Gulnoz Mo’minova. Yangi she’rlar & Ikki videoshe’r

041   Ижтимоий тармоқларида шоирлар ижоди билан боғлиқ саҳифаларни кузатиб бораман. Ана шундай мунтазам кузатган ижодкорлардан бири, юрагимни юксалиб бораётган фикрий  салоҳияти билан ёрита олаётган сатрлар муаллифи Гулноз Мўминовадир. 

Гулноз МЎМИНОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


МУНОЖОТ

Эй севгили!
Бир ишорасила
Тоғларни тевадек чўктирган,
Вулқонларни Ер белига
Оташ нутфаси каби жойлаган севгили!

Эй, айри оқимларни айрилигича
Ёнма-ён оқизиб қўйган,
Очни очлиги, тўқни тўқлиги,
Борни борлиги, йўқни йўқлиги ила
Синаган, сийлаган севгили!

Эй, нурнинг илк толасига
Субҳ қатрасидан кўзгу ясаган,
Ҳаётни томчига, ўлимни сукутга,
Руҳ қушини тан қафасига жойлаган,
Ҳар умр оғочида бир қушни бўзлатган севгили,
Ҳар жуфт қорачиққа бир армон гизлатган севгили,
Ҳар тирик исёнга бир мозор излатган севгили!

Баданимнинг кўк ирмоқларида
Севгили исмларни кўпдан кездирган,
Хиёнат аччиғин обдон сездирган,
Жонни ҳаётдан бездирган севгили!

Биламан, қачонлардир
Ер белида оташ нутфасин қайнатган
Қудрат бармоғила халос этгайсан
Кўк ирмоқларимни қуритган исмлардан,
Эй, севгилилар севгилиси!..
09
МАКОНДО

… га

Макондода ёмғир тинар.
Рутубат анқир ҳаводан –
Шишган ўпкалар тубига
Чўкаётган оғир рутубат

Ғамнок тоғлар елкасига
Қуёш қадар ёғду уруғин
Энди ҳеч ким инонмас бироқ
Униб чиқишига уруғларнинг

Ногаҳон ёғду овига
Қанотланган сўнгги гўваржиннинг
Жонсарак бағри
Дайди ўқдан пора бўлар

Намчил зерикишга чалинган
Сариқбош илонлар
Ўзини ўзи юта бошлар
Думидан бошлаб…

Қайдадир хунук чийиллар
Суррогатлар қурсоғидаги
Чўчқа думли ҳомилалар –
Портлаган снаряд товушига монанд

Эсдан оға бошлар Макондо.
Телбалик ва алам ичра
Истиқболга тупургиси келар унинг
Қари мустабид сингари

29.03.2022

***

Қачон? Нега?
Йўлимдан чиқдинг.
Ўнгимми ё сўлимдан чиқдинг?
Айт, маконинг эди қай олам,
Тириклик ё Ўлимдан чиқдинг?

Исмингдан руҳ ёришди аввал,
Кулгим ёшла қоришди аввал.
Ўйлар сурдим: “Аслан мукаммал…”
Гоҳ оташ, гоҳ кулимдан чиқдинг.

Ҳар неки бор – янчиб ўтар Вақт,
Гулларингни топтаб кетар Вақт,
Сўнг қалбингга оёқ артар Вақт, —
Десам, жимсан – дилимдан чиқдинг.

Боқсам ўзга – ўзим қолмаган,
Исёним кўп – тўзим қолмаган.
Руҳда инжа сезим қолмаган,
Тушуниксиз феълимдан чиқдинг.

Ҳур туюлмас энди шамол ҳам,
Тушовдадир гўё хаёл ҳам,
Кета олар гарчанд аёл ҳам,
Абжир қушдай қўлимдан чиқдинг.

Қачон? Нега?
Йўлимдан чиқдинг…

11.10. 2021

НИНАЧИЛАР

Ниначилар урчитдинг
Қалбинг ичида,
Дунё уларни очофат қушларига едирди
Бирма-бир тутиб едирди
Ўзи кузатиб ўтирди қилт этмай
Шўрлик ниначилар
Қанотларин турарди бериб
Кузнинг ҳазин кечаларига
Энди кечалар тобора ҳазин
Тобора чорасиз
Қалбинг эса хунук ҳувиллар

Капалаги учган пилладай
Энди сени кўчага тортқилар
Йиқилиб қолгунча юрмоқ
Ва суғур кунининг
Сўнгги нуқтасига етмоқ истаги
Кайфиятинг қамчи бўлиб
Урилади вақт юзларига
Рўпарангдан чиққан қора мушук
Етти қадам орқага қайтар…

Кетасан, кетасан, кетаверасан…

Рўёлардан қочиб чиққан
Узун сояларга эргашиб
Тобора узайиб борар йўл илони
На боши, на думи кўринмас
Бошингда пайдо бўлар яна
Қанот мазасини тотган қушлар…

“Эй инсон,
Қачондир дунёга келсанг,
Ниначи урчита кўрма қалбинг ичида”

14.09.2021

ОРЗУ АЪЗАМга

Эй сен, юнон атиргули,
Гулсан, лекин тиканли.
Қачон кўрсам, кўзинг ёшли,
Япроқларинг шиканли.

Қайғунг бисёр – ўз умрингга
Мувофиқсан, моссан сен.
Ҳаддан ортиқ мардсан илло,
Ҳаддан ортиқ ростсан сен!

Бармоқларинг ўзгаларнинг
Кўз ёшларин сидирган.
Билмам, балки онанг сенга
Шер юрагин едирган.

Номардлардан кечмайсан шарт,
Қовжирайсан, бўзлайсан.
Севгингни, ҳам нафратингни
Кўз ёшларга гизлайсан.

Етар, андуҳ чашмасидан
Илдизингга берма сув.
Олти ёнда барқ урар март,
Сенинг каби соф, сулув.

Эй сен, юнон атиргули,
Гулсан, лекин тиканли…

05-07.03.22

***

Депрессия
Саҳарликдан ифторга қадар
Ҳазм бўлмас ризқ –
Томоғимга қадалиб турар.

Сурбет баҳор
Суқилар бағримга
Яшил илондай.
“Чақирдимми сени, яшилкўз?”

У индамай
Енгмоқчи бўлар –
Кулча бўлиб
Кутиб ётади.

Севги,
Инонч,
Ҳурлик қушларин
Тутиб бергум яшил илонга

Тезроқ аждаҳога
Айлансин токи –
Ютиб юборсин мени
Депрессияга қўшиб

04.04.2022

***

Ярадор илонман – ёқилмоққа шай,
Аланга домига отилмоққа шай.
Ё сўнгги бор янчиб ўтилмоққа шай,
Инимдан чиқарган қўлларинг кулсин.

Сирғалиб умрингдан ўтдим – билмадинг,
Жону жаҳонимни тутдим – билмадинг.
Борликдан йўқликка кетдим – билмадинг,
Шоҳлардан узоқсан, қулларинг кулсин.

“Умрим менинг аслан ишққа қасида,
Уни тинглаганлар қолур расида”,-
Десам, тун долғасин ҳар жилвасида
Ҳилолни суздирган кўлларинг кулсин.

Соғларинг ичинда хаста жон ўлдим,
Инонч беролмадинг – бадгумон ўлдим.
Мудом барбод ўлган хонумон ўлдим,
Хонумон қабринда гулларинг кулсин.

04.04.2022

ГУЛЖАМОЛга

Ўтмаган борми — ўтгайлар,
Ёзлар ўтар, қишлар ўтар.
Кесилгай гарчанд кўкайлар,
Яхши-ёмон ишлар ўтар.

Дунни тўлдириб ғавғога,
Соғ-у дардчил кўп навога,
Қонни бўяб қаҳрабога
Ёнишлар, совушлар ўтар.

Бирда сел рангига кириб,
Бирда куз сувидай тиниб,
Бирда кориз* сори эниб,
Ажаб эврилишлар ўтар.

Дунёмсан, деб ёлғон айтган,
Дарёмсан, деб сўздан қайтган,
Дарёларинг лойқалатган
Савдолар – шўришлар ўтар.

Ишқ аҳлининг энг қайсари –
Қалб аҳдидан қайтмас ҳали,
Тўзғиганча болу пари
Отилган оққушлар ўтар.

Руҳ – зарб еган бир қуш эрур,
На соғаюр, на жон берур,
Тузатмагай уни сурур,
Чорасиз хонишлар ўтар.

Қўзғалса тақдирда исён,
Қолмагай Ўзидан ниҳон,
Ишон, ўтар ҳар не туғён,
Қисматга кўнишлар ўтар.

Ўтмаган борми — ўтгайлар,
Ёзлар ўтар, қишлар ўтар…
*кориз- ер ости сув йўли

08.10.2021

ЭМРО ҲАЗРАТЛАРИГА ОЖИЗОНА ТАТАББУЪ

Гоҳ мавжуд, гоҳи хулёман,
Гоҳ эгасиз мусалломан.
Оғоч ичра Зикриёман,
Билдирмагин мени, Аллоҳ.

Отма хорлик булоғига,
Майли, йўлла Қоф тоғига.
Оловқушлар тирноғига
Ўйдирмагин мени, Аллоҳ.

Фурсатим, ҳам тавбам оздир,
Бору йўғим эътироздир,
Тўрт томоним инқироздир,
Куйдирмагин мени, Аллоҳ.

Жунун тотини туймасдан,
Сабр даштида куймасдан,
Бошим йўлингга қўймасдан,
Ўлдирмагин мени, Аллоҳ.

Асоратим битмагунча,
Руҳдан ғубор кетмагунча,
Жамолингга етмагунча
Кулдирмагин мени, Аллоҳ.

“Жоним кадига қамалган”*,
Кўрсам, туйнуги ямалган,
“Оҳ” им бўғзимга қадалган,
Йитирмагин мени, Аллоҳ.

Этагим шамол дастида,
Рўмолим орим қасдида.
Ёрларим Ернинг остида,
Суйдирмагин мени, Аллоҳ.

Тилимнинг боғичи сенда,
Дилимнинг қиличи сенда.
Дунёнг – бир хор маъбад, унда
Сўйдирмагин мени, Аллоҳ.

*Шаҳрисабзча ифода (чорасизлик маъносида)

07.04.2022

***

Сиқтамадим жўнгина,
Шеърим менинг йиғимдир.
Раво кўрмай кимсага,
Ўзга урган тиғимдир.

Гарчи эдинг ёнимда,
Танимадинг зотимни.
Қарғадим, сўнг лаҳзамда
Айтолмагин отимни.

07.04.2022

***

Жон – ўлимнинг жиш боласи
Оғзимиздан туғамиз уни
Бу туғилиш жинс танламагай
Эркакдир, аёлдир – туғмоққа маҳкум

Боқажакмиз уни ҳечнинг увоғи,
Савдолар, ғавғолар, шўришлар билан
Бир оз бахт кўприги… аслан кўпинча
Жар лабида қалқиб юришлар билан

Жон – ўлимнинг жиш боласи
Қанотланар туғилмоқ лаҳзасида
Ҳеч кимга кўринмай учиб қочар
“Уҳ”нинг сариқ изин қолдириб

***

Саҳроларга сингиди дарёмнинг тиниқлари,
Оқди ул дарёларда Ойларим синиқлари.
Сўнди юлдузларимнинг энг яқин – ёниқлари,
Бирма-бир сўндирдинг.

Қачондир дарахтларга тирмашиб чиқар эдим,
Тоғ тортса – бўриларга эргашиб чиқар эдим.
Бўронларнинг бўғзига ўрнашиб чиқар эдим,
Жасоратимни синдирдинг.

Кўксимда юракшакл тош қолмиш – қиёси йўқ,
На-да тафти сезилгай, на қатра зиёси йўқ.
Тошнинг энди ҳеч гул, ҳеч ёғмурга парвоси йўқ –
Аёл руҳимни ўлдирдинг.

***

Юлқилайди
Шохлардан шамол
Рўёнинг сершакл қийқимларини

Умр чегараси
Бузилган –
Йўл топар энг осий хаёл ҳам

Энди ҳечликка
Рўё қийқимларидан
Бемалол байроқ тикиш мумкин

Фақат Кўкнинг
Ғашига тегар
Нафрат ва ҳурликнинг мураттаблиги

***

Кеча шундай сокин –
Эшитилар ҳатто
Уйқучан қанотлар шитири

Куртакларнинг
Ним уйқуси
Келажак кўкламни аллалар

Арғимчоқ солар
Тун парилари
Ойнинг кумуш ёғдуларига

Англами афсуслидир
На куртак, на пари эканликнинг –
Кеча шундай сокин…

***

Ҳаво сийраклашган
Муҳитимда
Бирин-кетин ўлмоқда қушлар –
Осойиш қушлари,
Орзу қушлари,
Севги қушлари,
Тоат полапонлари…

…Ўлган қушлар
Пати билан
Тўлдира бошладим тун ёстиғини

ЧАРЛЬЗ БУКОВСКИ* БИЛАН ХАЁЛИЙ СУҲБАТ

Сигара узат, жаноб Буковски,
Ёндиргич шартмас –
Ҳозир тушиб келади чақмоқ

Нигоҳларинг ҳайратин
Беркитолмай сарсон
Пешонангда тўзғиган сочлар

Фақат бир зумга кирдим
Маъзур тутсин мени
Парда ортидаги шеригинг

Дайди кучуклар
Эргашди изимдан –
Ҳайдаб сололмадим уларни

Улаш дўстларимга
Қотган нон ва
Кечаги шаробнинг ортганин

Кулбанг деворига
Ёд бўлиб қолмиш
Енгилтак аёллар ҳасрати

Маъзур тут,
Бу муҳитда лом-мим деёлмам,
Бошқа сафар…

* Чарльз Буковски (1920-1994) — АҚШлик шоир 

17.12.2021

***

Бир-бировни аямаймиз ҳеч,
Бундан зарра пушаймон ҳам йўқ.
Сўзлар – гўё қайралган қилич,
Кўзқарашлар – заҳарланган ўқ.

Юз ўгириб бир-биримиздан,
Туйғуларни қиламиз хафа.
Шикастланган иззати билан
Ҳайрон боқар биринчи даҳа.

О, дафъатан Қуёш нуридан
Асраганча хира кўзимни…
Нечун энди елканг ортида
Зирҳлангандек сезмам ўзимни?

Йўқ менда сен излаган ҳузур,
Мен ҳам сендан топмам ҳаловат.
Эскирган ишқ ўрнини мағрур
Ишғол этмиш янги адоват.

Сен ҳам қара, кўча эшикни
Иккиланмай беркитар сурур.
“Биз йўқ қилдик бир-биримизни,
Биз йўқ қилдик, Худога шукур”*.

*Усмон Азим сатри

12.04.2022

***
Бугун хўп сахийман
Одамларга имкон бергум
Мендан кетишлари учун

Қўлидаги улкан боғламдан
Битта шарни
Кўкка йўллаган қизалоқдай
Кулиб кузатгум уларни

Таслимот соатин “чиқ-чиқ”и
Ҳар галгидек
Юрагимдамас,
Шууримда бошлагай янграб

Хуш боринг, одамларим!
Менинг
Камёб табассумим
Бўлсин айрилиқлар садқаси

21.04. 2022

ЭҲТИЁЖ

Боларилар ёлғиз куйлаётган
Апрель караокесида
Илонлар рақс тушар

Мавсум ҳовлисида
Сандироқлаб юрар ҳаккалар

Руҳлар боғчасига жамлагай шамол
Оғочларнинг тушган ҳомиласини

Энди уларни аллалайдиган одам керак…

21.04.2022

***

Қадарда маконим ёнди,
Қанотли имконим ёнди.
Ичимда осмоним ёнди,
Кўзимда денгизим куйди.

Довул олиб учди сўзим,
Булут беркитганда кўзим.
Оҳларингдан ўн саккизим,
Ўтингдан ўттизим куйди.

Эш бўлмадим ҳурларингга,
Гул бўлмадим йўлларингда.
Оққуш бўлдим кўлларингда –
Нолам куйди, бўзим куйди.

Қавмим унутдилар мени,
Четлашиб ўтдилар мени.
Чиллага тутдилар мени –
Мусаллонгда тизим куйди.

Инсу жиндан кетсам узоқ,
Ҳурлик ҳам гоҳ қўйди тузоқ –
Қилқанотим ёйилган чоқ
Исмсиз бир сезим куйди.

Урчидилар қусурларим,
Аралашди фаслларим,
Боғларда ғўр яшилларим,
Қирларда қирмизим куйди.

Дахлсизлар маконида
Ҳажрнинг ҳур осмонида
Милярдлар каҳкашонида
Куймаган юлдузим куйди.

“Мен”им куйди, “Ўз”им куйди…

21.04.2022

ТОНГ ОТАР

Тонг отар
Малина ифорли тонг
Бальзак ёшидаги бари аёллар
Кўча супуришга ошиқар

Бузар мезон сокинлигин
Супургининг
Енгил шовқини

Ёшликнинг
Кийик қадамларила
Навниҳоллар ўта бошлар –
Келажак баҳорлар!

Ўтаётган
Кунлар юки
Оғирлашиб борар хазон қопларидай
Бальзак ёшидаги аёллар елкасида

17.10. 2021

***

Куз
қайғу ҳомиласин
тўқсон кун кўтариб юрар

Ҳеч ким
Унга боқмас хайрихоҳ
Некбинлик қолмаган дунёда

Тутиб
Озғин қўлларидан
Ўтқизмаслар ҳордиқ учун

Қарғалар
Тумшуғида кетар
Сўнгги мевалар

Болалар
Териб олар
Тўкилган ғуддаларни

Оч қолган
Қайғу ҳомиласи
Туғилмоқ имконин бой берар яна

12.10. 2021

КУНГАБОҚАР

Куз – малла Ван Гог
Мени Кунгабоқарга айлантирар
Кунгабоқар боши уруғлардан эгилгандек
Бошим эгилади сўзлардан –
Қуёшга тик қаролмам ортиқ.
Миямда тинмай ғувиллаган овоз
Гуллаган Кунгабоқар теграсидаги
Болари галасин эслатар
Куз – қайсар Ван Гог
Мени шу телбаваш
Ҳолатимда чизмоқни истар –
Шабба бармоғила кўрсатаверар
Ҳовли четидаги эски кўзани

12.10.2021

***

Томчи сувда
Ғарқ қилгандек чумолини
Куз мени чўктирар ўзимга

Сўзлашмай қўяман
Сирлашмай қўяман
Тош билан алмашар унсурим

Қувончларим
Кайфият пилласида
Узоооқ уйқуга кетар

Борлиқ овозини тинглагум…
Полтергейст* тиқирлар
Яқингинада

Кўникаман унга
Нафасимнинг тўсатдан
Сиқиб қолишига кўниккандек

Куз мени ўзимга чўктирар…
Овора бўлма
Инсон қўлларига инонмам ортиқ
*шовқин солувчи руҳ

12.10.2021

Ijtimoiy tarmoqlarida shoirlar ijodi bilan bog’liq sahifalarni kuzatib boraman. Ana shunday muntazam kuzatgan ijodkorlardan biri, yuragimni yuksalib borayotgan fikriy salohiyati bilan yorita olayotgan satrlar muallifi Gulnoz Mo’minovadir.

Gulnoz MO’MINOVA
YANGI SHE’RLAR


MUNOJOT

Ey sevgili!
Bir ishorasila
Tog’larni tevadek cho’ktirgan,
Vulqonlarni Yer beliga
Otash nutfasi kabi joylagan sevgili!

Ey, ayri oqimlarni ayriligicha
Yonma-yon oqizib qo’ygan,
Ochni ochligi, to’qni to’qligi,
Borni borligi, yo’qni yo’qligi ila
Sinagan, siylagan sevgili!

Ey, nurning ilk tolasiga
Subh qatrasidan ko’zgu yasagan,
Hayotni tomchiga, o’limni sukutga,
Ruh qushini tan qafasiga joylagan,
Har umr og’ochida bir qushni bo’zlatgan sevgili,
Har juft qorachiqqa bir armon gizlatgan sevgili,
Har tirik isyonga bir mozor izlatgan sevgili!

Badanimning ko’k irmoqlarida
Sevgili ismlarni ko’pdan kezdirgan,
Xiyonat achchig’in obdon sezdirgan,
Jonni hayotdan bezdirgan sevgili!

Bilaman, qachonlardir
Yer belida otash nutfasin qaynatgan
Qudrat barmog’ila xalos etgaysan
Ko’k irmoqlarimni quritgan ismlardan,
Ey, sevgililar sevgilisi!..
09
MAKONDO

… ga

Makondoda yomg’ir tinar.
Rutubat anqir havodan –
Shishgan o’pkalar tubiga
Cho’kayotgan og’ir rutubat

G’amnok tog’lar yelkasiga
Quyosh qadar yog’du urug’in
Endi hech kim inonmas biroq
Unib chiqishiga urug’larning

Nogahon yog’du oviga
Qanotlangan so’nggi go’varjinning
Jonsarak bag’ri
Daydi o’qdan pora bo’lar

Namchil zerikishga chalingan
Sariqbosh ilonlar
O’zini o’zi yuta boshlar
Dumidan boshlab…

Qaydadir xunuk chiyillar
Surrogatlar qursog’idagi
Cho’chqa dumli homilalar –
Portlagan snaryad tovushiga monand

Esdan og’a boshlar Makondo.
Telbalik va alam ichra
Istiqbolga tupurgisi kelar uning
Qari mustabid singari

29.03.2022

***

Qachon? Nega?
Yo’limdan chiqding.
O’ngimmi yo so’limdan chiqding?
Ayt, makoning edi qay olam,
Tiriklik yo O’limdan chiqding?

Ismingdan ruh yorishdi avval,
Kulgim yoshla qorishdi avval.
O’ylar surdim: “Aslan mukammal…”
Goh otash, goh kulimdan chiqding.

Har neki bor – yanchib o’tar Vaqt,
Gullaringni toptab ketar Vaqt,
So’ng qalbingga oyoq artar Vaqt, —
Desam, jimsan – dilimdan chiqding.

Boqsam o’zga – o’zim qolmagan,
Isyonim ko’p – to’zim qolmagan.
Ruhda inja sezim qolmagan,
Tushuniksiz fe’limdan chiqding.

Hur tuyulmas endi shamol ham,
Tushovdadir go’yo xayol ham,
Keta olar garchand ayol ham,
Abjir qushday qo’limdan chiqding.

Qachon? Nega?
Yo’limdan chiqding…

11.10. 2021

NINAChILAR

Ninachilar urchitding
Qalbing ichida,
Dunyo ularni ochofat qushlariga yedirdi
Birma-bir tutib yedirdi
O’zi kuzatib o’tirdi qilt etmay
Sho’rlik ninachilar
Qanotlarin turardi berib
Kuzning hazin kechalariga
Endi kechalar tobora hazin
Tobora chorasiz
Qalbing esa xunuk huvillar

Kapalagi uchgan pilladay
Endi seni ko’chaga tortqilar
Yiqilib qolguncha yurmoq
Va sug’ur kunining
So’nggi nuqtasiga yetmoq istagi
Kayfiyating qamchi bo’lib
Uriladi vaqt yuzlariga
Ro’parangdan chiqqan qora mushuk
Yetti qadam orqaga qaytar…

Ketasan, ketasan, ketaverasan…

Ro’yolardan qochib chiqqan
Uzun soyalarga ergashib
Tobora uzayib borar yo’l iloni
Na boshi, na dumi ko’rinmas
Boshingda paydo bo’lar yana
Qanot mazasini totgan qushlar…

“Ey inson,
Qachondir dunyoga kelsang,
Ninachi urchita ko’rma qalbing ichida”

14.09.2021

ORZU AЪZAMga

Ey sen, yunon atirguli,
Gulsan, lekin tikanli.
Qachon ko’rsam, ko’zing yoshli,
Yaproqlaring shikanli.

Qayg’ung bisyor – o’z umringga
Muvofiqsan, mossan sen.
Haddan ortiq mardsan illo,
Haddan ortiq rostsan sen!

Barmoqlaring o’zgalarning
Ko’z yoshlarin sidirgan.
Bilmam, balki onang senga
Sher yuragin yedirgan.

Nomardlardan kechmaysan shart,
Qovjiraysan, bo’zlaysan.
Sevgingni, ham nafratingni
Ko’z yoshlarga gizlaysan.

Yetar, anduh chashmasidan
Ildizingga berma suv.
Olti yonda barq urar mart,
Sening kabi sof, suluv.

Ey sen, yunon atirguli,
Gulsan, lekin tikanli…

05-07.03.22

***

Depressiya
Saharlikdan iftorga qadar
Hazm bo’lmas rizq –
Tomog’imga qadalib turar.

Surbet bahor
Suqilar bag’rimga
Yashil ilonday.
“Chaqirdimmi seni, yashilko’z?”

U indamay
Yengmoqchi bo’lar –
Kulcha bo’lib
Kutib yotadi.

Sevgi,
Inonch,
Hurlik qushlarin
Tutib bergum yashil ilonga

Tezroq ajdahoga
Aylansin toki –
Yutib yuborsin meni
Depressiyaga qo’shib

04.04.2022

***

Yarador ilonman – yoqilmoqqa shay,
Alanga domiga otilmoqqa shay.
Yo so’nggi bor yanchib o’tilmoqqa shay,
Inimdan chiqargan qo’llaring kulsin.

Sirg’alib umringdan o’tdim – bilmading,
Jonu jahonimni tutdim – bilmading.
Borlikdan yo’qlikka ketdim – bilmading,
Shohlardan uzoqsan, qullaring kulsin.

“Umrim mening aslan ishqqa qasida,
Uni tinglaganlar qolur rasida”,-
Desam, tun dolg’asin har jilvasida
Hilolni suzdirgan ko’llaring kulsin.

Sog’laring ichinda xasta jon o’ldim,
Inonch berolmading – badgumon o’ldim.
Mudom barbod o’lgan xonumon o’ldim,
Xonumon qabrinda gullaring kulsin.

04.04.2022

GULJAMOLga

O’tmagan bormi — o’tgaylar,
Yozlar o’tar, qishlar o’tar.
Kesilgay garchand ko’kaylar,
Yaxshi-yomon ishlar o’tar.

Dunni to’ldirib g’avg’oga,
Sog’-u dardchil ko’p navoga,
Qonni bo’yab qahraboga
Yonishlar, sovushlar o’tar.

Birda sel rangiga kirib,
Birda kuz suviday tinib,
Birda koriz* sori enib,
Ajab evrilishlar o’tar.

Dunyomsan, deb yolg’on aytgan,
Daryomsan, deb so’zdan qaytgan,
Daryolaring loyqalatgan
Savdolar – sho’rishlar o’tar.

Ishq ahlining eng qaysari –
Qalb ahdidan qaytmas hali,
To’zg’igancha bolu pari
Otilgan oqqushlar o’tar.

Ruh – zarb yegan bir qush erur,
Na sog’ayur, na jon berur,
Tuzatmagay uni surur,
Chorasiz xonishlar o’tar.

Qo’zg’alsa taqdirda isyon,
Qolmagay O’zidan nihon,
Ishon, o’tar har ne tug’yon,
Qismatga ko’nishlar o’tar.

O’tmagan bormi — o’tgaylar,
Yozlar o’tar, qishlar o’tar…
*koriz- yer osti suv yo’li

08.10.2021

EMRO HAZRATLARIGA OJIZONA TATABBUЪ

Goh mavjud, gohi xulyoman,
Goh egasiz musalloman.
Og’och ichra Zikriyoman,
Bildirmagin meni, Alloh.

Otma xorlik bulog’iga,
Mayli, yo’lla Qof tog’iga.
Olovqushlar tirnog’iga
O’ydirmagin meni, Alloh.

Fursatim, ham tavbam ozdir,
Boru yo’g’im e’tirozdir,
To’rt tomonim inqirozdir,
Kuydirmagin meni, Alloh.

Junun totini tuymasdan,
Sabr dashtida kuymasdan,
Boshim yo’lingga qo’ymasdan,
O’ldirmagin meni, Alloh.

Asoratim bitmaguncha,
Ruhdan g’ubor ketmaguncha,
Jamolingga yetmaguncha
Kuldirmagin meni, Alloh.

“Jonim kadiga qamalgan”*,
Ko’rsam, tuynugi yamalgan,
“Oh” im bo’g’zimga qadalgan,
Yitirmagin meni, Alloh.

Etagim shamol dastida,
Ro’molim orim qasdida.
Yorlarim Yerning ostida,
Suydirmagin meni, Alloh.

Tilimning bog’ichi senda,
Dilimning qilichi senda.
Dunyong – bir xor ma’bad, unda
So’ydirmagin meni, Alloh.

*Shahrisabzcha ifoda (chorasizlik ma’nosida)

07.04.2022

***

Siqtamadim jo’ngina,
She’rim mening yig’imdir.
Ravo ko’rmay kimsaga,
O’zga urgan tig’imdir.

Garchi eding yonimda,
Tanimading zotimni.
Qarg’adim, so’ng lahzamda
Aytolmagin otimni.

07.04.2022

***

Jon – o’limning jish bolasi
Og’zimizdan tug’amiz uni
Bu tug’ilish jins tanlamagay
Erkakdir, ayoldir – tug’moqqa mahkum

Boqajakmiz uni hechning uvog’i,
Savdolar, g’avg’olar, sho’rishlar bilan
Bir oz baxt ko’prigi… aslan ko’pincha
Jar labida qalqib yurishlar bilan

Jon – o’limning jish bolasi
Qanotlanar tug’ilmoq lahzasida
Hech kimga ko’rinmay uchib qochar
“Uh”ning sariq izin qoldirib

***

Sahrolarga singidi daryomning tiniqlari,
Oqdi ul daryolarda Oylarim siniqlari.
So’ndi yulduzlarimning eng yaqin – yoniqlari,
Birma-bir so’ndirding.

Qachondir daraxtlarga tirmashib chiqar edim,
Tog’ tortsa – bo’rilarga ergashib chiqar edim.
Bo’ronlarning bo’g’ziga o’rnashib chiqar edim,
Jasoratimni sindirding.

Ko’ksimda yurakshakl tosh qolmish – qiyosi yo’q,
Na-da tafti sezilgay, na qatra ziyosi yo’q.
Toshning endi hech gul, hech yog’murga parvosi yo’q –
Ayol ruhimni o’ldirding.

***

Yulqilaydi
Shoxlardan shamol
Ro’yoning sershakl qiyqimlarini

Umr chegarasi
Buzilgan –
Yo’l topar eng osiy xayol ham

Endi hechlikka
Ro’yo qiyqimlaridan
Bemalol bayroq tikish mumkin

Faqat Ko’kning
G’ashiga tegar
Nafrat va hurlikning murattabligi

***

Kecha shunday sokin –
Eshitilar hatto
Uyquchan qanotlar shitiri

Kurtaklarning
Nim uyqusi
Kelajak ko’klamni allalar

Arg’imchoq solar
Tun parilari
Oyning kumush yog’dulariga

Anglami afsuslidir
Na kurtak, na pari ekanlikning –
Kecha shunday sokin…

***

Havo siyraklashgan
Muhitimda
Birin-ketin o’lmoqda qushlar –
Osoyish qushlari,
Orzu qushlari,
Sevgi qushlari,
Toat polaponlari…

…O’lgan qushlar
Pati bilan
To’ldira boshladim tun yostig’ini

ChARLЬZ BUKOVSKI* BILAN XAYoLIY SUHBAT

Sigara uzat, janob Bukovski,
Yondirgich shartmas –
Hozir tushib keladi chaqmoq

Nigohlaring hayratin
Berkitolmay sarson
Peshonangda to’zg’igan sochlar

Faqat bir zumga kirdim
Ma’zur tutsin meni
Parda ortidagi sheriging

Daydi kuchuklar
Ergashdi izimdan –
Haydab sololmadim ularni

Ulash do’stlarimga
Qotgan non va
Kechagi sharobning ortganin

Kulbang devoriga
Yod bo’lib qolmish
Yengiltak ayollar hasrati

Ma’zur tut,
Bu muhitda lom-mim deyolmam,
Boshqa safar…

* Charlьz Bukovski (1920-1994) — AQShlik shoir

17.12.2021

***

Bir-birovni ayamaymiz hech,
Bundan zarra pushaymon ham yo’q.
So’zlar – go’yo qayralgan qilich,
Ko’zqarashlar – zaharlangan o’q.

Yuz o’girib bir-birimizdan,
Tuyg’ularni qilamiz xafa.
Shikastlangan izzati bilan
Hayron boqar birinchi daha.

O, daf’atan Quyosh nuridan
Asragancha xira ko’zimni…
Nechun endi yelkang ortida
Zirhlangandek sezmam o’zimni?

Yo’q menda sen izlagan huzur,
Men ham sendan topmam halovat.
Eskirgan ishq o’rnini mag’rur
Ishg’ol etmish yangi adovat.

Sen ham qara, ko’cha eshikni
Ikkilanmay berkitar surur.
“Biz yo’q qildik bir-birimizni,
Biz yo’q qildik, Xudoga shukur”*.

*Usmon Azim satri

12.04.2022

***
Bugun xo’p saxiyman
Odamlarga imkon bergum
Mendan ketishlari uchun

Qo’lidagi ulkan bog’lamdan
Bitta sharni
Ko’kka yo’llagan qizaloqday
Kulib kuzatgum ularni

Taslimot soatin “chiq-chiq”i
Har galgidek
Yuragimdamas,
Shuurimda boshlagay yangrab

Xush boring, odamlarim!
Mening
Kamyob tabassumim
Bo’lsin ayriliqlar sadqasi

21.04. 2022

EHTIYoJ

Bolarilar yolg’iz kuylayotgan
Aprelь karaokesida
Ilonlar raqs tushar

Mavsum hovlisida
Sandiroqlab yurar hakkalar

Ruhlar bog’chasiga jamlagay shamol
Og’ochlarning tushgan homilasini

Endi ularni allalaydigan odam kerak…

21.04.2022

***

Qadarda makonim yondi,
Qanotli imkonim yondi.
Ichimda osmonim yondi,
Ko’zimda dengizim kuydi.

Dovul olib uchdi so’zim,
Bulut berkitganda ko’zim.
Ohlaringdan o’n sakkizim,
O’tingdan o’ttizim kuydi.

Esh bo’lmadim hurlaringga,
Gul bo’lmadim yo’llaringda.
Oqqush bo’ldim ko’llaringda –
Nolam kuydi, bo’zim kuydi.

Qavmim unutdilar meni,
Chetlashib o’tdilar meni.
Chillaga tutdilar meni –
Musallongda tizim kuydi.

Insu jindan ketsam uzoq,
Hurlik ham goh qo’ydi tuzoq –
Qilqanotim yoyilgan choq
Ismsiz bir sezim kuydi.

Urchidilar qusurlarim,
Aralashdi fasllarim,
Bog’larda g’o’r yashillarim,
Qirlarda qirmizim kuydi.

Daxlsizlar makonida
Hajrning hur osmonida
Milyardlar kahkashonida
Kuymagan yulduzim kuydi.

“Men”im kuydi, “O’z”im kuydi…

21.04.2022

TONG OTAR

Tong otar
Malina iforli tong
Balьzak yoshidagi bari ayollar
Ko’cha supurishga oshiqar

Buzar mezon sokinligin
Supurgining
Yengil shovqini

Yoshlikning
Kiyik qadamlarila
Navnihollar o’ta boshlar –
Kelajak bahorlar!

O’tayotgan
Kunlar yuki
Og’irlashib borar xazon qoplariday
Balьzak yoshidagi ayollar yelkasida

17.10. 2021

***

Kuz
qayg’u homilasin
to’qson kun ko’tarib yurar

Hech kim
Unga boqmas xayrixoh
Nekbinlik qolmagan dunyoda

Tutib
Ozg’in qo’llaridan
O’tqizmaslar hordiq uchun

Qarg’alar
Tumshug’ida ketar
So’nggi mevalar

Bolalar
Terib olar
To’kilgan g’uddalarni

Och qolgan
Qayg’u homilasi
Tug’ilmoq imkonin boy berar yana

12.10. 2021

KUNGABOQAR

Kuz – malla Van Gog
Meni Kungaboqarga aylantirar
Kungaboqar boshi urug’lardan egilgandek
Boshim egiladi so’zlardan –
Quyoshga tik qarolmam ortiq.
Miyamda tinmay g’uvillagan ovoz
Gullagan Kungaboqar tegrasidagi
Bolari galasin eslatar
Kuz – qaysar Van Gog
Meni shu telbavash
Holatimda chizmoqni istar –
Shabba barmog’ila ko’rsataverar
Hovli chetidagi eski ko’zani

12.10.2021

***

Tomchi suvda
G’arq qilgandek chumolini
Kuz meni cho’ktirar o’zimga

So’zlashmay qo’yaman
Sirlashmay qo’yaman
Tosh bilan almashar unsurim

Quvonchlarim
Kayfiyat pillasida
Uzoooq uyquga ketar

Borliq ovozini tinglagum…
Poltergeyst* tiqirlar
Yaqinginada

Ko’nikaman unga
Nafasimning to’satdan
Siqib qolishiga ko’nikkandek

Kuz meni o’zimga cho’ktirar…
Ovora bo’lma
Inson qo’llariga inonmam ortiq
*shovqin soluvchi ruh

12.10.2021

032

(Tashriflar: umumiy 169, bugungi 1)

Izoh qoldiring