Nurmuhammad Аziz. Sheʼrlar

04 Кутубхонамизнинг фаолларидан  адабиётшунос олим  Искандар Мадғозиев тавсияси билан ёш шоир Нурмуҳаммад Азиз шеърларини тақдим этамиз. Менга Нурмуҳаммаднинг шеърлари жуда маъқул бўлди.Саҳифа  остида  Муслимбек Мусаллам қолдирган  изоҳни   ўқисангиз  нима  учун  ёққанини  англайсиз.

Нурмуҳаммад АЗИЗ
ШЕЪРЛАР


09
ШЕЪР

Шеър – муаттар бўйли хотира,
Тунга қумдай сочилар шоир.
Момақаймоқ сўзлар ортида
Исён бордир, изтироб бордир.

Шеър – кўксингдан томчилаган қон –
Сиёҳдан гул ясамоқ завқи.
Алангалаб гурлаган гулхан
Ичра сувсаб яшамоқ завқи.

Шеър – жайдари, бежилов ҳислар,
Неки оғриқ бўлса, ўшадир.
Болаликда синфдош қиздан
Олинмаган қайноқ бўсадир.

Шоирни маҳв этар Азроил,
Шеър – мангулик, поклик, жозиба.
Оҳ, қанийди, битта ШЕЪР ёзиб,
Ҳайратидан ўлсам…
Розиман!

***

Эшикни қулфлайман.
Мен – бахтли одам,
Ташқарида қолар дунё – бозингар.
Ташналаб руҳимга об-у ҳаводай
Бурчагида сана – тарих ёзилган –

Кафтимда сарғимтил, увада сурат.

Сўзимга маҳлиё, шонимни севмас,
Тойинсам томоша, бўғилсам байрам,
Ташқарида қолар баднафс девлар,
Ташқарида қолар ҳийла-ю найранг.

Кафтимда сарғимтил, увада сурат.

Тирқишдан мўралар дилгир, жилвагар
Қонимга қонмаган телбавор орзу.
Кўксимга чўғ бўлиб тушмаса агар
Мен энг яхши ўғил бўлардим ҳозир.

Кафтимда сарғимтил, увада сурат.

Шамчироқ нурида ўнгиган бўёқ,
Нимқоронғи хона, хонтахта, гулдон.
Чархпалак тескари айланар гўё,
Болаликка қайтиб султонман, султон.

Кафтимда сарғимтил, увада сурат.

МИТТИ ХУЛОСА

1.
(Умр)
Чархи даввор беҳишт туйилар,
Ҳаяжонга дўнар хуморлик.
Келишингни табассум билан,
Қарши олар ичиккан борлиқ.

Ҳолва бўлсанг, гуллар шодумон,
Полвон бўлсанг, суюнгай тошлар.
Соянг ҳам бахт улашиб – ҳумо,
Юракларни исит, қуёшдай…

Ажал эса сўрамас изн,
Умр йўлдир, тонгдан тушгача.
Кетарингда ёришиб юзи,
Кузатмасин биров хушчақчақ.

2.
(Мансаб)
Айғоқчилар йўлга тикилар,
Юраклари ғариб, ғуборли.
Келишингни табассум билан,
Кутиб олар иғвогар борлиқ.

Виждон – Кўкдан армуғон – маъдан,
Хушомадга сотма ғофилдек.
Ҳаққа ҳабиб юрагинг – мадад,
Дийдаларга қувонч эк, бахт эк.

Ногоҳ тахтдан қирқилса изинг,
Пинагини бузмаса ҳам чарх,
Кетарингда ёришиб юзи,
Кузатмасин биров хушчақчақ.

ҲОЛАТ
…га

1.
Гир айланар шамол – сўзамол,
Ҳасратлари хаёлга халал.
Дилгир осмон, бадар кезаман,
Изтиробдан иродам баланд.

Май ёмғири майин пичирлар,
Табассум – қуш, қўнар юзимга.
Мени ғаддор дунё ичидан
Тортиб олар мунгли мусиқа.

2.
“…бўса нима?
У сўзсиз ғазал”*
Икки ошиқ дилнинг боғичи.
Во ҳасрато, ҳижроним ҳазор,
Лабларимда ғазал соғинчи.

Кўзим юмсам, кўзлари порлар,
Мусиқордай учаман ҳозир.
Куйлаётган булбулми ё Раб?
Қанот бўлар соҳир овози.

Сеҳрлайди борлиқни нола,
Сел-у селоб бўлиб оқар дард.
На араз бор, на ғараз, олам
Бошдан оёқ куйдан иборат.

3.
Етмиш икки томиримда нур,
Оҳанрабо хонишингдан маст,
Мен ўйноқи капалакдай ҳур,
Бу дунёнинг одами эмас.

“Dooset daram, dooset daram…”

Неки оғриқ бўлса заволдир,
Куй-у калом – енгилмас қўшин.
Воажабо, ажалдан олдин
Юрагимга чанг солар қўшиқ.

“Dooset daram, dooset daram…”

Руҳим кўкда қилади ялло,
Атрофида ҳур-у паридур.
Сен ҳофизмас, меҳрибон жаллод,
Ширин ўлдирасан Фаридун.

“Dooset daram, dooset daram…”

*Мақсуд Шайхзода сатри

***

Хосият (опа) Рустамовага.

Назмий сарой.
Тўғонми тиргак?
Шон талашса казо-казолар.
Пойгакдаги жужуқ шоирга
Елка тутмоқ улуғ жасорат.

Жасоратдир тағин ҳулволи,
Сўздан нафис чаман яратмоқ.
Аёл боши билан дунёни
Ўзбек деган юртга қаратмоқ.

САВОЛ

Илҳақман-у, тоғдан садо йўқ,
Илҳақман-у, осмон-да сокин.
Саволим ё оғриқли, ё жўн,
Дов-дарахтлар илмсиз ёки.

Мен Темурнинг авлоди бўлсам,
Қонимдаги қўрқув қаердан?

Сув қуйгандек атроф жавониб,
На бир сас бор, на бир ишора,
Қаро деёлмасам қарони,
Тилимни ким қўйган тушовлаб?

Мен Темурнинг авлоди бўлсам,
Қонимдаги қўрқув қаердан?

Аслида бу – юрагимда доғ,
Шаън-роҳимга тиралган қурол.
Уйғот мени, сабоқ бер, сабоқ,
Тoлқон ютиб олдингми Турон?

Мен Темурнинг авлоди бўлсам,
Қонимдаги қўрқув қаердан?

***

1.
Cиндиради лаблар тўсиғин,
Озодликка чиқар ҳайқириқ.
Оқбўйранинг сирли қўшиғи
Тунни ишғол қилар айқириб.

Йиғлагиси келар одамнинг.

Сочингдан то товонинг титроқ,
Шабистон-у шамолга майна.
Шу мажнуна ҳолингда ҳам, боқ
Заминда энг бахтлисан Зайнаб.

Йиғлагиси келар одамнинг.

Кураш кўрмай енгилмоқ алам,
Юпанч бўлмас силлиқ қофия.
Қон юракка ботириб қалам,
Ойга қурбон бўлар офият.

Йиғлагиси келар одамнинг.

На малак, на фалакда вафо,
Овутолмас шиғир, на илож.
Хазон келар, қор келар, баҳор…
Йиғи келмас, йиғи, на илож,

Йиғлагиси келар одамнинг.

2.
Умид – Зуҳал, сўнган онида
Хаёл – чопар, ўтмишга чопар.
Болаликнинг биллур тонгидан
Энг чиройли йиғини топар.

Бир энтикар хориган вужуд,
Юрак пешвоз ширин ғамлара.
Ҳудди тасбеҳ донаси, инжу,
Қақраб ётган дийда намланар.

3.
Томоғимни тирнайди уҳ-ҳҳҳ,
Тўрт томоним қибла алҳол.
Мажнун қадам босгач, қутлуғ
Қадамжога дўнган саҳро.

Чўллаб-чўллаб кетмоқдаман.

Кўксимдаги қуш ярадор,
Девоналар даргоҳига
Дайди эпкин бўлиб мадор,
Ёбони-ю янтоғига

Салом йўллаб кетмоқдаман.

Бу не тортиқ, бе не ором,
Чанқоғимни босар кўз ёш.
Ай, дилафрўз, ай, дилоро
Исминг қумга ёзар кўз ёш.

Руҳим гуллаб кетмоқдаман.

***

1.
Гул висолдан, хазон ғуссадан
Шеър ўқийди – кўз ёшдай тиниқ.
Тутқаторда қолган бўсадай
Ширалидир жилғанинг тили.

Ҳилол – ровий, эртаги узун,
Шуъла балқир интиҳосида.
Кўҳна тоғлар – ботирлар – сўзи
Жасоратга ундар восита.

Тили чучук боладай баҳор,
Ёмғир эса қўшиқдир, нолон.
Ҳар зарранинг айтар сўзи бор,
Эшитгувчи қулоқ йўқ, холос.

2.
Бўйинбоғнинг тили – маддоҳ тил,
Олқиш сотиб олар улгуржи.
Виждон тили чўрткесар, қотил,
Атрофига яқинлаб кўр-чи…

Бизнинг кунлар “мўйсафид қоғоз”
Тилга кирса, чеҳралар илиқ.
Энг жарангдор, энг улуғ овоз,
Энг ўткир тил курсининг тили.

Шеър бир кўзгу, юрак тилиниб,
Жўн либосга жозиб руҳ бермак.
Ачинасан, шоирнинг тили –
Бечора тил, бор-йўғи эрмак.

***

Отангга чўп отсанг,
Тош бўлиб қайтар,
Ҳикмат бу – сим-сиёҳ кўнгилдан йироқ.
Бировдан кўчирма бўлса ҳам айтай,
Менинг меровлигим – сочингдаги оқ.

Фалакдан кузатар файласуф қуёш,
Бир ниҳол гуллайди,
бир дарахт нурар.
Улғаяр боламнинг қўлидаги тош,
Ўйласам, ўйилиб чинқирар юрак.

***

Сиз ухлаб қоласиз, билмайсиз
Қўнғироқ жиринглар асабий.
Самога сочилар, самога
Тутунга ўралиб ғазабим.

Сиз ухлаб қоласиз, билмайсиз
Кўнглимда не ўйлар кечганин.
Юрагим – қип-қизил дарёда
Титроқлар қирғоқдай кўчганин.

Сиз ухлаб қоласиз, билмайсиз
На шоир, на Мажнун одамни.
Бўсалар юбориб ҳаводан
Сиз кўрган тушларда борманми?

Сиз ухлаб қоласиз, билмайсиз
Ярим ой бўзариб тўлганин.
Сиз ором олган тинч дунёда
Тонггача нималар бўлганим.

Сиз ухлаб қоласиз, билмайсиз.

9 ФЕВРАЛЬ ЎЙЛАРИ

1.
Бу ҳайкалнинг теварагида
селфи тушар сулув Лайлилар,
Лайлиларки – зулфи Зарафшон.

Бу ҳайкалнинг теварагида
ўрис кампир кучуги билан
сайр этади ҳар куни оқшом.

Бу ҳайкалнинг теварагида
гир айланар димоғдор шаҳар,
На шоир, на шеърга ҳуши бор.

Бу ҳайкалнинг теварагида
фақат, сўзга Мажнунлар фақат,
Этининг бир жимирлаши бор.

2.
Бу ҳайкал кимгадир улуғвор,
Кимгадир оддий тош,
сангтарошнинг санъати ҳолос.

Аммо менга қизиқ:
Умрини ҳазратнинг хазиналарин
синчиклаб, уқмоққа баҳш этган,
у ҳақда бўйидай китоблар ёзиб
ва ҳозир
кўзлари нурсиз авлодга
унинг даҳолигин маърузаларда
бот-бот исботлашга уринаётган
олимнинг
шу ҳайкал ёнидан
ўтар маҳалдаги ўйлари.

3.
Аммо бу кун – бу бошқача кун,
Еттидан то етмишга қадар
(Авлиёнинг ҳурмати учун)
cаф-саф бўлиб келар cаҳардан.
Мижжа қоқмай ёдланган ғазал
ёш қизчанинг тилида такрор
адашмаслик учун саҳнада.

Ҳайкалининг теварагида
балки унинг руҳи – шодумон.

Байт шарҳлаймиз, руҳи шодланар,
Шарафлаймиз, руҳи шодланар,
Гулчамбарлар тўшаб пойига
Кейин қарсак муҳим…
Шодланар.
Бу шунчаки фараз, эҳтимол,
Шеър тинглаб кўк, тупроқ шодланар.
Акром Малик чиқса очиққа,
Балки руҳи кўпроқ шодланар,
Балки руҳи кўпроқ шодланар!

4.
Кечиринг, биз норасо авлод.
Қўлимиздан сизни олқишлаб,
“Келмади”ни айтмоқ келади, ҳолос.

ФОЖИА

Сен билан бир умр қолмоғим учун
чиройли турмаклар шарт эмас,
синовлар, ғурбатлар шарт эмас,
шарт эмас бўйлашмоқ ой билан,
саҳарда жилмайиб жўнатмоқ ишга,
тунда кутиб олмоқ иссиқ чой билан.
Тувакда карнайгул ўстирмоқ, ёки
сочингни ўстирмоқ товонга қадар,
шарт эмас, қушларни севмоғинг,
Ё палов тайёрлаш, бир менга атаб.
Шарт эмас, туғилган куним олдидан,
Қуёшни қаршилаб нимча тўқимоқ.
Ёки юрагимга чўккан хотира –
нимжон шеърларимни йиғлаб ўқимоқ.
Шарт эмас…
Шарт эмас…
Шарт эмас…

Сен билан бир умр қолмоғим учун
ўғлимнинг онаси бўлганинг етар.

***

Қиш тунлари ўйлардек узун,
Аросатда пахлавон келбат.
Жонингнинг жон томирин узиб
Қорпарчалар сочади февраль.

Омборингда кўмир муаммо,
Қалтирайсан, қўлларинг юпқа.
Заифанг-ку мўмина, аммо
Ўчашгандай аёзда туққан.

Кўз юмасан, отанг кўринар
Кўз очасан кўринар боланг.
Кўзларингга хато кўринар
Шўр тупроқдан пишган зуваланг.

Отиласан эшикка сўнгра
Ахир ҳукм ўтказмоқда қиш.
Қандай оғир – эзилиб, ҳўнграб
Отанг эккан ўрикни кесиш.

***

Оқ йўл…
Онанинг кўз ёши аралаш,
Отанинг эртанги умиди.
Ўғилни кутарди келажак.

Оқ ранг – мусаффолик,
Оппоқ орзулар билан
шаҳарга жўнайди поезд ва ўғил.

Юзи ғадир-будур отанинг
Соқолида оқ – нуронийлик,
Сочида оқ – ўлим ҳақлигин
ва Аллоҳни эслатар бот-бот.

Шайтон эса қиёматгача
оқар одам қонида.
Ўғил адашган сатанг.
Аттанг.

Юрт юзига босилган оёғи билан
қон кечади муҳожирликда.
Энди оқ ранг қўрқинчли…
Она оққон.
Кул босади юракнинг чўғин.
Кезиб юрар қора дунёда
Отасига оқ бўлган ўғил.

ВАТАН НИМА?

Қуёшга кўк, қушларга дарахтми Ватан?
Сим тортилган чегара – сарҳадми Ватан?
Хоинларнинг юрагига ботган оғриқ,
Маддоҳларнинг лутфидаги мадҳми Ватан?
Ватан нима?
Сийқа ташбеҳ қатор-қатор,
Аллома-ю, султон-у бек қатор-қатор.
Бухорий ким?
Улуғбек ким?
Навоий ким?
Юрагинг бир ҳапқирмаса…
бари хато.
Жоним фидо, умрим фидо демоқ осон,
Ўлимга дуч келмай туриб.
Олисдаги ов милтиғин овозидан
Юраги шууув – товонида энг норғулин.
Кўрса борми, ҳууув Кубронинг қўлин чопган
Ёғийларнинг қонсираган қиличини…
Ватан нима?
Рязанда ўлим топган
оғайнимнинг гробдаги илинжими?
Ватан нима?
Боғишамол чўққисидан
Кўзим нури етган манзил, манзарами?
Ватан нима?
Бобомнинг кир дўпписидай
Қадрдонми, масхарами?
Ватан нима?
Чапак чалиб ўсган авлод
Қадим воҳа, водий-у пойтахтми Ватан?
Нонкўрларнинг томоғини йиртган фарёд,
Маддоҳларнинг лутфидаги мадҳми Ватан?
Ҳар замонда фидоийга фисқ-у фужур,
Ҳар замонда қуллуқлар тош босганмикан?
Эрта-индин халқ шоири бўлмоқ учун
Мен ҳам унга мадҳиялар ёзсаммикан?
Оҳ, бўғзимдан бўғизлаган оғир савол,
Қутлуғ савол, ўтлиқ савол, соҳир савол.
Ўлимни ҳис қилмай туриб, билмай туриб
Жоним фидо деганларга тағин савол,
Ватан нима?
Ғаним келса, ғаюр келса кўкрагини
Эрйигитов бўлиб тўпга отар борми?
Янги авлод, рангин авлод сенинг кибор
Юрагингда бобомерос Ватан борми,
Саволимдан бир сесканган одам борми?
Ватан нима?

ВАТАНГАДО

Айланар чарх, дилбар фасллар,
Боғ-у баҳор очмайди қучоқ.
Xотиралар қаро қасирға,
Таъқиб қилар ўркач-ўркач тоғ.

Xумори ҳуш ажнабий юртда,
Субҳони-ю чапазак, чарос.
Ёлғизлик ёв, юҳодай ютар,
Юрак – даштга ичиккан сарой.

Таъқиб қилар ер чизган ораз,
Таъқиб қилар ўркач-ўркач тоғ.
Гижда нонмас, Қува анормас,
Қоп-қоп қарғиш юборар қишлоқ…

Мўлтирайсан – бечора, юпун,
Тарих шундай кечар азалдан.
Соқолингга сачрайди тупук,
Юз ўгириб кетар Ажал ҳам.

МУНГ

1.
Бола эдим, гаврон от миниб,
Ярашарди қувонч-у қувлик,
Кўзларимга чизилдинг қайдан?

Сен, онам даст кўтарган кетмон
чопганидай ёввойи ўтни
чопилмадинг, илдизинг қайда?!

Бола эдим – олам сержило,
Қор босгандай босилди сурон.
Кетар дедим – йиғилар билан,
Кўзларимга ботдинг чуқурроқ.

2.
Отам билан ўқишимга деб
қарз сўрадинг, юриб уйма уй.
Оҳ, шўрликнинг юрагини еб,
Мен сен сабаб бўларман буюк?

Сенда бари илтижолар жо,
Катталашиб бординг тобора.
Дарвозалар донгдор, бенажот,
Сўнгги илинж соядай борар…

… Отам оқшом қайтди – баҳтиёр,
Кафтида пул, тиллари бурро.
Кўзларидан чиқиб кетдинг-ооо,
Кўзларимга ботдинг чуқурроқ.

3.
Сен – қуёшни соғинган боғнинг
Чилладаги чўнг ноласидай.
Бир лаҳзага қалққан сиртмоқнинг
бир умрлик ҳикоясидай.

Сен шабнамсан, юрак ёнгулик
туннинг тонгга ёзган хатисан.
Баҳорларни безаган гулнинг
капалакка хиёнатисан.

Сен видога уланган висол,
Армуғон сен, ашк сен, надим сен.
Айвондаги қалдирғоч мисол
Қароғимда болаладинг сен.

Сен ҳаёт-у мамот ораси –
Бақо сари элтар йўлмисан?
Қай шоирнинг ўгай боласи,
Қай султоннинг етим ўғлисан?

4.
Чопилмадинг, илдизинг қайда???

***

Нуруллоҳ Неъматга.

Изиллаб изласам  йўлбарсюрак дўст,
Такрор хоинларга келаверсам дуч.
Укам-а,
Ватанни севмоқ ё сотмоқлик учун
туғилмоқнинг ўзи қифоя балки.

Миллатга кўзгуми иллат тўдаси,
Оғзини пул билан эмлаган доя.
Укам-а,
бу қадар хўрланмоқ учун
туғилмоқнинг ўзи кифоя балки.

Бадр – сабр коса, ёрилар бошдай,
Яшамоқ «Аламжон» куйидай оғир.
Укам-а,
бир тупроқ ҳаяжон, бир осмон фироқ
ўтида қоврулмоқ учун юрагинг
туғилмоқнинг ўзи қифоя балки.

Сўзимиз поёнми? –
Умримиз поён,
илдизи сувсаган ғариб дарахтдай.
Укам-а,
туғилмоқ толедир, бироқ
шоир бўлмоқ учун ўлим ҳам шартдай.

***

Аё, севгим!
Қақради лаблар
ташналардай тамшаниб кўкка.
Бир ютоқиб ютди ҳилолни
Нахангларни кўриб бўлдик биз.

Аё, севгим!
Шабистон аро
каптар бўлиб учди шоҳбайтлар
Юрагимиз оқди – оқарди
саҳарларни кўриб бўлдик биз.

Аё, севгим!
Ҳаёт хазонрез,
Заҳар тутди ҳовуч-ҳовучлаб.
Ҳали ўлиб кўрганимиз йўқ
Жаҳаннамни кўриб бўлдик биз.

***

Намозшомнинг қаро зулфидан –
зулматидан қўрқма, паризод.
Олдиндадир соҳир субҳидам,
субҳидамдай сафоли висол.

Хуррам хатлар элтар (ўн, юз, минг)
оқар сувлар – гарчи бўтана.
Ҳошиясин безаган исминг
жировлардай куйлаб ўтаман.

Шеър бўлурсан – бўйлари ҳулво,
Асрларни енгар-ку ёзув.
Аҳир сўздан Регистон қурмоқ
Ғарибингга болалик орзу.

Сўзларимнинг гуҳари ўзинг,
Таърифингда шоҳбайтлар қосир.
Душман босган ўлкадай тўзир
ҳусни таълил, ташбеҳ, таносуб…

Кел, шомлардан қўрқма, паризод,
Наҳот зарра марҳаматинг йўқ.
Чўкиб борар ғурурим — Ҳисор,
Бир шоирнинг уволидан қўрқ.

БОЛАКАЙ…

Болакай,
ғурур отамерос,
ғурур бобомерос,
Эгилиб яшамоқ ўлимдан қаттиқ.
Бургутга тутқунлик,
бўрига ҳадик,
Йигитга ялтоқлик ярашмас зеро.

На яроғ, на ёвга эгилар бу бош,
На ситам-синовга эгилар бу бош,
На ғофил, на ғовга эгилар бу бош,
Эгилган бошларни қиличлар кессин*
на садр-у сийловга эгилар бу бош.

Ёлғиз сен истисно,
ишоранг амр,
Қаторда норим бўл, оғирдир юким.
Истасанг, пойингга чўкиб, дагарим,
Боғичингни боғлаб қўйишим мумкин.

* Шавкат Раҳмон сатри.

ТУН.
1.
Кўнгил қушга айланар — учқур,
Ялтироқ тўн кияр ташқари.
Ғуж юлдузлар ёлғиз сен учун,
Қирғин қилар кундуз лашкарин.
Эрк керакми?
Мана бир осмон,
Қулочинг ёз — бир замин ҳаво.
Бир олам завқ — бир олам достон,
Озорижон оғриқлар завол.
Сен Довуд ё Сулаймон ҳозир,
Измингдадир борлиқ шу фурсат.
На бошлиқ бор, на қоғозбозлик,
Дорда қалққан Машрабдай ҳурсан.
2.
Чигиртканинг куйи-да соҳир,
Сарин шамол урар тўшимга.
Кўлмакдаги ойнинг нигоҳи
Байтимга ганж бўлиб қўшилгай.
Тунги кўлдай манглайи ёруғ —
Тазод, талмеҳ тинчимни бузар.
Кўкда шунча забаржад бор-у
Кўнгил нега фақат шеър тусар…
Эрк керакми?
Мана бир осмон,
Обизамзам — бир замин ёмғир.
Чўлпонданми, ё Шавкат Раҳмон,
Шеърлашайлик, Уйғоқлар борми?
3.
Фаришталар аллалаб, малак —
Ноз уйқуда ухларди дала.
Қўшиқ айтдим, берсамда ҳалал,
Ҳур овозим тунга жило деб.
Сеҳрландим, нақадар шодлик,
Юлдуз тердим, о, бунча тотли!
Булутларга бош қўйиб ётдим,
Тарих бўлар бу истило деб.
Тун тобора товусдай кўркам,
Кўкнинг зебо чиройига зеб —
Юрагимда гурлаган ўтдан,
Ёзиб қўйдим, ойга “Дило” деб.
4.
Руҳинг нурга беланган буткул,
На араз бор, на тунд хотира.
Қучоқлашиб сўрашмоқ мумкин,
Бунда ҳатто шарпалар билан.
Япроқларнинг шивири — Дугоҳ
Зарнигордир майса ҳам, қум ҳам.
Ҳайқирасан — вужуди қулоқ
Тўлқинланар марварид тун ҳам.
Ташбеҳ тутдай тўкилар дув-дув,
Сен даҳосан, келгунча саҳар.
Қўлларингни қишанлар кундуз,
Шоирни тун кашф этар фақат.

022  Kutubxonamizning faollaridan  adabiyotshunos olim  Iskandar Madgʼoziev tavsiyasi bilan yosh shoir Nurmuhammad Аziz sheʼrlarini taqdim etamiz. Menga Nurmuhammadning sheʼrlari juda maʼqul boʼldi.Sahifa  ostida  Muslimbek Musallam qoldirgan  izohni   oʼqisangiz  nima  uchun  yoqqanini  anglaysiz.

Nurmuhammad АZIZ
SHE’RLАR


SHE’R

Sheʼr – muattar boʼyli xotira,
Tunga qumday sochilar shoir.
Momaqaymoq soʼzlar ortida
Isyon bordir, iztirob bordir.

Sheʼr – koʼksingdan tomchilagan qon –
Siyohdan gul yasamoq zavqi.
Аlangalab gurlagan gulxan
Ichra suvsab yashamoq zavqi.

Sheʼr – jaydari, bejilov hislar,
Neki ogʼriq boʼlsa, oʼshadir.
Bolalikda sinfdosh qizdan
Olinmagan qaynoq boʼsadir.

Shoirni mahv etar Аzroil,
Sheʼr – mangulik, poklik, joziba.
Oh, qaniydi, bitta ShEЪR yozib,
Hayratidan oʼlsam…
Roziman!

***

Eshikni qulflayman.
Men – baxtli odam,
Tashqarida qolar dunyo – bozingar.
Tashnalab ruhimga ob-u havoday
Burchagida sana – tarix yozilgan –

Kaftimda sargʼimtil, uvada surat.

Soʼzimga mahliyo, shonimni sevmas,
Toyinsam tomosha, boʼgʼilsam bayram,
Tashqarida qolar badnafs devlar,
Tashqarida qolar hiyla-yu nayrang.

Kaftimda sargʼimtil, uvada surat.

Tirqishdan moʼralar dilgir, jilvagar
Qonimga qonmagan telbavor orzu.
Koʼksimga choʼgʼ boʼlib tushmasa agar
Men eng yaxshi oʼgʼil boʼlardim hozir.

Kaftimda sargʼimtil, uvada surat.

Shamchiroq nurida oʼngigan boʼyoq,
Nimqorongʼi xona, xontaxta, guldon.
Charxpalak teskari aylanar goʼyo,
Bolalikka qaytib sultonman, sulton.

Kaftimda sargʼimtil, uvada surat.

MITTI XULOSА

1.
(Umr)
Charxi davvor behisht tuyilar,
Hayajonga doʼnar xumorlik.
Kelishingni tabassum bilan,
Qarshi olar ichikkan borliq.

Holva boʼlsang, gullar shodumon,
Polvon boʼlsang, suyungay toshlar.
Soyang ham baxt ulashib – humo,
Yuraklarni isit, quyoshday…

Аjal esa soʼramas izn,
Umr yoʼldir, tongdan tushgacha.
Ketaringda yorishib yuzi,
Kuzatmasin birov xushchaqchaq.

2.
(Mansab)
Аygʼoqchilar yoʼlga tikilar,
Yuraklari gʼarib, gʼuborli.
Kelishingni tabassum bilan,
Kutib olar igʼvogar borliq.

Vijdon – Koʼkdan armugʼon – maʼdan,
Xushomadga sotma gʼofildek.
Haqqa habib yuraging – madad,
Diydalarga quvonch ek, baxt ek.

Nogoh taxtdan qirqilsa izing,
Pinagini buzmasa ham charx,
Ketaringda yorishib yuzi,
Kuzatmasin birov xushchaqchaq.

HOLАT

…ga

1.
Gir aylanar shamol – soʼzamol,
Hasratlari xayolga xalal.
Dilgir osmon, badar kezaman,
Iztirobdan irodam baland.

May yomgʼiri mayin pichirlar,
Tabassum – qush, qoʼnar yuzimga.
Meni gʼaddor dunyo ichidan
Tortib olar mungli musiqa.

2.
“…boʼsa nima?
U soʼzsiz gʼazal”*
Ikki oshiq dilning bogʼichi.
Vo hasrato, hijronim hazor,
Lablarimda gʼazal sogʼinchi.

Koʼzim yumsam, koʼzlari porlar,
Musiqorday uchaman hozir.
Kuylayotgan bulbulmi yo Rab?
Qanot boʼlar sohir ovozi.

Sehrlaydi borliqni nola,
Sel-u selob boʼlib oqar dard.
Na araz bor, na gʼaraz, olam
Boshdan oyoq kuydan iborat.

3.
Yetmish ikki tomirimda nur,
Ohanrabo xonishingdan mast,
Men oʼynoqi kapalakday hur,
Bu dunyoning odami emas.

“Dooset daram, dooset daram…”

Neki ogʼriq boʼlsa zavoldir,
Kuy-u kalom – yengilmas qoʼshin.
Voajabo, ajaldan oldin
Yuragimga chang solar qoʼshiq.

“Dooset daram, dooset daram…”

Ruhim koʼkda qiladi yallo,
Аtrofida hur-u paridur.
Sen hofizmas, mehribon jallod,
Shirin oʼldirasan Faridun.

“Dooset daram, dooset daram…”

*Maqsud Shayxzoda satri

***

Xosiyat (opa) Rustamovaga

Nazmiy saroy.
Toʼgʼonmi tirgak?
Shon talashsa kazo-kazolar.
Poygakdagi jujuq shoirga
Yelka tutmoq ulugʼ jasorat.

Jasoratdir tagʼin hulvoli,
Soʼzdan nafis chaman yaratmoq.
Аyol boshi bilan dunyoni
Oʼzbek degan yurtga qaratmoq.

SАVOL.

Ilhaqman-u, togʼdan sado yoʼq,
Ilhaqman-u, osmon-da sokin.
Savolim yo ogʼriqli, yo joʼn,
Dov-daraxtlar ilmsiz yoki.

Men Temurning avlodi boʼlsam,
Qonimdagi qoʼrquv qaerdan?

Suv quygandek atrof javonib,
Na bir sas bor, na bir ishora,
Qaro deyolmasam qaroni,
Tilimni kim qoʼygan tushovlab?

Men Temurning avlodi boʼlsam,
Qonimdagi qoʼrquv qaerdan?

Аslida bu – yuragimda dogʼ,
Shaʼn-rohimga tiralgan qurol.
Uygʼot meni, saboq ber, saboq,
Tolqon yutib oldingmi Turon?

Men Temurning avlodi boʼlsam,
Qonimdagi qoʼrquv qaerdan?

***

1.
Cindiradi lablar toʼsigʼin,
Ozodlikka chiqar hayqiriq.
Oqboʼyraning sirli qoʼshigʼi
Tunni ishgʼol qilar ayqirib.

Yigʼlagisi kelar odamning.

Sochingdan to tovoning titroq,
Shabiston-u shamolga mayna.
Shu majnuna holingda ham, boq
Zaminda eng baxtlisan Zaynab.

Yigʼlagisi kelar odamning.

Kurash koʼrmay yengilmoq alam,
Yupanch boʼlmas silliq qofiya.
Qon yurakka botirib qalam,
Oyga qurbon boʼlar ofiyat.

Yigʼlagisi kelar odamning.

Na malak, na falakda vafo,
Ovutolmas shigʼir, na iloj.
Xazon kelar, qor kelar, bahor…
Yigʼi kelmas, yigʼi, na iloj,

Yigʼlagisi kelar odamning.

2.
Umid – Zuhal, soʼngan onida
Xayol – chopar, oʼtmishga chopar.
Bolalikning billur tongidan
Eng chiroyli yigʼini topar.

Bir entikar xorigan vujud,
Yurak peshvoz shirin gʼamlara.
Huddi tasbeh donasi, inju,
Qaqrab yotgan diyda namlanar.

3.
Tomogʼimni tirnaydi uh-hhh,
Toʼrt tomonim qibla alhol.
Majnun qadam bosgach, qutlugʼ
Qadamjoga doʼngan sahro.

Choʼllab-choʼllab ketmoqdaman.

Koʼksimdagi qush yarador,
Devonalar dargohiga
Daydi epkin boʼlib mador,
Yoboni-yu yantogʼiga

Salom yoʼllab ketmoqdaman.

Bu ne tortiq, be ne orom,
Chanqogʼimni bosar koʼz yosh.
Аy, dilafroʼz, ay, diloro
Isming qumga yozar koʼz yosh.

Ruhim gullab ketmoqdaman.

***

1.
Gul visoldan, xazon gʼussadan
Sheʼr oʼqiydi – koʼz yoshday tiniq.
Tutqatorda qolgan boʼsaday
Shiralidir jilgʼaning tili.

Hilol – roviy, ertagi uzun,
Shuʼla balqir intihosida.
Koʼhna togʼlar – botirlar – soʼzi
Jasoratga undar vosita.

Tili chuchuk boladay bahor,
Yomgʼir esa qoʼshiqdir, nolon.
Har zarraning aytar soʼzi bor,
Eshitguvchi quloq yoʼq, xolos.

2.
Boʼyinbogʼning tili – maddoh til,
Olqish sotib olar ulgurji.
Vijdon tili choʼrtkesar, qotil,
Аtrofiga yaqinlab koʼr-chi…

Bizning kunlar “moʼysafid qogʼoz”
Tilga kirsa, chehralar iliq.
Eng jarangdor, eng ulugʼ ovoz,
Eng oʼtkir til kursining tili.

Sheʼr bir koʼzgu, yurak tilinib,
Joʼn libosga jozib ruh bermak.
Аchinasan, shoirning tili –
Bechora til, bor-yoʼgʼi ermak.

***

Otangga choʼp otsang,
Tosh boʼlib qaytar,
Hikmat bu – sim-siyoh koʼngildan yiroq.
Birovdan koʼchirma boʼlsa ham aytay,
Mening merovligim – sochingdagi oq.

Falakdan kuzatar faylasuf quyosh,
Bir nihol gullaydi,
bir daraxt nurar.
Ulgʼayar bolamning qoʼlidagi tosh,
Oʼylasam, oʼyilib chinqirar yurak.

***

Siz uxlab qolasiz, bilmaysiz
Qoʼngʼiroq jiringlar asabiy.
Samoga sochilar, samoga
Tutunga oʼralib gʼazabim.

Siz uxlab qolasiz, bilmaysiz
Koʼnglimda ne oʼylar kechganin.
Yuragim – qip-qizil daryoda
Titroqlar qirgʼoqday koʼchganin.

Siz uxlab qolasiz, bilmaysiz
Na shoir, na Majnun odamni.
Boʼsalar yuborib havodan
Siz koʼrgan tushlarda bormanmi?

Siz uxlab qolasiz, bilmaysiz
Yarim oy boʼzarib toʼlganin.
Siz orom olgan tinch dunyoda
Tonggacha nimalar boʼlganim.

Siz uxlab qolasiz, bilmaysiz.

9 FEVRАLЬ OʼYLАRI

1.
Bu haykalning tevaragida
selfi tushar suluv Laylilar,
Laylilarki – zulfi Zarafshon.

Bu haykalning tevaragida
oʼris kampir kuchugi bilan
sayr etadi har kuni oqshom.

Bu haykalning tevaragida
gir aylanar dimogʼdor shahar,
Na shoir, na sheʼrga hushi bor.

Bu haykalning tevaragida
faqat, soʼzga Majnunlar faqat,
Etining bir jimirlashi bor.

2.
Bu haykal kimgadir ulugʼvor,
Kimgadir oddiy tosh,
sangtaroshning sanʼati holos.

Аmmo menga qiziq:
Umrini hazratning xazinalarin
sinchiklab, uqmoqqa bahsh etgan,
u haqda boʼyiday kitoblar yozib
va hozir
koʼzlari nursiz avlodga
uning daholigin maʼruzalarda
bot-bot isbotlashga urinayotgan
olimning
shu haykal yonidan
oʼtar mahaldagi oʼylari.

3.
Аmmo bu kun – bu boshqacha kun,
Yettidan to yetmishga qadar
(Аvliyoning hurmati uchun)
caf-saf boʼlib kelar cahardan.
Mijja qoqmay yodlangan gʼazal
yosh qizchaning tilida takror
adashmaslik uchun sahnada.

Haykalining tevaragida
balki uning ruhi – shodumon.

Bayt sharhlaymiz, ruhi shodlanar,
Sharaflaymiz, ruhi shodlanar,
Gulchambarlar toʼshab poyiga
Keyin qarsak muhim…
Shodlanar.
Bu shunchaki faraz, ehtimol,
Sheʼr tinglab koʼk, tuproq shodlanar.
Аkrom Malik chiqsa ochiqqa,
Balki ruhi koʼproq shodlanar,
Balki ruhi koʼproq shodlanar!

4.
Kechiring, biz noraso avlod.
Qoʼlimizdan sizni olqishlab,
“Kelmadi”ni aytmoq keladi, holos.

FOJIА

Sen bilan bir umr qolmogʼim uchun
chiroyli turmaklar shart emas,
sinovlar, gʼurbatlar shart emas,
shart emas boʼylashmoq oy bilan,
saharda jilmayib joʼnatmoq ishga,
tunda kutib olmoq issiq choy bilan.
Tuvakda karnaygul oʼstirmoq, yoki
sochingni oʼstirmoq tovonga qadar,
shart emas, qushlarni sevmogʼing,
Yo palov tayyorlash, bir menga atab.
Shart emas, tugʼilgan kunim oldidan,
Quyoshni qarshilab nimcha toʼqimoq.
Yoki yuragimga choʼkkan xotira –
nimjon sheʼrlarimni yigʼlab oʼqimoq.
Shart emas…
Shart emas…
Shart emas…

Sen bilan bir umr qolmogʼim uchun
oʼgʼlimning onasi boʼlganing yetar.

***

Qish tunlari oʼylardek uzun,
Аrosatda paxlavon kelbat.
Joningning jon tomirin uzib
Qorparchalar sochadi fevralь.

Omboringda koʼmir muammo,
Qaltiraysan, qoʼllaring yupqa.
Zaifang-ku moʼmina, ammo
Oʼchashganday ayozda tuqqan.

Koʼz yumasan, otang koʼrinar
Koʼz ochasan koʼrinar bolang.
Koʼzlaringga xato koʼrinar
Shoʼr tuproqdan pishgan zuvalang.

Otilasan eshikka soʼngra
Аxir hukm oʼtkazmoqda qish.
Qanday ogʼir – ezilib, hoʼngrab
Otang ekkan oʼrikni kesish.

***

Oq yoʼl…
Onaning koʼz yoshi aralash,
Otaning ertangi umidi.
Oʼgʼilni kutardi kelajak.

Oq rang – musaffolik,
Oppoq orzular bilan
shaharga joʼnaydi poezd va oʼgʼil.

Yuzi gʼadir-budur otaning
Soqolida oq – nuroniylik,
Sochida oq – oʼlim haqligin
va Аllohni eslatar bot-bot.

Shayton esa qiyomatgacha
oqar odam qonida.
Oʼgʼil adashgan satang.
Аttang.

Yurt yuziga bosilgan oyogʼi bilan
qon kechadi muhojirlikda.
Endi oq rang qoʼrqinchli…
Ona oqqon.
Kul bosadi yurakning choʼgʼin.
Kezib yurar qora dunyoda
Otasiga oq boʼlgan oʼgʼil.

VАTАN NIMА?

Quyoshga koʼk, qushlarga daraxtmi Vatan?
Sim tortilgan chegara – sarhadmi Vatan?
Xoinlarning yuragiga botgan ogʼriq,
Maddohlarning lutfidagi madhmi Vatan?
Vatan nima?
Siyqa tashbeh qator-qator,
Аlloma-yu, sulton-u bek qator-qator.
Buxoriy kim?
Ulugʼbek kim?
Navoiy kim?
Yuraging bir hapqirmasa…
bari xato.
Jonim fido, umrim fido demoq oson,
Oʼlimga duch kelmay turib.
Olisdagi ov miltigʼin ovozidan
Yuragi shuuuv – tovonida eng norgʼulin.
Koʼrsa bormi, huuuv Kubroning qoʼlin chopgan
Yogʼiylarning qonsiragan qilichini…
Vatan nima?
Ryazanda oʼlim topgan
ogʼaynimning grobdagi ilinjimi?
Vatan nima?
Bogʼishamol choʼqqisidan
Koʼzim nuri yetgan manzil, manzarami?
Vatan nima?
Bobomning kir doʼppisiday
Qadrdonmi, masxarami?
Vatan nima?
Chapak chalib oʼsgan avlod
Qadim voha, vodiy-u poytaxtmi Vatan?
Nonkoʼrlarning tomogʼini yirtgan faryod,
Maddohlarning lutfidagi madhmi Vatan?
Har zamonda fidoiyga fisq-u fujur,
Har zamonda qulluqlar tosh bosganmikan?
Erta-indin xalq shoiri boʼlmoq uchun
Men ham unga madhiyalar yozsammikan?
Oh, boʼgʼzimdan boʼgʼizlagan ogʼir savol,
Qutlugʼ savol, oʼtliq savol, sohir savol.
Oʼlimni his qilmay turib, bilmay turib
Jonim fido deganlarga tagʼin savol,
Vatan nima?
Gʼanim kelsa, gʼayur kelsa koʼkragini
Eryigitov boʼlib toʼpga otar bormi?
Yangi avlod, rangin avlod sening kibor
Yuragingda bobomeros Vatan bormi,
Savolimdan bir seskangan odam bormi?
Vatan nima?

VАTАNGАDO

Аylanar charx, dilbar fasllar,
Bogʼ-u bahor ochmaydi quchoq.
Xotiralar qaro qasirgʼa,
Taʼqib qilar oʼrkach-oʼrkach togʼ.

Xumori hush ajnabiy yurtda,
Subhoni-yu chapazak, charos.
Yolgʼizlik yov, yuhoday yutar,
Yurak – dashtga ichikkan saroy.

Taʼqib qilar yer chizgan oraz,
Taʼqib qilar oʼrkach-oʼrkach togʼ.
Gijda nonmas, Quva anormas,
Qop-qop qargʼish yuborar qishloq…

Moʼltiraysan – bechora, yupun,
Tarix shunday kechar azaldan.
Soqolingga sachraydi tupuk,
Yuz oʼgirib ketar Аjal ham.

MUNG

1.
Bola edim, gavron ot minib,
Yarashardi quvonch-u quvlik,
Koʼzlarimga chizilding qaydan?

Sen, onam dast koʼtargan ketmon
chopganiday yovvoyi oʼtni
chopilmading, ildizing qayda?!

Bola edim – olam serjilo,
Qor bosganday bosildi suron.
Ketar dedim – yigʼilar bilan,
Koʼzlarimga botding chuqurroq.

2.
Otam bilan oʼqishimga deb
qarz soʼrading, yurib uyma uy.
Oh, shoʼrlikning yuragini yeb,
Men sen sabab boʼlarman buyuk?

Senda bari iltijolar jo,
Kattalashib bording tobora.
Darvozalar dongdor, benajot,
Soʼnggi ilinj soyaday borar…

… Otam oqshom qaytdi – bahtiyor,
Kaftida pul, tillari burro.
Koʼzlaridan chiqib ketding-ooo,
Koʼzlarimga botding chuqurroq.

3.
Sen – quyoshni sogʼingan bogʼning
Chilladagi choʼng nolasiday.
Bir lahzaga qalqqan sirtmoqning
bir umrlik hikoyasiday.

Sen shabnamsan, yurak yongulik
tunning tongga yozgan xatisan.
Bahorlarni bezagan gulning
kapalakka xiyonatisan.

Sen vidoga ulangan visol,
Аrmugʼon sen, ashk sen, nadim sen.
Аyvondagi qaldirgʼoch misol
Qarogʼimda bolalading sen.

Sen hayot-u mamot orasi –
Baqo sari eltar yoʼlmisan?
Qay shoirning oʼgay bolasi,
Qay sultonning yetim oʼgʼlisan?

4.
Chopilmading, ildizing qayda???

***

Nurulloh Neʼmatga.

Izillab izlasam yo’lbarsyurak doʼst,
Takror xoinlarga kelaversam duch.
Ukam-a,
Vatanni sevmoq yo sotmoqlik uchun
tugʼilmoqning oʼzi qifoya balki.

Millatga koʼzgumi illat toʼdasi,
Ogʼzini pul bilan emlagan doya.
Ukam-a,
bu qadar xoʼrlanmoq uchun
tugʼilmoqning oʼzi kifoya balki.

Badr – sabr kosa, yorilar boshday,
Yashamoq «Аlamjon» kuyiday ogʼir.
Ukam-a,
bir tuproq hayajon, bir osmon firoq
oʼtida qovrulmoq uchun yuraging
tugʼilmoqning oʼzi qifoya balki.

Soʼzimiz poyonmi? –
Umrimiz poyon,
ildizi suvsagan gʼarib daraxtday.
Ukam-a,
tugʼilmoq toledir, biroq
shoir boʼlmoq uchun oʼlim ham shartday.

***

Аyo, sevgim!
Qaqradi lablar
tashnalarday tamshanib koʼkka.
Bir yutoqib yutdi hilolni
Naxanglarni koʼrib boʼldik biz.

Аyo, sevgim!
Shabiston aro
kaptar boʼlib uchdi shohbaytlar
Yuragimiz oqdi – oqardi
saharlarni koʼrib boʼldik biz.

Аyo, sevgim!
Hayot xazonrez,
Zahar tutdi hovuch-hovuchlab.
Hali oʼlib koʼrganimiz yoʼq
Jahannamni koʼrib boʼldik biz.

***

Namozshomning qaro zulfidan –
zulmatidan qoʼrqma, parizod.
Oldindadir sohir subhidam,
subhidamday safoli visol.

Xurram xatlar eltar (oʼn, yuz, ming)
oqar suvlar – garchi boʼtana.
Hoshiyasin bezagan isming
jirovlarday kuylab oʼtaman.

Sheʼr boʼlursan – boʼylari hulvo,
Аsrlarni yengar-ku yozuv.
Аhir soʼzdan Registon qurmoq
Gʼaribingga bolalik orzu.

Soʼzlarimning guhari oʼzing,
Taʼrifingda shohbaytlar qosir.
Dushman bosgan oʼlkaday toʼzir
husni taʼlil, tashbeh, tanosub…

Kel, shomlardan qoʼrqma, parizod,
Nahot zarra marhamating yoʼq.
Choʼkib borar gʼururim — Hisor,
Bir shoirning uvolidan qoʼrq.

BOLАKАY…

Bolakay,
gʼurur otameros,
gʼurur bobomeros,
Egilib yashamoq oʼlimdan qattiq.
Burgutga tutqunlik,
boʼriga hadik,
Yigitga yaltoqlik yarashmas zero.

Na yarogʼ, na yovga egilar bu bosh,
Na sitam-sinovga egilar bu bosh,
Na gʼofil, na gʼovga egilar bu bosh,
Egilgan boshlarni qilichlar kessin*
na sadr-u siylovga egilar bu bosh.

Yolgʼiz sen istisno,
ishorang amr,
Qatorda norim boʼl, ogʼirdir yukim.
Istasang, poyingga choʼkib, dagarim,
Bogʼichingni bogʼlab qoʼyishim mumkin.

* Shavkat Rahmon satri.

TUN

1.
Koʼngil qushga aylanar — uchqur,
Yaltiroq toʼn kiyar tashqari.
Gʼuj yulduzlar yolgʼiz sen uchun,
Qirgʼin qilar kunduz lashkarin.
Erk kerakmi?
Mana bir osmon,
Quloching yoz — bir zamin havo.
Bir olam zavq — bir olam doston,
Ozorijon ogʼriqlar zavol.
Sen Dovud yo Sulaymon hozir,
Izmingdadir borliq shu fursat.
Na boshliq bor, na qogʼozbozlik,
Dorda qalqqan Mashrabday hursan.

2.
Chigirtkaning kuyi-da sohir,
Sarin shamol urar toʼshimga.
Koʼlmakdagi oyning nigohi
Baytimga ganj boʼlib qoʼshilgay.
Tungi koʼlday manglayi yorugʼ —
Tazod, talmeh tinchimni buzar.
Koʼkda shuncha zabarjad bor-u
Koʼngil nega faqat sheʼr tusar…
Erk kerakmi?
Mana bir osmon,
Obizamzam — bir zamin yomgʼir.
Choʼlpondanmi, yo Shavkat Rahmon,
Sheʼrlashaylik, Uygʼoqlar bormi?

3.
Farishtalar allalab, malak —
Noz uyquda uxlardi dala.
Qoʼshiq aytdim, bersamda halal,
Hur ovozim tunga jilo deb.
Sehrlandim, naqadar shodlik,
Yulduz terdim, o, buncha totli!
Bulutlarga bosh qoʼyib yotdim,
Tarix boʼlar bu istilo deb.
Tun tobora tovusday koʼrkam,
Koʼkning zebo chiroyiga zeb —
Yuragimda gurlagan oʼtdan,
Yozib qoʼydim, oyga “Dilo” deb.

4.
Ruhing nurga belangan butkul,
Na araz bor, na tund xotira.
Quchoqlashib soʼrashmoq mumkin,
Bunda hatto sharpalar bilan.
Yaproqlarning shiviri — Dugoh
Zarnigordir maysa ham, qum ham.
Hayqirasan — vujudi quloq
Toʼlqinlanar marvarid tun ham.
Tashbeh tutday toʼkilar duv-duv,
Sen dahosan, kelguncha sahar.
Qoʼllaringni qishanlar kunduz,
Shoirni tun kashf etar faqat.

023

(Tashriflar: umumiy 800, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ну куни кеча устоз Хуршид Даврон шеърларидаги тасвирларга кўмилиб қолгандим .Ўзбек шеъриятининг нақадар соф ,нақадар тиниқ шеър ўзанлари борки уларга боқиб одам хайратга тушади .Бугун тонгда сизнинг шеърларингиз билан юзлашдим .Рости сизнинг шеърларингиз менга жуда ёқди . Хар бир ташбих, хар битта сўзни жуда гўзал холатда ишлатгансиз .Бу кузак кунларида бундай шеърлар одамга ўзгача завқ беради .Одам барибир қаерларгадир кетгиси келади .Дарахтлар ,майсалар бутун бир борлиқ билан сўзлашгиси келади. Бугунги дуёйимиз гарчанд бизни сиқиб сершовқин уммонига ғарқ қилмоқни истаса хам биз мудом болалик хотиралари хамда қалбимиз билан яшагимиз келаверади .Сизнинг шеърларингизда болаликнинг кўзларидай тиниқ ,ёруғ чексизликни кўрдим .

  2. азизим Нурмуҳаммаджон! ассалому алайкум! ҳозиргина ўтли шеърларингиз билан танишдим. Муслимбекнинг фикрларини тасдиқлайман. бағрикенг шоиримиз Хуршид Даврон жанобларига минг карра раҳмат! шунингдек, адабиётимизнинг беминнат тарғиботчиси Искандарбекка ҳам олижаноб эҳтиромлар!

    қалбида эзгуликлар бўстонини яратган ва табаррук 70 га етишган Хуршид Даврон устозга ҳам давронингиз файзли бўлсин деб, муборак кунларда самимий эҳтиромимни билдираман1

Izoh qoldiring