Jamila Ergasheva. Ajdarko’l

04   Шомга яқин туман қуюқлашди. Иброҳим шаҳар четидаги ойнаванд дўконининг бир бурчагида оёқларини чалиштирганча ташқарига асабий термулиб, тутундек тарқалаётган туманнинг аста-секин йўл четидаги дов-дарахт учларини, паст-баланд биноларнинг томларини қандай қоплаб олаётганини кузатиб ўтирарди…

Жамила ЭРГАШЕВА
АЖДАРКЎЛ
Қиссанинг қайта кўрилган варианти
09

21034630_127345861237309_3279338271037390101_n.jpgЖамила Эргашева Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика куллиётини тугатиб, “Сурхон тонги ”, “Аёл ва замон”газеталарида ишлаган. “Изҳор”, “Интиқом”, “Таназзул”, “Аёл жодуси”, “Зулфизар”, “Қир устидаги аёл”, “Шом шафағи жилвалари ” номли қисса, ҳикоялар жамланган китоблари чоп этилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

09

БИСМИЛЛОҲИ РАҲМОНИ РАҲИМ

Шомга яқин туман қуюқлашди. Иброҳим шаҳар четидаги ойнаванд дўконининг бир бурчагида оёқларини чалиштирганча ташқарига асабий термулиб, тутундек тарқалаётган туманнинг аста-секин йўл четидаги дов-дарахт учларини, паст-баланд биноларнинг томларини қандай қоплаб олаётганини кузатиб ўтирарди. Пештахта устида ётган қўл телефони тинимсиз жиринглар, Иброҳим сийрак қошларини чимириб, телефон ойначасида пайдо бўлаётган ёзувга бир-бир назар ташлаб қўяр, лекин уни қўлига олиб жавоб бермас эди. Ҳар кун шу аҳвол, кеч кирмасдан хотини қўнғироқ қилиб бошлайди: “Дадажониси, бугун манти қилаяпман, эртароқ келасизми?”. Бир пас ўтгач, яна телефон жиринглайди: “Келишингизда қизларингизга йўл-йўл дафтар олиб келинг, дафтарлари тугаб қолибди. Дўконни ёпдингизми, келаяпсизми?”. Ярим соат ўтар-ўтмай яна: “Келяпсизми? Манти тайёр бўлди. Болаларингизнинг қорни оч, дадам билан бирга еймиз, деб емай ўтирибди”. Хотини бу гапларни худди маъшуқалар каби овозларини товлантириб, нозланиб, эркаланиб айтаётган бўлса ҳам, “дод” солиб йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тийиб тургани икки томонга ҳам маълум эди. “Мижоз кўп, хотин, савдони ташлаб уйга чопиб кетмайман-ку”, жуда банд одамдек дўқиллатиб қўярди у кўпинча. Шу билан… у уйга тунни яримлатмаса ҳам, болалари ухлаб қолгандан сўнг борарди. Сўнг гина-кудрат, ёлвориш, кўз ёшлари… Хуллас, эрига ишончи йўқолган ҳамма хотинлар каби…
У хотини ва болаларини ёмон кўради, деб бўлмасди, албатта. Хотинини жуда яхши кўрмаса ҳам, унга астойдил ачинарди. Аёли қишлоқда обрўли муаллима, ҳамма ҳурмат қилади, ҳамиша уйим-жойим деб куйиб-пишиб юради. Уч боланинг онаси бўлса ҳам келишган, ёқимтойгина аёл. Бир замонлар шу аёлнинг ўпкаси билан нафас оладигандек, шу аёлнинг кўзлари билан дунёни кўраётгандек ҳис қилар эди ўзини. Уни йўқотиб қўйишдан жуда қўрқар эди. Уйга қайтганда ёш боладек унинг изидан эргашиб юрарди. Албатта, Гулхуморни қайта учратиб қолгунича…
Гулхумор!.. Бу қиз мактабда ҳамманинг орзуси эди. Қаршисидан чиққан мардум у ўтиб кетгач, ортига бурилиб қараб қолмасдан иложи йўқ эди. Унинг отаси аллақаердан шу ердаги катта бир ташкилотга хўжайин қилиб юборилган, онаси ҳам бу ернинг одами эмаслиги билиниб турарди. Жуда келишган, олифта аёл эди. Улар Иброхимлар олтинчи синфда ўқиётганда кўчиб келишди. Синфда Иброхимнинг ёни бўш эди, муаллим Гулхуморни унинг ёнига ўтирғизиб қўйди. Ҳамма болаларнинг ичи ёнди. Дарсдан сўнг “Янги қизга нега мунча тиқилиб ўтирдинг?”, “Нега мунча пичирлашдинглар?” деб атай жиғига теккан болалар кўп бўлди. Иброхим эса бутун вужудидан ажиб бир гулларнинг нозик ифори келиб турган янги партадошига тиқилиб ўтириш, у билан нимадир деб гаплашиш нари турсин, олти соат дарсни унинг ёнида нафас олишга ҳам журъат қила олмай, зўрға ўтказган эди. Лекин мактабдан чиққанда руҳини қандайдир сармастлик қоплаб олди. Хиралик қилаётган синфдошларига “Э-э, боринглар-е!..”, деди-да, тез-тез юриб кетиб қолди. Эртаси куни муаллима Гулхуморнинг дафтарини бутун синфга “Мана шундай чиройли ёзиш керак, дафтарнинг тоза-озодалигини қаранглар», деб ҳаммага ибрат қилиб кўрсатди. Кимнинг фарзанди эканлигини ҳам айтди. Қизнинг овози жуда чиройли, жавоблари ҳам бийрон-бийрон эди. Энди синфдош болалар унга эхтиёт бўлиб қарашга мажбур бўлиб қолишди. Лекин қиз математикадан масалалар ечишга бироз қийналар эди. Иброхимнинг “тап-туп” қилиб масала ечиб ташлашига қараб, “Вууй, сен математикадан зўр экансан. Калланг роса зўр ишлар экан-а”, деб ҳаваси келди. Гулхуморнинг ўрнида бошқа бирон синфдош қиз бўлганда, эҳтимол, масалани шунчаки кўчиртириб қўя қолган бўларди. Аммо у Гулхуморнинг кўр-кўрона кўчиришини эмас, масала ечишни ўрганишини истагани учун танаффус пайтлари эринмасдан ечиш йўлларини ўргата бошлади. Кейин-кейин дарсдан кейин мактабда қолиб, уй вазифаларни бирга ишлашадиган, сўнг биргаликда уйга қайтишадиган бўлишди. Кўпинча синфдош болалар у ер бу ерда тўдалашиб, уларнинг мактабдан чиқишини пойлаб туришар, болалар қўшилиб олишса, Гулхумор “Мен кетдим”, деб тез-тез юриб кетиб қоларди. Бундан синфдошларнинг аччиқлари чиқар, баъзан очиқдан очиқ рашк қилишиб, бир баҳона топиб, Иброхим билан ёқалашиб кетишар эди. Бундай аччиқ-терс муносабатлар баъзан синфда, Гулхуморнинг кўз ўнгида ҳам бўлар, Гулхуморни ундан қизғонишаётганларини баъзан очиқ айтиб юборишар, аммо қиз бу жанжалларнинг унга ҳеч қандай алоқаси йўқдек кулиб ўтираверарди. Математика эса алгебрага айланди, унга геометрия қўшилди, Иброхим шунча майдалаб тушунтирса ҳам қизнинг математикани мустақил еча олиши кундан кунга қийин бўлиб бораверди. Ўзлари ҳам улғайишди. Лекин ҳамон масала-мисолларни бирга ечишарди. Тўғри, энди уларнинг ёнида яна бир қиз, Гулхуморнинг энг яқин дугонаси Санобар пайдо бўлган. Бу қиз деярли гапирмас, унга математиканинг умуман кераги ҳам йўқ, Гулхуморнинг “Кетма, одамлар йигит киши билан ёлғиз юрибди, деб гап қилишлари мумкин”, дегани учунгина уларнинг ёнида ўтирарди. Аслида уларга қўриқчининг умуман кераги йўқ эди. Улар мактаб, машғулотлар, масалалардан бошқа ҳеч нарса ҳақида гаплашишмасди. Иброҳим кўп марта унга кўнгил очмоқчи бўлди, аммо кундан кунга сулув бўлиб бораётган қизга нимадир дейишга журъат қила олмасди. Айниқса, кимсан Дадабековнинг қизи бўлса, унинг отаси эса бор-йўғи бир дўкончи бўлса. Кутилмаганда… Ўша куни Санобар мактабга келмаган эди. Нимагадир кун бўйи Гулхуморнинг чеҳраси очилмади. Қайтишаётганда юрагини очди: “Иброҳим, онам ўзимнинг онам эмас. Биз жуда кичкиналигимизда онамиз ўлиб кетган. Кейин отам шу бефарзанд онамга уйланган. Буни доим укам билан мендан яширишади, ўгай онам бизга сира ёмон гапирмаса ҳам, унинг ўгайлигини доим ҳис қилиб тураман. Қарашларида, гапининг оҳангларида… Ўшандай пайтлар ўзимнинг онамни жуда соғиниб кетаман, кўргим келиб кетаверади”, унинг ҳамиша жилмайиб турадиган катта-катта кўзлари ёшга тўлиб, лаблари алланечук титраб турарди. Аслида бу сирни маҳаллада кўпчилик билади, лекин болаларни аяб, бу ҳақда ҳеч ким оғиз очмайди. Ҳатто табиатан ҳеч қандай гап-сўз билан иши бўлмайдиган Иброҳим ҳам биларди. Лекин ҳамиша башанг кийиниб юрадиган бу гўзал ва мағрур қизнинг ҳам юрагида армон бўлиши мумкинлигини сира ўйлаб кўрмаган экан. Қиз узун-узун оппоқ бармоқлари билан кўзларидан шашқатор оқаётган ёшларни қайта-қайта сидириб ташларди. Иброҳим дафъатан унга нима деб тасалли беришни, қандай юпатишни билмай талмовсираб қолди. Бироз ўтгач, яна қизнинг ўзи гапирди: “Тағин биров-яримга гапириб юрма. Отам эшитса, қаттиқ хафа бўлиши мумкин. Одам баъзан кимгадир ёрилгинг, дардлашгинг келади… Лекин бировга бир нарса дейишдан қўрқаман. Уйдагиларнинг қулоғига етиб борса… Нариги маҳаллада ўзимнинг онамнинг синглиси — холам яшайди. Ҳеч бўлмаса, шу кишини бориб бир кўрсам, гаплашсам, дейман. Лекин отам унинг ёнига боришимизни таъқиқлаб қўйган”.
Шундан сўнг анча вақтгача тезроқ қизга кўнгил ёриб, бу ерлардан уни бутунлай бошқа ёқларга олиб қочиб кетиш ҳақида ўйлаб юрди. Ўзича режалар тузди. Лекин олиб қочиш эмас, кўнглидагиларни айтишга ҳам жазм эта олмади.
Мактабни битиришгач, синфдош болалар йиғилишиб, Тошкентга ўқишга йўл олишди. Гулхумор қўярда қўймай Иброҳимни ҳам ўзи топшираётган институтга хужжат топширишга кўндирди: “Бир вақтда топширганлар битта хонага тушиб қолишар экан. Бирга тушсак, бир-биримизга ёрдам берамиз. Ўқишга киргандан кейин ҳам менга кўп ёрдаминг керак бўлади”. Иброҳим “Йўқ”, демади, аммо бироз малол келди, бу қизга унинг ўзи керакми, ёки фақат ёрдамими? Лекин агар ўқишга кириб қолишса, унинг мавқеи оддий дўкончининг ўғлиликдан курсдошлик даражасига кўтарилиши, ўқиш давомида қизга янада яқин бўлиш имконияти кўнглидаги орзуларга эрк бериб юборарди. Бахтга қарши у ўқишга кира олмади. Иброҳимнинг отаси “Ота-бобомиз улома ўтмаган. Савдо билан кун кечирган. Дўконда ишлайсан”, деб, ўқиш ҳақидаги орзуларига бутунлай нуқта қўйди. Гулхумор эса, отаси гаплашганми, осон саволлар тушиб қолганми, ҳарқалай юқори балл билан қабул қилинди.
У ёзда яна бир бор хужжат топшириб, омадини синаб кўрмоқчи эди. Ёзги таътилни кутиб юрган кезлари Гулхуморни холасининг бойвачча ўғлига унаштиришганини, тўйлари ёзга белгиланганини эшитди. Ҳамма “О-ҳо! Онаси шундай чиройли қизни бегона қилармиди?”, деди. Иброҳимнинг юраги эса қалампир сепгандек ачишди. Негадир қизнинг қилган ўша ҳасратини эслади. Балки рашк туфайлидир, ҳарқалай унга энди бечора қизни қайнона ҳам ўгайлик қилиб қийнайдигандек туюлди.
Гарчи у қизга бир нарса демаган, қизнинг ваъдасини олмаган бўлса-да, кўп йиллар шу қизни ўйлаганда, ўзини хўрлангандек ҳис қилиб юрди: “Унинг отаси ҳам амалдор бўлганида… Ҳеч бўлмаса у ҳам ўқишга кирганида… бемалол кўнглидагиларни айтиб, розилигини оларди. Унга совчи юбориб, уйланган бўлар эди”. Кейин ўқишга ҳам урунмади.
Шу билан қанча сувлар оқиб ўтди. Иброҳим уч болали бўлганда яна кутилмаганда Гулхумор пайдо бўлди. Қизлик қадди қомати бироз тўлишиб, ўзи анча сипо, жиддий тортиб қолганини уни аввалдан билганлар сезмаса, ўзи ҳамон жуда гўзал ва мағрур эди.
Иброҳим одатдагидай дўкон олдидаги олачалпоқ офтобрўяга курси қўйиб, ўтган-кетганни кузатиб ўтирган эди. Шундайгина беш-олти қадам нарида этаклари узун, митти-митти қизил гуллар безатилган антиқа қора кўйлак кийганча хаёлга берилиб келаётган Гулхуморни кўриб, ўрнидан туриб кетди…
Уни кўриб Гулхуморнинг кўзларига ҳам табассум қалқди:
-Ассалому алайкум, қадрдон! – кулимсираб қўл узатди у.
-Ваалайкум ассалом, — Иброҳим унинг юмшоққина иссиқ қўлларини олди. Мактаб даврларидагидек “сен” дейишга тили бормади. – Келинг-е, сизни бутунлай йўқотиб қўйдик-ку. Синфдошлар йиғилишиб, бир-икки суратларингизни олиб, “Сени излайман!” кўрсатувига бермоқчи бўлиб турган эдик.
Гулхумор кулди:
-Сизларни овора бўлиб юришмасин, деб, мана ўзим кела қолдим.
У ҳамон жуда чиройли эди, кулганда кўзлари хиёл қисилиб, узун-узун киприклари туташиб, икки чаккасидаги кулгичлари ҳам қўшилиб кулар, товланиб турган бўлиқ лаблари ёйилиб, садафдек оппоқ, текис тишлари бир ҳуснига ўн ҳусн қўшиб юборарди. Иброҳим унга беихтиёр тикилиб қолганидан хижолат тортиб, Гулхуморни дўконга таклиф қилди:
-Киринг, бир пиёла чой ичиб кетинг.
У бу таклифни шунчаки, йўлига айтган эди. Эҳтимол, ўзининг мактаб даврларидаги журъатсиз болакай эмас, хусусий дўконига эга, озми-кўпми жамғармаси бор эркак эканлигини билдириб қўйиш учун айтгандир. Гулхумор эса шу таклифни кутиб тургандек, ичкарига кирди:
-Дўконни кўчирдингларми?
-Йў-ўқ, тўғри келиб қолган эди, олиб қўя қолдик. У дўконни отам билан акам ишлатишяпти.
Гулхумор дўкон ўртасига келиб, чор-атрофга назар ташлади:
-Чиройли экан, кенг, ёруғ, саришта.
Иброҳим унга курси бериб, пештахтага икки ликопча қанд-қурс қўйди. Сочиқ бостириб қўйилган чойнакдан чой қуйиб узатди:
-Хўш, қани, яхши юрибсизми? Нима ишлар қилаяпсиз? Куёв почча қандай? Бутун синфни доғда қолдириб, турмушга чиқиб кетдингиз. Болалар ҳам кўпайишиб қолгандир?
Гулхуморнинг кўзлари бирдан маъюс тортди:
-Раҳмат, юрибман тупроқдан ташқари, дегандай. Ихтиёр ўзимда бўлганда ўша пайтда, ўша одамга сираям турмушга чиқмаган бўлардим…
Кутилмаганда улар анча дардлашдилар. Гулхумор дўконга кириб, бемалол чой ичиб ўтирган бўлса ҳам, унга дардини айтади деб, умуман шундай гўзал аёлни ҳам қандайдир ғам-андуҳ қийнаши мумкин, деб ўйламаган эди. У эса… Тўлиб турган эканми, тўкила қолди: эри гиёҳванд экан. Онаси билан қайнонасига қўшилиб, отаси ҳам уни ўша гиёҳванд билан яшайверишга мажбур қилибди. Охири марҳум онасининг синглиси аралашиб, уни гиёҳванд эрдан икки боласи билан ажратиб олибди. Отаси эса ўгай онага қўшилиб, ундан бутунлай воз кечибди, уйга киргизмабди. Ҳозир у холасининг уйида яшаётган экан…
-Майли, — унинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. – уйга киргизмасалар ҳам, отам бир тийин ёрдам қилмаса ҳам, розиман. Лекин укам билан кўришни таъқиқлаб қўйишганига ҳеч чидай олмайман. Укам бечора мактабимга орқа йўллар билан яширинча келиб, икки оғиз гаплашиб кетади. Ҳеч дийдорига тўя олмайман. Унинг ўзи ҳам бундан жуда сиқилади.
Ўшандан сўнг Иброҳим бутунлай ҳаловатини йўқотди. Ёшлик йилларидаги ўтли туйғулар бутун жону жаҳонини яна ўз измига олган эди. Юрганда ҳам, турганда ҳам хўрланган, икки бола деярли кўчада қолган Гулхуморни ўйлайдиган бўлиб қолди. Фариштадек хотини кўзига алвастига ўхшаб кўринадиган бўлди. Ҳар ишда хотинининг ўрнига Гулхуморни қўйиб, солиштирадиган одат чиқарди.
Бир кун дўконга хизматдош ўртоғи келди. Бироз кайфи бор эди. Уни қучоқлаб, ароқнинг бадбўй ҳиди анқиб ётган оғизларини юзига босиб, чўлпиллатиб қайта-қайта ўпди: “Ошна, мени табрикла, мен ўғилли бўлдим!”. “Табриклайман. Солия яхшими?”, деди у. “Э-ээ, қандай Солия?! Буниси Маҳбубаники, ошна!”, ишни дўндириб қўйгандек тиззаларига шаппатилаб, қийқириб кулди жўра. Сўнг яна бир келганда, муҳим бир сирни айтаётгандек, секин гурунг берди: “Ошна, хотинни иккита қилганман. Бирида учов, бирида икки фарзанд бор… Ҳозир қўшхотинлилик мода”. Ўзи бироз бетайинроқ, ҳовлиқма йигит эди жўраси, бу гурунгни ҳам биров эшитиб қолмасин, дегандек, у ёқ-бу ёққа аланглаб айтган бўлса ҳам, Иброҳим Гулхуморнинг кечмишларини эшитгач, ана шу ҳовлиқма жўрасининг гапларини кўп эслайдиган бўлиб қолди. Худога шукр, уйи, дўкони бор. Топаётган мол-дунёси билан, бир эмас, икки Гулхуморни гулдек яшнатиб қўйса ҳам бўлаверади. Фақат аввал хотинини қўшхотинликка рози қилиш керак, акс ҳолда, бу эси йўқ аёл Гулхуморнинг бошига келиб, жанжал кўтариши аниқ. Гулхуморнинг кўнглини ранжитиб қўйиши мумкин. У рози бўлгач, секин Гулхуморга айтади. Шаҳарнинг ўртасидан унга атаб данғиллама уй ҳам олиб беради. Ўзи эса ёшликда армонга айланган орзуларига етади, ҳаёти гўзал эртакка айланади, Гулхумор ҳам бошидан ўтказган уқубатларни ёддан чиқаради…
Рутубатли қиш кунларидан бири эди. Кун бўйи қор бўлиб қорга, ёмғир бўлиб ёмғирга ўхшамайдиган алланима ёғиб турди. Намчил, совуқ ҳаво ҳаммани дилгир кайфиятда ичкарига ҳайдади. Ўша кун Иброҳим дўкондан эрта қайтди. У қатъий бир қарорга келган эди: “Айтади. Хотин, шундай-шундай гап. Кўнсанг шу, кўнмасанг, ўзинг биласан. Мен барибир унга уйланаман. Агар ақлли, сабрли хотин бўлсанг, бору-йўғим ҳар доимгидек сеники, у билан ҳам, сен билан ҳам яшайвераман, дейди”.
Хотини эрим ўчоқнинг ошини яхши кўради, деб, совуқ кунда ҳам ҳовлида ош қилган экан. Елиб-югуриб дастурхон ёзди, у уст-бошини алмаштиргунча, дийдираб ош сузиб келди. Эрига меҳри товланиб, ёлғиз гурунг қилгиси келдими, ошдан кейин болаларни дарс қилиш учун хоналарига чиқариб юборди. Ўзи эрининг рўпарасига ўтириб, чой сузиб берди: “Худойимга шукр-ей, бирга овқатланадиган кунимиз ҳам бор экан-а. Ҳар куни кеч келасиз. Болаларни қаранг, сизни ташлаб хонадан чиққилари келмайди. Соғиниб қолишган”.
Иброҳимнинг нимагадир кўнгли хижил тортди, анча вақт жим қолди. Аммо айтмаса, ёрилиб кетадигандек бўлаверди. Сўнг айтди: “Шундай, шундай…”
Хотин аввал унга тушунмаётгандек хайрон тикилди, сўнг “дод” деб тиззаларига муштлаб, нолий бошлади, кейин йиғлади ва ниҳоят ялиниб-ёлворишга тушди: “Жон, дадаси, ундай қилманг. Мен бундай шармандаликни кўтара олмайман. Илтимос, мени бундай хўрламанг. Болаларингиз ҳам улғайиб келяпти, буни кечирмайди, улар сизни жуда яхши кўришади, меҳрингизни ким билан бўлишишни истамайди” ва ҳокоза, ҳокозалар…
У эса индамай туриб, ётоққа ўтди: “Мени эрим десанг, мен билан яшайман десанг, менинг қароримни ҳурмат қил”.
Хотин яна йиғлади: “Эр бермоқ – жон бермоқ, ахир. Ўз ихтиёрим билан қандай жон бераман?! Аввал мени ўлдиринг, кейин уйланаверинг”.
У эса қароридан қайтмади: “Мен айтадиган гапимни айтдим”.
Хотин “лов-лов” ёнди: “Ким экан у? Пулдор, боқади, деб кўзини сузаётгандир-да. Мендан нимаси зиёд экан?”
У жеркиб ташлади: “Ҳар нарса деб валақлайверма!”
Хизматдош жўрадан маслаҳат сўради: “Сен қандай кўндирган эдинг? Менинг хотиним кўнадиганга ўхшамаяпти”. Жўра қўл силтади: “Ғам ема, кўнади, кўнмай қаёққа боради? Илгари момоларимиз ўзлари бош бўлиб эрларини уйлантириб қўйишар экан”.
Бу ўзини қаттиқликка олди. Уйга янаям кечроқ борадиган бўлди. Жойини ҳам бўлак қилиб олди. Ростдан ҳам хотинининг ҳар бир ҳаракати, гап-сўзлари, овқат чайнаши, луқма ютиши, ҳатто нафас олиши ҳам унга ёқмай қолган эди. Уни умуман кўргиси келмай қолмай қолди. Хотин эса ҳеч нарса кўрмагандек, шўрлик тергайвериб ўзимдан, уйдан совутмай дермиди, минг хил баҳона топиб, тинимсиз қўнғироқ қилар, ўртага болаларнинг илтимосларини қўшиб, уйга чорлар, келгач, елиб-югуриб дастурхон ёзар, хуллас, ҳар оқшом меҳрибон, саришта хотиннинг ролини қойил мақом қилиб уддаларди. Аммо ҳамма хона-хонасига кириб кетгач, шўрлик аёл эрининг ёнига кириб, ҳиссиз чўзилиб ётган эркакнинг муздек кўксига бош қўйиб, беадоғ кўз ёшлар тўкарди: “Айбим нима?”
Иброҳим уни секин нари суриб қўярди: “Мен эрингман. Қароримни ҳурмат қилишингни истайман. Ана шунда ҳаммаси жойига тушади”.
Хотин яна йиғларди: “Йўқ, мен сизни ҳеч ким билан бўлишишни истамайман”.
Тўғрисини айтганда, ўртада болалар, шунча йиллик турмуши, ҳар қанча қаттиқлик қилмасин, кун сайин кулиб туриб сўлиб, озиб-тўзиб бораётган хотинига ичи ачирди. Унга ноҳақ зулм қилаётганини кўриб турар, шу баробарида унинг қайсарлигидан қаҳри келарди.
Туманли оқшом хотини қўнғироқ қилди: “Эртароқ келинг, дадаси, негадир чироқ йўқ. Болалар дарс қила олмай ўтиришибди”, “Свет йўқ бўлса, Жаҳонни Уста Шайдилга юбор. Мен савдо қилаяпман”, “Жаҳонни аммаси олиб кетган эди. Ҳа, майли, устаникига ўзим ўтиб келарман”. Ярим соатлардан сўнг яна қўнғироқ бўлди: “Уста келиб, созлаб кетди. Лекин томда қисқа туташув бўлаяпти экан. Эрингиз келса, менга учрашсин. Симларни бир бошдан янгилаш керак, деб кетди”, “Бўпти!..”, жеркиб ташлади у.
Шу оқшом дўконга деярли ҳеч ким кирмади. Аммо у кўча бўйлаб сузиб юрган оппоқ туманга тикилганча, қўлларини қовуштириб ўтираверди. У хотини билан курашишдан толиққанини ҳис қилди. Ҳар оқшом минг хил баҳона топиб, ҳеч нарса кўрмагандай қўнғироқ қиладиган хотинига раҳми келаётганди. Аввалгидек оқшомлари болалари билан бир дастурхон атрофида чақчақлашиб ўтиришларни соғинаётган эди. “Бўлмайди, шекилли. Бечора қийналиб кетди. Шўрликка кўп азоб бердим. Ичи рашк билан ёниб, қону зардобга тўлиб кетган бўлса ҳам, эримни ўзимдан совутмай деб, кулиб туради. Уйга чақириб олиш учун минг хил баҳона излаб топади. Энди тўхтатиш керак. Болаларнинг кўзлари ҳам жовдираб қолган, аллақачон сезишган. Гулхуморга… уйланмасдан ҳам ёрдам бераверсам бўлади. Худо йўлига-да. Савоби ҳам кўпроқ бўлади. Балки, тақдирида бўлса, биров-ярим хотини ўлган, маъқулроқ инсон чиқса…”
Дарвоқе ўша туманли оқшомда аллақаердан хизматдош жўра келиб қолди. Бироз дўконда гаплашиб ўтиришди, телевизор кўришди, сўнг биргаликда қўшни ошхонага ўтишди. Икки сихдан қиймали кабоб, озроқ мусаллас буюртма қилишди. Кабоб тайёр бўлгунча, жўралар мусалласни эрмак учун майдалаб ўтиришди. Шу орада Иброҳимнинг чўнтагида турган телефон неча ўн марта жиринглади. “Ҳа, хотинингми?”, топоғонлик қилди жўра. “Шу-да, бошқа ким ҳам бўларди?”, қўл силтади у. “Иккинчисими, деяпман-да”, “Иккинчиси борми-ей, жўра, сен бизнинг хотинни билмайсан. На ипга келади, на қопга. Шунча қаттиқлик қилиб ҳам уни енга олмадим. Икки ўртада ўзим қийналиб кетдим”, “Э-ээ, жўра!.. Шу замонда биттасини эплаш ҳам осон эмас. Иккита бош оғриқни нима қиласан?”, “Ўргилдим сендан, кеча нима деяётгандинг менга?”, “Нима депман? Айтдим-қўйдим. Елкангда бошинг бор, билиб-билиб ишингни қилавергин-да, менинг айтганимни қилишинг умуман шарт эмас”.
Улар узоқ ўтиришди. Бир маҳал зим-зиё туннинг бағрини тилиб, вағиллаганча кетма кет иккита ўт ўчирувчи машина ўтиб кетди. Иброҳим машиналарга қараб, бош чайқади: “Бир бечоранинг уйи куйди, ошна”. Жўра қўл силтади: “Э-ээ, ўтса, ўтавермайдими, бизга нима, жавобини берадиган жойи бордир-да”. Унинг ичи тўлиб кетган экан. Кайфи ошгандан сўнг, йиғлайвериб бет-бошини жиққа хўл қилди: “Э-ээ, жўра! Куним қурсин менинг, кунгинам қурсин. Уйланаман десам, онагинам “икки эшаклининг оёғи тинмайди, икки хотинлининг қулоғи. Сенга икки хотин нимага керак?!”, деб роса изиллаган эди, айтганини қилмагандим. Энди икки хотиннинг орасида сарсон-саргардонман. Бунисиникига борсам, “Боринг, суюклигингизникига боринг”, деб ҳайдайди. Унисиникига борсам, “Мол дунёнгиз қаерда бўлса, ўзингиз ҳам ўша ерда бўлинг. Боринг, кўз очиб кўрганингизникига”, дейди. “Пул, пул, пул!..”. Пул ишлаб чиқарадиган машина топсам ҳам, уларнинг ола қопи тўлмайди. Қара, хотининг юз марта қўнғироқ қилиб, сени излаб ётибди. Мени эса ҳеч ким изламайди”.
Вақт алламаҳал бўлиб қолган эса-да, хизматчиларнинг қўли-қўлига тегмайди, ошхона гавжум. Шунча одам хотин, бола-чақани куттириб, ўзлари кўча-куйда пул сочиб юрибди. Иброҳимнинг юраги сиқилди, жўрасининг дий-диёси жонига тегди. Уни бир амаллаб, “той-той” қилиб, бир йўловчи таксига ўтирғизиб юборди-да, ўзи уйга йўл олди. Ярим тундан ошган, туман шу даража қалинлашган эди, машинанинг энг ўткир чироғида ҳам икки метр нарини кўриб бўлмасди. Машинанинг очиқ деразасидан димоққа аччиқ куйинди ҳид уриларди. Беихтиёр хотинининг оқшом пайти айтган гапини эслади: “Томда электр симлар чалкашиб қопти, “чирс-чирс” қилиб олов чиқариб ётган экан. Уста қўлдан келганча қилдим, симларни тўлиқ алмаштирмаса бўлмайди, эрингиз келса, менга бир учрашсин, деди. Дадаси, эртароқ келинг, биз қўрқаяпмиз”. У бугун ҳақиқатан ҳам қарорини ўзгартирган эди, уйга эртароқ қайтмоқчи эди. Кўздан чиққан сугалга ўхшаб, манави жўра келиб қолмаганда…
У машина газини охиригача босиб, туман бағрига сингиб кетди. Ҳаводаги куйинди ҳиди тобора нафасини буғиб борарди. Дарвозалари олдида турган ўт ўчирувчи машиналарни дарров таниди. Улар бундан икки соатлар чамаси аввал ошхона ёнидан ўтиб кетган машиналар эди. Қий-чув қилиб ётган одамлар орасидан ўтиб, ичкарига интилди ва беихтиёр устига чойшаб ташлаб қўйилган уч замбилга кўзи тушди. У ўзини замбиллар устига отди!.. “Малика?! Сенга нима бўлди?!”, хотинининг сочлари, юзлари қорайиб куйиб ётар, кўзлари юмуқ, устига ёпилган чойшаб жиққа хўл бўлса ҳам, ундан таралаётган иссиқ тафт юзга уриб турарди. У титраб-қақшаб кейинги замбиллар устидаги чойшабларни кўтариб қаради: “Мумтоз?! Сарвиноз?!” Унинг хону мони куйиб кул бўлган эди!.. У чўкка тушиб, юзини тупроққа босганча, ўкириб юборди: “А-а-аа! А-а-аа!..”
Кимдир келиб, титраб-қақшаб турган елкаларидан тутди: “Аллоҳнинг иродаси, ўғлим!..”. У ёнбошига бурилиб, юз-кўзига, соқолларига қоп-қора қурум ўрнашиб қолган отасини кўрди: “Отажо-о-н!.. Ота-а-а!.. Энди мен нима қиламан?!” Ўзини отасининг бағрига ташлади. Ота унинг қўлтиғидан олиб, секин ўрнидан турғизди. Икки йигит суяб, ҳовлининг иккинчи томонида алоҳида қилиб қурилган меҳмонхона томон етаклаб кетди. У билан олдинма-кетин хотини ва қизларини ҳам шу хонага олиб киришди…
Атроф тўла одам, ҳамма қандайдир ташвиш билан у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа югуради. Аммо Иброҳимнинг назарида дунё буткул ҳувуллаб қолган, унда ёнма ён қўйилган уч маййитдан бўлак ҳеч нарса мавжуд эмас эди. Қаердадир бўрилар увиллар, унга хотин-халажнинг йўқловлари, бот-бот эркакларнинг дуриллаган йиғиси қўшилиб кетар. Кимдир келиб, елкасига тўн солди, бошига дўппи кийгизиб, майишиб бораётган белларини маҳкам боғлаб қўйди. Уни ҳовлига олиб чиқишди. Эшик олдида турган одамлар ортга тисарилиб, йўл бўшатдилар. Ҳамманинг нигоҳи унга қадалган эди. Ғивир-шивир гаплар. “Шўрликка қийин бўлди, тентак бўп қолади энди”, “Бечорагиналар!..”, “Аллоҳ сабри жамил ато этсин”, “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”.
Кейин қабристонга боришди. Ёнма ён қазилган уч қабр қурбонини олишга шайланган аждарҳодек оғзини “ланг” очиб ётарди. Тобутларнинг устидаги зарбоп ёпинчиқлар олиниб, оппоқ кафанга ўралган маййитлар бирин-кетин ерга қўйилди…
Энди унга ҳеч қачон, ҳеч ким “Дадажониси, келаяпсизми? Бугун манти қилгандим…” деб қўнғироқ қилмайди. Қизлари “беш” баҳолари-ю, юлдузчалардан қизариб кетган кундаликларини бағрига босиб, уни кутиб олмайди. Улар ҳали гўдак эдилар, тасаввурлари ҳам гўдакларга хос буғубор, содда эди. Уйга бориши билан биринчи бўлиб “Сизга ажойиб хушхабарим (ёки совғам) бор. Топинг-чи, у нима?”, дер эди Мумтозгинаси. “Ўзинг айта қол, қизим, суюнчиси мендан”. У “Там-тара-там” дея, оғзи билан мусиқа чалиб, орқасида беркитиб турган кундалигини унинг тиззаларига қўярди: “Бугун мен ўн олтита “беш” олдим”. Кейин бу саҳна Сарвиноз томонидан такрорланарди: “Мен нечта “беш” олганимни топинг-чи!”. Улар ўзларининг баҳоларини оила учун, айниқса, оталари учун жуда катта совға деб ҳисоблашарди… Ғофил бандаси билмаган экан, уларнинг баҳосигина эмас, ўзлари ҳам, қўнғироқдек овозлари ҳам унга бебаҳо совға бўлган экан. Энди ундан ҳеч ким суюнчи сўрамайди… Совға билан хурсанд қилмайди. Ҳамма-ҳаммасини аждаҳодек оғзини очиб ётган ер ютди-қўйди. “Ҳе-е, ер ютгур!” деган қарғишнинг маъноси шу экан-да. Қанчалар қабиҳ экан бу қарғиш… Қанчалар ожиз ва нотовон экан бу одамзод, кечагина уччаловини қўшиб бағрига босиб, ҳузурланса бўларди. У эса булардан қочди, қочиб юрди. Ўзининг нафси учун… Алал оқибат энди улар уч лаҳадда, уч тепачанинг тагида ётибди, уччаласини ҳеч қачон бир қилиб бўлмайди. Энди унга ҳеч ким булар айтадиган хушхабарларни айтиб, суюнчи сўрамайди, суюнтирмайди…
Қизлари қоронғуликдан жуда қўрқишарди. Ҳозир қандай қилиб ёлғиз ўзлари… У сесканиб кетди. Дунё зимистонга айланди.
Кимлардир қўлтиғидан тутиб, ўрнидан турғизди. Олис-олислардан “… қандай одам эди?” деган савол эшитилди. Сўнг “Яхши одам эди…” деган жавоблар қайтарилди. У бурилиб ортига қаради, ҳеч ким, ҳеч ким йўқ эди ортида. Умид билан осмонларга тикилди: “Э-э, худо!..” Осмон бошига қулаб тушаётгандек бўлди.
Эртаси куни туман тарқаб, қуёш чарақлаб чиқиб кетган эди. Лекин ёнғиндан усти буткул очилиб қолган уйнинг, чала ёнган болорларидан, ҳатто деворларидан тарқалаётган тутун бир неча кун ён-атрофда тумандек қалқиб юрди. Ҳовлининг бир четида меҳмонлар учун алоҳида қилиб солинган хонада таъзия қабул қилиб ўтирган Иброҳимнинг ёнига уста Шайдулла қайта-қайта келиб, ўзини оқлаб, узр сўраб кетди: “Келин… кечки пайт уйимизда чироқ йўқ, деб борган экан. Келиб, у ёқ-бу ёқни қарадим, тепада симлар чалкашиб, уч-тўрт жойидан “чирс-чирс” ўт чиқиб турган экан. Ҳаммасини қайта улаб чиқдим. Эрта ёруғда Иброҳимбой билан маслаҳатлашиб, симларни янгилаймиз-да, дедим. Келинга, эрингиз бир учрашсин, деб қайтдим. Ярим тунда ҳовлига чиқсам, негадир ҳовлимизнинг бир томони кун чиққандек ёришиб тургандай бўлди. Сўнг одамларнинг бақириқ-чақириқларини, ўт ўчирувчи машинанинг чинқириғини эшитдим. Юрагим “шув” этиб кетди… Бечоралар, ухлаб қолишган бўлса керак, устларига том қулаб тушгандан сўнг йўл топа олмай қолганми? Билмадим яна. Лекин ишонинг, мен ҳамма қисқа туташувларни бартараф қилган эдим…”
Иброҳим унга сўзсиз термилиб, сим-сим кўз ёш тўкар, “Сиз ўзингизни бекорга қийнаяпсиз. Ҳамма айб менда, мен айбдорман. Уларни мен ўлдирдим, менинг бемаъни, бемаврид орзу-ҳавасим, қайсарлигим ўлдирди. Нафсимни уларнинг меҳридан, қувончларидан устун қўйдим. Мен уларга хиёнат қилдим. Бу хиёнат ҳали хаёл, ният бўлган бўлса-да, кўнгилда бор эди, уни рўёбга чиқариш учун гулдек аёлимнинг ҳаётини заҳар-заққумга айлантирдим. Уч ой қон йиғлади шўрлик. Бу ёнғин балки худойимнинг ана шу хиёнат учун менга йўллаган жазосидир. Сизда ҳеч бир гуноҳ йўқ”, дегиси келар, лекин тили танглайига ёпишиб қолгандек бир сўз айта олмай, яна кўз ёшларига эрк берарди.

хх хх хх

Худди шу дақиқаларда дунёнинг бошқа бир бурчагида пишқириб оқаётган улкан дарё тўлқинлари узра икки тилсиз мавжудот – эндигина балоғат ёшига етган баҳайбат Чапдаст билан оппоқ бадани сув қаърида товланиб турган сарвиқомат Қоракўз бир-бири билан қувлашиб ўйнар, айни пайтда атрофларида ғужғон ўйнаб ётган балиқчалар ҳам уларнинг кўзларига кўринмас, улар бахтдан, муҳаббатдан сармаст эдилар. Бир қарашда бир-бирига урилган тўлқинлардан кўпиклангандек оқариб оқаётган дарё туби тинч ва сокиндек кўринар, лекин кучли оқим ўз ишини қилди, муҳаббат шавқи билан маст жуфтликни ўзлари дунёга келган шўртанг баҳри уммондан жуда олисларга олиб кетди.
Сувнинг чучуклигини биринчи бўлиб Қоракўз билди. У икки ёндаги катта-катта қора кўзлари билан Чапдастга хайрон қаради, Чапдастга эса барибир, гўштдор учли тумшуғи билан Қоракўзнинг гоҳ у биқинига, гоҳ бу биқинига туртиб, гоҳ унинг атрофида умбалоқ ошиб ўйноқларди. Қоракўз бир сапчиб, сувнинг юзига чиқди. Унга Чапдаст эргашди. Улар улкан кўлнинг ўртасида сувдан бош чиқариб, атрофга бир қур назар ташладилар. Қирғоқдан сал нарида саф тортган оқ қутилар, уларнинг атрофида ғимир-симир қилиб тик юрган ғалати мавжудотларни кўришди. Улар ҳали уй, одамлар, уларнинг меҳри ва қаҳри, қизиқиш ва эрмаклари ҳақида, вақти келиб, сувсиз жойда тик юрувчи бу мавжудотлар бахтиёр жуфтликнинг ҳаётига хавф солишлари мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас эдилар. Бир кун келиб бу баҳри уммон улар туфайли Аждаркўл дея ном олишини ҳам билмасдилар.
Шу атрофда бамайлихотир қайиқда балиқ овлаб юрган икки йигит уларни кўриб, шайтонлаб қолгандек нималардир деб қичқирганча қайиғини ўт олдириб, қирғоққа қараб кетиб қолдилар. Чапдаст билан Қоракўз уларнинг ортидан қолаётган кўпикланган сувга бир нафас қараб туришди-да, яна уммон қаърига шунғиб кетдилар.
Ойдинкўл эрта баҳорда бор-йўғи бир неча кун яшайдиган қизғолдоқларни ҳисобга олмаганда, саксовул-у шувоқдан бошқа ҳеч нарса унмайдиган чўл-у биёбоннинг ўртасида бир билгир одамнинг ноёб ақли билан бу ерларда ҳам пахта етиштириш учун Амударёнинг суви ҳисобига дунёга келган сунъий кўл. Тўнтарилган мовий осмондек ажиб бир манзара касб этган кўл одамда ранги заъфарон беморнинг оғриқли табассумига ўхшаш бир таассурот қолдирарди. Бу қирғоғидан нариги қирғоққа қарасангиз, кўз илғамайдиган баҳри уммон қалқиб турар, кўл этагида бир-бирига ўхшатиб қурилаётган уйлар, кўчалар, қирғоқ ва кўчаларни тўлдириб юрган одамлар. Лекин чор атроф вабо тарқалгандек заъфарон тусда ястаниб ётар, бирон яшиллик кўзга ташланмас эди. Бир йилга етар етмас, гугурт қутиларига ўхшаш коттежлардан иборат шаҳарча қад ростлади. Шаҳарчада бир нечта катта-кичик саноат корхоналари, ташкилотлар қурилди. Уйлар, кўчалар, идоралар одамга тўлди. Лекин барибир бу ерлар қандайдир файзсиз эди, кечки пайт каттаси ҳам, кичиги ҳам, эркаги ҳам, аёли ҳам йиғилиб, ҳар бир дарвоза олдига қўйилган узун-узун ёғоч ўриндиқларда ўтиришар, ёки кўл бўйига, бўлмаса, қаҳвахоналарда йиғилишар, ярим тунгача “ва-ҳаҳ-ҳа” кулгу, гурунглар бўлар, нимагадир бу одамларнинг юзларига чанг сингиб кетгандек нурсиз эди. Кулиб турган қиёфаларида ҳорғин бир сийрат қалқиб турар, кунда кунора кўлга тушиб чиқишса ҳам, ранги рўйи ҳеч сув кўрмагандек буғриқиб турарди. Улар ишга боришар, уйга қайтишар, кўнгилхушликлар қилишар, аммо на кўчаларига, на эшикларининг олдига бир туп ниҳол экмас эдилар. Бой идоралар, бадавлат одамлар кўл айланаси бўйлаб ўзларига дам олиш уйлари – дачалар қуриб олишди. Қирғоққа туташ бу дачаларга хўжайинлар кўпинча кўздан пана маишат учун… келишарди. Кўнгиллари соя-салқинни тусагани учунми, ё эл кўзидан паналаш учунми, қирғоқ бўйлаб турли дов-дарахтлар экишди. Бора-бора кўлнинг атрофи қуюқ дарахтзорга айланди. Аммо бу дарахтзорлардаги яшиллик кўнгилга қандайдир ҳадик солар, уларга қараб ўтириб, беихтиёр нотоза бир нарсани кўзи тушиб қоладигандек хавотирга тушиб кетади одам.
Ўша йили Қоракўз билан Чапдаст бир-биридан чиройли еттита фарзанд кўришди. Миттигина балиқчалар шундай чиройли, уларнинг атрофида сузиш шунчалар завқли эдики, табиатан тиниб-тинчимас Чапдаст уларнинг атрофида гирдикапалак бўлиб чарчамас эди. Балиқчалар жуда тез катта бўлишди ва барча акулаларга хос ёлғиз яшаш истаги туфайли битта, иккитадан бўлиб, кўлнинг турли томонларига кетиб қолишди.

хх хх хх

Иброҳим “етти”дан сўнг, бульдозер олиб келиб, ёнган уйни текислатиб ташлади. Аммо бу ҳовлидаги ҳар бир гиёҳ, ҳар бир тош унга хотини ва қизларини эслатар, ҳар бурчакдан уларнинг овозини эшитар, шундай дамлар нафақат бу машъум ҳовлидан, балки бу ёруғ дунёдан бош олиб кетиб қолгиси келар, аммо ўтирса-турса ёнидан ажралмайдиган бўлиб қолган ўғли Жаҳонгирни ёлғиз қолдириб кетишга виждони йўл қўймас эди.
Ниҳоят “қирқ”ни ҳам ўтказди. Кечки пайт қўшни кўчада яшайдиган отасига қўнғироқ қилди: “Акам билан бир келиб кетсангиз. Ҳоли гаплашадиган маслаҳатли гап бор эди”. Нимадандир хавотирланганми, улар бир пасда етиб келишди. Чол келини билан набираларини жуда яхши кўрарди. Бир умр дўконда ўтириб, фақат сархил таом еб юргани учунми, ёшига нисбатан жуда бардам кўринадиган ота ёнғиндан кейин бирдан чўкиб, гўдакдек мунғайиб қолди. Маъракалар ўтгунча, Иброхимнинг ёнидан кетмади. Худди ўзини бир нарса қилиб қўядигандек, сал кўринмаса, излаб қолар, топгач, бир сўз айтиб, ҳол сўрай олмаса ҳам, ўғирлаб-ўғирлаб ўғлининг кўзларига термулаверарди.
-Агар, рози бўлсангиз, ҳовли билан дўконни сотиб, кўчиб кетмоқчи эдим, — Иброхим ердан кўзини олмай, отасига ниятини айтди.
-Қаерга? – ота “ялт” этиб унинг юзига қаради.
-Аждаркўл томонларга. Ўша кўлга ошналар билан уч-тўрт марта овга борган эдим. Кўл бўйида бир шаҳарча бор. Ҳар жойдан келиб қолган ҳар турли одамлар яшайди. Биров билан бировнинг иши йўқ. Уч-тўрт корхонаси бор. Кўлдан, шу корхоналардан тирикчилик қилишади.
-Етти ёт бегона жойларда… — кўзлари жовдиради отанинг.
-Шуниси яхши-да, ота. Мени хотиралар, одамларнинг кўзларидаги саволлар жуда қийнаб юборди. Менга ҳеч ким ачиниш билан қарашини истамайман. Ортиқ бундай яшай олмайман, жуда чарчадим. Бу уй, бу жойларни умуман кўрмасам, дейман. Мени ҳеч ким танимаса, ҳеч ким ҳеч нарсани эслатмаса, дейман.
-Жаҳонгир-чи, уни нима қиласан?
-Ўзим билан олиб кетаман. Ўзимизга яраша бир уй сотиб оламан. Бола учун нима шароит зарур бўлса, ҳаммасини қилиб бераман. Бир дўкон оламан, бошқа иш қўлимдан келмайди, ахир. Ота-бола рўзғорни бир амаллармиз.
Улар анча вақт жим қолишди. Хонада пашша учса эшитиларди. Ўғли секин у томон сурилиб, пинжига тиқилди. У оғир ҳўрсиниб, ўғлининг елкасидан олди.
Отаси соқолини тутамлаб, бош чайқади:
-Кекса энангга нима деймиз, болам? Сен у ёқларда, биз бу ёқларда… Энангнинг қолган умри Аждаркўлнинг йўлида ўтадими энди?
Иброхим ерга қаради:
-Ота, энамнинг олдида сўз очиш қийин бўлгани учун беодоблик бўлсаям сизни уйимга чақиртирдим, энди, энамга ўзингиз тушунтирасиз, бошқа илож йўқ.
-Э-э, болам, ёнингда иссиқ-совуғингга қарайдиган бир пошикастанг бўлса, Бадахшонга кетсанг ҳам, бир нарса демасдим. Ўзинг етти букилиб ўтирибсан, ёнингда бир парча гўдак, бунинг ҳам ичи тутаб ётибди, қандай юборай ахир?!
-Менинг бошқа иложим йўқ, ота. –кесиб гапирди у.
-У жойларни мен ҳам яхши биламан. Одамларининг пиёнисталикдан бошқа эрмаги йўқ. Бўнак олса, ичишади, ойлик олса, яна ичишади. Балиққа бориб, ичишади, балиқ тутиб, сотади-да, пулига яна ичкилик олишади. Бутун суяк-суякларигача ичкилик сингиб кетган уларнинг. От билан эшакнинг охури бир бўлса, ўзи ўхшамаса ҳам, қилиғи ўхшаб қолади. Болангнинг шундай одамлар ичида ўсишини истайсанми?
-Улар билан бизнинг охуримиз битта бўлмайди, ота. Шу боланинг тарбиясидан бошқа ишим борми менинг? Сиз бехавотир бўлинг.
-Э-ээ, — қўл силтади ота. – Отанг сенга номаъқул гапни айтмайди. Бир жойда бўлсак… Майли, бу ҳовлини сотамиз, шаҳарнинг бошқа бир бурчагидан уй оламиз. Бу кўчага умуман кирма. Бу ҳовлини умуман кўрма. Лекин оёғимиз етадиган жойда яша. Боланг ҳам, ўзинг ҳам кўз олдимизда бўласан. Қариган чоғимизда кўзимиз йўлингда бўлиб қолмасин, дейман-да, ўғлим.
Иброҳим яна хўрсиниб, қатъий бош чайқади:
-Иложим йўқ, ота, ҳозир сира иложим йўқ. Эҳтимол, вақти-соати етиб, қайтиб келармиз. Илтимос, ҳозир менга индаманг, жон ота. Мен шаҳарчага бориб, уй, дўкон савдолашиб келай, менга озроқ пул қилиб берингизлар, бу ердаги уй билан дўкон сотилгач, пулларингизни қайтиб оласизлар.
Унинг уй билан дўкон сотилгунча кутиб туришга унинг тоқати йўқ эди. Иброҳим иккинчи ўғил бўлса ҳам отаси ҳамма масалада унга суянар, уни бошқача меҳр билан яхши кўрарди. Гўдаклигида қулоғига азон айтгани келган мулла Холмурод “Ука, шу жигитга Иброҳим деб исм қўяйлик. Иброҳим пайғамбаримиздек ҳалим, солиҳ, меҳрибон банда бўлсин”, деб, исмини Иброҳим деб қўйиб кетганди. Мулла ижобат соатларида дуо қилган эканми, у ҳақиқатан ҳам жуда ҳалим, меҳрибон, солиҳ фарзанд бўлиб улғайди, ота-онасининг бирон гапини қайтармади, юзига тик қарамади. Бугун ўғилнинг бошига иш тушиб турган бир пайтда ота уни бутунлай рад этишга ҳадди сиғмади. Иложсиз бош ирғади: “Хўп, ўғлим”. Иброҳим кекса отасини яхши тушунади, аммо айни дамда унинг қандай виждон азобида қоврилаётганини ота қаердан ҳам билсин? Ака эса ота-боланинг мунозарасига умуман гап қўшмади: бири боласини кўзи қиймай куйиб турган отаси бўлса, бири юрак-бағри куйиб-чатнаб ётган укаси бўлса, шуларнинг ичидаги ўт уни ҳам куйдириб ётган бўлса, ака нима ҳам дейди? Бир сўз демай ерга қараб ўтираверди ва отаси қўзғолгач, у ҳам индамай ортидан йўлга тушди. Уларни кузатгани чиққан Иброҳим елкасини қисиб кетиб бораётган отасига қараб, эзилиб кетди: “Ота, албатта ёнингизга қайтаман, аммо қачон қайтишимни ҳали билмайман. Бунинг учун етарлича куч тўплашим ва буни хоҳлашим керак бўлади”.
Иброҳим ўғлини олиб, Аждаркўлга борди. Молга бирга қатнайдиган дўкондор жўрасига тайинлаб қўйган эди. Жўрасига учрашишдан аввал, ўғли билан кўлга томон энди. Шовқин-сўрондан ҳоли хилват қирғоқни топиб, катта саксовулнинг тагига бориб ўтиришди. Саксовулнинг шохдор танасига суяниб, ўғлининг елкасидан қучганча оёқларини узатиб юборди. Кўм-кўк баҳри уммонга тикилиб ўтириб, саксовул шохлари орасида тушаётган қуёш нурлари элитдими, беихтиёр кўзлари юмила бошлади. Кўлга тикилиб ўтирган ўғлининг елкаларини қаттиқроқ қучди. Кўнглининг туб-тубида, бутун вужудида яқин ойлар ичида бирон марта ҳам ҳис қилмаган ёқимли бир сокинликни ҳис қилди. У ана шу бебаҳо ҳаловатни йўқотиб қўймаслик учун кўзини очиб, атрофга қарашга-да, қўрқарди. Аллақаердан сувнинг шалоплаши, одамларнинг овози, қийқириқлари эшитилиб турарди, демак, аллақачон бошлаб юборишибди…
Кўп ўтмай телефони жиринглаб қолди: “Иброҳим, келяпсанми? Бир-икки оғайнилар билан сени кутиб тургандик”. У истар-истамай ўрнидан қўзғолди: “Мен шу ердаман, ошна. Ҳозир ёнингга ўтаман”.
Уни шаҳарча четига бошлаб боришди. Уй сотмоқчи бўлган киши –ёши элликлардан ўтган, миқти гавдали, тепакал одам анча димоғдор, нимагадир шошиб тургандек эди. У чўнтагидан бир шода калит чиқариб, дарвозани, уйларни бирма-бир очиб кўрсатди. Уй яқиндагина енгилгина таъмирдан чиқарилган, оддийгина бўлса-да, йиғиштирилган, тоза-озода эди: “Яқиндагина таъмирлатдим. Дидингизга маъқул тушмаса, яна ўзингиз таъмирлатиб оларсиз”. Дарвозахонанинг ёнида эшик-деразаси кўчага қараган яна бир хонани очди: “Бу дўкон. Истасангиз ўзингиз юритасиз, истасангиз биронтага ижарага беришингиз мумкин. Фақат битта нарсани олдиндан айтиб қўяй, бу жойлар шаҳарча марказидаги бозордан анча узоқ, одамлар ҳар бир нарса учун катта бозорга бориб юришмайди. Дўкон керакли молга тўлдириб қўйилса, бозордагидан кўра яхшироқ савдо бўлади”. Шаҳар чети, сокинлик, ҳовлининг ўзидаги дўкон – бу Иброҳимга жуда маъқул тушди. Нарх ҳам у чамалагандан анча арзон эди: “Бир иш бошлаган эдим, шунга бироз харажатли бўлиб турибман. Бўлмаса, бу уйни сотиш ниятим йўқ эди. Биронтани ижарага қўйиб қўйсам ҳам, тураверарди пул топиб…”. Иброҳим индамай қўл узатди: “Келишдик, ака. Нархни сиз айтдингиз, мен рози бўлдим”. Кап-катта одамнинг майдалашиб минғирлаши унга ёқмади. Пулини бериб, кўчиб келгач, бошдан оёқ қайта таъмирлатишни кўнглига тугди: “Шу минғирни эслатадиган ҳеч нарса қолмасин”.
Тепакал киши кетгач, жўраси уларни қўярда қўймай шу ўртадаги емакхонага олиб кирди: “Бир пиёла чой ичиб кет, ошна. Сен бунинг гапига аҳамият берма. Уйи бир йилдан бери бўш турибди. Харидор йўқ. Ёшгина бир жувонни иккинчи хотин қилиб олиб, шу ерга келтириб қўйган эди. Унинг 10-12 ёшлардаги ўғли ҳам бор эди. Аёлгина боласини ўқишга қўйди, ўзи дўконни юритарди. Уйланганини хотини эшитиб қолиб, роса тўполон қилган. Бу номард бўлса, хотиним кўзимни очирмаяпти, мени кечир, дейишнинг ўрнига “Ўйнашинг бор экан, менга хиёнат қиляпсан, одамлар айтишди” деб, уни ҳайдаб юборди. Шўрлик, ота-намнинг уйидан эрга тегдим, деб чиқиб кетган эдим, энди қандай қайтаман, ҳеч бўлмаса, шу ерда ижарада туришимга рухсат беринг, деб қанча ёлворди. Бу қўймади. Хотинидан қўрқди. Биз томонда уй олиш мумкин, сотиш жуда қийин. Бу ернинг одамлари пул йиғишни ёмон кўришади. Бугун топса, бугун ейишади, эрта билан ишлари йўқ”. “Нима иш қилади бу одам?”, “Кичкинароқ автобазамиз бор, шунинг директори”, “Ҳа-а…”
Иброҳим иккиланиб қолди. Қулоқларига ўша қувғин қилинган аёлнинг овози эшитилиб кетгандек бўлди. “Қўл олишмаганимда бу уйни текинга ҳам олмас эдим. Аммо лафз қилиб қўйганман. Бечора аёл!.. Бечора аёллар! Улар баъзан гўзал бўлиб яратилганликлари учун хўрланадилар. Баъзан ота-онам, бола-чақам, ор-номусим деб андиша қилганликлари учун ғурурлари топталади. Аёлнинг ўз ҳаловатини ор-номусдан олдинга қўйишга ҳаққи йўқ. Агар шундай қилса, энг аввал ўша аёл ўзини ўзи ҳеч қачон кечирмайди. Бечора хотини!.. Эр устига хотин олмоқчи эканлигини очиқ айтди, лекин у шўр кўнглингизга бошқа аёлнинг хаёлини киритиб, менга хиёнат қилдингиз-ку, демади. Аксинча, аввалгидан ҳам кўпроқ меҳр кўрсатди. Ичи ёниб кетаётган бўлса ҳам кулиб, ширин сўзлар билан уйга чорлади, елиб-югуриб тансиқ таомлар тайёрлади. Унинг беандиша хиёнатига “ташландиқ” деган номдан номус қилгани учун чидади. Болаларини ота меҳридан жудо қилгиси келмади. Тўғри, ёлғиз қолишганда кўп йиғлар эди, лекин бу йиғи исён эмас эди, бу йиғи илтижо эди. Раҳматли оилани муқаддас билган. Орадан ўтган шунча кўнгилсизликлар, изтироблар ҳақида на онасига, на бирон дугонасига, на опа-сингилларига тиш ёриб, бирон гап айтмаган. Агар у биров-яримга бир оғиз кўнгил ёрганида ҳозир Иброхим элнинг олдида бош кўтариб юра олмасди. Худди ҳаммасини аввалдан билгандек, ҳеч кимга лом-мим демаган”.

хх хх хх

Баҳор келиб, Аждаркўл атрофлари яшнаб кетди. Чағалайлар, ёввойи ғоз-ўрдаклар, балиқчи қушлар кўл юзида одамлардан ҳайиқмасдан учиб-қўниб, сузиб юриши уларнинг жуда олислардан, одамсиз жойлардан келиб қолганини англатиб турарди. Албатта, бу ҳол узоқ давом этмади. Икки-уч кунда қирғоқ текин гўшт иштиёқмандларига тўлиб кетди. Ҳар тўрт қадамда ов ман қилинганлиги, қонун бузувчиларга солинадиган катта жарималар ҳақида ёзиб қўйилган бўлса-да, тунлари тез-тез ов милтиғининг пақиллаган товуши эшитилиб қолар, одамлар кундузлари сайр қилиб юрибмиз, деган баҳонада қайиқ билан соҳилдан олислаб кетар, бир жойларга етгач, милтиқ отишдан қўрқиб, бечора қушларни ёввойи одамлардек ваҳшийларча тош билан, таёқ билан уриб, ўлдириб, халталари тўлгач, уларни ҳеч ким кўрмайдиган хилват қирғоқларга олиб бориб, бирон дарахт илдизига боғлаб қўйиб, ўзлари ҳеч нарса кўрмагандек одамлар уймалашиб ётган соҳилга қуруқ қўл билан қайтиб келишарди. Сўнг секин одамлар орасидан ўтиб, вамперларга ўхшаб лаб-лўнжини ялаганча оёқларини қўлларига олиб, ўлжа яширилган қирғоқ томон югуришарди. Уларнинг ушбу ҳолатларини кўрган рисоладагидек одам, улардан нафратланишдан аввал жирканиб, уларга ачиниб кетарди.
Кўлга ўша баҳорда қаердандир иккита катта оққуш ҳам келиб қолган эди. Кўм-кўк кўл узра уларнинг сузиб юришларини томоша қилишнинг ўзи кишига олам-олам ҳузур бағишларди. Уларнинг чўмилишларини ҳатто баъзан Чапдаст билан Қоракўз ҳам завқ билан томоша қилишарди. Шом қуйилиб келаётган вақт эди. Оққушлар секин-аста сузиб, кўл ўртасидаги оролча томон боришар эди. Қаердандир қайиқ пайдо бўлиб қолди. Унда уч йигит бор эди. Улар секин оққушларга яқинлашиб, йигитларнинг бири қайиқдан узун хода чиқариб, ёнгиналарида сузиб кетаётган оққушнинг елкасига бир туширди. Оққушнинг узун бўйни синиб кетгандек бир ёнга қайрилиб қолди, ўзи мувозанатини йўқотдими, ёки жони қаттиқ оғридими, сув юзида типирчилай бошлади. “Ур, нега анқайиб турибсан, яна бир марта ур!”, қичқирди йигитлардан бири. Типирчилаб ётган оққушнинг елкасига яна бир зарб келиб тушди. Қарсиллаган овоздан кўл юзи титраб кетгандек бўлди. Сув бир чайқалиб, оққушнинг типирчилаб ётган лоши оролча четидаги қамишлар орасига кириб кетди. Йигитлар қайиқни сал берироққа тўхтатиб, қайиқ четида ўтирган йигит қўлидаги фонусни оққуш томонга тутди ва “Илғор, сен бориб оққушни олиб кел”, деб буюрди. Сув совуқ, теварак-атрофга қоронғу тушиб қолган, бу пайтда ҳеч ким сувга тушишни истамас эди. Илғор баҳона қилди: “Ўзинг бор, негадир оёғимнинг томири тортаяпти”. Буйруқ берувчи болахонадор қилиб сўкинди: “Ҳе-е…! Улуш бўлинаётганда ҳам оёғимнинг томири тортишганди, менга камроқ бер, десанг экан” ва фонусни пешонасига тақиб, ўзини сувга ташлади. У оққуш ётган қамишлар томон ҳовлиқиб сузиб бораркан, савқи табиий бир сезги билан ўзига қадалган қандайдир ўткир нигоҳларни ҳис қилди. Секин бурилиб ёнбошига қаради, ундан бор-йўғи уч қулоч нарида икки баҳайбат акула – Чапдаст ва Қоракўз унга тикилиб туришарди. У турган жойида қотиб қолди. Айни пайтда қайиқ ҳам, оролча ҳам қаршисида турган акулалардан узоқроқ эди. Эҳтимол, ўша лаҳзаларда бегуноҳ оққушга нисбатан қилган қабиҳлиги учун пушаймон чеккандир, балки қамиш поялари ичига тиқилиб қолган оққуш кўзига жуда ёмон кўриниб кетгандир, балки бутун фикру-зикри билан жонини асраб қолиш йўлларини излагандир, ҳар тугул дақиқа сайин унинг омон қолиш умиди сўниб борарди. Орадан беш-олти дақиқа чамаси вақт ўтди, акулалар ҳужум бошлаб юборишидан қўрқиб, шерикларини ҳам чақира олмади. Бир маҳал ҳеч кутулмаганда акулалар ортига бурилиб, кўл тагига шунғиб кетишди.
-Илғор, Илғо-о-ор! – хириллаб зўрға овоз берди у. – Бери келинглар.
Шериклари эса аллақачон акулаларни кўришган, улар ҳам “қилт” этиб қимирлашдан чўчиб, нафасларини ичга ютиб, қараб туришарди.
-Бери келинглар, — яна шивирлабгина чақирди у. – Ке-е-етди.
Йигитлар шундан кейингина қайиқнинг моторини ўт олдириб, тўғри у томонга йўл солишди. Ёнига етишганда, бир сония тезликни пасайтириб, уни илиб олиб, қайиққа солишди-ю, соҳилга қараб учиб кетишди.
Шундан сўнг йигитлар бир неча кун ётиб қолишган бўлса-да, оққуш ови шаҳарчада анча пайт ҳангома бўлиб юрди: “Шундай қараса, иккита акула унга тикилиб турган эмиш. Қимирлаёлмай қолибди…”, “Йигитлар қайиққа олишса, қўл-оёғи қалтираб, тишлари тақиллаб ётган эмиш”, “Ўзлариям ундан бешбаттар аҳволда бўлишгандир. Акула чин қасдлашса, қайиқ-пайиғи билан ютиб юбориши мумкин эди”, “Акулалар ҳам бунда-а-ай чамалаб кўрган, қилтираган рамақижон бачча, еса, чап ичагига ҳам юқ бўлмайди. Э-э, бор-е, шу суяк-саёқ учун жағимни оғритиб ётаманми, деган-да”, “Гап ундамас, акулалар одам гўштини унча хушламас экан, шунинг учун индамаган”, “Нима бўлганда ҳам акулалар одамдан яхши экан, ҳар нарсани еявермас экан. Сенлардан сувдаги балиқ қолмаса, ерда юрган мол-ҳол қолмаса, осмондаги қуш қолмаса! Оққушни ҳам овлайдими одам, шундай чиройли, беозор жонивор. Ўзи иккитагина бўлса! Ноинсофлар! Қўй турганда итни тандиркабоб қилиб егандан кейин нима ҳам дейиш мумкин?”, “Қўйни ким беради бу ишёқмасларга? Қўй олмоқчи бўлса, пул керак. Боқмоқчи бўлса, меҳнат қилиш керак. Ит бўлса, текин, кўча тў-ў-ўла. Истаганингча, тутиб олавер”.
Аслида акулалар балиқларнинг аждарҳоси ҳисобланса-да, унга тегинмаган мавжудотга ҳужум қилавермайди. Уларда ҳид билиш ҳиссиёти жуда яхши ривожланган бўлади. Ов қилмоқчи бўлган ўлжасини ҳидига қараб танлайди. Ўша куни пешонасига ялтираган чироқ ўрнатиб олган мавжудотдан келаётган бадбўй ароқ ҳиди уларга сира ёқмади, улардан сал нарида турган қайиқдан ҳам ўша ёқимсиз ҳид анқиб турган эди. Шунинг учун улар индамай кўл тубига шунғиб кетишди.

хх хх хх

Иброхим ўғли билан енгил-елпи жиҳозларини олиб, янги уйнинг бир хонасига жойлашди-да, таъмирни бошлаб юборди. Ўзига-ку, ҳеч қандай ҳашамат шарт эмас, аммо онаси билан опачаларига ичикиб кундан кунга сўлиб бораётган ўғлининг ҳаётига мана шу ҳашаматлар бир қатим бўлса ҳам нур олиб кириши учун бор-йўғини сарфлаб, қаср қуришга ҳам рози эди. Биринчи бўлиб ўғлининг хонасини таъмирлатди, деворларини ўғли яхши кўрган эртак қаҳрамонларининг суратлари билан безатди. Мебель дўконига кириб, ўғли танлаган диван, шкаф, китоб жавони, стол-стуллар харид қилди. Таъмирлаш ишлари тугагач, компьютер ҳам олиб беришини ваъда қилди.
-Ҳозир ҳам олишимиз мумкин, лекин ҳамма ёқ чанг-чунг бўлиб ётибди, ўғлим, компьютерингга чанг сингиб кетмасин, деяпман-да.
-Майли, дада, таъмир тугагандан кейин обберасиз-да, — ўғлининг кайфияти кўтарилиб кетди. – Биламан, компьютер жуда нозик нарса, чанг ўтириб қолса, дарров бузилиб қоларкан.
-Шундай ўғлим, кейин сенга компьютер ўргатадиган устоз топамиз. Компьютер орқали ўқиш ва ёзишни ўрганиб олса ҳам бўлади. Мактабга боргунингча, хат-саводинг ҳам чиқади.
-Қандай яхши! – бола хушнуд жилмайди, кўзлари қисилиб кетди. – Мен сизни жуда яхши кўраман, дада.
Узалиб, дадасининг бўйнидан қаттиқ қучоқлади, юзларидан ўпиб қўйди.
Отаси “ҳамиша эшигингда молинг бўлсин, мол жонга балогардон бўлади”, дер эди. У бу гапнинг маъносини унчалик тушунмаса ҳам ҳамиша қўйларнинг курт-курт қилиб овқат чайнашини томоша қилишни яхши кўрарди: “Озроқ ем-хашак олиб қўйсам, буям бир эрмак-да”. Кунда кунора кириб, уларнинг ишига баҳо бериб кетадиган дўкондор жўра ниятини эшитиб, хурсанд бўлди: “Бекорчи болалар кўп, ўзим уста топиб бераман. Тўрттагина қўй сиғадиган, болахонали ихчамгина қўра бўлса, тепасида хашак туради, пастда қўйлар!.. Мен ҳам молни жуда яхши кўраман. Аммо хотин хоҳламайди. Ем-хашагини оббераман, фойдаси ўзингники, десам ҳам кўнмайди, энағар. Сенга қараб, зора бизнинг одамлар ҳам мол-ҳол қилишни ўрганиб олсалар. Лекин кўзим етмайди-да. Аждаркўлдек битмас туганмас хазина турганда, ким ҳам қўй боқиб, қий супириб юради”.
Қўзиларни ҳам ўзи топиб берди: “Бир қўшним бор. Куёви ўлиб, қариган чоғида қиз билан невара боқиб ўтирибди. Бир невараси ўқишга кирган экан. Кеча шунинг контрактини тўлашим керак, тўртта тўқлим бор, шуни тўрт юздан олинг, деб чиққан эди бечора. Менинг ҳовлимда на қўра бор, на молга қарайдиган одам. Хотинга сира керак эмас, болалар ўқишда. Шуни сен олиб қўя қол”.
Улар биргалашиб бобонинг уйига боришди. Унинг қўзиларга харидор бўлиб келганини эшитиб суюниб кетди: “Бозор ҳам анча йўл. Неваралар ҳам қиз бола. Булар билан мол бозорга бориб бўлмайди. Ёлғиз ўзим эплай олмайман. 400 дан берсангиз бўлади. Соғлом, ҳаммаси қочган, пулингиз ўзингиз билан кетади”.
Қўзилар дуркунгина эди.
-Ҳар бирига 450дан бераман, бобо.
-Нега? – хайрон бўлди чол.
-Қўйларингиз менга ёқди.
Чол сертомир қўлларининг кафти билан мижжаларини артди:
-Барака топинг, илоё. Яна нимани сотсам экан, деб ўтирган эдим. Худоё, бирингиз минг бўлсин. Етимнинг кўзига термилтиргулик қилмасин.
Бечора чол ўз дардини айтди, лекин унинг хасрати Иброхимнинг ярасини тирнаб ўтди…
Иброҳим ҳовлини ажриқдан тозалашни ўз бўйнига олди. Ҳали усталар дўконни таъмирлашни бошламаган, у тайёр бўлмаган жойга мол ёйиб, савдо бошлашни истамади. Усталарга тушлик тайёрлашдан бошқа иш йўқ, тушликни бир кун макарон димласа, бир кун шўрва қилиб қўя қолар, аслида билгани ҳам шу овқатлар эди.
Усти сап-сариқ бўлиб куйиб ётган ажриқларнинг томири кигиз юнгларидек чувалашиб, тошдек қотиб кетган эди. Бир қулоч жойни бир кун ағдарди, қўллари қавариб, ўзи қора ерга тушди. Ўтиб-қайтиб юрган уста йигитлардан бири маслаҳат берди: “Акамнинг трактори бор, хўп десангиз, эртага келиб, ағдариб беради. Ажриқ жуда ёмон нарса, трактор чуқурроқ ағдаради, кейин ўзингиз ажриғини ажратиб олиб, тупроғини тозалаб олаверасиз”. Иброҳимнинг бошқа иложи ҳам йўқ эди. Трактор ағдарган жойни тозалагунча ҳам бўлари бўлди, ўзиям бир парча томорқадан чиққан ажриқ илдизи бир дунё бўлди. Илдизларнинг тупроқларини қоқиб-қоқиб, кўчага эмас, қўрага ташиётганини кўрган йигитлар хайрон қолишди: “Буни нима қиласиз, амаки?”, “Қўйларга берамиз, уларга беш-олти кун эрмак бўлади”. Қўйлар эса бу ажриқларни бир ойдан кўпроқ вақт эрмак қилиб ётди. Буни кўрган кунда кунора бир кириб ўтадиган жўраси ёқа ушлади: “Қойилл!”
Лекин терлаб-пишиб эгат тортиб, бир дунё турли-туман дарахт ва гул кўчатлари қадаб чиққанини кўриб, унга ачингандек, бош чайқади: “Э-ээ, ошна, бу жойларда янтоқ билан саксовулдан бошқа ҳеч нарса битмайди. Бекор овора бўпсан-да”. “Нимага овора бўламан? Тупроқ бўлса, ёнгинамизда шундай улкан кўл бўлса, бир парча ерни кўкартириш унчалик қийин бўлмаса керагов”. “Кўлнинг суви пахтага кетади, бу кўчаларга келмайди. Сенинг бир парча томорқанг учун ким ариқ қазиб, бу ерга сув олиб келарди?”, бош чайқади жўра. “Ошна, ғам ема, бир иложини қилармиз. Жуда бўлмаса, насос қаздираман. Ичимлик суви деб беришаётган сувлари ҳам, менимча, шу кўлни сувига ўхшайди, жуда бўлмаса, шундан суғорамиз”. Жўра мот бўлди: “Ҳа, қўймайсан. Ғайрат қилавер, бола-чақани олиб, бир кун сеникига маёвкага келамиз”.
Аслида Иброҳимнинг бор ҳаракатида фикри хаёлини қамраб олган ғамни унутиш, иш билан овуниб, вақт ўтказиш ва ниҳоят кундузи итдек чарчаб, тунлари тош қотиб ухлашга қаратилган ожизона мақсад яширин эди. Қўйларга қараш, томорқанинг ҳали у ерини, ҳали бу ерини туртиб, усталарнинг ош-овқатига андармон бўлиб, кўпинча куннинг қандай ўтаётганини билмай қолар, баъзан овқатлари эзилиб, ёки хомроқ бўлиб қолса, хижолат бўлар, бегона жойда кимдан ёрдам сўрашни билмай қоларди. Бир-икки марта ёши элликларга бориб қолган бир аёл “Усталар учун, ука. Мен икки уй нарида тураман, қўшниман”, деб овқат олиб чиқди. Бири кади манти, бири картошка-пиёз солиб қилинган гулхоним эди. Аёлгина ҳар сафар тоғорани узатаётиб, жуда хижолат тортарди: “Ука, арзимаса ҳам… Усталар хамирли овқатни яхши кўради. Мазаси ёқса, ўзингиз ҳам ерсиз”. Лекин, “арзимас нарсалар солинган бўлса ҳам” таомларнинг мазасига гап йўқ эди. Қўшни кетгач, уста йигитлар аёлни изидан унга таништиришди. “Барфин хола, эри автоҳалокатда ўлиб кетган, унинг-бунинг хизматини қилиб, беш болани элга қўшди. Болалари ҳам жуда одобли”.
Аёлгина учунчи марта тоғора кўтариб чиққанида, Иброҳим унинг ўзини ҳам дастурхонга таклиф қилди:
-Келинг, хола, биз билан бир пиёла чой ичинг. Таом эгаси билан ширин, деганлар.
-Йўғ-е, иним, сизлар бемалол…
-Сизда бир оғиз гапим ҳам бор эди, хола, келинг, қани, Жаҳон момонгга чойдан қуй-чи… Шу-у, десангиз, бизга бир ёрдамчи керак эди. Ўзим ҳам овқат пиширишни озроқ биладигандайман, лекин, шу-у, ўғлимга сизнинг овқатларингиз ёқиб қопти. Кир-чир, супир-сидир дегандай, агар имконингиз бўлса, ўғлимга момо бўлинг… Бунинг момоси анча узоқда, ҳар кун кўриб келишнинг иложи йўқ. Момосини соғиниб қолаяпти-да, — у иложи борича ниятини кўнгилга тегмайдиган тарзда қоғозга ўраб айтишга интилди. Бу аёлни яхши билмаса, балки ўзи камбағалгина бўлса ҳам, бировнинг хизматкорлигини қилиш нафсониятига тегиши мумкин.
-Хўп, иним, қўлимдан келганича ҳаракат қиламан, — супанинг четида омонатгина ўтирган аёл серажин, сўлғин юзлари қизаринқираб ерга қаради.
-Биз ҳам қараб турмаймиз, ҳола, ўзим мана бу дўконни ишлатмоқчиман. Кун бўйи уйда ҳисобман. Дўконда ўтириб картошка-пиёзингизни артиб беравераман. Тўрттагина қўзим бор, унга ҳам ўзим қарайман. Жаҳонгир ҳам уйда. Ота-бола қўлимиздан келганча сизга ёрдам берамиз. Усталарнинг иши ҳам охирлаб қолди. Кейин фақат уй юмушлари қолади. Бизни бошқариб, иш буюриб турадиган бир одам керак-да.
-Йўғ-ей, иним, ҳаммасини ўзим қилавераман. Уйда келин, қизлар бор. Ҳамма ишни қўлимдан олишган, шукр. Ҳозир мен қип-қизил бекорчиман, — аёл кулимсираб Жаҳонгирга қаради, — шугина улимга момо керак бўлса, мана, биз момо бўлдик-да унга. Учинчида ўқийдиган бир неварам бор, фақат “беш”га ўқийди, агар хўп десангиз, келиб, Жаҳонгирбой билан бирга ўйнайди. Мол-ҳолингизга қарашади.
Аёлнинг соддагина мутойибаси ўртадаги бегоналик пардасини кўтариб ташлагандек бўлди. У кетаётиб, шумшайибгина турган Жаҳонгирнинг елкаларидан олиб, бағрига босди:
-Ўзи жуда ширин бола экан-у, аммо сиз уни кўп ишлатаяпсиз, чоғимда. Бу баъзан-баъзан бўлса-да, тенгқурлари билан ўйнаб туриши керак. Эртага неварамни олиб келаман. Иккаланг ошна бўлиб олганларингдан кейин бизникига ҳам бориб ўйнаб келасан. Бўптими?
Иброҳим аёлга уйнинг калитларидан бир-бир нусха берди: “Биз уйда бўлмай қолган пайтларимизда ҳам бемалол кириб-чиқаверишингиз учун, хола”.
Гўё ҳаммаси жой-жойига тушган эди: энг сўнгги урфдаги таъмир, чиройли уй жиҳозлари, бир пасда ним яшил куртаклар чиқариб қолган кўчатлар, ҳовлининг тўрини тўлдириб турган қўйлар… Бир қадам жойда дўкон… Ҳамма жойи саранжом-саришта, эрталаб нонуштаси, тушда тушлиги, кечқурун кечки овқати тайёр. Барфин хола оғзига қараб туради: “Нима егиларинг келаяпти? Нима пиширай?”. Овқатлари бири-биридан мазали. Невараси ҳам жуда ақлли, одобли бола экан, ҳам момосига кўмаклашади, ҳам Жаҳонгирнинг кўнглини олади. Шу бола келгандан буён Жаҳонгирнинг кўзларида қалқиб тургувчи мунг ўрнини маъюсгина табассум олди. Икки ўртоқнинг боши бириккан дамлар баъзан шарақлаб куладиган бўлди. Лекин Иброҳимнинг кўнглини босиб олган қора булут сира тарқай демасди. Кун ўтган сайин елкасини босиб турган ғуссанинг залвори ошса ошар, зинҳор камаймас эди. Юрса турса, умрининг сўнгги кунлари ноҳақ хўрланган аёлининг илтижоли қиёфаси кўз ўнгидан кетмас, ҳар оқшом унга “совға” ҳозирлаб турадиган қизларининг овозлари қулоқлари остида жаранглаб турар, аждарҳодек оғзини очиб турган уч лаҳад унинг пажмурда лошини ҳар куни юз марта ютиб, юз марта туфлаб ташларди. Ўғли учун алоҳида хона қилиб берган бўлса-да, ўғлини бир кеча ҳам ўша хонада ёлғиз ётишига қўймади, худди кимдир олиб кетиб қоладигандек ёнига олиб, қаттиқ бағрига босиб ётарди. Ярим тунлар алоқ-чалоқ тушлар кўриб уйғониб кетса, хавотир билан шошиб, тўшакни тимирскилаб ўғлини излаб қолар эди. Баъзан ёлғиз ўзи Аждаркўлнинг бир хилват қирғоғига бориб, бор овози билан ўкириб йиғлагиси келар, эҳтимол йиғласа, кўз ёшларига қўшилиб, кўнглидаги ғуссалар ҳам оқиб кетармиди, деб хаёл қилар, ўғли ўқишга кетган дамлар кўлга чиқар, баъзан қайиқ билан ичкарилаб кетар, аммо бахтга қарши кўзидан бир томчи ҳам ёш чиқмас эди. Хотини ва қизлари тез-тез тушига кирар, худди ўзи ўйлаб топган тушдек уларни ҳар сафар бир хил ҳолатда кўрарди. Улар чиройли либосларда, ниҳоятда хурсанд, лекин ўша машъум кечада кўргани каби юзларида доғ-дуғ бўлиб қолган куйик излари, сочлари оловдан жизғанак бўлиб қолган ҳолда юришарди. У эса ҳали тўлиқ уйғонмасдан туриб, бу тушга таъбир излар, эртаси ҳам кун бўйи шу туш таъсиридан чиқа олмай азобланар ва неча-неча мингинчи бор ўша кеча ёниб турган томнинг тагида ўзи, ёлғиз ўзи қолиб кетмаганлигига афсус қиларди: “Агар уйда бўлганимда шу фалокатлар юз бермас эди… Эҳтимол қизларим ҳар доимгидек мени кута-кута кундаликларини ёстиқларининг тагига қўйиб ухлаб қолишгандир. Мен эса!..”
Ёз кунларидан бири эди. Ёнгинасида Аждаркўлдек баҳри уммон қулоч кериб ётган бўлса-да, чошгоҳдан сўнг шаҳарча кўчалари ҳувуллаб қолар, кўпчилик ёз ойларида ишдан таътил олиб, иқлими муътадил жойларга дам олишга кетар, кетолмаганлар ўзини соя-салқинга урар, то куннинг тафти қайтгунча, ҳеч ким ҳеч кимни изламас эди. Қўйларидан бирров хабар олиб қайтган Иброҳим пештахта ортидаги ихчамгина қилиб ёғочдан махсус ясалган кароватчага ўғлини ётқизиб қўйиб, ўзи телевизор томоша қилиб ўтирган эди. Дарвоза ёнига келиб тўхтаган енгил автоулов диққатини тортди. Машинанинг орқа эшиги очилиб, ундан… Гулхумор тушди. Ҳайдовчи дўконни кўрсатиб, унга нималардир деб тушунтирди. У эса раҳмат айтиб, тўғри дўконга қараб йўл олди. Иброхим бир зум саросимага тушиб қолди. Бошига тушган азиятларда Гулхуморнинг ҳеч қандай гуноҳи бўлмаса-да, шу аёлга бўлган савдойи туйғулари сабаб энг азиз инсонларини қийнаб қўйгани учун уни кўришни, у билан кўришишни умуман истамас эди. Шу топда дўконнинг орқа эшигидан чиқиб қочиб кетишни жуда-жуда истади, аммо Гулхумор аллақачон остонада бошини бироз қийшайтирган ҳолда жилмайганча унга қараб турарди:
-Ассалому алайкум, бой бова!..
-Э-ээ, келинг… Ваалайкум ассалом, — ноилож ўрнидан туриб унинг қаршисига пешвоз чиқди.
Жаҳонгир ҳам ҳали ухламаган эди, ўрнидан туриб, келувчига ажабланиб қаради. Гулхумор уни кўриб, табассум қилди:
-Эҳ-ҳе, ётоқхонали дўкон экан-ку бу.
-Ҳа, энди, — чайналди Иброҳим. — ёнимда бўлгани маъқул-да.
-Маъқул, маъқул. Қалай, полвон? – Гулхумор пештахта оша узалиб, боланинг бошини силаб қўйди. — Катта йигит бўп қолибсан-ку.
-Раҳмат, — Иброҳим пештахта ортидан курси олиб, уни ўтиришга таклиф қилди. – Келинг, ҳозир чой бераман.
Гулхумор курсига ўтириб, пешонасида тепчиб турган реза-реза тер доналарини сидириб ташлади:
-Ҳаво жуда исиб кетди. Ёндираман, дейди-я нақ, — у қўлини фотиҳага очиб, ҳамон анграйиб турган Иброҳимга қаради. – Ўзингиз ўтирмайсизми? Қани, ўтириб олинг. Илоҳи омин, дўконингизга барака берсин.
-Раҳмат. Яхши юрибсизми? – бироз хотиржам тортиб, ҳол-аҳвол сўради Иброҳим. – Биз томонларга қандай шамол учирди сизни? Менинг Аждаркўлда эканлигимни кимдан билдингиз?
Гулхуморнинг кулиб турган кўзларига маъюслик инди. У ҳамон уларга қараб ўтирган болакайга бир қараб олиб, оғир хўрсинди:
-Беташвиш одам шу иссиқда мана шу дашту биёбонларда саргардон бўлиб юрармиди? Қаердалигингизни акангиздан сўраб билдим. Худо унутган бир бурчакларда юрибди, деб, шу ерни айтдилар. Қани эди мени ҳам ҳамма унутиб юборса, ҳеч ким изламаса, изласалар ҳам тополмаса, шароитсиз бўлса ҳам икки болам билан тинчгина, бехавотир яшасам экан, деб изингиздан келдим.
Бу хасрат кутулмаганда пайдо бўлишдан ҳам ошиб тушган эди:
-Нима бўлди сизга? Тинчликми?
Гулхумор ерга қараб, анча тин олди. У бошини кўтарганда кўзлари тўла ёш эди:
-Эрим… Дозани ошириб юбориб… Ўлиб қопти. Шундан буён менга тинчлик йўқ. Қайнонам билан онам “Болаларни бер. Улардан ажралишни истамасанг, ўзинг ҳам бирга юр. Булар ёлғиз ўғлимдан қолган ёдгорлик”, деб жанжал қилишяпти. “Икки болани боқиб, тарбиялаш учун шароити йўқ, уйи йўқ”, деб мени судга ҳам беришди. Холам шўрлик “Уйим шунга қолади”, деб васиятнома ёзиб берди, зўрға қутилдик. Энди холамнинг болаларига ёқмай қолдим. Очиқ бир нарса дейишмаса ҳам, муносабатлари ўзгариб қолган. Бўлмаса, ҳаммасининг алоҳида уй-жойлари бор, вақтида оналари билан тургилари келмай, алоҳида уй-жой қилиб чиқиб кетишган. Шундай бўлса ҳам холамдан кейин бу уйни ҳам сотиб, пулини бўлиб олмоқчи бўлиб юришган экан. Майли, мен бу уйга сира давогар эмасман. Ўзи кичкинагина уй, сотганда ҳам ҳеч нима пул бўлмайди. Аста секин пул тўплаб, кичкинароқ бўлса ҳам ўзим уй олмоқчи бўлиб юрибман. Энди уларнинг қовоқ-тумшуқларига қараб, у ҳовлида нафас олиш ҳам қийинлашиб бораяпти. Васиятнома ёзилгандан сўнг катта ўғиллари холамнинг уйига ўзининг ўғлини олиб келиб қўйди. Бошқалари ҳам жуда серқатнов бўлиб қолишган. Хуллас, мен у ердан зудлик билан кетишим керак.
Гулхуморнинг бошига тушган янги мусибатлар Иброҳимнинг кўнглида ачиниш ҳиссини уйғотиш ўрнига негадир унга жуда малол келди: “Тавба, бир бечоранинг ёлғиз ўғлидан қолган неваралар экан, ўзингнинг борадиган жойинг йўқ, қайнонангнинг ёнига бориб яшайвер. Еб қўймас ахир! Бир кун ўлиб кетса, ўзингга ҳам, болаларингга ҳам тайёр бошпана. Эҳ, одамзод-а!..”. Аммо тиш ёриб, бир сўз айтмади.
-Озроқ жамғармам бор. Битта-иккита тилла тақинчоқларим бор. Холам ҳам болаларидан бекитиб, уч-тўрт тилла тақинчоғини менга бермоқчи. Бу ёқларда уй арзон, дейишади. Суриштириб, кичкинароқ бўлса ҳам бирон уй топиб бера олмайсизми?
Иброҳимнинг бошидан ҳуши учиб кетди. Бу жувоннинг “Уй топиб беринг”, дегани, “Борадиган жойим йўқ, уй топгунингизча, икки болам билан сизнинг уйингизда яшаб турайлик. Ким нима дейди? Рашк қиладиган хотинингиз бўлмаса…”, дегандек бўлиб эшитилди. Эҳтимол, аёл очиқ айта олмаяпти-ю, лекин кўнглида шундай фикр бордек туюлди унга. Яна ким билади, дейсиз?
Иброҳим қаршисидаги аёлнинг интиқ тикилиб турган умидвор нигоҳларига дош бера олмай, ерга қаради. Бутун вужудида оғир бир толиқишни ҳис этди. Анча вақт жим қолди. Нима бўлганда ҳам аёлнинг дилини оғритмасдан жавобини бериб юбориши лозим эди. Хотиралардан қочиб, шу жойларга келиб юрганда, бу аёлни кўчириб келиб, ҳар тўқнаш келганда ярасини бир янгилаб, азоб тортишнинг нима кераги бор? Бундай азобга дош берадиган куч-қуввати борми унинг?
-Энди-и-и, — ниҳоят бошини кўтариб, салмоқлаб гап бошлади у. – бу жойларда сотиладиган уй топиш жуда қийин. Тўғрисини айтсам, бу шаҳарчага ишёқмас, текинхўр одамлар йиғилган. Аждаркўл битмас-туганмас хазина, шаҳарчанинг ярим халқи ҳеч қаерда ишламасдан балиқ овлаб кун кечиради. Улар балиқ сотайин, деб кўчага ҳам чиқиб ўтиришмайди, мижозлари келиб кўтарасига олиб кетишади. Улар салгина ҳаракат билан балиқ овлаб, топган пулларига нон, гўшт-ёғ, картошка-пиёз, албатта, ароқ сотиб олишади. Уларга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Яхши шароит, башанг турмушни орзу қилишмайди. Агар шу кўлдан узоқроқ жойга бориб яшашса, булар очдан ўлади, чунки улар меҳнат қилишни исташмайди. Бу жойлардан уй сотиб олишни орзу қилганлар жуда кўп, лекин бу жуда қийин масала. Менинг уйим ҳам бир тасоддиф туфайли сотилиб қолган. Лекин менинг ўйлашимча, яқин йиллар ичида бу кўл улкан чиқиндихонага айланиши аниқ. Унинг сувида ҳам, атрофида ҳам биронта тирик жонзот қолмаса керак. Бир томонида санаторий, бир томонида касалхона, бир томонида асфальт заводи чиқинди сувларини шу кўлга тўкишади, чор атрофида очкўз одамлар кўлни булғаб ётишибди. Менинг ҳам бу жойларда бир умр қолиб кетиш ниятим йўқ, ота-онам кексайиб қолишди, “кел” деб ётишибди. Вақти соати етганда уларнинг ёнига қайтиб кетаман.
Унга термулиб турган чиройли кўзлардаги умид ўрнини аста-секин умидсизлик, оғриқ, аламли изтироб эгаллаб олаётганини кўриб турарди. Аёлга раҳми келиб кетди, аммо у ҳақиқатан иложсиз эди. Орадан тўрт йил ўтиб ҳам бешафқат хотираларидан қутила олмаган ҳолида шафқатсиз ҳақиқат билан ҳар кун юзма юз келиб яшашга сира кучи етмас эди…
-Сиз сиқилманг, Гулхумор, — аёлнинг ранги оқара бошлаганини кўриб, вазиятни бироз юмшатишга уринди у. — Мен суриштириб кўраман, лекин бирон нарса ваъда қила олмайман. Ошна-оғайнилар бор, уларга ҳам айтаман. Лекин умид жуда кам. Бирон нарса бўп қолса, ўзим сизга хабар қиламан.
Гулхумор қўлидаги чойни охиригача сипқориб, пиёласини “тақ” эткизиб пештахта устига қўйди-да, ўрнидан турди:
-Бўпти, бўлмаса, мен борай.
Дўконнинг очиқ қолган эшигидан пешинга қараб оққан қуёш бор нурини ичкарига тўкиб турарди. Иброхим пештахта тагидан сочиқча олиб, юз-бошини қоплаган терни артди. Ўрнидан туриб, аёлнинг ортидан юрди:
-Мен сизни шоҳбекатга олиб бориб қўяман, — кета-кета ўғлига юзланди, — юр, Жаҳон, холани кузатиб қўямиз.
Офтоб ҳам улар билан бирга йўлга тушгандай бўлди, Иброхим машинанинг ойналарини беркитиб, конденционерни қўйиб қўйса ҳам машина салони кўнгилни лохас қиларлик ҳарорат пасаймади. Кўчалар эса эгаси кўчиб кетган ҳовлидек хувуллаб ётар эди. Иброҳим шаҳарча марказидаги янги қурилган қаҳвахонанинг ёнида машинасини тўхтатди:
-Аждаркўлга келиб, балиқ емасдан кетсангиз, яхши бўлмайди. Тушинг, сизни бир меҳмон қилай, — деди Гулхумор тумтайиб ўтирган орқа ўриндиқ томон бурилиб.
Гулхумор қошларини чимириб, зардали бош чайқади:
-Умуман шарт эмас, мен балиқни ёмон кўраман.
-Балиқ бўлмаса, бошқа бирон нарса олармиз, — илтифот қилди у.
-Қорним тўқ, овора бўлманг.
Аёлнинг шаҳарча ҳақида кўпиртириб айтган гапларидан эмас, Иброҳимдан хафа бўлаётгани кўриниб турарди. Иброҳим эса масъулиятни бўйнига олиб, нимадир ваъда бериб, унинг кўнглини тинчитиш ўрнига, маслаҳат берди:
-Аслида ўзингизни қийнаб юрмасдан болаларингизни олиб, қайнонангизнинг ёнига қайтганингиз маъқулми, дейман. Тайёр уй-жой, болаларингизга ҳам қарашади, ҳарқалай ўзининг невараси. Гиёҳванд эр ўлиб кетган бўлса, бир кекса қайнона билан муроса қилиб яшаш жудаям қийин бўлмаса керак. Ҳарқалай фарзанд доғида куйган аёл, бир томони савоб бўлади, дейман-да.
Гулхуморнинг ранги қумдай оқариб кетди:
-Иброҳим!.. Сиз менга нима деяпсиз?! Мен ўша хонадонда ўн беш йил яшаганман, аммо бир кун ҳам кун кўрганим йўқ. Бировлар ўғли яримжон ёки гиёҳванд бўлса, келиннинг олдида елкасини қисиб, хушомад қилиб ўтади. Менинг қайнонам қилдан қийиқ ахтариб, ҳар ишимдан мингта нуқсон топиб, гиёҳванд ўғлига мени дўппослатарди. Мени ҳеч қачон одам ўрнида кўрган эмас. Ўғли нима учун гиёҳванд бўлиб қолган? Бу аёл умуман боласининг тарбияси билан шуғулланмаган, назорат қилмаган. Ишлаяпман деб, умри кўчада, йиғилишларда, базмларда ўтган. Ўғил онасининг мансабпарастлиги, ақлсизлиги учун гиёҳванд бўлиб қолган. У энди олтмишга кирди, саксонларга кирадиган бўлса, битта ҳовли-жой учун яна йигирма йил ўша бефаросат, инжиқ аёлнинг кўзига қараб яшашим керакми? Йигирма йилдан сўнг мен олтмишга кираман, мен шўр олтмишдан кейин эркин яшайманми? Олтмишдан кейинги эркинлик кимга керак?! Йў-ў-қ, менга унинг ҳовли-жойи умуман керак эмас, мен ҳам ҳамма қатори дунёга бир марта келаман. Болаларим билан тинчгина яшашни истайман. Жуда бўлмаса, ҳовли-жой қилиб берадиган одамга эрга тегаман!..
У шу гапни айтиб бир зум жим қолди. Лаблари титраб, оқариб кетган ёноқларига дувуллаб кўз ёшлари тўкилди:
-Мен… Мен… Сиз ҳақингизда бутунлай бошқача фикрда эдим. Сиз бўлса… қийин кунимда кўкрагимдан итардингиз!.. Менга оддийгина одамгарчиликни ҳам раво кўрмадингиз. Шунча одам яшаётган жойда мен яшай олмас эмишман! Сенинг ташвишинг керак эмас менга, денг ундан кўра. Маслаҳатларингиз ўзингизга сийлов, мени тезроқ бекатга элтиб ташланг, – унинг овози титраб кетди. – Болаларим ёлғиз қолишган.
Иброҳим бу қадар очиқдан очиқ маломатга қоламан, деб ўйламаганди. Гулхуморга нима дейишни билмай қолди:
-Узр, Гулхумор. Қийналиб юрманг, тайёр уй-жой, дегандим-да. Биттагина кампир экан, деб. Узр, мени кечиринг, кўнглингизни оғритиб қўйдим. Мен бир савдо ходими бўлсам, сизларга ўхшаб ўқиган бўлмасам, ҳамма нарсага ҳам ақлим етавермайди. Узр, минг бор узр.
-Биттагина кампир эмиш! Ярим Тошкент унинг қариндоши. Бирови кетса, иккитаси кириб келади. Ҳаммаси учун албатта бирон тансиқ овқат, оғизда эриб кетадиган пишириқ тайёрлаш керак, ҳамиша илжайиб, қўлимни кўксимга қўйиб туришим керак. Шусиз ҳам бу ҳаётда жуда чарчаганман. Энди бу ишлар қўлимдан келмайди. Бир умр келин бўла олмайман.
Иброҳим бекатга Гулхумордан ҳам кўпроқ ошиқди. Бекатга тезроқ етиб олса-ю, Гулхумордан ҳам, унинг шафқатсиз маломатларидан ҳам бира тўла қутулса! Еру кўк қайтаётган қуёш тафтида жизғанак бўлиб куяётгандек эди. Иброҳим конденционерни ўчириб, машинанинг ойнасини очди, аммо юзига ташқаридан иссиқ шамол урилди. Юраги беҳаловат бўлди: “Ўзимнинг ташвишим каммиди?”
Бекатга етиб келишгач, Гулхумор машинадан тушди-да, югуриб охирги мижозини кутиб турган биринчи машинага ўтирди, Иброҳим билан хайр-маъзур ҳам қилмасдан жўнаб кетди.
-Дада, бу хотин ким? – сўради машина жўнаб кетгач Жаҳонгир. – Нега у сизга бақирди?
-У менинг синфдошим, — бирон жўяли ёлғон ўйлаб топишга ҳафсала қилмади. – Уйсиз қолибди. Шу ердан бир уй топиб беринг, деганди, бу ерда бўш уй йўқ, десам, хафа бўлди. Ўзинг эшитдинг-ку ҳаммасини.
-Болалари бўлса, қийин бўпти-да уларга. Бизнинг уйимизда яшайверса, бўлмасмиди?
-Йўқ, ўғлим, бўлмас эди. Биласан, ўзи мазам йўқроқ, менга ошиқча шовқиннинг кераги йуқ.
-Майли, дада, — дарров рози бўлиб қўя қолди ўғли.
Ерга урса, кўкка сапчийдиган шўх бола ўша ёнғиндан кейин бирдан улғайиб, ҳатто кексайиб қолгандай эди. Онаси билан икки опачаси учун унинг истак-хоҳиши қонун эди, унинг ҳамма шўхликларини, инжиқликларини ҳеч қандай эътирозсиз кўтаришар, шунга яраша бола ҳам анча-мунча маҳмадона бўлиб ўсаётганди. Ёнғиндан сўнг у бирдан бола қиёфасидаги камгап, жиддий қарияга айланиб қолгандай бўлди. Бобосининг, аммаларининг уйида омон қолган оилавий суратларни йиғиб келиб, кичкинагина бир альбом ясаб олган, кўпинча Иброҳим унинг изидан хонасига кирса, уни ўша альбомдаги суратларга тикилиб, йиғлаб ўтирган ҳолда учратарди. Бола остонада уни кўриши билан альбомни ёпиб, югуриб келиб отасини қучоқлаб оларди-да, юзини унинг кўксига беркитиб, нозиккина елкалари силкиниб-силкиниб узоқ йиғларди, лекин бир оғиз ҳам гапирмасди, битта ҳам савол бермасди.
Унга маслаҳат берувчилар кўп эди. Ҳар ҳафта канда қилмай бир келиб кетадиган отаси билан онаси, жўралари, ҳатто қайнонаси ҳам “Бўлар иш бўлди. Ёлғиз бола билан суппайиб ўтираверасанми? Энди уйлан”, деб қайта-қайта неча бор тайинлаб айтишар, у эса ҳар сафар “Шошмай туринглар-чи, вақти келганда ҳаммаси бўлади”, деб жавоб қайтарарди. “Беш йил бўлди, болам. Сен айтган вақт қачон келади? Сенинг тинчиганингни кўриб, бехавотиргина ўлиш менга ҳам насиб қиладими-йўқми ўзи?”, шу сафар онаси йиғлаб ёпишди. Онаси йиғлади, йиғлайверди, у эса ерга қараб жим ўтираверди. Охири юрагини очмаса, бўлмади: “Энажон, Жаҳонингизнинг яраси ҳали битмаган. Худонинг берган куни энаси билан опачаларининг расмига қараб, кўзлари намланиб ўтирганини кўраман. Шу боланинг устига қандай қилиб бегона аёлни олиб келаман. У аёл, ўгайлигига бориб, бунга қаттиқроқроқ гапириб қўйса, кейин бу қандай чидайди, мен қандай чидайман? Вақти келади, ота, сизга ҳам бир маҳрам керак, уйланинг, дейди. Шундаям олдин уни уйлантириб, кейин ўзим уйланаман”. Она баттар йиғлади: “Ай, эси йўқ болам-а! Хотини ўлган, бола билан қолган бир сенми? Сен кўчадан келган бировга кўнгли ярим болангни турттириб, қараб турмайсан-ку! Яшаш нияти бор хотин болангни туртадими? Камбағални урма-сўкма, ёқасини йирт, дейишган. Ахир бу бола кўриб турган кўзинг-ку. Буни ким тушунмайди?”, “Эна, илтимос!..”, “Куйдириб адо қилдинг мени…”.
Иброҳим ҳаётда хотини билан ажрашиб ёки хотини ўлиб, жуда ёш бева қолишса ҳам уйланмай ёлғиз ўтган эркакларни кўп кўрган. Шундай ҳолатларда аёл киши ёлғиз ўтса, одамлар унчалик эътибор беришмайди, аммо ёлғиз яшаётган эркак ҳамманинг кўзига жуда бошқача кўринади. Бир муаллимлари бор эди, қадди басти келишган, жуда хушмуомала киши эди. Бутун мактаб – ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам унинг бир замонлар хотинидан ажрашгани-ю, энди ёлғиз ўтаётганлиги ҳақида гапиришарди. Ўша муаллим Иброҳимнинг кўзига ҳам ғалати бўлиб кўринар эди. Энди ўйлаб қараса, ўша бечоранинг ҳам бечора онаси “Уйлан, уйлан!”, деб қанча йиғлагандир… У эса кўнглидаги қайсидир озор учун аёл зотига эркак сифатида бетлаёлмай қолгандир. Иброҳимнинг ота-онаси ҳам ғанимат бўлиб қолди. Муаллим ота-онаси эса ўтиб ҳам кетгандир. Ҳозир кимнинг эшигида экан шўрлик муаллим ёлғиз? Уканингми, аканингми? Балки уйлангандир…
У эса уйлана олмайди. Бир кеча тушида хотинини кўрди. Бу тушмиди, хаёлмиди, ҳалигача ажрата олмайди. Дўконда ўтирса, хотини кириб келибди. Унинг қошлари чимирилган, нимадандир норози эди. Нақ тепасига келиб, лаблари пир-пир учиб, ундан гина қила бошлабди: “Ҳа, дадаси, нега уйланмаяпсиз? Ахир уйланмоқчи эдингиз-ку! Мендан қандай қутулишни билмай юрган эдингиз, худойимнинг ўзи йўлингизни очиб қўйди. Аммо мендан қутулиш учун икки қизингизни беришга мажбур бўлдингиз”.
Бу гапни хотини тушида бир марта айтди, аммо у кўнглида минг марта жаранглади: “Мендан қутулиш учун икки қизингизни беришга мажбур бўлдингиз!..”
Шундай пайтда Гулхуморнинг ташвиши унга ортиқча эди.

хх хх хх

Чапдаст гавдасига ярашмаган ҳолда тиниб тинчимас мавжудот эди. Ҳали кўлнинг ҳали у томонига, ҳали бу томонига сузиб кетар, баъзан неча йиллик узанги йўлдоши Қоракўзни ҳам ёлғиз қолдириб кетиб қолаверарди. Айланиб-айланиб қайтиб келганда эса, уни топа олмай жиғибийрон бўлар, ўз ҳолига сузиб юрган балиқларни у ён бу ён суриб, кўлни ағдар-тўнтар қилиб ташларди.
Ўша куни ҳам Қоракўз ёлғиз қолди. Чапдастнинг тиниб-тинчимаслигидан бироз койинди, кўл тубига тушиб бироз тин олди. Болалиги ўтган баҳри уммоннинг шўртанг таъми ёдига тушди. Шунча йилдан бери яшаётган бўлсалар ҳам бу кўлнинг бадбўй ҳид анқиб турадиган, тузсиз, кўнгилни айнитадиган даражада бемаза сувига ҳеч кўника олмади. Айниқса кўпинча оқ либосли мавжудотлар кириб-чиқиб юрадиган баланд иморатлар жойлашган қирғоқ атрофидаги бадбўй сувни умуман оғизга олиб бўлмайди. Бу қирғоққа иккита катта қувур қўйилган бўлиб, бири ғувуллатиб кеча-кундуз тоза сув тортиб ётади, иккинчисидан эса сувга ҳам ўхшамайдиган алланималар тўкилиб ётади. Кўлнинг ҳеч ким яшамайдиган яна бир қирғоғида ҳам катта бир иморат бор. Унинг қувурларидан ёғли қоп-қора суюқлик оқиб ётади. Бир марта Чапдаст билан ўша томонга бориб қолишган эди. Неча кун касал бўлиб сув тубидан чиқа олмай, ётиб қолишди. Шундан кейин ҳеч қачон у томонларга бормайдиган бўлишди. Қоракўз кўпдан бери Чапдаст рози бўлиб, ёнида юрса, ўша кеча-ю кундуз оппоқ тўлқинлар бир-бирига тўш уриб ётадиган шўртанг сувли, на замин, на қайиқ, на икки оёқда юргувчи ғалати мавжудотлар кўринмайдиган мусаффо баҳри уммонга кетишни орзу қиларди. У кўлнинг тубига тушиб, олис-олисларга кўз тикди. Ўзича у ён бу ён тикилиб, сузар йўлларини режалаштирди. Чор атроф бир хил, сув ҳам оқар сув эмас, бир зайлда қалқиб тураверади, бу ҳолда манзил томон йўл топиш қийин эди. Оқим бўлса ҳам, оқимга қарши ҳаракатланиб, манзилга етиб олиш мумкин эди. Чунки улар оқим билан келишган, оқимга қарши сузишса, кўзлаган манзилларига етиб олишларини тушунар эди. Кўлнинг суви жуда бемаза, ундан кўнгилни беҳузур қиладиган бадбўй ҳидлар анқирди. У сувдан бошини хиёл чиқариб, атрофни кузатмоқчи бўлди: “Балки қирғоқдан бирон белги топиш мумкин бўлар?”
Шу пайт кутилмаганда “Ана, ана акула!” деган қичқириқларни эшитди. У шундайгина икки қайиқнинг ўртасидан чиқиб қолган эди. У нима бўлаётганини англаб етгунича боши қандайдир тўрга кириб қолганини сезди. Кейинги ҳаракати эса бор гавдаси билан тўрнинг ичига кириб кетишига сабаб бўлди. Атрофдаги бақир-чақирлар авжига минди: “От! От, деяпман сенга! Тўрни ўйиб чиқиб кетиши мумкин”, “Бўл тезроқ, даввай, ҳозир қайиқни ағдариб юборади!”, “Тўрни иккинчи қайиққа ҳам яхшилаб боғланглар. Бўл, ҳе, лаллайиб ўл. Оннангни сени!..”, “Бўл, моторни ўт олдир. Шериги кеб қолиши мумкин”. Улар кўпчилик эди шекилли, чор атрофдан ёғилаётган ханжарли таёқлар унинг аъзои баданини илма тешик қилиб ташлади. Қайиқларнинг тумшуғи қирғоқдаги қумга тиқилгандан сўнг қий-чув баттар авжига минди. Қоракўз ҳали тирик эди. Қирғоқдаги одамлар ёпирилиб келиб, тўрни қирғоққа судраб кетдилар.
-Ву-у-уй, катталигини! Ўн метрлар бор-а, уккағар!
-Тирик! Тирик экан!
-Қоч, йўлдан қоч! Ҳозир шериги кеб қолса, ҳаммангни ямламай ютворади! Қо-оо-оч! Сувдан узоқроққа оббориш керак буни. Қочинглар!
Одамлар йиртқич ҳайвондан ҳам бешафқат эдилар, ким қўлига нима илашса, ўша нарса билан тўрда судраб кетилаётган балиқни уриб, азоблаб борарди.
Бу пайтда негадир юраги беҳаловат бўлиб сайрдан эртароқ қайтган Чапдаст сувдан бошини хиёл чиқариб қий-чув қилиб дунёни бузаётган одамларнинг ҳаракатини қизиқиш билан томоша қилиб турарди. Одамлар бақир-чақир қилиб тўрни қумлоқ соҳилга чиқаришгандан кейингина тўр ичидаги тутқин унинг Қоракўзи эканлигини билиб қолди. Ўқдек учиб ўзини қирғоққа урди, Қоракўзнинг атрофидаги одамлар “гув” этиб нари қочишди. Қоракўзнинг эса қимирлашга ҳам ҳоли йўқ эди, чанқоқ ва оғриқнинг зўридан оғзини катта-катта очиб, бир-бир тўлғаниб қўярди. Чапдаст унга ваҳима билан тикилиб турган оломонга қараб, иложсизлигини англаб етди ва аламли изтироб билан ортига қайтиб кетди. Ва бир умрга қайиқларни, уни бошқариб юрадиган икки оёқли мавжудотларни ёмон кўриб қолди. Ёлғиз қайиқлар кўлнинг ичкарироғига сузиб киришини кутиб ётар, улар кўлнинг ўртасига етганда хужум қиладиган одат чиқарди. Аждаркўл ҳақиқий аждарҳо кўлига айланди. Қасоскор акула ҳақидаги миш-мишларнинг бирига ўн қўшилиб, нафақат шаҳарча одамлари орасида, балки Аждаркўлдан жуда олис-олислардаги шаҳарларга ҳам етиб борди. Кўлни муҳофаза қилувчилар деярли бекорчи бўлиб қолишди. Чунки унча-мунча балиқчи аввалгидек оддий қайиқ билан кўлга чиқа олмас эди. Моторли қайиғи бор, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини ҳимоя қила оладиган катта овчиларга эса ҳеч ким ҳеч нарса дея олмайди. Чунки улар муҳофазачиларга ҳам чўтал узатиб турар эдилар.

хх хх хх

Бу жойларда баҳор жуда тез ўтиб кетади. Дала-даштларга ўт-ўлан чиқиб улгурмасидан жазирама иссиқ бошланиб, саратон шафқатсиз мўйқалами билан барчасини сап-сариқ рангга бўяб ташлайди. Ҳансираб етиб келган ёз ҳамма жойга ўз ҳукмини ўтказа бошлайди. Бу ёз билан эринмай курашадиган одам керак. Иброҳим шу ерларда бир умр қолиб кетмаслигини билса ҳам томорқада ишлашдан эринмасди. Меваси кўчадан ўтганларники, савоби бизники, деб ҳовли ортига ҳам узум экди. Чиройли ишком кўтариб қўйди. Ҳовли ичкарисида эса бодом, ўрик, олма-ю шафтоли, хурмо дарахтлари эрта баҳордан кеч кузгача гул-у меваси билан кўзи тушган мардумнинг ҳавасини келтириб туради. Аввалги беғам Иброҳим бўлса, қайта-қайта ажриқ босиб, қақшаб қақшаб қолаверадиган ҳовлида шунча тер тўкмаган бўларди. У вақтни беўй ўтказиш учун, чарчаб толиқиш ва тунлари уйқусизликдан қийналмасдан тош қотиб ухлаш учун эрта саҳар туриб, ер чопар, экин-тикинини ўтоқ қилар, сув тарар, биров-ярим дўконга келганлар дарвозадан бўй кўрсата бошлагач, сал терини қотириб, Барфин хола тузаб кетган дастурхондан у-бу тотинган бўлиб, дўконга ўтарди. Боғ эса мискин хожаси кўнглининг акси ўлароқ кунба кун яшнаб кетаверарди. Унга қараб, Иброҳим маъюс жилмайиб қўяр, агар дарамод топиш учун ишласа, эҳтимол шунча ҳосил бермаган бўлармиди бу боғ? Ота-бола Барфин холанинг оиласи билан фақат хўл мева еб ётса ҳам, бу меваларни тугатишнинг иложи йўқлигидан Иброҳим дўконга ҳам хўл мева чиқарадиган бўлди.
Шу йил Иброҳимга омадли келди. Жаҳонгири отаси осонроғига топшир, ўтолмасанг, ўксиб қоласан, десаям, “мен билимимга ишонаман”, деб катта институтга топширган эди. Худо қарашдими, ё билими ҳақиқатан ҳам яхшимиди, ўқишга кирибди. Бу хабар телефонига келганда улар шаҳарда юришган эди. Ўша дамда улардан-да бахтли мардум йўқ эди бу оламда.
Ота-бола шаҳарча марказидан яхшилаб бозорлик қилишди. Барфин хола бир нарса деб нолимаса-да, кейинги пайтда анча толиққанлиги кўриниб турарди.
-Бугун Барфин холани безовта қилмаймиз, ўғлим, ошни ўзим тайёрлайман, — деди Иброҳим.
-Мен шакароб тайёрлайман. Аммо биз уйга боргунимизча Барфин момом “Нима овқат қилай?” деб уйимизга келиб туради-да.
-Э-э, қўявер, момонгни ҳам бир нарса деб алдаймиз, ўғлим.
-Йўқ, дада, бугун алдаёлмаймиз, у кишига ўқишга кирганимни айтмасак, биздан жуда қаттиқ хафа бўлади. Айтсак, ўзлари байрам уюштириб ташлайди. Бугун биз ёрдамчи бўламиз у кишига. Ўғилларини ҳам чақирамиз ошга.
-Бўпти, ўғлим, сен нима десанг шу.
Ҳақиқатан ҳам улар машинадан юкларини туширгунча Барфин хола қуйма ковушини судраб етиб келди:
-Тинчмисизлар? Неча марта келиб кетдим. Уйда ҳам, дўконда ҳам ҳеч ким йўқ. Булар қаёққа кетди экан, деб хавотирланиб ўтиргандим. Мошин ўтганини кўриб чопиб келавердим, — кампир Жаҳонгирнинг елкасидан олиб, пешонасидан ўпди. – Сен қандайсан, болам?
-Шу болага яхши қарамагансиз-да, момоси, — кулди Иброхим. – Одамни ташвишга қўйиб юради доим.
-Нима гап? Нима қип қўйдинг, болам? – момонинг кўзлари хавотир билан пирпиради.
-Нима қиларди, момоси? Академияга ўқишга қабул қилишибди, — Иброҳимнинг овози титраб кетди. Ўтган йиллар мобайнида эрта-кеч иссиқ-совуғига қарашиб юрган бу аёл унга бир нарса демаса ҳам, Иброҳимнинг кўнглида қандай улкан ғусса борлигини биладигандай эди. Бу уларни она-боладек бир-бирларига яқин қилиб қўйганди. – Хола, тестнинг жавоблари келди. Шунга энди бунча бўлди, энди бир ош-пош қилиб, нишонлайлик, деб бозорга кетган эдик-да, — кўнгли бўшаб кетганидан хижолатланиб, ўзича кулиб ўғлининг елкасига қоқиб қўйди.
-Вой, болагинамдан ўзим ойнонай! – Барфин хола узалиб уни бағрига босди. – Шуни менга айтмасдан уйимдан устидан қандайлар ўтиб кетдинг сен бола? Момомни бир суюнтирай, демадингми? Ай, болам-а, жонгинанг соғ, мартабанг улуғ бўлсин, — хола юзига фотиҳа тортди. — Ўзиям ҳазилакам ўқимади-да, менинг болам. Кеча-кундуз китобдан бош кўтаргани йўқ.
Хола белидаги катта шол рўмолни қайтадан боғлаб, ишга киришиб кетди, икки неварасини ҳам чақиртириб олди. Иброҳимни дўконга чиқариб юборди: “Боринг, сиз савдонгизни қилинг. Эртадан бери юз киши келиб кетди”. Биров овқатга уннаган, биров ҳовлига сув сепган, биров дастурхон тузаган, хуллас, Барфин хола бир пасда ҳовлига байрамона руҳ олиб кирди. Иброҳим ошга холанинг ўғилларини ҳам чақиртирди, хотин-халажга ҳам катта лаганда ош чиқариб юборди.
Ошдан сўнг ҳовли яна хувуллаб қолди. Ичкарига киргиси келмаган Иброҳим ҳовлидаги ёғоч супада ўтириб хаёлга берилди. Хаёлан ҳаётнинг бешафқат қонунларидан куйинди, бирон яхшилик йўқки, унинг тўлови бўлмаса. Ўғли ўз билими билан, биринчи урунишдаёқ шундай катта ўқишга кирди. Бахт-омад! Лекин энди у кетади. Иброҳим эса кимсасиз ҳовлида ёлғиз ўзи қолиши керак. Энди хотиралар уни батамом еб қўяди. Ўзи азалдан одамовироқ эди, бошига тушган кўргиликлардан сўнг бегона жойларга келиб, баттар қобиғига ўралиб олди. Ҳатто эртадан кечгача эшигида юрадиган Барфин хола билан бирон марта ёзилиб гаплашгани йўқ. Бу аёл у ҳақда нима билса, онаси келганда, онасининг хасрат тўла гурунгларидан билиб олган. Аммо ўзи тиш ёриб бирон марта дардини айтмади, бирон масалада маслаҳат сўрамади… Энди бу беш йил қачон ўтади, қандай ўтади? Қачон келин туширади, қачон невара кўради? Қачон уйи тўлади?
У ўз хаёллари билан бўлиб, ўғлининг уйдан чиқиб, ёнига келиб ўтирганини ҳам сезмай қолди.
-Дада! Дадо-о-ов!
Ёнгинасида ўтирган Жаҳонгирни кўриб хайрон бўлди:
-Сен бу ерга қачон келдинг?
-Ё тавба, дада, олдингиздан ўтдим-ку, наҳотки кўрмадингиз? Чақираман, эшитмайсиз. Ухлаб қолдимикин, десам, кўзларингиз очиқ.
Иброҳим хижолатпазлигини яшириш учун кулди:
-Зўр одамлар кўзи очиқ ҳолда ҳам ухлайверади. Тинчликми, ўғлим?
-Тинчлик, тинчлик, дада, — Жаҳонгир нимагадир тараддудланиб, ерга қаради. Бироз жим қолди. Сўнг чуқур ҳўрсиниб, гапида давом этди. – Дада, уч-тўрт кундан сўнг мен кетишим керак. Аммо катта ҳовлига сизни қандай қилиб ёлғиз ташлаб кетаман? Кетсам, у ёқларда қандай юраман? Шу пайтгача ҳам, ҳамиша ёлғизлигингиз ҳақида ўйлар эдим. Ошналаримникига борсам, вағир-вуғир, қий-чув, энг тинч уйларда ҳам оталари оналари билан биргалашиб ғимир-ғимир иш қилиб юрган ё гурунглашиб ўтирган бўларди. Шундай пайтлар сизнинг ёлғиз ўтирганингиз кўз олдимга келиб, кўнглим бузилиб кетарди. Дада, илтимос, уйланинг. Агар уйланмасангиз, мен ўқишга кетолмайман.
Иброҳим бир кун келиб ўғли шу гапни айтишини билар эди. Аммо айнан бугун, шу тарзда айтиши, кейин унга қандай жавоб бериши ҳақида ўйлаб кўрмаган эди. У ўғлига ҳазиллашган бўлиб, жилмайди:
-Мен бу атрофда сенга оналик қилишга муносиб аёлни кўрмаяпман-да. Мен уйланадиган аёл мендан аввал сенга меҳр бериши, сени яхши кўриши керак. Бундай аёл борми, ўғлим?
-Бор, дада, худди шундай аёл бор, — Жаҳонгир отаси томон сурилиброқ ўтирди. Дарвоза томонга бир қараб қўйиб, худди биров эшитиб қолишидан қўрққандек, пастгина овозда гапини давом эттирди. – Барфин момонинг кенжа қизи, Барчин опа. Биттагина ўғилчаси бор, эри вафот этган. У ёқда ҳам жойлари тор экан, қайнонасининг ўзи жавоб берибди. Бечора бу ерда икки янгага хизматкор, ўтидан кириб, кулидан чиқади, бизнинг кирларимизни ҳам шу аёл ювиб, дазмоллаб беради. Бирам яхши аёл, чиройли, хушмуомала. Мени ҳам жуда яхши кўради. Дада, шунга уйлансангиз, кўнглим хотиржам кетардим-да. Агар, агар… Сизни бир ҳовлида ёлғиз қолдириб кетсам… онам билан опаларимнинг руҳини ҳам чирқиратган бўламан, дада. Илтимос, йўқ, деманг, дада.
Иброҳим беихтиёр ўғлининг кўзларига қаради, унинг нигоҳлари худди қалбидек беғубор эди. У тўлқинланиб кетди. Аёли билан қизлари ўлгандан кейин доим “Мен энди тамом бўлган одамман, менинг фақат сохти-сумбатим қолган”, дерди ўз ўзига. Бу фикрнинг ростлигини аввало ўз-ўзига исботлаш учун умр бўйи бутун куч-қувватини, иродасини инсоний хоҳиш-истакларини енгишга сарфлади. Ўғлимнинг дили оғримасин, деди. Аёлим билан қизларимнинг руҳи чирқирамасин, деди. Ўғлининг меҳри, нияти, беғубор нигоҳлари унинг қалбидаги зангларни сидириб ташлагандай бўлди. Қандайдир енгил нафас олди. Ўпкаси тоза ҳавога тўлиб кетгандай бўлди.
-Дада, темир эмассиз-ку сиз? Ёнингизда бир меҳрибон инсон бўлишини истайман. Хўп, десангиз, кетгунимча…
Иброҳим хушҳол кайфиятда кулимсиради:
-Тўрт куннинг ичида-я? У пошикастани умримда кўрмаган бўлсам, ҳали унинг уйдагилари нима дейди? Ўзи рози бўладими, йўқми?
-Э-ээ, дада, бу ёғини ўзимга қўйиб беринг. Барфин момом сизни яхши билади, сиз рози бўлсангиз, қизини юмалоқ ёстиқ қилиб, уйимизга келтириб қўяди. Аршин молчидагидек, бир калла қанд, уч сўм пул, битта мулла, шу билан иш тамом, — айтган гапидан ўзи ҳам яйраб кулимсиради.
-Эҳ-ҳе, чатоқ-ку сен, қачон отасини уйлантирадиган катта йигит бўлиб улгурдинг? — Иброҳим ўғлини биринчи марта кўраётгандек ажабланиб юзига тикилди. – Шу-у, ундан кўра сенинг ўзингни уйлантириб қўя қолсак-чи?
-Йўқ, бўлмайди. Мен ҳали ўқишим керак. Бола-чақа боқиш учун дипломли, касбли бўлишим керак, — ярим ҳазил, ярим чин қилиб таъкидлади у. – Ҳа, айтмоқчи, дада, Файзиддин деган ошнам қайиқларингни бир кунга бериб тур, акам билан балиққа чиқиб, бир дам олиб келайлик, агар хоҳласанг, сен ҳам биз билан юр, Тошкентга кетишдан олдин бир дам олволасан, деяпти. Нима дейсиз, дада?
Иброҳим узоқ йили бир устадан ажойиб моторли қайиқ сотиб олган эди. Ота-бола баъзан қайиқда кўлга чиқиб, балиқ тутиш учун эмас, шунчаки дам олиш учун мовий кенгликлар узра соатлаб айланишар, озми-кўпми балиқ ҳам овлашар, бу сайрда кўпинча на ота ва на бола деярли гаплашишмас, ҳар ким ўз хаёллари билан банд бўлар, ўз кўнгли билангина сўзлашар эди. Қирғоқдан узоқлаб кетишгандагина қайтишда моторни ўт олдириб изларига қайтишарди.
-Майли, ўғлим. – ўртадаги яхши кайфиятни бузгиси келмай, иложсиз розилик берди ота. — Файзиддин ҳам тестдан ўтибдими?
-Ҳа, лекин улар танка суришган.
-Парво қилма, ўзларига қийин бўлади. Ўқишга кириб олиш бир масала, киргандан кейин ўқиб кетиш масаласи ҳам бор. Билими бўлмаса, қийналади бола.
-Дада, мен ҳам бирга борсам майлими?
-Ўзингга қара, лекин жуда ичкарилаб кетманглар. Кўлда наҳанглар кўпайиб кетган. Беш йиллар аввал бир-икки бемаза балиқчилар бир акулани тутишган эди. Ўша акуланинг жуфти неча йиллардан буён қайиқ кўрса, қутириб ағдариб ташлайди. Эхтиёт бўлинглар-да, ўғлим.
-Э, дада, бизнинг қайиғимизни ҳеч қандай акула қувиб ета олмайди. Эртага кечки пайт Барфин момомникига ўтаман. Совчиликка. Ҳа, аввал бир баҳона қилиб, Барчин опамни дўконга жўнатаман, бир кўриб оласиз, маъқул, десангиз…
-Кейин-чи? – ўғлидаги завқ-шавқ унинг кулгусини қистатди.
-Кейин… Барфин момомнинг кўнглини тўлдирадиган сут пули берасиз. Бир мулла келади, кейин момом билан Барчин опамни олиб келаман. Қўйларнинг биттасини сўямиз, ярми сизларга, ярмини мен ўқишга олиб кетаман. Курсдошларим билан еймиз. Бўладими?
Иброҳим ўғлининг елкасига қоқди:
-Ҳа, эрта келаверсин-чи, сен овга бориб кел, у ёғи бир гап бўлар.
Иброҳимга қўйса-ку, ўғлини бир дақиқа ҳам ёнидан силжитмасам дейди. Аммо ошнаси билан бирга боргиси келаётганини кўриб, бир нарса дея олмади. Ошнасининг акаси ҳам бирга бораётган экан-ку. Бир айланиб қайтишади. Эрта индин Тошкентга кузатса, ўғлимнинг биттагина илтимосини ҳам бажармагандим, деб ўзидан хафа бўлиб юрмайди.
Улар жуда эрта чиқиб кетишди. Файзиддиннинг акаси ўттизларга кириб қолган барвастагина йигит эди. Иброҳим унга қайта-қайта тайинлади:
-Эхтиёт бўлинглар. Кўлда наҳанг кўпайиб кетган. Жуда ичкарилаб кетманглар. Бу Тошкентга кетади, тайёргарлик кўришимиз керак.
У ҳиқиллаган сайин Жаҳонгир хижолат тортар, Файзиддиннинг акаси “Хўп, хўп” деб турган бўлса-да, тобора энсаси қотиб бораётганлиги кўриниб турарди. Охири гапини ҳам бўлиб ташлади:
-Ака, мен шу кўлда катта бўлганман, уни беш бармоғимдай биламан. Сиз ўғлингиздан сира хавотирланманг. Ўғлингизни ҳам, қайиғингизни ҳам эсон-омон қўлингизга олиб келиб топшираман, — унинг овозида зардали иддоа оҳанги бор эди.
Бошқа гапга ҳожат қолмади. Иброҳим уларнинг ортидан гуноҳкор боладек жовдираб қараб қолди. Уларнинг изидан кўтарилган чанг ётгач, беихтиёр чўнтагидан қўл телефонини олиб, соатга қаради. Соат роппа роса олти бўлган эди. “Олти соат айланишса ҳам, ўн иккиларда қайтишади. Худо хоҳласа, бирга тушлик қиламиз”.
Аммо Жаҳонгир кечгача ҳам қайтмади. Иброҳим сўраб-суриштириб, Файзиддинларнинг уйини топиб борди. Бироз иккиланиб туриб дарвоза қўнғироғини босди. Анчадан сўнг уйқуси бузилган одамдек норози оҳангда эркак кишининг “Ким керак?” деган овоз эшитилди. “Ё, тавба, одам шом кираётган пайт ҳам ухлайдими?”, ўзича ғижинди Иброҳим. Бироз хаяллаб, дарвозани майкачан барваста эркак очди, унинг ҳозиргина уйқудан тургани юз-кўзларидан шундайгина кўриниб турарди:
-Келинг, меҳмон, — эркак савол назари билан унга қаради.
-Шу-у, Файзиддин билан менинг ўғлим синфдош. Эрталаб бирга балиқ овига кетишган эди. Тушгача қайтиб келишлари керак эди. Нимагадир дараклари йўқ, шунга… сизларникига келишмадимикин, деб…
-Э-э, Жаҳоннинг отасимисиз? – эркак қайтадан қўл бериб кўришди. – Табриклайман, академияга кирибди. Молодес! Лекин ҳали улар қайтишгани йўқ. Укам ҳам бирга кетган эди, ҳеч хавотирланманг, у жуда абжир балиқчи, кўлнинг ичида балиқлар билан катта бўлган йигит у. Бундан беш йил аввал акулани тутган шоввозлардан бири шу-да. Ҳа, сиз улардан ҳеч хавотирланманг, ахир улар ёш бола эмас-ку. Ўз ҳолига қўйинг, урилиб-сурилиб, ўрни келганда пешонаси ғурра бўлиб, йўлини топиб олсин. Уйга киринг.
Мезбон унинг билагидан тутиб, ичкарига тортди:
-Қани-и…
Иброҳим акула ҳақида эшитган заҳоти деярли ҳушини йўқотган эди:
-Йўқ, ака, мен уйга кетаман. Чунки улар қайиқни олиб тўғри уйга боришлари керак эди. Уйда кутганим маъқул.
-Юракни кенгроқ қилинг, биродар, — эркак майка остидан дўппайиб турган қорнини силкитиб кулди. – Яна келинг, бафуржа ўтирадиган бўлиб.
Иброҳим йўлни тўғри Аждаркўл томон солди. Қайиқлар туширилиб-чиқариладиган қумлоқ қирғоққа яқинлашиб, машинасини бир четга қўйди-да, ўзи кўл бўйига энди. Шунча йил Аждаркўл бўйида яшаб, бирон марта ҳам кечки пайт сув бўйига келиб кўрмаган эди. Шарбат солинадиган қоғоз қутилар, баклашкалар, консерва банкалари, селофан халтачалар сочилиб ётган соҳилнинг бир четига ўтириб, кўлга тикилди. Қуёш заволга юз тутган, кўл бетидаги уфқнинг алвон жилоларини қонга ўхшарди, у сесканиб кўзини кун чиқар томонга олди. Бир пасда бутун борлиқ туннинг қора чодирига ўраниб олди. Энди ҳадсиз-худудсиз сув қорамтир рангда қалқиб турарди. Унинг қулоқларига сув қаъридан қандайдир чорловга ўхшаш ваҳимали овоз эшитилгандек бўлди. Болалигида момоси кечки пайт сув бўйига борманглар, сувда дев бор, деб қайта-қайта тайинлар эди. Момоси ўшанда нима учун бундай деган, сувда ҳақиқатан ҳам дев борми-йўқми, лекин айни пайтда Иброҳим ўзини беомон, бешафқат мавжудот қаршисида тургандек ҳис қилди. Беихтиёр “Оқ кема”даги болакайни эслади. Бутун аъзои баданини муздек тер қоплади. Эти жўнжикиб, беихтиёр машинаси томон қаради. Аммо ўрнидан қўзғолмади. Сувга тикилганча, қунишиб ўтираверди. Олис-олисларда балиқчи қайиқларнинг чироқлари лип-лип этиб кўринар, лекин ҳеч бири қирғоққа қараб ҳаракатланмас эди. Қаердандир хаёлига “Балки, Жаҳонгир мен Файзиддинларнинг уйини излаб юрганимда, аллақачон уйга қайтиб келгандир. Дадам қаерга кетди экан, деб хавотирланиб ҳам ўтиргандир”, деган фикр келди.
У шошиб машинасини ўт олдирди-да, уйи томон елдириб кетди. Аммо эшикдаги қулф ночоргина осилиб турарди. “Балки…”, у машинадан тушиб ҳам ўтирмади, умид билан Барфин холанинг уйи томон бурилди. Хола машина овозини эшитиб, у ўриндиқдан турмасидан дарвозани очди:
-Ҳа, келдингизларми?
-Хола, Жахонгир келмадими, — саволига савол билан жавоб қайтарди у.
-Жаҳонгир? – ҳайрон бўлди хола. – Бирга эмасмидинглар? Ҳеч ким келгани йўқ. У қаерга кетган эди?
— Э-э, — қўл силтади Иброҳим. – Эрталаб бир ошнаси билан балиқ овига кетган эди. Ёнида ошнасининг амакиси ҳам бор эди. Тушгача қайтинглар, деб тайинлаган эдим.
-Сизни қаранг-а, бир парча болаларни ҳам овга юборасизми? – бош чайқади хола. Ранги оқариб турган Иброҳимга бир қараб, яна ўзи таскин берган киши бўлди. – Хавотирланманг, ёнларида катта одам бор эди, деяпсиз-ку. Кўлнинг паст-баландини билмаган одам болаларни олиб кўлга чиқармиди? Балиққа қизиқиб кетишгандир. Ҳали замон келиб қолишади. Мен овқат қилиб қўйган эдим. Бориб сузиб берайинми?
-Йўқ, овқат шарт эмас, мен кўл бўйида эдим, балки улар қайтишгандир, деб хабар олгани келгандим. Яхшиси, кўл бўйига қайтиб кетаман.
-Ундай қилманг, болам, — хола уни ушлаб қоладигандек машинанинг эшигидан тутди. –Уйга кириб, бир пиёла чой ичинг, ярим косагина овқат енг. Кейин устингизга иссиқроқ бирон нарса олиб, кўл бўйига чиқсангиз бўлади. Унгача шумтакаларингиз қайтиб келиб қолишса ҳам ажаб эмас. Ҳозир мен Абдураҳмон акангизга айтаман, у ҳам сиз билан бирга қирғоққа боради.
“Ҳа, ажаб эмас…”, кўнглида “йилт” этган умид учқуни ёнди, “Балки аллақачон келишаётгандир ҳам”. У оғир судралиб, ҳовлига кирди. Барака топгур, Барфин хола ҳовлидаги, айвондаги чироқларни ёқиб қўйган экан. Ичкарига кириб, шкафдан тўнини олди. Сўнг ошхонага ўтиб, ярим косагина овқат сузиб олди. Овқат илиққина бўлиб турган экан. Бир бурда нон олиб, ошхона столининг бир четига ўтириб, овқатлана бошлади. У бир амаллаб чайнаётган луқмасини ютар, овқатнинг мазасини умуман ҳис қилмас эди. “Шуни ейишим шартми?”, косани суриб қўйиб ўрнидан турди. Шу пайт дарвоза томондан Абдураҳмоннинг овози эшитилди: “Иброҳимбой!..”
Абдураҳмон ҳам қалин тўн кийиб олган эди. Ёнига келиб, қўл бериб кўришди:
-Кетдикми?
-Сиз овора бўлмасангиз бўларди. Эртага ишга боришингиз керак. Ўзим бораверардим.
-Оворагарчилиги йўқ. Индамасангиз, онам ҳам бирга боргудек бўлиб ўтирибди, — кулди Абдураҳмон. – Жаҳонгирни қандай яхши кўришини биласиз-ку
Улар бир пасда кўл бўйига етиб келишди. Қорамтир сув юзида юлдузлар акси жилва қилар, олис-олисларда балиқчи қайиқларнинг чироқлари “лип-лип” этиб кўзга ташланиб турар эди. Қалқиб турган сув қаъридан эса бот-бот бояги чорлов эшитилиб кетарди. Тун ярмида қирғоққа иккита қайиқ қайтди, лекин улар Жаҳонгирларни кўришмаган экан. Иброҳим Абдураҳмон қистаган пайт машина ичига кириб, бошқа вақт қирғоқда ўтириб тонгни қарши олди. Тонг отгач, “йилт” этиб турган бир умид илинжида уйга ҳам бориб келди, йўл йўлакай “Ишга боришингиз керак”, деб Абдураҳмонни ҳам уйига ташлаб ўтди.
Чошгоҳга яқин Барфин хола неварасини эргаштириб, тугунчада егулик кўтариб келди:
-Хавотирланманг, болажоним! Қаранг, кўлда қайиқ кўп, ҳали замон қайтиб келишади. Машинага кириб, бир пиёла чой ичиб олинг. Қоринларингиз ҳам очиб кетгандир. Кеча ҳам ҳеч нарса емабсиз.
-Иштаҳам йўқ, хола, — у маъюс бош чайқади. – Ҳеч нарса емайман.
Барфин хола илтимос-у қистовлари иш бермагач, тугунчасини машинага қўйиб келди:
-Қорнингиз очганда ерсиз, — бир пас туриб қўшимча қилди. — Жаҳонжоним кеб қолса, ўзи ейди.
Кечки пайт уларнинг ёнига Файзиддиннинг отаси келиб қўшилди. Унинг ҳам кўзлари хавотирга тўлиб, ранги учиброқ турарди.
-Балиқдан қайтган биров-яримдан сўрамадингизми? – деди у қўл бериб кўришаркан.
-Сўрадим. Биттаси кеча кечки пайт кўрган экан. Ҳаммаси ҳар томондан келишяпти. Кўл катта… – худди ўзига гапиргандек кўлдан кўзларини узмасдан жавоб қайтарди.
Ҳалиги киши қўлини пешонасига соябон қилиб, кўлга тикилиб-тикилиб, “уф” тортганча чўнтагида жиринглаётган қўл телефонини олди:
-Ҳеч гап йўқ. Сен Каромиддиндан дурбинни бериб юбор. Узоқда қайиқлар юрибди. Кимлигини аниқлаш қийин бўлаяпти.
Тушга яқин уларнинг ёнига сийрак соқолли, қотма қария келди. Улар билан кўришиб, кўлга қаради:
-Ҳеч гап йўқми?
Файзиддиннинг отаси чуқур хўрсиниб, қарияга ёнидан жой кўрсатди:
-Ҳеч гап йўқ. Сиз уйда ўтираверсангиз бўларди, ота.
У “акула овловчи”нинг отаси эди.
-Қандай қилиб уйда ўтираман, ўғлим? Бу болага ҳеч эс кирмади-кирмади. Бошқа бирон касб қил, десам айтганни олмайди, — у қалтираб турган қўллари билан кўзларини артди.
-Йиғламанг, ота, биринчи марта йўқ бўлиб кетиши эмас-ку унинг, -тасалли берган бўлди ўғли. – Ўзи йўқ бўлиб кетса ҳам майли эди, ёш болаларни ўзи билан олиб кетиб, ҳаммани хавотирга қўйганига нима дейсиз? Аҳмоқ! Қари отани йиғлатиб!.. Йиғламанг-е!
-Э-э, менга эътибор қилма, тешик кўзадан сув чиқар, қариганда кўнгил бўшаб қоларкан. Қани, шуни болалар тушунса…
Уларнинг қариндош-уруғлари кўп экан, кечгача кўл бўйида бир дунё одам йиғилди.
Эртаси куни беш-олти моторли қайиқ билан кўлни айланиб чиқишди. Кўл ҳамон сукутда, ҳеч нарса кўрмагандек жимгина қалқиб турарди.
Кейин ғоввослар келишди. Улар сувнинг тагига шунғиб, кун бўйи шу атрофда тимирскиланиб юришди. Ҳар сафар кутаётганларга рўбарў келганда кўзларини олиб қочишди.
-Ифлослар! Булар номига сувга кириб чиқишаяпти, умуман ахтаришаётгани йўқ, — Файзиддиннинг отаси неча марта уларнинг ёқасидан олди. – Яхшилаб изла, онангни… сенларнинг! Изламасанг, топиб бермасанг, нимага келдинг бу ерга?!
Улар бундай изтиробли ҳолатларни кўравериб кўзлари пишиб кетганми, бир оғиз ҳам жавоб қайтармасдан, секин ёқаларини бўшатиб олиб, яна ўз ишлари билан машғул бўлишарди.
Бешинчи куни кўл устида айланиб юрган вертолёт “Акула овчиси” билан Файзиддиннинг сув юзига қалқиб чиққан жасадини топиб келишди. Кўл бўйига бутун шаҳарча кўчиб чиққан эди: ота-она, қариндошлар, фаоллар, қутқарувчилар, шунчаки томошагўй ҳангоматалаб бекорчилар… Йигитларни кўрган дўсту бегона баравар уввос тортиб юборди. Ким йиғлаган, ким ҳушдан кетган…
Иброҳим титраб-қақшаб қутқарувчиларга ёпишди: “Менинг болам қани?! Уни ҳам топиб келинглар, илтимос”. Аммо вертолёт кўлни ўн марта айланиб ҳам ҳеч нарса тополмади, ўғлингизни бирон наҳанг еб кетгандир, деб айтишдан андиша қилишди, шекилли: “Оёғи бирон нарсага илашиб қолгандир. Хавотирланманг, албатта топамиз. Биз ёнилғи қуйиб келайлик”, деб кетиб қолишди. Шу билан икки кун кўринмай кетишди. Барфин холанинг ўғиллари яна чақиришган шекилли, учунчи кун яна қидирувчилар пайдо бўлди. Пиёдалари сувга тушишди, чиқишди. Вертолёт икки-уч бор кўлни айланиб, унга бир оғиз бир нарса демасдан кетиб қолишди.
Иброҳим йигитларнинг мурдасини кўргач, батамом ўзини йўқотиб қўйган эди. Шўрлик ҳали у қирғоққа бориб, ҳали бу қирғоққа бориб, тиз чўкиб, бошини қумлоқ соҳилга уриб, тил-забонсиз кўлга ялинади: “Кўл! Элни боққан она кўл! Онажоним кўл! Ўғлимни қайтариб бер! Ёлғизимни қайтар! Илтимос сендан, мен Жаҳонгирсиз яшай олмайман. У менинг жону жаҳоним, усиз менга бу дунёнинг кераги йўқ!”
Кейин қўлларини осмонга узатиб, Аллоҳга илтижо қиларди, “Ё, меҳрибон Аллоҳим! Болагинамни қайтариб бер, унинг ёш жонига раҳм қил, сенга жон керак бўлса, мана, менинг жонимни ол, Худойим! Жону жаҳонимни ол, боламни қайтариб бер, уни асра, Худо-ооо!..”
Сўнг яна сукут билан қалқиб турган кўлга юзланади: “Балиқлар, балиқжонлар! Мени, бизни кечиринглар! Сизларни Аллоҳ бандаларнинг ризқи қилиб яратган, деб тутдик, умрингизга зомин бўлдик. Ўғлимда сира гуноҳ йўқ, унга бу ишни мен ўргатганман, уни мен балиқчиликка ўргатганман. Уни кечиринглар, уни еб қўйманглар, уни қутқаринглар. Ўтиниб сўрайман, уни еб қўйманглар. Илтимос, кейин мен балиқ еяётган одамларга кўзим тушса, улар менинг боламни еяётгандек туюлаверади. Кейин қандай яшайман мен?! Илтимос, уни еманглар!..” У энгашган куйи тиззаларига муштлаб, бор овози билан бўкирарди: “Илтимос, уни еб қўйманглар… Мен бунга чидай олмайман. Ё қодир Аллоҳ, ёлғизимни қутқар! Кўл, она кўл, онажоним, боламни қайтариб бер!..”
Унинг назарида олдида аждардек оғзини очиб ётган бешафқат кўл, унда Жаҳонгирини еб қўйиши мумкин бўлган баҳайбат балиқлар ва осмонда худодан бўлак бу оламда ҳеч қандай мавжудот йўқ эди. Ортида ҳолдан тойган бечора отани қандай қилиб бу ердан олиб кетишнинг чорасини топа олмай, маслаҳат қилиб ётган одамларни, шунчаки қизиқиш туфайли бир-бир келиб кетаётган томошагўйларни умуман кўрмас, том битган қулоқлари ҳеч нарсани эшитмас эди.
Фарзанд кўйида ёниб-жизғанак бўлиб ётган Иброҳим неча йилдан буён битта кўл бўйида яшаб, муносабат-муомалалари салом-аликдан нари ўтмаган ҳамшаҳарлари учун беихтиёр ўз одамларига айланиб қолган эди. Мусибат бирлаштиради, деганлари рост эди. Ҳадди сиққани ёнига бориб, бир пиёла сув билан бир луқма егулик таклиф қилади, панд-насиҳат қилиб, кўп куйинмасликни сўрайди, ҳадди сиғмаганлар кўл бўйидан кета олмай, тўп-тўп бўлиб, пичир-пичир гурунг қилади. Албатта, гурунглар ҳам Жаҳонгир ва фарёд чекиб ётган Иброҳим ҳақида бўлади.
“Бечора, бутунлай ақлдан озиб қолди, шекилли. Кўриб тургани, бори йўғи шу ўғил эди. Худди тилсиз-забонсиз кўл, балиқлар уни эшитадигандек… Ҳеч кимнинг бошига бундай кўргиликни солмасин. Тавба…”
“Эшитиши мумкин, эшитади. Болалигимда, отам урушга кетган эди. Онам иккимиз шаҳарга ўтин сотгани бордик. Қайтгунимизча қош қорайиб, кеч бўлиб қолди. Уйда икки укам қолган. Қайтмасак бўлмайди, шаҳарда қоладиган жойимиз ҳам йўқ. Йўлимизда бир чакалакзор бор эди, ундан кундузи ўтишга ҳам ҳайиқади одам. Юрагимиз така-пука бўлиб кетаётган эдик, қаршимиздан икки бўри чиқди. Биз қари эшакка мингашиб олган эдик. Эшак билан бўридан қочиб қутилиб бўладими ҳеч замонда? Мен бутун вужудим билан онамнинг елкасига ёпишиб олдим, онамнинг бутун гавдаси дағ-дағ қалтираётгани сезилиб турарди. Эшак турган жойида қотиб қолди. Бўриларнинг ёниб турган кўкиш кўзларига онамнинг ёнбошидан пўсиб қараб турибман. Онам бир зум жим туриб, кутулмаганда бўриларга йиғлаб ялинади бошлади: “Бўрижонлар, бизга тегинманглар. Ўтинаман сизлардан. Уйда икки гўдагим оч ўтирибди. Оталари урушга кетган. Бизни еб қўйсанглар, уйда қолган норасидаларим ҳам беқаров, оч ўлиб кетади. Илтимос!.. Менга раҳм қилмасанглар ҳам, гўдакларимга раҳм қилинглар”. Онам эшак устида ўтирган куйи изиллаб йиғлаб, бўриларга ялинарди. Шундан кейин нима бўлди денг, бўрилар индамай ортларига бурилиб кетиб қолишди».
“Шўрлик Иброҳимнинг шўрига шўрва тўкилди. Бу балиқлар одам гўштини жуда яхши кўраркан. Бир қишлоқда кутулмаганда янги-янги қабрлар чўка бошлабди. Бундан хавотирланган маййит эгалари икков-учов бўлиб, бир пана пастқамга беркиниб олиб, янги маййит қўйилгач, қабристонни пойлайдиган бўлишибди. Бир оқшом иккита барзанги йигит белкурак кўтариб келиб, янги қабрни қазишга тушибди. Пойловчилар тишини тишига қўйиб, улар ишини охирига етказишни кутиб туришибди. Ҳалигилар қабрга тушиб маййитни олиб чиқишиб, яна ҳеч нарса бўлмагандай, қабр устига тупроқ уйиб, маййитни кўтариб кетишаётганда йўлларига кўндаланг бўлишибди. Кўп қийин қистовлардан кейин ҳамма сир фош бўлибди. Улар маййитни шахсий ҳовузда балиқ етиштирадиган бир набокорга элтиб бериб, мўмай пул ишлашаркан. Ҳовуз қуритиб кўрилганда, унинг тубидан одамзодга тегишли ўнлаб бош чаноқлари, йўғон сон, билак суяклари чиқиб келибди. Ҳалиги набокор маййитларни мичалаб-мичалаб, ҳовузга ташлаб юборар экан”.
“Инсофсиз! Мансаб учун, ифлос нафси учун, худбинлигидан бир-бировининг гўштини ейишга тайёр одамларни, пул, мол-дунё учун бир-бирини ўлдирган одамларни кўрганмиз, эшитганмиз. Энди ўлганларни ҳам безовта қилиб, балиққа бериб, сўнг одамларга едирадиганлари ҳам чиқибдими? Бу одамни одамга едириш дегани-ку ахир! Ё, алҳазар!..”
“Балиқни луқмаи ҳалол, дейишарди. Ҳеч бўлмаса, одам йилига бир марта балиқ еб, ҳалқумини ҳалоллаб туриши керак, дейишарди. Мана сизга, ҳалол луқма!”
“Билиб-билмай ҳар қандай гапни гапираверма. Мен балиқларни яхши биламан. Улар одам гўштини ёмон кўришади. Тавба-а, бу одамлар нималарни тўқиб чиқаришмайди-ей?! Балиққа бериш учун махсус емлар, семиртирадиган дори тўлиб ётибди. Балиқ боқиб даромад қилаётган одам қабр ковлаб, жиноятчи бўлиб, бошини оғритиб ётиши умуман шарт эмас!”
“Ковлайдиганлар бордирки, шу гап чиққан. Одамлар бекордан бекорга гапирмайди”.
“Бу ёлғон гап. Ишонмайман. Ақлга сиғмайди”.
“Э-э, катта шаҳарларда сувга қуйилаётган қорамойларни кўрсангиз эди…”
“Манави шўр шу кўлнинг бўйида ўлиб қолса керагов… Неча кундан бери туз тотгани йўқ. Бўридай увиллагани увиллаган”.
“Лекин, жуда чарчади бечора. Насиҳатни олмаса. Азага борган ҳам, еб-еб йўқлайди. Бу бўлса…”
“Итини қара, кўлни айланиб чопиб-чопиб келади-да, сув ичиб қўяди, олдига ташлаган нарсага қайрилиб ҳам қарамайди. Эгасининг ёнида чўккалаб, унсиз йиғлаб ётибди жонивор”.
Барфин холанинг ўғиллари тунларни ҳам Аждаркўлнинг бўйида ўтказаётган Иброҳимнинг елкасини силаб, қоқ суяк бўлиб қолган гаварасини бағрига босиб, ялиниб-ёлвориб, бир тишлам-икки тишлам нон едирган, сув ичирган пайтлари ҳам бўлди. У қаршисида мажбуран овқатлантираётган одамга қандайдир гуноҳкора, маъносиз жовдираб қарар, бир-икки луқма егач, қўлидаги егуликни итининг олдига ташлар, чўкиб кетган қўй кўзларидан шашқатор ёшлар оқарди…
Қуёш ўн олти кун машриқдан мағрибгача бўлган узоқ йўлни Иброҳимнинг кўзларига термулиб ўтказди. Ўн олти оқшом унинг мусибатидан юрак бағри қон бўлиб, уфққа бош қўйди. Ўн олти тонг ёллари қонга беланган ярадор шер каби умид билан уфқдан бош кўтарди. Ўн еттинчи кун эди. Кўлни айланиб чопиб юрган ит олисдан ҳуриб, эгасининг ёнига ўқдай учиб келди-да, унинг аччиқ тер ва тупроқдан қотиб кетган енгидан тортқилай бошлади. Иброҳимнинг қимирлашга ҳам ҳоли йўқ эди. Аммо кўнгли умид билан бир энтикиб, ўрнидан турди. Унинг юраги ит уйга бошламаётганини биларди. Номаълум бир яхшиликни сезди. Ит унинг олдига тушиб, соҳил бўйлаб келган йўлидан чопа кетди. Иброҳим ҳам алпонг-талпонг қилиб итига эргашди. Ит кўл четида ўсган катта бир дарахтнинг тагига бориб, осмонга қараб аввалгидан ҳам баландроқ товушда ҳура бошлади. Иброҳимнинг вужудига қандайдир ғойибона куч келди. У энди югура бошлади. Уларнинг ортидан кетаётган оломоннинг унга етиб олиши қийин бўлиб қолди…
Сув ювавериб илдизлари очилиб қолган ёввойи дарахтнинг тагида юм-юмалоқ қоп-қора юнг билан қопланган нимадир қалқиб турарди. Иброҳим ўзини сувга ташлади. Бу Жаҳонгирининг боши эди. Унинг изидан бошқалар ҳам ўзларини сувга отишди. Дарахтнинг ўзидан ҳам катта илдизи йигитнинг қўл-оёғини шунчалик чирмаб олган эди-ки, бу илдизлардан уни неча девқомат йигит бир бўлиб, амаллаб ажратиб олишди. Йигитнинг қўл-оёғи музлаб қолган бўлса-да, бурнидан қип-қизил қон сизиб турарди…
-Болам, болажоним, жону-жаҳоним, — унга ёпишди ота.
-У тирик, қара, қони ҳали қотмаган. Машина олиб келинглар, духтирга олиб борамиз!

хх хх хх
Жаҳонгир касалхонадан чиққандан сўнг улар яна кўл бўйига келишди: ота-ўғил, ит.
-Катта бир акула қайиғимизни ағдариб юборди. Бир амаллаб, қайиқни ўнғардик. Бирин-кетин қайиққа чиқиб олдик. Бир пайт қарасак, ҳалиги акула яна хужумга ўтди. Бу сафар кучли зарбдан қайиқнинг бир чети ёрилиб кетган экан. Қайиқни ўнғарсак ҳам, унинг ичидаги сувни тўкиб тугата олмадик. Кўлнинг ўртасида қайиғимиз чўкиб кетди. Изидан ўзимиз… Бир-биримизни йўқотиб қўйдик. Қоп-қоронғи тун эди. Бир-бир кўзимни очаман. Сувнинг таги осмондаги юлдузлар шуъласиданми, бир ойдин, ёп-ёруғ кўриниб кетарди. Сув ютиб, ҳушимдан кета бошладим. Шу пайт қаердандир катта бир тўлқин пайдо бўлиб, мени сув юзига чиқариб ташлади. Сўнг яна ҳушимдан кетдим. Бу қанча давом этганини билмайман. Қоронғу кечада дарахт илдизлари ичида ҳушимга келдим. Бу илдизлар оёқларимга шунчалик чирмашиб олган эдики, улардан ўзимни ажратиб олишга ҳар қанча урунсам ҳам илож қилолмадим. Бир амаллаб бошимни сувдан чиқариб олдим. Бир-бир ҳушимга келганимда шамол олис-олислардан сизнинг овозингизни, одамларнинг ғала-ғовурини олиб келади. Аммо сизларни чақирай десам, сира товушим чиқмайди…
Иброҳим умрининг ўн етти кеча-кундузи қолиб кетган соҳилга келиб, яна ўша даҳшатли кунларидаги каби кўлнинг қаршисида тиз чўкди. Қўлларини осмонга кўтариб, Аллоҳга илтижо қилди: “Ё, меҳрибон Аллоҳ, билиб-билмай қилган гуноҳларимни кечиргин. Боламни қайтиб берганинг учун сенга беҳисоб ҳамду санолар бўлсин! Ўзингга шукр, минг-минг шукр, Қодир эгам!”. Сўнг кўлга юзланди: “Сен ҳам кечир, онажоним кўл, сенга ҳам минг раҳмат. Биз адашган эканмиз, сен Аждаркўл эмас, Ойдинкўл, Онакўл экансан. Балиқлар, сизлар ҳам бизни кечиринглар, сизга ҳам минг раҳмат. Малика, сен ҳам мени кечир ва мендан рози бўл. Биламан, ўн етти кун сенинг руҳинг кўл устида сарсон-саргардон чирқираб юрди. Сени хавотирга қўйишни сира истамаган эдим. Бу менинг иродамдан ташқаридаги нарса эди. Лекин минг-минг шукрки, Жаҳонгиримизни худо қайтариб берди”.

Жаҳонгир отасининг елкасидан олиб, оҳиста ўрнидан турғизди. Чўнтагидан рўмолчасини чиқариб, кўзларини артди:
-Дада, бўлди, йиғламанг. Биз яна биргамиз-ку.
-Ҳа, худога шукр.

05Shomga yaqin tuman quyuqlashdi. Ibrohim shahar chetidagi oynavand do‘konining bir burchagida oyoqlarini chalishtirgancha tashqariga asabiy termulib, tutundek tarqalayotgan tumanning asta-sekin yo‘l chetidagi dov-daraxt uchlarini, past-baland binolarning tomlarini qanday qoplab olayotganini kuzatib o‘tirardi…

Jamila ERGASHЕVA
AJDARKO‘L
Qissaning qayta ko‘rilgan varianti
09

04Jamila Ergasheva Surxondaryo viloyatining Jarqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy universitetining jurnalistika kulliyotini tugatib, “Surxon tongi ”, “Ayol va zamon”gazetalarida ishlagan. “Izhor”, “Intiqom”, “Tanazzul”, “Ayol jodusi”, “Zulfizar”, “Qir ustidagi ayol”, “Shom shafag‘i jilvalari ” nomli qissa, hikoyalar jamlangan kitoblari chop etilgan. O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi.

09

BISMILLOHI RAHMONI RAHIM

Shomga yaqin tuman quyuqlashdi. Ibrohim shahar chetidagi oynavand do‘konining bir burchagida oyoqlarini chalishtirgancha tashqariga asabiy termulib, tutundek tarqalayotgan tumanning asta-sekin yo‘l chetidagi dov-daraxt uchlarini, past-baland binolarning tomlarini qanday qoplab olayotganini kuzatib o‘tirardi. Peshtaxta ustida yotgan qo‘l telefoni tinimsiz jiringlar, Ibrohim siyrak qoshlarini chimirib, telefon oynachasida paydo bo‘layotgan yozuvga bir-bir nazar tashlab qo‘yar, lekin uni qo‘liga olib javob bermas edi. Har kun shu ahvol, kech kirmasdan xotini qo‘ng‘iroq qilib boshlaydi: “Dadajonisi, bugun manti qilayapman, ertaroq kelasizmi?”. Bir pas o‘tgach, yana telefon jiringlaydi: “Kelishingizda qizlaringizga yo‘l-yo‘l daftar olib keling, daftarlari tugab qolibdi. Do‘konni yopdingizmi, kelayapsizmi?”. Yarim soat o‘tar-o‘tmay yana: “Kelyapsizmi? Manti tayyor bo‘ldi. Bolalaringizning qorni och, dadam bilan birga yeymiz, deb yemay o‘tiribdi”. Xotini bu gaplarni xuddi ma’shuqalar kabi ovozlarini tovlantirib, nozlanib, erkalanib aytayotgan bo‘lsa ham, “dod” solib yig‘lab yuborishdan o‘zini zo‘rg‘a tiyib turgani ikki tomonga ham ma’lum edi. “Mijoz ko‘p, xotin, savdoni tashlab uyga chopib ketmayman-ku”, juda band odamdek do‘qillatib qo‘yardi u ko‘pincha. Shu bilan… u uyga tunni yarimlatmasa ham, bolalari uxlab qolgandan so‘ng borardi. So‘ng gina-kudrat, yolvorish, ko‘z yoshlari… Xullas, eriga ishonchi yo‘qolgan hamma xotinlar kabi…
U xotini va bolalarini yomon ko‘radi, deb bo‘lmasdi, albatta. Xotinini juda yaxshi ko‘rmasa ham, unga astoydil achinardi. Ayoli qishloqda obro‘li muallima, hamma hurmat qiladi, hamisha uyim-joyim deb kuyib-pishib yuradi. Uch bolaning onasi bo‘lsa ham kelishgan, yoqimtoygina ayol. Bir zamonlar shu ayolning o‘pkasi bilan nafas oladigandek, shu ayolning ko‘zlari bilan dunyoni ko‘rayotgandek his qilar edi o‘zini. Uni yo‘qotib qo‘yishdan juda qo‘rqar edi. Uyga qaytganda yosh boladek uning izidan ergashib yurardi. Albatta, Gulxumorni qayta uchratib qolgunicha…
Gulxumor!.. Bu qiz maktabda hammaning orzusi edi. Qarshisidan chiqqan mardum u o‘tib ketgach, ortiga burilib qarab qolmasdan iloji yo‘q edi. Uning otasi allaqayerdan shu yerdagi katta bir tashkilotga xo‘jayin qilib yuborilgan, onasi ham bu yerning odami emasligi bilinib turardi. Juda kelishgan, olifta ayol edi. Ular Ibroximlar oltinchi sinfda o‘qiyotganda ko‘chib kelishdi. Sinfda Ibroximning yoni bo‘sh edi, muallim Gulxumorni uning yoniga o‘tirg‘izib qo‘ydi. Hamma bolalarning ichi yondi. Darsdan so‘ng “Yangi qizga nega muncha tiqilib o‘tirding?”, “Nega muncha pichirlashdinglar?” deb atay jig‘iga tekkan bolalar ko‘p bo‘ldi. Ibroxim esa butun vujudidan ajib bir gullarning nozik ifori kelib turgan yangi partadoshiga tiqilib o‘tirish, u bilan nimadir deb gaplashish nari tursin, olti soat darsni uning yonida nafas olishga ham jur’at qila olmay, zo‘rg‘a o‘tkazgan edi. Lekin maktabdan chiqqanda ruhini qandaydir sarmastlik qoplab oldi. Xiralik qilayotgan sinfdoshlariga “E-e, boringlar-ye!..”, dedi-da, tez-tez yurib ketib qoldi. Ertasi kuni muallima Gulxumorning daftarini butun sinfga “Mana shunday chiroyli yozish kerak, daftarning toza-ozodaligini qaranglar», deb hammaga ibrat qilib ko‘rsatdi. Kimning farzandi ekanligini ham aytdi. Qizning ovozi juda chiroyli, javoblari ham biyron-biyron edi. Endi sinfdosh bolalar unga extiyot bo‘lib qarashga majbur bo‘lib qolishdi. Lekin qiz matematikadan masalalar yechishga biroz qiynalar edi. Ibroximning “tap-tup” qilib masala yechib tashlashiga qarab, “Vuuy, sen matematikadan zo‘r ekansan. Kallang rosa zo‘r ishlar ekan-a”, deb havasi keldi. Gulxumorning o‘rnida boshqa biron sinfdosh qiz bo‘lganda, ehtimol, masalani shunchaki ko‘chirtirib qo‘ya qolgan bo‘lardi. Ammo u Gulxumorning ko‘r-ko‘rona ko‘chirishini emas, masala yechishni o‘rganishini istagani uchun tanaffus paytlari erinmasdan yechish yo‘llarini o‘rgata boshladi. Keyin-keyin darsdan keyin maktabda qolib, uy vazifalarni birga ishlashadigan, so‘ng birgalikda uyga qaytishadigan bo‘lishdi. Ko‘pincha sinfdosh bolalar u yer bu yerda to‘dalashib, ularning maktabdan chiqishini poylab turishar, bolalar qo‘shilib olishsa, Gulxumor “Men ketdim”, deb tez-tez yurib ketib qolardi. Bundan sinfdoshlarning achchiqlari chiqar, ba’zan ochiqdan ochiq rashk qilishib, bir bahona topib, Ibroxim bilan yoqalashib ketishar edi. Bunday achchiq-ters munosabatlar ba’zan sinfda, Gulxumorning ko‘z o‘ngida ham bo‘lar, Gulxumorni undan qizg‘onishayotganlarini ba’zan ochiq aytib yuborishar, ammo qiz bu janjallarning unga hech qanday aloqasi yo‘qdek kulib o‘tiraverardi. Matematika esa algebraga aylandi, unga geometriya qo‘shildi, Ibroxim shuncha maydalab tushuntirsa ham qizning matematikani mustaqil yecha olishi kundan kunga qiyin bo‘lib boraverdi. O‘zlari ham ulg‘ayishdi. Lekin hamon masala-misollarni birga yechishardi. To‘g‘ri, endi ularning yonida yana bir qiz, Gulxumorning eng yaqin dugonasi Sanobar paydo bo‘lgan. Bu qiz deyarli gapirmas, unga matematikaning umuman keragi ham yo‘q, Gulxumorning “Ketma, odamlar yigit kishi bilan yolg‘iz yuribdi, deb gap qilishlari mumkin”, degani uchungina ularning yonida o‘tirardi. Aslida ularga qo‘riqchining umuman keragi yo‘q edi. Ular maktab, mashg‘ulotlar, masalalardan boshqa hech narsa haqida gaplashishmasdi. Ibrohim ko‘p marta unga ko‘ngil ochmoqchi bo‘ldi, ammo kundan kunga suluv bo‘lib borayotgan qizga nimadir deyishga jur’at qila olmasdi. Ayniqsa, kimsan Dadabekovning qizi bo‘lsa, uning otasi esa bor-yo‘g‘i bir do‘konchi bo‘lsa. Kutilmaganda… O‘sha kuni Sanobar maktabga kelmagan edi. Nimagadir kun bo‘yi Gulxumorning chehrasi ochilmadi. Qaytishayotganda yuragini ochdi: “Ibrohim, onam o‘zimning onam emas. Biz juda kichkinaligimizda onamiz o‘lib ketgan. Keyin otam shu befarzand onamga uylangan. Buni doim ukam bilan mendan yashirishadi, o‘gay onam bizga sira yomon gapirmasa ham, uning o‘gayligini doim his qilib turaman. Qarashlarida, gapining ohanglarida… O‘shanday paytlar o‘zimning onamni juda sog‘inib ketaman, ko‘rgim kelib ketaveradi”, uning hamisha jilmayib turadigan katta-katta ko‘zlari yoshga to‘lib, lablari allanechuk titrab turardi. Aslida bu sirni mahallada ko‘pchilik biladi, lekin bolalarni ayab, bu haqda hech kim og‘iz ochmaydi. Hatto tabiatan hech qanday gap-so‘z bilan ishi bo‘lmaydigan Ibrohim ham bilardi. Lekin hamisha bashang kiyinib yuradigan bu go‘zal va mag‘rur qizning ham yuragida armon bo‘lishi mumkinligini sira o‘ylab ko‘rmagan ekan. Qiz uzun-uzun oppoq barmoqlari bilan ko‘zlaridan shashqator oqayotgan yoshlarni qayta-qayta sidirib tashlardi. Ibrohim daf’atan unga nima deb tasalli berishni, qanday yupatishni bilmay talmovsirab qoldi. Biroz o‘tgach, yana qizning o‘zi gapirdi: “Tag‘in birov-yarimga gapirib yurma. Otam eshitsa, qattiq xafa bo‘lishi mumkin. Odam ba’zan kimgadir yorilging, dardlashging keladi… Lekin birovga bir narsa deyishdan qo‘rqaman. Uydagilarning qulog‘iga yetib borsa… Narigi mahallada o‘zimning onamning singlisi — xolam yashaydi. Hech bo‘lmasa, shu kishini borib bir ko‘rsam, gaplashsam, deyman. Lekin otam uning yoniga borishimizni ta’qiqlab qo‘ygan”.
Shundan so‘ng ancha vaqtgacha tezroq qizga ko‘ngil yorib, bu yerlardan uni butunlay boshqa yoqlarga olib qochib ketish haqida o‘ylab yurdi. O‘zicha rejalar tuzdi. Lekin olib qochish emas, ko‘nglidagilarni aytishga ham jazm eta olmadi.
Maktabni bitirishgach, sinfdosh bolalar yig‘ilishib, Toshkentga o‘qishga yo‘l olishdi. Gulxumor qo‘yarda qo‘ymay Ibrohimni ham o‘zi topshirayotgan institutga xujjat topshirishga ko‘ndirdi: “Bir vaqtda topshirganlar bitta xonaga tushib qolishar ekan. Birga tushsak, bir-birimizga yordam beramiz. O‘qishga kirgandan keyin ham menga ko‘p yordaming kerak bo‘ladi”. Ibrohim “Yo‘q”, demadi, ammo biroz malol keldi, bu qizga uning o‘zi kerakmi, yoki faqat yordamimi? Lekin agar o‘qishga kirib qolishsa, uning mavqei oddiy do‘konchining o‘g‘lilikdan kursdoshlik darajasiga ko‘tarilishi, o‘qish davomida qizga yanada yaqin bo‘lish imkoniyati ko‘nglidagi orzularga erk berib yuborardi. Baxtga qarshi u o‘qishga kira olmadi. Ibrohimning otasi “Ota-bobomiz uloma o‘tmagan. Savdo bilan kun kechirgan. Do‘konda ishlaysan”, deb, o‘qish haqidagi orzulariga butunlay nuqta qo‘ydi. Gulxumor esa, otasi gaplashganmi, oson savollar tushib qolganmi, harqalay yuqori ball bilan qabul qilindi.
U yozda yana bir bor xujjat topshirib, omadini sinab ko‘rmoqchi edi. Yozgi ta’tilni kutib yurgan kezlari Gulxumorni xolasining boyvachcha o‘g‘liga unashtirishganini, to‘ylari yozga belgilanganini eshitdi. Hamma “O-ho! Onasi shunday chiroyli qizni begona qilarmidi?”, dedi. Ibrohimning yuragi esa qalampir sepgandek achishdi. Negadir qizning qilgan o‘sha hasratini esladi. Balki rashk tufaylidir, harqalay unga endi bechora qizni qaynona ham o‘gaylik qilib qiynaydigandek tuyuldi.
Garchi u qizga bir narsa demagan, qizning va’dasini olmagan bo‘lsa-da, ko‘p yillar shu qizni o‘ylaganda, o‘zini xo‘rlangandek his qilib yurdi: “Uning otasi ham amaldor bo‘lganida… Hech bo‘lmasa u ham o‘qishga kirganida… bemalol ko‘nglidagilarni aytib, roziligini olardi. Unga sovchi yuborib, uylangan bo‘lar edi”. Keyin o‘qishga ham urunmadi.
Shu bilan qancha suvlar oqib o‘tdi. Ibrohim uch bolali bo‘lganda yana kutilmaganda Gulxumor paydo bo‘ldi. Qizlik qaddi qomati biroz to‘lishib, o‘zi ancha sipo, jiddiy tortib qolganini uni avvaldan bilganlar sezmasa, o‘zi hamon juda go‘zal va mag‘rur edi.
Ibrohim odatdagiday do‘kon oldidagi olachalpoq oftobro‘yaga kursi qo‘yib, o‘tgan-ketganni kuzatib o‘tirgan edi. Shundaygina besh-olti qadam narida etaklari uzun, mitti-mitti qizil gullar bezatilgan antiqa qora ko‘ylak kiygancha xayolga berilib kelayotgan Gulxumorni ko‘rib, o‘rnidan turib ketdi…
Uni ko‘rib Gulxumorning ko‘zlariga ham tabassum qalqdi:
-Assalomu alaykum, qadrdon! – kulimsirab qo‘l uzatdi u.
-Vaalaykum assalom, — Ibrohim uning yumshoqqina issiq qo‘llarini oldi. Maktab davrlaridagidek “sen” deyishga tili bormadi. – Keling-ye, sizni butunlay yo‘qotib qo‘ydik-ku. Sinfdoshlar yig‘ilishib, bir-ikki suratlaringizni olib, “Seni izlayman!” ko‘rsatuviga bermoqchi bo‘lib turgan edik.
Gulxumor kuldi:
-Sizlarni ovora bo‘lib yurishmasin, deb, mana o‘zim kela qoldim.
U hamon juda chiroyli edi, kulganda ko‘zlari xiyol qisilib, uzun-uzun kipriklari tutashib, ikki chakkasidagi kulgichlari ham qo‘shilib kular, tovlanib turgan bo‘liq lablari yoyilib, sadafdek oppoq, tekis tishlari bir husniga o‘n husn qo‘shib yuborardi. Ibrohim unga beixtiyor tikilib qolganidan xijolat tortib, Gulxumorni do‘konga taklif qildi:
-Kiring, bir piyola choy ichib keting.
U bu taklifni shunchaki, yo‘liga aytgan edi. Ehtimol, o‘zining maktab davrlaridagi jur’atsiz bolakay emas, xususiy do‘koniga ega, ozmi-ko‘pmi jamg‘armasi bor erkak ekanligini bildirib qo‘yish uchun aytgandir. Gulxumor esa shu taklifni kutib turgandek, ichkariga kirdi:
-Do‘konni ko‘chirdinglarmi?
-Yo‘-o‘q, to‘g‘ri kelib qolgan edi, olib qo‘ya qoldik. U do‘konni otam bilan akam ishlatishyapti.
Gulxumor do‘kon o‘rtasiga kelib, chor-atrofga nazar tashladi:
-Chiroyli ekan, keng, yorug‘, sarishta.
Ibrohim unga kursi berib, peshtaxtaga ikki likopcha qand-qurs qo‘ydi. Sochiq bostirib qo‘yilgan choynakdan choy quyib uzatdi:
-Xo‘sh, qani, yaxshi yuribsizmi? Nima ishlar qilayapsiz? Kuyov pochcha qanday? Butun sinfni dog‘da qoldirib, turmushga chiqib ketdingiz. Bolalar ham ko‘payishib qolgandir?
Gulxumorning ko‘zlari birdan ma’yus tortdi:
-Rahmat, yuribman tuproqdan tashqari, deganday. Ixtiyor o‘zimda bo‘lganda o‘sha paytda, o‘sha odamga sirayam turmushga chiqmagan bo‘lardim…
Kutilmaganda ular ancha dardlashdilar. Gulxumor do‘konga kirib, bemalol choy ichib o‘tirgan bo‘lsa ham, unga dardini aytadi deb, umuman shunday go‘zal ayolni ham qandaydir g‘am-anduh qiynashi mumkin, deb o‘ylamagan edi. U esa… To‘lib turgan ekanmi, to‘kila qoldi: eri giyohvand ekan. Onasi bilan qaynonasiga qo‘shilib, otasi ham uni o‘sha giyohvand bilan yashayverishga majbur qilibdi. Oxiri marhum onasining singlisi aralashib, uni giyohvand erdan ikki bolasi bilan ajratib olibdi. Otasi esa o‘gay onaga qo‘shilib, undan butunlay voz kechibdi, uyga kirgizmabdi. Hozir u xolasining uyida yashayotgan ekan…
-Mayli, — uning ko‘zlari jiqqa yoshga to‘ldi. – uyga kirgizmasalar ham, otam bir tiyin yordam qilmasa ham, roziman. Lekin ukam bilan ko‘rishni ta’qiqlab qo‘yishganiga hech chiday olmayman. Ukam bechora maktabimga orqa yo‘llar bilan yashirincha kelib, ikki og‘iz gaplashib ketadi. Hech diydoriga to‘ya olmayman. Uning o‘zi ham bundan juda siqiladi.
O‘shandan so‘ng Ibrohim butunlay halovatini yo‘qotdi. Yoshlik yillaridagi o‘tli tuyg‘ular butun jonu jahonini yana o‘z izmiga olgan edi. Yurganda ham, turganda ham xo‘rlangan, ikki bola deyarli ko‘chada qolgan Gulxumorni o‘ylaydigan bo‘lib qoldi. Farishtadek xotini ko‘ziga alvastiga o‘xshab ko‘rinadigan bo‘ldi. Har ishda xotinining o‘rniga Gulxumorni qo‘yib, solishtiradigan odat chiqardi.
Bir kun do‘konga xizmatdosh o‘rtog‘i keldi. Biroz kayfi bor edi. Uni quchoqlab, aroqning badbo‘y hidi anqib yotgan og‘izlarini yuziga bosib, cho‘lpillatib qayta-qayta o‘pdi: “Oshna, meni tabrikla, men o‘g‘illi bo‘ldim!”. “Tabriklayman. Soliya yaxshimi?”, dedi u. “E-ee, qanday Soliya?! Bunisi Mahbubaniki, oshna!”, ishni do‘ndirib qo‘ygandek tizzalariga shappatilab, qiyqirib kuldi jo‘ra. So‘ng yana bir kelganda, muhim bir sirni aytayotgandek, sekin gurung berdi: “Oshna, xotinni ikkita qilganman. Birida uchov, birida ikki farzand bor… Hozir qo‘shxotinlilik moda”. O‘zi biroz betayinroq, hovliqma yigit edi jo‘rasi, bu gurungni ham birov eshitib qolmasin, degandek, u yoq-bu yoqqa alanglab aytgan bo‘lsa ham, Ibrohim Gulxumorning kechmishlarini eshitgach, ana shu hovliqma jo‘rasining gaplarini ko‘p eslaydigan bo‘lib qoldi. Xudoga shukr, uyi, do‘koni bor. Topayotgan mol-dunyosi bilan, bir emas, ikki Gulxumorni guldek yashnatib qo‘ysa ham bo‘laveradi. Faqat avval xotinini qo‘shxotinlikka rozi qilish kerak, aks holda, bu esi yo‘q ayol Gulxumorning boshiga kelib, janjal ko‘tarishi aniq. Gulxumorning ko‘nglini ranjitib qo‘yishi mumkin. U rozi bo‘lgach, sekin Gulxumorga aytadi. Shaharning o‘rtasidan unga atab dang‘illama uy ham olib beradi. O‘zi esa yoshlikda armonga aylangan orzulariga yetadi, hayoti go‘zal ertakka aylanadi, Gulxumor ham boshidan o‘tkazgan uqubatlarni yoddan chiqaradi…
Rutubatli qish kunlaridan biri edi. Kun bo‘yi qor bo‘lib qorga, yomg‘ir bo‘lib yomg‘irga o‘xshamaydigan allanima yog‘ib turdi. Namchil, sovuq havo hammani dilgir kayfiyatda ichkariga haydadi. O‘sha kun Ibrohim do‘kondan erta qaytdi. U qat’iy bir qarorga kelgan edi: “Aytadi. Xotin, shunday-shunday gap. Ko‘nsang shu, ko‘nmasang, o‘zing bilasan. Men baribir unga uylanaman. Agar aqlli, sabrli xotin bo‘lsang, boru-yo‘g‘im har doimgidek seniki, u bilan ham, sen bilan ham yashayveraman, deydi”.
Xotini erim o‘choqning oshini yaxshi ko‘radi, deb, sovuq kunda ham hovlida osh qilgan ekan. Yelib-yugurib dasturxon yozdi, u ust-boshini almashtirguncha, diydirab osh suzib keldi. Eriga mehri tovlanib, yolg‘iz gurung qilgisi keldimi, oshdan keyin bolalarni dars qilish uchun xonalariga chiqarib yubordi. O‘zi erining ro‘parasiga o‘tirib, choy suzib berdi: “Xudoyimga shukr-yey, birga ovqatlanadigan kunimiz ham bor ekan-a. Har kuni kech kelasiz. Bolalarni qarang, sizni tashlab xonadan chiqqilari kelmaydi. Sog‘inib qolishgan”.
Ibrohimning nimagadir ko‘ngli xijil tortdi, ancha vaqt jim qoldi. Ammo aytmasa, yorilib ketadigandek bo‘laverdi. So‘ng aytdi: “Shunday, shunday…”
Xotin avval unga tushunmayotgandek xayron tikildi, so‘ng “dod” deb tizzalariga mushtlab, noliy boshladi, keyin yig‘ladi va nihoyat yalinib-yolvorishga tushdi: “Jon, dadasi, unday qilmang. Men bunday sharmandalikni ko‘tara olmayman. Iltimos, meni bunday xo‘rlamang. Bolalaringiz ham ulg‘ayib kelyapti, buni kechirmaydi, ular sizni juda yaxshi ko‘rishadi, mehringizni kim bilan bo‘lishishni istamaydi” va hokoza, hokozalar…
U esa indamay turib, yotoqqa o‘tdi: “Meni erim desang, men bilan yashayman desang, mening qarorimni hurmat qil”.
Xotin yana yig‘ladi: “Er bermoq – jon bermoq, axir. O‘z ixtiyorim bilan qanday jon beraman?! Avval meni o‘ldiring, keyin uylanavering”.
U esa qaroridan qaytmadi: “Men aytadigan gapimni aytdim”.
Xotin “lov-lov” yondi: “Kim ekan u? Puldor, boqadi, deb ko‘zini suzayotgandir-da. Mendan nimasi ziyod ekan?”
U jerkib tashladi: “Har narsa deb valaqlayverma!”
Xizmatdosh jo‘radan maslahat so‘radi: “Sen qanday ko‘ndirgan eding? Mening xotinim ko‘nadiganga o‘xshamayapti”. Jo‘ra qo‘l siltadi: “G‘am yema, ko‘nadi, ko‘nmay qayoqqa boradi? Ilgari momolarimiz o‘zlari bosh bo‘lib erlarini uylantirib qo‘yishar ekan”.
Bu o‘zini qattiqlikka oldi. Uyga yanayam kechroq boradigan bo‘ldi. Joyini ham bo‘lak qilib oldi. Rostdan ham xotinining har bir harakati, gap-so‘zlari, ovqat chaynashi, luqma yutishi, hatto nafas olishi ham unga yoqmay qolgan edi. Uni umuman ko‘rgisi kelmay qolmay qoldi. Xotin esa hech narsa ko‘rmagandek, sho‘rlik tergayverib o‘zimdan, uydan sovutmay dermidi, ming xil bahona topib, tinimsiz qo‘ng‘iroq qilar, o‘rtaga bolalarning iltimoslarini qo‘shib, uyga chorlar, kelgach, yelib-yugurib dasturxon yozar, xullas, har oqshom mehribon, sarishta xotinning rolini qoyil maqom qilib uddalardi. Ammo hamma xona-xonasiga kirib ketgach, sho‘rlik ayol erining yoniga kirib, hissiz cho‘zilib yotgan erkakning muzdek ko‘ksiga bosh qo‘yib, beadog‘ ko‘z yoshlar to‘kardi: “Aybim nima?”
Ibrohim uni sekin nari surib qo‘yardi: “Men eringman. Qarorimni hurmat qilishingni istayman. Ana shunda hammasi joyiga tushadi”.
Xotin yana yig‘lardi: “Yo‘q, men sizni hech kim bilan bo‘lishishni istamayman”.
To‘g‘risini aytganda, o‘rtada bolalar, shuncha yillik turmushi, har qancha qattiqlik qilmasin, kun sayin kulib turib so‘lib, ozib-to‘zib borayotgan xotiniga ichi achirdi. Unga nohaq zulm qilayotganini ko‘rib turar, shu barobarida uning qaysarligidan qahri kelardi.
Tumanli oqshom xotini qo‘ng‘iroq qildi: “Ertaroq keling, dadasi, negadir chiroq yo‘q. Bolalar dars qila olmay o‘tirishibdi”, “Svet yo‘q bo‘lsa, Jahonni Usta Shaydilga yubor. Men savdo qilayapman”, “Jahonni ammasi olib ketgan edi. Ha, mayli, ustanikiga o‘zim o‘tib kelarman”. Yarim soatlardan so‘ng yana qo‘ng‘iroq bo‘ldi: “Usta kelib, sozlab ketdi. Lekin tomda qisqa tutashuv bo‘layapti ekan. Eringiz kelsa, menga uchrashsin. Simlarni bir boshdan yangilash kerak, deb ketdi”, “Bo‘pti!..”, jerkib tashladi u.
Shu oqshom do‘konga deyarli hech kim kirmadi. Ammo u ko‘cha bo‘ylab suzib yurgan oppoq tumanga tikilgancha, qo‘llarini qovushtirib o‘tiraverdi. U xotini bilan kurashishdan toliqqanini his qildi. Har oqshom ming xil bahona topib, hech narsa ko‘rmaganday qo‘ng‘iroq qiladigan xotiniga rahmi kelayotgandi. Avvalgidek oqshomlari bolalari bilan bir dasturxon atrofida chaqchaqlashib o‘tirishlarni sog‘inayotgan edi. “Bo‘lmaydi, shekilli. Bechora qiynalib ketdi. Sho‘rlikka ko‘p azob berdim. Ichi rashk bilan yonib, qonu zardobga to‘lib ketgan bo‘lsa ham, erimni o‘zimdan sovutmay deb, kulib turadi. Uyga chaqirib olish uchun ming xil bahona izlab topadi. Endi to‘xtatish kerak. Bolalarning ko‘zlari ham jovdirab qolgan, allaqachon sezishgan. Gulxumorga… uylanmasdan ham yordam beraversam bo‘ladi. Xudo yo‘liga-da. Savobi ham ko‘proq bo‘ladi. Balki, taqdirida bo‘lsa, birov-yarim xotini o‘lgan, ma’qulroq inson chiqsa…”
Darvoqe o‘sha tumanli oqshomda allaqayerdan xizmatdosh jo‘ra kelib qoldi. Biroz do‘konda gaplashib o‘tirishdi, televizor ko‘rishdi, so‘ng birgalikda qo‘shni oshxonaga o‘tishdi. Ikki sixdan qiymali kabob, ozroq musallas buyurtma qilishdi. Kabob tayyor bo‘lguncha, jo‘ralar musallasni ermak uchun maydalab o‘tirishdi. Shu orada Ibrohimning cho‘ntagida turgan telefon necha o‘n marta jiringladi. “Ha, xotiningmi?”, topog‘onlik qildi jo‘ra. “Shu-da, boshqa kim ham bo‘lardi?”, qo‘l siltadi u. “Ikkinchisimi, deyapman-da”, “Ikkinchisi bormi-yey, jo‘ra, sen bizning xotinni bilmaysan. Na ipga keladi, na qopga. Shuncha qattiqlik qilib ham uni yenga olmadim. Ikki o‘rtada o‘zim qiynalib ketdim”, “E-ee, jo‘ra!.. Shu zamonda bittasini eplash ham oson emas. Ikkita bosh og‘riqni nima qilasan?”, “O‘rgildim sendan, kecha nima deyayotganding menga?”, “Nima depman? Aytdim-qo‘ydim. Yelkangda boshing bor, bilib-bilib ishingni qilavergin-da, mening aytganimni qilishing umuman shart emas”.
Ular uzoq o‘tirishdi. Bir mahal zim-ziyo tunning bag‘rini tilib, vag‘illagancha ketma ket ikkita o‘t o‘chiruvchi mashina o‘tib ketdi. Ibrohim mashinalarga qarab, bosh chayqadi: “Bir bechoraning uyi kuydi, oshna”. Jo‘ra qo‘l siltadi: “E-ee, o‘tsa, o‘tavermaydimi, bizga nima, javobini beradigan joyi bordir-da”. Uning ichi to‘lib ketgan ekan. Kayfi oshgandan so‘ng, yig‘layverib bet-boshini jiqqa xo‘l qildi: “E-ee, jo‘ra! Kunim qursin mening, kunginam qursin. Uylanaman desam, onaginam “ikki eshaklining oyog‘i tinmaydi, ikki xotinlining qulog‘i. Senga ikki xotin nimaga kerak?!”, deb rosa izillagan edi, aytganini qilmagandim. Endi ikki xotinning orasida sarson-sargardonman. Bunisinikiga borsam, “Boring, suyukligingiznikiga boring”, deb haydaydi. Unisinikiga borsam, “Mol dunyongiz qayerda bo‘lsa, o‘zingiz ham o‘sha yerda bo‘ling. Boring, ko‘z ochib ko‘rganingiznikiga”, deydi. “Pul, pul, pul!..”. Pul ishlab chiqaradigan mashina topsam ham, ularning ola qopi to‘lmaydi. Qara, xotining yuz marta qo‘ng‘iroq qilib, seni izlab yotibdi. Meni esa hech kim izlamaydi”.
Vaqt allamahal bo‘lib qolgan esa-da, xizmatchilarning qo‘li-qo‘liga tegmaydi, oshxona gavjum. Shuncha odam xotin, bola-chaqani kuttirib, o‘zlari ko‘cha-kuyda pul sochib yuribdi. Ibrohimning yuragi siqildi, jo‘rasining diy-diyosi joniga tegdi. Uni bir amallab, “toy-toy” qilib, bir yo‘lovchi taksiga o‘tirg‘izib yubordi-da, o‘zi uyga yo‘l oldi. Yarim tundan oshgan, tuman shu daraja qalinlashgan edi, mashinaning eng o‘tkir chirog‘ida ham ikki metr narini ko‘rib bo‘lmasdi. Mashinaning ochiq derazasidan dimoqqa achchiq kuyindi hid urilardi. Beixtiyor xotinining oqshom payti aytgan gapini esladi: “Tomda elektr simlar chalkashib qopti, “chirs-chirs” qilib olov chiqarib yotgan ekan. Usta qo‘ldan kelgancha qildim, simlarni to‘liq almashtirmasa bo‘lmaydi, eringiz kelsa, menga bir uchrashsin, dedi. Dadasi, ertaroq keling, biz qo‘rqayapmiz”. U bugun haqiqatan ham qarorini o‘zgartirgan edi, uyga ertaroq qaytmoqchi edi. Ko‘zdan chiqqan sugalga o‘xshab, manavi jo‘ra kelib qolmaganda…
U mashina gazini oxirigacha bosib, tuman bag‘riga singib ketdi. Havodagi kuyindi hidi tobora nafasini bug‘ib borardi. Darvozalari oldida turgan o‘t o‘chiruvchi mashinalarni darrov tanidi. Ular bundan ikki soatlar chamasi avval oshxona yonidan o‘tib ketgan mashinalar edi. Qiy-chuv qilib yotgan odamlar orasidan o‘tib, ichkariga intildi va beixtiyor ustiga choyshab tashlab qo‘yilgan uch zambilga ko‘zi tushdi. U o‘zini zambillar ustiga otdi!.. “Malika?! Senga nima bo‘ldi?!”, xotinining sochlari, yuzlari qorayib kuyib yotar, ko‘zlari yumuq, ustiga yopilgan choyshab jiqqa xo‘l bo‘lsa ham, undan taralayotgan issiq taft yuzga urib turardi. U titrab-qaqshab keyingi zambillar ustidagi choyshablarni ko‘tarib qaradi: “Mumtoz?! Sarvinoz?!” Uning xonu moni kuyib kul bo‘lgan edi!.. U cho‘kka tushib, yuzini tuproqqa bosgancha, o‘kirib yubordi: “A-a-aa! A-a-aa!..”
Kimdir kelib, titrab-qaqshab turgan yelkalaridan tutdi: “Allohning irodasi, o‘g‘lim!..”. U yonboshiga burilib, yuz-ko‘ziga, soqollariga qop-qora qurum o‘rnashib qolgan otasini ko‘rdi: “Otajo-o-n!.. Ota-a-a!.. Endi men nima qilaman?!” O‘zini otasining bag‘riga tashladi. Ota uning qo‘ltig‘idan olib, sekin o‘rnidan turg‘izdi. Ikki yigit suyab, hovlining ikkinchi tomonida alohida qilib qurilgan mehmonxona tomon yetaklab ketdi. U bilan oldinma-ketin xotini va qizlarini ham shu xonaga olib kirishdi…
Atrof to‘la odam, hamma qandaydir tashvish bilan u yoqdan bu yoqqa, bu yoqdan u yoqqa yuguradi. Ammo Ibrohimning nazarida dunyo butkul huvullab qolgan, unda yonma yon qo‘yilgan uch mayyitdan bo‘lak hech narsa mavjud emas edi. Qayerdadir bo‘rilar uvillar, unga xotin-xalajning yo‘qlovlari, bot-bot erkaklarning durillagan yig‘isi qo‘shilib ketar. Kimdir kelib, yelkasiga to‘n soldi, boshiga do‘ppi kiygizib, mayishib borayotgan bellarini mahkam bog‘lab qo‘ydi. Uni hovliga olib chiqishdi. Eshik oldida turgan odamlar ortga tisarilib, yo‘l bo‘shatdilar. Hammaning nigohi unga qadalgan edi. G‘ivir-shivir gaplar. “Sho‘rlikka qiyin bo‘ldi, tentak bo‘p qoladi endi”, “Bechoraginalar!..”, “Alloh sabri jamil ato etsin”, “Inna lillahi va inna ilayhi roji’un”.
Keyin qabristonga borishdi. Yonma yon qazilgan uch qabr qurbonini olishga shaylangan ajdarhodek og‘zini “lang” ochib yotardi. Tobutlarning ustidagi zarbop yopinchiqlar olinib, oppoq kafanga o‘ralgan mayyitlar birin-ketin yerga qo‘yildi…
Endi unga hech qachon, hech kim “Dadajonisi, kelayapsizmi? Bugun manti qilgandim…” deb qo‘ng‘iroq qilmaydi. Qizlari “besh” baholari-yu, yulduzchalardan qizarib ketgan kundaliklarini bag‘riga bosib, uni kutib olmaydi. Ular hali go‘dak edilar, tasavvurlari ham go‘daklarga xos bug‘ubor, sodda edi. Uyga borishi bilan birinchi bo‘lib “Sizga ajoyib xushxabarim (yoki sovg‘am) bor. Toping-chi, u nima?”, der edi Mumtozginasi. “O‘zing ayta qol, qizim, suyunchisi mendan”. U “Tam-tara-tam” deya, og‘zi bilan musiqa chalib, orqasida berkitib turgan kundaligini uning tizzalariga qo‘yardi: “Bugun men o‘n oltita “besh” oldim”. Keyin bu sahna Sarvinoz tomonidan takrorlanardi: “Men nechta “besh” olganimni toping-chi!”. Ular o‘zlarining baholarini oila uchun, ayniqsa, otalari uchun juda katta sovg‘a deb hisoblashardi… G‘ofil bandasi bilmagan ekan, ularning bahosigina emas, o‘zlari ham, qo‘ng‘iroqdek ovozlari ham unga bebaho sovg‘a bo‘lgan ekan. Endi undan hech kim suyunchi so‘ramaydi… Sovg‘a bilan xursand qilmaydi. Hamma-hammasini ajdahodek og‘zini ochib yotgan yer yutdi-qo‘ydi. “He-ye, yer yutgur!” degan qarg‘ishning ma’nosi shu ekan-da. Qanchalar qabih ekan bu qarg‘ish… Qanchalar ojiz va notovon ekan bu odamzod, kechagina uchchalovini qo‘shib bag‘riga bosib, huzurlansa bo‘lardi. U esa bulardan qochdi, qochib yurdi. O‘zining nafsi uchun… Alal oqibat endi ular uch lahadda, uch tepachaning tagida yotibdi, uchchalasini hech qachon bir qilib bo‘lmaydi. Endi unga hech kim bular aytadigan xushxabarlarni aytib, suyunchi so‘ramaydi, suyuntirmaydi…
Qizlari qorong‘ulikdan juda qo‘rqishardi. Hozir qanday qilib yolg‘iz o‘zlari… U seskanib ketdi. Dunyo zimistonga aylandi.
Kimlardir qo‘ltig‘idan tutib, o‘rnidan turg‘izdi. Olis-olislardan “… qanday odam edi?” degan savol eshitildi. So‘ng “Yaxshi odam edi…” degan javoblar qaytarildi. U burilib ortiga qaradi, hech kim, hech kim yo‘q edi ortida. Umid bilan osmonlarga tikildi: “E-e, xudo!..” Osmon boshiga qulab tushayotgandek bo‘ldi.
Ertasi kuni tuman tarqab, quyosh charaqlab chiqib ketgan edi. Lekin yong‘indan usti butkul ochilib qolgan uyning, chala yongan bolorlaridan, hatto devorlaridan tarqalayotgan tutun bir necha kun yon-atrofda tumandek qalqib yurdi. Hovlining bir chetida mehmonlar uchun alohida qilib solingan xonada ta’ziya qabul qilib o‘tirgan Ibrohimning yoniga usta Shaydulla qayta-qayta kelib, o‘zini oqlab, uzr so‘rab ketdi: “Kelin… kechki payt uyimizda chiroq yo‘q, deb borgan ekan. Kelib, u yoq-bu yoqni qaradim, tepada simlar chalkashib, uch-to‘rt joyidan “chirs-chirs” o‘t chiqib turgan ekan. Hammasini qayta ulab chiqdim. Erta yorug‘da Ibrohimboy bilan maslahatlashib, simlarni yangilaymiz-da, dedim. Kelinga, eringiz bir uchrashsin, deb qaytdim. Yarim tunda hovliga chiqsam, negadir hovlimizning bir tomoni kun chiqqandek yorishib turganday bo‘ldi. So‘ng odamlarning baqiriq-chaqiriqlarini, o‘t o‘chiruvchi mashinaning chinqirig‘ini eshitdim. Yuragim “shuv” etib ketdi… Bechoralar, uxlab qolishgan bo‘lsa kerak, ustlariga tom qulab tushgandan so‘ng yo‘l topa olmay qolganmi? Bilmadim yana. Lekin ishoning, men hamma qisqa tutashuvlarni bartaraf qilgan edim…”
Ibrohim unga so‘zsiz termilib, sim-sim ko‘z yosh to‘kar, “Siz o‘zingizni bekorga qiynayapsiz. Hamma ayb menda, men aybdorman. Ularni men o‘ldirdim, mening bema’ni, bemavrid orzu-havasim, qaysarligim o‘ldirdi. Nafsimni ularning mehridan, quvonchlaridan ustun qo‘ydim. Men ularga xiyonat qildim. Bu xiyonat hali xayol, niyat bo‘lgan bo‘lsa-da, ko‘ngilda bor edi, uni ro‘yobga chiqarish uchun guldek ayolimning hayotini zahar-zaqqumga aylantirdim. Uch oy qon yig‘ladi sho‘rlik. Bu yong‘in balki xudoyimning ana shu xiyonat uchun menga yo‘llagan jazosidir. Sizda hech bir gunoh yo‘q”, degisi kelar, lekin tili tanglayiga yopishib qolgandek bir so‘z ayta olmay, yana ko‘z yoshlariga erk berardi.

xx xx xx

Xuddi shu daqiqalarda dunyoning boshqa bir burchagida pishqirib oqayotgan ulkan daryo to‘lqinlari uzra ikki tilsiz mavjudot – endigina balog‘at yoshiga yetgan bahaybat Chapdast bilan oppoq badani suv qa’rida tovlanib turgan sarviqomat Qorako‘z bir-biri bilan quvlashib o‘ynar, ayni paytda atroflarida g‘ujg‘on o‘ynab yotgan baliqchalar ham ularning ko‘zlariga ko‘rinmas, ular baxtdan, muhabbatdan sarmast edilar. Bir qarashda bir-biriga urilgan to‘lqinlardan ko‘piklangandek oqarib oqayotgan daryo tubi tinch va sokindek ko‘rinar, lekin kuchli oqim o‘z ishini qildi, muhabbat shavqi bilan mast juftlikni o‘zlari dunyoga kelgan sho‘rtang bahri ummondan juda olislarga olib ketdi.
Suvning chuchukligini birinchi bo‘lib Qorako‘z bildi. U ikki yondagi katta-katta qora ko‘zlari bilan Chapdastga xayron qaradi, Chapdastga esa baribir, go‘shtdor uchli tumshug‘i bilan Qorako‘zning goh u biqiniga, goh bu biqiniga turtib, goh uning atrofida umbaloq oshib o‘ynoqlardi. Qorako‘z bir sapchib, suvning yuziga chiqdi. Unga Chapdast ergashdi. Ular ulkan ko‘lning o‘rtasida suvdan bosh chiqarib, atrofga bir qur nazar tashladilar. Qirg‘oqdan sal narida saf tortgan oq qutilar, ularning atrofida g‘imir-simir qilib tik yurgan g‘alati mavjudotlarni ko‘rishdi. Ular hali uy, odamlar, ularning mehri va qahri, qiziqish va ermaklari haqida, vaqti kelib, suvsiz joyda tik yuruvchi bu mavjudotlar baxtiyor juftlikning hayotiga xavf solishlari mumkinligi haqida hech qanday tasavvurga ega emas edilar. Bir kun kelib bu bahri ummon ular tufayli Ajdarko‘l deya nom olishini ham bilmasdilar.
Shu atrofda bamaylixotir qayiqda baliq ovlab yurgan ikki yigit ularni ko‘rib, shaytonlab qolgandek nimalardir deb qichqirgancha qayig‘ini o‘t oldirib, qirg‘oqqa qarab ketib qoldilar. Chapdast bilan Qorako‘z ularning ortidan qolayotgan ko‘piklangan suvga bir nafas qarab turishdi-da, yana ummon qa’riga shung‘ib ketdilar.
Oydinko‘l erta bahorda bor-yo‘g‘i bir necha kun yashaydigan qizg‘oldoqlarni hisobga olmaganda, saksovul-u shuvoqdan boshqa hech narsa unmaydigan cho‘l-u biyobonning o‘rtasida bir bilgir odamning noyob aqli bilan bu yerlarda ham paxta yetishtirish uchun Amudaryoning suvi hisobiga dunyoga kelgan sun’iy ko‘l. To‘ntarilgan moviy osmondek ajib bir manzara kasb etgan ko‘l odamda rangi za’faron bemorning og‘riqli tabassumiga o‘xshash bir taassurot qoldirardi. Bu qirg‘og‘idan narigi qirg‘oqqa qarasangiz, ko‘z ilg‘amaydigan bahri ummon qalqib turar, ko‘l etagida bir-biriga o‘xshatib qurilayotgan uylar, ko‘chalar, qirg‘oq va ko‘chalarni to‘ldirib yurgan odamlar. Lekin chor atrof vabo tarqalgandek za’faron tusda yastanib yotar, biron yashillik ko‘zga tashlanmas edi. Bir yilga yetar yetmas, gugurt qutilariga o‘xshash kottejlardan iborat shaharcha qad rostladi. Shaharchada bir nechta katta-kichik sanoat korxonalari, tashkilotlar qurildi. Uylar, ko‘chalar, idoralar odamga to‘ldi. Lekin baribir bu yerlar qandaydir fayzsiz edi, kechki payt kattasi ham, kichigi ham, erkagi ham, ayoli ham yig‘ilib, har bir darvoza oldiga qo‘yilgan uzun-uzun yog‘och o‘rindiqlarda o‘tirishar, yoki ko‘l bo‘yiga, bo‘lmasa, qahvaxonalarda yig‘ilishar, yarim tungacha “va-hah-ha” kulgu, gurunglar bo‘lar, nimagadir bu odamlarning yuzlariga chang singib ketgandek nursiz edi. Kulib turgan qiyofalarida horg‘in bir siyrat qalqib turar, kunda kunora ko‘lga tushib chiqishsa ham, rangi ro‘yi hech suv ko‘rmagandek bug‘riqib turardi. Ular ishga borishar, uyga qaytishar, ko‘ngilxushliklar qilishar, ammo na ko‘chalariga, na eshiklarining oldiga bir tup nihol ekmas edilar. Boy idoralar, badavlat odamlar ko‘l aylanasi bo‘ylab o‘zlariga dam olish uylari – dachalar qurib olishdi. Qirg‘oqqa tutash bu dachalarga xo‘jayinlar ko‘pincha ko‘zdan pana maishat uchun… kelishardi. Ko‘ngillari soya-salqinni tusagani uchunmi, yo el ko‘zidan panalash uchunmi, qirg‘oq bo‘ylab turli dov-daraxtlar ekishdi. Bora-bora ko‘lning atrofi quyuq daraxtzorga aylandi. Ammo bu daraxtzorlardagi yashillik ko‘ngilga qandaydir hadik solar, ularga qarab o‘tirib, beixtiyor notoza bir narsani ko‘zi tushib qoladigandek xavotirga tushib ketadi odam.
O‘sha yili Qorako‘z bilan Chapdast bir-biridan chiroyli yettita farzand ko‘rishdi. Mittigina baliqchalar shunday chiroyli, ularning atrofida suzish shunchalar zavqli ediki, tabiatan tinib-tinchimas Chapdast ularning atrofida girdikapalak bo‘lib charchamas edi. Baliqchalar juda tez katta bo‘lishdi va barcha akulalarga xos yolg‘iz yashash istagi tufayli bitta, ikkitadan bo‘lib, ko‘lning turli tomonlariga ketib qolishdi.

xx xx xx

Ibrohim “yetti”dan so‘ng, buldozer olib kelib, yongan uyni tekislatib tashladi. Ammo bu hovlidagi har bir giyoh, har bir tosh unga xotini va qizlarini eslatar, har burchakdan ularning ovozini eshitar, shunday damlar nafaqat bu mash’um hovlidan, balki bu yorug‘ dunyodan bosh olib ketib qolgisi kelar, ammo o‘tirsa-tursa yonidan ajralmaydigan bo‘lib qolgan o‘g‘li Jahongirni yolg‘iz qoldirib ketishga vijdoni yo‘l qo‘ymas edi.
Nihoyat “qirq”ni ham o‘tkazdi. Kechki payt qo‘shni ko‘chada yashaydigan otasiga qo‘ng‘iroq qildi: “Akam bilan bir kelib ketsangiz. Holi gaplashadigan maslahatli gap bor edi”. Nimadandir xavotirlanganmi, ular bir pasda yetib kelishdi. Chol kelini bilan nabiralarini juda yaxshi ko‘rardi. Bir umr do‘konda o‘tirib, faqat sarxil taom yeb yurgani uchunmi, yoshiga nisbatan juda bardam ko‘rinadigan ota yong‘indan keyin birdan cho‘kib, go‘dakdek mung‘ayib qoldi. Ma’rakalar o‘tguncha, Ibroximning yonidan ketmadi. Xuddi o‘zini bir narsa qilib qo‘yadigandek, sal ko‘rinmasa, izlab qolar, topgach, bir so‘z aytib, hol so‘ray olmasa ham, o‘g‘irlab-o‘g‘irlab o‘g‘lining ko‘zlariga termulaverardi.
-Agar, rozi bo‘lsangiz, hovli bilan do‘konni sotib, ko‘chib ketmoqchi edim, — Ibroxim yerdan ko‘zini olmay, otasiga niyatini aytdi.
-Qayerga? – ota “yalt” etib uning yuziga qaradi.
-Ajdarko‘l tomonlarga. O‘sha ko‘lga oshnalar bilan uch-to‘rt marta ovga borgan edim. Ko‘l bo‘yida bir shaharcha bor. Har joydan kelib qolgan har turli odamlar yashaydi. Birov bilan birovning ishi yo‘q. Uch-to‘rt korxonasi bor. Ko‘ldan, shu korxonalardan tirikchilik qilishadi.
-Yetti yot begona joylarda… — ko‘zlari jovdiradi otaning.
-Shunisi yaxshi-da, ota. Meni xotiralar, odamlarning ko‘zlaridagi savollar juda qiynab yubordi. Menga hech kim achinish bilan qarashini istamayman. Ortiq bunday yashay olmayman, juda charchadim. Bu uy, bu joylarni umuman ko‘rmasam, deyman. Meni hech kim tanimasa, hech kim hech narsani eslatmasa, deyman.
-Jahongir-chi, uni nima qilasan?
-O‘zim bilan olib ketaman. O‘zimizga yarasha bir uy sotib olaman. Bola uchun nima sharoit zarur bo‘lsa, hammasini qilib beraman. Bir do‘kon olaman, boshqa ish qo‘limdan kelmaydi, axir. Ota-bola ro‘zg‘orni bir amallarmiz.
Ular ancha vaqt jim qolishdi. Xonada pashsha uchsa eshitilardi. O‘g‘li sekin u tomon surilib, pinjiga tiqildi. U og‘ir ho‘rsinib, o‘g‘lining yelkasidan oldi.
Otasi soqolini tutamlab, bosh chayqadi:
-Keksa enangga nima deymiz, bolam? Sen u yoqlarda, biz bu yoqlarda… Enangning qolgan umri Ajdarko‘lning yo‘lida o‘tadimi endi?
Ibroxim yerga qaradi:
-Ota, enamning oldida so‘z ochish qiyin bo‘lgani uchun beodoblik bo‘lsayam sizni uyimga chaqirtirdim, endi, enamga o‘zingiz tushuntirasiz, boshqa iloj yo‘q.
-E-e, bolam, yoningda issiq-sovug‘ingga qaraydigan bir poshikastang bo‘lsa, Badaxshonga ketsang ham, bir narsa demasdim. O‘zing yetti bukilib o‘tiribsan, yoningda bir parcha go‘dak, buning ham ichi tutab yotibdi, qanday yuboray axir?!
-Mening boshqa ilojim yo‘q, ota. –kesib gapirdi u.
-U joylarni men ham yaxshi bilaman. Odamlarining piyonistalikdan boshqa ermagi yo‘q. Bo‘nak olsa, ichishadi, oylik olsa, yana ichishadi. Baliqqa borib, ichishadi, baliq tutib, sotadi-da, puliga yana ichkilik olishadi. Butun suyak-suyaklarigacha ichkilik singib ketgan ularning. Ot bilan eshakning oxuri bir bo‘lsa, o‘zi o‘xshamasa ham, qilig‘i o‘xshab qoladi. Bolangning shunday odamlar ichida o‘sishini istaysanmi?
-Ular bilan bizning oxurimiz bitta bo‘lmaydi, ota. Shu bolaning tarbiyasidan boshqa ishim bormi mening? Siz bexavotir bo‘ling.
-E-ee, — qo‘l siltadi ota. – Otang senga noma’qul gapni aytmaydi. Bir joyda bo‘lsak… Mayli, bu hovlini sotamiz, shaharning boshqa bir burchagidan uy olamiz. Bu ko‘chaga umuman kirma. Bu hovlini umuman ko‘rma. Lekin oyog‘imiz yetadigan joyda yasha. Bolang ham, o‘zing ham ko‘z oldimizda bo‘lasan. Qarigan chog‘imizda ko‘zimiz yo‘lingda bo‘lib qolmasin, deyman-da, o‘g‘lim.
Ibrohim yana xo‘rsinib, qat’iy bosh chayqadi:
-Ilojim yo‘q, ota, hozir sira ilojim yo‘q. Ehtimol, vaqti-soati yetib, qaytib kelarmiz. Iltimos, hozir menga indamang, jon ota. Men shaharchaga borib, uy, do‘kon savdolashib kelay, menga ozroq pul qilib beringizlar, bu yerdagi uy bilan do‘kon sotilgach, pullaringizni qaytib olasizlar.
Uning uy bilan do‘kon sotilguncha kutib turishga uning toqati yo‘q edi. Ibrohim ikkinchi o‘g‘il bo‘lsa ham otasi hamma masalada unga suyanar, uni boshqacha mehr bilan yaxshi ko‘rardi. Go‘dakligida qulog‘iga azon aytgani kelgan mulla Xolmurod “Uka, shu jigitga Ibrohim deb ism qo‘yaylik. Ibrohim payg‘ambarimizdek halim, solih, mehribon banda bo‘lsin”, deb, ismini Ibrohim deb qo‘yib ketgandi. Mulla ijobat soatlarida duo qilgan ekanmi, u haqiqatan ham juda halim, mehribon, solih farzand bo‘lib ulg‘aydi, ota-onasining biron gapini qaytarmadi, yuziga tik qaramadi. Bugun o‘g‘ilning boshiga ish tushib turgan bir paytda ota uni butunlay rad etishga haddi sig‘madi. Ilojsiz bosh irg‘adi: “Xo‘p, o‘g‘lim”. Ibrohim keksa otasini yaxshi tushunadi, ammo ayni damda uning qanday vijdon azobida qovrilayotganini ota qayerdan ham bilsin? Aka esa ota-bolaning munozarasiga umuman gap qo‘shmadi: biri bolasini ko‘zi qiymay kuyib turgan otasi bo‘lsa, biri yurak-bag‘ri kuyib-chatnab yotgan ukasi bo‘lsa, shularning ichidagi o‘t uni ham kuydirib yotgan bo‘lsa, aka nima ham deydi? Bir so‘z demay yerga qarab o‘tiraverdi va otasi qo‘zg‘olgach, u ham indamay ortidan yo‘lga tushdi. Ularni kuzatgani chiqqan Ibrohim yelkasini qisib ketib borayotgan otasiga qarab, ezilib ketdi: “Ota, albatta yoningizga qaytaman, ammo qachon qaytishimni hali bilmayman. Buning uchun yetarlicha kuch to‘plashim va buni xohlashim kerak bo‘ladi”.
Ibrohim o‘g‘lini olib, Ajdarko‘lga bordi. Molga birga qatnaydigan do‘kondor jo‘rasiga tayinlab qo‘ygan edi. Jo‘rasiga uchrashishdan avval, o‘g‘li bilan ko‘lga tomon endi. Shovqin-so‘rondan holi xilvat qirg‘oqni topib, katta saksovulning tagiga borib o‘tirishdi. Saksovulning shoxdor tanasiga suyanib, o‘g‘lining yelkasidan quchgancha oyoqlarini uzatib yubordi. Ko‘m-ko‘k bahri ummonga tikilib o‘tirib, saksovul shoxlari orasida tushayotgan quyosh nurlari elitdimi, beixtiyor ko‘zlari yumila boshladi. Ko‘lga tikilib o‘tirgan o‘g‘lining yelkalarini qattiqroq quchdi. Ko‘nglining tub-tubida, butun vujudida yaqin oylar ichida biron marta ham his qilmagan yoqimli bir sokinlikni his qildi. U ana shu bebaho halovatni yo‘qotib qo‘ymaslik uchun ko‘zini ochib, atrofga qarashga-da, qo‘rqardi. Allaqayerdan suvning shaloplashi, odamlarning ovozi, qiyqiriqlari eshitilib turardi, demak, allaqachon boshlab yuborishibdi…
Ko‘p o‘tmay telefoni jiringlab qoldi: “Ibrohim, kelyapsanmi? Bir-ikki og‘aynilar bilan seni kutib turgandik”. U istar-istamay o‘rnidan qo‘zg‘oldi: “Men shu yerdaman, oshna. Hozir yoningga o‘taman”.
Uni shaharcha chetiga boshlab borishdi. Uy sotmoqchi bo‘lgan kishi –yoshi elliklardan o‘tgan, miqti gavdali, tepakal odam ancha dimog‘dor, nimagadir shoshib turgandek edi. U cho‘ntagidan bir shoda kalit chiqarib, darvozani, uylarni birma-bir ochib ko‘rsatdi. Uy yaqindagina yengilgina ta’mirdan chiqarilgan, oddiygina bo‘lsa-da, yig‘ishtirilgan, toza-ozoda edi: “Yaqindagina ta’mirlatdim. Didingizga ma’qul tushmasa, yana o‘zingiz ta’mirlatib olarsiz”. Darvozaxonaning yonida eshik-derazasi ko‘chaga qaragan yana bir xonani ochdi: “Bu do‘kon. Istasangiz o‘zingiz yuritasiz, istasangiz birontaga ijaraga berishingiz mumkin. Faqat bitta narsani oldindan aytib qo‘yay, bu joylar shaharcha markazidagi bozordan ancha uzoq, odamlar har bir narsa uchun katta bozorga borib yurishmaydi. Do‘kon kerakli molga to‘ldirib qo‘yilsa, bozordagidan ko‘ra yaxshiroq savdo bo‘ladi”. Shahar cheti, sokinlik, hovlining o‘zidagi do‘kon – bu Ibrohimga juda ma’qul tushdi. Narx ham u chamalagandan ancha arzon edi: “Bir ish boshlagan edim, shunga biroz xarajatli bo‘lib turibman. Bo‘lmasa, bu uyni sotish niyatim yo‘q edi. Birontani ijaraga qo‘yib qo‘ysam ham, turaverardi pul topib…”. Ibrohim indamay qo‘l uzatdi: “Kelishdik, aka. Narxni siz aytdingiz, men rozi bo‘ldim”. Kap-katta odamning maydalashib ming‘irlashi unga yoqmadi. Pulini berib, ko‘chib kelgach, boshdan oyoq qayta ta’mirlatishni ko‘ngliga tugdi: “Shu ming‘irni eslatadigan hech narsa qolmasin”.
Tepakal kishi ketgach, jo‘rasi ularni qo‘yarda qo‘ymay shu o‘rtadagi yemakxonaga olib kirdi: “Bir piyola choy ichib ket, oshna. Sen buning gapiga ahamiyat berma. Uyi bir yildan beri bo‘sh turibdi. Xaridor yo‘q. Yoshgina bir juvonni ikkinchi xotin qilib olib, shu yerga keltirib qo‘ygan edi. Uning 10-12 yoshlardagi o‘g‘li ham bor edi. Ayolgina bolasini o‘qishga qo‘ydi, o‘zi do‘konni yuritardi. Uylanganini xotini eshitib qolib, rosa to‘polon qilgan. Bu nomard bo‘lsa, xotinim ko‘zimni ochirmayapti, meni kechir, deyishning o‘rniga “O‘ynashing bor ekan, menga xiyonat qilyapsan, odamlar aytishdi” deb, uni haydab yubordi. Sho‘rlik, ota-namning uyidan erga tegdim, deb chiqib ketgan edim, endi qanday qaytaman, hech bo‘lmasa, shu yerda ijarada turishimga ruxsat bering, deb qancha yolvordi. Bu qo‘ymadi. Xotinidan qo‘rqdi. Biz tomonda uy olish mumkin, sotish juda qiyin. Bu yerning odamlari pul yig‘ishni yomon ko‘rishadi. Bugun topsa, bugun yeyishadi, erta bilan ishlari yo‘q”. “Nima ish qiladi bu odam?”, “Kichkinaroq avtobazamiz bor, shuning direktori”, “Ha-a…”
Ibrohim ikkilanib qoldi. Quloqlariga o‘sha quvg‘in qilingan ayolning ovozi eshitilib ketgandek bo‘ldi. “Qo‘l olishmaganimda bu uyni tekinga ham olmas edim. Ammo lafz qilib qo‘yganman. Bechora ayol!.. Bechora ayollar! Ular ba’zan go‘zal bo‘lib yaratilganliklari uchun xo‘rlanadilar. Ba’zan ota-onam, bola-chaqam, or-nomusim deb andisha qilganliklari uchun g‘ururlari toptaladi. Ayolning o‘z halovatini or-nomusdan oldinga qo‘yishga haqqi yo‘q. Agar shunday qilsa, eng avval o‘sha ayol o‘zini o‘zi hech qachon kechirmaydi. Bechora xotini!.. Er ustiga xotin olmoqchi ekanligini ochiq aytdi, lekin u sho‘r ko‘nglingizga boshqa ayolning xayolini kiritib, menga xiyonat qildingiz-ku, demadi. Aksincha, avvalgidan ham ko‘proq mehr ko‘rsatdi. Ichi yonib ketayotgan bo‘lsa ham kulib, shirin so‘zlar bilan uyga chorladi, yelib-yugurib tansiq taomlar tayyorladi. Uning beandisha xiyonatiga “tashlandiq” degan nomdan nomus qilgani uchun chidadi. Bolalarini ota mehridan judo qilgisi kelmadi. To‘g‘ri, yolg‘iz qolishganda ko‘p yig‘lar edi, lekin bu yig‘i isyon emas edi, bu yig‘i iltijo edi. Rahmatli oilani muqaddas bilgan. Oradan o‘tgan shuncha ko‘ngilsizliklar, iztiroblar haqida na onasiga, na biron dugonasiga, na opa-singillariga tish yorib, biron gap aytmagan. Agar u birov-yarimga bir og‘iz ko‘ngil yorganida hozir Ibroxim elning oldida bosh ko‘tarib yura olmasdi. Xuddi hammasini avvaldan bilgandek, hech kimga lom-mim demagan”.

xx xx xx

Bahor kelib, Ajdarko‘l atroflari yashnab ketdi. Chag‘alaylar, yovvoyi g‘oz-o‘rdaklar, baliqchi qushlar ko‘l yuzida odamlardan hayiqmasdan uchib-qo‘nib, suzib yurishi ularning juda olislardan, odamsiz joylardan kelib qolganini anglatib turardi. Albatta, bu hol uzoq davom etmadi. Ikki-uch kunda qirg‘oq tekin go‘sht ishtiyoqmandlariga to‘lib ketdi. Har to‘rt qadamda ov man qilinganligi, qonun buzuvchilarga solinadigan katta jarimalar haqida yozib qo‘yilgan bo‘lsa-da, tunlari tez-tez ov miltig‘ining paqillagan tovushi eshitilib qolar, odamlar kunduzlari sayr qilib yuribmiz, degan bahonada qayiq bilan sohildan olislab ketar, bir joylarga yetgach, miltiq otishdan qo‘rqib, bechora qushlarni yovvoyi odamlardek vahshiylarcha tosh bilan, tayoq bilan urib, o‘ldirib, xaltalari to‘lgach, ularni hech kim ko‘rmaydigan xilvat qirg‘oqlarga olib borib, biron daraxt ildiziga bog‘lab qo‘yib, o‘zlari hech narsa ko‘rmagandek odamlar uymalashib yotgan sohilga quruq qo‘l bilan qaytib kelishardi. So‘ng sekin odamlar orasidan o‘tib, vamperlarga o‘xshab lab-lo‘njini yalagancha oyoqlarini qo‘llariga olib, o‘lja yashirilgan qirg‘oq tomon yugurishardi. Ularning ushbu holatlarini ko‘rgan risoladagidek odam, ulardan nafratlanishdan avval jirkanib, ularga achinib ketardi.
Ko‘lga o‘sha bahorda qayerdandir ikkita katta oqqush ham kelib qolgan edi. Ko‘m-ko‘k ko‘l uzra ularning suzib yurishlarini tomosha qilishning o‘zi kishiga olam-olam huzur bag‘ishlardi. Ularning cho‘milishlarini hatto ba’zan Chapdast bilan Qorako‘z ham zavq bilan tomosha qilishardi. Shom quyilib kelayotgan vaqt edi. Oqqushlar sekin-asta suzib, ko‘l o‘rtasidagi orolcha tomon borishar edi. Qayerdandir qayiq paydo bo‘lib qoldi. Unda uch yigit bor edi. Ular sekin oqqushlarga yaqinlashib, yigitlarning biri qayiqdan uzun xoda chiqarib, yonginalarida suzib ketayotgan oqqushning yelkasiga bir tushirdi. Oqqushning uzun bo‘yni sinib ketgandek bir yonga qayrilib qoldi, o‘zi muvozanatini yo‘qotdimi, yoki joni qattiq og‘ridimi, suv yuzida tipirchilay boshladi. “Ur, nega anqayib turibsan, yana bir marta ur!”, qichqirdi yigitlardan biri. Tipirchilab yotgan oqqushning yelkasiga yana bir zarb kelib tushdi. Qarsillagan ovozdan ko‘l yuzi titrab ketgandek bo‘ldi. Suv bir chayqalib, oqqushning tipirchilab yotgan loshi orolcha chetidagi qamishlar orasiga kirib ketdi. Yigitlar qayiqni sal beriroqqa to‘xtatib, qayiq chetida o‘tirgan yigit qo‘lidagi fonusni oqqush tomonga tutdi va “Ilg‘or, sen borib oqqushni olib kel”, deb buyurdi. Suv sovuq, tevarak-atrofga qorong‘u tushib qolgan, bu paytda hech kim suvga tushishni istamas edi. Ilg‘or bahona qildi: “O‘zing bor, negadir oyog‘imning tomiri tortayapti”. Buyruq beruvchi bolaxonador qilib so‘kindi: “He-ye…! Ulush bo‘linayotganda ham oyog‘imning tomiri tortishgandi, menga kamroq ber, desang ekan” va fonusni peshonasiga taqib, o‘zini suvga tashladi. U oqqush yotgan qamishlar tomon hovliqib suzib borarkan, savqi tabiiy bir sezgi bilan o‘ziga qadalgan qandaydir o‘tkir nigohlarni his qildi. Sekin burilib yonboshiga qaradi, undan bor-yo‘g‘i uch quloch narida ikki bahaybat akula – Chapdast va Qorako‘z unga tikilib turishardi. U turgan joyida qotib qoldi. Ayni paytda qayiq ham, orolcha ham qarshisida turgan akulalardan uzoqroq edi. Ehtimol, o‘sha lahzalarda begunoh oqqushga nisbatan qilgan qabihligi uchun pushaymon chekkandir, balki qamish poyalari ichiga tiqilib qolgan oqqush ko‘ziga juda yomon ko‘rinib ketgandir, balki butun fikru-zikri bilan jonini asrab qolish yo‘llarini izlagandir, har tugul daqiqa sayin uning omon qolish umidi so‘nib borardi. Oradan besh-olti daqiqa chamasi vaqt o‘tdi, akulalar hujum boshlab yuborishidan qo‘rqib, sheriklarini ham chaqira olmadi. Bir mahal hech kutulmaganda akulalar ortiga burilib, ko‘l tagiga shung‘ib ketishdi.
-Ilg‘or, Ilg‘o-o-or! – xirillab zo‘rg‘a ovoz berdi u. – Beri kelinglar.
Sheriklari esa allaqachon akulalarni ko‘rishgan, ular ham “qilt” etib qimirlashdan cho‘chib, nafaslarini ichga yutib, qarab turishardi.
-Beri kelinglar, — yana shivirlabgina chaqirdi u. – Ke-ye-yetdi.
Yigitlar shundan keyingina qayiqning motorini o‘t oldirib, to‘g‘ri u tomonga yo‘l solishdi. Yoniga yetishganda, bir soniya tezlikni pasaytirib, uni ilib olib, qayiqqa solishdi-yu, sohilga qarab uchib ketishdi.
Shundan so‘ng yigitlar bir necha kun yotib qolishgan bo‘lsa-da, oqqush ovi shaharchada ancha payt hangoma bo‘lib yurdi: “Shunday qarasa, ikkita akula unga tikilib turgan emish. Qimirlayolmay qolibdi…”, “Yigitlar qayiqqa olishsa, qo‘l-oyog‘i qaltirab, tishlari taqillab yotgan emish”, “O‘zlariyam undan beshbattar ahvolda bo‘lishgandir. Akula chin qasdlashsa, qayiq-payig‘i bilan yutib yuborishi mumkin edi”, “Akulalar ham bunda-a-ay chamalab ko‘rgan, qiltiragan ramaqijon bachcha, yesa, chap ichagiga ham yuq bo‘lmaydi. E-e, bor-ye, shu suyak-sayoq uchun jag‘imni og‘ritib yotamanmi, degan-da”, “Gap undamas, akulalar odam go‘shtini uncha xushlamas ekan, shuning uchun indamagan”, “Nima bo‘lganda ham akulalar odamdan yaxshi ekan, har narsani yeyavermas ekan. Senlardan suvdagi baliq qolmasa, yerda yurgan mol-hol qolmasa, osmondagi qush qolmasa! Oqqushni ham ovlaydimi odam, shunday chiroyli, beozor jonivor. O‘zi ikkitagina bo‘lsa! Noinsoflar! Qo‘y turganda itni tandirkabob qilib yegandan keyin nima ham deyish mumkin?”, “Qo‘yni kim beradi bu ishyoqmaslarga? Qo‘y olmoqchi bo‘lsa, pul kerak. Boqmoqchi bo‘lsa, mehnat qilish kerak. It bo‘lsa, tekin, ko‘cha to‘-o‘-o‘la. Istaganingcha, tutib olaver”.
Aslida akulalar baliqlarning ajdarhosi hisoblansa-da, unga teginmagan mavjudotga hujum qilavermaydi. Ularda hid bilish hissiyoti juda yaxshi rivojlangan bo‘ladi. Ov qilmoqchi bo‘lgan o‘ljasini hidiga qarab tanlaydi. O‘sha kuni peshonasiga yaltiragan chiroq o‘rnatib olgan mavjudotdan kelayotgan badbo‘y aroq hidi ularga sira yoqmadi, ulardan sal narida turgan qayiqdan ham o‘sha yoqimsiz hid anqib turgan edi. Shuning uchun ular indamay ko‘l tubiga shung‘ib ketishdi.

xx xx xx

Ibroxim o‘g‘li bilan yengil-yelpi jihozlarini olib, yangi uyning bir xonasiga joylashdi-da, ta’mirni boshlab yubordi. O‘ziga-ku, hech qanday hashamat shart emas, ammo onasi bilan opachalariga ichikib kundan kunga so‘lib borayotgan o‘g‘lining hayotiga mana shu hashamatlar bir qatim bo‘lsa ham nur olib kirishi uchun bor-yo‘g‘ini sarflab, qasr qurishga ham rozi edi. Birinchi bo‘lib o‘g‘lining xonasini ta’mirlatdi, devorlarini o‘g‘li yaxshi ko‘rgan ertak qahramonlarining suratlari bilan bezatdi. Mebel do‘koniga kirib, o‘g‘li tanlagan divan, shkaf, kitob javoni, stol-stullar xarid qildi. Ta’mirlash ishlari tugagach, kompyuter ham olib berishini va’da qildi.
-Hozir ham olishimiz mumkin, lekin hamma yoq chang-chung bo‘lib yotibdi, o‘g‘lim, kompyuteringga chang singib ketmasin, deyapman-da.
-Mayli, dada, ta’mir tugagandan keyin obberasiz-da, — o‘g‘lining kayfiyati ko‘tarilib ketdi. – Bilaman, kompyuter juda nozik narsa, chang o‘tirib qolsa, darrov buzilib qolarkan.
-Shunday o‘g‘lim, keyin senga kompyuter o‘rgatadigan ustoz topamiz. Kompyuter orqali o‘qish va yozishni o‘rganib olsa ham bo‘ladi. Maktabga borguningcha, xat-savoding ham chiqadi.
-Qanday yaxshi! – bola xushnud jilmaydi, ko‘zlari qisilib ketdi. – Men sizni juda yaxshi ko‘raman, dada.
Uzalib, dadasining bo‘ynidan qattiq quchoqladi, yuzlaridan o‘pib qo‘ydi.
Otasi “hamisha eshigingda moling bo‘lsin, mol jonga balogardon bo‘ladi”, der edi. U bu gapning ma’nosini unchalik tushunmasa ham hamisha qo‘ylarning kurt-kurt qilib ovqat chaynashini tomosha qilishni yaxshi ko‘rardi: “Ozroq yem-xashak olib qo‘ysam, buyam bir ermak-da”. Kunda kunora kirib, ularning ishiga baho berib ketadigan do‘kondor jo‘ra niyatini eshitib, xursand bo‘ldi: “Bekorchi bolalar ko‘p, o‘zim usta topib beraman. To‘rttagina qo‘y sig‘adigan, bolaxonali ixchamgina qo‘ra bo‘lsa, tepasida xashak turadi, pastda qo‘ylar!.. Men ham molni juda yaxshi ko‘raman. Ammo xotin xohlamaydi. Yem-xashagini obberaman, foydasi o‘zingniki, desam ham ko‘nmaydi, enag‘ar. Senga qarab, zora bizning odamlar ham mol-hol qilishni o‘rganib olsalar. Lekin ko‘zim yetmaydi-da. Ajdarko‘ldek bitmas tuganmas xazina turganda, kim ham qo‘y boqib, qiy supirib yuradi”.
Qo‘zilarni ham o‘zi topib berdi: “Bir qo‘shnim bor. Kuyovi o‘lib, qarigan chog‘ida qiz bilan nevara boqib o‘tiribdi. Bir nevarasi o‘qishga kirgan ekan. Kecha shuning kontraktini to‘lashim kerak, to‘rtta to‘qlim bor, shuni to‘rt yuzdan oling, deb chiqqan edi bechora. Mening hovlimda na qo‘ra bor, na molga qaraydigan odam. Xotinga sira kerak emas, bolalar o‘qishda. Shuni sen olib qo‘ya qol”.
Ular birgalashib boboning uyiga borishdi. Uning qo‘zilarga xaridor bo‘lib kelganini eshitib suyunib ketdi: “Bozor ham ancha yo‘l. Nevaralar ham qiz bola. Bular bilan mol bozorga borib bo‘lmaydi. Yolg‘iz o‘zim eplay olmayman. 400 dan bersangiz bo‘ladi. Sog‘lom, hammasi qochgan, pulingiz o‘zingiz bilan ketadi”.
Qo‘zilar durkungina edi.
-Har biriga 450dan beraman, bobo.
-Nega? – xayron bo‘ldi chol.
-Qo‘ylaringiz menga yoqdi.
Chol sertomir qo‘llarining kafti bilan mijjalarini artdi:
-Baraka toping, iloyo. Yana nimani sotsam ekan, deb o‘tirgan edim. Xudoyo, biringiz ming bo‘lsin. Yetimning ko‘ziga termiltirgulik qilmasin.
Bechora chol o‘z dardini aytdi, lekin uning xasrati Ibroximning yarasini tirnab o‘tdi…
Ibrohim hovlini ajriqdan tozalashni o‘z bo‘yniga oldi. Hali ustalar do‘konni ta’mirlashni boshlamagan, u tayyor bo‘lmagan joyga mol yoyib, savdo boshlashni istamadi. Ustalarga tushlik tayyorlashdan boshqa ish yo‘q, tushlikni bir kun makaron dimlasa, bir kun sho‘rva qilib qo‘ya qolar, aslida bilgani ham shu ovqatlar edi.
Usti sap-sariq bo‘lib kuyib yotgan ajriqlarning tomiri kigiz yunglaridek chuvalashib, toshdek qotib ketgan edi. Bir quloch joyni bir kun ag‘dardi, qo‘llari qavarib, o‘zi qora yerga tushdi. O‘tib-qaytib yurgan usta yigitlardan biri maslahat berdi: “Akamning traktori bor, xo‘p desangiz, ertaga kelib, ag‘darib beradi. Ajriq juda yomon narsa, traktor chuqurroq ag‘daradi, keyin o‘zingiz ajrig‘ini ajratib olib, tuprog‘ini tozalab olaverasiz”. Ibrohimning boshqa iloji ham yo‘q edi. Traktor ag‘dargan joyni tozalaguncha ham bo‘lari bo‘ldi, o‘ziyam bir parcha tomorqadan chiqqan ajriq ildizi bir dunyo bo‘ldi. Ildizlarning tuproqlarini qoqib-qoqib, ko‘chaga emas, qo‘raga tashiyotganini ko‘rgan yigitlar xayron qolishdi: “Buni nima qilasiz, amaki?”, “Qo‘ylarga beramiz, ularga besh-olti kun ermak bo‘ladi”. Qo‘ylar esa bu ajriqlarni bir oydan ko‘proq vaqt ermak qilib yotdi. Buni ko‘rgan kunda kunora bir kirib o‘tadigan jo‘rasi yoqa ushladi: “Qoyill!”
Lekin terlab-pishib egat tortib, bir dunyo turli-tuman daraxt va gul ko‘chatlari qadab chiqqanini ko‘rib, unga achingandek, bosh chayqadi: “E-ee, oshna, bu joylarda yantoq bilan saksovuldan boshqa hech narsa bitmaydi. Bekor ovora bo‘psan-da”. “Nimaga ovora bo‘laman? Tuproq bo‘lsa, yonginamizda shunday ulkan ko‘l bo‘lsa, bir parcha yerni ko‘kartirish unchalik qiyin bo‘lmasa keragov”. “Ko‘lning suvi paxtaga ketadi, bu ko‘chalarga kelmaydi. Sening bir parcha tomorqang uchun kim ariq qazib, bu yerga suv olib kelardi?”, bosh chayqadi jo‘ra. “Oshna, g‘am yema, bir ilojini qilarmiz. Juda bo‘lmasa, nasos qazdiraman. Ichimlik suvi deb berishayotgan suvlari ham, menimcha, shu ko‘lni suviga o‘xshaydi, juda bo‘lmasa, shundan sug‘oramiz”. Jo‘ra mot bo‘ldi: “Ha, qo‘ymaysan. G‘ayrat qilaver, bola-chaqani olib, bir kun senikiga mayovkaga kelamiz”.
Aslida Ibrohimning bor harakatida fikri xayolini qamrab olgan g‘amni unutish, ish bilan ovunib, vaqt o‘tkazish va nihoyat kunduzi itdek charchab, tunlari tosh qotib uxlashga qaratilgan ojizona maqsad yashirin edi. Qo‘ylarga qarash, tomorqaning hali u yerini, hali bu yerini turtib, ustalarning osh-ovqatiga andarmon bo‘lib, ko‘pincha kunning qanday o‘tayotganini bilmay qolar, ba’zan ovqatlari ezilib, yoki xomroq bo‘lib qolsa, xijolat bo‘lar, begona joyda kimdan yordam so‘rashni bilmay qolardi. Bir-ikki marta yoshi elliklarga borib qolgan bir ayol “Ustalar uchun, uka. Men ikki uy narida turaman, qo‘shniman”, deb ovqat olib chiqdi. Biri kadi manti, biri kartoshka-piyoz solib qilingan gulxonim edi. Ayolgina har safar tog‘orani uzatayotib, juda xijolat tortardi: “Uka, arzimasa ham… Ustalar xamirli ovqatni yaxshi ko‘radi. Mazasi yoqsa, o‘zingiz ham yersiz”. Lekin, “arzimas narsalar solingan bo‘lsa ham” taomlarning mazasiga gap yo‘q edi. Qo‘shni ketgach, usta yigitlar ayolni izidan unga tanishtirishdi. “Barfin xola, eri avtohalokatda o‘lib ketgan, uning-buning xizmatini qilib, besh bolani elga qo‘shdi. Bolalari ham juda odobli”.
Ayolgina uchunchi marta tog‘ora ko‘tarib chiqqanida, Ibrohim uning o‘zini ham dasturxonga taklif qildi:
-Keling, xola, biz bilan bir piyola choy iching. Taom egasi bilan shirin, deganlar.
-Yo‘g‘-ye, inim, sizlar bemalol…
-Sizda bir og‘iz gapim ham bor edi, xola, keling, qani, Jahon momongga choydan quy-chi… Shu-u, desangiz, bizga bir yordamchi kerak edi. O‘zim ham ovqat pishirishni ozroq biladigandayman, lekin, shu-u, o‘g‘limga sizning ovqatlaringiz yoqib qopti. Kir-chir, supir-sidir deganday, agar imkoningiz bo‘lsa, o‘g‘limga momo bo‘ling… Buning momosi ancha uzoqda, har kun ko‘rib kelishning iloji yo‘q. Momosini sog‘inib qolayapti-da, — u iloji boricha niyatini ko‘ngilga tegmaydigan tarzda qog‘ozga o‘rab aytishga intildi. Bu ayolni yaxshi bilmasa, balki o‘zi kambag‘algina bo‘lsa ham, birovning xizmatkorligini qilish nafsoniyatiga tegishi mumkin.
-Xo‘p, inim, qo‘limdan kelganicha harakat qilaman, — supaning chetida omonatgina o‘tirgan ayol serajin, so‘lg‘in yuzlari qizarinqirab yerga qaradi.
-Biz ham qarab turmaymiz, hola, o‘zim mana bu do‘konni ishlatmoqchiman. Kun bo‘yi uyda hisobman. Do‘konda o‘tirib kartoshka-piyozingizni artib beraveraman. To‘rttagina qo‘zim bor, unga ham o‘zim qarayman. Jahongir ham uyda. Ota-bola qo‘limizdan kelgancha sizga yordam beramiz. Ustalarning ishi ham oxirlab qoldi. Keyin faqat uy yumushlari qoladi. Bizni boshqarib, ish buyurib turadigan bir odam kerak-da.
-Yo‘g‘-yey, inim, hammasini o‘zim qilaveraman. Uyda kelin, qizlar bor. Hamma ishni qo‘limdan olishgan, shukr. Hozir men qip-qizil bekorchiman, — ayol kulimsirab Jahongirga qaradi, — shugina ulimga momo kerak bo‘lsa, mana, biz momo bo‘ldik-da unga. Uchinchida o‘qiydigan bir nevaram bor, faqat “besh”ga o‘qiydi, agar xo‘p desangiz, kelib, Jahongirboy bilan birga o‘ynaydi. Mol-holingizga qarashadi.
Ayolning soddagina mutoyibasi o‘rtadagi begonalik pardasini ko‘tarib tashlagandek bo‘ldi. U ketayotib, shumshayibgina turgan Jahongirning yelkalaridan olib, bag‘riga bosdi:
-O‘zi juda shirin bola ekan-u, ammo siz uni ko‘p ishlatayapsiz, chog‘imda. Bu ba’zan-ba’zan bo‘lsa-da, tengqurlari bilan o‘ynab turishi kerak. Ertaga nevaramni olib kelaman. Ikkalang oshna bo‘lib olganlaringdan keyin biznikiga ham borib o‘ynab kelasan. Bo‘ptimi?
Ibrohim ayolga uyning kalitlaridan bir-bir nusxa berdi: “Biz uyda bo‘lmay qolgan paytlarimizda ham bemalol kirib-chiqaverishingiz uchun, xola”.
Go‘yo hammasi joy-joyiga tushgan edi: eng so‘nggi urfdagi ta’mir, chiroyli uy jihozlari, bir pasda nim yashil kurtaklar chiqarib qolgan ko‘chatlar, hovlining to‘rini to‘ldirib turgan qo‘ylar… Bir qadam joyda do‘kon… Hamma joyi saranjom-sarishta, ertalab nonushtasi, tushda tushligi, kechqurun kechki ovqati tayyor. Barfin xola og‘ziga qarab turadi: “Nima yegilaring kelayapti? Nima pishiray?”. Ovqatlari biri-biridan mazali. Nevarasi ham juda aqlli, odobli bola ekan, ham momosiga ko‘maklashadi, ham Jahongirning ko‘nglini oladi. Shu bola kelgandan buyon Jahongirning ko‘zlarida qalqib turguvchi mung o‘rnini ma’yusgina tabassum oldi. Ikki o‘rtoqning boshi birikkan damlar ba’zan sharaqlab kuladigan bo‘ldi. Lekin Ibrohimning ko‘nglini bosib olgan qora bulut sira tarqay demasdi. Kun o‘tgan sayin yelkasini bosib turgan g‘ussaning zalvori oshsa oshar, zinhor kamaymas edi. Yursa tursa, umrining so‘nggi kunlari nohaq xo‘rlangan ayolining iltijoli qiyofasi ko‘z o‘ngidan ketmas, har oqshom unga “sovg‘a” hozirlab turadigan qizlarining ovozlari quloqlari ostida jaranglab turar, ajdarhodek og‘zini ochib turgan uch lahad uning pajmurda loshini har kuni yuz marta yutib, yuz marta tuflab tashlardi. O‘g‘li uchun alohida xona qilib bergan bo‘lsa-da, o‘g‘lini bir kecha ham o‘sha xonada yolg‘iz yotishiga qo‘ymadi, xuddi kimdir olib ketib qoladigandek yoniga olib, qattiq bag‘riga bosib yotardi. Yarim tunlar aloq-chaloq tushlar ko‘rib uyg‘onib ketsa, xavotir bilan shoshib, to‘shakni timirskilab o‘g‘lini izlab qolar edi. Ba’zan yolg‘iz o‘zi Ajdarko‘lning bir xilvat qirg‘og‘iga borib, bor ovozi bilan o‘kirib yig‘lagisi kelar, ehtimol yig‘lasa, ko‘z yoshlariga qo‘shilib, ko‘nglidagi g‘ussalar ham oqib ketarmidi, deb xayol qilar, o‘g‘li o‘qishga ketgan damlar ko‘lga chiqar, ba’zan qayiq bilan ichkarilab ketar, ammo baxtga qarshi ko‘zidan bir tomchi ham yosh chiqmas edi. Xotini va qizlari tez-tez tushiga kirar, xuddi o‘zi o‘ylab topgan tushdek ularni har safar bir xil holatda ko‘rardi. Ular chiroyli liboslarda, nihoyatda xursand, lekin o‘sha mash’um kechada ko‘rgani kabi yuzlarida dog‘-dug‘ bo‘lib qolgan kuyik izlari, sochlari olovdan jizg‘anak bo‘lib qolgan holda yurishardi. U esa hali to‘liq uyg‘onmasdan turib, bu tushga ta’bir izlar, ertasi ham kun bo‘yi shu tush ta’siridan chiqa olmay azoblanar va necha-necha minginchi bor o‘sha kecha yonib turgan tomning tagida o‘zi, yolg‘iz o‘zi qolib ketmaganligiga afsus qilardi: “Agar uyda bo‘lganimda shu falokatlar yuz bermas edi… Ehtimol qizlarim har doimgidek meni kuta-kuta kundaliklarini yostiqlarining tagiga qo‘yib uxlab qolishgandir. Men esa!..”
Yoz kunlaridan biri edi. Yonginasida Ajdarko‘ldek bahri ummon quloch kerib yotgan bo‘lsa-da, choshgohdan so‘ng shaharcha ko‘chalari huvullab qolar, ko‘pchilik yoz oylarida ishdan ta’til olib, iqlimi mu’tadil joylarga dam olishga ketar, ketolmaganlar o‘zini soya-salqinga urar, to kunning tafti qaytguncha, hech kim hech kimni izlamas edi. Qo‘ylaridan birrov xabar olib qaytgan Ibrohim peshtaxta ortidagi ixchamgina qilib yog‘ochdan maxsus yasalgan karovatchaga o‘g‘lini yotqizib qo‘yib, o‘zi televizor tomosha qilib o‘tirgan edi. Darvoza yoniga kelib to‘xtagan yengil avtoulov diqqatini tortdi. Mashinaning orqa eshigi ochilib, undan… Gulxumor tushdi. Haydovchi do‘konni ko‘rsatib, unga nimalardir deb tushuntirdi. U esa rahmat aytib, to‘g‘ri do‘konga qarab yo‘l oldi. Ibroxim bir zum sarosimaga tushib qoldi. Boshiga tushgan aziyatlarda Gulxumorning hech qanday gunohi bo‘lmasa-da, shu ayolga bo‘lgan savdoyi tuyg‘ulari sabab eng aziz insonlarini qiynab qo‘ygani uchun uni ko‘rishni, u bilan ko‘rishishni umuman istamas edi. Shu topda do‘konning orqa eshigidan chiqib qochib ketishni juda-juda istadi, ammo Gulxumor allaqachon ostonada boshini biroz qiyshaytirgan holda jilmaygancha unga qarab turardi:
-Assalomu alaykum, boy bova!..
-E-ee, keling… Vaalaykum assalom, — noiloj o‘rnidan turib uning qarshisiga peshvoz chiqdi.
Jahongir ham hali uxlamagan edi, o‘rnidan turib, keluvchiga ajablanib qaradi. Gulxumor uni ko‘rib, tabassum qildi:
-Eh-he, yotoqxonali do‘kon ekan-ku bu.
-Ha, endi, — chaynaldi Ibrohim. — yonimda bo‘lgani ma’qul-da.
-Ma’qul, ma’qul. Qalay, polvon? – Gulxumor peshtaxta osha uzalib, bolaning boshini silab qo‘ydi. — Katta yigit bo‘p qolibsan-ku.
-Rahmat, — Ibrohim peshtaxta ortidan kursi olib, uni o‘tirishga taklif qildi. – Keling, hozir choy beraman.
Gulxumor kursiga o‘tirib, peshonasida tepchib turgan reza-reza ter donalarini sidirib tashladi:
-Havo juda isib ketdi. Yondiraman, deydi-ya naq, — u qo‘lini fotihaga ochib, hamon angrayib turgan Ibrohimga qaradi. – O‘zingiz o‘tirmaysizmi? Qani, o‘tirib oling. Ilohi omin, do‘koningizga baraka bersin.
-Rahmat. Yaxshi yuribsizmi? – biroz xotirjam tortib, hol-ahvol so‘radi Ibrohim. – Biz tomonlarga qanday shamol uchirdi sizni? Mening Ajdarko‘lda ekanligimni kimdan bildingiz?
Gulxumorning kulib turgan ko‘zlariga ma’yuslik indi. U hamon ularga qarab o‘tirgan bolakayga bir qarab olib, og‘ir xo‘rsindi:
-Betashvish odam shu issiqda mana shu dashtu biyobonlarda sargardon bo‘lib yurarmidi? Qayerdaligingizni akangizdan so‘rab bildim. Xudo unutgan bir burchaklarda yuribdi, deb, shu yerni aytdilar. Qani edi meni ham hamma unutib yuborsa, hech kim izlamasa, izlasalar ham topolmasa, sharoitsiz bo‘lsa ham ikki bolam bilan tinchgina, bexavotir yashasam ekan, deb izingizdan keldim.
Bu xasrat kutulmaganda paydo bo‘lishdan ham oshib tushgan edi:
-Nima bo‘ldi sizga? Tinchlikmi?
Gulxumor yerga qarab, ancha tin oldi. U boshini ko‘targanda ko‘zlari to‘la yosh edi:
-Erim… Dozani oshirib yuborib… O‘lib qopti. Shundan buyon menga tinchlik yo‘q. Qaynonam bilan onam “Bolalarni ber. Ulardan ajralishni istamasang, o‘zing ham birga yur. Bular yolg‘iz o‘g‘limdan qolgan yodgorlik”, deb janjal qilishyapti. “Ikki bolani boqib, tarbiyalash uchun sharoiti yo‘q, uyi yo‘q”, deb meni sudga ham berishdi. Xolam sho‘rlik “Uyim shunga qoladi”, deb vasiyatnoma yozib berdi, zo‘rg‘a qutildik. Endi xolamning bolalariga yoqmay qoldim. Ochiq bir narsa deyishmasa ham, munosabatlari o‘zgarib qolgan. Bo‘lmasa, hammasining alohida uy-joylari bor, vaqtida onalari bilan turgilari kelmay, alohida uy-joy qilib chiqib ketishgan. Shunday bo‘lsa ham xolamdan keyin bu uyni ham sotib, pulini bo‘lib olmoqchi bo‘lib yurishgan ekan. Mayli, men bu uyga sira davogar emasman. O‘zi kichkinagina uy, sotganda ham hech nima pul bo‘lmaydi. Asta sekin pul to‘plab, kichkinaroq bo‘lsa ham o‘zim uy olmoqchi bo‘lib yuribman. Endi ularning qovoq-tumshuqlariga qarab, u hovlida nafas olish ham qiyinlashib borayapti. Vasiyatnoma yozilgandan so‘ng katta o‘g‘illari xolamning uyiga o‘zining o‘g‘lini olib kelib qo‘ydi. Boshqalari ham juda serqatnov bo‘lib qolishgan. Xullas, men u yerdan zudlik bilan ketishim kerak.
Gulxumorning boshiga tushgan yangi musibatlar Ibrohimning ko‘nglida achinish hissini uyg‘otish o‘rniga negadir unga juda malol keldi: “Tavba, bir bechoraning yolg‘iz o‘g‘lidan qolgan nevaralar ekan, o‘zingning boradigan joying yo‘q, qaynonangning yoniga borib yashayver. Yeb qo‘ymas axir! Bir kun o‘lib ketsa, o‘zingga ham, bolalaringga ham tayyor boshpana. Eh, odamzod-a!..”. Ammo tish yorib, bir so‘z aytmadi.
-Ozroq jamg‘armam bor. Bitta-ikkita tilla taqinchoqlarim bor. Xolam ham bolalaridan bekitib, uch-to‘rt tilla taqinchog‘ini menga bermoqchi. Bu yoqlarda uy arzon, deyishadi. Surishtirib, kichkinaroq bo‘lsa ham biron uy topib bera olmaysizmi?
Ibrohimning boshidan hushi uchib ketdi. Bu juvonning “Uy topib bering”, degani, “Boradigan joyim yo‘q, uy topguningizcha, ikki bolam bilan sizning uyingizda yashab turaylik. Kim nima deydi? Rashk qiladigan xotiningiz bo‘lmasa…”, degandek bo‘lib eshitildi. Ehtimol, ayol ochiq ayta olmayapti-yu, lekin ko‘nglida shunday fikr bordek tuyuldi unga. Yana kim biladi, deysiz?
Ibrohim qarshisidagi ayolning intiq tikilib turgan umidvor nigohlariga dosh bera olmay, yerga qaradi. Butun vujudida og‘ir bir toliqishni his etdi. Ancha vaqt jim qoldi. Nima bo‘lganda ham ayolning dilini og‘ritmasdan javobini berib yuborishi lozim edi. Xotiralardan qochib, shu joylarga kelib yurganda, bu ayolni ko‘chirib kelib, har to‘qnash kelganda yarasini bir yangilab, azob tortishning nima keragi bor? Bunday azobga dosh beradigan kuch-quvvati bormi uning?
-Endi-i-i, — nihoyat boshini ko‘tarib, salmoqlab gap boshladi u. – bu joylarda sotiladigan uy topish juda qiyin. To‘g‘risini aytsam, bu shaharchaga ishyoqmas, tekinxo‘r odamlar yig‘ilgan. Ajdarko‘l bitmas-tuganmas xazina, shaharchaning yarim xalqi hech qayerda ishlamasdan baliq ovlab kun kechiradi. Ular baliq sotayin, deb ko‘chaga ham chiqib o‘tirishmaydi, mijozlari kelib ko‘tarasiga olib ketishadi. Ular salgina harakat bilan baliq ovlab, topgan pullariga non, go‘sht-yog‘, kartoshka-piyoz, albatta, aroq sotib olishadi. Ularga boshqa hech narsa kerak emas. Yaxshi sharoit, bashang turmushni orzu qilishmaydi. Agar shu ko‘ldan uzoqroq joyga borib yashashsa, bular ochdan o‘ladi, chunki ular mehnat qilishni istashmaydi. Bu joylardan uy sotib olishni orzu qilganlar juda ko‘p, lekin bu juda qiyin masala. Mening uyim ham bir tasoddif tufayli sotilib qolgan. Lekin mening o‘ylashimcha, yaqin yillar ichida bu ko‘l ulkan chiqindixonaga aylanishi aniq. Uning suvida ham, atrofida ham bironta tirik jonzot qolmasa kerak. Bir tomonida sanatoriy, bir tomonida kasalxona, bir tomonida asfalt zavodi chiqindi suvlarini shu ko‘lga to‘kishadi, chor atrofida ochko‘z odamlar ko‘lni bulg‘ab yotishibdi. Mening ham bu joylarda bir umr qolib ketish niyatim yo‘q, ota-onam keksayib qolishdi, “kel” deb yotishibdi. Vaqti soati yetganda ularning yoniga qaytib ketaman.
Unga termulib turgan chiroyli ko‘zlardagi umid o‘rnini asta-sekin umidsizlik, og‘riq, alamli iztirob egallab olayotganini ko‘rib turardi. Ayolga rahmi kelib ketdi, ammo u haqiqatan ilojsiz edi. Oradan to‘rt yil o‘tib ham beshafqat xotiralaridan qutila olmagan holida shafqatsiz haqiqat bilan har kun yuzma yuz kelib yashashga sira kuchi yetmas edi…
-Siz siqilmang, Gulxumor, — ayolning rangi oqara boshlaganini ko‘rib, vaziyatni biroz yumshatishga urindi u. — Men surishtirib ko‘raman, lekin biron narsa va’da qila olmayman. Oshna-og‘aynilar bor, ularga ham aytaman. Lekin umid juda kam. Biron narsa bo‘p qolsa, o‘zim sizga xabar qilaman.
Gulxumor qo‘lidagi choyni oxirigacha sipqorib, piyolasini “taq” etkizib peshtaxta ustiga qo‘ydi-da, o‘rnidan turdi:
-Bo‘pti, bo‘lmasa, men boray.
Do‘konning ochiq qolgan eshigidan peshinga qarab oqqan quyosh bor nurini ichkariga to‘kib turardi. Ibroxim peshtaxta tagidan sochiqcha olib, yuz-boshini qoplagan terni artdi. O‘rnidan turib, ayolning ortidan yurdi:
-Men sizni shohbekatga olib borib qo‘yaman, — keta-keta o‘g‘liga yuzlandi, — yur, Jahon, xolani kuzatib qo‘yamiz.
Oftob ham ular bilan birga yo‘lga tushganday bo‘ldi, Ibroxim mashinaning oynalarini berkitib, kondensionerni qo‘yib qo‘ysa ham mashina saloni ko‘ngilni loxas qilarlik harorat pasaymadi. Ko‘chalar esa egasi ko‘chib ketgan hovlidek xuvullab yotar edi. Ibrohim shaharcha markazidagi yangi qurilgan qahvaxonaning yonida mashinasini to‘xtatdi:
-Ajdarko‘lga kelib, baliq yemasdan ketsangiz, yaxshi bo‘lmaydi. Tushing, sizni bir mehmon qilay, — dedi Gulxumor tumtayib o‘tirgan orqa o‘rindiq tomon burilib.
Gulxumor qoshlarini chimirib, zardali bosh chayqadi:
-Umuman shart emas, men baliqni yomon ko‘raman.
-Baliq bo‘lmasa, boshqa biron narsa olarmiz, — iltifot qildi u.
-Qornim to‘q, ovora bo‘lmang.
Ayolning shaharcha haqida ko‘pirtirib aytgan gaplaridan emas, Ibrohimdan xafa bo‘layotgani ko‘rinib turardi. Ibrohim esa mas’uliyatni bo‘yniga olib, nimadir va’da berib, uning ko‘nglini tinchitish o‘rniga, maslahat berdi:
-Aslida o‘zingizni qiynab yurmasdan bolalaringizni olib, qaynonangizning yoniga qaytganingiz ma’qulmi, deyman. Tayyor uy-joy, bolalaringizga ham qarashadi, harqalay o‘zining nevarasi. Giyohvand er o‘lib ketgan bo‘lsa, bir keksa qaynona bilan murosa qilib yashash judayam qiyin bo‘lmasa kerak. Harqalay farzand dog‘ida kuygan ayol, bir tomoni savob bo‘ladi, deyman-da.
Gulxumorning rangi qumday oqarib ketdi:
-Ibrohim!.. Siz menga nima deyapsiz?! Men o‘sha xonadonda o‘n besh yil yashaganman, ammo bir kun ham kun ko‘rganim yo‘q. Birovlar o‘g‘li yarimjon yoki giyohvand bo‘lsa, kelinning oldida yelkasini qisib, xushomad qilib o‘tadi. Mening qaynonam qildan qiyiq axtarib, har ishimdan mingta nuqson topib, giyohvand o‘g‘liga meni do‘pposlatardi. Meni hech qachon odam o‘rnida ko‘rgan emas. O‘g‘li nima uchun giyohvand bo‘lib qolgan? Bu ayol umuman bolasining tarbiyasi bilan shug‘ullanmagan, nazorat qilmagan. Ishlayapman deb, umri ko‘chada, yig‘ilishlarda, bazmlarda o‘tgan. O‘g‘il onasining mansabparastligi, aqlsizligi uchun giyohvand bo‘lib qolgan. U endi oltmishga kirdi, saksonlarga kiradigan bo‘lsa, bitta hovli-joy uchun yana yigirma yil o‘sha befarosat, injiq ayolning ko‘ziga qarab yashashim kerakmi? Yigirma yildan so‘ng men oltmishga kiraman, men sho‘r oltmishdan keyin erkin yashaymanmi? Oltmishdan keyingi erkinlik kimga kerak?! Yo‘-o‘-q, menga uning hovli-joyi umuman kerak emas, men ham hamma qatori dunyoga bir marta kelaman. Bolalarim bilan tinchgina yashashni istayman. Juda bo‘lmasa, hovli-joy qilib beradigan odamga erga tegaman!..
U shu gapni aytib bir zum jim qoldi. Lablari titrab, oqarib ketgan yonoqlariga duvullab ko‘z yoshlari to‘kildi:
-Men… Men… Siz haqingizda butunlay boshqacha fikrda edim. Siz bo‘lsa… qiyin kunimda ko‘kragimdan itardingiz!.. Menga oddiygina odamgarchilikni ham ravo ko‘rmadingiz. Shuncha odam yashayotgan joyda men yashay olmas emishman! Sening tashvishing kerak emas menga, deng undan ko‘ra. Maslahatlaringiz o‘zingizga siylov, meni tezroq bekatga eltib tashlang, – uning ovozi titrab ketdi. – Bolalarim yolg‘iz qolishgan.
Ibrohim bu qadar ochiqdan ochiq malomatga qolaman, deb o‘ylamagandi. Gulxumorga nima deyishni bilmay qoldi:
-Uzr, Gulxumor. Qiynalib yurmang, tayyor uy-joy, degandim-da. Bittagina kampir ekan, deb. Uzr, meni kechiring, ko‘nglingizni og‘ritib qo‘ydim. Men bir savdo xodimi bo‘lsam, sizlarga o‘xshab o‘qigan bo‘lmasam, hamma narsaga ham aqlim yetavermaydi. Uzr, ming bor uzr.
-Bittagina kampir emish! Yarim Toshkent uning qarindoshi. Birovi ketsa, ikkitasi kirib keladi. Hammasi uchun albatta biron tansiq ovqat, og‘izda erib ketadigan pishiriq tayyorlash kerak, hamisha iljayib, qo‘limni ko‘ksimga qo‘yib turishim kerak. Shusiz ham bu hayotda juda charchaganman. Endi bu ishlar qo‘limdan kelmaydi. Bir umr kelin bo‘la olmayman.
Ibrohim bekatga Gulxumordan ham ko‘proq oshiqdi. Bekatga tezroq yetib olsa-yu, Gulxumordan ham, uning shafqatsiz malomatlaridan ham bira to‘la qutulsa! Yeru ko‘k qaytayotgan quyosh taftida jizg‘anak bo‘lib kuyayotgandek edi. Ibrohim kondensionerni o‘chirib, mashinaning oynasini ochdi, ammo yuziga tashqaridan issiq shamol urildi. Yuragi behalovat bo‘ldi: “O‘zimning tashvishim kammidi?”
Bekatga yetib kelishgach, Gulxumor mashinadan tushdi-da, yugurib oxirgi mijozini kutib turgan birinchi mashinaga o‘tirdi, Ibrohim bilan xayr-ma’zur ham qilmasdan jo‘nab ketdi.
-Dada, bu xotin kim? – so‘radi mashina jo‘nab ketgach Jahongir. – Nega u sizga baqirdi?
-U mening sinfdoshim, — biron jo‘yali yolg‘on o‘ylab topishga hafsala qilmadi. – Uysiz qolibdi. Shu yerdan bir uy topib bering, degandi, bu yerda bo‘sh uy yo‘q, desam, xafa bo‘ldi. O‘zing eshitding-ku hammasini.
-Bolalari bo‘lsa, qiyin bo‘pti-da ularga. Bizning uyimizda yashayversa, bo‘lmasmidi?
-Yo‘q, o‘g‘lim, bo‘lmas edi. Bilasan, o‘zi mazam yo‘qroq, menga oshiqcha shovqinning keragi yuq.
-Mayli, dada, — darrov rozi bo‘lib qo‘ya qoldi o‘g‘li.
Yerga ursa, ko‘kka sapchiydigan sho‘x bola o‘sha yong‘indan keyin birdan ulg‘ayib, hatto keksayib qolganday edi. Onasi bilan ikki opachasi uchun uning istak-xohishi qonun edi, uning hamma sho‘xliklarini, injiqliklarini hech qanday e’tirozsiz ko‘tarishar, shunga yarasha bola ham ancha-muncha mahmadona bo‘lib o‘sayotgandi. Yong‘indan so‘ng u birdan bola qiyofasidagi kamgap, jiddiy qariyaga aylanib qolganday bo‘ldi. Bobosining, ammalarining uyida omon qolgan oilaviy suratlarni yig‘ib kelib, kichkinagina bir albom yasab olgan, ko‘pincha Ibrohim uning izidan xonasiga kirsa, uni o‘sha albomdagi suratlarga tikilib, yig‘lab o‘tirgan holda uchratardi. Bola ostonada uni ko‘rishi bilan albomni yopib, yugurib kelib otasini quchoqlab olardi-da, yuzini uning ko‘ksiga berkitib, nozikkina yelkalari silkinib-silkinib uzoq yig‘lardi, lekin bir og‘iz ham gapirmasdi, bitta ham savol bermasdi.
Unga maslahat beruvchilar ko‘p edi. Har hafta kanda qilmay bir kelib ketadigan otasi bilan onasi, jo‘ralari, hatto qaynonasi ham “Bo‘lar ish bo‘ldi. Yolg‘iz bola bilan suppayib o‘tiraverasanmi? Endi uylan”, deb qayta-qayta necha bor tayinlab aytishar, u esa har safar “Shoshmay turinglar-chi, vaqti kelganda hammasi bo‘ladi”, deb javob qaytarardi. “Besh yil bo‘ldi, bolam. Sen aytgan vaqt qachon keladi? Sening tinchiganingni ko‘rib, bexavotirgina o‘lish menga ham nasib qiladimi-yo‘qmi o‘zi?”, shu safar onasi yig‘lab yopishdi. Onasi yig‘ladi, yig‘layverdi, u esa yerga qarab jim o‘tiraverdi. Oxiri yuragini ochmasa, bo‘lmadi: “Enajon, Jahoningizning yarasi hali bitmagan. Xudoning bergan kuni enasi bilan opachalarining rasmiga qarab, ko‘zlari namlanib o‘tirganini ko‘raman. Shu bolaning ustiga qanday qilib begona ayolni olib kelaman. U ayol, o‘gayligiga borib, bunga qattiqroqroq gapirib qo‘ysa, keyin bu qanday chidaydi, men qanday chidayman? Vaqti keladi, ota, sizga ham bir mahram kerak, uylaning, deydi. Shundayam oldin uni uylantirib, keyin o‘zim uylanaman”. Ona battar yig‘ladi: “Ay, esi yo‘q bolam-a! Xotini o‘lgan, bola bilan qolgan bir senmi? Sen ko‘chadan kelgan birovga ko‘ngli yarim bolangni turttirib, qarab turmaysan-ku! Yashash niyati bor xotin bolangni turtadimi? Kambag‘alni urma-so‘kma, yoqasini yirt, deyishgan. Axir bu bola ko‘rib turgan ko‘zing-ku. Buni kim tushunmaydi?”, “Ena, iltimos!..”, “Kuydirib ado qilding meni…”.
Ibrohim hayotda xotini bilan ajrashib yoki xotini o‘lib, juda yosh beva qolishsa ham uylanmay yolg‘iz o‘tgan erkaklarni ko‘p ko‘rgan. Shunday holatlarda ayol kishi yolg‘iz o‘tsa, odamlar unchalik e’tibor berishmaydi, ammo yolg‘iz yashayotgan erkak hammaning ko‘ziga juda boshqacha ko‘rinadi. Bir muallimlari bor edi, qaddi basti kelishgan, juda xushmuomala kishi edi. Butun maktab – o‘qituvchilar ham, o‘quvchilar ham uning bir zamonlar xotinidan ajrashgani-yu, endi yolg‘iz o‘tayotganligi haqida gapirishardi. O‘sha muallim Ibrohimning ko‘ziga ham g‘alati bo‘lib ko‘rinar edi. Endi o‘ylab qarasa, o‘sha bechoraning ham bechora onasi “Uylan, uylan!”, deb qancha yig‘lagandir… U esa ko‘nglidagi qaysidir ozor uchun ayol zotiga erkak sifatida betlayolmay qolgandir. Ibrohimning ota-onasi ham g‘animat bo‘lib qoldi. Muallim ota-onasi esa o‘tib ham ketgandir. Hozir kimning eshigida ekan sho‘rlik muallim yolg‘iz? Ukaningmi, akaningmi? Balki uylangandir…
U esa uylana olmaydi. Bir kecha tushida xotinini ko‘rdi. Bu tushmidi, xayolmidi, haligacha ajrata olmaydi. Do‘konda o‘tirsa, xotini kirib kelibdi. Uning qoshlari chimirilgan, nimadandir norozi edi. Naq tepasiga kelib, lablari pir-pir uchib, undan gina qila boshlabdi: “Ha, dadasi, nega uylanmayapsiz? Axir uylanmoqchi edingiz-ku! Mendan qanday qutulishni bilmay yurgan edingiz, xudoyimning o‘zi yo‘lingizni ochib qo‘ydi. Ammo mendan qutulish uchun ikki qizingizni berishga majbur bo‘ldingiz”.
Bu gapni xotini tushida bir marta aytdi, ammo u ko‘nglida ming marta jarangladi: “Mendan qutulish uchun ikki qizingizni berishga majbur bo‘ldingiz!..”
Shunday paytda Gulxumorning tashvishi unga ortiqcha edi.

xx xx xx

Chapdast gavdasiga yarashmagan holda tinib tinchimas mavjudot edi. Hali ko‘lning hali u tomoniga, hali bu tomoniga suzib ketar, ba’zan necha yillik uzangi yo‘ldoshi Qorako‘zni ham yolg‘iz qoldirib ketib qolaverardi. Aylanib-aylanib qaytib kelganda esa, uni topa olmay jig‘ibiyron bo‘lar, o‘z holiga suzib yurgan baliqlarni u yon bu yon surib, ko‘lni ag‘dar-to‘ntar qilib tashlardi.
O‘sha kuni ham Qorako‘z yolg‘iz qoldi. Chapdastning tinib-tinchimasligidan biroz koyindi, ko‘l tubiga tushib biroz tin oldi. Bolaligi o‘tgan bahri ummonning sho‘rtang ta’mi yodiga tushdi. Shuncha yildan beri yashayotgan bo‘lsalar ham bu ko‘lning badbo‘y hid anqib turadigan, tuzsiz, ko‘ngilni aynitadigan darajada bemaza suviga hech ko‘nika olmadi. Ayniqsa ko‘pincha oq libosli mavjudotlar kirib-chiqib yuradigan baland imoratlar joylashgan qirg‘oq atrofidagi badbo‘y suvni umuman og‘izga olib bo‘lmaydi. Bu qirg‘oqqa ikkita katta quvur qo‘yilgan bo‘lib, biri g‘uvullatib kecha-kunduz toza suv tortib yotadi, ikkinchisidan esa suvga ham o‘xshamaydigan allanimalar to‘kilib yotadi. Ko‘lning hech kim yashamaydigan yana bir qirg‘og‘ida ham katta bir imorat bor. Uning quvurlaridan yog‘li qop-qora suyuqlik oqib yotadi. Bir marta Chapdast bilan o‘sha tomonga borib qolishgan edi. Necha kun kasal bo‘lib suv tubidan chiqa olmay, yotib qolishdi. Shundan keyin hech qachon u tomonlarga bormaydigan bo‘lishdi. Qorako‘z ko‘pdan beri Chapdast rozi bo‘lib, yonida yursa, o‘sha kecha-yu kunduz oppoq to‘lqinlar bir-biriga to‘sh urib yotadigan sho‘rtang suvli, na zamin, na qayiq, na ikki oyoqda yurguvchi g‘alati mavjudotlar ko‘rinmaydigan musaffo bahri ummonga ketishni orzu qilardi. U ko‘lning tubiga tushib, olis-olislarga ko‘z tikdi. O‘zicha u yon bu yon tikilib, suzar yo‘llarini rejalashtirdi. Chor atrof bir xil, suv ham oqar suv emas, bir zaylda qalqib turaveradi, bu holda manzil tomon yo‘l topish qiyin edi. Oqim bo‘lsa ham, oqimga qarshi harakatlanib, manzilga yetib olish mumkin edi. Chunki ular oqim bilan kelishgan, oqimga qarshi suzishsa, ko‘zlagan manzillariga yetib olishlarini tushunar edi. Ko‘lning suvi juda bemaza, undan ko‘ngilni behuzur qiladigan badbo‘y hidlar anqirdi. U suvdan boshini xiyol chiqarib, atrofni kuzatmoqchi bo‘ldi: “Balki qirg‘oqdan biron belgi topish mumkin bo‘lar?”
Shu payt kutilmaganda “Ana, ana akula!” degan qichqiriqlarni eshitdi. U shundaygina ikki qayiqning o‘rtasidan chiqib qolgan edi. U nima bo‘layotganini anglab yetgunicha boshi qandaydir to‘rga kirib qolganini sezdi. Keyingi harakati esa bor gavdasi bilan to‘rning ichiga kirib ketishiga sabab bo‘ldi. Atrofdagi baqir-chaqirlar avjiga mindi: “Ot! Ot, deyapman senga! To‘rni o‘yib chiqib ketishi mumkin”, “Bo‘l tezroq, davvay, hozir qayiqni ag‘darib yuboradi!”, “To‘rni ikkinchi qayiqqa ham yaxshilab bog‘langlar. Bo‘l, he, lallayib o‘l. Onnangni seni!..”, “Bo‘l, motorni o‘t oldir. Sherigi keb qolishi mumkin”. Ular ko‘pchilik edi shekilli, chor atrofdan yog‘ilayotgan xanjarli tayoqlar uning a’zoi badanini ilma teshik qilib tashladi. Qayiqlarning tumshug‘i qirg‘oqdagi qumga tiqilgandan so‘ng qiy-chuv battar avjiga mindi. Qorako‘z hali tirik edi. Qirg‘oqdagi odamlar yopirilib kelib, to‘rni qirg‘oqqa sudrab ketdilar.
-Vu-u-uy, kattaligini! O‘n metrlar bor-a, ukkag‘ar!
-Tirik! Tirik ekan!
-Qoch, yo‘ldan qoch! Hozir sherigi keb qolsa, hammangni yamlamay yutvoradi! Qo-oo-och! Suvdan uzoqroqqa obborish kerak buni. Qochinglar!
Odamlar yirtqich hayvondan ham beshafqat edilar, kim qo‘liga nima ilashsa, o‘sha narsa bilan to‘rda sudrab ketilayotgan baliqni urib, azoblab borardi.
Bu paytda negadir yuragi behalovat bo‘lib sayrdan ertaroq qaytgan Chapdast suvdan boshini xiyol chiqarib qiy-chuv qilib dunyoni buzayotgan odamlarning harakatini qiziqish bilan tomosha qilib turardi. Odamlar baqir-chaqir qilib to‘rni qumloq sohilga chiqarishgandan keyingina to‘r ichidagi tutqin uning Qorako‘zi ekanligini bilib qoldi. O‘qdek uchib o‘zini qirg‘oqqa urdi, Qorako‘zning atrofidagi odamlar “guv” etib nari qochishdi. Qorako‘zning esa qimirlashga ham holi yo‘q edi, chanqoq va og‘riqning zo‘ridan og‘zini katta-katta ochib, bir-bir to‘lg‘anib qo‘yardi. Chapdast unga vahima bilan tikilib turgan olomonga qarab, ilojsizligini anglab yetdi va alamli iztirob bilan ortiga qaytib ketdi. Va bir umrga qayiqlarni, uni boshqarib yuradigan ikki oyoqli mavjudotlarni yomon ko‘rib qoldi. Yolg‘iz qayiqlar ko‘lning ichkarirog‘iga suzib kirishini kutib yotar, ular ko‘lning o‘rtasiga yetganda xujum qiladigan odat chiqardi. Ajdarko‘l haqiqiy ajdarho ko‘liga aylandi. Qasoskor akula haqidagi mish-mishlarning biriga o‘n qo‘shilib, nafaqat shaharcha odamlari orasida, balki Ajdarko‘ldan juda olis-olislardagi shaharlarga ham yetib bordi. Ko‘lni muhofaza qiluvchilar deyarli bekorchi bo‘lib qolishdi. Chunki uncha-muncha baliqchi avvalgidek oddiy qayiq bilan ko‘lga chiqa olmas edi. Motorli qayig‘i bor, har qanday vaziyatda ham o‘zini himoya qila oladigan katta ovchilarga esa hech kim hech narsa deya olmaydi. Chunki ular muhofazachilarga ham cho‘tal uzatib turar edilar.

xx xx xx

Bu joylarda bahor juda tez o‘tib ketadi. Dala-dashtlarga o‘t-o‘lan chiqib ulgurmasidan jazirama issiq boshlanib, saraton shafqatsiz mo‘yqalami bilan barchasini sap-sariq rangga bo‘yab tashlaydi. Hansirab yetib kelgan yoz hamma joyga o‘z hukmini o‘tkaza boshlaydi. Bu yoz bilan erinmay kurashadigan odam kerak. Ibrohim shu yerlarda bir umr qolib ketmasligini bilsa ham tomorqada ishlashdan erinmasdi. Mevasi ko‘chadan o‘tganlarniki, savobi bizniki, deb hovli ortiga ham uzum ekdi. Chiroyli ishkom ko‘tarib qo‘ydi. Hovli ichkarisida esa bodom, o‘rik, olma-yu shaftoli, xurmo daraxtlari erta bahordan kech kuzgacha gul-u mevasi bilan ko‘zi tushgan mardumning havasini keltirib turadi. Avvalgi beg‘am Ibrohim bo‘lsa, qayta-qayta ajriq bosib, qaqshab qaqshab qolaveradigan hovlida shuncha ter to‘kmagan bo‘lardi. U vaqtni beo‘y o‘tkazish uchun, charchab toliqish va tunlari uyqusizlikdan qiynalmasdan tosh qotib uxlash uchun erta sahar turib, yer chopar, ekin-tikinini o‘toq qilar, suv tarar, birov-yarim do‘konga kelganlar darvozadan bo‘y ko‘rsata boshlagach, sal terini qotirib, Barfin xola tuzab ketgan dasturxondan u-bu totingan bo‘lib, do‘konga o‘tardi. Bog‘ esa miskin xojasi ko‘nglining aksi o‘laroq kunba kun yashnab ketaverardi. Unga qarab, Ibrohim ma’yus jilmayib qo‘yar, agar daramod topish uchun ishlasa, ehtimol shuncha hosil bermagan bo‘larmidi bu bog‘? Ota-bola Barfin xolaning oilasi bilan faqat xo‘l meva yeb yotsa ham, bu mevalarni tugatishning iloji yo‘qligidan Ibrohim do‘konga ham xo‘l meva chiqaradigan bo‘ldi.
Shu yil Ibrohimga omadli keldi. Jahongiri otasi osonrog‘iga topshir, o‘tolmasang, o‘ksib qolasan, desayam, “men bilimimga ishonaman”, deb katta institutga topshirgan edi. Xudo qarashdimi, yo bilimi haqiqatan ham yaxshimidi, o‘qishga kiribdi. Bu xabar telefoniga kelganda ular shaharda yurishgan edi. O‘sha damda ulardan-da baxtli mardum yo‘q edi bu olamda.
Ota-bola shaharcha markazidan yaxshilab bozorlik qilishdi. Barfin xola bir narsa deb nolimasa-da, keyingi paytda ancha toliqqanligi ko‘rinib turardi.
-Bugun Barfin xolani bezovta qilmaymiz, o‘g‘lim, oshni o‘zim tayyorlayman, — dedi Ibrohim.
-Men shakarob tayyorlayman. Ammo biz uyga borgunimizcha Barfin momom “Nima ovqat qilay?” deb uyimizga kelib turadi-da.
-E-e, qo‘yaver, momongni ham bir narsa deb aldaymiz, o‘g‘lim.
-Yo‘q, dada, bugun aldayolmaymiz, u kishiga o‘qishga kirganimni aytmasak, bizdan juda qattiq xafa bo‘ladi. Aytsak, o‘zlari bayram uyushtirib tashlaydi. Bugun biz yordamchi bo‘lamiz u kishiga. O‘g‘illarini ham chaqiramiz oshga.
-Bo‘pti, o‘g‘lim, sen nima desang shu.
Haqiqatan ham ular mashinadan yuklarini tushirguncha Barfin xola quyma kovushini sudrab yetib keldi:
-Tinchmisizlar? Necha marta kelib ketdim. Uyda ham, do‘konda ham hech kim yo‘q. Bular qayoqqa ketdi ekan, deb xavotirlanib o‘tirgandim. Moshin o‘tganini ko‘rib chopib kelaverdim, — kampir Jahongirning yelkasidan olib, peshonasidan o‘pdi. – Sen qandaysan, bolam?
-Shu bolaga yaxshi qaramagansiz-da, momosi, — kuldi Ibroxim. – Odamni tashvishga qo‘yib yuradi doim.
-Nima gap? Nima qip qo‘yding, bolam? – momoning ko‘zlari xavotir bilan pirpiradi.
-Nima qilardi, momosi? Akademiyaga o‘qishga qabul qilishibdi, — Ibrohimning ovozi titrab ketdi. O‘tgan yillar mobaynida erta-kech issiq-sovug‘iga qarashib yurgan bu ayol unga bir narsa demasa ham, Ibrohimning ko‘nglida qanday ulkan g‘ussa borligini biladiganday edi. Bu ularni ona-boladek bir-birlariga yaqin qilib qo‘ygandi. – Xola, testning javoblari keldi. Shunga endi buncha bo‘ldi, endi bir osh-posh qilib, nishonlaylik, deb bozorga ketgan edik-da, — ko‘ngli bo‘shab ketganidan xijolatlanib, o‘zicha kulib o‘g‘lining yelkasiga qoqib qo‘ydi.
-Voy, bolaginamdan o‘zim oynonay! – Barfin xola uzalib uni bag‘riga bosdi. – Shuni menga aytmasdan uyimdan ustidan qandaylar o‘tib ketding sen bola? Momomni bir suyuntiray, demadingmi? Ay, bolam-a, jonginang sog‘, martabang ulug‘ bo‘lsin, — xola yuziga fotiha tortdi. — O‘ziyam hazilakam o‘qimadi-da, mening bolam. Kecha-kunduz kitobdan bosh ko‘targani yo‘q.
Xola belidagi katta shol ro‘molni qaytadan bog‘lab, ishga kirishib ketdi, ikki nevarasini ham chaqirtirib oldi. Ibrohimni do‘konga chiqarib yubordi: “Boring, siz savdongizni qiling. Ertadan beri yuz kishi kelib ketdi”. Birov ovqatga unnagan, birov hovliga suv sepgan, birov dasturxon tuzagan, xullas, Barfin xola bir pasda hovliga bayramona ruh olib kirdi. Ibrohim oshga xolaning o‘g‘illarini ham chaqirtirdi, xotin-xalajga ham katta laganda osh chiqarib yubordi.
Oshdan so‘ng hovli yana xuvullab qoldi. Ichkariga kirgisi kelmagan Ibrohim hovlidagi yog‘och supada o‘tirib xayolga berildi. Xayolan hayotning beshafqat qonunlaridan kuyindi, biron yaxshilik yo‘qki, uning to‘lovi bo‘lmasa. O‘g‘li o‘z bilimi bilan, birinchi urunishdayoq shunday katta o‘qishga kirdi. Baxt-omad! Lekin endi u ketadi. Ibrohim esa kimsasiz hovlida yolg‘iz o‘zi qolishi kerak. Endi xotiralar uni batamom yeb qo‘yadi. O‘zi azaldan odamoviroq edi, boshiga tushgan ko‘rgiliklardan so‘ng begona joylarga kelib, battar qobig‘iga o‘ralib oldi. Hatto ertadan kechgacha eshigida yuradigan Barfin xola bilan biron marta yozilib gaplashgani yo‘q. Bu ayol u haqda nima bilsa, onasi kelganda, onasining xasrat to‘la gurunglaridan bilib olgan. Ammo o‘zi tish yorib biron marta dardini aytmadi, biron masalada maslahat so‘ramadi… Endi bu besh yil qachon o‘tadi, qanday o‘tadi? Qachon kelin tushiradi, qachon nevara ko‘radi? Qachon uyi to‘ladi?
U o‘z xayollari bilan bo‘lib, o‘g‘lining uydan chiqib, yoniga kelib o‘tirganini ham sezmay qoldi.
-Dada! Dado-o-ov!
Yonginasida o‘tirgan Jahongirni ko‘rib xayron bo‘ldi:
-Sen bu yerga qachon kelding?
-Yo tavba, dada, oldingizdan o‘tdim-ku, nahotki ko‘rmadingiz? Chaqiraman, eshitmaysiz. Uxlab qoldimikin, desam, ko‘zlaringiz ochiq.
Ibrohim xijolatpazligini yashirish uchun kuldi:
-Zo‘r odamlar ko‘zi ochiq holda ham uxlayveradi. Tinchlikmi, o‘g‘lim?
-Tinchlik, tinchlik, dada, — Jahongir nimagadir taraddudlanib, yerga qaradi. Biroz jim qoldi. So‘ng chuqur ho‘rsinib, gapida davom etdi. – Dada, uch-to‘rt kundan so‘ng men ketishim kerak. Ammo katta hovliga sizni qanday qilib yolg‘iz tashlab ketaman? Ketsam, u yoqlarda qanday yuraman? Shu paytgacha ham, hamisha yolg‘izligingiz haqida o‘ylar edim. Oshnalarimnikiga borsam, vag‘ir-vug‘ir, qiy-chuv, eng tinch uylarda ham otalari onalari bilan birgalashib g‘imir-g‘imir ish qilib yurgan yo gurunglashib o‘tirgan bo‘lardi. Shunday paytlar sizning yolg‘iz o‘tirganingiz ko‘z oldimga kelib, ko‘nglim buzilib ketardi. Dada, iltimos, uylaning. Agar uylanmasangiz, men o‘qishga ketolmayman.
Ibrohim bir kun kelib o‘g‘li shu gapni aytishini bilar edi. Ammo aynan bugun, shu tarzda aytishi, keyin unga qanday javob berishi haqida o‘ylab ko‘rmagan edi. U o‘g‘liga hazillashgan bo‘lib, jilmaydi:
-Men bu atrofda senga onalik qilishga munosib ayolni ko‘rmayapman-da. Men uylanadigan ayol mendan avval senga mehr berishi, seni yaxshi ko‘rishi kerak. Bunday ayol bormi, o‘g‘lim?
-Bor, dada, xuddi shunday ayol bor, — Jahongir otasi tomon surilibroq o‘tirdi. Darvoza tomonga bir qarab qo‘yib, xuddi birov eshitib qolishidan qo‘rqqandek, pastgina ovozda gapini davom ettirdi. – Barfin momoning kenja qizi, Barchin opa. Bittagina o‘g‘ilchasi bor, eri vafot etgan. U yoqda ham joylari tor ekan, qaynonasining o‘zi javob beribdi. Bechora bu yerda ikki yangaga xizmatkor, o‘tidan kirib, kulidan chiqadi, bizning kirlarimizni ham shu ayol yuvib, dazmollab beradi. Biram yaxshi ayol, chiroyli, xushmuomala. Meni ham juda yaxshi ko‘radi. Dada, shunga uylansangiz, ko‘nglim xotirjam ketardim-da. Agar, agar… Sizni bir hovlida yolg‘iz qoldirib ketsam… onam bilan opalarimning ruhini ham chirqiratgan bo‘laman, dada. Iltimos, yo‘q, demang, dada.
Ibrohim beixtiyor o‘g‘lining ko‘zlariga qaradi, uning nigohlari xuddi qalbidek beg‘ubor edi. U to‘lqinlanib ketdi. Ayoli bilan qizlari o‘lgandan keyin doim “Men endi tamom bo‘lgan odamman, mening faqat soxti-sumbatim qolgan”, derdi o‘z o‘ziga. Bu fikrning rostligini avvalo o‘z-o‘ziga isbotlash uchun umr bo‘yi butun kuch-quvvatini, irodasini insoniy xohish-istaklarini yengishga sarfladi. O‘g‘limning dili og‘rimasin, dedi. Ayolim bilan qizlarimning ruhi chirqiramasin, dedi. O‘g‘lining mehri, niyati, beg‘ubor nigohlari uning qalbidagi zanglarni sidirib tashlaganday bo‘ldi. Qandaydir yengil nafas oldi. O‘pkasi toza havoga to‘lib ketganday bo‘ldi.
-Dada, temir emassiz-ku siz? Yoningizda bir mehribon inson bo‘lishini istayman. Xo‘p, desangiz, ketgunimcha…
Ibrohim xushhol kayfiyatda kulimsiradi:
-To‘rt kunning ichida-ya? U poshikastani umrimda ko‘rmagan bo‘lsam, hali uning uydagilari nima deydi? O‘zi rozi bo‘ladimi, yo‘qmi?
-E-ee, dada, bu yog‘ini o‘zimga qo‘yib bering. Barfin momom sizni yaxshi biladi, siz rozi bo‘lsangiz, qizini yumaloq yostiq qilib, uyimizga keltirib qo‘yadi. Arshin molchidagidek, bir kalla qand, uch so‘m pul, bitta mulla, shu bilan ish tamom, — aytgan gapidan o‘zi ham yayrab kulimsiradi.
-Eh-he, chatoq-ku sen, qachon otasini uylantiradigan katta yigit bo‘lib ulgurding? — Ibrohim o‘g‘lini birinchi marta ko‘rayotgandek ajablanib yuziga tikildi. – Shu-u, undan ko‘ra sening o‘zingni uylantirib qo‘ya qolsak-chi?
-Yo‘q, bo‘lmaydi. Men hali o‘qishim kerak. Bola-chaqa boqish uchun diplomli, kasbli bo‘lishim kerak, — yarim hazil, yarim chin qilib ta’kidladi u. – Ha, aytmoqchi, dada, Fayziddin degan oshnam qayiqlaringni bir kunga berib tur, akam bilan baliqqa chiqib, bir dam olib kelaylik, agar xohlasang, sen ham biz bilan yur, Toshkentga ketishdan oldin bir dam olvolasan, deyapti. Nima deysiz, dada?
Ibrohim uzoq yili bir ustadan ajoyib motorli qayiq sotib olgan edi. Ota-bola ba’zan qayiqda ko‘lga chiqib, baliq tutish uchun emas, shunchaki dam olish uchun moviy kengliklar uzra soatlab aylanishar, ozmi-ko‘pmi baliq ham ovlashar, bu sayrda ko‘pincha na ota va na bola deyarli gaplashishmas, har kim o‘z xayollari bilan band bo‘lar, o‘z ko‘ngli bilangina so‘zlashar edi. Qirg‘oqdan uzoqlab ketishgandagina qaytishda motorni o‘t oldirib izlariga qaytishardi.
-Mayli, o‘g‘lim. – o‘rtadagi yaxshi kayfiyatni buzgisi kelmay, ilojsiz rozilik berdi ota. — Fayziddin ham testdan o‘tibdimi?
-Ha, lekin ular tanka surishgan.
-Parvo qilma, o‘zlariga qiyin bo‘ladi. O‘qishga kirib olish bir masala, kirgandan keyin o‘qib ketish masalasi ham bor. Bilimi bo‘lmasa, qiynaladi bola.
-Dada, men ham birga borsam maylimi?
-O‘zingga qara, lekin juda ichkarilab ketmanglar. Ko‘lda nahanglar ko‘payib ketgan. Besh yillar avval bir-ikki bemaza baliqchilar bir akulani tutishgan edi. O‘sha akulaning jufti necha yillardan buyon qayiq ko‘rsa, qutirib ag‘darib tashlaydi. Extiyot bo‘linglar-da, o‘g‘lim.
-E, dada, bizning qayig‘imizni hech qanday akula quvib yeta olmaydi. Ertaga kechki payt Barfin momomnikiga o‘taman. Sovchilikka. Ha, avval bir bahona qilib, Barchin opamni do‘konga jo‘nataman, bir ko‘rib olasiz, ma’qul, desangiz…
-Keyin-chi? – o‘g‘lidagi zavq-shavq uning kulgusini qistatdi.
-Keyin… Barfin momomning ko‘nglini to‘ldiradigan sut puli berasiz. Bir mulla keladi, keyin momom bilan Barchin opamni olib kelaman. Qo‘ylarning bittasini so‘yamiz, yarmi sizlarga, yarmini men o‘qishga olib ketaman. Kursdoshlarim bilan yeymiz. Bo‘ladimi?
Ibrohim o‘g‘lining yelkasiga qoqdi:
-Ha, erta kelaversin-chi, sen ovga borib kel, u yog‘i bir gap bo‘lar.
Ibrohimga qo‘ysa-ku, o‘g‘lini bir daqiqa ham yonidan siljitmasam deydi. Ammo oshnasi bilan birga borgisi kelayotganini ko‘rib, bir narsa deya olmadi. Oshnasining akasi ham birga borayotgan ekan-ku. Bir aylanib qaytishadi. Erta indin Toshkentga kuzatsa, o‘g‘limning bittagina iltimosini ham bajarmagandim, deb o‘zidan xafa bo‘lib yurmaydi.
Ular juda erta chiqib ketishdi. Fayziddinning akasi o‘ttizlarga kirib qolgan barvastagina yigit edi. Ibrohim unga qayta-qayta tayinladi:
-Extiyot bo‘linglar. Ko‘lda nahang ko‘payib ketgan. Juda ichkarilab ketmanglar. Bu Toshkentga ketadi, tayyorgarlik ko‘rishimiz kerak.
U hiqillagan sayin Jahongir xijolat tortar, Fayziddinning akasi “Xo‘p, xo‘p” deb turgan bo‘lsa-da, tobora ensasi qotib borayotganligi ko‘rinib turardi. Oxiri gapini ham bo‘lib tashladi:
-Aka, men shu ko‘lda katta bo‘lganman, uni besh barmog‘imday bilaman. Siz o‘g‘lingizdan sira xavotirlanmang. O‘g‘lingizni ham, qayig‘ingizni ham eson-omon qo‘lingizga olib kelib topshiraman, — uning ovozida zardali iddoa ohangi bor edi.
Boshqa gapga hojat qolmadi. Ibrohim ularning ortidan gunohkor boladek jovdirab qarab qoldi. Ularning izidan ko‘tarilgan chang yotgach, beixtiyor cho‘ntagidan qo‘l telefonini olib, soatga qaradi. Soat roppa rosa olti bo‘lgan edi. “Olti soat aylanishsa ham, o‘n ikkilarda qaytishadi. Xudo xohlasa, birga tushlik qilamiz”.
Ammo Jahongir kechgacha ham qaytmadi. Ibrohim so‘rab-surishtirib, Fayziddinlarning uyini topib bordi. Biroz ikkilanib turib darvoza qo‘ng‘irog‘ini bosdi. Anchadan so‘ng uyqusi buzilgan odamdek norozi ohangda erkak kishining “Kim kerak?” degan ovoz eshitildi. “Yo, tavba, odam shom kirayotgan payt ham uxlaydimi?”, o‘zicha g‘ijindi Ibrohim. Biroz xayallab, darvozani maykachan barvasta erkak ochdi, uning hozirgina uyqudan turgani yuz-ko‘zlaridan shundaygina ko‘rinib turardi:
-Keling, mehmon, — erkak savol nazari bilan unga qaradi.
-Shu-u, Fayziddin bilan mening o‘g‘lim sinfdosh. Ertalab birga baliq oviga ketishgan edi. Tushgacha qaytib kelishlari kerak edi. Nimagadir daraklari yo‘q, shunga… sizlarnikiga kelishmadimikin, deb…
-E-e, Jahonning otasimisiz? – erkak qaytadan qo‘l berib ko‘rishdi. – Tabriklayman, akademiyaga kiribdi. Molodes! Lekin hali ular qaytishgani yo‘q. Ukam ham birga ketgan edi, hech xavotirlanmang, u juda abjir baliqchi, ko‘lning ichida baliqlar bilan katta bo‘lgan yigit u. Bundan besh yil avval akulani tutgan shovvozlardan biri shu-da. Ha, siz ulardan hech xavotirlanmang, axir ular yosh bola emas-ku. O‘z holiga qo‘ying, urilib-surilib, o‘rni kelganda peshonasi g‘urra bo‘lib, yo‘lini topib olsin. Uyga kiring.
Mezbon uning bilagidan tutib, ichkariga tortdi:
-Qani-i…
Ibrohim akula haqida eshitgan zahoti deyarli hushini yo‘qotgan edi:
-Yo‘q, aka, men uyga ketaman. Chunki ular qayiqni olib to‘g‘ri uyga borishlari kerak edi. Uyda kutganim ma’qul.
-Yurakni kengroq qiling, birodar, — erkak mayka ostidan do‘ppayib turgan qornini silkitib kuldi. – Yana keling, bafurja o‘tiradigan bo‘lib.
Ibrohim yo‘lni to‘g‘ri Ajdarko‘l tomon soldi. Qayiqlar tushirilib-chiqariladigan qumloq qirg‘oqqa yaqinlashib, mashinasini bir chetga qo‘ydi-da, o‘zi ko‘l bo‘yiga endi. Shuncha yil Ajdarko‘l bo‘yida yashab, biron marta ham kechki payt suv bo‘yiga kelib ko‘rmagan edi. Sharbat solinadigan qog‘oz qutilar, baklashkalar, konserva bankalari, selofan xaltachalar sochilib yotgan sohilning bir chetiga o‘tirib, ko‘lga tikildi. Quyosh zavolga yuz tutgan, ko‘l betidagi ufqning alvon jilolarini qonga o‘xshardi, u seskanib ko‘zini kun chiqar tomonga oldi. Bir pasda butun borliq tunning qora chodiriga o‘ranib oldi. Endi hadsiz-xududsiz suv qoramtir rangda qalqib turardi. Uning quloqlariga suv qa’ridan qandaydir chorlovga o‘xshash vahimali ovoz eshitilgandek bo‘ldi. Bolaligida momosi kechki payt suv bo‘yiga bormanglar, suvda dev bor, deb qayta-qayta tayinlar edi. Momosi o‘shanda nima uchun bunday degan, suvda haqiqatan ham dev bormi-yo‘qmi, lekin ayni paytda Ibrohim o‘zini beomon, beshafqat mavjudot qarshisida turgandek his qildi. Beixtiyor “Oq kema”dagi bolakayni esladi. Butun a’zoi badanini muzdek ter qopladi. Eti jo‘njikib, beixtiyor mashinasi tomon qaradi. Ammo o‘rnidan qo‘zg‘olmadi. Suvga tikilgancha, qunishib o‘tiraverdi. Olis-olislarda baliqchi qayiqlarning chiroqlari lip-lip etib ko‘rinar, lekin hech biri qirg‘oqqa qarab harakatlanmas edi. Qayerdandir xayoliga “Balki, Jahongir men Fayziddinlarning uyini izlab yurganimda, allaqachon uyga qaytib kelgandir. Dadam qayerga ketdi ekan, deb xavotirlanib ham o‘tirgandir”, degan fikr keldi.
U shoshib mashinasini o‘t oldirdi-da, uyi tomon yeldirib ketdi. Ammo eshikdagi qulf nochorgina osilib turardi. “Balki…”, u mashinadan tushib ham o‘tirmadi, umid bilan Barfin xolaning uyi tomon burildi. Xola mashina ovozini eshitib, u o‘rindiqdan turmasidan darvozani ochdi:
-Ha, keldingizlarmi?
-Xola, Jaxongir kelmadimi, — savoliga savol bilan javob qaytardi u.
-Jahongir? – hayron bo‘ldi xola. – Birga emasmidinglar? Hech kim kelgani yo‘q. U qayerga ketgan edi?
— E-e, — qo‘l siltadi Ibrohim. – Ertalab bir oshnasi bilan baliq oviga ketgan edi. Yonida oshnasining amakisi ham bor edi. Tushgacha qaytinglar, deb tayinlagan edim.
-Sizni qarang-a, bir parcha bolalarni ham ovga yuborasizmi? – bosh chayqadi xola. Rangi oqarib turgan Ibrohimga bir qarab, yana o‘zi taskin bergan kishi bo‘ldi. – Xavotirlanmang, yonlarida katta odam bor edi, deyapsiz-ku. Ko‘lning past-balandini bilmagan odam bolalarni olib ko‘lga chiqarmidi? Baliqqa qiziqib ketishgandir. Hali zamon kelib qolishadi. Men ovqat qilib qo‘ygan edim. Borib suzib berayinmi?
-Yo‘q, ovqat shart emas, men ko‘l bo‘yida edim, balki ular qaytishgandir, deb xabar olgani kelgandim. Yaxshisi, ko‘l bo‘yiga qaytib ketaman.
-Unday qilmang, bolam, — xola uni ushlab qoladigandek mashinaning eshigidan tutdi. –Uyga kirib, bir piyola choy iching, yarim kosagina ovqat yeng. Keyin ustingizga issiqroq biron narsa olib, ko‘l bo‘yiga chiqsangiz bo‘ladi. Ungacha shumtakalaringiz qaytib kelib qolishsa ham ajab emas. Hozir men Abdurahmon akangizga aytaman, u ham siz bilan birga qirg‘oqqa boradi.
“Ha, ajab emas…”, ko‘nglida “yilt” etgan umid uchquni yondi, “Balki allaqachon kelishayotgandir ham”. U og‘ir sudralib, hovliga kirdi. Baraka topgur, Barfin xola hovlidagi, ayvondagi chiroqlarni yoqib qo‘ygan ekan. Ichkariga kirib, shkafdan to‘nini oldi. So‘ng oshxonaga o‘tib, yarim kosagina ovqat suzib oldi. Ovqat iliqqina bo‘lib turgan ekan. Bir burda non olib, oshxona stolining bir chetiga o‘tirib, ovqatlana boshladi. U bir amallab chaynayotgan luqmasini yutar, ovqatning mazasini umuman his qilmas edi. “Shuni yeyishim shartmi?”, kosani surib qo‘yib o‘rnidan turdi. Shu payt darvoza tomondan Abdurahmonning ovozi eshitildi: “Ibrohimboy!..”
Abdurahmon ham qalin to‘n kiyib olgan edi. Yoniga kelib, qo‘l berib ko‘rishdi:
-Ketdikmi?
-Siz ovora bo‘lmasangiz bo‘lardi. Ertaga ishga borishingiz kerak. O‘zim boraverardim.
-Ovoragarchiligi yo‘q. Indamasangiz, onam ham birga borgudek bo‘lib o‘tiribdi, — kuldi Abdurahmon. – Jahongirni qanday yaxshi ko‘rishini bilasiz-ku
Ular bir pasda ko‘l bo‘yiga yetib kelishdi. Qoramtir suv yuzida yulduzlar aksi jilva qilar, olis-olislarda baliqchi qayiqlarning chiroqlari “lip-lip” etib ko‘zga tashlanib turar edi. Qalqib turgan suv qa’ridan esa bot-bot boyagi chorlov eshitilib ketardi. Tun yarmida qirg‘oqqa ikkita qayiq qaytdi, lekin ular Jahongirlarni ko‘rishmagan ekan. Ibrohim Abdurahmon qistagan payt mashina ichiga kirib, boshqa vaqt qirg‘oqda o‘tirib tongni qarshi oldi. Tong otgach, “yilt” etib turgan bir umid ilinjida uyga ham borib keldi, yo‘l yo‘lakay “Ishga borishingiz kerak”, deb Abdurahmonni ham uyiga tashlab o‘tdi.
Choshgohga yaqin Barfin xola nevarasini ergashtirib, tugunchada yegulik ko‘tarib keldi:
-Xavotirlanmang, bolajonim! Qarang, ko‘lda qayiq ko‘p, hali zamon qaytib kelishadi. Mashinaga kirib, bir piyola choy ichib oling. Qorinlaringiz ham ochib ketgandir. Kecha ham hech narsa yemabsiz.
-Ishtaham yo‘q, xola, — u ma’yus bosh chayqadi. – Hech narsa yemayman.
Barfin xola iltimos-u qistovlari ish bermagach, tugunchasini mashinaga qo‘yib keldi:
-Qorningiz ochganda yersiz, — bir pas turib qo‘shimcha qildi. — Jahonjonim keb qolsa, o‘zi yeydi.
Kechki payt ularning yoniga Fayziddinning otasi kelib qo‘shildi. Uning ham ko‘zlari xavotirga to‘lib, rangi uchibroq turardi.
-Baliqdan qaytgan birov-yarimdan so‘ramadingizmi? – dedi u qo‘l berib ko‘risharkan.
-So‘radim. Bittasi kecha kechki payt ko‘rgan ekan. Hammasi har tomondan kelishyapti. Ko‘l katta… – xuddi o‘ziga gapirgandek ko‘ldan ko‘zlarini uzmasdan javob qaytardi.
Haligi kishi qo‘lini peshonasiga soyabon qilib, ko‘lga tikilib-tikilib, “uf” tortgancha cho‘ntagida jiringlayotgan qo‘l telefonini oldi:
-Hech gap yo‘q. Sen Karomiddindan durbinni berib yubor. Uzoqda qayiqlar yuribdi. Kimligini aniqlash qiyin bo‘layapti.
Tushga yaqin ularning yoniga siyrak soqolli, qotma qariya keldi. Ular bilan ko‘rishib, ko‘lga qaradi:
-Hech gap yo‘qmi?
Fayziddinning otasi chuqur xo‘rsinib, qariyaga yonidan joy ko‘rsatdi:
-Hech gap yo‘q. Siz uyda o‘tiraversangiz bo‘lardi, ota.
U “akula ovlovchi”ning otasi edi.
-Qanday qilib uyda o‘tiraman, o‘g‘lim? Bu bolaga hech es kirmadi-kirmadi. Boshqa biron kasb qil, desam aytganni olmaydi, — u qaltirab turgan qo‘llari bilan ko‘zlarini artdi.
-Yig‘lamang, ota, birinchi marta yo‘q bo‘lib ketishi emas-ku uning, -tasalli bergan bo‘ldi o‘g‘li. – O‘zi yo‘q bo‘lib ketsa ham mayli edi, yosh bolalarni o‘zi bilan olib ketib, hammani xavotirga qo‘yganiga nima deysiz? Ahmoq! Qari otani yig‘latib!.. Yig‘lamang-ye!
-E-e, menga e’tibor qilma, teshik ko‘zadan suv chiqar, qariganda ko‘ngil bo‘shab qolarkan. Qani, shuni bolalar tushunsa…
Ularning qarindosh-urug‘lari ko‘p ekan, kechgacha ko‘l bo‘yida bir dunyo odam yig‘ildi.
Ertasi kuni besh-olti motorli qayiq bilan ko‘lni aylanib chiqishdi. Ko‘l hamon sukutda, hech narsa ko‘rmagandek jimgina qalqib turardi.
Keyin g‘ovvoslar kelishdi. Ular suvning tagiga shung‘ib, kun bo‘yi shu atrofda timirskilanib yurishdi. Har safar kutayotganlarga ro‘baro‘ kelganda ko‘zlarini olib qochishdi.
-Ifloslar! Bular nomiga suvga kirib chiqishayapti, umuman axtarishayotgani yo‘q, — Fayziddinning otasi necha marta ularning yoqasidan oldi. – Yaxshilab izla, onangni… senlarning! Izlamasang, topib bermasang, nimaga kelding bu yerga?!
Ular bunday iztirobli holatlarni ko‘raverib ko‘zlari pishib ketganmi, bir og‘iz ham javob qaytarmasdan, sekin yoqalarini bo‘shatib olib, yana o‘z ishlari bilan mashg‘ul bo‘lishardi.
Beshinchi kuni ko‘l ustida aylanib yurgan vertolyot “Akula ovchisi” bilan Fayziddinning suv yuziga qalqib chiqqan jasadini topib kelishdi. Ko‘l bo‘yiga butun shaharcha ko‘chib chiqqan edi: ota-ona, qarindoshlar, faollar, qutqaruvchilar, shunchaki tomoshago‘y hangomatalab bekorchilar… Yigitlarni ko‘rgan do‘stu begona baravar uvvos tortib yubordi. Kim yig‘lagan, kim hushdan ketgan…
Ibrohim titrab-qaqshab qutqaruvchilarga yopishdi: “Mening bolam qani?! Uni ham topib kelinglar, iltimos”. Ammo vertolyot ko‘lni o‘n marta aylanib ham hech narsa topolmadi, o‘g‘lingizni biron nahang yeb ketgandir, deb aytishdan andisha qilishdi, shekilli: “Oyog‘i biron narsaga ilashib qolgandir. Xavotirlanmang, albatta topamiz. Biz yonilg‘i quyib kelaylik”, deb ketib qolishdi. Shu bilan ikki kun ko‘rinmay ketishdi. Barfin xolaning o‘g‘illari yana chaqirishgan shekilli, uchunchi kun yana qidiruvchilar paydo bo‘ldi. Piyodalari suvga tushishdi, chiqishdi. Vertolyot ikki-uch bor ko‘lni aylanib, unga bir og‘iz bir narsa demasdan ketib qolishdi.
Ibrohim yigitlarning murdasini ko‘rgach, batamom o‘zini yo‘qotib qo‘ygan edi. Sho‘rlik hali u qirg‘oqqa borib, hali bu qirg‘oqqa borib, tiz cho‘kib, boshini qumloq sohilga urib, til-zabonsiz ko‘lga yalinadi: “Ko‘l! Elni boqqan ona ko‘l! Onajonim ko‘l! O‘g‘limni qaytarib ber! Yolg‘izimni qaytar! Iltimos sendan, men Jahongirsiz yashay olmayman. U mening jonu jahonim, usiz menga bu dunyoning keragi yo‘q!”
Keyin qo‘llarini osmonga uzatib, Allohga iltijo qilardi, “Yo, mehribon Allohim! Bolaginamni qaytarib ber, uning yosh joniga rahm qil, senga jon kerak bo‘lsa, mana, mening jonimni ol, Xudoyim! Jonu jahonimni ol, bolamni qaytarib ber, uni asra, Xudo-ooo!..”
So‘ng yana sukut bilan qalqib turgan ko‘lga yuzlanadi: “Baliqlar, baliqjonlar! Meni, bizni kechiringlar! Sizlarni Alloh bandalarning rizqi qilib yaratgan, deb tutdik, umringizga zomin bo‘ldik. O‘g‘limda sira gunoh yo‘q, unga bu ishni men o‘rgatganman, uni men baliqchilikka o‘rgatganman. Uni kechiringlar, uni yeb qo‘ymanglar, uni qutqaringlar. O‘tinib so‘rayman, uni yeb qo‘ymanglar. Iltimos, keyin men baliq yeyayotgan odamlarga ko‘zim tushsa, ular mening bolamni yeyayotgandek tuyulaveradi. Keyin qanday yashayman men?! Iltimos, uni yemanglar!..” U engashgan kuyi tizzalariga mushtlab, bor ovozi bilan bo‘kirardi: “Iltimos, uni yeb qo‘ymanglar… Men bunga chiday olmayman. Yo qodir Alloh, yolg‘izimni qutqar! Ko‘l, ona ko‘l, onajonim, bolamni qaytarib ber!..”
Uning nazarida oldida ajdardek og‘zini ochib yotgan beshafqat ko‘l, unda Jahongirini yeb qo‘yishi mumkin bo‘lgan bahaybat baliqlar va osmonda xudodan bo‘lak bu olamda hech qanday mavjudot yo‘q edi. Ortida holdan toygan bechora otani qanday qilib bu yerdan olib ketishning chorasini topa olmay, maslahat qilib yotgan odamlarni, shunchaki qiziqish tufayli bir-bir kelib ketayotgan tomoshago‘ylarni umuman ko‘rmas, tom bitgan quloqlari hech narsani eshitmas edi.
Farzand ko‘yida yonib-jizg‘anak bo‘lib yotgan Ibrohim necha yildan buyon bitta ko‘l bo‘yida yashab, munosabat-muomalalari salom-alikdan nari o‘tmagan hamshaharlari uchun beixtiyor o‘z odamlariga aylanib qolgan edi. Musibat birlashtiradi, deganlari rost edi. Haddi siqqani yoniga borib, bir piyola suv bilan bir luqma yegulik taklif qiladi, pand-nasihat qilib, ko‘p kuyinmaslikni so‘raydi, haddi sig‘maganlar ko‘l bo‘yidan keta olmay, to‘p-to‘p bo‘lib, pichir-pichir gurung qiladi. Albatta, gurunglar ham Jahongir va faryod chekib yotgan Ibrohim haqida bo‘ladi.
“Bechora, butunlay aqldan ozib qoldi, shekilli. Ko‘rib turgani, bori yo‘g‘i shu o‘g‘il edi. Xuddi tilsiz-zabonsiz ko‘l, baliqlar uni eshitadigandek… Hech kimning boshiga bunday ko‘rgilikni solmasin. Tavba…”
“Eshitishi mumkin, eshitadi. Bolaligimda, otam urushga ketgan edi. Onam ikkimiz shaharga o‘tin sotgani bordik. Qaytgunimizcha qosh qorayib, kech bo‘lib qoldi. Uyda ikki ukam qolgan. Qaytmasak bo‘lmaydi, shaharda qoladigan joyimiz ham yo‘q. Yo‘limizda bir chakalakzor bor edi, undan kunduzi o‘tishga ham hayiqadi odam. Yuragimiz taka-puka bo‘lib ketayotgan edik, qarshimizdan ikki bo‘ri chiqdi. Biz qari eshakka mingashib olgan edik. Eshak bilan bo‘ridan qochib qutilib bo‘ladimi hech zamonda? Men butun vujudim bilan onamning yelkasiga yopishib oldim, onamning butun gavdasi dag‘-dag‘ qaltirayotgani sezilib turardi. Eshak turgan joyida qotib qoldi. Bo‘rilarning yonib turgan ko‘kish ko‘zlariga onamning yonboshidan po‘sib qarab turibman. Onam bir zum jim turib, kutulmaganda bo‘rilarga yig‘lab yalinadi boshladi: “Bo‘rijonlar, bizga teginmanglar. O‘tinaman sizlardan. Uyda ikki go‘dagim och o‘tiribdi. Otalari urushga ketgan. Bizni yeb qo‘ysanglar, uyda qolgan norasidalarim ham beqarov, och o‘lib ketadi. Iltimos!.. Menga rahm qilmasanglar ham, go‘daklarimga rahm qilinglar”. Onam eshak ustida o‘tirgan kuyi izillab yig‘lab, bo‘rilarga yalinardi. Shundan keyin nima bo‘ldi deng, bo‘rilar indamay ortlariga burilib ketib qolishdi».
“Sho‘rlik Ibrohimning sho‘riga sho‘rva to‘kildi. Bu baliqlar odam go‘shtini juda yaxshi ko‘rarkan. Bir qishloqda kutulmaganda yangi-yangi qabrlar cho‘ka boshlabdi. Bundan xavotirlangan mayyit egalari ikkov-uchov bo‘lib, bir pana pastqamga berkinib olib, yangi mayyit qo‘yilgach, qabristonni poylaydigan bo‘lishibdi. Bir oqshom ikkita barzangi yigit belkurak ko‘tarib kelib, yangi qabrni qazishga tushibdi. Poylovchilar tishini tishiga qo‘yib, ular ishini oxiriga yetkazishni kutib turishibdi. Haligilar qabrga tushib mayyitni olib chiqishib, yana hech narsa bo‘lmaganday, qabr ustiga tuproq uyib, mayyitni ko‘tarib ketishayotganda yo‘llariga ko‘ndalang bo‘lishibdi. Ko‘p qiyin qistovlardan keyin hamma sir fosh bo‘libdi. Ular mayyitni shaxsiy hovuzda baliq yetishtiradigan bir nabokorga eltib berib, mo‘may pul ishlasharkan. Hovuz quritib ko‘rilganda, uning tubidan odamzodga tegishli o‘nlab bosh chanoqlari, yo‘g‘on son, bilak suyaklari chiqib kelibdi. Haligi nabokor mayyitlarni michalab-michalab, hovuzga tashlab yuborar ekan”.
“Insofsiz! Mansab uchun, iflos nafsi uchun, xudbinligidan bir-birovining go‘shtini yeyishga tayyor odamlarni, pul, mol-dunyo uchun bir-birini o‘ldirgan odamlarni ko‘rganmiz, eshitganmiz. Endi o‘lganlarni ham bezovta qilib, baliqqa berib, so‘ng odamlarga yediradiganlari ham chiqibdimi? Bu odamni odamga yedirish degani-ku axir! Yo, alhazar!..”
“Baliqni luqmai halol, deyishardi. Hech bo‘lmasa, odam yiliga bir marta baliq yeb, halqumini halollab turishi kerak, deyishardi. Mana sizga, halol luqma!”
“Bilib-bilmay har qanday gapni gapiraverma. Men baliqlarni yaxshi bilaman. Ular odam go‘shtini yomon ko‘rishadi. Tavba-a, bu odamlar nimalarni to‘qib chiqarishmaydi-yey?! Baliqqa berish uchun maxsus yemlar, semirtiradigan dori to‘lib yotibdi. Baliq boqib daromad qilayotgan odam qabr kovlab, jinoyatchi bo‘lib, boshini og‘ritib yotishi umuman shart emas!”
“Kovlaydiganlar bordirki, shu gap chiqqan. Odamlar bekordan bekorga gapirmaydi”.
“Bu yolg‘on gap. Ishonmayman. Aqlga sig‘maydi”.
“E-e, katta shaharlarda suvga quyilayotgan qoramoylarni ko‘rsangiz edi…”
“Manavi sho‘r shu ko‘lning bo‘yida o‘lib qolsa keragov… Necha kundan beri tuz totgani yo‘q. Bo‘riday uvillagani uvillagan”.
“Lekin, juda charchadi bechora. Nasihatni olmasa. Azaga borgan ham, yeb-yeb yo‘qlaydi. Bu bo‘lsa…”
“Itini qara, ko‘lni aylanib chopib-chopib keladi-da, suv ichib qo‘yadi, oldiga tashlagan narsaga qayrilib ham qaramaydi. Egasining yonida cho‘kkalab, unsiz yig‘lab yotibdi jonivor”.
Barfin xolaning o‘g‘illari tunlarni ham Ajdarko‘lning bo‘yida o‘tkazayotgan Ibrohimning yelkasini silab, qoq suyak bo‘lib qolgan gavarasini bag‘riga bosib, yalinib-yolvorib, bir tishlam-ikki tishlam non yedirgan, suv ichirgan paytlari ham bo‘ldi. U qarshisida majburan ovqatlantirayotgan odamga qandaydir gunohkora, ma’nosiz jovdirab qarar, bir-ikki luqma yegach, qo‘lidagi yegulikni itining oldiga tashlar, cho‘kib ketgan qo‘y ko‘zlaridan shashqator yoshlar oqardi…
Quyosh o‘n olti kun mashriqdan mag‘ribgacha bo‘lgan uzoq yo‘lni Ibrohimning ko‘zlariga termulib o‘tkazdi. O‘n olti oqshom uning musibatidan yurak bag‘ri qon bo‘lib, ufqqa bosh qo‘ydi. O‘n olti tong yollari qonga belangan yarador sher kabi umid bilan ufqdan bosh ko‘tardi. O‘n yettinchi kun edi. Ko‘lni aylanib chopib yurgan it olisdan hurib, egasining yoniga o‘qday uchib keldi-da, uning achchiq ter va tuproqdan qotib ketgan yengidan tortqilay boshladi. Ibrohimning qimirlashga ham holi yo‘q edi. Ammo ko‘ngli umid bilan bir entikib, o‘rnidan turdi. Uning yuragi it uyga boshlamayotganini bilardi. Noma’lum bir yaxshilikni sezdi. It uning oldiga tushib, sohil bo‘ylab kelgan yo‘lidan chopa ketdi. Ibrohim ham alpong-talpong qilib itiga ergashdi. It ko‘l chetida o‘sgan katta bir daraxtning tagiga borib, osmonga qarab avvalgidan ham balandroq tovushda hura boshladi. Ibrohimning vujudiga qandaydir g‘oyibona kuch keldi. U endi yugura boshladi. Ularning ortidan ketayotgan olomonning unga yetib olishi qiyin bo‘lib qoldi…
Suv yuvaverib ildizlari ochilib qolgan yovvoyi daraxtning tagida yum-yumaloq qop-qora yung bilan qoplangan nimadir qalqib turardi. Ibrohim o‘zini suvga tashladi. Bu Jahongirining boshi edi. Uning izidan boshqalar ham o‘zlarini suvga otishdi. Daraxtning o‘zidan ham katta ildizi yigitning qo‘l-oyog‘ini shunchalik chirmab olgan edi-ki, bu ildizlardan uni necha devqomat yigit bir bo‘lib, amallab ajratib olishdi. Yigitning qo‘l-oyog‘i muzlab qolgan bo‘lsa-da, burnidan qip-qizil qon sizib turardi…
-Bolam, bolajonim, jonu-jahonim, — unga yopishdi ota.
-U tirik, qara, qoni hali qotmagan. Mashina olib kelinglar, duxtirga olib boramiz!

xx xx xx
Jahongir kasalxonadan chiqqandan so‘ng ular yana ko‘l bo‘yiga kelishdi: ota-o‘g‘il, it.
-Katta bir akula qayig‘imizni ag‘darib yubordi. Bir amallab, qayiqni o‘ng‘ardik. Birin-ketin qayiqqa chiqib oldik. Bir payt qarasak, haligi akula yana xujumga o‘tdi. Bu safar kuchli zarbdan qayiqning bir cheti yorilib ketgan ekan. Qayiqni o‘ng‘arsak ham, uning ichidagi suvni to‘kib tugata olmadik. Ko‘lning o‘rtasida qayig‘imiz cho‘kib ketdi. Izidan o‘zimiz… Bir-birimizni yo‘qotib qo‘ydik. Qop-qorong‘i tun edi. Bir-bir ko‘zimni ochaman. Suvning tagi osmondagi yulduzlar shu’lasidanmi, bir oydin, yop-yorug‘ ko‘rinib ketardi. Suv yutib, hushimdan keta boshladim. Shu payt qayerdandir katta bir to‘lqin paydo bo‘lib, meni suv yuziga chiqarib tashladi. So‘ng yana hushimdan ketdim. Bu qancha davom etganini bilmayman. Qorong‘u kechada daraxt ildizlari ichida hushimga keldim. Bu ildizlar oyoqlarimga shunchalik chirmashib olgan ediki, ulardan o‘zimni ajratib olishga har qancha urunsam ham iloj qilolmadim. Bir amallab boshimni suvdan chiqarib oldim. Bir-bir hushimga kelganimda shamol olis-olislardan sizning ovozingizni, odamlarning g‘ala-g‘ovurini olib keladi. Ammo sizlarni chaqiray desam, sira tovushim chiqmaydi…
Ibrohim umrining o‘n yetti kecha-kunduzi qolib ketgan sohilga kelib, yana o‘sha dahshatli kunlaridagi kabi ko‘lning qarshisida tiz cho‘kdi. Qo‘llarini osmonga ko‘tarib, Allohga iltijo qildi: “Yo, mehribon Alloh, bilib-bilmay qilgan gunohlarimni kechirgin. Bolamni qaytib berganing uchun senga behisob hamdu sanolar bo‘lsin! O‘zingga shukr, ming-ming shukr, Qodir egam!”. So‘ng ko‘lga yuzlandi: “Sen ham kechir, onajonim ko‘l, senga ham ming rahmat. Biz adashgan ekanmiz, sen Ajdarko‘l emas, Oydinko‘l, Onako‘l ekansan. Baliqlar, sizlar ham bizni kechiringlar, sizga ham ming rahmat. Malika, sen ham meni kechir va mendan rozi bo‘l. Bilaman, o‘n yetti kun sening ruhing ko‘l ustida sarson-sargardon chirqirab yurdi. Seni xavotirga qo‘yishni sira istamagan edim. Bu mening irodamdan tashqaridagi narsa edi. Lekin ming-ming shukrki, Jahongirimizni xudo qaytarib berdi”.

Jahongir otasining yelkasidan olib, ohista o‘rnidan turg‘izdi. Cho‘ntagidan ro‘molchasini chiqarib, ko‘zlarini artdi:
-Dada, bo‘ldi, yig‘lamang. Biz yana birgamiz-ku.
-Ha, xudoga shukr.

06

(Tashriflar: umumiy 643, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring