10 сентябрь — Шоир Нуриллоҳ Остон таваллуд топган кун.
Нуруллоҳ шеърларида ўз ҳаёт йўлини ифодалайди, фақат ўз юрагини ҳаяжонга солган туйғуларни дафтарга кўчиради. У Самарқанду Тошкент кўчаларида бировга эргашиб юрмади. Ҳаёт манзилларида нима излаган бўлса ўзиникини, Тақдир фақат унгагина асраб келаётган нарсани излади…
Хуршид ДАВРОН
БУ ШОИРНИ БИЛАМАН КЎПДАН…
Нуриллоҳ билан ён-ёнма қишлоқларда туғилиб, ўсганмиз. Она қишлоғим Чордара билан Нуруллоҳ туғилган Туркманқишлоқ бир-бирига туташиб кетган. Қишлоқнинг шундай аталишига минг йиллар аввал Хоразм томонлардан кўчиб келиб ўрнашган оғуз лаҳжали аҳолиси сабаб бўлган. Чордарадан ташқари Туркманқишлоққа ён-ёнма Бухориқишлоқ билан Урганжиқишлоғи ҳам мавжуд. Қадимий Самарқанднинг ғарб томонида жойлашган бу қишлоқларнинг ёши минг йиллар билан ўлчанади. Уларнинг ҳар бирида Самарқанд тарихининг саҳифалари яширин. Шу билан бирга, Нуруллоҳ туғилган қишлоқнинг янги давр ўзбек тарихи ва маданияти тарихида ҳам салмоқли ўрни бор. Бу қишлоқ шеърлари ”Тирик сатрлар” номи билан нашр этилган машҳур мажмуадан ўрин олган таниқли шоир Темур Маъруфий, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, йирик адабиётшунос олим Нуриддин Шукуров, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова ва бошқа жуда кўп машҳур ижодкорларнинг киндик қони тўкилган тупроқ. Нуруллоҳ Остон табиатидаги фазилатларнинг илдизи мана шу қишлоқнинг кўчаларида, одамларида, у таълим олган мактабда, дарс берган муаллимларда, шоир ўсган хонадону уни униб-ўстирган ота-онасида.
Болаликдан яхши биламан, қўшни қишлоқ аҳли санъат ва адабиётга ҳадсиз меҳр қўйгани билан машҳур эди, қишлоғимизда ўтадиган тўйлар уларнинг хоразмча мақомлари-ю достонларини қойилмақом ижро этадиган ҳофизларисиз ўтмасди. Шахсан менинг никоҳ тўйимни ҳам улар гуллатган ва Тошкентдан борган Омон Матжон бошлиқ акалариму жўраларим ҳофизларнинг санъати ҳақида йиллар давомида гапириб юришгани ҳанузгача ёдимда.
Менинг Тошкентга бориб журналистликка ўқиш истагининг пайдо бўлишига албатта энг аввало, адабиётга, шеърга бўлган ҳавас сабаб бўлган. Яна бир сабаб, аниқроғи, сабабчи,қўшни қишлоқда яшаган, туман газетаси раҳбарларидан бири, бир неча китоблар муаллифи, самарқандлик жуда кўп журналистларнинг устози Аҳмад Нарзиқулов эди. Бир марта, тахминан 6 ёки 7 синфда ўқиётган пайтимда ”Орлёнок” маркали велосипедимга миниб, қўшни қишлоққа борган ва Аҳмад ака яшаган ҳовли қаршисида “тирик журналист”ни кўриш учун пойлаб ўтирганимни ҳозиргача эслаб юраман. Ўша воқеадан кейин бир йил ўтар-ўтмас Аҳмад ака илк хабаримни туман газетасида эълон қилдирган эди.
Хотирамда қолган яна бир гапни айтмасдан иложим йўқ. Чордара, Туркманқишлоқ болалари ўзларидаги саккиз йиллик мактабни битиргач, Урганжиқишлоқдаги ўрта мактабда ўқишни давом эттиришарди. Айни шу йилларда 16 ёшга тўлган йигитчалар юрагида илк муҳаббат туйғулари пайдо бўлиши сир эмас. Энг қизиғи, чордараликлардан иборат 10 “Г” синфи йигитчаларининг деярли ҳаммаси қўшнилардан иборат 10 ”В” синфи қизларига ошиқ бўлишарди. Яширмайман, каминада илк муҳаббат ҳисларини уйғотиб, уни “шоирга айлантирган Кумуш» ҳам 10 ”Г” синфида ўқир эди.
Ҳар сафар Нуруллоҳнинг мана бу шеърини ўқиганимда ўша олис, аммо ҳалигача юрагимнинг бир чеккасида сақланиб келаётган туйғуларимни уйғотгандай бўлади:
Бу қишлоқни биламан кўпдан…
илон изи—тор кўчалари,
зилол сувли шарқираган сой, —
кўзим қароғи ичра бари…
Бу қалашган ҳовлилар ичра
барно қизлар гуркираб ўсар.
Қарай-қарай деворларидан
йигитчалар хўрсиниб ўтар.
Бунда кўпдир етилган қизлар,
гўзаллиги беқиёсдир хўп…
Шунинг учун бу уйлар қиммат,
бу уйларнинг харидори кўп…
Мен гапни шоир туғилган қишлоқдан бошлаганим бежиз эмас. Зеро, донишманд Гёте айтганидек: “Шоирни тушуниш учун у дунёга келган юртни зиёрат қилиш зарур”. Бу ҳикматни қўлингиздаги китобдаги шеърларни ўқиганингизда яна ҳам яхшироқ англашингизга ишонаман. Уларнинг ҳар биридан киндик қони тупроққа, болалигидан эртаклар сўйлаган Самарқандга, бу қадимий заминнинг шонли ва фожиаларга бой тарихига бўлган муҳаббат нафаси келиб туради.
Қўшни қишлоқларда туғилиб, ўсган бўлсак-да, Нуруллоҳ билан яқиндан Тошкентда танишганмиз. Чунки, мен пойтахтга ўқишга йўл олганимда Нуруллоҳ саккиз йилликни битириб, энди ўрта мактабга келган эди. Тошкентда ижара уйларда, Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхоналарда, турли адабий, хусусан, Рауф Парфи атрофида шаклланган шеърий давраларда тез-тез учрашиб турганмиз.
Ўша кунларни эслаб, Нуриллоҳ бир хотирасида шундай ёзади: «Рауф Парфи жуда ҳаммабоп, шоирпарвар бўлганлиги учун ёш шоирлар унинг атрофида бўлишга интилишарди. Чунки Рауф ака уларнинг ҳар бирини пуф-пуфлаб, авайлаб, шеърларини меҳр билан тинглаб, янада баланд парвозларга қанотлантирарди. Ана шу туфайли Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Йўлдош Эшбек, Азим Суюн каби шоирлар ижоди шеъриятни чегаралаб қўядиган барча тўсиқларни енгиб, синдириб, ўз сеҳрини, гўзаллигини, жозибасини бор бўйича намоён қилди. Ва бугунги шеърият, ҳозирги ёшлар ижоди, уларнинг юксак .бадиий савияси, ранглар жилоси, беқиёс тасаввур оғушидаги оҳанглар айнан Рауф Парфи мактабининг ҳосиласидир. Лекин асосий гап бу ҳам эмас. Асосий гап – янги авлод шоирлари шўро истибдодига қарши ўз сўзини айтишга ўрганди, Ватан озодлиги ҳақида қўрқмасдан, ҳайиқмасдан ёза бошлади. Чўлпон, Амин Умарий, Боту сингари улуғларимиз ижодида акс этган дард, Ватанни озод кўриш орзусида ёзилган гўзал шеърлар янги сифат босқичи касб этиб, янги даврнинг шижоатли шоирлари ижодида акс эта бошлади, Ҳурриятнинг сарин саболари ана шу даврда халқни уйғотди…»
Нуруллоҳнинг илк тўпламидаги шеърларидаёқ беомон соғинчу ҳаётбахш қайғу борлигини сезганман. Гарчи бу соғинч, бу қайғу жуда таниш бўлса-да, шоир сатрларини ўқиган сайин ўша таниш туйғулардан ҳосил бўлаётган ҳолатларни ҳар сафар қайта кашф этгандай бўламан.
Мана шу ўтган йиллар мобайнида Нуруллоҳ юрагида Сўзга бўлган ҳаваснинг баҳорий тўпалонтабиат жилғаси ўнгингда сокин кўрингани билан тубида пўртаналар яширин дарё маромига айланиб борди, у излана-излана, ўргана-ўргана ўз қалбининг нозик ҳужайраларида, мия сирдонларида боболари қонидан ўтиб яшаб келаётган кўҳна оҳангларни уйғота олди.
Нуруллоҳ ҳақида гапирганда у мансуб авлод ҳақида сўз айтмасликнинг иложи йўқ. Унинг тенгдошлари мен мансуб авлодга занжир бўлиб уланган шоирлардан иборат. Нуруллоҳ билан бирга шеъриятимиз даврасига кириб келган Назар Шукур, Чори Аваз, Жамол Сирожиддин, Яҳё Тоға, Ғулом Фатҳиддин, Чоршаъм бугунги ўзбек шеъриятининг сарбаланд ижодкорлари сифтида тан олинганига шак-шубҳа йўқ. Уларнинг ҳар бирининг ўз дафтари, ўз қалами бор.
Яна бир гапни айтмасдан ўтолмайман. Нуруллоҳ фақат ўз шеъри дарди билан яшамади. У мана шу ижодкорлик дардини фарзанди юрагида ҳам уйғота олди. Бугун унинг ўғли — ўзбек адабиётидаги сара асарларни немис тилига моҳирона таржима қилаётган Ойбек ҳам отасини қоралаб Сўз йўлидан бормоқда. Унинг ижодий йўли узоқ ва баракали бўлади, деб ўйлайман, чунки, донишманд боболаримиз насиҳат қилганларидек, “Ота ибратида фарзандга ишонч бағишловчи куч-қувват бор”.
Нуруллоҳ шеърларида ўз ҳаёт йўлини ифодалайди, фақат ўз юрагини ҳаяжонга солган туйғуларни дафтарга кўчиради. У Самарқанду Тошкент кўчаларида бировга эргашиб юрмади. Ҳаёт манзилларида нима излаган бўлса ўзиникини, Тақдир фақат унгагина асраб келаётган нарсани излади. Қайсидир чорраҳада адашган бўлса, ўзиникини излаб адашди. Бу қатъият, энг авало, Нуруллоҳнинг феълу атворига боғлиқ эканини ҳам алоҳида таъкидлашим керак, деб ўйлайман. Ўз дунёқарашини беҳад қаттиқ ҳимоя қиладиган, бошқалар назарида эса, қайсар ва бўйсунмас бўлиб кўринадиган шахс. Шахсан мен Нуруллоҳнинг айни шу жиҳатини беҳад қаттиқ ҳурмат қиламан. Ва айнан мана шу қатъияти туфайли бир ниҳолдан улкан боғ ярата олган шоирга айланди.
Нуруллоҳ Остон шеъриятининг ўқтомири Ишқ аталмиш дарёдан сув ичади. Тўғри, бу дунёда муҳаббат тўғрисида ёзмаган шоир ҳали онасидан туғилмаган бўлса керак. Энг биринчи шоирнинг шеъри ишқ ҳақида ёзганига шубҳам йўқ. Лекин, донишманд Тўқтош айтган, ҳар бир юрак муҳаббатни янгилайди, деган ҳикмати нақадар ростлигига Нуруллоҳнинг қўлингиздаги сайланма китобини ўқиганингизда яна бир карра ишонасиз, деб ўйлайман. Бу тўпламда қирқ йил аввал она қишлоғидан пойтахтга келган шоир ҳаёти мазмунини, унинг шоир ва журналист сифатида бугунгача босиб ўтган умр йўлини, у излаган Сўзнинг минг бир тусдаги рангу оҳангларини бир бутун ҳолда кўз ўнгингизда гавдалантиришига ишонаман.
Нуруллоҳнинг шоир юрагидаги, онгу шууридаги фикр қуюнлари ҳали тўхтаган эмас. Ўша миллиард йиллар аввал илк шеърий сатр ёзган биринчи шоир ҳаяжони ҳалигача унинг томирларини титратади.
2016
Нуриллоҳ ОСТОН
ШЕЪРЛАР
Иқтидорли шоир ва журналист Нуруллоҳ Остон 1955 йилда Самарқанд туманидаги Туркман қишлоғида туғилган. Тошкент давлат (бугунги Миллий) университетнинг журналистика факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллар Тошкент ва Самарқанддаги турли нашрларда ишлаган. Ҳозирда «Ўзбекистон овози» газетасида ишлайди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
«Юлдузлар чақнаган тун», «Баҳор рақси», «Тонгга пешвоз чиқайлик», «Қўрқмас улоқча», «Йўлдаги булоқ», «Юрагимнинг безовта гули», «Қадим йўлларда», «Осмон тўла фаришта», «Фасли кўклам», «Фасли ишқ», «Ҳидоят чароғи» каби китоблар муаллифи.
***
Қуёш нурларига тоблаб қаддини,
боғларда қизарди Савр гилослари.
Савсанлар исини таратиб ўтди
мусаффо тонгларнинг оқ либослари.
Майсалар бағрига тўшалди дилим,
кўзим йўргаклади чучмомаларни.
Дуркун япроқларнинг нигоҳларида
ўқидим қуёшдан хуш номаларни.
Эй она табиат, эй баҳри исён,
осий фарзандингни бир карра кечир:
Ё мени ёндирсин, ёки кул қилсин,
Қуёш шаробингдан бир қултум ичир!
1984.
***
Бу қишлоқни биламан кўпдан.
Илонизи, тор кўчалари,
зилол сувли шарқираган сой –
кўзим қароғи ичра бари…
Бу қалашган ҳовлилар ичра,
барно қизлар гуркираб ўсар.
Қарай-қарай деворларидан,
йигитчалар хўрсиниб ўтар.
Бунда кўпдир етилган қизлар,
гўзалликда беқиёсдир хўп.
Шунинг учун бу уйлар қиммат,
бу уйларнинг харидори кўп.
1982
РАУФ ПАРФИ ЁДИ
Уриб турган юрак зарби,
Беҳаловат шоир қалби,
Алифбонинг қутлуғ ҳарфи –
Тимсолидир Рауф Парфи.
Замин-замон кўлкасида,
Сўз залвори елкасида,
Туркий олам ўлкасида
Ҳилолидир Рауф Парфи.
Сўзи шамшир каби кесган,
Кўнгли тоғлар каби ўсган,
Ҳурриятнинг сарин эсган
Шамолидир Рауф Парфи.
Шеъриятга пайваста тил,
Раиятга вобаста дил,
Ишқ аҳлига мисли Бедил –
Ниҳолидир Рауф Парфи.
Ёнар сўзи асл чақмоқ,
Сатрлари яшил япроқ,
Қўналғаси она тупроқ,
Зилолидир Рауф Парфи.
Ҳаёт билан ҳақиқатнинг,
Баёт билан тариқатнинг,
Шойистаю ғариқатнинг
Висолидир Рауф Парфи.
Аҳли улус далолати,
Калимаи шаҳодати,
Тирикликнинг ибодати –
Саволидир Рауф Парфи.
СЎЗ ЖАБРИ
Тушуна бошладим ёмғир тилини,
исидан гуркираб тўлганда хонам.
Тушундим тонгларнинг ажиб мунгини,
тушларимга кириб чиққанда онам.
Туйдим қаҳратонда баҳор исини,
тинмай вижирлаган гўдак тилидан.
Тасаллилар олдим, таъналар олдим,
кўнглимни ёритган ҳаёт гулидан.
Тушуна бошладим офтоб тилини,
кўрдим, кўзларингга жоним ўт боғлиқ,
Тегрангда кўп кездим офтоб янглиғ,
қошинг камонига жоним ўқлоғлиқ.
Мен гапирмай қўйдим севги ҳақида,
қушларга чанқовуз бўлгандан лабим.
Атиргулда кўриб булбул жабрини,
юракда қонади айтажак гапим.
Мингта руҳ ичинда кезинган вужуд,
фанолиқ йўлини танлади, нетай.
Бу ширин ҳаётдан, оғу ҳаётдан,
кўксинг меҳробига бош қўйиб ўтай.
Энди мен ўзликдан кечмоғим аён:
эшитганим рўё, кўрганим ёлғон.
Юракда тортаман сўзнинг жабрини,
тилларим қавариб кетгандан буён.
1986
ЁШИ ЎТИБ ҚОЛГАН АЁЛНИНГ…
Ёши ўтиб қолган аёлнинг
кўзига бир қаранг, кўп дарди бордир.
Кўзига бир қаранг, чиройлисан денг,
шунда бир мўъжиза бўлади содир.
Ёмғирдан сўнг қуёш чиққан осмондек,
ажинлар юзидан тарқалар шунда.
Кўзлари бирам шўх кулиб юборар,
англайди яшамоқ бахтдир очунда.
Лаблари жуфтланар аллага,
лабида бўсалар уйғонар.
Фақат айтинг, чиройлисан деб,
У ёнар, у ёнар, у ёнар!
Чиройлисан, деб айтинг фақат,
У шу сўзни омон сақлайди.
кўйлакчалар тикиб соғинчдан,
қалб тўрига қўйиб тахлайди.
Ташлаб кетманг ёлғиз аёлни,
ёлғизнинг дунёси тордир.
Бу кўзларнинг тошларни ҳатто,
Эритгувчи офтоби бордир.
10.11.1987
САМАРҚАНДДА КУЗ
Куз қуёши каби елкамга
қўна бошлар сарғиш япроқлар.
Мен жимгина қадам босаман,
соғинтирган таниш тупроққа.
Юрагимнинг зарбаларини,
такрорлайди кекса қайрағоч.
Лабларимда сезаман шўр таъм,
бошим узра қушлар сайрагач.
Ҳилпирайди симёғочларда,
мезонларнинг узун толаси.
Чопқиллайди икки интиқ кўз –
юрагимнинг эрка боласи.
Қари тутнинг бужурларига,
сиғинаман кўз ёши билан.
Айланаман Афросиёбни,
Самарқанднинг қуёши билан.
ПАҲЛАВОН МАҲМУД ВАСИЯТИ
Бир парча бўлса ҳам ўз еринг бўлсин,
Ерпарчин қилса ҳам ўз элинг бўлсин.
Бахтиёр дамларда, дардли дамларда
Кулиб-куйинмоққа ўз тилинг бўлсин.
Дўстларинг бор бўлсин, рақиблар бўлсин,
Изингдан минг турли таъқиблар бўлсин.
Сен дарё қалбингни уммонга бошла,
Қаърида машриғу мағриблар бўлсин.
1984
ҒУЛОМНИНГ ДАРСИ
Ғулом Фатҳиддинга
Олис қишлоқлардан бирида,
кафти меҳнат билан қабарган
иш бездирган болакайларни
ўргатар у зеру забарга.
Давоматда, ўзлаштиришда,
бу мактаб ҳам қолмас қатордан.
Бошланади сабоқлар тугаб,
бунда меҳнат дарси баҳордан.
Сўрасангиз айтишар ёддан,
қачон пилла тутиб-теришни.
Қандай чопмоқ керак тутларни,
яганани, яхоб беришни.
Қатқалоқни юмшатиш қандай,
сўрасангиз айтиб беришар.
Ишга деса, индамайгина,
китобларни қайтиб беришар.
– Самолётлар аямай дори
сепади-да малим, дейишар,
– Қишлоқларда негадир сариқ
кўпайди-да, малим, дейишар.
Шунда титраб кетади бирдан,
тоқати-тоқ бўлган муаллим.
Уватларга жойлаб шеърини,
сочлари оқ бўлган муаллим.
Кейин…
яна дарслар бошланар,
Чеканка – дарс,
Ғумай юлмоқ – дарс.
Қаваради жажжи кафтчалар,
юракда-да пайдо бўлар дарз.
– Ўзлаштириш бизда зўр, – дейди,
билса ҳамки меҳнат зўрлигин.
Ҳаммангга беш қўяман, дейди,
баъзи пайтда келиб хўрлиги.
…Терим дарси узоқ чўзилар,
яъни, дейлик, яйдоқ қишгача.
Ҳали анча ғурбатлар ўтар,
ваъда бўлган ўша бешгача…
Шунда титраб кетади бирдан,
тоқати-тоқ бўлган муаллим.
…Ватанини севгани учун
сочлари оқ бўлган муаллим.
1986
* * *
Уй ичида чироқ ўчади,
кимдир кетар сукунат сари.
Деразани беҳис қучади
панжаранинг темир қўллари.
Неларнидир шивирлар ҳилол,
деразага босиб юзини.
Уйғонади ойдин бир хаёл,
уйғонар ва танир ўзини.
Ҳуркиб чиқар юлдузли боққа
ва эслайди олис ёшликни.
Сўнг оҳиста куйлай бошлайди
унут бўлган олис қўшиқни.
Уйғонади мудраган кўча,
жон киради сокин чорбоққа.
Тун ярмида одамлар чўчиб
ҳайрат билан тутишар ёқа…
* * *
Сукунатга чўкар қадамлар,
чекинади хомушгина йўл.
Сабзалардан шудрингни сочиб,
мен бораман.
Қучоғимда гул.
Изларимдан келар талпиниб
болаликнинг хушнуд кунлари
Ва бағримдан қолар тўкилиб
чанг кўчага дала гуллари.
ОЙНИНГ ЎҒИРЛАНИШИ
Қалқиб кетди хаёлпараст сой,
тўлқинида само рўмоли.
Тўрга тушди олтинбалиқ — ой,
балиқчининг кулди иқболи.
Дарахтларнинг кўксида исён,
Қўлларида бир қатим ёғду.
Сой сатҳига термилди осмон,
кўзларида жудолик доғи.
Шаббодалар учдилар ҳалак,
юлдуз учди тунни тилкалаб.
Булут эса парвойи фалак
кетар эди ойни елкалаб…
КИТОБ РУҲИЯТ ОФТОБИ
Этюдлар
Бузилган уй
Шаҳар маҳаллаларининг биридан ўтаётиб, бузилган уйга кўзимиз тушди. Ҳовли деворлари йўқ, эски иморатнинг олд томони қулаб тушган, хона токчаларида эски гулдон, сарғайиб кетган газета ва китоблар сочилиб ётарди.
– Э-э-э, анави томондаги китобларни қаранг, китобларни, – деди ҳамроҳим қулаб ётган пахса деворлар орасини кўрсатиб. Бировнинг бузилган уйи бўлса ҳам, қулаган пахсалар орасида гўё норасида гўдак сиқилиб қолгандек, ўша томонга югурдик.
Қарасак, пахса уюмлари орасида жуда кўп китоб тахланиб ётган экан. Бир-иккитасини авайлаб чангини қоқиб, кўз югуртирдим. Ўтган асрнинг 50-60-йилларида чоп қилинган бадиий адабиётлар, таниқли ўзбек, тожик адибларининг асарлари экан.
– Хонадон эгалари нега китобларни бу қадар хор қилиб ташлаб кетишдийкин? – Бу жавобсиз саволни ўзим ўзимга бердим.
– Ҳозир ҳеч кимга китоб керак эмас, ҳамма тадбиркор бўлиб кетган, – деди ҳамроҳим. – Бу харобахонада китобларнинг хор бўлиб ётиши увол, хўп десангиз, ҳаммасини йиғиштириб олиб кетайлик…
Мен-ку, китобларни жон деб олиб кетмоқчиман, лекин бировнинг уйи, бировнинг мулки, боз устига бизни кўрган қўшнилар нима деб ўйлайди?
– Яхшиси, қўни-қўшнидан суриштириб, уйнинг эгасини топайлик, сўрамасдан олсак бўлмас, – дедим истиҳола қилиб.
Шундай хулоса билан ишхонага бордик. Бекмурод ўанизода деган ҳамкасбимиз бизни кутиб турган экан. Бузилган уйда эзилиб-босилиб ётган китобларга жоним ачиб, ўанизодага воқеани гапириб бердим. Бекмурод бузилган уй қаердалигини суриштирди. Мен тушунтириб бердим.
– Бўлди, эсладим, – деди ўанизода. – У ҳовлида таниқли журналист, кўп йиллар давлат идораларида ишлаган Миракбар Хўжасаидов яшаган. Аварияга учраб, эрта оламдан ўтган. Унинг номига қўйилган кўча ҳам бор. Ўғли бизнесмен, «дом»да туради.
– Ўғли бор бўлса, китобларини шунчалик хор қилмасдан уйига олиб келса бўлмасмикан?
– Билмадим, ҳозир бировга ақл ўргатадиган замон эмас, – елкасини қисди ўанизода.
Анча вақтлардан кейин йўлим тушиб яна ўша кўчадан ўтиб қолдим. Бузилган уй ўрнида икки қаватли муҳташам уй қад ростлаган, «савлатидан от ҳуркади». Менинг кўз ўнгимда эса пахса уюмлари орасида бир-бирига қалашиб, хор бўлиб ётган китоблар гавдаланди. Бузилган уй ўрнида қайта тикланган иморат кўзимга жуда файзсиз, ночор бўлиб кўринди. Чунки унда китобни севган, уни умр бўйи асраб-авайлаб келган отанинг руҳи йўқ эди…
Отам берган китоблар
Отам ўтган асрнинг қаҳатчилик йилларида ота-онасидан эрта жудо бўлиб, турмушга чиққан опасининг қўлида қолди. 1937 йилда ҳарбий хизматга сафарбар қилинди. Отлиқ разведка қўшинларида хизмат қилиб, 1941 йилнинг бошларида уйга қайтиб келди. Беш ой ўтиб, Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, яна фронтга кетди.
Ризқли қул ўлмас, дегандай, 1946 йил урушдан ногирон бўлиб қайтиб келиб, колхозда ишлади. 60-йилнинг ўрталари, Амир катта деган ғўлабирдан келган миқтигина одам бўларди, ўша кишининг звеносида ишлардик. Ўшанда мен ўн ёшларда эдим, уйда китоб кам, бори ҳам опаларимнинг дарсликлари, уларни аллақачон ўқиб бўлганман. Бир куни Амир каттанинг эшаги хуржунида катта китобни кўриб қолдим. Аста олиб, муқовасига кўз югуртирдим. «Шарқ юлдузи» деб ёзилган экан.
– Ҳа, журнал ўқияпсанми? – деди Амир катта тўсатдан тепамда пайдо бўлиб.
– Қизиқарли китоб экан, қаердан олдингиз?
– Ҳе, бу китоб эмас, журнал. Нима, колхозчи китоб ўқимайди, деб ўйлаганмидинг? – кулди Амир катта. – Хоҳласанг, ўқишга бериб тураман, кейин ўзимга қайтарасан…
Отам бизнинг суҳбатимизни сал нарироқда эшитиб турган экан, индамай кетмонини елкалаб кетди. Кунларнинг бирида мени шаҳардаги китоб дўконига олиб борди. «Бизга энг яхши ёзувчиларнинг китобларидан танлаб беринг», – деди у сотувчига. Хуллас, отам ўша куни колхоздан олган ойлигининг ҳаммасига китоб олиб берди. Опаларим билан талашиб-тортишиб китобларни битта қолдирмай ўқиб чиқдик. Мактаб кутубхонасидаги китобларни аллақачон ўқиб чиққанман, шунинг учун колхозда помидор терилса ёки узум узилса, бир челагини шаҳарга олиб бориб сотиб, пулига дўкондан китоб оламан. Онам «Кўп ўқийверма, миянг суюлиб кетади», – деб қўлимдан китобни тортиб олиб, яшириб қўярдилар. Ҳозиргача отам олиб берган китобларни авайлаб сақлайман.
Уйингизда китоб борми?
Ота-онаси ўзбек халқ достонларини ўқимаган ёшлар дунё адабиёти нари турсин, адибларимиз асарларини ўқимаслиги аниқ. Ҳатто ота-онаси эътиборидан қолган бошланғич синф ўқувчиси бирор китоб ўқиш ёки шеър ёдлашдан кўра, интернетдаги воқеаларга, ур-йиқит, отишма, ўлдир-куйдирларга қизиқади, даҳшатли ўйинларни табиий қабул қилади. Катта пул топиш васвасасида хорижга кетаётган ёшларнинг сон-саноғи йўқ. Бинобарин, маърифатсизлик, билимсизлик калтабинликни келтириб чиқаради ва бошга бало бўлади.
«Нимага уйимда китоб йўқ экан, мана, тахланиб ётибди», дея биттаси кўча газеталарида, кейин эса нашриётларда катта ададда чоп қилинган олди-қочди китобларни олдимга қалаштириб ташлади. Бундай савиясиз китоблар ҳаммаёқни эгаллаб бўлди. Бир умр бошқа касбда ишлаган, бир думалаб «ёзувчи» ёки «шоир» бўлиб олган пули бор кимсалар икки пулга қиммат, ҳеч ким ўқимайдиган китобларини чиқариб ётишибди. Улар китоб дўконларида чанг босиб ётибди, матбуот шохобчаларида, кўча-куйда китоб сотувчилар қўлида, мактаблар, лицейлар, коллежлар, олий ўқув юртларида мажбурий сотиляпти. Бу китобларни эса ўртамиёна бир шоир ёки ёзувчи ўша «шоир» окахоннинг пулини қуртдай санаб олиб «рамкага” тушириб бераяпти. Бундай савиясиз китоблар, олди-қочди тўла хиёбон газеталари хориж сериалларига ўхшаб ахлоқсизлик, жиноятчилик, бузғунчилик, ҳурматсизлик каби иллатларнинг болалаб кетишига таъсир кўрсатади. Нашриёт ва муҳаррирлар учун китобга пул тўланса бўлди – уларни китоб савияси, мазмун-моҳияти қизиқтирмайди.
Китобнинг қадри тушмайди
Кейинги пайтларда кўча-кўйда юрган ёшларга эътибор берсангиз, ё қулоғига қулоқчин тақиб, ёки телефонини ковлаб кетаётганининг гувоҳи бўласиз. Уларнинг ташқи дунё, одамлар билан умуман иши йўқ. Серқатнов автомобиль трассаларида содир бўлаётган автоҳалокатларнинг кўпи ёшларнинг қўл телефони ва интернетдан тинимсиз фойдаланиши ва атроф-муҳитга эътиборсизлиги туфайли содир бўлмоқда. Бундай шароитда ёшларни китоб ўқишга ундаш ёки қизиқтириш Дон Кихотнинг шамол тегирмонлари билан жанг қилишидай бефойда. Қачонки, ёшларнинг ўзи бир кун келиб халқаро ўргимчак – интернетга маҳлиёлик иллатини ва китобнинг беқиёс ҳикматини, улар ўртасидаги фарқни англаб етсагина, китобнинг қадри ошади, китобга муносабат ўзгаради.
Интернет текин ва сийқа ахборотлар, ёлғон-яшиқ ва беҳаё рекламалар билан тўйинтирилган дунё чиқиндихонасига айланиб бўлди. Мия тафаккур қилишдан кўра, кўпроқ текинхўрликка ўрганди. Мағзава олди-қочдилар, фикрлашга ўрин қолдирмайдиган дунёқарашлар ҳаммаёқни ишғол қилди. Китоб ўқимай қўйган оломон интернет тили билан гапира бошлади. Бу оломон ҳамма жойда ўз дунёқарашини маъқуллашни хуш кўради, ўзидан бошқа ҳеч кимни тан олмайди.
Телевидение, радио ва интернет тараққиёти барибир китобга бўлган муносабатни, унинг қадрини туширолмайди. Чунки ҳар қандай ахборот, ижод маҳсули, адабиёт босма манбалар асосида юзага келади. Яқин ва узоқ келажакда ҳам китоб руҳият офтоби, бизнинг энг яқин дўстимиз, маслаҳатдошимиз, кўмакчимиз бўлиб қолаверади.
Манба: «Зарафшон» газетаси веб-саҳифаси
10 sentyabr — Shoir Nurilloh Oston tavallud topgan kun.
Xurshid DAVRON
BU SHOIRNI BILAMAN KO’PDAN…
Nurilloh bilan yon-yonma qishloqlarda tug’ilib, o’sganmiz. Ona qishlog’im Chordara bilan Nurulloh tug’ilgan Turkmanqishloq bir-biriga tutashib ketgan. Qishloqning shunday atalishiga ming yillar avval Xorazm tomonlardan ko’chib kelib o’rnashgan og’uz lahjali aholisi sabab bo’lgan. Chordaradan tashqari Turkmanqishloqqa yon-yonma Buxoriqishloq bilan Urganjiqishlog’i ham mavjud. Qadimiy Samarqandning g’arb tomonida joylashgan bu qishloqlarning yoshi ming yillar bilan o’lchanadi. Ularning har birida Samarqand tarixining sahifalari yashirin. Shu bilan birga, Nurulloh tug’ilgan qishloqning yangi davr o’zbek tarixi va madaniyati tarixida ham salmoqli o’rni bor. Bu qishloq she’rlari ”Tirik satrlar” nomi bilan nashr etilgan mashhur majmuadan o’rin olgan taniqli shoir Temur Ma’rufiy, O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan fan arbobi, yirik adabiyotshunos olim Nuriddin Shukurov, O’zbekiston xalq artisti To’ti Yusupova va boshqa juda ko’p mashhur ijodkorlarning kindik qoni to’kilgan tuproq. Nurulloh Oston tabiatidagi fazilatlarning ildizi mana shu qishloqning ko’chalarida, odamlarida, u ta’lim olgan maktabda, dars bergan muallimlarda, shoir o’sgan xonadonu uni unib-o’stirgan ota-onasida.
Bolalikdan yaxshi bilaman, qo’shni qishloq ahli san’at va adabiyotga hadsiz mehr qo’ygani bilan mashhur edi, qishlog’imizda o’tadigan to’ylar ularning xorazmcha maqomlari-yu dostonlarini qoyilmaqom ijro etadigan hofizlarisiz o’tmasdi. Shaxsan mening nikoh to’yimni ham ular gullatgan va Toshkentdan borgan Omon Matjon boshliq akalarimu jo’ralarim hofizlarning san’ati haqida yillar davomida gapirib yurishgani hanuzgacha yodimda.
Mening Toshkentga borib jurnalistlikka o’qish istagining paydo bo’lishiga albatta eng avvalo, adabiyotga, she’rga bo’lgan havas sabab bo’lgan. Yana bir sabab, aniqrog’i, sababchi,qo’shni qishloqda yashagan, tuman gazetasi rahbarlaridan biri, bir necha kitoblar muallifi, samarqandlik juda ko’p jurnalistlarning ustozi Ahmad Narziqulov edi. Bir marta, taxminan 6 yoki 7 sinfda o’qiyotgan paytimda ”Orlyonok” markali velosipedimga minib, qo’shni qishloqqa borgan va Ahmad aka yashagan hovli qarshisida “tirik jurnalist”ni ko’rish uchun poylab o’tirganimni hozirgacha eslab yuraman. O’sha voqeadan keyin bir yil o’tar-o’tmas Ahmad aka ilk xabarimni tuman gazetasida e’lon qildirgan edi.
Xotiramda qolgan yana bir gapni aytmasdan ilojim yo’q. Chordara, Turkmanqishloq bolalari o’zlaridagi sakkiz yillik maktabni bitirgach, Urganjiqishloqdagi o’rta maktabda o’qishni davom ettirishardi. Ayni shu yillarda 16 yoshga to’lgan yigitchalar yuragida ilk muhabbat tuyg’ulari paydo bo’lishi sir emas. Eng qizig’i, chordaraliklardan iborat 10 “G” sinfi yigitchalarining deyarli hammasi qo’shnilardan iborat 10 ”V” sinfi qizlariga oshiq bo’lishardi. Yashirmayman, kaminada ilk muhabbat hislarini uyg’otib, uni “shoirga aylantirgan Kumush» ham 10 ”G” sinfida o’qir edi.
Har safar Nurullohning mana bu she’rini o’qiganimda o’sha olis, ammo haligacha yuragimning bir chekkasida saqlanib kelayotgan tuyg’ularimni uyg’otganday bo’ladi:
Bu qishloqni bilaman ko’pdan…
ilon izi—tor ko’chalari,
zilol suvli sharqiragan soy, —
ko’zim qarog’i ichra bari…
Bu qalashgan hovlilar ichra
barno qizlar gurkirab o’sar.
Qaray-qaray devorlaridan
yigitchalar xo’rsinib o’tar.
Bunda ko’pdir yetilgan qizlar,
go’zalligi beqiyosdir xo’p…
Shuning uchun bu uylar qimmat,
bu uylarning xaridori ko’p…
Men gapni shoir tug’ilgan qishloqdan boshlaganim bejiz emas. Zero, donishmand Gyote aytganidek: “Shoirni tushunish uchun u dunyoga kelgan yurtni ziyorat qilish zarur”. Bu hikmatni qo’lingizdagi kitobdagi she’rlarni o’qiganingizda yana ham yaxshiroq anglashingizga ishonaman. Ularning har biridan kindik qoni tuproqqa, bolaligidan ertaklar so’ylagan Samarqandga, bu qadimiy zaminning shonli va fojialarga boy tarixiga bo’lgan muhabbat nafasi kelib turadi.
Qo’shni qishloqlarda tug’ilib, o’sgan bo’lsak-da, Nurulloh bilan yaqindan Toshkentda tanishganmiz. Chunki, men poytaxtga o’qishga yo’l olganimda Nurulloh sakkiz yillikni bitirib, endi o’rta maktabga kelgan edi. Toshkentda ijara uylarda, Talabalar shaharchasidagi yotoqxonalarda, turli adabiy, xususan, Rauf Parfi atrofida shakllangan she’riy davralarda tez-tez uchrashib turganmiz.
O’sha kunlarni eslab, Nurilloh bir xotirasida shunday yozadi: «Rauf Parfi juda hammabop, shoirparvar bo’lganligi uchun yosh shoirlar uning atrofida bo’lishga intilishardi. Chunki Rauf aka ularning har birini puf-puflab, avaylab, she’rlarini mehr bilan tinglab, yanada baland parvozlarga qanotlantirardi. Ana shu tufayli Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron, Yo’ldosh Eshbek, Azim Suyun kabi shoirlar ijodi she’riyatni chegaralab qo’yadigan barcha to’siqlarni yengib, sindirib, o’z sehrini, go’zalligini, jozibasini bor bo’yicha namoyon qildi. Va bugungi she’riyat, hozirgi yoshlar ijodi, ularning yuksak .badiiy saviyasi, ranglar jilosi, beqiyos tasavvur og’ushidagi ohanglar aynan Rauf Parfi maktabining hosilasidir. Lekin asosiy gap bu ham emas. Asosiy gap – yangi avlod shoirlari sho’ro istibdodiga qarshi o’z so’zini aytishga o’rgandi, Vatan ozodligi haqida qo’rqmasdan, hayiqmasdan yoza boshladi. Cho’lpon, Amin Umariy, Botu singari ulug’larimiz ijodida aks etgan dard, Vatanni ozod ko’rish orzusida yozilgan go’zal she’rlar yangi sifat bosqichi kasb etib, yangi davrning shijoatli shoirlari ijodida aks eta boshladi, Hurriyatning sarin sabolari ana shu davrda xalqni uyg’otdi…»
Nurullohning ilk to’plamidagi she’rlaridayoq beomon sog’inchu hayotbaxsh qayg’u borligini sezganman. Garchi bu sog’inch, bu qayg’u juda tanish bo’lsa-da, shoir satrlarini o’qigan sayin o’sha tanish tuyg’ulardan hosil bo’layotgan holatlarni har safar qayta kashf etganday bo’laman.
Mana shu o’tgan yillar mobaynida Nurulloh yuragida So’zga bo’lgan havasning bahoriy to’palontabiat jilg’asi o’ngingda sokin ko’ringani bilan tubida po’rtanalar yashirin daryo maromiga aylanib bordi, u izlana-izlana, o’rgana-o’rgana o’z qalbining nozik hujayralarida, miya sirdonlarida bobolari qonidan o’tib yashab kelayotgan ko’hna ohanglarni uyg’ota oldi.
Nurulloh haqida gapirganda u mansub avlod haqida so’z aytmaslikning iloji yo’q. Uning tengdoshlari men mansub avlodga zanjir bo’lib ulangan shoirlardan iborat. Nurulloh bilan birga she’riyatimiz davrasiga kirib kelgan Nazar Shukur, Chori Avaz, Jamol Sirojiddin, Yahyo Tog’a, G’ulom Fathiddin, Chorsha’m bugungi o’zbek she’riyatining sarbaland ijodkorlari siftida tan olinganiga shak-shubha yo’q. Ularning har birining o’z daftari, o’z qalami bor.
Yana bir gapni aytmasdan o’tolmayman. Nurulloh faqat o’z she’ri dardi bilan yashamadi. U mana shu ijodkorlik dardini farzandi yuragida ham uyg’ota oldi. Bugun uning o’g’li — o’zbek adabiyotidagi sara asarlarni nemis tiliga mohirona tarjima qilayotgan Oybek ham otasini qoralab So’z yo’lidan bormoqda. Uning ijodiy yo’li uzoq va barakali bo’ladi, deb o’ylayman, chunki, donishmand bobolarimiz nasihat qilganlaridek, “Ota ibratida farzandga ishonch bag’ishlovchi kuch-quvvat bor”.
Nurulloh she’rlarida o’z hayot yo’lini ifodalaydi, faqat o’z yuragini hayajonga solgan tuyg’ularni daftarga ko’chiradi. U Samarqandu Toshkent ko’chalarida birovga ergashib yurmadi. Hayot manzillarida nima izlagan bo’lsa o’zinikini, Taqdir faqat ungagina asrab kelayotgan narsani izladi. Qaysidir chorrahada adashgan bo’lsa, o’zinikini izlab adashdi. Bu qat’iyat, eng avalo, Nurullohning fe’lu atvoriga bog’liq ekanini ham alohida ta’kidlashim kerak, deb o’ylayman. O’z dunyoqarashini behad qattiq himoya qiladigan, boshqalar nazarida esa, qaysar va bo’ysunmas bo’lib ko’rinadigan shaxs. Shaxsan men Nurullohning ayni shu jihatini behad qattiq hurmat qilaman. Va aynan mana shu qat’iyati tufayli bir niholdan ulkan bog’ yarata olgan shoirga aylandi.
Nurulloh Oston she’riyatining o’qtomiri Ishq atalmish daryodan suv ichadi. To’g’ri, bu dunyoda muhabbat to’g’risida yozmagan shoir hali onasidan tug’ilmagan bo’lsa kerak. Eng birinchi shoirning she’ri ishq haqida yozganiga shubham yo’q. Lekin, donishmand To’qtosh aytgan, har bir yurak muhabbatni yangilaydi, degan hikmati naqadar rostligiga Nurullohning qo’lingizdagi saylanma kitobini o’qiganingizda yana bir karra ishonasiz, deb o’ylayman. Bu to’plamda qirq yil avval ona qishlog’idan poytaxtga kelgan shoir hayoti mazmunini, uning shoir va jurnalist sifatida bugungacha bosib o’tgan umr yo’lini, u izlagan So’zning ming bir tusdagi rangu ohanglarini bir butun holda ko’z o’ngingizda gavdalantirishiga ishonaman.
Nurullohning shoir yuragidagi, ongu shuuridagi fikr quyunlari hali to’xtagan emas. O’sha milliard yillar avval ilk she’riy satr yozgan birinchi shoir hayajoni haligacha uning tomirlarini titratadi.
2016
Nurilloh OSTON
SHE’RLAR
Iqtidorli shoir va jurnalist Nurulloh Oston 1955 yilda Samarqand tumanidagi Turkman qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent davlat (bugungi Milliy) universitetning jurnalistika fakultetida tahsil olgan. Uzoq yillar Toshkent va Samarqanddagi turli nashrlarda ishlagan. Hozirda «O’zbekiston ovozi» gazetasida ishlaydi. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.
«Yulduzlar chaqnagan tun», «Bahor raqsi», «Tongga peshvoz chiqaylik», «Qo’rqmas uloqcha», «Yo’ldagi buloq», «Yuragimning bezovta guli», «Qadim yo’llarda», «Osmon to’la farishta», «Fasli ko’klam», «Fasli ishq», «Hidoyat charog’i» kabi kitoblar muallifi.
***
Quyosh nurlariga toblab qaddini,
bog’larda qizardi Savr giloslari.
Savsanlar isini taratib o’tdi
musaffo tonglarning oq liboslari.
Maysalar bag’riga to’shaldi dilim,
ko’zim yo’rgakladi chuchmomalarni.
Durkun yaproqlarning nigohlarida
o’qidim quyoshdan xush nomalarni.
Ey ona tabiat, ey bahri isyon,
osiy farzandingni bir karra kechir:
YO meni yondirsin, yoki kul qilsin,
Quyosh sharobingdan bir qultum ichir!
1984.
***
Bu qishloqni bilaman ko’pdan.
Ilonizi, tor ko’chalari,
zilol suvli sharqiragan soy –
ko’zim qarog’i ichra bari…
Bu qalashgan hovlilar ichra,
barno qizlar gurkirab o’sar.
Qaray-qaray devorlaridan,
yigitchalar xo’rsinib o’tar.
Bunda ko’pdir yetilgan qizlar,
go’zallikda beqiyosdir xo’p.
Shuning uchun bu uylar qimmat,
bu uylarning xaridori ko’p.
1982
RAUF PARFI YODI
Urib turgan yurak zarbi,
Behalovat shoir qalbi,
Alifboning qutlug’ harfi –
Timsolidir Rauf Parfi.
Zamin-zamon ko’lkasida,
So’z zalvori yelkasida,
Turkiy olam o’lkasida
Hilolidir Rauf Parfi.
So’zi shamshir kabi kesgan,
Ko’ngli tog’lar kabi o’sgan,
Hurriyatning sarin esgan
Shamolidir Rauf Parfi.
She’riyatga payvasta til,
Raiyatga vobasta dil,
Ishq ahliga misli Bedil –
Niholidir Rauf Parfi.
Yonar so’zi asl chaqmoq,
Satrlari yashil yaproq,
Qo’nalg’asi ona tuproq,
Zilolidir Rauf Parfi.
Hayot bilan haqiqatning,
Bayot bilan tariqatning,
Shoyistayu g’ariqatning
Visolidir Rauf Parfi.
Ahli ulus dalolati,
Kalimai shahodati,
Tiriklikning ibodati –
Savolidir Rauf Parfi.
SO’Z JABRI
Tushuna boshladim yomg’ir tilini,
isidan gurkirab to’lganda xonam.
Tushundim tonglarning ajib mungini,
tushlarimga kirib chiqqanda onam.
Tuydim qahratonda bahor isini,
tinmay vijirlagan go’dak tilidan.
Tasallilar oldim, ta’nalar oldim,
ko’nglimni yoritgan hayot gulidan.
Tushuna boshladim oftob tilini,
ko’rdim, ko’zlaringga jonim o’t bog’liq,
Tegrangda ko’p kezdim oftob yanglig’,
qoshing kamoniga jonim o’qlog’liq.
Men gapirmay qo’ydim sevgi haqida,
qushlarga chanqovuz bo’lgandan labim.
Atirgulda ko’rib bulbul jabrini,
yurakda qonadi aytajak gapim.
Mingta ruh ichinda kezingan vujud,
fanoliq yo’lini tanladi, netay.
Bu shirin hayotdan, og’u hayotdan,
ko’ksing mehrobiga bosh qo’yib o’tay.
Endi men o’zlikdan kechmog’im ayon:
eshitganim ro’yo, ko’rganim yolg’on.
Yurakda tortaman so’zning jabrini,
tillarim qavarib ketgandan buyon.
1986
YOSHI O’TIB QOLGAN AYOLNING…
Yoshi o’tib qolgan ayolning
ko’ziga bir qarang, ko’p dardi bordir.
Ko’ziga bir qarang, chiroylisan deng,
shunda bir mo»jiza bo’ladi sodir.
Yomg’irdan so’ng quyosh chiqqan osmondek,
ajinlar yuzidan tarqalar shunda.
Ko’zlari biram sho’x kulib yuborar,
anglaydi yashamoq baxtdir ochunda.
Lablari juftlanar allaga,
labida bo’salar uyg’onar.
Faqat ayting, chiroylisan deb,
U yonar, u yonar, u yonar!
Chiroylisan, deb ayting faqat,
U shu so’zni omon saqlaydi.
ko’ylakchalar tikib sog’inchdan,
qalb to’riga qo’yib taxlaydi.
Tashlab ketmang yolg’iz ayolni,
yolg’izning dunyosi tordir.
Bu ko’zlarning toshlarni hatto,
Eritguvchi oftobi bordir.
10.11.1987
SAMARQANDDA KUZ
Kuz quyoshi kabi yelkamga
qo’na boshlar sarg’ish yaproqlar.
Men jimgina qadam bosaman,
sog’intirgan tanish tuproqqa.
Yuragimning zarbalarini,
takrorlaydi keksa qayrag’och.
Lablarimda sezaman sho’r ta’m,
boshim uzra qushlar sayragach.
Hilpiraydi simyog’ochlarda,
mezonlarning uzun tolasi.
Chopqillaydi ikki intiq ko’z –
yuragimning erka bolasi.
Qari tutning bujurlariga,
sig’inaman ko’z yoshi bilan.
Aylanaman Afrosiyobni,
Samarqandning quyoshi bilan.
PAHLAVON MAHMUD VASIYATI
Bir parcha bo’lsa ham o’z yering bo’lsin,
Yerparchin qilsa ham o’z eling bo’lsin.
Baxtiyor damlarda, dardli damlarda
Kulib-kuyinmoqqa o’z tiling bo’lsin.
Do’stlaring bor bo’lsin, raqiblar bo’lsin,
Izingdan ming turli ta’qiblar bo’lsin.
Sen daryo qalbingni ummonga boshla,
Qa’rida mashrig’u mag’riblar bo’lsin.
1984
G’ULOMNING DARSI
G’ulom Fathiddinga
Olis qishloqlardan birida,
kafti mehnat bilan qabargan
ish bezdirgan bolakaylarni
o’rgatar u zeru zabarga.
Davomatda, o’zlashtirishda,
bu maktab ham qolmas qatordan.
Boshlanadi saboqlar tugab,
bunda mehnat darsi bahordan.
So’rasangiz aytishar yoddan,
qachon pilla tutib-terishni.
Qanday chopmoq kerak tutlarni,
yaganani, yaxob berishni.
Qatqaloqni yumshatish qanday,
so’rasangiz aytib berishar.
Ishga desa, indamaygina,
kitoblarni qaytib berishar.
– Samolyotlar ayamay dori
sepadi-da malim, deyishar,
– Qishloqlarda negadir sariq
ko’paydi-da, malim, deyishar.
Shunda titrab ketadi birdan,
toqati-toq bo’lgan muallim.
Uvatlarga joylab she’rini,
sochlari oq bo’lgan muallim.
Keyin…
yana darslar boshlanar,
Chekanka – dars,
G’umay yulmoq – dars.
Qavaradi jajji kaftchalar,
yurakda-da paydo bo’lar darz.
– O’zlashtirish bizda zo’r, – deydi,
bilsa hamki mehnat zo’rligin.
Hammangga besh qo’yaman, deydi,
ba’zi paytda kelib xo’rligi.
…Terim darsi uzoq cho’zilar,
ya’ni, deylik, yaydoq qishgacha.
Hali ancha g’urbatlar o’tar,
va’da bo’lgan o’sha beshgacha…
Shunda titrab ketadi birdan,
toqati-toq bo’lgan muallim.
…Vatanini sevgani uchun
sochlari oq bo’lgan muallim.
1986
* * *
Uy ichida chiroq o’chadi,
kimdir ketar sukunat sari.
Derazani behis quchadi
panjaraning temir qo’llari.
Nelarnidir shivirlar hilol,
derazaga bosib yuzini.
Uyg’onadi oydin bir xayol,
uyg’onar va tanir o’zini.
Hurkib chiqar yulduzli boqqa
va eslaydi olis yoshlikni.
So’ng ohista kuylay boshlaydi
unut bo’lgan olis qo’shiqni.
Uyg’onadi mudragan ko’cha,
jon kiradi sokin chorboqqa.
Tun yarmida odamlar cho’chib
hayrat bilan tutishar yoqa…
* * *
Sukunatga cho’kar qadamlar,
chekinadi xomushgina yo’l.
Sabzalardan shudringni sochib,
men boraman.
Quchog’imda gul.
Izlarimdan kelar talpinib
bolalikning xushnud kunlari
Va bag’rimdan qolar to’kilib
chang ko’chaga dala gullari.
OYNING O’G’IRLANISHI
Qalqib ketdi xayolparast soy,
to’lqinida samo ro’moli.
To’rga tushdi oltinbaliq — oy,
baliqchining kuldi iqboli.
Daraxtlarning ko’ksida isyon,
Qo’llarida bir qatim yog’du.
Soy sathiga termildi osmon,
ko’zlarida judolik dog’i.
Shabbodalar uchdilar halak,
yulduz uchdi tunni tilkalab.
Bulut esa parvoyi falak
ketar edi oyni yelkalab…
KITOB RUHIYAT OFTOBI
Etyudlar
Buzilgan uy
Shahar mahallalarining biridan o’tayotib, buzilgan uyga ko’zimiz tushdi. Hovli devorlari yo’q, eski imoratning old tomoni qulab tushgan, xona tokchalarida eski guldon, sarg’ayib ketgan gazeta va kitoblar sochilib yotardi.
– E-e-e, anavi tomondagi kitoblarni qarang, kitoblarni, – dedi hamrohim qulab yotgan paxsa devorlar orasini ko’rsatib. Birovning buzilgan uyi bo’lsa ham, qulagan paxsalar orasida go’yo norasida go’dak siqilib qolgandek, o’sha tomonga yugurdik.
Qarasak, paxsa uyumlari orasida juda ko’p kitob taxlanib yotgan ekan. Bir-ikkitasini avaylab changini qoqib, ko’z yugurtirdim. O’tgan asrning 50-60-yillarida chop qilingan badiiy adabiyotlar, taniqli o’zbek, tojik adiblarining asarlari ekan.
– Xonadon egalari nega kitoblarni bu qadar xor qilib tashlab ketishdiykin? – Bu javobsiz savolni o’zim o’zimga berdim.
– Hozir hech kimga kitob kerak emas, hamma tadbirkor bo’lib ketgan, – dedi hamrohim. – Bu xarobaxonada kitoblarning xor bo’lib yotishi uvol, xo’p desangiz, hammasini yig’ishtirib olib ketaylik…
Men-ku, kitoblarni jon deb olib ketmoqchiman, lekin birovning uyi, birovning mulki, boz ustiga bizni ko’rgan qo’shnilar nima deb o’ylaydi?
– Yaxshisi, qo’ni-qo’shnidan surishtirib, uyning egasini topaylik, so’ramasdan olsak bo’lmas, – dedim istihola qilib.
Shunday xulosa bilan ishxonaga bordik. Bekmurod o’anizoda degan hamkasbimiz bizni kutib turgan ekan. Buzilgan uyda ezilib-bosilib yotgan kitoblarga jonim achib, o’anizodaga voqeani gapirib berdim. Bekmurod buzilgan uy qaerdaligini surishtirdi. Men tushuntirib berdim.
– Bo’ldi, esladim, – dedi o’anizoda. – U hovlida taniqli jurnalist, ko’p yillar davlat idoralarida ishlagan Mirakbar Xo’jasaidov yashagan. Avariyaga uchrab, erta olamdan o’tgan. Uning nomiga qo’yilgan ko’cha ham bor. O’g’li biznesmen, «dom»da turadi.
– O’g’li bor bo’lsa, kitoblarini shunchalik xor qilmasdan uyiga olib kelsa bo’lmasmikan?
– Bilmadim, hozir birovga aql o’rgatadigan zamon emas, – yelkasini qisdi o’anizoda.
Ancha vaqtlardan keyin yo’lim tushib yana o’sha ko’chadan o’tib qoldim. Buzilgan uy o’rnida ikki qavatli muhtasham uy qad rostlagan, «savlatidan ot hurkadi». Mening ko’z o’ngimda esa paxsa uyumlari orasida bir-biriga qalashib, xor bo’lib yotgan kitoblar gavdalandi. Buzilgan uy o’rnida qayta tiklangan imorat ko’zimga juda fayzsiz, nochor bo’lib ko’rindi. Chunki unda kitobni sevgan, uni umr bo’yi asrab-avaylab kelgan otaning ruhi yo’q edi…
Otam bergan kitoblar
Otam o’tgan asrning qahatchilik yillarida ota-onasidan erta judo bo’lib, turmushga chiqqan opasining qo’lida qoldi. 1937 yilda harbiy xizmatga safarbar qilindi. Otliq razvedka qo’shinlarida xizmat qilib, 1941 yilning boshlarida uyga qaytib keldi. Besh oy o’tib, Ikkinchi jahon urushi boshlanib, yana frontga ketdi.
Rizqli qul o’lmas, deganday, 1946 yil urushdan nogiron bo’lib qaytib kelib, kolxozda ishladi. 60-yilning o’rtalari, Amir katta degan g’o’labirdan kelgan miqtigina odam bo’lardi, o’sha kishining zvenosida ishlardik. O’shanda men o’n yoshlarda edim, uyda kitob kam, bori ham opalarimning darsliklari, ularni allaqachon o’qib bo’lganman. Bir kuni Amir kattaning eshagi xurjunida katta kitobni ko’rib qoldim. Asta olib, muqovasiga ko’z yugurtirdim. «Sharq yulduzi» deb yozilgan ekan.
– Ha, jurnal o’qiyapsanmi? – dedi Amir katta to’satdan tepamda paydo bo’lib.
– Qiziqarli kitob ekan, qaerdan oldingiz?
– He, bu kitob emas, jurnal. Nima, kolxozchi kitob o’qimaydi, deb o’ylaganmiding? – kuldi Amir katta. – Xohlasang, o’qishga berib turaman, keyin o’zimga qaytarasan…
Otam bizning suhbatimizni sal nariroqda eshitib turgan ekan, indamay ketmonini yelkalab ketdi. Kunlarning birida meni shahardagi kitob do’koniga olib bordi. «Bizga eng yaxshi yozuvchilarning kitoblaridan tanlab bering», – dedi u sotuvchiga. Xullas, otam o’sha kuni kolxozdan olgan oyligining hammasiga kitob olib berdi. Opalarim bilan talashib-tortishib kitoblarni bitta qoldirmay o’qib chiqdik. Maktab kutubxonasidagi kitoblarni allaqachon o’qib chiqqanman, shuning uchun kolxozda pomidor terilsa yoki uzum uzilsa, bir chelagini shaharga olib borib sotib, puliga do’kondan kitob olaman. Onam «Ko’p o’qiyverma, miyang suyulib ketadi», – deb qo’limdan kitobni tortib olib, yashirib qo’yardilar. Hozirgacha otam olib bergan kitoblarni avaylab saqlayman.
Uyingizda kitob bormi?
Ota-onasi o’zbek xalq dostonlarini o’qimagan yoshlar dunyo adabiyoti nari tursin, adiblarimiz asarlarini o’qimasligi aniq. Hatto ota-onasi e’tiboridan qolgan boshlang’ich sinf o’quvchisi biror kitob o’qish yoki she’r yodlashdan ko’ra, internetdagi voqealarga, ur-yiqit, otishma, o’ldir-kuydirlarga qiziqadi, dahshatli o’yinlarni tabiiy qabul qiladi. Katta pul topish vasvasasida xorijga ketayotgan yoshlarning son-sanog’i yo’q. Binobarin, ma’rifatsizlik, bilimsizlik kaltabinlikni keltirib chiqaradi va boshga balo bo’ladi.
«Nimaga uyimda kitob yo’q ekan, mana, taxlanib yotibdi», deya bittasi ko’cha gazetalarida, keyin esa nashriyotlarda katta adadda chop qilingan oldi-qochdi kitoblarni oldimga qalashtirib tashladi. Bunday saviyasiz kitoblar hammayoqni egallab bo’ldi. Bir umr boshqa kasbda ishlagan, bir dumalab «yozuvchi» yoki «shoir» bo’lib olgan puli bor kimsalar ikki pulga qimmat, hech kim o’qimaydigan kitoblarini chiqarib yotishibdi. Ular kitob do’konlarida chang bosib yotibdi, matbuot shoxobchalarida, ko’cha-kuyda kitob sotuvchilar qo’lida, maktablar, litseylar, kollejlar, oliy o’quv yurtlarida majburiy sotilyapti. Bu kitoblarni esa o’rtamiyona bir shoir yoki yozuvchi o’sha «shoir» okaxonning pulini qurtday sanab olib «ramkaga” tushirib berayapti. Bunday saviyasiz kitoblar, oldi-qochdi to’la xiyobon gazetalari xorij seriallariga o’xshab axloqsizlik, jinoyatchilik, buzg’unchilik, hurmatsizlik kabi illatlarning bolalab ketishiga ta’sir ko’rsatadi. Nashriyot va muharrirlar uchun kitobga pul to’lansa bo’ldi – ularni kitob saviyasi, mazmun-mohiyati qiziqtirmaydi.
Kitobning qadri tushmaydi
Keyingi paytlarda ko’cha-ko’yda yurgan yoshlarga e’tibor bersangiz, yo qulog’iga quloqchin taqib, yoki telefonini kovlab ketayotganining guvohi bo’lasiz. Ularning tashqi dunyo, odamlar bilan umuman ishi yo’q. Serqatnov avtomobil` trassalarida sodir bo’layotgan avtohalokatlarning ko’pi yoshlarning qo’l telefoni va internetdan tinimsiz foydalanishi va atrof-muhitga e’tiborsizligi tufayli sodir bo’lmoqda. Bunday sharoitda yoshlarni kitob o’qishga undash yoki qiziqtirish Don Kixotning shamol tegirmonlari bilan jang qilishiday befoyda. Qachonki, yoshlarning o’zi bir kun kelib xalqaro o’rgimchak – internetga mahliyolik illatini va kitobning beqiyos hikmatini, ular o’rtasidagi farqni anglab yetsagina, kitobning qadri oshadi, kitobga munosabat o’zgaradi.
Internet tekin va siyqa axborotlar, yolg’on-yashiq va behayo reklamalar bilan to’yintirilgan dunyo chiqindixonasiga aylanib bo’ldi. Miya tafakkur qilishdan ko’ra, ko’proq tekinxo’rlikka o’rgandi. Mag’zava oldi-qochdilar, fikrlashga o’rin qoldirmaydigan dunyoqarashlar hammayoqni ishg’ol qildi. Kitob o’qimay qo’ygan olomon internet tili bilan gapira boshladi. Bu olomon hamma joyda o’z dunyoqarashini ma’qullashni xush ko’radi, o’zidan boshqa hech kimni tan olmaydi.
Televidenie, radio va internet taraqqiyoti baribir kitobga bo’lgan munosabatni, uning qadrini tushirolmaydi. Chunki har qanday axborot, ijod mahsuli, adabiyot bosma manbalar asosida yuzaga keladi. Yaqin va uzoq kelajakda ham kitob ruhiyat oftobi, bizning eng yaqin do’stimiz, maslahatdoshimiz, ko’makchimiz bo’lib qolaveradi.
Manba: «Zarafshon» gazetasi veb-sahifasi