Asqad Muxtor. Uyqu qochganda. Tundaliklar. Birinchi daftar & Asqad Muxtor. Hujjatli film & Kitoblar

084Устоз адиб Асқад Мухтор таваллудининг 100 йиллиги олдидан

      Атоқли адиб, шоир, файласуф Асқад Мухторнинг сўнгги асари – Тундаликлари жамланган ва «Уйқу қочганда» номи билан 2005 йилда нашр этилган китобчани қайта-қайта мутолаа қиламан. Устоз адиб – дунё ҳикматларини мўъжизалар тарзида туя оладиган ва шунга монанд ифода қила оладиган қаламкаш эди.
Китобчага ёзилган тақдимномада таъкидланганидек, «Тундаликлар – муаллифнинг тунги кечинмалари, фикр-мулоҳазалари маҳсули. Улар ягона ғоявий-фалсафий йўналишга эга эмас, аммо ёзувчининг бедор қалби, уйғоқ тафаккури, туғёнли кечинмалари – барчаси муштарак мўъжизалар – Одам ва Олам бағридаги сир-синоатлардан дарак беради, китобхонни теран хаёлга толдиради.»
Асқад акага жуда яқин бўлмасам-да, ҳар қалай уни яхши билардим. 30 йил давомида гоҳ «Гулистон» журналида,гоҳ ёзувчилар уюшмасида,тўрт-беш бор адиб хонадонида суҳбатдош бўлганман. «Беайб парвардигор» дейдилар. Асқад ака ёшлигида бир–икки хатога йўл қўйган,умрбод шундан азобланар,ўша хатоларини унутишга на виждони,на душманлари йўл қўярди. Бир гал,аниқроғи 1986 йилнинг талотум пайтлари унинг ашаддий ғанимлари — икки атоқли шоир Марказқўм биносидаги зинапояларда туриб мени ўртага олишган, «Асқад Мухтор ундай қилган,бундай қилган,сен шуни биласанми? Нега уни жўраларинг билан қўллаб юрасан!» — дея  роса сиқувга солишган эди. Асқад ака қилган хатолар хусусида батафсил маълумотга эга эмасам–да,билганларимнинг ўзи унинг ўша пайтда номақбул йўл тутганига амин бўлишимга кифоя бўлса–да,бироқ,уни қоралаётган икки машҳур шоирнинг асл мақсади ҳақиқатни ҳимоя қилиш эмаслигини,балки мансаб ҳаваси эканини аниқ-равшан билардим.Билганим учун ҳам ўжарлигим тутиб, «Тўғри,Асқад Мухтор сиз айтгандай 18–19 ёшида хато қилган. Аммо, у кейинги умри давомида адабиётга қилган хизматлари билан ўзини оқлади» – деган эдим.

Дўрмондаги ижод уйидаги чорбоғларнинг бирида 4 йилча яшадим, ижод қилдим. Мен иморати олдида Қрим томонлардан келтирилган ям–яшил қорақарағай юксалиб турган бу чорбоққа шунчаки бориб қолмадим.Унда узоқ йиллар устоз Асқад Мухтор яшагани учун борганман.

Ўн беш–ўн тўрт йилча аввал уюшма раисидан чорбоғ ажратишни сўраганимда, у «Мен билмайман, Амир (Амир ўша пайтдаги ижод боғининг маъмури эди) билади» дегани учун «Куним қора арабга қолдими» деб аразладиму чорбоғ ҳақидаги орзуни четга суриб қўйдим.

Баъзан Дўрмон томонларга (бир йилда бир)  ўтиб қолганимда раҳматли Саид Аҳмад «Ҳа,Соибқирон,ҳалиям аразлаб юрибсанми? Аразинг ўзингга зарар» — дея эркалаб танбеҳ берарди. Саид Аҳмад  мен «Соҳибқирон» сўзини тошкентликларга ўхшаб «Сохибқирон» тарзида айтмасдан «ҳ» билан айтганим, «ҳ» эса юмшаб «и»га қўшилиб кетишига ишора қилиб,менга «Соибқирон» деган лақаб қўйган эди. «Соибқирон, Дўрмон ҳам адабиётдай гап, ёнингда «пушкаларинг» бўлмаса,бу ерга киришинг қийин. Сал юзингни қаттиқ қисанг-чи!» — дерди домла. Домла билан бир ҳафталикми,ўн кунликми,эсимда йўқ,Душанбе сафарида бирга бўлганимиз учун анча яқинлашиб қолган эдик.

Ўша пайтлар Ижод боғида жуда кўп ёзувчиликка мутлақо алоқаси бўлмаган одамлар чорбоғларни эгаллаб олишганди. «Эгаллаб олишганди» дейишим сал нотўғри,аслида пули ёки мансаби бор одамлар деб айтишим керак. Ана шундай пули ё мансаби борлардан ( мен жуда яқин билган) бири Асқад Мухтор яшаган ва шу сабабдан ҳар доим Асқад ака номи билан боғланиб қолган чорбоғни сўраб олган,яширмайман,анча обод қилган,аммо,бир кун ҳам келиб турмаган эди.

Кунлардан бир кун Эркин Аъзам «Асқад аканинг дачасига келмайсизми?» — деб сўраб қолди. Мен «Ҳа,у ерда фалончи ака туради-ку» дедим. Эркин ака «Фалончи ишдан кетди,демак боғдан ҳам кетади,яна биронта бегона одам келмасдан,ўзингиз олсангиз-чи» — деди-да, қўшиб қўйди: «Сиз келсангиз Асқад аканинг руҳи хурсанд бўлади».

Дарҳақиқат,бу ерда яшаб турган мансабдор ( вилоят ҳокими,вазир ўринбосари,ректор) ишдан кетиши билан ижод уйидаги ижара чорбоғидан айриларди. Шу пайтгача уларни «акам»лаб юрган Амир ҳар куни бостириб кириб тиқилинч қилиб тураверарди. Албатта, Амирнинг ўзига қолса-ку,бу ишга журъат қилолмасди. Раҳбари айтгандан кейин шундай қилишдан бошқа чораси йўқ эди. Ижарачи мансабда ўтирган пайтида қилинган қуллуқлар,биргаликда тонггача чўзиладиган «базмижамшидлар» тамом унутилиб, «Қачон кетасиз» жараёни бошланарди.

Бу гап бошланган-да, кузнинг охири эди. Чорбоққа келаси йилнинг эрта баҳорида кўчдим. Ўша йилги қиш жуда қаттиқ келган эди. Қиши билан одам турмаган ва шу сабабдан бирон кун ҳам иситилмаган хоналарнинг аҳволини кўриб,рости,хафа бўлиб кетдим. Қувурлар совуқнинг зўридан ёрилган,деворлар тўкилиб қолган эди. Бир амаллаб,дўстларим ёрдамида хоналарни энгил таъмирдан чиқардим ва яшай бошладим.

Баҳор ўртасидан боғ уйғонди.

Ана ўшанда  Асқад Мухторнинг шеърларини чуқурроқ англай бошлаганимни сезиб қолдим. Хусусан,унинг «Бизнинг боғда» туркумига кирган шеърларини. Боғнинг ўзи бу шеърларни қулоғимга шивирлай бошлади. Ёз,куз,қиш ва баҳор айлангани сайин бу шеърлар қулоғим остида жаранглаб турадиган бўлди.Асқад ака ўз шеърларини қачон ва қандай ҳолатда «топиб» олганини биладиган бўлиб қолдим. Гоҳ ёз тунида сўрида ётганимда ой шуъласи кўзларимни қамаштирганда,гоҳ баҳорда яшнаб турган баргизубларни томоша қилиб турганимда,гоҳ қиш кечаси деразадан қор ёғишини,қорбўрон ўйнашини,гоҳ кузги дарахтларнинг маҳзун турганча хазон тўкишини кузатганимда Асқад Мухторнинг шеърлари ўзидан-ўзи тилимга кела бошларди ва юрагим ёришиб кетгандай бўларди.

Ҳозир мен чорбоғда яшамаяпман.У ердан чиқиб кетганимга бир неча йил бўлди. Аммо.ҳар кун десам,ёлғон бўлади,кунора чорбоғни,Асқад аканинг боғини эслайман…

Хуршид Даврон

Асқад Мухтор
ТУНДАЛИКЛАР
Биринчи дафтар
021

091Асқад Мухтор 1920 йил 23 декабрда Фарғона шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980). Ўрта Осиё университетининг филология факултетини тугатган (1942).
Дастлабки достони — «Бизнинг авлодлар» (1939). «99 миниатюра» (1962), «Шеърлар» (1966), «Сирли нидо» (1984) ва бошқа шеърий тўпламлар муаллифи. «Бўронларда бордек ҳаловат» (1976) қиссаси ҳамда «Давр менинг тақдиримда» (1964), «Чинор» (1969), «Амударё» (1986) каби романлари бор. «Мардлик чўққиси» (1948), «Чин юракдан» (1956), «Дунё болалари» (1962), «Илдизлар», «Жар ёқасидаги чақмоқ» (1984), «Кумуш тола» (1988) цингари асарлари болаларга бағишланган. «Тонг билан учрашув» (1987) песалар тўплами нашр этилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1972). «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1995).
1997 йил 17 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.

021

      Кейинги вақтда – кексалик, хасталик сабаб, жудам камуйқу бўлиб қолдим. Уйқу қочганда бош-кети йўқ, узиқ-юлуқ ўй-хаёл қалашиб келавераркан. Шунда тунчироқ остида турган дафтарга баъзи тасодифий фикрларни ёзиб қўядиган бўлдим.
Дафтаримни “Тундаликлар” деб атадим. Бу “жанр”нинг “кундалик”дан фарқи шуки, унда хронологик тартибдаги воқеалар бўлмайди.
Бу гаплар, бири боғдан, бири тоғдан бўлса ҳам, кимнидир фикри ё саъй-ҳаракатига туртки бўлиши мумкин. Қолаверса, улар муаллифнинг руҳий ҳолатидан дарак, зеро биз ҳаммамиз маънавий оламга ҳамиша қандайдир бир тарзда улуш қўшиб яшаймиз.

Муаллиф

Ортиқча сўздан тилиш тиёлмаган одамнинг жилови шайтон қўлида.
Замахшарийнинг “Навобиғал – калим” асаридан

БИРИНЧИ ДАФТАР

* Ўзингники эмас, ўзгаларнинг нодонлиги ҳам ёзишга ҳалақит беради.

* Китоб – бойлик. Лекин сотиб олгани эмас, ўқилгани.

* Ўйлайманки, Ҳамлет, Фарҳод, Дон Кихот, Обломов сингари образлар инсон хотирасига типик характер эмас, асосан типик муаммо, абадий савол сифатида михланиб қолган.

Чинакам бадиий асар ҳамма вақт жавобсиз саволдир, борди-ю, адиб унда бирор муаммо кўтарган бўлса ҳам, бу – амалда ҳал қилиб бўлмайдиган муаммодир. Агар муаллиф амалда ҳал қилинадиган вазифа қўйса, асосан, очерк ёки мақола бўлади. Ёзувчи эса ташвиқотчи эмас, шоир бўлиши керак.

* Эшик ёпилганда жимликнинг этаги қисилди.

* Лаганбардор бошлиқнинг эриш нуқтасини билади.

* Бу танқидчи мисли жарроҳдек: аввал жиндек мақтов билан ухлатиб, кейин операция қилади.

* Тютчевнинг лирик шеърлари – рус поэзиясининг дурдоналари. Шоир уларни ёзган жойида ташлаб кетавераркан. Қизи ёки хизматкорлари топиб олиб сақлаб қўяр экан. Кўп шоҳсатрлар шундай сақланиб қолган.

* Биз союзда (ёзувчилар уюшмасида.Х.Д.) бир қўлёзмани икки йил қидирдик. Муаллифнинг тазйиқи билан нечаларга хайфсан эълон қилинди, ёзишмаларимиз икки жилд бўлиб ётибди. Икки йилдан кейин мўъжиза юз берди: “дурдона”лар топилди. Ўқидик. Мана, улардан бири:

Ҳуснингни жамоли зор этди,
Ҳар кеча кўзимни хумор этди,
Ишқинг юрагимни тор-мор этди,
Кўз ёшимни сувомбор этди.

* Ёзувчи саёз жойда чўкади.

* Талант ҳақида куюниб гапирганларнинг ҳаммаси ҳам талантли бўлавермайди. Чунки ҳеч ким ўзини талантсизман деб ўйламайди.

* Тошнинг бардоши зўр.

* Кичкина бир яхшилик қилиш учун ҳам одам (балки буюк одам) бўлиш керак; катта ёмонлик қилишга кичик одам ҳам қодир.

* Кичкина бир аҳмоқдан қўрқинг (масалан, у “қизил” тугмачани босиб юбориши мумкин).

* Танқидчи ёш адибни қимматбаҳо фикрларининг олтин ёмбиси билан уриб майиб қилди.

* Адабиёт фан-техника инқилоби даврида ҳам ишонч билан иш кўриш керак. Экзюпери мақтаган самолётлар ҳозир ҳеч нарсага ярамай қолди. Лекин Митти Шаҳзодаси ҳали узоқ яшайди.

* Денгиз, гўё Ерни ҳушига келтирмоқчидек, ҳадеб қирғоққа сув сепарди…

* Одиссей арвоҳларни ўзи билан суҳбатлашишга кўндириш учун уларга ўз қонидан бериб тирилтиради. Ёзувчи тарихий шахслар ҳақида ёзганида шундай қилиши керак.

* “Муз ўчиб қолди!” деди бола сувда эриб кетган муз парчасини кўриб.

* “Биз XII-XIV аср Дашти Қипчоқ (Олтин Ўрда) туркий адабиётини негадир яхши ўрганмаймиз. Ваҳоланки, бу адабиёт (Қутб, Сайфи Саройи, Ҳисом Котиб) соф туркий тил, халқчиллик жиҳатидангина эмас, умуминсоний мундарижаси билан ҳам катта эътиборга лойиқ. Биргина “Жумжума Султон” достонини олинг, Ҳисом Котиб уни Фаридиддин Атторга (“Жумжуманома”) тақлид қилиб ёзган. Замондоши Дантенинг “Илоҳий комедия”си билан таққосласангиз, жуда антиқа фикрларга келасиз. (Масалан, дунёни вертикал ҳолда олиб, яъни ҳамма замонларни бир вақтда жамлаб (хронотоп), абадият учраштириб тасвирлаш…) Бу икки муаллиф бир-бирини билмай туриб, маънан жуда оҳангдош асар ёзганига ҳайрон бўласиз.
Алишер Навоийдан олдинги туркий тилга қулоқ солинг:

Чун ки келдинг дунёя – кетмоқ керак,
Бор кунинг етганча хайр этмоқ керак!

Ҳисом Котиб

Сўнгакка иликдур, эранга билик,
Биликсиз эран ул – сўнгак беилик.

Адиб Аҳмад, XII аср

(Дарвоқе, “Илоҳий комедия”сининг мотивлари Ал-Мааррийдан буён давом этиб келади).

* Товус – пенсиядаги афсона.

* Ёзувчи ёлғонни тўқийди-ю, ҳақиқатни ёзади.

* Шамол шамни ўчиради. Шунга ўхшаб, айрилиқ ҳам шунчаки хушторликни совитиши мумкин, чин муҳаббатни эса ўт олдиради.

* Ҳақиқат – худодир: уни ҳамма билади-ю, ўзини ҳеч ким кўрмаган.

* Ўзимизда бўлган туйғуларни яшириш қийинми ёки ўзимизда бўлмаган туйғуларни ифодалашми? Шукур Бурхон менинг бу саволимга шундай деб жавоб берган эди: иккаласига ҳам артистизм керак.

* Бахт – бойликда, десангиз, ҳамма бахтсиз. Чунки ақллига кўп нарса керак эмас, аҳмоқ эса барибир тўймайди.

* Агар айб фақат бир томондагина бўлса, урушлар узоқ давом этмас эди.

* Ёзувчи машинкаси ясама тишларини кўрсатиб тиржаяди…

* Реал Александр Македонский – Искандар бор. Афсонавий Искандар Зулқарнайн бор, уни улуғлаб пайғамбар даражасига кўтардилар (Хусрав, Жомий, Навоий, Тожиддин Аҳмадий… ўнлаб “Искандарнома”ларда). Бу – ўрта асрларга хос нарса. Менимча, Темурни биз бундай қилишимиз керак эмас.

* Шоир бўлиш яхши, шоирлик даъво қилиш ёмон.

* Икки маҳбус қамоқхона панжарасидан ташқарига қараб тураркан, бири ахлат уюмини кўрибди, бири – юлдузларни…

* Даҳолар ўз касблари доирасидан чиқиб кетадилар. Фалончи – шоир, фалончи – олим, аммо Навоий – Навоийдир, Эйнштейн – Эйнштейн.

* Милтиқ ҳар отганда ўзи сесканиб орқага тисарилади.

* Олма нега қизаради? Балки, Одам Атонинг Момо Ҳаво қулоғига шивирлаган гапларини эслаётгандир?..

* Қалам сўзнинг соясини чизади.

* Ўзбек халқининг номини Ўзбекхон исми билан боғлашади. Ўзбекхон ўзи қаердан келиб чиққан?
Менимча, бу сўзнинг (демак, халқ номининг ҳам) тарихи анча узоқ. 721 йилда туркий қабилаларнинг қурултойи бўлган. Шунда Билга хоқон ўз нутқини бундай сўзлар билан бошлайди: “Эй, турк ўғиз беклари!” “Ўғиз” у вақтда “қабила” маъносида ишлатилган. Демак, “Ўғиз беги” – қабила бошлиғи деган сўз. Ўғиз беклари замонида элнинг анча имтиёзли бир қатлами бўлган. Ўзбеклар туркийларнинг ана шу қатламига мансуб табақадан келиб чиққан, деган фаразим бор.
(Асқад аканинг ушбу фикри менинг «Самарқанд хаёли» китобидаги мулоҳазаларимга ўхшаб кетиши ҳақида ёзганман. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин. Хуршид Даврон)

* Сонет – шеъриятнинг олифта камзули.

* Асал – уруғликдир, гўшт – қотиллик, сут – бузоқнинг ҳақи… Ё Оллоҳ, гуноҳларимиздан кечармикансан?!

* Тун шафақнинг тасмасини кесди…

* Бойликни бойлик қилган – ўзимиз. Агар унга бунчалик сиғинмасак, у бир тийинга арзимас эди.

— Танқидга қалайсиз? – деб сўради мухбир.
— Фақат қоғоз гул ёмғирдан қўрқади, — деб жавоб берди адиб.
— Сенга театр ёқадими киноми? – деди мухбир.
— Сизга одам ёқадими ё унинг сояси? – деди адиб.
— …Баъзи одамлар бўладики, ўзидан сояси тузук, — деб ҳaзил қилди мухбир ҳам.
Кулдилар.

* Ҳар хил экстрасенсу азайимхонларнинг айби йўқ: улар алдангиси келганларни алдайди.

* Илгари мен абстракт санъатни тушунмас ва ҳазм қилолмас эдим. Инсон самога учиб, космос даври бошлангач, бу санъатга қизиқиб қолдим. Абстракт санъат Космос образининг эстетик ибтидоси бўлсамикин?

* Сизиф афсонасини биласиз, “абадий харсанг”ни ҳам биласиз.
Менинг авлодим ўша харсангни 70 йил давомида “чўққи”да юмалатди.
Ичимда нола бор. Гоҳо шу нолани эшитиб, Максим Горькийнинг гапи эсимга тушади. Ундан “Аҳволингиз қалай?” деб сўраганларида “Максимально горько!” деб жавоб берган экан.

* Мих болғадан қочиб қутуламан деб, тахтага кириб кетди.

* Садриддин Мақсудий (Сорбонна дорилфунунини битирган Истанбул дорилфунунинг профессори) “Ўрта Осиё турк давлатлари”, “Қутадғу билиг”, “Турк тарихи”, “Форобийнинг ҳуқуқ фалсафаси” деган асарлар ёзган. Топиш керак эди. қизи ҳаёт экан, Одила (Аида) деган. Йирик дипломат. Анқарада. Шундан сўралса, балки отасининг китобларини топиб берарди. Бир уруниш керак.
Садриддин Мақсудий Русия думасида нутқ сўзлаб, русларнинг Қўқонда йигирмата мусулмон мактабини ёпганини, Тошкентда Мунавварқорини таъқиб қилишганини, Олмаотада, Ўшда, Наманганда мусулмон зиёлилари сиқувга олинганини рўй-рост гапиради. (Бу нутқ “Вақт” газетасида босилган).
Яна топиш керак бўлган нарсалар мана булар:
Ҳусайн Файизхонов (Маржонийнинг шогирди) 1862 йилда татар мактаблари учун дарслик чиқарди. Унда Навоийинг “Мажолисун-нафоис” тазкирасидан парча бор.
Абдулаълам Файизхонов (укаси) 1891 йилда Абулғозихоннинг “Шажарайи турк” асарини нашр қилдиради. Бу олим ҳам Маржонийнинг қўлида ўқиган, унинг таклифи билан беш йил Ўрта Осиёда яшаб, ўзбек тилини ўрганган (араб, форс, рус, француз тилларини биларди). “Калила ва Димна” ҳамда “Тўтинома”ни татарчага таржима қилган.
Зоҳир (эҳтимол Зокирдир) Бегиевнинг укаси Мусо Беги 1907 йилда Ал-Мааррийнинг “Лузумият” асарини таржима қилиб бостирган.
Шарқшунос Ризо Фахриддиннинг (1939 йилда вафот этган) Абу Али ибн Сино, ибн Баттута, Фузулий ҳақидаги китобларини топиш керак.

* Туркий “Искандарнома”нинг муаллифи Тожиддин Аҳмадий (XIV аср) Амир Темур билан кўришгандан кейин Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарини турк тилига таржима қилган экан. Бу – Соҳибқирон сиймосига яна бир чизги.

* Рассом қўлида палитра. Гўё учмоқчи-ю, лекин қаноти биттагина.

* Оҳангдорлиги билангина эмас, мазмунан ҳам қофиядош сўзлар кўп: тош-дош, оҳанг-жаранг, замон-ёмон…

* Авваллари яшаш учун ёздим, энди ёзиш учун яшамоқдаман.

* Бой бўлиш учун кўп нарсани қурбон қилиш керак: ҳаловат, саломатлик, гоҳо балки виждонни ҳам… Йўқ, меним бунга қурбим келмайди, мен унчалик бадавлат эмасман.

* Биз атеист ҳам эмасмиз, художўй ҳам эмасмиз. Биз шунчаки ялқовмиз: худонинг бор ёки йўқлиги ҳақида астойдил ўйлашга эринамиз.

* Инсон – табиат боласи, боланинг гуноҳидан кечиш мумкин.

* Араб алифбоси тиллардаги талаффуз ўзгачаликларини йўққа чиқаради, дейди А.Боровков. Демак, бу алифбо туркий халқларни бирлаштириб турарди. Уларни ажратиб ташлаш учун алифбони ўзгартиришдан ҳам қулай сиёсат бормиди?

* Хотин кишини қимматбаҳо мўйналарга ўрасанг – совимайди.

* Океан орқали телефон алоқаси ўрнатилди, энди одамлар бемалол гаплашади.
Бунга бобо деди:
— Уларнинг нима орқали гаплашишининг аҳамияти йўқ, нима ҳақда гаплашишади – шуни айтинг.

* Баҳорнинг оқ хушбўйи.

* Ҳаёт шундай ажойиб мўъжизаки, ўлим унинг эвазига берилган арзимас бождир.

* Ишламаган тишламайди, дерди амалдор. Ўзи эса ҳамон тишларди. Чунки унинг иши шу.

* Чернобилдан кейин одамзот ўзи қилиб қўйган ишлардан бир чўчиб, орқага тисарилди. Орқада эса – спиритуализм (хурофот, миллий сектантлик, экстрасенс, кашпировскийлар…)
Лекин ҳали Янги луддитлар (машинабузарлар) чиққанича йўқ, ялпиларгина (художўй технократлар) пайдо бўлибди. Бу ғайритабиий гуруҳ хиппилардан келиб чиқмадимикан?

* Одам маст бўлса, бир ухлаб тургач, ҳушига келади, аҳмоқ эса – асло. Борди-ю, одам ҳам аҳмоқ, ҳам маст бўлса-чи?

* Меҳмон яхши-да! Келганида бир хурсанд бўласиз, кетганида – яна.

* Атеизм? Бу нима ўзи? Айниқса, буни фан деб ҳисобловчиларга сира тушунмайман. Бу фақат сунъий ё ёлғон фан бўлиши мумкин. Менимча, худосиз инсон бўлиши маҳол, чунки худо – сирдир. Дунёда сир борки, худо ҳам бор. Сирсиз олам эса абадул-абад бўлмаса керак.
Сир – номаълумлик – ғайб…
Қуръони карим, ғайбга ишонинг, деган чақириқдан бошланади.
Олам сирли, одам художўй.

* Ҳурматни у бойлик ё сармоя деб билади чоғи, қарзга бергандай улашади.

* Меҳнатни роҳатга айлантиришни хаёл қилар эдик, роҳат меҳнатга айланди.

* Ўргимчак шамолдан нимадир тикяпти…

* Юрак қони билан ёзган одам узун ёзолмайди.

* Мумтоз бадиий образлар кўп қаватли, яъни чуқурроқ ўйлаганингиз сари янги-янги маънолар касб этгувчи бўлади. Рассом Рембрантнинг “Гумроҳ ўғилнинг қайтиб келиши” деган асарини биласиз, албатта. Тағин бир эсланг…
Бир қарашда, бу – шахсий тақдир: уйдан қочган бола экан, эсини йиғиб олгач, отасининг олдига қайтиб келибди, ўз уйим – ўлан тўшагим-да, дейсиз.
Яна бир ўйлаб қарасангиз, жами инсон болаларининг қисмати шундай: ёшлигида кўп уринади, адашади, хатолар қилади, тавбасига таянади, қуйилади, “от айланиб қозиғини топади”да, тинчийди.
Яна чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз, бу – халқлар тақдирига ҳам хос. Мана, биз. Инқилоблар қилдик, қонлар тўкдик, кишилик қонунларини буздик, шариатга қарши бордик. Пешонамиз тақ этиб деворга текканда жон тинчлиги – иймон эсимизга тушди. Қуйила бошладик, ўзлигимизни топгандаймиз. Аслимизга (уйимизга) қайтмоқдамиз…

* Қовоқари – чўғ, тегиб бўлмайди.

* Истеъдодсиз шуҳратпараст жуда тубан ва шафқатсиз бўлади.

* Таржимондан аниқлик талаб қилманг. У чизмакаш эмас, рассом!

* Кимнингдир ёзганига офарин, кимнингдир ёзмагани учун раҳмат.

* Бу дунёнинг чалкашликлари… Петрарка куйлаган гўзал Лаура, неча авлодлар қалбида муҳаббат тимсоли бўлиб яшаётган маркиза Лаура қаёқда-ю, жирканч ёвузлик – садизмнинг асосчиси маркиз де Сад қаёқда!
Улар эса (зиё ва зулмат) яқин қариндош бўлган.

* Рус ерларини талаб пайҳон қилган, бош чаноқларидан тоғлар ясаган… Ё раб! Бу сиймони авлодлар қулоғига қуйилган бундай туҳматлардан мосуво қилиш, аслига қайтариш учун тарихимиз саҳифаларига тез-тез кўз солишимиз керак эмасми?!
Мана, шу саҳифалардан бири:
“Амир Темур Кама дарёсини кечиб, Маласда тўхтади… Навкарлари қирғоқдаги овулларга жойлашдилар. Кун совуқ, қор қалин, йўллар лой, юриш мушкул эди.
Зай дарёсининг қуйи оқими Байрашхон тасарруфида эди. Темур шу хонга мактуб йўллади, яъни қорли-қировли кунларни шу ерда ўтказсам, деб.
Байрашхон жавоб қилдики, “Султон Амир Темур, бош устига, биз хизматингизга доим шаймиз. Тангри ризқимизни берса, сиз жанобга жону молимиз қурбон”.
Байрашхон дарё ёқасидаги тепаликда бир қаср солдира бошлаган эди. Шу тайёр бўлгач, Амир Темурни таклиф қилди. Ўзининг хос соқчилари қуршовида келган меҳмонни хон асъаса билан кутиб олди.
— Содиқ қулингиз сиз учун ушбу қасрни иншон этдим, кўнгилларига хуш келса, марҳабо, қабул қилғайлар.
Амирга қаср жуда ёқди. Байрашхонга хазинасидан мўл-кўл совға ва сарпо буюрди. Шу ерда қишлаб қолди. Бухородан келиб қазо қилган уламо Мулла Ҳофиз қабрини зиёрат қилди. Минзала водийсининг беги Мустафохон саройида меҳмон бўлди.
Қорлар кетганда йўлга отланди. Байрашхон уни Ийқ дарёси бўйига, Туғошхон мулкигача кузатиб қўйди. Амир Темур Самарқанд сари йўл олди”. (Ҳисомиддин Булғорий (XVI аср). “Таворихи Булғор” асаридан).

* Талант диалектик моҳиятини очади; ўртамиёналик эклектика даражасида қолади.

* “Мен камтарман” деган одамни камтар экан деб ўйламанг.

* Ҳар бир Шахс – мустаснодир.

* У адабий баҳс ва муҳокамаларга сара фикрларини қимматбаҳо тақинчоқлардай тақиб, кўз-кўз қилгани келарди.

* Ёлғон ўзи унча хавфли эмас, унинг ҳақиқатга ўхшаб кетиши хавфли.

* Дара тинч. Бу ерда ҳамма нарса секин-аста: тонг аста ёришади, олам тўфондан қалқиб чиқаётгандай, тун зулматидан аста кўтарилади. Бу жойларда Ернинг айланишини тасаввур қилиш мумкин эмас.
Бу ерларга Коперникнинг ўзи келиб қолса ҳам гапидан воз кечарди, вооллоҳ!

* Ушалмайдиган орзу яхши, унинг айби ҳам йўқ, жавобгарлиги ҳам йўқ, дилингни аллалаб яшайверади. Аммо ушаладиган орзулар кўпинча алам билан тугайди. Сен доҳиёна шоир бўлолмасанг, бу – бир нав, ўтар-кетар… лекин кўнгил қўйганинг қўшни қиз эрга чиқиб кетса, бир умр куясан.

* Бизни танқидчилар қўрққанимиз учун эмас, кўпинча дадиллигимиз учун уришди.

* Яхши ният – пештоқ эмас.

* Б.ни қатъиятли, принципиал одам, дер эдилар. Аслида, у бир нарса ҳақида икки марта ўйлаш қобилиятидан маҳрум эди, холос.

* Табиат – яхшилик ва гўзалликнинг бевосита ифодаси.

* Бир қолипдаги (типовой) иморатлар, бир қолипдаги шаҳарлар худди шундай бир қолипдаги одамлар ва бир қолипдаги фикрловчиларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради.

* Деҳқон меҳнати ҳаётнинг илоҳий ақидаси.

* Унинг шоир бўлиши учун фақат бирорта камчилик етишмасди.

* Одамлар сени билмаса ҳам, сен одамларни бил.

* Фақат классика мунозарасиз қабул қилинади. Биз эса классик эмасмиз. Бизнинг асарларимиз қаршиликка учраши, баҳс қўзғаши керак.

* Францияда, Виши шаҳри яқинида Лапалисс деган жанобнинг қабри бор. У ҳаётлигида ҳаммага маълум ҳақиқатларни гапириб одамларни безор қилиш билан машҳур бўлган экан. Қабр тошига шундай деб ёзибдилар: “Вафотидан бир дақиқа олдин тирик эди”.
Баъзи бировларга шундай эпитафия таклиф қиламан: “Вафотидан анча олдин ўлган эди”.

* Бир эсипаст гавҳарни денгизга улоқтиради, кейин уни мингта доно излаб топа олмайди.

* Қадимда бир донишманд айтган экан: “Мен вақтнинг нима эканини биламан. Аммо “Вақт нима?” деб сўрасалар, айтолмайман”.
Назаримда, шеърият ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. у бениҳоя, у битмас-туганмас.У ўзи рад этган одамгина уни рад этади.

* У ўз сўзига ўзи хўжайин бугун беради, эртасига қайтиб олади.

* Аҳмоқ аҳмоқлигини билмай ўлиб кетади, чунки буни ҳеч ким унинг юзига айтмайди.

* Қурумсоқ тежамкорга исрофгардан бегонароқдир.

* Эрталаб туриб нималарни кўраман? Ана кўзгу – ёруғлик ва кристалларнинг сирли ўйини… Қаердадир тутун уйғониб, қўли билан шамол келган томонни кўрсатаяпти…
Дунё катта, мўъжизаларга чулғанган: чинорларнинг мардлиги, гулларнинг архитектураси… Ўсимликларда ижодкор шарбат ёғду босқичларидан кўтарилади, ерга яшиллик пуркайди.
— Ҳой танобчи ариқлар! Тоққа неча чақирим қолди? Улар нима қиляпти?
— Осмон тубида қорамтир биқинларини ювяпти!

* Шоир учун асосий иш – кўнгил кўзи билан кўриш; қоғозга тушириш эса – касб.

* Вақт инсон ҳукмида эмас. У – Оллоҳнинг мулки. Шунинг учун судхўрлик (қарз бериб, фоизи эвазига кун кўриш) ҳаромдир. Зеро, судхўр вақтни (ўзига тегишли бўлмаган нарсани) сотади.

* Баъзи ёшлар, биз Тўфоннинг эртасига пайдо бўлганмиз, деб ўйлашади, чамамда. Ваҳоланки, ҳамма ота-онадан туғилади.

* Асл ҳурмат беғараздир. Акс ҳолда, амалдорлар бизни нега ҳурмат қиладилар…

* Ёлғончининг ёлғончилиги – унинг энг енгил гуноҳидир.

* Мўъжизакор келиб, “Мана бу – ҳақиқат, мана бу – уни излаш имконияти, қайсинисини оласан?” деса, мен кейингисини олардим. Тайёр ҳақиқат ташаббусни ўлдиради, умуман, ҳаётнинг маъносини йўқотади. (“Тўғри йўлни партия кўрсатади, уни излаш сенинг ишинг эмас”, дейиларди. Ўша вақтлар “Излаш бахти” шеърим “қайтган”. Кейинги йилларда бостирдим).

* Худо инсонни бир умр бахт излаш азоби билан жазолаган.

* Унинг “кўтарилиши” ҳам, “йиқилиши” ҳам ақллилик балоси эди.

* Бизнинг авлодда замонадан қочганлар қутулди.

* Овидий “ёлғизлик бахти”ни мақтаган. Буюк шоир кечирсин, мен учун ёлғизликда кўрган ҳузур-ҳаловатнинг алами оғир.

*Киши ҳаёти — эркинликнинг синовларидан иборат, одам ҳақиқатни эркин синовларидан ўтиб топади.Менинг эрким — менинг шахсимнинг ички ижодий кучи: мен рўпарамда пайдо бўлган тайёр яхшилик ё ёмонлик йўлини танламайман. Яхшилик ё ёмонликни мен ўзим яратаман, бу – менинг эрким. Акс ҳолда шахс камолоти йўқ. Ҳақиқат – менинг машаққатли маънавий ютуғим: у эрким синовларида қўлга киритилади. Менга биров томонидан тақиштирилган тайёр ҳақиқат эмас.

* Ўлимдан бир умр қўрқамиз, у эса бир келади. Қайси бири ёмон?

* Баъзилар ҳақида яхши гапирсанг, лаганбардор бўласан, ёмон гапириш – хавфли.

* Қариликдан қўрқма, унга ҳали етиш керак.

* Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди.

* Унинг ҳаёти энди кузги япроқлар билан безалган эди.

* Агар биз тарихимиз қанчалик улуғ, маънввий меросимиз қанчалик бой, қадриятларимиз нақадар чексиз эканини яхши билганимизда эди… Флобернинг “Ҳақиқат лексикони”да бир гап бор: “Агар от ўзида қанча куч борлигини билганида, тушовлаб қўйишларига эрк бермас эди”.
Энди юган солиб етаклаб кета олмас, лекин барибир ўтмишни астойдил ўрганиш,билиш керак.

* Уни ҳамма талантли ёзувчи деб ҳисоблар эди. Лекин бу тасаввурни ўзи бузиб қўйди: ўзи ҳам шундай деб ҳисоблар экан.

* Худо, ҳақиқат, шеърият, бахт, муҳаббат, вақт, нариги дунё… борди-ю, буларнинг нима эканини билсак, ҳаётимиз қандай бўларди? Билмайман. Фақат шуни биламанки, дин, адабиёт, орзу-хаёл бутунлай бўлмасди…

* Ёшлик қайтиб келмайди. Лекин гўё ёшлик қайтиб келгандагидек, мўъжзавий бир ҳиссиётни кўп бор бошимдан кечирганман. Бундай ҳиссиёт кўнгилда ва хаёлда янги роман ёки қисса туғила бошлаган чоғларда вужудимни қамрар эди.
Аммо китобни ёзиб тугатгунча яна қарийсиз. Ва уни илон пўст ташлагандай ташлаб, орқада қолдириб, янгисига интиласиз. Бу пойга, бу янгиланиш, ёшлик кетидан қувишга ўхшаган бу изланиш бениҳоядир. Бу ижодий қанотланиш аслида ҳақиқий борлиқни излаш бўлса керак.

* Физикада оқибат сабабга тенг. Аҳлоқда ҳам шундай.

* Истеъдод нималигини, таркибий қисмларини билмайман-у, тасаввур салоҳияти унинг энг муҳим жиҳати эканига аминман. Биз қаҳрамонларимизни уларнинг ҳаракат ва вазиятларини аввал тасаввур этамиз, кейин тасвирлаймиз. Жюль Верн ўзи кўрмаган шаҳарларни, масофаларни, ўлкаларни тасвирлаган, унинг бу тасвирлари ҳақиқатга яқин; Жонатан Свифт Марснинг йўлдошларини улар кашф қилинишидан 150 йил олдин тасвирлаган, Беруний Америка қитъасининг борлигини Колумбдан 450 йил аввал тахминлаган. Тасаввур салоҳияти адиб истеъдодини фан билан яқинлаштиради.

* “Вақт ўтяпти!” деймиз сал ҳазинлик билан. Бу гапни инсон ўзини овутиш учун ўйлаб топган. Аслида биз ўзимиз ўтяпмиз…

Саҳифани тайёрлашда яқиндан ёрдам берган Нодира Юнусовага самимий миннатдорчилгимни билдираман.

 

Ustoz adib Asqad Muxtor tavalludining 100 yilligi oldidan

Atoqli adib, shoir, faylasuf Asqad Muxtorning so’nggi asari – Tundaliklari jamlangan va «Uyqu qochganda» nomi bilan 2005 yilda nashr etilgan kitobchani qayta-qayta mutolaa qilaman. Ustoz adib – dunyo hikmatlarini mo»jizalar tarzida tuya oladigan va shunga monand ifoda qila oladigan qalamkash edi. Kitobchaga yozilgan taqdimnomada ta’kidlanganidek, «Tundaliklar – muallifning tungi kechinmalari, fikr-mulohazalari mahsuli. Ular yagona g’oyaviy-falsafiy yo’nalishga ega emas, ammo yozuvchining bedor qalbi, uyg’oq tafakkuri, tug’yonli kechinmalari – barchasi mushtarak mo»jizalar – Odam va Olam bag’ridagi sir-sinoatlardan darak beradi, kitobxonni teran xayolga toldiradi.»
Asqad akaga juda yaqin bo’lmasam-da, har qalay uni yaxshi bilardim. 30 yil davomida goh «Guliston» jurnalida,goh yozuvchilar uyushmasida,to’rt-besh bor adib xonadonida suhbatdosh bo’lganman. «Beayb parvardigor» deydilar. Asqad aka yoshligida bir–ikki xatoga yo’l qo’ygan,umrbod shundan azoblanar,o’sha xatolarini unutishga na vijdoni,na dushmanlari yo’l qo’yardi. Bir gal,aniqrog’i 1986 yilning talotum paytlari uning ashaddiy g’animlari — ikki atoqli shoir Markazqo’m binosidagi zinapoyalarda turib meni o’rtaga olishgan, «Asqad Muxtor unday qilgan,bunday qilgan,sen shuni bilasanmi? Nega uni jo’ralaring bilan qo’llab yurasan!» — deya rosa siquvga solishgan edi. Asqad aka qilgan xatolar xususida batafsil ma’lumotga ega emasam–da,bilganlarimning o’zi uning o’sha paytda nomaqbul yo’l tutganiga amin bo’lishimga kifoya bo’lsa–da,biroq,uni qoralayotgan ikki mashhur shoirning asl maqsadi haqiqatni himoya qilish emasligini,balki mansab havasi ekanini aniq-ravshan bilardim.Bilganim uchun ham o’jarligim tutib, «To’g’ri,Asqad Muxtor siz aytganday 18–19 yoshida xato qilgan. Ammo, u keyingi umri davomida adabiyotga qilgan xizmatlari bilan o’zini oqladi» – degan edim.

Do’rmondagi ijod uyidagi chorbog’larning birida 4 yilcha yashadim, ijod qildim. Men imorati oldida Qrim tomonlardan keltirilgan yam–yashil qoraqarag’ay yuksalib turgan bu chorboqqa shunchaki borib qolmadim.Unda uzoq yillar ustoz Asqad Muxtor yashagani uchun borganman.

O’n besh–o’n to’rt yilcha avval uyushma raisidan chorbog’ ajratishni so’raganimda, u «Men bilmayman, Amir (Amir o’sha paytdagi ijod bog’ining ma’muri edi) biladi» degani uchun «Kunim qora arabga qoldimi» deb arazladimu chorbog’ haqidagi orzuni chetga surib qo’ydim.

Ba’zan Do’rmon tomonlarga (bir yilda bir) o’tib qolganimda rahmatli Said Ahmad «Ha,Soibqiron,haliyam arazlab yuribsanmi? Arazing o’zingga zarar» — deya erkalab tanbeh berardi. Said Ahmad men «Sohibqiron» so’zini toshkentliklarga o’xshab «Soxibqiron» tarzida aytmasdan «h» bilan aytganim, «h» esa yumshab «i»ga qo’shilib ketishiga ishora qilib,menga «Soibqiron» degan laqab qo’ygan edi. «Soibqiron, Do’rmon ham adabiyotday gap, yoningda «pushkalaring» bo’lmasa,bu yerga kirishing qiyin. Sal yuzingni qattiq qisang-chi!» — derdi domla. Domla bilan bir haftalikmi,o’n kunlikmi,esimda yo’q,Dushanbe safarida birga bo’lganimiz uchun ancha yaqinlashib qolgan edik.

O’sha paytlar Ijod bog’ida juda ko’p yozuvchilikka mutlaqo aloqasi bo’lmagan odamlar chorbog’larni egallab olishgandi. «Egallab olishgandi» deyishim sal noto’g’ri,aslida puli yoki mansabi bor odamlar deb aytishim kerak. Ana shunday puli yo mansabi borlardan ( men juda yaqin bilgan) biri Asqad Muxtor yashagan va shu sababdan har doim Asqad aka nomi bilan bog’lanib qolgan chorbog’ni so’rab olgan,yashirmayman,ancha obod qilgan,ammo,bir kun ham kelib turmagan edi.

Kunlardan bir kun Erkin A’zam «Asqad akaning dachasiga kelmaysizmi?» — deb so’rab qoldi. Men «Ha,u yerda falonchi aka turadi-ku» dedim. Erkin aka «Falonchi ishdan ketdi,demak bog’dan ham ketadi,yana bironta begona odam kelmasdan,o’zingiz olsangiz-chi» — dedi-da, qo’shib qo’ydi: «Siz kelsangiz Asqad akaning ruhi xursand bo’ladi».

Darhaqiqat,bu yerda yashab turgan mansabdor ( viloyat hokimi,vazir o’rinbosari,rektor) ishdan ketishi bilan ijod uyidagi ijara chorbog’idan ayrilardi. Shu paytgacha ularni «akam»lab yurgan Amir har kuni bostirib kirib tiqilinch qilib turaverardi. Albatta, Amirning o’ziga qolsa-ku,bu ishga jur’at qilolmasdi. Rahbari aytgandan keyin shunday qilishdan boshqa chorasi yo’q edi. Ijarachi mansabda o’tirgan paytida qilingan qulluqlar,birgalikda tonggacha cho’ziladigan «bazmijamshidlar» tamom unutilib, «Qachon ketasiz» jarayoni boshlanardi.

Bu gap boshlangan-da, kuzning oxiri edi. Chorboqqa kelasi yilning erta bahorida ko’chdim. O’sha yilgi qish juda qattiq kelgan edi. Qishi bilan odam turmagan va shu sababdan biron kun ham isitilmagan xonalarning ahvolini ko’rib,rosti,xafa bo’lib ketdim. Quvurlar sovuqning zo’ridan yorilgan,devorlar to’kilib qolgan edi. Bir amallab,do’stlarim yordamida xonalarni engil ta’mirdan chiqardim va yashay boshladim.

Bahor o’rtasidan bog’ uyg’ondi.

Ana o’shanda Asqad Muxtorning she’rlarini chuqurroq anglay boshlaganimni sezib qoldim. Xususan,uning «Bizning bog’da» turkumiga kirgan she’rlarini. Bog’ning o’zi bu she’rlarni qulog’imga shivirlay boshladi. Yoz,kuz,qish va bahor aylangani sayin bu she’rlar qulog’im ostida jaranglab turadigan bo’ldi.Asqad aka o’z she’rlarini qachon va qanday holatda «topib» olganini biladigan bo’lib qoldim. Goh yoz tunida so’rida yotganimda oy shu’lasi ko’zlarimni qamashtirganda,goh bahorda yashnab turgan bargizublarni tomosha qilib turganimda,goh qish kechasi derazadan qor yog’ishini,qorbo’ron o’ynashini,goh kuzgi daraxtlarning mahzun turgancha xazon to’kishini kuzatganimda Asqad Muxtorning she’rlari o’zidan-o’zi tilimga kela boshlardi va yuragim yorishib ketganday bo’lardi.

Hozir men chorbog’da yashamayapman.U yerdan chiqib ketganimga bir necha yil bo’ldi. Ammo.har kun desam,yolg’on bo’ladi,kunora chorbog’ni,Asqad akaning bog’ini eslayman…

Xurshid Davron

2012

Asqad Muxtor
TUNDALIKLAR
Birinchi daftar
021

07Keyingi vaqtda – keksalik, xastalik sabab, judam kamuyqu bo’lib qoldim. Uyqu qochganda bosh-keti yo’q, uziq-yuluq o’y-xayol qalashib kelaverarkan. Shunda tunchiroq ostida turgan daftarga ba’zi tasodifiy fikrlarni yozib qo’yadigan bo’ldim.
Daftarimni “Tundaliklar” deb atadim. Bu “janr”ning “kundalik”dan farqi shuki, unda xronologik tartibdagi voqealar bo’lmaydi.
Bu gaplar, biri bog’dan, biri tog’dan bo’lsa ham, kimnidir fikri yo sa’y-harakatiga turtki bo’lishi mumkin. Qolaversa, ular muallifning ruhiy holatidan darak, zero biz hammamiz ma’naviy olamga hamisha qandaydir bir tarzda ulush qo’shib yashaymiz.

Muallif

Ortiqcha so’zdan tilish tiyolmagan odamning jilovi shayton qo’lida.
Zamaхshariyning “Navobig’al – kalim” asaridan

BIRINCHI DAFTAR

* O’zingniki emas, o’zgalarning nodonligi ham yozishga halaqit beradi.

* Kitob – boylik. Lekin sotib olgani emas, o’qilgani.

* O’ylaymanki, Hamlet, Farhod, Don Kixot, Oblomov singari obrazlar inson xotirasiga tipik xarakter emas, asosan tipik muammo, abadiy savol sifatida mixlanib qolgan.

Chinakam badiiy asar hamma vaqt javobsiz savoldir, bordi-yu, adib unda biror muammo ko’targan bo’lsa ham, bu – amalda hal qilib bo’lmaydigan muammodir. Agar muallif amalda hal qilinadigan vazifa qo’ysa, asosan, ocherk yoki maqola bo’ladi. Yozuvchi esa tashviqotchi emas, shoir bo’lishi kerak.

* Eshik yopilganda jimlikning etagi qisildi.

* Laganbardor boshliqning erish nuqtasini biladi.

* Bu tanqidchi misli jarrohdek: avval jindek maqtov bilan uxlatib, keyin operatsiya qiladi.

* Tyutchevning lirik she’rlari – rus poeziyasining durdonalari. Shoir ularni yozgan joyida tashlab ketaverarkan. Qizi yoki xizmatkorlari topib olib saqlab qo’yar ekan. Ko’p shohsatrlar shunday saqlanib qolgan.

* Biz soyuzda (yozuvchilar uyushmasida.X.D.) bir qo’lyozmani ikki yil qidirdik. Muallifning tazyiqi bilan nechalarga xayfsan e’lon qilindi, yozishmalarimiz ikki jild bo’lib yotibdi. Ikki
yildan keyin mo»jiza yuz berdi: “durdona”lar topildi. O’qidik. Mana, ulardan biri:

Husningni jamoli zor etdi,
Har kecha ko’zimni xumor etdi,
Ishqing yuragimni tor-mor etdi,
Ko’z yoshimni suvombor etdi.

* Yozuvchi sayoz joyda cho’kadi.

* Talant haqida kuyunib gapirganlarning hammasi ham talantli bo’lavermaydi. Chunki hech kim o’zini talantsizman deb o’ylamaydi.

* Toshning bardoshi zo’r.

* Kichkina bir yaxshilik qilish uchun ham odam (balki buyuk odam) bo’lish kerak; katta yomonlik qilishga kichik odam ham qodir.

* Kichkina bir ahmoqdan qo’rqing (masalan, u “qizil” tugmachani bosib yuborishi mumkin).

* Tanqidchi yosh adibni qimmatbaho fikrlarining oltin yombisi bilan urib mayib qildi.

* Adabiyot fan-texnika inqilobi davrida ham ishonch bilan ish ko’rish kerak. Ekzyuperi maqtagan samolyotlar hozir hech narsaga yaramay qoldi. Lekin Mitti Shahzodasi hali uzoq yashaydi.

* Dengiz, go’yo Yerni hushiga keltirmoqchidek, hadeb qirg’oqqa suv separdi…

* Odissey arvohlarni o’zi bilan suhbatlashishga ko’ndirish uchun ularga o’z qonidan berib tiriltiradi. Yozuvchi tarixiy shaxslar haqida yozganida shunday qilishi kerak.

* “Muz o’chib qoldi!” dedi bola suvda erib ketgan muz parchasini ko’rib.

* “Biz XII-XIV asr Dashti Qipchoq (Oltin O’rda) turkiy adabiyotini negadir yaxshi o’rganmaymiz. Vaholanki, bu adabiyot (Qutb, Sayfi Saroyi, Hisom Kotib) sof turkiy til, xalqchillik jihatidangina emas, umuminsoniy mundarijasi bilan ham katta e’tiborga loyiq. Birgina “Jumjuma Sulton” dostonini oling, Hisom Kotib uni Farididdin Attorga (“Jumjumanoma”) taqlid qilib yozgan. Zamondoshi Dantening “Ilohiy komediya”si bilan taqqoslasangiz, juda antiqa fikrlarga kelasiz. (Masalan, dunyoni vertikal holda olib, ya’ni hamma zamonlarni bir vaqtda jamlab (xronotop), abadiyat uchrashtirib tasvirlash…) Bu ikki muallif bir-birini bilmay turib, ma’nan juda ohangdosh asar yozganiga hayron bo’lasiz.
Alisher Navoiydan oldingi turkiy tilga quloq soling:

Chun ki kelding dunyoya – ketmoq kerak,
Bor kuning yetgancha xayr etmoq kerak!

Hisom Kotib

So’ngakka ilikdur, eranga bilik,
Biliksiz eran ul – so’ngak beilik.

Adib Ahmad, XII asr

(Darvoqe, “Ilohiy komediya”sining motivlari Al-Maarriydan buyon davom etib keladi).

* Tovus – pensiyadagi afsona.

* Yozuvchi yolg’onni to’qiydi-yu, haqiqatni yozadi.

* Shamol shamni o’chiradi. Shunga o’xshab, ayriliq ham shunchaki xushtorlikni sovitishi mumkin, chin muhabbatni esa o’t oldiradi.

* Haqiqat – xudodir: uni hamma biladi-yu, o’zini hech kim ko’rmagan.

* O’zimizda bo’lgan tuyg’ularni yashirish qiyinmi yoki o’zimizda bo’lmagan tuyg’ularni ifodalashmi? Shukur Burxon mening bu savolimga shunday deb javob bergan edi: ikkalasiga ham artistizm kerak.

* Baxt – boylikda, desangiz, hamma baxtsiz. Chunki aqlliga ko’p narsa kerak emas, ahmoq esa baribir to’ymaydi.

* Agar ayb faqat bir tomondagina bo’lsa, urushlar uzoq davom etmas edi.

* Yozuvchi mashinkasi yasama tishlarini ko’rsatib tirjayadi…

* Real Aleksandr Makedonskiy – Iskandar bor. Afsonaviy Iskandar Zulqarnayn bor, uni ulug’lab payg’ambar darajasiga ko’tardilar (Xusrav, Jomiy, Navoiy, Tojiddin Ahmadiy… o’nlab “Iskandarnoma”larda). Bu – o’rta asrlarga xos narsa. Menimcha, Temurni biz bunday qilishimiz kerak emas.

* Shoir bo’lish yaxshi, shoirlik da’vo qilish yomon.

* Ikki mahbus qamoqxona panjarasidan tashqariga qarab turarkan, biri axlat uyumini ko’ribdi, biri – yulduzlarni…

* Daholar o’z kasblari doirasidan chiqib ketadilar. Falonchi – shoir, falonchi – olim, ammo Navoiy – Navoiydir, Eynshteyn – Eynshteyn.

* Miltiq har otganda o’zi seskanib orqaga tisariladi.

* Olma nega qizaradi? Balki, Odam Atoning Momo Havo qulog’iga shivirlagan gaplarini eslayotgandir?..

* Qalam so’zning soyasini chizadi.

* O’zbek xalqining nomini O’zbekxon ismi bilan bog’lashadi. O’zbekxon o’zi qaerdan kelib chiqqan?
Menimcha, bu so’zning (demak, xalq nomining ham) tarixi ancha uzoq. 721 yilda turkiy qabilalarning qurultoyi bo’lgan. Shunda Bilga xoqon o’z nutqini bunday so’zlar bilan boshlaydi: “Ey, turk o’g’iz beklari!” “O’g’iz” u vaqtda “qabila” ma’nosida ishlatilgan. Demak, “O’g’iz begi” – qabila boshlig’i degan so’z. O’g’iz beklari zamonida elning ancha imtiyozli bir qatlami bo’lgan. O’zbeklar turkiylarning ana shu qatlamiga mansub tabaqadan kelib chiqqan, degan farazim bor.
(Asqad akaning ushbu fikri mening «Samarqand xayoli» kitobidagi mulohazalarimga o’xshab ketishi haqida yozganman. Uni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin. Xurshid Davron)

* Sonet – she’riyatning olifta kamzuli.

* Asal – urug’likdir, go’sht – qotillik, sut – buzoqning haqi… YO Olloh, gunohlarimizdan kecharmikansan?!

* Tun shafaqning tasmasini kesdi…

* Boylikni boylik qilgan – o’zimiz. Agar unga bunchalik sig’inmasak, u bir tiyinga arzimas edi.

— Tanqidga qalaysiz? – deb so’radi muxbir.
— Faqat qog’oz gul yomg’irdan qo’rqadi, — deb javob berdi adib.
— Senga teatr yoqadimi kinomi? – dedi muxbir.
— Sizga odam yoqadimi yo uning soyasi? – dedi adib.
— …Ba’zi odamlar bo’ladiki, o’zidan soyasi tuzuk, — deb hazil qildi muxbir ham.
Kuldilar.

* Har xil ekstrasensu azayimxonlarning aybi yo’q: ular aldangisi kelganlarni aldaydi.

* Ilgari men abstrakt san’atni tushunmas va hazm qilolmas edim. Inson samoga uchib, kosmos davri boshlangach, bu san’atga qiziqib qoldim. Abstrakt san’at Kosmos obrazining estetik ibtidosi bo’lsamikin?

* Sizif afsonasini bilasiz, “abadiy xarsang”ni ham bilasiz.
Mening avlodim o’sha xarsangni 70 yil davomida “cho’qqi”da yumalatdi.
Ichimda nola bor. Goho shu nolani eshitib, Maksim Gor`kiyning gapi esimga tushadi. Undan “Ahvolingiz qalay?” deb so’raganlarida “Maksimal`no gor`ko!” deb javob bergan ekan.

* Mix bolg’adan qochib qutulaman deb, taxtaga kirib ketdi.

* Sadriddin Maqsudiy (Sorbonna dorilfununini bitirgan Istanbul dorilfununing professori) “O’rta Osiyo turk davlatlari”, “Qutadg’u bilig”, “Turk tarixi”, “Forobiyning huquq falsafasi” degan asarlar yozgan. Topish kerak edi. qizi hayot ekan, Odila (Aida) degan. Yirik diplomat. Anqarada. Shundan so’ralsa, balki otasining kitoblarini topib berardi. Bir urunish kerak.
Sadriddin Maqsudiy Rusiya dumasida nutq so’zlab, ruslarning Qo’qonda yigirmata musulmon maktabini yopganini, Toshkentda Munavvarqorini ta’qib qilishganini, Olmaotada, O’shda, Namanganda musulmon ziyolilari siquvga olinganini ro’y-rost gapiradi. (Bu nutq “Vaqt” gazetasida bosilgan).

Yana topish kerak bo’lgan narsalar mana bular:
Husayn Fayizxonov (Marjoniyning shogirdi) 1862 yilda tatar maktablari uchun darslik chiqardi. Unda Navoiying “Majolisun-nafois” tazkirasidan parcha bor.
Abdula’lam Fayizxonov (ukasi) 1891 yilda Abulg’ozixonning “Shajarayi turk” asarini nashr qildiradi. Bu olim ham Marjoniyning qo’lida o’qigan, uning taklifi bilan besh yil O’rta Osiyoda yashab, o’zbek tilini o’rgangan (arab, fors, rus, frantsuz tillarini bilardi). “Kalila va Dimna” hamda “To’tinoma”ni tatarchaga tarjima qilgan.
Zohir (ehtimol Zokirdir) Begievning ukasi Muso Begi 1907 yilda Al-Maarriyning “Luzumiyat” asarini tarjima qilib bostirgan.
Sharqshunos Rizo Faxriddinning (1939 yilda vafot etgan) Abu Ali ibn Sino, ibn Battuta, Fuzuliy haqidagi kitoblarini topish kerak.

* Turkiy “Iskandarnoma”ning muallifi Tojiddin Ahmadiy (XIV asr) Amir Temur bilan ko’rishgandan keyin Ibn Sinoning “Tib qonunlari” asarini turk tiliga tarjima qilgan ekan. Bu – Sohibqiron siymosiga yana bir chizgi.

* Rassom qo’lida palitra. Go’yo uchmoqchi-yu, lekin qanoti bittagina.

* Ohangdorligi bilangina emas, mazmunan ham qofiyadosh so’zlar ko’p: tosh-dosh, ohang-jarang, zamon-yomon…

* Avvallari yashash uchun yozdim, endi yozish uchun yashamoqdaman.

* Boy bo’lish uchun ko’p narsani qurbon qilish kerak: halovat, salomatlik, goho balki vijdonni ham… Yo’q, menim bunga qurbim kelmaydi, men unchalik badavlat emasman.

* Biz ateist ham emasmiz, xudojo’y ham emasmiz. Biz shunchaki yalqovmiz: xudoning bor yoki yo’qligi haqida astoydil o’ylashga erinamiz.

* Inson – tabiat bolasi, bolaning gunohidan kechish mumkin.

* Arab alifbosi tillardagi talaffuz o’zgachaliklarini yo’qqa chiqaradi, deydi A.Borovkov. Demak, bu alifbo turkiy xalqlarni birlashtirib turardi. Ularni ajratib tashlash uchun alifboni o’zgartirishdan ham qulay siyosat bormidi?

* Xotin kishini qimmatbaho mo’ynalarga o’rasang – sovimaydi.

* Okean orqali telefon aloqasi o’rnatildi, endi odamlar bemalol gaplashadi.
Bunga bobo dedi:
— Ularning nima orqali gaplashishining ahamiyati yo’q, nima haqda gaplashishadi – shuni ayting.

* Bahorning oq xushbo’yi.

* Hayot shunday ajoyib mo»jizaki, o’lim uning evaziga berilgan arzimas bojdir.

* Ishlamagan tishlamaydi, derdi amaldor. O’zi esa hamon tishlardi. Chunki uning ishi shu.

* Chernobildan keyin odamzot o’zi qilib qo’ygan ishlardan bir cho’chib, orqaga tisarildi. Orqada esa – spiritualizm (xurofot, milliy sektantlik, ekstrasens, kashpirovskiylar…)
Lekin hali Yangi ludditlar (mashinabuzarlar) chiqqanicha yo’q, yalpilargina (xudojo’y texnokratlar) paydo bo’libdi. Bu g’ayritabiiy guruh xippilardan kelib chiqmadimikan?

* Odam mast bo’lsa, bir uxlab turgach, hushiga keladi, ahmoq esa – aslo. Bordi-yu, odam ham ahmoq, ham mast bo’lsa-chi?

* Mehmon yaxshi-da! Kelganida bir xursand bo’lasiz, ketganida – yana.

* Ateizm? Bu nima o’zi? Ayniqsa, buni fan deb hisoblovchilarga sira tushunmayman. Bu faqat sun’iy yo yolg’on fan bo’lishi mumkin. Menimcha, xudosiz inson bo’lishi mahol, chunki xudo – sirdir. Dunyoda sir borki, xudo ham bor. Sirsiz olam esa abadul-abad bo’lmasa kerak.
Sir – noma’lumlik – g’ayb…
Qur’oni karim, g’aybga ishoning, degan chaqiriqdan boshlanadi.
Olam sirli, odam xudojo’y.

* Hurmatni u boylik yo sarmoya deb biladi chog’i, qarzga berganday ulashadi.

* Mehnatni rohatga aylantirishni xayol qilar edik, rohat mehnatga aylandi.

* O’rgimchak shamoldan nimadir tikyapti…

* Yurak qoni bilan yozgan odam uzun yozolmaydi.

* Mumtoz badiiy obrazlar ko’p qavatli, ya’ni chuqurroq o’ylaganingiz sari yangi-yangi ma’nolar kasb etguvchi bo’ladi. Rassom Rembrantning “Gumroh o’g’ilning qaytib kelishi” degan asarini bilasiz, albatta. Tag’in bir eslang…
Bir qarashda, bu – shaxsiy taqdir: uydan qochgan bola ekan, esini yig’ib olgach, otasining oldiga qaytib kelibdi, o’z uyim – o’lan to’shagim-da, deysiz.
Yana bir o’ylab qarasangiz, jami inson bolalarining qismati shunday: yoshligida ko’p urinadi, adashadi, xatolar qiladi, tavbasiga tayanadi, quyiladi, “ot aylanib qozig’ini topadi”da, tinchiydi.
Yana chuqurroq o’ylab ko’rsangiz, bu – xalqlar taqdiriga ham xos. Mana, biz. Inqiloblar qildik, qonlar to’kdik, kishilik qonunlarini buzdik, shariatga qarshi bordik. Peshonamiz taq etib devorga tekkanda jon tinchligi – iymon esimizga tushdi. Quyila boshladik, o’zligimizni topgandaymiz. Aslimizga (uyimizga) qaytmoqdamiz…

* Qovoqari – cho’g’, tegib bo’lmaydi.

* Iste’dodsiz shuhratparast juda tuban va shafqatsiz bo’ladi.

* Tarjimondan aniqlik talab qilmang. U chizmakash emas, rassom!

* Kimningdir yozganiga ofarin, kimningdir yozmagani uchun rahmat.

* Bu dunyoning chalkashliklari… Petrarka kuylagan go’zal Laura, necha avlodlar qalbida muhabbat timsoli bo’lib yashayotgan markiza Laura qayoqda-yu, jirkanch yovuzlik – sadizmning asoschisi markiz de Sad qayoqda!
Ular esa (ziyo va zulmat) yaqin qarindosh bo’lgan.

* Rus yerlarini talab payhon qilgan, bosh chanoqlaridan tog’lar yasagan… YO rab! Bu siymoni avlodlar qulog’iga quyilgan bunday tuhmatlardan mosuvo qilish, asliga qaytarish uchun tariximiz sahifalariga tez-tez ko’z solishimiz kerak emasmi?!
Mana, shu sahifalardan biri:
“Amir Temur Kama daryosini kechib, Malasda to’xtadi… Navkarlari qirg’oqdagi ovullarga joylashdilar. Kun sovuq, qor qalin, yo’llar loy, yurish mushkul edi.
Zay daryosining quyi oqimi Bayrashxon tasarrufida edi. Temur shu xonga maktub yo’lladi, ya’ni qorli-qirovli kunlarni shu yerda o’tkazsam, deb.
Bayrashxon javob qildiki, “Sulton Amir Temur, bosh ustiga, biz xizmatingizga doim shaymiz. Tangri rizqimizni bersa, siz janobga jonu molimiz qurbon”.
Bayrashxon daryo yoqasidagi tepalikda bir qasr soldira boshlagan edi. Shu tayyor bo’lgach, Amir Temurni taklif qildi. O’zining xos soqchilari qurshovida kelgan mehmonni xon as’asa bilan kutib oldi.
— Sodiq qulingiz siz uchun ushbu qasrni inshon etdim, ko’ngillariga xush kelsa, marhabo, qabul qilg’aylar.
Amirga qasr juda yoqdi. Bayrashxonga xazinasidan mo’l-ko’l sovg’a va sarpo buyurdi. Shu yerda qishlab qoldi. Buxorodan kelib qazo qilgan ulamo Mulla Hofiz qabrini ziyorat qildi. Minzala vodiysining begi Mustafoxon saroyida mehmon bo’ldi.
Qorlar ketganda yo’lga otlandi. Bayrashxon uni Iyq daryosi bo’yiga, Tug’oshxon mulkigacha kuzatib qo’ydi. Amir Temur Samarqand sari yo’l oldi”. (Hisomiddin Bulg’oriy (XVI asr). “Tavorixi Bulg’or” asaridan).

* Talant dialektik mohiyatini ochadi; o’rtamiyonalik eklektika darajasida qoladi.

* “Men kamtarman” degan odamni kamtar ekan deb o’ylamang.

* Har bir Shaxs – mustasnodir.

* U adabiy bahs va muhokamalarga sara fikrlarini qimmatbaho taqinchoqlarday taqib, ko’z-ko’z qilgani kelardi.

* Yolg’on o’zi uncha xavfli emas, uning haqiqatga o’xshab ketishi xavfli.

* Dara tinch. Bu yerda hamma narsa sekin-asta: tong asta yorishadi, olam to’fondan qalqib chiqayotganday, tun zulmatidan asta ko’tariladi. Bu joylarda Yerning aylanishini tasavvur qilish mumkin emas.
Bu yerlarga Kopernikning o’zi kelib qolsa ham gapidan voz kechardi, voolloh!

* Ushalmaydigan orzu yaxshi, uning aybi ham yo’q, javobgarligi ham yo’q, dilingni allalab yashayveradi. Ammo ushaladigan orzular ko’pincha alam bilan tugaydi. Sen dohiyona shoir bo’lolmasang, bu – bir nav, o’tar-ketar… lekin ko’ngil qo’yganing qo’shni qiz erga chiqib ketsa, bir umr kuyasan.

* Bizni tanqidchilar qo’rqqanimiz uchun emas, ko’pincha dadilligimiz uchun urishdi.

* Yaxshi niyat – peshtoq emas.

* B.ni qat’iyatli, printsipial odam, der edilar. Aslida, u bir narsa haqida ikki marta o’ylash qobiliyatidan mahrum edi, xolos.

* Tabiat – yaxshilik va go’zallikning bevosita ifodasi.

* Bir qolipdagi (tipovoy) imoratlar, bir qolipdagi shaharlar xuddi shunday bir qolipdagi odamlar va bir qolipdagi fikrlovchilarning paydo bo’lishiga yordam beradi.

* Dehqon mehnati hayotning ilohiy aqidasi.

* Uning shoir bo’lishi uchun faqat birorta kamchilik yetishmasdi.

* Odamlar seni bilmasa ham, sen odamlarni bil.

* Faqat klassika munozarasiz qabul qilinadi. Biz esa klassik emasmiz. Bizning asarlarimiz qarshilikka uchrashi, bahs qo’zg’ashi kerak.

* Frantsiyada, Vishi shahri yaqinida Lapaliss degan janobning qabri bor. U hayotligida hammaga ma’lum haqiqatlarni gapirib odamlarni bezor qilish bilan mashhur bo’lgan ekan. Qabr toshiga shunday deb yozibdilar: “Vafotidan bir daqiqa oldin tirik edi”.
Ba’zi birovlarga shunday epitafiya taklif qilaman: “Vafotidan ancha oldin o’lgan edi”.

* Bir esipast gavharni dengizga uloqtiradi, keyin uni mingta dono izlab topa olmaydi.

* Qadimda bir donishmand aytgan ekan: “Men vaqtning nima ekanini bilaman. Ammo “Vaqt nima?” deb so’rasalar, aytolmayman”.
Nazarimda, she’riyat haqida ham xuddi shuni aytish mumkin. u benihoya, u bitmas-tuganmas.U o’zi rad etgan odamgina uni rad etadi.

* U o’z so’ziga o’zi xo’jayin bugun beradi, ertasiga qaytib oladi.

* Ahmoq ahmoqligini bilmay o’lib ketadi, chunki buni hech kim uning yuziga aytmaydi.

* Qurumsoq tejamkorga isrofgardan begonaroqdir.

* Ertalab turib nimalarni ko’raman? Ana ko’zgu – yorug’lik va kristallarning sirli o’yini… Qaerdadir tutun uyg’onib, qo’li bilan shamol kelgan tomonni ko’rsatayapti…
Dunyo katta, mo»jizalarga chulg’angan: chinorlarning mardligi, gullarning arxitekturasi… O’simliklarda ijodkor sharbat yog’du bosqichlaridan ko’tariladi, yerga yashillik purkaydi.
— Hoy tanobchi ariqlar! Toqqa necha chaqirim qoldi? Ular nima qilyapti?
— Osmon tubida qoramtir biqinlarini yuvyapti!

* Shoir uchun asosiy ish – ko’ngil ko’zi bilan ko’rish; qog’ozga tushirish esa – kasb.

* Vaqt inson hukmida emas. U – Ollohning mulki. Shuning uchun sudxo’rlik (qarz berib, foizi evaziga kun ko’rish) haromdir. Zero, sudxo’r vaqtni (o’ziga tegishli bo’lmagan narsani) sotadi.

* Ba’zi yoshlar, biz To’fonning ertasiga paydo bo’lganmiz, deb o’ylashadi, chamamda. Vaholanki, hamma ota-onadan tug’iladi.

* Asl hurmat beg’arazdir. Aks holda, amaldorlar bizni nega hurmat qiladilar…

* Yolg’onchining yolg’onchiligi – uning eng yengil gunohidir.

* Mo»jizakor kelib, “Mana bu – haqiqat, mana bu – uni izlash imkoniyati, qaysinisini olasan?” desa, men keyingisini olardim. Tayyor haqiqat tashabbusni o’ldiradi, umuman, hayotning ma’nosini yo’qotadi. (“To’g’ri yo’lni partiya ko’rsatadi, uni izlash sening ishing emas”, deyilardi. O’sha vaqtlar “Izlash baxti” she’rim “qaytgan”. Keyingi yillarda bostirdim).

* Xudo insonni bir umr baxt izlash azobi bilan jazolagan.

* Uning “ko’tarilishi” ham, “yiqilishi” ham aqllilik balosi edi.

* Bizning avlodda zamonadan qochganlar qutuldi.

* Ovidiy “yolg’izlik baxti”ni maqtagan. Buyuk shoir kechirsin, men uchun yolg’izlikda ko’rgan huzur-halovatning alami og’ir.

*Kishi hayoti — erkinlikning sinovlaridan iborat, odam haqiqatni erkin sinovlaridan o’tib topadi.Mening erkim — mening shaxsimning ichki ijodiy kuchi: men ro’paramda paydo bo’lgan tayyor yaxshilik yo yomonlik yo’lini tanlamayman. Yaxshilik yo yomonlikni men o’zim yarataman, bu – mening erkim. Aks holda shaxs kamoloti yo’q. Haqiqat – mening mashaqqatli ma’naviy yutug’im: u erkim sinovlarida qo’lga kiritiladi. Menga birov tomonidan taqishtirilgan tayyor haqiqat emas.

* O’limdan bir umr qo’rqamiz, u esa bir keladi. Qaysi biri yomon?

* Ba’zilar haqida yaxshi gapirsang, laganbardor bo’lasan, yomon gapirish – xavfli.

* Qarilikdan qo’rqma, unga hali yetish kerak.

* Shunday yillarni ko’rdikki, baxtli bo’lish uyat edi.

* Uning hayoti endi kuzgi yaproqlar bilan bezalgan edi.

* Agar biz tariximiz qanchalik ulug’, ma’nvviy merosimiz qanchalik boy, qadriyatlarimiz naqadar cheksiz ekanini yaxshi bilganimizda edi… Floberning “Haqiqat leksikoni”da bir gap bor: “Agar ot o’zida qancha kuch borligini bilganida, tushovlab qo’yishlariga erk bermas edi”.
Endi yugan solib yetaklab keta olmas, lekin baribir o’tmishni astoydil o’rganish,bilish kerak.

* Uni hamma talantli yozuvchi deb hisoblar edi. Lekin bu tasavvurni o’zi buzib qo’ydi: o’zi ham shunday deb hisoblar ekan.

* Xudo, haqiqat, she’riyat, baxt, muhabbat, vaqt, narigi dunyo… bordi-yu, bularning nima ekanini bilsak, hayotimiz qanday bo’lardi? Bilmayman. Faqat shuni bilamanki, din, adabiyot, orzu-xayol butunlay bo’lmasdi…

* Yoshlik qaytib kelmaydi. Lekin go’yo yoshlik qaytib kelgandagidek, mo»jzaviy bir hissiyotni ko’p bor boshimdan kechirganman. Bunday hissiyot ko’ngilda va xayolda yangi roman yoki qissa tug’ila
boshlagan chog’larda vujudimni qamrar edi.

Ammo kitobni yozib tugatguncha yana qariysiz. Va uni ilon po’st tashlaganday tashlab, orqada qoldirib, yangisiga intilasiz. Bu poyga, bu yangilanish, yoshlik ketidan quvishga o’xshagan bu izlanish benihoyadir. Bu ijodiy qanotlanish aslida haqiqiy borliqni izlash bo’lsa kerak.

* Fizikada oqibat sababga teng. Ahloqda ham shunday.

* Iste’dod nimaligini, tarkibiy qismlarini bilmayman-u, tasavvur salohiyati uning eng muhim jihati ekaniga aminman. Biz qahramonlarimizni ularning harakat va vaziyatlarini avval tasavvur etamiz, keyin tasvirlaymiz. Jyul` Vern o’zi ko’rmagan shaharlarni, masofalarni, o’lkalarni tasvirlagan, uning bu tasvirlari haqiqatga yaqin; Jonatan Svift Marsning yo’ldoshlarini ular kashf qilinishidan 150 yil oldin tasvirlagan, Beruniy Amerika qit’asining borligini Kolumbdan 450 yil avval taxminlagan. Tasavvur salohiyati adib iste’dodini fan bilan yaqinlashtiradi.

* “Vaqt o’tyapti!” deymiz sal hazinlik bilan. Bu gapni inson o’zini ovutish uchun o’ylab topgan. Aslida biz o’zimiz o’tyapmiz…

04

022     Asqad Muxtor 1920 yil 23 dekabrda Farg’ona shahrida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1980). O’rta Osiyo universitetining filologiya fakultetini tugatgan (1942).
Dastlabki dostoni — «Bizning avlodlar» (1939). «99 miniatyura» (1962), «She’rlar» (1966), «Sirli nido» (1984) va boshqa she’riy to’plamlar muallifi. «Bo’ronlarda bordek halovat» (1976) qissasi hamda «Davr mening taqdirimda» (1964), «Chinor» (1969), «Amudaryo» (1986) kabi romanlari bor. «Mardlik cho’qqisi» (1948), «Chin yurakdan» (1956), «Dunyo bolalari» (1962), «Ildizlar», «Jar yoqasidagi chaqmoq» (1984), «Kumush tola» (1988) singari asarlari bolalarga bag’ishlangan. «Tong bilan uchrashuv» (1987) pesalar to’plami nashr etilgan. Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1972). «Do’stlik» ordeni bilan mukofotlangan (1995).
1997 yil 17 aprelda Toshkent shahrida vafot etgan.

Sahifani tayyorlashda yaqindan yordam bergan Nodira Yunusovaga samimiy minnatdorchilgimni bildiraman.


022

(Tashriflar: umumiy 12 918, bugungi 2)

3 izoh

  1. Rostdan ham ustoz Xurshid Davron eslab o’tganlaridek,yosh ijodkorlar dadil qadamlar tashlaydigan, S.Ahmad aytganlari kabi ijod «pushkalari» bilan Do’rmonni o’qqa tutishlari kerak onlar keldi. Axir Adabiyot xonalari cheklangan uy emaski, to’lib qoldi, ellik yilgacha band deb aytib bo’lsa!

  2. Ajoyib. Judayam. «Tundaliklar» ni qidirib, o’qiganim uchunmi, mazza qilib o’qidim…

  3. Assalomu aleykum menga asar juda yoqdi. Bu asarda garchi voqealar ketma-ketligi tuwunarsiz bo’lsa Ham lekin juda tasirli. Qisqa qisqa hikoyalarga oxshash tundaliklar orqali butun bir boshli hayotdan bahramand bo’lasan kishi. Eng yoqqani esa birinchi daftardagi muallif so’zi

Izoh qoldiring