Кенжа ўғил омадсизроқ чиқди. Беш йил Тошкентда юриб, диплом ололмай қайтди. Уйдагилар қанча суриштирмасин, сабабини айтмади, ўзи Тошкентга бошқа бормади. Акаларининг ҳаммаси алоҳида уй-жой қилиб, чиқиб кетишган эди. Гулнор кампир чоли билан борини бозор қилиб, кенжасини уйлантириб қўйди. Беш ўғилни уйли-жойли қилган чолу кампир назарида бу тўй энг охирги ташвишлари эди. Ҳаётларининг қолган қисми роҳат-фароғат ва тоат-ибодат билан ўтишини умид қилган эдилар, аммо…
Жамила ЭРГАШЕВА
БОЙБИЧЧА
Жамила Эргашева (1956-2018) Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида ишчи оиласида таваллуд топди. 1979 йили Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тамомлади.
У меҳнат фаолиятини “Жарқўрғон ҳақиқати” газетасида бошлаб, сўнгра “Сурхон тонги” газетасида турли вазифаларда ишлади. Умрининг охирига қадар вилоят хотин-қизлар қўмитаси муассислигидаги “Аёл ва замон” газетасига раҳбарлик қилди.
Жамила Эргашеванинг “Изҳор” номли илк ҳикоялар тўплами 1992 йили чоп этилди. Шундан сўнг қисса ва ҳикоялари бирин-кетин нуфузли газета ва журналларида чоп этила бошлади. “Интиқом”, “Таназзул”, “Аёл жодуси”, “Зулфизар”, “Қир устидаги аёл”, “Шом шафағи жилвалари” каби китоблари нашр этилди.
Ёзувчининг матбуотда эълон қилинган “Маломат”, “Ойжамол”, “Мунаввар дунё”, “Соғинч”, “Қайтар дунё” каби ўнлаб асарлари Ватанга эътиқод, эл меҳри, одамийлик ва яхшиликни тараннум этди.
Кенжа ўғил омадсизроқ чиқди. Беш йил Тошкентда юриб, диплом ололмай қайтди. Уйдагилар қанча суриштирмасин, сабабини айтмади, ўзи Тошкентга бошқа бормади. Акаларининг ҳаммаси алоҳида уй-жой қилиб, чиқиб кетишган эди. Гулнор кампир чоли билан борини бозор қилиб, кенжасини уйлантириб қўйди. Беш ўғилни уйли-жойли қилган чолу кампир назарида бу тўй энг охирги ташвишлари эди. Ҳаётларининг қолган қисми роҳат-фароғат ва тоат-ибодат билан ўтишини умид қилган эдилар, аммо…
Дипломсиз ўғил дурустроқ иш топиб, рўзғор харажатларини ўз зиммасига олгунича икки фарзандли бўлди. Бу орада чол ўтиб кетди. Гулнор кампир келин олдида қўли қисқа ўғлининг тили ҳам қисиқ бўлмаслиги учун ташвиш чекар эди: нафақасини рўзғорга сарфлар, ҳали у, ҳали бу тикиб сотар, хуллас, тиниб-тинчимас эди. Ўғил ишга жойлашгандан кейин ҳам бирлари икки бўлмади. Келин “Дадаси ун тугади”, “Дадаси, ёғ тугади” деганда, Гулнор кампирнинг юраги зирқираб кетарди: “Қўлида дипломи бўлганда шунча қийналмасди болам”.
Кейинги пайтларда кенжа бир оз тажангроқ бўлиб қолди. Беш бола, она, хотин… Гўшт-ёғ нари турсин, нон етказиш ҳам кундан кунга қийинлашиб боряпти. Қоплаб келтирса ҳам болалари пиллақуртдай бирпасда еб битиришади. Акалари ота уйига келиб, онаси билан уч-тўрт оғиз гурунг қилиб кетиши ғашини келтирадиган бўлиб қолди.
– Бойвачча ўғилларингиз онасини кўргани икки қўлини бурнига тиқиб келади. Укам жўжабирдай жон, болаларидан орттириб онамга нимаям олиб беради деб, бир килогина олма кўтариб келиша олмайди.
Гулнор кампир кўпинча индамайди. Бир ҳисобда кичик келин ҳақ эди. Баъзан тўнғич ўғли “Бозордан қайтаётган эдим” деб киради-ю, “Она, кўнглингиз кетганда ерсиз”, деб қўлига бирон нарса тутқазмайди.
Тунов куни кампир Олимжоннинг уйига борган эди. Келини ҳовлидаги супада бир тоғора товуқ гўштини тозалаб ўтирган экан. Паррандачилик фермаси директори жўнатган шекилли.
– Шунча бераркансан, сўймай бер. Хоҳлаган пайтимиз иккита-иккитадан сўйиб-сўйиб ейвурардик. Энди бунча нарсани нима қиламан? – жавранди келин.
Қозонда ёғ қизиётганди, келин ошнинг зирвагини қовуриб келди. Товуқ гўшти роса ширин экан, чайнаган сайин мазаси чиқаверади. Мазаси чиққани сайин Гулнор кампир кўз олдига неваралари келаверади.
Дастурхон йиғиштирилгач, кампир “уйга кетаман, ўғлинг олиб бориб қўйсин” деб туриб олди. Ўзича келин бирорта товуқ ўраб берар деб умид қилдими? Машинага ўтираётганда ўнг томондаги чала битган ошхонанинг очиқ эшигидан уюлиб ётган қовун-тарвузлар, қат-қат тахланиб турган ёғоч қутилардаги узумларга кўзи тушди. Негадир алами келди. Бир замонлар кичкинаси бир нарса еб, каттаси ютиниб турганини кўрса, егуликни дарҳол бўлиштириб берар эди.
Энди эса… бир нарса деса, “Ишласин, она, ишлаган тишлайди. Мен унинг бола-чақасини боқаман деб, елиб-югуриб юрганим йўқ”, деб оғзига уради. Кампир, “Шу камхарж ҳолига бола-чақасига қўшиб, мениям боқиб ўтирибди” деса, “Боқмасин. Бизникида яшанг, ўзим боқаман”, деб бидирлайди.
Эҳтимол, тўнғичлари боқса-боқишар, ҳаммасининг топгани ўзига етиб-ортади. Аммо одамзот бир умр бир жойда яшаб, шу ерда ўрганиб қолган бўлса, иккинчи бир жойга, ҳатто у боласи уйи бўлса ҳам, ўрганиши жуда қийин. Бундан ташқари кампир шу камхарж ўғил ва унинг болаларига бошқача меҳр қўйган…
Келин: “Ўғлингиз келса, мени уришади. Бир кеча ётиб борардингиз-да!” – деб жавраб қолди.
– Онасини кўргиси келса, излаб борсин, – тўнғиллади кампир.
Олимжон ростдан ҳам сўроқлаб келди.
– Она, мени кутмай кетиб қолибсиз?
– Мени нима қиласан, ош-ноннинг офати бўлсам. Товуқларни маза қилиб едиларингми?
Олимжон хо-холаб кулиб юборди.
– Товуқларни Олапардан сўрайсиз. Келинингиз ит боғлоғлиқ деганми, товуқларни супада очиқ қолдириб, сизни кузатгани чиққан. Кўчадан қўшни янги олган мебелимни кўринг деб, уйига етаклаб кетган. Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи борлигини яхши биласиз. Бу ёқда болалар телевизорга ёпишиб ётган, ҳамманинг қорни тўқ, ит очдан ўлсинми, бир амаллаб бўшалибди-да, еганини еб емаганини тупроқ билан битта қилибди…
Кампир қовоғи уюлиб ўйлади: “Қизғонганинг қизил итга ем бўлсин!”
– Агар шу товуқларни меҳнат қилиб топганда эди, шундай очиқ-сочиқ қолдирмасди, – деди кейин, қаҳрини охиригача ютиб юбора олмай.
Кампир ўзи рўзғорга қўшимча бўлсин деб, бир умр элнинг хизматини қилди: кигиз босди, гилам тўқиди, кийим тикди.
Башанг кийиниб, катта пул сарфлаб, арзимас юмушларни кимларгадир қилдирадиган кишиларга қараб, “Насиб этса, мен ҳам болаларимни ўқитаман”, деб ният қиларди.
Тўғри, чол-кампир баъзилар каби болалари ортидан чопишмади. Улар мактабда яхши ўқишарди. Сўнг бирин-кетин ўз билимлари билан институтга жойлашиб олишди. Айрим тенгқурларига ўхшаб ижара уйларида яшашгани йўқ, ётоқхонада кун кечириб, стипендияга қаноат қилишди.
Шундай деган билан эру хотин уларни бутунлай тақдир ҳукмига ташлаб қўйишмади. Икки-уч жойда ишлаб, ойлаб ёвғон ичган вақтлари кўп бўлди. Ҳар неки етолмаган орзу-ниятларини болаларининг дипломли ва ишли бўладиган кунларига асраб қўйишарди.
Айниқса, ёз ойлари қийин ўтарди. Бир ҳовлидан уч қолип қазишарди-да, лой тепиб, тандир қилиб сотишарди.
Бир ўғли иқлими совуқ юртларда ўқиди. Ҳар доим сентябрда пулнинг ўрнига олма-анор олиб кетарди. Айтишича, у ёққа боргач, бу нарсаларни беш бараварига пулларди. Бир сафар боғ қоровули бўлиб ишлайдиган қўшнилари: “Икки қоп олма бўлса, ўзим бериб юбораман. Катталар қурултойга кетишган”, деб қолди.
Гулнор кампир унда ёш ва чайир эди. Кенжасини етаклаб боққа борди: “Бир қопни сен велосипедингга ортасан, биттасини мен орқалайман”. Баланд-баланд дарахтларга чиқиб олма териш осон бўлмади. Иккинчи қоп тўлай деб қолганда агроном келиб қолди ва ўғлининг ёқасидан тутиб бақира кетди:
–Ҳой, муттаҳам! Нима қиляпсан?! Ҳозир милиса чақириб, қамоққа тиқтириб юбораман, – тепада қалтираб ўтирган Гулнорга кўзи тушиб, баттар бақирди. – Пастга туш, худбин! Одамлар боласини тўғри бўл деса, сен биргаликда ўғирлик қиляпсан.
Гулнор қалтираб-қалтираб дарахтдан тушар чоғида шохча лозимини илиб йиртиб юборди.
– Опа, пулини тўлаймиз. Ўғлим Россияда ўқийди, шунга бериб юбораман дегандим.
– Пулинг бошингдан қолсин, ифлос! Сендақалар дастидан хўжалик абгор!..
Гулнор ҳар қанча ялинса ҳам агроном аёл ховрини босмади. Бақирганча оғир қопларни югурдагига кўтартириб жўнади. Гулнор эса бўм-бўш қўл, кўзлари тўла ёш ва ранги қумдек оқариб кетган ўғли билан қолди. Сал ўтмай қўшни келиб узр сўради:
– Хафа бўлманг, ҳамсоя, ўзи сал…
Гулнор ҳеч нарса демади.
– Сизлар бораверинглар. Кечга яқин ўзим пича элтиб бераман.
– Йўқ!..
Ҳақиқатдан ҳозир Гулнор учун ҳеч нима керак эмасди. Тезроқ ёлғиз қолиш ва ўкириб-ўкириб йиғлаб олишни истар эди.
Улар қоронғи тушгунча боғда қолиб кетишди. Гулнор почаси йиртиқ ҳолда қишлоқ оралаб юришдан уялди.
Албатта, бу кунларни кенжасидан бошқа ҳеч ким эсламайди.
Тўнғичлар осмондан ўзлари шундай топарман-тутарман бўлиб тушгандай юришади. Келинлар эса уларни молу дунёси билан яратиб қўйгандек муомала қилишади. Айниқса, бош келин гапларига чидаб бўлмайди: “Тушимда денг, тандир-тандир нон пишираётган эмишман. Дарров садақа чиқардим. Уч кундан сўнг бошқармага кўтарилиб кетди. Ўғлингиз ҳам доим “сен биласан, онаси” деб миннатдор бўлади”. “Сендан эмас, аллоҳдан миннатдор бўлсин” деб, юз йиртадиган одам керак. Гулнор кампир эса индамайди. Дилхиралик нимага керак?
Гулнор кампир охири аҳд қилди: “Ўрганган бовурим” деб шу камбағал ўғлимга жабр қилиб ётмай, навбат билан бошқа ўғилларникида ҳам турайин. Уларни ҳам оқ сут бериб боққанман, ўқитганман, уйлантирганман!..
Эрталаб тўнғич ўғлига қўнғироқ қилди:
– Болам, менга машина юбор. Зерикдим.
– Ест, онажон!
Келин қайнона ортидан кирган латта тугунни кўриб ҳайрон бўлди. Тили учгинасида қирғоққа чиқиб қолган балиқдай питирлаб турган саволни бижилдоқ кичик қизи бериб қўя қолди:
– Момо, бу нима? Бизникига кўчиб келдингизми?
– Ҳа, болам.
– Ур-р-ей! Энди бизникида яшайсизми?
– Ҳа, шундай.
Қайнонасини кўриб: “Энди бутун куним қош-қовоққа қараш билан ўтаркан-да”, деб энсаси қотиб ўтирган келиннинг бу гапдан сўнг тамом мазаси қочди.
– Бор, бир рўмол олиб кел, бошим еб бораяпти, – дарҳол рўмолни пешонасига танғиб олди. – Вой, бошим!
Онаси буйруғи билан болалар дастурхон тузашди.
Ўғил эса кўрпачада ёнбошлаб, қўйнига кирган қизчасини эркалади. Буни кўриб, хотини қаҳрланди:
– Ҳей, менга қаранг, иш кийим билан чўзилиб олманг, туринг, ишингизга боринг.
Ўғил хотинига ҳеч нарса демай, қизини эркалай-эркалай қўзғалди.
Кампир ҳайфи келиб ўй сурди: “Ай-й, одамзот-а! Бунча тор бўлмасанг. Шу кампир туғилиб ўстирган ўғилнинг соясида бойбичча бўлиб юрибсан. Неча йилда онаси тугун кўтариб келса, бирдан иситмалаб қоласан”.
Келин бош оғриғи бир ҳафта тинмади. Мақтанишдан жағи тинмасди, камгап бўлиб қолди ва ниҳоят ёрилди:
– Уйда бирон гап бўлдими?
– Йўқ! Уларнинг қўли юпқароқ, боши кўп, бу ўғилларда ҳам ҳақим бор, бир кенжаникига ёпишиб ётавермай девдим-да.
– Кенжада бир сиз эмас, ҳаммамизнинг ҳақимиз бор. У яшаётган уйга биз ҳам шерикмиз, – неча кундан бери ичида бурқсиб ётган ўт ниҳоят оғзидан чиқиб кетди.
Кампир надомат билан бош чайқади:
– У уйга бировинг бир ғишт қўйганинг йўқ. У уйни чолим билан мен қурганман. Уйимни кимга беришни ўзим ҳал қиламан.
Шу билан қайнона-келин ўртасида бўлиб турган узуқ-юлуқ сўзлашувлар бутунлай барҳам топди.
Эртаси куни кечқурун ўғлига деди:
– Мени укангникига олиб бориб қўй!
– Содиқникигами?
Кампир аччиғи келиб ғудранди:
– Олимникига.
Ўғил ҳам, келин ҳам жилла қурса кўнгил учун “Нега? Бизникида тураверсангиз бўлади-ку” демади, деёлмади.
Кампир Олимжон уйида бир ой яшади. Эру хотин кун бўйи ишда, кампир эса невараларини қўриди. Аввалига эру хотин роса хурсанд бўлди: “Энди боғча ҳам, эшик-дарвозага қулф ҳам керак эмас”. Аммо кейин-кейин ўғли баъзан жеркиб ташлайдиган одат чиқарди. Охири кампир кўнглидагини айтиб солди:
– Ҳа, ўғилбой, тўшагим сасидими дейман? Овозинг баланд-баланд чиқяпти. Агар шундай бўлса, айт, кетаверай!..
Олимжон кўнглидаги аён бўлиб қолгандай хижолат тортиб кулди:
– Сизга биров кетинг деяптими? Онам деб баъзан-баъзан эркалик қилсак айбми?
Бир ой деганда учинчи ўғил келиб, олиб кетди. Кампир ўзича “Ўғлим мени соғинибди-да” деб ўйлади. Олимжон қўнғироқ қилиб “Момойни олиб кет, бизникида зерикиб қолди” деганини, Одил “Хўп ака, бизникида ҳам уч-тўрт кун турсин” деса, “Сеникида ҳам бир ой туради, мана мен бир ой қараб бердим”, деганини кейинроқ келинидан эшитди.
– Бўлмаса, мен борай. Ўғлим уч-тўрт кун турсин деган бўлса, келганимга ҳафтадан ошиб кетди, – деди кампир астойдил тараддудланиб.
– Қўйинг-е, – деди келин ёлғондакам хижолат тортиб. – Сиз келиб уйимиз тўлиб қолди. Қайноғаларим ҳам ҳеч келишмас эди, сизнинг баҳонангизда…
Аммо кунлар ўтган сайин кампир сабабли қора берадиган меҳмонларга зўр-базўр дастурхон ёзилиб, тил учи мулозамат кўрсатиладиган бўлиб қолди.
Бир кун кампирни кўргани кенжаси қадам ранжида қилди. Ишдан ҳориб қайтаётир шекилли, ранги ўчиб, лаблари қотиброқ турарди. Келин ичкарида дам олаётганини билса ҳам чақиртирди. Келин юзини ҳам ювмай минг малол билан туриб келиб, қайниси билан шунчаки сўрашди-да, кампирга хўмрайиб қаради.
– Ҳа, нима дейсиз?
– Чой-пой қил.
Келин индамай хонадан чиқиб кетди. Анчадан кейин дастурхон ёзилди, арзон-гаров қанд-қурслар қўйилди. Икки пиёла билан бир чойнак чой пайдо бўлди.
– Овқат йўқми? – сўради кампир оғриниб.
– Қолмаган, – келиннинг қоши чимирилди.
– Овқат нима керак, – деди Содиқ хижолат тортиб.
Ёлғон гапни меҳмон ҳам сезган эди. Боя кампир ошхонага кириб, очиқ қолган қозон оғзини ёпмоқчи бўлганда тагида овқат борлигини ўз кўзи билан кўрган эди. “Ҳали катта ўғли мактабдан қайтгани йўқ. Овқатни шунга олиб қўйган. Бергиси келмаса, музлаткич тўла тухум, қовуриб қўйса, дунёси тугаб қолмайди-ку”.
Кампир оғир хўрсинди.
– Онажон, уйга юринг, – деди Содиқ жавдираб. – Болалар жуда соғинишган.
– Хўп, болам, – кампир кўзларини юмган кўйи бош ирғади.
– Тараддудингизни кўринг, ҳозир олиб кетай!
– Сен боравер, болам, аканг келсин, машинаси билан элтиб қўяди.
Кечқурун Одилбек олдида она ўзини тутиб тура олмади:
– Ўғлим, бу ерда ҳам иззатимиз битди шекилли.
– Тинчликми?
– Бугун уканг келган эди, хотининг иккита тухумга арзитмади!..
– Сиз айтдингизу қовуриб бермадими?
– Э-э! Айтишим шартми? Кўриб турибди-ку, ишдан очқаб келаяпти.
Одилбек жаҳли чиқиб сайради:
– Э-э, она, шунингизни тўқ куни борми? Сизнинг кўнглингизни деб ҳамиша қарашиб келаман. Лекин тўймайди, доим оч. Бир умр шуни ғамини едингиз, нафақангизни шунга берасиз, уйида яшаб, чўрилигини қиласиз. Энди, ҳеч бўлмаса меникида яшаётганда шуни ўйламанг. Лапашанглиги учун биз айбдорми? Ҳадеб хафа бўласиз? Яна нима қилай? Уйимнинг тўридан жой бериб қўйибман, еб-ичиб ўтирибсиз.
– Уйингнинг тўри ўзингга насиб қилсин, болам, – кампирнинг ранги оқариб кетди. – Майли, ҳозир ишдан чарчаб қайтгансан чоғи, лекин эртага эрталаб ола кетасан.
– Э-э, она!..
Кампир шу оқшом тугувли турган тугунини қайта тугди. Самандарникига боришни истамади. Бир ота-она ўн ўғилни боқади, ўн ўғил бир ота-онани боқолмайди деганлари шумикин? Эсиз, беш ўғил туққан, беш ўғилни ўқитган бойбичча-я, “Кўнглингизда нима гап бор?” деган меҳрга йўғрилган саволни эшитмаганига неча-неча йиллар бўлиб кетди-я. Эсиз, аллоҳ ундан бир қиз фарзандни аяган экан-а. Ўғиллар ҳам ўз кунига ўлмасин, қиз ич куйлак бўларди-да. Ай, дунё-я!..
Кенжа ўғил уйда экан. Одилбек машинаси дарвозага рўпара бўлиши билан югуриб пешвоз чиқди. Ўзича хижолат чекиб, бир қўли билан онасининг тирсагидан олди, бири билан тугунини кўтарди. Қадрдон, саришта хонага киргач, кечадан буён кампирнинг юрагини сиқимлаб турган нарса ғойиб бўлди ва юмшоқ каравот сари юрди.
– Кечирасан болам, бир оз чўзилай.
– Майли, бемалол.
– Ай, болам-а! – Кампир кўзларини юмиб олди, шу ётишида ўйлаяптими, ухлаяптими англаш қийин эди. Анчадан сўнг ҳорғин пичирлади. – Майли, шунисигаям шукур.
Кампир бошқа гапирмади. Кечки овқатга ҳам турмади.
Содиқ акаларига бир-бир қўнғироқ қилди.
– Онамизнинг тоби йўқ, ҳеч нарса емаяптилар!
– Кеча Одилникида соппа-соғ ўтирган эди-ку.
– Одилнинг хотини бир нарса дегандир-да.
Ҳар қайсиси ҳар нарсани рўкач қилди. Бири ишдан чарчаб келган, бирининг меҳмони бор, яна бири чойхонага чиқиши керак экан…
Ҳаммаси эртага эрталаб ишга кетишда бир йўла хабарлашиб ўтишини айтди.
Тонгга яқин кампир узилди. Дунё бирдан ҳувуллаб қолгандай бўлди.
Аввал оқшом бир оғиз гап билан етиб келган ёлғиз сингил фарёди оламни тутди.
– Беш ўғилли бойбиччам,
Суюнганим опам-ов,
Тополмайин бир дардкаш,
Куюнганим опам-ов.
Шундай кунда юрагим
Тилинди-ку, опам-ов,
Бир қизингни йўқлиги,
Билинди-ку, опам-ов…
Салдан кейин бойбичча ётган хонада беш ўғил баравар “Онам-эй!..” – дея ув торта бошлади…
Жамила Эргашева «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида:
Жамила Эргашева. Қир устидаги аёл & Ёзсанг, фақат рост туйғуларни ёз! Адиба билан суҳбат
Жамила Эргашева. Аждаркўл
Жамила Эргашева. Бойбичча
Жамила Эргашева. Шом шафағи жилвалари. Қисса (1)
Жамила Эргашева. Шом шафағи жилвалари. Қисса (2)
Жамила Эргашева. Шом шафағи жилвалари. Қисса (3)
Жамила Эргашева. Ғаниматим онам
Жамила Эргашева. Икки ҳикоя & Зулфизар. Қисса
Jamila ERGASHЕVA
BOYBICHCHA
Jamila Ergasheva Surxondaryo viloyatining Jarqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetining jurnalistika kulliyotini tugatib, “Surxon tongi ”, “Ayol va zamon”gazetalarida ishlagan. “Izhor”, “Intiqom”, “Tanazzul”, “Ayol jodusi”, “Zulfizar”, “Qir ustidagi ayol”, “Shom shafag‘i jilvalari ” nomli qissa, hikoyalar jamlangan kitoblari chop etilgan. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi.
Kenja o‘g‘il omadsizroq chiqdi. Besh yil Toshkentda yurib, diplom ololmay qaytdi. Uydagilar qancha surishtirmasin, sababini aytmadi, o‘zi Toshkentga boshqa bormadi. Akalarining hammasi alohida uy-joy qilib, chiqib ketishgan edi. Gulnor kampir choli bilan borini bozor qilib, kenjasini uylantirib qo‘ydi. Besh o‘g‘ilni uyli-joyli qilgan cholu kampir nazarida bu to‘y eng oxirgi tashvishlari edi. Hayotlarining qolgan qismi rohat-farog‘at va toat-ibodat bilan o‘tishini umid qilgan edilar, ammo…
Diplomsiz o‘g‘il durustroq ish topib, ro‘zg‘or xarajatlarini o‘z zimmasiga olgunicha ikki farzandli bo‘ldi. Bu orada chol o‘tib ketdi. Gulnor kampir kelin oldida qo‘li qisqa o‘g‘lining tili ham qisiq bo‘lmasligi uchun tashvish chekar edi: nafaqasini ro‘zg‘orga sarflar, hali u, hali bu tikib sotar, xullas, tinib-tinchimas edi. O‘g‘il ishga joylashgandan keyin ham birlari ikki bo‘lmadi. Kelin “Dadasi un tugadi”, “Dadasi, yog‘ tugadi” deganda, Gulnor kampirning yuragi zirqirab ketardi: “Qo‘lida diplomi bo‘lganda shuncha qiynalmasdi bolam”.
Keyingi paytlarda kenja bir oz tajangroq bo‘lib qoldi. Besh bola, ona, xotin… Go‘sht-yog‘ nari tursin, non yetkazish ham kundan kunga qiyinlashib boryapti. Qoplab keltirsa ham bolalari pillaqurtday birpasda yeb bitirishadi. Akalari ota uyiga kelib, onasi bilan uch-to‘rt og‘iz gurung qilib ketishi g‘ashini keltiradigan bo‘lib qoldi.
– Boyvachcha o‘g‘illaringiz onasini ko‘rgani ikki qo‘lini burniga tiqib keladi. Ukam jo‘jabirday jon, bolalaridan orttirib onamga nimayam olib beradi deb, bir kilogina olma ko‘tarib kelisha olmaydi.
Gulnor kampir ko‘pincha indamaydi. Bir hisobda kichik kelin haq edi. Ba’zan to‘ng‘ich o‘g‘li “Bozordan qaytayotgan edim” deb kiradi-yu, “Ona, ko‘nglingiz ketganda yersiz”, deb qo‘liga biron narsa tutqazmaydi.
Tunov kuni kampir Olimjonning uyiga borgan edi. Kelini hovlidagi supada bir tog‘ora tovuq go‘shtini tozalab o‘tirgan ekan. Parrandachilik fermasi direktori jo‘natgan shekilli.
– Shuncha berarkansan, so‘ymay ber. Xohlagan paytimiz ikkita-ikkitadan so‘yib-so‘yib yeyvurardik. Endi buncha narsani nima qilaman? – javrandi kelin.
Qozonda yog‘ qiziyotgandi, kelin oshning zirvagini qovurib keldi. Tovuq go‘shti rosa shirin ekan, chaynagan sayin mazasi chiqaveradi. Mazasi chiqqani sayin Gulnor kampir ko‘z oldiga nevaralari kelaveradi.
Dasturxon yig‘ishtirilgach, kampir “uyga ketaman, o‘g‘ling olib borib qo‘ysin” deb turib oldi. O‘zicha kelin birorta tovuq o‘rab berar deb umid qildimi? Mashinaga o‘tirayotganda o‘ng tomondagi chala bitgan oshxonaning ochiq eshigidan uyulib yotgan qovun-tarvuzlar, qat-qat taxlanib turgan yog‘och qutilardagi uzumlarga ko‘zi tushdi. Negadir alami keldi. Bir zamonlar kichkinasi bir narsa yeb, kattasi yutinib turganini ko‘rsa, yegulikni darhol bo‘lishtirib berar edi.
Endi esa… bir narsa desa, “Ishlasin, ona, ishlagan tishlaydi. Men uning bola-chaqasini boqaman deb, yelib-yugurib yurganim yo‘q”, deb og‘ziga uradi. Kampir, “Shu kamxarj holiga bola-chaqasiga qo‘shib, meniyam boqib o‘tiribdi” desa, “Boqmasin. Biznikida yashang, o‘zim boqaman”, deb bidirlaydi.
Ehtimol, to‘ng‘ichlari boqsa-boqishar, hammasining topgani o‘ziga yetib-ortadi. Ammo odamzot bir umr bir joyda yashab, shu yerda o‘rganib qolgan bo‘lsa, ikkinchi bir joyga, hatto u bolasi uyi bo‘lsa ham, o‘rganishi juda qiyin. Bundan tashqari kampir shu kamxarj o‘g‘il va uning bolalariga boshqacha mehr qo‘ygan…
Kelin: “O‘g‘lingiz kelsa, meni urishadi. Bir kecha yotib borardingiz-da!” – deb javrab qoldi.
– Onasini ko‘rgisi kelsa, izlab borsin, – to‘ng‘illadi kampir.
Olimjon rostdan ham so‘roqlab keldi.
– Ona, meni kutmay ketib qolibsiz?
– Meni nima qilasan, osh-nonning ofati bo‘lsam. Tovuqlarni maza qilib yedilaringmi?
Olimjon xo-xolab kulib yubordi.
– Tovuqlarni Olapardan so‘raysiz. Keliningiz it bog‘log‘liq deganmi, tovuqlarni supada ochiq qoldirib, sizni kuzatgani chiqqan. Ko‘chadan qo‘shni yangi olgan mebelimni ko‘ring deb, uyiga yetaklab ketgan. Elakka chiqqan xotinning ellik og‘iz gapi borligini yaxshi bilasiz. Bu yoqda bolalar televizorga yopishib yotgan, hammaning qorni to‘q, it ochdan o‘lsinmi, bir amallab bo‘shalibdi-da, yeganini yeb yemaganini tuproq bilan bitta qilibdi…
Kampir qovog‘i uyulib o‘yladi: “Qizg‘onganing qizil itga yem bo‘lsin!”
– Agar shu tovuqlarni mehnat qilib topganda edi, shunday ochiq-sochiq qoldirmasdi, – dedi keyin, qahrini oxirigacha yutib yubora olmay.
Kampir o‘zi ro‘zg‘orga qo‘shimcha bo‘lsin deb, bir umr elning xizmatini qildi: kigiz bosdi, gilam to‘qidi, kiyim tikdi.
Bashang kiyinib, katta pul sarflab, arzimas yumushlarni kimlargadir qildiradigan kishilarga qarab, “Nasib etsa, men ham bolalarimni o‘qitaman”, deb niyat qilardi.
To‘g‘ri, chol-kampir ba’zilar kabi bolalari ortidan chopishmadi. Ular maktabda yaxshi o‘qishardi. So‘ng birin-ketin o‘z bilimlari bilan institutga joylashib olishdi. Ayrim tengqurlariga o‘xshab ijara uylarida yashashgani yo‘q, yotoqxonada kun kechirib, stipendiyaga qanoat qilishdi.
Shunday degan bilan eru xotin ularni butunlay taqdir hukmiga tashlab qo‘yishmadi. Ikki-uch joyda ishlab, oylab yovg‘on ichgan vaqtlari ko‘p bo‘ldi. Har neki yetolmagan orzu-niyatlarini bolalarining diplomli va ishli bo‘ladigan kunlariga asrab qo‘yishardi.
Ayniqsa, yoz oylari qiyin o‘tardi. Bir hovlidan uch qolip qazishardi-da, loy tepib, tandir qilib sotishardi.
Bir o‘g‘li iqlimi sovuq yurtlarda o‘qidi. Har doim sentyabrda pulning o‘rniga olma-anor olib ketardi. Aytishicha, u yoqqa borgach, bu narsalarni besh baravariga pullardi. Bir safar bog‘ qorovuli bo‘lib ishlaydigan qo‘shnilari: “Ikki qop olma bo‘lsa, o‘zim berib yuboraman. Kattalar qurultoyga ketishgan”, deb qoldi.
Gulnor kampir unda yosh va chayir edi. Kenjasini yetaklab boqqa bordi: “Bir qopni sen velosipedingga ortasan, bittasini men orqalayman”. Baland-baland daraxtlarga chiqib olma terish oson bo‘lmadi. Ikkinchi qop to‘lay deb qolganda agronom kelib qoldi va o‘g‘lining yoqasidan tutib baqira ketdi:
–Hoy, muttaham! Nima qilyapsan?! Hozir milisa chaqirib, qamoqqa tiqtirib yuboraman, – tepada qaltirab o‘tirgan Gulnorga ko‘zi tushib, battar baqirdi. – Pastga tush, xudbin! Odamlar bolasini to‘g‘ri bo‘l desa, sen birgalikda o‘g‘irlik qilyapsan.
Gulnor qaltirab-qaltirab daraxtdan tushar chog‘ida shoxcha lozimini ilib yirtib yubordi.
– Opa, pulini to‘laymiz. O‘g‘lim Rossiyada o‘qiydi, shunga berib yuboraman degandim.
– Puling boshingdan qolsin, iflos! Sendaqalar dastidan xo‘jalik abgor!..
Gulnor har qancha yalinsa ham agronom ayol xovrini bosmadi. Baqirgancha og‘ir qoplarni yugurdagiga ko‘tartirib jo‘nadi. Gulnor esa bo‘m-bo‘sh qo‘l, ko‘zlari to‘la yosh va rangi qumdek oqarib ketgan o‘g‘li bilan qoldi. Sal o‘tmay qo‘shni kelib uzr so‘radi:
– Xafa bo‘lmang, hamsoya, o‘zi sal…
Gulnor hech narsa demadi.
– Sizlar boraveringlar. Kechga yaqin o‘zim picha eltib beraman.
– Yo‘q!..
Haqiqatdan hozir Gulnor uchun hech nima kerak emasdi. Tezroq yolg‘iz qolish va o‘kirib-o‘kirib yig‘lab olishni istar edi.
Ular qorong‘i tushguncha bog‘da qolib ketishdi. Gulnor pochasi yirtiq holda qishloq oralab yurishdan uyaldi.
Albatta, bu kunlarni kenjasidan boshqa hech kim eslamaydi.
To‘ng‘ichlar osmondan o‘zlari shunday toparman-tutarman bo‘lib tushganday yurishadi. Kelinlar esa ularni molu dunyosi bilan yaratib qo‘ygandek muomala qilishadi. Ayniqsa, bosh kelin gaplariga chidab bo‘lmaydi: “Tushimda deng, tandir-tandir non pishirayotgan emishman. Darrov sadaqa chiqardim. Uch kundan so‘ng boshqarmaga ko‘tarilib ketdi. O‘g‘lingiz ham doim “sen bilasan, onasi” deb minnatdor bo‘ladi”. “Sendan emas, allohdan minnatdor bo‘lsin” deb, yuz yirtadigan odam kerak. Gulnor kampir esa indamaydi. Dilxiralik nimaga kerak?
Gulnor kampir oxiri ahd qildi: “O‘rgangan bovurim” deb shu kambag‘al o‘g‘limga jabr qilib yotmay, navbat bilan boshqa o‘g‘illarnikida ham turayin. Ularni ham oq sut berib boqqanman, o‘qitganman, uylantirganman!..
Ertalab to‘ng‘ich o‘g‘liga qo‘ng‘iroq qildi:
– Bolam, menga mashina yubor. Zerikdim.
– Yest, onajon!
Kelin qaynona ortidan kirgan latta tugunni ko‘rib hayron bo‘ldi. Tili uchginasida qirg‘oqqa chiqib qolgan baliqday pitirlab turgan savolni bijildoq kichik qizi berib qo‘ya qoldi:
– Momo, bu nima? Biznikiga ko‘chib keldingizmi?
– Ha, bolam.
– Ur-r-yey! Endi biznikida yashaysizmi?
– Ha, shunday.
Qaynonasini ko‘rib: “Endi butun kunim qosh-qovoqqa qarash bilan o‘tarkan-da”, deb ensasi qotib o‘tirgan kelinning bu gapdan so‘ng tamom mazasi qochdi.
– Bor, bir ro‘mol olib kel, boshim yeb borayapti, – darhol ro‘molni peshonasiga tang‘ib oldi. – Voy, boshim!
Onasi buyrug‘i bilan bolalar dasturxon tuzashdi.
O‘g‘il esa ko‘rpachada yonboshlab, qo‘yniga kirgan qizchasini erkaladi. Buni ko‘rib, xotini qahrlandi:
– Hey, menga qarang, ish kiyim bilan cho‘zilib olmang, turing, ishingizga boring.
O‘g‘il xotiniga hech narsa demay, qizini erkalay-erkalay qo‘zg‘aldi.
Kampir hayfi kelib o‘y surdi: “Ay-y, odamzot-a! Buncha tor bo‘lmasang. Shu kampir tug‘ilib o‘stirgan o‘g‘ilning soyasida boybichcha bo‘lib yuribsan. Necha yilda onasi tugun ko‘tarib kelsa, birdan isitmalab qolasan”.
Kelin bosh og‘rig‘i bir hafta tinmadi. Maqtanishdan jag‘i tinmasdi, kamgap bo‘lib qoldi va nihoyat yorildi:
– Uyda biron gap bo‘ldimi?
– Yo‘q! Ularning qo‘li yupqaroq, boshi ko‘p, bu o‘g‘illarda ham haqim bor, bir kenjanikiga yopishib yotavermay devdim-da.
– Kenjada bir siz emas, hammamizning haqimiz bor. U yashayotgan uyga biz ham sherikmiz, – necha kundan beri ichida burqsib yotgan o‘t nihoyat og‘zidan chiqib ketdi.
Kampir nadomat bilan bosh chayqadi:
– U uyga biroving bir g‘isht qo‘yganing yo‘q. U uyni cholim bilan men qurganman. Uyimni kimga berishni o‘zim hal qilaman.
Shu bilan qaynona-kelin o‘rtasida bo‘lib turgan uzuq-yuluq so‘zlashuvlar butunlay barham topdi.
Ertasi kuni kechqurun o‘g‘liga dedi:
– Meni ukangnikiga olib borib qo‘y!
– Sodiqnikigami?
Kampir achchig‘i kelib g‘udrandi:
– Olimnikiga.
O‘g‘il ham, kelin ham jilla qursa ko‘ngil uchun “Nega? Biznikida turaversangiz bo‘ladi-ku” demadi, deyolmadi.
Kampir Olimjon uyida bir oy yashadi. Eru xotin kun bo‘yi ishda, kampir esa nevaralarini qo‘ridi. Avvaliga eru xotin rosa xursand bo‘ldi: “Endi bog‘cha ham, eshik-darvozaga qulf ham kerak emas”. Ammo keyin-keyin o‘g‘li ba’zan jerkib tashlaydigan odat chiqardi. Oxiri kampir ko‘nglidagini aytib soldi:
– Ha, o‘g‘ilboy, to‘shagim sasidimi deyman? Ovozing baland-baland chiqyapti. Agar shunday bo‘lsa, ayt, ketaveray!..
Olimjon ko‘nglidagi ayon bo‘lib qolganday xijolat tortib kuldi:
– Sizga birov keting deyaptimi? Onam deb ba’zan-ba’zan erkalik qilsak aybmi?
Bir oy deganda uchinchi o‘g‘il kelib, olib ketdi. Kampir o‘zicha “O‘g‘lim meni sog‘inibdi-da” deb o‘yladi. Olimjon qo‘ng‘iroq qilib “Momoyni olib ket, biznikida zerikib qoldi” deganini, Odil “Xo‘p aka, biznikida ham uch-to‘rt kun tursin” desa, “Senikida ham bir oy turadi, mana men bir oy qarab berdim”, deganini keyinroq kelinidan eshitdi.
– Bo‘lmasa, men boray. O‘g‘lim uch-to‘rt kun tursin degan bo‘lsa, kelganimga haftadan oshib ketdi, – dedi kampir astoydil taraddudlanib.
– Qo‘ying-ye, – dedi kelin yolg‘ondakam xijolat tortib. – Siz kelib uyimiz to‘lib qoldi. Qaynog‘alarim ham hech kelishmas edi, sizning bahonangizda…
Ammo kunlar o‘tgan sayin kampir sababli qora beradigan mehmonlarga zo‘r-bazo‘r dasturxon yozilib, til uchi mulozamat ko‘rsatiladigan bo‘lib qoldi.
Bir kun kampirni ko‘rgani kenjasi qadam ranjida qildi. Ishdan horib qaytayotir shekilli, rangi o‘chib, lablari qotibroq turardi. Kelin ichkarida dam olayotganini bilsa ham chaqirtirdi. Kelin yuzini ham yuvmay ming malol bilan turib kelib, qaynisi bilan shunchaki so‘rashdi-da, kampirga xo‘mrayib qaradi.
– Ha, nima deysiz?
– Choy-poy qil.
Kelin indamay xonadan chiqib ketdi. Anchadan keyin dasturxon yozildi, arzon-garov qand-qurslar qo‘yildi. Ikki piyola bilan bir choynak choy paydo bo‘ldi.
– Ovqat yo‘qmi? – so‘radi kampir og‘rinib.
– Qolmagan, – kelinning qoshi chimirildi.
– Ovqat nima kerak, – dedi Sodiq xijolat tortib.
Yolg‘on gapni mehmon ham sezgan edi. Boya kampir oshxonaga kirib, ochiq qolgan qozon og‘zini yopmoqchi bo‘lganda tagida ovqat borligini o‘z ko‘zi bilan ko‘rgan edi. “Hali katta o‘g‘li maktabdan qaytgani yo‘q. Ovqatni shunga olib qo‘ygan. Bergisi kelmasa, muzlatkich to‘la tuxum, qovurib qo‘ysa, dunyosi tugab qolmaydi-ku”.
Kampir og‘ir xo‘rsindi.
– Onajon, uyga yuring, – dedi Sodiq javdirab. – Bolalar juda sog‘inishgan.
– Xo‘p, bolam, – kampir ko‘zlarini yumgan ko‘yi bosh irg‘adi.
– Taraddudingizni ko‘ring, hozir olib ketay!
– Sen boraver, bolam, akang kelsin, mashinasi bilan eltib qo‘yadi.
Kechqurun Odilbek oldida ona o‘zini tutib tura olmadi:
– O‘g‘lim, bu yerda ham izzatimiz bitdi shekilli.
– Tinchlikmi?
– Bugun ukang kelgan edi, xotining ikkita tuxumga arzitmadi!..
– Siz aytdingizu qovurib bermadimi?
– E-e! Aytishim shartmi? Ko‘rib turibdi-ku, ishdan ochqab kelayapti.
Odilbek jahli chiqib sayradi:
– E-e, ona, shuningizni to‘q kuni bormi? Sizning ko‘nglingizni deb hamisha qarashib kelaman. Lekin to‘ymaydi, doim och. Bir umr shuni g‘amini yedingiz, nafaqangizni shunga berasiz, uyida yashab, cho‘riligini qilasiz. Endi, hech bo‘lmasa menikida yashayotganda shuni o‘ylamang. Lapashangligi uchun biz aybdormi? Hadeb xafa bo‘lasiz? Yana nima qilay? Uyimning to‘ridan joy berib qo‘yibman, yeb-ichib o‘tiribsiz.
– Uyingning to‘ri o‘zingga nasib qilsin, bolam, – kampirning rangi oqarib ketdi. – Mayli, hozir ishdan charchab qaytgansan chog‘i, lekin ertaga ertalab ola ketasan.
– E-e, ona!..
Kampir shu oqshom tuguvli turgan tugunini qayta tugdi. Samandarnikiga borishni istamadi. Bir ota-ona o‘n o‘g‘ilni boqadi, o‘n o‘g‘il bir ota-onani boqolmaydi deganlari shumikin? Esiz, besh o‘g‘il tuqqan, besh o‘g‘ilni o‘qitgan boybichcha-ya, “Ko‘nglingizda nima gap bor?” degan mehrga yo‘g‘rilgan savolni eshitmaganiga necha-necha yillar bo‘lib ketdi-ya. Esiz, alloh undan bir qiz farzandni ayagan ekan-a. O‘g‘illar ham o‘z kuniga o‘lmasin, qiz ich kuylak bo‘lardi-da. Ay, dunyo-ya!..
Kenja o‘g‘il uyda ekan. Odilbek mashinasi darvozaga ro‘para bo‘lishi bilan yugurib peshvoz chiqdi. O‘zicha xijolat chekib, bir qo‘li bilan onasining tirsagidan oldi, biri bilan tugunini ko‘tardi. Qadrdon, sarishta xonaga kirgach, kechadan buyon kampirning yuragini siqimlab turgan narsa g‘oyib bo‘ldi va yumshoq karavot sari yurdi.
– Kechirasan bolam, bir oz cho‘zilay.
– Mayli, bemalol.
– Ay, bolam-a! – Kampir ko‘zlarini yumib oldi, shu yotishida o‘ylayaptimi, uxlayaptimi anglash qiyin edi. Anchadan so‘ng horg‘in pichirladi. – Mayli, shunisigayam shukur.
Kampir boshqa gapirmadi. Kechki ovqatga ham turmadi.
Sodiq akalariga bir-bir qo‘ng‘iroq qildi.
– Onamizning tobi yo‘q, hech narsa yemayaptilar!
– Kecha Odilnikida soppa-sog‘ o‘tirgan edi-ku.
– Odilning xotini bir narsa degandir-da.
Har qaysisi har narsani ro‘kach qildi. Biri ishdan charchab kelgan, birining mehmoni bor, yana biri choyxonaga chiqishi kerak ekan…
Hammasi ertaga ertalab ishga ketishda bir yo‘la xabarlashib o‘tishini aytdi.
Tongga yaqin kampir uzildi. Dunyo birdan huvullab qolganday bo‘ldi.
Avval oqshom bir og‘iz gap bilan yetib kelgan yolg‘iz singil faryodi olamni tutdi.
– Besh o‘g‘illi boybichcham,
Suyunganim opam-ov,
Topolmayin bir dardkash,
Kuyunganim opam-ov.
Shunday kunda yuragim
Tilindi-ku, opam-ov,
Bir qizingni yo‘qligi,
Bilindi-ku, opam-ov…
Saldan keyin boybichcha yotgan xonada besh o‘g‘il baravar “Onam-ey!..” – deya uv torta boshladi…