Xurshid Davron. «O’zimdan yomonrog’ini ko’rmadim…»

045    Жангчи баҳодирлиги, шоиру олим матонати, деҳқон машаққати, қария донушмандлиги, йигит жасорати, она меҳри, аёл муҳаббати  Аллоҳ таоло ёғдирган маърифат нуридан вужудга келади. Уларнинг ҳар бири кўклам қуёшининг тафтини туйган чечак қишнинг аёзли тунларидан кейин навбаҳор тонгида муздек ерни ёриб чиққанидай, ҳар қандай бало-ю қазолардан кейин ҳам ҳаёт ва Ватан келажагини, инсонийликни барқарор этмоқ учун қайта-қайта ўзининг бурчи ва вазифасини тўхтамай адо этади.     Куз келганда, хазон бўлиб ерга учган япроқ каби бу кўҳна офоқ дарахтидан узилган ҳар бир инсон умри ўзи билан илоҳий нурнинг бир ҳовучини олиб кетади. Аммо баҳор келиб, қорайиб, яхлаб ётган новдаларда бўртган куртаклардек, она бағридан минг бир машаққат билан қўрқинчли ёруғлик дунёсига чиққан, ёнғоқ ғўрасидан сал каттароқ юраги аввал заиф-заиф, кейин тез-тез ва ниҳоят, хотиржам, бир маромида тепинган чақалоқ бу дунёга ( тўққиз ой давомида уни асраган она бағридан) яна бир ҳовуч нур олиб келади. Инчунин, Аллоҳ нури абадийдир, Аллоҳ нури тириклик  нуридир.

777
Хуршид Даврон
«ЎЗИМДАН ЁМОНРОҒИНИ КЎРМАДИМ…»
01

035  Хоразм… Кўҳна Урганч… Бу қадимий номларни тилга олганда, ёхуд эшитиб қолганда, ҳар гал Ҳазрати Шайхи Валитарош ёдимга тушади. Таваллудидан эътиборан, буюк Шайх тафаккури нури билан ёришган саккиз ярим асрлик вақт инсоният тарихининг бебаҳо ва тенги йўқ хазинасига айланди. Зеро, фоний вужуд ўлимга дуч келган нуқтада абадий тўхтар, аммо тафаккур тўхтамайди, у кейинги авлодлар онгида, руҳида, ҳис-туйғусида ривожланади, яшайди, нафас олади. Шайх Нажмиддин Кубро шахсияти ва фаолияти, унинг беқиёс ижоди айни шундай мангуликка ва тирикликка дахлдор ҳодисалар туркумидандир. Ватан озодлиги учун жанг майдонида ҳалок бўлганидан буён неча асрлар ўтмасин, Шайх Кубронинг номи, илмий-маърифий ижоди, сўфиёна сатрлари ва ҳикматлари комил инсонлар юрагида қон каби гупиллаб яшаб келмоқда. Бугун буюк ватандошимиз меросини фақат Ўзбекистондагина эмас, Ғарбу Шарқ мамлакатларида ўрганадилар, тадқиқ этадилар.

Мен бундан роппа-роса саккиз йилча аввал (1989 йилнинг кузида) Шайх Кубро ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тарихий-маърифий асар ёзишни ният қилдим. Аммо асарни ёзишга киришишдан аввал Ҳазрати Шайхдан ижозат олиш ниятида 1990 йилнинг баҳорида Қорақалпоғистон орқали Кўҳна Урганчга отландим…

I

035   Баҳорнинг ўртаси эди. Кўклам Кўҳна Урганч теварагини қуршаб олган дала-ю даштларни забт этиб, шаҳарга бостириб кирган пайт. Дов-дарахтлар қуш тилидек майда-майда барглар чиқарган, момоқаймоқлар сап-сариқ гул очган. Бундай мавсумда баҳорнинг яшил гилами ёзилган даштларда қизғиш-қўнғир илонлар офтобда тобланиб мароқланади, тошбақалар буришиб кетган бўйинларини чўзиб, бир чимдим ўт тишлашга уринади.

   Кўҳна шаҳристон асорати бўйлаб ҳорғин қадам ташлаб, атрофга тикиламан. Баҳор келиб, олис мозийдан қолган ёдгорликлар — Фахриддин Розий, Хоразмшоҳ Такаш, Тўрабекхоним мақбаралари теварагида, уларнинг Самарқанду Бухородагига ўхшамаган гумбазлари ва пештоқларининг ҳар жой-ҳар жойида униб чиққан яшил чечакларни томоша қиламан. Ана, олисроқда икки иншоат: Шайх Кубро ва Султон Али мақбаралари кўзга ташланади.  Олдиндан Кўҳна Урганчнинг қадимий харитаси-ю шаҳарга бағишланган алъбомлардаги суратлар билан яхши таниш бўлганим учун уларнинг қай бири Шайхи Валитарошнинг даҳмаси эканини узоқдан танийман. Ниҳоят, усти ёйсимон ва атрофлари узун тўртбурчак шаклда нақшланиб, безатилган кичкина эшик олдида тўхтайман.  Остонада оҳиста тиз чўкарканман, бутун вужудимни ҳаяжон босади. Муҳтарам зот ҳақида шу пайтгача барча ўқиган-билганларим озлигини азиз даргоҳ қошига етгандагина англайман.

  Яратилганидан буён Аллоҳ нури ёғилган бой кўҳна замин не-не кечмишлар гувоҳи, не-не фожиалару шукуҳли давронлар манзили бўлди. Бу нури мукаррам боис энг қаттол, энг қонли кунларда ҳам юраклар умиддан бегона қолмади.Жаҳолат билан ҳар мудом жанг қилган инсон тафаккури неча карра хор этилган, дорга осилган, қароғига мил тортилган, тириклайин териси шилинган бўлса-да, алҳамдилуллоҳ,  буюк маърифатчи инсонлар руҳининг олий самараси — тафаккур   нури мукаррам боис охир-оқибат ғолиб келган.

  Жангчи баҳодирлиги, шоиру олим матонати, деҳқон машаққати, қария донушмандлиги, йигит жасорати, она меҳри, аёл муҳаббати Аллоҳ таоло ёғдирган маърифат нуридан вужудга келади. Уларнинг ҳар бири кўклам қуёшининг тафтини туйган чечак қишнинг аёзли тунларидан кейин навбаҳор тонгида муздек ерни ёриб чиққанидай, ҳар қандай бало-ю қазолардан кейин ҳам ҳаёт ва Ватан келажагини, инсонийликни барқарор этмоқ учун қайта-қайта ўзининг бурчи ва вазифасини тўхтамай адо этади. Куз келганда, хазон бўлиб ерга учган япроқ каби бу кўҳна офоқ дарахтидан узилган ҳар бир инсон умри ўзи билан илоҳий нурнинг бир ҳовучини олиб кетади. Аммо баҳор келиб, қорайиб яхлаб ётган новдаларда бўртган куртаклардек, она бағридан минг бир машаққат билан   қўрқинчли ёруғлик дунёсига чиққан, ёнғоқ ғўрасидан сал каттароқ юраги аввал заиф-заиф, кейин тез-тез ва ниҳоят, хотиржам, бир маромида тепинган чақалоқ бу дунёга ( тўққиз ой давомида уни асраган ўша иссиқ зулмат қўйнидан ) яна бир ҳовуч нур олиб келади. Инчунин, Аллоҳ нури абадийдир, Аллоҳ нури тириклик ва  маърифат нуридир.

Рўйи заминда пайдо бўлибдики, инсонни битта савол қийнайди: «Мен ўзи кимман? Мен ўзи нимаман? Мен ҳайвонми, жонзотми, одамми?» Бетўхтов оқаётган абадият дарёси қирғоғидаги шамоллар шовиллатган қамишлар безовталиги, қора лочин қувган кабутарнинг умидли саросимаси бор бу саволларда!

   Кўҳна ривоят ёдингиздами?! Ҳазрати Алидан бир киши сўрайдики: «Осмон — камон, ер- камон ипи, ҳодисалар (офату кулфатлар) ўқ бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отгувчи камонбоз Худойи таоло бўлса, одамлар қаерга ҳам қочсинлар?» Ҳазрати Али жавоб бериб: «Одамлар Аллоҳнинг қошига қочсинлар», — дейдилар. Мана шу мураккаб ва азалий сўроқларга жавоб излаган ёш Аҳмад — бўлажак Шайхи Валитарош —  сўфийлик йўлига кирди. Сўфийлик йўли Аллоҳ маърифатига интилиш, Оллоҳ жамолидан бир нишона кўришга уриниш йўли эди, инсонни қийнаган кўплаб саволларга йўл кўрсатувчи тариқат эди.

Мен ҳам Ҳазрати Шайхи Валитарош даҳмаси қаршисида тизза чўкиб, кўҳна ва мангу саволларга жавоб излайман. Ожизлигимдан қўрқиб ваҳимага тушаман: Бу чеки чегараси йўқ ўн саккиз минг олам аро Аллоҳ тилу забон, онгу тафаккурли қилиб яратган жонзот — инсон қавмидан бўлсам, нечун ҳаёт зарбалари остида қамишдек эгиламан, нега дарахт шохида сарғайган япроқдек йўқлик қаърига учаман, нега мени ўлдирадилар, нимага хўрлайдилар, ўзимга ўхшаган тилу забонлилар нега жонимга қасд қиладилар? Ахир, илк маротаба ўт билан ғилдиракни ихтиро этган, деҳқончиликни яратган, юлдузларга қараб вақтни белгилашни, карвонлар йўлини тузишни кашф қилган, Олам меҳварида ер турган деб адашган, замонлар ўтиб, нур манбаи — қуёш турганини фаҳмлаган, ўзидан кейин фарзандлар қолдирмоқни бурчи деб билган инсон мен эмасманми? Ахир, булар ҳам инсонларми — гоҳ шимол совуқлари-ю қум бўронлари ичидан тишларини мажақтирган, ёввойи отлар устида ўтириб, тер, сийдик ва тезак ҳидини тўрт томонга анқитиб тўда-тўда ёпирилиб келиб, гуллаб турган шаҳарларни, боғларни, қишлоқларни ғорату вайрон этган, гоҳ маданият элтаяпман деб ўйлаб, аслида ўзига ўхшаган, ўзига ўхшаб кийинмаган, динига сиғинмагани учун бир халқни қолоқ деб билган ва ўз маданиятини, тилини, динини тиғу найза, милтиғу бомба,  қатағону зуғум билан ўтказмоқчи бўлган, охир-оқибатда етти ёт халқнинг қонли тупроғи, вайрон мозори устида мағлуб ва нобуд бўлишини англамай шодумонлик қилган?!  Ахир, булар ҳам инсонми — ўз манфаати истагида миллатларни, мазҳабларни, ирқларни, халқу элатларни бир-бирига қайраган, нефть деб, давлатларни ёндирган, миллионлаб гўдагу қарияни нобуд қилишдан қайтмаган?  Ахир, булар ҳам инсонми — ўша илоҳий нур борлигини, унинг шиддати ва қудрати ҳар қандай зуғумкор кучни нес-нобуд этажагини билмаган?

Мана шу ёвуз саволларни ўйлайману бирдан ҳушёр тортаман. Уларнинг барчасига жавоб топмоқчи бўлгандек мақбара пештоқида нақшланган рубоийга тикиламан. Ўша нақшин ҳарфларни ўқишга ожиз бўлганим учун, аллақачонлар хотирамда абадий муҳрланган сатрларни ичимда такрорлайман:

Аз суҳбати халқ жуз паришони нест,
Аз «қола-якулу» ғайри ҳайрони нест.
Даст аз ҳама шустан, нашистан дар кунж,
Он аст- ке охираш пушаймони нест.

Рубоийнинг ҳар сатри мағзини чақишга, ҳар бир ҳикмат моҳиятини фаҳмлашга уринаман.

Аз суҳбати халқ жуз паришони нест,
Аз «қола-якулу» ғайри ҳайрони нест.

Яъни:

Халқ суҳбати паришонликдан бошқа нарса эмас,
«Қола-якулу» («айтди-дедилар») дан ҳайронлик йўқдир.

Бу билан нима демоқчи Ҳазрати Кубаро? У тасаввуф илмининг энг бирламчи ва энг кўҳна ақидасини айтмоқда. Илму маърифатдан йироқ оломондан — жоҳилликдан узоқлаш, унинг майда ташвишлари сенга бегона бўлсин, унинг манфаатларини билишдан сенга фойда йўқ, хилватга қоч, яъни юрагинг билан танҳо қолиб, ўзингни кашф эт, токим Ҳазрати Расулуллоҳ айтганларидек: «Ўзингга назар қил!» Инчунин, тасаввуф аҳли назарида асл мақсад — комиллик, комиллик эса Аллоҳ таолода мужассам экан, жоҳилликдан — оламондан қочмоқ лозимдир. Маъруф Карҳий хитоб қилганидек:»Тасаввуф ҳақойиққа юз бурмоқ ва ҳалойиқдан юз ўгирмоқдур».»Қола-якулу» (айтди-дедилардан), яъни маънисиз суҳбатлардан кўп фойда йўқ. Ундан ҳайронлик — кашфиёт, янгилик топмоқ мушкулдир. Саҳл ибн Абдуллоҳ Ат-Тустарий айтганларидек:»Сўфий қайғу ила софланган, ҳаромликдан қутилган, тафаккурга йўғрилган, фикрга тўлган, оломонни тарк этиб, ёлғиз Аллоҳ таоло билан (яъни Аллоҳ таолони билмоқ маърифати билан) машғул бўлган, олтин билан тупроқни бир (тенг) билган кишидир». Ровийлар суҳбат хусусида, қуйидаги нақлни ибрат қиладилар:

  Шайх Варроқ Тирмизий умр бўйи ҳазрати Хизрни кўришга орзуманд эди.  Ҳар куни сабоҳдан қабристон томон отланар, оқшом қайтар, боришдаям, қайтишдаям Қуръони Каримни тажвид этарди.

  Бир куни дарвозадан чиқиши билан бир нуроний чолни кўрди. Чол салом берди,  Шайх Варроқ алик олди. Чол айтдиким:»Суҳбат истармисан?»  Варроқ:»Истарман», -деди.  Сўнг икковлон қабристон томон кетдилар. Йўл давомида Шайх Варроқ чол суҳбатидан баҳраманд бўлди. Манзилга етишгач, чол айтди:»Эй Шайх Варроқ, мен —  ўша сен истаган  Хизрман, сен мени кўришга орзуманд эдинг. Бугун менинг суҳбатимни эшитдинг ва ҳар куни Қуръондан бир жузд ўқиш саодатидан маҳрум бўлдинг.  Хизр суҳбати шу экан, бошқаларнинг суҳбати қандай бўларди?»

Бу ривоятдаги Қуръони Каримни ўқиш ҳолати рамзий маънода доимий маърифатга интилишни билдиради. Маълум ва машҳурки, Қуръон — улуғ маърифат: ҳам иймон, ҳам диёнат бағишловчи, илмга чорловчи даъваткор китобдир.

Қуръоннинг луғавий маъноси «қироат», яъни «ўқиш» демак. Aллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга Ҳазрати Жаброил орқали юборган биринчи оят ҳам «Иқра»- «Ўқи» деб бошланади. Қуръони Каримда «илм» сўзи турли ҳолларда 765 марта такрорланади. Пайғамбаримизнинг ҳаётлари ва айтган сўзлари ҳам илмга даъват билан тўла. Ислом илмга, маърифатга даъват қилишни улуғлаган, маърифат билан машғул бўлишни ибодат мақомига кўтарган, ҳаттоки ихтиёрий ибодатдан илм талабини устунроқ қўйган. Илму маърифат эса инсонни бекорчи суҳбатлар билан умргузоромлик қилишини рад этади.

Пештоқдаги рубоийнинг иккинчи байтини ўқийман:

Даст аз ҳама шустдан,нашистан дар кунж,
Он аст-ке охираш пушаймони нест…

Яъни:»Ҳаммадан (халойиқдан) қўлни ювиб, бир кунжак-бурчакда — хилватда ўтирмоқ шундай нарсаки, ундан асло пушаймонлик йўқдир».

Ҳазрати шайх айтмоқчики, халойиқдан қўлни ювмоқ, бу ёлғончи дунё ташвишу хаёлларини унутмоқ, бекорчи гаплардан йироқлашмоқ, буюк мақсад — юракни англамоққа тўсиқ бўладиган нимаики бор, барчасидан воз кечмоқ лозим ва бу пушаймонликка сабаб бўлмайди. Тасаввуф арбоблари назарида, инсон кўринишида олами сағир — кичик олам бўлса-да, аслида у олами кубро, олами акбар, яъни, инсон ҳақиқатда бутун оламларнинг ўзидир. Шу сабабдан инсон оламни билишни истаса, энг аввало хилватда ёлғизликда ўзини, қалбини кашф этмоғи лозим. Қуръон Каримда айтилганидек, «Мўминнинг қалби Раҳмон аршидир». Айнулқузот эса «Мўминлар дили Лавҳ-ул-Маҳфуз эрур» дея хитоб қилган. Бу неъмат — қалб инсоннинг асл моҳиятидирким, инсон бутун илму маърифатга қалб воситасида эришади ва хитоб, азоб, танбеҳ ва талаблар ҳам фақат унга — Қалб(дил)га қаратилган бўлади. Сўфийлар назарида, Қалб — Аллоҳ руҳининг тахти.

Саҳл Тустарий беҳуда «Дил — Арш, кўкрак курсидур» деб айтмаган эди. Лекин, бунда Аллоҳ таолонинг Арши ва Курсиси ирода қилингани йўқ, чунки бу имконсиздир. Балки мурод Қалб — инсоннинг биринчи мамлакати ва барча тадбир-тасарруфларининг илк манбаи эканини таъкидлашдир. Шайх Нажмиддин Кубро назарида, Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсада тажассум бўлганидек, у инсонда, энг аввало, унинг Қалбида мужассамдир, яъни унинг ботиний моҳияти илоҳийдур.

Шайх Шабустарий таъкидлаганларки: «Боргил, сен кўнгил уйингни ораста қил, маъшуқанг келиши учун жой тузат. Қачон сен чиқиб кетсанг, яъни ўзлигингни тарк этсанг, шундан сўнг маъшуқанг, яъни Аллоҳ таоло у ерга киради ва жамолини сенга сенсиз зоҳир этади». Бу ҳикматдаги «Сенга сенсиз зоҳир этади» иборасини қандай тушунмоқ лозим? Бу ибора Оллоҳнинг қудрати ҳақида, ҳар неки бор нарса унинг иродаси билан яралиши, ҳар неки амал унинг ихтиёри билан содир бўлиши ҳақидадир.

Қалб маъносида яна Имом Ғаззолий бундай ёзадилар: «Улуғлик эгаси, буюк Аллоҳ таоло ҳаққи-ҳурмати мен Исо алайҳиссаломга нозил бўлган Инжилда кўрдим (яъни шу гапни ўқидим): «Мурдани жанозага қўйилган вақтдан то қабр бошига этгунча, Аллоҳ таоло ўз улуғлиги билан қирқ савол сўрайди. Энг биринчи саволда Аллоҳ айтадики:»Эй бандам, сен неча йиллар давомида бандалар назари тушадиган жойларни поклаб, тозалаб юрдинг, аммо менинг назарим тушадиган Қалбингни ақалли бирон соат ҳам пок тутмадинг. Мен эса умидвор бўлиб, ҳар кун сенинг қалбингга қарайман. Эй бандам, эҳсону карамларимга ўрганиб олиб, мендан бошқалар билан нималар қилмадинг. Ҳолбуки, мендан бошқанинг ёди билан нафас олиш ҳам лойиқ иш эмас.  Гапир, ё бирор сўз эшитолмайдиган кармисан?! (Имом Ғаззолий, «Охиратнома»).

Аллоҳ таоло Арши ва Курсисини ирода қилиш имконсиз бўлганидек, Аллоҳ таоло висолига этишмоқ, У билан гаплашмоқ ҳам бу дунёда имконсиз бир ҳаракатдир. Яъни: «Аллоҳ башар билан гаплашмайди, инчунин ваҳий ёки парда орқасидан туриб ёки фаришта юбориб ўз хоҳлаган нарсасини ваҳий орқали билдиради. У улуғ ва ҳаким зотдир» /Шўро сураси, 51-оят /. Парда орқасидан гаплашиш шундай бўлади: Аллоҳ ўзи хоҳлаб мартабасини кўтарган инсоннинг қалбида баъзи сўзларни жо қилади. Қалб пардаси ўраган бу сўзларни эшитиш учун сўфийлар бу пардани кўтармоққа уринадилар. Шу боис сўфийлик моҳияти ғайб асрорини англамоқ ҳаракатидир, бу ҳаракат иштиёқ ва изтироб эвазигадир ва шунинг эвазига илоҳият шууридан нишона кўришдир. Сўфий назарида, ўзини Ҳаққа етказиш — унинг висолини кўриш эмас, чунки бу имконсиздир, мақсад Ҳақдан нишона — Унинг ўз дилидаги аксини кўрмоққа муяссар бўлмоқдир. Аммо мавлона Жалолиддин Румий айтганидек:

“Бўйи гул бошад далели гулистон».

Яъни: Бир ғунчанинг ифори бутун гулистондан хабар бергувчидир.

Шайх Кубро назарида, инсон Аллоҳ яратган мўъжизалар ичида мўъжиза — олам ичра оламдир. Бу митти олам борлиқ инъикоси ҳам. Шундай экан, у Аллоҳ сифатларидан бўлак ҳамма унсурларни ўзида акс эттиради. Аллоҳ ўз курсисини етти қат осмон устида тиклаган экан, сўфий ҳам унга етишмоқ учун неча қат синовлардан ўтмоғи,  бунинг учун тариқатда қабул қилинган талаб ва қоидаларни адо этмоғи, зарур сифатларга эришмоғи лозим бўлади. Яни Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратларининг «Ал-мунқиз мин аз-залал» рисоласида ёзилганидек, «Ақл билан эришиб бўлмайдиган ҳодисаларни билиш, тушунишнинг алоҳида йўли, имконияти бор «дирким, бу йўлларнинг бири тасаввуф — сўфийлик йўлидир.

 

II

035 Мен ҳазрати Шайхи Валитарош даҳмаси қаршисида тизза тушиб, узоқ ўйга чўмаман, ўрнимдан туриб,ичкарига кираман. Қабр ёнида оҳиста чўккалаб, шайх руҳини шод этмоқ ниятида Қуръон тиловат қиламан. Неча-неча асрлар давомида сону саноқсиз улуғ ва мўтабар зотларни оҳанрабодай ўзига тортган хилватгоҳ бу. Не-не забардаст зотлар шу жумладан Султон Ҳусайн Бойқародек салтанат эгаси ҳам бу қутлуғ остона жўрубкаши — супурувчиси бўлишни ният қилиб армонда кетган.

kubro-dahmaҚабрга тикиларканман, хаёл оғушида чўмаман . Қулоғимга ҳазрати Кубаронинг рисолаларида ўқиганларим, олис- олислардан етиб келган ўктам ва тиниқ  овозда жаранглай бошлайди:

— Гувоҳлик бераманким, Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир. У улуғ ва буюкдир. Унинг шериги ҳам, ўхшаши ҳам йўқдир. Яна шуни гувоҳлик бераманким, Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир …

Дунёнинг ярмини кезиб чиқдим, кўп ишларни тажриба қилдим, машаққатлар чекдим, кўп кишилар ила суҳбат қурдим, улуғ ишларга қадам босдим, тирикчиликнинг аччиқ-чучугини тотдим, китобларга мурожаат қилдим, олимлар хизматида бўлдим, умримни дунё излаш билан зое ўтказдим, ажойиботларни кўрдим… аммо ўзимдан ёмонроғини кўрмадим…

Кўрдимки, умр ва дунёдан тез, шошилиб йўқ бўлиб кетадиганроқ, ўлим ва охиратдан кўра яқинроқ, орзудан кўра узоқроқ, хотиржамликдан кўра гўзалроқ нарса йўқ экан…

Кўрдимки, вақтини “ эссиз” , “ қанийди” , “ кошкийди”лар билан ўтказган кишининг умри энг қисқа умр экан. Энг гўзал безак тавозеълик, энг хунук нарса бахиллик экан.

Кўрдимки, энг ноёб неъмат ростгўйлик ва қаҳрамонлик, энг оғир қийноқ ёмон ва мунофиқ дўстлар экан. Кўрдимки, дунё қуллигидан озод бўлган кишигина ҳақиқий ҳур экан.

Тўғрисўзликдан кўра юксакроқ зийнатни кўрмадим. Нафсни шармандалик ва дўзах сари ҳайдашда, ақлни эса яхшиликларга чорлашда кўрдим.

Кўрдимки, ўзини тарбиялай олган ва шаҳватлардан тийила олган киши энг кучли шахс экан…

Шайтоннинг халойиққа султон бўлиб олиши яхши кўришликдан экан. Мана шу шайтонга қарши бўлмоқни хоҳлаб, уни ўз нафсимга қарши бўлиш ва унга қарши душманлик қилишдан топдим.

Энг яхши беҳожатлик ноумидлик экан. Аллоҳ таоллони ёдлашдан кейинги энг яхши эслашлик бу ўлимни эслаш экан. Ўлимдан оғирроқ кулфат ўтган ишга пушаймонликда экан.

Нафс маъсумлигининг Пайғамбарларгагина, қалб ҳаётийлигининг эса авлиёларгагина хослигини кўрдим.

Тинчлик ва роҳатни излаб, уларни дунёни тарк қилишдан топдим. Аллоҳ азза ва жалла билан унс (яқинлик,чин дўстлик) бўлишни хоҳлаб, уни одамлардан узлатга чиқишдан топдим. Шайтонга қарши чиқишни хоҳлаб, уни ўз нафсимга қарши бўлиш ва унга душманлик қилишдан топдим…

Билдимки Оллоҳ ҳақида яхши ўйда бўлиш Аллоҳдан тилаган энг катта тилагим бўлди.

Кўрдимки, экмаган ўрмайди. Шафқат қилмаганга шафқат қилинмайди. Кимки кеча ва кундуз кемасига минса, у кема ё жаннат, ё дўзахга олиб боради. Алданишдан сақланинг! Сақланинг!

Барча халифа-ю подшоҳларни, шон-шавкатли, қудратли султонларни ўз дабдабалари билан машғул бўлиб, ўзларидан ва ўзларига содир булаётган нарсадан бехабарликда кўрдим. Уларни гуноҳкорлик домига маҳкум кўрдим, уларни гуноҳлардан, одамларга озор беришдан тийилишга чорладим. Шафқат қилмаганга шафқат қилинмасликни айтдим.

Кўрдимки, Одам алайҳиссаломдан тортиб (Қиёмат куни фаришта Исрофил чаладиган карнай) сурга дам урилгунга қадар бўлган ҳамма халқ бир чумоли оёғининг синиғини ҳам тузатишдан ожиздирлар. Ҳамма фузало, фусаҳо, мунажжиму билимдонларни бир чивин қанотини яратишдан ҳам ожиз, боши айланган, ночор… ўз ожизлиги ва нуқсонини тан олган кўрдим (Шайх Кубронинг «Фақирлик ҳақида рисола»сидан. Уни тўлиқ ҳолда сайтда ўқишингиз мумкин)

Олис мозий қаъридан келган бу тиниқ овоз жаранглар экан, бу сўзлар битилган рисолани ўқиган ўша илк дафъада бўлганидек, кўзимдан ёш тирқираб оқади. Бутун вужудимга санчилган михдек оғриқ қўзғатувчи сўзларни ўз-ўзимга такрор-такрор айтаман:

—  Аммо ўзимдан ёмонроғини кўрмадим…

Киприкларим намланиб ҳазрати Шайхнинг яна бир рубойисини шивирлайман:

Ишқ дарди ғариб танимда жондур,
Ким дард чекса, ўшал инсондур.
Ошиқлиқда дўзах эрур оташгоҳ,
Бошка каслар учун у зимистондур.

Китобни икки ярим йилда тугатдим, яна уч йилча  у иш жавоним токчасида ётди. Ҳар замон буюк Шайх билан дийдорлашишни истаб қолсам, уни олиб ўқий бошлайман. Бошқаларга кўрсатишдан қўрқаман. Мен ёлғиз илк муҳаббатимни мана шундай ҳаммадан яширган эдим…

1997 йил

P.S. Асар 1998 йилда “Шаҳидлар шоҳи” ( Шайх Кубро тушлари”) номи билан нашр этилди.Қайта нашри 2008 йилда чоп қилинди.

045

Xurshid Davron
«O’ZIMDAN YOMONROG’INI KO’RMADIM…»
01

035 Xorazm… Ko’hna Urganch… Bu qadimiy nomlarni tilga olganda, yoxud eshitib qolganda, har gal Hazrati Shayxi Valitarosh yodimga tushadi. Tavalludidan e’tiboran, buyuk Shayx tafakkuri nuri bilan yorishgan sakkiz yarim asrlik vaqt insoniyat tarixining bebaho va tengi yo’q xazinasiga aylandi. Zero, foniy vujud o’limga duch kelgan nuqtada abadiy to’xtar, ammo tafakkur to’xtamaydi, u keyingi avlodlar ongida, ruhida, his-tuyg’usida rivojlanadi, yashaydi, nafas oladi. Shayx Najmiddin Kubro shaxsiyati va faoliyati, uning beqiyos ijodi ayni shunday mangulikka va tiriklikka daxldor hodisalar turkumidandir. Vatan ozodligi uchun jang maydonida halok bo’lganidan buyon necha asrlar o’tmasin, Shayx Kubroning nomi, ilmiy-ma’rifiy ijodi, so’fiyona satrlari va hikmatlari komil insonlar yuragida qon kabi gupillab yashab kelmoqda. Bugun buyuk vatandoshimiz merosini faqat O’zbekistondagina emas, G’arbu Sharq mamlakatlarida o’rganadilar, tadqiq etadilar.

Men bundan roppa-rosa sakkiz yilcha avval (1989 yilning kuzida) Shayx Kubro hayoti va faoliyatiga bag’ishlangan tarixiy-ma’rifiy asar yozishni niyat qildim. Ammo asarni yozishga kirishishdan avval Hazrati Shayxdan ijozat olish niyatida 1990 yilning bahorida Qoraqalpog’iston orqali Ko’hna Urganchga otlandim…

I

035 Bahorning o’rtasi edi. Ko’klam Ko’hna Urganch tevaragini qurshab olgan dala-yu dashtlarni zabt etib, shaharga bostirib kirgan payt. Dov-daraxtlar qush tilidek mayda-mayda barglar chiqargan, momoqaymoqlar sap-sariq gul ochgan. Bunday mavsumda bahorning yashil gilami yozilgan dashtlarda qizg’ish-qo’ng’ir ilonlar oftobda toblanib maroqlanadi, toshbaqalar burishib ketgan bo’yinlarini cho’zib, bir chimdim o’t tishlashga urinadi.

Ko’hna shahriston asorati bo’ylab horg’in qadam tashlab, atrofga tikilaman. Bahor kelib, olis moziydan qolgan yodgorliklar — Faxriddin Roziy, Xorazmshoh Takash, To’rabekxonim maqbaralari tevaragida, ularning Samarqandu Buxorodagiga o’xshamagan gumbazlari va peshtoqlarining har joy-har joyida unib chiqqan yashil chechaklarni tomosha qilaman. Ana, olisroqda ikki inshoat: Shayx Kubro va Sulton Ali maqbaralari ko’zga tashlanadi. Oldindan Ko’hna Urganchning qadimiy xaritasi-yu shaharga bag’ishlangan al’bomlardagi suratlar bilan yaxshi tanish bo’lganim uchun ularning qay biri Shayxi Valitaroshning dahmasi ekanini uzoqdan taniyman. Nihoyat, usti yoysimon va atroflari uzun to’rtburchak shaklda naqshlanib, bezatilgan kichkina eshik oldida to’xtayman. Ostonada ohista tiz cho’karkanman, butun vujudimni hayajon bosadi. Muhtaram zot haqida shu paytgacha barcha o’qigan-bilganlarim ozligini aziz dargoh qoshiga yetgandagina anglayman.

Yaratilganidan buyon Alloh nuri yog’ilgan boy ko’hna zamin ne-ne kechmishlar guvohi, ne-ne fojialaru shukuhli davronlar manzili bo’ldi. Bu nuri mukarram bois eng qattol, eng qonli kunlarda ham yuraklar umiddan begona qolmadi.Jaholat bilan har mudom jang qilgan inson tafakkuri necha karra xor etilgan, dorga osilgan, qarog’iga mil tortilgan, tiriklayin terisi shilingan bo’lsa-da, alhamdilulloh, buyuk ma’rifatchi insonlar ruhining oliy samarasi — tafakkur nuri mukarram bois oxir-oqibat g’olib kelgan.

Jangchi bahodirligi, shoiru olim matonati, dehqon mashaqqati, qariya donushmandligi, yigit jasorati, ona mehri, ayol muhabbati Alloh taolo yog’dirgan ma’rifat nuridan vujudga keladi. Ularning har biri ko’klam quyoshining taftini tuygan chechak qishning ayozli tunlaridan keyin navbahor tongida muzdek yerni yorib chiqqaniday, har qanday balo-yu qazolardan keyin ham hayot va Vatan kelajagini, insoniylikni barqaror etmoq uchun qayta-qayta o’zining burchi va vazifasini to’xtamay ado etadi. Kuz kelganda, xazon bo’lib yerga uchgan yaproq kabi bu ko’hna ofoq daraxtidan uzilgan har bir inson umri o’zi bilan ilohiy nurning bir hovuchini olib ketadi. Ammo bahor kelib, qorayib yaxlab yotgan novdalarda bo’rtgan kurtaklardek, ona bag’ridan ming bir mashaqqat bilan qo’rqinchli yorug’lik dunyosiga chiqqan, yong’oq g’o’rasidan sal kattaroq yuragi avval zaif-zaif, keyin tez-tez va nihoyat, xotirjam, bir maromida tepingan chaqaloq bu dunyoga ( to’qqiz oy davomida uni asragan o’sha issiq zulmat qo’ynidan ) yana bir hovuch nur olib keladi. Inchunin, Alloh nuri abadiydir, Alloh nuri tiriklik va ma’rifat nuridir.

Ro’yi zaminda paydo bo’libdiki, insonni bitta savol qiynaydi: «Men o’zi kimman? Men o’zi nimaman? Men hayvonmi, jonzotmi, odammi?» Beto’xtov oqayotgan abadiyat daryosi qirg’og’idagi shamollar shovillatgan qamishlar bezovtaligi, qora lochin quvgan kabutarning umidli sarosimasi bor bu savollarda!

   Ko’hna rivoyat yodingizdami?! Hazrati Alidan bir kishi so’raydiki: «Osmon — kamon, yer- kamon ipi, hodisalar (ofatu kulfatlar) o’q bo’lsa, insonlar ul o’q-yoylarga nishon bo’lsa, otguvchi kamonboz Xudoyi taolo bo’lsa, odamlar qaerga ham qochsinlar?» Hazrati Ali javob berib: «Odamlar Allohning qoshiga qochsinlar», — deydilar. Mana shu murakkab va azaliy so’roqlarga javob izlagan yosh Ahmad — bo’lajak Shayxi Valitarosh — so’fiylik yo’liga kirdi. So’fiylik yo’li Alloh ma’rifatiga intilish, Olloh jamolidan bir nishona ko’rishga urinish yo’li edi, insonni qiynagan ko’plab savollarga yo’l ko’rsatuvchi tariqat edi.

Men ham Hazrati Shayxi Valitarosh dahmasi qarshisida tizza cho’kib, ko’hna va mangu savollarga javob izlayman. Ojizligimdan qo’rqib vahimaga tushaman: Bu cheki chegarasi yo’q o’n sakkiz ming olam aro Alloh tilu zabon, ongu tafakkurli qilib yaratgan jonzot — inson qavmidan bo’lsam, nechun hayot zarbalari ostida qamishdek egilaman, nega daraxt shoxida sarg’aygan yaproqdek yo’qlik qa’riga uchaman, nega meni o’ldiradilar, nimaga xo’rlaydilar, o’zimga o’xshagan tilu zabonlilar nega jonimga qasd qiladilar? Axir, ilk marotaba o’t bilan g’ildirakni ixtiro etgan, dehqonchilikni yaratgan, yulduzlarga qarab vaqtni belgilashni, karvonlar yo’lini tuzishni kashf qilgan, Olam mehvarida yer turgan deb adashgan, zamonlar o’tib, nur manbai — quyosh turganini fahmlagan, o’zidan keyin farzandlar qoldirmoqni burchi deb bilgan inson men emasmanmi? Axir, bular ham insonlarmi — goh shimol sovuqlari-yu qum bo’ronlari ichidan tishlarini majaqtirgan, yovvoyi otlar ustida o’tirib, ter, siydik va tezak hidini to’rt tomonga anqitib to’da-to’da yopirilib kelib, gullab turgan shaharlarni, bog’larni, qishloqlarni g’oratu vayron etgan, goh madaniyat eltayapman deb o’ylab, aslida o’ziga o’xshagan, o’ziga o’xshab kiyinmagan, diniga sig’inmagani uchun bir xalqni qoloq deb bilgan va o’z madaniyatini, tilini, dinini tig’u nayza, miltig’u bomba, qatag’onu zug’um bilan o’tkazmoqchi bo’lgan, oxir-oqibatda yetti yot xalqning qonli tuprog’i, vayron mozori ustida mag’lub va nobud bo’lishini anglamay shodumonlik qilgan?! Axir, bular ham insonmi — o’z manfaati istagida millatlarni, mazhablarni, irqlarni, xalqu elatlarni bir-biriga qayragan, neft` deb, davlatlarni yondirgan, millionlab go’dagu qariyani nobud qilishdan qaytmagan? Axir, bular ham insonmi — o’sha ilohiy nur borligini, uning shiddati va qudrati har qanday zug’umkor kuchni nes-nobud etajagini bilmagan?

Mana shu yovuz savollarni o’ylaymanu birdan hushyor tortaman. Ularning barchasiga javob topmoqchi bo’lgandek maqbara peshtoqida naqshlangan ruboiyga tikilaman. O’sha naqshin harflarni o’qishga ojiz bo’lganim uchun, allaqachonlar xotiramda abadiy muhrlangan satrlarni ichimda takrorlayman:

Az suhbati xalq juz parishoni nest,
Az «qola-yakulu» g’ayri hayroni nest.
Dast az hama shustan, nashistan dar kunj,
On ast- ke oxirash pushaymoni nest.

Ruboiyning har satri mag’zini chaqishga, har bir hikmat mohiyatini fahmlashga urinaman.

Az suhbati xalq juz parishoni nest,
Az «qola-yakulu» g’ayri hayroni nest.

Ya’ni:

Xalq suhbati parishonlikdan boshqa narsa emas,
«Qola-yakulu» («aytdi-dedilar») dan hayronlik yo’qdir.

Bu bilan nima demoqchi Hazrati Kubaro? U tasavvuf ilmining eng birlamchi va eng ko’hna aqidasini aytmoqda. Ilmu ma’rifatdan yiroq olomondan — johillikdan uzoqlash, uning mayda tashvishlari senga begona bo’lsin, uning manfaatlarini bilishdan senga foyda yo’q, xilvatga qoch, ya’ni yuraging bilan tanho qolib, o’zingni kashf et, tokim Hazrati Rasululloh aytganlaridek: «O’zingga nazar qil!» Inchunin, tasavvuf ahli nazarida asl maqsad — komillik, komillik esa Alloh taoloda mujassam ekan, johillikdan — olamondan qochmoq lozimdir. Ma’ruf Karhiy xitob qilganidek:»Tasavvuf haqoyiqqa yuz burmoq va haloyiqdan yuz o’girmoqdur».»Qola-yakulu» (aytdi-dedilardan), ya’ni ma’nisiz suhbatlardan ko’p foyda yo’q. Undan hayronlik — kashfiyot, yangilik topmoq mushkuldir. Sahl ibn Abdulloh At-Tustariy aytganlaridek:»So’fiy qayg’u ila soflangan, haromlikdan qutilgan, tafakkurga yo’g’rilgan, fikrga to’lgan, olomonni tark etib, yolg’iz Alloh taolo bilan (ya’ni Alloh taoloni bilmoq ma’rifati bilan) mashg’ul bo’lgan, oltin bilan tuproqni bir (teng) bilgan kishidir». Roviylar suhbat xususida, quyidagi naqlni ibrat qiladilar:

   Shayx Varroq Tirmiziy umr bo’yi hazrati Xizrni ko’rishga orzumand edi. Har kuni sabohdan qabriston tomon otlanar, oqshom qaytar, borishdayam,qaytishdayam Qur’oni Karimni tajvid etardi.

  Bir kuni darvozadan chiqishi bilan bir nuroniy cholni ko’rdi. Chol salom berdi, Shayx Varroq alik oldi. Chol aytdikim:»Suhbat istarmisan?»  Varroq:»Istarman», -dedi. So’ng ikkovlon qabriston tomon ketdilar. Yo’l davomida Shayx Varroq chol suhbatidan bahramand bo’ldi. Manzilga yetishgach, chol aytdi:»Ey Shayx Varroq, men — o’sha sen istagan Xizrman, sen meni ko’rishga orzumand eding. Bugun mening suhbatimni eshitding va har kuni Qur’ondan bir juzd o’qish saodatidan mahrum bo’lding. Xizr suhbati shu ekan, boshqalarning suhbati qanday bo’lardi?»

Bu rivoyatdagi Qur’oni Karimni o’qish holati ramziy ma’noda doimiy ma’rifatga intilishni bildiradi. Ma’lum va mashhurki, Qur’on — ulug’ ma’rifat: ham iymon, ham diyonat bag’ishlovchi, ilmga chorlovchi da’vatkor kitobdir.

Qur’onning lug’aviy ma’nosi «qiroat», ya’ni «o’qish» demak. Alloh taolo Hazrati Muhammad alayhissalomga Hazrati Jabroil orqali yuborgan birinchi oyat ham «Iqra»- «O’qi» deb boshlanadi. Qur’oni Karimda «ilm» so’zi turli hollarda 765 marta takrorlanadi. Payg’ambarimizning hayotlari va aytgan so’zlari ham ilmga da’vat bilan to’la. Islom ilmga, ma’rifatga da’vat qilishni ulug’lagan, ma’rifat bilan mashg’ul bo’lishni ibodat maqomiga ko’targan, hattoki ixtiyoriy ibodatdan ilm talabini ustunroq qo’ygan. Ilmu ma’rifat esa insonni bekorchi suhbatlar bilan umrguzoromlik qilishini rad etadi.

Peshtoqdagi ruboiyning ikkinchi baytini o’qiyman:

Dast az hama shustdan,nashistan dar kunj,
On ast-ke oxirash pushaymoni nest…

Ya’ni:»Hammadan (xaloyiqdan) qo’lni yuvib, bir kunjak-burchakda — xilvatda o’tirmoq shunday narsaki, undan aslo pushaymonlik yo’qdir».

Hazrati shayx aytmoqchiki, xaloyiqdan qo’lni yuvmoq, bu yolg’onchi dunyo tashvishu xayollarini unutmoq, bekorchi gaplardan yiroqlashmoq, buyuk maqsad — yurakni anglamoqqa to’siq bo’ladigan nimaiki bor, barchasidan voz kechmoq lozim va bu pushaymonlikka sabab bo’lmaydi. Tasavvuf arboblari nazarida, inson ko’rinishida olami sag’ir — kichik olam bo’lsa-da, aslida u olami kubro, olami akbar, ya’ni, inson haqiqatda butun olamlarning o’zidir. Shu sababdan inson olamni bilishni istasa, eng avvalo xilvatda yolg’izlikda o’zini, qalbini kashf etmog’i lozim. Qur’on Karimda aytilganidek, «Mo’minning qalbi Rahmon arshidir». Aynulquzot esa «Mo’minlar dili Lavh-ul-Mahfuz erur» deya xitob qilgan. Bu ne’mat — qalb insonning asl mohiyatidirkim, inson butun ilmu ma’rifatga qalb vositasida erishadi va xitob, azob, tanbeh va talablar ham faqat unga — Qalb(dil)ga qaratilgan bo’ladi. So’fiylar nazarida, Qalb — Alloh ruhining taxti.

Sahl Tustariy behuda «Dil — Arsh, ko’krak kursidur» deb aytmagan edi. Lekin, bunda Alloh taoloning Arshi va Kursisi iroda qilingani yo’q, chunki bu imkonsizdir. Balki murod Qalb — insonning birinchi mamlakati va barcha tadbir-tasarruflarining ilk manbai ekanini ta’kidlashdir. Shayx Najmiddin Kubro nazarida, Alloh taolo borliqdagi barcha narsada tajassum bo’lganidek, u insonda, eng avvalo, uning Qalbida mujassamdir, ya’ni uning botiniy mohiyati ilohiydur.

Shayx Shabustariy ta’kidlaganlarki: «Borgil, sen ko’ngil uyingni orasta qil, ma’shuqang kelishi uchun joy tuzat. Qachon sen chiqib ketsang, ya’ni o’zligingni tark etsang, shundan so’ng ma’shuqang, ya’ni Alloh taolo u yerga kiradi va jamolini senga sensiz zohir etadi». Bu hikmatdagi «Senga sensiz zohir etadi» iborasini qanday tushunmoq lozim? Bu ibora Ollohning qudrati haqida, har neki bor narsa uning irodasi bilan yaralishi, har neki amal uning ixtiyori bilan sodir bo’lishi haqidadir.

Qalb ma’nosida yana Imom G’azzoliy bunday yozadilar: «Ulug’lik egasi, buyuk Alloh taolo haqqi-hurmati men Iso alayhissalomga nozil bo’lgan Injilda ko’rdim (ya’ni shu gapni o’qidim): «Murdani janozaga qo’yilgan vaqtdan to qabr boshiga etguncha, Alloh taolo o’z ulug’ligi bilan qirq savol so’raydi. Eng birinchi savolda Alloh aytadiki:»Ey bandam, sen necha yillar davomida bandalar nazari tushadigan joylarni poklab, tozalab yurding, ammo mening nazarim tushadigan Qalbingni aqalli biron soat ham pok tutmading. Men esa umidvor bo’lib, har kun sening qalbingga qarayman. Ey bandam, ehsonu karamlarimga o’rganib olib, mendan boshqalar bilan nimalar qilmading. Holbuki, mendan boshqaning yodi bilan nafas olish ham loyiq ish emas. Gapir, yo biror so’z eshitolmaydigan karmisan?! (Imom G’azzoliy, «Oxiratnoma»).

Alloh taolo Arshi va Kursisini iroda qilish imkonsiz bo’lganidek, Alloh taolo visoliga etishmoq, U bilan gaplashmoq ham bu dunyoda imkonsiz bir harakatdir. Ya’ni: «Alloh bashar bilan gaplashmaydi, inchunin vahiy yoki parda orqasidan turib yoki farishta yuborib o’z xohlagan narsasini vahiy orqali bildiradi. U ulug’ va hakim zotdir» /Sho’ro surasi, 51-oyat /. Parda orqasidan gaplashish shunday bo’ladi: Alloh o’zi xohlab martabasini ko’targan insonning qalbida ba’zi so’zlarni jo qiladi. Qalb pardasi o’ragan bu so’zlarni eshitish uchun so’fiylar bu pardani ko’tarmoqqa urinadilar. Shu bois so’fiylik mohiyati g’ayb asrorini anglamoq harakatidir, bu harakat ishtiyoq va iztirob evazigadir va shuning evaziga ilohiyat shuuridan nishona ko’rishdir. So’fiy nazarida, o’zini Haqqa yetkazish — uning visolini ko’rish emas, chunki bu imkonsizdir, maqsad Haqdan nishona — Uning o’z dilidagi aksini ko’rmoqqa muyassar bo’lmoqdir. Ammo mavlona Jaloliddin Rumiy aytganidek:

“Bo’yi gul boshad daleli guliston».

Ya’ni: Bir g’unchaning ifori butun gulistondan xabar berguvchidir.

Shayx Kubro nazarida, inson Alloh yaratgan mo»jizalar ichida mo»jiza — olam ichra olamdir. Bu mitti olam borliq in’ikosi ham. Shunday ekan, u Alloh sifatlaridan bo’lak hamma unsurlarni o’zida aks ettiradi. Alloh o’z kursisini yetti qat osmon ustida tiklagan ekan, so’fiy ham unga yetishmoq uchun necha qat sinovlardan o’tmog’i, buning uchun tariqatda qabul qilingan talab va qoidalarni ado etmog’i, zarur sifatlarga erishmog’i lozim bo’ladi. Yani Abu Homid G’azzoliy hazratlarining «Al-munqiz min az-zalal» risolasida yozilganidek, «Aql bilan erishib bo’lmaydigan hodisalarni bilish, tushunishning alohida yo’li, imkoniyati bor «dirkim, bu yo’llarning biri tasavvuf — so’fiylik yo’lidir.

 

II

035 Men hazrati Shayxi Valitarosh dahmasi qarshisida tizza tushib, uzoq o’yga cho’maman, o’rnimdan turib,ichkariga kiraman. Qabr yonida ohista cho’kkalab, shayx ruhini shod etmoq niyatida Qur’on tilovat qilaman. Necha-necha asrlar davomida sonu sanoqsiz ulug’ va mo’tabar zotlarni ohanraboday o’ziga tortgan xilvatgoh bu. Ne-ne zabardast zotlar shu jumladan Sulton Husayn Boyqarodek saltanat egasi ham bu qutlug’ ostona jo’rubkashi — supuruvchisi bo’lishni niyat qilib armonda ketgan.

Qabrga tikilarkanman, xayol og’ushida cho’maman . Qulog’imga hazrati Kubaroning risolalarida o’qiganlarim, olis- olislardan yetib kelgan o’ktam va tiniq ovozda jaranglay boshlaydi:

— Guvohlik beramankim, Alloh taolodan o’zga iloh yo’qdir. U ulug’ va buyukdir. Uning sherigi ham, o’xshashi ham yo’qdir. Yana shuni guvohlik beramankim, Muhammad uning bandasi va elchisidir …

Dunyoning yarmini kezib chiqdim, ko’p ishlarni tajriba qildim, mashaqqatlar chekdim, ko’p kishilar ila suhbat qurdim, ulug’ ishlarga qadam bosdim, tirikchilikning achchiq-chuchugini totdim, kitoblarga murojaat qildim, olimlar xizmatida bo’ldim, umrimni dunyo izlash bilan zoe o’tkazdim, ajoyibotlarni ko’rdim… ammo o’zimdan yomonrog’ini ko’rmadim…

Ko’rdimki, umr va dunyodan tez, shoshilib yo’q bo’lib ketadiganroq, o’lim va oxiratdan ko’ra yaqinroq, orzudan ko’ra uzoqroq, xotirjamlikdan ko’ra go’zalroq narsa yo’q ekan…

Ko’rdimki, vaqtini “ essiz” , “ qaniydi” , “ koshkiydi”lar bilan o’tkazgan kishining umri eng qisqa umr ekan. Eng go’zal bezak tavoze’lik, eng xunuk narsa baxillik ekan.

Ko’rdimki, eng noyob ne’mat rostgo’ylik va qahramonlik, eng og’ir qiynoq yomon va munofiq do’stlar ekan. Ko’rdimki, dunyo qulligidan ozod bo’lgan kishigina haqiqiy hur ekan.

To’g’riso’zlikdan ko’ra yuksakroq ziynatni ko’rmadim. Nafsni sharmandalik va do’zax sari haydashda, aqlni esa yaxshiliklarga chorlashda ko’rdim.

Ko’rdimki, o’zini tarbiyalay olgan va shahvatlardan tiyila olgan kishi eng kuchli shaxs ekan…

Shaytonning xaloyiqqa sulton bo’lib olishi yaxshi ko’rishlikdan ekan. Mana shu shaytonga qarshi bo’lmoqni xohlab, uni o’z nafsimga qarshi bo’lish va unga qarshi dushmanlik qilishdan topdim.

Eng yaxshi behojatlik noumidlik ekan. Alloh taolloni yodlashdan keyingi eng yaxshi eslashlik bu o’limni eslash ekan. O’limdan og’irroq kulfat o’tgan ishga pushaymonlikda
ekan.

Nafs ma’sumligining Payg’ambarlargagina, qalb hayotiyligining esa avliyolargagina xosligini ko’rdim.

Tinchlik va rohatni izlab, ularni dunyoni tark qilishdan topdim. Alloh azza va jalla bilan uns (yaqinlik,chin do’stlik) bo’lishni xohlab, uni odamlardan uzlatga chiqishdan topdim. Shaytonga qarshi chiqishni xohlab, uni o’z nafsimga qarshi bo’lish va unga dushmanlik qilishdan topdim…

Bildimki Olloh haqida yaxshi o’yda bo’lish Allohdan tilagan eng katta tilagim bo’ldi.

Ko’rdimki, ekmagan o’rmaydi. Shafqat qilmaganga shafqat qilinmaydi. Kimki kecha va kunduz kemasiga minsa, u kema yo jannat, yo do’zaxga olib boradi. Aldanishdan saqlaning! Saqlaning!

Barcha xalifa-yu podshohlarni, shon-shavkatli, qudratli sultonlarni o’z dabdabalari bilan mashg’ul bo’lib, o’zlaridan va o’zlariga sodir bulayotgan narsadan bexabarlikda ko’rdim. Ularni gunohkorlik domiga mahkum ko’rdim, ularni gunohlardan, odamlarga ozor berishdan tiyilishga chorladim. Shafqat qilmaganga shafqat qilinmaslikni aytdim.

Ko’rdimki, Odam alayhissalomdan tortib (Qiyomat kuni farishta Isrofil chaladigan karnay) surga dam urilgunga qadar bo’lgan hamma xalq bir chumoli oyog’ining sinig’ini ham tuzatishdan ojizdirlar. Hamma fuzalo, fusaho, munajjimu bilimdonlarni bir chivin qanotini yaratishdan ham ojiz, boshi aylangan, nochor… o’z ojizligi va nuqsonini tan olgan ko’rdim (Shayx Kubroning «Faqirlik haqida risola»sidan. Uni to’liq holda saytda o’qishingiz mumkin)

Olis moziy qa’ridan kelgan bu tiniq ovoz jaranglar ekan, bu so’zlar bitilgan risolani o’qigan o’sha ilk daf’ada bo’lganidek, ko’zimdan yosh tirqirab oqadi. Butun vujudimga sanchilgan mixdek og’riq qo’zg’atuvchi so’zlarni o’z-o’zimga takror-takror aytaman:

— Ammo o’zimdan yomonrog’ini ko’rmadim…

Kipriklarim namlanib hazrati Shayxning yana bir ruboyisini shivirlayman:

Ishq dardi g’arib tanimda jondur,
Kim dard cheksa, o’shal insondur.
Oshiqliqda do’zax erur otashgoh,
Boshka kaslar uchun u zimistondur.

Kitobni ikki yarim yilda tugatdim, yana uch yilcha u ish javonim tokchasida yotdi. Har zamon buyuk Shayx bilan diydorlashishni istab qolsam, uni olib o’qiy boshlayman. Boshqalarga ko’rsatishdan qo’rqaman. Men yolg’iz ilk muhabbatimni mana shunday hammadan yashirgan edim…

1997 yil

P.S. Asar 1998 yilda “Shahidlar shohi” ( Shayx Kubro tushlari”) nomi bilan nashr etildi.Qayta nashri 2008 yilda chop qilindi.

men korgan

P.S. Men Hazrati Kubro daxmasini ziyorat qilgan yilda uning ahvoli so’nggi suratdagiga yaqin edi.

04

(Tashriflar: umumiy 311, bugungi 1)

1 izoh

  1. Шайх Кубро «Ким дард чекса, ўшал инсондур» дебдилар. Шоҳ Машраб эса «Дилда дардинг бўлмаса дарди саримни кавлама» дея фиғон чеккан. Беихтиёр Ҳазрат Навоийнинг қатъий тарзда: «Кўнгил ичра ғам камлиғи асру ғамдур, Алам йўғи дағи қаттиқ аламдур» деган сўзлари ҳам ёдимга тушди. Дарду ғамнинг асл маъносини англаш фақат буюкларга насиб этган чоғи… (Гулноз)

Izoh qoldiring