Dilora Xoliqova. Ikki hikoya

021Ота уйини тўрт ой аввал тарк этган, ёмғирли тонгда ярим белигача лойга ботган эшик қоқгувчини кўриб, дарвозани очган отбоқар арвоҳга дуч келгандек ортга тисарилди. “Киринг” дегани ҳадди сиғмади, келгувчи-да киришга ботинмади…

Дилора Холиқова
ИККИ ҲИКОЯ


ЁДГОРА

Аллаёрнинг синглиси қайтиб келди.
021Ота уйини тўрт ой аввал тарк этган, ёмғирли тонгда ярим белигача лойга ботган эшик қоқгувчини кўриб, дарвозани очган отбоқар арвоҳга дуч келгандек ортга тисарилди. “Киринг” дегани ҳадди сиғмади, келгувчи-да киришга ботинмади. Аҳад отбоқар пилдираб бориб хожасига хабар берди. Хонадон соҳибининг феълини яхши билмишлар дастурхонга қўл узатмасдан, дуо олиб, индамай туриб кетишди. Аллаёр жавоб кутгандай букчайиб турган отбоқарга ғижиниб қараган эди, отбоқар чиқиб кетди. Ҳовли юзида – Аллаёрбекнинг кўзи тушмиш жойда, ҳеч зоғ қолмади. Фақат унинг ройини менсимаган каби ёмғир шитирларди. Қия очиқ дарчадан кимнингдир кўланкаси кўринади.
Аллаёр дарвозага етиб тўхтади. Бегонаникига келгандай ташқарида титраб турган сингилнинг салом беришга-да журъати етмади.
– Аҳад дарёдан ўтказиб қўяди! – шу сўзларни айтиб ака ортга ўгрилди.
– Дарёга оқизиб келгани яхши! – демиш овоз сингилнинг сал аввалги пажмурда ҳолатига қарши чақмоқдай янгради. Аллаёр қайрилиб сўзламишга қаради. У энди бошини тик тутар, дорга боққан исёнчидай ловуллаб турган нигоҳларида уйғонган шиддат Аллаёрнинг юрагини қамчи теккандай куйдириб ўтди. Бу нигоҳларда чаккасига райҳон таққан онасининг кўзлари боқиб турарди унга. Ака индамай ичкарилади, сингил жимгина эргашди…
Мана, иккинчи ҳайит ўтса ҳамки Аллаёржоннинг бозорга кетган онаси келмас эди. Уйлари тўла катта-катта рўмол ёпинган бегона холалар. Отаси ҳам қайгадир кетганича қайтмади. Аллаёржоннинг отаси Худоёрбек оқдан келган, узун бўйли, елкалари кенг, камгап ва андишали одам эди. У савдо билан шуғулланар, газлама мато, ип-калавалар олиб келар, дўконларга тарқатар, ўзи ҳам дўкондор эди. У ошналарига қўшилиб чойхонага ҳам чиқар, аммо кўпроқ ўғлини ёнига олиб китоб ўқир, биргаликда устозлар зиёратига боришар эди. Ҳар баҳорда ҳовли этагини тўлдириб экилган мевали дарахт кўчатларини қўни-қўшнига, масжидга улашарди.
Аллаёржоннинг онаси Руқия эса ғайратли, шижоатли, ёш бўлишига қарамай ўткир зеҳнли, Худоёрбекнинг феълига тескари гапга чечан эди. Райҳондеккина жуссасида полвон юраги бор эди. Ўзини аямай ўтга-чўққа ураверарди. Ўша қишда ўзини совуқ олдириб қўйди. Худоёрбек топиб келган малҳамлар наф бермади. Оёқ оғриғи зўрайиб, охирда юролмай қолди. Ёдгорани дунёга келтирди-ю, лекин ўзи қолмади.
Тонгда Аллаёржон юзларини силаётган отасининг бағрида уйғонди. Ирғишлаб ўрнидан туриб отасининг ортидан кимдир келадигандай эшикка термулди. Эшик очилмади, ҳеч ким келмади. Отасининг қўлидан тутди.
– Отажон, онам энди келмайдиларми?
Худоёрбек каловланди:
– Нега ундай дейсан, тойчоғим, онанг ҳеч қаерга кетгани йўқ, ана-ку! Ана онанг, полвон! – деб келганидан буён чирқиллашини қўймаган чақалоқни кўрсатди. – У сени мана шундай кичкиналигингдан катта қилди, сут берди, алла айтди. Кейин ўзи кичкина бўлиб қолди, энди икковимиз уни катта қиламиз, – деди.
Аллаёржон гўдакка синчиклаб қаради. Қоп-қора кўзларида онажонисини кўрди. Дадасининг тиззасини қучоқлаб олди:
– Мен онам бозорга кетганлар деб ўйлабман-да! – деди узр оҳангида. Худоёрбек юзини ўгириб, ташқарига отилди.
Аллаёржон шу кундан бошлаб чақалоқдан айрилмади. Йиғласа бешик тебратди, уйқуси келса, ухлади. Эчки соғаётган бувисини шоширди: “Тезроқ бўлинг! Онам йиғлаяптилар!”.
Қишнинг аёзли кунларида бувиси ҳам кетиб қолгандан кейин уйларига қариндошлар келишди. Дошқозонда ош дамлашди. Чиройли кўйлак кийиб, қучоғида синглисини эркалаб ўтирган Гулюз холаси негадир Аллаёржонни эркалаб янги тўн, дўппи кийгазди. Меҳмонлар тарқалгандан сўнг отаси Аллаёржонга эсли бола бўлишни, Гулюз опасига қарашиб туришини тайинлаб, ўзи сафарга кетди.
Кеч кузнинг момақалдироқли, ёмғирли кечасида узоқ сафардан қайтган Худоёрбекни чақалоқнинг биғиллашига тўлган уйда чорасиз чирқиллаётган уй аёллари кутиб олди. Эшикнинг
қарсиллаб ёпилишидан остонада турган уй соҳибини кўриб, ҳайронликда тараддудланиб қолган Гулюзнинг бағрида Ёдгора тинмай биғилларди. Тўнини танчага ташлаган Худоёрбек беихтиёр болага қўл узатди. Димоғига Руқиясининг бўйи урилгандай бўлди.
– Аллаёржон қани?
Шундагина аёллар Аллаёржоннинг ўрни
бўшлигини сезишди. Улар
сўзлашга оғиз жуфтламасидан ёмғирда ивиб қолган Аллаёр косада сут кўтариб кириб келди. Худоёрбек қизи билан ўз хонасига томон юрди, ортидан косада сут кўтарган Аллаёржон, чироқ кўтарган Гулюз эргашди.
Дадаси тутаётган сутни ичаётган Ёдгорага қараб Гулюз хижолат бўлди.
– Биз берганда ичмаганди-да, – деди уялиб.
– Унга эчки сути керак-да, қўшни янгамдан сўрагандим, эчкиларини соғиб бердилар, – деди мамнун овозда ёмғирда ивиган кийимларини алмаштираётган Аллаёржон.
Чироқ атрофида анча ўтиришди. Худоёрбек бу галги сафари тўғрисида сўзлади, уй-ичи, қариндош-уруғларни сўради. Аллаёржонга узоқ ўлкаларда кўрган жониворлари ҳақида гапириб берди. Гулюз отасининг қучоғида ухлаб қолган Ёдгорага қўл узатганда Худоёрбек енгил бош чайқаб кўрпачага имлади. Гулюзнинг пинжида Аллаёржон ҳам ухлади. Худоёрбек эшик томонга овоз берди:
– Моҳтоб! – Гулюз безовталанди. “Ўтиравер”, дейилди.
– Болаларни жойига ол, – деди Худоёрбек остонада пайдо бўлган Моҳтобга.
– Болаларни… – беихтиёр такрорлади Гулюз. Худоёрбек сандалдан човгумни олиб, ичкарилади. Гулюз хаста ҳолида иккинчи фарзандини дунёга келтириб дунёдан ўтган опасининг ўрнига келин бўлиб тушганидан буён очилмаган сандиғига қўл солди…
Аллаёржон ғайратли, зеҳни ўткир бола бўлиб улғайди. У ўн тўққиз ёшга кирганда савдога кетган отасининг жасадини Бухоро йўлидаги карвонсарой соҳиби аравада уйларига олиб келди. У билан бирга кетганларнинг дараги чиқмади.
Отаси кўп яхши одам бўлган экан, дўстлари оилани ёлғиз қолдиришмади. Уста Охун исимлик дўкондор Аллаёрни қаватига олди, савдо ишини ўргатди, тўйида бош бўлди. Аллаёрбек савдони ҳалол юритди, қийинчиликда кўпроқ ишлади, алдаганни кечирмади. Эл ичида Худоёрбекнинг ўғли дедилар! Худоёрбекнинг тарбияси дедилар!
Навбатдаги савдо сафаридан бир дунё фойда ва тенги йўқ тулпор олиб қайтган Аллаёрбек дўсту яқинларига, устозу улуғларга зиёфат берди.
Айтилмаган ерга иззатсиз меҳмон бўлиб, айтилмишлардан бирига эргашиб келган Қандиёр Кичкинанинг олчоқ нигоҳлари ичкари ҳовлида ёпинчиқсиз юрган бўй етиб, мусаффо тонгдай юзлари ёришган Ёдгорани пойлади. У ризқ берган қўлни тишлаган ит бўлди, тоза булоққа тумшиқ тиққан тўнғиз бўлди, ёмғирларга қўшилиб юрак тўкилган тонг, муқаддас туйғуларни лойга қорган кун бўлди.
Кечаги зиёфатдан толиқиб меҳмонхонада уйғонган Аллаёрбекнинг тепасида рўмоллари учини тишлаган хонадон аёллари пиқиллаб туришар, остонада уй хизматчилари бетоқат депсинар, гўё бутун олам тилдан қолгандай эди. Аллаёрбек хаёлларини йиғиб улгурмай, дарвоза қаттиқ тақиллади. Бир неча бегона кишилар ҳовлига бетакаллуф кириб, қопларда, саватларда, қутиларда нималарнидир ташиб келтира бошлашди. Дарвозахонага ҳайдалган бегона мол-ҳоллар супачадаги гулзорни пайҳон қила бошлади.
Бу сурбетликдан ғазабланган Аллаёрбек бир сакраб ҳовлига тушди. Уйда аёллар йиғлаб қолаверишди. Хонадон соҳибига машъум хабарни етказишга бирор жон ўзида куч топмади. Тиришган башарасида истарадан асар йўқ мешқорин одам Аллаёрбекни кўриб хунук тиржайди.
– Ассалому алайкум, қуда, – деб пешвоз келаверди. Аллаёрбек ғижинган кўйи супа четидаги офтобага йўналди. Ҳовлига мешқориннинг пишиллаши аралаш бадбўй ҳаво тарқалди…
– Бу бетаҳорат нима деяпти? – Аллаёрбек дастлаб уй хизматчиларига, сўнгра аёлига қаради.
Бу пайт тунда ўғирлаб кетилган Ёдгора уйидан, яқинларидан узоқда, бегона уй бурчагида қон ютиб ўтирар эди.

Аллаёрнинг кўзи қонга тўлди. Қаҳҳор Мешнинг кўз ўнгида олиб келган жонлиқларини бўғизлади, тўёнасига ўт қўйди-ю, синглисини олиб келмади, орқасидан йўқлаб бормади, боргизмади. Сафарга кетдим деб тунлар ўша қишлоқ уйларида томма-том кезинди, мусофир бўлиб ҳамқишлоқларидан суриштирди. Ёдгорадан хабар топмади. На Қандиёр Кичкина ва на унинг акаси Қаҳҳор Меш тўғрисида бир оғиз бўлсин яхши гап эшитмади. Уйига шу ҳаромтовоқни етаклаб келган савдогарнинг дўкони
га ўт қўйди. Юраги қонга тўлди, бировга ёрилмади. Яхши кўриб олиб келган озари отини ҳаж сафарига кетаётган косибга ҳадя қилиб юборди ва негадир чинордек, чайир танасига ёпишиб турган белбоғига уй тўрида неча йиллар осиғлиқ турган, охирги сафардан жасади қайтган отасининг тақимидан олинган қамчини осиб юришни одат қилди.
Энди орадан тўрт ой ўтиб, синглиси қайтиб келди…
Қаҳҳор Мешнинг элчилари дарвозада пайдо бўлганида Аллаёрбек дўконда, Ёдгора ҳовли этагида куймаланиб юрарди. Аҳад отбоқар анҳор бўйидаги меҳмонхонага бошлаб бораётган кишиларни таниб Ёдгора оёқ учларигача титради. Акасининг дўкондан қайтишини кутиш жуда оғир бўлди. Унинг қарори қандай бўлишини билмай, ҳар эҳтимолга қарши ҳозирлигини кўрди. Оёғига маҳси кийди, қийиқчага яримта нон, бир кафт майиз тугди. Қаерга кетишини ўйлаб, ўйига етмади, аммо бир нарса маълум эди: тўрт ой итдек боғлаб сақланган, тунлар улиб, телбадек сочларини юлган, шу мажруҳлик ичида ҳам ўзида арслондай важоҳат топиб, орини, номусини топташларига йўл қўймаган, ўша машъум уйга қайтиб бормайди!
Отбоқар орқа супадан акасининг отини етаклаб ўтди. Энди кетиш керак, ўйлади Ёдгора. Дераза раҳига ўтириб, пастга оёқ қўймоқчи бўлган эди ҳамки, акасининг бўралаб сўкинган овози оламни тутди. Акаси дарвоза томонда тутақар, тупроқ кўчани чангитиб қочиб кетаётган ҳали келмиш элчилар эса ортда қолган толда боғланган отларига қараб-қараб қочиб боришарди.
– Аҳад, ҳаромтовоқларнинг отини бўғизла! – деб бақирди Аллаёрбек .
Қайтганидан буён мум тишлаган кўнгли портлади Ёдгоранинг. Жами аламларини дилидан ҳайдаб, дод солиб йиғлади. Йиғлайверди, йиғлайверди. Қочоқларнинг қораси ўчиб, чанги босилди ҳамки, Ёдгоранинг аламли ноласи босилмади. Хонага кириб келган акасини қучиб, йиғлайверди, йиғлайверди. Аллаёрбек-да йиғлади. Отасидан қолган қамчи билан тиззаларига уриб-уриб йиғлади. Ёдгора акасининг оёқларига ёпишди. Акасининг кетма-кет қамчи тушаётган оёқларини силай-силай йиғлади. Синглисининг сирғалиб тушган рўмолини кўтараркан Аллаёрбек ўкраб юборди:
– Сочларингни ким кесди, онам?!
– Ўзим юлдим, акажон, ўзим. У сочлар энди менга ножоиз.
Бағирлашиб йиғладилар. Онамлашиб йиғладилар. Акасининг оёқларини қучган Ёдгора сўнгги ойларда илк бора тин олди, ором топди.
Кейинчалик Ёдгора уй аёллари гурунгидан билди: Қаҳҳор меш “Аллаёр синглисини қайтариб келтириб қўйса, қўйсин, йўқса бошига қўшиб олиб келамиз!” деган эмиш.
Ҳайит тонги эди. Ёдгора эндигина елкасига тушган сочларини майда ўриб, жамалак тақди. Акаси олиб берган атласдан ўзига ярашиқли кийим тикиб, кийди. Масжиддан қайтиб, ўғиллари билан тўкин дастурхонда қўр тўкиб ўтирган Аллаёрбек Ёдгорани кўриб юзи ёришди.
– Онажоним! – деб пичирлаб қўйди.
Ёдгора соч-соқолини одатдагидан кўра ихчамроқ олдирган, юзларидан нур таралиб турган акасига ўзи кашта солган фаранги белбоғни ҳадя қилди. Уй аёлларига қийиқчалар , болаларга дўппилар улашди.

Тун. Ҳамма ухлаган. Фақат Ёдгора ичкари уйда хира чироқда Қуръон тиловат қиларди. Алламаҳалгача отасини, Гулюз опасини хотирлади, уларни ва ўзи кўрмаган онасининг ҳақларига дуо ўқиди. Деворга суянганча чуқур хаёлга чўмган руҳини уйқу аллалаган оний лаҳзаларда туш кўрди: аравада отасининг жонсиз танаси эмиш. Юзига Ёдгора тонгда акасига ҳадя қилган белбоғ ёпиб қўйилган эмиш. Қўллари титраб марҳумнинг юзини очганмиш… “Акажон!” Ёдгора ўз овозидан уйғониб кетди. Тинмай калима қайтарди, лаблари пирпирайверди. Юрагида бир ботмон тошдек оғир дард сезди. Кўнгли қозон куя юққан дастурхондек қоп-қора бўлди. Ҳар қанча тавба қилмасин бу хижиллик тарқамади. Сув ичмоқчи бўлиб, ҳовлига чиқаётиб биров шундоққина остонада қолдирган бўш челакка қоқилиб кетди. Юмалаб кетган челакнинг шовқини ҳовлини тутди. Бу шовқиндан алламаҳалгача отасининг қамчисини тутиб бедор ётиб эндигина уйқу элитган Аллаёрбек кўзини очганда тепасида ханжар кўтарган қора кўланкани кўрди. Ўзини ой нурида ялтираган ханжар зарбидан олиб қочиш асносида қўлидаги қамчин сопи билан кўланканинг бошига урди. Кўланка ўкраб ўзини
кўчага отди.
Чироқ кўтариб келган Ёдгора юз-кўзи қонга бўялган акасини кўриб ҳушини йўқотди.
Дераза ташқарисида тонг қоронғусидаги ғудур-ғудур овоздан кўзини очган Ёдгора “Акам”, деди-да, апил-тапил ҳовлига отилди. Сўрида янги белбоғига қон доғи инган Аллаёрбек ётар, тепасида ҳовли аҳли, уй хизматчилари турарди. Моҳтоб момо бўлса, акасининг бош томонини тўсиб энгашиб олганди. Уйдан сўригача бўлган масофада Ёдгоранинг бутун умри кўз ўнгидан ўтди.
– Акажон… – овози томоқ йўлларида қолиб кетди. Ўзи оқдан келган акаси юзларидан қон қочиб, яна ҳам оқариб кетган, Моҳтоб биби тунги босқинчининг ханжари бир қулоғини кесиб кетган Аллаёрбекнинг ярасига қозон куя сураётганди. Аллаёрбек оёқ учида пайдо бўлган Ёдгорани кўриб:
– Қўрқиб кетдингми, онам, тузукмисан? – деди. Ёдгоранинг юзлари ёришди, юраги, бутун дунёси ёришди. Жилмайиб йиғлай бошлади…
Эшик қоқиб, ҳовлига кириб келган йигитлар Аллаёрбекка Зарафшон ёқасида – Эшонкўприк томонда уч кишини қўлга олишганининг хабарини берди. Аллаёрбек даст ўрнидан туриб отига қамчи урди. Моҳтоб биби қўлида қозон куя билан ҳай-ҳайлаганича қолаверди. Етиб боришганда Зарафшон дарёсига етар-етмас жойда саксовуллар орасида кишилар ғудурлашиб туришар, оҳ-воҳлар, ялинишлар эшитиларди. Қора булутдай соя солиб келган отлиқлар тутқинларнинг тепасида пайдо бўлганида жимлик чўкди. Қаршисида тиз чўкиб ўтирганларни таниб Аллаёрбекнинг кўзларида ўт чақнади.
– Туз кўр қилгур, Аҳад!!!
Тунги босқинчиликда Аллаёрбек урган қамчин сопи хожасини бўғизламоқчи бўлган Аҳад отбоқарнинг ўнг кўзини ўйиб тушган, қонга беланган тани титроқ остида қолган отбоқар на жавоб қайтаришга, на бошини кўтаришга мажолсиз, ноинсоний овозлар чиқарар, ҳар замон “Ваҳоб, мени ташлаб кетма, ука, мени ташлаб кетма!” – деб минғирларди. Босқин¬чиларнинг иккинчиси Аҳаднинг укаси Ваҳоб, яна бири эса Қандиёр Кичкина эди. Ваҳоб боғланган қўлини кўксига қўйиб раҳм-шафқат сўради. Қандиёр Кичкина жон аччиғида бир нафасда бир дунё қабиҳликларни очиб ташлади-ки, эшитганларидан Аллаёрбекнинг дунёси остин-устун бўлди.
– Буларнинг иккиси ҳам сотқин, ҳа-ҳа, иккиси ҳам! Аслида синглингизни шулар ўғирлаб, дарё ёқасигача опкелиб беришди, мен… мен… мен…. Ёдгорага тегмадим, ишонмасангиз ўзидан сўранг, Худо урсин, тегмадим…

Қандиёр Кичкина юзи аралаш тушган қамчи зарби аччиғида эркак кишига ярашмас бир чийилдоқ овозда йиғлаб юборди. Аллаёрнинг буйруғи билан уччовини ҳам отга боғлашди. Аллаёрбек отига қамчин урди… Бироз тисарилиб турган от олға силжиди. Бир-икки қадамдан кейин юзтубан йиқилмиш маҳкумларнинг оғриқли нолалари эшитилди. Уларнинг овози кучайгани сари Аллаёрбек отга кетма-кет қамчи ураверди. От ўткир қиличдай тонг кўксини ёриб елди. Орқадан келаётган дод-вой овозларини эшитмаслик учунда елдек елди. Кимсасиз далаларни, тўқайзорларни, тошлоқ соҳилни ёқалаб югурди, югураверди. Қайтарилмас хатодан қочаётгандек, кўтарилган қиличдан, тортилган сиртмоқдан, тикланган дордан қочаётгандек, энг сўнгги кучини сарфлаб югурди. Атроф тинчиб қолди. Фақат елиб бораётган отнинг ва вулқондек қайнаётган юракнинг дупури эшитиларди холос. От ҳолдан тояётганини сезган Аллаёрбек орқага қарамасдан бандиларнинг арқонини кесиб юборди. Отини дарёга буриб, ўз майлига қўйди. Тонгги сабога юз тутиб узооқ юрди. Кенг тошлоқ соҳилга етиб тўхтади. Отни эгардан бўшатди, тулпорнинг сув бўлган ёлини силади, манглайига юзини босди, розилик сўрагандай кўзларига узоқ термулди. Хуржундан арпа олиб кафтида тутди. Танаси дир-дир титраётган от тин олгандай бўлди. Аллаёрбек дарёга тушди. Ўзидан кетмас бир доғни ўчирмоқчи бўлгандай қайта-қайта юзларини ювди, узоқ ювди. Белбоғини соҳилга ёйиб, қуёшга елка тутиб намоз ўқиди, узоқ дуо қилди.
Ўрнидан турган хожасига қўшилиб от ҳам оёққа қалқди. Аллаёрбек отнинг ёлларини силаб, секин шапатилади. Кўтарилаётган қуёшга юз тутиб, шафақ томонга кетаверди. Қуёш нурини тенг иккига бўлиб кетаётган ингичка, чайир жусса қамчинни эслатарди. Шафақда тобора кичрайиб бораётган жуссанинг орқасидан икки отлиқ пайдо бўлди.

ХАЙРИХОН

Инсонда кўз бўлсаю аммо кўришга арзигули дунё топмаса, қалб бўлсаю кулдан фарқ қилмаса, инсон инсон бўлсаю, инсонлигини эслолмаса уни бу кўйга солган сабабни узоқдан излаш шарт эмас. Бу кўп ҳолларда айрилиқнинг қилмиши бўлади.
Сув ёқасида сочларини ёзиб куз кунидек маъсум, хазондек хокисор турган сояни бир қарашда Хайрихон эканига ишониш ҳам қийин. Камон қошлари ўргимчак ин қурган бурчакдек кўримсиз, яшилдан тўқроқ, қўнғирдан очроқ, қорачиқлари эгасиз уйдай файзсиз кўринади. Сарви момо отин бувиларни чақириб шам ёқиб, олов ёқиб амал-тақал қилди. Ҳали қозон куяни сувга солиб ичирди, ҳали яхши гапирди, йиғлаб ҳатто дўғлаб кўрди. Хайрихон миқ этмади. Нигоҳини ҳавога қадаб тебраниб тураверди. Ўтган-кетганнинг саломига алик олмаса ҳам бу Хайрихоннинг чеҳрасини очганини кўриб Сарви ая томорқадаги супачада қизига жой қилиб берди. Хайрихон бир ёнда ҳайқириб оқувчи лойқасув ариқ, бир ёнида анжирзор боғ жойлашган супачада кун узун ўтирар, Сарви аянинг намозшомда ишлари кўпайиб ҳовлига олиб киришни унутса турган ерида ухлаб ҳам қоларди.
Сарви момо бу дард билан ўлай деса, ўлолмади, яшай деса, яшолмади. Паришон қизининг афтода ҳолига куйинди. Кундузлар тошдек қаттиқ ўй билан яшаса, тунлар эса қизининг дунёдан совуб, шалвираб қолган қўлларини ўз ёқасида сезиб ўртанди.
Бир кун мум тишлаган Хайрихоннинг кўзида милт этган нур кўринди, лаблари қимирлади, гапиргандай бўлди. Озгина томоқ қириб баландроқ гапирди:
— Тожиниса… Тожиниса дейман… Давронбегингиз кўринмайди. Нозимжон ҳам йўқ. Иккаласи биргамикан-а?
Сарви момога ёрдамга чиққан Тожиниса турган ерида муз қотди. Эс-ҳуши ўзида бўлмаган муштипар онага нима деб жавоб қайтаришни билмай ҳайрон бўлди. У ўғли Давронбекни қўшни ҳовлига доим ўзи билан олиб чиқар, у Хайрихоннинг кашталарига маҳлиё бўлар, дўппиларини елимлашда ёрдам берар бу пайтларда ўғли Давронбек Хайрихоннинг Нозимжони билан ҳовли бетида ўйнаб ўтиришарди. Шундоқ дарвозалари остидан оқиб ўтувчи катта ариқ қанча оилалар жигаргўшаларининг заволига, оналарнинг фиғонига сабаб бўлганлиги учун ҳар иккала келинчак болаларини ҳеч ёлғиз кўчага чиқаришмас эди.
Ўша куни Хайрихон бозорга тушадиган бўлди. Ҳар доимгидай бир қўлида тугуни, бир қўлида тўрт ёшга кириб қолган Нозимжонни кўтариб остонада пайдо бўлганда Сарви момо Тожиниса билан гурунг қилиб ҳовончада буғдой эзар, уларнинг атрофида Давронбек чўп отига мингашиб чопиб юрарди.
— Ҳаво айниб турибди, ёмғир ёғиб қоладиёв. Нозимжонни қолдирақол. Оғриб-нетиб қолмасин. Сен ҳам ишларингни тез-тез битириб уйга қайтардинг — деди Сарви ая.
Хайрихоннинг шўх киприклари қанотини сўрашган қушдай ҳайрон пирпиради. Боласини бағридан қўйгиси келмади. Нозимжон ҳам Давронбек билан ўйнайманлаб қолди. Хайрихон бозорга ёлғиз борадиган бўлди. Дўппиларини дўконга топшириб, бозорлигини кўтариб ҳовлига қайтган Хайрихон машъум бир кайфиятни сезиб кўзи билан онасини, боласини излади.
Ҳовлида қойим қиёмат бўлди. Биров ит боқмай ўлгур Сафобек, деди. Биров гулдек болани итга талатган ҳаётдан ёзғирди. Бувиси адойи тамом бўлди. Хайринисо тош ҳайкалдек тураверди. Келим-кетимга ҳам, ўлим-йитимга ҳам парво қилмади. Хаёллари чувалашди ва ёки уларни ўзи истаб чувалатаётганини ўйлагиси келмади. Шу зайлда қош қорайтирди, тонг оттирди. Йиғилганлар унга қўрқиб қўрқиб қарашар, кўнгил сўрашлари ҳам, таъзия билдиришлари, сабр тилашлари ҳам балиқнинг сукутидан ҳам сокинроқ бу хилқатни хаёл уйқусидан уйғата олмас эди. Онаси юзларига шапатлади, йиғламайсанми, йиғла, ёдгорим деб йиғла — деди.
Қишлоқ чеккасида қўрғондек ҳовли тиклаб шаҳардан яқинда кўчиб келган Сафобекнинг хотинини ўзларининг кучуги тишлаб олди. Итнинг тиши оёқ тўпиғига озгина ботганини айтмаганда таъсири айтарли сезилмади. Аёл итни нима жин урибди, деб ўйладию аммо ортиқ эътибор бермади. Кейинги кун иситмалаб, алаҳлай бошлаганда ҳам буни бод оғриғига йўйди. Сафобек оиласини машинага солиб шаҳар шифохонасига кетганча тўрт кун қолиб кетган, қаровсиз қолган ит дарча остидан тешик ковлаб чиққанда копток ўйнаётган Нозимжонга дуч келган эди.
Сафобекнинг ити ғажибди, деб келтиришган увада бўлиб кетган бир қучоқ этни кўрди, одамларнинг юз ифодасидан мудҳиш бир ҳодиса юз берганини сезиб турсада, англаб етгиси келмади. Ўйларини, сезимларини том бошига сочилган буғдойдай йўқликка совурди ва тош қотди.
Ёзнинг сўнгги кунлари. Супача тепасидаги олма дарахтининг сарғайган бир банди узилиб, ҳавода қайиқдай қалқиб-қалқиб бир оёғини қучоқлаб ўтирган Хайрихоннинг юзини силаб ўтиб ариққа тушди. Сув юзидаги хазонни томоша қилаётган Хайрихон ўзини ҳам ҳаёт уммонида бир хазондек сезди. Мен хазонни кузатаётганим каби мени ҳам тепада кимдир кузатиб турибди, деб ўйлади. Шунда ариқда оқиб келаётган ёш болага кўзи тушди. Тана сув юзига қалқиб чиқар, Нозимжонга ўхшаб кетар, яна сув остига чўкар, кейинги гал қалқиб чиқар, Сафобекка ўхшаб кетарди. Кейин чиқмай қолди. Бир дақиқа, икки фурсат, тўрт беш нафас вақт ўтди, бола кўринмади. Шундагина Хайрихон, паришонгина, мискингина Хайригина жон ҳавли ўзини сувга отди. Кўкрагини сал кўмган лойқа сув остига шўнғиди. Қўлларини довул ўйнаган мажнунтол шохларидек ариқ бўйлаб сув остида айлантираверди. Бир қадам масофони қидириб топмади, икки қадам, уч-тўрт қадам масофага етсада қўлига лойқа инган ўт-ўландан бошқаси илинмади. Хайригина имконсизликдан қийналди, ёрдамга чорламоқ учун атрофга кўз югуртирди, тирик жон кўринмади. Шу пайт ариқ чеккасида оқар сув ювавериб очилиб қолган қари тут дарахтининг илдизларида қимирлаган жон кўринди. У ўзини шу ёққа отди. Чувалашиб кетган илдизларга кўкраги билан урилиб, юзи сувга тегиб-тегмай турган бола шўрликнинг оёқларидан ушлаб даст кўтарди. Негалигини ўзи ҳам билмасдан азот силтади. Силталанган бола ўқчиди, оғиз-бурнидан лойқа сув чиқариб қаттиқ йўтала бошлади. Хайрихон боланинг йўталини қоқаётгандек қаттиқроқ силтади. Бола йиғлаб юборди. Хайри болани бағрига босиб юпата бошлади. Ўзининг ҳали ҳам ариқ ичида эканлигини пайқаб, тут шохларига тортиниб қирғоққа чиқиб олди. Боланинг йиғиси кучайди. Бола йиғлаган сари Хайрихоннинг кўксидаги ғам қуйқаси эрийверди, томоғини банд этган, қулоқларига том босган, кўзларига туман ташлаган дард тобора равшан тортаверди. Хайригина ҳам йиғлади. Боладек чин кўнгилдан, овоз солиб йиғлади. Боламлаб йиғлади. Бола қўрқув таъсиридами, бағридаги аёлнинг болам деб йиғлаётгани таъсиридами, «Аяжооон» деб Хайрининг бўйнига осилди, қаттиқ қучоқлаб олди. Хайрини яшин ургандек бўлди. Юрагига нина санчилгандай бўлди. Уч ойдан буён боласи қучоғида эмаслигини эслади. Боласи ўлганини билиб қолди, билиб қолди.
— Нозимжооооон…
Болакай совуқсирабми, қўрқувданми титраб кетди. Бу титроқ Хайригинага ҳам сезилди.
— Полвон улим, султон улим, қўрқдингизми чироғим, қўрқдингизми? Кўзлари юлдуз улим, қошлари қундуз улим, кўкси осмон улим, чеҳраси бўстон улим, қўрқдингизми полвоним, қўрқдингизми? Полвонларлар ҳам қўрқармишми, паҳлавонлар қўрқармишми-а? Кўнглингиздан икки дунё айлансин болам, қўрқдингизми? Бобовлардан қўрқдингизми болам, аянгизни чақирдингизми, ёрдамга боролмаган аянгизни кечиринг болам, сизни асраб қололмаган аянгизни кечиринг.
Чордона қуриб ўтирганча, болани қучиб олдга орқага тебранаётган Хайригина кимдан кечирим сўраётганини ўйлаб ўтирмасди. У болани силаб сийпалар, сочларини бармоқларида тарар, тўзғитар, яна тарар эди. Боланинг оёқчаларини, билакчаларини сиқиб-сиқиб уқалар, бола ҳайрат ва қўрқувда кўзларини катта-катта очар, бу амалларнинг ҳаммасини замирида буюк бир муҳаббат, меҳр борлигини бола кўнгли билан пайқар ва аёлни яна ҳам қаттиқроқ қучоқлар эди.
Бола аёлнинг жимиб қолганини сезиб унинг юзига қаради. Юзларида оқиб турган муздек-муздек ёшларни кўрди.
— Йиғлама, ая,- деди сенлаб.
Хайригина жилмайди. Бу жилмайиш юрагидан, ўзлигидан чиқди.
— Сен кимсан асалгинам, исминг ким? Кимнинг улисан?
— Мен Файходман, — деди болакай — Шафабекнинг ули Файходжонман.
Хайрихон этагида илон тургандай сесканди. Совуқ титраб олди. Қулоқлари остида бир пайтнинг ўзида мингларча кучукваччалар акиллай бошлади «Шафабекнинг ули Файходжонман, Шафабекнинг ули Файходжонман…» Нигоҳи бўтана бўлиб оқаётган ариққа қадалди. Қўллари титради, нафаси тиқилди, қорачиқлари кенгайди, кўз ўнгидан Нозимжони ўтди. Бола мурғак кўнгли билан бу ўзгаришни пайқади.
— Қўйқма аяжон, қўйқма.
Хайрихон болани қучиб эркалади. Қўрғон томондан қўшни қиз Бибисоранинг овози эшитилди.
— Фарҳоджоооон…

Дилора Холиқова шеърлари  билан «Хуршид Даврон кутубхонаси»да танищинг

067Ota uyini toʼrt oy avval tark etgan, yomgʼirli tongda yarim beligacha loyga botgan eshik qoqguvchini koʼrib, darvozani ochgan otboqar arvohga duch kelgandek ortga tisarildi. “Kiring” degani haddi sigʼmadi, kelguvchi-da kirishga botinmadi…

Dilora Xoliqova
IKKI HIKOYA


YODGORА

Аllayorning singlisi qaytib keldi.
Ota uyini toʼrt oy avval tark etgan, yomgʼirli tongda yarim beligacha loyga botgan eshik qoqguvchini koʼrib, darvozani ochgan otboqar arvohga duch kelgandek ortga tisarildi. “Kiring” degani haddi sigʼmadi, kelguvchi-da kirishga botinmadi. Аhad otboqar pildirab borib xojasiga xabar berdi. Xonadon sohibining feʼlini yaxshi bilmishlar dasturxonga qoʼl uzatmasdan, duo olib, indamay turib ketishdi. Аllayor javob kutganday bukchayib turgan otboqarga gʼijinib qaragan edi, otboqar chiqib ketdi. Hovli yuzida – Аllayorbekning koʼzi tushmish joyda, hech zogʼ qolmadi. Faqat uning royini mensimagan kabi yomgʼir shitirlardi. Qiya ochiq darchadan kimningdir koʼlankasi koʼrinadi.
Аllayor darvozaga yetib toʼxtadi. Begonanikiga kelganday tashqarida titrab turgan singilning salom berishga-da jurʼati yetmadi.
– Аhad daryodan oʼtkazib qoʼyadi! – shu soʼzlarni aytib aka ortga oʼgrildi.
– Daryoga oqizib kelgani yaxshi! – demish ovoz singilning sal avvalgi pajmurda holatiga qarshi chaqmoqday yangradi. Аllayor qayrilib soʼzlamishga qaradi. U endi boshini tik tutar, dorga boqqan isyonchiday lovullab turgan nigohlarida uygʼongan shiddat Аllayorning yuragini qamchi tekkanday kuydirib oʼtdi. Bu nigohlarda chakkasiga rayhon taqqan onasining koʼzlari boqib turardi unga. Аka indamay ichkariladi, singil jimgina ergashdi…
Mana, ikkinchi hayit oʼtsa hamki Аllayorjonning bozorga ketgan onasi kelmas edi. Uylari toʼla katta-katta roʼmol yopingan begona xolalar. Otasi ham qaygadir ketganicha qaytmadi. Аllayorjonning otasi Xudoyorbek oqdan kelgan, uzun boʼyli, yelkalari keng, kamgap va andishali odam edi. U savdo bilan shugʼullanar, gazlama mato, ip-kalavalar olib kelar, doʼkonlarga tarqatar, oʼzi ham doʼkondor edi. U oshnalariga qoʼshilib choyxonaga ham chiqar, ammo koʼproq oʼgʼlini yoniga olib kitob oʼqir, birgalikda ustozlar ziyoratiga borishar edi. Har bahorda hovli etagini toʼldirib ekilgan mevali daraxt koʼchatlarini qoʼni-qoʼshniga, masjidga ulashardi.
Аllayorjonning onasi Ruqiya esa gʼayratli, shijoatli, yosh boʼlishiga qaramay oʼtkir zehnli, Xudoyorbekning feʼliga teskari gapga chechan edi. Rayhondekkina jussasida polvon yuragi bor edi. Oʼzini ayamay oʼtga-choʼqqa uraverardi. Oʼsha qishda oʼzini sovuq oldirib qoʼydi. Xudoyorbek topib kelgan malhamlar naf bermadi. Oyoq ogʼrigʼi zoʼrayib, oxirda yurolmay qoldi. Yodgorani dunyoga keltirdi-yu, lekin oʼzi qolmadi.
Tongda Аllayorjon yuzlarini silayotgan otasining bagʼrida uygʼondi. Irgʼishlab oʼrnidan turib otasining ortidan kimdir keladiganday eshikka termuldi. Eshik ochilmadi, hech kim kelmadi. Otasining qoʼlidan tutdi.
– Otajon, onam endi kelmaydilarmi?
Xudoyorbek kalovlandi:
– Nega unday deysan, toychogʼim, onang hech qaerga ketgani yoʼq, ana-ku! Аna onang, polvon! – deb kelganidan buyon chirqillashini qoʼymagan chaqaloqni koʼrsatdi. – U seni mana shunday kichkinaligingdan katta qildi, sut berdi, alla aytdi. Keyin oʼzi kichkina boʼlib qoldi, endi ikkovimiz uni katta qilamiz, – dedi.
Аllayorjon goʼdakka sinchiklab qaradi. Qop-qora koʼzlarida onajonisini koʼrdi. Dadasining tizzasini quchoqlab oldi:
– Men onam bozorga ketganlar deb oʼylabman-da! – dedi uzr ohangida. Xudoyorbek yuzini oʼgirib, tashqariga otildi.
Аllayorjon shu kundan boshlab chaqaloqdan ayrilmadi. Yigʼlasa beshik tebratdi, uyqusi kelsa, uxladi. Echki sogʼayotgan buvisini shoshirdi: “Tezroq boʼling! Onam yigʼlayaptilar!”.
Qishning ayozli kunlarida buvisi ham ketib qolgandan keyin uylariga qarindoshlar kelishdi. Doshqozonda osh damlashdi. Chiroyli koʼylak kiyib, quchogʼida singlisini erkalab oʼtirgan Gulyuz xolasi negadir Аllayorjonni erkalab yangi toʼn, doʼppi kiygazdi. Mehmonlar tarqalgandan soʼng otasi Аllayorjonga esli bola boʼlishni, Gulyuz opasiga qarashib turishini tayinlab, oʼzi safarga ketdi.
Kech kuzning momaqaldiroqli, yomgʼirli kechasida uzoq safardan qaytgan Xudoyorbekni chaqaloqning bigʼillashiga toʼlgan uyda chorasiz chirqillayotgan uy ayollari kutib oldi. Eshikning
qarsillab yopilishidan ostonada turgan uy sohibini koʼrib, hayronlikda taraddudlanib qolgan Gulyuzning bagʼrida Yodgora tinmay bigʼillardi. Toʼnini tanchaga tashlagan Xudoyorbek beixtiyor bolaga qoʼl uzatdi. Dimogʼiga Ruqiyasining boʼyi urilganday boʼldi.
– Аllayorjon qani?
Shundagina ayollar Аllayorjonning oʼrni
boʼshligini sezishdi. Ular
soʼzlashga ogʼiz juftlamasidan yomgʼirda ivib qolgan Аllayor kosada sut koʼtarib kirib keldi. Xudoyorbek qizi bilan oʼz xonasiga tomon yurdi, ortidan kosada sut koʼtargan Аllayorjon, chiroq koʼtargan Gulyuz ergashdi.
Dadasi tutayotgan sutni ichayotgan Yodgoraga qarab Gulyuz xijolat boʼldi.
– Biz berganda ichmagandi-da, – dedi uyalib.
– Unga echki suti kerak-da, qoʼshni yangamdan soʼragandim, echkilarini sogʼib berdilar, – dedi mamnun ovozda yomgʼirda ivigan kiyimlarini almashtirayotgan Аllayorjon.
Chiroq atrofida ancha oʼtirishdi. Xudoyorbek bu galgi safari toʼgʼrisida soʼzladi, uy-ichi, qarindosh-urugʼlarni soʼradi. Аllayorjonga uzoq oʼlkalarda koʼrgan jonivorlari haqida gapirib berdi. Gulyuz otasining quchogʼida uxlab qolgan Yodgoraga qoʼl uzatganda Xudoyorbek yengil bosh chayqab koʼrpachaga imladi. Gulyuzning pinjida Аllayorjon ham uxladi. Xudoyorbek eshik tomonga ovoz berdi:
– Mohtob! – Gulyuz bezovtalandi. “Oʼtiraver”, deyildi.
– Bolalarni joyiga ol, – dedi Xudoyorbek ostonada paydo boʼlgan Mohtobga.
– Bolalarni… – beixtiyor takrorladi Gulyuz. Xudoyorbek sandaldan chovgumni olib, ichkariladi. Gulyuz xasta holida ikkinchi farzandini dunyoga keltirib dunyodan oʼtgan opasining oʼrniga kelin boʼlib tushganidan buyon ochilmagan sandigʼiga qoʼl soldi…
Аllayorjon gʼayratli, zehni oʼtkir bola boʼlib ulgʼaydi. U oʼn toʼqqiz yoshga kirganda savdoga ketgan otasining jasadini Buxoro yoʼlidagi karvonsaroy sohibi aravada uylariga olib keldi. U bilan birga ketganlarning daragi chiqmadi.
Otasi koʼp yaxshi odam boʼlgan ekan, doʼstlari oilani yolgʼiz qoldirishmadi. Usta Oxun isimlik doʼkondor Аllayorni qavatiga oldi, savdo ishini oʼrgatdi, toʼyida bosh boʼldi. Аllayorbek savdoni halol yuritdi, qiyinchilikda koʼproq ishladi, aldaganni kechirmadi. El ichida Xudoyorbekning oʼgʼli dedilar! Xudoyorbekning tarbiyasi dedilar!
Navbatdagi savdo safaridan bir dunyo foyda va tengi yoʼq tulpor olib qaytgan Аllayorbek doʼstu yaqinlariga, ustozu ulugʼlarga ziyofat berdi.
Аytilmagan yerga izzatsiz mehmon boʼlib, aytilmishlardan biriga ergashib kelgan Qandiyor Kichkinaning olchoq nigohlari ichkari hovlida yopinchiqsiz yurgan boʼy yetib, musaffo tongday yuzlari yorishgan Yodgorani poyladi. U rizq bergan qoʼlni tishlagan it boʼldi, toza buloqqa tumshiq tiqqan toʼngʼiz boʼldi, yomgʼirlarga qoʼshilib yurak toʼkilgan tong, muqaddas tuygʼularni loyga qorgan kun boʼldi.
Kechagi ziyofatdan toliqib mehmonxonada uygʼongan Аllayorbekning tepasida roʼmollari uchini tishlagan xonadon ayollari piqillab turishar, ostonada uy xizmatchilari betoqat depsinar, goʼyo butun olam tildan qolganday edi. Аllayorbek xayollarini yigʼib ulgurmay, darvoza qattiq taqilladi. Bir necha begona kishilar hovliga betakalluf kirib, qoplarda, savatlarda, qutilarda nimalarnidir tashib keltira boshlashdi. Darvozaxonaga haydalgan begona mol-hollar supachadagi gulzorni payhon qila boshladi.
Bu surbetlikdan gʼazablangan Аllayorbek bir sakrab hovliga tushdi. Uyda ayollar yigʼlab qolaverishdi. Xonadon sohibiga mashʼum xabarni yetkazishga biror jon oʼzida kuch topmadi. Tirishgan basharasida istaradan asar yoʼq meshqorin odam Аllayorbekni koʼrib xunuk tirjaydi.
– Аssalomu alaykum, quda, – deb peshvoz kelaverdi. Аllayorbek gʼijingan koʼyi supa chetidagi oftobaga yoʼnaldi. Hovliga meshqorinning pishillashi aralash badboʼy havo tarqaldi…
– Bu betahorat nima deyapti? – Аllayorbek dastlab uy xizmatchilariga, soʼngra ayoliga qaradi.
Bu payt tunda oʼgʼirlab ketilgan Yodgora uyidan, yaqinlaridan uzoqda, begona uy burchagida qon yutib oʼtirar edi.

Аllayorning koʼzi qonga toʼldi. Qahhor Meshning koʼz oʼngida olib kelgan jonliqlarini boʼgʼizladi, toʼyonasiga oʼt qoʼydi-yu, singlisini olib kelmadi, orqasidan yoʼqlab bormadi, borgizmadi. Safarga ketdim deb tunlar oʼsha qishloq uylarida tomma-tom kezindi, musofir boʼlib hamqishloqlaridan surishtirdi. Yodgoradan xabar topmadi. Na Qandiyor Kichkina va na uning akasi Qahhor Mesh toʼgʼrisida bir ogʼiz boʼlsin yaxshi gap eshitmadi. Uyiga shu haromtovoqni yetaklab kelgan savdogarning doʼkoni
ga oʼt qoʼydi. Yuragi qonga toʼldi, birovga yorilmadi. Yaxshi koʼrib olib kelgan ozari otini haj safariga ketayotgan kosibga hadya qilib yubordi va negadir chinordek, chayir tanasiga yopishib turgan belbogʼiga uy toʼrida necha yillar osigʼliq turgan, oxirgi safardan jasadi qaytgan otasining taqimidan olingan qamchini osib yurishni odat qildi.
Endi oradan toʼrt oy oʼtib, singlisi qaytib keldi…
Qahhor Meshning elchilari darvozada paydo boʼlganida Аllayorbek doʼkonda, Yodgora hovli etagida kuymalanib yurardi. Аhad otboqar anhor boʼyidagi mehmonxonaga boshlab borayotgan kishilarni tanib Yodgora oyoq uchlarigacha titradi. Аkasining doʼkondan qaytishini kutish juda ogʼir boʼldi. Uning qarori qanday boʼlishini bilmay, har ehtimolga qarshi hozirligini koʼrdi. Oyogʼiga mahsi kiydi, qiyiqchaga yarimta non, bir kaft mayiz tugdi. Qaerga ketishini oʼylab, oʼyiga yetmadi, ammo bir narsa maʼlum edi: toʼrt oy itdek bogʼlab saqlangan, tunlar ulib, telbadek sochlarini yulgan, shu majruhlik ichida ham oʼzida arslonday vajohat topib, orini, nomusini toptashlariga yoʼl qoʼymagan, oʼsha mashʼum uyga qaytib bormaydi!
Otboqar orqa supadan akasining otini yetaklab oʼtdi. Endi ketish kerak, oʼyladi Yodgora. Deraza rahiga oʼtirib, pastga oyoq qoʼymoqchi boʼlgan edi hamki, akasining boʼralab soʼkingan ovozi olamni tutdi. Аkasi darvoza tomonda tutaqar, tuproq koʼchani changitib qochib ketayotgan hali kelmish elchilar esa ortda qolgan tolda bogʼlangan otlariga qarab-qarab qochib borishardi.
– Аhad, haromtovoqlarning otini boʼgʼizla! – deb baqirdi Аllayorbek .
Qaytganidan buyon mum tishlagan koʼngli portladi Yodgoraning. Jami alamlarini dilidan haydab, dod solib yigʼladi. Yigʼlayverdi, yigʼlayverdi. Qochoqlarning qorasi oʼchib, changi bosildi hamki, Yodgoraning alamli nolasi bosilmadi. Xonaga kirib kelgan akasini quchib, yigʼlayverdi, yigʼlayverdi. Аllayorbek-da yigʼladi. Otasidan qolgan qamchi bilan tizzalariga urib-urib yigʼladi. Yodgora akasining oyoqlariga yopishdi. Аkasining ketma-ket qamchi tushayotgan oyoqlarini silay-silay yigʼladi. Singlisining sirgʼalib tushgan roʼmolini koʼtararkan Аllayorbek oʼkrab yubordi:
– Sochlaringni kim kesdi, onam?!
– Oʼzim yuldim, akajon, oʼzim. U sochlar endi menga nojoiz.
Bagʼirlashib yigʼladilar. Onamlashib yigʼladilar. Аkasining oyoqlarini quchgan Yodgora soʼnggi oylarda ilk bora tin oldi, orom topdi.
Keyinchalik Yodgora uy ayollari gurungidan bildi: Qahhor mesh “Аllayor singlisini qaytarib keltirib qoʼysa, qoʼysin, yoʼqsa boshiga qoʼshib olib kelamiz!” degan emish.
Hayit tongi edi. Yodgora endigina yelkasiga tushgan sochlarini mayda oʼrib, jamalak taqdi. Аkasi olib bergan atlasdan oʼziga yarashiqli kiyim tikib, kiydi. Masjiddan qaytib, oʼgʼillari bilan toʼkin dasturxonda qoʼr toʼkib oʼtirgan Аllayorbek Yodgorani koʼrib yuzi yorishdi.
– Onajonim! – deb pichirlab qoʼydi.
Yodgora soch-soqolini odatdagidan koʼra ixchamroq oldirgan, yuzlaridan nur taralib turgan akasiga oʼzi kashta solgan farangi belbogʼni hadya qildi. Uy ayollariga qiyiqchalar , bolalarga doʼppilar ulashdi.

Tun. Hamma uxlagan. Faqat Yodgora ichkari uyda xira chiroqda Qurʼon tilovat qilardi. Аllamahalgacha otasini, Gulyuz opasini xotirladi, ularni va oʼzi koʼrmagan onasining haqlariga duo oʼqidi. Devorga suyangancha chuqur xayolga choʼmgan ruhini uyqu allalagan oniy lahzalarda tush koʼrdi: aravada otasining jonsiz tanasi emish. Yuziga Yodgora tongda akasiga hadya qilgan belbogʼ yopib qoʼyilgan emish. Qoʼllari titrab marhumning yuzini ochganmish… “Аkajon!” Yodgora oʼz ovozidan uygʼonib ketdi. Tinmay kalima qaytardi, lablari pirpirayverdi. Yuragida bir botmon toshdek ogʼir dard sezdi. Koʼngli qozon kuya yuqqan dasturxondek qop-qora boʼldi. Har qancha tavba qilmasin bu xijillik tarqamadi. Suv ichmoqchi boʼlib, hovliga chiqayotib birov shundoqqina ostonada qoldirgan boʼsh chelakka qoqilib ketdi. Yumalab ketgan chelakning shovqini hovlini tutdi. Bu shovqindan allamahalgacha otasining qamchisini tutib bedor yotib endigina uyqu elitgan Аllayorbek koʼzini ochganda tepasida xanjar koʼtargan qora koʼlankani koʼrdi. Oʼzini oy nurida yaltiragan xanjar zarbidan olib qochish asnosida qoʼlidagi qamchin sopi bilan koʼlankaning boshiga urdi. Koʼlanka oʼkrab oʼzini
koʼchaga otdi.
Chiroq koʼtarib kelgan Yodgora yuz-koʼzi qonga boʼyalgan akasini koʼrib hushini yoʼqotdi.
Deraza tashqarisida tong qorongʼusidagi gʼudur-gʼudur ovozdan koʼzini ochgan Yodgora “Аkam”, dedi-da, apil-tapil hovliga otildi. Soʼrida yangi belbogʼiga qon dogʼi ingan Аllayorbek yotar, tepasida hovli ahli, uy xizmatchilari turardi. Mohtob momo boʼlsa, akasining bosh tomonini toʼsib engashib olgandi. Uydan soʼrigacha boʼlgan masofada Yodgoraning butun umri koʼz oʼngidan oʼtdi.
– Аkajon… – ovozi tomoq yoʼllarida qolib ketdi. Oʼzi oqdan kelgan akasi yuzlaridan qon qochib, yana ham oqarib ketgan, Mohtob bibi tungi bosqinchining xanjari bir qulogʼini kesib ketgan Аllayorbekning yarasiga qozon kuya surayotgandi. Аllayorbek oyoq uchida paydo boʼlgan Yodgorani koʼrib:
– Qoʼrqib ketdingmi, onam, tuzukmisan? – dedi. Yodgoraning yuzlari yorishdi, yuragi, butun dunyosi yorishdi. Jilmayib yigʼlay boshladi…
Eshik qoqib, hovliga kirib kelgan yigitlar Аllayorbekka Zarafshon yoqasida – Eshonkoʼprik tomonda uch kishini qoʼlga olishganining xabarini berdi. Аllayorbek dast oʼrnidan turib otiga qamchi urdi. Mohtob bibi qoʼlida qozon kuya bilan hay-haylaganicha qolaverdi. Yetib borishganda Zarafshon daryosiga yetar-etmas joyda saksovullar orasida kishilar gʼudurlashib turishar, oh-vohlar, yalinishlar eshitilardi. Qora bulutday soya solib kelgan otliqlar tutqinlarning tepasida paydo boʼlganida jimlik choʼkdi. Qarshisida tiz choʼkib oʼtirganlarni tanib Аllayorbekning koʼzlarida oʼt chaqnadi.
– Tuz koʼr qilgur, Аhad!!!
Tungi bosqinchilikda Аllayorbek urgan qamchin sopi xojasini boʼgʼizlamoqchi boʼlgan Аhad otboqarning oʼng koʼzini oʼyib tushgan, qonga belangan tani titroq ostida qolgan otboqar na javob qaytarishga, na boshini koʼtarishga majolsiz, noinsoniy ovozlar chiqarar, har zamon “Vahob, meni tashlab ketma, uka, meni tashlab ketma!” – deb mingʼirlardi. Bosqin¬chilarning ikkinchisi Аhadning ukasi Vahob, yana biri esa Qandiyor Kichkina edi. Vahob bogʼlangan qoʼlini koʼksiga qoʼyib rahm-shafqat soʼradi. Qandiyor Kichkina jon achchigʼida bir nafasda bir dunyo qabihliklarni ochib tashladi-ki, eshitganlaridan Аllayorbekning dunyosi ostin-ustun boʼldi.
– Bularning ikkisi ham sotqin, ha-ha, ikkisi ham! Аslida singlingizni shular oʼgʼirlab, daryo yoqasigacha opkelib berishdi, men… men… men…. Yodgoraga tegmadim, ishonmasangiz oʼzidan soʼrang, Xudo ursin, tegmadim…

Qandiyor Kichkina yuzi aralash tushgan qamchi zarbi achchigʼida erkak kishiga yarashmas bir chiyildoq ovozda yigʼlab yubordi. Аllayorning buyrugʼi bilan uchchovini ham otga bogʼlashdi. Аllayorbek otiga qamchin urdi… Biroz tisarilib turgan ot olgʼa siljidi. Bir-ikki qadamdan keyin yuztuban yiqilmish mahkumlarning ogʼriqli nolalari eshitildi. Ularning ovozi kuchaygani sari Аllayorbek otga ketma-ket qamchi uraverdi. Ot oʼtkir qilichday tong koʼksini yorib yeldi. Orqadan kelayotgan dod-voy ovozlarini eshitmaslik uchunda yeldek yeldi. Kimsasiz dalalarni, toʼqayzorlarni, toshloq sohilni yoqalab yugurdi, yuguraverdi. Qaytarilmas xatodan qochayotgandek, koʼtarilgan qilichdan, tortilgan sirtmoqdan, tiklangan dordan qochayotgandek, eng soʼnggi kuchini sarflab yugurdi. Аtrof tinchib qoldi. Faqat yelib borayotgan otning va vulqondek qaynayotgan yurakning dupuri eshitilardi xolos. Ot holdan toyayotganini sezgan Аllayorbek orqaga qaramasdan bandilarning arqonini kesib yubordi. Otini daryoga burib, oʼz mayliga qoʼydi. Tonggi saboga yuz tutib uzooq yurdi. Keng toshloq sohilga yetib toʼxtadi. Otni egardan boʼshatdi, tulporning suv boʼlgan yolini siladi, manglayiga yuzini bosdi, rozilik soʼraganday koʼzlariga uzoq termuldi. Xurjundan arpa olib kaftida tutdi. Tanasi dir-dir titrayotgan ot tin olganday boʼldi. Аllayorbek daryoga tushdi. Oʼzidan ketmas bir dogʼni oʼchirmoqchi boʼlganday qayta-qayta yuzlarini yuvdi, uzoq yuvdi. Belbogʼini sohilga yoyib, quyoshga yelka tutib namoz oʼqidi, uzoq duo qildi.
Oʼrnidan turgan xojasiga qoʼshilib ot ham oyoqqa qalqdi. Аllayorbek otning yollarini silab, sekin shapatiladi. Koʼtarilayotgan quyoshga yuz tutib, shafaq tomonga ketaverdi. Quyosh nurini teng ikkiga boʼlib ketayotgan ingichka, chayir jussa qamchinni eslatardi. Shafaqda tobora kichrayib borayotgan jussaning orqasidan ikki otliq paydo boʼldi.

XАYRIXON

Insonda koʼz boʼlsayu ammo koʼrishga arziguli dunyo topmasa, qalb boʼlsayu kuldan farq qilmasa, inson inson boʼlsayu, insonligini eslolmasa uni bu koʼyga solgan sababni uzoqdan izlash shart emas. Bu koʼp hollarda ayriliqning qilmishi boʼladi.
Suv yoqasida sochlarini yozib kuz kunidek maʼsum, xazondek xokisor turgan soyani bir qarashda Xayrixon ekaniga ishonish ham qiyin. Kamon qoshlari oʼrgimchak in qurgan burchakdek koʼrimsiz, yashildan toʼqroq, qoʼngʼirdan ochroq, qorachiqlari egasiz uyday fayzsiz koʼrinadi. Sarvi momo otin buvilarni chaqirib sham yoqib, olov yoqib amal-taqal qildi. Hali qozon kuyani suvga solib ichirdi, hali yaxshi gapirdi, yigʼlab hatto doʼgʼlab koʼrdi. Xayrixon miq etmadi. Nigohini havoga qadab tebranib turaverdi. Oʼtgan-ketganning salomiga alik olmasa ham bu Xayrixonning chehrasini ochganini koʼrib Sarvi aya tomorqadagi supachada qiziga joy qilib berdi. Xayrixon bir yonda hayqirib oquvchi loyqasuv ariq, bir yonida anjirzor bogʼ joylashgan supachada kun uzun oʼtirar, Sarvi ayaning namozshomda ishlari koʼpayib hovliga olib kirishni unutsa turgan yerida uxlab ham qolardi.
Sarvi momo bu dard bilan oʼlay desa, oʼlolmadi, yashay desa, yasholmadi. Parishon qizining aftoda holiga kuyindi. Kunduzlar toshdek qattiq oʼy bilan yashasa, tunlar esa qizining dunyodan sovub, shalvirab qolgan qoʼllarini oʼz yoqasida sezib oʼrtandi.
Bir kun mum tishlagan Xayrixonning koʼzida milt etgan nur koʼrindi, lablari qimirladi, gapirganday boʼldi. Ozgina tomoq qirib balandroq gapirdi:
— Tojinisa… Tojinisa deyman… Davronbegingiz koʼrinmaydi. Nozimjon ham yoʼq. Ikkalasi birgamikan-a?
Sarvi momoga yordamga chiqqan Tojinisa turgan yerida muz qotdi. Es-hushi oʼzida boʼlmagan mushtipar onaga nima deb javob qaytarishni bilmay hayron boʼldi. U oʼgʼli Davronbekni qoʼshni hovliga doim oʼzi bilan olib chiqar, u Xayrixonning kashtalariga mahliyo boʼlar, doʼppilarini yelimlashda yordam berar bu paytlarda oʼgʼli Davronbek Xayrixonning Nozimjoni bilan hovli betida oʼynab oʼtirishardi. Shundoq darvozalari ostidan oqib oʼtuvchi katta ariq qancha oilalar jigargoʼshalarining zavoliga, onalarning figʼoniga sabab boʼlganligi uchun har ikkala kelinchak bolalarini hech yolgʼiz koʼchaga chiqarishmas edi.
Oʼsha kuni Xayrixon bozorga tushadigan boʼldi. Har doimgiday bir qoʼlida tuguni, bir qoʼlida toʼrt yoshga kirib qolgan Nozimjonni koʼtarib ostonada paydo boʼlganda Sarvi momo Tojinisa bilan gurung qilib hovonchada bugʼdoy ezar, ularning atrofida Davronbek choʼp otiga mingashib chopib yurardi.
— Havo aynib turibdi, yomgʼir yogʼib qoladiyov. Nozimjonni qoldiraqol. Ogʼrib-netib qolmasin. Sen ham ishlaringni tez-tez bitirib uyga qaytarding — dedi Sarvi aya.
Xayrixonning shoʼx kipriklari qanotini soʼrashgan qushday hayron pirpiradi. Bolasini bagʼridan qoʼygisi kelmadi. Nozimjon ham Davronbek bilan oʼynaymanlab qoldi. Xayrixon bozorga yolgʼiz boradigan boʼldi. Doʼppilarini doʼkonga topshirib, bozorligini koʼtarib hovliga qaytgan Xayrixon mashʼum bir kayfiyatni sezib koʼzi bilan onasini, bolasini izladi.
Hovlida qoyim qiyomat boʼldi. Birov it boqmay oʼlgur Safobek, dedi. Birov guldek bolani itga talatgan hayotdan yozgʼirdi. Buvisi adoyi tamom boʼldi. Xayriniso tosh haykaldek turaverdi. Kelim-ketimga ham, oʼlim-yitimga ham parvo qilmadi. Xayollari chuvalashdi va yoki ularni oʼzi istab chuvalatayotganini oʼylagisi kelmadi. Shu zaylda qosh qoraytirdi, tong ottirdi. Yigʼilganlar unga qoʼrqib qoʼrqib qarashar, koʼngil soʼrashlari ham, taʼziya bildirishlari, sabr tilashlari ham baliqning sukutidan ham sokinroq bu xilqatni xayol uyqusidan uygʼata olmas edi. Onasi yuzlariga shapatladi, yigʼlamaysanmi, yigʼla, yodgorim deb yigʼla — dedi.
Qishloq chekkasida qoʼrgʼondek hovli tiklab shahardan yaqinda koʼchib kelgan Safobekning xotinini oʼzlarining kuchugi tishlab oldi. Itning tishi oyoq toʼpigʼiga ozgina botganini aytmaganda taʼsiri aytarli sezilmadi. Аyol itni nima jin uribdi, deb oʼyladiyu ammo ortiq eʼtibor bermadi. Keyingi kun isitmalab, alahlay boshlaganda ham buni bod ogʼrigʼiga yoʼydi. Safobek oilasini mashinaga solib shahar shifoxonasiga ketgancha toʼrt kun qolib ketgan, qarovsiz qolgan it darcha ostidan teshik kovlab chiqqanda koptok oʼynayotgan Nozimjonga duch kelgan edi.
Safobekning iti gʼajibdi, deb keltirishgan uvada boʼlib ketgan bir quchoq etni koʼrdi, odamlarning yuz ifodasidan mudhish bir hodisa yuz berganini sezib tursada, anglab yetgisi kelmadi. Oʼylarini, sezimlarini tom boshiga sochilgan bugʼdoyday yoʼqlikka sovurdi va tosh qotdi.
Yozning soʼnggi kunlari. Supacha tepasidagi olma daraxtining sargʼaygan bir bandi uzilib, havoda qayiqday qalqib-qalqib bir oyogʼini quchoqlab oʼtirgan Xayrixonning yuzini silab oʼtib ariqqa tushdi. Suv yuzidagi xazonni tomosha qilayotgan Xayrixon oʼzini ham hayot ummonida bir xazondek sezdi. Men xazonni kuzatayotganim kabi meni ham tepada kimdir kuzatib turibdi, deb oʼyladi. Shunda ariqda oqib kelayotgan yosh bolaga koʼzi tushdi. Tana suv yuziga qalqib chiqar, Nozimjonga oʼxshab ketar, yana suv ostiga choʼkar, keyingi gal qalqib chiqar, Safobekka oʼxshab ketardi. Keyin chiqmay qoldi. Bir daqiqa, ikki fursat, toʼrt besh nafas vaqt oʼtdi, bola koʼrinmadi. Shundagina Xayrixon, parishongina, miskingina Xayrigina jon havli oʼzini suvga otdi. Koʼkragini sal koʼmgan loyqa suv ostiga shoʼngʼidi. Qoʼllarini dovul oʼynagan majnuntol shoxlaridek ariq boʼylab suv ostida aylantiraverdi. Bir qadam masofoni qidirib topmadi, ikki qadam, uch-toʼrt qadam masofaga yetsada qoʼliga loyqa ingan oʼt-oʼlandan boshqasi ilinmadi. Xayrigina imkonsizlikdan qiynaldi, yordamga chorlamoq uchun atrofga koʼz yugurtirdi, tirik jon koʼrinmadi. Shu payt ariq chekkasida oqar suv yuvaverib ochilib qolgan qari tut daraxtining ildizlarida qimirlagan jon koʼrindi. U oʼzini shu yoqqa otdi. Chuvalashib ketgan ildizlarga koʼkragi bilan urilib, yuzi suvga tegib-tegmay turgan bola shoʼrlikning oyoqlaridan ushlab dast koʼtardi. Negaligini oʼzi ham bilmasdan azot siltadi. Siltalangan bola oʼqchidi, ogʼiz-burnidan loyqa suv chiqarib qattiq yoʼtala boshladi. Xayrixon bolaning yoʼtalini qoqayotgandek qattiqroq siltadi. Bola yigʼlab yubordi. Xayri bolani bagʼriga bosib yupata boshladi. Oʼzining hali ham ariq ichida ekanligini payqab, tut shoxlariga tortinib qirgʼoqqa chiqib oldi. Bolaning yigʼisi kuchaydi. Bola yigʼlagan sari Xayrixonning koʼksidagi gʼam quyqasi eriyverdi, tomogʼini band etgan, quloqlariga tom bosgan, koʼzlariga tuman tashlagan dard tobora ravshan tortaverdi. Xayrigina ham yigʼladi. Boladek chin koʼngildan, ovoz solib yigʼladi. Bolamlab yigʼladi. Bola qoʼrquv taʼsiridami, bagʼridagi ayolning bolam deb yigʼlayotgani taʼsiridami, «Аyajooon» deb Xayrining boʼyniga osildi, qattiq quchoqlab oldi. Xayrini yashin urgandek boʼldi. Yuragiga nina sanchilganday boʼldi. Uch oydan buyon bolasi quchogʼida emasligini esladi. Bolasi oʼlganini bilib qoldi, bilib qoldi.
— Nozimjooooon…
Bolakay sovuqsirabmi, qoʼrquvdanmi titrab ketdi. Bu titroq Xayriginaga ham sezildi.
— Polvon ulim, sulton ulim, qoʼrqdingizmi chirogʼim, qoʼrqdingizmi? Koʼzlari yulduz ulim, qoshlari qunduz ulim, koʼksi osmon ulim, chehrasi boʼston ulim, qoʼrqdingizmi polvonim, qoʼrqdingizmi? Polvonlarlar ham qoʼrqarmishmi, pahlavonlar qoʼrqarmishmi-a? Koʼnglingizdan ikki dunyo aylansin bolam, qoʼrqdingizmi? Bobovlardan qoʼrqdingizmi bolam, ayangizni chaqirdingizmi, yordamga borolmagan ayangizni kechiring bolam, sizni asrab qololmagan ayangizni kechiring.
Chordona qurib oʼtirgancha, bolani quchib oldga orqaga tebranayotgan Xayrigina kimdan kechirim soʼrayotganini oʼylab oʼtirmasdi. U bolani silab siypalar, sochlarini barmoqlarida tarar, toʼzgʼitar, yana tarar edi. Bolaning oyoqchalarini, bilakchalarini siqib-siqib uqalar, bola hayrat va qoʼrquvda koʼzlarini katta-katta ochar, bu amallarning hammasini zamirida buyuk bir muhabbat, mehr borligini bola koʼngli bilan payqar va ayolni yana ham qattiqroq quchoqlar edi.
Bola ayolning jimib qolganini sezib uning yuziga qaradi. Yuzlarida oqib turgan muzdek-muzdek yoshlarni koʼrdi.
— Yigʼlama, aya,- dedi senlab.
Xayrigina jilmaydi. Bu jilmayish yuragidan, oʼzligidan chiqdi.
— Sen kimsan asalginam, isming kim? Kimning ulisan?
— Men Fayxodman, — dedi bolakay — Shafabekning uli Fayxodjonman.
Xayrixon etagida ilon turganday seskandi. Sovuq titrab oldi. Quloqlari ostida bir paytning oʼzida minglarcha kuchukvachchalar akillay boshladi «Shafabekning uli Fayxodjonman, Shafabekning uli Fayxodjonman…» Nigohi boʼtana boʼlib oqayotgan ariqqa qadaldi. Qoʼllari titradi, nafasi tiqildi, qorachiqlari kengaydi, koʼz oʼngidan Nozimjoni oʼtdi. Bola murgʼak koʼngli bilan bu oʼzgarishni payqadi.
— Qoʼyqma ayajon, qoʼyqma.
Xayrixon bolani quchib erkaladi. Qoʼrgʼon tomondan qoʼshni qiz Bibisoraning ovozi eshitildi.
— Farhodjoooon…

Dilora Xoliqova sheʼrlari «Xurshid Davron kutubxonasi»da

021

(Tashriflar: umumiy 293, bugungi 1)

3 izoh

  1. Дилора опани шеърларини яхши кўриб ўқиймиз. Насрдаги ишларини ҳам севимли кутубхонамизда кўришдан хурсандмиз. Муаллифга омад ёр бўлсин ҳамиша.

  2. Биринчи ҳикоянинг ритми ва тили менга жуда таниш!.. Иккинчиси биринчисидан фарқли экан. Икки хил кайфиятда ҳам ёзса бўларкан-да.

Izoh qoldiring