Begali Mo’minov. Xurshid Davron ijodida tarix konsepsiyasi

04Мақолада таниқли шоир Хуршид Давроннинг 70-80-йиллардаги шеърлари таҳлил қилинган. Шоир ижодида тарих мавзусининг ифодаланиши ва бадиий мақсад учун хизмат қилиши тадқиқ этилган.

КЎЗ ЎНГИМДА ЖОНЛАНАР МОЗИЙ…
Хуршид Даврон ижодида тарих концепцияси
Бегали Мўминов — Андижон Давлат Университети ўқитувчиси


    Адабиётшунос Д.Қуронов “Мутолаа ва идрок машқлари” китобида шеър ва уни идрок этиш ҳақида шундай фикрларни келтиради: “бадиий асарни ўқиш – ижодий жараён, уни уқиш учун ўқувчи ижодий тасаввурини тўла ишга солиши лозим. Бироқ шеърни уқиш, ундан чинакам завқ олиш учун ижодий тасаввурнинг ўзи кам. Негаки, шеър – мудом воқе бўлаётган нутқ, у сўзларнинг оддий тизмаси эмас. Зеро, ундаги сўзлар шоир дил торларидан таралган оҳангга йўғрилган. Бас, шеър ўқилмайди – тингланади, тингланганда ҳам “ички қулоқ” билан, “қалб қулоғи” билан тингланади”. Шундай экан, бадиий матнни идрок этиш, уни тушуниш китобхондан бирмунча ижодий тайёргарлик ва масъулият талаб этади. Мавзумиз объекти бўлган Хуршид Давроннинг қатор шеърлари ҳам яратилган ва ҳозирги давр нуқтаи назаридан турлича талқин қилиниши мумкин.

077Маълумки, тарих мавзуси адабиётимизда деярли барча ижодкорларда маълум даражада ўз ифодасини топганлигини кузатамиз. Чунки тарих ўзидан кейинги авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Тафаккур кишилари тарихдан тўғри сабоқ оладилар: унинг ютуқларидан илҳомлансалар, хатоларини қайтармасликка ҳаракат қиладилар. Лекин тарихга муносабат ҳар бир даврда ҳам бирдек кечган эмас. Ўзбек шеъриятида тарих мавзусига кўпроқ мурожаат қилингани, аввало, ижодкорнинг бадиий мақсади, қолаверса, унга таъсир этган тарихий-ижтимоий омиллар билан ҳам боғлиқ дейиш мумкин.

Хуршид Давроннинг аксарият шеърларида тарих мавзуси шоирни ўйлантираётган, уни қийнаётган муаммоларни бадиий идрок этиш воситаси сифатида намоён бўлади. Бу эса шоир яшаб, ижод қилиб турган давр, ижтимоий воқелик билан боғланади. Чунки шоирнинг 1986 йил эълон қилинган “Болаликнинг овози” тўпламига киритилган шеърлар 70-80-йилларда яратилган. Адабиёт ҳали ҳам социалистик реализм таъсиридан бутунлай ҳоли бўлмаган, миллат тарихига мафкурафий муносабат ва уни нотўғри талқин қилиш, тарихий мавзудаги асарларга сиёсий жиҳатдан ёндашув давом этаётган даврда ижтимоий тафаккури ўзгача шаклланаётган янги адабий авлод қаторида Хуршид Даврон ҳам ўз ижодида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи сингари тарих мавзусига кўп мурожаат қилган. Аслида тарих орқали “бугуннинг гапини айтиш” моҳиятан бир хил бўлмаса-да, жадид ижодкорларидан бошланганлиги маълум. Шоир ўзи англаб етган ҳақиқатларни тарих пардасига беркитиб ифодалашга уринади. Масалан, шоирнинг “Самарқандаги озодлик ҳайкали қошида ўйлар” шеърида лирик қаҳрамоннинг миллат озодлигига жон тиккан Фитрат, Чўлпонларга хос ўй-кечинмалари, қалб туғёнлари ўз ифодасини топган. Шоир хазонлар қоплаган боғ оралаб ҳайкал қошига бораркан, эзгу ўйлар билан “кўксидаги изтироб тоши”ни ирғитиб, “қутлуғ заминда ётган ботирлар руҳини чорлайди”:

Кўз ўнгимда бирдан жонланар мозий,
Кўз ўнгимдан бирдан кечар замонлар –
Қулоғимга етар эрлар овози,
Ердан япроқларга сачрайди қонлар.

Тарихнинг суронли кечмиши кўз ўнгида жонланган шоир дарахтларни “эрк дея курашган лашкар”га, инқилоб яловин тутган аскарларга қиёслайди. Уларнинг оловли қалбига монанд шоир қалбида ҳам кутилмаганда бир ички “исён”, кўтарилиш пайдо бўлади:

Озодлик!
Ким сенинг тотингга қонар,
Ким сенинг меҳрингни айлагай завол?!
Озодлик!
Тилингда ҳайқириқ бўлган
Сўзни ким ўчирар қабртошлардан?!

Кўрамизки, шоирни қийнаётган бирламчи нарса – инсон эрки, юрт озодлиги. Чунки бу даврда жамият ҳали “турғунлик палласи”дан тўла қутилмаган, кишиларда эски ғояга ишонч ўлмаган, маълум маънода тобелик, ҳадик ҳисси яшаётган эди. Адабиётшунос Улуғбек Ҳамдам таъбирича: “Албатта, давр руҳи, асосан, шу даврнинг ижтимоий-психологик муҳитида яшаётган шахс – шоирнинг ёки унга замондош бўлганларнинг “назари” орқали шеърга кўчади”. Бошқалардан фарқли ўлароқ, жамиятдаги норасоликлар, тенгсизликларни теранроқ англаган аксария зиёлилар каби Хуршид Даврон ҳам бу ҳолатларга бўлган муносабатини бадиий тарзда етказишга ва шахс ва ижодкор бурчини ўташга ҳаракат қилган:

Озодлик!
Уйқусиз кўзингга тўлган
Тердай аччиқ, қонли ва шўр ёшлардан
Ким юзин ўгирар,
Ким кечади воз,
Ким уларсиз битар тарих варағин?!
Боболар қошингда тиз чўкиб ўлган,
Улар фақат сенга тиз буккан, холос!

Шўро мафкурасининг маҳаллий халқлар устидан олиб борган разилона сиёсатини англаб етган ижодкор ўзининг руҳий изтиробларини кечинмалар тарзида шеърга тўкади ва ўтмиш орқали ўзига тасалли беради. Мафкуравий “биқиқ муҳит”ни Сўз қудрати билан ёриб чиқишга уринади ва бу орқали ўзидаги “дард”ни бошқаларга “юқтириш”га эришади:

Озодлик!
Мадад бер навқирон дилга,
Куй бергин бўғзимни тўлдириб олай.
Қудрат бер, бағишлай қалбимни элга,
Ғазаб бер, мен уни шеъримга солай!

Шу ўринда шоирни қийнаётган дард худди аср бошларида миллат дарди билан ёнган Фитратнинг “Юрт қайғуси” каби сочмаларини ёдга солади. Шоир энди ҳақиқий ўз йўлини танлаган ва бу йўлда собит борувчи миллат ва ватанга содиқ инсонга айланади. Ўзининг Усмон Носир сингари ўша курашчан, эрксевар боболарнинг авлоди эканлигини ғурурла эътироф этади:

…Олов ёниб турар пойингда…
Гўё
Бу олов озодлик ундирган гиёҳ.
Бу олов тафтига юрагим қонар,
Бу олов юрагим шаклида ёнар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, шеър ёзилган (1983 йил) даврда янгича тафаккурдаги зиёлилар – адабий авлод авлод етишиб чиқаётган эди. Улар энди атрофдаги воқеа-ҳодисаларга, жамиятдаги ўзгаришларга одатдагидек эмас, онгли равишда муносабатда бўла бошладилар ва бу ҳолатларни имкон қадар бадиий йўсинда етказишга уриндилар. Юқоридаги шеърда рамзийлик ва шартлилик билан бир қаторда тарихга ҳаққоний ёндашувни кўриш мумкин. Шеърдаги боғ, хазон, дарахтлар, япроқлар, аччиқ тер, қонли ёшлар каби поэтик тимсоллар бадиийликни таъминловчи унсурлар вазифасини бажарган. Асосийси эса лирик қаҳрамон руҳиятида кечаётган эврилишларни англаб олиш. Шоир бу хусусда ўз зиммасидаги вазифани адо эта олган.

Маълумки, забардаст шоиримиз Эркин Воҳидов “Ўзбегим” қасидасини 1968 йил ёзган эди. Кейинроқ бу ҳақда адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов шундай фикрларни билдиради: “1968 йили яратилган “Ўзбегим”нинг номиёқ диққатни жалб қилди. Шўро даврида “бизники”, “умумники”, “ҳамманики” деган мавҳум қараш тушунчаларга сингиб кетган эди. Айниқса, халқни, юртни баралла “меники”, яъни “Ўзбегим” деб туриш коммунистлар наздида бориб турган шаккоклик эди. Қасида руҳи, мазмуни, эстетик-поэтик моҳияти сарлавҳадаги фикрни бус-бутун тасдиқлайди. Ўзбекнинг чин ўғлони куйиб-ёниб, жўшиб-завқланиб халқнинг мунгли, айни вақтда қаҳрамонона тарихини бурро-бурро ифодалайди. Қасидани ўқиб Помир, оқ соч Тёншон тимсолида она юрт, унинг кўҳна тарихи, узоқ, маҳзун йўли кўз ўнгимизда гавдаланади. Беруний, ал-Хоразмий, Фаробий, Улуғбек, Мир Алишер, Мирзо Бобур, Машраб, Нодира, Фурқат, Муқимий сингари улуғлар қасидани кўзда ёш, ҳайрат-ла тинглаётгандек бўладилар. Энг муҳими, қасида қуллик, қарамликдан, эрксизликдан қалби озурда бўлган халқ учун тириклик суви бўлди, мисоли… “Ўзбегим яратилганида соцреализмнинг путури кетаётган бўлса-да, ҳамон у адабиётнинг ўзига хос конституцияси эди”. Табиийки, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” дея ҳайқириғи асрлар қаъридан янграётган Навоийлар, Бобурларнинг нидоси янглиғ кейинги авлодларга бир тажриба мактаби бўлди, десак муболаға бўлмайди. Хуршид Давроннинг тарих мавзусидаги аксарият шеърларида мана шундай туйғу ва кечинмаларни, ғоявий позицияни кузатишимиз мумкин. Унинг “1231 йил 16 август” номли шеъри 1980 йил ёзилган бўлиб, шеърга тарихда юрт озодлиги учун курашган енгилмас саркарда Жалолиддин Мангубердининг вафот этган санаси сарлавҳа қилиб олинган ва бунда ҳам ўзига хос ишорани кўриш мумкин. Шеър лирик қаҳрамоннинг ҳикоя тарзидаги хабари билан бошланади:

Тушига кирибди Гурганж боғлари –
баҳор кирган эмиш қари пойтахтга
ва бирдан кўрибди – ёв пичоқлари
санчилиб турармиш ҳар бир дарахтга.

Шоир тарихни ровий сифатида холисона баён этиш билан унга ўзининг муносабатини лирик қаҳрамон руҳияти ва унинг хатти-ҳаратлари, ҳолатлари тавсифи орқали сингдириб юборади. Шоирни ёзишга мажбур қилган тарихий воқелик унинг шахсий кечинмалари ва бадиий мақсадини ифодалашга жуда мос келади. У кўз ўнгида “пичоқланган дарахтлар”, “боғда баҳор эмас қишнинг кезиши”, “Ватан боғларининг қорайиб ётиши”га гувоҳ бўлаётган эди. Чунки миллат тарихидан узоқлашган, тарихий шахслар ва ёдгорликлар қаровсиз ҳолда, миллий қадриятлар унутилаёзган, мамлакат мафкуравий босим остида эди:

Қараса дарахтмас, қизлар турармиш,
санчилиб турармиш ёв пичоқлари.
Баҳор эмас, боғда кезар эмиш қиш,
қорайиб ётганмиш Ватан боғлари.

Шоир лирик қаҳрамон руҳиятидаги ўзгаришларга ўтади. Контраст ҳолатлар билан ифода ва тасвирни кучайтиради:

Тушига кирибди Жайҳун бўйлари –
Қийғос очилганмиш ўрик гуллари
ва бирдан кўрибди – Чингиз ўқлари
баҳор қушларидек учар юрт сари.

Қараса, муз эмас, оқаётганмиш
синглиси, онаси ва ўғиллари.
Оқиб кетар эмиш тўлқинларда, қиш
заҳридан тўкилган ўрик гуллари.

Ҳолат Гурганждан Жайҳун бўйларига кўчади. Шеърда Чингиз қўшинларининг келиши, онаси, синглиси ва ўғилларининг сувда оқиб кетиши табиат ҳодисаси билан параллел равишда кетади. Буларнинг ҳар бирида шоир ўзи яшаб турган заминда бўлаётган адолатсизликлар, шўролар сиёсатининг салбий оқибатларини назарда тутган десак, муболаға бўлмайди:

Терлаб уйғонди у ваҳима билан,
зангор самоларга чўзди қўлини.
Тепада танҳо бир юлдуз чарақлаб
ёритиб турарди Гурганж йўлини

ва бирдан англади, аямай босиб
баҳорнинг сарғайган, заъфар ўтини,
уни сўнгги юлдуз нуридан тўсиб
қилич ушлаб келар эди ўлими.

Аввалги шеърдан фарқли ўлароқ, бунда шоир лирик қаҳрамоннинг (ҳатто тушида ҳам) ҳаракатсиз қиёфасини яратади. Бу билан маълум маънода ўша даврдаги имконсизлик, эрксизлик, мутелик каби ҳолатларга ишора қилади ва шулар орқали ўзига “йўл” излайди. Дарҳақиқат 80-йиллар бошидаги ижтимоий муҳит нафақат ижодкорларга, балки жамиятнинг барча зиёли қатламига эркинликларни чеклаб қўйган эди. Ўзбекнинг ўзлиги, миллат манфаати ҳақида ошкора гапириш ўз қўлига ўзи кишан солиш билан баробар эди. Шу сабабдирки, аксар ижодкорларда тарих фикр айтишга ижодий кўприк вазифасини ўтаган дейиш мумкин бўлади.

Шоирнинг халқ қаҳрамонига айланган Намоз ботир ҳақидаги “Намоз йўли”, “Намоз ҳақида қўшиқ”, “Ботир Намоз ўлими” (1907 йил 3 июнь), “Намознинг қиличи ҳақида эртак”, шунингдек, “Алишер Навоий”, “Бибихоним”, “Улуғбекнинг қасоси”, “Широқ”, “Беҳзод”, “Афросиёб”, “Самарқанд”, “Бобур”, “Усмон Носир”, “Туркистон”, “Қодирийни ўқиб”, “Девонул луғотит-турк” оҳанглари”, “Жангчи ҳақида ривоят” каби шеърларида ҳам она ватан, юрт озодлиги, инсон қадри, иймон-эътиқод, тарихдан сабоқ, аждодлар ибрати ва шоир яшаб турган жамиятдаги ижтимоий тенгсизлик, тоталитаризм оқибатлари масаласи асосий ўрин тутади. Шоир ўз ватанини озод ва обод кўришни ҳоҳлайди, унда барча инсонларнинг фаровон яшашини истайди, қалбини қийнаётган саволларга жавоб топишга интилади. “Намоз йўли” (1981) шеърида эрк учун курашга отланган Намоз ботирни тўхтатиш учун йўллар, дарахтлар,қора тун ва юлдузлар, ота ва она, сингиллар ҳам ҳаракат қиладилар. Лекин Намоз ўз танлаган йўлидан қолмайди, у Муқанаю Широқ изидан боради, Тўмарислар уни чорлайди ва ниҳоят Ватаннинг шивирлаган овози келади:

Намоз кетар…
Йўллар устида
Муқаннаю Широқ излари.
Қаршисида титраб осуда,
Тўмариснинг порлар кўзлари.

Намоз кетар…
Қасос туғилар,
Тобланади ханжар каби тан.
— Қайтма, ўғлим, сен мени қутқар! –
Шивирлайди ғамдийда Ватан.

Шеърда шоирнинг алам ва ўкинч тўла кечинмалари ифодаланган. Шоир ўзини ва бошқаларни худди Намоз ботирдек Ватан озодлиги учун курашга чорламоқчи бўлади. Бў йўлда қадим аждодларнинг жасоратини ибрат қилиб кўрсатади. Шоир “Намоз ҳақида қўшиқ” (1980) шеърида аввалги шеърларида айтолмаган фикрларни айтишга уринади:

Ҳа, Ватандир барчадан юксак,
Муҳаббатдан юксак Ватан бор.
Шу Ватан деб жон бермоқ керак,
Ватан – эрк деб аталган диёр.

Шоир ўша давр ҳолатидан келиб чиқиб, реал тасвирларга ўтадива бу орқали ўзи яшаб турган муҳитга ишора қилади: “қўтондаги қўйлардек ухлар ўз эркини йўқотган бир халқ”. Ўлими олдидан айтган Намоз ботирнинг нидоларини ўзига ва атрофдагиларга айтаётгандек бўлади:

“Ў, юрагим, ухлаб ётар Шарқ,
Сенга боқиб, сенга умидвор.
Озодликни истаса гар халқ,
Жанг қилмоқни билмоғи даркор”.

Шоирнинг кайфияти лирик қаҳрамон руҳияти ва ҳолатига мос ўсиб боради. Шоир воқеалар баёнида тарих контексти орқали ўзининг истеҳзоли муносабатини ошкор этади. Зукко китобхон буни илғай олиши қийин эмас:

…Эрта-индин симлар етказар
Ва қорлардан кийиб оппоқ бўрк.
“Энди Намоз йўқ”, дея маза
Қилиб қўлин ишқар Петербург.

Ва Намозни тупроқ олган шом
Бўғиқ сайрар даштда турналар –
Бешикларга боғлар интиқом
Болаларин кекса оналар.

Шеърдаги “маза қилиб қўлин ишқар Петербург”, “бешикларга боғлар интиқом болаларин кекса оналар” каби жумлаларда шоирнинг аламзада ўкинчи, истеҳзоли муносабати акс этган. Шоир Намоз ботир тимсолида ўзига ибрат ҳолда китобхонни ҳам тарихдан тўғри хулоса чиқаришга, ибрат олишга чақиради. Шоир тарих мавзуси йўғрилган ҳар бир шеърида она Ватаннинг озодлиги, элининг ҳурлиги, бахту саодатини ўйлаб қайғуради, унинг бошидаги “қора булутлар”нинг кетишини, “қора қайғулар” ўрнига шодликларга тўла ҳақиқий “эрк шабадалари” эсишини ҳоҳлайди. У гоҳ тарихга назар солиб руҳий тасалли олса, гоҳ тарих воситасида унга азоб бераётган “кўҳна дард”ларини баён этади, гоҳ эса тарих тилидан ўз даврига хитоб қилади. Хуршид Даврон шеърларида лирик қаҳрамон баъзан оқил кузатувчи (муаллиф), баъзан эса тарихий шахс тимсолида кўринади. Ҳар икки ҳолатда ҳам бирламчи субъект ижодкор шахси блиб қолаверади. Чунки шеърдаги ҳолат, кайфият, тимсоллар ҳаракати бевосита лирик субъект билан чамбарчас боғлиқ. Масалан, “Алишер Навоий”, “Бибихоним”, “Улуғбекнинг қасоси” шеърларида лирик қаҳрамон билан шоир тенглашади, “Широқ”, “Афросиёб” каби шеърларида шоир бошқа шахс тилидан сўзлайди ва шу орқали ўзининг фикр-туйғуларини ифодалайди.

Хуршид Даврон ижтимоий-маънавий танглик даврида ўзининг ижодий позициясини тўғри белгилаб олган шоирлардан биридир. У чин маънода Ватан, Миллат, Эрк, Озодлик каби муқаддас тушунчаларни қадрлайди, уларга интилиб яшайди. Инсон қаерда бўлмасин, Ватан, унинг қалбида бирга нафас олиб яшашаши керак дейди:

Болангизни белаб қўйинг туш пайти,
Толлар беланчакни учирсин кўкка.
Аммо сиз бошида аллалар айтинг,
Ватан туйғусини солинг юракка.

Шоир тарихнинг аёвсиз синовларига дош бериб келаётган аждодлар меросини асрашни, боболарнинг муқаддас хоки турган бу тупроқни кўксмизда олиб яшашимиз кераклигини куйиниб ёзади:

Бибихонимнинг ерга қулаган тоқи,
Тунда чақмоқ уриб қулаган терак.
Боболарнинг ерга қўйилган хоки
Кўксимизда тирик яшаши керак.

Умуман, Хуршид Даврон шеъриятида ижтимоий дарднинг шахсий дардга айланиши ва унинг ўзига хос бадиий тарзда ифода эта олганини кўрамиз. Шоир ижодида тарихий воқелик, тарихий шахслар талқини кенг қамровли ифодасини топган. Уларга ўтмиш ва шоир яшаб турган ижтимоий давр нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёндашганлиги, тарих воситасида ўз давридаги ижтимоий муаммоларни очиб берганлиги ижодкорнинг чинакам ютуғидир.

Фойдаланилган адабиётлар:
1. Хуршид Даврон. Болаликнинг овози. Лирика. Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986 й.
2. Абдуғафур Расулов. Бадиийлик – безавол янгилик. Т., “ШАРҚ”, 2007й.
3. Дилмурод Қуронов. Мутолаа ва идрок машқлари. Т., “Академнашр”, 2013 й.
4. Улуғбек Ҳамдам. Янги ўзбек шеърияти. Т., Адиб н., 2012 й.

Maqolada taniqli shoir Xurshid Davronning 70-80-yillardagi sheʼrlari tahlil qilingan. Shoir ijodida tarix mavzusining ifodalanishi va badiiy maqsad uchun xizmat qilishi tadqiq etilgan.

KOʼZ OʼNGIMDА JONLАNАR MOZIY…
Xurshid Davron ijodida tarix kontseptsiyasi
Begali Moʼminov — Аndijon Davlat Universiteti o’qituvchisi

Аdabiyotshunos D.Quronov “Mutolaa va idrok mashqlari” kitobida sheʼr va uni idrok etish haqida shunday fikrlarni keltiradi: “badiiy asarni oʼqish – ijodiy jarayon, uni uqish uchun oʼquvchi ijodiy tasavvurini toʼla ishga solishi lozim. Biroq sheʼrni uqish, undan chinakam zavq olish uchun ijodiy tasavvurning oʼzi kam. Negaki, sheʼr – mudom voqe boʼlayotgan nutq, u soʼzlarning oddiy tizmasi emas. Zero, undagi soʼzlar shoir dil torlaridan taralgan ohangga yoʼgʼrilgan. Bas, sheʼr oʼqilmaydi – tinglanadi, tinglanganda ham “ichki quloq” bilan, “qalb qulogʼi” bilan tinglanadi”. Shunday ekan, badiiy matnni idrok etish, uni tushunish kitobxondan birmuncha ijodiy tayyorgarlik va masʼuliyat talab etadi. Mavzumiz obʼekti boʼlgan Xurshid Davronning qator sheʼrlari ham yaratilgan va hozirgi davr nuqtai nazaridan turlicha talqin qilinishi mumkin.

Maʼlumki, tarix mavzusi adabiyotimizda deyarli barcha ijodkorlarda maʼlum darajada oʼz ifodasini topganligini kuzatamiz. Chunki tarix oʼzidan keyingi avlodlar uchun ibrat maktabi boʼlib xizmat qiladi. Tafakkur kishilari tarixdan toʼgʼri saboq oladilar: uning yutuqlaridan ilhomlansalar, xatolarini qaytarmaslikka harakat qiladilar. Lekin tarixga munosabat har bir davrda ham birdek kechgan emas. Oʼzbek sheʼriyatida tarix mavzusiga koʼproq murojaat qilingani, avvalo, ijodkorning badiiy maqsadi, qolaversa, unga taʼsir etgan tarixiy-ijtimoiy omillar bilan ham bogʼliq deyish mumkin.

090Xurshid Davronning aksariyat sheʼrlarida tarix mavzusi shoirni oʼylantirayotgan, uni qiynayotgan muammolarni badiiy idrok etish vositasi sifatida namoyon boʼladi. Bu esa shoir yashab, ijod qilib turgan davr, ijtimoiy voqelik bilan bogʼlanadi. Chunki shoirning 1986 yil eʼlon qilingan “Bolalikning ovozi” toʼplamiga kiritilgan sheʼrlar 70-80-yillarda yaratilgan. Аdabiyot hali ham sotsialistik realizm taʼsiridan butunlay holi boʼlmagan, millat tarixiga mafkurafiy munosabat va uni notoʼgʼri talqin qilish, tarixiy mavzudagi asarlarga siyosiy jihatdan yondashuv davom etayotgan davrda ijtimoiy tafakkuri oʼzgacha shakllanayotgan yangi adabiy avlod qatorida Xurshid Davron ham oʼz ijodida Erkin Vohidov, Аbdulla Oripov, Rauf Parfi singari tarix mavzusiga koʼp murojaat qilgan. Аslida tarix orqali “bugunning gapini aytish” mohiyatan bir xil boʼlmasa-da, jadid ijodkorlaridan boshlanganligi maʼlum. Shoir oʼzi anglab yetgan haqiqatlarni tarix pardasiga berkitib ifodalashga urinadi. Masalan, shoirning “Samarqandagi ozodlik haykali qoshida oʼylar” sheʼrida lirik qahramonning millat ozodligiga jon tikkan Fitrat, Choʼlponlarga xos oʼy-kechinmalari, qalb tugʼyonlari oʼz ifodasini topgan. Shoir xazonlar qoplagan bogʼ oralab haykal qoshiga borarkan, ezgu oʼylar bilan “koʼksidagi iztirob toshi”ni irgʼitib, “qutlugʼ zaminda yotgan botirlar ruhini chorlaydi”:

Koʼz oʼngimda birdan jonlanar moziy,
Koʼz oʼngimdan birdan kechar zamonlar –
Qulogʼimga yetar erlar ovozi,
Yerdan yaproqlarga sachraydi qonlar.

Tarixning suronli kechmishi koʼz oʼngida jonlangan shoir daraxtlarni “erk deya kurashgan lashkar”ga, inqilob yalovin tutgan askarlarga qiyoslaydi. Ularning olovli qalbiga monand shoir qalbida ham kutilmaganda bir ichki “isyon”, koʼtarilish paydo boʼladi:

Ozodlik!
Kim sening totingga qonar,
Kim sening mehringni aylagay zavol?!
Ozodlik!
Tilingda hayqiriq boʼlgan
Soʼzni kim oʼchirar qabrtoshlardan?!

Koʼramizki, shoirni qiynayotgan birlamchi narsa – inson erki, yurt ozodligi. Chunki bu davrda jamiyat hali “turgʼunlik pallasi”dan toʼla qutilmagan, kishilarda eski gʼoyaga ishonch oʼlmagan, maʼlum maʼnoda tobelik, hadik hissi yashayotgan edi. Аdabiyotshunos Ulugʼbek Hamdam taʼbiricha: “Аlbatta, davr ruhi, asosan, shu davrning ijtimoiy-psixologik muhitida yashayotgan shaxs – shoirning yoki unga zamondosh boʼlganlarning “nazari” orqali sheʼrga koʼchadi”. Boshqalardan farqli oʼlaroq, jamiyatdagi norasoliklar, tengsizliklarni teranroq anglagan aksariya ziyolilar kabi Xurshid Davron ham bu holatlarga boʼlgan munosabatini badiiy tarzda yetkazishga va shaxs va ijodkor burchini oʼtashga harakat qilgan:

Ozodlik!
Uyqusiz koʼzingga toʼlgan
Terday achchiq, qonli va shoʼr yoshlardan
Kim yuzin oʼgirar,
Kim kechadi voz,
Kim ularsiz bitar tarix varagʼin?!
Bobolar qoshingda tiz choʼkib oʼlgan,
Ular faqat senga tiz bukkan, xolos!

Shoʼro mafkurasining mahalliy xalqlar ustidan olib borgan razilona siyosatini anglab yetgan ijodkor oʼzining ruhiy iztiroblarini kechinmalar tarzida sheʼrga toʼkadi va oʼtmish orqali oʼziga tasalli beradi. Mafkuraviy “biqiq muhit”ni Soʼz qudrati bilan yorib chiqishga urinadi va bu orqali oʼzidagi “dard”ni boshqalarga “yuqtirish”ga erishadi:

Ozodlik!
Madad ber navqiron dilga,
Kuy bergin boʼgʼzimni toʼldirib olay.
Qudrat ber, bagʼishlay qalbimni elga,
Gʼazab ber, men uni sheʼrimga solay!

Shu oʼrinda shoirni qiynayotgan dard xuddi asr boshlarida millat dardi bilan yongan Fitratning “Yurt qaygʼusi” kabi sochmalarini yodga soladi. Shoir endi haqiqiy oʼz yoʼlini tanlagan va bu yoʼlda sobit boruvchi millat va vatanga sodiq insonga aylanadi. Oʼzining Usmon Nosir singari oʼsha kurashchan, erksevar bobolarning avlodi ekanligini gʼururla eʼtirof etadi:

…Olov yonib turar poyingda…
Goʼyo
Bu olov ozodlik undirgan giyoh.
Bu olov taftiga yuragim qonar,
Bu olov yuragim shaklida yonar.

Shuni alohida taʼkidlash joizki, sheʼr yozilgan (1983 yil) davrda yangicha tafakkurdagi ziyolilar – adabiy avlod avlod yetishib chiqayotgan edi. Ular endi atrofdagi voqea-hodisalarga, jamiyatdagi oʼzgarishlarga odatdagidek emas, ongli ravishda munosabatda boʼla boshladilar va bu holatlarni imkon qadar badiiy yoʼsinda yetkazishga urindilar. Yuqoridagi sheʼrda ramziylik va shartlilik bilan bir qatorda tarixga haqqoniy yondashuvni koʼrish mumkin. Sheʼrdagi bogʼ, xazon, daraxtlar, yaproqlar, achchiq ter, qonli yoshlar kabi poetik timsollar badiiylikni taʼminlovchi unsurlar vazifasini bajargan. Аsosiysi esa lirik qahramon ruhiyatida kechayotgan evrilishlarni anglab olish. Shoir bu xususda oʼz zimmasidagi vazifani ado eta olgan.

Maʼlumki, zabardast shoirimiz Erkin Vohidov “Oʼzbegim” qasidasini 1968 yil yozgan edi. Keyinroq bu haqda adabiyotshunos olim Аbdugʼafur Rasulov shunday fikrlarni bildiradi: “1968 yili yaratilgan “Oʼzbegim”ning nomiyoq diqqatni jalb qildi. Shoʼro davrida “bizniki”, “umumniki”, “hammaniki” degan mavhum qarash tushunchalarga singib ketgan edi. Аyniqsa, xalqni, yurtni baralla “meniki”, yaʼni “Oʼzbegim” deb turish kommunistlar nazdida borib turgan shakkoklik edi. Qasida ruhi, mazmuni, estetik-poetik mohiyati sarlavhadagi fikrni bus-butun tasdiqlaydi. Oʼzbekning chin oʼgʼloni kuyib-yonib, joʼshib-zavqlanib xalqning mungli, ayni vaqtda qahramonona tarixini burro-burro ifodalaydi. Qasidani oʼqib Pomir, oq soch Tyonshon timsolida ona yurt, uning koʼhna tarixi, uzoq, mahzun yoʼli koʼz oʼngimizda gavdalanadi. Beruniy, al-Xorazmiy, Farobiy, Ulugʼbek, Mir Аlisher, Mirzo Bobur, Mashrab, Nodira, Furqat, Muqimiy singari ulugʼlar qasidani koʼzda yosh, hayrat-la tinglayotgandek boʼladilar. Eng muhimi, qasida qullik, qaramlikdan, erksizlikdan qalbi ozurda boʼlgan xalq uchun tiriklik suvi boʼldi, misoli… “Oʼzbegim yaratilganida sotsrealizmning puturi ketayotgan boʼlsa-da, hamon u adabiyotning oʼziga xos konstitutsiyasi edi”. Tabiiyki, Erkin Vohidovning “Oʼzbegim” deya hayqirigʼi asrlar qaʼridan yangrayotgan Navoiylar, Boburlarning nidosi yangligʼ keyingi avlodlarga bir tajriba maktabi boʼldi, desak mubolagʼa boʼlmaydi. Xurshid Davronning tarix mavzusidagi aksariyat sheʼrlarida mana shunday tuygʼu va kechinmalarni, gʼoyaviy pozitsiyani kuzatishimiz mumkin. Uning “1231 yil 16 avgust” nomli sheʼri 1980 yil yozilgan boʼlib, sheʼrga tarixda yurt ozodligi uchun kurashgan yengilmas sarkarda Jaloliddin Manguberdining vafot etgan sanasi sarlavha qilib olingan va bunda ham oʼziga xos ishorani koʼrish mumkin. Sheʼr lirik qahramonning hikoya tarzidagi xabari bilan boshlanadi:

Tushiga kiribdi Gurganj bogʼlari –
bahor kirgan emish qari poytaxtga
va birdan koʼribdi – yov pichoqlari
sanchilib turarmish har bir daraxtga.

Shoir tarixni roviy sifatida xolisona bayon etish bilan unga oʼzining munosabatini lirik qahramon ruhiyati va uning xatti-haratlari, holatlari tavsifi orqali singdirib yuboradi. Shoirni yozishga majbur qilgan tarixiy voqelik uning shaxsiy kechinmalari va badiiy maqsadini ifodalashga juda mos keladi. U koʼz oʼngida “pichoqlangan daraxtlar”, “bogʼda bahor emas qishning kezishi”, “Vatan bogʼlarining qorayib yotishi”ga guvoh boʼlayotgan edi. Chunki millat tarixidan uzoqlashgan, tarixiy shaxslar va yodgorliklar qarovsiz holda, milliy qadriyatlar unutilayozgan, mamlakat mafkuraviy bosim ostida edi:

Qarasa daraxtmas, qizlar turarmish,
sanchilib turarmish yov pichoqlari.
Bahor emas, bogʼda kezar emish qish,
qorayib yotganmish Vatan bogʼlari.

Shoir lirik qahramon ruhiyatidagi oʼzgarishlarga oʼtadi. Kontrast holatlar bilan ifoda va tasvirni kuchaytiradi:

Tushiga kiribdi Jayhun boʼylari –
Qiygʼos ochilganmish oʼrik gullari
va birdan koʼribdi – Chingiz oʼqlari
bahor qushlaridek uchar yurt sari.

Qarasa, muz emas, oqayotganmish
singlisi, onasi va oʼgʼillari.
Oqib ketar emish toʼlqinlarda, qish
zahridan toʼkilgan oʼrik gullari.

Holat Gurganjdan Jayhun boʼylariga koʼchadi. Sheʼrda Chingiz qoʼshinlarining kelishi, onasi, singlisi va oʼgʼillarining suvda oqib ketishi tabiat hodisasi bilan parallel ravishda ketadi. Bularning har birida shoir oʼzi yashab turgan zaminda boʼlayotgan adolatsizliklar, shoʼrolar siyosatining salbiy oqibatlarini nazarda tutgan desak, mubolagʼa boʼlmaydi:

Terlab uygʼondi u vahima bilan,
zangor samolarga choʼzdi qoʼlini.
Tepada tanho bir yulduz charaqlab
yoritib turardi Gurganj yoʼlini

va birdan angladi, ayamay bosib
bahorning sargʼaygan, zaʼfar oʼtini,
uni soʼnggi yulduz nuridan toʼsib
qilich ushlab kelar edi oʼlimi.

Аvvalgi sheʼrdan farqli oʼlaroq, bunda shoir lirik qahramonning (hatto tushida ham) harakatsiz qiyofasini yaratadi. Bu bilan maʼlum maʼnoda oʼsha davrdagi imkonsizlik, erksizlik, mutelik kabi holatlarga ishora qiladi va shular orqali oʼziga “yoʼl” izlaydi. Darhaqiqat 80-yillar boshidagi ijtimoiy muhit nafaqat ijodkorlarga, balki jamiyatning barcha ziyoli qatlamiga erkinliklarni cheklab qoʼygan edi. Oʼzbekning oʼzligi, millat manfaati haqida oshkora gapirish oʼz qoʼliga oʼzi kishan solish bilan barobar edi. Shu sababdirki, aksar ijodkorlarda tarix fikr aytishga ijodiy koʼprik vazifasini oʼtagan deyish mumkin boʼladi.

Shoirning xalq qahramoniga aylangan Namoz botir haqidagi “Namoz yoʼli”, “Namoz haqida qoʼshiq”, “Botir Namoz oʼlimi” (1907 yil 3 iyunь), “Namozning qilichi haqida ertak”, shuningdek, “Аlisher Navoiy”, “Bibixonim”, “Ulugʼbekning qasosi”, “Shiroq”, “Behzod”, “Аfrosiyob”, “Samarqand”, “Bobur”, “Usmon Nosir”, “Turkiston”, “Qodiriyni oʼqib”, “Devonul lugʼotit-turk” ohanglari”, “Jangchi haqida rivoyat” kabi sheʼrlarida ham ona vatan, yurt ozodligi, inson qadri, iymon-eʼtiqod, tarixdan saboq, ajdodlar ibrati va shoir yashab turgan jamiyatdagi ijtimoiy tengsizlik, totalitarizm oqibatlari masalasi asosiy oʼrin tutadi. Shoir oʼz vatanini ozod va obod koʼrishni hohlaydi, unda barcha insonlarning farovon yashashini istaydi, qalbini qiynayotgan savollarga javob topishga intiladi. “Namoz yoʼli” (1981) sheʼrida erk uchun kurashga otlangan Namoz botirni toʼxtatish uchun yoʼllar, daraxtlar,qora tun va yulduzlar, ota va ona, singillar ham harakat qiladilar. Lekin Namoz oʼz tanlagan yoʼlidan qolmaydi, u Muqanayu Shiroq izidan boradi, Toʼmarislar uni chorlaydi va nihoyat Vatanning shivirlagan ovozi keladi:

Namoz ketar…
Yoʼllar ustida
Muqannayu Shiroq izlari.
Qarshisida titrab osuda,
Toʼmarisning porlar koʼzlari.

Namoz ketar…
Qasos tugʼilar,
Toblanadi xanjar kabi tan.
— Qaytma, oʼgʼlim, sen meni qutqar! –
Shivirlaydi gʼamdiyda Vatan.

Sheʼrda shoirning alam va oʼkinch toʼla kechinmalari ifodalangan. Shoir oʼzini va boshqalarni xuddi Namoz botirdek Vatan ozodligi uchun kurashga chorlamoqchi boʼladi. Boʼ yoʼlda qadim ajdodlarning jasoratini ibrat qilib koʼrsatadi. Shoir “Namoz haqida qoʼshiq” (1980) sheʼrida avvalgi sheʼrlarida aytolmagan fikrlarni aytishga urinadi:

Ha, Vatandir barchadan yuksak,
Muhabbatdan yuksak Vatan bor.
Shu Vatan deb jon bermoq kerak,
Vatan – erk deb atalgan diyor.

Shoir oʼsha davr holatidan kelib chiqib, real tasvirlarga oʼtadiva bu orqali oʼzi yashab turgan muhitga ishora qiladi: “qoʼtondagi qoʼylardek uxlar oʼz erkini yoʼqotgan bir xalq”. Oʼlimi oldidan aytgan Namoz botirning nidolarini oʼziga va atrofdagilarga aytayotgandek boʼladi:

“Oʼ, yuragim, uxlab yotar Sharq,
Senga boqib, senga umidvor.
Ozodlikni istasa gar xalq,
Jang qilmoqni bilmogʼi darkor”.

Shoirning kayfiyati lirik qahramon ruhiyati va holatiga mos oʼsib boradi. Shoir voqealar bayonida tarix konteksti orqali oʼzining istehzoli munosabatini oshkor etadi. Zukko kitobxon buni ilgʼay olishi qiyin emas:

…Erta-indin simlar yetkazar
Va qorlardan kiyib oppoq boʼrk.
“Endi Namoz yoʼq”, deya maza
Qilib qoʼlin ishqar Peterburg.

Va Namozni tuproq olgan shom
Boʼgʼiq sayrar dashtda turnalar –
Beshiklarga bogʼlar intiqom
Bolalarin keksa onalar.

Sheʼrdagi “maza qilib qoʼlin ishqar Peterburg”, “beshiklarga bogʼlar intiqom bolalarin keksa onalar” kabi jumlalarda shoirning alamzada oʼkinchi, istehzoli munosabati aks etgan. Shoir Namoz botir timsolida oʼziga ibrat holda kitobxonni ham tarixdan toʼgʼri xulosa chiqarishga, ibrat olishga chaqiradi. Shoir tarix mavzusi yoʼgʼrilgan har bir sheʼrida ona Vatanning ozodligi, elining hurligi, baxtu saodatini oʼylab qaygʼuradi, uning boshidagi “qora bulutlar”ning ketishini, “qora qaygʼular” oʼrniga shodliklarga toʼla haqiqiy “erk shabadalari” esishini hohlaydi. U goh tarixga nazar solib ruhiy tasalli olsa, goh tarix vositasida unga azob berayotgan “koʼhna dard”larini bayon etadi, goh esa tarix tilidan oʼz davriga xitob qiladi. Xurshid Davron sheʼrlarida lirik qahramon baʼzan oqil kuzatuvchi (muallif), baʼzan esa tarixiy shaxs timsolida koʼrinadi. Har ikki holatda ham birlamchi subʼekt ijodkor shaxsi blib qolaveradi. Chunki sheʼrdagi holat, kayfiyat, timsollar harakati bevosita lirik subʼekt bilan chambarchas bogʼliq. Masalan, “Аlisher Navoiy”, “Bibixonim”, “Ulugʼbekning qasosi” sheʼrlarida lirik qahramon bilan shoir tenglashadi, “Shiroq”, “Аfrosiyob” kabi sheʼrlarida shoir boshqa shaxs tilidan soʼzlaydi va shu orqali oʼzining fikr-tuygʼularini ifodalaydi.

Xurshid Davron ijtimoiy-maʼnaviy tanglik davrida oʼzining ijodiy pozitsiyasini toʼgʼri belgilab olgan shoirlardan biridir. U chin maʼnoda Vatan, Millat, Erk, Ozodlik kabi muqaddas tushunchalarni qadrlaydi, ularga intilib yashaydi. Inson qaerda boʼlmasin, Vatan, uning qalbida birga nafas olib yashashashi kerak deydi:

Bolangizni belab qoʼying tush payti,
Tollar belanchakni uchirsin koʼkka.
Аmmo siz boshida allalar ayting,
Vatan tuygʼusini soling yurakka.

Shoir tarixning ayovsiz sinovlariga dosh berib kelayotgan ajdodlar merosini asrashni, bobolarning muqaddas xoki turgan bu tuproqni koʼksmizda olib yashashimiz kerakligini kuyinib yozadi:

Bibixonimning yerga qulagan toqi,
Tunda chaqmoq urib qulagan terak.
Bobolarning yerga qoʼyilgan xoki
Koʼksimizda tirik yashashi kerak.

Umuman, Xurshid Davron sheʼriyatida ijtimoiy dardning shaxsiy dardga aylanishi va uning oʼziga xos badiiy tarzda ifoda eta olganini koʼramiz. Shoir ijodida tarixiy voqelik, tarixiy shaxslar talqini keng qamrovli ifodasini topgan. Ularga oʼtmish va shoir yashab turgan ijtimoiy davr nuqtai nazaridan kelib chiqib yondashganligi, tarix vositasida oʼz davridagi ijtimoiy muammolarni ochib berganligi ijodkorning chinakam yutugʼidir.

Foydalanilgan adabiyotlar:
1. Xurshid Davron. Bolalikning ovozi. Lirika. T., Gʼafur Gʼulom nomidagi Аdabiyot va sanʼat nashriyoti, 1986 y.
2. Аbdugʼafur Rasulov. Badiiylik – bezavol yangilik. T., “ShАRQ”, 2007y.
3. Dilmurod Quronov. Mutolaa va idrok mashqlari. T., “Аkademnashr”, 2013 y.
4. Ulugʼbek Hamdam. Yangi oʼzbek sheʼriyati. T., Аdib n., 2012 y.

08

(Tashriflar: umumiy 379, bugungi 1)

Izoh qoldiring