Abduqayum Yo’ldosh. Tomoshabin hamisha haq (2013 yil fil`mlari haqida o’ylar).

0213
Чуқурроқ мулоҳаза юритиб кўрсак, азалдан аён ҳақиқат яна бир бор ўз исботини топишини кўрамиз: томошабин ҳамиша ҳақ! Яъни, аслини олганда, томошабинларнинг юзлаб-минглаб тус, турдаги муносабатларини туркумлаб, таснифлаб, ўта содда ва ўнғай кўринишдаги “Бу кино бўмапти”, “Буниси зўр! Бўларкан-ку!”, “Буниси умуман расво, танқиддан ҳам тубан” сингари холис баҳоларга олиб келиш мумкин ва бунинг учун, ҳатто катта мутахассис бўлиш ҳам талаб этилмайди…

021

Абдуқаюм Йўлдош
ТОМОШАБИН ҲАМИША ҲАҚ ЁХУД АДАБИЙ АСОСНИ АНГЛАШ ЭҲТИЁЖИ
(2013 йил фильмлари ҳақида ўйлар*)

Кинематография соҳаси аудиториси фавқулодда катталиги билан алоҳида ажралиб туради. Ўз-ўзидан аёнки, кўп сонли томошабинларнинг фикр-мулоҳазалари, баҳолари ҳам шунга яраша бисёр ва ранг-баранг, баъзи ҳолларда эса бир-бирига мутлақо зид, бири иккинчисини буткул инкор этадиган мазмунда бўлади.
Бу жараённи ҳам табиий ҳол сифатида қабул қиламиз. Зеро, ҳар қандай санъат асари каби кино маҳсулоти ҳам, аввало, истеъмолчи, харидор учун яратилади (“Мен санъат дурдонамни фақат ўзим учун яратдим! Уни келгуси авлодлар тушунади! Менга олтиндан ҳайкал қўйишади!” дея кўкрагига урадиган ижодкорлар ўз истеъдодсизликларини шу йўл билан яширишга уринадилар, холос). Инчунун, диди, савияси, тафаккури, дунёқараши, қолаверса, билими инсон ақли бовар этмас даражада турфа томошабинларда мазкур санъат маҳсулотлари борасида мулоҳаза билдириш, хусусан, ўзича ҳукм чиқариш ҳуқуқи мавжуд ва ҳеч ким мазкур ҳуқуққа дохил эта олмайди.

Бу ҳол, айниқса давлат маблағи ҳисобига олинган фильмлар ҳақида гап кетганида янада кўпроқ аҳамият ва кўлам касб этади. Зеро, алоҳида олинганда мен, яъни оддий томошабин шу юртнинг ҳалол солиқ тўловчи фуқаросиман. Демак, кинематография соҳаси учун давлат бюджетидан ажратилган маблағда менинг ҳам, камтарин бўлса-да, ҳиссам бор. Демак, мен тўлаган солиғимнинг нима мақсадда ва қай тарзда ишлатилишини билишга ва бу сарф-харажатларнинг самараси ҳақида ўз хулосамни билдиришга тўла ҳақлиман!

Албатта, кино ҳақида гап кетганда аксарият томошабин ўзини бу соҳани тушунмайдиган, оми одамдай тутмайди, билъакс, билимдон бўлиб сайраб кетади. Эҳтимол, айни шу ҳол айрим киноижодкорларнинг томошабин фикрига бурнини жийириб қарашига сабаб бўлаётгандир. Аммо, чуқурроқ мулоҳаза юритиб кўрсак, азалдан аён ҳақиқат яна бир бор ўз исботини топишини кўрамиз: томошабин ҳамиша ҳақ! Яъни, аслини олганда, томошабинларнинг юзлаб-минглаб тус, турдаги муносабатларини туркумлаб, таснифлаб, ўта содда ва ўнғай кўринишдаги “Бу кино бўмапти”, “Буниси зўр! Бўларкан-ку!”, “Буниси умуман расво, танқиддан ҳам тубан” сингари холис баҳоларга олиб келиш мумкин ва бунинг учун, ҳатто катта мутахассис бўлиш ҳам талаб этилмайди…

Ўтган йили ишлаб чиқарилган бадиий фильмлар ҳақида гап кетаркан, биз ўз мулоҳазаларимизда айнан томошабинлар баҳосига кўпроқ эътибор берганимиз боиси ҳам ана шунда эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчийдик.

2013 йилда ҳам давлат маблағи ҳисобига олдинги йиллардаги каби ўнга яқин фильм суратга олинди. Аммо ҳали режиссёрлар Ёдгор Саъдиевнинг “Хонадон эгаси”, Нозим Тўлахўжаевнинг “Зарба”, Абдухалил Мигнаровнинг “Ёнингдаман”, Рашид Маликовнинг “Тоға” фильмлари тақдимоти ўз навбатини кутиб турибди. Мазкур фильмлар ҳақида уларнинг биз танишиб чиққан адабий сценарийлари бўйича мулоҳаза юритишдан наф йўқлиги сабабли, улар тўғрисида мулоҳаза билдирмай турамиз.

Рўйхатимизда режиссёрлар Абдувоҳид Ғаниевнинг “Қўрғон”, Ҳилол Насимовнинг “Однокласники.ру”, Аҳмад Унарбоевнинг “Виждон”, Мансур Васатининг “Қудуқ”, Темур Мусоқовнинг “Бекатдаги одам”, Жавоҳир Қосимовнинг “Кўргим келади” фильмлари бор. Шунингдек, хусусий киностудияларда суратга олинган режиссёр Рустам Саъдиевнинг “Эркатой”, Озод Шамснинг “Вой-дод!” картиналари ҳақида ҳам томошабинларнинг мулоҳазаларини жамлашга уриниб кўрдик.

Назримизда, ўтган йилги фильмлар ҳақида гап кетаркан, уларни шартли равишда уч гуруҳга бўлиш мумкин.
Биринчи гуруҳга воқеалар, қаҳрамонлар тақдири, айтилмоқчи бўлган гап хусусидаги ҳамма саволларга нисбатан тўлиқ жавоблар берилган фильмларни киритиш мумкин.

Иккинчи гуруҳда ҳеч бир саволингизга жавоб топилмайдиган картиналар.
Ва-ниҳоят учинчи гуруҳга “олтин ўрталиқ”даги бадиий фильмларни жамласак бўлар.
Биринчи гуруҳга “Қўрғон”, “Виждон” ҳамда “Эркатой” картиналари мансуб.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига кўра “Қорақалпоқфильм” киностудиясида суратга олинган “Қўрғон” бадиий фильми ҳарбийларимиз ҳаёти ҳақида. Тан олиш керак, таниқли ижодкорлар Муротбой Низанов, Шоира Ғиёсова сценарийси асосида суратга олинган, сувга тўлиб турган Орол тасвири билан бошланадиган мазкур фильмда бугунги армия ҳаёти, аскарларнинг яшаш тарзи, ошхонаси, ўқув машқлари, амалда қўлланилаётган ҳарбий техника воситаларига қадар жуда чиройли тарзда кўрсатиб берилган. Картинани томоша қилар экансиз, ҳарбий қудратимиз маҳобатини ҳис этасиз. Бош қаҳрамонлар: ўзбек офицери ролини ижро этган Бобур Йўлдошев, қорақалпоқ журналисти ролини ижро этган Наргиза Аллашевалар маҳоратига ҳам тан берасиз. Айниқса ёш қорақалпоқ актрисаси Наргиза Аллашеванинг дебюти мувафақиятли кечгани яққол кўриниб турибди. Аллашева ролда ўзини жуда эмин-эркин ҳис этган, таъбир жоиз бўлса, образга кириб кетиб, яйраб ўйнаган.
Аммо фильм сюжетидаги зиддиятлар майдароқлигини режиссёр ҳам ҳис қилган шекилли, картина охирига бориб бош қаҳрамонларга албатта қаҳрамонлик кўрсатилиши вазифа этиб қўйилади. Натижада бош қаҳрамон қизни тўппонча кўтарган тадбиркор гаровга олади, бош қаҳрамон йигит эса уни қўлидан ярадор бўлиб қутқаради. Табиийки, бахтли якун.

Биз бежиз юқорида “нисбатан” сўзини ишлатмадик. Қаҳрамонлар тақдири, таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумотлар берилган картина томошасидан сўнг ёзувчи-журналистлар билан фильмни муҳокама қилиб ўтирарканмиз, барибир, дамо-дам янграётган бир саволга жавоб топа олмадик. Қизни гаровга олган тадбиркорлар аслида кимлар эди? Улар билан боғлиқ бир эпизодда бўш шишалар ва ишлатилмаган акциз маркалари кўринади. Демак, улар сохта спирт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар. Бунинг устига уларнинг каттаси “Молимиз чегарада қўлга тушибди”, дейди ваҳима билан. Демак, улар қўшни давлатга ароқ ортган бўлиб чиқади-да. Ёки мол бирон вилоят чегарасида қўлга тушган. Бундай ҳолатда эса, ҳаттоки бошловчи сохта ароқ ишлаб чиқарувчига ҳам аёнки, суриштирув-тергов ишларидан кейин мол мусодара этилиб, катта жарима солинади, мол миқдори жуда катта бўлган тақдирда ёки уни ичиб, фуқаролар заҳарланишган бўлса, жиноий иш очилиши мумкин. Лекин кап-катта одамлар у ёқда турсин, ҳаттоки коллеж-лицей ўқувчиси ҳам яхши биладики, сохта спирли маҳсулотларга нисбатан одамни, қиз болани гаровга олиш, унга тўппонча ўқталиш, бунинг устига бошқа фуқарони отиш албатта қаттиқ жазоланади ва бу ишга қўл урганлар умрининг анчагина қисмини панжара ортида ўтказадилар. “Қўрғон”даги ақл-ҳуши жойида бўлган тадбиркорлар эса шу оддий ҳақиқатни тушунмайдилар. Ҳар қалай, Тошкентдан келган қўноқни меҳмон қилишлари, бунинг устига қўшиқчи йигитни ўзларига шерик қилиб олишлари уларнинг ақлли, муғомбир ва узоқни кўзлаб иш юритишларидан шоҳидлик бериб турибди-ку. Шундай одамлар нега бирдан тўппончага ёпишдилар, келиб-келиб айнан журналист қизни гаровга олдилар? Бу энди фильм ижодкорларининг фантазияси маҳсули, холос…

Ноёб ижтимоий тузилма ҳисобланмиш ўзини-ўзи бошқариш органлари, яъни маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолиятига бағишланган “Виждон” фильмида актёрлар ансамбли яхши танланганлиги яққол кўриниб турибди. Айниқса халқ артистимиз Эркин Комилов салобатли, вазмин, ҳақиқатгўй, собиқ завод ишчиси бўлган маҳалла оқсоқоли образини маҳорат билан ижро этиб, фильмнинг томошабоплигини оширган. Томошабиннинг савол бериши, ўйлашига ўрин қолдирмайдиган мазкур фильмда юзага келган муаммолар жуда тез ва осонликда, гўёки сеҳргар таёғининг бир ишораси билан ҳал этилиб кетилаётганлиги ҳам бор гап.

“Эркатой” картинаси ҳам ниҳояси бахтли тугайдиган мелодрама. Шоира Ғиёсова сценарийси асосида суратга олинган мазкур фильмни кўрган ижодкор дўстларимиз бир кўриниб, кейин йўқ бўлиб қоладиган бачкана режиссёр персонажини ҳисобга олмаганда, картина яхши чиққанлигини айтишди. Фильмнинг қандайдир Голливуд картиналарига ўхшаб кетадиган сюжети эса Раъно Зокирова, Дилбар Икромоваларнинг истеъдоди билан миллий руҳ олган…

Энди савол бор-у, жавоб йўқ фильмлар ҳақида.
Ёзувчи Ғафур Шермуҳаммаднинг “Қудуқ” қиссаси ўтган йилнинг энг яхши асарлари сифатида эътироф этилди. Жумладан, “Шарқ юлдузи” журнали йиллик танловининг наср йўналиши бўйича ғолиби сифатида тақдирланди. Табиийки, шу қисса асосида, шу номда яратилган бадиий фильм ҳам жамоатчиликнинг диққат эътиборида бўлди, “Асарнинг ўзини-ку, ўқидик, киноси қандай бўлган экан?” деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий ҳам эди-да. Балки шу сабаблидир, Алишер Навоий номли кино саройида бўлиб ўтган “Қудуқ”нинг тақдимот маросимида – қаҳратон совуққа қарамасдан – катта зал томошабинга тўлди.
Дарвоқе, томошанинг тахминан чорак соатидан кейин безовталаниб қолган айрим бетоқат томошабинлар орасида пичир-пичир гап-сўзлар оралаб қолди: “Жуда зерикарли эканми… Қачон қизиқ жойи келади?..” Биз, асарнинг ўзидан бохабар мардумлар эса диққат билан экранга қараб ўтиравердик: “Мана ҳозир бошланади… ҳозир… ҳали кўрасизлар… қотиб қоласизлар…” Бир пайт қарасак, шу умид-ишонч билан томошани ҳам тугатиб қўйибмиз…

Хўш, нима учун шундай бўлди? Аввало, назаримизда, режиссёр воқеалар рўй бераётган замонни шўро даврига кўчириш билан энг осон ва ўзидан ҳеч қандай масъулият ҳамда изланиш талаб қилмайдиган йўлдан борган. Яъни, нари борса “У даврлар шунақа эди-да”, деб хўрсиниб қўйиши мумкиндир. Бироқ ҳамма айбни автобус бекати деворидаги ўроқ-болға тасвирию, идора деворидаги “Слава КПСС” шиорига ағдариб бўлмас. Нима, бугунги кунимизда Лаллайдай бўшанг одамлар йўқми, қудуқлар қазилмаяптими? Нима, бугунги кунимизда сув келтирадиган азиз одамни хор қилишга қодир жоҳил Эратлар йўқми ё уларнинг ҳаммаси аллақачон бир юмалаб яхши одамларга айланиб қолишганми?..

Қиссада бош қаҳрамоннинг дил тубидан чиққан мунгли сўзлар бор: “Тупроқ кавлаш билан андармон бўлиб, дунёнинг ўзгарганини сезмай қолибман. Одамлар ҳам аввалгидай эмас. Уларнинг кўксидаги қудуқ қурий бошлагандай. Мен шу қудуқлардан сув чиқараман деб беҳуда уринаётгандайман…” Бу аччиқ, аммо ҳаққоний эътироф асарда умуминсоний, умумдунёвий муаммо қаламга олинганини кўрсатиб турибди. Буни ҳатто оддий банданинг босиб келаётган, аллақачон ўз таъсирин кўрсатиб ҳам улгурган “оломон маданияти”га нисбатан исёни сифатида ҳам талқин этиш мумкиндир. Бироқ мана шундай кўнгил изтироби, мана шундай дард картинадаги оддийгина маиший муаммолар гирдобига чўкиб кетади…

Қиссадаги ўқувчини энг ларзага соладиган ҳолатлардан бири, яъни ҳамширадан келган хавотирли номалар ўрнига почтачининг “салом хат”лар ёзиш жараёни умуман кўрсатилмаган, натижада бу ўрин жумбоқлигича қолган. Қиссада Лаллай қабристонга одам суякларини олиб бориб кўмгач, маърака ўтказарди. Картинада эса уйида аҳволи оғир, “фақат мўъжиза билан тузалиб кетадиган” бемор ўғли ўлим билан олишиб ётгани ҳолда Лаллай ўша номаълум марҳумга атаб худойи қилади. Бу нима деган гап? Лаллай учун тирик боласи азизми (гарчанд у иярчан, яъни ўгай бўлса ҳам) ёки қабристондаги суяк? Умуман, қайси одам ўз боласи турганда… Яна шу Лаллайнинг энди “Марҳумни ҳақорат қилдинг” деб (ўзини эмас, хотинини эмас) тўсатдан Турдибойнинг ёқасидан олиши, уни тезак шўрва ичишга мажбур этиши манзаралари одамда ноқулайлик туғдиради: гўё актёрлар йиғилиб олиб, ўзлари ишонмаган нарсага зўр бериб бошқаларни ишонтиришга уринаётгандай…

Қиссада Лаллай шифохонага ўғлининг вафотидан сўнг етиб келарди. Фильмда бу манзара ўта жўн ва янада ишонарсиз тарзда талқин этилган: қудуқчимиз бемалол почтачи билан шифохонага кириб келади. Ана, осон экан-ку, Тошкентга бирга борадиган одам ёнгинасида экан-ку, унда нега Лаллай шунча пайтдан бери Қаюм шўрога ялиниб юрибди?..

Умуман, “иярчан” бола эпизоди картинага ямоқдай бўлиб, ёпишмай тургандай. Ахир у бола-ку… Қаҳрамонингг феъл-атворини очишга хизмат қилмайдиган, аксинча уни хиралаштирадиган (“ҳа, балки боласи ўгайлиги учун Лаллай шунақа қилаётгандир…” деган тусмолга бориш ҳам ҳеч гап эмас бу аҳволда) ортиқча тафсилотларга на ҳожат…
Яна бир мулоҳаза. Эрат Лаллайни қудуққа қамаб қўяди. Тасаввурингизда бош қаҳрамон юрагингизни увиштириб юборар даражада зимистон бағрида якка-ёлғиз қолади. Оператор учун, тасвир фантазияси учун нақадар улкан, ақл бовар қилмас даражада имконият! Аммо қудуқ қопқоғидаги иккита қўл сиғадиган ёриқ мана шу таассуротингизни парчалаб ташлайди… Афсусланарли томони, мана шу кемтиклик сизни бутун томоша давомида тарк этмайди…

Қиссада кўплаб одамларнинг орзуси бўлган ширин қудуқ суви ҳақида гап кетади. Хотимада эса Лаллай ўғлининг хотирасига атаб қазиган қудуқдан айнан одамлар орзусидаги ширин сув чиқади… Нақадар таъсирли ечим!.. Бироқ фильмда биз буни кўрмаймиз. “Ширин қудуқ суви” ҳақидаги гап машинада айтилади, аммо шу билан бу мавзу тамомила унутилади…

Қиссада ўқувчи қалбини ларзага соладиган ҳолатлар бисёр эди. Афсуски, актёрлар ҳар қанча маҳоратли бўлишмасин (айниқса Абдухалил Мигнаров, Фарҳод Худойбердиев сингари актёрларнинг ижросига тан бермай илож йўқ), адабий асосдан узоқлашиш, асарни юрак-юракдан тушунмасдан, ҳис қилмасдан суратга олишга киришиш, қиссага алоҳида урғу берилган ўринларни “қирқиб ташлаш” биз кутган даражадаги юксак савияли фильм юзага чиқишига тўсқинлик қилган…

Албатта, булар адабий асос сифатидаги қисса билан картинани муқояса этишга уриниш ҳамда томошабинларнинг фикрларини умумлаштириш жараёнида туғилган шахсий мулоҳазалар. Балки уларни профессионал мутахассислар ёки киноижодкорларнинг ўзлари буткул рад этишар. Бироқ, шунга қарамасдан, ўйлайманки, биз ўқувчи, томошабин сифатида яхши асардан яхши картина кутиш ва бу борада ўз камтарин мулоҳазаларимизни билдиришга ҳақли бўлиб қолаверамиз.

“Одноклассники.ру” фильмини томоша қилиш чоғида, ёнимизда ўтирган ёш йигитлардан бир нечтаси кулиб юборди. Кино тугагандан сўнг бунинг сабаби билан қизиқдик. “Э, ака, – деб қолди йигитлардан бири куйиниб, – ахир биз бу даражада гўл эмасмиз-ку!” Йигитнинг “биз” деганда томошабинни назарда тутганини англаб, тафсилотлар билан қизиқдик, гап орасида картинанинг “оломон маданияти”га қарши қаратилганига алоҳида урғу бердик. Аммо, йигитлар ҳам ўз билганларидан қолишмади. Дарҳақиқат, уларнинг гапида жон бор эди. Ахир қаҳрамонларнинг бир қисми олий ўқув юртларида таълим олишаркан-у, бемалол ўзга юртларига кетаверишаркан, ваҳоланки, институт-университет деганлари бугунги кунда бедарвоза эмас… Кейин, уч-тўрт кишининг ўрмонда биқиниб олиб, жон-жаҳдлари билан ўз интернет-тўрларига содда йигит-қизларни илинтиришга уриниб ётишлари ҳам кишини ишонтирмайди. “Ана, – дейишди ҳар гапдан бохабар томошабин йигитлар, – одамларнинг ўзлари, ўз ихтиёрлари билан ишлаш учун боришмоқда-ку… Анави гирдиғумга қиз керакми? Марҳамат, керакли сайтларни очсин, ўз иффатини фалон долларга сотмоқчи бўлган қизларнинг эълонлари қаторлашиб турибди. Ҳатто яқинда шундай қизлардан бири қўшни Қозоғистондан ҳам чиқибди. Номуси эвазига келган пулни болалар уйига бермоқчи эмиш… Шундай экан, Россиянинг ўзида ёинки қўшни Қозоғистонда қизларни чертиб-чертиб танлаб олиш имконияти турганида, шунча оворагарчиликнинг нима кераги бор…”

Келинг, шу ўринда бир масалага мухтасаргина тўхталиб ўтайлик. Ижодкор томошабиндан, ўқувчидан олдинда юриши керак, деган олтин қоида бор. Аммо кейинги йилларда суратга олинаётган айрим фильмлар бу аксиоманинг оёғини осмондан келтирмоқда, яъни картиналар даққиюнусдан қолган тушунчалар асосида яратилмоқда, натижада томошабиннинг истеҳзоли кулгиси, энсаси қотишига сазовор бўлмоқда…

Яна бир гап. Дунёда жамият учун долзарб бўлган мавзуларда киноасарлар буюртма қилиш амалиёти мавжуд. Дейлик, Пентагон буюртмасига кўра Голливуд 2012 йилда “Цель номер один” (Бен Ладеннинг ўлдирилиши ҳақида) фильмини яратди. Ёки ўз вақтида Тарковский “Андрей Рублёв” фильмини давлат буюртмасига кўра суратга олганини эслайлик. Демак, давлат буюртмаси картина сифати пастлиги, воқеалар ҳаётдан олинмасдан, ўйлаб топилганлиги, унга ёлғон ва сохталик аралашганлигини асло ва асло оқлай олмайди. Аксинча, ижодкорни маблағ ташвишидан халос этадиган давлат буюртмаси бўйича суратга олинаётган фильмга талаб янада баландроқ ва янада кескинроқ бўлиши лозим. Акс ҳолда ўзбек киноижодкорлари бундан кейин ҳам томошабинларга кулги бўлиб қолаверишади…

Учинчи гуруҳ фильмлари ҳақида.

Биз, бу ерда ўтирган ижодкорлар албатта ўзбек киносининг дунёга чиқишини истаймиз. Биз ҳаммамиз Эркин Аъзам сценарийси асосида Аюб Шаҳобиддинов суратга олган “Паризод” фильми Россиянинг Анапа шаҳрида ўтказилган “Киношок” танловида Гран-прини қўлга киритганида қанчалар қувонганмиз. Худди шу фильм АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган кинофестивалда ғолиб чиқди, Парижда намойиш этилди. Бу бутун ўзбек киносининг обрўйи. Бундан ғурурланамиз, фахрланамиз.

Шу сабабли, кино соҳасидаги ўтган йил якунларига назар соларканмиз, беихтиёр янги “Паризод”ни, унинг муваффақиятини такрорлай оладиган, ҳаттоки “Паризод”дан ҳам ошиб тушадиган картина қидирамиз.
Хўш, 2013 йилда шундай кино суратга олиндими?
Назаримизда, “Кўргим келади” фильми юзасидан томошабинларнинг мулоҳазаларига асосланиб, бу саволга “Ҳа” дея жавоб бера оламиз.

Ҳар қандай картина қаҳрамонларнинг қанотли иборалари билан машҳур бўлади. Халқимиз орасида “Иван Васильевич касбини ўзгартиради”, “Мимино”, “Ишдаги ишқ” фильмлари билан бир қаторда “Маҳаллада дув-дув гап”, “Шум бола” қаҳрамонларининг қанотли иборалари тилдан тилга кўчиб юриши маълум. Бу ўз-ўзидан, табиий раившда юз берадиган жараён бўлиб, санъатнинг асл кучи воқеликда қанчалар ёрқин намоён бўлишининг бир кўринишидир. Гарчанд намойиш этилганлигига қисқа вақт бўлишига қарамасдан, Мурод Муҳаммад Дўст сценарийси асосида суратга олинган “Кўргим келади” фильми қаҳрамонлари тилидан айтилган гап-сўзлар бугун томошабинлар орасида тилдан-тилга ўтиб юрибди. Дейлик, “Ўзбекистон – тўйлар мамлакати” жумласи. Эҳтимол, бу гап ҳушёр кино мутахассиси кўнглига ўтиришмас. Аммо томошабин бу гапни қабул қилди, унинг ҳам фахр-ғурур, ҳам изтироб билан, жон ачишиб айтилганлигини савқи табиийси ила, юрак-юрагидан ҳис этди…
Ёхуд Рауф Парфининг шеърини ихлос билан ўқиётган китобхон маҳкума аёлни олинг. Бу образда бор-йўғи тўрт-беш дақиқа кўринадиган Ўзбекистон халқ артисти Малика Иброҳимова фильм ичида фильм яратгандай гўё…

Албатта, барча томошабинлар “Кўргим келади”ни ҳайрат билан кутиб олди, десак хато қилган бўламиз. Дейлик, унинг ҳиндча “хепи-энд” билан тугаганлигидан ранжиганлар ҳам анча-мунча кишини ташкил этади. Чунончи, “Бош қаҳрамон Зиёда албатта қамалиши керак эди… Ахир у одам ўлдирди-ку… Нима, беш марта маҳаллага текин концерт қўйиб бергани учун оқланиб кетаверадими?.. Ахир кўчада мастни босиб кетган шопир ҳам жазоланади-ку” сингари эътирозлар кўпроқ ҳуқуқшунослар томонидан билдирилди. Айни пайтда “Кинонинг кучи ҳам шунда-да!” дея уларнинг оғзига урганлар ҳам етарлича топилди.
Хуллас, фильм баҳс-мунозаралар уйғотди. Бу ҳам унинг муваффақиятидан шоҳидлик бериб турибди…

Сценарийга режиссёр муносабати ҳақида.

Ўтган йилнинг баҳорида бўлса керак, “Куйдирги куёв” деб номланган бир сценарий ўқигандик. Тўғриси, ўзимизча, бу асардан ҳеч қачон кино яратиб бўлмайди, деган хулосага ҳам келиб қўйгандик. Балки шу сабаблидир, мазкур сценарий асосида “Вой-дод!” фильми суратга олинганини эшитиб, азбаройи қизиқиш юзасидан картинани кўрдик.
Ҳа, “режиссёр ечими” деган тушунча кино соҳасида ҳали бор экан. Ёш режиссёр Озод Шамс комедия жанрида суратга олинган ушбу фильмида бош қаҳрамонга биргина бўш стул, марҳум ўғлининг доимо бўш туриши керак бўлган ўрни тимсолида инсоний дард бера олган. Томошабинга юқа оладиган даражада дард… Демак, ёш режиссёрларимиз озгинадан кўпгина ярата олиш кўникмасига эга эканлар, киномизнинг эртанги кунидан кўп яхшиликлар умид қилсак бўлади…

Ва-ниҳоят томошабинга ҳурмат ҳақида.

Ошдан чиққан курмак кайфиятингизни туширади.
Жиддий “Бекатдаги одам” картинасини томоша қилиб ўтирганимиз маҳал бирдан актёр Тоҳир Саидов бошқача овозда гапириб қолди. Бу биз томошабинларга эришроқ туйилди.
Сал кейинроқ, “Тошкент” телеканали орқали бу борада берилган саволга фильм ижодкорларидан бири “Актёр Хоразмга кетганди, шунинг учун ўрнига овоз режиссёрининг тавсияси билан бошқа киши овоз бериб юборди”, деди.

Ҳар қалай, бизнингча, бутун бошли фильмнинг эгаси овоз режиссёри эмас, саҳналаштирувчи режиссёр бўлса керак. Бунинг устига, актёр океан орти ёинки Оврупо мамлакталаридан бирига жўнаб кетмаган экан. Унинг қайтишини кутиш, овозини ёзиб олиб, монтаж қилиб юбориш бугунги кун техникаси учун унчалик муаммо туғдирмаса керак. Бугун актёр келмади деб ўрнига овоз бериб юборсак, эртага актёр келмади деб ўрнига ролни ижро этиб юборсак, билмадик, бунинг охири нима билан тугайди. Биз фильмнинг ҳар бир сонияси яхши чиқиши учун жон-жаҳди билан курашадиган, бунинг учун истеъдоди, асабларини аямайдиган режиссёрларимиздан бундай эътиборсизлик кутмаймиз, албатта…

Энди озгинагина мулоҳаза.

Юқорида айтганимиздай, соҳа ижодкорлари ҳам, томошабинлар ҳам юртимизда яхши-яхши, ажойибу ғаройиб, томошабин кўриб ларзага тушадиган, қайта-қайта кўргиси келадиган фильмлар яратилишини истайди. Аммо истаклар муштараклиги ҳамиша ҳам кутилган натижаларга олиб келмаяпти.
Хўш, бунинг сабаби нимада?

Биз бу борада бировга маслаҳат бериш ёки ақл ўргатишдан мутлақо йироқмиз. Бироқ, фикри ожизимизга кўра, машҳур Голливуд режиссёри Альфред Хичкокнинг ҳикматли гапи бугун ҳаммамиз учун алоҳида аҳамият касб этмоқда: “Яхши кино олиш учун учта нарса керак: сценарий, сценарий ва яна сценарий”. Бошқа машҳур режиссёр эса: “Сценарий тайёр бўлди дегани – кино тайёр бўлди, дегани… Менга фақат оёғимни чалишириб ўтириб, “Мотор!.. Стоп!..” дейиш вазифасигина қолади”, деганди. Яқинда “Аргументы и факты” газетасига берган интервьюсида “Мосфильм” киноконцерни раҳбари Карен Шахназаров яхши кино яратиш учун муҳаррирлар институтини қайта тиклаш кераклигини таъкидлаб ўтаркан, “Мы из джаза” фильми сценарийси 15 марта қайта ёзилганлигини эслайди…

Демак, яхши фильм учун яхши адабий асос ёинки аъло даражада ёзилган сценарий керак экан. Олғир режиссёрларнинг “Сценарий Бадиий кенгашдан ўтса бўлди, кейин у ёғини ўзим тўғрилаб оламан!” деган ваъдалари қип-қизил ёлғон. Аксинча, улар кўп ҳолларда қош қўяман деб кўз чиқараётганликлари, яъни сценарийда борини ҳам йўқ қилаётганликларига шоҳид бўлиб турибмиз. Халқимиз бежиз “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”, демайди, ахир.

Бу борада яна бир далолат. Голливудда сценарий икки йил ёзиларкан, фильм эса икки ойда суратга олинаркан. Бизда тескариси. Яъни чала сценарий йиллаб судраб юрилади. Шу сабабли ҳам адабий сценарий муаммоси бугунги кунда кино соҳамизнинг энг оғриқли ва долзарб масаласи бўлиб турибди.

Юқорида айтилган субъектив мулоҳазалардан қандай мухтасар хулосага келиш мумкин? Аввало, кино – томошабин билан тирик. Давлат маблағи эвазига олинган фильмлар телевидение орқали намойиш этилганида уларни бирданига миллионлаб кишилар кўришади. Бу улкан аудиториянинг талаб-истаклари, хоҳиш-иродаси, қолаверса, ҳақ-ҳуқуқини ҳисобга олиш, таъбир жоиз бўлса, томошабинлардан ҳеч бўлмаганда бир неча қадам олдинга ўтиб олиш, уларни орқасидан эргаштира билиш бугунги кун киноижодкорларининг вазифаси бўлиб қолмоқда. Бундай масъулиятли вазифадан бўйин товлаб бўлмайди. Зеро, ҳар қандай ҳолатда ҳам, зукко томошабин ҳамиша ҳақ бўлиб қолаверади.

2014 йил, 11 март


* Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Драматургия” кенгашининг 2013 йил якунларига бағишланган йиғилишида ўқилган маъруза матни

011

(Tashriflar: umumiy 139, bugungi 1)

Izoh qoldiring