Begali Qosimov. Vatan va millatning o’tlig’ kuychisi

056
Тавалло таваллудининг 130 йиллигига.

    Тавалло адабиётимиз тарихида кўпроқ 10-йиллардаги миллатни эрк ва адолатга уйғотган жўшқин эҳтиросли шеърлари билан қолди. Бу шеърлар янги ўзбек шеъриятининг майдонга келишида муҳим бир босқич бўлиб тарихга кирди. Хусусан, Чўлпон шеъриятининг юзага чиқишида маънавий омиллардан бўлди. Ойбекнинг шоир шеърларини алоҳида бир самимият билан эсга олиши сабаби шунда.

065

Бегали Қосимов
ТАВАЛЛО ҲАҚИДА ИККИ МАҚОЛА

 

056    ВАТАН ВА МИЛЛАТНИНГ ЎТЛИҒ КУЙЧИСИ

Шоир Тавалло — Тўлаган Хўжамёров ХХ аср бошида Тошкентда етишган, халқ ўртасида катта шуҳрат қозонган истеъдодлардан. Ойбек “Болалик”да шундай ёзган эди: “Айвонда мук тушиб, Таваллонинг шеърларини ўқишга киришаман. Ўқийман, диққат билан, берилиб, узоқ ўқийман… Шеърлар рангдор, жонли, тили ўзига хос, равон…”
Бўлажак шоир 1883 йили Кўкча даҳа Оби Назир маҳалласида ўзига тўқ Хўжамёр Жиянбоев оиласида дунёга келди. (Шоирнинг таржимаи ҳолини ёритишда унинг Республика МХХ архивида 32592-рақам остида сақланаётган “Тўлаган Хўжамёров иши” (119 саҳифа) материалларидан фойдаланилди — Б.Қ.) Эски мактабда савод чиқарди. “Бекларбеги” мадрасасида, рус-тузем мактабида ўқиди. 10-йиллардан вақтли матбуотда “Тавалло” тахаллуси билан шеър ва мақолалари босила бошлади.
1914 йил 30 августда Мунавварқори, Авлоний, М.Подшохўжаев, Ҳусанхўжа Дадахўжа ўғли (ёзувчи Саид Аҳмаднинг отаси), Саидабдулло Саидкарим ўғли Саидазимбоев, Комилбек Норбеков (жами 12 киши)лар билан биргаликда Тошкентда «Нашриёт» ширкатини тузиб, китоб чиқаришни йўлга қўядилар. 1915 йилда эса Авлонийлар ташаббуси билан тузилган “Турон” жамиятида фаолият кўрсата бошлайди.
Адибнинг “Жиноий иши”да сақланган “Меҳнат дафтарчаси”дан маълум бўлишича, у шу йиллари турли идораларда (ижроқўм, ревтрибунал, касаба уюшмаси, савдо, саноат-қурилиш соҳаларида) масъул лавозимларда ишлаган.
Суд-тергов қоидаларига кўра, айбланувчининг қилмишларигина эмас, ташқи кўриниши, ажратиб турадиган хусусиятлари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилар эди. Тавалло “Жиноий иши”да ҳам шу хил маълумотлар учрайди. Чунончи, “Анкета маълумотлари”да ёзилишича, унинг «Ташқи кўриниши: ўрта бўй, бўйи 1 метру 56 см., кўзи — қўй кўз, сочи — қора». Дарвоқе, “айбланувчи”нинг яна бир жиҳати махсус таъкидланган: «керагича нотиқ».
1937 йил 14 августда Тавалло «аксилинқилобий» “Турон”, “Шўройи ислом”, “Иттиҳоди тараққий”, “Миллий иттиҳод”, “Миллий истиқлол” ташкилотларининг аъзоси”, “Миллионернинг ўғли”, “шеърларида миллатчилик ғояларини илгари сурган”ликда айбланиб, қамоққа олинади.
Бу пайтда оилада беш киши бўлган: ўзи — 54 ёшда, хотини Зуҳра Миёрова — 40 ёшда, ўғли Мақсуд Миёров — 16 ёшда, қизи Санобар Миёрова — 11 ёшда. 1913 йили туғилган Раҳбар исмли қизи 1936 йили турмушга чиққан бўлиб, Бухорода яшар эди.
Агентура материалларидан: “Т.Х. миллий республикани «мустамлака» деб айтди. Кўпчилик орасида “Ўзбек халқи ўзаро нифоқ ва қўрқоқлик орқасидан хор-зор, қизилларга тутқун бўлди. Сабр косаси бир кун тўлади ва халқ совет ҳукуматига қарши қўзғалишга мажбур бўлади. Агар мен инқилобнинг шундай кунларга олиб келишини билсам эди, бутун вужудим билан унга қарши курашар эдим”, деди.
Тўлаган Хўжамёровнинг тергов ишлари тезлашиб кетди. Ўзбекистон ички ишлар халқ комиссари муовини Леонов имзолаган “Айблов хулосаси” 1937 йил 9 сентябрда 25 кунда тайёр бўлди. Унда Таваллонинг 1919 йилги Осипов қўзғолонида “қатнашгани”гача “тасдиқлатиб” олинди ва бир қатор “айб”лар билан учлик ҳукмига ҳавола этилди. Шу йилнинг 19 октябрида НКВД қошидаги учлик мажлисида Тавалло отиб ўлдиришга ҳукм қилинди. Ҳукм ўша йил 10 ноябрда ижро этилди.
Адабиётшуносликда унинг вафот йили 1939 деб кўрсатиб келинарди. Адиб 1968 йил 18 октябрда оқланди.
Таваллонинг Бухородаги қизи Расулова Раҳбарнинг ДХҚ идораларига 1968 йили ёзган хатлари мазмунидан англашилишича, бу пайтда, шоир оиласида ундан бошқа ҳеч ким қолмаган.
Тавалло асарларининг қайта нашри ва у ҳақдаги маълумотларнинг берилиши ҳам 1968 йилга тўғри келади. Марҳум М.Зокирий ва атоқли адабиётшунос-танқидчи О.Шарафиддиновлар ғайрат ва ташаббуси билан дунёга келган ва зарарли китоб сифатида дарҳол йиғиштириб олинган “Тирик сатрлар”даги шоир ижодидан намуналар бу борадаги дастлабки қадамлардан эди. Унинг ягона шеърий тўплами “Равнақ ул- ислом” алоҳида ҳолда 1993 йилдагина нашр қилинди.
Бугун бу номни фақат бизда эмас, четда ҳам биладилар. Германиядаги Бамберг университети туркология бўлимида 1997-1998 йилларда Таваллонинг “Равнақ ул- ислом”и бўйича ихтисослик курси ўқилгани маълум.
Таваллонинг ижодкор сифатида шаклланишида Тошкент адабий муҳитининг роли катта бўлди. Унга Юсуф Сарёмий устозлик қилди. 1916 йили “Равнақ ул-ислом” номи билан чоп этилган шеърий тўплами унинг ҳаётлик даврида босилган биттаю битта китобидир. Мақолалари тўпланган эмас. 20-йилларда “Муштум” ҳажвий журналининг фаолларидан эди. Мазкур журнал саҳифаларида “Мағзава” имзоси билан ўнлаб ҳажвий шеърлари чоп этилган, улар ҳам йиғилган, ўрганилган эмас.
Шоир ижодини баҳолашда асосий манба “Равнақ ул-ислом” бўлиб турибди. Тўплам ҳажман унча катта эмас, 70 тача шеър киритилган. Вазн ва оҳанг анъанавий — арузда. Бироқ мазмун тамом янги. Туркистонни қоплаган жаҳолат ва нодонлик, тутқунлик ва турғунлик ҳақида. Унинг ҳам бошқа ривожланган, тараққий топган миллатлар қаторида фаровон ва бахтли яшашга бўлган ҳаққи-ҳуқуқи тўғрисида.
Шоир, биринчи навбатда, замон ҳодисаларидан илҳом ва таъсир олади. Кўпгина шеърлари ҳаётдаги конкрет янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида. Шунингдек, унинг сўнгги давр турк, татар, озарбайжон шоирларининг шеърлари билан ҳам яхши таниш эканлиги билинади. Чунончи, 1913 йили Абдулла Тўқай вафотидан қаттиқ қайғуради. Матбуотда чиқади. “Шеърларидан кўп баҳралар олғонлиғи”ни, турмуши ҳам Тўқайнинг “таржимаи ҳолига ниҳоятда ўхшаб кетганлиги”ни (у ҳам етим ўсган эди) ёзади. «Тотор қардошларимизнинг машҳур шоири марҳум Абдулла Афанди Тўқаевнинг шеърина тазмин» номи билан унинг “Жумла фикрим кеча-кундуз Сизга оид миллатим”, —деб бошланадиган шеърига назирасини эълон қилади. Марҳум шоирнинг маслаку муддаосини, жумладан, миллат йўлида жонини фидо этмоқни ўзи учун муқаддас бурч ҳисоблайди.
“Миллат”, “Миллият” тушунчаларига Авлоний ва Таваллоларга қадар шеъриятимизда бунчалик кўп эътибор берилган эмас эди. Хусусан, Таваллода ҳар бир шеър миллат, унинг шу кундаги аҳволи, жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни, тарихи ва тақдирига келиб боғланади. Шоир жаҳоннинг, чунончи Оврупо ва Америка халқларининг тараққиёт асридаги ҳаётига назар ташлайди. Бир томонда илм-фан, техника янгиликларини турмушга жорий этиб, оғирини енгил, ҳаётини фаровон қилаётган миллатлар, иккинчи томонда, аллақачон эскириб ишдан чиққан ишлаб чиқариш усули ва воситаларига маҳкам ёпишиб, шуни сўнгги мўъжизадек ушлаб олган Туркистон. Шоир ҳар иккисини муқояса қилади. Бу муқояса, ҳажвий мазмун ташийди, албатта.
Масалан, шундай шеърларидан бири “Ёвруполилар ҳунари бирлан бизларни(нг) ҳунарларимизнинг фарқи” деб сарлавҳаланган. Шеър бошдан-охиригача кесатиқ-қочириқлар, истеҳзо асосига қурилган. Шоир шеърни ҳатто ўз миллатига эмас, “Ёврупо аҳлига” мурожаат билан бошлайди. “Ёврупо аҳли”ни баҳсга, мубоҳасага чорлайди. Шу аснода “занбурак” — “сопқон”, “афтомобил” — “хўқанд ароба”, “айрипилон” — “варварак”, “зобут” — “товар” — «бўйра-бордон» муқоясалари оддий мазах-кулгидан вазиятга фожиавий мазмун берувчи заҳарли истеҳзога айланади.
Мантиқан шундай хулоса чиқади: наҳотки бу ўша довруғи жаҳон Туркистон? Наҳотки бу шўринг қурғурлар дунёга қанчадан-қанча даҳоларни етказиб берган, Амир Темурдай жаҳоний зотлари билан ярим дунёга эгалик қилган, инсониятга инсонларча яшашни ўргатган, асрлар давомида куч-қудрат, ақл-шижоат тимсоли бўлиб келган юртнинг фарзандларидирлар? Аслида, шоир демоқчи бўлган гап ҳам шу.
Тавалло Ватан мавзуига алоҳида эътибор беради. Шеърларидан бири “Суюкли Ватан ҳақинда” деб аталган. Унинг шеърларида “Турон”, “Туркистон” атамалари, табиийки, кўп учрайди:

Деюр астағфурулло, дафъатан шундоғму Туронлиғ…
(“Уёнмаз эрса миллат” шеъридан.)

Ёш-қари қадрини бил, Турон элин меҳмонидур…
(“Мухаммаси Тавалло бар ғазали
Мавлавий Юсуф Сарёмий” шеъридан.)

Айни пайтда, Ватанни «Туркистон» шаклида англаш ҳам, табиийки, кўп учрайди:

Шунча Туркистон элинда нодон аҳли кўб вале,
Носиҳ ўлмаз эрсалар, ақли расолардин насуд?!
(“Халқға фойдаси тегмаганлар ҳақинда” шеъридан.)

Десам, дунёда биздек ортда қолғон борму миллатдан,
Бу Туркистон элидин тобмадим иқрор, йўх, йўх, йўх.
(“Жаҳон айвонида…” шеъридан.)

Шоир тарих ҳақида сўз очганда, яна бир калимани тилга олади. Бу — Мовароуннаҳр. Жумладан, “Суюкли Ватан ҳақинда” шеъри шундай сатрлар билан бошланади:

Мовароуннаҳрдур тарихда бизларга Ватан,
Арзиғай бизлар санга хизматда бўлсак, жону тан

Бу жуғрофий атамалар бир-бирига яқин. Бири хиёл кенгроқ, бири торроқ, фарқи шунда, холос. Иккинчидан, дастлабки байтнинг ўзиданоқ унинг қадри-қиммати ҳақидаги гап ўртага тушади: “Арзиғай бизлар санга хизматда бўлсак, жону тан”, — деб ёзади шоир ва “Ватан”га “жону тан”ни қофия қилади. Ватан қадри ҳақидаги бу таърифий фикр, мисрама-мисра, байтма-байт тараққий топиб боради ва ғазал мақтаида:

Кеч гуноҳини Таваллони, Ватан, эзгу Ватан.
Билди аслинг, қилди васфинг, бу ватандандур бадан, —

деб тугалланади. Бошқача айтганда, Ватан ва унинг сарҳадлари бизнинг баданимиз каби тану жонимизга туташдир. Ватанга дахл танга дахлдир, жонга дахлдир. У шу қадар тан билан жонга қўшилиб кетган. Учинчидан, Ватан ўлик жисм эмас, жонли тандир. Ва у ушбу тупроқда яшовчи ҳар бир ватандош тану жонига пайваста бўлмоғи лозим.
Нима учун шоир мақтаъда Ватандан гуноҳини кечмоқни сўрамоқда?! Матлаъда ҳар бир Ватан фарзандининг унинг олдидаги бурчини белгилаб берган эди. Сўнгида узр сўраяпти. Чунки шоир ўзини унга муносиб хизмат қила олмадим, деб ҳисоблайди. Унингча, биринчи вазифа миллатни уйғотмоқ эди, — у, иншоолло, уйғонди (“уйқудан бош кўтарди”). Навбатдаги иш миллатни тарбияламоқ ва унга юртнинг чинакам эгаси мақомини олиб бермоқ эди. “Зағон” (“қарғалар”)ни хижолатга солиб, боғдан “жўнатиш” — мустамлакачилардан халос бўлмоқ эди. Афсуски, буларни амалга ошириб бўлмаётир. Шоир узрининг сабаби шунда. Лекин у мутлақо ишонади: “Бундоқча кунлар бор экан”, дейдиган кунлар, албатта келади. Бу шоир тасаллисининг бош сабабидир.
Замонасининг жуда кўп шоирлари каби Тавалло шеърларида ҳам кенг ўринни Миллат ва Ватанга хизмат ҳисси ва шу муносабат билан ўз-ўзига ҳисоб эгаллайди. У бир шеърида “ҳаволансин, ғизолансин, билинг, бу бир ҳумо, миллат!..” деб ёзади. Ундаги мантиқ шундай: миллатнинг равнақи учун, биринчи навбатда, ақл ва ғайрат керак. Ғайрат эса иштиёқдан, меҳр-муҳаббатдан туғилади. Ақл ва ғайрат ишончни, ишонч ҳаракатни юзага келтиради. Миллат унга мансуб ҳар бир кишининг жони-жаҳони, бахти-саодати. Бинобарин, ҳумо қуши. У кўкларга парвоз этмоғи лозим. Бунинг учун унга руҳ керак, мадад керак.
Шоир шеърларидан бири “Ўз виждон-вужудима хитоб” деб номланган. Мухаммас шаклида ёзилган ушбу шеърнинг ҳар банди “Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг” сатри билан якунланади. Жонга хитоб ҳар банднинг якунловчиси бўлганлигидан унгача шоир ўз вужудининг ҳар бир аъзосига шарт қўйиб чиқади. Бу шартлар Ватан ва Миллат манфаати йўлидаги хизматга қаратилган. Чунончи, миллатга ёрдамлашмаган, унинг оғирини енгил қилмаган қўлнинг “пул тут”ишга ҳаққи йўқ, миллат ғамини емаган дил “хушнуд” бўлмаслиги керак. Бу ғамдан ёш тўкмаган кўзнинг очилмагани яхши. Миллатга суянчиқ бўла олмаган ақл ва фикрнинг боридан йўғи. Миллат ғамидан бошқа сўзни сўзлайдиган тил лол бўлгани маъқул ва ҳоказо.
Саккиз бандлик ушбу мухаммаснинг биринчи ва сўнгги бандларини келтирамиз:

Эй қўлум, пул тутма ҳеч, миллатга ёрдамлашмасанг,
Бўлма хушнуд, эй дилим, миллат ғамин ғамлашмасанг,
Равшан ўлма, эй кўзум, ёшинг тўкуб намлашмасанг,
Фикрим, очилма, агар шеъринг ёзиб, хамлашмасанг,
Чиқ ичимдан, жоним, эй, сан манга ҳамдамлашмасанг…

Дейдилар, бас қил, Тавалло, шеърлар манзур эмас,
Миллатинг маҳв ўлса, парво қилмаюрлар, ғам емас,
Бунларинг шўрбо-палов, норин ебон, чой ичса, бас,
Сўнгра икки елкасига тепсалар ҳам индамас,
Чиқ ичимдан, жоним, эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.

Шеър бир қадар маҳзун оҳангда якунланмоқда. Бу — умидсизлик, нажотсизлик оҳанги. Асорат ва залолат ўз ишини қилган. Миллат аллақачон, Авлоний айтганидек, тирик мурда («мадфун зинда»)га айланган. Унинг қорин қайғусидан бошқа қайғуси йўқ. Шаън-шукуҳ, ор-номус, ўзликдан нишон қолган эмас. Шоир миллатининг очиқ кўзли фарзанди сифатида бундай фожиага чидай олмайди. Шеърни шеър қилган дард — шу.
Тавалло халқ ҳаётини рўй-рост кўрсатишда шеър, шоир зиммасига катта масъулият юклайди. Чунончи, “Қаламга хитоб” шеърида унинг “ҳасрату андуҳ”дан, “меҳнат”дан ёзишини”, “тўғри ёз”ишини талаб қилади. Унингча, қаламнинг вазифаси виждонни уйғотмоқдир. Шоирлик — бир умр уйғоқ виждон билан яшамоқ. Шам мисоли ўзи ёниб, атрофни ёритмоқдир. Йўқ-йўқ, халқ, Ватан ҳаётидаги ҳар бир ташвишу қувончдан чақмоқдек чақилмоқ, момақалдироқдек борлиқни ларзага солмоқдир… Унинг биргина қуроли бор. У ҳам бўлса, ҳақ сўз. Ундан чекиниш қаламга ҳам, виждонга ҳам хиёнатдир.
Шеърият — бу кураш. Ўзининг омонат фароғати эмас, кўпнинг манфаати учун адолат ва адолатсизлик, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш. Бас, шундай экан:

Кел Тавалло, бўл мусаввир, ол қаламни қўлға сан,
Чек фронтлар сувратин, кўрсун ҳама наққошлар.

Шоир “ҳақиқат сўз”ни, дилбанд диёри дардларини айтиш билан кифояланмайди. Уни тузатишга диққатни қаратади:

Камчиликни назму таҳрири Тавалло қилмасанг,
Кел бу кун манзур эмас, ёзма бўлак ашъор ҳеч!

“Томошабоғ хусусида” шеърида эса, ўзини миллатнинг “отхонасида хизмат эт”ишга, “миллатнинг шалтоғи”ни тозалашга сафарбар қилади. Бундай ҳол адабиётимизда илгари кўрилмаган.
Шоирнинг севимли мавзуларидан бири ҳуррият эди. У инсон эркини ҳар нарсадан устун қўйди. Унинг талқинидаги эркнинг маъноси ғоят кенг. Бу эрк сиёсий, иқтисодий мустақилликдан тортиб нафсга, ҳузур-ҳаловатга, қулликдан озод бўлишгача қамраб олди. У хотин-қизлар ҳурриятига кенг эътибор берди. Масалан, “Қариндош ва ҳамшираларимиз мазлума қизлар тилиндан” шеърида қизлар оталарига мурожаат қилишиб, уларни ҳам ўқитишни, уларга ҳам инсоний муносабатда бўлишни сўрайдилар. Шоирнинг бир қатор шеърлари давр янгиликлари, кундалик воқеалар ҳақида. Масалан, “Ойна” (муҳаррири Беҳбудий) журналининг (1913), “Садойи Туркистон” (муҳаррири Убайдуллохон Асатуллахўжаев) газетасининг (1914) чиқишлари Исмоилбек вафоти (1914), Қарс (Туркия)даги зилзила (1914), айниқса, Биринчи жаҳон уруши ва у билан боғлиқ ҳодисалар Тавалло диққатидан четда қолган эмас. Ўзбек театрининг майдонга келиш воқеаларига бағишланган бир эмас тўрт шеъри бор. Шулардан бири бевосита илк ўзбек театри томошаси 1914 йил 27 февралда Тошкентдаги «Колизей» театрида Авлоний труппаси томонидан Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси қўйилишига бағишланган. Шунда машҳур маърифатчи Мунавварқори Абдурашидхонов театр ҳақида нутқ сўзлаган эди. Шеър ҳам шу воқеани ҳикоя қилишдан, “Чўқ мунаввар этди оламни Мунавварқоримиз”, деб бошланар эди. Иккинчиси эса театрнинг аҳамиятини таъкидлаб кўрсатди. Шоир фикрича, ёшларнинг театр ўйнаши, миллатнинг ҳаёт асари кўринганидан — тириклигидан нишонадир, “тараққийнинг хабари”дир.
Шоир бармоқ вазнига 20-йилларда, ҳажвияларида мурожаат қилди ва ўзбек ҳажвий шеъриятининг эсда қоладиган намуналарини яратди. Бироқ совет даврида ёзилган шеърларини на ғоявий, на бадиий жиҳатдан 10-йиллардаги шеърларига қиёслаб бўлмайди. Улар енгил-елпи ёзилгандек, кўнгли тўлиб турган кишининг истеҳзосидек таассурот қолдиради.
Бунинг сабаби, бизнингча, иккита:
1. Ижтимоий. Шоир камбағалпарварлик шиорлари билан авом халқни ўзига оғдириб олган болшевиклар сиёсатининг ғайриахлоқий ва ғайриинсоний моҳиятини тобора англаб боради. Миллат ва Ватаннинг тубсиз гирдобга кетаётганидан, ҳалокатнинг муқаррарлигидан, нажотнинг йўқлигидан изтироб чекади. Шўро идораларида, ҳатто унинг ҳуқуқ-муҳофазасида ишлаётганидан қийналади. Кўнглини борлигича оча олмайди.
2. Шахсий. Гувоҳ М.Х.Ҳусанбоев маълумотига кўра, тахминан 1931 йили ўғли Маҳмуд вафот этади. Бу ҳол шоирга қаттиқ таъсир қилади, ичкиликка берилади. Хуллас, Тавалло ҳаётининг сўнгги йигирма йили жуда кўп замондошлариники каби изтиробли, лекин деярли самарасиз кечди.
Тавалло адабиётимиз тарихида кўпроқ 10-йиллардаги миллатни эрк ва адолатга уйғотган жўшқин эҳтиросли шеърлари билан қолди. Бу шеърлар янги ўзбек шеъриятининг майдонга келишида муҳим бир босқич бўлиб тарихга кирди. Хусусан, Чўлпон шеъриятининг юзага чиқишида маънавий омиллардан бўлди. Ойбекнинг шоир шеърларини алоҳида бир самимият билан эсга олиши сабаби шунда.
Бугун унинг ҳаёти ва ижоди мутахассислар томонидан кенг кўламда ўрганилмоқда, ЎзМУ «Университет» нашриётида «Миллий уйғониш адабиёти манбалари», «Маънавият» нашриётида «Истиқлол қаҳрамонлари» рукнларида шоир асарларидан намуналар нашрга тайёрланмоқда.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 49-сонидан олинди.

 

056    ИККИ ТАҚДИР: ТАВАЛЛО ВА ҲОЖИ МУИН

Бугун биз маданиятимиз, матбуотимиз тарихида сезиларли из қолдирган, лекин минглаб бегуноҳ кишилар қаторида Шўролар ҳукумати томонидан қатағон қилинган халқимизнинг икки истеъдодли фарзанди ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Уларнинг ҳар иккиси бир йилда — 1883 йилда туғилганлар. Бирлари сал олдин, бирлари озгина кейин хорижда «Ёвузлик салтанати» деб ном олган қизил империя панжасида ҳалок бўлганлар. Уларнинг бири тошкентлик шоир ва журналист Тавалло, иккинчиси самарқандлик драматург Ҳожи Муин эди. Тавалло номини шеър мухлислари, ижодкор зиёлилар яхши биладилар.

10-йиллардаёқ:
Осмондаги тайёралар, боқғил қаёнга боралар,
Эй нафс ила оворалар, нечун кўролмайсиз ҳануз! —

дея бонг урган, бизни асрий уйқудан уйғотган шоирларимиздан бири мана шу Тавалло эди.
У Ватан ва Миллат тушунчаларини муқаддас тутган, ор-номусни баланд ушлаган шоир эди. Унинг шеърлари, бир вақтлар дунё тараққиётининг тамал тошини қўйган, бироқ сўнгги асрларда залолатга ботиб, тутқунликкача келган миллатнинг фожиали аҳволи ҳақидаги чуқур ўйлар, изтироблар билан тўла эди.

Мана унинг XX аср бошидаги Тошкент манзараларига бағишланган бир шеъри:

Тошканда кони ибратдур тамошо боғимиз,
Ва ҳаводислар кўрармиз онда борган чоғимиз.
Бир ажойибхонадур, минг турли инсон сайр этар,
Ҳеч келишмас онда боруб бизни ўлтирмоғимиз.
Кур, чаман булбуллари товус каби қилса хиром,
Тўплашиб йўл устида гўёки бизлар зоғмиз.
Искамейка узра ўлтирса неча роҳат қилиб,
Кафшимиз лойи била биз устида ётмоғимиз.
Ёз фасли оқбаданлар оқ кийимлар кийсалар,
Пахталикни тангламай, елкага чиқғон ёғимиз.
Уч қабат камзулни устидан яна бир каттакон
Боғлабон маҳкам қилиб саккиз қулоч белбоғимиз.
Тўғри юрмай туртиниб, босдук аёғин нечани,
Русча «лень», тоторча «ёлқов», туркча «шалтоғ»миз.
Ўтсалар ҳар ён шифиллаб туфли киган ҳар тараф,
Чангитармиз, бизни кўр, судраб ҳамон пайпоғимиз.
Кўтаруб иштонни тиздан юқори, кўкрак очиқ,
Кўрсатуб кўкракда жун неча семиз қурсоғимиз.
Келса «убрайс» деб «садовник», қувласа боғдан бизи,
«Гаспадин»дан бошқа сўз йўқ, русчага чўлтоғмиз.
Гар мабодо кўрсамиз солдатни мундир кийганин,
Боққа кирмасдан қочармиз, ўлгунча қўрқоғмиз.
Қоровул кўрсак, югуруб, кўчаларда ҳар тараф,
Бил, Тавалло, уйга келганда юраки тоғмиз.

Наҳотки, шу Соҳибқирон Темурни, Беруний, Синодек илм доҳийларини, Навоий, Беҳзоддек гўзал санъат ижодкорларини жаҳонга берган, ўрта асрлардаёқ жамият ахлоқининг темир қонунларини яратган миллат бўлса?! (Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Футувватномаи султоний»-сида кийим кийишнинг 15, дастурхонда ўтиришнинг 37 одоби бўлганлигини, кўчада юриш, ҳатто салом беришнинг ўнлаб қоидалари эл орасида жорийлигини ва уларни бирма-бир келтирганини эслайлик.)

Мана бу истеҳзолар остида қанчалар дард бор, алам бор:
Ёврупо аҳли, сиз қулоқ солингиз,
Биз ҳунарлар ёзуб, тонуштирамиз.
Келтурунг, занбарак, қурол неча хил,
Бизни сопқон ила отуштирамиз.
Афтамабил аробангиз қайда?
Ҳўқанд ароба билан чопуштурамиз…
Қани айрипилону гидропулон,
Варварах билан учуштирамиз.
Борми сизда бедона, какликлар?
Пул тикуб ўртага чўқуштирамиз…

Яна бир парчани диққатингизга ҳавола этамиз. Бу шоирнинг «Ўз виждон-вужудима хитоб» шеъридан:

Дейдилар, бас қил, Тавалло, шеърлар манзур эмас,
Миллати маҳв ўлса, парво қилмаюрлар, ғам емас.
Бунларинг шўрба-палов, норин ебон чой ичса бас,
Сўнгра икки елкасига тепсалар ҳам индамас.
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.

Тавалло шеърлари миллатпарварлиги, ватанпарварлиги ва албатта, ҳаққонийлиги учун севиб ўқилади. Машҳур Ойбекнинг «Болалик» асаридаги хотираларини эслайлик:

«Айвонда мук тушиб, Таваллонинг шеърларини ўқишга киришаман. Ҳажвий шеърларида эски одамларнинг тўй-ҳашамларини хўп танқид қилган. Кўпгина шеърларида ҳаёт лавҳалари, манзаралари яхши бир тасвир этилган. Менга қаттиқ таъсир этади. Тўю базмлар, бойларнинг фисқу фужури, халқнинг саводсизлиги, маданиятсизлиги, қолоқлик тўғрисидаги ҳар хил ўткир иборалар менга ғоят таъсир қилади. Айниқса, мактаб масаласи, театр ҳақида, ёшларнинг биринчи марта томоша қўйишлари ҳақида ёзганлари ғоят таъсирли. Ўқийман, диққат билан берилиб, узоқ ўқийман… ҳажвлари ўткир, сўзлари юракдан айтилган, самимий… Шеърлар рангдор, жонли, тили ўзига хос, равон…»

Уни фақат бизда эмас, четда ҳам билганлар. Ҳозир ҳам ўрганаётганлар бор. 1997 йилда биз унинг Тошкентда 1993 йилда чоп этилган «Равнақул ислом» номли шеърлар тўпламини Германияда, машҳур Гегель яшаган Бамберг шаҳридаги университет профессорлари қўлида кўрдик. Таржима ва тадқиқ қилишаётган экан. Афсуски, биз узоқ йиллар унинг ҳаёти тафсилотларидан бехабар келдик. Истиқлол миллатимизнинг эрк ва озодлик учун курашган минглаб фидойилари қаторида унинг ҳам қадрини ўрнига қўйди. Биз учун муҳими, ҳаёти-фаолияти саҳифаларини тиклаш имконини берди. Кўп нарса ойдинлашди. Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати архивидаги 32592 рақамли 119 саҳифалик «Тўлаган Хўжамёров иши» деб номланган папкадаги материалларга кўра, у 1882 йилда эмас, 1883 йилда Кўкча даҳасида Оби Назир маҳалласида туғилган бўлиб, отаси чорвадор бой Хўжамёр Жиянбоев 1909 йилда вафот этган. Тўлаган эски мактабда савод чиқарган, «Бекларбеги» мадрасасида, рус-тузем мактабида ўқиган. 1900—1910 йилларда Пржевалсқда Усмонбек Солиҳжонбоев деган кишининг қўлида приказчиклик қилган. 1910—1917 йилларда Тошкентда турли савдо ширкатларида иш юритувчи бўлиб ишлаган.
Бу фактларга шуни қўшимча қилиш мумкинки, Тўлаган Хўжамёров 10-йиллардан ўзининг шеър ва мақолалари билан матбуотда қатнаша бошлаган. Машҳур шоир Юсуф Сарёмийга шогирд тушган. Ва ундан «Тавалло» тахаллусини олган.
1916 йилда «Равнақул ислом» шеърлар тўпламини бостирган. 1913—1917 йилларда Авлоний ва Мунавварқориларнинг «Турон» жамиятида қатнашган. 20-йилларда «Муштум» журналининг фаолларидан бўлган.
Фактларга қайтамиз. Таваллонинг «меҳнат дафтарчаси»даги қайдга кўра, у 1918—1919 йилларда Тошкент Эски шаҳар ва Янги шаҳар ижроия қўмитасида аъзо бўлиб ишлаган. 1919—1922 йилларда Туркистон ЧК (Фавқулодда комиссия)сининг коллегия аъзоси; 1922—1923 йиллар — Туркистон ЧКси Эски Тошкент ижроия қўмитаси аъзоси, шикоятлар бюроси аъзоси, Фарғона ревтрибунал аъзоси; 1924 йил — Ташсоюз бошқармаси аъзоси. 1925—1927 йиллар — кустпромсоюз раиси; 1927 йил 23 октябрдан 1928 йил 11 январгача қамалган. 1928 йил — Қуруқ мева омборида таржимон; 1929 йил — Ширкатлар суғурта уюшмасида инструктор; 1930 йил — аризасига кўра ишдан бўшатилган. 1932 йил — Хомашё ва савдо сектори инспектори; 1933 йил 1 январь — Ўзпромстрой трестида назоратчи-инструктор; 1934 йил апрель — аризасига кўра ишдан бўшатилган. 1935 йил 29 январь — «Красний утилшик» артелида инструктор; 1935 йил 29 май — аризасига кўра бўшатилган.
Бир ўринга изоҳ берамиз. 1927 йилда 6500 сўмлик давлат мулкини талон-торож қилишда айбланиб, 5 йилга қамалган. Партиядан ўчирилган.
Анкета маълумотларидан: ташқи кўриниши — ўрта бўй, бўйи 1 метру 56 сантиметр, кўзи — қўй кўз, сочи қора.
1937 йил 14 августда «аксилинқилобий «Турон», «Шўройи ислом», «Иттиҳоди тараққий», «Миллий иттиҳод», «Миллий истиқлол» ташкилотларининг аъзоси», «миллионернинг ўғли», «шеърларида миллатчилик ғояларини илгари сурган»ликда айбланиб, қамоққа олинади.

Қамоққа олинганида оилада беш киши бўлган: ўзи — 54 ёшда, хотини Зуҳра Миёрова — 40 ёшда, ўғли Мақсуд Миёров — 16 ёшда, қизи Санобар Миёрова — 11 ёшда. 1913 йилда туғилган Раҳбар исмли қизи 1936 йилда турмушга чиққан бўлиб, Бухорода яшар эди.
Агентура материалларидан: «Т. X. миллий республикани мустамлака деб айтди. Кўпчилик орасида «Ўзбек халқи ўзаро ихтилофлари, қўрқоқпиги туфайли хор-зор, қизилларга тутқун бўлди, сабр косаси бир кун тўлади, халқ совет ҳукуматига қарши қўзғалади. Агар мен инқилобни шундай кунларга олиб келишини билсам, бутун вужудим билан унга қарши курашар эдим» деб айтди».
Тўлаган Хўжамёровнинг тергов ишлари тезлашиб кетди. Ўзбекистон ички ишлар халқ комиссари муовини Леонов имзолаган «Айблов хулосаси» 1937 йил 9 сентябрда 25 кунда тайёр бўлди. Унда Таваллонинг 1919 йилда Осипов қўзғолонига қатнашганигача «тасдиқлатиб» олинди ва бир қатор «айб»лар билан учлик ҳукмига ҳавола этилди. Ўша йилнинг 19 сентябрида НКВД қошидаги учлик мажлисида Тавалло отиб ўлдиришга ҳукм қилинди. Ҳукм айни йил 10 ноябрда ижро этилди.
Адабиётшунослик фанида эса, 1939 йил унинг вафот йили сифатида кўрсатиб келинар эди… Адиб 1969 йил 18 октябрда оқланди.

Иккинчи тақдир эгаси Ҳожи Муин миллий уйғониш даври Самарқанд адабий муҳитининг самарали ижод этган истеъдодли вакилларидан эди. Исми шарифи Ҳожи Муин ибн Шукрулло бўлиб, «Меҳрий» адабий тахаллусидир. 1883 йилнинг 19 мартида Самарқанд шаҳрининг Руҳобод мавзеида дунёга келган. 1890 йилда онаси, 1895 йилда отаси вафот этиб, 12 ёшдан бобоси Мирсаид Муҳаммадшариф қўлида тарбия топган. Эски мактабда савод чиқарган. Мадрасада Саидаҳмад Васлийдан араб наҳви(синтаксиси)ни ўрганган. Форс, турк, озар тилларида эркин сўзлаша олиш ва ёзиш салоҳиятига эга бўлган. Рус тилини, Европа маданиятини мустақил ўзлаштирган. 1901 йилдан ўқитувчилик фаолияти бошланади. Беҳбудий, Ажзий, Шакурийлар таъсирида фикри ўзгариб, 1903 йилда ўз маҳалласида «усули жадид» мактаби очган. Ушбу мактаб учун 1908 йилда «Раҳнамои савод» номи билан алифбо нашр эттирган. 1913 йилда Беҳбудийнинг «Самарқанд» газетасида ва «Ойна» журналида ишлай бошлайди. Ижодкор ва ташкилотчи сифатида Беҳбудийнинг рағбат ва ҳурматини қозонади. Масалан, 1914 йилда Беҳбудий «Ойна» ишлари билан икки ойлик сафарга чиққанида журналнинг масъул муҳаррирлигига Саидризо Ализодани, муваққат муҳаррирликка эса Ҳожи Муинни тавсия этиб, ҳукуматдан рухсат олган эди.

Ҳожи Муин 10-йиллардан бошлаб ўзбек ва тожик тилидаги шеър ва мақолалари билан матбуотда кўрина бошлайди. 1914 йилда «Гулдастаи адабиёт» шеърий тўплами босилиб чиқади. Нусратилла Қудратилла билан биргаликда «Тўй» пьесасини эълон қилади. Сўнг 1916 йилда кетма-кет ўз қаламидан чиққан «Эски мактаб — Янги мактаб», «Мазлума хотин», «Кўкнори» саҳна асарлари дунё юзини кўради. Бу асарлар қисқа муддатда ўлканинг бир қатор шаҳарларида қўйилади. «Мазлума хотин»ни В.Я.Вяткин рус тилига таржима қилади.

1916 йилда Ҳожи Муин кўплар қатори мардикорликка олиниб, ўша йили 2 ноябрда таниқли маърифатчи А. Шакурий ва шоир Ф. Рожий билан биргаликда фронт орқасидаги қора ишларга юборилади. Минск губерниясининг Новоборисов шаҳри яқинидаги ўрмонларда дарахт йиқитиш, хандақ қазиш ишлари билан шуғулланади. 1917 йилнинг майида (февраль ўзгаришидан сўнг) она юртига қайтади ва матбуот ишларига шўнғиб кетади. Фитратнинг «Ҳуррият» газетасида ишлайди. 1918 йилнинг 11 июнида «Меҳнаткашлар товуши» газетасини йўлга қўяди. 1920 йилнинг 1 январидан унга илова сифатида «Таёқ» номли кулгили журнал чиқаради. 1922 йилда «Зарафшон» газетасининг таҳририятида ишлайди. 1924 йилнинг 1 июлидан унга қўшимча бўлиб чиққан «Машраб» кулгили журналига асос солади. 1926 йилда «Овози тожик» газетасига адабий ходим ва мусаҳҳиҳ бўлиб ўтади. Унинг иловаси «Мулла Мушфиқий» ҳажвий журналида масъул котиб вазифасини бажаради. Шу орада адибнинг мусаҳҳиҳлик фаолияти билан боғлиқ бир нохуш воқеа юз берадию, унинг тақцири алғов-далғов бўлиб кетади. Воқеа шундай эди: «Овози тожик» газетаси 1929 йил 24 апрель сонида 1-май байрамолди чақириқларини русчадан тожикчага ўгириб бераётганида «долой социал-империалистов, да здравствует коммунистический интернационал!» матни таржимасида «да здравствует («зинда бод»)» эътиборсизлик туфайли тушиб қолади-ю, «…нест бод коммуниста байнал-милал!» («йўқолсин коммунистик интернационал») бўлиб чиқиб кетади.

Мазкур техник хатога сиёсий тус берилади. Мусаҳҳиҳ Ҳожи Муин ва таржимон Саидризо Ализода аксилшўровийликда айбланадилар. Ҳожи Муин Сибирнинг Канск округ Пугачан районига сургун қилинади. Адиб ўз ватанига 1932 йилда қайтиб келди. Яна газетада ишлади. Жумладан, 1934—1937 йилларда «Қизил юлдуз» номли ҳарбий газетада хизмат қилади. Унинг корректорлиги яна бахтсизлик олиб келади. «Отишга ҳукм қилинган халқ душмани Муралов» деганнинг исми-шарифи шу йилларнинг довруқли давлат арбоби Молотов билан алмашиб кетади. Ҳожи Муинни бу ишни онгли қилганликда айблайдилар. «Аксилшўровий тарғибот билан шуғуллангани», «жосуслик, бузғунчилик фаолияти», «инглиз разведкасига хизмат қилганлиги» учун 10 йил га ҳукм қилинади ва 1942 йилнинг 21 июлида Перм областининг Соликамск шаҳрида вафот этади. Унинг покиза номи 1963 йилда оқланди.
Зариф Баширнинг «26 йиллик хизмат қаҳрамони» («Зарафшон» газетаси 1927 йил 19 май) мақоласида Ҳожи Муиннинг 1917 йил га қадар ўндан ортиқ газета-журналда фаол қатнашгани, 10 та китоб нашр эттиргани қайд этилган. Муаллифнинг ўзи 1937 йилда ёзган «Ижодий таржимаи ҳолим» рисоласида 1907—1937 йиллар давомида 23 хил газета ва журналда 200 мақола, 400 хабар, 1500 га яқин ўзбекча ва тожикча шеърлар бостирганини хабар беради. Ва асарларининг тўла рўйхатини келтиради. Маълум бўлишича, унинг Беҳбудий тақдири ҳақида ёзган «Маориф қурбонлари» пьесаси ҳамда «Жувонбозлик қурбонлари», «Бой ила хизматкор», «Қози ила муаллим» каби саҳна асарлари, икки шеърлар тўплами, «Алфози мутародифа» (арабча-форсча-туркча-ўзбекча луғат), «Тарожими аҳвол», «Алифболар тарихчаси» каби қанчадан-қанча китоблари, тўплаган ўзбекча ва тожикча мақолалари, «Хулосаи қавойиди форсий» каби форсча, Фитратнинг «Бухоро саёҳати» асарининг ўзбекча таржималари босилмай қолиб кетган. Булар сирасига муаллифнинг тугалланмай қолган «Беҳбудийнинг таржимаи ҳолига оид материаллар», «Тааддутоти завжот» (кўп хотин олиш), «Хотираларим» каби асарларини ҳам киритсак, унинг ғоят сермаҳсул ижодкор эканлиги маълум бўлади. Юқоридаги рўйхатнинг ўзиёқ Ҳожи Муиннинг журналист, шоир, драматург, таржимон сифатида адабиётимиз ва маданиятимиз тарихида салмоқли мавқега эга эканини кўрсатиб турибди. Гап асарларининг сонидагина эмас. Бунга унинг Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон билан яқин алоқалари далил. Фақат буларни ўрганиш ва баҳолаш керак.

Хулоса

1. Бугун тарихшуносликда, шу жумладан, адабиётимиз, маданиятимиз тарихини ўрганишда мутлақо янги шарт-шароит майдонга келди. Жумладан, эрк ва мустақиллик йўлида шаҳид кетган шўро тузуми қурбонларининг фожиали тақдирларини бутун тафсилотлари билан ўрганиш имкониятига эга бўлиб турибмиз. Афсуски, бу имкониятдан егарли фойдаланаётганимиз йўқ. Ҳолбуки, бу истиқлолнинг аҳамиятини англашда, бугунги куннинг қадрига етишда янги авлод тарбиясининг муҳим воситаси бўла олади.
2. 20-йиллардаги кураш икки ўзаро қарама-қарши мафкура курашидир. Бири миллатнинг ўз ерида эркин, мустақил яшашга ҳақли эканлиги билан боғлиқ фикр-қарашларни ифода қилган, иккинчиси эса сохта, Шарқ халқлари турмуш тарзига зид қизил шиорларга ўраб берилган, аслида великорус шовинизми манфаатларига хизмат қилган мафкура эди. Дунёда миллат деган тушунча бор экан, унинг манфаати деган гап ҳам, албатта, бўлади. Мамлакатлар ўз тараққиёти ва геополитик имкониятларига кўра бир хил даражада бўла олмас эканлар, мафкуравий курашга ҳам интиҳо йўқдир. Шу маънода 20-йиллар кураш тарихи бизга ҳамиша ибрат ва аччиқ сабоқ бўлиб хизмат қилади.

    ТАВАЛЛО ШЕЪРЛАРИДАН

ОНАМ ЙИҒЛАЙДИР

Нелардандир кўнгил бўлиб ғаш,
Ҳам эгилиб, бу эгилмас бош,
Кўзларимда қалқиб турса ёш,
Бу ҳолимга беролмай бардош,
Бир муштипар Онам йиглайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Қайтар бўлсам қуруқ қўл овдан,
Қора қозон қолса қайновдан.
Ҳам айрилиб ўлжа, уловдан,
Қарзга ботар бўлсам бировдан,
Таскин бериб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Бирда ҳақдин, бирда ноҳақдин,
Жабр кўрсам бир бетавфиқдин,
Ортда турсам қалби қуроқдин,
Қадрим хароб бўлса тупроқдин,
Оҳлар уриб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Оға-ини ўртасида гап…
Алҳол, келиб чиқса ихтилоф,
Бири иззат, бири мулк талаб,
«Бу оқ сутим, меҳримга хилоф», —
Дея шўрлик Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Синалмоқнинг гали келганда,
Ногоҳ мағлуб бўлсам майдонда,
Номим қолмас бўлса жаҳонда,
Ким дўст-душман билинар онда
Аҳволимга Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Ғаним бир ён, мен бир ён бўлсам,
У устувор, мен урён бўлсам,
Бу ҳам камдай ногирон бўлсам,
Ёғоч отга ёнма-ён бўлсам,
Ой тутилиб, Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.

Бўлсам гумроҳ, бўлса гуноҳим,
Вужудимга солмасдан ваҳм,
Қабул айлаб тавалло — оҳим,
Дариғ тутмай меҳринг, Илоҳим,
Йиғлатмагин мушфиқ Онамни,
Волидайи муҳтарамамни.

(Tashriflar: umumiy 111, bugungi 1)

Izoh qoldiring