Zikir Muhammadjonov. Sanog’i ko’p, salmog’i baland rollar

021

Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллигига

Бухоро шаҳрида туғилиб ўсган Саъдихон Табибуллаев ҳам 1924 йили Москвага ўқишга борган бўйини кичик деб студияга олишмаган экан. У талабаликка қабул қилинмаган бўлса-да, дарсларга қатнашаверган. Ўқитувчиларнинг талабаларга топширган вазифаларини — этюдларни ҳаммадан кўра яхшироқ бажаргани учун у студияга қабул қилинади. Талабалик йилларидаёқ Сара Бернар ҳақида кўп ўқиганлиги учунми, Ҳамлет ролини тайёрлай бошлайди. У бу ролга астойдил берилиб кетганидан талабалар ичида Ҳамлет монологини ўқиганда ҳаммани ҳаяжонга солган экан.

027
Зикир Муҳаммаджонов.
САНОҒИ КЎП, САЛМОҒИ БАЛАНД РОЛЛАР
015

Дунёга машҳур француз актрисаси Сара Бернар гавда жиҳатидан ниҳоятда кичик бўлган, аммо ўз санъати билан томошабинларни мафтун қилганидан унинг гавдаси кичиклиги билинмай кетганлигини эшитганман. Ахир, аёл киши ўша кичик гавдаси билан Ҳамлетдай шаҳзода ролини ижро этганини тасаввур қилиш мумкинми? Сара Бернар ана шу роли билан дунё театр тарихида ном қолдирган актриса бўлган.

088Бухоро шаҳрида туғилиб ўсган Саъдихон Табибуллаев ҳам 1924 йили Москвага ўқишга борган бўйини кичик деб студияга олишмаган экан. У талабаликка қабул қилинмаган бўлса-да, дарсларга қатнашаверган. Ўқитувчиларнинг талабаларга топширган вазифаларини — этюдларни ҳаммадан кўра яхшироқ бажаргани учун у студияга қабул қилинади. Талабалик йилларидаёқ Сара Бернар ҳақида кўп ўқиганлиги учунми, Ҳамлет ролини тайёрлай бошлайди. У бу ролга астойдил берилиб кетганидан талабалар ичида Ҳамлет монологини ўқиганда ҳаммани ҳаяжонга солган экан. Ўзбек театр тарихидан маълумки, шу студияни битирганлар Тошкентга келишлари билан «Ҳамлет» трагедиясини саҳналаштиришга киришадилар. Режиссёр Маннон Уйғур Ҳамлет роли ижросини Аброр Ҳидоятов билан Саъдихон Табибуллаевга топширади.

Энди ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг. Аброр Ҳидоятовнинг гавдаси қаерда-ю Саъдихон Табибуллаевнинг гавдаси қаерда?! Чиндан ҳам фарқ ер билан осмонча. Афсуски, Саъдихон Ҳамлетнинг одамлар кўзига жинни бўлиб кўриниш саҳнасини ижро этганида ўзи қаттиқ таъсирланиб, касал бўлиб қолади ва кейинчалик бу ролни ижро этишга журъат этмайди. Мен бу актёрнинг деярли ҳамма ролларини кузатар эдим. Назаримда, биронта роль йўқ эдики, Саъдихон ака уни меъёрига етказиб ижро этмаган бўлса. У кинода ҳам жуда кўп ролларни ижро этди. Ҳамма ролларидан «Амирликнинг емирилиши» фильмидаги сўзсиз ижро этилган вазир ролини яхши кўрар эдим. Бутун фильм давомида у уч марта кўринади, учаласида ҳам турли ҳолатларда йиқилади. Ҳолатлар ранг-баранг бўлганидан одамларни ҳайратга солар эди. Бу эса актёрнинг ролга ниҳоятда берилиб кетганлиги натижасидир. Мен у киши билан ҳаётда ҳам яқин бўлганман. Саъдихон ака тайёрлаётган ролига шунчалар берилиб кетар эдики, қаерда бўлмасин, хаёлида ўша роль бўлар эди. Бир куни мен кўчада у кишининг ёнида кетяпману менинг борлигимни ҳам унутиб, ўша роль сўзларини такрорлар эди.

Саъдихон Табибуллаев бир куни икки боласини театрга олиб келиб, ролга берилиб кетганидан томоша тамом бўлгач, уйга болаларисиз қайтиб борибди. Болаларни кейин катталари келиб олиб кетган экан. У кишининг ўнта фарзанди бор эди. Қиш кунларининг бирида уйига борсам, катта хонанинг ўртасида печка ёниб турибди-ю болаларнинг ҳаммаси ўйин-кулги билан банд, у бўлса ¬ёстиққа ёнбошлаб, ролини ўқиётган экан. Ролга қаттиқ берилиб кетганидан болаларнинг шовқин-сурони қулоғига кирмас эди.

Саъдихон Табибуллаев фақат ролда саҳнага чиққандагина эмас, унгача, ҳатто ундан кейин ҳам ўша қиёфага киришга одатланган артистлардан эди. Тўғри, ролга астойдил берилиб кетсанг, ўз шахсингни ҳам унутиб қўйишинг ҳеч гап эмас. Аммо санъат назариясида ўз-ўзини назорат қилиб туриш кераклиги алоҳида таъкидланади. Артист буни асло унутмаслиги керак. Агар унутиб қўйса, биласизми, қандай фожиалар содир бўлиши мумкин. Мен буни бир кичик мисолда айтсам кифоядир. Уильям Шекспирнинг «Отелло» фожиасининг охирги кўринишида генерал Дездемонани бўғиб ўлдириши керак. Агар бош роль ижрочиси ўзининг артист эканлигини унутиб, Отелло бўлиб қолса, нима бўлар эди? Унда ҳар сафарги спектаклга янги Дездемона топиш керак бўларди. Чунки фожиада Отелло Дездемонани бўғиб «ўлдиради». Актёрнинг маҳорати шундаки, у ўз ижросида шу фожиани ишонарли қилиб акс эттира олади. Шу боисдан мен артистни киши руҳини акс эттира оладиган инсон деб тушунаман. У шундай бир истеъдод соҳиби бўлиши керакки, токи ўз руҳини ишонтириб, ўзгаларга таъсир кўрсата олсин.

Мен «Мардикор» деб номланган пьесада қўли майиб киши ролини ижро этдим. Ролга киргунимча қўлим ма¬йиб бўлмасада, саҳнага чиқишим билан руҳимга шундай таъсир кўрсата оламанки, қўлим оғриғи ҳақида гапирар эканман, ўшанда қўлим чиндан оғриётгандай бўлади. Мен шу оғриқни ҳис этсамгина киши ҳолатини тўғри акс эттиришим ва шундагина томошабинни ишонтира олишим мумкин. Умуман, инсон ниҳоятда таъсирчан бўлади. Мен болалигимда шунга иқрор бўлганман. Бир куни қорним қаттиқ оғриб қолди. Онам товоққа кул солиб, устига дока ўрадиларда, қорним устидан айлантириб, «чиқ-чиқ, кинна» дедилар ва ора-чора «ҳап кинна, чиқ кинна, боламни қорнини оғритма» каби сўзларни айтдилар. Мен онамнинг сўзларига, қилаётган ишларига берилиб кетиб, ухлаб қолибман. Кўзимни очсам, қорнимдаги оғриқ тарқаб кетган экан. Энди ўйлаб кўрсам, онамнинг руҳий таъсирлари менинг асабларимни бўшаштирган. Мен шунга ишонганим учун дарддан қутилганман.

Бир дўхтир ошнам қизиқ воқеани айтиб берганди. Ота ўз ўғлини олиб келиб, «Боламнинг қулоғига бузоқбоши кириб кетибди» дебди. Боладан сўрашса, «Тушимда аён бўлди, ҳашарот кирганини кўрдим», дебди. Албатта, ота-она бола шикоят қилавергач, турли даволарни қилиб кўришибди, аммо кундан-кунга баттар бўлаверибди. Охири дўхтирга олиб келишган экан. Дўхтир ҳар тарафлама текшириб кўрса, қулоқ ичида ҳеч нарса йўқ. Шунда дўхтир руҳий таъсир кўрсатишни ўйлабди ва болани ухлатиб қўйиб, бир идишга бузоқбошини солиб қўйибди. Болани уйғотиб, «Тўғри, мана сен айтган қулоғинг ичидаги бузоқбоши», дебди. Шундан сўнг бола тузалиб кетган экан.

Академик театримиз санъаткорлари орасида меҳнаткашлиги, ўз касбига садоқати, устозлиги билан ажралиб турувчи Саъдихон Табибуллаевнинг номи эл орасида маълум ва машҳур бўлган. Саъдихон Табибуллаев ҳам Москвада очилган даст¬лабки ўзбек драма труппасининг қалдирғочларидан биридир. Вахтангов театри қошидаги бу студияда тайёрланган Н. Гоголнинг «Терговчи», «Ревизор» асарларидаги Добчинский образини яратиб, ҳамманинг диққатига сазовор бўлди. 1927 йилда барча талабалар қатори Саъдихон Табибуллаев ҳам Самарқандга (у вақтларда марказ ўша ерда эди) келади. Энди у театр артисти. Яна кўп ишлаши, изланиши керак эди. Ўша вақтлардаёқ у яратган образлар халқ оғзига тушди. В. Яннинг «Ҳужум» асари саҳнага қўйилди-ю С. Табибуллаев «Табиб» образини қойилмақом қилиб яратди. Маълум бўлишича, у вақтларда кўпроқ болалар кўчама-кўча юриб, газета-журналларни сотардилар. Айтишларига қараганда, бир газетада шу спектакль ҳақида рецензия чиққану С. Табибуллаев яратган образ кўп мақталган. Бола газета сотаркан «Яша кунад, Саъдихон!» (Яшасин Саъдихон) деб қичқирар, одамлар шошиб, саҳифа варақлардилар…

Театримиз санъаткорлари ҳам Саъдихон Табибуллаев яратган образларнинг орасида ёмон ижро этилгани бўлмаган дейишади. Комил Яшиннинг «Номус ва муҳаббат» асаридаги Яхшивой образи уни кўп қийнаганини актёр эслаб гапиради. Шу постановканинг режиссёри В. С. Витт репетиция вақтида Саъдихон Табибуллаев қўлига гул тутқазади. Ана шу гул сабаб бўлади-ю образнинг мағзи очила боради. Унинг хушомадгўйлигига, одамларга яхши кўринишига гул восита вазифасини ўтайди. Одамлар ўртасида Яхшивой ака деб ном чиқаради. «Алишер Навоий»да Мансур образини тайёрлашдаёқ ўша давр, ўша муҳит шароитига кириш учун ғазал ўқиш қоидаларини пухта ўрганди, юриш-туриш одобига риоя қилади. Ғазални оққа кўчираётганда кичик бармоғини тик тутиб, сиёҳдонга пат қаламни санчишидаёқ кибор ои¬ладан экани сезилиб туради. Муллаваччалар қандай кийинишини, ҳатто шу роли учун салла ўрашни ўзи машқ қилиб ўрганди. Бу образнинг ички дунёсида икки кучнинг ўртасида бир томонда Навоийга шогирдлик, иккинчи томонда Мажидиддиннинг тузоғига тушган, ожизлик фожиаси акс этиб туради.

Ойбек домланинг «Қутлуғ қон» асаридаги Мирзакаримбой Мансурга сира ўхшамайди. Уни ҳар хил талқин қилиш мумкин. Аммо актёр муаллиф айтган йўлдан борди. Саҳналаштирувчи режиссёр Тошхўжа Хўжаев ҳам Ойбекнинг «гавдаси кичик, лекин зуваласи пишиқ, юзи хўрознинг тожидек қип-қизил» деган таърифига риоя қилиб, шу ролни С.Табибуллаевга топширган эди. Классик асарларда муаллиф айтган тарифдан борилса, мақсадга мувофиқ бўлади, деганларидай, актёр режиссёр билан ҳамкорликда романда ёзилганидай ижро этишга алоҳида эътибор беради. Мирзакаримбой қўл остидагиларга муомала қилишда илоннинг ёғини ялаган муғомбир, айёр одам экани яққол кўзга ташланади. Бу биринчи кўринишдаёқ Йўлчини синаб иш буюриш, Гулнорни тузоққа тушириш каби саҳналарда кўринади. Актёрнинг салбий роллари ҳақида гапирганда К. Яшин ва А. Умарийнинг «Ҳамза» драмасидаги Ғиёсхўжа образи ҳам диққатга сазовор.

Мен бир актёр сифатида шуни айтардим-ки, бу ролни ижро этиш икки томонлама қи¬йинчилик туғдирган: Ғиёсхўжа аслида Ҳамзанинг ғоявий душмани, қишлоқ аҳолисини йўлдан урадиган фирибгар, дин тарғиботчиси, лекин шу билан бирга унинг пинжига кириб, ўзини ҳамма ишда ташаббускорлиги билан ажралиб тургандай кўрсатиши лозим. Буни сўз билан айтиш осон, аммо саҳнада бир пайтнинг ўзида икки қиёфада гавдаланиш актёрдан катта маҳорат талаб қилади. Икки тўдага кирганда икки образ акс этиши керак. Яъни Ҳамза билан юрганда «Камбағалпарварман, мискинга ёрман…» қиёфасида бўлса, ўз ҳаммаслаклари билан учрашувда шайхлар авлодиданлигини, ўша ғоянинг тарғиботчиси, намояндаси экани билиниб туради. Бу фақат кийиниши, юриш-туришидагина эмас, балки кўз қарашларидан сезилиб туради.

Саъдихон аканинг бундай қиёмига етказиб ўйнаган роллари талайгина. Зеро, уларнинг саноғи кўп, салмоғи баланд.

САЪДИХОН ТАБИБУЛЛАЕВ БАДИИЙ ФИЛЬМЛАРДА

074
«Амирликнинг емирилиши» фильмида

041

«Тоҳир ва Зуҳра»да

079
«Чегарага яқин қишлоқда» фильмида

007

033
«Шумбола» фильмида

002

044
«Оловли йўллар» сериалида

098

(Tashriflar: umumiy 174, bugungi 1)

Izoh qoldiring