Iqbol Qo‘shshayeva. Savdoga qo‘yilmaydigan yagona bisot…

Ashampoo_Snap_2017.04.06_22h16m43s_001_.pngҲеч унутолмайман. Қанча кулгули бўлса, шунча нохуш. Хаёлан эслаб, ўзимча ёйилиб кулаётган чоғда “Эй, лодон, сен кимнинг устидан куляпсан?”, деган савол кайфиятнинг нақ белидан тепади-қўяди-да…

САВДОГА ҚЎЙИЛМАЙДИГАН
ЯГОНА БИСОТ…

Иқбол Қўшшаева
002

Ҳеч унутолмайман. Қанча кулгули бўлса, шунча нохуш. Хаёлан эслаб, ўзимча ёйилиб кулаётган чоғда “Эй, лодон, сен кимнинг устидан куляпсан?”, деган савол кайфиятнинг нақ белидан тепади-қўяди-да… Тўрт-беш йил олдин Миллий матбуот марказида аёл қаламкашлардан бирининг китоби тақдимоти бўлганди. Китобда замонамиз қаҳрамонларининг жўшқин фаолияти фахру ифтихорга тўлиб-тошиб ёзилган… Ўзидан сармаст муаллиф шаънига минбардан минбарга, даврадан даврага кўчиб юрадиган оташин сўзлар айтилиши бир одатий ҳол, энди. Бунга ажабланишнинг сира ҳожати йўқ. Лекин у ердаги ғайриодатий қилиқлар… Ҳа- ҳа, айнан қилиқ…

Ҳамду санолар орасида йўл-йўлакайига хотинлар сочиқми-ей, рўмолми-ей, сандиқдаги атаб қўйилган шойи матоларми-ей, янги китоб муаллифи — “қаҳрамон” елкасига ташлашар, Тўмарис момою Нодираи Даврон издоши деб олқанган “қаҳрамон” ҳам меҳри ийиб дугоналарини сийлаётган дамда “Эб-би, ман ўлай” деган бир овоз қулоққа чалинганди. Ажаб-ажаб нағмаларга билдирилган энг холис баҳо чекка қишлоқдан келган аёлнинг мана шу таажжуби бўлди, менимча. Қай бир маънода жамият жиловини тутмоққа чоғланган аёлларда эса мана шу содда, дўлвор жувондаги фаросат етишмагандек, гўё.

Ўша кунги манзара одамдаги ички маданият миқёсини қалам ушлаш, ненидир қоралаш, бурро-бурро сўзлаш ва “халқ орасида юрган”лик кўрсатмайди, деган тўхтамга олиб келарди. Ўтаётган йиллар, тусланаётган одамлар атвори эса бу мулоҳаза шунчаки мушоҳада тўхтами эмас, айни ҳақиқат эканини таъкидлаяпти.

7_.png…Ўзимча ўйлайман, (бу ҳам бир хаёлда), агарда, йиғиндаги фаол жамоат хонимлари ҳеч қурса Николай Гогол, Антон Чехов, Азиз Несин, Эркин Аъзам ё Мурод Муҳаммад Дўст асарларидаги кинояни тушуниб, завқ билан ўқиганида, ўзининг устидан ўзи кула олиш санъатини эгаллаганида эди, ортиқча замзамаларга ўрин қолмасмиди? Бу ёзувчилар асарлари кўзгу мисол бизга ўзимизни танитиб, ўзингни ўзинг танқид қила олишга имкон беради. Циркдаги масхарабоз томошасидан мириққандек, ўзингни томоша қилиш ҳам бир имконият-да! …Ойна қаршисида оро учун хиёл ушланиб қолганингда “ака, менга бир қаранг” кўйлагини кийиб олган жувоннинг ўйноқи кўзлари “яш-шанг, кам бўлмайсиз”, деб қадалиб тургандай ё жиловинг катталар ихтиёрига ўтиб, ўз сўзингга ўзинг эгалик қилолмай қолган чоғда Қурбонойнинг “Сен ҳам ўзимиздан экансан-ку, дугонажон”, деган истеҳзоси қулоққа чалингандай бўлади. Чоршанбижонни-ку эсламай қўя қолай, дил яна хира тортади… Қаранг, мутолаанинг “хавфли” томонлари ҳам бор, жавлон уриб яшашингга халал беради. Лекин танлов ўзингизнинг қўлингизда.

Айтишингиз мумкин, хўп ўша “эб-би, ман ўлай” ҳам шу ёзувчиларнинг асарларини мароқ билан ўқиганмикан, бундай ҳолатларни баҳолаш одамдан алоҳида зукколикни ё китобхўрликни талаб қилмайди, фаросат бўлса бўлди-да, деб.

Фаросат истеъдод сингари Яратганнинг ноёб инъоми. Фақат истеъдоднинг ўзига таяниб бўлмаганидай, эзгу ҳисларга, андишаю истиҳолаларга бой қалбни бу ҳаёт довонларидан омон олиб ўтишга ёлғиз фаросатнинг кучи ҳамиша ҳам етавермайди. Турмушнинг тайинсиз тутумлари ичдан емирувчи бир қурт, инсондаги неки ажойиб фазилатлар бўлса, шуларнинг барини у кемира бошлайди. Ҳаётнинг қийқириқ ҳою ҳаваслари кўнгилни дағаллаштириб, туйғуларни даққи қилиб қўяди. Зеро, қозоқ халқи “қизларнинг ҳаммаси яхши, лекин ёмон хотинлар қайдан чиқади?” мақолини бежиз айтмаган. Ё “ёмон қизни келин қиляпмиз” деган гапни ҳеч бир ўзбек оғзидан ҳам эшитмаймиз. Лекин… Хуллас, руҳимиз қумурсқалар емишига айланмаслиги учун фаҳму фаросат, яъни туғма идрок недандир куч, озуқа олиши зарур. Қолаверса, айнан бўш дарахтни қурт ейиши ҳақидаги ҳикматни кўпчилигимиз яхши биламиз.

Тан олайлик, аксарият оилаларда китоб ўқиётган одамга бекорчига қарагандек муносабат одатий тус олган. Чунки ғирт нақди билан қараганда, бадиий асарлар одамнинг на қорнини тўйдиради, на бирини икки қилади. Аксинча, савдойи саркаш қилгани қолади. У берадиган ақл, таассурот ҳаёт учун оғирлик қиладигандай… Ҳатто, баъзан, ҳаёт бунга арзимайди деган шаккокона фикр ҳам йилт этиб ўтади.

Бехижолат айтиш мумкинки, халқимиз орасида ўзини бамаъни ҳисоблайдиган шундай аёллар етарлича топилади: шахмат ўйиними, китоб ўқишми ё қарта ўйиними, ҳаммасини бир кўзда кўради. Бадиий китоб ё газета ушлаган одамга кўз қири тушди, дегунча: “Тўвба қилдим, тўвба-ей, пиёзгиналарнинг ўтини юлса, кетмонми, ўроқми ушласа, икки сўмини тўрт сўм қилса бўлмайдими?” деб юзингизга нотавонга қарагандек термулади. Ё “шахмат қурғурни чиқарган” ялқовнинг уйгинасини “ёндириб” юборади. Битта чарм тўп ортидан ўн бир эркакнинг лўк-лўк югуриб юриши ва унга миллионлаб бекорчихўжаларнинг тикилиб туриши хурмача қилиқдан, тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас, улар учун. Айтарсиз, жонсарак онахонларимизнинг уй-рўзғор ишларига, турмуш ташвишларига куюнчаклиги-да, бу, деб. Лекин куюнчак оналаримизни қўшниникига — элакка бир чиқариб юборинг-чи? Ё биргина олди-берди тугунлару асъасали маросимга айланиб кетган тоғора тузатишларга сарфланган вақтни ҳисоблаб кўринг-чи? Янги туғилган бир парча этдан иборат вужудга ҳаво ўтказмас, куёв-келинлар либосини эслатувчи ажабтовур кийимни кийдириш хаёлида ўтган кунлар-чи? Аёлини туғуруқхонадан лимузинда олиб чиқиш илинжида эртадан кечгача тик оёқда зир-зир югураётган ота бўлмиш аҳволини кўз олдингизга келтиринг. Ё турмуш ўртоғи ўша ажнабий машинада олиб кетмагани учун ўзини ниҳоятда таҳқирланган деб билган аёлнинг ҳоли-чи? Номини айтмай қўя қолай, қайси жонивор йиғласин? Албатта, китоб ўқиган одамнинг ҳаммаси ҳам доно, эзгу ўй-хаёлли, закий деб айтолмаймиз. Шундай десак, ёлғон гапирган бўламиз.

Китобхонларнинг ҳам турфа хили бор. Кимлардир, давр шамолларига ҳамоҳанг тебраниб туриш, жамиятнинг илғор вакиллари сафида юриш учун китоб варақлайди. Бир пўрим бўйинбоққа қарагандек, жавон тўла китобларга нуфуз рамзи деб билади. Ва қай бир мавзуда бўлмасин, хоҳ юбилей кечаларию расмий тадбирлар, хоҳ соф дўстона мулоқотлар ё хуфёна дил изҳори бўлсин, барибир, недир қилсаки, суҳбатдошини, аҳли даврани мот қилса. Улар китобдан кўра ўзидаги китобсеварни, китобхон бўлган ЎЗИни севади. Аксарининг англашу билиш доираси “Тафаккур гулшани” даражасида.

Яна кимлар учундир, бадиий адабиёт эҳтиёж, холос. Ўз кўнгли майлига кўра, дид талабидан келиб чиқиб ўқийди. Улар орасида содда китобхонлар ҳам бор, хос китобхонлар ҳам. Хоҳ Саида Зунунованинг ҳикоялари бўлсин, хоҳ Достоевский асарлари, баридан ўз кўнглига дардкаш, суҳбатдош излайди. “Уруш ва тинчлик” романини ўқиш баҳонасида Толстой бобоси билан ҳасратлашади, дугонаси Наташа билан эса синиқ ойнинг шикаста шуъласи остида шивирлашади. Бундай китобхонларда одамовилик хусусиятлари ҳам сезилади. Халқона тил билан жўнгина айтганда, “одам иси” кўп-да ёқавермайди. Бу ғайриҳолни қай маънода тушуниш мумкин? Тасаввур қилинг: “Нега бизнинг уйга келиб кетдингиз? Ташландиқ қишлоқнинг бир гўшасида Сизни ҳеч кўрмаган бўлардим, эсиз… Аччиқ азобнида билмасдим сира. … Кўнгилга мувофиқ топиб бир ҳамдам, Вафодор бир хотин, шафқатли она Бўлардим, тотмасдан ишқ савдосини. Ўзга биров билан?! Йўқ, мен жаҳонда Бағишламас эдим кимсага қалбим! Тақдирда ёзилган ўзгармас асло, Тангри иродаси: сендамиш чеким! ” дея Татьяна билан тун бўйи сирлашган кўнгил Бўстон опанинг мошкичири пиёзини куйдириб қўйганию Эшмамат билан Тошмаматнинг қандай қуда бўлгани ҳақидаги ҳангомалари “иси”га дош бериши азоб-да. Шунинг учун ҳам улардаги бегоналикни, ўзгачаликни оломон кибрга, олифтанамо даъволарга йўяди. Ўта содда, хаёлпарастлари эса Дон Кихот мисол аянчли кулги уйғотади… Нима бўлганда ҳам бу каби китобхонларда самимият кучли, улар на душманликни, на ҳасадни дўндира олади.

Яна бот-бот қулоққа чалинади: ёшлар китоб ўқимайди. Катталар-чи? Адабиёт муаллимлари-чи? Журналистлар-чи? Ё китобхонлик ёшликкагина тегишли бўлган мавсумий паллами? Умрни чойхона паловлару сомса санаб гурунгларда ўтказиш улғайиш аломатимикан? Адабиёт ўқитувчилари орасида бир сўровнома ўтказинг-чи, охирги марта мол-ҳолидан, хотинлар йиғинию гап-гаштакдан, бандагарчиликдан (одамгарчилик эмас) вақт орттириб қайси бадиий асарни мутолаа қилган экан? Сўнгги ўн йилликдаги ўзбек адабиётининг умумий аҳволи ё юз йил ичида Нобель мукофотига сазовор бўлган ижодкорлардан ҳеч қурса ўнтасининг номини санай олармикан? Бадиий адабиёт “Ғиёсиддин кичкина оиласида дунёга келган Навоий 1441 йил туғилиб, 1501 йилда ўлган”, “Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов тоталитар тузум давридаёқ “Ўзбегим” ва “Ўзбекистон” шеърларини ёзган”, дейишгина эмас, ахир. Ёки байрамларда “Онажоним — меҳрибоним” деб бақиртириб шеър ёдлатишнинг ўзи адабиёт бўлолмайди! Ёшлар китобхон бўлиши учун, аввало, катталар, адабиёт ўқитувчиларининг ўзи китобсевар, мустақил мутолаа кўникмасига эга бўлишлари зарур.

Қизиқ, болалигимда адабиёт ўқитувчиси, деган-да, тўю базмларда оҳанг тортиб шеър ўқийдиган, бийрон-бийрон сайраётган нотиқ келарди. Чунки, кимки гапининг орасига шеърнамо нимарса тиқса бўлди, каллани сарак-сарак қилиб: “адабиётчи-да” дейишарди. Юқори синфда ўқиб юрган кезларим мана шу жўн таассурот ортида, аянчли манзара бекиниб ётганини фаҳмлагандай бўлдим. Чунки ўша адабиёт ўқитувчилари, асосан, аллақандайдир тадбирлар учун фақат байрамона шеърларни декламация — ясама оҳангда ёдлатишдан нарига ўтмасдилар. Кузатишимча, аҳвол ҳалиям шу. Ҳайронман, “тантановор оҳангда ифодали ўқиш ҳали шеъриятни таниш эмас, сен шеър ўқиётганингда ўз кўнглингни тилмочига айланишинг керак, шоир сен айтишга қийналаётган сирни, ҳақиқатни сўзда ифодалайди. Сен шеър орқали юрагингни оч! У сенинг табибинг. Жароҳатларингни давола! Онангни хафа қилиб қўйдингми? Мана, Есениннинг “Онамга мактуби”ни ўқи ё Абдулла Ориповнинг “Онажон” шеърини… Зора, улардаги изтироб юрагингдаги дардни тошга айлантирмасдан эритиб юборса… Ё шоирни тинглаб кўр-чи, у ўзи ҳақида нималар деяпти. Кўнгил — одамзотнинг очиқ савдога қўйилмайдиган ягона бисоти”, деб уқтираётган адабиёт ўқитувчилари топилармикан, ўзи?! Иншо ёздираётган муаллимларимиз: “Бадиий адабиёт воқеликка, сизни ўраб турган муҳитга, атрофингиздаги одамларга нисбатан сизнинг кўнглингиз муносабати. Шунинг учун “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?”, “Мен севган қаҳрамон” ё “Менинг маҳаллам” мавзусида иншо ёзсангиз, катталардан, телевизордан эшитган гапларингизни эмас, ўзингизнинг хаёлингиздан ўтган фикрларни, сизга таъсир қилган воқеаларни ёзинг, мен шунга баҳо қўяман”, деб тушунтира олишяптимикан? Агар шундай ўқитувчилар чиқиб қолса, демак, миллатимизнинг эртасига ҳам умид қилса бўлади.

Мутолаа нимага керак? У бизга нима беради? Ҳозирча тушунганларим: ҳақиқатни сезиш туйғусини тарбиялайди, эшик ортидаги ҳаётни кўришга ундайди. Сиз бир қанча ёзувчилар билан мулоқот қилиш асносида ҳар кимнинг ҳам кўзи тушавермайдиган ҳаётнинг қирраларини кўрасиз. Шу маънода чин китобхон ҳеч қачон мурғак қизалоғининг қўлидан ушлаб, редакцияма-редакция изғимайди. Хўмрайган деворлар орасида зурриёдининг бор тоза хаёлларини хазон қилиб, йўқ жойдан истеъдод ясашга уринмайди. Ичи бўм-бўш ноғорадан “Чўли ироқ” чиқмаслигига кўзи етади. Гарчи фарзандида недир бўлса-да, боланинг шаффоф оламига ола-чипор рангларни олиб кириб, уни сеники-меники деган олишув майдонига ўз қўли билан бу қадар эрта улоқтирмайди. Яъни, аллақандай танловлару мукофотларни деб, болани болалик дунёсидан маҳрум этмайди. Бу ўринда ғолиб бола ҳам, мағлуб бола ҳам ютқазади. Иккисининг ҳам аҳволига ҳавас қилолмайсан. Муваффақият уни ҳавойиликка, кибрга, сохтагарчиликка олиб борса, мағлубият аламга, дарди бедаво ҳасадга йўлиқтиради. Ўз қўлингиз билан болангизни мажруҳ қилиб қўясиз. Асли бу ялтироқ ўйинлар бола учун эмас, бари сиз учун, қониқмаган шуҳратпараст нафсингиз учун керак.

Ўз кўнглингни ўқиш, ўзинг орқали ўзгани танишни ҳам ўргатади. Ичингизга шўнғийсиз. Бахтни ҳам, бахтсизликни ҳам ўзингиздан излайсиз. Ўзини таниган ўзгани танийди, тушунади, кечиради. Бу жараён одамдаги худбинликнинг олдини олади. “Эй, биродар, сени сўқир кўнглингдан ҳам бошқа кўнгил, бошқа ҳақиқат бор. Ҳаёт сенинг тантиқ хоҳишинг учун бир эрмак эмас”, деган ҳақиқат сари етаклайди. Ва дардни танитади. Эҳтимол, сиз бахтсизликка дуч келмагандирсиз, лекин бахтсизлик нималигини биласиз. Мазлумни хўрламайсиз. Ёки ўзга дардлар, ўзга севинчлар, бошқалар ҳаётини яшаш эвазига ўз бахтсизлигингизни унутгандай бўласиз.

…Миллий театрнинг отахон актёрларидан бири виқор билан: “Энди ўзбек ҳаётини қайнона-келинсиз тасаввур қилиб бўлмайди-да” деганди. Маҳалла қаричи билан қараганда жуда тўғри. Лекин қайнона келин машмашаси бутун бир миллатнинг бош муаммосига айланиб қолиши айни трагик-комедиянинг ўзгинаси эмасми! Хоҳлайсанми-йўқми ич-ичингни Чўлпоннинг аччиқ устида алам билан ўзга миллат аёлини афзал билиб айтган гапи тирнайди: “Миллат болаларининг бахти ҳақиқий-маданий Оналар қўлида бўлмаса, бизнинг оқибатимиз ёмон” (“Кеча ва кундуз” романи). Муаммо шуки, гап бизнинг оналаримиз — миллат оналари, мушфиқ, муштипар, деб билганимиз аёллар ҳақида кетяпти! Бу ҳақиқатга ён бергинг келмайди, оғринасан, лекин начора! “Бекорчидан Худо безор”. Ҳақиқат шуки, арзирли корга ярамайдиган, бўм-бўш бошнинг маҳсули бўлмиш урфнамо даҳмазалар тегирмон тоши мисоли инсон қадрини, умрини топтаб ташлаяпти. Инсон тақдирини йўққа чиқараётган ана шу чучмал ўй-хаёлларнинг томошабини ҳам, қурбони ҳам ўзимиз. Табиат бўшлиққа дош беролмайди, руҳ эса деди-дедиларга… Агар руҳ озиқлантириб турилмаса, бош банд бўлмаса, шайтоннинг созига хиром айлаётган, қора ўй-хаёллар гирдобидаги одамзот ҳолига йиғлайверинг.

Қанийди ҳамма китобни севса… Албатта, бу ғирт хаёлдан ўзга нарса эмас. Лекин сиз кулаётган мана шу хомхаёлда барчамизга аён соф заминий армон бор: агарда, ҳамма китобхон, асл санъатнинг чин шайдоси бўлганида эди… қайнона келин можаролари бугун ўзбекнинг дардига айланмаган бўлармиди…

2012

young-man-leaning-against-a-tree-reading-book-with-gold-fishes-flying-out-of-his-head-situation-art-694x417.jpgSAVDOGA QO‘YILMAYDIGAN
YAGONA BISOT…
Iqbol Qo‘shshayeva
002

Hech unutolmayman. Qancha kulguli bo‘lsa, shuncha noxush. Xayolan eslab, o‘zimcha yoyilib kulayotgan chog‘da “Ey, lodon, sen kimning ustidan kulyapsan?”, degan savol kayfiyatning naq belidan tepadi-qo‘yadi-da… To‘rt-besh yil oldin Milliy matbuot markazida ayol qalamkashlardan birining kitobi taqdimoti bo‘lgandi. Kitobda zamonamiz qahramonlarining jo‘shqin faoliyati faxru iftixorga to‘lib-toshib yozilgan… O‘zidan sarmast muallif sha’niga minbardan minbarga, davradan davraga ko‘chib yuradigan otashin so‘zlar aytilishi bir odatiy hol, endi. Bunga ajablanishning sira hojati yo‘q. Lekin u yerdagi g‘ayriodatiy qiliqlar… Ha- ha, aynan qiliq…

Hamdu sanolar orasida yo‘l-yo‘lakayiga xotinlar sochiqmi-yey, ro‘molmi-yey, sandiqdagi atab qo‘yilgan shoyi matolarmi-yey, yangi kitob muallifi — “qahramon” yelkasiga tashlashar, To‘maris momoyu Nodirai Davron izdoshi deb olqangan “qahramon” ham mehri iyib dugonalarini siylayotgan damda “Eb-bi, man o‘lay” degan bir ovoz quloqqa chalingandi. Ajab-ajab nag‘malarga bildirilgan eng xolis baho chekka qishloqdan kelgan ayolning mana shu taajjubi bo‘ldi, menimcha. Qay bir ma’noda jamiyat jilovini tutmoqqa chog‘langan ayollarda esa mana shu sodda, do‘lvor juvondagi farosat yetishmagandek, go‘yo.

O‘sha kungi manzara odamdagi ichki madaniyat miqyosini qalam ushlash, nenidir qoralash, burro-burro so‘zlash va “xalq orasida yurgan”lik ko‘rsatmaydi, degan to‘xtamga olib kelardi. O‘tayotgan yillar, tuslanayotgan odamlar atvori esa bu mulohaza shunchaki mushohada to‘xtami emas, ayni haqiqat ekanini ta’kidlayapti.

…O‘zimcha o‘ylayman, (bu ham bir xayolda), agarda, yig‘indagi faol jamoat xonimlari hech qursa Nikolay Gogol, Anton Chexov, Aziz Nesin, Erkin A’zam yo Murod Muhammad Do‘st asarlaridagi kinoyani tushunib, zavq bilan o‘qiganida, o‘zining ustidan o‘zi kula olish san’atini egallaganida edi, ortiqcha zamzamalarga o‘rin qolmasmidi? Bu yozuvchilar asarlari ko‘zgu misol bizga o‘zimizni tanitib, o‘zingni o‘zing tanqid qila olishga imkon beradi. Sirkdagi masxaraboz tomoshasidan miriqqandek, o‘zingni tomosha qilish ham bir imkoniyat-da! …Oyna qarshisida oro uchun xiyol ushlanib qolganingda “aka, menga bir qarang” ko‘ylagini kiyib olgan juvonning o‘ynoqi ko‘zlari “yash-shang, kam bo‘lmaysiz”, deb qadalib turganday yo jiloving kattalar ixtiyoriga o‘tib, o‘z so‘zingga o‘zing egalik qilolmay qolgan chog‘da Qurbonoyning “Sen ham o‘zimizdan ekansan-ku, dugonajon”, degan istehzosi quloqqa chalinganday bo‘ladi. Chorshanbijonni-ku eslamay qo‘ya qolay, dil yana xira tortadi… Qarang, mutolaaning “xavfli” tomonlari ham bor, javlon urib yashashingga xalal beradi. Lekin tanlov o‘zingizning qo‘lingizda.

Aytishingiz mumkin, xo‘p o‘sha “eb-bi, man o‘lay” ham shu yozuvchilarning asarlarini maroq bilan o‘qiganmikan, bunday holatlarni baholash odamdan alohida zukkolikni yo kitobxo‘rlikni talab qilmaydi, farosat bo‘lsa bo‘ldi-da, deb.

Farosat iste’dod singari Yaratganning noyob in’omi. Faqat iste’dodning o‘ziga tayanib bo‘lmaganiday, ezgu hislarga, andishayu istiholalarga boy qalbni bu hayot dovonlaridan omon olib o‘tishga yolg‘iz farosatning kuchi hamisha ham yetavermaydi. Turmushning tayinsiz tutumlari ichdan yemiruvchi bir qurt, insondagi neki ajoyib fazilatlar bo‘lsa, shularning barini u kemira boshlaydi. Hayotning qiyqiriq hoyu havaslari ko‘ngilni dag‘allashtirib, tuyg‘ularni daqqi qilib qo‘yadi. Zero, qozoq xalqi “qizlarning hammasi yaxshi, lekin yomon xotinlar qaydan chiqadi?” maqolini bejiz aytmagan. Yo “yomon qizni kelin qilyapmiz” degan gapni hech bir o‘zbek og‘zidan ham eshitmaymiz. Lekin… Xullas, ruhimiz qumursqalar yemishiga aylanmasligi uchun fahmu farosat, ya’ni tug‘ma idrok nedandir kuch, ozuqa olishi zarur. Qolaversa, aynan bo‘sh daraxtni qurt yeyishi haqidagi hikmatni ko‘pchiligimiz yaxshi bilamiz.

Tan olaylik, aksariyat oilalarda kitob o‘qiyotgan odamga bekorchiga qaragandek munosabat odatiy tus olgan. Chunki g‘irt naqdi bilan qaraganda, badiiy asarlar odamning na qornini to‘ydiradi, na birini ikki qiladi. Aksincha, savdoyi sarkash qilgani qoladi. U beradigan aql, taassurot hayot uchun og‘irlik qiladiganday… Hatto, ba’zan, hayot bunga arzimaydi degan shakkokona fikr ham yilt etib o‘tadi.

Bexijolat aytish mumkinki, xalqimiz orasida o‘zini bama’ni hisoblaydigan shunday ayollar yetarlicha topiladi: shaxmat o‘yinimi, kitob o‘qishmi yo qarta o‘yinimi, hammasini bir ko‘zda ko‘radi. Badiiy kitob yo gazeta ushlagan odamga ko‘z qiri tushdi, deguncha: “To‘vba qildim, to‘vba-yey, piyozginalarning o‘tini yulsa, ketmonmi, o‘roqmi ushlasa, ikki so‘mini to‘rt so‘m qilsa bo‘lmaydimi?” deb yuzingizga notavonga qaragandek termuladi. Yo “shaxmat qurg‘urni chiqargan” yalqovning uyginasini “yondirib” yuboradi. Bitta charm to‘p ortidan o‘n bir erkakning lo‘k-lo‘k yugurib yurishi va unga millionlab bekorchixo‘jalarning tikilib turishi xurmacha qiliqdan, to‘qlikka sho‘xlikdan boshqa narsa emas, ular uchun. Aytarsiz, jonsarak onaxonlarimizning uy-ro‘zg‘or ishlariga, turmush tashvishlariga kuyunchakligi-da, bu, deb. Lekin kuyunchak onalarimizni qo‘shninikiga — elakka bir chiqarib yuboring-chi? Yo birgina oldi-berdi tugunlaru as’asali marosimga aylanib ketgan tog‘ora tuzatishlarga sarflangan vaqtni hisoblab ko‘ring-chi? Yangi tug‘ilgan bir parcha etdan iborat vujudga havo o‘tkazmas, kuyov-kelinlar libosini eslatuvchi ajabtovur kiyimni kiydirish xayolida o‘tgan kunlar-chi? Ayolini tug‘uruqxonadan limuzinda olib chiqish ilinjida ertadan kechgacha tik oyoqda zir-zir yugurayotgan ota bo‘lmish ahvolini ko‘z oldingizga keltiring. Yo turmush o‘rtog‘i o‘sha ajnabiy mashinada olib ketmagani uchun o‘zini nihoyatda tahqirlangan deb bilgan ayolning holi-chi? Nomini aytmay qo‘ya qolay, qaysi jonivor yig‘lasin? Albatta, kitob o‘qigan odamning hammasi ham dono, ezgu o‘y-xayolli, zakiy deb aytolmaymiz. Shunday desak, yolg‘on gapirgan bo‘lamiz.

hamm12.jpgKitobxonlarning ham turfa xili bor. Kimlardir, davr shamollariga hamohang tebranib turish, jamiyatning ilg‘or vakillari safida yurish uchun kitob varaqlaydi. Bir po‘rim bo‘yinboqqa qaragandek, javon to‘la kitoblarga nufuz ramzi deb biladi. Va qay bir mavzuda bo‘lmasin, xoh yubiley kechalariyu rasmiy tadbirlar, xoh sof do‘stona muloqotlar yo xufyona dil izhori bo‘lsin, baribir, nedir qilsaki, suhbatdoshini, ahli davrani mot qilsa. Ular kitobdan ko‘ra o‘zidagi kitobsevarni, kitobxon bo‘lgan O‘ZIni sevadi. Aksarining anglashu bilish doirasi “Tafakkur gulshani” darajasida.

Yana kimlar uchundir, badiiy adabiyot ehtiyoj, xolos. O‘z ko‘ngli mayliga ko‘ra, did talabidan kelib chiqib o‘qiydi. Ular orasida sodda kitobxonlar ham bor, xos kitobxonlar ham. Xoh Saida Zununovaning hikoyalari bo‘lsin, xoh Dostoyevskiy asarlari, baridan o‘z ko‘ngliga dardkash, suhbatdosh izlaydi. “Urush va tinchlik” romanini o‘qish bahonasida Tolstoy bobosi bilan hasratlashadi, dugonasi Natasha bilan esa siniq oyning shikasta shu’lasi ostida shivirlashadi. Bunday kitobxonlarda odamovilik xususiyatlari ham seziladi. Xalqona til bilan jo‘ngina aytganda, “odam isi” ko‘p-da yoqavermaydi. Bu g‘ayriholni qay ma’noda tushunish mumkin? Tasavvur qiling: “Nega bizning uyga kelib ketdingiz? Tashlandiq qishloqning bir go‘shasida Sizni hech ko‘rmagan bo‘lardim, esiz… Achchiq azobnida bilmasdim sira. … Ko‘ngilga muvofiq topib bir hamdam, Vafodor bir xotin, shafqatli ona Bo‘lardim, totmasdan ishq savdosini. O‘zga birov bilan?! Yo‘q, men jahonda Bag‘ishlamas edim kimsaga qalbim! Taqdirda yozilgan o‘zgarmas aslo, Tangri irodasi: sendamish chekim! ” deya Tatyana bilan tun bo‘yi sirlashgan ko‘ngil Bo‘ston opaning moshkichiri piyozini kuydirib qo‘yganiyu Eshmamat bilan Toshmamatning qanday quda bo‘lgani haqidagi hangomalari “isi”ga dosh berishi azob-da. Shuning uchun ham ulardagi begonalikni, o‘zgachalikni olomon kibrga, oliftanamo da’volarga yo‘yadi. O‘ta sodda, xayolparastlari esa Don Kixot misol ayanchli kulgi uyg‘otadi… Nima bo‘lganda ham bu kabi kitobxonlarda samimiyat kuchli, ular na dushmanlikni, na hasadni do‘ndira oladi.

Yana bot-bot quloqqa chalinadi: yoshlar kitob o‘qimaydi. Kattalar-chi? Adabiyot muallimlari-chi? Jurnalistlar-chi? Yo kitobxonlik yoshlikkagina tegishli bo‘lgan mavsumiy pallami? Umrni choyxona palovlaru somsa sanab gurunglarda o‘tkazish ulg‘ayish alomatimikan? Adabiyot o‘qituvchilari orasida bir so‘rovnoma o‘tkazing-chi, oxirgi marta mol-holidan, xotinlar yig‘iniyu gap-gashtakdan, bandagarchilikdan (odamgarchilik emas) vaqt orttirib qaysi badiiy asarni mutolaa qilgan ekan? So‘nggi o‘n yillikdagi o‘zbek adabiyotining umumiy ahvoli yo yuz yil ichida Nobel mukofotiga sazovor bo‘lgan ijodkorlardan hech qursa o‘ntasining nomini sanay olarmikan? Badiiy adabiyot “G‘iyosiddin kichkina oilasida dunyoga kelgan Navoiy 1441 yil tug‘ilib, 1501 yilda o‘lgan”, “Erkin Vohidov va Abdulla Oripov totalitar tuzum davridayoq “O‘zbegim” va “O‘zbekiston” she’rlarini yozgan”, deyishgina emas, axir. Yoki bayramlarda “Onajonim — mehribonim” deb baqirtirib she’r yodlatishning o‘zi adabiyot bo‘lolmaydi! Yoshlar kitobxon bo‘lishi uchun, avvalo, kattalar, adabiyot o‘qituvchilarining o‘zi kitobsevar, mustaqil mutolaa ko‘nikmasiga ega bo‘lishlari zarur.

Qiziq, bolaligimda adabiyot o‘qituvchisi, degan-da, to‘yu bazmlarda ohang tortib she’r o‘qiydigan, biyron-biyron sayrayotgan notiq kelardi. Chunki, kimki gapining orasiga she’rnamo nimarsa tiqsa bo‘ldi, kallani sarak-sarak qilib: “adabiyotchi-da” deyishardi. Yuqori sinfda o‘qib yurgan kezlarim mana shu jo‘n taassurot ortida, ayanchli manzara bekinib yotganini fahmlaganday bo‘ldim. Chunki o‘sha adabiyot o‘qituvchilari, asosan, allaqandaydir tadbirlar uchun faqat bayramona she’rlarni deklamatsiya — yasama ohangda yodlatishdan nariga o‘tmasdilar. Kuzatishimcha, ahvol haliyam shu. Hayronman, “tantanovor ohangda ifodali o‘qish hali she’riyatni tanish emas, sen she’r o‘qiyotganingda o‘z ko‘nglingni tilmochiga aylanishing kerak, shoir sen aytishga qiynalayotgan sirni, haqiqatni so‘zda ifodalaydi. Sen she’r orqali yuragingni och! U sening tabibing. Jarohatlaringni davola! Onangni xafa qilib qo‘ydingmi? Mana, Yeseninning “Onamga maktubi”ni o‘qi yo Abdulla Oripovning “Onajon” she’rini… Zora, ulardagi iztirob yuragingdagi dardni toshga aylantirmasdan eritib yuborsa… Yo shoirni tinglab ko‘r-chi, u o‘zi haqida nimalar deyapti. Ko‘ngil — odamzotning ochiq savdoga qo‘yilmaydigan yagona bisoti”, deb uqtirayotgan adabiyot o‘qituvchilari topilarmikan, o‘zi?! Insho yozdirayotgan muallimlarimiz: “Badiiy adabiyot voqelikka, sizni o‘rab turgan muhitga, atrofingizdagi odamlarga nisbatan sizning ko‘nglingiz munosabati. Shuning uchun “Men nechun sevaman, O‘zbekistonni?”, “Men sevgan qahramon” yo “Mening mahallam” mavzusida insho yozsangiz, kattalardan, televizordan eshitgan gaplaringizni emas, o‘zingizning xayolingizdan o‘tgan fikrlarni, sizga ta’sir qilgan voqealarni yozing, men shunga baho qo‘yaman”, deb tushuntira olishyaptimikan? Agar shunday o‘qituvchilar chiqib qolsa, demak, millatimizning ertasiga ham umid qilsa bo‘ladi.

Mutolaa nimaga kerak? U bizga nima beradi? Hozircha tushunganlarim: haqiqatni sezish tuyg‘usini tarbiyalaydi, eshik ortidagi hayotni ko‘rishga undaydi. Siz bir qancha yozuvchilar bilan muloqot qilish asnosida har kimning ham ko‘zi tushavermaydigan hayotning qirralarini ko‘rasiz. Shu ma’noda chin kitobxon hech qachon murg‘ak qizalog‘ining qo‘lidan ushlab, redaksiyama-redaksiya izg‘imaydi. Xo‘mraygan devorlar orasida zurriyodining bor toza xayollarini xazon qilib, yo‘q joydan iste’dod yasashga urinmaydi. Ichi bo‘m-bo‘sh nog‘oradan “Cho‘li iroq” chiqmasligiga ko‘zi yetadi. Garchi farzandida nedir bo‘lsa-da, bolaning shaffof olamiga ola-chipor ranglarni olib kirib, uni seniki-meniki degan olishuv maydoniga o‘z qo‘li bilan bu qadar erta uloqtirmaydi. Ya’ni, allaqanday tanlovlaru mukofotlarni deb, bolani bolalik dunyosidan mahrum etmaydi. Bu o‘rinda g‘olib bola ham, mag‘lub bola ham yutqazadi. Ikkisining ham ahvoliga havas qilolmaysan. Muvaffaqiyat uni havoyilikka, kibrga, soxtagarchilikka olib borsa, mag‘lubiyat alamga, dardi bedavo hasadga yo‘liqtiradi. O‘z qo‘lingiz bilan bolangizni majruh qilib qo‘yasiz. Asli bu yaltiroq o‘yinlar bola uchun emas, bari siz uchun, qoniqmagan shuhratparast nafsingiz uchun kerak.

O‘z ko‘nglingni o‘qish, o‘zing orqali o‘zgani tanishni ham o‘rgatadi. Ichingizga sho‘ng‘iysiz. Baxtni ham, baxtsizlikni ham o‘zingizdan izlaysiz. O‘zini tanigan o‘zgani taniydi, tushunadi, kechiradi. Bu jarayon odamdagi xudbinlikning oldini oladi. “Ey, birodar, seni so‘qir ko‘nglingdan ham boshqa ko‘ngil, boshqa haqiqat bor. Hayot sening tantiq xohishing uchun bir ermak emas”, degan haqiqat sari yetaklaydi. Va dardni tanitadi. Ehtimol, siz baxtsizlikka duch kelmagandirsiz, lekin baxtsizlik nimaligini bilasiz. Mazlumni xo‘rlamaysiz. Yoki o‘zga dardlar, o‘zga sevinchlar, boshqalar hayotini yashash evaziga o‘z baxtsizligingizni unutganday bo‘lasiz.

…Milliy teatrning otaxon aktyorlaridan biri viqor bilan: “Endi o‘zbek hayotini qaynona-kelinsiz tasavvur qilib bo‘lmaydi-da” degandi. Mahalla qarichi bilan qaraganda juda to‘g‘ri. Lekin qaynona kelin mashmashasi butun bir millatning bosh muammosiga aylanib qolishi ayni tragik-komediyaning o‘zginasi emasmi! Xohlaysanmi-yo‘qmi ich-ichingni Cho‘lponning achchiq ustida alam bilan o‘zga millat ayolini afzal bilib aytgan gapi tirnaydi: “Millat bolalarining baxti haqiqiy-madaniy Onalar qo‘lida bo‘lmasa, bizning oqibatimiz yomon” (“Kecha va kunduz” romani). Muammo shuki, gap bizning onalarimiz — millat onalari, mushfiq, mushtipar, deb bilganimiz ayollar haqida ketyapti! Bu haqiqatga yon berging kelmaydi, og‘rinasan, lekin nachora! “Bekorchidan Xudo bezor”. Haqiqat shuki, arzirli korga yaramaydigan, bo‘m-bo‘sh boshning mahsuli bo‘lmish urfnamo dahmazalar tegirmon toshi misoli inson qadrini, umrini toptab tashlayapti. Inson taqdirini yo‘qqa chiqarayotgan ana shu chuchmal o‘y-xayollarning tomoshabini ham, qurboni ham o‘zimiz. Tabiat bo‘shliqqa dosh berolmaydi, ruh esa dedi-dedilarga… Agar ruh oziqlantirib turilmasa, bosh band bo‘lmasa, shaytonning soziga xirom aylayotgan, qora o‘y-xayollar girdobidagi odamzot holiga yig‘layvering.

Qaniydi hamma kitobni sevsa… Albatta, bu g‘irt xayoldan o‘zga narsa emas. Lekin siz kulayotgan mana shu xomxayolda barchamizga ayon sof zaminiy armon bor: agarda, hamma kitobxon, asl san’atning chin shaydosi bo‘lganida edi… qaynona kelin mojarolari bugun o‘zbekning dardiga aylanmagan bo‘larmidi…

2012

Kitob va mutolaa madaniyati. Metodik-bibloigrafik qo’llanma by Khurshid Davron on Scribd

002

(Tashriflar: umumiy 353, bugungi 1)

Izoh qoldiring