Murod Muhammad Do’st. Zamira. Radiohikoya & Nabijon Boqiy. Shaxsiyat

03 Қирқ йилда ҳам ўзгармайдиган одам бўладими? Амалдор бўлганида ҳам одам ўзармайдими? Товланмайдиган, турланмайдиган, тусланмайдиган битта замондошим борлигидан ич-ичимда фахрланиб юраман. Жони омон бўлсин, дейман.

Набижон БОҚИЙ
ШАХСИЯТ
02

Биз атайлаб танишганимиз йўқ. Ўз-ўзидан танишиб қолганмиз.

“Ўзбеккабел” заводида ишлардим. ТошДУнинг журналистика факултетининг кечки бўлимида ўқир эдим. “Шарқ юлдузи” журналида “Чоллардан бири” қиссаси чоп этилади. Ўқиб ҳайрон бўганман. Биринчидан, муаллифи покистонлик бўлса керак деб ўйлаганман – Мурод Муҳаммад Дўст. Бизда бунақаси бўлмайди-ку! Иккинчидан, асар қаҳрамонлари колхозда ишлайдиган мўйсафидларга ўхшамасди; улар “ривожланган социализм” шароитида яшаётганини умуман ҳис этмасди, сиёсат қисса ҳудудига тажовуз қилмаган эди – чоллар алоҳида олинган мамлакатнинг эгаларига ўхшарди; улар граждан эмас, ОДАМ эди.

Шу нарсалар мени ҳайрон қолдирган.

Яхлит ҳаётнинг бир парчасини кўчирма қилган ёзувчи захираси Оноре де Балзак сайланмасидан ҳам кам бўлмаслиги керак эди. Фақат “чоллардан бири”ни энди ёзди, ҳали унақа чоллардан яна қирқтаси навбат кутиб турарди, таҳоратини янгилаш учун холи жойга ўтиб кетганлари қанча эди – худо билади.
Муаллифдан аввал Ғайбаров билан танишдим. Қизиқ одам экан.

Эломонов-чи? У битта мужмал танқидчимизга ўхшарди; хотини эса мужмал шоира опамизнинг яқин дугонаси эди. Нусхалардан аниқ кўчирма олингани учунми, адабиётшунос окахон қиссани дарҳол “соц. реализм” тоғорасига солиб чўмилтириб кўради-да: “Бу буюк келажакка ишонмайдиган зерикарли одам қиссаси экан, уни суннат қилиш керак”, деб ҳукм чиқаради.

Салкам 40 йил олдин ўқиганим қиссада Бинафшахон исмли хотин истеъфога чиққан эрига эрталаб тухум қайнатиб келтиради. Қайнатилган тухумни совуқ сувга чайиб келтиришга эринади: “Шошяпман, ўзингиз чайиб оларсиз”, деб тошойна рўпарасида шошмасдан ярим соат пардоз қилади. Амалидан бўшатилган Эломоновга Ашурали Жўраев, Нурилла Набиевич каби шотирларининг муносабати бир юзу саксон даража кескин ўзгаргани етмаганидек, ўзининг хусусий хотини ҳам “ҳунар” кўрсата бошлайди; шотирларидан-ку унчалик хафа бўлмайди, аммо амалдорпараст хотинидан аста-секин кўнгли совийди: “Қисталоқнинг қизини таланти очилмаган бирорта ҳаваскор шоирага алмаштириб олсаммикан?” дегандек бадбин хаёлга ҳам боради. Бироқ, муаллиф Эломонов хаёлини қоғозга туширмайди.

Дарвоқе, туппа-тузук навоийшунос оғабей кўнглида турган гапини ошкора қоғозга тушириб қўйганимиз учун андак ранжигандек бўлади: “Энди қўшнимнинг юзига қандай қарайман?” деб домонгир бўлади. “Қараманг башарасига, тамом! Ёки соқол олаётган чоғимда беихтиёр тошойнани синдириб қўйдим десангиз, метафорани дарҳол англаб етади ва сиздан зинҳор хафа бўлмайди, аламини ичига ютади”, деб йўл кўрсатган бўлдим.

–Қалайсиз, жўра? – деб сўрашган эди илк кўришган чоғимиз.
–Раҳмат, ака.

Орадан 35 йил ўтиб, яқинда Умрзоқ ота тўйхонасида яна юзма-юз учрашиб қолдик. Зоминлик жайдари шоир Ҳаёт Шодмон билан ёнма-ён гаплашиб турган эдик; одамлар орасига йўл олган Мурод ака бирдан бизга кўзи тушиб жилмайганча қучоқ очиб кела бошлади. Ҳаёт Шодмон икки қадам олға босиб устоз билан сўрашиб юборди. Биз ҳам навбатимиз келганда сўрашдик. Сўнг у мезбонлик расми билан саф тортиб турган аҳоли орасига бориб туради.

–Галастугим остидан кўйлагимнинг ёқаси итташоққа ўхшаб қорайиб кўринмаяптими, Наби ака? – деб Ҳаёт Шодмон қора бўйинбоғини менга кўрсатди.
–Кўйлак ёқаси кўринмаяпти-ю, лекин қора бўйинбоғ қоп-қора эшакнинг асбобига ўхшаб росаям ўзингизга ярашиб турибди, – дедим.

Кулишган бўлдик.

–Анави биз билан астойдил сўрашиб кетган мўйловли одам ким? – деб яна савол берди Ҳаёт Шодмон.
–Қайси бири? – дедим жўрттага талмовсираб.

У одамлар орасидан кўзларини олма-кесак тердириб Мурод акани топди-да:

–Хув анави “Адабиёт газетаси”нинг хўжайини Бахтиёр Карим ёнида турган одамни айтяпман, – деб қўлини бигиз қилиб кўрсатди.

–Мен уни танимайман. Ўзингиз танимайсизми? Ахир у кулиб келиб сиз билан сўрашди-ку! Ёнингизда турганим учун мен билан ҳам сўрашиб кетди, холос.

–Шунақами?
–Бўлмасам-чи!

–Мени қайдан танир экан-а? – деб қоратўри шоир бўйинбоғини тўғрилаб қўяди.

–Зоминлик бўлганингиздан кейин сизни ҳамма танийди-да! Ана, Ўткир Раҳмат ҳам узоқдан сизга қараб-қараб қўйяпти. Тезда Зомин тоғларига бағишланган туркум шеърларингизни “ХАЛҚ СЎЗИ”га элтиб беринг, кейинги сонида суратингиз билан бир бет қилиб бериб юборади, – деб шоирнинг қўлтиғига сув пуркаб қўйдим.

–Ростданми?

–Албатта. “Давринг келди, бос бегим!” деган гапни устоз Тўра Сулаймон юрган йўлида такрорлаб юрарди-ку! Эшитмаганмисиз?

–Эшитганман.
–Бўпти-да! Босмайсизми!

–Босаймикан?
–Босинг, зоминлик!

Шу пайт адабиёт ҳомийси Қозоқбой Йўлдош пайдо бўлиб қолади; у киши ҳам асли зоминлик бўлади. Найманлардан. Чингиз Айтматов ҳам найман уруғидан эди. Мен ҳам излаб-излаб Қўқон қарапчи деган уруғ Зоминда яшаганини ОҒА БУРГУТЛИ китобидан топиб олиб, юзимга қизиллик югурди. Чунки битта туёғимиз баланд тоғларга бориб туташса, худо хоҳласа, ошиғимиз олчи тушаверади.

Бирпас хаёл суриб мундоқ ёнимга қарасам, э-э воҳ, ёнимда Ҳаёт Шодмон йўқ.

–Қани у? – деб сўрадим Мирзо Тўраевичдан.

–Қозоқбой акага қўшилиб тўйхонанинг тўрига уриб кетди-ку! – деди Мирзо.

–Тушунарли, – дедим. – Бўладиган эл бир-бирини “Ботирим!” дейди. Тўғрими, Тўра бувамизнинг ўғли?

–Тўғри, – деди Мирзо ҳам қувлик билан.

Мундоқ қарасам, Мурод ака ёнида турган Бахтиёр Карим ҳам йўқолиб қопти.

Тўйхона остонасида Мурод Муҳаммад Дўст узоқ-яқиндан келаётган меҳмонларга очиқ чеҳра билан бир қадам олдинга ташлаб: “Келингиз, келингизлар…” деб тавозе кўрсатиб турарди.

Қирқ йилда ҳам ўзгармайдиган одам бўладими?

Амалдор бўлганида ҳам одам ўзармайдими?

Ёшлик айёмида чақмоқдек асарлари билан адабиётга кириб келган ёзувчи кетар жафосига ҳам момогулдуракдек битта шоҳасар яратиб олам-жаҳонни ларзага солмайдими?

Риторик саволларнинг жавоби ўзи билан. Лекин фақат Мурод Муҳаммад Дўстнинг ўзи ҳақиқий жавобини биладиган битта жумбоқ бор: чорак аср муқаддам иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ президенти бўлган генерал Эйзенхауэрнинг океан соҳилидаги боғ-ҳовлисида Рамазон ойида уюштирилган мухолифат лидери билан хуфёна учрашув чоғида нима гаплар бўлганини ошкор этиш вақти келмадимикан? Сиз “собиқ дўст”ни Ўзбекистонга бош эгиб келишга кўндирмоқчи бўганмисиз ёки тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлмоқ афзаллигига икковлон қатъиян иқрор бўлганмисиз?

Товланмайдиган, турланмайдиган, тусланмайдиган битта замондошим борлигидан ич-ичимда фахрланиб юраман. Жони омон бўлсин, дейман.

Дарвоқе, истиқлолимиз бошларида ёзнинг сўлим оқшомларида ярим кечалари атайлаб Дўрмондаги Саид Аҳмад чорбоғига бориб: “Нега ўйинчилик қиласиз, устоз?” дея Мурод ака заҳарханда аралаш дакки берганини жонли ижрода кўп эшитганман. Бундай пайтда, одатда, вақт ўтказиш баҳонасида жиддий суҳбат мавзусида ўз позициясини синовдан ўтказиб, пишитиб олмоқчи бўлган устоз ўзини қўярга жой тополмай қоларди; ҳар хил баҳоналари иш бермагач, “Тўғри, к…лик қилдим”, деб айбига иқрор бўларди.

Кейинчалик Саид Аҳмад Мурод ака тўғрисида ёзган мақоласига “Жомдан чиққан ёзувчи” деб сарлавҳа қўяди. Жомда чўмилтирилиб, покланиб чиққан чақалоқ 70 йил давомида чанг-тўзонда қолиб, ўзига гард юқтирган бўлса, офатларга дуч келганда ўзини панага олган бўлса, бу ҳол тириклик ва тирикчилик аломати эканини унутмайлик. Муҳими, шахсият собитлиги шубҳасиздир. Бу шахсиятга суяниш мумкинлиги шубҳасиздир. Тамом.

Qirq yilda ham o’zgarmaydigan odam bo’ladimi? Amaldor bo’lganida ham odam o’zarmaydimi? Tovlanmaydigan, turlanmaydigan, tuslanmaydigan bitta zamondoshim borligidan ich-ichimda faxrlanib yuraman. Joni omon bo’lsin, deyman.

Nabijon BOQIY
SHAXSIYAT
33

Biz ataylab tanishganimiz yo’q. O’z-o’zidan tanishib qolganmiz.

“O’zbekkabel” zavodida ishlardim. ToshDUning jurnalistika fakultetining kechki bo’limida o’qir edim. “Sharq yulduzi” jurnalida “Chollardan biri” qissasi chop etiladi. O’qib hayron bo’ganman. Birinchidan, muallifi pokistonlik bo’lsa kerak deb o’ylaganman – Murod Muhammad Do’st. Bizda bunaqasi bo’lmaydi-ku! Ikkinchidan, asar qahramonlari kolxozda ishlaydigan mo’ysafidlarga o’xshamasdi; ular “rivojlangan sotsializm” sharoitida yashayotganini umuman his etmasdi, siyosat qissa hududiga  tajovuz qilmagan edi – chollar alohida olingan mamlakatning egalariga o’xshardi; ular grajdan emas, ODAM edi.

Shu narsalar meni hayron qoldirgan.

Yaxlit hayotning bir parchasini ko’chirma qilgan yozuvchi zaxirasi Onore de Balzak saylanmasidan ham kam bo’lmasligi kerak edi. Faqat “chollardan biri”ni endi yozdi, hali unaqa chollardan yana qirqtasi navbat kutib turardi, tahoratini yangilash uchun  xoli joyga o’tib ketganlari qancha edi – xudo biladi. Muallifdan avval G’aybarov bilan tanishdim. Qiziq odam ekan.

Elomonov-chi? U bitta mujmal tanqidchimizga o’xshardi; xotini esa mujmal shoira opamizning yaqin dugonasi edi. Nusxalardan aniq ko’chirma olingani uchunmi, adabiyotshunos okaxon qissani darhol “sots. realizm” tog’orasiga solib cho’miltirib ko’radi-da: “Bu buyuk kelajakka ishonmaydigan zerikarli odam qissasi ekan, uni sunnat qilish kerak”, deb hukm chiqaradi.

Salkam 40 yil oldin o’qiganim qissada Binafshaxon ismli xotin iste’foga chiqqan eriga ertalab tuxum qaynatib keltiradi. Qaynatilgan tuxumni sovuq suvga chayib keltirishga erinadi: “Shoshyapman, o’zingiz chayib olarsiz”, deb toshoyna ro’parasida shoshmasdan yarim soat pardoz qiladi. Amalidan bo’shatilgan Elomonovga Ashurali Jo’raev, Nurilla Nabievich kabi shotirlarining munosabati bir yuzu sakson daraja keskin o’zgargani yetmaganidek, o’zining xususiy xotini ham “hunar” ko’rsata boshlaydi; shotirlaridan-ku unchalik xafa bo’lmaydi, ammo amaldorparast xotinidan asta-sekin ko’ngli soviydi: “Qistaloqning qizini talanti ochilmagan birorta havaskor shoiraga almashtirib olsammikan?” degandek badbin xayolga ham boradi. Biroq, muallif Elomonov xayolini qog’ozga tushirmaydi.

Darvoqe, tuppa-tuzuk navoiyshunos og’abey ko’nglida turgan gapini oshkora qog’ozga tushirib qo’yganimiz uchun andak ranjigandek bo’ladi: “Endi qo’shnimning yuziga qanday qarayman?” deb domongir bo’ladi. “Qaramang basharasiga, tamom! Yoki soqol olayotgan chog’imda beixtiyor toshoynani sindirib qo’ydim desangiz, metaforani darhol anglab yetadi va sizdan zinhor xafa bo’lmaydi, alamini ichiga yutadi”, deb yo’l ko’rsatgan bo’ldim.

–Qalaysiz, jo’ra? – deb so’rashgan edi ilk ko’rishgan chog’imiz.
–Rahmat, aka.

Oradan 35 yil o’tib, yaqinda Umrzoq ota to’yxonasida yana yuzma-yuz uchrashib qoldik. Zominlik jaydari shoir Hayot Shodmon bilan yonma-yon gaplashib turgan edik; odamlar orasiga yo’l olgan Murod aka birdan bizga ko’zi tushib jilmaygancha quchoq ochib kela boshladi. Hayot Shodmon ikki qadam olg’a bosib ustoz bilan so’rashib yubordi. Biz ham navbatimiz kelganda so’rashdik. So’ng u mezbonlik rasmi bilan saf tortib turgan aholi orasiga borib turadi.

–Galastugim ostidan ko’ylagimning yoqasi ittashoqqa o’xshab qorayib ko’rinmayaptimi, Nabi aka? – deb Hayot Shodmon qora bo’yinbog’ini menga ko’rsatdi.
–Ko’ylak yoqasi ko’rinmayapti-yu, lekin qora bo’yinbog’ qop-qora eshakning asbobiga o’xshab rosayam o’zingizga yarashib turibdi, – dedim.

Kulishgan bo’ldik.

–Anavi biz bilan astoydil so’rashib ketgan mo’ylovli odam kim? – deb yana savol berdi Hayot Shodmon.
–Qaysi biri? – dedim jo’rttaga talmovsirab.

U odamlar orasidan ko’zlarini olma-kesak terdirib Murod akani topdi-da:

–Xuv anavi “Adabiyot gazetasi”ning xo’jayini Baxtiyor Karim yonida turgan odamni aytyapman, – deb qo’lini bigiz qilib ko’rsatdi.

–Men uni tanimayman. O’zingiz tanimaysizmi? Axir u kulib kelib siz bilan so’rashdi-ku! Yoningizda turganim uchun men bilan ham so’rashib ketdi, xolos.

–Shunaqami?
–Bo’lmasam-chi!

–Meni qaydan tanir ekan-a? – deb qorato’ri shoir bo’yinbog’ini to’g’rilab qo’yadi.

–Zominlik bo’lganingizdan keyin sizni hamma taniydi-da! Ana, O’tkir Rahmat ham uzoqdan sizga qarab-qarab qo’yyapti. Tezda Zomin tog’lariga bag’ishlangan turkum she’rlaringizni “XALQ SO’ZI”ga eltib bering, keyingi sonida suratingiz bilan bir bet qilib berib yuboradi, – deb shoirning qo’ltig’iga suv purkab qo’ydim.

–Rostdanmi?

–Albatta. “Davring keldi, bos begim!” degan gapni ustoz To’ra Sulaymon yurgan yo’lida takrorlab yurardi-ku! Eshitmaganmisiz?

–Eshitganman.
–Bo’pti-da! Bosmaysizmi!

–Bosaymikan?
–Bosing, zominlik!

Shu payt adabiyot homiysi Qozoqboy Yo’ldosh paydo bo’lib qoladi; u kishi ham asli zominlik bo’ladi. Naymanlardan. Chingiz Aytmatov ham nayman urug’idan edi. Men ham izlab-izlab Qo’qon qarapchi degan urug’ Zominda yashaganini OG’A BURGUTLI kitobidan topib olib, yuzimga qizillik yugurdi. Chunki bitta tuyog’imiz baland tog’larga borib tutashsa, xudo xohlasa, oshig’imiz olchi tushaveradi.

Birpas xayol surib mundoq yonimga qarasam, e-e voh, yonimda Hayot Shodmon yo’q.

–Qani u? – deb so’radim Mirzo To’raevichdan.

–Qozoqboy akaga qo’shilib to’yxonaning to’riga urib ketdi-ku! – dedi Mirzo.

–Tushunarli, – dedim. – Bo’ladigan el bir-birini “Botirim!” deydi. To’g’rimi, To’ra buvamizning o’g’li?

–To’g’ri, – dedi Mirzo ham quvlik bilan.

Mundoq qarasam, Murod aka yonida turgan Baxtiyor Karim ham yo’qolib qopti.

To’yxona ostonasida Murod Muhammad Do’st uzoq-yaqindan kelayotgan mehmonlarga ochiq chehra bilan bir qadam oldinga tashlab: “Kelingiz, kelingizlar…” deb tavoze ko’rsatib turardi.

Qirq yilda ham o’zgarmaydigan odam bo’ladimi?

Amaldor bo’lganida ham odam o’zarmaydimi?

Yoshlik ayyomida chaqmoqdek asarlari bilan adabiyotga kirib kelgan yozuvchi ketar jafosiga ham momoguldurakdek bitta shohasar yaratib olam-jahonni larzaga solmaydimi?

Ritorik savollarning javobi o’zi bilan. Lekin faqat Murod Muhammad Do’stning o’zi haqiqiy javobini biladigan bitta jumboq bor: chorak asr muqaddam ikkinchi jahon urushidan keyin AQSH prezidenti bo’lgan general Eyzenxauerning okean sohilidagi bog’-hovlisida Ramazon oyida uyushtirilgan muxolifat lideri bilan xufyona uchrashuv chog’ida nima gaplar bo’lganini oshkor etish vaqti kelmadimikan? Siz “sobiq do’st”ni O’zbekistonga bosh egib kelishga ko’ndirmoqchi bo’ganmisiz yoki tiz cho’kib yashagandan ko’ra, tik turib o’lmoq afzalligiga ikkovlon qat’iyan iqror bo’lganmisiz?

Tovlanmaydigan, turlanmaydigan, tuslanmaydigan bitta zamondoshim borligidan ich-ichimda faxrlanib yuraman. Joni omon bo’lsin, deyman.

Darvoqe, istiqlolimiz boshlarida yozning so’lim oqshomlarida yarim kechalari ataylab Do’rmondagi Said Ahmad chorbog’iga borib: “Nega o’yinchilik qilasiz, ustoz?” deya Murod aka zaharxanda aralash dakki berganini jonli ijroda ko’p eshitganman. Bunday paytda, odatda, vaqt o’tkazish bahonasida jiddiy suhbat mavzusida o’z pozitsiyasini sinovdan o’tkazib, pishitib olmoqchi bo’lgan ustoz o’zini qo’yarga joy topolmay qolardi; har xil bahonalari ish bermagach, “To’g’ri, k…lik qildim”, deb aybiga iqror bo’lardi.

Keyinchalik Said Ahmad Murod aka to’g’risida yozgan maqolasiga “Jomdan chiqqan yozuvchi” deb sarlavha qo’yadi. Jomda cho’miltirilib, poklanib chiqqan chaqaloq 70 yil davomida chang-to’zonda qolib, o’ziga gard yuqtirgan bo’lsa, ofatlarga duch kelganda o’zini panaga olgan bo’lsa, bu hol tiriklik va tirikchilik alomati ekanini unutmaylik. Muhimi, shaxsiyat sobitligi shubhasizdir. Bu shaxsiyatga suyanish mumkinligi shubhasizdir. Tamom.

05

(Tashriflar: umumiy 327, bugungi 1)

Izoh qoldiring