
– Ancha vaqt o’tdi-ku. Yana bilmadim. Qarab kelamizmi, yo?
– Menga qaranglar, sizlar rostdan olib kelmoqchimisizlar? – dedi Nishon. – U sen aytganday o’g’rimi, to’g’rimi, biz bilmaymiz-ku. Shantajchidir balki? Olib kelganingdan keyin, besh minutga qolmay dod-voyni solib, hammani oyoqqa turg’azsa-chi? Butun mahallaga sharmanda bo’lamiz-ku. O’zi ijarada arang sud¬ralib yuribmiz. Bu yerdan ham badarg’a qilishmasin, tag’in.
– Vahima qilaverma! – jerkib berdi Azamat. – Turinglar, ketdik qidirib kelamiz. Bu yerga bo’lmasa, uyida ayoli bor birorta qo’shninikiga joylarmiz.
– Men bormayman, – dedi Nishon.
– Sen qolaver, Sardor ikkimiz qarab kelamiz.
– Ertaga bir narsa bo’lsa, men sizlarni tanimayman, aytib qo’yay!

Sardor ham ikkilanib qoldi, ko’ngliga g’ulg’ula tushdi.
– Balki, ketib bo’lgandir, a? – dedi u ishonchsiz ohangda.
Azamat jo’ralariga biroz hayron bo’lib qarab qoldi, so’ng qo’lini bir siltab, ko’chaga chiqib ketdi.

* * *

Ayol bolasi bilan shaharga – ota uyiga, inisining to’yiga bordi. Qaynonasi to’shak tortib yotibdi, eri o’rim-yig’imda. Ona-bola to’yni tarqatib, ikkinchi kuni peshindan so’ng yo’lga tushdi. Eridan uch-to’rt kunga ruxsat olib kelgan bo’lsa-da, juvon uyda qolgan qaynonasini, ro’zg’orni o’ylab, ota-onasi, qarindosh-¬urug’ining gapini pisand qilmay, “Ketmasam bo’lmaydi”, deb turib oldi. O’zi, shahar bilan tumanning orasi yaqin, avtobusda birpaslik yo’l. Aksiga olib, yo’lda avtobus buzildi va ular tumanning o’ziga kun botganda zo’rg’a kirib bordi. Bu yog’i qishloqqacha yana poyu piyoda ancha yurish kerak. Tumanda qolay desa, na tanishi, na qarindoshi bor…

Ona-bola to’lin oyning yorug’ida ikki tomoni yulg’un bosgan yolg’izoyoq so’qmoq bo’ylab borayapti. Kuzning salqin havosi etlarini junjiktirar, shamol yuzlarini timdalar, ona yenglarini g’ijimlab, dir-dir qaltirab, bola esa boshini choponiga tortib, g’ujinibgina borardi. Uzoq-uzoqlardan soyning shovullashi, itlarning hurgani, eshaklarning hangragani eshitiladi. Yulg’unzordan o’tgandan keyin paxtazor chiqdi. Haydov bo’lgan g’o’zapoyalari navkarlardek saf tortgancha vahima soladi. Dalaning bu boshi bilan u boshi kamida ikki chaqirim yo’l. Chap tomonda esa jiydayu to’rang’il shoxlari bir-biriga chirmashib ketgan to’qayzor. Pitir-pitir, shitir-shitir, “g’iyq-g’iyq”, “pir-pi-i-ir” etadi. “Jiydaning tagida uxlab qolsa, jin chalib ketadi”, degan gapni ko’p eshitgani uchunmi, bolani qaltiroq tutar, qancha tez yurmasin, yo’l tugamaydigandek edi. Nuqul “Otam traktorida kelib, bizni olib ketsaydi”, deb aytadi.

Dalaning yarmiga ham yetmasdan yaqin atrof¬da shoqol ulidi. Ona cho’chib tushdi, o’g’lining qo’lidan mahkam tutdi. Bola piqillab yig’lay boshladi. To’qayzor tomondagi saslar ham kuchayib, xuddi butalar orasidan bahaybat hayvon chiqa solib, hamla qiladigandek ikkisi ham joyida serrayib qoldi. Ona darrov o’ziga kelib, qo’liga uzun tayoq oldi. “Qo’rqma bolam, men borman, sekin yuraver” – uning ovozi qaltirardi.

Bir ovulga kirib bordilar. Zim-zimiston. Milt etgan chiroq yo’q. Oy yog’dusida pastqam uylar yanada yerga qapishib ketgandek tuyulardi. Ona-bolaning tinka-madori qurigan, qadam tashlashga majoli qolmagan edi, birinchi ko’ringan uyni qora tortib boraverdilar.

Juvon ildirib qo’yilgan yog’och irganakni ochdi. Keng hovlining o’ng tomonidagi qo’radan echkilarning bir-birini suzib, xunuk yo’talgani eshitildi. Ayol it-piti tashlanib qolsa-ya, deya qo’lidagi tayog’ini mahkam ushlab olgan, bolasi esa uning etagini qo’yvormasdi.

“Kim bor, hu-u-v”, deb chaqirdi. Bekorga xavotirlanmagan ekan, supa yonida yotgan eshakday it vovulladi. Ona orqaga tisarilib, qattiqroq baqirdi. Bolani qaltiroq tutdi. It hurib, ular tomon yaqinlasha boshladi. Endi qochishga chog’lanib turishganida, uy eshigi ochilib, bir kampirning sharpasi ko’rindi.
– Ha? – dedi kampir kaftini manglayiga tirab. – Kim u?
– Xudoyi qo’noqmiz, ena.
– Kiringlar, kiraveringlar, nega iymanasan, bolam? – dedi kampir ostonadan ichkariga bosh-larkan. – Kelinglar-chi, qani. Voy, qulunim-ov, muzlab qolibsan-ku.

Kampir bolaga engashib, qo’llarini siladi, yuzini yuziga bosdi. Kampirning beti iliq edi, ajin bosgan manglayi, chakkalaridan ko’rinib turgan oppoq sochi momosini eslatardi. Faqat momosi sal to’laroq, bu kampir esa jimitdekkina edi.

Momo mehmonlarni kichik bir xonaga boshladi. Pech yoqilgan, issiqqina tafti darrov qizargan yuzlarini erita boshladi. Momo chiroqni yoqdi. Xona o’rtasida chog’roq xontaxta, burchakda ustiga to’rt-besh ko’rpacha yig’ilgan sandiqdan bo’lak jihoz yo’q. To’rda qorachadan kelgan bola uxlab yotibdi. Momo uni turtkilab uyg’otdi.
– G’ayrat, tur, bolam! Mehmon keldi.

Bola g’udranib, ko’zini ochdi. Biroz alanglab turdi-da, notanish odamlarni ko’rib, momosiga norozi qarab, bir narsalar deb, chiqib ketdi.
– Ena, qo’ying, yotaversin edi, – dedi juvon past ovozda. – Sizlarni ham ovora qildik…
– Ovorasi bor ekanmi, bolam? Xudoyi qo’noq – xudoning qo’nog’i. Kiringlar-chi, ustingizdagini yechib, yuqoriga o’tinglar-chi…

Momo pechga shox-shabba tashladi, qora qumg’onni to’ldirib, choy qo’ydi. Juvon egnidagi pal`tosini, o’g’lining choponini yechib, devordagi mixga osdi. Momo xontaxta atrofiga ikki qavat qilib ko’rpacha to’shadi. Dasturxon yozib, jo’xori unidan qilingan to’rtta zog’ora, piyolalarda tolqon, jiyda, ikkita likopchada parvarda olib keldi, issiqqina choy damladi. Juvon ham tugunini yechib, to’yning non-bo’g’irsog’idan dasturxonga qo’ydi.
– Olinglar, uyalmanglar, yo’l yurib charchagandirsizlar, – dedi momo zog’oradan sindirib bolaga uzatarkan.

Bola yo’l-yo’lakay tugundagi narsalardan cho’qilab kelgan bo’lsa-da, juda ochiqqan edi. Zog’orani olib, apil-tapil chaynay boshladi. Qovoq qo’shib yopilgani uchunmi, juda mazali tuyulib ketdi. Momo mehribonlik bilan oldiga tolqonniyam surib qo’ydi. Nonni yutib bo’lmasdan, og’ziga bir qoshiq tolqon solgandi, tomog’iga yugurib, yo’tal tutdi. Juvon uyatdan qizarib ketdi, momoga bildirmasdan bolasini chimchilab oldi.

– Shoshmasdan yeyaver, qulunim, hammasi senga, – dedi momo jilmayib. So’ng choy quyib berayotib, yurt surishtirdi:
– Qizim, qay ovuldansan? Kimning elisan?
– Qumlitovdanmiz. Jumaboy traktorchining ayoliman.

– Jumaboy traktorchisi kim bo’ldi ekan? Qaynota-qaynonang bormi?
– Qaynonam bor.
– Ha, shundan gapir-da, bo’lmasam…
– Enamizni hamma tabib deydi.
– Tabib? – kampir bir narsani eslashga urindi, chog’i, unga tikilib qoldi. – Qumlitovda kim tabib edi-ya?

Juvon o’g’lini turtib, “Momongning ismini ayt”, deb shivirladi. Mezbon buni sezib, bolaga yuzlandi:
– Ha, ayt-chi qani, kimning navarasisan?
– Sharifa momomning, – erkalandi bola.
– Sharifa? E, ha, boyadan beri shunday demaysanmi? To’y-ma’rakalarda ko’p ko’raman uni. Juda kayvoni ayol. Hamma maqtaydi qo’li yengil, deb, – dedi mezbon.
– Ha, qishlog’imizda kim kasal bo’lsa, enam¬ning oldiga chopib kelaveradi.
– Tuzuk, tuzuk. O’zi yaxshimi, o’ynab-kulib yuribdimi? Hov, laqillab o’tirishimni qara, – deya momo juvonga choynakni uzatib, o’zi qo’zg’aldi. – Hozir sizlar choy ichib turinglar-chi, men qozonni otlantirib yuboray.

– Ena, qo’ying. Choy yetadi, rahmat.
– Hov, unday dema. Choy tomoq bo’larmidi?! Issiq ovqatga nima yetsin.
– Yo’q, ena, iltimos, ovora bo’lmang. O’zi, shundoq ham tinchingizni buzganimizga xijolat bo’lib o’tiribmiz. Hademay tong ham otadi…

Momo sal kalovlanib turdi-da, bolaning ko’zlari yumilib ketayotganini ko’rib, shashtidan qaytdi. Momo o’ziga, mehmonlarga qator joy solib, chiroqni o’chirdi. Juvon bilan uzoq gaplashib yotishdi. Ayol qaerdan kelayotgani, nega kech qolganini oqizmay-tomizmay aytib berdi. Momo ham o’g’li bilan kelini shaharda yashashi, ularning qaerda ishlashi-yu, o’zi qishloqda nevarasi bilan birga turishi haqida to’lib-toshib gapirdi. Bola ularning gangur-gungur gaplariga quloq tutib yotib uxlab qoldi…

Tongda ayol bolasining boshidan silab uyg’otdi. Bola qarasa, yonida kechagi qora bola choy ichib o’tiribdi.

Ko’zini ishqalab, dahlizga yuz-qo’lini yuvishga chiqdi. Momo bir narsa dedi, shekilli, izidan mezbon bola keldi, obdastani olib, suv quya boshladi.
– Isming nima? – so’radi u.
– Azamat.
– Meniki G’ayrat. Adashib qoldinglarmi?
– Yo’q, kechqurun qo’rqdik.
– He, qo’rqasanmi qorong’idan? – istehzoli kuldi u.

– Ha, sen-chi?
– Yo’q. Hecham qo’rqmayman.
– Kuchli ekansan-da, a?
– Ha, qo’rqsam, yonimga itimni olvolaman. Kecha ko’rdingmi itimni?
– Ko’rdim. Iting katta ekan.

– Maktabga borasanmi?
– Yo’q, hali kichkinaman. Keyingi yil boraman.
– Men uchinchi sinfda o’qiyman.
– Uchinchi sinfda? Faqat uch baho olasanmi shunda?
– Yo’q, beshga o’qiyman men.

– Aldama. Beshinchi sinflar beshga o’qiydi. Sen uchga o’qiysan, – uning ustidan zavqlanib kuldi.
– Hozir qumg’on bilan boshingga bir uraman! – G’ayrat obdasta ushlagan qo’lini Azamatning tepasida sermadi.
– Ena, qarang! G’ayrat meni urmoqchi!

– G’ayrat! Bezori! Tegma qo’noq bolaga! – momoning tahdidli ovozi eshitildi.
– O’zi-ku, uchga o’qiysan, deb ustimdan kul¬yapti, – dedi G’ayrat popugi pasayib.
– Azamat! Hozir ko’rasan mendan, – juvon do’q urdi.

Mehmon bola onasining oldiga yugurdi. G’ayrat izidan kirib, unga yeb qo’ygudek qaradi. Azamat onasiga biqinib o’tirib, choy ichdi, qaynoqqina sho’rvani paqqos tushirdi.
Momo ona-bolani ovuldan chiqaverishdagi katta ariq bo’yigacha kuzatib qo’ydi. Ariqni yoqalab yursa, katta yo’lga tushishini aytib, qo’llariga mayda-chuyda solingan tugunni tutqazib, uzoqlab ketgunicha qo’l siltab qoldi.

– Yo’lni bilib oldinglar, endi kelib-kelib turinglar…
Shundan keyin u uyga qaytib borishmadi, momo ham bularnikiga mehmon bo’lib kelmadi.

***

Azamat mahalla boshidan to bekatgacha bo’lgan oraliqni bir necha marta aylandi, juvonning iziniyam topolmay, dami chiqqan pufakday shalvirab ortiga qaytdi. Jo’ralari allaqachon uxlab qolgan, xonada og’ir sukunat va zulmat kezib yurardi. U joyiga yotdi, ko’zi ilindi deguncha o’sha kechadagi jimitdekkina momo bilan qorachadan kelgan nevarasi sovuqda qaltirab turganday ko’rinaverdi.

OG’A

Ufq qontalash bo’lib kelaverdi. Qumlitovning to’ridagi bir cheti hovuzga, bir tomoni sholizorga tutash Qurbon qassobning hovlisida uy egalari g’imirlab, kirib-chiqib yuribdi.

O’rol go’shtni jiklab, palovga deganni bo’lak, uyda osiladigan bosh qozonga deganni alohida, qo’noq uylarga tarqatiladiganni bo’lak ajratdi, undan ko’z uzmay turgan Bo’ynoqning nasibasini chetroqqa otdi. It luqma tashlangan tarafga irg’ib borib, ko’p o’tmay yana dumini likkilatgancha qaytib keldi. Qassob teriga tuz sepib, qo’raning ustiga yoyib qo’ydi. Kelinlarga kalla-poycha kuydirishni topshirdi. Ichak-qorinni eskiroq tog’oraga soldi.

– Kenjaboy, – dedi. – bolalarga ayt, manavini Elmurod juvonmargning uyiga eltib bersin. Bechoraning bevasi jo’jabirday bolalari bilan qolgan, qo’li kalta-da…
– Erta-indin o’zimiz palovga bosmaymizmi? – dedi Kenjaboy yasama xushchaqchaqlik bilan.
– Qo’ysang-chi, uka, o’lib turgan joyingmi? Senlarga bu yog’iyam yetib-ortadi.
– Hech bo’lmasa, charvisini shilib olaylik.
– Olganman, – jahli chiqdi O’rolning. – Bir aytganda “xo’p” desa-da!

U otasidan qolgan qassobpichoq, toshqayroq, tarozi solingan xaltasini eshik yoniga qo’yib, ichkarilaganda uy to’la odam – ertangi bo’ladigan ma’rakaning tadorigiga yig’ilganlar o’rnidan turdi. To’rda o’tirgan Rahima momo o’g’lining bo’ynidan quchoqlab yig’lab berdi. O’rol kampirni yupatdi. Qolganlar o’ng’aysizlanib, qimirlab qolishdi. Kelinlar, qizlar ko’ziga yosh oldi. Kenjaboy tishlarini g’ichirlatib, onasiga gapirmoqchi edi, O’rol “indama” deganday bosh chayqadi. Yig’ilganlar siljib, katta akaga to’rdan joy berishdi. Kampirning “Endi bu oilaning boshi sensan, bolam”, deb qayta-qayta aytgani o’tirganlarga erish tuyuldi. Oraga jimlik cho’kdi.

– Semiz qo’chqor ekan. Ellik kiloga yaqin tosh bosdi. Moyining qalinligidan pichog’im yurmay qoldi-ya. Quyrug’ining o’zi bir tog’ora bo’ldimi, a, Kenjaboy? – dedi O’rol choy xo’plab. U doim shunday qiladi, otasidan o’rgangan odat. Kimningdir jonlig’ini chalib beradigan bo’lsa, uy egalaridan birortasining yonida turishini tayinlaydi. So’ng erinmay hisobot beradi. “O’ziga urib qolibdi”, deyishlarini istamaydi. Boya ham Kenjaboyni ataylab oldidan jildirmadi.

– Hm, – dedi Kenjaboy xushlamaygina. U hali ham qo’chqoridan ayrilganiga ko’nikolmay o’tirgandi.
– Yaxshi-ku! – yonboshladi Tilovboy. – Endi ovqatga go’shtni mo’l-ko’l bossa bo’ladi.
– Kenjaboy, sen o’pkalama. Bitta qo’zini yaxshilab semirtirsang, o’g’lingning sunnat to’¬y¬igacha ho’kizday qo’chqor bo’p ketadi. Ma’rakaga tumonat odam keladi-da, serka go’shti urvoq ham bo’lmaydi: bebaraka-da, baribir. Kimsan Qurbon qassobning bolalari otasining yilida echki so’yibdi-ya, degan gap tarqalsa, uyat bo’ladi.
– Durust, shavla ketsa ketsin, obro’ ketmasin, inim, – deya katta akaning gapini ma’qulladi Tilovboy.

Bundan ikki kun oldin Kenjaboy tumanga borganda akasining uyiga kirib o’tgandi. Otasining ma’rakasiga serka so’ymoqchiligini aytganda, O’rolboy “Nega endi, o’tgan safar qo’chqorni ataganding-ku”, deb tutaqib ketgandi. Kenjaboy “Qo’chqorni nevarangizning sunnat to’yiga olib qo’ysammikan deb o’ylab qoldim. Men ham el qatoriga qo’shilib, qilayotgan birinchi to’yim. Yana bozorga tushib, qo’y qidirib yuramanmi?” Akasi o’shanda yo tush¬unmadi, yo tushunishni istamadi. Oyoq tirab oldi: “Agar serka deyayotgan bo’lsang, boshqa qassob topaqol”, dedi. Uka ilojsiz ko’nishga majbur bo’ldi. “Endi aybini yuvib-chayishga balo bormi, – o’yladi Kenjaboy. – Bunisiyam ma’qullab o’tiribdi. O’zidan ketmadi-da, joni achirmidi…”
– El og’ziga elak tutib bo’larmidi, O’rol aka? Bittadan qo’chqor yetaklatib yuborsangiz ham yaxshi ot olmaysiz. Arqonini bermabdi bu qurumsoq, deb kulib ketadi, – deb uzib oldi Kenjaboy.

Inisining otini aytib chaqirgani O’rolga og’ir botdi.
– Men ham manovilarga aytdim! – Rahima momo bir narsa esiga tushganday, to’satdan o’g’li bilan keliniga ishora qildi. – Meni tinglarmidi bular? Miyasi aynigan kampir aytaveradi, deydi-da!
Rahima momoning arz qilishi o’tirganlarga yoqmadi, Tilovboy tomoq qirdi. Katta kelini labini tishlab, bosh chayqadi. Qizlar qosh chimirdi. Kenjaboy bilan xotini onasiga yeb qo’ygudek qaradi.

Momo esa beparvo, yana bir narsalarni pichirlab, birda jilmayib, birda qovog’ini solib o’tiraverdi.
– Unday demang. Qiladi aytganingizni, qilmay qaergayam borardi? – dedi O’rol miyig’ida kulib, uka-singillarni zimdan kuzatdi. Ularning beparvoligidan ranjidi. Bir paytlar bir og’iz so’zini qaytara olmaydigan o’g’il-qizlarning, bosgan izlariga poyu patak bo’lishga tayyor kelinlarning bugun uning go’yo bor-yo’qligini sezmaganday o’tirishidan g’azabi keldi. Ko’zlaringni moy bosganmi, deb bir burovga olmoqchi bo’ldi. Shaytonga hay berdi.

* * *

– Sen ko’p ezilma, bolam, – dedi Qurbon qassob kirtaygan ko’zlarini boladan uzmay. – Dunyo¬ning ishlari o’zi shunday. Birov Yaratganning ne’matidan umidvor o’tadi, kimdir esa berganning qadriga yetmaydi.

Quyoshning tig’idan taqir boshini bazo’r panalab borayotgan o’n yoshlardagi bola qassobning gapini tushunmadi. Qo’lidagi yarimta nonni tish¬lab, kavshandi. Qassob to’riq biyaning jilovini onda-sonda sermab qo’yar, biya ilkis yurishini tezlatganda bola qalqib tushar va qo’li bilan egarni mahkam ushlab qolardi. Ular kun peshindan oqqanda qishloqqa kirib bordi.
– Tanish, – dedi Qurbon dasturxonga o’tirmay turib. – Endi bu ayol sening onang bo’ladi. Ko’rishinglar!

Eshik oldida hayrat to’la nigohlarini bir eriga, bir bolaga qadab turgan Rahima istamaygina ko’rishdi. O’zi, dardini kimga aytishni bilmay yurganda bu nima qiliq? Kim bo’ldi bu? Nega unday qiladi? Rahima ichidan qaynab kelayotgan adoqsiz savollarga javob topgisi keldi. Lekin tish yorib, biror nima deyolmadi.

Bor dardini ichiga yutib, O’rolni “bolam”, deya bag’riga bosdi. Ba’zi-ba’zida eri uyda yo’q payt-lari ota-onasini surishtirdi, tayinli javob ololmagach, battar ezildi. Qurbon buni sezdi.
– Bekor ich-etingni tirnayapsan, xotin, – dedi bir kuni yotish oldidan. – Gunoh yetaklab kelmadim, xotin.

Rahima izillab yig’ladi. Qassob el uni “sharmanda”ga chiqarib qo’yganini orqavoratdan eshitgan. El, deb bo’lmas, bir-ikki tiliga kuchi yetmaganlar shunday deyapti. Bu gap ayolining ham qulog’iga chalingan. Ming qilsayam ojiza-da, ko’z ochib ko’rganiga ishonmay, ko’chaning gapiga ergashib yuribdi. O’shalar kelib qassobning yuziga aytsa-ku, nima qilishni o’zi biladi. Qurbon chuqur uh tortdi.
Ko’klaga boshida kichikroq jonliq so’yib, butun ovulni chaqirdi. Yoshullilarni to’rga o’tqazib, oldiga kalla qo’ydi, ilik qo’ydi.

– Endi, yoshullilar, mening tirigim ham, o’ligim ham, ochligim ham, to’qligim ham shu el bilan, –¬ ¬chaynaldi qassob hayajonini bosishga urinib. – O’n bir yildan beri tirnoqqa zormiz. Buyam bir Xudoning sinovimi, inoyatimi – bilmadim, mulla buva. Ammo endi O’rolboy mening bolam. Uning uvol-savobi mening bo’ynimda. Lekin uni uyimga obkeganim haqida nojoiz gaplar tarqabdi. Aytib qo’yay, Xudoyning oldida yuzim yorug’.
– Biz qaerdan bilamiz? – gapini kesdi Asqar pismiq. – El oldida qasam ich.

Qurbon Asqarga g’ijinib qaradi. Agar atrof¬da hech kim bo’lmaganda kekirdagini yulib olardi. Ammo o’zini bosdi.
– Men qasam ichmayman! Qurbon qassobning qasam ichganini yo biror gapidan tonganini ko’rganmisan? – dedi zarda bilan. – Lekin agar ko’ngling to’lmayotgan bo’lsa, mayli sen uchun…
– Shart emas, – dedi Eson mulla. – Asqarjon, sen qachondan beri el nomidan gapiradigan bo’lding? Hali otang tirik, otangni ko’rganlar tirik, – so’ng yana qassobga yuzlandi: – Davom etaver, inim.
– Agar kimda-kim bolamga yetim yo… xullas, barmog’ini bigiz qiladigan bo’lsa, o’zidan o’pkalasin!

– Juda ma’qul ish bo’libdi, Qurbonboy! Yetim-yesirning boshini silamoq katta savob! Shunday emasmi, Eson og’a, – dedi mullaning yonida o’tirgan To’liboy gapini tasdiqlatmoqchiday atrofga olazarak qarab. Mulla “ha” deganday bosh irg’adi. – O’g’il muborak!

Hamma uni tabrikladi. Qurbon o’g’lini chaqirib, yoshullilar bilan ko’rishtirdi. El duoga qo’l ochdi.

Elning duosida xosiyat ko’p, kuch bor. O’rolboyni olib kelganining keyingi yilida Qurbon qassob o’g’illi bo’ldi. Unga Tilovboy deb ism qo’yishdi. Keyin Nasiba, Aziza, Kenjaboy tug’ildi. Uyi bola kulgusiga to’ldi. O’rolboy uka-singillarini opichlab, ot bo’lib yelkasiga mindirib katta qildi. Bolalar uni “aka” deb chaqirdi. Aka bo’lmish bundan quvondi, Qurbon bilan Rahimaning esa sevinchi ortdi.

O’rolboy maktab savodi bilan qoldi. Otasining yonida yurib, qassobchilikni o’rgandi. Uka-singillari kimi shaharda, kimi tumanda katta-kichik o’qishlarda o’qidi. Otasi umrining so’nggi kunlarida shuni ko’p takrorladi: “Seni ham o’qitishim kerakmidi, bolam. Sen ham hozir ukalaringga o’xshab yurarmiding. Bilmasam, sharoit bo’lmadimi, yo o’zingda ishtiyoq bo’lmadimi. Lekin hech qachon seni ulardan kam ko’rmaganman”. Qassob bu gaplarni O’rolboydan ko’ra ko’proq o’ziga tasalli berish uchun aytardi.

* * *

…O’rol o’tiraverib, bo’g’inlarida og’riq sezdi, oyog’ining chigalini yozish uchun tashqariladi. Uyning o’ng tomonidagi devor ortida g’o’ng’ir-g’o’ng’ir ovoz keldi. Inilari bilan biroz gurung qilish niyatda ular tomonga yura boshladi. Kenjaboyning alam bilan chiyillashidan to’xtab qoldi.
– Nega u o’zini katta tutadi? Kim u bizga?
– Akamiz-da…

– Aka?! Mening bitta akam bor, u ham bo’lsa siz! Bir qorindan tushmagandan keyin, qoni qo’shilmaydi-ku!
– Ha endi, otamizning istagi shu bo’lgan.
– Otamizning o’tib ketganiga ancha bo’ldi. Boqdi, o’stirdi, uylantirdi, uyli-joyli qildi. Endi uning oldida qarzimiz yo’q! Nega hadeb u bilan kengashib, ish qilishimiz kerak? Nima, siz bilan menda kalla yo’qmi?

O’rol oxirigacha eshitolmadi, o’pkasi to’lib, tanasini qaltiroq bosdi. Ortiga o’girildi-yu, zilday og’ir qadam tashlab nari ketdi.

* * *

Saharmardondan Qurbon qassobning uyiga uzoq-yaqindan kelganlar yig’ila boshladi. Eshik oldidagi qo’lbola o’rindiqqa ko’rpacha tashlab, ovul mullasi, yana besh-olti chol, aka-ukalar qator o’tirishdi. Kelganlar yuziga fotiha tortib, qo’noq uylariga ketishdi. Peshinga borib qassobning uyi ham, qo’noq uylar ham mehmonga to’ldi. O’choqboshida ovulning yosh yigitlari qozon tagiga o’tin tashlab, bulkillab turgan sho’rvadan kosalarga quyib, non botirib yeb o’tirishdi. Yalangoyoq bolalar mehmonlarning ot-eshagini sug’orib, oldiga bir siqimdan hashak tashlab qo’yib yo bo’shagan idishlarni suvga to’ldirib yurdi. Kelinlar qo’li-qo’liga tegmay, choy qaynatib, idish-tovoqlarni yuvdi.

O’rol damba-dam ko’chaga chiqib, yo’lga ko’z tikdi. O’g’li hayallabroq qoldi. Yarim tunda otasining qo’ng’iroq qilib, javondagi puldan olib kelishini aytganda hayron qolgan, lekin sababini so’rashga botinolmagan edi. O’rol pulni olib, qassoblik anjomlari turgan xaltaga solib qo’ydi.

Uy egalari ma’rakani tarqatib, mehmonlarni bir-bir kuzatdi. O’rol o’g’lining ulovida uyiga ketdi. To’rdagi xonani yig’ishtirayotgan Kenjaboyning xotini qaynog’asi tashlab ketgan xaltani ko’tarib, omborga olib chiqib qo’ydi. “Unutib qoldiribdi, – o’yladi u. – Shu yerda turatursin, it tegarmidi. Bir kelganlarida olib ketar…”

BAYRAM AYTMURODNING HIKOYALARINI O’QIB…
09

011Shoyim BO’TAEV,
yozuvchi:

– “Qo’noq”, “Og’a” hikoyasida guyoki tashqi jihatdan bir-biriga talluqli bo’lmagan voqea¬-hodisalar qalamga olingandek tuyulsa-da, muallif tasvirlayotgan joy, odamlar ularni bir-biriga bog’lab yaxlitlik kasb etadi. Qoraqalpog’iston kengliklarida bunday odamlar bilan uchrashganingiz, ularning tanti xarakterlari bir-bir ko’z o’ngingizdan o’ta boshlaydi. Yozuvchi boshlovchi bo’ladimi yoxud nom qozongan professionalmi, – o’z odamlari-qahramonlarini yaxshi bilishi, ularga mehr-muhabbati, achinishi, hamnafasligi yuksak fazilatdir. Turmushda har kuni, har lahzada yuz berib turadigan shunday hodisalar borki, ularni ilg’ash sinchkov ijodkorga bitmas-tuganmas ilhom manbaidir. “Qo’noq” hikoyasi ham shunday, xalq hayotidagi oddiy voqeaga qur¬ilgan. Ustoz shoirimiz Abdulla Oripovning “Ey yo’lovchi bo’la qol qo’noq, Uyda borin ko’rurmiz baham” satrlari bilan boshlanadigan she’rida ham qo’noq bahonasida xalqimizning nechog’lik tantiligi, bag’rikengligi ifoda etiladi.

Bayram Aytmurodning hikoyasidagi Azamat “allamahalda keldi, uning ustiga, o’zini behalovat his qilaverdi”. U allamahalda kelgan bo’lsayam, ijaradosh jo’ralari “bir-biriga qaramay, pishillab ovqatlanishadi”. Xullas, Azamat ko’chada bolasi bilan qolgan bir juvonga “bo’la qol qo’noq” demoqchi. Ikkala ijaradoshi bilan shuni muhokama qilishadi. Hikoya uchun mana shu voqeaning o’zi yetarli edi. Uning ostiga “o’t yoqish” (U.Folkner) mumkinmi-yo’qligini chuqurroq badiiy mushohada qilishga imkon bor edi. Endi mavjud matn haqida gapiradigan bo’lsak, muallif guyo Azamat bolaligida onasi bilan bir momoning uyidan joy so’rab turganini eslaganiga ishora qilib, o’sha voqeani ham tasvirlaydi. Hikoya ichida hikoya. Ayni damda uch nuqtadan tepa qismi – ya’ni, Azamatning ijaradoshlari bilan hangomasi va uch nuqtadan pastki qism – ya’ni Azamatning qaytib borib joy so’ragan juvonni topolmagani olib tashlansa, ehtimol, hikoyabop voqea bo’rtib qolar – uning ostiga “o’t yoqish” imkoni hamisha muallif bilan birga, uni hech qachon tark etmaydi.

“Og’a” hikoyasiga keladigan bo’lsak, Kenjaboy to’y qilaman deb boqib yurgan qo’chqorni otasining ma’rakasiga katta akasi O’rol so’yib yuboradi. Bu Kenjaboyga yoqmaydi. O’rtaga kampir aralashadi. Shunda O’rolning ota-onasi boshqa bo’lgani eslab qolinadi. Muallif bu voqea¬ni ham tasvirlar ekan, o’rtadagi taranglikni shu munosabat bilan bo’shashtirib yuboradi. Agar juda lozim bo’lsa, O’rolning begona ekan¬ini bir-ikki og’iz ishora bilan eslatib ketsa ham, o’quvchining o’zi bu yog’ini anglab olgan bo’lardi. Yoxud hikoya qurilma-uskunasini boshqacha tarzda o’ylab ko’rish lozim edi. Muhim-nomuhim vaziyatlarning barchasini tarozida tortib, keragini tanlab olish ijodkor dididan tashqari, o’quvchiga ishonchdan ham darak beradi. Hikoyada o’rnida ishlatilgan birgina detal yoxud imo-¬ishora ancha-muncha batafsillikning joyini bosib ketishi mumkin – aynan shunisi bilan u yutadi, peshqadam janr sifatida bo’y bergisi kelmaydi. Otadan qolgan kaftdekkina hovlini talashib jiqqamusht bo’layotgan aka-ukalar, o’tkazgan ma’raka-to’y yoxud qurgan uyi bilan gerdayib, bunaqa ishlarga qurbi yetmaganini nazar-pisand qilmaganidan o’rtaga tushadigan sovuqchiliklar, xotin, bola-chaqa deb yuzko’rmas bo’lib ketayotganlar – bunaqa muammolar ayrim oilalarda bot-bot uchrab turadi. Ularning ijtimoiy ildizi, ma’naviy muhiti haqida o’ylash yozuvchining vijdon sadosidir. Shu ma’noda, Bayram Aytmurodning tanlagan mavzusi har qanday kishini o’ylashga majbur qiladi. Ifoda yo’sinida ham mavzuning o’zi kabi taranglik talab etiladi. Muallifning hikoya boshidayoq O’rol tarafiga o’tib olishi ham unchalik to’g’ri emasga o’xshaydi. Qishloq muhiti, odamlarini tasvirlashdagi topqirliklari, ayrim o’ziga xos detallarini inkor etmagan holda, Bayram Aytmurod hali hikoya tili, stilistikasi ustida ishlashi kerakligi ko’rinib qolgan. “Og’a”ning yechim qismida achchiqlangan O’rol bir xalta pul tashlab ketadi, ammo buni hech kim payqamay qoladi. “To’rdagi xonani yig’ishtirayotgan Kenjaboyning xotini qaynog’asi tashlab ketgan xaltani ko’tarib, omborga olib chiqib qo’ydi. “Unutib qoldiribdi, – o’yladi u. – Shu yerda turatursin, it tegarmidi. Bir kelganlarida olib ketar…”

Mayli, qishloq ayollarining, ayniqsa, Kenjaboylar xotinlarining behad sinchkovligini bir chetga qo’ya turaylik, O’rolning bu qilig’i mavhumligi bilan baribir ko’zlangan natijani bermaydi.
Mana, ko’rdingiz, ancha-muncha mulohaza yuritishga izn berdimi, demak, Bayram Aytmurodning hikoyalarida “jon” bor. O’zi tug’ilib-o’sgan maskanni, o’z yaqinlarini sevib-ardoqlagan ijodkor, albatta, esda qoladigan xarakterlar yarata olishiga ishonmoq kerak. Demak, uning izlanishlari hali davom etadi…

033Marhabo QO’CHQOROVA,
adabiyotshunos:

– Muallifning “Qo’noq” va “Og’a” hikoyalari mutolaasi yuragimda ajib sog’inch hislarini uyg’otdi. Chunki har ikki hikoyada mening yuragimga yaqin kishilar, qishloq odamlari, qishloq hayoti, eng muhimi, milliy urf-odatlarimiz (mehmonning izzatini joyiga qo’yish, tasodifan kelib qolgan kishining uyga qo’nib ketishi, qon-qarindoshlik munosabatlari) yoqimli ritm bilan tasvirlangan. “Qo’noq”dagi shahar ko’chasida adashib qolgan Ona va bola, talabalar, begonalarga uyidan joy berib mehr ko’rsatgan Momo, “Og’a”dagi qassob va o’gay ukalar, ukalarning bemehr, o’ysiz gap-so’zlari kabi holat-voqealarda odamlar orasida mehr-oqibatni saqlash, ajdodlarimizdan meros bo’lib kelayotgan milliy fazilatlarni asrash haqida bong urilganday go’yo. Hikoya uchun tanlangan mavzular bag’oyat muhim, global. Hikoyalarda milliy kolorit (qahramonlar nutqida, makon tasvirida)ni berishga intilish bor. Bu juda yaxshi xususiyat. Ammo chin ma’nodagi badiiy asar yaratish uchun bular yetarli emas. Tajribasizlik seziladi.

Bu “Qo’noq”da hikoya boshlanishi va tugallanishidagi talabalarning gap-so’zlari ortiqchaligida ko’rinadi. Ishonmasangiz, hikoyaning boshi va oxiriga sun’iy tarzda kiritilgan boshlanma va tugallanmani tashlab o’qib ko’ring. Hikoya hech narsa yo’qotmaydi. Undan ko’ra, yo’lida adashib, qorong’ida qolib ketgan Ona-bolaning Momoning uyiga yetib borguncha bo’lgan ruhiy dramasini berish hikoyaga chuqur psixologik tasvir olib kirgan bo’lardi. Tun qorong’isi, to’qayzor, shoqollarning uvillashi, bolaning dildirab qo’rquvga tushishi, Ona va bolaning ichki qo’rquv tuyg’usini berish kerak emasdi?! Lekin Momo ideali yaxshi kiritilgan.

“Og’a”dagi tasvirlar ancha sokin va bir maromda kechadi. Ammo hikoyaning yechimi tushunarsiz chiqibdi. Hikoya mohir dramaturg qo’li bilan yozilishi kerak. Bu mening gapim emas. Abdulla Qahhor hikoyalari haqida maqola yozgan bir rus yozuvchisi “Abdulla Qahhor mohir daramaturg qo’li bilan hikoya yozadi”, degan edi. Shundan kelib chiqadigan bo’lsak, hikoyada kutilmagan drama, kolliziya, fojia, iztirob, quvonch shafqatsizlarcha yozilishi kerak. O’rolboy ukalarining munosabatidan so’ng bu dilog’riqdan, qon-qarindoshlik rishtalariga o’gaylik aralashganidan qattiq siqilishi va buning oqibatida hatto hayotdan ko’z yumishi kerak edi. Hikoyaning boshlanma va tugallanmasi Qurbon qassobning, ma’rakasi bilan, O’rolning unutib qoldirgan xaltasi bilan yakun topgan. Harholda, yechimni o’ylab ko’rish kerak…

Bular – qisqa mulohazalar. Umuman olganda, yosh yozuvchining katta mavzularni badiiy talqin etishga uringani tahsinga sazovor…

044Safarali QURBONOV,
tadqiqotchi:

– Azamatning xotira dashtini kezarkansan, to’rt devor ichida o’tiraverib fe’ling ham torayib ketayotganidan xijolat tortib, Qumlitov tomonlarga ketvorging, o’gay otaning ori uchun kuyib-pishayotgan Og’aga dalda bo’lging keladi. Biroq… har kelgan mehmonni Yaratganning in’omi deb bilguvchi mehmondo’st Kampirning ko’ziga ko’zing tushishidan xijolat chekasan. Lekin mana shu xijolatpazlik-da dilga yaqin: ko’ngilning tub-tubida mudrab yotgan tuyg’ularni sergaklantiradi.

Bayram Aytmurod hikoyalari mana shunday jihatlari bilan o’ziga xos. Ularda turkiy xalqlarga xos bag’rikenglik, jo’mardlik kabi xislatlar bilgichlik bilan qalamga olingan. “Og’a” hikoyasida tan olinmagan Og’aning Kenjaboydan dastlab xafa bo’lishiga sabab bo’lgan voqea ham bir qarashda arzimasdek ko’rinadi. Aslida esa xalqimizga xos bo’lgan ajoyib tutumlarimizdan biri o’ziga xos tarzda tasvirlangan:

“– El og’ziga elak tutib bo’larmidi, O’rol aka? Bittadan qo’chqor yetaklatib yuborsangiz ham, yaxshi ot olmaysiz. Arqonini bermabdi bu qurumsoq, deb kulib ketadi, – deb uzib oldi Kenjaboy.
Inisining otini aytib chaqirgani O’rolga og’ir botdi”.

Zamonaviy psixologiyada insonga ismini aytib murojaat qilish hurmatni anglatishi ta’kidlanmoqda. Sharqda esa buning aksi: yoshi ulug’ insonning ismini tilga olish – ko’ziga tik boqish bilan barobar. Shu bois ham hurmatga loyiq kishining ismi aytilmasdan o’rniga izohlovchisi qo’llaniladi. Bu holat “Qo’noq” hikoyasida yanada maromiga yetkazilgan:
“– Qaynota-qaynonang bormi?
– Qaynonam bor.
– Ha, shundan gapir-da, bo’lmasam…
– Enamizni hamma tabib deydi.
– Tabib? – kampir bir narsani eslashga urindi, chog’i, unga tikilib qoldi. – Qumlitovda kim tabib edi-ya?
Juvon o’g’lini turtib, “Momongning ismini ayt”, deb shivirladi…”.

Umuman olganda, muallif har ikkala hikoyada ham jonli obrazlarini yaratishga erishgan. Betakror xalqona iboralardan o’rinli foydalangan. Milliy urflar, udumlar, tutumlar bir voqea atrofida jamlanib, elning birligini tutib turuvchi asosiy vosita ekani imkon qadar ta’kidlangan. Biroq badiiy bitik uchun buning o’zi kam. Go’zal odatu qadriyatlarimizni ko’rsatib o’tish go’zal badiiy asar yaratish degani emas. Asarda go’zal poetik til, syujet va kompozitsion butunlik, ulkan Fikrdan oziqlangan tugal fikr bo’lishi zarur. Bayram Aytmurod hikoyalarining mana shu jihatlarida biroz oqsash kuzatiladi, nazarimda.

Jumladan, “Qo’noq” hikoyasining voqealari muallifning o’zi tomonidan ham to’liq idrok etilmaganday taassurot uyg’otadi. Chunki hikoyaning ayrim o’rinlarida bir fikr ikkinchi fikrni inkor qilish yoxud mantiqiy nomutanosibliklar mavjud. Masalan, mezbon kampirga bola tomonidan berilgan ta’rif aynan shu o’rinda o’zini oqlamagan. Bolaning zim-zimis¬tonda kampirning ajin bosgan yuzi, ro’moli ostidan ko’rinib turgan oppoq sochi, umumiy qiyofasini aniq ko’rishi, momosi bilan qiyoslashiga o’quvchi ishonishi qiyin.

Bundan tashqari, ega bilan kesim o’rtasidagi mantiqiy nomutanosibliklar (Uzoq-¬uzoqlardan soyning shovullashi, itlarning hurgani, eshaklarning hangragani quloqqa chalindi), g’aliz jumlalar makromatnning badiiy qiymatiga salbiy ta’sir qilgan va muallifning matn ustida jiddiy ishlamaganini ko’rsatib qo’ygan.

Umuman olganda, muallifning voqelikni badiiy ko’ra olish, mavzuni tanlay bilish qobiliyatiga ega ekani kishini umidlantiradi. Kelgusida yaxshi asarlar kutishiga ishonch beradi.

Manba: »Yoshlik» jurnalining 2015/9-soni

095

(Tashriflar: umumiy 276, bugungi 1)

Izoh qoldiring