Farrux Hasanov. She’rlar

011Рафиқ Ўзтурк тавсияси билан сирдарёлик ёш шоир Фаррух Ҳасанов шеърларини тақдим этамиз ва ижодкор дўстимизга келгуси ижодий ишларига муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Фаррух Ҳасанов
ШЕЪРЛАР


025Фаррух Ҳасанов 1995-йил Сирдарё вилояти Боёвут тумантда туғилган. 2019-йил Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг иқтисодиёт факултетини тамомлаган.


ТАРЗ

Кеча ўтган кунинг уйғотар сени,
Оппоқ сочиқ тутар юзингни ювсанг.
Бирга чой-пой ичиб наридан бери
Тағин эргашади ортингдан ҳурсанд.

Сира тортинмайди, бўлмас ҳижолат,
Ишингга отланар сенингдек илдам.
Айланма курсингга қўниб бетоқат
Қоғозларни кўздан кечирар зимдан.

Қутилиб бўлмайди ёнингдан ҳайдаб,
Ё жон сақламайди пана-панада.
Тушлик қилиб бўлгач, кетингдан дайдиб
Бирга кириб чиқар ҳожатхонага.

Иш вақтинг тугайди, кечаги кунинг
Бекатга боради етаклаб сени.
Кечаги кун ичра дунёи дуннинг
Бўйи чўкиб, тораяр эни.

Уйга қайтганингда (ҳаммаси холва)
Эшикни очади икки ёт юрак –
Кечаги кунингга маҳрам аёл ва
Кечаги кунингдан бўлган бир гўдак.

Улкан бир сўроққа булғанар ботин,
Бир англам жангига сарфлайсан уни.
Кимлигингни билмай, яна тонг отиб
Кечаги кун билан бошлайсан кунни…

13.04.2020

АНГЛАМ

Кенглик дея яшайди кўнгил,
Узунликка интилар идрок.
Кенгликнинг йўқ чапи ва ўнги,
Узунликнинг охири сўроқ.

Бир-бирини рад этар масрур,
Бир-бирига қилмайди тоқат.
Ёт ғояли бу икки унсур
Теранликка сиғади фақат.

Кенглик бироз ҳирс табиатли!
Узунлик кибрга мойилроқ!
Демак
Тақво бўлса керак теранлик!

11.04.2020

ҒОЯ

Фикратинг панд бермайди, яъни
Ташлаш мумкин қадамни дадил.
Йўл-йўлакай оларсан таниб –
Бунда фақат ғоя мўътадил.

Ким эканинг ҳеч муҳим эмас,
Тақводорми ёки бир даҳрий.
Бошқа гаплар бари бемаъни,
Сен ғоянгга Худосан ахир.

Фақат унда тирикдир тарзинг,
Фақат унда даҳосан, зўрсан.
Ғоя учун яшасанг арзир,
Ғоя учун бўлади ўлсанг.

08.04.2020

***
Гуноҳ!
Унинг эътиқоди бор.
Гуноҳнинг эътиқоди интилувчанлик.
У интилади.
Гуноҳ онгга интилади.
Онгли ҳар не гуноҳкорликка мустаҳиқ.

08.01.2020

ИШҚ

Тилланисога

1

Тошнинг вужудида жон сақлаш мумкин,
Руҳни вужудидан бўшатиб абад.
Бунда на тадриж бор, ва на инқироз,
На бетартиб исён, на мувозанат –
Лекин минг йил бурун дунёга келган
Ҳар тошнинг ичида битта бўшлиқ бор.

2

Тилкалайди осмонни зада,
Булутларни қарғайди узоқ.
Икки бўшлиқ оралиғида
Осмон яқин ва замин юмшоқ.
Елкасига қанотлари ёт,
Ҳур парвозлар руҳига оғу.
Тузоқлардан излайди нажот
Озодликдан зериккан оққуш.

18.12.2019

ХУЛОСА

Мен – курашлар ичра яшаётган ҳур,
Юрагимда фотиҳ тиғга таважжуҳ.
Ахир осон эмас яшамоқ ахир –
Идрок ва ҳиссиёт аро талош туғ.

Қандай куч мужассам таянч нуқтада,
Битилгани саёз, башорат теран.
Тафаккур дунёни билган нуктадон,
Кўнгил ҳали динга кирмаган эран.

Не исён эрур бу,
Бу кураш нима –
Байроғим мовий қон, тиғим зулфиқор.
Менга тус бергувчи ҳар бир кечинма
Тун мисоли эзгин, тонгдек зулхумор.

Икки тараф энди бу дунё малол,
Сўроқлар (?) дол бўлиб яралар – найза.
Тафаккур шаклида эсса гар шамол,
Диннинг суръатида тебранар майса.

28.11.2019

ҲАЙДАЛИШ

Қон симирар юрагинг
Жомдан шаробдек,
Кашкулингга сиғмайди
Энг сўнгги дийдор.
Бироз узоқ қолишинг
Мумкин эди, лек
Қулоғингда
Кет деган сўзнинг ҳиди бор.

26.11.2019

БИЗГА

(тенгдошларга)

жараён суръати урушдек қизғин
висол они каби жараён ҳуркак
икки танлов воқеъ
жараённи жим
кузатмак ва ёки курашга кирмак

ҳар икки қайрилиқ минг оғу берса
ҳар бирин ортида минг тур зарурат
жимлик икки ҳисса фаросат турса
курашмоққа керак уч ҳисса журъат

24.10.2019

ТАРАДДУД

Йўл тузаман ўзимга узоқ,
Хариталар чизаман мавҳум.
Бир қарор ирода этаман,
Бироқ
Безовталик гавжум:
Сафарҳалтам жуда ҳам кичик –
Жой олмайди керак нарсалар.
Виждонимга кетди сочилиб
Ўйини унмаган қарталар.
Фақат фикр сиғар нари-бери,
Яна туйғу – бир сиқимгина.
Тупроқдан
Оғзимга бир чимдим териб
Оламан қанд каби шимгани.
Қайтмасликка ичаман қасам,
Хайр-хўшлашаман бир эзгин.
Кашкулга не сиғди?
Қарасам,
Ватан деган бир умумсевги.

22.10.2019

ШЕЪР ИШТИЁҚИ ВА  СЎЗ ЭҲТИЁЖИ
ХУСУСИДАГИ НИМАРСА

Гунгдек каловланар руҳда илтижо,
Иштиёқ томирда ёяди куртак.
Умуман, ҳар ненинг сиртида ҳижоб,
Хусусан, нобопроқ келади юрак.

Осмонга оёқлар оқсоқ тафаккур,
Исён ўтар онгости чизган чизиқдан.
Бу гал нишон ўзга, ёт бир татаббу –
Мавзу фавқулодда долзарб, қизиққон.

Кечинма кўнгилни этарак тавоф,
Қалампир тусайди забон мутассил.
Руҳнинг ифодаси янада шаффоф –
Ўлим ҳукми янглиғ тугал, батафсил.

21.10.2019

БАХТ

Рафиқ Ўзтуркка

Ёруғ тонг томчилар тун кўзасига,
Зебо қалдирғочлар куйлар валфажри.
Тескарилган дунё қайтар аслига
Тонгсирар заминга бергани ажрим.
Майдалишиб кетар ернинг кўлами,
Хусусан, юракка жойлашар, солсанг.
Барчасин ичингга ютсанг ўртаниб,
Ташқарида эса фақат шеър қолса.

20.10.2019

ҲУР

У дунёдан чекинди бадар,
Қўлларини чопди унинг тун.
Шум тақдирнинг шу кунга маҳтал
Арқонида кўпайди тугун.

Бир малак деб сипқорди шароб,
Сўнгги фоже бўлганди содир.
Гулни латта-путтага ўраб
Олиб кетди бир қора ботир.

Юрагини пайсалади жим,
Тўкмоқ учун қолди сўнгги қон.
Ланж руҳида уйғониб самум,
У ҳушига келди бир замон –

Қизил бўлди кўзларин ранги,
Қўли муштга тугилди қаттиқ;
Эски шифтнинг остида гангиб
Қон ҳидлади янги чимилдиқ.

14.10.2019

КУЗ УНСУРЛАРИ

Мезон куй чалади тупроқ остида,
Қилдек қумурсқалар изғир асабий.
Осмон ерга томон келар бостириб,
Тирик қолган сўнгги исёнчи каби.

Девор тирқишидан мўралайди ел,
Уч кунлик келиндек кирар ичкари.
Яшинлар осмоннинг остига келиб
Тинмай қайрашади кумуш тишларин.

Қушлар учар қуёш ботган томонга,
Сойлар далаларга бериб ётар тўш.
Хазонрез дарахтда турар омонат –
Фоҳишанинг иштон боғи каби бўш.

Майсалар – баҳорнинг дилбар қизлари,
Таровати йитиб борар кун сайин.
Сомондек сарғаяр дуркун юзлари,
Бевақт бошланади ялпи кексайиш.

Дарё чайқалишдан чарчаган бир пайт,
Бирлашиб кетгандек бақо ва фано,
Бор зийнати кетган йўқсил табиат
Сўнгги фожеага ўқир тасанно.

09.10.2019

ТАЙЁРГАРЛИК

Дунё шаклланур тун қучоғида,
Ғариб нигоҳлардан узилур кишан.
Шеър сачраб кетади ой дудоғидан,
Қалам йўниб берур нишидан тикан.

Асов гоҳидалик уйғонур туйқус,
Ялқов эҳтимоллик бўлажак содир.
Зилдай замин уйғоқ, само уйқусиз,
Буюк фожеага кўрар ҳозирлик.

Ридоий ҳижобин ечур тафаккур,
Ҳар бир ҳужайрада ўрмалайди ҳис.
Сабабият олчоқ, натижаси сур,
Ҳиссиёт ўта зич, кечинма тиғиз.

Энсизланиб борур дунё осуда,
Ширин ёлғон ила алдаюр Малик.
Қалбаки бефарқлик исканжасида
Узоқ куттиради кутилмаганлик.

Ва сўнгги воқелик рўй берар они
Бирламчи руҳ танга бўлмайди дохил.
Ҳақ кўнгилга диққат солар замони
Олис осмон яқин – нариги соҳил.

04.10.2019

СОФЛИК

Нафратнинг таъмини билмаган кўзлар;
гуноҳсиз қўллардан узилган занжир;
тилдан тўрамаган бир оғир сўзлам;
қоннинг ифорини туймаган ханжар;

ичилган қасамда тош қотган лаҳза;
висоли сазойи бўлган илҳақлик;
фақат худоси бор, халқи йўқ мазҳаб;
аслиятдан аввал туғилган тақлид;

замоннинг юзига қум сочган макон;
хизматига рағбат кўрмаган савоб;
пуч эътиқод – имон келтирилмаган;
фақат ўз ковушин танувчи авом;

Ҳақ дея манглайдан оқаётган қон;
синмаган ирода; бўғилмаган эрк;
диннинг йўриғига юрмайдиган фан;
сиёсатнинг ҳиди келмайдиган шеър.

18.09.2019

ИШТИЁҚ

Кўнгил йиқилади йўлни чангаллаб,
Қирс этар! Ўқидан чиқиб кетар ер.
Нечук оввораман борорим танлаб?
Ё Раббий! Бандангга битта манзил бер!

Сувдан юрагимни кўтарар ғалвир,
Йўлсирар оёқда йиртилган ковуш.
Ахир мен сайёҳман, саёқман ахир –
Қафасга мослашиб кетолмаган қуш.

Ортимдан эргашмас – олий насаби,
Атворимга сира қилмайди тоқат.
Иккига бўлинар замин асабий –
Турсам азоб,
Юрсам мазаммат.

Саркаш руҳунатни ололмас эплаб
Дунё дун – беихлос менга силтар қўл.
Қафасим безанжир – тўрт томон қибла,
Кўзим – йўл!
Сўзим – йўл!
Дилим – йўл!
Дин – йўл!

Ўзимдек ёввойи шамолни миниб
Ке-е-етсам!
Борлиғимни борлиқ унутсин!
Бийдай кенгликларга сиғмас лошимни
Йўл ютсин!
Йўл ютсин!
Йўл ютсин!

16.09.2019

***

Нигоҳимни ёпар уч кунлик ҳилол,
Шамол хаёлимга югуртирар мушт.
Чап кўксимни ўтдай куйдириб чунон,
Осмонсираб йиғлар яраланган қуш.

Кўзёшлар ишқори ўяр кўзимни,
Тасаввур азоби суғуради жон.
Қачон топажакман бунда ўзимни,
Менинг фитратимда тонг отар қачон?

Буткул ибтидога қайтаман абгор,
Тошдек чўктираман руҳни юракка.
Қалбни уйғотгувчи яна нима бор
Шеърдек содда,
Шеърдек мураккаб?

Тақдир шу! Тикаман дорга бошимни!
Охир телбалигим устивор келиб,
Кетаман шеър излаб, бир кун лошимни
Шеърсиз кунларимга садақа қилиб.

09.08.2019

УЙҒОНИШ

Кўзёш қирралари ботди кўзимга,
Минг йиллик қонимда кўпчиди туғён.
Аччиқ бир киноя келди изимдан –
Уйғон!

Оғир ҳайқириқдек отди сўнг сабуҳ,
Асрлик ғафлатни кечдим асабий.
Мен жангари эдим, қўлларимда тиғ,
Лек қай чоҳ ютганди Алпомиш каби.

Эй тарих! Мана мен! Нафратингни сун!
Дарвешсаро кўнглим этмас тижорат.
Қисқа умримдаги хатолар узун…
Ҳижолат…

Идроким оқсади, қийналди жоним,
Адашдим! Не қонга эдим зурриёд?!
Ердан изларимни йўқотган куним
Ойнинг юзларидан топдим зумуррод.

Кўзёшлар қуриди, кўзларим тинди,
Ўзимни кашф этдим – саҳройи, тажанг.
Ярқироқ толега битгани энди
Жанг…

Барча чегарани буздим ниҳоят,
Босган изларимдан қабарди азоб.
Энди кўнглимдаги ҳар битта ғоя
Сазойи қилинган қул каби озод.

Қуёш сўзларимга ато этди жон,
Ҳар зарра тупроғим тақдирга тум-м-мор.
Узоқ илҳақ қилди кўзимни бу тонг –
Зулхумор…

Қайда ғолиб эсам, қай ерда мағлуб,
Ўзим истаганча қурсам дунёни.
Кесик бу бошимни бўлмайди эгиб,
Тарбиялаб бўлмас ҳеч вақт исённи.

21.05.2019

ЭРК

(сўз исёни)

Илоҳий ишқ бўлдим майдан тўраган
(на дунё, на динга эдим таллуқли).
Вужудим саҳройи бўрон ўраган,
Куюкдил, оловкўз – Қуёшнинг ўғли.

Қайта тирилмоққа етмади сабрим,
Ҳар бир қўзғалоним кўксимда зухур.
Кўзларим жувонмарг сўзларнинг қабри –
Ўликлар бўзлаюр, бўзлаюр оғир.

Сўз бўлмоқ истадим – ачқимтир, бийрон!
Ҳали кашф бўлмаган, айтилмаган сўз.
Қай замон товушга айландим гирён,
Суяксиз бир тилда бўлдим талаффуз.

Неча қулоқларни кездим шарпадек,
Қайси юракларда қилдим ғалаён.
Бир бор туғилганда минг карра ҳадик –
Ўлимдек муқаррар бухрон намоён.

Қандай кўринишга келди равишим,
Энг оғир жумбоқдан яралдимми ё?!
Илдизим мақтовми, қора қарғишми,
На суюқ, на қуюқ – ғалати кимё.

Мени пичирлади лаблар оҳиста,
Ким қўрқиб, ким йиғлаб, ким эса вазмин.
Жисмимни минг тилдан тердию аста,
Шеърга айлантирди Раб ал-Оламин.

Қанча дилга тикдим оғоч, доримни,
Ахир мен сўз эдим – шоир алдамас.
Бирма-бир синдирдим суякларимни –
Моҳиятга юқди илми ҳандаса.

Билмам, қайдан фоже бўлди бу удум,
Фикратимга ёлғиз бир унсур аён –
Бўйин эгажагим илк дунё – бу дин,
Шеър – мен кўтаражак энг сўнгги исён.

19.04.2019

(таглавҳа)

айтилмаган қолдиқ сўзларим
тўкилмаган илҳақ кўзёшлар
юрагимнинг абад бўзлари
фарҳодларга юмуш бир тошлоқ

чўллаб кетган гиёҳсиз тақир
чанг қоплаган умид йўллари
шавқат тилаб узалган сағир
муаллақ оҳ кесик қўлларим

бир ҳиссиёт тубанлашмаган
бир муҳаббат билмаган сароб
минг фаришта этгувчи макон

сўзга дўнмас соқов айтарим
менинг минг йил кутарим аро
сенинг бир кун менга қайтаринг

БОР

27.03.2019

РАББОНАМ

Чўғдек титкиладим куйган дилимни,
Бағрим сув сепилган ўчоқ, Раббонам.
Афсус! Тиёлмадим заҳар тилимни –
Бутун коинотим сўроқ, Раббонам.

Қара! Саркаш чиқди сенсиз ҳаётим,
Дарвешдил сийратим кўрмади карам.
Энди теграмдаги бори бисотим
Юрагим осилган сиртмоқ, Раббонам.

Бугун кунларимдан кунларим ғойиб,
Бугун ишқи илоҳ кўйлаклари нам.
Кеча кимларнидир йиғлатиб қўйиб,
Бироз ширин эди кулмоқ, Раббонам.

Исён кўтармоқда қирқ минг томирим,
Тасаввур қолдиғи – бутун ғамхонам.
Сенсиз совирилган ҳар лаҳза умрим
Бигизга айланган бармоқ, Раббонам.

Ўзим золим шоҳу ўзим ҳоксор қул,
Кошонам – фикратим, кўнгил – вайронам.
Титрайман! Тўрт томон кўзгудир нуқул,
Мен – банданг! Шунчалар қўрқоқ, Раббонам.

Яхшики, бир марта яшайман холос,
Дунёдан бир марта ўтаман мулзам.
Сенга айтилажак ҳар сас, ҳар овоз
Ҳеч вақт тинмайдиган титроқ, Раббонам.

Тортилган надомат – тузланган қамчи,
Жароҳат сирқирар, битмайди қонаб.
Кипригимга ҳар бир осилган томчи
Уммонларга дўнган ирмоқ, Раббонам.

Ғофил қолаверди майсираб кўнглим,
Жомма-жом, айшма-айш битди нишонам.
Мени томчилатиб тугатган севгим –
Кўзлари ўйилган Широқ, Раббонам.

Нетай, ҳар ўнгимга берилган чапман,
Мени кечагидек танимас онам.
Қўлимни кўксимдан ололмаяпман,
Кафтимга санчилди пичоқ, Раббонам.

Не англам бор яна ўзингдан олдин,
Сужудим бир сенга – сенгаман қарам.
Аллақачон ўзни йўқотиб бўлдим,
Топарим битта кафт тупроқ, Раббонам.

14.03.2019

ТАВБА

Тинмай қарғиш эшитсам энди,
Энди гуноҳ қилсам мириқиб,
Ёзганларим сўнгак мисоли
Томоғимга қолсин тиқилиб.

Ном-нишоним унутса ҳар ким,
Арчиб олсам юрак пўстини,
Оғриқ аро эътиборсиз, жим,
Ҳотиржам яшайман ўксиниб.

Сийратимни суймаса солиҳ,
Ҳеч кунимга бўлмаса карам,
Жаббор севар – бир куни йўлсиз
Ибодатга қайтсам ложарам…

Сўзларимни бўлмаса тинглаб,
Кўзларимни бўлмаса ўқиб,
Бир панд кўриб тийилса тилим,
Сўз кучидан бошласам қўрқиб.

Шундай кечса барчаси силлиқ,
Эртами-кеч чиқарсанг қанот.
Кутишингга арзиса ўлим,
Кетишингга арзиса ҳаёт.

02.03.2019

МЕЗОН

меъёр йитиб узилар тизгин
санчиқ келар яна мутассил
дарахтларга дардлари юзган
хуруж берар энг сўнгги фасл

қантаради юракни хотир
жараёнда бўлмайди узлук
гуллаб кетар сарғиш хавотир
сезимлари денгиздек тузлик

кўзим ўйса ҳар зарра қуми
ухлаб қолсам денгиз тубида
ёқилмаган энг сўнгги умид
тамакидек турса лабида

қуюқлашур ўйлар булути
хулосалар соҳилдек саёз
мени жардан қолганми тутиб
тунд руҳунат ва синиқ намоз

томчиласа кўнглим вовайло
яшашни ўргансам сувдек жим
бодомлар гулидан авайлаб
шакл олса сўнгсиз муродим

мени фақат Ўзи тушунса
улғайтирсин тутиб изтироб
тупроқланиб кўкка сочилсам
фақат Унга бўлай истило

16.02.2019

ЖАРАЁН

Ярашарди кеча йиғласам,
Осмонни забт этардим бориб.
Сал эртароқ келарди кўклам,
Сал кечиккан бахтни кўтариб.

Бугун босган изларим офат,
Бағримда муз, бошимда шамол.
Ярмим исён, ярмим ҳаловат,
Сени қандай этайин ишғол?!

Сабрим битиб хунобим ортар,
Бир жуфт сўзга тугундир тилим.
Тақдир дангал қўяди шартлар –

Бироз қисқа бўлади умрим
Бироз узун келади дардлар
Бироз бахтли яша севгилим…

01.02.2019

УМИДНИНГ ҚИЁФАСИ

Яна остонамга келар суқилиб,
Яшашга ҳалақит бергувчи бир куч.
Жоним томоғимга қолар тиқилиб,
Ёки юрагимда бошланар ҳуруж.

Сенингдек келади у ҳам дафъатан,
Ёки хат жўнатар кутилмаганда.
У тақдир бўлади – берилмаган тан,
Ёки итоатсиз дахрий бир банда.

Лекин қадамлари кўкламдай қутлуғ.
Сен учун менингдек кўтармас ёҳу.
Ҳали қийналмаган, кўзлари қуруқ.

Келдим деб эшикдан бош суқсанг бир кун,
На муҳаббат тирик, на тирик Фаррух,
Тириклик қолдиғи бўлар фақат У…

20.01.2019

СЕН ҲАҚДАГИ ТУШЛАРИМ

Масрур куй чалади эски изтироб,
Яловин кўтарар қайта тунд ғашлик.
Кўнглимда нимадир жон берар ҳароб,
Кўксимда бир аждар ўкирар аччиқ.

Ғамангиз тушларим руҳимга қафас,
(Бунда яшамадим. Балки мен ўлдим)
Мени тирилтирди масиҳий нафас,
Бугун Ҳаворийман – Исони кўрдим.

Не учун тўлғониб йиғладим тинмай
На дунё, на диннинг бўлмади иши.
Мен эса шеър ёздим гуноҳин билмай,

Юкинмоққа маврид бермади тушим.
Энди бизга оғоч тиклар билдирмай
Бебисмиллоҳ туйғуларнинг қарғиши…

07.01.2019

ЭВРИЛИШ

Охирлаб боряпти бу вақт пистадек,
Чўнтагимда эса ўша сўз ёлғиз.
Кўнглимни овлайди чиркин алвасти,
Ҳунук алла айтар букри ялмоғиз.

Қайга етаклайди вақт деган ҳакам,
Балки яшамасман ўзим ўзимда.
Кеча бештош ўйнаб юрганди опам,
Палаҳмон тошига айланди зумда.

Шамол томоқ қирар, чорлайди кўча,
Вақт изн бермайди, юрагим қонмас.
Кўнглим қайдан келган, талпинар қайга,
Яратган билади, яратилганмас.

Имоним остида қайнайди гумон,
Хаёл минг бўлак, лек сужуд бир, Ҳақ бир.
Кўнглим тортар кўнгил хушлаган томон,
Гуноҳимдан ўтсин Аллоҳу Акбар.

Қисматим касрми, оғир ҳисоби,
Сурати – уч кунлик умр беғубор.
Қолган қисми ундов, ки махражимда
Мени минг бўлакка бўлгувчи дард бор.

Ҳали топмадимми ўзимни наҳот –
Шу ҳавф чақиб олар қовоқ аридек.
Ва яра битмайди, қонайди бот-бот,
Зурриёдга муҳтож бепушт дардидек.

Ерга оғир ботди ишқпарастлигим,
Нега осмон йиғлар, чақмоқ қайрар тиш.
Кимдир қарғар бунда, ва алқайди ким –
Аломатим гуноҳ, моҳиятим ишқ.

Кўзингни оч дея неча тонг отган,
Қурбонликка бўлди нелар муҳайё.
Мени олим яратмаган Яратган,
Ориф бўлдим, сени англадим дунё.

Лекин бир англам бор – тушунилмаган,
Бу – менсизлик – ўзсизлик – манзилсизлик.
Ва яна билганим кўнгил кўчманчи
Ойга ё қуёшга… қайгадир гизлик.

Энди карвон менга Само ва Вужуд,
Қайта териб чиқай бўлакларимни.
Руҳунатинг қайда, сен қайда, Фаррух,
Ёлғиз эшитади яна арзимни.

Мени ўлдирмайди уч томчи кўзёш,
Олди-қочди дард деб намланмас қоғоз.
Бандаси енгилмас, йиғлайди фақат,
Жаббор жабр этмас, синайди холос.

20.08.2018

АЗОБ ГИПЕРБОЛАСИ

Секин томчилайди кўзлардан азоб,
Қора қон сирқирар майиб юракдан.
Ўзимга, сўзимга сиғмайман, тағин
Тақдир кесатиғи турмас куракда.

Чуқур англамоққа ожиздир фикрат,
Қандай ҳодисот бу, қандайин илоҳ:
Тақвога дўнади ювилган кўнгил,
Савобга дўнмайди ювилган гуноҳ…

Томирдек тораяр баттар тасаввур,
Ширин хотиротда хулоса – аччиқ…
Муқиматни билмас қисматим – шамол –
Ҳеч бир қалбда қўним билмаган қанжиқ…

Қандай банда бўлдим? Борлиғим – ридо…
Видо… ишққа сира тўймаган қўйним…
Худо таҳоратга узатган сувни
Чанқоқ қондиришга ишлатиб қўйдим…

Энди ҳеч нимарса чиқмас юзага,
Гуноҳ бор, мен борман, ва бордир азоб…
Нетай?.. Тақдир бошқа, бошқа тадбирим,
Хоҳиш-истак бошқа, бошқа тақазо…

Хусусан, мужассам ҳар нафасимда
Товушга кирмаган оғриқлар оҳи…
Ва “ахир” сўзининг тахир алами…
Ва “агар” сўзининг зилдек гуноҳи…

Кимлардан қолган бу дардлар кўлами???
Ақлга ҳеч сиғмас экан борича…
Қаердан бошланган, тугар қай ерда,
Қайғу борлиқ, азоб натижа…

22.07.2018

СЕНГА

Танғиб танбаллайсан юрагинг энди,
“Нега”лар келади ҳеч кечиктирмай.
Суякларинггача ботган муҳаббат
Бир дард бўлиб чиқиб кетар сездирмай.

Яна ўтмишлана бошлайди хаёл,
Хотира осмонга урилар бориб.
Ҳеч қандай ўзгариш юзага чиқмас,
Қувончим кечаги, дардимчи жорий.

Сув сепилган кулдай сапчийди ўйлар,
Ҳаёт ёриб кирар хаёл бағрига.
Қара! Сенсизликдан сенланган дунё
Бўёқсиз. Кимсасиз. Ёлғиз. Қариган…

Кириб боролмайман юрагингга мен,
Томдан чакки бўлиб ўтган ёмғирдай.
Сен қайда? Мен қайда? Йўлим сарсари
Сандиқда қамалиб қолган Тохирдай.

На кўзим, на қўлим, на оёғим бор,
Кўролмайман, тутолмайман, боролмайман.
Тилим йўқ! Кесилган! Вужудим тутун!
Ҳар эсган шамолга бўлурман майна.

Сен тушсан илоҳий – Пайғамбари бор,
Менчи номуносиб бемаҳал уйқу.
Сени кўролмаган кўзларим ташна,
Кўнглимни тўйдирган хотиранг юқи.

Нега етолмайман сен томон, гулим?
Элакдан ўтмаган урвоқ сингари.
Сенсизман! Гулсизман! Рангсиз – куздаги
Дарахтдек бечора, хазондек ғариб.

Чаён чақиб олган кўримсиз умид
(оч ва тўйинмаган қофия каби).
Қачон ва қаерда бўламан таслим
(атайин қилгандай тугамас сабр).

Қанақа жараён бу интизорлик?
Нима қилай? Куяй, кулайми охир?
Ёрдек эркалайми, дўстимдек суяй?
Ҳеч бир жараённинг жинси йўқ ахир.

Ҳозир қайга боқмай сўроқ ва ундов
(тақдир яна қандай кўрсатар қилиқ).
Кеча товуш бўлиб кетгандинг, эрта
Холиқ қайтаради акс-садо қилиб.

02.06.2018

ҲАЛИ

Йўқ! Ҳали келмадик йўлнинг сўнгига,
Ҳали қанча бедор тунларимиз бор.
Яна гуноҳкорлик мақоми учун
Бизга етарлича қўнмаган ғубор.

Менда яшалмаган умр бор ҳали,
Сенинг ёзилмаган шеъринг бир дунё.
Тугаб улгурмаган изтироб гали,
Шунингдек, орзулар – кўрмаган рўёб.

Ҳали оғриқлар бор – ҳис қилинмаган,
Азоблар қатма-қат – кўрмаган вужуд.
Сенда тўкилмаган кўзёшинг учун
Менда қийналмаган виждоним мавжуд.

31.05.2018

***
Нигоҳимда ғижимланган ҳавотир,
Унинг панасида уҳлар соқов сўз.
Деразам ортида тонг отаётир,
Кутмоқда эшигим орқасида куз.

Мени кўнглим кутар, бундан ташқари,
Дайди хаёлимни чаёндек чақар.
Куним унга қолган (мен далли ғариб),
Кўнглим — ҳаёт берган майда чой-чақа.

Нимадир кўксимда — ёмғирдек тахир,
Нима у? Кўзёшмас кўзимдан тошган.
Кимга ва нимадан нолийман ахир,
Мен фақат тинглашга ихтисослашган.

Ҳавога сочилиб кетмас овозим,
Тутун ёриб кирган хаёлларимга.
Ўзим гуноҳкорман, мен ўзим қози,
Умидим кечаги исёндир — тинган.

Мен башоратчиман, ўзим ҳам билмай
Туш кўраман ўзни бедор тунларда.
Лек ҳаётга қандай тасвирлаб берай
Тушларимни кўрсам ўлик тилларда.

Қалбим қўрғошиндан қурилган қалъа,
Истаклар бир моҳир табибга тақлид.
Ўзим жон киритган ҳар битта алам,
Яшашга маҳкум ва яшашга ҳақли.

Шундай экан улар менинг учун ҳам,
Яшаб бермоқдалар мен каби жимиб.
Мен эса ўзимда яшайман фақат,
Бироз торлик қилди дунёнинг ҳажми.

2017

ОНА

Сен кузатдинг илҳақ, мен эса кетдим,
Ортда қолди қишлоқ, букилиб қадди.
Соғиниб қолсам гар, ўзимга дедим:
Соғинч ҳақда ёзсам ўтиб кетади.

Сен қолдинг. Тиладинг ишим ўнгини,
Юрагим кет деди, ақлим кет деди.
Ўша он кўнглимда минг хил кечинма,
Кўнглим чўнтагимга ўхшамас эди.

Баҳор қайтиб келди, мен боролмадим,
Кафтингда кўкарди соғинч деган дард.
Кўкламдан ҳам кўпроқ соғиндинг асли,
Дардларинг булоқдек пок ва ложувард.

Она бўлолмади менга кенг шаҳар,
Юрагим қайт дейди, ақлим қайт дейди.
Аччиқ кўзёшимга ишонмаган жой
Онам юрагидан кенг эмас, эй дил!

Охир додлаб бердим, фақат сен сездинг,
“Қайт, болам, кел”, — дединг – сабринг етмади.
Соғиндим. Боряпман. Нетайин мана –
Соғинч ҳақда ёздим ўтиб кетмади.

Май, 2017

***
Ҳар лаҳзани қўйдим музлатиб,
Тутиб қолдим эсган шамолни.
Қаддим кейин букилмасин деб
Ўлиб кўрдим яшашдан олдин.

Армонларга орзулар Масиҳ,
Армон эса кўнгилга жаллод.
Мени бироз юпатаман деб
Юрагимдан урди бу ҳаёт.

Мен яшаган минг йиллик умрим –
Ҳаётимнинг биринчи жилди.
Кеча келган мингинчи баҳор
Кўзёшимдан сумалак қилди.

Бойчечакдан бахт ясаб олдим,
Хаёлларим бир ивирсиган.
Мингта аламимни юбордим қамаб
Тамакининг тор қутисига.

Ёш боладай кулдим, сўкиндим,
Юракда йўқ заррача ғубор.
Дардлар тугамайди, шошиб не қилдим,
Ахир менда яна минг йил бор.

Апрел, 2017

ШЕЪР

Ажаб, бу кўнгилга кела бошлайди
Уч кунлик чақалоқ ҳис қилган туйғу.
Тингловчи топилса, шеър ўқиб берсам
Айни сенсизликка бўлгувчи уйғун.

Сени ўйлаб яна тонгни уйғотсам –
Минг йиллик қуёшнинг аччиқ зардаси.
Ўзимга шубҳам бор – ишонмай қўйдим,
Гумон – кўзларимнинг йиртиқ пардаси.

Хира нигоҳимда қалтирайди сўз,
Энди сира тинчлик бермаса керак.
Барчаси бошқача, ҳар не ғалати,
Берган саволларинг нега тўртбурчак.

Бутунлай билмайман ҳозир қаерда,
Қайси сўқмоқларда кезарсан секин.
Билмайман кўнглимга келарсан қачон,
Лек қачон бўлса ҳам куттириб келгин.

Март, 2017

ЁШЛИК

Қийнаяпти ғалат бир туйғу,
Шеърсиз тунлар изтиробидек.
Энди сенга бермайман урғу
Юрагимда яшаган ҳадик.

Қийин экан сени тасвирлаш,
Несан? Кўзёш, умид, оқ байроқ?
Лабинг чизмоқ учун аралаш
Хаёлимда милён хил бўёқ.

Зотан борлиқ рангга кирган пайт,
Юрагингда бормиди араз?!
Билар эдим кўзингдаги дард
Бир марталик йўл чипта эмас.

Гарчи равшан эди ҳар қирранг,
Излаб ўйга ўтлар қаладим.
Сочингнинг толасин чизолмай
Хаёлимдан ўпкаладим.

Сўз ихтиро қилдим сен учун,
Қайси маҳал шамолдек келдинг.
Сенинг айни бетакрорлигинг
Баҳордан ҳам бошқача эдинг.

Нима бўлди, сезмай ҳам қолдим,
Қачон келиб, кетдинг сен елдек.
Сенсиз қолдим, лекин умримни
Яшаб бердим ўргатганингдек.

21.10.2013

ДЕНГИЗДАГИ ҚИЗ

Денгиз тошиб келар қизнинг қошига,
Тўлқинлар тиз чўкар етти букилиб.
Бошқача бўлиши мумкинмас, ахир
Энг гўзал қиз унга турар тикилиб.

Эгнидаги кўйлак – байроқ алвон ранг,
Теваракда шамол юборар сайраб.
Юзини беркитар бир зумга қуёш,
Кумуш дастагидан узилар байроқ.

Тўлқин йиқилади чалқанча бўлиб,
Тескарилган одат келар ҳушига.
Томчиларга сингиб кетмоқлик учун
Қиз тошиб боради денгиз қошига.

Июл, 2013

***
Ёддан чиқар ҳамма-ҳаммасин,
Кўкламларга қилмагин араз.
Бу гал ўсган гулларнинг сасин
Ҳис қилдингми ҳеч йўқ бир нафас.
Лолаларга очиб бер қучоқ,
Атиргулга ёрил дардингни.
Унут қишнинг заҳрини мутлоқ,
Осмонларга қўл узатдингми?
Ҳалал бермас бу сафар ҳеч ким,
Сен гулларнинг умрини тила.
Мен баҳордан илтимос қилдим,
Кўпроқ қолар бу гал биз билан.

11.06.2012

***
Албатта келади ўша кун санғиб,
Бир бурда нон тилаб турган етимдай.
Уни юрагимга боғлайман танғиб,
Пойига жонимни тўкмоқликка шай.
Хаёлга ҳалақит бермайди дунё,
Тушимда шодликлар топмайди барҳам.
Кўзимни очмайман ўша тун. Ҳатто
Асло оттирмайман тонгларини ҳам.

Январ, 2012

ИЛОЖСИЗЛИК

Уйғотинг уйқудан, уйғотинг мени,
Силламни қуритди тушлар залвори.
Чўкиб борармишман дарёга бесас,
Ажал отлиқлари кетмайди нари.

Уйғотинг уйқудан, уйғотинг мени,
Оқарган юзимга сувлар сепингиз.
Кўзимни очайин кеч бўлмасидан,
Жарга қулаяпман, вақтимиз тиғиз.

Кўзим очолмайман, руҳим ғафлатда,
Йиртқичлар ҳайдайди оловга суриб.
Бу ҳам етмагандек, кимдир атайлаб
Аллалаб чиқади бошимда туриб.

Март, 2011

01Rafiq O’zturk tavsiyasi bilan sirdaryolik yosh shoir Farrux Hasanov she’rlarini taqdim etamiz va ijodkor do’stimizga kelgusi ijodiy ishlariga muvaffaqiyatlar tilab qolamiz.

Farrux Hasanov
ShEЪRLAR
Farrux Hasanov 1995-yil Sirdaryo viloyati Boyovut tumantda tug’ilgan. 2019-yil Muhammad al-Xorazmiy nomidagi Toshkent axborot texnologiyalari universitetining iqtisodiyot fakultetini tamomlagan.

TARZ

Kecha o’tgan kuning uyg’otar seni,
Oppoq sochiq tutar yuzingni yuvsang.
Birga choy-poy ichib naridan beri
Tag’in ergashadi ortingdan hursand.

Sira tortinmaydi, bo’lmas hijolat,
Ishingga otlanar seningdek ildam.
Aylanma kursingga qo’nib betoqat
Qog’ozlarni ko’zdan kechirar zimdan.

Qutilib bo’lmaydi yoningdan haydab,
Yo jon saqlamaydi pana-panada.
Tushlik qilib bo’lgach, ketingdan daydib
Birga kirib chiqar hojatxonaga.
011
Ish vaqting tugaydi, kechagi kuning
Bekatga boradi yetaklab seni.
Kechagi kun ichra dunyoi dunning
Bo’yi cho’kib, torayar eni.

Uyga qaytganingda (hammasi xolva)
Eshikni ochadi ikki yot yurak –
Kechagi kuningga mahram ayol va
Kechagi kuningdan bo’lgan bir go’dak.

Ulkan bir so’roqqa bulg’anar botin,
Bir anglam jangiga sarflaysan uni.
Kimligingni bilmay, yana tong otib
Kechagi kun bilan boshlaysan kunni…

13.04.2020

ANGLAM

Kenglik deya yashaydi ko’ngil,
Uzunlikka intilar idrok.
Kenglikning yo’q chapi va o’ngi,
Uzunlikning oxiri so’roq.

Bir-birini rad etar masrur,
Bir-biriga qilmaydi toqat.
Yot g’oyali bu ikki unsur
Teranlikka sig’adi faqat.

Kenglik biroz hirs tabiatli!
Uzunlik kibrga moyilroq!
Demak
Taqvo bo’lsa kerak teranlik!

11.04.2020

G’OYa

Fikrating pand bermaydi, ya’ni
Tashlash mumkin qadamni dadil.
Yo’l-yo’lakay olarsan tanib –
Bunda faqat g’oya mo»tadil.

Kim ekaning hech muhim emas,
Taqvodormi yoki bir dahriy.
Boshqa gaplar bari bema’ni,
Sen g’oyangga Xudosan axir.

Faqat unda tirikdir tarzing,
Faqat unda dahosan, zo’rsan.
G’oya uchun yashasang arzir,
G’oya uchun bo’ladi o’lsang.

08.04.2020

***
Gunoh!
Uning e’tiqodi bor.
Gunohning e’tiqodi intiluvchanlik.
U intiladi.
Gunoh ongga intiladi.
Ongli har ne gunohkorlikka mustahiq.

08.01.2020

IShQ

Tillanisoga

1

Toshning vujudida jon saqlash mumkin,
Ruhni vujudidan bo’shatib abad.
Bunda na tadrij bor, va na inqiroz,
Na betartib isyon, na muvozanat –
Lekin ming yil burun dunyoga kelgan
Har toshning ichida bitta bo’shliq bor.

2

Tilkalaydi osmonni zada,
Bulutlarni qarg’aydi uzoq.
Ikki bo’shliq oralig’ida
Osmon yaqin va zamin yumshoq.
Yelkasiga qanotlari yot,
Hur parvozlar ruhiga og’u.
Tuzoqlardan izlaydi najot
Ozodlikdan zerikkan oqqush.

18.12.2019

XULOSA

Men – kurashlar ichra yashayotgan hur,
Yuragimda fotih tig’ga tavajjuh.
Axir oson emas yashamoq axir –
Idrok va hissiyot aro talosh tug’.

Qanday kuch mujassam tayanch nuqtada,
Bitilgani sayoz, bashorat teran.
Tafakkur dunyoni bilgan nuktadon,
Ko’ngil hali dinga kirmagan eran.

Ne isyon erur bu,
Bu kurash nima –
Bayrog’im moviy qon, tig’im zulfiqor.
Menga tus berguvchi har bir kechinma
Tun misoli ezgin, tongdek zulxumor.

Ikki taraf endi bu dunyo malol,
So’roqlar (?) dol bo’lib yaralar – nayza.
Tafakkur shaklida essa gar shamol,
Dinning sur’atida tebranar maysa.

28.11.2019

HAYDALISh

Qon simirar yuraging
Jomdan sharobdek,
Kashkulingga sig’maydi
Eng so’nggi diydor.
Biroz uzoq qolishing
Mumkin edi, lek
Qulog’ingda
Ket degan so’zning hidi bor.

26.11.2019

BIZGA

(tengdoshlarga)

jarayon sur’ati urushdek qizg’in
visol oni kabi jarayon hurkak
ikki tanlov voqe’
jarayonni jim
kuzatmak va yoki kurashga kirmak

har ikki qayriliq ming og’u bersa
har birin ortida ming tur zarurat
jimlik ikki hissa farosat tursa
kurashmoqqa kerak uch hissa jur’at

24.10.2019

TARADDUD

Yo’l tuzaman o’zimga uzoq,
Xaritalar chizaman mavhum.
Bir qaror iroda etaman,
Biroq
Bezovtalik gavjum:
Safarhaltam juda ham kichik –
Joy olmaydi kerak narsalar.
Vijdonimga ketdi sochilib
O’yini unmagan qartalar.
Faqat fikr sig’ar nari-beri,
Yana tuyg’u – bir siqimgina.
Tuproqdan
Og’zimga bir chimdim terib
Olaman qand kabi shimgani.
Qaytmaslikka ichaman qasam,
Xayr-xo’shlashaman bir ezgin.
Kashkulga ne sig’di?
Qarasam,
Vatan degan bir umumsevgi.

22.10.2019

ShEЪR IShTIYoQI VA SO’Z EHTIYoJI
XUSUSIDAGI NIMARSA

Gungdek kalovlanar ruhda iltijo,
Ishtiyoq tomirda yoyadi kurtak.
Umuman, har nening sirtida hijob,
Xususan, noboproq keladi yurak.

Osmonga oyoqlar oqsoq tafakkur,
Isyon o’tar ongosti chizgan chiziqdan.
Bu gal nishon o’zga, yot bir tatabbu –
Mavzu favqulodda dolzarb, qiziqqon.

Kechinma ko’ngilni etarak tavof,
Qalampir tusaydi zabon mutassil.
Ruhning ifodasi yanada shaffof –
O’lim hukmi yanglig’ tugal, batafsil.

21.10.2019

BAXT

Rafiq O’zturkka

Yorug’ tong tomchilar tun ko’zasiga,
Zebo qaldirg’ochlar kuylar valfajri.
Teskarilgan dunyo qaytar asliga
Tongsirar zaminga bergani ajrim.
Maydalishib ketar yerning ko’lami,
Xususan, yurakka joylashar, solsang.
Barchasin ichingga yutsang o’rtanib,
Tashqarida esa faqat she’r qolsa.

20.10.2019

HUR

U dunyodan chekindi badar,
Qo’llarini chopdi uning tun.
Shum taqdirning shu kunga mahtal
Arqonida ko’paydi tugun.

Bir malak deb sipqordi sharob,
So’nggi foje bo’lgandi sodir.
Gulni latta-puttaga o’rab
Olib ketdi bir qora botir.

Yuragini paysaladi jim,
To’kmoq uchun qoldi so’nggi qon.
Lanj ruhida uyg’onib samum,
U hushiga keldi bir zamon –

Qizil bo’ldi ko’zlarin rangi,
Qo’li mushtga tugildi qattiq;
Eski shiftning ostida gangib
Qon hidladi yangi chimildiq.

14.10.2019

KUZ UNSURLARI

Mezon kuy chaladi tuproq ostida,
Qildek qumursqalar izg’ir asabiy.
Osmon yerga tomon kelar bostirib,
Tirik qolgan so’nggi isyonchi kabi.

Devor tirqishidan mo’ralaydi yel,
Uch kunlik kelindek kirar ichkari.
Yashinlar osmonning ostiga kelib
Tinmay qayrashadi kumush tishlarin.

Qushlar uchar quyosh botgan tomonga,
Soylar dalalarga berib yotar to’sh.
Xazonrez daraxtda turar omonat –
Fohishaning ishton bog’i kabi bo’sh.

Maysalar – bahorning dilbar qizlari,
Tarovati yitib borar kun sayin.
Somondek sarg’ayar durkun yuzlari,
Bevaqt boshlanadi yalpi keksayish.

Daryo chayqalishdan charchagan bir payt,
Birlashib ketgandek baqo va fano,
Bor ziynati ketgan yo’qsil tabiat
So’nggi fojeaga o’qir tasanno.

09.10.2019

TAYYoRGARLIK

Dunyo shakllanur tun quchog’ida,
G’arib nigohlardan uzilur kishan.
She’r sachrab ketadi oy dudog’idan,
Qalam yo’nib berur nishidan tikan.

Asov gohidalik uyg’onur tuyqus,
Yalqov ehtimollik bo’lajak sodir.
Zilday zamin uyg’oq, samo uyqusiz,
Buyuk fojeaga ko’rar hozirlik.

Ridoiy hijobin yechur tafakkur,
Har bir hujayrada o’rmalaydi his.
Sababiyat olchoq, natijasi sur,
Hissiyot o’ta zich, kechinma tig’iz.

Ensizlanib borur dunyo osuda,
Shirin yolg’on ila aldayur Malik.
Qalbaki befarqlik iskanjasida
Uzoq kuttiradi kutilmaganlik.

Va so’nggi voqelik ro’y berar oni
Birlamchi ruh tanga bo’lmaydi doxil.
Haq ko’ngilga diqqat solar zamoni
Olis osmon yaqin – narigi sohil.

04.10.2019

SOFLIK

Nafratning ta’mini bilmagan ko’zlar;
gunohsiz qo’llardan uzilgan zanjir;
tildan to’ramagan bir og’ir so’zlam;
qonning iforini tuymagan xanjar;

ichilgan qasamda tosh qotgan lahza;
visoli sazoyi bo’lgan ilhaqlik;
faqat xudosi bor, xalqi yo’q mazhab;
asliyatdan avval tug’ilgan taqlid;

zamonning yuziga qum sochgan makon;
xizmatiga rag’bat ko’rmagan savob;
puch e’tiqod – imon keltirilmagan;
faqat o’z kovushin tanuvchi avom;

Haq deya manglaydan oqayotgan qon;
sinmagan iroda; bo’g’ilmagan erk;
dinning yo’rig’iga yurmaydigan fan;
siyosatning hidi kelmaydigan she’r.

18.09.2019

IShTIYoQ

Ko’ngil yiqiladi yo’lni changallab,
Qirs etar! O’qidan chiqib ketar yer.
Nechuk ovvoraman bororim tanlab?
Yo Rabbiy! Bandangga bitta manzil ber!

Suvdan yuragimni ko’tarar g’alvir,
Yo’lsirar oyoqda yirtilgan kovush.
Axir men sayyohman, sayoqman axir –
Qafasga moslashib ketolmagan qush.

Ortimdan ergashmas – oliy nasabi,
Atvorimga sira qilmaydi toqat.
Ikkiga bo’linar zamin asabiy –
Tursam azob,
Yursam mazammat.

Sarkash ruhunatni ololmas eplab
Dunyo dun – beixlos menga siltar qo’l.
Qafasim bezanjir – to’rt tomon qibla,
Ko’zim – yo’l!
So’zim – yo’l!
Dilim – yo’l!
Din – yo’l!

O’zimdek yovvoyi shamolni minib
Ke-e-etsam!
Borlig’imni borliq unutsin!
Biyday kengliklarga sig’mas loshimni
Yo’l yutsin!
Yo’l yutsin!
Yo’l yutsin!

16.09.2019

***

Nigohimni yopar uch kunlik hilol,
Shamol xayolimga yugurtirar musht.
Chap ko’ksimni o’tday kuydirib chunon,
Osmonsirab yig’lar yaralangan qush.

Ko’zyoshlar ishqori o’yar ko’zimni,
Tasavvur azobi sug’uradi jon.
Qachon topajakman bunda o’zimni,
Mening fitratimda tong otar qachon?

Butkul ibtidoga qaytaman abgor,
Toshdek cho’ktiraman ruhni yurakka.
Qalbni uyg’otguvchi yana nima bor
She’rdek sodda,
She’rdek murakkab?

Taqdir shu! Tikaman dorga boshimni!
Oxir telbaligim ustivor kelib,
Ketaman she’r izlab, bir kun loshimni
She’rsiz kunlarimga sadaqa qilib.

09.08.2019

UYG’ONISh

Ko’zyosh qirralari botdi ko’zimga,
Ming yillik qonimda ko’pchidi tug’yon.
Achchiq bir kinoya keldi izimdan –
Uyg’on!

Og’ir hayqiriqdek otdi so’ng sabuh,
Asrlik g’aflatni kechdim asabiy.
Men jangari edim, qo’llarimda tig’,
Lek qay choh yutgandi Alpomish kabi.

Ey tarix! Mana men! Nafratingni sun!
Darveshsaro ko’nglim etmas tijorat.
Qisqa umrimdagi xatolar uzun…
Hijolat…

Idrokim oqsadi, qiynaldi jonim,
Adashdim! Ne qonga edim zurriyod?!
Yerdan izlarimni yo’qotgan kunim
Oyning yuzlaridan topdim zumurrod.

Ko’zyoshlar quridi, ko’zlarim tindi,
O’zimni kashf etdim – sahroyi, tajang.
Yarqiroq tolega bitgani endi
Jang…

Barcha chegarani buzdim nihoyat,
Bosgan izlarimdan qabardi azob.
Endi ko’nglimdagi har bitta g’oya
Sazoyi qilingan qul kabi ozod.

Quyosh so’zlarimga ato etdi jon,
Har zarra tuprog’im taqdirga tum-m-mor.
Uzoq ilhaq qildi ko’zimni bu tong –
Zulxumor…

Qayda g’olib esam, qay yerda mag’lub,
O’zim istagancha qursam dunyoni.
Kesik bu boshimni bo’lmaydi egib,
Tarbiyalab bo’lmas hech vaqt isyonni.

21.05.2019

ERK

(so’z isyoni)

Ilohiy ishq bo’ldim maydan to’ragan
(na dunyo, na dinga edim talluqli).
Vujudim sahroyi bo’ron o’ragan,
Kuyukdil, olovko’z – Quyoshning o’g’li.

Qayta tirilmoqqa yetmadi sabrim,
Har bir qo’zg’alonim ko’ksimda zuxur.
Ko’zlarim juvonmarg so’zlarning qabri –
O’liklar bo’zlayur, bo’zlayur og’ir.

So’z bo’lmoq istadim – achqimtir, biyron!
Hali kashf bo’lmagan, aytilmagan so’z.
Qay zamon tovushga aylandim giryon,
Suyaksiz bir tilda bo’ldim talaffuz.

Necha quloqlarni kezdim sharpadek,
Qaysi yuraklarda qildim g’alayon.
Bir bor tug’ilganda ming karra hadik –
O’limdek muqarrar buxron namoyon.

Qanday ko’rinishga keldi ravishim,
Eng og’ir jumboqdan yaraldimmi yo?!
Ildizim maqtovmi, qora qarg’ishmi,
Na suyuq, na quyuq – g’alati kimyo.

Meni pichirladi lablar ohista,
Kim qo’rqib, kim yig’lab, kim esa vazmin.
Jismimni ming tildan terdiyu asta,
She’rga aylantirdi Rab al-Olamin.

Qancha dilga tikdim og’och, dorimni,
Axir men so’z edim – shoir aldamas.
Birma-bir sindirdim suyaklarimni –
Mohiyatga yuqdi ilmi handasa.

Bilmam, qaydan foje bo’ldi bu udum,
Fikratimga yolg’iz bir unsur ayon –
Bo’yin egajagim ilk dunyo – bu din,
She’r – men ko’tarajak eng so’nggi isyon.

19.04.2019

(taglavha)

aytilmagan qoldiq so’zlarim
to’kilmagan ilhaq ko’zyoshlar
yuragimning abad bo’zlari
farhodlarga yumush bir toshloq

cho’llab ketgan giyohsiz taqir
chang qoplagan umid yo’llari
shavqat tilab uzalgan sag’ir
muallaq oh kesik qo’llarim

bir hissiyot tubanlashmagan
bir muhabbat bilmagan sarob
ming farishta etguvchi makon

so’zga do’nmas soqov aytarim
mening ming yil kutarim aro
sening bir kun menga qaytaring

BOR

27.03.2019

RABBONAM

Cho’g’dek titkiladim kuygan dilimni,
Bag’rim suv sepilgan o’choq, Rabbonam.
Afsus! Tiyolmadim zahar tilimni –
Butun koinotim so’roq, Rabbonam.

Qara! Sarkash chiqdi sensiz hayotim,
Darveshdil siyratim ko’rmadi karam.
Endi tegramdagi bori bisotim
Yuragim osilgan sirtmoq, Rabbonam.

Bugun kunlarimdan kunlarim g’oyib,
Bugun ishqi iloh ko’ylaklari nam.
Kecha kimlarnidir yig’latib qo’yib,
Biroz shirin edi kulmoq, Rabbonam.

Isyon ko’tarmoqda qirq ming tomirim,
Tasavvur qoldig’i – butun g’amxonam.
Sensiz sovirilgan har lahza umrim
Bigizga aylangan barmoq, Rabbonam.

O’zim zolim shohu o’zim hoksor qul,
Koshonam – fikratim, ko’ngil – vayronam.
Titrayman! To’rt tomon ko’zgudir nuqul,
Men – bandang! Shunchalar qo’rqoq, Rabbonam.

Yaxshiki, bir marta yashayman xolos,
Dunyodan bir marta o’taman mulzam.
Senga aytilajak har sas, har ovoz
Hech vaqt tinmaydigan titroq, Rabbonam.

Tortilgan nadomat – tuzlangan qamchi,
Jarohat sirqirar, bitmaydi qonab.
Kiprigimga har bir osilgan tomchi
Ummonlarga do’ngan irmoq, Rabbonam.

G’ofil qolaverdi maysirab ko’nglim,
Jomma-jom, ayshma-aysh bitdi nishonam.
Meni tomchilatib tugatgan sevgim –
Ko’zlari o’yilgan Shiroq, Rabbonam.

Netay, har o’ngimga berilgan chapman,
Meni kechagidek tanimas onam.
Qo’limni ko’ksimdan ololmayapman,
Kaftimga sanchildi pichoq, Rabbonam.

Ne anglam bor yana o’zingdan oldin,
Sujudim bir senga – sengaman qaram.
Allaqachon o’zni yo’qotib bo’ldim,
Toparim bitta kaft tuproq, Rabbonam.

14.03.2019

TAVBA

Tinmay qarg’ish eshitsam endi,
Endi gunoh qilsam miriqib,
Yozganlarim so’ngak misoli
Tomog’imga qolsin tiqilib.

Nom-nishonim unutsa har kim,
Archib olsam yurak po’stini,
Og’riq aro e’tiborsiz, jim,
Hotirjam yashayman o’ksinib.

Siyratimni suymasa solih,
Hech kunimga bo’lmasa karam,
Jabbor sevar – bir kuni yo’lsiz
Ibodatga qaytsam lojaram…

So’zlarimni bo’lmasa tinglab,
Ko’zlarimni bo’lmasa o’qib,
Bir pand ko’rib tiyilsa tilim,
So’z kuchidan boshlasam qo’rqib.

Shunday kechsa barchasi silliq,
Ertami-kech chiqarsang qanot.
Kutishingga arzisa o’lim,
Ketishingga arzisa hayot.

02.03.2019

MEZON

me’yor yitib uzilar tizgin
sanchiq kelar yana mutassil
daraxtlarga dardlari yuzgan
xuruj berar eng so’nggi fasl

qantaradi yurakni xotir
jarayonda bo’lmaydi uzluk
gullab ketar sarg’ish xavotir
sezimlari dengizdek tuzlik

ko’zim o’ysa har zarra qumi
uxlab qolsam dengiz tubida
yoqilmagan eng so’nggi umid
tamakidek tursa labida

quyuqlashur o’ylar buluti
xulosalar sohildek sayoz
meni jardan qolganmi tutib
tund ruhunat va siniq namoz

tomchilasa ko’nglim vovaylo
yashashni o’rgansam suvdek jim
bodomlar gulidan avaylab
shakl olsa so’ngsiz murodim

meni faqat O’zi tushunsa
ulg’aytirsin tutib iztirob
tuproqlanib ko’kka sochilsam
faqat Unga bo’lay istilo

16.02.2019

JARAYoN

Yarashardi kecha yig’lasam,
Osmonni zabt etardim borib.
Sal ertaroq kelardi ko’klam,
Sal kechikkan baxtni ko’tarib.

Bugun bosgan izlarim ofat,
Bag’rimda muz, boshimda shamol.
Yarmim isyon, yarmim halovat,
Seni qanday etayin ishg’ol?!

Sabrim bitib xunobim ortar,
Bir juft so’zga tugundir tilim.
Taqdir dangal qo’yadi shartlar –

Biroz qisqa bo’ladi umrim
Biroz uzun keladi dardlar
Biroz baxtli yasha sevgilim…

01.02.2019

UMIDNING QIYoFASI

Yana ostonamga kelar suqilib,
Yashashga halaqit berguvchi bir kuch.
Jonim tomog’imga qolar tiqilib,
Yoki yuragimda boshlanar huruj.

Seningdek keladi u ham daf’atan,
Yoki xat jo’natar kutilmaganda.
U taqdir bo’ladi – berilmagan tan,
Yoki itoatsiz daxriy bir banda.

Lekin qadamlari ko’klamday qutlug’.
Sen uchun meningdek ko’tarmas yohu.
Hali qiynalmagan, ko’zlari quruq.

Keldim deb eshikdan bosh suqsang bir kun,
Na muhabbat tirik, na tirik Farrux,
Tiriklik qoldig’i bo’lar faqat U…

20.01.2019

SEN HAQDAGI TUShLARIM

Masrur kuy chaladi eski iztirob,
Yalovin ko’tarar qayta tund g’ashlik.
Ko’nglimda nimadir jon berar harob,
Ko’ksimda bir ajdar o’kirar achchiq.

G’amangiz tushlarim ruhimga qafas,
(Bunda yashamadim. Balki men o’ldim)
Meni tiriltirdi masihiy nafas,
Bugun Havoriyman – Isoni ko’rdim.

Ne uchun to’lg’onib yig’ladim tinmay
Na dunyo, na dinning bo’lmadi ishi.
Men esa she’r yozdim gunohin bilmay,

Yukinmoqqa mavrid bermadi tushim.
Endi bizga og’och tiklar bildirmay
Bebismilloh tuyg’ularning qarg’ishi…

07.01.2019

EVRILISh

Oxirlab boryapti bu vaqt pistadek,
Cho’ntagimda esa o’sha so’z yolg’iz.
Ko’nglimni ovlaydi chirkin alvasti,
Hunuk alla aytar bukri yalmog’iz.

Qayga yetaklaydi vaqt degan hakam,
Balki yashamasman o’zim o’zimda.
Kecha beshtosh o’ynab yurgandi opam,
Palahmon toshiga aylandi zumda.

Shamol tomoq qirar, chorlaydi ko’cha,
Vaqt izn bermaydi, yuragim qonmas.
Ko’nglim qaydan kelgan, talpinar qayga,
Yaratgan biladi, yaratilganmas.

Imonim ostida qaynaydi gumon,
Xayol ming bo’lak, lek sujud bir, Haq bir.
Ko’nglim tortar ko’ngil xushlagan tomon,
Gunohimdan o’tsin Allohu Akbar.

Qismatim kasrmi, og’ir hisobi,
Surati – uch kunlik umr beg’ubor.
Qolgan qismi undov, ki maxrajimda
Meni ming bo’lakka bo’lguvchi dard bor.

Hali topmadimmi o’zimni nahot –
Shu havf chaqib olar qovoq aridek.
Va yara bitmaydi, qonaydi bot-bot,
Zurriyodga muhtoj bepusht dardidek.

Yerga og’ir botdi ishqparastligim,
Nega osmon yig’lar, chaqmoq qayrar tish.
Kimdir qarg’ar bunda, va alqaydi kim –
Alomatim gunoh, mohiyatim ishq.

Ko’zingni och deya necha tong otgan,
Qurbonlikka bo’ldi nelar muhayyo.
Meni olim yaratmagan Yaratgan,
Orif bo’ldim, seni angladim dunyo.

Lekin bir anglam bor – tushunilmagan,
Bu – mensizlik – o’zsizlik – manzilsizlik.
Va yana bilganim ko’ngil ko’chmanchi
Oyga yo quyoshga… qaygadir gizlik.

Endi karvon menga Samo va Vujud,
Qayta terib chiqay bo’laklarimni.
Ruhunating qayda, sen qayda, Farrux,
Yolg’iz eshitadi yana arzimni.

Meni o’ldirmaydi uch tomchi ko’zyosh,
Oldi-qochdi dard deb namlanmas qog’oz.
Bandasi yengilmas, yig’laydi faqat,
Jabbor jabr etmas, sinaydi xolos.

20.08.2018

AZOB GIPERBOLASI

Sekin tomchilaydi ko’zlardan azob,
Qora qon sirqirar mayib yurakdan.
O’zimga, so’zimga sig’mayman, tag’in
Taqdir kesatig’i turmas kurakda.

Chuqur anglamoqqa ojizdir fikrat,
Qanday hodisot bu, qandayin iloh:
Taqvoga do’nadi yuvilgan ko’ngil,
Savobga do’nmaydi yuvilgan gunoh…

Tomirdek torayar battar tasavvur,
Shirin xotirotda xulosa – achchiq…
Muqimatni bilmas qismatim – shamol –
Hech bir qalbda qo’nim bilmagan qanjiq…

Qanday banda bo’ldim? Borlig’im – rido…
Vido… ishqqa sira to’ymagan qo’ynim…
Xudo tahoratga uzatgan suvni
Chanqoq qondirishga ishlatib qo’ydim…

Endi hech nimarsa chiqmas yuzaga,
Gunoh bor, men borman, va bordir azob…
Netay?.. Taqdir boshqa, boshqa tadbirim,
Xohish-istak boshqa, boshqa taqazo…

Xususan, mujassam har nafasimda
Tovushga kirmagan og’riqlar ohi…
Va “axir” so’zining taxir alami…
Va “agar” so’zining zildek gunohi…

Kimlardan qolgan bu dardlar ko’lami???
Aqlga hech sig’mas ekan boricha…
Qayerdan boshlangan, tugar qay yerda,
Qayg’u borliq, azob natija…

22.07.2018

SENGA

Tang’ib tanballaysan yuraging endi,
“Nega”lar keladi hech kechiktirmay.
Suyaklaringgacha botgan muhabbat
Bir dard bo’lib chiqib ketar sezdirmay.

Yana o’tmishlana boshlaydi xayol,
Xotira osmonga urilar borib.
Hech qanday o’zgarish yuzaga chiqmas,
Quvonchim kechagi, dardimchi joriy.

Suv sepilgan kulday sapchiydi o’ylar,
Hayot yorib kirar xayol bag’riga.
Qara! Sensizlikdan senlangan dunyo
Bo’yoqsiz. Kimsasiz. Yolg’iz. Qarigan…

Kirib borolmayman yuragingga men,
Tomdan chakki bo’lib o’tgan yomg’irday.
Sen qayda? Men qayda? Yo’lim sarsari
Sandiqda qamalib qolgan Toxirday.

Na ko’zim, na qo’lim, na oyog’im bor,
Ko’rolmayman, tutolmayman, borolmayman.
Tilim yo’q! Kesilgan! Vujudim tutun!
Har esgan shamolga bo’lurman mayna.

Sen tushsan ilohiy – Payg’ambari bor,
Menchi nomunosib bemahal uyqu.
Seni ko’rolmagan ko’zlarim tashna,
Ko’nglimni to’ydirgan xotirang yuqi.

Nega yetolmayman sen tomon, gulim?
Elakdan o’tmagan urvoq singari.
Sensizman! Gulsizman! Rangsiz – kuzdagi
Daraxtdek bechora, xazondek g’arib.

Chayon chaqib olgan ko’rimsiz umid
(och va to’yinmagan qofiya kabi).
Qachon va qayerda bo’laman taslim
(atayin qilganday tugamas sabr).

Qanaqa jarayon bu intizorlik?
Nima qilay? Kuyay, kulaymi oxir?
Yordek erkalaymi, do’stimdek suyay?
Hech bir jarayonning jinsi yo’q axir.

Hozir qayga boqmay so’roq va undov
(taqdir yana qanday ko’rsatar qiliq).
Kecha tovush bo’lib ketganding, erta
Xoliq qaytaradi aks-sado qilib.

02.06.2018

HALI

Yo’q! Hali kelmadik yo’lning so’ngiga,
Hali qancha bedor tunlarimiz bor.
Yana gunohkorlik maqomi uchun
Bizga yetarlicha qo’nmagan g’ubor.

Menda yashalmagan umr bor hali,
Sening yozilmagan she’ring bir dunyo.
Tugab ulgurmagan iztirob gali,
Shuningdek, orzular – ko’rmagan ro’yob.

Hali og’riqlar bor – his qilinmagan,
Azoblar qatma-qat – ko’rmagan vujud.
Senda to’kilmagan ko’zyoshing uchun
Menda qiynalmagan vijdonim mavjud.

31.05.2018

***
Nigohimda g’ijimlangan havotir,
Uning panasida uhlar soqov so’z.
Derazam ortida tong otayotir,
Kutmoqda eshigim orqasida kuz.

Meni ko’nglim kutar, bundan tashqari,
Daydi xayolimni chayondek chaqar.
Kunim unga qolgan (men dalli g’arib),
Ko’nglim — hayot bergan mayda choy-chaqa.

Nimadir ko’ksimda — yomg’irdek taxir,
Nima u? Ko’zyoshmas ko’zimdan toshgan.
Kimga va nimadan noliyman axir,
Men faqat tinglashga ixtisoslashgan.

Havoga sochilib ketmas ovozim,
Tutun yorib kirgan xayollarimga.
O’zim gunohkorman, men o’zim qozi,
Umidim kechagi isyondir — tingan.

Men bashoratchiman, o’zim ham bilmay
Tush ko’raman o’zni bedor tunlarda.
Lek hayotga qanday tasvirlab beray
Tushlarimni ko’rsam o’lik tillarda.

Qalbim qo’rg’oshindan qurilgan qal’a,
Istaklar bir mohir tabibga taqlid.
O’zim jon kiritgan har bitta alam,
Yashashga mahkum va yashashga haqli.

Shunday ekan ular mening uchun ham,
Yashab bermoqdalar men kabi jimib.
Men esa o’zimda yashayman faqat,
Biroz torlik qildi dunyoning hajmi.

2017

ONA

Sen kuzatding ilhaq, men esa ketdim,
Ortda qoldi qishloq, bukilib qaddi.
Sog’inib qolsam gar, o’zimga dedim:
Sog’inch haqda yozsam o’tib ketadi.

Sen qolding. Tilading ishim o’ngini,
Yuragim ket dedi, aqlim ket dedi.
O’sha on ko’nglimda ming xil kechinma,
Ko’nglim cho’ntagimga o’xshamas edi.

Bahor qaytib keldi, men borolmadim,
Kaftingda ko’kardi sog’inch degan dard.
Ko’klamdan ham ko’proq sog’inding asli,
Dardlaring buloqdek pok va lojuvard.

Ona bo’lolmadi menga keng shahar,
Yuragim qayt deydi, aqlim qayt deydi.
Achchiq ko’zyoshimga ishonmagan joy
Onam yuragidan keng emas, ey dil!

Oxir dodlab berdim, faqat sen sezding,
“Qayt, bolam, kel”, — deding – sabring yetmadi.
Sog’indim. Boryapman. Netayin mana –
Sog’inch haqda yozdim o’tib ketmadi.

May, 2017

***
Har lahzani qo’ydim muzlatib,
Tutib qoldim esgan shamolni.
Qaddim keyin bukilmasin deb
O’lib ko’rdim yashashdan oldin.

Armonlarga orzular Masih,
Armon esa ko’ngilga jallod.
Meni biroz yupataman deb
Yuragimdan urdi bu hayot.

Men yashagan ming yillik umrim –
Hayotimning birinchi jildi.
Kecha kelgan minginchi bahor
Ko’zyoshimdan sumalak qildi.

Boychechakdan baxt yasab oldim,
Xayollarim bir ivirsigan.
Mingta alamimni yubordim qamab
Tamakining tor qutisiga.

Yosh boladay kuldim, so’kindim,
Yurakda yo’q zarracha g’ubor.
Dardlar tugamaydi, shoshib ne qildim,
Axir menda yana ming yil bor.

Aprel, 2017

ShEЪR

Ajab, bu ko’ngilga kela boshlaydi
Uch kunlik chaqaloq his qilgan tuyg’u.
Tinglovchi topilsa, she’r o’qib bersam
Ayni sensizlikka bo’lguvchi uyg’un.

Seni o’ylab yana tongni uyg’otsam –
Ming yillik quyoshning achchiq zardasi.
O’zimga shubham bor – ishonmay qo’ydim,
Gumon – ko’zlarimning yirtiq pardasi.

Xira nigohimda qaltiraydi so’z,
Endi sira tinchlik bermasa kerak.
Barchasi boshqacha, har ne g’alati,
Bergan savollaring nega to’rtburchak.

Butunlay bilmayman hozir qayerda,
Qaysi so’qmoqlarda kezarsan sekin.
Bilmayman ko’nglimga kelarsan qachon,
Lek qachon bo’lsa ham kuttirib kelgin.

Mart, 2017

YoShLIK

Qiynayapti g’alat bir tuyg’u,
She’rsiz tunlar iztirobidek.
Endi senga bermayman urg’u
Yuragimda yashagan hadik.

Qiyin ekan seni tasvirlash,
Nesan? Ko’zyosh, umid, oq bayroq?
Labing chizmoq uchun aralash
Xayolimda milyon xil bo’yoq.

Zotan borliq rangga kirgan payt,
Yuragingda bormidi araz?!
Bilar edim ko’zingdagi dard
Bir martalik yo’l chipta emas.

Garchi ravshan edi har qirrang,
Izlab o’yga o’tlar qaladim.
Sochingning tolasin chizolmay
Xayolimdan o’pkaladim.

So’z ixtiro qildim sen uchun,
Qaysi mahal shamoldek kelding.
Sening ayni betakrorliging
Bahordan ham boshqacha eding.

Nima bo’ldi, sezmay ham qoldim,
Qachon kelib, ketding sen yeldek.
Sensiz qoldim, lekin umrimni
Yashab berdim o’rgatganingdek.

21.10.2013

DENGIZDAGI QIZ

Dengiz toshib kelar qizning qoshiga,
To’lqinlar tiz cho’kar yetti bukilib.
Boshqacha bo’lishi mumkinmas, axir
Eng go’zal qiz unga turar tikilib.

Egnidagi ko’ylak – bayroq alvon rang,
Tevarakda shamol yuborar sayrab.
Yuzini berkitar bir zumga quyosh,
Kumush dastagidan uzilar bayroq.

To’lqin yiqiladi chalqancha bo’lib,
Teskarilgan odat kelar hushiga.
Tomchilarga singib ketmoqlik uchun
Qiz toshib boradi dengiz qoshiga.

Iyul, 2013

***
Yoddan chiqar hamma-hammasin,
Ko’klamlarga qilmagin araz.
Bu gal o’sgan gullarning sasin
His qildingmi hech yo’q bir nafas.
Lolalarga ochib ber quchoq,
Atirgulga yoril dardingni.
Unut qishning zahrini mutloq,
Osmonlarga qo’l uzatdingmi?
Halal bermas bu safar hech kim,
Sen gullarning umrini tila.
Men bahordan iltimos qildim,
Ko’proq qolar bu gal biz bilan.

11.06.2012

***
Albatta keladi o’sha kun sang’ib,
Bir burda non tilab turgan yetimday.
Uni yuragimga bog’layman tang’ib,
Poyiga jonimni to’kmoqlikka shay.
Xayolga halaqit bermaydi dunyo,
Tushimda shodliklar topmaydi barham.
Ko’zimni ochmayman o’sha tun. Hatto
Aslo ottirmayman tonglarini ham.

Yanvar, 2012

ILOJSIZLIK

Uyg’oting uyqudan, uyg’oting meni,
Sillamni quritdi tushlar zalvori.
Cho’kib borarmishman daryoga besas,
Ajal otliqlari ketmaydi nari.

Uyg’oting uyqudan, uyg’oting meni,
Oqargan yuzimga suvlar sepingiz.
Ko’zimni ochayin kech bo’lmasidan,
Jarga qulayapman, vaqtimiz tig’iz.

Ko’zim ocholmayman, ruhim g’aflatda,
Yirtqichlar haydaydi olovga surib.
Bu ham yetmagandek, kimdir ataylab
Allalab chiqadi boshimda turib.

Mart, 2011

(Tashriflar: umumiy 586, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring