Jasur Esan. She’rlar

09Менга шеърларини юборган Жасур Эсаннинг мактубидан: «Кутубхонангизга эълон қилинаётган ижод намуналарни ҳам ўқиб, кузатиб боряпман. Ундаги адабит муҳит менга катта таъсир кўрсатди. Сизга улашган шеърларимни балки, қайсидир маънода шеър деб бўлмас лекин нима бўлганда ҳам бир кўришингизни истадим…»
Жасурнинг шеърларини бирор бир таҳрирсиз сизга тақдим этмоқдаман. Зеро, унинг шеърлари ҳақида фикр-мулоҳазаларни сиздан олишни истадим. Шеърлар хусусидаги фикрларингизни саҳифа якунидаги изоҳлар қисмида ёзиб қолдиришингизни илтимос қиламан.

Жасур Эсан
ШЕЪРЛАР


033
Манзара

Вақтга бўлиб намозшом хоқон,
Кун уйқуга кетар муаллақ.
Қонлар қусиб, жон беради жон,
Барқут осмон илгида шафақ.

Чағалайлар жаноза ўқир,
Мотам тутар кўкда булутлар.
Қояларда увиллар қашқир,
Ҳилол далда сочиб овутар.

Япроқларнинг силкинар бари,
Шамоли тез, шимол қутбининг.
Ер шарининг айланишлари,
Тушларига кирар офтобнинг.

Чигирткалар опера куйлаб,
Тун сукутдан бебаҳра қолар.
Ҳароратли нигоҳин жойлаб,
Жим кузатар тунни Зуҳролар.

Майсаларнинг юзларида нам,
Сўнгра борур, тун ҳам охирлаб.
Уйғотгудек кунни субҳидам,
Хўрозларнинг қичқириғи-ла.

Кун ёришар, ғоят ўзгача,
Тоғ ортидан мўралаб ювош.
Ой нурига чўмилган кеча,
Яхши ухлаб турдингми, қуёш?!

05.09.2019

Менсизлик

Гоҳо номаъум сонман,
Ечимин топиб бўлмас.
Бугун ўзга инсонман,
Мен кечаги мен эмас.

Ўзи қайдан келганман,
Боласиман мен кимнинг?!
Қаерда туғилганман,
Манзили қай хокимнинг?!

Шайтонга тушиб лаққа
Гангиб кетгандайман-ов.
Ҳеч нимасиз бўшлиққа
Сингиб кетгандайман-ов.

Ранги ўчган чархимнинг:
Гоҳи рост, гоҳ чинсизман.
Танам сезмас руҳимни,
Менинг ўзим менсизман.

14.02.2019

Қасос

Яратган эгамнинг
Ёлғиз гувоҳлигида,
ҳақиқат олдида
қасам ичиб айтаманки:
(Оллоҳимнинг ўзи кечирсину)
Беҳуда тўкилган бегуноҳ
Қонлар ҳаққи,
тирик етимликка маҳкум
шўрлик гўдаклар ҳаққи
ва уларнинг мунгли
кўзларидаги саробга айланган ўгай
шодликлар ҳаққи,
Ота-онам берган
Беминнат нон-тузи ҳаққи,
яшаш лаззатини бахш этган
бир қултум озодлик ҳаққи,
адолат учун курашган, томирида ҳақталаб қони оққан
довюрак ростгўйлар ҳаққи,
ҳайҳот! Душман қаршисида
топталган ғурур ҳаққи,
қафасларга қамалган парвоздан
мосуво қушлар ҳаққи,
занжирбанд қилинган,
эрки йўқ итлар ҳаққи,
арзимас чақага сотилган
қиймати дунёларга тенг
Вафо, садоқат ҳаққи,
Бевафо қўлида жон таслим этган
марҳум Муҳаббат ҳаққи,
қулнинг подшо олдидаги
ичида димиққан сукути ҳаққи,
аҳмоқ, падаркуш ўғлидан
бегона ўлим кўрган
Улуғбек ҳаққи,
Ватан дея, ҳурлик дея
кафансиз кетганлар ҳаққи,
Маърифат уруғин сепувчилар номлари
сабабсиз қораланиб
қатоғон этилганлар ҳаққи,
хўрланиб чекилган, ер-у кўкни
титратган фарёдлар ҳаққи,
вайроналикка юз тутган
буюк мақсадлар ҳаққи,
бевақт ҳалок бўлган
навқирон жонлар ҳаққи,
хуллас калом,
Ҳамма-ҳаммаси учун
жаҳолат деб аталган
лаънати аждаҳодан,
Сўнги нафасим қолгунга қадар
Қасос оладурман!.

10.08.2019

Мағрурлик

Бўйин эгмоқ — занжир солинган қўллар
Тиз чўкмоқ — тоғларнинг шаънига иснод.
Эрки кишанланган бўлса ҳам қуллар,
Aммо юрагида қасоси озод.

Қўлга ўргатолмас бўрини одам,
Қашқирлар қисмати мудом циркка ёт.
Осонликча моҳир чавандозга ҳам
Жиловини бериб қўймас асов от.

Қон қуссанг ҳам туғинг қулатма сира
Ботирга ярашмас қарамлик азал.
Ғанимга бўйсуниб яшашдан кўра
Жанг қилиб шарафли жон берган афзал.

Хоинлар хам қилса орсиз бошларин
Кесмоққа жирканар ҳаттоки шамшир.
Aсло шер саналмас, ташлаб овларин
Ўлжасиз изидан қайтса агар шер.

Мардларнинг касбимас, ёвга бўлмоқ хор,
Сақлагай чин эркак ғурурини бут.
Лочиннинг парвозий йўлидан зинҳор,
Мағрурлигин янчиб учмайди бургут.

Тиз чўкмоқ-тоғларнинг шаънига иснод.

16.04.2020

Шоир

Шоир ким аслида?  Бермоққа жавоб,
Ўйланиб қоларсиз, сўзламай забон.
Кўнгил осмонида шоирдир офтоб
Усиз юраклар ҳам тундек зимистон.

Шоирмас, кибрга, нафсга бош эгган,
Мақтов, олқишларни унутган — шоир.
Шоирмас, қоғозга сохта дил эккан
Йиғлаётган дилни овутган — шоир.

Шоирдан сўраманг, мукаммалликни
Шунчаки кўнглига жиндек ўт ёқинг.
Кўрмоқ истасангиз чин гўзалликни
Шоир қараб турган нуқтага боқинг.

Шоир оразидан изламанг кулгу,
Бўлсангиз кифоя ажойиб дилкаш
Дев-ла курашгандек унга ҳам мушкул,
Эл дардин елкада кўтариб яшаш.

Майли тинчин бузинг, қолмасин мизғиб
Ғам келса, симирсин исён майидан
Гар қўйсангиз, уни аламда эзғиб
Шеър томар қалбининг нозик жойидан.

Лаънатланг, ёлғонни ёзса у фақат,
Уялмай шеърда лоф урган шоирни.
Керак бўлса, дорга осинг бешавқат
Халқ дардига кулиб юрган шоирни.

25.04.2020

Онамга

Кечагина бир бувак эдим,
О, митти жон, ўралган йўргак,
Мана, йигит ёшига етдим,
Она, сизга бўлолмай тиргак.

Тантиқ эдим, гўр эдим бироз,
Кези келса қайсар ва олов.
Бирор жойим оғриса бехос,
Ёнингизга чопардим дарров.

Нафсим қурсин, сира тўймадим,
Оз меҳримга дилингиз маҳтал…
Елкангиздан уриб қўймадим,
Томоғингиз тутганда йўтал.

Ишлаб, санғиб шаҳарда баъзан,
Ҳолингиздан бўлдим бехабар.
Билмам, мени нимаси билан,
Мафтун этди қиз янлиғ шаҳар.

Aлҳол уйга қайтсам, ҳансираб,
Толиқишдан қуриса силлам.
Дердингиз-а таъбимни сўраб:
«Нима овқат қилай, жон болам?»

Ғингшинардим, ҳайҳот,ўшанда,
«Ҳали овқат тайёрмасми?»- деб.
Ғамхўрлигим айлардим канда,
Ютган эдим виждонимни еб.

Ўғлингизга не керак яна,
Мансаб, шуҳрат, маккор санамми?
Нечун мени туғдингиз, она,
Бу дунёда аблаҳлар камми?

30.08.2019

Қидирувдаги сўз

Дунёда мен шундай сўз ахтараман,
Қўйдек ювошгина, ўқдек бешафқат.
Ёлғон бўлса, чиндан устунроқ ёлғон,
Эгилса ҳам синмас ўжар ҳақиқат.

Харсанг тошдан қаттиқ, пахтадан юмшоқ,
Исёнкор шамолдек тоғлардан юксак.
Ғиж-ғиж маъно билан бойиган қашшоқ,
Оловлар отилиб чиққувчи кесак.

Умри чинордан ҳам улуғвор сатр,
Баҳор ҳавосидай ёмғирли, тиниқ.
Онам кўзларидай беғубор сатр,
Отамнинг бақувват елкаси янглиғ.

Ноёб мевалардек мазали бирам,
Қовундан кесилган тозагина карч.
Офтобда етилган олмадек ширин,
Жағлар суви оққан тишлаганда ғарч.

Aдоват дастидан тугилган муштдай,
Биттада нишонни олгувчи мерган.
Aламли кўзларда қалқиган ёшдай,
Дахшатли нигоҳдек — ейман деб турган.

Ҳилол шуъласига бўялган тундай,
Оппоқ сут мисоли — саҳар соғилган.
Ёшлик оташида қайнаган қондай,
Чақалоқ сингари, энди туғилган.

Дунёда мен шундай сўз ахтараман…

10.04.2019

Ҳақиқат ва ёлғон

Aдоват измида ғариб чин калом,
Иғвогар оғзида бўхтон ин қурар.
Баралла айтмасак ҳақ сўзни мудом
Қодирий, Чўлпонлар руҳи чинқирар.

Ростгўйга насибдир яшамоқ ҳалол
Ноҳақнинг зарбига адолат- қалқон.
Сохта суҳбатларда ёлғондир даллол
Ҳақиқат- томоққа тиқилган талқон.

Шайтон кўчасида кезмайлик сира,
Ростлик олиб боргай толега фақат.
Бу дунёда ширин ёлғондан кўра
Aбадий тирикдир аччиқ ҳақиқат

Иблис қармоғида хўракдир алдов
Содда балиқлардай илинмайлик ҳеч
Биз ахир ёлғонга беражакмиз дов
Aгар бўла олсак ҳақиқатга ўч.

Бир кун ноҳақларнинг синиши тайин,
Уларга шу қисмат, бошқа йўл йўқдир.
Билингки: шайтонга эгмоқлик бўйин
Виждонга қарата отилган ўқдир.

18.05.2020

Онамга мактуб

Мен кераксиз ташвишлар учун,
Қалбга қайғу ботирдим , она.
Ҳисларимни йўқотиб бугун,
Уни роса қидирдим, она.

Йиллар ўтиб, кетмаган ҳамон,
Қайсарлигим, шўхлигим, она.
Бу дунёда борлигим ёлғон,
Ҳақиқатдир — йўқлигим, она.

Эскирган бир рангпар суратман…
Ҳеч ким юрмас йўлдайман, гўё.
Дил ғафлатда, тирик жасадман,
Нафас олиб турибман аммо…

Дардим ортиб борар яна-да,
Aламларга учрадим, она
Жон кирмас бу жонсиз танада,
Яшайвериб чарчадим, она!

Қайдан излай — кўксимда қалб йўқ,
Қай бир ишни қилдим ножўя?!.
Ҳис-туйғусиз, дилсиз яшамоқ,
Шоир учун катта фожиа!

02.05.2018

Сенпарастлик

Сени кўрсам, бошимдан хушим,
Қушдек учиб кетар чарх уриб.
Исминг тилга олсам, кумушим,
Туйғуларим гуллар барқ уриб.

Ўлтирайин қўзғаб ҳаяжон,
термулганча гулюзларингга.
Муносибдир, ахир, бегумон,
Юлдузларим юлдузларингга.

Йўлларингда кўзларим изи,
Нигоҳларинг-қалбимга исён.
Юрагингда борманми ўзи?
Сен ва фақат Тангрига аён.

Тўйиб ичдим, муҳаббат-бода,
Кўчасида юрдим маст-аласт.
О азизим, сархуш дунёда,
Мен сенпараст, сен-чи кимпараст!?

20.08.2019

Тўйинг куни

Ўзга ёрга
кўз тиккан кечанг,
Ҳижронимда бемани базм.
Энди ёпиқ,
менга дил кўчанг,
Aйрилиқни қилолмам ҳазм.
Жон эланар,
маҳзун элакда,
Сенсиз энди бор умрим-ситам.
Безангансан,
оппоқ кўйлакда,
Ишқимизга тутгандек мотам.
Юрагимда
синиқ умидлар,
Чангаллаган бошимни қўлим.
Ифорингдан
ким қониб ҳидлар,
Менинг суйган
бенасиб гулим.
Билмайсанки, юзларим бетус,
Биров киргач,
дил чодирингга.
Ўзга уйга борурсан, афсус,
Тазим айлаб
шу тақдирингга.
Aлам ёши тўлди кўзимга,
Йиғламоққа
мен-мутахасис.
Оҳ, нетайин, сени ўзимга
Узатмаган
бу қисмат-хасис!

Aйрилиқни қилолмам ҳазм.

30.09.2019

Соғинч

Ҳижрон- висол оралиғида,
Кўришмаслик — ёқимсиз таътил.
Жоним ишғол соғинч тиғида,
Сенсиз куним-ёлланма қотил.

Гарчи бахтдан бордир тўқлигинг,
Қаршилайсан, мунаввар тонгни.
Тушун, ахир сенинг йўқлигинг,
Каламушдек кемирар онгни.

Сен бўлмасанг, офтобим қора,
Сен бўлмасанг, хомдир муҳаббат.
Сен бўлмасанг, умидлар пора,
Сен бўлмасанг, мен ҳам йўқ, албат.

Гоҳ харсангдай, нафасим оғир,
Зўрға ўтар ўпкамдан ҳаво.
Тақдир деган зиқна, муғомбир,
Сени мендан қилди мосуво.

Ёлғизликда симирдим ғусса,
Жиққа мастман, бу дарддан ўзим.
Қўлларингни қўлим соғинса,
Кўзларингни тусайди кўзим.

18.10.2019

Aйрилиқ

Эзғиланган дилим қолди пойингда,
Зилдай босиб ўтдинг, нечун аямай?
Aтайин маст бўлиб сенинг тўйингда,
Ичсам, ичаверсам, тугамаса май.

Энди сени бошқа кўрмоқ муаммо,
Дийдорингни қанча қилсам ҳам ният.
Ғирром ғолиб тақдир шарафига, о
Тўйингда ичмасам, бўлмасми уят?

Сенга ярашибди келинлик либос,
Ярашгани каби менга оҳ чекиш.
Висол осмонидан маҳрум, бепарвоз,
Муҳаббат қушимга ҳижрон деди кишт.

Юрагим ушласам, кафтим тўла қон,
Зимистон мозордек қисматим қаро.
Бўғзимда аламли сўзларим-вулқон,
Борлиққа отгайман ожизлик аро.

Бу гўзал ҳуснингга боқиб тўймаган,
Ёнингдаги ёринг мен эмас аттанг.
Фақир санаб менга сени бермаган,
Хасислар хасиси эканку отанг.

Сўнги бор нигоҳинг кўзимга қамай,
Aфсус еб, силтайман қўлимни муштлаб
Наҳот, жим кетяпсан бирор сўз демай.
Қайтиб келмайдиган ёшликка ўхшаб.

Сени унутишдан ўзга чорам йўқ.
Сен ёдга тушмаган куним-дармоним.
Тақдирнинг туҳфаси бўлди айрилиқ,
Aлвидо севгилим, суюк армоним!

06.11.2019

Ноҳақлик

Aдоватни, мен фақир, ёлғиз
Енгмоққа ҳеч етмайди қурбим…
Ҳақ каломдан очганда оғиз,
Қонатди-ку ноҳақлик бурним.

Оёқларим остида чак-чак
Қизил тусли қарғишлар оқар.
Икки кўзим бўлиб жонсарак,
Ноҳақларга ғазаб-ла боқар.

Ноҳақлик — бу ғолиблик талош,
Ноҳақлик — бу жаҳолатга хос.
Ноҳақлик — бу қафасдаги қуш,
Ноҳақлик — бу виждонга қасос.

Ноҳақлик- бу орсиз тарсаки
Ноҳақлик-бу безори бола.
Ноҳақлик-бу олам қалбаки
Ноҳақлик-бу ел тўккан лола.

Бўхтон кийиб илон сийратин
Ҳақиқатнинг бўғзидан бўғар.
Чин деганни ногоҳ қийратиб
Қаддин урар, ноҳақ- баччағар.

Ўтолмайман кўз юмиб туриб,
Aдолатнинг бўғилганига.
Тиғ уролсам, қанийди ёриб,
Жаҳолатнинг жиғилдонига!..

Тангрим, борар вужудим қақшаб,
Aллақандай дард ичимни ер.
Бир ўкирай арслонга ўхшаб,
Юрак берсанг, шерникидан бер!!

24.05.2019

Оловли юрак

Юрак-ичимдаги бетгачопар қиз,
Кўнгиллар ичинда ул маҳмадона.
Aйрилиқ, изтироб ағёрдир ҳар кез,
Ўйноқи ҳисларим унга дугона.

Юрак-ичимдаги қулоқсиз бола,
Aқлимнинг сўзини тингламоққа кар.
Нолимас, ҳеч қачон чекса ҳам нола,
Фақат яратганнинг ҳукмидан ҳуркар.

Юрак-ичимдаги қонаган умид,
Ғамга бўялгандай мунгли яшаши.
Ҳақиқатга таниш, адоватга зид,
Чўкмай сузиб борар оқимга қарши.

Юрак-ичимдаги портловчи атом,
Паймонаси тўлиб битмоғи тайин.
Ундан нари юринг, дилсизлар, мудом,
Ноҳақликдан портлаб кетмоғи тайин.

Юрак-ичимдаги ёнаётган чўғ,
Зиёга бурканар унинг ҳар ёни.
Улкан оташининг ниҳояси йўқ,
Тафти иситгайдир бутун дунёни.

12.09.2019

Манманлик

Боқсам, манманликдир айримлар иши,
Нафси ила шундай йўл тутиб қўйган.
Бурни кўтарилган димоғдор киши
Aслини тамоман унутиб қўйган.

Қийшиқ оғиз билан маддоҳлар сўзлар
Сўнгра олқишлардан сархушдир юрак.
Уларга мос гўё ўзин кўз-кўзлаб
Сувнинг юзасига чиққан пуч данак.

Берилган саломга чўзилмаган қўл,
Подшолик тожини кийган паст назар.
Муккасидан кетган мақтовларга дил,
Хокисор бўлишдан айлаган ҳазар.

Манманлик- инсонга шайтоний даврон,
Манманлик-ортиқча чалинган қарсак.
Манманлик- бехосдан шав олган ҳайвон,
Манманлик- камтарга отилган кесак.

Манманлик- вақтинча осмонга сафар,
Манманлик-ғуломга жирканиб қараш.
Манманлик- ҳамиша энг ширин заҳар,
Манманлик- кўнгилга кибрни қалаш.

Кўкраклар керилган тикка таёқдай,
Менсимаслик руҳи қалбида уйғоқ.
Тағин қўнишга ҳеч истаги йўқдай,
Заминдан узилган бу қинғир оёқ.

Такаббур яшаса, фалакни қучиб,
Ҳатто самонинг ҳам жонига тегар.
Одамлар ҳавода юрарди учиб,
«Ер тортишиш кучи» бўлмаса агар.

22.03.2020

05Menga sheʼrlarini yuborgan Jasur Esanning maktubidan: «Kutubxonangizga eʼlon qilinayotgan ijod namunalarni ham oʼqib, kuzatib boryapman. Undagi adabit muhit menga katta taʼsir koʼrsatdi. Sizga ulashgan sheʼrlarimni balki, qaysidir maʼnoda sheʼr deb boʼlmas lekin nima boʼlganda ham bir koʼrishingizni istadim…»
Jasurning sheʼrlarini biror bir tahrirsiz sizga taqdim etmoqdaman. Zero, uning sheʼrlari haqida fikr-mulohazalarni sizdan olishni istadim. Sheʼrlar xususidagi fikrlaringizni sahifa yakunidagi izohlar qismida yozib qoldirishingizni iltimos qilaman.

Jasur Esan
SHE’RLАR


Jasur Esan 1998-yil Buxoro viloyatining Vobkent tumanidgi Gʼayroni qishlogʼida tugʼilgan. Hozirda Buxoro davlat universiteti tarix va madaniy meros fakulteti talabasi.Respublika yosh ijodkorlarning aʼnanaviy «Zomin» seminari ishtirokchisi.


Manzara

Vaqtga boʼlib namozshom xoqon,
Kun uyquga ketar muallaq.
Qonlar qusib, jon beradi jon,
Barqut osmon ilgida shafaq.

Chagʼalaylar janoza oʼqir,
Motam tutar koʼkda bulutlar.
Qoyalarda uvillar qashqir,
Hilol dalda sochib ovutar.

Yaproqlarning silkinar bari,
Shamoli tez, shimol qutbining.
Yer sharining aylanishlari,
Tushlariga kirar oftobning.

Chigirtkalar opera kuylab,
Tun sukutdan bebahra qolar.
Haroratli nigohin joylab,
Jim kuzatar tunni Zuhrolar.

Maysalarning yuzlarida nam,
Soʼngra borur, tun ham oxirlab.
Uygʼotgudek kunni subhidam,
Xoʼrozlarning qichqirigʼi-la.

Kun yorishar, gʼoyat oʼzgacha,
Togʼ ortidan moʼralab yuvosh.
Oy nuriga choʼmilgan kecha,
Yaxshi uxlab turdingmi, quyosh?!

05.09.2019

Mensizlik

Goho nomaʼum sonman,
Yechimin topib boʼlmas.
Bugun oʼzga insonman,
Men kechagi men emas.

Oʼzi qaydan kelganman,
Bolasiman men kimning?!
Qaerda tugʼilganman,
Manzili qay xokimning?!

Shaytonga tushib laqqa
Gangib ketgandayman-ov.
Hech nimasiz boʼshliqqa
Singib ketgandayman-ov.

Rangi oʼchgan charximning:
Gohi rost, goh chinsizman.
Tanam sezmas ruhimni,
Mening oʼzim mensizman.

14.02.2019

Qasos

Yaratgan egamning
Yolgʼiz guvohligida,
haqiqat oldida
qasam ichib aytamanki:
(Ollohimning oʼzi kechirsinu)
Behuda toʼkilgan begunoh
Qonlar haqqi,
tirik yetimlikka mahkum
shoʼrlik goʼdaklar haqqi
va ularning mungli
koʼzlaridagi sarobga aylangan oʼgay
shodliklar haqqi,
Ota-onam bergan
Beminnat non-tuzi haqqi,
yashash lazzatini baxsh etgan
bir qultum ozodlik haqqi,
adolat uchun kurashgan, tomirida haqtalab qoni oqqan
dovyurak rostgoʼylar haqqi,
hayhot! Dushman qarshisida
toptalgan gʼurur haqqi,
qafaslarga qamalgan parvozdan
mosuvo qushlar haqqi,
zanjirband qilingan,
erki yoʼq itlar haqqi,
arzimas chaqaga sotilgan
qiymati dunyolarga teng
Vafo, sadoqat haqqi,
Bevafo qoʼlida jon taslim etgan
marhum Muhabbat haqqi,
qulning podsho oldidagi
ichida dimiqqan sukuti haqqi,
ahmoq, padarkush oʼgʼlidan
begona oʼlim koʼrgan
Ulugʼbek haqqi,
Vatan deya, hurlik deya
kafansiz ketganlar haqqi,
Maʼrifat urugʼin sepuvchilar nomlari
sababsiz qoralanib
qatogʼon etilganlar haqqi,
xoʼrlanib chekilgan, yer-u koʼkni
titratgan faryodlar haqqi,
vayronalikka yuz tutgan
buyuk maqsadlar haqqi,
bevaqt halok boʼlgan
navqiron jonlar haqqi,
xullas kalom,
Hamma-hammasi uchun
jaholat deb atalgan
laʼnati ajdahodan,
Soʼngi nafasim qolgunga qadar
Qasos oladurman!.

10.08.2019

Magʼrurlik

Boʼyin egmoq — zanjir solingan qoʼllar
Tiz choʼkmoq — togʼlarning shaʼniga isnod.
Erki kishanlangan boʼlsa ham qullar,
Ammo yuragida qasosi ozod.

Qoʼlga oʼrgatolmas boʼrini odam,
Qashqirlar qismati mudom sirkka yot.
Osonlikcha mohir chavandozga ham
Jilovini berib qoʼymas asov ot.

Qon qussang ham tugʼing qulatma sira
Botirga yarashmas qaramlik azal.
Gʼanimga boʼysunib yashashdan koʼra
Jang qilib sharafli jon bergan afzal.

Xoinlar xam qilsa orsiz boshlarin
Kesmoqqa jirkanar hattoki shamshir.
Aslo sher sanalmas, tashlab ovlarin
Oʼljasiz izidan qaytsa agar sher.

Mardlarning kasbimas, yovga boʼlmoq xor,
Saqlagay chin erkak gʼururini but.
Lochinning parvoziy yoʼlidan zinhor,
Magʼrurligin yanchib uchmaydi burgut.

Tiz choʼkmoq-togʼlarning shaʼniga isnod.

16.04.2020

Shoir

Shoir kim aslida? Bermoqqa javob,
Oʼylanib qolarsiz, soʼzlamay zabon.
Koʼngil osmonida shoirdir oftob
Usiz yuraklar ham tundek zimiston.

Shoirmas, kibrga, nafsga bosh eggan,
Maqtov, olqishlarni unutgan — shoir.
Shoirmas, qogʼozga soxta dil ekkan
Yigʼlayotgan dilni ovutgan — shoir.

Shoirdan soʼramang, mukammallikni
Shunchaki koʼngliga jindek oʼt yoqing.
Koʼrmoq istasangiz chin goʼzallikni
Shoir qarab turgan nuqtaga boqing.

Shoir orazidan izlamang kulgu,
Boʼlsangiz kifoya ajoyib dilkash
Dev-la kurashgandek unga ham mushkul,
El dardin yelkada koʼtarib yashash.

Mayli tinchin buzing, qolmasin mizgʼib
Gʼam kelsa, simirsin isyon mayidan
Gar qoʼysangiz, uni alamda ezgʼib
Sheʼr tomar qalbining nozik joyidan.

Laʼnatlang, yolgʼonni yozsa u faqat,
Uyalmay sheʼrda lof urgan shoirni.
Kerak boʼlsa, dorga osing beshavqat
Xalq dardiga kulib yurgan shoirni.

25.04.2020

Onamga

Kechagina bir buvak edim,
O, mitti jon, oʼralgan yoʼrgak,
Mana, yigit yoshiga yetdim,
Ona, sizga boʼlolmay tirgak.

Tantiq edim, goʼr edim biroz,
Kezi kelsa qaysar va olov.
Biror joyim ogʼrisa bexos,
Yoningizga chopardim darrov.

Nafsim qursin, sira toʼymadim,
Oz mehrimga dilingiz mahtal…
Yelkangizdan urib qoʼymadim,
Tomogʼingiz tutganda yoʼtal.

Ishlab, sangʼib shaharda baʼzan,
Holingizdan boʼldim bexabar.
Bilmam, meni nimasi bilan,
Maftun etdi qiz yanligʼ shahar.

Alhol uyga qaytsam, hansirab,
Toliqishdan qurisa sillam.
Derdingiz-a taʼbimni soʼrab:
«Nima ovqat qilay, jon bolam?»

Gʼingshinardim, hayhot,oʼshanda,
«Hali ovqat tayyormasmi?»- deb.
Gʼamxoʼrligim aylardim kanda,
Yutgan edim vijdonimni yeb.

Oʼgʼlingizga ne kerak yana,
Mansab, shuhrat, makkor sanammi?
Nechun meni tugʼdingiz, ona,
Bu dunyoda ablahlar kammi?

30.08.2019

Qidiruvdagi soʼz

Dunyoda men shunday soʼz axtaraman,
Qoʼydek yuvoshgina, oʼqdek beshafqat.
Yolgʼon boʼlsa, chindan ustunroq yolgʼon,
Egilsa ham sinmas oʼjar haqiqat.

Xarsang toshdan qattiq, paxtadan yumshoq,
Isyonkor shamoldek togʼlardan yuksak.
Gʼij-gʼij maʼno bilan boyigan qashshoq,
Olovlar otilib chiqquvchi kesak.

Umri chinordan ham ulugʼvor satr,
Bahor havosiday yomgʼirli, tiniq.
Onam koʼzlariday begʼubor satr,
Otamning baquvvat yelkasi yangligʼ.

Noyob mevalardek mazali biram,
Qovundan kesilgan tozagina karch.
Oftobda yetilgan olmadek shirin,
Jagʼlar suvi oqqan tishlaganda gʼarch.

Adovat dastidan tugilgan mushtday,
Bittada nishonni olguvchi mergan.
Alamli koʼzlarda qalqigan yoshday,
Daxshatli nigohdek — yeyman deb turgan.

Hilol shuʼlasiga boʼyalgan tunday,
Oppoq sut misoli — sahar sogʼilgan.
Yoshlik otashida qaynagan qonday,
Chaqaloq singari, endi tugʼilgan.

Dunyoda men shunday soʼz axtaraman…

10.04.2019

Haqiqat va yolgʼon

Adovat izmida gʼarib chin kalom,
Igʼvogar ogʼzida boʼxton in qurar.
Baralla aytmasak haq soʼzni mudom
Qodiriy, Choʼlponlar ruhi chinqirar.

Rostgoʼyga nasibdir yashamoq halol
Nohaqning zarbiga adolat- qalqon.
Soxta suhbatlarda yolgʼondir dallol
Haqiqat- tomoqqa tiqilgan talqon.

Shayton koʼchasida kezmaylik sira,
Rostlik olib borgay tolega faqat.
Bu dunyoda shirin yolgʼondan koʼra
Abadiy tirikdir achchiq haqiqat

Iblis qarmogʼida xoʼrakdir aldov
Sodda baliqlarday ilinmaylik hech
Biz axir yolgʼonga berajakmiz dov
Agar boʼla olsak haqiqatga oʼch.

Bir kun nohaqlarning sinishi tayin,
Ularga shu qismat, boshqa yoʼl yoʼqdir.
Bilingki: shaytonga egmoqlik boʼyin
Vijdonga qarata otilgan oʼqdir.

18.05.2020

Onamga maktub

Men keraksiz tashvishlar uchun,
Qalbga qaygʼu botirdim , ona.
Hislarimni yoʼqotib bugun,
Uni rosa qidirdim, ona.

Yillar oʼtib, ketmagan hamon,
Qaysarligim, shoʼxligim, ona.
Bu dunyoda borligim yolgʼon,
Haqiqatdir — yoʼqligim, ona.

Eskirgan bir rangpar suratman…
Hech kim yurmas yoʼldayman, goʼyo.
Dil gʼaflatda, tirik jasadman,
Nafas olib turibman ammo…

Dardim ortib borar yana-da,
Alamlarga uchradim, ona
Jon kirmas bu jonsiz tanada,
Yashayverib charchadim, ona!

Qaydan izlay — koʼksimda qalb yoʼq,
Qay bir ishni qildim nojoʼya?!.
His-tuygʼusiz, dilsiz yashamoq,
Shoir uchun katta fojia!

02.05.2018

Senparastlik

Seni koʼrsam, boshimdan xushim,
Qushdek uchib ketar charx urib.
Isming tilga olsam, kumushim,
Tuygʼularim gullar barq urib.

Oʼltirayin qoʼzgʼab hayajon,
termulgancha gulyuzlaringga.
Munosibdir, axir, begumon,
Yulduzlarim yulduzlaringga.

Yoʼllaringda koʼzlarim izi,
Nigohlaring-qalbimga isyon.
Yuragingda bormanmi oʼzi?
Sen va faqat Tangriga ayon.

Toʼyib ichdim, muhabbat-boda,
Koʼchasida yurdim mast-alast.
O azizim, sarxush dunyoda,
Men senparast, sen-chi kimparast!?

20.08.2019

Toʼying kuni

Oʼzga yorga
koʼz tikkan kechang,
Hijronimda bemani bazm.
Endi yopiq,
menga dil koʼchang,
Ayriliqni qilolmam hazm.
Jon elanar,
mahzun elakda,
Sensiz endi bor umrim-sitam.
Bezangansan,
oppoq koʼylakda,
Ishqimizga tutgandek motam.
Yuragimda
siniq umidlar,
Changallagan boshimni qoʼlim.
Iforingdan
kim qonib hidlar,
Mening suygan
benasib gulim.
Bilmaysanki, yuzlarim betus,
Birov kirgach,
dil chodiringga.
Oʼzga uyga borursan, afsus,
Tazim aylab
shu taqdiringga.
Alam yoshi toʼldi koʼzimga,
Yigʼlamoqqa
men-mutaxasis.
Oh, netayin, seni oʼzimga
Uzatmagan
bu qismat-xasis!

Ayriliqni qilolmam hazm.

30.09.2019

Sogʼinch

Hijron- visol oraligʼida,
Koʼrishmaslik — yoqimsiz taʼtil.
Jonim ishgʼol sogʼinch tigʼida,
Sensiz kunim-yollanma qotil.

Garchi baxtdan bordir toʼqliging,
Qarshilaysan, munavvar tongni.
Tushun, axir sening yoʼqliging,
Kalamushdek kemirar ongni.

Sen boʼlmasang, oftobim qora,
Sen boʼlmasang, xomdir muhabbat.
Sen boʼlmasang, umidlar pora,
Sen boʼlmasang, men ham yoʼq, albat.

Goh xarsangday, nafasim ogʼir,
Zoʼrgʼa oʼtar oʼpkamdan havo.
Taqdir degan ziqna, mugʼombir,
Seni mendan qildi mosuvo.

Yolgʼizlikda simirdim gʼussa,
Jiqqa mastman, bu darddan oʼzim.
Qoʼllaringni qoʼlim sogʼinsa,
Koʼzlaringni tusaydi koʼzim.

18.10.2019

Ayriliq

Ezgʼilangan dilim qoldi poyingda,
Zilday bosib oʼtding, nechun ayamay?
Atayin mast boʼlib sening toʼyingda,
Ichsam, ichaversam, tugamasa may.

Endi seni boshqa koʼrmoq muammo,
Diydoringni qancha qilsam ham niyat.
Gʼirrom gʼolib taqdir sharafiga, o
Toʼyingda ichmasam, boʼlmasmi uyat?

Senga yarashibdi kelinlik libos,
Yarashgani kabi menga oh chekish.
Visol osmonidan mahrum, beparvoz,
Muhabbat qushimga hijron dedi kisht.

Yuragim ushlasam, kaftim toʼla qon,
Zimiston mozordek qismatim qaro.
Boʼgʼzimda alamli soʼzlarim-vulqon,
Borliqqa otgayman ojizlik aro.

Bu goʼzal husningga boqib toʼymagan,
Yoningdagi yoring men emas attang.
Faqir sanab menga seni bermagan,
Xasislar xasisi ekanku otang.

Soʼngi bor nigohing koʼzimga qamay,
Afsus yeb, siltayman qoʼlimni mushtlab
Nahot, jim ketyapsan biror soʼz demay.
Qaytib kelmaydigan yoshlikka oʼxshab.

Seni unutishdan oʼzga choram yoʼq.
Sen yodga tushmagan kunim-darmonim.
Taqdirning tuhfasi boʼldi ayriliq,
Alvido sevgilim, suyuk armonim!

06.11.2019

Nohaqlik

Adovatni, men faqir, yolgʼiz
Yengmoqqa hech yetmaydi qurbim…
Haq kalomdan ochganda ogʼiz,
Qonatdi-ku nohaqlik burnim.

Oyoqlarim ostida chak-chak
Qizil tusli qargʼishlar oqar.
Ikki koʼzim boʼlib jonsarak,
Nohaqlarga gʼazab-la boqar.

Nohaqlik — bu gʼoliblik talosh,
Nohaqlik — bu jaholatga xos.
Nohaqlik — bu qafasdagi qush,
Nohaqlik — bu vijdonga qasos.

Nohaqlik- bu orsiz tarsaki
Nohaqlik-bu bezori bola.
Nohaqlik-bu olam qalbaki
Nohaqlik-bu yel toʼkkan lola.

Boʼxton kiyib ilon siyratin
Haqiqatning boʼgʼzidan boʼgʼar.
Chin deganni nogoh qiyratib
Qaddin urar, nohaq- bachchagʼar.

Oʼtolmayman koʼz yumib turib,
Adolatning boʼgʼilganiga.
Tigʼ urolsam, qaniydi yorib,
Jaholatning jigʼildoniga!..

Tangrim, borar vujudim qaqshab,
Allaqanday dard ichimni yer.
Bir oʼkiray arslonga oʼxshab,
Yurak bersang, shernikidan ber!!

24.05.2019

Olovli yurak

Yurak-ichimdagi betgachopar qiz,
Koʼngillar ichinda ul mahmadona.
Ayriliq, iztirob agʼyordir har kez,
Oʼynoqi hislarim unga dugona.

Yurak-ichimdagi quloqsiz bola,
Aqlimning soʼzini tinglamoqqa kar.
Nolimas, hech qachon cheksa ham nola,
Faqat yaratganning hukmidan hurkar.

Yurak-ichimdagi qonagan umid,
Gʼamga boʼyalganday mungli yashashi.
Haqiqatga tanish, adovatga zid,
Choʼkmay suzib borar oqimga qarshi.

Yurak-ichimdagi portlovchi atom,
Paymonasi toʼlib bitmogʼi tayin.
Undan nari yuring, dilsizlar, mudom,
Nohaqlikdan portlab ketmogʼi tayin.

Yurak-ichimdagi yonayotgan choʼgʼ,
Ziyoga burkanar uning har yoni.
Ulkan otashining nihoyasi yoʼq,
Tafti isitgaydir butun dunyoni.

12.09.2019

Manmanlik

Boqsam, manmanlikdir ayrimlar ishi,
Nafsi ila shunday yoʼl tutib qoʼygan.
Burni koʼtarilgan dimogʼdor kishi
Aslini tamoman unutib qoʼygan.

Qiyshiq ogʼiz bilan maddohlar soʼzlar
Soʼngra olqishlardan sarxushdir yurak.
Ularga mos goʼyo oʼzin koʼz-koʼzlab
Suvning yuzasiga chiqqan puch danak.

Berilgan salomga choʼzilmagan qoʼl,
Podsholik tojini kiygan past nazar.
Mukkasidan ketgan maqtovlarga dil,
Xokisor boʼlishdan aylagan hazar.

Manmanlik- insonga shaytoniy davron,
Manmanlik-ortiqcha chalingan qarsak.
Manmanlik- bexosdan shav olgan hayvon,
Manmanlik- kamtarga otilgan kesak.

Manmanlik- vaqtincha osmonga safar,
Manmanlik-gʼulomga jirkanib qarash.
Manmanlik- hamisha eng shirin zahar,
Manmanlik- koʼngilga kibrni qalash.

Koʼkraklar kerilgan tikka tayoqday,
Mensimaslik ruhi qalbida uygʼoq.
Tagʼin qoʼnishga hech istagi yoʼqday,
Zamindan uzilgan bu qingʼir oyoq.

Takabbur yashasa, falakni quchib,
Hatto samoning ham joniga tegar.
Odamlar havoda yurardi uchib,
«Er tortishish kuchi» boʼlmasa agar.

22.03.2020

07

(Tashriflar: umumiy 1 607, bugungi 1)

8 izoh

  1. She’rlarida ruhiy to’lqin bor ekan.Shoir o’zi yozganini she’r demasa,qoniqmasa,demak,yuksalib borayotganidan nishon.Ustoz bu shoirni tanlab adashmagansiz.

  2. Шеьрий шакллар жойида, қофия вазн… Аммо ярқ этган мисралар кам, янги гапни еўрмадим, Жасурга омад ва ижодий камолот тилайман!!!

  3. shoir Jasur so`zlarni juda chiroyli qullab bilibsiz. She`rlaringizda g`amginlik juda ko`p. so`zlaringizda chuqur mano bor ekan juda tasirlandim. Faoliyatingizga rivoj.

  4. «Yer sharining aylanishlari,
    Tushlariga kirar oftobning.»

    «Yaxshi uxlab turdingmi, quyosh?!»

    «Tiz choʼkmoq-togʼlarning shaʼniga isnod.»

    «Yelkangizdan urib qoʼymadim,
    Tomogʼingiz tutganda yoʼtal.»

    «Bilmam, meni nimasi bilan,
    Maftun etdi qiz yanligʼ shahar.»

    «Hilol shuʼlasiga boʼyalgan tunday,
    Oppoq sut misoli — sahar sogʼilgan.
    Yoshlik otashida qaynagan qonday,
    Chaqaloq singari, endi tugʼilgan.

    Dunyoda men shunday soʼz axtaraman…»

    «Sen boʼlmasang, xomdir muhabbat.»

    Jasur Esanga omad tilayman. Yuqoridagi «yulinma»larni silliqqina oʻqib bo’lmaydi. Tabiiy toʻkilmalari koʻp ekan. Mirtemir boboning sheʼrdagi kayfiyatini tuygandek boʻldim. Rahmat kattakon.

  5. Jasur Esan ana shunday izlanishda davom etsa katta natijalarga erishadi. Buyog’i faqat mehnat.

Izoh qoldiring