Zulxumor Orifjonova. Yangi she’rlar

021 Зулхумор Орифжонова шеърларини илк бор кутубхонамизда тақдим этганда бир оғиз гап ёзгандим: Зулхуморнинг шеърлари билан танишгач, (унинг шеърларини тавсия қилган) Жонтемирнинг адашмаганига ишондим. Шоира қизимнинг шеърларидаги кайфият, айниқса қўллаган нотабиий қофиялари мени қувонтирди. Бу шеърларни ўқиганимдан кўнглим юксалди…» Бугунги шеърларини ўқиганимдаям шундай қувондим.

Хуршид Даврон

Зулхумор ОРИФЖОНОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


 911  Зулхумор Орифжонова 1997-йил 21-октябрда Андижон вилояти Марҳамат туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаган. Ёзувчилар Уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” лойиҳасида “Соғинч сувратлари” публицистик мақолалар тўплами нашр этилган. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг Олий адабиёт курси тингловчиси .


“Уйғоқ тушлар” туркумидан

I

Қайда эдим,
билмайсанми?
Кўзгуларга қараб туриб,
неча аср ўтганини англолмадим.
Жимлигини елкасида кўтарганча,
неча йўллар ўтганини тан олмади,
бу кузгача…
Қай кунларни яшаб ўтдик,
қай тунларда тушларимиз уйғоқ қолди,
Ё бизгача
бу тупроқда кимдир эркни туйганмиди –
йиллар толди…
Ёритмаса энди қуёш
қароларга бўялган бу борлиғингни,
Кўксингни оч, ҳеч йўқ ўтмиш изларидан,
сезиб турса о, кимлардир борлигингни,
борлигимни!

II

Елкам узра улкан тоғлар ўсаверди,
Суянганим улар бўлди қачон десанг.
“тўрт қарич ер,
тўртта девор –
кўзингга сурт, булар бари
сенинг учун ватан”, десанг,
Ўз дунёмни денгизларга улоқтирдим…

III

…Қайда эдим,
билмайсанми?
Мен билганим пешонамга
остонангни босиб ўтмоқ чизилмаган.
Ахир мен ҳам аёл эдим,
бош қўймоққа маскан излаб,
совуқ еган оёқларим изиллаган.
Тушимда ҳам
тунларимни
оққа ўраб яшаб ўтдим.
Аммо бу кун бир ҳовуч сув тутолмадинг
ўчирмоққа вужудимни ёққан ўтни…

қайда эдинг?..

***

Мен йўлнинг бошида,
кафтимда
бўғизланган гулнинг япроқлари жонсиз.
Дунё ҳам бу кеча афтидан,
уфқларга қадар томонсиз.

Тўхтаган хаттоки қўлимда соат,
на юлдузга қараб, на ойга ёлвориб,
билолмам нечани кўрсатмоқда вақт.

Боғларда эгила бошлайди шохлар,
Мен эса
тортилган дорлардан, узундан узун,
йиғаман танасиз ўзимни ўзим.

Ўнгимни тушимда сойларга айтиб
Қайтсам… дарёга айланиб –
ўзанларга солмоқ кимнинг истаги?
О, йўлим томонсиз, бори имкон деб,
Минг йилки ўзимга қанот изладим.

Изладим,
топмоқлик илинжи билан,
оҳанглар оқизиб кетган йўлларни.
Таскиним, ўшанда руҳимни ҳеч йўқ,
тутиб қололмасди сенинг қўлларинг. . .

***

Тун қай томон оғиб борар,
тонг қадарми
шом қадарми?..
Кўкка боқсам юлдузлари кўринмасу,
Аммо нурлар оқиб борар…
Қаршимдаги ё хатарми?
Кўзларимни узолмадим уфқлардан –
шарқу ғарбнинг манглайига қон югурар.
Мудраётган йилларини уйғотолмай
бир ўлканинг боши узра
асрларки
тонг югурар.
О, бир тонгки,
сувлар босди келаётган йўлларини,
шамоллардан боғлар бир-бир қулайверди.
. . . Остонангга етолмаган нурларини
ичга ютиб,
кўкда қуёш нурайверди.
Нима десам уйғонасан тушларингдан,
Нима десам ўнгланади жавобларинг?
Парчаланган кўзгуларга кўзим тушган,
асролмадим…
Совурганча ҳаволарни,
еллар келди тўрт томондан.
Йўллар қайга оғиб борар,
Пешонамга битилган бу саратонда
Юрагимга бир ёмғирлар ёғиб борар…

О, бир тонгки,
тунлар тўсди келаётган йўлларини…

август.

***

Бўм бўш кўчаларда
шамоллар кезинар,
майсалар унар,
ёввойи гулларнинг очилар чиройи.
Хаёлан узооққа отланиб,
Сен севган тушуниксиз тилда
бошлайман хиргойи.

Уфқлар томонга кўзларим тиксам,
Майсалар лабига қадасам ёшлар,
Муаллақ дунёнинг бир чеккасида,
Менинг деразамни пойлайди қушлар.

О, маъсум қушлар ҳам кўзёшларини,
ҳовучимга тўкар, ҳеч йўқ шу билан,
тушларим ювилиб ўтар сув билан…

…Бўм бўш кўчаларда,
Қонлар кечиб келар
беаёв шомлар,
ғамгин сояларни тўшаган кўкнинг
кенгликлари аро тағин кимгадир,
бир нафаслик ҳаво қилади йўқлик.

Бу гал очилмаган намозшомгуллар,
Пойига йиқилар бирма бир туннинг.
Кимлардир янгидан эртаклар айтар,
Кимлардир янгидан бошлайди кунни. . .

Мен эса,
гардларин ювганча деразаларнинг,
сен севган тушуниксиз тилда,
бошлайман хиргойи,
Барини унутиб ҳеч йўқ шу билан,
бахтли кўра олсак эди дунёни. . .

август.

***

Эсимда,
бу фаслнинг кўп эди туҳфаси,
Қўлларимга хатто осмонни тутди,
Аммо уфқларнинг қошида туриб,
ненидир унутдим. . .

Эсимда
боғларнинг шивирларидан
ўзимни
йиқилган япроқлар бағрига отдим
Шу тоб умримдаги ҳеч ким сезмаган,
ненидир йўқотдим. . .

Соябонсиз эдим,
бизни билмасга
ноаёнмиз дедим,
кўнглим кўнмади.
О, фаслим, сен кетгач боғларда қайта,
яшиллик унмади.

Мовий туманларда қолдим адашиб,
Фақат билганим шу,
тушларим кемтик.
Ва энди ҳар кеча, ҳар тун қошида,
суратин чизаман қаноциз эркнинг. . .

ненидир унутдим.

(хиргойи)

Минг йилдирки,
мен тушда яшадим.
Денгизлар елкамдан тошиб ўтдилар,
Кунларим тунимга қочиб ўтдилар…

Ва туйқус уйғондим –
(асли кўзларимга инмаган уйқу)
О, тилсиз уйғондим,
Кимнингдир юзида ўйнади кулгу.

…Сенинг изларингдан эргашганим рост,
Рангларни атадим сен кўрган хилда.
Аммо йилдан йилга, кунлардан кунга,
бу умрим бироз,
оғирдай..

Ахир айт,
ким эдинг?
Мен сендан кеча олмадим,
Ва ё кетолмадим, енгдими қўрқув?
О, нега қошимда турибсан мағрур
Хатто бўғзимгача тўлганида сув?

Суув…
қара, пешонамни ювди тўлқинлар,
Мен эса ўйлардим, тупроқ майдалаб:
умримнинг ўтови бу кўча, бу уй,
сен эса тинмайсан
уйғонган тушларим аллалаб…

Тағин мен ожиздек,
тағин сен улкан
елкангни тутганча келсанг, жим эдим,
Қайтадан яшасам тушларимда, айт,
Ким эдим,
ким эдим,
ким эдим?

май

***

Бугун ё
эртага,
эшигимни бузиб кирар шамоллар,
бари рўё бўлар –
Мендан кетгану,
менда қолганлари битта хаёлда.

бугун ё
эртага,
деворлар қулайди,
Соялар олис
йиллар кечмишидан қилар ҳикоя.
деразанинг жонсиз қанотларидан,
қушлар учиб чиқа бошлар
ниҳоят.

Менинг кунларимда яшаб ўтган тун
уфқнинг бўғзига тирайди ханжар.
Бугун ё эртага киприкларимга,
О, нурлар инади қанчадан қанча.

Ва мен кўчиб ўтгум тушимдан буткул,
кетган сояларни чизиб қайтадан.
Йўқотганим сари йўлларим қадар
ярала бошлайди изинг қайтадан. . .

(бамдод)

Бу гал,
тонг уйғонар,
тўрт девор ичида —
терганча зулматнинг парчаларини.
Кишанларсиз қайтиб келган тушимдан,
Эрк билан сийлайман ташналаримни.

Бу гал тонг уйғонар,
тўрт девор ичида,
ойнага уради нигоҳларини,
О, унинг кўзлари нурталаш,
пойига йиқилиб гуноҳларимнинг,
иқрорини тўка бошлар кўзларим.
Қўлимда гуллайди ҳайратим –
дунёни бир четга сурганча,
мингларча тўкилар ҳасратим.

тўрт девор ичида,
шамоллар айланар,
саволлар айлана,
жавобинг кафтимга чизилган.
Сўнг бор ҳам пешонам пойингга
йиқилса…
Изн бер!

Тўрт тараф бир йўлни кўрсатиб,
Нур тутар бир қатим,
тугайди тунларнинг фурсати.
О, кўнглим айланиб Ўзингга,
Ортимда шафақлар нурайди.

қўлимда гуллайди ҳайратим…

(туш)

I

Дераза очилди,
қулаб тушаяпман сўнгсизликка, жим.
Ҳайқира олмайман,
ва сени чақира олмайман,
ёки кўзёшларга йетмайди кучим.
Мен шундайин боқаман кўкка,
Киприкларим қоқади қанот,
Атрофдаги туннинг рангини,
О, кўксимга сочар хаёлот.
Кўзларини чирт юмар борлиқ,
Шамолларга тушар оғирим.
Шу онда ҳам ўйлайман сени,
соғиниб…
Қайдадир уйғониб кетар яшиллик,
Қайдадир хўрсинар чироқлар.
Сен учун умримда яшаган,
муҳаббат кетмоқда йироқлаб…
…Сезмайсан
ёнингда бораман,
Кўксимда беркинган қуш билан.
Бир куни уйғониб кетасан,
мен кўрган туш билан…

II

Қўлларимда
синди кўзгулар,
ҳар гал боқсам —
сен бор эдинг унда шубҳасиз.
О, бизлар ким, соғиниб яшаб,
Тинглолмасак ошиқ суҳбатин?
Тинглолмасак тун қўшиғини,
Тўртта девор жимиб яшаса.
Шамоллар ҳам андуҳларини,
деразамга сочиб ташласа…
Розимисан отмаса тонглар,
боролмасам шаҳрингга қайта,
гар уйғонсам йиллар оралаб,
исмингни ҳам билмасдан хатто.
…қўлларимда
синса кўзгулар,
ва мавжланса ҳовучимда ишқ,
гуллаб чиқар томирларимдан,
гўзал ёниш…

сен бор эдинг унда шубҳасиз.

***

Борсам,
кўзларимга ботган кечанинг,
охирига етмай тонгнинг қошига.
Субҳлар сўроқлаб ўтсалар тағин,
— Сен кимнинг ошиғи?
Осмон ҳувиллайди,
киприк қоқсаму,
қулаб тушадиган каби кўксимга.
Ортимдаги қолган йиллар бирма бир
саволдек тортилса уфқнинг бўғзига —
Сен қайси томондан берасан хабар?
Мен қай йўл бошида турибман мулзам?
Қачондир ўнг келган тушларим санаб,
қошингда бошимни кўтариб турсам —
шунда ўз вақтида келадими тонг?
шунда дарахтлар ҳам кўтариб қаддин,
кўкламни келтирган еллар олдида
гулласа,
тан олиб бор ҳақиқатни,

борсам…

***

Тоғлар сендан сўзлагайдир,
бошим қўйиб,
тинглагайман…
гар бу йўллар сен томонга чорлаб ўтса,
умр бўйи
ирмоқ каби тинмагайман.
Сен билмайсан,
бинафшанинг лабларидан
сизиб чиққан ҳузн эди.
Мен кечирган умрларнинг ҳаммасини,
аллақачон яшаб қўйган ўзим эдим.
Гуллаётган қирларга боқ,
қандай ғамсиз кўринади кўзларингга?
Ахир ишқ деб, тирилиш деб,
хатлаб келдим неча-неча кузларимни.
Осонмикан томирларни ёриб чиққан,
изҳорларнинг тўкилмоғи?
О, мен қанча асраганим гулбаргларнинг
тун бўғзига тиқилмоғи.
Гар кечмоққа қадар бўлса,
Манзилимга етмай илло минг асрлар.
Сен ҳам кетсанг, мен ҳам кетсам
бу дунёдан,
боғлар учун
нима қолар тўрт фаслдан?

***

Мен эплай олмадим,
ёмғирдек тўкилмоқликни,
Елкангга бош қўйиб,
сўнгра дардлар аро йиқилмоқликни.
Эплаганим фақат тунлар алаҳсиб,
тонглар учганимми самосиз қушдай?
Сендан кетавердим кунлар адашиб,
Сенга элтаверди поёнсиз тушлар…
Олислаб бораман,
йўқотиб – келганим йўллар тархини.
Унутиб қўяман умримдаги бир,
муҳаббат ҳаққини,
ишқнинг ҳаққини…
Дарахтлар мунғаяр феврал қошида,
кўклам ҳануз узоқ.
Ортимга боқсам
Кимгадир оғири тушмасмикан, о
кўнглим боғларни ёқиб юборсам…

***

Остонангга бошим қўйдим,
йўллар мени танимади,
баҳорлари боғларига хазон тўкди.
Кўзларимдан уфқларнинг манглайига
дардлар чўкди.

Бошим оққан томонларнинг охири йўқ,
Қанот бўлсам, хаёлларим изн берса.
Кўксимдаги чечакларнинг нафасидан
Саратоннинг ҳовучлари қизил бўлсин.

Қўлларимга дутор олсам,
Сочларимдан тори бўлса,
куй ёғилса кўзларимдан.
Ортга боқсанг, бу кечанинг юлдузлари
кўз ёш бўлиб тўкилади изларингга…

Йўлларингга бошим қўйдим. .
бошин эгди гуллаётган ёсуманлар.
Бир ишқ бўлиб,
О, энг гўзал хониш бўлиб
юрагингга кириб борсам…
орзумандман…

***

Бу тун оғир тун эди, о,
Дарахтларда мезон оғир,
Юрагимда гумон, оғрир,
биласанми?..
Ойна орти
тушлар сузар,
ўнг фақат мен,
қайтармикан ўзимники бўлган тушлар?
О, ёмғирлар ёға бошлар ташқарида,
деразамни муштлаб, муштлаб.
Очолмайман юрагимни,
томчиларнинг куйларига боғлар тўлсин.
Англадимки,
сен мен учун умримдаги
етиб бўлмас узууун йўлсан…
Сен қанчалар куюнмагин,
бу дунёнинг ишларига,
Хавотирим, қанотлари хориб келган,
худди мезон қушларидай
қишдан эмас…
Унутишдан…
Кунлар келиб бу боғлардан,
изларингнинг ўчмоғи бор.
Ўшанда ҳам руҳим масрур,
Ўшанда ҳам кўнглим хумор,
бир ишқ бўлиб қоладирман,
кўнасанми?..

***

Тағин куз. . .
Сен йўқсан
маъсум кунларнинг
бошланар қаршимда заволи.
Кимларни етаклаб қошимдан
шамоллар ўтади ҳавойи?

Қаҳвага қарайман:
кўзларим қаҳваранг
қаролик тунларнинг насиби.
Тинглайман сенгача неча минг
хазонрез йилларнинг сасини?

Билмайман…
Кўксимга йиқилар
дарахтлар боғларни қолдириб.
О, кузлар кечади юрагим
тортиниб,
тортиниб,
тортиниб…

Тушларим тўкилар хазондек
манзилим топмасдан ниҳоя. .
Қўрқаман,
о, бу куз умримда
бўлмасми энг узун ҳикоя…

***

На кўнгил асради бизни азизим,
На хуш қаршилади бу йилги кузак.
Йиғлаётган торлар узилади чирт,
Япроқлар тўкилар кўксимга музлаб…
О, яшаш мумкинми сукутлар ичра,
Олдингдан оқётган вақтни симириб.
Истамам, қачондир ортга қайтмоқлик,
Насибинг бўлмасин кузни қидириб.
Ахир, қачон эди менинг келганим,
Ахир, кетмоғимни сездирмай қорлар,
йўлингга ёғилар,
йўлинг оқ бўлсин. . .
Менинг кўзёшларим сенинг савобинг,
Афсусларинг менга бир гуноҳ бўлсин.
Аммо,
сен яратган куй бор умримда,
Ҳаволарга сингган наводир ҳазин.
Торлар чалинади кузнинг бағрида,
Ўтса ҳам минг аср…

на кўнгил асради бизни азизим…

011Zulxumor Orifjonova sheʼrlarini ilk bor kutubxonamizda taqdim etganda bir ogʼiz gap yozgandim: Zulxumorning sheʼrlari bilan tanishgach, (uning sheʼrlarini tavsiya qilgan) Jontemirning adashmaganiga ishondim. Shoira qizimning sheʼrlaridagi kayfiyat, ayniqsa qoʼllagan notabiiy qofiyalari meni quvontirdi. Bu sheʼrlarni oʼqiganimdan koʼnglim yuksaldi…» Bugungi sheʼrlarini oʼqiganimdayam shunday quvondim.

Xurshid Davron

Zulxumor ORIFJONOVА
YANGI SHE’RLАR


Zulxumor Orifjonova 1997-yil 21-oktyabrda Аndijon viloyati Marhamat tumanida tugʼilgan. Oʼzbekiston Milliy universiteti jurnalistika fakulьtetini tamomlagan. Yozuvchilar Uyushmasi tomonidan “Birinchi kitobim” loyihasida “Sogʼinch suvratlari” publitsistik maqolalar toʼplami nashr etilgan. Hozirda Аlisher Navoiy nomidagi oʼzbek tili va adabiyoti universitetining Oliy adabiyot kursi tinglovchisi .


“Uygʼoq tushlar” turkumidan

I

Qayda edim,
bilmaysanmi?
Koʼzgularga qarab turib,
necha asr oʼtganini anglolmadim.
Jimligini yelkasida koʼtargancha,
necha yoʼllar oʼtganini tan olmadi,
bu kuzgacha…
Qay kunlarni yashab oʼtdik,
qay tunlarda tushlarimiz uygʼoq qoldi,
Yo bizgacha
bu tuproqda kimdir erkni tuyganmidi –
yillar toldi…
Yoritmasa endi quyosh
qarolarga boʼyalgan bu borligʼingni,
Koʼksingni och, hech yoʼq oʼtmish izlaridan,
sezib tursa o, kimlardir borligingni,
borligimni!

II

Yelkam uzra ulkan togʼlar oʼsaverdi,
Suyanganim ular boʼldi qachon desang.
“toʼrt qarich yer,
toʼrtta devor –
koʼzingga surt, bular bari
sening uchun vatan”, desang,
Oʼz dunyomni dengizlarga uloqtirdim…

III

…Qayda edim,
bilmaysanmi?
Men bilganim peshonamga
ostonangni bosib oʼtmoq chizilmagan.
Аxir men ham ayol edim,
bosh qoʼymoqqa maskan izlab,
sovuq yegan oyoqlarim izillagan.
Tushimda ham
tunlarimni
oqqa oʼrab yashab oʼtdim.
Аmmo bu kun bir hovuch suv tutolmading
oʼchirmoqqa vujudimni yoqqan oʼtni…

qayda eding?..

***

Men yoʼlning boshida,
kaftimda
boʼgʼizlangan gulning yaproqlari jonsiz.
Dunyo ham bu kecha aftidan,
ufqlarga qadar tomonsiz.

Toʼxtagan xattoki qoʼlimda soat,
na yulduzga qarab, na oyga yolvorib,
bilolmam nechani koʼrsatmoqda vaqt.

Bogʼlarda egila boshlaydi shoxlar,
Men esa
tortilgan dorlardan, uzundan uzun,
yigʼaman tanasiz oʼzimni oʼzim.

Oʼngimni tushimda soylarga aytib
Qaytsam… daryoga aylanib –
oʼzanlarga solmoq kimning istagi?
O, yoʼlim tomonsiz, bori imkon deb,
Ming yilki oʼzimga qanot izladim.

Izladim,
topmoqlik ilinji bilan,
ohanglar oqizib ketgan yoʼllarni.
Taskinim, oʼshanda ruhimni hech yoʼq,
tutib qololmasdi sening qoʼllaring. . .

***

Tun qay tomon ogʼib borar,
tong qadarmi
shom qadarmi?..
Koʼkka boqsam yulduzlari koʼrinmasu,
Аmmo nurlar oqib borar…
Qarshimdagi yo xatarmi?
Koʼzlarimni uzolmadim ufqlardan –
sharqu gʼarbning manglayiga qon yugurar.
Mudrayotgan yillarini uygʼotolmay
bir oʼlkaning boshi uzra
asrlarki
tong yugurar.
O, bir tongki,
suvlar bosdi kelayotgan yoʼllarini,
shamollardan bogʼlar bir-bir qulayverdi.
. . . Ostonangga yetolmagan nurlarini
ichga yutib,
koʼkda quyosh nurayverdi.
Nima desam uygʼonasan tushlaringdan,
Nima desam oʼnglanadi javoblaring?
Parchalangan koʼzgularga koʼzim tushgan,
asrolmadim…
Sovurgancha havolarni,
yellar keldi toʼrt tomondan.
Yoʼllar qayga ogʼib borar,
Peshonamga bitilgan bu saratonda
Yuragimga bir yomgʼirlar yogʼib borar…

O, bir tongki,
tunlar toʼsdi kelayotgan yoʼllarini…

avgust

***

Boʼm boʼsh koʼchalarda
shamollar kezinar,
maysalar unar,
yovvoyi gullarning ochilar chiroyi.
Xayolan uzooqqa otlanib,
Sen sevgan tushuniksiz tilda
boshlayman xirgoyi.

Ufqlar tomonga koʼzlarim tiksam,
Maysalar labiga qadasam yoshlar,
Muallaq dunyoning bir chekkasida,
Mening derazamni poylaydi qushlar.

O, maʼsum qushlar ham koʼzyoshlarini,
hovuchimga toʼkar, hech yoʼq shu bilan,
tushlarim yuvilib oʼtar suv bilan…

…Boʼm boʼsh koʼchalarda,
Qonlar kechib kelar
beayov shomlar,
gʼamgin soyalarni toʼshagan koʼkning
kengliklari aro tagʼin kimgadir,
bir nafaslik havo qiladi yoʼqlik.

Bu gal ochilmagan namozshomgullar,
Poyiga yiqilar birma bir tunning.
Kimlardir yangidan ertaklar aytar,
Kimlardir yangidan boshlaydi kunni. . .

Men esa,
gardlarin yuvgancha derazalarning,
sen sevgan tushuniksiz tilda,
boshlayman xirgoyi,
Barini unutib hech yoʼq shu bilan,
baxtli koʼra olsak edi dunyoni. . .

avgust

***

Esimda,
bu faslning koʼp edi tuhfasi,
Qoʼllarimga xatto osmonni tutdi,
Аmmo ufqlarning qoshida turib,
nenidir unutdim. . .

Esimda
bogʼlarning shivirlaridan
oʼzimni
yiqilgan yaproqlar bagʼriga otdim
Shu tob umrimdagi hech kim sezmagan,
nenidir yoʼqotdim. . .

Soyabonsiz edim,
bizni bilmasga
noayonmiz dedim,
koʼnglim koʼnmadi.
O, faslim, sen ketgach bogʼlarda qayta,
yashillik unmadi.

Moviy tumanlarda qoldim adashib,
Faqat bilganim shu,
tushlarim kemtik.
Va endi har kecha, har tun qoshida,
suratin chizaman qanotsiz erkning. . .

nenidir unutdim.

(xirgoyi)

Ming yildirki,
men tushda yashadim.
Dengizlar yelkamdan toshib oʼtdilar,
Kunlarim tunimga qochib oʼtdilar…

Va tuyqus uygʼondim –
(asli koʼzlarimga inmagan uyqu)
O, tilsiz uygʼondim,
Kimningdir yuzida oʼynadi kulgu.

…Sening izlaringdan ergashganim rost,
Ranglarni atadim sen koʼrgan xilda.
Аmmo yildan yilga, kunlardan kunga,
bu umrim biroz,
ogʼirday..

Аxir ayt,
kim eding?
Men sendan kecha olmadim,
Va yo ketolmadim, yengdimi qoʼrquv?
O, nega qoshimda turibsan magʼrur
Xatto boʼgʼzimgacha toʼlganida suv?

Suuv…
qara, peshonamni yuvdi toʼlqinlar,
Men esa oʼylardim, tuproq maydalab:
umrimning oʼtovi bu koʼcha, bu uy,
sen esa tinmaysan
uygʼongan tushlarim allalab…

Tagʼin men ojizdek,
tagʼin sen ulkan
yelkangni tutgancha kelsang, jim edim,
Qaytadan yashasam tushlarimda, ayt,
Kim edim,
kim edim,
kim edim?

may

***

Bugun yo
ertaga,
eshigimni buzib kirar shamollar,
bari roʼyo boʼlar –
Mendan ketganu,
menda qolganlari bitta xayolda.

bugun yo
ertaga,
devorlar qulaydi,
Soyalar olis
yillar kechmishidan qilar hikoya.
derazaning jonsiz qanotlaridan,
qushlar uchib chiqa boshlar
nihoyat.

Mening kunlarimda yashab oʼtgan tun
ufqning boʼgʼziga tiraydi xanjar.
Bugun yo ertaga kipriklarimga,
O, nurlar inadi qanchadan qancha.

Va men koʼchib oʼtgum tushimdan butkul,
ketgan soyalarni chizib qaytadan.
Yoʼqotganim sari yoʼllarim qadar
yarala boshlaydi izing qaytadan. . .

(bamdod)
Bu gal,
tong uygʼonar,
toʼrt devor ichida —
tergancha zulmatning parchalarini.
Kishanlarsiz qaytib kelgan tushimdan,
Erk bilan siylayman tashnalarimni.

Bu gal tong uygʼonar,
toʼrt devor ichida,
oynaga uradi nigohlarini,
O, uning koʼzlari nurtalash,
poyiga yiqilib gunohlarimning,
iqrorini toʼka boshlar koʼzlarim.
Qoʼlimda gullaydi hayratim –
dunyoni bir chetga surgancha,
minglarcha toʼkilar hasratim.

toʼrt devor ichida,
shamollar aylanar,
savollar aylana,
javobing kaftimga chizilgan.
Soʼng bor ham peshonam poyingga
yiqilsa…
Izn ber!

Toʼrt taraf bir yoʼlni koʼrsatib,
Nur tutar bir qatim,
tugaydi tunlarning fursati.
O, koʼnglim aylanib Oʼzingga,
Ortimda shafaqlar nuraydi.

qoʼlimda gullaydi hayratim…

(tush)

I

Deraza ochildi,
qulab tushayapman soʼngsizlikka, jim.
Hayqira olmayman,
va seni chaqira olmayman,
yoki koʼzyoshlarga yetmaydi kuchim.
Men shundayin boqaman koʼkka,
Kipriklarim qoqadi qanot,
Аtrofdagi tunning rangini,
O, koʼksimga sochar xayolot.
Koʼzlarini chirt yumar borliq,
Shamollarga tushar ogʼirim.
Shu onda ham oʼylayman seni,
sogʼinib…
Qaydadir uygʼonib ketar yashillik,
Qaydadir xoʼrsinar chiroqlar.
Sen uchun umrimda yashagan,
muhabbat ketmoqda yiroqlab…
…Sezmaysan
yoningda boraman,
Koʼksimda berkingan qush bilan.
Bir kuni uygʼonib ketasan,
men koʼrgan tush bilan…

II

Qoʼllarimda
sindi koʼzgular,
har gal boqsam —
sen bor eding unda shubhasiz.
O, bizlar kim, sogʼinib yashab,
Tinglolmasak oshiq suhbatin?
Tinglolmasak tun qoʼshigʼini,
Toʼrtta devor jimib yashasa.
Shamollar ham anduhlarini,
derazamga sochib tashlasa…
Rozimisan otmasa tonglar,
borolmasam shahringga qayta,
gar uygʼonsam yillar oralab,
ismingni ham bilmasdan xatto.
…qoʼllarimda
sinsa koʼzgular,
va mavjlansa hovuchimda ishq,
gullab chiqar tomirlarimdan,
goʼzal yonish…

sen bor eding unda shubhasiz.

***

Borsam,
koʼzlarimga botgan kechaning,
oxiriga yetmay tongning qoshiga.
Subhlar soʼroqlab oʼtsalar tagʼin,
— Sen kimning oshigʼi?
Osmon huvillaydi,
kiprik qoqsamu,
qulab tushadigan kabi koʼksimga.
Ortimdagi qolgan yillar birma bir
savoldek tortilsa ufqning boʼgʼziga —
Sen qaysi tomondan berasan xabar?
Men qay yoʼl boshida turibman mulzam?
Qachondir oʼng kelgan tushlarim sanab,
qoshingda boshimni koʼtarib tursam —
shunda oʼz vaqtida keladimi tong?
shunda daraxtlar ham koʼtarib qaddin,
koʼklamni keltirgan yellar oldida
gullasa,
tan olib bor haqiqatni,

borsam…

***

Togʼlar sendan soʼzlagaydir,
boshim qoʼyib,
tinglagayman…
gar bu yoʼllar sen tomonga chorlab oʼtsa,
umr boʼyi
irmoq kabi tinmagayman.
Sen bilmaysan,
binafshaning lablaridan
sizib chiqqan huzn edi.
Men kechirgan umrlarning hammasini,
allaqachon yashab qoʼygan oʼzim edim.
Gullayotgan qirlarga boq,
qanday gʼamsiz koʼrinadi koʼzlaringga?
Аxir ishq deb, tirilish deb,
xatlab keldim necha-necha kuzlarimni.
Osonmikan tomirlarni yorib chiqqan,
izhorlarning toʼkilmogʼi?
O, men qancha asraganim gulbarglarning
tun boʼgʼziga tiqilmogʼi.
Gar kechmoqqa qadar boʼlsa,
Manzilimga yetmay illo ming asrlar.
Sen ham ketsang, men ham ketsam
bu dunyodan,
bogʼlar uchun
nima qolar toʼrt fasldan?

***

Men eplay olmadim,
yomgʼirdek toʼkilmoqlikni,
Yelkangga bosh qoʼyib,
soʼngra dardlar aro yiqilmoqlikni.
Eplaganim faqat tunlar alahsib,
tonglar uchganimmi samosiz qushday?
Sendan ketaverdim kunlar adashib,
Senga eltaverdi poyonsiz tushlar…
Olislab boraman,
yoʼqotib – kelganim yoʼllar tarxini.
Unutib qoʼyaman umrimdagi bir,
muhabbat haqqini,
ishqning haqqini…
Daraxtlar mungʼayar fevral qoshida,
koʼklam hanuz uzoq.
Ortimga boqsam
Kimgadir ogʼiri tushmasmikan, o
koʼnglim bogʼlarni yoqib yuborsam…

***

Ostonangga boshim qoʼydim,
yoʼllar meni tanimadi,
bahorlari bogʼlariga xazon toʼkdi.
Koʼzlarimdan ufqlarning manglayiga
dardlar choʼkdi.

Boshim oqqan tomonlarning oxiri yoʼq,
Qanot boʼlsam, xayollarim izn bersa.
Koʼksimdagi chechaklarning nafasidan
Saratonning hovuchlari qizil boʼlsin.

Qoʼllarimga dutor olsam,
Sochlarimdan tori boʼlsa,
kuy yogʼilsa koʼzlarimdan.
Ortga boqsang, bu kechaning yulduzlari
koʼz yosh boʼlib toʼkiladi izlaringga…

Yoʼllaringga boshim qoʼydim. .
boshin egdi gullayotgan yosumanlar.
Bir ishq boʼlib,
O, eng goʼzal xonish boʼlib
yuragingga kirib borsam…
orzumandman…

***

Bu tun ogʼir tun edi, o,
Daraxtlarda mezon ogʼir,
Yuragimda gumon, ogʼrir,
bilasanmi?..
Oyna orti
tushlar suzar,
oʼng faqat men,
qaytarmikan oʼzimniki boʼlgan tushlar?
O, yomgʼirlar yogʼa boshlar tashqarida,
derazamni mushtlab, mushtlab.
Ocholmayman yuragimni,
tomchilarning kuylariga bogʼlar toʼlsin.
Аngladimki,
sen men uchun umrimdagi
yetib boʼlmas uzuuun yoʼlsan…
Sen qanchalar kuyunmagin,
bu dunyoning ishlariga,
Xavotirim, qanotlari xorib kelgan,
xuddi mezon qushlariday
qishdan emas…
Unutishdan…
Kunlar kelib bu bogʼlardan,
izlaringning oʼchmogʼi bor.
Oʼshanda ham ruhim masrur,
Oʼshanda ham koʼnglim xumor,
bir ishq boʼlib qoladirman,
koʼnasanmi?..

***

Tagʼin kuz. . .
Sen yoʼqsan
maʼsum kunlarning
boshlanar qarshimda zavoli.
Kimlarni yetaklab qoshimdan
shamollar oʼtadi havoyi?

Qahvaga qarayman:
koʼzlarim qahvarang
qarolik tunlarning nasibi.
Tinglayman sengacha necha ming
xazonrez yillarning sasini?

Bilmayman…
Koʼksimga yiqilar
daraxtlar bogʼlarni qoldirib.
O, kuzlar kechadi yuragim
tortinib,
tortinib,
tortinib…

Tushlarim toʼkilar xazondek
manzilim topmasdan nihoya. .
Qoʼrqaman,
o, bu kuz umrimda
boʼlmasmi eng uzun hikoya…

***

Na koʼngil asradi bizni azizim,
Na xush qarshiladi bu yilgi kuzak.
Yigʼlayotgan torlar uziladi chirt,
Yaproqlar toʼkilar koʼksimga muzlab…
O, yashash mumkinmi sukutlar ichra,
Oldingdan oqyotgan vaqtni simirib.
Istamam, qachondir ortga qaytmoqlik,
Nasibing boʼlmasin kuzni qidirib.
Аxir, qachon edi mening kelganim,
Аxir, ketmogʼimni sezdirmay qorlar,
yoʼlingga yogʼilar,
yoʼling oq boʼlsin. . .
Mening koʼzyoshlarim sening savobing,
Аfsuslaring menga bir gunoh boʼlsin.
Аmmo,
sen yaratgan kuy bor umrimda,
Havolarga singgan navodir hazin.
Torlar chalinadi kuzning bagʼrida,
Oʼtsa ham ming asr…

na koʼngil asradi bizni azizim…

03

(Tashriflar: umumiy 507, bugungi 1)

Izoh qoldiring