Nurmuhammad Aziz. She’rlar

11 Кутубхонамизнинг  фаол  муаллифиларидан бири, адабиётшунос олим ва тарихчи Искандар Мадғозиев тавсияси билан ёш шоир Нурмуҳаммад Азиз шеърларини тақдим этмоқдамиз.

Нурмуҳаммад АЗИЗ
ШЕЪРЛАР


***
17
Ай, ёди руҳафзо,
ай, руҳи ҳарир,
Лайли зулф, лаблари Қўқонгилосим.
Сенга юрак бердим — бисотим ғариб,
Фақат орзу қолди — оғриган сим-сим.

Кафтимга сув томди, қоғозга сиёҳ,
Шеъримда на завқ бор, на забаржад бор.
Сенинг ҳуснинг хушрўй,
қаро xолинг, оҳ!!!
Менда на Бухоро, на Самарқанд бор!

 

***

Эшик тарс ёпилди, зарбидан
сесканди паришон дераза.
Жаҳлинг ҳам жозибдир, фусунгар,
Жон  тутсам, сен жабр берасан.

Эшик тарс ёпилди, зарбидан
юраги ёрилди хонанинг.
Аччиқ дуд сачради юзимга,
Кўз олдим бемисл қоралик.

Эшик тарс ёпилди, зарбидан
булутлар ҳўмрайди ғашланиб.
Аразинг умримдан узундай,
Ҳузндай ёприлди ташналик.

Эшик тарс ёпилди, зарбидан
на дунё татир, на тож-у тахт.
Қоларга бу оғриқ фузундай,
Кетарга макон йўқ ложувард.

Эшик тарз ёпилди…

ИСФАНДИЁРГА

Қорамтир булутдай тўзиб хавотир,
Оёқости бўлар туҳмат тошлари.
Довруғи дунёни тутар Боботил,
Мозийдан жилмайиб боқар Кошғарий.

Болам, кўзёшингни Ватандай асра!

Туркулар ёғилар Туркистон узра,
Митти юракларда уйғонар ғужур.
Солиҳа келинлар тошолма тусаб,
Яна Қодирийлар келар кун учун

Болам, кўзёшингни Ватандай асра!

Отангга ўҳшама…
Ёлғонга тик боқ,
Номард-у нонкўрга, нодонга тик боқ.
Кўнглимда не кечса, тўкдим қоғозга,
Сўзимга жимжима қўшмадим илк бор,
Болам, кўзёшингни Ватандай асра,
Туроннинг энг ёруғ кунлари учун!

Хоинлар ҳоқондай юрсада гарчи,
Куйинчак кўзларда жўмардлар шариф.
Тилингни боғласа нишон — алдамчи,
Ишон, ҳақиқатни улуғлар тарих…

Фақат умидланма, кўшк ҳам, тилло ҳам,
Мендан қолса бир  шеър, бир истак қолар.
Мусаффо тонг учун тўкилган қон ҳам,
Тўкилган кўз ёш ҳам муқаддас, болам.

Болам, кўзёшингни Ватандай асра!

* * *

Шоирга ҳаловат,
Иблисга дахма
топилмас, тупроқни тўзғитар ҳийла.
Минг йиллар наридан Қул Ҳожа Аҳмад
ҳикматга чорламиш —
Ошиқлар сийрак.

На талотум тинар,
на тинар ғорат,
Дунёни етаклаб борар сўқирлар.
Субҳидам шабнамда олиб таҳорат
майсалар сожида,
Бoмдод ўқирлар…

Эртакка айланди кайвони Умр,
Бир лаҳза сесканди Азозил — қаллоб.
Манглайи Каъбани ўпди-ю…
Бувим
руҳини осмонга кўтарди Аллоҳ.

НАСИМИЙ.

1.
Сир, пойингга элтар буюк Сир,
Йўл аҳтариб, ҳалак жон қуши.
Миқ этмайди булутлар — тилсиз,
Бобоқуёш — соқов донишим,
Осмон очилдастурхон эмас.

Сирга етган сиғмас заминга,
Чирманда шай, чора кўрилар.
Ойболтаси ўткир ғанимдай,
Тиш қайрайди ваҳший бўрилар,
Бўриларки, оғзи қон эмас.

О, шундаям юрак орзуманд,
Умидлар — гул, анвойи, алвон.
Теграмдаги тўзон-у туман,
Тарқалса-ю, кўринсанг Мавло.
Бир сен керак, жовидон эмас.

2.
Ўлим — ўйин, томоша гўзал,
Ҳайратимиз ортди, Ҳазратим.
Шоир бўлса,  яна  шоҳ бўлса,
Кўзига мил тортдик, Ҳазратим.

Оламда рост борми, ким билар?
Уйғоқ овоз борми, ким билар?
Сабоқ бериб жимлик илмидан,
Устозимиз одил, Ҳазратим.

Шум нафсимиз жилвагар илон,
Шул маккорнинг илкида жилов,
Зоҳиримиз зебланган, зилол,
Ботқоқ мисол ботин, Ҳазратим.

Сирга элтар илоҳий ришта,
Кўрингайдур на ўнг, на тушда.
Минг йилдирки, бизлар фаришта,
Фақат замон қотил, Ҳазратим.

3.
Минг йилдирки, ошиғи олчи,
Ниқобини янгилар хоин.
Товонини тўларми очун,
Товонидан сўйилса шоир?!

Ори йўқда бўлмагай оҳор,
Аё, турким, уйқунг битарми?
“Аналҳақ” деб, ҳайқирар даҳо
Уйғонсангчи…
Қулоғинг карми?

САРДОБА

Наҳот касбингиз шу,
чалиб ноғора,
Фақирнинг нонини тунаб яшамак.
Қорни туёғини тўсган оғалар,
Сизларга муборак бўлсин ҳашамат.

Ҳалқум ҳаловатни соларми изга?
Жонни тилкаларми ҳиёнат — жоди?
Бостириб кирмасми тушларингизга
Сувда жон талашган сигирлар доди?

Интиҳо топарми манҳус маишат?
Халққа зорлик келса, сизга зар келар.
Бўғзимда баҳайбат тўғон — андиша,
Тўғонни парчалаб Алҳазар келар…

Нигоҳни юракка — қиблага бурсам,
Мисли Сардобадир — ваҳма-ю вайрон.
Кўзимга чидамдан Чин девор қурсам,
Лаҳзада ўпириб кетди Сирдарё.

Ҳалқум ҳаловатни соларми изга???

ТУН

1.
Кўнгил қушга айланар — учқур,
Ялтироқ тўн кияр ташқари.
Ғуж юлдузлар ёлғиз сен учун,
Қирғин қилар кундуз лашкарин.

Эрк керакми?
Мана бир осмон,
Қулочинг ёз — бир замин ҳаво.
Бир олам завқ — бир олам достон,
Озорижон оғриқлар завол.

Сен Довуд ё Сулаймон ҳозир,
Измингдадир борлиқ шу фурсат.
На бошлиқ бор, на қоғозбозлик,
Дорда қалққан Машрабдай ҳурсан.

2.
Чигиртканинг куйи-да соҳир,
Сарин шамол урар тўшимга.
Кўлмакдаги ойнинг нигоҳи
Байтимга ганж бўлиб қўшилгай.

Тунги кўлдай манглайи ёруғ —
Тазод, талмеҳ тинчимни бузар.
Кўкда шунча забаржад бор-у
Кўнгил нега фақат шеър тусар…

Эрк керакми?
Мана бир осмон,
Обизамзам — бир замин ёмғир.
Чўлпонданми, ё Шавкат Раҳмон,
Шеърлашайлик, Уйғоқлар борми?

3.
Фаришталар аллалаб, малак —
Ноз уйқуда ухларди дала.
Қўшиқ айтдим, берсамда ҳалал,
Ҳур овозим тунга жило деб.

Сеҳрландим, нақадар шодлик,
Юлдуз тердим, о, бунча тотли!
Булутларга бош қўйиб ётдим,
Тарих бўлар бу истило деб.

Тун тобора товусдай кўркам,
Кўкнинг зебо чиройига зеб —
Юрагимда гурлаган ўтдан,
Ёзиб қўйдим, ойга “Дило” деб.

4.
Руҳинг нурга беланган буткул,
На араз бор, на тунд хотира.
Қучоқлашиб сўрашмоқ мумкин,
Бунда ҳатто шарпалар билан.

Япроқларнинг шивири — Дугоҳ
Зарнигордир майса ҳам, қум ҳам.
Ҳайқирасан — вужуди қулоқ
Тўлқинланар марварид тун ҳам.

Ташбеҳ тутдай тўкилар дув-дув,
Сен даҳосан, келгунча саҳар.
Қўлларингни қишанлар кундуз,
Шоирни тун кашф этар фақат.

ТУШКУНЛИК

Осмон ҳомуш,
жунжикар сабоҳ,
Қуниш тортар дов-дарахтлар-да.
Кўчаларда алвасти шамол,
Шамол эмас, совуқ хабардай.

На қушларнинг завқи, на гулнинг
ифори бор шеърга соларлик.
Наҳот, жўмард юрак — довулнинг
шиддати-да яхлаб қоларми?

Чучмомани мазах қилар қор,
Оғир куйдек ўртар ғам сели.
Ишон, баҳор эмас, бу баҳор,
Бева қолган уч кунлик келин.

Тўкилади сиёҳ ҳам, сир ҳам…
Кўкрагингга босиб қўлингни,
Шеър сўнггида кутасан илҳақ,
Истараси иссиқ ўлимни.

БОБО

1.
Бобо, мен ҳақиқат изладим,
Қабрингни излаган каби мозордан.
Ойлаб келмадимми, йиллаб келмадим?
Кўзлари илҳақим, валинеъматим.
Мана, чўккан қабр,
Хароба қабр,
Кўрпа қавиётган қари момомдай,
Ташқари кўримсиз,
Ичкари жаннат.

Бобо, мен ҳақиқат изладим,
Вовайло, замин жим,
замона жимдир,
Юрагимни ўйиб омочдай,
Ҳақиқатни ёз дейди кимдир.
Майдалашиб улгурдик қачон,
Мангуберди чиққан элми шу?
Ишора бер, ишоранг нажот,
Лоақал, сен болангни тушун…

Бобо, бунда рафиқ йўқ холис,
Изтиробинг кўргали баҳам.
Сенга элтар йўл эса олис,
Умр — тошбақа.

Бобо, мен ҳақиқат изладим,
Қабрингни излаган каби мозордан,
Мудом нурли бўлсин мангу Ватанинг.
Ҳа, айтгандай Ватан…
Шоирларнинг бари ёлғон ёзарлар.

2.
Бобо, Ватан юракда ўсар,
Юрак ўсар унга бўйлашиб.
Мени тутиб қолмади ғўза,
Сўз ортидан кетдим эргашиб…

Кафанликка менгзаб байроқни,
Шеър ўқидим, музлаб қолди зал.
Ботиним гунг, сиртим сайроқи,
Севгим эмас, изҳорим гўзал.

Бобо, мендан кетган кунингдай —
Аслим билан — ростим айтаман.
Пуч ғояга садоқатингдай
Садоқатим йўқдир Ватанга.

3.
Бобо, эски хужрани буздик.
Момом лой ташиган экан пақирлаб.
Эртани шохона яшамоқ учун
Тарихни қўпордик бир уй фақирлар.

4.
Бобо, ҳузурингга келдим яширин,
Ўлимни-да олиб бўйнимга.
Теваракда қуролсиз рақиб,
Ҳуркитди кунимиз, тун-хобимизни.
Бу на даҳшат, бир ниқоб тақиб,
Ечди минг бир ниқобимизни.
Бу на даҳшат, ўлатми, вабо?
Ҳиралашди олам ранглари.
Замонига сиғмаган даҳо,
Шоирларни энди англадим.
Бу иймонга қайтмоқ чоғлари —
Чорасизлик, муваққат узлат.
“Ҳикматлар”га шўнғиб — покланиб,
Яссавийни тавоф этмоқ шарт.

5.
Бобо, ҳар кимда ҳам нозик нуқта бор,
Ахиллесда товон,
Прометейда жигар,
Онамда буйраг-у,
Болангда юрак.

Ичкарида бир овоз — ўктам
Қистайверар ҳақиқатни ёз.
Бобо, сенинг замонингда ҳам
Бўлганми назмбоз-базмбоз?
Ўттизида ўттизта китоб
ёзганларни шоир деб алқаб
иҳлосимга ўт қўйдилар, дооод!
Мен ўттизга ўттизта шеър-ла
Етаклашиб кираман наҳот.

Тоғ бўлса-да емрилар сабот,
Ўттизта шеър кўнглимга тумор.
Нозик нуқта дедим-ку, бобо,
Ўлим билан танишлиги бор.

6.
Бобо, мен ҳақиқат изладим,
Ҳақиқатки, соқолингдай оқ.
Ҳақиқатки, зарҳалми, заҳар
Шеъримга руҳ, руҳимга маёқ.

Хотиримда…
Туйғулар туғён,
Кўнгил асов тулпор маҳали.
Кўзларимга боқарди дунё,
Ўқилмаган китобдай ҳалим.
Саҳифалар очилди, тамом,
Сўзлар — бўри, нафратим қўзғар.
Икки китоб ичра тугадинг, бобо,
Пахта ва рўзғор.

Кейин кетдинг…
Дунё шипшийдам,
Яшадимми, чидадим қандай?
Ҳузурингга келдим охири,
Ҳузурингга келдим бош уриб,
Ҳақиқат сен билан кетгандай.
Ҳақиқат сен билан кетгандай.

7.
Бобо,
Мудом нурли бўлсин мангу Ватанинг!

***

Ташқарида баҳор — ҳурлиқо,
Ичкарида ваҳима, жадал.
Қадрдон ҳам, қалқон ҳам ниқоб,
Ўлим хавфи кезар кўчада.

Яшагиси келар одамнинг,
Тутқунликда, танҳоликда ҳам.
Мозорлардай сокин, водариғ,
Шовқинга бошқоронғи шаҳар.

Ҳожам дея кўтариб сурон,
Сажда қилган каслар — тумонат.
Уйғондими кўнглингиз — мудроқ,
Фош бўлдими соҳта худолар?

Кўрқув ёвдай босар ер шарин.
Жим кузатар Раҳим-у Раззоқ —
Бир кечада бани башарни
Тўрт деворга қамаб қўйган Зот.

САРЛАВҲАСИЗ ШЕЪР

1.
Мактабидан шеър ёдлаб келди,
Жияним — арслоним.
Эрк ҳақида, Ватан ҳақида.
Айтиб берди кўзлари ёниб,
Музлаб қолдим айни дақиқа.

Манглайидан ўпдим шу заҳот,
Ёш аралаш минг шукуҳ билан…
Боқий шеърлар ёзилар наҳот,
Тутқун жусса, озод руҳ билан.

2.
У тушларни ҳушга қиёслаб,
Мажнуни-ку сўзнинг, Илоҳнинг.
Сирлашади қумурсқа, қушлар,
Гиёҳлар-у боғ-у роғ билан.

Сен нима ютасан сиёсат,
Баҳоридан юлқиб Даҳони
Боғлаб қора бўйинбоғ билан?

МАРТ ЧИЗГИЛАРИ

1.
Қувғин қилар қишни бойчечак,
Ёзса достон бўлар минг вароқ.
Ҳаяжони босилмас ҳечам,
Ичимдаги шоир телбароқ.

Чучмомалар ястанар қатооор,
Ирмоқлар — ҳиргойи, оташин.
Тахтдан тушар мағлуб — қаҳратон,
Босиб олар оламни яшил.

Майсалар — эрк, юрак титроқда
Руҳимга нур инади бирдан.
Таъриф надир, боғлар-ку боғлар,
Даштларим-да гўёки фирдавс.

Масиҳ ёмғир олиб келар тонг,
Ҳар томчида муҳаббат бунёд.
Март осмони — йиғлоқи осмон,
Кўз ёшида покланур дунё.

2.
Бу нафармон нафосат ичра
Жилғаларнинг овози ҳам шеър.
Маликаи олам — мусича
Бошингда ҳур парвози ҳам шеър.

Ҳилпирайди қизғалдоғ туғдай,
Шиғил гуллар, фараҳлар ҳам шеър.
Чинга довур етган фотиҳдай,
Қадди мағрур дарахтлар ҳам шеър.

Шабнамларга безанган саҳар,
Оймомонинг фироғи ҳам шеър.
Алданмайди сўзингга фақат,
Орази ҳам, димоғи ҳам шеър…

Тушун шоир — парилар ерлик,
Гулдўконга учраб ўтмоқ шарт.
Атиргулсиз ўқилган шеърни
Ҳушламайди саккизинчи март!

3.
Бу юлдузми, ёғдуми, дийда,
Ё афсунми?
Паришон қолдим.
Таърифингиз Бобур туркийда
Ёзиб кетган беш аср олдин.

“Жаврда нодир, зулмда моҳир,
Ишвада қодир, ғамзада устод”.

Манглайимни моҳтоб сингари
Ёритгувчи ғилмон сиз, ҳур сиз.
Ажалимдан беш кун илгари
Ўлишимга арзийсиз, бир сиз!…

…Зумрад фасл қучоғин очар,
О, бу фусун, ташбеҳ маҳолдир.
Дил изҳорим бир жумлада жам,
Баҳорингиз билан Баҳорим!!!

ОТАНИНГ СЎНГГИ КУНЛАРИ

Нигоҳ узмай нурайди ота,
Гувалак уй, ёриқ тўсиндан.
Вужудини кемириб ётар,
Ногоҳ ўсган ўжар ўсимта.

Қўлларида қалтирар тасбеҳ,
Юрагига ютар ҳасратин.
Зорланади бир ҳовли — пастак,
“Соҳибимни Ўзинг асрагин”…

Оқшомда бир қалқиди осмон,
Булутларга беркинди қамар.
Кўтарилди уввос, ғалаён,
Петербургга кетди шумҳабар.

Орзулари бўғзидан бўғиб,
Вақт ўтмади, шошгани сайин.
Жанозага келмади ўғил,
Кўзларини юммади майит.

ОНАМГА

Сен даладан чиқмадинг, она,
Кузак чиқди, белларинг чиқди.
Далалардан юз бурган шаҳар
Газетида шеърларим чиқди.

Сен даладан чиқмадинг, она,
Хонатласнинг хиллари чиқди.
Киссам қуруқ, қилиб масҳара
Калишингни тиллари чиқди.

Сен даладан чиқмадинг, она,
Хуфтонларда этак ямадинг.
Дил бир тараф, дунё бир тараф,
Худбин чиқди Нурмуҳаммадинг.

Сен даладан чиқмадинг, она,
Омонатим, ўлмасим менинг.
Ўша мовий қирларга қараб
Жоним чиқса бўлмасми менинг?!

Сен даладан чиқмадинг, она.

СИЁСАТ
(Жадид боболар хотирасига)

Уйқу ҳаром, уйғонганда сўз,
Уйқу ҳаром, топталганда шаън.
О, сиёсат — мил тортилган кўз,
Озодликни ҳушламас кишан.

Туғилдингми, яшамак жафо,
Ё қулсан, ё ашаддий ёвсан.
Жонсираган қизил аждаҳо,
Қонсираган бўри — сиёсат.

Найранглари ошкора, сирли,
Тўғон бўлар исёнкор йўлга.
Тиригида хўрлар шоирни,
Подшони ўлгач.

ГЕОГРАФИЯ ДАРСИ

“Тоғлар…
Ернинг абадий сири,
Бағри гўзал, ҳавоси гўзал.
Кенгликларда дайди, изғирин
Шамолларнинг йўлини тўсар.

Тоғлар…
Неча замон ўтса ҳам,
Буюклиги топмас ниҳоя”.
Китобимда улуғвор, ўктам,
Ғоз туради баҳайбат қоя.

Бу қандай дарс…
Зерикдим рости
Руҳимдаги сокинлик абас.
Кўзойнакли кекса устознинг
Мақтовлари ҳамон тугамас.

Дерзадан оламга боқдим,
Ташқарида зангори боғлар.
Ахир менга ёқмас Широқнинг
Юрагидан кичкина тоғлар.

***

Пичоқ келиб қадалди жонга,
Интиҳога юзланди сабр.
Тунда уҳлай олмади, тонгда
Ўрик. Арқон. Гуноҳи кабир.

Бу аламли, аянчли шиғир,
Совуқ ҳаёл чулғайди дарҳол.
Иймонга терс ўгрилган йигит
Исёнига чек қўяр арқон.

Арқон учи думалоқ ғусса,
Зулфинига қулф урар беҳишт.
Ва тақдирдан норизо жусса
Тебранади ҳавода беишқ.

Теварак жим, теварак ғариб,
Ўрик гули сочилган баҳор.
Арқон қотил, арқон беайб,
Умр эса… Умр бебаҳо.

БОЛАЛИК СОҒИНЧИ

Ғичирлаган эшик, жинчироқ, сандал,
Ширгуруч, қора нон ва тўрт полапон.
Онамга жунрўмол ярашар қандай,
Отамга ярашар увада чопон.

Аёз ичкарига киролмай хафа,
Ҳароратда юрак нурланар обдан —
энг баланд пардада шеър ўқир опам,
Рангги ўнгиб кетган яшил китобдан.

Бир ширин ҳаяжон — «Йиллар армони»,
Кечалар қўйнида орзулар бунёд.
О, бобосандалда яйраган жоним,
Қоронғу хонада ёп-ёруғ дунё…

… Айт, мени қайларга бошлаб келдинг йўл,
Наҳот кўз тикканим сержилва хулё.
Руҳимни чавақлар, болаликдан сўнг,
Ёп-ёруғ хонада қоп-қора дунё.

***

Ҳушбўй насим оламни тутди,
Сиз эртакдан чиқиб келгандай.
О гўзалим, оловсиз, худди —
Усмон Азим ёзган шеърлардай…

Бу не тақдир — айрилиқ.
Осмон
аламини сочди ерларга.
Кўксимда бир оғриқ — ёсуман
Усмон Азим ёзган шеърлардай.

Ғижимланар бармоқларим — мушт,
Кўзларим қонталаш, серзарда.
Мен тонггача ғамгин, фаромуш
Усмон Азим ёзган шеърлардай.

Минг йил ўтди…
Фақат сиз аъло
Қиз зотига қирғин келгандай.
Айтдим-ку, сиз оловсиз, олов
Усмон Азим ёзган шеърлардай!!!

***

Сен бир хаёл — тунги шуъладек,
Сен бир орзу — Лайлидай гўзал.
Кулгичингга чўкиб кетар эрк,
Жодуласа ёввойи кўзлар.

Ғусса — хазон, ёғилар ҳазор,
Гар чекинсам, Мажнуним дема.
Тутқунликда роҳат бор расо,
Султонларнинг бахти бахт эмас.

Гарчи ағёр ғазабнок, қаттол,
Шафқат бўлмас муҳорабада.
Висол — ризвон, узанмоқ, ҳатто
Шаҳид кетмоқ шараф нақадар.

Исминг айтиб, шом-у азонда
Типирчилар кўксимда қумри.
Паризода, бу не назокат,
Сўзим битмас, битади умрим.

Сен бир орзу — Лайлидай гўзал!!!

***

Пайкон йўллаб пурвиқор тоғнинг
чўққисидан парча емирмоқ,
ё оқ отда оралаб боғни
париларнинг тушига кирмоқ,
ё уч бошли девми, аждаҳо?
курагини ишқамоқ ерга,
беномус юрт сўраган заҳот
чангал солмоқ бўғзига шердай
имконлидир, тағин бемалол
сув ўзанин бурмоқ тескари,
шиддатимдан денгиз-у олов
илоҳлари турар сесканиб…

… Қара, сукут чўмди ўртага,
Топилурми нажот ё чора?
Фақат сенинг ҳажринг ўртаган
Тундан омон чиқмоқ жасорат!

БОЛАЛИКДА ЁЗИЛМАГАН ШЕЪР

Меникисан…
Ёмғирли оқшом
Юрагингда дукурлар номим.
О, лаблари лаъли Бадахшон,
Меникисан ― ишончим комил.

Шивирларда нафас қовушгай,
Ундов чизар ҳавога ҳовур.
Мен еттинчи осмонда қушдай,
Ҳоқонлар-да пойимда қолур.

Меникисан, ёмғирли оқшом
Ёмғир эмас, гўё “Дилхирож”.
Меникисан то рўзи маҳшар,
Меникисан, кўзлари сирож…

Тилим бийрон андалиб энди,
Есенинман шу туришимда.
Шоир бўлиб биринчи шеърни
Қулоғингга ёздим тишимда:
МЕНИКИСАН!!!

***

Мана бу гул — юраги сиёҳ,
Чаккангга тақ, гулни безаб ол.
Мана бу тош, мана бу гиёҳ,
Мана бу қуш — мендек безабон.

Мана бу сўз — ғуссадек ёниқ,
Тизларимни титратар ҳатто.
Томоғимда тутқун, исёнин,
Манглайимга битганми Хаттот?

Асли менинг кўзларим шоир,
Шеър ўқимас сендан бошқага.
Чўғ бўларди мана бу жойинг,
Кўз тилини тушунсанг агар.

Мана бу мен — хазон-у ҳақир,
Мана бу сўз, сўз эмас қасам…
Айтсам, видо нақадар яқин,
Бўғзим мангу куяр айтмасам.

ШЕЪРИМ

Бунда ёғий бўлмас тазод,
Оҳанги ҳуш даҳр бўлгай.
Сарвим!
Тамсил топмоқ азоб,
Кўзим ёши наҳр бўлгай.

Шеърим — шарқона-ю ғамгин,
Ташбеҳлар товланур — рангин,
Қоним ила ёзсам ҳамки,
На фазл, на фахр бўлгай.

Сел қилгувчи суворам шеър,
Гардим тўкиб юборар шеър,
Сенинг васлинг муборак шеър,
Ҳам зиё, ҳам заҳм бўлгай…

Қўлинг сўрсам, оҳ, ғизолим,
Сукут қилсанг ҳам ризолик.
Шеърим ганжинам-у, ҳозир
На қалин, на маҳр бўлгай.

43

Kutubxonamizning faol muallifilaridan biri, adabiyotshunos olim va tarixchi Iskandar Madg’oziyev tavsiyasi bilan yosh shoir Nurmuhammad Aziz she’rlarini taqdim etmoqdamiz.

Nurmuhammad AZIZ
SHE’RLAR


Nurmuhammad Aziz 1990 yil 18 sentyabrda Andijon viloyati, Jalaquduq tumanida tug’ilgan. 2011-2017 yillarda Andijon davlat universitetida tahsil olgan. Hozirda ushbu oliygohda “O’zbek adabiyoti” mutaxassisligi bo’yicha tayanch doktorant.


***

Ay, yodi ruhafzo,
ay, ruhi harir,
Layli zulf, lablari Qo’qongilosim.
Senga yurak berdim — bisotim g’arib,
Faqat orzu qoldi — og’rigan sim-sim.

Kaftimga suv tomdi, qog’ozga siyoh,
She’rimda na zavq bor, na zabarjad bor.
Sening husning xushro’y,
qaro xoling, oh!!!
Menda na Buxoro, na Samarqand bor!

***

Eshik tars yopildi, zarbidan
seskandi parishon deraza.
Jahling ham jozibdir, fusungar,
Jon tutsam, sen jabr berasan.

Eshik tars yopildi, zarbidan
yuragi yorildi xonaning.
Achchiq dud sachradi yuzimga,
Ko’z oldim bemisl qoralik.

Eshik tars yopildi, zarbidan
bulutlar ho’mraydi g’ashlanib.
Arazing umrimdan uzunday,
Huznday yoprildi tashnalik.

Eshik tars yopildi, zarbidan
na dunyo tatir, na toj-u taxt.
Qolarga bu og’riq fuzunday,
Ketarga makon yo’q lojuvard.

Eshik tarz yopildi…

ISFANDIYORGA

Qoramtir bulutday to’zib xavotir,
Oyoqosti bo’lar tuhmat toshlari.
Dovrug’i dunyoni tutar Bobotil,
Moziydan jilmayib boqar Koshg’ariy.

Bolam, ko’zyoshingni Vatanday asra!

Turkular yog’ilar Turkiston uzra,
Mitti yuraklarda uyg’onar g’ujur.
Soliha kelinlar tosholma tusab,
Yana Qodiriylar kelar kun uchun

Bolam, ko’zyoshingni Vatanday asra!

Otangga o’hshama…
Yolg’onga tik boq,
Nomard-u nonko’rga, nodonga tik boq.
Ko’nglimda ne kechsa, to’kdim qog’ozga,
So’zimga jimjima qo’shmadim ilk bor,
Bolam, ko’zyoshingni Vatanday asra,
Turonning eng yorug’ kunlari uchun!

Xoinlar hoqonday yursada garchi,
Kuyinchak ko’zlarda jo’mardlar sharif.
Tilingni bog’lasa nishon — aldamchi,
Ishon, haqiqatni ulug’lar tarix…

Faqat umidlanma, ko’shk ham, tillo ham,
Mendan qolsa bir she’r, bir istak qolar.
Musaffo tong uchun to’kilgan qon ham,
To’kilgan ko’z yosh ham muqaddas, bolam.

Bolam, ko’zyoshingni Vatanday asra!

* * *

Shoirga halovat,
Iblisga daxma
topilmas, tuproqni to’zg’itar hiyla.
Ming yillar naridan Qul Hoja Ahmad
hikmatga chorlamish —
Oshiqlar siyrak.

Na talotum tinar,
na tinar g’orat,
Dunyoni yetaklab borar so’qirlar.
Subhidam shabnamda olib tahorat
maysalar sojida,
Bomdod o’qirlar…

Ertakka aylandi kayvoni Umr,
Bir lahza seskandi Azozil — qallob.
Manglayi Ka’bani o’pdi-yu…
Buvim
ruhini osmonga ko’tardi Alloh.

NASIMIY

1.
Sir, poyingga eltar buyuk Sir,
Yo’l ahtarib, halak jon qushi.
Miq etmaydi bulutlar — tilsiz,
Boboquyosh — soqov donishim,
Osmon ochildasturxon emas.

Sirga yetgan sig’mas zaminga,
Chirmanda shay, chora ko’rilar.
Oyboltasi o’tkir g’animday,
Tish qayraydi vahshiy bo’rilar,
Bo’rilarki, og’zi qon emas.

O, shundayam yurak orzumand,
Umidlar — gul, anvoyi, alvon.
Tegramdagi to’zon-u tuman,
Tarqalsa-yu, ko’rinsang Mavlo.
Bir sen kerak, jovidon emas.

2.
O’lim — o’yin, tomosha go’zal,
Hayratimiz ortdi, Hazratim.
Shoir bo’lsa, yana shoh bo’lsa,
Ko’ziga mil tortdik, Hazratim.

Olamda rost bormi, kim bilar?
Uyg’oq ovoz bormi, kim bilar?
Saboq berib jimlik ilmidan,
Ustozimiz odil, Hazratim.

Shum nafsimiz jilvagar ilon,
Shul makkorning ilkida jilov,
Zohirimiz zeblangan, zilol,
Botqoq misol botin, Hazratim.

Sirga eltar ilohiy rishta,
Ko’ringaydur na o’ng, na tushda.
Ming yildirki, bizlar farishta,
Faqat zamon qotil, Hazratim.

3.
Ming yildirki, oshig’i olchi,
Niqobini yangilar xoin.
Tovonini to’larmi ochun,
Tovonidan so’yilsa shoir?!

Ori yo’qda bo’lmagay ohor,
Ayo, turkim, uyqung bitarmi?
“Analhaq” deb, hayqirar daho
Uyg’onsangchi…
Qulog’ing karmi?

SARDOBA

Nahot kasbingiz shu,
chalib nog’ora,
Faqirning nonini tunab yashamak.
Qorni tuyog’ini to’sgan og’alar,
Sizlarga muborak bo’lsin hashamat.

Halqum halovatni solarmi izga?
Jonni tilkalarmi hiyonat — jodi?
Bostirib kirmasmi tushlaringizga
Suvda jon talashgan sigirlar dodi?

Intiho toparmi manhus maishat?
Xalqqa zorlik kelsa, sizga zar kelar.
Bo’g’zimda bahaybat to’g’on — andisha,
To’g’onni parchalab Alhazar kelar…

Nigohni yurakka — qiblaga bursam,
Misli Sardobadir — vahma-yu vayron.
Ko’zimga chidamdan Chin devor qursam,
Lahzada o’pirib ketdi Sirdaryo.

Halqum halovatni solarmi izga???

TUN

1.
Ko’ngil qushga aylanar — uchqur,
Yaltiroq to’n kiyar tashqari.
G’uj yulduzlar yolg’iz sen uchun,
Qirg’in qilar kunduz lashkarin.

Erk kerakmi?
Mana bir osmon,
Quloching yoz — bir zamin havo.
Bir olam zavq — bir olam doston,
Ozorijon og’riqlar zavol.

Sen Dovud yo Sulaymon hozir,
Izmingdadir borliq shu fursat.
Na boshliq bor, na qog’ozbozlik,
Dorda qalqqan Mashrabday hursan.

2.
Chigirtkaning kuyi-da sohir,
Sarin shamol urar to’shimga.
Ko’lmakdagi oyning nigohi
Baytimga ganj bo’lib qo’shilgay.

Tungi ko’lday manglayi yorug’ —
Tazod, talmeh tinchimni buzar.
Ko’kda shuncha zabarjad bor-u
Ko’ngil nega faqat she’r tusar…

Erk kerakmi?
Mana bir osmon,
Obizamzam — bir zamin yomg’ir.
Cho’lpondanmi, yo Shavkat Rahmon,
She’rlashaylik, Uyg’oqlar bormi?

3.
Farishtalar allalab, malak —
Noz uyquda uxlardi dala.
Qo’shiq aytdim, bersamda halal,
Hur ovozim tunga jilo deb.

Sehrlandim, naqadar shodlik,
Yulduz terdim, o, buncha totli!
Bulutlarga bosh qo’yib yotdim,
Tarix bo’lar bu istilo deb.

Tun tobora tovusday ko’rkam,
Ko’kning zebo chiroyiga zeb —
Yuragimda gurlagan o’tdan,
Yozib qo’ydim, oyga “Dilo” deb.

4.
Ruhing nurga belangan butkul,
Na araz bor, na tund xotira.
Quchoqlashib so’rashmoq mumkin,
Bunda hatto sharpalar bilan.

Yaproqlarning shiviri — Dugoh
Zarnigordir maysa ham, qum ham.
Hayqirasan — vujudi quloq
To’lqinlanar marvarid tun ham.

Tashbeh tutday to’kilar duv-duv,
Sen dahosan, kelguncha sahar.
Qo’llaringni qishanlar kunduz,
Shoirni tun kashf etar faqat.

TUShKUNLIK

Osmon homush,
junjikar saboh,
Qunish tortar dov-daraxtlar-da.
Ko’chalarda alvasti shamol,
Shamol emas, sovuq xabarday.

Na qushlarning zavqi, na gulning
ifori bor she’rga solarlik.
Nahot, jo’mard yurak — dovulning
shiddati-da yaxlab qolarmi?

Chuchmomani mazax qilar qor,
Og’ir kuydek o’rtar g’am seli.
Ishon, bahor emas, bu bahor,
Beva qolgan uch kunlik kelin.

To’kiladi siyoh ham, sir ham…
Ko’kragingga bosib qo’lingni,
She’r so’nggida kutasan ilhaq,
Istarasi issiq o’limni.

BOBO

1.
Bobo, men haqiqat izladim,
Qabringni izlagan kabi mozordan.
Oylab kelmadimmi, yillab kelmadim?
Ko’zlari ilhaqim, valine’matim.
Mana, cho’kkan qabr,
Xaroba qabr,
Ko’rpa qaviyotgan qari momomday,
Tashqari ko’rimsiz,
Ichkari jannat.

Bobo, men haqiqat izladim,
Vovaylo, zamin jim,
zamona jimdir,
Yuragimni o’yib omochday,
Haqiqatni yoz deydi kimdir.
Maydalashib ulgurdik qachon,
Manguberdi chiqqan elmi shu?
Ishora ber, ishorang najot,
Loaqal, sen bolangni tushun…

Bobo, bunda rafiq yo’q xolis,
Iztirobing ko’rgali baham.
Senga eltar yo’l esa olis,
Umr — toshbaqa.

Bobo, men haqiqat izladim,
Qabringni izlagan kabi mozordan,
Mudom nurli bo’lsin mangu Vataning.
Ha, aytganday Vatan…
Shoirlarning bari yolg’on yozarlar.

2.
Bobo, Vatan yurakda o’sar,
Yurak o’sar unga bo’ylashib.
Meni tutib qolmadi g’o’za,
So’z ortidan ketdim ergashib…

Kafanlikka mengzab bayroqni,
She’r o’qidim, muzlab qoldi zal.
Botinim gung, sirtim sayroqi,
Sevgim emas, izhorim go’zal.

Bobo, mendan ketgan kuningday —
Aslim bilan — rostim aytaman.
Puch g’oyaga sadoqatingday
Sadoqatim yo’qdir Vatanga.

3.
Bobo, eski xujrani buzdik.
Momom loy tashigan ekan paqirlab.
Ertani shoxona yashamoq uchun
Tarixni qo’pordik bir uy faqirlar.

4.
Bobo, huzuringga keldim yashirin,
O’limni-da olib bo’ynimga.
Tevarakda qurolsiz raqib,
Hurkitdi kunimiz, tun-xobimizni.
Bu na dahshat, bir niqob taqib,
Yechdi ming bir niqobimizni.
Bu na dahshat, o’latmi, vabo?
Hiralashdi olam ranglari.
Zamoniga sig’magan daho,
Shoirlarni endi angladim.
Bu iymonga qaytmoq chog’lari —
Chorasizlik, muvaqqat uzlat.
“Hikmatlar”ga sho’ng’ib — poklanib,
Yassaviyni tavof etmoq shart.

5.
Bobo, har kimda ham nozik nuqta bor,
Axillesda tovon,
Prometeyda jigar,
Onamda buyrag-u,
Bolangda yurak.

Ichkarida bir ovoz — o’ktam
Qistayverar haqiqatni yoz.
Bobo, sening zamoningda ham
Bo’lganmi nazmboz-bazmboz?
O’ttizida o’ttizta kitob
yozganlarni shoir deb alqab
ihlosimga o’t qo’ydilar, doood!
Men o’ttizga o’ttizta she’r-la
Yetaklashib kiraman nahot.

Tog’ bo’lsa-da yemrilar sabot,
O’ttizta she’r ko’nglimga tumor.
Nozik nuqta dedim-ku, bobo,
O’lim bilan tanishligi bor.

6.
Bobo, men haqiqat izladim,
Haqiqatki, soqolingday oq.
Haqiqatki, zarhalmi, zahar
She’rimga ruh, ruhimga mayoq.

Xotirimda…
Tuyg’ular tug’yon,
Ko’ngil asov tulpor mahali.
Ko’zlarimga boqardi dunyo,
O’qilmagan kitobday halim.
Sahifalar ochildi, tamom,
So’zlar — bo’ri, nafratim qo’zg’ar.
Ikki kitob ichra tugading, bobo,
Paxta va ro’zg’or.

Keyin ketding…
Dunyo shipshiydam,
Yashadimmi, chidadim qanday?
Huzuringga keldim oxiri,
Huzuringga keldim bosh urib,
Haqiqat sen bilan ketganday.
Haqiqat sen bilan ketganday.

7.
Bobo,
Mudom nurli bo’lsin mangu Vataning!

***

Tashqarida bahor — hurliqo,
Ichkarida vahima, jadal.
Qadrdon ham, qalqon ham niqob,
O’lim xavfi kezar ko’chada.

Yashagisi kelar odamning,
Tutqunlikda, tanholikda ham.
Mozorlarday sokin, vodarig’,
Shovqinga boshqorong’i shahar.

Hojam deya ko’tarib suron,
Sajda qilgan kaslar — tumonat.
Uyg’ondimi ko’nglingiz — mudroq,
Fosh bo’ldimi sohta xudolar?

Ko’rquv yovday bosar yer sharin.
Jim kuzatar Rahim-u Razzoq —
Bir kechada bani basharni
To’rt devorga qamab qo’ygan Zot.

SARLAVHASIZ ShE’R

1.
Maktabidan she’r yodlab keldi,
Jiyanim — arslonim.
Erk haqida, Vatan haqida.
Aytib berdi ko’zlari yonib,
Muzlab qoldim ayni daqiqa.

Manglayidan o’pdim shu zahot,
Yosh aralash ming shukuh bilan…
Boqiy she’rlar yozilar nahot,
Tutqun jussa, ozod ruh bilan.

2.
U tushlarni hushga qiyoslab,
Majnuni-ku so’zning, Ilohning.
Sirlashadi qumursqa, qushlar,
Giyohlar-u bog’-u rog’ bilan.

Sen nima yutasan siyosat,
Bahoridan yulqib Dahoni
Bog’lab qora bo’yinbog’ bilan?

MART CHIZGILARI

1.
Quvg’in qilar qishni boychechak,
Yozsa doston bo’lar ming varoq.
Hayajoni bosilmas hecham,
Ichimdagi shoir telbaroq.

Chuchmomalar yastanar qatooor,
Irmoqlar — hirgoyi, otashin.
Taxtdan tushar mag’lub — qahraton,
Bosib olar olamni yashil.

Maysalar — erk, yurak titroqda
Ruhimga nur inadi birdan.
Ta’rif nadir, bog’lar-ku bog’lar,
Dashtlarim-da go’yoki firdavs.

Masih yomg’ir olib kelar tong,
Har tomchida muhabbat bunyod.
Mart osmoni — yig’loqi osmon,
Ko’z yoshida poklanur dunyo.

2.
Bu nafarmon nafosat ichra
Jilg’alarning ovozi ham she’r.
Malikai olam — musicha
Boshingda hur parvozi ham she’r.

Hilpiraydi qizg’aldog’ tug’day,
Shig’il gullar, farahlar ham she’r.
Chinga dovur yetgan fotihday,
Qaddi mag’rur daraxtlar ham she’r.

Shabnamlarga bezangan sahar,
Oymomoning firog’i ham she’r.
Aldanmaydi so’zingga faqat,
Orazi ham, dimog’i ham she’r…

Tushun shoir — parilar yerlik,
Guldo’konga uchrab o’tmoq shart.
Atirgulsiz o’qilgan she’rni
Hushlamaydi sakkizinchi mart!

3.
Bu yulduzmi, yog’dumi, diyda,
Yo afsunmi?
Parishon qoldim.
Ta’rifingiz Bobur turkiyda
Yozib ketgan besh asr oldin.

“Javrda nodir, zulmda mohir,
Ishvada qodir, g’amzada ustod”.

Manglayimni mohtob singari
Yoritguvchi g’ilmon siz, hur siz.
Ajalimdan besh kun ilgari
O’lishimga arziysiz, bir siz!…

…Zumrad fasl quchog’in ochar,
O, bu fusun, tashbeh maholdir.
Dil izhorim bir jumlada jam,
Bahoringiz bilan Bahorim!!!

OTANING SO’NGGI KUNLARI

Nigoh uzmay nuraydi ota,
Guvalak uy, yoriq to’sindan.
Vujudini kemirib yotar,
Nogoh o’sgan o’jar o’simta.

Qo’llarida qaltirar tasbeh,
Yuragiga yutar hasratin.
Zorlanadi bir hovli — pastak,
“Sohibimni O’zing asragin”…

Oqshomda bir qalqidi osmon,
Bulutlarga berkindi qamar.
Ko’tarildi uvvos, g’alayon,
Peterburgga ketdi shumhabar.

Orzulari bo’g’zidan bo’g’ib,
Vaqt o’tmadi, shoshgani sayin.
Janozaga kelmadi o’g’il,
Ko’zlarini yummadi mayit.

ONAMGA

Sen daladan chiqmading, ona,
Kuzak chiqdi, bellaring chiqdi.
Dalalardan yuz burgan shahar
Gazetida she’rlarim chiqdi.

Sen daladan chiqmading, ona,
Xonatlasning xillari chiqdi.
Kissam quruq, qilib mashara
Kalishingni tillari chiqdi.

Sen daladan chiqmading, ona,
Xuftonlarda etak yamading.
Dil bir taraf, dunyo bir taraf,
Xudbin chiqdi Nurmuhammading.

Sen daladan chiqmading, ona,
Omonatim, o’lmasim mening.
O’sha moviy qirlarga qarab
Jonim chiqsa bo’lmasmi mening?!

Sen daladan chiqmading, ona.

SIYOSAT
(Jadid bobolar xotirasiga)

Uyqu harom, uyg’onganda so’z,
Uyqu harom, toptalganda sha’n.
O, siyosat — mil tortilgan ko’z,
Ozodlikni hushlamas kishan.

Tug’ildingmi, yashamak jafo,
Yo qulsan, yo ashaddiy yovsan.
Jonsiragan qizil ajdaho,
Qonsiragan bo’ri — siyosat.

Nayranglari oshkora, sirli,
To’g’on bo’lar isyonkor yo’lga.
Tirigida xo’rlar shoirni,
Podshoni o’lgach.

GEOGRAFIYA DARSI

“Tog’lar…
Yerning abadiy siri,
Bag’ri go’zal, havosi go’zal.
Kengliklarda daydi, izg’irin
Shamollarning yo’lini to’sar.

Tog’lar…
Necha zamon o’tsa ham,
Buyukligi topmas nihoya”.
Kitobimda ulug’vor, o’ktam,
G’oz turadi bahaybat qoya.

Bu qanday dars…
Zerikdim rosti
Ruhimdagi sokinlik abas.
Ko’zoynakli keksa ustozning
Maqtovlari hamon tugamas.

Derzadan olamga boqdim,
Tashqarida zangori bog’lar.
Axir menga yoqmas Shiroqning
Yuragidan kichkina tog’lar.

***

Pichoq kelib qadaldi jonga,
Intihoga yuzlandi sabr.
Tunda uhlay olmadi, tongda
O’rik. Arqon. Gunohi kabir.

Bu alamli, ayanchli shig’ir,
Sovuq hayol chulg’aydi darhol.
Iymonga ters o’grilgan yigit
Isyoniga chek qo’yar arqon.

Arqon uchi dumaloq g’ussa,
Zulfiniga qulf urar behisht.
Va taqdirdan norizo jussa
Tebranadi havoda beishq.

Tevarak jim, tevarak g’arib,
O’rik guli sochilgan bahor.
Arqon qotil, arqon beayb,
Umr esa… Umr bebaho.

BOLALIK SOG’INCHI

G’ichirlagan eshik, jinchiroq, sandal,
Shirguruch, qora non va to’rt polapon.
Onamga junro’mol yarashar qanday,
Otamga yarashar uvada chopon.

Ayoz ichkariga kirolmay xafa,
Haroratda yurak nurlanar obdan —
eng baland pardada she’r o’qir opam,
Ranggi o’ngib ketgan yashil kitobdan.

Bir shirin hayajon — «Yillar armoni»,
Kechalar qo’ynida orzular bunyod.
O, bobosandalda yayragan jonim,
Qorong’u xonada yop-yorug’ dunyo…

… Ayt, meni qaylarga boshlab kelding yo’l,
Nahot ko’z tikkanim serjilva xulyo.
Ruhimni chavaqlar, bolalikdan so’ng,
Yop-yorug’ xonada qop-qora dunyo.

***

Hushbo’y nasim olamni tutdi,
Siz ertakdan chiqib kelganday.
O go’zalim, olovsiz, xuddi —
Usmon Azim yozgan she’rlarday…

Bu ne taqdir — ayriliq.
Osmon
alamini sochdi yerlarga.
Ko’ksimda bir og’riq — yosuman
Usmon Azim yozgan she’rlarday.

G’ijimlanar barmoqlarim — musht,
Ko’zlarim qontalash, serzarda.
Men tonggacha g’amgin, faromush
Usmon Azim yozgan she’rlarday.

Ming yil o’tdi…
Faqat siz a’lo
Qiz zotiga qirg’in kelganday.
Aytdim-ku, siz olovsiz, olov
Usmon Azim yozgan she’rlarday!!!

***

Sen bir xayol — tungi shu’ladek,
Sen bir orzu — Layliday go’zal.
Kulgichingga cho’kib ketar erk,
Jodulasa yovvoyi ko’zlar.

G’ussa — xazon, yog’ilar hazor,
Gar chekinsam, Majnunim dema.
Tutqunlikda rohat bor raso,
Sultonlarning baxti baxt emas.

Garchi ag’yor g’azabnok, qattol,
Shafqat bo’lmas muhorabada.
Visol — rizvon, uzanmoq, hatto
Shahid ketmoq sharaf naqadar.

Isming aytib, shom-u azonda
Tipirchilar ko’ksimda qumri.
Parizoda, bu ne nazokat,
So’zim bitmas, bitadi umrim.

Sen bir orzu — Layliday go’zal!!!

***

Paykon yo’llab purviqor tog’ning
cho’qqisidan parcha yemirmoq,
yo oq otda oralab bog’ni
parilarning tushiga kirmoq,
yo uch boshli devmi, ajdaho?
kuragini ishqamoq yerga,
benomus yurt so’ragan zahot
changal solmoq bo’g’ziga sherday
imkonlidir, tag’in bemalol
suv o’zanin burmoq teskari,
shiddatimdan dengiz-u olov
ilohlari turar seskanib…

… Qara, sukut cho’mdi o’rtaga,
Topilurmi najot yo chora?
Faqat sening hajring o’rtagan
Tundan omon chiqmoq jasorat!

BOLALIKDA YOZILMAGAN SHE’R

Menikisan…
Yomg’irli oqshom
Yuragingda dukurlar nomim.
O, lablari la’li Badaxshon,
Menikisan ― ishonchim komil.

Shivirlarda nafas qovushgay,
Undov chizar havoga hovur.
Men yettinchi osmonda qushday,
Hoqonlar-da poyimda qolur.

Menikisan, yomg’irli oqshom
Yomg’ir emas, go’yo “Dilxiroj”.
Menikisan to ro’zi mahshar,
Menikisan, ko’zlari siroj…

Tilim biyron andalib endi,
Yeseninman shu turishimda.
Shoir bo’lib birinchi she’rni
Qulog’ingga yozdim tishimda:
MENIKISAN!!!

***

Mana bu gul — yuragi siyoh,
Chakkangga taq, gulni bezab ol.
Mana bu tosh, mana bu giyoh,
Mana bu qush — mendek bezabon.

Mana bu so’z — g’ussadek yoniq,
Tizlarimni titratar hatto.
Tomog’imda tutqun, isyonin,
Manglayimga bitganmi Xattot?

Asli mening ko’zlarim shoir,
She’r o’qimas sendan boshqaga.
Cho’g’ bo’lardi mana bu joying,
Ko’z tilini tushunsang agar.

Mana bu men — xazon-u haqir,
Mana bu so’z, so’z emas qasam…
Aytsam, vido naqadar yaqin,
Bo’g’zim mangu kuyar aytmasam.

SHE’RIM

Bunda yog’iy bo’lmas tazod,
Ohangi hush dahr bo’lgay.
Sarvim!
Tamsil topmoq azob,
Ko’zim yoshi nahr bo’lgay.

She’rim — sharqona-yu g’amgin,
Tashbehlar tovlanur — rangin,
Qonim ila yozsam hamki,
Na fazl, na faxr bo’lgay.

Sel qilguvchi suvoram she’r,
Gardim to’kib yuborar she’r,
Sening vasling muborak she’r,
Ham ziyo, ham zahm bo’lgay…

Qo’ling so’rsam, oh, g’izolim,
Sukut qilsang ham rizolik.
She’rim ganjinam-u, hozir
Na qalin, na mahr bo’lgay.

04

(Tashriflar: umumiy 1 441, bugungi 1)

Izoh qoldiring