Jamila Ergasheva. Qir ustidagi ayol & Yozsang, faqat rost tuyg’ularni yoz! Adiba bilan suhbat

Ashampoo_Snap_2018.03.10_16h05m58s_005_.png    Адабиёт миллатнинг маънавий хазинаси, абадий уйғоқ руҳи ва қалбидир. Дарди бор, армони бор одам ёзади. Бу бешафқат ҳаёт суқмоқларида йиқилиб-суриниб, пешонаси тошга теккан одам ёзади.

ЁЗСАНГ, ФАҚАТ РОСТ ТУЙҒУЛАРНИ ЁЗ…
Адиба Жамила Эргашева билан суҳбат
09

21034630_127345861237309_3279338271037390101_n.jpgЖамила Эргашева Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика куллиётини тугатиб, “Сурхон тонги ”, “Аёл ва замон”газеталарида ишлаган. “Изҳор”, “Интиқом”, “Таназзул”, “Аёл жодуси”, “Зулфизар”, “Қир устидаги аёл”, “Шом шафағи жилвалари ” номли қисса, ҳикоялар жамланган китоблари чоп этилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

09

— Жамила опа, биламизки, ўзбек адабиётида Сурхон адабий муҳити алоҳида ўрин тутади. Сиз ҳам ушбу адабий муҳитнинг бир вакили сифатида насрда қалам тебратиб келмоқдасиз. Адабиётимизда насрда ижод қилаётган аёллар кўп эмас. Бугунги адабий жараёнда аёл ижодкорларнинг тутган ўрнини қандай баҳолайсиз?

— Шубҳасиз, ижодий муҳитни ижодкорлар яратади. Айни пайтда бу муҳит етишиб чиқаётган ижодкорларнинг савиясини белгилайди. Сурхондарёлик ижодкорлар нафақат вилоятдаги ижодий муҳитни, балки республика ижодий муҳитида ўз ўрнига эга бўлган ижодкорлардир: Шукур Холмирзаев, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, Сирожиддин Саййид, Мирзо Кенжабек, Эшқобил Шукур… Буларнинг ҳар бири ўзининг маҳорат мактабини яратган ижодкордирлар. Сурхондарёлик ёзувчи ёки шоир деган сўзнинг ўзиёқ вилоятда яшаб, адабиётга, ижод оламига қадам қўяётган инсон қалбида ўзгача бир қизиқиш, интилишнинг туғилишига сабаб бўлади. Қалами билан дунёни забт этган нобелистларнинг китоблари орасида Шукур Холмирзаев ёки Эркин Аъзамнинг китоби турса, бошловчи ижодкор ўқиш ва ўрганишни ўзимизнинг адиблардан бошлайди, чунки уларнинг ўзлари ҳам, сўзлари ҳам, қаҳрамонлари ҳам юракка яқин. Айни пайтда ана шу ўқиб ўрганганлари кейинроқ уларни дунё адабиётига, ўша нобелистларга олиб чиқади.

Тўғри, улар орасида аёл ижодкорларнинг жуда камлиги таассуфли ҳол. Ҳолбуки, адабиётда аёл киши ёзиши лозим бўлган ёки аёл ижодкор яхшироқ ёза оладиган мавзулар ҳам талайгина. Аёл қалбини ким ҳам аёл ёзувчи каби тадқиқ қила олади? “Зулфизар” номли қиссам “Ёшлик” журналида чоп этилганда, устоз адиб Эркин Аъзам қўнғироқ қилиб, “Мен қиссангиздаги қаҳрамонлар каби тузум қурбони бўлган раҳбар аёлларни кўп учратганман, суҳбатлашганман. Лекин улар ҳақида сиздек қилиб ёза олмас эдим. Сабаби, сиз аёлсиз, аёл кишининг руҳиятини эркак ёзувчилардан кўра чуқурроқ идрок қила оласиз”, дедилар.

Лекин, мен аминманки, хотин-қизларимиз орасида истеъдодлилари жуда кўп. Оналар миллат мураббийларидирлар, лекин уларнинг бор салоҳияти, куч-қуввати ўзлари улғайган сайин ташвишлари ҳам улғаяверадиган фарзандлар, ҳеч тўлмас рўзғор халтасининг югур-югурларига сарф бўлади. Аммо уларнинг истеъдодлари қон ва сут орқали, меҳр ва тарбия билан фарзандларга ўтади. Мутахассисларнинг кафолат беришича, одамга етмиш фоиз ген онадан ўтар эмиш. Яъни турмуш ташвишларидан ортиб, ёза олмаган оналар этагида не-не забардаст ижодкорлар камолга етадилар.

Бу энди менинг Сурхондарё адабий муҳитида аёл ижодкорларнинг ўрни ҳақидаги фикрларим. Аммо бу масалага ўзбек адабиёти мисолида фикр билдирилса, жавоб бутунлай бошқача бўлиши табиий. Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Дилбар Саидова, Зулфия Мўминова, Зулфия Қуролбой қизи, Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзо, Саломат Вафо, Гуландом Тоғаева, Гулжамол Асқарова, Дилфуза Қўзиева, Санобархон Меҳмонова каби ўнлаб ижодкор опа-сингилларимизнинг ижоди миллат адабиёти ва маънавияти хазинасини бебаҳо жавоҳирлар билан бойитганлигини ҳеч ким инкор қила олмайди.

— “Адабиёт нима?”, деган азалий саволга шу кунга қадар турли таърифлар берилган. Сиз уни қандай таърифлаган бўлардингиз?

— Адабиёт миллатнинг маънавий хазинаси, абадий уйғоқ руҳи ва қалбидир. Ҳамма нарсаси тўкис, ҳеч бир армони бўлмаган, ён-атрофда юз бераётган яхши-ёмон ҳодисаларга бефарқ одам ҳеч қачон қўлига қалам олиб, койимаган жонини койитиб, нимадир ёзишга урунмайди. Дарди бор, армони бор одам ёзади. Бу бешафқат ҳаёт суқмоқларида йиқилиб-суриниб, пешонаси тошга теккан одам ёзади. Онамнинг олдидаги бурчим кутиб турар, аввал хотин, бола-чақа ташвишларини битказиб олай дея, онасини бир пиёла қаймоқ билан йўқламаган одамнинг она қазосидан сўнг элга ёзилган шоҳона дастурхонини кўриб, кўкси надоматга тўлганлар ёзади. Кўрган-кечирганлари кўксига тиғдек қадалиб, “Нега? Нега бундай бўлди?” каби саволлар кўнгилда исён кўтарганда, одам ўз-ўзини, ўз кўнглини тадқиқ қилиб, бир хулосага келганда ёзади. Ана шу хулосасини бошқаларга ҳам илинганида ёзади. Агар бу ёзилганлар имкон қадар ёлғон тўқималардан ҳоли, юракдан чиққан, самимий бўлса, юракларга етиб борса, у ҳақиқий адабиёт бўлади. Адабиёт қандай яратилишини ҳамма ҳам айтиб бериши мумкин, аммо ҳамма ҳам адабиёт ярата олмайди. Бунинг учун одамда Аллоҳнинг ўзи юқтирган истеъдод бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам қалам аҳлини илоҳиётга дахлдор деб ҳисоблашади. Қалам ва сўзни муқаддас деб билишади. Миллат адабиётсиз яшай олмайди. Адабиёт, хоҳ у оғзаки бўлсин, хоҳ ёзма бўлсин, одамзодга садоқатли дўст, доно маслаҳатчи, кундузлари қуёшдек саховатпеша, тунда йўлчи юлдуз бўлиб келган.

— Атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг “агар ёзувчининг аҳлоқ кодекси тузиладиган бўлса, мен ҳалоллик ва шижоатни биринчи модда қилиб қўяр эдим, чунки ёзувчининг бошқа ҳамма хислатлари унинг қай даражада ҳалол, нақадар шижоатли зеҳнига боғлиқдир” деган фикрларини ўқир экансиз, унинг бутун ижрдий фаолияти давомида бу қоидаларга амал қилганига гувоҳ бўламиз. Хўш, бугун-чи? Бугун бу қоидаларга ижодкорлар қанчалик амал қилишмоқда? Нима деб ўйлайсиз?

— Устоз Абдулла Қаҳҳорнинг ўзлари бир умр амал қилган бу ақидалар ҳамма замон ижодкорлари учун, нафақат ижодкорлар, балки барча соҳа мардумлари учун ҳам долзарб бўлиб қолаверади. Адабиётнинг азалий – абадий муқаддас вазифаси инсон маънавиятини юксалтириш, қалбини поклашдан иборат экан, ўзини тарбиялай олмаган ижодкор қандай қилиб жамиятни тарбиялаши мумкин? Баъзан оддий, содда одамлар орасидаги гурунгларда қулоққа чалиниб қолади: “Фалончи киши келди, роса ичар экан. Ўзи шоир-ёзувчиларга фақат ичгандагина илҳом келармиш-а?” Шундай гапларни эшитганимда, ё зино, ё болани ўлдириш, ё ичкилик ичиш шарти қўйилганда, “гуноҳдан ҳолироқ” дея ичкиликни танлаб, маст бўлиб қолгач, ҳам зинога қўл уриб, ҳам болани ўлдирган йигит ҳақидаги ривоят ёдимга тушади…

Аммо ижодкор учун яна бир ҳалоллик зарурияти борки, бу рост туйғуларни қаламга олиш шартидир. ХХ аср Америка адабиётининг йирик намоёндаси, Нобел мукофоти соҳиби Эрнест Хемингуэй ҳар сафар янги асарини ёзиб тугатгач, кўнгли ҳувуллаб қолгандек бўлар, янги саргузаштлар иштиёқида саёхатга йўл олар экан. Кўриш қобилияти пастлиги учун Европада кетаётган урушга қатнашиш ҳақидаги аризаси рад этилиб, бундан ўзини хўрланган, таҳқирланган ҳис этиб, “Қизил хоч” жамиятига кўнгилли бўлиб ёзилиб, уруш алангасида ёниб ётган жанггоҳга илк бор қадам қўйганида ёшгина йигит бўлган. Унинг назарида жанг ғалаба учун курашаётган спорт жамоаларининг ўйин майдонидек гап эди. Аммо Эрнест урушга келиб, бу қандайдир “спорт ўйини” эмас, инсонни хўрлайдиган, тубанлаштирадиган, унга берилган энг бебаҳо неъмат – тирикликдан жудо қиладиган қабоҳат эканлигини англаб етди. У ярадор аскарни қутқараётганда минага дуч келиб, 227 жойидан жароҳат олди. Шифокорлар унинг танасидан бор-йўғи 22 та ўқ парчасини олиб ташлашди, қолган металл парчалари эса адиб умрининг охиригача унга азоб бериб келди.

Урушни ўйлаб топган ва унинг бошида турганларга бўлган нафрат, бу қабоҳатнинг инсониятга руҳан ва жисман келтирадиган азоб-уқубатлари ҳақидаги адиб англаб етган бешафқат ҳақиқат “Қуёш барибир чиқаверади”, “Алвидо, қурол” номли романларининг дунёга келишига сабаб бўлди ва бу асарлар ўз муаллифи номини дунёга маълум ва машҳур қилиб юборди.

Аммо бу шон-шуҳрат, урушда орттирилган жароҳатлар оғриқлари адибнинг ҳаётни, инсон руҳиятини ўрганишга бўлган қизиқишини сўндира олмайди. Автомобилида юк машинасига тўқнашиб кетиши натижасида ўн марта жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлади. Англияда ҳарбий мухбир бўлиб ишлаб юрган пайтида машинаси сув тўла бочкага тўқнашиб, қаттиқ жароҳат олади. Ҳарбий аэродромда бўлган автоҳалокатдан сўнг анча вақт мия чайқалишидан қаттиқ азият чекади. Африка чакалакзорларидаги авиаҳалокатда хотини билан бирга йиртқич ҳайвонлар орасида қолиб кетади. Адиб шахс ва инсон сифатидаги ўзининг мавжудлигини исботлаш, адабиётда ўз ўрнини топиш, ҳаёт ҳақиқатини англаш ва англатиш учун катта матонат ва ирода билан яшади. Адибнинг асарларини жамласангиз, унинг ибратли умр йўли, оддийроқ қилиб айтганда, матонати таржимаи ҳоли вужудга келади. Унинг ҳаёт йўли айни вақтда ҳақиқий шижоат намунаси ҳамдир.

Таниқли адиб Тоғай Мурод сурхондарёлик бўлгани учунми, у кишининг кўрган-кечирганлари ҳақида анча мунча маълумотга эгамиз. Айтишларига қараганда, адиб “Отамдан қолган далалар” номли романини ёзишдан аввал Тошкентдан ўзи туғилиб ўсган Олтинсой туманига бориб, пахтакорлар билан бирга ер чопиб, сув тараб, ғўза парвариш қилган. Роман қаҳрамони Деҳқонқул бошидан ўтказган бори руҳий, жисмоний уқубатларни адиб ўз кўнглидан, жисмидан ўтказган. Ёзувчининг тил, тасвир, бадиий услуб борасидаги маҳоратига тан берган ҳолда фақат рост кечинмаларни ёзиш йўлидаги бу шижоатига алоҳида баҳо бермоқ лозим деб ўйлайман. Адиб сўзни, қаламни, адабиётни муқаддас деб билди, у юрагидан ўтказган рост туйғуларни ёзди, шу боис унинг ёзганлари ўқувчининг юрагига қўшиқдек оқиб киради.

— Кузатишимача, аксарият ёшларимиз бугунги адабий жараёндан, яратилаётган бадиий асарлардан бехабар. Биз яратилаётган асарларни кенг тарғиб қила олмаяпмизми? Бу борада қандай фикрдасиз?

— Истаймизми-йўқми, вақтли матбуот нашрлари ҳамиша эл-у халқни адабий жараён билан таништириб келган. Бир янги истеъдод чиқса, унинг номи, ижоди билан энг аввал газета-журналлар орқали танишганмиз. Энди эса тўртта нарса ёзадими-йўқми, унинг савиясидан қатъий назар дарров китоб қилиб чиқариб олиш урф бўлди…

Обуна масаласи ҳам катта муаммога айланган. Нафақага чиққанимдан сўнг ижтимоий ҳаётдан, адабий жараёндан узилиб қолмайин деб, ўзим севган нашрларга обуна бўлдим: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси”, “Жаҳон адабиёти”, “Тафаккур”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик”… Почта билан уйимнинг орасида тўртта кўча бор. “Газетанинг фалон сони нега келмади?”, “Журналимни олиб келинглар” деб қўнғироқ қилавериб, кўкайим кесилди. Бу ҳақда ҳатто “Хуррият” газетасига ҳам ёздим. Лекин бирон ўзгариш бўлмади. Кейинги йили обуна бўлмай қўя қолдим. Кўзимга кўпроқ зиён келтирса-да, янгиликлар билан ҳам, адабий жараён билан ҳам интернет орқали танишадиган бўлдим. Энди ўзингиз хулоса чиқараверинг, мендек ўз ҳақ-ҳуқуқини таниган, “Почта”нинг ёнгинасида истиқомат қилувчи обуначининг газета-журналини вақтида олиб келмаган “Почта” туманнинг чекка қишлоғида яшовчи, пулини тўладим, энди журналнинг ўзи мени излаб келади, деган мардумнинг газета-журналини вақтида ва тўла тўкис олиб борармиди?

Қалам ҳақи ниҳоят даражада паст бўлишига қарамасдан китобларнинг нархи жуда қиммат. Китоб дўконларига кирган ҳар бир одам қўлтиғини тўлдириб китоб кўтариб чиқа олмайди. Лекин халқимиз жуда маърифатпарвар. Менинг тенг-тўшларимнинг бари олтмишдан ошиб қолган. Аммо қаерда тўрт-беш бўйинса учрашиб қолсак, менга китоб буюртма қилишади: “Бирон ўқийдиган нарса олиб келинг. Кейинги сафар кўришганимизда қайтариб бераман”. Ҳамиша машинада беш-олтита китоб олиб юраман, кимдир сўраган, кимдир ўқиб бўлиб қайтарган бўлади.

— Бугунги ёшлардан кимларнинг ижодини кузатиб борасиз?

— Бугун кечадан, эрта бугундан ақллироқ, дейишади. Ана шу ақидадан келиб чиққан ҳолда ёшларнинг ижодини кузатиб, баъзан дунёларга сиғмай кетаман. Улар адабиёт дарсликлари-ю, собиқ мафкура изни билан чоп этилиб, кутубхоналарга келтирилган китобларни ўқиб, шулардан ўрганиб ижодий йўл танлаган тузумнинг фарзандлари эмас. Уларнинг ўзлари ҳам, устозлари ҳам дунё адабиёти билан яхши таниш, сўз илмида дунёни забт этган ижодкорларнинг асарларидан маҳорат илмини ўрганаётган авлоддирлар. Гулноз Мўминова, Сирожиддин Иброҳим, Хуршид Абдурашид, Наргиза Одинаева, Нилуфар Иброҳимова, Нодирабегим Иброҳимова… Бу рўйхатни ҳавас ва ғурур билан узоқ давом эттириш мумкин. Улар миллат адабиётининг эртасидир.

— Адабий танқидчилигимизга бўлган муносабатингизни билмоқчи эдим?

— Адабий танқидчилик бугунги кунга келиб жуда ноёб соҳага айланиб қолганга ўхшайди. Адабиётшуносларимиз бармоқ билан санарли. Улар ижодкорларнинг кўнглига тегиб қўймай, деган истиҳоладами, жуда авайлаб ёзишади.

— Ижодга, адабиётга меҳр қўйишингизга нима туртки бўлган?

— Иккинчи синфда ўқиб юрганимда болалар кутубхонасига аъзо бўлганман. Кутубхоначи опалар берган китобларни уйга етиб бормасдан дарвозалар олдига қўйиладиган ёғоч ўриндиқларда ўтириб ўқиб бўлардим-да, кутубхонага “Менга бошқа китоб беринг” деб қайтиб борардим. Улар мени бағрилари босиб, эркалатиб, “Сен кўчада китоб ўқимагин. Худо кўрсатмасин, тағин машина-пашина уриб кетмасин. Энди уйга бориб ўқийсан”, дея қайта-қайта тайинлаб, бошқа китоб бериб юборишарди. Бадиий китоб ўқишни жуда яхши кўрардим. Ўқиган китобларимдан жуда таъсирланар эдим. 5-синфда ўқиётганимизда Зулфия билан Ҳамид Олимжоннинг ҳаёти ва ижодини ўтдик. Уларнинг тақдири мени жуда қаттиқ таъсирлантирди. Шу кайфият билан кутубхонадан уларнинг китобларини олиб, анча шеърларини ёд олдим. 12 бетлик дафтарни тўлдириб, Зулфияга хат ёздим ва Горькийнинг “Қишлоқдаги бобомга” деб хат жўнатгани каби мен ҳам конверт юзига “Тошкент шаҳридаги шоира Зулфия опага” деб почта қутисига ташлаганман. Менинг назаримда шундай матонатли шоирани бутун Ўзбекистон таниши, почтачилар ҳам унинг манзилини билиши шарт эди. Афсуски, хатим жавобсиз қолган, у эгасига етиб бормаган.

Шунга қарамасдан мен математика муаллимаси бўлишни орзу қилар эдим. Математик масала ва мисоллар ечиш мен учун энг мароқли машғулот ҳисобланарди. 9-синфда ўқир эдим. Бир укамиз вафот этди. Ўлим қанчалар аччиқ бўлишини илк бор юрак-юрагимдан ҳис қилдим. Гоҳ уйнинг энг ичкари хонасига кириб, гоҳ ҳовлининг адоғига ўтиб, пана-паналарда биздан яширинча йиғлайдиган онамнинг кўзларидаги ғусса туфайли илк бор қўлимга қалам тутиб ҳикоя ёздим. Юрагим тўлиб кетган эди, қоғозга тўкилдим. Онамга, укамга айтолмаган гапларимни қоғозга айтдим.

— “Зулфизар” номли қиссангизда шўро даври ижтимоий муҳити, бир аёлнинг, яъни умри алдовларда ўтган Зулфизарнинг аччиқ қисматини қаламга олгансиз. Бу асарнинг яратилишига нима сабаб бўлган? Қаҳрамонингизнинг прототипи борми?

— Биз бирин-кетин икки тузумни кўрган авлодмиз. “Зулфизар”лар Зинаида, “Муҳаббат”лар Любовь бўлиб, айни гуркураган йиллари биз ўқувчи, талаба, энди иш бошлаган мутахассис бўлганмиз. Уларнинг қай бири билан маҳалладош, қай бири билан ҳамшаҳар, қай бири билан даврадош бўлганмиз. Улар ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда гуллаб-яшнаб, сўнг хазон бўлган опаларимиз эди. Тузум қурбонлари бўлган бу аёлларнинг фожиаси бизнинг ҳам фожиамиз, миллат фожиаси эди. Бундай фожиали тақдир соҳибаси бўлган кўп аёлларни таниганман, билганман, умрларининг ниҳоясида ҳеч кимга кераксиз, бечора бўлиб қолганликларига ўзим гувоҳ бўлганман. Мана шу кўрган-кечирганларим сабаб бўлиб, “Зулфизар” ёзилган. Унинг конкрет прототипи йўқ, аммо айни пайтда прототиплари кўп эди.

— Адабиётга, ижодга энди кириб келаётган ёшларга нима маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Кўпроқ ўқинг, оламни, одамни ўрганинг, деган бўлар эдим. Қошғарийдан Абдулла Орифгача яратилган маънавий хазинани ўзлаштириш қийин, лекин барибир ўқиш керак. Ҳеч бўлмаса, ўзимизда чиқадиган адабий нашрлар – “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси” газеталарини, интернет тармоқларидан “Хуршид Даврон кутубхонаси” сайти материалларини ўқиб бориш лозим. Адабиётшуносларнинг фикрлари билан танишиб бориш керак.

Суҳбатдош Обид ШОФИЕВ

Манба: «Сурхон ёшлари» газетаси

Жамила ЭРГАШЕВА
ҚИР УСТИДАГИ АЁЛ
Роман
09

Тоғларга сел келди. Кенг ўзанлар ўртасида кўз илғар-илғамас кумуш камардек ялтираб оқиб ётган Сурхон шовқин-сурон билан шовуллаб келган лойқа сувни бир сесканиб бағрига олди. Пишқирган сув ўзанлардан тошиб, қай бир чаққон деҳқон дафтар чизиғидек эгат тортиб қўйган пайкалларни ҳам ювиб кетди. Ҳаво бирдан совиди. Жаҳл отига миниб, пишқириб оқаётган Сурхонни ёқалаб, Робия холанинг ҳовлиси томон куёв навкарлар ўтганда поёнсиз осмон ўртасида ҳайрон йилтиллаб турган қуёш ҳам қаёққадир ғойиб бўлди.

Робия хола бир умр фаол бўлиб ўтган: биргад бўлган, депутат, делегат бўлган, ҳамиша эл устида, элнинг олди бўлиб юрган, ҳеч топмаганда ҳам шапалоқ билан юз қизартиб, катта-кичикнинг иззатига етган аёл эди. Куёвнинг оёқлари остига ловуллаб турган хонатлас билан оқлик тўшаб, поёндозни қўшқават қилди. Эгнига бухороча зарбоп тўн солди. Дастурхонида анқонинг тухумидан бўлак ҳамма нарса бор эди. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлди, фақат кунчиқарда пайдо бўлган қорамтир булут ҳамма ёққа сарғимтил соя ташлаб олгани юрагини сиқди. Келин кийинаётган хона билан қудалар ўтирган хона ўртасида югуриб юраркан, ҳар замон – ҳар замон осмонга қараб қўярди. Аксига олиб, қора булут музаффар қўшиндек тобора шиддат билан осмонни эгаллаб борарди. Қаердадир қарғалар ҳам қағиллади. Шоҳистага отаси дуо бераётган пайт бирдан шамол турди. Қиз ота дуосини олиб, ён-атрофи ранг-баранг шойи тасмалар, шарлар билан безатилган машинага ўтиргунча шамол боласини излаётган телба онадек увиллай бошлади. Бир пасда ер-у осмон чанг-тўзон билан қопланди. Бир қадам нарида турган нарсани кўришнинг иложи йўқ эди. Бирин-кетин йўлга чиққан машиналар куппа-кундуз куни тунги чироқларини ёқиб олишди. Орадан бир човгум сув қайнайдиган фурсат ўтмай, шатир-шутур ёмғир ёға бошлади, изидан қор учқунлади. Келин куёвнинг уйига етиб келганда ҳамма ёқ оппоқ қор эди:

– Бу Азиз момо! – деди келин-куёв ўтирган машинани бошқариб келаётган ўрта яшар киши. – Тўқсон, бир кунимча йўқсан, дер экан. Ҳақиқатан ҳам тўқсон кунлик қишда шу қаҳрнинг ўндан бирини кўрганмидик? Лекин чатоқ бўлди. Ҳамма нарса уйғониб қолган эди. Бу йил бодом йили бўлди, деб юрган эдик ҳаммамиз.

– Бир йил бодом емасангиз, емабсиз, ака! – орқада келиннинг ёнида ўтирган янга кулди. – Энг муҳими, Азиз момо келиннинг йўлига поёндоз тўшади.

Ҳайдовчи пешойнадан янгага бирров ҳайрон ва норози қараб қўйди-да, сўнг ўзига ўзи айтаётгандай сўзланди:

– Ҳа-а… Элнинг ризқи эди-да…

Куёв томон машинани қий-чув билан кутиб олди. “Азиз момо”нинг кутилмаган қаҳридан шошиб қолган катта-кичик оёқ остида лойга айланаётган ола-чалпоқ қор устида дийдирашиб, келин-куёв ўтирган машинани ўраб олишди. Машина эшиклари бирин-кетин очилиб, ҳайдовчи, куёв, куёвжўра машинадан тушди. Келин янга эса ўзлари томондаги эшикнинг тутқичига маҳкам ёпишиб, келинга қўл узатган куёвнинг йўлини тўсди:

– Олдин ҳақини беринг!

Куёв чўнтагидан беш-олтита минг сўмлик чиқарди.

Янга ишва билан бош чайқади:

– Бу кам!..

Бу сафар куёвнинг ёнида турган жўраси чўнтак кавлаб, янгага пул узатди:

Янга пулга қараб, мазах қилгандай кулди:

– Яхши йигит, мен сиздан сақич пули сўраётганим йўқ. Мен келин олиб келдим, хўрозқанд эмас.

Келин хижолат тортиб, янгасининг биқинига қаттиқ туртди. Янга бир силтаниб, яна эшик тутқичига ёпишиб олди:

– Тўғри-да, қўлидан келган йигит уйлансин!

Куёв оқ-сариқдан келган рангпаргина йигит эди, дув этиб қизарди.

Куёвжўра машина эшигига энгашиб, янгага пичинг қилди:

– Ўзингизнинг нархингизни ҳам айтинг, янга, кўтара савдо қиламиз.

Атрофда енгилгина кулги кўтарилди. Поёндоз ушлаб, келиннинг тушишини кутиб турган аёл пастки лабини тишлаб, ерга қаради: “Яшшамагур, қуданинг иззатини қилмади!”

– Қуруқ қошиқ оғиз йиртади, йигит! Қўлингдан келадиган ишни гапир! – қарздор бўлиб қолишни истамаган янга ҳам куёвжўрани масхара қилди.

Йигитлар қийқириб юборди: “Тамом бўлдинг, Ҳамдам!”

Ҳамдам, афтидан куёвжўранинг исми шундай эди – нимадир демоқчи бўлиб унга томон юраётган эди, куёвнинг имоси билан икки йигит уни қўлтиғидан тутиб, нари олиб кетишди.

Куёвнинг ўзи чўнтагидан бир даста пул чиқариб, янгага берди. Янга пулни занжирлари ялтироқ сумкачасига солиб, машина эшигини очди. Сўнг ғолибона пастга тушиб, тор кийимдаги келишган қадди-қоматини кўз-кўз қилганча давранинг қоқ ўртасидан кесиб ўтиб, дарвоза олдига бориб турди. Йигитлар Ҳамдамнинг биқинига туртишди.

– Зўр нарса экан! Кўтара савдо қилсанг, пулингга куймас экансан.

Ҳамдамнинг қуюқ қошлари чимирилди:

– Изимдан итдек эргаштирмасам, отамнинг ўғли эмасман.

У шундай деб олов айланаётган келин-куёвни томоша қилиб турган “янга”га тикилди. Бироз ўтиб “янга” унинг ўтли нигоҳларини ҳис этдими, ялт этиб, унга қаради. Ҳамдам дастлабки ғалабадан севиниб кетди. Қошларини чимириб турган хушрўй жувонга маънодор тикилиб, кўзларини қисиб қўйди. Жувон аввалига ҳайрон бўлди, сўнг йигитнинг ошкора шилқимлигидан қаҳрланиб, зарда билан юзини бурди. Аммо Ҳамдамнинг ўз “машғулот”ини тўхтатиш нияти йўқ эди. Жувон ҳам қизиқувчанлик туфайлими, қаҳрини боса олмаганиданми, яна унга қаради. Ҳамдам эса кулиб, яна кўз қисди. Янга энди астойдил қаҳрланди, унга бутунлай орқа ўгириб, келинни ҳам кутиб турмасдан, ҳовлига кириб кетди: “Тарбиясиз!”

Тантиқ янга қайсидир маънода ҳақ эди. Ҳамдам олти қиздан сўнг тилаб-тилаб олинган Тиловмурод, айтгани қонун, истагани муҳайё, ушлагани ўзиники бўлиб ўсган йигит эди. Янганинг у узатган пулни масхара қилиб, яна сенсираб гапиргани унинг ҳамиятига тегди. Тўйхонанинг ўзидаёқ бу ойимчанинг кимлигидан тортиб, телефон рақамигача аниқлаб олди.

– Биз энди божа бўламиз, – деди куёвнинг елкасига маъноли қоқиб.

Аҳмад ошнасининг феълини яхши билар эди. Нимага шаъма қилаётганини дарров тушунди:

– Ошна, сен бундай гапларни қўй. Эри жуда яхши йигит. Буёғи биз бор. Бир аҳмоқ хотиннинг калтафаҳмлигини деб…

Ҳамдам узр сўраётгандай қўлини кўксига қўйиб, кулди:

– Ошна-а!.. Ошначилик ўз йўлига, лекин ҳар кимнинг ўз ҳисоб-китоби бор. Биласан, мен қарз бўлиб юришни ёмон кўраман. Айниқса, аёл кишидан!..

* * *

Тўй куни ёққан қор шу куниёқ эриб кетган бўлса-да, ҳали ҳавонинг заҳри синмаган, ҳамма жой зах ва нам, аллақачон йўлга чиққан қиш нимасинидир унутиб қолдиргани учун ортига қайтган бесаришта хотиндек ивирсиб юрарди.

Улар юзочдидан тушга яқин қайтишди. Тўйда ишлатилган стол-стуллар айқаш-уйқаш бўлиб ётган ҳовлида ҳеч ким йўқ эди. Айвон деразасида турган телефон дунёни бошига кўтариб жиринглаб ётарди.

– Нозима, анавини ол, ўзини еб ётибди, – тугун кўтариб ошхона томон кетаётган Робия хола келинига буюрди. – Бобонг қаерга йўқолган…

– Алло-о, эшитаман, – Нозима деразадан телефон гўшагини олиб, қулоғига тутди. – Да-а!

– Нозимахон, ўзингизми?

– Ҳа, менман. Ўзингиз кимсиз? – у жавобни эшитмасдан овоз эгасини таниди. – Бирон ишингиз бормиди?

– Бир аҳвол сўрай, дедим сиздан. Тўй ташвишлари билан чарчамадингизми? Яна… Сиздан узр сўрамоқчиман. Кеча бироз кайфим бор эди. Одобсизлик қилган бўлсам, кечиринг.

– Шундайми? Ҳа, майли, соғ бўлинг.

– Нозимахон, биласизми, мен баъзан тўйларда қўшиқ айтаман. Кеча янги қўшиқ ўргандим. Бир эшитиб кўринг, – йигит ширали овозда қўшиқ хиргойи қила бошлади. – “Қалбимда оҳ урар, оҳларим унсиз, сенга талпинаман кечаю кундуз. Балки сен яшарсан, жонгинам, менсиз. Мен қандай яшарман дунёда сенси-из?..” Қалай, ёқдими?

Тугунларини жойлаштириб, ошхонадан чиққан Робия хола унга қаради:

– Ким экан? Кимни сўраяпти?

Ўғирлик устида қўлга тушгандек, Нозиманинг ранги оқариб кетди. Ҳамон қулоқларига босиб турган гўшакка:

– Сиз айтган одам бу ерда яшамайди. Сизга нотўғри телефон беришибди, – деди, сўнг қайнонасига юзланди. – Нормурод деган йигитни сўраяпти.

Бир оз вақт ўтиб, телефон яна жиринглади. Бу сафар Нозима айвон ичкарисида эди. Индамай телефоннинг симини узиб қўя қолди. Хонасига ўтаётиб, девордаги баланд тошойнага қаради: сарвдек қадди-қомат, шунча тўй ташвишларидан кейин ҳам ловуллаб турган қошу кўз, тим қора сочлар кўнглини тўлдирди: “Қандингни ур, Нози! Икки болали бўлсанг ҳам, бир кўчага чиқсанг, изингдан ўн йигит юрагини чангаллаб қолади”. Беихтиёр куёвжўра айтган қўшиқнинг сўзлари юрагидан қайнаб чиқаётгандай бўлди: “Мен қандай яшарман дунёда сен-си-из?..” Шу қўшиқ хиргойиси билан кийим алмаштирди. Тор-танқис кийим-бош, турли тасмалар исканжасидан озод бўлган танаси енгил нафас олди. Кенг-мўл пахталик кўйлагини кийиб, диванга чўзилди. Оёқларини узатгандан сўнг жуда чарчаганини ҳис қилди. Бир қарашда ёрдамчи кўп: овсинлар, амма-холалар, жиянлар! Аммо ҳеч бир иш Нозимасиз битмайди. “Нози, дастурхон керак!”, “Нози, сочиқ керак”, “Нози, меҳмон келди”, “Нози!..” У шу катта хонадоннинг бекасими, чўрисими, ҳарқалай ҳамма нарсанинг жойини фақат у билади ва фақат у топиб бериши керак. Албатта, қайнонаси турганда унга бекалик тегармиди? У хизматкор, маошсиз ишлайдиган, ҳеч қачон раҳмат эшитмайдиган хизматкор! Айниқса кейинги кунларда унга жуда алам қилди. Қайнонаси кенжа қизининг сепига бор бисотини тўкиб солди. Эшикдан ким келса, қизининг сепини бир-бир кўрсатиб мақтанади: “Борган жойида тили қисиқ бўлиб юрмасин. Бизда фақат ўғилни ўйлашади. Ахир қиз ҳам фарзанд, бировнинг эшигига боради. Эси бор ота-она қизга ўғилдан икки баравар кўпроқ қилиши керак”: Бу гаплар, унинг исми қўшиб айтилмаётган бўлса-да, суяк-суякларидан ўтиб кетаверарди. “Ҳа, унинг онаси бунча сеп қилмаган. Қаердан ҳам қилсин, ўзи оддий муаллима бўлса… Буёғи жўжабирдай жон, ҳар йили бир боласини уйлайди”.

Нозима анчадан бери олмос кўзли узук билан зиракка пул йиғиб юрган эди. Бу жамғармага баъзан эри ҳам улуш қўшиб турарди. Озгина қолган эди, ёзда таътил пулини олса, бўлди эди. Тўйдан уч кун аввал эри “Сен пича шошмай тур. Пулингни ўзим қилиб бераман”, деб бор пулини онасига чиқариб берди. Унинг тили танглайига ёпишиб қолди. Онаси ўғлини алқаб-алқаб, ўзидан озроқ пул қўшиб, қайинсинглисига худди у орзу қилгандай олмос кўзли узук билан зирак олиб келди. Яна “Ичинг куйиб, ўл!” дегандай она ва қиз бири олиб, бири қўйиб, харидларини унга кўрсатиб, мақтанишарди: “Товланишини бир кўринг, ҳар қиррасида юз хил ранг бордек гўё!”. Нозима ҳарчанд ўзини бепарво тутишга уринмасин, уддасидан чиқа олмади. Томоғига нимадир тиқилиб, икки чеккасидаги томирларда иссиққина нималардир вижир-вижир қилиб, кўзлари томон оқиб кела бошлади. У зўрға “Ҳа-а, ҳа, яхши, жуда чиройли экан!” деди-ю, ортига бурилиб ётоғига чиқиб кетди. Бироз ҳоври босилгач, ўзини уришди: “Арзимас бир тақинчоқ учун ўзингга аччиқ гап сотиб олишнинг нима кераги бор? Ҳозир бир нима дейдиган бўлсанг, сенинг ҳам онанг қилсин эди, дейиши аниқ. Сиз қизингизга менинг неча йилдан бери йиғиб юрган пулимга қилаяпсиз. Бу пул мен учун онамнинг сутидек ҳалол эди, десинми? Нима фойдаси бор?”

Айниқса эрининг бездек бўлиб, пулни индамай онасига чиқариб бериши унга жуда алам қилди. Ўзи бу эркак қачон унга ёлчитиб бирон нарса олиб берган?! Одамларнинг эри хотинига ота-онасидан яшириб пул берса, бу!.. Қачон бўлса, мўлтираб онасининг кўзига қараб туради.

Бир аччиқ билан болаларини етаклаб, онасиникига кетиб қолай, деди. Яна шайтонга ҳай берди. Яхшиям кетмаган экан, бироз чарчаган бўлса ҳам тўй баҳона қанча қариндош-уруғларини кўрди, еди-ичди, ўйнаб-кулди. Куёв томон ҳам зўр тўй берди. Куёвжўраси тушмагур кўзи билан еб қўймади, қўймади.

Энди кўзи илинган экан, кимдир елкасига қаттиқ туртди, чўчиб кўзини очди. Бошида қошлари норози чимирилган эри турарди:

– Туриб, онамга қарашсанг бўлмайдими? Етмишга кирган кампир музлаб, идиш-товоқ ювиб ётибди, сен бўлсанг, ялпайиб!..

Хона анча салқин эди, устига ҳеч нарса олмай ётиб қолган экан, бироз мизғиганигами, эти жунжикди. Эрининг юзига бир қараб, керишиб олди. Сўнг ўрнидан туриб ўтирди:

– Бунча ваҳима қиласиз? Қиз туғиб, қиз узатган бойбича ишлайди-да. Ичингиз ачиётган бўлса, ўзингиз ювинг ўша идиш-товоқларни.

– Ҳей-й! Ўзингдан кетма, хотин! – хотини жанжал истаб турган бўлса-да, ўзини босди. – Чой-пой қил, меҳмон келди.

– Уф-ф! – Нозиманинг ростакамига жаҳли чиқиб кетди. – Яна меҳмонми? Бу уйда тинчлик борми ўзи? Кечаги меҳмондорчиликнинг жойини тозалаб улгурмасингдан янгиси кириб келаверади. Тўйиб кетдим ҳаммаларингдан!

– Э-эй! Менга қара! – Сардорнинг жаҳли чиқиб кетди. – Сенга ўзи умуман одам иси ёқмайди. Есанг, ётсанг, солланиб кўчама-кўча юрсанг! Кун бўйи телефонга осилиб, онанг билан ғийбатлашсанг! Дангаса!

– Онамни тинч қўйинг, онамга тил теккизманг!

– Онанг билан қўшмозор бўл! – Сардор жаҳл билан хонадан чиқиб кетди.

Нозима анча вақт ўзига келолмай ўтирди. Зарда билан тўшакка чўзилиб ҳам олди, аммо уйқуси бузилиб бўлган, чарчоғи ҳам бир қадар ёзилган эди. Ҳеч ким уни йўқлаб келмаслигига кўзи етгач, ўтириб-ўтириб ўрнидан турди-да, ошхонага ўтди. Қайнонаси жавраб-жавраб қозон кавлар, эри пиёла артар эди. У беихтиёр эшик ортида туриб қолди: “Майли, болам, майли. Икки боласи бор. Индама. Бир кун рўзғор ўзига қолса, одам бўп қолади”. “Э-э, шуми? Ҳеч қачон ўзгармайди. Ўзгарса, шунча йилдан бери ўзгарарди-да. Сиз ўлиб кетсангиз, бу эшикдан на бир ошнам, на бир қариндошимни олиб кира олмасам керак. Чивинини қўришга эринадиган жонивор. Шу икки бола сияман десаям балога қолади. Гўдаккиналар қўрққанидан сизнинг олдингизга келади. Ўзининг боласи ёқмаган одамга сиз билан менинг меҳмоним ёқармиди?”. “Майли, болам, майли. Ҳозирча ўзим бор. Мен ўлиб кетсам, меҳмонларингни ресторанларда кутаверасан. Топмай ўтирган жойинг йўқ”. “Э-э, она, қирққа кирсам ҳам шунингизни ҳайдаб, бошқа уйланаман”. “Тавба де-е! Гулдай болаларингнинг бошига ўгай ота, ўгай она зулмини солмоқчимисан? Хотининг ҳали ёш, биров тўққизида бош бўлар, биров ўттизида ҳам ёш бўлар. Бўлади-да. Қилмайди эмас, қилади. Бир итфеъли бор, бир умр ҳамма нарсадан норози бўлиб юради. Бироз ношукр, шунча йил яшаб, бундан кейин ҳам бир умр яшаши керак бўлган уйга ҳеч меҳр қўймади. Фақат “онамникига” деб туради. Шунисига доғман, болам, майли, инсоф-тавфиғини берсин!”

“Ҳа-а, уйлан! Илоё, уйлан! Мен ҳам сенинг ювиндингга зор бўлиб ўтирганим йўқ. Икки боламни ойдинда оёғим билан боқаман. Шу болаларнинг уст-бошидан ҳам қизғаниб, йиғиб юрган пулларимни синглингга ҳадя қилиб юбординг. Аблаҳ!”, у шартта ортига бурилиб, ҳовлига чиқди. Намхуш ҳаво ловуллаб қизиб кетган юзларига урилди. Ўпкаси тўлиб, йиғлагиси келди. Ҳовлининг адоғига қараб юрди. Қайнонаси уни деразадан кўриб қолди, шекилли, чақириб қолди.

– Нозима-йув!

“Худди ҳеч нарса бўлмагандай, ҳеч нарса демагандай!”

– Ҳа? – норози тўнғиллади у.

– Соат тўрт бўлди, болалар ҳам боғчада илҳақ бўлиб ўтиришгандир. Шуларни олиб кел, болам.

Қайнонаси ҳар доим шундай қилади. Бир умр элни бошқарган аёл-да. Тулки! Бир гап айтса, эътирозга ўрин қолдирмайдиган қилиб айтади. Ҳозир “Келин деган ҳам шунча ётадими?” деганда, ҳаққи борми-йўқми, бир бобиллаб, хумордан чиқарди. Бу “болаларингни олиб кел” деяпти.

Бунга нима дейди? Бола ўзиники бўлса! У индамади, лекин барибир изига қайтмади. Индамай ҳовлининг адоғига ўтди. У ерда қайнотаси яхши кўрадиган жой бор. Болта ўтмаганидан кўп йиллардан буён дарахтлар орасида кўндаланг бўлиб ётган ўрик танаси. Қайнотаси кўпинча ўша ерда ўтириб чекади, ҳовлини томоша қилади, невараларига ўйинчоқлар ясаб беради. Бу ерни Нозима ҳам яхши кўради, ҳовлини йиғиштириб, супурганда, шу ерни ҳам супуриб қўяди. Қуюқ дарахт шохлари орасидан бу ерда ўтирган одам кўринмайди, аммо у ерда ўтириб, ҳам боғни, ҳам ҳовлини бемалол томоша қилиш мумкин. Унинг бироз эти жунжикди, боғнинг ичи салқин эди, ёқаларини кўтариб, қўлларини кўкраги устига қовуштириб олди. Кўнгли жуда ғаш эди. Эрининг гаплари қулоқлари остидан ҳеч кетмасди. “Аблаҳ!” Тўйдан олдин ҳам хафа қилган эди: “Бунча ёпишдинг шу бриллиантга! Бриллиант тақиб юрган бойваччанинг қизимисан?!”

Юзига тарсаки тортиб юборгандай бўлди. Буларнинг ҳар гапи икки бошли тўқмоқ. Тўқмоқнинг бир учи унинг бошига тегса, бир учи, албатта, онасининг бошига мўлжалланган бўлади. Тўғри, унинг онаси олмос тугул, ёқут ҳам тақмаган. Лекин, онасининг йўли бошқа, замони бошқа. Саккиз бола билан қандай ҳам ўзига қарарди шўрлик? Бу эса шунча ойликчининг ичида яшаяпти. Озгина эркинлик беришса, ҳамма нарса олиши мумкин. Аммо қайнонаси ҳамманинг пулини ҳисоб-китоб қилиб, ҳали таъмир бошлаб юборади, ҳали гилам кўтариб келади, ҳали сигир савдо қилади. Унинг кичкинагина маоши ҳам шу катта-катта харажатлар ичида қумга синган сувдек сингиб йўқ бўлиб кетади. Шу харажатлардан қисиб-қимтиб йиғиб юрганини!

– Нози, Нозима-йув-в!

Қайнонаси яна увиллай бошлади. “Уф-ф!..” Афтидан боққа кириб кетганини кўрган, шекилли. У индамай ўрнидан туриб, дарвоза томон юрди. Энди бормаса, қўймайди.

…Болаларнинг олдидаги косачаларнинг овқатларини бидонга йиғаётган боғча опа уни кўриб, ғалати бўлиб кетди. Хижолат бўлганини сездирмаслик учун кулиб, ўзини оқлашга тушди:

– Ҳаммаси денг, бойваччанинг боласи. Боғчанинг овқатини емайди. Емасанглар, еманглар, дедим. Товуқларим бир мазза қилсин.

Аёлнинг ялтоқланиши ғашини келтирди. Бир гап қилиб, чақиб олай, деди-ю, яна индамади. Йўлда ўғлидан сўради:

– Нима овқат беришган эди?

Ўғил бурнини жийирди:

– Гуручли овқат. Гуручларининг орасида чўплари, тошлари ҳам бор. Егимиз келмади.

– Мен едим, қорним роса очқаб кетган эди. Ҳаммасини еб қўйдим, – деди қизчаси онасининг мақтовидан умидвор бўлиб.

– Қандай единг, чўплари, тошлари бўлса?

– Чўплариниям еб қўйдим. Мен чўпларни ҳам ея оламан, – яна мақтанди қизча.

“Шугиналаримни товуқларга бериладиган хўракларга тенг қилиб ишлайман. Топган пулим кимларнинг кунига ярайди”.

Ёнларидан ғизиллаб ўтган машина йўл ўртасидаги кўлмак сувини шалоплатиб, уларнинг устига сачратиб ўтиб кетди. Яп-янги халатига лойқа сув чапланди. Яна эрини ёзғирди: “Беш дақиқалик йўл! Меҳмонларининг оғзига қараб ўтирмасдан, болаларни машинада олиб келса бўларди! Йўқ, у онасини хафа қилиши мумкин эмас. Хотини, болалари нима бўлса, бўлсин. Онасининг дили ранжимаса, бўлди!”

Қайнонаси меҳмонларини кузатиб бўлган шекилли, қўлларини белига тираб, дарвоза олдида турган экан.

– Боғчага кетган-кетмаганингни билмай, энди ўзим борсамми, деб турган эдим.

Болалар момосига ёпиша кетди.

– Момо-а! Аммам келдими?

– Аммам уйдами?

– Энди аммангнинг уйи бошқа ёқда. Энди ўша ёқда яшайди.

– Нега, нега?! Нега аммам бизни ташлаб кетади? Мен ҳам аммамникига бораман! – Санжар ерга чўнқайиб ўтириб олганча, йиғлай бошлади.

– Тур-е, тентак! – Нозима боласининг қилиғидан аччиқланиб, костюмининг елкасидан тортди. – Тур, бор, кийимларингни алмаштир!

Санжар ўрнидан туриб, онасига ёпишиб, юмдалай кетди:

– Ҳаммаси сизни деб бўлди. Сиз аммамни ёмон кўрардингиз, у шунинг учун кетиб қолди.

– Нима? Нима дединг?! – Нозима ўғлининг юзига қарс эткизиб, тарсаки тортиб юборди. Бола мувозанатини йўқотиб, чайқалиб кетди. Қўрққанидан бошини билаклари орасига яшириб, ўтириб олди. Нозима уни бир тепиб, ҳовлига ўтиб кетди: “Юзинг қурсин, сендай боланинг!”

Робия хола турган жойида тахтадек қотиб қолди: “Бу келин чиндан ҳам қутурибди”. Санжарнинг миттигина вужудига ҳар зарба текканда худди ўзининг елкаларига қамчи тушгандек бир сесканиб, изиллаб йиғлаб қолган болани бағрига олгунча қалтираб қолди:

– Ҳай, эси йўқ болам-а, нима қиласан онангга гапириб? Шу амманг йўқ бўлиб кетмайдими? Сенга амма нима керак?

Бошқа нима ҳам десин? Бир нарса деса, бу келиннинг ҳамиша тугуни тайёр. Онаси ҳам беўй хотин. Ҳеч қачон, “Икки болали бўлдинг, энди сабрли бўл” демайди. “Кел, болам, тор қорнимга сиққан, кенг уйимга ҳам сиғасан” дейди. Буёғи ўғил ҳам тўнини тескари кийиб турибди. Ҳозир бир нарса деса, ҳеч ўйлаб ўтирмайди: “Она, олдини қайтарманг, кетса, йўқолсин. Қачонгача шундай яшаш мумкин? Унга на сиз ёқасиз, на бирон қариндош-уруғим. Фақат мен бўлсам. Мен ҳам тилсиз-жағсиз, кундузи пул топиб, кечқурун идиш-товоғини юви-иб ўтирсам! Э-э!.. Чарчаб кетдим, она!”

Айвонда яна телефон жиринглади. Кимдир симини улаб қўйган шекилли. Яна Нозима тўғри келди. Дарвоза олдидаги можаронинг қаҳри билан ўқдек учиб хонасига ўтиб кетаётган эди, атрофга хавотир билан бир қараб олиб, қўрқибгина гўшакни олди:

– Алло, эшитаман.

Гўшакдан қўшиқ эшитилди:

– Энди мен кўнглимни узолмайман, ҳижронли кунларни чўзолмайман…

Зим-зиё кўнгил уйининг дарчасидан бир қатим нур сизиб киргандай бўлди. Атроф ёришиб кетди. Ҳузур қилиб чуқур нафас олди, аммо бу қўшиқни охиригача эшита олмайди. Афсус… У бир сўз демай, гўшакни ўрнига қўйди. Болаларини эргаштириб, хонасига кириб кетган қайнонасининг эшигига кибрли қаҳр билан бир қаради-да, телефоннинг симини узди. Сўнг ҳовлига чиқди. Ғарбга қараб оғиб бораётган баҳор қуёши ҳам унинг кайфиятига монанд бесаранжом ҳовлига майин нур сочиб турарди. Ошхонага кириб, ювуқли-ювуқсиз идиш-товоқлар уюлиб ётган столнинг ёнбошига осиғлик турган пешбандини олиб, олдига боғлади. Газ ўчоқда бир човгум сув қайнаб турган экан. Ҳамма идиш-товоқларни аввал ишқорлаб, сўнг иссиққина тоза сувда ювиб-артиб, тахмонларга жойлади. Сўнг столларни, газ ўчоқни ялтиллатиб артиб, ошхонани ҳам супириб чиқди. Ҳовлини супириб бошлаганда, эри уйдан чиқиб, стол-стулларни бир четга тахлай бошлади.

Қуёш сўнгги нурлари билан уфқни лола рангга бўяганда бедапояга ўрнатилган қозон-ўчоқлардан қолган кул изларини айтмаса, ҳовли яна осойишта ҳолига қайтган эди. Эру хотин бирга ишлашган бўлса-да, бир-бирига бир оғиз ҳам гап ташламади, бунга ҳар иккаласида ҳам заррача рағбат, хоҳиш йўқ эди. Нозима ҳар-ҳар замон қандайдир интиқ хавотир билан телефон турган айвон деразасига қараб-қараб қўярди. “Ишқилиб, биронтаси яна телефонни улаб қўймасин-да. Бу йигит мени қиз бола деб ўйладимикин? Топган қўшиқларини қаранг”. Шундай хаёллар билан ғимирсиб юриб, баъзан эрига кўзи тушиб қолар, унинг уюлган қовоқларини кўриб, яна асаби бузиларди: “Ҳа, ҳамма менинг эримдек соқов қарға эмас-да! Онам ҳам ўлсин, “бой-бой” деб шуларга берди. “Бой” эмиш, қачон қарасанг, “вой-вой”. Шунинг ҳам кўнгли бор, деб, бирон нарса қилиб беришнинг ўрнига, “Ҳали ойлик олмадингми?” деб ўтиришади”. Болаларнинг усти-боши, боғчаси-ку, тўлиқ унинг елкасида. Маош теккан куни индамай болаларини бозорга олиб чиқади-да, бош-оёқ кийинтириб қайтади. Қайнонаси уришмайди-ку, лекин бир тўнғиллайди: “Болаларнинг эски-туски ичида катта бўлгани яхши, кўз-пўз тегмайди. Ҳали катта бўлишса, кияверишади”. Баъзан ўзича хижолат ҳам бўлиб қўяди: “Болам, рўзғор деган ҳеч тўлмайдиган ғор бўларкан. Бир умр эр-у хотин ташиб-ташиб тўлдира олмаган эдик. Энди Сардор билан сен қўшилдинг. Харажат-у орзу-ҳаваслар ҳам шунга яраша ортди. Майли, болам, Шоҳистани узатиб, эсон-омон эгасига топшириб олайлик, кейин топганимиз ўзимизники. Еймиз-ичамиз. Қимматбаҳо кийимлар оламиз. Санаторийларга борамиз”, деб қолади. Нозима бу гапларга сира ишонмайди. Шу кампир тирик турса, ҳеч қачон эшкакни уларнинг қўлига бериб қўймайди. Ҳали у, ҳали бу ҳаражатни ўйлаб топаверади. Ҳар йили нимадир қуради, кейин ўзи фахрланиб юради.

“Ўшанда ҳам бир нарса чиқиб қолади”, деб тўнғиллайди Нозима. Кампир эса кулади: “Тирик одамнинг орзу-ҳаваси тугармиди? Бир кун ўлиб кетсам, мен тежаб-тергаб қурдирган бу ҳовли-жойларда мазза қилиб яшайсизлар. Ўшанда мени эсламайсизлар ҳам”. “Ким аввал ўлиши ёлғиз Аллоҳга аён. Одамзод бугунини ўйлаб яшаши керак”, яна тўнғиллайди у. Унинг бу уйдагиларнинг раъйига қарамай қўйганига кўп бўлган. Бошида ҳамманинг кўзига қараб турарди. Ичи йиғлаб турса ҳам, жилмайиб юрарди. Бу жуда оғир эди. Шу японлар бир умр табассум билан, тавозе билан юриб, қийналиб кетса керагов, деб ўйлар эди ўз ҳолига ўзи ачиниб. Шу минғир-синғир кампир билан шу қозон-товоқ умрбод бўйнига тузхалта қилиб осилганини англаб етган кун жуда сиқилиб кетди: “Э-э, бор-э!” деди ва юзидаги табассумни кераксиз буюм мисол илиб отди. Бу ёқда онаси ҳам бир нарса деса: “Болам, камбағалман деб, хўрлашларига йўл қўйма. Ҳеч иккиланмай қайтиб келавер. Қўлингда дипломинг бўлса, болаларингга ўзим қарайман. Ҳеч замонда хор бўлмайсан”, дер эди. Одамзод гапи қўр ейишини, атрофдагиларнинг нозик жойини билса, истаса ҳам ўнг гапини айта олмай қолар экан. Бу миянғи кампир эса невараларини жуда яхши кўради, чин тўлганда бир тошмаса, жим!.. Ҳатто ўғлига ҳам бир оғиз бир нима демайди. Шундай бўлгач, унинг ўзини йиғиштириб олишга ҳаракат қилиши шартми? Ўзи умуман олганда, ҳаёт унинг учун жуда ёқимсиз машғулотга айланди: на уйда рўшнолик бор, на ишда! Одамларнинг уйи ғурбатхона бўлса, ишга бориб, кўнглини ёзиб, яйраб келади. Буларнинг мактаби ҳам жиннихонанинг ўзи! Ҳамиша юраги зирқиллаб, ишга боради, бир амаллаб дарсини тугатгач, яна юраги зирқиллаб, уйга қайтади.

Романнинг тўлиқ матнини (Кирил ва лотинда) саҳифа якунида мутолаа қилишингиз мумкин

Scenes-of-a-world-to-which-I-shall-be-reborn-reincarnation-22374200-1600-1200.jpg   Adabiyot millatning ma’naviy xazinasi, abadiy uyg‘oq ruhi va qalbidir.Dardi bor, armoni bor odam yozadi. Bu beshafqat hayot suqmoqlarida yiqilib-surinib, peshonasi toshga tekkan odam yozadi.

YOZSANG, FAQAT ROST TUYG‘ULARNI YOZ…
Adiba Jamila Ergasheva bilan suhbat
09

jamila-ergash.jpgJamila Ergasheva Surxondaryo viloyatining Jarqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetining jurnalistika kulliyotini tugatib, “Surxon tongi ”, “Ayol va zamon”gazetalarida ishlagan. “Izhor”, “Intiqom”, “Tanazzul”, “Ayol jodusi”, “Zulfizar”, “Qir ustidagi ayol”, “Shom shafag‘i jilvalari ” nomli qissa, hikoyalar jamlangan kitoblari chop etilgan. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi.

09

— Jamila opa, bilamizki, o‘zbek adabiyotida Surxon adabiy muhiti alohida o‘rin tutadi. Siz ham ushbu adabiy muhitning bir vakili sifatida nasrda qalam tebratib kelmoqdasiz. Adabiyotimizda nasrda ijod qilayotgan ayollar ko‘p emas. Bugungi adabiy jarayonda ayol ijodkorlarning tutgan o‘rnini qanday baholaysiz?

— Shubhasiz, ijodiy muhitni ijodkorlar yaratadi. Ayni paytda bu muhit yetishib chiqayotgan ijodkorlarning saviyasini belgilaydi. Surxondaryolik ijodkorlar nafaqat viloyatdagi ijodiy muhitni, balki respublika ijodiy muhitida o‘z o‘rniga ega bo‘lgan ijodkorlardir: Shukur Xolmirzayev, Usmon Azim, Erkin A’zam, Tog‘ay Murod, Sirojiddin Sayyid, Mirzo Kenjabek, Eshqobil Shukur… Bularning har biri o‘zining mahorat maktabini yaratgan ijodkordirlar. Surxondaryolik yozuvchi yoki shoir degan so‘zning o‘ziyoq viloyatda yashab, adabiyotga, ijod olamiga qadam qo‘yayotgan inson qalbida o‘zgacha bir qiziqish, intilishning tug‘ilishiga sabab bo‘ladi. Qalami bilan dunyoni zabt etgan nobelistlarning kitoblari orasida Shukur Xolmirzayev yoki Erkin A’zamning kitobi tursa, boshlovchi ijodkor o‘qish va o‘rganishni o‘zimizning adiblardan boshlaydi, chunki ularning o‘zlari ham, so‘zlari ham, qahramonlari ham yurakka yaqin. Ayni paytda ana shu o‘qib o‘rganganlari keyinroq ularni dunyo adabiyotiga, o‘sha nobelistlarga olib chiqadi.

To‘g‘ri, ular orasida ayol ijodkorlarning juda kamligi taassufli hol. Holbuki, adabiyotda ayol kishi yozishi lozim bo‘lgan yoki ayol ijodkor yaxshiroq yoza oladigan mavzular ham talaygina. Ayol qalbini kim ham ayol yozuvchi kabi tadqiq qila oladi? “Zulfizar” nomli qissam “Yoshlik” jurnalida chop etilganda, ustoz adib Erkin A’zam qo‘ng‘iroq qilib, “Men qissangizdagi qahramonlar kabi tuzum qurboni bo‘lgan rahbar ayollarni ko‘p uchratganman, suhbatlashganman. Lekin ular haqida sizdek qilib yoza olmas edim. Sababi, siz ayolsiz, ayol kishining ruhiyatini erkak yozuvchilardan ko‘ra chuqurroq idrok qila olasiz”, dedilar.

Lekin, men aminmanki, xotin-qizlarimiz orasida iste’dodlilari juda ko‘p. Onalar millat murabbiylaridirlar, lekin ularning bor salohiyati, kuch-quvvati o‘zlari ulg‘aygan sayin tashvishlari ham ulg‘ayaveradigan farzandlar, hech to‘lmas ro‘zg‘or xaltasining yugur-yugurlariga sarf bo‘ladi. Ammo ularning iste’dodlari qon va sut orqali, mehr va tarbiya bilan farzandlarga o‘tadi. Mutaxassislarning kafolat berishicha, odamga yetmish foiz gen onadan o‘tar emish. Ya’ni turmush tashvishlaridan ortib, yoza olmagan onalar etagida ne-ne zabardast ijodkorlar kamolga yetadilar.

Bu endi mening Surxondaryo adabiy muhitida ayol ijodkorlarning o‘rni haqidagi fikrlarim. Ammo bu masalaga o‘zbek adabiyoti misolida fikr bildirilsa, javob butunlay boshqacha bo‘lishi tabiiy. Halima Xudoyberdiyeva, Oydin Hojiyeva, Dilbar Saidova, Zulfiya Mo‘minova, Zulfiya Qurolboy qizi, Halima Ahmedova, Zebo Mirzo, Salomat Vafo, Gulandom Tog‘ayeva, Guljamol Asqarova, Dilfuza Qo‘ziyeva, Sanobarxon Mehmonova kabi o‘nlab ijodkor opa-singillarimizning ijodi millat adabiyoti va ma’naviyati xazinasini bebaho javohirlar bilan boyitganligini hech kim inkor qila olmaydi.

— “Adabiyot nima?”, degan azaliy savolga shu kunga qadar turli ta’riflar berilgan. Siz uni qanday ta’riflagan bo‘lardingiz?

— Adabiyot millatning ma’naviy xazinasi, abadiy uyg‘oq ruhi va qalbidir. Hamma narsasi to‘kis, hech bir armoni bo‘lmagan, yon-atrofda yuz berayotgan yaxshi-yomon hodisalarga befarq odam hech qachon qo‘liga qalam olib, koyimagan jonini koyitib, nimadir yozishga urunmaydi. Dardi bor, armoni bor odam yozadi. Bu beshafqat hayot suqmoqlarida yiqilib-surinib, peshonasi toshga tekkan odam yozadi. Onamning oldidagi burchim kutib turar, avval xotin, bola-chaqa tashvishlarini bitkazib olay deya, onasini bir piyola qaymoq bilan yo‘qlamagan odamning ona qazosidan so‘ng elga yozilgan shohona dasturxonini ko‘rib, ko‘ksi nadomatga to‘lganlar yozadi. Ko‘rgan-kechirganlari ko‘ksiga tig‘dek qadalib, “Nega? Nega bunday bo‘ldi?” kabi savollar ko‘ngilda isyon ko‘targanda, odam o‘z-o‘zini, o‘z ko‘nglini tadqiq qilib, bir xulosaga kelganda yozadi. Ana shu xulosasini boshqalarga ham ilinganida yozadi. Agar bu yozilganlar imkon qadar yolg‘on to‘qimalardan holi, yurakdan chiqqan, samimiy bo‘lsa, yuraklarga yetib borsa, u haqiqiy adabiyot bo‘ladi. Adabiyot qanday yaratilishini hamma ham aytib berishi mumkin, ammo hamma ham adabiyot yarata olmaydi. Buning uchun odamda Allohning o‘zi yuqtirgan iste’dod bo‘lishi lozim. Shuning uchun ham qalam ahlini ilohiyotga daxldor deb hisoblashadi. Qalam va so‘zni muqaddas deb bilishadi. Millat adabiyotsiz yashay olmaydi. Adabiyot, xoh u og‘zaki bo‘lsin, xoh yozma bo‘lsin, odamzodga sadoqatli do‘st, dono maslahatchi, kunduzlari quyoshdek saxovatpesha, tunda yo‘lchi yulduz bo‘lib kelgan.

— Atoqli adibimiz Abdulla Qahhorning “agar yozuvchining ahloq kodeksi tuziladigan bo‘lsa, men halollik va shijoatni birinchi modda qilib qo‘yar edim, chunki yozuvchining boshqa hamma xislatlari uning qay darajada halol, naqadar shijoatli zehniga bog‘liqdir” degan fikrlarini o‘qir ekansiz, uning butun ijrdiy faoliyati davomida bu qoidalarga amal qilganiga guvoh bo‘lamiz. Xo‘sh, bugun-chi? Bugun bu qoidalarga ijodkorlar qanchalik amal qilishmoqda? Nima deb o‘ylaysiz?

— Ustoz Abdulla Qahhorning o‘zlari bir umr amal qilgan bu aqidalar hamma zamon ijodkorlari uchun, nafaqat ijodkorlar, balki barcha soha mardumlari uchun ham dolzarb bo‘lib qolaveradi. Adabiyotning azaliy – abadiy muqaddas vazifasi inson ma’naviyatini yuksaltirish, qalbini poklashdan iborat ekan, o‘zini tarbiyalay olmagan ijodkor qanday qilib jamiyatni tarbiyalashi mumkin? Ba’zan oddiy, sodda odamlar orasidagi gurunglarda quloqqa chalinib qoladi: “Falonchi kishi keldi, rosa ichar ekan. O‘zi shoir-yozuvchilarga faqat ichgandagina ilhom kelarmish-a?” Shunday gaplarni eshitganimda, yo zino, yo bolani o‘ldirish, yo ichkilik ichish sharti qo‘yilganda, “gunohdan holiroq” deya ichkilikni tanlab, mast bo‘lib qolgach, ham zinoga qo‘l urib, ham bolani o‘ldirgan yigit haqidagi rivoyat yodimga tushadi…

Ammo ijodkor uchun yana bir halollik zaruriyati borki, bu rost tuyg‘ularni qalamga olish shartidir. XX asr Amerika adabiyotining yirik namoyondasi, Nobel mukofoti sohibi Ernest Xeminguey har safar yangi asarini yozib tugatgach, ko‘ngli huvullab qolgandek bo‘lar, yangi sarguzashtlar ishtiyoqida sayoxatga yo‘l olar ekan. Ko‘rish qobiliyati pastligi uchun Yevropada ketayotgan urushga qatnashish haqidagi arizasi rad etilib, bundan o‘zini xo‘rlangan, tahqirlangan his etib, “Qizil xoch” jamiyatiga ko‘ngilli bo‘lib yozilib, urush alangasida yonib yotgan janggohga ilk bor qadam qo‘yganida yoshgina yigit bo‘lgan. Uning nazarida jang g‘alaba uchun kurashayotgan sport jamoalarining o‘yin maydonidek gap edi. Ammo Ernest urushga kelib, bu qandaydir “sport o‘yini” emas, insonni xo‘rlaydigan, tubanlashtiradigan, unga berilgan eng bebaho ne’mat – tiriklikdan judo qiladigan qabohat ekanligini anglab yetdi. U yarador askarni qutqarayotganda minaga duch kelib, 227 joyidan jarohat oldi. Shifokorlar uning tanasidan bor-yo‘g‘i 22 ta o‘q parchasini olib tashlashdi, qolgan metall parchalari esa adib umrining oxirigacha unga azob berib keldi.

Urushni o‘ylab topgan va uning boshida turganlarga bo‘lgan nafrat, bu qabohatning insoniyatga ruhan va jisman keltiradigan azob-uqubatlari haqidagi adib anglab yetgan beshafqat haqiqat “Quyosh baribir chiqaveradi”, “Alvido, qurol” nomli romanlarining dunyoga kelishiga sabab bo‘ldi va bu asarlar o‘z muallifi nomini dunyoga ma’lum va mashhur qilib yubordi.

Ammo bu shon-shuhrat, urushda orttirilgan jarohatlar og‘riqlari adibning hayotni, inson ruhiyatini o‘rganishga bo‘lgan qiziqishini so‘ndira olmaydi. Avtomobilida yuk mashinasiga to‘qnashib ketishi natijasida o‘n marta jarrohlik stoliga yotishga majbur bo‘ladi. Angliyada harbiy muxbir bo‘lib ishlab yurgan paytida mashinasi suv to‘la bochkaga to‘qnashib, qattiq jarohat oladi. Harbiy aerodromda bo‘lgan avtohalokatdan so‘ng ancha vaqt miya chayqalishidan qattiq aziyat chekadi. Afrika chakalakzorlaridagi aviahalokatda xotini bilan birga yirtqich hayvonlar orasida qolib ketadi. Adib shaxs va inson sifatidagi o‘zining mavjudligini isbotlash, adabiyotda o‘z o‘rnini topish, hayot haqiqatini anglash va anglatish uchun katta matonat va iroda bilan yashadi. Adibning asarlarini jamlasangiz, uning ibratli umr yo‘li, oddiyroq qilib aytganda, matonati tarjimai holi vujudga keladi. Uning hayot yo‘li ayni vaqtda haqiqiy shijoat namunasi hamdir.

Taniqli adib Tog‘ay Murod surxondaryolik bo‘lgani uchunmi, u kishining ko‘rgan-kechirganlari haqida ancha muncha ma’lumotga egamiz. Aytishlariga qaraganda, adib “Otamdan qolgan dalalar” nomli romanini yozishdan avval Toshkentdan o‘zi tug‘ilib o‘sgan Oltinsoy tumaniga borib, paxtakorlar bilan birga yer chopib, suv tarab, g‘o‘za parvarish qilgan. Roman qahramoni Dehqonqul boshidan o‘tkazgan bori ruhiy, jismoniy uqubatlarni adib o‘z ko‘nglidan, jismidan o‘tkazgan. Yozuvchining til, tasvir, badiiy uslub borasidagi mahoratiga tan bergan holda faqat rost kechinmalarni yozish yo‘lidagi bu shijoatiga alohida baho bermoq lozim deb o‘ylayman. Adib so‘zni, qalamni, adabiyotni muqaddas deb bildi, u yuragidan o‘tkazgan rost tuyg‘ularni yozdi, shu bois uning yozganlari o‘quvchining yuragiga qo‘shiqdek oqib kiradi.

— Kuzatishimacha, aksariyat yoshlarimiz bugungi adabiy jarayondan, yaratilayotgan badiiy asarlardan bexabar. Biz yaratilayotgan asarlarni keng targ‘ib qila olmayapmizmi? Bu borada qanday fikrdasiz?

— Istaymizmi-yo‘qmi, vaqtli matbuot nashrlari hamisha el-u xalqni adabiy jarayon bilan tanishtirib kelgan. Bir yangi iste’dod chiqsa, uning nomi, ijodi bilan eng avval gazeta-jurnallar orqali tanishganmiz. Endi esa to‘rtta narsa yozadimi-yo‘qmi, uning saviyasidan qat’iy nazar darrov kitob qilib chiqarib olish urf bo‘ldi…

Obuna masalasi ham katta muammoga aylangan. Nafaqaga chiqqanimdan so‘ng ijtimoiy hayotdan, adabiy jarayondan uzilib qolmayin deb, o‘zim sevgan nashrlarga obuna bo‘ldim: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Kitob dunyosi”, “Jahon adabiyoti”, “Tafakkur”, “Sharq yulduzi”, “Yoshlik”… Pochta bilan uyimning orasida to‘rtta ko‘cha bor. “Gazetaning falon soni nega kelmadi?”, “Jurnalimni olib kelinglar” deb qo‘ng‘iroq qilaverib, ko‘kayim kesildi. Bu haqda hatto “Xurriyat” gazetasiga ham yozdim. Lekin biron o‘zgarish bo‘lmadi. Keyingi yili obuna bo‘lmay qo‘ya qoldim. Ko‘zimga ko‘proq ziyon keltirsa-da, yangiliklar bilan ham, adabiy jarayon bilan ham internet orqali tanishadigan bo‘ldim. Endi o‘zingiz xulosa chiqaravering, mendek o‘z haq-huquqini tanigan, “Pochta”ning yonginasida istiqomat qiluvchi obunachining gazeta-jurnalini vaqtida olib kelmagan “Pochta” tumanning chekka qishlog‘ida yashovchi, pulini to‘ladim, endi jurnalning o‘zi meni izlab keladi, degan mardumning gazeta-jurnalini vaqtida va to‘la to‘kis olib borarmidi?

Qalam haqi nihoyat darajada past bo‘lishiga qaramasdan kitoblarning narxi juda qimmat. Kitob do‘konlariga kirgan har bir odam qo‘ltig‘ini to‘ldirib kitob ko‘tarib chiqa olmaydi. Lekin xalqimiz juda ma’rifatparvar. Mening teng-to‘shlarimning bari oltmishdan oshib qolgan. Ammo qayerda to‘rt-besh bo‘yinsa uchrashib qolsak, menga kitob buyurtma qilishadi: “Biron o‘qiydigan narsa olib keling. Keyingi safar ko‘rishganimizda qaytarib beraman”. Hamisha mashinada besh-oltita kitob olib yuraman, kimdir so‘ragan, kimdir o‘qib bo‘lib qaytargan bo‘ladi.

— Bugungi yoshlardan kimlarning ijodini kuzatib borasiz?

— Bugun kechadan, erta bugundan aqlliroq, deyishadi. Ana shu aqidadan kelib chiqqan holda yoshlarning ijodini kuzatib, ba’zan dunyolarga sig‘may ketaman. Ular adabiyot darsliklari-yu, sobiq mafkura izni bilan chop etilib, kutubxonalarga keltirilgan kitoblarni o‘qib, shulardan o‘rganib ijodiy yo‘l tanlagan tuzumning farzandlari emas. Ularning o‘zlari ham, ustozlari ham dunyo adabiyoti bilan yaxshi tanish, so‘z ilmida dunyoni zabt etgan ijodkorlarning asarlaridan mahorat ilmini o‘rganayotgan avloddirlar. Gulnoz Mo‘minova, Sirojiddin Ibrohim, Xurshid Abdurashid, Nargiza Odinayeva, Nilufar Ibrohimova, Nodirabegim Ibrohimova… Bu ro‘yxatni havas va g‘urur bilan uzoq davom ettirish mumkin. Ular millat adabiyotining ertasidir.

— Adabiy tanqidchiligimizga bo‘lgan munosabatingizni bilmoqchi edim?

— Adabiy tanqidchilik bugungi kunga kelib juda noyob sohaga aylanib qolganga o‘xshaydi. Adabiyotshunoslarimiz barmoq bilan sanarli. Ular ijodkorlarning ko‘ngliga tegib qo‘ymay, degan istiholadami, juda avaylab yozishadi.

— Ijodga, adabiyotga mehr qo‘yishingizga nima turtki bo‘lgan?

— Ikkinchi sinfda o‘qib yurganimda bolalar kutubxonasiga a’zo bo‘lganman. Kutubxonachi opalar bergan kitoblarni uyga yetib bormasdan darvozalar oldiga qo‘yiladigan yog‘och o‘rindiqlarda o‘tirib o‘qib bo‘lardim-da, kutubxonaga “Menga boshqa kitob bering” deb qaytib borardim. Ular meni bag‘rilari bosib, erkalatib, “Sen ko‘chada kitob o‘qimagin. Xudo ko‘rsatmasin, tag‘in mashina-pashina urib ketmasin. Endi uyga borib o‘qiysan”, deya qayta-qayta tayinlab, boshqa kitob berib yuborishardi. Badiiy kitob o‘qishni juda yaxshi ko‘rardim. O‘qigan kitoblarimdan juda ta’sirlanar edim. 5-sinfda o‘qiyotganimizda Zulfiya bilan Hamid Olimjonning hayoti va ijodini o‘tdik. Ularning taqdiri meni juda qattiq ta’sirlantirdi. Shu kayfiyat bilan kutubxonadan ularning kitoblarini olib, ancha she’rlarini yod oldim. 12 betlik daftarni to‘ldirib, Zulfiyaga xat yozdim va Gorkiyning “Qishloqdagi bobomga” deb xat jo‘natgani kabi men ham konvert yuziga “Toshkent shahridagi shoira Zulfiya opaga” deb pochta qutisiga tashlaganman. Mening nazarimda shunday matonatli shoirani butun O‘zbekiston tanishi, pochtachilar ham uning manzilini bilishi shart edi. Afsuski, xatim javobsiz qolgan, u egasiga yetib bormagan.

Shunga qaramasdan men matematika muallimasi bo‘lishni orzu qilar edim. Matematik masala va misollar yechish men uchun eng maroqli mashg‘ulot hisoblanardi. 9-sinfda o‘qir edim. Bir ukamiz vafot etdi. O‘lim qanchalar achchiq bo‘lishini ilk bor yurak-yuragimdan his qildim. Goh uyning eng ichkari xonasiga kirib, goh hovlining adog‘iga o‘tib, pana-panalarda bizdan yashirincha yig‘laydigan onamning ko‘zlaridagi g‘ussa tufayli ilk bor qo‘limga qalam tutib hikoya yozdim. Yuragim to‘lib ketgan edi, qog‘ozga to‘kildim. Onamga, ukamga aytolmagan gaplarimni qog‘ozga aytdim.

— “Zulfizar” nomli qissangizda sho‘ro davri ijtimoiy muhiti, bir ayolning, ya’ni umri aldovlarda o‘tgan Zulfizarning achchiq qismatini qalamga olgansiz. Bu asarning yaratilishiga nima sabab bo‘lgan? Qahramoningizning prototipi bormi?

— Biz birin-ketin ikki tuzumni ko‘rgan avlodmiz. “Zulfizar”lar Zinaida, “Muhabbat”lar Lyubov bo‘lib, ayni gurkuragan yillari biz o‘quvchi, talaba, endi ish boshlagan mutaxassis bo‘lganmiz. Ularning qay biri bilan mahalladosh, qay biri bilan hamshahar, qay biri bilan davradosh bo‘lganmiz. Ular hammamizning ko‘z o‘ngimizda gullab-yashnab, so‘ng xazon bo‘lgan opalarimiz edi. Tuzum qurbonlari bo‘lgan bu ayollarning fojiasi bizning ham fojiamiz, millat fojiasi edi. Bunday fojiali taqdir sohibasi bo‘lgan ko‘p ayollarni taniganman, bilganman, umrlarining nihoyasida hech kimga keraksiz, bechora bo‘lib qolganliklariga o‘zim guvoh bo‘lganman. Mana shu ko‘rgan-kechirganlarim sabab bo‘lib, “Zulfizar” yozilgan. Uning konkret prototipi yo‘q, ammo ayni paytda prototiplari ko‘p edi.

— Adabiyotga, ijodga endi kirib kelayotgan yoshlarga nima maslahatlar bergan bo‘lardingiz?

— Ko‘proq o‘qing, olamni, odamni o‘rganing, degan bo‘lar edim. Qoshg‘ariydan Abdulla Orifgacha yaratilgan ma’naviy xazinani o‘zlashtirish qiyin, lekin baribir o‘qish kerak. Hech bo‘lmasa, o‘zimizda chiqadigan adabiy nashrlar – “Jahon adabiyoti”, “Sharq yulduzi”, “Yoshlik” jurnallari, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Kitob dunyosi” gazetalarini, internet tarmoqlaridan “Xurshid Davron kutubxonasi” sayti materiallarini o‘qib borish lozim. Adabiyotshunoslarning fikrlari bilan tanishib borish kerak.

Suhbatdosh Obid SHOFIYEV

Manba: “Surxon yoshlari” gazetasi

Jamila ERGASHЕVA
QIR USTIDAGI AYOL
Roman
09

Tog‘larga sel keldi. Keng o‘zanlar o‘rtasida ko‘z ilg‘ar-ilg‘amas kumush kamardek yaltirab oqib yotgan Surxon shovqin-suron bilan shovullab kelgan loyqa suvni bir seskanib bag‘riga oldi. Pishqirgan suv o‘zanlardan toshib, qay bir chaqqon dehqon daftar chizig‘idek egat tortib qo‘ygan paykallarni ham yuvib ketdi. Havo birdan sovidi. Jahl otiga minib, pishqirib oqayotgan Surxonni yoqalab, Robiya xolaning hovlisi tomon kuyov navkarlar o‘tganda poyonsiz osmon o‘rtasida hayron yiltillab turgan quyosh ham qayoqqadir g‘oyib bo‘ldi.

Robiya xola bir umr faol bo‘lib o‘tgan: birgad bo‘lgan, deputat, delegat bo‘lgan, hamisha el ustida, elning oldi bo‘lib yurgan, hech topmaganda ham shapaloq bilan yuz qizartib, katta-kichikning izzatiga yetgan ayol edi. Kuyovning oyoqlari ostiga lovullab turgan xonatlas bilan oqlik to‘shab, poyondozni qo‘shqavat qildi. Egniga buxorocha zarbop to‘n soldi. Dasturxonida anqoning tuxumidan bo‘lak hamma narsa bor edi. Hammasi ko‘ngildagidek bo‘ldi, faqat kunchiqarda paydo bo‘lgan qoramtir bulut hamma yoqqa sarg‘imtil soya tashlab olgani yuragini siqdi. Kelin kiyinayotgan xona bilan qudalar o‘tirgan xona o‘rtasida yugurib yurarkan, har zamon – har zamon osmonga qarab qo‘yardi. Aksiga olib, qora bulut muzaffar qo‘shindek tobora shiddat bilan osmonni egallab borardi. Qayerdadir qarg‘alar ham qag‘illadi. Shohistaga otasi duo berayotgan payt birdan shamol turdi. Qiz ota duosini olib, yon-atrofi rang-barang shoyi tasmalar, sharlar bilan bezatilgan mashinaga o‘tirguncha shamol bolasini izlayotgan telba onadek uvillay boshladi. Bir pasda yer-u osmon chang-to‘zon bilan qoplandi. Bir qadam narida turgan narsani ko‘rishning iloji yo‘q edi. Birin-ketin yo‘lga chiqqan mashinalar kuppa-kunduz kuni tungi chiroqlarini yoqib olishdi. Oradan bir chovgum suv qaynaydigan fursat o‘tmay, shatir-shutur yomg‘ir yog‘a boshladi, izidan qor uchqunladi. Kelin kuyovning uyiga yetib kelganda hamma yoq oppoq qor edi:

– Bu Aziz momo! – dedi kelin-kuyov o‘tirgan mashinani boshqarib kelayotgan o‘rta yashar kishi. – To‘qson, bir kunimcha yo‘qsan, der ekan. Haqiqatan ham to‘qson kunlik qishda shu qahrning o‘ndan birini ko‘rganmidik? Lekin chatoq bo‘ldi. Hamma narsa uyg‘onib qolgan edi. Bu yil bodom yili bo‘ldi, deb yurgan edik hammamiz.

– Bir yil bodom yemasangiz, yemabsiz, aka! – orqada kelinning yonida o‘tirgan yanga kuldi. – Eng muhimi, Aziz momo kelinning yo‘liga poyondoz to‘shadi.

Haydovchi peshoynadan yangaga birrov hayron va norozi qarab qo‘ydi-da, so‘ng o‘ziga o‘zi aytayotganday so‘zlandi:

– Ha-a… Elning rizqi edi-da…

Kuyov tomon mashinani qiy-chuv bilan kutib oldi. “Aziz momo”ning kutilmagan qahridan shoshib qolgan katta-kichik oyoq ostida loyga aylanayotgan ola-chalpoq qor ustida diydirashib, kelin-kuyov o‘tirgan mashinani o‘rab olishdi. Mashina eshiklari birin-ketin ochilib, haydovchi, kuyov, kuyovjo‘ra mashinadan tushdi. Kelin yanga esa o‘zlari tomondagi eshikning tutqichiga mahkam yopishib, kelinga qo‘l uzatgan kuyovning yo‘lini to‘sdi:

– Oldin haqini bering!

Kuyov cho‘ntagidan besh-oltita ming so‘mlik chiqardi.

Yanga ishva bilan bosh chayqadi:

– Bu kam!..

Bu safar kuyovning yonida turgan jo‘rasi cho‘ntak kavlab, yangaga pul uzatdi:

Yanga pulga qarab, mazax qilganday kuldi:

– Yaxshi yigit, men sizdan saqich puli so‘rayotganim yo‘q. Men kelin olib keldim, xo‘rozqand emas.

Kelin xijolat tortib, yangasining biqiniga qattiq turtdi. Yanga bir siltanib, yana eshik tutqichiga yopishib oldi:

– To‘g‘ri-da, qo‘lidan kelgan yigit uylansin!

Kuyov oq-sariqdan kelgan rangpargina yigit edi, duv etib qizardi.

Kuyovjo‘ra mashina eshigiga engashib, yangaga piching qildi:

– O‘zingizning narxingizni ham ayting, yanga, ko‘tara savdo qilamiz.

Atrofda yengilgina kulgi ko‘tarildi. Poyondoz ushlab, kelinning tushishini kutib turgan ayol pastki labini tishlab, yerga qaradi: “Yashshamagur, qudaning izzatini qilmadi!”

– Quruq qoshiq og‘iz yirtadi, yigit! Qo‘lingdan keladigan ishni gapir! – qarzdor bo‘lib qolishni istamagan yanga ham kuyovjo‘rani masxara qildi.

Yigitlar qiyqirib yubordi: “Tamom bo‘lding, Hamdam!”

Hamdam, aftidan kuyovjo‘raning ismi shunday edi – nimadir demoqchi bo‘lib unga tomon yurayotgan edi, kuyovning imosi bilan ikki yigit uni qo‘ltig‘idan tutib, nari olib ketishdi.

Kuyovning o‘zi cho‘ntagidan bir dasta pul chiqarib, yangaga berdi. Yanga pulni zanjirlari yaltiroq sumkachasiga solib, mashina eshigini ochdi. So‘ng g‘olibona pastga tushib, tor kiyimdagi kelishgan qaddi-qomatini ko‘z-ko‘z qilgancha davraning qoq o‘rtasidan kesib o‘tib, darvoza oldiga borib turdi. Yigitlar Hamdamning biqiniga turtishdi.

– Zo‘r narsa ekan! Ko‘tara savdo qilsang, pulingga kuymas ekansan.

Hamdamning quyuq qoshlari chimirildi:

– Izimdan itdek ergashtirmasam, otamning o‘g‘li emasman.

U shunday deb olov aylanayotgan kelin-kuyovni tomosha qilib turgan “yanga”ga tikildi. Biroz o‘tib “yanga” uning o‘tli nigohlarini his etdimi, yalt etib, unga qaradi. Hamdam dastlabki g‘alabadan sevinib ketdi. Qoshlarini chimirib turgan xushro‘y juvonga ma’nodor tikilib, ko‘zlarini qisib qo‘ydi. Juvon avvaliga hayron bo‘ldi, so‘ng yigitning oshkora shilqimligidan qahrlanib, zarda bilan yuzini burdi. Ammo Hamdamning o‘z “mashg‘ulot”ini to‘xtatish niyati yo‘q edi. Juvon ham qiziquvchanlik tufaylimi, qahrini bosa olmaganidanmi, yana unga qaradi. Hamdam esa kulib, yana ko‘z qisdi. Yanga endi astoydil qahrlandi, unga butunlay orqa o‘girib, kelinni ham kutib turmasdan, hovliga kirib ketdi: “Tarbiyasiz!”

Tantiq yanga qaysidir ma’noda haq edi. Hamdam olti qizdan so‘ng tilab-tilab olingan Tilovmurod, aytgani qonun, istagani muhayyo, ushlagani o‘ziniki bo‘lib o‘sgan yigit edi. Yanganing u uzatgan pulni masxara qilib, yana sensirab gapirgani uning hamiyatiga tegdi. To‘yxonaning o‘zidayoq bu oyimchaning kimligidan tortib, telefon raqamigacha aniqlab oldi.

– Biz endi boja bo‘lamiz, – dedi kuyovning yelkasiga ma’noli qoqib.

Ahmad oshnasining fe’lini yaxshi bilar edi. Nimaga sha’ma qilayotganini darrov tushundi:

– Oshna, sen bunday gaplarni qo‘y. Eri juda yaxshi yigit. Buyog‘i biz bor. Bir ahmoq xotinning kaltafahmligini deb…

Hamdam uzr so‘rayotganday qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib, kuldi:

– Oshna-a!.. Oshnachilik o‘z yo‘liga, lekin har kimning o‘z hisob-kitobi bor. Bilasan, men qarz bo‘lib yurishni yomon ko‘raman. Ayniqsa, ayol kishidan!..

* * *

To‘y kuni yoqqan qor shu kuniyoq erib ketgan bo‘lsa-da, hali havoning zahri sinmagan, hamma joy zax va nam, allaqachon yo‘lga chiqqan qish nimasinidir unutib qoldirgani uchun ortiga qaytgan besarishta xotindek ivirsib yurardi.

Ular yuzochdidan tushga yaqin qaytishdi. To‘yda ishlatilgan stol-stullar ayqash-uyqash bo‘lib yotgan hovlida hech kim yo‘q edi. Ayvon derazasida turgan telefon dunyoni boshiga ko‘tarib jiringlab yotardi.

– Nozima, anavini ol, o‘zini yeb yotibdi, – tugun ko‘tarib oshxona tomon ketayotgan Robiya xola keliniga buyurdi. – Bobong qayerga yo‘qolgan…

– Allo-o, eshitaman, – Nozima derazadan telefon go‘shagini olib, qulog‘iga tutdi. – Da-a!

– Nozimaxon, o‘zingizmi?

– Ha, menman. O‘zingiz kimsiz? – u javobni eshitmasdan ovoz egasini tanidi. – Biron ishingiz bormidi?

– Bir ahvol so‘ray, dedim sizdan. To‘y tashvishlari bilan charchamadingizmi? Yana… Sizdan uzr so‘ramoqchiman. Kecha biroz kayfim bor edi. Odobsizlik qilgan bo‘lsam, kechiring.

– Shundaymi? Ha, mayli, sog‘ bo‘ling.

– Nozimaxon, bilasizmi, men ba’zan to‘ylarda qo‘shiq aytaman. Kecha yangi qo‘shiq o‘rgandim. Bir eshitib ko‘ring, – yigit shirali ovozda qo‘shiq xirgoyi qila boshladi. – “Qalbimda oh urar, ohlarim unsiz, senga talpinaman kechayu kunduz. Balki sen yasharsan, jonginam, mensiz. Men qanday yasharman dunyoda sensi-iz?..” Qalay, yoqdimi?

Tugunlarini joylashtirib, oshxonadan chiqqan Robiya xola unga qaradi:

– Kim ekan? Kimni so‘rayapti?

O‘g‘irlik ustida qo‘lga tushgandek, Nozimaning rangi oqarib ketdi. Hamon quloqlariga bosib turgan go‘shakka:

– Siz aytgan odam bu yerda yashamaydi. Sizga noto‘g‘ri telefon berishibdi, – dedi, so‘ng qaynonasiga yuzlandi. – Normurod degan yigitni so‘rayapti.

Bir oz vaqt o‘tib, telefon yana jiringladi. Bu safar Nozima ayvon ichkarisida edi. Indamay telefonning simini uzib qo‘ya qoldi. Xonasiga o‘tayotib, devordagi baland toshoynaga qaradi: sarvdek qaddi-qomat, shuncha to‘y tashvishlaridan keyin ham lovullab turgan qoshu ko‘z, tim qora sochlar ko‘nglini to‘ldirdi: “Qandingni ur, Nozi! Ikki bolali bo‘lsang ham, bir ko‘chaga chiqsang, izingdan o‘n yigit yuragini changallab qoladi”. Beixtiyor kuyovjo‘ra aytgan qo‘shiqning so‘zlari yuragidan qaynab chiqayotganday bo‘ldi: “Men qanday yasharman dunyoda sen-si-iz?..” Shu qo‘shiq xirgoyisi bilan kiyim almashtirdi. Tor-tanqis kiyim-bosh, turli tasmalar iskanjasidan ozod bo‘lgan tanasi yengil nafas oldi. Keng-mo‘l paxtalik ko‘ylagini kiyib, divanga cho‘zildi. Oyoqlarini uzatgandan so‘ng juda charchaganini his qildi. Bir qarashda yordamchi ko‘p: ovsinlar, amma-xolalar, jiyanlar! Ammo hech bir ish Nozimasiz bitmaydi. “Nozi, dasturxon kerak!”, “Nozi, sochiq kerak”, “Nozi, mehmon keldi”, “Nozi!..” U shu katta xonadonning bekasimi, cho‘risimi, harqalay hamma narsaning joyini faqat u biladi va faqat u topib berishi kerak. Albatta, qaynonasi turganda unga bekalik tegarmidi? U xizmatkor, maoshsiz ishlaydigan, hech qachon rahmat eshitmaydigan xizmatkor! Ayniqsa keyingi kunlarda unga juda alam qildi. Qaynonasi kenja qizining sepiga bor bisotini to‘kib soldi. Eshikdan kim kelsa, qizining sepini bir-bir ko‘rsatib maqtanadi: “Borgan joyida tili qisiq bo‘lib yurmasin. Bizda faqat o‘g‘ilni o‘ylashadi. Axir qiz ham farzand, birovning eshigiga boradi. Esi bor ota-ona qizga o‘g‘ildan ikki baravar ko‘proq qilishi kerak”: Bu gaplar, uning ismi qo‘shib aytilmayotgan bo‘lsa-da, suyak-suyaklaridan o‘tib ketaverardi. “Ha, uning onasi buncha sep qilmagan. Qayerdan ham qilsin, o‘zi oddiy muallima bo‘lsa… Buyog‘i jo‘jabirday jon, har yili bir bolasini uylaydi”.

Nozima anchadan beri olmos ko‘zli uzuk bilan zirakka pul yig‘ib yurgan edi. Bu jamg‘armaga ba’zan eri ham ulush qo‘shib turardi. Ozgina qolgan edi, yozda ta’til pulini olsa, bo‘ldi edi. To‘ydan uch kun avval eri “Sen picha shoshmay tur. Pulingni o‘zim qilib beraman”, deb bor pulini onasiga chiqarib berdi. Uning tili tanglayiga yopishib qoldi. Onasi o‘g‘lini alqab-alqab, o‘zidan ozroq pul qo‘shib, qayinsinglisiga xuddi u orzu qilganday olmos ko‘zli uzuk bilan zirak olib keldi. Yana “Iching kuyib, o‘l!” deganday ona va qiz biri olib, biri qo‘yib, xaridlarini unga ko‘rsatib, maqtanishardi: “Tovlanishini bir ko‘ring, har qirrasida yuz xil rang bordek go‘yo!”. Nozima harchand o‘zini beparvo tutishga urinmasin, uddasidan chiqa olmadi. Tomog‘iga nimadir tiqilib, ikki chekkasidagi tomirlarda issiqqina nimalardir vijir-vijir qilib, ko‘zlari tomon oqib kela boshladi. U zo‘rg‘a “Ha-a, ha, yaxshi, juda chiroyli ekan!” dedi-yu, ortiga burilib yotog‘iga chiqib ketdi. Biroz hovri bosilgach, o‘zini urishdi: “Arzimas bir taqinchoq uchun o‘zingga achchiq gap sotib olishning nima keragi bor? Hozir bir nima deydigan bo‘lsang, sening ham onang qilsin edi, deyishi aniq. Siz qizingizga mening necha yildan beri yig‘ib yurgan pulimga qilayapsiz. Bu pul men uchun onamning sutidek halol edi, desinmi? Nima foydasi bor?”

Ayniqsa erining bezdek bo‘lib, pulni indamay onasiga chiqarib berishi unga juda alam qildi. O‘zi bu erkak qachon unga yolchitib biron narsa olib bergan?! Odamlarning eri xotiniga ota-onasidan yashirib pul bersa, bu!.. Qachon bo‘lsa, mo‘ltirab onasining ko‘ziga qarab turadi.

Bir achchiq bilan bolalarini yetaklab, onasinikiga ketib qolay, dedi. Yana shaytonga hay berdi. Yaxshiyam ketmagan ekan, biroz charchagan bo‘lsa ham to‘y bahona qancha qarindosh-urug‘larini ko‘rdi, yedi-ichdi, o‘ynab-kuldi. Kuyov tomon ham zo‘r to‘y berdi. Kuyovjo‘rasi tushmagur ko‘zi bilan yeb qo‘ymadi, qo‘ymadi.

Endi ko‘zi ilingan ekan, kimdir yelkasiga qattiq turtdi, cho‘chib ko‘zini ochdi. Boshida qoshlari norozi chimirilgan eri turardi:

– Turib, onamga qarashsang bo‘lmaydimi? Yetmishga kirgan kampir muzlab, idish-tovoq yuvib yotibdi, sen bo‘lsang, yalpayib!..

Xona ancha salqin edi, ustiga hech narsa olmay yotib qolgan ekan, biroz mizg‘iganigami, eti junjikdi. Erining yuziga bir qarab, kerishib oldi. So‘ng o‘rnidan turib o‘tirdi:

– Buncha vahima qilasiz? Qiz tug‘ib, qiz uzatgan boybicha ishlaydi-da. Ichingiz achiyotgan bo‘lsa, o‘zingiz yuving o‘sha idish-tovoqlarni.

– Hey-y! O‘zingdan ketma, xotin! – xotini janjal istab turgan bo‘lsa-da, o‘zini bosdi. – Choy-poy qil, mehmon keldi.

– Uf-f! – Nozimaning rostakamiga jahli chiqib ketdi. – Yana mehmonmi? Bu uyda tinchlik bormi o‘zi? Kechagi mehmondorchilikning joyini tozalab ulgurmasingdan yangisi kirib kelaveradi. To‘yib ketdim hammalaringdan!

– E-ey! Menga qara! – Sardorning jahli chiqib ketdi. – Senga o‘zi umuman odam isi yoqmaydi. Yesang, yotsang, sollanib ko‘chama-ko‘cha yursang! Kun bo‘yi telefonga osilib, onang bilan g‘iybatlashsang! Dangasa!

– Onamni tinch qo‘ying, onamga til tekkizmang!

– Onang bilan qo‘shmozor bo‘l! – Sardor jahl bilan xonadan chiqib ketdi.

Nozima ancha vaqt o‘ziga kelolmay o‘tirdi. Zarda bilan to‘shakka cho‘zilib ham oldi, ammo uyqusi buzilib bo‘lgan, charchog‘i ham bir qadar yozilgan edi. Hech kim uni yo‘qlab kelmasligiga ko‘zi yetgach, o‘tirib-o‘tirib o‘rnidan turdi-da, oshxonaga o‘tdi. Qaynonasi javrab-javrab qozon kavlar, eri piyola artar edi. U beixtiyor eshik ortida turib qoldi: “Mayli, bolam, mayli. Ikki bolasi bor. Indama. Bir kun ro‘zg‘or o‘ziga qolsa, odam bo‘p qoladi”. “E-e, shumi? Hech qachon o‘zgarmaydi. O‘zgarsa, shuncha yildan beri o‘zgarardi-da. Siz o‘lib ketsangiz, bu eshikdan na bir oshnam, na bir qarindoshimni olib kira olmasam kerak. Chivinini qo‘rishga erinadigan jonivor. Shu ikki bola siyaman desayam baloga qoladi. Go‘dakkinalar qo‘rqqanidan sizning oldingizga keladi. O‘zining bolasi yoqmagan odamga siz bilan mening mehmonim yoqarmidi?”. “Mayli, bolam, mayli. Hozircha o‘zim bor. Men o‘lib ketsam, mehmonlaringni restoranlarda kutaverasan. Topmay o‘tirgan joying yo‘q”. “E-e, ona, qirqqa kirsam ham shuningizni haydab, boshqa uylanaman”. “Tavba de-ye! Gulday bolalaringning boshiga o‘gay ota, o‘gay ona zulmini solmoqchimisan? Xotining hali yosh, birov to‘qqizida bosh bo‘lar, birov o‘ttizida ham yosh bo‘lar. Bo‘ladi-da. Qilmaydi emas, qiladi. Bir itfe’li bor, bir umr hamma narsadan norozi bo‘lib yuradi. Biroz noshukr, shuncha yil yashab, bundan keyin ham bir umr yashashi kerak bo‘lgan uyga hech mehr qo‘ymadi. Faqat “onamnikiga” deb turadi. Shunisiga dog‘man, bolam, mayli, insof-tavfig‘ini bersin!”

“Ha-a, uylan! Iloyo, uylan! Men ham sening yuvindingga zor bo‘lib o‘tirganim yo‘q. Ikki bolamni oydinda oyog‘im bilan boqaman. Shu bolalarning ust-boshidan ham qizg‘anib, yig‘ib yurgan pullarimni singlingga hadya qilib yubording. Ablah!”, u shartta ortiga burilib, hovliga chiqdi. Namxush havo lovullab qizib ketgan yuzlariga urildi. O‘pkasi to‘lib, yig‘lagisi keldi. Hovlining adog‘iga qarab yurdi. Qaynonasi uni derazadan ko‘rib qoldi, shekilli, chaqirib qoldi.

– Nozima-yuv!

“Xuddi hech narsa bo‘lmaganday, hech narsa demaganday!”

– Ha? – norozi to‘ng‘illadi u.

– Soat to‘rt bo‘ldi, bolalar ham bog‘chada ilhaq bo‘lib o‘tirishgandir. Shularni olib kel, bolam.

Qaynonasi har doim shunday qiladi. Bir umr elni boshqargan ayol-da. Tulki! Bir gap aytsa, e’tirozga o‘rin qoldirmaydigan qilib aytadi. Hozir “Kelin degan ham shuncha yotadimi?” deganda, haqqi bormi-yo‘qmi, bir bobillab, xumordan chiqardi. Bu “bolalaringni olib kel” deyapti.

Bunga nima deydi? Bola o‘ziniki bo‘lsa! U indamadi, lekin baribir iziga qaytmadi. Indamay hovlining adog‘iga o‘tdi. U yerda qaynotasi yaxshi ko‘radigan joy bor. Bolta o‘tmaganidan ko‘p yillardan buyon daraxtlar orasida ko‘ndalang bo‘lib yotgan o‘rik tanasi. Qaynotasi ko‘pincha o‘sha yerda o‘tirib chekadi, hovlini tomosha qiladi, nevaralariga o‘yinchoqlar yasab beradi. Bu yerni Nozima ham yaxshi ko‘radi, hovlini yig‘ishtirib, supurganda, shu yerni ham supurib qo‘yadi. Quyuq daraxt shoxlari orasidan bu yerda o‘tirgan odam ko‘rinmaydi, ammo u yerda o‘tirib, ham bog‘ni, ham hovlini bemalol tomosha qilish mumkin. Uning biroz eti junjikdi, bog‘ning ichi salqin edi, yoqalarini ko‘tarib, qo‘llarini ko‘kragi ustiga qovushtirib oldi. Ko‘ngli juda g‘ash edi. Erining gaplari quloqlari ostidan hech ketmasdi. “Ablah!” To‘ydan oldin ham xafa qilgan edi: “Buncha yopishding shu brilliantga! Brilliant taqib yurgan boyvachchaning qizimisan?!”

Yuziga tarsaki tortib yuborganday bo‘ldi. Bularning har gapi ikki boshli to‘qmoq. To‘qmoqning bir uchi uning boshiga tegsa, bir uchi, albatta, onasining boshiga mo‘ljallangan bo‘ladi. To‘g‘ri, uning onasi olmos tugul, yoqut ham taqmagan. Lekin, onasining yo‘li boshqa, zamoni boshqa. Sakkiz bola bilan qanday ham o‘ziga qarardi sho‘rlik? Bu esa shuncha oylikchining ichida yashayapti. Ozgina erkinlik berishsa, hamma narsa olishi mumkin. Ammo qaynonasi hammaning pulini hisob-kitob qilib, hali ta’mir boshlab yuboradi, hali gilam ko‘tarib keladi, hali sigir savdo qiladi. Uning kichkinagina maoshi ham shu katta-katta xarajatlar ichida qumga singan suvdek singib yo‘q bo‘lib ketadi. Shu xarajatlardan qisib-qimtib yig‘ib yurganini!

– Nozi, Nozima-yuv-v!

Qaynonasi yana uvillay boshladi. “Uf-f!..” Aftidan boqqa kirib ketganini ko‘rgan, shekilli. U indamay o‘rnidan turib, darvoza tomon yurdi. Endi bormasa, qo‘ymaydi.

…Bolalarning oldidagi kosachalarning ovqatlarini bidonga yig‘ayotgan bog‘cha opa uni ko‘rib, g‘alati bo‘lib ketdi. Xijolat bo‘lganini sezdirmaslik uchun kulib, o‘zini oqlashga tushdi:

– Hammasi deng, boyvachchaning bolasi. Bog‘chaning ovqatini yemaydi. Yemasanglar, yemanglar, dedim. Tovuqlarim bir mazza qilsin.

Ayolning yaltoqlanishi g‘ashini keltirdi. Bir gap qilib, chaqib olay, dedi-yu, yana indamadi. Yo‘lda o‘g‘lidan so‘radi:

– Nima ovqat berishgan edi?

O‘g‘il burnini jiyirdi:

– Guruchli ovqat. Guruchlarining orasida cho‘plari, toshlari ham bor. Yegimiz kelmadi.

– Men yedim, qornim rosa ochqab ketgan edi. Hammasini yeb qo‘ydim, – dedi qizchasi onasining maqtovidan umidvor bo‘lib.

– Qanday yeding, cho‘plari, toshlari bo‘lsa?

– Cho‘plariniyam yeb qo‘ydim. Men cho‘plarni ham yeya olaman, – yana maqtandi qizcha.

“Shuginalarimni tovuqlarga beriladigan xo‘raklarga teng qilib ishlayman. Topgan pulim kimlarning kuniga yaraydi”.

Yonlaridan g‘izillab o‘tgan mashina yo‘l o‘rtasidagi ko‘lmak suvini shaloplatib, ularning ustiga sachratib o‘tib ketdi. Yap-yangi xalatiga loyqa suv chaplandi. Yana erini yozg‘irdi: “Besh daqiqalik yo‘l! Mehmonlarining og‘ziga qarab o‘tirmasdan, bolalarni mashinada olib kelsa bo‘lardi! Yo‘q, u onasini xafa qilishi mumkin emas. Xotini, bolalari nima bo‘lsa, bo‘lsin. Onasining dili ranjimasa, bo‘ldi!”

Qaynonasi mehmonlarini kuzatib bo‘lgan shekilli, qo‘llarini beliga tirab, darvoza oldida turgan ekan.

– Bog‘chaga ketgan-ketmaganingni bilmay, endi o‘zim borsammi, deb turgan edim.

Bolalar momosiga yopisha ketdi.

– Momo-a! Ammam keldimi?

– Ammam uydami?

– Endi ammangning uyi boshqa yoqda. Endi o‘sha yoqda yashaydi.

– Nega, nega?! Nega ammam bizni tashlab ketadi? Men ham ammamnikiga boraman! – Sanjar yerga cho‘nqayib o‘tirib olgancha, yig‘lay boshladi.

– Tur-ye, tentak! – Nozima bolasining qilig‘idan achchiqlanib, kostyumining yelkasidan tortdi. – Tur, bor, kiyimlaringni almashtir!

Sanjar o‘rnidan turib, onasiga yopishib, yumdalay ketdi:

– Hammasi sizni deb bo‘ldi. Siz ammamni yomon ko‘rardingiz, u shuning uchun ketib qoldi.

– Nima? Nima deding?! – Nozima o‘g‘lining yuziga qars etkizib, tarsaki tortib yubordi. Bola muvozanatini yo‘qotib, chayqalib ketdi. Qo‘rqqanidan boshini bilaklari orasiga yashirib, o‘tirib oldi. Nozima uni bir tepib, hovliga o‘tib ketdi: “Yuzing qursin, senday bolaning!”

Robiya xola turgan joyida taxtadek qotib qoldi: “Bu kelin chindan ham quturibdi”. Sanjarning mittigina vujudiga har zarba tekkanda xuddi o‘zining yelkalariga qamchi tushgandek bir seskanib, izillab yig‘lab qolgan bolani bag‘riga olguncha qaltirab qoldi:

– Hay, esi yo‘q bolam-a, nima qilasan onangga gapirib? Shu ammang yo‘q bo‘lib ketmaydimi? Senga amma nima kerak?

Boshqa nima ham desin? Bir narsa desa, bu kelinning hamisha tuguni tayyor. Onasi ham beo‘y xotin. Hech qachon, “Ikki bolali bo‘lding, endi sabrli bo‘l” demaydi. “Kel, bolam, tor qornimga siqqan, keng uyimga ham sig‘asan” deydi. Buyog‘i o‘g‘il ham to‘nini teskari kiyib turibdi. Hozir bir narsa desa, hech o‘ylab o‘tirmaydi: “Ona, oldini qaytarmang, ketsa, yo‘qolsin. Qachongacha shunday yashash mumkin? Unga na siz yoqasiz, na biron qarindosh-urug‘im. Faqat men bo‘lsam. Men ham tilsiz-jag‘siz, kunduzi pul topib, kechqurun idish-tovog‘ini yuvi-ib o‘tirsam! E-e!.. Charchab ketdim, ona!”

Ayvonda yana telefon jiringladi. Kimdir simini ulab qo‘ygan shekilli. Yana Nozima to‘g‘ri keldi. Darvoza oldidagi mojaroning qahri bilan o‘qdek uchib xonasiga o‘tib ketayotgan edi, atrofga xavotir bilan bir qarab olib, qo‘rqibgina go‘shakni oldi:

– Allo, eshitaman.

Go‘shakdan qo‘shiq eshitildi:

– Endi men ko‘nglimni uzolmayman, hijronli kunlarni cho‘zolmayman…

Zim-ziyo ko‘ngil uyining darchasidan bir qatim nur sizib kirganday bo‘ldi. Atrof yorishib ketdi. Huzur qilib chuqur nafas oldi, ammo bu qo‘shiqni oxirigacha eshita olmaydi. Afsus… U bir so‘z demay, go‘shakni o‘rniga qo‘ydi. Bolalarini ergashtirib, xonasiga kirib ketgan qaynonasining eshigiga kibrli qahr bilan bir qaradi-da, telefonning simini uzdi. So‘ng hovliga chiqdi. G‘arbga qarab og‘ib borayotgan bahor quyoshi ham uning kayfiyatiga monand besaranjom hovliga mayin nur sochib turardi. Oshxonaga kirib, yuvuqli-yuvuqsiz idish-tovoqlar uyulib yotgan stolning yonboshiga osig‘lik turgan peshbandini olib, oldiga bog‘ladi. Gaz o‘choqda bir chovgum suv qaynab turgan ekan. Hamma idish-tovoqlarni avval ishqorlab, so‘ng issiqqina toza suvda yuvib-artib, taxmonlarga joyladi. So‘ng stollarni, gaz o‘choqni yaltillatib artib, oshxonani ham supirib chiqdi. Hovlini supirib boshlaganda, eri uydan chiqib, stol-stullarni bir chetga taxlay boshladi.

Quyosh so‘nggi nurlari bilan ufqni lola rangga bo‘yaganda bedapoyaga o‘rnatilgan qozon-o‘choqlardan qolgan kul izlarini aytmasa, hovli yana osoyishta holiga qaytgan edi. Eru xotin birga ishlashgan bo‘lsa-da, bir-biriga bir og‘iz ham gap tashlamadi, bunga har ikkalasida ham zarracha rag‘bat, xohish yo‘q edi. Nozima har-har zamon qandaydir intiq xavotir bilan telefon turgan ayvon derazasiga qarab-qarab qo‘yardi. “Ishqilib, birontasi yana telefonni ulab qo‘ymasin-da. Bu yigit meni qiz bola deb o‘yladimikin? Topgan qo‘shiqlarini qarang”. Shunday xayollar bilan g‘imirsib yurib, ba’zan eriga ko‘zi tushib qolar, uning uyulgan qovoqlarini ko‘rib, yana asabi buzilardi: “Ha, hamma mening erimdek soqov qarg‘a emas-da! Onam ham o‘lsin, “boy-boy” deb shularga berdi. “Boy” emish, qachon qarasang, “voy-voy”. Shuning ham ko‘ngli bor, deb, biron narsa qilib berishning o‘rniga, “Hali oylik olmadingmi?” deb o‘tirishadi”. Bolalarning usti-boshi, bog‘chasi-ku, to‘liq uning yelkasida. Maosh tekkan kuni indamay bolalarini bozorga olib chiqadi-da, bosh-oyoq kiyintirib qaytadi. Qaynonasi urishmaydi-ku, lekin bir to‘ng‘illaydi: “Bolalarning eski-tuski ichida katta bo‘lgani yaxshi, ko‘z-po‘z tegmaydi. Hali katta bo‘lishsa, kiyaverishadi”. Ba’zan o‘zicha xijolat ham bo‘lib qo‘yadi: “Bolam, ro‘zg‘or degan hech to‘lmaydigan g‘or bo‘larkan. Bir umr er-u xotin tashib-tashib to‘ldira olmagan edik. Endi Sardor bilan sen qo‘shilding. Xarajat-u orzu-havaslar ham shunga yarasha ortdi. Mayli, bolam, Shohistani uzatib, eson-omon egasiga topshirib olaylik, keyin topganimiz o‘zimizniki. Yeymiz-ichamiz. Qimmatbaho kiyimlar olamiz. Sanatoriylarga boramiz”, deb qoladi. Nozima bu gaplarga sira ishonmaydi. Shu kampir tirik tursa, hech qachon eshkakni ularning qo‘liga berib qo‘ymaydi. Hali u, hali bu harajatni o‘ylab topaveradi. Har yili nimadir quradi, keyin o‘zi faxrlanib yuradi.

“O‘shanda ham bir narsa chiqib qoladi”, deb to‘ng‘illaydi Nozima. Kampir esa kuladi: “Tirik odamning orzu-havasi tugarmidi? Bir kun o‘lib ketsam, men tejab-tergab qurdirgan bu hovli-joylarda mazza qilib yashaysizlar. O‘shanda meni eslamaysizlar ham”. “Kim avval o‘lishi yolg‘iz Allohga ayon. Odamzod bugunini o‘ylab yashashi kerak”, yana to‘ng‘illaydi u. Uning bu uydagilarning ra’yiga qaramay qo‘yganiga ko‘p bo‘lgan. Boshida hammaning ko‘ziga qarab turardi. Ichi yig‘lab tursa ham, jilmayib yurardi. Bu juda og‘ir edi. Shu yaponlar bir umr tabassum bilan, tavoze bilan yurib, qiynalib ketsa keragov, deb o‘ylar edi o‘z holiga o‘zi achinib. Shu ming‘ir-sing‘ir kampir bilan shu qozon-tovoq umrbod bo‘yniga tuzxalta qilib osilganini anglab yetgan kun juda siqilib ketdi: “E-e, bor-e!” dedi va yuzidagi tabassumni keraksiz buyum misol ilib otdi. Bu yoqda onasi ham bir narsa desa: “Bolam, kambag‘alman deb, xo‘rlashlariga yo‘l qo‘yma. Hech ikkilanmay qaytib kelaver. Qo‘lingda diploming bo‘lsa, bolalaringga o‘zim qarayman. Hech zamonda xor bo‘lmaysan”, der edi. Odamzod gapi qo‘r yeyishini, atrofdagilarning nozik joyini bilsa, istasa ham o‘ng gapini ayta olmay qolar ekan. Bu miyang‘i kampir esa nevaralarini juda yaxshi ko‘radi, chin to‘lganda bir toshmasa, jim!.. Hatto o‘g‘liga ham bir og‘iz bir nima demaydi. Shunday bo‘lgach, uning o‘zini yig‘ishtirib olishga harakat qilishi shartmi? O‘zi umuman olganda, hayot uning uchun juda yoqimsiz mashg‘ulotga aylandi: na uyda ro‘shnolik bor, na ishda! Odamlarning uyi g‘urbatxona bo‘lsa, ishga borib, ko‘nglini yozib, yayrab keladi. Bularning maktabi ham jinnixonaning o‘zi! Hamisha yuragi zirqillab, ishga boradi, bir amallab darsini tugatgach, yana yuragi zirqillab, uyga qaytadi.

Romanning toʻliq matnini (Kiril va lotinda) QUYIda mutolaa qilishingiz mumkin

Jamila Ergasheva. Zulfizar. Qissa by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 8 659, bugungi 1)

10 izoh

  1. Романнинг тўлиқ матнини (Кирил ва лотинда) саҳифа якунида мутолаа қилишингиз мумкин

  2. А алейкум романнинг давомини каердан топамиз?

Izoh qoldiring