Yangi avlod mushoirasi

Ashampoo_Snap_2017.09.06_23h33m54s_002_.png   Бугун сизга илинаётганим, бир қатор тенгдошларим ижодида Дунёни бор бўйича, жами дарду қувончлари ила қабул қилиш ва уни ўзининг фитратидаги чинакам истеъдоди ёрдамида тасвирлаш асосий ўринда…Келинг, ушбу ёш қаламкашлар — тенгдошларим ижодига кўнгил кўзи билан назар ташлайлик.

Мирзоҳид МУЗАФФАР
РОСТ ТУЙҒУЛАР ИЗЛАБ…
002

Шеър — руҳнинг саждаси, қалб овозининг тажаллисидир. Зеро ҳар бир сатрида оловлар ларзон урмаган манзумани шеър деб бўлмас. Ва табиийки, бундай ҳақиқий шеърлар озчил, камёб бўлиши ҳам бор гап. Айниқса Ҳазрати Адабиёт бўсағасига эндигина кириб келаётган тенгдошларимиз ижодида тобора камайиб бораяпти ушбу топилмалар. Албатта, бу бугунги ўзбек ёшлари назмида рост туйғулар инъикоси йўқ, дегани эмас.

Бугун сизга илинаётганим, бир қатор тенгдошларим ижодида Дунёни бор бўйича, жами дарду қувончлари ила қабул қилиш ва уни ўзининг фитратидаги чинакам истеъдоди ёрдамида тасвирлаш асосий ўринда. Энг муҳими, улар ҳали ҳеч қандай сиёсий эврилишларга эргашмаган, озодлик нафасини ҳис қилган ҳолда мустақил фикрловчи бўлажак ИЖОДКОРлардир.

Тўғри, асл ижодкор Яратган, биз эса унинг заминдаги тақлидчиларимиз ҳолос. Бироқ Ҳақ яратган яратиқларнинг сийратини англаш, туйиш ҳаммага ҳам насиб этмагай. Шундай экан, келинг, ушбу ёш қаламкашлар — тенгдошларим ижодига кўнгил кўзи билан назар ташлайлик.

ЯНГИ АВЛОД МУШОИРАСИ
Мирзоҳид Музаффар тайёрлаган
002

Шуҳрат Файзий
ШЕЪРЛАР

***Шуҳрат Файзий.png
Денгизнинг энг туб-тубида
Мажруҳ ётар ягона бир тош.
Жимлик унга жон берар боқий.

Сув мавжланар,сайрашар қушлар,
Сув тегса-да, қуруқ ётар тош.
Жимлик унга жон берар боқий.

Қуёшни кутади, қуёш келсин деб,
Лек қуёш кўринмас, жим ётар бу тош.
Жимлик унга жон берар боқий.

Томирида оқар эрксизлик,
На ўлишни, на яшашни
билмайди бу тош
жимлик унга жон берар боқий.

***

Қизариб, бўзариб ёнаётган
оппоққина вақт ичра…
Ўсиб чиқар қанотсиз орзу…
Ундан гердайганнамо
учиб чиқар бир чумчуқ —туйғу.

Бахт қанотин қоқиб,
ётар жарликда
қўйнида қизил қон (оппоққина вақт)
Узоқдан термулиб йиғлар
Жажжигина гўдакнинг иси…

***
Чумолиман…
Ўрмалайман самога қадар.
Ердан то фалакка сочилгай жисмим.

Ўрмалайман…юракдан
Сирқираб оқар қон.
Малҳамлаб бораман оёқ-қўлимни.

Малҳамлайман…
Кўзларимда йиринглар оғриқ,
Оғриқни кўрмайман, малҳамни фақат.

Чумолиман…
Ўрмалайман самога қадар.
Ердан то фалакка сочилгай жисмим.

Ва қачондир
руҳиятнинг чегарасини
Кемираман нимта-нимталаб…

Айланаман капалакка…
оппоқ капалак…
Сўнг қўнаман
Ломаконда очилган гулга.

Чумолиман…
***
юрагингни аста вароқла
кўксинга жойлаб китобни
осмонга боқ кўзларимга боқ
ер ҳақида сўйлама фақат

мен дарахтман қоламан қуриб
илдизимга сингмаса севги
кел япроғим вуужудимга сен
қиш келмасдан тезроқ синги

бахтли бўлиш — яшамоқликдир
яшамаймизми
(коинотга чиқ)
ҳар заррага керакдир атом
хаёлинга улоқтир мени

Жонибек Алиев
ШЕЪРЛАР

***

Ишқ — нақл, дард — шакл, инсон ким ?Jonibek.png
Кетаман ўчириб изларни.
Қувончим, ғурбатим, қувончим…
Соғиниб қоламан, сизларни!

Мен кулдим тўлин Ой тўлгунча,
Мен тўлдим, ҳилолим кулгунча.
Сочимда қоралар ўлгунча,
Соғиниб қоламан, сизларни!

Қил менинг димоғим чоғ, гулим,
Юрагим селида оқ, гулим.
Йиғлама…мен кетсам оқгулим,
Соғиниб қоламан, сизларни!

Яшайман шафақлар учида,
Очуннинг тўрттала бурчида.
Йиғирма тўққиз қуш қиш ичида,
Соғиниб қоламан, сизларни!

Сизларсиз мен кимман дунёга?
Бўлиниб кетаман бўлакка…
Бир умр тикилиб йўлакка,
Соғиниб қоламан, сизларни!

Ҳасрат
Бахтинисо Маҳмудовага

Сайр қилдим баҳор ювган адирларни,
Томиримга алангалар солиб борар.
Опа, тупроқ томон яқин борган сари
Осмонлардан нега кўнгил қолиб борар?
Билмайсизми?

Парвоз керак, шоир учун парвоз керак,
Қанотсизни таҳқирлашга ҳаққингиз бор.
Шеъриятга гумбирлаган овоз керак,
Ахир, айтинг, йиғламасдан чертсалар то,
Йиғлайсизми?

Билгим келар қисматимни гоҳ-гоҳида,
Чўздим-чўздим, лекин унга етмади қўл.
Сажда қилиб Алишернинг даҳосига,
Шеъриятга келар бўлсам менга оқ йўл
Тилайсизми?

Мен биламан,бу майдонда чопиш оғир,
Улфат қилиб сайлаш керак бунда ғамни.
Ҳаммасидан тўйиб-тўйиб кетган чоғим,
Қошингизга ўксиб келсам, пешонамни
Силайсизми?

Элегия

Булутлар чайқалар…жамадонимга
Солардим суюкли китобларимни-
На сени чақирдим кел деб ёнимга,
Хабардор айладим на бирон кимни.

…Қуёш уфққа ботиб,анорзор аро
Қаро камзул кийиб,чўкканида тун,
Ўзингни эркингда қолдирмоқ учун
Кетурман-узлатга бўлиб фуқаро!
Мен сени ҳижронда куйдирдим,эвоҳ.
Азобли дамингга бўлмабман ҳамроз.
Йиғладинг…куйиндинг…чекканингда оҳ,
Кечир,самоларда этибман парвоз.

Сен ишон,кўзингга намлар йўлиқмас,
Қароғинг ёш билмас аччиқ ва тахир.
Энди эркимизда тинч яшайлик,бас!
Муҳаббат бунчалар азобмас,ахир!

Энди борганингда мўъжаз уйимга
Қоғоздан ўзгасин тополмассан ҳеч.
Мен ҳақда сўрайсан йўлиқсанг кимга,
Аммо,барисига бўлган бўлар кеч!
Айтишар: ,,Негадир бу ердан безиб,
Ўзга маконларга олиб кетди бош.
Юрагин кулфатлар қўйганда эзиб
Балким,тополмади яроқли сирдош”

Сен шунда ўзингни гуноҳкор билиб,
Суяниб қоларсан бир дам деворга.
Арзанда қалбингни чокидан тилиб,
Дилдан интилурсан бевафо ёрга!
Оқибат-тош-қумлоқ йўлаклар бўйлаб
Қайтиб кетажаксан ўз уйинг сари.
Маъносиз севгининг маънисин ўйлаб,
Ухлолмай чиқарсан мезон тунлари.
Бироқ,ҳаёт сузар,умрлар-шўх-шаън.
Қисмат йўлин излар-қўлида чироқ.
Вақт ҳукми: Сен гўё севилмагансан,
Мен ҳам севмаганман-сочларимиз оқ!

***

Қисматингда ташвишларнинг рўйхатлари,
Ҳодисалар рўй беради-йўқдир маъни.
Чигаллашиб борар умр борган сари
Кўнгли билан кўтаргувчи инсон қани?
Тополмайсан…

Товонингдан таъмлар сўриб ғурбат борар,
Осмондами? Довондами? Қайда малҳам?
Тушкин дунё тушларидан кўнгил қолар
Харчанд ундан йироқлашга уринсанг ҳам
Қочолмайсан…

Ёронлардан садо чиқмас,йўқдир далда
Жами Мажнун овворадир Лайлисига.
Ён-берингда таниш-билиш кўп бўлса-да,
Юрагингнинг сирларин ҳеч қайсисига
Очолмайсан…

Муниса Аъзамова
ШЕЪРЛАР

***

Недан бунча орзиқади тун?Munisa.png
Синиқ нурлар тўзғитган хона.
Мен барига ишонсам охир,
Ой хиринглар ойликдан тона.

Зўриқади уйқу овози,
Кимдир..сим-сим…ҳайдайди уни.
Ўйдан оғир ўйларим билан
Яна Кимдир алдайди тунни.

Сеғдиролмай менга дилгинам,
Ишқни туннинг кўксига отди.
Қаттиқ зарбдан портлади, мана,
Ёниб кетди дераза орти!

Кун ёришди ҳисларим билан…

***

Муаллақ қолдим…
Самодан олисда, ердан олисда
Мавҳумлик ичида йўқолдим,
Ҳаводан енгилман, ёмғирдан шаффоф,
Ўйларимнинг ўйи сачрар, кутяпман…
Кўриняпти, рўпарамда Кўҳи Қоф
Мана, сингиб ўтяпман.
Муаллақ қолдим…
Само, ер олис
Чўққида йўқолдим…

Тун

Бу зулмат деб атадинг,
Қора парда тортса тун.
Ҳар гал куннинг айбини
Яширди у сен учун.

Эгизак деб тун, бардош,
Юлдуз ёғди далада.
Уҳлар эдинг ғуборлар
Яширилган паллада.

Беташвишим, ташвишлар
Ортидан шайланаман.
Сен ором ол, бугун ҳам
Мен тунга айланаман.

АНДОЗА

Само само эдиму?
Ҳаво бу қадар тоза?
Муштдеккина кўнглимдан
Олмагунча андоза.

Йиғламасин деб, булут
Ўғирлабди кўзёшим.
Ҳар кун тонг бўлиб отар
Ўмарилган бардошим.

Хаёлларим бўрон, сел,
Бошлаймиз-да бир “базм”.
Кеча бўлса юлдузсиз
Билинг иенинг аразим.

Тан олмайсиз барибир,
Ахир сизга алам-да —
Яшаб юрибсиз мендан
Нусҳа олган оламда!

Аҳрор Равшан
ШЕЪРЛАР

***

Яна оқшом. Қалам сергак. Яна қоғоз бўлар ғижим,
Олов бўлиб ёнмоқдаман, олов бўлиб ёнар ичим.
Бу оташни сўндирмоққа икки дунё етмас кучим,
Қорпарчалар, илтимосим, юрагимга ёғинглар.

Умидлардан нашида йўқ, вужуд гўёки саҳродир,
Севдим деган тилимни ҳам тишлаб қолдим, юз қародир.
Малҳам бўлинг оғриғимга,ғарибгина дил яродир,
Қорпарчалар, илтимосим,юрагимга ёғинглар.

Ҳасратларим тўкай десам, тун ҳам мендан аразлаган,
Ой нурларин яширмоқда, юлдузлар ҳам ёлғизлаган.
Йиғлай деса йиғлолмаган, ўксик менман, сиз излаган,
Қорпарчалар, илтимосим, юрагимга ёғинглар.

Кўнгил тўла хавотирлар, таскин берар меҳрибон йўқ,
Меҳмон тўлиб кетган уйда, нетақдирки, бир меҳмон йўқ,
Инсон билан гавжум Ерда ҳол сўргувчи бир инсон йўқ,
Қорпарчалар, илтимосим, юрагимга ёғинглар.

Қаранг, менга ўхшаб қолган остингизда қолган ғунча,
Балки у ҳам куюнгандир шу лаҳза-ла топингунча,
Ёлғизланманг, ёлғизингиз то баҳорга топширгунча,
Қорпарчалар, илтимосим,юрагимга ёғинглар.

Олов бўлиб ёнмоқдаман, олов бўлиб ёнар ичим…

Илк муҳаббат…Аҳрор Равшан.png

Тун қўйнида паришонхотир,
Ўй сураман кўкка термулиб.
Шунда танам жимжитар надир,
Секингина қўяман кулиб.

Қўлларимдан тутиб хаёллар,
Олиб кетар ўтмиш боғига.
Еллар лабим титроғин йўллар,
Илк севгимнинг гул дудоғига.

Илк муҳаббат дилдан ўчмас ҳеч,
Илк муҳаббат кулчаюз эди.
Меҳр берган менга бир ҳовуч,
Илк муҳаббат қўшни қиз эди.

Ҳислар мурғак,қалб бола эди,
Ғамсиз эди умр йўллари.
Кўклам сайли, гул, лола дамлар,
Қўлларимда унинг қўллари.

Араз айлаш бизлар учун ёт,
Бут қилганди кўнгил ярмини.
Тақиб қўйсам бўлар эди шод,
Ясаб берган гулчамбаримни.

Баҳор рақси шошқин сойларда,
Сой лабида кекса мажнунтол.
Сабо сузган сулув ойларда,
Қучган эди бизларни висол.

У шунчалар гўзал эди, о,
Эрк йўқ эди зарра ғуссамга.
Атиргуллар бўлганди гувоҳ,
Биринчи ва сўнги бўсамга.

Хотиралар, ширин кечмишим,
Ёдга тушар Ой кулган пайти.
Ой тўлган он ёнади ичим,
Ажралгандик Ой тўлган пайти.

Еллар елса, очилса гуллар,
Кўклам онин пайқаган вақтим.
Кўксим илиқ туйғуга тўлар,
Сабабкори — илк муҳаббатим.

Илк муҳаббат дилдан ўчмас ҳеч,
Илк муҳаббат кулчаюз эди.
Меҳр берган менга бир ҳовуч,
Илк муҳаббат қўшни қиз эди.

***

Ўйлаб ҳам кўрмадинг:яшолармикан,
Ўйлаб ҳам кўрмадим, нега кетди деб.
Изҳорсиз севгининг манзили — фироқ,
Изҳорсиз севгига беролмадик зеб,
Ё буни билмадик ўзимизга эп…

Севишни билмайман!
Шу сўздан бошқа
Гап топа олмадик кўзга кўз тикиб.
Кетдик, қўл силтадик, воз кечдик осон,
Яшаймиз яшринча кўздан ёш тўкиб,
Ҳадиксирайверган юракни сўкиб.

Эҳ, нега бунчалар ожизмиз —ожиз,
Эҳ,нега кучимиз етмас ғурурга?
Дил ишин ҳақ билиб айтганин қилсак,
Балки бўлармидик иккимиз бирга…

Энди афсус қилмоқ сафсатага тенг,
Яна умидланмоқ — уятли ҳолат.
Нуқта қўймоқдаман сўнги хатимга,
Ўтинчим — севгига қилма маломат,
Хайр, ўзни асра, бўлгин саломат!..

Нозима Ҳабибуллаева
ШЕЪРЛАР

***

Тунда тунаб кетар сен ҳақингдагиNozima.png
Ўйларнинг карвони, залвори.
Менинг кўзим бошқа, англаяпсанми?
Эмас эл қатори…

Қорачиғим—қорачироғим.
Ундан таралётган оппоқ нур
Дераза туйнуги оша ойга тўшр йўлакча.
Сендан келган атиргуллар
Ҳозир гербарийга айланиб
Қолган бўлса ҳам
Ифори бўлакча…

Нега воқиф этдинг ўзинг ҳақдаги
Даҳшатли ҳақиқатлардан.
Ҳамон ёқамда қўлим,
аниқлиги аниқ йўлим —
Кетмоқ
бу карахтлик куйи анқиган
куйдирган қатламдан.

Шундан бери сени ёмон кўришимга
ҳар бир сониям ҳаракат қилар
ҳар куни.
Аммо…
Тунда тунаб кетар анордай
ширин ва ичи ғиж-ғиж
сен ҳақингдаги тушлар туркуми…

***

Борган сари ботиб кетяпсан ботқоққа,
Истамадинг қутқаришимни.
Сўнги нимагадир илашиб турардингки,
ҳудди шуни узиб юборадигандай,
чўкишларинга ёрдам берадигандай
Интизор кутардинг қарғишимни.

Нақадар гуноҳкор, телбасан, билмайман.
Ҳаётинга ёруғлик юборганди Худо,
Фаришталарни ёқтирмасдинг ҳеч.
Нақадар ёмон кўролмайман сени,
қара ҳавотирларим
нилуфаргулларга айланиб
Атрофингни қуршаб олган зич.

Айтганча, ботқоқда яшайсан-ку аслида,
Аммо бир куни ботқоғинг ҳам
ботқоғига ботиб бораётганда
чақирсанг ҳам эшитолмайман, чунки
чўкиб кетган бўламан сенсиз нурларга…

ПИАНИСТ
(Баллада)

Оппоқ роял ва муҳташам зал.
Ҳаяжоннинг безаклари жам.
Титроқ ўйнар саҳнани ўпган
Кўйлагимнинг этакларида.

Минг кўзнайза нишонида —мен,
Нафасларим борар сиқилиб.
Ва чалишни бошлайман 2Бетховеннинг
Ўн тўртинчи сонатасини.

Илк аккорд ва клавиш доми
Нозик бармоқларим чўза бошлайди.
Юрак ритми:сол-до-ми,до-ми,
Ўн бармоқ — ўн ғаввос қора
Денгиз аро суза бошлайди.

Рўпарамда клавир — нота,
Қўлларим чалаверар менсиз ҳам.
Руҳим дайдиб қўним топар сўнг
Ўмиш. Вена.
Ва тор хонада.

Мана топилмаган партитуралар,
Чанг юкидан ётар инграниб.
Ўргимчак тўрлари қучоқлаб ётар
Создан тушган пианинони.
Унутилган пианинони.

Инларида тебраниб куйга
Ўргимчаклар тинглар исиниб.
Бармоқларим-ла ўпаман Бетховеннинг
Ўн тўртинчи сонатасини.

Куй авжига келар. Ё Худо
Кўз ёш келар бутун танимни босиб.
Куй авжида нимжон бармоқларимга
Куч қаердан келяпти оқиб.

О, Бетховен, даҳойим менинг,
Кар қулоққа дардни опичлаб
Яралган шу оҳанг домига
Кўзёшларим билан томчилаб

чўкиб кетгум
Янграйман энди,
Энди мени шу денгиз чалар.


Беҳос…
Қарсак қармоқлари-ла
Тортиб олади қарсакчилар.

Оппоқ роял ва муҳташам зал…

Хуршид Абдурашид
ШЕЪРЛАРИ

МУҲАББАТ ҲАҚИДА УЧ ХИЛ ШEЪPAshampoo_Snap_2018.01.26_22h14m04s_018_.png
(Севгилимга мактуб)

МУҚАДДИМА

Биринчи шеър сени йиғлатар тайин
Иккинчисин ўқиб куласан…
Сўнггиси…
Дарвоқе, билмадим
Уёғини ўзинг биласан…

ҒАМГИН ШEЪР

Сен кузакка ўхшаб кеч келдинг,
Япроқларинг эди заъфарон.
Кулганингда ошкор қилардинг,
Кўзларингга ёш тўлса — пинҳон…

Қиш мисоли совуқ оралиқ,
Ўртамизда қаҳратон ришта.
Туйғулардан бино қанотинг
Музлаб қолган шўрлик фаришта…

Сени не деб юпатсам экан,
Ахир севги ўтидан яйра!
Бахтли қилмоқ учун ўйланар
Миямдаги милён ҳужайра….

ҚУВНОҚ ШEЪР

Биз учрашдик… эски хиёбон,
Ташрифимиз учун севинди.
Қизиб турган қирмиз юзингдан
Битта ҳадя оламан энди.

Аммо жаҳлинг чиқди негадир,
Аразладинг ўзингча майли.
Ўзи мен ҳам журъатлимасман,
Бу исёнга ақлим етмайди.

Билсам сенинг бу аразлашинг
Ноз-карашма дейиларканда.
Ўқибман-у шунча китобни
Бу атама йўқ эди фанда…

ОРАЛИҚДАГИ ШEЪР

Хуллас, баҳор келди кўнгилга,
Хуллас, севги ниш отди, жоним.
Энди сенинг тўрт ёнинг — сабза,
Худди шундоқ тўртта томоним.

Муҳаббат шу дедим ҳайқириб,
Қувончларга бурканд иолам.
Яшаш мумкинмикан дунёда
Қалбни банди айламасдан ҳам.

Фақат жоним, сен йиғлама, хўп,
Ва иложи бўлса жилмайма.
Бу шеър ахир оралиқдадир
Не дейишни ҳозир билмайман.

ХОТИМА

Биринчи шеър сенга ёқмади
Иккинчиси кулдирди оз-моз.
Мен исмингни шунча битдим, бас,
Энди сен ҳам бирор нима ёз!

***

Бугун тонгда
шундоқ ёнимга
эркаланиб келди оппоқ Тонг…

Уни Тошкентдаги энг ҳашаматли
ижарахонамда
кутиб олдим мен

Бу тонгни қишлоқдан
менга атайлаб
уйқусиз дийдамга бериш учун нур
юборибди мунис, меҳрибон Онам…

Раҳмиддин Абраев
ШЕЪРЛАР
Ashampoo_Snap_2018.01.26_22h07m16s_016_.png
ҚАЙТИШ

Йўлга тушдим…
Минг йилдан ошди.
Етолмайман Юракка ҳамон.
Кўзларидан соғинчи тошиб,
Қайтаяпти ўғлинг, Онажон!
Дилтандирдан уздим сўзларни,
Совуқ ҳислар бўлди бегона.
Қувонтириб қанча қизларни,
Шеърлар билан сийладим, она.

Кўп дилларни хор қилиб эзди,
Тош шаҳарнинг хиёбонлари.
Қалбимга ўт қалолмас, сездим,
Кўйлагингни гули, гулпари!

Боролмадим йилда бир йўқлаб,
Кимга айтдинг шарҳи ҳолингни?
Қўмсадим бу шаҳардан кўпроқ
Қишлоғимни, шамшодтолимни.

Қандоқ чидай, кимга ёрилай,
Юрак ёлғизликда ичикса?
Атай мазах қилаётгандай,
Туман автобуси кечикса.
Элкезарман, кўрдим дунёни,
Меҳринг бошқа жойда йўқ экан.
Далам, отим, итим омонми
Олапарнинг қорни тўқмикан?

Қайтаяпман, минг бир хаёлда,
Кутаётган Кўнгилга қараб.
Қайтаяпман, баланд димоғли
Бўйинбоғим портфелга қамаб.

Йўлга тушдим…

ИЛТИЖО

Синган аравалар, чириган тахтлар,
Қиличлар жарангги этган маҳал тарк.
Музаффар қўшиндай турар дарахтлар,
Яшил байроқ бўлиб ҳилпипар ҳар барг.

Очиқ кўзларимни илитмас уйқу,
Уйқу ярашмайди туркий эрларга.
Дадил қадам босиб келаяпманку,
Темурбек от суриб ўтган ерлардан.

Уйғоқ қаршилайман озод тонгларни,
Шудгорин суғорсин пешона терим.
Кимдир англатарми ёки англарми
Муқаддаслигингни, мўтабар ерим?!

Гадой тиланмаган шеърларим билан,
Ўзимни овутдим, сени овутдим.
Бир кун кетар чоғим – манзил сўнгига,
Омон етказурсан ўзинг тобутим.

Тоғдан баланд ўсдим, осмонингдан паст,
Бағрим қушдай озод қирларга тўлди.
Тупроғингдан бошқа нарсанг керакмас,
Менга битта кафан атасанг бўлди!

ТАШРИФ

Кунлар яна қисқара бошлар,
Чўзилади эринчоқ тунлар.
Сандалларга ўзини ташлаб,
Олов билан ўйнар ўтинлар.

Тилсиз шовуллайди арчазор,
Босинқираб кўрар тушини.
Тонг кўксига отиб кетар қор,
Қора булутларнинг қўшини.

Бир кечада музлади дунё,
Бирам совуқ унинг ташрифи.
Сиз билмайсиз, шимолдан ҳатто,
Гўзалроқдир Туркистон қиши.

* * *

ТУШДАЙ ШИРИН КЕЧГАН У ЙИЛЛАР,
“Сени бахтли қиламан!” дердим.
Ҳисларимни таржима қилар,
Сен ҳақдаги ҳар битта шеърим.

“Ойни олиб бераман, ишон!”
Нималарни қилмадим ваъда?!
Ўз ёғида қоврилар виждон,
Бугун қандай ожизман, қара!

Орзу қилиб етмадинг дилдор,
Қилолмадим бурчимни адо.
…Орамизда учта жарлик бор:
Ал-Висол. Ал-Фироқ. Ал-Видо.

e15aa5a0de1368da676138e11bb83763d23a31f6.jpeg Bugun sizga ilinayotganim, bir qator tengdoshlarim ijodida Dunyoni bor bo‘yicha, jami dardu quvonchlari ila qabul qilish va uni o‘zining fitratidagi chinakam iste’dodi yordamida tasvirlash asosiy o‘rinda…Keling, ushbu yosh qalamkashlar — tengdoshlarim ijodiga ko‘ngil ko‘zi bilan nazar tashlaylik.

Mirzohid MUZAFFAR
ROST TUYG‘ULAR IZLAB…
002

She’r — ruhning sajdasi, qalb ovozining tajallisidir. Zero har bir satrida olovlar larzon urmagan manzumani she’r deb bo‘lmas. Va tabiiyki, bunday haqiqiy she’rlar ozchil, kamyob bo‘lishi ham bor gap. Ayniqsa Hazrati Adabiyot bo‘sag‘asiga endigina kirib kelayotgan tengdoshlarimiz ijodida tobora kamayib borayapti ushbu topilmalar. Albatta, bu bugungi o‘zbek yoshlari nazmida rost tuyg‘ular in’ikosi yo‘q, degani emas.

Bugun sizga ilinayotganim, bir qator tengdoshlarim ijodida Dunyoni bor bo‘yicha, jami dardu quvonchlari ila qabul qilish va uni o‘zining fitratidagi chinakam iste’dodi yordamida tasvirlash asosiy o‘rinda. Eng muhimi, ular hali hech qanday siyosiy evrilishlarga ergashmagan, ozodlik nafasini his qilgan holda mustaqil fikrlovchi bo‘lajak IJODKORlardir.

To‘g‘ri, asl ijodkor Yaratgan, biz esa uning zamindagi taqlidchilarimiz holos. Biroq Haq yaratgan yaratiqlarning siyratini anglash, tuyish hammaga ham nasib etmagay. Shunday ekan, keling, ushbu yosh qalamkashlar — tengdoshlarim ijodiga ko‘ngil ko‘zi bilan nazar tashlaylik.

YOSHLAR MUSHOIRASI
Mirzohid Muzaffar tayyorlagan
002

Ashampoo_Snap_2018.01.26_21h36m45s_007_.pngShuhrat Fayziy
SHE’RLAR

Shuhrat Fayziy 1999 yil 16 avgustda Farg‘ona viloyatining Buvayda tumanida tug‘ilgan. Ayni paytda Toshkent Moliya Institutining birinchi bosqich talabasi.

***
Dengizning eng tub-tubida
Majruh yotar yagona bir tosh.
Jimlik unga jon berar boqiy.

Suv mavjlanar,sayrashar qushlar,
Suv tegsa-da, quruq yotar tosh.
Jimlik unga jon berar boqiy.

Quyoshni kutadi, quyosh kelsin deb,
Lek quyosh ko‘rinmas, jim yotar bu tosh.
Jimlik unga jon berar boqiy.

Tomirida oqar erksizlik,
Na o‘lishni, na yashashni
bilmaydi bu tosh
jimlik unga jon berar boqiy.

***

Qizarib, bo‘zarib yonayotgan
oppoqqina vaqt ichra…
O‘sib chiqar qanotsiz orzu…
Undan gerdaygannamo
uchib chiqar bir chumchuq —tuyg‘u.

Baxt qanotin qoqib,
yotar jarlikda
qo‘ynida qizil qon (oppoqqina vaqt)
Uzoqdan termulib yig‘lar
Jajjigina go‘dakning isi…

***
Chumoliman…
O‘rmalayman samoga qadar.
Yerdan to falakka sochilgay jismim.

O‘rmalayman…yurakdan
Sirqirab oqar qon.
Malhamlab boraman oyoq-qo‘limni.

Malhamlayman…
Ko‘zlarimda yiringlar og‘riq,
Og‘riqni ko‘rmayman, malhamni faqat.

Chumoliman…
O‘rmalayman samoga qadar.
Yerdan to falakka sochilgay jismim.

Va qachondir
ruhiyatning chegarasini
Kemiraman nimta-nimtalab…

Aylanaman kapalakka…
oppoq kapalak…
So‘ng qo‘naman
Lomakonda ochilgan gulga.

Chumoliman…
***
yuragingni asta varoqla
ko‘ksinga joylab kitobni
osmonga boq ko‘zlarimga boq
yer haqida so‘ylama faqat

men daraxtman qolaman qurib
ildizimga singmasa sevgi
kel yaprog‘im vuujudimga sen
qish kelmasdan tezroq singi

baxtli bo‘lish — yashamoqlikdir
yashamaymizmi
(koinotga chiq)
har zarraga kerakdir atom
xayolinga uloqtir meni

Ashampoo_Snap_2018.01.26_21h55m16s_013_.pngJonibek Aliyev
SHE’RLAR

Jonibek Alijonov 1999 yil Qashqadaryo viloyatining Kasbi tumanida tug‘ilgan. Kasbi agrosanoat kolleji o‘quvchisi.

***

Ishq — naql, dard — shakl, inson kim ?
Ketaman o‘chirib izlarni.
Quvonchim, g‘urbatim, quvonchim…
Sog‘inib qolaman, sizlarni!

Men kuldim to‘lin Oy to‘lguncha,
Men to‘ldim, hilolim kulguncha.
Sochimda qoralar o‘lguncha,
Sog‘inib qolaman, sizlarni!

Qil mening dimog‘im chog‘, gulim,
Yuragim selida oq, gulim.
Yig‘lama…men ketsam oqgulim,
Sog‘inib qolaman, sizlarni!

Yashayman shafaqlar uchida,
Ochunning to‘rttala burchida.
Yig‘irma to‘qqiz qush qish ichida,
Sog‘inib qolaman, sizlarni!

Sizlarsiz men kimman dunyoga?
Bo‘linib ketaman bo‘lakka…
Bir umr tikilib yo‘lakka,
Sog‘inib qolaman, sizlarni!

Hasrat
Baxtiniso Mahmudovaga

Sayr qildim bahor yuvgan adirlarni,
Tomirimga alangalar solib borar.
Opa, tuproq tomon yaqin borgan sari
Osmonlardan nega ko‘ngil qolib borar?
Bilmaysizmi?

Parvoz kerak, shoir uchun parvoz kerak,
Qanotsizni tahqirlashga haqqingiz bor.
She’riyatga gumbirlagan ovoz kerak,
Axir, ayting, yig‘lamasdan chertsalar to,
Yig‘laysizmi?

Bilgim kelar qismatimni goh-gohida,
Cho‘zdim-cho‘zdim, lekin unga yetmadi qo‘l.
Sajda qilib Alisherning dahosiga,
She’riyatga kelar bo‘lsam menga oq yo‘l
Tilaysizmi?

Men bilaman,bu maydonda chopish og‘ir,
Ulfat qilib saylash kerak bunda g‘amni.
Hammasidan to‘yib-to‘yib ketgan chog‘im,
Qoshingizga o‘ksib kelsam, peshonamni
Silaysizmi?

Elegiya

Bulutlar chayqalar…jamadonimga
Solardim suyukli kitoblarimni-
Na seni chaqirdim kel deb yonimga,
Xabardor ayladim na biron kimni.

…Quyosh ufqqa botib,anorzor aro
Qaro kamzul kiyib,cho‘kkanida tun,
O‘zingni erkingda qoldirmoq uchun
Keturman-uzlatga bo‘lib fuqaro!
Men seni hijronda kuydirdim,evoh.
Azobli damingga bo‘lmabman hamroz.
Yig‘lading…kuyinding…chekkaningda oh,
Kechir,samolarda etibman parvoz.

Sen ishon,ko‘zingga namlar yo‘liqmas,
Qarog‘ing yosh bilmas achchiq va taxir.
Endi erkimizda tinch yashaylik,bas!
Muhabbat bunchalar azobmas,axir!

Endi borganingda mo‘jaz uyimga
Qog‘ozdan o‘zgasin topolmassan hech.
Men haqda so‘raysan yo‘liqsang kimga,
Ammo,barisiga bo‘lgan bo‘lar kech!
Aytishar: ,,Negadir bu yerdan bezib,
O‘zga makonlarga olib ketdi bosh.
Yuragin kulfatlar qo‘yganda ezib
Balkim,topolmadi yaroqli sirdosh”

Sen shunda o‘zingni gunohkor bilib,
Suyanib qolarsan bir dam devorga.
Arzanda qalbingni chokidan tilib,
Dildan intilursan bevafo yorga!
Oqibat-tosh-qumloq yo‘laklar bo‘ylab
Qaytib ketajaksan o‘z uying sari.
Ma’nosiz sevgining ma’nisin o‘ylab,
Uxlolmay chiqarsan mezon tunlari.
Biroq,hayot suzar,umrlar-sho‘x-sha’n.
Qismat yo‘lin izlar-qo‘lida chiroq.
Vaqt hukmi: Sen go‘yo sevilmagansan,
Men ham sevmaganman-sochlarimiz oq!

***

Qismatingda tashvishlarning ro‘yxatlari,
Hodisalar ro‘y beradi-yo‘qdir ma’ni.
Chigallashib borar umr borgan sari
Ko‘ngli bilan ko‘targuvchi inson qani?
Topolmaysan…

Tovoningdan ta’mlar so‘rib g‘urbat borar,
Osmondami? Dovondami? Qayda malham?
Tushkin dunyo tushlaridan ko‘ngil qolar
Xarchand undan yiroqlashga urinsang ham
Qocholmaysan…

Yoronlardan sado chiqmas,yo‘qdir dalda
Jami Majnun ovvoradir Laylisiga.
Yon-beringda tanish-bilish ko‘p bo‘lsa-da,
Yuragingning sirlarin hech qaysisiga
Ocholmaysan…

Ashampoo_Snap_2018.01.26_22h04m19s_015_.pngMunisa A’zamova
SHE’RLAR

Munisa A’zamova 1998 yil, 11 dekabrda Navoiy viloyati, Navbahor tumanida tug‘ilgan. Hozirda O‘zbekiston davlat Jahon tillari universiteti Xalqaro jurnalistika fakultetida ta’lim olmoqda.

***

Nedan buncha orziqadi tun?
Siniq nurlar to‘zg‘itgan xona.
Men bariga ishonsam oxir,
Oy xiringlar oylikdan tona.

Zo‘riqadi uyqu ovozi,
Kimdir..sim-sim…haydaydi uni.
O‘ydan og‘ir o‘ylarim bilan
Yana Kimdir aldaydi tunni.

Seg‘dirolmay menga dilginam,
Ishqni tunning ko‘ksiga otdi.
Qattiq zarbdan portladi, mana,
Yonib ketdi deraza orti!

Kun yorishdi hislarim bilan…

***

Muallaq qoldim…
Samodan olisda, yerdan olisda
Mavhumlik ichida yo‘qoldim,
Havodan yengilman, yomg‘irdan shaffof,
O‘ylarimning o‘yi sachrar, kutyapman…
Ko‘rinyapti, ro‘paramda Ko‘hi Qof
Mana, singib o‘tyapman.
Muallaq qoldim…
Samo, yer olis
Cho‘qqida yo‘qoldim…

Tun

Bu zulmat deb atading,
Qora parda tortsa tun.
Har gal kunning aybini
Yashirdi u sen uchun.

Egizak deb tun, bardosh,
Yulduz yog‘di dalada.
Uhlar eding g‘uborlar
Yashirilgan pallada.

Betashvishim, tashvishlar
Ortidan shaylanaman.
Sen orom ol, bugun ham
Men tunga aylanaman.

ANDOZA

Samo samo edimu?
Havo bu qadar toza?
Mushtdekkina ko‘nglimdan
Olmaguncha andoza.

Yig‘lamasin deb, bulut
O‘g‘irlabdi ko‘zyoshim.
Har kun tong bo‘lib otar
O‘marilgan bardoshim.

Xayollarim bo‘ron, sel,
Boshlaymiz-da bir “bazm”.
Kecha bo‘lsa yulduzsiz
Biling iyening arazim.

Tan olmaysiz baribir,
Axir sizga alam-da —
Yashab yuribsiz mendan
Nus’ha olgan olamda!

Ashampoo_Snap_2018.01.26_21h45m00s_009_.pngAhror Ravshan
SHE’RLAR

Ahror Ravshan (To‘lqinov) 1996 yil 24 may kuni Farg‘ona viloyatining Furqat tumanidagi Obodon mahallasida tug‘ilgan. 2014 yilda chop etilgan “Aytilmagan yor-yorlar” she’riy to‘plamining muallifi. Hozirda O‘zbekiston Davlat Jahon tillari universitetining “Ingliz tili va adabiyoti ” fakultetining uchinchi bosqich talabasi.

***

Yana oqshom. Qalam sergak. Yana qog‘oz bo‘lar g‘ijim,
Olov bo‘lib yonmoqdaman, olov bo‘lib yonar ichim.
Bu otashni so‘ndirmoqqa ikki dunyo yetmas kuchim,
Qorparchalar, iltimosim, yuragimga yog‘inglar.

Umidlardan nashida yo‘q, vujud go‘yoki sahrodir,
Sevdim degan tilimni ham tishlab qoldim, yuz qarodir.
Malham bo‘ling og‘rig‘imga,g‘aribgina dil yarodir,
Qorparchalar, iltimosim,yuragimga yog‘inglar.

Hasratlarim to‘kay desam, tun ham mendan arazlagan,
Oy nurlarin yashirmoqda, yulduzlar ham yolg‘izlagan.
Yig‘lay desa yig‘lolmagan, o‘ksik menman, siz izlagan,
Qorparchalar, iltimosim, yuragimga yog‘inglar.

Ko‘ngil to‘la xavotirlar, taskin berar mehribon yo‘q,
Mehmon to‘lib ketgan uyda, netaqdirki, bir mehmon yo‘q,
Inson bilan gavjum Yerda hol so‘rguvchi bir inson yo‘q,
Qorparchalar, iltimosim, yuragimga yog‘inglar.

Qarang, menga o‘xshab qolgan ostingizda qolgan g‘uncha,
Balki u ham kuyungandir shu lahza-la topinguncha,
Yolg‘izlanmang, yolg‘izingiz to bahorga topshirguncha,
Qorparchalar, iltimosim,yuragimga yog‘inglar.

Olov bo‘lib yonmoqdaman, olov bo‘lib yonar ichim…

Ilk muhabbat…

Tun qo‘ynida parishonxotir,
O‘y suraman ko‘kka termulib.
Shunda tanam jimjitar nadir,
Sekingina qo‘yaman kulib.

Qo‘llarimdan tutib xayollar,
Olib ketar o‘tmish bog‘iga.
Yellar labim titrog‘in yo‘llar,
Ilk sevgimning gul dudog‘iga.

Ilk muhabbat dildan o‘chmas hech,
Ilk muhabbat kulchayuz edi.
Mehr bergan menga bir hovuch,
Ilk muhabbat qo‘shni qiz edi.

Hislar murg‘ak,qalb bola edi,
G‘amsiz edi umr yo‘llari.
Ko‘klam sayli, gul, lola damlar,
Qo‘llarimda uning qo‘llari.

Araz aylash bizlar uchun yot,
But qilgandi ko‘ngil yarmini.
Taqib qo‘ysam bo‘lar edi shod,
Yasab bergan gulchambarimni.

Bahor raqsi shoshqin soylarda,
Soy labida keksa majnuntol.
Sabo suzgan suluv oylarda,
Quchgan edi bizlarni visol.

U shunchalar go‘zal edi, o,
Erk yo‘q edi zarra g‘ussamga.
Atirgullar bo‘lgandi guvoh,
Birinchi va so‘ngi bo‘samga.

Xotiralar, shirin kechmishim,
Yodga tushar Oy kulgan payti.
Oy to‘lgan on yonadi ichim,
Ajralgandik Oy to‘lgan payti.

Yellar yelsa, ochilsa gullar,
Ko‘klam onin payqagan vaqtim.
Ko‘ksim iliq tuyg‘uga to‘lar,
Sababkori — ilk muhabbatim.

Ilk muhabbat dildan o‘chmas hech,
Ilk muhabbat kulchayuz edi.
Mehr bergan menga bir hovuch,
Ilk muhabbat qo‘shni qiz edi.

***

O‘ylab ham ko‘rmading:yasholarmikan,
O‘ylab ham ko‘rmadim, nega ketdi deb.
Izhorsiz sevgining manzili — firoq,
Izhorsiz sevgiga berolmadik zeb,
Yo buni bilmadik o‘zimizga ep…

Sevishni bilmayman!
Shu so‘zdan boshqa
Gap topa olmadik ko‘zga ko‘z tikib.
Ketdik, qo‘l siltadik, voz kechdik oson,
Yashaymiz yashrincha ko‘zdan yosh to‘kib,
Hadiksirayvergan yurakni so‘kib.

Eh, nega bunchalar ojizmiz —ojiz,
Eh,nega kuchimiz yetmas g‘ururga?
Dil ishin haq bilib aytganin qilsak,
Balki bo‘larmidik ikkimiz birga…

Endi afsus qilmoq safsataga teng,
Yana umidlanmoq — uyatli holat.
Nuqta qo‘ymoqdaman so‘ngi xatimga,
O‘tinchim — sevgiga qilma malomat,
Xayr, o‘zni asra, bo‘lgin salomat!..

Ashampoo_Snap_2018.01.26_21h53m10s_011_.pngNozima Habibullayeva
SHE’RLAR

Nozima Habibullayeva Farg‘ona shahrida tug‘ilgan. Hozirda O‘zbekiston Davlat Konservatoriyasi “Bastakorlik san’ati” yo‘nalishining 3-boskich talabasi “Zomin — 2017” respublika yosh ijodkorlar seminari qatnashchisi. Ijod namunalari shahar,viloyat va respublika matbuotlarida chop etilib kelinmoqda.

***

Tunda tunab ketar sen haqingdagi
O‘ylarning karvoni, zalvori.
Mening ko‘zim boshqa, anglayapsanmi?
Emas el qatori…

Qorachig‘im—qorachirog‘im.
Undan taralyotgan oppoq nur
Deraza tuynugi osha oyga to‘shr yo‘lakcha.
Sendan kelgan atirgullar
Hozir gerbariyga aylanib
Qolgan bo‘lsa ham
Ifori bo‘lakcha…

Nega voqif etding o‘zing haqdagi
Dahshatli haqiqatlardan.
Hamon yoqamda qo‘lim,
aniqligi aniq yo‘lim —
Ketmoq
bu karaxtlik kuyi anqigan
kuydirgan qatlamdan.

Shundan beri seni yomon ko‘rishimga
har bir soniyam harakat qilar
har kuni.
Ammo…
Tunda tunab ketar anorday
shirin va ichi g‘ij-g‘ij
sen haqingdagi tushlar turkumi…

***

Borgan sari botib ketyapsan botqoqqa,
Istamading qutqarishimni.
So‘ngi nimagadir ilashib turardingki,
huddi shuni uzib yuboradiganday,
cho‘kishlaringa yordam beradiganday
Intizor kutarding qarg‘ishimni.

Naqadar gunohkor, telbasan, bilmayman.
Hayotinga yorug‘lik yuborgandi Xudo,
Farishtalarni yoqtirmasding hech.
Naqadar yomon ko‘rolmayman seni,
qara havotirlarim
nilufargullarga aylanib
Atrofingni qurshab olgan zich.

Aytgancha, botqoqda yashaysan-ku aslida,
Ammo bir kuni botqog‘ing ham
botqog‘iga botib borayotganda
chaqirsang ham eshitolmayman, chunki
cho‘kib ketgan bo‘laman sensiz nurlarga…

PIANIST
(Ballada)

Oppoq royal va muhtasham zal.
Hayajonning bezaklari jam.
Titroq o‘ynar sahnani o‘pgan
Ko‘ylagimning etaklarida.

Ming ko‘znayza nishonida —men,
Nafaslarim borar siqilib.
Va chalishni boshlayman 2Betxovenning
O‘n to‘rtinchi sonatasini.

Ilk akkord va klavish domi
Nozik barmoqlarim cho‘za boshlaydi.
Yurak ritmi:sol-do-mi,do-mi,
O‘n barmoq — o‘n g‘avvos qora
Dengiz aro suza boshlaydi.

Ro‘paramda klavir — nota,
Qo‘llarim chalaverar mensiz ham.
Ruhim daydib qo‘nim topar so‘ng
O‘mish. Vena.
Va tor xonada.

Mana topilmagan partituralar,
Chang yukidan yotar ingranib.
O‘rgimchak to‘rlari quchoqlab yotar
Sozdan tushgan pianinoni.
Unutilgan pianinoni.

Inlarida tebranib kuyga
O‘rgimchaklar tinglar isinib.
Barmoqlarim-la o‘paman Betxovenning
O‘n to‘rtinchi sonatasini.

Kuy avjiga kelar. Yo Xudo
Ko‘z yosh kelar butun tanimni bosib.
Kuy avjida nimjon barmoqlarimga
Kuch qayerdan kelyapti oqib.

O, Betxoven, dahoyim mening,
Kar quloqqa dardni opichlab
Yaralgan shu ohang domiga
Ko‘zyoshlarim bilan tomchilab

cho‘kib ketgum
Yangrayman endi,
Endi meni shu dengiz chalar.


Behos…
Qarsak qarmoqlari-la
Tortib oladi qarsakchilar.

Oppoq royal va muhtasham zal…

Ashampoo_Snap_2018.01.26_22h14m17s_019_.pngXurshid Abdurashid
SHE’RLARI

Xurshid Abdurashid( Serobov ) 1995 yil 27 iyulda Qashqadaryo viloyati, Kasbi tumani, Pandiron qishlog‘ida tug‘ilgan. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universiteti 4-bosqich talabasi. Shuningdek, “Yoshlar” radiokanalida ham faoliyat ko‘rsatadi. Matbuotda uning hikoya va she’rlari chop etilgan.

MUHABBAT HAQIDA UCH XIL SHE’P
(Sevgilimga maktub)

MUQADDIMA

Birinchi she’r seni yig‘latar tayin
Ikkinchisin o‘qib kulasan…
So‘nggisi…
Darvoqe, bilmadim
Uyog‘ini o‘zing bilasan…

G‘AMGIN SHE’R

Sen kuzakka o‘xshab kech kelding,
Yaproqlaring edi za’faron.
Kulganingda oshkor qilarding,
Ko‘zlaringga yosh to‘lsa — pinhon…

Qish misoli sovuq oraliq,
O‘rtamizda qahraton rishta.
Tuyg‘ulardan bino qanoting
Muzlab qolgan sho‘rlik farishta…

Seni ne deb yupatsam ekan,
Axir sevgi o‘tidan yayra!
Baxtli qilmoq uchun o‘ylanar
Miyamdagi milyon hujayra….

QUVNOQ SHE’R

Biz uchrashdik… eski xiyobon,
Tashrifimiz uchun sevindi.
Qizib turgan qirmiz yuzingdan
Bitta hadya olaman endi.

Ammo jahling chiqdi negadir,
Arazlading o‘zingcha mayli.
O‘zi men ham jur’atlimasman,
Bu isyonga aqlim yetmaydi.

Bilsam sening bu arazlashing
Noz-karashma deyilarkanda.
O‘qibman-u shuncha kitobni
Bu atama yo‘q edi fanda…

ORALIQDAGI SHE’R

Xullas, bahor keldi ko‘ngilga,
Xullas, sevgi nish otdi, jonim.
Endi sening to‘rt yoning — sabza,
Xuddi shundoq to‘rtta tomonim.

Muhabbat shu dedim hayqirib,
Quvonchlarga burkand iolam.
Yashash mumkinmikan dunyoda
Qalbni bandi aylamasdan ham.

Faqat jonim, sen yig‘lama, xo‘p,
Va iloji bo‘lsa jilmayma.
Bu she’r axir oraliqdadir
Ne deyishni hozir bilmayman.

XOTIMA

Birinchi she’r senga yoqmadi
Ikkinchisi kuldirdi oz-moz.
Men ismingni shuncha bitdim, bas,
Endi sen ham biror nima yoz!

***

Bugun tongda
shundoq yonimga
erkalanib keldi oppoq Tong…

Uni Toshkentdagi eng hashamatli
ijaraxonamda
kutib oldim men

Bu tongni qishloqdan
menga ataylab
uyqusiz diydamga berish uchun nur
yuboribdi munis, mehribon Onam…

Ashampoo_Snap_2018.01.26_22h09m15s_017_.pngRahmiddin Abrayev
SHE’RLAR

Rahmiddin Abrayev 1994 yilda tavallud ko‘rgan. Qarshi davlat universiteti “O‘zbek Filologiyasi” fakulteti talabasi. She’rlari markaziy nashrlarda e’lon qilingan

QAYTISH

Yo‘lga tushdim…
Ming yildan oshdi.
Yetolmayman Yurakka hamon.
Ko‘zlaridan sog‘inchi toshib,
Qaytayapti o‘g‘ling, Onajon!
Diltandirdan uzdim so‘zlarni,
Sovuq hislar bo‘ldi begona.
Quvontirib qancha qizlarni,
She’rlar bilan siyladim, ona.

Ko‘p dillarni xor qilib ezdi,
Tosh shaharning xiyobonlari.
Qalbimga o‘t qalolmas, sezdim,
Ko‘ylagingni guli, gulpari!

Borolmadim yilda bir yo‘qlab,
Kimga aytding sharhi holingni?
Qo‘msadim bu shahardan ko‘proq
Qishlog‘imni, shamshodtolimni.

Qandoq chiday, kimga yorilay,
Yurak yolg‘izlikda ichiksa?
Atay mazax qilayotganday,
Tuman avtobusi kechiksa.
Elkezarman, ko‘rdim dunyoni,
Mehring boshqa joyda yo‘q ekan.
Dalam, otim, itim omonmi
Olaparning qorni to‘qmikan?

Qaytayapman, ming bir xayolda,
Kutayotgan Ko‘ngilga qarab.
Qaytayapman, baland dimog‘li
Bo‘yinbog‘im portfelga qamab.

Yo‘lga tushdim…

ILTIJO

Singan aravalar, chirigan taxtlar,
Qilichlar jaranggi etgan mahal tark.
Muzaffar qo‘shinday turar daraxtlar,
Yashil bayroq bo‘lib hilpipar har barg.

Ochiq ko‘zlarimni ilitmas uyqu,
Uyqu yarashmaydi turkiy erlarga.
Dadil qadam bosib kelayapmanku,
Temurbek ot surib o‘tgan yerlardan.

Uyg‘oq qarshilayman ozod tonglarni,
Shudgorin sug‘orsin peshona terim.
Kimdir anglatarmi yoki anglarmi
Muqaddasligingni, mo‘tabar yerim?!

Gadoy tilanmagan she’rlarim bilan,
O‘zimni ovutdim, seni ovutdim.
Bir kun ketar chog‘im – manzil so‘ngiga,
Omon yetkazursan o‘zing tobutim.

Tog‘dan baland o‘sdim, osmoningdan past,
Bag‘rim qushday ozod qirlarga to‘ldi.
Tuprog‘ingdan boshqa narsang kerakmas,
Menga bitta kafan atasang bo‘ldi!

TASHRIF

Kunlar yana qisqara boshlar,
Cho‘ziladi erinchoq tunlar.
Sandallarga o‘zini tashlab,
Olov bilan o‘ynar o‘tinlar.

Tilsiz shovullaydi archazor,
Bosinqirab ko‘rar tushini.
Tong ko‘ksiga otib ketar qor,
Qora bulutlarning qo‘shini.

Bir kechada muzladi dunyo,
Biram sovuq uning tashrifi.
Siz bilmaysiz, shimoldan hatto,
Go‘zalroqdir Turkiston qishi.

* * *

TUSHDAY SHIRIN KЕCHGAN U YILLAR,
“Seni baxtli qilaman!” derdim.
Hislarimni tarjima qilar,
Sen haqdagi har bitta she’rim.

“Oyni olib beraman, ishon!”
Nimalarni qilmadim va’da?!
O‘z yog‘ida qovrilar vijdon,
Bugun qanday ojizman, qara!

Orzu qilib yetmading dildor,
Qilolmadim burchimni ado.
…Oramizda uchta jarlik bor:
Al-Visol. Al-Firoq. Al-Vido.

067

(Tashriflar: umumiy 1 875, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum! Rosti,she’rlaridan ko’ngli to’lmay yurgan mendek havaskor uchun shunday saytda va shunday kamolga yetgan ijodkorlar bilan bir sahifada chiqishni o’zi katta baxt! Bunga munosib ko’rganinggiz uchun Ustoz Xurshid Davron va ijodkor do’stim Mirzohid Muzaffarga,va Mirzohid bilan tanishishimga sababchi va unga she’rlarimni tavsiya etgan Baxtiniso opamga chin dilimdan rahmatlar aytaman. Sizde insonlar bor ekan bizni ko’nglimiz osmon bilan teng!

Izoh qoldiring