Abduvali Qutbiddin. Anbar in’om etar senga chechaklar

007

    Абдували Қутбиддин оламни тасвирлар орқали илғаб, унинг жилвагар манзараларини чизишга интилади. Шу боис шоирнинг шеърий ифода услуби – фалсафий мушоҳада, метаморфозаларга уланиб товланади, ўқувчини сирли ва сеҳрли маъво сари парвоз қилишга чорлайди.

088
Абдували ҚУТБИДДИН
АНБАР ИНЪОМ ЭТАР СЕНГА ЧЕЧАКЛАР
Шеърлар
02

091Иқтидорли, нозиктаъб ва юксак дидли шоир Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1983). Самарқанд вилояти газетасида хизмат қилган. 1985 йилдан Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлайди. 1990 йилда «Ёзувчи» нашриёти ташкил бўлгач, аввал етакчи муҳаррир, сўнг бош муҳаррир бўлиб хизмат қилади. Кейинчалик «Ўзтелерадио»компаниясида ишлади. Бугунги кунда «Халқ сўзи» газетасида фаолият юритмоқда.
Дастлабки шеърий тўплами — «Найсон» (1988). Шундан сўнг шоирнинг «Ҳумо» (1989), «Бахтли йил» (1991), «Хаёл кечаси» (1994), «Сен ва сен учун» (1996), «Узоқдан олисга» (2007) ва бир неча шеърий тўпламлари нашр этилган

07

* * *

Субҳлар ҳўплайди патли ҳавони,
Бир кун ёлғончилик қилади апрель,
Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,
Бироқ кел.

Зар ип эшаяпти ёғдулар тошиб,
Зим – зиё ҳовонча эзғилайди ун.
Қавиб, тахлаб қўйди шойи кўрпани
Сен учун.

Жарангдор сочинг ҳам бўлар пўпакли,
Тиллақош топилар кўк сандиғида.
Уч газ булут кесса бўлар чимилдиқ,
Висол тоғида.

Киприкка илинган шабнам чўғдайин,
Бир кун ҳақиқатгўй бўлмади апрель.
Мен сенинг келишинг сира истамайман,
Бироқ кел.

Анбар инъом этар сенга чечаклар,
Тобе мамлакатдир сенга хуш чаман.
Мен эса чимилдиққа кираману,
Тиззангга бош қўйиб ухлаб оламан.

Суронлар чулғайди патли ҳавони,
Бир кун ўзим каби лақмадир апрель.
Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,
Бироқ кел…

* * *

Сирли бандаргоҳда қуюқ туман,
Олмос лангар,
Биллур кема.
Зарбоф кўйлак кийган дарға мендирман,
Эй гул, кетасанми мен билан.

Кумуш тўлқинлар тебранишда,
Шаффоф манзилларнинг бешиги ишонч.
Сенга кечалари ривоят айтиб,
Тонглари бошингдан сепаман қувонч.

Бўрон томоғидан омон чиқамиз,
Саболар шаҳрига етамиз албат.
Вафо арқонини сувдан тортамиз,
Ўлжамиз муҳаббат.

Кўзингни юмгину қучоғимга кир,
Юрагим мушкидан бўйланар юзинг.
Бу уй атиргулнинг тушиникидир,
Ёп-ёруғ, чироғи — булбулнинг кўзи.

Эй гул, кетасанми мен билан?!

* * *

Булбуллар мастона кашта гулларида,
Сўзана четида ухлаган лайлак.
Дарпарда ортида шамол кўпиртирган
Бир коса шарбат.

Сен ич-ей, бошланур ажиб ҳикоя,
Баҳор жилмаяди чумчуқ инидан.
Сенга мусичалар ясар зинапоя,
Япроқдан.

Қани туш!
Адирлар кўксини кесиб беради,
Оҳиста ўлтириб учамиз баланд.
Биз учун хумолар донлар теради
Маъво салтанати далаларидан.
Шафақлар хонатлас янглиғ ёйилур,
Дуторин портлатиб қўяр каҳкашон.
Қўшиқлар янграйди сенга аталган.

Сен ишон.
Оққушлар парёстиқ берар келтириб,
Етти қават кўрпа тўшайди товус.
Шундоқ ёнимизга кетади қўйиб —
Ой тилла фонус.

Тиззангни қучоқлаб, боқасан дилгир,
Соатга қарайсан кулимсирайсан:
Кеч бўлди, соат бир…

Булбуллар йиқилар кашта гулларидан,
Сўзана четида ўлади лайлак.
Дарпарда ортида шамол гувиллар,
Коса тўла ҳасрат.

ВИСОЛ

Йиғладим. Ҳовучим тўла сув бўлди,
Тишимдан қон сизар, юрак – чанқовуз.
Бошингни эг жоним, мажнунтол каби,
Бу ҳовуз.

Пичирлаб овозинг сузмакдадирми,
Ушатиб ташланган ўзимми буткул.
О, нечун изиллаб тинмайсан сира,
Бул – бул.

Қарагин, янчилган осмон сепилди,
Зарралар санчилди, аччиқ куйдириб,
Бир қозон атала ағдарди кеча,
Ўкириб.

Чиппа-чип ёпишиб ғарқ бўлдикми-ей,
Этимиз туташиб биттамиз, битта.
Бизни қиймалашга улгурмайдилар,
Ахир бу эрта – аккк!

Йиғладим. Йиғладинг. Ҳовуч сув тўла,
Тишлардан қон сизар, юрак – чанқовуз.
Эгилсак сочимиз чирмашибди-я,
Қўшилиб кетибди
Кўзимиз.

ҲАЖР

Ҳижрон қиш тунидай чизилганида,
Кунлар кўк бағридан узилганида,
Ёшим пиёлада сузилганида,
Соғинчдан дил тўлиб бузилганида —

Капалак қонини топинглар менга.

Еллар судраб кирса мени боғларга,
Сарғайиб тўкилган тиллар қарғаси.
Мени остонада чанглар тупуриб,
Висол келтирмаган йўллар қарғаси —

Капалак қонини келтиринг менга.

Хайру эҳсонларин тўкканида ёз,
Буғдойзор оралаб дўппайса август,
Чумоли инида йўқолган хасдай
Қолсаму, ҳеч кимса тутинмаса дўст.

Капалак қонини беринглар менга.

Тоғларнинг даҳани бўлса агар ғор,
Фалакка чирмашиб ўралса буғи,
Бу қадар армонга чидай олмасам,
Қабоғимда чакраб эриса йиғи.

Капалак қонини ичиринг менга.

ҚАСАМ

Фаромуш боғларда солланиб маҳзун,
Заррин сарполарда, давлати фузун,
Қалбимга атайди нон ҳамда тузин,
Ё жоним муҳаббат,

Сим-сим-эй, сим-сим,
Мабодо алдасам, қўлларим синсин.

Ўкинч тилакларда болалик бадбахт,
Севгининг номидан ёзади тилхат.
Агарда яшасам қалдирғочсифат,
Қизғалдоқ энамдир,
Сим-сим-ей, сим-сим,
Мабодо алдасам, қўлларим синсин.

Ортимда чўл дедим, кўрсам, Бадахшон,
Қадимий тангадай беҳамён, бешон.
Ўзимни изласам-мендан йўқ нишон,
Ал-амон, мен қайда,
Сим-сим-эй, сим-сим.
Мабодо алдасам қўлларим синсин.

Сўнгги дам ўзим-ла ўчакишсам, ҳай,
Соҳир кўзларигдан талаб этсам май,
Э, воҳ, кекирдагим кесиб этсам най,
Пуфласам-куй ёнса,
Сим-сим-эй, сим-сим.
Мабодо алдасам юрагим тинсин.

БАХТЛИ ЙИЛ

Лайлатулқадрлар ерга қўнгайдир,
Ҳар қарич тупроқда анқо унгайдир,
Ҳар лаҳза кўриниб шамол янграйдир,
Бахтли йил келадир,
Бахтли йил.

Тангри бор бўлса жамолин очар,
Қуёш абадият нурларин сочар,
Фано тугунланган сеҳрини очар,
Бахтли йил келадир,
Бахтли йил.

Еру осмон аро ойна қопланар,
Ёмғирлар ўрнига ёғар шароблар,
Бани одам балким қўрқмай шодланар,
Бахтли йил келадир,
Бахтли йил.

Мендек аҳли ҳоллар тўпланиб йиғлар,
Сандувоч бағрида ўртаниб йиғлар,
Ўртада ўлимлар тебраниб йиғлар,
Бахтли йил келадир,
Бахтли йил…

* * *

Мовийлик қудуғида рақслар тугаганда,
Ёлғизлик арқонини бўйнимга ўраганда,
Кимдир Абдувалини оҳиста сўраганда,
Қўшиқчи бўлсам эдим, ҳеч бўлмаса
созанда.

Каптарларим, каптарлар ҳай-у, ҳаю,
ҳай-ула.

Бармоқларимга боғлаб қуёшни
судрасайдим,
Қоронғу ерда ёниб, кул бўлиб
титрасайдим,
Тутар пайтимда ногоҳ, мени сен
чорлаганда,
Қўшиқчи бўлсам эдим, ҳеч бўлмаса
созанда.

Каптарларим, каптарлар ҳай-у, ҳаю,
ҳай-ула.

Ададсиз манзилларим боумид оққанида,
Қаттиқ тиканларини қалбимга қоққанида.
Томиримни шимсам-у, ҳаётга бўлиб
банда,
Қўшиқчи бўлсам эди, ҳеч бўлмаса
созанда.

Каптарларим, каптарлар ҳай-у, ҳаю,
ҳай-ула.

Хаёлим ойнасидан недир учиб кетганда,
Севгимни мумиёлаб тушлар қочиб
кетганда.
Муҳаббатим ўзимдан сўраганда
ризолик,
Қўшиқчи бўлсам эди, ҳеч бўлмаса
созанда.

Хаёлим ойнасидан недир учиб
кетганда,
Севгимни мумиёлаб тушлар қочиб
кетганда.
Муҳаббатим ўзимдан сўраганда
ризолик,
Қўшиқчи бўлсам эди,ҳеч бўлмаса
созанда.

Каптарларим, каптарлар ҳай-у, ҳаю,
ҳай-ула.

* * *

Самарқанд мени баҳорда чақиради,
Минорлар юради гаплашиб.
Дарғомда уйғонган балиқлар бақиради,
Камалаклар қувлашар ранг талашиб.

Боғлар гуркирайди, осмон ҳам
ғилт- ғилт.
Бир йиғлаб олади, кулар қалдираб.
Қушлар гурросига мўлтираб мўлт-мўлт
Шаҳарга киради қирлар галдираб.
Ҳай-ҳайлаб томларга чиқар одамлар,
Дўппиларга тўлар юлдузлар нури.
Тизилиб рақс тушиб берар оқшомлар
Кундузларга чироқ кўтартиришиб.

Самарқанд мени чақиради бир кун,
Сочларин қиздириб иажнунтолининг,
Кўкрак қафасини ёриб бораман,
Қон пуркаб юзига шамолнинг.

* * *

Бебаҳо матога томган доғдайин
Ўчмайди шафақлар минг ювилса ҳам.
Сарсари, шақиллаб ўтса-да, йиллар
Сен ўша, ўша…
Томчи-ла тасвирлаб бўлмайди сени
Ҳатто англатолмас, билса-да кўршаб.
Тап-таранг тасмадай кокилларингни,
Тараган исёнлар бермас изоҳлаб.
Сен ўша, ўша…
Беҳуда даъволар қиламан гоҳо,
Хобгоҳинг қўриқлар фалак лашкари.
Ошкор этмоққа тутинаман гоҳ,
Ақлдан ташқари,
Фикратдан ташқари…
Во ажаб ингичка қилдан ҳам нозик
Иплар чувагувчи балогир сарҳад
Аро, минг йиллик бутхона янглиғ
Тоқатни тоқат-ла тилгувчи қаҳат—
Ўша, ўша…

* * *

Қайдадир тун сиёҳ кокилин эшар,
Тоғларда эзади ҳарир кўксини.
Қайдадир жайронлар ўйнаб юришар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир минора қанот қоқади,
Ҳис этиб танида шамол жисмини.
Зарафшон қайгадир лойқа оқади,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир тулпорлар фазога етар
Томоша қилгани товус рақсини.
Қақнуслар оловлар қўйнида ётар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир сайҳонда ўтлар қовушар,
Қайдадир йўқотар офтоб кўзини.
Қайдадир нам тортиб унар товушлар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир капалак шафақни кўрар,
Нурланиб сезади бахтнинг исини.
Қайдадир бир санам мени деб яшар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси

077

Abduvali Qutbiddin olamni tasvirlar orqali ilg’ab, uning jilvagar manzaralarini chizishga intiladi. Shu bois shoirning she’riy ifoda uslubi – falsafiy mushohada, metamorfozalarga ulanib tovlanadi, o’quvchini sirli va sehrli ma’vo sari parvoz qilishga chorlaydi.

088
Abduvali QUTBIDDIN
ANBAR IN’OM ETAR SENGA CHECHAKLAR
She’rlar

Iqtidorli, nozikta’b va yuksak didli shoir Abduvali Qutbiddin 1960 yil 20 iyunda tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakul`tetini tugatgan (1983). Samarqand viloyati gazetasida xizmat qilgan. 1985 yildan G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotida muharrir bo’lib ishlaydi. 1990 yilda «Yozuvchi» nashriyoti tashkil bo’lgach, avval yetakchi muharrir, so’ng bosh muharrir bo’lib xizmat qiladi. Keyinchalik «O’zteleradio»kompaniyasida ishladi. Bugungi kunda «Xalq so’zi» gazetasida faoliyat yuritmoqda.Dastlabki she’riy to’plami — «Nayson» (1988). Shundan so’ng shoirning «Humo» (1989), «Baxtli yil» (1991), «Xayol kechasi» (1994), «Sen va sen uchun» (1996), «Uzoqdan olisga» (2007) va bir necha she’riy to’plamlari nashr etilgan

07

 

* * *

Subhlar ho’playdi patli havoni,
Bir kun yolg’onchilik qiladi aprel`,
Men sening kelishing hech istamayman,
Biroq kel.

Zar ip eshayapti yog’dular toshib,
Zim – ziyo hovoncha ezg’ilaydi un.
Qavib, taxlab qo’ydi shoyi ko’rpani
Sen uchun.

Jarangdor soching ham bo’lar po’pakli,
Tillaqosh topilar ko’k sandig’ida.
Uch gaz bulut kessa bo’lar chimildiq,
Visol tog’ida.

Kiprikka ilingan shabnam cho’g’dayin,
Bir kun haqiqatgo’y bo’lmadi aprel`.
Men sening kelishing sira istamayman,
Biroq kel.

Anbar in’om etar senga chechaklar,
Tobe mamlakatdir senga xush chaman.
Men esa chimildiqqa kiramanu,
Tizzangga bosh qo’yib uxlab olaman.

Suronlar chulg’aydi patli havoni,
Bir kun o’zim kabi laqmadir aprel`.
Men sening kelishing hech istamayman,
Biroq kel…

* * *
05
Sirli bandargohda quyuq tuman,
Olmos langar,
Billur kema.
Zarbof ko’ylak kiygan darg’a mendirman,
Ey gul, ketasanmi men bilan.

Kumush to’lqinlar tebranishda,
Shaffof manzillarning beshigi ishonch.
Senga kechalari rivoyat aytib,
Tonglari boshingdan sepaman quvonch.

Bo’ron tomog’idan omon chiqamiz,
Sabolar shahriga yetamiz albat.
Vafo arqonini suvdan tortamiz,
O’ljamiz muhabbat.

Ko’zingni yumginu quchog’imga kir,
Yuragim mushkidan bo’ylanar yuzing.
Bu uy atirgulning tushinikidir,
Yop-yorug’, chirog’i — bulbulning ko’zi.

Ey gul, ketasanmi men bilan?!

* * *

Bulbullar mastona kashta gullarida,
So’zana chetida uxlagan laylak.
Darparda ortida shamol ko’pirtirgan
Bir kosa sharbat.

Sen ich-yey, boshlanur ajib hikoya,
Bahor jilmayadi chumchuq inidan.
Senga musichalar yasar zinapoya,
Yaproqdan.

Qani tush!
Adirlar ko’ksini kesib beradi,
Ohista o’ltirib uchamiz baland.
Biz uchun xumolar donlar teradi
Ma’vo saltanati dalalaridan.
Shafaqlar xonatlas yanglig’ yoyilur,
Dutorin portlatib qo’yar kahkashon.
Qo’shiqlar yangraydi senga atalgan.
Sen ishon.
Oqqushlar paryostiq berar keltirib,
Yetti qavat ko’rpa to’shaydi tovus.
Shundoq yonimizga ketadi qo’yib —
Oy tilla fonus.
Tizzangni quchoqlab, boqasan dilgir,
Soatga qaraysan kulimsiraysan:
Kech bo’ldi, soat bir…
Bulbullar yiqilar kashta gullaridan,
So’zana chetida o’ladi laylak.
Darparda ortida shamol guvillar,
Kosa to’la hasrat.

VISOL

Yig’ladim. Hovuchim to’la suv bo’ldi,
Tishimdan qon sizar, yurak – chanqovuz.
Boshingni eg jonim, majnuntol kabi,
Bu hovuz.

Pichirlab ovozing suzmakdadirmi,
Ushatib tashlangan o’zimmi butkul.
O, nechun izillab tinmaysan sira,
Bul – bul.

Qaragin, yanchilgan osmon sepildi,
Zarralar sanchildi, achchiq kuydirib,
Bir qozon atala ag’dardi kecha,
O’kirib.

Chippa-chip yopishib g’arq bo’ldikmi-yey,
Etimiz tutashib bittamiz, bitta.
Bizni qiymalashga ulgurmaydilar,
Axir bu erta – akkk!

Yig’ladim. Yig’lading. Hovuch suv to’la,
Tishlardan qon sizar, yurak – chanqovuz.
Egilsak sochimiz chirmashibdi-ya,
Qo’shilib ketibdi
Ko’zimiz.

HAJR

Hijron qish tuniday chizilganida,
Kunlar ko’k bag’ridan uzilganida,
Yoshim piyolada suzilganida,
Sog’inchdan dil to’lib buzilganida —

Kapalak qonini topinglar menga.

Yellar sudrab kirsa meni bog’larga,
Sarg’ayib to’kilgan tillar qarg’asi.
Meni ostonada changlar tupurib,
Visol keltirmagan yo’llar qarg’asi —

Kapalak qonini keltiring menga.

Xayru ehsonlarin to’kkanida yoz,
Bug’doyzor oralab do’ppaysa avgust,
Chumoli inida yo’qolgan xasday
Qolsamu, hech kimsa tutinmasa do’st.

Kapalak qonini beringlar menga.

Tog’larning dahani bo’lsa agar g’or,
Falakka chirmashib o’ralsa bug’i,
Bu qadar armonga chiday olmasam,
Qabog’imda chakrab erisa yig’i.

Kapalak qonini ichiring menga.

QASAM

Faromush bog’larda sollanib mahzun,
Zarrin sarpolarda, davlati fuzun,
Qalbimga ataydi non hamda tuzin,
YO jonim muhabbat,

Sim-sim-ey, sim-sim,
Mabodo aldasam, qo’llarim sinsin.

O’kinch tilaklarda bolalik badbaxt,
Sevgining nomidan yozadi tilxat.
Agarda yashasam qaldirg’ochsifat,
Qizg’aldoq enamdir,
Sim-sim-yey, sim-sim,
Mabodo aldasam, qo’llarim sinsin.

Ortimda cho’l dedim, ko’rsam, Badaxshon,
Qadimiy tangaday behamyon, beshon.
O’zimni izlasam-mendan yo’q nishon,
Al-amon, men qayda,
Sim-sim-ey, sim-sim.
Mabodo aldasam qo’llarim sinsin.

So’nggi dam o’zim-la o’chakishsam, hay,
Sohir ko’zlarigdan talab etsam may,
E, voh, kekirdagim kesib etsam nay,
Puflasam-kuy yonsa,
Sim-sim-ey, sim-sim.
Mabodo aldasam yuragim tinsin.

BAXTLI YIL

Laylatulqadrlar yerga qo’ngaydir,
Har qarich tuproqda anqo ungaydir,
Har lahza ko’rinib shamol yangraydir,
Baxtli yil keladir,
Baxtli yil.

Tangri bor bo’lsa jamolin ochar,
Quyosh abadiyat nurlarin sochar,
Fano tugunlangan sehrini ochar,
Baxtli yil keladir,
Baxtli yil.

Yeru osmon aro oyna qoplanar,
Yomg’irlar o’rniga yog’ar sharoblar,
Bani odam balkim qo’rqmay shodlanar,
Baxtli yil keladir,
Baxtli yil.

Mendek ahli hollar to’planib yig’lar,
Sanduvoch bag’rida o’rtanib yig’lar,
O’rtada o’limlar tebranib yig’lar,
Baxtli yil keladir,
Baxtli yil…

* * *

Moviylik qudug’ida raqslar tugaganda,
Yolg’izlik arqonini bo’ynimga o’raganda,
Kimdir Abduvalini ohista so’raganda,
Qo’shiqchi bo’lsam edim, hech bo’lmasa
sozanda.

Kaptarlarim, kaptarlar hay-u, hayu,
hay-ula.

Barmoqlarimga bog’lab quyoshni
sudrasaydim,
Qorong’u yerda yonib, kul bo’lib
titrasaydim,
Tutar paytimda nogoh, meni sen
chorlaganda,
Qo’shiqchi bo’lsam edim, hech bo’lmasa
sozanda.

Kaptarlarim, kaptarlar hay-u, hayu,
hay-ula.

Adadsiz manzillarim boumid oqqanida,
Qattiq tikanlarini qalbimga qoqqanida.
Tomirimni shimsam-u, hayotga bo’lib
banda,
Qo’shiqchi bo’lsam edi, hech bo’lmasa
sozanda.

Kaptarlarim, kaptarlar hay-u, hayu,
hay-ula.

Xayolim oynasidan nedir uchib ketganda,
Sevgimni mumiyolab tushlar qochib
ketganda.
Muhabbatim o’zimdan so’raganda
rizolik,
Qo’shiqchi bo’lsam edi, hech bo’lmasa
sozanda.

Xayolim oynasidan nedir uchib
ketganda,
Sevgimni mumiyolab tushlar qochib
ketganda.
Muhabbatim o’zimdan so’raganda
rizolik,
Qo’shiqchi bo’lsam edi,hech bo’lmasa
sozanda.

Kaptarlarim, kaptarlar hay-u, hayu,
hay-ula.

* * *

Samarqand meni bahorda chaqiradi,
Minorlar yuradi gaplashib.
Darg’omda uyg’ongan baliqlar baqiradi,
Kamalaklar quvlashar rang talashib.

Bog’lar gurkiraydi, osmon ham
g’ilt- g’ilt.
Bir yig’lab oladi, kular qaldirab.
Qushlar gurrosiga mo’ltirab mo’lt-mo’lt
Shaharga kiradi qirlar galdirab.
Hay-haylab tomlarga chiqar odamlar,
Do’ppilarga to’lar yulduzlar nuri.
Tizilib raqs tushib berar oqshomlar
Kunduzlarga chiroq ko’tartirishib.

Samarqand meni chaqiradi bir kun,
Sochlarin qizdirib iajnuntolining,
Ko’krak qafasini yorib boraman,
Qon purkab yuziga shamolning.

* * *

Bebaho matoga tomgan dog’dayin
O’chmaydi shafaqlar ming yuvilsa ham.
Sarsari, shaqillab o’tsa-da, yillar
Sen o’sha, o’sha…
Tomchi-la tasvirlab bo’lmaydi seni
Hatto anglatolmas, bilsa-da ko’rshab.
Tap-tarang tasmaday kokillaringni,
Taragan isyonlar bermas izohlab.
Sen o’sha, o’sha…
Behuda da’volar qilaman goho,
Xobgohing qo’riqlar falak lashkari.
Oshkor etmoqqa tutinaman goh,
Aqldan tashqari,
Fikratdan tashqari…
Vo ajab ingichka qildan ham nozik
Iplar chuvaguvchi balogir sarhad
Aro, ming yillik butxona yanglig’
Toqatni toqat-la tilguvchi qahat—
O’sha, o’sha…

* * *

Qaydadir tun siyoh kokilin eshar,
Tog’larda ezadi harir ko’ksini.
Qaydadir jayronlar o’ynab yurishar,
Faqat men yashayman
O’ksinib.

Qaydadir minora qanot qoqadi,
His etib tanida shamol jismini.
Zarafshon qaygadir loyqa oqadi,
Faqat men yashayman
O’ksinib.

Qaydadir tulporlar fazoga yetar
Tomosha qilgani tovus raqsini.
Qaqnuslar olovlar qo’ynida yotar,
Faqat men yashayman
O’ksinib.

Qaydadir sayhonda o’tlar qovushar,
Qaydadir yo’qotar oftob ko’zini.
Qaydadir nam tortib unar tovushlar,
Faqat men yashayman
O’ksinib.

Qaydadir kapalak shafaqni ko’rar,
Nurlanib sezadi baxtning isini.
Qaydadir bir sanam meni deb yashar,
Faqat men yashayman
O’ksinib.

Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi

077

(Tashriflar: umumiy 944, bugungi 1)

Izoh qoldiring