Matnazar Abdulhakim. Ota Lochin hikoyatlari.

0021
Бир ҳикмат аниқ.Инсон ўзининг дастлабки ҳаракатлариданоқ икки ғалабага эришади.Бир ғалаба-ернинг тортиш кучи, жозиба қудратини енгиш бўлса, иккинчиси-номавзунликдан устун келиб, илоҳий мувозанатга эришмоқ музаффариятидир.Халқ таъбири билан айтганда, ҳали эндигина “оёқ очаётган” болакайнинг ҳатти ҳаракатларини кузатсангиз, ҳар бир инсон ўзининг дастлабки қадамлариданоқ курашиш ва ғалаба қозонишга, қулаб тушмаслик учун муттасил саъй-ҳаракатда бўлишга маҳкум эканлигига амин бўласиз.Бу кураш инсон манглайига самовий бир тақдир, илоҳий бир қисмат тарзида битиб қўйилгандек…

001
УМИД БЕКМУҲАММАД
ҒАЛАБА-ЭНГ ЮКСАК МУКОФОТ
02

Одатда биз шоирлар билан фақат адабиёт ва санъат ҳақидагина суҳбатлашишга ўрганиб қолганмиз.Марҳум шоир ва таржимон Матназар Абдулҳаким билан 2003 йил “Қишлоқ ҳаёти” газетаси учун спорт, аниқроғи кураш тўғрисида суҳбат уютиргандим.

Матназар ака билан бу мавзуда гурунглашишимиз бежиз эмасди. Зеро, ўтган асрнинг 60-70 йилларида Матназар ака Хоразмда донг қозонган полвонлардан бўлган.Гарчи шоир биз суҳбат уютирган пайтларда кураш тушмасада, шеърларида полвонларга хос шижоат, мардлик ва матонат сезилиб турарди.Балки Матназар аканинг мунтазам равишда Паҳлавон Маҳмуд мутоалласи билан банд бўлганлиги,форсийдан шеърларини ўзбек тилига ўгирганлиги, шоир шеъриятига ихлоси қўйганлиги ёшлик йилларида кураш тушганлиги туфайлидир.Шу боис ҳам Матназар Абдулҳаким билан мулоқотимиз кураш ва полвонлар ҳақида бўлганди.Мана ўша суҳбат:

-Кураш ҳақида гап кетганда, даставвал хаёлимизга Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари келади.Суҳбатни бевосита, “Пурёрвали” ни хотирлашдан бошласак.

-Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг полвонлик-куштигирлик, яъни курашчилик борасидаги юксак маҳорати, курашларда елкаси ерга тегмаганлиги, қолаверса, бу соҳадаги юқори малакали шогирдлар етиштириб “Пурёрвали” лақабини олгани маълум.Шуни таъкидлаш жоизки, Паҳлавон Маҳмуд ижодида бевосита кураш ҳақида битилган рубойиларни кам учратамиз.Мумтоз адабиётда, хусусан тасаввуф шеъриятида шоирларнинг ўз таржимаи ҳоллари билан боғлиқ тафсилотларни қаламга олиш одат тусига кирмаган.Адабиёт жисмоний курашдан фарқли ўлароқ, киши ботинидаги фазилатларни тадрижий равишда камол топтирадиган маънавий восита саналган.Ажаб эмаски, шу боис бу ҳақда шеърлар битишни ота-боболаримиз, айниқса, Паҳлавон Маҳмуд даражасидаги алломалар одоб доирасидан ташқари деб билганлар.Паҳлавон Маҳмуд мансуб бўлган жавонмардлик тариқатида, биринчи ўринда тўғрилик ва поклик талаб этилади.
Бу мавзу эса шоир ижодида бошқа барча йўналишларнинг сарҳади, бу муборак шеъриятнинг барча фазилатларини жипслаштириб турган бош хусусиятдир.Илм ва амалнинг бирлиги тасаввуфда , умуман инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.Шу боисдан ҳам улуғ мутафаккир жисмоний курашни илм ва амал муштараклиги, умуман тасаввуфнинг ўзига хос зоҳирий рамзи сифатида ардоқлаган.Ул ҳазратнинг курашчанлиги унинг шоирлигига самарали таъсир кўрсатган.
Шу боисдан ҳам шоирнинг рубойиларида курашнинг моҳияти бевосита бадиий тафаккур орқали очиб берилади:

Доно оёқ остидаю, нодон бошда,
Ё раб, бу фалакни остин-устин қил сен.

-Матназар ака, курашга унинг тарихий илдизларидан келиб чиқиб қандай баҳо бериш мумкин?
-Ҳар бир одам-ўзига хос бир фалак, бир оламдир.Бу “ олам”да ҳамиша барча хислатлар , барча фазилатлар устувор ва ўз ўрнида бўлавермайди.Бу хусусиятларни ўз руҳиятимизда барқарор этиш учун тинимсиз кураш олиб бормоғимиз лозим.Жисмоний кураш мана шу руҳий курашнинг зоҳирий бир машқидир, шунинг учундир, мозийда кўпгина алломалар зўр курашчи бўлганлар, кураш сабоқлари эса, деярли барча Шарқ мамлакатларида ибодатхоналарда олиб борилган.Зеро, инсоннинг ўз нафсини тийиш эвазига вужудини иродасига бўйсундира олиши ҳам ўзига хос бир ибодатдир.

-Шу ўринда ўзингизнинг кураш тушиб юрган йилларингизни ҳам эсласангиз…

-Паҳлавон Маҳмуд ижодига ихлос қўйиб, ҳатто полвон ҳам бўлсаммикан, деб юрардим.Бўш вақт топдим дегунча, спортзалга югураман.У пайтлар шароит ҳозиргидек эмасди.Қиш кунлари Урганч ўт ўчириш командасининг клубида, ёзда вилоят ички ишлар бўлими ҳовлисидаги гужум соясида машқ қилардик.Марҳум Бобожон Мадаминов (Бува полвон), Рустам Йўлдошев, раҳматли Олим Султонов, Раҳим Машариповларнинг кураш тушишларига эмас, хулқ-атворию, юриш-туришларигача тақлид қилардик.Ўша йиллар ҳаётимнинг энг мазмунли йиллари эди.Ҳам китоб ўқирдим,ҳам кураш тушардим.кейинчалик адабиётга берилиб кетдим-у, курашни ташлаб қўйдим…

-Бироқ, ҳар қандай полвон кураш тушишни ташлагани билан унинг бир фазилатини ҳис қилиб яшаши аён…

-Ҳа, курашчилик ҳисси мени тарк этгани йўқ.Қийин дамларда таслим бўлмаслик, вазиятдан ғолиб чиқиш истаги устун туради.Кураш тушиб юрганимда пайдо бўлган хислатдан бир умр миннатдорман.Акс ҳолда мен аллақачон бу йўлни ташлаб кетган бўлар эдим.Кураш майдонини ташлаб чиқиб кетиб бўлмайди, халқнинг кўзи мудом сенда, рақибнинг қўллари эса гирибонингда бўлади…

Келинг яхшиси, Паҳлавон Маҳмуддек улуғ сиймолар учун дастуриламал бўлган саҳифаларни эслайлик: “Футуватномаи Султоний” рисоласида шундай битиклар бор: “ Агар курашнинг маъноси нима , деб сўрасалар, жавоб бериб айтгил-ки, бунинг маъноси одамзот хилқатидан келиб чиқади, чунки одамзот ўз ахлоқини ўзгартириб боради, яъни хулқ-атвор яхшилик томон ўзгариши керак.Ва бу сўзнинг маъноси шундаки, одамда мақбул ва номақбул сифатлар орасида доимий кураш боради, яъни ҳар бир сифат ўзига қарши сифатни дафъ қилиш пайида бўлади.Агар курашда асл моҳият нима деб сўрасалар, ушбу курашнинг илми, деб жавоб бергил.Агар илм билан қўшилган куч қанақа нарсадир, деб сўрасалар, бу ғоят эътиборли ва таҳсинга сазовор нарса, деб айтгил.Зеро, улуғлар дебдурларки, билимсиз куч адли йўқ шоҳдир, қуввати йўқ илм эса, адолатли, лекин лашкари йўқ шоҳ кабидир”.

Рубойидаги бу фикрларни мана шу таълимотнинг буюк намоёндаси Паҳлавон Маҳмуд ўз рубойиси билан тасдиқлайди:

Йўлинг сенинг оқ, бил, бу қадар оқ йўл йўқ,
Бундай зафару, шоирга муваффақ йўл йўқ.
Ғофилу ожизга бу золимлар ўч,
Ҳушёр ва кучли бўл, бўлак ҳақ йўл йўқ!

-Спортнинг инсон руҳиятига таъсири ҳақида ҳам гапирсангиз.

-Спорт инсон мувозанатини юксалтиради, тушкунларнинг ғурурини тиклайди, руҳини тетиклаштиради, такаббурларнинг эса ўпкасини босиб қўяди.Буни мен ҳаётимда кўп бора кузатганман.Фаравонлик бўлмаса спорт ҳам ривожланмайди.Биздан чемпион чиқмаганининг сабаби ҳам, эҳтимол , ўша йиллардаги иқтисодий ночорлик ва ўзимиздаги эътиборсизлик бўлгандир.Тўғри, фарзандлари спортчи бўлишга шайланаётган халқимизнинг дастурхони тўкин бўлиши шарт.Бироқ полвон учун энг катта мукофот, бу -ғалабанинг ўзи.Энг муҳтож полвон ҳам ўз муваффақиятини ҳеч нарсага алишмайди.Агар алишса,у-полвон эмас.

-Сизнингча, полвонларни нимага қиёслаш мумкин?

— Юлдуз бари,Бедил, мен ўзим деб, ки ягона,
Сўнг-сўнг таниган бир-бирини анжуман эрди..

Шоирнинг бу гапи аввало курашчиларимизга таауллуқли.зеро, ҳар бир навқирон инсон кураш гиламига ғалабага ишонч билан мен ягонаман, мен енгаман, деб қадам қўяди, кураш давомида эса қанчалик истеъдодли бўлмасин, ғалабага эришиш осон эмаслигини англаб олади.Юрагида ўз рақибига нисбатан ҳурмат ҳисси, ундан қолишмаслик туйғуси қарор топади.Шуниси билан ҳам полвонлар юлдузларга ўхшайди.Улар ҳар бири алоҳида нур сочиб турганлари билан, ҳаёт осмонида бир-бирлари билан тортишиб,бир-бирларини ушлаб турадилар .

-Менимча, спорт билан, хусусан кураш билан шуғулланган инсонда доим шижоат бўлади.Кураш руҳий бир далда ҳам эмасми?

-Гапнинг очиғи, баъзида қаттиқ чарчаган пайтларимда иш столимни ташлаб кетгудек ҳолларга тушган пайтларим ҳам бўлади.Шунда бирлан олис болалигим ёдимга тушади.Узлуксиз машқлардан толиқиб, кураш гиламини ташлаб чиқиб кетаётган чоғда ажойиб мураббийим Рустам Йўлдошевнинг танбеҳини эслайман: “Қайт, Матназар!Ишлаш керак!!!” Эсга тушади-ю, яна юрагимнинг аллақаеридадир ҳаётга иштиёқ, адабиётга меҳр пайдо бўла бошлайди.Омадсизлик баъзан оёғимдан чалади, баъзан қўлларимни бураб, қайирмоқчи бўлади, шунда оёғимдан чалаётган ҳарифимнинг зарбасига чап бериб чиқиб кетганим, оғритувчи усуллардан халос бўлганларим ёдга тушади.Шунда ногоҳон ирода пайдо бўлади ва қулоғимда азиз устознинг шу хитоби қайта-қайта жаранглайверади:

“Қайт, Матназар, ишлаш керак!!!”.

Бугун фурсатдан фойдаланиб, нимагаки эришган бўлсам, устозларимга, бир фақат Рустам Йўлдошевга эмас, бизни қаердаки учратса, бир оғиз ширин сўзини, бир оғиз олтиндан қиммат маслаҳатини аямайдиган Бува Полвонга, Қурбонбой Полвонга миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман.Уларнинг барчаси мен учун юрагимда адабиётга муҳаббат уйғотган илк устозим-отам қаторида азиздир.Биз бўлсак, ўз навбатимизда, токи тирик эканмиз, кураш гиламини ташлаб кета олмаймиз.

Чунки, ҳаёт мана шу гиламга жуда ҳам ўхшайди.
Ушбу суҳбат ”Қишлоқ ҳаёти”нинг 2003 йил 18 феврал сонида чоп этилгач, газетани Матназар акага бердим. Маълум бўлишича, ўша пайтлари Матназар ака устози Бува полвон-Бобожон Мадаминов ва бошқа устозлари, сафдошлари тўғрисида эссе ёзаётган экан..

-Яқин орада якунласам керак,-дегандилар ўшанда шоир.Айтгандай ҳам кўп ўтмай қуйидаги битиклар юзага келди.Мана шоир, таржимон, тадқиқотчи ва … полвон Матназар Абдулҳакимнинг эссеси.

001
МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ОТА ЛОЧИН ҲИКОЯТЛАРИ
Умид Бекмуҳаммад нашрга тайёрлаган
02

Инсон туғилиб, эсини танир-танимас пайтиданоқ атак-чечак қилиб замин устида ишонч билан оёқ қўйиб турмоққа интилади.Бу ҳаракатини у ҳар бир қон таначасига сингиб кетган ирсий хотиранинг кўз кўрмас, қулоқ эшитмас фармонларига итоат қилиб амалга оширадими ёки атрофидаги баркамол инсонларга тақлидан бажарадими, буниси, энди, бизга ноаён…

Аниқроғи, аён: чақалоқнинг бу интилишига ҳар иккала омил ҳам сабабчи, десак, назаримда, янглишмаган бўламиз.

Бир ҳикмат аниқ.Инсон ўзининг дастлабки ҳаракатлариданоқ икки ғалабага эришади.Бир ғалаба-ернинг тортиш кучи, жозиба қудратини енгиш бўлса, иккинчиси-номавзунликдан устун келиб, илоҳий мувозанатга эришмоқ музаффариятидир.Халқ таъбири билан айтганда, ҳали эндигина “оёқ очаётган” болакайнинг ҳатти ҳаракатларини кузатсангиз, ҳар бир инсон ўзининг дастлабки қадамлариданоқ курашиш ва ғалаба қозонишга, қулаб тушмаслик учун муттасил саъй-ҳаракатда бўлишга маҳкум эканлигига амин бўласиз.Бу кураш инсон манглайига самовий бир тақдир, илоҳий бир қисмат тарзида битиб қўйилгандек…

Ўзи маҳкум бўлган ана шу икки “рақиб” уни бутун ҳаёти давомида таъқиб қилиб, гоҳ дўстлик, гоҳ ҳарифлик қилади.Гоҳ елкадошлик билан бу дўст уни ғалабага мушарраф қилади.Рақибидир-ки, ҳар нафас ерга қулатиш пайида бўлиб, сергакликка ўргатади.Шу боисдан ҳам унинг ташлаган ҳар бир қадами ана шу курашнинг ўзига хос бир иниъкоси, тимсолидир.
Мана, сиз бошингизни силаш учун қўлингизни ҳаракатга келтираяпсиз.Ана, қуш тиккаламасига ўқдек отилиб, ер юзига қараб, “шўнғимоқда”.Экрандаги оғир атлетакачи, дейлик, чорак тоннача келадиган штангани ердан узди.Сўнгра, тасвир лип этиб, ўзгарди-да, енгил атлетакачи ўз бўйидан анча баланд планка устидан ўз гавдасини бемалол ошириб ташлади.Кўчага чиқдингиз6 қўшни кампир ўз неварачасини осмонга қараб ирғитаяпти.Мана, Она Ернинг ўзи ҳам қуёшнинг жозиба кучини енгиб, чексизлик қаърига парвоз қилмоқда. Товуш ўз манбаидан олисларга тарқалаётир.Нур ўз қароргоҳини тарк этиб, зулумот қаърига отилмоқда.Яна экран.Арслон билан жайрон ўртасидаги ҳаёт мамот қувлашмочоғи кетаяпти…

Югуришлар…
Елишлар…
Парвозлар…
Сакрашлар…
Кураш…
Кураш…
Кураш…

Полвонларнинг кураши ҳам ана шу қонуниятдан ташқарида эмас.Полвон полвонни ердан узиб, тағин ана шу ернинг юзига қулатмоғи керак.Бу, энди, инсонларнинг бир-бирини ердан узиб, бир-бирларини чиниқтириш мўъжизаси.Шунинг учун ҳам ҳар бир халқ ўз фарзандларининг бу алфоздаги олишувларига маҳлиё.Шунинг учун ҳам кураш жонкуярлари ўзлари мухлис бўлган полвонларни ардоқлайдилар.Уларнинг муваффақиятларидан севинадилар.Уларнинг мағлубиятларидан куюнадилар.Полвонлар бўлса, ўз навбатида , ана шу ишончни оқлаш учун номус талашиб, ор талашиб марди майдонлардир…Улар бетиним бир мусобақалар билан барҳаёт, залворли имтиҳонларда туғёндадир.Шунинг учун ҳам улар мардлик тимсоллари, ҳаллоликнинг фидойи сиймолари…

Бобожон Мадаминов, яъни Бува Полвон десангиз, хоразмликларнинг кўз ўнгида чапдаст, ниҳоятда абжир ҳамда ҳар қандай тахминларни, ҳар қандай мантиқларни синдириб ташлаб, чигал вазиятларни фақат улуғвор ғалабалар билан бартараф қиладиган йўлбарсфеъл бир одам гавдаланади.Бу зот Эркин кураш, Самбо, Миллий кураш каби спорт турларида халқаро мусобақалардан олий нишонлар тақиб қайтган инсон эди.Бува Полвоннинг яна бир муҳим фазилати унинг ниҳоятда меҳрибон ҳамда талабчан мураббий эканлигида ҳам эди.Унинг одамийлиги полвонлигидан, полвонлиги одамийлигидан кам бўлмаган.Ҳозир кураш майдонларида жавлон ураётган полвонларнинг кўпчилиги Бува Полвоннинг ё бевосита ёки билвосита, яъни нквара ва чевара шогирдларидир.

Ҳикоятларимиз Бува Полвоннинг ўзи, шогирдлари, рақибларию, даврадошлари хусусида.
Мухлислари ҳақида.
Бир бирларини парвозга чорлаётган лочинлар тўғрисида.

ЮКСАЛАЁТГАН   ҚАЙНОҚ ТОШ

Полвонлар даврасида курашнинг адабиётда, халқ оғзаки ижодиётида акс этиши тўғрисида гап кетди.Кимдир дарсликларда келтириладиган “Қайноқ тош” ривоятини эслаб қолди.
-Бу ривоятнинг,-деди ҳикоя қилғувчи,-бадантарбияга бевосита алоқаси бор.Ёдларингиздами, болакайлар қайноқ тошга дуч келадилар. “Ким шу тошни думалатиб, баланд тепага олиб чиқса, ёшлигига қайтади” деб ёзилган эди тошга.Болакайлар бир чолга шу вазифани бажариб, ёшаришни таклиф этишади.Шунда чол ўз умрининг мазмунли ўтганлигини, ҳаётидан пушаймон эмаслигини айтиб, таклифни рад қилади…

-Ҳа, тўғри,-деди Озод Полвон Ражабов,-жисмоний ҳаракат ҳар қандай одамни ҳам ёшлигига қайтаради.Ривоятдаги фалсафий хулосадан қаътий назар, унда ана шу ҳақиқат тўғри ифода қилинган.

Табиатан фалсафий хулосалар чиқаришга мойил озод Полвон, суҳбатга якун ясаб, қиссадан шундай ҳисса чиқарди:
-Менимча, ҳар бир одам ўз гавдасини ана шундай “қайноқ тош” деб билмоғи, тинимсиз машқлар билан ана шу “қайноқ тош”ни ҳаёт юксакликларига олиб чиқмоғи лозим.Устозимиз Бува Полвон ана шундай одам эдилар.Тинимсиз ҳаракатлар билан бу инсон ўз гавдасини курашлар оловида тоблади, ғалабаларнинг юксак чўққисига олиб чиқиб, биз шогирдлар хотирасида ўзининг абадий бир ёшлигини топди…Умр бўйи халққа, ватанга навқирон руҳ, минг-минг фазилат улашди.
-Балким “қайноқ тош” бу -устознинг рақибларидир,-гапни ҳазилга бурмоқчи бўлди яна аллаким,- Бува полвон ўз рақибларини бир умр мағлубият “чўққилари” сари думалатиб, мангу умр топдимикан ё ?

Бу бесўнақай фикрга ҳеч ким жавоб бермади.Даврадошлардан бири жаҳл жаҳл билан томоқ қириб қўйди, холос.

ШОГИРДЛАР БАЙРОҒИ

Бува Полвоннинг садоқатли шогирдларидан бири шундай ҳикоя қилади:
-Ўрта мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлаб юрган йилларим. Мен ишлаётган мактаб жойлашган қишлоқда катта тўй бўладиган бўлди.Директоримиз меним курашчи эканимни яхши билар эди.У:
-Сен қурга чиқиб, мактабимиз шарафини ҳимоя қилмасанг бўлмайди,-деб қолди,-спортчи полвонимизсан, қани бир қўллаб юбор.Чиқ майдонга.
Чиқмасам бўлмади.Чиқдим.Йиқдим.
-Бизнинг муаллим йиқди! Бизнинг муаллим йиқди!!!-Чувиллаша кетди болалар.Шунда турқи совуқ, бахил бир одам мен учун ҳакамга пул узатаётган мухлисларга ишора қилиб, хунук луқма ташлади:
-Муаллим-муаллим деявергунча, муаллиминггга бир-икки сўм пул узат!

Шу бўлди-шу бўлди тўй курашларига чиқмайдиган бўлдим.Бу ҳақда устоз Бува Полвонга гапириб берган эдим, у шундай фикр билдирди:
-Биласанми, шогирд, бизда совринни нима учун “соврин” эмас, “Байроқ” дейишади? Қийматидан қаътий назар, бу “байроқ” халқнинг ўз полвонига билдирган ишончидир.Ҳаттоки, ўз ўқувчингнинг икки сўми бўлса ҳам, у Байроқ.Гап байроқнинг неча сўмдан иборат эканлигида эмас, гап уни ҳалоллаб ола билишда!…Ҳалол курашингдан ийманиб, чакки қилибсан.

ЕРГА ЯҚИН ЮРАК

Бува Полвонга ҳасад қилгувчилар ҳам, табиийки, йўқ эмас эди.
Кунларнинг бирида улкан мусобақага йўл олаётган жамоа Бува Полвонга кўз тутаётган эди.Узоқдан аввалига устознинг сафар халтаси, сўнгра ўзи кўзга ташланди.
-Ўз халтасидан ҳам кичик полвон бўладими,-пичинг қилди бахиллардан бири,-бунча ерга яқин бўлмаса! Пилдираб келишини қаранглар!
Бегона одамнинг бу гапи шу ерда турган Баҳодир Бекжоновга қаттиқ ботди:
Оғзингизга қараб гапиринг.Биринчидан, устознинг сафар халтасида бутун командамизга бора-боргунча етиб, мусобақа кунларига ҳам ортиб қоладиган егулик бор.Чунки устоз ўз шогирдларига қаттиқ талабчан бўлганлари билан,чексиз меҳрибон.Иккинчидан, ана шу сафар халтаси камида юз кило чиқди, яъни сиздан анча оғир.Шундай оғир халтани кўтариб деярли чопқиллаб келаётган устоз сиздан оғирроқ полвончаларни ҳам бемалол бошидан ошириб ерга ура оладилар.Учинчидан, устоз ерга яқин эмаслар,устознинг юраги ерга яқин.Шунинг учун ҳам ер ўзига уни яқин олади, олишувларда қулашга қўймайди….Устознинг ерга юраги нақадар яқинлигини баъзи бир бурни осмонга чиқиб кетганлар тушуниб қўйишса, ёмон бўлмасди.
Гурр кулгу кўтарилди.
-Ҳа, не гап? Бу не кулишма?-деди шу аснода етиб келган устоз.
-Ҳеч гап йўқ.Осмонга ҳаволаб кетган бир бурунни сизнинг мададингиз билан ерга тушуряпмиз.

АНЖИР ЕМАГАНЛАР

Ўзи Урганч туманининг Дўрмон қишлоғида туғилиб ўсган эмасми, гачи феъли кенг, ҳамма шогирдларига баб-баровар бўлса ҳам, Бува Полвон қишлоқдан келган янги шогирдларини алланечук илиқ қарши олар эди. Маҳаллийчиликнинг кўчасидан ҳам ўтмаган устознинг бундай муомиласи қишлоқи йигитлар гавжум шаҳарга келиб, довдираб қолишмасин яна тағин, деган ҳадик билан боғлиқ эди.
Кунлардан бир кун спортзалга икки нафар забардаст йигит кириб келишди.Улар бир олманинг икки палласидек бир-бирларига ўхшаганликларидан, ака-укалар эканликларини илғаб олиш унчалик қийин эмас эди.
-Ҳа, полвонлар , қаёқдан бўласизлар?
-Дўрмондан,-дейишди йигитлар тагдорлик билан.
-Йўғ-е, қаеридан Дўрмоннинг?
-Ўрта Дўрмонга яқин ерлардан.Анжирчиларданмиз…-дея овули номини айтишади йигитлар.
-Кузда анжир кўмиб, ёзда анжирга тўйиб, роса пишган бўлсангизлар керак.Анжирнинг феълини яхши биласизлар, а? Эгилади-ю, бироқ синмайди.Уни ерга ётқизиш учун номардларча тепкилашади, бироқ у баҳоргача сабр қилади-да, яна қаддини ростлаб ёмонликка яхшилик, дегандек, одамларга мевасини совға қилишда давом этаверади.Анжир ҳақиқий полвон дарахт!
Шундай қилиб, Анжирчи овулидан келган Наримон ва Баҳодир Бекжоновлар кўп ўтмай спорт устаси бўлиб, устознинг ишончини оқладилар.Меҳнатларини зое кеткизмасдан, мусобақаларда мунтазам совринли ўринларни эгаллашни одат этдилар
-Анжирчилар сизларни беҳуда боқишмабди.Сизларнинг устозларинг мен эмас, анжир.Анжир, ўзи, юмшоқ мева бўлса ҳам, полвонларнинг мушакларини тошдек қаттиқ қилади,-ҳазиллашарди устоз шогирдларидан астойдил қувонган пайтларида,-қани энди, ҳар бир полвоннинг бир анжир боғи бўлса!
Мусобақаларда айрим шогирдлари мағлубиятга учраса, уларни яширин бир меҳр, ошкора бир пўписа билан.
-Ҳей, анжир емаганлар!,-деб койиб қўярди.

СОЧИҚНИНГ ВАЗИФАСИ

Бува Полвон табиати ниҳоятда нозик, покдомон одам эди.У ўзининг мардона курашлари билангина эмас, озодалиги, дилининг ҳам, сўзининг ҳам, ўзининг ҳам поёнсиз бир мусаффолиги билан бошқаларга ибрат кўрсатиб ҳаёт кечиргувчи одам эди.Ғийбатлардан йироқлигини, хушфеъллигини-ку қўяверасиз.Шунинг учунми, жавонмардийликнинг дастуриламали бўлмиш ушбу рубойини шогирди Озод Ражабов ўқиб қолса, ҳадиси шарифларни тинглагандек теран бир ихлос билан, чуқур тафаккурий кайфиятда қулоқ тутарди:

Ўз нафсини мағлуб этолган марддир,
Ғийбатдан узоқ-узоқ кетолган марддир.
Номард тепибон ўтар йиқилганларни,
Ожиз кишилар қўлин тутолган марддир.

У ҳақиқий халқ полвони эди.

Халқ донишмандлиги унинг феъл-атворида мужассам эди.
Мусобақалардан олдин полвонлар, одатдагидай, жам бўлишиб, бир неча кун тўқайда машқ қиладиган бўлдилар.Овқатни навбатлашиб тайёрлашга келишдилар.Шунда полвонлардан бири мулзам бўлиб, устозга мурожаат қилди.

-Мен овқат тайёрлашни билмайман-ку, устоз, энди нима қиламан?
-Қисинма, иним.Овқатни ўзим тайёрлайман бу гал.Кураш тушишни биласан-ку, шунга шукур қил.Худо бермаса, овқат пишириш ҳам ҳамманинг қўлидан келавермайди.Худо эса ҳаммага ҳамма нарсани беравермайди. Дунёда ҳар бир одамнинг , ҳар бир нарсанинг ўз вазифаси бор…
Томчида қуёш акс этади, дегувчи эдилар.Бува Полвоннинг ҳар бир сўзида, ҳар бир ҳатти-ҳарактида унинг софдиллиги, тоза табиатлиги билиниб турар эди.
Машқ кунларидан бирида таом тановвул қилганларидан кейин, кимдир эҳтиётсизлик қилиб, унга кийгизнинг устида ётган сочиқни узатди.Шунда Бува Полвон зарда билан:
-Мен қўлим билан сочиқни эмас, сочиқ билан қўлимни артмоқчиман,-деди.
Бува Полвон ерда ётган сочиқни жуда ёмон кўрар эди.Чунки бундай сочиқ устозга йиқилган полвонларни эслатарди…

ҚИРЧАНҒИ ТУЛПОР

Ёш полвонлар машқлардан чарчаб гурунглашиб ўтирардилар.Шогирдлардан бири ҳикоя қилди:
-Отларга меҳри баланд бир инсон бўлган экан.Унинг турли хил зотдор отлари бўлиб, барчаси нақ юлдузларни кўзлаб, гижинглаб туришар экан.Фақат битта от ўтакетган хонаки, бунинг устига ориқлаб қолган, касалванд бир қирчанғи экан.Бу қирчанғи фақат сиртдан қараганда ана шундай афтодаҳол бўлиб кўринар экан.Аслида унинг фақат эгаси воқиф битта сири бор экан6 қирчанғини минган чавандоз унинг қулоғини қашлаб юборсами, тамом, у шамолданам тез учиб, дунёдаги ҳеч бир тулпорга еткизмас экан.

Тунлардан бир тун келиб-келиб ҳалиги қирчанғини қароқчилар ўғирлаб кетишибди.Бундан хабар топган от эгаси ўзининг учқур тулпорини миниб, қирчанғининг изидан кетибди.Унга етиб олишига сал қолибди.Ўз севимли қирчанғисининг мағлубиятига чидай олмаётган эгаси чавандозга қараб бақирибди:
-Қулоғини қашла! Қулоғини!

Қирчанғи тағин шамолга айланиб, кўздан ғойиб бўлиб кетибди.
-Бу ривоятни мен Михаил Светловнинг китобидан ўқидим,-деди ёш полвон,-шоир барча устозларга хитобан айтадики “Шогирдларга қулоқни қашлашни ўргатиб яшанглар.Ҳар бир санъатнинг сири шогирдлардан пинҳон қолмасин”.
Ривоятни завқ билан тинглаётган Бува Полвон китобхон шогирдини мақтади:
-Баракалла, ўғлим, илмсиз полвон чала полвон бўлади.Сен китобхон йигит экансан.Худо ҳоҳласа, курашда ҳам улкан муваффақиятларга эришасан.
-Қалай, сизга ривоят маъул бўлдими, устоз?-қизиқди шогирдларидан бири.

Бува Полвон қувлик билан ўйга толган бўлди.Сўнгра деди:
-Ривоятдан чиқарган хулосам шундай бўлдики, полвон полвоннинг юксак манзилларга элтадиган тулпори.Шунинг учун ҳам сизларга “қулоқни қашланглар” деб ўргатганман.Бу насиҳатимга шундай амал қилгансизларки, кўпчилигингизнингқулоқ супраларингиз, қон қуюлиб, қалинлашиб кетган…

ҚОЗОННИНГ ҚОПТОЛИ

Бува Полвоннинг обрўси тоғдек баланд эди.Шунга қарамасдан, ўзи унчалик иззатталаб эмас эди.Қизиқ бир одати бор эди.Тўй-ҳашамларда тўй қозонининг қоптолида ўтириб, ёш-яланглар билан гурунглашишни хуш кўрар эди.айтишларича, Бува Полвоннинг ёшлигида тўй эгасига душманлик қилиб, бир нокас қозонга икки пачка тузни ташлаб юборган, оқибатда овқат ҳаром ошга айланган, тўй эгаси эса бир умрлик изтиробда қолган экан.Шундан кейин Бува Полвон ҳамиша қозоннинг қоптолида ўтиришни одат қилибди.

Бува Полвоннинг шогирдларидан Комил Полвоннинг эслашича, устоз шундай деб кўп такрорлар эканлар:
-Қозоннинг қоптолида бир полвон ўтирмаса бўлмайди.Ҳар тўйда мақсади тўйни бузиш бўлган бир аҳмоқ топилиши эҳтимолга яқин.Қозоннинг қоптоли, ҳарбийчасига айтганда, биринчи номерли пост.Бу ерда сергак туриш ҳам полвоннинг элга хизмати!…Халқнинг ризқи ярим бўлиб қолса, полвон айбдор.
Бироқ тўй-ҳашамларда меҳмонхоналарнинг тўрида бир ўрин ҳамиша бўш турарди.Бу Бува Полвоннинг, қозоннинг қоптолидаги инсоннинг ўрни эди…у ўз ўрнига келиб ўтириши билан, тўй аҳлига таом тортила бошларди.

УСТОЗНИНГ КЎНГЛИ

Ниҳоятда довруқли тўйлардан бирига Бува Полвоннинг ундан ҳам довруқли бир шогирди ташриф буюрди.меҳмон кутиб олгувчиларнинг қалин қуршовида ўтиб кетаётиб, бирдан қозонга яқин жойда устозни кўриб қолди.Одамларнинг қуршовидан шартта чиқди-да, устоз қошига келиб, “кечирасиз, устоз, мен ҳозир қайтиб ёнингизга чиқаман”,-деди.
-Йў-ўқ, сен ўз жойингда ўтир,-деди устоз,-сенинг ўрнинг тўрда.меним кўнглимга қарама, меним кўнглим шогирдларимнинг обрўси билан тенг ўсади.
Шунда унинг кўзларида милтиллаган ёш кўринди.Бу унинг ўз шогирди орттирган обрўдан қалқиб қувонч ёшлари эди.

МЕҲМОН ПОЛВОН

Хоразмга машҳур полвон келди.Вазни сал кам икки юз кило.Бундай Алпомиш полвонга қарши бош байроққа чиқадиган полвон топилмади.Даврада Бува Полвон ҳам бор эди.У оғир вазндаги полвонга ўзига яраша полвон чиқиб қолар деб ўйлади.Одоб сақлади.Кутди.Ҳеч ким чиқавермагач, ўзи чиқди.

Олишув қизигандан қизиб борар,Меҳмон Полвон оғирлиги ўзининг бир қўлича келадиган Бува Полвонни қурда чирпирак қилиб айлантирар, ич илмоқчи, ёнбош урмоқчи, бошидан ошириб ташламоқчи бўларди.Бироқ Бува Полвон ҳам анойилардан эмас, меҳмон полвоннинг сернаъра ҳамлаларига хотиржамлик билан чап бериб, шамолтегирмондек чарх уриб айлангани айланган эди.
Ниҳоят , Меҳмон Полвон Бува Полвоннинг икки эгнидан тутиб ердан узди-да, ўз иягига яқин олиб келди.У азбаройи асабийлашганлигидан дағ-дағ титрарди.Бува Полвоннинг бир одати бор эди: рақиби қанча асабийлашса, у шунчалик хотиржамлашарди.Бу гал ҳам шундай бўлди.Бува Полвон рақиби қўлининг тирсагидан юқори қисмидаги оқноввот қовунича келадиган мушаги томирига тирсагини қўйиб босди.Ва кураш давомида тирсакни томирдан олмади, аксинча , тирсакни “халачўп” қилиб, дам-бадам кучлироқ ниқтаб турди.Бува Полвоннинг тиралган тирсаги меҳмон Полвоннинг қўлидаги қон айланишини ёмонлаштириб, унинг қўлини акашак қилиб ташлади.Ҳам асабийлашган, ҳам чарчаган меҳмон полвон толиққан қўлига дам берай деб, бир зумгина Бува Полвоннинг ёқасини бўшатди.Ана шу бир зумгина вақт Полвон кутган ноёб имкон эди…Полвонларнинг олишаётган жойи пўрсанг бўлганидан бири биридан гупиллаб йиқилганда кўтарилган чанг фалакка чиқди.

Бу воқеани ўз кўзи билан кўрган Қўзи Полвон ҳикоя қилади:
-Курашдан бир лаҳзагина чалғиган эканман, бирдан кўзим қўққисдан кўтарилган чанг-тўзонга тушди.Ана шу лаҳзада замин-замонни бир қилиб тўзон ичинда бир нарса гупиллади.”Воҳ, энди Бува Полвондан айрилдик”, деб ўйладим.Жон ҳовучлаб тўзоннинг тарқалишига кўз тикдим.Қарасам, ерда тоғдек бир бало чалқанчасига узала тушиб ётибди.Ёнида ўтирган Бува Полвон унинг ҳолига йиғлаётгандек эди.Аслида у белбоғи билан кўз ёшларини эмас, манглайидаги терларини артаётган экан.Қулаб ётган девкелбат Меҳмон Полвон бир тоғни эслатарди.Бува Полвон эса оддий, ниҳоятда оддий одам эди.

ТУПРОҚ АЛДАМАЙДИ

Бир куни Бува Полвон ўз рақибини ёнбош уриб, жуфт яғринини ерга ташлади.Одамлар ғолибни олқишлаётганига қарамай, қайсар полвон ўз мағлубиятини ҳеч тан олмас, ғирромлик қилар эди.Шунда Бува Полвон рақибининг қошига борди:
-Жўра, куракларинг тупроққа тўлиб кетибди.Мен ёлғон гапиришим мумкин, ана, халойиқ ҳам ёлғон гапирди дейлик.Лекин икки эгнингнинг чангги ёлғон эмас.Айт оғайниларингга, яғринингни қоқиб қўйишсин.Ҳа, тупроқ алдамайди, иним.

ҚАДРДОНЛАР ДАВРАСИДА

Бува Полвоннинг шогирди устоз хотирасига унинг маҳалласида ош берди.Шунда Бува Полвоннинг хонадони кекса курашчилар билан тўлди.полвонлар билан тўлган даврада битта кекса овчи ҳам бор эди.Гурунг қизиб, ҳар полвон ўзининг шавкатли ўтмишини эслар, ўз рақибини ким ич илиб, ким ёнбош уриб, ким бошидан ошириб, ким тўпиғидан қоқиб отганларини ҳикоя қиларди.

Кекса овчига ҳадеганда гап етавермади.Бироқ у сабр билан гурунг тинглар экан, пайт пойлар эди.Ниҳоят полвонларнинг гурунглари сал сустлашганда овчи “Ётиб қолгунча, отиб қол”, деб луқма ташлади:
-Ўлжасини учириб отган битта азамат йўқми ораларингда?

НОКАУТ

Яшириб нима қилдик, полвонларнинг орасидан ғалаба учун ўзини томдан ташлайдиган, ҳалол-ҳаром билан иши йўқ, маккор ва ғирром кишилар ҳам чиқиб қолади.Шундайлардан бири Бува Полвон билан курашга чиқди.Ҳе йўқ, бе йўқ, икки бармоғини унинг кўзларига тиқмоқчи бўлди, бетига очиқдан-очиқ чангал урди.Бува Полвон ҳам сенинг ҳақинг шу деб, ғирромнинг қоқ манглайига мушт қўйди.Ғирром полвон ҳушидан кетиб бир неча сония суллайиб ётди.
-Полвон полвонни нокдаун қилганини биринчи кўриб туришим,- деди шунда кекса боксчи Тўра ака.
-Шу қилиғини ташламаса ҳали нокаут ҳам қиламан буни,-деди ҳамон дарғазаб Бува Полвон.

КУЁВ

Озод Ражабов ниҳоятда донгдор курашчи эди.Жаҳонга довруқ таратган полвонлар билан ҳам Хонқанинг оддийгина полвонлари билан мусобақа қилаётгандек ёқа олишиб кетаверар, бироқ ҳеч мағлуб бўлмасди.

Беайб парвардигор дегандай,Озодбой ҳам айрим нуқсонлардан ҳоли эмасди.Масалан, у ҳаётда бирон сабаб билан яқин дўст тутинган, қадрдонлашиб қолган полвонлар билан кураш тутишни сира ёқтирмас, улар билан беллашувдан қочишга ҳаракат қилар эди.Бир марта шундай қилди, устози Бува Полвон индамади, иккинчи марта дўсти билан бир вазн тоифасида кураш тушиш хавфи пайдо бўлганда, ўз вазнини “ҳайдаб” бошқа вазнда тушиб кетди, Бува Полвон индамади.Учинчи марта устознинг зардаси қайнади:
-Озод, бундай қилаверадиган бўлсанг, бор кет, қишлоғинг Қирқёпга бор-да, энака момонг билан кураш тушавер.Полвонлик кўнгилчангларнинг иши эмас! У билан тутма, бу билан тутма, холанг билан тутмоқчимисан?
Ким ҳам холасини сийламайди! Озод Ражабовнинг жаҳли чиқди.Ғазабдан лаблари пир-пир уча бошлади.Бироқ, не қилсинки, устознинг жаҳлида ҳам жон бор эди.У сал ҳаддидан ошганини сезди-да, вазиятни юмшатиш учун келишувчанлик оҳангида деди:
-Ғалаба полвон учун хола эмас, севган қизидек азиз.Шунинг учун у ҳар бир кураш арафасида гўшанггага кираётган куёвдек белини маҳкам боғлаши, ҳуда-беҳуда бўшашавермаслиги керак…

УСТОЗ ЎГИТИ

Полвонлар жамоаси Бува Полвон бошчилигида қўшни шаҳарга йўл олди.Жамоа аъзоларининг бир қисми манзилга бора-боргунча шовқин-сурон кўтариб, автобусни бошига кийиб боришди.Қолганлари эса ўта тинч, осойишта эдилар.
Манзилга бориб етганларидан сўнг, мусобақалар бошланди.Иттифоқо, шўхлик қилиб борганларнинг аксарияти мусобақада ютқаздилар.Маъсулият сезиб, шўхлик кўнглига сиғмай келган спортчилар эса ғалаба қозонишди.
Қайтишаётганда даставаллига ўйинқароқлик қилиб келганлар энди жиддий, жиддий тортиб келганлар эса, табиийки, аксинча хушчақчақ эдилар.
-Нима бало,-деди устоз,-феъл-атворларингни бир-бирларинг билан алмашдингларми? Тушуниб турибман…бунинг сабаби аён.Қандай қайтишни бораётганда ўйлаш керак эди.Ҳай, майли , қисинманглар.Мусобақаларинг ҳали олдинда.Мусобақага қай даражада жиддий йўл олсангизлар, қайтаётганда шу қадар шод-хуррам бўласизлар.Аслида…ҳаёт ҳам мусобақага бориб келгандай бир гап.Ёшлик бу-мусобақага бориш, балоғат-мусобақа, кексалик бўлса-мусобақадан қайтиш.Шундай ҳаёт кечирингларки, қайтаётганда мана шу бугунгидай ғамгин бўлиб қолманглар….Ғолиб дўстларингизга ўхшаб ўйнаб-кулиб қайтинглар…

ҲИКМАТ

-Полвон халқ фарзанди, ватан фарзанди,-деб уқтирар эди Бува Полвон,-халқни халқим, ватанни ватаним, деган полвон ҳамиша ғолибдир.Чунки, халқнинг, ватаннинг бегона фарзанди бўлмайди…

ҚИБЛА

Мусобақада ҳакамлардан бири қовун тушириб қўйди.Қаттиқ қовун туширди.Жамоалар ўртасида ҳазилакам жанжал келиб чиқмади.Биров ҳакам у тарафга ён босди деди, биров бу ёнга оғди деди.Ғала-ғовур устига Бува Полвон келиб қолди.Масала, дарҳақиқат, чигал эди. Ким ҳақ, ким ноҳақлигини, тажрибали одам ўз кўзи билан кўрган бўлсагина бартараф этиши мумкин эди.Устознинг боши қотди…

-Ҳакам у тарафлик ёки бу тарафлик бўлиши мумкин эмас.Ҳакамнинг фақат битта тарафи бор, у ҳам бўлса ҳақиқат.-Устоз бир-икки нафас сукут сақлади-да, қўшиб қўйди: -Адолат ҳар бир ҳакамнинг қибласи бўлмоғи керак…Қибла эса фақат бир тарафда.

ГАПНИНГ ПЎСТ КАЛЛАСИ

Бир куни Бува Полвондан шогирдлари , “Олишув пайтида гиламдан тактик мақсадларда “чиқиб қочса” номардлик бўлмайдими, ҳакам бирон-бир қоидабузарликни сезиб қолмасдан туриб, полвоннинг ўзи тавба қилса вазият кўтарадими?” ва яна тағин шунга ўхшаш гапларни айтиб устознинг бошини оғритавердилар.Шунда устоз деди:
-Сизларга гапнинг пўст калласини айтайми?…
-Айтинг!-дейишди шогирдлари.
-Шундай кураш тутингларки, олишувнинг охирида ҳакам сизларни ғолиб деб қўлингизни кўтарсин!…

РЎКАЧ

Бува Полвон самбо курашининг ҳам билимдони, ўз вақтида самбодан ҳам шогирдларга сабоқ берган эди.шогирдларидан бири самбо мусобақалари пайтида курашни эркин курашдан бошлаган бир полвонга ютқазиб қўйди.
-Узр, устоз,-деди негадир мағлуб шогирд,-ит таталагандек таталади, ярамас.Асли ўзи бир нафар эркин курашчи билан тутгандан, ўн нафар самбочи билан кураш тушган афзал.
Мағлуб шогирд, аслида, қаттиқ койимасин деб, устозга хушомад қилаётганди.Чунки, устознинг ҳам “асли келиб чиқиши” эркин курашчи эди.
-Самбони ерга урма, тентак,-деди буни сезган устоз.-Рақибинг сени эркин курашчасига ит таталагандек қилса, сен одамийлик қил.уни самбочасига ялпайтириб ташла!..

ҲИКМАТ

Жон руҳни, Руҳ вужудни ҳаракатга келтиради.Ҳақиқатдан вужуд, ўз навбатида, тобланиб, руҳни чиниқтиради, жонни мустаҳкамлайди.Жон, руҳ ва вужуднинг ўзаро муносабатидан ақл ҳам пешланади.
Жон , руҳ, вужуд, ақл парвариши бир-биридан ажралган ҳолда бўлиши мумкин эмас.
“Руҳ-руҳ, деб эзмаланасизлар,-деб хитоб қилган эди физиолог аллома Павлов,-тор бир пойабзал кийиб кўринглар-чи, ана шунда биласизлар руҳнинг нақадар вужуд билан нақадар боғлиқлигини!”

ҲИКМАТ

Полвон полвоннинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир.

ЗАҲИРАДАГИ УСУЛ

Бува Полвон оқибатсиз шогирд ҳақидаги бир ривоятни айтиб берган экан.Қадимги замонда машҳур полвоннинг бир шогирди бор экан.Бу шогирднинг феълидан аён бўлибдики, унда унчалик катта ақл йўқ.Узоқни кўра биладиган устоз унга курашнинг ўзи биладиган деярлик ҳамма усулларини ўргатибди-ю, бир усулни сир сақлабди.

Шогирд йиллар давомида устозидан бошқа ҳамма полвонларнинг курагини бирин-кетин ерга теккизибди.айёр ва нодўст одамлар бу полвоннинг ақли ноқислигини кўзда тутиб, уни устозига қарши қайрабдилар.Шўрлик шогирд ҳам уларнинг макрига лаққа тушибди.”Устозимни бемалол йиқ оламан,-дебди оқибатсиз шогирд.-Кураш тушганим бўлсин унинг билан!”.

Бу гапни дарҳол устозига етказибдилар.Мусобақа бошланибди.Устозининг ҳамма усулларини беш бормоқдай биладиган шогирд уни довдиратиб, оғир аҳволга солиб қўйибди.
Шунда устоз заҳирада сақлаб қолган охирги усулни қўллаб, ношуд шогирдни чархпалак этиб ерга урибди, шогирдининг кўксига миниб қаттиқ танбеҳ берибди.
Бува Полвон ривоятни айтиб тугатгач, бир неча сония сукут сақлади, сўнг шогирдларининг фикрлашини хуш кўрадиган устоз уларга юзланди:
-Мен ўйлайманки, барибир шогирд ғолиб.Бу меним фикрим.Сизларчи, сизлар қандай ўйлайсизлар?

Биров у деди, биров бу деди.Хуллас, Бува полвоннинг оқибатли шогирдлари ҳалиги бемеҳр шогирдни қоралашдан нарига ўта олмадилар.Шунда устоз айтди:
-Шогирднинг вазифаси устознинг ҳамма усулларини ўрганиш.Тушунаяпсизларми, ҳамма усулларини! Устоз хасислик ва ичи қоралик қилиб битта усулни яшириб қолган.шогирд бўлса ўз устозини бу сирни очишга, барибир ,МАЖБУР ҚИЛГАН! Яъни жазолаган.Мана, гап қаёқда.Ким билади, саховат кўрсатиб, охирги усулини ҳам ўргатганида, оллоҳ шогирдининг кўнглига инсоф бериб, ақлсизлигини ақллиликка, оқибатсизлигини меҳр-оқибатга айлантирган бўлурми эди…Вақт дегани жуда ўткинчи нарса, болаларим.Эртами индин сизлар ҳам устоз бўласизлар.Сизларга насиҳатим шу, ҳеч қачон шогирдларингиздан охирги амални сир тутиб, сақлаб қолманглар…Бу ҳам бир омади гап.Аслида кураш усуллари чексиздир, шунинг учун ҳам усулларнинг охиргиси бўлмайди.

ҚАЪТИЯТ

-Шогирдларнинг ҳаммаси ҳам ўз имкониятларини билавермас эди.Бироқ Бува Полвон шогирдларининг имкониятларини уларнинг ўзлариданда яхши биларди,-ҳикоя қилади истеъдодли полвон Озод Ражабов.—Бир куни мен фамилияси Уткин деган ўрис полвон билан кураш тутадиган бўлдим.Яшириб нима қилай, зўр полвон эди, сал…ҳайиқдим.

-Бемалол йиқасан сен уни,-деди аҳволимни англаган устоз.-Маҳкам тур!
…барибир бўлмади.Йиқилдим.
-Нега йиқилдинг, ахир,-қаҳри келди Бува Полвоннинг.-Сен ундан зўрсан-ку! Сен ўзингни ўзинг билмайсан, тентак! Сени мен яхши биламан!
Уткин билан неча марта тутсак ҳам довим келмади.Устоз мени койиб, “сен ундан зўрсан!” дейишини қўймади, мен Уткиндан йиқилишимни.
Кўп ўтмай устоз билан Тожикистонга бордик.Бир полвон билан шундай олишдимки, бундай мароқли олишув умримда ҳеч бўлмаган эди.Йиқдим уни.Шу полвон келади деб, навбатдаги тўйлардан яна бирига бордим.Келмади.Дим мазам қочди.Чунки тўйда менга чиқадиган полвон топилмади.Қимматбаҳо байроқ бердилар.Татимади.
-Ўтган куни тушган полвон жўрам келса, яна бир беллашсак, шунинг ўзи менгга байроқ эди.Энди менга мукофотнинг кераги йўқ-дедим.
-Тўғри айтасан,-қувватлади мени Бува полвон хурсанд бўлиб,-полвон полвоннинг байроғи, аслида.Полвон полвон билан полвон…Кейин қўшиб қўйди:
-Биласанми, Озод, ана шу сенга ютқизган полвон Уткинни бир минутга етказмай неча марта ер билан яксон қилган…

ҲОВЛИҚМА ПОЛВОН

Енгилроқ байроқларга мазахўрак бўлиб қолган бир полвон тўйга кечикиб келибди.Қўчқор уриши бўлаётган, ҳали тўй тарқамаган пайт экан. “Э, бизга лойиқ полвон келмабди-ку!” кечикиб келгани етмагандай, керилибди ҳалиги полвон.Тўйбоши кулиб қўйибди-да, “Полвонлар ҳув анави ерда ўтирибди, ўзингга лойиғини танлайбер”, дебди.Мақтанчоқ полвон разм солиб қараса жамдан бировнинг боши туйнукдеккина бўлиб чиқиб турган экан.Жуссаси ҳам бошига ярашармикан, деб ўйлаб, “ тутганим бўлсин ана шу полвон билан!” дебди.Калла ташлашаётган икки қўчқорнинг ўрнини бўшатиб икки полвонни даврага солибдилар.Танланган полвон боши кичкина бўлса-да, жуссаси улкан, забардаст полвон экан.ўз рақибининг ҳовлиқмалигини, ақлсизлигини ҳамда жисман заифлигини кўриб унга раҳми келибди. “Қўрқма, аста-аа тутиб, сени бўшроқ ерга йиқаман!,-дебди у ҳовлиқма полвонга.Зўр полвон шундай деб, рақиби мулзам бўлмаслиги учун озгина курашганга ўхшаб кўринишни режалаштириб, ҳовлиқли полвон билан айланишиб юраверибди.Буни ўзича тушунган ҳовлиқма полвон чаламан деб нўноқлик билан чунонам рақибининг оёғига тепибди-ки, оғриқ жон-жонидан ўтиб кетибди.Қудратли полвон ҳовлиқманинг икки ёқасидан маҳкам ушлабди, куч билан унинг қулоғини аста тортиб ўзининг оғзига келтирибди.”Ўзинг ҳам бир манглайи қора йигит экансан.Энди , жўра, мендан кўрадиганингни кўрасан!” шундай деб у ҳовлиқмани пахта отизининг поялари қўлда ўрилиб, чўкиртаклари осмонга пичоқдай қадалиб турган ерга қараб торта бошлабди.Ҳовлиқма ўзининг нималар қилиб қўйганлигини энди англабди ва жони-жаҳди билан юмшоқ ерда йиқилишини истаб, қур ўртасида аввал икки тиззасини сўнг ўзини ерга ташлаб бор кучи билан “тормоз” бера бошлабди.Қудратли полвон ҳовлиқма полвонни ўртага ағдариб ташлаб, одамларнинг кулгу-ю, қийқириқлари остида даврадан чиқиб кетибди.

-Рақибинг сичқонча бўлса ҳам, кучинг арслонча бўлсин,-дегувчи эди шу воқеа ҳақида ҳикоя қилаётиб Бува Полвон.-Энг асосийси Полвон Полвонни майдондан ташқарида, яъни кураш бошлангунча ва кураш тугагандан кейин аяши керак.Ҳовлиқма полвонлардан худо сақласин.Кураш ҳазилни кўтармайди.Қилдирни бўш тутсанг, қўлингни кесади…

ҲИКМАТ

Қора билан оқ, тун билан кун, ёз билан қиш, яхши билан ёмон, бахт билан кулфат, тўғри билан эгри, ғам билан шодлик, тўй билан аза, ҳаёт билан ўлим…
Қачон ва қаерда тугайди бу кураш? Полвонларнинг давралардаги кураши ана шу қарама-қаршиликларнинг инсон томонидан англаниши эмасмикин?
Жон танни ҳаракатга келтиради.Полвон полвонни.Демак, полвон полвонга жондек азиздир.

ОРЗУ УШАЛДИ, УМИД УЗИЛДИ

Устоз Бува Полвон бир куни Урганч туманининг Қорамон қишлоғилик Султон Полвон ҳақида гапириб қолди. “Курашда жисмоний куч, албатта, катта аҳамиятга эга.Султон Полвон ниҳоятда кучли одам эди.Эшитганман, у механик бўлиб ишлаган гаражда тракторчилар ўз машиналарини унга ремонт қилдирмас эканлар.

“Мана-чой, мана-нон, мана –зиёфат.Сен курашларда йиқилиб, биз тракторчиларнинг юзини ерга қаратмасанг бўлди.тракторларимизни ўзларимиз ремонт қилаверамиз”,-дейишаркан ҳамкасблари.
-Устоз, нима, тракторчилар унга шунчаки холисаниллло тракторларини ремонт қилдирмасдан, дам бериб қўйишар эканми?
-Йў-ўқ, у шу қадар кучли бўлганки, аксар паришонхотирлик қилиб, гайкаларни қаттиқроқ бураб, йўғонлиги бош бармоқдай-бош бармоқдай келадиган болтларни шарт-шарт узиб олавераркан.Бу ҳали у кўрсатган кучларнинг ҳаммаси эмас.Унинг учун, масалан, бош ва кўрсаткич бармоқлари орасига олиб ўрик данагини чақиб ташлаш ҳеч гап бўлмаган.Гапга чечан тракторчилар “Султон Полвон болт узар экан, рақибларининг ғалабадан умидларини ҳам унга ўшиб узади, бармоқлари билан данак чаққанда ўзининг орзуларини ушатади”,-деб ҳазиллашишар эканлар.
-Сизлар ўзаро болт узишиб, данак ушатишганмисизлар?-сўради кўз қисиб, қувноқ шогирдларидан бири.
-Узишганмиз ҳам, чақишганмиз ҳам,-жавоб қилди устоз,-курашларда мен қанчадан қанча болт узиб, данак ушатганман.лекин Султон Полвон ҳам қарздор бўлиб қолмаган…Сўнгра устоз яна қўшиб қўйди:
-Султон Полвоннинг яна бир фазилати ростгўй, орли одам эди.Ҳатто кўпчилик полвонлар ҳуда-беҳудага тортаверадиган наърани ҳам у фақат ростакамига тортар эди.
-Яъни?
-Яъни, Султон Полвон ўз наърасининг устидан чиқар эди.Мен Султон Полвоннинг наърасидан кейин гурсиллаб қуламаган бирон бир рақибини кўрмаганман.

ЖАВОҲИР ПОЛВОНЛАР

Истеъдодли, бироқ ҳали кураш тутиб кўрмаган ёш полвонлар бўлади.Бундай полвонлар жавоҳир полвонлардир.Улар заргарнинг ишлов беришига муҳтож.Бундай жавоҳирлар моҳир заргарларнинг қўлига тушса, бебаҳо дурр ёқутларга айланадилар.Жавоҳир полвонлар учун устоз заргар вазифасини ўтайди.

ТАЗАРРУ

-Султон Полвон кам йиқилди, кўп йиқди,-деди бир куни Бува Полвон,-бироқ кейинги пайтларда унда ғалати бир тавба-тазарру кайфияти пайдо бўлди.Бир марта шундай деганини эшитганман:
-Агар ҳозирги ақлим бўлса эди, ҳеч кимнинг ёқасидан тутмаган бўлур эдим.
-Қизиқ гапларни айтасан, Султонбой,-дейишди унга,-ҳамиша ғалаба қозондинг.Не бир-не бир полвонлар сен билан кураш тутганда, елкалари чанг бўлиб майдондан чиқиб кетар эдилар…
-Ҳамма бало шунда-да,-деди Султон Полвон,-не бир-не бир йигитларнинг юзини ерга қаратдим…
-Қизиқ одам эди Султон Полвон,-ҳикоясида давом этди устоз,-кичкинтойлигида яра-чақа чиқиб, бошининг тангадек-тангадек жойларига соч ўсмай қолган эди.Шунинг учун олабош деган лақаб ҳам олган эди.Лекин курашни ола тутмасди, бутун эди кураши унинг.Одамгарчилиги бутун эди…

ПАРАШЮТЧИ

Бува Полвоннинг олдига парашютчи йигит шогирд бўлиб келди.Бир икки кун курашга қатнагач, устозга эътироз оҳангида деди:
-Кураш парашют спортидан жиддийроқ экан.Парашютда неча марталаб сакраганман, лекин мени ҳеч бирида рақибнинг ёқасидан олганимдагичалик қўрқув босмаган.
-Биринчи сакраганингни унутгансан, холос,-эътироз билдирди устоз, -курашга ҳам ҳали кўникиб кетасан.
Парашютчи шогирди мусобақаларда кураш тушиб қулай вазиятга эга бўлиб қолса, устоз унга далда берарди:
-Сакра, ўғлим, сакра!..

ҲИКМАТ

Полвоннинг вазифаси полвонга унинг мағлубиятини янги зафарларнинг аччиқ илҳомчиси сифатида туҳфа қилмоқдир.

САБР НИМА? САБР КИМ?

-Сабр нима?-деб сўрадилар Бува Полвондан.
-Сабр бу…Полвон!-жавоб бердилар устоз.
-Қанақасига?-савол бердилар яна.
-Сабр бу шалпайиб, “олма пиш, оғзимга туш” деб ўтириш эмас, сабр бу-меҳнат, сабр бу-кураш, сабр бу-машқ, сабр бу-эзгу ғалабалар йўлида тинимсиз олишув демакдир.Сабр бу-полвон, деганимнинг маъниси шуки, сизлар беш-олти дақиқада қозонишларингиз керак бўлган ғалабага ойлаб, йиллаб сабр билан тайёрланасизлар.Демак, сабр бу-сизларнинг ўзларингиздир.

ҲИКМАТ

Ўзбек миллий курашида мардоналикнинг муҳим бир жиҳати устиворлик қилади.Бу кураш тикка туриб олишув санъатининг фазилатларини ўзида мужассам этган.
Курашда , бир қарашда, олишув кўлами бирмунча чеклангандек.Бироқ, бу “чекланганлик”да руҳлар мусобақасининг ичкин бир поёнсизлиги мавжуд.Тикка туриб, озод енгиш, ботиний ҳаракатларнинг полвон руҳиятидаги сонсиз жилоларини бир усулга жамлаб, яшин тезлигидаги ҳамла тарзига айлантириб, ё донғинг, ё чангинг чиқадиган илоҳий бир таваккалчилик воситасидаги ғалабага сафарбар қилиш ўзбек курашининг бутун жаҳон аҳлини маҳлиё қилиб қўйган муборак бир моҳиятидир.Бу кураш полвоннинг она замин билан иттифоқидаги далил, чекланганликдаги чексизликнинг исботи, қалтис вазиятдан фақат ғалаба туфайли холос бўлишнинг ноёб имкониятларини ўзида намоён қиладиган беллашув қомусидир.Ўзбек миллий курашчиси бошқа турдаги курашчига нисбатан ғалабага ҳам, мағлубиятга ҳам ашаддийроқ маҳкумдир.

ҲИКМАТ

Кураш гилами буюк мураббийдир.
Бу гилам осмондаги бурунни ерга туширади.
Хокисор юракка далда беради.
Шишган ўпкани босиб қўяди…

КАРОМАТ

Озод Полвон ҳикоя қилади: “ Авлиётабиат эди устозимиз.Кўнгли кирсиз, биллурдек тип-тиниқ бир одам эди.Фақат курашни ўйлар эди.Фақат курашдан сўйлар эди.Бир гал Бухорога мусобақага борганимизда Бува ака ўзи учун яхши бир шляпа олиб келиб, меҳмонхонамиздаги шифонернинг устига қўйиб, спорт қўмитасига чиқиб кетди.Бизлар “Қани, устоз қандай шляпа сотиб олган экан”, деб, уни кўрмоқчи бўлдик.Одил Полвон қўлни теккизган ҳам эдики, шляпа шифонернинг орқасига тушиб кетди. Олай десак, ҳеч иложи йўқ, шифонерлар девор бўйлаб қатор қўйилиб, полга михланган экан.У қилдик, бу қилдик, ўнгара олмадик.Устоз эса ҳадемай келиб қоладиган.тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб, роса мазамиз қочди.Э, нима бўлса бўлди, устоз келса тўғрисини айтамиз-қўямиз-да, деб ётишга ҳозирланиб кийимларимини шифонерга қўяй десак, ё қудратингдан, яратган эгам, шифонерда айнан шундай, бироқ сал униққан бир шляпа осиғлиқ турарди.Ғорса шуни олиб, шифонернинг устига, янги шляпанинг ўрнига қўйдик.Устоз кириб келди, шляпани қўлига олиб алланарса демоқчи бўлди, лекин бир бизларга, бир шляпага қараб бош кийимни қўлида айлантира бошлади.Кийиб кўрди, ечди, яна кийиб кўрди.Тағин бир бошдан кўздан кечирди.Кейин бироз тин олиб, “бошқа шляпами дебман”, дейиши билан, Одилнинг ҳам, меним ҳам дамимиз ичимизга тушиб кетди…Йўқ, устоз гапини, “…худога шукур. Ўзимнинг шляпам экан”, деб якунлади бизнинг бахтимизга.Елкамиздан тоғ ағдарилгандек бўлди, ҳатто уста шуни ҳам билмади деб бироз вақт кулишиб ҳам юрдик.

…Ҳозир ҳам ўйланамиз, бўм-бўш хонада қаёқдан пайдо бўлиб қолди у шляпа.ё Бухорога биздан бир икки кун олдин келган одам, эски шляпасини ташлаб кетганми…десак, шифонердаги шляпа деярлик яп-янги эди.Ахир шу “деярли”ни устоз наҳотки пайқамаган бўлса?..Хуллас, устоз ҳеч пинак бузмасди.Фақат “янги” шляпасини ҳар сафар кияётганда бизга маъноли қараб қўярди. Ё…ё..Бу устознинг бизларни синаш учун кўрсатган кароматлариданми эди…Буни ҳалигача билмаймиз.
Фақат бир нарсани яхши биламиз.Устознинг шляпаси билан ўйнашмаслик керак.Бу шляпа оғир, жуда ҳам оғир бўлар экан…Ҳалигача қаерда шляпа кўрсак, мазамиз қочиб кетади.

ОТА ЛОЧИН

Урганч туманининг Юқори Дўрмон қишлоғидаги Муқимий номли мактаб директори бўлиб ишлаётган саъдулла исмли полвон дўстим бор.Фамилияси Халиллаев..Ўз вақтида Бува полвонга шогирд тушган.Саъдулла шундай ҳикоя қилади:
-Машқ курашларидан бирида устоз мени чалпак қилиб ерга урди.Энди ўзимга келган ҳам эдим-ки, иягини кўкрагимга қаттиқ босди.Оғриқ жон-жонимдан ўтиб кетди.”Бу не қилганингиз бўлди, устоз?”-дедим.
-Биласанми. Ота лочин ўз жўжаларини қандай учирма қилади,-деди шунда Бува Полвон,-учирма кунларида у ҳамиша ўз жўжасига ҳамроҳлик қилади.Жўжа парвоздан сал пастлайдиган бўлса, тикка учиб, жўжасининг тўппа-тўғри кўкрагини чўқилайди. Оғриқдан қўрққан жўжа тобора баландлайверади.Бу жараён то ота лочин забт эта оладиган юксакликни жўжа лочин забт этгунча давом этади.Ана шу “шифт2ни жўжа лочин эгаллаб бўлгач, ота лочин ўзида яна куч, яна ғайрат топиб, жўжасининг кўксини охирги марта. Бироқ аввалгиларидан ҳам қаттиқроқ чўқийди.Ана шунда жўжа лочин отаси эгаллаган баландликдан ҳам юксакроққа чиқади.Тамом.Шундан кейин жўжа лочин ана шу эгаллаган юксаклигидан пастлай олмайди.Пастладими, бас, кўкрагидаги отаси чўқилагандаги оғриқ қайтадан пайдо бўлаверади.Устоз ҳам шундай бўлиши керак.у ўз шогирдларига шундай сабоқ бериши керакки, шогирдлари ўзидан пастроқ кетсалар, кўкракларида қаттиқ оғриқ пайдо бўлсин…Шунинг учун сени бир чўқиб қўйдим, ўғлим.

СОВҒА

Озод Ражабов ҳикояси: “Мен Бува Полвонни ягона устозим дея олмайман.Чунки Бува Полвоннинг ўзи устоз ягона бўлмайди, дея ҳисобларди. Шунинг учун ҳам шогирдларини ҳар хил услубдаги устозлар машғулотларини кузатиб, сабоқ олишга ундар эди.

Бироқ, шуни эътироф этишим керакки, Бува Полвон менга меҳнати энг кўп сингган устозим эди.Мен полвонликнинг илк разряд дафтарчасини Бува Полвоннинг қўлидан олганман ҳамда бу дафтарчани кўз қорачиғимдек асраб келаман.

Айрим бахил “устозлар” Бува Полвонни “Институт тарбиясини олмаган” деб камситишга ҳам ҳаракат қилар эдилар.Бироқ Бува Полвон кўплаб устозларнинг устози эди, яъни мураббийларнинг ҳаммаси “институт кўрган” бўлишларига қарамасдан, Бува Полвонни ўзларининг ҳақиқий устозлари деб билишар эди.Мен ҳам ана шундай шогирларнинг бириман.Ҳамма институтлар Бува Полвоннинг қошига келиб сабоқ олсалар арзир эди.У миллий курашимиз анъаналарининг , усул ва услубларининг , руҳий тайёргарликларнинг, халқ полвонлари томонидан ишлаб чиқилган турли йўналишларнинг, улуғ полвонларнинг ҳаётлари ва курашларининг ҳақиқий хазинабони эди.
У ўз хотирасига жамлаб олган бу бебаҳо бойликнинг шунчаки асровчиси бўлиб қолмасдан, бу бойликни яна ҳам бойита олган ҳақиқий амалиётчи даражасигача юксала олди.”Халқ Полвони” унвони таъсис қилинганидами, мен бу унвонни Бува Полвон биринчилардан бўлиб олишининг тарафдори бўлган бўлар эдим.

Сира эсимдан чиқмайди, мен миллий курашда, эркин курашда қаноатланарли маҳоратга, улкан ютуқ ва унвонларга эришганимдан сўнг, устоз мен билан жиддий суҳбатлашди:
-Озод, сен менинг фарзанддек азиз шогирдимсан! Мен сени ҳамиша ўз машғулотларимда кўришни истайман.Бироқ ҳар нарсанинг ўз меъёри бўлади.Сен мендан ўрганадиганингни ўрганиб бўлдинг.Энди Рустамнинг, Рустам Йўлдошевнинг машғулотларига қатна, унга шогирд туш.
Шунда мен эътироз билдирдим:
-Устоз, ахир ўзингиз ҳам таниқли самбочи, бу кураш тури бўйича илк чемпионларимиздансиз-ку…
-Тўғри, лекин ,Рустам барибир Рустам.Мен бир нарсани билиб айтаман.Менга қуруқ маҳобатнинг кераги йўқ.Бахил топса, босиб ер, дейдилар.Мен шогирдларимнинг ўз даражамда қолиб кетишларини истамайман.Сизлар узоққа боришларингиз керак.Жуда узоққа…
Узоққа ҳам бордим.Фахрий спорт мастери, мамлакат чемпиони бўлдим.
Жаҳон чемпионатига навбат келганда, меники эмас, худоники. Бола-чақаси кўп одам эмасманми, қўлим калталик қилиб мусобақага бора олмадим.У вақтда мутасаддилар томонидан спортга эътибор ҳозиргидек эмас эди.Мамлакат биринчилигида мендан кейинги, яъни иккинчи ўриннни олган бухоролик Собир Қурбонов жаҳон чемпионатига кетди.Бутун дунё чемпиони бўлди.
Устоз Рустам Йўлдошев таъна қилиб юрди:
-Озод, Собирга жаҳон чемпионлигини совға қилиб юбординг-а!..
Собирга мен, аслида, устоз Бува Полвоннинг олийжаноблигини совға қилиб юборган эдим….”

“ГАП ОЁҚДА ЭМАС, ГАП КАЛЛАДА”

Ушбу қисссани бошлаш арафасида Бува Полвон туғилиб ўсган маъво, Урганч туманининг Юқори Дўрмон қишлоғини зиёрат қилдим.Полвоннинг ҳамқишлоқлари билан учрашдим.Суҳбатлашдим.
Шулардан бири Ёвбосар Шомуродов.Ёшлигида велоспорт соҳасида катта ютуқларга эришган, моҳир мураббий.Ҳалигача мактабда жисмоний тарбиядан дарс беради.У шундай ҳикоя қилади: “Устоз билан ўн йил чамаси бирга ишладим.Ҳамкорликда ҳам ишладик.Мен спорт мактабида директор бўлиб хизмат қилганимда, мениг раҳбарлигимда ҳам меҳнат қилди.У қаерда, қандай мартабада бўлмасин, барчамизнинг устозимиз эди.Курашдан бошқа дарди йўқ эди унинг.Мени ҳам курашга ундар эди.”Қўй, шу темир эшагингни, Ёвбосар, бизнинг секциямизга ўт.Ажойиб курашчи чиқади сендан”,-дерди у такрор-такрор.Ҳатто бир-икки марта кураш ҳам тутқазиб кўрди.Велосипедда чиниққан эмасманми, асосан, оёқ билан қилинадиган усулларда, гапнинг очиғи. Устозга маъқул бўлдим.Барибир, курашдан сўнг “Раҳмат, устоз, мендан полвон чиқмайди.Курашни фақат оёқ билан тутмайдилар-ку, ахир, тўғри эмасми”, дедим.
—Тўғри айтасан, Ёвбосар, курашни аввало калла билан тутадилар.Бир-икки эмас, тўртта йўғон оёқ филда ҳам бор.Нега у кураш тушмайди.Чунки курашни одам тушади.Одамда, чунки, калла бор.Одамнинг аввало калласи кураш тутади, кейингина мушаклари ишга тушади.Филни эса муштдеккина бир қора ҳинди истаган куйга солиши мумкин.Шуни тушунмаган одам полвон бўла олмайди.Сен шуни тушундинг.Демак, сендан полвон чиқади…
Мендан барибир полвон чиқмади.Чунки велоспортга меҳрим баланд эди.Бироқ мен ўзимни барибир Бува Полвоннинг шогирди деб ҳисоблайман.Чунки, мен Бува Полвондан одамийлик сабоқларини олдим, мураббийлик сир-синоатларини ўргандим.Устоз зукко, ақли ўткир одам эдилар.Бир куни бизнинг Арабқишлоқда тўй бўлди, дойим Каримбой араб тўй бераётган эди.Полвонлар келди.Турли жойлардан полвонларнинг мухлислари келди.Томошабинлар ичида менинг қайнотам Бува Бекметов ҳам бор эди.Ўзи-ку кураш тушмасди.Бироқ у Хоразмдаги энг новча одамлардан бири эди.Бўйи сал кам икки ярим метр келарди.Бош байроққа Қутум полвон чиқди.”Қани Бува Полвон деганларинг,-деди Қутум полвон,-Бош Полвонга чиқмаман деган экан!?”.Тўйда бир томоша бўлсин деб, қайнотам Бува Бекметовга чакмон кийдирдик.У ҳам кўкрагини пўписа учун кериб ўрнидан турган эди, Қутум Полвоннинг қути ўчиб кетди. “Йўқ, мен бундай дев билан тутмайман,-Қутум Полвон.Шунда қайнотам, “майли, ундай бўлса, меним адашим билан чиқа қол”, деди. Шундай қилиб Қутум Полвон “Яхшиси, анови узой билан тутсам бўлар экан”, деб афсуслангани сира ёдимдан чиқмайди.Тўйиб-тўйиб кулгандик шунда.Айниқса, менинг яна бир дойим, эл катхудоси Эркабой аканинг Қутум полвонга қарши чиқаётган Бува Полвонга қарата “Қўй, ўғлим, майиб бўласан,жувонмарг қилади, бу барзанги!” деб айтган насиҳати эсланганида ҳозир ҳам қишлоқ аҳли қаҳ-қаҳқаҳадан ўзларини тия олмайди.
Бува Полвон учун қўшимча машаққат туғдирадигандек бир жиҳат бор эди: у аксари, жусссаси кичик бўла туриб, давангирдек-давангирдек полвонларни йиқарди.Улар эса аламидан кўнглига кек туйишар, ғирромлик қилиб,Бува Полвонни тан олгилари келмасди.Бу кек баъзан тўғридан-тўғри жиззаки уруш-жанжаллар тарзида, баъзан макру иғво тарзида намоён бўларди.Арабқишлоқдаги тўйда ҳам тубидан кесилган теракдек қулаб тушган Қутум Полвон мағлубиятга тан бермай тўполон кўтарганди.Бува Полвон одатдагидек кулиб қўя қолганди ўшанда ҳам.
Мен ғалабалар нашидасини сураётган пайтларида унинг ёнида бўлганимдан фахрланаман.Устозни Бухородаги, Самарқанддаги, Тошкентдаги курашлари машҳур қилди.Кейин Афғонистонда-Мозори Шарифда яна ҳам ғолиб, яна ҳам машҳурроқ бўлиб қайтди.
Илоҳим, гўри нурга тўлсин!…”

ВОРИСЛИК БАХТИ

Лочинларнинг олишганини кузатганмисиз? Икки лочин юксак самода икки тарафдан парвоз қилиб келади-да, аёвсиз бир шиддат билан тўқнашади, бу тўқнашувнинг давоми ундан ҳам шиддатлироқ бир чарх уришлар тарзида юз беради.Олишаётган лочинлар шамол тегирмонининг тезлигидан неча бор шитоб бир суръат билан чамбарчас тарзда айланишга тушадилар.Бир томон устун келмагунча, бу омонсиз чархпалак кўзларни тиндиргувчи сеҳр билан давом этаверади…
Хўш, улар нима учун курашадилар? Осмон тор келгани учун осмон талашадиларми? Ёр талашадиларми? Ёки шунчаки ўз кучларини синамоқ учун олишадиларми? Билмадик…
Одамлар эса бир-бирлари билан майдонда кураш тушаётганларида, боболаримизнинг таъкидлашларича, ўзларининг инсоний фазилатларини камол топтириш учун кураш олиб борадилар.Жисмоний олишувлар одамларни руҳий олишувларга, ўз нуқсонлари устидан ғолиб келиб, одамийликнинг юксак чўққиларида парвоз қилишга ҳозирлайди.Бу, чиндан ҳам, илоҳий курашдир.Инсоний камолотнинг қутлуғ тимсолларидан бўлмиш Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг курашчилиги фикримизнинг далилидир…
…Мен адабиётчи одам, қолаверса , камтарин бир таржимон сифатида, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг инсониятнинг маънавияти тарихида ўз ўрнини, қолаверса, курашнинг, паҳлавонликнинг бу азиз сиймо ҳаётидаги аҳамиятини бирмунча тушунаман.
Хўш, бизнинг бу кунларимизда айни шу жараён, яъни курашнинг спорт турларидаги тарзи ҳаётимизда қандай ўрин тутмоқда?, деган савол туғилади.
Маълумки, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларидек муборак сиймонинг паҳлавон сифатидаги қудрати-ку бизга маълум.Лекин бу азиз авлиёнинг паҳлавонлиги шеъриятни қандай юксалтирган.Бундай фазилати унинг шеърларида қандай акс этган, бу шеърларнинг замондошларимизни тарбиялашдаги ўрни қандай?, деган ҳам табиий савол туғилади.
Бу ҳақда эса узоқ фикрлаш мумкин. Аввало, Паҳлавон Маҳмуд қалами бизга ўтганлар хотирасини ардоқлашни ўргатади дейиш мумкин.Рубоий:
Кўп менда гуноҳ, энди савоб ким қилғай?
Кўп менда савол, энди жавоб ким қилғай?
Қайдаки хоки пок,тавоф қилдим мен,
Хокимни менинг энди ким тавоф ким қилғай?
Биз бу шеъриятдан дўстлик маданиятини ўрганамиз.Масалан, рубоий:
Ҳақ дўст дея жим тортса фиғон дўст, чин дўст,
Қилғувчи ибодатни ниҳон дўст чин дўст.
Кўз кўзлама ҳеч бергану олган нонинг,
Нон дўсти эмас, аслида, жон дўст, чин дўст…
Бундай мисолларни шоир ижодидан кўплаб келтириш мумкин.Ҳар бир рубоий, албатта, ҳар бир авлодни ўзи олға сураётган ғоя асосида тарбиялайди.Адабиётнинг , хусусан, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари рубоийиларининг бундай хислати, албатта, ул зоти шариф майдонларда олиб борган кураш билан бир қаторда, ёшларимизга, фарзандларимизга тааллуқлидир.Маълумки, болаларнинг бегонаси бўлмайди.Бинобарин, уларни тарбиялаш учун, кураш турларининг бегонаси йўқдирБошқа халқлар учун бизнинг миллий курашимиз қандай азиз бўлса, бошқа халқларнинг кураш турлари ҳам бизлар учун шундай қадрдон бўлиб қолди.
Бу жиҳат ҳам илм-фан, санъат , ёки, масалан , адабиётдаги ўзаро таъсирларга ўхшайди.Масалан, ўзбек адабиёти япон адабиётидан таъсирланмаяптими? Ёки, ўз навбатида, япон санъатида бошқа халқлар санъатининг баракали таъсири йўқми?Албатта бор!Масалан, Дзю-дони олайлик.Бу кураш тури ана шу таъсирнинг кураш соҳасидаги бир кўринишидир, холос.Ўзбек спортчилари, жумладан,Хоразм ёшларининг ушбу тур билан фаол шуғулланаётганликлари тасодиф эмас, албатта.Бу кураш бизнинг миллий жисмоний тарбиямизга, демак миллий маънавиятимизга ҳам ўзининг баракали таъсирини олиб киради.Демак, бу турнинг мадади билан биз ўзбек миллати сифатида янада мустаҳкамланамиз.Яна ҳам рангбарангроқ, яна ҳам серфазилатроқ бўламиз.Демак, бу спорт турининг ҳаётимизга аралашаётганлигини фақат қутлаш мумкин.Ҳаётимизга четдан кириб келаётган бошқа кураш турларимизга ҳам биз ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, муносабатда бўлишимиз керак.Фикримга илова қилиб шуни ҳам айтайки, биз дзю-до майдонларига қўққисдан тушиб қолганимиз йўқ.Эркин кураш,Юнон .Рим кураши, самбо билан узоқ вақтлардаги машғулотларимиз бизга ушбу спорт билан шуғулланиш заруратини кўрсатди.Кураш туйғуларимизнинг фаолият майдонида кашф этилажак имкониятлар ҳали кўплигини, бу майдоннинг кенглигини, жуда кенглигини кўрсатди…
…Кураш фалсафасидан келиб чиқиб, кузатиб шунга амин бўлдимки, бировнинг ёқасидан тутиш учун биров тутишга муносиб ёқанг бўлиши керак экан.Мен полвонларимизнинг етук инсонлар сифатида ҳаёт муаммоларини ватанимиз манфаатлари йўлида дадил ҳал қиладиган даражага эришувларини уларнинг мусобақаларда эришган муваффақиятларидан муҳимроқ деб биламан.Бу жиҳат оиладан бошланади.Масалан, баркамол келин ёнида баркамол куёв бўлмаса, бу хунук ҳол.Ёшларимиз, полвонларимизнинг камол топишлари учун кураш олиб бораётгани, шубҳасиз , ватанимизнинг яна ҳам камол топиши учун кураш олиб бораётганидир.Ўйлайманки, бу кураш тимсолида биз ватанимиз камолоти йўлида хориждаги дўстларимиздан ўрганадиган фазилатлар мажмуасини кўзда тутмоғимиз керак.Илмда пешқадам бўлиш санъатини, саксон ёшга кириб, қирқ беш яшар инсондек бардам бўлмоқ фазилатини, бошқалардан кам бўлмаслик хислатини…

Спорт мусобақаларида ҳамма ҳам биринчи ўринни эгалайвермаслиги мумкин.Бироқ спорт ўзининг тарбияловчилик хислати билан халқимизнинг ҳаётида биринчи ўринда турсин.Мен ўйлайманки, ҳар бир соҳа, ҳар бир инсон ва умуман инсоният манфаатига хизмат қиладиган ҳар бир машғулотни ўзига хос спорт деб англаш мумкин.Гап одамнинг фақат енгганлигида эмас, гап одамнинг қандай енггганлигида ҳамдир.Ҳаётда шундай ғалабалар бўладики, мағлубиятникидан ҳам баттароқ оқибатларга олиб келиши мумкин.Хусусан, одамларни эсанкиратиб, босар-тусарини билмайдиган қилиб қўядиган ғалабалар. Спортда ғурур яхши, такаббурлик ёмон.Мана шу жиҳатларни мен ўйлаб топилмаган, балки ҳаётнинг ўзидан келиб чиққан ҳикматлар деб биламан.Биз мана шу ҳикматларни ўзимиз учун дастуриламал деб англасак, спорт халқимизнинг чинакам ҳаёт тарзига айланади.

Баъзилар мендан “сиз қандай одамни полвон деб биласиз?” деб сўрашади.
Меним назаримда, полвон бўлмаган одамнинг ўзи йўқ.Фақат у ёки бу сабабларга кўра кураш майдонларига етиб кела олмаган одамларгина бўлиши мумкин.Истардимки, кураш майдонларига етиб келиш бахти насиб бўлмаган одамлар ўз юракларини кураш майдони деб билиб, ҳар куни ўз иллатларини ўзлари енгиб яшасинлар.Чунки, паҳлавонликнинг бизга боболаримиздан насиҳат бўлиб қолган моҳияти асли ана шудир.Паҳлавонлик ҳаракатдир,Ҳаёт ҳаракатдир.Ётган одам ўлимга яқин бўлади.Ўтирган одам ўлимдан узоқлашади.Юраётган одам ўлимдан яна ҳам узоқлашади.Югираётган одам, умуман, ўлимга тутқич бермайди…Кураш тутаётган одамнинг-ку ўлими етти ухлаб тушингга кирмайди…

..Кези келганда, Устоз-шогирдлик масалалари ҳақида ҳам тўхталиш жоиз.
Сафдошларимиздан бири ёшлигида травма олган олганди.Ўшанда ёрдамчи тренерларимиздан бири шу вазиятда мусобақага тушишга мажбур қилди.Бу ҳолда сафдошимизнинг спортдан шу қадар кўнгли совидики, курашни ташлаб кетишига салгина қолди.Бош устозимиз Бобо Мадаминов, яъни машҳур Бува Полвон бу гапни эшитиб, ҳалиги ёрдамчи тренеримизни койиди.Шунда унинг айтган қутлуғ бир фикри хотирамга маҳкам ўрнашиб қолган: “менга шогирдларимнинг натижаси эмас, менга шогирдларимнинг соғлиғи керак!!!”.Устозимнинг бу гаплари сафдошимизни спортга олиб қайтди, менга умр бўйи шиор бўлиб келди ва бундан кейин шундай бўлиб қолади.Ўйлайманки, спортчи фақат спортчи бўлиб қолса, у ҳеч ким бўла олмайди.

Масалан, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларини олайлик.У киши айни бир пайтнинг ўзида ҳам паҳлавон, ҳам илм-маърифат пешвоси, ҳам пўстиндўз бўлганлар.Айтмоқчиманки, биз ҳаётда қандай ўринни, қайси мансабу мартабани эгалламайлик, кураш майдонлари бизни ҳамиша тарбиялаб турмоғи керак.Устоз шогирдни фақатгина фалон куни фалон жойда бўладиган беллашувга эмас, инсон сифатида муносиб яшашга ҳозирламоғи, ҳаётга тайёрламоғи керак.Мен устоз-шогирдлик моҳиятини ана шундан иборат деб биламан.
ХХасрнинг иккиняи ярмидаги Хоразм полвонларининг сафбошиси бўлган Бува Полвон ана шундай УСТОЗ эдилар.Шу ўринда Бува полвон ҳақида озгина маълумот бериб ўтсак. Асли Урганч туманининг Дўрмон қишлоғида туғилган Бува Полвон кейинчалик Урганч шаҳридаги “Чўллилар” ўрамида истиқомат қилган.Уларнинг бобокалонларидан бўлмиш Чўлли бува ҳам полвон бўлган экан.Унинг довруғини дарёнинг нариёғида яшайдиган бир полвон эшитиб, йўқлаб келибди.Кўринишидан оддийгина бўлган Чўлли бувани танимаган меҳмон полвон ундан унинг ўзини сўрабди. “Бу ерда Чўлли полвон яшайдими?” деб. “Ҳа, яшайди,-дебди Чўлли полвон.-Ҳозир у йўқ. Икки-уч йил бўлди, лойиқ рақиб тополмагани учун хафа.Кўнглининг чигалини ёзиш учун тез-тез у ёқ-бу ёқларни кезади.Бугун ҳам бир ёқларга кетувди.Мен унинг шогирдиман. Меҳмон дебди6 “Полвонман. Тўрт-беш йил бўлди дарёнинг нариёғида тенг келадиган рақиб тополмай қисиниб юрган эдим.Чўлли полвон билан кураш тутмоқчиман” Чўлли полвон хурсанд бўлиб кетибди.Бироқ сир бой бермай, меҳмонга манзират қилибди: “Юринг бўлмаса, ҳув ана, Чўлли полвоннинг ҳовлиси.Бориб отамлашиб ўтирамиз, ҳадемай келиб қолади”.Меҳмон унга жавобан “Жон дердиму, эшагимни манови ёпдан қандай олиб ўтаман” дебди тараддудланиб. “Э, бундан осони йўқ,-дебди ўзини шогирдга солаётган Чўлли полвон ,-беринг менга эшагингизни”.У шундай дебдию, гупписининг этагини эшак қорнининг тагидан ўтказиб олиб , “Ё, пирим!” дебди-да бир ҳатлаб меҳмоннинг уловини нариги қирғоққа ўтказиб қўйибди.”Шогирди шундай бўлса, устози қандай экан?” деб меҳмоннинг кўнгли така-пука бўлиб кетибди.Бироқ у ҳам сир бой бермабди-да мезбонга эргашиб ҳовлига кирибди.Меҳмондорчиликдан сўнг Чўлли бобо дебди. “Мана, дўстим, энди меҳмондорчилик ҳам тугади.Ана, майдон, сиздек одам билан кураш тутишга меним ҳаддим сиғмайди.Бир дуои хайр қилинг, Чўлли полвон.Менга шунинг ўзи кифоя!”
…ана шундай одамларнинг авлодидан эди, раҳматлик Бува полвон.Барча шогирдлар унинг фарзандлари ўрнида эдик.У ҳам бизларни фарзанд ўрнида кўрарди.Устоз Чўлли бувага ўхшаб бир пасда Бува полвондан Бува полвоннинг шогирдига, кўз очиб юмгунча Бува Полвоннинг шогирдидан Бува полвоннинг ўзига айланадиган улуғвор ва камтар инсон эди.Курашнинг мамлакатимизда ҳаракатда бўлган барча турларининг устаси бўлган бу инсон кураш тушиладиган тўйларнинг даврабошиси, атоқли Паҳлавони эди.Бува Полвонлардан кейин, тўғриси, тўй курашларига путур етди.Ўйин кураш деган гаплар чиқиб кетди.

“Ўйиннинг ҳам кураши бўладими?” дея сўрашингиз мумкин.
Тўғри, ўйинннинг-ку кураши бўлмайди, бироқ курашнинг ўйини бўлар экан…
“Қандай ?” дерсиз.
Бу бугун кўпчилик биладиган сохта полвонлар олдиндан келишиб тутиладиган “кураш” бу.Ким ғолиб бўладию, ким мағлуб олдиндан гап бир ерга қўйилади.Сиртдан қараганда бундай курашлар жуда чиройлидек кўрингани сабабли чинакамига олишаётганлар бир четда қолиб кетадилар.Ўйин кураш тушаётганлар олишувни дарров тугатадилар-да, даврадан тушаётган мукофотнинг қаймоғини олиб кетадилар.Асл курашчиларга ҳеч нарса қолмайди….Энди, худога шукур, чинакам курашлар даври қайтаяпти.Асл курашларнинг марди-майдонлари бўлмиш Бува Полвон ҳамда унинг сафдошлари руҳлари шод бўлсин, илоҳо.Халқимиз ҳам асл полвон киму, сохта полвон ким-фарқига борадиган бўлиб бораяпти.Яна қадимги замонлардагидек хоразмликларнинг кураш тушиб билмайдигани-ю, “Лазги”га ўйнай олмайдиганлари қолмайдиган кунлар келаётир…Энди аҳвол яхшилик томонга ўзгараяпти.Устоз Бува полвон , унинг устозу шогирларининг руҳи қайтиб келмоқда.Турналар каби…

Мен бугунги полвонларга,Бува Полвон издошларига бугун кечгидан, эртага бугунгидан яхшироқ кураш тушсинлар.Тараққий топиб борсинлар.Шунда улар ўзларидан ор қилмайдиган одамлар сафига, яъни полвонлар қаторига қўшиладилар, дея тилак билдирардим.
Шу ўринда Паҳлавон Маҳмуднинг бир рубойиси хотирамга келди:
Юксак бу умр дарахтимиз паст қилма,
Борлиқ бу шароб, майлига, қўй, маст қилма.
Ё раб, карам эт, жумла жавонмардларни
Муҳтож этма, зор этма, паст қилма!
Илоҳим, ушбу рубоий Паҳлавон пийримизнинг бизнинг шаънимизга, полвонларга дуои хайри бўлсин!

МАРДЛИК ТИМСОЛИ

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг рубойиларидан бир ҳикмат англашилади.Паҳлавонлар эзгу амаллар бобида ўз замондошларига ибрат кўрсатиб яшайдиган савобталаб инсонлар, халқимизнинг руҳини ўз курашлари билан юксалтириб, уларнинг юракларидан бадбинликни, тушкунликни бартараф қиладиган сиймолар бўлишган.Ажаб эмас, Паҳлавон Маҳмуд ҳазратларининг ўзи ҳам халқимиз руҳий мададга муҳтож пайтларида кураш майдонларига чиққанлар, маънавият жабҳаларида туриб, халқимизга савоб ишлар қилиш бобида, илму урфонни эгаллашнинг инсоний бир зарурат эканлиги хусусида ўгитлар қилиб қолмасдан, ўз шахсий фаолиятлари билан ажойиб намуналар кўрсатганлар.
Шоир рубойиларини мутоалаа қилар эканмиз, беихтиёр ўзимизни кураш майдонида муносиб ҳарифлар билан беллашаётгандек ҳис қиламиз.Рубоийлардаги хулосаларнинг тафаккур зиддиятлари тимсоллар олишуви тарзида эканлиги воситаларнинг теран ва юксак эҳтирослар алангасидан туғилиши руҳиятимиздаги курашчанлик туйғуларини ўткирлаштиради, ақлимизни, шууримизни ҳаётдаги довонларни ҳалол курашлар натижасида забт этишга сафарбар қилади.

Рубоий:

Шоҳ хизматида турмоқ осон эрмас ҳеч,
Майдон синагай мардни, гумон эрмас ҳеч.
Хайр этса бировга паҳлавондир ул чин,
Бил, йўқса агар, у паҳлавон эрмас ҳеч.

Рубоий:

Зарб берсак агар, чарх фили яксон бўлғай,
Уфқ доираси ноғораи шон бўлғай.
Жой олса чумоли гар бизим сафлардан,
Давлатимиз туфайли арслон бўлғай.

Рубоий:

Жанг авжида, жон қушлар шаддод ўйнар,
Қумрию калхат бўлишиб, дод, ўйнар.
Дўст дастида ўйнайди қилич ялтиллаб,
Ёв остида ҳам гижинглаган от ўйнар.

Бундай мисолларни, ибратли ҳикматларни кўплаб келтириш мумкин.Шунинг учун ҳам халқимиз паҳлавонларни азалдан мардликнинг, ҳалолликнинг, маърифатлиликнинг тимсоллари сифатида ардоқлаб келади.Уларнинг олишувларини мароқ билан томоша қилади.Ҳар бир эл, ҳар бир юрт ўз паҳлавонлари билан фахрланади.Улар ҳақидаги хотираларни асраб авайлайди.Не бахтки, бу хислатдан бизнинг замонамиз, бизнинг замондошларимиз ҳам мустасно эмаслар.Не бахтки, бизнинг асримизда ҳам, ўтган асрда ҳам давримиз фахрланса арзигулик паҳлавонлар биз билан ёнма ён яшашган, яшашаяпти.Бизларни яхшиликка ундаб бизларга ибратлар кўрсатиб, полвонлар силсиласининг мустаҳкам халқалари сифатида Полвон Пиримиз анъаналарини барҳаёт сақламоқда улар…

…Ўйлаб қарасанг, курашнинг ўзи ҳам ўзига хос бир ибодат.Эзгу амаллар билан Оллоҳ шарафига ўқиладиган ҳамду санолар.Илоҳий армуғон сифатида туҳфа этилган вужудимизнинг беҳудуд имкониятлари учун шиддатли олишувлар тарзидаги бир шукронадир.

..Полвонлар! Енгиш энг қийин бўлган рақиб бу-ҳар кимнинг ўзидир.ўз устидан ғалаба қозона олган полвонгина чинакам музаффар саналади.Ҳар бир олишув бир воқеа.Юз берган мана шундай воқеалар шарофатидан полвонлар барҳаётдир.

Улар дунёдан ўтсалар ҳам, иккинчи умрларини шогирдларининг олишувларида давом қилдирадилар.Бува полвон шундай сиймо эди.Рустам Йўлдошевнинг хотираси, Олим Султоновнинг ёди шунинг учун ҳам унут бўлмайди.Раҳим Машариповни ҳам шу боисдан дуои фотиҳаларимизда эслаймиз.Биз полвонларимиз номига ёдгорликлар қўямиз.Кўчаларни уларнинг исми-шарифлари билан атаймиз.Бироқ, аслида, полвонларга қўйилган энг азиз ёдгорлик уларнинг шогирдлари, яъни сизлардирсизлар.Полвон полвоннинг хотирасидир…

…Натижа қандай бўлишидан қаътий назар ҳар бир олишув полвонлар учун бир умр унутилмайдиган сабоқ бўлсин.Полвон енгган вақтларида мустаҳкамлаши керак бўлган фазилатларини, мағлубият лаҳзаларида эса бартараф қилиши зарур бўлган нуқсонларини хотираларига маҳкам муҳрлаши лозим.Ғалабалардан эсанкирамаслиги эса полвонлар учун доимий шартдир.Мағлубиятдан ҳам тушкунликка тушмаслиги керак.
. . . . .
2004 йилнинг ноябр ойи.Самарқанд шаҳрида Дзю-до кураши бўйича Ўзбекистон кубоги учун ўтказилган мусобақалар бўлиб ўтди. Хоразмлик ёш полвонларга уламолар, Саъдулла полвон, Озод Ражабов сингари Хоразм курашчилигининг таниқли намояндалари оқ йўл тиладилар.Самарқанд сафари ана шундай бошланди.Шаҳарга етиб келингач, махсус кураш залида мусобақаларга ижозат берилди.Олишувларнинг бетакрорлиги, шиддати ҳар бир полвондан ҳам жисмонан, ҳам руҳан тўла сафарбарликни талаб қилар эди.Ҳар бири алоҳида воқеа бўлган бу олишувлар, мусобқаларни кузатаётган кўплаб кураш жонкуярларининг бири сифатида ушбу сатрлар муаллифида ҳам ўчмас тассурот қолдирди.Мен паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари сиймосида ўз аксини топган шоирлар ва полвонларнинг азалий қардошлиги тўғрисида залворли ўйлар ўйладим.Бу қардошликнинг моҳияти шоирларнинг ҳам, полвонларнинг ҳам афсонавий Антей каби она тупроқдан куч олиб курашувларидан, халқ юрагига томир ташлаганликларидан иборатдир.

Курашларни кузатиб, гўзал усулларидан бир нечтасини дафтаримга қайд этдим.

1.Икки паҳлавон майдонда шиддатли курашмоқда.Ҳар бир асаб толаси, барча мушуклар ва пайлар тўла сафарбар қилинган.Ҳарифлар ўзларининг бор ақлу ҳуши, барча фазилатини ишга солмоқчи, бир-бирининг тирноқча бўлсин, нуқсонидан фойдаланиб, ғалабага эришмоқчи…

Мана , рақиблардан бири оёқларини бир-бирига яқин келтирди, сўнгра оёқлар “Х” ҳарфини сезилар сезилмас ясаб чалмашиб кетдилар.Атиги бир лаҳза! Бор йўи кўз очиб юмгунча фурсатда йўл қўйилган хато полвонга қимматга тушди.Рақиб шу хатодан яшин тезлигида фойдаланиб ҳарифининг тўпиғини тавони билан қақшатгич бир қудрат ила “қоқди”.Татамига, япон миллий курашининг тўшами бўлмиш, теп-текис ва ярим юмшоқ гиламга хатога йўл қўйган полвон тарсиллаб қулади.Бир томонда соф ғалаба, бир ёқда соф мағлубият…

2.Ёки мана бундай манзара: Рақиб рақиби устига тик бўйи икки оёғига қаттиқ тиралганча, катта куч билан бостириб борди.Рақиб гўё ожиз тортгандек, гўё ҳайиққандек тисарила бошлади.Ҳужум қилаётган тараф бунга ишониб, рақибига яқинлашишда давом этди.Қарама-қарши томон учун бу хато айни муддао эди. У бир лаҳзада рақибининг ёқасидан ушлаб, оёғини унинг қорнига қўйди-да, ўз устидан бош томонга қараб улоқтирди, тескари ўмбалоқ ошиб, тегирмон паррагидек айланиб рақибнинг устига босиб тушиб, уни 30 дақиқа ушлаб турди.Тамом! Соф ғалаба!..

3.Полвон бирдан “ухлаб” қолди.Чунки у бошқа усуллардан сақланаман деб, халқумини унутган эди.Рақиб унинг ёқасидан бўғиб, уйқу томирини қаттиқ куч билан босганди.Донг қотиб ухлаётган ғофил полвонни ўз рақиби тарафкашларининг гулдурос қарасклари ҳамда жамоадошларининг силкитишлари “ғафлат” уйқусидан уйғотиб юборди!
Булар Самарқанддаги Ўзбекистон кубоги учун ўтказилган мусобақалардан айрим лавҳалар, холос.
Бу мусобақа катта ёшдагилар ўртасида ўтказилганига қарамай, Хоразм жамоаси суяги эндигина қотиб келаётган ёшлардан иборат эди.

Бу ёшларнинг олишувини кузатган одам “ёши битмагунча иши битмас”, деган нақл унчалик тўғримаслигига ишонади.Хоразмнинг навқирон фарзандларидан кўпчилиги, аксари, мамлакатимизнинг жаҳон миқёсида довруқ таратган полвонлари билан мардона олишдилар.Баъзан енгилдилар, баъзан енгдилар.

Асосийси тажриба муҳимроқ.Келажакда кўтарилажак медаллар хирмони учун бу жуда зарур.
Мана шундай.Қадимий ва кўҳна Самарқанд хоразмлик полвонларни очиқ чеҳра билан кутиб олиб,меҳр билан кузатиб қўйди.Ҳатто ютқизган йигит-қизларимиз ҳам ғолиб дўстларининг чақчақлашувига шерик бўлиб, совриндорларга ғалаба гаштини суришда ёрдам бериб қайтдилар.Чунки, ўзларининг ҳам яқин келажакда ғолиблар сафидан ўрин олишларига ишончлари мустаҳкам эди.

Полвонларимиз ўзгача бир халқдирлар.Уларнинг неъматлари, руҳий таомлари курашдир.Улар олишиб учрашадилар, олишиб хайрлашадилар.Янгида-янги беллашувларга тайёргарлик кўриш учун тарқалишадилар.

022

(Tashriflar: umumiy 180, bugungi 1)

Izoh qoldiring