Saodat Fayziyeva. Yangi she’rlar

045 Саодат Файзиевадан янги шеърлар олиб, анча қувондим. Чунки унинг кутубхонамизда тақдим этилган шеърлари охирги марта 2 йилча аввал эълон қилинган эди. Мана шу орадан ўтган вақт ичида Саодат ҳаётида ўзгаришлар юз берди, табиий равишда бу ўзгаришлар унинг кейинги шеърларида аксини топган. Бу шеърларда ширин орзулар оғушида яшаган, шеърий эртаклар битган қизнинг эмас, ҳаётнинг машаққату шодлигини тотган, юраги фарзанд меҳридан ёришган онанинг, ўша олис эртакларини унутишни истамаган шоира юрагининг янги ҳистуйғулари билан суҳбатдош бўласиз.

Саодат қизим, бахтинг бутун бўлсин, сендан янги-янги шеърлар кутиб қоламан.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

Саодат ФАЙЗИЕВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


***
03
Баланд-баланд биноларнинг ҳайбатлари,
Тош кўчалар дилга солган ҳайратлари,
Совуқ кунда муз ялаган қўлларимга
Қаҳва тутган қўлларингнинг суратлари —
Ўтгани йўқ.

Саратонда олов тушмиш осмонимга,
Ёшбулоқдан янтоқ чиқмиш ёбонимга,
Оёқяланг чопган ерим майса бўлди,
Шунда ҳам хўб тикан кирмиш тобонимга —
Кетгани йўқ.

Мезон силар юзларимнинг ранги синиқ,
Ҳар хазондан тушар дилга янги синиқ,
Қадрлигим,дийдор отли дардватанда
Сен-у менинг ёзиғим бор осмон тиниқ —
Бўлгани йўқ.

Кўклам кўм-кўк имзо терди довонлардан,
Қоқигуллар рангин олди армонлардан,
Таскин бериб юрагимга босдим қўлим,
Бу дунёда ҳали ҳеч ким ҳижронлардан —
Ўлгани йўқ!

Умид гулим ўсмоқдадир —
Сўлгани йўқ!

* * *

Қорли кеча-совуқ ва ғамгин,
Шамолидан суяклар оғрир.
Пешонамга битилган ҳасрат —
Ёдинг билан яшамоқ…Оғир…

Эй Одамга ўгай девона,
Қадамингга боғланганми тош.
Юрагимни ўйиб юборди
Симоб бўлиб оқётган бардош.

Неча баҳор-кузлар ўтди-ю,
Ўтмади ҳеч сенинг ҳижронинг.
Хазонларга қоришиб кетди
Исмим билан ярашиқ номинг.

Булутларга эгизак кўзим
Ёмғир ясаб етди адоғга.
Ангишвона таққан кўнглимни
Санчиқларинг тўлдирди доғга.

Эриб борар тоқат шамлари,
Майдалашиб бормоқдадир ер.
Ё гулларга тўлдир бағримни,
Ё келмаслик хабарингни бер.

Яхшиси,кел…

* * *

Яшасанг, умрингга қўшилса
Ўнг қўлинг индамас савоблар.
Бисотни тўлдирса чин Ишқ-у
Ҳақ кунга асралган жавоблар.

Яшасанг, фарзандинг кўзингдан
Ўқиса ҳикматнинг нурини
Ва кўрса ибодат маҳали
Силқиган кўзёшнинг шўрини.

Яшасанг, настарин ифори
Таралган юракнинг ичида
Ва Уни ўйласанг тинмайин
Кунингнинг эрта-ю кечида.

Яшасанг, илдизи мустаҳкам-
Ичингда бир дарахт гулласа.
Сен ғофил пайтингда у ҳушёр —
Дуолар соғиниб чўлласа.

Яшасанг, тупроқдан ясалган
Вужудда нафсингни пичоқлаб.
Иймоннинг зарраси сочилган,
Бойлигинг-Кўнглингни қучоқлаб….

Яшасанг,яшасанг,шундай яшасанг…

* * *

Азизим,бу дунё бозорларида
Бахтини чақага олганлар қанча.
Ё дардин ичига мисқоллаб йиғиб
Сўнг қамиш қидириб қолганлар қанча.

Ой-ярми ейилмай қолган ширмойнон,
Кўк юзин кезади малика бўлиб.
Ўн беш кун ўтишин кутиб яшаймиз
Дилимиз ғусса-ю нажотга тўлиб.

Азизим, бир лаҳза қадрини сўра
Тилида калима, тани хастадан.
Сўнг асрлик мунгни туярсан қалбда
Дунёни йиғасан кўзга, ростанам.

Фалакнинг гардиши айланавериб
Бошини гангитар ожиз одамнинг.
Бахтли одам билан нима иши бор —
Кунлари зардали, кўзида намнинг.

Азизим, гулларга осилган шабнам,
Ювиб кетар бир кун кўздаги чангни.
Лек қандоқ қиламиз кўксимиздаги
Илдизи мустаҳкам, қорайган зангни?

Бисмиллоҳ, десаг-у, енгни шимариб,
Қафасдан чиқишга изласак имкон.
Уфқнинг қоронғу ранглари ичра
Адашиб қолмаймиз, сўзимга ишон.

Азизим,дарвешдек чўнтакка солиб
Улоқиб кетолсак барча ташвишдан.
Сўнг дилимиз мангу чўғланиб турар-
Унга севилиш-у,Уни севишдан!

* * *

Эй менинг пешонам исмин ўпган зот,
Кузватан кўнглингни олгани келдим.
Барча муз уюмин чиқариб ташлаб,
Сўнг унда абадий қолгани келдим.

Сен мени танийсан- ҳар кун йўлингга
Ёшларимни сепиб,супурдим ғусса.
Булутларни олдим қуёш йўлидан,
Зулматнинг сояси кўнглингни бузса.

Мен — ўша,тунлари тушингга кириб,
Уйғотган кўксингда яшар Одамни.
Ҳузурингни юлиб қабоқларингдан
Ўрнига жойлаган оловранг ғамни.

Эсладингми, севган китобингдаги
Кимсадан яширган сўлғин гулингман.
Қўлида ишқпараст кишанлари бор,
Кўнглингга сиғинган ожиз қулингман.

Сен мени биласан, тунлар ой бўлиб,
Узун суҳбат қурдим кўзларинг билан.
Менга қўлинг чўздинг ҳорғин умринг-у
Таслим бўлган йиғи-бўзларинг билан.

Мана,остонада турибман сокин,
Чанг босган эшикни очишинг кутиб.
Бармоғим куйдирган тирик жур‘ат ва
Майсага айланган юрагим тутиб!

* * *

Сенинг эртагингда яшамоқ гўзал —
Ҳар они бир неча асрларга тенг.
Нурли саҳифалар қўшмоқлик учун
Аста ҳозирланиб шимараман енг.

Мана — сенга ёққан энг гўзал фасл,
Баҳор — ўзинг каби хаёлчан,танти.
Кўнглинг кўпроқ завққа тўйинсин,дея
Озроқ ўғирладим февралнинг вақтин.

Ёмғир — теран қалбинг таржималари,
Осмондан қалбингга қуйилган нола.
Энди кўзларингдан томчи оқмайди
Мен кўк билан тузган битимга кўра.

Дарахтлар — ҳасратинг ёзмоққа қалам,
Майсалар юрагинг сингари юмшоқ.
Кел, энди оқ рангли дунёга ўтиб
Фақат ойдин ўйлар сурамиз кўпроқ.

Бу шовқин кўчалар, бу ғовур саслар,
Бу эзгин ҳаётга тортамиз чизиқ.
Ҳамма тош кўксларга қизил қаламда
Юракнинг шаклини қўямиз чизиб.

Фалак қўнғироғин оғир ипини
Икки қўллаб бирга тортамиз қаттиқ.
Жарангидан мудроқ кўзи очилиб
Қуёш нурин ерга қилади тортиқ.

Азизим,эртагинг тугамасин ҳеч,
Қалбимда сўйлайвер,эшитаман жим.
Мен сенда, сен менда бахтли яшасак,
Бизга ёмонликлар соғинмас ҳеч ким.

Сенинг эртагингда яшамоқ гўзал…..

* * *

Феврал, юрагингдан нелар ўтмоқда?
Ёмғирранг либосинг ярашган, ҳарир.
Март эшигинг қулфлаб хонанг ичидан
Муддатинг сўнгига ахтарар далил.

Куртаклар ичида асралган ҳаёт
Бармоғин чиқарар билдириб борин.
Булутлар ортидан намиққан кўз-ла
Қуёш ерга айтар яшил изҳорин.

Туннинг узун ҳукмин кесмоқчи бўлиб
Қайчилай бошлайди кундуз вақт ипин.
Бойчечак тошларни ташига йиғиб
Мақтана бошлайди кўрсатиб сепин.

Феврал, юпқалашди қишнинг кунлари,
Майсалар сойларга чўзди қўлини.
«Эсонлик-омонлик» шукроналари
Гулларга буркади мартнинг йўлини.

Забтига олгандай заминни осмон
Томчилар томчилаб қўяр юзимга.
Йигирма саккиз кун сендан сўрамай
Дардингни боғладим икки кўзимга.

Феврал, майли, кетмоқ фурсатинг етди,
Кўклам кириб келар навқирон,мағрур.
Биламан, сенга кўп ўрганиб қолдим,
Сенинг ҳам менингсиз юрагинг оғрир.

Бодом гулларидек нажотсиз елканг,
Ортмоқлаб олади бутун қиш юкин.
Бармоқларинг майин чалар янги куй
Ва бошлаб кетасан кўкламий рукн.

Феврал, энди етмас бардошим менинг,
Алвидо,хайрлар умримга ҳоким.
Жим оқиб кетавер ҳаётденгизда
Мен ҳам сенсизликка ўрганай токим.

Фақат сумалакка тош ташлаб кетгин,
Сўнг сўзсиз шивирла осмон рангида.
Келсанг, манзилимни аниқ биласан,
Калит эшикдаги намат тагида.

Феврал, юрагингдан нелар ўтмоқда?…

* * *

Мезон офтобига юзимни тутиб
Ёқимли елларни симираман жим.
Бу майда танимга сиғмай қолмоқда
Осмонларни ичда ухлатган севгим.

Бармоқларим шамол билан югуриб
Чалмоққа ошиқар ҳаёт куйини
Ва бизга қасдма-қасд бошланар кўкда
Томчиларнинг тиниқ жаранг ўйини.

Ойнада чизила бошланар умр —
Тепадан пастликка қараб қуйилар.
Менга эса шу дам дилимдаги нур
Боқийликка туташ бўлиб туюлар.

Кўнгилзорга элтиб қўяди ҳар кун
Илдам қадамларим қувиб бир-бирин.
Жуда ҳам чиройли ва ширин, асли
Тўрт девор ичида ўтётган умрим.

Финжондаги қайноқ қаҳва мисоли
Оташқалб кўзларим ичида сир бор.
Тилимда бойланиб ётган сўзимни,
Севгилим, нимага сўрмайсан бир бор?

Бахттаъм ифорларга тўлади дунё,
Наҳот, ҳаёт гўзал бўлса шунчалар?
Лабларимни майин силаб қўяди
Сенинг қўлларингга ўхшаш қўлчалар…..

* * *

Ёмғир кириб келди қалбим ичига
Раҳмат томчилари олди кўксимни.
Кўзларимни юмдим, бўлиб хотиржам
Уйқуюртга қамаб қўйдим ўзимни.

Туш демиш мўжиза бўлди-ю содир,
Ажиб бир водийга қўйдим қадамлар.
Атрофимда минглаб гуллар очилган
Ва бир-бирин сезмас анча одамлар.

Водийнинг энг юксак тоғи ичиндан
Зилол булоқ оқар экан кўлмакка.
Лек суви қўшилмай ўтиб кетаркан
Бутун экинларни забтга олмакка.

Бир чинор ўсаркан ўтлоқлар ичра,
Баргида қуёшнинг суратлари бор.
Шул чинорга қўлин теккизган одам
Бўлармиш бир умр яхшиликка ёр.

Ўйларим айланиб бошимда чунон
Қаерда эканим саволда қотди.
Уйқу эгаллаган ғофил қалбимни
Билолнинг чиройли саси уйғотди!

* * *

Сен жимгина кирдинг умримга —
На ҳаяжон , на- да бир титроқ.
Нигоҳингда муҳаббат эмас,
Умидсизлик бор эди кўпроқ.

Жии-ии-им термулдинг, осмон ҳаддини
Излаётган телба одамдай.
Мен бу ерлик эмаслигимни
Қайси журъатим билан айтай?

Ўгирилдим ва қанотимни
Ечиб бердим кабутарларга.
Бундан кейин ҳеч қандай ришта
Мени боғлаб турмас уларга.

Қўлларингга олдинг қўлимни
Ва ечилди асрлик тугун.
Эй ҳалимдил, нигоҳларимга
Сени банди айладим бугун.

…Айланди ой, айланди йиллар,
Менга маъюс қараб қолдинг жим.
Кўзларингда муҳаббат ҳамда
Кезиб юрар эди аллаким.

Қўлинг толиб, секин бўшатдинг,
Гўё тутқун бўлгандек озод.
Мен ўзимча билган дуони
Ич-ичимда айтавердим ёд.

«Хайр», яна «алвидо»,»хуш қол»-
Кўзларимга келмади йиғи.
Лек қалбимни тилиб бўлганди
Сўзларингнинг синиққан тиғи.

Кетаман, деб силжий олмадинг,
“Не синоат бўлди бу?” — дединг.
Оёқларинг илдизга дўниб
Сен дарахтга айланган эдинг!

Яна узоқ йиллар яшадик,
Мен ва менга соясиз дарахт.
Ҳалигача жавоб топмадим,
Бахтсизликми асли ёки бахт?…

УСМОН НОСИР НИДОСИ

Эй менинг дардимга дардкашим,девор,
Кўнглингдан бўйингни баланд қилмишлар.
Тилинг йўқлигини билган пасткашлар,
Қулоғинг борини қайдан билмишлар.

Тўлиб оқаётир томирда ҳасрат,
Мунг бўлиб эшилар танам ичида.
Менинг юрагимни кўтарган кўксим,
Умрим тугагунча озгина чида.

Эй қия тешикдан термулган шуъла,
Кўзимнинг нурини қаттиқроқ сақла.
Мен ҳақ деб яшадим ўпкам тўлдириб
Ва мени кўмишар шу ожиз ҳақ-ла.

Мендан кимлигимни сўрама, эшик,
Қорда шам кўтариб йўлга чиққанман.
Озгина умримда қанча дард бўлса,
Барини кўзимга суриб йиғганман.

Эй ҳақиқат рангин ёпинган қайин,
Осмонга етганда эслагин мени.
Қанча миллатдошим соянгда мудрар
Кўзи очиқ, аммо чиқмайин уни.

Шамол, савол берма,тилларим дудуқ,
Ҳавоси бор шеърлар энди ёруғ туш.
Озодлик, дейсанми, эй телба шамол,
Озодлик — мушукка тушлик бўлган қуш.

* * *

Гулноз Мўминовага

Опажон, кўнглимда оғир кузлар бор,
Хазони қадамим юргизмай қўйган.
Тилимга чиқмаган қанча сўзлар бор —
Елвизак тушимни тескари йўйган.

Бу улкан дунёда митти танимни
Судраб бораётир ичимдаги шаън.
Кунимни сўзларга омонат бериб
Умримни индамай яшаб ўтаман.

Бахт нима, опажон, кўрганмисиз ҳеч,
Унинг ҳам юзида кулгичи борми?
Ё у ҳам биз каби ўзида яшаб
Ҳар куни ўзини топмоққа зорми?

Билмадим, қай вақтда алмашар фасл,
Мен абад қондошман сокин куз билан.
Бу телба соатлар ҳисоблашарми
Қай томон юришин мен-у сиз билан.

Саодат асридан қолиб кетган мунг
Куй бўлиб киради ишқли танимга.
Жилмайиб дилшакл барглар тўкилар
Ҳайбатли сап-сариқ кузватанимга.

Опа, бўронлардан чўчимай яшанг,
Ундан сўнг мумкиндир қолмоқлик омон.
Лек жонни ваҳима ичра қолдирар —
Бўрондан бурунги сукунат ёмон.

Сизга тилайдиган собит тилагим:
Дуога яхшилик номини тўшанг.
Ўхшасам, бир сизга ўхшаб юрайин,
Кўнгилда яшанг сиз, кўнгилда яшанг!

* * *

Шеърсиз кунлар, шеърсиз кунлар, шеърсиз кунлар,
Ниҳоясин кутиб юрган тенгсиз кунлар.
Мен кўнглимни оқ қоғозга тўкай, десам,
Юмуш бўлиб илҳомимни ейсиз, кунлар.

Шеърсиз кунлар, елкаларим суяб қўйинг,
Ҳисларимни тилмас, дилда олиб юрай.
Ҳеч бўлмаса, бир кунгина аянг мени,
Ёзмасам ҳам,ўқиб-ўқиб шеърга тўяй.

Шеърсиз кунлар, чой тайёрлаб саҳарлари,
Тушда овқат қилиб қўйинг ўчоқ ёқиб.
Саранжомлаб уйнинг барча хонасини,
Бахтга чўминг қизимнинг кўзига боқиб.

Ширинликни хуш кўради уйда ҳамма,
Нон ҳам ёпинг совимасдан тандир чўғи.
Ем-хашакка қараб қўйинг,кейин эса
Кечга палов дамласангиз-шу бор-йўғи.

Шеърсиз кунлар, идишларни ювиб бўлгач,
Вақтни сарфланг ойқизимни ўйнатишга.
Чарчамаса, тунни ярим қилиб қўяр —
Уч-тўрт соат вақт кетади ухлатишга.

Шеърсиз кунлар, кўзни юмиб ором олинг,
Тонглар тезда отиб қолар кўксингиздан.
Уйқуга тўймаган кўзлар азоб берса,
Сўнг ўпкалаб юрасиз-а ўзингиздан.

Шеърсиз кунлар,шеърсиз кунлар, шеърсиз кунлар,
Ниҳоясин кутиб юрган тенгсиз кунлар.
Мен кўнглимни оқ қоғозга тўкай, десам,
Юмуш бўлиб илҳомимни ейсиз,кунлар.

* * *

Пар булут забтига олар осмонни,
Ғунчалар юзида ўйнайди кулгу.
Майсада титрайди омонат кўзёш —
Дунёда энг гўзал лаҳзамикан шу?

Тонгларнинг саломин тунларга ташир
Қушларнинг кўзида кўринмас уйқу.
Қўл чўзсанг, патлари жунжикиб кетар —
Дунёда энг гўзал лаҳзамикан шу?

Саловат айтади кўксин тўлдириб
Мўминнинг бошида кўринар ёғду.
Бир суянч тилайди қалби юпунга-
Дунёда энг гўзал лаҳзамикан шу?

* * *

Осмоннинг қовоғи солинган бугун,
Деразамни чертар девона шамол.
Қалдироқ овозин эшитиб нохос
Бошимдан сирғалиб тушади рўмол.

Ой ҳам йўқ, билмадим, қайга беркинган,
Дарахтлар шовуллаб чалар ажиб мунг.
Новдада қушчалар жумишиб олиб
Куйнинг оҳангига йиғлайди ҳўнг-ҳўнг.

Тунни ёритади шафтоли гули —
Атрофга сочилган анвойи ифор.
Булутнинг чимрилган нигоҳларида,
Бир ўзи билади, яна не сир бор.

Ойнадан боқаман — юрагим тўлиб,
Ичкари кўксимни сиқади ғоят.
Ташқарида эса менга индамай
Ёмғир ўз тилида ўқийди оят.

* * *

Қушларнинг кўзида намчил нигоҳлар,
Майсалар тебранар — инжиқ, зардали.
Тўкилган гулига мотам тутади
Шохлари қақшаган қари зардоли.

Апрел, не қасдингни олмоқдасан сен
Боғларга телбавор шамолинг йўллаб?
Қай юрак ўтини сўндириб бунда
Навниҳол новдалар ерга босар лаб?

Гулдурак эгаллаб фалак гардини
Заминга ёш қилиб тўкмоқдасан сен.
Бобомнинг юзини силаган толлар
Белини қайириб букмоқдасан сен!

Елкаси силкиниб-силкиниб йиғлар
Гуллари тупроққа қоришга дарахт.
Апрел, шунча дилни кўмиб андуҳга,
Топганинг қандайин татийдиган бахт?!

Бўлди, бас, боғларни тинч қўй,тўхтагин,
Қуламасин бобом эккан тераклар.
Эвазига бутун хаёлотим-у
Дунёмни тутайин сенга юраклаб.

Апрел, не қасдингни олмоқдасан сен?

* * *

Тун — умрни алдаб олгувчи каззоб,
Ой – кўкси тилинган инжиқ малика.
Юлдузлардан безаб ажиб соябон,
Кўнглимни суяй,деб ахтарар елка.

Шамол — руҳи уйғоқ, вужудсиз далли —
Хазонлардан ясар дарвеш тўнини.
Шовуллаган боғлар аро югуриб
Юлади тақвимдан эски кунини.

Кўклам — кузумримга ҳавойи таскин,
Ишонтирмоқ бўлар рўё тушларга.
Сўнг умидим бўлиб-бўлиб беради
Манзилини билмай учар қушларга.

Сукунат — тилини тишлаган гўдак,
Кўзларимни тинглаб ўтирар бесас.
Бу ёруғ оламда менга теггани —
Бир уюм китоб-у, ёлғизлик — қафас.

Азизим, теграмда шунча дардкашим,
Ҳаммаси ўзимдек бемакон,совуқ.
Ғамлардан йиғилган гулхан ўтини
Ёқишга ҳавасманд биргина сен йўқ!

ОСМОННИНГ УЙИ ҲАҚИДА ЭРТАК

Осмоннинг уйига элтаман, дединг,
Мен чиндан эътиқод боғладим сенга.
Меҳр-ла боққанда жоду кўзларинг
Ўзимни йўқотиб қўяман нега?

Икковлашиб йўлга отландик жадал,
Худди биздан қўрқар бутун ваҳимот.
Қўлларингга ногоҳ туташса қўлим
Бутунлай ўзгариб кетарди ҳаёт.

Йўлда мени асраб бало-қазодан
Қоработирларнинг боғладинг тилин.
Толиққан кўзларинг юмилган чоғда
Кўз узмай кузатдим сени, севгилим.

Осмоннинг уйига элтаман, дединг,
Толиқса толиқсин, нимжон қадамим.
Ахир, мен сен билан бир йўлга чиқдим,
Ёлғонни билмаган, содда Одамим!

Йўлларда синалди бу телба диллар
Ва теран назарга тўйинди кўзим.
Орзумдан каттароқ бахтни топдим, сўнг
Йўлни тугатмоқни истадим ўзим.

Севгилим, чарчатди сарҳадсиз сўқмоқ,
Яшашни тўхтатгум гумонларингда.
Мен арқон ташладим юрагинг томон
Ва бахтга чўмилдим осмонларингда.

Осмоннинг уйига элтаман,дединг,
Осмонни беркитиб кўнглинг ичига….

056 Saodat Fayziyevadan yangi she’rlar olib, ancha quvondim. Chunki uning kutubxonamizda taqdim etilgan she’rlari oxirgi marta 2 yilcha avval e’lon qilingan edi. Mana shu oradan o’tgan vaqt ichida Saodat hayotida o’zgarishlar yuz berdi, tabiiy ravishda bu o’zgarishlar uning keyingi she’rlarida aksini topgan. Bu she’rlarda shirin orzular og’ushida yashagan, she’riy ertaklar bitgan qizning emas, hayotning mashaqqatu shodligini totgan, yuragi farzand mehridan yorishgan onaning, o’sha olis ertaklarini unutishni istamagan shoirayuragining yangi histuyg’ulari bilan suhbatdosh bo’lasiz.
Saodat qizim, baxting butun bo’lsin, sendan yangi-yangi she’rlar kutib qolaman.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

Saodat FAYZIYEVA
YANGI SHE’RLAR


Saodat Fayziyeva 1992-yil 11-iyulda Buxoro viloyati Olot tumanida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy universitetining o’zbek filologiyasi fakultetida tahsil olgan. She’rlari va maqolalari matbuotda chop etilgan.


* * *

Baland-baland binolarning haybatlari,
Tosh ko’chalar dilga solgan hayratlari,
Sovuq kunda muz yalagan qo’llarimga
Qahva tutgan qo’llaringning suratlari —
O’tgani yo’q.

Saratonda olov tushmish osmonimga,
Yoshbuloqdan yantoq chiqmish yobonimga,
Oyoqyalang chopgan yerim maysa bo’ldi,
Shunda ham xo’b tikan kirmish tobonimga —
Ketgani yo’q.

Mezon silar yuzlarimning rangi siniq,
Har xazondan tushar dilga yangi siniq,
Qadrligim,diydor otli dardvatanda
Sen-u mening yozig’im bor osmon tiniq —
Bo’lgani yo’q.

Ko’klam ko’m-ko’k imzo terdi dovonlardan,
Qoqigullar rangin oldi armonlardan,
Taskin berib yuragimga bosdim qo’lim,
Bu dunyoda hali hech kim hijronlardan —
O’lgani yo’q!

Umid gulim o’smoqdadir —
So’lgani yo’q!

* * *

Qorli kecha-sovuq va g’amgin,
Shamolidan suyaklar og’rir.
Peshonamga bitilgan hasrat —
Yoding bilan yashamoq…Og’ir…

Ey Odamga o’gay devona,
Qadamingga bog’langanmi tosh.
Yuragimni o’yib yubordi
Simob bo’lib oqyotgan bardosh.

Necha bahor-kuzlar o’tdi-yu,
O’tmadi hech sening hijroning.
Xazonlarga qorishib ketdi
Ismim bilan yarashiq noming.

Bulutlarga egizak ko’zim
Yomg’ir yasab yetdi adog’ga.
Angishvona taqqan ko’nglimni
Sanchiqlaring to’ldirdi dog’ga.

Erib borar toqat shamlari,
Maydalashib bormoqdadir yer.
Yo gullarga to’ldir bag’rimni,
Yo kelmaslik xabaringni ber.

Yaxshisi,kel…

* * *

Yashasang, umringga qo’shilsa
O’ng qo’ling indamas savoblar.
Bisotni to’ldirsa chin Ishq-u
Haq kunga asralgan javoblar.

Yashasang, farzanding ko’zingdan
O’qisa hikmatning nurini
Va ko’rsa ibodat mahali
Silqigan ko’zyoshning sho’rini.

Yashasang, nastarin ifori
Taralgan yurakning ichida
Va Uni o’ylasang tinmayin
Kuningning erta-yu kechida.

Yashasang, ildizi mustahkam-
Ichingda bir daraxt gullasa.
Sen g’ofil paytingda u hushyor —
Duolar sog’inib cho’llasa.

Yashasang, tuproqdan yasalgan
Vujudda nafsingni pichoqlab.
Iymonning zarrasi sochilgan,
Boyliging-Ko’nglingni quchoqlab….

Yashasang,yashasang,shunday yashasang…

* * *

Azizim,bu dunyo bozorlarida
Baxtini chaqaga olganlar qancha.
Yo dardin ichiga misqollab yig’ib
So’ng qamish qidirib qolganlar qancha.

Oy-yarmi yeyilmay qolgan shirmoynon,
Ko’k yuzin kezadi malika bo’lib.
O’n besh kun o’tishin kutib yashaymiz
Dilimiz g’ussa-yu najotga to’lib.

Azizim, bir lahza qadrini so’ra
Tilida kalima, tani xastadan.
So’ng asrlik mungni tuyarsan qalbda
Dunyoni yig’asan ko’zga, rostanam.

Falakning gardishi aylanaverib
Boshini gangitar ojiz odamning.
Baxtli odam bilan nima ishi bor —
Kunlari zardali, ko’zida namning.

Azizim, gullarga osilgan shabnam,
Yuvib ketar bir kun ko’zdagi changni.
Lek qandoq qilamiz ko’ksimizdagi
Ildizi mustahkam, qoraygan zangni?

Bismilloh, desag-u, yengni shimarib,
Qafasdan chiqishga izlasak imkon.
Ufqning qorong’u ranglari ichra
Adashib qolmaymiz, so’zimga ishon.

Azizim,darveshdek cho’ntakka solib
Uloqib ketolsak barcha tashvishdan.
So’ng dilimiz mangu cho’g’lanib turar-
Unga sevilish-u,Uni sevishdan!

* * *

Ey mening peshonam ismin o’pgan zot,
Kuzvatan ko’nglingni olgani keldim.
Barcha muz uyumin chiqarib tashlab,
So’ng unda abadiy qolgani keldim.

Sen meni taniysan- har kun yo’lingga
Yoshlarimni sepib,supurdim g’ussa.
Bulutlarni oldim quyosh yo’lidan,
Zulmatning soyasi ko’nglingni buzsa.

Men — o’sha,tunlari tushingga kirib,
Uyg’otgan ko’ksingda yashar Odamni.
Huzuringni yulib qaboqlaringdan
O’rniga joylagan olovrang g’amni.

Esladingmi, sevgan kitobingdagi
Kimsadan yashirgan so’lg’in gulingman.
Qo’lida ishqparast kishanlari bor,
Ko’nglingga sig’ingan ojiz qulingman.

Sen meni bilasan, tunlar oy bo’lib,
Uzun suhbat qurdim ko’zlaring bilan.
Menga qo’ling cho’zding horg’in umring-u
Taslim bo’lgan yig’i-bo’zlaring bilan.

Mana,ostonada turibman sokin,
Chang bosgan eshikni ochishing kutib.
Barmog’im kuydirgan tirik jur‘at va
Maysaga aylangan yuragim tutib!

* * *

Sening ertagingda yashamoq go’zal —
Har oni bir necha asrlarga teng.
Nurli sahifalar qo’shmoqlik uchun
Asta hozirlanib shimaraman yeng.

Mana — senga yoqqan eng go’zal fasl,
Bahor — o’zing kabi xayolchan,tanti.
Ko’ngling ko’proq zavqqa to’yinsin,deya
Ozroq o’g’irladim fevralning vaqtin.

Yomg’ir — teran qalbing tarjimalari,
Osmondan qalbingga quyilgan nola.
Endi ko’zlaringdan tomchi oqmaydi
Men ko’k bilan tuzgan bitimga ko’ra.

Daraxtlar — hasrating yozmoqqa qalam,
Maysalar yuraging singari yumshoq.
Kel, endi oq rangli dunyoga o’tib
Faqat oydin o’ylar suramiz ko’proq.

Bu shovqin ko’chalar, bu g’ovur saslar,
Bu ezgin hayotga tortamiz chiziq.
Hamma tosh ko’kslarga qizil qalamda
Yurakning shaklini qo’yamiz chizib.

Falak qo’ng’irog’in og’ir ipini
Ikki qo’llab birga tortamiz qattiq.
Jarangidan mudroq ko’zi ochilib
Quyosh nurin yerga qiladi tortiq.

Azizim,ertaging tugamasin hech,
Qalbimda so’ylayver,eshitaman jim.
Men senda, sen menda baxtli yashasak,
Bizga yomonliklar sog’inmas hech kim.

Sening ertagingda yashamoq go’zal…..

* * *

Fevral, yuragingdan nelar o’tmoqda?
Yomg’irrang libosing yarashgan, harir.
Mart eshiging qulflab xonang ichidan
Muddating so’ngiga axtarar dalil.

Kurtaklar ichida asralgan hayot
Barmog’in chiqarar bildirib borin.
Bulutlar ortidan namiqqan ko’z-la
Quyosh yerga aytar yashil izhorin.

Tunning uzun hukmin kesmoqchi bo’lib
Qaychilay boshlaydi kunduz vaqt ipin.
Boychechak toshlarni tashiga yig’ib
Maqtana boshlaydi ko’rsatib sepin.

Fevral, yupqalashdi qishning kunlari,
Maysalar soylarga cho’zdi qo’lini.
«Esonlik-omonlik» shukronalari
Gullarga burkadi martning yo’lini.

Zabtiga olganday zaminni osmon
Tomchilar tomchilab qo’yar yuzimga.
Yigirma sakkiz kun sendan so’ramay
Dardingni bog’ladim ikki ko’zimga.

Fevral, mayli, ketmoq fursating yetdi,
Ko’klam kirib kelar navqiron,mag’rur.
Bilaman, senga ko’p o’rganib qoldim,
Sening ham meningsiz yuraging og’rir.

Bodom gullaridek najotsiz yelkang,
Ortmoqlab oladi butun qish yukin.
Barmoqlaring mayin chalar yangi kuy
Va boshlab ketasan ko’klamiy rukn.

Fevral, endi yetmas bardoshim mening,
Alvido,xayrlar umrimga hokim.
Jim oqib ketaver hayotdengizda
Men ham sensizlikka o’rganay tokim.

Faqat sumalakka tosh tashlab ketgin,
So’ng so’zsiz shivirla osmon rangida.
Kelsang, manzilimni aniq bilasan,
Kalit eshikdagi namat tagida.

Fevral, yuragingdan nelar o’tmoqda?…

* * *

Mezon oftobiga yuzimni tutib
Yoqimli yellarni simiraman jim.
Bu mayda tanimga sig’may qolmoqda
Osmonlarni ichda uxlatgan sevgim.

Barmoqlarim shamol bilan yugurib
Chalmoqqa oshiqar hayot kuyini
Va bizga qasdma-qasd boshlanar ko’kda
Tomchilarning tiniq jarang o’yini.

Oynada chizila boshlanar umr —
Tepadan pastlikka qarab quyilar.
Menga esa shu dam dilimdagi nur
Boqiylikka tutash bo’lib tuyular.

Ko’ngilzorga eltib qo’yadi har kun
Ildam qadamlarim quvib bir-birin.
Juda ham chiroyli va shirin, asli
To’rt devor ichida o’tyotgan umrim.

Finjondagi qaynoq qahva misoli
Otashqalb ko’zlarim ichida sir bor.
Tilimda boylanib yotgan so’zimni,
Sevgilim, nimaga so’rmaysan bir bor?

Baxtta’m iforlarga to’ladi dunyo,
Nahot, hayot go’zal bo’lsa shunchalar?
Lablarimni mayin silab qo’yadi
Sening qo’llaringga o’xshash qo’lchalar…..

* * *

Yomg’ir kirib keldi qalbim ichiga
Rahmat tomchilari oldi ko’ksimni.
Ko’zlarimni yumdim, bo’lib xotirjam
Uyquyurtga qamab qo’ydim o’zimni.

Tush demish mo’jiza bo’ldi-yu sodir,
Ajib bir vodiyga qo’ydim qadamlar.
Atrofimda minglab gullar ochilgan
Va bir-birin sezmas ancha odamlar.

Vodiyning eng yuksak tog’i ichindan
Zilol buloq oqar ekan ko’lmakka.
Lek suvi qo’shilmay o’tib ketarkan
Butun ekinlarni zabtga olmakka.

Bir chinor o’sarkan o’tloqlar ichra,
Bargida quyoshning suratlari bor.
Shul chinorga qo’lin tekkizgan odam
Bo’larmish bir umr yaxshilikka yor.

O’ylarim aylanib boshimda chunon
Qayerda ekanim savolda qotdi.
Uyqu egallagan g’ofil qalbimni
Bilolning chiroyli sasi uyg’otdi!

* * *

Sen jimgina kirding umrimga —
Na hayajon , na- da bir titroq.
Nigohingda muhabbat emas,
Umidsizlik bor edi ko’proq.

Jii-ii-im termulding, osmon haddini
Izlayotgan telba odamday.
Men bu yerlik emasligimni
Qaysi jur’atim bilan aytay?

O’girildim va qanotimni
Yechib berdim kabutarlarga.
Bundan keyin hech qanday rishta
Meni bog’lab turmas ularga.

Qo’llaringga olding qo’limni
Va yechildi asrlik tugun.
Ey halimdil, nigohlarimga
Seni bandi ayladim bugun.

…Aylandi oy, aylandi yillar,
Menga ma’yus qarab qolding jim.
Ko’zlaringda muhabbat hamda
Kezib yurar edi allakim.

Qo’ling tolib, sekin bo’shatding,
Go’yo tutqun bo’lgandek ozod.
Men o’zimcha bilgan duoni
Ich-ichimda aytaverdim yod.

«Xayr», yana «alvido»,»xush qol»-
Ko’zlarimga kelmadi yig’i.
Lek qalbimni tilib bo’lgandi
So’zlaringning siniqqan tig’i.

Ketaman, deb siljiy olmading,
“Ne sinoat bo’ldi bu?” — deding.
Oyoqlaring ildizga do’nib
Sen daraxtga aylangan eding!

Yana uzoq yillar yashadik,
Men va menga soyasiz daraxt.
Haligacha javob topmadim,
Baxtsizlikmi asli yoki baxt?…

USMON NOSIR NIDOSI

Ey mening dardimga dardkashim,devor,
Ko’nglingdan bo’yingni baland qilmishlar.
Tiling yo’qligini bilgan pastkashlar,
Qulog’ing borini qaydan bilmishlar.

To’lib oqayotir tomirda hasrat,
Mung bo’lib eshilar tanam ichida.
Mening yuragimni ko’targan ko’ksim,
Umrim tugaguncha ozgina chida.

Ey qiya teshikdan termulgan shu’la,
Ko’zimning nurini qattiqroq saqla.
Men haq deb yashadim o’pkam to’ldirib
Va meni ko’mishar shu ojiz haq-la.

Mendan kimligimni so’rama, eshik,
Qorda sham ko’tarib yo’lga chiqqanman.
Ozgina umrimda qancha dard bo’lsa,
Barini ko’zimga surib yig’ganman.

Ey haqiqat rangin yopingan qayin,
Osmonga yetganda eslagin meni.
Qancha millatdoshim soyangda mudrar
Ko’zi ochiq, ammo chiqmayin uni.

Shamol, savol berma,tillarim duduq,
Havosi bor she’rlar endi yorug’ tush.
Ozodlik, deysanmi, ey telba shamol,
Ozodlik — mushukka tushlik bo’lgan qush.

* * *

Gulnoz Mo’minovaga

Opajon, ko’nglimda og’ir kuzlar bor,
Xazoni qadamim yurgizmay qo’ygan.
Tilimga chiqmagan qancha so’zlar bor —
Yelvizak tushimni teskari yo’ygan.

Bu ulkan dunyoda mitti tanimni
Sudrab borayotir ichimdagi sha’n.
Kunimni so’zlarga omonat berib
Umrimni indamay yashab o’taman.

Baxt nima, opajon, ko’rganmisiz hech,
Uning ham yuzida kulgichi bormi?
Yo u ham biz kabi o’zida yashab
Har kuni o’zini topmoqqa zormi?

Bilmadim, qay vaqtda almashar fasl,
Men abad qondoshman sokin kuz bilan.
Bu telba soatlar hisoblasharmi
Qay tomon yurishin men-u siz bilan.

Saodat asridan qolib ketgan mung
Kuy bo’lib kiradi ishqli tanimga.
Jilmayib dilshakl barglar to’kilar
Haybatli sap-sariq kuzvatanimga.

Opa, bo’ronlardan cho’chimay yashang,
Undan so’ng mumkindir qolmoqlik omon.
Lek jonni vahima ichra qoldirar —
Bo’rondan burungi sukunat yomon.

Sizga tilaydigan sobit tilagim:
Duoga yaxshilik nomini to’shang.
O’xshasam, bir sizga o’xshab yurayin,
Ko’ngilda yashang siz, ko’ngilda yashang!

* * *

She’rsiz kunlar, she’rsiz kunlar, she’rsiz kunlar,
Nihoyasin kutib yurgan tengsiz kunlar.
Men ko’nglimni oq qog’ozga to’kay, desam,
Yumush bo’lib ilhomimni yeysiz, kunlar.

She’rsiz kunlar, yelkalarim suyab qo’ying,
Hislarimni tilmas, dilda olib yuray.
Hech bo’lmasa, bir kungina ayang meni,
Yozmasam ham,o’qib-o’qib she’rga to’yay.

She’rsiz kunlar, choy tayyorlab saharlari,
Tushda ovqat qilib qo’ying o’choq yoqib.
Saranjomlab uyning barcha xonasini,
Baxtga cho’ming qizimning ko’ziga boqib.

Shirinlikni xush ko’radi uyda hamma,
Non ham yoping sovimasdan tandir cho’g’i.
Yem-xashakka qarab qo’ying,keyin esa
Kechga palov damlasangiz-shu bor-yo’g’i.

She’rsiz kunlar, idishlarni yuvib bo’lgach,
Vaqtni sarflang oyqizimni o’ynatishga.
Charchamasa, tunni yarim qilib qo’yar —
Uch-to’rt soat vaqt ketadi uxlatishga.

She’rsiz kunlar, ko’zni yumib orom oling,
Tonglar tezda otib qolar ko’ksingizdan.
Uyquga to’ymagan ko’zlar azob bersa,
So’ng o’pkalab yurasiz-a o’zingizdan.

She’rsiz kunlar,she’rsiz kunlar, she’rsiz kunlar,
Nihoyasin kutib yurgan tengsiz kunlar.
Men ko’nglimni oq qog’ozga to’kay, desam,
Yumush bo’lib ilhomimni yeysiz,kunlar.

* * *

Par bulut zabtiga olar osmonni,
G’unchalar yuzida o’ynaydi kulgu.
Maysada titraydi omonat ko’zyosh —
Dunyoda eng go’zal lahzamikan shu?

Tonglarning salomin tunlarga tashir
Qushlarning ko’zida ko’rinmas uyqu.
Qo’l cho’zsang, patlari junjikib ketar —
Dunyoda eng go’zal lahzamikan shu?

Salovat aytadi ko’ksin to’ldirib
Mo’minning boshida ko’rinar yog’du.
Bir suyanch tilaydi qalbi yupunga-
Dunyoda eng go’zal lahzamikan shu?

* * *

Osmonning qovog’i solingan bugun,
Derazamni chertar devona shamol.
Qaldiroq ovozin eshitib noxos
Boshimdan sirg’alib tushadi ro’mol.

Oy ham yo’q, bilmadim, qayga berkingan,
Daraxtlar shovullab chalar ajib mung.
Novdada qushchalar jumishib olib
Kuyning ohangiga yig’laydi ho’ng-ho’ng.

Tunni yoritadi shaftoli guli —
Atrofga sochilgan anvoyi ifor.
Bulutning chimrilgan nigohlarida,
Bir o’zi biladi, yana ne sir bor.

Oynadan boqaman — yuragim to’lib,
Ichkari ko’ksimni siqadi g’oyat.
Tashqarida esa menga indamay
Yomg’ir o’z tilida o’qiydi oyat.

* * *

Qushlarning ko’zida namchil nigohlar,
Maysalar tebranar — injiq, zardali.
To’kilgan guliga motam tutadi
Shoxlari qaqshagan qari zardoli.

Aprel, ne qasdingni olmoqdasan sen
Bog’larga telbavor shamoling yo’llab?
Qay yurak o’tini so’ndirib bunda
Navnihol novdalar yerga bosar lab?

Guldurak egallab falak gardini
Zaminga yosh qilib to’kmoqdasan sen.
Bobomning yuzini silagan tollar
Belini qayirib bukmoqdasan sen!

Yelkasi silkinib-silkinib yig’lar
Gullari tuproqqa qorishga daraxt.
Aprel, shuncha dilni ko’mib anduhga,
Topganing qandayin tatiydigan baxt?!

Bo’ldi, bas, bog’larni tinch qo’y,to’xtagin,
Qulamasin bobom ekkan teraklar.
Evaziga butun xayolotim-u
Dunyomni tutayin senga yuraklab.

Aprel, ne qasdingni olmoqdasan sen?

* * *

Tun — umrni aldab olguvchi kazzob,
Oy – ko’ksi tilingan injiq malika.
Yulduzlardan bezab ajib soyabon,
Ko’nglimni suyay,deb axtarar yelka.

Shamol — ruhi uyg’oq, vujudsiz dalli —
Xazonlardan yasar darvesh to’nini.
Shovullagan bog’lar aro yugurib
Yuladi taqvimdan eski kunini.

Ko’klam — kuzumrimga havoyi taskin,
Ishontirmoq bo’lar ro’yo tushlarga.
So’ng umidim bo’lib-bo’lib beradi
Manzilini bilmay uchar qushlarga.

Sukunat — tilini tishlagan go’dak,
Ko’zlarimni tinglab o’tirar besas.
Bu yorug’ olamda menga teggani —
Bir uyum kitob-u, yolg’izlik — qafas.

Azizim, tegramda shuncha dardkashim,
Hammasi o’zimdek bemakon,sovuq.
G’amlardan yig’ilgan gulxan o’tini
Yoqishga havasmand birgina sen yo’q!

OSMONNING UYI HAQIDA ERTAK

Osmonning uyiga eltaman, deding,
Men chindan e’tiqod bog’ladim senga.
Mehr-la boqqanda jodu ko’zlaring
O’zimni yo’qotib qo’yaman nega?

Ikkovlashib yo’lga otlandik jadal,
Xuddi bizdan qo’rqar butun vahimot.
Qo’llaringga nogoh tutashsa qo’lim
Butunlay o’zgarib ketardi hayot.

Yo’lda meni asrab balo-qazodan
Qorabotirlarning bog’lading tilin.
Toliqqan ko’zlaring yumilgan chog’da
Ko’z uzmay kuzatdim seni, sevgilim.

Osmonning uyiga eltaman, deding,
Toliqsa toliqsin, nimjon qadamim.
Axir, men sen bilan bir yo’lga chiqdim,
Yolg’onni bilmagan, sodda Odamim!

Yo’llarda sinaldi bu telba dillar
Va teran nazarga to’yindi ko’zim.
Orzumdan kattaroq baxtni topdim, so’ng
Yo’lni tugatmoqni istadim o’zim.

Sevgilim, charchatdi sarhadsiz so’qmoq,
Yashashni to’xtatgum gumonlaringda.
Men arqon tashladim yuraging tomon
Va baxtga cho’mildim osmonlaringda.

Osmonning uyiga eltaman,deding,
Osmonni berkitib ko’ngling ichiga….

33

(Tashriflar: umumiy 522, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring