Erkin Vohidov. Donishqishloq latifalari & Anvar Obidjon. Kulgu — ochiqko’ngillik guvohnomasi

Ashampoo_Snap_2016.12.11_15h41m47s_002_.pngУстоз Эркин Воҳидов таваллуд топган куннинг 80 йиллиги олдидан

   «Донишқишлоқ латифалари»ни ўқиб, ҳамма кулади. Ваҳоланки, мен уларни йиғлаб ёзганман. Ақл-идрокка зид, тескари ишларимиз эл бошига кулфат ва уқубатлар келтириб ётгани сир эмас-ку. Косаси тескари қурилган чархпалаклар камми? Бир пардани тутганча қолаверган, бир хил оҳангни қўймай чала берган матмусалар озми? Ўзимиз яратган қолипларни тандирдай кийиб олиб, йўлни кўролмай, осмонга қараб кетаётган ҳолларимиз йўқми? Булар кулгили ишлармас, ачинарли, офатли ҳодисалар (Эркин Воҳидов билан 1988 йили бўлган суҳбатдан).

АНВАР ОБИДЖОН
КУЛГУ – ОЧИҚКЎНГИЛЛИК ГУВОҲНОМАСИ
Эркин Воҳидовнинг «Табассум» тўпламига сўзбоши
002

Кулиш осон, кулгининг тагига етиш қийин. Афанди ерда ётган кўзгуни олиб, ўзининг аксини кўрибди-ю: “Э, бу нарса сизникимиди?” – деб уни яна жойига қўйиб кетаверибди. Кўпчилигимиз Афандининг соддалигидан кулиб қўяқоламиз. Аслида, бунинг замирида улкан фожиа ётганини, бунда ўзлигини йўқотган, ўзини таниёлмасдан яшаётган кимсанинг ачинарли ҳолати баён этилганини камдан-кам одам англаб етади.

Мабодо, англолмаган бўлсак ҳам, унчалар уят эмас, барибир мириқиб ҳоҳоладик-ку, демак, бу зўр латифа, уни қайсидир ақли бутун одам тўқиган. Отасига раҳмат-е!

Кулдириш осон эмас, кулгини кўнгли тор, ичи қора кимсаларнинг инжиқликларидан, маломатларидан асраш ундан-да мушкул. Бундайлар “Донишқишлоқ латифалари”ни мийиғида сал илжайганича ўқиб, охирида бирдан тумтаяди: булар қанақа одамлар бўлдийкин, бири поездга чиқаётиб калишини перронга ечиб кетса, бири жуни ўсган эчкисини сартарошхонага етаклаб боради, бири минорани тескарисига қазилган қудуқ деб ўйласа, бошқаси чивинга қопқон қўяди. Бу ўз халқини масхаралаш-ку, ўз миллатини оламга шарманда қилиш-ку! Нима, бу шоир ўзбекни шунчалар аҳмоқ деб ўйлаяптими? Ватанпарварлик қани? Ҳамият қани?

Афсуски, баъзан бундай дошномлар ўзини адабиётнинг билимдони деб билувчи, ҳатто ўзи бировларни кулдириш билан тирикчилик қилиб юрувчи айрим “чиранчоқ элсеварлар”нинг тилидан ҳам янграб туради. Мундоқ қараганда, шунинг ўзи ҳам бир ҳажв, шуни сўзлаган кимсанинг ўзи ўзбекни бошқа миллат вакилига ҳажвга ҳажв сифатида қарай олмаётган торфикр одам қиёфасида намоён этиб турибди. Бир ҳажвчи грузин синиқ хумга кириб олиб уни ичидан елимлаган ва бўғзи торлиги учун идишдан қайтиб чиқолмай қолган бошқа бир анойи грузинни кўрсатса, яйраб куламиз, муаллифни ҳамиятсизликда айблаш, грузин шунчалар аҳмоқми деб жар солиш хаёлимизга ҳам келмайди, аксинча ўша оми чегачига нисбатан қалбимизда ўз-ўзидан илиқ бир туйғу уйғонади. Бунинг сабаби оддий – у биз илгари кўрмаган қизиқ ҳолат воситасида ҳаммамизни ўз устидан ( миллатининг устидан эмас) кулдирди, кўнглимиздаги озми-кўп ғубор тарқалди-кетди. Бу воқеа ростми ё ёлғонми, бу юморми ё сатирами, тоши вазминми ё енгилми, уёғини “тундфеъл мутафаккир”лар ўйласа ўйлар, биз учун асосийси – гапнинг йилт янгилиги, ҳодиса маҳорат билан тасвирлаб берилганлиги.

Маҳорат барибир бирламчи. Эркин Воҳидов ҳажвиётини минг-минглаб китобхонларга суюкли қилиб турган элитувчи куч ҳам айнан ўша – моҳирлик. Ҳажвчи, биринчи галда, қойиллатиб кулдира олсин, ўйлантира олса, ундан ҳам яхши, дер эди Неъмат Аминов. Жаҳондаги кўпчилик кулги усталари каби Эркин ака ҳам ана шу ақидага таяниб ижод қилади. Бу унинг Матмуса ҳақидаги туркумида алоҳида чарақлаб кўринади.

“Матмусанинг қалпоғи”да Матмуса қимматбаҳо телпак сотиб олиб, уни улфатлари билан ресторанда “ювади”, охири зиёфатнинг ҳақини тўлашга пули етмай, официантга телпагини бериб қутулади. Бошқа шеърда Матмуса шаҳарга бориб, чиройли лаган харид қилади. Сўнг ўйланиб қолади – буни уйга олиб борсам-у, хотиним уни пишлоқ солинадиган идишга айлантирса, болаларим пишлоқ талашиб, лаганни синдириб қўйишса, чегалатиш учун яна шаҳарга келиб юришим керакми? Шунда Матмусанинг бирдан донолиги қўзийди-ю, оворагарчиликнинг олдини олиш ниятида лаганни ўзи синдириб, бир йўла чегалатиб кўнгли тинчийди. Буни эшитган қишлоқдошлари унинг ақли кўплигига қойил қолишади. Ширгуручдан таъм эмас, гўшт ва саримсоқпиёз, кулгидан завқ эмас, мантиқ ва фалсафа қидириб уймаланаверадиган тоифалар, одатда, на мутойибанинг жозибасига суқлана олишади, на муаллифнинг устаси фаранглигига тан беришади. Бунақа енгил-елпи гапларнинг одамларга нима кераги бор? Бизга нимани ўргатади у? Ёзишавераркан-да… Вассалом…

Ўхшатиб кулдиришни уддалаган адиб, зарурат туғилганда, “жизиллатиб чақиш”ни ҳам жойига қўя олади. Бунга амин бўлишимиз учун “Матмусанинг уйланиши”ни ўқиб кўришимиз кифоя. Матмуса шаҳарда бир танноз билан танишиб, қишлоққа етаклаб қайтади. Қарангки, уйланганига уч ой тўлгандаёқ фарзанд кўради. Йўқ, биз кутган тўс-тўпалон юз бермайди, аксинча Матмусанинг оиласида ҳам, Донишқишлоқда ҳам кўтаринки бир ҳолат юзага келади. Яъни, элқатори тўққиз ойда бола кўриб юрган донишқишлоқликлар шаҳарлик келиннинг “зарбдор”лигидан ҳайратда, бу мўъжизага даҳлдор бўлган Матмусанинг димоғи осмонда. Маҳаллий матбуотда “Илғор ўрнак – қишлоққа” деган дабдабали мақола босилади, эркаклар бу ташаббусни қўллаб, газетада чиқишлар қилишади. Кўчаларда “Янгиликка – катта йўл”, “Тўққиз ойни – уч ойда!” янглиғ шиорлар пайдо бўла бошлайди.

Кекса ва ўртанча авлод вакиллари яхши эслашади, бир пайтлари терим машинасида ўзгаларга нисбатан ўн баравар кўп пахта терувчи, завод-фабрикаларда кунлик иш нормасини 15 – 20 бараварга бажарувчи “ясама зарбдор”ларни яратиш, уларнинг ташаббусини оммавий ахборот воситалари орқали кенг овоза қилиш, бу ташаббусни қўллаб-қувватловчи “сайроқи”ларни ҳам имкон қадар кўпроқ “етиштириб чиқариш” роса авжга минганди. Ўша эски замонда тузумнинг ўзи яратаётган катта ёлғонлар устидан бу тарзда очиқчасига кулиш учун ижодкорга отнинг калласидек юрак керак бўларди.

Ўрни келганда, бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоизки, ҳажвий роман ёки қиссада янгича қиёфа яратганлар беҳисоб, аммо шеъриятда бундай ҳоллар саноқли. Эркин Воҳидов шеъриятда Матмуса талқинида ўта ўзига хос образ ярата олди.

Шоирнинг “Сиёсий сабоқ ёки Бек Бековнинг ғаройиб саргузашти”, “Мажлис қилинг”, “Қумурсқалар жанги”, “Сен менга тегма”, “Бир таваккалчи дейдики”, “Шаҳарми бу , қишлоқми бу” сингари ҳажвий шеърлари ҳам ўз вақтида шов-шувлар билан қарши олинганди. Уларнинг аксарияти замона ўзгарса-да, ҳануз ўз актуаллигин йўқотгани йўқ. Бинобарин, иллатлар вируси ниҳоятда яшовчан, беҳад мосланувчандир.

Эркин аканинг қаламига мансуб ҳажвий шеърлар ўта тортувчанлиги билан ажралиб туради. Шоирнинг ижоди билан кенгроқ таниш бўлган киши бунинг сири нимада эканлигини пайқаб олиши қийин эмас. Кўп мунаққидлар Эркин Воҳидов беназир сўз заргари эканлигини қайта-қайта эътироф этишган. Бу, айниқса, энг нафис, энг жарангли, энг товланувчан сўзлар дурдонасидан тузилган маржонни эслатувчи лирик шеърларида кўзга тиниқроқ чалинади. Ҳажвий шеърларда ҳам шу фусункорликка дуч келамиз, роҳатланиб ўқиймиз, ёдда тез сақлаб қоламиз.

Бир йили Фарғонада каминанинг юбилей ижодий кечаси ўтказилди. Кеча охирида сўзга чиқиб, пича гапирдим-у, кўзларимга бирдан ёш келиб, жим туриб қолдим. Сабабини сўраганларга “шунчаки ҳаяжон босди” деб қўйдим. Аслида, ҳаётимдаги шундай қувончли дамда мен учун ниҳоятда мўътабар бўлган Саид Аҳмад, Неъмат Аминов каби зотларнинг залда йўқлиги (уларнинг охирати обод бўлсин) қаттиқ алам қилганди. Айни чоғда, бошимни кўкка етказиб бу кечага ташриф буюрган устоз адиблар, дўстларим қаторида Эркин Воҳидовнинг ҳам ўтирганлиги юрагимни ҳаддан зиёд тўлқинлантириб юборганди. Бу билан айтмоқчиманки, шундай азиз зотларнинг, ноёб истеъдод эгаларининг орамизда борлигига беҳад шукур. Невара-чаваралик бўлиб ҳам, қондошчилик, ўртоқчилик борди-келдиларидан, катта рўзғорнинг икир-чикирларидан ортиб, ҳануз ёзишдан чарчамаётганларига, фахримиз бўлиб кўзимизни қувонтириб юрганларига минг қуллуқ. Шундай табаррук кимсаларни эъзозлаб келаётган элимизга, давлатимизга ҳам минг тасанно… Эркин аканинг “Табассум” тўпламидаги кўплаб янги шеърларни ўқиётиб хаёлимдан беихтиёр шундай фикрлар кечди.

Саид Аҳмад домла билан қилган бир суҳбатимизда у киши Эркин Воҳидов жуда улкан ҳажвчи, лекин унинг ҳажвлари эл орасида ўта машҳур бўлиб турган жиддий шеърларининг соясида қолиб кетяпти, деган эди. Ҳажвий шеърларнинг алоҳида тўпламга жамланганлиги зап яхши иш бўлибди. Бу тўплам Эркин аканинг ҳажвиётдаги қудратини яққол ҳис этишимизга кўмак берса, ажабмас.

Бунақа китобларни кўнгли очиқ, юраги кин ва ҳасад қурумларидан ҳоли, туғма самимий кимсалар яйраб ўқийверсин, боласига ҳам илиниб, китоб жавонига яшириб қўяверсин.

Китобларнинг тақдири ҳам одамларникига ўхшаш – толеи кулганлари бор, толесизроқлари бор. Асраб қўйишга арзийдиган китоб – бахтли китоб. “Табассум”дан ана шу бахтнинг иси уфуриб турибди.

05.jpgЭркин ВОҲИДОВ
ДОНИШҚИШЛОҚ ЛАТИФАЛАРИ
002

МАТМУСАНИНГ ҚИШЛОҒИ

Донишқишлоқ деган жой
Бордир бизнинг томонда.
Ўша қишлоқ аҳлидек
Доно халқ йўқ жаҳонда.

Жўяк тортиб томига
Макка эккан ўшалар.
Калишини перронга
Ечиб кетган ўшалар.

Юз қоп ганчни бир йўла
Сувга қорган у ерлик.
Эчкини сартарошга
Олиб борган у ерлик.

Кўриб минораларни
Ўша ерлик улуғлар
Деган: «Булар тескари
Туриб қолган қудуқлар».

Томдан бошлаб уй қурмоқ
Бўлиб тиккан ҳавоза,
Девори йўқ ҳовлига
Ўрнатган ҳамдарвоза;

Ойга чиқмоқ йўли бор,
Жуда осон деган ҳам,
Темир йўлни кўтарса,
Тайёр нарвон деган ҳам;

Машинаси бор туриб
Миниб юрган хачирга,
Хизмат қилган «Волга»си
Эшакка ем таширга;

Пашшага сопқон отган,
Қопқон қўйган чивинга,
Алмаштирган саррофдан
Ўтган кунни индинга;

Ой нурига хум тутиб,
Умид қилган пишлокдан —
Соҳибхаёл фаришта
Ўша Донишқишлокдан.

Донишкишлоқ қаерда?
Ўзимизнинг томонда.
Ўша қишлок халқидек
Доно халқ йўк жаҳонда.

Ақл кўплик қилса, бош
Ёрилади деб ҳалак —
Бошларига донолар
Кийиб юрар чамбарак.

Содда деманг уларни,
Улар содда бўлмайди.
Кулдирса ҳам сизларни,
Ўзлари ҳеч кулмайди.

У машҳур Алдаркўса,
Калкўсанинг қишлоғи.
Ўзимизнинг қаҳрамон
Матмусанинг қишлоғи.

Китоб бўлар таърифи,
Ёзса минг бир саҳифа.
Донишқишлоқ аҳлидан
Тингланг уч-тўрт латифа…

МАТМУСАНИНГ ҚАЛПОҒИ

Қалпоқ олди Матмуса,
Қалпоқ деса — қалпоқдай.
Уни кийиб Матмуса,
Йигит бўлди чақмоқдай.

Ўнта қўйга арзийди,
Ярақлаши бир жаҳон.
Бир қарасанг — сувсардек.
Бир қарасанг — олмахон.

Қалпоқ эмас — эртак у,
Қалпоқ эмас — тилла тож!
Қўйинг-чи, ресторанда
Ювмаса ҳеч йўк илож.

Кирдилар, ўлтирдилар,
Буюрдилар арақни.
Доно Матмуса учун
Ичдилар бош қадаҳни.

Қалпоққа тери берган
Сувсар учун ичдилар.
Шундай қалпоқни сотган
Овсар учун ичдилар.

Эсланмаган қишлоқнинг
Итигача қолмади.
Мақталмаган қалпоқнинг .
Ипигача қолмади.

Хўп ичдилар ўйламай
Ҳисоб-китоб қилмоқни.
Охирида пул етмай,
Топширдилар қалпоқни.

МАТМУСАНИНГ ЛАГАНИ

Матмусавой шаҳардан
Лаган олиб қайтарди.
Йўл-йўлакай ўй суриб,
Ўз-ўзига айтарди:

Бу лаганни кўтариб
Олиб борсам қишлоққа,
Хотин уни албатта
Идиш қилар пишлоққа.

Тийиб бўлмас ҳеч қачон
Бола-чақа деганни.
Улар пишлоқ талашиб
Синдиришар лаганни.

Шунда излаб чегачи
Мен нотавон бечора,
Қайта келиб шаҳарга
Бўладирман овора.

Машойихлар гапи бор
Иш кўзини бил, деган.
Ҳар юмушда эртанинг
Ҳисобини қил, деган.

Нима қилсам экан деб,
Бир дам ўйга толди у.
Сўнг лаганни синдириб,
Чегалатиб олди у.

Шундай қилиб, уйига
Қайтди оғзи қулокда.
Ҳамма унинг ақлига
Қойил қолди қишлоқда.

МАТМУСАНИНГ ЧАРХПАЛАГИ

Полвон эди Матмуса,
Тўрт фил кучи жамэди.
Қишлокда энг зўр, аммо
Ақли бир оз кам эди.

Матмусани шундан ҳеч
Кўзга илмас эдилар.
Қўрқсалар ҳамундан, ҳеч —
Ҳурмат қилмас эдилар.

Бир кун деди Матмуса,
Шундай кучга эгамен.
Шуҳратим йўқ эл аро,
Беобрўман нега мен?

От кўтардим тиш билан,
Кулди фақат одамлар.
Арзимаган иш билан
Топди ҳурмат одамлар.

Мен ҳам ақлим кўрсатиб
Ҳайрон қилай ҳаммани.
Доно бўлиб бир ўзим,
Нодон қилай ҳаммани.

Бўз арикда кўп замон
Бор эски бир чархпалак.
Кўрибдики, бир томон
Айланар у ғилдирак.

Балки минг йил нарида
Айлангандир шу йўсин.
Матмусанинг даврида
Янгилик бир иш бўлсин.

Турди бир оз ўй суриб,
Юрди шахдам илгари.
Чархпалакни суғуриб
Шартта қўйди тескари.

Бу ижоддан эл дарак
Топди саҳар паллада.
Жадал чопар чархпалак,
Лекин сув йўқ далада.

Ўйлар аҳли уламо
Тузатмоқнинг йўлини.
Мағрур турар Матмуса
Белга қўйиб қўлини.

Ким чархпалак косасин
Ялпоқ қилиш керак, дер,
Ким косага осма сим
Қопқоқ қилиш керак, дер.

Дер идроки энг юксак
Қашиб туриб каллани:
— Дарёни сал кўтарсак.
Сал туширсак далани…

— Йўқ, иш битмас «сал» билан!
Қишлоғимиз эрлари
Чархпалакни гал билан
Айлантирсин тескари.

— Йўқ, кучимиз ожизроқ,
Қийналмасин эл жони.
Тескарига оқизмоқ
Тўғри бўлар дарёни.

Эмиш, ҳамон қилар баҳс
Ўша қишлоқ эрлари.
Чархпалак-чи, сув бермас,
Айланармиш тескари.

МАТМУСАНИНГ ТАНДИРИ

Матмусага бир куни
Хотини: «Ҳой, эр, — деди.
Ҳаммада бор, менга ҳам
Тандир қуриб бер», деди.

Пишиқ эди Матмуса,
Бошга қўйиб кўлини,
Ўйлаб топди энг арзон
Тандир қурмоқ йўлини.

Деҳқончилик — сомон, жун,
Лой қоришни билади.
Ўзи тайёр қолип-ку,
Нега пул сарф қилади?

Лойни қорди, ишлатиб —
Занг кетмону пақирни.
Сўнг офтобга чўк тушиб,
Болаларни чақирди.

Қийқиришиб болалар
Атрофида чопдилар.
Қорни бўйни аралаш
Лойшувоқни ёпдилар.

Бундоқ тандир бўлмаган,
Йўқдир ҳеч бир китобда.
Тандирини Матмуса
Қуритади офтобда.

Қотган сари танда лой,
Ҳар бир мўйи жимирлар.
Чиғаноқ қурт сингари
Фақат боши қимирлар.

Кўп қийналди Матмуса,
Мард эмасми — чидади.
Тандир тайёр, энди мард
Ундан қандоқ чиқади?

Пилла ёрар капалак,
Қил суғрилар хамирдан.
Лек Матмуса чиқолмас
Ўзи қурган тандирдан.

Етар етти қўшнига
Унинг нола-хониши.
Маслаҳатга йиғилар
Қишлоқ аҳли дониши.

Ким дер: Э воҳ, бечора,
Ким дер: Кўринг тақдирни.
Баҳс бошланди — масала:
Бутун олмоқ тандирни.

Охир деди бош ҳакам,
Чимирганча қошини:
— Бир чора бор: арраланг
Матмусанинг бошини.

Майли, деди Матмуса,
Рози бўлмай нетайин,
Билмадинглар қадримни,
Ҳамманг жинни, бетайин.

Кессангизлар бошимни,
Мен ниятга етарман.
Бошимолиб бу ердан
Бирор ёққа кетарман.

МАТМУСАНИНГ УЙЛАНИШИ

Сафар қилди Матмуса
Олисдаги шаҳарга.
Ул шаҳарда йўликди
Бир ҳур пари-пайкарга.

Бўйдоқ эди Матмуса,
Узоқ турмай ўйланиб,
Қишлоғига қайтди у
Ул санамга уйланиб.

Ҳеч гап эмас бахт келса,
Айтар омад деб буни:
Уч ой ўтмай жононнинг
Яқинлашди ой-куни.

Ҳамма ҳайрон, ҳамма лол:
«Биз бир йилча кутардик,
Матмусанинг хотини
Чиқиб қолди ударник».

Не экан деб, шошилиб
Зарбдорликнинг бу сири,
Чопиб келди суҳбатга
Донишгазет мухбири.

«Биз ҳам четда эмасмиз,
Биз ҳам шерик меҳнатга»,
Деб Матмуса тиржайиб,
Қўшилади суратга.

Эртасига бу хабар
Тарқаб кетди ҳар ёққа.
Сарлавҳа ҳам чиройлик:
«Илғор ўрнак — қишлоққа».

Хат ёғилар эрлардан:
Ташаббусни қўллаймиз!
Хотинларни тажриба
Алмашишга йўллаймиз!

«Алвон-алвон шиорлар
Пайдо бўлар ҳар жойда:
«Янгиликка — катта йўл!»
«Тўққиз ойни — уч ойда!»

Ҳайъатларда кеккайиб
Яйраб юрар Матмуса.
Биз ундоқ, биз бундоқ деб
Сайраб юрар Матмуса.

Алқисса шу — баъзида
Шундай бўлиб қолади —
Биров қилиб меҳнатни,
Биров обрў олади.

ҚИЗИҚУВЧАН МАТМУСА

Оппоқ кўйлак, янги шим
Кийиб олиб байрам кун,
Уйга қайтар Матмуса
Ширин бўлиб кечқурун.

Қайтар завққа қўшиб завқ,
Ҳам куч қўшиб кучига.
Бир пайт кўрса, аллаким
Симёғочнинг учига —

Қоғоз осиб қўйибди,
Икки қатор ёзиб хат.
Ўқимоққа Матмуса
Ҳарчанд қилар ҳаракат —

У томондан қарайди,
Қарайди бу томондан.
Билмай кетса не хат бу,
Чиқа олмас армондан.

Қизиқувчан иштиёқ
Унга тинчлик бермасди.
Кўйлакни ҳам аямай
Симёғочга тармашди.

Чикди, кўрди, ўқиди,
Ким ақлдан озибди?
«Эҳтиёт бўл, симёғоч —
Бўялган», деб ёзибди.

Ўқидию танидан
Чиқиб кетди муздек тер,
Уйга келиб дафтарга
Ёзиб қўйди тўрт йўл шеър:

«Эй, одамлар, билишдан
Ўзингизни тийманглар.
Қизиқувчан бўлсангиз,
Янги кўйлак кийманглар!»

МАТМУСА — РАССОМ

Кўчма музей келибди
Бизнинг Донишқишлоққа.
Эшитди-ю Матмуса,
Шошиб қолди у ёққа.

Кўрди бориб мўйловдор
Қилич таққан зотларни.
У зотларнинг остида
Гижинглаган отларни.

Айниқса, денг, аёллар,
Қараб-қараб олди у.
Боқиб баъзи суратга,
Сурат бўлиб қолди у.

Бири биридан қизиқ,
Бир-биридан зўр, аммо
Абстракт санъатга
Тушунмади мутлақо.

Деди: шу суратга ҳам
Пул тўлашар, ҳойнаҳой.
Демак, рассом иши зўр,
Демак, рассом жуда бой.

Деди: санъат кимучун?
Санъат ҳамма учунми?
Мен ҳам энди бу ишда
Синаб кўрай кучимни.

Қатъиятли — Матмуса,
У оғзига сўз олди.
Уйга келиб сандикдан
Пайтавалик бўз олди.

Тоғорага ранг қорди,
Бўлсин учун созгина,
Қўшди тарнов сувидан,
Қўй қийидан озгина.

Қўлчўпни сиз сўраманг,
Топқирлиқцан камоли —
Гулдек мўйқалам бўлди
Эчкисининг соқоли.

Толдан ёғоч кесди-ю
Чорчўпни ҳам боплади.
Сўнг у турфа матога
Турфа рангни чаплади.

Қарабсизки, расмтахт,
Шартта қўйиб имзони,
Олиб келди музейга,
Лол қилгани дунёни.

Кўринарли жой топиб,
Осди уни деворга,
Аллақандай «изм» деб
Ёзиб қўйган қаторга.

Эртасига келдилар
Мутахассис ходимлар.
Яъни, ўша «изм»нинг
Пири бўлган олимлар.

Қарадилар, кўрдилар.
Ҳеч тиш ўтмас англарга.
Кимдер: Кўринг услубни.
Ким дер: Қаранг рангларга.

Бу Ғарбдаги зўр усул
Антирасм, дер биров.
Примитивизмда
Янги оқим, дер биров.

Хуллас, кўчма музейдан
Бу сурат ҳамжой олди.
Матмусага пул чиқиб,
Битта саман той олди.

Эй, ёронлар, борсангиз
Лондон, Париж, Румога,
Музейларда бир қаранг
Ўша таниш имзога.

Жилва қилиб ўзгача,
Бўй таратиб турибди.
Матмуса чизган сурат
Дунё кезиб юрибди.

МАТМУСАНИНГ ДУТОРИ

Матмуса қўй сотгани
Шаҳарга келиб қолди.
Қайтишда битта қўйнинг
Пулига дутор олди.

Уйга келгач, йўлакка
Боғлади-ю отини,
Завқи сиғмай юракка,
Чақирди у хотинни.

Мана, хотин, кўриб қўй,
Мановни дутор дейди.
Манов боғични парда,
Манов ипни тор дейди.

Манов қулоқ, бу харрак,
Яъни, эшак боладир.
Шаҳарлик уни бундай —
Бундай қилиб чаладир.

«Муножот» деб отини,
Матмуса куй чалибди.
Қулоқ солиб хотини,
Роса қойил қолибди.

Депти:
Раҳмат, шаҳарлик —
Яхши чолғу берибди,
Фақат битта нарсага
Ақлим етмай турибди.

Бир маҳал бобомда ҳам
Шундай чолғу бор эди.
Эсимдан адашмасам,
Ўша ҳам дутор эди.

Лекин у чалмай туриб,
Қулоғини бурарди.
Бармоғи ҳам манов ип
Устида югурарди.

Сен бўлсанг битта ерни
Тутганча қолавердинг.
Бир хил тинғир-тинғирни
Қўймасдан чалавердинг.

Жаҳли чиқиб Матмуса,
Хотинини сўкибди.
Кетган қўйи учун ҳам
Аламини тўкибди:

«Эй, хотин, сен эрингга
Нодон гапни деб қўйдинг.
Нима бўлди?
Ё қариб
Эс-ҳушингни еб қўйдинг?

Бобонг қўли дуторда
Югурса, югургандир.
Шўрлик керак пардани
Тополмай қидиргандир.

Энди мен чалганимда
Оғзингни юм, жим, депти:
Бобонг парда қидирган,
Мен уни топдим», депти.

Матмуса шундай қилиб,
Кўкрагини керибди.
Эрини доно билиб
Хотин ҳам тан берибди.

Алқисса шу:
Машшоқлар —
Қидиришни ташласин.
Керак пардани топган
Матмусалар яшасин!

ТАНДИР КИЙГАН МАТМУСА

Ўзи тандир қуролмай,
Кўниб охир тақдирга,
Шаҳар томон йўл олди
Матмусавой тандирга.

Тандир бозор қизиган,
У тушгача айланди
Ва ниҳоят бозорнинг
Зўр тандири сайланди.

Чертса, уч кун жаранглар,
Бир умрга етади.
Лекин уни қишлоққа
Қандай олиб кетади?

Ўйлаб кўрса, эшакка
Ортмоқнинг йўқ чораси.
Ортганда ҳам, арқонлаб
Тортмоқнинг йўқ чораси.

Аҳли бозор йиғилди,
Қизиб кетди маслаҳат.
Барчада бир шу ташвиш,
Ҳаммада шу ўй фақат.

Кенгашилди, ўйланди,
Миндирилди охири
Эшагига — Матмуса,
Матмусага — тандири.

У шод, бундоқ тадбирни
Топмас энг зўр топқир ҳам.
Ўзи яёв қолмади,
Зап ўрнашди тандир ҳам.

«Ҳайё-ҳайт» деб йўл олди
Донишқишлок томонга.
Мана, тандир ичидан
Қараб борар осмонга.

Ҳар қанчаки интилар
Матмуса йўл кўролмас.
Менинг уйим қайда? — деб
Одамлардан сўролмас.

Кетиб борар таваккал,
Кўкка қараб «Тангрим!» — дер, —
Мени қилма шарманда,
Эшагимга ақл бер».

Бедапоя кўрганда
Эшак шўрлик нетади?
Қишлоқ қолиб мағрибда,
Машриқ томон кетади.

Кун ботару шомтушар,
Юлдуз чиқар осмонга,
Ҳамон борар Матмуса,
Етмас манзил-маконга.

Дейдиларки, то бу дам
Йўлда эмиш Матмуса.
Боши ҳам йўқ, чеки йўқ
Чўлда эмиш Матмуса.

Аё дўстлар, адашган
Бир мўминдан кулмайлик.
Матмусадек ўзимиз
Тандир кийган бўлмайлик!

МАТМУСАНИНГ МЕҲМОНДЎСТЛИГИ

Меҳмон жуда азиздир
Донишқишлоқ томонда.
Дерлар, майли биз ўлсак,
Меҳмон бўлсин омонда.

Мана, шаҳарлик меҳмон
Қишлоқ кезиб юрибди.
Унга гўзал табиат
Маъқул бўлиб турибди.

Айниқса тўполон сой
Меҳмонга ёқиб кетди,
Оҳ-оҳ деб сувга тушди,
Тушди-ю, оқиб кетди.

Гох чўкар, гох кўринар,
Дод солар: «Қутқарингиз»,
«Спасите», «даст бидеҳ»,
«О май френд, хелп ми, плиз».

Испанча, португалча,
Лотинча кичқиради.
Белни ушлаб Матмуса
Ҳайрон бўлиб туради.

«Шунча тилни ўрганиб
Бойвачча бўлармидинг?
Ундан кўра сузишни
Ўргансанг ўлармидинг».

Овози ўчганида
Сув кириб томоғидан,
Меҳмонни олиб чикди
Ушлаб бўйин боғидан.

«Шаҳарлик шаҳарлик-да»
Дер Матмуса кўнглида,
«Керакли арқонини
Олиб юрар бўйнида».

Қирғоққа чикди шошмай,
Сўнг ақлини юритиб,
Арқонидан дарахтга
Осиб қўйди қуритиб.

МАТМУСАНИНГ ҚЎШИҒИ

Беиш қолди Матмуса,
Энди не қилув керак?
Бир товуққа албатта
Ҳам дону ҳам сув керак.

Бекор қолсанг ёстиқ ҳам
Ёнбошингга ботади.
Телевизорга токай
Термилганча ётади?

Оинаи жаҳонда
Куйламаган оғиз йўқ.
Ўйлаб кўрса ўзидан
Ўтадиган ҳофиз йўқ.

Ўйлади, аввал бошни,
Сўнг ёнбошни қашлади.
Тўртта одам йиғилса
Қўшиқ айтабошлади.

Эшитарми одамлар,
Эшитмасми, иши йўк?!
«Боғ аро»ни кўтарар,
Бас, дейдиган киши йўқ.

Ўзи бўлар маҳлиё
Ўзи айтган куйларга.
Таклиф бўлса, бўлмаса
Бораверар тўйларга.

Матмуса келган ердан
Қочар бўлди одамлар,
Тунлар қулоққа ёстиқ
Босар бўлди одамлар.

Оқсоқоллар дедилар:
Бир иложни ўйлайлик.
Матмусани қишлоққа
Тўра қилиб қўяйлик.

Бўлса катта амалдор,
Курсиси баланд бўлса,
Мажлис, қабул, нутқ, сафар…
Хуллас, доим банд бўлса,

Балки қўшиқ айтишга
Вақти қолмас, улгурмас.
Амалидан уялиб
Ҳофизликни эп кўрмас…

Келишдилар, Матмуса —
Энди қишлоқ тўраси.
Кўпайиб қолди, кўринг,
Қадрдони, жўраси.

У курсида ўлтирар,
Қўлни қўйиб белига.
Яна ҳам қийин бўлди
Донишқишлоқ элига.

Кимки бирор иш билан
Ҳузурига киради —
Матмуса арз эшитмас,
Қўшиқ айтиб беради.

Чидаб сукут сақлаган
Марҳаматга эш бўлур.
Қўшиғини мақтаган
Албат иши беш бўлур.

Оқибат Матмусанинг
Касали баттар бўлди.
Саҳар бошлаб ашула
Кечгача айтар бўлди.

Оқшомлари гузарда
Авжни олиб туради.
Эшитсанг-ку хўбу хўб,
Эшитмасанг — уради.

Тўра бўлгач, бошқа хил
Овозларни йўқотди.
Мени мазах қилди, деб
Хўрозларни йўқотди.

Донишқишлокда энди
Бошқа бирор қўшиқ йўқ.
Биргина Матмусанинг
Қўшиғига тўсиқ йўқ.

Одамлар ижирғаниб,
Қарғаб, қулоқ солдилар.
Илож қанча, охири
Ўрганиб ҳам қолдилар.

Ҳатто қўмсаб, ноёб деб,
Сўйлар бўлди халойиқ.
Матмусага ўхшатиб
Куйлар бўлди халойиқ.

Қарсак, олқиш, мадҳия
Авжга чиқиб басма-бас,
Халқ деди: бизга энди
Бошқа қўшиқ керакмас.

Ҳаммамиз бу қўшиқнинг
Фидойиси бўлармиз.
Уни айтиб яшадик,
Уни айтиб ўлармиз.

Алқисса, булбули йўқ,
Хўрози йўқ ул маъво —
Донишқишлоқда ҳамон
Янграр ёлғиз бир наво.

МАТМУСА ВА ЎҒРИЛАР

Савдо қилиб Матмуса
Қайтар экан йўлига
Тушиб қолди шаҳарлик
Ўғриларнинг қўлига.

Ечинтирдилар аввал,
Сўнг дўппослаб урдилар.
Ўчсин дея овози
Карнай чалиб турдилар.

Шу-шу, кўп йил Матмуса
Бу шаҳарга қайтмади.
Ичга ютди аламин,
Ҳеч кимсага айтмади.

Айтса нима, эл фақат
Кулги қилар эрмаклаб…
Қариганда ниҳоят
Набирасин етаклаб —

Матмуса яна ўша
Шаҳар сари йўл олди.
Бу сафар катта тўйнинг
Устидан чиқиб қолди.

Ғат-ғат карнай, ноғора
Такатумни урарди.
Матмусадан набара
Бу нима, деб сўрарди.

Бобо айтар: бу ишни
Мендан сўрма, болажон,
Бир шўрликни, ҳойнаҳой,
Қилмоқдалар чалажон…

Дўстлар кулманг, бу ҳикмат
Матмусадан қарироқ,
Ноғораю карнайдан
Юринг доим нарироқ.

МАТМУСАНИНГ АМЕРИКА ОЧИШИ

Газета ўқиб ётиб
Матмуса ўй ўйлади.
Элни йиғиб эрталаб
Шундай бир нутқ сўйлади.

Донолар! Сизга айтай
Ўйлаган бир хаёлим.
Уни айтишдан аввал
Бордир битта саволим.

Айтинг, Америкага
Ким дастлаб қўйган қадам?
Колумбми? Йўқ! Хитойлар —
Беш минг йилча муқаддам.

Улар борган кунчиқар,
Яъни бизнинг томондан.
Сўнг бу қитъани очган
Колумб нариги ёндан.

Энди мен сизга айтсам
Мақсаду муддаони:
Бизнинг замон номчиқар
Иш қилмоқнинг замони.

Киройи донг таратсак
Дунёга таратайлик.
Америка очмоққа
Янги йўл яратайлик.

Киришсак Хитойни ҳам
Колумбни ҳам йиқамиз.
Шу жойдан ер кавласак
Нью-Йорқдан чиқамиз.

Лекин бизлар қазиймиз
Қишлоқнинг этагидан.
Шунда тешиб чиқамиз
Нақ Оқ уйнинг тагидан.

Жаҳонни лол қолдириб
Шуҳрат олиб қайтамиз.
Президентни шартта
Қопга солиб қайтамиз.

Жаҳоншумул инқилоб
Бундан осон ҳал бўлмас.
Ер юзида шундан сўнг
Бою камбағал бўлмас.

Матмусага қарсаклар
Остида тўн ёпилди.
Аммо — лекин баъзи бир
«Мужмал»лар ҳамтопилди.

Кимдир деди: — Бу иш зўр,
Менда фақат бир хаёл:
Ер дарз кетса, иккига
Бўлиниши эҳтимол.

Биров деди: — Биз агар
Ер шарин тешиб қўйсак,
Ғўрилаб шамол юрса
Бўлмасмикин елвизак?

Ва лекин Матмусани
Ёқлаб кетди кўпчилик.
Ваҳима қилганларни
Боплаб кетди кўпчилик.

Донишқишлоқ шу кундан
Бошқа ишни ташлади.
Матмуса айтган жойдан
Хандақ кавлай бошлади.

Роса терга тушдилар,
Кун тобида, ер заранг.
Иш битай деган чоғда
Сув чиқиб қолди, қаранг.

Ишга тушди пақирлар,
Бир зум ором бўлмади.
Кечгача сув тортдилар,
У ҳеч тамом бўлмади.

Тиришдилар кун бўйи,
Эрталаб тиришдилар.
Бўлмагач, бошқа ерни
Кавлашга киришдилар.

Дониш аҳли чайир халқ,
Дониш аҳли кўп шоввоз.
Ер қазиб, сув чиқариб
Ўтди кўп қиш ва кўп ёз.

Бу меҳнатдан кўмилди
Ярим қишлоқ тупроққа.
Қолган ярми айланди
Қурбақазор ботқоққа.

Кўп вақтки, Донишқишлоқ
Мингқудуқ деб аталар.
Эл ичида Матмуса
Мирқуруқ деб аталар.

Лекин у йўлдан қайтмас,
Дер, бу йўл ҳақ йўлидир.
Халқ уни танлаган, бас,
Демак, у халқ йўлидир.

Симирамиз сув келса,
Тош келса кемирамиз,
Очамиз Америка,
Сўнг уни емирамиз.

Яқинда у қишлоқцан
Келди яхши бир хабар.
Пудратга ўтганмишлар
У ерда ҳам одамлар.

Бориб кўрдим, шиддат зўр,
Умид катта, иш катта.
Ғайрат қилган бир жойдан
Тешиб чиқар албатта.

МАТМУСАНИНГ ҲАЙКАЛИ

Матмуса — буюк одам!
Матмуса зўр саркордир!
Унга, тирик бўлса ҳам
Ҳайкал қурмоқ даркордир!

Келишдилар донолар,
Ташаббускор кўп эди.
Матмуса-чи?
У — камтар,
Йўқ демади, хўп деди.

Жуда катта шаҳардан
Чақирдилар устани.
Иш бошланди саҳардан,
Ҳа, яшавор!
Бос, қани!

Доноларда зўр ғайрат,
Доноларда куч катта.
Лекин улур ҳаракат
Осон бўлмас албатта.

Кимнидир харсанг босди
Кавлаганда тагидан.
Кимдир аррада кесди
Ёғоч деб билагидан.

Қоришмада бир доно
Тиззадан ботиб қолди.
Ботса майли-я, аммо
Сементда қотиб қолди.

Барибир денг минг олқиш,
Зафар қайда чекмай жон?
Саратон бошланган иш
Хуллас битди қаҳратон.

Қийқириқ, ҳай-ҳай билан
Майдонга эл сочилди.
Ғата-ғут карнай билан
Кўринг, ҳайкал очилди.

Сиз бундоқ ажиб тасвир
Кўрмагансиз жаҳонда.
Матмуса турар мағрур
Яхтак, узун иштонда.

Халойиққа кўрсатиб
Бахт-саодат йўлини,
Полвон турар узатиб
Машриққа ўнг қўлини.

Чап қўлида ушлаган
Тақясини ғижимлаб.
Ёнида чайнаб юган
Эшак турар гижинглаб.

Белбоғида осиғлиқ
Носқовоғи ярашган.
Ҳаммадан ҳам попуклик
Иштонбоғи ярашган.

Таърифи адо бўлмас,
Ҳамма лолу ҳайратда.
Лекин бехато бўлмас
Зўр асар ҳам албатта.

Қўлда тақя — кўп улуғ,
Уста уни дўндирган.
Лек қўлдаги эсда йўқ,
Бошига ҳам қўндирган.

Пойабзал жуда яхши,
Фақат озгина янглиш —
Бир оёғида — маҳси,
Бир оёғида — калиш.

Эшак ҳам ўзига хос,
Бордир андак чатоғи:
Қулоғи битта, холос,
Лекин бешта оёғи.

Буларга аҳли дониш
Қилгани йўқ эътибор.
Чунки асосий янглиш —
Бошқа, улар кўп ҳушёр.

Ҳаммага ҳам жон ширин,
Ахир шафқат керак-да.
Ҳаво совуқ, изғирин,
Нега ҳайкал яхтакда?

Шу ҳолатда мисли шам
Совукда турса уч кун,
Матмуса ҳам, эшак ҳам
Ҳаром ўлиши мумкин.

Муҳокама вақтида
Матмуса ҳам бор эди.
У ишончу ахдида
Маҳкам, устивор эди.

Деди қатъий ва кескин:
Қайтадан қурмоқ керак!
Ҳайкал устига пўстин,
Бошига қалпоқ керак.

Эслади у жун пайпоқ,
Пахталик шимини ҳам.
Деди қилинг калинроқ
Эшак тўқимини ҳам.

Эл — ботир, элга балли,
Эл ҳужумга ташланди.
Матмусага ҳайкални
Қайта қуриш бошланди.

Иш бўлмади озмунча,
Кўплар бўлди қаҳрамон.
Янги ҳайкал битгунча
Ёз ҳам келди — саратон.

Мана, қуёш ўт пуркар,
Шиддат билан бир ёкда.
Бир ёкда ҳайкал турар
Поча-пўстин, қалпоқда.

Халқ кулар бу алфоздан,
Қаҳ-қаҳ, мазах битмайди.
Барча дер бир овоздан:
Бунақаси кетмайди.

Аввалгиси асли ғўр,
Хатоси бир қоп эди.
Аммо ўша эди зўр,
Ўша бизга боп эди,

Маъқулгина Матмуса
Ақли — шайинтарози.
Дер: «Кўпчилик не деса
Биз эмасмиз норози».

Яна меҳнат. Юз кунча
Тер тўқдилар беармон.
Ёзги ҳайкал битгунча
Қиш келди-ку қаҳратон…

Ким билсин бу чархпалак
Айланарди неча йил —
Қишда — ёзлик бўз яхтак,
Ёзда — қишлик шамойил.

Лекин Матмуса бир кун
Ишни шартта қилди ҳал.
Деди: тўрт фасл учун
Қуринглар тўртта ҳайкал!

Халқ унга айтди олқиш
Тўртта ҳайкал қурамиз!
Баҳору ёз, кузу қиш
Алмаштириб турамиз!

Бу воқеа юз берган
Жуда олис замонда.
Энди эл ақли теран
Донишқишлоқ томонда.

Суриштирса агарда
Халқ юз фоиз саводлик.
Олимлари шаҳарда
Қилаётир устодлик.

Бориб кўрдим яқинда
Матмуса соғ юрипти.
Энди ёзу қиш унда
Битта ҳайкал турипти.

Эслаб ўтган у ишни
Ҳангомалар қилишар.
Ҳайкал — тош,
Ёзу қишни
Фарқ қилмайди, билишар.

Лек эҳтиёт ҳар ҳолда
Зарар қилмас ҳеч қачон.
Қиш келганда ҳайкалга
Ёпиб қўйишар чопон.

МАТМУСАНИНГ ЭШАК СОТГАНИ

Матмусанинг эшаги
Айниб қолди дафъатан.
Яқинлашиб бўлмайди
На олддан, на оркадан.

Қўшқават арконни ҳам
Узар бўлди ҳароми.
Ҳанграганда оламни
Бузар бўлди хароми.

Миниб бўлмас устига,
Копток қилиб отади.
Бўлди энди. Матмуса
Эшагини сотади.

Лекин қадимдан қолган
Бозордаги қоида:
Нима сотсанг, айбини
Айтиш керак жойида.

Ҳеч кимса Матмусадек
Қийин ҳолга қолмайди.
Баччағарнинг айбини
Айтсанг, биров олмайди.

Айтмасанг — яна гуноҳ!
Матмуса кўп ўйлади.
Уйлаб-ўйлаб бозорда
Шундай дея сўйлади:

«Эшагим — арзон эшак,
Келаберсин харидор.
Ўзи эшак бўлса ҳам
Ўнта отнинг кучи бор.

Эшагим полвон эшак,
Кўп хушнафас эшагим.
Айби бўлса, биргина,
Одамэмас эшагим».

Бозор аҳли кулади:
Шунақа ҳам бўларми?
Эшак ахир эшак-да,
Эшак одам бўларми?

Бошқа айби бўлмаса,
Бундай улов қайда бор?
Эшакни олиб кетди
Арзонга бир харидор.

Қутулдимдеб азобдан
Шукур айтди Матмуса,
Пулни ҳамёнга солиб,
Уйга қайтди Матмуса.

Қайтди-ю қотди ҳайрон
Ҳолат — худди кечаги.
Оғилда боғлиқ турар
Пишқирганча эшаги.

Афтодаҳол харидор
Йиғлаб турар қошида,
Қўли, оёғи майиб,
Тўртта ғурра бошида.

Матмусага дер: «Инсон!
Имонингдан қайтдингми?
Эшак сотдинг, тепади,
Тишлайди, деб айтдингми?

Эшак эмас, тўнғиз-ку,
Бу махлуқинг мени ер.
Сенда бошқа гапим йўқ,
Эшакни ол, пулни бер».

Матмуса жавоб айтар:
— Сенга эшак сотганман.
Ҳушёр бўл, деб тайинлаб
Одаммас, деб айтганман.

Энди қолма йўлингдан,
Мен билан гап талашма,
Арзон деб бир адашдинг,
Бошқа сира адашма.

Дўстлар!
Сиз ҳам Матмуса
Ҳикматин унутманглар.
Эшаклардан ҳеч қачон
Одамийлик кутманглар.

МАТМУСАНИНГ БОҒИ

Доно бўлиб Матмуса
Эл кўнглини чоғ килди.
Донишқишлоқ четидан
Қўриқ очиб боғ қилди.

Боғ мевага кирганда
Йиғин бўлди каттакон.
Матмусага ўқилди
Минг олқишу шараф-шон.

Қишлоқ учун боғнинг ҳам
Даркорлиги билинди.
Матмусага шу кундан
Маош тайин қилинди.

Боғ бор, боғбон бор, энди
Бир раҳбар ҳам керақдир.
Иш кўрган бир улуғ зот
Тайинланди директор.

Боғ бор, боғбон бор, мана
Раҳбарлик бор, иш катта.
Секретарсиз, шофёрсиз
Бошлиқ бўлмас албатта.

Бошлиқ бўлмас албатта
Бир жуфт ўринбосарсиз.
Тўртта завга саккизта
Ёрдамчи ҳам зарарсиз.

Чўт қоқишга ўн киши,
Пул санашга қирқ одам.
Ярим қишлоқ — зампомпом,
Яримқишлоқ — помзамзам.

Бир йил ўтгач донолар
Боғни тафтиш қилдилар.
Ўргандилар, ҳамма иш
Жойида деб билдилар.

Фақат штат қисқартиш
Заруратга ўхшади.
Буйруқ бўлди, Матмуса
Боғбон ишдан бўшади.

Эй сиз, дўстлар, борсангиз
Бизнинг Донишқишлоққа —
Қўниб ўтинг ғаройиб,
Боғбони йўқ у боққа.

Ўзингиз бир хисобланг
Ходим кўпми, қумурсқа…
Кириб олинг сиз ҳам бир
Телефонлик юмушга.

1976-1991

Манба: Эркин Воҳидов. “Табассум” китоби. Тошкент, 2010 йил.

QMM_0075 Polosondagi askiya. 2012 a.jpgANVAR OBIDJON
KULGU – OCHIQKO‘NGILLIK GUVOHNOMASI
Erkin Vohidovning “Tabassum” to‘plamiga so‘zboshi
002

Kulish oson, kulgining tagiga yetish qiyin. Afandi yerda yotgan ko‘zguni olib, o‘zining aksini ko‘ribdi-yu: “E, bu narsa siznikimidi?” – deb uni yana joyiga qo‘yib ketaveribdi. Ko‘pchiligimiz Afandining soddaligidan kulib qo‘yaqolamiz. Aslida, buning zamirida ulkan fojia yotganini, bunda o‘zligini yo‘qotgan, o‘zini taniyolmasdan yashayotgan kimsaning achinarli holati bayon etilganini kamdan-kam odam anglab yetadi.

Mabodo, anglolmagan bo‘lsak ham, unchalar uyat emas, baribir miriqib hoholadik-ku, demak, bu zo‘r latifa, uni qaysidir aqli butun odam to‘qigan. Otasiga rahmat-ye!

Kuldirish oson emas, kulgini ko‘ngli tor, ichi qora kimsalarning injiqliklaridan, malomatlaridan asrash undan-da mushkul. Bundaylar “Donishqishloq latifalari”ni miyig‘ida sal iljayganicha o‘qib, oxirida birdan tumtayadi: bular qanaqa odamlar bo‘ldiykin, biri poyezdga chiqayotib kalishini perronga yechib ketsa, biri juni o‘sgan echkisini sartaroshxonaga yetaklab boradi, biri minorani teskarisiga qazilgan quduq deb o‘ylasa, boshqasi chivinga qopqon qo‘yadi. Bu o‘z xalqini masxaralash-ku, o‘z millatini olamga sharmanda qilish-ku! Nima, bu shoir o‘zbekni shunchalar ahmoq deb o‘ylayaptimi? Vatanparvarlik qani? Hamiyat qani?

Afsuski, ba’zan bunday doshnomlar o‘zini adabiyotning bilimdoni deb biluvchi, hatto o‘zi birovlarni kuldirish bilan tirikchilik qilib yuruvchi ayrim “chiranchoq elsevarlar”ning tilidan ham yangrab turadi. Mundoq qaraganda, shuning o‘zi ham bir hajv, shuni so‘zlagan kimsaning o‘zi o‘zbekni boshqa millat vakiliga hajvga hajv sifatida qaray olmayotgan torfikr odam qiyofasida namoyon etib turibdi. Bir hajvchi gruzin siniq xumga kirib olib uni ichidan yelimlagan va bo‘g‘zi torligi uchun idishdan qaytib chiqolmay qolgan boshqa bir anoyi gruzinni ko‘rsatsa, yayrab kulamiz, muallifni hamiyatsizlikda ayblash, gruzin shunchalar ahmoqmi deb jar solish xayolimizga ham kelmaydi, aksincha o‘sha omi chegachiga nisbatan qalbimizda o‘z-o‘zidan iliq bir tuyg‘u uyg‘onadi. Buning sababi oddiy – u biz ilgari ko‘rmagan qiziq holat vositasida hammamizni o‘z ustidan ( millatining ustidan emas) kuldirdi, ko‘nglimizdagi ozmi-ko‘p g‘ubor tarqaldi-ketdi. Bu voqea rostmi yo yolg‘onmi, bu yumormi yo satirami, toshi vazminmi yo yengilmi, uyog‘ini “tundfe’l mutafakkir”lar o‘ylasa o‘ylar, biz uchun asosiysi – gapning yilt yangiligi, hodisa mahorat bilan tasvirlab berilganligi.

Mahorat baribir birlamchi. Erkin Vohidov hajviyotini ming-minglab kitobxonlarga suyukli qilib turgan elituvchi kuch ham aynan o‘sha – mohirlik. Hajvchi, birinchi galda, qoyillatib kuldira olsin, o‘ylantira olsa, undan ham yaxshi, der edi Ne’mat Aminov. Jahondagi ko‘pchilik kulgi ustalari kabi Erkin aka ham ana shu aqidaga tayanib ijod qiladi. Bu uning Matmusa haqidagi turkumida alohida charaqlab ko‘rinadi.

“Matmusaning qalpog‘i”da Matmusa qimmatbaho telpak sotib olib, uni ulfatlari bilan restoranda “yuvadi”, oxiri ziyofatning haqini to‘lashga puli yetmay, ofitsiantga telpagini berib qutuladi. Boshqa she’rda Matmusa shaharga borib, chiroyli lagan xarid qiladi. So‘ng o‘ylanib qoladi – buni uyga olib borsam-u, xotinim uni pishloq solinadigan idishga aylantirsa, bolalarim pishloq talashib, laganni sindirib qo‘yishsa, chegalatish uchun yana shaharga kelib yurishim kerakmi? Shunda Matmusaning birdan donoligi qo‘ziydi-yu, ovoragarchilikning oldini olish niyatida laganni o‘zi sindirib, bir yo‘la chegalatib ko‘ngli tinchiydi. Buni eshitgan qishloqdoshlari uning aqli ko‘pligiga qoyil qolishadi. Shirguruchdan ta’m emas, go‘sht va sarimsoqpiyoz, kulgidan zavq emas, mantiq va falsafa qidirib uymalanaveradigan toifalar, odatda, na mutoyibaning jozibasiga suqlana olishadi, na muallifning ustasi farangligiga tan berishadi. Bunaqa yengil-yelpi gaplarning odamlarga nima keragi bor? Bizga nimani o‘rgatadi u? Yozishaverarkan-da… Vassalom…

O‘xshatib kuldirishni uddalagan adib, zarurat tug‘ilganda, “jizillatib chaqish”ni ham joyiga qo‘ya oladi. Bunga amin bo‘lishimiz uchun “Matmusaning uylanishi”ni o‘qib ko‘rishimiz kifoya. Matmusa shaharda bir tannoz bilan tanishib, qishloqqa yetaklab qaytadi. Qarangki, uylanganiga uch oy to‘lgandayoq farzand ko‘radi. Yo‘q, biz kutgan to‘s-to‘palon yuz bermaydi, aksincha Matmusaning oilasida ham, Donishqishloqda ham ko‘tarinki bir holat yuzaga keladi. Ya’ni, elqatori to‘qqiz oyda bola ko‘rib yurgan donishqishloqliklar shaharlik kelinning “zarbdor”ligidan hayratda, bu mo‘’jizaga dahldor bo‘lgan Matmusaning dimog‘i osmonda. Mahalliy matbuotda “Ilg‘or o‘rnak – qishloqqa” degan dabdabali maqola bosiladi, erkaklar bu tashabbusni qo‘llab, gazetada chiqishlar qilishadi. Ko‘chalarda “Yangilikka – katta yo‘l”, “To‘qqiz oyni – uch oyda!” yanglig‘ shiorlar paydo bo‘la boshlaydi.

Keksa va o‘rtancha avlod vakillari yaxshi eslashadi, bir paytlari terim mashinasida o‘zgalarga nisbatan o‘n baravar ko‘p paxta teruvchi, zavod-fabrikalarda kunlik ish normasini 15 – 20 baravarga bajaruvchi “yasama zarbdor”larni yaratish, ularning tashabbusini ommaviy axborot vositalari orqali keng ovoza qilish, bu tashabbusni qo‘llab-quvvatlovchi “sayroqi”larni ham imkon qadar ko‘proq “yetishtirib chiqarish” rosa avjga mingandi. O‘sha eski zamonda tuzumning o‘zi yaratayotgan katta yolg‘onlar ustidan bu tarzda ochiqchasiga kulish uchun ijodkorga otning kallasidek yurak kerak bo‘lardi.

O‘rni kelganda, bir narsani alohida ta’kidlab o‘tmoq joizki, hajviy roman yoki qissada yangicha qiyofa yaratganlar behisob, ammo she’riyatda bunday hollar sanoqli. Erkin Vohidov she’riyatda Matmusa talqinida o‘ta o‘ziga xos obraz yarata oldi.

Shoirning “Siyosiy saboq yoki Bek Bekovning g‘aroyib sarguzashti”, “Majlis qiling”, “Qumursqalar jangi”, “Sen menga tegma”, “Bir tavakkalchi deydiki”, “Shaharmi bu , qishloqmi bu” singari hajviy she’rlari ham o‘z vaqtida shov-shuvlar bilan qarshi olingandi. Ularning aksariyati zamona o‘zgarsa-da, hanuz o‘z aktualligin yo‘qotgani yo‘q. Binobarin, illatlar virusi nihoyatda yashovchan, behad moslanuvchandir.

Erkin akaning qalamiga mansub hajviy she’rlar o‘ta tortuvchanligi bilan ajralib turadi. Shoirning ijodi bilan kengroq tanish bo‘lgan kishi buning siri nimada ekanligini payqab olishi qiyin emas. Ko‘p munaqqidlar Erkin Vohidov benazir so‘z zargari ekanligini qayta-qayta e’tirof etishgan. Bu, ayniqsa, eng nafis, eng jarangli, eng tovlanuvchan so‘zlar durdonasidan tuzilgan marjonni eslatuvchi lirik she’rlarida ko‘zga tiniqroq chalinadi. Hajviy she’rlarda ham shu fusunkorlikka duch kelamiz, rohatlanib o‘qiymiz, yodda tez saqlab qolamiz.

Bir yili Farg‘onada kaminaning yubiley ijodiy kechasi o‘tkazildi. Kecha oxirida so‘zga chiqib, picha gapirdim-u, ko‘zlarimga birdan yosh kelib, jim turib qoldim. Sababini so‘raganlarga “shunchaki hayajon bosdi” deb qo‘ydim. Aslida, hayotimdagi shunday quvonchli damda men uchun nihoyatda mo‘’tabar bo‘lgan Said Ahmad, Ne’mat Aminov kabi zotlarning zalda yo‘qligi (ularning oxirati obod bo‘lsin) qattiq alam qilgandi. Ayni chog‘da, boshimni ko‘kka yetkazib bu kechaga tashrif buyurgan ustoz adiblar, do‘stlarim qatorida Erkin Vohidovning ham o‘tirganligi yuragimni haddan ziyod to‘lqinlantirib yuborgandi. Bu bilan aytmoqchimanki, shunday aziz zotlarning, noyob iste’dod egalarining oramizda borligiga behad shukur. Nevara-chavaralik bo‘lib ham, qondoshchilik, o‘rtoqchilik bordi-keldilaridan, katta ro‘zg‘orning ikir-chikirlaridan ortib, hanuz yozishdan charchamayotganlariga, faxrimiz bo‘lib ko‘zimizni quvontirib yurganlariga ming qulluq. Shunday tabarruk kimsalarni e’zozlab kelayotgan elimizga, davlatimizga ham ming tasanno… Erkin akaning “Tabassum” to‘plamidagi ko‘plab yangi she’rlarni o‘qiyotib xayolimdan beixtiyor shunday fikrlar kechdi.

Said Ahmad domla bilan qilgan bir suhbatimizda u kishi Erkin Vohidov juda ulkan hajvchi, lekin uning hajvlari el orasida o‘ta mashhur bo‘lib turgan jiddiy she’rlarining soyasida qolib ketyapti, degan edi. Hajviy she’rlarning alohida to‘plamga jamlanganligi zap yaxshi ish bo‘libdi. Bu to‘plam Erkin akaning hajviyotdagi qudratini yaqqol his etishimizga ko‘mak bersa, ajabmas.

Bunaqa kitoblarni ko‘ngli ochiq, yuragi kin va hasad qurumlaridan holi, tug‘ma samimiy kimsalar yayrab o‘qiyversin, bolasiga ham ilinib, kitob javoniga yashirib qo‘yaversin.

Kitoblarning taqdiri ham odamlarnikiga o‘xshash – tolei kulganlari bor, tolesizroqlari bor. Asrab qo‘yishga arziydigan kitob – baxtli kitob. “Tabassum”dan ana shu baxtning isi ufurib turibdi.

Erkin VOHIDOV
DONISHQISHLOQ LATIFALARI
002

MATMUSANING MЕHMONDO‘STLIGI

Mehmon juda azizdir
Donishqishloq tomonda.
Derlar, mayli biz o‘lsak,
Mehmon bo‘lsin omonda.

Mana, shaharlik mehmon
Qishloq kezib yuribdi.
Unga go‘zal tabiat
Ma’qul bo‘lib turibdi.

Ayniqsa to‘polon soy
Mehmonga yoqib ketdi,
Oh-oh deb suvga tushdi,
Tushdi-yu, oqib ketdi.

Gox cho‘kar, gox ko‘rinar,
Dod solar: «Qutqaringiz»,
«Spasite», «dast bideh»,
«O may frend, xelp mi, pliz».

Ispancha, portugalcha,
Lotincha kichqiradi.
Belni ushlab Matmusa
Hayron bo‘lib turadi.

«Shuncha tilni o‘rganib
Boyvachcha bo‘larmiding?
Undan ko‘ra suzishni
O‘rgansang o‘larmiding».

Ovozi o‘chganida
Suv kirib tomog‘idan,
Mehmonni olib chikdi
Ushlab bo‘yin bog‘idan.

«Shaharlik shaharlik-da»
Der Matmusa ko‘nglida,
«Kerakli arqonini
Olib yurar bo‘ynida».

Qirg‘oqqa chikdi shoshmay,
So‘ng aqlini yuritib,
Arqonidan daraxtga
Osib qo‘ydi quritib.

MATMUSANING QO‘SHIG‘I

Beish qoldi Matmusa,
Endi ne qiluv kerak?
Bir tovuqqa albatta
Ham donu ham suv kerak.

Bekor qolsang yostiq ham
Yonboshingga botadi.
Televizorga tokay
Termilgancha yotadi?

Oinai jahonda
Kuylamagan og‘iz yo‘q.
O‘ylab ko‘rsa o‘zidan
O‘tadigan hofiz yo‘q.

O‘yladi, avval boshni,
So‘ng yonboshni qashladi.
To‘rtta odam yig‘ilsa
Qo‘shiq aytaboshladi.

Eshitarmi odamlar,
Eshitmasmi, ishi yo‘k?!
«Bog‘ aro»ni ko‘tarar,
Bas, deydigan kishi yo‘q.

O‘zi bo‘lar mahliyo
O‘zi aytgan kuylarga.
Taklif bo‘lsa, bo‘lmasa
Boraverar to‘ylarga.

Matmusa kelgan yerdan
Qochar bo‘ldi odamlar,
Tunlar quloqqa yostiq
Bosar bo‘ldi odamlar.

Oqsoqollar dedilar:
Bir ilojni o‘ylaylik.
Matmusani qishloqqa
To‘ra qilib qo‘yaylik.

Bo‘lsa katta amaldor,
Kursisi baland bo‘lsa,
Majlis, qabul, nutq, safar…
Xullas, doim band bo‘lsa,

Balki qo‘shiq aytishga
Vaqti qolmas, ulgurmas.
Amalidan uyalib
Hofizlikni ep ko‘rmas…

Kelishdilar, Matmusa —
Endi qishloq to‘rasi.
Ko‘payib qoldi, ko‘ring,
Qadrdoni, jo‘rasi.

U kursida o‘ltirar,
Qo‘lni qo‘yib beliga.
Yana ham qiyin bo‘ldi
Donishqishloq eliga.

Kimki biror ish bilan
Huzuriga kiradi —
Matmusa arz eshitmas,
Qo‘shiq aytib beradi.

Chidab sukut saqlagan
Marhamatga esh bo‘lur.
Qo‘shig‘ini maqtagan
Albat ishi besh bo‘lur.

Oqibat Matmusaning
Kasali battar bo‘ldi.
Sahar boshlab ashula
Kechgacha aytar bo‘ldi.

Oqshomlari guzarda
Avjni olib turadi.
Eshitsang-ku xo‘bu xo‘b,
Eshitmasang — uradi.

To‘ra bo‘lgach, boshqa xil
Ovozlarni yo‘qotdi.
Meni mazax qildi, deb
Xo‘rozlarni yo‘qotdi.

Donishqishlokda endi
Boshqa biror qo‘shiq yo‘q.
Birgina Matmusaning
Qo‘shig‘iga to‘siq yo‘q.

Odamlar ijirg‘anib,
Qarg‘ab, quloq soldilar.
Iloj qancha, oxiri
O‘rganib ham qoldilar.

Hatto qo‘msab, noyob deb,
So‘ylar bo‘ldi xaloyiq.
Matmusaga o‘xshatib
Kuylar bo‘ldi xaloyiq.

Qarsak, olqish, madhiya
Avjga chiqib basma-bas,
Xalq dedi: bizga endi
Boshqa qo‘shiq kerakmas.

Hammamiz bu qo‘shiqning
Fidoyisi bo‘larmiz.
Uni aytib yashadik,
Uni aytib o‘larmiz.

Alqissa, bulbuli yo‘q,
Xo‘rozi yo‘q ul ma’vo —
Donishqishloqda hamon
Yangrar yolg‘iz bir navo.

MATMUSA VA O‘G‘RILAR

Savdo qilib Matmusa
Qaytar ekan yo‘liga
Tushib qoldi shaharlik
O‘g‘rilarning qo‘liga.

Yechintirdilar avval,
So‘ng do‘pposlab urdilar.
O‘chsin deya ovozi
Karnay chalib turdilar.

Shu-shu, ko‘p yil Matmusa
Bu shaharga qaytmadi.
Ichga yutdi alamin,
Hech kimsaga aytmadi.

Aytsa nima, el faqat
Kulgi qilar ermaklab…
Qariganda nihoyat
Nabirasin yetaklab —

Matmusa yana o‘sha
Shahar sari yo‘l oldi.
Bu safar katta to‘yning
Ustidan chiqib qoldi.

G‘at-g‘at karnay, nog‘ora
Takatumni urardi.
Matmusadan nabara
Bu nima, deb so‘rardi.

Bobo aytar: bu ishni
Mendan so‘rma, bolajon,
Bir sho‘rlikni, hoynahoy,
Qilmoqdalar chalajon…

Do‘stlar kulmang, bu hikmat
Matmusadan qariroq,
Nog‘orayu karnaydan
Yuring doim nariroq.

MATMUSANING AMЕRIKA OCHISHI

Gazeta o‘qib yotib
Matmusa o‘y o‘yladi.
Elni yig‘ib ertalab
Shunday bir nutq so‘yladi.

Donolar! Sizga aytay
O‘ylagan bir xayolim.
Uni aytishdan avval
Bordir bitta savolim.

Ayting, Amerikaga
Kim dastlab qo‘ygan qadam?
Kolumbmi? Yo‘q! Xitoylar —
Besh ming yilcha muqaddam.

Ular borgan kunchiqar,
Ya’ni bizning tomondan.
So‘ng bu qit’ani ochgan
Kolumb narigi yondan.

Endi men sizga aytsam
Maqsadu muddaoni:
Bizning zamon nomchiqar
Ish qilmoqning zamoni.

Kiroyi dong taratsak
Dunyoga tarataylik.
Amerika ochmoqqa
Yangi yo‘l yarataylik.

Kirishsak Xitoyni ham
Kolumbni ham yiqamiz.
Shu joydan yer kavlasak
Nyu-Yorqdan chiqamiz.

Lekin bizlar qaziymiz
Qishloqning etagidan.
Shunda teshib chiqamiz
Naq Oq uyning tagidan.

Jahonni lol qoldirib
Shuhrat olib qaytamiz.
Prezidentni shartta
Qopga solib qaytamiz.

Jahonshumul inqilob
Bundan oson hal bo‘lmas.
Yer yuzida shundan so‘ng
Boyu kambag‘al bo‘lmas.

Matmusaga qarsaklar
Ostida to‘n yopildi.
Ammo — lekin ba’zi bir
«Mujmal»lar hamtopildi.

Kimdir dedi: — Bu ish zo‘r,
Menda faqat bir xayol:
Yer darz ketsa, ikkiga
Bo‘linishi ehtimol.

Birov dedi: — Biz agar
Yer sharin teshib qo‘ysak,
G‘o‘rilab shamol yursa
Bo‘lmasmikin yelvizak?

Va lekin Matmusani
Yoqlab ketdi ko‘pchilik.
Vahima qilganlarni
Boplab ketdi ko‘pchilik.

Donishqishloq shu kundan
Boshqa ishni tashladi.
Matmusa aytgan joydan
Xandaq kavlay boshladi.

Rosa terga tushdilar,
Kun tobida, yer zarang.
Ish bitay degan chog‘da
Suv chiqib qoldi, qarang.

Ishga tushdi paqirlar,
Bir zum orom bo‘lmadi.
Kechgacha suv tortdilar,
U hech tamom bo‘lmadi.

Tirishdilar kun bo‘yi,
Ertalab tirishdilar.
Bo‘lmagach, boshqa yerni
Kavlashga kirishdilar.

Donish ahli chayir xalq,
Donish ahli ko‘p shovvoz.
Yer qazib, suv chiqarib
O‘tdi ko‘p qish va ko‘p yoz.

Bu mehnatdan ko‘mildi
Yarim qishloq tuproqqa.
Qolgan yarmi aylandi
Qurbaqazor botqoqqa.

Ko‘p vaqtki, Donishqishloq
Mingquduq deb atalar.
El ichida Matmusa
Mirquruq deb atalar.

Lekin u yo‘ldan qaytmas,
Der, bu yo‘l haq yo‘lidir.
Xalq uni tanlagan, bas,
Demak, u xalq yo‘lidir.

Simiramiz suv kelsa,
Tosh kelsa kemiramiz,
Ochamiz Amerika,
So‘ng uni yemiramiz.

Yaqinda u qishloqsan
Keldi yaxshi bir xabar.
Pudratga o‘tganmishlar
U yerda ham odamlar.

Borib ko‘rdim, shiddat zo‘r,
Umid katta, ish katta.
G‘ayrat qilgan bir joydan
Teshib chiqar albatta.

MATMUSANING HAYKALI

Matmusa — buyuk odam!
Matmusa zo‘r sarkordir!
Unga, tirik bo‘lsa ham
Haykal qurmoq darkordir!

Kelishdilar donolar,
Tashabbuskor ko‘p edi.
Matmusa-chi?
U — kamtar,
Yo‘q demadi, xo‘p dedi.

Juda katta shahardan
Chaqirdilar ustani.
Ish boshlandi sahardan,
Ha, yashavor!
Bos, qani!

Donolarda zo‘r g‘ayrat,
Donolarda kuch katta.
Lekin ulur harakat
Oson bo‘lmas albatta.

Kimnidir xarsang bosdi
Kavlaganda tagidan.
Kimdir arrada kesdi
Yog‘och deb bilagidan.

Qorishmada bir dono
Tizzadan botib qoldi.
Botsa mayli-ya, ammo
Sementda qotib qoldi.

Baribir deng ming olqish,
Zafar qayda chekmay jon?
Saraton boshlangan ish
Xullas bitdi qahraton.

Qiyqiriq, hay-hay bilan
Maydonga el sochildi.
G‘ata-g‘ut karnay bilan
Ko‘ring, haykal ochildi.

Siz bundoq ajib tasvir
Ko‘rmagansiz jahonda.
Matmusa turar mag‘rur
Yaxtak, uzun ishtonda.

Xaloyiqqa ko‘rsatib
Baxt-saodat yo‘lini,
Polvon turar uzatib
Mashriqqa o‘ng qo‘lini.

Chap qo‘lida ushlagan
Taqyasini g‘ijimlab.
Yonida chaynab yugan
Eshak turar gijinglab.

Belbog‘ida osig‘liq
Nosqovog‘i yarashgan.
Hammadan ham popuklik
Ishtonbog‘i yarashgan.

Ta’rifi ado bo‘lmas,
Hamma lolu hayratda.
Lekin bexato bo‘lmas
Zo‘r asar ham albatta.

Qo‘lda taqya — ko‘p ulug‘,
Usta uni do‘ndirgan.
Lek qo‘ldagi esda yo‘q,
Boshiga ham qo‘ndirgan.

Poyabzal juda yaxshi,
Faqat ozgina yanglish —
Bir oyog‘ida — mahsi,
Bir oyog‘ida — kalish.

Eshak ham o‘ziga xos,
Bordir andak chatog‘i:
Qulog‘i bitta, xolos,
Lekin beshta oyog‘i.

Bularga ahli donish
Qilgani yo‘q e’tibor.
Chunki asosiy yanglish —
Boshqa, ular ko‘p hushyor.

Hammaga ham jon shirin,
Axir shafqat kerak-da.
Havo sovuq, izg‘irin,
Nega haykal yaxtakda?

Shu holatda misli sham
Sovukda tursa uch kun,
Matmusa ham, eshak ham
Harom o‘lishi mumkin.

Muhokama vaqtida
Matmusa ham bor edi.
U ishonchu axdida
Mahkam, ustivor edi.

Dedi qat’iy va keskin:
Qaytadan qurmoq kerak!
Haykal ustiga po‘stin,
Boshiga qalpoq kerak.

Esladi u jun paypoq,
Paxtalik shimini ham.
Dedi qiling kalinroq
Eshak to‘qimini ham.

El — botir, elga balli,
El hujumga tashlandi.
Matmusaga haykalni
Qayta qurish boshlandi.

Ish bo‘lmadi ozmuncha,
Ko‘plar bo‘ldi qahramon.
Yangi haykal bitguncha
Yoz ham keldi — saraton.

Mana, quyosh o‘t purkar,
Shiddat bilan bir yokda.
Bir yokda haykal turar
Pocha-po‘stin, qalpoqda.

Xalq kular bu alfozdan,
Qah-qah, mazax bitmaydi.
Barcha der bir ovozdan:
Bunaqasi ketmaydi.

Avvalgisi asli g‘o‘r,
Xatosi bir qop edi.
Ammo o‘sha edi zo‘r,
O‘sha bizga bop edi,

Ma’qulgina Matmusa
Aqli — shayintarozi.
Der: «Ko‘pchilik ne desa
Biz emasmiz norozi».

Yana mehnat. Yuz kuncha
Ter to‘qdilar bearmon.
Yozgi haykal bitguncha
Qish keldi-ku qahraton…

Kim bilsin bu charxpalak
Aylanardi necha yil —
Qishda — yozlik bo‘z yaxtak,
Yozda — qishlik shamoyil.

Lekin Matmusa bir kun
Ishni shartta qildi hal.
Dedi: to‘rt fasl uchun
Quringlar to‘rtta haykal!

Xalq unga aytdi olqish
To‘rtta haykal quramiz!
Bahoru yoz, kuzu qish
Almashtirib turamiz!

Bu voqea yuz bergan
Juda olis zamonda.
Endi el aqli teran
Donishqishloq tomonda.

Surishtirsa agarda
Xalq yuz foiz savodlik.
Olimlari shaharda
Qilayotir ustodlik.

Borib ko‘rdim yaqinda
Matmusa sog‘ yuripti.
Endi yozu qish unda
Bitta haykal turipti.

Eslab o‘tgan u ishni
Hangomalar qilishar.
Haykal — tosh,
Yozu qishni
Farq qilmaydi, bilishar.

Lek ehtiyot har holda
Zarar qilmas hech qachon.
Qish kelganda haykalga
Yopib qo‘yishar chopon.

MATMUSANING ESHAK SOTGANI

Matmusaning eshagi
Aynib qoldi daf’atan.
Yaqinlashib bo‘lmaydi
Na olddan, na orkadan.

Qo‘shqavat arkonni ham
Uzar bo‘ldi haromi.
Hangraganda olamni
Buzar bo‘ldi xaromi.

Minib bo‘lmas ustiga,
Koptok qilib otadi.
Bo‘ldi endi. Matmusa
Eshagini sotadi.

Lekin qadimdan qolgan
Bozordagi qoida:
Nima sotsang, aybini
Aytish kerak joyida.

Hech kimsa Matmusadek
Qiyin holga qolmaydi.
Bachchag‘arning aybini
Aytsang, birov olmaydi.

Aytmasang — yana gunoh!
Matmusa ko‘p o‘yladi.
Uylab-o‘ylab bozorda
Shunday deya so‘yladi:

«Eshagim — arzon eshak,
Kelabersin xaridor.
O‘zi eshak bo‘lsa ham
O‘nta otning kuchi bor.

Eshagim polvon eshak,
Ko‘p xushnafas eshagim.
Aybi bo‘lsa, birgina,
Odamemas eshagim».

Bozor ahli kuladi:
Shunaqa ham bo‘larmi?
Eshak axir eshak-da,
Eshak odam bo‘larmi?

Boshqa aybi bo‘lmasa,
Bunday ulov qayda bor?
Eshakni olib ketdi
Arzonga bir xaridor.

Qutuldimdeb azobdan
Shukur aytdi Matmusa,
Pulni hamyonga solib,
Uyga qaytdi Matmusa.

Qaytdi-yu qotdi hayron
Holat — xuddi kechagi.
Og‘ilda bog‘liq turar
Pishqirgancha eshagi.

Aftodahol xaridor
Yig‘lab turar qoshida,
Qo‘li, oyog‘i mayib,
To‘rtta g‘urra boshida.

Matmusaga der: «Inson!
Imoningdan qaytdingmi?
Eshak sotding, tepadi,
Tishlaydi, deb aytdingmi?

Eshak emas, to‘ng‘iz-ku,
Bu maxluqing meni yer.
Senda boshqa gapim yo‘q,
Eshakni ol, pulni ber».

Matmusa javob aytar:
— Senga eshak sotganman.
Hushyor bo‘l, deb tayinlab
Odammas, deb aytganman.

Endi qolma yo‘lingdan,
Men bilan gap talashma,
Arzon deb bir adashding,
Boshqa sira adashma.

Do‘stlar!
Siz ham Matmusa
Hikmatin unutmanglar.
Eshaklardan hech qachon
Odamiylik kutmanglar.

MATMUSANING BOG‘I

Dono bo‘lib Matmusa
El ko‘nglini chog‘ kildi.
Donishqishloq chetidan
Qo‘riq ochib bog‘ qildi.

Bog‘ mevaga kirganda
Yig‘in bo‘ldi kattakon.
Matmusaga o‘qildi
Ming olqishu sharaf-shon.

Qishloq uchun bog‘ning ham
Darkorligi bilindi.
Matmusaga shu kundan
Maosh tayin qilindi.

Bog‘ bor, bog‘bon bor, endi
Bir rahbar ham keraqdir.
Ish ko‘rgan bir ulug‘ zot
Tayinlandi direktor.

Bog‘ bor, bog‘bon bor, mana
Rahbarlik bor, ish katta.
Sekretarsiz, shofyorsiz
Boshliq bo‘lmas albatta.

Boshliq bo‘lmas albatta
Bir juft o‘rinbosarsiz.
To‘rtta zavga sakkizta
Yordamchi ham zararsiz.

Cho‘t qoqishga o‘n kishi,
Pul sanashga qirq odam.
Yarim qishloq — zampompom,
Yarimqishloq — pomzamzam.

Bir yil o‘tgach donolar
Bog‘ni taftish qildilar.
O‘rgandilar, hamma ish
Joyida deb bildilar.

Faqat shtat qisqartish
Zaruratga o‘xshadi.
Buyruq bo‘ldi, Matmusa
Bog‘bon ishdan bo‘shadi.

Ey siz, do‘stlar, borsangiz
Bizning Donishqishloqqa —
Qo‘nib o‘ting g‘aroyib,
Bog‘boni yo‘q u boqqa.

O‘zingiz bir xisoblang
Xodim ko‘pmi, qumursqa…
Kirib oling siz ham bir
Telefonlik yumushga.

Erkin Vohidov. Saylanma. 3-Jild. Umrim daryosi by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 166, bugungi 1)

Izoh qoldiring