Anvar Nomozov. 8 martda yig’lagan xotin.

090
Ўрозали бир қўли билан кўзини ушлар экан, иккинчиси билан кўрпани силтаб тортди. Зулайҳо чўчиб, кўзларини очди. Эрини бир аҳволда кўриб, сакраб турди.

011
Анвар Намозов
8 МАРТДА ЙИҒЛАГАН ХОТИН
Ҳангома

Ўрозалининг тонг маҳали уйқуси ўчди. Турмоқчи бўлди-ю, яна бироз ёта қолай, деди. Бугун уйга келадиган улфатлари, кечаги тайёргарлик, сарф-харажатларни хаёлан ҳисоб-китоб қилди. Ҳаммасини тахт қилган, фақат айрим майда-чуйдалар қолган.
– Ҳа, аралаштир! – деди Ўрозалининг ёнида ётган хотини.
Ўрозали унга қараб қўйди. Бечора Зулайҳо, уйқусираяпти. Тиним билмади ўзиям. Ҳали бозорга югур, дўконга чоп, ҳали гўштни майдала, кўк сомсанинг кўкини тўғра… Терлаб-пишди ўзиям. Қизлариниям тиндирмади.
– Хамир қани, ҳа, мана! Қоч, ўзим муштлайман! – Зулайҳо босинқираб, қўлларини юқорига чўзди-да, “бокс” қила бошлади.

Ўрозали мириқиб кулди ва хотинининг елкасига туртди:
– Зулайҳо, бурилиб ёт, уйқусираяпсан!
– Ўзим муштлайман, дедим, қоч!
– Бурилиб ёт, Зулай…
Кутилмаганда хотини ўнг томонига ўгирилиб, эрининг юзига мушт тушира кетди:
– Мана-мана!

Ўрозали аввалига “хотиним ҳазиллашяпти”, – деб ўйлади, аммо юз-кўзига чинакам муштлар теккач, ўзини дивандан пастга отди:
– Уҳ!.. Кўзимни чиқардинг!
– Ана шундай қилиб муштлайдилар! – Зулайҳо энди ёстиқни “бокс” қилиб ётарди. – Мана, мана!
Ўрозали бир қўли билан кўзини ушлар экан, иккинчиси билан кўрпани силтаб тортди. Зулайҳо чўчиб, кўзларини очди. Эрини бир аҳволда кўриб, сакраб турди. Ўрозали жавоб тариқасида унга қақшатқич мушт туширмоқчи эди, Зулайҳо эгилиб қолди.
– Вой, сизга бўлди? – деди ўзини орқага ташлаб. – Ёмон туш кўрдингизми, нима бало?

Ўрозали бақирди:
– Ёмон туш кўрган менми ёки сенми, онангни емгур? Қара, нима қилдинг?
Зулайҳо ҳеч вақони англамади. У эрининг юзига тикилар, яқинлашишга қўрқарди.
– Тушунмадим… қандай…
– Кўзимга урдинг, аҳмоқ! Жўрттага урдинг!
– Вой, нега ураман? Бу нима деганингиз?
– Ўл, тушингда хамир қилмай! Қара, кўзим кўкармабдими?
– Кўк… кўкарибди!
– Ҳе, онангни… Хамир муштламай кет! Кеча айтдим-а сенга, эрталаб қиласан хамирингни, дедим. Бослиқиб ўл! Хамирим ачиши керак, дединг! Энди улфатларнинг олдида қандай ўтираман?.. Нега бақраясан? Бор сочиқни ҳўллаб кел! Тез бўл!
Зулайҳо Ўрозалини айланиб ўтаётиб, у боплаб тепмоқчи эди, оёғи етмай қолди. Сўкинганча қолаверди.
Бироздан сўнг нам сочиқни кўзидан олган Ўрозали ойнага тикилар экан, бир сапчиб тушди: чап кўзининг ости аллақачон “кўкаламзорлаштириб” бўлинганди! У баттар жиғибийрон бўлди. Хўрлиги келди. Ёнида турган хотинига мушт туширмоқчи эди, Зулайҳо бу сафар қочмади.
– Уринг, дадаси! – йиғлаб юборди у. – Сизга мушт кўтарган қўлларим синсин! Уринг, аяманг! Ўнта кўзим бўлса, ўнтасиниям кўкартиринг! Қўлларим синсин-а, сизни ургунча!
– Йўқол кўзимдан, – бақирди Ўрозали.
Болалар хонасидан қизлари ва ўғли чиқишди. Улар кўзига сочиқ тутган отаси ва нарироқда йиғлаётган онасига ҳайрон бўлиб қарашди.
– Нима бўлди? – сўради тўнғич қиз.
Ўрозали индамади. Нима десин? “Онанг урди”, – десинми? Учала қиз онасини ўраб олиб, юпатишга тушди. Ўғли ҳам пилдираб уларнинг ёнига югурди. Бироздан сўнг унинг пичирлагани эшитилди:
– Ойим дадамни урибдилар, мен эшитдим.

Ўрозали ҳовлига чиқиб, сочиқни водопровод сувига тутди. Кўзига босди. Кейин ўйлаб-ўйлаб, Самандарга қўнғироқ қилди.
– Жўражон, ўтиришни сеникида ўтказайлик.
– Нега? – ҳайрон бўлди Самандар.
– Ҳамма нарса муҳайё. Шунчаки… Мен… Ишим чиқиб қолди, жўра.
– Қандай ишинг?
– Сўрама… Майда-чуйдаларни ҳам, овқатни ҳам шундоқ сеникига ўтказ…
– Мен айтувдимми сенга, бошқа кунга бўла қолсин, деб? Йўқ, дединг! Байрам куни ҳар ким ўзнинг уйида ўтирсин, девдимми? кўнмадинг! Сенлар ҳамманг хотинингдан қўрқасан, дединг!
– Бас қил, Самандар! Вақт кетяпти.
– Меникида бўлмайди, Ўрозали. Қайнонам, қайинсингилларим, яна бир тўда аёллар келишади.
– Нима қилай унда?! – деди ўкириб Ўрозали.
– Бошқа куни ўтказасан.
Ўрозали яна бўкирди:
– Калланг борми? Шунча харажатга тушганим етмагандай, яна бошқа куни ҳам ўтказаманми?
– Унда ўзинг биласан, – Самандар шундай деб телефонини ўчирди.

Асабийлашган Ўрозали ҳовлининг у бошидан-бу бошигача айланиб чиқди. Нуқул оғзидан боди кириб, шоди чиқди. Гоҳ Зулайҳони, гоҳ Самандарни, гоҳ эса эрталабки зарбага “блок” қўя олмагани учун ўзини сўкарди. Аммо ҳовлини чир айланганинг билан вақтни тўхтатиб бўлса экан. Нимадир ўйлаб топиш керак.
– Зулайҳо! – бақирди у ичкарига қараб.
Ичкаридан хотини чиқди.
– Уришга уриб, нега индамай ўтирибсан?
– Нима… қилай? – кўзлари намланиб сўради Зулайҳо.
Ўрозали гап билан узиб олди:
– Бу кўзимниям кўкартир, иккаласи бир хил бўлсин!
Зулайҳо уввос солди:
– Ҳаҳ, сизни урган қўлларим синсин!
– Бақирма! – деди Ўрозали девор томонга қараб қўяркан. – Қўшнилар эшитади, довдир! Ундан кўра, ўйла!
– А?.. Нимани ўйлай?
– Оббо!..

Зулайҳодан жўяли фикр чиқди: уйга Муртазо ака билан Зокир чақириладиган бўлди. Ўрозали акасига сим қоқиб, бир иш билан кетгани, уйда улфатларини кутиб олишини илтимос қилди. Зокирга эса Зулайҳо қўнғироқ қилди ва поччаси оғилхонага кириб кетар-кетмас, у ҳовлига ташриф буюрди.
Тушга яқин аввал Муртазо ака келди. Дастурхонни кўздан кечираркан, “яхши” деб қўйди. Сўнг Ўрозалининг улфатлари бирин-кетин пайдо бўлишди. Муртазо укасининг номидан узр сўраб, уларни кутиб олди. Зиёфат қуюқ бўлди-ю, Муртазо ака келиннинг ўзини тутишидан хавотирга тушди. Бояқиш келин оғилхонага қараб-қараб қўяди. Лабини тишлайди. Кейин ликопчаларга егуликлар солиб, ўша ерга қатнади. Муртазо ака уни зимдан кузатаркан, ўйлади: “Укам оғилхонада. Бир гап бўлган-ов!..”
Меҳмонлар кузатилди. Уларга чой-пой ташиб чарчаган Зокир ҳам хайр-хўшлаўиб кетди. Фақат Муртазо ака шошилмасди. Яна келинни кузатди. Зулайҳо унинг кўзини шамғалат қилиб оғилхона эшигига етганида шартта тўхтатди:
– Ҳа, келин, бунча кўп қатнадингиз оғилга?
– А? – талмовсиради Зулайҳо. – Мен… моллардан хабар олмоқчи эдим.
– Қўлингиздаги нима? Э-ҳа!.. Молларингиз торт ейдими?
– Йўғ-ей, ака… Бу… ҳалиги… ҳалиги-да!
– Боя “мужской каприз” олиб кириб кетувдингиз. Жа аристократ молларми, дейман? Қани, мен бир кўрай-чи!

Бу гапни эшитган Зулайҳо оғилхона эшигига қулф солди. Калитни тутган қўлини орқасига яширди. Муртазо аканинг жаҳли чиқди. У эшикни бир тепаркан, дўқ урди:
– Ўрозали, чиқ бу ёққа, нодон! Молхонада нима бор?

Ичкаридан садо чиқмади. Зулайҳо кўз ёшларига эрк берди.
– Нега йиғлайсиз, келин? – ҳайрон бўлди Муртазо ака. – Бугун байрамингиз бўлса! 8 мартда ҳам йиғлайдими хотин киши! Ё укам хафа қилдими, айтинг!

Зулайҳо ҳўнграб юборди:
– Йўқ, мен у кишини хафа қилдим.

Молхонадан Ўрозали бақирди:
– Ўчир овозингни!
Муртазо ака эшикни урди:
– Ўв, таппига беланиб ётмоқчимисан? Чиқ-ей!
– Ўзингиз киринг, ака. Мен… мен чиқолмайман…
Бироздан кейин оғилхонага кирган Муртазо ака Ўрозалининг гапларини эшитди-ю, қаҳ-қаҳ урган кулгиси бутун ҳовлини тутиб кетди.

(Tashriflar: umumiy 63, bugungi 1)

Izoh qoldiring