Mixail Zoshchenko. Uch hikoya.

044
10 август — таниқли рус ёзувчиси Михаил Зошченко таваллуд топган кун.

Бу воқеа душанбада юз берди. Чоршанба куни эрталаб эса Егор Иванич қишлоққа қайтмоқда эди. Ёнида от кўринмасди. Қорачадан келган киши уни немислар яшайдиган қасабагача кузатмоқда.
– Сен хафа бўлма, – дерди у. – Аввал отинг йўқ эди, бу ҳам от эмас. Сотиб, пулини ичиб қўйибсан – шунга нима бўпти? Эвазига, биродар, харидингни ювдинг. Энди бир умр эслаб юрасан.

04

071ЗОШЧЕНКО Михаил Михайлович [1895.29.7 (10.8), Петербург -1958.22.7, Ленинград] — рус ёзувчиси, ҳажвчи,«Оға-ини Серапионовлар» адабий гуруҳининг аъзоси. 1921 й.дан вақтли матбуотда кичик асарлар б-н мунтазам катнаша бошлаган. «Назар Ильич, жаноб Синебрюховнинг ҳикоялари» тўплами (1922) ва ундан кейин ёзган ҳикоялари Зошченкони машҳур қилди. Зошченко илк асарлари («Ҳурматли фуқаролар», 1926; «Кимнинг устидан куляпсиз?», 1928)да янги иқтисодий сиёсат (НЭП) давридаги мешчанлар устидан кулади. «Қора шаҳзода» (1936), «Қасос» (1937), «Тарас Шевченко» (1939) ва бошқа қиссалар муаллифи. Зошченко асарлари ВКП (б) МК нинг «Звезда» ва «Ленинград» журналлари тўғрисида»ги (1946) қарорида шўро воқелигига туҳмат сифатида аёвсиз танқидга учраган. Зошченко ҳикоялар тўплами ўзбек тилида Неъмат Аминов таржимасида нашр қилинган (1992).

04

011
Михаил Зошченко
УЧ ҲИКОЯ
01

КУЛФАТ
Нурбек Абдуллаев таржимаси

Гнилие Прудки қишлоғилик Егор Иванич, фамилияси Глотов, от оламан, деб икки йил пул йиғди. Қорни тўйиб овқат емади, тамаки чекишни ташлади, қўлбола ароқнинг эса таъмини ҳам унутди. Яъни худди пичоқ билан кесиб ташлагандай. Егор Иванични ўлдирса ҳам унинг мазасини эслай олмайдиган бўлиб қолди.

Бир-бир албатта, уни ёдига туширгиси келарди. Аммо эркаклиги тутиб кетиб, иродасини мустаҳкамларди. Отнинг қанчалик зарурлигини эса айтишнинг ҳам ҳожати йўқ.
“Аввал отни олай, – деб ўйларди, – ўшанда ичарман. Хотиржам бўлинглар”.

Бу деҳқон боласи икки йил маблағ жамғарди ва учинчи йилга ўтганда сармоясини санаб чиқди ҳамда йўлга чиқишга тараддуд кўришга киришди.

Энди кетаман, деб турганда эса қўшни қишлоқдан бир одам Егор Иваничнинг олдига келиб, ўзининг отини сотиб олишни таклиф қилди. Лекин Егор Иванич бу таклифни рад этди. Ҳатто чўчиб ҳам кетди.

– Йўқ, йўқ, отахон! – деди у. – Мен икки йил емай-ичмай пул йиққанман – от сотиб оламан, деб. Энди эса тўсатдан – “ма, ол отни”. Буни харид деб ҳам бўлмайди… Йўқ, мени қўрқитмай қўяқол, биродар. Яхшиси, шаҳарга бораман. Шунда ҳаммаси чинакамига бўлади.

Ниҳоят, Егор Иванич йўлга отланди. Пулини пайтава орасига тиқиб, этигини кийди, таёқни қўлига олди ва жўнади. Бозорда эса Егор Иванич дарҳол битта отни ёқтириб қолди. Бу оддий деҳқон оти эди. Қорни ўта шишган, ранги мавҳумроқ – қуриган лой ва гўнг тусида.

Сотувчи унинг ёнида турар ва ўзини отини сотиб олишлари ёки сотиб олмасликлари қизиқтирмаётгандай қилиб кўрсатарди.

Егор Иванич оёғини этик ичида қимирлатди, пулни пайпаслаб кўрди ва отга меҳр билан боқаркан, шундай деди:
– Бу қанақаси, азизим, отни нима дейди, сотамизми ёки йўқми?
– Отними? – писанд қилмай савол берди сотувчи. – Майли, сотармиз ҳам. Албатта, сотаман.

Егор Иванич ўзини отга эҳтиёжи йўқ қилиб кўрсатмоқчи эди, бироқ чидаб туролмади ва юз-кўзи кулиб, шундай деди:
– Азизим, от менга шундай зарурки… Сув ва ҳаводай. Камина, азизим, уни сотиб олиш учун уч йил похол кавшади. От менга ўта зарур… Бироқ отнинг нархи қанча? Фақат келиштириброқ айт.

Сотувчи баҳосини айтди, Егор Иванич эса бу нарх узил-кесил эмаслигини билганидан олди-сотди қоидаларига биноан баҳсга киришмади. У отни кўздан кечиришга тушди. Туйқусдан жониворнинг кўзлари ва қулоқларига пуфлади. Кейин қошини учириб, тилини тақиллатиб, шундоққина отнинг калласи олдида бошини сарак-сарак қилди ва ювош отни шундай чўчитиб юбордики, у шу пайтгача жим тургани ҳолда аста-секин, аммо оёқларини Егор Иваничга тегизишга уринмай, депсина бошлади.

От кўздан кечириб бўлингач, Егор Иванич яна этиги ичидаги пулни пайпаслади ва сотувчига кўз қисиб, сўз қотди:
– Демак, от сотилади-а?
– Сотса бўлади, – деди сотувчи бирмунча ранжиб.
– Хўш, нархи қанча энди? Неча пул-а бу от?
Сотувчи нархни айтди. Шу заҳоти савдолашиш бошланди.

Егор Иванич қўнжига кафти билан ураркан, икки марта этигини ечиб, пулни олди ва икки бор кийди, чўқинди, қўли билан кўз ёшларини артди, олти йил похол чайнаганини ва от унга суву ҳаводай зарурлигини айтди. – Сотувчи нархни оз-оздан туширарди.

Ниҳоят, савдо пишди.
– Бўпти, олақол, – деди сотувчи, – Яхши от. Гавдаси ҳам катта, ранги, эътибор бергин, жуда жозибали.
– Рангими… Азизим, мен отнинг рангини зўр дея олмайман, – сўз қотди Егор Иванич. –
Ранги унчалик эмас… Нархни яна тушир.
– Ранги сенга нима қилиб берарди? – деди сотувчи. – Рангида ер ҳайдармидинг?

Бу далил Егор Иванични тамоман мот қилди, у отга назар ташлади, телпагини ерга урди, оёғи билан тепкилади ва қичқирди:
– Бўпти, бор барака!
Сўнгра тош устига ўтирди, этигини ечди ва ақчани чиқарди. У пулни узоқ ва афсусланиб санади ҳамда сотувчига бошини сал четга бурган ҳолда узатди. Унинг пулларини акашак бармоқлар битта-битта санаётганлигини кўриб юраги эзилди.

Ниҳоят, сотувчи пулни телпаги ичига яширди ва унга “сиз”лаб мурожаат қилди.
– От сизники… Олиб кетаверинг…

Егор Иванич жониворни етаклади. У тантанавор одимлар, тилини тақиллатар, отни Маруська деб атарди. Майдонни кесиб ўтгандан ва ёндаги кўчада юриб кетаётгандагина ўзининг ҳаётида қандай воқеа юз берганини англади. У туйқусдан бошидан телпагини олди ва қандай қувлик билан ҳамда оқилона савдолашганини эслаб шодлигидан уни оёқлари билан депсий кетди. Кейин хурсандлигидан қўлларини силкитганича пўнғиллади ва йўлида давом этди.
– Сотиб олдим!.. Отни-я… Вой онажоним-эй!.. Алдадим-а… Сотувчини-я…

Хурсандчилиги бироз пасайгач, Егор Иванич мийиғида кулганича йўловчиларга кўзини қисиб, уларни ўз харидига назар ташлашга таклиф этарди. Аммо йўловчилар парво қилмай ўтиб бораверардилар.

“Бирдамлик учун бирон ҳамюртимни учратсам ҳам бўларди… Бирдамлик учун бирон ҳамюртимни…” – хаёлидан ўтказди Егор Иванич.
Тўсатдан у узоқроқ қишлоқдаги кўзга яқин бир одамни кўриб қолди.
– Қариндош! – қичқирди Егор Иванич. – Қариндош, тезроқ бу ерга кел!

Қорачароқ одам истар-истамас яқинлашди ва саломлашмасдан ҳам отга боқди.
– Мана… мен шу отни сотиб олдим, – деди Егор Иванич.
– От, – деди у одам ва нимани сўрашни билмай қўшиб қўйди: – Демак, аввал сенинг отинг йўқмиди?
– Ҳамма гап шунда-да, азизим, – деди Егор Иванич. – отим йўқ эди. Агар бўлганда вайсаб ўтирармидим… Юр, сени меҳмон қилгим келяпти.
– Эриркансан-да, демак-а? – сўради ҳамюрти жилмайиб. – Майли. Қаршилигим йўқ, борамиз. Қаерга, “Ягодка” қовоқхонасигами?
Егор Иванич бош силкиди, қўнжига шалоплатиб урди ва ортидан отни эргаштирди. Ҳамюрт олдинда борарди.

Бу воқеа душанбада юз берди. Чоршанба куни эрталаб эса Егор Иванич қишлоққа қайтмоқда эди. Ёнида от кўринмасди. Қорачадан келган киши уни немислар яшайдиган қасабагача кузатмоқда.
– Сен хафа бўлма, – дерди у. – Аввал отинг йўқ эди, бу ҳам от эмас. Сотиб, пулини ичиб қўйибсан – шунга нима бўпти? Эвазига, биродар, харидингни ювдинг. Энди бир умр эслаб юрасан.

Егор Иванич узун сарғайган шалоғини туфлаганича жим борарди.
Қасабага етгандан сўнг ҳамюрти хайрлаша бошлагандагина Егор Иванич оҳиста тилга кирди.
– Мен эса азизим, икки йил беҳуда похол ебман-да…

Ҳамюрти аччиқланиб қўл силтади ва ортга қайтди.
– Тўхта! – тўсатдан қаттиқ ва даҳшатли овоз билан ўкириб юборди Егор Иванич. – Тўхта! Амаки… азизим!
– Сенга нима керак? – жиддий сўради у.
– Амаки… азизим… иним, – деди киприкларини пирпиратиб Егор Иванич. – Бу қанақаси? Ахир икки йил беҳуда похол ебман-да… Нега… Нега энди… вино сотишади?
Ҳамюрти қўл силтади ва шаҳарга йўл олди.

ВОҚЕА
Абдувоҳид Умр таржимаси

Кеча, азизлар, бизнинг коммунал квартирамизда анчайин муҳим воқеа содир бўлди.
Шу десангиз, рафиқам билан эндигина кинодан қайтган эдик. Ўзимнинг хонамда ўтирибман. Калавотда. Пойабзалимни ечяпман.

Бир этигимни энди ечган ҳам эдимки,ташқаридан аянчли қичқириқ эшитилди.Айтиш мумкинки — чинқириқ.
Хотинимнинг ранг-рўйи оппоқ оқариб кетди ва шивирлаб деди:
— Худо ҳаққи, Степанидани тунашяпти! Бояқишнинг дўриллоқ овози… Босқинчилар…
Степанидани қутқариш учун йўлакка чиқмоқчи эдим, хотиним йўлимни тўсди.
— Эшикни тамбала. Жиноий ишга бош суқишга бало борми. Сен ҳар ҳолда оилали одамсан.

Мен эса:
— Рост, бировларнинг ишига суқулиб нима ҳам қилдим. Энг муҳими, пойабзалимни ечиб қўйдим — шамоллаб қолишим мумкин, — дедим.
Биз эшикни буюмлар ва кийим-кечак солинадиган жавон билан тамбалаб, оғирроқ бўлаверсин деб устига жимгина ўтириб олдик.

Бирдан йўлакда нимадир гурсиллаб кетди. Кейин жимлик чўкди.
Хотиним деди:
— Кетишди, чоғи.
Айни шу пайт бизнинг деразамиз синди ва каска кийган ўт ўчирувчи тақиллатиб ҳам ўтирмай хонамизга суқулиб кира бошлади.
— Квартирангизни аланга қуршаб олган, сизлар эса жавонда салқинлаб ўтирибсиз.

Қизиғи шундаки, нафақат бизни, балки ҳамма ижарачиларни деразадан чиқариб олишга тўғри келди. Степаниданинг чинқириғини эшитгач, ҳамма эшигини қулфлаб, буюмлар билан тамбалаб олган экан. Ва бирор кимса ҳам ўз хоҳиши билан чиқиб келмаган. Степанидани истисно этганда, албатта. Бу тентак аёл ўт кетишига сабаб бўлган, дод-вой солган ва ҳовлига югуриб чиққан экан. Зарар тўқсон рублни ташкил қилди.

ОВРЎПАЛИК
Абдувоҳид Умр таржимаси

Идора хизматчиси Серёжа Колпаков бир неча кун ақлдан озгандай бўлиб юрди.
У шаҳар телефон станциясига икка маротаба бориб, у ерда телефон аппаратининг нархи ва уни ўрнатиш шартлари ҳақида вазминлик билан, эринмай суриштирди.

Бу жуда арзон ва ҳамёнбоп эди.
Серёжа Колпаков шаҳар станциясига учинчи марта – шартнома имзолаш ҳақидаги қатъий қарор билан кириб борди. У алданиб қолмайин, деб маълумотлар бюросига учинчи маротаба йўл олди ва нархлар ҳақида вазминлик билан яна суриштира бошлади. Бундан ташқари, Серёжа телефон соҳасидаги энг янги ихтиролар ҳақида суҳбатлашишга ҳам уриниб кўрди, бироқ ўзининг қоғозларига ўралашиб қолган бағритош ва қуруқ, худбин маълумотчи хоним илмий кашфиётларга совуққонлик билан қараб, ҳатто жамоатчилик ишига халал бермасликни истеҳзоли оҳангда сўрашга жазм этди.

Шунда ўзининг энг илғор ғояларини инобатга олмаганларидан ранжиган Серёжа Колпаков ҳамёнини чиқариб, стол устига отиб юборди ва овозини баландлатиб, ўзи ҳам муассасада хизмат қилишини ҳамда инсонга халақит бериш нима эканлигини яхши тушунишини билдириб қўйди. Лекин, бахтга қарши, у халал бериши шарт.

Шу тобда Серёжа Колпаковнинг юзида мағрурлик ифодаси зуҳур этди ва зудлик билан шартнома тузиш истагида эканлигини билдирди.

Серёжани мудирнинг ҳузурига юборишди ва ярим соатдан сўнг шарт-нома имзоланди.
– Фақат, илтимос, ҳурматли ўртоқ, – деди Серёжа мудирга, овози титраб, – шошилишингизни илтимос қиламан. Мен банд одамман. Ҳар бир сониям қадрли.
Кўчага Серёжа Колпаков бошқа инсон бўлиб чиқди.

У шошилмай, вазмин одимлар ва ўткинчиларга енгил истеҳзо билан назар ташларди.
– Рўёбга чиқди, – шивирларди Серёжа Колпаков. – Узоқ кутилган орзуим рўёбга чиқди. Ва ниҳоят, Сергей Иванович Колпаковда телефон бор. Сергей Иванович Колпаков, саккизинчи разрядли ходим, таъбир жоиз бўлса, ҳаётнинг умумий тармоғига уланди. Сергей Иванович Колпаков, хизматчи – маданий кўникмалар ва одатларга эга бўлган ҳақиқий, асл оврўпалик инсон.

Сергей Иванович бош кийимини ечди, пешанасидаги терни артди ва телефон соҳасининг фойдали жиҳатлари ҳамда умуман, инсон даҳоси ҳақида фикрлар экан, вазмин қадам ила хизматга йўл олди.
Бир неча кун тушдагидай ўтди.

Сергей Иванович телефонни қаерга қўйишини хаёлан тасаввур қиларди. Бир оврўпачасига каравот олдига қўйгиси келарди, бир қарасанг, аксинча, столга қўйгиси келиб қоларди. Серёжа овоз чиқариб ўзига ўзи эътироз билдирар, қизишарди, бироқ бир қарорга кела олмади.
Ниҳоят, тантанали кун ҳам етиб келди. Унинг хонадонига сумка осган, аппарат кўтарган киши кирди-да, қувноқ оҳангда сўради:
– Қаерга қўндирай?

Серёжа Колпаков индамай, қалтироқ қўллари билан каравот ёнидаги деворни кўрсатди.
Хуллас, телефонни ўрнатишди.
Серёжа Колпаков янги, ялтиллаб турган аппаратга завқ-шавқ билан боқаркан, каравотга чўзилди. Кейин ўтириб олди, гўшакни қулоғига тутди ва қўнғироқ қила бошлади.
– «А» гуруҳими? Синов…

Телефон маликаси нимадир деб минғирлади, лекин Серёжа эшитмади. У ҳар сонияда қўли билан гўшакни ҳис этаркан, уни илгакка оҳистагина илди. У яна завқ билан ёстиққа суянди.
Сергей Колпаков ажойиб қутидан кўзини узмай чамаси икки соат каравотда чўзилиб ётди. Кейин яна қўнғироқ қилишга тутинди.
У ўзининг танишларини хотирасида хаёлан бирма-бир ўтказа бошлади. Афсуски, танишлар кам бўлиб, уларнинг телефонлари йўқ эди.

Шунда Серёжа Колпаков қўнғироқ қилиш мумкин бўлган ҳар қандай манзилни топиш ҳақида ҳатто бир оз ҳадик билан ўйлай бошлади. Бироқ бунақа жойнинг ўзи ҳам топилавермади.
Серёжа каравотдан сакраб турди, телефон китобчасини қўлига олди ва уни шоша-пиша варақлай бошлади, бахтга қарши қўнғироқ қилиш мумкин бўлган жой йўқ эди.

Шунда Серёжа Колпаков Коломенский ўт ўчириш бўлимига қўнғироқ қилди.
– Нима? – сўради кимдир бўғиқ овозда. – Ёняптими?
– Ёняпти, – маъюс оҳангда деди Серёжа.
У гўшакни жойига осди-ю, тўшакка чўзилди.
Кечқурун Серёжа Колпаковни безорилиги учун қамоққа олишди.

032
МИХАИЛ ЗОШЧЕНКОНИНГ «МОЖАРО» ҲИКОЯЛАР ТЎПЛАМИНИ МУТОЛАА ҚИЛИНГ
Таржимон — Неъмат Аминов

04

хдк

(Tashriflar: umumiy 422, bugungi 1)

Izoh qoldiring