Zikir Muhammadjonov. Iste’dod qadri.

021

Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллиги олдидан

   Бутун ҳаёти Миллий театрда кечган йирик санъаткор, Ўзбекистон Қаҳрамони Зикир Муҳаммаджоновнинг фарзанди, юридик фанлари доктори, профессор Омонилла Муҳаммаджонов хайрли ишга қўл уриб, падари бузруквори жамоадошлари — устоз санъаткорлар тўғрисида даврий нашрларда чоп эттирган мақолалардан туркум тайёрлаб бизга йўллади.Бундан аввал мазкур туркумдаги ўзбек театр ва кино санъатининг ёрқин намояндаси Олим Хўжаевга бағишланган дастлабки мақолани эътиборингизга ҳавола қилган эдик. Бугун таниқли санъаткор Қудрат Хўжаев ҳақидаги мақолага навбат етди

04

011 Қудрат Хўжаев (1911.5.5 — Тошкент — 1981.9.8) — актёр, режиссёр. Ўзбекистон халқ артиста (1956). Москва театр санъати интитутини тугатган (1936). Ижодий фаолиятини 1929 й.да Тошкент ишчи-ёшлар театрида актёрликдан бошлаган. 1936—41 й.ларда ва яна 1952 й.дан Ҳамза театрида актёр.
2-жаҳон уруши қатнашчиси. Янгийўл театрида режиссёр, Самарқанд ва Наманган вилоят театрларининг бадиий раҳбари (1942—52). Тошкент театр ва рассомлик санъати интитутида педагог (1961 — 81).
Фитратнинг «Арслон» спектаклидаги Имом роли Қудрат Хўжаевнинг илк саҳнавий образидир. Франц (Шиллер, «Карокчилар»), Лаэрт, Кассио (У. Шекспир, «Отелло»), Қори (А. Қаҳҳор, «Тобутдан товуш»), Жоген (Р. Тагор, «Ганг дарёсининг қизи»), Цезарь (У. Шекспир, «Юлий Цезарь»), Серебряков (Чехов, «Ваня тоға»), Саккокий (Мақсуд Шайхзода, «Мирзо Улуғбек»), Саидхон (Сарвар Азимов, «Қонли сароб»), Илҳом (Б. Раҳмонов, «Юрак сирлари») каби роллари билан шуҳрат қозонган. Режиссёр сифатида «Фарҳод ва Ширин» (Хуршид), «Момакалдироқ» (А. Островский),«Ҳалима» (F. Зафарий) сингари спектаклларни сахналаштирган. Ҳар қандай образнинг ташқи қиёфаси, нутқи, юриш- туришини, ўзига хос одатларини пухта ўйларди, шу орқали қаҳрамонининг ички дунёсини очиб берарди. Унинг қаҳрамонлари кўпинча маданиятли, билимдон, салоҳиятли бўларди. Қудрат Хўжаев сатирик образлар устаси сифатида ҳам танилган. Шу хусусиятлар кинофильмлардаги образларида ҳам ўз аксини топган (Наргиз,«Алишер Навоий»; Назирий, «Ҳамза»; Нақшобий, «Икки дил достони» ва б.).

04

08
Зикир МУҲАММАДЖОНОВ
ИСТЕЪДОД ҚАДРИ
04

078Қудрат Хўжаев болалик пайтидаёқ театрга меҳр қўйди. Гарчи у педагогика техникумида ўқиса ҳам хаёли санъатда эди. Техникумни битирди-ю Москвадаги театр санъати институтининг режиссёрлик факультетида таҳсил олди ва олий малакали мутахассис Ҳамза номидаги ўзбек Давлат академик драма театрида режиссёр ҳамда актёр сифатида фаолият бошлади. Қатор ролларни қойил ижро этгач, биринчи саҳналаштирган асари Мдиванининг «Ватан» асари бўлди. Кўп ўтмай, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, фронтга жўнади. Урушдан қайтиши билан ўша йиллари режиссурадан қийналиб қолган вилоят театрларини тиклаш ниятида Ўзбекистон санъат бошқармасининг йўлланмаси билан Янгийўл, Наманган ва Самарқанд вилоят театрларида ишлади. Бу театрларда жуда кўп асарларни саҳналаштирди. Айниқса, унинг режиссёрлигига мансуб А.Островскийнинг «Момақалдироқ», Н.Гоголнинг «Ревизор» асарлари республика кўрикларида таҳсинга сазовор бўлади. Лекин унинг хаёли академик театрда эди. Ниҳоят, у театрга қайтар экан, режиссёрликдан кўра актёрлик орзуси билан яшади.

Бухоролик бу истеъдод соҳибининг яна бир таҳсинга лойиқ иши шу бўлдики, у халқ ичидан чиққан талантлар билан ишлашга ниҳоятда қунт қиларди. Бунга биргина мисол қилиб Тошкент политехника инс¬титутида қўйилган «Отелло» спектаклини кўрсатиш ¬мумкин. Бу ҳаваскорлик спектаклининг донғи собиқ ¬ит¬тифоққа ёйилди. Неча бор телевизорда намойиш этилган. Қудрат Хўжаев сўнгги йилларда ўзи кўрган-кечирганлари, ҳамкасб¬лари, ўз роллари ижро этилиши, режиссёрларнинг талқини, умуман республика театр¬ларидаги ижодий ҳамкорлик, жараёнлари ҳақидаги иккита китобини нашр эттирди.

Мен у кишини ўйлаганимда ҳақиқий зиёлини кўз олдимга келтираман. Кийиниш, юриш-туриш, сўзлашишдаги муомалалар, ҳаммаси ўзларига ярашиб турарди. Мен эндигина театрга кириб келганимда шу актёрдек кийинсам деб орзу қилардим. У вақтларда Қудрат ака қимматбаҳо кийинмаса ҳам, қандай кийинишни биларди. Ҳа, ўттизинчи йилларда одат бўлган фрак кийиш, бантик тақиш, лак суртилган туфли кийиш, қўлларида ҳасса кўтаришни ўрнига қўярдилар. Шимларнинг дазмоли бирор марта бузилганини, соқол олмаган кунларини кўрган эмасман, қадди-қоматлари ниҳоятда бежирим эди.

Ёшлари олтмишдан ошгач, бир куни тўсатдан оппоқ соч билан театрга кириб келдилар. Ҳаммамиз ҳайратда қолдик. Маълум бўлишича, сочлари кўп йиллар оқаргану у киши сочларини қорага бўяб юрган эканлар. Юз-тузилишлари шу қадар гўзалки, оқ соч у кишига нуронийлик бахш этиб турарди. Шундай бир зотни биринчи марта «Макр ва муҳаббат»даги Вурм образида кўриб, танимай қолганман. Тикондек сариқ соч, ясама қўйилган энгак чўзилиб кетган, бурун яна қирралашган, беллари букчайган, оёқ босишлари ҳам ниҳоятда беўхшов. Луизага фонарь тутиб, хат ёздираётганида бармоқларини моҳирона ўйнатишини кўриб таҳсинлар ўқиганман.

Афсуски, шундай ажойиб бетакрор образлар, спектакллар тасвирга олиб қолинмаган. Албатта, телевидениеда у пайтларда ҳозиргидай имкониятлар бўлмаган. Шунга қарамай операторимиз Феруз Алимовнинг Аброр Ҳидоятов ижросидаги «Отелло» спектаклидан бир парча олиб қолгани таҳсинга сазовордир.

«Қароқчилар»даги Карл образи, юзаки қараганда Вурм билан бир-бирига ўхшашдай туюлади-ю аммо санъаткор унга бошқа бўёқларни ишлатади. Карл Францнинг табиати шундайки, ўзи хунук туғилгани учун дунёдаги барча гўзалликка раҳна солмоқчи. Қўлидан келса бутун дунёга ўт қўймоқчи.

Ҳатто, ўз отасининг ўлими устида тантана қилади. Бу ролнинг замонавий моҳияти шундаки, ХХ аср ёвузликлари, фашизм қиёфасини эслатиб турарди. Актёр яратган Карл Франц образининг ижтимоий моҳияти яққол кўзга ташланади. Бу Қудрат Хўжаевнинг ўзи яратаётган образларда даврнинг янги мазмуни, актуал ғояларини ифодалай олишга қурби етишини кўрсатади.

Актёрнинг салбий роллари шу қадар турли-туманки, уларнинг ҳар бири ҳақида олам-олам гапирсанг арзийди. Ҳаттоки, бошқа актёрлар моҳирона ижро этган ролларини ҳам у мутлақо ўзига хос тарзда ўзгача талқин этарди. Масалан, «Алишер Навоий»даги Мажиддин образини Обид Жалилов билан биргаликда ижро этишган. Обид Жалилов бу образда саҳнага чиқар экан, дарҳол юзидаги қарашлари билан ёвуз одам эканлиги сезилиб турса, Қудрат Хўжаев яратган Мажиддиннинг юзида табассум аримаганлигидан томошабин уни ёвуз эканлигини дарҳол сезиб ололмасди.

Абдулла Қаҳҳорнинг «Тобутдан товуш»идаги домла образи ҳам худди шундай эди. Бу образ Қудрат Хўжаев ижросида спектакль давомида ўз кирдикорларини диндор домла ниқобида бажаради. Қ.Хўжаев Суқсуров оиласида таъзимкор қул каби ҳаракатлари билан қабиҳ ишларини бажаришга ҳаракат қилади. Актёр ижросида бу образ бизга Мольернинг «Тартюф»ини эслатади. Бундай ролларни яна кўплаб санаш мумкин.

У кишининг ижобий образ яратишга жуда ҳам моҳир эканлигини «Юрак сирлари» спектаклидаги Илҳом образи яққол кўрсатади. Илҳом замонавий, жонли образлардандир. Замонавий образ бўлганида ҳам одатга кўра схематик, идеал кимса эмас. Одамларда учраши мумкин бўлган нуқсонлар унда ҳам бор. У оилада ниҳоятда бепарво, ишдан бошқа нарсани ўйлашга вақти ҳам йўқ. Саҳнада пайдо бўлар экан, фикран нима биландир бандлиги сезилиб турарди. Бу билан актёр иккинчи план, яъни доимо фикрида иш билан бандлиги акс этиб туради.

04  Театримизга бир неча йил бадиий раҳбар бўлган Александр Гинзбург Қудрат Хўжаевнинг санъатига кўп марта тан берганини, «Бу ¬актёрнинг тушуниш учун зар қадрини биладиган заргар керак», деб кўяр эди. А. Гинзбургнинг бирорта асари йўқки, Қудрат Хўжаев роль ижро этмаган бўлса, у ўзининг «Мирзо Улуғбек» спектаклида Қудрат акага кичик бир эпизодда кўринадиган шоир Саккокий образини яратишни топширган эди. Дарҳақиқат Қудрат Хўжаев бу образда кўринар экан , ўша Уйғониш даврининг буюк шоири кўз олдимизда гавдаланади. Саккокий ўзи битган ғазалини Мирзо Улуғбек меҳмонлари олдида зўр маҳорат билан ўқийди, унинг зукколиги, нозик дидлиги, фикр тўла боқишлари сезилиб туради. Театримизда бир авлод актёрлар борки, уларнинг ҳар бири она тилига зўр эътибор берган. Аслини айтганда, саҳна—тилни тўғри талаффуз қиладиган восита. Айниқса, драмада тил асосий воситадир. Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Тошхўжа Хўжаевлар асар устида иш олиб борганларида сўз талаффузига алоҳида эътибор беришарди. Саҳналаштирилаётган пьесани иштирокчилар билан ойлаб тайёрланишар, ҳар бир сўз, ҳар бир жумладаги урғуга алоҳида аҳамият қаратишарди. Уларнинг луғат китоблари ёнларида бўлар эди, ўзбек тили нақадар бой тил эканлигини кўрсатишга тиришардилар. Ахир, бу тилда Навоий «Хамса»ни битирган-ку. Қудрат Хўжаев эса сўз устида бетиним ишларди. Афсуски, эндиликда бу ишлар ўз даражасида эмас. Ҳозир шундай актёрларимиз борки, ўзлари айтаётган сўзнинг маъносига тушуниб етмайди ва натижада фикрларини тўғри баён эта олмайди.

Шунингдек, Қудрат Хўжаев образ яратар экан, ўша асарнинг даври, қайси миллат ёки элатга мансублигини ҳам эътиборга оларди. У Исмоилзоданинг «Темур» пьесасида турк босқинчиси Анвар пошшо образини яратган эди. Унинг тилида гаплашишга ҳаракат қилиб, фикрларини турк шевасида баён этган эди. «Жазоир—менинг Ватаним» спектаклидаги француз офицерини ижро этганида эса қунт билан француз тилини ўрганганди.

Шу ўринда актёрнинг тақдири режиссёрга боғлиқлигини кўрамиз. Актёр бошқа ижодкорлар каби ўзича образ яратишга киришолмайди. Ҳатто, унга фақат режиссёргина эмас, бутун бир ансамбль керак. Бу борада менинг рассомларга ҳавасим келади. Улар бир нарсадан илҳомланса, ўз хонасига кириб олиб ижод қилаверади. Ёш, истеъдодли рассом Алишер Мирзаев Сурхон далаларида бўлиб, кўп қаҳрамонлар билан учрашиб, этюдлар чизиб келгани ва энди катта полотноларга бел боғлаганини айтганида, «Биз, актёрлар асар қаҳрамонлари билан учрашамизу аммо драматургсиз, режиссёрсиз, ансамблсиз уларни гавдалантира олмаймиз», деб хўрсиниб қўйдим.

Мустақил юртимизда озмунча қаҳрамонликлар содир бўляптими? Лекин улар драматургияда қаламга олингани йўқ ҳисоб. Драматургларимиз бизнинг жамоадан гина қилмасалар ҳам бўлади. Агар зўр асар юзага келиб қолса, бошқа жамоалар илиб кетади. Чунки, ҳозир деярли ҳамма театрлар катта асарларга муҳтож. Яна такрор айтаман, замонамиз қаҳрамонлари олдида қарздормиз, буни кўнглимиздан сезиб турибмиз. Аммо асар йўқлиги учун ноиложсиз. Улар қилаётган ишларни кўрамиз, эшитамиз, аммо бадиий образлари саҳнамиз тўридан жой олмаётир. Биз драматургларимиз билан жуда кўп учрашамиз. Кўнглимиздаги гапларни айтамиз. Тўғри, улардан баъзилари ўз пьесаларини театрларимизга топширганлар. Кўнглимиз тўлмаганидан портфелда ¬турибди. Ниятимиз катта асарларга қўл урсак деймиз.

Назаримда, шоир ҳам худди рассом сингари пинҳоний ижод қила олиши мумкин. Композиторимиз Мутаваккил Бурҳонов билан сафарда бирга бўлиб қолганман. Тонг отгунча ўзлари ётган каравотни тақиллатиб янги куй яратган эдилар. Демак, деярли барча ижодкорлар актёрлар каби бошқаларга боғланиб қолган эмасдек, туюлади менга. Балки менинг бу сўзларим бир ёқламадир. Лекин шуни яхши биламанки, кўп актёрлар орзу қилган образларини ўз вақтида ярата олмай, армон билан яшайдилар. Очиғини айтсам, ўзимда ҳам шундай ҳодиса рўй берган. Мен ҳам бир вақтлар Гамлет каби образни яратиш ниятида эдим. Назаримда, энди кеч бўлди. Мен бу гапни айтишга шунинг учун ботина оламанки, давримизнинг етук артистларидан бири Михаил Ульянов телевизор орқали бир суҳбатида «Шекспирнинг асарларида роль ижро этиш учун ижодкор куч-қувватга тўлган бўлиши, ёши ҳам элликдан ошмаган бўлиши керак», деган эди. Бу фикр жуда катта мантиққа эгадир.

Мен бу актёр ижро этган «Ричард III»ни кўрганман. Қудрат ака саҳнада у ёқдан бу ёққа чопиб юрган, баланд станоклардан сакраган, бутун томоша давомида ички ҳаяжони акс этиб турган.

Ҳозир театримизда талантли ёшлар кўп. Уларнинг маҳоратини тўла очиши мумкин бўлган пьесалар қўйилмаётганлиги учун ҳам уларнинг умрлари бефойда ўтиб кетаётгандек туюлади, менга. Уларнинг орзулари ниҳоятда кўп. Аммо бу орзулар амалга ошиши учун драматургия, режиссура кераклиги сезилиб турибди. Мен бу масалада кинорежиссёрларимиздан ҳам гина қилгим келади. Ҳали бирор марта суратга тушмаган актёрларимиз бор. Ҳолбуки, республика театрларида ажойиб актёрлар борлигига қарамай, оддий роллар учун ҳам бошқа ерлардан ижрочилар таклиф қилинади. Мен ҳам кинонинг спецификасини биламан. Баъзида роллар учун проба қилиниб, ўша образга мос актёр қидирилади. Лекин шундай ҳолларни ҳам биламанки, ўша сценарийда кўрсатилган образларга мос актёрлар сўзсиз театримизда топилиши мумкин-ку. Бундай аҳволга қачондир чек қўйилиши керак, ахир.

044Менинг мақолам Қудрат Хўжаевга аталгани учун айтмоқчиманки, шу актёримиз ҳам неча бор режиссёрлардан роль сўраб юрганини учратганман. Ҳолбуки, у кишига топширилган эпизодик роллар ҳам қиёмига етганди. Бу актёрдан машҳур режиссёримиз Комил Ёрматов кўп фойдаланган… Комил Ёрматовнинг «Ибн Сино» фильмидаги Вазир образини ким шундай ярата олиши мумкин? Доно табиб Ибн Сино ўз ҳузурида Вазирни қабул қилар экан, унинг сўзларида ёлғон гап борлигини сезиб, қафас ичида турган қўйни бўри ёнида эканлигини кўрсатганида актёр сўзсиз бутун бир ҳолатни кўрсата олганки, бундай образни яратиш учун албатта маҳорат керак бўлади. Қудрат Хўжаев бир оз ўйланиб олиб, улуғ табиб нима учун ҳайвонлар олдига бошлаб келганини сезади ва мазмундор маънони англаб, пешонасидан тер ҳам чиқиб кетади. Мен шундай истеъдодли актёрни, айни фикрлари пишиб, ижод хазинаси тўлиб-тошган бир пайт¬да ролсиз ўтирганини кўп учратганман.

Бир файласуф бекор ўтган дақиқаларимга лаънатлар ўқийман, деган экан. Агар бу фикрни актёрлар тилидан айтадиган бўлса, саҳнага чиқмаган куни ўзини қаёққа қўйишни билмай қолади. Машҳур онахон актрисамиз Лутфихоним Саримсоқова кексайиб уйда ўтириб қолганлар. Зиёратга бориб аҳвол сўрасак, «менинг ҳамма нарсам бор, ҳукуматимизга раҳмат, кексалигимни таъминлаб берган, фақат биргина бахтимни ҳеч ким топиб беролмайди», дегандилар. Аянинг чеҳрасида доимо саҳнани соғиниш қайғуси сезилиб турарди. Бўлмаса, у киши санъатда қилган ишларни бошқа киши қила олса ўзини бахтиёр ҳисоблаган бўларди. Йўқ, у киши ҳали ҳам саҳнага чиқмоқчи, ўз халқига хизмат қилмоқчи эди. Санъаткор доим шу дард билан яшайди. Томошабин нафасидан баҳра олади. Дарҳақиқат, киши ўзи қилаётган ишдан завқ олса, чарчашни билмайди.

Одамзот умри қисқа экан, ундан тўғри фойдаланиб, бебаҳо дақиқаларимизни халқ хизматига бағишлайлик. Зеро, биз, санъаткорлар зиммасига ҳозирги даврда энг юксак вазифалар юклатилган. Ҳамма вақт ҳам шундай бўлганку, айниқса, эндиликда бизнинг масъулиятимиз яна ҳам ортиқроқдир. Актёр бўлишнинг ўзи масъулиятдан иборат. Энг илғор ғоялар табаррук саҳнада талқин қилинар экан, масъулиятли бўлиш билан бирга ғоят шарафли ҳамдир.

04

043Зикир Муҳаммаджонов (Зокир) (1921.1.1, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1962). Ўзбекистон Қаҳрамони (2003). Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1949). 1938 й.дан Ҳамза театри (ҳоз. Ўзбек миллий академик драма театри)да актёр. 1977—82 й.лар Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасининг раиси. Зикир Муҳаммаджонов кенг қамровли актёр бўлиб, спектаклда, кино ва телевидениеда жаҳон драматургиясининг мумтоз намуналарида, ўзбек адибларининг умуминсоний мавзуларидаги асарларида образларни махррат б-н яратган. Фердинанд («Макр ва муҳаббат»), Жалолиддин («Жалолиддин Мангуберди»), Абдуллатиф («Мирзо Улуғбек»), Навоий («Алишер Навоий»), Горацио («Ҳамлет»), Кассио («Отелло»), Фурқат («Фурқат»), Едигей («Асрга татигулик кун»), Самандар («Самандар»), Синтаро («Ўғирланган умр»), Октавия Цезарь («Юлий Цезарь»), Деҳқонбой (Шоҳи сўзана»), Жабборов («Парвоз»), Юсуфбек ҳожи («Ўтган кунлар»), Беруний («Абу Райхрн Беруний») каби ролларида санъаткорнинг ўзига хос ижод нафаси овоздаги жўшқин эҳтирос, фикран теранлик ва вазминлик б-н тўлдирилиб, имконият кучи намоён бўлган. Зикир Муҳаммаджонов бир қанча фильмларда (Мақсуд, «Фидойи»; проф. Каримов,«Кониют ғорининг сири»; Шоҳ Бахром,«Дилором»; Жунаидхон, «Узоқ-яқин йиллар»; Юсуф, «Алибобо ва қирқ қароқчи» ва б.) ҳам суратга тушган. Айниқса, «Генерал Раҳимов» фильмидаги Собир Рахимов роли алохдда ўрин тутади. Генералга хос жўшқинлик, шижоат, жасурлик, бағри кенглик актёр ижросида ўз аксини тўла топа олган. Зикир Муҳаммаджонов видеофильм ва телеспектаклларда ҳам бир қанча обҳразлар яратган: Улуғбек («Улуғбек хазиҳнаси»), Ҳусайн Бойқаро («Алишер Наҳвоий»), Исомиддин ака («Ер фарзанди»), проф. Комилов («Имон») ва б. шулар жумласидан. Бир қанча чет эл фильмларида ҳам суратга тушган. Зикир Муҳаммаджонов яратган образлар кучли психологик драматизми, романтик кўтаринкилиги б-н ажралиб туради. «Шухрат» медали (1994), «Дўстлик» (1996), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари б-н такдирланган.

04

хдк

(Tashriflar: umumiy 381, bugungi 1)

Izoh qoldiring