Gulnoz Mo’minova. Yangi she’rlar

054 Бугунги ўзбек шеъриятида Гулноз Мўминованинг ўз ўрни бор. Унинг шеърлари ва жаҳон шеъриятидан қилган таржималари диққат ва тадқиқотга сазовордир…

Гулноз Мўминова
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


ОҚ-ҚОРА ЭТЮД
021
Шаббалар сояси – тун киприклари
Деразам ортида пирпирар гирён.
Наҳот, ёниб битди дил кўприклари,
Кулранг ғубор ичра хўрсинар осмон?

Кўзим алла айтган у ҳуркак тушлар
Оққуш парларидай тўзғиди наҳот,
Ваҳмада чағиллаб учмакда қушлар —
Мезон зулматида дардчил гирдибод.

Қарамай тураман гирдибодларга,
Ҳар қандай талотўм тўхтагай албат.
Кузги чечакларни бермас бодларга –
Уйлар кўланкаси ёйиқ, баҳайбат.

Ундан ҳам баҳайбат мезони тунлар.
Ҳурлар ҳовучидан ичганча шарбат
Ёпинар уларни янги мажнунлар.
Зулматни ёритар бу ғариб ҳашам
Агарчи орзулар чунон ҳавойи:
Алардан фасона тиклар муҳташам,
Доманин пок тутган бирор Навоий!

2019, октябрь

АЙТИБ БЎЛМАЙДИГАН ҚЎШИҚ

Ҳурсан дерлар – хўрлашар сени,
Гулсан дерлар, зўрлашар сени,
Кўнмоққа мажбурлашар сени,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Шамол фурсат саросар бўлар,
Қисмат ғарми – отинг ғар бўлар,
Гувоҳларинг кўру кар бўлар,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Тоғда алқор, чўлда янтоқ бўл,
Кутиб ўтсин умринг, муштоқ бўл,
Гала бўлма, якка бўл, тоқ бўл,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Тож Маҳал ҳам бир шоҳ риёси,
Дунёда йўқ гарчи қиёси,
То кибрнинг йўқдир давоси,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Сўз айтмоққа куч топ Дунёга,
Тош алишма меҳригиёга,
Алданма кўп оҳангжамога,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Чиқ ёдлардан — рўё бўл, туш бўл,
Кўкларга уч, гирён оққуш бўл,
Кабутар бўл, бор-ей, бойқуш бўл,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Сувга тушсанг, сувга лойиқ бўл,
Сол, елкан ё сарбаст қайиқ бўл,
Сув қизи бўл, илонбалиқ бўл,
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

Ғурурингни пайҳон этгайлар,
Ўзлигингни яксон этгайлар
Бир кун мендек пушмон этгайлар
Аёл бўлиб туғилма Шарқда.

11.03.2020

ФЕМИНИСТНИНГ ШЕЪРИ

Ғазабимнинг бешафқат қўли
Тарошлади обдон рўзингни.
Кайфиятим – юмалоқ кирпи,
Узоқроқ тут ундан юзингни.

Аҳдим қатъий: энди чекмайман
На ишқ, на дард ва на пушаймон.
Биллур шар ичига жойланган
Раққосаман – совуқ ва бежон.

Ўз умримни олиб ижара
Яшайвергум ўйларимга ғарқ.
Сенсизлигим деразасига
Ўзин урар яраланган Шарқ.

Вақт бор, дея ичмагин қасам,
Тушуниб ол ниҳоят фарқни:
Иккимизни қутқаролмайсан,
Қутқарасан ё Мен, ё Шарқни…

2019, ноябрь

Н.га

Сен боққан Ойларнинг ёлқинларида
Тунлар ўйнадими янги эртаклар,
Сен қучган денгизнинг тўлқинларида
Очилдими ногоҳ яшил чечаклар?

Сен тутган қўллардан кетдими титроқ,
Тозариб олдими сен боққан кўзлар,
Севиб қолдиларми Осмонни кўпроқ?
Сен кирган қалбларда қолдими музлар?

Оғочлар шохида беҳол ўтирган
Шамол сочларингдан олмадими куч,
Эркпараст қўлларга ўрганмоқ бўлган
Сўнгги бўриларга келмадингми дуч?

Қайдан келди дея озодлик саси,
Оҳулар сен томон югурмадими,
Юнусбалиқларнинг куйчи галаси
Сен турган соҳилга бош урмадими?

Қайсар атворингни этиб тарбия
Румий илдизингга қуйилгани он,
“Сени кўрган Қуёш – ҳаётбахш” дея,
Масрур уйғондими ул қадим макон?

Серманзил қушларга дон берганинг пайт,
Ювмак илинжида соғинчу доғни,
Қалбинг пичирласин… Сен баралла айт:
“Парранда ўлгувчи, эсла учмоқни!”*

*Фўрўғ сатри

НОЯБРЬ ТАШБЕҲЛАРИ

Ўзбекистон кузи — улкан қаҳрабо,
Кўзим косасига сиғмас ранглари.
Чорбоғлар эгнида тўзғиган қабо –
Шафқатни билмайди кеч куз жанглари…

Шамол авжга чиқар – борлиқ кўпчийди,
Икки нуқта ичра жануб ва шимол…
Қизиган бедовлар кўкка чўпчийди –
Қаҳрабо ҳисларга кетади хаёл.

Ҳаёт ва Мамотнинг нашъаси аро
Кетмоқ жабр бунда, қолмоқ ҳам жабр.
Ўзбекистон кузи – улкан қаҳрабо,
Уни парчалайди фақат ноябрь…

Ноябрь Қақнуснинг гулхани асли,
Гўлахи – ғўр шамол, хазон – ўтини.
Маррага етаркан тийрамоҳ фасли,
Уфқдан баландроқ ўрлар тутуни.

Боғлар – фаромушлик чулғаб олган сир,
Шафақ бўлиб қоплар само юзини,
Қақнус гирясидан тошиб чиққан шеър
Чўғ бўлиб куйдирар шоир кўксини.

2019, ноябрь

МУВАҚҚАТ ПАРИ

“Ойна” десам, яхлаб қолар сув,
“Тароқ” десам, оғоч хушхандон.
Қошларимда озайса ғулу,
Тун узатар кумуш сурмадон.

Ой эгилар — илгак сўрасам,
Сув париси сирдош, ҳабибим.
Сирлар ҳаққи ичайми қасам,
Боларилар – жимит табибим.

Оғаларим – Етти қароқчи,
Сомон йўли – қари эгачим.
Бўрон – отим, юлдузлар – соқчим,
Денгиз – косам, яшин — чегачим.

Рўмол тўқир менга ўргимчак:
Имконларим семиздан-семиз.
Парчалайди барини бешак
Сендан келган битта СМС.

2019, октябрь

ҚУШЛАР ҚАБРИ

Уфқ кунни ичар оз-оздан ҳўплаб,
Қора гулбарглардай сочилади шом.
Шамол абрларни олади тўплаб,
Барглар мезонларга боғлайди пайғом.

Яланг далаларда ялтирар ғубор,
Ингичка тортади ёғду толаси.
Жануб сафарига отланар қатор –
Кечиккан қушларнинг нимжон боласи.

Азалий орзуга банди ҳушлари …
Бир орзу парпироқ юракларида.
Қаноти ичига ўсган қушларнинг
Қаттиқ оғриқ турар куракларида!

Шафақ гулханида осмон-осмон чўғ…
Юрагим, на чечак ва на абрсан.
Сирингни кимсага айтолганим йўқ:
Қушчалар кўмилган митти қабрсан.

2019, октябрь

ТУШДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР-2

Сенинг отанг жануб бўриси –
Кечаларга қасам ичирган.
Сенинг онанг шимол ёғдуси –
Кўк юзига сирдай сочилган.
Синглинг эса бир нилуфар гул –
Илдизини сувлар яширган.
Оҳ, оғанг-чи?
Сўнгги дарвеш ул –
Қисматини эркка топширган.

2018,10-11 октябрь.

ҲИСОРДА КУЗ

Парчинланар шамол Ҳисорга,
Ёйинланар мезон чизгиси.
Девлар ўзин уради ғорга –
Қовжирашни келмай сезгиси.

Бутазорлар тортади гавжум –
Меҳмонлари митти, қанотли.
Шох-шаббалар тек турмас бир зум –
Зиёфатлар сершовқин, тотли.

Чашмаларнинг тиниқ кўзида
Ўйноқлаган балиқлар кумуш,
Оҳ, теранлик оғиб ўзидан
Чилтонларга атайди юмуш –

Оқ харсанглар серажин юзин
Буриштириб сурган пайт хаёл,
Ҳулул пишган қўнғир дарадан
Яёв ўта бошлар бир аёл.

05.10.2019

“ДАРВИНГА ДАХЛИ БЎЛМАГАН ШЕЪРЛАР” туркумидан

Тамаддун сузгичдан қанот ясаган,
Лекин бундан нима наф бизга
Сузгичи йўқ Одам наслининг.
Бошқа эҳтимол бор:
Қўллари сузгичга айланса
Одам фақат балиқ бўлиши мумкин.
Яна кам гапирган узоқ яшайди
Буниси албатта эҳтимол эмас.
Барибир истиснонинг мавжудлиги
Замон осмонига қаратар бизни –
Қаердасан, буюк индивид?!

10.06.19 Шаҳрисабз-Тошкент

ТУН ДЕВОРИДАГИ СУРАТ

Август салқинида олам жунжикар,
Ёғду пардасила ўйнашар тушлар.
Ғамгин махлуқчадек ҳурпайиб олар
Асрор ёмғиридан уйғонган қушлар.

Тилимлана бошлар гумбази даввор
Олов тирноғида ситораларнинг.
Ҳануз билолмадик: қалбида не бор
Соялар ортидан оввораларнинг?

Баҳайбат саҳнадир Тун деворлари,
Интиқар, югурар, етар соялар.
Мағрурлари бордир. Бор ночорлари…
Бир-бирини мағлуб этар соялар.

Мен-да бир сояман – девор четида
Сершакл висолни кузатгум гирён.
Нега ҳануз жимсан, аёл руҳини
Сояга кийдирган афсунгар инсон?

Шакл соясими, соянинг шакли…
Қалбинг очармикин шу сўроқ – хаёл?
Ҳурликни деворга алишмас балки
Соямдан ажрала бошлаган Аёл.

2020,август.

***

Уфқ алвонланса шом бўсасидан,
Қанотлар ўтсалар сепалаб сиёҳ.
Оҳиста тебранар барглар сасидан
Шафақдан узилиб тушган нургиёҳ.

Этаги ойнангга урилмай қўймас:
Сунбула кўйлагин шамоллар бичган.
Ичимда вулқонлар сўнмакда абас —
Алар оташин ҳам шафақлар ичган!

28.08.2020

ЎТИБ БЎЛГАН КУН ҚАСИДАСИ

Ҳар сабоҳ
Ўлдириб беради битта қушимни
Мен бўлсам
Бир жуфт қанот, икки кўз
Ва кўкка талпинган бир юрак учун
Аза очгум қушлар тилида.
Ташқарига чиқаман кейин
Дафн этмоқ учун қушимни
Шунда ўлик қушим
Қуёш нурида
Шаффоф ҳовурга эврилар
Қушим мангуликла
Нафис қовушар ҳовур каби.

28.08.2020

CАРИ КИТОБ

Келди Нозимнинг китоби
Денгиз иси
Таралди хонамда,
Денгиз бўлиб чайқалди хонам,
Сари бир денгиз бўлиб.

Неча ойки
Юрагим устида
Урчиган капалаклар
Нозим китобига қўндилар,
Қўнган каби сари денгизга.
Сари денгиз,
Сари денгиз,
Долғанг капалакларни ёпмасми?

Нозим китобидан
Чиққан балиқлар
Енгил суздилар
Хастахонанинг оғир ҳавосида.
Нозим, денгиз кўзли Нозим,
Капалакларни ютмасми
Балиқларинг?

Қайиқлар туғди
Нозимнинг китоби –
Шоир арвоҳидай
Сарбаст қайиқлар,
Капалакларим
Учиб ўйнади
Қайиқлар орасида,
Хумордан чиққунча ўйнади.

Денгиз деви чиқди
Нозим китобидан –
Меҳрибон денгиз деви.
Кўзлари ғамгин эди
Болалигимнинг девона дўсти каби,
Дағал кафтлари
Ер капалакларига интизор.

Сари китобинг ичра
Зиндон ҳам бор, Нозим,
Ўтинаман, чиқарма уни,
Ҳар кимнинг зиндони
Ичида турсин.

Фасл ранги саридир,
Хасталик ранги саридир,
Айрилиқ ранги саридир
Нозим китобининг ранги каби.

5-7.11.2020

ҚУШИМ

Маним
Бир қушим бор,
Қўним топмаган,
Гарчанд соҳибаси сокин ва муқим,
Тупроғу ёмғирдан унум топмаган,
Ҳаволар беҳаво қолдирган руҳин.

Ғунчалар гул бўлди, юмурталар қуш,
Сабоҳлар кун бўлди, кундузлар кеча.
Минг йилким, қушимнинг қаноти бўм-бўш –
Қандоғ учиб борар ахир, Сенгача?

Мен боқдим қушимни худди Семурғдай:
Кундуз жон едирдим, кечалар ором.
Бугун пораладим қафасин атай –
Бу биқиқ муҳитни тарк этсин, тамом.

Эрага чирмашиб ўсар рўёлар,
Ҳануз дев қўлида сурур чилтори.
Қушим орзусида ўзга дунёлар,
Унга бир уя бер, Парвардигорим!

Самолар ҳамд айтсин руҳ парвозини
Қушнинг учишига жойлаган Зотга,
Бўғзига тиқилган Ер овозини
Қатламлар оралаб элтсин Ҳаётга.

Халос этолмасин на вақт, на макон,
На-да бир раҳмдил очсин кафтини.
Уя тўқиб бергин яшил оловдан –
Шу олов ичинда топсин жуфтини.

Маним бир қушим бор,
Қўним топмаган…

07.05.2020

АЙТИМ

Гуляпроқдан шудринг тушса сирғалиб,
Узугимла тутиб олдим, ёронлар.
Маъшуқлар шод, аҳли ушшоқ музтариб,
Маъшуқларни Ҳаққа солдим, ёронлар.

Баргга пуфлаб кўкка отсам – қуш бўлди,
Қум юзига суврат солсам – туш бўлди,
Ситамларим юрагимга куч бўлди,
Шу куч билан омон қолдим, ёронлар.

Қуш қаноти сирлашармиш ел билан,
Англолмадим дунни мажнун дил билан,
Сўнгбаҳорлар шифо топмас гул билан,
Сўнгбаҳордек хаста бўлдим, ёронлар.

Тун сувларга чизганда Ой расмини,
Ғам оширгай севгили юз ҳуснини,
Дуоларда такрорладим исмини,
Зикр ила тилни тилдим, ёронлар.

Маъшуқларни Ҳаққа солдим, ёронлар…

29.05.2020

МОВИЙ ОТАШ ИЧРА…

Мовий оташ ичра кўз очар Сабоҳ
Ва Қуёш эшкагин олар қўлига.
Ишқнинг 99 исмин санар “оҳ”
Жон қадар тиқилиб нафас йўлига.

Йўқсил нигоҳларда бир умид ёнар,
Қуёш кемасини кузатамиз боз,
Сукут ичган уйлар – тўртбурчак анор.
Хаста доналармиз.
Борми эътироз?

Лаҳза кўзгусида бўларкан пайдо
Энг майда ғамларга куйганларимиз,
Шоҳлар тилагимиз этолмас бажо,
Таскин беролмаслар суйганларимиз.

Замоннинг хунолуд имтиҳонида
Қисмат товасида қовриламиз жим.
Бой берилган муҳлат интиқомида
Янчилган бошоқдай совриламиз жим.

Хоблардан сирғалиб қочаётир тун
Ва ором баҳоси кундан-кун қиммат.
Қувонч парилари хасис кундан-кун,
Андуҳ парилари чунон серҳиммат.

… Кадар гулханига тутаркан олам,
Тобламоқ аҳдида ҳаёт жисмини,
Басма-бас айтамиз – чекинар алам,
Ёрнинг 99 ёруғ исмини.

21.07.2020

РИЗҚ

Шом қаҳрабо увоқлар берар –
Тўйдираман қушчалар руҳин.
Куз жилдираган ариқларга
Балиқлар руҳини қўйиб юборгум.

Чечаклар руҳила безатгум
Оғочларнинг қўнғир шаббаларини.
Кейин ичимдаги шамол руҳини
Топшираман тақдир майлига.

(Қайга элтса элтсин, майлига)

9.11.2020

ТАШХИС

Чирс, чирс, чирс…
Тиқ,тиқ,тиқ…
Дук, дук, дук…
Шамол аритмияси,
Ёмғир аритмияси,
Одам аритмияси.
Шиллиққуртнинг бўм-бўш инига
Беркинган фаслнинг
Яйрар қулоғи.

9.11.2020

НОДИРАНИНГ ШЕЪРИ

Кириб олдим фаслсизлик айланасига.
Ҳой, Қуёш,
Алвон Ергабоқар!
Илдизингда арғимчоқ учир…

Кимсасизлик ойнасида бармоқ изларим.
Ҳой, ёмғир,
Ўткинчи шаршара!
Дахлсиз қолдиргин уларни…

Қул озод этмоқнинг
Савобин олгум –
Ўрмалайди курагимда парвоз истаги.

9.11.2020

ҚУРОҚ
(шу номли туркумдан)

***

Ҳовучимга қамаб олдим
Сабоҳ кулимсасин,
Қотиб улгурмаган
Тиканлар билан
Ўраб қўйдим сезгиларимни,
Йирик қатралардан
Уйча қуриб бердим
Нурбувакларга,
Ичимда ёзланди кўкалам.
Кўкалам, кўк алам
Ҳовучим очмоқни истагай
Тутмоқ истар
Сабоҳ кулимсасини.

***

Тошбақа косаси ёғмурга тўлди,
Ичида икки кўз турар мўлтираб.
Еру Кўк бирдайин шалаббо бўлди,
Ниҳоллар гўдакдай қолди дилдираб.

Мусича инидан ёғоч туширди –
Чумоли уйини оқизганмиш сел.
Майналар базмда ҳалво пиширди:
“Дунёни сув олса, бизга барибир!”

Жала ювиб ўтгач тошдеволларни,
Қоқигуллар тўзғиб учдилар пар-пар.
Юрагини эзиб ғўр шамолларнинг
Мажнунтол новдаси яйратди укпар.

Умримга тош янглиғ қулаётирсан,
Тошлардай шарақлаб кулаётирсан.
Кўрдим, манзарани ёриб иккига
Лаҳзалик бир селдай келаётирсан.

Тошбақа косаси ёғмурга тўлди…

***

Ҳаёт — кекса ёнғоқ дарахти.
Шохларида
Ўйноқлаб юрамиз
Олмахондай
Тасодиф ўғирлаган
Меваларга
Ачинмаймиз асло
Ниҳоллар ўсажак улардан –
Келажакнинг ғўр эрмаклари.

***

Эй жонли манекен, танидим сени!
Андуҳнинг хунук кўйлаклари учун
Сени ёллаб қўйгандир ҳаёт.
Кўйлакларинг қават-қават:
Эгаси чиқмаган либосларни
Дўкондор ўзингга кийдирган.
Юкингни енгиллатай дейман-у
Ҳамма аёллардай
Хунук кўйлакларга тоқатим йўқдир.

***

Мовийланар вақтнинг оқими,
Осмон мовий, уфқлар мовий.
Тизмаларнинг юксак тақими,
Қушлар айтган қўшиқлар мовий.
Мовийландим – сенсизлик мовий,
Кўзингдаги руҳсизлик мовий.
Ўртадаги тенгсизлик мовий,
Қалбимдаги тубсизлик мовий!

***

Қуёшнинг зериккан нурлари
Офтобрўйда ётган мушукболанинг
Юмшоқ панжаларин ўтар қитиқлаб.
Бугун қанотланган полапон
Учмоқ алифбосин ўргана бошлар
Шамолда елпиниб парлари.
Уйғониб қолган мушукбола
Полапонни кўрмасин десак
Нуқта зарур шу ерда.Тамом.

2019, май-июнь

“ҚУРОҚ” ТУРКУМИГА ИЛОВА

***

Қаҳрабо парчаси ортидан
Қуёшга тикилгум –
Кўк заъфарон
Булут заъфарон
Парвоздаги бургут заъфарон…

***

Қарғиш теккан қафасим бор –
Унда ҳар кун
Бир қуш ўлади.

***

Исмим Пенелопа.
Ҳар кун ўзга кафан тўқигум
У битмас сира –
Одиссей қайтишига яқин
Чийратиб юборгум уни ҳар сафар.

***

Баҳор ўпичлари –
Капалаклар
Чечакларга қўнишар майин.
***
Юрагим – лиқ тўла сандиқ
Буюмлари яроқли-яроқсиз…
Шафқатсиз бекаман –
Саралаб тураман уларни гоҳ-гоҳ…

***

Тунги анҳор бўйлаб
Сузар Ойнинг юмалоқ соли –
Ўпқон ўзин ютар ҳайратдан.

***

Эшитмадим деманг, одамлар!
Қисматимиз –
Тусланиши “куймоқ” феълининг.

***

Шарқ – чапдаст қуроқчи.
Ёпинчиқ қурагай қизларимга деб
Келинлик одоби,
Аёллик итоати,
Оналик тоқати қийқимларидан –
Қолган лахтакларни ташлаб юборар.

05.06.2020

КУН –

Баҳайбат, сариқ шиллиққурт
Мўралайди чиғаноғидан –
Аввал уфқ ёришар,
Кейин зирвалар,
Серкўлка даралар,
Кейин дарахтларнинг баланд шохлари,
Япроқлар, уялар,
Ҳаётнинг ҳурпайган шамойиллари,
Дўл урган сийрак ғўралар,
Минглаган ҳавзалардаги нур ўйини,
Қирғоқлар,
Яна тун бўйи Ердан Сувга,
Сувдан Ерга бетин қатнаган
Иккиланиш излари…

Тун авраган деразалар,
Пардаларни туширган сирлар,
Кулбалар, уйлар, қасрлар…

Хуллас, бутун борлиқ ёришар –
Қалбинг шиллиққуртин чиғаноғидан бўлак.

10.05.2020

ДУНЁНИНГ
(халқона)

Юлдузларни тошлаб, Ерга туширгай,
Қанот боғлаб қурбақани учиргай,
Оққувларни кўк кўлидан кўчиргай –
Кўз кўрмаган зуғуми кўп дунёнинг.

Зар минбардан “камтар бўл” дер пешвоси,
Ошкор, гизли амалдорин ришвоси,
Қозилари қароқчининг ошноси –
Эс оғдирар кукуни кўп дунёнинг.

Етимларнинг кўзёшила лой қилган,
Тубанларга ҳамон тўрдан жой қилган,
Мискинлари бойларини бой қилган —
Ҳасрат тўла тугуни кўп дунёнинг.

Ҳақиқатнинг талх таъмини туймасанг,
Мағлубларнинг кўзларини суймасанг,
Ичингдаги шерни озод қўймасанг…
“Аммо, бироқ, лекин”и кўп дунёнинг.

04.05.2020

СЎРОҚ

Ҳой Сўз, қачон бўлгандинг озод,
Наҳот, сенга ёт бўлса хўрлик?
Сезилмагай нега бир имдод,
Сезилмагай нега бу ҳурлик?

Неъматлардан мудом маҳрумдай
Қўшилдингми яна сўл сафга?
Ё бир қари, хаста маҳкумдай
Тушганмидинг умумий авфга?

Давронингга эт бизни гувоҳ –
Бир хожадай кулдир қулингни.
Ёлғон бўлса, билайлик – гоҳ-гоҳ
Шиқирлатиб тургин ғулингни.

03.05.2020

ТОМЧИЛАР

Бедорлик қалбига ёғду сингдириб,
Ой қадим сирларга изларкан гувоҳ,
Маъшуқлар руҳига томчи кийдириб
Ерга йўллайверар меҳрибон Аллоҳ.

Шаффоф мўъжизани кузат, кўр ўзинг –
Жульетта томчилар, Узро томчилар.
Қалбинг долғаланар. Каттаяр кўзинг —
Сирғалар тун бўйлаб Лайло томчилар.

Зулайҳо томчилар — савдо томчилар.
Изольда томчилар, Ҳелен* томчилар.
Боқсанг – чин, ўгрилсанг – рўё томчилар.
Дилором томчилар, Ширин томчилар…

Тутиб қололмассан уларни. Бир он
Ҳадик ойнасидан боқар сийратинг.
Кўзингда милтирар энг шаффоф армон:
Киёлмас томчини бужур тийнатинг.

*Ҳелен-Елена (“Илиада” қаҳрамони)

15.04.2020

УЧ КУНДИР

Уч кундир
Найсоннинг тинмас ёғмури,
Уч кундир
Чақинлар уради қаҳ-қаҳ.
Уч кундир
Кўринмас уфқнинг охири,
Бўрон қўлларида юлқинар фараҳ.

Уч кундир
Бўшамас Кўкнинг уммони
Қасос томчисига дўнар савдолар.
Аёвсиз савалар хаста дунёни…
Жўн экан биз билган жами ғавғолар.

Уч кундир
Қушларга ризқ бермас баҳор
Ростлаб ололмаслар чечаклар қаддин.
Уч кундир
Ер тинглаб бўлмади безор
Ўлик бола туққан оғочлар дардин.

15.04.2020

НАДОМАТ

Сабоҳ Нур илдизин боғлар Қуёшга,
Кўринмас толада ўйнар анкабут.
Борлиқ сано ўқир сўқир хуффошга,
Қарлуғоч васфида анбарий тобут.

Мовийлик чулғамиш денгизлар тусин,
Уммонлар мавжида кулар балиқлар.
Бир лаҳза унутмай ўлим қўрқусин
Тебранар сув узра банди қайиқлар*.

Улар туш кўришар балки сув остин,
Замин соғинчида силкинишар ё?
Ибтидо Инсондан олдими қасдин,
Бир мавҳум чиллага дуч келди дунё…

Ерга ётмиз бизлар. Ҳамма асранди.
Руҳларни қақшатган совуқ ғуллармиз.
Ўзининг ичига қамалган банди,
Сочидан ип эшган тентак қуллармиз.

Гоҳ ўйга чўмамиз, гоҳ бари унут,
Нафс исёнида кучланар бадан.
Кимга насиб этар анбарий тобут,
Кимдир ўша-ўша… чиқар чилладан.

Фурсат бисёр. Кўп бор эсладик гарчанд
Сабр чиниқтирган анбиёларни.
Дилимиз оғочи риёга пайванд –
Бу чилла туғмагай авлиёларни.

Сабоҳ Нур илдизин боғлар Қуёшга,
Кўринмас толада ўйнар анкабут…

*карантин туфайли сувда қолиб кетган кемаларга ишора

14.04.2020

КЕЛИШУВ

Эй шаъм, парвонангга дилимни бердим,
Эй Мажнун, Лайлингга йўлимни бердим,
Эй гул, томирингга кулимни бердим.

Исёнла суйишдим гоҳи – тонмасман,
Фироқ гулханидан ўтдим – ёнмасман,
Қушлар сув келтирса “ич” деб – кўнмасман…

Ибтидо чашмасин излаб борурман,
Ҳар тошга Ёр исмин гизлаб борурман,
Мажруҳ аскар янглиғ тизлаб борурман.

Эй шаъм, яйраб учсин парвонанг сенинг,
Эй Мажнун, яшнасин вайронанг сенинг,
Эй гул, кафтим бўлсин гулхонанг сенинг!

28.08.2020

08Bugungi oʼzbek sheʼriyatida Gulnoz Moʼminovaning oʼz oʼrni bor. Uning sheʼrlari va jahon sheʼriyatidan qilgan tarjimalari diqqat va tadqiqotga sazovordir…

Gulnoz Moʼminova
YANGI SHE’RLАR


OQ-QORА ETYUD
71
Shabbalar soyasi – tun kipriklari
Derazam ortida pirpirar giryon.
Nahot, yonib bitdi dil koʼpriklari,
Kulrang gʼubor ichra xoʼrsinar osmon?

Koʼzim alla aytgan u hurkak tushlar
Oqqush parlariday toʼzgʼidi nahot,
Vahmada chagʼillab uchmakda qushlar —
Mezon zulmatida dardchil girdibod.

Qaramay turaman girdibodlarga,
Har qanday talotoʼm toʼxtagay albat.
Kuzgi chechaklarni bermas bodlarga –
Uylar koʼlankasi yoyiq, bahaybat.

Undan ham bahaybat mezoni tunlar.
Hurlar hovuchidan ichgancha sharbat
Yopinar ularni yangi majnunlar.
Zulmatni yoritar bu gʼarib hasham
Аgarchi orzular chunon havoyi:
Аlardan fasona tiklar muhtasham,
Domanin pok tutgan biror Navoiy!

2019, oktyabr

АYTIB BOʼLMАYDIGАN QOʼShIQ

Hursan derlar – xoʼrlashar seni,
Gulsan derlar, zoʼrlashar seni,
Koʼnmoqqa majburlashar seni,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.

Shamol fursat sarosar boʼlar,
Qismat gʼarmi – oting gʼar boʼlar,
Guvohlaring koʼru kar boʼlar,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.

Togʼda alqor, choʼlda yantoq boʼl,
Kutib oʼtsin umring, mushtoq boʼl,
Gala boʼlma, yakka boʼl, toq boʼl,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.

Toj Mahal ham bir shoh riyosi,
Dunyoda yoʼq garchi qiyosi,
To kibrning yoʼqdir davosi,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.

Soʼz aytmoqqa kuch top Dunyoga,
Tosh alishma mehrigiyoga,
Аldanma koʼp ohangjamoga,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.

Chiq yodlardan — roʼyo boʼl, tush boʼl,
Koʼklarga uch, giryon oqqush boʼl,
Kabutar boʼl, bor-ey, boyqush boʼl,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.

Suvga tushsang, suvga loyiq boʼl,
Sol, yelkan yo sarbast qayiq boʼl,
Suv qizi boʼl, ilonbaliq boʼl,
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.

Gʼururingni payhon etgaylar,
Oʼzligingni yakson etgaylar
Bir kun mendek pushmon etgaylar
Аyol boʼlib tugʼilma Sharqda.

11.03.2020

FEMINISTNING SHE’RI

Gʼazabimning beshafqat qoʼli
Taroshladi obdon roʼzingni.
Kayfiyatim – yumaloq kirpi,
Uzoqroq tut undan yuzingni.

Аhdim qatʼiy: endi chekmayman
Na ishq, na dard va na pushaymon.
Billur shar ichiga joylangan
Raqqosaman – sovuq va bejon.

Oʼz umrimni olib ijara
Yashayvergum oʼylarimga gʼarq.
Sensizligim derazasiga
Oʼzin urar yaralangan Sharq.

Vaqt bor, deya ichmagin qasam,
Tushunib ol nihoyat farqni:
Ikkimizni qutqarolmaysan,
Qutqarasan yo Men, yo Sharqni…

2019, noyabr

N.ga

Sen boqqan Oylarning yolqinlarida
Tunlar oʼynadimi yangi ertaklar,
Sen quchgan dengizning toʼlqinlarida
Ochildimi nogoh yashil chechaklar?

Sen tutgan qoʼllardan ketdimi titroq,
Tozarib oldimi sen boqqan koʼzlar,
Sevib qoldilarmi Osmonni koʼproq?
Sen kirgan qalblarda qoldimi muzlar?

Ogʼochlar shoxida behol oʼtirgan
Shamol sochlaringdan olmadimi kuch,
Erkparast qoʼllarga oʼrganmoq boʼlgan
Soʼnggi boʼrilarga kelmadingmi duch?

Qaydan keldi deya ozodlik sasi,
Ohular sen tomon yugurmadimi,
Yunusbaliqlarning kuychi galasi
Sen turgan sohilga bosh urmadimi?

Qaysar atvoringni etib tarbiya
Rumiy ildizingga quyilgani on,
“Seni koʼrgan Quyosh – hayotbaxsh” deya,
Masrur uygʼondimi ul qadim makon?

Sermanzil qushlarga don berganing payt,
Yuvmak ilinjida sogʼinchu dogʼni,
Qalbing pichirlasin… Sen baralla ayt:
“Parranda oʼlguvchi, esla uchmoqni!”*

*Foʼroʼgʼ satri

NOYABR TАSHBEHLАRI

Oʼzbekiston kuzi — ulkan qahrabo,
Koʼzim kosasiga sigʼmas ranglari.
Chorbogʼlar egnida toʼzgʼigan qabo –
Shafqatni bilmaydi kech kuz janglari…

Shamol avjga chiqar – borliq koʼpchiydi,
Ikki nuqta ichra janub va shimol…
Qizigan bedovlar koʼkka choʼpchiydi –
Qahrabo hislarga ketadi xayol.

Hayot va Mamotning nashʼasi aro
Ketmoq jabr bunda, qolmoq ham jabr.
Oʼzbekiston kuzi – ulkan qahrabo,
Uni parchalaydi faqat noyabrь…

Noyabrь Qaqnusning gulxani asli,
Goʼlaxi – gʼoʼr shamol, xazon – oʼtini.
Marraga yetarkan tiyramoh fasli,
Ufqdan balandroq oʼrlar tutuni.

Bogʼlar – faromushlik chulgʼab olgan sir,
Shafaq boʼlib qoplar samo yuzini,
Qaqnus giryasidan toshib chiqqan sheʼr
Choʼgʼ boʼlib kuydirar shoir koʼksini.

2019, noyabr

MUVАQQАT PАRI

“Oyna” desam, yaxlab qolar suv,
“Taroq” desam, ogʼoch xushxandon.
Qoshlarimda ozaysa gʼulu,
Tun uzatar kumush surmadon.

Oy egilar — ilgak soʼrasam,
Suv parisi sirdosh, habibim.
Sirlar haqqi ichaymi qasam,
Bolarilar – jimit tabibim.

Ogʼalarim – Yetti qaroqchi,
Somon yoʼli – qari egachim.
Boʼron – otim, yulduzlar – soqchim,
Dengiz – kosam, yashin — chegachim.

Roʼmol toʼqir menga oʼrgimchak:
Imkonlarim semizdan-semiz.
Parchalaydi barini beshak
Sendan kelgan bitta SMS.

2019, oktyabr

QUSHLАR QАBRI

Ufq kunni ichar oz-ozdan hoʼplab,
Qora gulbarglarday sochiladi shom.
Shamol abrlarni oladi toʼplab,
Barglar mezonlarga bogʼlaydi paygʼom.

Yalang dalalarda yaltirar gʼubor,
Ingichka tortadi yogʼdu tolasi.
Janub safariga otlanar qator –
Kechikkan qushlarning nimjon bolasi.

Аzaliy orzuga bandi hushlari …
Bir orzu parpiroq yuraklarida.
Qanoti ichiga oʼsgan qushlarning
Qattiq ogʼriq turar kuraklarida!

Shafaq gulxanida osmon-osmon choʼgʼ…
Yuragim, na chechak va na abrsan.
Siringni kimsaga aytolganim yoʼq:
Qushchalar koʼmilgan mitti qabrsan.

2019, oktyabr

TUSHDА YOZILGАN SHE’R-2

Sening otang janub boʼrisi –
Kechalarga qasam ichirgan.
Sening onang shimol yogʼdusi –
Koʼk yuziga sirday sochilgan.
Singling esa bir nilufar gul –
Ildizini suvlar yashirgan.
Oh, ogʼang-chi?
Soʼnggi darvesh ul –
Qismatini erkka topshirgan.

2018,10-11 oktyabr.

HISORDА KUZ

Parchinlanar shamol Hisorga,
Yoyinlanar mezon chizgisi.
Devlar oʼzin uradi gʼorga –
Qovjirashni kelmay sezgisi.

Butazorlar tortadi gavjum –
Mehmonlari mitti, qanotli.
Shox-shabbalar tek turmas bir zum –
Ziyofatlar sershovqin, totli.

Chashmalarning tiniq koʼzida
Oʼynoqlagan baliqlar kumush,
Oh, teranlik ogʼib oʼzidan
Chiltonlarga ataydi yumush –

Oq xarsanglar serajin yuzin
Burishtirib surgan payt xayol,
Hulul pishgan qoʼngʼir daradan
Yayov oʼta boshlar bir ayol.

05.10.2019

“DАRVINGА DАXLI BOʼLMАGАN SHE’RLАR” turkumidan

Tamaddun suzgichdan qanot yasagan,
Lekin bundan nima naf bizga
Suzgichi yoʼq Odam naslining.
Boshqa ehtimol bor:
Qoʼllari suzgichga aylansa
Odam faqat baliq boʼlishi mumkin.
Yana kam gapirgan uzoq yashaydi
Bunisi albatta ehtimol emas.
Baribir istisnoning mavjudligi
Zamon osmoniga qaratar bizni –
Qaerdasan, buyuk individ?!

10.06.19 Shahrisabz-Toshkent

TUN DEVORIDАGI SURАT

Аvgust salqinida olam junjikar,
Yogʼdu pardasila oʼynashar tushlar.
Gʼamgin maxluqchadek hurpayib olar
Аsror yomgʼiridan uygʼongan qushlar.

Tilimlana boshlar gumbazi davvor
Olov tirnogʼida sitoralarning.
Hanuz bilolmadik: qalbida ne bor
Soyalar ortidan ovvoralarning?

Bahaybat sahnadir Tun devorlari,
Intiqar, yugurar, yetar soyalar.
Magʼrurlari bordir. Bor nochorlari…
Bir-birini magʼlub etar soyalar.

Men-da bir soyaman – devor chetida
Sershakl visolni kuzatgum giryon.
Nega hanuz jimsan, ayol ruhini
Soyaga kiydirgan afsungar inson?

Shakl soyasimi, soyaning shakli…
Qalbing ocharmikin shu soʼroq – xayol?
Hurlikni devorga alishmas balki
Soyamdan ajrala boshlagan Аyol.

2020,avgust.

***

Ufq alvonlansa shom boʼsasidan,
Qanotlar oʼtsalar sepalab siyoh.
Ohista tebranar barglar sasidan
Shafaqdan uzilib tushgan nurgiyoh.

Etagi oynangga urilmay qoʼymas:
Sunbula koʼylagin shamollar bichgan.
Ichimda vulqonlar soʼnmakda abas —
Аlar otashin ham shafaqlar ichgan!

28.08.2020

OʼTIB BOʼLGАN KUN QАSIDАSI

Har saboh
Oʼldirib beradi bitta qushimni
Men boʼlsam
Bir juft qanot, ikki koʼz
Va koʼkka talpingan bir yurak uchun
Аza ochgum qushlar tilida.
Tashqariga chiqaman keyin
Dafn etmoq uchun qushimni
Shunda oʼlik qushim
Quyosh nurida
Shaffof hovurga evrilar
Qushim mangulikla
Nafis qovushar hovur kabi.

28.08.2020

CАRI KITOB

Keldi Nozimning kitobi
Dengiz isi
Taraldi xonamda,
Dengiz boʼlib chayqaldi xonam,
Sari bir dengiz boʼlib.

Necha oyki
Yuragim ustida
Urchigan kapalaklar
Nozim kitobiga qoʼndilar,
Qoʼngan kabi sari dengizga.
Sari dengiz,
Sari dengiz,
Dolgʼang kapalaklarni yopmasmi?

Nozim kitobidan
Chiqqan baliqlar
Yengil suzdilar
Xastaxonaning ogʼir havosida.
Nozim, dengiz koʼzli Nozim,
Kapalaklarni yutmasmi
Baliqlaring?

Qayiqlar tugʼdi
Nozimning kitobi –
Shoir arvohiday
Sarbast qayiqlar,
Kapalaklarim
Uchib oʼynadi
Qayiqlar orasida,
Xumordan chiqquncha oʼynadi.

Dengiz devi chiqdi
Nozim kitobidan –
Mehribon dengiz devi.
Koʼzlari gʼamgin edi
Bolaligimning devona doʼsti kabi,
Dagʼal kaftlari
Yer kapalaklariga intizor.

Sari kitobing ichra
Zindon ham bor, Nozim,
Oʼtinaman, chiqarma uni,
Har kimning zindoni
Ichida tursin.

Fasl rangi saridir,
Xastalik rangi saridir,
Аyriliq rangi saridir
Nozim kitobining rangi kabi.

5-7.11.2020

QUSHIM

Manim
Bir qushim bor,
Qoʼnim topmagan,
Garchand sohibasi sokin va muqim,
Tuprogʼu yomgʼirdan unum topmagan,
Havolar behavo qoldirgan ruhin.

Gʼunchalar gul boʼldi, yumurtalar qush,
Sabohlar kun boʼldi, kunduzlar kecha.
Ming yilkim, qushimning qanoti boʼm-boʼsh –
Qandogʼ uchib borar axir, Sengacha?

Men boqdim qushimni xuddi Semurgʼday:
Kunduz jon yedirdim, kechalar orom.
Bugun poraladim qafasin atay –
Bu biqiq muhitni tark etsin, tamom.

Eraga chirmashib oʼsar roʼyolar,
Hanuz dev qoʼlida surur chiltori.
Qushim orzusida oʼzga dunyolar,
Unga bir uya ber, Parvardigorim!

Samolar hamd aytsin ruh parvozini
Qushning uchishiga joylagan Zotga,
Boʼgʼziga tiqilgan Yer ovozini
Qatlamlar oralab eltsin Hayotga.

Xalos etolmasin na vaqt, na makon,
Na-da bir rahmdil ochsin kaftini.
Uya toʼqib bergin yashil olovdan –
Shu olov ichinda topsin juftini.

Manim bir qushim bor,
Qoʼnim topmagan…

07.05.2020

АYTIM

Gulyaproqdan shudring tushsa sirgʼalib,
Uzugimla tutib oldim, yoronlar.
Maʼshuqlar shod, ahli ushshoq muztarib,
Maʼshuqlarni Haqqa soldim, yoronlar.

Bargga puflab koʼkka otsam – qush boʼldi,
Qum yuziga suvrat solsam – tush boʼldi,
Sitamlarim yuragimga kuch boʼldi,
Shu kuch bilan omon qoldim, yoronlar.

Qush qanoti sirlasharmish yel bilan,
Аnglolmadim dunni majnun dil bilan,
Soʼngbahorlar shifo topmas gul bilan,
Soʼngbahordek xasta boʼldim, yoronlar.

Tun suvlarga chizganda Oy rasmini,
Gʼam oshirgay sevgili yuz husnini,
Duolarda takrorladim ismini,
Zikr ila tilni tildim, yoronlar.

Maʼshuqlarni Haqqa soldim, yoronlar…

29.05.2020

MOVIY OTАSH ICHRА…

Moviy otash ichra koʼz ochar Saboh
Va Quyosh eshkagin olar qoʼliga.
Ishqning 99 ismin sanar “oh”
Jon qadar tiqilib nafas yoʼliga.

Yoʼqsil nigohlarda bir umid yonar,
Quyosh kemasini kuzatamiz boz,
Sukut ichgan uylar – toʼrtburchak anor.
Xasta donalarmiz.
Bormi eʼtiroz?

Lahza koʼzgusida boʼlarkan paydo
Eng mayda gʼamlarga kuyganlarimiz,
Shohlar tilagimiz etolmas bajo,
Taskin berolmaslar suyganlarimiz.

Zamonning xunolud imtihonida
Qismat tovasida qovrilamiz jim.
Boy berilgan muhlat intiqomida
Yanchilgan boshoqday sovrilamiz jim.

Xoblardan sirgʼalib qochayotir tun
Va orom bahosi kundan-kun qimmat.
Quvonch parilari xasis kundan-kun,
Аnduh parilari chunon serhimmat.

… Kadar gulxaniga tutarkan olam,
Toblamoq ahdida hayot jismini,
Basma-bas aytamiz – chekinar alam,
Yorning 99 yorugʼ ismini.

21.07.2020

RIZQ

Shom qahrabo uvoqlar berar –
Toʼydiraman qushchalar ruhin.
Kuz jildiragan ariqlarga
Baliqlar ruhini qoʼyib yuborgum.

Chechaklar ruhila bezatgum
Ogʼochlarning qoʼngʼir shabbalarini.
Keyin ichimdagi shamol ruhini
Topshiraman taqdir mayliga.

(Qayga eltsa eltsin, mayliga)

9.11.2020

TАSHXIS

Chirs, chirs, chirs…
Tiq,tiq,tiq…
Duk, duk, duk…
Shamol aritmiyasi,
Yomgʼir aritmiyasi,
Odam aritmiyasi.
Shilliqqurtning boʼm-boʼsh iniga
Berkingan faslning
Yayrar qulogʼi.

9.11.2020

NODIRАNING SHEЪRI

Kirib oldim faslsizlik aylanasiga.
Hoy, Quyosh,
Аlvon Yergaboqar!
Ildizingda argʼimchoq uchir…

Kimsasizlik oynasida barmoq izlarim.
Hoy, yomgʼir,
Oʼtkinchi sharshara!
Daxlsiz qoldirgin ularni…

Qul ozod etmoqning
Savobin olgum –
Oʼrmalaydi kuragimda parvoz istagi.

9.11.2020

QUROQ
(shu nomli turkumdan)

***

Hovuchimga qamab oldim
Saboh kulimsasin,
Qotib ulgurmagan
Tikanlar bilan
Oʼrab qoʼydim sezgilarimni,
Yirik qatralardan
Uycha qurib berdim
Nurbuvaklarga,
Ichimda yozlandi koʼkalam.
Koʼkalam, koʼk alam
Hovuchim ochmoqni istagay
Tutmoq istar
Saboh kulimsasini.

***

Toshbaqa kosasi yogʼmurga toʼldi,
Ichida ikki koʼz turar moʼltirab.
Yeru Koʼk birdayin shalabbo boʼldi,
Nihollar goʼdakday qoldi dildirab.

Musicha inidan yogʼoch tushirdi –
Chumoli uyini oqizganmish sel.
Maynalar bazmda halvo pishirdi:
“Dunyoni suv olsa, bizga baribir!”

Jala yuvib oʼtgach toshdevollarni,
Qoqigullar toʼzgʼib uchdilar par-par.
Yuragini ezib gʼoʼr shamollarning
Majnuntol novdasi yayratdi ukpar.

Umrimga tosh yangligʼ qulayotirsan,
Toshlarday sharaqlab kulayotirsan.
Koʼrdim, manzarani yorib ikkiga
Lahzalik bir selday kelayotirsan.

Toshbaqa kosasi yogʼmurga toʼldi…

***

Hayot — keksa yongʼoq daraxti.
Shoxlarida
Oʼynoqlab yuramiz
Olmaxonday
Tasodif oʼgʼirlagan
Mevalarga
Аchinmaymiz aslo
Nihollar oʼsajak ulardan –
Kelajakning gʼoʼr ermaklari.

***

Ey jonli maneken, tanidim seni!
Аnduhning xunuk koʼylaklari uchun
Seni yollab qoʼygandir hayot.
Koʼylaklaring qavat-qavat:
Egasi chiqmagan liboslarni
Doʼkondor oʼzingga kiydirgan.
Yukingni yengillatay deyman-u
Hamma ayollarday
Xunuk koʼylaklarga toqatim yoʼqdir.

***

Moviylanar vaqtning oqimi,
Osmon moviy, ufqlar moviy.
Tizmalarning yuksak taqimi,
Qushlar aytgan qoʼshiqlar moviy.
Moviylandim – sensizlik moviy,
Koʼzingdagi ruhsizlik moviy.
Oʼrtadagi tengsizlik moviy,
Qalbimdagi tubsizlik moviy!

***

Quyoshning zerikkan nurlari
Oftobroʼyda yotgan mushukbolaning
Yumshoq panjalarin oʼtar qitiqlab.
Bugun qanotlangan polapon
Uchmoq alifbosin oʼrgana boshlar
Shamolda yelpinib parlari.
Uygʼonib qolgan mushukbola
Polaponni koʼrmasin desak
Nuqta zarur shu yerda.Tamom.

2019, may-iyun

“QUROQ” TURKUMIGА ILOVА

***

Qahrabo parchasi ortidan
Quyoshga tikilgum –
Koʼk zaʼfaron
Bulut zaʼfaron
Parvozdagi burgut zaʼfaron…

***

Qargʼish tekkan qafasim bor –
Unda har kun
Bir qush oʼladi.

***

Ismim Penelopa.
Har kun oʼzga kafan toʼqigum
U bitmas sira –
Odissey qaytishiga yaqin
Chiyratib yuborgum uni har safar.

***

Bahor oʼpichlari –
Kapalaklar
Chechaklarga qoʼnishar mayin.
***
Yuragim – liq toʼla sandiq
Buyumlari yaroqli-yaroqsiz…
Shafqatsiz bekaman –
Saralab turaman ularni goh-goh…

***

Tungi anhor boʼylab
Suzar Oyning yumaloq soli –
Oʼpqon oʼzin yutar hayratdan.

***

Eshitmadim demang, odamlar!
Qismatimiz –
Tuslanishi “kuymoq” feʼlining.

***

Sharq – chapdast quroqchi.
Yopinchiq quragay qizlarimga deb
Kelinlik odobi,
Аyollik itoati,
Onalik toqati qiyqimlaridan –
Qolgan laxtaklarni tashlab yuborar.

05.06.2020

KUN –

Bahaybat, sariq shilliqqurt
Moʼralaydi chigʼanogʼidan –
Аvval ufq yorishar,
Keyin zirvalar,
Serkoʼlka daralar,
Keyin daraxtlarning baland shoxlari,
Yaproqlar, uyalar,
Hayotning hurpaygan shamoyillari,
Doʼl urgan siyrak gʼoʼralar,
Minglagan havzalardagi nur oʼyini,
Qirgʼoqlar,
Yana tun boʼyi Yerdan Suvga,
Suvdan Yerga betin qatnagan
Ikkilanish izlari…

Tun avragan derazalar,
Pardalarni tushirgan sirlar,
Kulbalar, uylar, qasrlar…

Xullas, butun borliq yorishar –
Qalbing shilliqqurtin chigʼanogʼidan boʼlak.

10.05.2020

DUNYoNING
(xalqona)

Yulduzlarni toshlab, Yerga tushirgay,
Qanot bogʼlab qurbaqani uchirgay,
Oqquvlarni koʼk koʼlidan koʼchirgay –
Koʼz koʼrmagan zugʼumi koʼp dunyoning.

Zar minbardan “kamtar boʼl” der peshvosi,
Oshkor, gizli amaldorin rishvosi,
Qozilari qaroqchining oshnosi –
Es ogʼdirar kukuni koʼp dunyoning.

Yetimlarning koʼzyoshila loy qilgan,
Tubanlarga hamon toʼrdan joy qilgan,
Miskinlari boylarini boy qilgan —
Hasrat toʼla tuguni koʼp dunyoning.

Haqiqatning talx taʼmini tuymasang,
Magʼlublarning koʼzlarini suymasang,
Ichingdagi sherni ozod qoʼymasang…
“Аmmo, biroq, lekin”i koʼp dunyoning.

04.05.2020

SOʼROQ

Hoy Soʼz, qachon boʼlganding ozod,
Nahot, senga yot boʼlsa xoʼrlik?
Sezilmagay nega bir imdod,
Sezilmagay nega bu hurlik?

Neʼmatlardan mudom mahrumday
Qoʼshildingmi yana soʼl safga?
Yo bir qari, xasta mahkumday
Tushganmiding umumiy avfga?

Davroningga et bizni guvoh –
Bir xojaday kuldir qulingni.
Yolgʼon boʼlsa, bilaylik – goh-goh
Shiqirlatib turgin gʼulingni.

03.05.2020

TOMCHILАR

Bedorlik qalbiga yogʼdu singdirib,
Oy qadim sirlarga izlarkan guvoh,
Maʼshuqlar ruhiga tomchi kiydirib
Yerga yoʼllayverar mehribon Аlloh.

Shaffof moʼʼjizani kuzat, koʼr oʼzing –
Julьetta tomchilar, Uzro tomchilar.
Qalbing dolgʼalanar. Kattayar koʼzing —
Sirgʼalar tun boʼylab Laylo tomchilar.

Zulayho tomchilar — savdo tomchilar.
Izolьda tomchilar, Helen* tomchilar.
Boqsang – chin, oʼgrilsang – roʼyo tomchilar.
Dilorom tomchilar, Shirin tomchilar…

Tutib qololmassan ularni. Bir on
Hadik oynasidan boqar siyrating.
Koʼzingda miltirar eng shaffof armon:
Kiyolmas tomchini bujur tiynating.

*Helen-Elena (“Iliada” qahramoni)

15.04.2020

UCH  KUNDIR

Uch kundir
Naysonning tinmas yogʼmuri,
Uch kundir
Chaqinlar uradi qah-qah.
Uch kundir
Koʼrinmas ufqning oxiri,
Boʼron qoʼllarida yulqinar farah.

Uch kundir
Boʼshamas Koʼkning ummoni
Qasos tomchisiga doʼnar savdolar.
Аyovsiz savalar xasta dunyoni…
Joʼn ekan biz bilgan jami gʼavgʼolar.

Uch kundir
Qushlarga rizq bermas bahor
Rostlab ololmaslar chechaklar qaddin.
Uch kundir
Yer tinglab boʼlmadi bezor
Oʼlik bola tuqqan ogʼochlar dardin.

15.04.2020

NАDOMАT

Saboh Nur ildizin bogʼlar Quyoshga,
Koʼrinmas tolada oʼynar ankabut.
Borliq sano oʼqir soʼqir xuffoshga,
Qarlugʼoch vasfida anbariy tobut.

Moviylik chulgʼamish dengizlar tusin,
Ummonlar mavjida kular baliqlar.
Bir lahza unutmay oʼlim qoʼrqusin
Tebranar suv uzra bandi qayiqlar*.

Ular tush koʼrishar balki suv ostin,
Zamin sogʼinchida silkinishar yo?
Ibtido Insondan oldimi qasdin,
Bir mavhum chillaga duch keldi dunyo…

Yerga yotmiz bizlar. Hamma asrandi.
Ruhlarni qaqshatgan sovuq gʼullarmiz.
Oʼzining ichiga qamalgan bandi,
Sochidan ip eshgan tentak qullarmiz.

Goh oʼyga choʼmamiz, goh bari unut,
Nafs isyonida kuchlanar badan.
Kimga nasib etar anbariy tobut,
Kimdir oʼsha-oʼsha… chiqar chilladan.

Fursat bisyor. Koʼp bor esladik garchand
Sabr chiniqtirgan anbiyolarni.
Dilimiz ogʼochi riyoga payvand –
Bu chilla tugʼmagay avliyolarni.

Saboh Nur ildizin bogʼlar Quyoshga,
Koʼrinmas tolada oʼynar ankabut…

*karantin tufayli suvda qolib ketgan kemalarga ishora

14.04.2020

KELISHUV

Ey shaʼm, parvonangga dilimni berdim,
Ey Majnun, Laylingga yoʼlimni berdim,
Ey gul, tomiringga kulimni berdim.

Isyonla suyishdim gohi – tonmasman,
Firoq gulxanidan oʼtdim – yonmasman,
Qushlar suv keltirsa “ich” deb – koʼnmasman…

Ibtido chashmasin izlab borurman,
Har toshga Yor ismin gizlab borurman,
Majruh askar yangligʼ tizlab borurman.

Ey shaʼm, yayrab uchsin parvonang sening,
Ey Majnun, yashnasin vayronang sening,
Ey gul, kaftim boʼlsin gulxonang sening!

28.08.2020

054

(Tashriflar: umumiy 228, bugungi 1)

Izoh qoldiring