Ibrohim Haqqul. Olimlik — ma’no izlash demak.

7767
Мен адабиётшунос диди ўткир, савияси баланд, ўлгудай заҳматкаш, бугун эришган муваффақиятини эртага ихтиёрий тарзда эсдан чиқарадиган бир санъаткор бўлишини орзу қиламан. Бизнинг ҳаётимизнинг ғайрат, илҳом юз очган пайтлари қуллик ва қарамликда ўтган. Уларнинг асорати ва касофатидан охирги дамгача қутулолмасак керак, деб ўйлайман. Ёш тадқиқотчилар буни ҳисобга олиши ва ҳар қандай таниқли олимнинг фаолияти билан бирга шахсиятига ҳам холис танқидий нигоҳ ила қараб ҳеч чўчимай, асло иккиланмасдан одим ташлашини истайман. …

667

ОЛИМЛИК – МАЪНО ИЗЛАШ ДЕМАК
Журналист Дилором Ҳамроеванинг таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан суҳбати

Дилором Ҳамроева: – Илмнинг ибтидоси, умуман, олимлик нимадан бошланади?
Иброҳим Ҳаққул: – Ақл-идрок уйғониши ва англашдан. Англаш шавқи қанча тез кучайса, олимлик йўли ҳам ўшанча барвақт ойдинлашади.

Д.Ҳ.: – Илмий тадқиқотчи, бу – олимликка даъвогар дегани. Шундай экан, илмий даража ва олим тушунчаси бир-бирига тенг кела оладими?
И.Ҳ.: – Умуман олганда, илмий даража ёки унвон нисбий нарса. Шунинг учун илмий даража ва олимлик тушунчаси кўп ҳолларда бир-бирига умуман мувофиқ келмайди. Тасаввур қилинг, кичкина болакайнинг бошига катта ва чиройли бир қалпоқ кийгиздингиз – юзи кўринмай қолади. Истеъдодсиз олимнинг аҳволи ҳам шунга ўхшаб кетади – елиб-югуриб қанақа илмий даражани қўлга киритмасин, барибир қиёфасизликка у маҳкум. Илм унга бир восита бўлганидек, ўзи бир воситачи ё жаллоб каби яшайди. Илмнинг шукуҳи нима, азоби қандай, тоти қанақа – буларни у ҳис қилолмайди. Абдураҳмон Жомий ҳазратлари бир рубоийларида:

Ҳар чо зи дари хона даромад даъви,
Маънй ба шитоб аз раҳи равзан бигурехт,

дейдилар. Яъни: ҳар қаердаки хона эшигидан даъво – иддао кириб келса, маъно шитоб ила туйнукдан чиқиб қочади. Олимнинг эса маънидан йироқлашиш, даъвога уни қурбон этишга сира-сира ҳаққи йўқ.

Д.Ҳ.: – Тадқиқотчи 40-45 ёшда илмга кириб келганда ҳам ёш олим саналади. Ёш ва олим ҳақида нима дейсиз?
И.Ҳ.: – Олим секин вояга етадиган, ўсиб-улғайгани сайин илдизи чуқурлайдиган Дарахтни эслатади. Ёшликда албатта куч, ғайрат, шиддат тўлиб тошади. Бундан фойдаланиш керак. Куч-қувватни илмга сарфлаш яхши. Аммо уни “тежаш”ни ҳам билиш зарур. Нега? Чунки ғайрат, ташаббус, тезкорлик – бу ҳали тажриба деганимас. Изланиш ва тажриба “тегирмони”да янчилишга чидамли олимга мен ҳавас қиламан. Ҳеч пайт дид ва савия пастлигига у кўниколмайди. Ўзининг мавжудлигини кўрсатиш, “аллома”лигини тан олдириш учун талашиб, тортишиб юрмайди.

Д.Ҳ.: – Бир суҳбатда Абдурауф Фитрат каби олимнинг бевақт ўлими баъзан миллат учун катта бир давр олимларини бой беришдан кўра улканроқ йўқотишдир, деган эдингиз…
И.Ҳ.: – Чунки Фитрат домла каби Шахслар неча юз йилларда бир маротаба дунёга келади. Фитратнинг илм ва ижод жабҳасида амалга оширган ишларини бундоқ сарҳисоб қилсангиз, беихтиёр Оллоҳ унга қўш-қўш истеъдод ато этган дейсиз. Унинг зукколиги, билимдонлиги, илмнинг бир неча соҳаларида эркин қалам тебратиш, фидоийлиги – буларни таърифлаб тугатиш қийин. Дейлик, бир мўъжиза юз бериб Фитрат тирилиб қолса борми, ишонинг, мумтоз адабиётни ўрганиш, хусусан тасаввуфшуносликда қисқа муддатда бутунлай янги ҳаёт бошланади. Ва эркинлик замонида ҳам ҳали янги адабиётшунослик пойдеворини тиклашга қурбимиз етмаётганига ҳар қалай иқрор бўламиз. Фитратга отилган ўқ – ўзбек илм-фани, маърифат ва маданиятига отилган ўқ эканини мен кўп ўйлайман…

Д.Ҳ.: – Шоирнинг ижтимоий шахсиятини адабий қиёфаси билан солиштирганда, ички парокандаликни кўрамиз. Умуман олганда, бу ҳолатни санъатга дахлдор ҳар қандай инсонда кузатиш мумкин. Илм ҳам ижод, аслида, ижоднинг энг оғир шакли… Бу жиҳатдан олимнинг шахсиятини қандай изоҳлайсиз?
И.Ҳ.: – Яссавий бобо “Чин олим ёстуғин тошдин яратди”, деганлар. Олимнинг шахсияти қандай бўлишини ана шу гапдан тасаввур қилаверинг. “Тоши енгил”лик – олим учун катта айб. Сабр-қаноат, билишга ташналик, заҳматкашлик, тамаъ ва манфаатпарстлик ҳирсини енгиш, ҳеч кори ҳолда ялтоқланмаслик, дунёнинг ҳар турли ўйинларига аралашмаслик, ҳақ ва ҳақиқатга қулдай содиқлик – менимча, олимнинг Шахсини безайдиган фазилатларнинг энг муҳимлари ана шулар. Олим ақли ва илмини бозорга солмаса, унинг йўқотадиган бошқа бир нарсаси йўқ. Яшайверади. Унга илмдан бўлак нарсани “Ол!”, “Эгалла!” деган ҳуқуқ берилмаган.

Д.Ҳ.: – Кимнидир “ҳақиқий олим эди” деганда унинг фақат илмий салоҳияти кўзда тутиладими?
И.Ҳ.: – Илмий салоҳияти билан бирга ҳақгўйлиги, шижоати, юрти ва миллатига содиқлиги ҳам. Баъзи олимлар гўй фикрлаш учун яшайди. Улар илмий мавзулари, ғоялари билан ўралашиб, кўпинча бошқа мавжудликлардан узилиб қолишади. Оддий одамларнинг дарди, ғам-ғуссаси, миллат тақдири – барибир уларга. Одамдай яшаш матлабида фикрлайдиган олимлар эса, энг аавало, виждон ва эрк навкарларидир. Уларнинг қалбида бир олов доимо ловиллаб туради. Фақат ўзинимас, ўзгани ҳам ўйлайди… қўрқиб, қалтираб кун ўтказишдан уялади. Латтачайнарлик қилмайди.

Д.Ҳ.: – Битта илмий мактабда шаклланган, айни бирдай имкониятларга эга икки тадқиқотчи бир хил даражадаги олим бўлмаслиги мумкин. Илмий иш савияси нималарга боғлиқ?
И.Ҳ.: – Биринчи галда, истеъдодга боғлиқ. Олимлик истеъдоди ижодкор талантидан ноёброқдир. Чунки унинг “юк”и нисбатан анча оғир. Бундан ташқари, “игна билан қудуқ қазиш” олимнинг ташқаридаги бир иши эмас, балки ботиндаги қийноқли меҳнат. Мана шу қийинчилик ва азобнинг қувончига у етиб бормаса, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам қийнайди. Қийнагани шуки, йўталса ҳам “ман” дейди ва бағри ҳасад, кин, адоватга тўлгани сайин жаҳли, қаҳри оловланиб, йиртқичлашиб кетади. Бу эса Мирзо Бедил айтган “Ҳар ки олим шудам гуфт жоҳил шуд” – “Ҳар кимки олим бўлдим дея даъво қилди – жоҳил бўлди”, деган фикрнинг амалий исботидир.

Д.Ҳ.: – Маърифат арбоблари толибни тарбиялашда суҳбат ва жамоатни катта аҳамиятга эга деб ҳисоблайдилар. Мушоҳада эса узлатда камолга етади. Илм – тафаккур, мушоҳада санъати. Олим учун суҳбат ва узлат, мунозара ва мушоҳада акс тушунчаларми?
И.Ҳ.: – Олим у ё бу нарсада чалғиши мумкин, аммо кимлар билан ўтириб-туриш ва суҳбатлашишда адашмаслиги зарур. Олимнинг зуҳди ва узлати зоҳидникидан кескин фарқланади. Буни билиш лозим. Билмаган, биринчидан, вақтини елга совуради, иккинчидан, руҳ ва кўнгил осудалигини таъминлай олмайди. Олимда “хусусий мутафаккирлик” майдони бўлмас экан, “деғоним, деғон”дан бир пайса ҳам нари жилолмайди. Шунақа баттол кимсаларнинг амал ё мартабага кўтарилишидан Оллоҳ асрасин…

Д.Ҳ.: – Абдулқодир Гилоний: Ҳар бир кўнгилнинг ўз меърожи бўлади, дейди. Олимнинг меърожи нимадан бошланади?
И.Ҳ.: – Олимнинг меърожи ирфон, яъни Ўзни англаш. Юнус Эмро ҳақ гапни айтган: “Илм – ўзни англамакдир. Ўзни англамассан, бу нечун уринмакдир”. Афсуски, шўро замонида илм ўзни англашга монелик қиладиган қалин “парда”га ҳам айлантирилганди. Ҳақиқий олим ҳаддан зиёд сийрак, илмий даражали корчалон, каззоб ва чаламуллалар кўпайиб кетганди. Илм-фан маълум бир маънода дин, тарих, миллият, ҳурриятга қарши болтакашлик қилганлиги энди ҳеч кимга сир эмасдир.

Д.Ҳ.: – Журналист ҳам қайсидир маънода тадқиқотчи. Олимни юзага чиқаришда матбуот ва журналистнинг ўрни?
И.Ҳ.: – Илм тарғиби ва ташвиқини журналистика кўмагисиз тасаввур қилиш қийин. Журналистика илмга ўзига хос бир жонлилик, фаоллик бағишлайди, олимнинг қаламини қайраб, ўткирлаштиради. Ўлик фикр, сўник ифодалардан қутилишга унга ёрдам беради. Лекин олим-тадқиқотчининг журналист йўлига ўтиши ва матбуот, оммавийлик талабларига тобе бўлиб қолиши – бу илмни таҳқирлаш, обрўсизлантириш билан теппа-тенгдир.

Д.Ҳ.: – Инсон табиатидаги етакчи туйғуларидан бири – шуҳратпарстлик: ижобий маънода ҳурмат-эътибор қозониш. Илм ҳам маълум маънода шуҳрат қозониш дегани. Олим ва шуҳратпарастлик тушунчасини қандай изоҳлайсиз?
И.Ҳ.: – Олим ҳам одам: жамиятда бир мавқе қозониш, бошқаларга танилишга интилади. Бироқ чинакам олимлик билан шуҳратпарастлик бир-бирига зид ҳолатлардир. Зеро, илмда шон-шуҳратга муҳтожлик йўқ. Илм шуҳратни офат ҳисоблайди. Қадимда айрим олимларнинг ёзган асарларига исми шарифларини қўймаганликларининг бир сабаби ҳам шу. Ҳозир бунақа ишни хаёлга келтирадиган кишини учратиш Анқога дуч келиш билан баробар. Салоҳияти етган ҳам, етмаган ҳам китоб ёзаётир. Пули, имкони бор – китоб чиқармоқда. Миллион-миллион сўм пул бериб китоб ёздириш “мода” бўлиб қолди. Нимага? Нимани кўзлаб? Мақсад битта: шуҳрат қозониб, “номи муборак”ларини боқийлаштриш. Ваҳоланки, буларнинг бари мағзи пуч иддаолар, инсоннинг саёзлиги, нодон ва ожизлигини фош этадиган уринишлардир. Нафсу ҳавонинг тузоғидан халос бўлиш қийин. Демак, шуҳратпарастлик туғёни ҳам тўхтамайди…

Д.Ҳ.: – Бугунги кун тадқиқотчисига муносабатингиз ва тилакларингиз?
И.Ҳ.: – “Оломонга қизиқ бўлган ҳамма нарсадан қоч!” дейди донишманд Сенека. Олим авом савиясида фикрлаб, авом қонини жўшдирадиган нарсалар билан ўралашадими, билингки, илм ниқобида илмсизлик гувиллайди. Тадқиқот дегани тараққиётга улуш қўшолмайди.
Биласизми, зоҳиран оддий, содда кўринган фактларни бадиий тахайюл кўмаги ила умумлаштира билиш илмга қаноат бағишлайди, илм билан санъатнинг кучини бирлаштиради. Ана шунда тадқиқотчи-олим ўзини адабий факт ва далиллардан образ яратувчи санъаткордай ҳис этади. Мен эса адабиётшунос диди ўткир, савияси баланд, ўлгудай заҳматкаш, бугун эришган муваффақиятини эртага ихтиёрий тарзда эсдан чиқарадиган бир санъаткор бўлишини орзу қиламан. Бизнинг ҳаётимизнинг ғайрат, илҳом юз очган пайтлари қуллик ва қарамликда ўтган. Уларнинг асорати ва касофатидан охирги дамгача қутулолмасак керак, деб ўйлайман. Ёш тадқиқотчилар буни ҳисобга олиши ва ҳар қандай таниқли олимнинг фаолияти билан бирга шахсиятига ҳам холис танқидий нигоҳ ила қараб ҳеч чўчимай, асло иккиланмасдан одим ташлашини истайман. “Одам қавми бир-бирини теран тушунишга қодир эмаслиги учун ёлғон ва алдашдан ўзини тўхтатолмайди. Дунёдаги энг оғир иш-ҳақиқатни айтиш. Бу эса жуда кўп ва узоқ вақт ўқишни, сабот ила мушоҳада юритишни талаб қилади”, дейди Г.Гуржиев. Ҳақиқатни айтишнинг олий мақоми – бу, илм ва олимлик…

Д.Ҳ.: – Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”,2008 йил 27 июнь.

(Tashriflar: umumiy 102, bugungi 1)

Izoh qoldiring