Abdulla Oripov. Tarjimalar

Ashampoo_Snap_2016.11.09_17h43m29s_005_.png      Абдулла Орипов таржималари ҳақида гап кетганда, албатта, биринчи навбатда, Дантенинг «Илоҳий комедияси» тилга олинади. Устоз шоирнинг таржима хазинаси эса жуда улкан ва сабоқлидир. Бугун ана шу хазинадан жой олган айрим таржималарни сизга тақдим этамиз.

АБДУЛЛА ОРИПОВ
ТАРЖИМАЛАР
022

075 Александр ПУШКИН
ШЕЪРЛАР

ҲАММАСИ ТУГАДИ, ОРАМИЗ ОЧИҚ…

Ҳаммаси тугади, орамиз очиқ…
Сўнг бор қўлларингни ўпаркан, пари,
Шаънингга тўқийман мунгли бир қўшиқ,
Тинглайман жавобинг: “Тугади бари…”

Энди алдовларни қилмасман расм
Ва сени алам-ла ахтармоқ нечун?!
Ўтди… ўтганларнинг унут ҳаммасин,
Севги яралмаган фақат мен учун.

Сен ёшсан, қалбингнинг гўзал маҳали,
Севимли бўларсан кўпларга ҳали…

ЎТИНЧ

Ўзинг асра энди мени, туморим,
Қувғин чоғларимда мени асрай қол.
Қалбимни чулғаса шубҳа ва малол,
Ўзинг асра энди мени, туморим.

Тўлқинлар бузишиб сабру қарорим,
Теграмни чулғашиб олсалар мутлоқ,
Булутлар солсалар ваҳший қалдироқ,
Ўзинг асра энди мени, туморим.

Бегона элларда ёзиб хуморим,
Эринчак сукунат қўйнида қолсам,
Оловли жанг ҳиссин қалбимга солсам,
Ўзинг асра энди мени, туморим.

Сирли ва муқаддас офтоб узорим,
Алдоқчи, ғаройиб, лазиз туйғулар…
Хиёнат кўкида ботдилар улар…
Ўзинг асра энди мени, туморим.

Ўтган хотиралар — дилдаги зорим,
Қалбим жароҳатин тирнамасин, бас,
Алвидо, умидлар, тинч ухла, ҳавас,
Ўзинг асра энди мени, туморим.

ҲИКМАТ

Кулбада биттагина шам ёниб турар эди.
Равшан бўлди ёқишгач яна битта шамчироқ.
Бежиз эмас, қадимги донолар деяр эди:
Тўй яхшию ва лекин кенгашли тўй яхшироқ.

ЯНГИЛИК

“Хўш, дунёда нима гап, қанақа янгилик бор?”—
У эса тура берди бежавоб, ютиб нафас.
Охир деди: “О, дўстим, эзмалик кимга даркор,
Сен — аҳмоқсан, бу эса асло янгилик эмас”.

ТЎҒРИ БАШОРАТ

“Касалим тузаларми?”— Шер эшакдан сўради.
Эшак эса ўйламай деди: “Аё шоҳ жаҳон,
Ўлмасангиз, яшайсиз, ўлмаганлар туради”.
Икки карра икки — тўрт, бу эшакка ҳам аён.

ДУНЁ

Шундоқ эди бу дунё, шундоқ бўлур ҳамиша,
Кўҳна бир ҳақиқатнинг дўкони ёпилмайди:
Доно одам жуда кам, гарчи кўп илм пеша,
Бисёрдир таниш-билиш, лекин дўст топилмайди.

03Тарас ШЕВЧЕНКО
ИККИ ШЕЪР

* * *

Донгдорга ҳам ҳавас айлама,
Донгдорнинг ҳам аҳволи маълум.
У билади, одамлар асло
Хуш кўрмагай асл сийратин.
Донгдор зотнинг ўзини эмас,
Севадилар фақат шуҳратин.
Бамисоли жаннатдаги ҳур,
Ювошгина юришар ёшлар.
Бир қарасанг, қовушгандан сўнг,
Улар ҳам ўз ғавғосин бошлар.
Одамларга ҳавас қилма ҳеч,
Олам кезиб излама жаннат.
На замин ва на осмон бор,
Тополмассан сен уни ҳеч вақт.

* * *

Тутқунликда яшайман танҳо,
Биронта ҳам ҳасратдошим йўқ.
Ўз ўйларим ичра мен адо,
Сўзлашарга суҳбатдошим йўқ.

Ахтараман парвардигорни,
Дуч келади нуқул бошқалар.
Йиллар эзди мендай абгорни,
Бошим узра кулфат тош қалар.

Баҳоримнинг қутлуғ чоғига,
Соя солди булутлар хира.
Эсламоққа гоҳи-гоҳида,
Топилмайди ёруғ хотира.

Юпанч керак дилимга, аммо,
Бир мулойим сўз менга, қани?!
Ҳолим шудир: қор кўмган гўё,
Ҳали совимаган мурдани.

09МАҲСАТИЙ ГАНЖАВИЙ
РУБОИЙЛАР

***

Эй, ҳусни шафтоли гулидай жонон,
Дудоғингнинг атри дардларга дармон.
Жонон бисотида бир боғча бордир,
Шафтолусин тотиб кўрсайдим бир он.

***

Аччиқланма, деди, эй ёр, бу кеча,
Тингла насиҳатни, дилдор, бу кеча.
Очарман қўйнимни сенга, сабр айла,
Қасосга шайланма зинҳор, бу кеча.

***

Арвотга бандани чулғайди кафан,
Бу ишга шариат ўзи йўл берган.
Менинг кафаним-чи, бир рубоийдир,
Бунга йўл берувчи ҳеч дин бормикан?

***

Бир бўса бер менга қанд лабларингдан,
Бир эмас, икки, уч, тўрт, бешни бер сан.
Олти, этти, саккиз, тўққиз бўса бер,
Сўнг эса ўн бўса лутф айла бирдан.

***

Сени ёндирдилар, айт-чи шам, нечун,
Ўндириб, унутиб кетдилар бутун?
Ўзинг айт, найласин, инсон ўзи ҳам,
Яралган бўлса гар ёнмоқлик учун?

***

Эй дўст, муҳаббатнинг умри тузоқдир,
Орзум истагингдир, бу сўзим ҳақдир.
Қароримни олди сифоришларинг,
Сабр деганлари мендан узоқдир.

***

Кел, эй, сўзи икки ишвакор ўғлон,
Бутун қилмишлари фитнакор ўғлон.
Берган ваъдаларни узум сувидек,
Қадаҳдан тўкма сен, айла ор, ўғлон.

08Халил РИЗО
ИККИ ШЕЪР

НИЗОМИЙ

Карвоннинг бир учи Ленинградда,
Бир учи Ганжада, бири сарҳадда.
Ғарбу Шарқ, ҳаттоки фалак, албатта
Жойлашур сен каби дилга, Низомий.
Этти иқлим оқар Ватанинг томон,
Юлдузлар ҳам боқар Ватанинг томон,
Неча асрларга обрўсан шоён,
Пешвосан, шуҳратсан элга, Низомий.
Қўноқлар тушмоқда қизил қатордан,
Қўлларида чечак неча гулзордан,
Гар бошинг кўтарсанг мармар мозордан
Кўрардинг — эл менгзар селга, Низомий.
Кўрдим бир ўзбекни, ихлосманд ўғлон,
Бошида дўппи-ю эгнида чопон.
Сенинг меҳробингга этишган замон
Тушди ялангоёқ йўлга, Низомий.
Таваллуд топгансан Ганжабосарда,
Номинг жаҳон кезар, хокинг мозорда.
Башар дурдонаси — ўлмас асарда
Сўнмас ҳаёт бердинг чўлга, Низомий.
Сенга сиғинувчи бир менми танҳо,
Фақат Москва-ю Бокумикан ё!
Бошингга коинот сочмоқда зиё,
Айландинг гулшанда гулга, Низомий.
Замон ҳеч айлади тождорларни,
Ювуқсиз подшо-ю ҳукмдорларни
Ва лекин Сен каби санъаткорларни
Шоҳ этди Муғону Милга, Низомий.
Саккиз аср сенинг пойингда ётар
“Сирлар хазинаси” соҳир бир асар.
Фузулий шаклида қайтдинг бир сафар
Онанг алла айтган тилга, Низомий.

ЮРТИМ УЧУН

Бир мажлисда унутилдим.
Май ичдилар ҳар келганнинг соғлигига,
Ҳар кетганнинг соғлигига.
Май ичдилар
Соҳилига бизлар қўнган
Мовий кўлнинг соғлигига.
Май келтирган шўх гўзалнинг соғлигига,
Гулшандаги қизил гулнинг соғлигига,
Хуш қадамли ойнинг, йилнинг соғлигига.
Май ичдилар…
Пичирладим ўз-ўзимга
Эй дўст, сенинг соғлигингга!
Тўртта уммон қуршаб олган
Буюк элнинг соғлигига,
Соволону Қўчқор каби
Юксак тоғлар соғлигига,
Боққанингда ҳавас қўзғар
Сочи оқлар соғлигига.
Ўттиз йиллик курашларда
Бир асрлик йўл кечдинг сен,
Лекин ортга қайтганинг йўқ.
Бировларга қул бўлмадинг,
Қулдек қуллиқ айтганинг йўқ.
Боса-боса лабимга бу пиёлани,
Ичаман ол шалолани
Эй дўст, сенинг соғлигингга.
Сен шундайин бургутсанки,
Учмоғинг бор, қўнмоғинг йўқ.
Сен шундайин ўчоқсанки,
Ўнмоғинг бор, сўнмоғинг йўқ.
Сен шундайин йўлчисанки,
Маслагингдан қайтмоғинг йўқ.
Бировларнинг шавкатини
Кўриб узр айтмоғинг йўқ…
Кечирсинлар дўстлар мени,
Май тўла бу пиёлани
Ичдим сенинг соғлигингга,
Юртим, сенинг соғлигингга.

09Қайсин ҚУЛИЕВ
ИККИ ШЕЪР

ҲАЙРАТ

Гуллар бош эгади,
Юлдуз чарақлар,
Қор эриб, тоғлар ҳам товланар турлик.
Мен учун дунёда ҳаммадан баттар
Ҳайратни билмаган одамлар шўрлик.

Ижод чаманида такрор ва такрор
Ҳайратга тушамиз буюк санъатдан.
Улар ҳам қачондир туғилган илк бор
Оддий нарсаларга бўлган ҳайратдан.

Ҳайратда боқдим мен гулга, чечакка,
Гарчанд сирларидан эмасман воқиф.
Ҳайратга тушдим мен куй тинглаб якка
Ўки ўзгаларнинг шеърига боқиб.

Дарёлар гувиллаб чопар денгизга,
Қушлар хаёлингни завққа ўрайди.
Замин мўъжизалар берару бизга,
Эвазига фақат ҳайрат сўрайди.

ШЕЪРИЯТ

Замин деб билган чоғ сени, шеърият,
Ўмғирдай ёғилдим ўтлоқларингга.
Гоҳида бешафқат кўчкин қор сифат,
Ваҳму қутқу солдим қучоқларингга.

Кушод ва муқаддас яловинг тутиб,
Бўлдим лашкарингнинг оддий аскари.
Сени гоҳ дарёдек тасаввур этиб,
Ўзимни ҳис этдим ирмоқ cингари.

Бурқсиб тутаган чоғ туман ва тутун
Тангри ё расулмас, инсонинг бўлдим.
Қутлуғ даргоҳингда таънасиз, забун,
Содиқ дастёрингу дарбонинг бўлдим.

Сенинг мавжудлигинг фаҳм этурман то,
Токи тарк этурман уйқуни саҳар,
Гўзал кўрингайдир кўзимга дунё,
Асло туюлмагай бу ҳаёт заҳар.

Ҳимматим ҳаққига ғамдан, кулфатдан
Майли, асрамагин мени умрбод.
Асра лоқайдлигу энгил шуҳратдан,
Токи келтирмайин мен сенга иснод.

02Хариванш Рай БАЧЧАН
ҲИНДИСТОН

Хаёл оти мени йироққа
Олиб кетса ҳамки ногаҳон.
Тушсам ҳамки бир зум фироққа,
Унутмасман сени, Ҳиндистон.

Десаларки, юр шоир, ахир
Боғи Эрам мевалари соз.
Лекин юртим, мен сенинг тахир
Илдизларинг этардим эъзоз.

Бўлсин дея сенга бир ҳадя
Юлдузларни этсалар нисор.
Бир чимдим ҳинд тупроғи дея
Этар эдим барисин бекор.

Агар мени қуёшдай хушҳол
Кўтарсалар осмон-фалакка.
Уринардим парвона мисол
Ҳиндистоннинг васлига якка.

Агар кўкда қўлимга лов-лов
Ўт берсалар хурсанд бўлардим.
Лекин ўша заҳоти дарров
Ҳиндистонга томон элардим.

Оби кавсар тутқазиб агар
Десаларки, ўзгасидан кеч.
Лекин дўстлар, уни мўътабар
Ганг сувига алишмасман ҳеч.

Жаннатда ҳам маҳбусдай ғамгин
Ўтирардим неча кун-тунки,
Ҳиндистонда қайтадан тағин
Туғилмоқни ўйлардим чунки.

FullSizeRender.jpgABDULLA ORIPOV
TARJIMALAR
022

Aleksandr PUSHKIN
SHE’RLAR
009

HAMMASI TUGADI, ORAMIZ OCHIQ…

Hammasi tugadi, oramiz ochiq…
So’ng bor qo’llaringni o’parkan, pari,
Sha’ningga to’qiyman mungli bir qo’shiq,
Tinglayman javobing: “Tugadi bari…”

Endi aldovlarni qilmasman rasm
Va seni alam-la axtarmoq nechun?!
O’tdi… o’tganlarning unut hammasin,
Sevgi yaralmagan faqat men uchun.

Sen yoshsan, qalbingning go’zal mahali,
Sevimli bo’larsan ko’plarga hali…

O’TINCH

O’zing asra endi meni, tumorim,
Quvg’in chog’larimda meni asray qol.
Qalbimni chulg’asa shubha va malol,
O’zing asra endi meni, tumorim.

To’lqinlar buzishib sabru qarorim,
Tegramni chulg’ashib olsalar mutloq,
Bulutlar solsalar vahshiy qaldiroq,
O’zing asra endi meni, tumorim.

Begona ellarda yozib xumorim,
Erinchak sukunat qo’ynida qolsam,
Olovli jang hissin qalbimga solsam,
O’zing asra endi meni, tumorim.

Sirli va muqaddas oftob uzorim,
Aldoqchi, g’aroyib, laziz tuyg’ular…
Xiyonat ko’kida botdilar ular…
O’zing asra endi meni, tumorim.

O’tgan xotiralar — dildagi zorim,
Qalbim jarohatin tirnamasin, bas,
Alvido, umidlar, tinch uxla, havas,
O’zing asra endi meni, tumorim.

HIKMAT

Kulbada bittagina sham yonib turar edi.
Ravshan bo’ldi yoqishgach yana bitta shamchiroq.
Bejiz emas, qadimgi donolar deyar edi:
To’y yaxshiyu va lekin kengashli to’y yaxshiroq.

YANGILIK

“Xo’sh, dunyoda nima gap, qanaqa yangilik bor?”—
U esa tura berdi bejavob, yutib nafas.
Oxir dedi: “O, do’stim, ezmalik kimga darkor,
Sen — ahmoqsan, bu esa aslo yangilik emas”.

TO’G’RI BASHORAT

“Kasalim tuzalarmi?”— Sher eshakdan so’radi.
Eshak esa o’ylamay dedi: “Ayo shoh jahon,
O’lmasangiz, yashaysiz, o’lmaganlar turadi”.
Ikki karra ikki — to’rt, bu eshakka ham ayon.

DUNYO

Shundoq edi bu dunyo, shundoq bo’lur hamisha,
Ko’hna bir haqiqatning do’koni yopilmaydi:
Dono odam juda kam, garchi ko’p ilm pesha,
Bisyordir tanish-bilish, lekin do’st topilmaydi.

Taras SHEVCHENKO
IKKI SHE’R
009

* * *

Dongdorga ham havas aylama,
Dongdorning ham ahvoli ma’lum.
U biladi, odamlar aslo
Xush ko’rmagay asl siyratin.
Dongdor zotning o’zini emas,
Sevadilar faqat shuhratin.
Bamisoli jannatdagi hur,
Yuvoshgina yurishar yoshlar.
Bir qarasang, qovushgandan so’ng,
Ular ham o’z g’avg’osin boshlar.
Odamlarga havas qilma hech,
Olam kezib izlama jannat.
Na zamin va na osmon bor,
Topolmassan sen uni hech vaqt.

* * *

Tutqunlikda yashayman tanho,
Bironta ham hasratdoshim yo’q.
O’z o’ylarim ichra men ado,
So’zlasharga suhbatdoshim yo’q.
Axtaraman parvardigorni,
Duch keladi nuqul boshqalar.
Yillar ezdi menday abgorni,
Boshim uzra kulfat tosh qalar.
Bahorimning qutlug’ chog’iga,
Soya soldi bulutlar xira.
Eslamoqqa gohi-gohida,
Topilmaydi yorug’ xotira.
Yupanch kerak dilimga, ammo,
Bir muloyim so’z menga, qani?!
Holim shudir: qor ko’mgan go’yo,
Hali sovimagan murdani.

MAHSATIY GANJAVIY
RUBOIYLAR
009

***

Ey, husni shaftoli guliday jonon,
Dudog’ingning atri dardlarga darmon.
Jonon bisotida bir bog’cha bordir,
Shaftolusin totib ko’rsaydim bir on.

***

Achchiqlanma, dedi, ey yor, bu kecha,
Tingla nasihatni, dildor, bu kecha.
Ocharman qo’ynimni senga, sabr ayla,
Qasosga shaylanma zinhor, bu kecha.

***

Arvotga bandani chulg’aydi kafan,
Bu ishga shariat o’zi yo’l bergan.
Mening kafanim-chi, bir ruboiydir,
Bunga yo’l beruvchi hech din bormikan?

***

Bir bo’sa ber menga qand lablaringdan,
Bir emas, ikki, uch, to’rt, beshni ber san.
Olti, etti, sakkiz, to’qqiz bo’sa ber,
So’ng esa o’n bo’sa lutf ayla birdan.

***

Seni yondirdilar, ayt-chi sham, nechun,
O’ndirib, unutib ketdilar butun?
O’zing ayt, naylasin, inson o’zi ham,
Yaralgan bo’lsa gar yonmoqlik uchun?

***

Ey do’st, muhabbatning umri tuzoqdir,
Orzum istagingdir, bu so’zim haqdir.
Qarorimni oldi siforishlaring,
Sabr deganlari mendan uzoqdir.

***

Kel, ey, so’zi ikki ishvakor o’g’lon,
Butun qilmishlari fitnakor o’g’lon.
Bergan va’dalarni uzum suvidek,
Qadahdan to’kma sen, ayla or, o’g’lon.

Xalil RIZO
IKKI SHE’R
009

NIZOMIY

Karvonning bir uchi Leningradda,
Bir uchi Ganjada, biri sarhadda.
G’arbu Sharq, hattoki falak, albatta
Joylashur sen kabi dilga, Nizomiy.
Etti iqlim oqar Vataning tomon,
Yulduzlar ham boqar Vataning tomon,
Necha asrlarga obro’san shoyon,
Peshvosan, shuhratsan elga, Nizomiy.
Qo’noqlar tushmoqda qizil qatordan,
Qo’llarida chechak necha gulzordan,
Gar boshing ko’tarsang marmar mozordan
Ko’rarding — el mengzar selga, Nizomiy.
Ko’rdim bir o’zbekni, ixlosmand o’g’lon,
Boshida do’ppi-yu egnida chopon.
Sening mehrobingga etishgan zamon
Tushdi yalangoyoq yo’lga, Nizomiy.
Tavallud topgansan Ganjabosarda,
Noming jahon kezar, xoking mozorda.
Bashar durdonasi — o’lmas asarda
So’nmas hayot berding cho’lga, Nizomiy.
Senga sig’inuvchi bir menmi tanho,
Faqat Moskva-yu Bokumikan yo!
Boshingga koinot sochmoqda ziyo,
Aylanding gulshanda gulga, Nizomiy.
Zamon hech ayladi tojdorlarni,
Yuvuqsiz podsho-yu hukmdorlarni
Va lekin Sen kabi san’atkorlarni
Shoh etdi Mug’onu Milga, Nizomiy.
Sakkiz asr sening poyingda yotar
“Sirlar xazinasi” sohir bir asar.
Fuzuliy shaklida qaytding bir safar
Onang alla aytgan tilga, Nizomiy.

YURTIM UCHUN

Bir majlisda unutildim.
May ichdilar har kelganning sog’ligiga,
Har ketganning sog’ligiga.
May ichdilar
Sohiliga bizlar qo’ngan
Moviy ko’lning sog’ligiga.
May keltirgan sho’x go’zalning sog’ligiga,
Gulshandagi qizil gulning sog’ligiga,
Xush qadamli oyning, yilning sog’ligiga.
May ichdilar…
Pichirladim o’z-o’zimga
Ey do’st, sening sog’ligingga!
To’rtta ummon qurshab olgan
Buyuk elning sog’ligiga,
Sovolonu Qo’chqor kabi
Yuksak tog’lar sog’ligiga,
Boqqaningda havas qo’zg’ar
Sochi oqlar sog’ligiga.
O’ttiz yillik kurashlarda
Bir asrlik yo’l kechding sen,
Lekin ortga qaytganing yo’q.
Birovlarga qul bo’lmading,
Quldek qulliq aytganing yo’q.
Bosa-bosa labimga bu piyolani,
Ichaman ol shalolani
Ey do’st, sening sog’ligingga.
Sen shundayin burgutsanki,
Uchmog’ing bor, qo’nmog’ing yo’q.
Sen shundayin o’choqsanki,
O’nmog’ing bor, so’nmog’ing yo’q.
Sen shundayin yo’lchisanki,
Maslagingdan qaytmog’ing yo’q.
Birovlarning shavkatini
Ko’rib uzr aytmog’ing yo’q…
Kechirsinlar do’stlar meni,
May to’la bu piyolani
Ichdim sening sog’ligingga,
Yurtim, sening sog’ligingga.

Qaysin QULIEV
IKKI SHE’R
009

HAYRAT

Gullar bosh egadi,
Yulduz charaqlar,
Qor erib, tog’lar ham tovlanar turlik.
Men uchun dunyoda hammadan battar
Hayratni bilmagan odamlar sho’rlik.

Ijod chamanida takror va takror
Hayratga tushamiz buyuk san’atdan.
Ular ham qachondir tug’ilgan ilk bor
Oddiy narsalarga bo’lgan hayratdan.

Hayratda boqdim men gulga, chechakka,
Garchand sirlaridan emasman voqif.
Hayratga tushdim men kuy tinglab yakka
O’ki o’zgalarning she’riga boqib.

Daryolar guvillab chopar dengizga,
Qushlar xayolingni zavqqa o’raydi.
Zamin mo»jizalar beraru bizga,
Evaziga faqat hayrat so’raydi.

SHE’RIYAT

Zamin deb bilgan chog’ seni, she’riyat,
O’mg’irday yog’ildim o’tloqlaringga.
Gohida beshafqat ko’chkin qor sifat,
Vahmu qutqu soldim quchoqlaringga.

Kushod va muqaddas yaloving tutib,
Bo’ldim lashkaringning oddiy askari.
Seni goh daryodek tasavvur etib,
O’zimni his etdim irmoq singari.

Burqsib tutagan chog’ tuman va tutun
Tangri yo rasulmas, insoning bo’ldim.
Qutlug’ dargohingda ta’nasiz, zabun,
Sodiq dastyoringu darboning bo’ldim.

Sening mavjudliging fahm eturman to,
Toki tark eturman uyquni sahar,
Go’zal ko’ringaydir ko’zimga dunyo,
Aslo tuyulmagay bu hayot zahar.

Himmatim haqqiga g’amdan, kulfatdan
Mayli, asramagin meni umrbod.
Asra loqaydligu engil shuhratdan,
Toki keltirmayin men senga isnod.

Xarivanshray BAGCHAN
HINDISTON
009

Xayol oti meni yiroqqa
Olib ketsa hamki nogahon.
Tushsam hamki bir zum firoqqa,
Unutmasman seni, Hindiston.

Desalarki, yur shoir, axir
Bog’i Eram mevalari soz.
Lekin yurtim, men sening taxir
Ildizlaring etardim e’zoz.

Bo’lsin deya senga bir hadya
Yulduzlarni etsalar nisor.
Bir chimdim hind tuprog’i deya
Etar edim barisin bekor.

Agar meni quyoshday xushhol
Ko’tarsalar osmon-falakka.
Urinardim parvona misol
Hindistonning vasliga yakka.

Agar ko’kda qo’limga lov-lov
O’t bersalar xursand bo’lardim.
Lekin o’sha zahoti darrov
Hindistonga tomon elardim.

Obi kavsar tutqazib agar
Desalarki, o’zgasidan kech.
Lekin do’stlar, uni mo»tabar
Gang suviga alishmasman hech.

Jannatda ham mahbusday g’amgin
O’tirardim necha kun-tunki,
Hindistonda qaytadan tag’in
Tug’ilmoqni o’ylardim chunki.

Abdulla Oripov. Tanlangan Asarlar. 3-Jild. Tarjimalar by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 3 992, bugungi 1)

Izoh qoldiring