Abduvali Qutbiddin. She’rlar & «Nayson» va «Xayol kechasi» to’plamlari

Ashampoo_Snap_2017.01.18_14h53m39s_004_.png    Абдували Қутбиддиннинг илк тўплами “Найсон”га сўз боши ёзган устоз шоир Рауф Парфининг эътирофича:”Абдували шеърияти дунёни образли идрок этишнинг ажойиб намунасидир.У борлиқни яланғоч тасаввур қила олмайди. Қалбига ҳар бир лаҳзани, воқеа ва ҳодисани ҳис қилиб, камалакдек жило беради.

У ҳар бир шеърида, янги ранглар, оҳанглар излаб топишга интилади. Дафъатан шоир кечинмаларини илғаш қийиндек, тасаввурингизга бу ингичка ҳолатлар бир-бири билан узвий эмасдек туюлиши мумкин. Фавқулодда ўхшатишлар, киноялар, истиоралар… ўқиб ажабланасиз, бу шеърлар бошқаларнинг шеърларига сира ўхшамайди. Ҳатто бир қараганда “қовушмагандек”. Аммо ҳукм этишга шошманг! Яна бир бор синчков ўқинг, шунда бу нотаниш сатрлар бир-бири билан пинҳона боғланиб, ўзига хос руҳий иқлимни яратаётганига ишонч ҳосил қиласиз. Бу иқлимда сиз тирикликнинг теран қаърларига илдиз отган хотиротнинг куюнчак садоларини тинглайсиз”.

Адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдош шоирнинг лирик қаҳрамони ҳақида шундай ёзади:”А.Қутбиддиннинг лирик қаҳрамони – 80 йиллар фарзандини турғунлик йиллари тарбиялаб, ҳаётга йўл кўрсатган эди. 80 йиллар авлоди олдида машаққатли вазифа – жуда кўп ёлғон аралашган кечаги ва бугунги ҳаётдан инсоний ҳақиқатни зарра-зарралаб териб Буюк Ҳақиқатнинг яхлит вужудини яратиш зарур эди. Бунга эса буюк ва соҳир бадиият қодир, холос. Фақат угина соҳир ақлдан илгарилаб кетиши, тарих саҳифалари бўйлаб сочилиб кетган ҳаётни фақатгина бадиий образлар бир нуқтага жамлаб, кўнгил мулкига айлантириши мумкин”.

Абдували Қутбиддин
ШЕЪРЛАР
008

   Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда Қашкадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1983). Дастлабки шеърий тўплами — «Найсон» (1988). Шундан сўнг шоирнинг «Ҳумо», «Бахтли йил», «Хаёл кечаси», «Сен ва сен учун», «Узоқдан олисга»  ва  бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997).

008

* * *

Ashampoo_Snap_2017.01.09_22h54m19s_005_.jpg

Қуёш, юртинг қайда, сўраган эдим,
Тонг-ла нурингга дил ўраган эдим,
Мен ҳам сен бор ерга бораман дедим,
Аммо осмонингга кўймадинг, қуёш,
Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

Муйишиб, мунграйиб ишлаган эдим,
Мен ҳам кўп тошларни тишлаган эдим,
Қаҳринг шомларида қишлаган эдим,
Ҳайрон ёшлигпмни ҳўнгратдинг, қуёш,
Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

Урфу русумингдан бошлаган эдим,
Эски дўконингни хушлаган эдим,
Дуру маржонингни ушлаган эдим,
Оқибат манглайим муштладим, қуёш,
Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

Тилимни кундага кўйгил, чоп дедим,
Кейин дил уйига бориб ёт дедим,
Ўғлим у, ўзим у, аста ёқ дедим,
Кулу тўзонидан маҳв бўлгин, қуёш,
Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

Мен одам эдим-ку, мен одам эдим,
Лойдан-да йўғрилган матодан эдим,
Иблисга алданган атодан эдим,
Эй қуёш, мен сени севаман, қуёш,
Бирор бор бошимга теккизмадинг бош.

* * *

Кўзингни тиқма, бу менинг бошпанам,
Пойгакдан мўлтайма, асло қўймайман,
Юрак деб аталган қизил офтобадан
Узим қон ичгайман, сенга қуймайман.

Бармоғинг ниқтама, менинг пешонам
Хати тирноғинг-ла ёзилмагандир.
Мен билан Худонинг ўртасида ғам
Ариғлари сен-ла қазилмагандир.

Юзинг буриштирма, менинг бу юзим,
Босганман гоҳ кишан, гоҳ тиканларга.
Ичган бўлсам ичдим, ҳайрат қимизин,
Эзилдим эзилиб эзилганлардан.

Меники бу ғавғо, керакмас даллол,
Дафтарим варақлаб ўқий олмайсан.
Агарки, борлиғим йиртсалар, алҳол,
Менга бошқа борлиқ тўқий олмайсан.

Йўлу йўриғингга юрмасман зинҳор.
Эшит, фарёд чиқар ўпган тошимдан,
Илоё, бошингни тешмасин дўл-қор,
Илоё, ёрилма еган ошингдан.

* * *

Кўзимдан ўпиб қўй, Осима!
Сенга олма бергум мағз-мағзи олтин.
Тишласанг, тишларинг ҳаммаси тилла,
Лабларинг ёлқин…

Хоҳласанг бераман сеҳргар каклик,
Сайраса бўғзидан тушади гуҳар,
Унинг бир қаноти атиргул, бири
Нилуфар.

Истасанг зумуррад тароғим сенга,
Сочингни тарасанг ярмиси зумрад.
Силасанг қўлингу бармоғинг бўлгай
Ложувард.

…Эшикни ёп дейсан,
Совуқ-ку ахир.
Бошим оғрияпти, бошим.

Уҳ, тортиб ойнадан ғижирлар совуқ,
Аёз ишқаб ўтар эшикка бетин.
Қуқулаб юборар ҳовлида товуқ,

Дарахтдан узилиб
Тушади — олма —
Олтиннн,
Ол-тиннн,
Доо-о-дей…

* * *

Тахаюл тунида сени эсладим,
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Пойингда тиз чўкиб мўлтирар маъюс
Кийиклар.

Бошингда гулбаргак, қароғингда ой,
Севдим, дедим сени, манглайи ялпиз,
Қўй деди, этагинг тишлаб ётган той —
Она қиз бу,
Она қиз.

Қалдироқ бургутдай ерга ташланди,
Оёғимдан тортди, боғлади йўлга.
Йўл чопди,
Жуда кўп чопди.
Ташлади малаклар чўмилган кўлга.
Сев, сев, севв!

Тепамдан бақириб ўтди қалдироқ,
Устимдан қичқириб ўтди шамоллар.
Ёнимга келдилар
Гўзал, яланғоч —
Сев мени, дегунча
Соҳибжамоллар.

Кўзимга мил тортдим, сени эсладим,
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Осмон марказига ботаётирсан,
Осмон марказига ботар
Кийиклар.

* * *

Ниначи қанотин ҳижоб қилсайди,
Қил-кўприк йўл топиб бера билсайди,
Ғам чексак, Бинафша овунтирсайди,
Тўл-ғо-на, тўл-ғо-на
Жон
Берар эдик.

Сени мен кўзимга солиб турсайдим,
Фақат ёш оққанда аксинг кўрсайдим,
Юракка хат ёзиб сенга берсайдим,
Тўл-ғо-на, тўл-ғо-на
Жон
Берар эдик.

Қалдирғоч иккимиз олиб кетсайди,
Дунёдан-да йироқ ерга элтсайди,
Сўнг севиб ўлмоқдин сабоқ ўтсайди,
Тўл-ғо-на, тўл-ғо-на
Жон
Берар эдик.

Ё семурғ бизларни бола қилсайди,
Муҳаббат наҳрида чўмилтирсайди,
Иккимиз бир лаҳза бирлаштирсайди,
Тўл-ғо-на, тўл-ғо-на
Жон
Берар эдик.

ҒАЙРИЙ ДАРАХТ

Наҳр соҳилида дарахт кўрингай,
Япроғи чиғалай,
Илдизи балиқ.
Ғадир-будирида тўфон кўрингай,
Чайир шохларига илинган қайиқ.
Шу қайиқ ичида севги ўтиргай,
Тиззасида довул,
Бўйнида илон.
Суяклар беранг қаҳр кўрингай,
Кўрингай булбулга ўхшаган қоплон.
Наҳр соҳилида
Ғайрий дарахтга
Интилган тошқиннинг бариси қоя.
Дарахт атрофида юрак кўрингай,
Кўрингай одамлар қолдирган соя…

ТАСАВВУР ЛАҲЗАЛАРИ

* * *

Руҳ сичқон ила ҳамтанлик қилса…
Руҳ ҳамсафар бўлса илон-ла…
Сичқон ер остидаги шафаққача борарди…
Илон кўк тоқидаги инсонларга етказарди хабар…

* * *

Аввал косибга учра дилингни чегаласин…
Аввал кулолга бор янги бир кўза берсин…
Аввал темир ковуш топ…
Аввал пўлат кўйлак кий…
Кейин…
Тошга ёлвор бошингни тош қилсин…
Дастурхонга ёлвор еганинг ош қилсин…
Кейин…
Жўна Чархпалакчининг олдига…
Бахтингни очиб берсин…
Очиб берса…
Аввал…
Аввал…
Авввал…

* * *

Қабристон…
Бобом қабри…
Салом, сукутга чўмганлар…
Сув пуфаклар ёрилаётган булоқ…
Иллатлардан ҳоли балиқлар…
Вақт эккан чинор…
Бобом тинчмикин…

* * *

Ўсимликлар дунёси…
Ҳайвонот дунёси…
Бани одам дунёси…
Учта дўнг…
Уч талотўм…
Уч латофат…
Уч қойим қиёмат…
Уч ғариб мозорат…

* * *

Самандарлар яшаган Аланга салтанати…
Шаршараларда туғилган фаришталар…
Имконсиз муродлар…
Чивинхаробда чақчайма палидлар…
Балчиққа катак қурган маҳлуқ аёллар…
Имконли хоҳишлар…
Имкондан кўпайган манфурлик…
Манфурликдан кўпайган…

АҲМАД ЯССАВИЙ

Илоҳим, сен мени тиламчи қилдинг,
Манглайим арқоғин арғамчи қилдинг.
Бахт излаб одамдан одамга ўтдим,
Йўлларим қонимдан сирпанчиқ қилдинг.
Сирпандим, ҳолима маймунлар кулди,
Сенга кўп ялиндим, адашган билдинг.
Караминг ўрнида ғазабинг елди,
Кўзимни сел килдинг, ҳандақлар тўлди.
Ишққа юкунтирдинг, авради ёна,
Қиздан жувон бўлди, жувондан она.
Маҳлуқни мен билан қариндош қилдинг,
Йигитдан ит этдинг, соғдан девона.
Кучандим, нафсимни юбординг узиб,
Қўшга қўшиб қўйдинг, мижғилаб эзиб.
Болани бешикдан туширдинг ерга,
Отани туширдинг қоп-қора гўрга.
Эътироз этмадим, аламчи килдинг,
Манглайим шарҳини алдамчи қилдинг.
Сўроқлаб оламдан оламга ўтдим,
Йўлларим қонимдан сирпанчиқ қилдинг…
Илоҳим, сен мени тиламчи қилдинг!

* * *

Не дейин, саҳрода дардкашим сароб.
Сир айтарим саксовул, не дейин.
Кундан кун аҳволим харобдан хароб,
Ичдим ғам майин.
Войладим. бир оҳу яқин келмади,
Қумга урдим юзим, у мендан безор.
Бирор ит мени Қайс деб билмади,
Тану жон озор…
Кўп кездим. кўрмадим бирорта карвон,
Билмадим қаёнда мағрибу машриқ.
Машаққат соҳибим, арконим армон,
Амирим қашқир…
Ҳукми равонимга бўйсунмас тақдир,
Энди йўл биргина руҳлар кўшкига.
Тинч комга мен қандай тушаман, ахир,
Ишқига тўймадим,
Ишқига…

МУНОЖОТ
Тасаввуф йўлинда

Хаслар ёпмоқдалар хаслар устини,
Тонглар ёпмоқдалар тунлар устини.
Қаю кўргуликдан мудҳиш дарак бу,
Раббим, на-да истак, на-да тилак бу.
Бўзимга ўралган қўлимдан қўрқдим,
Чирпаниб-чирпанди мен ила дунё.
Раббим, мижғиласам куладир кўнглим,
Кўнглим ё хатодир, ё менман хато.
Овундим, гуноҳдан яралмиш одам,
Чайқалдим ҳап-ҳаром боғлар ичинда.
Гирдобим ичинда гирдобим ичдим,
Кирландим қоп-қора зардоб ичинда.
Бомдод қуёшининг илиқ нафаси,
Кўксимга тўлмади ёдинг-ла, Аллоҳ.
Нетай қафаслиман, аччиқ қафасли,
Тўрт мучам соғу тўрт мучамда доғ.
Шармсор-шарманда нигоҳ сояси,
Ботган ботқоқларда инградим ёмон.
Бир юз йигирма минг олам дояси,
Омон бер, омон бер, омон бер, омон…
Бузуқ юрагимни энди эшитмам,
Жилвали ҳарамнинг жаъми мурдадил.
Бузуқ масканатда ош-туз еганман,
Оғзимда уят бор, қўрқув бор, сабил…
Ё раб, сенга не деб жавоб бергайман,
Ҳисобим адашган, аъмолим вайрон.
Дўзах кўрдим, яна дўзах кўргайман,
Икки дунё аро ларзон ва ларзон.
Сенсан, фақат сенсан, фақат сен озод,
Фақат сен қодирсан, ўзинг якто қил.
Одамнинг ўзидан озод қил, озод,
Менга ҳам одамлик бахтин ато қил…
Ё, раббим…
Хаслар тушмоқдалар хаслар устина…
ҚАЙҒУ ПИЧОҒИ

I

Қирқ кун чилла қуриб ўтирдим мафтун.
Сенга —
Кундай балқиб келгувчи баёт.
Бор-йўғимдан ажраб қолсам —
Бир ютум,
Севги бер илоҳий, жаноби ҳаёт.

Кошки тегса э,ди нафу савобим.
Жоду маконларда
Ҳийлам ўтмади.
Сен бонп;а одамдан туғма азобим,
Сен ўзга одамни кутма, эгачим.

Ўзим, ёлғиз ўзим сенга сирдошман,
Беш кунда беш марта
боргану қайтган.
Сенинг сийшшаринг ғижимлагану
Жимгина қадимий аллалар айтган.

Сен менга сукланиб кўз урма, урма,
Девмасман,
Кўтарсам барча юкингни.
Мен ёлғиз ичишга тайёрман, тайёр,
Телбалардан қолган заҳар юқини.

Кирқ куи чилла куриб ўтирдим ҳайрон,
Кишан никоҳига
Киритмоқ истар.
Сен роҳат кўрибсан, мен хоназайрон,
Бўйнимга қадалган коп-кора ништар.

Кошки тўйсанг эди, мен тугасайдим,
Очофат кунларнинг
Йўқдир адоғи.
Ўша, ташлаб кетган шуни билсайди.
Сен менинг хотиним, қайғу пичоғи.

II

Чироғи инграган бевадай юм-юм
йиғисан,
Қатори юзимдан ўтган.
Чўлу биёбонда тевадай мунграб,
изингдан изларим
изиллаб кетган.

Явшандай қирма-қир юрдим, югурдим,
Сочинг шамолидан
Йиқилдим дардманд.
Балким сен суянган дарахт учидан
Ўрмалаб-ўрмалаб келгувчи қуртман.

Сен мангу кетгувчи,
Мен мангу дайди,
Селдай оқавергум қайроқлар уриб.
Сен араз ургувчи,
Мен эса ғараз,
Келгин, ярашайлик бир бора, ҳурим.

Чироғи, чироғи —
инграган юм-юм,
йиғиман, қатори
бузилиб ўтган.
Қара бу хотинга, қорочуғимга
Кескир баданидан тўкаётир занг.

Уринишим зое,
Умидим бекор,
Кайғу ҳужрасида қайғудан сабоқ.
Тағин мен алдадим, ёки алдандим,
Конхўр тиғларингни севаман, пичоқ.

ҚАСИДА

Эй, ҳазратим Сулаймон,
Мушкулимни қил осон,
Найсоннинг лой-гилидан
Пайдо қилиб бер жаҳон.

Ки, унда пари пайкар,
Берсин жаннатдан хабар,
Ўтган девоналардин
Олиб келсин муждалар.

Эй, ҳазратим Сулаймон,
Дардима топгил дармон.
Чумолининг тилидан,
Дилидан бергил макон.

Олиб бир дона буғдой,
Тайин этгил ризқу жой.
Ўртасидан кесгилу
Тақдим этгил янги ой.

Қумри сайла, гулруҳим,
Равза айла шукуҳим,
Сайроғимдан сайрона,
Қўшиқ тўқий ғайрона.

Абдувалиман, ҳай-ҳай,
Лақа-там-там, лай-лай,
Абдувалиман, ҳай-ҳай,
Лақа там-там, лай-лай.

* * *

Қип-қизил турнани кутдим ўттиз йил,
Ечай деб бўйнидан биллур халқани.
Отамга шифолар сўрдим ўттиз йил,
Раҳм қани?
Шафқат қани?

Илоҳдан марҳамат кутдим мунтазир,
Суянган тоғимдан айрилдим, холо.
Жарга қулаб тушди пири дастгирим,
Вовайло,
Вовайло.

Гулбутоқ тобути дедим ўттиз йил,
Аза очди қилдим ҳар бир баҳорга.
Булбули гўёлик қилдим муттасил,
Ҳаёт анҳордай…

Сомеъ турдим сидқу итоат билан,
Парво этмай бозор қийлу қолига.
Ўттиз йил қавмига тортилиб бадан,
Арзу дод айлади
Абдувалидан.

Инондим, бўғзимда шукур минг қатла,
Туфроқ авроғига мен ҳам керакман,
Шукурким, ўтарман қачондир ҳатлаб,
Чиппакдан чиппакка,
чиппакка…

АФСОНАВИЙ ҚЎШИҚ

Юзландимо бўшлиққа.
Эна, энди қўшиқман.
Ҳур қизларо теграмда,
Йўл йўқ, дейди, Эрамга.
Боғи эрам, эрамо,
Яшнаяпти ярамо.
Миррихда тирик гиёҳ,
Зуҳалда обиҳаёт.
Биқинларим оғрийди,
Бўлаётирман Ғирот.
Боғи эрам, эрамо,
Яшнаяпти ярамо.
Юзу тўққиз пардасин
Йиртармикан коинот?
Юзу тўққиз косага
Қуярми қатра нажот?
Боғи эрам, эрамо,
Яшнаяпти ярамо.
Арғувоннинг шохида
Қайрилиб турса ҳилол.
Самони қазиб борар
Оқсин деб нури зилол.
Боғи эрам, эрамо,
Яшнаяпти ярамо.
Уюм-уюм тоғдайин,
Тўп-тўп бизим қадамо.
Олам юзинда асло,
Пайқамадим одамо.
Боғи эрам, эрамо,
Яшнаяпти ярамо.
Тирс этади у ҳозир,
Чирс этади у ҳозир.
Қирс этади у ҳозир.
Тирс. чирс, қирс…
Боғи эрам, эрамо,
Кўз чиқарди ярамо.
Во-ҳо-ҳо…

* * *

Хоҳлайман,
Марвариддай шода-шода йил
Тўкилса-ю бўлмаса тамом.
Хоҳлайман,
Ялпиз ҳидлаб ширакайф булбул
Гул ёнига боролсин омон.
Хоҳлайман,
Елкаларга момиқдан момиқ,
Қўлин қўйсин жужуққина тонг.
Хоҳлайман,
Ариқларга шарбат тўлсину
Сира-сира ҳеч оқмасин қон.
Ҳоҳлайман,
Чечаклар-ла сирлашган қизча
Хазин тортиб кўрмасин хазон.
Хоҳлайман,
Оқ тулпорлар кирсин тушимга
Чаппасига кетмасин замон.
Хоин қилич кўтарилмасин,
Талавасада инграмасин жон.
Адашмасин минг бор адашган…

ҲОФИЗГА

Соҳибдилим — дилоро,
Аййит, тўхтасин карвон,
Най пуфлаган қуюннинг
Энасими биёбон.
Соҳибдилим — дилоро,
Қайда у чашма гирён.
Жилға бўлган кўнглимни
Қуритиб бўлди мижгон.
Соҳибдилим — дилоро,
Кўзим менинг қулфмидур?
Очиб нигоҳим чиқса,
Чопган қилич зулфмидур?
Соҳибдилим — дилоро,
Қақнус гулхани қани?
Бор бўлса юзга суртай,
Ўтини ё кулини.
Соҳибдилим — дилоро,
Кўп риёзат чекдим-ку!
Ўзим кетдим, йўлингга
Тоқатимни экдим-ку!
Соҳибдилим — дилоро,
Васлинг саробми, рўё,
Ҳофиз эмасман, ишқда
Абдувалиман гўё…
Соҳибдилим — дилоро!

ҲИССИЙ ШЕЪР

Нимилиқ ёмғир, момиқ ер, юмшоқ осмон,
Ой луқма,
Қуёш луқма.
Осийлар арвоҳи чирқиллар, бер-бер,
Севгилим, сен мени ейишдан қўрқма!
Қўлларим — раққоса,
Кўксим — нағора,
Юлдуз ойнак холос, сайёра — лангар.
Тамошалар аро бўлдим тамоша,
Севгилим, е мени,ейолсанг агар.
Шар-шар сув ёбонга тушар қум бўлиб,
Ғар-ғар ўт қутирар ёсуман ваҳм.
Қулоғимда симоб,
Оғзимда захоб,
Севгилим, е мени, қилолсанг ҳазм.
Дўсту ёрдан бездим,
Рақибдан бездим,
Алангадан бўкдим, оғритди ойдин.
Гул билан ўйнашиб, орттирдим бола,
Ўзимга ўхшаган ўксиган, ғамгин.
Этагим ушлаган, қўйвормас тортсам,
Кўзидан тўкилар шираю шарват.
Ўтингум, сен мени ейишдан олдин,
Боламга она бўл,шафқат қил, шафқат!
Тахтакачда кесгил,
Қирғичда қирғил,
Ғалвирда эзғила, тинчисин кўнгил.
Илтижом, сен мени ейишдан аввал
Боламга юрагинг авайлаб сиқтир.
Қонингга бўялиб,
Гулзорда ётгил —
Гуллар егизсинлар энг тотли бурдам.
Йиғла-ю, сўнг мени кечиргин, кечир.
Тушун, бу ўлимга охирги чорам.
Қарагин, фарзандинг ўзимдай худди
Боламнинг сочидай сочи тим қора.

* * *

Бу дунёда топганим ҳалол,
Бурда ноним, умрим ва яна…
Бу дунёда топинганларим
Бўлди Ватан ва яна онам!
Кутмасман ҳеч кимдан марҳамат,
Қарзга келган эмас бу йўлим.
Бу дунёда устозим ҳаёт,
У дунёда шогирдим ўлим!
ИККИ РУҲИЙ ТАШБЕҲ
Эллик саккизтами,
Беш юз саккизтами боши.
Уч юз ўн тўққизта қўли,
Тўрт юздан ортиқроқ
Кўзи,
Юзи,
Ўзи…
Атига яримтагина юрак,
Нимчоракданам оз шодлик.
Зарраданам майда бахт,
Филнинг жасадидай таҳдид.
Саккиз юз ўн битта тоқат,
Салкам мингта афсус, товба.
Бургаданам кичик шафқат,
Ҳимолайдан катта болға.
Эллик саккизтами,
Беш юз тўққизтами эгов,
Порадеккина темир чангак.
Ўрни қолган энгак.
Беш юз йигирма бир андуҳ,
Патлари юлғинди
Уввооқ
Руҳ…
Уф-уф-уффф…

* * *

Одам ёғи, гўшти, пўсти
Ҳай, қўлансахўр —
Ҳўпла —
Татин —
Ёпин —
Оламий лаззатин, шиддатин, ғурбатин
Туярсан.
Ҳай, қўлансахўр —
Бекин —
Яширин —
Одам руҳи қалқир —
Балқир —
Фарёддан куярсан, фарёддан…
Ҳай, қўлансахўр…

ҲЕЧ КИМ СУЙГАН ЭМАС МЕНИ СЕНЧАЛИК…

Ҳеч ким суйган эмас мени сенчалик,
Қақнус тумшуғида ёнган аланга.
Азизам, азизам, ғамгин азизам,
Саодат олмоққа етурми тангам.
Гирдоб ютиб кетган олуча барги,
Темир дубулғада ўсган чиннигул.
Нотинч изтиробим ва соғинчларим
Сенсиз этмакдаман ёлғиз танаввул.
Ҳамал қафасида ҳарир, ғаройиб
Зиндон топиб берар кофар ҳаяжон.
Бўёқлар буғланган симий ҳовузда
Қалтираб, ялтираб турган япроқ — жон.
Ҳеч ким севган эмас мени сенчалик,
Ҳеч ким бўлолмаган сендай фидо тан.
Улкан кемани ҳам чўктирган балиқ,
Гўё сен,
Дарғадай таажжубланаман.
Оғир лангар бўлиб қўлларим чўкар,
Чуқур қучоғингга боғланиб беҳуш.
Лолдирман, тилларим қолар узилиб,
Зангор тўлқинларда қийқирган оққуш.
Ҳеч ким суйган эмас, мени сенчалик,
Ҳеч ким севган эмас мени юракдан.
Ҳеч ким тўкилмаган сендек эланиб,
Ҳеч ким тўкилмаган сендек элакдан.
На тақдир битгувчи,
На қаттол рақиб,
Бермаган саодат олмоққа танга.
Ҳеч ким ёндирмаган мени сенчалик,
Қақнус тумшуғида ёнган аланга.
Ҳеч ким суйган эмас мени сенчалик…

* * *

Мен эскирдим,
шалтоғим чиққан,
Шаҳдим учган, қабоғим сўлган,
Бир зўр йигит ичимда ўлган…
Кулбамга ҳам сиғаман зўрға,
Хира тортдим,
Қулоғим оғир.
Ҳар кечқурун ютади тўрва,
Ҳар кундузи судрайди тақдир.
Ўйланмасдан қолганман. Бошим
Ғувуллайди.
Тўғриси бўм-бўш.
Гоҳи-гоҳи индамай титрар,
Тумшуқчаси синиб кетган қуш.
Мен эскирдим,
Шалтоғим чиққан.
Фойдам тегмас. Мум қотган энсам.
Кетай десам, товонда қурб йўқ,
Овозим йўқ бақирай десам.

* * *

Намчил кунлар чўзиқ…
Тарновлар толиққан вайсақиликдан,
Ҳилвираган тупроқ
ҳаприққан.
Ҳатто ой — думалоқ қурутдай.
Оғзингга солсанг ҳам эримас.
Ҳатто қуёш
шип-шилта,
Кўксингга боссанг ҳам қуримас.
Намчил кунлар чўзиқ…

ХИЙЛА

Хийла кеч тушибди севайлик десак,
Ўғри оралабди боғу равона.
Чиннидай рўёдан эшитдик — чўпчак,
Хийла бегонамиз, билсак жаҳона.
Кексайиб кетибди тунлар биз учун,
Тақса ярақламас эски тақинчоқ,
Хийла бекорларга яшаймиз маҳзун,
Хийла овунчимга сен бир ўйинчоқ.
Хийла макрларинг сеҳрли эмас,
Бало ҳам урмайди на аъжуз-маъжуз.
Хийла найрангларим йўлдан оздирмас,
Хийла сочинг эмас сенинг чанқовуз.
Хийла кеч тушибди севайлик десак,
Бизга олакўзроқ хийла замона.
Хийла сен ҳам бир оз қаҳрли эртак,
Хийла мен ҳам бир оз чала девона…

Abduvali Qutbiddinning ilk to‘plami “Nayson”ga so‘z boshi yozgan ustoz shoir Rauf Parfining e’tiroficha:”Abduvali she’riyati dunyoni obrazli idrok etishning ajoyib namunasidir.U borliqni yalang‘och tasavvur qila olmaydi. Qalbiga har bir lahzani, voqea va hodisani his qilib, kamalakdek jilo beradi.

U har bir she’rida, yangi ranglar, ohanglar izlab topishga intiladi. Daf’atan shoir kechinmalarini ilg‘ash qiyindek, tasavvuringizga bu ingichka holatlar bir-biri bilan uzviy emasdek tuyulishi mumkin. Favqulodda o‘xshatishlar, kinoyalar, istioralar… o‘qib ajablanasiz, bu she’rlar boshqalarning she’rlariga sira o‘xshamaydi. Hatto bir qaraganda “qovushmagandek”. Ammo hukm etishga shoshmang! Yana bir bor sinchkov o‘qing, shunda bu notanish satrlar bir-biri bilan pinhona bog‘lanib, o‘ziga xos ruhiy iqlimni yaratayotganiga ishonch hosil qilasiz. Bu iqlimda siz tiriklikning teran qa’rlariga ildiz otgan xotirotning kuyunchak sadolarini tinglaysiz”.

Adabiyotshunos olim Qozoqboy Yo‘ldosh shoirning lirik qahramoni haqida shunday yozadi:”A.Qutbiddinning lirik qahramoni – 80 yillar farzandini turg‘unlik yillari tarbiyalab, hayotga yo‘l ko‘rsatgan edi. 80 yillar avlodi oldida mashaqqatli vazifa – juda ko‘p yolg‘on aralashgan kechagi va bugungi hayotdan insoniy haqiqatni zarra-zarralab terib Buyuk Haqiqatning yaxlit vujudini yaratish zarur edi. Bunga esa buyuk va sohir badiiyat qodir, xolos. Faqat ugina sohir aqldan ilgarilab ketishi, tarix sahifalari bo‘ylab sochilib ketgan hayotni faqatgina badiiy obrazlar bir nuqtaga jamlab, ko‘ngil mulkiga aylantirishi mumkin”.

Abduvali Qutbiddin
SHE’RLAR
008

 Ashampoo_Snap_2016.04.25_18h21m10s_001_.png  Abduvali Qutbiddin 1960 yil 20 iyunda Qashkadaryo viloyatining Qarshi shahrida tug‘ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1983). Dastlabki she’riy to‘plami — «Nayson» (1988). Shundan so‘ng shoirning «Humo», «Baxtli yil», «Xayol kechasi», «Sen va sen uchun», «Uzoqdan olisga» va boshqa she’riy to‘plamlari nashr etilgan. «Do‘stlik» ordeni bilan mukofotlangan (1997).

008

* * *

Quyosh, yurting qayda, so‘ragan edim,
Tong-la nuringga dil o‘ragan edim,
Men ham sen bor yerga boraman dedim,
Ammo osmoningga ko‘ymading, quyosh,
Biror bor boshimga tekkizmading bosh.

Muyishib, mungrayib ishlagan edim,
Men ham ko‘p toshlarni tishlagan edim,
Qahring shomlarida qishlagan edim,
Hayron yoshligpmni ho‘ngratding, quyosh,
Biror bor boshimga tekkizmading bosh.

Urfu rusumingdan boshlagan edim,
Eski do‘koningni xushlagan edim,
Duru marjoningni ushlagan edim,
Oqibat manglayim mushtladim, quyosh,
Biror bor boshimga tekkizmading bosh.

Tilimni kundaga ko‘ygil, chop dedim,
Keyin dil uyiga borib yot dedim,
O‘g‘lim u, o‘zim u, asta yoq dedim,
Kulu to‘zonidan mahv bo‘lgin, quyosh,
Biror bor boshimga tekkizmading bosh.

Men odam edim-ku, men odam edim,
Loydan-da yo‘g‘rilgan matodan edim,
Iblisga aldangan atodan edim,
Ey quyosh, men seni sevaman, quyosh,
Biror bor boshimga tekkizmading bosh.

* * *

Ko‘zingni tiqma, bu mening boshpanam,
Poygakdan mo‘ltayma, aslo qo‘ymayman,
Yurak deb atalgan qizil oftobadan
Uzim qon ichgayman, senga quymayman.

Barmog‘ing niqtama, mening peshonam
Xati tirnog‘ing-la yozilmagandir.
Men bilan Xudoning o‘rtasida g‘am
Arig‘lari sen-la qazilmagandir.

Yuzing burishtirma, mening bu yuzim,
Bosganman goh kishan, goh tikanlarga.
Ichgan bo‘lsam ichdim, hayrat qimizin,
Ezildim ezilib ezilganlardan.

Meniki bu g‘avg‘o, kerakmas dallol,
Daftarim varaqlab o‘qiy olmaysan.
Agarki, borlig‘im yirtsalar, alhol,
Menga boshqa borliq to‘qiy olmaysan.

Yo‘lu yo‘rig‘ingga yurmasman zinhor.
Eshit, faryod chiqar o‘pgan toshimdan,
Iloyo, boshingni teshmasin do‘l-qor,
Iloyo, yorilma yegan oshingdan.

* * *

Ko‘zimdan o‘pib qo‘y, Osima!
Senga olma bergum mag‘z-mag‘zi oltin.
Tishlasang, tishlaring hammasi tilla,
Lablaring yolqin…

Xohlasang beraman sehrgar kaklik,
Sayrasa bo‘g‘zidan tushadi guhar,
Uning bir qanoti atirgul, biri
Nilufar.

Istasang zumurrad tarog‘im senga,
Sochingni tarasang yarmisi zumrad.
Silasang qo‘lingu barmog‘ing bo‘lgay
Lojuvard.

…Eshikni yop deysan,
Sovuq-ku axir.
Boshim og‘riyapti, boshim.

Uh, tortib oynadan g‘ijirlar sovuq,
Ayoz ishqab o‘tar eshikka betin.
Ququlab yuborar hovlida tovuq,

Daraxtdan uzilib
Tushadi — olma —
Oltinnn,
Ol-tinnn,
Doo-o-dey…

* * *

Taxayul tunida seni esladim,
Kaftingda baxt qushi, yelkangda kaftar.
Poyingda tiz cho‘kib mo‘ltirar ma’yus
Kiyiklar.

Boshingda gulbargak, qarog‘ingda oy,
Sevdim, dedim seni, manglayi yalpiz,
Qo‘y dedi, etaging tishlab yotgan toy —
Ona qiz bu,
Ona qiz.

Qaldiroq burgutday yerga tashlandi,
Oyog‘imdan tortdi, bog‘ladi yo‘lga.
Yo‘l chopdi,
Juda ko‘p chopdi.
Tashladi malaklar cho‘milgan ko‘lga.
Sev, sev, sevv!

Tepamdan baqirib o‘tdi qaldiroq,
Ustimdan qichqirib o‘tdi shamollar.
Yonimga keldilar
Go‘zal, yalang‘och —
Sev meni, deguncha
Sohibjamollar.

Ko‘zimga mil tortdim, seni esladim,
Kaftingda baxt qushi, yelkangda kaftar.
Osmon markaziga botayotirsan,
Osmon markaziga botar
Kiyiklar.

* * *

Ninachi qanotin hijob qilsaydi,
Qil-ko‘prik yo‘l topib bera bilsaydi,
G‘am cheksak, Binafsha ovuntirsaydi,
To‘l-g‘o-na, to‘l-g‘o-na
Jon
Berar edik.

Seni men ko‘zimga solib tursaydim,
Faqat yosh oqqanda aksing ko‘rsaydim,
Yurakka xat yozib senga bersaydim,
To‘l-g‘o-na, to‘l-g‘o-na
Jon
Berar edik.

Qaldirg‘och ikkimiz olib ketsaydi,
Dunyodan-da yiroq yerga eltsaydi,
So‘ng sevib o‘lmoqdin saboq o‘tsaydi,
To‘l-g‘o-na, to‘l-g‘o-na
Jon
Berar edik.

Yo semurg‘ bizlarni bola qilsaydi,
Muhabbat nahrida cho‘miltirsaydi,
Ikkimiz bir lahza birlashtirsaydi,
To‘l-g‘o-na, to‘l-g‘o-na
Jon
Berar edik.

G‘AYRIY DARAXT

Nahr sohilida daraxt ko‘ringay,
Yaprog‘i chig‘alay,
Ildizi baliq.
G‘adir-budirida to‘fon ko‘ringay,
Chayir shoxlariga ilingan qayiq.
Shu qayiq ichida sevgi o‘tirgay,
Tizzasida dovul,
Bo‘ynida ilon.
Suyaklar berang qahr ko‘ringay,
Ko‘ringay bulbulga o‘xshagan qoplon.
Nahr sohilida
G‘ayriy daraxtga
Intilgan toshqinning barisi qoya.
Daraxt atrofida yurak ko‘ringay,
Ko‘ringay odamlar qoldirgan soya…

TASAVVUR LAHZALARI

* * *

Ruh sichqon ila hamtanlik qilsa…
Ruh hamsafar bo‘lsa ilon-la…
Sichqon yer ostidagi shafaqqacha borardi…
Ilon ko‘k toqidagi insonlarga yetkazardi xabar…

* * *

Avval kosibga uchra dilingni chegalasin…
Avval kulolga bor yangi bir ko‘za bersin…
Avval temir kovush top…
Avval po‘lat ko‘ylak kiy…
Keyin…
Toshga yolvor boshingni tosh qilsin…
Dasturxonga yolvor yeganing osh qilsin…
Keyin…
Jo‘na Charxpalakchining oldiga…
Baxtingni ochib bersin…
Ochib bersa…
Avval…
Avval…
Avvval…

* * *

Qabriston…
Bobom qabri…
Salom, sukutga cho‘mganlar…
Suv pufaklar yorilayotgan buloq…
Illatlardan holi baliqlar…
Vaqt ekkan chinor…
Bobom tinchmikin…

* * *

O‘simliklar dunyosi…
Hayvonot dunyosi…
Bani odam dunyosi…
Uchta do‘ng…
Uch taloto‘m…
Uch latofat…
Uch qoyim qiyomat…
Uch g‘arib mozorat…

* * *

Samandarlar yashagan Alanga saltanati…
Sharsharalarda tug‘ilgan farishtalar…
Imkonsiz murodlar…
Chivinxarobda chaqchayma palidlar…
Balchiqqa katak qurgan mahluq ayollar…
Imkonli xohishlar…
Imkondan ko‘paygan manfurlik…
Manfurlikdan ko‘paygan…

AHMAD YASSAVIY

Ilohim, sen meni tilamchi qilding,
Manglayim arqog‘in arg‘amchi qilding.
Baxt izlab odamdan odamga o‘tdim,
Yo‘llarim qonimdan sirpanchiq qilding.
Sirpandim, holima maymunlar kuldi,
Senga ko‘p yalindim, adashgan bilding.
Karaming o‘rnida g‘azabing yeldi,
Ko‘zimni sel kilding, handaqlar to‘ldi.
Ishqqa yukuntirding, avradi yona,
Qizdan juvon bo‘ldi, juvondan ona.
Mahluqni men bilan qarindosh qilding,
Yigitdan it etding, sog‘dan devona.
Kuchandim, nafsimni yubording uzib,
Qo‘shga qo‘shib qo‘yding, mijg‘ilab ezib.
Bolani beshikdan tushirding yerga,
Otani tushirding qop-qora go‘rga.
E’tiroz etmadim, alamchi kilding,
Manglayim sharhini aldamchi qilding.
So‘roqlab olamdan olamga o‘tdim,
Yo‘llarim qonimdan sirpanchiq qilding…
Ilohim, sen meni tilamchi qilding!

* * *

Ne deyin, sahroda dardkashim sarob.
Sir aytarim saksovul, ne deyin.
Kundan kun ahvolim xarobdan xarob,
Ichdim g‘am mayin.
Voyladim. bir ohu yaqin kelmadi,
Qumga urdim yuzim, u mendan bezor.
Biror it meni Qays deb bilmadi,
Tanu jon ozor…
Ko‘p kezdim. ko‘rmadim birorta karvon,
Bilmadim qayonda mag‘ribu mashriq.
Mashaqqat sohibim, arkonim armon,
Amirim qashqir…
Hukmi ravonimga bo‘ysunmas taqdir,
Endi yo‘l birgina ruhlar ko‘shkiga.
Tinch komga men qanday tushaman, axir,
Ishqiga to‘ymadim,
Ishqiga…

MUNOJOT
Tasavvuf yo‘linda

Xaslar yopmoqdalar xaslar ustini,
Tonglar yopmoqdalar tunlar ustini.
Qayu ko‘rgulikdan mudhish darak bu,
Rabbim, na-da istak, na-da tilak bu.
Bo‘zimga o‘ralgan qo‘limdan qo‘rqdim,
Chirpanib-chirpandi men ila dunyo.
Rabbim, mijg‘ilasam kuladir ko‘nglim,
Ko‘nglim yo xatodir, yo menman xato.
Ovundim, gunohdan yaralmish odam,
Chayqaldim hap-harom bog‘lar ichinda.
Girdobim ichinda girdobim ichdim,
Kirlandim qop-qora zardob ichinda.
Bomdod quyoshining iliq nafasi,
Ko‘ksimga to‘lmadi yoding-la, Alloh.
Netay qafasliman, achchiq qafasli,
To‘rt mucham sog‘u to‘rt muchamda dog‘.
Sharmsor-sharmanda nigoh soyasi,
Botgan botqoqlarda ingradim yomon.
Bir yuz yigirma ming olam doyasi,
Omon ber, omon ber, omon ber, omon…
Buzuq yuragimni endi eshitmam,
Jilvali haramning ja’mi murdadil.
Buzuq maskanatda osh-tuz yeganman,
Og‘zimda uyat bor, qo‘rquv bor, sabil…
Yo rab, senga ne deb javob bergayman,
Hisobim adashgan, a’molim vayron.
Do‘zax ko‘rdim, yana do‘zax ko‘rgayman,
Ikki dunyo aro larzon va larzon.
Sensan, faqat sensan, faqat sen ozod,
Faqat sen qodirsan, o‘zing yakto qil.
Odamning o‘zidan ozod qil, ozod,
Menga ham odamlik baxtin ato qil…
Yo, rabbim…
Xaslar tushmoqdalar xaslar ustina…
QAYG‘U PICHOG‘I

I

Qirq kun chilla qurib o‘tirdim maftun.
Senga —
Kunday balqib kelguvchi bayot.
Bor-yo‘g‘imdan ajrab qolsam —
Bir yutum,
Sevgi ber ilohiy, janobi hayot.

Koshki tegsa e,di nafu savobim.
Jodu makonlarda
Hiylam o‘tmadi.
Sen bonp;a odamdan tug‘ma azobim,
Sen o‘zga odamni kutma, egachim.

O‘zim, yolg‘iz o‘zim senga sirdoshman,
Besh kunda besh marta
borganu qaytgan.
Sening siyshsharing g‘ijimlaganu
Jimgina qadimiy allalar aytgan.

Sen menga suklanib ko‘z urma, urma,
Devmasman,
Ko‘tarsam barcha yukingni.
Men yolg‘iz ichishga tayyorman, tayyor,
Telbalardan qolgan zahar yuqini.

Kirq kui chilla kurib o‘tirdim hayron,
Kishan nikohiga
Kiritmoq istar.
Sen rohat ko‘ribsan, men xonazayron,
Bo‘ynimga qadalgan kop-kora nishtar.

Koshki to‘ysang edi, men tugasaydim,
Ochofat kunlarning
Yo‘qdir adog‘i.
O‘sha, tashlab ketgan shuni bilsaydi.
Sen mening xotinim, qayg‘u pichog‘i.

II

Chirog‘i ingragan bevaday yum-yum
yig‘isan,
Qatori yuzimdan o‘tgan.
Cho‘lu biyobonda tevaday mungrab,
izingdan izlarim
izillab ketgan.

Yavshanday qirma-qir yurdim, yugurdim,
Soching shamolidan
Yiqildim dardmand.
Balkim sen suyangan daraxt uchidan
O‘rmalab-o‘rmalab kelguvchi qurtman.

Sen mangu ketguvchi,
Men mangu daydi,
Selday oqavergum qayroqlar urib.
Sen araz urguvchi,
Men esa g‘araz,
Kelgin, yarashaylik bir bora, hurim.

Chirog‘i, chirog‘i —
ingragan yum-yum,
yig‘iman, qatori
buzilib o‘tgan.
Qara bu xotinga, qorochug‘imga
Keskir badanidan to‘kayotir zang.

Urinishim zoye,
Umidim bekor,
Kayg‘u hujrasida qayg‘udan saboq.
Tag‘in men aldadim, yoki aldandim,
Konxo‘r tig‘laringni sevaman, pichoq.

QASIDA

Ey, hazratim Sulaymon,
Mushkulimni qil oson,
Naysonning loy-gilidan
Paydo qilib ber jahon.

Ki, unda pari paykar,
Bersin jannatdan xabar,
O‘tgan devonalardin
Olib kelsin mujdalar.

Ey, hazratim Sulaymon,
Dardima topgil darmon.
Chumolining tilidan,
Dilidan bergil makon.

Olib bir dona bug‘doy,
Tayin etgil rizqu joy.
O‘rtasidan kesgilu
Taqdim etgil yangi oy.

Qumri sayla, gulruhim,
Ravza ayla shukuhim,
Sayrog‘imdan sayrona,
Qo‘shiq to‘qiy g‘ayrona.

Abduvaliman, hay-hay,
Laqa-tam-tam, lay-lay,
Abduvaliman, hay-hay,
Laqa tam-tam, lay-lay.

* * *

Qip-qizil turnani kutdim o‘ttiz yil,
Yechay deb bo‘ynidan billur xalqani.
Otamga shifolar so‘rdim o‘ttiz yil,
Rahm qani?
Shafqat qani?

Ilohdan marhamat kutdim muntazir,
Suyangan tog‘imdan ayrildim, xolo.
Jarga qulab tushdi piri dastgirim,
Vovaylo,
Vovaylo.

Gulbutoq tobuti dedim o‘ttiz yil,
Aza ochdi qildim har bir bahorga.
Bulbuli go‘yolik qildim muttasil,
Hayot anhorday…

Some’ turdim sidqu itoat bilan,
Parvo etmay bozor qiylu qoliga.
O‘ttiz yil qavmiga tortilib badan,
Arzu dod ayladi
Abduvalidan.

Inondim, bo‘g‘zimda shukur ming qatla,
Tufroq avrog‘iga men ham kerakman,
Shukurkim, o‘tarman qachondir hatlab,
Chippakdan chippakka,
chippakka…

AFSONAVIY QO‘SHIQ

Yuzlandimo bo‘shliqqa.
Ena, endi qo‘shiqman.
Hur qizlaro tegramda,
Yo‘l yo‘q, deydi, Eramga.
Bog‘i eram, eramo,
Yashnayapti yaramo.
Mirrixda tirik giyoh,
Zuhalda obihayot.
Biqinlarim og‘riydi,
Bo‘layotirman G‘irot.
Bog‘i eram, eramo,
Yashnayapti yaramo.
Yuzu to‘qqiz pardasin
Yirtarmikan koinot?
Yuzu to‘qqiz kosaga
Quyarmi qatra najot?
Bog‘i eram, eramo,
Yashnayapti yaramo.
Arg‘uvonning shoxida
Qayrilib tursa hilol.
Samoni qazib borar
Oqsin deb nuri zilol.
Bog‘i eram, eramo,
Yashnayapti yaramo.
Uyum-uyum tog‘dayin,
To‘p-to‘p bizim qadamo.
Olam yuzinda aslo,
Payqamadim odamo.
Bog‘i eram, eramo,
Yashnayapti yaramo.
Tirs etadi u hozir,
Chirs etadi u hozir.
Qirs etadi u hozir.
Tirs. chirs, qirs…
Bog‘i eram, eramo,
Ko‘z chiqardi yaramo.
Vo-ho-ho…

* * *

Xohlayman,
Marvaridday shoda-shoda yil
To‘kilsa-yu bo‘lmasa tamom.
Xohlayman,
Yalpiz hidlab shirakayf bulbul
Gul yoniga borolsin omon.
Xohlayman,
Yelkalarga momiqdan momiq,
Qo‘lin qo‘ysin jujuqqina tong.
Xohlayman,
Ariqlarga sharbat to‘lsinu
Sira-sira hech oqmasin qon.
Hohlayman,
Chechaklar-la sirlashgan qizcha
Xazin tortib ko‘rmasin xazon.
Xohlayman,
Oq tulporlar kirsin tushimga
Chappasiga ketmasin zamon.
Xoin qilich ko‘tarilmasin,
Talavasada ingramasin jon.
Adashmasin ming bor adashgan…

HOFIZGA

Sohibdilim — diloro,
Ayyit, to‘xtasin karvon,
Nay puflagan quyunning
Enasimi biyobon.
Sohibdilim — diloro,
Qayda u chashma giryon.
Jilg‘a bo‘lgan ko‘nglimni
Quritib bo‘ldi mijgon.
Sohibdilim — diloro,
Ko‘zim mening qulfmidur?
Ochib nigohim chiqsa,
Chopgan qilich zulfmidur?
Sohibdilim — diloro,
Qaqnus gulxani qani?
Bor bo‘lsa yuzga surtay,
O‘tini yo kulini.
Sohibdilim — diloro,
Ko‘p riyozat chekdim-ku!
O‘zim ketdim, yo‘lingga
Toqatimni ekdim-ku!
Sohibdilim — diloro,
Vasling sarobmi, ro‘yo,
Hofiz emasman, ishqda
Abduvaliman go‘yo…
Sohibdilim — diloro!

HISSIY SHE’R

Nimiliq yomg‘ir, momiq yer, yumshoq osmon,
Oy luqma,
Quyosh luqma.
Osiylar arvohi chirqillar, ber-ber,
Sevgilim, sen meni yeyishdan qo‘rqma!
Qo‘llarim — raqqosa,
Ko‘ksim — nag‘ora,
Yulduz oynak xolos, sayyora — langar.
Tamoshalar aro bo‘ldim tamosha,
Sevgilim, ye meni,yeyolsang agar.
Shar-shar suv yobonga tushar qum bo‘lib,
G‘ar-g‘ar o‘t qutirar yosuman vahm.
Qulog‘imda simob,
Og‘zimda zaxob,
Sevgilim, ye meni, qilolsang hazm.
Do‘stu yordan bezdim,
Raqibdan bezdim,
Alangadan bo‘kdim, og‘ritdi oydin.
Gul bilan o‘ynashib, orttirdim bola,
O‘zimga o‘xshagan o‘ksigan, g‘amgin.
Etagim ushlagan, qo‘yvormas tortsam,
Ko‘zidan to‘kilar shirayu sharvat.
O‘tingum, sen meni yeyishdan oldin,
Bolamga ona bo‘l,shafqat qil, shafqat!
Taxtakachda kesgil,
Qirg‘ichda qirg‘il,
G‘alvirda ezg‘ila, tinchisin ko‘ngil.
Iltijom, sen meni yeyishdan avval
Bolamga yuraging avaylab siqtir.
Qoningga bo‘yalib,
Gulzorda yotgil —
Gullar yegizsinlar eng totli burdam.
Yig‘la-yu, so‘ng meni kechirgin, kechir.
Tushun, bu o‘limga oxirgi choram.
Qaragin, farzanding o‘zimday xuddi
Bolamning sochiday sochi tim qora.

* * *

Bu dunyoda topganim halol,
Burda nonim, umrim va yana…
Bu dunyoda topinganlarim
Bo‘ldi Vatan va yana onam!
Kutmasman hech kimdan marhamat,
Qarzga kelgan emas bu yo‘lim.
Bu dunyoda ustozim hayot,
U dunyoda shogirdim o‘lim!
IKKI RUHIY TASHBЕH
Ellik sakkiztami,
Besh yuz sakkiztami boshi.
Uch yuz o‘n to‘qqizta qo‘li,
To‘rt yuzdan ortiqroq
Ko‘zi,
Yuzi,
O‘zi…
Atiga yarimtagina yurak,
Nimchorakdanam oz shodlik.
Zarradanam mayda baxt,
Filning jasadiday tahdid.
Sakkiz yuz o‘n bitta toqat,
Salkam mingta afsus, tovba.
Burgadanam kichik shafqat,
Himolaydan katta bolg‘a.
Ellik sakkiztami,
Besh yuz to‘qqiztami egov,
Poradekkina temir changak.
O‘rni qolgan engak.
Besh yuz yigirma bir anduh,
Patlari yulg‘indi
Uvvooq
Ruh…
Uf-uf-ufff…

* * *

Odam yog‘i, go‘shti, po‘sti
Hay, qo‘lansaxo‘r —
Ho‘pla —
Tatin —
Yopin —
Olamiy lazzatin, shiddatin, g‘urbatin
Tuyarsan.
Hay, qo‘lansaxo‘r —
Bekin —
Yashirin —
Odam ruhi qalqir —
Balqir —
Faryoddan kuyarsan, faryoddan…
Hay, qo‘lansaxo‘r…

HЕCh KIM SUYGAN EMAS MЕNI SЕNCHALIK…

Hech kim suygan emas meni senchalik,
Qaqnus tumshug‘ida yongan alanga.
Azizam, azizam, g‘amgin azizam,
Saodat olmoqqa yeturmi tangam.
Girdob yutib ketgan olucha bargi,
Temir dubulg‘ada o‘sgan chinnigul.
Notinch iztirobim va sog‘inchlarim
Sensiz etmakdaman yolg‘iz tanavvul.
Hamal qafasida harir, g‘aroyib
Zindon topib berar kofar hayajon.
Bo‘yoqlar bug‘langan simiy hovuzda
Qaltirab, yaltirab turgan yaproq — jon.
Hech kim sevgan emas meni senchalik,
Hech kim bo‘lolmagan senday fido tan.
Ulkan kemani ham cho‘ktirgan baliq,
Go‘yo sen,
Darg‘aday taajjublanaman.
Og‘ir langar bo‘lib qo‘llarim cho‘kar,
Chuqur quchog‘ingga bog‘lanib behush.
Loldirman, tillarim qolar uzilib,
Zangor to‘lqinlarda qiyqirgan oqqush.
Hech kim suygan emas, meni senchalik,
Hech kim sevgan emas meni yurakdan.
Hech kim to‘kilmagan sendek elanib,
Hech kim to‘kilmagan sendek elakdan.
Na taqdir bitguvchi,
Na qattol raqib,
Bermagan saodat olmoqqa tanga.
Hech kim yondirmagan meni senchalik,
Qaqnus tumshug‘ida yongan alanga.
Hech kim suygan emas meni senchalik…

* * *

Men eskirdim,
shaltog‘im chiqqan,
Shahdim uchgan, qabog‘im so‘lgan,
Bir zo‘r yigit ichimda o‘lgan…
Kulbamga ham sig‘aman zo‘rg‘a,
Xira tortdim,
Qulog‘im og‘ir.
Har kechqurun yutadi to‘rva,
Har kunduzi sudraydi taqdir.
O‘ylanmasdan qolganman. Boshim
G‘uvullaydi.
To‘g‘risi bo‘m-bo‘sh.
Gohi-gohi indamay titrar,
Tumshuqchasi sinib ketgan qush.
Men eskirdim,
Shaltog‘im chiqqan.
Foydam tegmas. Mum qotgan ensam.
Ketay desam, tovonda qurb yo‘q,
Ovozim yo‘q baqiray desam.

* * *

Namchil kunlar cho‘ziq…
Tarnovlar toliqqan vaysaqilikdan,
Hilviragan tuproq
hapriqqan.
Hatto oy — dumaloq qurutday.
Og‘zingga solsang ham erimas.
Hatto quyosh
ship-shilta,
Ko‘ksingga bossang ham qurimas.
Namchil kunlar cho‘ziq…

XIYLA

Xiyla kech tushibdi sevaylik desak,
O‘g‘ri oralabdi bog‘u ravona.
Chinniday ro‘yodan eshitdik — cho‘pchak,
Xiyla begonamiz, bilsak jahona.
Keksayib ketibdi tunlar biz uchun,
Taqsa yaraqlamas eski taqinchoq,
Xiyla bekorlarga yashaymiz mahzun,
Xiyla ovunchimga sen bir o‘yinchoq.
Xiyla makrlaring sehrli emas,
Balo ham urmaydi na a’juz-ma’juz.
Xiyla nayranglarim yo‘ldan ozdirmas,
Xiyla soching emas sening chanqovuz.
Xiyla kech tushibdi sevaylik desak,
Bizga olako‘zroq xiyla zamona.
Xiyla sen ham bir oz qahrli ertak,
Xiyla men ham bir oz chala devona…

Abduvali Qutbiddin. Nayson by Khurshid Davron on Scribd

Abduvali Qutbiddin. Xayol Kechasi by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 8 807, bugungi 1)

Izoh qoldiring