Jamila Ergasheva. G’animatim onam

Ashampoo_Snap_2017.05.18_23h51m00s_003_.png     Эмишки, ҳаж ниятида сафарга чиққан бир кишига бир оқшом тунаш учун жой берган Ҳожи унинг нима мақсадда йўлга чиққанини эшитиб, кутулмаганда “Онанг борми?“ деб сўрайди ва онасининг ҳаётлигини эшитгач, “Мен эллик марта ҳаж қилдим, ҳар сафар ялангоёқ, ялангбош, ёлғиз ҳаж қилдим. Эллик ҳажимнинг ҳам савобини сенга бераман, сен менга онангнинг кўзларидаги қувончни бер“, дейди…

Жамила ЭРГАШЕВА
ҒАНИМАТИМ ОНАМ
Она хақида сўз
09

 879_n.jpg  Жамила Эргашева 1956 йил Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. Тошкент Давлат дорилфунининг журналистика факультетини тамомлаган. “Изҳор”, “Интиқом”, “Таназзул”, “Зулфизар”, “Қир устидаги аёл” номли роман, қисса, ҳикоялари жамланган китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

09

Бисмиллоҳи раҳмони раҳим

Одатда “Ота–онангиз ҳаётми? деб сўрашганда, “Ҳа“ десангиз, “Давлатманд одам экансиз“ дейишади ҳавас билан.

Аллоҳга шукур, онажоним 84 ёшга кирдилар. Назаримда менинг онам дунёдаги энг меҳрибон, энг кечиримли ва энг сулув аёл.

Оиламиз катта оила эди. Бобом, момом, амаким, етти фарзанд, қариялар яшайдиган хонадонларда бўладиган узлуксиз келди–кетдилар. Ана шу катта хонадондаги ягона хизматкор онам эди. Шунча ишлари кўп бўлган тақдирда ҳам бирон марта “қийналиб кетдим“ деб, нолиганларини ёки баъзи оналарга ўхшаб, “Тўйиб кетдим сенлардан ҳам, ҳаётдан ҳам”, деб, зарда билан бизни бир тарсаки урганини, қарғаб–нетиб урушганини эслай олмайман. Нон ёпсалар, кичкинтойлар учун албатта кулчалар ёпилар эди, қиш кунлари эрталаб турсак, албатта уч офтоба илиққина сувга тўлдирилиб, мактабга киядиган пойафзалларимиз ғиштин печнинг гирдида ювилган, тумшуқларига юмшоқ латталар тиқилган ҳолда иссиққина бўлиб турарди. Орадан қанча йиллар ўтиб кетган бўлса ҳам ана шу пойафзалларни эсласам, оёқларимда ажабтовур ёқимли ҳароратни ҳис қиламан.

Сал улғайиб, ёнларига кириб у–бу юмушларга ёрдамим тегадиган бўлгач, укаларимнинг бир амаллаб йиғиштирган жойларимни бир пасда тўзғитиб ташлайверишидан нолисам, онам “Қизижоним, сен буларнинг юмушларини суюниб–суйиб қилгин, эрта–индин беш оғанг беш қўрғонинг, синглинг меҳри дарё ғамғусоринг бўлади“, дердилар.

Энди ўйлаб қарасам, онагинамнинг зиммасида не юмушимиз бўлса, барини мажбурлигидан, оғриниб эмас, ўзлари айтгандек, ўзимизни суйгандек ишимизни ҳам суйиб қилган эканлар.

* * *

Онам ҳеч қачон оилада “Бу иш эркакнинг вазифаси, бу иш аёлнинг вазифаси“ деб юмуш ажратган аёл эмас. Ўзлари чевар аёл, бир умр элнинг кийимини тикиб, гиламини тўқиган. Зарур бўлганда эса ғишт териб, бетон ҳам қориб кетаверарди. Қўшниларимиз махсус печ терувчи уста чақириб, фалон пулга тердираган ғишт печ бизнинг уйда онам томонидан ҳар йил бузилиб, ҳар йил қайта терилар эди: “Катта бўлиб кетибди, анча жойни эгаллаяпти“, “Баланд бўлиб кетибди, ўтин кўп сарф бўлади“, деган сабаблар билан.

Бир жойларга меҳмонга бориб келишса, отам раҳматлик кулиб–кулиб, момомга гурунг берарди: “Эна, ошхўрга ош, ишхўрга иш йўлиқар, деганлари рост экан. Бунингиз ўлиб, тандирга қолип қазди ( ёки кийим тикди), мен ош едим“, дер эди. Энди ўйлаб қарасам, иш билганга ҳам қийин–да, онагинамни кўрганда одамларнинг биткиза олмай турган ишлари эсига тушиб қолаверган, “Яхшиям келиб қолдингиз, тандирим тўкилиб қолган, бир қолип қаздирадиган одам топмай юрган эдим, сиз бошлаб беринг, мен овқатга уннай“, деган. Шу билан онагинам меҳмонга киядиган “ҳай-ҳай” кўйлакларининг этакларини липпага уриб, қолип қазишга тушиб кетган. Ўзи танти аёл, куч–ғайрат бор, бошлаган ишини чала қолдирмай деб, ош пишгунча терлаб–пишиб қолипни охиригача қазиб берган. Ёки дейлик борган жойида “Вой, сизни худо етказди, дўсим, эртага тўйим бор эди, кўйлагимни кимга тикдирсам, деб турган эдим. Бир кўкрагини қўшиб берсангиз бўлди, у ёғини ўзим тикаман“, дейди–да, тикув машинасининг бошига ўтқазади. Кийим тикиб юрган кишилар яхши билишади, кўкракни қўшиш учун кўйлакни аввал бичиш керак, елкани, ённи тикасиз, хокоза,хокозалар ва кўкрак қўшилди, деган сўз, кийим битди, дегани бўлади. Кўкракни қўшган онамиз енгни ҳам тикиб, этакларини қайтариб, тайёр қилиб, мезбонга топшириб қўя қолади. Кейин отамиз ҳалигидай кулиб юради, “Ошхўрга ош, ишхўрга иш йўлиқар“ деб…

* * *

Онам ҳеч қачон одам ажратмаган. Ҳамиша эшикдан келган одамни тўрга чиқариб, дастурхон ёзиб, ишини битказиб берган. Қозонинг қайнаб турган пайти эшигингдан тиланчи кириб келса, ўша таомда тиланчининг ҳам ризқи бор, дейди доим. Онамга бир марта кийим тикдирган одам қариндошдек қадрдонга айланиб қолар, бора–бора кўпларига анчайин ишларни текинга ҳам тикиб бериб юбораверарди. Фақат бир сафар…

Тикувчилигининг орқасидан опа–сингил бўлиб қолган бир аёлнинг эри келди. Маълум бўлишича, эркак аёлининг эгри юра бошлаганини сезиб қолган. Шу куни ҳам “Опамникига кўйлак тикдиргани кетяпман“ деб чиққан экан, эр унинг изидан қорама–қора келса, аёл бизникига кирмай, кўчамизнинг нариги бошидан чиқиб, тутнинг панасида турган машинага ўтириб кетиб қолган…

Орадан бир неча кун ўтиб, ҳалиги аёл бир неча кийимлик қимматбаҳо газмол кўтариб онамнинг ёнига келди. Онам бизни чиқариб юбориб аёл билан гаплашди. Ҳовлида юрган эдим, бир пайт аёл газмолларини кўтариб чиқиб кетди. Унинг қошлари қаҳр билан чимирилган, кўзлари йиғидан қизариб кетган эди. Онамдан бу ҳақда сўрасам, гапни қисқа қилди: “Мен бундай аёлларнинг кўйлагини тикмайман“.

* * *

Оиламиз ўртаҳол оила эди. Отам оддий ишчи, онам мактабда фаррош бўлиб ишларди. Тиктиришга олиб келишган чиройли газмоллардан баъзан парча–пурча лахтаклар ортиб қолса, синглим иккаламиз диқиллар эдик: “Она, шуни олиб қолайлик, эгаси билиб ўтирибдими?“. Онам ҳалиги лахтакларни шартта қўлимиздан юлиб оларди: “Кишининг ҳақи Тангрининг ўти. Қиёматда мен бунинг жавобини беришим керак. Агар эгасига қайтармасам, бу қийқимлар у дунёда илонга айланиб мени қувиб юраркан“.

* * *

Онам эҳсон қилишни жуда яхши кўради. Бинойидек кийимларини ҳам бировларга бериб юбораверади. “Нега ундай қилдингиз, сизда ҳам бирон нарса бундо–оқ тахланиб турса бўлмайдими?“ десак, “Тирикликда қил хайр, жонингни дўзахдан айир“ дейди доим.

Бир сафар касалхонага тушиб қолганларида “Хонангизда чой қайнатиб ичаверасиз“ деб, электр чойнагимни бердим. Қайтгунларича чойнакни ҳамхоналарига ташлаб келибди: “Уларнинг сеникидай чойнаклари йўқ эди, қийналиб қолишмасин, савоб бўлади, дедим“. Тутаб кетдим: “Вой она–ей, савобга чой қайнатиб бўлмайди–ку“. Онам норози чимирилди: “Одам хайрли бўлиши керак, сен ўз уйингда ўтирибсан, улар касалхонада ётишибди“.

* * *

Онамга ҳамма хавас қилади: “Ҳамма фарзандлари ўқимишли, меҳр–оқибатли. Ўзлари ҳам 80дан ошган бўлсалар ҳам, на гапидан, на йўлидан адашмаган. Қайтамга тикиш қилиб, ҳамманинг хожатини чиқариб ўтирибди, бизга ҳам шу кишининг йўлини берсин“ деб, биров бошларига рўмол, биров елкаларига бир кийимлик сарпо ташласа, “дод“ деб, берганларини қайтариб ташлайди: “Йў–йўқ, менинг тўримдан гўрим яқин, мени қарздор қилманглар“.

Онамга “Бу қарз эмас, буларга ховуч дуо берсангиз бўлди. Ўзлари рози бўлиб беришган нарса қарзга ўтмайди“ деган гапни ҳеч тушунтира олмадим.

* * *

Онамнинг уйлари қўшни аёллар учун доимий кўнгил бекати. Биров тўрт оғиз суҳбатларини олиш учун, яна биров бир оғиз маслахат сўраб, биров ўзи эплай олмаган тикиш–бичишини кўтариб бораверади. Баҳонада қанча гурунг!.. Бир ўзимдан ортиб борганимда олдиларида ўтирган қўшни аёлларни кўриб, тўғриси ҳафсалам пир бўлиб кетади. Қанийди, улар ҳам “Хой, манави кампирнинг қизи келибди, она ва қизнинг бир–бирига айтадиган гаплари бордир, бемалол ўтириб суҳбатлашишсин“ деб қўзғола қолишса, йўқ, ўтираверишади.

Бир сафар онамдан йигирма ёшлар кичик бир қўшни аёл узилиб кетган маржонини кўтариб чиқибди: “Опа, шуни тузиб бермасангиз, ҳеч кўзим ўтмаяпти“.

Ўзи ошга тушган пашшадек бўлиб, бемаврид кириб келганига ғашим келиб ўтирганди, чақиб ола қолдим: “Боласи тенгги бўлиб сизнинг кўзингиз ўтмаганда, 80дан ошган онамнинг кўзи ўтадими?“ Аёл заррача ҳам хижолат бўлмади, мендан кўпроқ кириб–чиқиб юрган эшиги–да, онамнинг характерини билади, худди ўз онасига эркалик қилаётгандек нозланиб, маржонни онамнинг олдига ташлади: “Опам йўлини билади“. Онам ҳам маржонни олиб, у қилди, бу қилди, ипларни хомитди, бир-бирига улаб пишитди, ишқилиб бир пасда беш қатор дурни тузиб, қўшнининг олдига ташлади–да, ўз–ўзидан мамнун жилмайиб, менга қаради: “Ишнинг ўзини эмас, кўзини билиш керак“. Ҳалиги аёл маржонни тақиб олгач, халтасидан бир шим чиқарди: “Укангиз бир шим олган экан, пича узун келди, тўрт энлилар кесиб, шуниям ғириллатиб бир юриб беринг, опажон. Ўзим қиламан, десам, қуриб кетгур чол, қўймади, бузиб қўясан, шу опага олиб бор, дейди. Мен ҳам вақтида не бир тикишлар қилганман, бир ўтиришда тўрт қизимга тўрт кўйлакни тикиб, сўнг турган пайтларим бўлган. Бу кишим бўлса, менинг ишимдан ҳеч кўнгли тўлмайди“.

Онам “ғириллатиб“ бергандан сўнг ҳам оламжаҳон вақт ўтириб, ниҳоят менинг қовоғим уйилавергач, эрка қўшни ўрнидан турди. Кун шомга қараб йўл олган, менинг ҳам вақтим соб бўлган эди: “Она–ей, шу хотин бир ўтиришда тўртта кўйлакни тиккан бўлса, мен осмондаги ойни олиб айвонимга фонус қилиб, осиб қўйганман. Бир умр савдода ишлаб, тангани тангага уриб, пул қилишдан бошқа ишга вақт ажратмаган хотин–ку бу. Индамай, ёлғон мақтанишларини эшитиб ўтирасиз–ей“. Онам қўл силтайди: “Киши айбин кўрмоқ бор–у, демоқ йўқ, қизим. Эшигимдан етмиш икки томири эгилиб келиб ўтирибди, қандай юзидан оламан?“.

* * *

Тўнғич неварам ўн бирга кирди, кейингиси тўққиз ёшда. Онагинам уларга чилласи чиққунча биринчи чопонни қавиб кийгизган эди. Шундан бери ҳар икки йилда ҳар бирига битта пахталик нимча, битта тўн қавиб беради.

“Қўйинг, онажон! Бозор тўла чопон, кўзингизнинг нурини аясангиз–чи“, дейман ичим ачиб. “Ай, болам–а, қўлимдан келаркан, қилаяпман. Бозорнинг чопони мен қавиган чопондек бўлармиди? Орасига ватин солган, мен юмшоққина пахта солдим, бу пахталарга қанча қуёш нури сингган, духтирлар уни давойи, дейди. Буларни невараларинг кийиб, ёнимга келганда қанча қувонишимни сен тасаввур ҳам қила олмайман. Шундай аёллар бор, на эрига, на болаларига умрида бир тўн қавиб, кийгиза олмайди. Худога шукур, отангга неча тўн қавиб кийгиздим, болаларимга, невараларимга, энди чевараларимга ҳам тўн қавиб кийгизиш насиб қилди. Бекор ётгандан кимга наф? Кимгадир фойданг тегиб турганга нима етсин“. Ҳар доимгидек онам ҳақ.

* * *

Дунёда онамдек соғлигини, жонини авайлайдиган, ҳаётга ташна инсонни кам учратганман. Тўй–хашам, меҳмондорчиликларни жуда яхши кўради, маърака–таъзиялардан ҳеч қолмайди. Ёки, саломатлик борасида. Масалан, менинг бир жойим оғриса, дардни бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Аллоҳ, дейман–у, индамай ётиб оламан. Онам эса, жон ҳам, тан ҳам Аллоҳнинг омонати. уни асрамоқ керак, Аллоҳ ҳам асраганни асрайди, бир кун ёти–иб қолсанг, ҳам ўзингга, ҳам бола–чақага жабр қилиб, кимга фойда, кимга зиён, дейдилар. У кишим шу ёшларида ҳам не бир келинларнинг сепига қуроқ кўрпа–ёстиқ дейсизми, елпуғуч–у, қопчиқ дейсизми, буюртма олиб, нафақаларига қўшимча пул ишлайдилар. Касалхоналарда ётиб даволанишдан ташқари телевизордан бир нарсани эшитиб қоладиларми, қўни–қўшнилар маъни бериб кетган бўладими, шу нарсаларни ҳам албатта қўллаб кўрадилар. “Ойдин ҳаёт“, “Ўзингни англа“ кўрсатувларининг бирон сонини ҳам қолдирмасдан кўриб борадилар. Бир борсам, наҳорда тузсиз қайнатилган гуручга парҳез қилиб ўтирган бўлсалар, бошқа сафар овқатдан ярим соат олдин лимон суви ичаяпман, дейдилар. Иккита лимондан бошлаб, йигирматага чиқаришлари керак экан. “Онажон–ей, сизга нима зарил, бетаъм гуруч–у, талхўр лимон сувини ичиб?“, лимон таъмини оғзимда ҳис қилиб афтим буришади. “Керак! Худо хоҳласа, оёқларим оғримай қолса, машина чақириб ўтирмай уйларингга боравераман“, дейди онам. “Э–э, онажон, кимнинг оёғи оғримайди? Оёқ бўлгандан кейин пича–пича оғриб, ўзининг борлигини билдириб, қадрини ошириб туради–да“. “Болам, ётиб қолиб, сизларга ташвиш бўлмайин, дейман–да“, гарчи бировимиздан бир сўм олмаса ҳам ўзини оқлаган бўлади.

* * *

Йиллар ўтган сайин онамизнинг биз фарзандлар учун нечоғлик катта давлат ва ғанимат бахт эканлигини тобора чуқурроқ ҳис қилиб бораётган бўлсам–да, мени шиддат билан илгари олиб кетаётган ҳаёт ташвишларидан узилиб, ҳа деганда иззатларига етавермайман. Ҳар кун эрталаб аҳвол сўраб, бир қўнғироқ қиламан:

“Соғ–саломатмисиз, онажон?“. Онамнинг овози ҳамиша ўктам ва шодон жаранглаб туради: “Раҳмат, болажоним. Ўзинг яхшимисан?..“ Ке–етадилар шу билан… Бир бошдан ҳамманинг аҳволини сўраб чиқадилар, кеча уйларига кимлар келди, қандай ахборотлар берди… Менинг эса вақтим!..

Ҳар қандай ҳолатда ҳам сени кечиришини билган одаминг қаршисида ҳар доим ҳам андиша қилиб ўтирмайсан. Кўпинча иложим етганча “Ҳа, хўп“ деб тураман–у, баъзан гапларини шартта бўлиб, “Онажон, шошиб турган эдим“, деб шу кунги фарзандлик вазифамни нихоялаб қўя қоламан. Ва онам менинг бу беадаблигимдан сира хафа бўлмайди, аксинча хижолат тортади: “Майли, болам. Ўзингга қара, жонинг соғ бўлсин“.

Кейин эса кундалик ташвишларимга андармон бўлиб кетаман ва шу ташвишлар ичра юриб онамнинг хижолат инган нурафшон юзларини ҳеч кўз олдимдан кетгиза олмайман. Ўзимча ўзимни оқлаган бўламан: “Ўзлариям… Ҳеч гаплари тугамайди–да, ахир телефон гурунг учун чиқарилмаган–ку“, дейман. Аммо барибир ўзимни ўзим юпата олмайман. Аллақаердан онанинг кўзларидаги қувончга харидор бўлган Ҳожи ҳақидаги ривоят ёдимга тушади.

Эмишки, ҳаж ниятида сафарга чиққан бир кишига бир оқшом тунаш учун жой берган Ҳожи унинг нима мақсадда йўлга чиққанини эшитиб, кутулмаганда “Онанг борми?“ деб сўрайди ва онасининг ҳаётлигини эшитгач, “Мен эллик марта ҳаж қилдим, ҳар сафар ялангоёқ, ялангбош, ёлғиз ҳаж қилдим. Эллик ҳажимнинг ҳам савобини сенга бераман, сен менга онангнинг кўзларидаги қувончни бер“, дейди.

Мен эса вақтимни қизғониб ўтирибман…

* * *

Нафақага чиққанимдан буён тез–тез ёнларига бориб, узоқ–узоқ суҳбат қилиб қайтаман. Онагинамнинг юзлари бирам нурли, меҳр тўла нигоҳлари сокин, суҳбатлари шундайлар ширин… Кўнглингизнинг гадоси. Дилингизни оғритиб қўймайин, авайлабгина гапирадилар. Лекин ҳар гапига бир мақол қўшиб гапирмасалар, ҳисобмас. Ҳеч ёнларидан кетгим келмайди. Бир кун сўрадим: “Онажон, армонларингиз кўпми?“ Онам бироз ўйланиб турди–да, хотиржам жавоб қилди: “Йўқ, болам. Нимага интилсам, аввало Аллоҳ, қолаверса, ўзимнинг ҳаракатим билан эришдим, нимага урунсам, ақли заковатим билан уддаладим. Ҳеч қачон бугунги ишни эртага қўймадим. Худойим ўғил берди, қиз берди, барингизни ризқингиз билан, бахтингиз, мартабангиз билан берди. Бир армоним ота–онам яшайдиган жойдан мактаб жуда узоқ эди, савод чиқара олмадим. Оқ қоғознинг бетидаги ёзувни ўқий олмадим. Турмушга чиққанимдан кейин ҳам мустақил ўргансам бўлар эди, оила, бола–чақа ташвишидан орта олмадим. Сизларнинг китоб қучоқлаб юрганларингизни кўрсам, хавасим келади. Агар китоб ўқишни билганимда тикув машинасидан ташқари китоблар ҳам менинг қадрдон дугоналарим бўлиб қолар эди.

* * *

Бола эдим. Онам укамни кўтариб, акам билан мени етаклаб олис қишлоқда яшайдиган ҳоламникига меҳмонга олиб борди. Қўшни қишлоқда яшайдиган кичкина ҳолам ҳам келди. Кечки овқатдан сўнг катта гужум остидаги лой супага қатор қилиб жой ташланди. Йўлда толиққанмидик, биз болалар аввал оқшомдан ухлаб қолдик. Тонг пайти шитирлаган овоздан уйғониб кетдим. Секин кўзимни очиб, ёнбошимдаги тўшакни шоша-пиша йиғиб, жойнамоз ёзаётган онамни кўрдим. Унинг қиблага тикилган кўзлари хавотир ва қўрқувга тўла эди.

Намозларини ўқиб бўлгач, хайрон тикилиб ётганимни кўриб, паришон ҳолатда ёнимга ўтириб, бармоқлари билан сочларимни тароқлади. Онамнинг бармоқлари енгилгина титраб турарди.

-Эна-а, сизни ким қўрқитди?

Онам пастки лабларини тишлаб, гуноҳкорона бош чайқади:

-Ҳолаларинг билан тонг отари гурунг қилиб, намозни бироз кечиктириб қўйдим… Ишқилиб, даргоҳида қабул қилсин-да.

Ўшанда онамнинг гапларига умуман тушунмаган эдим. Энди… Онамнинг ўша дамдаги қўрқув тўла нигоҳларини, титраб турган бармоқларини эсласам, ғалати бўлиб кетаман.

* * *

Онам бетоб бўлиб қолдилар. Кечқурун ёнларида ётиб қолдим. Илтимослари билан шом учун, хуфтон учун таҳорат суви тайёрлаб бердим. Астойдил “Энажон, аҳволингизга қарасангиз-чи?” дейишимга қарамасдан намозларини ўтирган ҳолда ўқидилар. Қарасам, бомдодга ҳам инқиллаб-синқиллаб ўринларидан тураяптилар: “Онажон-ей!” дейман ўзимча онамдан койиниб. Онагинам эса ,“Болам, келиндан хижолат бўламан, кап-катта аёл намозини ўқимайди, деса-чи” дейди. Ёқа ушладим: “Нега бандасидан хижолат бўласиз? Аллоҳдан эмас?”

Онам шуни ҳам билмайсанми, дегандай ғалати қараб, елка қисди, сўнг “Аллоҳ ҳолимни кўриб турибди ва у доим кечиради. Банда банданинг ичидан нима ўтганни қаердан билсин?” деди.

* * *

Кутулмаган фалокат туфайли қўлтиқтаёққа суяниб қолганимга етти йил бўлаяпти. Аммо ўзимнинг бечора аҳволимни сира назарга илмадим. Шу аҳволда ҳар йили Тошкентга бир бораман. Театрларга кираман, китоб дўконларини айланаман. Бухоро-ю Самарқанд, Хоразм-у Қорақалпоғистонга ҳам бордим. Соғ-саломат пайтларимда излаб бора олмаганим қанча дўстларимни кўриб, қанча азиз авлиёларни зиёрат қилиб қайтдим. Мадинаи Мунавварага бориб, қўлтиқтаёқда, ногиронлар аравачасида Аллоҳнинг суюкли расули Муҳаммад Мустафо(с.а.в.)нинг турбатларини зиёрат қилдим. Муборак Маккага бориб, Аллоҳнинг байтини зиёрат қилдим. Термизда-ку, тўрт йил ишладим. Иш жойим Термизда эди, ўрганган ишимдан кетгим келмади.

Хуллас, қўлтиқтаёқда бўлсам ҳам, юрдим-кўрдим, ўзимга ёқмаган шу сиёғимда кўриндим… Аммо шу етти йил ичида киндик қоним томган, бахтиёр болалигим ўтган, ҳамиша йўлимга муштоқ онажоним билан падари бузрукворимнинг дийдорига элтгувчи қадрдон Жарқўрғон кўчаларида қўлтиқтаёқ билан бир марта ҳам юрмадим. Ўзим шу шаҳарда яшаб туриб ҳам… Жарқўрғонликларга ўзимнинг бечора сиёғимда кўрингим келмади…

Азалдан кўчат экишни яхши кўрардим. Ҳар йили эрта баҳорда ўзим бозорга чиқиб, турли кўчатлар олиб келиб, ҳовлимга ўтқазардим. Етти йил шу машғулотдан ҳам мосуво юрдим. Шу йил баҳор эрта келди. Кўнгил баҳорий ҳислардан кенгайиб кетдими, бир куни пешиндан сўнг неварамни олиб бозорга бордим. Кўчатлар бозорнинг бир четида сотилар, бозорни ораламасдан ҳам кўчат олиб чиқиш мумкин эди.

Кўчат бозорига кираверишда қучоқ-қучоқ кўчатларини аскардек бир сафга чиройли қилиб тизиб чиққан сотувчининг ёнида тўхтадик. Саломига алик олиб, савдосига барака тиладим. Унинг жовдираётган кўзларига қараб, қўлтиқтаёқларимдан хижолат тортдим. Ўзимча дадил-дадил гапирган киши бўлдим: “Қани, ука, кўчатларингизни бир бошдан мақтанг-чи”. Сотувчи чайналди: “Энди, опа, бироз узрли жойим бор. Ўзимнинг кўчатларим кеча тугаган эди. Бир танишим “шуларни сотиб бер” деб ташлаб кетди. Буларнинг нархини, отини биламан-у, ўзини билмайман. Ким пайванд қилган, нави қандай? Сизга берсам, эрта бир кун олдингизда хижолат бўлиб қолмайин, дейман-да”.

Кейинги растадаги сотувчи йигит ҳам қуюққина сўрашди. Кўчатларини сўраган эдим, қўлини кўксига қўйиб, узр сўради: “Опажон, бу кўчатларни сизга бера олмайман. Олиб келинганига 15 кун бўлган. Томирларини намлаб турибмиз-куя, барибир кафолат йўқ-да. Сиз керакли кўчатларингизнинг рўйхатини қилиб беринг, бугун келинингиз Деновга кўчатга кетган, эртага янги кўчатлардан олиб, ўзим ҳовлингизга экиб бериб келаман”.

Ана, холос… Мен кўчатларнинг номини, сонини ёздим. Нархини ҳам айтинг, бира тўла ҳисоб-китоб қилиб кетайин, дедим. Савдогар негадир қимтиниброқ нархини айтди. Кўчатларнинг сони ўттизга яқин, нархи юз мингдан ошиб кетди. Йигитнинг “Аввал кўчатларни олиб борай, кейин пулини берасиз”, деганига ҳам қўймай, пулини бердим: “Қутулиб қўйганим яхши, кўнгил хотиржам бўлади, ука”. “Хўп, опа”, “Уйимни биласизми ўзи?”, “Биламан, опа”.

Неварамнинг ранги ўзгарди. Бурилишим билан тирсагимдан тортди: “Моможон, сиз бу одамни танимайсиз-ку, алдаб кетса-чи?”, “Алдамайди, болам”.

* * *

Жарқўрғонда Машир деган бир ҳардамхаёл йигит яшайди, ҳамма уни “Машир” тентак деб атайди. У тонг саҳардан ярим тунгача бозор айланиб, дўконларга кириб, ризқини териб, еб юради. Уни одамлар “тентак” дейишади-ю, лекин унинг хотираси жуда кучли, жуда кўпчиликни, эҳтимол бутун Жарқўрғонни танийди: исми ким, касби нима, ота-онаси ким, ака-укалари ким, болалари ким… Ҳеч кимнинг дилини оғритмайди.

Бозор дарвозаси ёнида унга дуч келиб қолдим. У қирқ йиллик қадрдонини кўргандек, тавозе билан сўрашди, онамни, ўғлимни сўради, албатта ҳаммамизнинг исми-шарифимизни айтиб! Машинанинг ёнига келгач, неварамнинг қўлидан калитни олиб, мени жентельменларга хос такаллуф билан машинага ўтирғизди, қўлтиқтаёқларимни орқага қўйди. Атроф машина, аравасига ҳар хил қутиларни уйиб, “пўш-пўш”лаб дунёни бузаётган аравакашлар, бозорга кираётган, чиқаётган, шунчаки музқаймоқ ялаб, ўзлари музқаймоқлари каби эриб, ўтиб кетаётганлар ҳисобига ниҳоятда тирбанд эди. Машир кенг қулочини ёзиб, баланд овозда “хай-хай”лаб ҳайқирганча, то машинамни орқага ҳайдаб, катта йўлга тушиб олгунимча, тўрт томондаги гавжум ҳаракатни тўхтатиб турди. Мен бир зум тўхтаб, ташаккур билдирган киши бўлиб, бош ирғадим. У машинанинг очиқ деразасига яқин келиб, “Сен ҳалиям жуда чиройлисан! Хафа бўлма.” деди менга. Шу ерда унинг тентаклиги билинди. Кўнглимни кўтараман деб, дилимни ранжитиб қўйди…

Димоғим ачишди, кўзларимдан иссиқ ёш қуйилди, бурним бўшади. “Мана, моможон, бозорга чиқишни ҳам ўрганиб олдингиз. Энди тез-тез чиқиб турсангиз ҳам бўлади”. Мен неварамга қарамасдан бош чайқадим: “Йўқ, энди бозорга чиқмайман”.

Кўчатлар-чи, дейсизми? Албатта, уларни ваъда қилган вақтида олиб келиб, экиб кетди.

Орадан бир неча кун ўтиб, бу воқеани онамга ҳикоя қилиб бердим.

-Болам, инсон ўзининг яқин кишиларидан бу хил дардини яшириши шарт эмас. Қўлтиқтаёқда юриш гуноҳ эмас. Шукр қил. Йиллар тўшакда ётиб қолган одамлар қанча…

Кейин ўйлаб кўрсам, ўша куни Машир ҳам “Ҳалиям чиройлисан”, деганида, онамнинг шу фикрларини айтмоқчи бўлган. Яъни “Шукрли бўл” демоқчи бўлган…

* * *

Ҳаж сафарида имконингиздаги ҳар бир дақиқа ҳисобли. Шерикларим фарз амалларни адо қилиб бўлишган бўлсаларда, кўпроқ вақтларини Ҳарами шарифда ўтказишар, ҳажга кела олмаган яқинлари учун умралар қилишар, нафл умралар қилишар, нафл намозлари ўқишар эди. Байтуллоҳда ўқилган бир намознинг савоби бошқа жойларда ўқилган намозларнинг савобидан юз минг марта кўп экан. Бунинг устига Ҳарами шариф шундай маҳобатли, файзли, гўзал эдики, бу муқаддас даргоҳда шунчаки ўтириш ҳам, дуо қилиш ҳам киши руҳига беқиёс ҳаловат, лаззат бағишлар эди. Зеро, дуо қилиш ҳам ибодат-да. Ҳар кун, ҳар тун, сафардаги ҳар бир дақиқамни шу муборак Ҳарамда ўтказмоқни жуда-жуда истасам-да, менга сафарда тоға тутиниб, ўз ҳомийлигига олган эру хотин – Абдувоҳид ака ва Солияхоннинг кўмагида фарз амалларини бажариб қайтгач, “Мени ҳам яна Ҳарамга олиб боринглар” деб уларга юк бўлишдан ийманар эдим. Элликбошимиз кўнглимдаги оғриқларни сезгандек, “Ҳожи она, бу муқаддас шаҳарнинг ҳар қайси бурчида ўқилган намоз муборакдир”, дер эди мени тинчитиб далда бериш учун. Мен ҳам тақдирга тан бериб, намозларимни меҳмонхонада ўқир, ибодатдан бўш вақтларимда меҳмонхона олдида ўтириб, шаҳарни, ўтган-кетган одамларни томоша қилар эдим.

Ноилож одамнинг бу маҳзун томошасида кўпинча менга ўхшаб аравачада ўтирадиган жиккаккина кекса аёл ҳамрохлик қилар эди. Бу аёлни жуда келишган, ўрта ёшлардаги басавлат бир киши ёнимга қўйиб кетар, “Опа-сингил гурунглаши-иб ўтиринглар. Онажон, агар зериксангиз, қўнғироқ қилинг”, дер эди. Менинг эса бу кампирга ҳавасим келар, “Агар ўғлим билан келганимда, унинг бўйнига осилиб олган бўлар эдим, ҳар кун Ҳарами шарифга борар эдим, Ватанга қайтгунча сира Ҳарамдан чиқмас эдим”, дея ўйлар эдим. Бир куни кўнглимдагиларни айтдим ҳам: “Хола, бу ерга ўғли билан келган оналар дунёдаги энг бахтли оналар бўлса керак”, дедим. “Э-э!.. Бу ўғилга кўнглимда нафратдан бўлак ҳеч нарса йўқ”, қўл силтади кампир. “Нега?”, ҳайрон бўлдим мен. “Бу ўғил фарзанд бўлиб, умрида бир пиёла қаймоқ ёки бир кило гўшт билан мени излаган одам эмас. Топгани хотини ва қайин-бўйинларидан ортмайди. Мен кенжа ўғлим билан яшайман. Кенжамнинг қўли бироз юпқароқ эди. Қизи ТошМИга кирган йили Россияга ишга кетди, шу қизнинг контрактини тўлайман, деб. Бир йилда яримжон бўлиб қайтиб келди. Мен касал, ўғлим касал. Контракт тўлашга қийналиб қолдик. Бир куни денг, буни чақиртирдим. Неча-неча дукони бор, пул, мол-дунё мил-мил! “Шу қиз ўқишга бир амаллаб кирган эди, меҳнати куйиб қолмасин. Қарашиб юбор, савоб бўлади”, дедим. “Бу шўртумшуқларингизга ота ҳовлини ташлаб чиқиб кетдим, яна нима қилиб беришим керак? Уни Россияга мен жўнатганим йўқ, яримжон бўлиб қолишига ҳам мен сабабчи эмасман. Ўзиям, қизиям тақдирида борини кўраверсин. У аҳмоқнинг ақли бўлса, пул излаб, Россияда юрмасди. Ишлайман, деган одамга шу ерда ҳам иш тўлиб ётибди. Қийналиб қолибди, сизни орага солмай, ўзи борсин, “Ака!..” деб! Йўқ, у киши министр, отдан тушсалар ҳам, эгардан тушмайдилар!” – хуллас, бир дунё гап билан таъбимни тирриқ қилди. “Э-э, бор, кўзимдан йўқол! Ўз уканг оёғингга йиқилиши керакми, ҳали? Бир тиканли гап қилиб, дилини оғритган жойинг бордирки, олдингга бормапти уканг. Қайтиб турқингни кўрмай!” дедим. Кенжа келин жуда доно, қаноатли аёл эди. Ҳамма зебу зийнатларини, ҳатто мебелларини ҳам сотди, қариндошлардан озроқ қарз кўтардик. Кейинроқ қизимиз ишга кирди. Хуллас, қизни ўқитдик. Ҳозир катта духтир, бойбичча. Кейинги неварам тадбиркор. Жуда бойиб кетмаган бўлсак ҳам, энди бировга муҳтож жойимиз йўқ. Бир кун кутулмаганда катта ўғил қўнғироқ қилди: “Она, тайёргарлигингизни кўраверинг, мен сизни ҳажга олиб кетаман”, деди. “Қачон? Нега?”, “Икки ойдан кейин! Эрта-индин тиббий кўрикдан ўтасиз”.

Бирдан орқам тутиб кетди: “Мен сен билан ҳеч қаерга бормайман. Умрингда бир пиёла қаймоқ ёки бир куйган кулча билан изламаган ўғил энди мени ҳажга олиб бормоқчимисан?” дедим. “Э-э, она, қўйсангизчи шундай гапларни! Сизникига қаймоқ кўтариб юришга менинг вақтим борми? Эрка ўғлингиз бола-чақасига нима едирса, сизга бериб ўтиргандир. Хурсанд бўлиб, раҳмат болам, дейишнинг ўрнига бу нима гап бўлди?”. “Қаймоқ обкелма, майли, оч қолган жойим йўқ. Аммо шу кекса онам тирикми-ўликми, яримжон ўғилнинг остонасида бирон нарсага муҳтож бўлиб қолмадимикин, деб олти ойда бир йўқламайсан. Мени кўргинг келмаса, ўзингни бир кўрсатиб кет, тошбағир, номард! Йўқ, мен ҳеч қачон сен билан Ҳажга бормайман!”. “Онажон, онам бўла туриб мени тушунмайсиз-а! Менинг умуман вақтим йўқ. Бутун умрим сафарларда ўтади. Одамлар ҳам тўловини қилиб, ҳам пора бериб, Ҳажга бора олмайди, сиз бўлсангиз!.. Майли, мени қўяверинг, Худодан қўрқинг, она!”, “Бошимни оғритма, мен барибир бормайман. Ҳов, ана, қайнонажонингни олиб боравер”.

Ростдан ҳам келмоқчи эмас эдим. Кенжа ўғил билан келин қўймади: “Боринг, онажон. Биз сизни ўша жойларга олиб бора олмадик. Акам ўзидан билиб, олиб бораман, деяётган экан, бу фикрни акамнинг кўнглига худо солган. Бу сизга худонинг марҳамати. Йўқ, деманг”.

Ўзим ҳам Ҳажга келишни бир умр орзу қилганман, денг. Ўйлаб-ўйлаб охири: “Э-э, майли, Шу нобакор ўғилнинг топганида она сифатида менинг ҳам ҳаққим бор”, дедим. Жаҳл – кофир, деганлари рост. Энди бу муқаддас жойларда юриб, жаҳлимни енга олганимга, ўзимни идора қила олганимга шукр қиламан”.

Кампир нурсиз кўзларини олис-олисларга тикиб, анча вақт жим қолди, сўнг чуқур ҳўрсиниб, қўшимча қилди:

-Ўзинг туққан боланг бўлса ҳам, кўнглинг қолса, бегонадек бўлиб қолар экан. Ё менинг дийдам шунчалар қаттиқми, билмадим, шу ерларда юриб ҳам, ўғлимга нисбатан ҳеч меҳрим товланмади. Биламанки, у мени бу ерга Аллоҳнинг ва менинг розилигим учун эмас, “Онасини ҳажга олиб бориб келди” деган обрў учун олиб келган!

Ҳамсуҳбатимни тинглаб туриб, онагинамнинг бир гапларини эсладим. Биров-ярим боласидан шикоят қилиб қолса, шундай дер эдилар: “Ичингдан чиққан ола илон, ол-да, белингга бойла!” Халқимиз қанчалар донишманд, ичингдан чиққандан воз кечиб бўладими, ахир?! Яна Ҳазрат Пайғамбаримизнинг муборак ҳадислари бор: “Нафсим қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, мўмин бўлмагунча, жаннатга кирмайсизлар” ва “… бир-бирингизни севмагунча комил мўмин бўла олмайсизлар”.

Она ва ўғилки, бир-бирини кечира олмаса, мўминлик ҳақида, жаннат ҳақида хаёл қилиш мумкинми? Ахир, биламиз-ку, Раббим кечиримли, марҳаматли Зот ва кечиримли бандаларини севади. Аллоҳ Қуръони Каримда марҳамат қилган: “Аллоҳнинг марҳаматидан умидингизни узманг!..” Яна шундай мазмунда ҳадис бор, ер юзини тўлдириб юборадиган миқдорда гуноҳ қилган банда тавба қилса, Аллоҳ бандасини еру-кўкни тўлдирадиган миқдордаги маҳфират билан қарши олар экан.

Онахонга раҳмим келди. Ахир, нафрат ва кек тўла кўнгил билан, айниқса, бу нафрат ва кек ўз фарзандингга қаратилган бўлса, яшаш ниҳоятда қийин бўлади. Ҳадису шарифларга ҳаётий мисоллар қўшиб, секин-секин тушунтирдим. Биз узоқ суҳбатлашдик:

-Холажон, кенжа ўғлингизнинг ҳаётидаги қийинчиликлар ҳам ўтиб кетибди. Энди Аллоҳнинг розилиги учун бу ўғлингизни ҳам кечирмасангиз бўлмайди, ундан рози бўлинг. Ахир у сизнинг фарзандингиз, олдингизга ўғлим нега бунча беоқибат чиқди экан, деган саволни қўйганингизда, она бўлиб берган тарбиямда ўзимдан бирон камчилик ўтмадимикин, деб ўйлаб қўйишни ҳам унутманг. У сизни Аллоҳнинг уйига олиб келди. Уни кечирсангиз, Аллоҳ ундан ҳам, сиздан ҳам рози бўлиши аниқ. Иккингизнинг кўнглингиз ҳам ҳаловат топади. Бу жойларга бир келдингиз, яна келиш насиб қиладими-йўқми, ёнингизда шундай меҳрибон, полвон ўғлингиз бор экан, бўйнига осилиб олиб, ҳар кун Ҳарами шарифга бормайсизми?

Аёл маҳзун жилмайди:
-Билмасам, синглим…

Эртаси куни у “томошагоҳ”имизга чиқмади. Шерикларидан сўрасам, ўғли билан Ҳарами шарифга кетибди. Худди мен орзу қилгандек, “ ўғлининг бўйнига осилиб олиб!..” Унинг қарорига, бахтига астойдил ҳавас қилдим. Мен ҳам юракларим ёниб, ният қилдим: “Эй, Оламлар Парвадигори! Бу ҳажимни охиргиси қилмагин. Бу муборак шаҳарга, муқаддас Каъба зиёратига яна келишни, албатта, ўғлим билан келишни насиб айла!”

* * *

Онам ҳар нарсадан нолиб юрадиган одамларни ёқтирмайди. Ўзи ҳам ҳеч қачон нолимайди. Шукрлилик, қаноат ҳақидаги бир ривоятни кўп айтадилар.

Эмишки, бир подшонинг ёлғиз қизи бетоб бўлиб қолибди. Мамлакатнинг барча табиблари уруниб ҳам маликани даволай олишмабди. Бундан қаҳрланган подшо “Агар қизимни даволай олмасанглар, барчангизнинг бошингизни қиличдан ўтказаман“ дебди. Шунда бир табиб “Қизингизга дунёда ҳеч армоним йўқ, ўзига шукур, деган одамнинг кўйлагини олиб кийдирсангиз, қизингиз батамом соғайиб кетади“, деб, ҳамкасбларини ўлимдан сақлаб қолибди. Қизининг соғлигидан қаттиқ хавотирланган подшонинг ўзи хос навкарлари билан “Ўзига шукур, армоним йўқ“ дегувчи одамни излаб чиқибди. Не бир бой–боёнлар, оғзидан куй–қўшиқ тушмайдиган шоёнлар билан гаплашишибди. Барчаси “Шукур–куя, аммо…“ деб, бир армонини айтибди. Беармон одамни излаб–излаб ҳолдан тойган бир пайтда кимсасиз бир чекка қишлоқнинг чеккасидаги ғарибона кулбанинг ёнидан ўтиб кетишаётиб, “Ўзингга шукур, Яратган Эгам, ҳеч бир армоним йўқ“, деган хитобни эшитишибди. Улар кулба ёнида тўхтаб, уй эгасини чақиришибди: “Хой, шукрли инсон, ташқарига чиққил, сен билан юрт подшоси гаплашмоқчи“. Ичкаридан овоз келибди: “Подшоҳим мени кечирсинлар, мен чиқа олмайман, сабаби устимда кўйлагим йўқ“. Бундан подшо ўзига хулоса чиқарибди. Ҳалиги кишига бош–оёқ сарпо кийдириб, қизига муаллим қилиб тайинлабди.

* * *

Ушбу сатрларни ёзар эканман, юрагимнинг туб–тубида симиллаб турган соғинч ҳиссини туйдим. Онам – Аллоҳ берган беминнат хазинам, ғанимат неъматим. Шошиб, болалигим ўтган қадрдон уй томон йўлга тушдим.

14549900_1076081339175665_6620807522620014592_n.jpgJamila ERGASHЕVA
G‘ANIMATIM ONAM
Ona xaqida so‘z
09

 14446136_113014489160384_4697740765034510233_n.jpg   Jamila Ergasheva 1956 yil Surxondaryo viloyatining Jarqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. Toshkent Davlat dorilfunining jurnalistika fakultetini tamomlagan. “Izhor”, “Intiqom”, “Tanazzul”, “Zulfizar”, “Qir ustidagi ayol” nomli roman, qissa, hikoyalari jamlangan kitoblari chop etilgan.
O‘zbekiston Respublikasida xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi.

09

Bismillohi rahmoni rahim

Odatda “Ota–onangiz hayotmi? deb so‘rashganda, “Ha“ desangiz, “Davlatmand odam ekansiz“ deyishadi havas bilan.

Allohga shukur, onajonim 84 yoshga kirdilar. Nazarimda mening onam dunyodagi eng mehribon, eng kechirimli va eng suluv ayol.

Oilamiz katta oila edi. Bobom, momom, amakim, yetti farzand, qariyalar yashaydigan xonadonlarda bo‘ladigan uzluksiz keldi–ketdilar. Ana shu katta xonadondagi yagona xizmatkor onam edi. Shuncha ishlari ko‘p bo‘lgan taqdirda ham biron marta “qiynalib ketdim“ deb, noliganlarini yoki ba’zi onalarga o‘xshab, “To‘yib ketdim senlardan ham, hayotdan ham”, deb, zarda bilan bizni bir tarsaki urganini, qarg‘ab–netib urushganini eslay olmayman. Non yopsalar, kichkintoylar uchun albatta kulchalar yopilar edi, qish kunlari ertalab tursak, albatta uch oftoba iliqqina suvga to‘ldirilib, maktabga kiyadigan poyafzallarimiz g‘ishtin pechning girdida yuvilgan, tumshuqlariga yumshoq lattalar tiqilgan holda issiqqina bo‘lib turardi. Oradan qancha yillar o‘tib ketgan bo‘lsa ham ana shu poyafzallarni eslasam, oyoqlarimda ajabtovur yoqimli haroratni his qilaman.

Sal ulg‘ayib, yonlariga kirib u–bu yumushlarga yordamim tegadigan bo‘lgach, ukalarimning bir amallab yig‘ishtirgan joylarimni bir pasda to‘zg‘itib tashlayverishidan nolisam, onam “Qizijonim, sen bularning yumushlarini suyunib–suyib qilgin, erta–indin besh og‘ang besh qo‘rg‘oning, singling mehri daryo g‘amg‘usoring bo‘ladi“, derdilar.

Endi o‘ylab qarasam, onaginamning zimmasida ne yumushimiz bo‘lsa, barini majburligidan, og‘rinib emas, o‘zlari aytgandek, o‘zimizni suygandek ishimizni ham suyib qilgan ekanlar.

* * *

Onam hech qachon oilada “Bu ish erkakning vazifasi, bu ish ayolning vazifasi“ deb yumush ajratgan ayol emas. O‘zlari chevar ayol, bir umr elning kiyimini tikib, gilamini to‘qigan. Zarur bo‘lganda esa g‘isht terib, beton ham qorib ketaverardi. Qo‘shnilarimiz maxsus pech teruvchi usta chaqirib, falon pulga terdiragan g‘isht pech bizning uyda onam tomonidan har yil buzilib, har yil qayta terilar edi: “Katta bo‘lib ketibdi, ancha joyni egallayapti“, “Baland bo‘lib ketibdi, o‘tin ko‘p sarf bo‘ladi“, degan sabablar bilan.

Bir joylarga mehmonga borib kelishsa, otam rahmatlik kulib–kulib, momomga gurung berardi: “Ena, oshxo‘rga osh, ishxo‘rga ish yo‘liqar, deganlari rost ekan. Buningiz o‘lib, tandirga qolip qazdi ( yoki kiyim tikdi), men osh yedim“, der edi. Endi o‘ylab qarasam, ish bilganga ham qiyin–da, onaginamni ko‘rganda odamlarning bitkiza olmay turgan ishlari esiga tushib qolavergan, “Yaxshiyam kelib qoldingiz, tandirim to‘kilib qolgan, bir qolip qazdiradigan odam topmay yurgan edim, siz boshlab bering, men ovqatga unnay“, degan. Shu bilan onaginam mehmonga kiyadigan “hay-hay” ko‘ylaklarining etaklarini lippaga urib, qolip qazishga tushib ketgan. O‘zi tanti ayol, kuch–g‘ayrat bor, boshlagan ishini chala qoldirmay deb, osh pishguncha terlab–pishib qolipni oxirigacha qazib bergan. Yoki deylik borgan joyida “Voy, sizni xudo yetkazdi, do‘sim, ertaga to‘yim bor edi, ko‘ylagimni kimga tikdirsam, deb turgan edim. Bir ko‘kragini qo‘shib bersangiz bo‘ldi, u yog‘ini o‘zim tikaman“, deydi–da, tikuv mashinasining boshiga o‘tqazadi. Kiyim tikib yurgan kishilar yaxshi bilishadi, ko‘krakni qo‘shish uchun ko‘ylakni avval bichish kerak, yelkani, yonni tikasiz, xokoza,xokozalar va ko‘krak qo‘shildi, degan so‘z, kiyim bitdi, degani bo‘ladi. Ko‘krakni qo‘shgan onamiz yengni ham tikib, etaklarini qaytarib, tayyor qilib, mezbonga topshirib qo‘ya qoladi. Keyin otamiz haligiday kulib yuradi, “Oshxo‘rga osh, ishxo‘rga ish yo‘liqar“ deb…

* * *

Onam hech qachon odam ajratmagan. Hamisha eshikdan kelgan odamni to‘rga chiqarib, dasturxon yozib, ishini bitkazib bergan. Qozoning qaynab turgan payti eshigingdan tilanchi kirib kelsa, o‘sha taomda tilanchining ham rizqi bor, deydi doim. Onamga bir marta kiyim tikdirgan odam qarindoshdek qadrdonga aylanib qolar, bora–bora ko‘plariga anchayin ishlarni tekinga ham tikib berib yuboraverardi. Faqat bir safar…

Tikuvchiligining orqasidan opa–singil bo‘lib qolgan bir ayolning eri keldi. Ma’lum bo‘lishicha, erkak ayolining egri yura boshlaganini sezib qolgan. Shu kuni ham “Opamnikiga ko‘ylak tikdirgani ketyapman“ deb chiqqan ekan, er uning izidan qorama–qora kelsa, ayol biznikiga kirmay, ko‘chamizning narigi boshidan chiqib, tutning panasida turgan mashinaga o‘tirib ketib qolgan…

Oradan bir necha kun o‘tib, haligi ayol bir necha kiyimlik qimmatbaho gazmol ko‘tarib onamning yoniga keldi. Onam bizni chiqarib yuborib ayol bilan gaplashdi. Hovlida yurgan edim, bir payt ayol gazmollarini ko‘tarib chiqib ketdi. Uning qoshlari qahr bilan chimirilgan, ko‘zlari yig‘idan qizarib ketgan edi. Onamdan bu haqda so‘rasam, gapni qisqa qildi: “Men bunday ayollarning ko‘ylagini tikmayman“.

* * *

Oilamiz o‘rtahol oila edi. Otam oddiy ishchi, onam maktabda farrosh bo‘lib ishlardi. Tiktirishga olib kelishgan chiroyli gazmollardan ba’zan parcha–purcha laxtaklar ortib qolsa, singlim ikkalamiz diqillar edik: “Ona, shuni olib qolaylik, egasi bilib o‘tiribdimi?“. Onam haligi laxtaklarni shartta qo‘limizdan yulib olardi: “Kishining haqi Tangrining o‘ti. Qiyomatda men buning javobini berishim kerak. Agar egasiga qaytarmasam, bu qiyqimlar u dunyoda ilonga aylanib meni quvib yurarkan“.

* * *

Onam ehson qilishni juda yaxshi ko‘radi. Binoyidek kiyimlarini ham birovlarga berib yuboraveradi. “Nega unday qildingiz, sizda ham biron narsa bundo–oq taxlanib tursa bo‘lmaydimi?“ desak, “Tiriklikda qil xayr, joningni do‘zaxdan ayir“ deydi doim.

Bir safar kasalxonaga tushib qolganlarida “Xonangizda choy qaynatib ichaverasiz“ deb, elektr choynagimni berdim. Qaytgunlaricha choynakni hamxonalariga tashlab kelibdi: “Ularning senikiday choynaklari yo‘q edi, qiynalib qolishmasin, savob bo‘ladi, dedim“. Tutab ketdim: “Voy ona–yey, savobga choy qaynatib bo‘lmaydi–ku“. Onam norozi chimirildi: “Odam xayrli bo‘lishi kerak, sen o‘z uyingda o‘tiribsan, ular kasalxonada yotishibdi“.

* * *

Onamga hamma xavas qiladi: “Hamma farzandlari o‘qimishli, mehr–oqibatli. O‘zlari ham 80dan oshgan bo‘lsalar ham, na gapidan, na yo‘lidan adashmagan. Qaytamga tikish qilib, hammaning xojatini chiqarib o‘tiribdi, bizga ham shu kishining yo‘lini bersin“ deb, birov boshlariga ro‘mol, birov yelkalariga bir kiyimlik sarpo tashlasa, “dod“ deb, berganlarini qaytarib tashlaydi: “Yo‘–yo‘q, mening to‘rimdan go‘rim yaqin, meni qarzdor qilmanglar“.

Onamga “Bu qarz emas, bularga xovuch duo bersangiz bo‘ldi. O‘zlari rozi bo‘lib berishgan narsa qarzga o‘tmaydi“ degan gapni hech tushuntira olmadim.

* * *

Onamning uylari qo‘shni ayollar uchun doimiy ko‘ngil bekati. Birov to‘rt og‘iz suhbatlarini olish uchun, yana birov bir og‘iz maslaxat so‘rab, birov o‘zi eplay olmagan tikish–bichishini ko‘tarib boraveradi. Bahonada qancha gurung!.. Bir o‘zimdan ortib borganimda oldilarida o‘tirgan qo‘shni ayollarni ko‘rib, to‘g‘risi hafsalam pir bo‘lib ketadi. Qaniydi, ular ham “Xoy, manavi kampirning qizi kelibdi, ona va qizning bir–biriga aytadigan gaplari bordir, bemalol o‘tirib suhbatlashishsin“ deb qo‘zg‘ola qolishsa, yo‘q, o‘tiraverishadi.

Bir safar onamdan yigirma yoshlar kichik bir qo‘shni ayol uzilib ketgan marjonini ko‘tarib chiqibdi: “Opa, shuni tuzib bermasangiz, hech ko‘zim o‘tmayapti“.

O‘zi oshga tushgan pashshadek bo‘lib, bemavrid kirib kelganiga g‘ashim kelib o‘tirgandi, chaqib ola qoldim: “Bolasi tenggi bo‘lib sizning ko‘zingiz o‘tmaganda, 80dan oshgan onamning ko‘zi o‘tadimi?“ Ayol zarracha ham xijolat bo‘lmadi, mendan ko‘proq kirib–chiqib yurgan eshigi–da, onamning xarakterini biladi, xuddi o‘z onasiga erkalik qilayotgandek nozlanib, marjonni onamning oldiga tashladi: “Opam yo‘lini biladi“. Onam ham marjonni olib, u qildi, bu qildi, iplarni xomitdi, bir-biriga ulab pishitdi, ishqilib bir pasda besh qator durni tuzib, qo‘shnining oldiga tashladi–da, o‘z–o‘zidan mamnun jilmayib, menga qaradi: “Ishning o‘zini emas, ko‘zini bilish kerak“. Haligi ayol marjonni taqib olgach, xaltasidan bir shim chiqardi: “Ukangiz bir shim olgan ekan, picha uzun keldi, to‘rt enlilar kesib, shuniyam g‘irillatib bir yurib bering, opajon. O‘zim qilaman, desam, qurib ketgur chol, qo‘ymadi, buzib qo‘yasan, shu opaga olib bor, deydi. Men ham vaqtida ne bir tikishlar qilganman, bir o‘tirishda to‘rt qizimga to‘rt ko‘ylakni tikib, so‘ng turgan paytlarim bo‘lgan. Bu kishim bo‘lsa, mening ishimdan hech ko‘ngli to‘lmaydi“.

Onam “g‘irillatib“ bergandan so‘ng ham olamjahon vaqt o‘tirib, nihoyat mening qovog‘im uyilavergach, erka qo‘shni o‘rnidan turdi. Kun shomga qarab yo‘l olgan, mening ham vaqtim sob bo‘lgan edi: “Ona–yey, shu xotin bir o‘tirishda to‘rtta ko‘ylakni tikkan bo‘lsa, men osmondagi oyni olib ayvonimga fonus qilib, osib qo‘yganman. Bir umr savdoda ishlab, tangani tangaga urib, pul qilishdan boshqa ishga vaqt ajratmagan xotin–ku bu. Indamay, yolg‘on maqtanishlarini eshitib o‘tirasiz–yey“. Onam qo‘l siltaydi: “Kishi aybin ko‘rmoq bor–u, demoq yo‘q, qizim. Eshigimdan yetmish ikki tomiri egilib kelib o‘tiribdi, qanday yuzidan olaman?“.

* * *

To‘ng‘ich nevaram o‘n birga kirdi, keyingisi to‘qqiz yoshda. Onaginam ularga chillasi chiqquncha birinchi choponni qavib kiygizgan edi. Shundan beri har ikki yilda har biriga bitta paxtalik nimcha, bitta to‘n qavib beradi.

“Qo‘ying, onajon! Bozor to‘la chopon, ko‘zingizning nurini ayasangiz–chi“, deyman ichim achib. “Ay, bolam–a, qo‘limdan kelarkan, qilayapman. Bozorning choponi men qavigan chopondek bo‘larmidi? Orasiga vatin solgan, men yumshoqqina paxta soldim, bu paxtalarga qancha quyosh nuri singgan, duxtirlar uni davoyi, deydi. Bularni nevaralaring kiyib, yonimga kelganda qancha quvonishimni sen tasavvur ham qila olmayman. Shunday ayollar bor, na eriga, na bolalariga umrida bir to‘n qavib, kiygiza olmaydi. Xudoga shukur, otangga necha to‘n qavib kiygizdim, bolalarimga, nevaralarimga, endi chevaralarimga ham to‘n qavib kiygizish nasib qildi. Bekor yotgandan kimga naf? Kimgadir foydang tegib turganga nima yetsin“. Har doimgidek onam haq.

* * *

Dunyoda onamdek sog‘ligini, jonini avaylaydigan, hayotga tashna insonni kam uchratganman. To‘y–xasham, mehmondorchiliklarni juda yaxshi ko‘radi, ma’raka–ta’ziyalardan hech qolmaydi. Yoki, salomatlik borasida. Masalan, mening bir joyim og‘risa, dardni berguvchi ham, olguvchi ham Alloh, deyman–u, indamay yotib olaman. Onam esa, jon ham, tan ham Allohning omonati. uni asramoq kerak, Alloh ham asraganni asraydi, bir kun yoti–ib qolsang, ham o‘zingga, ham bola–chaqaga jabr qilib, kimga foyda, kimga ziyon, deydilar. U kishim shu yoshlarida ham ne bir kelinlarning sepiga quroq ko‘rpa–yostiq deysizmi, yelpug‘uch–u, qopchiq deysizmi, buyurtma olib, nafaqalariga qo‘shimcha pul ishlaydilar. Kasalxonalarda yotib davolanishdan tashqari televizordan bir narsani eshitib qoladilarmi, qo‘ni–qo‘shnilar ma’ni berib ketgan bo‘ladimi, shu narsalarni ham albatta qo‘llab ko‘radilar. “Oydin hayot“, “O‘zingni angla“ ko‘rsatuvlarining biron sonini ham qoldirmasdan ko‘rib boradilar. Bir borsam, nahorda tuzsiz qaynatilgan guruchga parhez qilib o‘tirgan bo‘lsalar, boshqa safar ovqatdan yarim soat oldin limon suvi ichayapman, deydilar. Ikkita limondan boshlab, yigirmataga chiqarishlari kerak ekan. “Onajon–yey, sizga nima zaril, beta’m guruch–u, talxo‘r limon suvini ichib?“, limon ta’mini og‘zimda his qilib aftim burishadi. “Kerak! Xudo xohlasa, oyoqlarim og‘rimay qolsa, mashina chaqirib o‘tirmay uylaringga boraveraman“, deydi onam. “E–e, onajon, kimning oyog‘i og‘rimaydi? Oyoq bo‘lgandan keyin picha–picha og‘rib, o‘zining borligini bildirib, qadrini oshirib turadi–da“. “Bolam, yotib qolib, sizlarga tashvish bo‘lmayin, deyman–da“, garchi birovimizdan bir so‘m olmasa ham o‘zini oqlagan bo‘ladi.

* * *

Yillar o‘tgan sayin onamizning biz farzandlar uchun nechog‘lik katta davlat va g‘animat baxt ekanligini tobora chuqurroq his qilib borayotgan bo‘lsam–da, meni shiddat bilan ilgari olib ketayotgan hayot tashvishlaridan uzilib, ha deganda izzatlariga yetavermayman. Har kun ertalab ahvol so‘rab, bir qo‘ng‘iroq qilaman:

“Sog‘–salomatmisiz, onajon?“. Onamning ovozi hamisha o‘ktam va shodon jaranglab turadi: “Rahmat, bolajonim. O‘zing yaxshimisan?..“ Ke–yetadilar shu bilan… Bir boshdan hammaning ahvolini so‘rab chiqadilar, kecha uylariga kimlar keldi, qanday axborotlar berdi… Mening esa vaqtim!..

Har qanday holatda ham seni kechirishini bilgan odaming qarshisida har doim ham andisha qilib o‘tirmaysan. Ko‘pincha ilojim yetgancha “Ha, xo‘p“ deb turaman–u, ba’zan gaplarini shartta bo‘lib, “Onajon, shoshib turgan edim“, deb shu kungi farzandlik vazifamni nixoyalab qo‘ya qolaman. Va onam mening bu beadabligimdan sira xafa bo‘lmaydi, aksincha xijolat tortadi: “Mayli, bolam. O‘zingga qara, joning sog‘ bo‘lsin“.

Keyin esa kundalik tashvishlarimga andarmon bo‘lib ketaman va shu tashvishlar ichra yurib onamning xijolat ingan nurafshon yuzlarini hech ko‘z oldimdan ketgiza olmayman. O‘zimcha o‘zimni oqlagan bo‘laman: “O‘zlariyam… Hech gaplari tugamaydi–da, axir telefon gurung uchun chiqarilmagan–ku“, deyman. Ammo baribir o‘zimni o‘zim yupata olmayman. Allaqayerdan onaning ko‘zlaridagi quvonchga xaridor bo‘lgan Hoji haqidagi rivoyat yodimga tushadi.

Emishki, haj niyatida safarga chiqqan bir kishiga bir oqshom tunash uchun joy bergan Hoji uning nima maqsadda yo‘lga chiqqanini eshitib, kutulmaganda “Onang bormi?“ deb so‘raydi va onasining hayotligini eshitgach, “Men ellik marta haj qildim, har safar yalangoyoq, yalangbosh, yolg‘iz haj qildim. Ellik hajimning ham savobini senga beraman, sen menga onangning ko‘zlaridagi quvonchni ber“, deydi.

Men esa vaqtimni qizg‘onib o‘tiribman…

* * *

Nafaqaga chiqqanimdan buyon tez–tez yonlariga borib, uzoq–uzoq suhbat qilib qaytaman. Onaginamning yuzlari biram nurli, mehr to‘la nigohlari sokin, suhbatlari shundaylar shirin… Ko‘nglingizning gadosi. Dilingizni og‘ritib quymayin, avaylabgina gapiradilar. Lekin har gapiga bir maqol qo‘shib gapirmasalar, hisobmas. Hech yonlaridan ketgim kelmaydi. Bir kun so‘radim: “Onajon, armonlaringiz ko‘pmi?“ Onam biroz o‘ylanib turdi–da, xotirjam javob qildi: “Yo‘q, bolam. Nimaga intilsam, avvalo Alloh, qolaversa, o‘zimning harakatim bilan erishdim, nimaga urunsam, aqli zakovatim bilan uddaladim. Hech qachon bugungi ishni ertaga qo‘ymadim. Xudoyim o‘g‘il berdi, qiz berdi, baringizni rizqingiz bilan, baxtingiz, martabangiz bilan berdi. Bir armonim ota–onam yashaydigan joydan maktab juda uzoq edi, savod chiqara olmadim. Oq qog‘ozning betidagi yozuvni o‘qiy olmadim. Turmushga chiqqanimdan keyin ham mustaqil o‘rgansam bo‘lar edi, oila, bola–chaqa tashvishidan orta olmadim. Sizlarning kitob quchoqlab yurganlaringizni ko‘rsam, xavasim keladi. Agar kitob o‘qishni bilganimda tikuv mashinasidan tashqari kitoblar ham mening qadrdon dugonalarim bo‘lib qolar edi.

* * *

Bola edim. Onam ukamni ko‘tarib, akam bilan meni yetaklab olis qishloqda yashaydigan holamnikiga mehmonga olib bordi. Qo‘shni qishloqda yashaydigan kichkina holam ham keldi. Kechki ovqatdan so‘ng katta gujum ostidagi loy supaga qator qilib joy tashlandi. Yo‘lda toliqqanmidik, biz bolalar avval oqshomdan uxlab qoldik. Tong payti shitirlagan ovozdan uyg‘onib ketdim. Sekin ko‘zimni ochib, yonboshimdagi to‘shakni shosha-pisha yig‘ib, joynamoz yozayotgan onamni ko‘rdim. Uning qiblaga tikilgan ko‘zlari xavotir va qo‘rquvga to‘la edi.

Namozlarini o‘qib bo‘lgach, xayron tikilib yotganimni ko‘rib, parishon holatda yonimga o‘tirib, barmoqlari bilan sochlarimni taroqladi. Onamning barmoqlari yengilgina titrab turardi.

-Ena-a, sizni kim qo‘rqitdi?

Onam pastki lablarini tishlab, gunohkorona bosh chayqadi:

-Holalaring bilan tong otari gurung qilib, namozni biroz kechiktirib qo‘ydim… Ishqilib, dargohida qabul qilsin-da.

O‘shanda onamning gaplariga umuman tushunmagan edim. Endi… Onamning o‘sha damdagi qo‘rquv to‘la nigohlarini, titrab turgan barmoqlarini eslasam, g‘alati bo‘lib ketaman.

* * *

Onam betob bo‘lib qoldilar. Kechqurun yonlarida yotib qoldim. Iltimoslari bilan shom uchun, xufton uchun tahorat suvi tayyorlab berdim. Astoydil “Enajon, ahvolingizga qarasangiz-chi?” deyishimga qaramasdan namozlarini o‘tirgan holda o‘qidilar. Qarasam, bomdodga ham inqillab-sinqillab o‘rinlaridan turayaptilar: “Onajon-yey!” deyman o‘zimcha onamdan koyinib. Onaginam esa ,“Bolam, kelindan xijolat bo‘laman, kap-katta ayol namozini o‘qimaydi, desa-chi” deydi. Yoqa ushladim: “Nega bandasidan xijolat bo‘lasiz? Allohdan emas?”

Onam shuni ham bilmaysanmi, deganday g‘alati qarab, yelka qisdi, so‘ng “Alloh holimni ko‘rib turibdi va u doim kechiradi. Banda bandaning ichidan nima o‘tganni qayerdan bilsin?” dedi.

* * *

Kutulmagan falokat tufayli qo‘ltiqtayoqqa suyanib qolganimga yetti yil bo‘layapti. Ammo o‘zimning bechora ahvolimni sira nazarga ilmadim. Shu ahvolda har yili Toshkentga bir boraman. Teatrlarga kiraman, kitob do‘konlarini aylanaman. Buxoro-yu Samarqand, Xorazm-u Qoraqalpog‘istonga ham bordim. Sog‘-salomat paytlarimda izlab bora olmaganim qancha do‘stlarimni ko‘rib, qancha aziz avliyolarni ziyorat qilib qaytdim. Madinai Munavvaraga borib, qo‘ltiqtayoqda, nogironlar aravachasida Allohning suyukli rasuli Muhammad Mustafo(s.a.v.)ning turbatlarini ziyorat qildim. Muborak Makkaga borib, Allohning baytini ziyorat qildim. Termizda-ku, to‘rt yil ishladim. Ish joyim Termizda edi, o‘rgangan ishimdan ketgim kelmadi.

Xullas, qo‘ltiqtayoqda bo‘lsam ham, yurdim-ko‘rdim, o‘zimga yoqmagan shu siyog‘imda ko‘rindim… Ammo shu yetti yil ichida kindik qonim tomgan, baxtiyor bolaligim o‘tgan, hamisha yo‘limga mushtoq onajonim bilan padari buzrukvorimning diydoriga eltguvchi qadrdon Jarqo‘rg‘on ko‘chalarida qo‘ltiqtayoq bilan bir marta ham yurmadim. O‘zim shu shaharda yashab turib ham… Jarqo‘rg‘onliklarga o‘zimning bechora siyog‘imda ko‘ringim kelmadi…

Azaldan ko‘chat ekishni yaxshi ko‘rardim. Har yili erta bahorda o‘zim bozorga chiqib, turli ko‘chatlar olib kelib, hovlimga o‘tqazardim. Yetti yil shu mashg‘ulotdan ham mosuvo yurdim. Shu yil bahor erta keldi. Ko‘ngil bahoriy hislardan kengayib ketdimi, bir kuni peshindan so‘ng nevaramni olib bozorga bordim. Ko‘chatlar bozorning bir chetida sotilar, bozorni oralamasdan ham ko‘chat olib chiqish mumkin edi.

Ko‘chat bozoriga kiraverishda quchoq-quchoq ko‘chatlarini askardek bir safga chiroyli qilib tizib chiqqan sotuvchining yonida to‘xtadik. Salomiga alik olib, savdosiga baraka tiladim. Uning jovdirayotgan ko‘zlariga qarab, qo‘ltiqtayoqlarimdan xijolat tortdim. O‘zimcha dadil-dadil gapirgan kishi bo‘ldim: “Qani, uka, ko‘chatlaringizni bir boshdan maqtang-chi”. Sotuvchi chaynaldi: “Endi, opa, biroz uzrli joyim bor. O‘zimning ko‘chatlarim kecha tugagan edi. Bir tanishim “shularni sotib ber” deb tashlab ketdi. Bularning narxini, otini bilaman-u, o‘zini bilmayman. Kim payvand qilgan, navi qanday? Sizga bersam, erta bir kun oldingizda xijolat bo‘lib qolmayin, deyman-da”.

Keyingi rastadagi sotuvchi yigit ham quyuqqina so‘rashdi. Ko‘chatlarini so‘ragan edim, qo‘lini ko‘ksiga qo‘yib, uzr so‘radi: “Opajon, bu ko‘chatlarni sizga bera olmayman. Olib kelinganiga 15 kun bo‘lgan. Tomirlarini namlab turibmiz-kuya, baribir kafolat yo‘q-da. Siz kerakli ko‘chatlaringizning ro‘yxatini qilib bering, bugun keliningiz Denovga ko‘chatga ketgan, ertaga yangi ko‘chatlardan olib, o‘zim hovlingizga ekib berib kelaman”.

Ana, xolos… Men ko‘chatlarning nomini, sonini yozdim. Narxini ham ayting, bira to‘la hisob-kitob qilib ketayin, dedim. Savdogar negadir qimtinibroq narxini aytdi. Ko‘chatlarning soni o‘ttizga yaqin, narxi yuz mingdan oshib ketdi. Yigitning “Avval ko‘chatlarni olib boray, keyin pulini berasiz”, deganiga ham qo‘ymay, pulini berdim: “Qutulib qo‘yganim yaxshi, ko‘ngil xotirjam bo‘ladi, uka”. “Xo‘p, opa”, “Uyimni bilasizmi o‘zi?”, “Bilaman, opa”.

Nevaramning rangi o‘zgardi. Burilishim bilan tirsagimdan tortdi: “Momojon, siz bu odamni tanimaysiz-ku, aldab ketsa-chi?”, “Aldamaydi, bolam”.

* * *

Jarqo‘rg‘onda Mashir degan bir hardamxayol yigit yashaydi, hamma uni “Mashir” tentak deb ataydi. U tong sahardan yarim tungacha bozor aylanib, do‘konlarga kirib, rizqini terib, yeb yuradi. Uni odamlar “tentak” deyishadi-yu, lekin uning xotirasi juda kuchli, juda ko‘pchilikni, ehtimol butun Jarqo‘rg‘onni taniydi: ismi kim, kasbi nima, ota-onasi kim, aka-ukalari kim, bolalari kim… Hech kimning dilini og‘ritmaydi.

Bozor darvozasi yonida unga duch kelib qoldim. U qirq yillik qadrdonini ko‘rgandek, tavoze bilan so‘rashdi, onamni, o‘g‘limni so‘radi, albatta hammamizning ismi-sharifimizni aytib! Mashinaning yoniga kelgach, nevaramning qo‘lidan kalitni olib, meni jentelmenlarga xos takalluf bilan mashinaga o‘tirg‘izdi, qo‘ltiqtayoqlarimni orqaga qo‘ydi. Atrof mashina, aravasiga har xil qutilarni uyib, “po‘sh-po‘sh”lab dunyoni buzayotgan aravakashlar, bozorga kirayotgan, chiqayotgan, shunchaki muzqaymoq yalab, o‘zlari muzqaymoqlari kabi erib, o‘tib ketayotganlar hisobiga nihoyatda tirband edi. Mashir keng qulochini yozib, baland ovozda “xay-xay”lab hayqirgancha, to mashinamni orqaga haydab, katta yo‘lga tushib olgunimcha, to‘rt tomondagi gavjum harakatni to‘xtatib turdi. Men bir zum to‘xtab, tashakkur bildirgan kishi bo‘lib, bosh irg‘adim. U mashinaning ochiq derazasiga yaqin kelib, “Sen haliyam juda chiroylisan! Xafa bo‘lma.” dedi menga. Shu yerda uning tentakligi bilindi. Ko‘nglimni ko‘taraman deb, dilimni ranjitib qo‘ydi…

Dimog‘im achishdi, ko‘zlarimdan issiq yosh quyildi, burnim bo‘shadi. “Mana, momojon, bozorga chiqishni ham o‘rganib oldingiz. Endi tez-tez chiqib tursangiz ham bo‘ladi”. Men nevaramga qaramasdan bosh chayqadim: “Yo‘q, endi bozorga chiqmayman”.

Ko‘chatlar-chi, deysizmi? Albatta, ularni va’da qilgan vaqtida olib kelib, ekib ketdi.

Oradan bir necha kun o‘tib, bu voqeani onamga hikoya qilib berdim.

-Bolam, inson o‘zining yaqin kishilaridan bu xil dardini yashirishi shart emas. Qo‘ltiqtayoqda yurish gunoh emas. Shukr qil. Yillar to‘shakda yotib qolgan odamlar qancha…

Keyin o‘ylab ko‘rsam, o‘sha kuni Mashir ham “Haliyam chiroylisan”, deganida, onamning shu fikrlarini aytmoqchi bo‘lgan. Ya’ni “Shukrli bo‘l” demoqchi bo‘lgan…

* * *

Haj safarida imkoningizdagi har bir daqiqa hisobli. Sheriklarim farz amallarni ado qilib bo‘lishgan bo‘lsalarda, ko‘proq vaqtlarini Harami sharifda o‘tkazishar, hajga kela olmagan yaqinlari uchun umralar qilishar, nafl umralar qilishar, nafl namozlari o‘qishar edi. Baytullohda o‘qilgan bir namozning savobi boshqa joylarda o‘qilgan namozlarning savobidan yuz ming marta ko‘p ekan. Buning ustiga Harami sharif shunday mahobatli, fayzli, go‘zal ediki, bu muqaddas dargohda shunchaki o‘tirish ham, duo qilish ham kishi ruhiga beqiyos halovat, lazzat bag‘ishlar edi. Zero, duo qilish ham ibodat-da. Har kun, har tun, safardagi har bir daqiqamni shu muborak Haramda o‘tkazmoqni juda-juda istasam-da, menga safarda tog‘a tutinib, o‘z homiyligiga olgan eru xotin – Abduvohid aka va Soliyaxonning ko‘magida farz amallarini bajarib qaytgach, “Meni ham yana Haramga olib boringlar” deb ularga yuk bo‘lishdan iymanar edim. Ellikboshimiz ko‘nglimdagi og‘riqlarni sezgandek, “Hoji ona, bu muqaddas shaharning har qaysi burchida o‘qilgan namoz muborakdir”, der edi meni tinchitib dalda berish uchun. Men ham taqdirga tan berib, namozlarimni mehmonxonada o‘qir, ibodatdan bo‘sh vaqtlarimda mehmonxona oldida o‘tirib, shaharni, o‘tgan-ketgan odamlarni tomosha qilar edim.

Noiloj odamning bu mahzun tomoshasida ko‘pincha menga o‘xshab aravachada o‘tiradigan jikkakkina keksa ayol hamroxlik qilar edi. Bu ayolni juda kelishgan, o‘rta yoshlardagi basavlat bir kishi yonimga qo‘yib ketar, “Opa-singil gurunglashi-ib o‘tiringlar. Onajon, agar zeriksangiz, qo‘ng‘iroq qiling”, der edi. Mening esa bu kampirga havasim kelar, “Agar o‘g‘lim bilan kelganimda, uning bo‘yniga osilib olgan bo‘lar edim, har kun Harami sharifga borar edim, Vatanga qaytguncha sira Haramdan chiqmas edim”, deya o‘ylar edim. Bir kuni ko‘nglimdagilarni aytdim ham: “Xola, bu yerga o‘g‘li bilan kelgan onalar dunyodagi eng baxtli onalar bo‘lsa kerak”, dedim. “E-e!.. Bu o‘g‘ilga ko‘nglimda nafratdan bo‘lak hech narsa yo‘q”, qo‘l siltadi kampir. “Nega?”, hayron bo‘ldim men. “Bu o‘g‘il farzand bo‘lib, umrida bir piyola qaymoq yoki bir kilo go‘sht bilan meni izlagan odam emas. Topgani xotini va qayin-bo‘yinlaridan ortmaydi. Men kenja o‘g‘lim bilan yashayman. Kenjamning qo‘li biroz yupqaroq edi. Qizi ToshMIga kirgan yili Rossiyaga ishga ketdi, shu qizning kontraktini to‘layman, deb. Bir yilda yarimjon bo‘lib qaytib keldi. Men kasal, o‘g‘lim kasal. Kontrakt to‘lashga qiynalib qoldik. Bir kuni deng, buni chaqirtirdim. Necha-necha dukoni bor, pul, mol-dunyo mil-mil! “Shu qiz o‘qishga bir amallab kirgan edi, mehnati kuyib qolmasin. Qarashib yubor, savob bo‘ladi”, dedim. “Bu sho‘rtumshuqlaringizga ota hovlini tashlab chiqib ketdim, yana nima qilib berishim kerak? Uni Rossiyaga men jo‘natganim yo‘q, yarimjon bo‘lib qolishiga ham men sababchi emasman. O‘ziyam, qiziyam taqdirida borini ko‘raversin. U ahmoqning aqli bo‘lsa, pul izlab, Rossiyada yurmasdi. Ishlayman, degan odamga shu yerda ham ish to‘lib yotibdi. Qiynalib qolibdi, sizni oraga solmay, o‘zi borsin, “Aka!..” deb! Yo‘q, u kishi ministr, otdan tushsalar ham, egardan tushmaydilar!” – xullas, bir dunyo gap bilan ta’bimni tirriq qildi. “E-e, bor, ko‘zimdan yo‘qol! O‘z ukang oyog‘ingga yiqilishi kerakmi, hali? Bir tikanli gap qilib, dilini og‘ritgan joying bordirki, oldingga bormapti ukang. Qaytib turqingni ko‘rmay!” dedim. Kenja kelin juda dono, qanoatli ayol edi. Hamma zebu ziynatlarini, hatto mebellarini ham sotdi, qarindoshlardan ozroq qarz ko‘tardik. Keyinroq qizimiz ishga kirdi. Xullas, qizni o‘qitdik. Hozir katta duxtir, boybichcha. Keyingi nevaram tadbirkor. Juda boyib ketmagan bo‘lsak ham, endi birovga muhtoj joyimiz yo‘q. Bir kun kutulmaganda katta o‘g‘il qo‘ng‘iroq qildi: “Ona, tayyorgarligingizni ko‘ravering, men sizni hajga olib ketaman”, dedi. “Qachon? Nega?”, “Ikki oydan keyin! Erta-indin tibbiy ko‘rikdan o‘tasiz”.

Birdan orqam tutib ketdi: “Men sen bilan hech qayerga bormayman. Umringda bir piyola qaymoq yoki bir kuygan kulcha bilan izlamagan o‘g‘il endi meni hajga olib bormoqchimisan?” dedim. “E-e, ona, qo‘ysangizchi shunday gaplarni! Siznikiga qaymoq ko‘tarib yurishga mening vaqtim bormi? Erka o‘g‘lingiz bola-chaqasiga nima yedirsa, sizga berib o‘tirgandir. Xursand bo‘lib, rahmat bolam, deyishning o‘rniga bu nima gap bo‘ldi?”. “Qaymoq obkelma, mayli, och qolgan joyim yo‘q. Ammo shu keksa onam tirikmi-o‘likmi, yarimjon o‘g‘ilning ostonasida biron narsaga muhtoj bo‘lib qolmadimikin, deb olti oyda bir yo‘qlamaysan. Meni ko‘rging kelmasa, o‘zingni bir ko‘rsatib ket, toshbag‘ir, nomard! Yo‘q, men hech qachon sen bilan Hajga bormayman!”. “Onajon, onam bo‘la turib meni tushunmaysiz-a! Mening umuman vaqtim yo‘q. Butun umrim safarlarda o‘tadi. Odamlar ham to‘lovini qilib, ham pora berib, Hajga bora olmaydi, siz bo‘lsangiz!.. Mayli, meni qo‘yavering, Xudodan qo‘rqing, ona!”, “Boshimni og‘ritma, men baribir bormayman. Hov, ana, qaynonajoningni olib boraver”.

Rostdan ham kelmoqchi emas edim. Kenja o‘g‘il bilan kelin qo‘ymadi: “Boring, onajon. Biz sizni o‘sha joylarga olib bora olmadik. Akam o‘zidan bilib, olib boraman, deyayotgan ekan, bu fikrni akamning ko‘ngliga xudo solgan. Bu sizga xudoning marhamati. Yo‘q, demang”.

O‘zim ham Hajga kelishni bir umr orzu qilganman, deng. O‘ylab-o‘ylab oxiri: “E-e, mayli, Shu nobakor o‘g‘ilning topganida ona sifatida mening ham haqqim bor”, dedim. Jahl – kofir, deganlari rost. Endi bu muqaddas joylarda yurib, jahlimni yenga olganimga, o‘zimni idora qila olganimga shukr qilaman”.

Kampir nursiz ko‘zlarini olis-olislarga tikib, ancha vaqt jim qoldi, so‘ng chuqur ho‘rsinib, qo‘shimcha qildi:

-O‘zing tuqqan bolang bo‘lsa ham, ko‘ngling qolsa, begonadek bo‘lib qolar ekan. Yo mening diydam shunchalar qattiqmi, bilmadim, shu yerlarda yurib ham, o‘g‘limga nisbatan hech mehrim tovlanmadi. Bilamanki, u meni bu yerga Allohning va mening roziligim uchun emas, “Onasini hajga olib borib keldi” degan obro‘ uchun olib kelgan!

Hamsuhbatimni tinglab turib, onaginamning bir gaplarini esladim. Birov-yarim bolasidan shikoyat qilib qolsa, shunday der edilar: “Ichingdan chiqqan ola ilon, ol-da, belingga boyla!” Xalqimiz qanchalar donishmand, ichingdan chiqqandan voz kechib bo‘ladimi, axir?! Yana Hazrat Payg‘ambarimizning muborak hadislari bor: “Nafsim qo‘lida bo‘lgan Allohga qasamki, mo‘min bo‘lmaguncha, jannatga kirmaysizlar” va “… bir-biringizni sevmaguncha komil mo‘min bo‘la olmaysizlar”.

Ona va o‘g‘ilki, bir-birini kechira olmasa, mo‘minlik haqida, jannat haqida xayol qilish mumkinmi? Axir, bilamiz-ku, Rabbim kechirimli, marhamatli Zot va kechirimli bandalarini sevadi. Alloh Qur’oni Karimda marhamat qilgan: “Allohning marhamatidan umidingizni uzmang!..” Yana shunday mazmunda hadis bor, yer yuzini to‘ldirib yuboradigan miqdorda gunoh qilgan banda tavba qilsa, Alloh bandasini yeru-ko‘kni to‘ldiradigan miqdordagi mahfirat bilan qarshi olar ekan.

Onaxonga rahmim keldi. Axir, nafrat va kek to‘la ko‘ngil bilan, ayniqsa, bu nafrat va kek o‘z farzandingga qaratilgan bo‘lsa, yashash nihoyatda qiyin bo‘ladi. Hadisu shariflarga hayotiy misollar qo‘shib, sekin-sekin tushuntirdim. Biz uzoq suhbatlashdik:

-Xolajon, kenja o‘g‘lingizning hayotidagi qiyinchiliklar ham o‘tib ketibdi. Endi Allohning roziligi uchun bu o‘g‘lingizni ham kechirmasangiz bo‘lmaydi, undan rozi bo‘ling. Axir u sizning farzandingiz, oldingizga o‘g‘lim nega buncha beoqibat chiqdi ekan, degan savolni qo‘yganingizda, ona bo‘lib bergan tarbiyamda o‘zimdan biron kamchilik o‘tmadimikin, deb o‘ylab qo‘yishni ham unutmang. U sizni Allohning uyiga olib keldi. Uni kechirsangiz, Alloh undan ham, sizdan ham rozi bo‘lishi aniq. Ikkingizning ko‘nglingiz ham halovat topadi. Bu joylarga bir keldingiz, yana kelish nasib qiladimi-yo‘qmi, yoningizda shunday mehribon, polvon o‘g‘lingiz bor ekan, bo‘yniga osilib olib, har kun Harami sharifga bormaysizmi?

Ayol mahzun jilmaydi:
-Bilmasam, singlim…

Ertasi kuni u “tomoshagoh”imizga chiqmadi. Sheriklaridan so‘rasam, o‘g‘li bilan Harami sharifga ketibdi. Xuddi men orzu qilgandek, “ o‘g‘lining bo‘yniga osilib olib!..” Uning qaroriga, baxtiga astoydil havas qildim. Men ham yuraklarim yonib, niyat qildim: “Ey, Olamlar Parvadigori! Bu hajimni oxirgisi qilmagin. Bu muborak shaharga, muqaddas Ka’ba ziyoratiga yana kelishni, albatta, o‘g‘lim bilan kelishni nasib ayla!”

* * *

Onam har narsadan nolib yuradigan odamlarni yoqtirmaydi. O‘zi ham hech qachon nolimaydi. Shukrlilik, qanoat haqidagi bir rivoyatni ko‘p aytadilar.

Emishki, bir podshoning yolg‘iz qizi betob bo‘lib qolibdi. Mamlakatning barcha tabiblari urunib ham malikani davolay olishmabdi. Bundan qaxrlangan podsho “Agar qizimni davolay olmasanglar, barchangizning boshingizni qilichdan o‘tkazaman“ debdi. Shunda bir tabib “Qizingizga dunyoda hech armonim yo‘q, o‘ziga shukur, degan odamning ko‘ylagini olib kiydirsangiz, qizingiz batamom sog‘ayib ketadi“, deb, hamkasblarini o‘limdan saqlab qolibdi. Qizining sog‘ligidan qattiq xavotirlangan podshoning o‘zi xos navkarlari bilan “O‘ziga shukur, armonim yo‘q“ deguvchi odamni izlab chiqibdi. Ne bir boy–boyonlar, og‘zidan kuy–qo‘shiq tushmaydigan shoyonlar bilan gaplashishibdi. Barchasi “Shukur–kuya, ammo…“ deb, bir armonini aytibdi. Bearmon odamni izlab–izlab holdan toygan bir paytda kimsasiz bir chekka qishloqning chekkasidagi g‘aribona kulbaning yonidan o‘tib ketishayotib, “O‘zingga shukur, Yaratgan Egam, hech bir armonim yo‘q“, degan xitobni eshitishibdi. Ular kulba yonida to‘xtab, uy egasini chaqirishibdi: “Xoy, shukrli inson, tashqariga chiqqil, sen bilan yurt podshosi gaplashmoqchi“. Ichkaridan ovoz kelibdi: “Podshohim meni kechirsinlar, men chiqa olmayman, sababi ustimda ko‘ylagim yo‘q“. Bundan podsho o‘ziga xulosa chiqaribdi. Haligi kishiga bosh–oyoq sarpo kiydirib, qiziga muallim qilib tayinlabdi.

* * *

Ushbu satrlarni yozar ekanman, yuragimning tub–tubida simillab turgan sog‘inch hissini tuydim. Onam – Alloh bergan beminnat xazinam, g‘animat ne’matim. Shoshib, bolaligim o‘tgan qadrdon uy tomon yo‘lga tushdim.

06

(Tashriflar: umumiy 689, bugungi 1)

Izoh qoldiring