Orifjon Komil. She’rlar

011   Орифжон Комилнинг фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинган шеърлари кўпчилик даврадошлари назарига тушди. Даврадошларимнинг айримлари,хусусан Умид Али менга ёш шоир ижодига диққат қилишимни сўрашди. Бугунги саҳифамизда Орифжоннинг шеърларига сизнинг диққатингизни қаратишни истадик.

  Яна айтишим лозимки, Орифжоннинг шеърларини саралаб ўтирмай, тиниш белгиларини тузатмай, яъни сизга ҳам иш қолдириб, тақдим этмоқдаман.

Орифжон КОМИЛ
ШЕЪРЛАР
084

ШИМОЛ НАФАСИ

Экватордан кун оғди шарққа,044
Музликларни кузатди офтоб.
Ўраб олди юпун йўргакка,
Тун зулматин ёритган моҳтоб.

Узоқлашиб борди манзиллар,
Қиш ҳавоси эзди танамни.
Қўлларимни қайирди йўллар,
Тарк этяпман кўнгил хонамни.

Милён тўфон бағрида увлаб,
Қор бўронин ўйнади ҳислар.
Юрагимни олмадек қувлаб,
Ташлаб кетди хазонли кузлар.

Экватордан оғаверди кун.
Яралди пок иймон дардлари.
Қиш қаърида ётаркан узун,
Олис шимол кўм-кўк мардлари.

Танғиб бордим руҳимда танглик,
Овозамдан табиат ҳурди.
Экватордан оғган таранглик,
Тап тортмайин ўтмишга юрди.

Энди ҳижрон бордир, музлаган,
Дийдор қолди қорларга чўмиб.
Қаҳратонда увлаб бўзлаган,
Ўтмишимни келяпман кўмиб…

Экватордан оғди ўйларим…

МАЪСУМ ХАЁЛ

Эҳ, Сизни жаннатнинг,
Пойидан топдим.
Гул барги тебранди ҳаяжонимдан.
Бир маъсум хаёлнинг изидан чопдим,
Саболар суқланиб ўтди ёнимдан…
Шу куннинг мунаввар лаҳза-онлари,
Қалбимни қувончга тўлдиргани рост.
Бари ҳақиқатдир, бирма-бир айтсам
Ботиний ҳисларим – зоҳиримга мос…
Кўзингиз ёшланиб, ёруғ манзилда,
Бир ғунча атрининг изидан чопинг.
Эй, Гулим, энтикиб рўзи маҳшарда,
Васлимни жаннатнинг
Пойидан топинг…

ОНА ТУПРОҚ

Нондай азиз бу Она тупроқ.
Азиз унда унган майсалар.
Уни Бобом севарди кўпроқ.
Эркаларди, қўлда майдалаб.

Минг йилликнинг қаърида ётган,
Олис мозий сарҳадларида.
Искандарнинг қўлида қотган,
Тупроқ ухлар чўл барханида.

Қадим жўмард ўша Широқнинг.
Топингани, суйгани – Ватан.
Тўмарисдек оқила зотнинг,
Кўзларига тўтиё бўлган.

Муқаннанинг байроқларида,
Гарди юқиб ҳилпираган зар.
Азим тоғлар сўқмоқларида,
Ҳамон ўша шижоат ухлар.

Ҳавонида Ибни Синонинг,
Малҳамига қоришган, жондек,
Бухорийдек улуғ сиймонинг,
Саҳиҳида тоза имондек.

Берунийнинг пойида унган,
Улуғлаган бир тоза хоксан.
Халложингни ҳасратла кўмган,
Атторингни эслаб ғамноксан.

Темур сени муқаддас билиб,
Асраганда онаси каби.
Ҳар бир зарранг учун жанг қилиб,
Сени қўриш эди матлаби.

Навоийнинг дилбар назмига,
Тасвирланди шавкату шонинг.
Ё, Машрабнинг ошиқ базмига,
Сингиб кетди хокисор қонинг.

Милён марта ёғий лашкари,
Топтаганда муқаддас юзинг.
Эрман деган элнинг мардлари,
Фидо қилди элим деб ўзин.

Ҳиндлаб кетган хаста Бобурнинг,
Ҳисларида титраган бир жон,
Тушларига кирарди унинг,
Гуллаб ётган хоки Андижон.

Айтаверсам тарих қаъридан,
Тирилтирсам минглаб хотирни.
Куйланмаган достон бағридан,
Тилга олсам, не-не ботирни.

Тугамайди бу куй, дафъатан,
Забонимда тугаса сўзлар.
Мана, тупроқ бир сиқим – Ватан.
Вужуд асли маконин излар.

Қачон кетар бўлсам боқийга,
Фарзандимдан суйганча кўпроқ,
Пок танамни олиб бағрига,
Эркалайди шу Она тупроқ…

ИШҚ

Бугун англаб етдим барини.
Аён бўлди ойдин ҳақиқат.
Титкилабман кўнгил қаърини.
Кўнгил бўлиб қолибман фақат.

Англадимки, ишқдан айромас,
Вужуддаги ҳар бир ҳужайрам.
Англадимки, томирда қонмас,
Ишқ олови оқар мунтазам.

Англадимки, тоза вужудда,
Жилва қилган бу зулфиқор руҳ,
Бошдан оёқ соҳир ҳудудда.
Тавбалардан туяди шукуҳ.

Англадимки, гуноҳлар қисмат.
Сингиб кетган манглай тошига.
Пушаймонлик энг олий исмат,
Тавба ётар тақво бошида.

Англадимки, айромас ишқдан.
Танамдаги омонат бу жон.
Қўл юваман энди ҳар ишдан.
Ўзинг қўлла энди Художон.

Англадимки, мақсадим фақат,
Розилигинг топмоқ аслида.
Ишқ олдида йўқолур тоқат.
Кўнгил ташна Ҳақнинг васлига.

Англадимки, ишқимдан бўлак,
Ўткинчидир майда лаш-лушлар.
Энди учиб кетолсам керак,
Учган каби самовий қушлар.

Англадимки, ишқ тўла жомдан,
Томчи тотган сайёр овчиман.
Ҳатлаб ўтиб кетаман томдан,
Сиз таниган бир йўловчиман.

Англадимки, ҳақиқат недир,
Недир асли кўнгил маслаги.
Энди фақат ишқ майин келтир.
Энди фақат ишқдир матлабим.

Англадимки, саждагоҳимда,
Меҳробимда, Каъбамда ҳам ишқ.
Тасбеҳ айтган ҳар баётимда,
Гуноҳимда, тавбамда ҳам ишқ.

Англадимки, ўтли рўёда,
Фақат битта ҳақиқат бисёр.
Бу ўткинчи ёлғон дунёда,
Битта Худо ва битта Ишқ бор…

ЎРИНДИҚ

Тонгдан қовоқ уйволди осмон.
Севалади ёмғир шитирлаб.
Ёмғирпўшни кўрардим ёмон.
Яёв юриб кетдим ёмғирлаб.

Эзғиладим намчил йўлакни.
Кавшанарди тупроқ сув ичиб.
Ёдга олиб кечги кузакни.
Булут йиғлар эди ичикиб.

Шовулларди шовқинли шаҳар.
Вақт ҳам қочар пана жойларга.
Ҳар ён шошиб кетар одамлар.
Из қолдириб қора лойларга.

Ёдга тушар шу дамда ёшлик.
Ёдга тушар хиёбон, оқшом.
Ва чеккада сокин ўриндиқ.
Шамол ўйнаб қилгани хиром.

Ёдга тушар, ҳўл дарахтларнинг,
кўзларидан оққан томчилар.
Ва мудроқи синиқ баргларнинг,
бандларини узган қамчилар.

Ёйиларди туман сездирмай.
Айланарди ёмғир ҳам қорга.
Ўриндиқ ўз жойидан жилмай.
Музлар эди қиш билан бирга…

Сайр этардим хаёлим билан.
Кузатарди йиғлоқи осмон.
Излаб келдим, турибди экан.
Бўш ўриндиқ, сокин хиёбон.

Аммо бунда энди ёлғизман.
Ёмғирпўшин тутмайди ҳеч ким.
Келишимни зор кутиб Сиздай.
Ўриндиқда ўтирмас севгим…

ОҚШОМ

Декабрнинг сокин оқшоми.
Ой фусункор таратар ёғду.
Булут гоҳо қоплар самони,
Гоҳо ойга қаратар кўзгу…

Юпун кийган, совқотган шамол.
Югуради боғда ҳувиллаб.
Ғичирлайди чинорлар беҳол,
Қовоқ уйиб эснар ғулдираб.

Кўлмакдаги сув ухлайди жим.
Тортиб қўяр музли кўрпасин.
Мўридаги тутун бетиним,
Кўкка ҳайдар туннинг шарпасин.

Паналарда, зулмат қўйнида,
Ой нурига қонган томчилар.
Майсаларнинг мудроқ бўйнига,
оппоқ қиров бўлиб санчилар.

Соғинади такрор кумушранг,
Қор парчасин қаҳратон замин.
Эшитилар олисдан аранг,
Дайди итлар увлаб, ҳургани…

Ўтирарми руҳим шу дамда,
Тарк этади иссиқ хонамни.
Юпун кийган шамолни ҳайдаб,
Ташлаб кетар титроқ танамни…

ШАМОЛ

Шамоллар чайқалиб сочимни тўзди.
Малаклар эркалаб сўзларим ёдлар.
Фақат, излайвердим бир хумор кўзни.
Йўлларим тўсолмас шамолли ғовлар.
Уйғонар ваҳдатдан,
уйғонар борлиқ.
Уйғонар хотирда ухлаган ҳислар.
Митти юрагимга қиларми торлик…
Жаннатда ўй сурар хуморкўз қизлар.
Юраман ортимда нурли изларим.
Маъволар кенгаяр, дониш фикридай.
Энди нур таратса ойдин юзларим.
Мавжудот ҳамд айтган Холиқ зикридан.
Мавжланиб уммонга айланса қалбим.
Тўлқинлар ин қурса ўжар амримга.
Хуморкўз сўз излаб изғисам, қадим.
Ўтмиш даҳмалари сиғса сабримга.
Ё, Худо дегину,
малаклар кутган.
Ёғдули сўзларинг аъмолга ёздир…
Ваҳдатда парқутдай нурларни ютган.
Жаннат шамоллари сочимни тўзғир…

СЎЗ СОЯСИ

Деразадан нур боқди ҳорғин.
Имиллади оқлаб жавонни.
Шууримни ёритди олдин.
Ойдинлатди сўнг сўзқозонни…
Шеъристонга айланган ҳужрам,
Эснай бошлар қоғоз – титроқдан.
Сеҳристондан йўналган нурлар.
Ёғдуланиб келар йироқдан.
Соат чирқи сас берар мавҳум.
Милларидан фурсат чошлайман.
Шеъристонда нуқралар гавжум…
Қалам билан юра бошлайман…
Лўкиллайди қалам ортимдан.
Бироз тўхта дея зорланар.
Қуюлади недир хотирдан.
Гўзал келин каби нозланар.
Қўлларимда нуртутгич олиб.
Илғамоқлик учун лаҳзани.
Хаёлларни ҳар куйга солиб.
Қувиб кетдим ойдин шарпани.
Нелар кечди шу дам вужудда.
Қутқулади ҳислар ғояси…
Титроқлаган оппоқ қоғозда.
Хира тортди сўзлар сояси…

АРОСАТ

Бир кўча бошида ухлайди ғафлат.
Ухлайди сўнгида саодат сатри.
Бўзчи мокисидай югурдим фақат.
Шундай ўтаверди ҳаётим асри.

Гоҳ сўлда телбавор жунунлар билан,
дунёни унутиб рақсга тушдим.
Гоҳ ўнгда таҳажжуд, тоатлар-ла ман,
Руҳимни тебратди тақволи ҳушим…

Ҳаммаслак кўриндим, гоҳи шайтоннинг,
васваса чоҳига қуладим ғариб.
Гоҳида раҳмдил Холиқ Раҳмоннинг,
Оятларин ўқиб, юрдим тебраниб.

Қалбимда ҳаяжон Ҳақ ишқи дея,
мастона кўриндим мисралар битиб.
Гоҳида ғафлатдан насибам ея,
битта сўз изладим, юрагим титиб.

Муҳожир ҳам ўзим, Ансорда менман.
Ўзимга беряпман Ўзим байъатим.
Ҳар лаҳза хаёлда қуйилиб келган,
Бир гўзал туйғудан келар ҳайратим.

Энди ҳар лаҳзада чайқалаверар.
Теграмда солланар камолот қасри.
Жаннат ва дўзахга айланаверар,
бўзчи мокисидай аросат асри…

САВОЛ

Ўша бизни ҳеч ким эсламаган тун.
Қайда деб бир кимса сўрмаган оқшом.
Умр йўлларида қайтарми бир кун.
Қайтарми ботинда илоҳий илҳом.
Қайтарми наргисранг лаҳзалар ғужғон.
Қайтарми ҳисларнинг мавжли дамлари.
Муаттар бўйингга бурканиб жаҳон.
Арирми қалбимдан соғинч ғамлари.
Қайтарми ложуард юлдуз рақсида.
Энтиккан нафасинг бадиҳалари.
Қайтарми кўзимнинг рангли аксида.
Нилуфар юзингнинг саҳифалари.
Қайтарми бир лаҳза, мастлик вужудда.
Меҳрнинг шукуҳи ёғарми шаррос.
Бир кеча умримнинг ярмидай тунда,
Қайтарми эпкиндай нозик эҳтирос.
Титроқлар қайтарми, каҳкашон осмон.
Зарафшон нурлари қайтарми бадар.
Ўша тун қайтарми, молики замон.
Бизларни яшатса маҳшарга қадар…
Ўша бизни ҳеч ким изламаган тун.
Қайда деб бир кимса сўрмаган кеча…
Мана яшаяпман юраккинам хун.
Яшаёлсам бўлди, ўша кунгача…

НАЙ

Най чалди дунёнинг кўҳлик ҳурлари.
Дилимни ҳурлардан обқочдим узоқ.
Кўзларим яшнатар ҳулво дурлари.
Она, яшаб қўйдим, керакдан кўпроқ.
Танг қотди вужудда тавбалар қати.
Иллийин кутарми муштоқ руҳимни.
Аммо, ивирсийман, дунё ҳилқати.
Йўлларимга мудом чиқарар кимни.
Тутқазар майкоса шарбатларида,
Бир ғариб бошимни дорларга тикдим.
Ҳаттоки душманнинг нафратларига.
Самимий, Одамий меҳримни тутдим.
Кезарди юксакда бир телбавор ҳис.
Бошимни силарди синов еллари.
Танамни ўраса кўлворлар илкис.
Кўзимни намласа ашким селлари.
Най чалса дунёнинг кўҳлик қизлари.
Нағмамга рақс этса дуркун шамоллар.
Ҳайратим оширса борлиқ ҳислари.
Най каби мунгланса, мискин хаёллар…

КАРВОН

Одимлаб бормоқда умр карвони.
Гоҳ дўлда, гоҳ чўлда тебранар норлар.
Юлдузга етмаган ҳаёт нарвони.
Манзилдан манзилга маҳшарга чорлар.
Мауаззам дарёдек оқар мавжланиб.
Ҳар норнинг елкаси юк олар вазмин.
Шиддатли босимлар борар авжланиб.
Яғриндор туялар чайқалар ҳазин.
Тасбеҳ донасидай йиллар бетўхтов.
Соатнинг чирқига ем бўлар йўллар.
Хачирлар йўрғалаб борар беўхшов.
Карвонга эргашар қузғун, қарғалар.
Кўрдим, туяларнинг қабатларида.
Хуржунига китоб ортилган харлар.
Мағрур тулпорларнинг қаватларида.
Юк босиб боряпди зийнату, зарлар.
Из қолар карвоннинг туёқларидан.
Тарихларга дўнар, мозий сарҳади.
Кутар карвонсарой маёқларидан.
Ҳаёжонга тўлар ҳислар масдари.
Ён-верда изғийди, қашқир, шоқоллар.
Кўппаклар эргашиб ҳуради тинмай.
Барханлар бағрида тўлғоқ шамоллар.
Бўронлар туғади, қарорин билмай.
Аста одимлайди умр карвони.
Ҳаёт ва ўлимнинг қаърида кезар.
Ҳар туя ўз йўлин ўзи сарбони.
Ҳар норки тақдирин ўзича безар.
Аллоҳим, манзилдан адаштирма, бас.
Осий гўшаларда дайдиган хорман…
Маҳшарга менгзанар йўлда ҳар нафас.
Умр карвонига эргашар норман…

ҲАЗРАТ

Дераза эпкини пардани елпиб,
изнсиз хонамга кирганда шамол.
Хушсуврат парилар ёнимга келиб,
Яна олисларга бошлайди хаёл…

Етаклар тарихнинг зарҳал қаърига.
Ҳирот йўлларида сайр этар руҳим.
Кўҳна Хуросоннинг сокин бағрига.
Уйғунлашиб борар дилда шукуҳим.

Хаёлан Ҳазратнинг масканин топиб,
Соҳир ҳаяжон-ла эшик қоқаман.
Парирўй нигорлар ҳижобин ёпиб.
Эшикбон сас берар: «–Ҳозир, очаман».

Аста ичкарилаб бораман, ё, Раб!!!
Шинам йўлакларда муаттар гуллар.
Ям-яшил дарахтлар уфққа қараб,
Шоирона илҳом ичида гурлар.

Чаҳ-чаҳлар, мен номин билмаган зарқуш.
Ариқлар жилдираб оқади рангин.
Жаннатда юргандай бўламан сархуш.
Мармар ҳовуз чаяр нилуфар баргин.

Аста уйғонади Афғон шамоли.
Саломга чоғланар булбуллар ғужғон.
Акс этар гулшанда Фирдавс жамоли.
Ҳар лаҳза қалбимни чулғар ҳаяжон.

Ичкари ҳовлида, ранглар саҳнида.
Сукутга толганча ўй сурар Ҳазрат…
Шу онда сузарми ғазал баҳрида.
Назм гулшанида болиға фикрат…

Яқинроқ бораман, нурли юзларин,
шуъласи атрофни ёритиб борар.
Муборак лафзида айтар сўзларин,
Котибул асрорлар тарихга ёзар…

Таъзим-ла, ҳаяжон қутқусин ёриб,
Гўзал Самарқанддан салом айтаман…
Ҳар куни хаёлан Ҳиротга бориб,
Ҳазратни бир бора кўриб қайтаман…

ҚАЙТИШ

Бир куни ёнингдан кетаман дайдиб.
Кейин тушларингда бўламан меҳмон.
Соҳира шеърлардан қўшиқлар айтиб.
Рўёга айланиб кетаман, ишон!

Бир куни самога талпинар қушдек.
Коинот қаърига чўкади руҳим.
Хотирам совутар қаҳратон қишдек.
Қайноқ ҳисларингни қучар андуҳим…

Бир куни ўзим ҳам кутмаган онда.
Поёнига етар, умр йўлларим.
Қўрқоқлар ғулувга кетган замонда.
Осмонга ўрлайди ботир қўлларим.

Бир куни ташвишга бурканган жабал.
Эрксевар оёғим қўйганда михлаб.
Бош олиб кетаман, ҳа, ўша маҳал!
Юлдузлар сачратиб, юрагинг тиғлаб.

Бир куни Ўзига етгайман тамом…
Кечир, осон эмас, барини айтиш…
Шошилиб кетаман Ҳақ васли томон.
Бир куни келади, энг буюк қайтиш…

ГАНДИ НОЛАСИ

Ҳиндистон!
Онажон! – хўрланган Замин!
Парилар сочидай чайқалган Ганга!
Дардим оғирлашиб боргани сайин.
Тобора боғланиб бордим Ватанга!
Ғарбий ўлкадаги Инглистоннинг.
Жонорол аталмиш авбош ёвлари.
Товони тўланмай қолган жаҳоннинг,
бағрида ўнгидан келар овлари…
Таланди қўйнингда ҳар зарра, замин!
Таланди бепоён ўрмонлар сатҳи!
Ҳатто Ҳинд уммони тубсиз сарҳадин,
эгаллар ажнабий аскарлар мадҳи…
Эгаллар гўзаллар нозик қўлларин!
Эгаллар покиза ҳарамларни ҳам.
Нишопур, Банипат, Деҳли йўлларин.
Эгаллар қўшиқлар завқини мотам…
Мўр-малаҳ жонлардай тебранар авом.
Тебранар осмоннинг мовий рашклари…
Минг йил-ки истибдод этмоқда давом.
Минг йил-ки ухлайди Ҳинднинг лашкари…
Кўз очинг уйқудан, мудроқ хаёллар!
Кўз очинг, ғафлатда ухлаган бу жон!!!
Ҳиндники бўлсинлар, Ҳинди аёллар!
Уйғонгин уйқудан Она Ҳиндистон!!!

АФҒОН ШАМОЛИ

Бир ёнда Сафедгох,
бир ён Сиёҳгох.
Ҳиндикуш бўйнида туташган тоғлар.
Дашти Марг бағридан тўзғиган тўзон.
Мозори Шарифнинг юрагин доғлар.
Сукутда Ҳазаржат чўққиларида.
Зардўшт косасидан тўкилган тошлар.
Фарахруд дарёсин ирмоқларида.
Қақраган қайғуни Хамунга бошлар.
Ўт олар Қандаҳор!
Ўт олар Ғазни!
Ўт олар Қобулнинг уйғоқ руҳлари!
Ёнмоқда Хашруднинг қайноқ ўзани.
Ёнмоқда Гармсер титроқ оҳлари!!!
Бир эпкин истарлар!
Ҳурлик истарлар!
Истарлар мозийга туташар синчлик!
Валийлар ухлаган хобларга қадар.
Афғон шамолига бермаслар тинчлик!

УЙҒУР КАМОНИ

Шарқдан мўралайди зарафшон қуёш.
Нурли найзасини санчади ерга.
Қошғар сарҳадида кўтарарми бош.
Зулумот лашкари, хун билан бирга.
Чиннинг деворидан сакрайди ҳатлаб.
Сакрайди фитнанинг улғаяр жони.
Туркнинг томирини юрагин хатлаб.
Ўлжага олинар Уйғур камони.
Олинар минг йиллик тарих қаърида,
Тибетга туташар заъфарон тоғлар.
Шинжон ўлкасининг шонли бағрида,
қонларга беланар жаннатий боғлар.
Рақс этар хўрликдан кўҳна қадрият!
Рақс этар боболар безовта хоки.
Урчийди ириган гуноҳ, маъсият!
Урчийди туҳматнинг чириган зоти.
Ниҳоллар қовжирар Урумчидаги.
Баҳорни кўрмаган гуллар қовжирар.
Занглайди кишанлар залворли қати.
Рукуъга энгашган бошлар довдирар.
Сиқувга солинар сур мухторият.
Солинар сиқувга озод шамоллар.
Она Туркистонда кезган ҳуррият.
Уйғур боласининг ҳажридан доғлар…
Ё, Худо дейман-у, қўлларим очиб.
Ҳурлик кунларингни тилаб ётарман.
Шоир юрагим-ла ғазабим сочиб.
Уйғур камони-ла шеърлар отарман…

АРАБ САҲРОСИ

Ўрта ер денгизин нам эпкинлари.
Синай чўққисини ювганда оқлаб.
Бадният шамолнинг чиркин кинлари.
Яқин Шарқ бағрини ўтмоқда ёқлаб…

Сайр этар калхатлар осмон бағрида.
Қанотин кенг ёзиб оғир ва вазмин.
Араб саҳросининг қайноқ қаърида.
Тобора болалаб борарми ҳазин.

Тўзонга қоришди Ғазо даштлари.
Тўзиди олисда Чўли Ироқ ҳам.
Ғамгин Суриянинг мард саркашлари.
Тўзон нағмасидан қаддилари хам.

Фарзанд доғларида куяр Фаластин.
Йиғлайди Дамашқда мунгли оналар.
Мақтуллар қотилдан ололмай қасдин.
Отасиз қолмоқда милён болалар.

Ҳамма ёқ тинч эмас энди Боғдодда.
Мазлумлар бир ёнда, золимлар бир ён.
Араб саҳросида ҳар бир боғотда.
Мушфиқа аёллар йиғлайди гирён.

Диллари хун бўлар баний Одамнинг.
Томоқдан ўтмайин қолади ошинг.
Қирилар очликдан халқи Яманнинг.
Нега кўринмайди кўзингда ёшинг?!

Тобора баландроқ учар чўққида.
Синай тоғларидан эсади эпкин.
Ўрта ер денгизин тўлқинларида.
Маъюс хотиралар сузмоқда эзгин…

УЗЛАТ

Бир куни,
бошимни паналаб, пинҳон,
Омонат жонимни қўлда ҳовучлаб.
Тугуним тугиллаб, солмайин сурон.
Узлатга чекинсам, юрмагин излаб…

Бир куни,
ўй суриб, минг йилликлардан,
Қадимлаб кетганда зулфиқор руҳим.
Шунда ҳаётимнинг йўлакларидан.
Излама кўксимдан учган андуҳим.

Бир куни,
зулфинни маҳкамлаб, жимиб,
Сукутга чўмганда қайноқ ҳисларим.
Шунда вужудинг-ла соғинчга дўниб,
Излама жисмимнинг нурсиз изларин.

Бир куни,
шохлари шитирлайтурғон.
Толбаргак баргидек хазонрез боғда.
Кузак шамоллари тўзганда тўзон.
Излама баргрезон васлим шу чоғда…

Бир куни,
воз кечиб, ҳою-ҳавасдан.
Ҳақ сари тобора борсам ёвуқроқ.
Ҳозир исиниб ол, у кун келмасдан.
Биламан, ўша кун бўлар совуқроқ…

Бир куни…

НУР

Шарқий уфқларда бош кўтарди нур.
Шарқий сокинликка бурканди осмон.
Булутлар – самода рақс этётган Ҳур.
Ёғдулар сузмоқда Ғарб уфқи томон.
Лаҳзада потирлар тўгарак дунда,
яшил қўйнидаги оппоқ шағамлар.
Эснаб уйғонётган далли очунда,
Шарқий уфқ нурини кутар одамлар.
Муаззин сас берар олис жомеъдан.
Шамоллар маст бўлиб эсар ҳар томон.
Уйқудан уйғонар қанча сомеъ тан.
Ва титраб кетади Ғарб уфқи шу он.
Шитирлаб ёғётган ёмғир сувлари,
Табиат ғуслини қилар мукаммал.
Ва тоғлар оқ сочин майин учлари,
Покиза сув сочар таҳорат маҳал.
Ва биздан олисда, жуда ҳам олис.
Сирли жабҳалардан оқ фаришталар.
Сафланиб келмоқда, тинсиз ва холис.
Қўлларига олиб нурли ришталар.
Аста бош кўтариб, уйғонар жабал.
Уйғонар Она ер мудроқ қирлари.
Ва Шарқий ёғдулар ёйилар маҳал.
Сочилар борлиққа Осмон нурлари.
Чоғланар тавбага борлиқ, коинот.
Чоғланар бомдоднинг истиғфорига.
Ва Шарқий уфқдан келётган нажот.
Фаришталар қўнар, кўнгил ғорига.
Айланар шу тарзда самовий нурлар.
Айланар Шарқдан то Ғарб уфқи томон.
Ўртада гувоҳдир, булутли Ҳурлар.
Ва гувоҳ ўртада Ёғдули Замон…

МОҲИМ

Баҳор келди. Ёмғирлар сероб.
Зериктирар ҳамалнинг дами.
Соғинч тўла юракда азоб.
Тўлмагайдир ишқимнинг ками…

Тўлмагайдир, ҳовучимда сув.
Тўлмагайдир кўнгил баридан.
Мени бойлаб кетган бир сулув
Ишқ уйғотиб кўнгил қаъридан…

Ишқ уйғотар тонгларим ёрқин.
Ҳар нафасда энтикар оҳим.
Аммо ҳамал кўлами ҳорғин.
Ёмғирпўш-ла бекинар Моҳим.

ПАРЧА

Бир оташ ёнгайдир,
Бир ишқ ёнгайдир.
Ёнгайдир, атрофга таратиб нурин.
Кўланка солади, титроқ вужудлар.
Ё, Худо, асрагил,
асрий забоним.
Бир ҳис бер, ёнгувчи,
Оташдан учқун.
Бир лаб бер,
пичирлай, оятлар сеҳрин.
Бир қалб бер,
тоабад Сени севгувчи…
Ё, Худо, мунглаган,
Ҳислар юртидан.
Бир туйнук очилмай,
бир тан совумай.
Поёнига етмай,
умр йўлларим.
Бир садо чорласа,
ғафлатда ётмай.
Ўзингга элтувчи,
шарафли йўл бер.
Қўл бер, дарғаларда,
тойинсам, баъзан.
Кўкларга етгувчи,
парвоз бер баланд.
Бир руҳ бер,
Ҳақ келса, жонни аямай,
Нафсига жаҳд қилар,
битта иймон бер…
Ё, Худо,
Самолар йиқилар кунда,
Тоғлар-да саробдай, тўзимай бурун.
Ва дарё буғланиб,
қуришдан аввал,
Ва ер ҳам текислаб,
ёрилмасидан.
Зилзила ютмасдан, каҳкашон заҳрин.
Бир ишқ бер,
севгувчи,
Ёнувчи қалб бер…
Ва ишқим тафтидан,
исинсин бағрим…

ТАҲАЖЖУД

Сокин ва сукунли,
тун ётар жим-жит.
Шарпалар шитирлаб кезган тун ётар.
Борлиқни ухлатар,
бу ажиб жимлик.
Ой нурин бетиним заминга отар.

Ухлайди,
шамолнинг дайди еллари.
Қушларда паналаб олади ором.
Улкан дарахтларнинг шохли қўллари.
Тунги кўйлагида айлайди хиром.

Уйқуда коинот,
уйқуда тоғлар.
Ухлайди,
тонгларни кутган ҳар хаёл…
Номаълум ҳужрада,
уйқуни боғлаб,
Таҳажжудда турар,
номаълум аёл…

ҲУКМ

Абдулла Қодирий хотирасига

Оламни титратди ўқнинг овози…
Нил каби манглайдан оқди иссиқ қон.
Синдими бағрингда шер ўғлон сози,
О, Она Туркистон, Она Туркистон…

Энди ҳувилларми,
яшил боғларинг.
Куз расмин чизарми хазонрез фалак.
Юрагинг ўртаган фарзанд доғларинг.
Қизларинг қайғуда ётар жонсарак.

Энди, хаёллардан ворид шажарда,
турфа ранг бўёқлар сепилган йўллар,
Гузару, ноҳия, ҳар бир шаҳарда.
Алвонранг туғларни тутарми қўллар.

Паналаб хоинлар,
ёқаси ичра,
гумдон бўладирми чиркин бошлари.
Энди самолардан, вужудинг узра,
ёғмасми тунларнинг қонли ёшлари.

Энди жўмардларни қийратган қирон,
Покиза бошларга отилган туҳмат,
Орсиз бағирларда урчиган чаён,
Урчиса иблисранг бадбўй хусумат…

Энди воҳаларда дайдиган нурлар,
қўнимин топмаган девона шамол,
сочларин тимдалаб йиғлаган ҳурлар,
Энди хотирингни ўртар бир савол…

Саволки, мардларни йиғлатар беун.
Саволки бағрингдан отилган вулқон.
Ёвга терс боқмаган жўмардлар учун.
Бир сиқим тупроғинг бўлдими макон?!

  11 Orifjon Komilning feysbukdagi sahifasida e’lon qilingan she’rlari ko’pchilik davradoshlari nazariga tushdi. Davradoshlarimning ayrimlari,xususan Umid Ali menga yosh shoir ijodiga diqqat qilishimni so’rashdi. Bugungi sahifamizda   Orifjonning she’rlariga sizning diqqatingizni qaratishni istadik.

  Yana aytishim lozimki, Orifjonning she’rlarini saralab o’tirmay, tinish belgilarini tuzatmay, ya’ni sizga ham ish qoldirib, taqdim etmoqdaman.

Orifjon KOMIL
SHE’RLAR
07

SHIMOL NAFASI

Ekvatordan kun og’di sharqqa,13
Muzliklarni kuzatdi oftob.
O’rab oldi yupun yo’rgakka,
Tun zulmatin yoritgan mohtob.

Uzoqlashib bordi manzillar,
Qish havosi ezdi tanamni.
Qo’llarimni qayirdi yo’llar,
Tark etyapman ko’ngil xonamni.

Milyon to’fon bag’rida uvlab,
Qor bo’ronin o’ynadi hislar.
Yuragimni olmadek quvlab,
Tashlab ketdi xazonli kuzlar.

Ekvatordan og’averdi kun.
Yaraldi pok iymon dardlari.
Qish qa’rida yotarkan uzun,
Olis shimol ko’m-ko’k mardlari.

Tang’ib bordim ruhimda tanglik,
Ovozamdan tabiat hurdi.
Ekvatordan og’gan taranglik,
Tap tortmayin o’tmishga yurdi.

Endi hijron bordir, muzlagan,
Diydor qoldi qorlarga cho’mib.
Qahratonda uvlab bo’zlagan,
O’tmishimni kelyapman ko’mib…

Ekvatordan og’di o’ylarim…

MA’SUM XAYOL

Eh, Sizni jannatning,
Poyidan topdim.
Gul bargi tebrandi hayajonimdan.
Bir ma’sum xayolning izidan chopdim,
Sabolar suqlanib o’tdi yonimdan…
Shu kunning munavvar lahza-onlari,
Qalbimni quvonchga to’ldirgani rost.
Bari haqiqatdir, birma-bir aytsam
Botiniy hislarim – zohirimga mos…
Ko’zingiz yoshlanib, yorug’ manzilda,
Bir g’uncha atrining izidan choping.
Ey, Gulim, entikib ro’zi mahsharda,
Vaslimni jannatning
Poyidan toping…

ONA TUPROQ

Nonday aziz bu Ona tuproq.
Aziz unda ungan maysalar.
Uni Bobom sevardi ko’proq.
Erkalardi, qo’lda maydalab.

Ming yillikning qa’rida yotgan,
Olis moziy sarhadlarida.
Iskandarning qo’lida qotgan,
Tuproq uxlar cho’l barxanida.

Qadim jo’mard o’sha Shiroqning.
Topingani, suygani – Vatan.
To’marisdek oqila zotning,
Ko’zlariga to’tiyo bo’lgan.

Muqannaning bayroqlarida,
Gardi yuqib hilpiragan zar.
Azim tog’lar so’qmoqlarida,
Hamon o’sha shijoat uxlar.

Havonida Ibni Sinoning,
Malhamiga qorishgan, jondek,
Buxoriydek ulug’ siymoning,
Sahihida toza imondek.

Beruniyning poyida ungan,
Ulug’lagan bir toza xoksan.
Xallojingni hasratla ko’mgan,
Attoringni eslab g’amnoksan.

Temur seni muqaddas bilib,
Asraganda onasi kabi.
Har bir zarrang uchun jang qilib,
Seni qo’rish edi matlabi.

Navoiyning dilbar nazmiga,
Tasvirlandi shavkatu shoning.
YO, Mashrabning oshiq bazmiga,
Singib ketdi xokisor qoning.

Milyon marta yog’iy lashkari,
Toptaganda muqaddas yuzing.
Erman degan elning mardlari,
Fido qildi elim deb o’zin.

Hindlab ketgan xasta Boburning,
Hislarida titragan bir jon,
Tushlariga kirardi uning,
Gullab yotgan xoki Andijon.

Aytaversam tarix qa’ridan,
Tiriltirsam minglab xotirni.
Kuylanmagan doston bag’ridan,
Tilga olsam, ne-ne botirni.

Tugamaydi bu kuy, daf’atan,
Zabonimda tugasa so’zlar.
Mana, tuproq bir siqim – Vatan.
Vujud asli makonin izlar.

Qachon ketar bo’lsam boqiyga,
Farzandimdan suygancha ko’proq,
Pok tanamni olib bag’riga,
Erkalaydi shu Ona tuproq…

ISHQ

Bugun anglab yetdim barini.
Ayon bo’ldi oydin haqiqat.
Titkilabman ko’ngil qa’rini.
Ko’ngil bo’lib qolibman faqat.

Angladimki, ishqdan ayromas,
Vujuddagi har bir hujayram.
Angladimki, tomirda qonmas,
Ishq olovi oqar muntazam.

Angladimki, toza vujudda,
Jilva qilgan bu zulfiqor ruh,
Boshdan oyoq sohir hududda.
Tavbalardan tuyadi shukuh.

Angladimki, gunohlar qismat.
Singib ketgan manglay toshiga.
Pushaymonlik eng oliy ismat,
Tavba yotar taqvo boshida.

Angladimki, ayromas ishqdan.
Tanamdagi omonat bu jon.
Qo’l yuvaman endi har ishdan.
O’zing qo’lla endi Xudojon.

Angladimki, maqsadim faqat,
Roziliging topmoq aslida.
Ishq oldida yo’qolur toqat.
Ko’ngil tashna Haqning vasliga.

Angladimki, ishqimdan bo’lak,
O’tkinchidir mayda lash-lushlar.
Endi uchib ketolsam kerak,
Uchgan kabi samoviy qushlar.

Angladimki, ishq to’la jomdan,
Tomchi totgan sayyor ovchiman.
Hatlab o’tib ketaman tomdan,
Siz tanigan bir yo’lovchiman.

Angladimki, haqiqat nedir,
Nedir asli ko’ngil maslagi.
Endi faqat ishq mayin keltir.
Endi faqat ishqdir matlabim.

Angladimki, sajdagohimda,
Mehrobimda, Ka’bamda ham ishq.
Tasbeh aytgan har bayotimda,
Gunohimda, tavbamda ham ishq.

Angladimki, o’tli ro’yoda,
Faqat bitta haqiqat bisyor.
Bu o’tkinchi yolg’on dunyoda,
Bitta Xudo va bitta Ishq bor…

O’RINDIQ

Tongdan qovoq uyvoldi osmon.
Sevaladi yomg’ir shitirlab.
Yomg’irpo’shni ko’rardim yomon.
Yayov yurib ketdim yomg’irlab.

Ezg’iladim namchil yo’lakni.
Kavshanardi tuproq suv ichib.
Yodga olib kechgi kuzakni.
Bulut yig’lar edi ichikib.

Shovullardi shovqinli shahar.
Vaqt ham qochar pana joylarga.
Har yon shoshib ketar odamlar.
Iz qoldirib qora loylarga.

Yodga tushar shu damda yoshlik.
Yodga tushar xiyobon, oqshom.
Va chekkada sokin o’rindiq.
Shamol o’ynab qilgani xirom.

Yodga tushar, ho’l daraxtlarning,
ko’zlaridan oqqan tomchilar.
Va mudroqi siniq barglarning,
bandlarini uzgan qamchilar.

Yoyilardi tuman sezdirmay.
Aylanardi yomg’ir ham qorga.
O’rindiq o’z joyidan jilmay.
Muzlar edi qish bilan birga…

Sayr etardim xayolim bilan.
Kuzatardi yig’loqi osmon.
Izlab keldim, turibdi ekan.
Bo’sh o’rindiq, sokin xiyobon.

Ammo bunda endi yolg’izman.
Yomg’irpo’shin tutmaydi hech kim.
Kelishimni zor kutib Sizday.
O’rindiqda o’tirmas sevgim…

OQSHOM

Dekabrning sokin oqshomi.
Oy fusunkor taratar yog’du.
Bulut goho qoplar samoni,
Goho oyga qaratar ko’zgu…

Yupun kiygan, sovqotgan shamol.
Yuguradi bog’da huvillab.
G’ichirlaydi chinorlar behol,
Qovoq uyib esnar g’uldirab.

Ko’lmakdagi suv uxlaydi jim.
Tortib qo’yar muzli ko’rpasin.
Mo’ridagi tutun betinim,
Ko’kka haydar tunning sharpasin.

Panalarda, zulmat qo’ynida,
Oy nuriga qongan tomchilar.
Maysalarning mudroq bo’yniga,
oppoq qirov bo’lib sanchilar.

Sog’inadi takror kumushrang,
Qor parchasin qahraton zamin.
Eshitilar olisdan arang,
Daydi itlar uvlab, hurgani…

O’tirarmi ruhim shu damda,
Tark etadi issiq xonamni.
Yupun kiygan shamolni haydab,
Tashlab ketar titroq tanamni…

SHAMOL

Shamollar chayqalib sochimni to’zdi.
Malaklar erkalab so’zlarim yodlar.
Faqat, izlayverdim bir xumor ko’zni.
Yo’llarim to’solmas shamolli g’ovlar.
Uyg’onar vahdatdan,
uyg’onar borliq.
Uyg’onar xotirda uxlagan hislar.
Mitti yuragimga qilarmi torlik…
Jannatda o’y surar xumorko’z qizlar.
Yuraman ortimda nurli izlarim.
Ma’volar kengayar, donish fikriday.
Endi nur taratsa oydin yuzlarim.
Mavjudot hamd aytgan Xoliq zikridan.
Mavjlanib ummonga aylansa qalbim.
To’lqinlar in qursa o’jar amrimga.
Xumorko’z so’z izlab izg’isam, qadim.
O’tmish dahmalari sig’sa sabrimga.
YO, Xudo deginu,
malaklar kutgan.
Yog’duli so’zlaring a’molga yozdir…
Vahdatda parqutday nurlarni yutgan.
Jannat shamollari sochimni to’zg’ir…

SO’Z SOYASI

Derazadan nur boqdi horg’in.
Imilladi oqlab javonni.
Shuurimni yoritdi oldin.
Oydinlatdi so’ng so’zqozonni…
She’ristonga aylangan hujram,
Esnay boshlar qog’oz – titroqdan.
Sehristondan yo’nalgan nurlar.
Yog’dulanib kelar yiroqdan.
Soat chirqi sas berar mavhum.
Millaridan fursat choshlayman.
She’ristonda nuqralar gavjum…
Qalam bilan yura boshlayman…
Lo’killaydi qalam ortimdan.
Biroz to’xta deya zorlanar.
Quyuladi nedir xotirdan.
Go’zal kelin kabi nozlanar.
Qo’llarimda nurtutgich olib.
Ilg’amoqlik uchun lahzani.
Xayollarni har kuyga solib.
Quvib ketdim oydin sharpani.
Nelar kechdi shu dam vujudda.
Qutquladi hislar g’oyasi…
Titroqlagan oppoq qog’ozda.
Xira tortdi so’zlar soyasi…

AROSAT

Bir ko’cha boshida uxlaydi g’aflat.
Uxlaydi so’ngida saodat satri.
Bo’zchi mokisiday yugurdim faqat.
Shunday o’taverdi hayotim asri.

Goh so’lda telbavor jununlar bilan,
dunyoni unutib raqsga tushdim.
Goh o’ngda tahajjud, toatlar-la man,
Ruhimni tebratdi taqvoli hushim…

Hammaslak ko’rindim, gohi shaytonning,
vasvasa chohiga quladim g’arib.
Gohida rahmdil Xoliq Rahmonning,
Oyatlarin o’qib, yurdim tebranib.

Qalbimda hayajon Haq ishqi deya,
mastona ko’rindim misralar bitib.
Gohida g’aflatdan nasibam yeya,
bitta so’z izladim, yuragim titib.

Muhojir ham o’zim, Ansorda menman.
O’zimga beryapman O’zim bay’atim.
Har lahza xayolda quyilib kelgan,
Bir go’zal tuyg’udan kelar hayratim.

Endi har lahzada chayqalaverar.
Tegramda sollanar kamolot qasri.
Jannat va do’zaxga aylanaverar,
bo’zchi mokisiday arosat asri…

SAVOL

O’sha bizni hech kim eslamagan tun.
Qayda deb bir kimsa so’rmagan oqshom.
Umr yo’llarida qaytarmi bir kun.
Qaytarmi botinda ilohiy ilhom.
Qaytarmi nargisrang lahzalar g’ujg’on.
Qaytarmi hislarning mavjli damlari.
Muattar bo’yingga burkanib jahon.
Arirmi qalbimdan sog’inch g’amlari.
Qaytarmi lojuard yulduz raqsida.
Entikkan nafasing badihalari.
Qaytarmi ko’zimning rangli aksida.
Nilufar yuzingning sahifalari.
Qaytarmi bir lahza, mastlik vujudda.
Mehrning shukuhi yog’armi sharros.
Bir kecha umrimning yarmiday tunda,
Qaytarmi epkinday nozik ehtiros.
Titroqlar qaytarmi, kahkashon osmon.
Zarafshon nurlari qaytarmi badar.
O’sha tun qaytarmi, moliki zamon.
Bizlarni yashatsa mahsharga qadar…
O’sha bizni hech kim izlamagan tun.
Qayda deb bir kimsa so’rmagan kecha…
Mana yashayapman yurakkinam xun.
Yashayolsam bo’ldi, o’sha kungacha…

NAY

Nay chaldi dunyoning ko’hlik hurlari.
Dilimni hurlardan obqochdim uzoq.
Ko’zlarim yashnatar hulvo durlari.
Ona, yashab qo’ydim, kerakdan ko’proq.
Tang qotdi vujudda tavbalar qati.
Illiyin kutarmi mushtoq ruhimni.
Ammo, ivirsiyman, dunyo hilqati.
Yo’llarimga mudom chiqarar kimni.
Tutqazar maykosa sharbatlarida,
Bir g’arib boshimni dorlarga tikdim.
Hattoki dushmanning nafratlariga.
Samimiy, Odamiy mehrimni tutdim.
Kezardi yuksakda bir telbavor his.
Boshimni silardi sinov yellari.
Tanamni o’rasa ko’lvorlar ilkis.
Ko’zimni namlasa ashkim sellari.
Nay chalsa dunyoning ko’hlik qizlari.
Nag’mamga raqs etsa durkun shamollar.
Hayratim oshirsa borliq hislari.
Nay kabi munglansa, miskin xayollar…

KARVON

Odimlab bormoqda umr karvoni.
Goh do’lda, goh cho’lda tebranar norlar.
Yulduzga yetmagan hayot narvoni.
Manzildan manzilga mahsharga chorlar.
Mauazzam daryodek oqar mavjlanib.
Har norning yelkasi yuk olar vazmin.
Shiddatli bosimlar borar avjlanib.
Yag’rindor tuyalar chayqalar hazin.
Tasbeh donasiday yillar beto’xtov.
Soatning chirqiga yem bo’lar yo’llar.
Xachirlar yo’rg’alab borar beo’xshov.
Karvonga ergashar quzg’un, qarg’alar.
Ko’rdim, tuyalarning qabatlarida.
Xurjuniga kitob ortilgan xarlar.
Mag’rur tulporlarning qavatlarida.
Yuk bosib boryapdi ziynatu, zarlar.
Iz qolar karvonning tuyoqlaridan.
Tarixlarga do’nar, moziy sarhadi.
Kutar karvonsaroy mayoqlaridan.
Hayojonga to’lar hislar masdari.
Yon-verda izg’iydi, qashqir, shoqollar.
Ko’ppaklar ergashib huradi tinmay.
Barxanlar bag’rida to’lg’oq shamollar.
Bo’ronlar tug’adi, qarorin bilmay.
Asta odimlaydi umr karvoni.
Hayot va o’limning qa’rida kezar.
Har tuya o’z yo’lin o’zi sarboni.
Har norki taqdirin o’zicha bezar.
Allohim, manzildan adashtirma, bas.
Osiy go’shalarda daydigan xorman…
Mahsharga mengzanar yo’lda har nafas.
Umr karvoniga ergashar norman…

HAZRAT

Deraza epkini pardani yelpib,
iznsiz xonamga kirganda shamol.
Xushsuvrat parilar yonimga kelib,
Yana olislarga boshlaydi xayol…

Yetaklar tarixning zarhal qa’riga.
Hirot yo’llarida sayr etar ruhim.
Ko’hna Xurosonning sokin bag’riga.
Uyg’unlashib borar dilda shukuhim.

Xayolan Hazratning maskanin topib,
Sohir hayajon-la eshik qoqaman.
Pariro’y nigorlar hijobin yopib.
Eshikbon sas berar: «–Hozir, ochaman».

Asta ichkarilab boraman, yo, Rab!!!
Shinam yo’laklarda muattar gullar.
Yam-yashil daraxtlar ufqqa qarab,
Shoirona ilhom ichida gurlar.

Chah-chahlar, men nomin bilmagan zarqush.
Ariqlar jildirab oqadi rangin.
Jannatda yurganday bo’laman sarxush.
Marmar hovuz chayar nilufar bargin.

Asta uyg’onadi Afg’on shamoli.
Salomga chog’lanar bulbullar g’ujg’on.
Aks etar gulshanda Firdavs jamoli.
Har lahza qalbimni chulg’ar hayajon.

Ichkari hovlida, ranglar sahnida.
Sukutga tolgancha o’y surar Hazrat…
Shu onda suzarmi g’azal bahrida.
Nazm gulshanida bolig’a fikrat…

Yaqinroq boraman, nurli yuzlarin,
shu’lasi atrofni yoritib borar.
Muborak lafzida aytar so’zlarin,
Kotibul asrorlar tarixga yozar…

Ta’zim-la, hayajon qutqusin yorib,
Go’zal Samarqanddan salom aytaman…
Har kuni xayolan Hirotga borib,
Hazratni bir bora ko’rib qaytaman…

QAYTISH

Bir kuni yoningdan ketaman daydib.
Keyin tushlaringda bo’laman mehmon.
Sohira she’rlardan qo’shiqlar aytib.
Ro’yoga aylanib ketaman, ishon!

Bir kuni samoga talpinar qushdek.
Koinot qa’riga cho’kadi ruhim.
Xotiram sovutar qahraton qishdek.
Qaynoq hislaringni quchar anduhim…

Bir kuni o’zim ham kutmagan onda.
Poyoniga yetar, umr yo’llarim.
Qo’rqoqlar g’uluvga ketgan zamonda.
Osmonga o’rlaydi botir qo’llarim.

Bir kuni tashvishga burkangan jabal.
Erksevar oyog’im qo’yganda mixlab.
Bosh olib ketaman, ha, o’sha mahal!
Yulduzlar sachratib, yuraging tig’lab.

Bir kuni O’ziga yetgayman tamom…
Kechir, oson emas, barini aytish…
Shoshilib ketaman Haq vasli tomon.
Bir kuni keladi, eng buyuk qaytish…

GANDI NOLASI

Hindiston!
Onajon! – xo’rlangan Zamin!
Parilar sochiday chayqalgan Ganga!
Dardim og’irlashib borgani sayin.
Tobora bog’lanib bordim Vatanga!
G’arbiy o’lkadagi Inglistonning.
Jonorol atalmish avbosh yovlari.
Tovoni to’lanmay qolgan jahonning,
bag’rida o’ngidan kelar ovlari…
Talandi qo’yningda har zarra, zamin!
Talandi bepoyon o’rmonlar sathi!
Hatto Hind ummoni tubsiz sarhadin,
egallar ajnabiy askarlar madhi…
Egallar go’zallar nozik qo’llarin!
Egallar pokiza haramlarni ham.
Nishopur, Banipat, Dehli yo’llarin.
Egallar qo’shiqlar zavqini motam…
Mo’r-malah jonlarday tebranar avom.
Tebranar osmonning moviy rashklari…
Ming yil-ki istibdod etmoqda davom.
Ming yil-ki uxlaydi Hindning lashkari…
Ko’z oching uyqudan, mudroq xayollar!
Ko’z oching, g’aflatda uxlagan bu jon!!!
Hindniki bo’lsinlar, Hindi ayollar!
Uyg’ongin uyqudan Ona Hindiston!!!

AFG’ON SHAMOLI

Bir yonda Safedgox,
bir yon Siyohgox.
Hindikush bo’ynida tutashgan tog’lar.
Dashti Marg bag’ridan to’zg’igan to’zon.
Mozori Sharifning yuragin dog’lar.
Sukutda Hazarjat cho’qqilarida.
Zardo’sht kosasidan to’kilgan toshlar.
Faraxrud daryosin irmoqlarida.
Qaqragan qayg’uni Xamunga boshlar.
O’t olar Qandahor!
O’t olar G’azni!
O’t olar Qobulning uyg’oq ruhlari!
Yonmoqda Xashrudning qaynoq o’zani.
Yonmoqda Garmser titroq ohlari!!!
Bir epkin istarlar!
Hurlik istarlar!
Istarlar moziyga tutashar sinchlik!
Valiylar uxlagan xoblarga qadar.
Afg’on shamoliga bermaslar tinchlik!

UYG’UR KAMONI

Sharqdan mo’ralaydi zarafshon quyosh.
Nurli nayzasini sanchadi yerga.
Qoshg’ar sarhadida ko’tararmi bosh.
Zulumot lashkari, xun bilan birga.
Chinning devoridan sakraydi hatlab.
Sakraydi fitnaning ulg’ayar joni.
Turkning tomirini yuragin xatlab.
O’ljaga olinar Uyg’ur kamoni.
Olinar ming yillik tarix qa’rida,
Tibetga tutashar za’faron tog’lar.
Shinjon o’lkasining shonli bag’rida,
qonlarga belanar jannatiy bog’lar.
Raqs etar xo’rlikdan ko’hna qadriyat!
Raqs etar bobolar bezovta xoki.
Urchiydi irigan gunoh, ma’siyat!
Urchiydi tuhmatning chirigan zoti.
Nihollar qovjirar Urumchidagi.
Bahorni ko’rmagan gullar qovjirar.
Zanglaydi kishanlar zalvorli qati.
Ruku’ga engashgan boshlar dovdirar.
Siquvga solinar sur muxtoriyat.
Solinar siquvga ozod shamollar.
Ona Turkistonda kezgan hurriyat.
Uyg’ur bolasining hajridan dog’lar…
YO, Xudo deyman-u, qo’llarim ochib.
Hurlik kunlaringni tilab yotarman.
Shoir yuragim-la g’azabim sochib.
Uyg’ur kamoni-la she’rlar otarman…

ARAB SAHROSI

O’rta yer dengizin nam epkinlari.
Sinay cho’qqisini yuvganda oqlab.
Badniyat shamolning chirkin kinlari.
Yaqin Sharq bag’rini o’tmoqda yoqlab…

Sayr etar kalxatlar osmon bag’rida.
Qanotin keng yozib og’ir va vazmin.
Arab sahrosining qaynoq qa’rida.
Tobora bolalab borarmi hazin.

To’zonga qorishdi G’azo dashtlari.
To’zidi olisda Cho’li Iroq ham.
G’amgin Suriyaning mard sarkashlari.
To’zon nag’masidan qaddilari xam.

Farzand dog’larida kuyar Falastin.
Yig’laydi Damashqda mungli onalar.
Maqtullar qotildan ololmay qasdin.
Otasiz qolmoqda milyon bolalar.

Hamma yoq tinch emas endi Bog’dodda.
Mazlumlar bir yonda, zolimlar bir yon.
Arab sahrosida har bir bog’otda.
Mushfiqa ayollar yig’laydi giryon.

Dillari xun bo’lar baniy Odamning.
Tomoqdan o’tmayin qoladi oshing.
Qirilar ochlikdan xalqi Yamanning.
Nega ko’rinmaydi ko’zingda yoshing?!

Tobora balandroq uchar cho’qqida.
Sinay tog’laridan esadi epkin.
O’rta yer dengizin to’lqinlarida.
Ma’yus xotiralar suzmoqda ezgin…

UZLAT

Bir kuni,
boshimni panalab, pinhon,
Omonat jonimni qo’lda hovuchlab.
Tugunim tugillab, solmayin suron.
Uzlatga chekinsam, yurmagin izlab…

Bir kuni,
o’y surib, ming yilliklardan,
Qadimlab ketganda zulfiqor ruhim.
Shunda hayotimning yo’laklaridan.
Izlama ko’ksimdan uchgan anduhim.

Bir kuni,
zulfinni mahkamlab, jimib,
Sukutga cho’mganda qaynoq hislarim.
Shunda vujuding-la sog’inchga do’nib,
Izlama jismimning nursiz izlarin.

Bir kuni,
shoxlari shitirlayturg’on.
Tolbargak bargidek xazonrez bog’da.
Kuzak shamollari to’zganda to’zon.
Izlama bargrezon vaslim shu chog’da…

Bir kuni,
voz kechib, hoyu-havasdan.
Haq sari tobora borsam yovuqroq.
Hozir isinib ol, u kun kelmasdan.
Bilaman, o’sha kun bo’lar sovuqroq…

Bir kuni…

NUR

Sharqiy ufqlarda bosh ko’tardi nur.
Sharqiy sokinlikka burkandi osmon.
Bulutlar – samoda raqs etyotgan Hur.
Yog’dular suzmoqda G’arb ufqi tomon.
Lahzada potirlar to’garak dunda,
yashil qo’ynidagi oppoq shag’amlar.
Esnab uyg’onyotgan dalli ochunda,
Sharqiy ufq nurini kutar odamlar.
Muazzin sas berar olis jome’dan.
Shamollar mast bo’lib esar har tomon.
Uyqudan uyg’onar qancha some’ tan.
Va titrab ketadi G’arb ufqi shu on.
Shitirlab yog’yotgan yomg’ir suvlari,
Tabiat g’uslini qilar mukammal.
Va tog’lar oq sochin mayin uchlari,
Pokiza suv sochar tahorat mahal.
Va bizdan olisda, juda ham olis.
Sirli jabhalardan oq farishtalar.
Saflanib kelmoqda, tinsiz va xolis.
Qo’llariga olib nurli rishtalar.
Asta bosh ko’tarib, uyg’onar jabal.
Uyg’onar Ona yer mudroq qirlari.
Va Sharqiy yog’dular yoyilar mahal.
Sochilar borliqqa Osmon nurlari.
Chog’lanar tavbaga borliq, koinot.
Chog’lanar bomdodning istig’foriga.
Va Sharqiy ufqdan kelyotgan najot.
Farishtalar qo’nar, ko’ngil g’origa.
Aylanar shu tarzda samoviy nurlar.
Aylanar Sharqdan to G’arb ufqi tomon.
O’rtada guvohdir, bulutli Hurlar.
Va guvoh o’rtada Yog’duli Zamon…

MOHIM

Bahor keldi. Yomg’irlar serob.
Zeriktirar hamalning dami.
Sog’inch to’la yurakda azob.
To’lmagaydir ishqimning kami…

To’lmagaydir, hovuchimda suv.
To’lmagaydir ko’ngil baridan.
Meni boylab ketgan bir suluv
Ishq uyg’otib ko’ngil qa’ridan…

Ishq uyg’otar tonglarim yorqin.
Har nafasda entikar ohim.
Ammo hamal ko’lami horg’in.
Yomg’irpo’sh-la bekinar Mohim.

PARCHA

Bir otash yongaydir,
Bir ishq yongaydir.
Yongaydir, atrofga taratib nurin.
Ko’lanka soladi, titroq vujudlar.
YO, Xudo, asragil,
asriy zabonim.
Bir his ber, yonguvchi,
Otashdan uchqun.
Bir lab ber,
pichirlay, oyatlar sehrin.
Bir qalb ber,
toabad Seni sevguvchi…
YO, Xudo, munglagan,
Hislar yurtidan.
Bir tuynuk ochilmay,
bir tan sovumay.
Poyoniga yetmay,
umr yo’llarim.
Bir sado chorlasa,
g’aflatda yotmay.
O’zingga eltuvchi,
sharafli yo’l ber.
Qo’l ber, darg’alarda,
toyinsam, ba’zan.
Ko’klarga yetguvchi,
parvoz ber baland.
Bir ruh ber,
Haq kelsa, jonni ayamay,
Nafsiga jahd qilar,
bitta iymon ber…
YO, Xudo,
Samolar yiqilar kunda,
Tog’lar-da sarobday, to’zimay burun.
Va daryo bug’lanib,
qurishdan avval,
Va yer ham tekislab,
yorilmasidan.
Zilzila yutmasdan, kahkashon zahrin.
Bir ishq ber,
sevguvchi,
Yonuvchi qalb ber…
Va ishqim taftidan,
isinsin bag’rim…

TAHAJJUD

Sokin va sukunli,
tun yotar jim-jit.
Sharpalar shitirlab kezgan tun yotar.
Borliqni uxlatar,
bu ajib jimlik.
Oy nurin betinim zaminga otar.

Uxlaydi,
shamolning daydi yellari.
Qushlarda panalab oladi orom.
Ulkan daraxtlarning shoxli qo’llari.
Tungi ko’ylagida aylaydi xirom.

Uyquda koinot,
uyquda tog’lar.
Uxlaydi,
tonglarni kutgan har xayol…
Noma’lum hujrada,
uyquni bog’lab,
Tahajjudda turar,
noma’lum ayol…

HUKM

Abdulla Qodiriy xotirasiga

Olamni titratdi o’qning ovozi…
Nil kabi manglaydan oqdi issiq qon.
Sindimi bag’ringda sher o’g’lon sozi,
O, Ona Turkiston, Ona Turkiston…

Endi huvillarmi,
yashil bog’laring.
Kuz rasmin chizarmi xazonrez falak.
Yuraging o’rtagan farzand dog’laring.
Qizlaring qayg’uda yotar jonsarak.

Endi, xayollardan vorid shajarda,
turfa rang bo’yoqlar sepilgan yo’llar,
Guzaru, nohiya, har bir shaharda.
Alvonrang tug’larni tutarmi qo’llar.

Panalab xoinlar,
yoqasi ichra,
gumdon bo’ladirmi chirkin boshlari.
Endi samolardan, vujuding uzra,
yog’masmi tunlarning qonli yoshlari.

Endi jo’mardlarni qiyratgan qiron,
Pokiza boshlarga otilgan tuhmat,
Orsiz bag’irlarda urchigan chayon,
Urchisa iblisrang badbo’y xusumat…

Endi vohalarda daydigan nurlar,
qo’nimin topmagan devona shamol,
sochlarin timdalab yig’lagan hurlar,
Endi xotiringni o’rtar bir savol…

Savolki, mardlarni yig’latar beun.
Savolki bag’ringdan otilgan vulqon.
Yovga ters boqmagan jo’mardlar uchun.
Bir siqim tuprog’ing bo’ldimi makon?!

22

(Tashriflar: umumiy 350, bugungi 1)

Izoh qoldiring