Abdurrahim Qorako’ch. She’rlar. Gulnoz Mo’minova tarjimalari

22 Таржимондан: Шоирлар хонадонида туғилган, Қуръон ва шеър муҳитида камолга етган турк шоири Абдурраҳим Қорақўчни менга илк бор Муса Эрўғлининг “Меҳрибон” қўшиғи танитди. Кейин Фейсбукдаги дўстлар саҳифаларида баъзи шеърларини ўқидим. Унинг жуда кўп шеърлари қўшиқларга айланган. Чунки шоир шеърларининг куйи, оҳанги ўзи билан. Абдурраҳим Қорақўчнинг ўктам овози, баланд руҳи, қилич зарбидай кескин фикрлари, шеърларига кўчган собит эътиқоди ҳурматга лойиқ. Шоирнинг руҳи шод бўлсин.

Абдурраҳим ҚОРАҚЎЧ
ШЕЪРАР


БИР ОЗ-ДА КИТОБЛАР СЕНИ ЎҚИСИН02

Жонли бир китобсан, ёзари Мавло,
Очиқ тур, китоблар сени ўқисин.
Юзингда порласин назари Мавло,
Эгилсин, моҳтоблар сени ўқисин.

Қасирғага дўна-дўна зикр эт,
Ҳар нафасда ўн минг бора шукр эт,
Шубҳа пардасинда Ҳақни фикр эт,
Уёнсин, гирдоблар сени ўқисин.

Эрисин кечалар – кундуза келгин,
Тўсиқ йўқ, малакдек бир туса келгин,
Саждада Роббинг-ла юз-юза келгин,
Минбарлар, меҳроблар сени ўқисин.

Азалнинг, абаднинг ҳисоби сенда,
Манфийнинг, мусбатнинг нисоби сенда,
Ечилсанг-да бўлар, ечилмасанг-да,
Саволлар, жавоблар сени ўқисин.

Ишқдан, гўзалликдан, оҳангдан яна
Шеър, сурат, мусиқа эмрансин сана,
Жомелар, сабийлар келсин лисона,
Ажрлар, савоблар сени ўқисин.

Танинг жўғрофия, тарихдир дун*инг,
Айри-айри саҳфа соатинг, кунинг,
Тўрт эшиги очиқ турсин кўнглингнинг,
Олимлар, арбоблар сени ўқисин.

Нафрат бошдан қолсин, севгига тўл-да,
Етишмоқ йўлида тола нур бўл-да,
Қуръондан файзлана бир мактуб ол-да,
Ёзилган китоблар сени ўқисин.

ИНЖИТМА

Соясида ўтир аммо
Япроқ сендан инжимасин.
Тамизлан ва кир мозора
Тупроқ сендан инжимасин.

Йўллар узун, йўллар инжа
Йўл куч олур ишқ келганча
Ёт қурбон ўл Исмоилча
Пичоқ сендан инжимасин.

Шундаман де изласалар,
Тўғри сўзла сўрасалар
Тобутингга ўрасалар
Байроқ сендан инжимасин.

Эл кўчсин кўчганинг маҳал
Йўл ёнсин кечганинг маҳал
Сувидан ичганинг маҳал
Ирмоқ сендан инжимасин.

Чанг қўнмасин сақлан сенга
Ҳаққи бордир халқнинг сенда
Ғазаб сочмасин яқин-да
Йироқ сендан инжимасин.

ЗИКРУЛЛОҲ

Сувлар ишққа келар, жўшар Ҳақ дея
Бошин тошга урар-урар ҳу чекар.
Шамол тоғдан тоққа кўчар Ҳақ дея
Орада бир турар-турар ҳу чекар.

Ўт-майсалар Ҳақ деярак битармиш
Ёғмур Ҳақдан келиб, Ҳаққа кетармиш
Ҳақ ошиғи тўғри кўзли бир дарвеш
Ҳақ йўлинда юрар-юрар ҳу чекар.

Оғоч шох-шох — Ҳаққа очар қучоғин,
Ажал бермас Ҳақ амрининг пичоғи,
Кўкда гунаш Ҳақнинг сўнмас ўчоғи
Тоғдаги қор эрир-эрир ҳу чекар.

Кўк кабутар Ҳақ деб учар саҳарда
Балиқ сувда ҳаққу ичар саҳарда
Қирмизи гул юзин очар саҳарда
Ифорини тарар-тарар ҳу чекар.

Ҳақнинг йўлчилари Ҳақда кўришар,
Борлиқ зарра-зарра Ҳақни бўлишар
Қалб баданга Ҳақ-Ҳақ дея чалишар,
Қон томирга борар-борар ҳу чекар.

Ҳақ муҳри бор оҳуларнинг кўзинда
Ҳақ ёзуғи коинотин юзинда
Ҳақ Расули Муҳаммаднинг (с.а.в) изинда
Кўнгул Ҳақни кўрар-кўрар ҳу чекар.

КЎЗ ТАНИШИ

Ўрмонларда уясини йитирган
Бир қуш кўрсам, сен келарсан ақлима.
Мени олиб олислара келтирган
Бир туш кўрсам, сен келарсан ақлима.

Кўнглим вайронадир, йиқилмиш, ёнмиш,
Хаёл мармарига хотирам дўнмиш.
Асирлар аввало деворга кўнмиш
Бир тош кўрсам, сен келарсан ақлима.

Тупроғу оғочнинг ҳар ҳоли гўзал,
Сояси, меваси ҳам доли гўзал
Қай жойда, қай замон фойдали, гўзал
Бир ис кўрсам, сен келарсан ақлима.

Очилган чечакдир ҳар кулган дудоқ,
Ғунча қобиғидай зор кулган дудоқ,
Бир дўстона боқиш, бир кулган дудоқ,
Бир диш* кўрсам, сен келарсан ақлима.

Юрагингни далли айлар эс, инон,
Ғам элидан дард элига тош, инон,
Олтмишида мингни айбин ўйлагон
Бир бош кўрсам, сен келарсан ақлима.

*диш-тиш

ЁДИМГА ТУШГАНЛАР

Ҳар ердаки туйсам ўтмиш садосин
Соғинганим замон тушар ёдима…

Шарқдан Ғарбга қараб оққан қутлуғ сел
От, қилич ва қалқон тушар ёдима…

Малазгиртнинг қоқ кўксида қулф урган
Шубҳасиз Алпарслон тушар ёдима.

Она билганимиз шу она макон
Ҳаддан гўзал ватан тушар ёдима.

Эртуғрул Бей отли давлат бошлиғи
Шоҳим Ғозий Усмон тушар ёдима…

Самога бўй чўзган бир улуғ чинор
Фотиҳ Мехмет Султон тушар ёдима…

Уч қитъага тўлқин-тўлқин ёйилган
Ниҳоясиз уммон тушар ёдима…

Ишқ ила, завқ ила, адолат ила
Илм тушар, ирфон тушар ёдима…

Сўнгра танимизни кемирган куртлар
Бепарволик, исён тушар ёдима…

Кексаю ёшларнинг хиёнатлари
Торайган бир ватан тушар ёдима…

Жазоир куйлари энг ичкин нола
Фарёд ила фиғон тушар ёдима.

Беғубор ўйларга тўлар хаёлим
Ўғлоним Фотиҳхон тушар ёдима…

Косовола Думлупинар ёнма-ён
Йўқолган шараф-шон тушар ёдима…

Сана икки минг бир, Туркия муҳтож,
Борки яхши-ёмон тушар ёдима…

Семирар, яйрагай бахтли озчилик,
Милёнларча қурбон тушар ёдима…

Аҳволимиз қоронғудир азалдан
Қандил, шам ва шамдон тушар ёдима…

Мендаги ярани овчилар билмас
Ҳар ярадор жайрон тушар ёдима…

Бу дунёни ларзаларга келтирган
Муҳрланмиш фармон тушар ёдима…

Чорасизлик яқинлашар мен томон
Кўкдан ёққан дармон тушар ёдима…

Жон ичинда бир жон тушар ёдима…

ЙЎЛ ЮРИШ

Ойлар тепа, йиллар тоғ занжирлари
Зирвалар ошарсан хабаринг бўлмас.
Тўхтамай дунёга келгандан бери
Мозорга кўчарсан хабаринг бўлмас.

Омонатга “меним” дея боқарсан
Бўш қолсанг бас – сувга қозиқ қоқарсан
Сирот кўпригинда ёта қалқарсан
Оловга тушарсан хабаринг бўлмас.

Беланчак қурарсан кўк булутлара
Янги той боғларсан кўр умидлара
Маҳкумдир қуллигинг жонли бутлара
Қибласиз яшарсан хабаринг бўлмас.

Йўқликка ё мангуликка йўлчисан
Йўллар таҳликали, Аллоҳ қўрисин
Кўҳна коинотда бир томчи сувсан
Қайнарсан, тошарсан хабаринг бўлмас.

АЖАБО

Мудраган кўлларга Ой ёруғида
Севгининг расмини чизсам, ким англар?
Куртаклар бодроқлаб гул очганида
Ёғмур сочларини чўзсам, ким англар?

Бир макон пайдодир бўлсанг қаерда,
Ўз томонин сақлаб турар ҳар парда
Чексизлик сўнггига етганим ерда
Ҳудуддан бир қулоч қазсам, ким англар?

Ишқ – кўмир оқидир, кин – сут қораси
Қўшилар ярамга дўстнинг яраси
Эт бўлдим – пичоқла суяк ораси
Жаллодла аҳдимни бузсам, ким англар?

Туғилиш ёлғон-у, Ўлим мудом ҳақ,
Бир маънони берар балиқ, қуш, чечак,
Тўплансалар жами вайрона юрак,
Барини кўксимга тизсам, ким англар?

Кун келди фурсатни кўмдим, вовайло
Ақлим чарчоғидан Тоғ бўлди пайдо
Талошни боғласам пўлат ғулга, ё
Тоқатнинг терисин юзсам*, ким англар?

Ичингни силкилар ташинг тугуни,
Ихлоссиз ечилмас ишинг тугуни,
Ақлимдан кечганин тушундигимни
Ўқисам ким тинглар, ёзсам, ким англар?

*шилсам маъносида

ТОҒЛАРА ДЕНГИЗ ЭКДИМ

Уйқуларни ётоғима боғладим
Кечаларни кезиб чиқдим тоғлара.
Ўрмонларнинг кокилини тарадим
Булутлардан кўйлак тикдим тоғлара.

Оқарган уфқда кўрдим ерини
Тутдим, нақш-нақш ўрдим ерини
Ёмғир томчиси-ла қордим ерини
Тўлқин-тўлқин денгиз экдим тоғлара.

Бургут қаноти-ла урдим кўкларга
Тоза булоқлардан ичдим кўкларда
“Ё Аллоҳ” деярак учдим кўкларда
Даста-даста севги тўкдим тоғлара.

Хаёл борки ҳақиқатдан аълодир
Синов борки кўп неъматдан аълодир
Сабр, шукур ҳар зийнатдан аълодир
Учинчи кўзим-ла боқдим тоғлара.

БУ ДУНЁ КИМНИНГ ДУНЁСИ

Йўл сўнггида сўнг бутаси
Бу дунё кимнинг дунёси?
Оқ чечакли, беҳи шохли
Бу дунё кимнинг дунёси?

Жарликларда эсган пўйроз*,
Япроқларни шохда қўймас
Кўзлар тўйса, кўнгил тўймас
Бу дунё кимнинг дунёси?

Ҳар кун эски, ҳар кун янги
Тўкинмас кетиб келгани
Жон уйимдан қувди мени
Бу дунё кимнинг дунёси?

Қор ёғар, йўқолур излар
Ҳар нақш минг бир сир гизлар
Уфқларга сингмиш кўзлар
Бу дунё кимнинг дунёси?

Неъматлари талон-талон
Хизр кутар дорда қолғон
Бори ёлғон, йўғи ёлғон
Бу дунё кимнинг дунёси?

Тупроқ босар қучоғина
Қуёш судрар иссиғина
Отар дердинг ўчоғина…
Бу дунё кимнинг дунёси?

* пўйроз-шимол шамоли

ЙЎЛДАГИ ҚУТЛУҒ КУН

Кун келар
Қуёш чиқиб ботадиган маконларда
Ва куфр ҳайқирадиган маконларда
Бизнинг қўшиқлар ўқилажак.

Кун келар
Куртаклар тошадилар инидан
Қиличлар суғурилар қинидан
Адабсизлар адабини ёпинажак.

Кун келар
На золимлар қолажак, на зулм
Ва у кунлар йўлдадир, гулим
Ҳақ оёққа қалқинажак.

Кун келар
Инсонларни айиқлар боқажак
Эгрилар тўғрилардан чекинажак.
Кўнгил гиламлари адолат узра тўқилажак
Номуслилар қаторида туриб
Номуссизлар юкинажак.

РАҲМАТ УЛАШАР

Илоҳий низом бу – чарчамас, шошмас
Булутлар дунёга раҳмат улашар.
На зарра, коинот ҳаддидан ошмас
Юлдузлар самога раҳмат улашар.

Сайр айла оламни ибрат ичинда
Кўрганга ҳикмат бор ҳикмат ичинда
Турфа ранг, саноқсиз лаззат ичинда
Тупроқ меваларга раҳмат улашар.

Тўпланар чашмаси, дарёси, сойи
Тўхтамай муттасил кун, ҳафта, ойи
Азалдан то абад, асрлар бўйи
Ирмоқлар дарёга раҳмат улашар.

Қўрқинчли, қоронғу, кўр кечаларда
Ақлинг, ҳиссинг, илминг етмаган ерда
Маъно ўлкасидан сурилар парда
Уйқулар рўёга раҳмат улашар.

Беш юзу етмиш бир*… Муборак бир он
Ерга ташриф этар энг буюк Султон
Қўлида Аллоҳнинг каломи Қуръон
Фанодан Уқбога раҳмат улашар.

*Пайғамбаримизнинг туғилган йилларига ишора

БАРОКАТ

Ишқ дединг, бағрима урдинг пичоғин
Оққан қоним кўл бўлмайин тугамас.
Савдо исли бу яранинг чечаги
Уя-уя бол бўлмайин тугамас.

Ҳасрат надир? Эртадан сўр, тундан сўр
Инонмасанг, яна изла, зимдан сўр
Сенсиз кечган кечаларни мендан сўр
Соатлари йил бўлмайин тугамас.

Кўрсам дерман бичимини, рангини
Паст толейим баланд қилар ёғи(й)ни
Ичимдаги бу севгининг ёнғини
Кўмикларим кул бўлмайин тугамас.

ШЕЪР ҲАҚИДА

Шеър бир жаннат боғчаси
Кирмаганга англатилмас.
Жаннат надир, боғча неси?
Кўрмаганга англатилмас.

Шоир гули, шукур гули
Япроқ-япроқ тўкур гули
Ҳар мисрадан шукур гули
Термаганга англатилмас.

Инар кўнгил, қалқар кўнгил
Ҳар тўғрига боқар кўнгил
Ҳақ туҳфаси… Ҳаққа кўнгил
Бермаганга англатилмас.

Шеър асли тупроқ исидир
Сувнинг энг пок томчисидир
Мардоналик туйғусидир
Билмаганга англатилмас.

Шоирлар султони Юнус
Ҳар сўзи юз дафъа юмуш
Ишқ боғина даргоҳ қурмиш
Кирмаганга англатилмас.

ЎТИНЧ

Азобни ҳидлатиб гул ниятингга
Зиндонга кирарсан, мени-да чақир.
Сабр-қаноати бол ниятингга
Бир емак тиларсан, мени-да чақир.

Баъзан икки дунё сиғар ичимга
Баъзан икки қуёш туғар ичимда
Баъзан ғам ёғмури ёғар ичимда
Мени-да кўрарсан, мени-да чақир.

Дўстларинг бор бўлса девоналардан
Кўзёшларинг оқса миноралардан
Минг йилларни кўрган вайроналардан
Насиба сўрарсан, мени-да чақир.

Азалнинг азалдан буюк ўрни бор,
Абадият “ҳеч”га бўлди сазовор,
Замон тўдасига бўлдикми дучор?
Ўйлашдан ҳорирсан, мени-да чақир.

Зоҳирда кўз ёнар, ботинда юрак,
Шаксиз, сидқ аҳлига таҳаммул* керак.
Мазлум ярасига малҳам деярак
Кўзёши сурарсан, мени-да чақир.

*таҳаммул – сабр, бардош, қаноат

СОЧ МАСАЛАСИ

Қорли тоғлар каби тик эрур боши
Баҳор булутига менгзар сочлари.
Айри бир масала кирпиги, қоши
Яралар, бағримни эзар сочлари.

Не диллар орзуси банди толинда
Тўлқинланар елкасинда, белинда…
Баъзан оқ манглайда, баъзан алинда
Ёйила-ёйила кезар сочлари.

Гуллаган анордай олдир ёноғи
Кўзлари мисоли поклик булоғи
Кўкси оқ қор ёққан гунафша тоғи
Илло барисидан гўзал сочлари.

Боғлар — шамол тегиб ўтмасин дея
Кўрганлар эътироз этмасин дея
Кимсанинг кўзига ботмасин дея
Оқшомдан оқшомга кўчар сочлари.

ЕТАР, КЕЛ

Ўксима ҳар ҳафта келолмам дея
Ҳафтада бўлмаса ойда кел, жоним.
Уч юз олтмиш бешни бўл ўн иккига
Ўттизни саралаб қўй-да кел, жоним.

Жим турма, кечиккан муҳлат зиёндир
Гўзалга кин, ўпка, ҳиддат зиёндир
Мағрурлик, кибр, ҳам шиддат зиёндир
Уларни бир четга қўй-да кел, жоним.

Китоб “ишқ эртак” дер, йиқар, тарк этмас,
Ақл “ҳазир бўл” дер, чўкар, тарк этмас,
Қўрқув “кетма, қол” дер, чиқар, тарк этмас,
Сен кўнгул хитоби “ҳой” да кел, жоним.

Ёзи, кузи, қиши, баҳор замони
Яшасанг билинар ки ҳар замони
Тингла шамолларни саҳар замони
Узоқдан сасимни туй-да кел, жоним.

СУРАТКАШ

Расмига боққаним гўзал қиз, ганж қиз,
Унутдим, унутдим, унутдим сени.
Эски бир альбомда турасан ёлғиз
Унутдим, унутдим, унутдим сени.

Икки ҳарф, бир имзо, бир тарих… ғариб
Шаксиз учови ҳам бирдек музтариб
Ақлим мажбурлама қаршимда туриб
Унутдим, унутдим, унутдим сени.

Билмайман, орадан ўтди кўп сана,
Мамлакатинг қаер, кимсан, отинг на?
“Хотирла” деярак боқма юзима
Унутдим, унутдим, унутдим сени.

Турк тилидан Гулноз Мўминова таржималари


Tarjimondan: Shoirlar xonadonida tug’ilgan, Qur’on va she’r muhitida kamolga yetgan turk shoiri Abdurrahim Qoraqo’chni menga ilk bor Musa Ero’g’lining “Mehribon” qo’shig’i tanitdi. Keyin Feysbukdagi do’stlar sahifalarida ba’zi she’rlarini o’qidim. Uning juda ko’p she’rlari qo’shiqlarga aylangan. Chunki shoir she’rlarining kuyi, ohangi o’zi bilan. Abdurrahim Qoraqo’chning o’ktam ovozi, baland ruhi, qilich zarbiday keskin fikrlari, she’rlariga ko’chgan sobit e’tiqodi hurmatga loyiq. Shoirning ruhi shod bo’lsin.

Abdurrahim QORAQO’CH
SHE’RAR


BIR OZ-DA KITOBLAR SENI O’QISIN
03
Jonli bir kitobsan, yozari Mavlo,
Ochiq tur, kitoblar seni o’qisin.
Yuzingda porlasin nazari Mavlo,
Egilsin, mohtoblar seni o’qisin.

Qasirg’aga do’na-do’na zikr et,
Har nafasda o’n ming bora shukr et,
Shubha pardasinda Haqni fikr et,
Uyonsin, girdoblar seni o’qisin.

Erisin kechalar – kunduza kelgin,
To’siq yo’q, malakdek bir tusa kelgin,
Sajdada Robbing-la yuz-yuza kelgin,
Minbarlar, mehroblar seni o’qisin.

Azalning, abadning hisobi senda,
Manfiyning, musbatning nisobi senda,
Yechilsang-da bo’lar, yechilmasang-da,
Savollar, javoblar seni o’qisin.

Ishqdan, go’zallikdan, ohangdan yana
She’r, surat, musiqa emransin sana,
Jomelar, sabiylar kelsin lisona,
Ajrlar, savoblar seni o’qisin.

Taning jo’g’rofiya, tarixdir dun*ing,
Ayri-ayri sahfa soating, kuning,
To’rt eshigi ochiq tursin ko’nglingning,
Olimlar, arboblar seni o’qisin.

Nafrat boshdan qolsin, sevgiga to’l-da,
Yetishmoq yo’lida tola nur bo’l-da,
Qur’ondan fayzlana bir maktub ol-da,
Yozilgan kitoblar seni o’qisin.

INJITMA

Soyasida o’tir ammo
Yaproq sendan injimasin.
Tamizlan va kir mozora
Tuproq sendan injimasin.

Yo’llar uzun, yo’llar inja
Yo’l kuch olur ishq kelgancha
Yot qurbon o’l Ismoilcha
Pichoq sendan injimasin.

Shundaman de izlasalar,
To’g’ri so’zla so’rasalar
Tobutingga o’rasalar
Bayroq sendan injimasin.

El ko’chsin ko’chganing mahal
Yo’l yonsin kechganing mahal
Suvidan ichganing mahal
Irmoq sendan injimasin.

Chang qo’nmasin saqlan senga
Haqqi bordir xalqning senda
G’azab sochmasin yaqin-da
Yiroq sendan injimasin.

ZIKRULLOH

Suvlar ishqqa kelar, jo’shar Haq deya
Boshin toshga urar-urar hu chekar.
Shamol tog’dan toqqa ko’char Haq deya
Orada bir turar-turar hu chekar.

O’t-maysalar Haq deyarak bitarmish
Yog’mur Haqdan kelib, Haqqa ketarmish
Haq oshig’i to’g’ri ko’zli bir darvesh
Haq yo’linda yurar-yurar hu chekar.

Og’och shox-shox — Haqqa ochar quchog’in,
Ajal bermas Haq amrining pichog’i,
Ko’kda gunash Haqning so’nmas o’chog’i
Tog’dagi qor erir-erir hu chekar.

Ko’k kabutar Haq deb uchar saharda
Baliq suvda haqqu ichar saharda
Qirmizi gul yuzin ochar saharda
Iforini tarar-tarar hu chekar.

Haqning yo’lchilari Haqda ko’rishar,
Borliq zarra-zarra Haqni bo’lishar
Qalb badanga Haq-Haq deya chalishar,
Qon tomirga borar-borar hu chekar.

Haq muhri bor ohularning ko’zinda
Haq yozug’i koinotin yuzinda
Haq Rasuli Muhammadning (s.a.v) izinda
Ko’ngul Haqni ko’rar-ko’rar hu chekar.

KO’Z TANIShI

O’rmonlarda uyasini yitirgan
Bir qush ko’rsam, sen kelarsan aqlima.
Meni olib olislara keltirgan
Bir tush ko’rsam, sen kelarsan aqlima.

Ko’nglim vayronadir, yiqilmish, yonmish,
Xayol marmariga xotiram do’nmish.
Asirlar avvalo devorga ko’nmish
Bir tosh ko’rsam, sen kelarsan aqlima.

Tuprog’u og’ochning har holi go’zal,
Soyasi, mevasi ham doli go’zal
Qay joyda, qay zamon foydali, go’zal
Bir is ko’rsam, sen kelarsan aqlima.

Ochilgan chechakdir har kulgan dudoq,
G’uncha qobig’iday zor kulgan dudoq,
Bir do’stona boqish, bir kulgan dudoq,
Bir dish* ko’rsam, sen kelarsan aqlima.

Yuragingni dalli aylar es, inon,
G’am elidan dard eliga tosh, inon,
Oltmishida mingni aybin o’ylagon
Bir bosh ko’rsam, sen kelarsan aqlima.

*dish-tish

YoDIMGA TUShGANLAR

Har yerdaki tuysam o’tmish sadosin
Sog’inganim zamon tushar yodima…

Sharqdan G’arbga qarab oqqan qutlug’ sel
Ot, qilich va qalqon tushar yodima…

Malazgirtning qoq ko’ksida qulf urgan
Shubhasiz Alparslon tushar yodima.

Ona bilganimiz shu ona makon
Haddan go’zal vatan tushar yodima.

Ertug’rul Bey otli davlat boshlig’i
Shohim G’oziy Usmon tushar yodima…

Samoga bo’y cho’zgan bir ulug’ chinor
Fotih Mexmet Sulton tushar yodima…

Uch qit’aga to’lqin-to’lqin yoyilgan
Nihoyasiz ummon tushar yodima…

Ishq ila, zavq ila, adolat ila
Ilm tushar, irfon tushar yodima…

So’ngra tanimizni kemirgan kurtlar
Beparvolik, isyon tushar yodima…

Keksayu yoshlarning xiyonatlari
Toraygan bir vatan tushar yodima…

Jazoir kuylari eng ichkin nola
Faryod ila fig’on tushar yodima.

Beg’ubor o’ylarga to’lar xayolim
O’g’lonim Fotihxon tushar yodima…

Kosovola Dumlupinar yonma-yon
Yo’qolgan sharaf-shon tushar yodima…

Sana ikki ming bir, Turkiya muhtoj,
Borki yaxshi-yomon tushar yodima…

Semirar, yayragay baxtli ozchilik,
Milyonlarcha qurbon tushar yodima…

Ahvolimiz qorong’udir azaldan
Qandil, sham va shamdon tushar yodima…

Mendagi yarani ovchilar bilmas
Har yarador jayron tushar yodima…

Bu dunyoni larzalarga keltirgan
Muhrlanmish farmon tushar yodima…

Chorasizlik yaqinlashar men tomon
Ko’kdan yoqqan darmon tushar yodima…

Jon ichinda bir jon tushar yodima…

YO’L YuRISh

Oylar tepa, yillar tog’ zanjirlari
Zirvalar osharsan xabaring bo’lmas.
To’xtamay dunyoga kelgandan beri
Mozorga ko’charsan xabaring bo’lmas.

Omonatga “menim” deya boqarsan
Bo’sh qolsang bas – suvga qoziq qoqarsan
Sirot ko’priginda yota qalqarsan
Olovga tusharsan xabaring bo’lmas.

Belanchak qurarsan ko’k bulutlara
Yangi toy bog’larsan ko’r umidlara
Mahkumdir qulliging jonli butlara
Qiblasiz yasharsan xabaring bo’lmas.

Yo’qlikka yo mangulikka yo’lchisan
Yo’llar tahlikali, Alloh qo’risin
Ko’hna koinotda bir tomchi suvsan
Qaynarsan, tosharsan xabaring bo’lmas.

AJABO

Mudragan ko’llarga Oy yorug’ida
Sevgining rasmini chizsam, kim anglar?
Kurtaklar bodroqlab gul ochganida
Yog’mur sochlarini cho’zsam, kim anglar?

Bir makon paydodir bo’lsang qayerda,
O’z tomonin saqlab turar har parda
Cheksizlik so’nggiga yetganim yerda
Hududdan bir quloch qazsam, kim anglar?

Ishq – ko’mir oqidir, kin – sut qorasi
Qo’shilar yaramga do’stning yarasi
Et bo’ldim – pichoqla suyak orasi
Jallodla ahdimni buzsam, kim anglar?

Tug’ilish yolg’on-u, O’lim mudom haq,
Bir ma’noni berar baliq, qush, chechak,
To’plansalar jami vayrona yurak,
Barini ko’ksimga tizsam, kim anglar?

Kun keldi fursatni ko’mdim, vovaylo
Aqlim charchog’idan Tog’ bo’ldi paydo
Taloshni bog’lasam po’lat g’ulga, yo
Toqatning terisin yuzsam*, kim anglar?

Ichingni silkilar tashing tuguni,
Ixlossiz yechilmas ishing tuguni,
Aqlimdan kechganin tushundigimni
O’qisam kim tinglar, yozsam, kim anglar?

*shilsam ma’nosida

TOG’LARA DENGIZ EKDIM

Uyqularni yotog’ima bog’ladim
Kechalarni kezib chiqdim tog’lara.
O’rmonlarning kokilini taradim
Bulutlardan ko’ylak tikdim tog’lara.

Oqargan ufqda ko’rdim yerini
Tutdim, naqsh-naqsh o’rdim yerini
Yomg’ir tomchisi-la qordim yerini
To’lqin-to’lqin dengiz ekdim tog’lara.

Burgut qanoti-la urdim ko’klarga
Toza buloqlardan ichdim ko’klarda
“Yo Alloh” deyarak uchdim ko’klarda
Dasta-dasta sevgi to’kdim tog’lara.

Xayol borki haqiqatdan a’lodir
Sinov borki ko’p ne’matdan a’lodir
Sabr, shukur har ziynatdan a’lodir
Uchinchi ko’zim-la boqdim tog’lara.

BU DUNYO KIMNING DUNYOSI

Yo’l so’nggida so’ng butasi
Bu dunyo kimning dunyosi?
Oq chechakli, behi shoxli
Bu dunyo kimning dunyosi?

Jarliklarda esgan po’yroz*,
Yaproqlarni shoxda qo’ymas
Ko’zlar to’ysa, ko’ngil to’ymas
Bu dunyo kimning dunyosi?

Har kun eski, har kun yangi
To’kinmas ketib kelgani
Jon uyimdan quvdi meni
Bu dunyo kimning dunyosi?

Qor yog’ar, yo’qolur izlar
Har naqsh ming bir sir gizlar
Ufqlarga singmish ko’zlar
Bu dunyo kimning dunyosi?

Ne’matlari talon-talon
Xizr kutar dorda qolg’on
Bori yolg’on, yo’g’i yolg’on
Bu dunyo kimning dunyosi?

Tuproq bosar quchog’ina
Quyosh sudrar issig’ina
Otar derding o’chog’ina…
Bu dunyo kimning dunyosi?

* po’yroz-shimol shamoli

YO’LDAGI QUTLUG’ KUN

Kun kelar
Quyosh chiqib botadigan makonlarda
Va kufr hayqiradigan makonlarda
Bizning qo’shiqlar o’qilajak.

Kun kelar
Kurtaklar toshadilar inidan
Qilichlar sug’urilar qinidan
Adabsizlar adabini yopinajak.

Kun kelar
Na zolimlar qolajak, na zulm
Va u kunlar yo’ldadir, gulim
Haq oyoqqa qalqinajak.

Kun kelar
Insonlarni ayiqlar boqajak
Egrilar to’g’rilardan chekinajak.
Ko’ngil gilamlari adolat uzra to’qilajak
Nomuslilar qatorida turib
Nomussizlar yukinajak.

RAHMAT ULAShAR

Ilohiy nizom bu – charchamas, shoshmas
Bulutlar dunyoga rahmat ulashar.
Na zarra, koinot haddidan oshmas
Yulduzlar samoga rahmat ulashar.

Sayr ayla olamni ibrat ichinda
Ko’rganga hikmat bor hikmat ichinda
Turfa rang, sanoqsiz lazzat ichinda
Tuproq mevalarga rahmat ulashar.

To’planar chashmasi, daryosi, soyi
To’xtamay muttasil kun, hafta, oyi
Azaldan to abad, asrlar bo’yi
Irmoqlar daryoga rahmat ulashar.

Qo’rqinchli, qorong’u, ko’r kechalarda
Aqling, hissing, ilming yetmagan yerda
Ma’no o’lkasidan surilar parda
Uyqular ro’yoga rahmat ulashar.

Besh yuzu yetmish bir*… Muborak bir on
Yerga tashrif etar eng buyuk Sulton
Qo’lida Allohning kalomi Qur’on
Fanodan Uqboga rahmat ulashar.

*Payg’ambarimizning tug’ilgan yillariga ishora

BAROKAT

Ishq deding, bag’rima urding pichog’in
Oqqan qonim ko’l bo’lmayin tugamas.
Savdo isli bu yaraning chechagi
Uya-uya bol bo’lmayin tugamas.

Hasrat nadir? Ertadan so’r, tundan so’r
Inonmasang, yana izla, zimdan so’r
Sensiz kechgan kechalarni mendan so’r
Soatlari yil bo’lmayin tugamas.

Ko’rsam derman bichimini, rangini
Past toleyim baland qilar yog’i(y)ni
Ichimdagi bu sevgining yong’ini
Ko’miklarim kul bo’lmayin tugamas.

SHE’R HAQIDA

She’r bir jannat bog’chasi
Kirmaganga anglatilmas.
Jannat nadir, bog’cha nesi?
Ko’rmaganga anglatilmas.

Shoir guli, shukur guli
Yaproq-yaproq to’kur guli
Har misradan shukur guli
Termaganga anglatilmas.

Inar ko’ngil, qalqar ko’ngil
Har to’g’riga boqar ko’ngil
Haq tuhfasi… Haqqa ko’ngil
Bermaganga anglatilmas.

She’r asli tuproq isidir
Suvning eng pok tomchisidir
Mardonalik tuyg’usidir
Bilmaganga anglatilmas.

Shoirlar sultoni Yunus
Har so’zi yuz daf’a yumush
Ishq bog’ina dargoh qurmish
Kirmaganga anglatilmas.

O’TINCH

Azobni hidlatib gul niyatingga
Zindonga kirarsan, meni-da chaqir.
Sabr-qanoati bol niyatingga
Bir yemak tilarsan, meni-da chaqir.

Ba’zan ikki dunyo sig’ar ichimga
Ba’zan ikki quyosh tug’ar ichimda
Ba’zan g’am yog’muri yog’ar ichimda
Meni-da ko’rarsan, meni-da chaqir.

Do’stlaring bor bo’lsa devonalardan
Ko’zyoshlaring oqsa minoralardan
Ming yillarni ko’rgan vayronalardan
Nasiba so’rarsan, meni-da chaqir.

Azalning azaldan buyuk o’rni bor,
Abadiyat “hech”ga bo’ldi sazovor,
Zamon to’dasiga bo’ldikmi duchor?
O’ylashdan horirsan, meni-da chaqir.

Zohirda ko’z yonar, botinda yurak,
Shaksiz, sidq ahliga tahammul* kerak.
Mazlum yarasiga malham deyarak
Ko’zyoshi surarsan, meni-da chaqir.

*tahammul – sabr, bardosh, qanoat

SOCH MASALASI

Qorli tog’lar kabi tik erur boshi
Bahor bulutiga mengzar sochlari.
Ayri bir masala kirpigi, qoshi
Yaralar, bag’rimni ezar sochlari.

Ne dillar orzusi bandi tolinda
To’lqinlanar yelkasinda, belinda…
Ba’zan oq manglayda, ba’zan alinda
Yoyila-yoyila kezar sochlari.

Gullagan anorday oldir yonog’i
Ko’zlari misoli poklik bulog’i
Ko’ksi oq qor yoqqan gunafsha tog’i
Illo barisidan go’zal sochlari.

Bog’lar — shamol tegib o’tmasin deya
Ko’rganlar e’tiroz etmasin deya
Kimsaning ko’ziga botmasin deya
Oqshomdan oqshomga ko’char sochlari.

YeTAR, KEL

O’ksima har hafta kelolmam deya
Haftada bo’lmasa oyda kel, jonim.
Uch yuz oltmish beshni bo’l o’n ikkiga
O’ttizni saralab qo’y-da kel, jonim.

Jim turma, kechikkan muhlat ziyondir
Go’zalga kin, o’pka, hiddat ziyondir
Mag’rurlik, kibr, ham shiddat ziyondir
Ularni bir chetga qo’y-da kel, jonim.

Kitob “ishq ertak” der, yiqar, tark etmas,
Aql “hazir bo’l” der, cho’kar, tark etmas,
Qo’rquv “ketma, qol” der, chiqar, tark etmas,
Sen ko’ngul xitobi “hoy” da kel, jonim.

Yozi, kuzi, qishi, bahor zamoni
Yashasang bilinar ki har zamoni
Tingla shamollarni sahar zamoni
Uzoqdan sasimni tuy-da kel, jonim.

SURATKASH

Rasmiga boqqanim go’zal qiz, ganj qiz,
Unutdim, unutdim, unutdim seni.
Eski bir alьbomda turasan yolg’iz
Unutdim, unutdim, unutdim seni.

Ikki harf, bir imzo, bir tarix… g’arib
Shaksiz uchovi ham birdek muztarib
Aqlim majburlama qarshimda turib
Unutdim, unutdim, unutdim seni.

Bilmayman, oradan o’tdi ko’p sana,
Mamlakating qayer, kimsan, oting na?
“Xotirla” deyarak boqma yuzima
Unutdim, unutdim, unutdim seni.

Turk tilidan Gulnoz Mo’minova tarjimalari

041

(Tashriflar: umumiy 1 682, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring