Ay Tsin (Ai Qing). She’rlar. Abduvali Qutbiddin tarjimasi

0665

  Ай  Тсин ўз даври ва мамлакатининг буюк шоири эди, айтишларича унга ҳатто шеър ёзишни беҳад севган Хитойнинг олий раҳбари Мао  Зедун ҳам зимдан ҳасад кўзи билан боққан. Яна айтадиларки, вақт ўтиб айни шу қаҳрли ҳасад шоир ижодига нисбатан аёвсиз қатағонга айланди.

022

095 Таниқли шоир Ай Тсин (Ai Qing) (1910 — 1996) ХХ асрда Хитой шеъриятининг энг ёрқин намояндасидир. У 1929—1932 Францияда таълим олган. 1932 йилда ватанига қайтгач, Шанхайни бошқарган француз маъмурияти томонидан «бузғунчилик»да айланиб қамоққа ташланган. 1935 йилгача қамоқда сақланган ва илк шеърини маҳбусликда ёзган Ай Тсин учун бу йиллар шоир сифатида шаклланиш даври бўлди. 1936 йилда унинг илк шеърий тўплами «Даяньхэ» нашр этилган. 1937—1945 йилларда кечган япон-хитой урушига қарши ватанпарварлик руҳидаги шеърлари уни мамлакатнинг таниқли шоирига айлантирди. Айни шу даврда унинг сермаҳсул ижодининг натижаси сифатида «Қуёшга талпиниб», «Шимол», «У иккинчи марта ўлди», «Машъал», «Зоя», «Тонгдан хабар» тўпламлари нашр этилди.
Ай Тсин ижоди шеърдаги руҳий товланишлар жиҳатдан Гийом Аполлинер, Эмиль Верхарн, Уолт Уитмен, Вл. Маяковский таъсирида шаклланиб, ўзига хос эркин шеър шакллари йўналишида ривожланди.

Ай Тсин 1949 йили Мао Зедун раҳбарлигида амалга оширилган инқилобдан сўнг бошланган социалистик жамияти қурилиши,ер юзида тинчлик учун кураш, Совет Иттифоқи билан яқин алоқа ўрнатиш тарафдори сифатида кўринди. Бу даврда у нафақат шоир, шунингдек адабиётшунос, шеър назариётчиси сифатида ижод қилди. 1957 йили бошланган маданий инқилоб даврида хунвэйбинлар томонидан қаттиқ сиқувга олинди. 1958—1961 йилларда у дастлаб Маньчжуриядаги, кейинчалик Синьцзян-Уйғур мухтор районидаги меҳнат лагерида сақланди.
1978 йилгача унинг шеърлари бирон бир матбуотда чоп этилмади. Фақат 1980 йилда ҳукумат ижозати билан унинг «Қайтиш ҳақида қўшиқ» китоби чоп этилди.
Ай Тсин ўз даври ва мамлакатининг буюк шоири эди, айтишларича унга ҳатто шеър ёзишни беҳад севган Хитойнинг олий раҳбари Мао Зедун ҳам зимдан ҳасад кўзи билан боққан. Яна айтадиларки, вақт ўтиб айни шу қаҳрли ҳасад шоир ижодига нисбатан аёвсиз қатағонга айланди (Маълумотни Хуршид Даврон тайёрлади).

АЙ ТСИН
ШЕЪРЛАР
Абдували Қутбиддин таржималари
022

ҚАМИШ СУРНАЙ

Марҳум шоир Аполинер хотирасига

J’аvаis un mirilition que je n’aurais
pas echanqe contre un baton
be mare’cnal de France (1)

G. Apollinaire (2)

 (2)

Ранго-ранг Оврупонгдан қайтар чоғимда
Қамиш сурнай обкелдим
У билан бирга
Буюк Ғарбни кездим
Ўз юртим янглиғ
Энди эса сенинг «Аlсооlс(3) инг Шанхай
Миршабхонасида

Мен «жинояткор»

Бу ерда
Қамиш сурнай ҳам фитначи саналар
Мен эслайман уни
У самимият-ла сийратин ёдимга туширар Оврупонинг
Жаноб Аполинер,
Сиз фақат полоний (4) эмас
Сиз
Тасаввуримда
Бўлакма-бўлак ҳикоя қилинган
Монмартр афсонасидирсиз

Узундан-узун дилнавоз
Титрагувчи сўлғин сўлиқ бўялган
Ҳақиқ лабларидан Маргаританинг
Учиб чиққан намтупроқ рангли афсонадирсиз
Ул Маргаритнинг синчил нигоҳидан
Нафрат тупуклари сачраётгани йўк
Қорачиғлари чеккаларида
Жизғанак очкўзлик лангиллар
Ҳирслимараз ўғри Оврупонинг очкўзлиги

Лек
Мен дили жон қадар севарман Оврупонгни
Рембо ва Бодлер Оврупосини
У ерда
Очликдан қакшаганман гоҳ
Қамиш сурнай дардларимни куйлаб йиғлаган
Одамлар кулганлар қилмишларимдан
Чун қилмишлар меники эди

Одамлар дилларин эшигин очмаганлар қўшиқларимга
Чун қўшиқлар меники эди
Жин урсин
Сизнинг қачонлардир куйланган «Марсельеза»нгизни
Ўшадир шаҳват ботқоқларига
Улоқтирган латойиф ғалаба ҳосилларини

Бугун
Бастилияда ҳибс этилганман
Парижникида эмас

Қамиш сурнаймас ҳамдардим
Пўлат кишанлар жаранги қўшиқларим зарбидан кучли
Лек онт ичаман — Қамиш сурнайга
Уқубатлар бадномин олган
Мен худди
1798 йил янглиғ
Гўшт қовурилаётган очунга талпингандай
Кўлларимни чўзаман

Ҳали у
Куйлаяжак
Уни қатл этган
унга тош отган
Дунёйи гардуннинг симторларида
Ал ҳақ ажал ва лаънаткор қўшиқларини

Шунда мен
Қамиш сурнайимни баланд кўтариб
Туҳфа этиб денгизга ташлагум
Ташлагум совға қилиб наҳр тўлқинларига
Ваҳший ўкираётган
Наҳр тўлқинларига

———————————

1. Менинг қамиш сурнайим бор, уни ҳатто Фарангистон подшоси нишонига ҳам алишмас эдим.
2. Гийом Аполлинер — машҳур француз шоири
3. «Аlсооlс»— (Алкоголлар)—Аполлинер китобларидан бирининг номи.
4. Полоний — поляк маъносида

БАҲОР

Мана энди Баҳор
Шафтоли гуллари очилди Аждарҳо Қудрати ибодатхонасида
Бу тунларда-да очилур
Бу қонтамға томчида томчи тунларда
Бу тунлар бод билан ғувиллагайлар
Бу тунлар тинглашур беванинг фарёдларини
Бу кўҳна замин
Ёввойи махлуққа ўхшайди
Ки сўрар Инсон зотининг
Бўйсунмас энг ўжар навқиронлари қонин
Шундай ўтиб битди андуҳузун кунлар
Қишнинг қормуз даврлари ҳам
Бу мовий тамғалар мовийранг талош тамғалар
Афсонавий тунлар қўйнида
Шарқона чукурсиёҳ тунлар қўйнида
Портлаб очилдилар бесаноқ гулшодалар янглиғ
Дарёли Жанубнинг тўрт ёғида баҳор
Ясан-тусани сахоси билан

Одамлар сўрарлар: У қайдин келур?
Мен айтурман:
Шаҳарга туташ қишлоқдаги
Сағанаси ичидан

ОХУР

Нечук қор ёғади тағин?
Оғоч панжарада маъюс чумчуқлар
Самога термилар
Ҳавонииг авзойи бузилмаяпти
Кимдир ўтаётир отхона ёнидан
У ерда йиғлаюр аёл

Тун ҳам шўрлаб шўри қуриди чоғи
Шармисор ёшларнинг аччиқлигидан
Сен йиғлай олмаяжаксан
Қишки мурда замин

Кимдир ўтаётир отхонанинг ёнидан
У ердан юракни қиймаловчи марсия эшитилар
Одамлар фоҳиша хотинни айлашади фош
Бармоқларнинг телба рақси-ла
Сўкишар у гўё гўнгдан ҳам бешбаттар ифлосроқ

Тўкиб келмас ҳеч ким қонли сув тўла тоғорани
Обкелмайди ҳеч ким ақалли бир челак иссиқ сув
Гувала уйнинг тирқишига ел қоқаверар
Яхсовуқ истеҳзосини

У чарчади у чарчади у чарчади
Вифлеемда ташлаб кетилган жувоннинг
Тушди боши оғоч панжарага
Тўзғиган сочилган сочлари аро
Телбавор чарақлар ял-ял кўзлари
Мағзидан то пўсти меҳрга шафқатга дўнган одамлар
Жирканиб боқишар аёлга

Унинг
Ақиқ танида тер тошар дур доналаридай
Қўрс карнай пуфлаётган бод
Нега жим қолдинг
Қулоқ тутинг қаердандир пастдан
Нафис гуллар кўз очмаган ерда
Тугаётган аёл қонлари
Оқиб кетди гул йиғисидай

Аёлнинг сўнгги қудратин ичган
Бу жажжи мавжудот
Қўлу оёкларин қимирлатар бир тўп похол узра

Кимдир ўтаётир отхонанинг ёнидан
Қийшиқ назар ташлаб
Кимдир ўтаётир отхонанинг ёнидан
Бурнини жийириб
Кимдир ўтаётир отхонанинг ёнидан
Иблисона қаҳқаҳа отиб

Туғилмиш ўғлон
Титрокқа солувчи йиғиси ила
Чала-ярим дунёни
Келганидан этади огоҳ

Ҳуши қайтиб риштани тортди
Кўз очди Мария
Кўкариб оқарган юзини ўгирди гўдагига
Сўзлари қўшилиб югурдилар
Тахир ёшлар билан
Ўғлонгинам
Бизни
Қувғин қилишар Вифлеемдан
Кетамиз дарбадарликнинг сароб гўшаларида
Вояга етказурман сени мен

Бундан буён
Қулоғингга қуй
Сен отхонадансан
Мотам ва ситам тўшагида сени
Туққан ташландиқ аёлнинг боласисан сен
Улғайишингни кут
Пешонангнинг ёзуғидир
Йиғи ила кўзёши ила
Инсонлар яратган ёвузликни ювмак

Сўнг турди ўрнидан афтода маълул
Йўргакдаги боласин сийнасига босди
Ва кетди отхонадан ғамларини эргаштириб
Қоргуллар тўзғиди
Шалпайган сочларидан қўрқиб
Мария
Жимгина
Кетди.

ТОШКЎМИР БИЛАН СУҲБАТ

Сен қайда яшайсан
Мен яшарман мингга кирган тоғлар тийнати аро
Минг асрлик қонлар аро бефано бақо
Нечада сенинг ёшинг
Мен энг қари тоғлардан
Ва барча конлардан кексароқ
Қачон топдинг мангу оромни
Ўрмонларни аждарҳо ямлаган вақтдан бошлаб
Илк зилзила васваси титратганда ер қаърин
Сирли чўзиқ ғазабинг-ла ўлгандирсан балки сен
Ўлган дейсанми? Йўқ ҳали тирикман
Ўтинаман менга олов бер

ҚОР ТУШАДИ ЧИН ЗАМИНИГА

Қор тушади Чин заминига02
Қаҳратон-ла яхлаган Хитой……

Бод
Ғамгусор кампирдай
Чопар изма-из
Изғиринли чангалин очиб
Либосларин юлқир ўткинчиларнинг
Авраб узоқ сўрар садақа
Ердан-да қадимий каломлар ила ……

Қаердандир ўрмон томонида кўринган
Пешонасигача тушган папоғи
Қорга бурканган
Тирикчилик аравасига эргашиб
Қайга кетаяпсан
Хитой деҳқони?

Мен сенга айтянман
Мен ҳам деҳқон наслидан__________
Шунинг учун Сизнинг
Чуқур кесик ажинларингиз
Менга азалдан таниш
Чунки мен ўланлар босган далаларда
Одамлар уқубатлари намойиши аро
Бир пайтлар яшаган эдим

Сиздан-да бахтлироқ эмасман мен ҳам
_______ Вақтнинг дарёлари гирдибодида
Ётурман
Тахиразобли тўлқинлар
Кўп бора айлантириб мени ютганлар
Қирғоққа тўш урган тўлқинлар қамоқхоналар
Ютганлар қадриабад
Ёшлигимнинг азиз кунларин
Ҳаётим
Ўкинчи ила
Ҳаётингизга монанд

Қор тушади Чин заминига
Қаҳратон-ла яхлаган Хитой……..

Қорли йўлда баҳр йўли бўйлаб
Оҳиста йўналар кичкинагина керасин чироғи шуъласи
Омонат қораялтироқ қайиқда
Шамчироқ милтирар ким ахир у бошини эгиб
Қайиқда ўлтирган?
_______ Бу сенмисан аёл?
Сочлари кир турмакланмаган
Жавоб бер
Хонадонинг
_______ бахтли ва меҳрибон гўшанг _______
Ёқиб ташладими
Шафқатсиз душман?
Шундай тунда-да сен
Ажралдингми эринг ҳимоясидан
Қўрққанингдан азбаройижон
милтиқ найзасининг зарбин едингми?

О! Бу аёзли тунда
Саноғига етиб бўлмас
Бегоналашган уйларда мукка тушган
Қари оналаримизнинг
Келгиндилардай
Улар билмайдилар
Эрта Чархпалаги
Қайга улоқтириб ташлашини ҳам…

_______ Алхусус
Чин йўллари
Унқир-чўнқир
Ва беҳад оғир

Қор тушади Чин заминига
Қаҳратон-ла яхлаган Хитой

Далалар майсаси қоқ ўртасига санчилган корли тун
Бу ўлкалар чинқироқ оловлар билан ғажилган
Санаб бўлмас
Паррандаси даррандаси тортиб олинган
Ҳосилдор бўлиқ далалари тортиб олинган
Ҳаётнинг нурсиз хилватларига овлоқларига
Қувилган миришкорларни

Ҳосилсиз бепоён далалар
Тун хўмраяр
Музлаган қўлларини
Илтижо билан чўзиб
Гўёки шу қорли тун янглиғ
Ҳаддан узун Хитой мунглари…

Қор тушади Чин заминига
Қаҳратон-ла яхлаган Хитой

Ота диёр!
Лоақал озгина иситармикан сени
Чироқ милтирамаган оқшом маҳали
Қуввати кам тўқимиш ёзмишларим?

КИЙИМ ЯМАЁТГАН АЁЛ

Кийим ямаётган аёл йўлнинг чеккасида ўлтирар
Ўткинчилар ўтишар ёнидан
Чанг тўзонини кўтариб
Чанг рўмолига ёпишди
Чанг либосига ёпишди
Гўдаги йиғлайди
Қуёш қуритаверар бетиним гўдак кўз ёшини
Аёлга эса эриш
Замбараклар ўти так-туги билан ёққан
Уйинигина жимгина эслар
Жимгина бировнинг кийимини ямайди
Гўдакнинг кўзлари эса майли
Илтижоли кўзлари
Синчил боқаверсин самога саватдан
Кийим ямаётган аёл йўлнинг чеккасида ўлтирар
Йўл тиккасига чўзилар интиҳосизликка
Аёл йўлчиларнинг пайпоғини ямаб беради
Йўлчилар кетишур ўз йўлларидан

ҚУЁШ

Қадимул олис кабрлардан
Зулумот онларидан
Бани башар ўлмакка бораётган
Ўлкалардан
Ширин ухлаётган тоғларни титратиб
Мисоли дум тепаларда пириллаб учаётган оловли ғилдирак

Қуёш менга етар…
Унинг енгиб бўлмас чукурсингар нури
Нафас бахш этади жами жонборга
Рақс бахш этади баланд дарахтларнинг қуюқ шохларига
Девонавор қўшиқ бахш этади ўшқироқ дарёлар тошқинларига
Қуёш келиши билан менга эшитилур
Қишга ўхшаб заминда ухлаётган қуртлар ва ҳашаротлар ҳаракатлари

Майдонларда инсонларнинг янгроқ суҳбатлари
Олис шаҳарларнинг қуёшга хитобномалари
Электр пўлат темир хитобномалари

Ва шунда аланга қўллари
Юрагимни ёриб ташлайди
Қийноқ тортган дилим
Тушиб борар баҳр қирғоғига
Ва шунда мен ишонаман бани башарнинг уйғонишига

012

022

 Taniqli shoir Ay Tsin (Ai Qing) (1910 — 1996) XX asrda Xitoy she’riyatining eng yorqin namoyandasidir. U 1929—1932 Frantsiyada ta’lim olgan. 1932 yilda vataniga qaytgach, Shanxayni boshqargan frantsuz ma’muriyati tomonidan «buzg’unchilik»da aylanib qamoqqa tashlangan. 1935 yilgacha qamoqda saqlangan va ilk she’rini mahbuslikda yozgan Ay Tsin uchun bu yillar shoir sifatida shakllanish davri bo’ldi. 1936 yilda uning ilk she’riy to’plami «Dayan`xe» nashr etilgan. 1937—1945 yillarda kechgan yapon-xitoy urushiga qarshi vatanparvarlik ruhidagi she’rlari uni mamlakatning taniqli shoiriga aylantirdi. Ayni shu davrda uning sermahsul ijodining natijasi sifatida «Quyoshga talpinib», «Shimol», «U ikkinchi marta o’ldi», «Mash’al», «Zoya», «Tongdan xabar» to’plamlari nashr etildi.Ay Tsin ijodi she’rdagi ruhiy tovlanishlar jihatdan Giyom Apolliner, Emil` Verxarn, Uolt Uitmen, Vl. Mayakovskiy ta’sirida shakllanib, o’ziga xos erkin she’r shakllari yo’nalishida rivojlandi.

Ay Tsin 1949 yili Mao Zedun rahbarligida amalga oshirilgan inqilobdan so’ng boshlangan sotsialistik jamiyati qurilishi,yer yuzida tinchlik uchun kurash, Sovet Ittifoqi bilan yaqin aloqa o’rnatish tarafdori sifatida ko’rindi. Bu davrda u nafaqat shoir, shuningdek adabiyotshunos, she’r nazariyotchisi sifatida ijod qildi. 1957 yili boshlangan madaniy inqilob davrida xunveybinlar tomonidan qattiq siquvga olindi. 1958—1961 yillarda u dastlab Man`chjuriyadagi, keyinchalik Sin`tszyan-Uyg’ur muxtor rayonidagi mehnat lagerida saqlandi.1978 yilgacha uning she’rlari biron bir matbuotda chop etilmadi. Faqat 1980 yilda hukumat ijozati bilan uning «Qaytish haqida qo’shiq» kitobi chop etildi.
Ay Tsin o’z davri va mamlakatining buyuk shoiri edi, aytishlaricha unga hatto she’r yozishni behad sevgan Xitoyning oliy rahbari Mao Zedun ham zimdan hasad ko’zi bilan boqqan. Yana aytadilarki, vaqt o’tib ayni shu qahrli hasad shoir ijodiga nisbatan ayovsiz qatag’onga aylandi (Ma’lumotni Xurshid Davron tayyorladi).

AY  ТSIN
SHE’RLAR
Abduvali Qutbiddin tarjimalari
022

QAMISH SURNAY

Marhum shoir Apoliner xotirasiga

J’auais un mirilition que je n’aurais
pas echanqe contre un baton
be mare’cnal de France (1)

G. Apollinaire (2)

Rango-rang Ovrupongdan qaytar chog’imda
Qamish surnay obkeldim
U bilan birga
Buyuk G’arbni kezdim
O’z yurtim yanglig’
Endi esa sening «Alsools(3) ing Shanxay
Mirshabxonasida

Men «jinoyatkor»555

Bu yerda
Qamish surnay ham fitnachi sanalar
Men eslayman uni
U samimiyat-la siyratin yodimga tushirar Ovruponing
Janob Apoliner,
Siz faqat poloniy (4) emas
Siz
Tasavvurimda
Bo’lakma-bo’lak hikoya qilingan
Monmartr afsonasidirsiz

Uzundan-uzun dilnavoz
Titraguvchi so’lg’in so’liq bo’yalgan
Haqiq lablaridan Margaritaning
Uchib chiqqan namtuproq rangli afsonadirsiz
Ul Margaritning sinchil nigohidan
Nafrat tupuklari sachrayotgani yo’k
Qorachig’lari chekkalarida
Jizg’anak ochko’zlik langillar
Hirslimaraz o’g’ri Ovruponing ochko’zligi

Lek
Men dili jon qadar sevarman Ovrupongni
Rembo va Bodler Ovruposini
U yerda
Ochlikdan qakshaganman goh
Qamish surnay dardlarimni kuylab yig’lagan
Odamlar kulganlar qilmishlarimdan
Chun qilmishlar meniki edi

Odamlar dillarin eshigin ochmaganlar qo’shiqlarimga
Chun qo’shiqlar meniki edi
Jin ursin
Sizning qachonlardir kuylangan «Marsel`eza»ngizni
O’shadir shahvat botqoqlariga
Uloqtirgan latoyif g’alaba hosillarini

Bugun
Bastiliyada hibs etilganman
Parijnikida emas

Qamish surnaymas hamdardim
Po’lat kishanlar jarangi qo’shiqlarim zarbidan kuchli
Lek ont ichaman — Qamish surnayga
Uqubatlar badnomin olgan
Men xuddi
1798 yil yanglig’
Go’sht qovurilayotgan ochunga talpinganday
Ko’llarimni cho’zaman

Hali u
Kuylayajak
Uni qatl etgan
unga tosh otgan
Dunyoyi gardunning simtorlarida
Al haq ajal va la’natkor qo’shiqlarini

Shunda men
Qamish surnayimni baland ko’tarib
Tuhfa etib dengizga tashlagum
Tashlagum sovg’a qilib nahr to’lqinlariga
Vahshiy o’kirayotgan
Nahr to’lqinlariga

———————————

1. Mening qamish surnayim bor, uni hatto Farangiston podshosi nishoniga ham alishmas
edim.

2. Giyom Apolliner — mashhur frantsuz shoiri
3. «Alsools»— (Alkogollar)—Apolliner kitoblaridan birining nomi.
4. Poloniy — polyak ma’nosida

BAHOR

Mana endi Bahor
Shaftoli gullari ochildi Ajdarho Qudrati ibodatxonasida
Bu tunlarda-da ochilur
Bu qontamg’a tomchida tomchi tunlarda
Bu tunlar bod bilan g’uvillagaylar
Bu tunlar tinglashur bevaning faryodlarini
Bu ko’hna zamin
Yovvoyi maxluqqa o’xshaydi
Ki so’rar Inson zotining
Bo’ysunmas eng o’jar navqironlari qonin
Shunday o’tib bitdi anduhuzun kunlar
Qishning qormuz davrlari ham
Bu moviy tamg’alar moviyrang talosh tamg’alar
Afsonaviy tunlar qo’ynida
Sharqona chukursiyoh tunlar qo’ynida
Portlab ochildilar besanoq gulshodalar yanglig’
Daryoli Janubning to’rt yog’ida bahor
Yasan-tusani saxosi bilan

Odamlar so’rarlar: U qaydin kelur?
Men ayturman:
Shaharga tutash qishloqdagi
Sag’anasi ichidan

OXUR

Nechuk qor yog’adi tag’in?
Og’och panjarada ma’yus chumchuqlar
Samoga termilar
Havoniig avzoyi buzilmayapti
Kimdir o’tayotir otxona yonidan
U yerda yig’layur ayol

Tun ham sho’rlab sho’ri quridi chog’i
Sharmisor yoshlarning achchiqligidan
Sen yig’lay olmayajaksan
Qishki murda zamin

Kimdir o’tayotir otxonaning yonidan
U yerdan yurakni qiymalovchi marsiya eshitilar
Odamlar fohisha xotinni aylashadi fosh
Barmoqlarning telba raqsi-la
So’kishar u go’yo go’ngdan ham beshbattar iflosroq

To’kib kelmas hech kim qonli suv to’la tog’orani
Obkelmaydi hech kim aqalli bir chelak issiq suv
Guvala uyning tirqishiga yel qoqaverar
Yaxsovuq istehzosini

U charchadi u charchadi u charchadi
Vifleemda tashlab ketilgan juvonning
Tushdi boshi og’och panjaraga
To’zg’igan sochilgan sochlari aro
Telbavor charaqlar yal-yal ko’zlari
Mag’zidan to po’sti mehrga shafqatga do’ngan odamlar
Jirkanib boqishar ayolga

Uning
Aqiq tanida ter toshar dur donalariday
Qo’rs karnay puflayotgan bod
Nega jim qolding
Quloq tuting qaerdandir pastdan
Nafis gullar ko’z ochmagan yerda
Tugayotgan ayol qonlari
Oqib ketdi gul yig’isiday

Ayolning so’nggi qudratin ichgan
Bu jajji mavjudot
Qo’lu oyoklarin qimirlatar bir to’p poxol uzra

Kimdir o’tayotir otxonaning yonidan
Qiyshiq nazar tashlab
Kimdir o’tayotir otxonaning yonidan
Burnini jiyirib
Kimdir o’tayotir otxonaning yonidan
Iblisona qahqaha otib

Tug’ilmish o’g’lon
Titrokqa soluvchi yig’isi ila
Chala-yarim dunyoni
Kelganidan etadi ogoh

Hushi qaytib rishtani tortdi
Ko’z ochdi Mariya
Ko’karib oqargan yuzini o’girdi go’dagiga
So’zlari qo’shilib yugurdilar
Taxir yoshlar bilan
O’g’longinam
Bizni
Quvg’in qilishar Vifleemdan
Ketamiz darbadarlikning sarob go’shalarida
Voyaga yetkazurman seni men

Bundan buyon
Qulog’ingga quy
Sen otxonadansan
Motam va sitam to’shagida seni
Tuqqan tashlandiq ayolning bolasisan sen
Ulg’ayishingni kut
Peshonangning yozug’idir
Yig’i ila ko’zyoshi ila
Insonlar yaratgan yovuzlikni yuvmak

So’ng turdi o’rnidan aftoda ma’lul
Yo’rgakdagi bolasin siynasiga bosdi
Va ketdi otxonadan g’amlarini ergashtirib
Qorgullar to’zg’idi
Shalpaygan sochlaridan qo’rqib
Mariya
Jimgina
Ketdi.

TOSHKO’MIR BILAN SUHBAT

Sen qayda yashaysan
Men yasharman mingga kirgan tog’lar tiynati aro
Ming asrlik qonlar aro befano baqo
Nechada sening yoshing
Men eng qari tog’lardan
Va barcha konlardan keksaroq
Qachon topding mangu oromni
O’rmonlarni ajdarho yamlagan vaqtdan boshlab
Ilk zilzila vasvasi titratganda yer qa’rin
Sirli cho’ziq g’azabing-la o’lgandirsan balki sen
O’lgan deysanmi? Yo’q hali tirikman
O’tinaman menga olov ber

QOR TUSHADI CHIN ZAMINIGA

Qor tushadi Chin zaminiga
Qahraton-la yaxlagan Xitoy……

Bod
G’amgusor kampirday
Chopar izma-iz
Izg’irinli changalin ochib
Liboslarin yulqir o’tkinchilarning
Avrab uzoq so’rar sadaqa
Yerdan-da qadimiy kalomlar ila ……

Qaerdandir o’rmon tomonida ko’ringan
003
Peshonasigacha tushgan papog’i
Qorga burkangan
Tirikchilik aravasiga ergashib
Qayga ketayapsan
Xitoy dehqoni?

Men senga aytyanman
Men ham dehqon naslidan__________
Shuning uchun Sizning
Chuqur kesik ajinlaringiz
Menga azaldan tanish
Chunki men o’lanlar bosgan dalalarda
Odamlar uqubatlari namoyishi aro
Bir paytlar yashagan edim

Sizdan-da baxtliroq emasman men ham
_______ Vaqtning daryolari girdibodida
Yoturman
Taxirazobli to’lqinlar
Ko’p bora aylantirib meni yutganlar
Qirg’oqqa to’sh urgan to’lqinlar qamoqxonalar
Yutganlar qadriabad
Yoshligimning aziz kunlarin
Hayotim
O’kinchi ila
Hayotingizga monand

Qor tushadi Chin zaminiga
Qahraton-la yaxlagan Xitoy……..

Qorli yo’lda bahr yo’li bo’ylab
Ohista yo’nalar kichkinagina kerasin chirog’i shu’lasi
Omonat qorayaltiroq qayiqda
Shamchiroq miltirar kim axir u boshini egib
Qayiqda o’ltirgan?
_______ Bu senmisan ayol?
Sochlari kir turmaklanmagan
Javob ber
Xonadoning
_______ baxtli va mehribon go’shang _______
Yoqib tashladimi
Shafqatsiz dushman?
Shunday tunda-da sen
Ajraldingmi ering himoyasidan
Qo’rqqaningdan azbaroyijon
miltiq nayzasining zarbin yedingmi?

O! Bu ayozli tunda
Sanog’iga yetib bo’lmas
Begonalashgan uylarda mukka tushgan
Qari onalarimizning
Kelgindilarday
Ular bilmaydilar
Erta Charxpalagi
Qayga uloqtirib tashlashini ham…

_______ Alxusus
Chin yo’llari
Unqir-cho’nqir
Va behad og’ir

Qor tushadi Chin zaminiga
Qahraton-la yaxlagan Xitoy

Dalalar maysasi qoq o’rtasiga sanchilgan korli tun
Bu o’lkalar chinqiroq olovlar bilan g’ajilgan
Sanab bo’lmas
Parrandasi darrandasi tortib olingan
Hosildor bo’liq dalalari tortib olingan
Hayotning nursiz xilvatlariga ovloqlariga
Quvilgan mirishkorlarni

Hosilsiz bepoyon dalalar
Tun xo’mrayar
Muzlagan qo’llarini
Iltijo bilan cho’zib
Go’yoki shu qorli tun yanglig’
Haddan uzun Xitoy munglari…

Qor tushadi Chin zaminiga
Qahraton-la yaxlagan Xitoy

Ota diyor!
Loaqal ozgina isitarmikan seni
Chiroq miltiramagan oqshom mahali
Quvvati kam to’qimish yozmishlarim?

KIYIM YAMAYOTGAN AYOL

Kiyim yamayotgan ayol yo’lning chekkasida o’ltirar
O’tkinchilar o’tishar yonidan
Chang to’zonini ko’tarib
Chang ro’moliga yopishdi
Chang libosiga yopishdi
Go’dagi yig’laydi
Quyosh quritaverar betinim go’dak ko’z yoshini
Ayolga esa erish
Zambaraklar o’ti tak-tugi bilan yoqqan
Uyinigina jimgina eslar
Jimgina birovning kiyimini yamaydi
Go’dakning ko’zlari esa mayli
Iltijoli ko’zlari
Sinchil boqaversin samoga savatdan
Kiyim yamayotgan ayol yo’lning chekkasida o’ltirar
Yo’l tikkasiga cho’zilar intihosizlikka
Ayol yo’lchilarning paypog’ini yamab beradi
Yo’lchilar ketishur o’z yo’llaridan

QUYOSH

Qadimul olis kabrlardan
Zulumot onlaridan
Bani bashar o’lmakka borayotgan
O’lkalardan
Shirin uxlayotgan tog’larni titratib
Misoli dum tepalarda pirillab uchayotgan olovli g’ildirak

Quyosh menga yetar…
Uning yengib bo’lmas chukursingar nuri
Nafas baxsh etadi jami jonborga
Raqs baxsh etadi baland daraxtlarning quyuq shoxlariga
Devonavor qo’shiq baxsh etadi o’shqiroq daryolar toshqinlariga
Quyosh kelishi bilan menga eshitilur
Qishga o’xshab zaminda uxlayotgan qurtlar va hasharotlar harakatlari

Maydonlarda insonlarning yangroq suhbatlari
Olis shaharlarning quyoshga xitobnomalari
Elektr po’lat temir xitobnomalari

Va shunda alanga qo’llari
Yuragimni yorib tashlaydi
Qiynoq tortgan dilim
Tushib borar bahr qirg’og’iga
Va shunda men ishonaman bani basharning uyg’onishiga

098

(Tashriflar: umumiy 2 241, bugungi 1)

Izoh qoldiring