Isroil Shomirov. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.04.06_17h22m10s_001_.png    Исроил Шомировнинг шеърлари билан олдин ҳам таништирган эдик. Ўшанда унинг шеърларига илова қилинган мухтасар сўзимда шоирнинг «Сурхон ёшлари» газетасининг бош муҳаррири эканини қайд этиб, мана бу фикрниям билдирган эдим: «Газетанинг савияси уни бошқараётган раҳбарнинг дунёқараши ва у диққат қиладиган омилларга боғлиқ бўлади. Боз устига у ижодкор бўлса, шоир бўлса, бу жиҳат, албатта, газета табиатида намоён бўлади».
Мана орадан ўтган икки йиллик вақт менинг адашмаганимни кўрсатди. Мана шу вақт давомида «Сурхон ёшлари» газетаси бир неча бор мамлакат миқёсидаги матбуот кўрик ва танловларда турли мукофотлар билан тақдирланди. Қолаверса, «Сурхон ёшлари» газетаси саҳифаларидан олиб сайтимизда эълон қилинган матнлар марказдаги айрим газеталардан олинган матнлардан кўпроқ экани юқоридаги фикримни исботи ҳамдир.

Хуршид Даврон

Исроил ШОМИРОВ
ШЕЪРЛАР
009

Исроил Шомиров 1961 йилда Бойсун туманининг Пулхоким қишлоғида туғилган. Ҳозирги кунда “Сурхон ёшлари” газетасининг бош муҳаррири вазифасида хизмат қилмоқда. Унинг “Соғинч”, “Болаликка қайтгим келади” номли шеърий китоблари чоп этилган.

009

* * *

isroil shamir 01.jpg

Кўнглимда очилди чечаклар,
Турналар тақдирда тизилди.
О, бунча узун бу эртаклар! –
Менинг бор умримча
чўзилди.

Бошимда гоҳ булут, гоҳ қуёш,
Ҳар сўзим энг сўнгги сўзимдир.
Куйлайман –
эрийди тоғу тош!
Тоғлардай сезаман ўзимни.

Юрагим югурар
бесабр,
Пойимга чалкашар фироқлар.
Баҳорми, аёзми –
барибир –
Кўксимда кўкарар гиёҳлар.

* * *

Тоғ қишлоғи.
Лойсувоқ томлар.
Ҳовлиларнинг эшиги толдан.
Узоқ эди ўзга оламлар,
Бола қалбим
шу ерда қолган.

Уй тўрида изиллаган қиш,
Печ ёқарди онам эрталаб.
Қорли даштдан –
Ҳар кунги юмуш –
Келар эдим ўтин орқалаб.

Курашардим қиш билан шундоқ,
Баҳорларга чўлғаб тушимни.
Чаққанида кўксимда чақмоқ,
Йўллар асир олди ҳушимни.

Тоғ бағридан мени тортқилаб,
Юлқиб олди шаҳар – сеҳркор.
Аммо қишда – бодоми гуллаб! –
Ҳали келмай алдади баҳор…

Йиғлаб қолди кимдир орқамдан,
Йиллар ўтди,
замон ўзгарди.
Ўтин эмас,
бугун елкамдан,
Босиб турар дунёнинг дарди.

* * *

Йиғладинг.
Мен сени тушундим,
Кетасан,
узоққа,
бош олиб.
Сен тутадинг, мен эса ёндим.
Чиқиб бўлмас тақдирдан ғолиб.

Фарёдим бўғзимга қадалган,
Жим эгиб турибман
бошимни.
Энг сўнгги бор менга аталган,
Артолмадим
кўзда ёшингни.

Қайт демадим
кўнглингни топиб,
Етмади
бунга ҳеч журъатим.
Кетдинг аста
эшикни ёпиб,
Ёлғиз қолмоқ экан
Қисматим…

* * *

Ариқ бўйи.
Зилол сув оқар.
Эркаланиб тебранар
ялпиз.
Димоғимга сачратиб ифор,
Келиб чўкар ёнимга
бир қиз.

Сув бетида ой сузар
енгил,
Сўнг оғушга олади борлиқ.
Мен
ялпизга қўйгандим кўнгил,
Ишқига дил қиларди торлик.

Ариқ бўйи –
бир қиз йиғлайди,
Сув ичида чўмилади ой.
Тун жонсарак,
осмон ухлайди,
Ўз сирини бериб қўйиб бой.

СТУДИЯ, ШОИР ВА РЕЖИССЁР
ҲАҚИДА ШЕЪР

Ястанган студия,
сокин,
кенг,
шинам,
Мовий ранг таралар чироқдан хира.
Уч-тўртта камера
ютмоққадир шай:
Ҳар ён тоғ, чаманзор –
декорация.

Ёзиб олинмоқда шеърий бир лавҳа,
Саҳна тинч,
ҳеч ким йўқ шоирдан бўлак.
Микрофонлар тайёр,
шошмоқда ҳамма,
Кўрсатув эфирга кетиши керак!

Шеър ўқий бошлайди берилиб шоир,
Ўктам овоз ила
мағрур,
шиддаткор.
Қўлин кўкка нуқиб, дейди:
“Бу тақдир,
Адашиб юрибди бозорма-бозор…”

“Стоп!” дер режиссёр хуноби ошиб,
Жиғибийрон ҳолда юраркан четга:
“Тақдир…
юрмайди ҳеч…
бозорда гангиб,
Тўғри келмайди бу
менталитетга!”

Ўзича уқтирар режиссёр обдон:
“Кулиб туриш лозим,
керак эмас дард.
Маъюслик экранда кўринар ёмон,
Қўлни ҳам ҳавода ўйнатмаслик шарт!”

Бошланар
ҳаммаси яна қайтадан,
Шоирнинг шеърлари аламли, маъюс.
Гўё студия портлар даъфатан,
Ва яна режиссёр куйинар:
– Афсус…

Бўғилиб боради тобора шоир,
Жонсарак бўшатар бўйинбоғини.
Тундлашган юзида синиқлик зоҳир,
Йўқотиб қўйгандек кўнгил боғини.

Тин олар студия,
тўхтар бир пасга,
Шоир шивирлайди
чангаллаб юрак:
“Ижодкор сиғмайди тилла қафасга,
Қочинг,
тезроқ уйга етишим керак!..”

ЁЛҒИЗЛИК

Букчайиб боради тоғдек қоматинг,
Изтироб забтидан қақшайди суяк.
Парчаланиб кетар сабринг,
тоқатинг,
Бўйсунмай қолади ҳамдаминг –
юрак.

Атрофинг зимистон,
дунё қоронғу,
Кўзларинг бир нурни ахтарар мудом.
Ичганинг сув эмас,
заҳардир – оғу,
Кечмишинг – азобли, бугунинг – беком .

Қўлинг тош қотгандир,
олдга чўзилмас,
Нарсанинг ўзи йўқ сен ушлайдиган.
Сукунат занжири бўғар басма-бас,
Куйлар ҳам тингандек сен хушлайдиган.

Сен
чўққида қолиб кетган бир овчи,
Овозинг янграмас,
бермас акс-садо.
Тақдир йўлларида ғариб тиланчи,
Тўрвасин меҳрга тутган бир гадо.

Қисмат уммонида митти оролсан,
Ғарқ бўлиб борасан қаърига аста.
Ушалмас орзусан,
мунгли хаёлсан,
Армонга қоришиқ,
дардга пайваста.

* * *

Опа,
боролмадим ёнингга йиллаб,
Ё унут бўлдими дийдор,
дардлашув.
Елкамда уф тортар
замин инқиллаб,
Булар айтганидай, глобаллашув.

Эсимда ҳовлимиз:
ғариб уй,
пастқам,
Қишда жон сақларди зўрға,
қунишиб.
Улғайдик,
устимиз юпун бўлса ҳам,
Шафқатсиз йилларнинг олдига тушиб.

Ялдо кечалари липиллаб чироқ,
Хира тортар эди онамдай
маҳзун.
Қийқириб кечгача чопгандик узоқ,
Ёмғирда
итимиз болалаган кун.

Иккимиз хуш кўрган эрка ялпизлар,
Билмам, қаерларда қолди ўкиниб.
Тунларни опичлаб юрган юлдузлар,
Қўлдан қовурмочдай кетди тўкилиб.

Опа, оғриқларни эслама,
қўйгил,
Куз келган юракда мезонлар учди.
Палахмон тошига айланган кўнгил,
Бориб қаҳратоннинг қўлига тушди.

Менинг бошим узра ёғаётир қор,
Сенинг сочларингда гуллади ўрик.
Ана, кириб келди ҳовлингга баҳор…
Энди англадингми –
хотира тирик.

Ҳадемай қушларнинг қайтмоғи тайин,
Ҳозир куз,
шаҳарда ташвишларим мўл.
Умримдай қисқариб борар кун сайин,
Дийдорга элтгувчи хазон кўмган йўл.

* * *

Кўнгил уйин макон этди қизғалдоқлар,
Юрагимга бошларини қўйди ҳолсиз.
Сўниб борар мудроқ инган гул ёноқлар,
Кўзларида қотиб қолган бир парча муз.

Топилмади ярасига бирор малҳам,
Қонаб кетди жонсизгина бармоқларим.
Нигоҳимда чўкиб ётар бутун олам,
Гумон энди…
гумон ортга қайтмоқларим.

Ўт туташди
тошлар ботган товонимга,
Раҳмон эмас, шайтонлар мен томон бўлди.
Учолмадим
қанот қоқиб осмонимга,
Ёмон бўлди,
ёки охирзамон бўлди.

Титраб турган юрак эмас,
толнинг барги,
Ҳовучимда тўлғонади она замин.
Кўзларимга сингиб кетган
кузнинг ранги,
Тўлдиролмай овораман дунё камин.

ЁМҒИР, ҚЎЙГИЛ ЭНДИ

Ёмғир,
қўйгил энди шир-ширларингни,
Сел қилиб юбординг юракни, ахир.
Сув босган бўлса-да адирларимни,
Кўнглим – яйдоқ дала,
Дўнглари – тақир.

Ҳув, қўш тортаётган – ҳўкизни алқаб,
Омоч ушлаганнинг усти ивиган.
Ўт ёқса бўларди шувоқни қалаб,
Балки гулхандан ҳам кўнгли совиган.

Кўкда айланади бир ғажир мағрур.
Бугун унинг уйи емакка тўлди:
Туянинг устида ит қопиб – қурғур! —
Ўтинчи боланинг эшаги ўлди.

Сойда майсаларни сел олиб кетди,
Қирда бойчечакнинг “усти-боши лой”.
Довул райҳонларнинг бошига етди,
Қара, қизғалдоқнинг аҳволига вой.

Ёмғир,
ёғаверма, салгина тингин,
Чопоним қуритай, гулханни ёқиб.
Ўзинг ҳаёт бердинг!
Топтама!
Кўнгин! –
Майли, сўнг кетайин селингга оқиб.

Ёмғир,
қўйгил энди шир-ширларингни.

МЕН ҲАЙКАЛ ҚЎЯМАН
Тоғай Муродни эслаб

Хаёлан юракка ахтариб таскин,
От билан жўнайман Хўжасоатга.
Кўзимга суртгайман адирлар хокин,
Улар ҳайкал бўлар Тоғай Муродга.

Сайрак даштларини туман қоплаган,
Бедов ҳансирайди, йўл тортар ҳорғин.
Бу ёлғиз сўқмоқдан кимлар чопмаган,
Негадир чечакнинг юзлари сўлғин.

Шоир юрти ўзи муқаддас манзил,
У ерга бормасам, кўнглим тўлмайди.
Не учун ғамгинсан, юрак, сен хижил,
Сирли бу дунёда ўлиб бўлмайди.

Бирдан ёмғир қуяр, чақади чақин,
Ожиз юрагимни тешар жалалар.
Ортимдан қўл силтар юракка яқин,
Мунғайиб отамдан қолган далалар.

Танамга хуш ёқмас баҳор ҳавоси,
Чеҳраси ёришмас қизғалдоқнинг ҳам.
Билмадим, маҳзундир тўрғай навоси,
Сайхонликлар аро нималардир кам.

Каклик ҳам сайрамас зовнинг пастида,
Кийиклар кўринмас – бир хатар туйган.
Эвоҳ, Обоқлининг бийдай даштида,
Оқшомлари отлар кишнамай қўйган.

Тоғнинг тик бетлари сирпанчиқ, нишаб,
Узанги товонга ханжардай ботар.
Майсалар устига гиламин тўшаб,
Кимдир бол ялайди, кимдир муз қотар.

Шомда ошно бўлдим Хўжасоатга,
Қишлоқ одамлари дилкаш, меҳмондўст.
Ҳар бири ўхшайди Тоғай Муродга,
Бургут кўзларида чақнайди юлдуз.

Гулхан атрофида қизиди гурунг,
Ғамгин шеър ўқидим кенг давра аро.
Элнинг юлдузлари мангу ёнган, денг,
Улар давралардан тушмайди айро.

Ким ровийлик қилар ўзича яйраб,
Бахши оҳангидан учар аламлар.
Ўчоққа арчадан ўтинни қалаб,
Маъюсдир ойдинда юрган одамлар.

Зиёдулла чавандоз келар ёнимга,
Элнинг орин олган улоқчи – бир кал.
Тоғлар ора кирар менинг жонимга,
Излаган нарсамни топгум шу маҳал.

…Гоҳо яёв юриб, гоҳо от миниб,
Ҳали кўп бораман Хўжасоатга.
Дала ва даштларга минг бор сиғиниб,
Мен ҳайкал қўяман Тоғай Муродга.

 

* * *

Ҳали бошланмаган менинг ҳаётим,
Тушда кўрганларим бариси ёлғон.
Шунча йил кўз очмай уйқуда ётдим,
Минг битта сўзим бор
айтилмай қолган.

Ахир, ухлаган йўқ кўксимда юрак,
Энди ётиб бўлмас безабон,
беун.
Ҳечқурса майсага айланмоқ керак,
Баҳорда қайтадан яралиш учун.

МЕН КИММАН…

Мен кимман…
Йўлда кетаётган оддий бир банда.
Ҳеч кимман…
Гоҳ гангиб қоламан дунё рангидан,
Алам билан шодлик бирга келганда.

Мен кимман…
Дунё шуҳратига инжиқ даъвогар.
Ҳеч кимман…
Аслида шеъримдан бўлак нарсам йўқ,
Юракда дардим бор бўйим баробар.

Мен кимман…
Одамлар кўнглига қараб яшаган.
Ҳеч кимман…
Ўзининг бор меҳрин бериб кимларга,
Кимларнинг меҳрини сўраб яшаган.

Мен кимман…
Яхши ҳам ёмонни бир одам билган.
Ҳеч кимман…
Фақат кўнгли билан бўлиб овора,
Умрида на савоб, на гуноҳ қилган.

Мен кимман…
Шоирман – дунёга қарай олган тик.
Талпиниб яшайман илоҳий ишққа,
Элнинг изтироби юрагимга юк.

* * *

Тийрамоҳда титраган
хазон бўлиб учдим мен,
Қисмат юки ортилган
карвон бўлиб кўчдим мен.
Йўлимда ҳар хас-тикон
Гулдир дея қучдим мен,
Азал ишқ деб аталган
ошёнларни изладим.

Дунё экан бемеҳр,
мурувватдан мосуво,
Бир дилга айлаб жабр
давосиз ишқ этар жо.
Висолга кўз ташнадир
бир зарраси тўтиё,
Ҳижроннинг чўли аро
уммонларни изладим.

Ҳар ким менга эргашди,
ҳар ким бўлди ҳамроҳим.
Кимлар суйиб-сийлашди,
кимлар бўлди паноҳим.
Насиҳатлар сўйлашди
англамай дарди оҳим,
Меҳри ўтли, оташли
инсонларни изладим.

Мен талпиндим кўкларга,
осмонларга юзландим.
Қушлар – дарди йўқларга
дардим айтиб бўзладим.
Қонталаш уфқларга
боқиб охир музладим,
Олис-олис ёқлардан
ишқ манзилин изладим.

Ишқ манзили қайдадир,
йўллар борми етгали?
Шайдо юрагим охир
қўлларига тутгали.
Кўзим юмар чоғда бир
висол таъмин тотгали,
Қон бўлиб юрак-бағир
хуш онларни изладим.

Бу дунёда на ором,
на кўрдим бир ҳаловат.
Қалбимга чўкди оқшом,
юрагимда дард-ҳасрат.
Ишқсиз ўтди бу айём,
армон бўлди муҳаббат,
Энди учирсин тамом,
тўфонларни изладим.

ЭРТАК ДАВОМ ЭТАДИ

Баҳайбат тоғларнинг этакларида
Қоронғу кулбанинг бурчакларида,
Ваҳима аралаш болалиги ўтган
Момомнинг қўрқинчли эртакларида –
Мозийни кўраман.
Ўтмишни кўраман. Ғамни, аламни,
Чеҳралардай хира тортган шамни кўраман…
Юраклар ҳадикка қоришиқ,
Бешотар ногаҳон қарсиллар,
Ҳавода ўйнайди қамчинлар
Тинч қўймас оҳ-воҳлар,
Отларнинг дупури —
Дилларни кетади ўпириб.
Қўрқув ошён қурган кўкрак қафасда
гуп-гуп тепиб турган
юрак зарбидан титрайди лаблар…
Эртак бўлса давом этади.
Момом эринмайди бечора, авом.
Хонани аллалар ҳутнинг ҳавоси,
Ётибмиз, хаёллар даҳшатда.
Мўрилардан келар баҳор нафаси.
Деразанинг мовий пардаларини
Олиб қочар адирларга шошиб шамоллар.
Кўзни қўрқув босар, ташқарида тун
Эртак бўлса давом этади.
Уйқу бирдан бостириб кирар
Нафис ва маъсум қорачиқларга
Киприклар қолади ёпишиб.
Хонада-чи, фақатгина бир киши уйғоқ,
Жимжитлик…
Ой ҳам айро тушар юлдузларидан
Шу пайт фурсат етади –
Сирдошлар қолади топишиб.
Набиралар
сокинлик қўйнида пишиллаб ухлар,
Эртак бўлса давом этади…

НОТЕКИС ДУНЁ

Бошга ташвиш тушди,
ёлғон бу дунё,
Улфатлар ёнимда туролмадилар.
Тиз чўкмоқлик уят –
пул, мансаб рўё,
Мен билан ўт ичра юролмадилар.

Ичи қоралардан кетдим мен куйиб,
Салгина бойидим,
кўролмадилар.
Дарвеш бўлдим охир ишни ҳам қўйиб,
Парча нон сўрадим,
беролмадилар.

08.jpg Isroil Shomirovning she’rlari bilan oldin ham tanishtirgan edik. O‘shanda uning she’rlariga ilova qilingan muxtasar so‘zimda shoirning «Surxon yoshlari» gazetasining bosh muharriri ekanini qayd etib, mana bu fikrniyam bildirgan edim: “Gazetaning saviyasi uni boshqarayotgan rahbarning dunyoqarashi va u diqqat qiladigan omillarga bog‘liq bo‘ladi. Boz ustiga u ijodkor bo‘lsa, shoir bo‘lsa, bu jihat, albatta, gazeta tabiatida namoyon bo‘ladi”.
Mana oradan o‘tgan ikki yillik vaqt mening adashmaganimni ko‘rsatdi. Mana shu vaqt davomida «Surxon yoshlari» gazetasi bir necha bor mamlakat miqyosidagi matbuot ko‘rik va tanlovlarda turli mukofotlar bilan taqdirlandi. Qolaversa, «Surxon yoshlari» gazetasi sahifalaridan olib saytimizda e’lon qilingan matnlar markazdagi ayrim gazetalardan olingan matnlardan ko‘proq ekani   yuqoridagi fikrimni isboti hamdir.

 

Xurshid Davron

Isroil SHOMIROV
SHE’RLAR
009

Isroil Shomirov 1961 yilda Boysun tumanining Pulxokim qishlog‘ida tug‘ilgan. Hozirgi kunda “Surxon yoshlari” gazetasining bosh muharriri vazifasida xizmat qilmoqda. Uning “Sog‘inch”, “Bolalikka qaytgim keladi” nomli she’riy kitoblari chop etilgan.

009

* * *

isroil shamir.jpg

Ko‘nglimda ochildi chechaklar,
Turnalar taqdirda tizildi.
O, buncha uzun bu ertaklar! –
Mening bor umrimcha
cho‘zildi.

Boshimda goh bulut, goh quyosh,
Har so‘zim eng so‘nggi so‘zimdir.
Kuylayman –
eriydi tog‘u tosh!
Tog‘larday sezaman o‘zimni.

Yuragim yugurar
besabr,
Poyimga chalkashar firoqlar.
Bahormi, ayozmi –
baribir –
Ko‘ksimda ko‘karar giyohlar.

* * *

Tog‘ qishlog‘i.
Loysuvoq tomlar.
Hovlilarning eshigi toldan.
Uzoq edi o‘zga olamlar,
Bola qalbim
shu yerda qolgan.

Uy to‘rida izillagan qish,
Pech yoqardi onam ertalab.
Qorli dashtdan –
Har kungi yumush –
Kelar edim o‘tin orqalab.

Kurashardim qish bilan shundoq,
Bahorlarga cho‘lg‘ab tushimni.
Chaqqanida ko‘ksimda chaqmoq,
Yo‘llar asir oldi hushimni.

Tog‘ bag‘ridan meni tortqilab,
Yulqib oldi shahar – sehrkor.
Ammo qishda – bodomi gullab! –
Hali kelmay aldadi bahor…

Yig‘lab qoldi kimdir orqamdan,
Yillar o‘tdi,
zamon o‘zgardi.
O‘tin emas,
bugun yelkamdan,
Bosib turar dunyoning dardi.

* * *

Yig‘lading.
Men seni tushundim,
Ketasan,
uzoqqa,
bosh olib.
Sen tutading, men esa yondim.
Chiqib bo‘lmas taqdirdan g‘olib.

Faryodim bo‘g‘zimga qadalgan,
Jim egib turibman
boshimni.
Eng so‘nggi bor menga atalgan,
Artolmadim
ko‘zda yoshingni.

Qayt demadim
ko‘nglingni topib,
Yetmadi
bunga hech jur’atim.
Ketding asta
eshikni yopib,
Yolg‘iz qolmoq ekan
Qismatim…

* * *

Ariq bo‘yi.
Zilol suv oqar.
Erkalanib tebranar
yalpiz.
Dimog‘imga sachratib ifor,
Kelib cho‘kar yonimga
bir qiz.

Suv betida oy suzar
yengil,
So‘ng og‘ushga oladi borliq.
Men
yalpizga qo‘ygandim ko‘ngil,
Ishqiga dil qilardi torlik.

Ariq bo‘yi –
bir qiz yig‘laydi,
Suv ichida cho‘miladi oy.
Tun jonsarak,
osmon uxlaydi,
O‘z sirini berib qo‘yib boy.

STUDIYA, SHOIR VA RЕJISSYOR
HAQIDA SHE’R

Yastangan studiya,
sokin,
keng,
shinam,
Moviy rang taralar chiroqdan xira.
Uch-to‘rtta kamera
yutmoqqadir shay:
Har yon tog‘, chamanzor –
dekoratsiya.

Yozib olinmoqda she’riy bir lavha,
Sahna tinch,
hech kim yo‘q shoirdan bo‘lak.
Mikrofonlar tayyor,
shoshmoqda hamma,
Ko‘rsatuv efirga ketishi kerak!

She’r o‘qiy boshlaydi berilib shoir,
O‘ktam ovoz ila
mag‘rur,
shiddatkor.
Qo‘lin ko‘kka nuqib, deydi:
“Bu taqdir,
Adashib yuribdi bozorma-bozor…”

“Stop!” der rejissyor xunobi oshib,
Jig‘ibiyron holda yurarkan chetga:
“Taqdir…
yurmaydi hech…
bozorda gangib,
To‘g‘ri kelmaydi bu
mentalitetga!”

O‘zicha uqtirar rejissyor obdon:
“Kulib turish lozim,
kerak emas dard.
Ma’yuslik ekranda ko‘rinar yomon,
Qo‘lni ham havoda o‘ynatmaslik shart!”

Boshlanar
hammasi yana qaytadan,
Shoirning she’rlari alamli, ma’yus.
Go‘yo studiya portlar da’fatan,
Va yana rejissyor kuyinar:
– Afsus…

Bo‘g‘ilib boradi tobora shoir,
Jonsarak bo‘shatar bo‘yinbog‘ini.
Tundlashgan yuzida siniqlik zohir,
Yo‘qotib qo‘ygandek ko‘ngil bog‘ini.

Tin olar studiya,
to‘xtar bir pasga,
Shoir shivirlaydi
changallab yurak:
“Ijodkor sig‘maydi tilla qafasga,
Qoching,
tezroq uyga yetishim kerak!..”

YOLG‘IZLIK

Bukchayib boradi tog‘dek qomating,
Iztirob zabtidan qaqshaydi suyak.
Parchalanib ketar sabring,
toqating,
Bo‘ysunmay qoladi hamdaming –
yurak.

Atrofing zimiston,
dunyo qorong‘u,
Ko‘zlaring bir nurni axtarar mudom.
Ichganing suv emas,
zahardir – og‘u,
Kechmishing – azobli, buguning – bekom .

Qo‘ling tosh qotgandir,
oldga cho‘zilmas,
Narsaning o‘zi yo‘q sen ushlaydigan.
Sukunat zanjiri bo‘g‘ar basma-bas,
Kuylar ham tingandek sen xushlaydigan.

Sen
cho‘qqida qolib ketgan bir ovchi,
Ovozing yangramas,
bermas aks-sado.
Taqdir yo‘llarida g‘arib tilanchi,
To‘rvasin mehrga tutgan bir gado.

Qismat ummonida mitti orolsan,
G‘arq bo‘lib borasan qa’riga asta.
Ushalmas orzusan,
mungli xayolsan,
Armonga qorishiq,
dardga payvasta.

* * *

Opa,
borolmadim yoningga yillab,
Yo unut bo‘ldimi diydor,
dardlashuv.
Yelkamda uf tortar
zamin inqillab,
Bular aytganiday, globallashuv.

Esimda hovlimiz:
g‘arib uy,
pastqam,
Qishda jon saqlardi zo‘rg‘a,
qunishib.
Ulg‘aydik,
ustimiz yupun bo‘lsa ham,
Shafqatsiz yillarning oldiga tushib.

Yaldo kechalari lipillab chiroq,
Xira tortar edi onamday
mahzun.
Qiyqirib kechgacha chopgandik uzoq,
Yomg‘irda
itimiz bolalagan kun.

Ikkimiz xush ko‘rgan erka yalpizlar,
Bilmam, qayerlarda qoldi o‘kinib.
Tunlarni opichlab yurgan yulduzlar,
Qo‘ldan qovurmochday ketdi to‘kilib.

Opa, og‘riqlarni eslama,
qo‘ygil,
Kuz kelgan yurakda mezonlar uchdi.
Palaxmon toshiga aylangan ko‘ngil,
Borib qahratonning qo‘liga tushdi.

Mening boshim uzra yog‘ayotir qor,
Sening sochlaringda gulladi o‘rik.
Ana, kirib keldi hovlingga bahor…
Endi angladingmi –
xotira tirik.

Hademay qushlarning qaytmog‘i tayin,
Hozir kuz,
shaharda tashvishlarim mo‘l.
Umrimday qisqarib borar kun sayin,
Diydorga eltguvchi xazon ko‘mgan yo‘l.

* * *

Ko‘ngil uyin makon etdi qizg‘aldoqlar,
Yuragimga boshlarini qo‘ydi holsiz.
So‘nib borar mudroq ingan gul yonoqlar,
Ko‘zlarida qotib qolgan bir parcha muz.

Topilmadi yarasiga biror malham,
Qonab ketdi jonsizgina barmoqlarim.
Nigohimda cho‘kib yotar butun olam,
Gumon endi…
gumon ortga qaytmoqlarim.

O‘t tutashdi
toshlar botgan tovonimga,
Rahmon emas, shaytonlar men tomon bo‘ldi.
Ucholmadim
qanot qoqib osmonimga,
Yomon bo‘ldi,
yoki oxirzamon bo‘ldi.

Titrab turgan yurak emas,
tolning bargi,
Hovuchimda to‘lg‘onadi ona zamin.
Ko‘zlarimga singib ketgan
kuzning rangi,
To‘ldirolmay ovoraman dunyo kamin.

YOMG‘IR, QO‘YGIL ENDI

Yomg‘ir,
qo‘ygil endi shir-shirlaringni,
Sel qilib yubording yurakni, axir.
Suv bosgan bo‘lsa-da adirlarimni,
Ko‘nglim – yaydoq dala,
Do‘nglari – taqir.

Huv, qo‘sh tortayotgan – ho‘kizni alqab,
Omoch ushlaganning usti ivigan.
O‘t yoqsa bo‘lardi shuvoqni qalab,
Balki gulxandan ham ko‘ngli sovigan.

Ko‘kda aylanadi bir g‘ajir mag‘rur.
Bugun uning uyi yemakka to‘ldi:
Tuyaning ustida it qopib – qurg‘ur! —
O‘tinchi bolaning eshagi o‘ldi.

Soyda maysalarni sel olib ketdi,
Qirda boychechakning “usti-boshi loy”.
Dovul rayhonlarning boshiga yetdi,
Qara, qizg‘aldoqning ahvoliga voy.

Yomg‘ir,
yog‘averma, salgina tingin,
Choponim quritay, gulxanni yoqib.
O‘zing hayot berding!
Toptama!
Ko‘ngin! –
Mayli, so‘ng ketayin selingga oqib.

Yomg‘ir,
qo‘ygil endi shir-shirlaringni.

MЕN HAYKAL QO‘YAMAN
Tog‘ay Murodni eslab

Xayolan yurakka axtarib taskin,
Ot bilan jo‘nayman Xo‘jasoatga.
Ko‘zimga surtgayman adirlar xokin,
Ular haykal bo‘lar Tog‘ay Murodga.

Sayrak dashtlarini tuman qoplagan,
Bedov hansiraydi, yo‘l tortar horg‘in.
Bu yolg‘iz so‘qmoqdan kimlar chopmagan,
Negadir chechakning yuzlari so‘lg‘in.

Shoir yurti o‘zi muqaddas manzil,
U yerga bormasam, ko‘nglim to‘lmaydi.
Ne uchun g‘amginsan, yurak, sen xijil,
Sirli bu dunyoda o‘lib bo‘lmaydi.

Birdan yomg‘ir quyar, chaqadi chaqin,
Ojiz yuragimni teshar jalalar.
Ortimdan qo‘l siltar yurakka yaqin,
Mung‘ayib otamdan qolgan dalalar.

Tanamga xush yoqmas bahor havosi,
Chehrasi yorishmas qizg‘aldoqning ham.
Bilmadim, mahzundir to‘rg‘ay navosi,
Sayxonliklar aro nimalardir kam.

Kaklik ham sayramas zovning pastida,
Kiyiklar ko‘rinmas – bir xatar tuygan.
Evoh, Oboqlining biyday dashtida,
Oqshomlari otlar kishnamay qo‘ygan.

Tog‘ning tik betlari sirpanchiq, nishab,
Uzangi tovonga xanjarday botar.
Maysalar ustiga gilamin to‘shab,
Kimdir bol yalaydi, kimdir muz qotar.

Shomda oshno bo‘ldim Xo‘jasoatga,
Qishloq odamlari dilkash, mehmondo‘st.
Har biri o‘xshaydi Tog‘ay Murodga,
Burgut ko‘zlarida chaqnaydi yulduz.

Gulxan atrofida qizidi gurung,
G‘amgin she’r o‘qidim keng davra aro.
Elning yulduzlari mangu yongan, deng,
Ular davralardan tushmaydi ayro.

Kim roviylik qilar o‘zicha yayrab,
Baxshi ohangidan uchar alamlar.
O‘choqqa archadan o‘tinni qalab,
Ma’yusdir oydinda yurgan odamlar.

Ziyodulla chavandoz kelar yonimga,
Elning orin olgan uloqchi – bir kal.
Tog‘lar ora kirar mening jonimga,
Izlagan narsamni topgum shu mahal.

…Goho yayov yurib, goho ot minib,
Hali ko‘p boraman Xo‘jasoatga.
Dala va dashtlarga ming bor sig‘inib,
Men haykal qo‘yaman Tog‘ay Murodga.

* * *

Hali boshlanmagan mening hayotim,
Tushda ko‘rganlarim barisi yolg‘on.
Shuncha yil ko‘z ochmay uyquda yotdim,
Ming bitta so‘zim bor
aytilmay qolgan.

Axir, uxlagan yo‘q ko‘ksimda yurak,
Endi yotib bo‘lmas bezabon,
beun.
Hechqursa maysaga aylanmoq kerak,
Bahorda qaytadan yaralish uchun.

MЕN KIMMAN…

Men kimman…
Yo‘lda ketayotgan oddiy bir banda.
Hech kimman…
Goh gangib qolaman dunyo rangidan,
Alam bilan shodlik birga kelganda.

Men kimman…
Dunyo shuhratiga injiq da’vogar.
Hech kimman…
Aslida she’rimdan bo‘lak narsam yo‘q,
Yurakda dardim bor bo‘yim barobar.

Men kimman…
Odamlar ko‘ngliga qarab yashagan.
Hech kimman…
O‘zining bor mehrin berib kimlarga,
Kimlarning mehrini so‘rab yashagan.

Men kimman…
Yaxshi ham yomonni bir odam bilgan.
Hech kimman…
Faqat ko‘ngli bilan bo‘lib ovora,
Umrida na savob, na gunoh qilgan.

Men kimman…
Shoirman – dunyoga qaray olgan tik.
Talpinib yashayman ilohiy ishqqa,
Elning iztirobi yuragimga yuk.

* * *

Tiyramohda titragan
xazon bo‘lib uchdim men,
Qismat yuki ortilgan
karvon bo‘lib ko‘chdim men.
Yo‘limda har xas-tikon
Guldir deya quchdim men,
Azal ishq deb atalgan
oshyonlarni izladim.

Dunyo ekan bemehr,
muruvvatdan mosuvo,
Bir dilga aylab jabr
davosiz ishq etar jo.
Visolga ko‘z tashnadir
bir zarrasi to‘tiyo,
Hijronning cho‘li aro
ummonlarni izladim.

Har kim menga ergashdi,
har kim bo‘ldi hamrohim.
Kimlar suyib-siylashdi,
kimlar bo‘ldi panohim.
Nasihatlar so‘ylashdi
anglamay dardi ohim,
Mehri o‘tli, otashli
insonlarni izladim.

Men talpindim ko‘klarga,
osmonlarga yuzlandim.
Qushlar – dardi yo‘qlarga
dardim aytib bo‘zladim.
Qontalash ufqlarga
boqib oxir muzladim,
Olis-olis yoqlardan
ishq manzilin izladim.

Ishq manzili qaydadir,
yo‘llar bormi yetgali?
Shaydo yuragim oxir
qo‘llariga tutgali.
Ko‘zim yumar chog‘da bir
visol ta’min totgali,
Qon bo‘lib yurak-bag‘ir
xush onlarni izladim.

Bu dunyoda na orom,
na ko‘rdim bir halovat.
Qalbimga cho‘kdi oqshom,
yuragimda dard-hasrat.
Ishqsiz o‘tdi bu ayyom,
armon bo‘ldi muhabbat,
Endi uchirsin tamom,
to‘fonlarni izladim.

ERTAK DAVOM ETADI

Bahaybat tog‘larning etaklarida
Qorong‘u kulbaning burchaklarida,
Vahima aralash bolaligi o‘tgan
Momomning qo‘rqinchli ertaklarida –
Moziyni ko‘raman.
O‘tmishni ko‘raman. G‘amni, alamni,
Chehralarday xira tortgan shamni ko‘raman…
Yuraklar hadikka qorishiq,
Beshotar nogahon qarsillar,
Havoda o‘ynaydi qamchinlar
Tinch qo‘ymas oh-vohlar,
Otlarning dupuri —
Dillarni ketadi o‘pirib.
Qo‘rquv oshyon qurgan ko‘krak qafasda
gup-gup tepib turgan
yurak zarbidan titraydi lablar…
Ertak bo‘lsa davom etadi.
Momom erinmaydi bechora, avom.
Xonani allalar hutning havosi,
Yotibmiz, xayollar dahshatda.
Mo‘rilardan kelar bahor nafasi.
Derazaning moviy pardalarini
Olib qochar adirlarga shoshib shamollar.
Ko‘zni qo‘rquv bosar, tashqarida tun
Ertak bo‘lsa davom etadi.
Uyqu birdan bostirib kirar
Nafis va ma’sum qorachiqlarga
Kipriklar qoladi yopishib.
Xonada-chi, faqatgina bir kishi uyg‘oq,
Jimjitlik…
Oy ham ayro tushar yulduzlaridan
Shu payt fursat yetadi –
Sirdoshlar qoladi topishib.
Nabiralar
sokinlik qo‘ynida pishillab uxlar,
Ertak bo‘lsa davom etadi…

NOTЕKIS DUNYO

Boshga tashvish tushdi,
yolg‘on bu dunyo,
Ulfatlar yonimda turolmadilar.
Tiz cho‘kmoqlik uyat –
pul, mansab ro‘yo,
Men bilan o‘t ichra yurolmadilar.

Ichi qoralardan ketdim men kuyib,
Salgina boyidim,
ko‘rolmadilar.
Darvesh bo‘ldim oxir ishni ham qo‘yib,
Parcha non so‘radim,
berolmadilar.

09

(Tashriflar: umumiy 393, bugungi 1)

Izoh qoldiring