Jamila Ergasheva. Shom shafag’i jilvalari. Qissa (2)

Ashampoo_Snap_2018.01.27_17h12m32s_002_.png    Машина-ю одамлар ғиж-ғиж бўлиб ётган бир бефайз майдонда улар сўзсиз хайрлашишди. Ойша бирон нарса деб дугонасининг кўнглидаги ғуборни тарқатиб, эҳтимол ҳаётларидаги энг сўнгги учрашувнинг хуш кайфият билан якунланишини ҳар қанча истаб турган бўлса-да, унинг кўнглини кўтарувчи ўша сўзни ўйлаб топа олмади…

Жамила Эргашева
ШОМ ШАФАҒИ ЖИЛВАЛАРИ
Қиссанинг давоми (2)
09

zub42b.jpgЗиёратда ҳам Моҳинурнинг қўлидан телефони тушмади: “Пулни олдингми? Ипподромга олиб бораман, деганди. Эртароқ чиқ, девдим-ку сенга! Ҳе, аҳмоқ, юрасан шалпайиб!”, “Алло, яхши етиб бордингизми? Соғ-омонликми? Ҳозир қаердасиз? Қизим сизни излаб юрган экан, телефонингизни бердим, келишиб, бирон жойда учрашинглар. А-а, ҳа, майли. У ҳам бугун товар олиши керак эди-да”, “Тезроқ излаб топ, пулнинг икки юз мингини ишлатиб қўйибди. Лаллайиб юраверсанг, ҳаммасини ҳам ишлатиб юборади”, “ Топдингми? Пулни бердими? Ҳа, яхши. Товарни нима қилдинг? Упаковка қилдингми? Нималар олдинг? Энди кузги кийимлар олиш керак, пахтага киядиган нарсалар ол, красовка, калиш…”
Анчайин бир бемор қўшнисини зиёрат қилганда ҳам кўнгли ҳаловатга тўлиб қайтувчи Ойша шундай улуғ зиёратгоҳлардан дили ғаш бўлиб қайтди, аниқроғи кўнглидаги ғашликни тарқата олмай қайтди.
Кечки пайт уч кундан бери Ойша хола учун ҳам қадрдон бўлиб қолган ёғоч супага дастурхон ёзилди. Эри “дугона”си билан қозонкабоб қилган экан, катта ош лаганни тўлдириб, сузиб келди, таом шундай маҳорат билан тайёрланган эдики, лагандаги масаллиқлар қип-қизил қилиб қовурилганидан, уларнинг қайси гўшт, қайси бири картошка эканлигини ажратиб бўлмасди:
– Жуда чиройли тайёрлабсиз, – такаллуф қилган киши бўлди Ойша.
– Талабалик йилларида орттирилган касб, — мамнун кулимсиради эркаккина.
– Бизнинг хўжайин беш йил ўқиб, шундан бошқа нарса ўрганмаган, — деди чой сузаётган Моҳинур.
Тил тилдан қолармиди?
– Мен–ку, шуни ўрганиб қайтган эканман, сен ўзинг нимани ўрганиб қайтгансан? Бозорда ўтириб, шаллақилик қилишними?
– Менга қаранг, картошка билан гўшт бўлса, қозоннинг таги ёниб турса, буни ҳар қандай аҳмоқ ҳам тайёрлай беради. Ҳамма гап ўша гўшт билан картошкани топишда, агар мен бозорда ўтирмаганимда ўзингиз ҳам, болаларингиз ҳам очдан ўлардинглар, – сўнг ошхонага қараб қичқирди. — Хай, Ева–а! Евангалина Семёновна–а! Манави Адамингни олиб кет, яна икки оғиз гапирса, ўзимга жавоб бера олмай қоламан. Е-ева!
Ошхонанинг пастак эшигидан Ева – Евангалина бош кўрсатди:
– Да, пристань ты, Маҳинур!
Адам – Адамбой хотинига зарда билан қўл силтаб, ичкарига қараб кетди:
– Э-э!..
– Шундан кейин қолиб, шунинг турқини кўрмасдан беш кун яшасам ҳам ҳеч армоним йўқ эди!
– Моҳи-и!..
– Нима Моҳи?! Марямжонга, сенга ўхшаганлар ҳеч қачон мени тушунмайсанлар. Сенларнинг ҳамиша ҳамма нарсанг тайёр бўлган. Беғам-беташвиш тайёр ошни жанжалсиз жимгина еб ўтирганларинг учун эрларингдан раҳмат эшитиб юргансанлар. Йўқ, де. Деёлмайсан. Менинг эса бир умр рўзғор халта елкамдан тушмади, бу кишим тўрт сўм ойлик олиб, топганини ичи–и–б юрдилар. Яқин–яқингача солиқчилардан қочиш осон деб, солиқ тўламаслик учун ёйма каравотга товар ёйиб савдо қилар эдим, солиқчилар келаётган эмиш деб эшитишим билан товарларимни сумкаларга тиқиб, муштдай жоним билан ҳам ўзимдан катта сумкаларни, ҳам ёйма каравотимни судраб қочар эдим. Қалтираб, терлаб–пишиб, сочларим ёйилиб чопарканман, ўзимга ўзимнинг раҳмим келиб кетарди. Бу кишим бўлса, саккиз соат давлат ишида ишлаб келадилар-да, менинг қўлимдан келгани шу деб, оёқларини узатиб телевизорга термулиб ётаверадилар. Шу рўзғорни деб на жонимни аядим, на нафсониятимни, солиқчи деб, милиса деб бир парча болаларга ялиниб умрим ўтди.
У ичкарига кириб, бўйни узун чиройли шишада мусаллас кўтариб чиқди. Ойшага таклиф ҳам қилиб ўтирмади, “Сен барибир ичмайсан, намозхон кампир” деб, ўзи босиб–босиб уч пиёла ичиб олди.
Оқшомги ғира–ширада ошхонада ғимирсиб юрган Ева-Галя билан Одамбойнинг кўланкаси кўзга ташланиб турарди. Муздек ҳаво этни жўнжиктирди. Моҳинур қизиб кетаяпман деб, пашшахона ҳам туттирмади:
– Пашшахонани тутсак бўларди, Моҳи…
– Э-э… Бошингга урасанми пашшахонани? Пашша йўқ. Бу ғурбатхонада мен юрибман, пашшадек суяксиз хашаротлар бу ерда яшай олмайди, дўстим.
– Гап пашшада ҳам эмас, эринг ўтиб–қайтиши мумкин. Унинг олдида биз чўзилиб…
– Вой-ей! Сен уни… Сен уни эркак деб хижолат бўлиб ўтирма, бемалол ечиниб, тўрт оёғингни тўрт томонга ёйиб ётавер. Бир пайтлар биттагина “тўрт” баҳо олиб қолсак, қанча йиғлар эдик, институтни битиргунча, елкамиз биронта атлас–шойи кўйлак кўрмабди, пахта ёғга тўртта пиёз ташлаб, устига магазиннинг тайёр томатини қуйиб, гўштсиз макарон қовуриб ер эдик, лекин ўша кунлар биздан бахтли одам йўқ эди дунёда. Ҳозир ҳар кун гўшт қовуриб ейишим мумкин, қўлимни қаерга узатсам етади, не бир амалдорлар олдимда арзимас бир нарсалар илинжида думини ликиллатиб туради. Лекин мен жуда ҳам бахтсизман. Бахтсизман. Чунки уйимда ҳаловат йўқ. Одамлар бизга қараб, Одамбойга қийин, хотини пулдор бўлгани учун уни сира ҳурмат қилмайди, деб ўйлаши мумкин. Лекин Одамбой ҳеч қачон жонини койитган инсон эмас, бирин-кетин тўрт қиз туғдим, биттагина ўғил бўлсин деб туғаверибман.Юкимиз оғир бўлиб кетди. Бунинг опаси савдо қилар эди, опангизнинг ёнига чиқиб савдо қилинг, болалар қийналиб қолишди, десам, бошимни оғритма, дер эди. Охири ўзим бозорга чиқиб кетдим, олий маълумотли бўла туриб, бозорда ўтирибди, деб одамлар кулгу қилмасин, дедим-да, қўшни туманнинг бозорида савдо қилдим. Икки йиллардан сўнг бетим қотиб, этим ўлиб, ўзимизда савдо қила бошладим. Бунга эса барибир. Эътибор қилдингми, уйимнинг бирон жойида қулф-калит йўқ, чунки бу уйда ҳеч нарсани сақлаб бўлмайди, бу уй карвонсарой, мен кун бўйи бозорда бўламан, уйимда эса эрим ҳар хил қаланғи-қарсанғи улфатлари билган ишини қилиб ётади. Уйинг тинч бўлмаса, мол-дунё, чиройли уст-бош, хуштаъм овқатлар сени бахтли қила олмас экан. Э-э, чарчадим ҳаммасидан…
-Бўлмаса, ажрал…
-Жон деб ажралар эдим, лекин манави уй унинг ишхонаси томонидан берилган. Катталарининг олдига болаларимнинг бирини кўтариб, қолганини эргаштириб бора-бора, жанжал қила-қила олган эдим. Беш-олти йил ўтгач, хусусийлаштириб олса бўлар эди. Уйлар қурилиши камайиб қолгани учун хусусийлаштириш тўхтатилган эмиш. Ажралиб кетсам, уй унда қолиб кетади. Қандай қилиб шундай уйни унга ташлаб кетаман? Ахир бу болаларимнинг ризқи, уни қанча кўз ёшларим эвазига олганман. Биттаси ўзим тўғирлаб бераман, деб ваъда қилаяпти. Шуни кутиб турибман, агар ўхшаса, уйни сотаман-да, никоҳни кестириб, унга бир хонали уй олиб бераман. Шу билан ора очиқ, кейин Евасини олиб келиб яшайдими, Сарасини олиб келиб яшайдими, билганича яшаверсин.
Айни саҳар пайти яна Моҳинурнинг телефонда шанғиллаб гапиришидан уйғониб кетди: “Ҳалиям ухлаб ётибсанми? Э-э, қиз бўлмай ўл-е. Эртага эрга тегсанг, эрингдан таёқ еб ўлиб кетасан… Сен боргунингча товар қоладими? Тур жойингдан…”
Ойша Моҳинурнинг кечаги хасратидан кейин алламаҳалгача ухлаёлмай ётган, тонгги яқин кўзи илинган эди. Уйқуси бемаврид бузилгани учун у ҳам ётган жойида бобиллаб, бақириб ташлади:
– Уф-ф! Тонг сахардан мунча шанғиллайсан? Шу товар билан пулдан бошқа ғаминг ҳам борми сенинг?! Қўй, шу қизларингни, ёш пайти ёшликнинг гаштини сурсин. – зарда билан ўрнидан туриб ўтирди. – Вой, худойим-ей, ўқиб юрган пайтингда бирон марта ота-онанг сени безовта қилиб, ярим тунда бозорга бор, пул топ, дейишганми? Еб қўйдинг-ку уларни! Эрингнинг аламини улардан оласанми? Бўлди-да энди!
Моҳинур телефонини қулоғига босганча уни биринчи бор кўраётгандай бир зум хайрон тикилиб қолди. Сўнг телефонни тўшакка отиб юборди:
– Бўлмайди! Эшитдингми, бўл-май-ди! Менинг бол едириб, бодом чичирган отам бор эди, менинг ҳамма эхтиёжларимга керагидан ортиқча пул юбориб, таъминлаб қўярди. Буларнинг отаси тирик бўлиб сонда йўқ, ўлик бўлиб гўрда йўқ. Худога минг шукрки, бугун бошимда пул топиш ғамидан бошқа ғам йўқ. Қизларим пул топиш учун ёмон йўлга кириб кетса, унда мен бошимга тупроқ тортиб, ернинг остига кириб кетишим керак, шуни билдингми?
– Э-э, қўй-е, кўп емаса, камроқ ер, зўр киймаса, бундайроқ кийишар, бунчалик ҳам азоблама уларни. Университетни чит кўйлак билан битирган эдик, сенинг кўйлагинг чит экан деб, биров олдига солиб хайдагани йўқ.
– У бизнинг замон эди, чит кўйлак билан университетда ўқиган тентаклар бизлар эдик, ҳозир замон ҳам, одамлар ҳам бошқа!
Тонг ўзи истамаган ҳолда бир-бирининг дилига озор бериб қўйган дўстларнинг рафторидек бўзариб отди. Бу томонлар жуда салқин экан. Қон босими кўтарилди, шекилли, боши оғриди. Намоздан кейин юмшоққина кўрпанинг тагида яна бироз ётса бўларди, агар ўз уйида бўлганида шу аҳвол билан сира турмаган бўлар эди. Бирдан уйини, невараларини жуда соғинганини ҳис қилди. Синглисини эслади: “Шўрлик, нима қилаётган экан? Пул топа олдимикин?” Индамай ўрнидан туриб, кўрпа-тўшакларини сўрининг бир четига йиғиб қўйди. Ичкарига кириб, кўчалик кийимларини кияётган пайт Моҳинур эснаб кириб келди:
– Ҳа, бунча ясан-тусан нега?
Ойша хола ортига бурилиб, гўё орадан ҳеч гап ўтмагандек дугонасига кулиб қаради:
– Мен… кетаяпман.
Моҳинурнинг қошлари чимирилди:
– Йўл бўлсин? Билетинг яна бир ҳафта кейинга эди-ку?
– Синглим қўнғироқ қилди, бир ўғли касалмандроқ эди, келинг, деяпти. Шундан хавотирланаяпман. Билетни ҳам гаплашарман, жуда бўлмаса, устига бир–икки сўм тўлов қиларман. Бормасам, бўлмайди. Сизларни эса, мана, кўрдим, энди ўзларинг биз томонларга боринглар.
Моҳинур эшикнинг кесагасига суянганча пастки лабини тишлаб, бироз жим қолди, сўнг қўлларини икки томонга ёзиб, елка қисди:
– Нима ҳам дердим, зоримиз бор-у, зўримиз йўқ. Минг афсус, сен излаб келган одамингни топа олмай кетаяпсан. Мен… ҳаракат қилдим. Ўша ўттиз саккиз йил аввалги Моҳинурнинг ролини ўйнамоқчи бўлдим, аммо уддалай олмадим. Мени кечир, дўстим.
Ойша ҳеч нарса демай уни бағрига босди:
– Омон бўл, дўстим. Сенга жуда қийин экан. Лекин ўзингни бунчалар кўп уринтирма. Мен ҳам шу ёшга, шу манзилга етиб, энди тушуниб турибман, инсон дунёга бир марта келар экан. Сен ўз ҳаётингни, болаларинг ўз ҳаётини яшашлари керак. Мени аэропортгача кузатишинг шарт эмас, Ургенчга борадиган бирон машинага ўтқазиб юборсанг бўлди.
Унинг қароридан дўсти жуда қувониб кетмаган бўлса-да, анча енгил тортгани кўзларидан кўриниб турарди, аммо Ойша бу кўзларга қараб туриб йиғлагиси келди, унинг ўсиқ қошлари тагига янада чуқурроқ кириб кетган бу кўзларнинг туб–тубида ўкинч ва қахр, алам ва изтироб туйғулари қалқиб турарди. У ўзини мажбурлаб зўрма-зўраки кулди, умрида пардоз кўрмаган юзида оғзи ёйилиб, тишлари устида милклари кўринди, шу туришида яна ҳам аянчли ва хунук эди:
– Сен ҳам омон бўл!..
Машина-ю одамлар ғиж-ғиж бўлиб ётган бир бефайз майдонда улар сўзсиз хайрлашишди. Ойша бирон нарса деб дугонасининг кўнглидаги ғуборни тарқатиб, эҳтимол ҳаётларидаги энг сўнгги учрашувнинг хуш кайфият билан якунланишини ҳар қанча истаб турган бўлса-да, унинг кўнглини кўтарувчи ўша сўзни ўйлаб топа олмади. Беихтиёр синглисини эслади: “Бечора синглим бир сўмга зор бўлиб турган бир пайтда бор пулимни йўлга сарфлаб, шу хижилликни излаб келган эканман-да. Шу пулни синглимга бериб, ўзим невараларим билан телевизор кўри-иб ётсам, кўпроқ лаззат олган бўлмасмидим? Қариган чоғингда миянг суюлиб қолибди, Ойша! Уйингдан топмаган халоватни қаерлардан излаб юрибсан?”. “Хозарасп томонларга йўлинг тушиб қолса, менинг номимдан Гулжонга саломим ва узримни етказиб қўярсан”.
Шусиз ҳам тумтайиб турган Моҳинурнинг қовоғи уюлди: “Дардим Гулжонинг эмас. Ана, саломинг бўлса, бориб, ўзинг айт”.
Чиптасини рўйхатдан ўтказиб, бутунлай бегона йўловчилар орасида қолгач, алам билан ўйлади: “Тавба, мен унга нима қилдим? Мунча заҳрини сочди-я!”
Самолёт учишига қарийиб икки соат вақт бор экан. Аъзои бадан хуш яйрайдиган салқин ҳаво, кутиш залидаги саришталик ҳам унинг кайфиятини кўтара олмади. Кимдир шериги билан гаплашиб ўтирибди, ёлғиз чиққанлар ҳам ёнидаги одам билан ҳуда-беҳуда нарсалар ҳақида берилиб суҳбат қилишмоқда. Фақат у… Унинг хувуллаб ётган кўнглида шу кутиш залидагидек муздай ҳаво изғиб, бутун аъзои баданини музлатиб турарди. Кайфияти хуш бўлганда бу вақтни ўтказиш унчалик қийин бўлмасди. Аммо ҳозир… ўтириб-ўтириб синглисига қўнғироқ қилди. Ўзича “Бораяпман, сенга ўзим пул топиб бераман” демоқчи бўлди, аммо дея олмади. Ҳатто ўғлининг аҳволини ҳам сўрай олмади. Синглисининг ҳам кайфияти йўқмиди ёки ҳалиям пул топа олмай хуноб бўлиб юрганми, “Мен уйга қайтаяпман” деган эди, “Эсон-омон етиб келинг” деб гапни қисқа қилди. Балки ҳалиям ундан хафа бўлиб юргандир. Шу топда кўнгли меҳр, таскин-тасалли истади, кимгадир тўкилмоқни хоҳлади. Момоси “Дарё тўла сув, аммо ит тили билан ялайди”, дер эди баъзан. Унинг ҳам атрофи тўла одам, у эса ёлғиз, ниҳоятда ёлғиз эди.

– Йў-ўқ, жоним, сизнинг Тошкентга бориб, овора бўлиб юришингиз умуман шарт эмас. Ёлғиз ўзим бўлсам ҳам майлийди, мен онам билан кетаяпман. Онамнинг бироз тоби йўқ. ўти димланиб қолган эмишми-ей, яна буйраги ҳам оғрийди. Кейинги кунларда тинимсиз қон босими ошиб бораяпти. Хуллас, у кишида бутун бошли касалликлар гулдастаси! Отам тўйгача бир бориб даволаниб келмасанг, тўй кунлари қийналиб қоласан, Қаршидек жойдан келин олиб келиш осонми, деб, қўярда қўймай Тошкентга жўнатаяпти. ўзимизда даволаниб олсам ҳам бўлади, десалар ҳам отам ҳеч қўймаяпти. У киши шундай, бироз қайсарроқ феъллари бор. Ҳа-а, албатта соғиндим, жоним! Сизни соғинмай бўладими? Тўй белгиланган кунни бармоқ букиб санайвераман-санайвераман. Санаганда кунлар тез ўтар экан, битта бармоқ буксангиз, бир кун ўтади, ўнта бармоқ буксангиз, ўн кун ўтади, аммо орзиқиб кутаётган кунларингга етиш учун бир куннинг ўтиши ҳам шунчалар қийин, шунчалар қийин. Бир кино бор-ку, ҳар тонг уйғонганда кеча яшаган куни такрорланаверади-такрорланаверади. Менда ҳам худди шундай бўлаётгандек! Тўйимизгача ўтадиган кунларнинг мен учун на қизиғи, на маъноси бор. Сизни жуда ҳам соғиндим. Шу тўй-пўй, никоҳ деган дабдаба-ю расмиятчиликларни ким ўйлаб чиқарган экан-а? Бир-бирини яхши кўрган инсонлар никоҳдан ўтиб, индамай бирга яшайверишса экан. Ҳеч ким гапирмаса, ҳалақит бермаса экан. Йў-ўқ, албатта, сизнинг оппоқ келинлик либосларида оққушдек бўлиб қаршимга чиқишингизни истайман. Лекин оққушдек ял-ял товланиб ёнгинамда ўтирсангиз-у, бутун оқшом давомида мен сизни бир марта ҳам бағримга боса олмасам, аллакимларнинг табрик сўзлари учун, қийшаланглаган рақслари учун ўрнимиздан туриб таъзим қилаверсак, қилаверсак!.. Шунчалар орзиқиб кутилган қимматли кунимизни таъзимларга бағишлаб юборсак! Ўша тўй кунидаги ошиқча дабдабаларни эсласам, ҳозирдан дод деб юборгим келади. Ўх, ён-атрофда ҳеч ким бўлмаса, сиз-у мен, ёлғиз, қўлларингиздан ушлаб, кўзларингизга термулиб ўтирсам, ўтираверсам… Хонанинг бир четидан чиройли бир мусиқа пастгина овозда эшитилиб турса!.. Ҳа, худо хоҳласа, тўйдан кейин бир ҳафта сизни ташқарига чиқармайман, бағримга босиб, кўзларингизга термулиб ётаман. Йўқ, ота-онам ҳеч нарса демайди, улар учун мен хурсанд, бахтиёр бўлсам бўлгани. Тўғри, уйларимиз унча зўр эмас, аммо жуда файзли, эл қатори оддийгина яшаймиз. Лекин мен биламанки, онам сизни бошига кўтаради. Эҳ, қанийди, пулим кўп бўлганида тўйдан сўнг сизни уйга қамаб ўтирмасдан тўй саёҳатига олиб чиқиб кетар эдим. Рост айтасиз, тўғри, одам энг аввало ўз уйида бахтли бўлиши керак, уйига меҳр қўйиши керак. Кейинроқ, худо хоҳласа, саёҳатларга ҳам чиқамиз. Мен сизни албатта бахтли қиламан, бизнинг кўп болаларимиз бўлади. Тўртта ўғил, иккита қиз. Қизларимиз, албатта, сизга ўхшаган, чиройли бўлади… Нималар деяпсиз? Менинг ҳаётимда сиздан бошқа ҳеч қандай аёл зоти бўлмаган. Бир гапни айтсам, ўлай агар куласиз. Мен болалигимда қизлардан жуда қўрқар эдим. Боғчада иккита қиз билан бир столда ўтирғизишар эди. Улар эса ўзлари емаган овқатни менга мажбурлаб едиришарди. Мактабга борганимдан кейин ҳам қизлардан узоқроқ юришга ҳаракат қилардим. Қизлар бўлса, менинг устимга бостириб келаверишар эди. Бир куни мусиқа мактабидан хаёл суриб келаётсам, қаршимдан иккита қиз ўзларича нималардан кулишиб келишаётган экан, ўзлари таниш, биздан уч-тўрт уй нарида туришади. Кўрмагандек бўлиб, индамай ерга қараб ўтаётсам, биттаси “Хой, Абдуллажон! Булбул қани?” деса бўладими! Бошимдан биров бир челак қайноқ сув қуйиб юборгандек бўлди, ортимга қарамай уйга қараб югурдим. Мен қочиб кетаяпман, беҳаё қизлар изимдан “Хай, тўхта!” деб қичқирар, кўчани бошларига кўтариб, қийқириб кулишар эди. Дарвозадан югуриб, жиққа терга ботиб кирганимни кўрган онам ҳам қўрқиб кетди: “Ҳа, ит қувдими, болам?” Мен нима дейишни билмай, тўғрисини айтиб қўя қолдим: “Анави, Салом аканинг қизи Гулсара, менга, Абдуллажон, булбул қани, деди”. Онам ҳам роса кулди: “Эй, содда болам-ей, панароққа ўтинглар, кўрсатаман булбулимни, демадингми?”, “Э-э! Сиз ҳам гапирасиз-да, юр, кўрсат дейишса, кейин нима қиламан?” дедим. “Уялишмаса, кўрсат! Эркакники қарқара, хотинники масхара, ўғлим. Энди шу қизларни кўрсанг, уларни сен қув, юр, булбулни кўрсанг, деб” деди онам. Эҳ-ҳе, қизларни қувишга юрак қаерда дейсиз, ўша қизлар эрга тегиб, йўқ бўлгунларича уларнинг қорасини кўрсам, қочиб кетадиган бўлдим. Институтга кирган йилим ҳам бир қиз қўрқитди. Ўқишнинг биринчи куни ўқитувчи турадиган минбарнинг ёнидаги биринчи партага ўтириб олдим. Бир вақт ёнимга бир қиз келиб ўтирди. Мен беихтиёр ўриндиғимни нарироқ суриб ўтирдим. Дарс бошлангандан кейин ҳалиги қиз менинг дафтаримга бўйнини чўзиб қарай-қарай, силжиб-силжиб менга ёпишиб қолса бўладими? Менга эса сурилишга жой қолмади, бир ёнбошим дераза эди. Танаффусда энг орқадаги қаторга бориб ўтирсам, ҳалиги қиз яна менинг ёнимга келиб ўтирди: “Мен жуда секин ёзаман, улгурмаганларимни сиздан кўчирсам, девдим. Майлими?” Бирон нарса дея олмадим. Дарс бошланди денг, яна ҳалиги аҳвол! Мен дераза томон суриламан, у менга томон… Бир вақт туриб-туриб “Қанақа атир сепгансиз? Жуда ҳиди ширин экан?” деса бўладими? Буям камлик қилгандек бир вақт қарасам, дарсдан кейин менинг ёнгинамда-а келаяпти. Бир ўқрайиб қараган эдим, “Сиз менга ёқиб қолдингиз, дўст бўлсак, майлими?” дейди. Уф-ф! Тутаб кетдим, бунисиям сал нарига ўтгач, “Абдуллажон, булбул қани?” дейдиганга ўхшаб кўринди. Шартта тўхтаб, ҳалиги қизга қарадим-да, “Кечирасиз, мени ота-онам қизлар билан етаклашиб юриш учун эмас, ўқиш учун юборган. Фикри хаёлим ўқишда бўлиши керак, бошқа нарсаларга чалғишга умуман вақтим йўқ”, дедим. Кулинг, ҳа, кулаверинг. Лекин, битта нарсани унутмангки, йигит кишини кўрганда ерга қарабгина туриши ёки йигит киши яқин борганда ўзини тортиши лозим бўлган қиз бола йўқ жойдан “Атирингизнинг ҳиди ширин экан” деб ёпишиб олса, “Э-э, бор-е, тошингни тер” дейсиз-да. Сизни кўргандами?.. Ҳозир ўша ҳолатимни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Поезд тўхташи билан ҳамма ташқарига югурди, мен эса қўлимдаги китобни ўриндиқлар ўртасидаги столнинг устига ташлаб, купе деразасидан ҳар томонга югуриб юрган одамларга қараб, хаёлга берилдим. Аниқроғи мен уларни кўрмаётган эдим, ўз ўй-хаёлларим билан банд эдим. Тўсатдан вокзал эшиги ёнида сизларни кўриб қолдим. Ёнингиздаги аёл билан жуда ўхшаш эдинглар, она ва қиз бўлса керак деб ўйладим. Сизлар афтидан қўлингиздаги чиптага қараб, чиқишингиз лозим бўлган вагонни излаётган эдингизлар. Ёнимда икки жой бўш эди. Беихтиёр “Э-э, худо шу қизни менинг ёнимга чиқара қол” деб илтижо қилдим. Ўзим деразага ёпишиб қолган куйи чопиб тушиб, сизларни ўзим ўтирган купега етаклаб келгиларим келиб турардим. Бир вақт онангиз қўлингиздан тутиб, перрон бўйлаб юриб кетди, энди мен деразага қанча ёпишмайин, сизларни қайтиб кўра олмас эдим. Бирдан кайфиятим тушиб кетди, бор-йўғини қиморга бой берган қартабоздек шумшайиб қолдим. Рангим ҳам ўзгариб кетган бўлса керак, қаршимдаги ўриндиқда ўтирган ўрта яшар аёл “Ҳа, ўғлим, тобинг қочдими?” деб сўради. Бўғзимга тиқилган хўрсиниқни аранг ичга ютиб, аёлга бир нима дегунимча, бўлмамизнинг эшиги очилиб, онангиз ичкарига бош суқди, у кишининг ортида настарин гулидек яшнаб, сиз турардингиз. Кўзларим чарақлаб очилиб кетгандек бўлди. Юрагим қинидан чиқиб кетадигандек ҳапқириб кетди. Онангиз бир менга, бир шеригимга разм солиб, сўнг ҳалиги аёлга салом берди-да, қаергача бораётганлигини суриштирди. Унинг Тошкентгача боришини эшитиб, юзига хотиржамлик югурди: “Опажон, мана шу қизим ҳам Тошкентга кетаётган эди, бирга борай десам, иложини қила олмадим, илтимос, ўз қизингиздек кўриб, қараб кетсангиз…” Кейин менга синовчан нигоҳ ташлаб, “Сиз қаергача борасиз?” деб сўради, шубҳасиз менинг жавобим онангизга унча маъқул келмади, иложини топса-ю, мени ҳозироқ қизи кетадиган купедан чиқариб юборишни жуда истаётганлиги кўзларидан кўриниб турарди. “Менга қаранг, ука, ёшгина йигит экансиз, сиз тепага чиқиб ётсангиз, қиз бола нарса, тепага осилиб юрмасин. Майлими?”, деди. Мен эса шу топда жойим эмас, сизга жонимни ҳам беришга ҳозир–у нозир эдим. Дарров қўлимни кўксимга қўйдим, “Хўп, хўп, холажон! Бажону дил!”. “Яхши. Хўп, қизим, сафаринг бехатар бўлсин, етиб боришинг билан қўнғироқ қил”. Сиз шошиб-пишиб тинмай гапираётган онангизга қараб, индамай кулиб турардингиз. Мен дарҳол ўрин-тўшагимни йиғиб, тепага, сизга қараб кетиш имконини берадиган қарама-қарши катга чиқиб олдим. Поезд тарақа-туруқ қилиб юриб бошлагач, сиз ҳам сумкангиздан чиройли гулдор оқ чойшаблар чиқариб жойларингизни ҳозирладингиз, ишонсангиз, сизнинг ҳар бир ҳаракатингизни нафас олмасдан кузатиб ётардим ва жойларингизни тўғирлаб бўлгач, бир вақт яна бир чойшабни олиб, тепангиздаги катнинг икки бошига қистирдингиз-да, худди чимилдиқ каби тўшагингизни ҳаммамиздан тўсиб қўйдингиз. Сўнг мен каби ҳар бир ҳаракатингизга махлиё бўлиб ўтирган аёлга бир кулиб “Яхши ётиб туринг” дедингиз-да, гўшангангизга кирдингиз-кетдингиз. Оғзимни очиб, анграйи-и-иб қолибман. Аёл ҳам чўзилиб олди. Анча пайтгача ухлаёлмай ётдим. Худди тиканли сим устида ётгандек эдим, гоҳ у томонимга ағдариламан, гоҳ бу томонимга ағдариламан, ҳеч ухлаёлмайман. Нафас олишингиздан билиб ётибман, сиз ҳам ухлаганингиз йўқ, аммо бундан менга нима наф, сизни кўра олмасам, суҳбатлаша олмасам!.. Билмадим, қандайлар бўлиб, кўзим илинибди, вагон хизматчисининг овозидан уйғониб кетдим: “Тошкент, Тошкент! Чойшабларни топширинглар!” Шоша-пиша кўзимни очиб, пастга қарасам, аллақачон сизнинг ўрин-жойларингиз йиғиштирилган, кеча катнинг тагига жойлаштирган йўл сумкангизни ёнингизга қўйиб, қандайдир газета ўқиб ўтирардингиз. Мен уятдан қизариб-бўзариб пастга тушдим-да, шошиб юз-қўлимни ювиб келиб, жойларимни йиғиштирдим, сўнг ёнимиздан лип-лип ўтиб кетаётган қишлоқларни томоша қилиб кетаётган аёлнинг ёнига ўтириб, зимдан сизни кузата бошладим. Ҳали замон поездимиз манзилга етиб, йўлларимиз айро тушиши ва кейин сизни ҳеч қачон кўра олмаслигимдан ваҳимага тушардим. Сиз ҳам мен билган бошқа қизларга ўхшаб, бирон оғиз гапирсангиз экан, кимлигингизни, қаерга бораётганингизни сўраб билиб олсам!.. Уф-ф, соқов десам, кеча ҳалиги аёлга бинойигина қилиб, “Яхши ётиб туринг” деган эдингиз. Ажралиб қолиш ваҳимасидан шунчалар қаттиқ хаяжон ва ташвиш билан ўйласам ҳам бошимга бирон жўяли фикр кела қолмас эди. Шаҳарга кириб келган пайтда бирдан миям ишлаб кетди: “Синглим, телефонингиз ишласа, бир дақиқага бериб тура олмайсизми? Меникининг пули тугаб қолибди, онамга бир оғиз яхши етиб келдим, деб қўйсам”. Сиз чўнтагингиздан телефонингизни чиқариб бердингиз. Мен номард эса онамга эмас, сизнинг телефон рақамингизни билиб олиш учун ўзимга қўнғироқ қилдим… Шу дамда ўзимнинг топқирлигим учун ўзимни ўзим қучоқлаб ўпгим, “Ур-ре-е! Яшасин!” деб бор овозим билан ҳайқиргим келарди. Шу топда дунёда мендан бахтли одам йўқ эди. Поезд тўхтар-тўхтамас, операциям ҳам эсда йўқ, сумкангизни елкамга орқалаб, бир қўлимга ўзимнинг, бир қўлимга ҳалиги аёлнинг зил-замбилдай сумкасини кўтариб, чиқиш эшигига қараб югурдим. А-а, йўқ, арзимас операция, уч йил аввал буйракдан тош олдирган эдим, духтирлар оғир юк кўтармагин, дейишган. Ҳеч гапмас, бу духтирларнинг ҳамма айтганларини қилаверсанг, яшаш қийин бўлиб кетади. Ундай қилма, бундай қилма… Яхшиям духтир эмассиз… А? Онангиз чақираяптиларми? Майли, бора қолинг. Тўй олди сизларда ҳам ташвиш кўп-да. Лекин онангизга айтинг, кўп сарпо-суруқ, тарақа-туруқ қиламан деб, овора бўлмасинлар. Менга фақат ва фақат сизнинг ўзингизни берсалар бўлгани. Майли, жонгинам, ҳамма ишларингиз тугаб, уйқуга ётиш олдидан менга бир гудок ташлаб қўйинг, ўзим сизга чиқаман. Мен ҳам ташқарига бир чиқиб, онамдан хабар олай-чи, менсиз нима ташвишлар бошлаб ўтирган эканлар. Хайр, жоним, қўнғироғингизни кутаман…
Қия очиқ эшик ортида муздек деволга суянган куйи ўғлининг гапларини эшитиб турган Гулнора шоша-пиша кўзларидан оқаётган ёшларни артиб, оёқ учида югуриб ҳовлига чиқди. Дарҳол супанинг четида ётган чўнтоқ супургини олиб, топ-тоза турган супани супира бошлаганда ичкаридан кулимсираб Азизбек чиқиб келди. Унинг қийиқ кўзлари бахт ва қувончдан ёниб турарди. “Аҳ, пешонаси шўр болам-а! Онам касал эмиш! Нима дейди, ўти димланган, дейдими? Тавба, ўйлаб топган касалини қара-я. Бошқа нима десин? Ўзим бир буйракли шўр бўлиб туғилганман, иккинчисининг ҳам тошини олдириб, якка-ягона буйрагим яримта буйракка айланиб қолди, десинми?”
– Онажон! – унинг овозлари ҳам жаранглаб турарди.
– Лаббай, болам? Ухлаб олдингми? – у ичини ёндираётган изтиробларни сездирмаслик учун зўрма зўраки кулимсиради.
Азизбек ҳам ўзича ухлаган киши бўлиб, қўлларини икки томонга ёзиб, керишди:
– Раҳмат, онажон. ўзингизнинг ишларингиз қандай? – у келиб, супанинг бир четига омонатгина ўтирди.
– Хў-ўш, болажоним, мендан сўрасанг, ишлар беш. Касалхона учун керакли пулларни тахлаб қўйдим ҳисоб – супачага дастурхон ёза бошлади. – Сенга гуручдан сутли хўрда қилиб қўйгандим, бир мазали бўпти, ярим косагина ичиб ол.
– Хўрдангизни қўя туринг, онажон, пулни қандай қилиб топдингиз?
У шу сафар ҳамма орзулари шу муолажага боғлиқ бўлиб тургани учунми, касалхонага тезроқ бориб келишга жуда орзуманд бўлди:
– Қандай қилиб, онажон? Айта қолинг, қаердан пул топдингиз?
– Кўчамизнинг бошидаги Ўғилой опалар оғилхона қурмоқчи бўлиб юришган экан, бизнинг оғилхонадаги болор, темир устун, шепирларни олмоқчи бўлишди. Эртага ўғиллари келиб, оғилхонамизни бузиб, олиб кетишади. Кейин жойини текислатиб, деворларни оқлатиб қўямиз, қайтамга ҳовлимиз кенгайиб қолади.
Азизбекнинг ёлқинланиб турган кўзларига бирдан мунг чўкди:
– Бекор бўпти-да, онажон!
У анча пайт жим қолди. Ўғлининг нигоҳидаги бирон ҳаракатни ҳам эътибордан қолдирмайдиган Гулнора боя эшик ортида туриб ногоҳ эшитиб қолган суҳбатнинг таъсиридами, бу сафар ўғлининг кўзларига қарамади ҳам:
– Эртага пулни беришади, индин Тошкентга жўнайсан. Қайтиб келишинг билан вада-ванг тўй! Шу опанинг хўжайини ҳам жуда майда гап одам-да. Аввал бузиб, болорларни олиб келишсин, ўз кўзим билан кўрайин, кейин ҳисоб-китоб қилиб, пулини бераман, дейди. Икки қават оғилхонанинг ҳар бир қаватига қайнотам раҳматлик ўн саккизтадан ўттиз олтита хари қўйдирганлар, уни тилдирсангиз ҳам биридан учтадан болор чиқади, дедим. Ҳа, олиб келишсин қани, қайнотангиз қўйдирганига неча йил бўлди, ундан бери у киши ўлиб, ўзлари чириб битди-ку, қўйган харилари қандай аҳволда экан, бир кўрайлик, сиз мендан хафа бўлманг, мен ҳам пулни супуриб олаётганим йўқ, дейди. Э-э, жуда мижғов одам экан ўзиям.
Азизбек хижолатомуз елка қисиб, кулиб қўйди:
– Онажон-эй!.. Бошқа пайт бўлганда-ку, бундай қилишингизга йўл қўймаган бўлар эдим. Тўйда узилиб қолиб, шарманда бўлмай деяпман-да. Бу ёғи… нимагадир пешоб йўқ.
Гулнора қўлидаги хўрда сузилган косани “тўқ” эткизиб, дастурхонга қўйди-да, Азизбекнинг кўзларига қаради:
– Нега?! Ахир, хожатхонага бориб келиб турибсан-ку?
– Пешоб келармикин, деб…
– Вой, болам-ей, — Гулноранинг ранги учиб кетди. – шуни олдинроқ айтмайсанми? Э-э, прореналингни ўз вақтида, етарлича ичмаяпсан-да, ўғлим. Духтир сенга нима деганди, бу дори сен учун буйрак вазифасини бажаради, уни вақтида ичмасанг, ичинг заҳарга тўлиб кетади, демаганмиди? Иштаҳанг йўқлигидан ҳам гумонлангандим-а мен. Тепангда ўтири-и-иб, ҳамма дорингни минутма-минут ичирмайманми? Аҳ, менгина ўлай! Аҳ, тирикчиликнинг ташвишлари ўлсин-а? Энди нима қиламан?
– Ҳеч нарса эмас, онажон, икки кунда Тошкентда бўламан-ку.
Гулнора пешонасини қоплаган реза-реза терларни кафти билан сидириб, бош чайқади:
– Ай, болам-а!.. Икки кун кўп вақт-да. Неча кундан бери шундай бўлаяпти?
– Бир-икки кун бўлди… Ваҳима қилаверманг, она-а!
– Сен хўрдангни ичиб тур, мен қўшниникига чиқиб келай. Ўғиллари оғилхонани бузишни бугуноқ бошласин, пулини тезроқ олиб, сени бир кун бўлса ҳам эртароқ Тошкентга жўнатайин.
Орадан бир соатлар чамаси вақт ўтгач, у тўртта йигитни бошлаб келди, ҳавонинг иссиқлигидан куйганми, ичидаги куйик юзига чиққанми, ранги устидаги қалампир нусха гулли қора кўйлакдек қоп-қора бўлиб кетган эди.
– Ўғиллари ҳам отасига ўхшаш бехайр экан, — йигитларни ишга бошқариб, Азизбекнинг ёнига киргач, жаврай кетди. – Эртага эрталабки салқинда бузамиз, энди кун иссиқ бўлиб кетди, дейди. Сариёғмидинглар эриб кетгани, ўттиз олти харига етмиш иккита мих қоқилган, йигирма тўртта шиферга ҳам борингки, юз-юз эллик мих қоқилгандир, тўртта йигит бўлиб шу михни суғириб ташлай олмайсизларми, дедим. Зарурат бўлмаса, болам касал бўлмаса, бип-бинойи турган иморатимни буздирармидим, дедим. Берадиган пуллари тўрт сўм, нозу фироқлари осмонни ёради. Онаси ҳам уришди, сирканг ситилиб қолмайди, боринглар, деди. Ёш дегани ҳам шундай бўладими, шу ишни қилмаса ҳам ётишади бекор телефонга ёпишиб!.. – Гулнора бўйнини қийшайтириб телевизорга қараб ётган ўғлининг ёнига чўккалади. – Сен қандайсан, болам?
– Ҳаммаси яхши.
Негадир унинг кайфияти йўқ, юз-қўллари шишиб кетган, ранги заъфарондек сап-сариқ эди. Гулнора унинг қўлларини кафтлари орасига олди:
– Ўғлим, сен ҳеч қачон унутмагинки, мен сен билан тирикман, сенсиз менга бу тирикликнинг умуман кераги йўқ. Биласан-а?.. Билсанг, ўзингни эҳтиёт қил, болам. Ҳаётинг учун кураш, мен соғлом бўлишим керак, ҳам ўзим учун, ҳам онам учун яшашим керак, дегин. Ахир сен ўғил боласан, эркаксан, кучлисан! Шунча дардларни енгиб, шунча йиллардан буён ёнимда юрибсан-ку, яна куч топ, майлими, болам?.. – Гулноранинг мижжаларида ёш қалқди.
Азизбек баъзур жилмайиб, бош силкиди:
– Хўп, онажон… Албатта… Фақат сиз йиғламасангиз бўлди.
Кўп ўтмай молхона томондан тақ-туқ овозлар эшитила бошлади. Гулнора уйининг усти очиб ташланаётгандек юраги увишди. Қайнотаси раҳматли шу молхонани қурганда ҳаммаси роса суюнишган эди. Кўчаларидаги бирон хонадонда бундай икки қаватли молхона йўқ эди-да. Қўшнилар уларникидан ҳам зиёдроқ қилиб қуриб олишганда улар қўшқаватли қўраларини буздиришаяпти.

* * *

Ойша аэропортдан ташқарига чиққанда ёмғир сепалаб ёғиб турарди. У талабалик йилларидан Тошкентнинг ёмғирларини яхши кўрарди: кафтдек текис йўллар, йўл бўйлаб, ям-яшил бутоқларини улкан гулдаста каби ёмғир сувларига тутиб турган арғувон дарахтлар, ёмғир пайти яна ҳам яшнаб кетадиган гулзорлар. Беш-олти қадам ташлар-ташламас ёмғир кучайди, у “Таксилар бор, қаерга олиб бориб қўяй, кеннойи?”, “Такси керакмасми, кеннойи?” деб хиралик қилаётганлар қуршовидан бир амаллаб чиқиб, автобуслар тўхтайдиган бекатга ўтди. Йўл бўйи ўйлаб ҳам кимникига бориш ҳақида бир тўхтамга кела олмади. Хоразмга қилган саёхати ўғиллари ўртасида катта гап бўлган, ҳозирги кайфиятида катта ўғилникига борса, овсинлар дарҳол бир-бирларига сотиб, эрта бир кун албатта масхара бўлиб қолиши аниқ. Бу тўқол ҳам одамларга ўхшаб артистлик қила олса экан, ўзи яширса ҳам, кўзи дарров сотиб қўяди. Бирон икки кун ўтса, тили билан айтиб бера қолади: “Бекорлар овора бўлиб борган эканман. Жуда хафа бўлиб қайтдим…” У йўловчилар ғуж бўлиб олган бекат айвонига ўтди, кўнгли ҳаммани ёмғир хипчини билан савалаётган осмон каби қоп-қора эди. Сарғиш сочлари ивиб кетган ёшгина қиз ўрнидан туриб, унга жой берди.
Кузги намгарчиликдан эти жунжикди, қунишиб ўтираркан, талабалик йиллари ётоқхона деразасидан тинимсиз ёғадиган ёмғирларнинг ер ости қувурларига кириб, йўқ бўлиб кетишларини бир олам хайрат билан томоша қилганларини эслади. Ҳақиқатан ҳам Тошкентда ёмғир кўп ёғади, қишлоқда шу ёмғирнинг ўндан бири ёғса ҳам ҳамма томонни зах босиб, неча девол нураб кетади, Тошкентда эса ёмғир тўхташи билан бирон ерда кўлмак қолмайди, ҳамма жой саришта келиннинг ҳовлисидек яшнаб кетади. Йўқ, Ойша хола бугун ўғлиникига бора олмайди. Жуда кайфияти йўқ. Ҳозирча пули бор, тугаб қолса, почтачи аёлга қўнғироқ қилади, Тошкентга келаётган биров-яримдан кейинги нафақасини бериб юбора қолади. Қайнонасининг бир тошкентлик янгаси бор эди, тоғасининг хотини. Тоға вафот этгач, янга ҳовли-жойни сотиб, болалари билан Тошкентга кўчиб келган, лекин бир умр Сурхондарёни, сурхонликларни қумсаб, излаб, иззатини қилиб яшаган, бу аёлнинг бир қиз, икки ўғли бор эди, ҳар йили сурхондарёликларнинг ўзини чарчатадиган ёзда болаларини етаклаб, тўлиб тошиб Сурхондарёга борар, куннинг иссиғида куйиб-ёниб, терлаб-пишиб уларнинг иссиқ ҳовлиларида ойлаб турар, тандирда пишган нон, кадида уйитилган қатиқ, тандир кабоб, сумалак — улар учун энг тансиқ таом эди, қайнонаси раҳматлик ҳам уларнинг кўнглига қараб, кетар чоғи тандир-тандир нон ёптириб, халта-халта сузма бериб юборарди. Сумалак қайнатишганда албатта бир челак сумалак Махфират янганикига жўнатилар эди. Комилжони Тошкентдан уй олгунларича, ким пойтахтга бирон юмуш билан келса, ҳаммаларининг қўналғаси албатта шу аёлникида бўлар эди. Уйлари ҳам бемалол, бир ҳовлини учга бўлиб, иккитасини икки ўғилга берган, бировида катта қизининг ўғли билан ўзи туради. Ойша хола ҳам уларникига кўп келган, Махфират янга ҳар сафар ер-у кўкка қўймай, борини тўкиб-сочиб меҳмон қилган эди. Дастурхони ҳеч қачон йиғилмайди, келинлари ҳам уни-буни пишириб чиқаверишади, янга эринмай чойни янгилайверади. Хуллас, жуда бемалол, баҳузур жой, кирган-чиққанинг, ётган-турганинг билан бировнинг иши йўқ. Яхшиси, ўша ерга боради, якшанбани ўтказиб, душанбадан касалхонага жойлашади.
Махфират янга ёнбош ташлаб, телевизор кўриб ётган экан. Уни кўриб, “хай-хай”лаб ўрнидан тургунича узун этакларига ўралашиб, сўнг суриниб-қоқиниб, қаршисига югурди:
– Вой, Ойшахон! Эрталабдан буён ўнг қовоғим пир-пир учади, нима гап экан десам, сизнинг хабарингизни айтиб ётган экан-да. Келинг, келинг-ей!.. Хуш келибсиз, қоқиндиқ!
Қайнонаси ўтиб кетди, Комилжон Тошкентдан уй олди, янга кексайиб, бетобланиб қолдими, кейинги йилларда икки ўртадаги борди-келди анча сусайиб қолган эди. Ҳақиқатан ҳам кампир бечора жуда қариб, муштдеккина бўлиб қолган, сертомир қўллари тинмай қалтираб турар, лекин овозлари ҳамон ўктам ва жарангдор эди.
Ўтирган жойида неварасига буюриб, дастурхонни тўлдириб ташлади. Невара ҳам момосининг ёнида яшайвериб, меҳмон кутишнинг роса ҳадисини олган шекилли, ҳамма нарсани жуда батартиб қилиб жойлаштириб, бир пасда иссиққина чой дамлаб келди.
– Музлатгичдаги сомсани иситишга қўйдингми? Кеннойиларингга бориб айт, Сурхондан меҳмон келди, дегин. Вой, Ойшахон-ей, нега кексалар қарисанг мендай бўл, қора ердай бўл, дейишганларини энди тушуниб турибман. Ётган жойим ўзимники, ҳеч ким тегинмаса, жойимдан қимирламасам, дейман. Жалолиддинимнинг аёли “Ойижон, ойижон” деб, ёнимдан кетмасди, шугина ўлиб, беэга, ғариб-у девона бўлиб қолдим. Жалолиддинни айтмайсиз, қизни узатишган, катта ўғилга алоҳида уй-жой қилиб чиқариб юборишган эди. Уйда кенжа ўғил билан келин қолган, ёшларнинг ҳам ўз ҳаёти, ўз гурунги бор, нафақадаги қайнота улар билан нимани гаплашади? Шу денг, болагинам, яна ишга қайтиб бориб юраманми, деб, хотини ўлгандан кейин бекорчиликдан қўй билан шуғуллана бошлади, уч ярим сотихлик ҳовлида ўнталаб қўй боқди, бинойидек овуниб қолган эди. Ён қўшниси денг, “Сасиб кетди, маъраб ухлатмаяпти”, деб ёзиб қўймади, денг. Ҳе, номард! Қўйнинг гўнгини гулчилар олиб кетишар эди, пешоб оқава қувурга уланган, таги чиннидек тоза турарди, шундай бўлса ҳам, “Шаҳарнинг ичида қўй боқиш мумкин эмас” деб қўйларини йўқ қилишди, шундан бери маҳалладан уч-тўрт шахмат ўйнайдиган бекорчини топиб, ўшаларнинг олдидан келмайди. Камолиддиннинг хотини жонли ҳайкалнинг ўзгинаси, ўла қолса уйидан чиқмайди, бир келиб қолса ҳам, соатлаб ёнимда ўтириши мумкин, аммо бир оғиз гап йўқ. Бир ғамғусорим Гулноза опангиз эди, уям эри билан Америкага кетиб қолди. Ёлғиз ўзим ётаман, тураман. Ҳеч кун ўтмайди. Телевизорга ҳам қарайвермайман, кўзим ачишади.
Яхши келиб қопсиз-да. Хай, Беҳруз, кеннойиларингга айтдингми? Ҳей, бу келинларнинг қимирлаши ҳам қийин-да, “уф”, “аф” қилиб ўтиришгандир, бу кампир нуқул уйқумизга халал беради, деб. Эримиз ярим кечаси меҳмон эргаштириб келса ҳам, “дик” этиб ўрнимиздан туриб, дастурхон ёзиб, қозон осганмиз, битта қовоқ солмаганмиз.
– Вой, опа, дастурхон тўлиб кетди-ку, нима қиласиз уларни овора қилиб, — хижолат тортди Ойша.
– Э-э, Ойшахон, нарса кўп-е, ана, музлаткичим егуликка тўлиб кетган. Фақат иззат-ҳурмат деган нарса бор-де. Қани, олиб-олиб, гурунг бераверинг-чи. ўзингизда нима гаплар? Укам кетиб, сизнинг ҳам бор дунёингиз хувуллаб қолгандир… Айниқса, кексайганда ёнингизда кўзингизга қараб турадиган бир маҳрамингиз бўлмаса, бари бекор экан. Белдан қувват, кўздан нур кетгандан тан маҳрамидан ҳам кўнгил маҳрами жуда керак бўлар экан. Ким сизга кўнгил маҳрам бўлади? Қиз еб, қирга кетади, ўғил еб, ўрга кетади, ёнингизда бир умр ҳаётнинг пасту-баланд йўлларида ҳамроҳ бўлган одам қолади, шу одам энди сизга тан маҳрамигина эмас, кўнгил маҳрами ҳам бўлади. Сиз билан биз ана шундай маҳрам насиб қилмаган аёллардан бўлдик.
Ойша ерга қараб, бор ирғади:
-Борига шукр, янга, болаларимиз бор, неваралар бор.
-Ҳа-а, минг шукур. Аллоҳим ўтганларни раҳмат қилсин. – Махфират янга қалтироқ қўллари билан юзига фотиҳа тортди. – Бир Тошкентни айланай, депсиз-да. Соғлигингиз яхшими ўзи?
Махфират янганинг уни кўриб, болаларча суюнгани, борини тўкиб, меҳр билан аҳвол сўрашлари унинг ҳам меҳрини товлантириб юборди. Онаси ўтиб кетган, опаси бўлмаса, бир сингил ўзининг ғамидан ортмаса, у ҳам янга айтганидек, бир кўнгил маҳрамига зор юрган бечора-да:
– Янгажон, соғлигим ҳам унчамас, нафақага чиқиб, кейинги вақтларда бироз сиқилдим. Ҳар йили кардиология марказига ордер олиб, бир даволаниб кетаман. Бу йил ҳам даволанай, ҳам ҳаволарни бир алмаштирай деб чиққан эдим. Комилжоним бола-чақаси билан дам олишга кетган, унга айтиб ҳам ўтирмадим. Сизнинг суҳбатларингизни соғинган эдим, тўғри шу ерга келавердим.
Махфират янга бош ирғади:
– Яхши қипсиз-да. Мен ҳам бир ҳамсуҳбатнинг зори бўлиб ўтирган эдим. Энди, синглижоним, ўғил кўчанинг одами, бели боғлиқнинг кўнгли боғлик, дейишади. Қаерлардандир энтикиб, бир оғиз ширин сўзи, таскин-тасаллисига зор бўлиб борасиз, у эса худди бегоналардек “Ҳа, онажон, яхши келдингизми? Уйдагилар яхшими?”дан нарига ўтмайди. Бундоқ хотинидан алоҳида ўтириб, “Она, нега кўзларинг мунча ғамгин, нима дардинг бор? Нималардан сиқилаяпсан? Бирон нарса керак эмасми?”, демайди. Шунинг учун баъзан кўнгил бир ёзилиб суҳбатлашадиган тенг-тўшингни қумсаб қолади. Ҳа, майли, синглим. Ҳар қайси ҳар жойда омон бўлсин, ўт бермаса бермасин, ўтини кўрсатмасин. Шундай дейишадими, сурхонликлар?
– Янга-ей, шунча йил Тошкентда яшаган бўлсангиз ҳам сурхондарёликларнинг гапини унутмайсиз-а? – жилмайди Ойша.
– Ай-й, синглим-а, унутиб бўладими у кунларни? – ўтирган жойида мастона чайқалди. – Нимайди? Ҳа, ўзи учар гиламларни, Тоҳир-Зуҳро, Ёрилтош, ойни уялтирган қошларни… Умримнинг энг соғлом, энг гўзал, энг бахтли йиллари Сурхонда ўтган-ку. Тоғангиз раҳматли бизни – мени ҳам, болаларини ҳам кафтида кўтариб юрган. Бизни кийинтириб, едириб-ичириб, қувонтириб, ўзи шулардан ҳузур қиларди. У киши ўтганларидан кейин Тошкентга қайтмас эдим, иси чироқларини қилиб ўтиравераман, дегандим. Ҳеч ўтира олмадим, фақат уйим эмас, бутун Сурхон хувуллаб қолгандек бўлаверди. Қариндош-уруғларимнинг ёнига келсам, пича енгилгилроқ бўлар, дедим. Қаёқда… Энди бутун дунё хувуллаб қолгандек эди. Тўғри, у кишидан қолган тайёр уй-жойни сотиб уй-жой қилдик, аммо мана бу болаларни оёққа қўйгунимча емаганим б.. бўлди, кирмаганим гўр қолди, у ёқларда қиладиган ишим ҳилпиллаб мактабда дарс бериб келиш эди, бу ерда гумма ҳам қилиб сотдим, хоним ҳам қилиб сотдим, тўйларга буюртмалар олиб, болаларим билан тунни тонгга улаб, сомсалар пиширдим. Лекин қачон қийналсак, Сурхондарёни эсладик. Ҳамиша ўзимиз бу ёқда-ю, хаёлимиз Сурхонда бўлди. Биз гўё дунёбехабар бу ёқда ўтирибмиз-у, дадамиз Сурхонда бизни кутиб тургандек туюлаверарди. Қашқадарёлик қўшнимизнинг болаларидан “Қаерликсизлар?” деб сўрашса, “Тошкентликмиз” деб жавоб беришар экан, менинг болаларим эса “Сурхондарёданмиз” дейишарди. Рўзғордан беш-ўн сўм пул орттирсак, “Сурхондарёга борамиз” деб йиғиб қўярдик.
Ёмғир аллақачон тинган, куз қуёшининг илиққина нурлари кўнгилларга ажиб бир тароват, ёруғлик олиб кирди.
– Ҳа, энди, янгажон, ўн кун бирон касалхонада ётиб чиқсангиз-у, бир кун келиб шу касалхона ёнидан ўтиб қолсангиз ҳам, шу ерда нималарингиздир қолиб кетгандек кўнглингиз бир орзиқади, аслида у ерда ўн кунлик умрингиз қолган бўлади.
– Ҳа-а, Сурхондарёда менинг ўн етти йиллик умрим қолган. Қайтганимизга қирқ йил бўлди, у ёқларда мен билан бирга юриб, бирга турганлардан деярли ҳеч ким қолмади, қайнонангиз ҳам ўтиб кетдилар, сизларникидан бошқа бемалол кириб-чиқадиган эшигимиз ҳам йўқ ҳисоби, энди сизларникига борсак, энди анави келинларнинг олдида хижолат тортамиз, нима ҳам дейсиз, қозон-ўчоқ шуларнинг қўлида бўлгач, шуларнинг кўзига қарайсиз-да. Аммо кўнгил ўлгур ўша ёққа ошиқиб тураверади. Бу йил хотира кунида ўғилларимнинг ёлғиз ўзлари кетишди, жуда мазам йўқ эди. Бечора болаларим ҳам эрингиз ўтиб кетганлиги учун сизларникига боришдан ийманиб, бир синфдош ўртоғиникига тушишибди. Ўшаларникида ҳам қариндош-уруғларни, ҳам маҳалладошларни чақиришиб, худойи ўтказишибди. Мен ҳам индамадим, ўзларингга нима маъқул бўлса, шуни қилаверинглар, дедим. Нима дейин?
– Ўзингиз ҳам бормапсиз-да. Сизнинг баҳонангизда зиёратларга борамиз, қариндошларни йўқлаймиз. Маҳалладаги қариялар худойида ўтириб, “Мана кўрдингларми, қирқ йил бурун ўтиб кетган Абдусатторбойнинг ўғиллари Тошкентдек жойдан келиб, бир қўй сўйиб, дастурхон ёзиб, отасининг қариндош-уругларини, маҳалладошларни бир жойга жамлаб, оталари учун Қуръон хатм қилдириб кетишади, кўп фарзандларимиз нафақасини едириб ўтирган ота-онасининг ёнида туриб, шунча иззат-икром қилишмайди. Ибрат олинглар, хулоса чиқаринглар”, дейишибди. Ҳозирги замонда ҳамма нарса ашир-нашир бўлса ҳам, ота учун ҳар йили бир қўй сўйган фарзанд кам-да, янга, қўрасида ўнта қўйи бўлса ҳам шунинг биронтасини ота-онага бериб ўтирмайди, бошқа ишлатадиган жойини топишади.
Кампирнинг юз-кўзларига мамнунлик инди:
– Худога шукр, болаларим қобил, айтганимдан чиқишмайди. Бўлмасам, буларнинг ҳам харжлайдиган жойлари етарли, лекин айтилдими, бас, қилишади. Ота-она – улар учун қиблагоҳ.
– Майли, янга, қилганларининг ажру савоби худодан қайтсин, болаларидан қайтсин. Худойим ҳаммага ҳам шундай оқибатли фарзандлар ато қилсин.
Тушлик кечки овқатга қўшилиб кетди, Махфират янга дастурхонни йиғдиргани қўймади, келинларнинг бири бир лаган ош, яна бири манти кўтариб кирди. Янга келинларнинг изидан жавраб-жавраб қолди: “Кекса одамга суюққина, юмшоққина бир нарсалар пишириб чиқишмайдими? Ў-ў, фаросатингдан кетай сенларнинг, буларда фаросат деган нарсанинг ўзи йўқ. ўзлари хоҳлаб турган нарсани пиширишади-да, ма, сенинг ҳам егинг келса, бир луқма ея қол деб, чиқариб юборишади”. Ойша хижолат бўлди: “Ундай деманг, янга. Иккалови ҳам таомларнинг подшосини пишириб чиқаришибди-ку”. Янга қўл силтади: “Э-э… Қўйинг шуларни”.
Ойша янганинг “хай-хай”лашига қарамай, энди дастурхонни йиғиштириб олиб, опа-сингил аччиққина кўк чойдан бир-бир хўплаб, гурунгни қизитишаётган эди. Ҳовлидан эркак кишининг томоқ қирган овози эшитилди. Махфират янга сергак тортиб, дераза томонга қаради:
-Ия, Жалолиддин-ку, — эшик томонга бўйнини чўзди. – Кел, келавер, ўғлим.
Ойша бу одамни ҳамиша башанг кўчалик кийимида кўриб юргани учунми, бугун уй кийимида ўзини анча олдириб қўйгандек кўринди: “Балки, онаси айтганидек, аёли кетиб, ростдан ҳам қийналиб қолгандир”.
Ойша дарҳол ўрнидан туриб, қайтадан дастурхон ёзди, ҳалигина йиғиштириб қўйган қанд-қурсларни келтириб қўйди, сўнг бир чеккага ўтириб, меҳмонга чой қуйиб узатди.
– Бу ўғлим Сурхондарёни мендан ҳам кўпроқ яхши кўради. Мактабни битиргач, кириш осон, деб, археология институтига ўқишга кирибди, денг. Хой, эртага институтни битириб, қаерда ишлайсан, Тошкенти азимни сенга ким ковлатади, десам, Сурхондарёга бориб ишлайман, деса бўладими! Йиғлашни ҳам, кулишни билмайман. Йўқ, дедим, Сурхондарёга кўчиб бориб, уй-жой қилсанг, йўқ демайман, ота юртинг, аммо археолог бўлиб, чодирдан бўлак бошпанаси йўқ аллақайси тепаларда, капаларда, қуёшнинг тиғида жизғанак бўлиб юришингга рози бўла олмайман, деб туриб олдим.
Махфират янганинг бу гурунгларини Ойша жуда кўп марта эшитган, шундай бўлса-да, одоб юзасидан индамай оғзига термулиб ўтирарди. Бу гаплар ўғлининг ёнида ҳам жуда кўп айтилганми, Жалолиддин хижолат бўлиб, онасининг гапини бўлди:
-Она-а, қайси замондаги гапларни қўйинг…
-Нега қўяр эканман, ўғлим, мен айтмоқчи бўлган гап ҳеч қачон эскирмайди. Ҳаким Термизийдек боболаримиз бир бева онанинг ёлғиз ўғли бўлган экан. Бир кун вояга етиб, тенг-тўшлари Бухорои Шарифга ўқишга кетаётганда, ҳамма тенгдошларим илмли бўладиган бўлишди, мен ҳаммадан қолиб кетдим, деб йиғлабди. Онаизор ноилож рози бўлибди, аммо ўғлини кузатгани кўчага чиқиб, шу бўйи қоронғу тушганда ҳам уйга кирмапти, дарвоза олдидаги бир тошнинг устига ўтириб, ўтган қайтгандан ўғлини сўраб, ўғли кетган томонга термулиб ўтираверибди. ўғил денг, бир жойга тўхташса, устига нажосат тегиб, таҳорати бузилибди. Шунда, “Эҳ, жўралар, мен онамни ёлғиз ташлаб чиққан эдим. Бу ишим Аллоҳга маъқул келмади, устим булғанди. Энди мен қайтмасам бўлмайди, сизлар бораверинглар” деб изига қайтган экан. Туннинг алламаҳалида қайтиб келса, оналари ҳамон тошнинг устида ўтирган экан. Онасини уйга олиб кириб, юпатиб, биргалашиб чой-пой ичиб, уйқуга ётса, тонг пайти тушига Хизр алайҳиссалом кирибди: “Онасининг ризолиги учун илм йўлидан қайтган йигит сенмисан? Аллоҳ мени сенга илм ўргатиш учун юборди” дебди, шундай қилиб, Хизр бува Ҳаким Термизийга ўн икки йил сабоқ берган эканлар.
Жалолиддин қўлидаги пиёлани айлантириб ўтириб, онасига қараб беозоргина жилмайди:
– Онажон, бу меҳмон океан ортидан келган эмас, ўша Термизийларнинг юртидан келганлар, ўзлари ҳам ўқитувчи одам бўлса, сизга ўхшаган. Бу ривоятларни сиз билан мендан кўра яхши биладилар. Бу кишини бекорга зериктираяпсиз. Ундан кўра, сиз Тошкентнинг ривоятларидан гапиринг, маза қилиб эшитсинлар.
– Йўқ-да, ўғлим, сенинг девона кўнглинг ҳалиям ўша касбдан воз кечган эмас, мени алдайман, дема. Онанинг кўнгли ҳамма нарсани сезиб туради, шунинг учун ҳам шу ривоятни айтаяпман. Шу сафар борганларида ҳам укасини Тошкентга қайтариб юбориб, Сурхондаги ҳамма “тепа”ларни бир-бир айланиб чиқибди. Хуллас, бир ҳафта йўқ бўлиб кетди. Александр Македонский қурган бир шаҳар бор-у, Кампиртепа, ўшани топган грузин, Ртвеладземиди оти, бунинг қадрдон акахони, шу киши билан учрашишибди. Ртвеладзени нима қиласан, бу ёқда қанча ишинг қолиб кетди десам, онажон, у киши академик, сенатор бўлиб кетган, дейди. Ҳей, бола, сен академикнинг ёнида юргунча, уйингга кел, бир кун бўлса ҳам кўпроқ онангнинг хизматларини қил, дедим. Мени хавотирга қўйиб, у ёқларда нима қилиб юрибсан, шунча вақт юраркансан, мени ҳам олиб кетмайсанми, деб урушдим.
Жалолиддин баттар хижолат бўлди, лекин юзидаги беозор табассум йўқолмади. Юмшоққина қилиб онасини муросага чақирди:
– Онажон, Ртвеладзе бир умр сафарда юрган одам, сиз айтгандек қилиб, онасини ёнида олиб юрганида ҳам энг аввало онасини қийнаб қўйган бўларди, ҳам ўзи бемалол ишлай олмасди. Мен энди ёш бола бўлмасам, нимага хавотирланадилар, ота юртим, деб юравердим-да. Сизнинг бунчалар хавотирланишингизни билганимда умуман остона ҳатлаб, кўчага чиқмас эдим.
Бу аёл азалдан сергапроқ эди, бир даврада ўтирса, ҳеч кимга гап бермас эди. Энди кексайиб, яна ҳам сергап бўлиб қолибди:
– Тўғри, мен ўша грузин акахонингга ҳам, унинг онасига ҳам минг марта қойилман, ўзи касбининг девонаси, онасининг юраги эса отнинг калласидек бўлса керак, бўлмаса, боласини бир умр сафарда юрадиган ишга қўйиб қўймас эди. Менинг юрагим чумчуқнинг бошидек, кичкинагина. Шамол шир этса, юрагим пир этади, шунинг учун Термизий бобонгдек ёнимда тур. Онасини рози қилганлари учун Аллоҳ у кишига беҳисоб илм берди, у киши Улуғбекдан беш юз йил аввал устурлоб яратган. Бир юз йигирма йил умр берди, шунча йил яшаган банда ўз ажали билан ўлса бўлар эди-ку, йўқ, Аллоҳ у кишига шаҳидлик саодатини ҳам берди, у кишини жойнамознинг устида бўғизлаб кетадилар. Ҳа, шундай, буларнинг ҳаммасига она розилиги учун йўлдан қайтиб, онасининг кўнглигига қараб яшаганлиги туфайли эришган. Ота-онам баравар чақирса, биринчи бўлиб, кимга жавоб қайтарай, дейишганда, пайғамбаримиз ҳам уч марта “Онангизга, онангизга, онангизга” деб жавоб қайтарган эканлар, она рози, худо рози, болам, лекигин мени рози қиламан десанглар, кеча-кундуз ёнимда бўлинглар.
Жалолиддин узалиб, онасининг елкаларидан қучди:
– Хўп, онажон, ҳамиша ёнингизда бўламиз, кўп хавотирланаверманг, шу ёшимда мендан қандай археолог чиқарди. Бир дил кетди, беш-олти кун эски қадрдонлар билан қолиб кетдик. Бошқа бундай бўлмайди.
Янгага сочлари оқариб кетган ўғилнинг тазарруси хуш ёқаётганлиги кўриниб турган бўлса-да, жиддий қиёфасини ўзгартирмади:
– Сен ўғлим, мени масхара қилишни бас қилгин-да, эртага Ойшани шаҳар айлантириб кел, душанба кунига ордери бор экан, кардиология марказига жойлаштириб келасан.
Жалолиддин “ялт” этиб, Ойшага қаради, сўнг онасига юзланиб, қўлини кўксига қўйди:
-Хўп бўлади. Қаерга десалар, олиб боравераман.
-Вой, содда болам-ей, биз Сурхонга борсак, у ёққа олиб боринглар, бу ёққа олиб боринглар, демаймиз-ку. Ўзлари билиб-билиб, олиб бораверишади. Чиройли зиёратгоҳларга олиб бор, боғларга боринглар, чиройли ресторанларга олиб бориб, бир пиёла чой олиб бер. Пойтахтга келганини ҳис қилсин, бир мириқиб дам олсин. Ҳеч нарса демаётган бўлса ҳам биламан, жуда сиқилган, бу бечоранинг ҳам бир меҳрибон қизи йўқ, бир сингил ўзининг рўзғоридан ортмайди. Хуллас, эртага кечқурун менинг олдимга кўзлари чақнаб кириб келсин. Ўзим соғ бўлганимда уни сенга топшириб ўтирмаган бўлар эдим, келинга айтай десам, улар эртага дам олишга жўнаб кетишади. Ўйлаб кўрсам, ўзингдан маъқули йўқ экан, болам. Хўпми?
-Хўп, онажон!
Ойша она-боланинг ундан бесўроқ унинг устидан қилаётган ўзаро келишувига хайрон бўлиб, кап-катта эркакнинг олдида кекса бир аёлнинг гапини бўлиб, юзига чопгандек, ўзининг норозилигини билдира олмай, қизариб-бўзариб ўтирарди. Ниҳоят уларнинг келишуви тугагач, қўлларини кўксига қўйиб, Махфират янгадан гина қилди:
-Қўйинг-е, янгажон, нималар деяпсиз? Менинг ҳеч қаерга айланиш ниятим йўқ. Ўзим кўрган Тошкент, эртага якшанба бўладиган бўлса, иккаламиз гурунг қилиб ўтирамиз. Ҳали айтиб улгурмаган қанча янгиликларим бор, сиз ҳам зерикиб ётибсиз, ўтирамиз ўтган-кетганларни эсла-а-б. Кўчада нима бор? Овора бўлманг. Мен ҳеч қаерга чиқмайман.
Жалолиддин бир Ойшага, бир онасига қаради, афтидан меҳмоннинг уларни бутунлай рад қилиб ташлагани унга унча маъқул келмади. Махфират янга қатъий бош чайқади:
-Хай-хай, Ойшахон, удумларимизни эсдан чиқарманг-а. Меҳмоннинг инон-ихтиёри мезбонда бўлмайдими? Лекин бугунги Тошкент сиз билан биз кўрган Тошкент эмас, ўзим чиқа олмасам ҳам, телевизорда кўриб ўтирибман, кунда янги бир нарса қурилиб ётибди. Шу жойда яшайдиганлар ҳам адашиб кетадиган даражада ўзгариш бўлаяпти. Жонгинам, оёқларингиз юриб турганда, юринг, кўринг. Менга ўхшаб ётиб қолсангиз, кейин истаган тақдирингизда ҳам иложини топа олмайсиз.
Ойша хола қўлини кўксига қўйиб, бош чайқади:
-Биламан, раҳмат сизларга, лекин бир-икки кундан бери қон босимим ошиб турибди. Кўчада мазам бўлмай қолса, кейин хижолатчилик бўлиб қолади. Ўзи Юнусободда турадиган бир ўртоғим бор, кун бўйи сизнинг толиқтириб ўтирмасдан шуларникига бир ўтиб келсам ҳам бўлади.
Она-бола бир муддат жим қолишди.
-Йў-ў-қ, — ноилож қолган Махфират янга унинг иккинчи важини рад қилишга ўтди. – Модомики, айланишга чиқмас экансиз, ўзимдан ортадиган меҳмоним йўқ. Бир айланиб, яйраб келинг, дегандим-да. Гулноза опангиз уйда бўлганида сиздан ҳам, мендан ҳам сўраб ўтирмасди. Бўпти, Жалолиддин, эртага атаган-бойлаганингни уйга олиб келаверасан. Суюқ овқатни уйда қиламиз, сен бизга норин билан ғиждувонча қиймали кабоб олиб келасан.
Жалолиддин мийиғида кулиб, қўлини кўксига қўйди:
-Бир оғиз сўзингиз, онажон! Кейин бизни ҳам давраларингизга қўшасизларми, чой-пой қўйиб ўтирардим, — деди у ярим ҳазил, ярим чин оҳангда.
Махфират янга кулиб бош чайқади:
-Менга-ку барибир, лекин меҳмоним сенинг олдингда бемалол ўтира олмайди. Шунинг учун чойни ўзимиз қуйиб ича қоламиз.
Даврада енгилгина кулгу кўтарилди.
-Хўп, хўп. Ҳазиллашдим, онажон, яна нима хизмат бўлса, айтаверасиз, сизлар ўзларинг бемалол, баҳузур ўтираверинглар.
Жалолиддин кетгач, Ойша дастурхонларни йиғиштириб, яна бир чойнак чой дамлади. Кейин улар Махфират янганинг икки томонига иккита каравот қўйилган чоққина ётоғига ўтишди. Бу орада икки-уч бор ўғиллари бири қўйиб, бири қўнғироқ қилди. Ойша уларнинг қўнғироқларига жавоб бериб, ёлғонлагиси келмади. Лекин ер остидан синовчан назар ташлаб қўяётган кампирга бу қўнғироқлар ҳақида нимадир деб, изоҳ бериши лозимлигини ўйлади. Чироқларни ўчириб, каравотга чўзилишгач, ҳаммасини бир бошдан гапириб берди: “Ёмон хаёлларга бориб юрмасин яна, ўйнаш-пуйнашимикин, деб. Ҳарқалай боши очиқ аёлман…”
– Ай, синглим-а, эшигимдан кириб келишингиздан кимлардандир жуда қаттиқ ранжиб келаётганингизни сезган эдим. Жуда тушкун кайфиятда эдингиз. Бир нарса дейишга ҳаддим сиғмади, дилингизни оғритиб қўйишдан қўрқдим. Лозим топса, ўзи айтар, дедим. Лекин, ёшлигингизни қумсаб, аллақаерларда юришингизни тасаввур қилмагандим. Тавба, энди кулгум қистаяпти, чунки сизга қараб, худди ўзимни кўргандек бўлаяпман. Сурхондарёга қирқ йилдан буён ёшлигимни, йўқотган одамимни излаб борганимдек-де. Оббо, сиз-е!
Кампир ётган жойида пих-пихиллаб кула-кула, нафаси чиқмай қолди:
– Ажойиб аёлсиз-де!.. Сиз қариганда сиз тенги аёл ёш, беғам-беташвиш бўлиб тураверармиди? Уям қарийди-де! Сиз бола-чақа қилганда, дугонангизнинг бола-чақаси бўлмайдими? Бўлади! Сизники иккита бўлса, уники бешта экан. Беш боланинг ташвиши, орзу-ҳаваси ҳазилакам юк эмас. Айниқса, дугонангизнинг қизларига ўхшаган танноз қизлар бўлса, ота-онанинг шўри қисади. Бола-чақа деганлари эса туганмас ташвиш, бир умр ғам-у ташвиши билан юрагингиздан чақиб турадиган бало, деганидир. Э-э, сизни қаранг-у, мендан ҳам ўтган содда аёлсиз-ей!.. Сиз улардан сира хафа бўлманг. У шўр ҳам ҳаётнинг йўриғига тушиб қолган бир банда-де.
Ойша бош чайқади:
-Йўқ, мен ундан сира хафа эмасман. Ўзим, шунчаки… Қачон сиқилсам, бир Хоразмга борсам экан, деб юрардим. Хоразм, ўша дугонам мен учун бир маёқмиди-ей… Энди бор-йўғини бой берган кимсадек ғалати бўлиб қолдим.
Махфират янга шарақлаб кулиб юборди:
-Сизни қаранг-у! Борингки, ўша аёл жуда бадавлат, эри ҳам топарман-тутарман, болалари ҳам ўзидан тинган, беғам-беташвиш инсон бўлса, бир ҳафта сизни тўрига ўтқазиб, дардларингизни тингласа, ўтиб кетган эрингизни, келинингизни ёмонласа, ҳаётингизда бирон ўзгариш бўлиб қолармиди? Тўғри, бир ҳамфикр топилганидан, ичингиз бўшаганидан бироз енгил тортар эдингиз. Аммо уйга қайтиб келганингиздан кейин яна ўша андишасиз келин, қулоғининг тинчидан бошқа нарсани ўйламайдиган бўшанг ўғилга учрайсиз. Улар дилингизга соладиган оғриқларни йиғиб-йиғиб, яна бир кун Хоразмга борасизми?
-Ҳа, энди…
Махфират янга ўрнидан туриб, каравотга оёқларини осилтирганча ўтириб олди:
– Менга қаранг, сизга бир киройи маслахат берайинми? Ундай ўғил билан келинни “Аравангни ўзинг торт”, денг-де, рўзғорингизни алоҳида қилиб олинг. Комилжоннинг уйи бекордан бекор бўш ётибди, эрингиз раҳматлик эрта бир кун ака-ука бола-чақали бўлиб, ўзидан кўпайгач, бир дарвозадан кириб, қийналиб юрмасин, деб дарвозани ҳам иккита қилиб қўйган. Энди сиз ўртага бир девол кўтартириб, ўша уйга кўчиб ўтинг, офтобасини отадими, челагини отадими, билган ишини қилиб ётаверсин.
Нафис дарпардаларни силкиб ўйнаётган салқин шабада Ойшанинг ҳорғин вужудини силаб ўтади, у худди онасининг уйида ётгандек оёқларини бор бўйига узатиб олган эди.
-Йў-ўғ-е, янга, онам раҳматлик бир умр икки овсин билан бир ҳовлида туришган, онам келин туширди, овсинлари келин туширишди, ўшанда ҳам қозонлари битта эди. Бир кун момом ҳаммаларининг рўзғорларини алоҳида-алоҳида қилиб берди, лекин шунда ҳам ўртага девор тортилмади. Жиянларим келин олиб, ҳовлиларига янгидан уни-буни қуришгач, ўз-ўзидан ўрта деворлар пайдо бўлиб қолди. Ҳали-ҳали ўртада дарча бор, уйда ҳеч ким бўлмаган пайтлар дарвоза қулфланса ҳам, дарчалар очиқ қолдирилади. Оналаримиз овсинлар билан ўртага девор кўтартирмай яшаган, мен қандай қилиб ўғлим билан ўзимнинг орамга девор торттираман? Бу жуда қийин масала.
-Одамлар гапиради, деяпсиз-да? Лекин ўзингизга қолса-ку, ўша тарбиясиз келиннинг шанғиллашларини эшитмай, жон деб алоҳида яшаган бўлардингиз?
-Гап одамларда ҳам эмас. Ўзим невараларимни икки соат кўрмасам, соғиниб қоламан. Отасини-ку, қўяверинг. Ҳа-а, келин ҳам бир кун келиб, хатоларини тушунар…
-Ўша кун келгунча умрингиз поёнига етиб қолса-чи? Беш кунлик умрингизни ўша келиннинг инсофга келишини кутиб, асабларингизни бузиб ўтказмоқчимисиз? Хой, синглижоним, ёнгинангизда тайёр уй бўлса, ўзингиз соғ-саломат бўлсангиз, яхшигина нафақангиз бўлса, нимага бировнинг қовоғига қараб яшашингиз керак? Асабингиз бузилавериб, бир кун миянгизга қон қуйилиб ётиб қолсангиз, ўзининг офтобасини сизга тўлдиртирмоқчи бўлиб ётган ўша келинингиз сизга бир кун ҳам тувак тутмайди. Мен ўғилларимни уйлантирмасдан ҳовлини бўлиб олганман. Агар менинг айтганимни қилсангиз, Комилжон билан маслаҳат қилинг, бор гапни очиқ-ойдин тушунтиринг. У укасига уйни сотаман, ўртага девол кўтартириб, уйларни чиройли қилиб таъмирлатиб қўй, десин. Худди шаҳарлардагидек таҳоратхона, ошхоналарни ичкарига ўтказсин, сув иситадиган жиҳозлар қўйдирсин. Хай, борингки, Комилжонга озроқ пул ҳам беринг, у укасига беради. Уй тайёр бўлгач, харидоримиз пулини кечиктираяпти, бошқа бирон харидор чиққунича, онамни кўчириб қўй, уйга қараб туради, десин. Шу билан олам гулистон, кейин келинингиз дарвозангизни тақиллатиб, “Онажон, ишдан келгунимча невараларингизга қараб туринг, илтимос”, деб келади. Ишдан қайтгач, раҳмат айтиб чиқиб кетади. Болаларимга қараяпти, деб, келиб хизматингизни қилади. Сиз эса истасангиз қарайсиз, истамасангиз, йўқ. Ҳатто, кўнглингизга маъқул бирон киши бўлса, турмушга ҳам чиқиб олишингиз мумкин.
Ойша кулиб юборди:
-Қўйинг-е, янга, энди қариган чоғимда элга ҳангома бўлишим каммиди?
-Нима бўпти? Сиз ёш бўлсангиз ҳам жуда эскича фикрлар экансиз. Эрингиздан нима кўрдингиз? Умрингизда бирон жойга дам олишга, айланишга олиб борганми? Қаерга бўлса, ўзлари кетганлар, сиз ҳамиша қайнона билан болаларга қараб, уйда қолгансиз. Бунинг устига ҳали айтганингиздек, бекитиқча уйланиб, бола-чақа қилди. Хотини эрга тегиб кетса ҳам, топганининг тенг ярмини ўша болаларга бериб юрди. Бу гапларнинг ҳаммасидан хабарим бор эди, қайнонангиз бечора жуда койиниб юрарди доим. Энди шу эрнинг хотирасига садоқат кўрсатишингиз керакми?
Деразадан уларни беихтиёр кузатиб турган ой Ойшанинг юзидаги хижолатни фош қилиб қўймаслик учун булутлар ортига беркинди. Зим-зиё хонага ёқимсиз сукунат чўмди. Анчадан сўнг жимликни яна Махфират янганинг ўзи бузди:
-Масалан, менинг Жалолиддинимга ўхшаган ортида тортқиси йўқ, ҳамма болалари ўзидан тинган, ичмайдиган, чекмайдиган бирон киши бўлса, нега турмушга чиқмаслигингиз керак? Болаларингиз ўз йўлига, энди уларнинг ўз оиласи, ўз қизиқишлари, ўз ҳаёти бор. Сиз эса ўз ҳаётингизни яшашингиз керак.
Ойша гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди:
-Мобода, мени Жалолиддин акага олиб бермоқчи эмасмисиз?
-Жон дер эдим агар рози бўлсангиз. Қанийди, Жалолиддинимнинг ёнида сиздек ўқимишли, қаноатли аёл бўлса! Бир хавотирим шу ўғил, аёли кетгандан сўнг жуда ўзгариб қолди, назаримда юраклари ҳувуллаб юрганга ўхшайди. Лекин тиш ёриб, бир оғиз дардини айтмайди. Агар унинг ёнида сизни кўрсам, бехавотир оёқ узатиб, омонатини топширган бўлар эдим.
-Вой, янгажоним-ей, аввал бошдан шундай демайсизми, гапни Жалолиддин акани мақташдан бошлаш керак эди, — Ойшанинг кўнглидаги хижиллик бироз тарқагандек бўлди. – Бекордан бекорга бечора эримни ёмонлаб ўтирмасдан.
-Э-э, ўргилдим эрингиздан. Ҳа, энди сизнинг ғамингизни еяётган бечора кампирни мазах қилишга ўтдингизми? Аммо лекин Жалолиддинимни ҳар қанча мақтасам камлик қилади. Сиз мен билан ҳазил-мазах ўйнаб ўтирмасдан танангизга яхшилаб ўйлаб кўринг. Мана, биргалашиб Тошкентдан бир уй олинглар, иккалангнинг ҳам нафақаларинг яхши, бир кун театрга, бир кун кинога борасиз, кўчага чиқишга эринган кунларинг хуштаъмгина бир овқатни пишириб, мусичадек ку-кулашиб, уйгиналарингда ўтирасизлар. Ана ҳаёт, мана ҳаёт!
Махфират янганинг ажинлари ярашиб турган юзларида ой нури шуълаланар эди.
-Янгажон, мен ҳаммасини биламан, мени яхши кўришингизни ҳам биламан. Мен ҳар не бўлса, пешонасидан кўрган, кўрганига қаноат қилган аёлман, балки сиз айтгандек ҳаётдан анча орқада қолгандирман. Энди мени ҳар қанча урушсангиз ҳам, олтмишга кирган одамнинг ўзгариши қийин. Лекин, мен хурсандман, шу ёшимда мени бир она суйган ўғлига келин қилмоқчи бўлиб турибди. Мени танлаганингиз учун минг раҳмат, лекин ҳечгина иложим йўқ.
Махфират янга қўл силтади:
-Билганингизни қилинг. Мен ўттиз етти ёшимда бева қолган эдим, эримни ҳар қанча яхши кўрган бўлсам ҳам, ўша пайтда ҳозирги ақлим бўлганида, албатта, эрга теккан бўлар эдим. Қариган чоғингизда кўзларингизга қараб, кўнглингиздан нима кечаётганини биладиган, ўзингизни ҳам, кўнглингизни ҳам авайлайдиган бир инсон жуда керак экан. Ҳай, майли, синглим. Вақт ҳам алламаҳал бўлди, ухлай қолайлик. Ҳамма нарсанинг вақтида бўлгани яхши, уйқунинг ҳам.
Ойша одатдагидан ҳам эрта уйғонди. Янгани уйғотиб юбормаслик учун оҳистагина ўрнидан туриб, оёқ учида қўшни хонага ўтди. Бу аёлга қойил қолмасликнинг иложи йўқ, кичкинагина уйнинг ичида ҳамма шароитини қилиб олган: кундузими, кечасими, офтоба кўтариб, ҳовлининг нариги бурчагига югуриб юрмайсиз, ҳамма нарса ичкарида. “Ўзини яхши кўрган ҳам яхши-да. Ўзингни ўзинг қадрламасанг, ҳеч ким сенинг оғир енгилинг билан иши йўқ. Агар Комилжоннинг уйига кўчиб ўтсам, мен ҳам уйнинг ичидан шундай шароит қилиб оламан”.
У намоздан сўнг ҳовлига чиқиб, бир четда қўйилган чоққина ёғоч супага ўтирди. Атроф жим-жит, ҳаво нам ва салқин эди. Кўчадан ўтаётган автоуловларнинг овози демаса, тонг отганидан дарак бергувчи ҳеч нарса ҳам йўқ эди. На қушлар, на хўроз ва на мол-ҳол. Сурхондарёда одамлар қушлардан ҳам олдинроқ уйғонадими-ей, кейин қушлар, хўрозлар, кейин мол-ҳол. Охирида Ойшанинг келинига ўхшаган уйқучи келинлар! Унинг беихтиёр ўғлини, невараларини, ҳатто ўша уйқучи келинини ҳам кўргиси келаётганини ҳис қилди. Нима бўлганда ҳам ҳар кимнинг ўз уйи ўлан тўшак экан-да. Унга қолса, касалхонасини ҳам ташлаб, шартта уйга жўнаб юборарди. Аммо… Бориши билан яна ўша эски кўнгилхираликлар бошланади. Махфират янганинг ҳамма айтганлари тўғри, ҳаммасини қилмаса ҳам, Комилжоннинг уйига кўчиб ўтиш ҳақида айтганларини қилиши керак. Ким нима деса деяверсин. Дорилфунунда бир муаллималари бўларди, айтишларича, йигирма саккиз ёшида бир ўғил, бир қиз билан бева қолган экан. Жуда келишган, мулойим аёлгина эди. Эри ўлгандан кейин кўп кишилар сўратган экан. Шўрлик болаларимни ўгай отанинг қўлига термултирмайман, деб қайта турмуш қурмабди. Болаларининг икковини ҳам ўқитиб, уйли-жойли қилибди, қизи ўзи бирга ишлар эди. Аммо аёлгина кенг-мўл уйини ўғлига бериб, ўзи кўп қаватли уйда турар экан. Бечоранинг жонидан бирон иссиқ ўтмаса, қадрдон ҳовлисини, суюкли ўғлини ташлаб, ёлғиз ўзи каталакдек кўп қаватли уйда яшармиди? Ўша муаллимани ҳамма талабалар яхши кўрарди. Курсдош дугоналар опанинг уйига тез-тез бориб туришарди, қачон боришса, уйлари яшнаб турган янги гулдасталарга тўла бўлар эди. Шундай ақлли, ҳаммага суюкли бўлган шундай аёл ҳам келин билан муроса қила олмаган, келиннинг кўнглини топа олмаган ва мағлубликни тан олиб, жимгина чиқиб кетган… Э-э… Келинга қолган кунинг келига қолган кунинг-да асдида.
Сукунатни эркак кишининг йўтал овози бузди. Овоз қўшни ҳовлидан келаётганди: “Жалолиддин ака турибди, шекилли”. Беихтиёр унга раҳми келди. Аёлларни заифа дейишса ҳам, улар жуда чидамли келишади, Бечора эркаклар мард бўлишса ҳам, жуда мўрт бўлишади, ҳаёт ҳар қанча ширин бўлса ҳам кўпчилиги аёлидан кейин қолишни истамайди. Отаси раҳматлик “Мендан олдин кетаман, дема тағин. Сендан қолиб, овораи афтода бўлиб юришни хоҳламайман”, дер эди доим. Лекин онаси аввал кетиб қолди, кейин отаси жуда инжиқ ва қайсар бўлиб қолди. Айтарли бир жойи оғримаса ҳам умри касалхоналарда ўтди, уйда тургиси келмасмиди ёки ҳақиқатан ҳам бир жойлари оғрирмиди, ўғиллар ҳар қанча гирдикапалак бўлишмасин, онасидан кейин отанинг бирон кун мамнун бўлиб ўтирганини кўришмади.
Девор оша тамаки тутунининг аччиқ ҳиди келди: “Бечора, чекаяпти. Аёлининг ўрни жуда билинаётган бўлса керак. Ростдан ҳам ўғил ва келин билан нимани гаплашади? Ишламаса, кун бўйи шуғулланадиган бирон машғулоти бўлмаса? Балки, савоб учун у билан шаҳар айланиб келишим керакдир? Баҳонада ўзим ҳам маза қиламан. Йўғ-е, тағин кўнглига бир нарсалар келиб, ўзича умидвор бўлиб юрмасин…”
Куз қуёши кечаги ёмғирдан намиққан ҳовли саҳнини ўзининг майин нурларига кўмиб ташлади. Атроф ёришиб кетди. Ойша секин ўрнидан туриб ичкарига кирди. Махфират янга аллақачон уйғонган, ювиниб-чайиниб, пастгина овозда телевизор кўриб ўтирарди. Столнинг бир четида электр човгумда вишиллаб чой қайнарди.
Улар деярли кун бўйи дастурхон устидан туришмади. Келинлар, Жалолиддин – бири қўйиб, бирлари бир тансиқ овқат келтириб туришди. Лекин ҳеч ким ёнларига ўтириб, суҳбатларини бўлмади. Махфират янга қайси бир газетадан Термиздаги “Қирққиз” қалъаси ҳақида ўқиб қолган экан. Нақ ярим кун ўша “Қирққиз” ҳақида гапирди:
-Сурхондарёда шунча йил яшаб, кейин ҳам шунча бориб-келиб юриб, шу “Қирққиз”га бир бормаганимни қаранг. Шу ҳақда ўқиганимдан бери ҳолимга боқмай, бориб кўргим келиб ётибди. Бу қалъада Ҳаким Термизий билан Варроқ Термизийнинг қизлари мударрислик қилишган экан. Улар қизларга қирқ соҳа бўйича таълим тарбия беришган экан. Бу ерда ўқиган қизлар ўз она тилларидан ташқари учта тилни билишлари шарт бўлган, уларга ҳуқуқдан, тиббиётдан, юлдузлар илмидан дарс берилган, деб ёзишибди. Буни қаранг, қизларга таом тайёрлашдан тортиб, кийиниш, меҳмон кутиш, тўқиш, тикиш, ип йигириш, отда юриш, камон отиш каби юмушларни ҳам мажбурий тартибда ўргатишган экан. Ҳаким Термизий қизларнинг одобли, ўқимишли бўлишини истар экан. “Қирққиз”да таълим олаётган қизларга алоҳида меҳр кўрсатар экан. Сурхонда у кишини ҳамма Термиз ота дейишади, ана шу меҳрибончиликлари учун халк “Ота” деб атаган бўлса керак, деб ўйлайман. Жалолиддинимга “Бир даволаниб, куч йиғиб олсам, мени ўша “Қирққиз”га олиб борасан”, деб ўтирибман. Худо хоҳласа, борсам, бирга-бирга ўтамиз. Сиз ҳеч борганмисиз “Қирққиз”га?
Кекса бир аёлнинг хаяжонлари унга бироз эриш туюлади:
-Борганман, кўп марта борганман.
-Зўрми?
Ойша елкасини қисади:
-Билмасам, олдига тортилган девол-у, уч-тўрт хонани айтмасангиз, оддийгина тупроқ уюмидан кўпам фарқ қилмайди. Ўн олти аср илгари қирқта хонаси, тўртта қудуғи, тўртта зиндони, учунчи қаватида нилий гумбаз остида қизларга осмон жисмлари ҳаракатини ўргатадиган қирқта устурлоби бўлган, дейишади. Қалъага эркак кишиларнинг кириши бутунлай таъқиқланган экан. Ҳаким Термизийнинг жияни Сонур Термизий ўз замонасининг кучли астрономи бўлган, Ҳаким Термизийнинг рухсати билан қалъадаги қизларга астрономиядан таҳсил берган, у қалъага кириш учун соч ўстириб юрган, кейинчалик одамлар орасида “Кокилдор ота” деб ном олган.
-Оддийгина тупроқ уюми қолган бўлса ҳам бориб кўргим келаяпти, у жойлар жуда табаррук жойлар-да, Ойшахон. – Янганинг нурсиз кўзларида ҳавас учқунлари чақнаб турарди. – Қаранг, сиз, оддийгина бир муаллима аёл бу қалъа ҳақида шунча нарса билар экансиз, олим одамлар сиз билан мендан кўра юз марта кўпроқ нарса билса керак. Тўғрими? Шундай бўлса, ўша билганлари асосида, ҳашар қилиб, қалъани ялтиллатиб қайта тиклаб ташласалар бўлади-ку. Сурхондарё учун қирқ хоналик бино нима бўпти? Ҳозир одамлар ўзлари учун қирқ-эллик хонали уйлар ҳам қуриб ётишибди-да.
-Тўғри-куя, лекин тарихий обидаларни шошма-шошарлик билан ҳашар қилиб тиклаб бўлмайди. Ўн беш аср аввал қурилган қалъанинг меъморий ечими бугунги меъморларни ҳам ҳайратга солаётган эмиш. Тарихий манбаларда бу қалъа деворларга қўйилган тирқишлар ёрдамида кундузлари, ой тўлган кечаларда умуман чироқсиз ёритилган, ичкаридаги ҳаво қишда ҳам, ёзда ҳам маътадил бўлган, деб ёзишган. Менимча, бу мўътадилликка ғиштлар сабаб бўлса керак. Биринчи навбатда ана шу ғиштларни ўрганиб чиқиш керак: у қандай тупроқдан қуйилган, унга нималар аралаштирилган, қандай ҳароратда қуритилган? Кейин шундай ғиштларни тайёрлаб, қалъанинг лойиҳасини ишлаб чиқиш керак, шу лойиҳа асосида қура оладиган қурувчиларни топиш керак. Ҳозир қалъанинг катта қисми тупроқнинг тагида ётибди, уни очиб олиш керак. Энг аввало, менимча, қалъанинг усти вақтинча сув ўтказмайдиган бирон нарса бирон ёпиб қўйилиши керак, токи обиданинг қолган-қутган қисми ҳам қор-у ёмғирлар остида ивиб, йўқ бўлиб кетмасин.
Махфират янга уни биринчи марта кўриб тургандай, бироз бошини эгиб, кўзларига тикилади:
-Менга қаранг, синглижоним, шунча гапни билар экансиз, келиним қачон ишдан қайтиб, шанғиллар экан, деб асабингизни бузиб ётмасдан, билганларингиз ёзиб, вилоятнинг катталарига кирмайсизми? Тошкентга қуруқ келиб-қуруқ кетиб юрмасдан, тарихий обидаларни сақлаб қолиш билан шуғулланадиган халқаро ташкилотга учрашинг. Ҳамманинг эътиборини “Қирққиз”га қаратиб, керак бўлса, ўзингиз бошида туриб, қалъани тиклатиб ташламайсизми? Олий маълумотли ўқитувчи бўлсангиз, қанча савоб ишдан қуруқ қолиб юрган экансиз-а!..
Ойша бош чайқади:
-Бундай ишлар менинг қўлимдан келмайди.
-Нега ахир? Сиз бир умр ташкилот раҳбари бўлиб ишлагансиз-ку.
-Энди, — чайналди Ойша. – мен раҳбарлик қилган ташкилот ҳукуматнинг тасарруфида бўлган, ҳамма ҳаражатлар давлат томонидан таъминланиб турган. Катта-катта раҳбарларга учраб, уларни ўзлари бехабар ҳақиқатга амин қилиб, эътиборини ўн беш- ўн олти аср аввалги бир қарашда тупроқ уюмига айланган қалъага қаратиш менинг қўлимдан келмайди.
-Келади, Ойша, келади. – Махфират янга қўли билан “тап” эткизиб, хонтахтани урди. – Ҳаким Термизий кимнинг зурриёди эканлигини биласизми? Пайғамбаримизнинг суюкли қизлари Фотима онамиз билан Ҳазрат Алининг ё неваралари, ё чеваралари бўлган. Демак, “Қирққиз” мударрислик қилган Хурайдаи Даврон, Рухайдаи Даврон, Кокилдор ота ҳам пайғамбаримизнинг аводлари-да. Ялтиллатиб таъмирланган “Қирққиз” одамларни пайғамбаримизга, имонга яқинлаштиради. Бундай савобли ишга бош қўшиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди, жон синглим. У куни бир жойда ёши олтмишни қоралаб қолган кап-катта киши онасига “Сиз худо, пайғамбар деган гапларга ишонасизми? Булар ҳаммаси тўқиб чиқарилган нарсалар”, деса бўладими? Ёқамни ушладим. Худодан қўрқмагандан қўрқ, дейишади. Худони билмаганлар худодан қўрқишадими?
-Тўғри, янга. – қатъий бош чайқади Ойша. – Сиз айтаётган ишлар катта савоб. Аммо бу ишлар менинг ёшимдаги аёллар учун эмас. Ёшликка одам унча-мунча озорларга ҳам парво қилмай кетаверади, масалан, шу иш учун унга-бунга учрашасиз, биров “Хўп” дейди, биров “Сендан бошқа ташвишим йўқми? Бошимни оғритма”, дейди, ёшингиз ўтгандан сўнг бундай гапларни кўтара олмайсиз.
-Уф-ф! Нега бундайсиз-а? Ҳадеб ёшингизни пеш қилаверасиз-а? Ёшингизга нима қилибди?
-Энди…
-Нима “энди”?
-Узоқ йили Сурхондарёга бораётганимда тўрт йигит бир семиз аёлни араваси билан кўтариб, самолётга солишди. Аёлнинг ёши саксонлардан ошган, ҳиндча сарий ўраб олган, ўзи ҳам ҳинд фильмларидаги кекса ҳинд аёлларининг худди ўзи эди. Жалолиддинга бу аёл нега Сурхондарёга бораяпти, десам, бу аёл машҳур нотиқ, Бирлашган Миллатлар ташкилотида ишлайди, бутун дунё бўйича юриб, маъруза қилади”, деди. “Шундай, аравада, ҳаммага ташвиш бўлибми?”, дедим. “Нима бўпти? Ҳар кимнинг ўз эътиқоди, ўзи муқаддас деб билган, бошқаларга ҳам айтишим зарур деган гаплари бўлади. Бу аёлнинг одамлар эшитиши зарур бўлган гаплари бор”, деди, исмини ҳам билар экан, айтган эди, бир ажабтовур исм, исмини шу заҳоти эсимдан чиқардим, аммо унинг ғайрати, ҳафсаласи, эътиқодига садоқати ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Шунча йиллардан бери борди-келдимиз бор, лекин бир-биримиз билан бундай бемалол ўтириб гаплашмаган эдик. Ҳамиша сизга ҳавасим келарди, уйим-жойим дейди, саришта, ўқимишли, хушфеъл, деб. Бугун сиздан хафа бўлдим, сиз жуда бўшанг аёл экансиз, биринчидан кеча келган келиннинг оғзига қараб, шунинг сўзидан чиқа олмай ўтирганингизни хазм қила олмаяпман. Иккинчидан, оёқларингиз юриб турибсиз, кўзларингиз кўриб турибди, бурнингизнинг тагида шундай савобли ишлар турибди, сиз бўлса, ёшим ўтиб қолган, деб бўшашиб, келиндан гап эшитиб уйда ўтирибсиз. Бай-бай!.. Сал қаддингизни кўтаринг-е, бундоғ!..
Деразадан тушиб турган қуёш нурида унинг бироз шишинқираган кенг юзи янгигина пардоздан чиққандек алланечук нурланиб, ялтиллаб турарди. Ўзи ҳам кўп марта кутиб, кўп марта кузатган бўлса ҳам, бу аёл билан бурун ҳеч қачон яқин бўлмаганди, икки кунлик гурунгдан у ҳар қанча толиққан бўлмасин, уни қайтадан кашф этди, ўзини жуда яхши кўрадиган бу аёлдан кўп нарсалар ўрганиш мумкинлигини англади.
-Юринг, жон синглим, оёқларингиз юриб турган пайтда юриб қолинг, кўзларингиз кўриб турган пайтда дунёнинг жамолига тўйиб қолинг. Неки хайрингиз бўлса, ўз қўлингиз билан, тириклик пайтингизда берганингиз савоблироқ.
Ойша хола бир умр оёғи узангида бўлиб, юзлаб одам бошқариб юрган аёл бўлса ҳам, табиатан камгап, камсуқум аёл эди, гурунгларда унга суҳбатдош бўлган одам гапи бўлинмаганидан ҳузур қилар, у эса сабр билан эшитиб ўтираверар эди. Аммо шу куннинг кеч бўлиши қийин кечди. Ўзи кайфиятсиз бўлгани учунми, янганинг гурунглари уни толиқтирди. Ҳар доимда бир-бир ёнларига кириб, аҳвол сўраган киши бўлиб, ул-бул егулик қўйиб кетаётган Жалолиддин ҳам унинг кўзларига ҳамдардлик билан бир қараб, “Онам сизни чарчатиб қўймаяптиларми?” деб қўярди. Бундай пайтлари Махфират янга ҳам бир пас гапини тўхтатиб, уни ё дастурхонга ундаб, ёки чўзилиб бироз дам олишга ундаб қолар эди. Жалолиддин чиқиб кетгач, яна чакаги очилиб кетаверарди: “Гулноза опангиз Америкага олиб кетаман, деб юрибди. Қудам икки марта бориб келди. Ҳар борганда бечора куёвим билан қизимнинг нонини туя қилиб, бутун оиласига уст-бош, ўзига уст-бош, олмос кўзли тақинчоқларгача олдиради. Тўймаган одам тўймас экан-да. Мен бўлсам, қўй, қизим, менга Америкада нима бор, дейман. Ана, телевизорда ҳамма мамлакатни кўрсатиб ётибди, бўлади шу кўрганим, дейман. Қайнонаси бўлса, ҳар йили борсам, дейди. Ҳар борганда бир ой яшаб…” Хуллас, эсланмаган одам, айтилмаган гурунг қолмади. Янганинг ичи тўлиб кетган экан.
Тўғри Комилжонникига бораверса, бўлар экан. Жуда бўлмаса, “Хоразмдаги дугонам борган куним қазо қилди, шунинг учун сафаримни қисқа қилиб қўя қолдим”, дер эди. Аслида ҳам у билган, у соғинган Моҳинур қайси замонларда қазо қилиб кетган экан. Худди эртаклардагидек унинг ўрнини баджаҳл ва очкўз бир ялмоғиз эгаллаб олган эди. Овоз ўша-ўша, бирга кечган кунларнинг ҳар дақиқасигача бехато эслайди, лекин қиёфа, феъл-атвор бутунлай бошқа. Ўтган тўрт кун ичида неча бор унинг ёноқлари туртиб чиққан, тарам-тарам ажинларга тўла юзларига ўғринча термулиб, “Шу аёл ростдан ҳам Моҳинурмикин?” дея иккиланган дамлари кўп бўлди.
Гапиравериб, Махфират янганинг ўзи ҳам чарчаб қолди, шекилли, кечки овқатдан сўнг ёта қолайлик, эртага эртароқ туриб, шифохонага боришингиз керак, деб каравотига чўзилди-ю, ухлаб қолди.
Жалолиддин оч кулранг шим, билинар-билинмас кулранг чизиқлари бор оппоқ кўйлак кийиб олган, икки чеккаси оқариб кетган сийрак сочлари силлиқ қилиб таралган, соқол-мўйловларини ҳам ҳозиргина олган бўлса керак, юзлари арчилган тухумдек ялтиллаб турарди. У кириб келиши билан хонанинг ҳавоси аллақандай тоғ гулларининг хидига ўхшаш нозик ифорга тўлиб кетди.
Махфират янганинг узундан узоқ дуоларидан сўнг ўринларидан туришди. Уларнинг “ўтираверинг” деб қисташларига қарамай, янга инқиллаб-синқиллаб дарвозагача чиқди, “Тағин хайр-хўшни насия қилиб кетиб қолувчилардан бўлманг-а. Хафа бўламан”, деб қайта-қайта тайинлаб қолди.
Эрталабки Тошкент кўчалари ҳар қанча гавжум бўлса ҳам, жуда файзли ва баҳаво эди. Чиройли бинолар, арғувон дарахтлар, кузда ҳам гиламдек ерга тушалиб, яшнаб ётган ранг-баранг гуллар, кўчаларни тўлдирганча шошиб кетаётган одамлар – барча-барчаси негадир кўнглини армонга тўлдирди, умрининг ўтиб қўйганини ёдига солди. Ич-ичидан ёниб-ўртаниб яна бир марта дунёга келишни орзулади, шу чоқ кўзи йўл четида турган милиционер йигитга тушди: “Майли эди, узун кунлар йўл бўйида оёқда тик турадиган милиса бўлиб яралсам ҳам майли эди!..”
То касалхонага етиб олишгунча улар умуман гаплашишмади. Бу нарса Ойша холага жуда маъқул тушиб турган бўлса-да, хушбўй атир ифори кезиниб юрган салондаги сукунат ҳам унинг ниҳоятда хижолатда эканлигини фош қилиб қўяётгандек эди. Касалхонанинг панжарали деворлари кўрингач, бироз енгил нафас олди: “Хайрият!..”
Шифохона ҳовлисидаги азим дарахтларнинг барчаси аллақачон кузнинг заъфарон либосини кийиб олган, уларга қараган одам сариқ рангнинг шу қадар турфа хили борлигидан хайратга тушарди. Ҳовлидаги озодалик ва саришталик япроқлари тўкилиб, совқотгандек дийдираб турган дарахтларга ҳам алланечук файз ва улуғворлик бағишлаб турарди. Ойша азалдан кузни яхши кўради, заъфарон тусли дарахтларни унсиз йиғлаётган аёлга ўхшатади, ўзининг ҳам кузги боғларни кезиб унсиз йиғлаган дамлари кўп бўлган. Шу топда кўнгли ёлғизликни тусади, катта боғнинг ҳеч ким кўрмайдиган чеккасида ёлғиз ўзи бўлса, ўзи билан ўзи қолса, тўйиб-тўйиб йиғласа, ҳеч ким халал бермаса, юпатмаса… Бу дунёнинг ғалати ишлари кўп: юпатишмаса ҳам, халақит беришни, томоша қилишни яхши кўришади. Томошабин дунё бу. Кечагидек ёдида, бешинчи синфда ўқишаётганда бир синфдош қизнинг онаси ўлиб қолди, муаллима синфдаги ҳамма қизларни етаклаб, бошига мусибат тушган қизчанинг уйига олиб борди. Қизалоқ уларни кўриб, уввос тортиб, йиғлаб юборди, унга қараб, ҳамманинг юраги ачишиб кетди, қизларнинг ҳаммаси беихтиёр кафтлари билан юзларини беркитди, йиғлаётган, йиғламаётган кўзларини яшириш учун. Ўшанда қизалоқни “Вой, болажоним, бу мусибат сенга қаерда қараб турган эди”, деб бағрига босган муаллималари у синфдошлари орасига киргач, уни бармоқлари орасидан секин кузатаётганини кўриб қолган эди. Бармоқлар орасидан ҳам муаллиманинг кўзлари қуп-қуруқ эканлиги кўриниб турарди. Ҳа-а, онасидан ажралган норасида гўдакка ачинмаган бу қўтир дунё унга ачинармиди? Шугинани ҳам томоша қилишган эди-я…
Унга беришган хона кенг, ёруғ, табақалари катта деразадан бир парча булутли осмон кўриниб турар ва улар кириши билан чўзилиб ётган жойидан туриб, саломларига секингина бош ирғаб қўйган аёлнинг борлигини ҳисобга олмаганда жуда сокин эди: “Бир кишилик хона бўлганида эди!..” Унинг айни пайтда “Кимсиз? Қаердансиз? Қандай касалингиз бор?” каби саволларига жавоб бериб, “Фалон эди, писмадон эди” деган хасратларини эшитиб ўтиришга сира тоби-тоқати йўқ эди. Айниқса духтир аёлгина уни бир сидра текширувдан ўтказиб, “Жуда толиқибсиз-ку, опа? Қон босимингиз жуда баланд, юрагингиз ҳам тез ва нотекис ураяпти. Йўлда қийналдингизми?” деганидан сўнг яна асаби бузилди. Лекин аёл унга на ҳамдардлик билдирди, ва на қизиқувчанлик қилди, индамай газетасини ўқиб ётаверди: “Шунисига ҳам шукр”. Ўзи ҳам духтир чиқиб кетгач, оёқларини узатиб, кўзларини юмиб, ётиб олди. Унинг жуда кайфияти йўқ эди: “Нима бўлганда ҳам Аллоҳим бировнинг қўлига термилиб ётгулик қилмасин. Бир ичкуяр қизим бўлмаса…”.
Кечга яқин уни сўрашаётганини айтишди, ўрнидан туриб, бошига рўмолини ўраб улгурмасидан эшик очилиб, остонада қаппайиб турган елимхалта кўтарган Жалолиддинни кўрди. Бир қўли билан бошидан силжиб кетаётган рўмолини ушлаб, шоша-пиша ўрнидан турди:
-Ассалому алайкум. Келинг, Жалолиддин ака, нима қилиб овора бўлиб юрибсиз?
Жалолиддин хижолатомуз кулимсираб, ҳамхоналарга салом берди, сўнг қўлидаги елимхалтани столнинг бир четига қўйиб, ёнбошда турган ўриндиққа омонатгина ўтирди:
-Онамни биласиз-ку, бир нарсани ушлаб олсалар, сира қўйвормайдилар, эрталабдан буён ўн марта чақиртирдилар, “Қачон борасан, тезроқ боргин-да энди, ўтираверасанми?” деб. Хўп десам, ўзлари ҳам келсалар олдимга тушиб. “Янаги сафар” деб зўрға кўндирдим.
У худди минг йиллик қадрдонига гапираётгандек ниҳоятда самимий сўзларди. Уни остонада кўриб, энсаси қотган бўлса ҳам, беозоргина жилмайиб турган кўзларига қараб, сўзларидаги самимий оҳангни эшитиб, хижолат тортди:
-Бекор овора қиптилар сизни ҳам. Боягина катта ўғлим келин билан келиб кетган эди…
-Ҳеч овораси йўқ, бекор ётган одам бўлсам… Дўхтирларингиз нима дейишди? Дори-пори ёзиб беришмадими?
-Ҳаммаси жойида. Ўзи ҳар йили бир марта тўлиқ текширувдан ўтиш учун келаман, зарурат бўлса, озроқ дори-дармон қилишади. Ваҳима қиладиган жиддий ҳеч қандай муаммо йўқ.
-Унда яхши. Келин бир нарсалар пишириб берган эди, — Жалолиддин елимхалтага ишора қилди. — совумасдан, овқатланиб олинглар. Кейин, опа-сингил биргалашиб айланишга чиқинглар, илиққина оқшом бўлибди.
Ойша бош ирғади:
-Раҳмат.
-Яхши ўтиринглар, — у кета-кета ортига бурилиб, Ойшага қаради. – Агар истасаларингиз, машинада шаҳар айлантириб келишим ҳам мумкин. Тунги Тошкент жуда чиройли бўлади.
Ойшанинг юзларига қон тепди ва худди қўлидан етаклаб олиб кетишадигандек шошиб, рад қилди:
-Йўғ-е, бугун оғир кун бўлди. Текшир-текширлар чарчатди. Бироз дам олмасам, бўлмайди.
Жалолиддин қўлини кўксига қўйди:
-Яхши, бўлмаса, бугун яхшилаб дам олинглар, эртага айланишга олиб чиқаман.
Ойша билиб-билмасдан “Бугун чарчадим” деб, қовун тушириб қўйганидан хижолат тортди:
-Йўғ-е, ака, шарт эмас. Кечқурун ҳам муолижалар бор, бу ердан чиқиб бўлмайди.
-Унда, яхши ўтиринглар. Лекин хонада диққинафас бўлиб ўтирмасдан ҳовлига чиқиб, бироз айланиб ҳам туриш керак.
-Хўп.
Жалолиддин хонадан чиқиб кетгач, стол устида турган елим халтани бўшатишга тутинди: чиройли сирли идишда товуқ шўрва, халтачада қип-қизил шафтоли, банкада қатиқ, иккита ёғли патир, иккита сув, халтанинг бир четига учта газета билан “Саодат” журнали солинган эди. Журнал-газеталарни кўриб севиниб кетди. Шу кайфият билан шеригини овқатга таклиф қилди: “Келинг, қайноққина экан, ичиб олайлик”. Овқатланиб, столнинг устини саришта қилиб бўлгач, газета ўқишга тутинди. Келганидан буён шеригининг камгап, камсуқумлигига ҳар қанча шукр қилиб ўтирган бўлса-да, айни дамда шу бегона аёлга нимадир деб изоҳ бериб, бу эркак билан ораларида ҳеч қандай муносабат йўқлигини тушунтиргиси келди: “Бу эркак кимингиз бўлади, деб сўраса экан…”. Аммо аёл ундан газета сўради: “Газетангизнинг биттасини бериб туринг, жуда зерикиб кетдим”.
Ойша газета варақлаб ётаркан, вужудини аллақандай ғалати, ширин ва ёқимли ҳис-ҳаяжон чулғаб олганини сезди ва беихтиёр кўз ўнгида Жалолиддиннинг елкадор, тик қомати, беозор жилмайиб турган қиёфаси намоён бўлди. Кўнглининг туб-тубида аллақандай хушнудлик қалқиб турарди. Қўлидаги газетани тахлаб, бир четга қўйди-да, яна хаёлга берилди: “Махфират янга ўғлига ҳеч нарса демаганмикин ўзи? Қарашлари жуда ғалати”. Бу қарашларга жавобан ҳеч нарса дея олмаса ҳам шу ёшида шундай келишган, ўқимишли эркак унинг кайфияти билан, кўнгли билан қизиқаётгани, барибир жуда ёқимли эди.
Эртаси куни ҳаво бузилди. Осмонда пайдо бўлган ғубор ҳамма томонни ола-тасир қилган изғиринни олиб келди. Кечга бориб, бору йўқни савалаб ёмғир ёға бошлади. Ойша зичлаб ёпилган дераза ортида қунишибгина ўтираркан, ҳали замон ёмғирда ивиб Жалолиддиннинг кириб келиши ҳақида ўйлар эди. Махфират янга қўймайди, “Бор, бирон нарса олиб бор, касалхонанинг овқатига қараб ўтирмасин. Усти-боши ҳам юпунгина эди, ўзимнинг иссиқ кийимларимдан тугиб қўйдим, бериб кел”, дейди. Ўзи ҳам… Балки ўзининг кўнглида ҳеч гап йўқдир, шунчаки одамгарчилик юзасидан… Балки… Балки шу совуқда на ўзи ва на онаси у ҳақда умуман ўйламас ҳам. Майли, бир ҳисобдан шундай бўлгани ҳам маъқул.
Шу оқшом эшиклари ҳам кўп очилиб-ёпилди. Ҳали ҳамшира, ҳали шеригининг йўқловчилари, ҳали навбатчи шифокор эшикни очиб кириб келар, эшик ҳар сафар “ғийқ” этиб очилганда, унинг юраги “шув” этиб кетар эди. Ўтириб-ўтириб, ўзидан ўзи хафа бўлиб кетди: “Намунча? Келса, кўнгил очса, борига қўл силтаб, эргашиб кета оласанми?” Дераза ортида хумрайиб турган тун кайфиятини бузди, хонадаги қандил чироқлари ҳам алланечук хиралашгандек эди: “Ўғлимга қўнғироқ қилсам бўлар экан. Ёмғирлар тинсин, эртага албатта қўнғироқ қиламан”. Сўнг ўзини ўзи оқламоқчи бўлди: “Ўзи касалхонада одам тез зерикади. Кимнидир кутиб, кимнидир кузатиб турмаса, вақт ўтиши жуда қийин”.
Шу сафар эшик оҳиста тақиллаб, шериги “кираверинг” деб овоз бергандан сўнг секин очилганда бор иродасини ишга солиб, эшик томонга бурилиб қарамади ҳам. Кирган одам секин томоқ қириб, узр сўради:
-Кечирасизлар, бемаҳал безовта қилдим.
Ойша энди бурилиб қарамаса бўлмас эди. Остонада иккита тугун кўтариб олган Жалолиддин кеч келганиданми, мулзам бўлиб турарди.
-Ие, шу совуқда нима қилиб, овора бўлиб юрибсиз? – Ойша уни кўриб хайрон бўлгандек ўрнидан турди. – Ассалому алайкум. Сизни ҳам ташвишга қўйдим-да.
-Йў-ў-ғ-е, ҳеч ташвиш бўлгани йўқ. Энди уйдан чиқаман, деб турсам, уч-тўрт ҳамкасбим излаб келиб қолди. Туришлари анча қийин бўлди. Онам қайта-қайта жиянни чиқаради, меҳмонлар эса, ҳалигидек… Бироз кеч қолдим, хафа бўлмайсиз-да энди. Келин бир нарсалар пишириб юборган эди. Овқатланиб олган бўлсаларингиз, музлатгичга солиб қўйиб, эртага ерсизлар. – У катта тугунни каравотнинг бир четига қўйди. – Онам иссиқ кийимлар бериб юборган эди. Кўрарсиз…
Ойша тугундан кўзларини олиб, унга қараган дам уни ўтиришга ҳам таклиф қилмаганини эслади:
-Ўтиринг, ака, ҳозир иссиқ чой қиламан.
-Шарт эмас, кеч бўлди, ҳаво ҳам айниб қолди, бўлмаса, бугун навбатчи шифокордан сўраб, сизларни айланишга олиб чиқмоқчи эдим. Ҳаво очилиб кетса, эртага олиб чиқарман. – У бошини сал эгиб, такаллуф қилган бўлди. – Ҳозирча хайр, яхши дам олинглар.
Эшик ёпилгач, ҳамхонаси унга қараб, маъноли бош чайқади:
-Бу одам… сизга ким бўлади?
Ойша бу савол муқаррар берилишини олдиндан билган бўлса-да, бир сония ўзини йўқотиб қўйди:
-Шу… Бу кишининг оталари эримга тоға бўлган.
-Эрингиз… ҳаётми?
-Ўтиб кетганлар.
-Ҳа-а, — яна бош чайқади ҳамхона. – Ҳар тугул сизга жуда бошқача қараётганга ўхшаяпти-да. Аёли борми?
-У шўрлик ҳам ўтиб кетди. Лекин бу одамнинг хаёлида сиз ўйлаётган нарсалар бўлиши мумкин эмас. Мен бир олтмишга кирган аёл бўлсам. Уйланаман, деса, кўча тўла аёл, чопиб-чопиб хизматини қиладиган ёшроғига уйланади-да, мени бошига урадими?
Ҳамхона мийиғида кулиб, елка қисди:
-Билмадим, биз ҳам қўй кўрмасак ҳам, қий кўрганмиз. Мен кечанинг ўзида иккингизнинг ҳам бева эканлигингизни, унинг сизда кўнгли борлигини сезган эдим. Йўқса, шундай совуқда, ётар пайти ўзи келиши шартмиди? Келини бор экан, ўғли ҳам бордир? Ўзи меҳмонлар билан банд бўлиб қолган бўлса, сизнинг ёнингизга ўғлини юборса ҳам бўлар эди-ку.
-Қўйинг-е!.. – Ойша егуликлар солинган халтачани музлаткичга бўшатиб, бир бош узумни ювди-да, шеригини столга таклиф қилди. – Келинг, узум еймиз. – ўзи олтиндек товланиб турган хусайни узумдан бир донасини олиб, оғзига солди. Узум жуда ширин эди. – Аммо одам ғалати бўлар экан-а. Тўғрисини айтсам, турмушга чиқиш ниятингиз бўлмаса ҳам, шу ёшингизда кимнингдир сизга ошиқ бўлиши кўнглингизга хуш ёқар экан.
-Кимга қандай? – Аёл столнинг ёнига келиб, узум ея бошлади. – Менимча, одамнинг ёши ўтгандан кейин кўп нарсалар кўзига бачкана бўлиб кўринади. Чунки, ҳамма нарсани туб моҳияти билан кўра бошлайди. Масалан, бу одамга маъшуқа эмас, хизматкор керак. Сизга келсак, келишган аёлсиз, ёшингизга нисбатан анча ёш кўринасиз. Аммо истайсизми-йўқми, икки ўттизга кирган аёлсиз. Хотинники эса бир ўттиз, ўттиздан сўнг у ўтин. Худойим ҳамма нарсани ҳисоб-китоб билан яратган, аёл ўттизга кириб, куч-қувватдан қола бошлаганда, қизлари қўлтиғига киради. Қирқ-қирқ бешларга борганда, келин туширади-да, қозон-товоқни буткул келинга топширади. Сиз энди хизматкорлик қила олмайсиз, ўзингизга бир хизматкор керак. Шунинг учун ҳам ҳамма нарса вақтида бўлгани маъқул, дейишади.
Ойша бирдан булбулигўё бўлиб қолган камгап ҳамхонасининг муносабатига эътибор қилиб ўтирадиган кайфиятда эмас эди: “Айтавермайдими! Эргашиб кетаётганим йўқ-ку!”. Узумни еб бўлишгач, столни йиғиштириб, ўринга чўзилди: “Ҳақиқатан ҳам меҳмони бўлса, уларнинг кетишини кутиб ўтирмасдан, ўғлини юборса ҳам бўлар эди-ку. Ўзи келди. Ўзи!..”. У кўзларини юмиб, хаёлга берилди. Хаёллар уни сархуш қилди.
Эртаси куни қуёш чарақлаб чиқиб кетди. У ер-бу ерда фаррошлар йиғиб қўйган япроқларнинг намлигини айтмаса, кечаги изғирин ва ёмғирни эслатувчи ҳеч нарса йўқ эди. Ойша эрталабдан Комилжонга қўнғироқ қилди: “Мен Хоразмдан келиб, шифохонага жойлашдим, бир келиб кет”. Комилжон ҳовлиқиб, бир пасда етиб келди. Унинг ранги қумдек оқариб кетган эди:
-Онажон, бу нима қилганингиз-а? Неча кундан бери қўнғироқ қиламан, телефонингизни олмайсиз. Энди кутулмаганда, касалхонага етиб кел, деб қўнғироқ қиласиз. Юрагим қинидан чиқиб кетай, деди. Кўнглим қаёқларга бориб келмади, дейсиз. Худога шукур-е, соғ-саломат экансиз-е.
Ўғлининг хавотирга тўлиб турган кўзларига қараб, кўнгли ёришиб кетди. Бемалол гаплашиш учун “Бу кишига халақит бермайлик”, деб, ўғли билан ҳовлига чиқди. Ёмғирдан кейинги қуёш нурлари дилга ҳузур бағишлайди. Улар арғувон дарахтлар соясига қўйилган узун ўриндиққа бориб ўтиришди. Комилжон ёш боладек онасининг елкаларидан қучиб, юз-кўзларига термулиб тўймас эди:
-Онажон-ей, юрагим ёрилиб кетди-я. Хонангизга кириб, сизни соғ-саломат кўрмагунимча жинни бўлиб қолай, дедим.
“Шундай ўғилга суянмасанг, дардингни айтмасанг, кимга айтасан?”.
У ҳаммасини бир бошдан айтди, охирида узр ҳам сўради: “Ўғлим, бошқа иложим қолмади. Шунча нафақа олиб ҳам дорига пул топа олмай қолаяпман, холанг шўрлик қарз сўраб келди, қўлига тўрт сўм чиқариб бера олмадим, бор пулим бир келиннинг орзу-ҳавасларига сарф бўлиб кетаяпти, деб нолиётганим йўқ, болам. Пулимни бериб, боласига қараб ҳам бир пуллик ҳурматим йўқ, ўзи учун қилган овқатидан ярим коса ейман, шунинг учун ҳам бир дунё миннат. Бир оғиз гапимга, бир дунё иддоа. Мен ортиқ бундай яшай олмайман. Сен укангга уйни сотаман, деб, мен айтган топшириқларни ўзингнинг номингдан айтсанг, бўлди. Лекин бу гап бир умрга иккаламизнинг орамизда қолсин, яна келинга айтиб юрмагин”.
Комилжон ерга қараганча, анча вақт жим қолди. Сўнг илкис бошини кўтариб, онасининг елкаларидан қаттиқроқ қучди:
-Онажон, бундай қилсак-чи, рўпарамдаги қўшним янги уй олиб, кўчиб кетди. Шунинг икки хонали уйини невараларингиз учун олиб қўймоқчи бўлиб турибмиз. Сизга алоҳида уй керак бўлса, шу уйга келинг, лекин менга ҳовлининг ўртасидан девол торттирманг, илтимос. Хўпми?
Ойша бир дунё андуҳ билан ўғлининг кўзларига қаради:
-Йўқ, болам, мен Тошкентда яшай олмайман. Менинг ҳамма ёру дўстларим, қон-қариндошларим у ёқда, мен уларни ташлаб, бу ерга кела олмайман. Лекин ўша келин билан бир уйда ҳам яшай олмайман.
Комилжон шу ерда чўнтагидан телефонини олиб, Мансурга телефон қилди:
-Мансуржон, аҳволларинг яхшими? Ваалайкум ассалом. Болаларинг яхшими? Онамдан бирон хат-хабар борми? Йўғ-е, сендан араз-параз уриб кетмаганмиди ўзи? Энди айтаман-да, ҳеч бунақа бедарак юрмасдилар. Қўнғироқ қилсам, олмаяптилар. Телефонларини йўқотиб қўйдиларми, деб ўйлаяпман. Ука, сенга бир илтимосим бор. Тошкентдан бир ўртоғим бизнинг туманга ишга бораяпти, унга уй керак. Агар хафа бўлмасанг, менинг уйимни яхшилаб таъмирлатиб, замонга мос, харидорбоп қилиб қўйсанг. Уйнинг ичида иссиқ-совуқ сув келиб турадиган бир таҳоратхона, ошхона бўлсин. Ҳа, ука, ошнам ўзи сал инжиқроқ одам, тўртта боласи бор, ўртага девор кўтармасанг бўлмайди. Сен уста топиб, хизмат ҳақларини гаплашавер, мен пулини етказаман. Хўп, ука, келинни сўра, болаларингни ўпиб қўй.
Сўнг телефонни чўнтагига қайтариб солди-да, зўрма-зўраки кулиб онасига қаради:
-Майли, онажон, сиз шундай қарорга келган экансиз, мен сизга қарши бир нарса дейишга ҳаққим йўқ. Шошманг, Аброр тоғам қизим бу йил академлицейга кирди, деяётганди, ётоқхонада турган эмиш. Шу қизни ёнингизга олиб келасиз. Ҳеч ғам еманг, рўзғорингизга ҳам ўзим қарашиб тураман.
Комилжонни кузатиб, журнал варақлаб ётган вақти Мансур қўнғироқ қилди, у телефонни олиб, ҳеч нарса бўлмагандек салом-алик қилди, яхши айланиб юрганлигини, ундан хавотир олмасликларини айтди. Комилжоннинг топшириғи унга ёқмаганми, негадир Мансурнинг кайфияти йўқ эди. Гап орасида акасининг гапини айтди. У, аканг Тошкентдан каттароқ ҳовли оламан, деб юрган эди. Балки шу ниятда сотмоқчидир, ҳовли олсам, сизни ҳам кўчириб кетаман, деганди, деб қўйди. У ёқдан Мансур , қўйинг-э, онажон, сизни акамга ким бериб қўяди, сиз ўзимизга ҳам кераксиз, деди. Ойша ғалати бўлиб кетди. “Шу гапни айтганига ҳам шукр”. Ўзи-ку, болалари ёмон эмас. Фақат, анави келинлар… Айниқса Мансуриники! Қудаси бир умр қайнонанинг хизматини қилган аёл эди, бир оғиз гап-сўзи чиқмаган деб шу қизни келин қилган эди. Ўзларичи? Онаси ота ҳовлида уч овсин бирга турган. Ҳар овсиннинг беш-олтидан боласи… Бобоси ҳаётлигида ҳаммаси бир қозондан овқат ейишар эди. Кейин момоси ҳаммаларининг рўзғорини алоҳида қилиб, ўзи бефарзанд амма билан қозон қайнатадиган бўлди, улар қозон осишса-осишмаса, ҳар келиннинг уйидан бир коса овқат чиқар эди. Амакилари ҳар оқшом овқатдан сўнг онанинг ёнига бориб, гурунглашиб ўтиришар эди. Ҳовлилари худди мактаб ҳовлисидек ҳамиша вағир-вуғур бўлиб ётар эди, бу ҳовлига бугун қўйилган нарсани эртага топиш амри маҳол эди. Катта амакисининг эркатой ўғли Ойшанинг укаларини кўп турткилар, ўйинчоқларини олиб қўйиб, сира қайтариб бермас эди. Бу боланинг онаси ҳам болаларининг ёмонликларини кўриб турса ҳам парво қилмас эди. Ойшанинг онаси эса боласига қараб юраги жизиллаб турса ҳам на овсинига, на зўравон болага бир нарса демас эди. Ўзи ўша аёл жуда баднафс хотин эди, онаси уйда бўлмаган вақтлари ҳам бир оғиз сўрамасдан хумчадаги ёғми, дастурхондаги нонми, керак бўлиб қолса олиб кетаверар, кейин ҳеч қачон қайтармас эди. Булар онасига айтса, онаси ортидан “уйда ўтириб бир нонини қилиб ейишга эринади” деб ранжиган киши бўлар, аммо ўзига ҳеч нарса демас эди. Ҳарқалай қайнона зўрмиди, ёки ўша замонларда меҳр-оқибат, андиша шу қадар кучлимиди, бошқа овсинларнинг ҳам бир оғиз гап-сўзи чиқмас эди, болалар ҳам сал нарсага талашиб-тортишиб қолишар, яна бир дастурхон атрофида ўтириб овқат еб кетаверишар эди. Хуб замонлар эди-да. Шу ҳовлида аввал ўша ҳаммага қирон соладиган неварага, кейин Ойшанинг акасига келин туширишди. Овсинларнинг келинлари ҳам овсин бўлиб бир ҳовлида туришди. Бу эса битта келиннинг иддоаларини кўтара олмай, саёхатга чиқиб кетди. Мактабда келинига ўхшаган неча типратиканни “юмшоққинам” силаб-сийпалаб, сеники маъқул деб, ишлатиб ётарди. Энди чинданам асаблари тамом бўлганми, ақли адашаяптими, биттагина келинни йўриғига солиб, она-бола бўлиб ўтира олмайди. Иккаласининг қовоқ-тумшуғига қараб фақат ўзи эмас, ўғлининг ҳам, неварагиналарининг ҳам юраклари безиллаб туради. Қайнона-келин “сиз-биз” бўлиб қолган дамлар ўғил ҳам, неваралар ҳам яйраб қолишади. Энди… Ойша дарвозани бўлак қилиб, ўғилни қўйиб, уканинг қизи билан яшай бошласа, невараларига жуда қийин бўлса керак. Улар момоларига жуда ўрганиб қолишган эди. Маҳалла-кўй ҳам гап-сўз қилиши аниқ!
Ойша қўлидаги журнални жаҳл билан каравотнинг пойига отиб юборди-да, гавдасини бир силтаб девор томонга ағдарилиб олди: “Ким нима деса, десин, мени шунча беҳурмат қилган келин билан бошқа яшамайман! Ҳурматимни қилиб, эшигимдан келса, хўш-хўш, келмаса ундан нари! Болаларини ташлаб кетар бўлса ҳам эшигимдан энгашибгина келиб, илтимос, қараб турсангиз, деб сўрайди. Ёшликдаги асаблар ҳам, соғлик ҳам йўқ энди, унинг инжиқликларини кўтаришга мажбур эмасман”.

Давоми бор

myatelicina-va-kishlak-pod-samarkandom-1939.jpgMashina-yu odamlar g‘ij-g‘ij bo‘lib yotgan bir befayz maydonda ular so‘zsiz xayrlashishdi. Oysha biron narsa deb dugonasining ko‘nglidagi g‘uborni tarqatib, ehtimol hayotlaridagi eng so‘nggi uchrashuvning xush kayfiyat bilan yakunlanishini har qancha istab turgan bo‘lsa-da, uning ko‘nglini ko‘taruvchi o‘sha so‘zni o‘ylab topa olmadi…

Jamila Ergasheva
SHOM SHAFAG‘I JILVALARI
Qissaning davomi (2)
09

Ankaboev-R.-Moj-kishlak.-2016.jpgZiyoratda ham Mohinurning qo‘lidan telefoni tushmadi: “Pulni oldingmi? Ippodromga olib boraman, degandi. Ertaroq chiq, devdim-ku senga! He, ahmoq, yurasan shalpayib!”, “Allo, yaxshi yetib bordingizmi? Sog‘-omonlikmi? Hozir qayerdasiz? Qizim sizni izlab yurgan ekan, telefoningizni berdim, kelishib, biron joyda uchrashinglar. A-a, ha, mayli. U ham bugun tovar olishi kerak edi-da”, “Tezroq izlab top, pulning ikki yuz mingini ishlatib qo‘yibdi. Lallayib yuraversang, hammasini ham ishlatib yuboradi”, “ Topdingmi? Pulni berdimi? Ha, yaxshi. Tovarni nima qilding? Upakovka qildingmi? Nimalar olding? Endi kuzgi kiyimlar olish kerak, paxtaga kiyadigan narsalar ol, krasovka, kalish…”
Anchayin bir bemor qo‘shnisini ziyorat qilganda ham ko‘ngli halovatga to‘lib qaytuvchi Oysha shunday ulug‘ ziyoratgohlardan dili g‘ash bo‘lib qaytdi, aniqrog‘i ko‘nglidagi g‘ashlikni tarqata olmay qaytdi.
Kechki payt uch kundan beri Oysha xola uchun ham qadrdon bo‘lib qolgan yog‘och supaga dasturxon yozildi. Eri “dugona”si bilan qozonkabob qilgan ekan, katta osh laganni to‘ldirib, suzib keldi, taom shunday mahorat bilan tayyorlangan ediki, lagandagi masalliqlar qip-qizil qilib qovurilganidan, ularning qaysi go‘sht, qaysi biri kartoshka ekanligini ajratib bo‘lmasdi:
– Juda chiroyli tayyorlabsiz, – takalluf qilgan kishi bo‘ldi Oysha.
– Talabalik yillarida orttirilgan kasb, — mamnun kulimsiradi erkakkina.
– Bizning xo‘jayin besh yil o‘qib, shundan boshqa narsa o‘rganmagan, — dedi choy suzayotgan Mohinur.
Til tildan qolarmidi?
– Men–ku, shuni o‘rganib qaytgan ekanman, sen o‘zing nimani o‘rganib qaytgansan? Bozorda o‘tirib, shallaqilik qilishnimi?
– Menga qarang, kartoshka bilan go‘sht bo‘lsa, qozonning tagi yonib tursa, buni har qanday ahmoq ham tayyorlay beradi. Hamma gap o‘sha go‘sht bilan kartoshkani topishda, agar men bozorda o‘tirmaganimda o‘zingiz ham, bolalaringiz ham ochdan o‘lardinglar, – so‘ng oshxonaga qarab qichqirdi. — Xay, Yeva–a! Yevangalina Semyonovna–a! Manavi Adamingni olib ket, yana ikki og‘iz gapirsa, o‘zimga javob bera olmay qolaman. Ye-yeva!
Oshxonaning pastak eshigidan Yeva – Yevangalina bosh ko‘rsatdi:
– Da, pristan tы, Mahinur!
Adam – Adamboy xotiniga zarda bilan qo‘l siltab, ichkariga qarab ketdi:
– E-e!..
– Shundan keyin qolib, shuning turqini ko‘rmasdan besh kun yashasam ham hech armonim yo‘q edi!
– Mohi-i!..
– Nima Mohi?! Maryamjonga, senga o‘xshaganlar hech qachon meni tushunmaysanlar. Senlarning hamisha hamma narsang tayyor bo‘lgan. Beg‘am-betashvish tayyor oshni janjalsiz jimgina yeb o‘tirganlaring uchun erlaringdan rahmat eshitib yurgansanlar. Yo‘q, de. Deyolmaysan. Mening esa bir umr ro‘zg‘or xalta yelkamdan tushmadi, bu kishim to‘rt so‘m oylik olib, topganini ichi–i–b yurdilar. Yaqin–yaqingacha soliqchilardan qochish oson deb, soliq to‘lamaslik uchun yoyma karavotga tovar yoyib savdo qilar edim, soliqchilar kelayotgan emish deb eshitishim bilan tovarlarimni sumkalarga tiqib, mushtday jonim bilan ham o‘zimdan katta sumkalarni, ham yoyma karavotimni sudrab qochar edim. Qaltirab, terlab–pishib, sochlarim yoyilib choparkanman, o‘zimga o‘zimning rahmim kelib ketardi. Bu kishim bo‘lsa, sakkiz soat davlat ishida ishlab keladilar-da, mening qo‘limdan kelgani shu deb, oyoqlarini uzatib televizorga termulib yotaveradilar. Shu ro‘zg‘orni deb na jonimni ayadim, na nafsoniyatimni, soliqchi deb, milisa deb bir parcha bolalarga yalinib umrim o‘tdi.
U ichkariga kirib, bo‘yni uzun chiroyli shishada musallas ko‘tarib chiqdi. Oyshaga taklif ham qilib o‘tirmadi, “Sen baribir ichmaysan, namozxon kampir” deb, o‘zi bosib–bosib uch piyola ichib oldi.
Oqshomgi g‘ira–shirada oshxonada g‘imirsib yurgan Yeva-Galya bilan Odamboyning ko‘lankasi ko‘zga tashlanib turardi. Muzdek havo etni jo‘njiktirdi. Mohinur qizib ketayapman deb, pashshaxona ham tuttirmadi:
– Pashshaxonani tutsak bo‘lardi, Mohi…
– E-e… Boshingga urasanmi pashshaxonani? Pashsha yo‘q. Bu g‘urbatxonada men yuribman, pashshadek suyaksiz xasharotlar bu yerda yashay olmaydi, do‘stim.
– Gap pashshada ham emas, ering o‘tib–qaytishi mumkin. Uning oldida biz cho‘zilib…
– Voy-yey! Sen uni… Sen uni erkak deb xijolat bo‘lib o‘tirma, bemalol yechinib, to‘rt oyog‘ingni to‘rt tomonga yoyib yotaver. Bir paytlar bittagina “to‘rt” baho olib qolsak, qancha yig‘lar edik, institutni bitirguncha, yelkamiz bironta atlas–shoyi ko‘ylak ko‘rmabdi, paxta yog‘ga to‘rtta piyoz tashlab, ustiga magazinning tayyor tomatini quyib, go‘shtsiz makaron qovurib yer edik, lekin o‘sha kunlar bizdan baxtli odam yo‘q edi dunyoda. Hozir har kun go‘sht qovurib yeyishim mumkin, qo‘limni qayerga uzatsam yetadi, ne bir amaldorlar oldimda arzimas bir narsalar ilinjida dumini likillatib turadi. Lekin men juda ham baxtsizman. Baxtsizman. Chunki uyimda halovat yo‘q. Odamlar bizga qarab, Odamboyga qiyin, xotini puldor bo‘lgani uchun uni sira hurmat qilmaydi, deb o‘ylashi mumkin. Lekin Odamboy hech qachon jonini koyitgan inson emas, birin-ketin to‘rt qiz tug‘dim, bittagina o‘g‘il bo‘lsin deb tug‘averibman.Yukimiz og‘ir bo‘lib ketdi. Buning opasi savdo qilar edi, opangizning yoniga chiqib savdo qiling, bolalar qiynalib qolishdi, desam, boshimni og‘ritma, der edi. Oxiri o‘zim bozorga chiqib ketdim, oliy ma’lumotli bo‘la turib, bozorda o‘tiribdi, deb odamlar kulgu qilmasin, dedim-da, qo‘shni tumanning bozorida savdo qildim. Ikki yillardan so‘ng betim qotib, etim o‘lib, o‘zimizda savdo qila boshladim. Bunga esa baribir. E’tibor qildingmi, uyimning biron joyida qulf-kalit yo‘q, chunki bu uyda hech narsani saqlab bo‘lmaydi, bu uy karvonsaroy, men kun bo‘yi bozorda bo‘laman, uyimda esa erim har xil qalang‘i-qarsang‘i ulfatlari bilgan ishini qilib yotadi. Uying tinch bo‘lmasa, mol-dunyo, chiroyli ust-bosh, xushta’m ovqatlar seni baxtli qila olmas ekan. E-e, charchadim hammasidan…
-Bo‘lmasa, ajral…
-Jon deb ajralar edim, lekin manavi uy uning ishxonasi tomonidan berilgan. Kattalarining oldiga bolalarimning birini ko‘tarib, qolganini ergashtirib bora-bora, janjal qila-qila olgan edim. Besh-olti yil o‘tgach, xususiylashtirib olsa bo‘lar edi. Uylar qurilishi kamayib qolgani uchun xususiylashtirish to‘xtatilgan emish. Ajralib ketsam, uy unda qolib ketadi. Qanday qilib shunday uyni unga tashlab ketaman? Axir bu bolalarimning rizqi, uni qancha ko‘z yoshlarim evaziga olganman. Bittasi o‘zim to‘g‘irlab beraman, deb va’da qilayapti. Shuni kutib turibman, agar o‘xshasa, uyni sotaman-da, nikohni kestirib, unga bir xonali uy olib beraman. Shu bilan ora ochiq, keyin Yevasini olib kelib yashaydimi, Sarasini olib kelib yashaydimi, bilganicha yashaversin.
Ayni sahar payti yana Mohinurning telefonda shang‘illab gapirishidan uyg‘onib ketdi: “Haliyam uxlab yotibsanmi? E-e, qiz bo‘lmay o‘l-ye. Ertaga erga tegsang, eringdan tayoq yeb o‘lib ketasan… Sen borguningcha tovar qoladimi? Tur joyingdan…”
Oysha Mohinurning kechagi xasratidan keyin allamahalgacha uxlayolmay yotgan, tonggi yaqin ko‘zi ilingan edi. Uyqusi bemavrid buzilgani uchun u ham yotgan joyida bobillab, baqirib tashladi:
– Uf-f! Tong saxardan muncha shang‘illaysan? Shu tovar bilan puldan boshqa g‘aming ham bormi sening?! Qo‘y, shu qizlaringni, yosh payti yoshlikning gashtini sursin. – zarda bilan o‘rnidan turib o‘tirdi. – Voy, xudoyim-yey, o‘qib yurgan paytingda biron marta ota-onang seni bezovta qilib, yarim tunda bozorga bor, pul top, deyishganmi? Yeb qo‘yding-ku ularni! Eringning alamini ulardan olasanmi? Bo‘ldi-da endi!
Mohinur telefonini qulog‘iga bosgancha uni birinchi bor ko‘rayotganday bir zum xayron tikilib qoldi. So‘ng telefonni to‘shakka otib yubordi:
– Bo‘lmaydi! Eshitdingmi, bo‘l-may-di! Mening bol yedirib, bodom chichirgan otam bor edi, mening hamma extiyojlarimga keragidan ortiqcha pul yuborib, ta’minlab qo‘yardi. Bularning otasi tirik bo‘lib sonda yo‘q, o‘lik bo‘lib go‘rda yo‘q. Xudoga ming shukrki, bugun boshimda pul topish g‘amidan boshqa g‘am yo‘q. Qizlarim pul topish uchun yomon yo‘lga kirib ketsa, unda men boshimga tuproq tortib, yerning ostiga kirib ketishim kerak, shuni bildingmi?
– E-e, qo‘y-ye, ko‘p yemasa, kamroq yer, zo‘r kiymasa, bundayroq kiyishar, bunchalik ham azoblama ularni. Universitetni chit ko‘ylak bilan bitirgan edik, sening ko‘ylaging chit ekan deb, birov oldiga solib xaydagani yo‘q.
– U bizning zamon edi, chit ko‘ylak bilan universitetda o‘qigan tentaklar bizlar edik, hozir zamon ham, odamlar ham boshqa!
Tong o‘zi istamagan holda bir-birining diliga ozor berib qo‘ygan do‘stlarning raftoridek bo‘zarib otdi. Bu tomonlar juda salqin ekan. Qon bosimi ko‘tarildi, shekilli, boshi og‘ridi. Namozdan keyin yumshoqqina ko‘rpaning tagida yana biroz yotsa bo‘lardi, agar o‘z uyida bo‘lganida shu ahvol bilan sira turmagan bo‘lar edi. Birdan uyini, nevaralarini juda sog‘inganini his qildi. Singlisini esladi: “Sho‘rlik, nima qilayotgan ekan? Pul topa oldimikin?” Indamay o‘rnidan turib, ko‘rpa-to‘shaklarini so‘rining bir chetiga yig‘ib qo‘ydi. Ichkariga kirib, ko‘chalik kiyimlarini kiyayotgan payt Mohinur esnab kirib keldi:
– Ha, buncha yasan-tusan nega?
Oysha xola ortiga burilib, go‘yo oradan hech gap o‘tmagandek dugonasiga kulib qaradi:
– Men… ketayapman.
Mohinurning qoshlari chimirildi:
– Yo‘l bo‘lsin? Bileting yana bir hafta keyinga edi-ku?
– Singlim qo‘ng‘iroq qildi, bir o‘g‘li kasalmandroq edi, keling, deyapti. Shundan xavotirlanayapman. Biletni ham gaplasharman, juda bo‘lmasa, ustiga bir–ikki so‘m to‘lov qilarman. Bormasam, bo‘lmaydi. Sizlarni esa, mana, ko‘rdim, endi o‘zlaring biz tomonlarga boringlar.
Mohinur eshikning kesagasiga suyangancha pastki labini tishlab, biroz jim qoldi, so‘ng qo‘llarini ikki tomonga yozib, yelka qisdi:
– Nima ham derdim, zorimiz bor-u, zo‘rimiz yo‘q. Ming afsus, sen izlab kelgan odamingni topa olmay ketayapsan. Men… harakat qildim. O‘sha o‘ttiz sakkiz yil avvalgi Mohinurning rolini o‘ynamoqchi bo‘ldim, ammo uddalay olmadim. Meni kechir, do‘stim.
Oysha hech narsa demay uni bag‘riga bosdi:
– Omon bo‘l, do‘stim. Senga juda qiyin ekan. Lekin o‘zingni bunchalar ko‘p urintirma. Men ham shu yoshga, shu manzilga yetib, endi tushunib turibman, inson dunyoga bir marta kelar ekan. Sen o‘z hayotingni, bolalaring o‘z hayotini yashashlari kerak. Meni aeroportgacha kuzatishing shart emas, Urgenchga boradigan biron mashinaga o‘tqazib yuborsang bo‘ldi.
Uning qaroridan do‘sti juda quvonib ketmagan bo‘lsa-da, ancha yengil tortgani ko‘zlaridan ko‘rinib turardi, ammo Oysha bu ko‘zlarga qarab turib yig‘lagisi keldi, uning o‘siq qoshlari tagiga yanada chuqurroq kirib ketgan bu ko‘zlarning tub–tubida o‘kinch va qaxr, alam va iztirob tuyg‘ulari qalqib turardi. U o‘zini majburlab zo‘rma-zo‘raki kuldi, umrida pardoz ko‘rmagan yuzida og‘zi yoyilib, tishlari ustida milklari ko‘rindi, shu turishida yana ham ayanchli va xunuk edi:
– Sen ham omon bo‘l!..
Mashina-yu odamlar g‘ij-g‘ij bo‘lib yotgan bir befayz maydonda ular so‘zsiz xayrlashishdi. Oysha biron narsa deb dugonasining ko‘nglidagi g‘uborni tarqatib, ehtimol hayotlaridagi eng so‘nggi uchrashuvning xush kayfiyat bilan yakunlanishini har qancha istab turgan bo‘lsa-da, uning ko‘nglini ko‘taruvchi o‘sha so‘zni o‘ylab topa olmadi. Beixtiyor singlisini esladi: “Bechora singlim bir so‘mga zor bo‘lib turgan bir paytda bor pulimni yo‘lga sarflab, shu xijillikni izlab kelgan ekanman-da. Shu pulni singlimga berib, o‘zim nevaralarim bilan televizor ko‘ri-ib yotsam, ko‘proq lazzat olgan bo‘lmasmidim? Qarigan chog‘ingda miyang suyulib qolibdi, Oysha! Uyingdan topmagan xalovatni qayerlardan izlab yuribsan?”. “Xozarasp tomonlarga yo‘ling tushib qolsa, mening nomimdan Guljonga salomim va uzrimni yetkazib qo‘yarsan”.
Shusiz ham tumtayib turgan Mohinurning qovog‘i uyuldi: “Dardim Guljoning emas. Ana, saloming bo‘lsa, borib, o‘zing ayt”.
Chiptasini ro‘yxatdan o‘tkazib, butunlay begona yo‘lovchilar orasida qolgach, alam bilan o‘yladi: “Tavba, men unga nima qildim? Muncha zahrini sochdi-ya!”
Samolyot uchishiga qariyib ikki soat vaqt bor ekan. A’zoi badan xush yayraydigan salqin havo, kutish zalidagi sarishtalik ham uning kayfiyatini ko‘tara olmadi. Kimdir sherigi bilan gaplashib o‘tiribdi, yolg‘iz chiqqanlar ham yonidagi odam bilan huda-behuda narsalar haqida berilib suhbat qilishmoqda. Faqat u… Uning xuvullab yotgan ko‘nglida shu kutish zalidagidek muzday havo izg‘ib, butun a’zoi badanini muzlatib turardi. Kayfiyati xush bo‘lganda bu vaqtni o‘tkazish unchalik qiyin bo‘lmasdi. Ammo hozir… o‘tirib-o‘tirib singlisiga qo‘ng‘iroq qildi. O‘zicha “Borayapman, senga o‘zim pul topib beraman” demoqchi bo‘ldi, ammo deya olmadi. Hatto o‘g‘lining ahvolini ham so‘ray olmadi. Singlisining ham kayfiyati yo‘qmidi yoki haliyam pul topa olmay xunob bo‘lib yurganmi, “Men uyga qaytayapman” degan edi, “Eson-omon yetib keling” deb gapni qisqa qildi. Balki haliyam undan xafa bo‘lib yurgandir. Shu topda ko‘ngli mehr, taskin-tasalli istadi, kimgadir to‘kilmoqni xohladi. Momosi “Daryo to‘la suv, ammo it tili bilan yalaydi”, der edi ba’zan. Uning ham atrofi to‘la odam, u esa yolg‘iz, nihoyatda yolg‘iz edi.

– Yo‘-o‘q, jonim, sizning Toshkentga borib, ovora bo‘lib yurishingiz umuman shart emas. Yolg‘iz o‘zim bo‘lsam ham mayliydi, men onam bilan ketayapman. Onamning biroz tobi yo‘q. o‘ti dimlanib qolgan emishmi-yey, yana buyragi ham og‘riydi. Keyingi kunlarda tinimsiz qon bosimi oshib borayapti. Xullas, u kishida butun boshli kasalliklar guldastasi! Otam to‘ygacha bir borib davolanib kelmasang, to‘y kunlari qiynalib qolasan, Qarshidek joydan kelin olib kelish osonmi, deb, qo‘yarda qo‘ymay Toshkentga jo‘natayapti. o‘zimizda davolanib olsam ham bo‘ladi, desalar ham otam hech qo‘ymayapti. U kishi shunday, biroz qaysarroq fe’llari bor. Ha-a, albatta sog‘indim, jonim! Sizni sog‘inmay bo‘ladimi? To‘y belgilangan kunni barmoq bukib sanayveraman-sanayveraman. Sanaganda kunlar tez o‘tar ekan, bitta barmoq buksangiz, bir kun o‘tadi, o‘nta barmoq buksangiz, o‘n kun o‘tadi, ammo orziqib kutayotgan kunlaringga yetish uchun bir kunning o‘tishi ham shunchalar qiyin, shunchalar qiyin. Bir kino bor-ku, har tong uyg‘onganda kecha yashagan kuni takrorlanaveradi-takrorlanaveradi. Menda ham xuddi shunday bo‘layotgandek! To‘yimizgacha o‘tadigan kunlarning men uchun na qizig‘i, na ma’nosi bor. Sizni juda ham sog‘indim. Shu to‘y-po‘y, nikoh degan dabdaba-yu rasmiyatchiliklarni kim o‘ylab chiqargan ekan-a? Bir-birini yaxshi ko‘rgan insonlar nikohdan o‘tib, indamay birga yashayverishsa ekan. Hech kim gapirmasa, halaqit bermasa ekan. Yo‘-o‘q, albatta, sizning oppoq kelinlik liboslarida oqqushdek bo‘lib qarshimga chiqishingizni istayman. Lekin oqqushdek yal-yal tovlanib yonginamda o‘tirsangiz-u, butun oqshom davomida men sizni bir marta ham bag‘rimga bosa olmasam, allakimlarning tabrik so‘zlari uchun, qiyshalanglagan raqslari uchun o‘rnimizdan turib ta’zim qilaversak, qilaversak!.. Shunchalar orziqib kutilgan qimmatli kunimizni ta’zimlarga bag‘ishlab yuborsak! O‘sha to‘y kunidagi oshiqcha dabdabalarni eslasam, hozirdan dod deb yuborgim keladi. O‘x, yon-atrofda hech kim bo‘lmasa, siz-u men, yolg‘iz, qo‘llaringizdan ushlab, ko‘zlaringizga termulib o‘tirsam, o‘tiraversam… Xonaning bir chetidan chiroyli bir musiqa pastgina ovozda eshitilib tursa!.. Ha, xudo xohlasa, to‘ydan keyin bir hafta sizni tashqariga chiqarmayman, bag‘rimga bosib, ko‘zlaringizga termulib yotaman. Yo‘q, ota-onam hech narsa demaydi, ular uchun men xursand, baxtiyor bo‘lsam bo‘lgani. To‘g‘ri, uylarimiz uncha zo‘r emas, ammo juda fayzli, el qatori oddiygina yashaymiz. Lekin men bilamanki, onam sizni boshiga ko‘taradi. Eh, qaniydi, pulim ko‘p bo‘lganida to‘ydan so‘ng sizni uyga qamab o‘tirmasdan to‘y sayohatiga olib chiqib ketar edim. Rost aytasiz, to‘g‘ri, odam eng avvalo o‘z uyida baxtli bo‘lishi kerak, uyiga mehr qo‘yishi kerak. Keyinroq, xudo xohlasa, sayohatlarga ham chiqamiz. Men sizni albatta baxtli qilaman, bizning ko‘p bolalarimiz bo‘ladi. To‘rtta o‘g‘il, ikkita qiz. Qizlarimiz, albatta, sizga o‘xshagan, chiroyli bo‘ladi… Nimalar deyapsiz? Mening hayotimda sizdan boshqa hech qanday ayol zoti bo‘lmagan. Bir gapni aytsam, o‘lay agar kulasiz. Men bolaligimda qizlardan juda qo‘rqar edim. Bog‘chada ikkita qiz bilan bir stolda o‘tirg‘izishar edi. Ular esa o‘zlari yemagan ovqatni menga majburlab yedirishardi. Maktabga borganimdan keyin ham qizlardan uzoqroq yurishga harakat qilardim. Qizlar bo‘lsa, mening ustimga bostirib kelaverishar edi. Bir kuni musiqa maktabidan xayol surib kelayotsam, qarshimdan ikkita qiz o‘zlaricha nimalardan kulishib kelishayotgan ekan, o‘zlari tanish, bizdan uch-to‘rt uy narida turishadi. Ko‘rmagandek bo‘lib, indamay yerga qarab o‘tayotsam, bittasi “Xoy, Abdullajon! Bulbul qani?” desa bo‘ladimi! Boshimdan birov bir chelak qaynoq suv quyib yuborgandek bo‘ldi, ortimga qaramay uyga qarab yugurdim. Men qochib ketayapman, behayo qizlar izimdan “Xay, to‘xta!” deb qichqirar, ko‘chani boshlariga ko‘tarib, qiyqirib kulishar edi. Darvozadan yugurib, jiqqa terga botib kirganimni ko‘rgan onam ham qo‘rqib ketdi: “Ha, it quvdimi, bolam?” Men nima deyishni bilmay, to‘g‘risini aytib qo‘ya qoldim: “Anavi, Salom akaning qizi Gulsara, menga, Abdullajon, bulbul qani, dedi”. Onam ham rosa kuldi: “Ey, sodda bolam-yey, panaroqqa o‘tinglar, ko‘rsataman bulbulimni, demadingmi?”, “E-e! Siz ham gapirasiz-da, yur, ko‘rsat deyishsa, keyin nima qilaman?” dedim. “Uyalishmasa, ko‘rsat! Erkakniki qarqara, xotinniki masxara, o‘g‘lim. Endi shu qizlarni ko‘rsang, ularni sen quv, yur, bulbulni ko‘rsang, deb” dedi onam. Eh-he, qizlarni quvishga yurak qayerda deysiz, o‘sha qizlar erga tegib, yo‘q bo‘lgunlaricha ularning qorasini ko‘rsam, qochib ketadigan bo‘ldim. Institutga kirgan yilim ham bir qiz qo‘rqitdi. O‘qishning birinchi kuni o‘qituvchi turadigan minbarning yonidagi birinchi partaga o‘tirib oldim. Bir vaqt yonimga bir qiz kelib o‘tirdi. Men beixtiyor o‘rindig‘imni nariroq surib o‘tirdim. Dars boshlangandan keyin haligi qiz mening daftarimga bo‘ynini cho‘zib qaray-qaray, siljib-siljib menga yopishib qolsa bo‘ladimi? Menga esa surilishga joy qolmadi, bir yonboshim deraza edi. Tanaffusda eng orqadagi qatorga borib o‘tirsam, haligi qiz yana mening yonimga kelib o‘tirdi: “Men juda sekin yozaman, ulgurmaganlarimni sizdan ko‘chirsam, devdim. Maylimi?” Biron narsa deya olmadim. Dars boshlandi deng, yana haligi ahvol! Men deraza tomon surilaman, u menga tomon… Bir vaqt turib-turib “Qanaqa atir sepgansiz? Juda hidi shirin ekan?” desa bo‘ladimi? Buyam kamlik qilgandek bir vaqt qarasam, darsdan keyin mening yonginamda-a kelayapti. Bir o‘qrayib qaragan edim, “Siz menga yoqib qoldingiz, do‘st bo‘lsak, maylimi?” deydi. Uf-f! Tutab ketdim, bunisiyam sal nariga o‘tgach, “Abdullajon, bulbul qani?” deydiganga o‘xshab ko‘rindi. Shartta to‘xtab, haligi qizga qaradim-da, “Kechirasiz, meni ota-onam qizlar bilan yetaklashib yurish uchun emas, o‘qish uchun yuborgan. Fikri xayolim o‘qishda bo‘lishi kerak, boshqa narsalarga chalg‘ishga umuman vaqtim yo‘q”, dedim. Kuling, ha, kulavering. Lekin, bitta narsani unutmangki, yigit kishini ko‘rganda yerga qarabgina turishi yoki yigit kishi yaqin borganda o‘zini tortishi lozim bo‘lgan qiz bola yo‘q joydan “Atiringizning hidi shirin ekan” deb yopishib olsa, “E-e, bor-ye, toshingni ter” deysiz-da. Sizni ko‘rgandami?.. Hozir o‘sha holatimni so‘z bilan ta’riflab bera olmayman. Poyezd to‘xtashi bilan hamma tashqariga yugurdi, men esa qo‘limdagi kitobni o‘rindiqlar o‘rtasidagi stolning ustiga tashlab, kupe derazasidan har tomonga yugurib yurgan odamlarga qarab, xayolga berildim. Aniqrog‘i men ularni ko‘rmayotgan edim, o‘z o‘y-xayollarim bilan band edim. To‘satdan vokzal eshigi yonida sizlarni ko‘rib qoldim. Yoningizdagi ayol bilan juda o‘xshash edinglar, ona va qiz bo‘lsa kerak deb o‘yladim. Sizlar aftidan qo‘lingizdagi chiptaga qarab, chiqishingiz lozim bo‘lgan vagonni izlayotgan edingizlar. Yonimda ikki joy bo‘sh edi. Beixtiyor “E-e, xudo shu qizni mening yonimga chiqara qol” deb iltijo qildim. O‘zim derazaga yopishib qolgan kuyi chopib tushib, sizlarni o‘zim o‘tirgan kupega yetaklab kelgilarim kelib turardim. Bir vaqt onangiz qo‘lingizdan tutib, perron bo‘ylab yurib ketdi, endi men derazaga qancha yopishmayin, sizlarni qaytib ko‘ra olmas edim. Birdan kayfiyatim tushib ketdi, bor-yo‘g‘ini qimorga boy bergan qartabozdek shumshayib qoldim. Rangim ham o‘zgarib ketgan bo‘lsa kerak, qarshimdagi o‘rindiqda o‘tirgan o‘rta yashar ayol “Ha, o‘g‘lim, tobing qochdimi?” deb so‘radi. Bo‘g‘zimga tiqilgan xo‘rsiniqni arang ichga yutib, ayolga bir nima degunimcha, bo‘lmamizning eshigi ochilib, onangiz ichkariga bosh suqdi, u kishining ortida nastarin gulidek yashnab, siz turardingiz. Ko‘zlarim charaqlab ochilib ketgandek bo‘ldi. Yuragim qinidan chiqib ketadigandek hapqirib ketdi. Onangiz bir menga, bir sherigimga razm solib, so‘ng haligi ayolga salom berdi-da, qayergacha borayotganligini surishtirdi. Uning Toshkentgacha borishini eshitib, yuziga xotirjamlik yugurdi: “Opajon, mana shu qizim ham Toshkentga ketayotgan edi, birga boray desam, ilojini qila olmadim, iltimos, o‘z qizingizdek ko‘rib, qarab ketsangiz…” Keyin menga sinovchan nigoh tashlab, “Siz qayergacha borasiz?” deb so‘radi, shubhasiz mening javobim onangizga uncha ma’qul kelmadi, ilojini topsa-yu, meni hoziroq qizi ketadigan kupedan chiqarib yuborishni juda istayotganligi ko‘zlaridan ko‘rinib turardi. “Menga qarang, uka, yoshgina yigit ekansiz, siz tepaga chiqib yotsangiz, qiz bola narsa, tepaga osilib yurmasin. Maylimi?”, dedi. Men esa shu topda joyim emas, sizga jonimni ham berishga hozir–u nozir edim. Darrov qo‘limni ko‘ksimga qo‘ydim, “Xo‘p, xo‘p, xolajon! Bajonu dil!”. “Yaxshi. Xo‘p, qizim, safaring bexatar bo‘lsin, yetib borishing bilan qo‘ng‘iroq qil”. Siz shoshib-pishib tinmay gapirayotgan onangizga qarab, indamay kulib turardingiz. Men darhol o‘rin-to‘shagimni yig‘ib, tepaga, sizga qarab ketish imkonini beradigan qarama-qarshi katga chiqib oldim. Poyezd taraqa-turuq qilib yurib boshlagach, siz ham sumkangizdan chiroyli guldor oq choyshablar chiqarib joylaringizni hozirladingiz, ishonsangiz, sizning har bir harakatingizni nafas olmasdan kuzatib yotardim va joylaringizni to‘g‘irlab bo‘lgach, bir vaqt yana bir choyshabni olib, tepangizdagi katning ikki boshiga qistirdingiz-da, xuddi chimildiq kabi to‘shagingizni hammamizdan to‘sib qo‘ydingiz. So‘ng men kabi har bir harakatingizga maxliyo bo‘lib o‘tirgan ayolga bir kulib “Yaxshi yotib turing” dedingiz-da, go‘shangangizga kirdingiz-ketdingiz. Og‘zimni ochib, angrayi-i-ib qolibman. Ayol ham cho‘zilib oldi. Ancha paytgacha uxlayolmay yotdim. Xuddi tikanli sim ustida yotgandek edim, goh u tomonimga ag‘darilaman, goh bu tomonimga ag‘darilaman, hech uxlayolmayman. Nafas olishingizdan bilib yotibman, siz ham uxlaganingiz yo‘q, ammo bundan menga nima naf, sizni ko‘ra olmasam, suhbatlasha olmasam!.. Bilmadim, qandaylar bo‘lib, ko‘zim ilinibdi, vagon xizmatchisining ovozidan uyg‘onib ketdim: “Toshkent, Toshkent! Choyshablarni topshiringlar!” Shosha-pisha ko‘zimni ochib, pastga qarasam, allaqachon sizning o‘rin-joylaringiz yig‘ishtirilgan, kecha katning tagiga joylashtirgan yo‘l sumkangizni yoningizga qo‘yib, qandaydir gazeta o‘qib o‘tirardingiz. Men uyatdan qizarib-bo‘zarib pastga tushdim-da, shoshib yuz-qo‘limni yuvib kelib, joylarimni yig‘ishtirdim, so‘ng yonimizdan lip-lip o‘tib ketayotgan qishloqlarni tomosha qilib ketayotgan ayolning yoniga o‘tirib, zimdan sizni kuzata boshladim. Hali zamon poyezdimiz manzilga yetib, yo‘llarimiz ayro tushishi va keyin sizni hech qachon ko‘ra olmasligimdan vahimaga tushardim. Siz ham men bilgan boshqa qizlarga o‘xshab, biron og‘iz gapirsangiz ekan, kimligingizni, qayerga borayotganingizni so‘rab bilib olsam!.. Uf-f, soqov desam, kecha haligi ayolga binoyigina qilib, “Yaxshi yotib turing” degan edingiz. Ajralib qolish vahimasidan shunchalar qattiq xayajon va tashvish bilan o‘ylasam ham boshimga biron jo‘yali fikr kela qolmas edi. Shaharga kirib kelgan paytda birdan miyam ishlab ketdi: “Singlim, telefoningiz ishlasa, bir daqiqaga berib tura olmaysizmi? Menikining puli tugab qolibdi, onamga bir og‘iz yaxshi yetib keldim, deb qo‘ysam”. Siz cho‘ntagingizdan telefoningizni chiqarib berdingiz. Men nomard esa onamga emas, sizning telefon raqamingizni bilib olish uchun o‘zimga qo‘ng‘iroq qildim… Shu damda o‘zimning topqirligim uchun o‘zimni o‘zim quchoqlab o‘pgim, “Ur-re-ye! Yashasin!” deb bor ovozim bilan hayqirgim kelardi. Shu topda dunyoda mendan baxtli odam yo‘q edi. Poyezd to‘xtar-to‘xtamas, operatsiyam ham esda yo‘q, sumkangizni yelkamga orqalab, bir qo‘limga o‘zimning, bir qo‘limga haligi ayolning zil-zambilday sumkasini ko‘tarib, chiqish eshigiga qarab yugurdim. A-a, yo‘q, arzimas operatsiya, uch yil avval buyrakdan tosh oldirgan edim, duxtirlar og‘ir yuk ko‘tarmagin, deyishgan. Hech gapmas, bu duxtirlarning hamma aytganlarini qilaversang, yashash qiyin bo‘lib ketadi. Unday qilma, bunday qilma… Yaxshiyam duxtir emassiz… A? Onangiz chaqirayaptilarmi? Mayli, bora qoling. To‘y oldi sizlarda ham tashvish ko‘p-da. Lekin onangizga ayting, ko‘p sarpo-suruq, taraqa-turuq qilaman deb, ovora bo‘lmasinlar. Menga faqat va faqat sizning o‘zingizni bersalar bo‘lgani. Mayli, jonginam, hamma ishlaringiz tugab, uyquga yotish oldidan menga bir gudok tashlab qo‘ying, o‘zim sizga chiqaman. Men ham tashqariga bir chiqib, onamdan xabar olay-chi, mensiz nima tashvishlar boshlab o‘tirgan ekanlar. Xayr, jonim, qo‘ng‘irog‘ingizni kutaman…
Qiya ochiq eshik ortida muzdek devolga suyangan kuyi o‘g‘lining gaplarini eshitib turgan Gulnora shosha-pisha ko‘zlaridan oqayotgan yoshlarni artib, oyoq uchida yugurib hovliga chiqdi. Darhol supaning chetida yotgan cho‘ntoq supurgini olib, top-toza turgan supani supira boshlaganda ichkaridan kulimsirab Azizbek chiqib keldi. Uning qiyiq ko‘zlari baxt va quvonchdan yonib turardi. “Ah, peshonasi sho‘r bolam-a! Onam kasal emish! Nima deydi, o‘ti dimlangan, deydimi? Tavba, o‘ylab topgan kasalini qara-ya. Boshqa nima desin? O‘zim bir buyrakli sho‘r bo‘lib tug‘ilganman, ikkinchisining ham toshini oldirib, yakka-yagona buyragim yarimta buyrakka aylanib qoldi, desinmi?”
– Onajon! – uning ovozlari ham jaranglab turardi.
– Labbay, bolam? Uxlab oldingmi? – u ichini yondirayotgan iztiroblarni sezdirmaslik uchun zo‘rma zo‘raki kulimsiradi.
Azizbek ham o‘zicha uxlagan kishi bo‘lib, qo‘llarini ikki tomonga yozib, kerishdi:
– Rahmat, onajon. o‘zingizning ishlaringiz qanday? – u kelib, supaning bir chetiga omonatgina o‘tirdi.
– Xo‘-o‘sh, bolajonim, mendan so‘rasang, ishlar besh. Kasalxona uchun kerakli pullarni taxlab qo‘ydim hisob – supachaga dasturxon yoza boshladi. – Senga guruchdan sutli xo‘rda qilib qo‘ygandim, bir mazali bo‘pti, yarim kosagina ichib ol.
– Xo‘rdangizni qo‘ya turing, onajon, pulni qanday qilib topdingiz?
U shu safar hamma orzulari shu muolajaga bog‘liq bo‘lib turgani uchunmi, kasalxonaga tezroq borib kelishga juda orzumand bo‘ldi:
– Qanday qilib, onajon? Ayta qoling, qayerdan pul topdingiz?
– Ko‘chamizning boshidagi O‘g‘iloy opalar og‘ilxona qurmoqchi bo‘lib yurishgan ekan, bizning og‘ilxonadagi bolor, temir ustun, shepirlarni olmoqchi bo‘lishdi. Ertaga o‘g‘illari kelib, og‘ilxonamizni buzib, olib ketishadi. Keyin joyini tekislatib, devorlarni oqlatib qo‘yamiz, qaytamga hovlimiz kengayib qoladi.
Azizbekning yolqinlanib turgan ko‘zlariga birdan mung cho‘kdi:
– Bekor bo‘pti-da, onajon!
U ancha payt jim qoldi. O‘g‘lining nigohidagi biron harakatni ham e’tibordan qoldirmaydigan Gulnora boya eshik ortida turib nogoh eshitib qolgan suhbatning ta’siridami, bu safar o‘g‘lining ko‘zlariga qaramadi ham:
– Ertaga pulni berishadi, indin Toshkentga jo‘naysan. Qaytib kelishing bilan vada-vang to‘y! Shu opaning xo‘jayini ham juda mayda gap odam-da. Avval buzib, bolorlarni olib kelishsin, o‘z ko‘zim bilan ko‘rayin, keyin hisob-kitob qilib, pulini beraman, deydi. Ikki qavat og‘ilxonaning har bir qavatiga qaynotam rahmatlik o‘n sakkiztadan o‘ttiz oltita xari qo‘ydirganlar, uni tildirsangiz ham biridan uchtadan bolor chiqadi, dedim. Ha, olib kelishsin qani, qaynotangiz qo‘ydirganiga necha yil bo‘ldi, undan beri u kishi o‘lib, o‘zlari chirib bitdi-ku, qo‘ygan xarilari qanday ahvolda ekan, bir ko‘raylik, siz mendan xafa bo‘lmang, men ham pulni supurib olayotganim yo‘q, deydi. E-e, juda mijg‘ov odam ekan o‘ziyam.
Azizbek xijolatomuz yelka qisib, kulib qo‘ydi:
– Onajon-ey!.. Boshqa payt bo‘lganda-ku, bunday qilishingizga yo‘l qo‘ymagan bo‘lar edim. To‘yda uzilib qolib, sharmanda bo‘lmay deyapman-da. Bu yog‘i… nimagadir peshob yo‘q.
Gulnora qo‘lidagi xo‘rda suzilgan kosani “to‘q” etkizib, dasturxonga qo‘ydi-da, Azizbekning ko‘zlariga qaradi:
– Nega?! Axir, xojatxonaga borib kelib turibsan-ku?
– Peshob kelarmikin, deb…
– Voy, bolam-yey, — Gulnoraning rangi uchib ketdi. – shuni oldinroq aytmaysanmi? E-e, prorenalingni o‘z vaqtida, yetarlicha ichmayapsan-da, o‘g‘lim. Duxtir senga nima degandi, bu dori sen uchun buyrak vazifasini bajaradi, uni vaqtida ichmasang, iching zaharga to‘lib ketadi, demaganmidi? Ishtahang yo‘qligidan ham gumonlangandim-a men. Tepangda o‘tiri-i-ib, hamma doringni minutma-minut ichirmaymanmi? Ah, mengina o‘lay! Ah, tirikchilikning tashvishlari o‘lsin-a? Endi nima qilaman?
– Hech narsa emas, onajon, ikki kunda Toshkentda bo‘laman-ku.
Gulnora peshonasini qoplagan reza-reza terlarni kafti bilan sidirib, bosh chayqadi:
– Ay, bolam-a!.. Ikki kun ko‘p vaqt-da. Necha kundan beri shunday bo‘layapti?
– Bir-ikki kun bo‘ldi… Vahima qilavermang, ona-a!
– Sen xo‘rdangni ichib tur, men qo‘shninikiga chiqib kelay. O‘g‘illari og‘ilxonani buzishni bugunoq boshlasin, pulini tezroq olib, seni bir kun bo‘lsa ham ertaroq Toshkentga jo‘natayin.
Oradan bir soatlar chamasi vaqt o‘tgach, u to‘rtta yigitni boshlab keldi, havoning issiqligidan kuyganmi, ichidagi kuyik yuziga chiqqanmi, rangi ustidagi qalampir nusxa gulli qora ko‘ylakdek qop-qora bo‘lib ketgan edi.
– O‘g‘illari ham otasiga o‘xshash bexayr ekan, — yigitlarni ishga boshqarib, Azizbekning yoniga kirgach, javray ketdi. – Ertaga ertalabki salqinda buzamiz, endi kun issiq bo‘lib ketdi, deydi. Sariyog‘midinglar erib ketgani, o‘ttiz olti xariga yetmish ikkita mix qoqilgan, yigirma to‘rtta shiferga ham boringki, yuz-yuz ellik mix qoqilgandir, to‘rtta yigit bo‘lib shu mixni sug‘irib tashlay olmaysizlarmi, dedim. Zarurat bo‘lmasa, bolam kasal bo‘lmasa, bip-binoyi turgan imoratimni buzdirarmidim, dedim. Beradigan pullari to‘rt so‘m, nozu firoqlari osmonni yoradi. Onasi ham urishdi, sirkang sitilib qolmaydi, boringlar, dedi. Yosh degani ham shunday bo‘ladimi, shu ishni qilmasa ham yotishadi bekor telefonga yopishib!.. – Gulnora bo‘ynini qiyshaytirib televizorga qarab yotgan o‘g‘lining yoniga cho‘kkaladi. – Sen qandaysan, bolam?
– Hammasi yaxshi.
Negadir uning kayfiyati yo‘q, yuz-qo‘llari shishib ketgan, rangi za’farondek sap-sariq edi. Gulnora uning qo‘llarini kaftlari orasiga oldi:
– O‘g‘lim, sen hech qachon unutmaginki, men sen bilan tirikman, sensiz menga bu tiriklikning umuman keragi yo‘q. Bilasan-a?.. Bilsang, o‘zingni ehtiyot qil, bolam. Hayoting uchun kurash, men sog‘lom bo‘lishim kerak, ham o‘zim uchun, ham onam uchun yashashim kerak, degin. Axir sen o‘g‘il bolasan, erkaksan, kuchlisan! Shuncha dardlarni yengib, shuncha yillardan buyon yonimda yuribsan-ku, yana kuch top, maylimi, bolam?.. – Gulnoraning mijjalarida yosh qalqdi.
Azizbek ba’zur jilmayib, bosh silkidi:
– Xo‘p, onajon… Albatta… Faqat siz yig‘lamasangiz bo‘ldi.
Ko‘p o‘tmay molxona tomondan taq-tuq ovozlar eshitila boshladi. Gulnora uyining usti ochib tashlanayotgandek yuragi uvishdi. Qaynotasi rahmatli shu molxonani qurganda hammasi rosa suyunishgan edi. Ko‘chalaridagi biron xonadonda bunday ikki qavatli molxona yo‘q edi-da. Qo‘shnilar ularnikidan ham ziyodroq qilib qurib olishganda ular qo‘shqavatli qo‘ralarini buzdirishayapti.

* * *

Oysha aeroportdan tashqariga chiqqanda yomg‘ir sepalab yog‘ib turardi. U talabalik yillaridan Toshkentning yomg‘irlarini yaxshi ko‘rardi: kaftdek tekis yo‘llar, yo‘l bo‘ylab, yam-yashil butoqlarini ulkan guldasta kabi yomg‘ir suvlariga tutib turgan arg‘uvon daraxtlar, yomg‘ir payti yana ham yashnab ketadigan gulzorlar. Besh-olti qadam tashlar-tashlamas yomg‘ir kuchaydi, u “Taksilar bor, qayerga olib borib qo‘yay, kennoyi?”, “Taksi kerakmasmi, kennoyi?” deb xiralik qilayotganlar qurshovidan bir amallab chiqib, avtobuslar to‘xtaydigan bekatga o‘tdi. Yo‘l bo‘yi o‘ylab ham kimnikiga borish haqida bir to‘xtamga kela olmadi. Xorazmga qilgan sayoxati o‘g‘illari o‘rtasida katta gap bo‘lgan, hozirgi kayfiyatida katta o‘g‘ilnikiga borsa, ovsinlar darhol bir-birlariga sotib, erta bir kun albatta masxara bo‘lib qolishi aniq. Bu to‘qol ham odamlarga o‘xshab artistlik qila olsa ekan, o‘zi yashirsa ham, ko‘zi darrov sotib qo‘yadi. Biron ikki kun o‘tsa, tili bilan aytib bera qoladi: “Bekorlar ovora bo‘lib borgan ekanman. Juda xafa bo‘lib qaytdim…” U yo‘lovchilar g‘uj bo‘lib olgan bekat ayvoniga o‘tdi, ko‘ngli hammani yomg‘ir xipchini bilan savalayotgan osmon kabi qop-qora edi. Sarg‘ish sochlari ivib ketgan yoshgina qiz o‘rnidan turib, unga joy berdi.
Kuzgi namgarchilikdan eti junjikdi, qunishib o‘tirarkan, talabalik yillari yotoqxona derazasidan tinimsiz yog‘adigan yomg‘irlarning yer osti quvurlariga kirib, yo‘q bo‘lib ketishlarini bir olam xayrat bilan tomosha qilganlarini esladi. Haqiqatan ham Toshkentda yomg‘ir ko‘p yog‘adi, qishloqda shu yomg‘irning o‘ndan biri yog‘sa ham hamma tomonni zax bosib, necha devol nurab ketadi, Toshkentda esa yomg‘ir to‘xtashi bilan biron yerda ko‘lmak qolmaydi, hamma joy sarishta kelinning hovlisidek yashnab ketadi. Yo‘q, Oysha xola bugun o‘g‘linikiga bora olmaydi. Juda kayfiyati yo‘q. Hozircha puli bor, tugab qolsa, pochtachi ayolga qo‘ng‘iroq qiladi, Toshkentga kelayotgan birov-yarimdan keyingi nafaqasini berib yubora qoladi. Qaynonasining bir toshkentlik yangasi bor edi, tog‘asining xotini. Tog‘a vafot etgach, yanga hovli-joyni sotib, bolalari bilan Toshkentga ko‘chib kelgan, lekin bir umr Surxondaryoni, surxonliklarni qumsab, izlab, izzatini qilib yashagan, bu ayolning bir qiz, ikki o‘g‘li bor edi, har yili surxondaryoliklarning o‘zini charchatadigan yozda bolalarini yetaklab, to‘lib toshib Surxondaryoga borar, kunning issig‘ida kuyib-yonib, terlab-pishib ularning issiq hovlilarida oylab turar, tandirda pishgan non, kadida uyitilgan qatiq, tandir kabob, sumalak — ular uchun eng tansiq taom edi, qaynonasi rahmatlik ham ularning ko‘ngliga qarab, ketar chog‘i tandir-tandir non yoptirib, xalta-xalta suzma berib yuborardi. Sumalak qaynatishganda albatta bir chelak sumalak Maxfirat yanganikiga jo‘natilar edi. Komiljoni Toshkentdan uy olgunlaricha, kim poytaxtga biron yumush bilan kelsa, hammalarining qo‘nalg‘asi albatta shu ayolnikida bo‘lar edi. Uylari ham bemalol, bir hovlini uchga bo‘lib, ikkitasini ikki o‘g‘ilga bergan, birovida katta qizining o‘g‘li bilan o‘zi turadi. Oysha xola ham ularnikiga ko‘p kelgan, Maxfirat yanga har safar yer-u ko‘kka qo‘ymay, borini to‘kib-sochib mehmon qilgan edi. Dasturxoni hech qachon yig‘ilmaydi, kelinlari ham uni-buni pishirib chiqaverishadi, yanga erinmay choyni yangilayveradi. Xullas, juda bemalol, bahuzur joy, kirgan-chiqqaning, yotgan-turganing bilan birovning ishi yo‘q. Yaxshisi, o‘sha yerga boradi, yakshanbani o‘tkazib, dushanbadan kasalxonaga joylashadi.
Maxfirat yanga yonbosh tashlab, televizor ko‘rib yotgan ekan. Uni ko‘rib, “xay-xay”lab o‘rnidan turgunicha uzun etaklariga o‘ralashib, so‘ng surinib-qoqinib, qarshisiga yugurdi:
– Voy, Oyshaxon! Ertalabdan buyon o‘ng qovog‘im pir-pir uchadi, nima gap ekan desam, sizning xabaringizni aytib yotgan ekan-da. Keling, keling-yey!.. Xush kelibsiz, qoqindiq!
Qaynonasi o‘tib ketdi, Komiljon Toshkentdan uy oldi, yanga keksayib, betoblanib qoldimi, keyingi yillarda ikki o‘rtadagi bordi-keldi ancha susayib qolgan edi. Haqiqatan ham kampir bechora juda qarib, mushtdekkina bo‘lib qolgan, sertomir qo‘llari tinmay qaltirab turar, lekin ovozlari hamon o‘ktam va jarangdor edi.
O‘tirgan joyida nevarasiga buyurib, dasturxonni to‘ldirib tashladi. Nevara ham momosining yonida yashayverib, mehmon kutishning rosa hadisini olgan shekilli, hamma narsani juda batartib qilib joylashtirib, bir pasda issiqqina choy damlab keldi.
– Muzlatgichdagi somsani isitishga qo‘ydingmi? Kennoyilaringga borib ayt, Surxondan mehmon keldi, degin. Voy, Oyshaxon-yey, nega keksalar qarisang menday bo‘l, qora yerday bo‘l, deyishganlarini endi tushunib turibman. Yotgan joyim o‘zimniki, hech kim teginmasa, joyimdan qimirlamasam, deyman. Jaloliddinimning ayoli “Oyijon, oyijon” deb, yonimdan ketmasdi, shugina o‘lib, beega, g‘arib-u devona bo‘lib qoldim. Jaloliddinni aytmaysiz, qizni uzatishgan, katta o‘g‘ilga alohida uy-joy qilib chiqarib yuborishgan edi. Uyda kenja o‘g‘il bilan kelin qolgan, yoshlarning ham o‘z hayoti, o‘z gurungi bor, nafaqadagi qaynota ular bilan nimani gaplashadi? Shu deng, bolaginam, yana ishga qaytib borib yuramanmi, deb, xotini o‘lgandan keyin bekorchilikdan qo‘y bilan shug‘ullana boshladi, uch yarim sotixlik hovlida o‘ntalab qo‘y boqdi, binoyidek ovunib qolgan edi. Yon qo‘shnisi deng, “Sasib ketdi, ma’rab uxlatmayapti”, deb yozib qo‘ymadi, deng. He, nomard! Qo‘yning go‘ngini gulchilar olib ketishar edi, peshob oqava quvurga ulangan, tagi chinnidek toza turardi, shunday bo‘lsa ham, “Shaharning ichida qo‘y boqish mumkin emas” deb qo‘ylarini yo‘q qilishdi, shundan beri mahalladan uch-to‘rt shaxmat o‘ynaydigan bekorchini topib, o‘shalarning oldidan kelmaydi. Kamoliddinning xotini jonli haykalning o‘zginasi, o‘la qolsa uyidan chiqmaydi, bir kelib qolsa ham, soatlab yonimda o‘tirishi mumkin, ammo bir og‘iz gap yo‘q. Bir g‘amg‘usorim Gulnoza opangiz edi, uyam eri bilan Amerikaga ketib qoldi. Yolg‘iz o‘zim yotaman, turaman. Hech kun o‘tmaydi. Televizorga ham qarayvermayman, ko‘zim achishadi.
Yaxshi kelib qopsiz-da. Xay, Behruz, kennoyilaringga aytdingmi? Hey, bu kelinlarning qimirlashi ham qiyin-da, “uf”, “af” qilib o‘tirishgandir, bu kampir nuqul uyqumizga xalal beradi, deb. Erimiz yarim kechasi mehmon ergashtirib kelsa ham, “dik” etib o‘rnimizdan turib, dasturxon yozib, qozon osganmiz, bitta qovoq solmaganmiz.
– Voy, opa, dasturxon to‘lib ketdi-ku, nima qilasiz ularni ovora qilib, — xijolat tortdi Oysha.
– E-e, Oyshaxon, narsa ko‘p-ye, ana, muzlatkichim yegulikka to‘lib ketgan. Faqat izzat-hurmat degan narsa bor-de. Qani, olib-olib, gurung beravering-chi. o‘zingizda nima gaplar? Ukam ketib, sizning ham bor dunyoingiz xuvullab qolgandir… Ayniqsa, keksayganda yoningizda ko‘zingizga qarab turadigan bir mahramingiz bo‘lmasa, bari bekor ekan. Beldan quvvat, ko‘zdan nur ketgandan tan mahramidan ham ko‘ngil mahrami juda kerak bo‘lar ekan. Kim sizga ko‘ngil mahram bo‘ladi? Qiz yeb, qirga ketadi, o‘g‘il yeb, o‘rga ketadi, yoningizda bir umr hayotning pastu-baland yo‘llarida hamroh bo‘lgan odam qoladi, shu odam endi sizga tan mahramigina emas, ko‘ngil mahrami ham bo‘ladi. Siz bilan biz ana shunday mahram nasib qilmagan ayollardan bo‘ldik.
Oysha yerga qarab, bor irg‘adi:
-Boriga shukr, yanga, bolalarimiz bor, nevaralar bor.
-Ha-a, ming shukur. Allohim o‘tganlarni rahmat qilsin. – Maxfirat yanga qaltiroq qo‘llari bilan yuziga fotiha tortdi. – Bir Toshkentni aylanay, depsiz-da. Sog‘ligingiz yaxshimi o‘zi?
Maxfirat yanganing uni ko‘rib, bolalarcha suyungani, borini to‘kib, mehr bilan ahvol so‘rashlari uning ham mehrini tovlantirib yubordi. Onasi o‘tib ketgan, opasi bo‘lmasa, bir singil o‘zining g‘amidan ortmasa, u ham yanga aytganidek, bir ko‘ngil mahramiga zor yurgan bechora-da:
– Yangajon, sog‘ligim ham unchamas, nafaqaga chiqib, keyingi vaqtlarda biroz siqildim. Har yili kardiologiya markaziga order olib, bir davolanib ketaman. Bu yil ham davolanay, ham havolarni bir almashtiray deb chiqqan edim. Komiljonim bola-chaqasi bilan dam olishga ketgan, unga aytib ham o‘tirmadim. Sizning suhbatlaringizni sog‘ingan edim, to‘g‘ri shu yerga kelaverdim.
Maxfirat yanga bosh irg‘adi:
– Yaxshi qipsiz-da. Men ham bir hamsuhbatning zori bo‘lib o‘tirgan edim. Endi, singlijonim, o‘g‘il ko‘chaning odami, beli bog‘liqning ko‘ngli bog‘lik, deyishadi. Qayerlardandir entikib, bir og‘iz shirin so‘zi, taskin-tasallisiga zor bo‘lib borasiz, u esa xuddi begonalardek “Ha, onajon, yaxshi keldingizmi? Uydagilar yaxshimi?”dan nariga o‘tmaydi. Bundoq xotinidan alohida o‘tirib, “Ona, nega ko‘zlaring muncha g‘amgin, nima darding bor? Nimalardan siqilayapsan? Biron narsa kerak emasmi?”, demaydi. Shuning uchun ba’zan ko‘ngil bir yozilib suhbatlashadigan teng-to‘shingni qumsab qoladi. Ha, mayli, singlim. Har qaysi har joyda omon bo‘lsin, o‘t bermasa bermasin, o‘tini ko‘rsatmasin. Shunday deyishadimi, surxonliklar?
– Yanga-yey, shuncha yil Toshkentda yashagan bo‘lsangiz ham surxondaryoliklarning gapini unutmaysiz-a? – jilmaydi Oysha.
– Ay-y, singlim-a, unutib bo‘ladimi u kunlarni? – o‘tirgan joyida mastona chayqaldi. – Nimaydi? Ha, o‘zi uchar gilamlarni, Tohir-Zuhro, Yoriltosh, oyni uyaltirgan qoshlarni… Umrimning eng sog‘lom, eng go‘zal, eng baxtli yillari Surxonda o‘tgan-ku. Tog‘angiz rahmatli bizni – meni ham, bolalarini ham kaftida ko‘tarib yurgan. Bizni kiyintirib, yedirib-ichirib, quvontirib, o‘zi shulardan huzur qilardi. U kishi o‘tganlaridan keyin Toshkentga qaytmas edim, isi chiroqlarini qilib o‘tiraveraman, degandim. Hech o‘tira olmadim, faqat uyim emas, butun Surxon xuvullab qolgandek bo‘laverdi. Qarindosh-urug‘larimning yoniga kelsam, picha yengilgilroq bo‘lar, dedim. Qayoqda… Endi butun dunyo xuvullab qolgandek edi. To‘g‘ri, u kishidan qolgan tayyor uy-joyni sotib uy-joy qildik, ammo mana bu bolalarni oyoqqa qo‘ygunimcha yemaganim b.. bo‘ldi, kirmaganim go‘r qoldi, u yoqlarda qiladigan ishim hilpillab maktabda dars berib kelish edi, bu yerda gumma ham qilib sotdim, xonim ham qilib sotdim, to‘ylarga buyurtmalar olib, bolalarim bilan tunni tongga ulab, somsalar pishirdim. Lekin qachon qiynalsak, Surxondaryoni esladik. Hamisha o‘zimiz bu yoqda-yu, xayolimiz Surxonda bo‘ldi. Biz go‘yo dunyobexabar bu yoqda o‘tiribmiz-u, dadamiz Surxonda bizni kutib turgandek tuyulaverardi. Qashqadaryolik qo‘shnimizning bolalaridan “Qayerliksizlar?” deb so‘rashsa, “Toshkentlikmiz” deb javob berishar ekan, mening bolalarim esa “Surxondaryodanmiz” deyishardi. Ro‘zg‘ordan besh-o‘n so‘m pul orttirsak, “Surxondaryoga boramiz” deb yig‘ib qo‘yardik.
Yomg‘ir allaqachon tingan, kuz quyoshining iliqqina nurlari ko‘ngillarga ajib bir tarovat, yorug‘lik olib kirdi.
– Ha, endi, yangajon, o‘n kun biron kasalxonada yotib chiqsangiz-u, bir kun kelib shu kasalxona yonidan o‘tib qolsangiz ham, shu yerda nimalaringizdir qolib ketgandek ko‘nglingiz bir orziqadi, aslida u yerda o‘n kunlik umringiz qolgan bo‘ladi.
– Ha-a, Surxondaryoda mening o‘n yetti yillik umrim qolgan. Qaytganimizga qirq yil bo‘ldi, u yoqlarda men bilan birga yurib, birga turganlardan deyarli hech kim qolmadi, qaynonangiz ham o‘tib ketdilar, sizlarnikidan boshqa bemalol kirib-chiqadigan eshigimiz ham yo‘q hisobi, endi sizlarnikiga borsak, endi anavi kelinlarning oldida xijolat tortamiz, nima ham deysiz, qozon-o‘choq shularning qo‘lida bo‘lgach, shularning ko‘ziga qaraysiz-da. Ammo ko‘ngil o‘lgur o‘sha yoqqa oshiqib turaveradi. Bu yil xotira kunida o‘g‘illarimning yolg‘iz o‘zlari ketishdi, juda mazam yo‘q edi. Bechora bolalarim ham eringiz o‘tib ketganligi uchun sizlarnikiga borishdan iymanib, bir sinfdosh o‘rtog‘inikiga tushishibdi. O‘shalarnikida ham qarindosh-urug‘larni, ham mahalladoshlarni chaqirishib, xudoyi o‘tkazishibdi. Men ham indamadim, o‘zlaringga nima ma’qul bo‘lsa, shuni qilaveringlar, dedim. Nima deyin?
– O‘zingiz ham bormapsiz-da. Sizning bahonangizda ziyoratlarga boramiz, qarindoshlarni yo‘qlaymiz. Mahalladagi qariyalar xudoyida o‘tirib, “Mana ko‘rdinglarmi, qirq yil burun o‘tib ketgan Abdusattorboyning o‘g‘illari Toshkentdek joydan kelib, bir qo‘y so‘yib, dasturxon yozib, otasining qarindosh-uruglarini, mahalladoshlarni bir joyga jamlab, otalari uchun Qur’on xatm qildirib ketishadi, ko‘p farzandlarimiz nafaqasini yedirib o‘tirgan ota-onasining yonida turib, shuncha izzat-ikrom qilishmaydi. Ibrat olinglar, xulosa chiqaringlar”, deyishibdi. Hozirgi zamonda hamma narsa ashir-nashir bo‘lsa ham, ota uchun har yili bir qo‘y so‘ygan farzand kam-da, yanga, qo‘rasida o‘nta qo‘yi bo‘lsa ham shuning birontasini ota-onaga berib o‘tirmaydi, boshqa ishlatadigan joyini topishadi.
Kampirning yuz-ko‘zlariga mamnunlik indi:
– Xudoga shukr, bolalarim qobil, aytganimdan chiqishmaydi. Bo‘lmasam, bularning ham xarjlaydigan joylari yetarli, lekin aytildimi, bas, qilishadi. Ota-ona – ular uchun qiblagoh.
– Mayli, yanga, qilganlarining ajru savobi xudodan qaytsin, bolalaridan qaytsin. Xudoyim hammaga ham shunday oqibatli farzandlar ato qilsin.
Tushlik kechki ovqatga qo‘shilib ketdi, Maxfirat yanga dasturxonni yig‘dirgani qo‘ymadi, kelinlarning biri bir lagan osh, yana biri manti ko‘tarib kirdi. Yanga kelinlarning izidan javrab-javrab qoldi: “Keksa odamga suyuqqina, yumshoqqina bir narsalar pishirib chiqishmaydimi? O‘-o‘, farosatingdan ketay senlarning, bularda farosat degan narsaning o‘zi yo‘q. o‘zlari xohlab turgan narsani pishirishadi-da, ma, sening ham yeging kelsa, bir luqma yeya qol deb, chiqarib yuborishadi”. Oysha xijolat bo‘ldi: “Unday demang, yanga. Ikkalovi ham taomlarning podshosini pishirib chiqarishibdi-ku”. Yanga qo‘l siltadi: “E-e… Qo‘ying shularni”.
Oysha yanganing “xay-xay”lashiga qaramay, endi dasturxonni yig‘ishtirib olib, opa-singil achchiqqina ko‘k choydan bir-bir xo‘plab, gurungni qizitishayotgan edi. Hovlidan erkak kishining tomoq qirgan ovozi eshitildi. Maxfirat yanga sergak tortib, deraza tomonga qaradi:
-Iya, Jaloliddin-ku, — eshik tomonga bo‘ynini cho‘zdi. – Kel, kelaver, o‘g‘lim.
Oysha bu odamni hamisha bashang ko‘chalik kiyimida ko‘rib yurgani uchunmi, bugun uy kiyimida o‘zini ancha oldirib qo‘ygandek ko‘rindi: “Balki, onasi aytganidek, ayoli ketib, rostdan ham qiynalib qolgandir”.
Oysha darhol o‘rnidan turib, qaytadan dasturxon yozdi, haligina yig‘ishtirib qo‘ygan qand-qurslarni keltirib qo‘ydi, so‘ng bir chekkaga o‘tirib, mehmonga choy quyib uzatdi.
– Bu o‘g‘lim Surxondaryoni mendan ham ko‘proq yaxshi ko‘radi. Maktabni bitirgach, kirish oson, deb, arxeologiya institutiga o‘qishga kiribdi, deng. Xoy, ertaga institutni bitirib, qayerda ishlaysan, Toshkenti azimni senga kim kovlatadi, desam, Surxondaryoga borib ishlayman, desa bo‘ladimi! Yig‘lashni ham, kulishni bilmayman. Yo‘q, dedim, Surxondaryoga ko‘chib borib, uy-joy qilsang, yo‘q demayman, ota yurting, ammo arxeolog bo‘lib, chodirdan bo‘lak boshpanasi yo‘q allaqaysi tepalarda, kapalarda, quyoshning tig‘ida jizg‘anak bo‘lib yurishingga rozi bo‘la olmayman, deb turib oldim.
Maxfirat yanganing bu gurunglarini Oysha juda ko‘p marta eshitgan, shunday bo‘lsa-da, odob yuzasidan indamay og‘ziga termulib o‘tirardi. Bu gaplar o‘g‘lining yonida ham juda ko‘p aytilganmi, Jaloliddin xijolat bo‘lib, onasining gapini bo‘ldi:
-Ona-a, qaysi zamondagi gaplarni qo‘ying…
-Nega qo‘yar ekanman, o‘g‘lim, men aytmoqchi bo‘lgan gap hech qachon eskirmaydi. Hakim Termiziydek bobolarimiz bir beva onaning yolg‘iz o‘g‘li bo‘lgan ekan. Bir kun voyaga yetib, teng-to‘shlari Buxoroi Sharifga o‘qishga ketayotganda, hamma tengdoshlarim ilmli bo‘ladigan bo‘lishdi, men hammadan qolib ketdim, deb yig‘labdi. Onaizor noiloj rozi bo‘libdi, ammo o‘g‘lini kuzatgani ko‘chaga chiqib, shu bo‘yi qorong‘u tushganda ham uyga kirmapti, darvoza oldidagi bir toshning ustiga o‘tirib, o‘tgan qaytgandan o‘g‘lini so‘rab, o‘g‘li ketgan tomonga termulib o‘tiraveribdi. o‘g‘il deng, bir joyga to‘xtashsa, ustiga najosat tegib, tahorati buzilibdi. Shunda, “Eh, jo‘ralar, men onamni yolg‘iz tashlab chiqqan edim. Bu ishim Allohga ma’qul kelmadi, ustim bulg‘andi. Endi men qaytmasam bo‘lmaydi, sizlar boraveringlar” deb iziga qaytgan ekan. Tunning allamahalida qaytib kelsa, onalari hamon toshning ustida o‘tirgan ekan. Onasini uyga olib kirib, yupatib, birgalashib choy-poy ichib, uyquga yotsa, tong payti tushiga Xizr alayhissalom kiribdi: “Onasining rizoligi uchun ilm yo‘lidan qaytgan yigit senmisan? Alloh meni senga ilm o‘rgatish uchun yubordi” debdi, shunday qilib, Xizr buva Hakim Termiziyga o‘n ikki yil saboq bergan ekanlar.
Jaloliddin qo‘lidagi piyolani aylantirib o‘tirib, onasiga qarab beozorgina jilmaydi:
– Onajon, bu mehmon okean ortidan kelgan emas, o‘sha Termiziylarning yurtidan kelganlar, o‘zlari ham o‘qituvchi odam bo‘lsa, sizga o‘xshagan. Bu rivoyatlarni siz bilan mendan ko‘ra yaxshi biladilar. Bu kishini bekorga zeriktirayapsiz. Undan ko‘ra, siz Toshkentning rivoyatlaridan gapiring, maza qilib eshitsinlar.
– Yo‘q-da, o‘g‘lim, sening devona ko‘ngling haliyam o‘sha kasbdan voz kechgan emas, meni aldayman, dema. Onaning ko‘ngli hamma narsani sezib turadi, shuning uchun ham shu rivoyatni aytayapman. Shu safar borganlarida ham ukasini Toshkentga qaytarib yuborib, Surxondagi hamma “tepa”larni bir-bir aylanib chiqibdi. Xullas, bir hafta yo‘q bo‘lib ketdi. Aleksandr Makedonskiy qurgan bir shahar bor-u, Kampirtepa, o‘shani topgan gruzin, Rtveladzemidi oti, buning qadrdon akaxoni, shu kishi bilan uchrashishibdi. Rtveladzeni nima qilasan, bu yoqda qancha ishing qolib ketdi desam, onajon, u kishi akademik, senator bo‘lib ketgan, deydi. Hey, bola, sen akademikning yonida yurguncha, uyingga kel, bir kun bo‘lsa ham ko‘proq onangning xizmatlarini qil, dedim. Meni xavotirga qo‘yib, u yoqlarda nima qilib yuribsan, shuncha vaqt yurarkansan, meni ham olib ketmaysanmi, deb urushdim.
Jaloliddin battar xijolat bo‘ldi, lekin yuzidagi beozor tabassum yo‘qolmadi. Yumshoqqina qilib onasini murosaga chaqirdi:
– Onajon, Rtveladze bir umr safarda yurgan odam, siz aytgandek qilib, onasini yonida olib yurganida ham eng avvalo onasini qiynab qo‘ygan bo‘lardi, ham o‘zi bemalol ishlay olmasdi. Men endi yosh bola bo‘lmasam, nimaga xavotirlanadilar, ota yurtim, deb yuraverdim-da. Sizning bunchalar xavotirlanishingizni bilganimda umuman ostona hatlab, ko‘chaga chiqmas edim.
Bu ayol azaldan sergaproq edi, bir davrada o‘tirsa, hech kimga gap bermas edi. Endi keksayib, yana ham sergap bo‘lib qolibdi:
– To‘g‘ri, men o‘sha gruzin akaxoningga ham, uning onasiga ham ming marta qoyilman, o‘zi kasbining devonasi, onasining yuragi esa otning kallasidek bo‘lsa kerak, bo‘lmasa, bolasini bir umr safarda yuradigan ishga qo‘yib qo‘ymas edi. Mening yuragim chumchuqning boshidek, kichkinagina. Shamol shir etsa, yuragim pir etadi, shuning uchun Termiziy bobongdek yonimda tur. Onasini rozi qilganlari uchun Alloh u kishiga behisob ilm berdi, u kishi Ulug‘bekdan besh yuz yil avval usturlob yaratgan. Bir yuz yigirma yil umr berdi, shuncha yil yashagan banda o‘z ajali bilan o‘lsa bo‘lar edi-ku, yo‘q, Alloh u kishiga shahidlik saodatini ham berdi, u kishini joynamozning ustida bo‘g‘izlab ketadilar. Ha, shunday, bularning hammasiga ona roziligi uchun yo‘ldan qaytib, onasining ko‘ngligiga qarab yashaganligi tufayli erishgan. Ota-onam baravar chaqirsa, birinchi bo‘lib, kimga javob qaytaray, deyishganda, payg‘ambarimiz ham uch marta “Onangizga, onangizga, onangizga” deb javob qaytargan ekanlar, ona rozi, xudo rozi, bolam, lekigin meni rozi qilaman desanglar, kecha-kunduz yonimda bo‘linglar.
Jaloliddin uzalib, onasining yelkalaridan quchdi:
– Xo‘p, onajon, hamisha yoningizda bo‘lamiz, ko‘p xavotirlanavermang, shu yoshimda mendan qanday arxeolog chiqardi. Bir dil ketdi, besh-olti kun eski qadrdonlar bilan qolib ketdik. Boshqa bunday bo‘lmaydi.
Yangaga sochlari oqarib ketgan o‘g‘ilning tazarrusi xush yoqayotganligi ko‘rinib turgan bo‘lsa-da, jiddiy qiyofasini o‘zgartirmadi:
– Sen o‘g‘lim, meni masxara qilishni bas qilgin-da, ertaga Oyshani shahar aylantirib kel, dushanba kuniga orderi bor ekan, kardiologiya markaziga joylashtirib kelasan.
Jaloliddin “yalt” etib, Oyshaga qaradi, so‘ng onasiga yuzlanib, qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi:
-Xo‘p bo‘ladi. Qayerga desalar, olib boraveraman.
-Voy, sodda bolam-yey, biz Surxonga borsak, u yoqqa olib boringlar, bu yoqqa olib boringlar, demaymiz-ku. O‘zlari bilib-bilib, olib boraverishadi. Chiroyli ziyoratgohlarga olib bor, bog‘larga boringlar, chiroyli restoranlarga olib borib, bir piyola choy olib ber. Poytaxtga kelganini his qilsin, bir miriqib dam olsin. Hech narsa demayotgan bo‘lsa ham bilaman, juda siqilgan, bu bechoraning ham bir mehribon qizi yo‘q, bir singil o‘zining ro‘zg‘oridan ortmaydi. Xullas, ertaga kechqurun mening oldimga ko‘zlari chaqnab kirib kelsin. O‘zim sog‘ bo‘lganimda uni senga topshirib o‘tirmagan bo‘lar edim, kelinga aytay desam, ular ertaga dam olishga jo‘nab ketishadi. O‘ylab ko‘rsam, o‘zingdan ma’quli yo‘q ekan, bolam. Xo‘pmi?
-Xo‘p, onajon!
Oysha ona-bolaning undan beso‘roq uning ustidan qilayotgan o‘zaro kelishuviga xayron bo‘lib, kap-katta erkakning oldida keksa bir ayolning gapini bo‘lib, yuziga chopgandek, o‘zining noroziligini bildira olmay, qizarib-bo‘zarib o‘tirardi. Nihoyat ularning kelishuvi tugagach, qo‘llarini ko‘ksiga qo‘yib, Maxfirat yangadan gina qildi:
-Qo‘ying-ye, yangajon, nimalar deyapsiz? Mening hech qayerga aylanish niyatim yo‘q. O‘zim ko‘rgan Toshkent, ertaga yakshanba bo‘ladigan bo‘lsa, ikkalamiz gurung qilib o‘tiramiz. Hali aytib ulgurmagan qancha yangiliklarim bor, siz ham zerikib yotibsiz, o‘tiramiz o‘tgan-ketganlarni esla-a-b. Ko‘chada nima bor? Ovora bo‘lmang. Men hech qayerga chiqmayman.
Jaloliddin bir Oyshaga, bir onasiga qaradi, aftidan mehmonning ularni butunlay rad qilib tashlagani unga uncha ma’qul kelmadi. Maxfirat yanga qat’iy bosh chayqadi:
-Xay-xay, Oyshaxon, udumlarimizni esdan chiqarmang-a. Mehmonning inon-ixtiyori mezbonda bo‘lmaydimi? Lekin bugungi Toshkent siz bilan biz ko‘rgan Toshkent emas, o‘zim chiqa olmasam ham, televizorda ko‘rib o‘tiribman, kunda yangi bir narsa qurilib yotibdi. Shu joyda yashaydiganlar ham adashib ketadigan darajada o‘zgarish bo‘layapti. Jonginam, oyoqlaringiz yurib turganda, yuring, ko‘ring. Menga o‘xshab yotib qolsangiz, keyin istagan taqdiringizda ham ilojini topa olmaysiz.
Oysha xola qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib, bosh chayqadi:
-Bilaman, rahmat sizlarga, lekin bir-ikki kundan beri qon bosimim oshib turibdi. Ko‘chada mazam bo‘lmay qolsa, keyin xijolatchilik bo‘lib qoladi. O‘zi Yunusobodda turadigan bir o‘rtog‘im bor, kun bo‘yi sizning toliqtirib o‘tirmasdan shularnikiga bir o‘tib kelsam ham bo‘ladi.
Ona-bola bir muddat jim qolishdi.
-Yo‘-o‘-q, — noiloj qolgan Maxfirat yanga uning ikkinchi vajini rad qilishga o‘tdi. – Modomiki, aylanishga chiqmas ekansiz, o‘zimdan ortadigan mehmonim yo‘q. Bir aylanib, yayrab keling, degandim-da. Gulnoza opangiz uyda bo‘lganida sizdan ham, mendan ham so‘rab o‘tirmasdi. Bo‘pti, Jaloliddin, ertaga atagan-boylaganingni uyga olib kelaverasan. Suyuq ovqatni uyda qilamiz, sen bizga norin bilan g‘ijduvoncha qiymali kabob olib kelasan.
Jaloliddin miyig‘ida kulib, qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi:
-Bir og‘iz so‘zingiz, onajon! Keyin bizni ham davralaringizga qo‘shasizlarmi, choy-poy qo‘yib o‘tirardim, — dedi u yarim hazil, yarim chin ohangda.
Maxfirat yanga kulib bosh chayqadi:
-Menga-ku baribir, lekin mehmonim sening oldingda bemalol o‘tira olmaydi. Shuning uchun choyni o‘zimiz quyib icha qolamiz.
Davrada yengilgina kulgu ko‘tarildi.
-Xo‘p, xo‘p. Hazillashdim, onajon, yana nima xizmat bo‘lsa, aytaverasiz, sizlar o‘zlaring bemalol, bahuzur o‘tiraveringlar.
Jaloliddin ketgach, Oysha dasturxonlarni yig‘ishtirib, yana bir choynak choy damladi. Keyin ular Maxfirat yanganing ikki tomoniga ikkita karavot qo‘yilgan choqqina yotog‘iga o‘tishdi. Bu orada ikki-uch bor o‘g‘illari biri qo‘yib, biri qo‘ng‘iroq qildi. Oysha ularning qo‘ng‘iroqlariga javob berib, yolg‘onlagisi kelmadi. Lekin yer ostidan sinovchan nazar tashlab qo‘yayotgan kampirga bu qo‘ng‘iroqlar haqida nimadir deb, izoh berishi lozimligini o‘yladi. Chiroqlarni o‘chirib, karavotga cho‘zilishgach, hammasini bir boshdan gapirib berdi: “Yomon xayollarga borib yurmasin yana, o‘ynash-puynashimikin, deb. Harqalay boshi ochiq ayolman…”
– Ay, singlim-a, eshigimdan kirib kelishingizdan kimlardandir juda qattiq ranjib kelayotganingizni sezgan edim. Juda tushkun kayfiyatda edingiz. Bir narsa deyishga haddim sig‘madi, dilingizni og‘ritib qo‘yishdan qo‘rqdim. Lozim topsa, o‘zi aytar, dedim. Lekin, yoshligingizni qumsab, allaqayerlarda yurishingizni tasavvur qilmagandim. Tavba, endi kulgum qistayapti, chunki sizga qarab, xuddi o‘zimni ko‘rgandek bo‘layapman. Surxondaryoga qirq yildan buyon yoshligimni, yo‘qotgan odamimni izlab borganimdek-de. Obbo, siz-ye!
Kampir yotgan joyida pix-pixillab kula-kula, nafasi chiqmay qoldi:
– Ajoyib ayolsiz-de!.. Siz qariganda siz tengi ayol yosh, beg‘am-betashvish bo‘lib turaverarmidi? Uyam qariydi-de! Siz bola-chaqa qilganda, dugonangizning bola-chaqasi bo‘lmaydimi? Bo‘ladi! Sizniki ikkita bo‘lsa, uniki beshta ekan. Besh bolaning tashvishi, orzu-havasi hazilakam yuk emas. Ayniqsa, dugonangizning qizlariga o‘xshagan tannoz qizlar bo‘lsa, ota-onaning sho‘ri qisadi. Bola-chaqa deganlari esa tuganmas tashvish, bir umr g‘am-u tashvishi bilan yuragingizdan chaqib turadigan balo, deganidir. E-e, sizni qarang-u, mendan ham o‘tgan sodda ayolsiz-yey!.. Siz ulardan sira xafa bo‘lmang. U sho‘r ham hayotning yo‘rig‘iga tushib qolgan bir banda-de.
Oysha bosh chayqadi:
-Yo‘q, men undan sira xafa emasman. O‘zim, shunchaki… Qachon siqilsam, bir Xorazmga borsam ekan, deb yurardim. Xorazm, o‘sha dugonam men uchun bir mayoqmidi-yey… Endi bor-yo‘g‘ini boy bergan kimsadek g‘alati bo‘lib qoldim.
Maxfirat yanga sharaqlab kulib yubordi:
-Sizni qarang-u! Boringki, o‘sha ayol juda badavlat, eri ham toparman-tutarman, bolalari ham o‘zidan tingan, beg‘am-betashvish inson bo‘lsa, bir hafta sizni to‘riga o‘tqazib, dardlaringizni tinglasa, o‘tib ketgan eringizni, keliningizni yomonlasa, hayotingizda biron o‘zgarish bo‘lib qolarmidi? To‘g‘ri, bir hamfikr topilganidan, ichingiz bo‘shaganidan biroz yengil tortar edingiz. Ammo uyga qaytib kelganingizdan keyin yana o‘sha andishasiz kelin, qulog‘ining tinchidan boshqa narsani o‘ylamaydigan bo‘shang o‘g‘ilga uchraysiz. Ular dilingizga soladigan og‘riqlarni yig‘ib-yig‘ib, yana bir kun Xorazmga borasizmi?
-Ha, endi…
Maxfirat yanga o‘rnidan turib, karavotga oyoqlarini osiltirgancha o‘tirib oldi:
– Menga qarang, sizga bir kiroyi maslaxat berayinmi? Unday o‘g‘il bilan kelinni “Aravangni o‘zing tort”, deng-de, ro‘zg‘oringizni alohida qilib oling. Komiljonning uyi bekordan bekor bo‘sh yotibdi, eringiz rahmatlik erta bir kun aka-uka bola-chaqali bo‘lib, o‘zidan ko‘paygach, bir darvozadan kirib, qiynalib yurmasin, deb darvozani ham ikkita qilib qo‘ygan. Endi siz o‘rtaga bir devol ko‘tartirib, o‘sha uyga ko‘chib o‘ting, oftobasini otadimi, chelagini otadimi, bilgan ishini qilib yotaversin.
Nafis darpardalarni silkib o‘ynayotgan salqin shabada Oyshaning horg‘in vujudini silab o‘tadi, u xuddi onasining uyida yotgandek oyoqlarini bor bo‘yiga uzatib olgan edi.
-Yo‘-o‘g‘-ye, yanga, onam rahmatlik bir umr ikki ovsin bilan bir hovlida turishgan, onam kelin tushirdi, ovsinlari kelin tushirishdi, o‘shanda ham qozonlari bitta edi. Bir kun momom hammalarining ro‘zg‘orlarini alohida-alohida qilib berdi, lekin shunda ham o‘rtaga devor tortilmadi. Jiyanlarim kelin olib, hovlilariga yangidan uni-buni qurishgach, o‘z-o‘zidan o‘rta devorlar paydo bo‘lib qoldi. Hali-hali o‘rtada darcha bor, uyda hech kim bo‘lmagan paytlar darvoza qulflansa ham, darchalar ochiq qoldiriladi. Onalarimiz ovsinlar bilan o‘rtaga devor ko‘tartirmay yashagan, men qanday qilib o‘g‘lim bilan o‘zimning oramga devor torttiraman? Bu juda qiyin masala.
-Odamlar gapiradi, deyapsiz-da? Lekin o‘zingizga qolsa-ku, o‘sha tarbiyasiz kelinning shang‘illashlarini eshitmay, jon deb alohida yashagan bo‘lardingiz?
-Gap odamlarda ham emas. O‘zim nevaralarimni ikki soat ko‘rmasam, sog‘inib qolaman. Otasini-ku, qo‘yavering. Ha-a, kelin ham bir kun kelib, xatolarini tushunar…
-O‘sha kun kelguncha umringiz poyoniga yetib qolsa-chi? Besh kunlik umringizni o‘sha kelinning insofga kelishini kutib, asablaringizni buzib o‘tkazmoqchimisiz? Xoy, singlijonim, yonginangizda tayyor uy bo‘lsa, o‘zingiz sog‘-salomat bo‘lsangiz, yaxshigina nafaqangiz bo‘lsa, nimaga birovning qovog‘iga qarab yashashingiz kerak? Asabingiz buzilaverib, bir kun miyangizga qon quyilib yotib qolsangiz, o‘zining oftobasini sizga to‘ldirtirmoqchi bo‘lib yotgan o‘sha keliningiz sizga bir kun ham tuvak tutmaydi. Men o‘g‘illarimni uylantirmasdan hovlini bo‘lib olganman. Agar mening aytganimni qilsangiz, Komiljon bilan maslahat qiling, bor gapni ochiq-oydin tushuntiring. U ukasiga uyni sotaman, o‘rtaga devol ko‘tartirib, uylarni chiroyli qilib ta’mirlatib qo‘y, desin. Xuddi shaharlardagidek tahoratxona, oshxonalarni ichkariga o‘tkazsin, suv isitadigan jihozlar qo‘ydirsin. Xay, boringki, Komiljonga ozroq pul ham bering, u ukasiga beradi. Uy tayyor bo‘lgach, xaridorimiz pulini kechiktirayapti, boshqa biron xaridor chiqqunicha, onamni ko‘chirib qo‘y, uyga qarab turadi, desin. Shu bilan olam guliston, keyin keliningiz darvozangizni taqillatib, “Onajon, ishdan kelgunimcha nevaralaringizga qarab turing, iltimos”, deb keladi. Ishdan qaytgach, rahmat aytib chiqib ketadi. Bolalarimga qarayapti, deb, kelib xizmatingizni qiladi. Siz esa istasangiz qaraysiz, istamasangiz, yo‘q. Hatto, ko‘nglingizga ma’qul biron kishi bo‘lsa, turmushga ham chiqib olishingiz mumkin.
Oysha kulib yubordi:
-Qo‘ying-ye, yanga, endi qarigan chog‘imda elga hangoma bo‘lishim kammidi?
-Nima bo‘pti? Siz yosh bo‘lsangiz ham juda eskicha fikrlar ekansiz. Eringizdan nima ko‘rdingiz? Umringizda biron joyga dam olishga, aylanishga olib borganmi? Qayerga bo‘lsa, o‘zlari ketganlar, siz hamisha qaynona bilan bolalarga qarab, uyda qolgansiz. Buning ustiga hali aytganingizdek, bekitiqcha uylanib, bola-chaqa qildi. Xotini erga tegib ketsa ham, topganining teng yarmini o‘sha bolalarga berib yurdi. Bu gaplarning hammasidan xabarim bor edi, qaynonangiz bechora juda koyinib yurardi doim. Endi shu erning xotirasiga sadoqat ko‘rsatishingiz kerakmi?
Derazadan ularni beixtiyor kuzatib turgan oy Oyshaning yuzidagi xijolatni fosh qilib qo‘ymaslik uchun bulutlar ortiga berkindi. Zim-ziyo xonaga yoqimsiz sukunat cho‘mdi. Anchadan so‘ng jimlikni yana Maxfirat yanganing o‘zi buzdi:
-Masalan, mening Jaloliddinimga o‘xshagan ortida tortqisi yo‘q, hamma bolalari o‘zidan tingan, ichmaydigan, chekmaydigan biron kishi bo‘lsa, nega turmushga chiqmasligingiz kerak? Bolalaringiz o‘z yo‘liga, endi ularning o‘z oilasi, o‘z qiziqishlari, o‘z hayoti bor. Siz esa o‘z hayotingizni yashashingiz kerak.
Oysha gapni hazilga burmoqchi bo‘ldi:
-Moboda, meni Jaloliddin akaga olib bermoqchi emasmisiz?
-Jon der edim agar rozi bo‘lsangiz. Qaniydi, Jaloliddinimning yonida sizdek o‘qimishli, qanoatli ayol bo‘lsa! Bir xavotirim shu o‘g‘il, ayoli ketgandan so‘ng juda o‘zgarib qoldi, nazarimda yuraklari huvullab yurganga o‘xshaydi. Lekin tish yorib, bir og‘iz dardini aytmaydi. Agar uning yonida sizni ko‘rsam, bexavotir oyoq uzatib, omonatini topshirgan bo‘lar edim.
-Voy, yangajonim-yey, avval boshdan shunday demaysizmi, gapni Jaloliddin akani maqtashdan boshlash kerak edi, — Oyshaning ko‘nglidagi xijillik biroz tarqagandek bo‘ldi. – Bekordan bekorga bechora erimni yomonlab o‘tirmasdan.
-E-e, o‘rgildim eringizdan. Ha, endi sizning g‘amingizni yeyayotgan bechora kampirni mazax qilishga o‘tdingizmi? Ammo lekin Jaloliddinimni har qancha maqtasam kamlik qiladi. Siz men bilan hazil-mazax o‘ynab o‘tirmasdan tanangizga yaxshilab o‘ylab ko‘ring. Mana, birgalashib Toshkentdan bir uy olinglar, ikkalangning ham nafaqalaring yaxshi, bir kun teatrga, bir kun kinoga borasiz, ko‘chaga chiqishga eringan kunlaring xushta’mgina bir ovqatni pishirib, musichadek ku-kulashib, uyginalaringda o‘tirasizlar. Ana hayot, mana hayot!
Maxfirat yanganing ajinlari yarashib turgan yuzlarida oy nuri shu’lalanar edi.
-Yangajon, men hammasini bilaman, meni yaxshi ko‘rishingizni ham bilaman. Men har ne bo‘lsa, peshonasidan ko‘rgan, ko‘rganiga qanoat qilgan ayolman, balki siz aytgandek hayotdan ancha orqada qolgandirman. Endi meni har qancha urushsangiz ham, oltmishga kirgan odamning o‘zgarishi qiyin. Lekin, men xursandman, shu yoshimda meni bir ona suygan o‘g‘liga kelin qilmoqchi bo‘lib turibdi. Meni tanlaganingiz uchun ming rahmat, lekin hechgina ilojim yo‘q.
Maxfirat yanga qo‘l siltadi:
-Bilganingizni qiling. Men o‘ttiz yetti yoshimda beva qolgan edim, erimni har qancha yaxshi ko‘rgan bo‘lsam ham, o‘sha paytda hozirgi aqlim bo‘lganida, albatta, erga tekkan bo‘lar edim. Qarigan chog‘ingizda ko‘zlaringizga qarab, ko‘nglingizdan nima kechayotganini biladigan, o‘zingizni ham, ko‘nglingizni ham avaylaydigan bir inson juda kerak ekan. Hay, mayli, singlim. Vaqt ham allamahal bo‘ldi, uxlay qolaylik. Hamma narsaning vaqtida bo‘lgani yaxshi, uyquning ham.
Oysha odatdagidan ham erta uyg‘ondi. Yangani uyg‘otib yubormaslik uchun ohistagina o‘rnidan turib, oyoq uchida qo‘shni xonaga o‘tdi. Bu ayolga qoyil qolmaslikning iloji yo‘q, kichkinagina uyning ichida hamma sharoitini qilib olgan: kunduzimi, kechasimi, oftoba ko‘tarib, hovlining narigi burchagiga yugurib yurmaysiz, hamma narsa ichkarida. “O‘zini yaxshi ko‘rgan ham yaxshi-da. O‘zingni o‘zing qadrlamasang, hech kim sening og‘ir yengiling bilan ishi yo‘q. Agar Komiljonning uyiga ko‘chib o‘tsam, men ham uyning ichidan shunday sharoit qilib olaman”.
U namozdan so‘ng hovliga chiqib, bir chetda qo‘yilgan choqqina yog‘och supaga o‘tirdi. Atrof jim-jit, havo nam va salqin edi. Ko‘chadan o‘tayotgan avtoulovlarning ovozi demasa, tong otganidan darak berguvchi hech narsa ham yo‘q edi. Na qushlar, na xo‘roz va na mol-hol. Surxondaryoda odamlar qushlardan ham oldinroq uyg‘onadimi-yey, keyin qushlar, xo‘rozlar, keyin mol-hol. Oxirida Oyshaning keliniga o‘xshagan uyquchi kelinlar! Uning beixtiyor o‘g‘lini, nevaralarini, hatto o‘sha uyquchi kelinini ham ko‘rgisi kelayotganini his qildi. Nima bo‘lganda ham har kimning o‘z uyi o‘lan to‘shak ekan-da. Unga qolsa, kasalxonasini ham tashlab, shartta uyga jo‘nab yuborardi. Ammo… Borishi bilan yana o‘sha eski ko‘ngilxiraliklar boshlanadi. Maxfirat yanganing hamma aytganlari to‘g‘ri, hammasini qilmasa ham, Komiljonning uyiga ko‘chib o‘tish haqida aytganlarini qilishi kerak. Kim nima desa deyaversin. Dorilfununda bir muallimalari bo‘lardi, aytishlaricha, yigirma sakkiz yoshida bir o‘g‘il, bir qiz bilan beva qolgan ekan. Juda kelishgan, muloyim ayolgina edi. Eri o‘lgandan keyin ko‘p kishilar so‘ratgan ekan. Sho‘rlik bolalarimni o‘gay otaning qo‘liga termultirmayman, deb qayta turmush qurmabdi. Bolalarining ikkovini ham o‘qitib, uyli-joyli qilibdi, qizi o‘zi birga ishlar edi. Ammo ayolgina keng-mo‘l uyini o‘g‘liga berib, o‘zi ko‘p qavatli uyda turar ekan. Bechoraning jonidan biron issiq o‘tmasa, qadrdon hovlisini, suyukli o‘g‘lini tashlab, yolg‘iz o‘zi katalakdek ko‘p qavatli uyda yasharmidi? O‘sha muallimani hamma talabalar yaxshi ko‘rardi. Kursdosh dugonalar opaning uyiga tez-tez borib turishardi, qachon borishsa, uylari yashnab turgan yangi guldastalarga to‘la bo‘lar edi. Shunday aqlli, hammaga suyukli bo‘lgan shunday ayol ham kelin bilan murosa qila olmagan, kelinning ko‘nglini topa olmagan va mag‘lublikni tan olib, jimgina chiqib ketgan… E-e… Kelinga qolgan kuning keliga qolgan kuning-da asdida.
Sukunatni erkak kishining yo‘tal ovozi buzdi. Ovoz qo‘shni hovlidan kelayotgandi: “Jaloliddin aka turibdi, shekilli”. Beixtiyor unga rahmi keldi. Ayollarni zaifa deyishsa ham, ular juda chidamli kelishadi, Bechora erkaklar mard bo‘lishsa ham, juda mo‘rt bo‘lishadi, hayot har qancha shirin bo‘lsa ham ko‘pchiligi ayolidan keyin qolishni istamaydi. Otasi rahmatlik “Mendan oldin ketaman, dema tag‘in. Sendan qolib, ovorai aftoda bo‘lib yurishni xohlamayman”, der edi doim. Lekin onasi avval ketib qoldi, keyin otasi juda injiq va qaysar bo‘lib qoldi. Aytarli bir joyi og‘rimasa ham umri kasalxonalarda o‘tdi, uyda turgisi kelmasmidi yoki haqiqatan ham bir joylari og‘rirmidi, o‘g‘illar har qancha girdikapalak bo‘lishmasin, onasidan keyin otaning biron kun mamnun bo‘lib o‘tirganini ko‘rishmadi.
Devor osha tamaki tutunining achchiq hidi keldi: “Bechora, chekayapti. Ayolining o‘rni juda bilinayotgan bo‘lsa kerak. Rostdan ham o‘g‘il va kelin bilan nimani gaplashadi? Ishlamasa, kun bo‘yi shug‘ullanadigan biron mashg‘uloti bo‘lmasa? Balki, savob uchun u bilan shahar aylanib kelishim kerakdir? Bahonada o‘zim ham maza qilaman. Yo‘g‘-ye, tag‘in ko‘ngliga bir narsalar kelib, o‘zicha umidvor bo‘lib yurmasin…”
Kuz quyoshi kechagi yomg‘irdan namiqqan hovli sahnini o‘zining mayin nurlariga ko‘mib tashladi. Atrof yorishib ketdi. Oysha sekin o‘rnidan turib ichkariga kirdi. Maxfirat yanga allaqachon uyg‘ongan, yuvinib-chayinib, pastgina ovozda televizor ko‘rib o‘tirardi. Stolning bir chetida elektr chovgumda vishillab choy qaynardi.
Ular deyarli kun bo‘yi dasturxon ustidan turishmadi. Kelinlar, Jaloliddin – biri qo‘yib, birlari bir tansiq ovqat keltirib turishdi. Lekin hech kim yonlariga o‘tirib, suhbatlarini bo‘lmadi. Maxfirat yanga qaysi bir gazetadan Termizdagi “Qirqqiz” qal’asi haqida o‘qib qolgan ekan. Naq yarim kun o‘sha “Qirqqiz” haqida gapirdi:
-Surxondaryoda shuncha yil yashab, keyin ham shuncha borib-kelib yurib, shu “Qirqqiz”ga bir bormaganimni qarang. Shu haqda o‘qiganimdan beri holimga boqmay, borib ko‘rgim kelib yotibdi. Bu qal’ada Hakim Termiziy bilan Varroq Termiziyning qizlari mudarrislik qilishgan ekan. Ular qizlarga qirq soha bo‘yicha ta’lim tarbiya berishgan ekan. Bu yerda o‘qigan qizlar o‘z ona tillaridan tashqari uchta tilni bilishlari shart bo‘lgan, ularga huquqdan, tibbiyotdan, yulduzlar ilmidan dars berilgan, deb yozishibdi. Buni qarang, qizlarga taom tayyorlashdan tortib, kiyinish, mehmon kutish, to‘qish, tikish, ip yigirish, otda yurish, kamon otish kabi yumushlarni ham majburiy tartibda o‘rgatishgan ekan. Hakim Termiziy qizlarning odobli, o‘qimishli bo‘lishini istar ekan. “Qirqqiz”da ta’lim olayotgan qizlarga alohida mehr ko‘rsatar ekan. Surxonda u kishini hamma Termiz ota deyishadi, ana shu mehribonchiliklari uchun xalk “Ota” deb atagan bo‘lsa kerak, deb o‘ylayman. Jaloliddinimga “Bir davolanib, kuch yig‘ib olsam, meni o‘sha “Qirqqiz”ga olib borasan”, deb o‘tiribman. Xudo xohlasa, borsam, birga-birga o‘tamiz. Siz hech borganmisiz “Qirqqiz”ga?
Keksa bir ayolning xayajonlari unga biroz erish tuyuladi:
-Borganman, ko‘p marta borganman.
-Zo‘rmi?
Oysha yelkasini qisadi:
-Bilmasam, oldiga tortilgan devol-u, uch-to‘rt xonani aytmasangiz, oddiygina tuproq uyumidan ko‘pam farq qilmaydi. O‘n olti asr ilgari qirqta xonasi, to‘rtta qudug‘i, to‘rtta zindoni, uchunchi qavatida niliy gumbaz ostida qizlarga osmon jismlari harakatini o‘rgatadigan qirqta usturlobi bo‘lgan, deyishadi. Qal’aga erkak kishilarning kirishi butunlay ta’qiqlangan ekan. Hakim Termiziyning jiyani Sonur Termiziy o‘z zamonasining kuchli astronomi bo‘lgan, Hakim Termiziyning ruxsati bilan qal’adagi qizlarga astronomiyadan tahsil bergan, u qal’aga kirish uchun soch o‘stirib yurgan, keyinchalik odamlar orasida “Kokildor ota” deb nom olgan.
-Oddiygina tuproq uyumi qolgan bo‘lsa ham borib ko‘rgim kelayapti, u joylar juda tabarruk joylar-da, Oyshaxon. – Yanganing nursiz ko‘zlarida havas uchqunlari chaqnab turardi. – Qarang, siz, oddiygina bir muallima ayol bu qal’a haqida shuncha narsa bilar ekansiz, olim odamlar siz bilan mendan ko‘ra yuz marta ko‘proq narsa bilsa kerak. To‘g‘rimi? Shunday bo‘lsa, o‘sha bilganlari asosida, hashar qilib, qal’ani yaltillatib qayta tiklab tashlasalar bo‘ladi-ku. Surxondaryo uchun qirq xonalik bino nima bo‘pti? Hozir odamlar o‘zlari uchun qirq-ellik xonali uylar ham qurib yotishibdi-da.
-To‘g‘ri-kuya, lekin tarixiy obidalarni shoshma-shosharlik bilan hashar qilib tiklab bo‘lmaydi. O‘n besh asr avval qurilgan qal’aning me’moriy yechimi bugungi me’morlarni ham hayratga solayotgan emish. Tarixiy manbalarda bu qal’a devorlarga qo‘yilgan tirqishlar yordamida kunduzlari, oy to‘lgan kechalarda umuman chiroqsiz yoritilgan, ichkaridagi havo qishda ham, yozda ham ma’tadil bo‘lgan, deb yozishgan. Menimcha, bu mo‘tadillikka g‘ishtlar sabab bo‘lsa kerak. Birinchi navbatda ana shu g‘ishtlarni o‘rganib chiqish kerak: u qanday tuproqdan quyilgan, unga nimalar aralashtirilgan, qanday haroratda quritilgan? Keyin shunday g‘ishtlarni tayyorlab, qal’aning loyihasini ishlab chiqish kerak, shu loyiha asosida qura oladigan quruvchilarni topish kerak. Hozir qal’aning katta qismi tuproqning tagida yotibdi, uni ochib olish kerak. Eng avvalo, menimcha, qal’aning usti vaqtincha suv o‘tkazmaydigan biron narsa biron yopib qo‘yilishi kerak, toki obidaning qolgan-qutgan qismi ham qor-u yomg‘irlar ostida ivib, yo‘q bo‘lib ketmasin.
Maxfirat yanga uni birinchi marta ko‘rib turganday, biroz boshini egib, ko‘zlariga tikiladi:
-Menga qarang, singlijonim, shuncha gapni bilar ekansiz, kelinim qachon ishdan qaytib, shang‘illar ekan, deb asabingizni buzib yotmasdan, bilganlaringiz yozib, viloyatning kattalariga kirmaysizmi? Toshkentga quruq kelib-quruq ketib yurmasdan, tarixiy obidalarni saqlab qolish bilan shug‘ullanadigan xalqaro tashkilotga uchrashing. Hammaning e’tiborini “Qirqqiz”ga qaratib, kerak bo‘lsa, o‘zingiz boshida turib, qal’ani tiklatib tashlamaysizmi? Oliy ma’lumotli o‘qituvchi bo‘lsangiz, qancha savob ishdan quruq qolib yurgan ekansiz-a!..
Oysha bosh chayqadi:
-Bunday ishlar mening qo‘limdan kelmaydi.
-Nega axir? Siz bir umr tashkilot rahbari bo‘lib ishlagansiz-ku.
-Endi, — chaynaldi Oysha. – men rahbarlik qilgan tashkilot hukumatning tasarrufida bo‘lgan, hamma harajatlar davlat tomonidan ta’minlanib turgan. Katta-katta rahbarlarga uchrab, ularni o‘zlari bexabar haqiqatga amin qilib, e’tiborini o‘n besh- o‘n olti asr avvalgi bir qarashda tuproq uyumiga aylangan qal’aga qaratish mening qo‘limdan kelmaydi.
-Keladi, Oysha, keladi. – Maxfirat yanga qo‘li bilan “tap” etkizib, xontaxtani urdi. – Hakim Termiziy kimning zurriyodi ekanligini bilasizmi? Payg‘ambarimizning suyukli qizlari Fotima onamiz bilan Hazrat Alining yo nevaralari, yo chevaralari bo‘lgan. Demak, “Qirqqiz” mudarrislik qilgan Xuraydai Davron, Ruxaydai Davron, Kokildor ota ham payg‘ambarimizning avodlari-da. Yaltillatib ta’mirlangan “Qirqqiz” odamlarni payg‘ambarimizga, imonga yaqinlashtiradi. Bunday savobli ishga bosh qo‘shish hammaga ham nasib qilavermaydi, jon singlim. U kuni bir joyda yoshi oltmishni qoralab qolgan kap-katta kishi onasiga “Siz xudo, payg‘ambar degan gaplarga ishonasizmi? Bular hammasi to‘qib chiqarilgan narsalar”, desa bo‘ladimi? Yoqamni ushladim. Xudodan qo‘rqmagandan qo‘rq, deyishadi. Xudoni bilmaganlar xudodan qo‘rqishadimi?
-To‘g‘ri, yanga. – qat’iy bosh chayqadi Oysha. – Siz aytayotgan ishlar katta savob. Ammo bu ishlar mening yoshimdagi ayollar uchun emas. Yoshlikka odam uncha-muncha ozorlarga ham parvo qilmay ketaveradi, masalan, shu ish uchun unga-bunga uchrashasiz, birov “Xo‘p” deydi, birov “Sendan boshqa tashvishim yo‘qmi? Boshimni og‘ritma”, deydi, yoshingiz o‘tgandan so‘ng bunday gaplarni ko‘tara olmaysiz.
-Uf-f! Nega bundaysiz-a? Hadeb yoshingizni pesh qilaverasiz-a? Yoshingizga nima qilibdi?
-Endi…
-Nima “endi”?
-Uzoq yili Surxondaryoga borayotganimda to‘rt yigit bir semiz ayolni aravasi bilan ko‘tarib, samolyotga solishdi. Ayolning yoshi saksonlardan oshgan, hindcha sariy o‘rab olgan, o‘zi ham hind filmlaridagi keksa hind ayollarining xuddi o‘zi edi. Jaloliddinga bu ayol nega Surxondaryoga borayapti, desam, bu ayol mashhur notiq, Birlashgan Millatlar tashkilotida ishlaydi, butun dunyo bo‘yicha yurib, ma’ruza qiladi”, dedi. “Shunday, aravada, hammaga tashvish bo‘libmi?”, dedim. “Nima bo‘pti? Har kimning o‘z e’tiqodi, o‘zi muqaddas deb bilgan, boshqalarga ham aytishim zarur degan gaplari bo‘ladi. Bu ayolning odamlar eshitishi zarur bo‘lgan gaplari bor”, dedi, ismini ham bilar ekan, aytgan edi, bir ajabtovur ism, ismini shu zahoti esimdan chiqardim, ammo uning g‘ayrati, hafsalasi, e’tiqodiga sadoqati hech qachon yodimdan chiqmaydi. Shuncha yillardan beri bordi-keldimiz bor, lekin bir-birimiz bilan bunday bemalol o‘tirib gaplashmagan edik. Hamisha sizga havasim kelardi, uyim-joyim deydi, sarishta, o‘qimishli, xushfe’l, deb. Bugun sizdan xafa bo‘ldim, siz juda bo‘shang ayol ekansiz, birinchidan kecha kelgan kelinning og‘ziga qarab, shuning so‘zidan chiqa olmay o‘tirganingizni xazm qila olmayapman. Ikkinchidan, oyoqlaringiz yurib turibsiz, ko‘zlaringiz ko‘rib turibdi, burningizning tagida shunday savobli ishlar turibdi, siz bo‘lsa, yoshim o‘tib qolgan, deb bo‘shashib, kelindan gap eshitib uyda o‘tiribsiz. Bay-bay!.. Sal qaddingizni ko‘taring-ye, bundog‘!..
Derazadan tushib turgan quyosh nurida uning biroz shishinqiragan keng yuzi yangigina pardozdan chiqqandek allanechuk nurlanib, yaltillab turardi. O‘zi ham ko‘p marta kutib, ko‘p marta kuzatgan bo‘lsa ham, bu ayol bilan burun hech qachon yaqin bo‘lmagandi, ikki kunlik gurungdan u har qancha toliqqan bo‘lmasin, uni qaytadan kashf etdi, o‘zini juda yaxshi ko‘radigan bu ayoldan ko‘p narsalar o‘rganish mumkinligini angladi.
-Yuring, jon singlim, oyoqlaringiz yurib turgan paytda yurib qoling, ko‘zlaringiz ko‘rib turgan paytda dunyoning jamoliga to‘yib qoling. Neki xayringiz bo‘lsa, o‘z qo‘lingiz bilan, tiriklik paytingizda berganingiz savobliroq.
Oysha xola bir umr oyog‘i uzangida bo‘lib, yuzlab odam boshqarib yurgan ayol bo‘lsa ham, tabiatan kamgap, kamsuqum ayol edi, gurunglarda unga suhbatdosh bo‘lgan odam gapi bo‘linmaganidan huzur qilar, u esa sabr bilan eshitib o‘tiraverar edi. Ammo shu kunning kech bo‘lishi qiyin kechdi. O‘zi kayfiyatsiz bo‘lgani uchunmi, yanganing gurunglari uni toliqtirdi. Har doimda bir-bir yonlariga kirib, ahvol so‘ragan kishi bo‘lib, ul-bul yegulik qo‘yib ketayotgan Jaloliddin ham uning ko‘zlariga hamdardlik bilan bir qarab, “Onam sizni charchatib qo‘ymayaptilarmi?” deb qo‘yardi. Bunday paytlari Maxfirat yanga ham bir pas gapini to‘xtatib, uni yo dasturxonga undab, yoki cho‘zilib biroz dam olishga undab qolar edi. Jaloliddin chiqib ketgach, yana chakagi ochilib ketaverardi: “Gulnoza opangiz Amerikaga olib ketaman, deb yuribdi. Qudam ikki marta borib keldi. Har borganda bechora kuyovim bilan qizimning nonini tuya qilib, butun oilasiga ust-bosh, o‘ziga ust-bosh, olmos ko‘zli taqinchoqlargacha oldiradi. To‘ymagan odam to‘ymas ekan-da. Men bo‘lsam, qo‘y, qizim, menga Amerikada nima bor, deyman. Ana, televizorda hamma mamlakatni ko‘rsatib yotibdi, bo‘ladi shu ko‘rganim, deyman. Qaynonasi bo‘lsa, har yili borsam, deydi. Har borganda bir oy yashab…” Xullas, eslanmagan odam, aytilmagan gurung qolmadi. Yanganing ichi to‘lib ketgan ekan.
To‘g‘ri Komiljonnikiga boraversa, bo‘lar ekan. Juda bo‘lmasa, “Xorazmdagi dugonam borgan kunim qazo qildi, shuning uchun safarimni qisqa qilib qo‘ya qoldim”, der edi. Aslida ham u bilgan, u sog‘ingan Mohinur qaysi zamonlarda qazo qilib ketgan ekan. Xuddi ertaklardagidek uning o‘rnini badjahl va ochko‘z bir yalmog‘iz egallab olgan edi. Ovoz o‘sha-o‘sha, birga kechgan kunlarning har daqiqasigacha bexato eslaydi, lekin qiyofa, fe’l-atvor butunlay boshqa. O‘tgan to‘rt kun ichida necha bor uning yonoqlari turtib chiqqan, taram-taram ajinlarga to‘la yuzlariga o‘g‘rincha termulib, “Shu ayol rostdan ham Mohinurmikin?” deya ikkilangan damlari ko‘p bo‘ldi.
Gapiraverib, Maxfirat yanganing o‘zi ham charchab qoldi, shekilli, kechki ovqatdan so‘ng yota qolaylik, ertaga ertaroq turib, shifoxonaga borishingiz kerak, deb karavotiga cho‘zildi-yu, uxlab qoldi.
Jaloliddin och kulrang shim, bilinar-bilinmas kulrang chiziqlari bor oppoq ko‘ylak kiyib olgan, ikki chekkasi oqarib ketgan siyrak sochlari silliq qilib taralgan, soqol-mo‘ylovlarini ham hozirgina olgan bo‘lsa kerak, yuzlari archilgan tuxumdek yaltillab turardi. U kirib kelishi bilan xonaning havosi allaqanday tog‘ gullarining xidiga o‘xshash nozik iforga to‘lib ketdi.
Maxfirat yanganing uzundan uzoq duolaridan so‘ng o‘rinlaridan turishdi. Ularning “o‘tiravering” deb qistashlariga qaramay, yanga inqillab-sinqillab darvozagacha chiqdi, “Tag‘in xayr-xo‘shni nasiya qilib ketib qoluvchilardan bo‘lmang-a. Xafa bo‘laman”, deb qayta-qayta tayinlab qoldi.
Ertalabki Toshkent ko‘chalari har qancha gavjum bo‘lsa ham, juda fayzli va bahavo edi. Chiroyli binolar, arg‘uvon daraxtlar, kuzda ham gilamdek yerga tushalib, yashnab yotgan rang-barang gullar, ko‘chalarni to‘ldirgancha shoshib ketayotgan odamlar – barcha-barchasi negadir ko‘nglini armonga to‘ldirdi, umrining o‘tib qo‘yganini yodiga soldi. Ich-ichidan yonib-o‘rtanib yana bir marta dunyoga kelishni orzuladi, shu choq ko‘zi yo‘l chetida turgan militsioner yigitga tushdi: “Mayli edi, uzun kunlar yo‘l bo‘yida oyoqda tik turadigan milisa bo‘lib yaralsam ham mayli edi!..”
To kasalxonaga yetib olishguncha ular umuman gaplashishmadi. Bu narsa Oysha xolaga juda ma’qul tushib turgan bo‘lsa-da, xushbo‘y atir ifori kezinib yurgan salondagi sukunat ham uning nihoyatda xijolatda ekanligini fosh qilib qo‘yayotgandek edi. Kasalxonaning panjarali devorlari ko‘ringach, biroz yengil nafas oldi: “Xayriyat!..”
Shifoxona hovlisidagi azim daraxtlarning barchasi allaqachon kuzning za’faron libosini kiyib olgan, ularga qaragan odam sariq rangning shu qadar turfa xili borligidan xayratga tushardi. Hovlidagi ozodalik va sarishtalik yaproqlari to‘kilib, sovqotgandek diydirab turgan daraxtlarga ham allanechuk fayz va ulug‘vorlik bag‘ishlab turardi. Oysha azaldan kuzni yaxshi ko‘radi, za’faron tusli daraxtlarni unsiz yig‘layotgan ayolga o‘xshatadi, o‘zining ham kuzgi bog‘larni kezib unsiz yig‘lagan damlari ko‘p bo‘lgan. Shu topda ko‘ngli yolg‘izlikni tusadi, katta bog‘ning hech kim ko‘rmaydigan chekkasida yolg‘iz o‘zi bo‘lsa, o‘zi bilan o‘zi qolsa, to‘yib-to‘yib yig‘lasa, hech kim xalal bermasa, yupatmasa… Bu dunyoning g‘alati ishlari ko‘p: yupatishmasa ham, xalaqit berishni, tomosha qilishni yaxshi ko‘rishadi. Tomoshabin dunyo bu. Kechagidek yodida, beshinchi sinfda o‘qishayotganda bir sinfdosh qizning onasi o‘lib qoldi, muallima sinfdagi hamma qizlarni yetaklab, boshiga musibat tushgan qizchaning uyiga olib bordi. Qizaloq ularni ko‘rib, uvvos tortib, yig‘lab yubordi, unga qarab, hammaning yuragi achishib ketdi, qizlarning hammasi beixtiyor kaftlari bilan yuzlarini berkitdi, yig‘layotgan, yig‘lamayotgan ko‘zlarini yashirish uchun. O‘shanda qizaloqni “Voy, bolajonim, bu musibat senga qayerda qarab turgan edi”, deb bag‘riga bosgan muallimalari u sinfdoshlari orasiga kirgach, uni barmoqlari orasidan sekin kuzatayotganini ko‘rib qolgan edi. Barmoqlar orasidan ham muallimaning ko‘zlari qup-quruq ekanligi ko‘rinib turardi. Ha-a, onasidan ajralgan norasida go‘dakka achinmagan bu qo‘tir dunyo unga achinarmidi? Shuginani ham tomosha qilishgan edi-ya…
Unga berishgan xona keng, yorug‘, tabaqalari katta derazadan bir parcha bulutli osmon ko‘rinib turar va ular kirishi bilan cho‘zilib yotgan joyidan turib, salomlariga sekingina bosh irg‘ab qo‘ygan ayolning borligini hisobga olmaganda juda sokin edi: “Bir kishilik xona bo‘lganida edi!..” Uning ayni paytda “Kimsiz? Qayerdansiz? Qanday kasalingiz bor?” kabi savollariga javob berib, “Falon edi, pismadon edi” degan xasratlarini eshitib o‘tirishga sira tobi-toqati yo‘q edi. Ayniqsa duxtir ayolgina uni bir sidra tekshiruvdan o‘tkazib, “Juda toliqibsiz-ku, opa? Qon bosimingiz juda baland, yuragingiz ham tez va notekis urayapti. Yo‘lda qiynaldingizmi?” deganidan so‘ng yana asabi buzildi. Lekin ayol unga na hamdardlik bildirdi, va na qiziquvchanlik qildi, indamay gazetasini o‘qib yotaverdi: “Shunisiga ham shukr”. O‘zi ham duxtir chiqib ketgach, oyoqlarini uzatib, ko‘zlarini yumib, yotib oldi. Uning juda kayfiyati yo‘q edi: “Nima bo‘lganda ham Allohim birovning qo‘liga termilib yotgulik qilmasin. Bir ichkuyar qizim bo‘lmasa…”.
Kechga yaqin uni so‘rashayotganini aytishdi, o‘rnidan turib, boshiga ro‘molini o‘rab ulgurmasidan eshik ochilib, ostonada qappayib turgan yelimxalta ko‘targan Jaloliddinni ko‘rdi. Bir qo‘li bilan boshidan siljib ketayotgan ro‘molini ushlab, shosha-pisha o‘rnidan turdi:
-Assalomu alaykum. Keling, Jaloliddin aka, nima qilib ovora bo‘lib yuribsiz?
Jaloliddin xijolatomuz kulimsirab, hamxonalarga salom berdi, so‘ng qo‘lidagi yelimxaltani stolning bir chetiga qo‘yib, yonboshda turgan o‘rindiqqa omonatgina o‘tirdi:
-Onamni bilasiz-ku, bir narsani ushlab olsalar, sira qo‘yvormaydilar, ertalabdan buyon o‘n marta chaqirtirdilar, “Qachon borasan, tezroq borgin-da endi, o‘tiraverasanmi?” deb. Xo‘p desam, o‘zlari ham kelsalar oldimga tushib. “Yanagi safar” deb zo‘rg‘a ko‘ndirdim.
U xuddi ming yillik qadrdoniga gapirayotgandek nihoyatda samimiy so‘zlardi. Uni ostonada ko‘rib, ensasi qotgan bo‘lsa ham, beozorgina jilmayib turgan ko‘zlariga qarab, so‘zlaridagi samimiy ohangni eshitib, xijolat tortdi:
-Bekor ovora qiptilar sizni ham. Boyagina katta o‘g‘lim kelin bilan kelib ketgan edi…
-Hech ovorasi yo‘q, bekor yotgan odam bo‘lsam… Do‘xtirlaringiz nima deyishdi? Dori-pori yozib berishmadimi?
-Hammasi joyida. O‘zi har yili bir marta to‘liq tekshiruvdan o‘tish uchun kelaman, zarurat bo‘lsa, ozroq dori-darmon qilishadi. Vahima qiladigan jiddiy hech qanday muammo yo‘q.
-Unda yaxshi. Kelin bir narsalar pishirib bergan edi, — Jaloliddin yelimxaltaga ishora qildi. — sovumasdan, ovqatlanib olinglar. Keyin, opa-singil birgalashib aylanishga chiqinglar, iliqqina oqshom bo‘libdi.
Oysha bosh irg‘adi:
-Rahmat.
-Yaxshi o‘tiringlar, — u keta-keta ortiga burilib, Oyshaga qaradi. – Agar istasalaringiz, mashinada shahar aylantirib kelishim ham mumkin. Tungi Toshkent juda chiroyli bo‘ladi.
Oyshaning yuzlariga qon tepdi va xuddi qo‘lidan yetaklab olib ketishadigandek shoshib, rad qildi:
-Yo‘g‘-ye, bugun og‘ir kun bo‘ldi. Tekshir-tekshirlar charchatdi. Biroz dam olmasam, bo‘lmaydi.
Jaloliddin qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi:
-Yaxshi, bo‘lmasa, bugun yaxshilab dam olinglar, ertaga aylanishga olib chiqaman.
Oysha bilib-bilmasdan “Bugun charchadim” deb, qovun tushirib qo‘yganidan xijolat tortdi:
-Yo‘g‘-ye, aka, shart emas. Kechqurun ham muolijalar bor, bu yerdan chiqib bo‘lmaydi.
-Unda, yaxshi o‘tiringlar. Lekin xonada diqqinafas bo‘lib o‘tirmasdan hovliga chiqib, biroz aylanib ham turish kerak.
-Xo‘p.
Jaloliddin xonadan chiqib ketgach, stol ustida turgan yelim xaltani bo‘shatishga tutindi: chiroyli sirli idishda tovuq sho‘rva, xaltachada qip-qizil shaftoli, bankada qatiq, ikkita yog‘li patir, ikkita suv, xaltaning bir chetiga uchta gazeta bilan “Saodat” jurnali solingan edi. Jurnal-gazetalarni ko‘rib sevinib ketdi. Shu kayfiyat bilan sherigini ovqatga taklif qildi: “Keling, qaynoqqina ekan, ichib olaylik”. Ovqatlanib, stolning ustini sarishta qilib bo‘lgach, gazeta o‘qishga tutindi. Kelganidan buyon sherigining kamgap, kamsuqumligiga har qancha shukr qilib o‘tirgan bo‘lsa-da, ayni damda shu begona ayolga nimadir deb izoh berib, bu erkak bilan oralarida hech qanday munosabat yo‘qligini tushuntirgisi keldi: “Bu erkak kimingiz bo‘ladi, deb so‘rasa ekan…”. Ammo ayol undan gazeta so‘radi: “Gazetangizning bittasini berib turing, juda zerikib ketdim”.
Oysha gazeta varaqlab yotarkan, vujudini allaqanday g‘alati, shirin va yoqimli his-hayajon chulg‘ab olganini sezdi va beixtiyor ko‘z o‘ngida Jaloliddinning yelkador, tik qomati, beozor jilmayib turgan qiyofasi namoyon bo‘ldi. Ko‘nglining tub-tubida allaqanday xushnudlik qalqib turardi. Qo‘lidagi gazetani taxlab, bir chetga qo‘ydi-da, yana xayolga berildi: “Maxfirat yanga o‘g‘liga hech narsa demaganmikin o‘zi? Qarashlari juda g‘alati”. Bu qarashlarga javoban hech narsa deya olmasa ham shu yoshida shunday kelishgan, o‘qimishli erkak uning kayfiyati bilan, ko‘ngli bilan qiziqayotgani, baribir juda yoqimli edi.
Ertasi kuni havo buzildi. Osmonda paydo bo‘lgan g‘ubor hamma tomonni ola-tasir qilgan izg‘irinni olib keldi. Kechga borib, boru yo‘qni savalab yomg‘ir yog‘a boshladi. Oysha zichlab yopilgan deraza ortida qunishibgina o‘tirarkan, hali zamon yomg‘irda ivib Jaloliddinning kirib kelishi haqida o‘ylar edi. Maxfirat yanga qo‘ymaydi, “Bor, biron narsa olib bor, kasalxonaning ovqatiga qarab o‘tirmasin. Usti-boshi ham yupungina edi, o‘zimning issiq kiyimlarimdan tugib qo‘ydim, berib kel”, deydi. O‘zi ham… Balki o‘zining ko‘nglida hech gap yo‘qdir, shunchaki odamgarchilik yuzasidan… Balki… Balki shu sovuqda na o‘zi va na onasi u haqda umuman o‘ylamas ham. Mayli, bir hisobdan shunday bo‘lgani ham ma’qul.
Shu oqshom eshiklari ham ko‘p ochilib-yopildi. Hali hamshira, hali sherigining yo‘qlovchilari, hali navbatchi shifokor eshikni ochib kirib kelar, eshik har safar “g‘iyq” etib ochilganda, uning yuragi “shuv” etib ketar edi. O‘tirib-o‘tirib, o‘zidan o‘zi xafa bo‘lib ketdi: “Namuncha? Kelsa, ko‘ngil ochsa, boriga qo‘l siltab, ergashib keta olasanmi?” Deraza ortida xumrayib turgan tun kayfiyatini buzdi, xonadagi qandil chiroqlari ham allanechuk xiralashgandek edi: “O‘g‘limga qo‘ng‘iroq qilsam bo‘lar ekan. Yomg‘irlar tinsin, ertaga albatta qo‘ng‘iroq qilaman”. So‘ng o‘zini o‘zi oqlamoqchi bo‘ldi: “O‘zi kasalxonada odam tez zerikadi. Kimnidir kutib, kimnidir kuzatib turmasa, vaqt o‘tishi juda qiyin”.
Shu safar eshik ohista taqillab, sherigi “kiravering” deb ovoz bergandan so‘ng sekin ochilganda bor irodasini ishga solib, eshik tomonga burilib qaramadi ham. Kirgan odam sekin tomoq qirib, uzr so‘radi:
-Kechirasizlar, bemahal bezovta qildim.
Oysha endi burilib qaramasa bo‘lmas edi. Ostonada ikkita tugun ko‘tarib olgan Jaloliddin kech kelganidanmi, mulzam bo‘lib turardi.
-Ie, shu sovuqda nima qilib, ovora bo‘lib yuribsiz? – Oysha uni ko‘rib xayron bo‘lgandek o‘rnidan turdi. – Assalomu alaykum. Sizni ham tashvishga qo‘ydim-da.
-Yo‘-o‘-g‘-ye, hech tashvish bo‘lgani yo‘q. Endi uydan chiqaman, deb tursam, uch-to‘rt hamkasbim izlab kelib qoldi. Turishlari ancha qiyin bo‘ldi. Onam qayta-qayta jiyanni chiqaradi, mehmonlar esa, haligidek… Biroz kech qoldim, xafa bo‘lmaysiz-da endi. Kelin bir narsalar pishirib yuborgan edi. Ovqatlanib olgan bo‘lsalaringiz, muzlatgichga solib qo‘yib, ertaga yersizlar. – U katta tugunni karavotning bir chetiga qo‘ydi. – Onam issiq kiyimlar berib yuborgan edi. Ko‘rarsiz…
Oysha tugundan ko‘zlarini olib, unga qaragan dam uni o‘tirishga ham taklif qilmaganini esladi:
-O‘tiring, aka, hozir issiq choy qilaman.
-Shart emas, kech bo‘ldi, havo ham aynib qoldi, bo‘lmasa, bugun navbatchi shifokordan so‘rab, sizlarni aylanishga olib chiqmoqchi edim. Havo ochilib ketsa, ertaga olib chiqarman. – U boshini sal egib, takalluf qilgan bo‘ldi. – Hozircha xayr, yaxshi dam olinglar.
Eshik yopilgach, hamxonasi unga qarab, ma’noli bosh chayqadi:
-Bu odam… sizga kim bo‘ladi?
Oysha bu savol muqarrar berilishini oldindan bilgan bo‘lsa-da, bir soniya o‘zini yo‘qotib qo‘ydi:
-Shu… Bu kishining otalari erimga tog‘a bo‘lgan.
-Eringiz… hayotmi?
-O‘tib ketganlar.
-Ha-a, — yana bosh chayqadi hamxona. – Har tugul sizga juda boshqacha qarayotganga o‘xshayapti-da. Ayoli bormi?
-U sho‘rlik ham o‘tib ketdi. Lekin bu odamning xayolida siz o‘ylayotgan narsalar bo‘lishi mumkin emas. Men bir oltmishga kirgan ayol bo‘lsam. Uylanaman, desa, ko‘cha to‘la ayol, chopib-chopib xizmatini qiladigan yoshrog‘iga uylanadi-da, meni boshiga uradimi?
Hamxona miyig‘ida kulib, yelka qisdi:
-Bilmadim, biz ham qo‘y ko‘rmasak ham, qiy ko‘rganmiz. Men kechaning o‘zida ikkingizning ham beva ekanligingizni, uning sizda ko‘ngli borligini sezgan edim. Yo‘qsa, shunday sovuqda, yotar payti o‘zi kelishi shartmidi? Kelini bor ekan, o‘g‘li ham bordir? O‘zi mehmonlar bilan band bo‘lib qolgan bo‘lsa, sizning yoningizga o‘g‘lini yuborsa ham bo‘lar edi-ku.
-Qo‘ying-ye!.. – Oysha yeguliklar solingan xaltachani muzlatkichga bo‘shatib, bir bosh uzumni yuvdi-da, sherigini stolga taklif qildi. – Keling, uzum yeymiz. – o‘zi oltindek tovlanib turgan xusayni uzumdan bir donasini olib, og‘ziga soldi. Uzum juda shirin edi. – Ammo odam g‘alati bo‘lar ekan-a. To‘g‘risini aytsam, turmushga chiqish niyatingiz bo‘lmasa ham, shu yoshingizda kimningdir sizga oshiq bo‘lishi ko‘nglingizga xush yoqar ekan.
-Kimga qanday? – Ayol stolning yoniga kelib, uzum yeya boshladi. – Menimcha, odamning yoshi o‘tgandan keyin ko‘p narsalar ko‘ziga bachkana bo‘lib ko‘rinadi. Chunki, hamma narsani tub mohiyati bilan ko‘ra boshlaydi. Masalan, bu odamga ma’shuqa emas, xizmatkor kerak. Sizga kelsak, kelishgan ayolsiz, yoshingizga nisbatan ancha yosh ko‘rinasiz. Ammo istaysizmi-yo‘qmi, ikki o‘ttizga kirgan ayolsiz. Xotinniki esa bir o‘ttiz, o‘ttizdan so‘ng u o‘tin. Xudoyim hamma narsani hisob-kitob bilan yaratgan, ayol o‘ttizga kirib, kuch-quvvatdan qola boshlaganda, qizlari qo‘ltig‘iga kiradi. Qirq-qirq beshlarga borganda, kelin tushiradi-da, qozon-tovoqni butkul kelinga topshiradi. Siz endi xizmatkorlik qila olmaysiz, o‘zingizga bir xizmatkor kerak. Shuning uchun ham hamma narsa vaqtida bo‘lgani ma’qul, deyishadi.
Oysha birdan bulbuligo‘yo bo‘lib qolgan kamgap hamxonasining munosabatiga e’tibor qilib o‘tiradigan kayfiyatda emas edi: “Aytavermaydimi! Ergashib ketayotganim yo‘q-ku!”. Uzumni yeb bo‘lishgach, stolni yig‘ishtirib, o‘ringa cho‘zildi: “Haqiqatan ham mehmoni bo‘lsa, ularning ketishini kutib o‘tirmasdan, o‘g‘lini yuborsa ham bo‘lar edi-ku. O‘zi keldi. O‘zi!..”. U ko‘zlarini yumib, xayolga berildi. Xayollar uni sarxush qildi.
Ertasi kuni quyosh charaqlab chiqib ketdi. U yer-bu yerda farroshlar yig‘ib qo‘ygan yaproqlarning namligini aytmasa, kechagi izg‘irin va yomg‘irni eslatuvchi hech narsa yo‘q edi. Oysha ertalabdan Komiljonga qo‘ng‘iroq qildi: “Men Xorazmdan kelib, shifoxonaga joylashdim, bir kelib ket”. Komiljon hovliqib, bir pasda yetib keldi. Uning rangi qumdek oqarib ketgan edi:
-Onajon, bu nima qilganingiz-a? Necha kundan beri qo‘ng‘iroq qilaman, telefoningizni olmaysiz. Endi kutulmaganda, kasalxonaga yetib kel, deb qo‘ng‘iroq qilasiz. Yuragim qinidan chiqib ketay, dedi. Ko‘nglim qayoqlarga borib kelmadi, deysiz. Xudoga shukur-ye, sog‘-salomat ekansiz-ye.
O‘g‘lining xavotirga to‘lib turgan ko‘zlariga qarab, ko‘ngli yorishib ketdi. Bemalol gaplashish uchun “Bu kishiga xalaqit bermaylik”, deb, o‘g‘li bilan hovliga chiqdi. Yomg‘irdan keyingi quyosh nurlari dilga huzur bag‘ishlaydi. Ular arg‘uvon daraxtlar soyasiga qo‘yilgan uzun o‘rindiqqa borib o‘tirishdi. Komiljon yosh boladek onasining yelkalaridan quchib, yuz-ko‘zlariga termulib to‘ymas edi:
-Onajon-yey, yuragim yorilib ketdi-ya. Xonangizga kirib, sizni sog‘-salomat ko‘rmagunimcha jinni bo‘lib qolay, dedim.
“Shunday o‘g‘ilga suyanmasang, dardingni aytmasang, kimga aytasan?”.
U hammasini bir boshdan aytdi, oxirida uzr ham so‘radi: “O‘g‘lim, boshqa ilojim qolmadi. Shuncha nafaqa olib ham doriga pul topa olmay qolayapman, xolang sho‘rlik qarz so‘rab keldi, qo‘liga to‘rt so‘m chiqarib bera olmadim, bor pulim bir kelinning orzu-havaslariga sarf bo‘lib ketayapti, deb noliyotganim yo‘q, bolam. Pulimni berib, bolasiga qarab ham bir pullik hurmatim yo‘q, o‘zi uchun qilgan ovqatidan yarim kosa yeyman, shuning uchun ham bir dunyo minnat. Bir og‘iz gapimga, bir dunyo iddoa. Men ortiq bunday yashay olmayman. Sen ukangga uyni sotaman, deb, men aytgan topshiriqlarni o‘zingning nomingdan aytsang, bo‘ldi. Lekin bu gap bir umrga ikkalamizning oramizda qolsin, yana kelinga aytib yurmagin”.
Komiljon yerga qaragancha, ancha vaqt jim qoldi. So‘ng ilkis boshini ko‘tarib, onasining yelkalaridan qattiqroq quchdi:
-Onajon, bunday qilsak-chi, ro‘paramdagi qo‘shnim yangi uy olib, ko‘chib ketdi. Shuning ikki xonali uyini nevaralaringiz uchun olib qo‘ymoqchi bo‘lib turibmiz. Sizga alohida uy kerak bo‘lsa, shu uyga keling, lekin menga hovlining o‘rtasidan devol torttirmang, iltimos. Xo‘pmi?
Oysha bir dunyo anduh bilan o‘g‘lining ko‘zlariga qaradi:
-Yo‘q, bolam, men Toshkentda yashay olmayman. Mening hamma yoru do‘stlarim, qon-qarindoshlarim u yoqda, men ularni tashlab, bu yerga kela olmayman. Lekin o‘sha kelin bilan bir uyda ham yashay olmayman.
Komiljon shu yerda cho‘ntagidan telefonini olib, Mansurga telefon qildi:
-Mansurjon, ahvollaring yaxshimi? Vaalaykum assalom. Bolalaring yaxshimi? Onamdan biron xat-xabar bormi? Yo‘g‘-ye, sendan araz-paraz urib ketmaganmidi o‘zi? Endi aytaman-da, hech bunaqa bedarak yurmasdilar. Qo‘ng‘iroq qilsam, olmayaptilar. Telefonlarini yo‘qotib qo‘ydilarmi, deb o‘ylayapman. Uka, senga bir iltimosim bor. Toshkentdan bir o‘rtog‘im bizning tumanga ishga borayapti, unga uy kerak. Agar xafa bo‘lmasang, mening uyimni yaxshilab ta’mirlatib, zamonga mos, xaridorbop qilib qo‘ysang. Uyning ichida issiq-sovuq suv kelib turadigan bir tahoratxona, oshxona bo‘lsin. Ha, uka, oshnam o‘zi sal injiqroq odam, to‘rtta bolasi bor, o‘rtaga devor ko‘tarmasang bo‘lmaydi. Sen usta topib, xizmat haqlarini gaplashaver, men pulini yetkazaman. Xo‘p, uka, kelinni so‘ra, bolalaringni o‘pib qo‘y.
So‘ng telefonni cho‘ntagiga qaytarib soldi-da, zo‘rma-zo‘raki kulib onasiga qaradi:
-Mayli, onajon, siz shunday qarorga kelgan ekansiz, men sizga qarshi bir narsa deyishga haqqim yo‘q. Shoshmang, Abror tog‘am qizim bu yil akademlitseyga kirdi, deyayotgandi, yotoqxonada turgan emish. Shu qizni yoningizga olib kelasiz. Hech g‘am yemang, ro‘zg‘oringizga ham o‘zim qarashib turaman.
Komiljonni kuzatib, jurnal varaqlab yotgan vaqti Mansur qo‘ng‘iroq qildi, u telefonni olib, hech narsa bo‘lmagandek salom-alik qildi, yaxshi aylanib yurganligini, undan xavotir olmasliklarini aytdi. Komiljonning topshirig‘i unga yoqmaganmi, negadir Mansurning kayfiyati yo‘q edi. Gap orasida akasining gapini aytdi. U, akang Toshkentdan kattaroq hovli olaman, deb yurgan edi. Balki shu niyatda sotmoqchidir, hovli olsam, sizni ham ko‘chirib ketaman, degandi, deb qo‘ydi. U yoqdan Mansur , qo‘ying-e, onajon, sizni akamga kim berib qo‘yadi, siz o‘zimizga ham keraksiz, dedi. Oysha g‘alati bo‘lib ketdi. “Shu gapni aytganiga ham shukr”. O‘zi-ku, bolalari yomon emas. Faqat, anavi kelinlar… Ayniqsa Mansuriniki! Qudasi bir umr qaynonaning xizmatini qilgan ayol edi, bir og‘iz gap-so‘zi chiqmagan deb shu qizni kelin qilgan edi. O‘zlarichi? Onasi ota hovlida uch ovsin birga turgan. Har ovsinning besh-oltidan bolasi… Bobosi hayotligida hammasi bir qozondan ovqat yeyishar edi. Keyin momosi hammalarining ro‘zg‘orini alohida qilib, o‘zi befarzand amma bilan qozon qaynatadigan bo‘ldi, ular qozon osishsa-osishmasa, har kelinning uyidan bir kosa ovqat chiqar edi. Amakilari har oqshom ovqatdan so‘ng onaning yoniga borib, gurunglashib o‘tirishar edi. Hovlilari xuddi maktab hovlisidek hamisha vag‘ir-vug‘ur bo‘lib yotar edi, bu hovliga bugun qo‘yilgan narsani ertaga topish amri mahol edi. Katta amakisining erkatoy o‘g‘li Oyshaning ukalarini ko‘p turtkilar, o‘yinchoqlarini olib qo‘yib, sira qaytarib bermas edi. Bu bolaning onasi ham bolalarining yomonliklarini ko‘rib tursa ham parvo qilmas edi. Oyshaning onasi esa bolasiga qarab yuragi jizillab tursa ham na ovsiniga, na zo‘ravon bolaga bir narsa demas edi. O‘zi o‘sha ayol juda badnafs xotin edi, onasi uyda bo‘lmagan vaqtlari ham bir og‘iz so‘ramasdan xumchadagi yog‘mi, dasturxondagi nonmi, kerak bo‘lib qolsa olib ketaverar, keyin hech qachon qaytarmas edi. Bular onasiga aytsa, onasi ortidan “uyda o‘tirib bir nonini qilib yeyishga erinadi” deb ranjigan kishi bo‘lar, ammo o‘ziga hech narsa demas edi. Harqalay qaynona zo‘rmidi, yoki o‘sha zamonlarda mehr-oqibat, andisha shu qadar kuchlimidi, boshqa ovsinlarning ham bir og‘iz gap-so‘zi chiqmas edi, bolalar ham sal narsaga talashib-tortishib qolishar, yana bir dasturxon atrofida o‘tirib ovqat yeb ketaverishar edi. Xub zamonlar edi-da. Shu hovlida avval o‘sha hammaga qiron soladigan nevaraga, keyin Oyshaning akasiga kelin tushirishdi. Ovsinlarning kelinlari ham ovsin bo‘lib bir hovlida turishdi. Bu esa bitta kelinning iddoalarini ko‘tara olmay, sayoxatga chiqib ketdi. Maktabda keliniga o‘xshagan necha tipratikanni “yumshoqqinam” silab-siypalab, seniki ma’qul deb, ishlatib yotardi. Endi chindanam asablari tamom bo‘lganmi, aqli adashayaptimi, bittagina kelinni yo‘rig‘iga solib, ona-bola bo‘lib o‘tira olmaydi. Ikkalasining qovoq-tumshug‘iga qarab faqat o‘zi emas, o‘g‘lining ham, nevaraginalarining ham yuraklari bezillab turadi. Qaynona-kelin “siz-biz” bo‘lib qolgan damlar o‘g‘il ham, nevaralar ham yayrab qolishadi. Endi… Oysha darvozani bo‘lak qilib, o‘g‘ilni qo‘yib, ukaning qizi bilan yashay boshlasa, nevaralariga juda qiyin bo‘lsa kerak. Ular momolariga juda o‘rganib qolishgan edi. Mahalla-ko‘y ham gap-so‘z qilishi aniq!
Oysha qo‘lidagi jurnalni jahl bilan karavotning poyiga otib yubordi-da, gavdasini bir siltab devor tomonga ag‘darilib oldi: “Kim nima desa, desin, meni shuncha behurmat qilgan kelin bilan boshqa yashamayman! Hurmatimni qilib, eshigimdan kelsa, xo‘sh-xo‘sh, kelmasa undan nari! Bolalarini tashlab ketar bo‘lsa ham eshigimdan engashibgina kelib, iltimos, qarab tursangiz, deb so‘raydi. Yoshlikdagi asablar ham, sog‘lik ham yo‘q endi, uning injiqliklarini ko‘tarishga majbur emasman”.

Davomi bor

09

(Tashriflar: umumiy 778, bugungi 1)

Izoh qoldiring