Дилфуза Ашурованинг эсдаликларини сайтимизга тавсия қилган таниқли шоира ва адабиётшунос олима Нодира Афоқова мактубида шундай ёзади: “Бисот”да ўзбек аёли ҳаётининг гўзалликлари ва драмалари ёрқин ифода этилган. Яна: тасвирда бу қадар табиийлик ва самимийликка эришиш ҳамиша ҳам муяссар бўлавермаслигини қўлига қалам тутган ҳар бир инсон яхши билади…
Эсдаликларни ўқигач, муаллифга илк таассуротларимни қоралаб юборган эдим. Уни ҳам илова қиляпман… Асар моҳиятини ўзимча англашга, англатишга уринганман. Балки, сал баландпарвозроқдир. Улар – илк таассуротлар эди, шунинг учун ўзгаришсиз қолдирдим…«
Ушбу битикни ўқиганимдаёқ уни сайт заҳирасига олиб қўйган эдим. Нодира синглимнинг хати уни яна қайта ёдимга солди. Инсоний туйғулар бағоят ёрқин ва самимий акс этган хотираларни ўқиган ҳар бир инсон юраги ёришиб кетишига ишонаман.
Хуршид Даврон
Дилфуза АШУРОВА
БИСОТ
…Мен гоҳо ўз бувиларимни соғинаман. Қанча вақт, қанча замон бўлди уларнинг вафотига. Лекин ўлган, дейишга тилим бормайди. Ўзимча гап сўзларини эслайман. Соддадиллик ила айтиладиган насиҳатларини эшитгим келади. …оналик мартабасига қиз чоғидаёқ, бувилик мақомига оналикдаёқ тайёрланиш лозим. Бу мартаба ва мақомга муносиб умр кечиришдан ортиқ садоқат ҳам, саодат ҳам йўқ.
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
адабиётшунос олим, профессор.
БУВИМ
Бувимни эсласам.., тонг саҳарда ёпилган сават тўла бўрсилдоқ нон, янги соғилган сутни кувда чайганларимиз, юзага сузиб чиққан сариёққа ботирилган иссиқ кулчалар, марвариддек тутни дастурхонга қоқиб еганларимиз, бувимнинг тутни сиқимлаб юзимизга суртганлари, ҳайит арафасида майда ўрилган сочларимиз учини оқ ипда тикканларимиз, кечаси кафтларимизга хина бойлаб ётганларимиз кўз олдимга келаверади.
Бувимни эсласам.., танаси йўғон қари ток тагидаги сўрида шилдироқ қоғозга кўмилиб, бир ёғи қийшайган кўзойнак тақиб олиб дўппи пилталаётган меҳрибоним кўз олдимга келаверади. Кўзойнакнинг бир дастаги синган, аммам сим билан бойлаб берганди. Янги кўзойнаги ҳам бор эди, лекин аяб тақмасди. Мен дўппининг кизагини тепчиб берардим. Сени чокинг текис, ўзинг тепчиб бер, дерди бувим. Дўппининг гулини тиккани тоқатим етмасди. Тепчишни бажону дил бажарар эдим.
Болалик хотираларим бувим қавиган кўрпадай юмшоқ, қадрдон. Мен уларга бурканишни яхши кўраман. Болаликдаги ислар, нарсаларнинг таъми, мазаси киши ёдида маҳкам ўрнашиб қоларкан. Ҳовлимизда бир неча туп анжир бор эди. Анжир пишиғида эрталаб шу меванинг ўзи билан нонушта қилардик. Ўша анжирнинг таъми ҳали-ҳали ёдимда. Болаликдаги ранглар ҳам ёрқин, қуюқ, тўйинган… Ундаги райҳону жамбилларнинг иси ҳозир бормикан? Ёмғирдан сўнг порлаб чиққан камалакнинг ранглари қайда қолди?
Хотиралар – қалбимизнинг хазинаси, тафаккуримиз бисотидаги бойлигимиз. Улар бизга оғир кунларда мадад беради, меҳр оқибатли бўлишга ундайди, инсондай яшашга ўргатади.
МЕН
Эсимни танибманки, атрофга таажжуб билан боқардим. Мени ҳамма нарса ҳайратга соларди, ҳатто энг оддий нарсалар ҳам. Бувим саҳар нон ясарди, хамирни зувала қилиб териб қўярди. Супрада қатор жойлашган гумбазчаларга ҳайрат ила боқардим. Бир оз вақт ўтгач улар кўтариларди. Буви, қаранг улар ўсяпти, дердим қувониб. Бувим чаққонлик билан ясалган нонларни чекичлаганда, ич-ичимдан қандайдир завқ тошиб келарди. Қип қизил, қайноқ кулчаларни тандирдан узиш энг ёқимли манзара эди мен учун. Бувимнинг тандир тобидан бўрқсиган юзлари қувончдан яшнарди.
Буви, ўзизам нонга ўхшаб қолдиз, деб қиқирлаб кулардим. Очарчилик даҳшатларини кўрган бувим тўқчиликнинг ҳар қандай кўринишидан яйраб кетарди…
Шу тариқа уч ой ёз тугаб мени Тошкентга олиб кетишарди. Бу ерда китоб ўқирдим. Беш ёшимдан ҳарф таниган эканман. Қўлимга нима тушса ўқийверардим. Ҳеч нарса тополмасам, газета ўқирдим. Аям: бор, сен ҳам бундай болага ўхшаб кўчага чиқ, деб қистардилар. Балконга чиқиб кўчада ўйнаётган болаларга бир пас қараб турардим, кейин яна ўз машғулотларимга берилардим. Бирон дугонам бўлмаган. Биргина ўртоғим, суҳбатдошим бувим эди. Ёзги ва қишки таътилни орзиқиб кутардим. Бувимни жуда соғинардим…
Май ойининг охири. Дадам иккимиз мошинада кетяпмиз. Қамчиқ довонига яқинлашдик. Авваллари мени 1 Май байрамлари ўтиши билан бувимнинг олдига жўнатишар эди. Мактабга чиққанимдан кейин эса таътил бошлангач борадиган бўлдим. Лекин кетиш хархашаси май ойининг бошидан бошланарди.
– Дада, мактаб тугаши билан обориб қўясиз–а?
– Хўп, дедим–ку, Сизга, қизим, ҳадеб сўрайверасизми? Дадам мени иложи борича тезроқ олиб борарди. Буни билсам-да, муштдеккина юрагим бувим томон ошиқаверса,
нима қилай?
Эрталабдан ҳаво айниган эди. Довонга ўрлаганимизда қор ёға бошлади.
Ҳарорат пасайиб машинанинг тирқишларидан изғиринли шамол эсди. Менинг этим жунжикиб, совуқ қотдим. Дадам мошина ойнасидаги аксимга қараб жилмайди:
– Буёғи қандоқ бўлди? Қор кучайяпти–ку! Орқага қайтмасак бўлмас.
Мени ваҳима босди: “Наҳотки орқага қайтсак? Йўқ–йўқ, бунинг ҳечам иложи йўқ, ахир мени бувим кутяпти–ку!“
– Совуққотдингми?
– Йўқ, ҳечам совқотганим йўқ.
Дадам мошинани тўхтатиб, юкхонадаги жомадондан иссиқ кийимларимни олиб берди. Энди хотиржам эдим, атрофга мамнун назар ташладим. Ён томонимизда ҳайбатли қизғиш қоялар, теваракдаги тоғ бағирлари эса яшилликка бурканган. Ёғаётган қор парчалари мошина деразасига қўниб, зумда сувга айланар, бу ҳолатни кузатиш менга завқ берарди. Кўклам чоғи довон жуда гўзал бўлади. Ранг-баранг гиёҳлар гул очиб, атрофни безаб турибди. Қирмизи гилам бўлиб тўшалган қизғалдоқзорга кўзингиз тушганида, ҳайратдан тошиб кетасиз. Ҳўв пастда, харсанг тошлар қўйнида булоқ сувлари шарқираб оқади.
Афсус, қор ёғаяпти-да, бўлмаса ҳар сафаргидай тўхтаб тоғ лолалари, кўк ранг чучмўмалардан териб, бувимга олиб борардим. Бир қучоқ гуллар билан кириб келганимни кўрган бувим қувониб кетарди. Мени гуллар билан баравар қучиб кўришарди.
– Бу сафар лола оборолмаймиз, қизим, – дейди дадам.
Майли, муҳими, мен бугун бувимни кўраманку… Бувимнинг иссиққина бағрини жуда соғингандим.
БУВИМ
Бувим менинг келишимни байрам қиларди. Қўшни қизларни йиғиб, жамларди. Ҳовлимизда улкан тут дарахти бор эди. Марвариддек тут бу пайтда роса пишарди. Катта дастурхонни ёзиб тут қоқардик. Тепадан дувва тут ёғиларди. Тўйиб-тўйиб тутхўрлик қилардик. Бувим бир сиқим тут олиб менинг юзимга ишқарди. Қолган қизлар ҳам шундай қилишарди. Бир пасдан кейин юзимизни ювиб, ўсма қўйишга тутинардик.
– Қошларинг сувсаб кетибди-ю, Ташканда ўсма йўқми? – дерди бувим. Аям кунора ўсма қўярди, лекин мен ёқтирмасдим буни. Бувимга эса бу ҳақда айтмасдим.
Менинг келганим баҳона, бувим қўшни қизларни тез-тез бизникига чорларди. Улар қўлидаги иши билан чиқишарди. Бири дўппининг гулини , бошқаси чорсининг сувини тикарди. Бувим менга ҳам кизак ҳозирлаб қўярди…
Хотирам бисотидан бир ажиб манзара чиқиб келади… Ёз оқшоми. Ҳовлига сув сепиб сўрига жой ҳозирлаймиз. Сўри атрофига экилган райҳону хинолардан ҳузурбахш ифор таралади. Намозшомгул турфа ранг чечакларини очиб кўрсатади. Оёқ остидаги беоргулларнинг бўлса бу дамга келиб чечаклари юмилиб қолади.
“Худойимнинг кароматида буям, айни шу маҳал очилганини кўрмайсанми буларнинг,” – дейди бувим, намозшомгул чечакларининг бирин- кетин очилишига махлиё бўлганимни куриб.
Кечги овқатга бувим, опоғдадам, келинойиларим, бир этак неваралар дастурхон атрофида жамланамиз. Овқатдан кейин опоғдадам дуога қўл очади. Сўнг тарвузми, қовунми сўйилади. Опоғдадам бир карчдан биз невараларга узатади. Биз тартиб сақлаб ўз тегишимизни оламиз. Дастурхон йиғилгач, “бадиий қисм” бошланади. Неваралар навбат билан шеърми, ашулами айтиб беришади. Бу соҳада қиз неваралар илғор. Мен Муҳаббат Шамаеванинг ҳар куни радиода жаранглайдиган “Иқбол” ашуласини айтаман: “ Кулиб кулиб кумуш сочиб тонг отади-ё, тонг еллари эркалатиб уйғотади-ё…”
Мен бу ашулани бувим учун ёдлаб олганман. Бувим бу ашалани ҳар сафар кўзида ёш билан тинглайди. Бу ашулани бувим нега яхши кўришини англаб етмасам-да, ҳар сафар канда қилмай ижро этардим. Бувим нега доим шу ашулани эшитса, йиғлайди?
Балки бу ашула бувимнинг орзулари, армонларини эсига солаётгандир… Ҳозир эсласам, чинданам, бу ашула ёқимли куйи билан, ижрочининг жозибали овози билан махлиё қилгандай туйилади. Аммо энг муҳими, ашуланинг номи, менимча. Ҳар сафар радиода шу ашулани эълон қилишганида бувимнинг чеҳраси ёришиб кетарди: Иқбол, дерди энтикиб ва қўлидаги ишини ташлаб, ўтирганча тингларди. Кўзлари ёшланиб, юзида фараҳ акс этарди…
МЕН
Мен одамларни ёмон кўраман, деёлмайман. Аксинча, уларни яхши кўргим келади. Яхши, тоза одамларни кўрсам, хазина топгандай қувониб кетаман. Чуқурроқ мулоҳаза қилсам, мен одамларни эмас, улар яхши кўрадиган нарсаларни ёмон кўрар эканман. Шулардан бири – ёлғон. Мен кундалик турмушда учрайдиган безарар ёлғонларни назарда тутмадим. Кўнгилга озор берадиган, инсон қалбини кунпаякун қиладиган ёлғонни айтяпман. Дастлаб ишлатилган битта ёлғон омонат бўлади. Шунинг учун у ўзига бошқаларини эргаштиради. Оқибатда одам ёлғонларга ботиб қолади.
Мен қабул қила олмайдиган яна бир нарса – сохталик. Аслида, бу ҳам ёлғоннинг бир кўриниши. Сохта муомала, сохта муносабатлар, сохта илтифотлар ва ҳоказо… Балки уларнинг зиёни йўқ, дерсиз. Лекин мен бундан чарчайман, безор бўламан.
Баъзан мен ҳам бошқа аёлларга ўхшаб серхархаша, сердаҳмаза бўлгим келади, лекин ҳарчанд уринмай, қўлимдан келмайди. Беҳуда инжиқликни кўтара олмайман. Болалигимда мендан уч ёш катта акам ҳар тонг боғчага боргиси келмай инжиқлик қилиб йиғласа ҳайрон бўлардим. Эси жойидами шу акамни? Барибир охир оқибат, боғчага бориши аниқ бўлса, нима кераги бор ҳар куни шу томошани? Акам ботинкасининг ипини ўзи боғлай олмасди. Бу ҳам боғчага бормаслик учун бир баҳона эди. Мен ҳар куни такрорланадиган бу бемазагарчиликдан безиб, индамай чўкка тушиб бир пасда бойлаб қўярдим. Боғчада ҳам кўп нарса ҳодисалар ғалати туйиларди. Қорбобо ўзимизнинг ошпаз Маша хола-ку. Нега бизни алдайди? Нега болалар қуёнча, тулки, бўри, айиқ бўлиб томоша кўрсатишади, буни нима кераги бор? Мен ўзим қуён бўлишдан бош тортганман. Мен ҳайвон эмасман-ку, деб қайсарлик қилиб туриб олганман. Болалигимдан ҳайвонот боғини, циркни ёмон кўраман. Бечора ҳайвонларни нега қафасга солиб одамларга томоша қилдиришади, буни ҳалигача тушунмайман. Циркда ҳам мен ҳайвон ўргатувчининг “ноғорасига ўйнаётган” йўлбарсларга ачиниб кетардим. Шўрлик йўлбарсларни шу аҳволга солган одамлардан ғазабланардим. Эртакларга ҳечам ишонмаганман. Кейинчалик улғайиб Ака-ука Гриммлар, Ганс Христиан Андерсен эртакларидан ҳайратландим. Чунки, улар болалар учун эмас, катталар учун ёзилган эди.
БУВИМ
Бувим эртак айтмаган менга, фақат бошидан ўтганларини ҳикоя қиларди: болалигидан то шу кунларигача… Қишнинг узундан-узоқ кечаларида сандал кўрпага бурканиб бувимнинг ҳикоясини тинглашни яхши кўрардим. Бувимнинг ҳикояси мени ўтган замонларга етаклаб кетар, унда бувим кичкина қизалоққа айланиб, чанг кўчаларни тўзитиб тенгқурлари билан ўйнар эди…
– Отам Юсуфхўжа, исми жисмига монанд хушсурат, келишган одам эди. Савдогар бўлган. Қашқарга, ўрисди юртига қатнаган. Юмшоқ, мулойим одам эди, доим бизни кўнглимизга қараган. Энам Байшахон (Биби Ойша) оқ-сариқ, кўзи кўкиш, пастаккина бўлган. Меҳнаткаш, куйинчак, тиниб- тинчимас хотин эди. Бувим саккизта бола туққан, шундан бештаси гўдаклигида нобуд бўлган. Мен, опам ва укам туриб қолганмиз. Опам жуда кўҳлик бўлган. Оқ сариқлиги онамга, ҳусни, қадди бастининг расолиги отамга тортган. Хамзахон бўлса қуйиб қўйгандек отамга ўхшайди. Ичимизда фақат мен ҳунукман. Онам опамни кўчага қўймас эди. Опам тўқққизга кирганида паранжи ёпинган. Мактабга ҳам ўн икки ёшигача борган холос. Опамни ўн уч ёшида куёвга берганмиз…
Бувимнинг ҳикоясини тингларканман, беихтиёр аямнинг гапларини эслайман:
– Тўйимизнинг эртасига, “юз очди” куни иккита хотин кириб келди. Бири – кўркам, келишган. Иккинчиси қора майиз, содда, ғарибгина кийинган эди. Мен ҳойнаҳой ясанган аёл қайнанам бўлса керак, деган хаёлга бордим. Адашган эканман, ясангани дадангни холаси экан.
– Нимага мени бувимни ёмонлайсиз, – дейман норози бўлиб.
– Ҳечам сени бувингни ёмонлаганим йўқ. Бўлганини айтяпман холос.Бувингни менам яхши кўраман. Бувинг жуда яхшилар.
Бувим опаси ҳақида гапирганида оғзидан бол томарди. Менга эса ҳечам ёқмасди бу кампир. Бадқовоқ, керик хотин эди. Кўкимтир кўзлари мудом ўқрайган, товуши ҳам ёқимсиз, серзарда кампирнинг қачонлардир гўзал бўлганига ҳеч ишонгим келмасди. Исми ҳам қўпол эди: Нусрат. Ўзимнинг бувим эса бошқа гап. Мудом кулиб туради, ҳаммага очиқ юз билан қарайди. Қоп-қора, меҳрли нигоҳларига қараб тўймайсан… Исми ҳам бирам юмшоқ, ёқимли: Баҳрипошша!
– Буви, сиз Нусрат бувидан чиройлисиз-ку, нега нуқул ҳунукман, дейсиз?
Бувим мени қаттиқ қучиб бағрига босади: “Ўзим ўргилай сендан”.
– Ўн яшарлигимда менга ҳам паранжи ёпинтиришган. Ҳеч ёқмаган менга бу матоҳ. Мен анча ўйинқароқ бўлганман. Кўчада ўғил болалар билан ҳам ўйнаб кетаверардим. Паранжи халақит бергани учун ечиб отардим. Онамдан кўп дакки ердим. Ўн тўртга чиққанимда уйимизга совчилар кела бошлаган. Негадир мени ҳеч куёвга чиққим келмасди. Бувимга шу тўғрида айтсам, “Бекор айтипсан, опангни узатганимизда сенданам ёш эди”, деган.
Ташқи ҳовлимизда катта ёнғоқ дарахти бўларди. Шунга чиқволиб совчиларни “ёнғоқбўрон” қилардим. Бу гап ён атрофга тарқалиб совчиларнинг қадами қуриб қолди.
Энам нуқул куйинарди: “Қандай бало қиз бўлдинг-а, бундан буёғига совчи келмайди сенга, қари қиз бўлиб қоласан.”
– Буви, қари қиз нима дегани?
– Қиз бола ўз вақтида куёвга тегмай ўтириб қолса, қари қиз бўлади. Мана нариги бувинг бор-ку Ойхонпошша, уни ўн тўрт ёшида узатишган экан. Мен бўлсам, катта қиз бўлиб чиққанман.
– Сиз неча ёшда куёвга чиққансиз?
– Мен кеч чиққанман, ўн олти ёшимда.
– Вой, Муҳтарам аммам ўн етти ёшда-ю, қари қиз экан-да, бўлмаса?– шундай дейман-у, бу топилмамдан ўзим қувониб кетаман. Жуда бемаза-тантиқ эди шу аммам. Урушқоқ, айнамачи бўлганидан нуқул жанжал чиқарарди. “Опоғдаданг эркалатиб юборган-да, кенжа-да, шунга шунақа” – дерди бувим ўзича уни оқлаб.
– Буви, шу аммамни тезроқ узатворсак яхши бўларди.
– Энди у замонлар ўтиб кетди, болам. Ҳозирги қизларни кўряпсан-ку, ўқийди. Шунга куёвга ҳам кечроқ чиқишяпти.
Бувимнинг бу гапидан шаштим пасаяди. Бўлмаса аммамни қари қизсиз, деб бир куйдирардим.
– Шундай қилиб то опоғдадангдан совчи келгунча ўтириб қолганман. Опоғдаданг етим эди. Маҳалламизнинг бошида бир темирчи ҳунарманд бўларди, шу одам опоғдадангни боқиб олган экан.
– Нимага боқиб олади, ўзини ота-онаси бўлмаганми?
– Нега бўлмасин, бўлган ота-онаси. Онаси гўдаклигида ўлиб кетган экан. Отаси катта бой бўлган Бердихўжа деб… У одамни ерлари, боғ-роғлари бўлган. Янги ҳукумат мол-мулкини тортиб олган экан. Кўп ўтмай у киши ҳам ўлган. Опоғдаданг ўгай хотиннинг қўлида қолади. У хотинни ўзини қизлари бўлган. Ёлғиз ўғилни бўлса кўчага ҳайдайди. Шунда ҳалиги темирчи опоғдадангни уйига олади. Уста Бердихўжадан кўп яхшилик кўрган экан-да. Уста опоғдадангга ўз ҳунарини ўргатган. Опоғдаданг улғайиб, уйланадиган бўлганда қўни-қўшнилар устага маслаҳат солишади: “Маҳамматхўжа меҳнаткаш, қобил бола бўлди. Ўзингиз куёв қилсангиз бўлмайдими?” Уста бўлса кўнмайди: “ Булар хўжазода бўлса, биз тўғри келмаймиз. Хўжа қизлардан топиш керак ”. Шунда ўйлаб-ўйлаб мени топишган, чунки хўжалар бировни уйида сиғинди бўлиб ўсган етимчага қизларини кўпам раво кўришмасди-да. Мен бўлсам, катта бўлиб қолгандим. Зора беришса, деб оғиз солиб кўришади.
Бувимнинг овози хиралашиб, титраб қолди. Бундай қарасам меҳрибонимнинг кўзлари ёшланган.
– Буви, нимага йиғлайсиз? Опоғдадамга теккингиз келмаганми?
Бувим куйлагининг кенг, узун енгини ҳимариб кўз ёшларини артди.
– У вақтларда куёв-қайлиқ тўйгача бир-бирини кўрмас эди. Опамнинг гап-сўзи кўнглимни чўктириб юборган: “ Ўлганинг яхши, келиб-келиб етимчага тегасанми, уйи ҳам йўқ экан, уста эшигининг бир чеккасидаги кулбага уйлантиряпти экан. Сеп ёйгани борганлар ҳам хафа, иккита-учта зардеворни зўрға илаштириб келишибди. Сепинг сандиқда қолибди.”
Ота-онам сепимизга деб сара идишлар йиғишган эди. Хитой чиннилари, ўрисди патнислари-ю, коса товоқлари… Энам шу идишларни тахлаб тугаётган эди.
– Вой эна, бундай тоза идишлар увол-у бу қизизга. Бу идишларни териб қўядиган токчаси ҳам йўғ-у куёвингизни. Мана бу пасроқлари ҳам бўлаверади,– деб опам идишларни қайтариб жойига қўйди.
Опамнинг бу гапларидан хўрлигим келиб юзимни тўсиб йиғлаб юбордим.
– Ниятингга яраша бўлдинг, ниятингга!– деб жеркиб берди опам.
Мен ётган жойимдан қўзғалдим. Нусрат бувини янаям ёмон кўриб кетдим.
– Нимага ундай дейди, сиз шундай ният қилувмидингиз?
– Йўғ-а, ўлибманми ўшандай ният қилиб. Опам нуқул бой хонадонга келин бўлишни орзу қиларди. Мендан гап сўраса, уялиб жавоб бермасдим. Аммо ичимда мен ҳам бир нималарни ният қилардим.
– Нималарни ният қилардингиз?
– Куёвим камсуқум, меҳрибон бўлса, эслик, чиройлик ўғил-қизларим бўлса, деб ният қилардим. Шу, бой бўлсин, демаган эканман-да.
– Камсуқум нима, бувижон?
– Камсуқум дегани, содда, камтар дегани.
– Опоғдадам шунақами?
– Опоғдаданг жуда яхши, қизим.
Негадир, опоғдадам қўпол, бемеҳрдай кўринарди менга. Кулганини жуда кам кўрганман. Бувимга нуқул қўпол гапирарди. Бувимнинг на бир иши, на бир қилиғи ёқарди опоғдадамга. Бувим бўлса, айланиб ўргилиб, яхши гапириб чарчамасди. Шунда ҳам опоғдадамнинг очилганини кўрмаганман. Бу ҳақда бувимдан бошқа ҳеч кимга айтмаганман. Йўқ, адашдим, бир марта аямга айтганман.
– Опоғдаданг ҳалол-пок, меҳнаткаш одам. Етим ўсган, кўп қийинчилик кўрган. Шунга қўполроқ бўлса керак-да. Лекин ўзи тўғри, покиза одам. Даданг менга уйланмоқчи бўлганида роса қаршилик қилган экан.
– Нега?
– Ҳа энди, ўқиган қиз нима каромат кўрсатарди, деб ўйлагандир-да. Бувинг бўлса, жуда кўнгилчан. Ҳаммани бошига чиқаради, шунга ҳеч ким ҳисоблашмайди.
Опоғдадам аямни қадрлашини билардим. Иккита келинойимни койиб тинчимасди. Аямни уларга ўрнак қиларди. Баъзи ҳолларда аям билан кенгашарди. Фақат бувимни тинмай жеркишини ҳечам кўтаролмасдим.
– Нега нуқул сизни *сўкади?– дердим куйиниб.
– Ҳа, бирон айб иш қилсам, сўкади-да.
– Сиз ҳеч қачон айб иш қилмайсиз. Опоғдадам ўзи шунақа, бемеҳр.
– Опоғдаданг ҳеч кимдан меҳр кўрмаган, яхши гап эшитмаган.
Кўрмаган, билмаган нарсасини қаердан олади?
Бувим астойдил опоғдадамнинг ёнини олишга уринарди. Лекин мен ўз билганимдан қолмасдим.
МЕН
Негадир ҳамма менга дардини айтиб келади, маслаҳат, ёрдам сўрайди. Қўлимдан келса, ёрдамимни аямайман, маслаҳат ҳам бераман. Ҳеч қачон бировнинг сирини ошкор қилмаганман. Лекин маслаҳат бериш – энг беҳуда иш. Чунки берган маслаҳатингиз ўхшамай қолса, балога қоласиз.
Баъзан дугоналаримнинг ғайирлиги тутади: биз доим сенга ичимиздагини тўкиб сочамиз, лекин сен ҳеч қачон бизга сирингни айтмайсан, дейишади. Мен дардимни биров у ёқда турсин, онамга ҳам айтмаганман. Нима кераги бор, барибир онамнинг қўлидан ҳеч нарса келмасди, бекорга сиқилгани, эзилгани қоларди. Мен ўзи беҳуда оҳ-воҳни кўтаролмайман. Яратгандан бошқаси менга ҳамдард эмас. Яна бир йўли – қоғозга тўкардим дардларимни…
БУВИМ
Мен бувимнинг ҳаётдан нолиганини ёки кимнидир ёмонлаганини эшитмаганман. Доим чеҳраси очиқ, ҳаммага кулиб гапирарди. Лекин бувимни кўп хафа қилишарди. Бувим шунда ҳам ҳеч кимга қаттиқ гапирмаган. Фақат маъюс кулимсирарди. Кўзларида қалққан ёшни ҳеч ким кўрмасди. Балки кўриб, кўрмасликка олишгандир. Лекин опоғдадам дилини оғритганда бувим кўз ёшини ҳечам кўрсатмасди. Бор кучини тўплаб кулимсираб тураверарди. Опоғдадам кетгачгина бир бурчакда секингина йиғлаб оларди. Мен бувимни қандай юпатишни билмай эзилардим.
“Нега опоғдадам бунчалик бемеҳр? Нега амакиларим кап-катта бўлса- да, қулоқсиз? Нега аммаларим келиб нуқул бувимни йиғлатиб кетишади?”
Секин бувимнинг ёнига бориб пинжига тиқилардим. Бувим шу заҳоти жилмайишга уринарди. Кўз ёшлари аро жилмаярди… Юзидаги ўша изтироб ҳали-ҳануз ёдимда. Аста қучоғига ёнбошлардим. Бувим бошимни, юзларимни силар, кифтимни, орқамни сийпаларди. Бувимнинг қўллари… шунчалар қадрдон, илиқ. Бувимнинг қўлидан мой, совун, ўчоқ иси келарди. Бувим ўтганидан кейин ҳам анчагача ўша қўллар исини қўмсаганман.
ЖИГАРЛАР
Тонг саҳар кимнингдир шанғиллаган овозидан уйғониб кетдим. Бувим бомдодга турганида мени безовта қилмаслик учун пашшахонанинг ярмини йиғиштириб, бир четга суриб қўярди. Сўрида бувим билан Нусрат холани кўрдим.
– Ўғлингга айтдингми?
– Келинимга айтдим…
– Келининг сени гапингни иларканми? Туққан болангга гапингни ўтказолмайсан-у! Ўғлинг каттакон бўлиб димоғинг кўтарилиб қолди сенларни! Жигар керакмас-да энди, шундайми?
– Вой опа, нега ундай дейсиз? Сиздан бошқа кимим бор мени?
– Опанг билан юз кўрмас булишни истамасанг, айт ўғлингга, Турсунбойни мактабга дириктир қилиб қўйсин!
– Турсунбой дириктирликни уддалармикан?
– Вой бу нима деганинг? Нега уддаламасин?! Бировдан кам жойи борми мени боламни? Сени ўғлингни Турсунбойимдан нимаси ортиқ?!
– Опа, мен ундай демадим, сиз куйинманг, мен айтаман Обидхонга, бирон йўлини топар.
– Топсин! Биттагина бўламга фойдам тегсин, демайдими ўзи?!
– Опа, мен чойга қарай, – бувим ошхонага кетди.
– Ёшлигидан мўнди эди, мўндилигича қолди. Ҳеч одам бўлмади бу! Ўз фойда зарарини билмайди-я! – бувимнинг ортидан зарда қилди Нусрат буви. Мен ётган жойимда қўзғалиб қўйдим. Пашшахонанинг тўлғанганини кўрган хола синчков назар солди. Бувим дастурхон ёзиб ул-бул қўйди.
– Пашшахонада ким бор?
– Неварам.
– Обидхоннинг қизими? Яна келдими? Шу неваранггаям ҳайронман, ёз бўйи ёнингдан кетмайди-я!
Бувим сал нарида турган чок иши тахланган тугунини очиб бир кизакни олди.
– Буни қаранг, опа, неварамни қўлидан иш кепқолди. Дўппини майда, текис тепчийди. Нусрат хола бувим кўрсатган кизакка қиё ҳам боқмади, қайтага заҳарханда қилди:
– Сени ишларингга ўлайинми, кулайинми? Ташканда ўсган арзанда неварангга дўппи тепчитасанми?
– Буям бир ҳунар-да, ўрганса зарар қилмас…
– Ҳунар ўрганиб, Ташканда дўппи қиладими неваранг? Сени ўзи ақлинг кирадими? Нимангга етмайди? Нимага тиниб ўтиролмайсан? Дўппидан топган пулингни қайга ишлатасан ўзи?
– Ўн битта қиз неварам бор-у, опа, шуларга сеп оламан-да.
– Уларга сепни ота-онаси йиғсин! Сенга нима ташвиш? Ўғлинг фалончи бўлса, сени юришингни кўр! Штапил кўйлак киясан ҳалиям. Ҳеч шойи мато битмади эгнингга. Мен сени ўрнингда бўлсам, Ташканга бориб ўтириб олардим, ҳаққим бор, деб!
– Вой опаей, Ташканга борсам, уч кунда зерикаман. Келиним тўрга ўтқазиб, ҳеч нарсага уринтирмайди. Ундан кейин, бу ёқда Маматхўжангизни узоқ ташлаб кетолмайман.
Нусрат буви чимирилиб бошини сараклатиб қўйди:
– Бўпти, билганингни қил! Шунчаки айтдим-қўйдим-да? Жигаримсан, жоним ачиганидан гапираман-да сенга.
Бувим опасига айтганидай, яқинда аям билан шу мавзуда гаплашган эди:
– Обидхонга айтинг, Турсунбойни мактабга дириктир қилиб қўйсин.
– Ўғлингизга айтганим билан бефойда, барибир унамайди. Жиянингиз қандайлигини ўзингиз ҳам биласиз, нима қиласиз ўртага тушиб? Ичиб олиб, кўчаларда ағанаб ўқитувчиликдан ҳам ҳайдалди-ку! Қанақасига уни директор қилади, ўзингиз ўйланг, эна!
– Ёлғизгина ўғли, опам ҳам орзу-ҳавас кўрсам, дейди-да.
– Орзу-ҳавас кўриш учун бошидан ўғлини талтайтирмаслиги керак эди. Бойваччани ўғли бўлиб тайёрига ўсган. Ёши қирққа боряпти-ю, ҳали бир ишни уддасидан ўтмайди. Педтехникумниям бир амаллаб битирган экан, тинчгина ишлаб юрса бўлмайдими? Сиз айтолмасангиз, мен ўзим айтаман холамизга, хомтама бўлмасин. Аямнинг бу гапидан бувим чўчиб тушди.
– Майли ўзим айтаман, болам. Сиз гапирсангиз опам хапа бўлади. Ўзим тушунтирарман. Лекин Нусрат хола бувимнинг гапини тушунишни истамади. Шу ҳодиса сабаб жигарлар ўртасига совуқчилик тушди.
ОИЛА
…Бир куни эрталаб туриб қарасам, ҳамма безовта. Бувим йўқ эмиш. Амакиларим бувимни излаб қариндошларникига кетишибди. Келинойим телефони бор таниш-билишларга қўнғироқ қилиб хабарлашиб ўтирибди.
– Бомдодга турсам, бувинг йўқ, – деди опоғдадам ҳансираб етиб келган аммамга. Одатга кўра, улар бомдод намозини бирга ўқишарди. Опоғдадамнинг хуноби ошган, тоқатсизланарди. Ҳар замонда бошидаги дўпписини олиб сип-силлиқ қирилган бошини сараклатиб қўярди. Гоҳида бир тутам соқолини ғижимлаб ўйга толарди. Мен зимдан опоғдадамни кузатар эканман, наҳотки, бувимни ҳафа қилганини билмаса, деб ўйлардим.
Мен ошхонага ўтдим. Кенжа аммам билан келинойим шу ерда экан. Бу пайтга келиб кенжа аммамни эрга бергандик. Поччамиз бўш, ювош-мўмин чиқди. Аммамни янаям талтайтириб юборди.
– Кеча акаларингиз яна жанжаллашиб қолишди.
– Ҳар доимги жанжал, бувим ҳам куйинаверади-да.
– Ҳа, бувим диққати ошиб ўтирувди. Устига-устак, дадам келиб аламини бувимдан олди. Ўғилларига индолмайди, бувимга бақириб берди.
– Ҳа, дадамни бўлгани шу-ку, энди кўряптими?
– Шундай дейсиз-у, бувимни ҳам аяш керак-да.
– Ҳали келишсин, акаларимга ҳам айтадиганим бор.
Аммам шахд билан ташқарига чиқди, опоғдадамдан ўпкалаб гапирди.
– Дада, ўзиз-ку бувимни хафа қилган, яна нима бўлганини билмайман, дейсиз-а? Индамайди, деб, онажонимни ҳадеб ранжитаверасизми?
Опоғдадам эркатой қизидан ҳайиқарди, бир нималар деб, ўзини оқлаган бўлди. Лекин бу аммамга гап уқтириб бўлмасди. Аммам тўхтамай сайраб кетди…
Бир чеккада ўтириб кечаги кун тафсилотларини эсладим… Шу куни пешиндан ғалва чиқди. Катта келинойимнинг ғаламис феъли бор эди. Гап ташиб одамларни бир-бирига қайраб қўярди. Маҳалламиздаги иккита келин у сабаб жанжаллашиб қолишибди. Энди овқатни сузиб тушлик қилаётган эдик, ҳалиги келинлар қайноналари билан кириб келишди. Уларни кўриши билан келинойим бир зумда қаёққадир ғойиб бўлди. Унинг одати – ўзи ҳеч ким билан айтишмас эди. Лекин фитна қўзғаб томоша қилишни хуш кўрарди. “Бу бедавога ҳеч қандай чора кор қилмайди,” – дерди опоғдадам. У туфайли бутун ғавғо бувимнинг зиммасига тушарди. Хуллас, келинойимнинг “шарофати” билан тушлик ҳам расво бўлди.
Кечга томон амакиларим ғалва чиқаришди. Амакиларимни жуда яхши кўрардим. Айниқса кичиги шўх, меҳрибон эди. Шу икки амаким кўп уришиб қолишарди. Ҳеч қачон муштлашмаганлар. Фақат ҳовлини бошларига кўтариб бақириб, айтишиб қолишарди. Бувим бундан ҳар сафар қаттиқ изтироб чекарди. Жанжалнинг устига келиб қолган опоғдадам уларни айириб, ҳайдаб солди. Кейин опоғдадам бувимга ўшқирди. Бундай пайтда бувим, биров эшитмасин, деб уйга кириб кетарди. Бундан опоғдадамни баттар аччиғи чиқарди. Опоғдадам чиқиб кетгач, секин уйга кирдим. Ичкари уй қоронғи эди. Бувим гиламга чўккан кўйи индамай ўтирарди. Аста ёнига бордим. Бувим йиғламасди, фақат бир нуқтага тикилганча ўйга толган эди. Мен ёнига чўкдим. Бувим менга қарамади, ўша алфозда ўтираверди… Бувим кечги овқатга ҳам чиқмади, мазам йўқ, деб ётиб олди.
…Ўша куни кечгача тинчлик бўлмади. Кенжа аммам хумордан чиққунча катта келинойим билан уришиб-талашди. Қолган аммаларим ҳам болалари билан келиб олиб уйни, ҳовлини тўзитишди. Охири улар: Тошкентга – акамизга хабар бериш керак, деган хулосага келишди. Уларнинг гапини эшитган опоғдадам негадир безовталанди, бунга рухсат бермади:
– Бўлди, ҳамманг уйингга бор. Бувинг қанақа кетган бўлса, ашнақа қайтиб келади, – деди зарда қилиб. Мен опоғдадамга норози қарадим. Опоғдадам хўмрайганча: – Сенам аммаларинг билан кет, – деди.
– Кетаманам, – дедим алам билан. – Бувим бўлмаса, бу ерда қолмайман. Ҳаммангиз бувимни хафа қиласиз. Бувим сизларни деб кетиб қолди. Дадамга айтаман, бувимни Тошкентга олиб кетамиз. Биз билан яшайди.
Ҳаммалари бақрайганча менга қараб қолишди. Опоғдадамга гап қайтаргани қаердан куч топдим, билмайман. Лекин бўлар иш бўлганди. Опоғдадам аччиғланиб ўшқириб берди. Мен йиғлаб юбордим…
Бари бир, ҳеч ким ҳеч қаёққа кетмади. Ҳамма шу ерда қолди. Кечқурун алламаҳалгача уйқум келмай, пашшахона тўридан қора қурумдай хира осмондаги кўримсиз юлдузларга термулиб ётдим.
Баъзан кечалари ҳаво дим бўлганида бувим билан пашшахона тутмай ётардик. Ана шундай тунларнинг бирида тепамизда сон-саноқсиз юлдузлар чарақлаб турарди.
– Буви, юлдузлар ҳам бизни кўрадими?
– Қандай кўрсин, ахир уларнинг кўзи бўлмаса.
– Оймомо–чи, у ҳам кўрмайдими бизни?
– Мен қайдан билай болам, сен бўлакчасан, ғалати нарсаларни сўрайсан. Даданг ҳам шунақа эди. Энам рахматли: Баҳри, бунинг бўлакча, ҳеч кимга ўхшамайди, дерди.
Саҳарга яқин туш кўрибман… Тушимда бувим билан самолётда учиб кетаётган эмишмиз. Мен хурсандман, аммо бувим безовта, нуқул: “ тўхтатинглар, тўхтатинглар,” дейди, пастга қараб интилади. Пастга қарасам, у ерда опоғдадам қўл силкиб турибди… Ўйғониб кетдим, қарасам, пашшахона йиғиштирилган, мени бир чеккага суриб қўйишибди. Сўрида аммаларим чой ичиб ўтиришибди…
Мен юз-қўлимни ювиб чой ичгани ўтирдим. Шу пайт қўлида тугун билан опоғдадам келди. Ҳаммамиз ўрнимиздан қўзғалдик. Аммам тугунни очди. Иссиқ ноннинг ҳиди димоғимга урилди. Опоғдадам қўлидаги халтадан бир бонка қаймоқ олди, оппоқ тишларини кўрсатиб жилмайди.
– Ке, ўтир, Бувиш, сенга қаймоқ олиб келдим. Бувисини эркатойи-да – бу. Опоғдадам мени ёнига ўтқизди: – Хапа бўлма, келади бувинг!
БУВИМ
Бувим йўқолганининг тўртинчи куни Ҳамзахон тоғанинг ўғли келиб қолди: “Аммам билан эрталаб телефонда гаплашдик. Ҳақловоддаги қариндошингизникида экан,” – деган хабар олиб келди. Опоғдадам бу хабарни эшитгач, одатига кўра ерга қараб ғудранди, кейин юзини бир четга буриб билинар-билинмас мийиғида кулиб қўйди. Бу ҳолатни ҳеч ким сезмаган бўлса-да, мен пайқадим. Негадир опоғдадамга меҳрим товлади.
Мен аммамдан сўраб билдим, бувим излаб кетган қариндошимиз опоғдадамни боқиб олган устанинг фарзандларидан бири экан. Улар билан борди-келдимиз кейинги пайтда узилиб қолган эди. Шунинг учун бувимнинг у ёққа бориши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, деди аммам. Шундай қилиб бувим топилди. Амакиларим кечки пайт ховлиқиб бувим билан кириб келишди.
Мен ўшанда бувимнинг йўқолиб қолишидан хавотирга тушмадим. Негадир бувимнинг бу қилиғи менга ёққан эди. Чунки, менинг мурғак ақлим бувимнинг ниҳоят исён қилганини англаб етарди.
– Буви, бекор хабар бердингиз. Янаям узоқроқ қидиришлари керак эди сизни.
– Дадангни безовта қилишмасин, дедим-да. Обидхоним эшитса, диққати ошади, деб қўрқдим.
Ҳа, бувим дадамни бошқача кўрарди… Дадам тўнғич фарзанд эди. Опоғдадам билан бувим бир-бирига дадамнинг отини айтиб мурожаат қилишарди. Мен бунинг сабабини сўраганимда бувим, одатимиз шундай, деб жавоб берган.
– Нега бўлмаса аям билан дадам бу одатни қилишмайди?
– Ҳа энди уларни ўзини янгича одатлари бор-да. Ўрис келиб, кўп одатларимиз ўзгариб кетди, болам.
– Ўрис нега биз томонга келган, буви?
– Бизи юртимиз уларникидан яхши-да, шунга келган. Бўлмаса ким ўз юртини ташлаб бошқа томонларга кетади.
– Ўрисни юрти қайда?
– Уларни юрти Масковда. Даданг кўп боради-ю, мени отам ҳам бир пайтлар кўп қатнаган у томонларга. Анави идишларни ашағдан олиб келган.
Бувим ром токчадаги идишларга ишора қилади. Биз бу идишларни эҳтиёт қилардик. Вақти-вақти билан бувим иккимиз уларни артиб-тозалаб, яна жойига тахлаб қўярдик.
– Буви, нега бу идишларни ишлатмаймиз?
– Буларни ишлатсак, синиб адоғ бўлади. Мен буларни қиз невараларимга, деб асраб қўйибман. Куёвга чиққанингизда ҳаммангизга бераман. Сенга энг сараларини олиб қўйганман.
…Бувим қиз невараларига атаб икки сандиқ сеп йиғиб қўйган эди. Сандиқларни баъзан очиб шамоллатиб турардик. Менга бу иш кўпда ёқмасди. Зилдай кўрпаларни олиб йиғиш осон иш эмасди. Лекин бувим бу ишни яйраб қиларди. Сандиқдан бир даста дўппи олиб ҳар бирини меҳр билан силайди.
– Мана бунисини сени куёвингга атаб олиб қўйганман, гулини Зулпия тиккан. Зулфия маҳалламиздаги энг моҳир чевар қиз эди. У тиккан дўппиларнинг баҳоси ҳам бошқаларникидан қиммат юрарди.
Ҳар биримизнинг куёвимизга аталган тўн, чорсиларни ҳар доимгидек эгасини айтиб чиқади:
– Буниси сени куёвинга, мана буниси Миножатга, буниси Наргизага….
Бувим сандиқдан бир тугунни олиб очди. Кўйлаклик матолар эди.
– Буларни аянг менга атаб ҳайитларда олиб келган , ҳаммаси тоза мол. Буларни ҳам сизларга деб олиб қўйибман. Фақат аянг билмасин. Билса, нега тикиб киймадингиз, деб сўкади.
Сандиқнинг энг чуқур ерида дастрўмолга тугулган пул бўлар эди. Бувим бу пулларни ҳар сафар қайтадан санаб тугиб қўярди. Бу бувим дўппи қилиб топган пуллар эди.
– Буви, сиз ўқишни билмайсиз-а?
– Мен янгича ҳарфни танимайман, болам.
– Унда санашни қайдан биласиз?
– Ўзим ўргилай сендан, пул санашни билмай бўларканми?
Бувимнинг ўқишни билишини кейин билганман. Бувимнинг саводи араб ёзувида чиққан экан.
МЕН
Атрофимдаги одамлар мудом қай тарзда ҳаёт кечириш ҳақида бош қотиришади. Бир синфдошим бўларди. Тиббиёт институтига киришни мақсад қилганди. Хирург бўламан, дерди. Лекин мактаб тугашига яқин стоматолог бўлиши ҳақида айтди: “ Чунки ўйлаб қарасам, одамнинг тиши 32 та. Биттасини даволай олмасанг, яна шунчаси бор. Хирург бўлиш эса, хатарли,” – деди. Аслида стомфакка кириш баллари у пайтда паст юрарди. Сабаби шу эди.
– Абдулла, одамлар нима учун яшайди, шу ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисан?
– Бу нима деганинг?
– Сен нима учун яшаяпсан, шуни менга айтиб бероласанми?
– Айтдим-ку санга, мединститутга кирмоқчиман.
– Хўп, ундан кейинчи?
– Ундан кейин тиш дўхтири бўламан, тиш дўхтири, билсанг, доим керак. Ноним бутун бўлади. Кейин уйланаман, бола чақа, уй, машина…
– Тушунарли!
– Йўқ, сан манга бунақа қарама, бирон нарсани нотўғри гапирдимми?
– Нега энди? Ҳаммаси тўғри!
– Санчи, бунақа ўйларингни миянгдан чиқариб ташла, бу ҳаммаси кўп китоб ўқиганингни оқибати, – маслаҳат беради синфдошим.
Қанийди бу ўйларни миямдан чиқариб ташлай олсам! Эсимни танибманки, бир хил саволлар мени қийнарди: нега бу дунёга келдим, нега яшаяпман, келганимдан мақсад, муддао не? Баъзан ота-онамга тикилиб: нега мен айнан шуларнинг фарзандиман, бошқа одамларнинг зурёди бўлсам, қандай бўлардим, деб ўйлардим. Лекин қанча ўйламай, саволларимга жавоб топа олмасдим…
БУВИМ
– Эртага пайшанба, иккаламиз бозорга чиқамиз.
Менга бу гап ёқмайди.
– Буви, шу иссиқда бозорга бормайлик. Нимага ўзингизни қийнайсиз? Ҳечам дам олмайсиз. Дадамга айтаман, ўзи пул беради сизга.
– Худога шукур, пулга зориққан жойим йўқ. Мен бекор ўтиролмайман-да, қизим. Бекорчидан худо безор, дейдилар. Бўлмаса сен бормай қўяқол.
Наилож! Яна бувимга эргашиб дўппи бозорга равона бўламан. Дўппи бозор дов-дарахтсиз яланг бир майдонда жойлашган эди. Бувим мени нарироқдаги девор соясига ўтқизиб ўзи дўппифурушлар тўпига қўшилади.
Улар дўппиларни дасталаб бошига кийиб олишарди. Буларга бир тўда харидорлар келиб қўшиларди. Мен бир четда иссиқдан лохас бўлиб бу манзарани кузатиб ўтирардим. Баъзан бу оломон ичида бувим кўздан йўқолиб қоларди. Шунда мен уларнинг ичига кириб бувимни ахтарардим. Қуёш нақ тиккага келиб чунонам қиздирардики, бувимни топганимдан кейин яна девор панасига бекинардим. Аҳён-аҳёнда узоқдан мелисалар кўриниб қоларди. Шунда дуппифурушларнинг тўпи бир нимадан хавфсираган чумчуқлардай ҳар томонга тўзиб кетарди. Улар пана-панага қочиб, тугунини тагига босиб чўнқайиб ўтириб олишарди. Бувим ҳам ҳаллослаб ёнимга келарди. Аждарнинг сурати чизилган хитой термосига яхна чой солиб олардик. Бувим чойдан хўпларкан, мен рўмолчам билан юзидаги терни артиб қўяман. Бувим менга меҳри товлаб жилмаяди. Бир пасдан кейин, мелисалар кетишади. Аёллар яна ялангликдаги жойларини эгаллашади. Бувим ҳаммадан кейин ўрнидан қўзғалади. Иккимиз бир пас майдондагиларни кузатиб ўтирамиз.
– Бўйдор бўлган яхши-да, қара, бўйи баландлар ҳар ердан кўзга ташланади.
Дарҳақиқат, буйи пастлар оломон ичида кўринмай кетарди. Шунинг учун бувим четроқда туришни маъқул кўрарди.
– Садбархонни қарагин, ҳаммадан баланд, – дейди бувим ҳавас билан. Садбар опа, деган аёлнинг бўйи жуда баланд эди. Бошига бир даста дўппини кийиб олса, худди устунга ўхшаб қоларди. Қўпол, эркакшода бу хотин ўзи гапириб ўзи кулаверарди.
– Буви, гапирасиз-да сизам, Садбарапага ўхшашни нимаси яхши? Бир беўхшов хотин бўлса.
– Қайтиб ундай гапирма. Эшитиб қолса, ҳафа бўлади. Одамнинг дили нозик бўлади, қизим.
– Хўп, бошқа гапирмайман.
– Ўзимни бўйим паст бўлгани учун хижолат чекардим. Бўйдорларга доим ҳавасим келади.
– Бўйингиз ўзингизга жуда мос, буви.
– Сени аянгни бўйи-басти бирам чиройлик. Ҳали сен ҳам аянгга ўхшаб бўйчан бўласан.
Бувим дўппиларини қўлтиқлаб майдонга ошиқади. Бувимнинг офтобда куйган юзига, тўлагина қоматига қараб: мени бувим ҳаммадан яхши, деган ўй ўтарди кўнглимдан. Бадфеъл кишилардан фазилат, кўримсизлардан кўрк қидирарди бувим.
Ўша пайтга келиб бувим билан опоғдадам ҳеч нарсага зориқишмасди. Уч ўғилнинг топиши буту бисёр, рўзғорни тўлалигича таъминлашар эди. Лекин бувим ҳам, опоғдадам ҳам умрининг охиригача тиним билмадилар. Бувим узилган дастагини аммам сим билан бойлаб берган кўзойнагини тақиб дўппи қиларди. Қийшиқ кўзойнак ғашимга тегарди.
– Дадам олиб берган янги кўзойнакни нега тақмайсиз?
– Уни Ташканга борганда тақаман. Ҳар нарсани уволи бор-да, қизим, бу ҳали кўпга чидайди.
Менда бувим ўз қўли билан тиккан ироқи дўппи, ҳамда Чор Россиясида “Кузнецов” фарфор заводида ишланган каттагина лаган сақланиб қолган. Бу ўша – Юсуфхўжа бобомиз “ўрисди юрти”дан олиб келган идишлардан бири.
Ироқи дўппини бир вақтлар бувим менга атаб тиккан эди. Худо хоҳласа, қиз невара кўрсам, деб сақлаб олиб қўйганман. Бир куни ўғлимнинг ош сузаётган келинимга айтган гапи қулоғимга чалинди: – Бу катта энамизнинг товоғи, эҳтиёт қилгин.
МЕН
Нега кўпчилик ичида ҳам ўзимни ёлғиз ҳис қилавераман? Аниқроқ айтсам, ёлғиз эмас, бошқалардан айро, алоҳида. Зоҳиран одамлар билан, аслида эса, ўз хаёлларим гирдобида. Ўйлаб қарасам, болалигимдан хаёлимда бир маскан яратиб, ўша жойда яшаган эканман. Бу ҳолат мени йиллар давомида тарк этмади. Худдики, шуурим даргоҳида бир туйнук бору мен нуқул ўша манзилни қўмсайман. Бола ўзи яхши кўрган ўйинчоқларини бир бурчакка яширгани сингари, мен ҳам ўзим учун қадрли бўлган хаёлларимни шу манзилга яшираман, жойлайман. Кундалик ташвишлардан ҳоли қолган кезларим ўша масканга ошиқаман. У ерда гоҳи тартибли, гоҳи пала-партиш жойлашган хотираларимга ғарқ бўламан. Наҳотки, одам ўзгармайди?
Уч кунлик реаллик – Чорвоқ, табиат, яқин дугоналар… Биринчи кун. Ҳаво жуда иссиқ. Узундан узоқ суҳбат… Мавзу: ҳамманинг ташвиши, тирикчилик, оилавий можаролар, фарзандлар муаммоси… Тинглаб ўтириб толиқаман. Туриб нари кетаман, бу пайт ўзимни ёмон кўраман, одаммассан, дейман ўзимга ўзим. Ахир улар ичидаги дардларини тўкиб сочишяпти-ку! Бу тафтишдан қутилиш учун овқатга уннайман. Қозон бошида ёлғиз қолиб яна ўз хаёлларимга бериламан. Ўчоқда овқат пиширишнинг гашти бўлакча! Гуриллаган оловда масаллиқлар тез тоб олади. Бундай тарзда пишган овқат – жуда мазали, ҳам кони фойда. Чунки масаллиқлар барча фойдали хусусиятларини сақлаб қолади. Мен ўзи баланд оловда тез пишган таомларни хуш кўраман. Эзилиб, милтираб қайнаган овқатни емайман. Бувимнинг катта дадаси – Юсуфхўжа отамизнинг оталари – ҳам савдогар бўлган экан. Қашқарда икки йил юриб, ўша ерда уйланиб келган экан. Демак, бувимнинг катта энаси Хадичапошша қашқарлик бўлган. Балки менга ўша катта энамнинг қони ўтгандир. Қашқар таомлари шундай чала пишган бўлади-ку.
Бир амаллаб иккинчи кун ҳам ўтди. Икки кунлик иссиқдан, гурунгдан бошим ғовлаб кетди. Учинчи кун, ниҳоят, ёмғир ёғди! Ҳаво кескин айнимай, ортиқча шамол турмай, шиғалаб ёғди ёмғир… Ҳарорат пасайди… Бирам ёқимли… Ёмғир кун бўйи ёғди, тиниб-тиниб, майдалаб… Борлиқни поклаб, чўмилтириб қўйди. Чор атрофни айландик. Тоққа чиқишни яхши кўраман. Бу ерда табиатга сингиб кетади киши. Шаҳарда осмон жуда узоқ. Тоғда бўлса яқин, шундоқ қўл чўзсанг, етадигандай. Бу ерда ер билан осмон туташиб кетади. Бир қарашда, ўзингни заррадай туясан. Аслида эса, кўнглинг тўлғаниб, тўлиб-тошади. Гўёки, бутун вужудинг юракка айлангандай…
Инсон ўзини табиат билан муштаракликда ҳис қилгандаги ҳолат доим эсда қоларли бўлади.
… Табиат, гўёки, дардини айтиб, йиғлаб олган жувондай кўркли. Осмон ҳам бирам тиниқ, мусаффо… Бундай пайтда осмонни ложувардга менгзашади. Ложувард, деган минерал тош бор. Унинг ранги тўқ кўкдан оч кўккача жилваланади. Бу тошда оқиш мавжлар бор, осмоннинг тусини эслатади. Ложувард осмон ибораси шундан олинган бўлса керак. Балки аксинча, тошни осмонга менгзаб шундай ном беришгандир.
БУВИМ
Болалигида даданг жуда шўх бўлган. Мактабга кетар йўлда бир кўприк бўларди. Чоғроққина анҳор устида. Маҳалламизда хушрўйгина қиз бор эди. Даданг шу қизни йўлини тўсиб кўприкка кўндаланг ётиб оларкан. “ Битта ўптирсез, ўтасиз ” деб. У қиз бечорани йиғлатиб, кейин ўтказиб юборар экан. Бир куни шу қизни онаси, дод, деб кириб келди. Ҳа энди, қизиз чиройлигакан, болам яхши кўрса ёмонми? Билсангиз, менам сизни яхши кўриб қолдим, жон деб сиз билан қуда бўламан, десам, баттар жазаваси тутиб чиқиб кетди.
– Сиз дадамни уришиб қўйганмисиз?
– Йўғ-а, нега уришар эканман? Ўша қиз чинданам кўркам эди-да.
– Мисол учун, кимдир мени йўлимни тўсса, индамайсизми?
– Вой, ким экан мени неварамни йўлини тўсадиган? Ўзим адабини берамана! Бувим мени суйиб бағрига босади. – Даданг дили пок бола бўлган. Ҳеч қайси қизга озор бермаслигини билардим-да, болам. Аммо ўз тенгқурлари билан кўп муштлашарди. Уларнинг оналариям келиб безор қилишарди.
– Сиз нима қилардингиз?
– Мен узр сўрардим. Яхши гапириб жўнатардим. Аммо даданг бесабаб ҳеч ким билан олишмасди. Болам иккимиз ҳамиша дилдан гаплашардик. Ўзинг ҳам биласанку, даданг келганида иккаламизни гапимиз ҳеч тугамайди. Улғайгач, даданг анча қуюлиб қолди. Чиройли қизлардан гап очсам, қўйсангизчи, мени ҳали қиладиган ишларим кўп, дерди. Обидхонимга оқила, кўркам қизни насиб қилгин, деб худойимдан тинмай сўрардим. Дуоларим ижобат бўлиб, аянгни келин қилдим-да. Ниятда гап кўп, болам. Худо хоҳласа, сени ҳам энг яхши куёвга берамиз. Сен бўлакчасан, сени авайлайдиган, кўнглингга қарайдиган куёв сўрайман доим.
Мен ўшанда бу сўзларнинг моҳиятини тушуниб етмасдим. Тўғриси, бўлғуси куёв ҳақидаги бувимнинг истаклари менга жуда зерикарли туйиларди. Менга кўпроқ бувимнинг бошидан кечирганлари ҳақидаги ҳикоялар ёқарди.
МЕН
Бизнинг борлиқ билан муносабатимиз болаликдан бошланади. Юлдузли осмонга тикилиб: бунда мен кимман? бундаги вазифам не? – деган сўроқдан бошланади. Бола атрофидаги нарсаларга боқиб улар билан жонли суҳбат қилади. Коинотдаги чексизликка қараб ўзини англашга интилади. Бола ўзини табиатдан айирмайди. Ўзини атрофидаги нарсалар билан бир бутунликда тасаввур қилади. Қизлар билан тол новдасини сидириб сочпопук қилардик. Бизнинг фаҳмлашимизча, тол гуллари дарахтнинг сочлари эди. Попуклар билан безанишимиз эса бизнинг тол билан , ўсимлик билан муштараклигимиз белгиси эди. Бизнинг шу табиатга, атрофимиздаги борлиққа дохиллигимиз нишонаси эди.
Эшигимизнинг ўртасидан ариқ оқиб ўтарди. Бир куни ариқ бўйидаги супачада қизлар билан “меҳмонакам” ўйнаб ўтиргандик. Бир дугонамиз ариқда идишларни чайиш билан овора эди. Бирданига у сапчиб тушди. Сирли, ваҳимали овоз чиқарди: “Вой, илон!” Ҳаммамиз сувга қарадик. Сал наридан оқ тусли силлиққина, узунлиги бир метрча келадиган, йўғонгина сувилон биз томонга сузиб келарди. Тип-тиниқ сувда тўлғанган танаси яққол кўриниб турарди. Қизлар нари қочишди. Мен бўлсам михлангандай жойимдан қўзғалмадим. Қўрқинч ва ҳайратда илондан кўз узмай туриб қолдим. Мен ҳайвонот боғида бундан катта илонларни ҳам кўрган эдим. Аммо у кўрганларим қалин ойнакли девор орқасида, худдки мендан айро, ўзга оламда, ўзга муҳитда мавжуд эди. Бу оппоқ илон эса ёнгинамда, менга дохил бўлган борлиқда сузиб келаётган эди. Илон бамайлихотир ёнимиздан сузиб ўтиб, нари кетди.
Бу воқеа нега хотирамда ўрнашиб қолган? Билмайман. Лекин ҳозир ҳам эсласам, ўша манзара аниқ-равшан кўз олдимда намоён бўлади. Илоннинг кўриниши, унинг қорамтир ариқ юзида оппоқ тасмадай тўлғаниши мени мафтун қилганди. Айни дамда, ундан чўчимаганман, деёлмайман. Ана ўша ваҳима ва ҳайрат қоришиб менинг туйғуларимни жунбишга солган эди. Аслида, ҳаётда ҳам шундай. Инсон мудом ҳайрат ва қўрқинч исканжасида мавжуддир.
БУВИМ
Опоғдаданг урушга кетганида бир этак бола билан қолдим. Аввалига ўзимиз бир амаллаб кун кўрдик. Қиш келгач, анча қийналиб қолдик. Энам биз билан туринглар, деб зорланди. Укам Ҳамзахон яхши ишда ишларди. Ҳар қалай қозони кунда қайнаб турарди. Ноиложликдан уларникига кўчиб ўтдик. Даданг ўшанда ўн бир ёшда эди. Укамга оғиримиз тушмасин деб, Обидхон колхозга ишга кирди. Иши жуда оғир эди. Болам тонг саҳардан қаро кечгача ишларди. Эски чориқдан зах ўтиб оёқлари музлаб қоларди. Шундай кунларнинг бирида дадангни мазаси қочиб қолди. Ўтдай ёнди болам. Укам духтир олиб келди. Духтир боламни кўриб, тузалмайди, қолганларга юқмаслиги учун бошқа уйга олинглар, деди. Уйнинг бир бурчида кераксиз буюмлар турадиган кичкинагина хона бўларди. Боламни ўша ерга ётқизишди. Духтир менга, сиз ҳам кирманг, деди. Болам бўладию, қандай кирмайман. Маҳалламиздаги кинначи кампирни олиб келдим. Исириқ тутатинг, деди. Қандайдир гиёҳлар берди, дамлаб ичирдим. Ҳаммасини қилдим, болам бехуш ётаверди. Укам: бу касалдан тузалмайди, опа, тақдирга тан беринг, деди. Укамнинг бу гапидан ичимдан шунақанги бир фарёд отилиб чиқдики, бўғзимга етганда бор кучимни йиғиб тўхтатдим. Зўрға қадам ташлаб болам ётган хонага кирдим. Ўзимни боламнинг оёғига ташлаб ўкириб йиғладим. Дунё кўзимга қоронғу бўлди. Боламнинг оёқларини силаб ялиндим: жон болам, кўзингни оч, менга бир қара, бизни ташлаб кетма! Аммо у кўзини очмади.
Яратган эгам! Боламни дардига шифо бер, шугинани мендан тортиб олма. Бундан айрилсам, мени ҳолим не кечади? Қандай яшайман? Ўзинг меҳрибонсан-ку, бизга раҳминг келсин…
Болам ётган жойда жойнамозим йиғилмади. Бошим саждада, зор йиғлардим, жойнамозим ҳўл бўлиб кетарди. Кўз ёшим қуриб, овозим чиқмай қоларди.
Бувимнинг кўзидан ёш оқар, кўйлагининг енгини ҳимариб артиб қўярди. Бувимнинг аҳволидан мен ҳам эзилиб ўтирардим. Бувим чуқур хўрсинди. Юзлари ёришди.
– Шу десанг, болам бир куни кўзини очди. Истимаси қайтди. Ҳамма ҳайрон. Шундай қилиб, худойим Обидхонимни қайтариб берди. Болам аста- секин тузалиб кетди.
– Буви, худо сизни эшитганми?
– Бўлмасам-чи! Обидхонимга бир нима бўлса, мен ўнгланмасдим-да, худойим шуни билган-да, қизим. Эгам меҳрибон! Шунинг учун яхши ният қилгин, Оллодан сўрасанг, Ўзи беради.
– Нимани сўрашим керак?
– Аввало, ўзингга инсоф сўра, кейин бошқаларга. Ҳеч кимни инсофу иймондан айирмасин, болам!
МЕН
Ўшанда, бувимнинг гапларини уқиб етганман, деёлмайман. Лекин шууримга михланиб қолгани аниқ. Кейинчалик, улғайиб бувимнинг насиҳатлари нақадар керакли, муҳим бўлганини тушуниб етдим. Бувим бир пайтлар сингдирган – ёлғон гапирма, яхшилик қил, дилозор бўлма, бировга ёмонлик тилама, шукур қил, бировга тегишли нарсани олма, бебурд бўлма, лафзингда тур қабилидаги – бир қарашда содда, жўн, оддий кўринган ўгитлари – ҳақиқат экан. Аслида, иймон ана шулардан иборат экан.
Бу дунёда бандаси билан Яратган ўртасида воситачилик қилишни истаганлар кўплаб учрайди. Менинг назаримда, аввало инсон ботини тўғри бўлиши керак. Ҳамзанинг бир байтини эслайман:
Эътибори зоҳир айлаб, ботининг қилма фужур,
Ҳақ назаргоҳи кўнгил, бу жисм қўрғондир анга.
Ҳақнинг назаргоҳи кўнгил бўлгач, воситачи надаркор?
БУВИМ
Уруш тугаб опоғдаданг эсон-омон қайтиб келди. Обидхон яна мактабга чиқди. Мактаб дириктири бир нўғай киши эди: Сен улғайиб қолдинг, зеҳнинг ўткир, сабоғингни мустақил тугатишинг мумкин, ўзим ёрдам бераман, дейди. Даданг кун бўйи опоғдаданг билан ишлаб, кечқурун сабоғини ўқирди. Бундан опоғдадангни аччиғи чиқиб, ғудраниб юрди. Даданг ўз билганидан қолмай, бир йил деганда имтиҳонлардан ўтиб ҳужжат олди. Кейин ўша нўғай муаллимнинг маслаҳати билан уч йиллик техникумни бир йилда тугатди. Ёши 18 га чиққанди. Опоғдаданг, бу йил этакка бир уйча тикласак, кейин ўғлингни уйлаб қўямиз, деди. Мен Обидхонга гапнинг учини чиқардим. Шунда даданг: мен уйланмайман, мени ниятим бошқа, мен Тошкенга кетаман, деб қолса бўладими? Бу гапни эшитган опоғдаданг чунонам жиғибийрон бўлдики, қўяверасан. Аммо даданг гапида маҳкам туриб олди: – Дада, мен у ерда ишлаб сизларга пул жўнатиб тураман, – деди . Опоғдадангни Обидхонга кучи етмади. Бундан баттар ғазабга миниб, аламини мендан оларди.
– Опоғдадамни бўлгани шу-ку, – дедим мен норози оҳангда.
Бувим менга меҳр билан тикилиб бошимни силади
– Опоғдаданггаям осон тутмагин-да, қизим. Оғир замон эди. Бир этак бола. Обидхон ёнимга кириб ишимиз юришиб қолди, деб қувониб юрганди. Дадангни бунақа ҳунар кўрсатиши тушигаям кирмаганди-да.
– Сиз ҳам дадамни ўқишини истамаганмисиз?
Бувим сирли жилмайди:
– Мен ич-ичимдан суюнганман. Умидларим катта эди Обидхонимдан.
Она-бола гаплашиб ишларимизни режалаштириб олдик. Мени чок иши қилиб тўплаб қўйган пулим бор эди. Она-бола бозорга тушиб дадангга тузукроқ устивош олдик. Оёғига латта патинка сотволдик. Чарм патинка у пайтларда жуда қиммат эди. Бир халтага қаттиқ нон, тут майиз, оққанд, қурут, шунга ўхшаш топган-тутганимизни жойлаб бердик. Яна бир халтага даданг китобларини жойлади. Пуфайкасини астарини сўкиб ичига озроқ пулни тикиб қўйдим. – Нимага ундай қилдиз? – Йўлда киссовурлар кўп экан, эҳтиётимизни қилдик-да. Шундай қилиб даданг пойизга ўтириб Ташканга кетди…
ТИЛАК
Сен хаёл суришни яхши кўрасан, қизим. Сени уддабуро, эпчил йигитга беришимиз керак. Токи, сен китобингни ўқиб, хаёлга чўмиб юраверасан. Мен доим Эгамдан сенга шуни сўрайман!
Бувим!.. Менинг меҳрибон, ғамхўр бувигинам!.. Балки бувим ҳам менга ўхшаб хаёлпараст бўлгандир: мени хонзодалардай ғам-ташвишсиз, бахтга кўмилиб яшашимни истаган. Аслида, хонзодаларнинг ҳам доим ками бор экан! Шундай дейман-у, бувимнинг кулиб турган чеҳрасини кўраман. Балки мен адашаётгандирман… Шунча кўргуликларга қарамай, бувим ҳаётидан мамнун эди-ку! Нолиш нималигини билмасди-ку!
Мени, ўзлигимни, боримча бу муҳит ҳеч қачон қабул қилмаган. Шу туфайли мен атрофимдаги одамларга мослашиш учун ниқоб остига яширинардим. Бундан ўзим ҳам безор эдим. Бувим ўз ҳолича, турланмай яшади-ку! Тўғри, бу бувимга қимматга тушарди, лекин бошқача бўлолмасди! Атрофидаги яхшию ёмонни бирдай қабул қиларди. Ҳатто дилига озор берганларни ҳам ёқларди: “ Феъл-да болам, худо берган феъл. Унда нима гуноҳ? ” Хафа бўлганида маъюс жилмаяр, қароқларида қалққан кўз ёшигина изтиробини фош қиларди. Кек сақламасди. Ҳаммани бир зумда кечириб юборарди. Гўёки, атрофидагиларнинг ҳаммаси – яхши! Гўёки ёмон одам йўқдек. Қалбинг бунчалар шаффоф бўлмаса, буви?! Бағринг бунчалар кенг бўлмаса, буви?!
ЎКИНЧ
Бувим олтмиш уч ёшида вафот этди. Бу ҳақда ёзишни истамайман. У кунларни эслаш мен учун оғир. Мен ўн уч ёшда эдим. Ўшанда мен илк бор жудолик, йўқотиш, деган сўзларнинг таъмини туйганман. Кундалигимдаги ёзувдан: “Йўқотиш, ибораси менинг ҳолатимни айнан ифодалар экан. Азиз кишисидан айрилган одам, аслида, ўзини йўқотар экан.”
Бувим менинг ҳаётимдан йўқолиб қолган, мени тарк этган эди. Мен ўз жаҳонимнинг, борлиғимнинг муҳим бир бўлагидан айрилиб қолган эдим.
Бунда киши мувозанатини йўқотган одамдай довдираб қолар экан. Ичим бўм-бўш, ҳувиллаб ётарди… Бир куни дадам иккимиз бувимнинг тепасига бордик. Бувимнинг қабри ёнида анчагача жим ўтирдик. Бир маҳал дадам: қизим, Сиз боринг, мошинада ўтириб туринг. Мен онам билан гаплашиб олай, деди. Мен дадамни айтганини қилдим… Кейинчалик ҳам дадам бувимнинг ёнига тез-тез бориб турарди.
Бир йил ўтиб опоғдадам бошқа хотин олди. Энди мен у ҳовлимизга бормай қўйдим. У ерда энди мени ҳеч ким кутмасди. Энди опоғдадам у хотин билан бизникига Тошкентга тез-тез келадиган бўлишди. У хотин дадамнинг амалдорлик имтиёзларидан баҳраманд бўлишни жуда ёқтирарди. Санаторийларда дам олиш, саёҳатларга боришга ўч эди.
– Ўғлиз – каттакон-у, айтинг! – дерди опоғдадамга.
Саёҳатга бориш у ёқда турсин, дадам бувимни даволатиш учун шифохонага ётқизишга кўндира олмасди. Бувим ҳеч унамаган. Духтирдан қўрқаман, деб оёқ тираб оларди. Тошкентга келса ҳам уч кунда, даданг ёлғиз қолди, деб кетиш пайида бўларди.
Дадам отасини ранжитмаслик учун у хотиннинг эркаликларини кўтаришини билардим. Мен бу гапларни таъна ёки маломат қилиш мақсадида ёзганим йўқ. Ҳозир мен бу нарсаларни борича, ўз ҳолича қабул қиламан. Аммо ўшанда бундан жуда қийналардим. Аламим келарди. Шу туфайли бўлса керак, мени опоғдадам билан боғловчи ришта аста-секин ингичкалашиб, юпқалашиб кетди.
Вақти келиб мен ҳам турмушга чиқдим. Ота юртимга келин бўлдим. Бир куни аям телефонда, опоғдадангни мазаси қочибди, хабар ол, деб қолди.
Аввал амакимниинг уйига кирдим.
– Дадам яхши бўлиб қолди. Ҳозир устахонасида ишлаяпти, – деди келинойим. Катта ўғлимни жиянларимга бериб ўзим қўлимда бир яшар гўдагим билан устахонага ўтдим. Опоғдадам мени кўриб жилмайди. Ўрнидан қўзғалмади. Ёнига бориб кўришдим. Гўдагимни кўриб қувонди.
Ўшандаги қиёфаси ҳалиям кўз ўнгимда. Тик қомати мункайиб қолган, юз чаноқлари бўртиб, тим қора кўзлари киртайган, босқон оловида жизғанак бўлган билаклари қоқ суякка айланган эди. Юрагим увишиб, ичим ачишиб кетди. Опоғдадам ён томонидаги каттакон капгирни олиб менга ўқтади.
– Ма, ол, бу сенга! Бошқа неваралар доим бир нарса олиб кетишади. Сен ҳечам олмайсан, – деди таъна оҳангида.
Мен болалигимдаги одатимга кўра опоғдадамнинг қўлларига қарадим. Темир юқидан қорайган, қовжираган қўлларини кўриб бўғзимга нимадир тиқилди. Капгирни олдим, оғиргина экан, зўрға ушлаб қолдим. Йиғлаб юборишимга бир баҳя қолди.
– Бувинг сени бошқача кўрарди, – опоғдадамнинг кўзлари ёшланди.
Бошини эгиб қовоқларини артди. Наҳотки?! Демак, опоғдадам ҳам бувимни эслар экан-да! Шунда мункайиб ўтирган опоғдадамнинг ёнида бувим пайдо бўлди. Бувим опоғдадамга жилмайиб қараб турарди. Буви, Сиз шу ердамидингиз? Опоғдадамнинг ёнидамидингиз? Нега мен буни билмадим? Нега?!
Шу топда рўпарамда ўтирган мўйсафиднинг менга қанчалар яқин, қадрдон эканини ҳис қилдим. Ахир шу одам борки, мен борман! Ахир бу одам мени бувим билан боғловчи ришта, бувим билан кечган кунларимдан охирги нишона-ку! Опоғдадам барча хотираларим, болалигимнинг тирик гувоҳи, далили бўлса, ўзи билан умримнинг бир саҳифасини юлқиб кетади-ку! Бу одамдан айрилсам, ҳаётимнинг бир саҳифаси ёпилади-ку! Шу топда қўлимдаги капгирни улоқтириб, опоғдадамни қаттиқ қучиб, қоқ-суяк елкаларини силагим келди. Кўксига бошимни қўйиб бувимни эслагим келди. Тўйиб-тўйиб йиғлагим келди. …Аммо бундай қилолмадим!
Шу топда, ўзим икки фарзанднинг онаси бўлганимда, ҳаётнинг шафқатсиз зарбаларидан кўнглим зада бўлиб, бир дўст, бир холис ҳамдардга муҳтож бўлганларимда бувимни қўмсаганларим ёдимга тушди. Нега шу пайтгача опоғдадамни йўқламадим, ҳолидан хабар олмадим?! Ахир мен унинг жонидан, қонидан бўлган фарзандининг изиман-ку! Эсиз, бандасининг эси кеч кирар экан!
ИЗҲОР
Бувим! Меҳрибоним, муслимам, мунисим бувим! Мен сенга заррача ўхшай олдимми? Менинг хаёлпарастлигимни билардинг. Мени бундан қайтармасдинг. Демак, сен ҳам хаёлларга берилган экансан-да! Нималар бор эди ўша гўзал, меҳрли қалбингда? Ҳаммага эзгуликни соғинган кўнглингда? Қандай хилқат эдинг, буви?
Бувим, жоним бувим! Сен ўз бурчингни оналикда билдинг, жуфтингга,
фарзандларингга хизматда билдинг, оилангга садоқатда билдинг. Ўзингни уларга бағишладинг, турмушдаги юмушларингни беминнат бажардинг. Қаердан олгандинг шунча сабрни, бардошни? Шунча меҳрни, саховатни? Қандай хилқат эдинг, буви?!
Зурриётларинг беҳисоб! Меҳрингни беҳисоб зурриётларингга сочиб, уларнинг йўлларини ўз нуринг билан ёритиб кетгандирсан? “ Иқбол “ ашуласини яхши кўрардинг. Балки бутун наслингга сўраб олгандирсан ўша баланд толени.
Бувим! Дуогўйим, бувим! Эҳтимол, сенинг дуоларинг бу ҳаётдаги синовлардан мени омон-эсон олиб чиққандир? Эҳтимол, сен ҳали ҳам менга ҳамдард, ҳамроздирсан. Сен ҳаётни севардинг, одамларга хайрихоҳ эдинг. Сенга йўлдош бўлганларга борингни бердинг. Борлиғингни яширмадинг. Ўғлингга қараб қувонганингда, унинг ютуғидан фахрланганингда қароқларингдан ёш сизиб чиқарди. Ўғлингга, узукка кўз қўйгандек, муносиб келинни сен ўз илтижоларингда сўраб олгандирсан? Сенинг дуоларинг эвазига топишгандир менинг ота-онам? Сенинг ниятларинг пайдо қилгандир бу икки қалбдаги муҳаббатни? Менинг бу ҳаётда топганларим ҳам сенинг эзгу ниятларинг ҳосиласидир балки? Шундайлигига ишончим комил, буви!
Мен ҳам сендай буви бўлдим. Ҳаётнинг бу неъматидан баҳраманд бўлиш менга ҳам насиб этди. Невараларимнинг қоп-қора, беғубор кўзларида сенинг нигоҳингни кўраман, буви! Ёмғирдан сўнг порлаб чиққан қуёшимсан, буви! Шўх булоқнинг шилдирашида кулгуларинг эшитилади. Тонгги шабадада илиқ нафасингни туяман. Осмондаги камалакда сенинг тилакларинг, ниятларинг кўринади. Баргларнинг шитири сенинг маталларингга ўхшайди…
Биз бежиз яшамаймиз! Бизга ато этилган ҳаёт – Яратганнинг беқиёс неъмати. Ҳар битта авлод келажак авлод учун яшайди. Бу узлуксиз силсила асло беҳуда эмас!
Ҳаёт бари бир гўзал ва бетакрор! Ҳаётнинг маъно-мазмуни эса уни муносиб яшаб ўтишда! Авлодларга ўзингдан яхши ном қолдиришда!
ЯКУН
– Одам етти пуштини билиши керак, бўлмаса, ёмон бўлади, – дерди бувим. – Одам ўз болаларига ота-боболари ҳақида гапирмаса фарзандлар кимлигини танимай ўсади. Ўз насл-насабини билмаганлар яхши одам бўлмайди.
– Нимага?
– Ўзинг ўйла, зотини билмаган гуноҳдан қўрқмайди. Ота-бобосининг ор-номусини, шаънини сақлашни ўйламайди-да…
Тошкент, 2016 йил, январь.
ДИЛУЗА ОПАГА МАКТУБ
Ассалому алайкум, Дилфуза опа.
Сизга, оилангиздагиларга сиҳат-саломатлик, хотирижамлик тилайман.
Бу оқшом “Эсдаликлар”ни ўқиб чиқдим. Тўғриси, яқин орада ўзбек тилида юракка бунча яқин асар ўқимаган эдим! Рост! Юракка жуда яқин! Бу мўъжаз изҳор қиссаси ҳақида таассуротлариму филолог мутахассиснинг таҳлилларини – сал зерикарлироқ туюлар, балким – айтмасам бўлмайди…
Бу асар муаллифнинг жон-жонига яқин воқеалару хотиралардан, туйғулардан яратилганки, менимча, уларни ёзмасликнинг иложи қолмаганда қоғозга тушган. Чунки инсон қалби хотирами, туйғуми – шунга ўхшаган руҳоний ҳодисаларни муайян чегарагача ўзида сақлайди. Пайти келиб бу номоддий мавжудликлар изҳор истайди, воқеланмоқ истайди, қалб ёки хотира рамкаларига сиғмай қолади. Чунки у ҳам ўзича бир борлиқ. Ҳақиқий кашфиётлар туғилишининг икки йўлидан бири ана шу.
Ҳикоя қилинган кечмиш реал ҳаётдан кейин муаллиф хотирасида қайта яшаган; узоқ, қайта-қайта яшаган. Ўз реаллигидан кейин хотирага кўчган-да, янги бир реалликка айланган. Шубҳасиз, бу – бошқа, янгиланган, силлиқлашган, муаллиф туйғулари призмасидан ўтган реаллик, борлиқ. Бу воқеликдаги одамлар ҳам, воқеалар ҳам муаллиф муносабати кўзгусида шаклланган. Аслида бадиий воқеликнинг асл моҳияти ана шундай. Йўқ, муаллиф кечмиш ҳодисаларни ўзгартирган, деган фикрдан мутлақо йироқман. Фақат бу – у эмас. Ҳаётда сочилиб ётган узуқ-юлуқ воқеалар буви образи атрофида айланиб, муаллиф мушоҳадалари ипи билан боғланган-да, яхлит бадиий картинага айланган.
Бу қиссада тасвирнинг бош хусусияти – самимият ва меъёр, уйғунлик. Воқеалар баёни ҳам, муаллифнинг ўй-кечинмалари ифодаси ҳам дилнинг тубларидан оқиб чиққан дарё – шундай табиий оқим ва равонлик бор унда. Мен бундай табиийликни, меъёрни ўзимизнинг ҳужжатли-биографик адабиётда Садриддин Айний ва Ҳабибулло Қодирийда кўрганман. Сизнинг ҳикоячингиз ҳам бағоят ростгўйлиги билан ёқиб қолади ўқувчига. У тасвир воситалари – ўхшатиш, сифатлаш ва шунга ўхшаганларни бўлар-бўлмасга қалаштириб ташлаб ёки фалсафабозлик қилиб ўқувчини зериктириб қўймайди. Мана, буви йўқолиб қолган оқшом тасвири; “Кечқурун алламаҳалгача уйқум келмай, пашшахона тўридан қора қурумдай хира осмондаги кўримсиз юлдузларга термулиб ётдим”. Осмоннинг қора қурумга ўхшаши, юлдузларнинг кўримсизлиги – қаҳрамон кўнгилғашлигининг акс-садосидир.
Тасвир воситалари жуда ўринли, меъёрда ишлатилган; ғоявий нарсалар эса ҳикоялар оқимидан чиқиб келади. Биз бу оқимда ўзбек аёлининг улуғвор инсоний сифатлар нури билан чулғанган сиймосини; опоқдада қиёфасида ўзбек эрлари қалбининг туб-тубларида муҳрланган, лекин ҳамма вақт, эҳтимолки, ҳеч вақт баралойина-ошкор намоён этилмайдиган муҳаббат, ўз аёлидан миннатдорликдай мастур туйғуларни илғаб оламиз. Мана шу оқимда ўзбек оиласи, шарқ оиласининг жамийки улуғвор жиҳатларини ҳам, оила ва муносабатлар қоясини зимдан емирадиган ички тўлқинларни ҳам илғаб оламиз. Ўзини фақат фидо этишга чоғланган шахс ҳам муайян нуқтада жавоб кутиши, ўз фидойилигини англаш жавобини кутиши, бир томонлама фидойилик инсонлик турмуши низоми бўлолмаслиги ва шу каби жуда нозик психологик-руҳоний таҳлилларни илғаб оламиз. Инсон ўз ичидаги муҳаббатни англамаслиги, билъакс, шу муҳаббатни нафрат бўлмаса-да, бундайроқ – ёқтирмаслик сифатида тушуниб юриши ва бирданига бу муҳаббатни англаш кашфиётидан ўзи ҳам ларзага тушиши сингари парадоксал инсоний ҳолатларни илғаб оламиз… Илғашлар асносида “қизиқ бир табиъатлик” (Абдулла Қодирий) ҳикоячини яхши кўриб қоламиз.
Муаллифнинг ўзи кузатган ҳаёт тафсилотлари ҳам ўша табиий оқимда шундай мавжланадики… “Табиат, гўёки, дардини айтиб, йиғлаб олган жувондай кўркли. Осмон ҳам бирам тиниқ, мусаффо… Бундай пайтда осмонни ложувардга менгзашади. Ложувард, деган минерал тош бор. Унинг ранги тўқ кўкдан оч кўккача жилваланади. Бу тошда оқиш мавжлар бор, осмоннинг тусини эслатади. Ложувард осмон ибораси шундан олинган бўлса керак. Балки аксинча, тошни осмонга менгзаб шундай ном беришгандир?” Умуман, асарда бошдан-охир майин лиризм, маҳзун лиризм, некбин драматизм эпиклик билан уйғунлашиб кетган. Мана шу уйғунликлар оша ўзбек адабиётидаги янги бир образ – буви сиймоси муҳташам бўлиб туради.
Таъкид ортиқча эмас: муаллиф бирор жойда фалсафабозлик қилмайди, ўз мушоҳадаларини эзмаланиб айтиб ичингизни сиқмайди. Буларни жудаям қизиқарли, бир қадар маҳзун воқеалар фонида ўзимиз ич-ичдан ҳис этамиз…
Булар –“Эсдаликлар” мутолаасидан туғилган илк фикрларим, кечинмаларим. Бу таассуротлару таҳлилларга дўстлик ҳам, Сизни яхши кўришим ҳам аралашган эмас: ҳаммаси холис – Сизни танимаган бир ўқувчиники. Унисини ўзгартиринг, буни қўшинг ҳам деёлмайман – барчаси ўз ўрнида.
Табриклайман, Дилфуза опа!
Давомли бўлсин – бу фақат ўзингиз учун эмас, асл санъатни, ўт билан қорилган асарларни соғинган миллатдошларингиз учун ҳам зарур.
Салом ва дуо билан: Нодира синглингиз.
2015 йил,11 январь
Dilfuza Ashurovaning esdaliklarini saytimizga tavsiya qilgan taniqli shoira va adabiyotshunos olima Nodira Afoqova maktubida shunday yozadi: “Bisot”da o’zbek ayoli hayotining go’zalliklari va dramalari yorqin ifoda etilgan. Yana: tasvirda bu qadar tabiiylik va samimiylikka erishish hamisha ham muyassar bo’lavermasligini qo’liga qalam tutgan har bir inson yaxshi biladi…
Esdaliklarni o’qigach, muallifga ilk taassurotlarimni qoralab yuborgan edim. Uni ham ilova qilyapman… Asar mohiyatini o’zimcha anglashga, anglatishga uringanman. Balki, sal balandparvozroqdir. Ular – ilk taassurotlar edi, shuning uchun o’zgarishsiz qoldirdim…«
Ushbu bitikni o’qiganimdayoq uni sayt zahirasiga olib qo’ygan edim. Nodira singlimning xati uni yana qayta yodimga soldi. Insoniy tuyg’ular bag’oyat yorqin va samimiy aks etgan xotiralarni o’qigan har bir inson yuragi yorishib ketishiga ishonaman.
Xurshid Davron
Dilfuza ASHUROVA
BISOT
…Men goho o’z buvilarimni sog’inaman. Qancha vaqt, qancha zamon bo’ldi ularning vafotiga. Lekin o’lgan, deyishga tilim bormaydi. O’zimcha gap so’zlarini eslayman. Soddadillik ila aytiladigan nasihatlarini eshitgim keladi. …onalik martabasiga qiz chog’idayoq, buvilik maqomiga onalikdayoq tayyorlanish lozim. Bu martaba va maqomga munosib umr kechirishdan ortiq sadoqat ham, saodat ham yo’q.
Ibrohim HAQQUL
adabiyotshunos olim, professor.
BUVIM
Buvimni eslasam.., tong saharda yopilgan savat to’la bo’rsildoq non, yangi sog’ilgan sutni kuvda chayganlarimiz, yuzaga suzib chiqqan sariyoqqa botirilgan issiq kulchalar, marvariddek tutni dasturxonga qoqib yeganlarimiz, buvimning tutni siqimlab yuzimizga surtganlari, hayit arafasida mayda o’rilgan sochlarimiz uchini oq ipda tikkanlarimiz, kechasi kaftlarimizga xina boylab yotganlarimiz ko’z oldimga kelaveradi.
Buvimni eslasam.., tanasi yo’g’on qari tok tagidagi so’rida shildiroq qog’ozga ko’milib, bir yog’i qiyshaygan ko’zoynak taqib olib do’ppi piltalayotgan mehribonim ko’z oldimga kelaveradi. Ko’zoynakning bir dastagi singan, ammam sim bilan boylab bergandi. Yangi ko’zoynagi ham bor edi, lekin ayab taqmasdi. Men do’ppining kizagini tepchib berardim. Seni choking tekis, o’zing tepchib ber, derdi buvim. Do’ppining gulini tikkani toqatim yetmasdi. Tepchishni bajonu dil bajarar edim.
Bolalik xotiralarim buvim qavigan ko’rpaday yumshoq, qadrdon. Men ularga burkanishni yaxshi ko’raman. Bolalikdagi islar, narsalarning ta’mi, mazasi kishi yodida mahkam o’rnashib qolarkan. Hovlimizda bir necha tup anjir bor edi. Anjir pishig’ida ertalab shu mevaning o’zi bilan nonushta qilardik. O’sha anjirning ta’mi hali-hali yodimda. Bolalikdagi ranglar ham yorqin, quyuq, to’yingan… Undagi rayhonu jambillarning isi hozir bormikan? Yomg’irdan so’ng porlab chiqqan kamalakning ranglari qayda qoldi?
Xotiralar – qalbimizning xazinasi, tafakkurimiz bisotidagi boyligimiz. Ular bizga og’ir kunlarda madad beradi, mehr oqibatli bo’lishga undaydi, insonday yashashga o’rgatadi.
MEN
Esimni tanibmanki, atrofga taajjub bilan boqardim. Meni hamma narsa hayratga solardi, hatto eng oddiy narsalar ham. Buvim sahar non yasardi, xamirni zuvala qilib terib qo’yardi. Suprada qator joylashgan gumbazchalarga hayrat ila boqardim. Bir oz vaqt o’tgach ular ko’tarilardi. Buvi, qarang ular o’syapti, derdim quvonib. Buvim chaqqonlik bilan yasalgan nonlarni chekichlaganda, ich-ichimdan qandaydir zavq toshib kelardi. Qip qizil, qaynoq kulchalarni tandirdan uzish eng yoqimli manzara edi men uchun. Buvimning tandir tobidan bo’rqsigan yuzlari quvonchdan yashnardi.
Buvi, o’zizam nonga o’xshab qoldiz, deb qiqirlab kulardim. Ocharchilik dahshatlarini ko’rgan buvim to’qchilikning har qanday ko’rinishidan yayrab ketardi…
Shu tariqa uch oy yoz tugab meni Toshkentga olib ketishardi. Bu yerda kitob o’qirdim. Besh yoshimdan harf tanigan ekanman. Qo’limga nima tushsa o’qiyverardim. Hech narsa topolmasam, gazeta o’qirdim. Ayam: bor, sen ham bunday bolaga o’xshab ko’chaga chiq, deb qistardilar. Balkonga chiqib ko’chada o’ynayotgan bolalarga bir pas qarab turardim, keyin yana o’z mashg’ulotlarimga berilardim. Biron dugonam bo’lmagan. Birgina o’rtog’im, suhbatdoshim buvim edi. Yozgi va qishki ta’tilni orziqib kutardim. Buvimni juda sog’inardim…
May oyining oxiri. Dadam ikkimiz moshinada ketyapmiz. Qamchiq dovoniga yaqinlashdik. Avvallari meni 1 May bayramlari o’tishi bilan buvimning oldiga jo’natishar edi. Maktabga chiqqanimdan keyin esa ta’til boshlangach boradigan bo’ldim. Lekin ketish xarxashasi may oyining boshidan boshlanardi.
– Dada, maktab tugashi bilan oborib qo’yasiz–a?
– Xo’p, dedim–ku, Sizga, qizim, hadeb so’rayverasizmi? Dadam meni iloji boricha tezroq olib borardi. Buni bilsam-da, mushtdekkina yuragim buvim tomon oshiqaversa,
nima qilay?
Ertalabdan havo aynigan edi. Dovonga o’rlaganimizda qor yog’a boshladi.
Harorat pasayib mashinaning tirqishlaridan izg’irinli shamol esdi. Mening etim junjikib, sovuq qotdim. Dadam moshina oynasidagi aksimga qarab jilmaydi:
– Buyog’i qandoq bo’ldi? Qor kuchayyapti–ku! Orqaga qaytmasak bo’lmas.
Meni vahima bosdi: “Nahotki orqaga qaytsak? Yo’q–yo’q, buning hecham iloji yo’q, axir meni buvim kutyapti–ku!“
– Sovuqqotdingmi?
– Yo’q, hecham sovqotganim yo’q.
Dadam moshinani to’xtatib, yukxonadagi jomadondan issiq kiyimlarimni olib berdi. Endi xotirjam edim, atrofga mamnun nazar tashladim. Yon tomonimizda haybatli qizg’ish qoyalar, tevarakdagi tog’ bag’irlari esa yashillikka burkangan. Yog’ayotgan qor parchalari moshina derazasiga qo’nib, zumda suvga aylanar, bu holatni kuzatish menga zavq berardi. Ko’klam chog’i dovon juda go’zal bo’ladi. Rang-barang giyohlar gul ochib, atrofni bezab turibdi. Qirmizi gilam bo’lib to’shalgan qizg’aldoqzorga ko’zingiz tushganida, hayratdan toshib ketasiz. Ho’v pastda, xarsang toshlar qo’ynida buloq suvlari sharqirab oqadi.
Afsus, qor yog’ayapti-da, bo’lmasa har safargiday to’xtab tog’ lolalari, ko’k rang chuchmo’malardan terib, buvimga olib borardim. Bir quchoq gullar bilan kirib kelganimni ko’rgan buvim quvonib ketardi. Meni gullar bilan baravar quchib ko’rishardi.
– Bu safar lola oborolmaymiz, qizim, – deydi dadam.
Mayli, muhimi, men bugun buvimni ko’ramanku… Buvimning issiqqina bag’rini juda sog’ingandim.
BUVIM
Buvim mening kelishimni bayram qilardi. Qo’shni qizlarni yig’ib, jamlardi. Hovlimizda ulkan tut daraxti bor edi. Marvariddek tut bu paytda rosa pishardi. Katta dasturxonni yozib tut qoqardik. Tepadan duvva tut yog’ilardi. To’yib-to’yib tutxo’rlik qilardik. Buvim bir siqim tut olib mening yuzimga ishqardi. Qolgan qizlar ham shunday qilishardi. Bir pasdan keyin yuzimizni yuvib, o’sma qo’yishga tutinardik.
– Qoshlaring suvsab ketibdi-yu, Tashkanda o’sma yo’qmi? – derdi buvim. Ayam kunora o’sma qo’yardi, lekin men yoqtirmasdim buni. Buvimga esa bu haqda aytmasdim.
Mening kelganim bahona, buvim qo’shni qizlarni tez-tez biznikiga chorlardi. Ular qo’lidagi ishi bilan chiqishardi. Biri do’ppining gulini , boshqasi chorsining suvini tikardi. Buvim menga ham kizak hozirlab qo’yardi…
Xotiram bisotidan bir ajib manzara chiqib keladi… Yoz oqshomi. Hovliga suv sepib so’riga joy hozirlaymiz. So’ri atrofiga ekilgan rayhonu xinolardan huzurbaxsh ifor taraladi. Namozshomgul turfa rang chechaklarini ochib ko’rsatadi. Oyoq ostidagi beorgullarning bo’lsa bu damga kelib chechaklari yumilib qoladi.
“Xudoyimning karomatida buyam, ayni shu mahal ochilganini ko’rmaysanmi bularning,” – deydi buvim, namozshomgul chechaklarining birin- ketin ochilishiga maxliyo bo’lganimni
kurib.
Kechgi ovqatga buvim, opog’dadam, kelinoyilarim, bir etak nevaralar dasturxon atrofida jamlanamiz. Ovqatdan keyin opog’dadam duoga qo’l ochadi. So’ng tarvuzmi, qovunmi so’yiladi. Opog’dadam bir karchdan biz nevaralarga uzatadi. Biz tartib saqlab o’z tegishimizni olamiz. Dasturxon yig’ilgach, “badiiy qism” boshlanadi. Nevaralar navbat bilan she’rmi, ashulami aytib berishadi. Bu sohada qiz nevaralar ilg’or. Men Muhabbat Shamaevaning har kuni radioda jaranglaydigan “Iqbol” ashulasini aytaman: “ Kulib kulib kumush sochib tong otadi-yo, tong yellari erkalatib uyg’otadi-yo…”
Men bu ashulani buvim uchun yodlab olganman. Buvim bu ashalani har safar ko’zida yosh bilan tinglaydi. Bu ashulani buvim nega yaxshi ko’rishini anglab yetmasam-da, har safar kanda qilmay ijro etardim. Buvim nega doim shu ashulani eshitsa, yig’laydi?
Balki bu ashula buvimning orzulari, armonlarini esiga solayotgandir… Hozir eslasam, chindanam, bu ashula yoqimli kuyi bilan, ijrochining jozibali ovozi bilan maxliyo qilganday tuyiladi. Ammo eng muhimi, ashulaning nomi, menimcha. Har safar radioda shu ashulani e’lon qilishganida buvimning chehrasi yorishib ketardi: Iqbol, derdi entikib va qo’lidagi ishini tashlab, o’tirgancha tinglardi. Ko’zlari yoshlanib, yuzida farah aks etardi…
MEN
Men odamlarni yomon ko’raman, deyolmayman. Aksincha, ularni yaxshi ko’rgim keladi. Yaxshi, toza odamlarni ko’rsam, xazina topganday quvonib ketaman. Chuqurroq mulohaza qilsam, men odamlarni emas, ular yaxshi ko’radigan narsalarni yomon ko’rar ekanman. Shulardan biri – yolg’on. Men kundalik turmushda uchraydigan bezarar yolg’onlarni nazarda tutmadim. Ko’ngilga ozor beradigan, inson qalbini kunpayakun qiladigan yolg’onni aytyapman. Dastlab ishlatilgan bitta yolg’on omonat bo’ladi. Shuning uchun u o’ziga boshqalarini ergashtiradi. Oqibatda odam yolg’onlarga botib qoladi.
Men qabul qila olmaydigan yana bir narsa – soxtalik. Aslida, bu ham yolg’onning bir ko’rinishi. Soxta muomala, soxta munosabatlar, soxta iltifotlar va hokazo… Balki ularning ziyoni yo’q, dersiz. Lekin men bundan charchayman, bezor bo’laman.
Ba’zan men ham boshqa ayollarga o’xshab serxarxasha, serdahmaza bo’lgim keladi, lekin harchand urinmay, qo’limdan kelmaydi. Behuda injiqlikni ko’tara olmayman. Bolaligimda mendan uch yosh
katta akam har tong bog’chaga borgisi kelmay injiqlik qilib yig’lasa hayron bo’lardim. Esi joyidami shu akamni? Baribir oxir oqibat, bog’chaga borishi aniq bo’lsa, nima keragi bor har kuni shu tomoshani? Akam botinkasining ipini o’zi bog’lay olmasdi. Bu ham bog’chaga bormaslik uchun bir bahona edi. Men har kuni takrorlanadigan bu bemazagarchilikdan bezib, indamay cho’kka tushib bir pasda boylab qo’yardim. Bog’chada ham ko’p narsa hodisalar g’alati tuyilardi. Qorbobo o’zimizning oshpaz Masha xola-ku. Nega bizni aldaydi? Nega bolalar quyoncha, tulki, bo’ri, ayiq bo’lib tomosha ko’rsatishadi, buni nima keragi bor? Men o’zim quyon bo’lishdan bosh tortganman. Men hayvon emasman-ku, deb qaysarlik qilib turib olganman. Bolaligimdan hayvonot bog’ini, sirkni yomon ko’raman. Bechora hayvonlarni nega qafasga solib odamlarga tomosha qildirishadi, buni haligacha tushunmayman. Sirkda ham men hayvon o’rgatuvchining “nog’orasiga o’ynayotgan” yo’lbarslarga achinib ketardim. Sho’rlik yo’lbarslarni shu ahvolga solgan odamlardan g’azablanardim. Ertaklarga hecham ishonmaganman. Keyinchalik ulg’ayib Aka-uka Grimmlar, Gans Xristian Andersen ertaklaridan hayratlandim. Chunki, ular bolalar uchun emas, kattalar uchun yozilgan edi.
BUVIM
Buvim ertak aytmagan menga, faqat boshidan o’tganlarini hikoya qilardi: bolaligidan to shu kunlarigacha… Qishning uzundan-uzoq kechalarida sandal ko’rpaga burkanib buvimning hikoyasini tinglashni yaxshi ko’rardim. Buvimning hikoyasi meni o’tgan zamonlarga yetaklab ketar, unda buvim kichkina qizaloqqa aylanib, chang ko’chalarni to’zitib tengqurlari bilan o’ynar edi…
– Otam Yusufxo’ja, ismi jismiga monand xushsurat, kelishgan odam edi. Savdogar bo’lgan. Qashqarga, o’risdi yurtiga qatnagan. Yumshoq, muloyim odam edi, doim bizni ko’nglimizga qaragan. Enam Bayshaxon (Bibi Oysha) oq-sariq, ko’zi ko’kish, pastakkina bo’lgan. Mehnatkash, kuyinchak, tinib- tinchimas xotin edi. Buvim sakkizta bola tuqqan, shundan beshtasi go’dakligida nobud bo’lgan. Men, opam va ukam turib qolganmiz. Opam juda ko’hlik bo’lgan. Oq sariqligi onamga, husni, qaddi bastining rasoligi otamga tortgan. Xamzaxon bo’lsa quyib qo’ygandek otamga o’xshaydi. Ichimizda faqat men hunukman. Onam opamni ko’chaga qo’ymas edi. Opam to’qqqizga kirganida paranji yopingan. Maktabga ham o’n ikki yoshigacha borgan xolos. Opamni o’n uch yoshida kuyovga berganmiz…
Buvimning hikoyasini tinglarkanman, beixtiyor ayamning gaplarini eslayman:
– To’yimizning ertasiga, “yuz ochdi” kuni ikkita xotin kirib keldi. Biri – ko’rkam, kelishgan. Ikkinchisi qora mayiz, sodda, g’aribgina kiyingan edi. Men hoynahoy yasangan ayol qaynanam bo’lsa kerak, degan xayolga bordim. Adashgan ekanman, yasangani dadangni xolasi ekan.
– Nimaga meni buvimni yomonlaysiz, – deyman norozi bo’lib.
– Hecham seni buvingni yomonlaganim yo’q. Bo’lganini aytyapman xolos.Buvingni menam yaxshi ko’raman. Buving juda yaxshilar.
Buvim opasi haqida gapirganida og’zidan bol tomardi. Menga esa hecham yoqmasdi bu kampir. Badqovoq, kerik xotin edi. Ko’kimtir ko’zlari mudom o’qraygan, tovushi ham yoqimsiz, serzarda kampirning qachonlardir go’zal bo’lganiga hech ishongim kelmasdi. Ismi ham qo’pol edi: Nusrat. O’zimning buvim esa boshqa gap. Mudom kulib turadi, hammaga ochiq yuz bilan qaraydi. Qop-qora, mehrli nigohlariga qarab to’ymaysan… Ismi ham biram yumshoq, yoqimli: Bahriposhsha!
– Buvi, siz Nusrat buvidan chiroylisiz-ku, nega nuqul hunukman, deysiz?
Buvim meni qattiq quchib bag’riga bosadi: “O’zim o’rgilay sendan”.
– O’n yasharligimda menga ham paranji yopintirishgan. Hech yoqmagan menga bu matoh. Men ancha o’yinqaroq bo’lganman. Ko’chada o’g’il bolalar bilan ham o’ynab ketaverardim. Paranji xalaqit bergani uchun yechib otardim. Onamdan ko’p dakki yerdim. O’n to’rtga chiqqanimda uyimizga sovchilar kela boshlagan. Negadir meni hech kuyovga chiqqim kelmasdi. Buvimga shu to’g’rida aytsam, “Bekor aytipsan, opangni uzatganimizda sendanam yosh edi”, degan.
Tashqi hovlimizda katta yong’oq daraxti bo’lardi. Shunga chiqvolib sovchilarni “yong’oqbo’ron” qilardim. Bu gap yon atrofga tarqalib sovchilarning qadami qurib qoldi.
Enam nuqul kuyinardi: “Qanday balo qiz bo’lding-a, bundan buyog’iga sovchi kelmaydi senga, qari qiz bo’lib qolasan.”
– Buvi, qari qiz nima degani?
– Qiz bola o’z vaqtida kuyovga tegmay o’tirib qolsa, qari qiz bo’ladi. Mana narigi buving bor-ku Oyxonposhsha, uni o’n to’rt yoshida uzatishgan ekan. Men bo’lsam, katta qiz bo’lib chiqqanman.
– Siz necha yoshda kuyovga chiqqansiz?
– Men kech chiqqanman, o’n olti yoshimda.
– Voy, Muhtaram ammam o’n yetti yoshda-yu, qari qiz ekan-da, bo’lmasa?– shunday deyman-u, bu topilmamdan o’zim quvonib ketaman. Juda bemaza-tantiq edi shu ammam. Urushqoq, aynamachi bo’lganidan nuqul janjal chiqarardi. “Opog’dadang erkalatib yuborgan-da, kenja-da, shunga shunaqa” – derdi buvim o’zicha uni oqlab.
– Buvi, shu ammamni tezroq uzatvorsak yaxshi bo’lardi.
– Endi u zamonlar o’tib ketdi, bolam. Hozirgi qizlarni ko’ryapsan-ku, o’qiydi. Shunga kuyovga ham kechroq chiqishyapti.
Buvimning bu gapidan shashtim pasayadi. Bo’lmasa ammamni qari qizsiz, deb bir kuydirardim.
– Shunday qilib to opog’dadangdan sovchi kelguncha o’tirib qolganman. Opog’dadang yetim edi. Mahallamizning boshida bir temirchi hunarmand bo’lardi, shu odam opog’dadangni boqib olgan ekan.
– Nimaga boqib oladi, o’zini ota-onasi bo’lmaganmi?
– Nega bo’lmasin, bo’lgan ota-onasi. Onasi go’dakligida o’lib ketgan ekan. Otasi katta boy bo’lgan Berdixo’ja deb… U odamni yerlari, bog’-rog’lari bo’lgan. Yangi hukumat mol-mulkini tortib olgan ekan. Ko’p o’tmay u kishi ham o’lgan. Opog’dadang o’gay xotinning qo’lida qoladi. U xotinni o’zini qizlari bo’lgan. Yolg’iz o’g’ilni bo’lsa ko’chaga haydaydi. Shunda haligi temirchi opog’dadangni uyiga oladi. Usta Berdixo’jadan ko’p yaxshilik ko’rgan ekan-da. Usta opog’dadangga o’z hunarini o’rgatgan. Opog’dadang ulg’ayib, uylanadigan bo’lganda qo’ni-qo’shnilar ustaga maslahat solishadi: “Mahammatxo’ja mehnatkash, qobil bola bo’ldi. O’zingiz kuyov qilsangiz bo’lmaydimi?” Usta bo’lsa ko’nmaydi: “ Bular xo’jazoda bo’lsa, biz to’g’ri kelmaymiz. Xo’ja qizlardan topish kerak ”. Shunda o’ylab-o’ylab meni topishgan, chunki xo’jalar birovni uyida sig’indi bo’lib o’sgan yetimchaga qizlarini ko’pam ravo ko’rishmasdi-da. Men bo’lsam, katta bo’lib qolgandim. Zora berishsa, deb og’iz solib ko’rishadi.
Buvimning ovozi xiralashib, titrab qoldi. Bunday qarasam mehribonimning ko’zlari yoshlangan.
– Buvi, nimaga yig’laysiz? Opog’dadamga tekkingiz kelmaganmi?
Buvim kuylagining keng, uzun yengini himarib ko’z yoshlarini artdi.
– U vaqtlarda kuyov-qayliq to’ygacha bir-birini ko’rmas edi. Opamning gap-so’zi ko’nglimni cho’ktirib yuborgan: “ O’lganing yaxshi, kelib-kelib yetimchaga tegasanmi, uyi ham yo’q ekan, usta eshigining bir chekkasidagi kulbaga uylantiryapti ekan. Sep yoygani borganlar ham xafa, ikkita-uchta zardevorni zo’rg’a ilashtirib kelishibdi. Seping sandiqda qolibdi.”
Ota-onam sepimizga deb sara idishlar yig’ishgan edi. Xitoy chinnilari, o’risdi patnislari-yu, kosa tovoqlari… Enam shu idishlarni taxlab tugayotgan edi.
– Voy ena, bunday toza idishlar uvol-u bu qizizga. Bu idishlarni terib qo’yadigan tokchasi ham yo’g’-u kuyovingizni. Mana bu pasroqlari ham bo’laveradi,– deb opam idishlarni qaytarib joyiga qo’ydi.
Opamning bu gaplaridan xo’rligim kelib yuzimni to’sib yig’lab yubordim.
– Niyatingga yarasha bo’lding, niyatingga!– deb jerkib berdi opam.
Men yotgan joyimdan qo’zg’aldim. Nusrat buvini yanayam yomon ko’rib ketdim.
– Nimaga unday deydi, siz shunday niyat qiluvmidingiz?
– Yo’g’-a, o’libmanmi o’shanday niyat qilib. Opam nuqul boy xonadonga kelin bo’lishni orzu qilardi. Mendan gap so’rasa, uyalib javob bermasdim. Ammo ichimda men ham bir nimalarni niyat qilardim.
– Nimalarni niyat qilardingiz?
– Kuyovim kamsuqum, mehribon bo’lsa, eslik, chiroylik o’g’il-qizlarim bo’lsa, deb niyat qilardim. Shu, boy bo’lsin, demagan ekanman-da.
– Kamsuqum nima, buvijon?
– Kamsuqum degani, sodda, kamtar degani.
– Opog’dadam shunaqami?
– Opog’dadang juda yaxshi, qizim.
Negadir, opog’dadam qo’pol, bemehrday ko’rinardi menga. Kulganini juda kam ko’rganman. Buvimga nuqul qo’pol gapirardi. Buvimning na bir ishi, na bir qilig’i yoqardi opog’dadamga. Buvim bo’lsa, aylanib o’rgilib, yaxshi gapirib charchamasdi. Shunda ham opog’dadamning ochilganini ko’rmaganman. Bu haqda buvimdan boshqa hech kimga aytmaganman. Yo’q, adashdim, bir marta ayamga aytganman.
– Opog’dadang halol-pok, mehnatkash odam. Yetim o’sgan, ko’p qiyinchilik ko’rgan. Shunga qo’polroq bo’lsa kerak-da. Lekin o’zi to’g’ri, pokiza odam. Dadang menga uylanmoqchi bo’lganida rosa qarshilik qilgan ekan.
– Nega?
– Ha endi, o’qigan qiz nima karomat ko’rsatardi, deb o’ylagandir-da. Buving bo’lsa, juda ko’ngilchan. Hammani boshiga chiqaradi, shunga hech kim hisoblashmaydi.
Opog’dadam ayamni qadrlashini bilardim. Ikkita kelinoyimni koyib tinchimasdi. Ayamni ularga o’rnak qilardi. Ba’zi hollarda ayam bilan kengashardi. Faqat buvimni tinmay jerkishini hecham ko’tarolmasdim.
– Nega nuqul sizni *so’kadi?– derdim kuyinib.
– Ha, biron ayb ish qilsam, so’kadi-da.
– Siz hech qachon ayb ish qilmaysiz. Opog’dadam o’zi shunaqa, bemehr.
– Opog’dadang hech kimdan mehr ko’rmagan, yaxshi gap eshitmagan.
Ko’rmagan, bilmagan narsasini qaerdan oladi?
Buvim astoydil opog’dadamning yonini olishga urinardi. Lekin men o’z bilganimdan qolmasdim.
MEN
Negadir hamma menga dardini aytib keladi, maslahat, yordam so’raydi. Qo’limdan kelsa, yordamimni ayamayman, maslahat ham beraman. Hech qachon birovning sirini oshkor qilmaganman. Lekin maslahat berish – eng behuda ish. Chunki bergan maslahatingiz o’xshamay qolsa, baloga qolasiz.
Ba’zan dugonalarimning g’ayirligi tutadi: biz doim senga ichimizdagini to’kib sochamiz, lekin sen hech qachon bizga siringni aytmaysan, deyishadi. Men dardimni birov u yoqda tursin, onamga ham aytmaganman. Nima keragi bor, baribir onamning qo’lidan hech narsa kelmasdi, bekorga siqilgani, ezilgani qolardi. Men o’zi behuda oh-vohni ko’tarolmayman. Yaratgandan boshqasi menga hamdard emas. Yana bir yo’li – qog’ozga to’kardim dardlarimni…
BUVIM
Men buvimning hayotdan noliganini yoki kimnidir yomonlaganini eshitmaganman. Doim chehrasi ochiq, hammaga kulib gapirardi. Lekin buvimni ko’p xafa qilishardi. Buvim shunda ham hech kimga qattiq gapirmagan. Faqat ma’yus kulimsirardi. Ko’zlarida qalqqan yoshni hech kim ko’rmasdi. Balki ko’rib, ko’rmaslikka olishgandir. Lekin opog’dadam dilini og’ritganda buvim ko’z yoshini hecham ko’rsatmasdi. Bor kuchini to’plab kulimsirab turaverardi. Opog’dadam ketgachgina bir burchakda sekingina yig’lab olardi. Men buvimni qanday yupatishni bilmay ezilardim.
“Nega opog’dadam bunchalik bemehr? Nega amakilarim kap-katta bo’lsa- da, quloqsiz? Nega ammalarim kelib nuqul buvimni yig’latib ketishadi?”
Sekin buvimning yoniga borib pinjiga tiqilardim. Buvim shu zahoti jilmayishga urinardi. Ko’z yoshlari aro jilmayardi… Yuzidagi o’sha iztirob hali-hanuz yodimda. Asta quchog’iga yonboshlardim. Buvim boshimni, yuzlarimni silar, kiftimni, orqamni siypalardi. Buvimning qo’llari… shunchalar qadrdon, iliq. Buvimning qo’lidan moy, sovun, o’choq isi kelardi. Buvim o’tganidan keyin ham anchagacha o’sha qo’llar isini qo’msaganman.
JIGARLAR
Tong sahar kimningdir shang’illagan ovozidan uyg’onib ketdim. Buvim bomdodga turganida meni bezovta qilmaslik uchun pashshaxonaning yarmini yig’ishtirib, bir chetga surib qo’yardi. So’rida buvim bilan Nusrat xolani ko’rdim.
– O’g’lingga aytdingmi?
– Kelinimga aytdim…
– Kelining seni gapingni ilarkanmi? Tuqqan bolangga gapingni o’tkazolmaysan-u! O’g’ling kattakon bo’lib dimog’ing ko’tarilib qoldi senlarni! Jigar kerakmas-da endi, shundaymi?
– Voy opa, nega unday deysiz? Sizdan boshqa kimim bor meni?
– Opang bilan yuz ko’rmas bulishni istamasang, ayt o’g’lingga, Tursunboyni maktabga diriktir qilib qo’ysin!
– Tursunboy diriktirlikni uddalarmikan?
– Voy bu nima deganing? Nega uddalamasin?! Birovdan kam joyi bormi meni bolamni? Seni o’g’lingni Tursunboyimdan nimasi ortiq?!
– Opa, men unday demadim, siz kuyinmang, men aytaman Obidxonga, biron yo’lini topar.
– Topsin! Bittagina bo’lamga foydam tegsin, demaydimi o’zi?!
– Opa, men choyga qaray, – buvim oshxonaga ketdi.
– Yoshligidan mo’ndi edi, mo’ndiligicha qoldi. Hech odam bo’lmadi bu! O’z foyda zararini bilmaydi-ya! – buvimning ortidan zarda qildi Nusrat buvi. Men yotgan joyimda qo’zg’alib qo’ydim. Pashshaxonaning to’lg’anganini ko’rgan xola sinchkov nazar soldi. Buvim dasturxon yozib ul-bul qo’ydi.
– Pashshaxonada kim bor?
– Nevaram.
– Obidxonning qizimi? Yana keldimi? Shu nevaranggayam hayronman, yoz bo’yi yoningdan ketmaydi-ya!
Buvim sal narida turgan chok ishi taxlangan tugunini ochib bir kizakni oldi.
– Buni qarang, opa, nevaramni qo’lidan ish kepqoldi. Do’ppini mayda, tekis tepchiydi. Nusrat xola buvim ko’rsatgan kizakka qiyo ham boqmadi, qaytaga zaharxanda qildi:
– Seni ishlaringga o’layinmi, kulayinmi? Tashkanda o’sgan arzanda nevarangga do’ppi tepchitasanmi?
– Buyam bir hunar-da, o’rgansa zarar qilmas…
– Hunar o’rganib, Tashkanda do’ppi qiladimi nevarang? Seni o’zi aqling kiradimi? Nimangga yetmaydi? Nimaga tinib o’tirolmaysan? Do’ppidan topgan pulingni qayga ishlatasan o’zi?
– O’n bitta qiz nevaram bor-u, opa, shularga sep olaman-da.
– Ularga sepni ota-onasi yig’sin! Senga nima tashvish? O’g’ling falonchi bo’lsa, seni yurishingni ko’r! Shtapil ko’ylak kiyasan haliyam. Hech shoyi mato bitmadi egningga. Men seni o’rningda bo’lsam, Tashkanga borib o’tirib olardim, haqqim bor, deb!
– Voy opaey, Tashkanga borsam, uch kunda zerikaman. Kelinim to’rga o’tqazib, hech narsaga urintirmaydi. Undan keyin, bu yoqda Mamatxo’jangizni uzoq tashlab ketolmayman.
Nusrat buvi chimirilib boshini saraklatib qo’ydi:
– Bo’pti, bilganingni qil! Shunchaki aytdim-qo’ydim-da? Jigarimsan, jonim achiganidan gapiraman-da senga.
Buvim opasiga aytganiday, yaqinda ayam bilan shu mavzuda gaplashgan edi:
– Obidxonga ayting, Tursunboyni maktabga diriktir qilib qo’ysin.
– O’g’lingizga aytganim bilan befoyda, baribir unamaydi. Jiyaningiz qandayligini o’zingiz ham bilasiz, nima qilasiz o’rtaga tushib? Ichib olib, ko’chalarda ag’anab o’qituvchilikdan ham haydaldi-ku! Qanaqasiga uni direktor qiladi, o’zingiz o’ylang, ena!
– Yolg’izgina o’g’li, opam ham orzu-havas ko’rsam, deydi-da.
– Orzu-havas ko’rish uchun boshidan o’g’lini taltaytirmasligi kerak edi. Boyvachchani o’g’li bo’lib tayyoriga o’sgan. Yoshi qirqqa boryapti-yu, hali bir ishni uddasidan o’tmaydi. Pedtexnikumniyam bir amallab bitirgan ekan, tinchgina ishlab yursa bo’lmaydimi? Siz aytolmasangiz, men o’zim aytaman xolamizga, xomtama bo’lmasin. Ayamning bu gapidan buvim cho’chib tushdi.
– Mayli o’zim aytaman, bolam. Siz gapirsangiz opam xapa bo’ladi. O’zim tushuntirarman. Lekin Nusrat xola buvimning gapini tushunishni istamadi. Shu hodisa sabab jigarlar o’rtasiga sovuqchilik tushdi.
OILA
…Bir kuni ertalab turib qarasam, hamma bezovta. Buvim yo’q emish. Amakilarim buvimni izlab qarindoshlarnikiga ketishibdi. Kelinoyim telefoni bor tanish-bilishlarga qo’ng’iroq qilib xabarlashib o’tiribdi.
– Bomdodga tursam, buving yo’q, – dedi opog’dadam hansirab yetib kelgan ammamga. Odatga ko’ra, ular bomdod namozini birga o’qishardi. Opog’dadamning xunobi oshgan, toqatsizlanardi. Har zamonda boshidagi do’ppisini olib sip-silliq qirilgan boshini saraklatib qo’yardi. Gohida bir tutam soqolini g’ijimlab o’yga tolardi. Men zimdan opog’dadamni kuzatar ekanman, nahotki, buvimni hafa qilganini bilmasa, deb o’ylardim.
Men oshxonaga o’tdim. Kenja ammam bilan kelinoyim shu yerda ekan. Bu paytga kelib kenja ammamni erga bergandik. Pochchamiz bo’sh, yuvosh-mo’min chiqdi. Ammamni yanayam taltaytirib yubordi.
– Kecha akalaringiz yana janjallashib qolishdi.
– Har doimgi janjal, buvim ham kuyinaveradi-da.
– Ha, buvim diqqati oshib o’tiruvdi. Ustiga-ustak, dadam kelib alamini buvimdan oldi. O’g’illariga indolmaydi, buvimga baqirib berdi.
– Ha, dadamni bo’lgani shu-ku, endi ko’ryaptimi?
– Shunday deysiz-u, buvimni ham ayash kerak-da.
– Hali kelishsin, akalarimga ham aytadiganim bor.
Ammam shaxd bilan tashqariga chiqdi, opog’dadamdan o’pkalab gapirdi.
– Dada, o’ziz-ku buvimni xafa qilgan, yana nima bo’lganini bilmayman, deysiz-a? Indamaydi, deb, onajonimni hadeb ranjitaverasizmi?
Opog’dadam erkatoy qizidan hayiqardi, bir nimalar deb, o’zini oqlagan bo’ldi. Lekin bu ammamga gap uqtirib bo’lmasdi. Ammam to’xtamay sayrab ketdi…
Bir chekkada o’tirib kechagi kun tafsilotlarini esladim… Shu kuni peshindan g’alva chiqdi. Katta kelinoyimning g’alamis fe’li bor edi. Gap tashib odamlarni bir-biriga qayrab qo’yardi. Mahallamizdagi ikkita kelin u sabab janjallashib qolishibdi. Endi ovqatni suzib tushlik qilayotgan edik, haligi kelinlar qaynonalari bilan kirib kelishdi. Ularni ko’rishi bilan kelinoyim bir zumda qayoqqadir g’oyib bo’ldi. Uning odati – o’zi hech kim bilan aytishmas edi. Lekin fitna qo’zg’ab tomosha qilishni xush ko’rardi. “Bu bedavoga hech qanday chora kor qilmaydi,” – derdi opog’dadam. U tufayli butun g’avg’o buvimning zimmasiga tushardi. Xullas, kelinoyimning “sharofati” bilan tushlik ham rasvo bo’ldi.
Kechga tomon amakilarim g’alva chiqarishdi. Amakilarimni juda yaxshi ko’rardim. Ayniqsa kichigi sho’x, mehribon edi. Shu ikki amakim ko’p urishib qolishardi. Hech qachon mushtlashmaganlar. Faqat hovlini boshlariga ko’tarib baqirib, aytishib qolishardi. Buvim bundan har safar qattiq iztirob chekardi. Janjalning ustiga kelib qolgan opog’dadam ularni ayirib, haydab soldi. Keyin opog’dadam buvimga o’shqirdi. Bunday paytda buvim, birov eshitmasin, deb uyga kirib ketardi. Bundan opog’dadamni battar achchig’i chiqardi. Opog’dadam chiqib ketgach, sekin uyga kirdim. Ichkari uy qorong’i edi. Buvim gilamga cho’kkan ko’yi indamay o’tirardi. Asta yoniga bordim. Buvim yig’lamasdi, faqat bir nuqtaga tikilgancha o’yga tolgan edi. Men yoniga cho’kdim. Buvim menga qaramadi, o’sha alfozda o’tiraverdi… Buvim kechgi ovqatga ham chiqmadi, mazam yo’q, deb yotib oldi.
…O’sha kuni kechgacha tinchlik bo’lmadi. Kenja ammam xumordan chiqquncha katta kelinoyim bilan urishib-talashdi. Qolgan ammalarim ham bolalari bilan kelib olib uyni, hovlini to’zitishdi. Oxiri ular: Toshkentga – akamizga xabar berish kerak, degan xulosaga kelishdi. Ularning gapini eshitgan opog’dadam negadir bezovtalandi, bunga ruxsat bermadi:
– Bo’ldi, hammang uyingga bor. Buving qanaqa ketgan bo’lsa, ashnaqa qaytib keladi, – dedi zarda qilib. Men opog’dadamga norozi qaradim. Opog’dadam xo’mraygancha: – Senam ammalaring bilan ket, – dedi.
– Ketamanam, – dedim alam bilan. – Buvim bo’lmasa, bu yerda qolmayman. Hammangiz buvimni xafa qilasiz. Buvim sizlarni deb ketib qoldi. Dadamga aytaman, buvimni Toshkentga olib ketamiz. Biz bilan yashaydi.
Hammalari baqraygancha menga qarab qolishdi. Opog’dadamga gap qaytargani qaerdan kuch topdim, bilmayman. Lekin bo’lar ish bo’lgandi. Opog’dadam achchig’lanib o’shqirib berdi. Men yig’lab yubordim…
Bari bir, hech kim hech qayoqqa ketmadi. Hamma shu yerda qoldi. Kechqurun allamahalgacha uyqum kelmay, pashshaxona to’ridan qora qurumday xira osmondagi ko’rimsiz yulduzlarga termulib yotdim.
Ba’zan kechalari havo dim bo’lganida buvim bilan pashshaxona tutmay yotardik. Ana shunday tunlarning birida tepamizda son-sanoqsiz yulduzlar charaqlab turardi.
– Buvi, yulduzlar ham bizni ko’radimi?
– Qanday ko’rsin, axir ularning ko’zi bo’lmasa.
– Oymomo–chi, u ham ko’rmaydimi bizni?
– Men qaydan bilay bolam, sen bo’lakchasan, g’alati narsalarni so’raysan. Dadang ham shunaqa edi. Enam raxmatli: Bahri, buning bo’lakcha, hech kimga o’xshamaydi, derdi.
Saharga yaqin tush ko’ribman… Tushimda buvim bilan samolyotda uchib ketayotgan emishmiz. Men xursandman, ammo buvim bezovta, nuqul: “ to’xtatinglar, to’xtatinglar,” deydi, pastga qarab intiladi. Pastga qarasam, u yerda opog’dadam qo’l silkib turibdi… O’yg’onib ketdim, qarasam, pashshaxona yig’ishtirilgan, meni bir chekkaga surib qo’yishibdi. So’rida ammalarim choy ichib o’tirishibdi…
Men yuz-qo’limni yuvib choy ichgani o’tirdim. Shu payt qo’lida tugun bilan opog’dadam keldi. Hammamiz o’rnimizdan qo’zg’aldik. Ammam tugunni ochdi. Issiq nonning hidi dimog’imga urildi. Opog’dadam qo’lidagi xaltadan bir bonka qaymoq oldi, oppoq tishlarini ko’rsatib jilmaydi.
– Ke, o’tir, Buvish, senga qaymoq olib keldim. Buvisini erkatoyi-da – bu. Opog’dadam meni yoniga o’tqizdi: – Xapa bo’lma, keladi buving!
BUVIM
Buvim yo’qolganining to’rtinchi kuni Hamzaxon tog’aning o’g’li kelib qoldi: “Ammam bilan ertalab telefonda gaplashdik. Haqlovoddagi qarindoshingiznikida ekan,” – degan xabar olib keldi. Opog’dadam bu xabarni eshitgach, odatiga ko’ra yerga qarab g’udrandi, keyin yuzini bir chetga burib bilinar-bilinmas miyig’ida kulib qo’ydi. Bu holatni hech kim sezmagan bo’lsa-da, men payqadim. Negadir opog’dadamga mehrim tovladi.
Men ammamdan so’rab bildim, buvim izlab ketgan qarindoshimiz opog’dadamni boqib olgan ustaning farzandlaridan biri ekan. Ular bilan bordi-keldimiz keyingi paytda uzilib qolgan edi. Shuning uchun buvimning u yoqqa borishi hech kimning xayoliga kelmagan, dedi ammam. Shunday qilib buvim topildi. Amakilarim kechki payt xovliqib buvim bilan kirib kelishdi.
Men o’shanda buvimning yo’qolib qolishidan xavotirga tushmadim. Negadir buvimning bu qilig’i menga yoqqan edi. Chunki, mening murg’ak aqlim buvimning nihoyat isyon qilganini anglab yetardi.
– Buvi, bekor xabar berdingiz. Yanayam uzoqroq qidirishlari kerak edi sizni.
– Dadangni bezovta qilishmasin, dedim-da. Obidxonim eshitsa, diqqati oshadi, deb qo’rqdim.
Ha, buvim dadamni boshqacha ko’rardi… Dadam to’ng’ich farzand edi. Opog’dadam bilan buvim bir-biriga dadamning otini aytib murojaat qilishardi. Men buning sababini so’raganimda buvim, odatimiz shunday, deb javob bergan.
– Nega bo’lmasa ayam bilan dadam bu odatni qilishmaydi?
– Ha endi ularni o’zini yangicha odatlari bor-da. O’ris kelib, ko’p odatlarimiz o’zgarib ketdi, bolam.
– O’ris nega biz tomonga kelgan, buvi?
– Bizi yurtimiz ularnikidan yaxshi-da, shunga kelgan. Bo’lmasa kim o’z yurtini tashlab boshqa tomonlarga ketadi.
– O’risni yurti qayda?
– Ularni yurti Maskovda. Dadang ko’p boradi-yu, meni otam ham bir paytlar ko’p qatnagan u tomonlarga. Anavi idishlarni ashag’dan olib kelgan.
Buvim rom tokchadagi idishlarga ishora qiladi. Biz bu idishlarni ehtiyot qilardik. Vaqti-vaqti bilan buvim ikkimiz ularni artib-tozalab, yana joyiga taxlab qo’yardik.
– Buvi, nega bu idishlarni ishlatmaymiz?
– Bularni ishlatsak, sinib adog’ bo’ladi. Men bularni qiz nevaralarimga, deb asrab qo’yibman. Kuyovga chiqqaningizda hammangizga beraman. Senga eng saralarini olib qo’yganman.
…Buvim qiz nevaralariga atab ikki sandiq sep yig’ib qo’ygan edi. Sandiqlarni ba’zan ochib shamollatib turardik. Menga bu ish ko’pda yoqmasdi. Zilday ko’rpalarni olib yig’ish oson ish emasdi. Lekin buvim bu ishni yayrab qilardi. Sandiqdan bir dasta do’ppi olib har birini mehr bilan silaydi.
– Mana bunisini seni kuyovingga atab olib qo’yganman, gulini Zulpiya tikkan. Zulfiya mahallamizdagi eng mohir chevar qiz edi. U tikkan do’ppilarning bahosi ham boshqalarnikidan qimmat yurardi.
Har birimizning kuyovimizga atalgan to’n, chorsilarni har doimgidek egasini aytib chiqadi:
– Bunisi seni kuyovinga, mana bunisi Minojatga, bunisi Nargizaga….
Buvim sandiqdan bir tugunni olib ochdi. Ko’ylaklik matolar edi.
– Bularni ayang menga atab hayitlarda olib kelgan , hammasi toza mol. Bularni ham sizlarga deb olib qo’yibman. Faqat ayang bilmasin. Bilsa, nega tikib kiymadingiz, deb so’kadi.
Sandiqning eng chuqur yerida dastro’molga tugulgan pul bo’lar edi. Buvim bu pullarni har safar qaytadan sanab tugib qo’yardi. Bu buvim do’ppi qilib topgan pullar edi.
– Buvi, siz o’qishni bilmaysiz-a?
– Men yangicha harfni tanimayman, bolam.
– Unda sanashni qaydan bilasiz?
– O’zim o’rgilay sendan, pul sanashni bilmay bo’larkanmi?
Buvimning o’qishni bilishini keyin bilganman. Buvimning savodi arab yozuvida chiqqan ekan.
MEN
Atrofimdagi odamlar mudom qay tarzda hayot kechirish haqida bosh qotirishadi. Bir sinfdoshim bo’lardi. Tibbiyot institutiga kirishni maqsad qilgandi. Xirurg bo’laman, derdi. Lekin maktab tugashiga yaqin stomatolog bo’lishi haqida aytdi: “ Chunki o’ylab qarasam, odamning tishi 32 ta. Bittasini davolay olmasang, yana shunchasi bor. Xirurg bo’lish esa, xatarli,” – dedi. Aslida stomfakka kirish ballari u paytda past yurardi. Sababi shu edi.
– Abdulla, odamlar nima uchun yashaydi, shu haqida hech o’ylab ko’rganmisan?
– Bu nima deganing?
– Sen nima uchun yashayapsan, shuni menga aytib berolasanmi?
– Aytdim-ku sanga, medinstitutga kirmoqchiman.
– Xo’p, undan keyinchi?
– Undan keyin tish do’xtiri bo’laman, tish do’xtiri, bilsang, doim kerak. Nonim butun bo’ladi. Keyin uylanaman, bola chaqa, uy, mashina…
– Tushunarli!
– Yo’q, san manga bunaqa qarama, biron narsani noto’g’ri gapirdimmi?
– Nega endi? Hammasi to’g’ri!
– Sanchi, bunaqa o’ylaringni miyangdan chiqarib tashla, bu hammasi ko’p kitob o’qiganingni oqibati, – maslahat beradi sinfdoshim.
Qaniydi bu o’ylarni miyamdan chiqarib tashlay olsam! Esimni tanibmanki, bir xil savollar meni qiynardi: nega bu dunyoga keldim, nega yashayapman, kelganimdan maqsad, muddao ne? Ba’zan ota-onamga tikilib: nega men aynan shularning farzandiman, boshqa odamlarning zuryodi bo’lsam, qanday bo’lardim, deb o’ylardim. Lekin qancha o’ylamay, savollarimga javob topa olmasdim…
BUVIM
– Ertaga payshanba, ikkalamiz bozorga chiqamiz.
Menga bu gap yoqmaydi.
– Buvi, shu issiqda bozorga bormaylik. Nimaga o’zingizni qiynaysiz? Hecham dam olmaysiz. Dadamga aytaman, o’zi pul beradi sizga.
– Xudoga shukur, pulga zoriqqan joyim yo’q. Men bekor o’tirolmayman-da, qizim. Bekorchidan xudo bezor, deydilar. Bo’lmasa sen bormay qo’yaqol.
Nailoj! Yana buvimga ergashib do’ppi bozorga ravona bo’laman. Do’ppi bozor dov-daraxtsiz yalang bir maydonda joylashgan edi. Buvim meni nariroqdagi devor soyasiga o’tqizib o’zi do’ppifurushlar to’piga qo’shiladi.
Ular do’ppilarni dastalab boshiga kiyib olishardi. Bularga bir to’da xaridorlar kelib qo’shilardi. Men bir chetda issiqdan loxas bo’lib bu manzarani kuzatib o’tirardim. Ba’zan bu olomon ichida buvim ko’zdan yo’qolib qolardi. Shunda men ularning ichiga kirib buvimni axtarardim. Quyosh naq tikkaga kelib chunonam qizdirardiki, buvimni topganimdan keyin yana devor panasiga bekinardim. Ahyon-ahyonda uzoqdan melisalar ko’rinib qolardi. Shunda duppifurushlarning to’pi bir nimadan xavfsiragan chumchuqlarday har tomonga to’zib ketardi. Ular pana-panaga qochib, tugunini tagiga bosib cho’nqayib o’tirib olishardi. Buvim ham halloslab yonimga kelardi. Ajdarning surati chizilgan xitoy termosiga yaxna choy solib olardik. Buvim choydan xo’plarkan, men ro’molcham bilan yuzidagi terni artib qo’yaman. Buvim menga mehri tovlab jilmayadi. Bir pasdan keyin, melisalar ketishadi. Ayollar yana yalanglikdagi joylarini egallashadi. Buvim hammadan keyin o’rnidan qo’zg’aladi. Ikkimiz bir pas maydondagilarni kuzatib o’tiramiz.
– Bo’ydor bo’lgan yaxshi-da, qara, bo’yi balandlar har yerdan ko’zga tashlanadi.
Darhaqiqat, buyi pastlar olomon ichida ko’rinmay ketardi. Shuning uchun buvim chetroqda turishni ma’qul ko’rardi.
– Sadbarxonni qaragin, hammadan baland, – deydi buvim havas bilan. Sadbar opa, degan ayolning bo’yi juda baland edi. Boshiga bir dasta do’ppini kiyib olsa, xuddi ustunga o’xshab qolardi. Qo’pol, erkakshoda bu xotin o’zi gapirib o’zi kulaverardi.
– Buvi, gapirasiz-da sizam, Sadbarapaga o’xshashni nimasi yaxshi? Bir beo’xshov xotin bo’lsa.
– Qaytib unday gapirma. Eshitib qolsa, hafa bo’ladi. Odamning dili nozik bo’ladi, qizim.
– Xo’p, boshqa gapirmayman.
– O’zimni bo’yim past bo’lgani uchun xijolat chekardim. Bo’ydorlarga doim havasim keladi.
– Bo’yingiz o’zingizga juda mos, buvi.
– Seni ayangni bo’yi-basti biram chiroylik. Hali sen ham ayangga o’xshab bo’ychan bo’lasan.
Buvim do’ppilarini qo’ltiqlab maydonga oshiqadi. Buvimning oftobda kuygan yuziga, to’lagina qomatiga qarab: meni buvim hammadan yaxshi, degan o’y o’tardi ko’nglimdan. Badfe’l kishilardan fazilat, ko’rimsizlardan ko’rk qidirardi buvim.
O’sha paytga kelib buvim bilan opog’dadam hech narsaga zoriqishmasdi. Uch o’g’ilning topishi butu bisyor, ro’zg’orni to’laligicha ta’minlashar edi. Lekin buvim ham, opog’dadam ham umrining oxirigacha tinim bilmadilar. Buvim uzilgan dastagini ammam sim bilan boylab bergan ko’zoynagini taqib do’ppi qilardi. Qiyshiq ko’zoynak g’ashimga tegardi.
– Dadam olib bergan yangi ko’zoynakni nega taqmaysiz?
– Uni Tashkanga borganda taqaman. Har narsani uvoli bor-da, qizim, bu hali ko’pga chidaydi.
Menda buvim o’z qo’li bilan tikkan iroqi do’ppi, hamda Chor Rossiyasida “Kuznetsov” farfor zavodida ishlangan kattagina lagan saqlanib qolgan. Bu o’sha – Yusufxo’ja bobomiz “o’risdi yurti”dan olib kelgan idishlardan biri.
Iroqi do’ppini bir vaqtlar buvim menga atab tikkan edi. Xudo xohlasa, qiz nevara ko’rsam, deb saqlab olib qo’yganman. Bir kuni o’g’limning osh suzayotgan kelinimga aytgan gapi qulog’imga chalindi: – Bu katta enamizning tovog’i, ehtiyot qilgin.
MEN
Nega ko’pchilik ichida ham o’zimni yolg’iz his qilaveraman? Aniqroq aytsam, yolg’iz emas, boshqalardan ayro, alohida. Zohiran odamlar bilan, aslida esa, o’z xayollarim girdobida. O’ylab qarasam, bolaligimdan xayolimda bir maskan yaratib, o’sha joyda yashagan ekanman. Bu holat meni yillar davomida tark etmadi. Xuddiki, shuurim dargohida bir tuynuk boru men nuqul o’sha manzilni qo’msayman. Bola o’zi yaxshi ko’rgan o’yinchoqlarini bir burchakka yashirgani singari, men ham o’zim uchun qadrli bo’lgan xayollarimni shu manzilga yashiraman, joylayman. Kundalik tashvishlardan holi qolgan kezlarim o’sha maskanga oshiqaman. U yerda gohi tartibli, gohi pala-partish joylashgan xotiralarimga g’arq bo’laman. Nahotki, odam o’zgarmaydi?
Uch kunlik reallik – Chorvoq, tabiat, yaqin dugonalar… Birinchi kun. Havo juda issiq. Uzundan uzoq suhbat… Mavzu: hammaning tashvishi, tirikchilik, oilaviy mojarolar, farzandlar muammosi… Tinglab o’tirib toliqaman. Turib nari ketaman, bu payt o’zimni yomon ko’raman, odammassan, deyman o’zimga o’zim. Axir ular ichidagi dardlarini to’kib sochishyapti-ku! Bu taftishdan qutilish uchun ovqatga unnayman. Qozon boshida yolg’iz qolib yana o’z xayollarimga berilaman. O’choqda ovqat pishirishning gashti bo’lakcha! Gurillagan olovda masalliqlar tez tob oladi. Bunday tarzda pishgan ovqat – juda mazali, ham koni foyda. Chunki masalliqlar barcha foydali xususiyatlarini saqlab qoladi. Men o’zi baland olovda tez pishgan taomlarni xush ko’raman. Ezilib, miltirab qaynagan ovqatni yemayman. Buvimning katta dadasi – Yusufxo’ja otamizning otalari – ham savdogar bo’lgan ekan. Qashqarda ikki yil yurib, o’sha yerda uylanib kelgan ekan. Demak, buvimning katta enasi Xadichaposhsha qashqarlik bo’lgan. Balki menga o’sha katta enamning qoni o’tgandir. Qashqar taomlari shunday chala pishgan bo’ladi-ku.
Bir amallab ikkinchi kun ham o’tdi. Ikki kunlik issiqdan, gurungdan boshim g’ovlab ketdi. Uchinchi kun, nihoyat, yomg’ir yog’di! Havo keskin aynimay, ortiqcha shamol turmay, shig’alab yog’di yomg’ir… Harorat pasaydi… Biram yoqimli… Yomg’ir kun bo’yi yog’di, tinib-tinib, maydalab… Borliqni poklab, cho’miltirib qo’ydi. Chor atrofni aylandik. Toqqa chiqishni yaxshi ko’raman. Bu yerda tabiatga singib ketadi kishi. Shaharda osmon juda uzoq. Tog’da bo’lsa yaqin, shundoq qo’l cho’zsang, yetadiganday. Bu yerda yer bilan osmon tutashib ketadi. Bir qarashda, o’zingni zarraday tuyasan. Aslida esa, ko’ngling to’lg’anib, to’lib-toshadi. Go’yoki, butun vujuding yurakka aylanganday…
Inson o’zini tabiat bilan mushtaraklikda his qilgandagi holat doim esda qolarli bo’ladi.
… Tabiat, go’yoki, dardini aytib, yig’lab olgan juvonday ko’rkli. Osmon ham biram tiniq, musaffo… Bunday paytda osmonni lojuvardga mengzashadi. Lojuvard, degan mineral tosh bor. Uning rangi to’q ko’kdan och ko’kkacha jilvalanadi. Bu toshda oqish mavjlar bor, osmonning tusini eslatadi. Lojuvard osmon iborasi shundan olingan bo’lsa kerak. Balki aksincha, toshni osmonga mengzab shunday nom berishgandir.
BUVIM
Bolaligida dadang juda sho’x bo’lgan. Maktabga ketar yo’lda bir ko’prik bo’lardi. Chog’roqqina anhor ustida. Mahallamizda xushro’ygina qiz bor edi. Dadang shu qizni yo’lini to’sib ko’prikka ko’ndalang yotib olarkan. “ Bitta o’ptirsez, o’tasiz ” deb. U qiz bechorani yig’latib, keyin o’tkazib yuborar ekan. Bir kuni shu qizni onasi, dod, deb kirib keldi. Ha endi, qiziz chiroyligakan, bolam yaxshi ko’rsa yomonmi? Bilsangiz, menam sizni yaxshi ko’rib qoldim, jon deb siz bilan quda bo’laman, desam, battar jazavasi tutib chiqib ketdi.
– Siz dadamni urishib qo’yganmisiz?
– Yo’g’-a, nega urishar ekanman? O’sha qiz chindanam ko’rkam edi-da.
– Misol uchun, kimdir meni yo’limni to’ssa, indamaysizmi?
– Voy, kim ekan meni nevaramni yo’lini to’sadigan? O’zim adabini beramana! Buvim meni suyib bag’riga bosadi. – Dadang dili pok bola bo’lgan. Hech qaysi qizga ozor bermasligini bilardim-da, bolam. Ammo o’z tengqurlari bilan ko’p mushtlashardi. Ularning onalariyam kelib bezor qilishardi.
– Siz nima qilardingiz?
– Men uzr so’rardim. Yaxshi gapirib jo’natardim. Ammo dadang besabab hech kim bilan olishmasdi. Bolam ikkimiz hamisha dildan gaplashardik. O’zing ham bilasanku, dadang kelganida ikkalamizni gapimiz hech tugamaydi. Ulg’aygach, dadang ancha quyulib qoldi. Chiroyli qizlardan gap ochsam, qo’ysangizchi, meni hali qiladigan ishlarim ko’p, derdi. Obidxonimga oqila, ko’rkam qizni nasib qilgin, deb xudoyimdan tinmay so’rardim. Duolarim ijobat bo’lib, ayangni kelin qildim-da. Niyatda gap ko’p, bolam. Xudo xohlasa, seni ham eng yaxshi kuyovga beramiz. Sen bo’lakchasan, seni avaylaydigan, ko’nglingga qaraydigan kuyov so’rayman doim.
Men o’shanda bu so’zlarning mohiyatini tushunib yetmasdim. To’g’risi, bo’lg’usi kuyov haqidagi buvimning istaklari menga juda zerikarli tuyilardi. Menga ko’proq buvimning boshidan kechirganlari haqidagi hikoyalar yoqardi.
MEN
Bizning borliq bilan munosabatimiz bolalikdan boshlanadi. Yulduzli osmonga tikilib: bunda men kimman? bundagi vazifam ne? – degan so’roqdan boshlanadi. Bola atrofidagi narsalarga boqib ular bilan jonli suhbat qiladi. Koinotdagi cheksizlikka qarab o’zini anglashga intiladi. Bola o’zini tabiatdan ayirmaydi. O’zini atrofidagi narsalar bilan bir butunlikda tasavvur qiladi. Qizlar bilan tol novdasini sidirib sochpopuk qilardik. Bizning fahmlashimizcha, tol gullari daraxtning sochlari edi. Popuklar bilan bezanishimiz esa bizning tol bilan , o’simlik bilan mushtarakligimiz belgisi edi. Bizning shu tabiatga, atrofimizdagi borliqqa doxilligimiz nishonasi edi.
Eshigimizning o’rtasidan ariq oqib o’tardi. Bir kuni ariq bo’yidagi supachada qizlar bilan “mehmonakam” o’ynab o’tirgandik. Bir dugonamiz ariqda idishlarni chayish bilan ovora edi. Birdaniga u sapchib tushdi. Sirli, vahimali ovoz chiqardi: “Voy, ilon!” Hammamiz suvga qaradik. Sal naridan oq tusli silliqqina, uzunligi bir metrcha keladigan, yo’g’ongina suvilon biz tomonga suzib kelardi. Tip-tiniq suvda to’lg’angan tanasi yaqqol ko’rinib turardi. Qizlar nari qochishdi. Men bo’lsam mixlanganday joyimdan qo’zg’almadim. Qo’rqinch va hayratda ilondan ko’z uzmay turib qoldim. Men hayvonot bog’ida bundan katta ilonlarni ham ko’rgan edim. Ammo u ko’rganlarim qalin oynakli devor orqasida, xuddki mendan ayro, o’zga olamda, o’zga muhitda mavjud edi. Bu oppoq ilon esa yonginamda, menga doxil bo’lgan borliqda suzib kelayotgan edi. Ilon bamaylixotir yonimizdan suzib o’tib, nari ketdi.
Bu voqea nega xotiramda o’rnashib qolgan? Bilmayman. Lekin hozir ham eslasam, o’sha manzara aniq-ravshan ko’z oldimda namoyon bo’ladi. Ilonning ko’rinishi, uning qoramtir ariq yuzida oppoq tasmaday to’lg’anishi meni maftun qilgandi. Ayni damda, undan cho’chimaganman, deyolmayman. Ana o’sha vahima va hayrat qorishib mening tuyg’ularimni junbishga solgan edi. Aslida, hayotda ham shunday. Inson mudom hayrat va qo’rqinch iskanjasida mavjuddir.
BUVIM
Opog’dadang urushga ketganida bir etak bola bilan qoldim. Avvaliga o’zimiz bir amallab kun ko’rdik. Qish kelgach, ancha qiynalib qoldik. Enam biz bilan turinglar, deb zorlandi. Ukam Hamzaxon yaxshi ishda ishlardi. Har qalay qozoni kunda qaynab turardi. Noilojlikdan ularnikiga ko’chib o’tdik. Dadang o’shanda o’n bir yoshda edi. Ukamga og’irimiz tushmasin deb, Obidxon kolxozga ishga kirdi. Ishi juda og’ir edi. Bolam tong sahardan qaro kechgacha ishlardi. Eski choriqdan zax o’tib oyoqlari muzlab qolardi. Shunday kunlarning birida dadangni mazasi qochib qoldi. O’tday yondi bolam. Ukam duxtir olib keldi. Duxtir bolamni ko’rib, tuzalmaydi, qolganlarga yuqmasligi uchun boshqa uyga olinglar, dedi. Uyning bir burchida keraksiz buyumlar turadigan kichkinagina xona bo’lardi. Bolamni o’sha yerga yotqizishdi. Duxtir menga, siz ham kirmang, dedi. Bolam bo’ladiyu, qanday kirmayman. Mahallamizdagi kinnachi kampirni olib keldim. Isiriq tutating, dedi. Qandaydir giyohlar berdi, damlab ichirdim. Hammasini qildim, bolam bexush yotaverdi. Ukam: bu kasaldan tuzalmaydi, opa, taqdirga tan bering, dedi. Ukamning bu gapidan ichimdan shunaqangi bir faryod otilib chiqdiki, bo’g’zimga yetganda bor kuchimni yig’ib to’xtatdim. Zo’rg’a qadam tashlab bolam yotgan xonaga kirdim. O’zimni bolamning oyog’iga tashlab o’kirib yig’ladim. Dunyo ko’zimga qorong’u bo’ldi. Bolamning oyoqlarini silab yalindim: jon bolam, ko’zingni och, menga bir qara, bizni tashlab ketma! Ammo u ko’zini ochmadi.
Yaratgan egam! Bolamni dardiga shifo ber, shuginani mendan tortib olma. Bundan ayrilsam, meni holim ne kechadi? Qanday yashayman? O’zing mehribonsan-ku, bizga rahming kelsin…
Bolam yotgan joyda joynamozim yig’ilmadi. Boshim sajdada, zor yig’lardim, joynamozim ho’l bo’lib ketardi. Ko’z yoshim qurib, ovozim chiqmay qolardi.
Buvimning ko’zidan yosh oqar, ko’ylagining yengini himarib artib qo’yardi. Buvimning ahvolidan men ham ezilib o’tirardim. Buvim chuqur xo’rsindi. Yuzlari yorishdi.
– Shu desang, bolam bir kuni ko’zini ochdi. Istimasi qaytdi. Hamma hayron. Shunday qilib, xudoyim Obidxonimni qaytarib berdi. Bolam asta- sekin tuzalib ketdi.
– Buvi, xudo sizni eshitganmi?
– Bo’lmasam-chi! Obidxonimga bir nima bo’lsa, men o’nglanmasdim-da, xudoyim shuni bilgan-da, qizim. Egam mehribon! Shuning uchun yaxshi niyat qilgin, Ollodan so’rasang, O’zi beradi.
– Nimani so’rashim kerak?
– Avvalo, o’zingga insof so’ra, keyin boshqalarga. Hech kimni insofu iymondan ayirmasin, bolam!
MEN
O’shanda, buvimning gaplarini uqib yetganman, deyolmayman. Lekin shuurimga mixlanib qolgani aniq. Keyinchalik, ulg’ayib buvimning nasihatlari naqadar kerakli, muhim bo’lganini tushunib yetdim. Buvim bir paytlar singdirgan – yolg’on gapirma, yaxshilik qil, dilozor bo’lma, birovga yomonlik tilama, shukur qil, birovga tegishli narsani olma, beburd bo’lma, lafzingda tur qabilidagi – bir qarashda sodda, jo’n, oddiy ko’ringan o’gitlari – haqiqat ekan. Aslida, iymon ana shulardan iborat ekan.
Bu dunyoda bandasi bilan Yaratgan o’rtasida vositachilik qilishni istaganlar ko’plab uchraydi. Mening nazarimda, avvalo inson botini to’g’ri bo’lishi kerak. Hamzaning bir baytini eslayman:
E’tibori zohir aylab, botining qilma fujur,
Haq nazargohi ko’ngil, bu jism qo’rg’ondir anga.
Haqning nazargohi ko’ngil bo’lgach, vositachi nadarkor?
BUVIM
Urush tugab opog’dadang eson-omon qaytib keldi. Obidxon yana maktabga chiqdi. Maktab diriktiri bir no’g’ay kishi edi: Sen ulg’ayib qolding, zehning o’tkir, sabog’ingni mustaqil tugatishing mumkin, o’zim yordam beraman, deydi. Dadang kun bo’yi opog’dadang bilan ishlab, kechqurun sabog’ini o’qirdi. Bundan opog’dadangni achchig’i chiqib, g’udranib yurdi. Dadang o’z bilganidan qolmay, bir yil deganda imtihonlardan o’tib hujjat oldi. Keyin o’sha no’g’ay muallimning maslahati bilan uch yillik texnikumni bir yilda tugatdi. Yoshi 18 ga chiqqandi. Opog’dadang, bu yil etakka bir uycha tiklasak, keyin o’g’lingni uylab qo’yamiz, dedi. Men Obidxonga gapning uchini chiqardim. Shunda dadang: men uylanmayman, meni niyatim boshqa, men Toshkenga ketaman, deb qolsa bo’ladimi? Bu gapni eshitgan opog’dadang chunonam jig’ibiyron bo’ldiki, qo’yaverasan. Ammo dadang gapida mahkam turib oldi: – Dada, men u yerda ishlab sizlarga pul jo’natib turaman, – dedi . Opog’dadangni Obidxonga kuchi yetmadi. Bundan battar g’azabga minib, alamini mendan olardi.
– Opog’dadamni bo’lgani shu-ku, – dedim men norozi ohangda.
Buvim menga mehr bilan tikilib boshimni siladi
– Opog’dadanggayam oson tutmagin-da, qizim. Og’ir zamon edi. Bir etak bola. Obidxon yonimga kirib ishimiz yurishib qoldi, deb quvonib yurgandi. Dadangni bunaqa hunar ko’rsatishi tushigayam kirmagandi-da.
– Siz ham dadamni o’qishini istamaganmisiz?
Buvim sirli jilmaydi:
– Men ich-ichimdan suyunganman. Umidlarim katta edi Obidxonimdan.
Ona-bola gaplashib ishlarimizni rejalashtirib oldik. Meni chok ishi qilib to’plab qo’ygan pulim bor edi. Ona-bola bozorga tushib dadangga tuzukroq ustivosh oldik. Oyog’iga latta patinka sotvoldik. Charm patinka u paytlarda juda qimmat edi. Bir xaltaga qattiq non, tut mayiz, oqqand, qurut, shunga o’xshash topgan-tutganimizni joylab berdik. Yana bir xaltaga dadang kitoblarini joyladi. Pufaykasini astarini so’kib ichiga ozroq pulni tikib qo’ydim. – Nimaga unday qildiz? – Yo’lda kissovurlar ko’p ekan, ehtiyotimizni qildik-da. Shunday qilib dadang poyizga o’tirib Tashkanga ketdi…
TILAK
Sen xayol surishni yaxshi ko’rasan, qizim. Seni uddaburo, epchil yigitga berishimiz kerak. Toki, sen kitobingni o’qib, xayolga cho’mib yuraverasan. Men doim Egamdan senga shuni so’rayman!
Buvim!.. Mening mehribon, g’amxo’r buviginam!.. Balki buvim ham menga o’xshab xayolparast bo’lgandir: meni xonzodalarday g’am-tashvishsiz, baxtga ko’milib yashashimni istagan. Aslida, xonzodalarning ham doim kami bor ekan! Shunday deyman-u, buvimning kulib turgan chehrasini ko’raman. Balki men adashayotgandirman… Shuncha ko’rguliklarga qaramay, buvim hayotidan mamnun edi-ku! Nolish nimaligini bilmasdi-ku!
Meni, o’zligimni, borimcha bu muhit hech qachon qabul qilmagan. Shu tufayli men atrofimdagi odamlarga moslashish uchun niqob ostiga yashirinardim. Bundan o’zim ham bezor edim. Buvim o’z holicha, turlanmay yashadi-ku! To’g’ri, bu buvimga qimmatga tushardi, lekin boshqacha bo’lolmasdi! Atrofidagi yaxshiyu yomonni birday qabul qilardi. Hatto diliga ozor berganlarni ham yoqlardi: “ Fe’l-da bolam, xudo bergan fe’l. Unda nima gunoh? ” Xafa bo’lganida ma’yus jilmayar, qaroqlarida qalqqan ko’z yoshigina iztirobini fosh qilardi. Kek saqlamasdi. Hammani bir zumda kechirib yuborardi. Go’yoki, atrofidagilarning hammasi – yaxshi! Go’yoki yomon odam yo’qdek. Qalbing bunchalar shaffof bo’lmasa, buvi?! Bag’ring bunchalar keng bo’lmasa, buvi?!
O’KINCH
Buvim oltmish uch yoshida vafot etdi. Bu haqda yozishni istamayman. U kunlarni eslash men uchun og’ir. Men o’n uch yoshda edim. O’shanda men ilk bor judolik, yo’qotish, degan so’zlarning ta’mini tuyganman. Kundaligimdagi yozuvdan: “Yo’qotish, iborasi mening holatimni aynan ifodalar ekan. Aziz kishisidan ayrilgan odam, aslida, o’zini yo’qotar ekan.”
Buvim mening hayotimdan yo’qolib qolgan, meni tark etgan edi. Men o’z jahonimning, borlig’imning muhim bir bo’lagidan ayrilib qolgan edim.
Bunda kishi muvozanatini yo’qotgan odamday dovdirab qolar ekan. Ichim bo’m-bo’sh, huvillab yotardi… Bir kuni dadam ikkimiz buvimning tepasiga bordik. Buvimning qabri yonida anchagacha jim o’tirdik. Bir mahal dadam: qizim, Siz boring, moshinada o’tirib turing. Men onam bilan gaplashib olay, dedi. Men dadamni aytganini qildim… Keyinchalik ham dadam buvimning yoniga tez-tez borib turardi.
Bir yil o’tib opog’dadam boshqa xotin oldi. Endi men u hovlimizga bormay qo’ydim. U yerda endi meni hech kim kutmasdi. Endi opog’dadam u xotin bilan biznikiga Toshkentga tez-tez keladigan bo’lishdi. U xotin dadamning amaldorlik imtiyozlaridan bahramand bo’lishni juda yoqtirardi. Sanatoriylarda dam olish, sayohatlarga borishga o’ch edi.
– O’g’liz – kattakon-u, ayting! – derdi opog’dadamga.
Sayohatga borish u yoqda tursin, dadam buvimni davolatish uchun shifoxonaga yotqizishga ko’ndira olmasdi. Buvim hech unamagan. Duxtirdan qo’rqaman, deb oyoq tirab olardi. Toshkentga kelsa
ham uch kunda, dadang yolg’iz qoldi, deb ketish payida bo’lardi.
Dadam otasini ranjitmaslik uchun u xotinning erkaliklarini ko’tarishini bilardim. Men bu gaplarni ta’na yoki malomat qilish maqsadida yozganim yo’q. Hozir men bu narsalarni boricha, o’z holicha qabul qilaman. Ammo o’shanda bundan juda qiynalardim. Alamim kelardi. Shu tufayli bo’lsa kerak, meni opog’dadam bilan bog’lovchi rishta asta-sekin ingichkalashib, yupqalashib ketdi.
Vaqti kelib men ham turmushga chiqdim. Ota yurtimga kelin bo’ldim. Bir kuni ayam telefonda, opog’dadangni mazasi qochibdi, xabar ol, deb qoldi.
Avval amakimniing uyiga kirdim.
– Dadam yaxshi bo’lib qoldi. Hozir ustaxonasida ishlayapti, – dedi kelinoyim. Katta o’g’limni jiyanlarimga berib o’zim qo’limda bir yashar go’dagim bilan ustaxonaga o’tdim. Opog’dadam meni ko’rib jilmaydi. O’rnidan qo’zg’almadi. Yoniga borib ko’rishdim. Go’dagimni ko’rib quvondi.
O’shandagi qiyofasi haliyam ko’z o’ngimda. Tik qomati munkayib qolgan, yuz chanoqlari bo’rtib, tim qora ko’zlari kirtaygan, bosqon olovida jizg’anak bo’lgan bilaklari qoq suyakka aylangan edi. Yuragim uvishib, ichim achishib ketdi. Opog’dadam yon tomonidagi kattakon kapgirni olib menga o’qtadi.
– Ma, ol, bu senga! Boshqa nevaralar doim bir narsa olib ketishadi. Sen hecham olmaysan, – dedi ta’na ohangida.
Men bolaligimdagi odatimga ko’ra opog’dadamning qo’llariga qaradim. Temir yuqidan qoraygan, qovjiragan qo’llarini ko’rib bo’g’zimga nimadir tiqildi. Kapgirni oldim, og’irgina ekan, zo’rg’a ushlab qoldim. Yig’lab yuborishimga bir bahya qoldi.
– Buving seni boshqacha ko’rardi, – opog’dadamning ko’zlari yoshlandi.
Boshini egib qovoqlarini artdi. Nahotki?! Demak, opog’dadam ham buvimni eslar ekan-da! Shunda munkayib o’tirgan opog’dadamning yonida buvim paydo bo’ldi. Buvim opog’dadamga jilmayib qarab turardi. Buvi, Siz shu yerdamidingiz? Opog’dadamning yonidamidingiz? Nega men buni bilmadim? Nega?!
Shu topda ro’paramda o’tirgan mo’ysafidning menga qanchalar yaqin, qadrdon ekanini his qildim. Axir shu odam borki, men borman! Axir bu odam meni buvim bilan bog’lovchi rishta, buvim bilan kechgan kunlarimdan oxirgi nishona-ku! Opog’dadam barcha xotiralarim, bolaligimning tirik guvohi, dalili bo’lsa, o’zi bilan umrimning bir sahifasini yulqib ketadi-ku! Bu odamdan ayrilsam, hayotimning bir sahifasi yopiladi-ku! Shu topda qo’limdagi kapgirni uloqtirib, opog’dadamni qattiq quchib, qoq-suyak yelkalarini silagim keldi. Ko’ksiga boshimni qo’yib buvimni eslagim keldi. To’yib-to’yib yig’lagim keldi. …Ammo bunday qilolmadim!
Shu topda, o’zim ikki farzandning onasi bo’lganimda, hayotning shafqatsiz zarbalaridan ko’nglim zada bo’lib, bir do’st, bir xolis hamdardga muhtoj bo’lganlarimda buvimni qo’msaganlarim yodimga tushdi. Nega shu paytgacha opog’dadamni yo’qlamadim, holidan xabar olmadim?! Axir men uning jonidan, qonidan bo’lgan farzandining iziman-ku! Esiz, bandasining esi kech kirar ekan!
IZHOR
Buvim! Mehribonim, muslimam, munisim buvim! Men senga zarracha o’xshay oldimmi? Mening xayolparastligimni bilarding. Meni bundan qaytarmasding. Demak, sen ham xayollarga berilgan ekansan-da! Nimalar bor edi o’sha go’zal, mehrli qalbingda? Hammaga ezgulikni sog’ingan ko’nglingda? Qanday xilqat eding, buvi?
Buvim, jonim buvim! Sen o’z burchingni onalikda bilding, juftingga,
farzandlaringga xizmatda bilding, oilangga sadoqatda bilding. O’zingni ularga bag’ishlading, turmushdagi yumushlaringni beminnat bajarding. Qaerdan olganding shuncha sabrni, bardoshni? Shuncha mehrni, saxovatni? Qanday xilqat eding, buvi?!
Zurriyotlaring behisob! Mehringni behisob zurriyotlaringga sochib, ularning yo’llarini o’z nuring bilan yoritib ketgandirsan? “ Iqbol “ ashulasini yaxshi ko’rarding. Balki butun naslingga so’rab olgandirsan o’sha baland toleni.
Buvim! Duogo’yim, buvim! Ehtimol, sening duolaring bu hayotdagi sinovlardan meni omon-eson olib chiqqandir? Ehtimol, sen hali ham menga hamdard, hamrozdirsan. Sen hayotni sevarding, odamlarga xayrixoh eding. Senga yo’ldosh bo’lganlarga boringni berding. Borlig’ingni yashirmading. O’g’lingga qarab quvonganingda, uning yutug’idan faxrlanganingda qaroqlaringdan yosh sizib chiqardi. O’g’lingga, uzukka ko’z qo’ygandek, munosib kelinni sen o’z iltijolaringda so’rab olgandirsan? Sening duolaring evaziga topishgandir mening ota-onam? Sening niyatlaring paydo qilgandir bu ikki qalbdagi muhabbatni? Mening bu hayotda topganlarim ham sening ezgu niyatlaring hosilasidir balki? Shundayligiga ishonchim komil, buvi!
Men ham senday buvi bo’ldim. Hayotning bu ne’matidan bahramand bo’lish menga ham nasib etdi. Nevaralarimning qop-qora, beg’ubor ko’zlarida sening nigohingni ko’raman, buvi! Yomg’irdan so’ng porlab chiqqan quyoshimsan, buvi! Sho’x buloqning shildirashida kulgularing eshitiladi. Tonggi shabadada iliq nafasingni tuyaman. Osmondagi kamalakda sening tilaklaring, niyatlaring ko’rinadi. Barglarning shitiri sening matallaringga o’xshaydi…
Biz bejiz yashamaymiz! Bizga ato etilgan hayot – Yaratganning beqiyos ne’mati. Har bitta avlod kelajak avlod uchun yashaydi. Bu uzluksiz silsila aslo behuda emas!
Hayot bari bir go’zal va betakror! Hayotning ma’no-mazmuni esa uni munosib yashab o’tishda! Avlodlarga o’zingdan yaxshi nom qoldirishda!
YAKUN
– Odam yetti pushtini bilishi kerak, bo’lmasa, yomon bo’ladi, – derdi buvim. – Odam o’z bolalariga ota-bobolari haqida gapirmasa farzandlar kimligini tanimay o’sadi. O’z nasl-nasabini bilmaganlar yaxshi odam bo’lmaydi.
– Nimaga?
– O’zing o’yla, zotini bilmagan gunohdan qo’rqmaydi. Ota-bobosining or-nomusini, sha’nini saqlashni o’ylamaydi-da…
Toshkent, 2016 yil, yanvar`.
DILUZA OPAGA MAKTUB
Assalomu alaykum, Dilfuza opa.
Sizga, oilangizdagilarga sihat-salomatlik, xotirijamlik tilayman.
Bu oqshom “Esdaliklar”ni o’qib chiqdim. To’g’risi, yaqin orada o’zbek tilida yurakka buncha yaqin asar o’qimagan edim! Rost! Yurakka juda yaqin! Bu mo»jaz izhor qissasi haqida taassurotlarimu filolog mutaxassisning tahlillarini – sal zerikarliroq tuyular, balkim – aytmasam bo’lmaydi…
Bu asar muallifning jon-joniga yaqin voqealaru xotiralardan, tuyg’ulardan yaratilganki, menimcha, ularni yozmaslikning iloji qolmaganda qog’ozga tushgan. Chunki inson qalbi xotirami, tuyg’umi – shunga o’xshagan ruhoniy hodisalarni muayyan chegaragacha o’zida saqlaydi. Payti kelib bu nomoddiy mavjudliklar izhor istaydi, voqelanmoq istaydi, qalb yoki xotira ramkalariga sig’may qoladi. Chunki u ham o’zicha bir borliq. Haqiqiy kashfiyotlar tug’ilishining ikki yo’lidan biri ana shu.
Hikoya qilingan kechmish real hayotdan keyin muallif xotirasida qayta yashagan; uzoq, qayta-qayta yashagan. O’z realligidan keyin xotiraga ko’chgan-da, yangi bir reallikka aylangan. Shubhasiz, bu – boshqa, yangilangan, silliqlashgan, muallif tuyg’ulari prizmasidan o’tgan reallik, borliq. Bu voqelikdagi odamlar ham, voqealar ham muallif munosabati ko’zgusida shakllangan. Aslida badiiy voqelikning asl mohiyati ana shunday. Yo’q, muallif kechmish hodisalarni o’zgartirgan, degan fikrdan mutlaqo yiroqman. Faqat bu – u emas. Hayotda sochilib yotgan uzuq-yuluq voqealar buvi obrazi atrofida aylanib, muallif mushohadalari ipi bilan bog’langan-da, yaxlit badiiy kartinaga aylangan.
Bu qissada tasvirning bosh xususiyati – samimiyat va me’yor, uyg’unlik. Voqealar bayoni ham, muallifning o’y-kechinmalari ifodasi ham dilning tublaridan oqib chiqqan daryo – shunday tabiiy oqim va ravonlik bor unda. Men bunday tabiiylikni, me’yorni o’zimizning hujjatli-biografik adabiyotda Sadriddin Ayniy va Habibullo Qodiriyda ko’rganman. Sizning hikoyachingiz ham bag’oyat rostgo’yligi bilan yoqib qoladi o’quvchiga. U tasvir vositalari – o’xshatish, sifatlash va shunga o’xshaganlarni bo’lar-bo’lmasga qalashtirib tashlab yoki falsafabozlik qilib o’quvchini zeriktirib qo’ymaydi. Mana, buvi yo’qolib qolgan oqshom tasviri; “Kechqurun allamahalgacha uyqum kelmay, pashshaxona to’ridan qora qurumday xira osmondagi ko’rimsiz yulduzlarga termulib yotdim”. Osmonning qora qurumga o’xshashi, yulduzlarning ko’rimsizligi – qahramon ko’ngilg’ashligining aks-sadosidir.
Tasvir vositalari juda o’rinli, me’yorda ishlatilgan; g’oyaviy narsalar esa hikoyalar oqimidan chiqib keladi. Biz bu oqimda o’zbek ayolining ulug’vor insoniy sifatlar nuri bilan chulg’angan siymosini; opoqdada qiyofasida o’zbek erlari qalbining tub-tublarida muhrlangan, lekin hamma vaqt, ehtimolki, hech vaqt baraloyina-oshkor namoyon etilmaydigan muhabbat, o’z ayolidan minnatdorlikday mastur tuyg’ularni ilg’ab olamiz. Mana shu oqimda o’zbek oilasi, sharq oilasining jamiyki ulug’vor jihatlarini ham, oila va munosabatlar qoyasini zimdan yemiradigan ichki to’lqinlarni ham ilg’ab olamiz. O’zini faqat fido etishga chog’langan shaxs ham muayyan nuqtada javob kutishi, o’z fidoyiligini anglash javobini kutishi, bir tomonlama fidoyilik insonlik turmushi nizomi bo’lolmasligi va shu kabi juda nozik psixologik-ruhoniy tahlillarni ilg’ab olamiz. Inson o’z ichidagi muhabbatni anglamasligi, bil’aks, shu muhabbatni nafrat bo’lmasa-da, bundayroq – yoqtirmaslik sifatida tushunib yurishi va birdaniga bu muhabbatni anglash kashfiyotidan o’zi ham larzaga tushishi singari paradoksal insoniy holatlarni ilg’ab olamiz… Ilg’ashlar asnosida “qiziq bir tabi’atlik” (Abdulla Qodiriy) hikoyachini yaxshi ko’rib qolamiz.
Muallifning o’zi kuzatgan hayot tafsilotlari ham o’sha tabiiy oqimda shunday mavjlanadiki… “Tabiat, go’yoki, dardini aytib, yig’lab olgan juvonday ko’rkli. Osmon ham biram tiniq, musaffo… Bunday paytda osmonni lojuvardga mengzashadi. Lojuvard, degan mineral tosh bor. Uning rangi to’q ko’kdan och ko’kkacha jilvalanadi. Bu toshda oqish mavjlar bor, osmonning tusini eslatadi. Lojuvard osmon iborasi shundan olingan bo’lsa kerak. Balki aksincha, toshni osmonga mengzab shunday nom berishgandir?” Umuman, asarda boshdan-oxir mayin lirizm, mahzun lirizm, nekbin dramatizm epiklik bilan uyg’unlashib ketgan. Mana shu uyg’unliklar osha o’zbek adabiyotidagi yangi bir obraz – buvi siymosi muhtasham bo’lib turadi.
Ta’kid ortiqcha emas: muallif biror joyda falsafabozlik qilmaydi, o’z mushohadalarini ezmalanib aytib ichingizni siqmaydi. Bularni judayam qiziqarli, bir qadar mahzun voqealar fonida o’zimiz ich-ichdan his etamiz…
Bular –“Esdaliklar” mutolaasidan tug’ilgan ilk fikrlarim, kechinmalarim. Bu taassurotlaru tahlillarga do’stlik ham, Sizni yaxshi ko’rishim ham aralashgan emas: hammasi xolis – Sizni tanimagan bir o’quvchiniki. Unisini o’zgartiring, buni qo’shing ham deyolmayman – barchasi o’z o’rnida.
Tabriklayman, Dilfuza opa!
Davomli bo’lsin – bu faqat o’zingiz uchun emas, asl san’atni, o’t bilan qorilgan asarlarni sog’ingan millatdoshlaringiz uchun ham zarur.
Salom va duo bilan: Nodira singlingiz.
2015 yil,11 yanvar