Ёмғир ўт устида ётган сопол тувакчани ҳам тинмай чертади. Тувакча остида эса жажжигина қалдирғоч паноҳ топган. У совуқдан жунжукиб титрар, ёлғизликдан эса баттар эзиларди. Бошқа ҳамма қушлар учиб кетишди. Улар билан икки синглиси, опаси ҳам иссиқ ўлкаларга учишди. Бечора ташландиқ қушчани бу ёмғирли тунда ким қанотлари остига олиб иситади энди? У учолмаслиги туфайли шу сопол тувакча тагида тиришиб ўтирарди.
Ангел Каралийчев
ОНАНИНГ КЎЗЁШИ
Русчадан Шаҳодат Исахонова таржимаси
Таниыли болгар болалар адиби Ангел Каралийчев (21.08. 1902 – 14.12.1972) Тирново шаҳри яқинидаги қишлоқда туғилган.Унинг болгар халқининг 1923 йил Сентябрь қўзғолони билан тарихда ном қолдирган аксилфашист курашига бағишланган «Сули» номли илк китоби 1925 йилда нашр этилган. Узоқ йиллик ижодий фаолияти мобайнида катталар ва болалар учун ёзган жуда кўп чоп этилган. Ангел Каралийче 1966 йили Димитров номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.
Ёмғир майдалаб ёға бошлади. Боғдаги сарғайган япроқлар узра зумрад томчилар ёғдуланди. Бир-бирига чирмашган ток навдалари ва қалин барглар чодиридаги йирик-йирик узум бошларини сув ювиб, нозик пўстлари дарз кетди.
Ёмғир ўт устида ётган сопол тувакчани ҳам тинмай чертади. Тувакча остида эса жажжигина қалдирғоч паноҳ топган. У совуқдан жунжукиб титрар, ёлғизликдан эса баттар эзиларди. Бошқа ҳамма қушлар учиб кетишди. Улар билан икки синглиси, опаси ҳам иссиқ ўлкаларга учишди. Бечора ташландиқ қушчани бу ёмғирли тунда ким қанотлари остига олиб иситади энди? У учолмаслиги туфайли шу сопол тувакча тагида тиришиб ўтирарди.
Ёзда унинг онаси уя қурган уйга ўт кетди. Она қалдирғоч боласини ёнғин ичидан олиб чиқишга улгурмасидан бир парча чўғ уяга тушиб, бечора полапонинг юмшоқ пар қопланган ўнг қанотини куйдирди. Оғриқдан жажжигина қалдорғочнинг кўз олди қоронғулашди. У ҳушига келиб ўзини янги уяда кўрди, меҳрибон онаси тепасида парвона эди. Полапон қанотларини ёзмоқчи бўлди, лекин ёзолмади, ўнг қаноти жонсиз эди.
Ёз ўтди. Узум шингиллари қора тортди. Боғдаги гуллар ҳам гуллаб бўлишди. Қандирғочлар гала-гала бўлиб телеграф симларига тизила бошладилар. Улар узоқ сафарга ҳозирлик кўришрди. Қалдирғочлар қўнган телеграф симлари чўтнинг доналарини эсга солади.
Бир куни эрталаб она қалдирғоч боласига деди:
-Болажоним, бугун биз жануб томон учамиз. Сенинг қолишинга тўғри келади, учолмайсан. Ҳу, анави тувакчани кўряпсанми. Мен унинг тагига юмшоқ пар тўшаб қўйдим. Сен ўша ерда ётасан. Оч қолсанг ташқарига чиқиб бирор нарсани ризқ қиларсан. Боғда ҳар хил мевалар тўлиб ётибди. Биз баҳорда яна қайтиб келамиз.
-Ғамхўрлигингиз учун раҳмат, онажон, — деди полапон ва кўз ёшларини яшириш учун бошини онасининг қанотлари остига олди.
Қушлар учиб кетишди. Бир-биридан оғир, бир-биридан қайғули кунлар ўтаверди. Ёмғир кетидан ёмғир ёғди. Ивиб оғирлашган гул ҳам тувакча устига эгилди. Унинг энг пастки баргида эса шаффофгина бир томчи тушиб кетай- тушиб кетай деб титраб турибди.
-Ух, чарчадим! – деб оҳиста хўрсинди томчи.
-Вой, сен қаёқдан келдинг? – Ҳамроҳ топилганидан қувониб кетган қалдирғоч қизиқиб сўради.
-Эҳ-ҳе, мен узундан-узоқ йўл босдим, — томчи япроқ узра у томон сирғаларкан, яна чуқур уҳ торди. – Бу ерга буюк океандан учиб келдим. Мен ўша ерда пайдо бўлганман. Фақат мен оддий ёмғир томчиси эмасман – кўз ёшиман…
— Кўз ёши? Қанақа кўз ёши? — сергакланган қалдирғоч думалоқ кўзчаларини томчига тикиб шошиб сўради.
— Менинг тарихим жуда қисқа. Бундан тўққиз кун каттакон океан кемасининг мачтасига чарчаб-ҳориган бир қалдирғоч қўнди.
Унинг кўзлари жиққа ёш эди. Мен у бечоранинг ўнг кўзида эдим.
Океан наъра тортиб, кучли шамол турди. Қалдирғоч шамилга заиф овоз билан шундай деди:
— Шамолжон, сен ер устида учиб юрасан, агар сен болгарлар юрти устидан ўтсанг, менинг боғда қолган бечора боламнинг ҳолидан хабар ол ва унга тайинла, боғда кезиб юрадиган қора мушукдан ўзини эҳтиёт қилсин. Учиб кетаётганимда огоҳлантириб қўйишини унутибман. Унга тағин шуни айтки, менинг юрак-бағрим куйиб, кул бўлди…
— Сен болангни қаерда қолдиргансан? – деб сўради ундан шамол.
— Боғда , гуллаб ётган астралар орасидаги тувак тагида.
Она қалдирғоч шу сўзларни айтганда мен унинг кўзидан оқиб тушдим, шамол мени ўз қанотига олиб учиб кетди. Шу зайилда тўққиз кун учдим. Мана энди шу гулнинг устига тушдим. Эҳ, жудаям чарчадим! Ерга оқиб тушсам-у, ухласам дейман…
Кичкина қалдирғочнинг юраги шодликдан уриб кетди.
-Онажон!…
У тез ўрнидан туриб оғзини очди, шу пайт онанинг кўз ёши япроқдан милдирабгина сирғалди-да унинг оғзига тушди.
-Раҳмат сенга, онажон! – у мамнун пичирлаганича юмшоқ пар тўшакка чўзилди ва тани онанинг кўз ёши билан исиб, гўё яна онасининг қанотлари остида ётгандай уйқуга кетди.
М: «Китоб дунёси» газетасидан олинди.
Angel Karaliychev
ONANING KO’ZYOSHI
Ruschadan Shahodat Isaxonova tarjimasi
Taniili bolgar bolalar adibi Angel Karaliychev (21.08. 1902 – 14.12.1972) Tirnovo shahri yaqinidagi qishloqda tug’ilgan.Uning bolgar xalqining 1923 yil Sentyabr` qo’zg’oloni bilan tarixda nom qoldirgan aksilfashist kurashiga bag’ishlangan «Suli» nomli ilk kitobi 1925 yilda nashr etilgan. Uzoq yillik ijodiy faoliyati mobaynida kattalar va bolalar uchun yozgan juda ko’p chop etilgan. Angel Karaliyche 1966 yili Dimitrov nomidagi davlat mukofoti bilan taqdirlangan.
Yomg’ir maydalab yog’a boshladi. Bog’dagi sarg’aygan yaproqlar uzra zumrad tomchilar yog’dulandi. Bir-biriga chirmashgan tok navdalari va qalin barglar chodiridagi yirik-yirik uzum boshlarini suv yuvib, nozik po’stlari darz ketdi.
Yomg’ir o’t ustida yotgan sopol tuvakchani ham tinmay chertadi. Tuvakcha ostida esa jajjigina qaldirg’och panoh topgan. U sovuqdan junjukib titrar, yolg’izlikdan esa battar ezilardi. Boshqa hamma qushlar uchib ketishdi. Ular bilan ikki singlisi, opasi ham issiq o’lkalarga uchishdi. Bechora tashlandiq qushchani bu yomg’irli tunda kim qanotlari ostiga olib isitadi endi? U ucholmasligi tufayli shu sopol tuvakcha tagida tirishib o’tirardi.
Yozda uning onasi uya qurgan uyga o’t ketdi. Ona qaldirg’och bolasini yong’in ichidan olib chiqishga ulgurmasidan bir parcha cho’g’ uyaga tushib, bechora polaponing yumshoq par qoplangan o’ng qanotini kuydirdi. Og’riqdan jajjigina qaldorg’ochning ko’z oldi qorong’ulashdi. U hushiga kelib o’zini yangi uyada ko’rdi, mehribon onasi tepasida parvona edi. Polapon qanotlarini yozmoqchi bo’ldi, lekin yozolmadi, o’ng qanoti jonsiz edi.
Yoz o’tdi. Uzum shingillari qora tortdi. Bog’dagi gullar ham gullab bo’lishdi. Qandirg’ochlar gala-gala bo’lib telegraf simlariga tizila boshladilar. Ular uzoq safarga hozirlik ko’rishrdi. Qaldirg’ochlar qo’ngan telegraf simlari cho’tning donalarini esga soladi.
Bir kuni ertalab ona qaldirg’och bolasiga dedi:
-Bolajonim, bugun biz janub tomon uchamiz. Sening qolishinga to’g’ri keladi, ucholmaysan. Hu, anavi tuvakchani ko’ryapsanmi. Men uning tagiga yumshoq par to’shab qo’ydim. Sen o’sha yerda yotasan. Och qolsang tashqariga chiqib biror narsani rizq qilarsan. Bog’da har xil mevalar to’lib yotibdi. Biz bahorda yana qaytib kelamiz.
-G’amxo’rligingiz uchun rahmat, onajon, — dedi polapon va ko’z yoshlarini yashirish uchun boshini onasining qanotlari ostiga oldi.
Qushlar uchib ketishdi. Bir-biridan og’ir, bir-biridan qayg’uli kunlar o’taverdi. Yomg’ir ketidan yomg’ir yog’di. Ivib og’irlashgan gul ham tuvakcha ustiga egildi. Uning eng pastki bargida esa shaffofgina bir tomchi tushib ketay- tushib ketay deb titrab turibdi.
-Ux, charchadim! – deb ohista xo’rsindi tomchi.
-Voy, sen qayoqdan kelding? – Hamroh topilganidan quvonib ketgan qaldirg’och qiziqib so’radi.
-Eh-he, men uzundan-uzoq yo’l bosdim, — tomchi yaproq uzra u tomon sirg’alarkan, yana chuqur uh tordi. – Bu yerga buyuk okeandan uchib keldim. Men o’sha yerda paydo
bo’lganman. Faqat men oddiy yomg’ir tomchisi emasman – ko’z yoshiman…
— Ko’z yoshi? Qanaqa ko’z yoshi? — sergaklangan qaldirg’och dumaloq ko’zchalarini tomchiga tikib shoshib so’radi.
— Mening tarixim juda qisqa. Bundan to’qqiz kun kattakon okean kemasining machtasiga charchab-horigan bir qaldirg’och qo’ndi.
Uning ko’zlari jiqqa yosh edi. Men u bechoraning o’ng ko’zida edim.
Okean na’ra tortib, kuchli shamol turdi. Qaldirg’och shamilga zaif ovoz bilan shunday dedi:
— Shamoljon, sen yer ustida uchib yurasan, agar sen bolgarlar yurti ustidan o’tsang, mening bog’da qolgan bechora bolamning holidan xabar ol va unga tayinla, bog’da kezib yuradigan qora mushukdan o’zini ehtiyot qilsin. Uchib ketayotganimda ogohlantirib qo’yishini unutibman. Unga tag’in shuni aytki, mening yurak-bag’rim kuyib, kul bo’ldi…
— Sen bolangni qaerda qoldirgansan? – deb so’radi undan shamol.
— Bog’da , gullab yotgan astralar orasidagi tuvak tagida.
Ona qaldirg’och shu so’zlarni aytganda men uning ko’zidan oqib tushdim, shamol meni o’z qanotiga olib uchib ketdi. Shu zayilda to’qqiz kun uchdim. Mana endi shu gulning ustiga tushdim. Eh, judayam charchadim! Yerga oqib tushsam-u, uxlasam deyman…
Kichkina qaldirg’ochning yuragi shodlikdan urib ketdi.
-Onajon!…
U tez o’rnidan turib og’zini ochdi, shu payt onaning ko’z yoshi yaproqdan mildirabgina sirg’aldi-da uning og’ziga tushdi.
-Rahmat senga, onajon! – u mamnun pichirlaganicha yumshoq par to’shakka cho’zildi va tani onaning ko’z yoshi bilan isib, go’yo yana onasining qanotlari ostida yotganday
uyquga ketdi.
Hikoya «Kitob dunyosi» gazetasidan olindi.