Xitoy mumtoz she’riyatidan. Kuz mulkiga aylanmish janub…

033
«Китоб дунёси» газетасининг сўнгги сонида Гулноз Мўминованинг Хитой мумтоз шеъриятидан қилган таржималарини мароқ билан ўқиб,қувондим. Бу таржималарда мутаржим Хитой мумтоз шеъриятига хос оҳанглару кайфиятларни бера олган деб ўйлайман. Мен ҳам Хитой мумтоз шеъриятини ( кўҳна япон шеъриятини ҳам ) беҳад суйганимдан  Тао Юань-мин, Ван Вэй, Ли Бо, Ду Фу, Бо Цзюй-и, Гао Ци ва бошқа улуғ шоирларнинг юзлаб шеърларини таржима қилганман. Фақат мутаржимнингми ёки муҳарриятнингми (аниғини билмайман) хатоси туфайли газетада бу таржималар «Корейс мумтоз шеъриятидан» деб тақдим этилибди. Шунингдек, айрим шоирларнинг исмлари  ҳам нотўғри  берилган. Гулнознинг таржималарини сизга тақдим этиш билан бу хатоларни ҳам (афсуски ҳаммасини эмас, айрим шоирлар исмини аниқлаштириш лозим)  тузатмоқчи бўлдим.

Хуршид Даврон

033

КУЗ МУЛКИГА АЙЛАНМИШ ЖАНУБ
Хитой мумтоз шеъриятидан
Русчадан Гулноз Мўминова таржимаси

Гулноз Мўминова — 1978 йилда Шаҳрисабз туманида таваллуд топган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Фасллар шивири”, “Дил синиқлари” номли шеърий китоблари нашр этилган.

055

ОУЯН СЮ (1007-1072)

СИХУ КЎЛИ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Нилуфар гуллаган пайт
Сиху гўзалдир юз бор.
Шароб олдик, ўзинг айт,
Қадаҳ бунда на даркор?

Нигоҳинг бурсанг қаён,
Олланар рангин гуллар.
ўуж япроқлар ортидан
Шодон боқишар улар.

Олтин қадаҳда шароб
Ўзгача бўй таратар.
Қайиққа хушҳол қараб,
Йўл бўшатар нилуфар.

Ёмғир бошланар майин,
Сархуш юмилса-да кўз,
Шўх куй янграган сайин
Ортга йўл излагаймиз.

055

ЛИ ЮЙСИ  (772—842)

* * *

Орзу мени
Элтар узоққа,
Куз мулкига
Айланмиш жануб.

Сарғиш сиёҳ
Сочди ҳар ёққа —
Куз рангларин
Олишар таниб.

Ёлғиз қайиқ
Кўринар алҳол —
Қамишзорга
Келтирмиш тўлқин.

Минорага
ой сочар ёлқин,
Най ноласин
Таратар шамол.

* * *

Баргларини тўкди мўъжаз боғ,
Жимлик ғолиб кезар ҳовлини.
ўўр шаббалар тинчимас бу чоғ—
Босолмайди шамол ҳоврини.

Энди кўзга келмагай уйқу,
Кеча узун — бўлмайди чидаб.
Тун овози, кумушранг ёғду
Жилваланар ойнамга қараб.

055

ЛИ ЦИНЧЖАО (1084-1155)

* * *

Сукут кезиб юрар уйимда.
Айрилиқнинг аёвсиз тўри
Дилни чирмаб ташлади жуда.

Баҳор кетиб қолибди, эссиз…
Ёмғир узра учар япроқлар.
Минорада тураман ёлғиз.

Тўрт томоним кўм-кўк майсазор,
Қайда кўздан уйқуни қувган?
Уй томонга йўл излайди ёр
Ё майсага алданар у ҳам.

055

ЧЖОУ БАНЪЯН

* * *

Равон оқиб ётар Таоси,
Ўзгармайди қонуни азал.
Нилуфаргул тортар илдизин —
Гулламайди ортиқ нилуфар.

Ёдда, қизил кўприк устида
Кутар эдик висол дамларин.
Ёлғиз қолиб ҳижрон дастида,
Бу гўшани кезгум бетиним.

Тиниқ уфқда яшил зирвалар
Кўринади — йўқдир адоғи.
Қуёш ботар. Шафаққа қадар
Учар ғозлар, сўнг бўлар ғойиб.

Инсон нима? — Кўкдаги булут.
Шамол турса — изи қолмагай!
Кўрдим, теран попугин барқут
Ёмғир лойга қорибди атай.

* * *

Шафақ ўтар барглар оралаб,
Сув ёришиб кетади бир он.
Тўлқинларни чийраб, саралаб
Эшмоқ бўлар минг зарли арқон.

Шаҳар ёруғ тортган шу оқшом
Турарканман кўприк устида.
Шўртанг шамол кўзга урилди
Севги ўчин олмоқ қасдида.

Сўнг ойнадан эски қудуқнинг
Ҳовурига боқдим афтода.
Ва эшитдим сўнгги япроқнинг
Ингроғини кечки ҳавода.

Тўшак мени илитмас эди —
Гўё тикан устида таним.
Ким ҳам билар, севгилим, сенга
Қайғу тўла мактуб ёзганим?

* * *

Келди намчил тийрамоҳ.
Кунлар қисқарди бир оз.
Кезиб юрар ҳовлида
Зерикиш… яна аёз.

Сездим сукунат аро
Мен ҳавонинг нидосин.
Тўсди қуюқ булутлар
Сайёҳ ғозлар тўдасин.

Бари тинди. Одамлар
Тарқалдилар, тушди кеч.
Фақат соя нур билан
Ўйнашмоқни қўймас ҳеч.

Ўтиб кетди сархушлик,
Уйқу ҳам келмас бу чоғ.
Қаршимда бепоён тун —
Унга бас келгум қандоқ?

055

 ВЭЙ ИНЪУ    (737-790)

* * *

Сомон йўли — кўҳна, юксак мавҳумот,
Кеча йўл берар чоғ ажиб саҳарга,
Янги тонг қошида тураркан, бот-бот
Нурларин тарайди кузги шаҳарга.

Дилдаги бор қайғу севгингдан ёдгор,
Ёр, сени ўйлайман олисга боқиб.
Бизни айрилиққа этди гирифтор —
Тақдир иккимизга муносиб рақиб.

Бизни айирдилар, айро этдилар…
Ҳатто осмоннинг ҳам Сомон йўли бор,
Бизга висол сари йўл топмоқ душвор…

055

ЧЖАН СЯН

* * *

Пиёнгулнинг нафис баргида
Шудринг ёнар марварид мисол.
Гулни юлиб олиб шўх гўзал
Деразага қўйибди алҳол.

Сўнг кўзида кулиб карашма
Қаллиғига савол берар қиз:
“ Гул гўзалми ёки мен гўзал,
Айт, мафтункор қайси биримиз?”

Ўкинчини яширмай сира
Шу ондаёқ жавоб берар ул:
“Тинглай десанг агар рост сўзни
Гўзалроқдир сендан пиёнгул…”

Санам дейди: “ Эътирозим йўқ,
Гўзал бўлсин пиёнгул, аммо,
Забонсиздир гулларнинг бари,
Сен-ла суҳбат қуролмас асло!”

055

ЛЮ ЮЙСИ ( 772—842) 

* * *

Узр сўраб лоянцликлардан
Кетар бўлди соддадил кўклам.
Шамол тортар тол шохларидан
Қўлларини силкийди у ҳам.

Орхидея баргида шабнам,
У ҳам тўйиб йиғладимикин?
Қучоғида тўлғониб минг ғам —
Кўнгил ётар ҳувиллаб, сокин…

* * *

Ҳамма ёқда шафтоли гули,
Ҳатто чўққи тортди қирмизи.
Шу дарёси юксак чўққидан
Қирғоқларга отади ўзин.

Севгинг — гўё шафтоли гули,
Тез очилар, қовжирар алҳол.
Қиз қайғуси ҳаддини билмас
Тошқин баҳор сувлари мисол.

055

ВЭН ТИНЪЮН

* * *

Сочларимни турмаклаб олиб,
қарамасдан ўнгу сўлимга,
минорага чиқаман шитоб,
кўз ташлай деб дарё йўлига.
Унда сузар кўплаб қайиқлар,
биттасидан дарак йўқ фақат…
Қуёшнинг тик нурлари сўнар
тўлқинларга беролмай тоқат,
қумлоқ соҳил чўкиб боради
туннинг зулмас тўла қўйнига.

* * *

Ой бўзарди. Юлдузлар тарқоқ.
Бонг янгради парда ортида,
Тонг хабарин куйлар зарғалдоқ.

Орхидея шабнамга чўмди.
Тол шохларин елга тутди-ю,
Боғ саҳнини попуклар кўмди.

Аввалгидек ёлғиз, паришон
Йўл қарайман айвонда туриб,
Дилда алам чексиздир ҳамон.

Қайғу ортар — баҳор ҳам тинди,
Ўтган шодлик гўё туш энди…

Манба: «Китоб дунёси» газетаси

(Tashriflar: umumiy 171, bugungi 1)

1 izoh

  1. Хуршид ака, бу камтар ижодга катта эътибор берганингиз учун раҳмат! Хитой шеъриятини Корес шеърияти деб таҳририят хатога йўл қўйган. Муаллифлар исмлари эса турли манбаларда бироз ўзгаришлар билан келган экан. Мен эса Михаил Басманов таржималарига асосланган эдим.

Izoh qoldiring