Farog’at Kamol. She’rlar

099

   80-йилларда адабиётимизга кириб келган авлоднинг таниқли вакилларидан бири Фароғат Камол (Камолова)нинг ҳар бир сатрида она табиатга,ҳаётга бўлган самимий муҳаббат уфуриб туради, унинг шеърларидаги тиниқ туйғулар,некбин ҳаяжонлар, энг аввало, шоира юрагининг ҳамиша, ҳар қандай шароитда эзгулик ва меҳру муҳаббатга ҳамнафас яшаб ижод қилганидан дарак беради.

05
Фароғат Камол
ВАТАН, УНУТМАДИМ БИРОР ЙЎЛИНГНИ…
08

 077 Фароғат Камолова Жиззах туманидаги Мўлканлик қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1981). Дастлабки шеърий тўплами — «Осмон парчаси» (1982). Шундан кейин шоиранинг «Узоқ сафарлар», «Баргизуб» (1990), «Ҳолатлар китоби» (2000) ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган.
Фароғат Камолованинг ҳар бир сатрида она табиатга,ҳаётга бўлган самимий муҳаббат уфуриб туради, унинг шеърларидаги тиниқ туйғулар,некбин ҳаяжонлар, энг аввало, шоира юрагининг ҳамиша, ҳар қандай шароитда эзгулик ва меҳру муҳаббатга ҳамнафас яшаб ижод қилганидан дарак беради.

08

* * *

Табиат, сен менинг дугонам каби
Айниқса, оқшомлар тушунарлисан.
Сукунат бағрида жуда ўзгача
Гўзалсан, сокинсан, ишонарлисан.

Бунда ҳамма нарса ойга интилар,
Севгига интилган аёл сингари.
Боғдаги тўкилган оппоқ инжулар
Севгига бўй берган ойнинг нурлари.

Дарахтлар дарахтга ўхшамас ҳозир,
Сени тингламоқда бир тўп аёллар.
Уларни бахтиёр қиласан охир
Бахш этиб осуда, сирли хаёллар.

Висолга отланган қиз бола монанд
Минг хил турланасан, минг ҳунарлисан.
Сен менинг дугонам каби Табиат,
Айниқса, оқшомлар тушунарлисан…

* * *

Ғуборлар тарқалди кўнгилдан энди,
Йўқолди туманли кунлар таъсири.
Энди шод қарайман ҳамма нарсага,
Мен бахт излаб юрган инсонлар бири.

Тизилиб ўтади турналар кўкда,
Ўйлатиб шу қисқа умрим қадрини.
Оламда суюкроқ ҳеч қўшиқ йўқдай
Шивирлайман бирор шеърнинг сатрини.

Булутсиз осмондай очиқдир қалбим,
Мен бундай қувончдан толиб кетаман.
Умр ўтаверар, мен эса мангу
Шундай лаҳзаларда қолиб кетаман.

* * *

Биз хаёлдан узунроқмиз бу кун, бу соат,
Ўйлаётган икки киши, икки Ҳақиқат.
Ўртамизда Вақт фарёди тинмайди, “чиқ-чиқ”.
Бир-бировни биз Вақтдан ҳам севамиз қаттиқ.

Сайёралар йўлларида айланамиз жим,
Сайёралар тилларида сўзлаймиз, дўстим.
Бу оламнинг ҳозирига севгимиз сабаб
Юлдузларга айланмоқда биз айтмаган гап.

Фарёд чекар, тугамайди Вақтнинг саноғи,
Икки юрак, икки дўстда дунё сўроғи.
Ўйлаётган икки киши — икки Ҳақиқат —
Хаёллардан узунроқмиз бу кун, бу соат.

* * *

076

Хаёлимда гуллаган бир боғ,
Билмам ундан қайси кун ўтдим.
Кўнгил қўйдим унга қайси чоғ?
Хотира ҳам айланди, дўстим.

Хаёлимда ҳайқирган денгиз,
Орзу қилдим, яратдим мен ҳам.
Ўйлаб кўрсам, дўстгинам, эссиз,
Хаёл бизни алдайди экан.

Шундай яқин хаёл ва кечмиш,
Адаштирдим ўзим ҳам уни.
Сен ҳақдаги ўйлар ҳам, балки,
Хотиранинг гўзал ўйини…

* * *

Мен ҳам ўтдим баҳор ўтган йўллардан,
Шабнам ичган тонглар ўпди кўнглимни.
Балки кўп нарсани унутдим бу дам,
Ватан, унутмадим бирор йўлингни.

Бир-бировин излаб чиққан йўлчидек,
Йўлга чиққан эдик Бахт-ла иккимиз.
Балки ўтиб келдик ёнма-ён йўлдан,
Ватан, яшолмасман бирор кун сенсиз.

Денгизда дур йиққан чиғаноқ янглиғ,
Сенинг меҳринг билан юрагим тўлди.
Қуёш кетиб, қора кўринса борлиқ,
Ватан, ёруғлигим бўлиб туюлдинг.

Балки улгурмадим дўстларга ёқиб,
Қўлим ҳам бормади яна кўп ишга.
Кечикдим, эҳтимол, тириклик учун
Ватан, кечикмадим сени севишга.

Мангулик осмони қораймас сира,
Онам, сўнг отамнинг руҳин учирдим.
Ватан, сенинг каби азиз хотира,
Боғларингда азиз излардан юрдим.

Мен ҳам ўтдим баҳор ўтган йўллардан,
Шабнам ичган тонглар ўпди кўнглимни.
Балки кўп нарсани унутдим бу дам,
Ватан, унутмадим бирор йўлингни.

МУҲАББАТ

Неча бор йиқилдим сенинг изингда,
Неча бор қайтадан тикланди қаддим.
Қолдирмоқ истадим балки ўзимда
Ё балки сен билан кетмоқ истадим.
Неча бор йиқилдим сенинг изингда.

Йиқилсам, йўлларнинг ғуборин йиғдим,
Турсам, юзларимга тегди шамоллар.
Йиғласам, бир томчи ёшга ҳам сиғдим,
Юпансам, юпатди мени хаёллар.
Йиқилсам, йўлларнинг ғуборин йиғдим.

Менга сирдош бўлди ўзимнинг кўнглим,
Мен азиз номингни унга ишондим.
Уйғонсам, осойиш тонглар дафъатан
Кўнглим овозидан қалқиб уйғондим,
Менга сирдош бўлди ўзимнинг кўнглим.

Ортга қараб-қараб кетаётгандай,
Узолмай кунларнинг кўринмас ипин.
Яна бир учрашув кутаётгандай,
Мунис қиёфангни тўлдирмоқ учун…
Ортга қараб-қараб кетаётгандай.

Оловдан қутқариб олинган расминг
Ҳамон юрагимда тутаб ётибди.
Кўнглимдай қонаган уфқ яллиғига
Ҳар оқшом биттадан қуёш ботибди.
Оловдан қутқариб олинган расминг…

* * *

Шундай хаёл тинчитмас мени,
Тортаверар бир жозиб билан:
Гавжум шаҳар кўчаларида
Учрашамиз тасодиф билан.

Ўзгармаган бўлади сира
Шаҳарнинг энг таниш жойлари.
Ўтмагандай гўё аслида
Йилнинг узун, оғир ойлари.

Яқин деразадан келади
Шунда жуда ғалати йиғи.
Сени бироз ҳайрон қилади
Хотиранинг, Вақтнинг тортиғи.

ЁМҒИР

Ёмғир тинмай урилар деразамга,
Ёмғир чалган куйни тинглаб тураман.
Хонам ичра астагина елкамдан
Қулаётган сукунатни кўраман.

Ёмғир эса сочилар жуфт изларга,
Ёғочларнинг япроқлари ялтирар.
Хаёлларим кезар дунё, йўлларга
Астагина чақиради Хотира.

Ёмғир ёғар, эрир ғубор пардаси
Узун-узун йўлакларни ювади.
Учиб юрган оҳангларнинг ҳаммасин
Бўлиб-бўлиб деразамга уради.

* * *

Қишлоқнинг тор кўчаларида
Бор симларни қушлар тўлдирар.
Эшик олди – супаларида
Оқ кийинган чоллар ўлтирар.

Яширолмас пахсадеворлар
Ҳовлиларда ўсган гулларни.
Яширолмас нотинч чеҳралар
Муҳаббатли тинч кўнгилларни.

Йиғиб олар уфқ дарахтлар
Учларидан ёғдуларини.
Йиғиб олар қишлоқ ҳам чўлдан
Одамларни кулгуларини.

* * *

Оқиб кетар булутлар бу кеч,
Кутилмаган ҳислар кўчкини.
Четлаб ўтмас ҳеч кимни севинч,
Қайғу эса эзмас ҳеч кимни.

Меҳр сўрган нозик кўкатдек
Юрагимни орзиқтирар Бахт.
Шамоллардан омон дарахтдек
Ишонч билан ўсар Муҳаббат.

Мен кираман, менинг хонамда
Ҳамма нарса сурат каби тинч.
Фақат жим-жит ўша оламда
Мени жуда кутади соғинч.

Бундай кунда ҳар бир дақиқа
Сахийроқдир узун кундан ҳам.
Сен келмайсан. Бугун мен хафа
Бўлолмайман ҳатто сендан ҳам.

* * *

Кўзларинг қораси – қора юлдуздек,
Мен етмас кунлардан қилар башорат.
Менинг йўлим узун, олис Муҳаббат,
Менинг дардим ўзинг, дилдаги Сўзим.

Табиат менинг жим оғриқларимни,
Биламан, беролмас сендан ўзгага.
Гарчи ўзгармайди дардли Муҳаббат,
Гарчи сен-да ўзим, номим ўзгарган.

Қуёшдан ёруғлик тилаган каби
Мен сенга саодат тиладим, гулим.
Йўқ, ўзинг йиллар ва тақдирлар оша
Менинг Муҳаббатга чўзилган қўлим.

* * *

Ўхшатмадим Сизга ҳеч кимни,
Бир оз яна ўксиндим чоғи,
Дилда қолиб кетган туйғунинг
Қийин экан энди ўчмоғи.

Жим-жит тунда йиғласа кимдир,
Йиғлаб-йиғлаб овунса ҳам сўнг,
Қолиб кетар туннинг бағрида
Ўша овоз қолдирган бир мунг.

У йиғлаган гарчи мен эмас,
Йиғлаб Сизга айтмаганман роз,
Юрагимнинг ичидан келар
Лекин ўша тундаги овоз.

Ўзим билмай маъюс тортаман
Юлдузлар жим чақнаган чоғи.
Дилда қолиб кетган туйғунинг
Қийин экан энди ўчмоғи…

07

Farog’at Kamol
VATAN, UNUTMADIM BIROR YO’LINGNI…
08

  Farog’at Kamolova Jizzax tumanidagi Mo’lkanlik qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tamomlagan (1981). Dastlabki she’riy to’plami — «Osmon parchasi» (1982). Shundan keyin shoiraning «Uzoq safarlar», «Bargizub» (1990), «Holatlar kitobi» (2000) va boshqa she’riy to’plamlari nashr etilgan.Farog’at Kamolovaning har bir satrida ona tabiatga,hayotga bo’lgan samimiy muhabbat ufurib turadi, uning she’rlaridagi tiniq tuyg’ular,nekbin hayajonlar, eng avvalo, shoira yuragining hamisha, har qanday sharoitda ezgulik va mehru muhabbatga hamnafas yashab ijod qilganidan darak beradi.

08

* * *

Tabiat, sen mening dugonam kabi
Ayniqsa, oqshomlar tushunarlisan.
Sukunat bag’rida juda o’zgacha
Go’zalsan, sokinsan, ishonarlisan.

Bunda hamma narsa oyga intilar,
Sevgiga intilgan ayol singari.
Bog’dagi to’kilgan oppoq injular
Sevgiga bo’y bergan oyning nurlari.

Daraxtlar daraxtga o’xshamas hozir,
Seni tinglamoqda bir to’p ayollar.
Ularni baxtiyor qilasan oxir
Baxsh etib osuda, sirli xayollar.

Visolga otlangan qiz bola monand
Ming xil turlanasan, ming hunarlisan.
Sen mening dugonam kabi Tabiat,
Ayniqsa, oqshomlar tushunarlisan…

* * *

G’uborlar tarqaldi ko’ngildan endi,
Yo’qoldi tumanli kunlar ta’siri.
Endi shod qarayman hamma narsaga,
Men baxt izlab yurgan insonlar biri.

Tizilib o’tadi turnalar ko’kda,
O’ylatib shu qisqa umrim qadrini.
Olamda suyukroq hech qo’shiq yo’qday
Shivirlayman biror she’rning satrini.

Bulutsiz osmonday ochiqdir qalbim,
Men bunday quvonchdan tolib ketaman.
Umr o’taverar, men esa mangu
Shunday lahzalarda qolib ketaman.

* * *

Biz xayoldan uzunroqmiz bu kun, bu soat,
O’ylayotgan ikki kishi, ikki Haqiqat.
O’rtamizda Vaqt faryodi tinmaydi, “chiq-chiq”.
Bir-birovni biz Vaqtdan ham sevamiz qattiq.

Sayyoralar yo’llarida aylanamiz jim,
Sayyoralar tillarida so’zlaymiz, do’stim.
Bu olamning hoziriga sevgimiz sabab
Yulduzlarga aylanmoqda biz aytmagan gap.

Faryod chekar, tugamaydi Vaqtning sanog’i,
Ikki yurak, ikki do’stda dunyo so’rog’i.
O’ylayotgan ikki kishi — ikki Haqiqat —
Xayollardan uzunroqmiz bu kun, bu soat.

* * *

Xayolimda gullagan bir bog’,
Bilmam undan qaysi kun o’tdim.
Ko’ngil qo’ydim unga qaysi chog’?
Xotira ham aylandi, do’stim.

Xayolimda hayqirgan dengiz,
Orzu qildim, yaratdim men ham.
O’ylab ko’rsam, do’stginam, essiz,
Xayol bizni aldaydi ekan.

Shunday yaqin xayol va kechmish,
Adashtirdim o’zim ham uni.
Sen haqdagi o’ylar ham, balki,
Xotiraning go’zal o’yini…

* * *

Men ham o’tdim bahor o’tgan yo’llardan,
Shabnam ichgan tonglar o’pdi ko’nglimni.
Balki ko’p narsani unutdim bu dam,
Vatan, unutmadim biror yo’lingni.

Bir-birovin izlab chiqqan yo’lchidek,
Yo’lga chiqqan edik Baxt-la ikkimiz.
Balki o’tib keldik yonma-yon yo’ldan,
Vatan, yasholmasman biror kun sensiz.

Dengizda dur yiqqan chig’anoq yanglig’,
Sening mehring bilan yuragim to’ldi.
Quyosh ketib, qora ko’rinsa borliq,
Vatan, yorug’ligim bo’lib tuyulding.

Balki ulgurmadim do’stlarga yoqib,
Qo’lim ham bormadi yana ko’p ishga.
Kechikdim, ehtimol, tiriklik uchun
Vatan, kechikmadim seni sevishga.

Mangulik osmoni qoraymas sira,
Onam, so’ng otamning ruhin uchirdim.
Vatan, sening kabi aziz xotira,
Bog’laringda aziz izlardan yurdim.

Men ham o’tdim bahor o’tgan yo’llardan,
Shabnam ichgan tonglar o’pdi ko’nglimni.
Balki ko’p narsani unutdim bu dam,
Vatan, unutmadim biror yo’lingni.

MUHABBAT

Necha bor yiqildim sening izingda,
Necha bor qaytadan tiklandi qaddim.
Qoldirmoq istadim balki o’zimda
YO balki sen bilan ketmoq istadim.
Necha bor yiqildim sening izingda.

Yiqilsam, yo’llarning g’uborin yig’dim,
Tursam, yuzlarimga tegdi shamollar.
Yig’lasam, bir tomchi yoshga ham sig’dim,
Yupansam, yupatdi meni xayollar.
Yiqilsam, yo’llarning g’uborin yig’dim.

Menga sirdosh bo’ldi o’zimning ko’nglim,
Men aziz nomingni unga ishondim.
Uyg’onsam, osoyish tonglar daf’atan
Ko’nglim ovozidan qalqib uyg’ondim,
Menga sirdosh bo’ldi o’zimning ko’nglim.

Ortga qarab-qarab ketayotganday,
Uzolmay kunlarning ko’rinmas ipin.
Yana bir uchrashuv kutayotganday,
Munis qiyofangni to’ldirmoq uchun…
Ortga qarab-qarab ketayotganday.

Olovdan qutqarib olingan rasming
Hamon yuragimda tutab yotibdi.
Ko’nglimday qonagan ufq yallig’iga
Har oqshom bittadan quyosh botibdi.
Olovdan qutqarib olingan rasming…

* * *

Shunday xayol tinchitmas meni,
Tortaverar bir jozib bilan:
Gavjum shahar ko’chalarida
Uchrashamiz tasodif bilan.

O’zgarmagan bo’ladi sira
Shaharning eng tanish joylari.
O’tmaganday go’yo aslida
Yilning uzun, og’ir oylari.

Yaqin derazadan keladi
Shunda juda g’alati yig’i.
Seni biroz hayron qiladi
Xotiraning, Vaqtning tortig’i.

YOMG’IR

Yomg’ir tinmay urilar derazamga,
Yomg’ir chalgan kuyni tinglab turaman.
Xonam ichra astagina yelkamdan
Qulayotgan sukunatni ko’raman.

Yomg’ir esa sochilar juft izlarga,
Yog’ochlarning yaproqlari yaltirar.
Xayollarim kezar dunyo, yo’llarga
Astagina chaqiradi Xotira.

Yomg’ir yog’ar, erir g’ubor pardasi
Uzun-uzun yo’laklarni yuvadi.
Uchib yurgan ohanglarning hammasin
Bo’lib-bo’lib derazamga uradi.

* * *

Qishloqning tor ko’chalarida
Bor simlarni qushlar to’ldirar.
Eshik oldi – supalarida
Oq kiyingan chollar o’ltirar.

Yashirolmas paxsadevorlar
Hovlilarda o’sgan gullarni.
Yashirolmas notinch chehralar
Muhabbatli tinch ko’ngillarni.

Yig’ib olar ufq daraxtlar
Uchlaridan yog’dularini.
Yig’ib olar qishloq ham cho’ldan
Odamlarni kulgularini.

* * *

Oqib ketar bulutlar bu kech,
Kutilmagan hislar ko’chkini.
Chetlab o’tmas hech kimni sevinch,
Qayg’u esa ezmas hech kimni.

Mehr so’rgan nozik ko’katdek
Yuragimni orziqtirar Baxt.
Shamollardan omon daraxtdek
Ishonch bilan o’sar Muhabbat.

Men kiraman, mening xonamda
Hamma narsa surat kabi tinch.
Faqat jim-jit o’sha olamda
Meni juda kutadi sog’inch.

Bunday kunda har bir daqiqa
Saxiyroqdir uzun kundan ham.
Sen kelmaysan. Bugun men xafa
Bo’lolmayman hatto sendan ham.

* * *

Ko’zlaring qorasi – qora yulduzdek,
Men yetmas kunlardan qilar bashorat.
Mening yo’lim uzun, olis Muhabbat,
Mening dardim o’zing, dildagi So’zim.

Tabiat mening jim og’riqlarimni,
Bilaman, berolmas sendan o’zgaga.
Garchi o’zgarmaydi dardli Muhabbat,
Garchi sen-da o’zim, nomim o’zgargan.

Quyoshdan yorug’lik tilagan kabi
Men senga saodat tiladim, gulim.
Yo’q, o’zing yillar va taqdirlar osha
Mening Muhabbatga cho’zilgan qo’lim.

* * *

O’xshatmadim Sizga hech kimni,
Bir oz yana o’ksindim chog’i,
Dilda qolib ketgan tuyg’uning
Qiyin ekan endi o’chmog’i.

Jim-jit tunda yig’lasa kimdir,
Yig’lab-yig’lab ovunsa ham so’ng,
Qolib ketar tunning bag’rida
O’sha ovoz qoldirgan bir mung.

U yig’lagan garchi men emas,
Yig’lab Sizga aytmaganman roz,
Yuragimning ichidan kelar
Lekin o’sha tundagi ovoz.

O’zim bilmay ma’yus tortaman
Yulduzlar jim chaqnagan chog’i.
Dilda qolib ketgan tuyg’uning
Qiyin ekan endi o’chmog’i…

07

(Tashriflar: umumiy 215, bugungi 1)

Izoh qoldiring