Dilora Xoliqova. She’rlar

031Саҳифада тақдим этилаётган шоира шеърларини менга юборган Гўзал Рўзиева шундай ёзади:         «Устоз, сайтингизга яна бир ижодкорнинг шеърларидан юборяпман. Яхши шеърлар улар, менимча. Муаллифнинг исми-шарифи Дилора Холиқова, адашмасам, ҳали сайтингизда чиқмаган у.

Шоиранинг шеърларида муҳаббат ва ҳижрон, умид ва айрилиқ ва яна кўплаб номсиз туйғулар шунчалик ишонарли тасвирланганки, сатрларни ўқиётган ўқувчи беихтиёр уларни юрагидан ўтказади. Шеърларини Сизга жўнатаётганимни унинг ўзи билмайди ҳам…шунчаки, яхши сатрларни кўпчилик ўқишини истадим!
Билишимча, Навоий вилоятидан, мактабда она-тили ва адабиёт фанидан дарс беради. Сайтингизда шеърлари берилганини кўрса, қувончдан юраги ёрилса керак…
Ҳа, кутилмаган эътибор шоир одам учун жуда ҳам қадрли ва бошқача таъсир қилади. Буни ҳис қилган ижодкор сифатида айтяпман…»

Дилора ХОЛИҚОВА
ШЕЪРЛАР


***

Қадамингиз етган, етмаган йўллар,
Сиз кетиб, сиз билан кетмаган йўллар,
Қўл тутсангиз титраб, мушт тугилган-у,
Истаб, қўлингизни тутмаган қўллар
титроғи ҳаққи
Сиз менга кераксиз…

Боқиб кўзингизга тўкилмаган кўз,
Сиз деб туғилган-у, айтилмаган сўз,
Хато боғлаб пушмон бўлган тақдирдўз
йўл қўйган хато ҳаққи
Сиз менга кераксиз…

Кафтга тўкилмайин қолган исмлим,
Исми жаҳоний-у, руҳи жисмлим,
Заминни соғинган кўкдай тўзимлим,
Ҳеч қачон юз бермас орзулар ҳаққи
Сиз менга кераксиз…

Исми ҳовучимга тўлмаган дуо,
Исми замин, ер, сув, тириклик, ҳаво,
Исмки, руҳимга шивирлаб худо
Айтган дилимда бўй етган ҳис ҳаққи
Сиз менга кераксиз!..

***

Кундан кунга тўлишар ҳажр,
Ҳар тун кўкни кезади бесар.
Соғинганинг сезяпман ахир,
Соғинганим ҳис қилсанг агар
Кел…

Тун кўксида йилтирар умид,
Кўкни оққа чулғар ёлғиз шам.
Сабрларнинг билгани сукут,
Сукутларнинг тилини билсанг
Кел…

Лабларимни елимлади тун,
Чигирткалар қилади байрам.
Ёнарқуртлар жилмаяр маҳзун,
Телба булоқ йиғлайди шўхшан.
Кел…

Тун кўзингдан бўлсин хижолат,
Тонг дилингда кўрсин оқликни.
Сўнг мен учун бир фурсат ажрат,
Ўргатиб кет унутмоқликни.
Кел…

***

Етти қават осмон, етти қават ер,
Номингга тор келса нима қиламан.
Мени менга қайтар, мени менга бер,
Сенсиз хазон эдим, менсиз ўламан.

Ғамхўр юрагимда юрибман яккаш,
Ер тобора узоқ, осмон остона.
Дунё шикоятзор, имкони талош,
Кўнглим — исминг ёзиқ қироатхона.

Тобора қоронғу, тобора чуқур,
Умид узилмаган кунлар чўзилар.
Сенинг хаёлингдан бошланган қайғу,
Узилса ҳаётим узилар…

Момақалдироқдан чўчиб уйғондим,
Тун осмон юзига тортар шапалоқ.
Бахтимга ўхшади лаҳзада ёнди,
Кулини қолдирмай тарк этди чақмоқ.

Қайдасан, қўлингдан ушлагим келди,
Сочимни силашинг кутдим, азизим.
«Ёмон туш кўрдингми, ухлагин энди»,
Демади, демади, демади ҳеч ким.

Ана ёмғир ёғар далли- девона,
Баҳордан аламин олгандай кузнинг.
Бу тун ухлолмасдан тонггача яна
Юрагимдан ювиб чиқаман изинг.

***

Унинг нигоҳида адашган умид…
Менинг юрагимдан кетмайди алам…
Мен орзу йўлини танлаган ношуд,
Манзилим — кўникиш, масофалар — ғам.

Унинг нигоҳида «йилт» этган чақин,
Менинг юрагимни ёритган карам .
Мен ҳам бир бандангман, мен ҳам қулингман,
Кўникишдан ўтсам, ғамларни енгсам,
Менга қўлингни бер, яратган Эгам!

***

Кўзларимда, кўзим ичида,
Ўй суради тилга кўчмас сир.
Фақат сизга севги ҳақида,
Ўқиб бергим келаверар шеър.

Кўзларимда, кўзим ичида,
Шўр тубига қулайди денгиз.
Соғинишнинг алам ўчида
Сочларини тарар пари қиз.

Кўзларимда, кўзим ичида,
Айрилиқдан маъно тўқир вақт.
Тўкилолмай киприк учида,
Умид излаб умидланар бахт.

Кўзларимда, кўзим ичида,
Кутмоқ сўзин келажак шакли.
Бугунимга, кечам, эртамга
Қабрлар қазийди яп-янги.

Кўзларимда, кўзим ичида,
Ой кезинар тунлари ёлғиз,
Ер шарининг менсиз бурчида,
Ойга боқиб ўлтирасиз сиз . . .

КЕЛ…
(Карантинда ёзилган шеър)

Менинг зиёним йўқ (ўзимдан бошқага)

Қўлларимни обдон ювяпман ҳар кун
(дунёнинг ишларидан)

Ўзимни муҳофаза қилганман (сенингсиз дунёлардан)

Иссиғим ҳам йўқ, ишон (дардимни этгувчи ошкор)

Шунчаки қалбим қақшаб оғрияпти холос
(у юқумли эмас)

Кел…

УМИД

Кетаётган турналар каби,
Ботаётган қуёшдек илҳақ.
Орзуларинг ортидан бориб,
Қўл силкимоқ истайсан бефарқ-
Оғирлашиб борар қўлларинг.

Битаётган энг сўнгги нафас,
Ёпгандан сўнг «қарс» этган эшик.
Тепки босгач эшитилган дарз,
Жароҳатдан яралган чандиқ-
Кўпаяди ёзган шеърларинг.

Йўқ, заволинг истамас олам,
Фақат бахтга элтар тор сўқмоқ.
Бахтдек татир ҳар мушкул қадам,
Висол ваъда қилар қуламоқ,
Шеърга айланади сирларинг.

***

.. Ва ҳеч ким эмасман сендан кетарга,
Ва сенда қоларга касмасман лойиқ.
Кўприкман тунлардан кунга ўтарга,
Булутман борлиги заминга боғлиқ.

Ва сенда яшашга кўп умидворман,
Дуоман бетиним йўлла самога.
Сенга боғланмоқчун риштаман, дорман,
Сенга кераклик чун келдим дунёга.

Ва сенсиз тунларга ташлама мени,
Тонгларни киприкда кўтариб юрдим.
Бир тушман — тушларда кўряпман сени,
Бир тушман — бир сенинг тушингга кирдим.

Ва сенсиз қолишга ундама мени,
Ўзимдан ўзимга тикилган дорман.
Тақдирдан тиланиб топганман сени,
Нафасинг нафасим бўлгунча борман…

ОКТЯБР

Ичкарида чиқиллар соат,
Ташқарида чирқиллайди қуш.
Айвон, енгил шамол, аччиқ дард,
Ва тамаки тутатар ўтмиш.

Ичкарида чирқиллар бир қуш,
Ташқарида зувиллайди вақт.
Деразангга ўйчан, фаромуш,
Етолмасдан қўл чўзар дарахт.

Айвон, енгил шамол, аччиқ дард,
Муҳаббатнинг қурийди лаби.
«Бир чети йиртилди табассумнинг «шарт»…»*
Ўттиз беш йил туш кўрган каби.

*Фахриёр сатри

* * *

Биринчи қор ёққунгача беҳи турар,
Шохларида умид ўсар дарахт- олам.
Тушларимга кулиб кирган мангу баҳор,
Соғинтирган куним қурсин сизни, онам.

Фақат эрта баҳор бора олган эдим,
Беҳи иси тутиб кетган қизлик хонам.
Жавонимга қатор- қатор беҳи териб,
Соғинчини қишдан олиб чиқди онам.

Дунёсидан менга лойиқ жой топмади,
Фақат юрагида олиб юрди онам.
Қоп-қоронғу кечаларда ёстиғимга,
Тўккан ёшим тушларида кўрди онам.

Хайр десам, титраётган нафасида,
Оқ йўл, оппоқ фотиҳалар берди онам.
Турибман-у ўттиз бешнинг ёқасида,
Дунё деган қирқ минг дардга кирди онам.

САНЧИҚ

Уч кеча-кун йўл излади у,
Аввал руҳим синишин пойлаб.
Алдаб-авраб яқинлашдию,
Юрагимни чангаллади дард.

Қовурғамда чирт этди сабр,
Симмиллади хотира юки.
Ўғри тутган очкўз бой каби,
Сиқимлади юракни севги.

Чегаланган сополдек бесас,
Қимирлашга қўрқяпман ҳайҳот.
Оламанми яна бир нафас,
Тугамасми мен учун ҳаёт?

Шу бир лаҳза доно муаллим,
Шу бир лаҳза энг олий ҳакам.
Ўлсам, мени излаб борар ким,
Не ўзгарар агар ўлмасам?..

***

Осмон маним демасман,
Ой ўғриси эмасман,
Юрагимга ёғилган
Бир нурни излаяпман.
Кўнглим нурдек ёритган
Кимнидир эслаяпман!

Ёмғир маним демасман,
Булут таним демасман,
Томчи дилим илитган
Навони излаяпман.
Ишқни таниган сарим
Худони эслаяпман.

***

Тасодифан, тўсатдан, туйқус,
Ёз осмонин ёпгандай булут.
Руҳимда бўй чўзар-у қуюн,
Баланд янграр шовқиндан сукут.

Бемаҳал ҳам бевақт, беўрин,
Кўнгил уйим синдириб, ёқиб.
Кеч қолгандай ор учун жангга,
Нафасларим бошлайди таъқиб.

Бош эгмасдан тақдир, қисматга,
Фош этмасдан бир кўнгил дардни.
Кўз ёшингни қайта ва қайта,
Яширмоқчи бўласан артиб.

Қулаётган қайин сингари,
Кўксимда дард қисирлай бошлар.
Дилга майда — майда кўз ёш-у,
Кўзларимга улкан ишқ ботар.

Кузатаман энг сўнгги вагон,
Поезд кетар: қувонч, соғинч, ғам.
Юрагимдан хотирга кўчар,
Ҳозир мени йўқотган одам.

***

Кўзёшимда аксини кўрмай,
Ғанимлар гоҳ чекканда афсус.
Мен кўзимни юмиб улгурмай,
Ёр ўзгага бурганида юз-
Кўзимда муз, сочларимда муз…

Менинг олов қалбимни тилиб,
Ҳасратларим сепганида сув.
Чуғурлайди елкамга қўниб,
Мусичадек беозор қўрқув-
Муҳаббатни аврайди ғулу…

Менинг метин бардошим узра,
Тиғ кўтарса вақт — олий ҳакам.
Сояларда аксимни чизар,
Ўзлигимга бошловчи қадам.
Руҳим, сенинг борлигинг далдам.

Умидингни уз мендан, армон,
Ваҳимангни писанд этмайман.
Ёлғизликми? Унинг бағрида,
Ўттиз беш йил етилган майман.
Сендан қўрқ-май-маан…

* * *

(Шарқий каръерда)

Юкинади елкамга қуёш,
Нигоҳимга беркинади нур.
Кўз олдимда қулаган бардош,
Тасаввурга сиғмас тасаввур.

Юрак шундай дарз кетса керак,
Муҳаббатдан бўшаб қолганда.
Само шундай арз этса керак,
Кўнгил кўнга ўхшаб қолганда.

О, дардмандим, дардингни олай,
Бунча чуқур жароҳатинг, ер?
Шу тупроқнинг корига ярай,
Тангрим, менга улкан юрак бер!..

***

Кўзига суқилиб кўча чироқлар,
Беҳаловат шаҳар мизғийди бир пас.
Хаёлини олиб кетар узоқлар,
Кўксини тўлдириб олгани нафас.

Хўроз қичқургунча нозланар қишлоқ,
Тераклар шивирлаб афсун айтади.
Шаҳарни чўчитиб чалиб қўнғироқ,
Тун қўйнини поезд кесиб ўтади.

Шўрлик шаҳар ҳориб турар уйқудан,
Аччиқ қаҳва дамлаб кутар бекатлар.
Қишлоқни уйғотар ёзиб дастурхон,
Бахт шилдираб оқиб турган эгатлар.

Қишлоқ яшайверар қайғудан холи,
Унинг шаҳар билан зарра иши йўқ.
Шаҳар йиғлаб олар тонгда уйғониб,
Дардларига елка тутар киши йўқ.

ИККИМИЗ

Келинг, юрагимизга баҳорни келтирамиз,
Тилларга биз соғинган изҳорни келтирамиз.
Дилдан қувиб озорни, хуморни келтирамиз,
Пойимизга ишқ деган анҳорни келтирамиз.
Шу анҳорнинг бўйида ялпизлармиз иккимиз,
Бу одамзор дунёда ёлғизлармиз иккимиз!

Келинг, осмон бўламиз, баҳордай ёғинамиз,
Осмондек ўйланамиз, қуёшдек бўйланамиз.
Кундек ишққа тўламиз, тундек ишққа дўнамиз.
Нигоҳин дилга тиккан юлдузлармиз иккимиз,
Дунё унутиб қўйган чин сўзлармиз иккимиз!

Келинг, умид бўламиз оҳуларнинг кўзидай,
Майсага ишқ тутамиз қизғалдоқнинг юзидай.
Шоирларнинг кузидай,
ошиқларнинг сўзидай.
Чўпонини излаган қўбизлармиз иккимиз,
Андишага айланган бўғизлармиз иккимиз!

Келинг, эртак бўламиз аввали бор, сўнги йўқ,
Ифорга айланамиз шамойили, ранги йўқ.
Кўнгилга айланамиз армони йўқ, занги йўқ,
Хабарга айланамиз эшитсин замин-у кўк,
-Юракка солганингни, кўнглида қолганингни,
Ишқида ёнганингни,
Бу дунёда тенги йўқ!
Бу дунёда тенги йўқ!
Кўкдан кўнгилга етган илдизлармиз иккимиз,
Бу одамзор дунёда ёлғизлармиз иккимиз!

ДЕВОР

Айблайверманг деворни бунча,
Юраги тош қотди бечора.
Тинч яшанг деб тилига қўшиб,
Қулоғин ҳам ютди бечора.

Зор эмас у ҳеч сирингизга,
Номингиз йўқ, бағрини ўйинг.
Дилдан сўзланг бир-бирингизга,
Микрофонни ўчириб қўйинг.

021Sahifada taqdim etilayotgan shoira sheʼrlarini menga yuborgan Goʼzal Roʼzieva shunday yozadi: «Ustoz, saytingizga yana bir ijodkorning sheʼrlaridan yuboryapman. Yaxshi sheʼrlar ular, menimcha. Muallifning ismi-sharifi Dilora Xoliqova, adashmasam, hali saytingizda chiqmagan u.

Shoiraning sheʼrlarida muhabbat va hijron, umid va ayriliq va yana koʼplab nomsiz tuygʼular shunchalik ishonarli tasvirlanganki, satrlarni oʼqiyotgan oʼquvchi beixtiyor ularni yuragidan oʼtkazadi. Sheʼrlarini Sizga joʼnatayotganimni uning oʼzi bilmaydi ham…shunchaki, yaxshi satrlarni koʼpchilik oʼqishini istadim!
Bilishimcha, Navoiy viloyatidan, maktabda ona-tili va adabiyot fanidan dars beradi. Saytingizda sheʼrlari berilganini koʼrsa, quvonchdan yuragi yorilsa kerak…
Ha, kutilmagan eʼtibor shoir odam uchun juda ham qadrli va boshqacha taʼsir qiladi. Buni his qilgan ijodkor sifatida aytyapman…»

Dilora XOLIQOVА
SHE’RLАR


***

Qadamingiz yetgan, yetmagan yoʼllar,
Siz ketib, siz bilan ketmagan yoʼllar,
Qoʼl tutsangiz titrab, musht tugilgan-u,
Istab, qoʼlingizni tutmagan qoʼllar
titrogʼi haqqi
Siz menga keraksiz…

Boqib koʼzingizga toʼkilmagan koʼz,
Siz deb tugʼilgan-u, aytilmagan soʼz,
Xato bogʼlab pushmon boʼlgan taqdirdoʼz
yoʼl qoʼygan xato haqqi
Siz menga keraksiz…

Kaftga toʼkilmayin qolgan ismlim,
Ismi jahoniy-u, ruhi jismlim,
Zaminni sogʼingan koʼkday toʼzimlim,
Hech qachon yuz bermas orzular haqqi
Siz menga keraksiz…

Ismi hovuchimga toʼlmagan duo,
Ismi zamin, yer, suv, tiriklik, havo,
Ismki, ruhimga shivirlab xudo
Аytgan dilimda boʼy yetgan his haqqi
Siz menga keraksiz!..

***

Kundan kunga toʼlishar hajr,
Har tun koʼkni kezadi besar.
Sogʼinganing sezyapman axir,
Sogʼinganim his qilsang agar
Kel…

Tun koʼksida yiltirar umid,
Koʼkni oqqa chulgʼar yolgʼiz sham.
Sabrlarning bilgani sukut,
Sukutlarning tilini bilsang
Kel…

Lablarimni yelimladi tun,
Chigirtkalar qiladi bayram.
Yonarqurtlar jilmayar mahzun,
Telba buloq yigʼlaydi shoʼxshan.
Kel…

Tun koʼzingdan boʼlsin xijolat,
Tong dilingda koʼrsin oqlikni.
Soʼng men uchun bir fursat ajrat,
Oʼrgatib ket unutmoqlikni.
Kel…

***

Yetti qavat osmon, yetti qavat yer,
Nomingga tor kelsa nima qilaman.
Meni menga qaytar, meni menga ber,
Sensiz xazon edim, mensiz oʼlaman.

Gʼamxoʼr yuragimda yuribman yakkash,
Yer tobora uzoq, osmon ostona.
Dunyo shikoyatzor, imkoni talosh,
Koʼnglim — isming yoziq qiroatxona.

Tobora qorongʼu, tobora chuqur,
Umid uzilmagan kunlar choʼzilar.
Sening xayolingdan boshlangan qaygʼu,
Uzilsa hayotim uzilar…

Momaqaldiroqdan choʼchib uygʼondim,
Tun osmon yuziga tortar shapaloq.
Baxtimga oʼxshadi lahzada yondi,
Kulini qoldirmay tark etdi chaqmoq.

Qaydasan, qoʼlingdan ushlagim keldi,
Sochimni silashing kutdim, azizim.
«Yomon tush koʼrdingmi, uxlagin endi»,
Demadi, demadi, demadi hech kim.

Аna yomgʼir yogʼar dalli- devona,
Bahordan alamin olganday kuzning.
Bu tun uxlolmasdan tonggacha yana
Yuragimdan yuvib chiqaman izing.

***

Uning nigohida adashgan umid…
Mening yuragimdan ketmaydi alam…
Men orzu yoʼlini tanlagan noshud,
Manzilim — koʼnikish, masofalar — gʼam.

Uning nigohida «yilt» etgan chaqin,
Mening yuragimni yoritgan karam .
Men ham bir bandangman, men ham qulingman,
Koʼnikishdan oʼtsam, gʼamlarni yengsam,
Menga qoʼlingni ber, yaratgan Egam!

***

Koʼzlarimda, koʼzim ichida,
Oʼy suradi tilga koʼchmas sir.
Faqat sizga sevgi haqida,
Oʼqib bergim kelaverar sheʼr.

Koʼzlarimda, koʼzim ichida,
Shoʼr tubiga qulaydi dengiz.
Sogʼinishning alam oʼchida
Sochlarini tarar pari qiz.

Koʼzlarimda, koʼzim ichida,
Аyriliqdan maʼno toʼqir vaqt.
Toʼkilolmay kiprik uchida,
Umid izlab umidlanar baxt.

Koʼzlarimda, koʼzim ichida,
Kutmoq soʼzin kelajak shakli.
Bugunimga, kecham, ertamga
Qabrlar qaziydi yap-yangi.

Koʼzlarimda, koʼzim ichida,
Oy kezinar tunlari yolgʼiz,
Yer sharining mensiz burchida,
Oyga boqib oʼltirasiz siz . . .

KEL…
(Karantinda yozilgan sheʼr)

Mening ziyonim yoʼq (oʼzimdan boshqaga)

Qoʼllarimni obdon yuvyapman har kun
(dunyoning ishlaridan)

Oʼzimni muhofaza qilganman (seningsiz dunyolardan)

Issigʼim ham yoʼq, ishon (dardimni etguvchi oshkor)

Shunchaki qalbim qaqshab ogʼriyapti xolos
(u yuqumli emas)

Kel…

UMID

Ketayotgan turnalar kabi,
Botayotgan quyoshdek ilhaq.
Orzularing ortidan borib,
Qoʼl silkimoq istaysan befarq-
Ogʼirlashib borar qoʼllaring.

Bitayotgan eng soʼnggi nafas,
Yopgandan soʼng «qars» etgan eshik.
Tepki bosgach eshitilgan darz,
Jarohatdan yaralgan chandiq-
Koʼpayadi yozgan sheʼrlaring.

Yoʼq, zavoling istamas olam,
Faqat baxtga eltar tor soʼqmoq.
Baxtdek tatir har mushkul qadam,
Visol vaʼda qilar qulamoq,
Sheʼrga aylanadi sirlaring.

***

.. Va hech kim emasman sendan ketarga,
Va senda qolarga kasmasman loyiq.
Koʼprikman tunlardan kunga oʼtarga,
Bulutman borligi zaminga bogʼliq.

Va senda yashashga koʼp umidvorman,
Duoman betinim yoʼlla samoga.
Senga bogʼlanmoqchun rishtaman, dorman,
Senga keraklik chun keldim dunyoga.

Va sensiz tunlarga tashlama meni,
Tonglarni kiprikda koʼtarib yurdim.
Bir tushman — tushlarda koʼryapman seni,
Bir tushman — bir sening tushingga kirdim.

Va sensiz qolishga undama meni,
Oʼzimdan oʼzimga tikilgan dorman.
Taqdirdan tilanib topganman seni,
Nafasing nafasim boʼlguncha borman…

OKTYaBR

Ichkarida chiqillar soat,
Tashqarida chirqillaydi qush.
Аyvon, yengil shamol, achchiq dard,
Va tamaki tutatar oʼtmish.

Ichkarida chirqillar bir qush,
Tashqarida zuvillaydi vaqt.
Derazangga oʼychan, faromush,
Yetolmasdan qoʼl choʼzar daraxt.

Аyvon, yengil shamol, achchiq dard,
Muhabbatning quriydi labi.
«Bir cheti yirtildi tabassumning «shart»…»*
Oʼttiz besh yil tush koʼrgan kabi.

*Faxriyor satri

* * *

Birinchi qor yoqqungacha behi turar,
Shoxlarida umid oʼsar daraxt- olam.
Tushlarimga kulib kirgan mangu bahor,
Sogʼintirgan kunim qursin sizni, onam.

Faqat erta bahor bora olgan edim,
Behi isi tutib ketgan qizlik xonam.
Javonimga qator- qator behi terib,
Sogʼinchini qishdan olib chiqdi onam.

Dunyosidan menga loyiq joy topmadi,
Faqat yuragida olib yurdi onam.
Qop-qorongʼu kechalarda yostigʼimga,
Toʼkkan yoshim tushlarida koʼrdi onam.

Xayr desam, titrayotgan nafasida,
Oq yoʼl, oppoq fotihalar berdi onam.
Turibman-u oʼttiz beshning yoqasida,
Dunyo degan qirq ming dardga kirdi onam.

SАNChIQ

Uch kecha-kun yoʼl izladi u,
Аvval ruhim sinishin poylab.
Аldab-avrab yaqinlashdiyu,
Yuragimni changalladi dard.

Qovurgʼamda chirt etdi sabr,
Simmilladi xotira yuki.
Oʼgʼri tutgan ochkoʼz boy kabi,
Siqimladi yurakni sevgi.

Chegalangan sopoldek besas,
Qimirlashga qoʼrqyapman hayhot.
Olamanmi yana bir nafas,
Tugamasmi men uchun hayot?

Shu bir lahza dono muallim,
Shu bir lahza eng oliy hakam.
Oʼlsam, meni izlab borar kim,
Ne oʼzgarar agar oʼlmasam?..

***

Osmon manim demasman,
Oy oʼgʼrisi emasman,
Yuragimga yogʼilgan
Bir nurni izlayapman.
Koʼnglim nurdek yoritgan
Kimnidir eslayapman!

Yomgʼir manim demasman,
Bulut tanim demasman,
Tomchi dilim ilitgan
Navoni izlayapman.
Ishqni tanigan sarim
Xudoni eslayapman.

***

Tasodifan, toʼsatdan, tuyqus,
Yoz osmonin yopganday bulut.
Ruhimda boʼy choʼzar-u quyun,
Baland yangrar shovqindan sukut.

Bemahal ham bevaqt, beoʼrin,
Koʼngil uyim sindirib, yoqib.
Kech qolganday or uchun jangga,
Nafaslarim boshlaydi taʼqib.

Bosh egmasdan taqdir, qismatga,
Fosh etmasdan bir koʼngil dardni.
Koʼz yoshingni qayta va qayta,
Yashirmoqchi boʼlasan artib.

Qulayotgan qayin singari,
Koʼksimda dard qisirlay boshlar.
Dilga mayda — mayda koʼz yosh-u,
Koʼzlarimga ulkan ishq botar.

Kuzataman eng soʼnggi vagon,
Poezd ketar: quvonch, sogʼinch, gʼam.
Yuragimdan xotirga koʼchar,
Hozir meni yoʼqotgan odam.

***

Koʼzyoshimda aksini koʼrmay,
Gʼanimlar goh chekkanda afsus.
Men koʼzimni yumib ulgurmay,
Yor oʼzgaga burganida yuz-
Koʼzimda muz, sochlarimda muz…

Mening olov qalbimni tilib,
Hasratlarim sepganida suv.
Chugʼurlaydi yelkamga qoʼnib,
Musichadek beozor qoʼrquv-
Muhabbatni avraydi gʼulu…

Mening metin bardoshim uzra,
Tigʼ koʼtarsa vaqt — oliy hakam.
Soyalarda aksimni chizar,
Oʼzligimga boshlovchi qadam.
Ruhim, sening borliging daldam.

Umidingni uz mendan, armon,
Vahimangni pisand etmayman.
Yolgʼizlikmi? Uning bagʼrida,
Oʼttiz besh yil yetilgan mayman.
Sendan qoʼrq-may-maan…

* * *

(Sharqiy karʼerda)

Yukinadi yelkamga quyosh,
Nigohimga berkinadi nur.
Koʼz oldimda qulagan bardosh,
Tasavvurga sigʼmas tasavvur.

Yurak shunday darz ketsa kerak,
Muhabbatdan boʼshab qolganda.
Samo shunday arz etsa kerak,
Koʼngil koʼnga oʼxshab qolganda.

O, dardmandim, dardingni olay,
Buncha chuqur jarohating, yer?
Shu tuproqning koriga yaray,
Tangrim, menga ulkan yurak ber!..

***

Koʼziga suqilib koʼcha chiroqlar,
Behalovat shahar mizgʼiydi bir pas.
Xayolini olib ketar uzoqlar,
Koʼksini toʼldirib olgani nafas.

Xoʼroz qichqurguncha nozlanar qishloq,
Teraklar shivirlab afsun aytadi.
Shaharni choʼchitib chalib qoʼngʼiroq,
Tun qoʼynini poezd kesib oʼtadi.

Shoʼrlik shahar horib turar uyqudan,
Аchchiq qahva damlab kutar bekatlar.
Qishloqni uygʼotar yozib dasturxon,
Baxt shildirab oqib turgan egatlar.

Qishloq yashayverar qaygʼudan xoli,
Uning shahar bilan zarra ishi yoʼq.
Shahar yigʼlab olar tongda uygʼonib,
Dardlariga yelka tutar kishi yoʼq.

IKKIMIZ

Keling, yuragimizga bahorni keltiramiz,
Tillarga biz sogʼingan izhorni keltiramiz.
Dildan quvib ozorni, xumorni keltiramiz,
Poyimizga ishq degan anhorni keltiramiz.
Shu anhorning boʼyida yalpizlarmiz ikkimiz,
Bu odamzor dunyoda yolgʼizlarmiz ikkimiz!

Keling, osmon boʼlamiz, bahorday yogʼinamiz,
Osmondek oʼylanamiz, quyoshdek boʼylanamiz.
Kundek ishqqa toʼlamiz, tundek ishqqa doʼnamiz.
Nigohin dilga tikkan yulduzlarmiz ikkimiz,
Dunyo unutib qoʼygan chin soʼzlarmiz ikkimiz!

Keling, umid boʼlamiz ohularning koʼziday,
Maysaga ishq tutamiz qizgʼaldoqning yuziday.
Shoirlarning kuziday,
oshiqlarning soʼziday.
Choʼponini izlagan qoʼbizlarmiz ikkimiz,
Аndishaga aylangan boʼgʼizlarmiz ikkimiz!

Keling, ertak boʼlamiz avvali bor, soʼngi yoʼq,
Iforga aylanamiz shamoyili, rangi yoʼq.
Koʼngilga aylanamiz armoni yoʼq, zangi yoʼq,
Xabarga aylanamiz eshitsin zamin-u koʼk,
-Yurakka solganingni, koʼnglida qolganingni,
Ishqida yonganingni,
Bu dunyoda tengi yoʼq!
Bu dunyoda tengi yoʼq!
Koʼkdan koʼngilga yetgan ildizlarmiz ikkimiz,
Bu odamzor dunyoda yolgʼizlarmiz ikkimiz!

DEVOR

Аyblayvermang devorni buncha,
Yuragi tosh qotdi bechora.
Tinch yashang deb tiliga qoʼshib,
Qulogʼin ham yutdi bechora.

Zor emas u hech siringizga,
Nomingiz yoʼq, bagʼrini oʼying.
Dildan soʼzlang bir-biringizga,
Mikrofonni oʼchirib qoʼying.

04

(Tashriflar: umumiy 570, bugungi 1)

3 izoh

  1. Siyohlari sehr bilan to’ldirilgan otashnafas qalam sohibining ijodiga muvaffaqiyat tilayman.

  2. Талабалик даврида танишгандим ижоди билан. Йиллар анча пиширибди…

  3. Awtoryň duýgusyny özüme juda ýakyn gördüm. Nesip bolsa ýakyn wagtlarda käbir goşgularynyň terjimesini türkmen okyjylaryna-da ýetirmegi maksat eedinýärin.

Izoh qoldiring