Faxriyor. She’rlar.

07

Фахриёр, ҳали кўп ўрганиладиган, атрофида баҳсу мунозаралар қўпайиб борадиган истеъдод, ўзлигини сақлагани ҳолда бугунги поэтик тафаккур изланишлари жуғрофиясини ҳам шаклий, ҳам мазмунан қамраб олган кўламли шоир (Аҳмад Аъзамнинг «Мени истаган шеърият» мақоласидан)

099
Фахриёр
ШЕЪРЛАР

ГУЛ АТРИ

тўғри чизиқ бўйлаб тарқар гул атри
гул атрини синдирмас

мабодо шамол
уни эгса
ғижимласа
синдирса
гул атрининг синиқларидан
қайғулироқ нарса йўқдир очунда

синдирмаслик учун гулнинг атрини
дунёга келганимиз билмайин
яшабмиз
бирор кимдан рухсат ҳам олмай

гул атрининг синиғи жарангида
тумов тушлар акс садоси

акс садони
ўнгариб ололмай қийналаман

бу дунёда менинг вазифам
тушларни ўнгармоқ бўлди ҳар қачон

синиқ гул атри
тушлардаги бахтнинг сояси

бу соя туш ортидаги нурнинг манбаи
қўнимсизлиги
сабаб лопиллайди ўнгимда

нур синдирар гул атрини

ДАМ ОЛИШ КУНИ

бугун дам олиш куни

мен ўзимга четдан қарамоқ
ва миянинг фикр тўлдириб
ташлаган жойларин тартибга
келтирмоқ учун
тушунчаларни
бешинчи қаватдаги уйим деразасидан
сигарет қолдиғидай
асфалт кўчага отиб ўйнайман
менга ёқар уларнинг
тақиллаб асфалтга урилишлари
ва мияси чайқалиб
дабдираши ёқар жудаям

садист бўлгиси келар гоҳида зериккан одам
ҳарқалай
уришгандан кўра хотинни
фикрларни
тушунчаларни
қийнаш мазза эмасми

офтобда жимирлаб ётар фикрлар
сочилган кўйи
бирин боши ёрилган
бошқасининг қонаган бурни

анча енгил тортаман

кўчадаги тушунчаларни
тепадан кузатмоқ завқини
ҳар кимга ҳам бермас Яратган

бу эрмак ҳам жонимга теккач
уйга кираман
ва миянинг бўшаб қолган жойларин
тўлдирмоқ қасдида
китоб ўқийман бир пас
ўзимдан ҳам қайсар
ўлиб кетган худоларнинг ўрнин тўлдирмоқ учун
дунёга келган
Ницше китобин

сўнгра андак кўз илинади

бир замон хотиннинг турткилашидан
чўчиб уйғонаман
жон ҳавлида кўрпачадан
ирғиб туриб кетаман
ва сўрайман тинчликми дея

мана булар сизникими
дер хотиним ҳовлиқиб
ва етти яшар
қизчам ҳовучидаги боя ўзим отиб ўйнаган
фикрларга қилар ишора

қизчамнинг ҳовучида
сувдан чиқиб қолган тангабалиқдай
оғзин каппа-каппа очиб питирлар эди
ўзим деразадан кўчага отган
постмодернизм
метаҳикоя
ва деструкция

НАВБАТ

жавондаги китоблар
сенга ўқилишга навбатга турар

сендан ўтмоқ учун
навбатга турар кунлар
баъзан сиғмай қолар битта танангга
келажакдан бирваракай келган кунлар
ойлар сендан бир кунда ўтмоқ бўлар
вужудингга сиғмаган кунлар
ёриб ташлагудай

ҳаёт дунёдаги энг ирганч нарсаларни
юрагингда филтрлаб
туйғу
адреналин ясамоқ учун
қатор қилиб териб қўяр келгуси кунларингга

юрак боёқиш
қон ўрнига
туйғуларни ўтмишга ҳайдар
ўтмиш тўлиб борар қанордай
туйғули хотирларга
китоб моддийлашган ёвузлиги шоирнинг
унинг арвоҳи
бизнинг кечинмалар билан тирикдир
ўтмиш қанорига тиқилган

кун кўради туйғуларни еб

қайсидир арвоҳнинг абадийлиги
сенга навбатга турган
қай китобни қўлга
олишингга боғлиқ жудаям

* * *

ТУН СОЧИБ ЮБОРАР ОДАМНИ

парчалайди бешафқат
зулмат қадар кенгаясан тунлари

юлдузлар
сачраб кетган хаёлларингдир
сен шўрлик
кундузи ҳарф
кечаси юлдуз бўлиб сачрайсан

юлдузлар ҳарфларнинг позитивидир

хотирага кўчган кунлар
учган юлдуз бўлиб бир-бир ўча бошлайди
ўз учқунларинг
кул бўлиб бошингга ёғар тун бўйи
тонгни бўзартирар учқунлар кули

эрталаб
қийналасан ўзингни йиғиб ололмай
сен
тунга сочилиб кетган бир одам

кўнгил қолиб кетар қайси бир тушда
хаёл ойдан қайтиб келмаган
яшаш истагини хотининг
топиб берар аллақайси бўғжамалардан

бўйинбоғ шаклидаги яшаш истаги

ўрнингдан турасан сўник ва зилдай
тунда эҳтирослар оққан томирдан
эрталаб хафа қон оқар

зилдай вужудингга Яратган
ҳаммасининг ўрнига
жойлаб қўйган бош оғриғини

* * *

кераксиз нарсалар табиийлиги

ортега и гассет уларни
жамиятдан ташқарига
чиқариб ташлаган эди бир пайтлар
кераксиз нарсалар ёввойилиги
севилмаган қиз юрагидай
асов ва ўжар
бу юракни муҳаббат
жамиятга
судраб киритиб бўлмас
қайтанга
жамиятнинг ўзи унга
кирмоқ изнини сўрар

гул ҳеч қачон жамиятга кириб келмайди
жамиятнинг ўзи гулга қараб чопади

жамият ўз сарҳадларин ҳамиша
кераксиз нарсалар ҳисобига кенгайтар
ёввойилик сари кенгайиб борар
хонаки ҳаёт

кераксиз нарсалар зарурияти

ХУДБИНЛИК

юракни қантарасан

онтарилар онтологнинг кўз қарашидай
тусини ўзгартган битта тушунча
дунё устига

ортиб кетар мумкинлик эҳтимоли
ўзинг учун яшашнинг

бирор кимни суймай туриб ҳам
бирор кимга куймай туриб ҳам
яшаш мумкин экан бемалол
яшамаслик мумкин экан ундан ҳам

яшамаслик мумкинлигин илож деб билган
аянчли кўнгил
ўзини аямас худбинлик ҳаққи

юракни қантарасан

КЕЧИНМА

…the best way out is always through…
Robert Frost*

ким ўйлаб топган экан бу сўзни
идишга ўхшаш бир сўз
нимани жойласанг жойлашаверар

бемор иштаҳасидай
нозик эмас сўзнинг таъби у қадар
гуноҳ каби умрни кечирмоққа
дунёга келган банданинг
ўзга имкони йўқдир

кечинма
умрни кечирмоқ жараёнида
банданинг кўнгилга туккан туйғулари

бўйиндаги сиртмоқ каби туйғуни
кечирганинг эвазига
ким ечиб олади
билмайсан

кечинма
сиртмоқдай маҳкумлик
ўқилмаган ҳукмнинг шарпаси
муқаррар қатл

Ҳар ким бўйнида
бир сиртмоқ қатлни кўтариб юрар
кечинма қилиб

ўлим қўрқинчлимас
фақат кечинмага чидаб берсанг бас
фақат тасаввурга дош берсанг бўлди

кечинма
сиртмоқ каби
бу дунёда ечилмас

кечкининг
кечиргининг қолдиғи
кечинма
13 рақами каби
ҳеч нарсага бўлинмас
парчаланмас
унинг
катталашиб бораётган яхлитлиги
юракни ёради қоқ ўртасидан
ҳаёт ва мамотга тенгдан насиба
улашади одил кечинма

кечинма
кўнгил ҳукми

адо этилмагунча
ҳукмдан қутулиб бўлмайди.

* Энг зўр чиқиш йўли ҳамиша орадан ўтади… Р.Фрост – америкалик шоир

093

(Tashriflar: umumiy 198, bugungi 1)

Izoh qoldiring