Jamila Ergasheva. Shom shafag’i jilvalari. Qissa (1)

Ashampoo_Snap_2018.01.27_17h19m12s_004_.png    Ойша намоздан сўнг одатига кўра Қуръон тиловат қилиб анча ўтирди, ўрнидан турганда хона ичи эрталабки қуёшнинг оппоқ нурларидан ёп-ёруғ бўлиб, еру кўкни саҳарҳез қушларнинг чуғур-чуғури тутиб кетган эди. Деразадан кираётган салқингина тонгги шабададан тани яйради. Айвоннинг эшигини очиши билан ҳовлининг адоғидан қўйларнинг маърагани эшитилди. Изидан нафис дока пашшахонада ётган келини ошкора зарда билан “уф” тортиб, бир ағдарилиб ётиб олди.

Жамила Эргашева
ШОМ ШАФАҒИ ЖИЛВАЛАРИ
Қисса (1)
09

 879_n.jpg  Жамила Эргашева 1956 йил Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. Тошкент Давлат дорилфунининг журналистика факультетини тамомлаган. “Изҳор”, “Интиқом”, “Таназзул”, “Зулфизар”, “Қир устидаги аёл” номли роман, қисса, ҳикоялари жамланган китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

09

Бисмиллоҳи раҳмони раҳим

Кишлак-Кидириптур.-2013.jpgОйша намоздан сўнг одатига кўра Қуръон тиловат қилиб анча ўтирди, ўрнидан турганда хона ичи эрталабки қуёшнинг оппоқ нурларидан ёп-ёруғ бўлиб, еру кўкни саҳарҳез қушларнинг чуғур-чуғури тутиб кетган эди. Деразадан кираётган салқингина тонгги шабададан тани яйради. Айвоннинг эшигини очиши билан ҳовлининг адоғидан қўйларнинг маърагани эшитилди. Изидан нафис дока пашшахонада ётган келини ошкора зарда билан “уф” тортиб, бир ағдарилиб ётиб олди. У аввал дарвозани очиб қўймоқчи эди, қайнонаси “Тонгда туриб, биринчи қиладиган ишинг дарвозани очиш бўлсин, тонгда дарвозадан фаришталар киради”, дер эди доим. “Ҳа-а, фаришталар бироз шошмай турсин-чи, аввал қўйларни тинчитиб келай”. “Тўкилган-сочилганлар увол бўлмасин” деб иккитагина қўзичоқ олдирган эди, қурмагурлар бир чиройли, уларнинг курт-курт қилиб, ем ейишини томоша қилишнинг ўзи роҳат. У аввал бетоқат депсиниб турган қўзичоқларнинг тоғорачасига икки ҳовучгина арпа солди, сўнг кечадан қолган нушхўртни бир четга олиб ташлаб, бир қучоқ йўнғирчқа ўриб берди. Қўзичоқларнинг бир-биридан қизғониб, бир-бирини боши билан турта-турта “курт-курт” қилиб ем ейишини томоша қилиб, оғилхона ёнида бироз туриб қолди. Сўнг дарвозахона томон юрди. Дарвозани очиб, кўчага чиқди. Улар боши берк кўчада туришгани учун кўчаларидан умуман бегона машиналар ўтмас, айниқса эрталаблари тинч ва сокин бўларди. Тонгнинг юмшоққина нурига чўмилиб ётган кўчага қараб кўнгли ёришиб кетди, ўпкасини тўлдириб, чуқур-чуқур нафас олди, ичи тоза ҳавога тўлиб кетгандек бўлди. Бир-бир босиб кўча юзига чиқди: “Озгина қони айлансин”. Кейинги пайтларда жуда камҳаракат бўлиб қолди. Ҳаво иссиқ пайтлари сал ҳаракат қилса, юраги ҳарсиллаб қолади, ётаверса, боши оғрийди. Эрталабки салқинда айланиш яхши. Бунинг учун эса, албатта, кўчага чиқиш керак. Келиннинг уйқусига халақит бермаслик керак. Ўғли ҳам қулоғининг тинчини кўзлайдими, ёнида “Аф-уф”лаб ётган хотинига “Бўлди қил-е!”, дейишнинг ўрнига “Она, қариган чоғингизда тинчгина ётсангиз бўлмайдими? Эрталабки салқинда ҳузур қилиб дам олай, десам, шитир-шитир у ёққа юрасиз, бу ёққа юрасиз”, деб онасидан норози бўлади баъзан. Э-э, қандай саҳархез эди унинг оиласи. Қайнонаси эртароқ туринглар, Аллоҳнинг ризқи эрта турганларга насиб қилади, дер эди, тонг отиши билан уларнинг уйида ҳаёт қайнар эди, ёлғиз ўзи ҳаммасига улгурарди: молга қарар, сигир соғар, болалар учун эрталабки сутдан нимадир пиширар, сўнг ҳовлига сув сепиб, супириб-сидириб айвонга жой қилар эди. Ишга кетгунча, яна дастурхоналарни йиғиштириб, идиш-товоқлари ювиб-чайиб кетарди. Ўшанда Мансур ҳам акасига қўшилиб, онаси билан баравар турар, бинойидек ишларига қарашиб юрарди. Э-э, от билан эшакнинг охури бир бўлгандан кейин, ўзи ўхшамаса ҳам, мижози ўхшаб қолади, деганлари шу-да. Энди… Кексайганингдан кейин ўз уйингга сиғмай, ўз ҳовлингда ҳам бемалол юра олмай қолар экансан.
Бир замонлар шу икки кишилик томорқани олишганда қанчалар суюнган эди. Икки ака-укага ёнма-ён қилиб уй қурамиз, иккаласи ҳамиша бир-бирига елкадош бўлади, ўзи эса икки ўғил, икки келин, неваралар орасида суюкли, арзанда момо… Уйни ҳам бирин-кетин кўтаришди, болалар катта бўлишгач, харажатлар ҳам катта бўлиб кетади, эртароқ қуриб қўйганимиз маъқул, дейишди. Атайлаб ўртага девор кўтартиришмади, “Меҳр кўзда, бир-бирини кўриб турса, ўзлари ҳам, болалари ҳам меҳр-оқибатли бўлишади”, дейишди. Мансурбек уйлангач, Комилжон “Онажон, энди ёнингизда хизмат қиладиган келинингиз бор. Сизга айтолмай юрган эдим, мени анчадан бери Тошкентга ишга таклиф қилиб қўйишмаяпти, менга рухсат беринг”, деб туриб олди. У тўнғичини бошқача бир меҳр билан яхши кўрарди, унинг хотини ҳам жуда андишали, меҳрибон келин эди. Эри “Боланинг келажагига монелик қилма. Одамлар бундай ишларга пул бериб ҳам жойлаша олмайди, сенинг ўғлингни ўзлари таклиф қилишаяпти. Дуо бер, худо йўлини очсин”, деди. У шундай қилди.
Эри қайтиш қилгандан сўнг бошини ердан кўтармайдиган кичик келин бир юмалаб шайтоннинг урғочисига айланди–қўйди. Сал гап бўлса, отасига ўхшаб, “Ҳа, тинчликми?” деб ғуддайиб турадиган ўғилга ҳам аёлининг бор айтгани маъқул тушадиган бўлиб қолди. Аслида–ку, эри қайнота бўлиб, келинларга бирон оғиз танбеҳ бериб кўрмаган, аммо ҳеч қачон биронтасини одам ҳисобига қўшиб, бир оғиз яхши гап ҳам айтмаган. Қандайдир салобати бормиди, қайнота томоқ қириб, ҳовлига чиқиши билан келинлар ичкарига кириб кетишга баҳона излаб қолишар эди. Аслида бу одам ўғиллар билан ҳам деярли гаплашмас, ўғиллар ҳам “отам” деб талпинавермас, мудом ичимдагини топ дегандек, қовоқ солиб юрганиданми, ўзлари ота бўлганларидан кейин ҳам отадан ўзларини тортиб туришар эди.
Бу эркак Ойшага ҳам ҳеч қачон ёмон гапирмаган, шунча йил бирга яшаб бирон марта урмаган–сўкмаган, бировдан рашк қилиб, дилини оғритмаган, аммо бирон марта кўзларига тикилиб, тили билан айтмаса ҳам, кўзлари, нигоҳлари билан, ҳеч бўлмаса кўнгил учун, “Сени яхши кўраман”, демаган. Энди турмуш қурган вақтлари у келишган, ўқимишли эрнинг кўнглини олиш учун минг ўлиб, минг тирилар эди, ўша пайтлар эри ҳам яхши эди, шекилли, ҳарқалай Ойша жуда бахтиёр эди: “Бечора, урмаса-сўкмаса. Эркаклар ҳам ҳар хил бўлади-да. Бир хили шилқим, бошқаси бу кишига ўхшаб, жиддий. Бачкана, шилқим бўлгандан, шундай бўлгани ҳам маъқул”. Мансаби ошиб, ҳар кун ишдан ярим тунда қайтадиган одат чиқарди–ю, келиши билан “иш кўп, жуда чарчадим“ деб, ухлаб қоладиган бўлди: на бир оғиз илиқ сўз, на тўрт калима гурунг… Кеч тушгач, ишларини бир ёқлик қилиб, болаларини ухлатиб, ювиниб-чайиниб, рўзғор юмушлари вақтида кийиб юрган уст-бошини алмаштириб, қошларига ўсма қўйиб, ўзича пардоз-андоз қилиб олар, аммо қовоқларини уйиб олган эр унинг юзига бир қараб ҳам қўймагач, саҳардан ярим тунгача кутган одамининг ёнида ётиб, ўз–ўзидан хит бўлиб кетарди. “Иш–да, чарчайди–да шўрлик…“ дея ўзича эрини оқлаб, ўзини ҳар қанча юпатишга урунса ҳам, ич–ичини аламгами, шубҳагами ўхшаш бир нарсалар тобора кўпроқ ўртаб борар, баъзан ёлғиз қолган дамлари ўз–ўзини йўқлаб, бекитиқча йиғлаб ҳам оларди. Ўшанда юраги бежиз безовта бўлмаган экан. Аслида атрофида юрганлар, дугонаман, деб юрганларнинг қанчаси, қўшнилар ҳаммасидан хабардор бўлган. Уни аябми, ҳеч нарса билмагандек юраверишган.
Ўша кеча ғалати туш кўриб, уйғониб кетди. Тушида аллақандай одамлар келиб, яшаб турган уйларининг томини очиб, болорларини юк машинасига ортиб кетаётган эмиш. Уларнинг олдига чиқиб, бу бузғунчиликни тўхтатай, деса, унинг устида кийими йўқ, қип-ялонғоч эмиш. Бир чойшабга ўраниб олиб, гоҳ у ёғини, гоҳ бу ёғини ёпар, аммо тўлиқ ёпиниб олишнинг уддасидан сира чиқа олмас эмиш. Қўрқиб уйғониб, ёнбошига қаради: эри ишдан қайтмаган эди. Шу билан ухлай олмади, тонг отгунча, тиканга ағанагандек ағанаб чиқди.
Якшанба эди, яна қайта эрининг ишхонасига қўнғироқ қилди. Ҳеч ким гўшакни кўтармади. Кўнгли ғашлигидан қўли ишга бормай ўтирган эди, ранги бир аҳвол бўлиб, синглиси кириб келди. Сингил-да, бошқаларга ўхшаб, эшитганларини ичига ютиб кета олмаган:
– Опа, сиз ўзи тентакмисиз, ёки шу бадқовоқ эрингиздан ажралиб қолишдан азбаройи қўрққанингиздан, кўриб турган нарсаларингизни ҳам қўрмасликка олиб юрибсизми?
Сингил болаликдан бироз ҳовлиқмароқ, куйди-пишди эди. Унинг шу феълини ўйлаб, бу кулгуга олди:
– Иккови ҳам ўзимман.
Тўғриси ҳам шу эди, кўриб туриб, андиша билан кўрмасликка олиб кетадиган нарсалари ҳам кўп, соддалигидан коса тагида турадиган нимкосаларни пайқамай қолиб, кулгу бўладиган ҳоллари ҳам кўп.
– Қани, тез кийиниб, олдимга тушинг.
Унинг юраги “шув” этиб кетди:
-Тинчликми? Нима гап ўзи? Агар поччанг менинг, гулдек болаларининг юзига оёқ қўйиб, биронтасига илакишган бўлса-ю, сен мени ўша жойга олиб бораман, деяётган бўлсанг, яхшиси, овора бўлмай қўя қол, синглим. Бир камим эр қувиб юриш эмас.
Ўзини мардликка олиб, катта-катта гапираётган бўлса ҳам, бир зумда унинг танглайи қотиб, айвоннинг устунига суянганча ўтириб қолди. Айни дамда қимирлашга ҳоли бўлмаса-да, ўрнидан сакраб туриб, эри ундан афзал билган ўша аёлни, жанжал қилиб, ёқасидан олмаса ҳам, юзма-юз туриб, уни бир бор кўришдан истаги билан ёнаётган эди: “Унинг нимаси ортиқ экан?”
Ҳаво рутубатли, бағрини қорамтир булутлар маҳв этган осмон йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тийиб тургандек. Ойшанинг эти жунжикди. Сингил йўл бўйи бир оғиз ҳам гапирмади. Ойша ҳам индамади, лекин юрагининг туб–тубида нима бўлса ҳам, бўладиган ҳамма гап унинг ҳаётини остин–устун қилиб юбориши аниқлигини билиб борарди.
Улар шаҳар четидаги кичкинагина ҳовли дарвозаси олдида тўхтадилар. Дарвозани етти ёшлардаги ширингина болакай очди. Бола унга кимнидир эслатди, тўйқус хаёлига келган фикрдан сесканиб кетди, ҳа, бола Мансурининг қуйиб қўйган ўзгинаси эди. Болакай уларнинг саволларига жавоб бериб улгурмасдан айвон эшиги очилиб, яна бир бола кўринди. Буниси беш ёшлар чамасида эди, бунинг қош–кўзи ҳам…
– Ака, ки–им?
– Меҳмонлар, онамни сўрашяпти. Онамни чақириб юбо– орр.
Аёл жуда ёш, такаббур ва андишасиз эди. Уларни кўриб, юзининг бир туки ҳам қилт этмади. На қўрқди, ва на уялди. Тил учида сўрашиб, ичкарига таклиф қилди. Қадди қоматини сириб, бор–йўғини кўз–кўз қилиб турган тор халат ичида соллониб юриб, улар кирган хона юзида ётган ул–бул нарсани йиғиб, тартибга солган бўлди–да, сўнг Ойшанинг қаршисида турган стулга келиб ўтирди:
– Келинглар. Хўш?..
Ойша синглисига қаради. Гарчи ҳеч қандай изоҳга ҳожат қолмаган бўлса–да, айни дамда беписанд чимирилиб турган бу юзсиз аёл билан ўзидан неча ёш кичик синглисининг олдида тортишишдан уялди:
– Сен… чиқиб тур, ука…
Сингил қошларини керганча бир зум ерга қараб турди–да, сўнг зардали қиёфада бир силтаниб, тарс–турс юрганча, хонадан чиқиб кетди.
Хонага ёқимсиз жимлик чўкди. Бундан садо чиқавермагач, мезбоннинг ўзи гап бошлади:
– Мен сиз билан тортишиб ўтиришни истамайман. Очиғини айтиб қўя қолай. Мени айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бизнинг никоҳимиз, болаларимиз бор.
Кўриб турган хиёнатни ҳам шунчалар беписанд бир оҳангда эшитиш оғир бўлар экан. Ойша ўзини йўқотиб қўйди:
– Сиз… у билан никоҳ ўқитишдан олдин, унинг… хуллас, бизнинг борлигимизни билмасмидингиз?
Аёл бўрсилдоқ қирмизи лабларининг бир чети билан кулиб, елка учирди:
– Бунинг нима аҳамияти бор?
– Сиз учун нима аҳамиятли эди?
– У менга ёқади ва мени яхши кўради, мен учун энг муҳими шу.
– У сизни яхши кўрадими?
Бу аҳмоқона савол унинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетди, ва бу учун узоқ йиллар ўзини кечира олмай юрди.
Аёл яна масхаромуз кулиб, елка учирди. “Буни ўзидан сўранг!“ демоқчи бўлдими… Ойшанинг кўксида питирлаб турган жонсарак қуш омонатини топшириб, оёқларига бош қўйди.
Шу билан уларнинг гурунги тугаган эди. Яна нима десин, нимани сўрасин, “Ҳар тун ишда эдим деб, сизникида ётармидими?“ десинми?
Керак эмас!
У индамай ўрнидан турди. Уйдан чиқаётиб, остонанинг бир четида эри кеча эрталаб уйдан кийиб чиққан туфлини кўрди: “Бўлди!”.
Бесаришта ҳовлининг бир четида синглиси қизиб кетган ёғдек кўкариб турарди:
–Ҳа?!
Ойша боши билан дарвоза томон ишора қилди:
– Бўлди.
– Нима “бўлди“? Нега “бўлади“? Индамай ҳақ–халол никоҳингиздаги эрингизни бир фоҳишага бериб қўяверасизми? Ҳозир бу ифлоснинг кўзини ўзим ўйиб оламан, – у бир узалиб, аёлнинг ёқасини тутамлади. – Ифлос, сен ўзи ким билан ўйнашаяпсан?!
Аёлнинг юзидаги кибрли ифода заррача ҳам ўзгармади:
– Ҳей, қўлингни ол! Тилингни ҳам тий! Шундай қиламанки, умринг суд билан прокурорнинг эшигида ўтади. Менинг уйимга бостириб кириб, менга қўл кўтаришга нима ҳаққинг бор?
Ойша синглисининг қўлини қаттиқ силтаб тортди:
– Қўйиб юбор! Унинг ҳеч қандай айби йўқ. Ҳамма бало поччангда.
– Ҳа, жудаям тўғри, — аёл ижирғаниб, ёқасини тўғирлаб олди. — танлаш имконияти ҳамиша эркакка тан. Билсанг, опангни унинг онаси танлаган экан, у эса мени танлади.
– Юзинг қурсин, фоҳиша! — Сингил аёлнинг суд ҳақидаги гапларидан бироз сесканган бўлса–да, ҳали ўзини босиб ололмаган эди.
– Алам қилаётган бўлса, ўзингни ос. Бу менинг муаммоим эмас, – аёл уларнинг ортидан темир дарвозани тарақлатиб ёпди.
Унинг чор-атрофида темир дарвоза тарақлаб ёпилгандек бўлди. Кўзлари на ерни, ва на осмонни кўрарди. Худди кеча кўрган тушидагидек қип-ялонғоч бўлиб қолган-у, ҳамма уни томоша қилаётгандек. Одамларнинг назаридан тезроқ қутилиш учун нафаси буғзига тиқилганча деярли югуриб борар, лекин ҳеч йўли унмасди.
Ўша куни эри ишдан жуда эрта қайтди, иккита қора елимхалтани тўлдириб бозорлик қилган эди. Ўша пайт Ойша бир амаллаб тўшакдан туриб, болаларига тушлик учун бирон нарса ҳозирлаш ниятида энди овқатга уннаган эди. Ҳовлидан эшитилган оёқ товушлари ошхонанинг остонасида тиниб, инграб эшик очилди. Ойша беихтиёр бурилиб, ортига қаради. Уни кўриб, эрининг ранги учиб кетди, аммо ҳеч нарсадан бехабар, бегуноҳ одамга ўхшагиси келдими, унга қараб илжайди:
– Яхши ўтирибсиларми? Манавиларни қаерга қўяйин?
Ойша индамай, олдинга ўгрилиб, яна пиёз тўғрашда давом этди. Эри елимхалталарни кираверишдаги бўш столга қўйиб, унинг ёнига келди, оҳистагина елкаларидан тутди ва бағрига босиб, қулоқларига шивирлади: “Мен сени жуда яхши кўраман“. У елкаларини тортиб олиб, бир силтаниб эрининг қучоғидан чиқди, шу пайтгача ҳеч қачон бу одамнинг юзига тик қарамаган эди, ўша дам бор андишани унутди: “Сиз мени тириклайин ерга кўмдингиз, ҳаётимни барбод қилдингиз! Бунга сизнинг ҳаққингиз йўқ эди. Мен кўрмидим, кар ёки шолмидим, туғмас бепуштмидим?! Мен сиздан нафратланаман! Ҳа, ҳа, нафратланаман! Ва мен сизни ҳеч қачон кечирмайман! Бундан кейин мендан ҳеч нарса кутманг! Сиз мен учун йўқсиз! Ҳа, ҳа, йўқсиз! Менинг атрофимда айлангувчи бўлманг!”. Унинг нафрат тўла кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Юзларини енги билан арта–арта ортига ўгрилиб олди–да, захар-заққум пиёзини шалоп эткизиб, қизиб турган ёғга ташлади.
Эри унга ҳеч нарса демади. На ўзини оқлади, на уни юпатди. Ҳайкалдек серрайиб туриб–туриб, сўнг ҳеч нарса демай елимхалталарни музлаткичга бўшатди–да, индамай хонадан чиқиб кетди. “Қўрққан! Ҳа, ўзини осиб–нетиб қўйган бўлмасин тағин, деб ўйлаганми? Болаларни эргаштириб, онасиникига кетиб қолган, деб ўйлаган бўлиши ҳам мумкин. Уйдалигимни кўриб, ҳозир шанғиллаб ёқамдан олади, деб ўйлагандир. Кўрдики, ҳаммаси жойида, кўнгли тинчиди. Ойша нафратланса, нафратланавермайдими, меҳри–муҳаббати керак бўлмаган хотиннинг нафратидан қўрқадими? Индамай чиқиб кетди. Энди ёти–иб, телевизор кўради. Пасткаш! Лекин, нега?! Нега?! Қайси гуноҳларим учун?!“ У пастки лабларини қаттиқ қимтиб, кўзларидан дувуллаб қуйилаётган ёшларни кафтининг орқаси билан артди.
Аммо эри шундай деб ўйлаган бўлса, тўғри ўйлаган эди. Йўл бўйи лаби лабига тегмай, хотинбоз поччасини қарғаб келаётган синглисининг гапларига бир сўз ҳам қўшмай кетиб бораркан, “Ҳозир уйга бораман–у, оғилхонага кириб, ўзимни осаман, шу билан ҳаммасига нуқта қўйилади“, деб ўйларди. У жуда толиққан, қулоқлари тинмай шанғиллар, синглисига жавобан бир сўз айтмоққа ҳоли йўқ эди. Уйга келгач, синглисига ҳам жавоб бериб юборди: “Сен боравер, поччанг билан яккама якка гаплашиб олишим керак, Ҳозир телефон қилиб чақиртираман“. Уйга киргач, хонани ичидан занжирлаб олди–да, юзларини ёстиққа босиб, тўйгунича бор овози билан бўкириб йиғлади. Келган пайти ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Синглиси болаларини чақиртирганми, иккаласи ҳам қаердандир етиб келиб, эшик ортидан “Онажон, эшикни очинг“ деб йиғлай бошлади. Сўнг йиғидан шишиб кетган кўзларини шипга қадаб ётиб, болаларининг эртасини ўйлади: “Гулдек болалари ўша аёлнинг қўлида қоладими кейин…“. Йўқ, яхшиси, болаларини олиб, онасиникига кетади, ажрашади”. Онаси эса шу куниёқ изига қайтариб юборади: “Ҳеч қиси йўқ, эркак киши юрадиям, қўядиям. Шунга ҳам ота гўри қозихонами? Билсанг, эркакники қарқара, хотинники масхара. Йўлда илашган йўлда қолади. Бор, болам, уйингга бор, иссиқ жойингни совутма”. Шундай бўлгач, қаерга ҳам боради. Онаси олдига солиб ҳайдамаса ҳам, икки бола билан ота уйига сиғмаслигини яхши билади. Каттаси бироз ўзини тортиб турса–да, кичиги отасини жуда яхши кўради. Ҳа–я, нега Комилжон ҳамиша бегоналардек отасидан ўзини тортиб туради? Унинг… бу гаплардан хабари бўлганмикин? Ҳа, ҳа, мактабдаги болалардан кимдир унга айтган бўлиши ҳам мумкин. Бечора болам!..
Ҳа, ҳамма билган. Катталар ҳам, болалар ҳам! Дўстлари юрагини куйдирмайлик, деб айтишмаган бўлса, душманлари баттар бўлсин, дейишгандир… У эса, худо бехабар инсон, эр, турмуш деганлари шундай бўлади, де-е-б юраверган.
У эрига ўша куни ҳам, кейин ҳам бошқа ҳеч нарса демади. Эри кечқурун ишдан эрта қайтадиган, болаларини ёнига олиб, бирга дарс қилиб, эркалатиб ўтирадиган бўлиб қолди. Аммо бу нарса Ойшанинг изтиробларини заррача камайтирмади: “Куни бўйи ўшаникида ётгандир чўзили–и–иб… Борган кунимиз ҳам туфлиси унинг остонасида турган эди-ку шумшайиб…“
Синглиси онасига суюнчилаган экан. Бир борганида онаси ёнига олиб, “Болам, кечиримли бўл. Аллоҳ кечиримли бандаларини суяди, чунки унинг ўзи ҳам кечиримли зот”, деди. Лекин у кўнглидаги кекни унута олмади. Эҳтимол, эри ёнига ўтириб, “Мен хато қилдим” ёки “Мажбур бўлиб қолдим, кўриб келдинг-ку, у жуда беандиша аёл, ташлаб кетсам, мени ёзиб-чизиб, ишдан олдириб ташлар эди. Энди, нима бўлса, бўлди, бўлган нарса бўлиб ўтди, бошқа бу иш бўлмайди, орани очдим”, демади. Ҳатто “Болаларим бор, иложсизман. Мени кечир”, дейишга ҳам арзитмади. Ҳеч бўлмаса, кўнгли учун, ёлғондан, уни овутиш учун “У аёл сенинг босган изингга арзимайди, ўзи учун эмас, болалар учун бориб-келиб турибман”, ҳам демади. Аёл эрининг ишхонасида ходимлар бўлимининг бошлиғи экан, жанжаллардан кейин ҳам шу ерда ишлайверди. Эри уни бўшатиб юбормади. Синглиси бир гапирган экан, “Опангиз қандай бўлса, у ҳам шундай хотиним. Унда ҳам икки ўғлим бор”, деб тўнғиллабди. Ойша бир умр рўзғорида ўша андишасиз аёлнинг шарпасини ҳис этиб яшади. Бу жуда-жуда оғир эди.
Мансабдан кетгач, бир кун яна синглиси гап топиб келди: “Эрингизнинг жойига келган раҳбар уни ишдан бўшатиб юборибди. У эса эрингизнинг жавобини бериб, Салим итхўр деган бир аҳмоққа эрга тегибди. Ана, кўрдингизми, эрингизнинг пули камайиб қолган-да. Янги эрчасининг ит гўштидан овқат қилиб сотадиган ошхонаси бор экан, ўзи ҳам шу ошхонага ишга кирибди. Эрингиз “икковингни ҳам ўлдираман” деб ўдағайлаган экан, “Қўлингни торт, сенинг йўлингни пойлашдан чарчадим, бу менинг законний эрим, кеча–кундуз ёнимда бўлади”, дебди ойимчаси. Бир уй бўлса, эрингиз қилиб берди, уйнинг ичини мебел-у гилам билан тўлдирди. Болалар бор. Энди сизнинг шерикарли эрингиз нимага керак? Итхўрга ҳам тайёр уй, болалари тайёр хизматкор, мазза-да. Эрингиз шўрлик бир оғиз ҳам гапира олмай, шумшайиб қайтаверибди. Ҳа, шунақа, Яратган Эгамнинг ўзи вақти–соати билан ҳисобини тўғирлаб қўяр экан, ўшанда шу ифлос аёл билан ёқалашиб юрмай, сиз тўғри қилган экансиз. Энди поччамиз сиздан баттар жизғанак бўлиб юргандир, икки ўғил, қанча мол–у дунёсини бир итхўрга бериб қўйиш осонми?“
“Ҳа–а, осон эмас! Бир ҳафтадан буён ранги гезариб, ҳар оқшом ичиб келишлари шундан экан–да. Лекин сен ҳеч хавотирланма, бош омон бўлса, дўппи топилади, ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас. Ҳали замон яралари битиб, янгисини топиб олади”.
Ойша янглишмаган эди, эри беш-олти вақт ишга вақтида кетиб, вақтида келиб, топган эрмаги телевизор бўлиб қолди. Унда–бунда Ойшага ҳам тегажоқлик қилган киши бўлиб, ўзича ҳазил–мазах ҳам қиладиган, аммо ундан ҳеч рағбат кўрмагач, яна эски ҳолига қайтиб, қош–қовоғи уюлиб қоладиган бўлди. Лекин орадан кўп ўтмай, яна “ишлари кўпайиб” қолди… Бу сафар унга дарров етказишди: уч болали бир бева аёл экан. “Кўрсангиз, бир кўккўз аёл, қоп-қора. Ҳар оқшом нимадир кўтариб, шунинг эшигидан кириб кетаётганини кўраман. Эрингиз шунинг нимасини яхши кўрди экан?”, “Ҳар гулнинг ўз ҳиди бор. Калтакесакка бошқоронғу бўлган аёлларни эшитганман. У аёл калтакесакдан яхшидир?”, “Гапингиз ҳам бор бўлсин, Ойшахон”.
Ойша катта бир мактабнинг директори эди, яхшими–ёмонми етмиш –саксон муаллим оғзига қараб турарди. Оилада ҳам тўнғич қиз бўлгани учун укалари, ҳатто ота–онаси ҳам унинг фикри билан ҳисоблашишарди, ҳамиша ўзини ҳам, кўнглини ҳам эхтиёт қилишган. Ўзи ҳам эътиборга ўрганиб қолганиданми, дилини оғритган, айниқса ғурурини топтаган инсонларни сира кечира олмас эди. Баъзан ўзининг қаҳри қаттиқлигидан хафа бўлса–да, ҳамма нарсани орқага ташлаб, эри билан ҳалиги-боягидек бўлиб кета олмади. Айниқса ўша кунлардан сўнг тинимсиз қон босими кўтарилиб кетадиган, юраги санчадиган одат чиқарди–ю, эрининг яхши–ёмон гапларига бошини оғритиб ўтиришни сира истамай қолди: “Нима бўлганда ҳам болаларим ўз нонини ўзи топиб ейдиган бўлгунича ўлмай турайин“.
Ёши элликлардан ўтгач, эри ишдан ташқари ҳеч қаерга чиқмай қўйди. Шу пайтгача ҳеч эътибор қилмабди, бу одамнинг умуман борди-келди қилиб юрган бирон биродари йўқ экан. Уйда бекорчиликдан вақт ўтиши қийин бўлгани учунми, кексайган чоғида меҳри товланиб қолдими, Ойшанинг кўнглини топишга кўп урунарди.
У эса эрининг хушомадларини ҳеч хазм қила олмас эди. Балки, бу одамнинг гаплари хушомад эмас, хатоларининг пинҳона иқрорлари ва тазарруларидир, аммо энди Ойша бу ҳақда ўйлаб кўришни ҳам истамас, барчаси ниҳоятда бачкана, носамимий, сохта бўлиб кўринаверар, эри мижғовланган пайт ғаши келиб кетаверарди.
Мана, ҳаммаси ўти–иб кетди. ўша кунлар ҳам, эри ҳам… Ўғиллар улғайиб, ҳар қайси ҳар ишнинг бошидан тутди. Комилжони Тошкентда, Мансурбек отасининг касбини эгаллади. Ойша уйда, ишлайверса бўларди, биров унга “кет“ дегани йўқ, ўзи кетди, соғлигидан қийналди. Баъзан бир ошиқча ҳаракат эмас, бир оғиз сўзга қимирлашга ҳоли бўлмай, қон босими ошиб, ётиб қолаверарди. Илгари ярим тунлар уйғонганда, бутун жони–тани ёқимли хузур–ҳаловатни ҳис этган бўлса, энди кўпинча боши оғриб, эзилиб ётган бўлади, тонгга етиш жуда қийин кечади. Айниқса, манави кичкина келиннинг ҳуда–беҳудага шанғиллайверишлари!..
Одатдагидек келин кун ёйилиб кетгандан кейин турди. У туриши билан шовқин-сўрон бошланади. “Бўл, тезроқ тур! Бўлмаса, ўрнингни ўзинг йиғасан, мен ишга боришим керак. Сенларга қараб ўтиришга вақтим йўқ! Бўлинг, сиз ҳам. Ярим кечагача кино кўрасиз, сизда режим деган нарса бўлмаса, кечаси ухлата олмайман, эрталаб уйғота олмайман. Ҳе, одам бўлмай кетинг!” ва ҳакозо, ҳакозолар. На ўзлари нонушта қилишади, на қайнона билан болаларга нонушта тайёрланади. Ойша келинга-ку, ҳеч нарса демайди, фақат ўғлига ичи ачишиб, “Болам, бир пиёла чой ичиб кетсанг, бўлмайдими? Тушликкача оч-наҳор юрасанми?”, деса баъзан, ўғли хотинининг олдига тушиб, “Иштаҳам йўқ, онажон”, дейди-да, югургилаб ишга жўнаб қолади.
Шундай ҳолатларни кўриб, ўзининг дилини сиёҳ қилмаслик учун у кўчани бир айланиб келиб, хонасига кириб кетди. Келиннинг овози тингач, ошхонага чиқиб, болаларни овқатлантирди, ўзи овқатланди, дориларини ичди, еб-ичишган дастурхонларини йиғиштирган бўлди, шу билан чарчаб қолди. Хонасига ўтиб, қўлига бир китоб олиб, жойига чўзилган эди, дарров уйқу элитди. Кейин ўзининг устидан ўзи кулди: “Ростдан ҳам қарибсан, Ойша! Кампирларни бежиз “мушук уйқу” дейишмайди, сенга ўхшаб, бир пасда кўзи илинади, “тиқ” этган овоздан уйғониб кетаверади. Сен ҳам шу”.
…Кун тиккага келиб, ҳовлидан баланд пошна туфлининг “тақ–туқ” овози эшитилиши билан яна унинг кайфияти бузилди. Келин тушгача мактабда дарс беради. Келиши билан… Гоҳ бўш турган офтобаларни даранглатиб ҳовлига отади: “Шуларни тўлдириб қўйсанглар, ўласанларми?“, гоҳ уч яшар қизчасини савалаб ташлайди: “Ялпайиб ётмасдан, уйнинг юзидаги нарсаларни йиғиб–териб, жой–жойига қўйсанглар бўлмайдими?“. Гоҳ беш яшар ўғилчасини уриб ташлайди: “Ҳеч бўлмаса, кириб чиқадиган остонангни тартибга келтириб қўйсанглар бўлмайдими? Оёқ кийимларнинг ётишини қара!” Ойша хола ёқасини тутамлайди: “Ё, алҳазар! Боя уйга киргунча, болаларга ҳамма жойни йиғиб-тердирган эди-ку. Боласи тушмагурлар бир пасда ҳамма жойни ёйиб ташлашибди-да. Лекин ростдан ҳам офтобаларга қарамаган экан. Боласи тушмагурлар, сув билан ўйнашганми? Ювинишгандан сўнг бўшаб қолганми?”.
Келин анчадан сўнг Ойшанинг ёнига кирди: “Овқат едиларингизми?“ Ҳар кун шу савол такрорланади. Аслида бу унинг “Бекор ётиб, бир қорнингни тўқлаб ўтиришни ҳам эпламадингми?” дегани эди. Офтобалар ҳам, уй йиғиштирмаган болалар ҳам қайнона ўлгур “бек–о–ор ялпайиб ётгани учун” жазоланаётганлиги кўрга ҳам кўриниб турган нарса, аммо бир умр оёғи узангида юрган аёл бўлса ҳам, бировнинг юзини йиртиб ўрганмаган Ойша хола чучук оғзини аччиқ қилиб бир нарса дейишни ўзига эп билмайди, “Боласига айтаяпти–ку“ деб, ўзини тинчитган бўлар, индамай қўя қолар эди. Бир нарса деса, бу келин гапдан қоладиган анойи эмас, неча марта бир оғиз гапга жанжал кўтариб, ота-онасини чақириб, тугунини тугиб, болаларни уриб-сўкиб, йўлга чиққан пайтлари ҳам кўп бўлган. Бу ёғи, ўғли ҳам жуда бўшанг. Хотинининг сал қовоғи уюлса, ўзини йўқотиб, лайча итдек атрофида гигирттон бўлиб қолади. Буям етмагандек, онасига “Илтимос, тинчгина яшайлик!” деган вақтлари ҳам кўп бўлган.
Уриб бўлмас хўжани, сўкиб бўлмас хўжани. У чорасизликдан жуда сиқилиб кетди.
Тунов кун кутулмаганда Хоразмдан курсдош дугонаси қўнғироқ қилиб қолди. Унинг овози кўнглига жаннат шабадасини олиб киргандай бўлди. Улар узоқ гаплашишди: “Ўртоқжон, икки қизни олий маълумотли қилдим, яна иккитаси институтда ўқияпти. Ўғлимни ҳам Тошкентдаги иқтидорли болалар лицейида ўқитаяпман. Иккита дўконим бор. Вақт топгинда, бир айланиб кел!“.
Улар жуда яқин дугона эдилар. Беш йил битта хонада яшашган. Ёшликнинг паст-баланд кўчаларида бирга юриб, бирга қувониб, бирга йиғлашган. Жуда меҳрибон, кўнгли очиқ қиз эди. Ўттиз беш йилдан буён бир марта учрашишмаган бўлса–да, Хоразм дейишса, унинг юраги ҳамиша бир ҳапқиради. ўша томонлардан келган биров–яримни учратиб қолса, албатта дугонасини суриштиради, телефон рақамларини илдириб, хат ёзиб бериб юборади. “Кенжа ўғилни ҳам уйлантириб, ташвишлардан қутулиб олсак, Хоразмга кетаман. Моҳинурнинг уйига бориб, ўн кун бошимни бошига қўйиб, дардларимни тўкиб, йиғлаб–йиғлаб, юракларимни бўшатиб келаман“. Кенжасини уйлантиришганига ҳам олти йил бўлди, “Ҳа, йўл бўлсин“, деб олдига кўндаланг бўлиб турадиган эрни ҳам эгасига топширди, ортида йиғлаб қоладигани ҳам йўқ, ўзи нафақага чиқди, бундай қараганда, энди озод қуш! Аммо эгар–жабдуғини созлаб, йўлга чиқиши қийин бўлди. Шу бир парча келиннинг режаси сира тугамайди: салкам бир йиллик нафақаси иссиқхона қурилишига кетди, худди иссиқхонада ишлаб, бир нарсани дўндирадигандек. “Иссиқхонанинг меҳнати осон эмас, унда ким ишлайди, эринг эрталабдан кечгача ишда бўлса?” деса, “Лимон экиб қўямиз, унга меҳнатнинг умуман кераги йўқ, йилда бир марта боғбон олиб келиб, бутоқлатиб қўйилса, бас. Бизнинг уйдаги лимонарияни кўрганмисиз, кирсангиз, чиққингиз келмайди. Дадамлар ҳар йили тонналаб лимон сотишади”, деб туриб олди. Кейинги йилига дод-войлаб, бинойидек дарвозанинг ўрнига янги урф бўлган “модний” деб, олти миллион сўмлик дарвозадан қўндирди. “Ўғлингизнинг ишхонасидагилар келади, кулиб кетишмасин“ деган баҳона билан меҳмонхонанинг мебелларини, гиламларини, пардаларини янгилади. Хуллас, ҳали у, ҳали бу… Ўғил ҳам хотининикини маъқуллайди: “Онажон, жоним сизники–ку, шу арзимас нафақангизни қизғониб, қовоғингизни уйманг. Илтимос! Еб-ичиб ўтирган бўлсангиз, дориларингизни олиб келиб бераётган бўлсам. Бошқа харажатларингиз бўлса ҳам, айтаверинг. Қилиб бермаган, номард!“. “Майли, болам, лекин жуда нафсларинг очилиб кетаяпти–да. Одамзод бир умр йиғиб–териб эришадиган хашамларга бир кунда эришгиларинг келаётгани тўғри эмас–да, барибир. Менинг ҳам қўлимда бир сўм–икки сўм пул туриши керак. Унга–бунга керак бўлиб туради“. “Она–а! Сўранг! Қачон сизга йўқ деганман? Бераман!“ Аммо у ўғлидан ҳеч қачон пул сўрамасди. “Энди, бўлди! Араваларини қандай қилиб тортса, шундай қилиб тортаверишсин. Мен Хоразмга кетаман. Агар бу йил бормасам, кейин ҳеч қачон бора олмайман. Оёқ–қўлдан мадор кетди, бу ёғи юрак қийнаяпти…”
Балки дугонаси уни “келиб ўтирармиди?” деб шунчаки таклиф қилгандир Қўқон манзират қилиб… У бўлса…
Кечки овқатнинг устида қарорини эълон қилди:
– Мени хоразмлик дугонам уйига таклиф қилаяпти. Ёздаги нафақаларимни йиғиб, кузнинг бошида Хоразмга кетаман.
Келин “ялт” этиб, унинг юзига қаради:
–Нега кузда? Ёзда боринг, мен таътилда бўламан. Сиз кузда кетсангиз, болаларга ким қарайди?
Аслида қарорини келин ҳам бохабар бўлиб қўйсин деб дастурхон устида айтган бўлса–да, унинг андишасизлиги жаҳлини чиқарди. Келинга уқрайиб қаради:
– Отасини катта қилиб, вазифамни бажариб бўлганман. Болаларни нима қилиш – бу сизларнинг муаммоларингиз. Ана, давлатнинг боғчаси бор, элнинг боласи қатнаб ётибди. Боғчага берасизлар.
Энди келин ошкора чимирилди:
– Вой, хў–ў–ўп, бир бало қилармиз. Нафақадаги одамга кузда борди нима, ёзда борди нима, дейман–да. ўша боғчага берадиган пулни рўзғорнинг бирон тешигига ямоқ қилардик. Майли, сиз ихтиёри ўзида одамсиз.
У кўксига биров мушт туширгандек бир қалқиб кетди. Боласи тенги келиннинг гаплари суяк-суягидан ўтиб кетди, бу сафар ҳар доимгидек андиша қилиб, ичига ютиб қўйишнинг иложини қила олмади. Қўлидаги пиёлани тўқ эткизиб, дастурхонга қўйди-да, келинга юзланди:
-Ҳай, келин! – У чин қахрланган пайтлардагина шундай деб мурожаат қиларди. – Сен менга ҳеч қачон иддоа қилиб гапирма, бундай гапиришга умуман ҳаққинг йўқ. Бошингга эл қатори бир уй қуриб, ҳовли-жойингни қилиб, ёнингга олий маълумотли ўғлимни қўйиб, камига болангга қараб, шунча йилдан бери топганимни ўртага қўйиб ўтирибман. Менда сенинг бир тийинлик ҳаққинг қолгани йўқ. Қачон хоҳласам, ўша пайт саёҳатга чиқаман. Рўзғор халтанг тўлмаётган бўлса, тўрва кўтариб, кўчага чиқ.
-Она-а! – Мансур тобора жазавага тушиб бораётган онасини муросага чақириш учун ёлворишга тушди. – Онажон, илтимос, кераги йўқ.
Ойша айб иш қилиб қўйган гўдакдек жовдираб турган ўғли томонга қараб ҳам қўймади:
-Сен жим ўтир. – айни пайтда келинини еб-ютиб юборгудек важоҳати бор эди. – Индамаган сайин ўзингдан кетасан. Ие, бу дунёда кимнинг рўзғор халтаси тўлиб-тошиб кетган экан. Ҳали унга кўнглинг кетади, ҳали бунга. Одамда озгина уят ҳам бўлиши керак. Сенинг камингни бутлаш менинг муаммоим эмас. Бошингда эринг бор, ўзинг ҳам оёқ-қўли бут олий маълумотли одамсан. Аравангни қандай хоҳласанг, шундай тортавер. Борди-ю, бераётган ярим коса овқатингни миннат қилаётган бўлсанг, шу бугундан бошлаб, қозонимни бўлак қиламан. Бир овқат бўлса, ойдинда оёғим билан қиламан. Қаерга борсанг, қайнонанинг номи керак, Ойша Омоновнанинг келиниман, деб иш битказасан. Бу ерга келиб, итдек беиззат қиласан. Мен сенинг иддоангни эмас, товушингни ҳам эшитишни истамайман. Тушундингми?
Келин ранги гезариб, қайнонасининг оғзига қараб туриб-туриб, сўнг бир оғиз ҳам гапирмасдан ўрнидан сакраб турди-да, ичкарига кириб кетди.
Ойшанинг феъл-атворида жангарилик бўлмагани билинди, юраги тез-тез уриб, қўллари қалтираб қолди. Лекин бирдан енгил тортди. Болалар бир момосига, бир отасига қараб, индамай овқат ейишга тутинишди. Ўртага тушган совуқ жимликни анчадан сўнг Мансурбек бузди:
-Бекор қилдингиз-да, она! – У овозини биров эшитиб қолишидан чўчигандек, шивирлабгина гапирарди. – Биласиз-ку, бу бошқа келинларга ўхшаб, қайнонам гапирди-я, деб кўз ёш қилиб ўтирмайди, ҳозир отасига телефон қилади. Отасиниям биласиз, бир оғиз гапга чопиб келади, сўнг нега ундай дедингиз, нега бундай дедингиз, деган муҳокама бошланади. Икки ўртада икковимизнинг ҳам юзимиз қора, дилимиз хира, бу кишим оппоқ бўлиб чиқади. Сиздан илтимос, шу билан тенг бўлиб, ҳам ўзингизнинг, ҳам менинг тинчимни бузманг. Бу барибир ўзгармайди.
Ойша ҳамон қалтироғи босилмаган қўлларини хонтахтанинг тагига тиқиб, ўғлининг илтижо билан термулиб турган кўзларига қаради. Ўғлига раҳми келиб кетди:
-Отасига телефон қилса, ундан нари. Мен ва менинг уйим ёқмаётган бўлсам, қизига қўшиб, сени ҳам олиб кетсин. Уф-ф… Лекин болам, бу кетишда рўзғоримни бўлак қилиб олмасам бўлмайди, шекилли. Не бир аллома аёлларнинг қариган чоғида уй-жойини ўғил билан келинга ташлаб, ёлғиз ўзи кўп қаватли уйлардан жой қилиб, чиқиб кетганини биламан. Келинга қолган кунинг келига қолган кунинг, деб бекорга айтишмаган. Кели нималигини биласанми, толқон қиладиган ўғир. Болаларинг бор, қўша қари, илоё. Рўзғорингни бузиш ниятим йўқ. Лекин бундан буён менинг нафақамни бутунлай унут. Хотинингнинг қандай оҳангда гапираётганини кўраяпсанми? Ҳам пул берсам, ҳам болаларингни қараб ўтирсам. Қайнона деган отим бор. Андишанинг отини қўрқоқ қўяяпти бу келин. Сизларда бор орзу-ҳавас, менда йўқми? Умримнинг кўпи ўтиб, ози қолди, эру-хотин топганимизни ўртага қўйиб, икковингни ҳам олий маълумотли қилдик, уй қуриб бердик, орзу-ҳавас билан тўйлар қилиб уйлантирдик, ками қолмади, энди топган пулимни ўзимга сарфлайман. Масалан, Ўзбекистон бўйлаб саёхатга чиқаман. Ҳамма вилоятларда курсдош дугоналарим бор, меҳмонхонага тушиб, гид-пид қилиб юришим шарт эмас, ўзлари жой қилиб беришади, айлантиришади.
Келиннинг юзига аччиқ-аччиқ гапириб, бўйнини яхшигина қайириб қўйганидан енгил тортган бўлса-да, ўғлининг шумшайиб қолганидан кўнгли хижил бўлди. Хонасига кириб, чироқни ҳам ёқмасдан хуфтонни ўқиди, сўнг каравотига чўзилди. Синглисига қўнғироқ қилиб, хасратлашгиси келди. Қўлига телефонини олиб, яна иккиланди. Унга ҳозир бир нарса деб бўлмайди. Ўтган ҳафта қарз сўраб келганида, топиб бера олмаган эди. Бечоранинг ўғли касал, бир буйрак билан туғилган. Шу ягона буйракда ҳам тош пайдо бўлиб, азобгинасини берди. Уч йил аввал бу ернинг духтирларига ишонмай, Тошкентга олиб бориб, операция қилдириб келган эди. Ўшанда операциясига амал тақал қилиб, бироз ёрдам қилди. Операциядан кейин тоши олиниб, тикилганлиги оқибатида ягона буйрак ҳам кичрайиб, болада кучли буйрак етишмовчилиги пайдо бўлибди. Она шўрлик ҳар йили икки мартадан ўғилни Тошкентга олиб бориб, катта духтирларга кўрсатиб, даволатиб қайтади, лекин боланинг аҳволида сира ўнгланиш йўқ. Ҳар борганида болада янги-янги касалликлар аниқланади, бу касалликлар учун янгидан қиммат-қиммат дорилар ёзилади. Она шўрлик емайди-ичмайди, бошқа болаларининг ризқини қийиб бўлса-да, шу боласи учун дори-дармон олиб келади, духтир ёзиб берган вақтидан бир дақиқа ҳам кечиктирмасдан, боласининг бошидан туриб ичиради. Боланинг аҳволи эса ўша-ўша, кундан кунга орқага қараб кетса кетаяптики, ҳеч олдинга силжиш йўқ. Энди шўрлик она, яна боламнинг аҳволи ёмон, катта духтирларга олиб бормасам бўлмайди, деб зорланиб болу пари тўкилиб турибди. Улар бу сафар ҳамма пулни дарвозага сарфлашган эди… Амир Олимхон саройининг дарвозасидек савлат тўкиб турган дарвозаси учун синглисидан уялди, бечора сингилнинг ўғли ўлим билан олишиб, синглиси дориларига пул топа олмай, эзилиб адойи тамом бўлиб юрибди, бу… Аммо нима бўлганда ҳам ўғли билан келинидан нолиб, ўзини оқлашни эп билмади. Ўша куни сингил ҳам шошиб турганмиди, ёки бор умиди йўққа чиққани учун йиғлаб юборишдан қўрқдими, ҳарқалай унинг узрларини эшитгиси ҳам келмади, кўзларини олиб қочди. У чайналиб, “Гули, ҳозир сира ҳам иложим йўқ-да”, деган эди, шартта опасининг гапини бўлиб, ўрнидан турди: “Биламан, опа, биламан, сизга ҳам қийин. Майли, ўзим бир нарса қиларман. Нима бўлганда ҳам болам Тошкентга бориб, бир даволаниб келмаса бўлмайди. Хўп, яхши қолинг“.

ХХ ХХ ХХ

Ота томондан узоқроқ қариндош бўлган бир бефарзанд аёл бор эди. Баъзан тўй–томошаларда дуч келишганда “Опа” деб сўрашишса, “ Ҳой, нега опа дейсан, амма дегин мени, мен аммангман” деб юрарди. Ўзи ишбилармон, туман марказида емакхонаси бор, айтишларича, сомса билан музқаймоқнинг зўри ўша емакхонада эмиш. Гулнора уч–тўрт эшикни санагандан сўнг ноилож “амма”нинг ёнига борди. Унинг кўнглида заифгина милтиллаб турган сўнгги илинж шу аёлдан эди: “Бадавлат аёл, етказа олмай ётган бола–чақаси бўлмаса. Қарз бермоқ садақа бермоқдан ҳам савоблироқ–ку. “Йўқ”, демас”. Лекин “амма”нинг қовоғига қараб, ўша зўрға липиллаб турган умид учқуни ҳам лип этиб ўчиб қолди, аммо шартта ортига бурилиб қайтиб кета олмади. “Амма” уни чеккароқдаги столлардан бирига таклиф қилди–да, хизмат қилиб юрган қизга битта сомса билан битта музқаймоқ буюрди. Қиз Гулноранинг “Йў–йўқ, ҳеч нарса керак эмас” деганини эшитиб, савол назари билан бекасига қаради. Бека Гулнорани ортиқ қистаб ўтирмади, хизматчисига қарамасдан қўл силтади: “Боравер”.
– Ҳа, тинчликми?
Гулнора бир зум иккиланиб қолди. Тилининг учига қадалиб турган ўтинчини айтмайин, деди, шунча одамдан чиқмаган қарз умри бола-чақа ғами–ташвишидан, қувончидан бехабар ўтиб кетаётган шу бефарзанд аёлдан чиқармиди, деди. Лекин унинг ихтиёри аллақачон ўзидан кетган эди. Қандай қилиб бўлса ҳам, қаердан, кимдан бўлса ҳам пул топиши, тўйгача ўғлини бир даволатиб қайтиши керак!
– Шу–у, аммажон, менга… озроқ пул керак эди, тўй белгилаб қўйганмиз, ўғлимни уйлантираяпмиз, унгача уни Тошкентга олиб бориб, бир даволатиб келмоқчи эдим… Шу–у, икки харажатимиз бир келиб қолиб…
У яна алланималар деб ғулдиради, аммо айтаётган гапларини на ўзи, на амма тушунмади. Лекин кўрдики, амманинг осилиб турган гўштдор қовоқлари устидаги қалин қошлари норози чимирилди:
– Қайси ўғлингни уйлантираяпсан? Анави касалманд ўғилними?
Гулнора гуноҳкордек ерга қаради.
– Ай–яй–яй, ўзинг бир ўқимишли аёл бўлсанг, бировнинг гулдай қизини жувонмарг қилиб, нима қиласан? Унинг ҳам ота–онаси не бир орзу-умидлар билан фарзанд ўстиргандир… Худо кўрсатмасин-у, эрта бир кун боланг бутунлай ётиб қолса, келинга нима жавоб айтасан?
Рад жавобидан қўрқиб ўтирган Гулнора бундай таънани сира кутмаган эди, ерга тикилган куйи бир зум жим қолди, шу бешафқат, беандиша аёлнинг олдида йиғлаб юборишдан қўрқди, буғзига тиқилган кўз ёшларини бир амаллаб ичга ютди, сўнг илкис бош кўтариб, амма бўлмишнинг кўзларига қаради:
– Амма, билсангиз, мен ҳам кўп орзу–умидлар билан фарзанд ўстирганман. Менинг ўғлим ҳам ҳамма каби севиб–севилишга, чимилдиққа кириб, куёв бўлишга юз карра ҳаққи бор. Қолаверса, мен келин томондан ҳеч нарсани яширганим йўқ, боламнинг буйраги касал, деб очиқ айтганман. Улар бир–бирларини яхши кўришади. Қизнинг ўзи тегаман, деб тургандан кейин, олиб бермай нима қиламан?
– Барибир–да, – амма ҳамон танглай қоқиб, уни изза қилаётгандек бош чайқарди. – Буйрак касал билан буйрак касалнинг фарқи бор–да, Гули! Мана, менинг ҳам буйрагим оғрийди, қовоқларимнинг шишиб кетганига қара, лекин мен сенинг ўғлингга ўхшаб, ҳар олти ойда Тошкентда ётиб, муолижа олиб юрмайман–ку. Менга ногиронлик нафақаси ҳам беришмайди. Сен, мендан хапа бўлиб юрмагин-у, авва–а–ал духтирлардан бир сўра, ўзи ўғлингга уйланиш мумкинми–йўқми?
Гулнора илон чаққандек сапчиб ўрнидан турди, унинг ранги қумдек оқариб кетган эди:
– Майли, амма, минг бор узр. Мен борай, раҳмат сизга.
Амма бўлмиш баҳайбат гавдасига хос бўлмаган чаққонлик билан ўрнидан туриб, унинг билагидан тутди:
– Ҳай жиян, сен бекорга мундай хапа бўлма, ўзимники бўлганинг учун, ичим ачиганидан гапираяпман бу гапларни сенга. Фалон пул сарфлаб, тўй қилиб, сўнг… пулингга куйиб қолма, дейман–да. Пул ўлгур ўзи келса экан. Минг машаққат билан топасан, ўйламай ишлатсанг, бир пасда ажраласан–қоласан. Ҳозир–ку, менда ҳам пул йўқ эди, биласан–ку, мен пул сақламайман, пулим одамларда юради, пулим пул топади. Лекин сен мендан бекорга хапа бўлаяпсан. Менинг одатим шунақа, одамларга ўхшаб, ундай эмиш, бундай эмиш, деб кериб-чўзиб, орқасидан гапириб юрмайман, кўнглимга келганини юзига айтаман–қўяман.
Гулнора бир силтаниб, билагини амма бўлмишнинг қўлидан бўшатиб олди–да, хайр–маъзурни ҳам насия қилганча, емакхонадан чиқиб кетди.
Ҳаво жуда иссиқ ва дим эди. Бу иссиқдан лохас бўлган бутун борлиқ ҳаракатсиз, ҳавода муаллақ қотиб қолгандек туюларди. Гулнора автобусдан тушиб, хувуллаб ётган кимсасиз йўл бўйлаб югуриб бораркан, ўзи ҳам ҳаракатсиз ҳолатга тушиб қолгандек, ўзини еб–ютиб ҳар қанча олдинга интилса ҳам назарида йўли сира унмас эди.
Уни кўриб, ўғли қўрқиб кетди:
– Тинчликми, она?
У бир энтикиб, ўғлини бағрига босди. Дераза ёнида турган эски диванга ўтириб, қўлидаги сочиқча билан терларини сидириб ташлади:
– Ўзинг тинчмисан, болам? – у ёнига келиб ўтирган ўғлининг сарғайиб кетган юзларини силади. – Ҳеч қаеринг оғримаяптими? Бирон нарса едингми?
Ўғил ҳам гўдакликдан хаста бўлгани учунми қиз боладек онасига суйкалиб ўтиришга одатланиб қолган эди. Ҳозир ҳам онасининг пинжига кириб, ориқ қўллари билан елкасидан олди:
– Ҳа, битта бодринг, озроқ нон едим.
Гулнора тутаб кетди:
– Вой, болам–ей, битта бодринг ҳам овқатми? Уч кундан бери ҳеч нарса еганинг йўқ-ку. Синглинг қани, бирон нарса пишириб бермадими?
Ўғил бош чайқади:
– У мактабига кетди, шекилли. Менинг сира иштаҳам йўқ, она, ҳеч нарса егим келмаяпти.
– Уф–ф! – Унинг фиғони фалакка чиқиб кетди. — Касаллик билан курашиш учун ҳам озгина куч керак–ку одамга. Бу аҳволда касаллик бутунлай енгиб олади-ку сени. Ай, болам–а, мени адойи тамом қилмоқчимисан? А? Адойи тамом қилмоқчимисан? Ўзингни мажбурлаб бўлса ҳам тез–тез, кам–камдан бир нарсалар еб юришинг керак, дейман–ку сенга. Э–э!.. Дориларингни ичдингми?
– Онажон, бунча ваҳима қилдингиз–ей! Ўт ўчирувчи машинага ўхшайсиз. Туришингиз ваҳима. Қорним тўқ, дориларимни ичдим, аҳволим яхши – отдекман. Эшикдан келишингиз билан ҳамма томонни ағдар–тўнтар қилиб ташлайсиз–а! Мен сизга ёш боламанми? – ўзича эркаланиб тумтайиб олди.
Гулнора ёнбошида турган сумкачасини ковлаб, икки қоғоз дори олди:
– Проренал–чи?
– Ичдим.
– Қаердан ичдинг? Менинг ҳисобим бўйича прореналинг кеча кечқурун тугаши керак эди, уйда ўтирган ҳолингда қаердан топиб ичдинг?
– Иқтисод қилинган жойлари бор эди-да… – синиққина жилмайди Азизбек.
– Болам, болажоним, сен дард билан ўйнашма. Дўхтир нима деди, агар яшашни истасанг, дориларни вақтида, айтилган миқдорда ичиш керак, деди. Пул, дори топилади, аммо сенга бирор нарса бўладиган бўлса, кейин… менинг ҳам ҳаётим шу нуқтада тўхтайди. Эшитаяпсанми, тўхтайди! Кейин сенсиз, менсиз укаларинг нима қилишади? Шундай бўлишини хохламасанг, ўзингни мажбурлаб бўлса–да, бирон нарсалар егин, дориларингни ич.
– Хўп, онажон.
Гулнора оғир хўрсиниб ўрнидан турди:
– Сен дам олиб тура тур, мен ҳозир уст–бошимни алмаштириб, сенга ажойиб бир овқат тайёрлаб ташлайман. Анави қизи қурғур репититорига кетган, шекилли? Ҳа, ўзим бўлмасам, ҳеч бир иш кўнгилдагидек бўлмайди.
Бундан икки йил аввал ётишганда болани тўлиқ парҳезга ўтирғизиб, проренал деган дори ёзиб берган эди. Бу қурғурнинг бир донаси уч минг сўм туради, кунига уч маҳал иккитадан ичиш керак. Бир амаллаб ўттиз минг сўм тўплаб, бир қути олиб келишади, у эса бир ярим кунда тугаб туради. Шунда ҳам аҳволи ўнгланавермаган эди, дўхтир тўрт маҳалдан ичишни буюрди. Бу ёғи тинимсиз қон босими ошаверади, олдинига донаси бир ярим минг сўмлик лориста деган дори ичар эди, у фойда қилмай қўйгач, экватор деган дори ёзиб беришди, унинг донаси икки ярим минг турар экан, кунига уч маҳал ичсин, деди. Э-э!.. Ош– овқатдан ташқари шу дориларнинг ўзига ҳар ойда икки миллионга яқин пул кетади… Эри–хотиннинг топгани эса бир миллионга ҳам етмайди… Яна, ўғлига бериладиган арзимас нафақа… Эри ҳам бир бўшанг одам, давлатнинг ишида маошни кутиб шалпайи–иб юраверади. Бозорда ўтирадиган опангизнинг ёнига ўтиб, савдо қилинг, деб, шунча таволла қилди, унамади. Саккиз йилдан бери қўлга илашадиган бор нарсаларини сотиб йўқ қилишди. На мол–ҳол қолди, на ғишт, на темир–терсак… Энди на сотиладиган нарса, на аввалги ирода қолган, авваллари қарз сўрашдан бунчалар ийманмас эди, энди ўғлининг дориси тугаб, қўлида пули бўлмаса, кўз олди зим–зиё зимистонга айланиб қолади. Пулсиз қолган дамлар оч–наҳор ҳолида қарз сўраш учун пойи–пиёда неча чақирим йўл босиб акасиникига ёки опасиникига бориб, яна сўрай олмай қайтиб келган пайтлари кўп бўлган. Қарз сўраш учун энг қулай йўл телефон экан, телефонда “йўқ” дейишса, “майли, майли, узр” дейсан–у, гўшакни босиб қўя қоласан, алам ва иложсизликдан дувуллаб тўкилган кўз ёшларингни ҳеч ким кўрмайди.
Тўй харажатлари қўшимча ташвиш бўлди. Бир томондан ўғлининг кимнидир севиб қолгани, куёв бўлиб гўшангаларга кириши уни суюнтирган бўлса, лекин оиланинг шу аҳволида келинга, қуда–андаларга сарпо–суруқ қилиб, тўй ўтказиш ҳазил гап эмас–да. Қуда томон ҳам жуда содда одамлар экан, келиб, суруштириб–нетиб ҳам юришмади, юборган нарсаларининг униси кам, буниси кам деб тихирлик қилиб ўтиришмади, ўзларига ташлаб қўйишди. Шунда ҳам буларга қийин, жуда қийин эди. Ёрдам бериши мумкин бўлган қариндош–уруғлар ҳам шунча йиллар давомида берадиган ёрдамларини бериб бўлишди. Ҳамманинг ўз рўзғори, ташвиши бор, ҳа деб тирғалавериш ҳам яхши эмас. Ҳа, борингки, тўй бошлашибди деб, озми–кўпми ёрдам ҳам қилишар, аммо биров берган беш–олти сўм пул билан тўй ўтказиб бўладими? Бунинг устига боланинг ранги кундан кунга зарғалдакдек сарғайиб, сўлиб бораяпти, умуман ҳеч нарса емайди, духтирлар буйрак ишламагани учун қонида захарли модда кўпайиб кетгач, иштаҳаси йўқолади, проренални узмай ичиб юриш керак, парҳез, парҳез, қатъий парҳезда бўлиши керак, деган эди. Жуда парҳезга риоя қила олишмаса ҳам, прореналини узмай бериб турибди, лекин аҳволи яхши эмас. Нима бўлганда ҳам тўйгача бир даволатиб олмаса бўлмайди… Бунинг устига анча-мунча қарзлари ҳам бор.
Уйда бир сиқимгина гуруч бор экан, уни қайнатди, тўрттагина макаронни димлаб, қайланинг ёнига қўйди, духтирлар емасин деган бўлса ҳам бемаза бўлиб қолмасин деб, озроқ туз солди, ликопчанинг бир четига бир қошиқ сузма солди, ҳаммасининг устига бир чимдим кўкат сепган эди, бир чиройли овқат бўлди, аммо кошки эди бу таомни ўғли еса!..
Худди ўйлаганидек бўлди, Азизбек онаси не хасратда тайёрлаган овқатдан бир қошиқ ҳам емади. Гулноранинг эса берадиган бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди, уйда оиланинг умумий қозони қайнамаганига бир ҳафтадан ошди. У ўғлининг овқатга қараб буришган юзини кўриб, ҳар доимгидек ўзини қаёққа уришни билмай қолди:
– Болам, болажоним! Икки қошиққина егин, оч қоринга дори ича олмайсан–ку ахир! Ея қол, илтимос, жон болам.
Аммо Азизбек барибир емади:
– Онажон, кўнглим айниб, қайт қилгим келиб турибди. Ея олмайман-да. Дорининг тагидан бир бурда нон еб қўя қоламан, хафа бўлманг, майлими?
Гулнора икки бўлак нон билан ўғли яхши кўрадиган чуқур финжонни тўлдириб сув олиб келди. Кейин ўғлининг ёнида ўтириб, унинг ижирғанибгина нон кавшаб, сув хўплашини кузата бошлади. Тавба, иложсизликдан толиққан пайтларингда болангнинг истаклари, инжиқлари ҳам малол келиб кетар экан–а!.. Бундан уч ой аввал ўғли Тошкентдан қайтаётиб қашқадарёлик бир қиз билан қандай танишиб қолгани–ю, зерикканда бир–бирларини йўқлаб туришлари муҳаббатга айлангани ва қизга кўнгил ёрса, у ҳам рози эканлиги, энди уйлансаммикин деган фикрга келганини айтганида суюниб кетган эди. Энди ўғлининг аҳволи оғирлашиб, уйда бир сўм бўлмагани ҳолда, харажатлар кундан кунга ортиб бораётган бир пайтда тўй чиқимлари қўшимча бўлгани, қарз излаб, ҳеч кимдан топа олмагани кўнглини музлатиб юбордими, шу ўтиришида боласининг инжиқликлари, йўқ жойдан қиз топиб, уйланмоқчи бўлиб, шусиз ҳам неча йилдан буён боши ташвишдан чиқмай ётган ота–онасини ташвишга қўйгани астойдил малол келди. Қиз ўлгур ҳам бир имога зор бўлиб юрган эканми, кеча кундузи билан телефонни тиндирмайди. Телефони жиринглаб қолган пайт қай аҳволда ётган бўлса ҳам сапчиб ўрнидан туриб, ичкари хонага кириб кетади, оламжаҳон вақт ўтгач, бир ширин нарса еб, лаззатлангандек жилмайиб чиқиб келади. “Ў-ў, тавбангдан кетай, бор–йўғи тўрт марта учрашган одам билан шунча вақт нимани гаплашиш мумкин–а?” Телефон қурғур ҳам ўзи ишлайверса экан, уям пул ейди!
Яна “майли” дейди, “Бечора болам бу дунёга келиб нимани кўрди, неча йиллик умри қолди, шугина харажатлар билан кўнгли равшан тортиб, хузур–ҳаловат топса, майли, пулни ҳам бир амаллармиз. Бир кун келиб “Болам, қиз топган эди, тўрт–беш сўм пулни қизғониб, шугинанинг раъйига қарамадим, ҳолбуки уни уйлантириш бизнинг вазифамиз эди” деб армон қилиб юргандан кўра уйлантирсак, уйлантира қолайлик”, деб ўзича чора излайди. Аммо қани ўша чора?! Опаси ҳам пулим йўқ, деди. Бинойидек дарвозасини олиб ташлаб, Амир Олимхоннинг саройининг дарвозасидек дарвоза қурдирган, ўзи яна Тошкент–у Хоразм қилиб, саёҳатга чиқмоқчи… Димоғи ачишиб, қароқларига дувуллаб ёш келди, йиғлаб юбормаслик учун лабларини маҳкам тишлаб, тезгина ўрнидан турди. Бемеҳр опа! Яна ўзи доим опа ҳам онанинг бири, деб юради. Ҳеч бўлмаганда “Борим шу эди” деб қўлига беш–олти сўм тутқазмади. Майли эди, ҳозир унга бир сўм ҳам катта гап. Ҳовлидан чиқаётиб йўлида кўндаланг бўлиб турган хашаматли дарвоза кўзига шунчалар хунук кўриндики!.. Кузатиб қўйгани изидан эргашиб чиққан опаси дарвозасидан ҳам қўпол ва хунукроқ кўринди. Тавба, шундай баҳайбат дарвоза билан нимасини қўриқлайди, ўзлари эшигидан не хасратда энгашиб борган жон синглисига тўрт сўм эҳсон қила олмаган ойликчи одамлар бўлса!..

ХХ ХХ ХХ

Унинг қарори дугонасига ҳам ёқмади, шекилли. Тўғри, дугона буни очиқ айтгани йўқ, аммо Ойшанинг озроқ синчилиги бор эмасми, одамларнинг нафас олишидан нимани ўйлаётганини билиб олар эди.
“Термиз–Тошкент”, “Тошкент–Ургенч” қилиб, чипта олган куни ундан бахтиёр одамнинг ўзи йўқ эди. Ўзи азалдан йўлга чиқишни яхши кўрарди. Баъзан зинғиллаб ўтиб кетаётган поездларга дуч келиб қолса, узоқ манзилларга қатнайдиган машиналар жўнайдиган жойда машина юкхоналарига сумкаларини жойлаштираётган одамларни кўрган дам юраги орзиқиб, бир жойларга кетиб қолишни жуда-жуда истаётганини ҳис қилар эди. Бугун ҳам ҳар сафар чиптага қараганда, кўзлари ёниб кетар эди. Аммо қувончини бўлишгудай одам топа олмади. Шу–унча харажат қилгани учун ким ҳам суюнади, ўғлими ёки келиними? Келини уйда бўлгани учун шу куни дугонасига қўнғироқ ҳам қила олмади. Эртаси куни келини ишга кетиши билан телефонга ёпишди:
– Моҳи! Оламшумул янгилик! Йигирма биринчи сентябрь куни Ургенчга учаётирман!..
Иккинчи томондан “Ур–ре–е!” деган олқишни кутган эди. Аммо иккинчи томондан Моҳинурнинг бошқа бировга бераётган жавоби эшитилди: “Буниси ўттиз уч минг сўм, униси эллик бир сўм, таъми нархига яраша. Қайсинисидан берай?”, харидор ҳеч бирини олишни истамади, шекилли, ниҳоят дугона унга тегди:
– Шундайми? – деди у ҳиссизгина. – Намунча? Икки ой олдин чипта олишнинг нима кераги бор эди? Чипта бўлмай қолиши мумкин? Қўйсангчи, ҳозир ким ҳам самолётда учаётувди, таксилар арзиман пулга кечаю кундуз қатнаб ётибди. Ҳа, майли, келавер. Лекин сағал салқинроқ вақтга олганингда яхши бўлмасмиди?
Гапларининг оҳангиданоқ дугонасининг шўртак қиёфаси кўриниб турарди, аммо айни пайтда унинг ўзи уйда бўлса ҳам, вужудига сиғмай потирлаб турган юраги ўша норози чимирилиб турган дугонанинг остонасида энтикибгина турган эди. Бу остона қўшнининг эшигида бўлса экан, шартта бурилиб ортига қайтса–ю, минг йиғиштирса ҳам неваралари остин-устин қилиб ташлайверадиган хонасига кириб, каравотига чўзила қолса!.. Ургенчнинг остонасидан қайтиш осонми?! Қанча кишига айтиб мақтанди, ўзи қачондан бери не бир хушнуд гурунглар орзусида тамшаниб юрибди…
– Моҳи! Қанақа салқин пайт?! Октябрдан кунлар совиб, ёмғирлар бошланади, қалин кийимлар олиш керак. Шу ёшимда юк кўтариб юришга сира тоқатим йўқ. Сентябрь саёхат учун энг қулай ой, – бир пас жим қолиб, қўшимча қилди. – Менга қара, ўртоқ! Сенга ҳе-е-ч қандай зиёним тегмайди. Мен учун бир нарсаларга уруниб, тараддуд қилишнинг умуман кераги йўқ. Менга махсус овқат, махсус шароитнинг ҳам хожати йўқ. Мен ҳаётдан жуда ниҳоятда зерикканман, чарчаганман, вақтинг бўлганда гурунглашамиз, дардлашамиз, йиғлашамиз, бошқа пайт ортингдан соядек жимгина эргашиб юравераман.
– Хах–ха–ха, – гўшакдан дугонасининг шарақлаган кулгуси эшитилди, энди ундан қутулиб бўлмаслигига кўзи етиб, мардларча тақдирига тан берди шекилли. – Қўйсанг-ов, ҳеч нарса топмасам, эртаклардагидек болта қайнатиб бераман. Сен у ёғидан ғам ема, келавер, ташвишинг ҳам бир гап бўлар, уйим бор, пулим бор, яна нима керак сенга! Сиёсий иқтисод домламиз нима дерди, эсингдами, пулинг бўлса, чангалда шўрва! Лекин сен Хоразмга “йиғлайман” деган ният билан келма, йиғларман кўзга ёш берар, еярман оғизга ош берар, дейишади. Сен биз томонларга ўйнайман–куламан, деб кел. Нима учун йиғламоқчисан? Зерикканнинг учунми? Менимча, зерикишга вақти бор одамлар жуда бахтли одамлардир. Мана, мен бечоранинг бош қашлашга вақтим йўқ, зерикиш деган нарса эсимдан ҳам чиқиб кетган. Менга на кеча тиним бор, на кундуз. Зерикаётган бўлсанг, демак, сен бахтли одамсан.
Бошида Ойшанинг кўнгли бироз ғашланган бўлса–да, дугонасининг катта–катта гапиришидан кайфияти кўтарилди: “Ҳар доимги девона Моҳинур–да. Талабалик пайтларида ҳам шундай эди, юзинг-райъинг, кўнглинг–кўксинг, деб ўтирмасди, оғзига келган гапни айтиб юбораверарди”.
Роса ғалати қиз эди-да ўзиям. Ойша кўпинча кечаси дарс қилишни яхши кўрарди, кундузи эса ўқишдан қайтиб келиб, кечгача ухлар эди. Шундай кунларнинг бирида чалпиллаган овоздан уйғониб кетди, бир амаллаб кўзини йириб, қараса, Моҳинурхоним хона ўртасида ўтириб, чалпиллатиб овқат еяётган экан. Ойша бир “уф” тортиб, девор томонга ўгирилиб ётди, аммо ҳалиги овоз тобора кўпроқ асабини бузаверди, охири “дод” деб юборди: “Ҳей, оғзингни юмиб чайнасанг бўлмайдими? Чалп-чалп қиласан, қанақа қиз боласан ўзи?!”. Моҳинур эса аччиқланиш ўрнига кулиб юборди: “Боядан бери ўзим ҳам ҳайрон бўлиб ўтиргандим, бу овоз қаердан чиқаётган экан, деб”. Яна бир куни шундай кундузги “ҳордиқ соатлари”дан бирида Ойша ўраниб ётган кўрпасининг бир чети каравотининг ёнида турган электр иситгичнинг устига тушиб кетиб, аччиқ тутундан буғилиб уйғониб кетди, кўрпанинг ёниб кетишига салгина қолган экан. Ойша қаршисидаги каравотда ўтириб, дарс қилаётган дугонасини урушиб ташлади: “Ҳей, сен дўстмисан ўзи? Буруқсиб тутаб ётганимни кўриб туриб индамайсан-а?!”. Моҳинур ёқа ушлади: “Мен тутунга ўхшаш нарса чиқаётганини кўрдим, аммо хонамиз шунчалар совуқ экан-да, Ойшанинг нафаси паравознинг тутунига ўхшаб чиқаяпти, деб ўйлабман”. Ҳаммасидан ёмони… Ойша у кўнгил қўйган йигит билан… билмасдан, бир-икки вақт гаплашиб юрди. У биринчи марта хоналарига Моҳинурнинг кутубхонадан олган китобларини кўтаришиб олиб келди. Бўйлари баланд, полвон келбат йигит экан. Моҳинур уни дўстим, деб таништирди. Бу йигитнинг ҳам кечаси дарс қилиш одат бор экан, шекилли, Ойша қачон ётоқхонанинг ўқув залига чиқса, унга дуч келадиган бўлиб қолди. Бир оқшом қандайдир шоирнинг муҳаббат ҳақидаги шеърини кўчириб, унга берди: “Қаранг, жуда чиройли шеър экан-а?”, яна бир оқшом тоза ҳавода айланиб келишни таклиф қилди… Ўшанда хонага қайтиб келгач, Моҳинурга икки ўртадаги бор гапни оқизмай-томизмай айтиб бериб юраркан-у, лекин дугонасининг аянчли мўлтираб турган кўзларига қараб, бирор марта “Бунга нима бўлаяпти ўзи?” деб ўйламаган экан. Кутулмаганда йигитнинг онаси вафот этиб қолди. Аммалар уни укаларига бош бўлсин, деб, ўқишини ўзлари томондаги институтга ўтказиб, ўзини уйлантириб қўйиш тараддудига тушишди. Иккинчи курсда, ўқишини ташлаб, бегона бир жойларга… Бунга ота-онаси икки дунёда рози бўлмас эди. Ойша шундай деб айтди, йигит кутулмаган йўқотишдан довдираб қолганмиди, елкасини қисиб, индамай кетди-қолди… Ўшанда Моҳинурнинг йиғлаганлари!.. Йиғлаб-йиғлаб, бир куни “Мен уни сендан аввалроқ севиб қолганман, у ҳам мени жуда ҳурмат қиларди, сени хафа қилмаслик учун четга чиққан эдим. Агар мени таклиф қилганида, у билан дунёнинг нариги бурчига бўлса ҳам кетардим”, деган… Лекин, сен ҳалал бермаганингда у меники бўларди, демаган.
… Уларнинг гуруҳида Хоразмдан икки қиз ўқиган, иккаласи Хоразмнинг икки бурчида яшайди, қўшни гуруҳда ўқийдиган яна бир хоразмлик қиз Ургенчнинг ўзидан эди. Бу қиз билан унчалик яқин бўлишмаган бўлса–да, шу кунларда ўша қиз ҳам кўнглига ажабтовур яқин туюлиб, уни ҳам кўргиси келиб бораётган эди. Қолаверса, Моҳинурларнинг уйи нақ Қорақалпоғистоннинг чегарасида – Гурланда, Гулжонники Бухоро томонлардаги Хозарасп деган туманда, Ойша кексайган чоғида шунча йўлдан бориб, Ургенчни бир томоша қилиб, машҳур Маъмун академиясини бир кўриб қайтмаса бўладими? Бунинг учун ҳам ўша қиз керак. Моҳинур ҳам “Марямжон билан бирга кутиб оламиз, Гулжонни ҳам айтаман, бирон кун Марямжонларникида турамиз, яқинда эри ўлган, фотиҳасини берасан, биргалашиб шаҳарни томоша қиламиз”, деди.
Аэропортда яқинларини кутаётганлар орасидан сочлари калта қирқилган семиз ўрта яшар аёл ажралиб чиқиб, панжара тўсиқ ёнида турган харбий йигитга қўлларини сермаб-сермаб, нималарнидир узоқ тушунтирди, сўнг эркакларга хос катта-катта қадамлар билан улар томон юрди. “Шу ернинг хизматчиларидан бўлса керак. Биронта яқинини кутиб олгани чиққанми?” деб ўйлади Ойша унга қараб. Ҳалиги аёл эса негадир кулимсираб, тўғри унга қараб келарди. Ойша “Бу аёл мени кимгадир ўхшатаяпти, шекилли”, дея ўзини қандай тутишни билмай хайрон эди. Унга жавобан номига бўлса-да, табассум қилай деса, танимайди, индамаса, бу аёл қип-қизил милкларини кўрсатиб, кулиб келаётир. Тўрт–беш қадам қолганда эса унинг истиқболига қараб югурди: “Ойша–а!” Бутун ер–у осмон унга қўшилиб акс–садо бергандай бўлди: “Ойша–а–а–а!” Чеки-чегарасини кўриб бўлмайдиган аэропортнинг бепоён саҳни у жуда ҳам соғинган қадрдон овозга тўлиб кетди: “Ойша! Ойша-а-а!”
Йиллар шамоли одамзодни ялаб–юлқаб, гоҳ тупроққа, гоҳ қор–у ёмғирга думалатиб–қориб, ташқи қиёфасини таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборса–да, унинг овозини ўзгартира олмас экан. Қоп–қора кўйлаги остида биқинларига қўшилиб ёғ боғлаб кетган қорни думпайиб турган бу аёл Ойша йиллар бўйи дийдорини, суҳбатини, бир оғиз таскин-тасаллисини орзу қилган қадрдони Моҳинур эди. У ҳам энтикиб дугонасининг бағрига ўзини отди: “Моҳину-у-урр!” ва атрофдагиларни хайратда лол қолдирганча бўкириб йиғлаб юборди. Негадир уни бағрига босиб турган Моҳинур ҳам елкалари силкиниб-силкиниб йиғлар эди. Чиқиш йўлаги томон шошиб бораётган оломон бир зум тўхтаб, уларга хайрон боқишди. Божхона ходимлари “Бўлинг, бўлинг” деб қисташмаганда, ким билади дугоналар яна қанча вақт бир-бирининг елкасига бош қўйганча йиғлаб туришар эди. Улар чиқиш йўлагига келишганда бошига оқиш рўмол танғиб олган яна бир аёл баланд бўйли ёш йигитнинг тирсагидан қўлини ўтказиб олганча, уларнинг йўлига қараб кулиб турарди. Ойша аёлни дарров таниди, бу Марямжон эди, ёнидаги йигитча невараси бўлса керак. У ўқиб юрган кезлари турмушга чиққан, ҳатто фарзандли бўлган эди, ўшандан буён неваралари шунча бўладиган вақт ўтди.
Марямжон хоразмлик катта бир ёзувчининг қизи эди, ўзи ҳам ҳикоялар ёзиб юрарди. Жуда назокатли, келишган, кийган кийими ўзига ярашиб, япон киноларининг қаҳрамонлари каби ҳамиша тавозе билан кулимсираб юргани учунми, Ойша бу қизни жуда бадавлат, кибор оиланинг эрка қизи деб ўйлар эди. Ўқишни битирмасларидан унга жуда бадавлат оиланинг ўғли уйланди–ю, у ҳақиқий маликага айланди–қўйди. У ҳақиқатан ҳам кибор одамларга ўхшаб, курсдошларга қўшилиб кетавермас, кўпроқ ёлғиз юрар, турмушга чиққандан сўнг ётоқхонадан чиқиб, эри билан ижарада яшай бошлади-ю, машғулотларга ҳам онда–сонда бир келадиган, келганда ҳам деярли ҳеч ким билан гаплашмайдиган, шошиб келиб, шошиб кетадиган бўлиб қолди. У жуда ёқимтой эди, ўзини ҳар қанча тортиб юрса ҳам ҳамма уни яхши кўрарди.
У диплом ҳимоя қилаётган кун куёв қоп–қора костюм–шимда капалакнусха қизил галстук тақиб, юздан ошиқ қип–қизил атиргулдан ясалган улкан гулдаста билан келди. Ҳамманинг, айниқса қизларнинг жуда ҳаваси келди, Марямжон эса одатдагидек жилмайибгина гулдастани олди–да, оғизларининг суви қочганча анқайиб турган курсдошларга бир бош ирғаб, хўшлашган бўлди ва эрининг тирсагидан тутганча кетиб қолди.
– Йигитлар ҳам қизларнинг отасининг давлатига қараб уйланишади–а? Бой одамлар очкўз бўлишади. Давлатимга яна давлат қўшилсин, дейишса керак–да, – деган эди ўшанда уларнинг изидан қараб Ойша.
Моҳинур унга уқрайиб қаради:
– Кимнинг отаси давлатманд? Марямжоннинг отасими? Ахир унинг отаси ёзувчи бўлган. Ё-зув-чи!
– Ёзувчи кичкина одамми?
– Тавба, ёзувчи катта одам бўлиши мумкин, лекин уларнинг ялонғоч қалами ва қарсак чалишдан бошқа ҳеч қандай ҳиммат кўрсата олмайдиган уч-тўрт мухлисидан бўлак ҳеч вақоси бўлмайди. Мен, шахсан ўзим шу қизнинг турмушга чиққунича пули тугаб, нонга қалампир сепиб еб ўтирганини неча марта кўрганман.
–Қўй–е…
– Қўйсам–қўймасам, бор гап шу!
Хоразмлик қизлар қандайдир дангалчи, кўнглига келганини шарт–шурт юзингизга айтиб юбораверадиган, Моҳинурга ўхшаган бироз эркакшода бўлишади. Марямжон эса, аксинча, жуда мулойим қиз эди. У Ойшани оҳистагина бағрига босди, унинг қучоғи ҳам юмшоққина эди, табассуми каби:
– Салом, яхши келдингми?
Йигитча унинг қўлидаги сумкани олиб, машинанинг юкхонасига жойлаштирди.
Марямжоннинг уйи у тасаввур қилганидан ҳам ҳашаматлироқ эди. Улар концерт залларининг дам олиш хоналарини эслатадиган холлдан ўтиб, катта меҳмонхонага киришди. Хонанинг бир четида атрофига йигирма–йигирма бешталар чамаси ўриндиқ жойлашган катта стол, яна бир томонда қаймоқранг тусли диван–кресло, ёнбошда ял–ял товланиб турган идишларга тўла антиқа шкафлар, деворда кинотеатрларнинг экранидек катта экранли телевизор – хуллас, ҳаммаси ниҳоятда шоҳона эди. Моҳинур уни дастурхондан аввал диванга таклиф қилди:
– Бир оёқларни ёзиб, нафас ростлаб олайлик.
Улар ўтириб, ўтганларга, хусусан Марямжоннинг турмуш ўртоғига атаб Қуръон тиловат қилишди. Марямжоннинг келини ҳам ўзига ўхшаш ёқимтойгина, жилмайиб турар, салом–аликдан сўнг бир пасда дастурхоннинг устини тўлдириб ташлади.
Чиройли уй, тўкин дастурхон, етти ухлаб тушига кириши мумкин бўлмаган қадрдонлар дийдори… Ойшанинг бахтга тўлиб кетган юрак кўксига сиғмаётгандек энтикар, у дўстларига қараб ўтириб, ҳеч лаби лўнжини йиғиб ололмас эди. Шу чоқ нима бўлди–ю, Моҳинурнинг нон узатаётган қўлидаги доғга кўзи тушиб қолди, доғнинг катталиги тангадек келар, ранги оппоқ эди. Ойша табиатан жуда жирканчоқ аёл эди, юраги шув этиб кетди: “Наҳотки?.. Энди бир ҳафта шу қўлдан таом ейманми?”
Унинг кўнглидаги саросима кўзларига қалқиб чиқди, шекилли, Моҳинур иккинчи қўлининг кафти билан бу қўлидаги доғни силади, кейин Ойшага қараб, гуноҳкорона кулимсиради:
– Экзема бу, – деди у. – Оёғимнинг юзида ҳам бор. Жуда ёмон қичийди, хунуклигидан ҳам қичиши кўпроқ азоб беради.
– Духтирга учраб, давосини қилмадингми?
– Учрадим. Бир маз ҳам ёзиб берди, аммо уни бу ўртадан топиб бўлмади, фақат Тошкентда бўлар экан, қизларга олиб келтиртириб суртган эдим, йўқ бўлиб кетди. Лекин бирон нарсадан асабийлашсам, ёки парҳезни бузсам, яна чиқиб келаверади. Э–э, бор–е, дедим кейин.
Ойшанинг кўнгли бироз пайсал топгандек бўлди:
– Ҳа–а, яхши унда. Барибир муолажани охирига етказишинг керак эди. Ёмон нарсага ўхшар экан-да.
Моҳинур меҳр билан унинг қўларидан тутди:
– Сен ҳеч ўзгармапсан, Ойша, умуман қаримагансан.
– Қўйсанг–чи!.. Сен билан юрган дамларда ёшгина қизалоқ эдим, энди олмишнинг остонасида қилтиллаб турган кампиршоман. Лекин сен роса семирибсан, савдода пул кўпми, дейман.
– Ўртоқ, бозорда ўтирганингдан кейин семирмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Биз кийим-бош сотамиз, яна шундай тоифа одамлар борки, улар ош-овқат сотишади. Уларнинг касби — ҳали уни, ҳали буни олиб келиб, оғзингга тиқишдан иборат, олиб келганлари бир–биридан мазали, хушбўй. Кўрсанг, иштаҳанг очилиб кетади, оласан–ейсан, ейверасан, ейверасан, сўнг семирмай нима қиласан?
– Ростданми? – кулди Ойша. –Унда бозор маза экан–ку. Бепул беришадими?
– Бепул?! Бозорда бепул деган тушунчанинг ўзи умуман йўқ, ўртоқ. Бир замонлар мактаб бепул эди, муаллимлар халқнинг боласига бекордан бекорга жағини оғритиб сабоқ бериб ётар эди, хафа бўлмайсиз энди, директор момо, ҳақиқатни айтганим учун, ҳозир ўша муаллимларни совға-салом билан йўқлаб турмасанг, сенинг боланг билан умуман шуғулланмайди. Байрамлар ҳам бир кўп-ей!.. Безга ўхшаб, бир тийин бермай юраверсанг, боланг ҳамманинг ёмони бўлиб, мактабни битиргунча туртки ейвериб, қийпинг бўлиб қолади. Бизнинг давримизда институтга кириш учун пул бериб ётишарди, энди мактабга кириш учун ҳам пул беришаяпти. Укамнинг қизчасини бошда олти ёш-у саккиз ойлик бўлгани учун мактабга олишмади, мактабнинг директори августнинг охирига келиб, юз минг сўм берсанглар, оламиз, дебди. Мана, керак бўлса! Бу одамлар давлатнинг бепул мактабини сотиб ётишибди-ку, шўрлик бозорчи пиширган таомини сотмайдими?
– Зўр экан-ку. Бу ерда шундай бўлса, мактабни ташлаб, нега бозорга чиқдинг? Мактабда юраверсанг ҳам бўлар эди-ку!
– Э-э! Хўроз ҳамма ерда бир вақтда қичқиради, сизларда ҳам, бизда ҳам! Аммо мактабдаги даромад билан бозордаги даромадни солиштириб бўлмайди. Эрга тегдим, туғиш керак экан деб, бир этак бола туғиб ташладим, эрим ҳам бир боқи беғам чиқди, сўнг шумшайиб шу эрнинг қўлига қараб ўтирмайин, деб бозорга чиқиб кетдим-да.
Ойша унга қараб, хайрихоҳлик билан елка учиради:
– Майли-да, дугон! Буям тақдир, қилаётган ишинг ўзингга ёқса бўлди.
– Бир мактабга ишга ўтиб қўйган эдим, ойлигини директорнинг ўзи олиб еб юрди, менга стаж бўлди, худога шукур, энди нафақасини олиб юрибман.
– Қойил!
Марямжон уларнинг гурунгини бир четда жилмайибгина тинглаб ўтирарди.
Гурунг икки томонга иккита қўштўшакли каравот қўйилган кенг, мўл ётоқхонада давом этди. Вақт алламаҳал бўлиб қолган, Ойша билан Моҳинур икки каравотга ўзини ташлаган, Марямжон хона четидаги компьютерга тикилганча, уларни жимгина тинглаб ўтирарди. Дарвоза томондан эшитилган шовқин-сурон уларнинг суҳбатини бўлди. Марямжон ўрнидан сапчиб туриб, ташқарига чиқиб кетди. Моҳинур пастки лабини тишлаб, бош чайқади.
Ҳовлида қандайдир тарақ–туруқ товушлар, эркак кишининг қаттиқ овозда сўкингани, аёл кишининг ҳиқиллаб йиғлаши, Марямжоннинг шивирлаб ялиниб–ёлвориши эшитилиб турарди.
Ойша ўрнидан туриб ўтирди: “Ким экан жанжал қилаётган? Балки ёрдамга чиқишимиз керакдир?”
Моҳинур ётган жойида бош чайқади: “Хожати йўқ. ўғли келди, шекилли”. Сўнг у ҳам ўрнидан туриб ўтирди: “Ҳа-а… Пул, пул деб кеча-ю кундуз югурамиз, мана, кўп пулнинг меваси! Битта-ю битта ўғил, истагани мухайё бўлган. Тенгдошлари бир қоринни тўйдириш муаммоси билан елиб-югуриб юрган пайтда, бу бир умр пулни сарфлаш муаммоси билан банд бўлган. Бу бола отаси ҳаётлигида ҳам ёлчитиб бир жойда ишлаган эмас, отаси ўлгандан сўнг умуман ҳеч ким иш бермай қўйди. Ҳа-а, бир замонлар ҳаммамиз Марямжонга ҳавас қилар эдик, лекин бечоранинг пешонаси шўр экан. Ёшликда бермагин йўқликни, кексаликда бермагин хўрликни, дейишади. Ёлғиз боши билан кексайган чоғида бундай хўрликларни кўтариш осон эмас”.
– Эсиз, жуда ёмон бўлди–да, энди Марямжон биздан хижолат бўладиган бўлди, тўғри сенинг уйингга кетаверсак бўлар экан.
– Э-э, ҳамма уйда битта асаббузар бор. Сен бунга эътибор берма, — Моҳинур негадир асабий ҳолатда парболишнинг ён-атрофига муштлаб–муштлаб шиширди–да, ўзини тўшакка ташлади. – Чироқни ўчиргин-да, ёт. Гўё биз ҳеч нарсани эшитмадик, билмадик, ухлаб қолдик. Тағин эрталаб туриб кўнгил сўраб ўтирма.
– Яхши… – у ўрнидан туриб чироқни ўчирди, — бирам ақллисан-ей.
– Бу дунёда аҳмоқ бўлиб яшаш осонроқ. Жим ёт энди. Ухладик.
Аммо Ойша сира ухлаёлмади. Ҳовлидаги шовқин ичкарилади, хотин–халажнинг йиғисига болаларнинг йиғиси қўшилди, анча ўтиб ҳамма ёқ сув сепгандек жим бўлиб қолди, лекин Марямжон улар ётган хонага қайтиб кирмади. Тонгга яқин кўзи илинди, бир сесканиб уйғонганда хона четидаги компъютернинг ҳамон ёниқ турганини кўрди: “Бечора Марямжон компьпютерини ўчиришга ҳам кира олмапти”.
Эрталаб дастурхон атрофига йиғилишганда ҳамма алланечук улғайиб, жиддийлашиб қолгандек эди. Марямжон ҳар доимгидек жилмайиб ўтирган бўлса–да, қизариб кетган улардан кўзларини олиб қочарди. Ойша кеча хаяжон билан эътибор қилмаган экан, унинг қадди жуда букчайиб қолган, кўзларининг туб–тубида чўнг бир андуҳ мўлтиллаб турарди. Моҳинур ҳар доимгидек қаттиқ-қаттиқ гапириб, ўзини қитиқлагандек “вохха-ха”лаб, давранинг кайфиятини кўтаришга уринар, аммо унинг кулгусига ҳеч ким қўшилмас, аксинча бу ҳазил–мутойибалар ўртадаги хижилликни янада бўрттириб намойиш қилаётгандек эди.
Чойдан кейин энг маъқул таклифни ҳам Моҳинур айтди:
– Хў–ўш, Марямжон, меҳмондорчилик учун раҳмат, биз энди қайтсак. Сени ҳам овора қилиб юрмайлик, шаҳарда кўрадиган жойларни йўл–йўлакай кўриб, сўнг Гурланга қараб жўнайверамиз.
– Нега? Йўғ-е! Мен ҳам сизлар билан айланаман, уйда қолаётган ишим борми, агар сен уйингга жуда шошаётган бўлсанг, сизларни машинага ўтирғизиб, изимга қайтавераман.
– Йўқ, Марямжон! Кечадан бери сеникидамиз, неваранг билан чиқиб, кутиб олдинг, шунча меҳмон қилдинг, раҳмат, дўстим, — дугонасининг андишасини астойдил рад қилди Ойша. — менинг томошаларга унчалик ҳушим йўқ, Ургенчнинг ҳамма чиройлик жойларини телевизорда неча қайта кўрганман, мен бу ёқларга сизларнинг дийдорларингиз учун келганман. Энди бизга рухсат. Йўл одами йўлга яхши. Кун қизиб кетмасдан манзилимизга етиб олганимиз маъқул, сен бизни йўлдан қолдирма.
Марямжон хижолат бўлиб бир Ойшага, бир Моҳинурга қаради:
– Гулжон ҳам келмади, кеча эрталаб етиб бораман, деб қўнғироқ қилаётган эди.
– Мен Гулжон билан гаплашдим, у билан соат ўнда Гурланга такси тўхтайдиган жойда учрашадиган бўлдик. Бизникига бораман десанг, юр, меҳмон бўлиб қайтасан.
– Ай, йўғ-а, келиним ишга кетади, неваралар ёлғиз қолишади.
Дарвоза олдида хайр-хўш қилишди. Мезбон уларни бошқа “қолинглар” деб, Моҳинур “сен ҳам юр” деб қистамади. Ойша машинага ғалати бир кайфиятда чиқди, кўнгли ғаш эди: “Марямжонникига кирмасак бўлар экан”. Йўлда Гулжонни кўриб, кўнгли бироз таскин топгандек бўлди.
– Раҳмат-ей сенга, Ойша! Сен ғайрат қилиб, Сурхондарёдан келмаганингда, битта Хоразмда яшаб, Моҳинур иккимиз бир-биримизни кўрмасдан ўтиб кетардик, Ўқишни тамомлаб, Хоразмга қайтганимизга ўттиз етти йил бўлди, шу пайтгача биз бирон марта учрашмаган эдик. Борингга шукр-е! — у орқа ўриндиқдан қўлларини узатиб, қайта–қайта унинг елкаларидан қучар, завқланиб ўз-ўзидан кулар эди. — Зап иш бўлди-да, бобойимдан бир амаллаб жавоб олдим, қаерлардан Кечирмас отани зиёрат қилгани келиб ётишган эмиш. Биз шу ерда туриб бир борганимиз йўқ. Гурландан кейин Кечирмас ота ҳам, Султон Увайс ота ҳам бир қадам, биргалашиб зиёрат қилиб қайтамиз.
Унинг энтикавериши Моҳинурнинг ғашига тегди шекилли, тўнғиллади:
– Кўп хаяжонланаверма. Юрагингга нагрузка бўлиб, эртага бобойчангдан балога қолмайлик яна.
– Э-э, бу юрак нималарга дош бермаган! Унга ҳеч бало қилмайди, аксинча бугун у бахт гармонидан озиқ олаяпти.
– Уф-ф! Ёшинг олтмишга етганда бунча эҳтиросга берилмасанг?! Энтикавериб, эрингни ҳам безор қилиб юборган бўлсанг керак?
Нимагадир Моҳинурга бирдан ҳеч нарса ёқмай қолган эди. Ўтирган жойида ҳайдовчи билан урушиб қолди.
Йўл устида бозор бор экан.
– Ука, машинангизни тўхтатсангиз, бирон йигирма минут дам олиб турсанглар, бозорга чопиб кириб чиқардим.
Ҳайдовчи бир нафас жим турди-да, сўнг ўзининг таклифини айтди:
– Опа, йигирма минут кўп вақт, қўшиб берасангиз, майли.
Шу билан Моҳинур ҳақиқий шаллақига айланди–қолди:
– Хай, бехайр! Сенинг шу шалақ аравангга ўтириб, сенга шунча пул бераётганимга шукур қилсангчи? Жойи келса, йигирма минут эмас, бутун бошли кунинг ҳам мижоз кутиб, бир сўм топа олмай ўтиб кетади-ку. Э-э…
Оғзидан боди кирди, шоди чиқди. Эркакчасига сўкинишларни қўшиб, бечора ҳайдовчи йигитни бир олди-бир олди, дугоналар эмас, ҳайдовчи ҳам минг хижолат бўлди. Моҳинур лапанглаб бозорга кириб-чиққанидан сўнг ҳам жанжалини тўхтатмади: “Сен ука, калта ўйлама, бу дунё, билсанг, кенгга кенг, торга тор. Са-ал хайрлироқ бўлиш керак, барака топгур, Аллоҳнинг ўзи қилган хайрингнинг ажрини беради, керак бўлса, келган дунёнинг ҳисобини топмай қолишинг ҳам мумкин. Бир нафас ростлашингга онанг тенгги аёлдан пул сўрайсан-а. Умуман эсинг йўқ экан сен боланинг”.
Хайдовчи индамади. Қараб турсанг, Моҳинурнинг айтаётган ҳамма гапи ҳақ. Аммо гап нимани айтишда эмас, қандай айтишда эди.
Моҳинурнинг ҳовли-жойи Марямжоннинг уйидек ҳашаматли бўлмаса–да, жуда кенг, баҳаво, бир қарашда эгалари янги кўчиб кириб, ҳали тўлиқ жойлашиб улгурмагандек таассурот қолдирарди кишида. Уй ва ҳовли деворлари ҳам янгигина оҳакдан чиққан, остонадаги ялтиллатиб цементсувоқ қилинган баланд зинапоянинг бир четига “19.09.2014” деб ёзиб қўйилган эди: “Бечоралар, мени келади, деб бутун уй-жойини таъмирлатибди. Эсиз, битта дийдор уни шунча ташвишга қўйибди. Шарт эмас эди-ку”.
Унинг эри баланд бўйли, тик қоматли, кўркамгина киши эди, тавозе билан кўришиб, ҳол–аҳвол сўрашди, ичкарига таклиф қилди. Ўрта мактабни рус синфда тугатган экан, шекилли, ўзбек тилини бироз бузиброқ гапирарди. Меҳмонхонанинг чор атрофига чиройли кўрпачалар тўшаб, ўртага дастурхон ёзилган, дастурхоннинг усти мева–чева, қанд-қурс билан тўлдириб ташланган эди. Овқат ҳам тайёр экан, ўтиришлари билан қўш чойнакка чой дамлаб келишди, изидан қайнатма шўрва, унинг изидан қовурилган балиқ…
Уйга келишгач, Моҳинурнинг чеҳраси бироз очилди. Уларни меҳмонхонга киргизиб, ўзи бесўнақай гавдасига мос ҳалвираган кенг кўйлак кийиб чиқди. Ҳали уни, ҳали буни меҳмонларига оғзига тиққудек бўлиб, олдига суриб қўяди. Булар “Бўлди энди, қорнимиз тўйди”, деса, “Ундай дея кўрманглар, қизим ҳовлида ош қилаяпти. Емасанглар, ошатар қилиб, ўзим едириб қўяман”, деб кулади. “Қўйсанг-чи, шунча овқатдан кейин кун кеч бўлганда, ош нимага керак? Ошни тўхтат, бизни бўктириб ўлдирмоқчимисан?”, “Ҳа, ўлдираман, уйида ўтира олмай, мени қанча ишдан қолдирган Ойшада қасдим бор. Шуни бир бўктирмоқчиман”, “Олиб келавер, ейвераман. Хоразмнинг гуручидан ош ейман, Амударёнинг балиқларини ейман деб, уйда бир ҳафта овқат еганим йўқ”, “Қани емай ҳам кўр-чи!”. У ҳарчанд ҳазил-ҳузул қилиб сўзламасин, ўзига ярашмаётган бу қувноқлик тагида улкан қайғу яширинлиги, ўзи дугоналар даврасида бўлса ҳам, хаёллари аллақандай зим-зиё кўчаларда эканлигини илғаб олиш қийин эмасди.
Еб-ичиб, ҳазил-хузул билан дугоналар дастурхоннинг атрофига чўзилиб олишди. Қизлар тўрт тақсимчадаги қанд-қурс, икки чойнак чой-у тўрт пиёладан бошқа ҳамма нарсани йиғиштириб олиб кетишди. Ҳамма ёғи саранжом-саришта хона, уч томонда эркин думалаб ётган эски қадрдонлар, нафис дарпардаларни шишириб очиқ деразадан хонага кираётган салқингина куз ҳавоси – ҳаммаси бағоят гўзал, ниҳоятда ҳузурбахш эди. Ойша чалқанча ётганча икки биқинига тушиб кетган семиз қорнини селкиллатиб кулиб, ҳаммани кулдириб ётган дугонасига қараб, меҳри товланиб кетди: “Уйинг ҳам ўзингга ўхшайди-я, Моҳинур. Бирам файзли. Эринг ҳам фаросатлигина одам экан, меҳмон экан, иззатини қилай, кўнгилларини олай, деб, ёнимизга кириб ўтириб олганда нима қилардик”. Моҳинур ётган жойида қўл силтади: “Бизнинг ёнимизда унга нима бор? Бизда эркаклар аёл меҳмонларнинг ёнига кириб ўтиришмайди. Тем боле дугоналарнинг ўртасига!”. Гулжон ҳам дугонасига бир такаллуф қилиб қўйгиси келди, шекилли, эрини мақтади: “Эринг ҳақиқатан ҳам жуда келишган киши экан. Ёшлигида хушторлари роса кўп бўлган бўлса керак-а? Лекин сен жуда бесўнақай бўлиб кетибсан. Бироз парҳез қил, тағин эринг хипча бел хонимларни излаб қолмасин”, Моҳинур ётган жойидан туриб, унга қаҳр билан қаради: “Қўй, шуни мақтама, орқам тутиб кетади. Кетса, ундан нари. Мен унинг учун парҳез қилиб, ҳеч қачон ўзимни қийнаб юрмайман. Унинг оти Одамбой, лекин ўзи одам-подам эмас. Сирти ялтироқ, ичи қалтироқ нусха, дейишади-ку, ана шу гап менинг эрим ҳақида айтилган. Бир умр арзимас чой чақа берадиган идорада ишлади, беш болани едириб-ичириш, кийинтириш, ўқитиш менинг зиммамда бўлди. Шу аҳмоқ рўзғорни ўйлаб, тузукроқ маош берадиган бирон ишнинг бошини тутганда мен бозорга чиқармидим? Мен касал ҳолимда олтмишга кириб ҳам аёл бошим билан ҳамон бозорда ўтирибман, у кишим нафақа ёшига етиши билан уйда ўтириб олдилар. Оладиган нафақаси тамакиси билан ароғидан ортмайди. Мен кун бўйи бозордаман, бу кишим кун бўйи улфатларини йиғиб, уйдаги бор нарсани еб-ичиб уйда ўтирадилар”.
Ойша ели чиққан пуфакдек бўшашиб кетди: “Во-ой! Йў-ўғ-е!”. “Уч ой аввал бир она-болани етаклаб келибди. Ҳа, десам, бу аёл менинг синфдош дўстим, уйларини сотиб, Россияга кетишган эди, энди қизига паспорт олиш учун келишган, борадиган жойлари йўқ, паспорт ҳал бўлгунича бизникида туриб туришади, деди. Нима дейин энди, майли, дедим. Уйим ҳақиқий ишратхонага айланиб кетди, эрим синфдошини олиб келган бўлса, унинг қизи кунда йигит эргаштириб келади, ким бу десам, синфдошим, дейди. Охири қизини ҳайдаб чиқардим. Лекин кундузи мен бозорга кетишим билан қизи келиб оларкан. Паспорт ўлгур ҳам шунча ойдан бери ҳал бўлмайди. Жонимга тегиб кетди”.
Давра бирдан совуди. Ҳамманинг кайфияти бузилди. Ойша ўрнидан туриб, ёнида турган чойнакдан бир пиёла чой қуйиб ичди. Қуруқ чойи дуруст эмасми, сув бетаъмми, қип-қизил бўлиб турган бўлса-да, ундан чой мазасини топа олмади.
Йўл юриб, еб-ичиб, кулиб-кулдириб, айтилмайдиган гапларни ҳам айтиб, сўнг ўзлари хижил бўлиб, улар кунни кеч қилиб бўлишган эди. Деразанинг ортида қоп-қоронғу тун хумрайиб турарди.
Хонадаги эгасига ўхшаб тўрсайган жимликни қаерга жой ташлашни сўраб кирган қиз бузди. Меҳмонларига беихтиёр дардини дастурхон қилиб қўйганидан хижолат бўлибми, бир гапириб, ўн кулиб ётган Моҳинур ҳам жим бўлиб қолган эди. Қизи киргач, меҳмонларига қаради: “Момоқизлар! Мен биринчи қор ёққунича ҳовлида ётаман, ичкарида нафас ололмайман, худди ҳаво етмагандек бўлаверади. Агар хўп, десанглар, сизларга ҳам ҳовлига жой солдираман. Тоза ҳаво, юлдуз санаб, мазза қилиб ётамиз”.
– Биз билан ётсанг, эринг жанжал қилмайдими, ишқилиб? – ўртадаги ғуборни кўтариш учун ҳазил қилди Гулжон.
Моҳинур қўл силтади:
– Э-э!.. Яна шу эримни гапирасан-а! Эрим билан иккаламиз икки қутбнинг одамларимиз, унинг мижози совуқ, салқин ҳаводан қўрқади, мен иссиқдан безор, менга тоза ҳаво керак. Шунинг учун у саратоннинг чилласида ҳам уйда ётади. Мен эса биринчи қор ёққунича ташқарида… Бир умр шундай яшадик.
-Унда беш болани қаердан туғдинг? – Гулжон яна унинг қитиқ патига тегди.
Моҳинур кулиб юборди, унинг кулгусида аччиқ алам бор эди:
-Эримнинг зўрлигидан чопонини бир кийсам ҳам бўйимда бўлиб қолаверганда.
-Майли, ҳовлида ётамиз, лекин устимизга эрингнинг чопонини ёпмайсан.
-Э-э, унда чопон қоптими, чопонни ҳам сотиб, ароқ олиб ичиб юборган.
Улар остонада уй кийимида юрган ёқимтойгина рус аёлга дуч келишди. Аёл уларга ўзининг тилида салом бериб, ошхонага кириб кетаётган эди, Моҳинур уни тўхтатиб, дугоналарига таништирди: “Галя! Бир дақиқага! Сени дўстларим билан таништирмоқчиман. Бу Ойша, Сурхондарёдан келган, буниси Гулжон, ўзимизнинг Хозараспдан. Қизлар, бу гўзал аёл – Галя, яъни Галина Семёновна, яна ҳам аниқроғи Евангалина Семёновна. Синфдошлари уни Ева деб чақиришади, бизнинг тилимизда Момо Ҳаво. Бу Ева, бизнинг шаҳзодамиз Адам”. Аёл Моҳинурнинг гапларидаги пичингни англамаганга олиб, кулиб қўя қолди. Қўшни хонадан Одамбойнинг қаҳрли овози эшитилди: “Моҳинур! Асабни бузма. Сенга тегинмаган пайтда жимгина ўтирсанг, бўлмайдими?”, Моҳинур елкасини қисиб, ўзини тентакка солиб кулди: “Ҳай, биродар, мен унга нима дедим? Ҳаммаларинг уни Ева деб чақиришларинг ёлғонми? Сизни эса Адам, дейишади. Яъни Одам Ота ва Момо Ҳаво! Йў-ўқ, мен бир нарса деяётганим йўқ, дейишгаям ҳаққим йўқ. Худойимнинг шунчалар усталик билан келиштириб қўйганини айтаман-да”.
Гулжон унинг қўлидан тортди:
-Қўйсанг-ов, юр, бизнинг ётоқ жойимизни кўрсат, уйқум келаяпти.
Шакароб қилиб сув сепилган ҳовлининг бир четида беш-олти киши чордона қуриб ўтирса бўладиган ёғоч чорпоянинг устига ўрин солиниб, оппоқ докадан пашшахона тутилган. Дока шунчалик нафис эди, ичкаридаги чойшабларнинг гулчалари ҳам яққол кўриниб турарди.
Гулжон тагига тўшалган чойшабни олиб, пашшахонанинг уйга қараган томонига тутиб қўйди:
-Эринг кириб-чиқиб юриши мумкин, ноқулай.
-Ҳеч хавотирланма, улар ярим кечагача телевизор кўришади, гурунглашишади, ҳовлига умуман чиқишмайди.
Гулжон ёқасини тутамлади:
-Ё, тавба! Бунинг гапиришини қара, рашк қилмайсанми?
– Қўй–е! Кимдан? Еваданми? Олтмишдан ошган хотинга эр нима керак? Керак бўлса, олаверсин. Масалан, менга умуман эр деган зот керак эмас, айниқса менинг эримга ўхшаган такасалтанг, сурбет эр сира ҳам керакмас.
– Хай-хай, секинроғ-а, эшитиб қолишмасин яна…
– Эшитишса, ундан нари. Шунинг ҳам паспортини тўғирлаб, Россияга олиб кет, деб ўтирибман. Бир эмас, икки қиз талаба, каттаси ҳам қишлоққа бормайман деб, Тошкентдан иш ахтариб юрибди. Ҳаммаси отасига ўхшаб, камфортни яхши кўришади, ҳамма қатори ётоқхонада тургиси келмайди, уларга яхши шароитли ижара уй керак, ҳар қандай кийимларни кияверишмайди, фақат қиммат дўконларга киришади. Телефонлари энг сўнгги русумдагиси бўлиши керак, ҳар бирига алоҳида компьютер, ейиш–ичишлари!.. Улар учун сарфлаётган бир йиллик пулимни тахласам, бир вагон бўлиши аниқ. Ижарага пул тўлаш жонга тегди, деб, тўрт хонали уй сотиб олиб бердим. Катта қизнинг тагига машина олиб бериб қўйганман. Худога шукур, иккинчи қизим жуда инсофли чиқди, менинг аҳволимни тушуниб, индамайгина дипломини сандиққа қўйиб, мен билан бирга бозорда ўтирибди. Машина ҳам демайди, шаҳарда яшайман ҳам демайди. Бир қулай тушганда иккита уй олиб қўйгандим, шуларнинг биттасини сотиб, ўзингизга битта машина олинг, дейди бечора болам. Мен иккаласини ҳам сотиб, бор пулга иккита “Дамас” олиб, таксига чиқариб юбормоқчиман, уй йилдан йилга тўкилиб кетавераркан, бировни ижарага қўйсанг, ойига арзимас пул беради, таксидан эса ҳар кун пул тушади.
Ойша сон-саноқсиз юлдузлар жовдираб турган осмонга тикилганча дугоналарнинг гурунгига жимгина қулоқ солиб ётар экан, айни пайтда кўзга кўринмас одамга айланиб қолиб, ҳар ағдарилганда ғичирлаб асабини бузаётган ёғоч супачадан бутунлай ғойиб бўлиб қолишни истар эди.
Саҳар пайти Моҳинурнинг қаттиқ-қаттиқ гапиришидан уйғониб кетди. Кўзини очиб қараса, дугона тўшакнинг устида чордона қуриб ўтириб олганча, оёғининг юзидаги қўтирни қарт–қарт қашлаганча, қўл телефонида кимгадир бақириб ётарди: “Ҳалиям сасиб ухлаб ётибсанми? Турсангчи тезроқ! Ўтган ҳафта ҳам кеч бориб, бир тийинга қиммат, бўлмағур товар жўнатган эдинг, ҳали биттасини ҳам сота олганим йўқ. Тур ўрнингдан, тезроқ югур. Қайтиб келиб сумкага яхшилаб тахлаб жойлаштир, яна хурпайтиб солиб, тўртта нарса учун фалон пул тўлаб юрма. Товарни жўнатиб бўлиб, кейин дарсингга ўтарсан. Ҳе, туриб туради ўша ўқишинг ҳам, деканингга бир-икки сўм бериб, оғзини ёпиб қўй, кейин ҳар нарса деб вағиллайвермайди. Бугун товар учун пул жўнатаман. Эртага пулни олиб, натижасини менга айтасан“.
Ойша бемаврид уйғониб қолганидан хижолат тортиб, индамай ётаверди. Дугона бақириб-бақириб, яна тўшагига чўзилди-да, чойшабга бурканиб олди: “Ҳаёт одамни шунчалар ўзгартириб юбориши мумкин экан-а. Жанжалкаш бозорчи аёлларнинг ўзгинаси бўлиб қолибди. Талабалик пайтларида исми жисмига, феъл-атворига монанд ой нуридек кўнгилбоқар, юз-кўзидан меҳр сизиб турадиган қиз эди. Тавба!”. Анча ўтиб, Ойша секин соатига қаради, бомдод вақти яқинлашиб қолган эди. Ўзи ётган томондан секингина сирғалиб тушди-да, оёқ учида юриб, таҳорат ушатиб келди. Одамбойга рўпара бўлиб қолмайин, деб, ичкарига ҳам кирмади. Яхшиям, кеча жойнамозини ўзи билан олиб чиққан экан. Ётган тўшагини текислаб, шу ерда ўқиб қўя қолди.
Қўшни ҳовлида чўзиб хўроз қичқирди, олис-олислардан отнинг кишнаган овози эшитилди. Моҳинур “уф” тортганча, нариги ёнбошига ағдарилиб ётди. У беихтиёр ота ҳовлисини эслади. Онаси товуқ боқишни яхши кўрарди, тонг отар-отмас хўрозлари басма-басига қичқириб ётишарди. Отасининг тўриқ оти бор эди. Акаси болалигида уйқумни бузади, деб хўроз билан отни ёмон кўрарди. Кейинчалик бу от унинг энг яқин дўстига айланди. Отаси вафот этганда тўриқнинг йиғлаганини кўриб, акаси отнинг бўйнидан қучоқлаб йиғлаган эди.
Куз қуёши дугоналар ётган пашшахонага қўрқибгина мўралади. Моҳинур нонуштадан сўнг улардан узр сўради:
– Қадрдонларим! Узр, бугун менинг жуда ишим кўп, солиққа, статга ўтишим керак, товарга пул жўнатишим керак. Шунинг учун сизлар билан бирга бўла олмайман. Ойша сени Гулжонга, Гулжонни худога топширдим. Қизимни ҳам олиб кетишга мажбурман. Синглимнинг қизи келиб, тушликларингни, кечки таомни тайёрлаб беради, хоҳласанглар, кечгача ёнбош ташлаб, ачиб қолган миядаги хотира дафтарнинг ёғ босган саҳифаларини варақлаб, гурунгни уриб ётаверинглар, хоҳласанглар, бозор айланинглар. Менимча, уйда тинчгина ётганларинг маъқул. Ҳамма бозор бир бозор, чарчаб юрганларингнинг кираси йўқ. Эртага машина олиб келиб, Султон Увайс отага, Кечирмас отага олиб бораман. Сизларнинг шарофатларингиз билан бормасам, бу рўзғорни деб, шу жойларга бормасдан ўлиб кетсам керак. Индин Хивага олиб бораман, Ичан қалъани кўргазаман, Паҳлавон Маҳмудни зиёрат қиламиз. Бугунча ҳам сабр, ҳам шукр қилиб ётинглар, майлими? Бугунгидек имконият ҳам ҳамиша бўлавермайди.
Ҳар иккаласида бозор айланишга хоҳиш бўлмади, кун бўйи уйда ётиб ўтган-кетганлардан гурунг қилишди. Эрталабдан кимдир “тиқ-тиқ” қилиб, сабзи тахтада ниманидир тўғради, дастурхонга тушлик тортилгандан кейин ҳам бу овоз тинмади. Ҳамма нарсага қизиқувчи Гулжон атай ўрнидан туриб, ошхонага ўтиб келди. Қайтиб келгач, биров эшитиб қолишидан қўрққандек шивирлабгина “Ева билан Адам бир ажойиб салат тайёрлаб, банка ёпишаяпти”, деди. Ойша ҳам асрнинг таҳоратига чиққан вақти секин ошхонага мўралади: “Зўр нарса бўлса, биз ҳам ўрганиб кетайлик”. Ҳалиги аёл Одамбой билан бирга салатга нималарни қай тартибда қўшганини энди тушунтираётган эди, қаердандир ҳарсиллаб Моҳинур келиб қолди. Уни кўриб, иккаласининг ҳам гапи оғзида қолди. Ҳамма жам бўлиб, Евангалина-Еванинг оғзига тикилиб тургани унинг ғашини келтирди, шекилли, қошлари чимирилиб кетди: “Ҳа, нима гап?”. “Меҳмонлар салат билан қизиқишаяпти”, гапни қисқа қилиб қўя қолди Одамбой. “Ҳа-а, бизнинг Одамбой оға банка ёпишга жуда уста. Бошқа иш қилмаса ҳам, пишиқчилик бошланиши билан банка ёпишнинг ташвишига тушади. Ертўлани тўлдирмаса, ҳисобмас”, пичинг қилди Моҳинур. “Сен ёпишни билмаганингдан кейин мажбурман-да. Кун бўйи бозорда ўтирсанг, мен ёпмасам, ким ёпади буни?”. Моҳинур меҳмонларини елкасидан олиб, ичкарига бошлади: “Мен ёпмас эмишман. Сиз ёпсангиз, ким учун ёпаяпсиз, қиш бўйи уйда еб ётиш учун ёпаётганингизни менга миннат қилишнинг нима кераги бор?”.
Моҳинурнинг эртаси куни ҳам вақти бўлмади: “Қизларим товар жўнатишибди, шуни кутиб олишим керак. Бозорни налог босармиш, ўзим туриб турмасам бўлмайди. Сизларга машина жўнатаман, Хивага олиб бориб келади. Аллоҳ насиб қилган бўлса, эртага биргаликда Султон Увайс Қаронийга, Кечирмас отага борамиз. Бугун учун узр, кампиршолар, минг бор узр. Хапа бўлмайсизлар, дугоналаринг шундай кичкинагина одам, ихтиёри ўзида эмас”.
Ичан қалъа нечоғли гўзал бўлса ҳам Моҳинурсиз бир томонлари камдек бўлиб юришди. Кечга томон қайтиб келишганда ҳовлига қалин қилиб сув сепилган, қадрдон бўлиб улгурган чорпояга жой ташланган. Одамбой билан Евангалина-Ева уйнинг кираверишидаги зинапояда мусичалардек ёнма ён ўтириб, нима ҳақдадир гаплашишаётган экан. Уларни кўриб, эринибгина ўринларидан туришди. Моҳинурнинг ҳалиям уйга қайтмаганини кўрган дугоналар бегонанинг уйига келиб қолгандек хижолат тортишди, салқин шабада эсиб турган чорпояда ўтиришга ийманиб, ичкарига кириб, чўзила қолишди. Бироз ўтиб, Евангалина дастурхон олиб кирди, нон, қанд-қурс қўйди, чой дамлаб келди. Гулжон овқат суздирмади: “Моҳинур келсин, бирга еймиз. Ҳозир жуда чарчаганмиз, иштаҳа ҳам йўқ”.
-Энди-и, дугона, бунчалик эмас-да! – ётиб-ётиб Гулжоннинг хуноби ошди. – Бу Моҳинур деганлари бутунлай бошқа одамга айланибди-қопти. Кимни излаб келдиг-у, кимни учратдик? Эссиз!.. Қизларим, қизларим деб, одам ўзини бунчалик ҳам еб юбориши керак эмас-да. Қизлар ҳам кўрпасига қараб, оёқ узатишни ўргансин. Бу ўлиб-йитиб етказиб бераверса, улар ишлатаверишади-да.
Ойша афсус билан бош чайқади:
-Дугон, менимча гап қизларда ҳам эмас, ҳамма гап унинг ўзида. Қара, қизларини еб қўйяпти-ку. Кечаси соат учда ҳали турмушга чиқмаган бир парча қиз Тошкентнинг бир бурчагидан иккинчи бурчагига кўтара бозорга бориб, товар олиб келишининг ўзи бўладими? Мен ўғлимга ҳам шундай ишни буюра олмаган бўлар эдим. Кўчада яхшидан ёмон кўп, ёшгина қиз, ёмон одамларнинг қўлига тушиб қолади, деб қўрқмаганини қара.
-Аммо одамзод минг елиб-югурсин, ризқи ҳам, мартабаси ҳам Аллоҳ буюрганидан зиёда бўлмайди. Бизнинг бир қўшнимиз бор эди, икки юзламачиликда тулкига дарс берарди. Эримнинг бир давлатманд, ажойиб тоғаси бор эди, бир кун шу кишининг уйига борсак, ўша иккиюзламачи қўшни хизмат қилиб юрибди. Суриштирсам, уларнинг аёллари касалхонада бирга ётишган экан. Шуни баҳона қилиб, борди-келди қила бошлабди. Хуллас, қўшним тоғамизнинг уйидан чиқмай, мол-ҳолларигача қарашиб, ёнига ишга ўтиб олди. Маҳкам ўрнашиб олгач, ундан юқоридан кимнидир топиб, уларга ҳам қароллик қилгандир, тоғамизнинг тагига сув қуйди-да, жойига ўтириб олди. Мансабга чиққан куни узоқ-яқинларини чақириб, катта тўй қилиб берди. Ўша тўйида ишдан кетган тоғамизни чақириб,отасидан ҳам юқорига ўтқазибди: “Сиз менинг устозимсиз, устоз отадан ҳам улуғ бўлади”, деган эмиш. Уч йиллар гуркираб ишлади, худони худойбердича кўрмай қолди, де. Бир кун “пақ” этиб, пора билан қўлга тушди-ю, қамалиб кетди. Қариндош-уруғлари елиб-югуриб, икки йил деганда зўрға чиқариб олишди. Бу яна мансабга интилди. Кичик корхона очди, елди-югурди, касал онага ҳам, касал хотинга ҳам қарамади, пулни кўпайтириб, каттароқ бизнес очаман, деб, оиланинг ҳамма эхтиёжларини четга суриб қўйди. Чет элдан ускуна олиб келиб, гуруч оқлайдиган завод очди, ниятига етди, энди кимсан фалончи бўлиб, давраларнинг тўрига ўтадиган бўлганда, яшин уриб, ўлди-кетди. Хозараспда яшин уриб ўлган бирон одамни эшитмаган эдик, шу бечорани яшин урди. Шундан айтаман-да, одамзод мол-дунёга, мансабга жуда хирс қўймаслиги керак. Аллоҳ пешонасига ёзган бўлса, яхши, ёзмаган бўлса, етган жойда ер қопиб кетаверар экан.
-Жуда ҳам тўғри. Лекин бу гапларни Моҳинурга айтиб кўр-чи! Кўр яра қилиб, талаб ташлайди.
-Мен-ку, айтмайман, айтолмайман. Менинг айтганимни бир пулга ҳам олмайди. Дугонамиз, менимча, одамлар билан пулига қараб муомала қиладидиган бўлиб қолган. Сен ётиғи билан тушунтириб айт. Сени яхши кўради, жуда бўлмаса, шунча йўлдан келган деб, сенга бақиришга ҳадди сиғмайди. Катта қизини Тошкентдан олиб келиб, шу ерга ишга қўйсин. Манави ўқиган қизни бозорда сарсон қилмай, мутахассислиги бўйича ишга қўйсин. Жойи чиқса, узатсин.
-Мен уни йўлини йўқотиб, адашиб қолган одамга ўхшатдим, қаёққа бораётганини, нимага интилаётганини ўзи ҳам билмайди, — Ойша холанинг ростдан дугонасига раҳми келаётган эди.
-Бу сенинг фикринг, Ойша, нимага интилаётганини ўзи жуда яхши билади у. Дунёси мўл бўлса, қизларига яхши жойлардан совчи чиқади, ўзи янаям каттароқ гапириб юради. Ҳамма оналар каби болаларининг бахти учун куйиб-пишиб юрган аёл-да бу.
-Ҳа, майли, болалари учун югурсин, ҳаммаям югуради, лекин бунчалик эмас-да. Беш сўм учун ўн сўмдан кечма, ўн сўм учун ўзингдан кечма, деган гап бор. Бу ўзидан кечиб юборган-да, Гулжон.
Шу кеча Гулжоннинг уйидан қўнғироқ қилишди: “Уф-ф! Қайнонам келибди. Ўзим аллақачон уч келинга қайнона бўлдим, эрим эса ҳалиям ўзимни кеча келган келиндек тутишимни истайди. Тез етиб кел, деяпти. Бормасам бўлмайди. Хафа бўлмайсан, дугон. Бизникига ҳам, албатта, ўтинглар, кутаман. Ё… бирга олиб кета қола қолай, юр”.
Моҳинур уни жеркиб ташлади: “Сен кетмоқчи бўлсанг, жимгина келган йўлингдан кетавер. Мен бунга машина айтганман. Эртага Султон Увайс отага олиб бораман”, “Хўп, дугон”.

Давоми бор

sunrise1_cs.jpg Oysha namozdan so‘ng odatiga ko‘ra Qur’on tilovat qilib ancha o‘tirdi, o‘rnidan turganda xona ichi ertalabki quyoshning oppoq nurlaridan yop-yorug‘ bo‘lib, yeru ko‘kni saharhez qushlarning chug‘ur-chug‘uri tutib ketgan edi. Derazadan kirayotgan salqingina tonggi shabadadan tani yayradi. Ayvonning eshigini ochishi bilan hovlining adog‘idan qo‘ylarning ma’ragani eshitildi. Izidan nafis doka pashshaxonada yotgan kelini oshkora zarda bilan “uf” tortib, bir ag‘darilib yotib oldi.

Jamila Ergasheva
SHOM SHAFAG‘I JILVALARI
Qissa (1)
09

09 Jamila Ergasheva 1956 yil Surxondaryo viloyatining Jarqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. Toshkent Davlat dorilfunining jurnalistika fakultetini tamomlagan. “Izhor”, “Intiqom”, “Tanazzul”, “Zulfizar”, “Qir ustidagi ayol” nomli roman, qissa, hikoyalari jamlangan kitoblari chop etilgan.

O‘zbekiston Respublikasida xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi.

09

Bismillohi rahmoni rahim

Акаль-Нур.-Серебрянный-день.-2009.jpgOysha namozdan so‘ng odatiga ko‘ra Qur’on tilovat qilib ancha o‘tirdi, o‘rnidan turganda xona ichi ertalabki quyoshning oppoq nurlaridan yop-yorug‘ bo‘lib, yeru ko‘kni saharhez qushlarning chug‘ur-chug‘uri tutib ketgan edi. Derazadan kirayotgan salqingina tonggi shabadadan tani yayradi. Ayvonning eshigini ochishi bilan hovlining adog‘idan qo‘ylarning ma’ragani eshitildi. Izidan nafis doka pashshaxonada yotgan kelini oshkora zarda bilan “uf” tortib, bir ag‘darilib yotib oldi. U avval darvozani ochib qo‘ymoqchi edi, qaynonasi “Tongda turib, birinchi qiladigan ishing darvozani ochish bo‘lsin, tongda darvozadan farishtalar kiradi”, der edi doim. “Ha-a, farishtalar biroz shoshmay tursin-chi, avval qo‘ylarni tinchitib kelay”. “To‘kilgan-sochilganlar uvol bo‘lmasin” deb ikkitagina qo‘zichoq oldirgan edi, qurmagurlar bir chiroyli, ularning kurt-kurt qilib, yem yeyishini tomosha qilishning o‘zi rohat. U avval betoqat depsinib turgan qo‘zichoqlarning tog‘orachasiga ikki hovuchgina arpa soldi, so‘ng kechadan qolgan nushxo‘rtni bir chetga olib tashlab, bir quchoq yo‘ng‘irchqa o‘rib berdi. Qo‘zichoqlarning bir-biridan qizg‘onib, bir-birini boshi bilan turta-turta “kurt-kurt” qilib yem yeyishini tomosha qilib, og‘ilxona yonida biroz turib qoldi. So‘ng darvozaxona tomon yurdi. Darvozani ochib, ko‘chaga chiqdi. Ular boshi berk ko‘chada turishgani uchun ko‘chalaridan umuman begona mashinalar o‘tmas, ayniqsa ertalablari tinch va sokin bo‘lardi. Tongning yumshoqqina nuriga cho‘milib yotgan ko‘chaga qarab ko‘ngli yorishib ketdi, o‘pkasini to‘ldirib, chuqur-chuqur nafas oldi, ichi toza havoga to‘lib ketgandek bo‘ldi. Bir-bir bosib ko‘cha yuziga chiqdi: “Ozgina qoni aylansin”. Keyingi paytlarda juda kamharakat bo‘lib qoldi. Havo issiq paytlari sal harakat qilsa, yuragi harsillab qoladi, yotaversa, boshi og‘riydi. Ertalabki salqinda aylanish yaxshi. Buning uchun esa, albatta, ko‘chaga chiqish kerak. Kelinning uyqusiga xalaqit bermaslik kerak. O‘g‘li ham qulog‘ining tinchini ko‘zlaydimi, yonida “Af-uf”lab yotgan xotiniga “Bo‘ldi qil-ye!”, deyishning o‘rniga “Ona, qarigan chog‘ingizda tinchgina yotsangiz bo‘lmaydimi? Ertalabki salqinda huzur qilib dam olay, desam, shitir-shitir u yoqqa yurasiz, bu yoqqa yurasiz”, deb onasidan norozi bo‘ladi ba’zan. E-e, qanday saharxez edi uning oilasi. Qaynonasi ertaroq turinglar, Allohning rizqi erta turganlarga nasib qiladi, der edi, tong otishi bilan ularning uyida hayot qaynar edi, yolg‘iz o‘zi hammasiga ulgurardi: molga qarar, sigir sog‘ar, bolalar uchun ertalabki sutdan nimadir pishirar, so‘ng hovliga suv sepib, supirib-sidirib ayvonga joy qilar edi. Ishga ketguncha, yana dasturxonalarni yig‘ishtirib, idish-tovoqlari yuvib-chayib ketardi. O‘shanda Mansur ham akasiga qo‘shilib, onasi bilan baravar turar, binoyidek ishlariga qarashib yurardi. E-e, ot bilan eshakning oxuri bir bo‘lgandan keyin, o‘zi o‘xshamasa ham, mijozi o‘xshab qoladi, deganlari shu-da. Endi… Keksayganingdan keyin o‘z uyingga sig‘may, o‘z hovlingda ham bemalol yura olmay qolar ekansan.
Bir zamonlar shu ikki kishilik tomorqani olishganda qanchalar suyungan edi. Ikki aka-ukaga yonma-yon qilib uy quramiz, ikkalasi hamisha bir-biriga yelkadosh bo‘ladi, o‘zi esa ikki o‘g‘il, ikki kelin, nevaralar orasida suyukli, arzanda momo… Uyni ham birin-ketin ko‘tarishdi, bolalar katta bo‘lishgach, xarajatlar ham katta bo‘lib ketadi, ertaroq qurib qo‘yganimiz ma’qul, deyishdi. Ataylab o‘rtaga devor ko‘tartirishmadi, “Mehr ko‘zda, bir-birini ko‘rib tursa, o‘zlari ham, bolalari ham mehr-oqibatli bo‘lishadi”, deyishdi. Mansurbek uylangach, Komiljon “Onajon, endi yoningizda xizmat qiladigan keliningiz bor. Sizga aytolmay yurgan edim, meni anchadan beri Toshkentga ishga taklif qilib qo‘yishmayapti, menga ruxsat bering”, deb turib oldi. U to‘ng‘ichini boshqacha bir mehr bilan yaxshi ko‘rardi, uning xotini ham juda andishali, mehribon kelin edi. Eri “Bolaning kelajagiga monelik qilma. Odamlar bunday ishlarga pul berib ham joylasha olmaydi, sening o‘g‘lingni o‘zlari taklif qilishayapti. Duo ber, xudo yo‘lini ochsin”, dedi. U shunday qildi.
Eri qaytish qilgandan so‘ng boshini yerdan ko‘tarmaydigan kichik kelin bir yumalab shaytonning urg‘ochisiga aylandi–qo‘ydi. Sal gap bo‘lsa, otasiga o‘xshab, “Ha, tinchlikmi?” deb g‘uddayib turadigan o‘g‘ilga ham ayolining bor aytgani ma’qul tushadigan bo‘lib qoldi. Aslida–ku, eri qaynota bo‘lib, kelinlarga biron og‘iz tanbeh berib ko‘rmagan, ammo hech qachon birontasini odam hisobiga qo‘shib, bir og‘iz yaxshi gap ham aytmagan. Qandaydir salobati bormidi, qaynota tomoq qirib, hovliga chiqishi bilan kelinlar ichkariga kirib ketishga bahona izlab qolishar edi. Aslida bu odam o‘g‘illar bilan ham deyarli gaplashmas, o‘g‘illar ham “otam” deb talpinavermas, mudom ichimdagini top degandek, qovoq solib yurganidanmi, o‘zlari ota bo‘lganlaridan keyin ham otadan o‘zlarini tortib turishar edi.
Bu erkak Oyshaga ham hech qachon yomon gapirmagan, shuncha yil birga yashab biron marta urmagan–so‘kmagan, birovdan rashk qilib, dilini og‘ritmagan, ammo biron marta ko‘zlariga tikilib, tili bilan aytmasa ham, ko‘zlari, nigohlari bilan, hech bo‘lmasa ko‘ngil uchun, “Seni yaxshi ko‘raman”, demagan. Endi turmush qurgan vaqtlari u kelishgan, o‘qimishli erning ko‘nglini olish uchun ming o‘lib, ming tirilar edi, o‘sha paytlar eri ham yaxshi edi, shekilli, harqalay Oysha juda baxtiyor edi: “Bechora, urmasa-so‘kmasa. Erkaklar ham har xil bo‘ladi-da. Bir xili shilqim, boshqasi bu kishiga o‘xshab, jiddiy. Bachkana, shilqim bo‘lgandan, shunday bo‘lgani ham ma’qul”. Mansabi oshib, har kun ishdan yarim tunda qaytadigan odat chiqardi–yu, kelishi bilan “ish ko‘p, juda charchadim“ deb, uxlab qoladigan bo‘ldi: na bir og‘iz iliq so‘z, na to‘rt kalima gurung… Kech tushgach, ishlarini bir yoqlik qilib, bolalarini uxlatib, yuvinib-chayinib, ro‘zg‘or yumushlari vaqtida kiyib yurgan ust-boshini almashtirib, qoshlariga o‘sma qo‘yib, o‘zicha pardoz-andoz qilib olar, ammo qovoqlarini uyib olgan er uning yuziga bir qarab ham qo‘ymagach, sahardan yarim tungacha kutgan odamining yonida yotib, o‘z–o‘zidan xit bo‘lib ketardi. “Ish–da, charchaydi–da sho‘rlik…“ deya o‘zicha erini oqlab, o‘zini har qancha yupatishga urunsa ham, ich–ichini alamgami, shubhagami o‘xshash bir narsalar tobora ko‘proq o‘rtab borar, ba’zan yolg‘iz qolgan damlari o‘z–o‘zini yo‘qlab, bekitiqcha yig‘lab ham olardi. O‘shanda yuragi bejiz bezovta bo‘lmagan ekan. Aslida atrofida yurganlar, dugonaman, deb yurganlarning qanchasi, qo‘shnilar hammasidan xabardor bo‘lgan. Uni ayabmi, hech narsa bilmagandek yuraverishgan.
O‘sha kecha g‘alati tush ko‘rib, uyg‘onib ketdi. Tushida allaqanday odamlar kelib, yashab turgan uylarining tomini ochib, bolorlarini yuk mashinasiga ortib ketayotgan emish. Ularning oldiga chiqib, bu buzg‘unchilikni to‘xtatay, desa, uning ustida kiyimi yo‘q, qip-yalong‘och emish. Bir choyshabga o‘ranib olib, goh u yog‘ini, goh bu yog‘ini yopar, ammo to‘liq yopinib olishning uddasidan sira chiqa olmas emish. Qo‘rqib uyg‘onib, yonboshiga qaradi: eri ishdan qaytmagan edi. Shu bilan uxlay olmadi, tong otguncha, tikanga ag‘anagandek ag‘anab chiqdi.
Yakshanba edi, yana qayta erining ishxonasiga qo‘ng‘iroq qildi. Hech kim go‘shakni ko‘tarmadi. Ko‘ngli g‘ashligidan qo‘li ishga bormay o‘tirgan edi, rangi bir ahvol bo‘lib, singlisi kirib keldi. Singil-da, boshqalarga o‘xshab, eshitganlarini ichiga yutib keta olmagan:
– Opa, siz o‘zi tentakmisiz, yoki shu badqovoq eringizdan ajralib qolishdan azbaroyi qo‘rqqaningizdan, ko‘rib turgan narsalaringizni ham qo‘rmaslikka olib yuribsizmi?
Singil bolalikdan biroz hovliqmaroq, kuydi-pishdi edi. Uning shu fe’lini o‘ylab, bu kulguga oldi:
– Ikkovi ham o‘zimman.
To‘g‘risi ham shu edi, ko‘rib turib, andisha bilan ko‘rmaslikka olib ketadigan narsalari ham ko‘p, soddaligidan kosa tagida turadigan nimkosalarni payqamay qolib, kulgu bo‘ladigan hollari ham ko‘p.
– Qani, tez kiyinib, oldimga tushing.
Uning yuragi “shuv” etib ketdi:
-Tinchlikmi? Nima gap o‘zi? Agar pochchang mening, guldek bolalarining yuziga oyoq qo‘yib, birontasiga ilakishgan bo‘lsa-yu, sen meni o‘sha joyga olib boraman, deyayotgan bo‘lsang, yaxshisi, ovora bo‘lmay qo‘ya qol, singlim. Bir kamim er quvib yurish emas.
O‘zini mardlikka olib, katta-katta gapirayotgan bo‘lsa ham, bir zumda uning tanglayi qotib, ayvonning ustuniga suyangancha o‘tirib qoldi. Ayni damda qimirlashga holi bo‘lmasa-da, o‘rnidan sakrab turib, eri undan afzal bilgan o‘sha ayolni, janjal qilib, yoqasidan olmasa ham, yuzma-yuz turib, uni bir bor ko‘rishdan istagi bilan yonayotgan edi: “Uning nimasi ortiq ekan?”
Havo rutubatli, bag‘rini qoramtir bulutlar mahv etgan osmon yig‘lab yuborishdan o‘zini zo‘rg‘a tiyib turgandek. Oyshaning eti junjikdi. Singil yo‘l bo‘yi bir og‘iz ham gapirmadi. Oysha ham indamadi, lekin yuragining tub–tubida nima bo‘lsa ham, bo‘ladigan hamma gap uning hayotini ostin–ustun qilib yuborishi aniqligini bilib borardi.
Ular shahar chetidagi kichkinagina hovli darvozasi oldida to‘xtadilar. Darvozani yetti yoshlardagi shiringina bolakay ochdi. Bola unga kimnidir eslatdi, to‘yqus xayoliga kelgan fikrdan seskanib ketdi, ha, bola Mansurining quyib qo‘ygan o‘zginasi edi. Bolakay ularning savollariga javob berib ulgurmasdan ayvon eshigi ochilib, yana bir bola ko‘rindi. Bunisi besh yoshlar chamasida edi, buning qosh–ko‘zi ham…
– Aka, ki–im?
– Mehmonlar, onamni so‘rashyapti. Onamni chaqirib yubo– orr.
Ayol juda yosh, takabbur va andishasiz edi. Ularni ko‘rib, yuzining bir tuki ham qilt etmadi. Na qo‘rqdi, va na uyaldi. Til uchida so‘rashib, ichkariga taklif qildi. Qaddi qomatini sirib, bor–yo‘g‘ini ko‘z–ko‘z qilib turgan tor xalat ichida sollonib yurib, ular kirgan xona yuzida yotgan ul–bul narsani yig‘ib, tartibga solgan bo‘ldi–da, so‘ng Oyshaning qarshisida turgan stulga kelib o‘tirdi:
– Kelinglar. Xo‘sh?..
Oysha singlisiga qaradi. Garchi hech qanday izohga hojat qolmagan bo‘lsa–da, ayni damda bepisand chimirilib turgan bu yuzsiz ayol bilan o‘zidan necha yosh kichik singlisining oldida tortishishdan uyaldi:
– Sen… chiqib tur, uka…
Singil qoshlarini kergancha bir zum yerga qarab turdi–da, so‘ng zardali qiyofada bir siltanib, tars–turs yurgancha, xonadan chiqib ketdi.
Xonaga yoqimsiz jimlik cho‘kdi. Bundan sado chiqavermagach, mezbonning o‘zi gap boshladi:
– Men siz bilan tortishib o‘tirishni istamayman. Ochig‘ini aytib qo‘ya qolay. Meni ayblashga hech kimning haqqi yo‘q. Bizning nikohimiz, bolalarimiz bor.
Ko‘rib turgan xiyonatni ham shunchalar bepisand bir ohangda eshitish og‘ir bo‘lar ekan. Oysha o‘zini yo‘qotib qo‘ydi:
– Siz… u bilan nikoh o‘qitishdan oldin, uning… xullas, bizning borligimizni bilmasmidingiz?
Ayol bo‘rsildoq qirmizi lablarining bir cheti bilan kulib, yelka uchirdi:
– Buning nima ahamiyati bor?
– Siz uchun nima ahamiyatli edi?
– U menga yoqadi va meni yaxshi ko‘radi, men uchun eng muhimi shu.
– U sizni yaxshi ko‘radimi?
Bu ahmoqona savol uning og‘zidan beixtiyor chiqib ketdi, va bu uchun uzoq yillar o‘zini kechira olmay yurdi.
Ayol yana masxaromuz kulib, yelka uchirdi. “Buni o‘zidan so‘rang!“ demoqchi bo‘ldimi… Oyshaning ko‘ksida pitirlab turgan jonsarak qush omonatini topshirib, oyoqlariga bosh qo‘ydi.
Shu bilan ularning gurungi tugagan edi. Yana nima desin, nimani so‘rasin, “Har tun ishda edim deb, siznikida yotarmidimi?“ desinmi?
Kerak emas!
U indamay o‘rnidan turdi. Uydan chiqayotib, ostonaning bir chetida eri kecha ertalab uydan kiyib chiqqan tuflini ko‘rdi: “Bo‘ldi!”.
Besarishta hovlining bir chetida singlisi qizib ketgan yog‘dek ko‘karib turardi:
–Ha?!
Oysha boshi bilan darvoza tomon ishora qildi:
– Bo‘ldi.
– Nima “bo‘ldi“? Nega “bo‘ladi“? Indamay haq–xalol nikohingizdagi eringizni bir fohishaga berib qo‘yaverasizmi? Hozir bu iflosning ko‘zini o‘zim o‘yib olaman, – u bir uzalib, ayolning yoqasini tutamladi. – Iflos, sen o‘zi kim bilan o‘ynashayapsan?!
Ayolning yuzidagi kibrli ifoda zarracha ham o‘zgarmadi:
– Hey, qo‘lingni ol! Tilingni ham tiy! Shunday qilamanki, umring sud bilan prokurorning eshigida o‘tadi. Mening uyimga bostirib kirib, menga qo‘l ko‘tarishga nima haqqing bor?
Oysha singlisining qo‘lini qattiq siltab tortdi:
– Qo‘yib yubor! Uning hech qanday aybi yo‘q. Hamma balo pochchangda.
– Ha, judayam to‘g‘ri, — ayol ijirg‘anib, yoqasini to‘g‘irlab oldi. — tanlash imkoniyati hamisha erkakka tan. Bilsang, opangni uning onasi tanlagan ekan, u esa meni tanladi.
– Yuzing qursin, fohisha! — Singil ayolning sud haqidagi gaplaridan biroz seskangan bo‘lsa–da, hali o‘zini bosib ololmagan edi.
– Alam qilayotgan bo‘lsa, o‘zingni os. Bu mening muammoim emas, – ayol ularning ortidan temir darvozani taraqlatib yopdi.
Uning chor-atrofida temir darvoza taraqlab yopilgandek bo‘ldi. Ko‘zlari na yerni, va na osmonni ko‘rardi. Xuddi kecha ko‘rgan tushidagidek qip-yalong‘och bo‘lib qolgan-u, hamma uni tomosha qilayotgandek. Odamlarning nazaridan tezroq qutilish uchun nafasi bug‘ziga tiqilgancha deyarli yugurib borar, lekin hech yo‘li unmasdi.
O‘sha kuni eri ishdan juda erta qaytdi, ikkita qora yelimxaltani to‘ldirib bozorlik qilgan edi. O‘sha payt Oysha bir amallab to‘shakdan turib, bolalariga tushlik uchun biron narsa hozirlash niyatida endi ovqatga unnagan edi. Hovlidan eshitilgan oyoq tovushlari oshxonaning ostonasida tinib, ingrab eshik ochildi. Oysha beixtiyor burilib, ortiga qaradi. Uni ko‘rib, erining rangi uchib ketdi, ammo hech narsadan bexabar, begunoh odamga o‘xshagisi keldimi, unga qarab iljaydi:
– Yaxshi o‘tiribsilarmi? Manavilarni qayerga qo‘yayin?
Oysha indamay, oldinga o‘grilib, yana piyoz to‘g‘rashda davom etdi. Eri yelimxaltalarni kiraverishdagi bo‘sh stolga qo‘yib, uning yoniga keldi, ohistagina yelkalaridan tutdi va bag‘riga bosib, quloqlariga shivirladi: “Men seni juda yaxshi ko‘raman“. U yelkalarini tortib olib, bir siltanib erining quchog‘idan chiqdi, shu paytgacha hech qachon bu odamning yuziga tik qaramagan edi, o‘sha dam bor andishani unutdi: “Siz meni tiriklayin yerga ko‘mdingiz, hayotimni barbod qildingiz! Bunga sizning haqqingiz yo‘q edi. Men ko‘rmidim, kar yoki sholmidim, tug‘mas bepushtmidim?! Men sizdan nafratlanaman! Ha, ha, nafratlanaman! Va men sizni hech qachon kechirmayman! Bundan keyin mendan hech narsa kutmang! Siz men uchun yo‘qsiz! Ha, ha, yo‘qsiz! Mening atrofimda aylanguvchi bo‘lmang!”. Uning nafrat to‘la ko‘zlaridan tirqirab yosh chiqib ketdi. Yuzlarini yengi bilan arta–arta ortiga o‘grilib oldi–da, zaxar-zaqqum piyozini shalop etkizib, qizib turgan yog‘ga tashladi.
Eri unga hech narsa demadi. Na o‘zini oqladi, na uni yupatdi. Haykaldek serrayib turib–turib, so‘ng hech narsa demay yelimxaltalarni muzlatkichga bo‘shatdi–da, indamay xonadan chiqib ketdi. “Qo‘rqqan! Ha, o‘zini osib–netib qo‘ygan bo‘lmasin tag‘in, deb o‘ylaganmi? Bolalarni ergashtirib, onasinikiga ketib qolgan, deb o‘ylagan bo‘lishi ham mumkin. Uydaligimni ko‘rib, hozir shang‘illab yoqamdan oladi, deb o‘ylagandir. Ko‘rdiki, hammasi joyida, ko‘ngli tinchidi. Oysha nafratlansa, nafratlanavermaydimi, mehri–muhabbati kerak bo‘lmagan xotinning nafratidan qo‘rqadimi? Indamay chiqib ketdi. Endi yoti–ib, televizor ko‘radi. Pastkash! Lekin, nega?! Nega?! Qaysi gunohlarim uchun?!“ U pastki lablarini qattiq qimtib, ko‘zlaridan duvullab quyilayotgan yoshlarni kaftining orqasi bilan artdi.
Ammo eri shunday deb o‘ylagan bo‘lsa, to‘g‘ri o‘ylagan edi. Yo‘l bo‘yi labi labiga tegmay, xotinboz pochchasini qarg‘ab kelayotgan singlisining gaplariga bir so‘z ham qo‘shmay ketib borarkan, “Hozir uyga boraman–u, og‘ilxonaga kirib, o‘zimni osaman, shu bilan hammasiga nuqta qo‘yiladi“, deb o‘ylardi. U juda toliqqan, quloqlari tinmay shang‘illar, singlisiga javoban bir so‘z aytmoqqa holi yo‘q edi. Uyga kelgach, singlisiga ham javob berib yubordi: “Sen boraver, pochchang bilan yakkama yakka gaplashib olishim kerak, Hozir telefon qilib chaqirtiraman“. Uyga kirgach, xonani ichidan zanjirlab oldi–da, yuzlarini yostiqqa bosib, to‘ygunicha bor ovozi bilan bo‘kirib yig‘ladi. Kelgan payti hovlida hech kim yo‘q edi. Singlisi bolalarini chaqirtirganmi, ikkalasi ham qayerdandir yetib kelib, eshik ortidan “Onajon, eshikni oching“ deb yig‘lay boshladi. So‘ng yig‘idan shishib ketgan ko‘zlarini shipga qadab yotib, bolalarining ertasini o‘yladi: “Guldek bolalari o‘sha ayolning qo‘lida qoladimi keyin…“. Yo‘q, yaxshisi, bolalarini olib, onasinikiga ketadi, ajrashadi”. Onasi esa shu kuniyoq iziga qaytarib yuboradi: “Hech qisi yo‘q, erkak kishi yuradiyam, qo‘yadiyam. Shunga ham ota go‘ri qozixonami? Bilsang, erkakniki qarqara, xotinniki masxara. Yo‘lda ilashgan yo‘lda qoladi. Bor, bolam, uyingga bor, issiq joyingni sovutma”. Shunday bo‘lgach, qayerga ham boradi. Onasi oldiga solib haydamasa ham, ikki bola bilan ota uyiga sig‘masligini yaxshi biladi. Kattasi biroz o‘zini tortib tursa–da, kichigi otasini juda yaxshi ko‘radi. Ha–ya, nega Komiljon hamisha begonalardek otasidan o‘zini tortib turadi? Uning… bu gaplardan xabari bo‘lganmikin? Ha, ha, maktabdagi bolalardan kimdir unga aytgan bo‘lishi ham mumkin. Bechora bolam!..
Ha, hamma bilgan. Kattalar ham, bolalar ham! Do‘stlari yuragini kuydirmaylik, deb aytishmagan bo‘lsa, dushmanlari battar bo‘lsin, deyishgandir… U esa, xudo bexabar inson, er, turmush deganlari shunday bo‘ladi, de-ye-b yuravergan.
U eriga o‘sha kuni ham, keyin ham boshqa hech narsa demadi. Eri kechqurun ishdan erta qaytadigan, bolalarini yoniga olib, birga dars qilib, erkalatib o‘tiradigan bo‘lib qoldi. Ammo bu narsa Oyshaning iztiroblarini zarracha kamaytirmadi: “Kuni bo‘yi o‘shanikida yotgandir cho‘zili–i–ib… Borgan kunimiz ham tuflisi uning ostonasida turgan edi-ku shumshayib…“
Singlisi onasiga suyunchilagan ekan. Bir borganida onasi yoniga olib, “Bolam, kechirimli bo‘l. Alloh kechirimli bandalarini suyadi, chunki uning o‘zi ham kechirimli zot”, dedi. Lekin u ko‘nglidagi kekni unuta olmadi. Ehtimol, eri yoniga o‘tirib, “Men xato qildim” yoki “Majbur bo‘lib qoldim, ko‘rib kelding-ku, u juda beandisha ayol, tashlab ketsam, meni yozib-chizib, ishdan oldirib tashlar edi. Endi, nima bo‘lsa, bo‘ldi, bo‘lgan narsa bo‘lib o‘tdi, boshqa bu ish bo‘lmaydi, orani ochdim”, demadi. Hatto “Bolalarim bor, ilojsizman. Meni kechir”, deyishga ham arzitmadi. Hech bo‘lmasa, ko‘ngli uchun, yolg‘ondan, uni ovutish uchun “U ayol sening bosgan izingga arzimaydi, o‘zi uchun emas, bolalar uchun borib-kelib turibman”, ham demadi. Ayol erining ishxonasida xodimlar bo‘limining boshlig‘i ekan, janjallardan keyin ham shu yerda ishlayverdi. Eri uni bo‘shatib yubormadi. Singlisi bir gapirgan ekan, “Opangiz qanday bo‘lsa, u ham shunday xotinim. Unda ham ikki o‘g‘lim bor”, deb to‘ng‘illabdi. Oysha bir umr ro‘zg‘orida o‘sha andishasiz ayolning sharpasini his etib yashadi. Bu juda-juda og‘ir edi.
Mansabdan ketgach, bir kun yana singlisi gap topib keldi: “Eringizning joyiga kelgan rahbar uni ishdan bo‘shatib yuboribdi. U esa eringizning javobini berib, Salim itxo‘r degan bir ahmoqqa erga tegibdi. Ana, ko‘rdingizmi, eringizning puli kamayib qolgan-da. Yangi erchasining it go‘shtidan ovqat qilib sotadigan oshxonasi bor ekan, o‘zi ham shu oshxonaga ishga kiribdi. Eringiz “ikkovingni ham o‘ldiraman” deb o‘dag‘aylagan ekan, “Qo‘lingni tort, sening yo‘lingni poylashdan charchadim, bu mening zakonniy erim, kecha–kunduz yonimda bo‘ladi”, debdi oyimchasi. Bir uy bo‘lsa, eringiz qilib berdi, uyning ichini mebel-u gilam bilan to‘ldirdi. Bolalar bor. Endi sizning sherikarli eringiz nimaga kerak? Itxo‘rga ham tayyor uy, bolalari tayyor xizmatkor, mazza-da. Eringiz sho‘rlik bir og‘iz ham gapira olmay, shumshayib qaytaveribdi. Ha, shunaqa, Yaratgan Egamning o‘zi vaqti–soati bilan hisobini to‘g‘irlab qo‘yar ekan, o‘shanda shu iflos ayol bilan yoqalashib yurmay, siz to‘g‘ri qilgan ekansiz. Endi pochchamiz sizdan battar jizg‘anak bo‘lib yurgandir, ikki o‘g‘il, qancha mol–u dunyosini bir itxo‘rga berib qo‘yish osonmi?“
“Ha–a, oson emas! Bir haftadan buyon rangi gezarib, har oqshom ichib kelishlari shundan ekan–da. Lekin sen hech xavotirlanma, bosh omon bo‘lsa, do‘ppi topiladi, o‘rgangan ko‘ngil, o‘rtansa qo‘ymas. Hali zamon yaralari bitib, yangisini topib oladi”.
Oysha yanglishmagan edi, eri besh-olti vaqt ishga vaqtida ketib, vaqtida kelib, topgan ermagi televizor bo‘lib qoldi. Unda–bunda Oyshaga ham tegajoqlik qilgan kishi bo‘lib, o‘zicha hazil–mazax ham qiladigan, ammo undan hech rag‘bat ko‘rmagach, yana eski holiga qaytib, qosh–qovog‘i uyulib qoladigan bo‘ldi. Lekin oradan ko‘p o‘tmay, yana “ishlari ko‘payib” qoldi… Bu safar unga darrov yetkazishdi: uch bolali bir beva ayol ekan. “Ko‘rsangiz, bir ko‘kko‘z ayol, qop-qora. Har oqshom nimadir ko‘tarib, shuning eshigidan kirib ketayotganini ko‘raman. Eringiz shuning nimasini yaxshi ko‘rdi ekan?”, “Har gulning o‘z hidi bor. Kaltakesakka boshqorong‘u bo‘lgan ayollarni eshitganman. U ayol kaltakesakdan yaxshidir?”, “Gapingiz ham bor bo‘lsin, Oyshaxon”.
Oysha katta bir maktabning direktori edi, yaxshimi–yomonmi yetmish –sakson muallim og‘ziga qarab turardi. Oilada ham to‘ng‘ich qiz bo‘lgani uchun ukalari, hatto ota–onasi ham uning fikri bilan hisoblashishardi, hamisha o‘zini ham, ko‘nglini ham extiyot qilishgan. O‘zi ham e’tiborga o‘rganib qolganidanmi, dilini og‘ritgan, ayniqsa g‘ururini toptagan insonlarni sira kechira olmas edi. Ba’zan o‘zining qahri qattiqligidan xafa bo‘lsa–da, hamma narsani orqaga tashlab, eri bilan haligi-boyagidek bo‘lib keta olmadi. Ayniqsa o‘sha kunlardan so‘ng tinimsiz qon bosimi ko‘tarilib ketadigan, yuragi sanchadigan odat chiqardi–yu, erining yaxshi–yomon gaplariga boshini og‘ritib o‘tirishni sira istamay qoldi: “Nima bo‘lganda ham bolalarim o‘z nonini o‘zi topib yeydigan bo‘lgunicha o‘lmay turayin“.
Yoshi elliklardan o‘tgach, eri ishdan tashqari hech qayerga chiqmay qo‘ydi. Shu paytgacha hech e’tibor qilmabdi, bu odamning umuman bordi-keldi qilib yurgan biron birodari yo‘q ekan. Uyda bekorchilikdan vaqt o‘tishi qiyin bo‘lgani uchunmi, keksaygan chog‘ida mehri tovlanib qoldimi, Oyshaning ko‘nglini topishga ko‘p urunardi.
U esa erining xushomadlarini hech xazm qila olmas edi. Balki, bu odamning gaplari xushomad emas, xatolarining pinhona iqrorlari va tazarrularidir, ammo endi Oysha bu haqda o‘ylab ko‘rishni ham istamas, barchasi nihoyatda bachkana, nosamimiy, soxta bo‘lib ko‘rinaverar, eri mijg‘ovlangan payt g‘ashi kelib ketaverardi.
Mana, hammasi o‘ti–ib ketdi. o‘sha kunlar ham, eri ham… O‘g‘illar ulg‘ayib, har qaysi har ishning boshidan tutdi. Komiljoni Toshkentda, Mansurbek otasining kasbini egalladi. Oysha uyda, ishlayversa bo‘lardi, birov unga “ket“ degani yo‘q, o‘zi ketdi, sog‘ligidan qiynaldi. Ba’zan bir oshiqcha harakat emas, bir og‘iz so‘zga qimirlashga holi bo‘lmay, qon bosimi oshib, yotib qolaverardi. Ilgari yarim tunlar uyg‘onganda, butun joni–tani yoqimli xuzur–halovatni his etgan bo‘lsa, endi ko‘pincha boshi og‘rib, ezilib yotgan bo‘ladi, tongga yetish juda qiyin kechadi. Ayniqsa, manavi kichkina kelinning huda–behudaga shang‘illayverishlari!..
Odatdagidek kelin kun yoyilib ketgandan keyin turdi. U turishi bilan shovqin-so‘ron boshlanadi. “Bo‘l, tezroq tur! Bo‘lmasa, o‘rningni o‘zing yig‘asan, men ishga borishim kerak. Senlarga qarab o‘tirishga vaqtim yo‘q! Bo‘ling, siz ham. Yarim kechagacha kino ko‘rasiz, sizda rejim degan narsa bo‘lmasa, kechasi uxlata olmayman, ertalab uyg‘ota olmayman. He, odam bo‘lmay keting!” va hakozo, hakozolar. Na o‘zlari nonushta qilishadi, na qaynona bilan bolalarga nonushta tayyorlanadi. Oysha kelinga-ku, hech narsa demaydi, faqat o‘g‘liga ichi achishib, “Bolam, bir piyola choy ichib ketsang, bo‘lmaydimi? Tushlikkacha och-nahor yurasanmi?”, desa ba’zan, o‘g‘li xotinining oldiga tushib, “Ishtaham yo‘q, onajon”, deydi-da, yugurgilab ishga jo‘nab qoladi.
Shunday holatlarni ko‘rib, o‘zining dilini siyoh qilmaslik uchun u ko‘chani bir aylanib kelib, xonasiga kirib ketdi. Kelinning ovozi tingach, oshxonaga chiqib, bolalarni ovqatlantirdi, o‘zi ovqatlandi, dorilarini ichdi, yeb-ichishgan dasturxonlarini yig‘ishtirgan bo‘ldi, shu bilan charchab qoldi. Xonasiga o‘tib, qo‘liga bir kitob olib, joyiga cho‘zilgan edi, darrov uyqu elitdi. Keyin o‘zining ustidan o‘zi kuldi: “Rostdan ham qaribsan, Oysha! Kampirlarni bejiz “mushuk uyqu” deyishmaydi, senga o‘xshab, bir pasda ko‘zi ilinadi, “tiq” etgan ovozdan uyg‘onib ketaveradi. Sen ham shu”.
…Kun tikkaga kelib, hovlidan baland poshna tuflining “taq–tuq” ovozi eshitilishi bilan yana uning kayfiyati buzildi. Kelin tushgacha maktabda dars beradi. Kelishi bilan… Goh bo‘sh turgan oftobalarni daranglatib hovliga otadi: “Shularni to‘ldirib qo‘ysanglar, o‘lasanlarmi?“, goh uch yashar qizchasini savalab tashlaydi: “Yalpayib yotmasdan, uyning yuzidagi narsalarni yig‘ib–terib, joy–joyiga qo‘ysanglar bo‘lmaydimi?“. Goh besh yashar o‘g‘ilchasini urib tashlaydi: “Hech bo‘lmasa, kirib chiqadigan ostonangni tartibga keltirib qo‘ysanglar bo‘lmaydimi? Oyoq kiyimlarning yotishini qara!” Oysha xola yoqasini tutamlaydi: “Yo, alhazar! Boya uyga kirguncha, bolalarga hamma joyni yig‘ib-terdirgan edi-ku. Bolasi tushmagurlar bir pasda hamma joyni yoyib tashlashibdi-da. Lekin rostdan ham oftobalarga qaramagan ekan. Bolasi tushmagurlar, suv bilan o‘ynashganmi? Yuvinishgandan so‘ng bo‘shab qolganmi?”.
Kelin anchadan so‘ng Oyshaning yoniga kirdi: “Ovqat yedilaringizmi?“ Har kun shu savol takrorlanadi. Aslida bu uning “Bekor yotib, bir qorningni to‘qlab o‘tirishni ham eplamadingmi?” degani edi. Oftobalar ham, uy yig‘ishtirmagan bolalar ham qaynona o‘lgur “bek–o–or yalpayib yotgani uchun” jazolanayotganligi ko‘rga ham ko‘rinib turgan narsa, ammo bir umr oyog‘i uzangida yurgan ayol bo‘lsa ham, birovning yuzini yirtib o‘rganmagan Oysha xola chuchuk og‘zini achchiq qilib bir narsa deyishni o‘ziga ep bilmaydi, “Bolasiga aytayapti–ku“ deb, o‘zini tinchitgan bo‘lar, indamay qo‘ya qolar edi. Bir narsa desa, bu kelin gapdan qoladigan anoyi emas, necha marta bir og‘iz gapga janjal ko‘tarib, ota-onasini chaqirib, tugunini tugib, bolalarni urib-so‘kib, yo‘lga chiqqan paytlari ham ko‘p bo‘lgan. Bu yog‘i, o‘g‘li ham juda bo‘shang. Xotinining sal qovog‘i uyulsa, o‘zini yo‘qotib, laycha itdek atrofida gigirtton bo‘lib qoladi. Buyam yetmagandek, onasiga “Iltimos, tinchgina yashaylik!” degan vaqtlari ham ko‘p bo‘lgan.
Urib bo‘lmas xo‘jani, so‘kib bo‘lmas xo‘jani. U chorasizlikdan juda siqilib ketdi.
Tunov kun kutulmaganda Xorazmdan kursdosh dugonasi qo‘ng‘iroq qilib qoldi. Uning ovozi ko‘ngliga jannat shabadasini olib kirganday bo‘ldi. Ular uzoq gaplashishdi: “O‘rtoqjon, ikki qizni oliy ma’lumotli qildim, yana ikkitasi institutda o‘qiyapti. O‘g‘limni ham Toshkentdagi iqtidorli bolalar litseyida o‘qitayapman. Ikkita do‘konim bor. Vaqt topginda, bir aylanib kel!“.
Ular juda yaqin dugona edilar. Besh yil bitta xonada yashashgan. Yoshlikning past-baland ko‘chalarida birga yurib, birga quvonib, birga yig‘lashgan. Juda mehribon, ko‘ngli ochiq qiz edi. O‘ttiz besh yildan buyon bir marta uchrashishmagan bo‘lsa–da, Xorazm deyishsa, uning yuragi hamisha bir hapqiradi. o‘sha tomonlardan kelgan birov–yarimni uchratib qolsa, albatta dugonasini surishtiradi, telefon raqamlarini ildirib, xat yozib berib yuboradi. “Kenja o‘g‘ilni ham uylantirib, tashvishlardan qutulib olsak, Xorazmga ketaman. Mohinurning uyiga borib, o‘n kun boshimni boshiga qo‘yib, dardlarimni to‘kib, yig‘lab–yig‘lab, yuraklarimni bo‘shatib kelaman“. Kenjasini uylantirishganiga ham olti yil bo‘ldi, “Ha, yo‘l bo‘lsin“, deb oldiga ko‘ndalang bo‘lib turadigan erni ham egasiga topshirdi, ortida yig‘lab qoladigani ham yo‘q, o‘zi nafaqaga chiqdi, bunday qaraganda, endi ozod qush! Ammo egar–jabdug‘ini sozlab, yo‘lga chiqishi qiyin bo‘ldi. Shu bir parcha kelinning rejasi sira tugamaydi: salkam bir yillik nafaqasi issiqxona qurilishiga ketdi, xuddi issiqxonada ishlab, bir narsani do‘ndiradigandek. “Issiqxonaning mehnati oson emas, unda kim ishlaydi, ering ertalabdan kechgacha ishda bo‘lsa?” desa, “Limon ekib qo‘yamiz, unga mehnatning umuman keragi yo‘q, yilda bir marta bog‘bon olib kelib, butoqlatib qo‘yilsa, bas. Bizning uydagi limonariyani ko‘rganmisiz, kirsangiz, chiqqingiz kelmaydi. Dadamlar har yili tonnalab limon sotishadi”, deb turib oldi. Keyingi yiliga dod-voylab, binoyidek darvozaning o‘rniga yangi urf bo‘lgan “modniy” deb, olti million so‘mlik darvozadan qo‘ndirdi. “O‘g‘lingizning ishxonasidagilar keladi, kulib ketishmasin“ degan bahona bilan mehmonxonaning mebellarini, gilamlarini, pardalarini yangiladi. Xullas, hali u, hali bu… O‘g‘il ham xotininikini ma’qullaydi: “Onajon, jonim sizniki–ku, shu arzimas nafaqangizni qizg‘onib, qovog‘ingizni uymang. Iltimos! Yeb-ichib o‘tirgan bo‘lsangiz, dorilaringizni olib kelib berayotgan bo‘lsam. Boshqa xarajatlaringiz bo‘lsa ham, aytavering. Qilib bermagan, nomard!“. “Mayli, bolam, lekin juda nafslaring ochilib ketayapti–da. Odamzod bir umr yig‘ib–terib erishadigan xashamlarga bir kunda erishgilaring kelayotgani to‘g‘ri emas–da, baribir. Mening ham qo‘limda bir so‘m–ikki so‘m pul turishi kerak. Unga–bunga kerak bo‘lib turadi“. “Ona–a! So‘rang! Qachon sizga yo‘q deganman? Beraman!“ Ammo u o‘g‘lidan hech qachon pul so‘ramasdi. “Endi, bo‘ldi! Aravalarini qanday qilib tortsa, shunday qilib tortaverishsin. Men Xorazmga ketaman. Agar bu yil bormasam, keyin hech qachon bora olmayman. Oyoq–qo‘ldan mador ketdi, bu yog‘i yurak qiynayapti…”
Balki dugonasi uni “kelib o‘tirarmidi?” deb shunchaki taklif qilgandir Qo‘qon manzirat qilib… U bo‘lsa…
Kechki ovqatning ustida qarorini e’lon qildi:
– Meni xorazmlik dugonam uyiga taklif qilayapti. Yozdagi nafaqalarimni yig‘ib, kuzning boshida Xorazmga ketaman.
Kelin “yalt” etib, uning yuziga qaradi:
–Nega kuzda? Yozda boring, men ta’tilda bo‘laman. Siz kuzda ketsangiz, bolalarga kim qaraydi?
Aslida qarorini kelin ham boxabar bo‘lib qo‘ysin deb dasturxon ustida aytgan bo‘lsa–da, uning andishasizligi jahlini chiqardi. Kelinga uqrayib qaradi:
– Otasini katta qilib, vazifamni bajarib bo‘lganman. Bolalarni nima qilish – bu sizlarning muammolaringiz. Ana, davlatning bog‘chasi bor, elning bolasi qatnab yotibdi. Bog‘chaga berasizlar.
Endi kelin oshkora chimirildi:
– Voy, xo‘–o‘–o‘p, bir balo qilarmiz. Nafaqadagi odamga kuzda bordi nima, yozda bordi nima, deyman–da. o‘sha bog‘chaga beradigan pulni ro‘zg‘orning biron teshigiga yamoq qilardik. Mayli, siz ixtiyori o‘zida odamsiz.
U ko‘ksiga birov musht tushirgandek bir qalqib ketdi. Bolasi tengi kelinning gaplari suyak-suyagidan o‘tib ketdi, bu safar har doimgidek andisha qilib, ichiga yutib qo‘yishning ilojini qila olmadi. Qo‘lidagi piyolani to‘q etkizib, dasturxonga qo‘ydi-da, kelinga yuzlandi:
-Hay, kelin! – U chin qaxrlangan paytlardagina shunday deb murojaat qilardi. – Sen menga hech qachon iddoa qilib gapirma, bunday gapirishga umuman haqqing yo‘q. Boshingga el qatori bir uy qurib, hovli-joyingni qilib, yoningga oliy ma’lumotli o‘g‘limni qo‘yib, kamiga bolangga qarab, shuncha yildan beri topganimni o‘rtaga qo‘yib o‘tiribman. Menda sening bir tiyinlik haqqing qolgani yo‘q. Qachon xohlasam, o‘sha payt sayohatga chiqaman. Ro‘zg‘or xaltang to‘lmayotgan bo‘lsa, to‘rva ko‘tarib, ko‘chaga chiq.
-Ona-a! – Mansur tobora jazavaga tushib borayotgan onasini murosaga chaqirish uchun yolvorishga tushdi. – Onajon, iltimos, keragi yo‘q.
Oysha ayb ish qilib qo‘ygan go‘dakdek jovdirab turgan o‘g‘li tomonga qarab ham qo‘ymadi:
-Sen jim o‘tir. – ayni paytda kelinini yeb-yutib yuborgudek vajohati bor edi. – Indamagan sayin o‘zingdan ketasan. Ie, bu dunyoda kimning ro‘zg‘or xaltasi to‘lib-toshib ketgan ekan. Hali unga ko‘ngling ketadi, hali bunga. Odamda ozgina uyat ham bo‘lishi kerak. Sening kamingni butlash mening muammoim emas. Boshingda ering bor, o‘zing ham oyoq-qo‘li but oliy ma’lumotli odamsan. Aravangni qanday xohlasang, shunday tortaver. Bordi-yu, berayotgan yarim kosa ovqatingni minnat qilayotgan bo‘lsang, shu bugundan boshlab, qozonimni bo‘lak qilaman. Bir ovqat bo‘lsa, oydinda oyog‘im bilan qilaman. Qayerga borsang, qaynonaning nomi kerak, Oysha Omonovnaning keliniman, deb ish bitkazasan. Bu yerga kelib, itdek beizzat qilasan. Men sening iddoangni emas, tovushingni ham eshitishni istamayman. Tushundingmi?
Kelin rangi gezarib, qaynonasining og‘ziga qarab turib-turib, so‘ng bir og‘iz ham gapirmasdan o‘rnidan sakrab turdi-da, ichkariga kirib ketdi.
Oyshaning fe’l-atvorida jangarilik bo‘lmagani bilindi, yuragi tez-tez urib, qo‘llari qaltirab qoldi. Lekin birdan yengil tortdi. Bolalar bir momosiga, bir otasiga qarab, indamay ovqat yeyishga tutinishdi. O‘rtaga tushgan sovuq jimlikni anchadan so‘ng Mansurbek buzdi:
-Bekor qildingiz-da, ona! – U ovozini birov eshitib qolishidan cho‘chigandek, shivirlabgina gapirardi. – Bilasiz-ku, bu boshqa kelinlarga o‘xshab, qaynonam gapirdi-ya, deb ko‘z yosh qilib o‘tirmaydi, hozir otasiga telefon qiladi. Otasiniyam bilasiz, bir og‘iz gapga chopib keladi, so‘ng nega unday dedingiz, nega bunday dedingiz, degan muhokama boshlanadi. Ikki o‘rtada ikkovimizning ham yuzimiz qora, dilimiz xira, bu kishim oppoq bo‘lib chiqadi. Sizdan iltimos, shu bilan teng bo‘lib, ham o‘zingizning, ham mening tinchimni buzmang. Bu baribir o‘zgarmaydi.
Oysha hamon qaltirog‘i bosilmagan qo‘llarini xontaxtaning tagiga tiqib, o‘g‘lining iltijo bilan termulib turgan ko‘zlariga qaradi. O‘g‘liga rahmi kelib ketdi:
-Otasiga telefon qilsa, undan nari. Men va mening uyim yoqmayotgan bo‘lsam, qiziga qo‘shib, seni ham olib ketsin. Uf-f… Lekin bolam, bu ketishda ro‘zg‘orimni bo‘lak qilib olmasam bo‘lmaydi, shekilli. Ne bir alloma ayollarning qarigan chog‘ida uy-joyini o‘g‘il bilan kelinga tashlab, yolg‘iz o‘zi ko‘p qavatli uylardan joy qilib, chiqib ketganini bilaman. Kelinga qolgan kuning keliga qolgan kuning, deb bekorga aytishmagan. Keli nimaligini bilasanmi, tolqon qiladigan o‘g‘ir. Bolalaring bor, qo‘sha qari, iloyo. Ro‘zg‘oringni buzish niyatim yo‘q. Lekin bundan buyon mening nafaqamni butunlay unut. Xotiningning qanday ohangda gapirayotganini ko‘rayapsanmi? Ham pul bersam, ham bolalaringni qarab o‘tirsam. Qaynona degan otim bor. Andishaning otini qo‘rqoq qo‘yayapti bu kelin. Sizlarda bor orzu-havas, menda yo‘qmi? Umrimning ko‘pi o‘tib, ozi qoldi, eru-xotin topganimizni o‘rtaga qo‘yib, ikkovingni ham oliy ma’lumotli qildik, uy qurib berdik, orzu-havas bilan to‘ylar qilib uylantirdik, kami qolmadi, endi topgan pulimni o‘zimga sarflayman. Masalan, O‘zbekiston bo‘ylab sayoxatga chiqaman. Hamma viloyatlarda kursdosh dugonalarim bor, mehmonxonaga tushib, gid-pid qilib yurishim shart emas, o‘zlari joy qilib berishadi, aylantirishadi.
Kelinning yuziga achchiq-achchiq gapirib, bo‘ynini yaxshigina qayirib qo‘yganidan yengil tortgan bo‘lsa-da, o‘g‘lining shumshayib qolganidan ko‘ngli xijil bo‘ldi. Xonasiga kirib, chiroqni ham yoqmasdan xuftonni o‘qidi, so‘ng karavotiga cho‘zildi. Singlisiga qo‘ng‘iroq qilib, xasratlashgisi keldi. Qo‘liga telefonini olib, yana ikkilandi. Unga hozir bir narsa deb bo‘lmaydi. O‘tgan hafta qarz so‘rab kelganida, topib bera olmagan edi. Bechoraning o‘g‘li kasal, bir buyrak bilan tug‘ilgan. Shu yagona buyrakda ham tosh paydo bo‘lib, azobginasini berdi. Uch yil avval bu yerning duxtirlariga ishonmay, Toshkentga olib borib, operatsiya qildirib kelgan edi. O‘shanda operatsiyasiga amal taqal qilib, biroz yordam qildi. Operatsiyadan keyin toshi olinib, tikilganligi oqibatida yagona buyrak ham kichrayib, bolada kuchli buyrak yetishmovchiligi paydo bo‘libdi. Ona sho‘rlik har yili ikki martadan o‘g‘ilni Toshkentga olib borib, katta duxtirlarga ko‘rsatib, davolatib qaytadi, lekin bolaning ahvolida sira o‘nglanish yo‘q. Har borganida bolada yangi-yangi kasalliklar aniqlanadi, bu kasalliklar uchun yangidan qimmat-qimmat dorilar yoziladi. Ona sho‘rlik yemaydi-ichmaydi, boshqa bolalarining rizqini qiyib bo‘lsa-da, shu bolasi uchun dori-darmon olib keladi, duxtir yozib bergan vaqtidan bir daqiqa ham kechiktirmasdan, bolasining boshidan turib ichiradi. Bolaning ahvoli esa o‘sha-o‘sha, kundan kunga orqaga qarab ketsa ketayaptiki, hech oldinga siljish yo‘q. Endi sho‘rlik ona, yana bolamning ahvoli yomon, katta duxtirlarga olib bormasam bo‘lmaydi, deb zorlanib bolu pari to‘kilib turibdi. Ular bu safar hamma pulni darvozaga sarflashgan edi… Amir Olimxon saroyining darvozasidek savlat to‘kib turgan darvozasi uchun singlisidan uyaldi, bechora singilning o‘g‘li o‘lim bilan olishib, singlisi dorilariga pul topa olmay, ezilib adoyi tamom bo‘lib yuribdi, bu… Ammo nima bo‘lganda ham o‘g‘li bilan kelinidan nolib, o‘zini oqlashni ep bilmadi. O‘sha kuni singil ham shoshib turganmidi, yoki bor umidi yo‘qqa chiqqani uchun yig‘lab yuborishdan qo‘rqdimi, harqalay uning uzrlarini eshitgisi ham kelmadi, ko‘zlarini olib qochdi. U chaynalib, “Guli, hozir sira ham ilojim yo‘q-da”, degan edi, shartta opasining gapini bo‘lib, o‘rnidan turdi: “Bilaman, opa, bilaman, sizga ham qiyin. Mayli, o‘zim bir narsa qilarman. Nima bo‘lganda ham bolam Toshkentga borib, bir davolanib kelmasa bo‘lmaydi. Xo‘p, yaxshi qoling“.

XX XX XX

Ota tomondan uzoqroq qarindosh bo‘lgan bir befarzand ayol bor edi. Ba’zan to‘y–tomoshalarda duch kelishganda “Opa” deb so‘rashishsa, “ Hoy, nega opa deysan, amma degin meni, men ammangman” deb yurardi. O‘zi ishbilarmon, tuman markazida yemakxonasi bor, aytishlaricha, somsa bilan muzqaymoqning zo‘ri o‘sha yemakxonada emish. Gulnora uch–to‘rt eshikni sanagandan so‘ng noiloj “amma”ning yoniga bordi. Uning ko‘nglida zaifgina miltillab turgan so‘nggi ilinj shu ayoldan edi: “Badavlat ayol, yetkaza olmay yotgan bola–chaqasi bo‘lmasa. Qarz bermoq sadaqa bermoqdan ham savobliroq–ku. “Yo‘q”, demas”. Lekin “amma”ning qovog‘iga qarab, o‘sha zo‘rg‘a lipillab turgan umid uchquni ham lip etib o‘chib qoldi, ammo shartta ortiga burilib qaytib keta olmadi. “Amma” uni chekkaroqdagi stollardan biriga taklif qildi–da, xizmat qilib yurgan qizga bitta somsa bilan bitta muzqaymoq buyurdi. Qiz Gulnoraning “Yo‘–yo‘q, hech narsa kerak emas” deganini eshitib, savol nazari bilan bekasiga qaradi. Beka Gulnorani ortiq qistab o‘tirmadi, xizmatchisiga qaramasdan qo‘l siltadi: “Boraver”.
– Ha, tinchlikmi?
Gulnora bir zum ikkilanib qoldi. Tilining uchiga qadalib turgan o‘tinchini aytmayin, dedi, shuncha odamdan chiqmagan qarz umri bola-chaqa g‘ami–tashvishidan, quvonchidan bexabar o‘tib ketayotgan shu befarzand ayoldan chiqarmidi, dedi. Lekin uning ixtiyori allaqachon o‘zidan ketgan edi. Qanday qilib bo‘lsa ham, qayerdan, kimdan bo‘lsa ham pul topishi, to‘ygacha o‘g‘lini bir davolatib qaytishi kerak!
– Shu–u, ammajon, menga… ozroq pul kerak edi, to‘y belgilab qo‘yganmiz, o‘g‘limni uylantirayapmiz, ungacha uni Toshkentga olib borib, bir davolatib kelmoqchi edim… Shu–u, ikki xarajatimiz bir kelib qolib…
U yana allanimalar deb g‘uldiradi, ammo aytayotgan gaplarini na o‘zi, na amma tushunmadi. Lekin ko‘rdiki, ammaning osilib turgan go‘shtdor qovoqlari ustidagi qalin qoshlari norozi chimirildi:
– Qaysi o‘g‘lingni uylantirayapsan? Anavi kasalmand o‘g‘ilnimi?
Gulnora gunohkordek yerga qaradi.
– Ay–yay–yay, o‘zing bir o‘qimishli ayol bo‘lsang, birovning gulday qizini juvonmarg qilib, nima qilasan? Uning ham ota–onasi ne bir orzu-umidlar bilan farzand o‘stirgandir… Xudo ko‘rsatmasin-u, erta bir kun bolang butunlay yotib qolsa, kelinga nima javob aytasan?
Rad javobidan qo‘rqib o‘tirgan Gulnora bunday ta’nani sira kutmagan edi, yerga tikilgan kuyi bir zum jim qoldi, shu beshafqat, beandisha ayolning oldida yig‘lab yuborishdan qo‘rqdi, bug‘ziga tiqilgan ko‘z yoshlarini bir amallab ichga yutdi, so‘ng ilkis bosh ko‘tarib, amma bo‘lmishning ko‘zlariga qaradi:
– Amma, bilsangiz, men ham ko‘p orzu–umidlar bilan farzand o‘stirganman. Mening o‘g‘lim ham hamma kabi sevib–sevilishga, chimildiqqa kirib, kuyov bo‘lishga yuz karra haqqi bor. Qolaversa, men kelin tomondan hech narsani yashirganim yo‘q, bolamning buyragi kasal, deb ochiq aytganman. Ular bir–birlarini yaxshi ko‘rishadi. Qizning o‘zi tegaman, deb turgandan keyin, olib bermay nima qilaman?
– Baribir–da, – amma hamon tanglay qoqib, uni izza qilayotgandek bosh chayqardi. – Buyrak kasal bilan buyrak kasalning farqi bor–da, Guli! Mana, mening ham buyragim og‘riydi, qovoqlarimning shishib ketganiga qara, lekin men sening o‘g‘lingga o‘xshab, har olti oyda Toshkentda yotib, muolija olib yurmayman–ku. Menga nogironlik nafaqasi ham berishmaydi. Sen, mendan xapa bo‘lib yurmagin-u, avva–a–al duxtirlardan bir so‘ra, o‘zi o‘g‘lingga uylanish mumkinmi–yo‘qmi?
Gulnora ilon chaqqandek sapchib o‘rnidan turdi, uning rangi qumdek oqarib ketgan edi:
– Mayli, amma, ming bor uzr. Men boray, rahmat sizga.
Amma bo‘lmish bahaybat gavdasiga xos bo‘lmagan chaqqonlik bilan o‘rnidan turib, uning bilagidan tutdi:
– Hay jiyan, sen bekorga munday xapa bo‘lma, o‘zimniki bo‘lganing uchun, ichim achiganidan gapirayapman bu gaplarni senga. Falon pul sarflab, to‘y qilib, so‘ng… pulingga kuyib qolma, deyman–da. Pul o‘lgur o‘zi kelsa ekan. Ming mashaqqat bilan topasan, o‘ylamay ishlatsang, bir pasda ajralasan–qolasan. Hozir–ku, menda ham pul yo‘q edi, bilasan–ku, men pul saqlamayman, pulim odamlarda yuradi, pulim pul topadi. Lekin sen mendan bekorga xapa bo‘layapsan. Mening odatim shunaqa, odamlarga o‘xshab, unday emish, bunday emish, deb kerib-cho‘zib, orqasidan gapirib yurmayman, ko‘nglimga kelganini yuziga aytaman–qo‘yaman.
Gulnora bir siltanib, bilagini amma bo‘lmishning qo‘lidan bo‘shatib oldi–da, xayr–ma’zurni ham nasiya qilgancha, yemakxonadan chiqib ketdi.
Havo juda issiq va dim edi. Bu issiqdan loxas bo‘lgan butun borliq harakatsiz, havoda muallaq qotib qolgandek tuyulardi. Gulnora avtobusdan tushib, xuvullab yotgan kimsasiz yo‘l bo‘ylab yugurib borarkan, o‘zi ham harakatsiz holatga tushib qolgandek, o‘zini yeb–yutib har qancha oldinga intilsa ham nazarida yo‘li sira unmas edi.
Uni ko‘rib, o‘g‘li qo‘rqib ketdi:
– Tinchlikmi, ona?
U bir entikib, o‘g‘lini bag‘riga bosdi. Deraza yonida turgan eski divanga o‘tirib, qo‘lidagi sochiqcha bilan terlarini sidirib tashladi:
– O‘zing tinchmisan, bolam? – u yoniga kelib o‘tirgan o‘g‘lining sarg‘ayib ketgan yuzlarini siladi. – Hech qayering og‘rimayaptimi? Biron narsa yedingmi?
O‘g‘il ham go‘daklikdan xasta bo‘lgani uchunmi qiz boladek onasiga suykalib o‘tirishga odatlanib qolgan edi. Hozir ham onasining pinjiga kirib, oriq qo‘llari bilan yelkasidan oldi:
– Ha, bitta bodring, ozroq non yedim.
Gulnora tutab ketdi:
– Voy, bolam–yey, bitta bodring ham ovqatmi? Uch kundan beri hech narsa yeganing yo‘q-ku. Singling qani, biron narsa pishirib bermadimi?
O‘g‘il bosh chayqadi:
– U maktabiga ketdi, shekilli. Mening sira ishtaham yo‘q, ona, hech narsa yegim kelmayapti.
– Uf–f! – Uning fig‘oni falakka chiqib ketdi. — Kasallik bilan kurashish uchun ham ozgina kuch kerak–ku odamga. Bu ahvolda kasallik butunlay yengib oladi-ku seni. Ay, bolam–a, meni adoyi tamom qilmoqchimisan? A? Adoyi tamom qilmoqchimisan? O‘zingni majburlab bo‘lsa ham tez–tez, kam–kamdan bir narsalar yeb yurishing kerak, deyman–ku senga. E–e!.. Dorilaringni ichdingmi?
– Onajon, buncha vahima qildingiz–yey! O‘t o‘chiruvchi mashinaga o‘xshaysiz. Turishingiz vahima. Qornim to‘q, dorilarimni ichdim, ahvolim yaxshi – otdekman. Eshikdan kelishingiz bilan hamma tomonni ag‘dar–to‘ntar qilib tashlaysiz–a! Men sizga yosh bolamanmi? – o‘zicha erkalanib tumtayib oldi.
Gulnora yonboshida turgan sumkachasini kovlab, ikki qog‘oz dori oldi:
– Prorenal–chi?
– Ichdim.
– Qayerdan ichding? Mening hisobim bo‘yicha prorenaling kecha kechqurun tugashi kerak edi, uyda o‘tirgan holingda qayerdan topib ichding?
– Iqtisod qilingan joylari bor edi-da… – siniqqina jilmaydi Azizbek.
– Bolam, bolajonim, sen dard bilan o‘ynashma. Do‘xtir nima dedi, agar yashashni istasang, dorilarni vaqtida, aytilgan miqdorda ichish kerak, dedi. Pul, dori topiladi, ammo senga biror narsa bo‘ladigan bo‘lsa, keyin… mening ham hayotim shu nuqtada to‘xtaydi. Eshitayapsanmi, to‘xtaydi! Keyin sensiz, mensiz ukalaring nima qilishadi? Shunday bo‘lishini xoxlamasang, o‘zingni majburlab bo‘lsa–da, biron narsalar yegin, dorilaringni ich.
– Xo‘p, onajon.
Gulnora og‘ir xo‘rsinib o‘rnidan turdi:
– Sen dam olib tura tur, men hozir ust–boshimni almashtirib, senga ajoyib bir ovqat tayyorlab tashlayman. Anavi qizi qurg‘ur repititoriga ketgan, shekilli? Ha, o‘zim bo‘lmasam, hech bir ish ko‘ngildagidek bo‘lmaydi.
Bundan ikki yil avval yotishganda bolani to‘liq parhezga o‘tirg‘izib, prorenal degan dori yozib bergan edi. Bu qurg‘urning bir donasi uch ming so‘m turadi, kuniga uch mahal ikkitadan ichish kerak. Bir amallab o‘ttiz ming so‘m to‘plab, bir quti olib kelishadi, u esa bir yarim kunda tugab turadi. Shunda ham ahvoli o‘nglanavermagan edi, do‘xtir to‘rt mahaldan ichishni buyurdi. Bu yog‘i tinimsiz qon bosimi oshaveradi, oldiniga donasi bir yarim ming so‘mlik lorista degan dori ichar edi, u foyda qilmay qo‘ygach, ekvator degan dori yozib berishdi, uning donasi ikki yarim ming turar ekan, kuniga uch mahal ichsin, dedi. E-e!.. Osh– ovqatdan tashqari shu dorilarning o‘ziga har oyda ikki millionga yaqin pul ketadi… Eri–xotinning topgani esa bir millionga ham yetmaydi… Yana, o‘g‘liga beriladigan arzimas nafaqa… Eri ham bir bo‘shang odam, davlatning ishida maoshni kutib shalpayi–ib yuraveradi. Bozorda o‘tiradigan opangizning yoniga o‘tib, savdo qiling, deb, shuncha tavolla qildi, unamadi. Sakkiz yildan beri qo‘lga ilashadigan bor narsalarini sotib yo‘q qilishdi. Na mol–hol qoldi, na g‘isht, na temir–tersak… Endi na sotiladigan narsa, na avvalgi iroda qolgan, avvallari qarz so‘rashdan bunchalar iymanmas edi, endi o‘g‘lining dorisi tugab, qo‘lida puli bo‘lmasa, ko‘z oldi zim–ziyo zimistonga aylanib qoladi. Pulsiz qolgan damlar och–nahor holida qarz so‘rash uchun poyi–piyoda necha chaqirim yo‘l bosib akasinikiga yoki opasinikiga borib, yana so‘ray olmay qaytib kelgan paytlari ko‘p bo‘lgan. Qarz so‘rash uchun eng qulay yo‘l telefon ekan, telefonda “yo‘q” deyishsa, “mayli, mayli, uzr” deysan–u, go‘shakni bosib qo‘ya qolasan, alam va ilojsizlikdan duvullab to‘kilgan ko‘z yoshlaringni hech kim ko‘rmaydi.
To‘y xarajatlari qo‘shimcha tashvish bo‘ldi. Bir tomondan o‘g‘lining kimnidir sevib qolgani, kuyov bo‘lib go‘shangalarga kirishi uni suyuntirgan bo‘lsa, lekin oilaning shu ahvolida kelinga, quda–andalarga sarpo–suruq qilib, to‘y o‘tkazish hazil gap emas–da. Quda tomon ham juda sodda odamlar ekan, kelib, surushtirib–netib ham yurishmadi, yuborgan narsalarining unisi kam, bunisi kam deb tixirlik qilib o‘tirishmadi, o‘zlariga tashlab qo‘yishdi. Shunda ham bularga qiyin, juda qiyin edi. Yordam berishi mumkin bo‘lgan qarindosh–urug‘lar ham shuncha yillar davomida beradigan yordamlarini berib bo‘lishdi. Hammaning o‘z ro‘zg‘ori, tashvishi bor, ha deb tirg‘alaverish ham yaxshi emas. Ha, boringki, to‘y boshlashibdi deb, ozmi–ko‘pmi yordam ham qilishar, ammo birov bergan besh–olti so‘m pul bilan to‘y o‘tkazib bo‘ladimi? Buning ustiga bolaning rangi kundan kunga zarg‘aldakdek sarg‘ayib, so‘lib borayapti, umuman hech narsa yemaydi, duxtirlar buyrak ishlamagani uchun qonida zaxarli modda ko‘payib ketgach, ishtahasi yo‘qoladi, prorenalni uzmay ichib yurish kerak, parhez, parhez, qat’iy parhezda bo‘lishi kerak, degan edi. Juda parhezga rioya qila olishmasa ham, prorenalini uzmay berib turibdi, lekin ahvoli yaxshi emas. Nima bo‘lganda ham to‘ygacha bir davolatib olmasa bo‘lmaydi… Buning ustiga ancha-muncha qarzlari ham bor.
Uyda bir siqimgina guruch bor ekan, uni qaynatdi, to‘rttagina makaronni dimlab, qaylaning yoniga qo‘ydi, duxtirlar yemasin degan bo‘lsa ham bemaza bo‘lib qolmasin deb, ozroq tuz soldi, likopchaning bir chetiga bir qoshiq suzma soldi, hammasining ustiga bir chimdim ko‘kat sepgan edi, bir chiroyli ovqat bo‘ldi, ammo koshki edi bu taomni o‘g‘li yesa!..
Xuddi o‘ylaganidek bo‘ldi, Azizbek onasi ne xasratda tayyorlagan ovqatdan bir qoshiq ham yemadi. Gulnoraning esa beradigan boshqa hech narsasi yo‘q edi, uyda oilaning umumiy qozoni qaynamaganiga bir haftadan oshdi. U o‘g‘lining ovqatga qarab burishgan yuzini ko‘rib, har doimgidek o‘zini qayoqqa urishni bilmay qoldi:
– Bolam, bolajonim! Ikki qoshiqqina yegin, och qoringa dori icha olmaysan–ku axir! Yeya qol, iltimos, jon bolam.
Ammo Azizbek baribir yemadi:
– Onajon, ko‘nglim aynib, qayt qilgim kelib turibdi. Yeya olmayman-da. Dorining tagidan bir burda non yeb qo‘ya qolaman, xafa bo‘lmang, maylimi?
Gulnora ikki bo‘lak non bilan o‘g‘li yaxshi ko‘radigan chuqur finjonni to‘ldirib suv olib keldi. Keyin o‘g‘lining yonida o‘tirib, uning ijirg‘anibgina non kavshab, suv xo‘plashini kuzata boshladi. Tavba, ilojsizlikdan toliqqan paytlaringda bolangning istaklari, injiqlari ham malol kelib ketar ekan–a!.. Bundan uch oy avval o‘g‘li Toshkentdan qaytayotib qashqadaryolik bir qiz bilan qanday tanishib qolgani–yu, zerikkanda bir–birlarini yo‘qlab turishlari muhabbatga aylangani va qizga ko‘ngil yorsa, u ham rozi ekanligi, endi uylansammikin degan fikrga kelganini aytganida suyunib ketgan edi. Endi o‘g‘lining ahvoli og‘irlashib, uyda bir so‘m bo‘lmagani holda, xarajatlar kundan kunga ortib borayotgan bir paytda to‘y chiqimlari qo‘shimcha bo‘lgani, qarz izlab, hech kimdan topa olmagani ko‘nglini muzlatib yubordimi, shu o‘tirishida bolasining injiqliklari, yo‘q joydan qiz topib, uylanmoqchi bo‘lib, shusiz ham necha yildan buyon boshi tashvishdan chiqmay yotgan ota–onasini tashvishga qo‘ygani astoydil malol keldi. Qiz o‘lgur ham bir imoga zor bo‘lib yurgan ekanmi, kecha kunduzi bilan telefonni tindirmaydi. Telefoni jiringlab qolgan payt qay ahvolda yotgan bo‘lsa ham sapchib o‘rnidan turib, ichkari xonaga kirib ketadi, olamjahon vaqt o‘tgach, bir shirin narsa yeb, lazzatlangandek jilmayib chiqib keladi. “O‘-o‘, tavbangdan ketay, bor–yo‘g‘i to‘rt marta uchrashgan odam bilan shuncha vaqt nimani gaplashish mumkin–a?” Telefon qurg‘ur ham o‘zi ishlayversa ekan, uyam pul yeydi!
Yana “mayli” deydi, “Bechora bolam bu dunyoga kelib nimani ko‘rdi, necha yillik umri qoldi, shugina xarajatlar bilan ko‘ngli ravshan tortib, xuzur–halovat topsa, mayli, pulni ham bir amallarmiz. Bir kun kelib “Bolam, qiz topgan edi, to‘rt–besh so‘m pulni qizg‘onib, shuginaning ra’yiga qaramadim, holbuki uni uylantirish bizning vazifamiz edi” deb armon qilib yurgandan ko‘ra uylantirsak, uylantira qolaylik”, deb o‘zicha chora izlaydi. Ammo qani o‘sha chora?! Opasi ham pulim yo‘q, dedi. Binoyidek darvozasini olib tashlab, Amir Olimxonning saroyining darvozasidek darvoza qurdirgan, o‘zi yana Toshkent–u Xorazm qilib, sayohatga chiqmoqchi… Dimog‘i achishib, qaroqlariga duvullab yosh keldi, yig‘lab yubormaslik uchun lablarini mahkam tishlab, tezgina o‘rnidan turdi. Bemehr opa! Yana o‘zi doim opa ham onaning biri, deb yuradi. Hech bo‘lmaganda “Borim shu edi” deb qo‘liga besh–olti so‘m tutqazmadi. Mayli edi, hozir unga bir so‘m ham katta gap. Hovlidan chiqayotib yo‘lida ko‘ndalang bo‘lib turgan xashamatli darvoza ko‘ziga shunchalar xunuk ko‘rindiki!.. Kuzatib qo‘ygani izidan ergashib chiqqan opasi darvozasidan ham qo‘pol va xunukroq ko‘rindi. Tavba, shunday bahaybat darvoza bilan nimasini qo‘riqlaydi, o‘zlari eshigidan ne xasratda engashib borgan jon singlisiga to‘rt so‘m ehson qila olmagan oylikchi odamlar bo‘lsa!..

XX XX XX

Uning qarori dugonasiga ham yoqmadi, shekilli. To‘g‘ri, dugona buni ochiq aytgani yo‘q, ammo Oyshaning ozroq sinchiligi bor emasmi, odamlarning nafas olishidan nimani o‘ylayotganini bilib olar edi.
“Termiz–Toshkent”, “Toshkent–Urgench” qilib, chipta olgan kuni undan baxtiyor odamning o‘zi yo‘q edi. O‘zi azaldan yo‘lga chiqishni yaxshi ko‘rardi. Ba’zan zing‘illab o‘tib ketayotgan poyezdlarga duch kelib qolsa, uzoq manzillarga qatnaydigan mashinalar jo‘naydigan joyda mashina yukxonalariga sumkalarini joylashtirayotgan odamlarni ko‘rgan dam yuragi orziqib, bir joylarga ketib qolishni juda-juda istayotganini his qilar edi. Bugun ham har safar chiptaga qaraganda, ko‘zlari yonib ketar edi. Ammo quvonchini bo‘lishguday odam topa olmadi. Shu–uncha xarajat qilgani uchun kim ham suyunadi, o‘g‘limi yoki kelinimi? Kelini uyda bo‘lgani uchun shu kuni dugonasiga qo‘ng‘iroq ham qila olmadi. Ertasi kuni kelini ishga ketishi bilan telefonga yopishdi:
– Mohi! Olamshumul yangilik! Yigirma birinchi sentyabr kuni Urgenchga uchayotirman!..
Ikkinchi tomondan “Ur–re–ye!” degan olqishni kutgan edi. Ammo ikkinchi tomondan Mohinurning boshqa birovga berayotgan javobi eshitildi: “Bunisi o‘ttiz uch ming so‘m, unisi ellik bir so‘m, ta’mi narxiga yarasha. Qaysinisidan beray?”, xaridor hech birini olishni istamadi, shekilli, nihoyat dugona unga tegdi:
– Shundaymi? – dedi u hissizgina. – Namuncha? Ikki oy oldin chipta olishning nima keragi bor edi? Chipta bo‘lmay qolishi mumkin? Qo‘ysangchi, hozir kim ham samolyotda uchayotuvdi, taksilar arziman pulga kechayu kunduz qatnab yotibdi. Ha, mayli, kelaver. Lekin sag‘al salqinroq vaqtga olganingda yaxshi bo‘lmasmidi?
Gaplarining ohangidanoq dugonasining sho‘rtak qiyofasi ko‘rinib turardi, ammo ayni paytda uning o‘zi uyda bo‘lsa ham, vujudiga sig‘may potirlab turgan yuragi o‘sha norozi chimirilib turgan dugonaning ostonasida entikibgina turgan edi. Bu ostona qo‘shnining eshigida bo‘lsa ekan, shartta burilib ortiga qaytsa–yu, ming yig‘ishtirsa ham nevaralari ostin-ustin qilib tashlayveradigan xonasiga kirib, karavotiga cho‘zila qolsa!.. Urgenchning ostonasidan qaytish osonmi?! Qancha kishiga aytib maqtandi, o‘zi qachondan beri ne bir xushnud gurunglar orzusida tamshanib yuribdi…
– Mohi! Qanaqa salqin payt?! Oktyabrdan kunlar sovib, yomg‘irlar boshlanadi, qalin kiyimlar olish kerak. Shu yoshimda yuk ko‘tarib yurishga sira toqatim yo‘q. Sentyabr sayoxat uchun eng qulay oy, – bir pas jim qolib, qo‘shimcha qildi. – Menga qara, o‘rtoq! Senga he-ye-ch qanday ziyonim tegmaydi. Men uchun bir narsalarga urunib, taraddud qilishning umuman keragi yo‘q. Menga maxsus ovqat, maxsus sharoitning ham xojati yo‘q. Men hayotdan juda nihoyatda zerikkanman, charchaganman, vaqting bo‘lganda gurunglashamiz, dardlashamiz, yig‘lashamiz, boshqa payt ortingdan soyadek jimgina ergashib yuraveraman.
– Xax–xa–xa, – go‘shakdan dugonasining sharaqlagan kulgusi eshitildi, endi undan qutulib bo‘lmasligiga ko‘zi yetib, mardlarcha taqdiriga tan berdi shekilli. – Qo‘ysang-ov, hech narsa topmasam, ertaklardagidek bolta qaynatib beraman. Sen u yog‘idan g‘am yema, kelaver, tashvishing ham bir gap bo‘lar, uyim bor, pulim bor, yana nima kerak senga! Siyosiy iqtisod domlamiz nima derdi, esingdami, puling bo‘lsa, changalda sho‘rva! Lekin sen Xorazmga “yig‘layman” degan niyat bilan kelma, yig‘larman ko‘zga yosh berar, yeyarman og‘izga osh berar, deyishadi. Sen biz tomonlarga o‘ynayman–kulaman, deb kel. Nima uchun yig‘lamoqchisan? Zerikkanning uchunmi? Menimcha, zerikishga vaqti bor odamlar juda baxtli odamlardir. Mana, men bechoraning bosh qashlashga vaqtim yo‘q, zerikish degan narsa esimdan ham chiqib ketgan. Menga na kecha tinim bor, na kunduz. Zerikayotgan bo‘lsang, demak, sen baxtli odamsan.
Boshida Oyshaning ko‘ngli biroz g‘ashlangan bo‘lsa–da, dugonasining katta–katta gapirishidan kayfiyati ko‘tarildi: “Har doimgi devona Mohinur–da. Talabalik paytlarida ham shunday edi, yuzing-ray’ing, ko‘ngling–ko‘ksing, deb o‘tirmasdi, og‘ziga kelgan gapni aytib yuboraverardi”.
Rosa g‘alati qiz edi-da o‘ziyam. Oysha ko‘pincha kechasi dars qilishni yaxshi ko‘rardi, kunduzi esa o‘qishdan qaytib kelib, kechgacha uxlar edi. Shunday kunlarning birida chalpillagan ovozdan uyg‘onib ketdi, bir amallab ko‘zini yirib, qarasa, Mohinurxonim xona o‘rtasida o‘tirib, chalpillatib ovqat yeyayotgan ekan. Oysha bir “uf” tortib, devor tomonga o‘girilib yotdi, ammo haligi ovoz tobora ko‘proq asabini buzaverdi, oxiri “dod” deb yubordi: “Hey, og‘zingni yumib chaynasang bo‘lmaydimi? Chalp-chalp qilasan, qanaqa qiz bolasan o‘zi?!”. Mohinur esa achchiqlanish o‘rniga kulib yubordi: “Boyadan beri o‘zim ham hayron bo‘lib o‘tirgandim, bu ovoz qayerdan chiqayotgan ekan, deb”. Yana bir kuni shunday kunduzgi “hordiq soatlari”dan birida Oysha o‘ranib yotgan ko‘rpasining bir cheti karavotining yonida turgan elektr isitgichning ustiga tushib ketib, achchiq tutundan bug‘ilib uyg‘onib ketdi, ko‘rpaning yonib ketishiga salgina qolgan ekan. Oysha qarshisidagi karavotda o‘tirib, dars qilayotgan dugonasini urushib tashladi: “Hey, sen do‘stmisan o‘zi? Buruqsib tutab yotganimni ko‘rib turib indamaysan-a?!”. Mohinur yoqa ushladi: “Men tutunga o‘xshash narsa chiqayotganini ko‘rdim, ammo xonamiz shunchalar sovuq ekan-da, Oyshaning nafasi paravozning tutuniga o‘xshab chiqayapti, deb o‘ylabman”. Hammasidan yomoni… Oysha u ko‘ngil qo‘ygan yigit bilan… bilmasdan, bir-ikki vaqt gaplashib yurdi. U birinchi marta xonalariga Mohinurning kutubxonadan olgan kitoblarini ko‘tarishib olib keldi. Bo‘ylari baland, polvon kelbat yigit ekan. Mohinur uni do‘stim, deb tanishtirdi. Bu yigitning ham kechasi dars qilish odat bor ekan, shekilli, Oysha qachon yotoqxonaning o‘quv zaliga chiqsa, unga duch keladigan bo‘lib qoldi. Bir oqshom qandaydir shoirning muhabbat haqidagi she’rini ko‘chirib, unga berdi: “Qarang, juda chiroyli she’r ekan-a?”, yana bir oqshom toza havoda aylanib kelishni taklif qildi… O‘shanda xonaga qaytib kelgach, Mohinurga ikki o‘rtadagi bor gapni oqizmay-tomizmay aytib berib yurarkan-u, lekin dugonasining ayanchli mo‘ltirab turgan ko‘zlariga qarab, biror marta “Bunga nima bo‘layapti o‘zi?” deb o‘ylamagan ekan. Kutulmaganda yigitning onasi vafot etib qoldi. Ammalar uni ukalariga bosh bo‘lsin, deb, o‘qishini o‘zlari tomondagi institutga o‘tkazib, o‘zini uylantirib qo‘yish taraddudiga tushishdi. Ikkinchi kursda, o‘qishini tashlab, begona bir joylarga… Bunga ota-onasi ikki dunyoda rozi bo‘lmas edi. Oysha shunday deb aytdi, yigit kutulmagan yo‘qotishdan dovdirab qolganmidi, yelkasini qisib, indamay ketdi-qoldi… O‘shanda Mohinurning yig‘laganlari!.. Yig‘lab-yig‘lab, bir kuni “Men uni sendan avvalroq sevib qolganman, u ham meni juda hurmat qilardi, seni xafa qilmaslik uchun chetga chiqqan edim. Agar meni taklif qilganida, u bilan dunyoning narigi burchiga bo‘lsa ham ketardim”, degan… Lekin, sen halal bermaganingda u meniki bo‘lardi, demagan.
… Ularning guruhida Xorazmdan ikki qiz o‘qigan, ikkalasi Xorazmning ikki burchida yashaydi, qo‘shni guruhda o‘qiydigan yana bir xorazmlik qiz Urgenchning o‘zidan edi. Bu qiz bilan unchalik yaqin bo‘lishmagan bo‘lsa–da, shu kunlarda o‘sha qiz ham ko‘ngliga ajabtovur yaqin tuyulib, uni ham ko‘rgisi kelib borayotgan edi. Qolaversa, Mohinurlarning uyi naq Qoraqalpog‘istonning chegarasida – Gurlanda, Guljonniki Buxoro tomonlardagi Xozarasp degan tumanda, Oysha keksaygan chog‘ida shuncha yo‘ldan borib, Urgenchni bir tomosha qilib, mashhur Ma’mun akademiyasini bir ko‘rib qaytmasa bo‘ladimi? Buning uchun ham o‘sha qiz kerak. Mohinur ham “Maryamjon bilan birga kutib olamiz, Guljonni ham aytaman, biron kun Maryamjonlarnikida turamiz, yaqinda eri o‘lgan, fotihasini berasan, birgalashib shaharni tomosha qilamiz”, dedi.
Aeroportda yaqinlarini kutayotganlar orasidan sochlari kalta qirqilgan semiz o‘rta yashar ayol ajralib chiqib, panjara to‘siq yonida turgan xarbiy yigitga qo‘llarini sermab-sermab, nimalarnidir uzoq tushuntirdi, so‘ng erkaklarga xos katta-katta qadamlar bilan ular tomon yurdi. “Shu yerning xizmatchilaridan bo‘lsa kerak. Bironta yaqinini kutib olgani chiqqanmi?” deb o‘yladi Oysha unga qarab. Haligi ayol esa negadir kulimsirab, to‘g‘ri unga qarab kelardi. Oysha “Bu ayol meni kimgadir o‘xshatayapti, shekilli”, deya o‘zini qanday tutishni bilmay xayron edi. Unga javoban nomiga bo‘lsa-da, tabassum qilay desa, tanimaydi, indamasa, bu ayol qip-qizil milklarini ko‘rsatib, kulib kelayotir. To‘rt–besh qadam qolganda esa uning istiqboliga qarab yugurdi: “Oysha–a!” Butun yer–u osmon unga qo‘shilib aks–sado berganday bo‘ldi: “Oysha–a–a–a!” Cheki-chegarasini ko‘rib bo‘lmaydigan aeroportning bepoyon sahni u juda ham sog‘ingan qadrdon ovozga to‘lib ketdi: “Oysha! Oysha-a-a!”
Yillar shamoli odamzodni yalab–yulqab, goh tuproqqa, goh qor–u yomg‘irga dumalatib–qorib, tashqi qiyofasini tanib bo‘lmas darajada o‘zgartirib yuborsa–da, uning ovozini o‘zgartira olmas ekan. Qop–qora ko‘ylagi ostida biqinlariga qo‘shilib yog‘ bog‘lab ketgan qorni dumpayib turgan bu ayol Oysha yillar bo‘yi diydorini, suhbatini, bir og‘iz taskin-tasallisini orzu qilgan qadrdoni Mohinur edi. U ham entikib dugonasining bag‘riga o‘zini otdi: “Mohinu-u-urr!” va atrofdagilarni xayratda lol qoldirgancha bo‘kirib yig‘lab yubordi. Negadir uni bag‘riga bosib turgan Mohinur ham yelkalari silkinib-silkinib yig‘lar edi. Chiqish yo‘lagi tomon shoshib borayotgan olomon bir zum to‘xtab, ularga xayron boqishdi. Bojxona xodimlari “Bo‘ling, bo‘ling” deb qistashmaganda, kim biladi dugonalar yana qancha vaqt bir-birining yelkasiga bosh qo‘ygancha yig‘lab turishar edi. Ular chiqish yo‘lagiga kelishganda boshiga oqish ro‘mol tang‘ib olgan yana bir ayol baland bo‘yli yosh yigitning tirsagidan qo‘lini o‘tkazib olgancha, ularning yo‘liga qarab kulib turardi. Oysha ayolni darrov tanidi, bu Maryamjon edi, yonidagi yigitcha nevarasi bo‘lsa kerak. U o‘qib yurgan kezlari turmushga chiqqan, hatto farzandli bo‘lgan edi, o‘shandan buyon nevaralari shuncha bo‘ladigan vaqt o‘tdi.
Maryamjon xorazmlik katta bir yozuvchining qizi edi, o‘zi ham hikoyalar yozib yurardi. Juda nazokatli, kelishgan, kiygan kiyimi o‘ziga yarashib, yapon kinolarining qahramonlari kabi hamisha tavoze bilan kulimsirab yurgani uchunmi, Oysha bu qizni juda badavlat, kibor oilaning erka qizi deb o‘ylar edi. O‘qishni bitirmaslaridan unga juda badavlat oilaning o‘g‘li uylandi–yu, u haqiqiy malikaga aylandi–qo‘ydi. U haqiqatan ham kibor odamlarga o‘xshab, kursdoshlarga qo‘shilib ketavermas, ko‘proq yolg‘iz yurar, turmushga chiqqandan so‘ng yotoqxonadan chiqib, eri bilan ijarada yashay boshladi-yu, mashg‘ulotlarga ham onda–sonda bir keladigan, kelganda ham deyarli hech kim bilan gaplashmaydigan, shoshib kelib, shoshib ketadigan bo‘lib qoldi. U juda yoqimtoy edi, o‘zini har qancha tortib yursa ham hamma uni yaxshi ko‘rardi.
U diplom himoya qilayotgan kun kuyov qop–qora kostyum–shimda kapalaknusxa qizil galstuk taqib, yuzdan oshiq qip–qizil atirguldan yasalgan ulkan guldasta bilan keldi. Hammaning, ayniqsa qizlarning juda havasi keldi, Maryamjon esa odatdagidek jilmayibgina guldastani oldi–da, og‘izlarining suvi qochgancha anqayib turgan kursdoshlarga bir bosh irg‘ab, xo‘shlashgan bo‘ldi va erining tirsagidan tutgancha ketib qoldi.
– Yigitlar ham qizlarning otasining davlatiga qarab uylanishadi–a? Boy odamlar ochko‘z bo‘lishadi. Davlatimga yana davlat qo‘shilsin, deyishsa kerak–da, – degan edi o‘shanda ularning izidan qarab Oysha.
Mohinur unga uqrayib qaradi:
– Kimning otasi davlatmand? Maryamjonning otasimi? Axir uning otasi yozuvchi bo‘lgan. Yo-zuv-chi!
– Yozuvchi kichkina odammi?
– Tavba, yozuvchi katta odam bo‘lishi mumkin, lekin ularning yalong‘och qalami va qarsak chalishdan boshqa hech qanday himmat ko‘rsata olmaydigan uch-to‘rt muxlisidan bo‘lak hech vaqosi bo‘lmaydi. Men, shaxsan o‘zim shu qizning turmushga chiqqunicha puli tugab, nonga qalampir sepib yeb o‘tirganini necha marta ko‘rganman.
–Qo‘y–ye…
– Qo‘ysam–qo‘ymasam, bor gap shu!
Xorazmlik qizlar qandaydir dangalchi, ko‘ngliga kelganini shart–shurt yuzingizga aytib yuboraveradigan, Mohinurga o‘xshagan biroz erkakshoda bo‘lishadi. Maryamjon esa, aksincha, juda muloyim qiz edi. U Oyshani ohistagina bag‘riga bosdi, uning quchog‘i ham yumshoqqina edi, tabassumi kabi:
– Salom, yaxshi keldingmi?
Yigitcha uning qo‘lidagi sumkani olib, mashinaning yukxonasiga joylashtirdi.
Maryamjonning uyi u tasavvur qilganidan ham hashamatliroq edi. Ular konsert zallarining dam olish xonalarini eslatadigan xolldan o‘tib, katta mehmonxonaga kirishdi. Xonaning bir chetida atrofiga yigirma–yigirma beshtalar chamasi o‘rindiq joylashgan katta stol, yana bir tomonda qaymoqrang tusli divan–kreslo, yonboshda yal–yal tovlanib turgan idishlarga to‘la antiqa shkaflar, devorda kinoteatrlarning ekranidek katta ekranli televizor – xullas, hammasi nihoyatda shohona edi. Mohinur uni dasturxondan avval divanga taklif qildi:
– Bir oyoqlarni yozib, nafas rostlab olaylik.
Ular o‘tirib, o‘tganlarga, xususan Maryamjonning turmush o‘rtog‘iga atab Qur’on tilovat qilishdi. Maryamjonning kelini ham o‘ziga o‘xshash yoqimtoygina, jilmayib turar, salom–alikdan so‘ng bir pasda dasturxonning ustini to‘ldirib tashladi.
Chiroyli uy, to‘kin dasturxon, yetti uxlab tushiga kirishi mumkin bo‘lmagan qadrdonlar diydori… Oyshaning baxtga to‘lib ketgan yurak ko‘ksiga sig‘mayotgandek entikar, u do‘stlariga qarab o‘tirib, hech labi lo‘njini yig‘ib ololmas edi. Shu choq nima bo‘ldi–yu, Mohinurning non uzatayotgan qo‘lidagi dog‘ga ko‘zi tushib qoldi, dog‘ning kattaligi tangadek kelar, rangi oppoq edi. Oysha tabiatan juda jirkanchoq ayol edi, yuragi shuv etib ketdi: “Nahotki?.. Endi bir hafta shu qo‘ldan taom yeymanmi?”
Uning ko‘nglidagi sarosima ko‘zlariga qalqib chiqdi, shekilli, Mohinur ikkinchi qo‘lining kafti bilan bu qo‘lidagi dog‘ni siladi, keyin Oyshaga qarab, gunohkorona kulimsiradi:
– Ekzema bu, – dedi u. – Oyog‘imning yuzida ham bor. Juda yomon qichiydi, xunukligidan ham qichishi ko‘proq azob beradi.
– Duxtirga uchrab, davosini qilmadingmi?
– Uchradim. Bir maz ham yozib berdi, ammo uni bu o‘rtadan topib bo‘lmadi, faqat Toshkentda bo‘lar ekan, qizlarga olib keltirtirib surtgan edim, yo‘q bo‘lib ketdi. Lekin biron narsadan asabiylashsam, yoki parhezni buzsam, yana chiqib kelaveradi. E–e, bor–ye, dedim keyin.
Oyshaning ko‘ngli biroz paysal topgandek bo‘ldi:
– Ha–a, yaxshi unda. Baribir muolajani oxiriga yetkazishing kerak edi. Yomon narsaga o‘xshar ekan-da.
Mohinur mehr bilan uning qo‘laridan tutdi:
– Sen hech o‘zgarmapsan, Oysha, umuman qarimagansan.
– Qo‘ysang–chi!.. Sen bilan yurgan damlarda yoshgina qizaloq edim, endi olmishning ostonasida qiltillab turgan kampirshoman. Lekin sen rosa semiribsan, savdoda pul ko‘pmi, deyman.
– O‘rtoq, bozorda o‘tirganingdan keyin semirmaslikning hech iloji yo‘q. Biz kiyim-bosh sotamiz, yana shunday toifa odamlar borki, ular osh-ovqat sotishadi. Ularning kasbi — hali uni, hali buni olib kelib, og‘zingga tiqishdan iborat, olib kelganlari bir–biridan mazali, xushbo‘y. Ko‘rsang, ishtahang ochilib ketadi, olasan–yeysan, yeyverasan, yeyverasan, so‘ng semirmay nima qilasan?
– Rostdanmi? – kuldi Oysha. –Unda bozor maza ekan–ku. Bepul berishadimi?
– Bepul?! Bozorda bepul degan tushunchaning o‘zi umuman yo‘q, o‘rtoq. Bir zamonlar maktab bepul edi, muallimlar xalqning bolasiga bekordan bekorga jag‘ini og‘ritib saboq berib yotar edi, xafa bo‘lmaysiz endi, direktor momo, haqiqatni aytganim uchun, hozir o‘sha muallimlarni sovg‘a-salom bilan yo‘qlab turmasang, sening bolang bilan umuman shug‘ullanmaydi. Bayramlar ham bir ko‘p-yey!.. Bezga o‘xshab, bir tiyin bermay yuraversang, bolang hammaning yomoni bo‘lib, maktabni bitirguncha turtki yeyverib, qiyping bo‘lib qoladi. Bizning davrimizda institutga kirish uchun pul berib yotishardi, endi maktabga kirish uchun ham pul berishayapti. Ukamning qizchasini boshda olti yosh-u sakkiz oylik bo‘lgani uchun maktabga olishmadi, maktabning direktori avgustning oxiriga kelib, yuz ming so‘m bersanglar, olamiz, debdi. Mana, kerak bo‘lsa! Bu odamlar davlatning bepul maktabini sotib yotishibdi-ku, sho‘rlik bozorchi pishirgan taomini sotmaydimi?
– Zo‘r ekan-ku. Bu yerda shunday bo‘lsa, maktabni tashlab, nega bozorga chiqding? Maktabda yuraversang ham bo‘lar edi-ku!
– E-e! Xo‘roz hamma yerda bir vaqtda qichqiradi, sizlarda ham, bizda ham! Ammo maktabdagi daromad bilan bozordagi daromadni solishtirib bo‘lmaydi. Erga tegdim, tug‘ish kerak ekan deb, bir etak bola tug‘ib tashladim, erim ham bir boqi beg‘am chiqdi, so‘ng shumshayib shu erning qo‘liga qarab o‘tirmayin, deb bozorga chiqib ketdim-da.
Oysha unga qarab, xayrixohlik bilan yelka uchiradi:
– Mayli-da, dugon! Buyam taqdir, qilayotgan ishing o‘zingga yoqsa bo‘ldi.
– Bir maktabga ishga o‘tib qo‘ygan edim, oyligini direktorning o‘zi olib yeb yurdi, menga staj bo‘ldi, xudoga shukur, endi nafaqasini olib yuribman.
– Qoyil!
Maryamjon ularning gurungini bir chetda jilmayibgina tinglab o‘tirardi.
Gurung ikki tomonga ikkita qo‘shto‘shakli karavot qo‘yilgan keng, mo‘l yotoqxonada davom etdi. Vaqt allamahal bo‘lib qolgan, Oysha bilan Mohinur ikki karavotga o‘zini tashlagan, Maryamjon xona chetidagi kompyuterga tikilgancha, ularni jimgina tinglab o‘tirardi. Darvoza tomondan eshitilgan shovqin-suron ularning suhbatini bo‘ldi. Maryamjon o‘rnidan sapchib turib, tashqariga chiqib ketdi. Mohinur pastki labini tishlab, bosh chayqadi.
Hovlida qandaydir taraq–turuq tovushlar, erkak kishining qattiq ovozda so‘kingani, ayol kishining hiqillab yig‘lashi, Maryamjonning shivirlab yalinib–yolvorishi eshitilib turardi.
Oysha o‘rnidan turib o‘tirdi: “Kim ekan janjal qilayotgan? Balki yordamga chiqishimiz kerakdir?”
Mohinur yotgan joyida bosh chayqadi: “Xojati yo‘q. o‘g‘li keldi, shekilli”. So‘ng u ham o‘rnidan turib o‘tirdi: “Ha-a… Pul, pul deb kecha-yu kunduz yuguramiz, mana, ko‘p pulning mevasi! Bitta-yu bitta o‘g‘il, istagani muxayyo bo‘lgan. Tengdoshlari bir qorinni to‘ydirish muammosi bilan yelib-yugurib yurgan paytda, bu bir umr pulni sarflash muammosi bilan band bo‘lgan. Bu bola otasi hayotligida ham yolchitib bir joyda ishlagan emas, otasi o‘lgandan so‘ng umuman hech kim ish bermay qo‘ydi. Ha-a, bir zamonlar hammamiz Maryamjonga havas qilar edik, lekin bechoraning peshonasi sho‘r ekan. Yoshlikda bermagin yo‘qlikni, keksalikda bermagin xo‘rlikni, deyishadi. Yolg‘iz boshi bilan keksaygan chog‘ida bunday xo‘rliklarni ko‘tarish oson emas”.
– Esiz, juda yomon bo‘ldi–da, endi Maryamjon bizdan xijolat bo‘ladigan bo‘ldi, to‘g‘ri sening uyingga ketaversak bo‘lar ekan.
– E-e, hamma uyda bitta asabbuzar bor. Sen bunga e’tibor berma, — Mohinur negadir asabiy holatda parbolishning yon-atrofiga mushtlab–mushtlab shishirdi–da, o‘zini to‘shakka tashladi. – Chiroqni o‘chirgin-da, yot. Go‘yo biz hech narsani eshitmadik, bilmadik, uxlab qoldik. Tag‘in ertalab turib ko‘ngil so‘rab o‘tirma.
– Yaxshi… – u o‘rnidan turib chiroqni o‘chirdi, — biram aqllisan-yey.
– Bu dunyoda ahmoq bo‘lib yashash osonroq. Jim yot endi. Uxladik.
Ammo Oysha sira uxlayolmadi. Hovlidagi shovqin ichkariladi, xotin–xalajning yig‘isiga bolalarning yig‘isi qo‘shildi, ancha o‘tib hamma yoq suv sepgandek jim bo‘lib qoldi, lekin Maryamjon ular yotgan xonaga qaytib kirmadi. Tongga yaqin ko‘zi ilindi, bir seskanib uyg‘onganda xona chetidagi komp’yuterning hamon yoniq turganini ko‘rdi: “Bechora Maryamjon komppyuterini o‘chirishga ham kira olmapti”.
Ertalab dasturxon atrofiga yig‘ilishganda hamma allanechuk ulg‘ayib, jiddiylashib qolgandek edi. Maryamjon har doimgidek jilmayib o‘tirgan bo‘lsa–da, qizarib ketgan ulardan ko‘zlarini olib qochardi. Oysha kecha xayajon bilan e’tibor qilmagan ekan, uning qaddi juda bukchayib qolgan, ko‘zlarining tub–tubida cho‘ng bir anduh mo‘ltillab turardi. Mohinur har doimgidek qattiq-qattiq gapirib, o‘zini qitiqlagandek “voxxa-xa”lab, davraning kayfiyatini ko‘tarishga urinar, ammo uning kulgusiga hech kim qo‘shilmas, aksincha bu hazil–mutoyibalar o‘rtadagi xijillikni yanada bo‘rttirib namoyish qilayotgandek edi.
Choydan keyin eng ma’qul taklifni ham Mohinur aytdi:
– Xo‘–o‘sh, Maryamjon, mehmondorchilik uchun rahmat, biz endi qaytsak. Seni ham ovora qilib yurmaylik, shaharda ko‘radigan joylarni yo‘l–yo‘lakay ko‘rib, so‘ng Gurlanga qarab jo‘nayveramiz.
– Nega? Yo‘g‘-ye! Men ham sizlar bilan aylanaman, uyda qolayotgan ishim bormi, agar sen uyingga juda shoshayotgan bo‘lsang, sizlarni mashinaga o‘tirg‘izib, izimga qaytaveraman.
– Yo‘q, Maryamjon! Kechadan beri senikidamiz, nevarang bilan chiqib, kutib olding, shuncha mehmon qilding, rahmat, do‘stim, — dugonasining andishasini astoydil rad qildi Oysha. — mening tomoshalarga unchalik hushim yo‘q, Urgenchning hamma chiroylik joylarini televizorda necha qayta ko‘rganman, men bu yoqlarga sizlarning diydorlaringiz uchun kelganman. Endi bizga ruxsat. Yo‘l odami yo‘lga yaxshi. Kun qizib ketmasdan manzilimizga yetib olganimiz ma’qul, sen bizni yo‘ldan qoldirma.
Maryamjon xijolat bo‘lib bir Oyshaga, bir Mohinurga qaradi:
– Guljon ham kelmadi, kecha ertalab yetib boraman, deb qo‘ng‘iroq qilayotgan edi.
– Men Guljon bilan gaplashdim, u bilan soat o‘nda Gurlanga taksi to‘xtaydigan joyda uchrashadigan bo‘ldik. Biznikiga boraman desang, yur, mehmon bo‘lib qaytasan.
– Ay, yo‘g‘-a, kelinim ishga ketadi, nevaralar yolg‘iz qolishadi.
Darvoza oldida xayr-xo‘sh qilishdi. Mezbon ularni boshqa “qolinglar” deb, Mohinur “sen ham yur” deb qistamadi. Oysha mashinaga g‘alati bir kayfiyatda chiqdi, ko‘ngli g‘ash edi: “Maryamjonnikiga kirmasak bo‘lar ekan”. Yo‘lda Guljonni ko‘rib, ko‘ngli biroz taskin topgandek bo‘ldi.
– Rahmat-yey senga, Oysha! Sen g‘ayrat qilib, Surxondaryodan kelmaganingda, bitta Xorazmda yashab, Mohinur ikkimiz bir-birimizni ko‘rmasdan o‘tib ketardik, O‘qishni tamomlab, Xorazmga qaytganimizga o‘ttiz yetti yil bo‘ldi, shu paytgacha biz biron marta uchrashmagan edik. Boringga shukr-ye! — u orqa o‘rindiqdan qo‘llarini uzatib, qayta–qayta uning yelkalaridan quchar, zavqlanib o‘z-o‘zidan kular edi. — Zap ish bo‘ldi-da, boboyimdan bir amallab javob oldim, qayerlardan Kechirmas otani ziyorat qilgani kelib yotishgan emish. Biz shu yerda turib bir borganimiz yo‘q. Gurlandan keyin Kechirmas ota ham, Sulton Uvays ota ham bir qadam, birgalashib ziyorat qilib qaytamiz.
Uning entikaverishi Mohinurning g‘ashiga tegdi shekilli, to‘ng‘illadi:
– Ko‘p xayajonlanaverma. Yuragingga nagruzka bo‘lib, ertaga boboychangdan baloga qolmaylik yana.
– E-e, bu yurak nimalarga dosh bermagan! Unga hech balo qilmaydi, aksincha bugun u baxt garmonidan oziq olayapti.
– Uf-f! Yoshing oltmishga yetganda buncha ehtirosga berilmasang?! Entikaverib, eringni ham bezor qilib yuborgan bo‘lsang kerak?
Nimagadir Mohinurga birdan hech narsa yoqmay qolgan edi. O‘tirgan joyida haydovchi bilan urushib qoldi.
Yo‘l ustida bozor bor ekan.
– Uka, mashinangizni to‘xtatsangiz, biron yigirma minut dam olib tursanglar, bozorga chopib kirib chiqardim.
Haydovchi bir nafas jim turdi-da, so‘ng o‘zining taklifini aytdi:
– Opa, yigirma minut ko‘p vaqt, qo‘shib berasangiz, mayli.
Shu bilan Mohinur haqiqiy shallaqiga aylandi–qoldi:
– Xay, bexayr! Sening shu shalaq aravangga o‘tirib, senga shuncha pul berayotganimga shukur qilsangchi? Joyi kelsa, yigirma minut emas, butun boshli kuning ham mijoz kutib, bir so‘m topa olmay o‘tib ketadi-ku. E-e…
Og‘zidan bodi kirdi, shodi chiqdi. Erkakchasiga so‘kinishlarni qo‘shib, bechora haydovchi yigitni bir oldi-bir oldi, dugonalar emas, haydovchi ham ming xijolat bo‘ldi. Mohinur lapanglab bozorga kirib-chiqqanidan so‘ng ham janjalini to‘xtatmadi: “Sen uka, kalta o‘ylama, bu dunyo, bilsang, kengga keng, torga tor. Sa-al xayrliroq bo‘lish kerak, baraka topgur, Allohning o‘zi qilgan xayringning ajrini beradi, kerak bo‘lsa, kelgan dunyoning hisobini topmay qolishing ham mumkin. Bir nafas rostlashingga onang tenggi ayoldan pul so‘raysan-a. Umuman esing yo‘q ekan sen bolaning”.
Xaydovchi indamadi. Qarab tursang, Mohinurning aytayotgan hamma gapi haq. Ammo gap nimani aytishda emas, qanday aytishda edi.
Mohinurning hovli-joyi Maryamjonning uyidek hashamatli bo‘lmasa–da, juda keng, bahavo, bir qarashda egalari yangi ko‘chib kirib, hali to‘liq joylashib ulgurmagandek taassurot qoldirardi kishida. Uy va hovli devorlari ham yangigina ohakdan chiqqan, ostonadagi yaltillatib sementsuvoq qilingan baland zinapoyaning bir chetiga “19.09.2014” deb yozib qo‘yilgan edi: “Bechoralar, meni keladi, deb butun uy-joyini ta’mirlatibdi. Esiz, bitta diydor uni shuncha tashvishga qo‘yibdi. Shart emas edi-ku”.
Uning eri baland bo‘yli, tik qomatli, ko‘rkamgina kishi edi, tavoze bilan ko‘rishib, hol–ahvol so‘rashdi, ichkariga taklif qildi. O‘rta maktabni rus sinfda tugatgan ekan, shekilli, o‘zbek tilini biroz buzibroq gapirardi. Mehmonxonaning chor atrofiga chiroyli ko‘rpachalar to‘shab, o‘rtaga dasturxon yozilgan, dasturxonning usti meva–cheva, qand-qurs bilan to‘ldirib tashlangan edi. Ovqat ham tayyor ekan, o‘tirishlari bilan qo‘sh choynakka choy damlab kelishdi, izidan qaynatma sho‘rva, uning izidan qovurilgan baliq…
Uyga kelishgach, Mohinurning chehrasi biroz ochildi. Ularni mehmonxonga kirgizib, o‘zi beso‘naqay gavdasiga mos halviragan keng ko‘ylak kiyib chiqdi. Hali uni, hali buni mehmonlariga og‘ziga tiqqudek bo‘lib, oldiga surib qo‘yadi. Bular “Bo‘ldi endi, qornimiz to‘ydi”, desa, “Unday deya ko‘rmanglar, qizim hovlida osh qilayapti. Yemasanglar, oshatar qilib, o‘zim yedirib qo‘yaman”, deb kuladi. “Qo‘ysang-chi, shuncha ovqatdan keyin kun kech bo‘lganda, osh nimaga kerak? Oshni to‘xtat, bizni bo‘ktirib o‘ldirmoqchimisan?”, “Ha, o‘ldiraman, uyida o‘tira olmay, meni qancha ishdan qoldirgan Oyshada qasdim bor. Shuni bir bo‘ktirmoqchiman”, “Olib kelaver, yeyveraman. Xorazmning guruchidan osh yeyman, Amudaryoning baliqlarini yeyman deb, uyda bir hafta ovqat yeganim yo‘q”, “Qani yemay ham ko‘r-chi!”. U harchand hazil-huzul qilib so‘zlamasin, o‘ziga yarashmayotgan bu quvnoqlik tagida ulkan qayg‘u yashirinligi, o‘zi dugonalar davrasida bo‘lsa ham, xayollari allaqanday zim-ziyo ko‘chalarda ekanligini ilg‘ab olish qiyin emasdi.
Yeb-ichib, hazil-xuzul bilan dugonalar dasturxonning atrofiga cho‘zilib olishdi. Qizlar to‘rt taqsimchadagi qand-qurs, ikki choynak choy-u to‘rt piyoladan boshqa hamma narsani yig‘ishtirib olib ketishdi. Hamma yog‘i saranjom-sarishta xona, uch tomonda erkin dumalab yotgan eski qadrdonlar, nafis darpardalarni shishirib ochiq derazadan xonaga kirayotgan salqingina kuz havosi – hammasi bag‘oyat go‘zal, nihoyatda huzurbaxsh edi. Oysha chalqancha yotgancha ikki biqiniga tushib ketgan semiz qornini selkillatib kulib, hammani kuldirib yotgan dugonasiga qarab, mehri tovlanib ketdi: “Uying ham o‘zingga o‘xshaydi-ya, Mohinur. Biram fayzli. Ering ham farosatligina odam ekan, mehmon ekan, izzatini qilay, ko‘ngillarini olay, deb, yonimizga kirib o‘tirib olganda nima qilardik”. Mohinur yotgan joyida qo‘l siltadi: “Bizning yonimizda unga nima bor? Bizda erkaklar ayol mehmonlarning yoniga kirib o‘tirishmaydi. Tem bole dugonalarning o‘rtasiga!”. Guljon ham dugonasiga bir takalluf qilib qo‘ygisi keldi, shekilli, erini maqtadi: “Ering haqiqatan ham juda kelishgan kishi ekan. Yoshligida xushtorlari rosa ko‘p bo‘lgan bo‘lsa kerak-a? Lekin sen juda beso‘naqay bo‘lib ketibsan. Biroz parhez qil, tag‘in ering xipcha bel xonimlarni izlab qolmasin”, Mohinur yotgan joyidan turib, unga qahr bilan qaradi: “Qo‘y, shuni maqtama, orqam tutib ketadi. Ketsa, undan nari. Men uning uchun parhez qilib, hech qachon o‘zimni qiynab yurmayman. Uning oti Odamboy, lekin o‘zi odam-podam emas. Sirti yaltiroq, ichi qaltiroq nusxa, deyishadi-ku, ana shu gap mening erim haqida aytilgan. Bir umr arzimas choy chaqa beradigan idorada ishladi, besh bolani yedirib-ichirish, kiyintirish, o‘qitish mening zimmamda bo‘ldi. Shu ahmoq ro‘zg‘orni o‘ylab, tuzukroq maosh beradigan biron ishning boshini tutganda men bozorga chiqarmidim? Men kasal holimda oltmishga kirib ham ayol boshim bilan hamon bozorda o‘tiribman, u kishim nafaqa yoshiga yetishi bilan uyda o‘tirib oldilar. Oladigan nafaqasi tamakisi bilan arog‘idan ortmaydi. Men kun bo‘yi bozordaman, bu kishim kun bo‘yi ulfatlarini yig‘ib, uydagi bor narsani yeb-ichib uyda o‘tiradilar”.
Oysha yeli chiqqan pufakdek bo‘shashib ketdi: “Vo-oy! Yo‘-o‘g‘-ye!”. “Uch oy avval bir ona-bolani yetaklab kelibdi. Ha, desam, bu ayol mening sinfdosh do‘stim, uylarini sotib, Rossiyaga ketishgan edi, endi qiziga pasport olish uchun kelishgan, boradigan joylari yo‘q, pasport hal bo‘lgunicha biznikida turib turishadi, dedi. Nima deyin endi, mayli, dedim. Uyim haqiqiy ishratxonaga aylanib ketdi, erim sinfdoshini olib kelgan bo‘lsa, uning qizi kunda yigit ergashtirib keladi, kim bu desam, sinfdoshim, deydi. Oxiri qizini haydab chiqardim. Lekin kunduzi men bozorga ketishim bilan qizi kelib olarkan. Pasport o‘lgur ham shuncha oydan beri hal bo‘lmaydi. Jonimga tegib ketdi”.
Davra birdan sovudi. Hammaning kayfiyati buzildi. Oysha o‘rnidan turib, yonida turgan choynakdan bir piyola choy quyib ichdi. Quruq choyi durust emasmi, suv beta’mmi, qip-qizil bo‘lib turgan bo‘lsa-da, undan choy mazasini topa olmadi.
Yo‘l yurib, yeb-ichib, kulib-kuldirib, aytilmaydigan gaplarni ham aytib, so‘ng o‘zlari xijil bo‘lib, ular kunni kech qilib bo‘lishgan edi. Derazaning ortida qop-qorong‘u tun xumrayib turardi.
Xonadagi egasiga o‘xshab to‘rsaygan jimlikni qayerga joy tashlashni so‘rab kirgan qiz buzdi. Mehmonlariga beixtiyor dardini dasturxon qilib qo‘yganidan xijolat bo‘libmi, bir gapirib, o‘n kulib yotgan Mohinur ham jim bo‘lib qolgan edi. Qizi kirgach, mehmonlariga qaradi: “Momoqizlar! Men birinchi qor yoqqunicha hovlida yotaman, ichkarida nafas ololmayman, xuddi havo yetmagandek bo‘laveradi. Agar xo‘p, desanglar, sizlarga ham hovliga joy soldiraman. Toza havo, yulduz sanab, mazza qilib yotamiz”.
– Biz bilan yotsang, ering janjal qilmaydimi, ishqilib? – o‘rtadagi g‘uborni ko‘tarish uchun hazil qildi Guljon.
Mohinur qo‘l siltadi:
– E-e!.. Yana shu erimni gapirasan-a! Erim bilan ikkalamiz ikki qutbning odamlarimiz, uning mijozi sovuq, salqin havodan qo‘rqadi, men issiqdan bezor, menga toza havo kerak. Shuning uchun u saratonning chillasida ham uyda yotadi. Men esa birinchi qor yoqqunicha tashqarida… Bir umr shunday yashadik.
-Unda besh bolani qayerdan tug‘ding? – Guljon yana uning qitiq patiga tegdi.
Mohinur kulib yubordi, uning kulgusida achchiq alam bor edi:
-Erimning zo‘rligidan choponini bir kiysam ham bo‘yimda bo‘lib qolaverganda.
-Mayli, hovlida yotamiz, lekin ustimizga eringning choponini yopmaysan.
-E-e, unda chopon qoptimi, choponni ham sotib, aroq olib ichib yuborgan.
Ular ostonada uy kiyimida yurgan yoqimtoygina rus ayolga duch kelishdi. Ayol ularga o‘zining tilida salom berib, oshxonaga kirib ketayotgan edi, Mohinur uni to‘xtatib, dugonalariga tanishtirdi: “Galya! Bir daqiqaga! Seni do‘stlarim bilan tanishtirmoqchiman. Bu Oysha, Surxondaryodan kelgan, bunisi Guljon, o‘zimizning Xozaraspdan. Qizlar, bu go‘zal ayol – Galya, ya’ni Galina Semyonovna, yana ham aniqrog‘i Yevangalina Semyonovna. Sinfdoshlari uni Yeva deb chaqirishadi, bizning tilimizda Momo Havo. Bu Yeva, bizning shahzodamiz Adam”. Ayol Mohinurning gaplaridagi pichingni anglamaganga olib, kulib qo‘ya qoldi. Qo‘shni xonadan Odamboyning qahrli ovozi eshitildi: “Mohinur! Asabni buzma. Senga teginmagan paytda jimgina o‘tirsang, bo‘lmaydimi?”, Mohinur yelkasini qisib, o‘zini tentakka solib kuldi: “Hay, birodar, men unga nima dedim? Hammalaring uni Yeva deb chaqirishlaring yolg‘onmi? Sizni esa Adam, deyishadi. Ya’ni Odam Ota va Momo Havo! Yo‘-o‘q, men bir narsa deyayotganim yo‘q, deyishgayam haqqim yo‘q. Xudoyimning shunchalar ustalik bilan kelishtirib qo‘yganini aytaman-da”.
Guljon uning qo‘lidan tortdi:
-Qo‘ysang-ov, yur, bizning yotoq joyimizni ko‘rsat, uyqum kelayapti.
Shakarob qilib suv sepilgan hovlining bir chetida besh-olti kishi chordona qurib o‘tirsa bo‘ladigan yog‘och chorpoyaning ustiga o‘rin solinib, oppoq dokadan pashshaxona tutilgan. Doka shunchalik nafis edi, ichkaridagi choyshablarning gulchalari ham yaqqol ko‘rinib turardi.
Guljon tagiga to‘shalgan choyshabni olib, pashshaxonaning uyga qaragan tomoniga tutib qo‘ydi:
-Ering kirib-chiqib yurishi mumkin, noqulay.
-Hech xavotirlanma, ular yarim kechagacha televizor ko‘rishadi, gurunglashishadi, hovliga umuman chiqishmaydi.
Guljon yoqasini tutamladi:
-Yo, tavba! Buning gapirishini qara, rashk qilmaysanmi?
– Qo‘y–ye! Kimdan? Yevadanmi? Oltmishdan oshgan xotinga er nima kerak? Kerak bo‘lsa, olaversin. Masalan, menga umuman er degan zot kerak emas, ayniqsa mening erimga o‘xshagan takasaltang, surbet er sira ham kerakmas.
– Xay-xay, sekinrog‘-a, eshitib qolishmasin yana…
– Eshitishsa, undan nari. Shuning ham pasportini to‘g‘irlab, Rossiyaga olib ket, deb o‘tiribman. Bir emas, ikki qiz talaba, kattasi ham qishloqqa bormayman deb, Toshkentdan ish axtarib yuribdi. Hammasi otasiga o‘xshab, kamfortni yaxshi ko‘rishadi, hamma qatori yotoqxonada turgisi kelmaydi, ularga yaxshi sharoitli ijara uy kerak, har qanday kiyimlarni kiyaverishmaydi, faqat qimmat do‘konlarga kirishadi. Telefonlari eng so‘nggi rusumdagisi bo‘lishi kerak, har biriga alohida kompyuter, yeyish–ichishlari!.. Ular uchun sarflayotgan bir yillik pulimni taxlasam, bir vagon bo‘lishi aniq. Ijaraga pul to‘lash jonga tegdi, deb, to‘rt xonali uy sotib olib berdim. Katta qizning tagiga mashina olib berib qo‘yganman. Xudoga shukur, ikkinchi qizim juda insofli chiqdi, mening ahvolimni tushunib, indamaygina diplomini sandiqqa qo‘yib, men bilan birga bozorda o‘tiribdi. Mashina ham demaydi, shaharda yashayman ham demaydi. Bir qulay tushganda ikkita uy olib qo‘ygandim, shularning bittasini sotib, o‘zingizga bitta mashina oling, deydi bechora bolam. Men ikkalasini ham sotib, bor pulga ikkita “Damas” olib, taksiga chiqarib yubormoqchiman, uy yildan yilga to‘kilib ketaverarkan, birovni ijaraga qo‘ysang, oyiga arzimas pul beradi, taksidan esa har kun pul tushadi.
Oysha son-sanoqsiz yulduzlar jovdirab turgan osmonga tikilgancha dugonalarning gurungiga jimgina quloq solib yotar ekan, ayni paytda ko‘zga ko‘rinmas odamga aylanib qolib, har ag‘darilganda g‘ichirlab asabini buzayotgan yog‘och supachadan butunlay g‘oyib bo‘lib qolishni istar edi.
Sahar payti Mohinurning qattiq-qattiq gapirishidan uyg‘onib ketdi. Ko‘zini ochib qarasa, dugona to‘shakning ustida chordona qurib o‘tirib olgancha, oyog‘ining yuzidagi qo‘tirni qart–qart qashlagancha, qo‘l telefonida kimgadir baqirib yotardi: “Haliyam sasib uxlab yotibsanmi? Tursangchi tezroq! O‘tgan hafta ham kech borib, bir tiyinga qimmat, bo‘lmag‘ur tovar jo‘natgan eding, hali bittasini ham sota olganim yo‘q. Tur o‘rningdan, tezroq yugur. Qaytib kelib sumkaga yaxshilab taxlab joylashtir, yana xurpaytib solib, to‘rtta narsa uchun falon pul to‘lab yurma. Tovarni jo‘natib bo‘lib, keyin darsingga o‘tarsan. He, turib turadi o‘sha o‘qishing ham, dekaningga bir-ikki so‘m berib, og‘zini yopib qo‘y, keyin har narsa deb vag‘illayvermaydi. Bugun tovar uchun pul jo‘nataman. Ertaga pulni olib, natijasini menga aytasan“.
Oysha bemavrid uyg‘onib qolganidan xijolat tortib, indamay yotaverdi. Dugona baqirib-baqirib, yana to‘shagiga cho‘zildi-da, choyshabga burkanib oldi: “Hayot odamni shunchalar o‘zgartirib yuborishi mumkin ekan-a. Janjalkash bozorchi ayollarning o‘zginasi bo‘lib qolibdi. Talabalik paytlarida ismi jismiga, fe’l-atvoriga monand oy nuridek ko‘ngilboqar, yuz-ko‘zidan mehr sizib turadigan qiz edi. Tavba!”. Ancha o‘tib, Oysha sekin soatiga qaradi, bomdod vaqti yaqinlashib qolgan edi. O‘zi yotgan tomondan sekingina sirg‘alib tushdi-da, oyoq uchida yurib, tahorat ushatib keldi. Odamboyga ro‘para bo‘lib qolmayin, deb, ichkariga ham kirmadi. Yaxshiyam, kecha joynamozini o‘zi bilan olib chiqqan ekan. Yotgan to‘shagini tekislab, shu yerda o‘qib qo‘ya qoldi.
Qo‘shni hovlida cho‘zib xo‘roz qichqirdi, olis-olislardan otning kishnagan ovozi eshitildi. Mohinur “uf” tortgancha, narigi yonboshiga ag‘darilib yotdi. U beixtiyor ota hovlisini esladi. Onasi tovuq boqishni yaxshi ko‘rardi, tong otar-otmas xo‘rozlari basma-basiga qichqirib yotishardi. Otasining to‘riq oti bor edi. Akasi bolaligida uyqumni buzadi, deb xo‘roz bilan otni yomon ko‘rardi. Keyinchalik bu ot uning eng yaqin do‘stiga aylandi. Otasi vafot etganda to‘riqning yig‘laganini ko‘rib, akasi otning bo‘ynidan quchoqlab yig‘lagan edi.
Kuz quyoshi dugonalar yotgan pashshaxonaga qo‘rqibgina mo‘raladi. Mohinur nonushtadan so‘ng ulardan uzr so‘radi:
– Qadrdonlarim! Uzr, bugun mening juda ishim ko‘p, soliqqa, statga o‘tishim kerak, tovarga pul jo‘natishim kerak. Shuning uchun sizlar bilan birga bo‘la olmayman. Oysha seni Guljonga, Guljonni xudoga topshirdim. Qizimni ham olib ketishga majburman. Singlimning qizi kelib, tushliklaringni, kechki taomni tayyorlab beradi, xohlasanglar, kechgacha yonbosh tashlab, achib qolgan miyadagi xotira daftarning yog‘ bosgan sahifalarini varaqlab, gurungni urib yotaveringlar, xohlasanglar, bozor aylaninglar. Menimcha, uyda tinchgina yotganlaring ma’qul. Hamma bozor bir bozor, charchab yurganlaringning kirasi yo‘q. Ertaga mashina olib kelib, Sulton Uvays otaga, Kechirmas otaga olib boraman. Sizlarning sharofatlaringiz bilan bormasam, bu ro‘zg‘orni deb, shu joylarga bormasdan o‘lib ketsam kerak. Indin Xivaga olib boraman, Ichan qal’ani ko‘rgazaman, Pahlavon Mahmudni ziyorat qilamiz. Buguncha ham sabr, ham shukr qilib yotinglar, maylimi? Bugungidek imkoniyat ham hamisha bo‘lavermaydi.
Har ikkalasida bozor aylanishga xohish bo‘lmadi, kun bo‘yi uyda yotib o‘tgan-ketganlardan gurung qilishdi. Ertalabdan kimdir “tiq-tiq” qilib, sabzi taxtada nimanidir to‘g‘radi, dasturxonga tushlik tortilgandan keyin ham bu ovoz tinmadi. Hamma narsaga qiziquvchi Guljon atay o‘rnidan turib, oshxonaga o‘tib keldi. Qaytib kelgach, birov eshitib qolishidan qo‘rqqandek shivirlabgina “Yeva bilan Adam bir ajoyib salat tayyorlab, banka yopishayapti”, dedi. Oysha ham asrning tahoratiga chiqqan vaqti sekin oshxonaga mo‘raladi: “Zo‘r narsa bo‘lsa, biz ham o‘rganib ketaylik”. Haligi ayol Odamboy bilan birga salatga nimalarni qay tartibda qo‘shganini endi tushuntirayotgan edi, qayerdandir harsillab Mohinur kelib qoldi. Uni ko‘rib, ikkalasining ham gapi og‘zida qoldi. Hamma jam bo‘lib, Yevangalina-Yevaning og‘ziga tikilib turgani uning g‘ashini keltirdi, shekilli, qoshlari chimirilib ketdi: “Ha, nima gap?”. “Mehmonlar salat bilan qiziqishayapti”, gapni qisqa qilib qo‘ya qoldi Odamboy. “Ha-a, bizning Odamboy og‘a banka yopishga juda usta. Boshqa ish qilmasa ham, pishiqchilik boshlanishi bilan banka yopishning tashvishiga tushadi. Yerto‘lani to‘ldirmasa, hisobmas”, piching qildi Mohinur. “Sen yopishni bilmaganingdan keyin majburman-da. Kun bo‘yi bozorda o‘tirsang, men yopmasam, kim yopadi buni?”. Mohinur mehmonlarini yelkasidan olib, ichkariga boshladi: “Men yopmas emishman. Siz yopsangiz, kim uchun yopayapsiz, qish bo‘yi uyda yeb yotish uchun yopayotganingizni menga minnat qilishning nima keragi bor?”.
Mohinurning ertasi kuni ham vaqti bo‘lmadi: “Qizlarim tovar jo‘natishibdi, shuni kutib olishim kerak. Bozorni nalog bosarmish, o‘zim turib turmasam bo‘lmaydi. Sizlarga mashina jo‘nataman, Xivaga olib borib keladi. Alloh nasib qilgan bo‘lsa, ertaga birgalikda Sulton Uvays Qaroniyga, Kechirmas otaga boramiz. Bugun uchun uzr, kampirsholar, ming bor uzr. Xapa bo‘lmaysizlar, dugonalaring shunday kichkinagina odam, ixtiyori o‘zida emas”.
Ichan qal’a nechog‘li go‘zal bo‘lsa ham Mohinursiz bir tomonlari kamdek bo‘lib yurishdi. Kechga tomon qaytib kelishganda hovliga qalin qilib suv sepilgan, qadrdon bo‘lib ulgurgan chorpoyaga joy tashlangan. Odamboy bilan Yevangalina-Yeva uyning kiraverishidagi zinapoyada musichalardek yonma yon o‘tirib, nima haqdadir gaplashishayotgan ekan. Ularni ko‘rib, erinibgina o‘rinlaridan turishdi. Mohinurning haliyam uyga qaytmaganini ko‘rgan dugonalar begonaning uyiga kelib qolgandek xijolat tortishdi, salqin shabada esib turgan chorpoyada o‘tirishga iymanib, ichkariga kirib, cho‘zila qolishdi. Biroz o‘tib, Yevangalina dasturxon olib kirdi, non, qand-qurs qo‘ydi, choy damlab keldi. Guljon ovqat suzdirmadi: “Mohinur kelsin, birga yeymiz. Hozir juda charchaganmiz, ishtaha ham yo‘q”.
-Endi-i, dugona, bunchalik emas-da! – yotib-yotib Guljonning xunobi oshdi. – Bu Mohinur deganlari butunlay boshqa odamga aylanibdi-qopti. Kimni izlab keldig-u, kimni uchratdik? Essiz!.. Qizlarim, qizlarim deb, odam o‘zini bunchalik ham yeb yuborishi kerak emas-da. Qizlar ham ko‘rpasiga qarab, oyoq uzatishni o‘rgansin. Bu o‘lib-yitib yetkazib beraversa, ular ishlataverishadi-da.
Oysha afsus bilan bosh chayqadi:
-Dugon, menimcha gap qizlarda ham emas, hamma gap uning o‘zida. Qara, qizlarini yeb qo‘yyapti-ku. Kechasi soat uchda hali turmushga chiqmagan bir parcha qiz Toshkentning bir burchagidan ikkinchi burchagiga ko‘tara bozorga borib, tovar olib kelishining o‘zi bo‘ladimi? Men o‘g‘limga ham shunday ishni buyura olmagan bo‘lar edim. Ko‘chada yaxshidan yomon ko‘p, yoshgina qiz, yomon odamlarning qo‘liga tushib qoladi, deb qo‘rqmaganini qara.
-Ammo odamzod ming yelib-yugursin, rizqi ham, martabasi ham Alloh buyurganidan ziyoda bo‘lmaydi. Bizning bir qo‘shnimiz bor edi, ikki yuzlamachilikda tulkiga dars berardi. Erimning bir davlatmand, ajoyib tog‘asi bor edi, bir kun shu kishining uyiga borsak, o‘sha ikkiyuzlamachi qo‘shni xizmat qilib yuribdi. Surishtirsam, ularning ayollari kasalxonada birga yotishgan ekan. Shuni bahona qilib, bordi-keldi qila boshlabdi. Xullas, qo‘shnim tog‘amizning uyidan chiqmay, mol-hollarigacha qarashib, yoniga ishga o‘tib oldi. Mahkam o‘rnashib olgach, undan yuqoridan kimnidir topib, ularga ham qarollik qilgandir, tog‘amizning tagiga suv quydi-da, joyiga o‘tirib oldi. Mansabga chiqqan kuni uzoq-yaqinlarini chaqirib, katta to‘y qilib berdi. O‘sha to‘yida ishdan ketgan tog‘amizni chaqirib,otasidan ham yuqoriga o‘tqazibdi: “Siz mening ustozimsiz, ustoz otadan ham ulug‘ bo‘ladi”, degan emish. Uch yillar gurkirab ishladi, xudoni xudoyberdicha ko‘rmay qoldi, de. Bir kun “paq” etib, pora bilan qo‘lga tushdi-yu, qamalib ketdi. Qarindosh-urug‘lari yelib-yugurib, ikki yil deganda zo‘rg‘a chiqarib olishdi. Bu yana mansabga intildi. Kichik korxona ochdi, yeldi-yugurdi, kasal onaga ham, kasal xotinga ham qaramadi, pulni ko‘paytirib, kattaroq biznes ochaman, deb, oilaning hamma extiyojlarini chetga surib qo‘ydi. Chet eldan uskuna olib kelib, guruch oqlaydigan zavod ochdi, niyatiga yetdi, endi kimsan falonchi bo‘lib, davralarning to‘riga o‘tadigan bo‘lganda, yashin urib, o‘ldi-ketdi. Xozaraspda yashin urib o‘lgan biron odamni eshitmagan edik, shu bechorani yashin urdi. Shundan aytaman-da, odamzod mol-dunyoga, mansabga juda xirs qo‘ymasligi kerak. Alloh peshonasiga yozgan bo‘lsa, yaxshi, yozmagan bo‘lsa, yetgan joyda yer qopib ketaverar ekan.
-Juda ham to‘g‘ri. Lekin bu gaplarni Mohinurga aytib ko‘r-chi! Ko‘r yara qilib, talab tashlaydi.
-Men-ku, aytmayman, aytolmayman. Mening aytganimni bir pulga ham olmaydi. Dugonamiz, menimcha, odamlar bilan puliga qarab muomala qiladidigan bo‘lib qolgan. Sen yotig‘i bilan tushuntirib ayt. Seni yaxshi ko‘radi, juda bo‘lmasa, shuncha yo‘ldan kelgan deb, senga baqirishga haddi sig‘maydi. Katta qizini Toshkentdan olib kelib, shu yerga ishga qo‘ysin. Manavi o‘qigan qizni bozorda sarson qilmay, mutaxassisligi bo‘yicha ishga qo‘ysin. Joyi chiqsa, uzatsin.
-Men uni yo‘lini yo‘qotib, adashib qolgan odamga o‘xshatdim, qayoqqa borayotganini, nimaga intilayotganini o‘zi ham bilmaydi, — Oysha xolaning rostdan dugonasiga rahmi kelayotgan edi.
-Bu sening fikring, Oysha, nimaga intilayotganini o‘zi juda yaxshi biladi u. Dunyosi mo‘l bo‘lsa, qizlariga yaxshi joylardan sovchi chiqadi, o‘zi yanayam kattaroq gapirib yuradi. Hamma onalar kabi bolalarining baxti uchun kuyib-pishib yurgan ayol-da bu.
-Ha, mayli, bolalari uchun yugursin, hammayam yuguradi, lekin bunchalik emas-da. Besh so‘m uchun o‘n so‘mdan kechma, o‘n so‘m uchun o‘zingdan kechma, degan gap bor. Bu o‘zidan kechib yuborgan-da, Guljon.
Shu kecha Guljonning uyidan qo‘ng‘iroq qilishdi: “Uf-f! Qaynonam kelibdi. O‘zim allaqachon uch kelinga qaynona bo‘ldim, erim esa haliyam o‘zimni kecha kelgan kelindek tutishimni istaydi. Tez yetib kel, deyapti. Bormasam bo‘lmaydi. Xafa bo‘lmaysan, dugon. Biznikiga ham, albatta, o‘tinglar, kutaman. Yo… birga olib keta qola qolay, yur”.
Mohinur uni jerkib tashladi: “Sen ketmoqchi bo‘lsang, jimgina kelgan yo‘lingdan ketaver. Men bunga mashina aytganman. Ertaga Sulton Uvays otaga olib boraman”, “Xo‘p, dugon”.

Davomi bor

011

(Tashriflar: umumiy 62, bugungi 1)

Izoh qoldiring