Jamila Ergasheva. Shom shafag’i jilvalari. Qissa (3)

Ashampoo_Snap_2018.01.27_17h14m33s_003_.png   Бирданига келди-кетди кўпайиб кетди. Тушликка яқин Комилжоннинг аёли келди. Келин тайёрлаб келган тугмадек-тугмадек чучварадан ҳамхонаси билан тўртта-тўрттадан еб, устидан чой ичиб ўтирган эди, ҳамхонасининг изидан келиб қолишди. Кечга яқин яна Комилжон келди. Кун бўйи йўқловчиларнинг бирини кутиб, иккинчисини кузатиб ўтиришган бўлса ҳам икки кўзи эшикда бўлди…

Жамила Эргашева
ШОМ ШАФАҒИ ЖИЛВАЛАРИ
Қиссанинг якуни
09

Кишлак-Кидириптур.-2013.jpgБирданига келди-кетди кўпайиб кетди. Тушликка яқин Комилжоннинг аёли келди. Келин тайёрлаб келган тугмадек-тугмадек чучварадан ҳамхонаси билан тўртта-тўрттадан еб, устидан чой ичиб ўтирган эди, ҳамхонасининг изидан келиб қолишди. Кечга яқин яна Комилжон келди. Кун бўйи йўқловчиларнинг бирини кутиб, иккинчисини кузатиб ўтиришган бўлса ҳам икки кўзи эшикда бўлди. Томчи уколлари олиб бўлгач, ҳамхонасига “Ҳамма жойимга дорининг ҳиди ўрнаб кетди” дея ўзини оқлаган киши бўлиб, устидаги халатини ечиб, халатга ўхшаб кетадиган чиройли кўйлагини кийиб олди. Сочларини тараб, қайта турмаклади, қошу кўзларига билинар-билинмас сурма тортди. Унинг ҳаракатлари ҳамхонасининг ҳам эътиборини тортдими, бир қошини учириб, “Тинчликми? Бунча тараддуд ким учун?” деб кулди. У эса хижолат тортиб , “ Кечга келиним билан набираларим келар экан, шуларнинг олдида чиройли бўлиб ўтирайин, деяпман-да” деб қўйди. Аслида… Аслида кимни кутаётгани-ю, кимнинг олдида чиройли бўлишни истаётганини ўзига ҳам айтишга ийманиб ўтирарди. Комилжонни кузатиб қайтаётганда аллақачон оқшом қуйилиб, бутун борлиққа тун чодраси соя ташлаган эди. Кетаётиб, беихтиёр бурилиб ортига қаради, ҳеч ким кўринмади. Шу оқшом унинг кўнглига тунги зимистон эртароқ ташриф буюргандек эди: “Ақлдан озаяпман, шекилли. Кимни кутаяпман, нега кутаяпман? Онаси айтган бўлса, шунчаки айтди-қўйди. Ўзи одамгарчилик юзасидан касалхонага жойлаштириб, икки-уч марта излаб келди, бу дегани… нималардир умид қилавериш мумкин, дегани эмас-ку. Қолаверса, бу одамнинг кўнглида нималардир бўлгани тақдирда ҳам уларнинг орасида нимадир муносабат бўлиши Мансурининг уйидан чиқиб, Комилнинг уйида ёлғиз яшашидан кўра кўпроқ гап-сўзга сабаб бўлиши, бунга на ўзи, на болалари ҳеч қачон йўл қўймаслиги аниқ-ку. Унда бу интизорлик ва ранжнинг маъноси нима?”
Комилжонни кузатиб, катта дарвозагача борди. Ёмғирдан кейинги намхуш оқшомда хаёллари билан бир-бир босиб изига қайтаркан, бўлимга олиб кирадиган эшик тутқичига қўл узатган дам кимдир исмини айтиб чақиргандек бўлди: “Ойша-а!” У аввалига “Менга шундай туюлаётгандир” деб хаёл қилди, шундай бўлса-да, бир нафас оёқ илди. Энди овоз янада аниқроқ, яқинроқдан эшитилди: “Ойшахон!”. Унинг юраги гупиллаб уриб кетди, оёқларидан буткул мажол кетди. Бир амаллаб бурилиб ортига қараганда бир қўлида елимхалта, иккинчи қўлида бир тахлам газета тутиб олган Жалолиддин бироз ҳансираган куйи уни етиб олган эди:
-Бунча тез юрасиз, шунча ҳаракат қилсам ҳам етказмадингиз. Охири чақиришга мажбур бўлдим.
Ичкаридан одамлар чиқиб қолишди, Жалолиддин уларга йўл бериш учун оҳистагина Ойшанинг елкасидан олиб, бироз орқага тисарилди, унинг қўллари титраб турарди. Унинг титроғи Ойшага ҳам ўтди. У хаяжонини билдирмаслик учун чеккароққа ўтиб, ерга қаради:
-Ўғлимни кузатиб қайтаётган эдим…
Ҳар иккиси йўлни давом эттириб, ичкарилагиси келмаётган эди, лекин Ойша ўзини қўлга олиб, эшик томон хиёл бурилди ва Жалолиддиндан узр сўраган киши бўлди:
-Хафа бўлмасангиз, овқатни қайтариб олиб кетсангиз. Бугун роса кўпчилик келди, келин, ўғлим, ўртоқларим… Бекорга исроф бўлиб қолмасин.
Жалолиддин бир қўлидаги елимхалтага, бир Ойшага қараб,
-Унда бундай қиламиз, ҳозир бу овқатни дарвозахонада ўтирган қоравул амакига берамиз-да, ўзимиз тоза ҳавода бироз сайр қиламиз.
Ойшанинг юзига иссиқ қон тепди:
-Йўғ-е, тезроқ қайтмасам, ёнимдаги аёл хавотирланиб ўтиради.
-Қўйсангиз-чи, ёш бола эмассиз-ку. Қаранг, қандай чиройли ҳаво, бироз айлансангиз, соғлигингизга ҳам фойда.
Ойша ерга қаради.
-Хўп, дея қолинг, — яна қистади Жалолиддин. – Мен ҳам уйда жуда зерикдим, кўнгил ёзиб, бир суҳбатлашадиган одамим йўқ, илтимос, юринг, Ойшахон.
— Майли, — бироз сукутдан сўнг розилик билдирди Ойша. – Лекин… Қандай бўларкин?
Жалолиддин астойдил севиниб кетди:
-Э-э, нимага бунчалик иккиланасиз-а? Тоза ҳавода айланиб, тўрт оғиз суҳбат гуноҳ эмас-ку. Тезроқ юринг, овқатни қоравулга берайлик, совумасдан еб олсин. Кейин шу атрофда бир чиройли қаҳвахона бор, иккаламиз ўша ерга кириб, бир пиёладан чой ичамиз.
-Йўғ-е, қаҳвахона шарт эмас, тоза ҳавода бироз айлансак айлана қолайлик.
-Қаҳвахона жуда тинч, бемалол ўтириш мумкин. Кўчада шовқин кўп, гаплашиб бўлмайди. Юра қолинг.
Қаҳвахона ҳақиқатан ҳам жуда сокин ва файзли эди. Жалолиддин ғира-шира ёруғлик тушиб турган бурчакни танлади. Улар ўтиришлари билан уст-боши ўзига ярашиб турган ёшгина йигит ёнларига келиб, столга қаҳвахонанинг таомлар рўйхатини қўйди. Жалолиддин рўйхатга бир сидра кўз югуртириб чиқди-да, сўнг йигитчага юзланди:
-Кечки пайт еса бўладиган, енгилгина, лекин энг азиз меҳмонингизнинг кўнглини олиш мумкин бўлган шоҳона таомингизни айтинг.
Йигитчанинг юзига енгил табассум қалқди:
-Бир ажойиб лаққа бор, тошқоғозга ўраб, димлаб пиширишимиз мумкин. Салатлардан “Эркакча инжиқлик”. Пишириқлардан афғонча Наполеон бор, ичимликлардан ўзингиз билган Фанта, Кола…
Жалолиддин бош ирғади:
-Мен балиқни жуда яхши кўраман. Сиз-чи, — у Ойшага қаради. – Балиққа тобингиз қандай?
Ойша елка қисди:
-Билмасам, кечки пайт бир бутун лаққа икки кишига оғирлик қилмасмикин? — унинг ҳам ўша шоҳона либосли балиқни жуда кўргиси келаётган эди.
-У ёғи муаммо эмас, олиб келаверинг, ука.
-Фақат озгина кутишингизга тўғри келади.
-Бемалол. Ҳозирча салқин ичимликлардан олиб келинг, — деди Жалолиддин, сўнг Ойша томон эгилиб, кўзларини қисиб, кулиб қўйди. – Қанча кўпроқ куттирсангиз, шунча яхши.
Ойша гиналагандек қошларини чимирди:
-Бу нима деганингиз?
-Нима дедим? – Жалолиддин хайрон бўлгандек, кўзларини пирпиратди. – Таом қанча узоқ тайёрланса, шунча тез хазм бўлади, мазали чиқади. Шуни айтдим, холос.
Чиройли узунчоқ ликопчага бутунича жойланган балиқ узала тушиб ётган шоҳзодани эслатарди: унинг икки кўзи ўрнига тим қора зайтун доналари, оғзига қип-қизил помидор парраги, устига ялтиллаган қизил увулдириқлардан заррин тўн, тўн барларига қора увулдириқдан ҳошия тортилган, хуллас, емасдан томоша қилиб ўтириладиган таом эди у. Жалолиддиннинг кўзлари чақнаб кетди:
-Қойил! – Кафтларини иштаҳа билан бир-бирига ишқаб, Ойшани таомга таклиф қилди. – Қани, олинг, Ойшахон!
Ойша ҳам ошпазнинг маҳоратига қойил қолиб ўтирарди:
-Буни емасдан томоша қилиб ўтириш керак экан.
Жалолиддин пичоқ билан санчқини олиб, дум томонидан икки бўлак кесиб, Ойшанинг ликопчасига қўйди, кейин уч-тўрт бўлакни ўзига олди:
-Очкўзликнинг айби йўқ, дейишади, бунинг устига балиқни жуда яхши кўраман. Қани, марҳамат, сиз билан овқатланиш умидида уйдан овқатланмасдан чиққан эдим.
Улар узоқ ўтиришди. Хизматчи йигитча уларни алдамаган эди, дастурхонга тортилган ҳамма таомлар бири-биридан ширин эди. Жалолиддин уларнинг уйига жуда кўп марта борган бўлса ҳам ҳамиша қайнонаси ва эри билан ўтирган, Ойша бирон марта суҳбатдош бўлиб кўрмаган, шу боисдан бу одамнинг шу қадар дилкаш, ҳамма соҳага қизиқадиган, ҳамма соҳани биладиган суҳбатдош эканлигини билмас экан. Айниқса у аскияга, латифага жуда уста эди.
Қайтишаётганда Жалолиддин бирдан жиддий тортиб қолди, йўлда марҳума аёлидан сўз очди: “Биз ўттиз беш йил бирга яшаганмиз, на онамнинг, на менинг юзимга тик қараган эмас. Нимани истаётганимни кўзларимдан уқиб оларди, менинг ҳар бир истагим унинг учун қонун эди. Сариқ касални оёқ устида ўтказган экан, жигари тамом бўлиб кетибди. Роса олиб чопдим, сақлаб қола олмадим. Шўрлик ўлими олдидан “Дадаси, мен ўтгандан кейин ёлғиз юрманг. Эркак киши ёлғизликка дош бера олмайди. Болаларни жойлаштириб, вазифаларни бажариб бўлдик. Бу ёғига ўзингизни ўйланг” деди. Мен эса ундан кейин кимгадир кўнгил қўйиш эмас, шунчаки ўзим ҳам яшай олмасам керак, деб ўйлар эдим. Бошида жуда қийналдим, кўп ўйлаганимданми, сира тушларимдан чиқмас эди. Кейинчалик ёлғизликдан қийналдим. Мени тинглайдиган, мени тушунадиган, менинг кўнглимга қарайдиган, ҳамма масала бўйича гаплаша оладиган бир доно, меҳрибон суҳбатдош керак эди менга. Тўғри, йўқ эмас, аёллар бор. Аммо ҳаммани ҳам бир азиз инсоннинг муҳаббати, хотираси яшаётган кўнгил уйига киргизгингиз келавермас экан. Тағин бу гапларим учун мендан хафа бўлиб юрманг. Сиз ҳам мен каби ёлғизлик азобини бошдан кечириб келаётган инсонсиз, менинг дардларимни тушунасиз деб сизга айтаяпман, узр”. “Йўғ-е, бемалол…” “Ён-атрофим тўла одам, фарзандларим, қариндошлар, дўстлар… Аммо мен учун дунё хувуллаб ётгандек туюлаверади, чунки кўнглим хувуллаб ётибди”. Ойша унга жавобан нима дейишни, нима деб уни овутиш мумкинлигини билмайди. “Ойша!..”. “Лаббай!”, “Мобода кўнглингизга яқин бирон одамни учратсангиз, турмушга чиқармидингиз?”, “Йўғ-е, Жалолиддин ака, нималар деяпсиз? Невараларим бўй етиб қолган бир пайтда… Қолаверса, биз томонларни яхши биласиз, бундай масалаларга жуда бошқача назар билан қарашади, ўғилларимни номусга қўйган бўламан”, “Мен бу фикрингизга умуман қўшилмайман, инсон дунёга бир марта келади. Соғ-саломат ҳолида фалончилар нима дейди, деган андиша билан, ёлғизликда азобланишнинг нима кераги бор? Сиз ахир ўқимишли, илғор фикрлайдиган, замонавий аёлсиз-ку”.
Жалолиддин шу гапни айтиб, жойида тўхтаб қолди:
-Ойшахон, илтимос, бир дақиқа тўхтанг. Сизга бир гап айтмоқчи эдим. Сиз барибир рози бўлмайсиз деб, айтишга қўрқаяпман.
Ойша ўзини бир қадам орқага олиб, бош ирғади:
-Унда, айтмаганингиз маъқул. – Унинг кўзларида тўлин ой шуъласи ёлқинланар эди.
-Йўқ, Ойшахон, айтмасам бўлмайди. Кейинги кунларда сизнинг исмингизни хаёлимдан қувиб ҳам чиқара олмай қолдим. Агар рози бўлсангиз, қўлингизни совуқ сувга урдирмай, бошимда кўтариб юрардим. Фақат йўқ деманг, мен сизнинг рад жавобингизни қабул қила олмайман.
Ойша индамай ерга тикилди. Қабоқларидан думалаб тушган икки томчи ёш қимтиб турган лабларига келиб тўхтади, ёш совуқ ва шўр эди. Шунча кундан бери илҳақ бўлиб кутилган изҳор кутулмаганда уни суюнтириш ўрнига изтиробга солди, бор дунёсини вайрон қилди. Фақат қаршисида титраб турган одамга эмас, ўзига ҳам жуда раҳми келаётган эди.
-Ойшахон, — унинг қўлларидан тутди Жалолиддин. – Йўқ, демайсиз-а? Мен билан Тошкентда қоласиз-а?
Ойша унинг ҳаяжонданми, музлаб кетган бармоқлари орасидан титраб турган қўлларини бўшатиб олди:
-Жалолиддин ака, сиз энди кета қолинг. Кеч бўлиб кетди. Касалхонани ёпиб қўйишлари мумкин. Сиз мени қўйинг. Мен… Истасам ҳам турмушга чиқа олмайман.
Жалолиддин яна унинг қўлларидан тутмоқчи бўлган эди, Ойша ўзини орқага тортди:
-Узр, ака, энди кетинг ва бошқа ҳеч қачон қайтиб келманг. – Унинг овози йиғлаётган кишининг овозидек буғиқ эди. – Хайр!
Ойшанинг қайси бир гапи бу одамнинг кўнглида умид уйғотгани ноаён, аммо у бу жавобдан тамом ўзини йўқотиб, йўлнинг ўртасида хайрон туриб қолди.
-Мен бора қолай, раҳмат сизга, — Ойша касалхона йўлаги томон юзланди.
Жалолиддин унга эргашди:
-Хўп, кетамиз, лекин сиз яхшилаб ўйлаб кўрасиз, майлими?
-Мени кечиринг. Хайр! – у тез-тез юриб касалхона ҳовлисига кириб кетди.
Унинг нафаси буғилиб, юраги сиқилди, бироқ касалхона ҳовлисида елиб бораркан, бетакрор бахт туйғуси уни ўз оғушига олди. Кета-кетгунча елкалари оша Жалолиддиннинг ёниб турган нигоҳларини ҳис борар, унинг илтижо билан титраб турган овози қулоқлари остида эшитилиб турар эди. Кузнинг илиқ шамоли она қўллари каби юзларини силаб-сийпалар, қорайиб кўринаётган улкан дарахтлар боши узра эгилиб, нималарнидир аста шивирлар, очиқ деразаларнинг қайси биридандир баҳор вальси эшитиларди. Унинг бутун вужуди бахтдан сармаст энтикар, боя йўл четида туриб эшитган изҳорлари гўзал қўшиқ бўлиб чор-атрофга таралар ва бу оҳанг юлдузлар юзини тўсиб турган булутларгача етиб борарди.
Ҳамхонаси каравотда узала тушиб, китоб ўқиб ётган экан. У эшикдан киргач, уни биринчи бор кўриб тургандек хайрон қаради: “Тинчликми? Бунча узоқ қолиб кетдингиз?”. Айни пайтда Ойшанинг кўнглидаги алғов-долғов туйғуларни кимгадир изоҳлаб ўтирмоққа ҳоли ҳам, хоҳиши ҳам йўқ эди: “Тинчлик”. У устидаги кийимларини алмаштириб, таҳорат олди, сўнг хонанинг бир бурчагига ўтиб, намозини ўқиди. Аввал ҳам кўп марта амин бўлган, жойнамознинг ғалати хусусияти бор, сиқилган, эзилган дамларими, юраги қувончларига торлик қилиб қолган пайтларми, жойнамознинг устига ўтирса, намози тугагунча кўнгли анча хотиржам тортиб, ўзини тутиб оларди. Бугун ҳам шундай бўлди. Ибодатини тугатиб, каравотига чўзилди. У жуда толиққан эди. Кўзларини юмганча, шу оқшом Жалолиддин билан ўтган ҳар бир дақиқани бир-бир хаёлидан ўтказди: шоҳона либос кийган балиқ, эшитган латифалари, марҳума аёли ҳақидаги қайғу тўла қисса ва ниҳоят севги изҳори!.. Кўнгли ҳар қанча хотиржам тортган бўлса-да, буларнинг ҳаммасини ёлғиз юрагига сиғдириш қийин эди. Ҳамон китобга тикилиб ётган ҳамхонасига бир қараб, ўрнидан туриб ўтирди:
-Қизиқ китоб эканми?
Ҳамхона китобини ёпиб, унга юзланди:
-Бекорчиликда ўқиладиган бир китоб-да…
-Биласизми, сизга бир гап айтсам, дегандим.
Ҳамхона ҳам ўрнидан туриб, тўшагининг устида чордона қуриб ўтириб олди:
-Хўш?
-Биласизми, эрим бир умр менга хиёнат қилиб, мени аллакимларга алмаштириб яшаган. Болаларимни ўйлаб, гап-сўзга қолмайин деб, тишимни-тишимга қўйиб, зўрға яшаганман. Манави киши, Жалолиддин ака, ҳалиги мени касалхонага жойлаштирган одам, ўзлари Тошкентда яшашади. Шу одам ёлғизликдан қийналиб кетдим, хўп десангиз, бирга турмуш қурайлик, деяяпти. Бир кўнглим ўлимингизни кутиб яшайдиган келиннинг қабоғига қараб, ҳар кун сиқилиб ўтиргунча “Бор-е!” деб турмушга чиқиб кет, дейди, яна одамлар гап-сўз қилишса, ўғилларим номус қилиб, мендан хафа бўлишадими, дейман. Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда нима қилган бўлар эдингиз?
Ҳамхонанинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди:
-Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи ақлсизлик деб биламан. Бобом урушга кетганларида отам момомнинг қорнида гумона бўлиб қолган экан. Отам бир ёшга кирганда бобомдан қора хат келган, момом раҳматлик ёлғиз боламнинг кўзини ўгай отанинг қўлига термултираманми, деб, бошқа турмушга чиқмаган. Раҳматлик момом онамга “Туғавер, келин, туғиб берсанг, ўзим катта қилавераман, булар ҳали замон ёлғизимнинг ёнига киради” дер эди доим, ёлғиз ўғилларидан саккиз невара кўрди, қанча чевара кўрди. Тўқсон учга кириб вафот этди, ўзи жуда гўзал аёл бўлган, қора хат олганида эндигина ўн тўққиз ёшга кирган экан, не бир амалдорлар оғиз солган, лекин момом рози бўлмаган. Абдулла Ориповнинг бир шеъри борку, “Қуриган кўксида ёлғиз беланчак…” деган сатрлари бор, ана шу шеър айнан менинг момом ҳақила ёзилган десам ҳам бўлаверади. Сизнинг-ку, ёшингиз олтмишга кирган, сизнинг ўйлаётганларингиз китобларда, киноларда бўлади, бизга бу нарсалар сира тўғри келмайди.
Ойша кутилмаганда ҳамхонаси булбулигўёга айланиб, тинимсиз сайраб қолганидан бир ҳайратга тушса, уни очиқдан очиқ изза қилаётганидан маззаси қочди:
-Вой-бў, опажоним, ҳали мен шу кишига эрга тегиб, этагидан тутиб кетиб бораётганим йўқ. Бор-йўғи шу ёшимда изҳори дил эшитганимдан хаяжонланиб, бир айтдим-қўйдим, тамом. Бошқа ҳеч гап йўқ. Лекин масалан, мен, момонгизнинг фидойилигини унчаям оқлай олмайман. Одамзод дунёга бир марта келади, у ҳамиша меҳрга, эътиборга муҳтож. Агар турмушга чиқиб, яна икки-уч фарзанд кўрганида, улар отангизга ука бўларди, сингил бўларди, бунинг нимаси ёмон? Одамга тан маҳрамидан ҳам аввал кўнгил маҳрами керак. Эрингиз бериши мумкин бўлган меҳрни ҳеч қандай фарзанд ёки невара бера олмайди.
-Боринг-ки, бермасин ҳам. Аммо ор-номус-чи? Удумларимиз-чи? Одамзод фақат ўзини эмас, атрофидагиларнинг фикри билан ҳам ҳисоблашиши керак эмасми?
-Э-э, — қўл силтади Ойша. – Инсоннинг бахтли бўлишига халал берадиган удумни мен ҳазм қила олмайман. Қолаверса, турмушга чиқиш номуссизликка кирмайди.
Унинг қаттиқ ранжиётганини кўриб, ҳамхона қўлига китобини олди-да, яна чўзилиб ётиб олди:
-Сиз айтаётганларингизнинг ҳаммаси тўғри, инсон, айниқса аёл ҳамиша меҳрга муҳтож. Лекин ўзбекчилигимизга тўғри келмайди, деяпман, холос.
-Э-э, ўргилдим…
Ойшанинг ҳақиқатан ҳам кайфияти бузилди: “Ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ, беномусга чиқариб қўйди. Мен нима қилдим, нима дедим беномуслик қилиб?”. эдим”. У ҳам тескари бурилиб ётиб олди. Оёқларини узатгач, бутун аъзойи бадани ҳузурланди, лекин кўнгли очилмади: “Эси йўқ аёл!”.

Эртаси куни Тошкентда яшайдиган курсдош дугонаси келди, Ойша дугонаси билан шу аёлнинг олдида гаплашиб ўтиргиси келмади, улар бирга касалхона ҳовлисини айланишди. Қуюқ дарахтзорлар ичидаги ўриндиқлардан бирига ўтириб, талабалик йилларини эслашди. Дугонаси жуда меҳрибон, дилкаш аёл эди, Ойша кеча ҳамхонасига кўнгил ёриб, ҳаққини олгач, энди бу ҳақда ҳеч кимга гапирмайман, деб ўзига сўз берган бўлса-да, беихтиёр шу аёлга ҳам дилини очгиси келиб кетди:
-Биласанми, дугон, Тошкентда қайнонамнинг тоғасининг аёли, ўғиллари яшайди. Катта ўғлининг хотини ўлган, болаларидан ҳам қутулиб бўлган, ўзи ўқимишли, яхши одам. Қачон шу ерга даволанишга келсам, она-болалар изимдан келиб, хабарлашиб туришади. Бу йил касалхонага ўзи олиб келиб жойлаштирди. Келганимдан буён ҳар оқшом келиб хабар олиб турди. Кеча шу киши келиб, мени… турмушга чиқишга таклиф қилди.
Дугонаси уни биринчи марта кўраётгандек хайрон тикилиб қолди, бир зум шу ҳолатда унга қараб турди-да, сўнг шарақлаб кулиб юборди:
-Ажойиб-ку! Шу ёшингда-я?
-Нима бўпти? – Ойша шумшайиб қолди. — Энди олтмишга кирдим, худо умр берса, саксонгача яна йигирма йил яшашим мумкин. Қариган чоғингда бир меҳрибонинг ёнингда кеча-кундуз кўзларингга қараб, ҳолингдан хабардор бўлиб турса, ёмонми?
-Ёмон! – дугона “тарс” эткизиб, унинг тиззасига шаппатилади. – Қариган чоғингда сенга бош оғриқнинг нима кераги бор? Унинг кирини ювишинг керак, овқатини қилишинг керак, бир жойга чиқар бўлсанг, рухсат сўрашинг керак. Уф-ф! Яхшигина нафақанг бор, ажойиб ўғилларинг, невараларинг бор, шуларнинг меҳри етмайдими сенга? Бир каминг бир сассиқ чолнинг хизматини қилишми? Ёшликда куч-ғайратинг бор эди, тушган жойингда ота-онасининг ҳам, қайин-бўйиннинг ҳам, эрнинг ҳам хизматини қилгансан. Энди сен ўн саккиз ёшли келинчак бўла олмайсан, сенинг ўзингга бир хизматкор керак, дугон. Бу ёғи одамлар нима дейди? Ўғилларингни номусга қўясан-ку, биров “Ҳов, ота қуллуқ бўлсин!” деса, ўғилларинг ерга кириб кетмайдими?
Ойша индамай ерга қаради. Дугонаси ҳар қанча ҳақ бўлмасин, унинг дили оғриди, жуда мулзам тортди, уялди. Лекин дугонасининг маломатларига қарши ҳеч нарса демади. Негадир ўпкаси тўлиб, йиғлагиси келди. Дугона унинг елкаларидан олди:
-Биламан, ёлғизлик жуда қийин савдо. Аммо шундай ёзилмаган қонунлар борки, уларга амал қилмай иложинг йўқ. Эрга тегиб, бошингни оғритиб юргунча, пулинг бор, вақтинг бемалол, ихтиёринг ўзингда, сайру саёхат қилиб юр, Сендаги эркинлик ҳаммада ҳам бўлавермайди. Уч-тўрт кун меникига бор, уч-тўрт кун яна бир дугонангникига бор, навбат-навбат қилиб ўғилларникида тур. Кўнглинг тусаган нарса е-ич, кий! Театрларга бор, киноларга туш!
У маюсгина бош ирғади: “Хўп”.
Дугонасини кузатиб қайтар экан, сарғимтил барглар орасидан яланғоч бутоқлари кўриниб ётган дарахтлар кўзига жуда бечора бўлиб кўринди, оёқлари остидаги хазонларни босиб ўтишдан ийманди: “Бир айтдим-қўйдим-да. Унга тега олмаслигимни ўзим ҳам яхши биламан”.
Эртаси куни Жалолиддин қўнғироқ қилди, орадан ҳеч қандай гап ўтмагандек овозлари ўктам ва меҳрибон эди:
-Театрга чипта олмоқчи эдим. Сизга нима маъқул: комедиями, фожеа?
Унинг нафаси буғзига тиқилиб қолгандек бўлди. Анчадан буён театрга бормаган эди. Қолаверса, ким биландир театрга бориш – ўша одамга турмушга чиқишга рози эканлигини билдирмайди-ку. Бу одам ҳам “Турмушга чиқасизми, йўқми?” деяётгани йўқ, комедияни яхши кўрасизми, фожеаними, деб сўраяпти, холос.
-Албатта, комедия маъқул-да.
-Нега?
-Одам театрга кайфиятини бузиш учун эмас, кўтариш учун бориши керак.
-Мен ҳам шу фикрдаман. Духтирингиздан жавоб олиб туринг, соат тўртларда бориб, олиб кетаман.
Ярим соатлардан кейин яна қўнғироқ бўлди: “Зулайҳо Бойхонованинг концерти бўлаётган экан, шунга чипта олдим. Соат олтиларга чиқсак ҳам бўлади”.
Телефонда кимдандир эри ҳақида ёқимсиз маълумотлар эшитиб, кайфияти бузилиб турган ҳамхонасига бир қараб қўйди-да, қўлига газетасини олди. Олти кундан буён кеча бир мартагина қайнаган ҳамхона яна қайнаб кетган эди: “Йўғ-е! Бўлиши мумкин эмас. Эримга ўхшаган биронтасини кўрган бўлишлари мумкин. Икки эрга тегиб ҳам туғмаган аёл? Унга менинг текинтомоқ эрим нимага керак экан? Беҳаё! Ҳали борай, иккаласининг ҳам кўзини ўйиб оламан!…”
Ойша аввалдан Зулайҳо Бойхонованинг қўшиқларини жуда яхши кўрарди, қувончдан юраги ёрилиб кетай, деди. Шериги телефонда гаплашиб бўлгач, унга ҳам концертни манзират қилди: “Бугун Зулайҳо Бойхонованинг концерти бор экан, духтирлардан жавоб олиб, бирга борайлик”.
Шерик бир зум унга тикилиб қолди, кайфиятим бузилган пайти бу аёл устимдан кулаяпти, деб ўйлади шекилли. Аммо хумрайган куйи унга тикилиб туриб, бирдан мийиғида масхаромуз табассум пайдо бўлди: “Анави киши таклиф қилдими? Ўзингиз бориб, ўйнаб кела қолинг. Фақат, илтимос, духтирга айтиб, бира тўла бошқа палатага ўтиб олинг. Мен ҳар оқшом номаҳрам эркак билан сайр қилиб келадиган аёл билан бир палатада ёта олмайман. Яна бу кишиси намоз ўқийдилар. Ким билади, сиз кўчага чиқиб нима ишлар қилиб келаяпсиз? Агар бу гапни духтирга ўзингиз айтмасангиз, мен айтаман”.
Ойша ҳамхонасини энди кўриб тургандек, анграйиб қараб қолди: “Вой, сиз нималар деяпсиз? Ҳали сиз мени… Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз? Агар кўнглимда бирон ёмон хаёл бўлса, сизни ҳам таклиф қилмас эдим-ку. Ё, тавба!..”
Ҳамхона уни эшитиб ўтирмади, қошларини чимирганча тарс-турс юриб, хонадан чиқиб кетди. Ойша бир у “тарс” эткизиб, ёпиб кетган эшикка, бир қўлидаги телефонга қараб, мулзам ҳолда туриб қолди. Бироз ўзига келгач, Жалолиддинга қўнғироқ қилди:
-Жалолиддин ака, минг бор узр, агар чиптани олмаган бўлсангиз, олмай қўя қолинг. Мен концертга бора олмайман, менга жавоб беришмаяпти.
-Нега? – Жалолиддиннинг овозидаги қувноқликдан асар ҳам қолмади. – Агар рози бўлсангиз, ўзим кириб рухсат сўраб чиқаман. Ахир концерт уларнинг муолижасига халал бермайди, аксинча ёрдам беради-ку. Ўзим машинада олиб бораман, машинада олиб келаман, дейман.
-Йў-ў-қ, — Ойшанинг тўғрисини айтишдан бошқа иложи қолмаган эди. – Кеча ёнимдаги аёлга сиз ҳақингизда гапирган эдим, у нотўғри хаёлга бориб, шу эркак билан чиқиб кетадиган бўлсангиз, мен сиз билан бир хонада турмайман, духтирга устингиздан арз қиламан, деяпти.
— Ие, у нима дегани? – Жалолиддиннинг жаҳли чиқиб кетди. – Сиз умуман у аёлга ҳисоб беришингиз шарт эмас. У сизга ҳеч ким эмас. Кечга ўзим бораман-да, навбатчи духтирга учрашиб, сизни олиб чиқиб кетаман.
-Илтимос, ундай қилманг. Тўрт кундан сўнг касалхонадан чиқаман, ўшанда олиб борасиз концертга. Унгача мени излаб келманг, шу ёшимда гап-сўз бўлиб ётишнинг ҳеч кераги йўқ. Ҳозирча хайр. Касалхонадан чиққанимдан сўнг ўғлимникида беш-олти кун турмоқчиман, сизга ўзим қўнғироқ қиламан.
Ойша унинг жавобини ҳам кутиб ўтирмасдан алоқани узиб қўйди. Телефони қайта жиринглаган эди, уни бутунлай ўчириб қўя қолди: “Нима бўлганда ҳам шунча гап-сўздан кейин духтирдан жавоб олиб ёнимга кириб келиш яхши иш эмаслигига ақли етса бўлди”. Унинг назарида Жалолиддин неча йиллар аввал ўтиб кетган отанинг иззатини қилиб, онани кафтида кўтариб ота юртга олиб бориб юрган, ўзидан неча ёш кичик аёлни ҳам “кеннойи” деб иззат-икром қилиб, ҳамиша ўзини четга тортиб турувчи сипойи, босиқ киши эмас, худди ҳовлиқма ёш йигитга айланиб қолгандек, ҳали замон ҳовлиқиб касалхонага етиб келадигандек эди. Соат еттидан ўтиб, атрофга қоронғулик чўккунча Ойша юрак ҳовучлаб ўтирди. Лекин у келмади: “Худога шукр”.
Ҳамхонаси хонага қайтиб киргач, ундан олган газеталарни тахлаб, тумбочкасининг устига қўйиб қўйди, аммо бир оғиз бир нарса демади. Сўнг қовоқ уйганча телевизорга термулиб ўтириб олди. Шу куйи улар касалхонадан чиққунларича бир оғиз ҳам гаплашишмади. У Ойшадан бир кун аввал кетди, Ойша унинг кетишдан олдин узр сўрашини кутди, каравотининг бир четида ўтириб олганча, оғзини пойлади, аммо у ҳеч нарса демай, сумкаларини ўғлига кўтартирганча ўша кунгидек тарс-турс қилиб чиқиб кетди. Унинг муносабати Ойшага жуда оғир ботди. У кетса, хона кенгайиб қоладигандек, бемалол истаган одамига қўнғироқ қилиш имконияти туғиладигандек эди. У кетган куни хонага ҳеч кимни қўйишмади, шу куни туни билан, ҳатто эртаси куни муолижалари тугаб, уни ўғли келиб, олиб кетгунча хонада ёлғиз ўзи қолди, аммо ҳеч кимга қўнғироқ қилмади, қила олмади.
Комилжон унинг касалхонадан чиқишини салкам байрамга айлантириб юборди. Унинг учун хотини билан бозорга бориб, унга бир сидра кўчалик, бир сидра уй ичида кийиш учун, бир сидра тунги либос, шуларга мос пойабзаллар ҳам харид қилган, меҳмонхонадаги столда тузатилган дастурхонда пиёла қўйиш учун ҳам очиқ жой қолдирилмаган, дастурхон ўртасидаги тортнинг устига шоколад билан “Хуш келибсиз, онажон!” деб ёзилган эди. Иш куни бўлса ҳам бутун оила жамулжам, у меҳмонхонага кириши билан торт устидаги шамлар ёқилиб, невараларнинг жўр бўлиб айтган қўшиқлари остида пуфлаш учун унинг ёнига олиб келишди. Дастурхоннинг устида Комилжон ҳаммага эшитарли қилиб, “Қанча вақтингизни ҳеч биримиз танимайдиган етти ёт бегона бировларнинг дийдори учун Хоразмда ўтказибсиз, курсдош дугоналарингиз экан, хўп, биз қарши эмасмиз, лекин энди токи биз меҳрингизга тўйиб, майли, бораверинг, демагунимизча бизнинг уйимизда яшайсиз”, деди. Неваралар қарсак чалиб юборишди. “Зумрадхон қизингиз сизнинг ихтиёрингизда. Тошкентнинг ҳамма зиёратгоҳларига, театрларига, боғлари, бозорлари ва ресторанларига олиб боради”, яна қўшимча қилди Комилжон. “Барака топгур, одамнинг исми Илоҳдан тақдим этилади, шу боис ҳамманинг исми жисмига мос келади, деганлари рост. Шугинам ҳақиқатан комил йигит-да”.
Аммо уйидан бутун Ўзбекистонни ва албатта Тошкентни ҳам айланаман, деган шаҳд билан чиққан Ойшанинг кўнглидаги бор шавқ, ҳавас сўнган, энди уйдан бир қадам чиқишни истамас эди. Чойдан кейин бир ювиниб, совға қилинган уй либосларидан бирини кийиб, неварасининг кароватига чўзилди-да, телефонини ёқди. Бир неча дақиқанинг ичида ким қўнғироқ қилганлиги ҳақида юзлаб хабарлар келди: Синглиси етти марта қўнғироқ қилибди, Мансур ўн марта, Жалолиддин ака ўн саккиз марта қўнғироқ қилган эди. Синглиси хат ҳам ёзибди: “Опа, Тошкентда экансиз, деб эшитдим. Азизбекни Тошкентга ёлғиз жўнатдим. Жуда мазаси йўқ. Қўшимча пул топа олмаганим учун бирга бора олмадим. Эски ТошМИда ётибди. Жон опа, биргина бориб, хабар олинг, духтирлари билан гаплашинг. Комилжонга ҳам айтинг, хабар олиб туришсин”. Битта хат ҳар куни уч-тўрт мартадан жўнатилган эди. “Мен аҳмоқ, қайси ақл билан заррин тўнли балиқлар еб, Зулайҳонинг концертига бора олмаганим учун ҳаммадан хафа бўлиб юрибман-у, бечора синглим хаста ўғли билан бирга келиш учун йўл кира топа олмай, эзилиб ўтирибди”. Кейинги хатлар Жалолиддиндан эди: “Илтимос, телефонингизни бир ёқинг. Хафа қилиб қўймайин деб, ёнингизга бора олмаяпман. Қачон касалхонадан чиқасиз? Онам сизни сўраяпти” ва ҳакозо. Бошқа вақт бўлганда, эҳтимол ёш қизчаларга ўхшаб, бу мактубчаларни юз қайтадан ўқиб, ўзича сархуш бўлиб ётарди. Бугун эса бундай сархушлик кўнглига сиғмади. Хатларни ўчириб ташлади: “Биров-ярим кўриб қолмасин”. Синглисининг хатлари кўнглини хавотирга тўлдирган эди, Жалолиддинга “Мен уйдаман” деб бир оғиз қўнғироқ қилиб қўйишга ҳам хафсала қилмади. Ва бу хафсаласизлигидан ўзи хайрон бўлди.
Дастурхон атрофида вағир-вуғир қилиб ўтиришиб, кунни кеч қилишган, бир юмушга қўл урмаган бўлса ҳам Ойша негадир толиққан эди. Бир амаллаб ўрнидан туриб, Комилжоннинг ёнига кирди. “Бу ерда шунча тансиқ таомлар пишиб, пиширилган нарсалар ошиб-тошиб ётибди. Азизбеккина бемор, иштаҳасиз ҳолида, шундай ёнгиналарида, касалхонанинг ош-овқатига қараб ўтирибди…”
-Комилжон, Азизбек тўрт кундан бери шу ерда касалхонада ётган экан. Эътибор қилмабман, телефоним ўчиб қолган экан, холанг бечора менга роса қўнғироқ қилиб, бир дунё хат ёзган экан. Уйга келиб кўриб қолдим. Шунга бир бориб келмасак, бўлмайди.
Айвонда ёнбошлаб телевизор кўриб ётган Комилжон ўрнидан сакраб турди:
-Бўпти, онажон. Биз келинингиз билан бориб келаверамиз, сиз овора бўлиб юрмасангиз ҳам бўлади.
-Йўқ, болам, бориб ўз кўзим билан кўриб, духтирлари билан гаплашиб келмасам, кўнглим тинчимайди. Бу ёғи холанг ҳам Тошкентда туриб, ўғлини юборибди-ю, ўзи менинг боламни кўргани бормабди деб, хафа бўлиб қолади. Шўрлик йўлкира топмаганидан касал боланинг ёлғиз ўзини жўнатибди.
Азизбек ҳайхотдек катта хонанинг тўридаги каравотда ётган экан. Уларни кўриб, жилмайибгина зўр-баъзур туриб ўтирди. Ўтиришга ҳам ҳоли йўқ шекилли, туриши билан ёнбош бўлиб қўлига суяниб олди. Унинг юзлари шишиб кетган, ранги сап-сариқ эди. Ойша бўғзига тиқилган кўз ёшларини бир амаллаб ютиб, унинг қунишибгина турган елкаларидан қучди, пешонасидан ўпти: “Ай, болажоним, бир чивиндай жонига филдек дардларни кўтарган болам-а. Аҳволинг яхшими?”. “Яхши-и”, илжайди Азизбек. “Духтирларинг нима деяпти?”, “Билмасам…”, “Келганингдан бери ўзгариш борми?”, “Билмасам…”. У ҳансираб, елкасидан нафас ола бошлади. Комилжон секингина жойига ётқизиб қўйди, Ойша сумкани очиб, столга келтирган нарсаларини чиқара бошлади: “Болам, нима ейсан? Нима егинг келаяпти?” Азизбек кулимсираб бош чайқади: “Иштаҳам йўқ, менга кўп нарсалар мумкин эмас”.
Азизбек баъзур бир тўғрам нон билан ярим косагина шўрва ичди, ётган ҳолида биттадан бодринг билан помидор еди, бошқа нарсаларга бир-бир қараб, дард-изтироб аралаш ғалати тарзда майингина жилмайиб, менга мумкин эмас, деди-да, кўзларини юмди.
Ойша аянчли иҳраб юбормаслик учун, тишини тишига қўйиб, оҳиста эгилди-да, жиянининг муздек пешонасидан ўпди: “Духтирларинг билан гаплашайлик-чи, дори-порилардан камчиликлари йўқмикин?”. Ҳар-ҳар жойига биттадан хира лампочка қўйилган нимқоронғу ва бефайз йўлакка чиққач, кўзларидан дувуллаб ёш қуйилиб кетди. Унинг ортидан чиққан Комилжон бир сўз демай, онасининг елкаларидан қучди. Ойша анчадан сўнг кўзларини артиб, ўғлига юзланди: “Холангнинг пешонаси қурсин, болам. Боланинг аҳволи оғир. Елкагинасидан нафас олиб ётибди. Мен бу оқшом бунинг ёнида қолмасам бўлмайди”. Духтир ҳам унинг фикрини тасдиқлади: “Боланинг аҳволи оғир, ёнида кимдир бўлгани маъқул”. Комилжон холасига қўнғироқ қилди: “Холажон, онамнинг телефони ўчиб қолган экан, бизга қўнғироқ қилавермапсиз-да. Ҳозир Азизбекнинг ёнига келдик, духтири билан гаплашдик, аҳволи ёмон эмас, аммо ёнида ёши каттароқ бир киши бўлгани маъқул, деяпти. Онам ўзим қоламан деб туриб олган. Агар хўп десангиз, кечки таксилар билан ҳозир йўлга чиқсангиз, эрталаб Тошкентда бўласиз, тўғри касалхонага келаверинг, йўл кирангизни онамга қолдираман. Бехавотир келаверинг, қайтишингизни ҳам ўзим қилиб бераман”. Ойшанинг яна кўнгли бузилиб кетди, мижжаларига қалққан ёшларни артиб, ўғлининг елкасига қоқди: “Сен ташвиш қилиб ўтирма, болам, саёхатдан орттирган озроқ пулим бор, холангнинг йўлкирасига етади”. Деразадан зим-зиё тун қўйнида қорайиб турган улкан дарахтларга қараб, бош чайқади: “Ҳеч ким болам, демасин. Отам демак, онам демак, салтанат. Болам демак, қиёмат, болам. Кўраётган ҳар кунимизнинг шукрини қилайлик, болам”.
Ойша ўғлини кузатиб, нимқоронғу йўлакнинг бошигача чиқди. Хайрлашиш олдидан ўғлига “Укангга бир қўнғироқ қилиб, уйга уста ташламай тур, харидорим айниб қолди, дегин”, деди. Комилжон унга хайрон тикилди: “Нега, онажон?”, “Фикримни ўзгартирдим. Ўртага девор кўтартириб, кейин ўзим кўчиб ўтиб олсам, уканг жуда эзилади. Келинни ҳам бир бало қилиб йўлга соларман. Холанг бечора бемор боласининг ёнига келиш учун йўлкира топмай турган бир пайтда шу келиннинг арзимаган гап-сўзлари учун бир дунё пул харажат қилиб ўтиришим эп эмас. Пулинг бўлса, холангга бер, савоб бўлади”. Комилжон онасини бағрига босди: “Албатта. Ўзимнинг фаришта онам!”, сўнг чўнтагидан телефонини чиқариб, укасига қўнғироқ қилди: “Мансуржон, аҳволларинг яхшими? Уйга уста ташламадингми? Эртага тушади? Ука, шу ишни тўхтат. Менинг харидоримга давлат томонидан уй бериладиган бўлиб қолди. Ишни бошлаб қўйган бўлишмасин, деб кеч бўлса ҳам қўнғироқ қилаяпман. Хўп, омон бўл, ука!”
Шундай қилиб, бўрон тинди, денгиздаги пўртаналар секин-аста ёйилди, Ойшанинг ҳаётида ҳам ҳаммаси ўз ўрнига тушиб бўлган эди: барчанинг ғашини келтириб, ташвишга қўйган саёхати ниҳоясига етган, кутулмаганда қалбида баҳорий туйғулар уйғотган ишқий саргузаштлар хотима топган, ҳаётига осудалик ваъда қилаётган янги уй таъмири тўхтатилган эди. Ўғли ҳар қанча “ҳай-ҳай”ласа ҳам ўша кеча Азизбекнинг ёнида қолди. Синглиси эртаси куни чошгоҳларда етиб келди, йўл бўйи ўғли билан неча бор гаплашиб, холаси ёнида эканлигини билса ҳам келган пайт хаёли жойида эмас эди. Тўшак билан битта бўлиб ётган ўғлини қайта-қайта бағрига босиб, йиғлаб-сиқтаб, ўзини яний-яний анчадан сўнг ўзига келди. Ойша таксига йўл кирани тушириб бергач, синглисига нонушта ҳозирлади: “Биз Азизбек билан ҳозиргина чой ичиб олган эдик, сен ҳам бирон нарса еб ол, йўлдан келдинг”. Гулнора дастурхонга қараб, яна кўз ёши қила бошлади: “Болагинамни қаратиб, мен қандайлар овқатланаман, овқат емай, менгина ўлай”. У яна дий-диё қилиб бошлаганини кўрган қўшни каравотдаги бемор киши оғринибгина девор томонга ўгрилиб ётиб олди, унинг ранги ҳам Азизбекникидан тузук эмас, кўзлари қовоқлари тубида сўниб бораётган жинчироқ каби зўрға йилтиллаб турарди. Ойша ноилож синглисини секингина туртди: “Қўй, синглим. Бу кишининг ҳам жуда мазаси йўқ, шовқин қилавермайлик. Азизбекнинг ёнида ҳам кўз ёш қилаверишинг яхши эмас. Аҳволи яхши-ку, нега йиғлайсан?”. Гулнора шундан сўнг орқа ўгириб ётган беморга бир қараб қўйиб, ноилож жаврашдан тўхтади, аммо кўзларидан дув-дув тўкилаётган ёшларни тўхтата олмади, бурнини торта-торта нонушта қилди.
Ойша Комилжоннинг келишини кутиб ўтиргиси келмади, ранглари заъфарон беморлар, Азизбек аҳволи, духтирнинг ноумид хулосалари, синглисининг тинимсиз йиғлашлари – ҳамма-ҳаммаси уни жуда толиқтирган эди. Яхши ҳамки уйда ҳеч ким йўқ экан, у уст-бошини ҳам алмаштирмасдан ўзини каравотга ташлади: “Бу дунёда саломатликдан катта бахт йўқ!..” Энди кўзи илинган экан, телефони жиринглаб қолди. Кимлигига қарамасдан қулоғига тутган эди, иккинчи томондан дугонасининг шанғиллаган овози эшитилди: “Ой! Қаердасан? Сурхондарёингга кетиб қолмадингми ўзи? А-а, унда яхши. Бир-икки лозиманда жойлар чиқиб қолиб, сендан хабар ҳам ола олмадим, хафа бўлмайсан-да, ўртоқ. Эримнинг аммаси ўлган экан, бугун сен билан бирон жойда ўтирамиз, икки сихдан кабоб еб, музқаймоқ ялаб, ўтган-кетгандан гурунг қиламиз, деб турган эдим, энди эрнинг ҳурматини қилиб, амманикига бормасам бўлмайди. Хафа бўлмайсан-да, энди. Анаву, қариб қуйилмаган ошиғингни нима қилдинг? Жавобини бериб юбордингми? А-а, яхши қипсан, қариган чоғингда сенга бош оғриқ нимага керак? Ҳали яна беш-олти кун турасанми? А-а, шундайми, унда майли, синглингга салом айт, ўғлига ҳам худо шифо берсин. Янаги сафар келганингда учрашармиз. Ой! Яна анави ошиғинг қўнғироқ қилиб, бирон нарса деса, бечора қийналиб қопти, қариган чоғимда менга ҳам ҳамсуҳбат бўлади, деб кўнгли бўшлик қилиб ўтирма. Бир умр йиққан обрўингни ҳавога совуриб юборасан-а нақ! Унда яхши. Соғ-омон бўл. Телефон қилиб тур”.
“Тавбангдан кетайин, қариб қуйилмаган ошиғинг, эмиш! Бир бегуноҳни шу даражада ерга уришдан муддао нима? Нима деса, менга деди, сенга ҳеч нарса деяётгани йўқ-ку! Ёки ҳамма гап унга эмас, менга оғиз солишганидамикин? Қойил-е!”
Тиканга ағанагандек тўлғониб ётиб-ётиб, ухлаёлмади. Вақт ўтмаганидан Махфират янгага қўнғироқ қилди. Янгадан узр сўрамоқчи эди, янганинг ўзи хижолат бўлиб, ундан узр сўраб қолди: “Ойнаниб кетай сиздан, Ойшахон, минг бор узр. Сизни кўргани ҳам бора олмадим. Камолим хотини билан дам олишга кетган эди, туппа тузук юрган Жалолим ҳам кутулмаганда қон босими ошиб ётиб қолди. Унинг келинини юборай десам, қўлида чақалоғи бор. Ҳеч қачон бунчалик калавамнинг учини йўқотиб, гаранг бўлиб қолмаган эдим. Аҳволингиз яхшими ўзи? Сиз билан гаплашадиган гапларимиз бор эди, кетгунингизча бир айланиб келмайсизми? Бир вақт топиб келинг, синглижоним. Нима қилдингиз? Комилжон билан гаплашдингизми? Таъмирни ҳам бошлаб юборишибдими? Йўғ-е, бекор қилибсиз-да. Бўлмаса, Тошкентда қолинг. Менга қаранг, Жалолим сизга ҳеч нарса демаганмиди? Бир куни гап очсам, ранги ўзгариб кетди. Ўзининг ҳам кўнгли бор экан, шекилли. Ҳар куни бир бориб, қариндошингиздан хабар олиб келай деб, шошиб турарди. Бирданига шумшайиб, уйдан чиқмай қолди. Ҳайрон бўлдим. Бирон нарса деса, қаттиқ-қурум гапириб, хафа қилиб юрманг яна, чин кўнглингиз урмаса, дилини оғритманг, силлиққина қилиб рад қилинг, хўпми, жоним? Жалолимнинг жуда кўнгли бўш, эзилиб юрмасин, дейман-де. Нима бўлганда ҳам, кетгунингизча бир келиб кетинг, сизни роса соғинганман. Яна Тошкентга келгунингизча ўлиб-нетиб кетсам, яна армон қилиб юрманг, келинг, деганди, бормагандим деб. Бу дунёда неча жонсан, бир бирингга меҳмонсан, деб бежиз айтишмаган. Айтмоқчи, сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим, Ойшахон, Термизда бир ажойиб ҳайвонат боғи бўлгич эди. Ўша боғ ҳалиям борми? У ерда бирон таниш-панишингиз йўқми? Менга иккитагина тошбақа тухум керак эди. Бир кун телевизордан Ҳаким Термизий билан Хизр бува ҳақидаги бир ривоятни кўрган эдим. Ҳаким Термизий Хизр бувага онасининг оёғи оғриётганини айтади, шунда Хизр бува қўлларидаги ҳассани оёқлари остидаги қумга бир нуқиб, катта тошбақа тухумини чиқариб беради: шуни онангнинг оғриган оёқларига қўй, дейди. Шундан Ҳаким Термизийнинг онасининг оёқлари яхши бўлиб кетган экан. Ўғилларим ўзимиздаги ҳайвонат боғига неча бориб келишди, улар ҳар сафар ваъда қилишади, аммо беришмайди. Оёқ оғриқ жон-жонимдан ўтиб кетди, десангиз. Қилмаган илму амалим қолмади, шу тошбақа тухумини биргина суртиб кўрсам, дегандим. Оёқларим яхши бўлиб, ўзим бемалол юриб кетсайдим, дейман. Барака топинг, илойим. Бир умр дуо қилай, келинингизнинг ҳам инсоф тавфиғини берсин”,
Телефонидаги рўйхатлардан Жалолиддиннинг рақамини излаб топди. Бир кўнгли қўнғироқ қилиб, аҳвол сўрагиси, гаплашгиси келди. Дугонаси сенга оғиз солиши сенга нисбатан беҳурматликдир, сен кўчада қолган, беқора, бечора аёл эмассан-ку, шундай бообрў ўғилларинг бор, ўзингнинг ҳам ҳурмат-эътиборинг жойида, деб қайта-қайта уқтирган бўлса ҳам, бу “беҳурматлик” унинг кўнглида шу одамга нисбатан бир қатим нур олиб кирган ва унинг исмини эслаган дам, кўнгли ўз-ўзидан ёришиб кетар эди. Худди пойига гуллар тўшагандек, бошига юлдузлар сочгандек, кўнглидаги ҳеч ким билмайдиган яраларига малҳам қўйгандек… Уни ўйласа, ўз-ўзидан кайфияти хуш бўлиб кетарди. Нега? Ўзи ҳам билмайди. Балки бир умр умргузаронлик қилиб, бир эмас, икки паҳлавон ўғил туғиб берган эридан кутган сўзни ундан эшитгани учундир. Балки у бу сўзларни шунчаки йўлига айтиб қўйгандир… Нима бўлганда ҳам бу иқрор жуда ёқимли эди. Аммо минг афсус, у момолардан қолган минг йиллик анъаналарни буза олмайди. Буни тақдир дейдилар. Бўлмаса, шу одамни турмушга чиққунича учратса бўлмасмиди?..
Унга қўнғироқ қилиб, Тошкентнинг бирон жойида ўтириб, тўрт оғиз суҳбатлашишни таклиф қилмоқчи бўлди. Бу гапни эшитиб, у қанчалар суюниб кетишини, у билан ўтириб ўзининг кўнгли қанчалар ҳузур қилишини тасаввур қилди. “Нима бўпти? Шунчаки, бир-бирини яхши тушунадиган беғараз дўстлар каби учрашсак, дардлашсак… Эҳ, бу одам билан қанча нарсалар ҳақида гаплашиш мумкин эди-я”, сўнг бир бечоранинг кўнглида умид уйғотиб, дилини оғритиб қўйиши мумкинлиги ҳақида ўйлади. Яна бирга ўтиришганини бирон таниш-билиш кўриб қолса борми… Яхшиси, тинчгина юрганини маъқул, ҳам ўзининг, ҳам ўзгаларнинг ҳаловатини бузиб юрмасдан.
Телефондаги “Жалолиддин ака” деган ёзувга тикилиб туриб-туриб, чуқур хўрсинди-да, сўнг “Ўчирилсин” деган бешафқат тугмачани босди.
Дунё бирдан ҳувуллаб қолгандек бўлди.

* * *

Гулнора бу сафар Тошкентдан бир олам ғусса билан қайтди. Шу пайтгача кўпроқ харажатлар ҳақида ўйлар эди, унинг назарида ҳамма муаммонинг ечими пул, агар пули бўлса, ўғлига керакли дориларни етказиб бериб турса бўлди, боласининг ҳаётига халал берадиган ҳеч қандай муаммо бўлмайди, деган фикрда эди. Шунча харажат, шунча муолижадан кейин ҳам ранги зарғалдакдек бўлиб, зўрға туриб, зўрға ўтираётган Азизбекнинг аҳволига қараб, айниқса духтирнинг гапларидан сўнг дарди дунёси зимистон бўлди. “Энди бардам бўлинг, опажон. Ўғлингизнинг буйраги хасталикнинг охирги босқичига етиб келди. Бу босқичда унга диализдан бошқа ҳеч қандай чора ёрдам бера олмайди, бу ҳам вақтинчалик чора, диализга узоқ дош бериш қийин”, “Ундай деманг, жон ука. Ҳали ўғлимнинг орзулари кўп. Унинг севган қизи бор, касалхонадан борганимиздан кейин тўй қилмоқчимиз. Сиз менинг умидларимни сўндирманг, илтимос”. Духтир “Менинг қўлларимда бошқа ҳеч нарса йўқ” дегандек, турган жойида кафтларини ёзиб, афсус билан бош чайқади. Энди Гулнора юрганда ҳам, турганда ҳам, ётганда ҳам шу суҳбат, шу ҳолатни хаёлидан чиқара олмай қолди.
Уйга қайтишгач, Азизбекка “Тўйни қиламизми, ўғлим?”, деди, у эса индамайгина кулиб, елка қисди. Оҳ, умид! Бешафқат туйғу, ўзинг адойи тамом бўлганингда ҳам у юракнинг тўрида милтиллаб тураверади, қилдек нозик қўллари билан зилдек оғир лошингни судраб, тасаввур қилиб бўлмайдиган довонлар сари интилаверади, интилаверади…
Ўзининг эса аҳволи бу, ётган жойи ўзиники, ҳеч нарса емайди, ичмайди. Духтир жуда кўп егуликларни таъқиқлаб ташлади, гўшт, ёғ емасин, хамирли овқат, нон емасин, энг ёмони ейдиган ош-овқатларига умуман туз солинмасин, деди. Ўзи бетоб бўлса, иштаҳасиз, беҳол, бемадор бўлса, қандай қилиб, тузсиз, ёғсиз, гўштсиз бетаъм овқатни ейди. Эҳ, онани яратмасин экан, шунда ҳам майли, дейди, шугина боламга армон бўлмасин, шу келин билан яшайдими-яшай олмайдими, қанча харажат бўлса ҳам шу тўйни ўтказайлик, аммо бу бечора хаста ҳолида борар-келари ўн беш- ўн олти соатлик йўлдан қандай қилиб келинни олиб келади, уч-тўрт соат келиннинг уйида бўлишади, бу ҳаракатлар ҳар қандай соғлом йигитни ҳам чарчатиб қўяди, унинг боласи-ку, бир кунда икки-уч соатдан зиёд ҳаракатда бўлмаса, кеча-ю кундуз узала тушиб ётгани ётган. Унинг бундай машаққатларга чидай олмаслиги тайин.
Ўйлаб-ўйлаб, куёвнинг ўрнига укасининг ўғлини юборадиган бўлди. Азизбекка ҳам бир амаллаб тушунтирилди: “Болам, йўлда толиқиб қоласан, у қаллиғингни сенга олиб келиб беради, холос. Ҳамма расм-русумлар, никоҳ, тўй бу ерда бўлади, сен хавотирланма”, деди. Қудага қўнғироқ қилди: “Никоҳ Сурхондарёда ўқитилади, оилавий никоҳ ўқийдиган мулламиз бор” деди. Ҳаммасидан ҳам келинга тушунтириш қийин бўлди. Ўйлаб-ўйлаб унинг ҳам чорасини топишди. Азизбекнинг ўзи келинга телефон қилиб, “Оёғим қайрилиб кетди, гипсда юрибман. Аммо тўйимизнинг кечиктирилишини истамайман. Менинг жойимга тоғамнинг ўғли куёв бўлиб бораяпти. Тағин хайрон бўлиб, ваҳимага тушиб ўтирманг. Унинг вазифаси сизни эсон-омон олиб келиб, менинг қўлимга топширишдан иборат. Худо хоҳласа, тўйда бирга ўтирамиз”, деди.
Бир гапларнинг ҳаммаси бир нафасда айтиладиган гап. Лекин улар аввал юракларни куйдириб, кўзларни аччиқ ёшлар билан ачиштириб, кўнгилларни армон билан тўлдириб, жисми жонни ўтда ёндириб, сўнг айтилган гаплар эди.
Тўйга кўпчиликни ҳам айтишмади. Қуда томондан эллик-олтиш киши келса, ўз бирлари эллик-олтмиш киши бўлса бўлди, дейишди. Шунча одамга арзирли дастурхон ёзишнинг ҳам ўзи бўлмайди, деган тўхтамга келишди.
Куёвсиз кетган куёвнавкарлар Гулноранинг юрагини узиб олиб кетгандек бўлди. Аслида унинг кўнглига тўй сиққани ҳам йўқ, боласининг кўнгли деб бошлаган толатўп тўшак билан битта бўлиб ётган жигарбандини бахтиёр қилиш ўрнига унинг ҳаловатини буткул ўғирлаб, тинчини бузаётганидан ўзини қаёққа қўйишни билмай юрарди. Келинлар уйга етиб келишидан икки соатлар аввал қўнғироқ қилишди: “Қаерга борайлик, тўйхонага бораверайликми ёки келинни аввал уйга олиб борайликми?”. Гулнора Азизбекнинг ёнила ўтирган эди. Қайнисинглиси эшикдан ҳовлиқиб кирди: “Янга, келин Бойсунга етиб келибди, икки соатларда туманга кириб келишади. Қаерга борайлик, деб сўрашаяпти”. Азизбекнинг ранги ўзгариб кетди. Буни сезган Гулнора аммага қараб уқрайди: “Қаерга боради, уйга келади-да. Тўғри уйга келишсин, кейин куёв билан тўйхонага ўтишади”. Амма жуда хушёр аёл эди, қовун тушириб қўйганини фаҳмлаб, дарҳол ювиб-чайиб “Хўп, янгажон, хўп. Албатта уйга келишади. Уйда расм-русумларини қилайлик, кейин келинни Азизжоннинг ўзи тўйхонага олиб боради”, деб хонадан чиқиб кетди.
Оппоқ кўйлак устидан кўкрак чўнтаги оқ рўмолча билан безатилган тим қора костюм-шим кийиб, бўйнига капалак нусха қизил галстук таққандан кейин Азизбек бирдан очилиб кетди. Рангидаги сариқлик ҳам билинмай қолди. Гулнора ўғлини гир айланиб, тинимсиз қучоқлар, бир мўъжиза рўй бериб, қалбидаги қувонч ва хаяжон сабаб буйрагининг чандиқлари битиб, тўлиқ ишлаб кетишини орзу қилар эди. Ўзи чўкка тушиб, ўғлининг оёқларига оппоқ пайпоқларини, тўйга атаб олинган туфлиларини кийгизди, Азизбек ҳар сафар янги кийим кийганда, Гулнора унинг юзига бир қараб қўяр, қалбидаги буҳронлар сабаб вужудида қандайдир ўзгаришлар бўлиб қолса, бехабар қолмайин, деб умид қилар эди. Аммо бир вақт қарасаки, Азизбекнинг кўзлари ўтиришга жой излаяпти, бирдан юраги шув этиб кетди. Уни каравоти томон бошлади: “Болажоним, келин етиб келгунича бироз оёқ узатиб тур, тўйдаги шовқин-суронларга чидаб ўтириш учун ҳам пича куч йиғиб олишинг керак. Ёт, болам, ётавер, келин кўчамизга кириб келгач, ўрнингдан турасан. Чимилдиққа бирга кирасанлар”. Азизбек оҳиста жилмайиб, куёвлик либосида каравотига чўзилди.
Гулнора учун бу сершовқин дабдабалар тезроқ хотима топса-ю, уйидаги осуда ҳаёт қайтиб келса, гуррос-гуррос бўлиб кириб-чиқаётган оломон уни ва болаларини ўз ҳолига қўйиб, тезроқ уй-уйига тарқаса!.. Ҳаммаси тез ва тинч ўта қолса!..
Оппоқ кўйлак устидан заррин уқалари ялтиллаб турган бухорача мурсак кийиб, ҳарир рўмоллари остидан зар дўпписининг узун-узун шокилалари ялтиллаб турган келинни кўриб Азизбекнинг кўзлари чақнаб кетди. Югургилаб бориб, келиннинг билагидан қўлини ўтказиб олди. Келин ҳам ерга қараган куйи жилмайиб қўйди. Умида яллачи, “Ёр-ёр”ни бошлаб юборди: “Йиғлама қиз, йиғлама-ей, Тўй сеники ёр-ёр. Остонаси тиллодан уй сеники ёр-ёр…”. Давранинг бир четида келин билан жилмайиб турган ўғлига қараб, Гулноранинг кўнгли бироз ёришди. Барибир кўнгли хавотирда эди. Уч-тўртта ялладан сўнг келин-куёвни ичкарига киргизиб юборди. Уларни чимилдиққа киргизишиб, ҳамма ирим-сиримлар қилдирди, никоҳ ўқитди.
Тўй жуда чиройли бошланди, давра ихчамгина, ошиқча одам йўқ, келин-куёв ўзлари учун махсус безатилган жойда кабутарлардек оҳистагина суҳбатлашиб ўтиришар эди. Даврага қаердандир бир сураткаш келди-ю, уларнинг ороми бузилди, ҳали униси, ҳали буниси бориб, келин-куёв билан суратга туша бошлади. Улар ҳар бир гуруҳ учун ўрнидан туриб, суратга тушишар, бундан ташқари табрик сўзи айтувчилар учун ҳам ярим соатлаб тик туришар, уларга қараб, Гулноранинг юраклари сиқилиб борарди. Синфдошлар номидан сўзга чиққан бир йигит созандаларга махсус мусиқа буюртма қилиб, келин-куёвни даврага таклиф қилганида Гулнора адойи тамом бўлди: “Э, худо! Болагинамни ўзинг паноҳингда асра, унга куч-кувват ато эт, шарманда қилма”.
Синфдошлар бир тўп бўлиб, буюртма мусиқа садолари остида келин-куёв ўтирган стол ёнига боришди ва ҳаммалари жўр бўлишиб, “А-зиз! А-зиз! А-зиз!” қичқира бошладилар. Келин-куёв ўрнидан туриб, қўлларини кўксига қўйиб, ташаккур билдиргандек бош эгиб, таъзим бажо этишди, аммо “А-зиз! А-зиз! А-зиз!” деган чорлов сира тўхтай демасди. Бошқа меҳмонлар ҳам ўринларидан туриб, уларни қўллаб қувватлагандек қарсак чала бошлади. Иложсиз қолган Азизбек оҳистагина келинни бошлаб, даврага тушди. Даврани хуштак овози ва қийқириқлар босиб кетди. Гулнора бу хил саҳнани ҳамма тўйларда юз марталаб кўрган, аммо у шу қадар бачкана ва ёввойи кўриниш эканлигини биринчи марта ҳис қилиб, ижирғаниб турарди. Азизбек болалигидан жуда чиройли рақс тушар эди, аммо ҳозир унинг мазаси йўқ. Нима қилар экан? Ана, келиннинг қаршисида туриб, оҳиста қанотларини ёзди, ўзини авайлабгина мусиқага мослаб, секин-секин қўлларини қимирлатиб, рақсга туша бошлади. Хуштак, қийқириқ авжига чиқди, бутун тўйхона келин-куёвнинг атрофига йиғилди, қистир-қистир бошланди. Гулнора кўзлари ёшга тўлиб Азизбекнинг шундайгина биқинида турар, атрофга олазарак боқиб, кўзлари билан эрини излаб эди. Топилмаганидан қаҳрланиб шундай ортига бурилган эди, кўзлари жовдираб турган опасини кўрди: “Опа, тез даврабошига бориб айтинг, келин-куёвга жавоб берсин. Ҳозир Азизбегим йиқилиб қолади, унинг бошқа кучи қолмади, мен кўриб турибман”.
Ойшанинг кўзидаги ваҳимани кўрган даврабоши бошланган ўйин тугашини ҳам кутиб ўтирмасдан келин-куёвга жавоб бериб қўя қолди: “Ҳурматли меҳмонлар! Тўй давом этади, мусиқа, рақс, ўйин-кулгу биз билан! Аммо узоқ йўл босиб келган келин-куёвга жавоб берамиз. Келинимиз йўл ҳордиқларини чиқариб, эртадан бошлаб қайнона ва қайнотанинг, қайин-бўйинларнинг, биринчи навбатда Азизбекнинг хизматларини қилишга тайёргарлик кўришлари лозим. Марҳамат, ёр-ёр садолари остида келин-куёвни кузатиб қоламиз!”
-“Ҳай-ҳай ўлан, жон ўлан-ей…”
Лекин маст-аласт давра унинг сўзларига ҳам эътибор бермади. Зўр-баъзур қўл кўтариб турган Азизбек билан пастки лабларини тишлаганча Азизбекнинг қаршисида оққуш мисол хурпайибгина турган келиннинг атрофини айланиб, қийқириб рақсга тушарди. Гулнора андишани буткул четга суриб қўйди-да, ўғлининг қўлидан тутиб, келинга ёнма ён қилди-да, судрагандек эшик томонга бошлади: “Тез-тез юринглар, кетдик”.
Азизбек бутунлай ҳолдан тойган, тирсагидан тутиб олган онасига деярли осилиб олган бўлса-да, оёқлари чалишиб-чалишиб кетарди, Гулнора келиннинг янгасини машинанинг олдига ўтирғизиб, ўзи Азизбекнинг ёнига ўтириб олди. Қайнонанинг ўтириб олганини кўрган келин уялиб бошини эгиб олди, Азизбек эса кўзларини юмиб, бошини орқага ташлади. Гулнора лабларини маҳкам тишлаб, унинг қўлларидан ушлади, бармоқлари намчил ва муздек, у аллақачон ҳушини йўқотган эди. Бошқа вақт бўлганда “вой-дод” қилиб, дунёни бошига кўтарган бўлар эди. Келин билан унинг янгасининг олдида тишини тишига қўйиб, уларни тезроқ уйга етказиб, сўнг Азизбекни касалхонага олиб боргунча, боласининг жонига Аллоҳдан мадад сўраб борарди. Барибир сабри чидамади, узалиб ўғлининг юзига секин шапатилади, у қилт этмади. “Йигитларда ҳам инсоф йўқ, бу ичкиликни ҳеч кўтара олмайди, эрталабдан бери роса ичиришгани ичиришган”, бу шикоят билан ўзича келиннинг олдида ўғлининг аҳволини изоҳлаган бўлди. Яхшиям шундай деган экан, уйга етиб боришгач, келин билан янгасини уйга киргизиб юбориш осон бўлди. Уларнинг ортидан изма-из опаси ўтирган машина келиб тўхтади, келинни тушириб, ичкарига киргизишни кимга топширсам экан деб аланглаб турган Гулнора опасини кўриб севиниб кетди, қудаларга эшитарли қилиб, яна ўғлининг мастлигидан шикоят қилди: “Опажон, келинни сиз ичкарига киритаверинг, Азизбек маст бўлиб қолибди, шекилли. Эрталабдан бери ўртоқлари қўймай ичиргани ичирган. Энди уни йигитлар киргизмаса, бизнинг кучимиз етмайди”.
Улар машинани буриб олгунларича меҳмонларни жойлаштириб, югуриб чиққан Ойшага “Сиз меҳмонларга қарайверинг, бирон баҳона айтарсиз, маст бўлиб ухлаб қолди, дейсизми, ўзингиз биласиз. Биз касалхонага кетдик”, энди кўз ёшларини тийиб туришга хожат йўқлигиданми, ортиқ ўзини ушлай олмай қолганиданми, унинг кўз ёшлари шашқатор бўлиб оқар эди.
Шу кеча улар касалхонадан қайта олишмади.
Қудалар шошиб туришганига суюнишди, келиннинг янгаси “Мен ҳам кетаверай, ишдан икки кунга жавоб олган эдим” деганди, Ойша суюниб кетди: “Сиз, бемалол, қудажон! Одамимизни эсон-омон қўлимизга олиб келиб топширдингиз, сизга минг раҳмат. Бу ёғидан ғам еманг, қизингизнинг кўзидаги ҳар бир кипригига биз жавобгармиз”, деди.
Келин ғалати бўлиб қолди. Уй тўла одам, бири кириб, бири чиқади, лекин у билан кеча-кундуз телефонда гаплашиб, телефонда пойига дунёларни тўкиб юрган йигитдан дарак йўқ эди. Наҳотки бир ичкилик уни шунча қийнаб қўйган бўлса! Кечки пайт юв-чай, супир-сидир қилиб юрган ёш-яланглар тарқаб, уйда ёлғиз ўзлари қолишгач, Гулнора келиннинг ёнига кирди. Келин дераза олдида хаёл суриб турган экан, қайнонасини кўриб чўчиб тушди, шошиб салом берди: “Келинг, ойижон!”, тўшоғли кўрпа устига тахмондан янги бахмал кўрпа олиб тушади. Гулнора ўз аҳволидан ўзи хижолат, топиб қўйган баҳонасини бировнинг боласига қандай қилиб айтишни билмай хайрон ҳолда кўрпачага ўтирди: “Яхшимисан, болам! Ҳовлида ҳам бегона ҳеч ким қолмади, зерикиб ўтирмасдан қайнисинглинг билан ҳовлиларга чиқиб, айланиб юрсанг бўларди. Бахтга қарши Азизбегимнинг ҳам тоби қочиб қолди, болалар қўярда қўймай кўп ичиришибди. Ҳеч ўзи кела олмаяпти, болам бечора шу тўйга қанча интиқ бўлган эди, тўйнинг қувончлари ҳам татимади”. Ерга тикилган куйи қўлларининг титраётганини яшириш учунми, кўрпанинг четини гоҳ қайириб, гоҳ тўғирлаб ўтирган келиннинг яноқлари узра “дув” этиб куз ёш тўкилди, дам ўтмай бурнини тортди. Унинг алвонранг яноқлари йилтираб турган ёшларни кўрган Гулнора баттар шошиб қолди: “Нимага йиғлайсан, қизим? Худо хоҳласа, эртага келади, йиғлама, болам, худо йиғлагулик қилмасин. Агар… истасанг, бир енгилроқ овқат қилиб, кечқурун олдига ўтамиз, сени ҳам олиб борайликми?”. Келиннинг овози зўрға чиқди: “Майли-и”, бир нафас тин олиб, яна қўшимча қилди: “Агар чин мазалари бўлмаса, ёнларида қараб ётишим ҳам мумкин. Момом ётганларида доим ўзим қараганман”. Гулнора бош чайқади: “Ҳожати йўқ, ўзини ўзи эплаб ётибди”.
Чиқишларидан олдин ўғлига қўнғироқ қилиб, “Келинни олиб бораяпман, сал у ёқ-бу ёғингга қараб, дадилроқ бўлиб ўтиргин, болам”, деса ҳам, улар кириб боришганда Азизбек тўшак билан битта бўлиб, чўзилиб ётган эди. Бир-бирини кўриб, иккаласининг ҳам кўзларига ёш қалқди. Гулнора ўзича ҳазил қилган бўлиб, “Майли, сизлар яхшилаб йиғлашиб олинглар-чи”, деб ташқарига чиқиб кетди.
Сўнг нимқороғи йўлак бўйлаб судралиб келиб, кираверишга йўқловчилар учун қўйилган ўриндиқларнинг бирига чўкди. Назарида жони аллақачон вужудини бутунлай тарк этиб, нариги бурчакда туриб унинг қунишиб ўтирган муштдек гавдасига, чалажон ҳолатда шалпайиб қолган юрагига ачиниб қараб тургандек эди. Шундайгина ёнгинасидан ўтиб кетаётиб, унга салом берган оқ халатли аёллардан бирини танигандек бўлди, аммо хаёли жойида эмас эди, уни қаерда кўрганини эслашга ҳам ҳаракат қилмади: “Ҳа-а, шу боланинг дарди билан учрамаган духтирим қолмади. Ўшаларнинг бири бўлса керак-да”. Ҳалиги аёл тез-тез юриб, духтирлар ўтирадиган хонага кириб кетди, бироз вақт ўтгач, Азизбекни даволаётган духтир йигит билан чиқиб, унга ниманидир уқтира-уқтира Азизбек ётган хонанинг эшиги томон юрди. Худди шу дақиқада Гулнора уни таниб қолди, бу аёл вилоятнинг бош нефрологи эди! Бугун эрталаб вилоят марказидан духтир чақирамиз, дейишаётган эди. Демак, у Азизбекни кўргани келган. Эҳ, ичкарида келин бор эди-я! У ўқдек учиб палатанинг эшигига борди, хонага секин қараб, духтирларга қараб, анқайиб турган келинни имлаб ёнига чақирди, у қарайвермагач, секин овоз берди: “Дилнавоз!”
Хонадагиларнинг ҳаммаси баравар ортига бурилиб, унга қаради, вилоятдан келган духтир уни кўриб, “Келинг, келаверинг, опа!”, деб ёнига чақириб олди. “Бу аҳволга тушиб қолганига қанча бўлди? Уни менга ҳам олиб борган эдингиз-а?” Гулноранинг ранги учиб, сири очилиб қолгандек, аъзойи баданидан муздек совуқ тер чиқиб кетди. Келиннинг олдини тўсиб, духтир аёлга яқинроқ борди: “Ҳа, опа, ўғлингизни уйлантирдик, бу киши келиним, кеча тўйда ўртоқлари кўпроқ ичириб қўйибди-да”, у кўрсаткич бармоғини лабларига босиб, кўзлари билан келинга ишора қилди. Духтир ҳам зийрак аёл экан, шекилли, дарҳол гапни Гулнора истаган оҳангда эттириб кетди: “Ҳа-а, келинингизми? Бахтли бўлишсин. Баракалла. Сиз, келин, энди ташқарига чиқиб турсангиз, куёвтўрани яхшилаб текшириб олайлик. Хўпми? Э-э, раҳмат!”
Духтир она-болани эринмай саволга тутди, узоқ текширди, сўнг уларга ҳеч нарса демай, хонадан чиқиб кетди. Катта хонанинг ўртасида серрайиб, ёлғиз қолиб кетган Гулнора бир зум нима қилишни билмай туриб қолди. Сўнг нимадир эсига тушиб қолгандек, ўғлига “Мен ҳозир!.. Духтир опа кетиб қолмасин, бир нарса сўрамоқчи эдим” дея духтирнинг изидан югуриб кетди.
Ҳакимлар хонаси эшиги олдида уни кўриб бояги духтир аёл афсус билан бош чайқади:
-Келинг, опа, келаверинг. Жуда бекор иш қилибсиз-да. Сизга Тошкентда ўғлингизнинг ҳақиқий аҳволини айтишгандир-а? Шуни била туриб ҳам шунча ҳаражат тортиб, ҳам бировни бахтли ҳаётдан умидвор қилиб, иссиқ уйидан чиқариб, бекор қилибсиз-да. Мана, энди на сизнинг, на ўғлингизнинг келинга қарашга вақтингиз ҳам, имконингиз ҳам йўқ. Энди, опа, олдингизда иккита чора бор, бири диализ, иккинчиси, буйракни соғлом буйрака алмаштириш. Буларсиз иложингиз йўқ. Булар беш-ўн кунда охирига етадиган муолижа эмаслигини яхши биласиз. – аёл унга қараб, яна бош чайқади. — Эҳ, сизни қаранг-у, бошингиздаги шунча ташвишлар каммидики, келин ташвишини ҳам қўшиб олибсиз.
Гулнора ерга қаради:
-Болам яхши кўриб қолдим, деди. Ўзи касал, сазаси ўлмасин, эрта бир кун армон қилмасин, дедим.
-Эҳ, оналар, оналар! Қанча тайинласак ҳам билганингизни қилаверасизлар. Кеча бир қизни олиб келишди, унга турмушга чиқиш мумкин эмас, деб онасига юз марта тайинлаган эдик. Бечора ўзи бир томирда илашиб зўрға юради, кўнгил-да, бир йигитни яхши кўриб қолибди, она қизига тушунтиришнинг ўрнига, қизим ҳам бир чимилдиқ кўрсин, деб шартта узатиб юборибди. Опажоним, духтирлар бир нарсани билмасдан айтишмайди, бу касалликда кутилмаганда аҳволи кескин ёмонлашиб кетади, бинойидек еб-ичиб юрибди-ку, демаслик керак.
Гулнора бошини ердан кўтармади, ўтирган жойида ер ёрилса-ю, ўзи кириб кетишини орзулади: шу гапларни эшитмаса, шу кўргуликларни кўрмаса!..
-Хў-ўп, опа, энди гап бундай, эрингиз билан маслахатлашиб кўринг, имконини топсаларингиз, буйрагини алмаштиринглар, бўлмаса, эртадан бошлаб диализ олишларингиз керак.
-Тошкентда бизга буйрак алмаштириш керак, дейишгани йўқ, диализ буюришган.
-Сабаби, бу жуда қиммат амалиёт, ҳамма ҳам иложини топа олмайди. Ҳозир бу амалиётни ўзимизда бажаришаяпти, чет эллардагидан бир неча баравар арзон. Лекин, мобода буйракни алмаштиришга қарор қилган тақдирингизда ҳам, то жарроҳлик амалиётигача барибир ҳар уч кунда бир марта диализ қилдириб, қонини тозалатиб туришингиз шарт. Сабаби, ўғлингизнинг буйраги ўз вазифасини бажара олмаяпти, организмда буйрак бажариши лозим бўлган ишни вақтинча бўлса-да диализ билан уддалаб туришимиз керак.
-Агар… пул топиб, операция қилдирсак, яшаб кетишига кафолат беришадими?
-Опа, аввало худо, қолаверса, кафолати йўқ ишга ҳукумат рухсат бериб қўядими ахир?! Куни битса, кундек кулиб юрган бойбиччалар ўлиб кетади. Пешонасига яшаб кетиш ёзилган бўлса, хас ҳам, чўп ҳам сабаб бўлиб, яшаб кетаверади. Баъзан қандайдир бир эхтиётсизлик сабаб бўлиб эрталаб уйидан ўйнаб кулиб чиқиб кетган бола кечқурун ўлиб келади. Бу дунёдаги ризқ-насибаси тугаган бўлса, ҳеч ким ҳеч қандай илож қила олмайди. Бу операцияни қиммат деяпман-у, лекин ҳар қандай оила уддалаши мумкин бўлган харажат бу. Тайёрлашади, текширувлардан ўтади, жарроҳликдан кейин ҳам яна текширувлар, реаблитацион муолижалар бор, ёнингизда бир-икки сўм ошиқча пулингиз бўлгани яхши. Лекин си-и-з менинг қаттиқ-қаттиқ гапирганимга хафа бўлманг, биламан, шусиз ҳам юрак-бағрингиз куйиб адои тамом бўлган. Мен ҳам онаман, сизни яхши тушуниб турибман. Лекин бугун сизга ҳақиқатни айтмасак бўлмайди, кейин биздан хафа бўлиб юришингиз мумкин. Инсон ҳамиша ҳамма нарсага тайёр бўлиб туриши лозим. Узр, опажон.
Гулнора духтирга ҳеч нарса демади, дея олмади. Шарпадек судралиб йўлакка чиқди. Олдин югуриб-елиб юрган йўлакда қайси томонга юришни билмай, анча вақт туриб қолди. Атроф қоп-қоронғу эди. Танглайи қотиб, бутун вужудида беҳолликни ҳис қилди ва оёқлари ўз-ўзидан букилиб, турган жойида ўтириб қолди. Кимдир келиб, қултиғидан тутди. Ҳалиги одам ўзи турғиза олмади, шекилли, яна биров келди, икковлашиб турғизишди. У барибир қадам боса олмади, шунда уни кўтариб қандайдир хонага олиб киришди, кимлардир бурнига ўткир хидли пахта тутди, кимдир қон босимини ўлчади. “Қон босими тушиб кетибди, тезлик билан кардиамин билан кофеин қилинглар!”.
Шу билан кечгача ўрнидан тура олмади. Билиб турибди, қайсидир хонада бутун вужуди захарга тўлиб, йўлларига кўзлари нигорон бўлиб, ўғли ётибди. Қаердадир ҳамма нарсага хайрон келин кўзлари пирпираб тургандир. Унинг туриши керак, ҳар доимгидек ҳаммасини жой-жойига қўйиши керак. Бу ишни у қилмаса, ҳеч ким қила олмайди. Аммо унинг туришга ҳоли йўқ эди. Кечки пайт опаси келди. Азизбекни кўргани келиб, Гулноранинг мазаси қочиб қолганини эшитган Ойша ҳовлиқиб унинг ёнига кирди. Гулнора йиғлаб юборди: “Опа, Азизбекка янги буйрак қўйиш керак, дейишаяпти. Бўлмаса, ўлиб кетар экан. Уйда бир тийин пул йўқ. Энди нима қиламан?!”. Ойша энгашиб, синглисининг титраб турган елкаларини бағрига босди, гўдакни юпатаётгандек сочларини силаб, тинчлантирган киши бўлди. Гулнора йиғлаб-йиғлаб, кўз ёшлари қуриб, тинчигандан сўнг секин сўради: “Ҳозир ўзимизда ҳам буйрак қўяётган экан-ку. Жуда қиммат эканми буйрак?” Гулнора бурнини тортди: “Бир буйрак беш миллион атрофида, дейишяпти…”.
Ойша синглисига бир сўз демай, қулоқларида минг хил жило бериб товланиб турган олмос зираклари билан шу зиракларнинг йўлдоши бўлган узугини ечиб, унга узатди: “Мана, синглим. Буни Ҳабибулло Эсоновнинг хотинига олиб борсанг, ўттиз миллион сўм пул беради. Ўтган йили харидор бўлганида, аччиғим чиқиб, бермаган эдим. Сизга ярашган тақинчоқ бизга ҳам ярашади, дегандим. Яқинда яна бир жойда учрашиб қолдик, юз хил тақинчоғи бор-у, шундан кўзини уза олмайди. “Жуда чиройли-да, шу комплектингиз” деди ичидагисини яшира олмай. Ол-да, шунинг ёнига бор. Опам бериб юборди, дегин”.
Сингилнинг кўзлари катта-катта бўлиб, бир опасининг кафтида ялтиллаб турган тақинчоқларга, бир опасига қараб, яна кўзларига ёш қалқди: “Йўғ-е, опа-а! Шундай яхши кўрган тақинчоғингизни сотаманми? Кейин… шунча пулни мен нима қиламан”, “Ҳеч қиси йўқ. Булар шунчаки зебу зийнат, холос. Одамнинг умри эмас. Иложини қила олишса, бирданига иккита буйрак қўйдир. Операциядан кейин болангни парвариш қиласан, ўзини тутиб олгунча даволатасан. Ол, нега тортинасан, синглим, ўзим бераяпман-ку сенга”. Гулнора худди опаси айниб қоладигандек шошиб, тақинчоқларни титроқ қўлларига олиб, сўнг оҳиста туриб ўтирди ва узалиб опасини бағрига босди: “Сиз дунёдаги энг меҳрибон опасиз!”, унинг кўзларидан дувуллаб ёш қуйилди: “Мен сизнинг яхшиликларингизни ҳеч қачон қайтара олмайман, опа. Пулим ҳам, пул топадиган ҳолим ҳам йўқ. Худо менга шу болани берди, ел, югур, деб, Энди менинг югурганим югурган. Умримнинг охиригача шу энди. Сизга раҳмат. Яхшиликларингиз худодан қайтсин, илоҳим”, “Майли, синглим, фақат сиқилма, юрагингни эзма, сен кучли бўлишинг керак. Мен ҳамиша ёнингдаман”.

ХХ ХХ ХХ

У синглиси муҳтож бўлиб эшигидан қарз сўраб келганида пул топиб бера олмагани учун ҳамиша хижолат бўлиб юрарди. Уйга қайтиб, бир замонлар қайнонаси совға қилган ёқут кўзли тилла зираклари билан узугини тақиб олди. Улар асл қадимий тақинчоқлар эди, унга жуда ярашди. Энг муҳими, руҳи енгил тортди. У ойна олдида узоқ туриб қолди, ойна орқали мамнун боқиб турган кўзлари, деразадан тушиб турган қуёш нури жилва қилаётган ажинсиз юзлари, рўмолининг четидан чиқиб турган қўнғироқ сочлари ўзига жуда ёқди. Ўз-ўзига маҳлиё бўлиб туриб, Махфират янганинг гапларини эслади: “Ўзингизни ҳеч қачон унутманг, ўзини севмаган одам ҳеч кимни сева олмайди”.
Ойша Махфират янганинг кўп айтганларини қила олмади. Лекин уйга қайтиб келгач, Мансурини ёнига олиб, “Ўғлим, мен ҳам қаридим-ҳоридим. Энди ошиқча шовқин-суронни кўтара олмайман. Илгаридан ҳовли-жой битта бўлса ҳам, қариларнинг эшиги алоҳида бўлган. Сизлар ҳам икки болага ота-она бўлдинглар, эркин кириб-чиқадиган эшикларинг бўлиши керак. Менинг кўч-кўронимни олиб, акангнинг уйига чиқариб бер. Ўзимга кичкинагина газ ўчоқ оламан, мени ҳам излаб кимдир келиши мумкин, олдига бир чойнак чой қилиб қўйишим бор, тўртта тухум қовуриб қўйишим бор. Бир чойнак сувни қайнатиш учун ҳам вақт-бемаҳал сизларнинг эшигингиздан бориб юрмайин”, деди.
Мансур анча вақтгача ерга қараб, жим қолди. Сўнг илкис бошини кўтариб, онасининг кўзларига гуноҳкорона тикилди: “Онажон, шундай қилманг, илтимос. Мен келинингиз билан гаплашаман, бундан кейин сизга қарши бир оғиз сўз айтса, ундай хотиннинг баҳридан ўтиб қўя қоламан”. Ойша бош чайқади: “Худо сақласин, ўғлим. Мен келиндан сира хафа эмасман. Унинг ўз ҳаёти, менинг ўз ҳаётим бор. У ўзининг ҳаётини яшайверсин. Ҳамма жойда ҳамиша болалар уйланиб, бола-чақали бўлгач, ота-онага ҳовлининг бир четидан бўлак уй солиб берилган. Бунинг ҳеч айби йўқ. Болаларинг катта бўлиб бораяпти, уларга ҳам алоҳида хона керак. Акангнинг уйи эса бўш ётибди, биров кириб-чиқиб, супириб-сидириб турмаса, уй каламушхона бўлиб кетади”. Хуллас, униси у деди, буниси бу деди, кўч-кўронини Комилжоннинг уйига олиб чиқди. Укасининг тиббиёт коллежида ўқиётган қизини ёнига чақириб олди.
Бўлаётган ишлар ҳақида келинга бир оғиз айтилмаганиданми, у ҳам бир оғиз “Нималар бўлаяпти?” деб сўрашга журъат қила олмади. Аввалига энди икки иморатнинг супир-сидирини қиламанми, дегандек, ранги гезариб турган бўлса ҳам, жиян келиб, ҳамма ёқни ёғ ялагандек артиб-суртиб чиққач, баттар гезарди. Кечқурун ўчоққа ош дамлаб, ўзи чақириб кетди. Ойша чарчаганини баҳона қилди: “Мансурдан чиқариб юбора қол, юргудек ҳолим йўқ”.
Шундан буён гоҳ чақиришади, гоҳ бир коса овқатни чиқариб юборишади. Ойша камдан кам ҳолларда уларникига чиқади. Офтоба билан ҳам иши йўқ, тўзғиб ётган уй билан ҳам. Ҳовли битта эмасми, баъзан келиннинг жағи очилиб, болаларига бақириб қолганини эшитади. Юраги ачишса ҳам, индамай телевизорини кўриб ётаверади. Бир кун атайлаб ёнига чақириб, болаларга америкача муносабат ҳақида гапирди: “Болаларга қаттиқ гапириш маданиятсизлик ҳисобланар экан. Америкада боласини урган, қийнаган онани жазолашади. Ўзимизда ҳам ёш болани ноннинг ушоғи билан баравар кўришган. Уволи бор уларнинг”. Келин унга жавобан ҳеч нарса демади, тумтайиб туриб кетганидан билдики, гаплари унга сира ёқмади. Тумтайса ҳам, илгаргидек нимадир деб бобиллаб кетмади, беҳурматлик қилмади, шунисига ҳам шукр.
Саҳармардондан туриб олгани учунми, чошгоҳгача уйни айланиб ғимир-ғимир қилиб юради-да, чошгоҳга бориб чарчаб қолади. Бироз телевизор томоша қилиш учун чўзилади-ю, дарров пинакка кетади. Бу пайтда кўпинча изқуварлар ҳақида туркум фильмлар намойиш этишади. Бир неча кундан бери ёши ўтиб қолган бўлса ҳам тиниб-тинчимайдиган икки изқувар аёл ҳақидаги фильмлар кўрсатилаяпти. Бир кўзларини очса, унинг навбатдаги қисми бўлиб ётган экан, фильмга қараб ётиб, беихтиёр изқувар аёлларнинг оиласи ҳақида ўйлади: “Тавба, нега режиссёр бу аёлларнинг оилаларини умуман кўрсатмайди-я? Уларнинг ҳам бизникига ўхшаш келинлари, неваралари бормикин-а? Бордир-ов, лекин бизга ўхшаб бир-биримизнинг инжиқликларимизга чидашимиз шарт деб, ўзларини қийнаб ётишмаса керак. Менга ўхшаб, бир амаллаб эшигини бўлак қилиб олганда ҳам одамлар нима дейишаркин, невараларим энди нима қилади, онаси еб-ютиб қўймасмикин, деб, ғамга тушиб ўтирмайди”.
“Ҳозирча шуниси маъқул. Кейин яна кўрамиз. Кунлар ўтар, ойлар ўтар. Келин ҳам хатоларини англаб етар. Англаб етмаса ҳам ўзига ҳавола”.
Бир қарашда уларнинг ҳаётида ҳеч нарса ўзгармагандек. Неваралари уйқудан туриши билан унинг ёнига югуриб келишади. Ҳамиша унинг болаларга аталган нимасидир бўлар, болаларни суюнтириб, ўзи ҳам суюнар эди. Улар ҳали бола эдилар, момолари билан онасининг ўртасида кўтарилган кўринмас деволни сира ҳис қила олишмас, икки уйнинг ўртасида югуриб юраверишар эди.
Ўша куни Жиянгул қишлоққа кетган, у телевизор ҳам кўргиси келмай, тўшакда ағанаб китоб ўқиб ётган эди. Кутилмаганда ёнбошида ётган қўл телефони жиринглаб қолди. Телефонининг юзида ёзув ўрнида рақамлар пайдо бўлгани уни ҳушёр торттирди: “Ие, у бегоналарга ҳам керак бўладиган бўптими?”, аммо рақамга бир назар ташлаши билан рақам эгасини таниди. Телефонни қўлида тутганча бир зум иккиланиб турди: “Жавоб берсамми, бермасамми?”. У ўйини тугатгунча, телефон учиб қолди, аммо бир пас туриб яна жиринглади. Инсон баъзан ичидаги менини енга олмай қийналади, у сўнгги дақиқада яшил гўшак белгиси бор тугмачани босди: “Ассалому алайкум, Жалолиддин ака!”, иккинчи томондан Жалолиддиннинг шукронаси эшитилди: “Худога шукр-ей, бу киши энди телефонимни олмаса керак, деб тургандим. Соғ-саломат бормисиз, Ойшахон! Бизнинг онамизга шогирд тушиб, эшигингизни алоҳида қилиб олибсиз, деб эшитиб, энди бемалол меҳмонга боаверсак бўлади, деб Сурхондарёга келгандик, телефонга ҳам жавоб бергингиз келмайди. Телефонда гаплашмайдиган одамнинг эшигига сира ҳам рўбарў бўлишнинг иложи йўқдир, деб турибман”, “Албатта-да, мен бир боши очиқ пошикаста бўлсам, эшигимдан эркак кишининг кириб чиқиши мени маломатларга кўмиб ташлаши аниқ”, “Йўғ-е, Ойшахон, жой муаммо эмас. Мен бир ҳафтадан буён Кампиртепадаман, эски қадрдонларим билан мазза қилиб гурунглашиб, ишлашиб юрибман. Ҳали яна уч-тўрт кун юрмоқчи эдим. У ёқда онам қўнғироқ қилиб, дод деб чақириб ётибдилар. Биласиз-ку, у киши учун мен ҳалиям ёш боламан. Агар хўп десангиз, сизни ҳам бир кўриб кетмоқчи эдим. Нима дейсиз?”, Ойша бир нафас жим бўлиб қолди, сўнг минг бир андиша билан узрини айтган бўлди: “Йўқ демасдим, лекин бу ерда мени кўпчилик танийди. Ҳамма жойда ўқувчиларим… Сиз билан бошлашиб бир жойларга борсам, “Ие, Фалончи устоз!..” дейишса, жуда ноқулай-да”. “Мен турган жойда сизни ҳеч ким танимайди, шу ерга келинг. Шундайгина Амударёнинг бўйида, кечқурун дарёда чўмилаётган қуёшни томоша қиламиз. Сизни Эдвард Васильевич билан таништираман, у жуда ажойиб одам, суҳбатлашсангиз, роса мириқасиз. Илтимос, келинг. Кела оласизми?” Ойша кейинги кунларда жуда ҳам зериккан ва сиқилган эди. Келин ҳам унга аччиқ қилдими, ёки ҳадеб болаларни унинг ёнига ташлаб кетишдан уялдими, болаларини боғчага топширадиган бўлди. Синглиси Азизбекни олиб Тошкентга кетган. Ишлаб юрган кезлари борадиган жойлари кўп эди, юришга вақт топа олмасди, энди вақти кўп, аммо кимникига боришни билмайди, бир умр раҳбар бўлибди, ҳамма билан иш юзасидан дўстлашибди, гаплашибди, аммо бирон инсон билан юракдан дўст бўлмабди. Бир неча кундан буён гоҳ китоб титкилайди, гоҳ телевизорга термилади, аммо ҳеч биридан излаган, истаган нарсасини топа олмай, баттар чарчайди. Ҳисоб-китоб билан дўстлашадиган, қиз олиб, қиз берадиган, ҳатто саломлашадиган бу замонда фанатлар борлигига ҳеч ишонгиси келмайди, аммо Ртвеладзени эшитиб, доим шу одамни бир кўрсам, деб ўйлайди. Ҳақиқатан ҳам борса, ўша “ноёб одам” билан танишиб келарди. Жалолиддинни ҳам жуда-жуда кўргиси келаяпти. Борса, бу одам ёмон хаёлга бормасмикин?
Гўшакдан Жалолиддиннинг ялинчоқ овози эшитилди: “Ойша-а! Ўйлаб бўлдингизми, жавобингизни кутаяпман. Наҳотки, самимий дўстлардек бир ўтириб гаплаша олмасак-а? Келасизми?”, “Бўпти, бораман”, бу сўз юрагининг туб-тубидан чиққан бўлса-да, ўзидан ўзи уялиб кетди. Дарров ўзича гуноҳини ювиб-чайган бўлди: “Ўша Ртвеладзе амакини жуда кўргим келади”, “Шу кишининг борлигига ҳам шукр, сизлар ўтириб суҳбатлашасизлар, мен хизматларингизда бўламан”, “Хўп. Амударёдан биронта лаққа ҳам тутиб қўйинг, бу сафар кабоб қилиб берасиз”, “Буюрсангиз бўлди, ўзимнинг юрагимни кабоб қилиб, дастурхонга тортаман”, “Ўзингиздан кетаверманг, айниб қолишим ҳеч гапмас”, “Йўқ, йўқ, фақат айниманг. Амударёнинг лаққаси бўлса, Амударёникида!”
Такси ҳайдовчи йигит жуда сергап экан: “Эсимни таниганимдан буён шу тепада бир тўда одам ишлайди, баъзан йигирма-ўттиз бўлиб кетади, баъзан камайиб қолади. Кампиртепанинг нариёғида бир қишлоқ бор, ўша ёққа кўп одам олиб бораман, иссиқда ғимир-ғимир қилиб ётган ишчиларни кўриб хайрон қоламан. Улар шунча йилдан бери кетиб ҳам қолишмайди, тилла-пилла топибди, деган гапини ҳам эшитмаймиз. Яна ўзимча ўйлаб қоламан, тилла топса, топиб, ўзаро бўлиб олиб ётишгандир-да. Бир чўли биёбон бўлса, буларнинг бошида биров туриб назорат қилаётган бўлмаса. Ўзи, бу ёққа кимни излаб келаяпсиз?”, деразадан кираётган шабадага юзларини тутганча, атрофни томоша қилиб, ҳайдовчи йигитнинг гапларига унчалик ҳам аҳамият бермай келаётган Ойша кутилмаган саволдан эсанкираб қолди: “Ўғлим, ҳа, ўғлимни излаб келаётгандим”, “Мен ҳам тугунларингизга қараб, шундай деб ўйладим. Лекин, опажон, тағин менинг гапларимни уларга айтиб юрманг. Биз бир саводсиз одам бўлсак, калласи билан эмас, тили билан ўйлайдиган. Бечоралар иссиқ жойидан, бола-чақасидан кечиб, шу ерда ишлаб ётишибди. Ҳукуматга бир фойдаси тегмаса, шунча одамга ойлик бериб, шу ерга қўйиб қўярмиди? Барака топсин, ишқилиб, буларга қойил қолиш керак”, ҳайдовчи йигит бирдан гап оҳангини бутунлай бошқа томонга буриб кетди. “Албатта, ука, бу одамлар фақат ўзимизнинг ҳукуматимизга эмас, бутун дунёга тааллуқли иш билан шуғулланаяпти. Агар шундай бўлмаганида уларнинг бошлиғига академиклик бериб, сенатор қилиб қўйишмасди”, “Тўғри айтасиз, опажон. Кўрсангиз, оддий одам, ҳеч академик деб ўйламайсиз, аммо қачон қарасангиз, телевизорда кўринади. Бир нарсалар деб ётади, гапларини унча тушунмайман”.
Улар айни тушликка яқин етиб боришди. Узун бўйли қотма, кекса киши чодирнинг ёнида турган экан, унинг қўлини олиб, самимият билан жилмайди: “Ўзбекларда қайнонаси суйган бўлса, ош устига келади, дейишадими? Сизни ҳам қайнонангиз жуда яхши кўрган бўлса керак. Наташа энди ош сузаман, деяётган эди. Ичкарига кираверинг, қизларимизнинг бирови ичкарида, Жалолиддин ҳам ҳозир келади, у посёлкага балиқ олиб келиш учун кетган эди”.
Ойша Жалолиддин келгунича ҳамма билан танишиб олди, икки қиз, олти эркак эди улар. Эгниларидаги ҳарбийларникига ўхшаш, ер ранг қалин коржомаларининг қуёшда ранги учиб кетган елкалари тердан намланиб турар, уни кўриб ҳаммаси “Экспедициямизга маҳаллий хотин-қизлар камдан кам ташриф буюришади. Сизни кўриб турганимиздан жуда хурсандмиз” дейишди. У пишириб келган қатлама патир, сомсаларни кўриб роса севинишди. Жалолиддин ака олиб келган балиқ кабобни кўрганда эса қийқириб қарсак чалиб юборишди. Кавказча бурама сихга териб чиқилган балиқ кабоблар ҳақиқатан жуда чиройли эди. Тўрда, Ртвеладзенинг ёнида ўтирган киши кабобларга қараб, даврадошлардан сўз сўради: “Азиз ҳамкасблар! Биз Жалолиддинни билимдон олим, ватанпарвар инсон, чинакам дўст сифатида билар ва қадрлар эдик. Бугун унинг яна бир фазилатини кашф қилдик. Бизнинг дўстимиз нозик меҳмонининг иззатига ета оладиган эркак экан. Агар, Эдвард Васильевич, истисно тариқасида рухсат берса, эркак деган улуғ номга муносиб инсон учун қадаҳ кўтарсак!..”, Эдвард Васильевич унга қараб, масхараомуз жилмайиб қўйди-да, “Топсанг, бир қадаҳдан бўлса, рухсат”, деди. Ҳалиги киши ташқарига чиқиб, бир шиша кўтариб кирди: “Менинг ҳам бир ажойиб фазилатим бор. Дўст одам учун йўқни йўндириб, осмондаги юлдузларни пойига тўка оламан”. Яна олқиш, қарсак!.. Лекин Эдвард Васильевич билан Жалолиддин ичмади.
Тушликдан сўнг ҳамма уюшқоқлик билан дастурхонни йиғиштириб, катта чодирнинг турли бурчакларига ўтиб, чўзила қолди. Жалолиддин Ойшани олиб, Кампиртепа қальаси томон кетди: “Тонг саҳардан иш бошлаган эдик, энди улар кун қайтгунча пича дам олишади. Пайтдан фойдаланиб, мен сизга қалъани кўрсатаман”.
Улар қалъа назоратчилари учун шаҳарга нисбатан анча баланд қилиб қурилган йўлаклар четидаги тизза бўйи келадиган қалин пахса деволга ўтириб олишди. Бу ердан бутун шаҳар, шаҳар ортидаги далалар, ёйилиб оқаётган Аму кафтдек кўриниб турарди.
Ойша уй, ҳовли деволлари, кўчалар яққол намоён бўлиб турган қалъага қараб, беихтиёр кўз ўнгида қадимий шаҳар кўчаларида ҳаёт жонлангандек бўлиб кетди. Араваларнинг ғичир-ғичири, қизларнинг қаҳ-қаҳалари… Ҳатто баланд айвонда тўн қавиб ўтирган аёлнинг эгнидаги кўйлакнинг ранги-ю, ҳовли супираётган қўшни қизни деволга шоти қўйиб, ўғринча кузатаётган бўз йигитнинг кўзларидаги ишқ оловини ҳам кўргандек бўлди. Кейин қай гўрдандир Искандар Зулқарнайннинг очиқ кетган қўллари ва жаҳонгир ўғилдан ажралган онанинг изтироблари ҳақидаги афсона ёдига тушди. Гўё Искандар онаси билан шу шаҳарда яшаган-у, мулозимлари унинг васиятига амал қилиб, шу шаҳар кўчалари бўйлаб, тобутдан очиқ қўлларини чиқарган ҳолда олиб ўтишган. Искандар ўлимидан олдин “Мени инсон қадами етмаган тоғ чўққисига дафн этинглар”, деган экан. “Искандарни қайси тоғнинг чўққиси ўз бағрига олган экан? Жаҳонгир ўғилнинг доғида куйган онаизор қайси тоғнинг тошларига пешонасини уриб, “Исканд-а-а-р, Искан-д-а-а-р!” дея фарёд урди экан? Тоғу тошлар унинг фарёдига жавоб берса-да, фарзандидан бир жавоб келмаган дам, қайси тоғ чўққисида дунёни унутган онанинг ёдига дилбандининг тайинлаган гапи эсига тушиб, “Искандар Зулқарнайн!” деб фарёд қилган экан? Жаҳонгир ўғлон қай манзилда тиззасигача лой-балчиққа ботиб, “Онажон, аввал бошдан исмимга Зулқарнайн сўзини қўшиб айтганингизда, кимни йўқлаб келганингизни билиб, дарҳол ўрнимдан турган бўлардим. Ахир бу ерда мендан бошқа ҳам қанча Искандар ётибди, қай биримизни чақираётганингизни билмай хайрон ётган эдик”, деган экан. Ў-ў, не-не тождорларни бўш қўл билан кузатган дунё-я, сен кимдан, нимадан ўкинаяпсан? Шукр қил кўрган ҳар бир кунингга, худо берган ризқу насибангга.
Улар узоқ ўтиришди. Кузда ҳам сарғаймаган далаларга, олис-олислардан ҳайбати кўнгилни сескантиргувчи дарёга, қирғоқларга туташиб кетган осмонларга термулиб, жим, сўзсиз, садосиз… Жалолиддин бир ой аввал касалхона эшиги олдида титраб-қақшаб кўнгил айтган одам эмас, ҳар не ғалаён бўлса, ичга ютиб, ўзини босиб олган. На хасрат қилди, на кўнгил айтди. Баъзан ўртадаги сукунатни бузиб, ундан-бундан гурунг берди, дейлик, онасидан, қадрдони Ртвеладзедан, бу қадим шаҳарда яшаган кушонлардан, улар зарб қилган тангалардаги от суратларидан… У Ойшани минг йилдан бери биладигандек, шунча йиллар давомида бирга умргузаронлик қилган одамдек жуда эркин, жуда самимий муомила қилар эди. Лекин унинг қарашларидан, сўзларининг оҳангидан, бутун туриш-турмушидан ҳали-замон Ойшанинг кетиб қолишидан қўрқиб тургани шундоққина сезилиб турарди, лекин бу сезгиларни сира ҳам тилига чиқармади.
-Ойша, қуёшга қаранг, қандай чиройли! Мен уни сочларини ёйиб, қўшиқ айтаётган аёлга ўхшайди.
Ойша хаёлларини йиғиштириб олиб, Жалолиддин кўрсатган томонга қаради. Ям-яшил далалар ортидаги осмонларга туташиб кетган улкан дарё қирғоғида гулдек юзининг ярмини сувга яширган бир гўзал нимадандир қизариб, оловланиб, алвон нурлари билан осмонни ҳам, дарёни ҳам нурга чўмиб, маҳзун бир қўшиқ айтарди.
-Ростдан ҳам аёлга ўхшар экан у, қўшиқ айтиб чўмилаётган аёлга, — қуёшдан кўзларини олмасдан жавоб берди Ойша.
-Ойша, мен бир ойлардан сўнг яна келаман Кампиртепага. Чақирсам, сиз ҳам келасизми?
Ойша бурилиб Жалолиддиннинг юзига қаради, унинг умидвор кўзларида ҳам ботаётган қуёшнинг алвон нурлари жилоланиб турарди:
-Ҳа, худо хоҳласа… — деди у шошиб, эркак кишининг йиғлаб юборишидан қўрқди. – Келаман. Сизни кўргани, ботаётган қуёшнинг қўшиқларини эшитгани. Қаранг, ўзимга жуда эрк бериб юбордим. Кеч бўлса ҳам уйга қайтсам бўларди. Мени кузатиб қўйинг.
-Сиз хижолат бўлманг, иш тугагандан сўнг машина қизлар билан сизни посёлкадаги базамизга олиб бориб қўяди. Ўша ерда ётасизлар. Эртага бафуржа қайтасиз. Лекин Кампиртепанинг тунлари жуда чиройли бўлади, қани энди бир кеча шу ерда қолсангиз эди. Амударёнинг юзи юлдузлар шуъласи шундай нурланиб кетадики, бу нурдан Кампиртепа ҳам ёришиб туради. Эдвард Васильевич ҳамиша Кампиртепанинг номи ҳақида гап кетса, бу ном сизлар ўйлаётгандек, кекса аёл тепаси, деган маънони билдирмайди, “Кампиртепа” — қадим кушон тилида сув юзидаги юлдузлар аксидан нурланган шаҳар, деган маънони англатади, дейди.
-Аслида икки маъно ҳам ўринли экан. Лекин Эдвард Васильевичнинг қўлларига қараб, наҳотки жарроҳларнинг бармоқларига ўхшаш шу нозик бармоқлар билан тупроқ тагида қолган бутун бошли шаҳарнинг деярли ярмини очиб, бу обидага йиллар етказган талофатларни суваб, дунё кўз ўнгида неча минг йил аввалги ҳаётни жонлантира олган бўлса, деб хайратга тушдим.
-У киши ҳовучлаб чиқарган тупроқларни жамласангиз, катта-катта машиналар зўрға кўтарадиган неча-неча тонна юк бўлиб кетади. Яқинроқ бўлиб, бир суҳбатини олсангиз, самимийлигидан, соддалигидан янаям ҳайратга тушасиз. Наҳотки шу одам академик, сенатор бўлса, дейсиз. Бу киши ҳеч қачон шон-шуҳрат, мол-дунё, мансаб кетидан қувмаган. Бир умр гадой топмас бир жойларда жимгина севган иши билан шуғулланган, шундан завқ олган.
Ойша пойларида ястаниб ётган қалъа деворларига қараб, ўйчан бош ирғади:
-Ва шон-шуҳрат ҳам, мартаба ҳам бу кишини ўзи излаб топган. Мансабпараст, шуҳратпараст одам бу кимсасиз биёбонларда тупроққа қоришиб, кесакка суриниб юра олармиди? Ундай одамларга гавжум аудиториялар, салқин кабинетлар, юмшоққина оромкурсилар керак. Улар ўтирган курсиларидан турмасдан олқишларга кўмилишни, беҳисоб бойликка эга бўлишни истайдилар, бу йўлда ҳеч қандай пасткашликдан қайтмайдилар. Лекин ҳеч бир банда Аллоҳ буюрганидан ортиқ ҳеч нарсага эга бўлолмайди.
-Рост.
-Дунёнинг энг баҳаво жойларидан бўлган Боржоми, Кисловодск каби шаҳарларда туғилиб, улғайган бир инсоннинг эгаси бўла туриб, ўзимиз “дод” дейдиган иссиқ ўлкамизга келиб, бизнинг тарихимизни ўрганиш учун умрини шу жазирамаларда ўтказганлиги мени жуда таъсирлантирди. Зеҳни камоли билан устози Имом Бухорийни завқлантирган Имом Термизий, Улуғбекдан 500 йил аввал устурлоб яратган Ҳаким Термизий, юлдузлар илмидаги заковати билан Берунийни ҳам тан бердирган Сонур Термизий, ўз замонасида “Қалби ҳам, илми ҳам, юрар йўллари ҳам, ўзлари ҳам покликка тимсол” дея ном олган “Қирққиз” мударрислари ва талабалари ҳақида ўйлаганимда юрагим хаяжонга тўлиб кетади. Лекин қор-ёмғирлар остида кундан кунга тупроққалъага айланиб бораётган “Қирққиз”га қараб, менинг бу хаяжонларим ўзим билан кетмасайди, деган хавотирим бор. Бир грузин киши келиб, бизнинг тарихимизни тиклаш йўлида шунча ишлар қилиб ётибди, биз бўлсак…
-Ҳеч бўлмаса, ҳайратга тушиб, ортларидан эргашиб юрибмиз-ку, — кулимсиради Жалолиддин. – Бу камми?
-Йўқ, Жалолиддин ака, агар бир холис ниятли дўст сифатида ёрдам бераман, десангиз, мен алоҳида бир иш бошласам, деяпман. Бир ҳайрия жамғармаси очиб, “Қирққиз”ни таъмирлаш, тиклаш ишларига бош бўлгим келаяпти. Эрта бир кун одамлар асл ҳолатига қайтарилган “Қирққиз” қалъасига кирсалар, уларнинг қалбларида ҳам менинг юрагимдаги хаяжон, фахр-ифтихор туйғулари пайдо бўлсин. Менга ёрдам берасизми?
Жалолиддин худди уни энди кўриб тургандек хайрон қараб, қўлини кўксига қўйди:
-Эҳ-ҳе, ўзимиздан экансиз-у. Нега бу аёлни кўрганимда юрагим жизиллайверади, десам! Дардларимиз бир экан-да.
-Беҳазил, Жалолиддин ака, — Ойшанинг қошлари норози чимирилди.
Жалолиддин энди жиддий бош ирғади:
-Жоним билан, Ойшахон. Эдвард Васильевичдан ҳам ёрдам сўраймиз. Сурхондарёда у киши бормаган бирон тарихий обида қолмаган. “Қирққиз” ҳақида ҳам у киши материаллар бўлиши керак.
Жалолиддин билан Ойша шу пахса девол устида тонг отгунча ўтирсалар ҳам гаплашадиган гаплари сира тугамас эди. Аммо, Ойша бу ерда ортиқ қола олмайди. Кунботарда алвонланиб турган қизил рўмолнинг ранги тобора учиб борарди:
— Жалолиддин ака, мен борай.
— Ойша, бу ернинг тонглари ҳам жуда гўзал бўлади. Агар шу манзарани кўрсангиз, рассом бўлмаганингизга афсус қиласиз. Агар қолсангиз…
-Бошқа сафар…
Кечаси Моҳинур қўнғироқ қилди: “Дугон, қонимдаги гемоглабин миқдори кескин тушиб кетаверди. Яхшилаб текширишса, ўзим бехабар сариқ касал ўтказган эканман, жигаримдан қандайдир вирус чиқди. Духтирлар бозорни ташланг, жиддийроқ даволанмасангиз бўлмайди, дейишаяпти. Ташладим бозорни, болаларни ҳам кўп қийнаб юборган эканман, қизим мактабга ишга жойлашди. Катта қизим ҳам қишлоққа қайтиб келди, у ёшлар марказида ишлаяпти. Уйимиз тўлиб, файзли бўлиб қолган. Мен эса касалхонада ётибман. Сизларда Омонхона деган зиёратгоҳ жой бор экан, суви минг хил дардга даво, дейишаяпти. Агар хўп десанг, касалхонадан чиқиб, сизларникига бормоқчиман”, “Албатта, кел. Марямжон билан Гулжонни ҳам олиб кел, бизда зиёратгоҳ жойлар жуда кўп, бирга айланамиз. Жигарга Ўринбулоқнинг сувини ҳам яхши дейишади, ўша ёққа ҳам борамиз”, “Ойша, эримни ҳам олиб борсам майлими? Касал бўлиб қолганим таъсир қилдими, у бутунлай ўзгарган. Умуман ичмай қўйди, жуда меҳрибон”, “Жуда яхши, бирга келаверинглар. Орамизда кампирларнинг хизматини қилиб турадиган бир эркакнинг ҳам бўлгани яхши-да”.
Эртаси куни қадимшунос қизлар уни минг йиллик қадрдонларини кузатгандек, яна келишини қайта-қайта тайинлаб қолишди. Тонг саҳардан базага етиб келган Жалолиддин экспедициянинг машинаси билан марказий бекатгача кузатиб қўйди.

Амин.

Жума, 2018 йил 19-январ

Муаллиф ҳақида: Жамила Эргашева 1956 йил Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. Тошкент Давлат дорилфунининг журналистика факультетини тамомлаган. “Изҳор”, “Интиқом”, “Таназзул”, “Зулфизар”, “Қир устидаги аёл” номли роман, қисса, ҳикоялари жамланган китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.

sunrise1_cs.jpgBirdaniga keldi-ketdi ko‘payib ketdi. Tushlikka yaqin Komiljonning ayoli keldi. Kelin tayyorlab kelgan tugmadek-tugmadek chuchvaradan hamxonasi bilan to‘rtta-to‘rttadan yeb, ustidan choy ichib o‘tirgan edi, hamxonasining izidan kelib qolishdi. Kechga yaqin yana Komiljon keldi. Kun bo‘yi yo‘qlovchilarning birini kutib, ikkinchisini kuzatib o‘tirishgan bo‘lsa ham ikki ko‘zi eshikda bo‘ldi…

Jamila Ergasheva
SHOM SHAFAG‘I JILVALARI
Qissaning yakuni
09

Акаль-Нур.-Серебрянный-день.-2009.jpgBirdaniga keldi-ketdi ko‘payib ketdi. Tushlikka yaqin Komiljonning ayoli keldi. Kelin tayyorlab kelgan tugmadek-tugmadek chuchvaradan hamxonasi bilan to‘rtta-to‘rttadan yeb, ustidan choy ichib o‘tirgan edi, hamxonasining izidan kelib qolishdi. Kechga yaqin yana Komiljon keldi. Kun bo‘yi yo‘qlovchilarning birini kutib, ikkinchisini kuzatib o‘tirishgan bo‘lsa ham ikki ko‘zi eshikda bo‘ldi. Tomchi ukollari olib bo‘lgach, hamxonasiga “Hamma joyimga dorining hidi o‘rnab ketdi” deya o‘zini oqlagan kishi bo‘lib, ustidagi xalatini yechib, xalatga o‘xshab ketadigan chiroyli ko‘ylagini kiyib oldi. Sochlarini tarab, qayta turmakladi, qoshu ko‘zlariga bilinar-bilinmas surma tortdi. Uning harakatlari hamxonasining ham e’tiborini tortdimi, bir qoshini uchirib, “Tinchlikmi? Buncha taraddud kim uchun?” deb kuldi. U esa xijolat tortib , “ Kechga kelinim bilan nabiralarim kelar ekan, shularning oldida chiroyli bo‘lib o‘tirayin, deyapman-da” deb qo‘ydi. Aslida… Aslida kimni kutayotgani-yu, kimning oldida chiroyli bo‘lishni istayotganini o‘ziga ham aytishga iymanib o‘tirardi. Komiljonni kuzatib qaytayotganda allaqachon oqshom quyilib, butun borliqqa tun chodrasi soya tashlagan edi. Ketayotib, beixtiyor burilib ortiga qaradi, hech kim ko‘rinmadi. Shu oqshom uning ko‘ngliga tungi zimiston ertaroq tashrif buyurgandek edi: “Aqldan ozayapman, shekilli. Kimni kutayapman, nega kutayapman? Onasi aytgan bo‘lsa, shunchaki aytdi-qo‘ydi. O‘zi odamgarchilik yuzasidan kasalxonaga joylashtirib, ikki-uch marta izlab keldi, bu degani… nimalardir umid qilaverish mumkin, degani emas-ku. Qolaversa, bu odamning ko‘nglida nimalardir bo‘lgani taqdirda ham ularning orasida nimadir munosabat bo‘lishi Mansurining uyidan chiqib, Komilning uyida yolg‘iz yashashidan ko‘ra ko‘proq gap-so‘zga sabab bo‘lishi, bunga na o‘zi, na bolalari hech qachon yo‘l qo‘ymasligi aniq-ku. Unda bu intizorlik va ranjning ma’nosi nima?”
Komiljonni kuzatib, katta darvozagacha bordi. Yomg‘irdan keyingi namxush oqshomda xayollari bilan bir-bir bosib iziga qaytarkan, bo‘limga olib kiradigan eshik tutqichiga qo‘l uzatgan dam kimdir ismini aytib chaqirgandek bo‘ldi: “Oysha-a!” U avvaliga “Menga shunday tuyulayotgandir” deb xayol qildi, shunday bo‘lsa-da, bir nafas oyoq ildi. Endi ovoz yanada aniqroq, yaqinroqdan eshitildi: “Oyshaxon!”. Uning yuragi gupillab urib ketdi, oyoqlaridan butkul majol ketdi. Bir amallab burilib ortiga qaraganda bir qo‘lida yelimxalta, ikkinchi qo‘lida bir taxlam gazeta tutib olgan Jaloliddin biroz hansiragan kuyi uni yetib olgan edi:
-Buncha tez yurasiz, shuncha harakat qilsam ham yetkazmadingiz. Oxiri chaqirishga majbur bo‘ldim.
Ichkaridan odamlar chiqib qolishdi, Jaloliddin ularga yo‘l berish uchun ohistagina Oyshaning yelkasidan olib, biroz orqaga tisarildi, uning qo‘llari titrab turardi. Uning titrog‘i Oyshaga ham o‘tdi. U xayajonini bildirmaslik uchun chekkaroqqa o‘tib, yerga qaradi:
-O‘g‘limni kuzatib qaytayotgan edim…
Har ikkisi yo‘lni davom ettirib, ichkarilagisi kelmayotgan edi, lekin Oysha o‘zini qo‘lga olib, eshik tomon xiyol burildi va Jaloliddindan uzr so‘ragan kishi bo‘ldi:
-Xafa bo‘lmasangiz, ovqatni qaytarib olib ketsangiz. Bugun rosa ko‘pchilik keldi, kelin, o‘g‘lim, o‘rtoqlarim… Bekorga isrof bo‘lib qolmasin.
Jaloliddin bir qo‘lidagi yelimxaltaga, bir Oyshaga qarab,
-Unda bunday qilamiz, hozir bu ovqatni darvozaxonada o‘tirgan qoravul amakiga beramiz-da, o‘zimiz toza havoda biroz sayr qilamiz.
Oyshaning yuziga issiq qon tepdi:
-Yo‘g‘-ye, tezroq qaytmasam, yonimdagi ayol xavotirlanib o‘tiradi.
-Qo‘ysangiz-chi, yosh bola emassiz-ku. Qarang, qanday chiroyli havo, biroz aylansangiz, sog‘ligingizga ham foyda.
Oysha yerga qaradi.
-Xo‘p, deya qoling, — yana qistadi Jaloliddin. – Men ham uyda juda zerikdim, ko‘ngil yozib, bir suhbatlashadigan odamim yo‘q, iltimos, yuring, Oyshaxon.
— Mayli, — biroz sukutdan so‘ng rozilik bildirdi Oysha. – Lekin… Qanday bo‘larkin?
Jaloliddin astoydil sevinib ketdi:
-E-e, nimaga bunchalik ikkilanasiz-a? Toza havoda aylanib, to‘rt og‘iz suhbat gunoh emas-ku. Tezroq yuring, ovqatni qoravulga beraylik, sovumasdan yeb olsin. Keyin shu atrofda bir chiroyli qahvaxona bor, ikkalamiz o‘sha yerga kirib, bir piyoladan choy ichamiz.
-Yo‘g‘-ye, qahvaxona shart emas, toza havoda biroz aylansak aylana qolaylik.
-Qahvaxona juda tinch, bemalol o‘tirish mumkin. Ko‘chada shovqin ko‘p, gaplashib bo‘lmaydi. Yura qoling.
Qahvaxona haqiqatan ham juda sokin va fayzli edi. Jaloliddin g‘ira-shira yorug‘lik tushib turgan burchakni tanladi. Ular o‘tirishlari bilan ust-boshi o‘ziga yarashib turgan yoshgina yigit yonlariga kelib, stolga qahvaxonaning taomlar ro‘yxatini qo‘ydi. Jaloliddin ro‘yxatga bir sidra ko‘z yugurtirib chiqdi-da, so‘ng yigitchaga yuzlandi:
-Kechki payt yesa bo‘ladigan, yengilgina, lekin eng aziz mehmoningizning ko‘nglini olish mumkin bo‘lgan shohona taomingizni ayting.
Yigitchaning yuziga yengil tabassum qalqdi:
-Bir ajoyib laqqa bor, toshqog‘ozga o‘rab, dimlab pishirishimiz mumkin. Salatlardan “Erkakcha injiqlik”. Pishiriqlardan afg‘oncha Napoleon bor, ichimliklardan o‘zingiz bilgan Fanta, Kola…
Jaloliddin bosh irg‘adi:
-Men baliqni juda yaxshi ko‘raman. Siz-chi, — u Oyshaga qaradi. – Baliqqa tobingiz qanday?
Oysha yelka qisdi:
-Bilmasam, kechki payt bir butun laqqa ikki kishiga og‘irlik qilmasmikin? — uning ham o‘sha shohona libosli baliqni juda ko‘rgisi kelayotgan edi.
-U yog‘i muammo emas, olib kelavering, uka.
-Faqat ozgina kutishingizga to‘g‘ri keladi.
-Bemalol. Hozircha salqin ichimliklardan olib keling, — dedi Jaloliddin, so‘ng Oysha tomon egilib, ko‘zlarini qisib, kulib qo‘ydi. – Qancha ko‘proq kuttirsangiz, shuncha yaxshi.
Oysha ginalagandek qoshlarini chimirdi:
-Bu nima deganingiz?
-Nima dedim? – Jaloliddin xayron bo‘lgandek, ko‘zlarini pirpiratdi. – Taom qancha uzoq tayyorlansa, shuncha tez xazm bo‘ladi, mazali chiqadi. Shuni aytdim, xolos.
Chiroyli uzunchoq likopchaga butunicha joylangan baliq uzala tushib yotgan shohzodani eslatardi: uning ikki ko‘zi o‘rniga tim qora zaytun donalari, og‘ziga qip-qizil pomidor parragi, ustiga yaltillagan qizil uvuldiriqlardan zarrin to‘n, to‘n barlariga qora uvuldiriqdan hoshiya tortilgan, xullas, yemasdan tomosha qilib o‘tiriladigan taom edi u. Jaloliddinning ko‘zlari chaqnab ketdi:
-Qoyil! – Kaftlarini ishtaha bilan bir-biriga ishqab, Oyshani taomga taklif qildi. – Qani, oling, Oyshaxon!
Oysha ham oshpazning mahoratiga qoyil qolib o‘tirardi:
-Buni yemasdan tomosha qilib o‘tirish kerak ekan.
Jaloliddin pichoq bilan sanchqini olib, dum tomonidan ikki bo‘lak kesib, Oyshaning likopchasiga qo‘ydi, keyin uch-to‘rt bo‘lakni o‘ziga oldi:
-Ochko‘zlikning aybi yo‘q, deyishadi, buning ustiga baliqni juda yaxshi ko‘raman. Qani, marhamat, siz bilan ovqatlanish umidida uydan ovqatlanmasdan chiqqan edim.
Ular uzoq o‘tirishdi. Xizmatchi yigitcha ularni aldamagan edi, dasturxonga tortilgan hamma taomlar biri-biridan shirin edi. Jaloliddin ularning uyiga juda ko‘p marta borgan bo‘lsa ham hamisha qaynonasi va eri bilan o‘tirgan, Oysha biron marta suhbatdosh bo‘lib ko‘rmagan, shu boisdan bu odamning shu qadar dilkash, hamma sohaga qiziqadigan, hamma sohani biladigan suhbatdosh ekanligini bilmas ekan. Ayniqsa u askiyaga, latifaga juda usta edi.
Qaytishayotganda Jaloliddin birdan jiddiy tortib qoldi, yo‘lda marhuma ayolidan so‘z ochdi: “Biz o‘ttiz besh yil birga yashaganmiz, na onamning, na mening yuzimga tik qaragan emas. Nimani istayotganimni ko‘zlarimdan uqib olardi, mening har bir istagim uning uchun qonun edi. Sariq kasalni oyoq ustida o‘tkazgan ekan, jigari tamom bo‘lib ketibdi. Rosa olib chopdim, saqlab qola olmadim. Sho‘rlik o‘limi oldidan “Dadasi, men o‘tgandan keyin yolg‘iz yurmang. Erkak kishi yolg‘izlikka dosh bera olmaydi. Bolalarni joylashtirib, vazifalarni bajarib bo‘ldik. Bu yog‘iga o‘zingizni o‘ylang” dedi. Men esa undan keyin kimgadir ko‘ngil qo‘yish emas, shunchaki o‘zim ham yashay olmasam kerak, deb o‘ylar edim. Boshida juda qiynaldim, ko‘p o‘ylaganimdanmi, sira tushlarimdan chiqmas edi. Keyinchalik yolg‘izlikdan qiynaldim. Meni tinglaydigan, meni tushunadigan, mening ko‘nglimga qaraydigan, hamma masala bo‘yicha gaplasha oladigan bir dono, mehribon suhbatdosh kerak edi menga. To‘g‘ri, yo‘q emas, ayollar bor. Ammo hammani ham bir aziz insonning muhabbati, xotirasi yashayotgan ko‘ngil uyiga kirgizgingiz kelavermas ekan. Tag‘in bu gaplarim uchun mendan xafa bo‘lib yurmang. Siz ham men kabi yolg‘izlik azobini boshdan kechirib kelayotgan insonsiz, mening dardlarimni tushunasiz deb sizga aytayapman, uzr”. “Yo‘g‘-ye, bemalol…” “Yon-atrofim to‘la odam, farzandlarim, qarindoshlar, do‘stlar… Ammo men uchun dunyo xuvullab yotgandek tuyulaveradi, chunki ko‘nglim xuvullab yotibdi”. Oysha unga javoban nima deyishni, nima deb uni ovutish mumkinligini bilmaydi. “Oysha!..”. “Labbay!”, “Moboda ko‘nglingizga yaqin biron odamni uchratsangiz, turmushga chiqarmidingiz?”, “Yo‘g‘-ye, Jaloliddin aka, nimalar deyapsiz? Nevaralarim bo‘y yetib qolgan bir paytda… Qolaversa, biz tomonlarni yaxshi bilasiz, bunday masalalarga juda boshqacha nazar bilan qarashadi, o‘g‘illarimni nomusga qo‘ygan bo‘laman”, “Men bu fikringizga umuman qo‘shilmayman, inson dunyoga bir marta keladi. Sog‘-salomat holida falonchilar nima deydi, degan andisha bilan, yolg‘izlikda azoblanishning nima keragi bor? Siz axir o‘qimishli, ilg‘or fikrlaydigan, zamonaviy ayolsiz-ku”.
Jaloliddin shu gapni aytib, joyida to‘xtab qoldi:
-Oyshaxon, iltimos, bir daqiqa to‘xtang. Sizga bir gap aytmoqchi edim. Siz baribir rozi bo‘lmaysiz deb, aytishga qo‘rqayapman.
Oysha o‘zini bir qadam orqaga olib, bosh irg‘adi:
-Unda, aytmaganingiz ma’qul. – Uning ko‘zlarida to‘lin oy shu’lasi yolqinlanar edi.
-Yo‘q, Oyshaxon, aytmasam bo‘lmaydi. Keyingi kunlarda sizning ismingizni xayolimdan quvib ham chiqara olmay qoldim. Agar rozi bo‘lsangiz, qo‘lingizni sovuq suvga urdirmay, boshimda ko‘tarib yurardim. Faqat yo‘q demang, men sizning rad javobingizni qabul qila olmayman.
Oysha indamay yerga tikildi. Qaboqlaridan dumalab tushgan ikki tomchi yosh qimtib turgan lablariga kelib to‘xtadi, yosh sovuq va sho‘r edi. Shuncha kundan beri ilhaq bo‘lib kutilgan izhor kutulmaganda uni suyuntirish o‘rniga iztirobga soldi, bor dunyosini vayron qildi. Faqat qarshisida titrab turgan odamga emas, o‘ziga ham juda rahmi kelayotgan edi.
-Oyshaxon, — uning qo‘llaridan tutdi Jaloliddin. – Yo‘q, demaysiz-a? Men bilan Toshkentda qolasiz-a?
Oysha uning hayajondanmi, muzlab ketgan barmoqlari orasidan titrab turgan qo‘llarini bo‘shatib oldi:
-Jaloliddin aka, siz endi keta qoling. Kech bo‘lib ketdi. Kasalxonani yopib qo‘yishlari mumkin. Siz meni qo‘ying. Men… Istasam ham turmushga chiqa olmayman.
Jaloliddin yana uning qo‘llaridan tutmoqchi bo‘lgan edi, Oysha o‘zini orqaga tortdi:
-Uzr, aka, endi keting va boshqa hech qachon qaytib kelmang. – Uning ovozi yig‘layotgan kishining ovozidek bug‘iq edi. – Xayr!
Oyshaning qaysi bir gapi bu odamning ko‘nglida umid uyg‘otgani noayon, ammo u bu javobdan tamom o‘zini yo‘qotib, yo‘lning o‘rtasida xayron turib qoldi.
-Men bora qolay, rahmat sizga, — Oysha kasalxona yo‘lagi tomon yuzlandi.
Jaloliddin unga ergashdi:
-Xo‘p, ketamiz, lekin siz yaxshilab o‘ylab ko‘rasiz, maylimi?
-Meni kechiring. Xayr! – u tez-tez yurib kasalxona hovlisiga kirib ketdi.
Uning nafasi bug‘ilib, yuragi siqildi, biroq kasalxona hovlisida yelib borarkan, betakror baxt tuyg‘usi uni o‘z og‘ushiga oldi. Keta-ketguncha yelkalari osha Jaloliddinning yonib turgan nigohlarini his borar, uning iltijo bilan titrab turgan ovozi quloqlari ostida eshitilib turar edi. Kuzning iliq shamoli ona qo‘llari kabi yuzlarini silab-siypalar, qorayib ko‘rinayotgan ulkan daraxtlar boshi uzra egilib, nimalarnidir asta shivirlar, ochiq derazalarning qaysi biridandir bahor valsi eshitilardi. Uning butun vujudi baxtdan sarmast entikar, boya yo‘l chetida turib eshitgan izhorlari go‘zal qo‘shiq bo‘lib chor-atrofga taralar va bu ohang yulduzlar yuzini to‘sib turgan bulutlargacha yetib borardi.
Hamxonasi karavotda uzala tushib, kitob o‘qib yotgan ekan. U eshikdan kirgach, uni birinchi bor ko‘rib turgandek xayron qaradi: “Tinchlikmi? Buncha uzoq qolib ketdingiz?”. Ayni paytda Oyshaning ko‘nglidagi alg‘ov-dolg‘ov tuyg‘ularni kimgadir izohlab o‘tirmoqqa holi ham, xohishi ham yo‘q edi: “Tinchlik”. U ustidagi kiyimlarini almashtirib, tahorat oldi, so‘ng xonaning bir burchagiga o‘tib, namozini o‘qidi. Avval ham ko‘p marta amin bo‘lgan, joynamozning g‘alati xususiyati bor, siqilgan, ezilgan damlarimi, yuragi quvonchlariga torlik qilib qolgan paytlarmi, joynamozning ustiga o‘tirsa, namozi tugaguncha ko‘ngli ancha xotirjam tortib, o‘zini tutib olardi. Bugun ham shunday bo‘ldi. Ibodatini tugatib, karavotiga cho‘zildi. U juda toliqqan edi. Ko‘zlarini yumgancha, shu oqshom Jaloliddin bilan o‘tgan har bir daqiqani bir-bir xayolidan o‘tkazdi: shohona libos kiygan baliq, eshitgan latifalari, marhuma ayoli haqidagi qayg‘u to‘la qissa va nihoyat sevgi izhori!.. Ko‘ngli har qancha xotirjam tortgan bo‘lsa-da, bularning hammasini yolg‘iz yuragiga sig‘dirish qiyin edi. Hamon kitobga tikilib yotgan hamxonasiga bir qarab, o‘rnidan turib o‘tirdi:
-Qiziq kitob ekanmi?
Hamxona kitobini yopib, unga yuzlandi:
-Bekorchilikda o‘qiladigan bir kitob-da…
-Bilasizmi, sizga bir gap aytsam, degandim.
Hamxona ham o‘rnidan turib, to‘shagining ustida chordona qurib o‘tirib oldi:
-Xo‘sh?
-Bilasizmi, erim bir umr menga xiyonat qilib, meni allakimlarga almashtirib yashagan. Bolalarimni o‘ylab, gap-so‘zga qolmayin deb, tishimni-tishimga qo‘yib, zo‘rg‘a yashaganman. Manavi kishi, Jaloliddin aka, haligi meni kasalxonaga joylashtirgan odam, o‘zlari Toshkentda yashashadi. Shu odam yolg‘izlikdan qiynalib ketdim, xo‘p desangiz, birga turmush quraylik, deyayapti. Bir ko‘nglim o‘limingizni kutib yashaydigan kelinning qabog‘iga qarab, har kun siqilib o‘tirguncha “Bor-ye!” deb turmushga chiqib ket, deydi, yana odamlar gap-so‘z qilishsa, o‘g‘illarim nomus qilib, mendan xafa bo‘lishadimi, deyman. Mening o‘rnimda siz bo‘lganingizda nima qilgan bo‘lar edingiz?
Hamxonaning ko‘zlari katta-katta bo‘lib ketdi:
-Bu haqda o‘ylashning o‘zi aqlsizlik deb bilaman. Bobom urushga ketganlarida otam momomning qornida gumona bo‘lib qolgan ekan. Otam bir yoshga kirganda bobomdan qora xat kelgan, momom rahmatlik yolg‘iz bolamning ko‘zini o‘gay otaning qo‘liga termultiramanmi, deb, boshqa turmushga chiqmagan. Rahmatlik momom onamga “Tug‘aver, kelin, tug‘ib bersang, o‘zim katta qilaveraman, bular hali zamon yolg‘izimning yoniga kiradi” der edi doim, yolg‘iz o‘g‘illaridan sakkiz nevara ko‘rdi, qancha chevara ko‘rdi. To‘qson uchga kirib vafot etdi, o‘zi juda go‘zal ayol bo‘lgan, qora xat olganida endigina o‘n to‘qqiz yoshga kirgan ekan, ne bir amaldorlar og‘iz solgan, lekin momom rozi bo‘lmagan. Abdulla Oripovning bir she’ri borku, “Qurigan ko‘ksida yolg‘iz belanchak…” degan satrlari bor, ana shu she’r aynan mening momom haqila yozilgan desam ham bo‘laveradi. Sizning-ku, yoshingiz oltmishga kirgan, sizning o‘ylayotganlaringiz kitoblarda, kinolarda bo‘ladi, bizga bu narsalar sira to‘g‘ri kelmaydi.
Oysha kutilmaganda hamxonasi bulbuligo‘yoga aylanib, tinimsiz sayrab qolganidan bir hayratga tushsa, uni ochiqdan ochiq izza qilayotganidan mazzasi qochdi:
-Voy-bo‘, opajonim, hali men shu kishiga erga tegib, etagidan tutib ketib borayotganim yo‘q. Bor-yo‘g‘i shu yoshimda izhori dil eshitganimdan xayajonlanib, bir aytdim-qo‘ydim, tamom. Boshqa hech gap yo‘q. Lekin masalan, men, momongizning fidoyiligini unchayam oqlay olmayman. Odamzod dunyoga bir marta keladi, u hamisha mehrga, e’tiborga muhtoj. Agar turmushga chiqib, yana ikki-uch farzand ko‘rganida, ular otangizga uka bo‘lardi, singil bo‘lardi, buning nimasi yomon? Odamga tan mahramidan ham avval ko‘ngil mahrami kerak. Eringiz berishi mumkin bo‘lgan mehrni hech qanday farzand yoki nevara bera olmaydi.
-Boring-ki, bermasin ham. Ammo or-nomus-chi? Udumlarimiz-chi? Odamzod faqat o‘zini emas, atrofidagilarning fikri bilan ham hisoblashishi kerak emasmi?
-E-e, — qo‘l siltadi Oysha. – Insonning baxtli bo‘lishiga xalal beradigan udumni men hazm qila olmayman. Qolaversa, turmushga chiqish nomussizlikka kirmaydi.
Uning qattiq ranjiyotganini ko‘rib, hamxona qo‘liga kitobini oldi-da, yana cho‘zilib yotib oldi:
-Siz aytayotganlaringizning hammasi to‘g‘ri, inson, ayniqsa ayol hamisha mehrga muhtoj. Lekin o‘zbekchiligimizga to‘g‘ri kelmaydi, deyapman, xolos.
-E-e, o‘rgildim…
Oyshaning haqiqatan ham kayfiyati buzildi: “Hech gapdan hech gap yo‘q, benomusga chiqarib qo‘ydi. Men nima qildim, nima dedim benomuslik qilib?”. edim”. U ham teskari burilib yotib oldi. Oyoqlarini uzatgach, butun a’zoyi badani huzurlandi, lekin ko‘ngli ochilmadi: “Esi yo‘q ayol!”.

Ertasi kuni Toshkentda yashaydigan kursdosh dugonasi keldi, Oysha dugonasi bilan shu ayolning oldida gaplashib o‘tirgisi kelmadi, ular birga kasalxona hovlisini aylanishdi. Quyuq daraxtzorlar ichidagi o‘rindiqlardan biriga o‘tirib, talabalik yillarini eslashdi. Dugonasi juda mehribon, dilkash ayol edi, Oysha kecha hamxonasiga ko‘ngil yorib, haqqini olgach, endi bu haqda hech kimga gapirmayman, deb o‘ziga so‘z bergan bo‘lsa-da, beixtiyor shu ayolga ham dilini ochgisi kelib ketdi:
-Bilasanmi, dugon, Toshkentda qaynonamning tog‘asining ayoli, o‘g‘illari yashaydi. Katta o‘g‘lining xotini o‘lgan, bolalaridan ham qutulib bo‘lgan, o‘zi o‘qimishli, yaxshi odam. Qachon shu yerga davolanishga kelsam, ona-bolalar izimdan kelib, xabarlashib turishadi. Bu yil kasalxonaga o‘zi olib kelib joylashtirdi. Kelganimdan buyon har oqshom kelib xabar olib turdi. Kecha shu kishi kelib, meni… turmushga chiqishga taklif qildi.
Dugonasi uni birinchi marta ko‘rayotgandek xayron tikilib qoldi, bir zum shu holatda unga qarab turdi-da, so‘ng sharaqlab kulib yubordi:
-Ajoyib-ku! Shu yoshingda-ya?
-Nima bo‘pti? – Oysha shumshayib qoldi. — Endi oltmishga kirdim, xudo umr bersa, saksongacha yana yigirma yil yashashim mumkin. Qarigan chog‘ingda bir mehriboning yoningda kecha-kunduz ko‘zlaringga qarab, holingdan xabardor bo‘lib tursa, yomonmi?
-Yomon! – dugona “tars” etkizib, uning tizzasiga shappatiladi. – Qarigan chog‘ingda senga bosh og‘riqning nima keragi bor? Uning kirini yuvishing kerak, ovqatini qilishing kerak, bir joyga chiqar bo‘lsang, ruxsat so‘rashing kerak. Uf-f! Yaxshigina nafaqang bor, ajoyib o‘g‘illaring, nevaralaring bor, shularning mehri yetmaydimi senga? Bir kaming bir sassiq cholning xizmatini qilishmi? Yoshlikda kuch-g‘ayrating bor edi, tushgan joyingda ota-onasining ham, qayin-bo‘yinning ham, erning ham xizmatini qilgansan. Endi sen o‘n sakkiz yoshli kelinchak bo‘la olmaysan, sening o‘zingga bir xizmatkor kerak, dugon. Bu yog‘i odamlar nima deydi? O‘g‘illaringni nomusga qo‘yasan-ku, birov “Hov, ota qulluq bo‘lsin!” desa, o‘g‘illaring yerga kirib ketmaydimi?
Oysha indamay yerga qaradi. Dugonasi har qancha haq bo‘lmasin, uning dili og‘ridi, juda mulzam tortdi, uyaldi. Lekin dugonasining malomatlariga qarshi hech narsa demadi. Negadir o‘pkasi to‘lib, yig‘lagisi keldi. Dugona uning yelkalaridan oldi:
-Bilaman, yolg‘izlik juda qiyin savdo. Ammo shunday yozilmagan qonunlar borki, ularga amal qilmay ilojing yo‘q. Erga tegib, boshingni og‘ritib yurguncha, puling bor, vaqting bemalol, ixtiyoring o‘zingda, sayru sayoxat qilib yur, Sendagi erkinlik hammada ham bo‘lavermaydi. Uch-to‘rt kun menikiga bor, uch-to‘rt kun yana bir dugonangnikiga bor, navbat-navbat qilib o‘g‘illarnikida tur. Ko‘ngling tusagan narsa ye-ich, kiy! Teatrlarga bor, kinolarga tush!
U mayusgina bosh irg‘adi: “Xo‘p”.
Dugonasini kuzatib qaytar ekan, sarg‘imtil barglar orasidan yalang‘och butoqlari ko‘rinib yotgan daraxtlar ko‘ziga juda bechora bo‘lib ko‘rindi, oyoqlari ostidagi xazonlarni bosib o‘tishdan iymandi: “Bir aytdim-qo‘ydim-da. Unga tega olmasligimni o‘zim ham yaxshi bilaman”.
Ertasi kuni Jaloliddin qo‘ng‘iroq qildi, oradan hech qanday gap o‘tmagandek ovozlari o‘ktam va mehribon edi:
-Teatrga chipta olmoqchi edim. Sizga nima ma’qul: komediyami, fojea?
Uning nafasi bug‘ziga tiqilib qolgandek bo‘ldi. Anchadan buyon teatrga bormagan edi. Qolaversa, kim bilandir teatrga borish – o‘sha odamga turmushga chiqishga rozi ekanligini bildirmaydi-ku. Bu odam ham “Turmushga chiqasizmi, yo‘qmi?” deyayotgani yo‘q, komediyani yaxshi ko‘rasizmi, fojeanimi, deb so‘rayapti, xolos.
-Albatta, komediya ma’qul-da.
-Nega?
-Odam teatrga kayfiyatini buzish uchun emas, ko‘tarish uchun borishi kerak.
-Men ham shu fikrdaman. Duxtiringizdan javob olib turing, soat to‘rtlarda borib, olib ketaman.
Yarim soatlardan keyin yana qo‘ng‘iroq bo‘ldi: “Zulayho Boyxonovaning konserti bo‘layotgan ekan, shunga chipta oldim. Soat oltilarga chiqsak ham bo‘ladi”.
Telefonda kimdandir eri haqida yoqimsiz ma’lumotlar eshitib, kayfiyati buzilib turgan hamxonasiga bir qarab qo‘ydi-da, qo‘liga gazetasini oldi. Olti kundan buyon kecha bir martagina qaynagan hamxona yana qaynab ketgan edi: “Yo‘g‘-ye! Bo‘lishi mumkin emas. Erimga o‘xshagan birontasini ko‘rgan bo‘lishlari mumkin. Ikki erga tegib ham tug‘magan ayol? Unga mening tekintomoq erim nimaga kerak ekan? Behayo! Hali boray, ikkalasining ham ko‘zini o‘yib olaman!…”
Oysha avvaldan Zulayho Boyxonovaning qo‘shiqlarini juda yaxshi ko‘rardi, quvonchdan yuragi yorilib ketay, dedi. Sherigi telefonda gaplashib bo‘lgach, unga ham konsertni manzirat qildi: “Bugun Zulayho Boyxonovaning konserti bor ekan, duxtirlardan javob olib, birga boraylik”.
Sherik bir zum unga tikilib qoldi, kayfiyatim buzilgan payti bu ayol ustimdan kulayapti, deb o‘yladi shekilli. Ammo xumraygan kuyi unga tikilib turib, birdan miyig‘ida masxaromuz tabassum paydo bo‘ldi: “Anavi kishi taklif qildimi? O‘zingiz borib, o‘ynab kela qoling. Faqat, iltimos, duxtirga aytib, bira to‘la boshqa palataga o‘tib oling. Men har oqshom nomahram erkak bilan sayr qilib keladigan ayol bilan bir palatada yota olmayman. Yana bu kishisi namoz o‘qiydilar. Kim biladi, siz ko‘chaga chiqib nima ishlar qilib kelayapsiz? Agar bu gapni duxtirga o‘zingiz aytmasangiz, men aytaman”.
Oysha hamxonasini endi ko‘rib turgandek, angrayib qarab qoldi: “Voy, siz nimalar deyapsiz? Hali siz meni… Siz meni kim deb o‘ylayapsiz? Agar ko‘nglimda biron yomon xayol bo‘lsa, sizni ham taklif qilmas edim-ku. Yo, tavba!..”
Hamxona uni eshitib o‘tirmadi, qoshlarini chimirgancha tars-turs yurib, xonadan chiqib ketdi. Oysha bir u “tars” etkizib, yopib ketgan eshikka, bir qo‘lidagi telefonga qarab, mulzam holda turib qoldi. Biroz o‘ziga kelgach, Jaloliddinga qo‘ng‘iroq qildi:
-Jaloliddin aka, ming bor uzr, agar chiptani olmagan bo‘lsangiz, olmay qo‘ya qoling. Men konsertga bora olmayman, menga javob berishmayapti.
-Nega? – Jaloliddinning ovozidagi quvnoqlikdan asar ham qolmadi. – Agar rozi bo‘lsangiz, o‘zim kirib ruxsat so‘rab chiqaman. Axir konsert ularning muolijasiga xalal bermaydi, aksincha yordam beradi-ku. O‘zim mashinada olib boraman, mashinada olib kelaman, deyman.
-Yo‘-o‘-q, — Oyshaning to‘g‘risini aytishdan boshqa iloji qolmagan edi. – Kecha yonimdagi ayolga siz haqingizda gapirgan edim, u noto‘g‘ri xayolga borib, shu erkak bilan chiqib ketadigan bo‘lsangiz, men siz bilan bir xonada turmayman, duxtirga ustingizdan arz qilaman, deyapti.
— Ie, u nima degani? – Jaloliddinning jahli chiqib ketdi. – Siz umuman u ayolga hisob berishingiz shart emas. U sizga hech kim emas. Kechga o‘zim boraman-da, navbatchi duxtirga uchrashib, sizni olib chiqib ketaman.
-Iltimos, unday qilmang. To‘rt kundan so‘ng kasalxonadan chiqaman, o‘shanda olib borasiz konsertga. Ungacha meni izlab kelmang, shu yoshimda gap-so‘z bo‘lib yotishning hech keragi yo‘q. Hozircha xayr. Kasalxonadan chiqqanimdan so‘ng o‘g‘limnikida besh-olti kun turmoqchiman, sizga o‘zim qo‘ng‘iroq qilaman.
Oysha uning javobini ham kutib o‘tirmasdan aloqani uzib qo‘ydi. Telefoni qayta jiringlagan edi, uni butunlay o‘chirib qo‘ya qoldi: “Nima bo‘lganda ham shuncha gap-so‘zdan keyin duxtirdan javob olib yonimga kirib kelish yaxshi ish emasligiga aqli yetsa bo‘ldi”. Uning nazarida Jaloliddin necha yillar avval o‘tib ketgan otaning izzatini qilib, onani kaftida ko‘tarib ota yurtga olib borib yurgan, o‘zidan necha yosh kichik ayolni ham “kennoyi” deb izzat-ikrom qilib, hamisha o‘zini chetga tortib turuvchi sipoyi, bosiq kishi emas, xuddi hovliqma yosh yigitga aylanib qolgandek, hali zamon hovliqib kasalxonaga yetib keladigandek edi. Soat yettidan o‘tib, atrofga qorong‘ulik cho‘kkuncha Oysha yurak hovuchlab o‘tirdi. Lekin u kelmadi: “Xudoga shukr”.
Hamxonasi xonaga qaytib kirgach, undan olgan gazetalarni taxlab, tumbochkasining ustiga qo‘yib qo‘ydi, ammo bir og‘iz bir narsa demadi. So‘ng qovoq uygancha televizorga termulib o‘tirib oldi. Shu kuyi ular kasalxonadan chiqqunlaricha bir og‘iz ham gaplashishmadi. U Oyshadan bir kun avval ketdi, Oysha uning ketishdan oldin uzr so‘rashini kutdi, karavotining bir chetida o‘tirib olgancha, og‘zini poyladi, ammo u hech narsa demay, sumkalarini o‘g‘liga ko‘tartirgancha o‘sha kungidek tars-turs qilib chiqib ketdi. Uning munosabati Oyshaga juda og‘ir botdi. U ketsa, xona kengayib qoladigandek, bemalol istagan odamiga qo‘ng‘iroq qilish imkoniyati tug‘iladigandek edi. U ketgan kuni xonaga hech kimni qo‘yishmadi, shu kuni tuni bilan, hatto ertasi kuni muolijalari tugab, uni o‘g‘li kelib, olib ketguncha xonada yolg‘iz o‘zi qoldi, ammo hech kimga qo‘ng‘iroq qilmadi, qila olmadi.
Komiljon uning kasalxonadan chiqishini salkam bayramga aylantirib yubordi. Uning uchun xotini bilan bozorga borib, unga bir sidra ko‘chalik, bir sidra uy ichida kiyish uchun, bir sidra tungi libos, shularga mos poyabzallar ham xarid qilgan, mehmonxonadagi stolda tuzatilgan dasturxonda piyola qo‘yish uchun ham ochiq joy qoldirilmagan, dasturxon o‘rtasidagi tortning ustiga shokolad bilan “Xush kelibsiz, onajon!” deb yozilgan edi. Ish kuni bo‘lsa ham butun oila jamuljam, u mehmonxonaga kirishi bilan tort ustidagi shamlar yoqilib, nevaralarning jo‘r bo‘lib aytgan qo‘shiqlari ostida puflash uchun uning yoniga olib kelishdi. Dasturxonning ustida Komiljon hammaga eshitarli qilib, “Qancha vaqtingizni hech birimiz tanimaydigan yetti yot begona birovlarning diydori uchun Xorazmda o‘tkazibsiz, kursdosh dugonalaringiz ekan, xo‘p, biz qarshi emasmiz, lekin endi toki biz mehringizga to‘yib, mayli, boravering, demagunimizcha bizning uyimizda yashaysiz”, dedi. Nevaralar qarsak chalib yuborishdi. “Zumradxon qizingiz sizning ixtiyoringizda. Toshkentning hamma ziyoratgohlariga, teatrlariga, bog‘lari, bozorlari va restoranlariga olib boradi”, yana qo‘shimcha qildi Komiljon. “Baraka topgur, odamning ismi Ilohdan taqdim etiladi, shu bois hammaning ismi jismiga mos keladi, deganlari rost. Shuginam haqiqatan komil yigit-da”.
Ammo uyidan butun O‘zbekistonni va albatta Toshkentni ham aylanaman, degan shahd bilan chiqqan Oyshaning ko‘nglidagi bor shavq, havas so‘ngan, endi uydan bir qadam chiqishni istamas edi. Choydan keyin bir yuvinib, sovg‘a qilingan uy liboslaridan birini kiyib, nevarasining karovatiga cho‘zildi-da, telefonini yoqdi. Bir necha daqiqaning ichida kim qo‘ng‘iroq qilganligi haqida yuzlab xabarlar keldi: Singlisi yetti marta qo‘ng‘iroq qilibdi, Mansur o‘n marta, Jaloliddin aka o‘n sakkiz marta qo‘ng‘iroq qilgan edi. Singlisi xat ham yozibdi: “Opa, Toshkentda ekansiz, deb eshitdim. Azizbekni Toshkentga yolg‘iz jo‘natdim. Juda mazasi yo‘q. Qo‘shimcha pul topa olmaganim uchun birga bora olmadim. Eski ToshMIda yotibdi. Jon opa, birgina borib, xabar oling, duxtirlari bilan gaplashing. Komiljonga ham ayting, xabar olib turishsin”. Bitta xat har kuni uch-to‘rt martadan jo‘natilgan edi. “Men ahmoq, qaysi aql bilan zarrin to‘nli baliqlar yeb, Zulayhoning konsertiga bora olmaganim uchun hammadan xafa bo‘lib yuribman-u, bechora singlim xasta o‘g‘li bilan birga kelish uchun yo‘l kira topa olmay, ezilib o‘tiribdi”. Keyingi xatlar Jaloliddindan edi: “Iltimos, telefoningizni bir yoqing. Xafa qilib qo‘ymayin deb, yoningizga bora olmayapman. Qachon kasalxonadan chiqasiz? Onam sizni so‘rayapti” va hakozo. Boshqa vaqt bo‘lganda, ehtimol yosh qizchalarga o‘xshab, bu maktubchalarni yuz qaytadan o‘qib, o‘zicha sarxush bo‘lib yotardi. Bugun esa bunday sarxushlik ko‘ngliga sig‘madi. Xatlarni o‘chirib tashladi: “Birov-yarim ko‘rib qolmasin”. Singlisining xatlari ko‘nglini xavotirga to‘ldirgan edi, Jaloliddinga “Men uydaman” deb bir og‘iz qo‘ng‘iroq qilib qo‘yishga ham xafsala qilmadi. Va bu xafsalasizligidan o‘zi xayron bo‘ldi.
Dasturxon atrofida vag‘ir-vug‘ir qilib o‘tirishib, kunni kech qilishgan, bir yumushga qo‘l urmagan bo‘lsa ham Oysha negadir toliqqan edi. Bir amallab o‘rnidan turib, Komiljonning yoniga kirdi. “Bu yerda shuncha tansiq taomlar pishib, pishirilgan narsalar oshib-toshib yotibdi. Azizbekkina bemor, ishtahasiz holida, shunday yonginalarida, kasalxonaning osh-ovqatiga qarab o‘tiribdi…”
-Komiljon, Azizbek to‘rt kundan beri shu yerda kasalxonada yotgan ekan. E’tibor qilmabman, telefonim o‘chib qolgan ekan, xolang bechora menga rosa qo‘ng‘iroq qilib, bir dunyo xat yozgan ekan. Uyga kelib ko‘rib qoldim. Shunga bir borib kelmasak, bo‘lmaydi.
Ayvonda yonboshlab televizor ko‘rib yotgan Komiljon o‘rnidan sakrab turdi:
-Bo‘pti, onajon. Biz keliningiz bilan borib kelaveramiz, siz ovora bo‘lib yurmasangiz ham bo‘ladi.
-Yo‘q, bolam, borib o‘z ko‘zim bilan ko‘rib, duxtirlari bilan gaplashib kelmasam, ko‘nglim tinchimaydi. Bu yog‘i xolang ham Toshkentda turib, o‘g‘lini yuboribdi-yu, o‘zi mening bolamni ko‘rgani bormabdi deb, xafa bo‘lib qoladi. Sho‘rlik yo‘lkira topmaganidan kasal bolaning yolg‘iz o‘zini jo‘natibdi.
Azizbek hayxotdek katta xonaning to‘ridagi karavotda yotgan ekan. Ularni ko‘rib, jilmayibgina zo‘r-ba’zur turib o‘tirdi. O‘tirishga ham holi yo‘q shekilli, turishi bilan yonbosh bo‘lib qo‘liga suyanib oldi. Uning yuzlari shishib ketgan, rangi sap-sariq edi. Oysha bo‘g‘ziga tiqilgan ko‘z yoshlarini bir amallab yutib, uning qunishibgina turgan yelkalaridan quchdi, peshonasidan o‘pti: “Ay, bolajonim, bir chivinday joniga fildek dardlarni ko‘targan bolam-a. Ahvoling yaxshimi?”. “Yaxshi-i”, iljaydi Azizbek. “Duxtirlaring nima deyapti?”, “Bilmasam…”, “Kelganingdan beri o‘zgarish bormi?”, “Bilmasam…”. U hansirab, yelkasidan nafas ola boshladi. Komiljon sekingina joyiga yotqizib qo‘ydi, Oysha sumkani ochib, stolga keltirgan narsalarini chiqara boshladi: “Bolam, nima yeysan? Nima yeging kelayapti?” Azizbek kulimsirab bosh chayqadi: “Ishtaham yo‘q, menga ko‘p narsalar mumkin emas”.
Azizbek ba’zur bir to‘g‘ram non bilan yarim kosagina sho‘rva ichdi, yotgan holida bittadan bodring bilan pomidor yedi, boshqa narsalarga bir-bir qarab, dard-iztirob aralash g‘alati tarzda mayingina jilmayib, menga mumkin emas, dedi-da, ko‘zlarini yumdi.
Oysha ayanchli ihrab yubormaslik uchun, tishini tishiga qo‘yib, ohista egildi-da, jiyanining muzdek peshonasidan o‘pdi: “Duxtirlaring bilan gaplashaylik-chi, dori-porilardan kamchiliklari yo‘qmikin?”. Har-har joyiga bittadan xira lampochka qo‘yilgan nimqorong‘u va befayz yo‘lakka chiqqach, ko‘zlaridan duvullab yosh quyilib ketdi. Uning ortidan chiqqan Komiljon bir so‘z demay, onasining yelkalaridan quchdi. Oysha anchadan so‘ng ko‘zlarini artib, o‘g‘liga yuzlandi: “Xolangning peshonasi qursin, bolam. Bolaning ahvoli og‘ir. Yelkaginasidan nafas olib yotibdi. Men bu oqshom buning yonida qolmasam bo‘lmaydi”. Duxtir ham uning fikrini tasdiqladi: “Bolaning ahvoli og‘ir, yonida kimdir bo‘lgani ma’qul”. Komiljon xolasiga qo‘ng‘iroq qildi: “Xolajon, onamning telefoni o‘chib qolgan ekan, bizga qo‘ng‘iroq qilavermapsiz-da. Hozir Azizbekning yoniga keldik, duxtiri bilan gaplashdik, ahvoli yomon emas, ammo yonida yoshi kattaroq bir kishi bo‘lgani ma’qul, deyapti. Onam o‘zim qolaman deb turib olgan. Agar xo‘p desangiz, kechki taksilar bilan hozir yo‘lga chiqsangiz, ertalab Toshkentda bo‘lasiz, to‘g‘ri kasalxonaga kelavering, yo‘l kirangizni onamga qoldiraman. Bexavotir kelavering, qaytishingizni ham o‘zim qilib beraman”. Oyshaning yana ko‘ngli buzilib ketdi, mijjalariga qalqqan yoshlarni artib, o‘g‘lining yelkasiga qoqdi: “Sen tashvish qilib o‘tirma, bolam, sayoxatdan orttirgan ozroq pulim bor, xolangning yo‘lkirasiga yetadi”. Derazadan zim-ziyo tun qo‘ynida qorayib turgan ulkan daraxtlarga qarab, bosh chayqadi: “Hech kim bolam, demasin. Otam demak, onam demak, saltanat. Bolam demak, qiyomat, bolam. Ko‘rayotgan har kunimizning shukrini qilaylik, bolam”.
Oysha o‘g‘lini kuzatib, nimqorong‘u yo‘lakning boshigacha chiqdi. Xayrlashish oldidan o‘g‘liga “Ukangga bir qo‘ng‘iroq qilib, uyga usta tashlamay tur, xaridorim aynib qoldi, degin”, dedi. Komiljon unga xayron tikildi: “Nega, onajon?”, “Fikrimni o‘zgartirdim. O‘rtaga devor ko‘tartirib, keyin o‘zim ko‘chib o‘tib olsam, ukang juda eziladi. Kelinni ham bir balo qilib yo‘lga solarman. Xolang bechora bemor bolasining yoniga kelish uchun yo‘lkira topmay turgan bir paytda shu kelinning arzimagan gap-so‘zlari uchun bir dunyo pul xarajat qilib o‘tirishim ep emas. Puling bo‘lsa, xolangga ber, savob bo‘ladi”. Komiljon onasini bag‘riga bosdi: “Albatta. O‘zimning farishta onam!”, so‘ng cho‘ntagidan telefonini chiqarib, ukasiga qo‘ng‘iroq qildi: “Mansurjon, ahvollaring yaxshimi? Uyga usta tashlamadingmi? Ertaga tushadi? Uka, shu ishni to‘xtat. Mening xaridorimga davlat tomonidan uy beriladigan bo‘lib qoldi. Ishni boshlab qo‘ygan bo‘lishmasin, deb kech bo‘lsa ham qo‘ng‘iroq qilayapman. Xo‘p, omon bo‘l, uka!”
Shunday qilib, bo‘ron tindi, dengizdagi po‘rtanalar sekin-asta yoyildi, Oyshaning hayotida ham hammasi o‘z o‘rniga tushib bo‘lgan edi: barchaning g‘ashini keltirib, tashvishga qo‘ygan sayoxati nihoyasiga yetgan, kutulmaganda qalbida bahoriy tuyg‘ular uyg‘otgan ishqiy sarguzashtlar xotima topgan, hayotiga osudalik va’da qilayotgan yangi uy ta’miri to‘xtatilgan edi. O‘g‘li har qancha “hay-hay”lasa ham o‘sha kecha Azizbekning yonida qoldi. Singlisi ertasi kuni choshgohlarda yetib keldi, yo‘l bo‘yi o‘g‘li bilan necha bor gaplashib, xolasi yonida ekanligini bilsa ham kelgan payt xayoli joyida emas edi. To‘shak bilan bitta bo‘lib yotgan o‘g‘lini qayta-qayta bag‘riga bosib, yig‘lab-siqtab, o‘zini yaniy-yaniy anchadan so‘ng o‘ziga keldi. Oysha taksiga yo‘l kirani tushirib bergach, singlisiga nonushta hozirladi: “Biz Azizbek bilan hozirgina choy ichib olgan edik, sen ham biron narsa yeb ol, yo‘ldan kelding”. Gulnora dasturxonga qarab, yana ko‘z yoshi qila boshladi: “Bolaginamni qaratib, men qandaylar ovqatlanaman, ovqat yemay, mengina o‘lay”. U yana diy-diyo qilib boshlaganini ko‘rgan qo‘shni karavotdagi bemor kishi og‘rinibgina devor tomonga o‘grilib yotib oldi, uning rangi ham Azizbeknikidan tuzuk emas, ko‘zlari qovoqlari tubida so‘nib borayotgan jinchiroq kabi zo‘rg‘a yiltillab turardi. Oysha noiloj singlisini sekingina turtdi: “Qo‘y, singlim. Bu kishining ham juda mazasi yo‘q, shovqin qilavermaylik. Azizbekning yonida ham ko‘z yosh qilaverishing yaxshi emas. Ahvoli yaxshi-ku, nega yig‘laysan?”. Gulnora shundan so‘ng orqa o‘girib yotgan bemorga bir qarab qo‘yib, noiloj javrashdan to‘xtadi, ammo ko‘zlaridan duv-duv to‘kilayotgan yoshlarni to‘xtata olmadi, burnini torta-torta nonushta qildi.
Oysha Komiljonning kelishini kutib o‘tirgisi kelmadi, ranglari za’faron bemorlar, Azizbek ahvoli, duxtirning noumid xulosalari, singlisining tinimsiz yig‘lashlari – hamma-hammasi uni juda toliqtirgan edi. Yaxshi hamki uyda hech kim yo‘q ekan, u ust-boshini ham almashtirmasdan o‘zini karavotga tashladi: “Bu dunyoda salomatlikdan katta baxt yo‘q!..” Endi ko‘zi ilingan ekan, telefoni jiringlab qoldi. Kimligiga qaramasdan qulog‘iga tutgan edi, ikkinchi tomondan dugonasining shang‘illagan ovozi eshitildi: “Oy! Qayerdasan? Surxondaryoingga ketib qolmadingmi o‘zi? A-a, unda yaxshi. Bir-ikki lozimanda joylar chiqib qolib, sendan xabar ham ola olmadim, xafa bo‘lmaysan-da, o‘rtoq. Erimning ammasi o‘lgan ekan, bugun sen bilan biron joyda o‘tiramiz, ikki sixdan kabob yeb, muzqaymoq yalab, o‘tgan-ketgandan gurung qilamiz, deb turgan edim, endi erning hurmatini qilib, ammanikiga bormasam bo‘lmaydi. Xafa bo‘lmaysan-da, endi. Anavu, qarib quyilmagan oshig‘ingni nima qilding? Javobini berib yubordingmi? A-a, yaxshi qipsan, qarigan chog‘ingda senga bosh og‘riq nimaga kerak? Hali yana besh-olti kun turasanmi? A-a, shundaymi, unda mayli, singlingga salom ayt, o‘g‘liga ham xudo shifo bersin. Yanagi safar kelganingda uchrasharmiz. Oy! Yana anavi oshig‘ing qo‘ng‘iroq qilib, biron narsa desa, bechora qiynalib qopti, qarigan chog‘imda menga ham hamsuhbat bo‘ladi, deb ko‘ngli bo‘shlik qilib o‘tirma. Bir umr yiqqan obro‘ingni havoga sovurib yuborasan-a naq! Unda yaxshi. Sog‘-omon bo‘l. Telefon qilib tur”.
“Tavbangdan ketayin, qarib quyilmagan oshig‘ing, emish! Bir begunohni shu darajada yerga urishdan muddao nima? Nima desa, menga dedi, senga hech narsa deyayotgani yo‘q-ku! Yoki hamma gap unga emas, menga og‘iz solishganidamikin? Qoyil-ye!”
Tikanga ag‘anagandek to‘lg‘onib yotib-yotib, uxlayolmadi. Vaqt o‘tmaganidan Maxfirat yangaga qo‘ng‘iroq qildi. Yangadan uzr so‘ramoqchi edi, yanganing o‘zi xijolat bo‘lib, undan uzr so‘rab qoldi: “Oynanib ketay sizdan, Oyshaxon, ming bor uzr. Sizni ko‘rgani ham bora olmadim. Kamolim xotini bilan dam olishga ketgan edi, tuppa tuzuk yurgan Jalolim ham kutulmaganda qon bosimi oshib yotib qoldi. Uning kelinini yuboray desam, qo‘lida chaqalog‘i bor. Hech qachon bunchalik kalavamning uchini yo‘qotib, garang bo‘lib qolmagan edim. Ahvolingiz yaxshimi o‘zi? Siz bilan gaplashadigan gaplarimiz bor edi, ketguningizcha bir aylanib kelmaysizmi? Bir vaqt topib keling, singlijonim. Nima qildingiz? Komiljon bilan gaplashdingizmi? Ta’mirni ham boshlab yuborishibdimi? Yo‘g‘-ye, bekor qilibsiz-da. Bo‘lmasa, Toshkentda qoling. Menga qarang, Jalolim sizga hech narsa demaganmidi? Bir kuni gap ochsam, rangi o‘zgarib ketdi. O‘zining ham ko‘ngli bor ekan, shekilli. Har kuni bir borib, qarindoshingizdan xabar olib kelay deb, shoshib turardi. Birdaniga shumshayib, uydan chiqmay qoldi. Hayron bo‘ldim. Biron narsa desa, qattiq-qurum gapirib, xafa qilib yurmang yana, chin ko‘nglingiz urmasa, dilini og‘ritmang, silliqqina qilib rad qiling, xo‘pmi, jonim? Jalolimning juda ko‘ngli bo‘sh, ezilib yurmasin, deyman-de. Nima bo‘lganda ham, ketguningizcha bir kelib keting, sizni rosa sog‘inganman. Yana Toshkentga kelguningizcha o‘lib-netib ketsam, yana armon qilib yurmang, keling, degandi, bormagandim deb. Bu dunyoda necha jonsan, bir biringga mehmonsan, deb bejiz aytishmagan. Aytmoqchi, sizdan bir narsani so‘ramoqchi edim, Oyshaxon, Termizda bir ajoyib hayvonat bog‘i bo‘lgich edi. O‘sha bog‘ haliyam bormi? U yerda biron tanish-panishingiz yo‘qmi? Menga ikkitagina toshbaqa tuxum kerak edi. Bir kun televizordan Hakim Termiziy bilan Xizr buva haqidagi bir rivoyatni ko‘rgan edim. Hakim Termiziy Xizr buvaga onasining oyog‘i og‘riyotganini aytadi, shunda Xizr buva qo‘llaridagi hassani oyoqlari ostidagi qumga bir nuqib, katta toshbaqa tuxumini chiqarib beradi: shuni onangning og‘rigan oyoqlariga qo‘y, deydi. Shundan Hakim Termiziyning onasining oyoqlari yaxshi bo‘lib ketgan ekan. O‘g‘illarim o‘zimizdagi hayvonat bog‘iga necha borib kelishdi, ular har safar va’da qilishadi, ammo berishmaydi. Oyoq og‘riq jon-jonimdan o‘tib ketdi, desangiz. Qilmagan ilmu amalim qolmadi, shu toshbaqa tuxumini birgina surtib ko‘rsam, degandim. Oyoqlarim yaxshi bo‘lib, o‘zim bemalol yurib ketsaydim, deyman. Baraka toping, iloyim. Bir umr duo qilay, keliningizning ham insof tavfig‘ini bersin”,
Telefonidagi ro‘yxatlardan Jaloliddinning raqamini izlab topdi. Bir ko‘ngli qo‘ng‘iroq qilib, ahvol so‘ragisi, gaplashgisi keldi. Dugonasi senga og‘iz solishi senga nisbatan behurmatlikdir, sen ko‘chada qolgan, beqora, bechora ayol emassan-ku, shunday boobro‘ o‘g‘illaring bor, o‘zingning ham hurmat-e’tiboring joyida, deb qayta-qayta uqtirgan bo‘lsa ham, bu “behurmatlik” uning ko‘nglida shu odamga nisbatan bir qatim nur olib kirgan va uning ismini eslagan dam, ko‘ngli o‘z-o‘zidan yorishib ketar edi. Xuddi poyiga gullar to‘shagandek, boshiga yulduzlar sochgandek, ko‘nglidagi hech kim bilmaydigan yaralariga malham qo‘ygandek… Uni o‘ylasa, o‘z-o‘zidan kayfiyati xush bo‘lib ketardi. Nega? O‘zi ham bilmaydi. Balki bir umr umrguzaronlik qilib, bir emas, ikki pahlavon o‘g‘il tug‘ib bergan eridan kutgan so‘zni undan eshitgani uchundir. Balki u bu so‘zlarni shunchaki yo‘liga aytib qo‘ygandir… Nima bo‘lganda ham bu iqror juda yoqimli edi. Ammo ming afsus, u momolardan qolgan ming yillik an’analarni buza olmaydi. Buni taqdir deydilar. Bo‘lmasa, shu odamni turmushga chiqqunicha uchratsa bo‘lmasmidi?..
Unga qo‘ng‘iroq qilib, Toshkentning biron joyida o‘tirib, to‘rt og‘iz suhbatlashishni taklif qilmoqchi bo‘ldi. Bu gapni eshitib, u qanchalar suyunib ketishini, u bilan o‘tirib o‘zining ko‘ngli qanchalar huzur qilishini tasavvur qildi. “Nima bo‘pti? Shunchaki, bir-birini yaxshi tushunadigan beg‘araz do‘stlar kabi uchrashsak, dardlashsak… Eh, bu odam bilan qancha narsalar haqida gaplashish mumkin edi-ya”, so‘ng bir bechoraning ko‘nglida umid uyg‘otib, dilini og‘ritib qo‘yishi mumkinligi haqida o‘yladi. Yana birga o‘tirishganini biron tanish-bilish ko‘rib qolsa bormi… Yaxshisi, tinchgina yurganini ma’qul, ham o‘zining, ham o‘zgalarning halovatini buzib yurmasdan.
Telefondagi “Jaloliddin aka” degan yozuvga tikilib turib-turib, chuqur xo‘rsindi-da, so‘ng “O‘chirilsin” degan beshafqat tugmachani bosdi.
Dunyo birdan huvullab qolgandek bo‘ldi.

* * *

Gulnora bu safar Toshkentdan bir olam g‘ussa bilan qaytdi. Shu paytgacha ko‘proq xarajatlar haqida o‘ylar edi, uning nazarida hamma muammoning yechimi pul, agar puli bo‘lsa, o‘g‘liga kerakli dorilarni yetkazib berib tursa bo‘ldi, bolasining hayotiga xalal beradigan hech qanday muammo bo‘lmaydi, degan fikrda edi. Shuncha xarajat, shuncha muolijadan keyin ham rangi zarg‘aldakdek bo‘lib, zo‘rg‘a turib, zo‘rg‘a o‘tirayotgan Azizbekning ahvoliga qarab, ayniqsa duxtirning gaplaridan so‘ng dardi dunyosi zimiston bo‘ldi. “Endi bardam bo‘ling, opajon. O‘g‘lingizning buyragi xastalikning oxirgi bosqichiga yetib keldi. Bu bosqichda unga dializdan boshqa hech qanday chora yordam bera olmaydi, bu ham vaqtinchalik chora, dializga uzoq dosh berish qiyin”, “Unday demang, jon uka. Hali o‘g‘limning orzulari ko‘p. Uning sevgan qizi bor, kasalxonadan borganimizdan keyin to‘y qilmoqchimiz. Siz mening umidlarimni so‘ndirmang, iltimos”. Duxtir “Mening qo‘llarimda boshqa hech narsa yo‘q” degandek, turgan joyida kaftlarini yozib, afsus bilan bosh chayqadi. Endi Gulnora yurganda ham, turganda ham, yotganda ham shu suhbat, shu holatni xayolidan chiqara olmay qoldi.
Uyga qaytishgach, Azizbekka “To‘yni qilamizmi, o‘g‘lim?”, dedi, u esa indamaygina kulib, yelka qisdi. Oh, umid! Beshafqat tuyg‘u, o‘zing adoyi tamom bo‘lganingda ham u yurakning to‘rida miltillab turaveradi, qildek nozik qo‘llari bilan zildek og‘ir loshingni sudrab, tasavvur qilib bo‘lmaydigan dovonlar sari intilaveradi, intilaveradi…
O‘zining esa ahvoli bu, yotgan joyi o‘ziniki, hech narsa yemaydi, ichmaydi. Duxtir juda ko‘p yeguliklarni ta’qiqlab tashladi, go‘sht, yog‘ yemasin, xamirli ovqat, non yemasin, eng yomoni yeydigan osh-ovqatlariga umuman tuz solinmasin, dedi. O‘zi betob bo‘lsa, ishtahasiz, behol, bemador bo‘lsa, qanday qilib, tuzsiz, yog‘siz, go‘shtsiz beta’m ovqatni yeydi. Eh, onani yaratmasin ekan, shunda ham mayli, deydi, shugina bolamga armon bo‘lmasin, shu kelin bilan yashaydimi-yashay olmaydimi, qancha xarajat bo‘lsa ham shu to‘yni o‘tkazaylik, ammo bu bechora xasta holida borar-kelari o‘n besh- o‘n olti soatlik yo‘ldan qanday qilib kelinni olib keladi, uch-to‘rt soat kelinning uyida bo‘lishadi, bu harakatlar har qanday sog‘lom yigitni ham charchatib qo‘yadi, uning bolasi-ku, bir kunda ikki-uch soatdan ziyod harakatda bo‘lmasa, kecha-yu kunduz uzala tushib yotgani yotgan. Uning bunday mashaqqatlarga chiday olmasligi tayin.
O‘ylab-o‘ylab, kuyovning o‘rniga ukasining o‘g‘lini yuboradigan bo‘ldi. Azizbekka ham bir amallab tushuntirildi: “Bolam, yo‘lda toliqib qolasan, u qallig‘ingni senga olib kelib beradi, xolos. Hamma rasm-rusumlar, nikoh, to‘y bu yerda bo‘ladi, sen xavotirlanma”, dedi. Qudaga qo‘ng‘iroq qildi: “Nikoh Surxondaryoda o‘qitiladi, oilaviy nikoh o‘qiydigan mullamiz bor” dedi. Hammasidan ham kelinga tushuntirish qiyin bo‘ldi. O‘ylab-o‘ylab uning ham chorasini topishdi. Azizbekning o‘zi kelinga telefon qilib, “Oyog‘im qayrilib ketdi, gipsda yuribman. Ammo to‘yimizning kechiktirilishini istamayman. Mening joyimga tog‘amning o‘g‘li kuyov bo‘lib borayapti. Tag‘in xayron bo‘lib, vahimaga tushib o‘tirmang. Uning vazifasi sizni eson-omon olib kelib, mening qo‘limga topshirishdan iborat. Xudo xohlasa, to‘yda birga o‘tiramiz”, dedi.
Bir gaplarning hammasi bir nafasda aytiladigan gap. Lekin ular avval yuraklarni kuydirib, ko‘zlarni achchiq yoshlar bilan achishtirib, ko‘ngillarni armon bilan to‘ldirib, jismi jonni o‘tda yondirib, so‘ng aytilgan gaplar edi.
To‘yga ko‘pchilikni ham aytishmadi. Quda tomondan ellik-oltish kishi kelsa, o‘z birlari ellik-oltmish kishi bo‘lsa bo‘ldi, deyishdi. Shuncha odamga arzirli dasturxon yozishning ham o‘zi bo‘lmaydi, degan to‘xtamga kelishdi.
Kuyovsiz ketgan kuyovnavkarlar Gulnoraning yuragini uzib olib ketgandek bo‘ldi. Aslida uning ko‘ngliga to‘y siqqani ham yo‘q, bolasining ko‘ngli deb boshlagan tolato‘p to‘shak bilan bitta bo‘lib yotgan jigarbandini baxtiyor qilish o‘rniga uning halovatini butkul o‘g‘irlab, tinchini buzayotganidan o‘zini qayoqqa qo‘yishni bilmay yurardi. Kelinlar uyga yetib kelishidan ikki soatlar avval qo‘ng‘iroq qilishdi: “Qayerga boraylik, to‘yxonaga boraveraylikmi yoki kelinni avval uyga olib boraylikmi?”. Gulnora Azizbekning yonila o‘tirgan edi. Qaynisinglisi eshikdan hovliqib kirdi: “Yanga, kelin Boysunga yetib kelibdi, ikki soatlarda tumanga kirib kelishadi. Qayerga boraylik, deb so‘rashayapti”. Azizbekning rangi o‘zgarib ketdi. Buni sezgan Gulnora ammaga qarab uqraydi: “Qayerga boradi, uyga keladi-da. To‘g‘ri uyga kelishsin, keyin kuyov bilan to‘yxonaga o‘tishadi”. Amma juda xushyor ayol edi, qovun tushirib qo‘yganini fahmlab, darhol yuvib-chayib “Xo‘p, yangajon, xo‘p. Albatta uyga kelishadi. Uyda rasm-rusumlarini qilaylik, keyin kelinni Azizjonning o‘zi to‘yxonaga olib boradi”, deb xonadan chiqib ketdi.
Oppoq ko‘ylak ustidan ko‘krak cho‘ntagi oq ro‘molcha bilan bezatilgan tim qora kostyum-shim kiyib, bo‘yniga kapalak nusxa qizil galstuk taqqandan keyin Azizbek birdan ochilib ketdi. Rangidagi sariqlik ham bilinmay qoldi. Gulnora o‘g‘lini gir aylanib, tinimsiz quchoqlar, bir mo‘jiza ro‘y berib, qalbidagi quvonch va xayajon sabab buyragining chandiqlari bitib, to‘liq ishlab ketishini orzu qilar edi. O‘zi cho‘kka tushib, o‘g‘lining oyoqlariga oppoq paypoqlarini, to‘yga atab olingan tuflilarini kiygizdi, Azizbek har safar yangi kiyim kiyganda, Gulnora uning yuziga bir qarab qo‘yar, qalbidagi buhronlar sabab vujudida qandaydir o‘zgarishlar bo‘lib qolsa, bexabar qolmayin, deb umid qilar edi. Ammo bir vaqt qarasaki, Azizbekning ko‘zlari o‘tirishga joy izlayapti, birdan yuragi shuv etib ketdi. Uni karavoti tomon boshladi: “Bolajonim, kelin yetib kelgunicha biroz oyoq uzatib tur, to‘ydagi shovqin-suronlarga chidab o‘tirish uchun ham picha kuch yig‘ib olishing kerak. Yot, bolam, yotaver, kelin ko‘chamizga kirib kelgach, o‘rningdan turasan. Chimildiqqa birga kirasanlar”. Azizbek ohista jilmayib, kuyovlik libosida karavotiga cho‘zildi.
Gulnora uchun bu sershovqin dabdabalar tezroq xotima topsa-yu, uyidagi osuda hayot qaytib kelsa, gurros-gurros bo‘lib kirib-chiqayotgan olomon uni va bolalarini o‘z holiga qo‘yib, tezroq uy-uyiga tarqasa!.. Hammasi tez va tinch o‘ta qolsa!..
Oppoq ko‘ylak ustidan zarrin uqalari yaltillab turgan buxoracha mursak kiyib, harir ro‘mollari ostidan zar do‘ppisining uzun-uzun shokilalari yaltillab turgan kelinni ko‘rib Azizbekning ko‘zlari chaqnab ketdi. Yugurgilab borib, kelinning bilagidan qo‘lini o‘tkazib oldi. Kelin ham yerga qaragan kuyi jilmayib qo‘ydi. Umida yallachi, “Yor-yor”ni boshlab yubordi: “Yig‘lama qiz, yig‘lama-yey, To‘y seniki yor-yor. Ostonasi tillodan uy seniki yor-yor…”. Davraning bir chetida kelin bilan jilmayib turgan o‘g‘liga qarab, Gulnoraning ko‘ngli biroz yorishdi. Baribir ko‘ngli xavotirda edi. Uch-to‘rtta yalladan so‘ng kelin-kuyovni ichkariga kirgizib yubordi. Ularni chimildiqqa kirgizishib, hamma irim-sirimlar qildirdi, nikoh o‘qitdi.
To‘y juda chiroyli boshlandi, davra ixchamgina, oshiqcha odam yo‘q, kelin-kuyov o‘zlari uchun maxsus bezatilgan joyda kabutarlardek ohistagina suhbatlashib o‘tirishar edi. Davraga qayerdandir bir suratkash keldi-yu, ularning oromi buzildi, hali unisi, hali bunisi borib, kelin-kuyov bilan suratga tusha boshladi. Ular har bir guruh uchun o‘rnidan turib, suratga tushishar, bundan tashqari tabrik so‘zi aytuvchilar uchun ham yarim soatlab tik turishar, ularga qarab, Gulnoraning yuraklari siqilib borardi. Sinfdoshlar nomidan so‘zga chiqqan bir yigit sozandalarga maxsus musiqa buyurtma qilib, kelin-kuyovni davraga taklif qilganida Gulnora adoyi tamom bo‘ldi: “E, xudo! Bolaginamni o‘zing panohingda asra, unga kuch-kuvvat ato et, sharmanda qilma”.
Sinfdoshlar bir to‘p bo‘lib, buyurtma musiqa sadolari ostida kelin-kuyov o‘tirgan stol yoniga borishdi va hammalari jo‘r bo‘lishib, “A-ziz! A-ziz! A-ziz!” qichqira boshladilar. Kelin-kuyov o‘rnidan turib, qo‘llarini ko‘ksiga qo‘yib, tashakkur bildirgandek bosh egib, ta’zim bajo etishdi, ammo “A-ziz! A-ziz! A-ziz!” degan chorlov sira to‘xtay demasdi. Boshqa mehmonlar ham o‘rinlaridan turib, ularni qo‘llab quvvatlagandek qarsak chala boshladi. Ilojsiz qolgan Azizbek ohistagina kelinni boshlab, davraga tushdi. Davrani xushtak ovozi va qiyqiriqlar bosib ketdi. Gulnora bu xil sahnani hamma to‘ylarda yuz martalab ko‘rgan, ammo u shu qadar bachkana va yovvoyi ko‘rinish ekanligini birinchi marta his qilib, ijirg‘anib turardi. Azizbek bolaligidan juda chiroyli raqs tushar edi, ammo hozir uning mazasi yo‘q. Nima qilar ekan? Ana, kelinning qarshisida turib, ohista qanotlarini yozdi, o‘zini avaylabgina musiqaga moslab, sekin-sekin qo‘llarini qimirlatib, raqsga tusha boshladi. Xushtak, qiyqiriq avjiga chiqdi, butun to‘yxona kelin-kuyovning atrofiga yig‘ildi, qistir-qistir boshlandi. Gulnora ko‘zlari yoshga to‘lib Azizbekning shundaygina biqinida turar, atrofga olazarak boqib, ko‘zlari bilan erini izlab edi. Topilmaganidan qahrlanib shunday ortiga burilgan edi, ko‘zlari jovdirab turgan opasini ko‘rdi: “Opa, tez davraboshiga borib ayting, kelin-kuyovga javob bersin. Hozir Azizbegim yiqilib qoladi, uning boshqa kuchi qolmadi, men ko‘rib turibman”.
Oyshaning ko‘zidagi vahimani ko‘rgan davraboshi boshlangan o‘yin tugashini ham kutib o‘tirmasdan kelin-kuyovga javob berib qo‘ya qoldi: “Hurmatli mehmonlar! To‘y davom etadi, musiqa, raqs, o‘yin-kulgu biz bilan! Ammo uzoq yo‘l bosib kelgan kelin-kuyovga javob beramiz. Kelinimiz yo‘l hordiqlarini chiqarib, ertadan boshlab qaynona va qaynotaning, qayin-bo‘yinlarning, birinchi navbatda Azizbekning xizmatlarini qilishga tayyorgarlik ko‘rishlari lozim. Marhamat, yor-yor sadolari ostida kelin-kuyovni kuzatib qolamiz!”
-“Hay-hay o‘lan, jon o‘lan-yey…”
Lekin mast-alast davra uning so‘zlariga ham e’tibor bermadi. Zo‘r-ba’zur qo‘l ko‘tarib turgan Azizbek bilan pastki lablarini tishlagancha Azizbekning qarshisida oqqush misol xurpayibgina turgan kelinning atrofini aylanib, qiyqirib raqsga tushardi. Gulnora andishani butkul chetga surib qo‘ydi-da, o‘g‘lining qo‘lidan tutib, kelinga yonma yon qildi-da, sudragandek eshik tomonga boshladi: “Tez-tez yuringlar, ketdik”.
Azizbek butunlay holdan toygan, tirsagidan tutib olgan onasiga deyarli osilib olgan bo‘lsa-da, oyoqlari chalishib-chalishib ketardi, Gulnora kelinning yangasini mashinaning oldiga o‘tirg‘izib, o‘zi Azizbekning yoniga o‘tirib oldi. Qaynonaning o‘tirib olganini ko‘rgan kelin uyalib boshini egib oldi, Azizbek esa ko‘zlarini yumib, boshini orqaga tashladi. Gulnora lablarini mahkam tishlab, uning qo‘llaridan ushladi, barmoqlari namchil va muzdek, u allaqachon hushini yo‘qotgan edi. Boshqa vaqt bo‘lganda “voy-dod” qilib, dunyoni boshiga ko‘targan bo‘lar edi. Kelin bilan uning yangasining oldida tishini tishiga qo‘yib, ularni tezroq uyga yetkazib, so‘ng Azizbekni kasalxonaga olib borguncha, bolasining joniga Allohdan madad so‘rab borardi. Baribir sabri chidamadi, uzalib o‘g‘lining yuziga sekin shapatiladi, u qilt etmadi. “Yigitlarda ham insof yo‘q, bu ichkilikni hech ko‘tara olmaydi, ertalabdan beri rosa ichirishgani ichirishgan”, bu shikoyat bilan o‘zicha kelinning oldida o‘g‘lining ahvolini izohlagan bo‘ldi. Yaxshiyam shunday degan ekan, uyga yetib borishgach, kelin bilan yangasini uyga kirgizib yuborish oson bo‘ldi. Ularning ortidan izma-iz opasi o‘tirgan mashina kelib to‘xtadi, kelinni tushirib, ichkariga kirgizishni kimga topshirsam ekan deb alanglab turgan Gulnora opasini ko‘rib sevinib ketdi, qudalarga eshitarli qilib, yana o‘g‘lining mastligidan shikoyat qildi: “Opajon, kelinni siz ichkariga kiritavering, Azizbek mast bo‘lib qolibdi, shekilli. Ertalabdan beri o‘rtoqlari qo‘ymay ichirgani ichirgan. Endi uni yigitlar kirgizmasa, bizning kuchimiz yetmaydi”.
Ular mashinani burib olgunlaricha mehmonlarni joylashtirib, yugurib chiqqan Oyshaga “Siz mehmonlarga qarayvering, biron bahona aytarsiz, mast bo‘lib uxlab qoldi, deysizmi, o‘zingiz bilasiz. Biz kasalxonaga ketdik”, endi ko‘z yoshlarini tiyib turishga xojat yo‘qligidanmi, ortiq o‘zini ushlay olmay qolganidanmi, uning ko‘z yoshlari shashqator bo‘lib oqar edi.
Shu kecha ular kasalxonadan qayta olishmadi.
Qudalar shoshib turishganiga suyunishdi, kelinning yangasi “Men ham ketaveray, ishdan ikki kunga javob olgan edim” degandi, Oysha suyunib ketdi: “Siz, bemalol, qudajon! Odamimizni eson-omon qo‘limizga olib kelib topshirdingiz, sizga ming rahmat. Bu yog‘idan g‘am yemang, qizingizning ko‘zidagi har bir kiprigiga biz javobgarmiz”, dedi.
Kelin g‘alati bo‘lib qoldi. Uy to‘la odam, biri kirib, biri chiqadi, lekin u bilan kecha-kunduz telefonda gaplashib, telefonda poyiga dunyolarni to‘kib yurgan yigitdan darak yo‘q edi. Nahotki bir ichkilik uni shuncha qiynab qo‘ygan bo‘lsa! Kechki payt yuv-chay, supir-sidir qilib yurgan yosh-yalanglar tarqab, uyda yolg‘iz o‘zlari qolishgach, Gulnora kelinning yoniga kirdi. Kelin deraza oldida xayol surib turgan ekan, qaynonasini ko‘rib cho‘chib tushdi, shoshib salom berdi: “Keling, oyijon!”, to‘shog‘li ko‘rpa ustiga taxmondan yangi baxmal ko‘rpa olib tushadi. Gulnora o‘z ahvolidan o‘zi xijolat, topib qo‘ygan bahonasini birovning bolasiga qanday qilib aytishni bilmay xayron holda ko‘rpachaga o‘tirdi: “Yaxshimisan, bolam! Hovlida ham begona hech kim qolmadi, zerikib o‘tirmasdan qaynisingling bilan hovlilarga chiqib, aylanib yursang bo‘lardi. Baxtga qarshi Azizbegimning ham tobi qochib qoldi, bolalar qo‘yarda qo‘ymay ko‘p ichirishibdi. Hech o‘zi kela olmayapti, bolam bechora shu to‘yga qancha intiq bo‘lgan edi, to‘yning quvonchlari ham tatimadi”. Yerga tikilgan kuyi qo‘llarining titrayotganini yashirish uchunmi, ko‘rpaning chetini goh qayirib, goh to‘g‘irlab o‘tirgan kelinning yanoqlari uzra “duv” etib kuz yosh to‘kildi, dam o‘tmay burnini tortdi. Uning alvonrang yanoqlari yiltirab turgan yoshlarni ko‘rgan Gulnora battar shoshib qoldi: “Nimaga yig‘laysan, qizim? Xudo xohlasa, ertaga keladi, yig‘lama, bolam, xudo yig‘lagulik qilmasin. Agar… istasang, bir yengilroq ovqat qilib, kechqurun oldiga o‘tamiz, seni ham olib boraylikmi?”. Kelinning ovozi zo‘rg‘a chiqdi: “Mayli-i”, bir nafas tin olib, yana qo‘shimcha qildi: “Agar chin mazalari bo‘lmasa, yonlarida qarab yotishim ham mumkin. Momom yotganlarida doim o‘zim qaraganman”. Gulnora bosh chayqadi: “Hojati yo‘q, o‘zini o‘zi eplab yotibdi”.
Chiqishlaridan oldin o‘g‘liga qo‘ng‘iroq qilib, “Kelinni olib borayapman, sal u yoq-bu yog‘ingga qarab, dadilroq bo‘lib o‘tirgin, bolam”, desa ham, ular kirib borishganda Azizbek to‘shak bilan bitta bo‘lib, cho‘zilib yotgan edi. Bir-birini ko‘rib, ikkalasining ham ko‘zlariga yosh qalqdi. Gulnora o‘zicha hazil qilgan bo‘lib, “Mayli, sizlar yaxshilab yig‘lashib olinglar-chi”, deb tashqariga chiqib ketdi.
So‘ng nimqorog‘i yo‘lak bo‘ylab sudralib kelib, kiraverishga yo‘qlovchilar uchun qo‘yilgan o‘rindiqlarning biriga cho‘kdi. Nazarida joni allaqachon vujudini butunlay tark etib, narigi burchakda turib uning qunishib o‘tirgan mushtdek gavdasiga, chalajon holatda shalpayib qolgan yuragiga achinib qarab turgandek edi. Shundaygina yonginasidan o‘tib ketayotib, unga salom bergan oq xalatli ayollardan birini tanigandek bo‘ldi, ammo xayoli joyida emas edi, uni qayerda ko‘rganini eslashga ham harakat qilmadi: “Ha-a, shu bolaning dardi bilan uchramagan duxtirim qolmadi. O‘shalarning biri bo‘lsa kerak-da”. Haligi ayol tez-tez yurib, duxtirlar o‘tiradigan xonaga kirib ketdi, biroz vaqt o‘tgach, Azizbekni davolayotgan duxtir yigit bilan chiqib, unga nimanidir uqtira-uqtira Azizbek yotgan xonaning eshigi tomon yurdi. Xuddi shu daqiqada Gulnora uni tanib qoldi, bu ayol viloyatning bosh nefrologi edi! Bugun ertalab viloyat markazidan duxtir chaqiramiz, deyishayotgan edi. Demak, u Azizbekni ko‘rgani kelgan. Eh, ichkarida kelin bor edi-ya! U o‘qdek uchib palataning eshigiga bordi, xonaga sekin qarab, duxtirlarga qarab, anqayib turgan kelinni imlab yoniga chaqirdi, u qarayvermagach, sekin ovoz berdi: “Dilnavoz!”
Xonadagilarning hammasi baravar ortiga burilib, unga qaradi, viloyatdan kelgan duxtir uni ko‘rib, “Keling, kelavering, opa!”, deb yoniga chaqirib oldi. “Bu ahvolga tushib qolganiga qancha bo‘ldi? Uni menga ham olib borgan edingiz-a?” Gulnoraning rangi uchib, siri ochilib qolgandek, a’zoyi badanidan muzdek sovuq ter chiqib ketdi. Kelinning oldini to‘sib, duxtir ayolga yaqinroq bordi: “Ha, opa, o‘g‘lingizni uylantirdik, bu kishi kelinim, kecha to‘yda o‘rtoqlari ko‘proq ichirib qo‘yibdi-da”, u ko‘rsatkich barmog‘ini lablariga bosib, ko‘zlari bilan kelinga ishora qildi. Duxtir ham ziyrak ayol ekan, shekilli, darhol gapni Gulnora istagan ohangda ettirib ketdi: “Ha-a, keliningizmi? Baxtli bo‘lishsin. Barakalla. Siz, kelin, endi tashqariga chiqib tursangiz, kuyovto‘rani yaxshilab tekshirib olaylik. Xo‘pmi? E-e, rahmat!”
Duxtir ona-bolani erinmay savolga tutdi, uzoq tekshirdi, so‘ng ularga hech narsa demay, xonadan chiqib ketdi. Katta xonaning o‘rtasida serrayib, yolg‘iz qolib ketgan Gulnora bir zum nima qilishni bilmay turib qoldi. So‘ng nimadir esiga tushib qolgandek, o‘g‘liga “Men hozir!.. Duxtir opa ketib qolmasin, bir narsa so‘ramoqchi edim” deya duxtirning izidan yugurib ketdi.
Hakimlar xonasi eshigi oldida uni ko‘rib boyagi duxtir ayol afsus bilan bosh chayqadi:
-Keling, opa, kelavering. Juda bekor ish qilibsiz-da. Sizga Toshkentda o‘g‘lingizning haqiqiy ahvolini aytishgandir-a? Shuni bila turib ham shuncha harajat tortib, ham birovni baxtli hayotdan umidvor qilib, issiq uyidan chiqarib, bekor qilibsiz-da. Mana, endi na sizning, na o‘g‘lingizning kelinga qarashga vaqtingiz ham, imkoningiz ham yo‘q. Endi, opa, oldingizda ikkita chora bor, biri dializ, ikkinchisi, buyrakni sog‘lom buyraka almashtirish. Bularsiz ilojingiz yo‘q. Bular besh-o‘n kunda oxiriga yetadigan muolija emasligini yaxshi bilasiz. – ayol unga qarab, yana bosh chayqadi. — Eh, sizni qarang-u, boshingizdagi shuncha tashvishlar kammidiki, kelin tashvishini ham qo‘shib olibsiz.
Gulnora yerga qaradi:
-Bolam yaxshi ko‘rib qoldim, dedi. O‘zi kasal, sazasi o‘lmasin, erta bir kun armon qilmasin, dedim.
-Eh, onalar, onalar! Qancha tayinlasak ham bilganingizni qilaverasizlar. Kecha bir qizni olib kelishdi, unga turmushga chiqish mumkin emas, deb onasiga yuz marta tayinlagan edik. Bechora o‘zi bir tomirda ilashib zo‘rg‘a yuradi, ko‘ngil-da, bir yigitni yaxshi ko‘rib qolibdi, ona qiziga tushuntirishning o‘rniga, qizim ham bir chimildiq ko‘rsin, deb shartta uzatib yuboribdi. Opajonim, duxtirlar bir narsani bilmasdan aytishmaydi, bu kasallikda kutilmaganda ahvoli keskin yomonlashib ketadi, binoyidek yeb-ichib yuribdi-ku, demaslik kerak.
Gulnora boshini yerdan ko‘tarmadi, o‘tirgan joyida yer yorilsa-yu, o‘zi kirib ketishini orzuladi: shu gaplarni eshitmasa, shu ko‘rguliklarni ko‘rmasa!..
-Xo‘-o‘p, opa, endi gap bunday, eringiz bilan maslaxatlashib ko‘ring, imkonini topsalaringiz, buyragini almashtiringlar, bo‘lmasa, ertadan boshlab dializ olishlaringiz kerak.
-Toshkentda bizga buyrak almashtirish kerak, deyishgani yo‘q, dializ buyurishgan.
-Sababi, bu juda qimmat amaliyot, hamma ham ilojini topa olmaydi. Hozir bu amaliyotni o‘zimizda bajarishayapti, chet ellardagidan bir necha baravar arzon. Lekin, moboda buyrakni almashtirishga qaror qilgan taqdiringizda ham, to jarrohlik amaliyotigacha baribir har uch kunda bir marta dializ qildirib, qonini tozalatib turishingiz shart. Sababi, o‘g‘lingizning buyragi o‘z vazifasini bajara olmayapti, organizmda buyrak bajarishi lozim bo‘lgan ishni vaqtincha bo‘lsa-da dializ bilan uddalab turishimiz kerak.
-Agar… pul topib, operatsiya qildirsak, yashab ketishiga kafolat berishadimi?
-Opa, avvalo xudo, qolaversa, kafolati yo‘q ishga hukumat ruxsat berib qo‘yadimi axir?! Kuni bitsa, kundek kulib yurgan boybichchalar o‘lib ketadi. Peshonasiga yashab ketish yozilgan bo‘lsa, xas ham, cho‘p ham sabab bo‘lib, yashab ketaveradi. Ba’zan qandaydir bir extiyotsizlik sabab bo‘lib ertalab uyidan o‘ynab kulib chiqib ketgan bola kechqurun o‘lib keladi. Bu dunyodagi rizq-nasibasi tugagan bo‘lsa, hech kim hech qanday iloj qila olmaydi. Bu operatsiyani qimmat deyapman-u, lekin har qanday oila uddalashi mumkin bo‘lgan xarajat bu. Tayyorlashadi, tekshiruvlardan o‘tadi, jarrohlikdan keyin ham yana tekshiruvlar, reablitatsion muolijalar bor, yoningizda bir-ikki so‘m oshiqcha pulingiz bo‘lgani yaxshi. Lekin si-i-z mening qattiq-qattiq gapirganimga xafa bo‘lmang, bilaman, shusiz ham yurak-bag‘ringiz kuyib adoi tamom bo‘lgan. Men ham onaman, sizni yaxshi tushunib turibman. Lekin bugun sizga haqiqatni aytmasak bo‘lmaydi, keyin bizdan xafa bo‘lib yurishingiz mumkin. Inson hamisha hamma narsaga tayyor bo‘lib turishi lozim. Uzr, opajon.
Gulnora duxtirga hech narsa demadi, deya olmadi. Sharpadek sudralib yo‘lakka chiqdi. Oldin yugurib-yelib yurgan yo‘lakda qaysi tomonga yurishni bilmay, ancha vaqt turib qoldi. Atrof qop-qorong‘u edi. Tanglayi qotib, butun vujudida behollikni his qildi va oyoqlari o‘z-o‘zidan bukilib, turgan joyida o‘tirib qoldi. Kimdir kelib, qultig‘idan tutdi. Haligi odam o‘zi turg‘iza olmadi, shekilli, yana birov keldi, ikkovlashib turg‘izishdi. U baribir qadam bosa olmadi, shunda uni ko‘tarib qandaydir xonaga olib kirishdi, kimlardir burniga o‘tkir xidli paxta tutdi, kimdir qon bosimini o‘lchadi. “Qon bosimi tushib ketibdi, tezlik bilan kardiamin bilan kofein qilinglar!”.
Shu bilan kechgacha o‘rnidan tura olmadi. Bilib turibdi, qaysidir xonada butun vujudi zaxarga to‘lib, yo‘llariga ko‘zlari nigoron bo‘lib, o‘g‘li yotibdi. Qayerdadir hamma narsaga xayron kelin ko‘zlari pirpirab turgandir. Uning turishi kerak, har doimgidek hammasini joy-joyiga qo‘yishi kerak. Bu ishni u qilmasa, hech kim qila olmaydi. Ammo uning turishga holi yo‘q edi. Kechki payt opasi keldi. Azizbekni ko‘rgani kelib, Gulnoraning mazasi qochib qolganini eshitgan Oysha hovliqib uning yoniga kirdi. Gulnora yig‘lab yubordi: “Opa, Azizbekka yangi buyrak qo‘yish kerak, deyishayapti. Bo‘lmasa, o‘lib ketar ekan. Uyda bir tiyin pul yo‘q. Endi nima qilaman?!”. Oysha engashib, singlisining titrab turgan yelkalarini bag‘riga bosdi, go‘dakni yupatayotgandek sochlarini silab, tinchlantirgan kishi bo‘ldi. Gulnora yig‘lab-yig‘lab, ko‘z yoshlari qurib, tinchigandan so‘ng sekin so‘radi: “Hozir o‘zimizda ham buyrak qo‘yayotgan ekan-ku. Juda qimmat ekanmi buyrak?” Gulnora burnini tortdi: “Bir buyrak besh million atrofida, deyishyapti…”.
Oysha singlisiga bir so‘z demay, quloqlarida ming xil jilo berib tovlanib turgan olmos ziraklari bilan shu ziraklarning yo‘ldoshi bo‘lgan uzugini yechib, unga uzatdi: “Mana, singlim. Buni Habibullo Esonovning xotiniga olib borsang, o‘ttiz million so‘m pul beradi. O‘tgan yili xaridor bo‘lganida, achchig‘im chiqib, bermagan edim. Sizga yarashgan taqinchoq bizga ham yarashadi, degandim. Yaqinda yana bir joyda uchrashib qoldik, yuz xil taqinchog‘i bor-u, shundan ko‘zini uza olmaydi. “Juda chiroyli-da, shu komplektingiz” dedi ichidagisini yashira olmay. Ol-da, shuning yoniga bor. Opam berib yubordi, degin”.
Singilning ko‘zlari katta-katta bo‘lib, bir opasining kaftida yaltillab turgan taqinchoqlarga, bir opasiga qarab, yana ko‘zlariga yosh qalqdi: “Yo‘g‘-ye, opa-a! Shunday yaxshi ko‘rgan taqinchog‘ingizni sotamanmi? Keyin… shuncha pulni men nima qilaman”, “Hech qisi yo‘q. Bular shunchaki zebu ziynat, xolos. Odamning umri emas. Ilojini qila olishsa, birdaniga ikkita buyrak qo‘ydir. Operatsiyadan keyin bolangni parvarish qilasan, o‘zini tutib olguncha davolatasan. Ol, nega tortinasan, singlim, o‘zim berayapman-ku senga”. Gulnora xuddi opasi aynib qoladigandek shoshib, taqinchoqlarni titroq qo‘llariga olib, so‘ng ohista turib o‘tirdi va uzalib opasini bag‘riga bosdi: “Siz dunyodagi eng mehribon opasiz!”, uning ko‘zlaridan duvullab yosh quyildi: “Men sizning yaxshiliklaringizni hech qachon qaytara olmayman, opa. Pulim ham, pul topadigan holim ham yo‘q. Xudo menga shu bolani berdi, yel, yugur, deb, Endi mening yugurganim yugurgan. Umrimning oxirigacha shu endi. Sizga rahmat. Yaxshiliklaringiz xudodan qaytsin, ilohim”, “Mayli, singlim, faqat siqilma, yuragingni ezma, sen kuchli bo‘lishing kerak. Men hamisha yoningdaman”.

XX XX XX

U singlisi muhtoj bo‘lib eshigidan qarz so‘rab kelganida pul topib bera olmagani uchun hamisha xijolat bo‘lib yurardi. Uyga qaytib, bir zamonlar qaynonasi sovg‘a qilgan yoqut ko‘zli tilla ziraklari bilan uzugini taqib oldi. Ular asl qadimiy taqinchoqlar edi, unga juda yarashdi. Eng muhimi, ruhi yengil tortdi. U oyna oldida uzoq turib qoldi, oyna orqali mamnun boqib turgan ko‘zlari, derazadan tushib turgan quyosh nuri jilva qilayotgan ajinsiz yuzlari, ro‘molining chetidan chiqib turgan qo‘ng‘iroq sochlari o‘ziga juda yoqdi. O‘z-o‘ziga mahliyo bo‘lib turib, Maxfirat yanganing gaplarini esladi: “O‘zingizni hech qachon unutmang, o‘zini sevmagan odam hech kimni seva olmaydi”.
Oysha Maxfirat yanganing ko‘p aytganlarini qila olmadi. Lekin uyga qaytib kelgach, Mansurini yoniga olib, “O‘g‘lim, men ham qaridim-horidim. Endi oshiqcha shovqin-suronni ko‘tara olmayman. Ilgaridan hovli-joy bitta bo‘lsa ham, qarilarning eshigi alohida bo‘lgan. Sizlar ham ikki bolaga ota-ona bo‘ldinglar, erkin kirib-chiqadigan eshiklaring bo‘lishi kerak. Mening ko‘ch-ko‘ronimni olib, akangning uyiga chiqarib ber. O‘zimga kichkinagina gaz o‘choq olaman, meni ham izlab kimdir kelishi mumkin, oldiga bir choynak choy qilib qo‘yishim bor, to‘rtta tuxum qovurib qo‘yishim bor. Bir choynak suvni qaynatish uchun ham vaqt-bemahal sizlarning eshigingizdan borib yurmayin”, dedi.
Mansur ancha vaqtgacha yerga qarab, jim qoldi. So‘ng ilkis boshini ko‘tarib, onasining ko‘zlariga gunohkorona tikildi: “Onajon, shunday qilmang, iltimos. Men keliningiz bilan gaplashaman, bundan keyin sizga qarshi bir og‘iz so‘z aytsa, unday xotinning bahridan o‘tib qo‘ya qolaman”. Oysha bosh chayqadi: “Xudo saqlasin, o‘g‘lim. Men kelindan sira xafa emasman. Uning o‘z hayoti, mening o‘z hayotim bor. U o‘zining hayotini yashayversin. Hamma joyda hamisha bolalar uylanib, bola-chaqali bo‘lgach, ota-onaga hovlining bir chetidan bo‘lak uy solib berilgan. Buning hech aybi yo‘q. Bolalaring katta bo‘lib borayapti, ularga ham alohida xona kerak. Akangning uyi esa bo‘sh yotibdi, birov kirib-chiqib, supirib-sidirib turmasa, uy kalamushxona bo‘lib ketadi”. Xullas, unisi u dedi, bunisi bu dedi, ko‘ch-ko‘ronini Komiljonning uyiga olib chiqdi. Ukasining tibbiyot kollejida o‘qiyotgan qizini yoniga chaqirib oldi.
Bo‘layotgan ishlar haqida kelinga bir og‘iz aytilmaganidanmi, u ham bir og‘iz “Nimalar bo‘layapti?” deb so‘rashga jur’at qila olmadi. Avvaliga endi ikki imoratning supir-sidirini qilamanmi, degandek, rangi gezarib turgan bo‘lsa ham, jiyan kelib, hamma yoqni yog‘ yalagandek artib-surtib chiqqach, battar gezardi. Kechqurun o‘choqqa osh damlab, o‘zi chaqirib ketdi. Oysha charchaganini bahona qildi: “Mansurdan chiqarib yubora qol, yurgudek holim yo‘q”.
Shundan buyon goh chaqirishadi, goh bir kosa ovqatni chiqarib yuborishadi. Oysha kamdan kam hollarda ularnikiga chiqadi. Oftoba bilan ham ishi yo‘q, to‘zg‘ib yotgan uy bilan ham. Hovli bitta emasmi, ba’zan kelinning jag‘i ochilib, bolalariga baqirib qolganini eshitadi. Yuragi achishsa ham, indamay televizorini ko‘rib yotaveradi. Bir kun ataylab yoniga chaqirib, bolalarga amerikacha munosabat haqida gapirdi: “Bolalarga qattiq gapirish madaniyatsizlik hisoblanar ekan. Amerikada bolasini urgan, qiynagan onani jazolashadi. O‘zimizda ham yosh bolani nonning ushog‘i bilan baravar ko‘rishgan. Uvoli bor ularning”. Kelin unga javoban hech narsa demadi, tumtayib turib ketganidan bildiki, gaplari unga sira yoqmadi. Tumtaysa ham, ilgargidek nimadir deb bobillab ketmadi, behurmatlik qilmadi, shunisiga ham shukr.
Saharmardondan turib olgani uchunmi, choshgohgacha uyni aylanib g‘imir-g‘imir qilib yuradi-da, choshgohga borib charchab qoladi. Biroz televizor tomosha qilish uchun cho‘ziladi-yu, darrov pinakka ketadi. Bu paytda ko‘pincha izquvarlar haqida turkum filmlar namoyish etishadi. Bir necha kundan beri yoshi o‘tib qolgan bo‘lsa ham tinib-tinchimaydigan ikki izquvar ayol haqidagi filmlar ko‘rsatilayapti. Bir ko‘zlarini ochsa, uning navbatdagi qismi bo‘lib yotgan ekan, filmga qarab yotib, beixtiyor izquvar ayollarning oilasi haqida o‘yladi: “Tavba, nega rejissyor bu ayollarning oilalarini umuman ko‘rsatmaydi-ya? Ularning ham biznikiga o‘xshash kelinlari, nevaralari bormikin-a? Bordir-ov, lekin bizga o‘xshab bir-birimizning injiqliklarimizga chidashimiz shart deb, o‘zlarini qiynab yotishmasa kerak. Menga o‘xshab, bir amallab eshigini bo‘lak qilib olganda ham odamlar nima deyisharkin, nevaralarim endi nima qiladi, onasi yeb-yutib qo‘ymasmikin, deb, g‘amga tushib o‘tirmaydi”.
“Hozircha shunisi ma’qul. Keyin yana ko‘ramiz. Kunlar o‘tar, oylar o‘tar. Kelin ham xatolarini anglab yetar. Anglab yetmasa ham o‘ziga havola”.
Bir qarashda ularning hayotida hech narsa o‘zgarmagandek. Nevaralari uyqudan turishi bilan uning yoniga yugurib kelishadi. Hamisha uning bolalarga atalgan nimasidir bo‘lar, bolalarni suyuntirib, o‘zi ham suyunar edi. Ular hali bola edilar, momolari bilan onasining o‘rtasida ko‘tarilgan ko‘rinmas devolni sira his qila olishmas, ikki uyning o‘rtasida yugurib yuraverishar edi.
O‘sha kuni Jiyangul qishloqqa ketgan, u televizor ham ko‘rgisi kelmay, to‘shakda ag‘anab kitob o‘qib yotgan edi. Kutilmaganda yonboshida yotgan qo‘l telefoni jiringlab qoldi. Telefonining yuzida yozuv o‘rnida raqamlar paydo bo‘lgani uni hushyor torttirdi: “Ie, u begonalarga ham kerak bo‘ladigan bo‘ptimi?”, ammo raqamga bir nazar tashlashi bilan raqam egasini tanidi. Telefonni qo‘lida tutgancha bir zum ikkilanib turdi: “Javob bersammi, bermasammi?”. U o‘yini tugatguncha, telefon uchib qoldi, ammo bir pas turib yana jiringladi. Inson ba’zan ichidagi menini yenga olmay qiynaladi, u so‘nggi daqiqada yashil go‘shak belgisi bor tugmachani bosdi: “Assalomu alaykum, Jaloliddin aka!”, ikkinchi tomondan Jaloliddinning shukronasi eshitildi: “Xudoga shukr-yey, bu kishi endi telefonimni olmasa kerak, deb turgandim. Sog‘-salomat bormisiz, Oyshaxon! Bizning onamizga shogird tushib, eshigingizni alohida qilib olibsiz, deb eshitib, endi bemalol mehmonga boaversak bo‘ladi, deb Surxondaryoga kelgandik, telefonga ham javob bergingiz kelmaydi. Telefonda gaplashmaydigan odamning eshigiga sira ham ro‘baro‘ bo‘lishning iloji yo‘qdir, deb turibman”, “Albatta-da, men bir boshi ochiq poshikasta bo‘lsam, eshigimdan erkak kishining kirib chiqishi meni malomatlarga ko‘mib tashlashi aniq”, “Yo‘g‘-ye, Oyshaxon, joy muammo emas. Men bir haftadan buyon Kampirtepadaman, eski qadrdonlarim bilan mazza qilib gurunglashib, ishlashib yuribman. Hali yana uch-to‘rt kun yurmoqchi edim. U yoqda onam qo‘ng‘iroq qilib, dod deb chaqirib yotibdilar. Bilasiz-ku, u kishi uchun men haliyam yosh bolaman. Agar xo‘p desangiz, sizni ham bir ko‘rib ketmoqchi edim. Nima deysiz?”, Oysha bir nafas jim bo‘lib qoldi, so‘ng ming bir andisha bilan uzrini aytgan bo‘ldi: “Yo‘q demasdim, lekin bu yerda meni ko‘pchilik taniydi. Hamma joyda o‘quvchilarim… Siz bilan boshlashib bir joylarga borsam, “Ie, Falonchi ustoz!..” deyishsa, juda noqulay-da”. “Men turgan joyda sizni hech kim tanimaydi, shu yerga keling. Shundaygina Amudaryoning bo‘yida, kechqurun daryoda cho‘milayotgan quyoshni tomosha qilamiz. Sizni Edvard Vasilyevich bilan tanishtiraman, u juda ajoyib odam, suhbatlashsangiz, rosa miriqasiz. Iltimos, keling. Kela olasizmi?” Oysha keyingi kunlarda juda ham zerikkan va siqilgan edi. Kelin ham unga achchiq qildimi, yoki hadeb bolalarni uning yoniga tashlab ketishdan uyaldimi, bolalarini bog‘chaga topshiradigan bo‘ldi. Singlisi Azizbekni olib Toshkentga ketgan. Ishlab yurgan kezlari boradigan joylari ko‘p edi, yurishga vaqt topa olmasdi, endi vaqti ko‘p, ammo kimnikiga borishni bilmaydi, bir umr rahbar bo‘libdi, hamma bilan ish yuzasidan do‘stlashibdi, gaplashibdi, ammo biron inson bilan yurakdan do‘st bo‘lmabdi. Bir necha kundan buyon goh kitob titkilaydi, goh televizorga termiladi, ammo hech biridan izlagan, istagan narsasini topa olmay, battar charchaydi. Hisob-kitob bilan do‘stlashadigan, qiz olib, qiz beradigan, hatto salomlashadigan bu zamonda fanatlar borligiga hech ishongisi kelmaydi, ammo Rtveladzeni eshitib, doim shu odamni bir ko‘rsam, deb o‘ylaydi. Haqiqatan ham borsa, o‘sha “noyob odam” bilan tanishib kelardi. Jaloliddinni ham juda-juda ko‘rgisi kelayapti. Borsa, bu odam yomon xayolga bormasmikin?
Go‘shakdan Jaloliddinning yalinchoq ovozi eshitildi: “Oysha-a! O‘ylab bo‘ldingizmi, javobingizni kutayapman. Nahotki, samimiy do‘stlardek bir o‘tirib gaplasha olmasak-a? Kelasizmi?”, “Bo‘pti, boraman”, bu so‘z yuragining tub-tubidan chiqqan bo‘lsa-da, o‘zidan o‘zi uyalib ketdi. Darrov o‘zicha gunohini yuvib-chaygan bo‘ldi: “O‘sha Rtveladze amakini juda ko‘rgim keladi”, “Shu kishining borligiga ham shukr, sizlar o‘tirib suhbatlashasizlar, men xizmatlaringizda bo‘laman”, “Xo‘p. Amudaryodan bironta laqqa ham tutib qo‘ying, bu safar kabob qilib berasiz”, “Buyursangiz bo‘ldi, o‘zimning yuragimni kabob qilib, dasturxonga tortaman”, “O‘zingizdan ketavermang, aynib qolishim hech gapmas”, “Yo‘q, yo‘q, faqat aynimang. Amudaryoning laqqasi bo‘lsa, Amudaryonikida!”
Taksi haydovchi yigit juda sergap ekan: “Esimni taniganimdan buyon shu tepada bir to‘da odam ishlaydi, ba’zan yigirma-o‘ttiz bo‘lib ketadi, ba’zan kamayib qoladi. Kampirtepaning nariyog‘ida bir qishloq bor, o‘sha yoqqa ko‘p odam olib boraman, issiqda g‘imir-g‘imir qilib yotgan ishchilarni ko‘rib xayron qolaman. Ular shuncha yildan beri ketib ham qolishmaydi, tilla-pilla topibdi, degan gapini ham eshitmaymiz. Yana o‘zimcha o‘ylab qolaman, tilla topsa, topib, o‘zaro bo‘lib olib yotishgandir-da. Bir cho‘li biyobon bo‘lsa, bularning boshida birov turib nazorat qilayotgan bo‘lmasa. O‘zi, bu yoqqa kimni izlab kelayapsiz?”, derazadan kirayotgan shabadaga yuzlarini tutgancha, atrofni tomosha qilib, haydovchi yigitning gaplariga unchalik ham ahamiyat bermay kelayotgan Oysha kutilmagan savoldan esankirab qoldi: “O‘g‘lim, ha, o‘g‘limni izlab kelayotgandim”, “Men ham tugunlaringizga qarab, shunday deb o‘yladim. Lekin, opajon, tag‘in mening gaplarimni ularga aytib yurmang. Biz bir savodsiz odam bo‘lsak, kallasi bilan emas, tili bilan o‘ylaydigan. Bechoralar issiq joyidan, bola-chaqasidan kechib, shu yerda ishlab yotishibdi. Hukumatga bir foydasi tegmasa, shuncha odamga oylik berib, shu yerga qo‘yib qo‘yarmidi? Baraka topsin, ishqilib, bularga qoyil qolish kerak”, haydovchi yigit birdan gap ohangini butunlay boshqa tomonga burib ketdi. “Albatta, uka, bu odamlar faqat o‘zimizning hukumatimizga emas, butun dunyoga taalluqli ish bilan shug‘ullanayapti. Agar shunday bo‘lmaganida ularning boshlig‘iga akademiklik berib, senator qilib qo‘yishmasdi”, “To‘g‘ri aytasiz, opajon. Ko‘rsangiz, oddiy odam, hech akademik deb o‘ylamaysiz, ammo qachon qarasangiz, televizorda ko‘rinadi. Bir narsalar deb yotadi, gaplarini uncha tushunmayman”.
Ular ayni tushlikka yaqin yetib borishdi. Uzun bo‘yli qotma, keksa kishi chodirning yonida turgan ekan, uning qo‘lini olib, samimiyat bilan jilmaydi: “O‘zbeklarda qaynonasi suygan bo‘lsa, osh ustiga keladi, deyishadimi? Sizni ham qaynonangiz juda yaxshi ko‘rgan bo‘lsa kerak. Natasha endi osh suzaman, deyayotgan edi. Ichkariga kiravering, qizlarimizning birovi ichkarida, Jaloliddin ham hozir keladi, u posyolkaga baliq olib kelish uchun ketgan edi”.
Oysha Jaloliddin kelgunicha hamma bilan tanishib oldi, ikki qiz, olti erkak edi ular. Egnilaridagi harbiylarnikiga o‘xshash, yer rang qalin korjomalarining quyoshda rangi uchib ketgan yelkalari terdan namlanib turar, uni ko‘rib hammasi “Ekspeditsiyamizga mahalliy xotin-qizlar kamdan kam tashrif buyurishadi. Sizni ko‘rib turganimizdan juda xursandmiz” deyishdi. U pishirib kelgan qatlama patir, somsalarni ko‘rib rosa sevinishdi. Jaloliddin aka olib kelgan baliq kabobni ko‘rganda esa qiyqirib qarsak chalib yuborishdi. Kavkazcha burama sixga terib chiqilgan baliq kaboblar haqiqatan juda chiroyli edi. To‘rda, Rtveladzening yonida o‘tirgan kishi kaboblarga qarab, davradoshlardan so‘z so‘radi: “Aziz hamkasblar! Biz Jaloliddinni bilimdon olim, vatanparvar inson, chinakam do‘st sifatida bilar va qadrlar edik. Bugun uning yana bir fazilatini kashf qildik. Bizning do‘stimiz nozik mehmonining izzatiga yeta oladigan erkak ekan. Agar, Edvard Vasilyevich, istisno tariqasida ruxsat bersa, erkak degan ulug‘ nomga munosib inson uchun qadah ko‘tarsak!..”, Edvard Vasilyevich unga qarab, masxaraomuz jilmayib qo‘ydi-da, “Topsang, bir qadahdan bo‘lsa, ruxsat”, dedi. Haligi kishi tashqariga chiqib, bir shisha ko‘tarib kirdi: “Mening ham bir ajoyib fazilatim bor. Do‘st odam uchun yo‘qni yo‘ndirib, osmondagi yulduzlarni poyiga to‘ka olaman”. Yana olqish, qarsak!.. Lekin Edvard Vasilyevich bilan Jaloliddin ichmadi.
Tushlikdan so‘ng hamma uyushqoqlik bilan dasturxonni yig‘ishtirib, katta chodirning turli burchaklariga o‘tib, cho‘zila qoldi. Jaloliddin Oyshani olib, Kampirtepa qalasi tomon ketdi: “Tong sahardan ish boshlagan edik, endi ular kun qaytguncha picha dam olishadi. Paytdan foydalanib, men sizga qal’ani ko‘rsataman”.
Ular qal’a nazoratchilari uchun shaharga nisbatan ancha baland qilib qurilgan yo‘laklar chetidagi tizza bo‘yi keladigan qalin paxsa devolga o‘tirib olishdi. Bu yerdan butun shahar, shahar ortidagi dalalar, yoyilib oqayotgan Amu kaftdek ko‘rinib turardi.
Oysha uy, hovli devollari, ko‘chalar yaqqol namoyon bo‘lib turgan qal’aga qarab, beixtiyor ko‘z o‘ngida qadimiy shahar ko‘chalarida hayot jonlangandek bo‘lib ketdi. Aravalarning g‘ichir-g‘ichiri, qizlarning qah-qahalari… Hatto baland ayvonda to‘n qavib o‘tirgan ayolning egnidagi ko‘ylakning rangi-yu, hovli supirayotgan qo‘shni qizni devolga shoti qo‘yib, o‘g‘rincha kuzatayotgan bo‘z yigitning ko‘zlaridagi ishq olovini ham ko‘rgandek bo‘ldi. Keyin qay go‘rdandir Iskandar Zulqarnaynning ochiq ketgan qo‘llari va jahongir o‘g‘ildan ajralgan onaning iztiroblari haqidagi afsona yodiga tushdi. Go‘yo Iskandar onasi bilan shu shaharda yashagan-u, mulozimlari uning vasiyatiga amal qilib, shu shahar ko‘chalari bo‘ylab, tobutdan ochiq qo‘llarini chiqargan holda olib o‘tishgan. Iskandar o‘limidan oldin “Meni inson qadami yetmagan tog‘ cho‘qqisiga dafn etinglar”, degan ekan. “Iskandarni qaysi tog‘ning cho‘qqisi o‘z bag‘riga olgan ekan? Jahongir o‘g‘ilning dog‘ida kuygan onaizor qaysi tog‘ning toshlariga peshonasini urib, “Iskand-a-a-r, Iskan-d-a-a-r!” deya faryod urdi ekan? Tog‘u toshlar uning faryodiga javob bersa-da, farzandidan bir javob kelmagan dam, qaysi tog‘ cho‘qqisida dunyoni unutgan onaning yodiga dilbandining tayinlagan gapi esiga tushib, “Iskandar Zulqarnayn!” deb faryod qilgan ekan? Jahongir o‘g‘lon qay manzilda tizzasigacha loy-balchiqqa botib, “Onajon, avval boshdan ismimga Zulqarnayn so‘zini qo‘shib aytganingizda, kimni yo‘qlab kelganingizni bilib, darhol o‘rnimdan turgan bo‘lardim. Axir bu yerda mendan boshqa ham qancha Iskandar yotibdi, qay birimizni chaqirayotganingizni bilmay xayron yotgan edik”, degan ekan. O‘-o‘, ne-ne tojdorlarni bo‘sh qo‘l bilan kuzatgan dunyo-ya, sen kimdan, nimadan o‘kinayapsan? Shukr qil ko‘rgan har bir kuningga, xudo bergan rizqu nasibangga.
Ular uzoq o‘tirishdi. Kuzda ham sarg‘aymagan dalalarga, olis-olislardan haybati ko‘ngilni seskantirguvchi daryoga, qirg‘oqlarga tutashib ketgan osmonlarga termulib, jim, so‘zsiz, sadosiz… Jaloliddin bir oy avval kasalxona eshigi oldida titrab-qaqshab ko‘ngil aytgan odam emas, har ne g‘alayon bo‘lsa, ichga yutib, o‘zini bosib olgan. Na xasrat qildi, na ko‘ngil aytdi. Ba’zan o‘rtadagi sukunatni buzib, undan-bundan gurung berdi, deylik, onasidan, qadrdoni Rtveladzedan, bu qadim shaharda yashagan kushonlardan, ular zarb qilgan tangalardagi ot suratlaridan… U Oyshani ming yildan beri biladigandek, shuncha yillar davomida birga umrguzaronlik qilgan odamdek juda erkin, juda samimiy muomila qilar edi. Lekin uning qarashlaridan, so‘zlarining ohangidan, butun turish-turmushidan hali-zamon Oyshaning ketib qolishidan qo‘rqib turgani shundoqqina sezilib turardi, lekin bu sezgilarni sira ham tiliga chiqarmadi.
-Oysha, quyoshga qarang, qanday chiroyli! Men uni sochlarini yoyib, qo‘shiq aytayotgan ayolga o‘xshaydi.
Oysha xayollarini yig‘ishtirib olib, Jaloliddin ko‘rsatgan tomonga qaradi. Yam-yashil dalalar ortidagi osmonlarga tutashib ketgan ulkan daryo qirg‘og‘ida guldek yuzining yarmini suvga yashirgan bir go‘zal nimadandir qizarib, olovlanib, alvon nurlari bilan osmonni ham, daryoni ham nurga cho‘mib, mahzun bir qo‘shiq aytardi.
-Rostdan ham ayolga o‘xshar ekan u, qo‘shiq aytib cho‘milayotgan ayolga, — quyoshdan ko‘zlarini olmasdan javob berdi Oysha.
-Oysha, men bir oylardan so‘ng yana kelaman Kampirtepaga. Chaqirsam, siz ham kelasizmi?
Oysha burilib Jaloliddinning yuziga qaradi, uning umidvor ko‘zlarida ham botayotgan quyoshning alvon nurlari jilolanib turardi:
-Ha, xudo xohlasa… — dedi u shoshib, erkak kishining yig‘lab yuborishidan qo‘rqdi. – Kelaman. Sizni ko‘rgani, botayotgan quyoshning qo‘shiqlarini eshitgani. Qarang, o‘zimga juda erk berib yubordim. Kech bo‘lsa ham uyga qaytsam bo‘lardi. Meni kuzatib qo‘ying.
-Siz xijolat bo‘lmang, ish tugagandan so‘ng mashina qizlar bilan sizni posyolkadagi bazamizga olib borib qo‘yadi. O‘sha yerda yotasizlar. Ertaga bafurja qaytasiz. Lekin Kampirtepaning tunlari juda chiroyli bo‘ladi, qani endi bir kecha shu yerda qolsangiz edi. Amudaryoning yuzi yulduzlar shu’lasi shunday nurlanib ketadiki, bu nurdan Kampirtepa ham yorishib turadi. Edvard Vasilyevich hamisha Kampirtepaning nomi haqida gap ketsa, bu nom sizlar o‘ylayotgandek, keksa ayol tepasi, degan ma’noni bildirmaydi, “Kampirtepa” — qadim kushon tilida suv yuzidagi yulduzlar aksidan nurlangan shahar, degan ma’noni anglatadi, deydi.
-Aslida ikki ma’no ham o‘rinli ekan. Lekin Edvard Vasilyevichning qo‘llariga qarab, nahotki jarrohlarning barmoqlariga o‘xshash shu nozik barmoqlar bilan tuproq tagida qolgan butun boshli shaharning deyarli yarmini ochib, bu obidaga yillar yetkazgan talofatlarni suvab, dunyo ko‘z o‘ngida necha ming yil avvalgi hayotni jonlantira olgan bo‘lsa, deb xayratga tushdim.
-U kishi hovuchlab chiqargan tuproqlarni jamlasangiz, katta-katta mashinalar zo‘rg‘a ko‘taradigan necha-necha tonna yuk bo‘lib ketadi. Yaqinroq bo‘lib, bir suhbatini olsangiz, samimiyligidan, soddaligidan yanayam hayratga tushasiz. Nahotki shu odam akademik, senator bo‘lsa, deysiz. Bu kishi hech qachon shon-shuhrat, mol-dunyo, mansab ketidan quvmagan. Bir umr gadoy topmas bir joylarda jimgina sevgan ishi bilan shug‘ullangan, shundan zavq olgan.
Oysha poylarida yastanib yotgan qal’a devorlariga qarab, o‘ychan bosh irg‘adi:
-Va shon-shuhrat ham, martaba ham bu kishini o‘zi izlab topgan. Mansabparast, shuhratparast odam bu kimsasiz biyobonlarda tuproqqa qorishib, kesakka surinib yura olarmidi? Unday odamlarga gavjum auditoriyalar, salqin kabinetlar, yumshoqqina oromkursilar kerak. Ular o‘tirgan kursilaridan turmasdan olqishlarga ko‘milishni, behisob boylikka ega bo‘lishni istaydilar, bu yo‘lda hech qanday pastkashlikdan qaytmaydilar. Lekin hech bir banda Alloh buyurganidan ortiq hech narsaga ega bo‘lolmaydi.
-Rost.
-Dunyoning eng bahavo joylaridan bo‘lgan Borjomi, Kislovodsk kabi shaharlarda tug‘ilib, ulg‘aygan bir insonning egasi bo‘la turib, o‘zimiz “dod” deydigan issiq o‘lkamizga kelib, bizning tariximizni o‘rganish uchun umrini shu jaziramalarda o‘tkazganligi meni juda ta’sirlantirdi. Zehni kamoli bilan ustozi Imom Buxoriyni zavqlantirgan Imom Termiziy, Ulug‘bekdan 500 yil avval usturlob yaratgan Hakim Termiziy, yulduzlar ilmidagi zakovati bilan Beruniyni ham tan berdirgan Sonur Termiziy, o‘z zamonasida “Qalbi ham, ilmi ham, yurar yo‘llari ham, o‘zlari ham poklikka timsol” deya nom olgan “Qirqqiz” mudarrislari va talabalari haqida o‘ylaganimda yuragim xayajonga to‘lib ketadi. Lekin qor-yomg‘irlar ostida kundan kunga tuproqqal’aga aylanib borayotgan “Qirqqiz”ga qarab, mening bu xayajonlarim o‘zim bilan ketmasaydi, degan xavotirim bor. Bir gruzin kishi kelib, bizning tariximizni tiklash yo‘lida shuncha ishlar qilib yotibdi, biz bo‘lsak…
-Hech bo‘lmasa, hayratga tushib, ortlaridan ergashib yuribmiz-ku, — kulimsiradi Jaloliddin. – Bu kammi?
-Yo‘q, Jaloliddin aka, agar bir xolis niyatli do‘st sifatida yordam beraman, desangiz, men alohida bir ish boshlasam, deyapman. Bir hayriya jamg‘armasi ochib, “Qirqqiz”ni ta’mirlash, tiklash ishlariga bosh bo‘lgim kelayapti. Erta bir kun odamlar asl holatiga qaytarilgan “Qirqqiz” qal’asiga kirsalar, ularning qalblarida ham mening yuragimdagi xayajon, faxr-iftixor tuyg‘ulari paydo bo‘lsin. Menga yordam berasizmi?
Jaloliddin xuddi uni endi ko‘rib turgandek xayron qarab, qo‘lini ko‘ksiga qo‘ydi:
-Eh-he, o‘zimizdan ekansiz-u. Nega bu ayolni ko‘rganimda yuragim jizillayveradi, desam! Dardlarimiz bir ekan-da.
-Behazil, Jaloliddin aka, — Oyshaning qoshlari norozi chimirildi.
Jaloliddin endi jiddiy bosh irg‘adi:
-Jonim bilan, Oyshaxon. Edvard Vasilyevichdan ham yordam so‘raymiz. Surxondaryoda u kishi bormagan biron tarixiy obida qolmagan. “Qirqqiz” haqida ham u kishi materiallar bo‘lishi kerak.
Jaloliddin bilan Oysha shu paxsa devol ustida tong otguncha o‘tirsalar ham gaplashadigan gaplari sira tugamas edi. Ammo, Oysha bu yerda ortiq qola olmaydi. Kunbotarda alvonlanib turgan qizil ro‘molning rangi tobora uchib borardi:
— Jaloliddin aka, men boray.
— Oysha, bu yerning tonglari ham juda go‘zal bo‘ladi. Agar shu manzarani ko‘rsangiz, rassom bo‘lmaganingizga afsus qilasiz. Agar qolsangiz…
-Boshqa safar…
Kechasi Mohinur qo‘ng‘iroq qildi: “Dugon, qonimdagi gemoglabin miqdori keskin tushib ketaverdi. Yaxshilab tekshirishsa, o‘zim bexabar sariq kasal o‘tkazgan ekanman, jigarimdan qandaydir virus chiqdi. Duxtirlar bozorni tashlang, jiddiyroq davolanmasangiz bo‘lmaydi, deyishayapti. Tashladim bozorni, bolalarni ham ko‘p qiynab yuborgan ekanman, qizim maktabga ishga joylashdi. Katta qizim ham qishloqqa qaytib keldi, u yoshlar markazida ishlayapti. Uyimiz to‘lib, fayzli bo‘lib qolgan. Men esa kasalxonada yotibman. Sizlarda Omonxona degan ziyoratgoh joy bor ekan, suvi ming xil dardga davo, deyishayapti. Agar xo‘p desang, kasalxonadan chiqib, sizlarnikiga bormoqchiman”, “Albatta, kel. Maryamjon bilan Guljonni ham olib kel, bizda ziyoratgoh joylar juda ko‘p, birga aylanamiz. Jigarga O‘rinbuloqning suvini ham yaxshi deyishadi, o‘sha yoqqa ham boramiz”, “Oysha, erimni ham olib borsam maylimi? Kasal bo‘lib qolganim ta’sir qildimi, u butunlay o‘zgargan. Umuman ichmay qo‘ydi, juda mehribon”, “Juda yaxshi, birga kelaveringlar. Oramizda kampirlarning xizmatini qilib turadigan bir erkakning ham bo‘lgani yaxshi-da”.
Ertasi kuni qadimshunos qizlar uni ming yillik qadrdonlarini kuzatgandek, yana kelishini qayta-qayta tayinlab qolishdi. Tong sahardan bazaga yetib kelgan Jaloliddin ekspeditsiyaning mashinasi bilan markaziy bekatgacha kuzatib qo‘ydi.

Amin.

Juma, 2018 yil 19-yanvar

Muallif haqida:  Jamila Ergasheva 1956 yil Surxondaryo viloyatining Jarqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. Toshkent Davlat dorilfunining jurnalistika fakultetini tamomlagan. “Izhor”, “Intiqom”, “Tanazzul”, “Zulfizar”, “Qir ustidagi ayol” nomli roman, qissa, hikoyalari jamlangan kitoblari chop etilgan.

O‘zbekiston Respublikasida xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi.

09

(Tashriflar: umumiy 182, bugungi 1)

Izoh qoldiring